Tilak Jo’ra. Munojoti Mansur & Dostondan audioparcha

09

Тилак Жўра шеърлари ўзидай содда ва мазмунли эди. У шеърни кўз-кўз қилмас, бозорга олиб чиқмас, неки юраги буюрса шуни ёзарди. Шу боис шеърлари ҳамон тоза, ҳамон юракка яқин. Юрт соғинчи, дўст соғинчи, онаизор ва гўзал ёр соғинчи унинг севган мавзулари эди. Ой, қуёш, буғдой, бедана, ток нарти, бедазор — унинг хуш кўрган ташбеҳлари эди.

Тилак — катта шоир эди, ўзига хос услубию образлар олами бор эди унинг. Ўзбекистоннинг олтин ранг бошоқлари, лойшувоқ томларда очилган қизғалдоқлари, хуллас, бетакрор манзаралари чизилган. Меҳнат аҳлининг шукуҳи ажиб бир жонли лавҳаларда тасвир этилган шеърини оласизми («Пишиқчилик»), шовиллаган буғдойзорга жўр «деҳқон қўшиғи»ни оласизми, ойдин тун манзарасини оласизми («Ойдин қўшиқ»), барида бир самимият, бир ҳазин ва, айни вақтда, дилни яйратадиган оҳангни сезасиз. Тилак табиатни ва инсонни бутунлигича севиб тасвирлашни, озод руҳ шукуҳини куйлашни хуш кўрарди.

Мана бу шеърни тингланг:

Соғиниб яшадим, соғиниб ўларман:
Юрагимни қўлга олмоқни,
Ойдин кечалардан минг бора равшан,
Нурли бир иморат солмоқни.
Ток нартидай сенга чирмашиб,
Қучмоқни соғиниб ўларман.
Мўридаги тутундек шошиб,
Тўзмоқни соғиниб ўларман.
Соғиниб ўларман, соғиниб… бироқ —
Ўлим мендан жуда ҳам йироқ.

Ҳа, шоир ўлмайди, унинг умри шеърида давом этади, унинг умри «Оҳанглар оғушида қолади» ва бизни ток нартидай ватан танасига чирмашиб яшашга, «олам остонаси — Ўзбекистонни» бутун гўзаллиги билан севишга даъват этади. Тилак — биз билан биргадир» (Профессор Нажмиддин Комилов хотираларидан).

09
Тилак ЖЎРА

МУНОЖОТИ МАНСУР
09

07   Тилак Жўра 1947 йил 26 майда Бухоро вилоятининг Қоракўл туманидаги Сайёт қишлоғида туғилган. ТошДУнинг филология факультетини тамомлаган (1972). «Райҳон» (1977), «Олам остонаси» (1980), «Юлдузлар табассуми» (1981), «Чорраҳадаги уй» (1983), «Сандувоч» (1988), «Руҳият» (1990) каби шеърий тўпламлари нашр этилган. «Ҳозирги турк шеърияти», «Нозим Ҳикмат ва Ўзбекистон» сингари илмий асарлари ҳам бор. 1994 йил Тошкент шаҳрида вафот этган.

09

I

Чори чолнинг нимаси қолди…
Офтоббардор кунларнинг бирида
Юзларига ғўза соясини ялак қилиб,
Жўякка эгилиб, жон берди
Чори чолнинг жондан ортиқ ўғли!

Эгатлардан кўкка ўрмаларди ҳовур,
Милдир-милдир ўрмалар кўз қароғидан;
Лабидан сачраган қондан ўрмалар,
Ўрмалар ҳали совимаган тандан.
Жонсиз танадай шалпайган
Ғўзаларнинг япроқларидан ўрмалар,
Ҳолсиз япроқлардай ҳолсиз,
Зўрға эриниб, оққан
Ирмоқлардан ўрмалар ҳовур,
Ирмоқларга эгилиб,
Беллари букилган бутоқлардан ўрмалар;
Ўрмалар чумчуқларнинг чуғурлашидан,
Дарахтларнинг ҳолсиз қарғишидан,
Сояга зор йўлнинг боқишидан,
Ўрмалар қушларнинг қақраб
Қанот қоқишидан,
Мажолсиз толнинг шохларида
Бир-бирларига боқиб,
Қанотларин қоқиб-қоқиб,
Жимгина ётишидан ўрмалар…

Ана шундай
Еру кўк ёнаётган бир кунда,
Кетмон дастасига қўллари илондай чирмашиб,
Чирмашиб бўғзига жон,
Лабларига қон,
Жон берди Чори чолнинг жондан ортиқ ўғли.

Ҳали бир қизга шивирлаб дардин айтмаган,
Райҳоннинг бир шонасини ҳидлаб-ҳидлаб,
Уйига жилмайиб қайтмаган,
Суқсурдай ўғли жон берди Чори чолнинг.

Кўзлари хиёл очиқ,
Лаблари хиёл очиқ,
Кўкрагида ғивирлар
Нафасга зор чумолилар,
Хиёл тиржайган кўсаклар
Кўкрагига урилиб-урилиб
Мунгли бир мотамни шивирлар,
Шивирлар
Чори чолга олтмиш йилдан бери таниш
Бир ҳасратни,
Бир даҳшатни!
Шивирларди жон берган ўғлоннинг,
Умиднинг, армоннинг ҳасратларини…

Чори чолнинг ўғиллари кўп эди,
Бирини сил олди,
Бирини ситам,
Бирини афғон олди…
Кетмон дастасига қўллари илондай чирмашиб,
Илондай тўлғаниб-тўлғаниб жон берган,
Ғўзаларга
Қон берган —

Кенжаси эди Чори чолнинг!
Энди у ҳам йўқ,
Йўқ энди Чори чолнинг Ойша кампири…

Сўлғин юзларидай
Сўлғин кунларнинг бирида
Ўғли жон берган далага қараб-қараб,
Йиғлаб-йиғлаб,
Ютиниб -ютиниб,
Дока рўмолини юзларига ялак қилиб,
Суянчидан айрилиб,
Ўлимни суянч қилиб,
Ҳар куни ўлимни тилак қилиб
Жон берди Чори чолнинг Ойша кампири…

Вужудидай пушти куйиб,
Куйиб орзулари-умидлари,
Сандиқда тахт-тахт келини киёлмаган
Сарполари куйиб,
Куйиб этагига осилолмаган неваралари,
Жон берди Чори чолнинг Ойша кампири.
Чори чолнинг айтар сўзлари қолмади,
Қолмади қайтар излари!

II

Шамол эсар
Манзаримнинг очиқ ойналарини
Чил-чил синдириб.
Бундан огоҳ қўшнимизни
Кулдириб-кулдириб эсади шамол!
Тишларимда тишлаб ўкинчим,
Ўлтираман жим!

Жим!
Жим жимирлар ойнаи жаҳон,
Жим жимирлар еру осмон,
Жимирлар менинг жоним,
Аждодларимдан қолган туманли шоним,
Жимирлар саратоннинг саробидай,
Чори чолнинг унсиз хитобидай!

Ғивирлар бўғзимда бир чумоли,
Ундан кечиб-кечолмайман,
Ютиб-ютолмайман,
Менинг она халқим
Кечиб-кечолмагандай пахтадан,
Дастурхони бўшаб борса ҳам,
Болалари қақшаб борса ҳам,
Ризқи рўзин биров ошаб борса ҳам,
Кечолмагандай пахтасидан,
Мен ҳам кечолмайман бу ҳасратлардан,
Бу қандай тамғадир
Пешонамга босилган,
Гўё оёғим ердамас,
Кўкка осилган,
Осилган қайси бир дарахтнинг шохига.
Дарахт тебранса,
Тебранаман,
Қўрқиб-қўрқиб оғзимни очаман,
Тилим йўқ!

Силкиниб-силкиниб боқаман,
Юрар йўлим йўқ.
Чори чолдай белим букилган,
Қўним йўқ,
Чори чолдай қўлларим очиқ,
Уним йўқ…

III

Бу дунё ғанимдир,
Бу дунё — ғурбат!
Осмондай кенг ҳовлида
Осмонга тенг ҳовлида,
Чори чол
Чумоли билан

Сўлғин-сўлғин хаёли билан,
Унсизгина қилади суҳбат:
— Чумолига яхши, торгина кавакда
Мингтаси яшар,
Эҳ, чумоли ҳам бўлолмадим,
Чумолининг чумолилари бор,
Ўрмалар-ўрмалар,
Ғивирлар-ғивирлар,
Ҳасратини бир-бирига шивирлар,
Шивирлар ёмғир бўлиб,
Ёғилиб хасга.
Ғивирлар
Баландга-пастга,
Демак, мақсадлари бор,
Бордир муродлари,
Ғивирлар!

Эҳ, хас дедимми, хас?
Балки, мен бир хасдирман,
Ўғилларим:
Орзиқулнинг,
Шодиқулнинг,
Турдиқулнинг
Товони тегмаган,

Тегмаган
Ойша кампиримнинг журоби!*
Бир хасдирман,
Остонада ётган…
Йўқ, йўқ, хас ҳам бўлолмадим,
Хасдан ўт чиқар,
Тутун чиқар,
Мендан нима чиқар —
Тернинг сассиқ ҳидидан бўлак,
Ернинг заҳар ҳидидан бўлак,
Мендан нима чиқар?!
Оҳ урсам, оҳим йўқ,
Бир кулиб,
Ўлар чоғим йўқ!
Эҳ, Чори чол,
Ҳолинг қалай? — деган,
Бирор сўроғим йўқ,
Толеимда бирор қароғим йўқ,
Ғамларим бўй чўздилар,
Ўрарга ўрмоғим йўқ,
Кўзларимни кўр қилгали
Сочгали тупроғим йўқ!..

Ҳовлисининг эшикларидай
Чори чолнинг кўкраги очиқ.
Ғир-ғир шамол баданини силаб эсар,
Ғир-ғир шамол соқолини ялаб эсар,
Эсар,
Ҳовлида қовжираб қолган
Тиканларни юлиб-юлиб,
Тутқичларин чанг босган
Эшикларни очиб-ёпиб эсар…

Эсар,
Қўшни уйда анқиган ёғ ҳидини
Чори чолнинг димоқларига сочиб эсар;
Шувоқлари тушган ўчоқнинг
Кулларини сочиб эсар;
Дарахтга осиғлик —
Турдиқулнинг
Тўнини силкиб эсар.

Эсар,
Шохлари қуриган дарахтни шақиллатиб,
Шақиллатиб дорга осиқ
Бўм-бўш челакни,
Супа узра ғилдиратиб элакни
Шамол эсар…

Очиқ эшиклардан қушлар учиб кирар,
Учиб чиқар қушлар,
Арилар учиб кирар,
Учиб чиқар арилар
Ва яна нималар учиб кирар,
Учиб чиқар очиқ эшиқдан!

Чори чол кўзларини юмиб
Остонасида ўлтирар,
Тизларини ишқалаб,
Томоғида нимадир чопар.
Киприкларига ўрмалар оппоқ чумоли,
Ўрмалар юзларига
Чори чолнинг қадрдон чумолилари…

Юзларидаги чумолини сачратиб
Эсар шамол,
Терлаган баданини яхлатиб
Эсар шамол!
Тизини, билагини,
Ҳўл кўйлагини титратиб эсар шамол!

Чори чол кетмонини елкасига олар,
Олгандай
Орзиқулнинг,
Шодиқулнинг,
Турдиқулнинг,
Ойша кампирнинг тобутини елкасига,
Маҳкам ушлар кетмон дастасин,
Маҳкам ушлагандай тобутни,
Ариқ бўйларидаги қамишни
Эгиб-эгиб эсади шамол,
Эсар,
Каллакланган тутларнинг кўм-кўк
Нартларини эгиб-эгиб эсар шамол,
Эсар Чори чолнинг белини букиб,
Белбоғидан тортқилар,
Тортқилар кўйлагининг баридан.

Оғир-оғир қадам ташлаб,
Пахтазорига юрар Чори чол,
Япроқлари шалпайган ғўзаларга кўз ташлаб,
Тез-тез қадам ташлар Чори чол!
Ахир,
Чори чолнинг нимаси қолди
Оқ пахтаси
Оқ соқолидан бўлак?

Чори чолнинг нимаси қолди?..

IV

Менинг ҳам нимам қолди
Кўзимдаги ёш,
Бағримдаги тошдан бўлак?
Менинг ҳам нимам қолди?
Оёғим остидаги омонат ердан бўлак,
Руҳимдаги тумонат
Шеърдан бўлак,

Баданимда анқиган тердан бўлак,
Кўксимда инграган гумондан бўлак,
Ўз-ўзимга душман имондан бўлак
Менинг ҳам нимам қолди?!

Илтижом қолдими кўкларга,
Танамда қон қолдими?
Юртимда бирор-бир шон қолдими,
Эзилмаган бирор-бир жон қолдими?

Суяк-суякларимда зирқираган оғриқми,
Ё хаёлимда кишнаган йўрғам — тўриқми,
Қулоғимда шанғиллаган товушми?
Пешонамдан парча-парча болишми?
Сим-сим деган, олис-олислардан
Келган хонишми?
Тирноқларим тешган калишми?
Лабларим пичирлаган қарғишми?
Билмам, менинг ҳам нимам қолди?!

Ғамларим эмас, тоғларим емрилар,
Орзуларим, боғларим емрилар,
Емрилар диёнатли диёрим,
Номусим-орим емрилар,
Емрилар мозорим, зорим,
Ҳали ўзимни осолмаган дорим емрилар,
Йўғимки йўқ, борим емрилар.

Ҳали тўқиб-тўқимаган,
Ўқиб-ўқимаган ашъорим емрилар.
Бирор жойга қочолмасман,
Борар бўлган жойим емрилар,
Кўқда куним, ойим емрилар!

Кундан-кунга кичраяр уммонларим,
Дарёларим, саҳроларим,
Зарафшон кичрайиб,
Ирмоқ бўлгандай,
Кичраяр
Чори чолнинг кўзлари.

09

Кичраяр
Тилак Жўранинг
Жуссаси,

Айтар сўзлари,
Кичрайиб боради
Оёғи остидаги ер,
Бошидаги осмон,
Қўлидаги имкон
Чори чолнинг,
Тилак Жўранинг.

Нимасини айтсин, нимаси қолди,
Уфқларга термулган нигоҳидан бўлак
Ва сизга айтган шу оҳидан бўлак
Нимаси қолди?..

1989

* Журоби — супурги

ТИЛАК ЖЎРАНИНГ «МУНОЖОТИ МАНСУР» ДОСТОНИДАН ПАРЧА ТИНГЛАНГ
034

26 may shoir Tilak Jo’ra tavallud topgan kun

Tilak Jo’ra she’rlari o’ziday sodda va mazmunli edi. U she’rni ko’z-ko’z qilmas, bozorga olib chiqmas, neki yuragi buyursa shuni yozardi. Shu bois she’rlari hamon toza, hamon yurakka yaqin. Yurt sog’inchi, do’st sog’inchi, onaizor va go’zal yor sog’inchi uning sevgan mavzulari edi. Oy, quyosh, bug’doy, bedana, tok narti, bedazor — uning xush ko’rgan tashbehlari edi.

Tilak — katta shoir edi, o’ziga xos uslubiyu obrazlar olami bor edi uning. O’zbekistonning oltin rang boshoqlari, loyshuvoq tomlarda ochilgan qizg’aldoqlari, xullas, betakror manzaralari chizilgan. Mehnat ahlining shukuhi ajib bir jonli lavhalarda tasvir etilgan she’rini olasizmi («Pishiqchilik»), shovillagan bug’doyzorga jo’r «dehqon qo’shig’i»ni olasizmi, oydin tun manzarasini olasizmi («Oydin qo’shiq»), barida bir samimiyat, bir hazin va, ayni vaqtda, dilni yayratadigan ohangni sezasiz. Tilak tabiatni va insonni butunligicha sevib tasvirlashni, ozod ruh shukuhini kuylashni xush ko’rardi.

Mana bu she’rni tinglang:

Sog’inib yashadim, sog’inib o’larman:
Yuragimni qo’lga olmoqni,
Oydin kechalardan ming bora ravshan,
Nurli bir imorat solmoqni.
Tok nartiday senga chirmashib,
Quchmoqni sog’inib o’larman.
Mo’ridagi tutundek shoshib,
To’zmoqni sog’inib o’larman.
Sog’inib o’larman, sog’inib… biroq —
O’lim mendan juda ham yiroq.

Ha, shoir o’lmaydi, uning umri she’rida davom etadi, uning umri «Ohanglar og’ushida qoladi» va bizni tok nartiday vatan tanasiga chirmashib yashashga, «olam ostonasi — O’zbekistonni» butun go’zalligi bilan sevishga da’vat etadi. Tilak — biz bilan birgadir» (Professor Najmiddin Komilov xotiralaridan).

09
Tilak JO’RA

MUNOJOTI MANSUR
09

 Tilak Jo’ra 1947 yil 26 mayda Buxoro viloyatining Qorako’l tumanidagi Sayyot qishlog’ida tug’ilgan. ToshDUning filologiya fakul`tetini tamomlagan (1972). «Rayhon» (1977), «Olam ostonasi» (1980), «Yulduzlar tabassumi» (1981), «Chorrahadagi uy» (1983), «Sanduvoch» (1988), «Ruhiyat» (1990) kabi she’riy to’plamlari nashr etilgan. «Hozirgi turk she’riyati», «Nozim Hikmat va O’zbekiston» singari ilmiy asarlari ham bor. 1994 yil Toshkent shahrida vafot etgan.

09

I

Chori cholning nimasi qoldi…
Oftobbardor kunlarning birida065
Yuzlariga g’o’za soyasini yalak qilib,
Jo’yakka egilib, jon berdi
Chori cholning jondan ortiq o’g’li!

Egatlardan ko’kka o’rmalardi hovur,
Mildir-mildir o’rmalar ko’z qarog’idan;
Labidan sachragan qondan o’rmalar,
O’rmalar hali sovimagan tandan.
Jonsiz tanaday shalpaygan
G’o’zalarning yaproqlaridan o’rmalar,
Holsiz yaproqlarday holsiz,
Zo’rg’a erinib, oqqan
Irmoqlardan o’rmalar hovur,
Irmoqlarga egilib,
Bellari bukilgan butoqlardan o’rmalar;
O’rmalar chumchuqlarning chug’urlashidan,
Daraxtlarning holsiz qarg’ishidan,
Soyaga zor yo’lning boqishidan,
O’rmalar qushlarning qaqrab
Qanot qoqishidan,
Majolsiz tolning shoxlarida
Bir-birlariga boqib,
Qanotlarin qoqib-qoqib,
Jimgina yotishidan o’rmalar…

Ana shunday
Yeru ko’k yonayotgan bir kunda,
Ketmon dastasiga qo’llari ilonday chirmashib,
Chirmashib bo’g’ziga jon,
Lablariga qon,
Jon berdi Chori cholning jondan ortiq o’g’li.

Hali bir qizga shivirlab dardin aytmagan,
Rayhonning bir shonasini hidlab-hidlab,
Uyiga jilmayib qaytmagan,
Suqsurday o’g’li jon berdi Chori cholning.

Ko’zlari xiyol ochiq,
Lablari xiyol ochiq,
Ko’kragida g’ivirlar
Nafasga zor chumolilar,
Xiyol tirjaygan ko’saklar
Ko’kragiga urilib-urilib
Mungli bir motamni shivirlar,
Shivirlar
Chori cholga oltmish yildan beri tanish
Bir hasratni,
Bir dahshatni!
Shivirlardi jon bergan o’g’lonning,
Umidning, armonning hasratlarini…

Chori cholning o’g’illari ko’p edi,
Birini sil oldi,
Birini sitam,
Birini afg’on oldi…
Ketmon dastasiga qo’llari ilonday chirmashib,
Ilonday to’lg’anib-to’lg’anib jon bergan,
G’o’zalarga
Qon bergan —

Kenjasi edi Chori cholning!
Endi u ham yo’q,
Yo’q endi Chori cholning Oysha kampiri…

So’lg’in yuzlariday
So’lg’in kunlarning birida
O’g’li jon bergan dalaga qarab-qarab,
Yig’lab-yig’lab,
Yutinib -yutinib,
Doka ro’molini yuzlariga yalak qilib,
Suyanchidan ayrilib,
O’limni suyanch qilib,
Har kuni o’limni tilak qilib
Jon berdi Chori cholning Oysha kampiri…

Vujudiday pushti kuyib,
Kuyib orzulari-umidlari,
Sandiqda taxt-taxt kelini kiyolmagan
Sarpolari kuyib,
Kuyib etagiga osilolmagan nevaralari,
Jon berdi Chori cholning Oysha kampiri.
Chori cholning aytar so’zlari qolmadi,
Qolmadi qaytar izlari!

II

Shamol esar
Manzarimning ochiq oynalarini
Chil-chil sindirib.
Bundan ogoh qo’shnimizni
Kuldirib-kuldirib esadi shamol!
Tishlarimda tishlab o’kinchim,
O’ltiraman jim!

Jim!
Jim jimirlar oynai jahon,
Jim jimirlar yeru osmon,
Jimirlar mening jonim,
Ajdodlarimdan qolgan tumanli shonim,
Jimirlar saratonning sarobiday,
Chori cholning unsiz xitobiday!

G’ivirlar bo’g’zimda bir chumoli,
Undan kechib-kecholmayman,
Yutib-yutolmayman,
Mening ona xalqim
Kechib-kecholmaganday paxtadan,
Dasturxoni bo’shab borsa ham,
Bolalari qaqshab borsa ham,
Rizqi ro’zin birov oshab borsa ham,
Kecholmaganday paxtasidan,
Men ham kecholmayman bu hasratlardan,
Bu qanday tamg’adir
Peshonamga bosilgan,
Go’yo oyog’im yerdamas,
Ko’kka osilgan,
Osilgan qaysi bir daraxtning shoxiga.
Daraxt tebransa,
Tebranaman,
Qo’rqib-qo’rqib og’zimni ochaman,
Tilim yo’q!

Silkinib-silkinib boqaman,
Yurar yo’lim yo’q.
Chori cholday belim bukilgan,
Qo’nim yo’q,
Chori cholday qo’llarim ochiq,
Unim yo’q…

III

Bu dunyo g’animdir,
Bu dunyo — g’urbat!
Osmonday keng hovlida
Osmonga teng hovlida,
Chori chol
Chumoli bilan

So’lg’in-so’lg’in xayoli bilan,
Unsizgina qiladi suhbat:
— Chumoliga yaxshi, torgina kavakda
Mingtasi yashar,
Eh, chumoli ham bo’lolmadim,
Chumolining chumolilari bor,
O’rmalar-o’rmalar,
G’ivirlar-g’ivirlar,
Hasratini bir-biriga shivirlar,
Shivirlar yomg’ir bo’lib,
Yog’ilib xasga.
G’ivirlar
Balandga-pastga,
Demak, maqsadlari bor,
Bordir murodlari,
G’ivirlar!

Eh, xas dedimmi, xas?
Balki, men bir xasdirman,
O’g’illarim:
Orziqulning,
Shodiqulning,
Turdiqulning
Tovoni tegmagan,

Tegmagan
Oysha kampirimning jurobi!*
Bir xasdirman,
Ostonada yotgan…
Yo’q, yo’q, xas ham bo’lolmadim,
Xasdan o’t chiqar,
Tutun chiqar,
Mendan nima chiqar —
Terning sassiq hididan bo’lak,
Yerning zahar hididan bo’lak,
Mendan nima chiqar?!
Oh ursam, ohim yo’q,
Bir kulib,
O’lar chog’im yo’q!
Eh, Chori chol,
Holing qalay? — degan,
Biror so’rog’im yo’q,
Toleimda biror qarog’im yo’q,
G’amlarim bo’y cho’zdilar,
O’rarga o’rmog’im yo’q,
Ko’zlarimni ko’r qilgali
Sochgali tuprog’im yo’q!..

Hovlisining eshiklariday
Chori cholning ko’kragi ochiq.
G’ir-g’ir shamol badanini silab esar,
G’ir-g’ir shamol soqolini yalab esar,
Esar,
Hovlida qovjirab qolgan
Tikanlarni yulib-yulib,
Tutqichlarin chang bosgan
Eshiklarni ochib-yopib esar…

Esar,
Qo’shni uyda anqigan yog’ hidini
Chori cholning dimoqlariga sochib esar;
Shuvoqlari tushgan o’choqning
Kullarini sochib esar;
Daraxtga osig’lik —
Turdiqulning
To’nini silkib esar.

Esar,
Shoxlari qurigan daraxtni shaqillatib,
Shaqillatib dorga osiq
Bo’m-bo’sh chelakni,
Supa uzra g’ildiratib elakni
Shamol esar…

Ochiq eshiklardan qushlar uchib kirar,
Uchib chiqar qushlar,
Arilar uchib kirar,
Uchib chiqar arilar
Va yana nimalar uchib kirar,
Uchib chiqar ochiq eshiqdan!

Chori chol ko’zlarini yumib
Ostonasida o’ltirar,
Tizlarini ishqalab,
Tomog’ida nimadir chopar.
Kipriklariga o’rmalar oppoq chumoli,
O’rmalar yuzlariga
Chori cholning qadrdon chumolilari…

Yuzlaridagi chumolini sachratib
Esar shamol,
Terlagan badanini yaxlatib
Esar shamol!
Tizini, bilagini,
Ho’l ko’ylagini titratib esar shamol!

Chori chol ketmonini yelkasiga olar,
Olganday
Orziqulning,
Shodiqulning,
Turdiqulning,
Oysha kampirning tobutini yelkasiga,
Mahkam ushlar ketmon dastasin,
Mahkam ushlaganday tobutni,
Ariq bo’ylaridagi qamishni
Egib-egib esadi shamol,
Esar,
Kallaklangan tutlarning ko’m-ko’k
Nartlarini egib-egib esar shamol,
Esar Chori cholning belini bukib,
Belbog’idan tortqilar,
Tortqilar ko’ylagining baridan.

Og’ir-og’ir qadam tashlab,
Paxtazoriga yurar Chori chol,
Yaproqlari shalpaygan g’o’zalarga ko’z tashlab,
Tez-tez qadam tashlar Chori chol!
Axir,
Chori cholning nimasi qoldi
Oq paxtasi
Oq soqolidan bo’lak?

Chori cholning nimasi qoldi?..

IV

Mening ham nimam qoldi
Ko’zimdagi yosh,
Bag’rimdagi toshdan bo’lak?
Mening ham nimam qoldi?
Oyog’im ostidagi omonat yerdan bo’lak,
Ruhimdagi tumonat
She’rdan bo’lak,

Badanimda anqigan terdan bo’lak,
Ko’ksimda ingragan gumondan bo’lak,
O’z-o’zimga dushman imondan bo’lak
Mening ham nimam qoldi?!

Iltijom qoldimi ko’klarga,
Tanamda qon qoldimi?
Yurtimda biror-bir shon qoldimi,
Ezilmagan biror-bir jon qoldimi?

Suyak-suyaklarimda zirqiragan og’riqmi,
YO xayolimda kishnagan yo’rg’am — to’riqmi,
Qulog’imda shang’illagan tovushmi?
Peshonamdan parcha-parcha bolishmi?
Sim-sim degan, olis-olislardan
Kelgan xonishmi?
Tirnoqlarim teshgan kalishmi?
Lablarim pichirlagan qarg’ishmi?
Bilmam, mening ham nimam qoldi?!

G’amlarim emas, tog’larim yemrilar,
Orzularim, bog’larim yemrilar,
Yemrilar diyonatli diyorim,
Nomusim-orim yemrilar,
Yemrilar mozorim, zorim,
Hali o’zimni osolmagan dorim yemrilar,
Yo’g’imki yo’q, borim yemrilar.

Hali to’qib-to’qimagan,
O’qib-o’qimagan ash’orim yemrilar.
Biror joyga qocholmasman,
Borar bo’lgan joyim yemrilar,
Ko’qda kunim, oyim yemrilar!

Kundan-kunga kichrayar ummonlarim,
Daryolarim, sahrolarim,
Zarafshon kichrayib,
Irmoq bo’lganday,
Kichrayar
Chori cholning ko’zlari.

Kichrayar
Tilak Jo’raning
Jussasi,

Aytar so’zlari,
Kichrayib boradi
Oyog’i ostidagi yer,
Boshidagi osmon,
Qo’lidagi imkon
Chori cholning,
Tilak Jo’raning.

Nimasini aytsin, nimasi qoldi,
Ufqlarga termulgan nigohidan bo’lak
Va sizga aytgan shu ohidan bo’lak
Nimasi qoldi?..

1989

* Jurobi — supurgi

091

(Tashriflar: umumiy 241, bugungi 1)

Izoh qoldiring