Ahmad A’zamning «Hali hayot bor… » kitobining taqdimoti bo’lib o’tdi

kitob

Ёзувчи Аҳмад Аъзамнинг кўплаб ҳикоя ва новеллалари, қисса ҳамда жаҳон адабиётидан қилган таржималарини адабиёт ихлосмандлари севиб мутолаа қилишмоқда. Адибнинг яқинда “Ўзбекистон” нашриётида “Ҳали ҳаёт бор” номли янги китоби нашрдан чиқди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наср кенгашида мазкур китобнинг тақдимот маросими доирасида адиб билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда ёзувчилар, адабиётшунос олимлар ҳамда ёш ижодкорлар иштирок этишди. Хуршид Дўстмуҳаммад, Саъдулла Ҳаким, Сирожиддин Саййид, Назар Эшонқул, Ислом Ёқубов, Баҳодир Каримов, Исажон Султон ва бошқа ижодкорлар адибнинг ушбу китобга киритилган янги ҳикоялари, новеллалари ва “Ҳали ҳаёт бор” номли қиссасининг мазмун-моҳияти, ибратли жиҳатлари, ёзувчи ижодининг адабиётимиздаги ўрни ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

taqdimot

— Аҳмад Аъзам кўп йиллардан бери самарали ижод қилиб, китобхонларимиз қалбидан муносиб жой олиб келмоқда, — деди Наср кенгаши раиси Улуғбек Ҳамдам. – Биз адибни кўпинча ўтган асрнинг етмишинчи йилларида адабиётга кириб келган авлоди вакили сифатида таърифлашга ўрганиб қолганмиз. Бироқ ёзувчининг кейинги пайтларда ёзган янги асарларини ўқиб, у бугунги давр адабиёти билан ҳам ҳамоҳанг тарзда ижод қилаётганлигини, янгиликка интилиб яшаётганлигини ҳис этаяпмиз.
Дарҳақиқат, изланишдаги ижодкор қайси даврда адабиёт остонасига қадам қўйган бўлса, ўша давр руҳи билан чегараланиб қолмайди. Ҳар қайси даврда унинг ўз айтар сўзи, ўз танлаган услуби бўлади. Аҳмад Аъзам ана шундай изланишдаги адибларимиздан биридир. Унинг “Соясини йўқотган одам”, “Мастиржамият”, “Тиқин”, “Гул кўтариб кетаётган эркак”, “Нотўғри туш” ва бошқа шу сингари бир қанча ҳикоя ва новеллалари янги замон руҳини баралла акс эттиради.

Адибнинг таржимачилик борасидаги фаолияти ҳам эътиборга лойиқ. У жаҳон адабиётининг бир қатор сара намуналарини ўзбек тилига таржима қилган, Жумладан, Албер Камюнинг “Бегона” романини ўзбек китобхонлари Аҳмад Аъзам таржимасида ўқиб баҳраманд бўлдилар.
“Ҳали ҳаёт бор” китобидан жой олган асарларни мутолаа қилар эканмиз, адибнинг фаол изланишда эканлиги ҳамда адабиётимизга ўзининг муносиб туҳфаларини тақдим этаётганлигидан мамнун бўламиз. Зеро, китобнинг номидан ҳам рамзий маънони англагандай бўламиз. Яъни, чинакам ёзувчи учун ижод – бу ҳаёт демакдир. Олдинда ижодий мақсадлар ва ижодга иштиёқ бор экан, демак ёзувчи учун ҳаёт бор. У мудом мунаввар ҳаётга интилиб яшашда давом этаверади ва натижада гўзал асарлар бунёдга келади. Бу, айниқса, ёш адибларимизга ўзига хос ибрат намунаси бўлади, десак янглишмаймиз.

Аҳмад АЪЗАМ

«ҲАЛИ ҲАЁТ БОР…»
Қисса

Кўмирнинг қораси бир пасда тарқалади-я. Тушганига қанча, бўлса, бирон соат бўлгандир-да, шамол ё енгилроқ шабада ҳам йўқ, гарди ўтган-қайтганнинг эгнига илашадими ё оёғидаги калишининг тишига кириб қоладими, маҳалланинг у бошигача борибди. Ўйласанг, юрагингни ваҳм босади: худди жони бордек, тушган жойидан ҳаммаёқни қорага булғаб, ўзидан-ўзи, секин тарқалиб-таралиб кетаверади… Худди қоронғи эланиб-сизиб чўкаётгандек. Яна, ёмон гапдек…
Ҳақиқатан-эй, ёмон гап ҳам шу, бир чиқмасин, кейин тамом – тўхтамайди, ўзича кўпайиб, болалаб кетаверади. Мана, бир одамнинг мазаси йўқроқ экан, деб кўринг, шунчаки, жўрттага гап чиқаринг, кун ўтмай, ўзингизни унинг жанозасига айтиб келадилар, бормасангиз, яна одамгарчиликдан чиққанга йўядилар. Ўлсанг, сенинг ўлигингни ҳам шу одамлар кўтаради-ку, деб қўрқитадилар яна. Ўв биродарлар, эс жойидами, ўзим тўқиган миш-миш бу, оқибатини ўйламабман, деб ҳаргиз урининг, бориб аллақачон унинг оиласидан кўнгил сўраганларни шафе келтирадилар. Ҳай-ҳай демасангиз, савоб учун гўрига етти кетмон тупроқни зўрға санаб тортганлар ҳам чиқиб қолади. Яхши одам эди-да, кетмон талаш бўп кетди-эй, деб қўйишади яна. Тавба, ёқангни ушлайсан! Биров тўғрисида совуқ гап кўнгилни иситадими ё?..
Аълам шунақа ўйлаб ишласа, ғайрати қўзиб, қадамлари ўз-ўзидан тезлашади. Бу лаънати кўмир ҳақиқатан ҳам бемаъни экан, торгина кўча ҳалитдан худди сурма сепгандай бўлиб кетди. Аъламнинг ўзи ҳам Африканинг Нубиями, Намибиями деган юртларидан нонга пул ишлашга келган кўмирчи-мардикор бўлди қолди. Қизиғ-а, қоп-қора одам қоп-қора кўмир ташиб юрса. Иссиқ ўлкалар, кўмирга бало борми?..
Аммо-лекин бугун катта ишни битирди. Битта қизил муқова гувоҳномани кўрсатиш билан битар экан, шуни қишнинг совуқларида тиришиб ётмай, олдинроқ қилмайдими? Ёзда, тагида ТНО «Волга» билан борганда, балки пулини ҳам олмас эдиларми? Йўқ, пулини бермаса, бўлмас-ку, аммо машинадан тушмай, «Ҳой, манави манзилга икки тонна тўкиб қўйинглар-чи, мана, пули», деб ўзи қайтиб келаверса ҳам бўлар экан. Ҳа, майли, хўжанинг ҳам ақли тушдан кейин киради. Сиёсат қилишни ҳам боплаш керак. Буни ҳам бугун бориб кўргандан кейин билди-ку.
Аввал катта-катта бўлакларини киритиб олгани яхши бўлди. Тушгача тугатар, а?
– Эҳ-ҳе, дўстим, бу қанақаси? Шаҳарнинг қоқ ўртаси, газ йўқми? Э-э, тоза… Йиғиштиринг бу ишни! Тез бўлинг!
Аълам қараса, беш-олти одим нарида Турдиали, ёмғирпўшининг барини ҳам кўтариб олган, ўзларини кўмирдан тортяптилар. Бу энди қилиқ ҳам эмас, қичиқ! Худди кўмир нима, унинг қораси нима, билмайдигандек; тумшуғини ҳам жийирган, озода.
– Саломлашайлик. Яхшимисиз?
– Салом, салом! Мен кўчанинг бошидан салом бериб келяпман. Қани, дўстим, мошинга!
Абдузафар акамнинг хизмат мошинлари.
– Шу аҳволда-я?
– Аҳволнинг каттаси у ёқда, дўстим! Бўлинг, бўлинг!
– Турдиали, келсангиз, мен йўқ эканман.

– Ий-э. Нега йўқ бўласиз? Мана, турибсиз-ку. Мени ёлғонга ундаманг.
– Хўп, бўлмаса, кўрдим, кўмир ташияпти экан, денг.
– Э-э, кўрган бўлсанг, а нима, гапинг ўтмадими, дейдилар. Ўзи, дўстим, нега кўмир сизга келиб, мен қийналаман? Абдузафар акам тез, дедилар. Ҳозир юрасиз, тамом!
– Шундай, а?
– Ҳали ҳаммомга тушаман, десангиз эди!
– Ҳа-да, кўмирнинг қораси совуқ сувга кетадими?
Ҳамкасб ҳамхоналар бир оз манжашиб, жанжалдан берироқда муросага тўхтадилар. Бу орада Аълам уч қатнаб, олти челак киргизиб олди, Турдиали олайиб кўрди, бошини сарак-сарак қилди, тилини чўқиллатди, лекин анча ўзига келиб, бояги ёниши босилди, охири ялинишга ҳам ўтди.
– Дўстим, воқеанинг авзои ёмон. То устимни кийгунимча, Абдузафар акам икки марта кирдилар, ҳали ҳам кетмадингми, деб. Тинчлик бўлса, хизмат мошинларини бермасдилар, дўстим. Ҳа, мени айтди, дерсиз.
– Жўра, нима бўлган бўлса, бўлиб бўлган, бўёғи синган. Энди зудлик билан борамизми,
пудлик биланми, фарқи йўқ. Ундан кўра, қарашиб юборинг, кечгача шундай турса, эҳ-ҳе…
– Туради, дўстим, жин ҳам урмайди кўмирингизни.
– Кечгача-я? Бутун маҳалла қорайиб кетади. Анжелани келин қилиб туширса бўлади.
– Э дўстим, қўйинг, ботиб кетмайдими! Ўзи тўрт-беш йилда бузиладиган жойлар. Абдузафар акам менга ишондилар. Энди сиз юзимни ерга қаратманг. Бирга ишлаймиз, нима, кўмирчалик ҳам қадрим… кўмир ўрнида ҳам кўрмайман, денг, майли. Ёз бўйи ўрнингизга ишлаб бердим-а. Хўп, мен қараб тураман, сиз тез чайиниб олинг. Бир кўриниб келсангиз, бўлди. Мени ер қилманг. Кейин… ҳай, балки биргалашармиз. Ҳаммомни ҳам, бошқасини ҳам.
– Бари бир тозаланиб, покиза кийиниб бориш керак. Жангга ҳам тузаниб кирадилар. Расми шунақа. Бу ҳам майли-ю, лекин… сиз…
– Эй-й, бўлинг…
– Ўшанақаси олиб кетса, сиз ушлаб берган бўлиб қоласиз дейман-да?
– Э-э, шу гапларни!.. Ҳазилга ҳам айтманг. Мен-ку, дўстингизман, битта-яримта қора кўнгилда етказса, ҳақиқатан ҳам… Ҳозир одам ўзига ишонмайди. Рост, мен дўстингизман деяпман, лекин ўшанақа кунга тушганим йўқ, тушсам, қайдан биламан, чидайманми ё айтиб қўяманми? Э-э, тўғриси-да.
– Бўлмаса, жўра, кўп қўрқаверманг, ҳамма ухлаганда ё саҳарда формада келиб олиб кетмай, сизни юборишдими, демак, жа унақа эмас… ҳали яшаб турса бўлади. Ундан кўра, жўра, ечининг, ишкийим бор, икковлашсак, бирпасли иш! Кейин ювиниб, Усмон мўйловнинг
лағмонидан биттадан урамиз-да, тушдан кейин узун-қисқа салом бериб борамиз ўша сассиқ даргоҳингизга…
Турдиали Аъламнинг шунақа қалтис ҳазилларидан қўрқдими ё қорага беланиб кўмир ташишдан чўчидими, ёки уни ҳозир олиб кета олмаслигига аниқ кўзи етганиданми, ишқилиб,
«Буни алли-белли киритинг-да, дарров боринг. Мен Абдузафар акамнинг кўнгилларини тинчитиб тураман», деди-да, ур-а қочди.

У тўғри бориб, кўча оғзида қараб турган «Волга ГАЗ – 21»нинг орқа ўриндиғига ҳавасли бир жиддият билан ўтирди, Ирисмат акага «Ҳайданг, ака!», деди.

Абдузафар ака шу пайтгача бирор марта Аъламни бунақа атоқлаб сўраттирмаган. Яна одам жўнатиб, хизмат машинасини бериб! У одам кўп одамга бошлиқ, Аълам бир муҳаррир. У Аъламга вазифа буюрса ҳам, тўғри ўзига айтмайди, бош муҳаррирга топширади, бош муҳаррир ўринбосарига ё бўлим бошлиғига тайинлайди, улар Аъламга етказади. Директор котибаси

орқали ҳам айттириши мумкин, лекин бу ҳам истисно – шундай раҳбарнинг ўзи бир ходимга алоҳида иш топширадими, демак, яқин олади, бу ҳам ҳаммага насиб эмас. Лекин бугун…
Хў-ўш, кейинги пайтларда Аълам директор бунча сўраттирган нима ҳам қилди экан? Ҳеч нарса йўқдир, бор бўлса ҳам, арзимаган бир иш бўлиб чиқади, лекин падарлаънати ғашлик… кўнгилга бир тухум қўйгандан кейин қуртлаб, ҳамма ёғини тешиб-кавлаб кириб кетаверади.
Аблаҳ, бунинг икки тоннаси нечта икки челак чиқар экан-а? Ўзим бир пасда киритиб оламан, деб ўйлабди-я. Биронта қўшни ғалтагини бериб турса эди. Булар ҳам «Ҳорманг! Ий-е, ўзингизга қопти-да», дейишдан нарига ўтмайди.

Ўзи ходимлар орасида Абдузафар ака билан тортинмай гаплашадигани шу, Аъламнинг ўзи, чунки долонда кунига икки-уч марта, гоҳи кунлари кўпроқ ҳам кўришади. Турдиали чекмайди, Хосият юкли, Ирина, чекилса, дарров қўли билан бурунчасини елпиб қолади, ичкари ҳовлида қалашган бочкалардан оққан бўёқ шунақа ёмон қўлансаки, тақа-тақ ёпиқ деразаларнинг тирқишидан кирган аччиқ ҳиди ҳам бурунни юлиб олай дейди! Шунинг учун Аълам ҳар соатда долонга чиқишга мажбур, бу ерда эса Абдузафар ака қўлини орқага қилганча, кўзойнагини йилтиллатиб ё у ёққа, ё бу ёққа бориб келаётган бўлади. Яна сайрига «ҳу-уш-ш» деган пастгина ҳуштаги ҳам жўр. Жуда ғалати лекин, тўққизда ишга келади, кечикмайди – қоида, кабинетида ярим соат-қирқ дақиқа ўтиради, бу қачон қандай, кейин секин чиқади, қўлини орқага қилиб, бир оз қараб туради, кейин «ҳу-уш-ш» деб, узун долоннинг бу бошидан у бошигача бориб келаверади, зарил телефонга Вазира чақиради, бир тушликка боради, уйида овқатланса эҳтимол, тушдан кейин ҳам, агар райком ё госкомпечатда бирон йиғилишга кетмаса, аҳвол яна шу. Аммо-лекин нашриётда иш бир маромда милдираб қайнайди, директор долонда юргандан кейин хонама хона саланглашга ё кўча-пўчани айланиб келишга кимда юрак бор? Хоналарда шахмат-пахмат деган гаплар ҳам йўқ, беҳожат ҳеч ким чиқмайди, Ҳа-да, Абдузафар ака хаёл суриб юргани билан албатта «Ҳу-уш-ш, қаёққа?», дейди, ҳалиги, анув жойни имо қилганга, рухсат бергандек, қошини «Ҳа-а» деб паришонхотир кўтариб қўяди, дабдурустдан учраган эшикка кириб, ҳушиллаганча ходимнинг устидан унинг столига қараб туравериши ҳам бор.
Лекин ўзининг ёмонликка ҳуши йўқ. Ёмон ишни, ёмон гапни, умуман ёмон томонга сал алоқаси бор нарсани эшитса, ранжийди. Ходимларнинг айтишиб қолганлари, тартибсизлик ё кечикишларини, иложи бўлса, кўриб кўрмасликка олади, устидан чиқиб қолса, ноилож, астойдил куйинади: «Тартиб яхши-ку, нима қиламиз бузиб, а?», «Ўн беш дақиқа барвақт уйғониш яхши-ку, нима қиламиз кўп ухлаб, а?» ё «Тинчгина ишлаб юрганимиз яхши-ку, уриш- жанжалдан барака топармидик, а?» дейди бунақа пайтлари.
Абдузафар ака яхшиликни яхши кўради.
Унинг кўнглига жуда оғир оладигани – ходимлари ҳақида ташқаридан келадиган нохуш гаплар. Масалан, қаранг, кечқурунлари кўча тўла қаланғи-қасанғи пиёниста, сиққанича олиб бориб тиқ ҳушёрхонангга, планингни бажар, йўқ! – маблағ плани тўлмас эмиш, уларга туппа- тузук кийинган, маоши ёнчиғида юрадиган одамлар керак! Ана шунақа пайтлари Абдузафар аканинг диққати ошиб, кўп гапиради: «Ё, нима керак шу, а, кўчада ичишимиз? Кечқурун, ишдан кейин, уйгинада, бола-чақанинг олдида, шўрвагинани осдириб қўйиб, рафиқага икки оғиз ширин гап билан қилсак, а, шу ишни? Аччиққина газак, пиёлани шишага жиринг уриштириб… А? Рафиқа хурсанд, болалар шод-хуррам, ўзимиз яйраган, саримсоқ пиёз есак ҳам бўлади. Энди буни қаранг, мажлис, муҳокама, чора кўр, ҳайфсан бер, шахсий варақасига ёз, учинчиси бўлса, бўшат… Э-э… яхши ҳаёт кечирсак бўлмайдими, а?» У киши «Э-э, худойим, тавба!» демоқчи бўлади-ю, эшитган қулоққа яхши эмас, ўзи шу кейинги гапни ҳам биронта одам ҳаётимизни ёмонлаяпти деб тушунса…

Kitobdan o’rin olgan «Hali hayot bor…» qissasining davomini o’qishni istasangiz mana bu yerdan yuklab olishingiz mumkin:

Kirill alifbosida
Lotin alifbosida

(Tashriflar: umumiy 25, bugungi 1)

Izoh qoldiring