Ravshan Fayz. She’rlar & Xurshid Davron. Ravshanni eslab & Orif Tolib. Sog’inch qo’shiqlari

Ashampoo_Snap_2017.12.15_18h32m36s_008_.png 1 ЯНВАРЬ — ШОИР РАВШАН ФАЙЗ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН  

Равшан Файз шеъриятида болаларча соддалик ва тозакўнгиллик, кучли ва чинакам соғинч суврати бор. Қишлоқ, оддий одамлар ва табиат манзараларида шоирона ўткир нигоҳ сезилиб туради. Шоир қадрдон хотираларини энтикиб-энтикиб эслайди, уларга эрка бир ифода топади ва ана шу кайфият сизга ҳам кўчиб ўтади…

Равшан ФАЙЗ
ШЕЪРЛАР
056

   Равшан Файз 1959 йил 1 январда Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманидаги Кўралос қишлоғида туғилган. ТошДУнинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган (1986). «Ухлаётган одам» (1989), «Ташриф» (1990), «Кел, эй кўнглим» (1997) каби асарлари нашр этилган. «Мен шамолни тутволдим» (1992) шеърий тўплами болаларга бағишланган. 1995 йил 30 августда Тошкент шаҳрида (автоҳалокат туфайли) вафот этган.

045

СЕВГИ

1

066

Қоядаги гул эдинг, жоним,
Узмоқ бўлдим — қўлим етмади.
Аксига сен орзу, сен дил армоним,
Воз кечиб, қўлимни силтаб кетмадим.

Сир бўлиб чорладинг, имладинг аста,
Кулдинг, дунё кумуш жарангга тўлди.
Юксакларда қолдинг, мен эса пастда
Машраб бўлиб куйлаб кул бўлдим.

2

Сен боғдаги гул бўлдинг, жоним,
Яқин эдинг кўргувчи кўзга.
Мени тинч қўймади (кечир) имконим,
Мен сенга етишдим — мен сени уздим.

Ҳансираб, ҳаприқиб кўксимга босиб,
Ҳаётнинг энг нозик ҳисларин туйдим.
Сўнг йиғлаб юбордим кафтимни очиб,
Сени меҳрим билан ўлдириб қўйдим.

ЙИЛ

Тўртта куйлаги бор.
Ва битта ўзи
Кийса, бор умрига бемалол етар.
Лекин у зўравон кўнглимни бузиб
Ҳар гал бир кўйлагим тўздириб кетар.

БУ ТУН

Хуршид ДАВРОНга

Тун. Манзарага чиқдим тонг кутиб,
Шовқин-сурон тегди жонимга.
Бу одамлар юрагин ютиб,
Тоза ташна қилди қонимга.

Тайёралар бўлганда канда,
Қаторларда ўтар пишқириб.
Оддий бир сўз билан айтганда,
Ҳамма тонгга шошар ишқилиб.

Билиб-билмай ҳатто ўзлари
Саҳарлардан кутиб шон-шараф,
Келажакка шошир ёш-қари,
Шошар тинмай олдинга қараб.

Тун-кун демай бечидам, бетин,
Билмай ором, билмай ҳаловат
Югуради, ейди ич-этин,
Гоҳ бахт кўрар ва гоҳ талофат.

Мен-чи, куздай ғариб, бенаво,
Деразадан турардим боқиб.
Келажакка қараб бир дунё,
Битта дарё борарди оқиб.

Озод ўйлар сочларин ўрдим,
(О, бунча дўнг хаёллар арши)
Шунда ногоҳ бир шуъла кўрдим,
У борарди оқимга қарши.

Шовқин-сурон тўла дунёда
Кўлларида фонуси… ё раб,
Фақат бир зот пою пиёда
Кетар эди ўтмишга қараб.

* * *

Мен сени боғларга ташлаб кетгандим,
Ташлаб кетган эдим сени гулларга.
Қайтсам куз боғларда кезар эди жим,
Табиатни кўмиб олтину зарга.

Англадим, бу вақтга алданган бари,
Сотилиб кетгандир бари олтинга.
Сариқ зарбофларда солланган пари,
Айтақол, арзимни айтайин кимга?!

Кимга айтай энди эртак — сўзимни,
Эй вақтга алданган соҳир аланга?!
Куйдириб юрагим, кўнглим, кўзимни,
Дарахтлар бошингдан сочаркан танга?

* * *

Мана, соҳилингдан кетаяпман мен,
Ортимда қоляпсан сарғайиб, синиб.
Энди сенга сўзим:  юрагингни енг,
Энди суратимга яша исиниб.

Эрка ҳисларимни янчиб бу лаҳза,
Кетяпман, кетяпман тенг бўлиб тошга.
Сен ҳам жим кузатгин… агар хоҳласанг,
Юзларингни ювма, жоним, кўз ёшга.

Майли, сир бўлиб қол, асрор бўлиб қол,
Саволлар яшасин мен билан бирга.
Токи кун кечирмай бефарқ, бемалол,
Сени ўрганайин бутун умрга.

Хат-хабар қилсанг-да, юрагинг тўлиб,
Барибир тилингга бўлолгин собир.
Токи сен деганда кўнгил тўқ бўлиб,
Шаҳарда хиёнат бўлмасин содир.

Қара, ич-ичимдан кетмоқдаман зил,
Қара, елканларин кўтарди кема.
Сен қорам ўчишин кутгил, сабр қил,
Сен қорам ўчгунча „ Севаман!“ дема…

ДЕСАМ…

Ишқ оғу қўшдими ичган ошимга,
Мажнуннинг кунлари тушди бошимга.
Майли расво бўлай бориб қошингга –
Десам
Қаршимдан шамоллар чиқдилар фақат.

Ғам экан дунёнинг охири, боши,
Бош урай қайдадир ул қалам қоши,
Юзларимни ювди кўзимнинг ёши –
Десам
Юзимни шамоллар артдилар фақат.

Кўнглимни мен мунча арзонга сотдим,
Талх экан севгининг шароби, тотдим,
Кўйида тунлари токай совқотдим –
Десам
Сочимни шамоллар силади фақат.

Бас, етар шунчалар итдай адашдим,
Ўзига қолдириб азобу гаштин
Кетурман тарк этиб бу ишқнинг даштин –
Десам
Ортимдан шамоллар эргашди фақат.

САЖДА

Қафасни кўтариб учса бўлади…
Шавкат РАҲМОН

Юрагим — қаноти чиққан полапон,
Тиниқ тилаклари қайрилиб ёмон,
Бўлиб кўп бераҳм, бўлиб беомон,
Мен — ҳаётсеварга ҳовучлатди жон.
Энди тор келибми кўкрагим — қафас,
Ё ошно бўлибми ҳаяжон, ҳавас,
Қилибми ўзича парвозларга қасд,
Бермади ҳаловат, тинчлик бир нафас.

У билди: оламда осмонлар бордир
Ва унда учганлар шод-бахтиёрдир,
У учмоқ истайди, ичим-чи, тордир,
Шундан қуш ўйлади: дунё озордир,
Орзу-умидимнинг бари бекордир.
Мен уни қандайлар овутайин, о,
Орзуси, умиди бўлса бедаво,
У учмоқ истайди, истайди, аммо,
Кўкрагимда унга етсайди, ҳаво.

Бу мустар қушимга ичим ачийди…
Мана, кўкайларим илиди, ийди,
Қуш тинди, „тўнини тескари кийди“,
Ҳолидан бир хабар олсам қанийди.
Қанийди ашула айтганимча шўх
Тўнган умидига солаолсам чўғ,
Қушгинам, кўкракни очар замон йўқ.

Бир қанот қоқиб сўнг тинган полапон,
Бағрим боғларини айладинг пайхон,
Қошингда турибман ҳол сўраб, ҳайрон,
Мен фақир фуқаро, сен ҳазрат, ҳоқон,
Сўйла иродангда қоврилди-ку жон.
Руҳингни синдирган қай Ширин, Лайли,
Ё соғинтирдими самолар сайли,
Ёки зўр келдими замоннинг зайли,
Айтгин тушкунлигинг, айт энди, майли.

Кўкларни кўзлаган умид-орзуйим,
Ёмғирлардан ёлғиз паноҳим, уйим,
Қўнғироқ-кўнғироқ қўшиғим, куйим,
Не учун мук тушиб йиғладинг юм-юм?!
Эй, менинг бори йўқ амал-аъмолим,
Дунёни сайр этган хотир-хаёлим,
Тойларни толдирган шиддат-шамолим,
Нега ўйга ботдинг, не кечди ҳолинг?!

Қушгинам, бир муддат ростлаб нафасни,
Айт, бошинг банд қилган ҳою ҳавасни,
Кўксимдаги осмон — орзулар пастми?
Оромимни олган безовта тушим,
Безовта туш сабаб учган эс-ҳушим,
Кўксимни ёролмай тинчиган муштим,
Кўкрак-қафасдаги — қушим,
Бир эртак тинглашга келарми ҳушинг?!

Қадим назм боғида хушхон булбул бор эди.
Кўп ёруғ ниятларга ҳамнафас, ҳамкор эди,
Меҳрда барчага тенг — ердай хокисор эди
Ва лекин ўзи эса меҳрибонга зор эди.
Шул сабабки ул қушнинг кўзлари кўп нам бўлди,
Сўнг золим замон ичра ўзи чироқ, шам бўлди,
Ёғдусига ёр қолиб, чиркайчалар жам бўлди.

Хушбўй деб суйса гулни, ундан ёмон ис чиқди,
Тилло топдим деганда тутганлари мис чиқди,
Во дариғ, дил уйидан бир тонг шубҳа — из чиқди.
У шундай дилдан ишонч — тиллосини йўқотди,
Ўғриларга ўзича шеърлар айтиб ўқ отди,
Дўстни эслаб кўнглида ёруғ-ёруғ тонг отди
Ва лекин тиллосини дўстнинг уйидан топди.

Дўстларнинг дўстлиги чиқаркан ёлғон,
Вафо шевасига қилганча гумон,

Яна дўст олдида ном олиб ёмон,
Бўлса ҳам нотавон, бўлса ҳам нодон,
Кўксида сақлади инсофу имон.

У барибир дилига эзгу-ниятлар туйди,
Агар кимнидир суйса, астойдил ва чин суйди,
Шу муҳаббат туфайли кўнгли кўп бора куйди.
Сўнг зинҳор ул булбулнинг кўзлари нам бўлмади,
Кўкларга етган боши ҳеч қачон хам бўлмади,
Не кечса ич-ичида — юзида ғам бўлмади.
Ўзини эр билса у ўзгаларни шер билди,
Эл-улуснинг олдида қадрин тупроқ, ер билди,
Қарғалар ғийбат билса, у кўшиғу шеър билди.

Меҳри келиб куйласа, оғир — енгил, ел бўлди,
Қаҳри келиб куйласа, бағритошлар сел бўлди,
Ғийбатдан бўшамаган ғанимлар ҳам эл бўлди.
Шеъри-чи, уйқудаги дунёларга бонг берди,
Тун ичра қолганларга оппоқ-оппоқ тонг берди,
Кимлигин билмасларга сезим, ақл, онг берди.

Алдов оловида куйса-да кўнгил,
Ишончлари синиб, бўлса ҳам чил-чил,
Куйган кўнгил билан яна астойдил,
Хаста ишонч билан мудом-муттасил,
Зоҳир қилганича юзда табассум,
Куйлади, куйлади, куйлади маъсум.
Келгум, деб висолга келмасидан ёр,
Ошиқ юрагига берганда озор,
Бу ҳолни кимлардир қилганча бозор

Майда гап-сўзлардан қурсалар ҳам дор,
Куйлади, куйлади, куйлади такрор.
Золим замонини титратиб зор-зор.
Тунлар кўзларига уйқу инмади,
Тўғриси, нимадир — уйқу билмади,
Довул-долғада ҳам сира синмади,
Куйлашдан тинмади, асло тинмади.

Бошидан ёмғирлар ёғаётган пайти,
Бошида юлдузлар ёнаётган пайти,
Оталар боласидан тонаётган пайти,
Есирлар юраги қонаётган пайти,
У мустар, мунғайиб муножот айтди.
Бундан-чи, сайёдлар фикр олдилар,
Кўрқиб жойларида қотиб қолдилар,
Кейин жам бўлишиб ўйга толдилар
Ва олтин қафасга бир гул солдилар.

Қуш эса тез етиб гулнинг қошига,
Боқиб юзидаги шабнам — ёшига,
Сўради не кунлар тушмиш бошига.
Ердан садо чиқди, у гул-чи, бесас,
Кўкдан садо келди, у-чи, бенафас,
Турди, тураверди бесўз, беҳавас.
Булбул чидамасдан учди-я чапдаст,
Сўнг яна заминга бўлди чаппа-рост, —
Унинг бошларида осмон эди паст,
Уни оғушига олганди қафас.

Сайёдлар дедики: „Бизлар Султон, Шоҳ,
Ҳақни синдиргаймиз темир бўлса хоҳ,
Фақат ҳаётимиз мазмунсиздир, оҳ,
Сен кўшиқлар айтиб, бўлганча маддоҳ,
Озурда жонимиз овутгин гоҳ-гоҳ.
Овозинг кўп яхши, тилинг сўзга бой,
Яна бевафодир сен суйган ул ой,
Энди яшашингга энг покиза жой –
Мана шу сержило, серҳашам сарой,
Тез кунда кўникиб қолгунг, ҳойнаҳой“.

Кунлар ҳам ўтдилар такрор ва такрор,
Олтин қафасга ҳам келса-да баҳор,
Қуш яшайверди-ей осмонига зор,
Олис-олисдаги ошиёнига зор.
Сайёдлар ҳурраму хурсанд юрдилар,
Ўзларича давру даврон сурдилар
Ва мудом булбулни хомуш кўрдилар,
Сўнг ундан жам бўлиб кўнгил сўрадилар:
„Мақсадинг нимадир сўйла, эй булбул,
Жимсан-ку, ёнингда барқ урса ҳам гул,
Туришинг бизга ҳеч келмади маъқул,
Куйлаб қалбимиздан аламларни юл,

Куйлаб юракларни шод айла буткул.

Бу гапга қушчанинг кўкайи тўнди,
Сўнг у „тақдирга кўникди, кўнди –
Бутун бўйи басти овозга дўнди:
„Ғурбатда ғариб шодмон бўлмас эмиш,
Эл анга шафиқу меҳрибон бўлмас эмиш.
Олтин қафас ичра гар қизил гул битса,
Булбулга тикандек ошиён бўлмас эмиш“.

Юрак, фаслдан сўнг фасллар кечди,
Асрлар кетидан асрлар кечди,
Ёмонлар кечдилар, асллар кечди,
Вақт барча-барчасин сув каби ичди,
Фақат қуш зорига замонлар ҳечдир.
Мана, бошқа баҳор — ҳаво келадур,
Ҳавога ийланиб наво келадур,
Бир мустар муножот — аво келадур.

Қушгинам, ашула айтганимча шўх
Тўнган умидингга солаолмай чўғ,
Турибман сўзимда, кўзларимда ўқ,
Фақат бу кўкракни очар замон йўқ.
Айтгин, мен қандайлар кирай ичимга,
Кимга ёлворайин, суянай кимга,
Қай йўсин орзулар солай кўксимга?!
Бари бир ўксима, қушим, ўксима!

Бу ҳали баҳордир, сўнг ёз келади,
Ўйларингга ҳамдард, ҳамроз келади,
Шўх куйлар таратиб шўх соз келади,
Ахир мозий тўлиб овоз келади.
Менинг-чи, тошлардан яралган бошим,
Умидларим улкан — оғирдир тошим,
Турибман қалтираб, кўзларда ёшим,
Юксак юлдузларни соғинар лошим,
Қушим, қанотингга жамла бардошинг!

ДЎНГБЎЙИН

У айтди: „Дахлим йўқ бундайин ишга,
Менинг ҳаётимга қўшмагин заҳар.
Лекин тайёрдурман мағрур ўлишга,
Бўйнимга шу айбни қўйиб берсанг гар…“

Кўнглига тор келиб бу ёруғ жаҳон,
Исбот талаб қилди мендан бесабр.
Ўлимдан қўрқмади — ҳеч қайси замон
Гуноҳсиз одамни ўлдирмас ахир.

У қасамлар ичди бечидам, бетин,
Алдасам тепамда шоҳид деб Аллоҳ.
Гапига ишонса бўларди, лекин
Унга ўхшар эди эгасиз гуноҳ.

Даст калта бўлса-да, бор эди чидам,
Бари бир кўрсатиб унга кучимни,
Бўйнига кўяман дедим, ўлсам ҳам
Ёрдамга чақирмай туриб ҳеч кимни…

Аммо кўзлаб юрар ҳамон у кўкни,
Яшаяпман ҳамон бошим қуйида,
Гуноҳ деб аталган бу оғир юкни
Қўйиб беролмасдан баланд бўйнига.

 

ТОҒ

Баланд-баланд тоғ эдинг,
Кўм-кўк кўклам чоғ эдинг.
Сендан эртак тинглардик,
Сен ҳам кўнгли чоғ эдинг.

Саратон — рангларинг тўзиб кетибди,
Гармсел гулларинг узиб кетибди.
Қоялар пўст ташлаб, йил сайин чўкиб
Ва йиллар йил сайин ўсиб кетибди.

Аввали келар деб кулиб йиғлабсан,
Кейин ўксиб-ўксиб — тўйиб йиғлабсан.
Келар сўқмоғимда кўзинг тўрт бўлгач
Сочларингни юлиб-юлиб йиғлабсан.

Мен келдим, шукр қил тирик боримга…
Сен мағрурсан гарчи елкаларинг нам.
Ва ёмғир шивирлар юлуқ-яримта:
„Аҳмоқсан, тентаксан, дайдисан Равшан…“

Баҳор болалигим бағрингда кечди,
Гулсафсарлар тердим, чучмома едим.
Кейин бир девона шамоллар эсди
Ва мен ҳам уларга кўшилиб кетдим.

Сўнг қайтдим тавбамни ҳасса қилиб
Яланг оёқ, кескир тошлар устидан.
(Негадир кетмадим сира йиқилиб
Бу кескир тошларда дабдурустдан).

Ёмғирлар ёғмоқда, ёғаяпти қор,
Жимгина, сездирмай чўкяпсан, тоғим.
Болаларинг қани, болалар… бекор,
Қара, ҳўл бўлибди-ку… ҳаммаёғинг.

Мана шеър, юрагим тафти шу холос,
Шу менинг давлатим, имконим, уйим.
Кирақол (сиғасан) кўчада аёз,
Шунча йил яшабсан ташқарида жим.

Борим — имконимни айтдим-қўйдим-да,
Бўлақол, қавоғин уймоқда осмон.
Ҳозирча шу ёлғиз юрак — уйимга
Тортинма, кирақол, она, онажон!

Баланд-баланд тоғ бўлгин,
Тоғ устида боғ бўлгин.
Шу боғда тўйим бўлсин,
Сен бахтимга соғ бўлгин!

ШИРОҚНИНГ ШИДДАТ-ШАШТИ

Куйлаб туриб сесканди оқин,
Ёғийларнинг нафасин сезди.
Шунда Широқ икки қулоғин,
Бармоқларин, қулоғин кесди.

Кўп зўр келиб шиддату шашти,
Юрагини олганча қўлга,
Қонга белаб далаю даштни
Чиқиб кетди чатнаган чўлга.

Чиқиб кетди, унинг ортидан
Шашти бўлиб эсди шамоллар.
Қад ростлашиб боқди қартайган
Камон — кампир, камқувват чоллар.

Бизнинг Широқ, қайсидир бир тонг,
Мангуликка шундай шайланди.
Жароҳатдан шариллаган қон
Чаккада лолага айланди.

Манглайидан. думалаб тушган
Тер карракка дўндию ўсди.
Келса каззоб, келса гар душман
Оёғига кириб йўл тўсди.

Шундан қолди яйловда қўйлар
Ҳам қулунин эргаштирган от…
Тўйларига уланиб тўйлар
Яшайверди бизнинг Қўшработ.

Қўйлар ҳам бор ҳамон қўтонда,
Яккамихда депсинади от.
Ишга шошиб ҳар куни тонгда,
Ҳар шом ҳориб қайтар Қўшработ.

Ким кўксида Широқнинг шашти
Чўлни шудгор қилиб ҳайдади.
Қизғалдоқлар кўкарган даштнинг
Юрагига чигит қадайди.

Ҳамма ёқда эркатой экин –
Ғўза тинглар алла, эртаклар.
Бунда яшар аёллар — вазмин
Ва мулойим, мўмин эркаклар.

Соя-салқин бунда чор тараф,
Оқин билмас нимадир вола.
Йўлларида камчилдир каррак
Қирларида кўкармас лола.

Бирров келиб кетади баҳор,
Шамолларда шиддату шашт йўқ —
(Бор қурилиш, бордир пахтазор)
Чопай деса ёввойи дашт йўқ.

„ЎТГАН КУНЛАР“

Ташқарида тентирайди девонаваш куз,
Заъфар япроқларни тўзғитар шамол.
Шаҳар туйнуклардан боқади бесўз,
Шаҳарнинг бошида фақат бир хаёл:

„Ҳасад жангчисига тушмасдан асир
Бағримда яшарди ям-яшил бир бахт.
Бу қандай кучдирки, қандай ниҳон сир? –
Энди менинг ҳолим куздаги дарахт.

Ва лекин дарахтдай қололмам асло, —
Кетяпман, шамоллар беаёв ўқдир.
Фасл шу куйларни кўрибми раво,
Куйга мос рақс тушмай иложим йўқдир.

Фақат кўнглимдаги ҳислар — дарбадар.
Дунёнинг ишига ҳайрондан ҳайрон,
Содиқ дўст, бормисан, берсанг-чи, хабар,
Нечун бориб бўлмас йўлдир Марғилон?!“

.. .Ширакайф Отабек ўрнидан турди
Йиғламоқдан бери камбағал, қашшоқ,
Ҳолсиз қадамларин қайгадир бурди.
Унинг юрагини билмади машшоқ.

Намхуш япроқларда излари қолди,
У разил фаслдан ўгирганча юз,
Қалин туман ичра секин йўқолди.
Ҳайдалиш куйини чалиб турди куз.

САҲРОДАГИ ҚИЗҒАЛДОҚ

Шукрким, эҳсонлар қилди табиат,
Умрининг қолгани орзуга тўлган.
Мени табриклаб қўй, энди мен абад
Мажнун асир ўтган ҳисларга қулман.

Бағри кенгликда ҳеч қиёсинг йўқдир,
Менинг ҳам қалбимда журъатим улкан.
Қулф урдим, борлигинг гарчи кўп чўғдир,
Қулф урдим, гарчи сен юртсан довулга.

Нетай, барханларнинг тўлқини аро
Менинг тун мисоли толеим кулган.
Унган умидимни қизғонгил, саҳро,
Кечиккан, гуноҳкор… ва лекин гулман.

Шукрким, эҳсонлар қилди табиат…

* * *

Бола ростин айтди: „Сиз одаммисиз..
Бир менга, бир унга термулдингиз лол.
Мен тилим тишладим, сиз-чи отасиз,
Тарсаки тортдингиз шундай бемалол.

Сўнг ёлғон айтдингиз, ёлғондан олиб
Заҳарми, заққумми, ўтирдим чидаб.
Сизнинг кимлигингиз ўғлингиз қолиб
Менинг айтмоғим шарт эди, аслида.

Бола ростини айтди…
Мен шунчаликка
Чидадим бугуним, эртамни ўйлаб.
У-чи, юзингизга боқди-да тикка,
Уйдан чиқиб кетди зор қақшаб, йиғлаб.

Мен эса нигоҳим, қулоғим сизда
Ўтирдим ўрнимга ночор михланиб.
Лекин фикру ёдим „шўх“ ўғлингизда
Йўқотган журъатим қолгандим таниб.

Зор, ночор турибман бола — ботирим,
Ростгўйлигим менинг қайдасан ҳозир?!
Тақдиримга мангу келсайдинг кириб,
Келсайдинг ҳеч қурса, ҳеч бўлмаса бир.

Сен эса келмайсан — сен шундай мағрур,
Сен отанг кимлигин билиб олгансан.
Сен — кўзим олдида чил-чил бўлган дур,
Менинг юрагимдан тушиб қолгансан.

Ориф Толиб
СОҒИНЧ ҚЎШИҚЛАРИ
08

 Ashampoo_Snap_2017.12.15_18h32m36s_008_a.png   Истеъдодли шоир Равшан Файзнинг “Кел, эй кўнглим” китоби қўлимга тушгунгача, рости, уни “Кўнглимга орзулар солган қишлоғим” қўшиғи муаллифи сифатидагина билардим. Китобни ўқиб, оҳорли, самимий ва ўзига хос шеърият билан танишдим.

Равшан Файз шеъриятида болаларча соддалик ва тозакўнгиллик, кучли ва чинакам соғинч суврати бор. Қишлоқ, оддий одамлар ва табиат манзараларида шоирона ўткир нигоҳ сезилиб туради. Шоир қадрдон хотираларини энтикиб-энтикиб эслайди, уларга эрка бир ифода топади ва ана шу кайфият сизга ҳам кўчиб ўтади. “Қишлоқ соғинчи” деб номланган шеърнинг якунига бир эътибор беринг-а:

Туриб-туриб келади кўргим,
Сен-чи, сен ҳам садо бергин, ҳой,
Билинарми ҳали ҳам ўрним,
Оғрийдими мен юлинган жой?!

Бу тарзда ифодаланган соғинч ўқувчига малол келмайди, аксинча, юрак-юрагига сингади. Туйғу қанчалик ҳаққоний, қанчалик табиий бўлмасин, агар муносиб ифода тополмасангиз, бошқаларни бунга ишонтириб бўлмайди.

Табиат – бетакрор шеърият, ўхшаши йўқ санъат. Унинг уйғониши, яшнаши ва ҳатто заволи ҳам гўзал. Шоир гўзалликдан завқланади, кўнгли тўлиб-тошади. Бироқ шоир табиат манзараларини қоғозга туширар экан, сувраткашлик қилмайди, балки ана шу чизгиларга фикру хаёллари, қарашларини ҳам сингдириб юборади:

Жезтирноқ шамоллар билмай асло тин,
Жами тирикликнинг устидан кулди.
Сўнг мунис эгачим – мажнунтолларнинг
Маъюс сочларини битталаб юлди.

Шоир мажнунтолларни “мунис эгачим” деб атайди. Шамол эса уларнинг сочларини битталаб юлади. Бу рамзий мисралар умр ўткинчилиги, ҳаётнинг адолатсиз ўйинлари олдида инсон кўпинча ожиз қолажаги ҳақида эслатади, кишида шундай кайфият уйғотади. Лекин тўртликни оддий кузги табиат тасвири деб ҳам қабул қилиш мумкин. Рамзнинг афзаллиги шунда – фикрни қаватлаб айтиш мумкин.

Гоҳида каттароқ машаққатларни, ҳатто мусибатларни ҳам яхши одамларнинг кўмаги, яқинларимизнинг далдаси сабаб осон енгиб ўтамиз. Бироқ ўзингдан бошқа ҳеч ким англаб етолмайдиган дардлар, бировга айтилмайдиган сирлар ҳам бўлади. Уларни арзи ҳол қилишдан, кимгадир кўнгил ёришдан наф йўқ. Кўрган-билганлар сени соппа-соғ, хотиржам деб ўйлайди, ҳавас билан қарайди. Бироқ…

Ўзингдан ўтгани ўзингга аён,
Ҳеч кимга кўринмас дилнинг куйиги.

Севги тўғрисида илҳом билан, чин кўнгилдан ёзилган шеър истараси иссиқ қизга ўхшайди. Турли ясан-тусанларсиз ҳам сизни мафтун этаверади. Тўқилган шеърлар эса ясама сўз ўйинлари, шеър санъатларига қанчалик бой бўлмасин, ўқувчига сингмайди, кўнглини ололмайди.

Шоирнинг халқ достонлари йўлида, бахшилар айтишуви шаклида битилган “Ойбаланд” асари ҳам эътиборга молик. Наср қисми ҳам, назм қисми ҳам равонлиги, оҳангдорлиги билан кишини ўзига тортади:

Сеҳрини топтирмай сил қилар созим,
Ичимни куйдириб оқар овозим –
Баҳорим ўтмасдан келдими ёзим,
Менга не бўлди, дўст, менга не бўлди.

Севиб қолган бахшининг сўзлари бу. Эътибор беринг-а: “Ичимни куйдириб оқар овозим”. Муҳаббат шундай: кўнгилда тўсатдан гулхан ёқади, бирдан изтиробга солади, довдиратади ва бахтиёр этади.

Гарчи достон анъанавий усулда ёзилган бўлса-да, кутилмаган шаклда якунланади. Бола бахши ва Ойбаланд эртаклардагидай “мурод-мақсадига етиб”, бахтли-тахтли бўлиб кетмайди. Уларнинг орасига бир умрлик ҳижрон тушади, ҳар ким бошқанинг қўлини тутади. Бу тарздаги якун ҳам асарнинг салмоғини оширади. Шафқатсиз ечим ўқувчини ўйга толдиради, аччиқ ҳақиқатга юзма-юз қилади.

Фавқулодда фикр ёки образ мисраларга гўё “жон бағишлаб юборади”. Бундай яшовчан сатрлар Равшан Файз ижодида кўп учрайди. “Севги” деб аталган шеърни олайлик.

Қоядаги гул эдинг, жоним,
Узмоқ бўлдим – қўлим етмади,

деб афсусланади шеър қаҳрамони. Севгилисига етишишнинг иложи йўқ, шу боис ёниб-куяди, мажнун бўлиб куйлайди, бироқ ундан воз кечиб кетишнинг-да имкони йўқ. Шунда севги рамзи – гул қоядан пастга – боғга тушади. Ошиқ унга етишади:

Ҳансираб, ҳапқириб кўксимга босиб,
Ҳаётнинг энг нозик ҳисларин туйдим.
Сўнг йиғлаб юбордим кафтимни очиб –
Сени меҳрим билан ўлдириб қўйдим.

Шоир ҳамма кўриб юрган, тилининг учида турган, аммо айтолмаган гапни топади: ҳатто меҳр ҳам севгининг сўнишига сабаб бўлиши мумкин. Бу фикрни гўзал ҳаётий мисол билан тасвирлайди. Шоирнинг усталиги, кашфиётчилиги шунда.

Шеър ўқишдан мақсад маънавий-руҳий озуқа олиш. Ўхшатиш шеърнинг озуқа қувватини (калориясини) оширадиган, унга шира, тот берадиган масаллиқдир. Чиройли ўхшатиш топган ва уни жойида ишлата олган шоирнинг эса ошиғи олчи. “Совчи” шеърида севган қизининг уйига совчи келганини кўрган йигитнинг аҳволи чиройли ташбеҳлар билан чизиб берилади:

Кўзларим куйдириб-эй, кўзларимнинг ўнгида
Бойлигим, бисотимга ўғри тушди, ёв тушди.
Қафасдаги шер мисол ўтирибман мўлтираб,
Ўтолмайман сен томон – ўртамизга ғов тушди.

Бойлигига ўғри тушган ва бундан хабар топган ҳар қандай тирик ва эс-ҳуши жойида бўлган одам бақир-чақир қилиб бошқаларни ёрдамга чақиради. Шеър қаҳрамони эса мум тишлайди, гапирмайди, гапиролмайди. Тушунчалар зиддиятига қурилган ташбеҳ йигитнинг руҳий ҳолатини яқиндан ҳис қилишга ёрдам беради. Ожизликни энг кучли, энг йиртқич, лекин қафасда мўлтираб ўтирган шер тимсолида бериш ҳам жуда ўринли.

Равшан Файз ижоди манзарали, ҳиссий-ишқий мавзудаги асарлардангина иборат эмас. Турли фалсафий кузатишлар, олам ва одам ҳақидаги ўйлар, болаларбоп мавзуларга ҳам шоир алоҳида эътибор берган. Унинг шеърларидаги умумий руҳ бироз ҳазиндек туюлади. Аслида, бу шеъриятга хос хусусият. Ижодкор дунёни ўзи истаганидек, тасаввур этганидек кўришни хоҳлайди. Ҳаёт ҳақиқати орзуларига терс келганида эса қайғуга ботади, изтироб чекади ва бу ўз-ўзидан қоғозга ҳам кўчади.

Шу ўринда ижоддаги яна бир жиҳатга ҳам эътибор бериш зарур. Таъби назми бор, сўзни тушунадиган кишиларнинг кўплиги яхши, бироқ ҳақиқий шоирлар камёб бўлади. Тўртта сўзни қофия қилиш ёки шуни ҳам эплолмай ранда тегмаган мисраларни ёзиш кўпчиликнинг қўлидан келади. Аммо истеъдод бошқа, сўзни, унинг масъулиятини ҳис этиш, шоирликка жиддий ёндашиш тамоман бўлак нарса:

Ўзимни қийнадим, юракни сиқдим,
Сўнг тоғни менгардим, деворни йиқдим –
Ўлсам ҳам сўзимнинг устидан чиқдим.
Нимаики қилсам қилдим-у, лекин
Сўзимга хиёнат қилмадим фақат.

Сўзига хиёнат қилмаган ижодкор асарларини қайта-қайта ўқиш керак. Мана, тағин “Кел, эй кўнглим” китобини қўлимга оламан, қадрдон бўлиб қолган шеър ёки мисраларни ўқиб тураман. Гўё шоир билан юзма-юз суҳбат қургандек бўламан. Яхши шеър муаллифидан узоқроқ умр кўради. Равшан Файз ижодида бундай шеърлар анчагина.

2012 йил январ

Манба: “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил 10 август сони.


1 yanvar — shoir Ravshan Fayz tug’ilgan kun

Ravshan Fayz she’riyatida bolalarcha soddalik va tozako‘ngillik, kuchli va chinakam sog‘inch suvrati bor. Qishloq, oddiy odamlar va tabiat manzaralarida shoirona o‘tkir nigoh sezilib turadi. Shoir qadrdon xotiralarini entikib-entikib eslaydi, ularga erka bir ifoda topadi va ana shu kayfiyat sizga ham ko‘chib o‘tadi…

Ashampoo_Snap_2017.12.15_18h32m36s_008_b.png

Ravshan FAYZ
SHE’RLAR
056

Ravshan Fayz 1959 yil 1 yanvarda Samarqand viloyatining Qo‘shrabot tumanidagi Ko‘ralos qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDUning o‘zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan (1986). «Uxlayotgan odam» (1989), «Tashrif» (1990), «Kel, ey ko‘nglim» (1997) kabi asarlari nashr etilgan. «Men shamolni tutvoldim» (1992) she’riy to‘plami bolalarga bag‘ishlangan. 1995 yil 30 avgustda Toshkent shahrida (avtohalokat tufayli) vafot etgan.

045

SЕVGI

1

066

Qoyadagi gul eding, jonim,
Uzmoq bo‘ldim — qo‘lim yetmadi.
Aksiga sen orzu, sen dil armonim,
Voz kechib, qo‘limni siltab ketmadim.

Sir bo‘lib chorlading, imlading asta,
Kulding, dunyo kumush jarangga to‘ldi.
Yuksaklarda qolding, men esa pastda
Mashrab bo‘lib kuylab kul bo‘ldim.

2

Sen bog‘dagi gul bo‘lding, jonim,
Yaqin eding ko‘rguvchi ko‘zga.
Meni tinch qo‘ymadi (kechir) imkonim,
Men senga yetishdim — men seni uzdim.

Hansirab, hapriqib ko‘ksimga bosib,
Hayotning eng nozik hislarin tuydim.
So‘ng yig‘lab yubordim kaftimni ochib,
Seni mehrim bilan o‘ldirib qo‘ydim.

YIL

To‘rtta kuylagi bor.
Va bitta o‘zi
Kiysa, bor umriga bemalol yetar.
Lekin u zo‘ravon ko‘nglimni buzib
Har gal bir ko‘ylagim to‘zdirib ketar.

BU TUN

Xurshid DAVRONga

Tun. Manzaraga chiqdim tong kutib,
Shovqin-suron tegdi jonimga.
Bu odamlar yuragin yutib,
Toza tashna qildi qonimga.

Tayyoralar bo‘lganda kanda,
Qatorlarda o‘tar pishqirib.
Oddiy bir so‘z bilan aytganda,
Hamma tongga shoshar ishqilib.

Bilib-bilmay hatto o‘zlari
Saharlardan kutib shon-sharaf,
Kelajakka shoshir yosh-qari,
Shoshar tinmay oldinga qarab.

Tun-kun demay bechidam, betin,
Bilmay orom, bilmay halovat
Yuguradi, yeydi ich-etin,
Goh baxt ko‘rar va goh talofat.

Men-chi, kuzday g‘arib, benavo,
Derazadan turardim boqib.
Kelajakka qarab bir dunyo,
Bitta daryo borardi oqib.

Ozod o‘ylar sochlarin o‘rdim,
(O, buncha do‘ng xayollar arshi)
Shunda nogoh bir shu’la ko‘rdim,
U borardi oqimga qarshi.

Shovqin-suron to‘la dunyoda
Ko‘llarida fonusi… yo rab,
Faqat bir zot poyu piyoda
Ketar edi o‘tmishga qarab.

* * *

Men seni bog‘larga tashlab ketgandim,
Tashlab ketgan edim seni gullarga.
Qaytsam kuz bog‘larda kezar edi jim,
Tabiatni ko‘mib oltinu zarga.

Angladim, bu vaqtga aldangan bari,
Sotilib ketgandir bari oltinga.
Sariq zarboflarda sollangan pari,
Aytaqol, arzimni aytayin kimga?!

Kimga aytay endi ertak — so‘zimni,
Ey vaqtga aldangan sohir alanga?!
Kuydirib yuragim, ko‘nglim, ko‘zimni,
Daraxtlar boshingdan socharkan tanga?

* * *

Mana, sohilingdan ketayapman men,
Ortimda qolyapsan sarg‘ayib, sinib.
Endi senga so‘zim: yuragingni yeng,
Endi suratimga yasha isinib.

Erka hislarimni yanchib bu lahza,
Ketyapman, ketyapman teng bo‘lib toshga.
Sen ham jim kuzatgin… agar xohlasang,
Yuzlaringni yuvma, jonim, ko‘z yoshga.

Mayli, sir bo‘lib qol, asror bo‘lib qol,
Savollar yashasin men bilan birga.
Toki kun kechirmay befarq, bemalol,
Seni o‘rganayin butun umrga.

Xat-xabar qilsang-da, yuraging to‘lib,
Baribir tilingga bo‘lolgin sobir.
Toki sen deganda ko‘ngil to‘q bo‘lib,
Shaharda xiyonat bo‘lmasin sodir.

Qara, ich-ichimdan ketmoqdaman zil,
Qara, yelkanlarin ko‘tardi kema.
Sen qoram o‘chishin kutgil, sabr qil,
Sen qoram o‘chguncha „ Sevaman!“ dema…

DЕSAM…

Ishq og‘u qo‘shdimi ichgan oshimga,
Majnunning kunlari tushdi boshimga.
Mayli rasvo bo‘lay borib qoshingga –
Desam
Qarshimdan shamollar chiqdilar faqat.

G‘am ekan dunyoning oxiri, boshi,
Bosh uray qaydadir ul qalam qoshi,
Yuzlarimni yuvdi ko‘zimning yoshi –
Desam
Yuzimni shamollar artdilar faqat.

Ko‘nglimni men muncha arzonga sotdim,
Talx ekan sevgining sharobi, totdim,
Ko‘yida tunlari tokay sovqotdim –
Desam
Sochimni shamollar siladi faqat.

Bas, yetar shunchalar itday adashdim,
O‘ziga qoldirib azobu gashtin
Keturman tark etib bu ishqning dashtin –
Desam
Ortimdan shamollar ergashdi faqat.

SAJDA

Qafasni ko‘tarib uchsa bo‘ladi…
Shavkat RAHMON

Yuragim — qanoti chiqqan polapon,
Tiniq tilaklari qayrilib yomon,
Bo‘lib ko‘p berahm, bo‘lib beomon,
Men — hayotsevarga hovuchlatdi jon.
Endi tor kelibmi ko‘kragim — qafas,
Yo oshno bo‘libmi hayajon, havas,
Qilibmi o‘zicha parvozlarga qasd,
Bermadi halovat, tinchlik bir nafas.

U bildi: olamda osmonlar bordir
Va unda uchganlar shod-baxtiyordir,
U uchmoq istaydi, ichim-chi, tordir,
Shundan qush o‘yladi: dunyo ozordir,
Orzu-umidimning bari bekordir.
Men uni qandaylar ovutayin, o,
Orzusi, umidi bo‘lsa bedavo,
U uchmoq istaydi, istaydi, ammo,
Ko‘kragimda unga yetsaydi, havo.

Bu mustar qushimga ichim achiydi…
Mana, ko‘kaylarim ilidi, iydi,
Qush tindi, „to‘nini teskari kiydi“,
Holidan bir xabar olsam qaniydi.
Qaniydi ashula aytganimcha sho‘x
To‘ngan umidiga solaolsam cho‘g‘,
Qushginam, ko‘krakni ochar zamon yo‘q.

Bir qanot qoqib so‘ng tingan polapon,
Bag‘rim bog‘larini aylading payxon,
Qoshingda turibman hol so‘rab, hayron,
Men faqir fuqaro, sen hazrat, hoqon,
So‘yla irodangda qovrildi-ku jon.
Ruhingni sindirgan qay Shirin, Layli,
Yo sog‘intirdimi samolar sayli,
Yoki zo‘r keldimi zamonning zayli,
Aytgin tushkunliging, ayt endi, mayli.

Ko‘klarni ko‘zlagan umid-orzuyim,
Yomg‘irlardan yolg‘iz panohim, uyim,
Qo‘ng‘iroq-ko‘ng‘iroq qo‘shig‘im, kuyim,
Ne uchun muk tushib yig‘lading yum-yum?!
Ey, mening bori yo‘q amal-a’molim,
Dunyoni sayr etgan xotir-xayolim,
Toylarni toldirgan shiddat-shamolim,
Nega o‘yga botding, ne kechdi holing?!

Qushginam, bir muddat rostlab nafasni,
Ayt, boshing band qilgan hoyu havasni,
Ko‘ksimdagi osmon — orzular pastmi?
Oromimni olgan bezovta tushim,
Bezovta tush sabab uchgan es-hushim,
Ko‘ksimni yorolmay tinchigan mushtim,
Ko‘krak-qafasdagi — qushim,
Bir ertak tinglashga kelarmi hushing?!

Qadim nazm bog‘ida xushxon bulbul bor edi.
Ko‘p yorug‘ niyatlarga hamnafas, hamkor edi,
Mehrda barchaga teng — yerday xokisor edi
Va lekin o‘zi esa mehribonga zor edi.
Shul sababki ul qushning ko‘zlari ko‘p nam bo‘ldi,
So‘ng zolim zamon ichra o‘zi chiroq, sham bo‘ldi,
Yog‘dusiga yor qolib, chirkaychalar jam bo‘ldi.

Xushbo‘y deb suysa gulni, undan yomon is chiqdi,
Tillo topdim deganda tutganlari mis chiqdi,
Vo darig‘, dil uyidan bir tong shubha — iz chiqdi.
U shunday dildan ishonch — tillosini yo‘qotdi,
O‘g‘rilarga o‘zicha she’rlar aytib o‘q otdi,
Do‘stni eslab ko‘nglida yorug‘-yorug‘ tong otdi
Va lekin tillosini do‘stning uyidan topdi.

Do‘stlarning do‘stligi chiqarkan yolg‘on,
Vafo shevasiga qilgancha gumon,
Yana do‘st oldida nom olib yomon,
Bo‘lsa ham notavon, bo‘lsa ham nodon,
Ko‘ksida saqladi insofu imon.

U baribir diliga ezgu-niyatlar tuydi,
Agar kimnidir suysa, astoydil va chin suydi,
Shu muhabbat tufayli ko‘ngli ko‘p bora kuydi.
So‘ng zinhor ul bulbulning ko‘zlari nam bo‘lmadi,
Ko‘klarga yetgan boshi hech qachon xam bo‘lmadi,
Ne kechsa ich-ichida — yuzida g‘am bo‘lmadi.
O‘zini er bilsa u o‘zgalarni sher bildi,
El-ulusning oldida qadrin tuproq, yer bildi,
Qarg‘alar g‘iybat bilsa, u ko‘shig‘u she’r bildi.

Mehri kelib kuylasa, og‘ir — yengil, yel bo‘ldi,
Qahri kelib kuylasa, bag‘ritoshlar sel bo‘ldi,
G‘iybatdan bo‘shamagan g‘animlar ham el bo‘ldi.
She’ri-chi, uyqudagi dunyolarga bong berdi,
Tun ichra qolganlarga oppoq-oppoq tong berdi,
Kimligin bilmaslarga sezim, aql, ong berdi.

Aldov olovida kuysa-da ko‘ngil,
Ishonchlari sinib, bo‘lsa ham chil-chil,
Kuygan ko‘ngil bilan yana astoydil,
Xasta ishonch bilan mudom-muttasil,
Zohir qilganicha yuzda tabassum,
Kuyladi, kuyladi, kuyladi ma’sum.
Kelgum, deb visolga kelmasidan yor,
Oshiq yuragiga berganda ozor,
Bu holni kimlardir qilgancha bozor
Mayda gap-so‘zlardan qursalar ham dor,
Kuyladi, kuyladi, kuyladi takror.
Zolim zamonini titratib zor-zor.
Tunlar ko‘zlariga uyqu inmadi,
To‘g‘risi, nimadir — uyqu bilmadi,
Dovul-dolg‘ada ham sira sinmadi,
Kuylashdan tinmadi, aslo tinmadi.

Boshidan yomg‘irlar yog‘ayotgan payti,
Boshida yulduzlar yonayotgan payti,
Otalar bolasidan tonayotgan payti,
Yesirlar yuragi qonayotgan payti,
U mustar, mung‘ayib munojot aytdi.
Bundan-chi, sayyodlar fikr oldilar,
Ko‘rqib joylarida qotib qoldilar,
Keyin jam bo‘lishib o‘yga toldilar
Va oltin qafasga bir gul soldilar.

Qush esa tez yetib gulning qoshiga,
Boqib yuzidagi shabnam — yoshiga,
So‘radi ne kunlar tushmish boshiga.
Yerdan sado chiqdi, u gul-chi, besas,
Ko‘kdan sado keldi, u-chi, benafas,
Turdi, turaverdi beso‘z, behavas.
Bulbul chidamasdan uchdi-ya chapdast,
So‘ng yana zaminga bo‘ldi chappa-rost, —
Uning boshlarida osmon edi past,
Uni og‘ushiga olgandi qafas.

Sayyodlar dediki: „Bizlar Sulton, Shoh,
Haqni sindirgaymiz temir bo‘lsa xoh,
Faqat hayotimiz mazmunsizdir, oh,
Sen ko‘shiqlar aytib, bo‘lgancha maddoh,
Ozurda jonimiz ovutgin goh-goh.
Ovozing ko‘p yaxshi, tiling so‘zga boy,
Yana bevafodir sen suygan ul oy,
Endi yashashingga eng pokiza joy –
Mana shu serjilo, serhasham saroy,
Tez kunda ko‘nikib qolgung, hoynahoy“.

Kunlar ham o‘tdilar takror va takror,
Oltin qafasga ham kelsa-da bahor,
Qush yashayverdi-yey osmoniga zor,
Olis-olisdagi oshiyoniga zor.
Sayyodlar hurramu xursand yurdilar,
O‘zlaricha davru davron surdilar
Va mudom bulbulni xomush ko‘rdilar,
So‘ng undan jam bo‘lib ko‘ngil so‘radilar:
„Maqsading nimadir so‘yla, ey bulbul,
Jimsan-ku, yoningda barq ursa ham gul,
Turishing bizga hech kelmadi ma’qul,
Kuylab qalbimizdan alamlarni yul,
Kuylab yuraklarni shod ayla butkul.

Bu gapga qushchaning ko‘kayi to‘ndi,
So‘ng u „taqdirga ko‘nikdi, ko‘ndi –
Butun bo‘yi basti ovozga do‘ndi:
„G‘urbatda g‘arib shodmon bo‘lmas emish,
El anga shafiqu mehribon bo‘lmas emish.
Oltin qafas ichra gar qizil gul bitsa,
Bulbulga tikandek oshiyon bo‘lmas emish“.

Yurak, fasldan so‘ng fasllar kechdi,
Asrlar ketidan asrlar kechdi,
Yomonlar kechdilar, asllar kechdi,
Vaqt barcha-barchasin suv kabi ichdi,
Faqat qush zoriga zamonlar hechdir.
Mana, boshqa bahor — havo keladur,
Havoga iylanib navo keladur,
Bir mustar munojot — avo keladur.

Qushginam, ashula aytganimcha sho‘x
To‘ngan umidingga solaolmay cho‘g‘,
Turibman so‘zimda, ko‘zlarimda o‘q,
Faqat bu ko‘krakni ochar zamon yo‘q.
Aytgin, men qandaylar kiray ichimga,
Kimga yolvorayin, suyanay kimga,
Qay yo‘sin orzular solay ko‘ksimga?!
Bari bir o‘ksima, qushim, o‘ksima!

Bu hali bahordir, so‘ng yoz keladi,
O‘ylaringga hamdard, hamroz keladi,
Sho‘x kuylar taratib sho‘x soz keladi,
Axir moziy to‘lib ovoz keladi.
Mening-chi, toshlardan yaralgan boshim,
Umidlarim ulkan — og‘irdir toshim,
Turibman qaltirab, ko‘zlarda yoshim,
Yuksak yulduzlarni sog‘inar loshim,
Qushim, qanotingga jamla bardoshing!

DO‘NGBO‘YIN

U aytdi: „Daxlim yo‘q bundayin ishga,
Mening hayotimga qo‘shmagin zahar.
Lekin tayyordurman mag‘rur o‘lishga,
Bo‘ynimga shu aybni qo‘yib bersang gar…“

Ko‘ngliga tor kelib bu yorug‘ jahon,
Isbot talab qildi mendan besabr.
O‘limdan qo‘rqmadi — hech qaysi zamon
Gunohsiz odamni o‘ldirmas axir.

U qasamlar ichdi bechidam, betin,
Aldasam tepamda shohid deb Alloh.
Gapiga ishonsa bo‘lardi, lekin
Unga o‘xshar edi egasiz gunoh.

Dast kalta bo‘lsa-da, bor edi chidam,
Bari bir ko‘rsatib unga kuchimni,
Bo‘yniga ko‘yaman dedim, o‘lsam ham
Yordamga chaqirmay turib hech kimni…

Ammo ko‘zlab yurar hamon u ko‘kni,
Yashayapman hamon boshim quyida,
Gunoh deb atalgan bu og‘ir yukni
Qo‘yib berolmasdan baland bo‘yniga.

TOG‘

Baland-baland tog‘ eding,
Ko‘m-ko‘k ko‘klam chog‘ eding.
Sendan ertak tinglardik,
Sen ham ko‘ngli chog‘ eding.

Saraton — ranglaring to‘zib ketibdi,
Garmsel gullaring uzib ketibdi.
Qoyalar po‘st tashlab, yil sayin cho‘kib
Va yillar yil sayin o‘sib ketibdi.

Avvali kelar deb kulib yig‘labsan,
Keyin o‘ksib-o‘ksib — to‘yib yig‘labsan.
Kelar so‘qmog‘imda ko‘zing to‘rt bo‘lgach
Sochlaringni yulib-yulib yig‘labsan.

Men keldim, shukr qil tirik borimga…
Sen mag‘rursan garchi yelkalaring nam.
Va yomg‘ir shivirlar yuluq-yarimta:
„Ahmoqsan, tentaksan, daydisan Ravshan…“

Bahor bolaligim bag‘ringda kechdi,
Gulsafsarlar terdim, chuchmoma yedim.
Keyin bir devona shamollar esdi
Va men ham ularga ko‘shilib ketdim.

So‘ng qaytdim tavbamni hassa qilib
Yalang oyoq, keskir toshlar ustidan.
(Negadir ketmadim sira yiqilib
Bu keskir toshlarda dabdurustdan).

Yomg‘irlar yog‘moqda, yog‘ayapti qor,
Jimgina, sezdirmay cho‘kyapsan, tog‘im.
Bolalaring qani, bolalar… bekor,
Qara, ho‘l bo‘libdi-ku… hammayog‘ing.

Mana she’r, yuragim tafti shu xolos,
Shu mening davlatim, imkonim, uyim.
Kiraqol (sig‘asan) ko‘chada ayoz,
Shuncha yil yashabsan tashqarida jim.

Borim — imkonimni aytdim-qo‘ydim-da,
Bo‘laqol, qavog‘in uymoqda osmon.
Hozircha shu yolg‘iz yurak — uyimga
Tortinma, kiraqol, ona, onajon!

Baland-baland tog‘ bo‘lgin,
Tog‘ ustida bog‘ bo‘lgin.
Shu bog‘da to‘yim bo‘lsin,
Sen baxtimga sog‘ bo‘lgin!

SHIROQNING SHIDDAT-SHASHTI

Kuylab turib seskandi oqin,
Yog‘iylarning nafasin sezdi.
Shunda Shiroq ikki qulog‘in,
Barmoqlarin, qulog‘in kesdi.

Ko‘p zo‘r kelib shiddatu shashti,
Yuragini olgancha qo‘lga,
Qonga belab dalayu dashtni
Chiqib ketdi chatnagan cho‘lga.

Chiqib ketdi, uning ortidan
Shashti bo‘lib esdi shamollar.
Qad rostlashib boqdi qartaygan
Kamon — kampir, kamquvvat chollar.

Bizning Shiroq, qaysidir bir tong,
Mangulikka shunday shaylandi.
Jarohatdan sharillagan qon
Chakkada lolaga aylandi.

Manglayidan. dumalab tushgan
Ter karrakka do‘ndiyu o‘sdi.
Kelsa kazzob, kelsa gar dushman
Oyog‘iga kirib yo‘l to‘sdi.

Shundan qoldi yaylovda qo‘ylar
Ham qulunin ergashtirgan ot…
To‘ylariga ulanib to‘ylar
Yashayverdi bizning Qo‘shrabot.

Qo‘ylar ham bor hamon qo‘tonda,
Yakkamixda depsinadi ot.
Ishga shoshib har kuni tongda,
Har shom horib qaytar Qo‘shrabot.

Kim ko‘ksida Shiroqning shashti
Cho‘lni shudgor qilib haydadi.
Qizg‘aldoqlar ko‘kargan dashtning
Yuragiga chigit qadaydi.

Hamma yoqda erkatoy ekin –
G‘o‘za tinglar alla, ertaklar.
Bunda yashar ayollar — vazmin
Va muloyim, mo‘min erkaklar.

Soya-salqin bunda chor taraf,
Oqin bilmas nimadir vola.
Yo‘llarida kamchildir karrak
Qirlarida ko‘karmas lola.

Birrov kelib ketadi bahor,
Shamollarda shiddatu shasht yo‘q —
(Bor qurilish, bordir paxtazor)
Chopay desa yovvoyi dasht yo‘q.

„O‘TGAN KUNLAR“

Tashqarida tentiraydi devonavash kuz,
Za’far yaproqlarni to‘zg‘itar shamol.
Shahar tuynuklardan boqadi beso‘z,
Shaharning boshida faqat bir xayol:

„Hasad jangchisiga tushmasdan asir
Bag‘rimda yashardi yam-yashil bir baxt.
Bu qanday kuchdirki, qanday nihon sir? –
Endi mening holim kuzdagi daraxt.

Va lekin daraxtday qololmam aslo, —
Ketyapman, shamollar beayov o‘qdir.
Fasl shu kuylarni ko‘ribmi ravo,
Kuyga mos raqs tushmay ilojim yo‘qdir.

Faqat ko‘nglimdagi hislar — darbadar.
Dunyoning ishiga hayrondan hayron,
Sodiq do‘st, bormisan, bersang-chi, xabar,
Nechun borib bo‘lmas yo‘ldir Marg‘ilon?!“

.. .Shirakayf Otabek o‘rnidan turdi
Yig‘lamoqdan beri kambag‘al, qashshoq,
Holsiz qadamlarin qaygadir burdi.
Uning yuragini bilmadi mashshoq.

Namxush yaproqlarda izlari qoldi,
U razil fasldan o‘girgancha yuz,
Qalin tuman ichra sekin yo‘qoldi.
Haydalish kuyini chalib turdi kuz.

SAHRODAGI QIZG‘ALDOQ

Shukrkim, ehsonlar qildi tabiat,
Umrining qolgani orzuga to‘lgan.
Meni tabriklab qo‘y, endi men abad
Majnun asir o‘tgan hislarga qulman.

Bag‘ri kenglikda hech qiyosing yo‘qdir,
Mening ham qalbimda jur’atim ulkan.
Qulf urdim, borliging garchi ko‘p cho‘g‘dir,
Qulf urdim, garchi sen yurtsan dovulga.

Netay, barxanlarning to‘lqini aro
Mening tun misoli toleim kulgan.
Ungan umidimni qizg‘ongil, sahro,
Kechikkan, gunohkor… va lekin gulman.

Shukrkim, ehsonlar qildi tabiat…

* * *

Bola rostin aytdi: „Siz odammisiz..
Bir menga, bir unga termuldingiz lol.
Men tilim tishladim, siz-chi otasiz,
Tarsaki tortdingiz shunday bemalol.

So‘ng yolg‘on aytdingiz, yolg‘ondan olib
Zaharmi, zaqqummi, o‘tirdim chidab.
Sizning kimligingiz o‘g‘lingiz qolib
Mening aytmog‘im shart edi, aslida.

Bola rostini aytdi…
Men shunchalikka
Chidadim bugunim, ertamni o‘ylab.
U-chi, yuzingizga boqdi-da tikka,
Uydan chiqib ketdi zor qaqshab, yig‘lab.

Men esa nigohim, qulog‘im sizda
O‘tirdim o‘rnimga nochor mixlanib.
Lekin fikru yodim „sho‘x“ o‘g‘lingizda
Yo‘qotgan jur’atim qolgandim tanib.

Zor, nochor turibman bola — botirim,
Rostgo‘yligim mening qaydasan hozir?!
Taqdirimga mangu kelsayding kirib,
Kelsayding hech qursa, hech bo‘lmasa bir.

Sen esa kelmaysan — sen shunday mag‘rur,
Sen otang kimligin bilib olgansan.
Sen — ko‘zim oldida chil-chil bo‘lgan dur,
Mening yuragimdan tushib qolgansan.

Orif Tolib
SOG‘INCH QO‘SHIQLARI
08

ravshan_fayz-260x195.jpgIste’dodli shoir Ravshan Fayzning “Kel, ey ko‘nglim” kitobi qo‘limga tushgungacha, rosti, uni “Ko‘nglimga orzular solgan qishlog‘im” qo‘shig‘i muallifi sifatidagina bilardim. Kitobni o‘qib, ohorli, samimiy va o‘ziga xos she’riyat bilan tanishdim.

Ravshan Fayz she’riyatida bolalarcha soddalik va tozako‘ngillik, kuchli va chinakam sog‘inch suvrati bor. Qishloq, oddiy odamlar va tabiat manzaralarida shoirona o‘tkir nigoh sezilib turadi. Shoir qadrdon xotiralarini entikib-entikib eslaydi, ularga erka bir ifoda topadi va ana shu kayfiyat sizga ham ko‘chib o‘tadi. “Qishloq sog‘inchi” deb nomlangan she’rning yakuniga bir e’tibor bering-a:

Turib-turib keladi ko‘rgim,
Sen-chi, sen ham sado bergin, hoy,
Bilinarmi hali ham o‘rnim,
Og‘riydimi men yulingan joy?!

Bu tarzda ifodalangan sog‘inch o‘quvchiga malol kelmaydi, aksincha, yurak-yuragiga singadi. Tuyg‘u qanchalik haqqoniy, qanchalik tabiiy bo‘lmasin, agar munosib ifoda topolmasangiz, boshqalarni bunga ishontirib bo‘lmaydi.

Tabiat – betakror she’riyat, o‘xshashi yo‘q san’at. Uning uyg‘onishi, yashnashi va hatto zavoli ham go‘zal. Shoir go‘zallikdan zavqlanadi, ko‘ngli to‘lib-toshadi. Biroq shoir tabiat manzaralarini qog‘ozga tushirar ekan, suvratkashlik qilmaydi, balki ana shu chizgilarga fikru xayollari, qarashlarini ham singdirib yuboradi:

Jeztirnoq shamollar bilmay aslo tin,
Jami tiriklikning ustidan kuldi.
So‘ng munis egachim – majnuntollarning
Ma’yus sochlarini bittalab yuldi.

Shoir majnuntollarni “munis egachim” deb ataydi. Shamol esa ularning sochlarini bittalab yuladi. Bu ramziy misralar umr o‘tkinchiligi, hayotning adolatsiz o‘yinlari oldida inson ko‘pincha ojiz qolajagi haqida eslatadi, kishida shunday kayfiyat uyg‘otadi. Lekin to‘rtlikni oddiy kuzgi tabiat tasviri deb ham qabul qilish mumkin. Ramzning afzalligi shunda – fikrni qavatlab aytish mumkin.

Gohida kattaroq mashaqqatlarni, hatto musibatlarni ham yaxshi odamlarning ko‘magi, yaqinlarimizning daldasi sabab oson yengib o‘tamiz. Biroq o‘zingdan boshqa hech kim anglab yetolmaydigan dardlar, birovga aytilmaydigan sirlar ham bo‘ladi. Ularni arzi hol qilishdan, kimgadir ko‘ngil yorishdan naf yo‘q. Ko‘rgan-bilganlar seni soppa-sog‘, xotirjam deb o‘ylaydi, havas bilan qaraydi. Biroq…

O‘zingdan o‘tgani o‘zingga ayon,
Hech kimga ko‘rinmas dilning kuyigi.

Sevgi to‘g‘risida ilhom bilan, chin ko‘ngildan yozilgan she’r istarasi issiq qizga o‘xshaydi. Turli yasan-tusanlarsiz ham sizni maftun etaveradi. To‘qilgan she’rlar esa yasama so‘z o‘yinlari, she’r san’atlariga qanchalik boy bo‘lmasin, o‘quvchiga singmaydi, ko‘nglini ololmaydi.

Shoirning xalq dostonlari yo‘lida, baxshilar aytishuvi shaklida bitilgan “Oybaland” asari ham e’tiborga molik. Nasr qismi ham, nazm qismi ham ravonligi, ohangdorligi bilan kishini o‘ziga tortadi:

Sehrini toptirmay sil qilar sozim,
Ichimni kuydirib oqar ovozim –
Bahorim o‘tmasdan keldimi yozim,
Menga ne bo‘ldi, do‘st, menga ne bo‘ldi.

Sevib qolgan baxshining so‘zlari bu. E’tibor bering-a: “Ichimni kuydirib oqar ovozim”. Muhabbat shunday: ko‘ngilda to‘satdan gulxan yoqadi, birdan iztirobga soladi, dovdiratadi va baxtiyor etadi.

Garchi doston an’anaviy usulda yozilgan bo‘lsa-da, kutilmagan shaklda yakunlanadi. Bola baxshi va Oybaland ertaklardagiday “murod-maqsadiga yetib”, baxtli-taxtli bo‘lib ketmaydi. Ularning orasiga bir umrlik hijron tushadi, har kim boshqaning qo‘lini tutadi. Bu tarzdagi yakun ham asarning salmog‘ini oshiradi. Shafqatsiz yechim o‘quvchini o‘yga toldiradi, achchiq haqiqatga yuzma-yuz qiladi.

Favqulodda fikr yoki obraz misralarga go‘yo “jon bag‘ishlab yuboradi”. Bunday yashovchan satrlar Ravshan Fayz ijodida ko‘p uchraydi. “Sevgi” deb atalgan she’rni olaylik.

Qoyadagi gul eding, jonim,
Uzmoq bo‘ldim – qo‘lim yetmadi,

deb afsuslanadi she’r qahramoni. Sevgilisiga yetishishning iloji yo‘q, shu bois yonib-kuyadi, majnun bo‘lib kuylaydi, biroq undan voz kechib ketishning-da imkoni yo‘q. Shunda sevgi ramzi – gul qoyadan pastga – bog‘ga tushadi. Oshiq unga yetishadi:

Hansirab, hapqirib ko‘ksimga bosib,
Hayotning eng nozik hislarin tuydim.
So‘ng yig‘lab yubordim kaftimni ochib –
Seni mehrim bilan o‘ldirib qo‘ydim.

Shoir hamma ko‘rib yurgan, tilining uchida turgan, ammo aytolmagan gapni topadi: hatto mehr ham sevgining so‘nishiga sabab bo‘lishi mumkin. Bu fikrni go‘zal hayotiy misol bilan tasvirlaydi. Shoirning ustaligi, kashfiyotchiligi shunda.

She’r o‘qishdan maqsad ma’naviy-ruhiy ozuqa olish. O‘xshatish she’rning ozuqa quvvatini (kaloriyasini) oshiradigan, unga shira, tot beradigan masalliqdir. Chiroyli o‘xshatish topgan va uni joyida ishlata olgan shoirning esa oshig‘i olchi. “Sovchi” she’rida sevgan qizining uyiga sovchi kelganini ko‘rgan yigitning ahvoli chiroyli tashbehlar bilan chizib beriladi:

Ko‘zlarim kuydirib-ey, ko‘zlarimning o‘ngida
Boyligim, bisotimga o‘g‘ri tushdi, yov tushdi.
Qafasdagi sher misol o‘tiribman mo‘ltirab,
O‘tolmayman sen tomon – o‘rtamizga g‘ov tushdi.

Boyligiga o‘g‘ri tushgan va bundan xabar topgan har qanday tirik va es-hushi joyida bo‘lgan odam baqir-chaqir qilib boshqalarni yordamga chaqiradi. She’r qahramoni esa mum tishlaydi, gapirmaydi, gapirolmaydi. Tushunchalar ziddiyatiga qurilgan tashbeh yigitning ruhiy holatini yaqindan his qilishga yordam beradi. Ojizlikni eng kuchli, eng yirtqich, lekin qafasda mo‘ltirab o‘tirgan sher timsolida berish ham juda o‘rinli.

Ravshan Fayz ijodi manzarali, hissiy-ishqiy mavzudagi asarlardangina iborat emas. Turli falsafiy kuzatishlar, olam va odam haqidagi o‘ylar, bolalarbop mavzularga ham shoir alohida e’tibor bergan. Uning she’rlaridagi umumiy ruh biroz hazindek tuyuladi. Aslida, bu she’riyatga xos xususiyat. Ijodkor dunyoni o‘zi istaganidek, tasavvur etganidek ko‘rishni xohlaydi. Hayot haqiqati orzulariga ters kelganida esa qayg‘uga botadi, iztirob chekadi va bu o‘z-o‘zidan qog‘ozga ham ko‘chadi.

Shu o‘rinda ijoddagi yana bir jihatga ham e’tibor berish zarur. Ta’bi nazmi bor, so‘zni tushunadigan kishilarning ko‘pligi yaxshi, biroq haqiqiy shoirlar kamyob bo‘ladi. To‘rtta so‘zni qofiya qilish yoki shuni ham eplolmay randa tegmagan misralarni yozish ko‘pchilikning qo‘lidan keladi. Ammo iste’dod boshqa, so‘zni, uning mas’uliyatini his etish, shoirlikka jiddiy yondashish tamoman bo‘lak narsa:

O‘zimni qiynadim, yurakni siqdim,
So‘ng tog‘ni mengardim, devorni yiqdim –
O‘lsam ham so‘zimning ustidan chiqdim.
Nimaiki qilsam qildim-u, lekin
So‘zimga xiyonat qilmadim faqat.

So‘ziga xiyonat qilmagan ijodkor asarlarini qayta-qayta o‘qish kerak. Mana, tag‘in “Kel, ey ko‘nglim” kitobini qo‘limga olaman, qadrdon bo‘lib qolgan she’r yoki misralarni o‘qib turaman. Go‘yo shoir bilan yuzma-yuz suhbat qurgandek bo‘laman. Yaxshi she’r muallifidan uzoqroq umr ko‘radi. Ravshan Fayz ijodida bunday she’rlar anchagina.

2012 yil yanvar

Manba: “O‘zbekiston adabiyoti va san’ati” gazetasi, 2012 yil 10 avgust soni.

089

(Tashriflar: umumiy 6 054, bugungi 1)

Izoh qoldiring