Yangi fotoko’rgazma, yangi kitoblar taqdimoti.

111

Яқинда Тошкент Фотосуратлар Уйида ёзувчи, санъатшунос, фоторассом Нодир Норматовнинг навбатдаги шахсий кўргазмаси очилди. Ушбу кўргазма 2013 йил “Обод турмуш”йилига бағишланган бўлиб, “Бу ижод бўстонида” деб аталади. Шу кунгача ижодкорнинг бу соҳада “Қишлоқ томон йўл” (2010 йил 21 декабрида Тошкент Фотосуратлар Уйида), “ Сурхон оҳанглари”( 2012 16 -21 май кунлари Термизда), “Ватан сенсан, Ватан мен” (5 -12 сентябрь кунлари Нукусда), “Ватан тимсоллари”( 10- 15 ноябрь Гулистон шаҳри) деб номланган шахсий кўргазмалари намойиш этилган бўлиб, фото санъати мухлислари олқишига сазовор бўлди.
Муаллиф бу галги мавзусини бадиий ижод соҳиблари- рассомлар, ёзувчилар, шоирлар, мусиқа ва рақс санъати намояндалари, халқ усталари ҳаёти ва фаолиятига бағишлаган. “Биз бу фотоасарларда Мустақиллик даврида яшаб ижод қилаётган ижодкор замондошларимизнинг орзу -ўйлари, илҳом онлари, турли маросимлар ва тантаналарда иштироклари, дўстлар даврасидаги самимий мулоқотларининг гувоҳи бўламиз,- дейди Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, халқ рассоми Акмал Нур.- Муаллиф фотоэтюдларининг ҳар бирига бадиий, фалсафий маъно касб этадиган лаҳзаларни муҳрлашга интилади.. Портрет, манзара, жанрли композициялардаги мазмун ва сюжет замирида табиий ҳаракатлар, обод турмуш тарзи, инсонни ёруғликка чорловчи лавҳалар бор. Бош қаҳрамонларнинг аксарияти нафақат пойтахтда, балки вилоятларда ҳам яшаб ижод қилаётган, эл таниган ижодкорлардир Шу боис ҳам адабиёт ва санъат аҳли вакилларининг бунёдкорлик фаолияти, яшаш тарзи фоторассом ижодида нозик қадриятлар тимсолларига айланади.
“Нодир Норматовни биз ёзувчи ва санъатшунос сифатида яхши танир эдик. Аммо унинг бадиий фотосанъатида эришган ютуқларини кўриб, ҳайратландик, -дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али.- Бундай тадбир рассомлар билан ёзувчилар ўртасида ўзига хос кўприк бўлиб хизмат қилишини ҳам алоҳида таъкидлагим келади.”
“Ўзбек санъаткорларининг фото асарларида акс этиши маданият тарихида, даврни акс эттиришда ўзига хос ўрин тутади,- Ўзбекистон халқ артисти Рихси Иброҳимова.- Ана шу нуқтаи назардан бу кўргазманинг ўрни беқиёс. Мен ушбу фотокўргазмада ёзувчилик нигоҳи билан сараланган, тафаккурга йўғрилган ҳаёт лаҳзаларини, психологик ҳолатларни, жозибали манзаларини кўргандай бўлдим”
Ўша куни кўргазма доирасида Нодир Норматовнинг “Шарқ” нашриёти ва Ўзбекистон” нашриётида чоп этилган “Бисот” сайланма китоби ҳамда ““Кўзгудаги икковлон” романи тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. Тақдимотда сўзга чиққан таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров, фольклоршунос олим Тўра Мирзаев, фалсафа фанлари доктор Тилаб Маҳмудов, Бадиий академия бош илмий котиби, тарих фанлари доктори проффессор Абдумажид Мадраимовлар бугунги адабий жараён устида тўҳталиб ўтишар экан, ушбу китоблар нафақат ёзувчи ижодида, балки, ўзбек адабиётида ҳам катта воқеа эканлигини таъкидлашди.
“Шарқ юлдузи” ва Звезда Востока” журналлари бош муҳаррири, таниқли ёзувчи Улуғбек Ҳамдам Нодир Норматовнинг серқирра ижоди ҳақида сўзлаб, унинг яқинда рус тилида журнал саҳифаларида босилган “Последнее завещания Рузи Чарыева” роман-эссеси русийзабон ўқувчиларда ҳам катта таассурот қолдирганлигини таъкидлади
“Нодир Норматов юзлаб ўзбек мусаввирлари ҳамда халқ усталари ва адабиёт аҳли ижодини, жаҳон тасвирий санъат намояндалари эришган ютуқларни ўз мақола ва эсселарида тарғиб-ташвиқ этган.-деди Улуғбек Ҳамдам ўз сўзида.- Юздан ортиқ илмий ва оммавий китобларга муҳаррирлик қилган. Санъат аҳлига бағишланган ўттизга яқин ҳужжатли фильмлар сценарийси ва матнлари муаллифи. 2011 йилда Корея ва Марказий Осиё республикалари халқаро танлови ҳайъати қарорига кўра, унингтўлиқ матнли бадиий фильм учун ёзган ”Муҳаббат кўзгуси” сценарийси ғолиб деб топилган. 1998 йилдан буён бадиий фотосанъати билан шуғулланади. 2007 йилда “Маҳалладан бошланар Ватан” танлов кўригида фахрли учинчи ўринни эгаллади. Республика ва халқаро кўргазмалар қатнашчиси. Бу серрқирра ижодкорнинг бадиий ижод соҳасидаги «Кўҳитанг ҳикоялари» ( 1977), «Жарликдан қушлар учди» (1986), « Голубые орехи» (қиссалар,рус тилида, 1990) китоблари, «Муқаддас балиқлар эгаси» (1981), «Дарахт тагидаги одам» (1987 ), «Бисот» (2013), «Исмоил тоғанинг тарозиси» (1987), «Жазо» (1985) қиссалари, «Баригал» (1991), «Рўзи Чориевнинг сўнгги васияти” (2009, ўзбек ва рус тилларида), ”Кўзгудаги икковлон” (2013) романларини китобхонлар севиб ўқишади”.
Нодир Норматов 1950 йил 24 декабрда Сурхондарё вилояти Шеробод туманидаги Пошхурд қишлоғида туғилган. Ўзбекистон Миллий Университети журналистика факультетини тугатган. Ўзбекистон Ёзувчилари уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Бадиий Академияси Бадиий Ижодкорлар уюшмаси аъзоси. У 2010 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.

876

Нодир Норматов
ФОТО САНЪАТИ ҲАҚИДА ИККИ ОҒИЗ СЎЗ

Агар фотография Х ёки Х111 асрда пайдо бўлганида, биз жаҳон маданияти, санъати, давлатчилик тарихининг олтин саҳифаларини яратишда аждодларимиз етакчи бўлганликларини далиллаб ўтиришимизга ҳам ҳожат қолмас эди. Афсуски, бу муъжиза Х1Х аср охирида Францияда, энг алам қиладигани — давлатчилигимизнинг энг аянчли, танззулга учраган бир пайтида кашф этилди. Бизга энди фақат ана шу даврдан бошлаб ҳикоя қилувчи фотолар сақланиб қолган. Булар-Ўрта Осиёга сайёҳ бўлиб келган француз фотографи Нодарь, ўзбек фотграфи Худайберган Девонов, Европа ва рус сайёҳ фото усталари мерос қолдирган фото ҳужжатлари. Ушбу фотоархив биргина этногрфик маълумотлар берибгина қолмай, ўша даврнинг ижтимоий муҳити, яшаш тарзи, табиат ва жамият манзаралари ҳақида ҳикоя қилади. Айрим ҳолларда маълум бир тор доиралар учун сиёсий иддаоларга далил сифатида қўл келиши ҳам бор гап. Аммо арғамчини узун ташлайдиган бўлсак, албатта, тарих ойдинлаша боради, Темурийларнинг шавкатли салтанати, у даврда яратилган маданият, санъатнинг ўлмас обидалари. Аммо одамларнинг яшаш тарзи, кўринишлари, шаклу шамойиллари, боғу бўстонлари кичик бир миниатюраларда сақланиб қолган. Кенг кўламда тасаввур қилиш учун кошки оз бўлсада, фото суратлар бўлса эди…Энди сўз билан битилган тасвирлар Чингиз Айтматов ёзганидек, фото ўрнини босмас экан.
Бугунги кунда фото санъати нафақат жаҳоннинг илғор мамлакатларида, балки юртимизда ҳам ривожланиб кетди. Фақатгина малакали фотографлар эмас, балки, турли соҳа одамлари ҳам, жумладан, талабаю деҳқон ҳам, қўлига қўлтелефон кўтарган ёки фотоапарат ушлаган инсон бемалол суратга ола билади. Кимдир ишда тезкорлик, ҳужжатлилик учун ёки кўнгилхушлик учун, шунчаки эрмакка суратга олишга эҳтиёж сезади. Бу энди оддий ҳодиса. Аммо улар орасида бадиий фото олиш бу шунчаки эрмак ёки машғулот эмас. У фоторепортажлару ҳужжатлиликдан фарқ қилади. Бу, энди қалб, шуур, онг билан фотообъектив ва тасвирланадиган ҳаёт лавҳалари ўртасидаги оний мулоқотдир. аммо буни суратга олиш учун катта тажриба, тафаккур талаб этилади. Инсон ўз қалбида ўйлаб юрган фалсафий қарашлари далилини ҳаётда мужассам ҳолатда ногаҳон кўриб қолади, уни фотокадрга муҳрлашга шошилади, шиддат ва тезкорлик бўлмаса, ғафлатда қолади. Яшин тезлигида кечадиган бундай лавҳалар сира қайтарилмасдир, бу худди оқар дарёнинг ўша лаҳзадаги сувини бир мартадан бошқа ичиб бўлмагани кабидир.
Мен 1963 йилда Сурхондарёда, мактабда бешинчи синфда ўқиётган пайтимда,қишлоққа амаким Сулаймон Пардаев эндигина Қарши педагогика институти битириб келган эди. Унинг уйига бориб, фото олишу кечалари ухламасдан махсус қоғозга ишлов бериб, сурат чиқаришни ўрганган эдим. Ўқувчилик йиллари бир муддат бу сирли касбга қизиқдиму кейин ташлаб кетдим. Орадан ўттиз беш йил ўтиб, яна бу ҳунарга қизиқиб қолдим. Сабаби эса…мен касбим тақозосига кўра, вилоятларда сафарда бўлганимда, ажиб бир манзараларга кўзим тушарди. Бундай лаҳзаларни суратга олиш, улардан бадиий асарларда ҳам фойдаланиш мумкинлигини ҳис қилдим. Бизда, ўзбек ёзувчиларидан Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад каби устозлар ҳам фотография билан астойдил шуғулланишган экан. Хуллас, бу ишга қўл урганимдан афсусланмайман. Яқинда Тошкент Фотосуратлар Уйида бир гуруҳ ижод аҳлининг портретларидан иборат шахсий кўргазмам очилди. Ана шу кўргазмадан олинган фотоасарнинг бир туркумини Хуршид Даврон сайтига тақдим этишни лозим топдим.

022

ФОТОКЎРГАЗМАДАН СУРАТЛАР

01
Таниқли ёзувчи Эркин Аъзам.

02
Таниқли актёр Эркин Комилов ва профессор Умарали Норматов.

03
Таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуров.

04
Навоийшунос олим Иброҳим Ҳаққул.

05
Ёзувчи Мурод Муҳаммад Дўст.

06
Ёзувчи Шукур Холмирзаевни эслаб.

07
Драматурглар Абдуқаҳор Иброҳимов ва Шароф Бошбеков.

08
Адабиётшунос Ҳулкар РОлимжонова ва олим Омонулла Мадаев.

09
Абадиётшунос олим Абдулла Улуғов.

010
Сурхон шоирлари.

011
Рассомлар аскияси.

012
Ёзувчи ва шоирлар баҳсида.

013
Ёзувчи Эркин Аъзам.

(Tashriflar: umumiy 166, bugungi 1)

Izoh qoldiring