Xurshid Do’stmuhammad. Tog’ay Murodning sirli dunyosi.

04

   Тоғай Мурод шахсини, Парвардигор унга ато этган феъл-атворни тушуниш керак эди! Бир йилдан ортиқроқ у билан бирга ишлаб, уни яқиндан кузатгачгина у ҳақдаги илгариги тасаввурим ўзгарди. Йўқ, Тоғай Мурод бошқаларга беписандликни, кибр-ҳавога берилишни ҳам билмас экан. У ўз дунёсида яшайдиган, ўша дунёсини сира тарк этолмайдиган, борди-ю, иттифоқо ўзини жисман ўраб турган муҳитга қайтгудай бўлса, албатта, кимгадир маъқул келмайдиган, ҳатто ғайритабиий муомала қилиб қўйиши аниқ эди.

Хуршид Дўстмуҳаммад
ТОҒАЙ МУРОДНИНГ СИРЛИ ДУНЁСИ
07

    Биз Тошкент Давлат университетининг журналистика факултетида ўқиган кезлар қуйи курс талабалари битирувчи факултетдошларга жуда ҳавасимиз келарди. Чунки улар ҳадемай таҳририятларга бориб қизғин ижодий фаолиятга киришиб кетишади, гуриллатиб мақолалар чиқариб, эл-юртга танилишади. Шу ўй-хаёлда орамизда, «Қайси курсда ижодни боплайдиганлар кўпроқ?» — деган савол ҳам айланишиб қоларди баъзан. Биздан бир йил муқаддам ўқишни битираётган курсда кимсан Эркин Аъзам, Ҳалима Худойбердиева, Усмон Азим сингари аҳли қалам бадиий адабиёт эшигини дадил очишга шай бўлиб, жамоатчиликка танилиб улгуришган эди. Бу ҳам «этмагандай», уларнинг сафида Тоғай Мурод пайдо бўлди! Аслида у ўқишни илгарироқ битираётган, лекин қандайдир можарога аралашиб, касрига бир йил «синф»дан қолдирилгани боис кейинги курсдагилар билан ўқишни битиришга мажбур бўлганди. Ким нима ташвишда-ю, биз «Эркин Аъзамлар курси янаям кучайиб кетганидан» хавотирдамиз! Хавотирда эдигу, Тоғай Муродни қарийб кўрмас эдик.

У дарсларга деярли қатнашмас, мабодо юзма-юз келиб қолганда ҳам Тоғай бошқалар билан ёлчитиб сўрашиб, салом-алик қилганини эслолмайман. Қўл олишган тақдирда ҳам оғиз очиб бир нарса демас, бош ирғаб қўя қоларди.
— У зўр ёзувчи! — деди сабоқдошимиз Ўрол Ўтаев, бундай ҳолатни ўзича шарҳлаб.

«Зўр ёзувчи бошқалар билан гаплашмайдими, ҳеч кимга қўшилмайдими?» — деган ўйга бордим-у, ўзим билан ўзим овора, Тоғайни унутиб ҳам юбордим.

Орадан йиллар ўтди, онда-сонда кўча-кўйда, аксарият Республика Радиоси уйи атрофларида (у ўша ерда ишлар эди) мутлақо тасодифан тўқнаш келиб қолганимизда салом-алигимиз жуда қисқа бўларди. Мен оддий журналист, Тоғай Мурод эса «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар» қиссалари билан ўзининг ҳақиқатда зўр ёзувчилигини исботлаб улгурган, бизга ўхшаш бошловчи ҳаваскорларга беписандлиги бежиз эмас-да, деб ўзимча унга тан бериб қўярдим ҳам. Ўтган асрнинг 70-80- йилларида адабиётга эрта кириб келган, битта-яримта китоби, беш-олтита шеъри ёки ҳикояси оғизга тушган тенгқурлар орасида дастлабки ижодий ютуқлар ортидан келган шон- шуҳратни кўтаришга анчайин «қийналган»лари ҳам бўлган. Четдан кузатган киши Тоғай Муродни ҳам кибру ҳавога берилган ўша тоифа вакилларига қўшиб юбориши ҳеч гап эмас эди.

Орадан яна қанча вақт ўтди, ёдимда йўқ, Тоғай Мурод «Фан ва турмуш» журнали таҳририятида пайдо бўлди! Мен ушбу таҳририятда етти-саккиз йилдан буён ишлаётган ходим сифатида бир нарсага имоним комил эдики, Тоғай Мурод учун «Фан ва турмуш» ҳам, жамоадаги муҳит ҳам мутлақо ёт эди! Нега, нима сабабдан?

Таҳририятда ички меҳнат интизоми қатъий йўлга қўйилган, журналнинг ҳар бир сони мундарижаси қатъий режа асосида шакллантирилар, фикр-мулоҳазалар, мақолаларни тайёрлаш, ҳатто юриш-туришимизгача, тушликка чиқиш-келишгача — ҳаммаси ёзилган- ёзилмаган қатъий тартибга солинган эди!

Шу ўринда ўзбек илмий-оммабоп журналистикаси хусусида тўхталишга тўғри келади. Илм-фан ютуқларини оммалаштириш ҳар қандай миллий журналистиканинг ниҳоятда муҳим ва ниҳоятда мураккаб йўналишларидан ҳисобланади. Бу борада бизда эътироф этилган журналистлар бармоқ билан саналадиган даражада оз. Ўзбек миллий журналистикасида «Фан ва турмуш» мактаби алоҳида мавқега, тажрибага эга. Анвар Муҳаммадқулов, Комилжон Холмуҳамедов, Ҳусниддин Нурмуҳамедов, Рустам Обид… Яна кимни эслаймиз?.. Раҳматли Ғайбулла ас-Саломнинг таржимашуносликка доир дарсликлари,қўлланмаларини варақлаб кўринг, бу соҳадан йироқ киши ҳам завқ билан ўқий бошлаганини сезмай қолади. Боиси, раҳматлик устозимиз «Фан ва турмуш» мактабини ўтаганлардан ҳисобланадилар! Бош муҳарриримиз, машҳур академик Ёлқин Тўрақулов фундаментал фан ютуқларини оддий кишилар тушунадиган даражада оммалаштириб беришимизни талаб қилар, бунинг учун катта-кичик олимлар келтирган мақолаларни қайта ишлагунимизча кам деганда беш-олтита адабиётни кўриб чиқишга, мутахассислар билан суҳбатлашишга, неча жилд қомусу маълумотномаларни титкилашга тўғри келар… шу талаб ва даражада ишлаш учун эса ҳозиргина мен айтган қатъий тартиб-интизомга риоя қилишга мажбур ва маҳкум эдик. Ўзимизнинг шу қадар одобли, интизомли эканимиздан, бош кўтармай ишлашимиздан фахрланар эдик, буни журналнинг кўплаб нуфузли муаллифлари ҳам эътироф этишарди. Бироқ бундай қатъиятлилик бир нарсада — бадиий ижод кишисининг ички эркинликлари қаричи билан ўлчаганда ўтакетган бемаънилик эди! Тасаввур қилинг, «От кишнаган оқшом», «Ойдинда юрган одамлар»дек бетакрор асарларни яратиб қўйган Ёзувчи — мен мазкур қиссаларда акс этган муаллиф руҳидаги чексиз ҳурликни, бадиий тасвир симфониясини, ҳар қандай тан олинган адабий анъаналардан- да фарқланувчи ўзига хосликни, бетакрор жозибали оҳангни назарда тутяпман — ҳозиргина мен тасвирлашга ҳаракат қилган шарт-шароитга мослаша олмаслиги гўдак болага ҳам аён эди.

Лекин Тоғай Мурод ишга қабул қилинди. Торгина хонада, рўпарама-рўпара столда пешонамиз пешонага теккудек аҳволда бир йилдан ортиқроқ, ҳамхона-ҳамнафас бўлдик. Хонадаги ҳамкасблар билан бўладиган адабий гурунгларимиз доираси кенгайди. Тоғай Л.Толстой, Мопассан асарларидан кўп мисол келтирар, айниқса Э.Сетон- Томпсоннинг ҳайвонот дунёсига бағишланган ҳикояларини завқ-шавқ билан айтиб берар, уларни ўзбекчалаштиришга киришганидан гап очарди.

Тоғайга кўпроқ адабий-бадиий, ижтимоий йўналишдаги мақолаларни тайёрлашга беришарди. У ўзига топширилган мақолани жуда қийналиб ўқиб чиқар ва муқаррар ундан қониқмас эди. Кўпчилик муаллифларнинг «тили» ғализлигидан, мутлақо ўзбекча эмаслигидан тутақиб кетар, русчадан нўноқларча таржима натижасида урчиб бораётган чала ва сохта тил бу, дея хуноб бўлгани бўлган эди. Қўлёзмани кўтарганча хонада юришга тушар, «И, буни ёзганига қаранглар!» — деб «теша тегмаган» жумлаларни баралла ўқиб эшиттирар, кетидан яйраб кулиб ҳам қўяр эди. Сўнг, «Бу мақолани таҳрир қилиб бўлмайди», деган хулоса чиқарарди. Биз эсак, агар шу тахлит ёндашилса, аксарият муаллифларнинг мақоласи оммабоплик талабига жавоб бермаслигини, демак, улар журнал юзини кўрмаслигини янги ходимимизга уқтиришга уринардик. Бўяб-бежаб таҳрир қилинган асл нусхаларни кўрсатардик.

— Бундай таҳрир қилишда муаллифларни дангаса қилиб қўясизлар, хом-хатала мақола ёзади-да, сизларга ишониб ташлаб кетаверади, шу. Яхшиси, мақолани қайтариб бериб юбораман, бошқа иложи йўқ, — деб икки оёғини бир этикка тиқиб туриб оларди.

Биз эса унга тушунтиролмай жонимиз ҳалак: «Ҳай, барака топкур, журналга ҳеч қачон тайёр мақола келган эмас, сиз билан бизнинг вазифамиз ҳам битта — мақолани қайта ишлаб, тайёр ҳолга келтириш, вассалом!»

Шундан кейин Тоғай кифтини бир қисиб қўярди-да, вазиятни тушунгандай бўларди.
— Яхшиси, қайта ёзиб қўя қоламан! — дея мук тушиб ўтирганича бош кўтармай ишга киришиб кетар эди. Жисмонан бақувват эди, бутун вужуди билан мақолани қайта ёзишга киришиб кетарди.

Умуман, Тоғай Мурод қўл учида ишламас эди, бир ишга киришдими, чалғимас, хонадаги гурунгларга ҳам қўшилмас, чор-атрофида нима гап, нима сўз — барини унутар эди. Биз ҳамхоналар суҳбатлашиб қоламиз, ҳазил- мутойиба қиламиз, хотираларга бериламиз, Тоғай гунг ва кар одамдек, уларнинг ҳеч бирига эътибор бермас, бу вақтда у ўзига топширилган мақоланинг руҳида, дунёсида яшаётган бўлар, бошлаган ишини бир ҳамлада ниҳоясига етказиб қўймаса, таҳрирга, тўғрироғи, «қайта ёзиш»га киришиш унинг учун турган-битгани азоб- уқубатга айланарди. Табиий, у нашрга тайёрлаган мақолалар бадиийлиги, тилининг ширадорлиги билан ажралиб турарди, ана шунда журнал раҳбарияти нима сабабдан Тоғай Муроддек таниқли ёзувчини ишга қабул қилганининг боисини тушунгандек бўлдим: ўша кезлар журналда эълон қилинадиган мақолаларнинг таъсирчанлигини, жозибасини янада ошириш зарурати туғилган, «Фан ва турмуш» саҳифаларида ўзгачароқ услуб, ўзгачароқ нафасга эҳтиёж туғилган эди! Бироқ Тоғай Мурод аксари илмий-оммабоп мақоланинг бадиий бўёғини қуюқлаштириб юборар, бу билан мақоланинг илмийлигига путур етиб қоларди. Илмий-оммабоп мақолада илмийлик ва оммабоплик мувозанатини сақлашдек мушкул муаммо яна ва яна тортишувларга сабаб бўларди.

Журналдаги иш тартибининг яна бир ўзига хослиги шунда эдики, ҳар бир мақола камида икки муҳаррир қўлидан ўтгачгина босмага рухсат этилар эди. Тоғай Мурод эса ўзи тайёрлаган мақоланинг қайта таҳрирга берилишини сира ҳазм қилолмас, қайта таҳрирда ўзгаришлар кўпайиб кетиши унинг иззат-нафсига тегарди. У қўлига қалам олиб ёздими, бас, бошқаларнинг маслаҳати билан унга ўзгартириш киритишга жуда қийналар эди. Умуман, Тоғай Мурод ниҳоятда кўнгли нозик, арзимас нарсага ҳам ранжиб қоладиган одам эди, лекин баҳслашганда айтган сўзидан қайтмас, аксари баҳсни бас қилиб, жим бўлиб қоларди-да, хийла фурсат ўтгач, тўсатдан ўрнидан туриб кетар ва боя тўхтаган баҳсни келган жойидан давом эттиришга тушарди. Шундай пайтларда мен уни жуда авайлаб, кўнглига оғир ботмайдиган сўзларни топиб, тушунтиришга ҳаракат қилардим ва ниятимга эришардим ҳам. Хусусан, у тайёрлаган мақоладаги айрим чалкаш, ноаниқ рақам ва маълумотларни манбалардан кўрсатиб аниқлик киритганда, Тоғай ёш боладай дув қизариб кетар, кетидан самимий жилмайиб қўйиб, «Ҳа, майли, ўзингиз тузатиб қўя қолинг», деб ён берарди.

Орадан бир йил ўтди, менинг тахминим тўғри чиқди, яъни Тоғай «Фан ва турмуш» муҳитини қабул қилолмади. Ишга келмай қоладиган кунлари кўпайди. Бундай интизомсизлик… йўқ, бундай ҳолатнинг аслида интизомсизлик эмаслигини фарқлаш учун Тоғай Мурод шахсини, Парвардигор унга ато этган феъл-атворни тушуниш керак эди! Бир йилдан ортиқроқ у билан бирга ишлаб, уни яқиндан кузатгачгина у ҳақдаги илгариги тасаввурим ўзгарди. Йўқ, Тоғай Мурод бошқаларга беписандликни, кибр-ҳавога берилишни ҳам билмас экан. У ўз дунёсида яшайдиган, ўша дунёсини сира тарк этолмайдиган, борди-ю, иттифоқо ўзини жисман ўраб турган муҳитга қайтгудай бўлса, албатта, кимгадир маъқул келмайдиган, ҳатто ғайритабиий муомала қилиб қўйиши аниқ эди. Шу боисдан ҳам у ҳушига келган ишни қилади, ҳушига келган одам билан гаплашади, қолган ҳаммаси унинг учун бекор. У ҳеч бир нарсада ўртача йўлни билмади, муроса кўчасига йўламади, ўзи билан ўзи яшади. Ҳар қандай муҳитга, ҳар қандай даврага сиғавермагани учун ҳам табиатига қарши бормади — ёлғизликдан паноҳ топди. Қизиғи, бу ёлғизлик дунёсини тиш-тирноғи билан «қўриқлар», ҳеч кимсани «ичкарига» йўлатмас ҳам эди. Баъзан ўйлаб қоламан: Тоғай ўзи учун муқаддас деб билган ва ўзидан бошқаларга сирлилигича қолган ички дунёсини асарларига, асарларидаги қаҳрамонлари дунёсига кўчириб улгурдими-йўқми?.. Бир нарса дейиш қийин… Ҳар қалай у ўзини ҳеч кимникига ўхшамаган асарлар яратиб қўйган ва яна шундай асарлар ёзишга қодир ёзувчи деб ҳисоблар, бунга заррача шак-шубҳаси йўқ эди. Ушбу ақидасида шу қадар қатъий эдики, ўзи ва асарлари тўғрисидаги на ижобий, на-да салбийроқ мулоҳазаларга кўпда қизиқавермасди ҳам. «Ким нима деб гапирибди, ким қандай тақриз ёзибди, деб ўтирсангиз, ижод қолиб кетади, ундай нарсаларга маҳлиё бўлмай, қўлдан келганича ёзавериш керак», дер эди.

Тоғай Муродни эслаганда, яна икки нарса хотирага келади. Бир куни суҳбат асносида, «Шукур Холмирзаевнинг ўн ҳикояси» деган ном остида китоб ёзишни ўйлаб юрибман, бу китоб Шукур аканинг энг сара ҳикоялари мисолида жаҳон ва ўзбек ҳикоячилиги ҳақидаги ҳикоялардан ташкил топади», деб ўйлаб юрган ниятимни айтиб қолдим.

— Яхши фикр, ёзинг! Шукур аканинг ҳикоялари бундай китобга арзийди! — деди Тоғай ниятимни маъқуллаб.

Кейинчалик онда-сонда учрашиб қолганимизда ҳар сафар: «Ҳикоялар ҳақидаги ҳикоялар битдими?» — деб ўша суҳбатни ёдимга солар эди.

Иккинчи ғалати ҳодиса пахта теримига ҳашарга борган кунларимизнинг бирида юз берди.

Тўсатдан Республика комфирқасининг раҳбари Шароф Рашидовнинг вафот этгани ҳақидаги хабар тарқалди. Тоғай, «Тошкентга бораман, дафн маросимида иштирок этаман», деб туриб олди. Рухсат бердик, Тоғай пойтахтга кетди. Бир кунга рухсат олган одам тўрт кунда қайтди. Пича кайфи бор экан, табиий, мартабали зотнинг дафн маросими хусусида гап очилди. Тоғай Мурод дафн маросими ҳақида гапириб бериб ўтирди-да, ҳамхоналаримиздан бирининг, марҳумни қаерга қўйишди, деган саволига ҳеч иккиланмай, «Чиғатой қабристонига», деб жавоб қайтарди.
Ўтирганлар ҳанг-манг бўлиб қолишди. Ахир дафн маросими Тошкентнинг қоқ марказида бўлиб ўтди-ку!

Ҳарчанд уқтиришга уринмайлик, Тоғай Мурод сўзидан қайтмади, нега мени уриб енгасизлар, ахир ўзим қатнашиб келдим-ку, Шароф акани Чиғатой қабристонига қўйишди, ишонмасанглар, Тошкентга борганда кўрасизлар, деб туриб олди. Орадан кўп ўтмай Тоғайнинг гапи ҳаётда ўз исботини топди…

Бу ҳодисани нима деб изоҳлаш мумкин: раҳматлик биродаримизнинг табиатида авлиёлик бор эдими ёки шунчаки бир тасодифми, буёғи Яратганга аён…

 

9e

Xurshid Do’stmuhammad
TOG’AY MURODNING SIRLI DUNYOSI
08

  Biz Toshkent Davlat universitetining jurnalistika fakultetida o’qigan kezlar quyi kurs talabalari bitiruvchi fakultetdoshlarga juda havasimiz kelardi. Chunki ular hademay tahririyatlarga borib qizg’in ijodiy faoliyatga kirishib ketishadi, gurillatib maqolalar chiqarib, el-yurtga tanilishadi. Shu o’y-xayolda oramizda, «Qaysi kursda ijodni boplaydiganlar ko’proq?» — degan savol ham aylanishib qolardi ba’zan. Bizdan bir yil muqaddam o’qishni bitirayotgan kursda kimsan Erkin A’zam, Halima Xudoyberdieva, Usmon Azim singari ahli qalam badiiy adabiyot eshigini dadil ochishga shay bo’lib, jamoatchilikka tanilib ulgurishgan edi. Bu ham «etmaganday», ularning safida Tog’ay Murod paydo bo’ldi! Aslida u o’qishni ilgariroq bitirayotgan, lekin qandaydir mojaroga aralashib, kasriga bir yil «sinf»dan qoldirilgani bois keyingi kursdagilar bilan o’qishni bitirishga majbur bo’lgandi. Kim nima tashvishda-yu, biz «Erkin A’zamlar kursi yanayam kuchayib ketganidan» xavotirdamiz! Xavotirda edigu, Tog’ay Murodni qariyb ko’rmas edik. U darslarga deyarli qatnashmas, mabodo yuzma-yuz kelib qolganda ham Tog’ay boshqalar bilan yolchitib so’rashib, salom-alik qilganini eslolmayman. Qo’l olishgan taqdirda ham og’iz ochib bir narsa demas, bosh irg’ab qo’ya qolardi.

— U zo’r yozuvchi! — dedi saboqdoshimiz O’rol O’taev, bunday holatni o’zicha sharhlab.

«Zo’r yozuvchi boshqalar bilan gaplashmaydimi, hech kimga qo’shilmaydimi?» — degan o’yga bordim-u, o’zim bilan o’zim ovora, Tog’ayni unutib ham yubordim.

Oradan yillar o’tdi, onda-sonda ko’cha-ko’yda, aksariyat Respublika Radiosi uyi atroflarida (u o’sha yerda ishlar edi) mutlaqo tasodifan to’qnash kelib qolganimizda salom-aligimiz juda qisqa bo’lardi. Men oddiy jurnalist, Tog’ay Murod esa «Ot kishnagan oqshom», «Oydinda yurgan odamlar» qissalari bilan o’zining haqiqatda zo’r yozuvchiligini isbotlab ulgurgan, bizga o’xshash boshlovchi havaskorlarga bepisandligi bejiz emas-da, deb o’zimcha unga tan berib qo’yardim ham. O’tgan asrning 70-80- yillarida adabiyotga erta kirib kelgan, bitta-yarimta kitobi, besh-oltita she’ri yoki hikoyasi og’izga tushgan tengqurlar orasida dastlabki ijodiy yutuqlar ortidan kelgan shon- shuhratni ko’tarishga anchayin «qiynalgan»lari ham bo’lgan. Chetdan kuzatgan kishi Tog’ay Murodni ham kibru havoga berilgan o’sha toifa vakillariga qo’shib yuborishi hech gap emas edi.

Oradan yana qancha vaqt o’tdi, yodimda yo’q, Tog’ay Murod «Fan va turmush» jurnali tahririyatida paydo bo’ldi! Men ushbu tahririyatda yetti-sakkiz yildan buyon ishlayotgan xodim sifatida bir narsaga imonim komil ediki, Tog’ay Murod uchun «Fan va turmush» ham, jamoadagi muhit ham mutlaqo yot edi! Nega, nima sababdan?

Tahririyatda ichki mehnat intizomi qat’iy yo’lga qo’yilgan, jurnalning har bir soni mundarijasi qat’iy reja asosida shakllantirilar, fikr-mulohazalar, maqolalarni tayyorlash, hatto yurish-turishimizgacha, tushlikka chiqish-kelishgacha — hammasi yozilgan- yozilmagan qat’iy tartibga solingan edi!

Shu o’rinda o’zbek ilmiy-ommabop jurnalistikasi xususida to’xtalishga to’g’ri keladi. Ilm-fan yutuqlarini ommalashtirish har qanday milliy jurnalistikaning nihoyatda muhim va nihoyatda murakkab yo’nalishlaridan hisoblanadi. Bu borada bizda e’tirof etilgan jurnalistlar barmoq bilan sanaladigan darajada oz. O’zbek milliy jurnalistikasida «Fan va turmush» maktabi alohida mavqega, tajribaga ega. Anvar Muhammadqulov, Komiljon Xolmuhamedov, Husniddin Nurmuhamedov, Rustam Obid… Yana kimni eslaymiz?.. Rahmatli G’aybulla as-Salomning tarjimashunoslikka doir darsliklari,qo’llanmalarini varaqlab ko’ring, bu sohadan yiroq kishi ham zavq bilan o’qiy boshlaganini sezmay qoladi. Boisi, rahmatlik ustozimiz «Fan va turmush» maktabini o’taganlardan hisoblanadilar! Bosh muharririmiz, mashhur akademik Yolqin To’raqulov fundamental fan yutuqlarini oddiy kishilar tushunadigan darajada ommalashtirib berishimizni talab qilar, buning uchun katta-kichik olimlar keltirgan maqolalarni qayta ishlagunimizcha kam deganda besh-oltita adabiyotni ko’rib chiqishga, mutaxassislar bilan suhbatlashishga, necha jild qomusu ma’lumotnomalarni titkilashga to’g’ri kelar… shu talab va darajada ishlash uchun esa hozirgina men aytgan qat’iy tartib-intizomga rioya qilishga majbur va mahkum edik. O’zimizning shu qadar odobli, intizomli ekanimizdan, bosh ko’tarmay ishlashimizdan faxrlanar edik, buni jurnalning ko’plab nufuzli mualliflari ham e’tirof etishardi. Biroq bunday qat’iyatlilik bir narsada — badiiy ijod kishisining ichki erkinliklari qarichi bilan o’lchaganda o’taketgan bema’nilik edi! Tasavvur qiling, «Ot kishnagan oqshom», «Oydinda yurgan odamlar»dek betakror asarlarni yaratib qo’ygan Yozuvchi — men mazkur qissalarda aks etgan muallif ruhidagi cheksiz hurlikni, badiiy tasvir simfoniyasini, har qanday tan olingan adabiy an’analardan- da farqlanuvchi o’ziga xoslikni, betakror jozibali ohangni nazarda tutyapman — hozirgina men tasvirlashga harakat qilgan shart-sharoitga moslasha olmasligi go’dak bolaga ham ayon edi.

Lekin Tog’ay Murod ishga qabul qilindi. Torgina xonada, ro’parama-ro’para stolda peshonamiz peshonaga tekkudek ahvolda bir yildan ortiqroq, hamxona-hamnafas bo’ldik. Xonadagi hamkasblar bilan bo’ladigan adabiy gurunglarimiz doirasi kengaydi. Tog’ay L.Tolstoy, Mopassan asarlaridan ko’p misol keltirar, ayniqsa E.Seton- Tompsonning hayvonot dunyosiga bag’ishlangan hikoyalarini zavq-shavq bilan aytib berar, ularni o’zbekchalashtirishga kirishganidan gap ochardi.

Tog’ayga ko’proq adabiy-badiiy, ijtimoiy yo’nalishdagi maqolalarni tayyorlashga berishardi. U o’ziga topshirilgan maqolani juda qiynalib o’qib chiqar va muqarrar undan qoniqmas edi. Ko’pchilik mualliflarning «tili» g’alizligidan, mutlaqo o’zbekcha emasligidan tutaqib ketar, ruschadan no’noqlarcha tarjima natijasida urchib borayotgan chala va soxta til bu, deya xunob bo’lgani bo’lgan edi. Qo’lyozmani ko’targancha xonada yurishga tushar, «I, buni yozganiga qaranglar!» — deb «tesha tegmagan» jumlalarni baralla o’qib eshittirar, ketidan yayrab kulib ham qo’yar edi. So’ng, «Bu maqolani tahrir qilib bo’lmaydi», degan xulosa chiqarardi. Biz esak, agar shu taxlit yondashilsa, aksariyat mualliflarning maqolasi ommaboplik talabiga javob bermasligini, demak, ular jurnal yuzini ko’rmasligini yangi xodimimizga uqtirishga urinardik. Bo’yab-bejab tahrir qilingan asl nusxalarni ko’rsatardik.
— Bunday tahrir qilishda mualliflarni dangasa qilib qo’yasizlar, xom-xatala maqola yozadi-da, sizlarga ishonib tashlab ketaveradi, shu. Yaxshisi, maqolani qaytarib berib yuboraman, boshqa iloji yo’q, — deb ikki oyog’ini bir etikka tiqib turib olardi.

Biz esa unga tushuntirolmay jonimiz halak: «Hay, baraka topkur, jurnalga hech qachon tayyor maqola kelgan emas, siz bilan bizning vazifamiz ham bitta — maqolani qayta ishlab, tayyor holga keltirish, vassalom!»
Shundan keyin Tog’ay kiftini bir qisib qo’yardi-da, vaziyatni tushunganday bo’lardi.
— Yaxshisi, qayta yozib qo’ya qolaman! — deya muk tushib o’tirganicha bosh ko’tarmay ishga kirishib ketar edi. Jismonan baquvvat edi, butun vujudi bilan maqolani qayta yozishga kirishib ketardi. Umuman,

Tog’ay Murod qo’l uchida ishlamas edi, bir ishga kirishdimi, chalg’imas, xonadagi gurunglarga ham qo’shilmas, chor-atrofida nima gap, nima so’z — barini unutar edi. Biz hamxonalar suhbatlashib qolamiz, hazil- mutoyiba qilamiz, xotiralarga berilamiz, Tog’ay gung va kar odamdek, ularning hech biriga e’tibor bermas, bu vaqtda u o’ziga topshirilgan maqolaning ruhida, dunyosida  yashayotgan bo’lar, boshlagan ishini bir hamlada nihoyasiga yetkazib qo’ymasa, tahrirga, to’g’rirog’i, «qayta yozish»ga kirishish uning uchun turgan-bitgani azob- uqubatga aylanardi. Tabiiy, u nashrga tayyorlagan maqolalar badiiyligi, tilining shiradorligi bilan ajralib turardi, ana shunda jurnal rahbariyati nima sababdan Tog’ay Muroddek taniqli yozuvchini ishga qabul qilganining boisini tushungandek bo’ldim: o’sha kezlar jurnalda e’lon qilinadigan maqolalarning ta’sirchanligini, jozibasini yanada oshirish zarurati tug’ilgan, «Fan va turmush» sahifalarida o’zgacharoq uslub, o’zgacharoq nafasga ehtiyoj tug’ilgan edi! Biroq Tog’ay Murod aksari ilmiy-ommabop maqolaning badiiy bo’yog’ini quyuqlashtirib yuborar, bu bilan maqolaning ilmiyligiga putur yetib qolardi. Ilmiy-ommabop maqolada ilmiylik va ommaboplik muvozanatini saqlashdek mushkul muammo yana va yana tortishuvlarga sabab bo’lardi.

Jurnaldagi ish tartibining yana bir o’ziga xosligi shunda ediki, har bir maqola kamida ikki muharrir qo’lidan o’tgachgina bosmaga ruxsat etilar edi. Tog’ay Murod esa o’zi tayyorlagan maqolaning qayta tahrirga berilishini sira hazm qilolmas, qayta tahrirda o’zgarishlar ko’payib ketishi uning izzat-nafsiga tegardi. U qo’liga qalam olib yozdimi, bas, boshqalarning maslahati bilan unga o’zgartirish kiritishga juda qiynalar edi. Umuman, Tog’ay Murod nihoyatda ko’ngli nozik, arzimas narsaga ham ranjib qoladigan odam edi, lekin bahslashganda aytgan so’zidan qaytmas, aksari bahsni bas qilib, jim bo’lib qolardi-da, xiyla fursat o’tgach, to’satdan o’rnidan turib ketar va boya to’xtagan bahsni kelgan joyidan davom ettirishga tushardi. Shunday paytlarda men uni juda avaylab, ko’ngliga og’ir botmaydigan so’zlarni topib, tushuntirishga harakat qilardim va niyatimga erishardim ham. Xususan, u tayyorlagan maqoladagi ayrim chalkash, noaniq raqam va ma’lumotlarni manbalardan ko’rsatib aniqlik kiritganda, Tog’ay yosh boladay duv qizarib ketar, ketidan samimiy jilmayib qo’yib, «Ha, mayli, o’zingiz tuzatib qo’ya qoling», deb yon berardi.

Oradan bir yil o’tdi, mening taxminim to’g’ri chiqdi, ya’ni Tog’ay «Fan va turmush» muhitini qabul qilolmadi. Ishga kelmay qoladigan kunlari ko’paydi. Bunday intizomsizlik… yo’q, bunday holatning aslida intizomsizlik emasligini farqlash uchun Tog’ay Murod shaxsini, Parvardigor unga ato etgan fe’l-atvorni tushunish kerak edi! Bir yildan ortiqroq u bilan birga ishlab, uni yaqindan kuzatgachgina u haqdagi ilgarigi tasavvurim o’zgardi. Yo’q, Tog’ay Murod boshqalarga bepisandlikni, kibr-havoga berilishni ham bilmas ekan. U o’z dunyosida yashaydigan, o’sha dunyosini sira tark etolmaydigan, bordi-yu, ittifoqo o’zini jisman o’rab turgan muhitga qaytguday bo’lsa, albatta, kimgadir ma’qul kelmaydigan, hatto g’ayritabiiy muomala qilib qo’yishi aniq edi. Shu boisdan ham u hushiga kelgan ishni qiladi, hushiga kelgan odam bilan gaplashadi, qolgan hammasi uning uchun bekor. U hech bir narsada o’rtacha yo’lni bilmadi, murosa ko’chasiga yo’lamadi, o’zi bilan o’zi yashadi. Har qanday muhitga, har qanday davraga sig’avermagani uchun ham tabiatiga qarshi bormadi — yolg’izlikdan panoh topdi. Qizig’i, bu yolg’izlik dunyosini tish-tirnog’i bilan «qo’riqlar», hech kimsani «ichkariga» yo’latmas ham edi. Ba’zan o’ylab qolaman: Tog’ay o’zi uchun muqaddas deb bilgan va o’zidan boshqalarga sirliligicha qolgan ichki dunyosini asarlariga, asarlaridagi qahramonlari dunyosiga ko’chirib ulgurdimi-yo’qmi?.. Bir narsa deyish qiyin… Har qalay u o’zini hech kimnikiga o’xshamagan asarlar yaratib qo’ygan va yana shunday asarlar yozishga qodir yozuvchi deb hisoblar, bunga zarracha shak-shubhasi yo’q edi. Ushbu aqidasida shu qadar qat’iy ediki, o’zi va asarlari to’g’risidagi na ijobiy, na-da salbiyroq mulohazalarga ko’pda qiziqavermasdi ham. «Kim nima deb gapiribdi, kim qanday taqriz yozibdi, deb o’tirsangiz, ijod qolib ketadi, unday narsalarga mahliyo bo’lmay, qo’ldan kelganicha yozaverish kerak», der edi.

Tog’ay Murodni eslaganda, yana ikki narsa xotiraga keladi. Bir kuni suhbat asnosida, «Shukur Xolmirzaevning o’n hikoyasi» degan nom ostida kitob yozishni o’ylab yuribman, bu kitob Shukur akaning eng sara hikoyalari misolida jahon va o’zbek hikoyachiligi haqidagi hikoyalardan tashkil topadi», deb o’ylab yurgan niyatimni aytib qoldim.
— Yaxshi fikr, yozing! Shukur akaning hikoyalari bunday kitobga arziydi! — dedi Tog’ay niyatimni ma’qullab.

Keyinchalik onda-sonda uchrashib qolganimizda har safar: «Hikoyalar haqidagi hikoyalar bitdimi?» — deb o’sha suhbatni yodimga solar edi.

Ikkinchi g’alati hodisa paxta terimiga hasharga borgan kunlarimizning birida yuz berdi.

To’satdan Respublika komfirqasining rahbari Sharof Rashidovning vafot etgani haqidagi xabar tarqaldi. Tog’ay, «Toshkentga boraman, dafn marosimida ishtirok etaman», deb turib oldi. Ruxsat berdik, Tog’ay poytaxtga ketdi. Bir kunga ruxsat olgan odam to’rt kunda qaytdi. Picha kayfi bor ekan, tabiiy, martabali zotning dafn marosimi xususida gap ochildi. Tog’ay Murod dafn marosimi haqida gapirib berib o’tirdi-da, hamxonalarimizdan birining, marhumni qaerga qo’yishdi, degan savoliga hech ikkilanmay, «Chig’atoy qabristoniga», deb javob qaytardi.

O’tirganlar hang-mang bo’lib qolishdi. Axir dafn marosimi Toshkentning qoq markazida bo’lib o’tdi-ku!

Harchand uqtirishga urinmaylik, Tog’ay Murod so’zidan qaytmadi, nega meni urib yengasizlar, axir o’zim qatnashib keldim-ku, Sharof akani Chig’atoy qabristoniga qo’yishdi, ishonmasanglar, Toshkentga borganda ko’rasizlar, deb turib oldi. Oradan ko’p o’tmay Tog’ayning gapi hayotda o’z isbotini topdi…

Bu hodisani nima deb izohlash mumkin: rahmatlik birodarimizning tabiatida avliyolik bor edimi yoki shunchaki bir tasodifmi, buyog’i Yaratganga ayon…

Manba’: Tog’ay Murod zamondoshlari xotirasida. Toshkent,»Yangi asr avlodi»,2000.

045

(Tashriflar: umumiy 375, bugungi 1)

1 izoh

  1. Яхши гаплар… Тоғай Муроднинг қаҳрамонлари руҳиятига беркитилган «Мен»и очилгандай…

Izoh qoldiring