Abdulla Oripov. Umri uzun naqllar & Sa’dulla Hakim. She’rlar.

04325 март —  шоир Саъдулла Ҳакимнинг туғилган куни

   Шоир Саъдулла Ҳаким шеърларини мутолаа қила туриб, янги-янги рангларга, қуйма фикрларга дуч келасиз. Бетакрорлик, топқирлик, теран фикр эътиборингизни тортади. Булар, албатта, ижодкорнинг бой ички дунёсидан, нозик туйғулар эгаси эканидан, маҳоратидан далолат беради.

Абдулла Орипов
УМРИ УЗУН НАҚЛЛАР
06

Осмондан тушган ҳар бир метеорит бизга олис ва нотаниш дунёлар ҳақида хабар ва маълумот бергани цингари ижодкорнинг ҳар бир асари — хоҳ у назм, хоҳ наср бўлсин — муаллифнинг ақлу тафаккури, қалб ва сезгиси, идроки, орзу-армонлари тўғрисида бизни огоҳ этади. У наинки ижодкорнинг ўзи, балки у яшаб турган давр ҳақида ҳам маълумот беради, таассуротлар уйғотади.

Баъзан айнан бир қалам соҳибининг идеали муайян ҳаёт тарзига ёхуд унинг орзуларига мувофиқ келмаслиги мумкин. Барибир, сўзимни ўқиб ўзимни кўргил, деганда Бобур Мирзо тамомила ҳақ эди. Бу улуғ зотга тақдир раво кўрган айрилиқ оҳангларини атайин ўйлаб топиш мумкин эмас. Худди шундоқ фикрларни Бобораҳим Машраб ва Фурқат ҳақида ҳам айтиш мумкин.

Афсуски, ўтган шўро даври мафкураси ҳаммани бир қолипда фикрлашга мажбур қилгани боис айрим ижодкорнинг ўзига хос фикри, оригиналлиги намоён бўлиши мумкин эмасди. Ҳамид Олимжон ёхуд Ғафур Ғулом цингари ижодкорларнинг ҳам ўз шахсияти, ўз кўз қараши йўқмиди? Менимша, бор эди. Улар балки пинҳон армонларини, ишидаги фикрларни ўтмиш воқеалари воситасида айтишга урингандир. Назаримда, Ҳамид Олимжоннинг «Муқанна» драмасида олис давр қаҳрамони хатти-ҳаракати орқали озодлик туйғуси тараннум этилгани аён сезилади. Агар бадиий асарга мана шу нуқтаи назардан баҳо берсак, таассуфки, ўша давр ижод маҳсулларининг барчасидан ҳам эсда қоладиганларини топиш қийин.

Бугунги кунимизнинг атоқли шоирларидан бири Саъдулла Ҳакимнинг «Кўҳна нақл» сайланма шеърий китобини ўқиганда хаёлимдан мана шу янглиғ гаплар кечди. Шу ўринда шоирнинг айрим тўртликларини эслаб ўтайлик:

Инсон бир, аммо сўзи бошқа-бошқа,
Феълию қошу кўзи бошқа-бошқа.
Қўш қирғоқ бир дарёдан сув ичса ҳам
Дарёнинг икки юзи бошқа-бошқа.

ёки

Ўрмончилар ҳақида ҳангомага бу бир гап,
Кўрган-эшитган ҳайрон: ўрмончилар нетдилар?
Эгри-бугри қайрағоч соясида соялаб,
Тўғри ўсган теракни шартта кесиб кетдилар!

Ушбу мухтасар сатрларда теранлик, донолик яққол кўриниб турибди. Энг муҳими, улар ўйлаб топилган эмас, зуваласи ҳаётнинг ўзидан олинган. Ёхуд қуйидаги тўртликка эътибор қилайлик:

Дўст бизни сотибди, йўқдир зоримиз,
Дилдан кўтарилди гард-ғуборимиз.
Қанча мол бозорда ўтмайин ётар,
Минг шукр, бор экан харидоримиз.

Чақмоқдек бундай ташбеҳлар минг йил олдин ҳам долзарб бўлиб келган ва улар бундан кейин ҳам аҳамиятини йўқотмаяжак. Гоҳо ўтмиш шоирларининг мумтоз сатрларини уларнинг муаллифи исмини билмасак ҳам такрорлаб юрамиз. Адабиётнинг ҳаётийлиги, умрбоқийлиги аслида шундай эътироф билан белгиланади.

Саъдулла Ҳаким ижодига доир таассуротларимнинг иккинчи жиҳати қуйидагича. Ҳар қандай фикрни, ҳар қандай ғояни, ташбеҳни уддасидан чиқиб айта олиш, тасвирлай билиш санъаткорликнинг энг муҳим хусусиятидир. Йўқса, ҳар қандай кучли фикр ҳам оддий илмий ахборотга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шоир шеърларини мутолаа қила туриб, янги-янги рангларга, қуйма фикрларга дуч келасиз. Бетакрорлик, топқирлик, теран фикр эътиборингизни тортади. Булар, албатта, ижодкорнинг бой ишки дунёсидан, нозик туйғулар эгаси эканидан, маҳоратидан далолат беради. Шоир шеъриятидаги муҳим жиҳатлардан яна бири, уларда воқеабандлик, ўзига хос руҳий сюжет мавжудлигидир. Китобнинг номига айланган “Кўҳна нақл” шеъридаги ушбу сатрларга эътибор қилайлик:

… Бир нақл бу, хотирингда тут,
Сўз сараси ақлга яроғ:
От минганнинг оёқлари бут,
Пиёданинг эса боши соғ.

Бу қанча рост, кечирган билар,
Аммо қолмиш шундай ифода:
Отлиқ бошин эҳтиёт қилар,
Оёғини асрар пиёда!

Менимча, бундай шеърлар шарҳга муҳтож эмас. Энг муҳими, ижодкорнинг битиклари китобхон билан ҳамдард, ҳамнафас бўлсин экан. Китобхон айрим бир шеърни ўқиганда бу шоир менинг тилимнинг учидагини топиб айтган экан, десин. Бундоқ муаллиф сизга ҳам дўстдек бўлиб қолади. Сиз унга ишонасиз. Буларнинг баршасини таъминлайдиган ягона фазилат эса, албатта, самимийликдир. Саъдулла Ҳаким шеърларида бу хислатларнинг барчаси мавжуд.

Адабиётлар тарихида Ватан, халқ, муҳаббат, меҳр, инсонийлик цингари ҳеч қачон эскирмайдиган, ўлмайдиган мавзулар бор. Бу туйғуларнинг номларинигина айтиб юрган билан у чинакам адабиётга айланмаслиги мумкин. Саъдулла Ҳаким шеърларида эса айнан исми жисмига мувофиқлик мавжуд. У Ватанни шиндан ҳам куйиб, ёниб, севишини юракдан ҳис қиласиз. Бу ўринда унинг талай шеърларини мисол қилиб келтириш мумкин.

Албатта, ҳамма бир қолипда фикрламайди. Шоирнинг айрим байтларини баъзи бировларнинг умр бўйи ёзганлари орасидан топиш қийин. Бу бошқаларни асло камситиш эмас. Ҳар ҳолда ҳар нарсани ўз номи билан атаган яхши, ёмбини ёмби дейиш маъқулдир. Адабиёт доимо янгиланиб боради. Бу унинг асосий хусусиятидир. Жумладан, янги шаклларга интилиш ҳам зарур ва жоиздир. Бироқ булар сунъийлик, сохталикка олиб келмаслиги шарт.

Шоир китобини “Кўҳна нақл” деб атаган. Вақту замонлар синовидан ўтиб келаётган ҳамда янгидан шаклланаётган ибратли, таъсирчан нақллар эса асло эскирмайди. Улар адабиётнинг боқийлигидан дарак бериб тураверади. Чунончи, шоирнинг «Сўз — чиғаноқ гавҳари, Кўнгил сўз ватанидир», «Шундай севсин севса агар эр элини, Ўзбек деса ийиб кетар ер елини», «Минглар ичра бўл ёлғиз, Ёлғизлар ичра минг бўл». «Мени мендан ичкарида кўм, Мени мендан ташқарида топ». «Ким Миллий боғ ишра қўйса гар қадам Юксалур то ҳазрат Навоий қадар» каби фалсафий-маъжозий, мағзи тўқ, оҳанрабо сатрлари кўнгилда ана шундай туйғулар уйғотади.

Янги давр, янги имкониятлар ижодкорларнинг қалб булоқларини очиб юборди. Маънавият бизнинг яловимизга айланди. Маънавият давлат ҳимоясига ўтди. Буларнинг барчаси Юртбошимизнинг адабиётимизга эътиборларида доимий равишда намоён бўлиб турибди. Саъдулла Ҳаким ҳам кўплаб шоир ва адибларимиз қатори ана шу имкониятлардан баҳраманд бўлиб самарали ижод қилиб келаётир. Унинг истиқлол даври руҳида яратилган «Оқсарой» манзумаси, «Янги замон шукуҳи», «Ўзбекистон», «Мансублик» каби шеърлари ана шундай асарлардан.

Шу ўринда кўнглимдаги бир гапни эслатиб ўтай: кўп йиллар бурун матбуотда шоирнинг шеърларига оқ йўл тилаганман. Бугун эса унинг атоқли ижодкорлардан бирига айланиб, камолга етганидан ифтихор қилиб турибман. Шоир укамнинг ўзи ёзганидек:

Кўнгил юзин кўз ичидан ахтаринг,
Кўклам изин куз ичидан ахтаринг.
Сўздан либос киймиш, изтиробдан тож,
Саъдуллони сўз ичидан ахтаринг!

Саъдулла Ҳаким
ШЕЪРЛАР 
011

«БИР ҲАЙРАТ ИЧИДА…»  ТУРКУМИДАН

Ошиқ қуёш

Ўзбекистон – Ватаним азиз,
Сени севиб не қилолдим, мен?!
Сенга меҳр бобида, асли,
Ким қуёшга кела олур тенг?!

Сен деб қуёш аршидан тушиб,
Меҳр тўла бағрини очар.
Эҳтиросдан юраги жўшиб,
Бошинг узра марварид сочар.

Сенга яқин келгани сари
Уялади ўзидан, чоғи,
Тақир бошин беркитай дея
Кийиб олар бахмал қалпоғин.

Бундайини кўрмаган ҳали
Олам олам бўлиб сира ҳам.
Ҳар кун келар сени кўргали,
Ҳар кун кетар умидга ҳамдам.

Ишқ ояти

Боғ йўлида ётган бир варақ қоғоз
Эътиборим тортар, қўлга оламан.
Бир бетда бор-йўғи тўртта сўз, холос:
“Севганман, севаман, севиб қоламан!”

Ёзганми айтишга тополмай журъат,
Ким у куйган кўнгил? Ўйга толаман.
Етиб бордимикан эгасига хат:
“Севганман, севаман, севиб қоламан!”.

Боғ ҳайрат ичида тебратар бошин,
Шамол тегажоқлик қилиб боладай
Хатни олиб қочар ва ўқир шошиб:
“Севганман, севаман, севиб қоламан!”

Қушлар ҳам басма-бас чуғурлар жўшиб,
Мен энди уларнинг тилин биламан:
“Ҳамиша айтилар фақат бир қўшиқ
Севганман, севаман, севиб қоламан!”

Меним-да, ишим бир шу қушлар ила,
Дилда такрор айтиб сабоқ оламан:
“Эй ёр, эшит сўзим, келдим айтгали,
Севганман, севаман, севиб қоламан!”.

Онага таъзим

Сиз чиғаноқ каби ўзингиздан сўнг
Қолдириб кетасиз дуру жавоҳир.
Жаннат оёғингиз остида, демак,
Бизнинг бошимизнинг устида зоҳир.

Мадҳингиз қуёшу ойгача етган,
Не-не донишмандлар ёниб айтганлар.
Сиздан кимки кетса саҳрога кетган,
Чаманзорга қайтган сизга қайтганлар.

Пушкин

Севги, ҳасрат куйчиси,
Асов даҳо, жўшқин руҳ
Чалиб ўтди янгроқ соз,
Мангу шараф топди рус.

Маккор бир замон эди,
Ҳар ёнда найранг, ўйин.
Муҳаббат лирасини
Синдирди қора қуюн.

Танҳо эди. Туғилмас
Энди, Пушкин бошқа йўқ.
Аммо кезиб юрибди
Шоирга отилган ўқ…

Сўз ва донишманд

Эл ичра номи баланд,
Ҳар ишда фазли аён,
Яшар эди донишманд –
Тоза тийнат, покдомон.

Кимдир: “Олам иборат, –
Деса, – молекуладан”,
“Йўқ, сўздан бу иморат”, –
Дерди сирли куларкан.

Сўз унинг кўз ўнгида
Оқар эди чулдираб,
Гоҳ қоронғу осмонда
Чақнар эди гулдираб.

“Бу дунёни ёритиб
Турган ҳам сўз”, дерди у.
“Инсон дардин аритиб
Турган ҳам сўз”, дерди у.

“Сўз айниса, диёнат
Ўлгани шу”, дер эди.
“Сўз қайнаса, қиёмат
Бўлгани шу”, дер эди.

Неки яралмиш бари
Сўзнинг жисму танидир,
Сўз – чиғаноқ гавҳари,
Кўнгил – сўз Ватанидир.

Бир сўз бор сўз аввали,
Жой олган дил тўридан,
Қолган барча сўз, асли,
Ўша сўздан ўриган.

Юрса ҳам, ўтирса ҳам
Фақат ўша ўйида,
Яшар эди донишманд
Шу танҳо сўз кўйида.

Жон каби эди азиз
Ўша сўзнинг дийдори,
Охир, йиқилди ҳолсиз,
Кетди тандан мадори.

Ўнгимиди, туши ё
Билмас, ҳарчанд уринди,
Сўз жамоли кўзига
Элас-элас кўринди.

Қувончидан кўксини
Ўртаб кетди ҳаяжон,
Чорлади шогирдларин
Ҳузурига ўшал он.

Дупур-дупур жон қуши
Депсиди қанот қоқиб,
Бошидан учиб ҳуши,
Тилдан қолди, боёқиш.

Ёш айланди кўзида:
Севинч ёши, ғам ёши.
Ўкрар эди донишманд
Ўпкаси тўлиб-тошиб.

Сўзга қовушмай лаби
Ғўлдиради, сўнг сўлғин:
“Ана у!” деган каби
Осмонга чўзди қўлин…

…Устознинг очиқ кўзин
Шогирд аста ёпаркан,
Аҳд қилди: “Ўша сўзни
Бир кун сўзсиз топаман!”

Қалдирғоч қош

Бошима тушмиш бу савдо қошидан,
Айланурман ҳеч кетолмай қошидан.
Ўсмани қўймиш яратганнинг ўзи,
Айланай ҳам ўзи, ҳам наққошидан.

ЁМҒИР СУВИ
Туркум

* * *

Тун.
Ёмғир шовуллар,
Шамол тентирар,
Тарақлаб очилар эшик ногаҳон,
Хонага ёприлар ёмғир салқини.
Қордек оқ кўйлакли бўлиқ бир жувон
Остонада ўйчан термулиб турар.

Сирли оҳанглардан энтикар қалби,
Шамол сочларини тортқилаб қочар,
Шаффоф томчиларни юзига сочар,
Ҳилпирар кўйлаги оқ ёлқин каби
Жунжикиб оҳиста кирар ётоққа.

Кўксини тўлдириб ёмғир навоси
Кўз очару жонбахш сезгидан эри
Сингиб кетар муздек бағрига эриб,
Май каби симириб баҳор ҳавосин.

Тун.
Ёмғир шовуллар,
Шамол энтикар.

* * *

Туёқ излари ёмғир сувига тўлди,
Ўтлоққа тўкилди ой синиқлари.
Толғин тонгга қадар давомли бўлди,
Айғиру биянинг шўх қилиқлари.

Ҳаво бўйсара қиз лабидек ширин,
Ҳаловат ёйилди борлиққа сокит.
Бостирма ёнида юлқиб занжирин
Ойга хониш қилди баҳайбат бир ит.

* * *

Ярим тунда чўчиб уйғондим бехос,
Кўрдим, бино бўлмиш еру кўк аро
Кумуш тўр тортилган бир хонаи хос.
Осмон ерни қиздек қучиб ётарди,
Шивирларди суйиб, эркалаб, кулиб
Тонгда хушбўй гуллар туғилди сархил,
Осмон сингари пок,
Ер каби сулув.
…Бир қиз қадамидан ёшарди ёш боғ,
Ёш боғ ифорларга кўмди ҳавони.
Қиз туйди, керакдир сир очар ўртоқ,
Сезди сийнасида сархуш уйғониш.

* * *

Ялангбош югурдим ёмғирдан қочиб,
Мендан илгарироқ эшикни очиб
Ичкарига урди ўзини шамол.

Хоналарни кезиб чиқдию бир-бир
Ўз тилида сўзлай бошлади ғир-ғир
Тувакдаги гулни кўргани ҳамон.

Менинг борлигимни ё пайқади гул,
Алланечук бўлиб бош чайқади гул,
Эшикка йўналди айғоқчи шамол.

Баҳор келганини, ким билсин, йўқлаб,
Деразадан чаппар ёғдирди ўқлар,
Давом этди бутун тун бўйи қамал.

Тонгда боғ, кўчада минг қуёш ёнди,
Қушлар гул бўғзида наво уйғонди,
Уфқлар ортида совуди шамол.

Шудрингдан исирға тақди тонгда гул,
Чўғдай қўлларини узатиб масъул
Чарақлаб ойнадан жилмайди ҳамал!

* * *

Сени севишимни шамолга айтдим,
Шамол дарахтларга етказди уни,
Яланғоч шохларда куртаклар бўртди.

Сенга хоҳишимни сувларга айтдим,
Сувлар гулбоғларга етказди уни,
Гуллар уялибми қизариб кетди.

* * *

Тошли жойда оққан сув
Сайраб, шарқираб оқар.
Тошларни пичоқлардек
Қайраб, арқираб оқар.

Тошли жойда оққан сув
Тошларни миниб оқар.
Тўполонли оқса ҳам
Ёмғирдек тиниқ оқар.

* * *

Аҳли эҳтиёж мудом
Эр ҳимматидан шариф.
Тўғрилиги учун ҳам
Игнага эргашар ип.
Зеро, ҳақиқат абад
Ҳаракатда билинур.
Бағри қора… шу сабаб
Булутдан қочар ёмғир.

* * *

Ярим тунда кўз очсам
Ёнимда ётибди ой.
Сочлари – нур ёмғири,
Юзлари – тиниқ ширмой.

Томиримда қон эмас,
Гурас-гурас оқди нур.
Ойга қаранг… юзида
Бўса изи кўринур.

* * *

Менга доим шундай туюлар:
Юрагимнинг гулбоғларига
Умр ёмғир каби қуйилар.

Томирларим – тезоб шаршара,
Ҳаёт суви оқар шарқираб
Ва қўшиқлар куйлайди сара.

Қўшиқ учар кўнглимга сиғмай,
Лабларимда жаранглаб кетар
Марваридлар сочилганидай.

Биллур ёмғир қуйилар муқим…
Фикрим гуллар олча мисоли,
Борган сари ёришар руҳим.

Аммо, уйқум йўқдир тунлари,
Оҳ, бир куни тинар-ку ёмғир,
Сўлмасмикан орзум гуллари?!.

Ибодат

Сен қайда эдингу мен эдим қайда,
Бунча кеч, бунча кеч келдим сенга дуч.
Кўзларинг кўраман ҳар қайси жойда,
Сўзларинг тинглайман, қолган бари пуч.

Фақат сен туфайли, бир сен туфайли
Гўзал туюлади ҳаёт ғамзаси.
Розиман ёдимдан ўчса ҳам, майли,
Бир сенинг исмингдан бошқа ҳаммаси.

Тамшансам асалдек тилим куйдирар,
Болдан ҳам шириндир исмингнинг тоти.
Бу не ишқ? Суйганим сари суйдирар,
Бу не дард? Ўйнатар жонимни отиб.

Кўнглим куйиб кўнгил берганим аён,
Эл ичра овоза бўлайин бўлсам.
Бошим остонангга қўйиб берай жон,
Исмингни қучоқлаб ўлайин ўлсам!

011
Abdulla Oripov
UMRI UZUN NAQLLAR
06

Osmondan tushgan har bir meteorit bizga olis va notanish dunyolar haqida xabar va ma’lumot bergani singari ijodkorning har bir asari — xoh u nazm, xoh nasr bo‘lsin — muallifning aqlu tafakkuri, qalb va sezgisi, idroki, orzu-armonlari to‘g‘risida bizni ogoh etadi. U nainki ijodkorning o‘zi, balki u yashab turgan davr haqida ham ma’lumot beradi, taassurotlar uyg‘otadi.

Ba’zan aynan bir qalam sohibining ideali muayyan hayot tarziga yoxud uning orzulariga muvofiq kelmasligi mumkin. Baribir, so‘zimni o‘qib o‘zimni ko‘rgil, deganda Bobur Mirzo tamomila haq edi. Bu ulug‘ zotga taqdir ravo ko‘rgan ayriliq ohanglarini atayin o‘ylab topish mumkin emas. Xuddi shundoq fikrlarni Boborahim Mashrab va Furqat haqida ham aytish mumkin.

Afsuski, o‘tgan sho‘ro davri mafkurasi hammani bir qolipda fikrlashga majbur qilgani bois ayrim ijodkorning o‘ziga xos fikri, originalligi namoyon bo‘lishi mumkin emasdi. Hamid Olimjon yoxud G‘afur G‘ulom singari ijodkorlarning ham o‘z shaxsiyati, o‘z ko‘z qarashi yo‘qmidi? Menimsha, bor edi. Ular balki pinhon armonlarini, ishidagi fikrlarni o‘tmish voqealari vositasida aytishga uringandir. Nazarimda, Hamid Olimjonning «Muqanna» dramasida olis davr qahramoni xatti-harakati orqali ozodlik tuyg‘usi tarannum etilgani ayon seziladi. Agar badiiy asarga mana shu nuqtai nazardan baho bersak, taassufki, o‘sha davr ijod mahsullarining barchasidan ham esda qoladiganlarini topish qiyin.

Bugungi kunimizning atoqli shoirlaridan biri Sa’dulla Hakimning «Ko‘hna naql» saylanma she’riy kitobini o‘qiganda xayolimdan mana shu yanglig‘ gaplar kechdi. Shu o‘rinda shoirning ayrim to‘rtliklarini eslab o‘taylik:

Inson bir, ammo so‘zi boshqa-boshqa,
Fe’liyu qoshu ko‘zi boshqa-boshqa.
Qo‘sh qirg‘oq bir daryodan suv ichsa ham
Daryoning ikki yuzi boshqa-boshqa.

yoki

O‘rmonchilar haqida hangomaga bu bir gap,
Ko‘rgan-eshitgan hayron: o‘rmonchilar netdilar?
Egri-bugri qayrag‘och soyasida soyalab,
To‘g‘ri o‘sgan terakni shartta kesib ketdilar!

Ushbu muxtasar satrlarda teranlik, donolik yaqqol ko‘rinib turibdi. Eng muhimi, ular o‘ylab topilgan emas, zuvalasi hayotning o‘zidan olingan. Yoxud quyidagi to‘rtlikka e’tibor qilaylik:

Do‘st bizni sotibdi, yo‘qdir zorimiz,
Dildan ko‘tarildi gard-g‘uborimiz.
Qancha mol bozorda o‘tmayin yotar,
Ming shukr, bor ekan xaridorimiz.

Chaqmoqdek bunday tashbehlar ming yil oldin ham dolzarb bo‘lib kelgan va ular bundan keyin ham ahamiyatini yo‘qotmayajak. Goho o‘tmish shoirlarining mumtoz satrlarini ularning muallifi ismini bilmasak ham takrorlab yuramiz. Adabiyotning hayotiyligi, umrboqiyligi aslida shunday e’tirof bilan belgilanadi.

Sa’dulla Hakim ijodiga doir taassurotlarimning ikkinshi jihati quyidagisha. Har qanday fikrni, har qanday g‘oyani, tashbehni uddasidan shiqib ayta olish, tasvirlay bilish san’atkorlikning eng muhim xususiyatidir. Yo‘qsa, har qanday kushli fikr ham oddiy ilmiy axborotga aylanib qolishi hesh gap emas. Shoir she’rlarini mutolaa qila turib, yangi-yangi ranglarga, quyma fikrlarga duch kelasiz. Betakrorlik, topqirlik, teran fikr e’tiboringizni tortadi. Bular, albatta, ijodkorning boy ishki dunyosidan, nozik tuyg‘ular egasi ekanidan, mahoratidan dalolat beradi. Shoir she’riyatidagi muhim jihatlardan yana biri, ularda voqeabandlik, o‘ziga xos ruhiy syujet mavjudligidir. Kitobning nomiga aylangan “Ko‘hna naql” she’ridagi ushbu satrlarga e’tibor qilaylik:

… Bir naql bu, xotiringda tut,
So‘z sarasi aqlga yarog‘:
Ot minganning oyoqlari but,
Piyodaning esa boshi sog‘.

Bu qancha rost, kechirgan bilar,
Ammo qolmish shunday ifoda:
Otliq boshin ehtiyot qilar,
Oyog‘ini asrar piyoda!

Menimcha, bunday she’rlar sharhga muhtoj emas. Eng muhimi, ijodkorning bitiklari kitobxon bilan hamdard, hamnafas bo‘lsin ekan. Kitobxon ayrim bir she’rni o‘qiganda bu shoir mening tilimning uchidagini topib aytgan ekan, desin. Bundoq muallif sizga ham do‘stdek bo‘lib qoladi. Siz unga ishonasiz. Bularning barshasini ta’minlaydigan yagona fazilat esa, albatta, samimiylikdir. Sa’dulla Hakim she’rlarida bu xislatlarning barchasi mavjud.

Adabiyotlar tarixida Vatan, xalq, muhabbat, mehr, insoniylik singari hech qachon eskirmaydigan, o‘lmaydigan mavzular bor. Bu tuyg‘ularning nomlarinigina aytib yurgan bilan u chinakam adabiyotga aylanmasligi mumkin. Sa’dulla Hakim she’rlarida esa aynan ismi jismiga muvofiqlik mavjud. U Vatanni shindan ham kuyib, yonib, sevishini yurakdan his qilasiz. Bu o‘rinda uning talay she’rlarini misol qilib keltirish mumkin.
Albatta, hamma bir qolipda fikrlamaydi. Shoirning ayrim baytlarini ba’zi birovlarning umr bo‘yi yozganlari orasidan topish qiyin. Bu boshqalarni aslo kamsitish emas. Har holda har narsani o‘z nomi bilan atagan yaxshi, yombini yombi deyish ma’quldir. Adabiyot doimo yangilanib boradi. Bu uning asosiy xususiyatidir. Jumladan, yangi shakllarga intilish ham zarur va joizdir. Biroq bular sun’iylik, soxtalikka olib kelmasligi shart.

Shoir kitobini “Ko‘hna naql” deb atagan. Vaqtu zamonlar sinovidan o‘tib kelayotgan hamda yangidan shakllanayotgan ibratli, ta’sirchan naqllar esa aslo eskirmaydi. Ular adabiyotning boqiyligidan darak berib turaveradi. Chunonchi, shoirning «So‘z — chig‘anoq gavhari, Ko‘ngil so‘z vatanidir», «Shunday sevsin sevsa agar er elini, O‘zbek desa iyib ketar yer yelini», «Minglar ichra bo‘l yolg‘iz, Yolg‘izlar ichra ming bo‘l». «Meni mendan ichkarida ko‘m, Meni mendan tashqarida top». «Kim Milliy bog‘ ishra qo‘ysa gar qadam Yuksalur to hazrat Navoiy qadar» kabi falsafiy-ma’joziy, mag‘zi to‘q, ohanrabo satrlari ko‘ngilda ana shunday tuyg‘ular uyg‘otadi.

Yangi davr, yangi imkoniyatlar ijodkorlarning qalb buloqlarini ochib yubordi. Ma’naviyat bizning yalovimizga aylandi. Ma’naviyat davlat himoyasiga o‘tdi. Bularning barchasi Yurtboshimizning adabiyotimizga e’tiborlarida doimiy ravishda namoyon bo‘lib turibdi. Sa’dulla Hakim ham ko‘plab shoir va adiblarimiz qatori ana shu imkoniyatlardan bahramand bo‘lib samarali ijod qilib kelayotir. Uning istiqlol davri ruhida yaratilgan «Oqsaroy» manzumasi, «Yangi zamon shukuhi», «O‘zbekiston», «Mansublik» kabi she’rlari ana shunday asarlardan.

Shu o‘rinda ko‘nglimdagi bir gapni eslatib o‘tay: ko‘p yillar burun matbuotda shoirning she’rlariga oq yo‘l tilaganman. Bugun esa uning atoqli ijodkorlardan biriga aylanib, kamolga yetganidan iftixor qilib turibman. Shoir ukamning o‘zi yozganidek:

Ko‘ngil yuzin ko‘z ichidan axtaring,
Ko‘klam izin kuz ichidan axtaring.
So‘zdan libos kiymish, iztirobdan toj,
Sa’dulloni so‘z ichidan axtaring!

Sa’dulla Hakim
SHE’RLAR
011

Oshiq quyosh

O’zbekiston – Vatanim aziz,
Seni sevib ne qiloldim, men?!
Senga mehr bobida, asli,
Kim quyoshga kela olur teng?!

Sen deb quyosh arshidan tushib,
Mehr to’la bag’rini ochar.
Ehtirosdan yuragi jo’shib,
Boshing uzra marvarid sochar.

Senga yaqin kelgani sari
Uyaladi o’zidan, chog’i,
Taqir boshin berkitay deya
Kiyib olar baxmal qalpog’in.

Bundayini ko’rmagan hali
Olam olam bo’lib sira ham.
Har kun kelar seni ko’rgali,
Har kun ketar umidga hamdam.

Ishq oyati

Bog’ yo’lida yotgan bir varaq qog’oz
E’tiborim tortar, qo’lga olaman.
Bir betda bor-yo’g’i to’rtta so’z, xolos:
“Sevganman, sevaman, sevib qolaman!”

Yozganmi aytishga topolmay jur’at,
Kim u kuygan ko’ngil? O’yga tolaman.
Yetib bordimikan egasiga xat:
“Sevganman, sevaman, sevib qolaman!”.

Bog’ hayrat ichida tebratar boshin,
Shamol tegajoqlik qilib boladay
Xatni olib qochar va o’qir shoshib:
“Sevganman, sevaman, sevib qolaman!”

Qushlar ham basma-bas chug’urlar jo’shib,
Men endi ularning tilin bilaman:
“Hamisha aytilar faqat bir qo’shiq
Sevganman, sevaman, sevib qolaman!”

Menim-da, ishim bir shu qushlar ila,
Dilda takror aytib saboq olaman:
“Ey yor, eshit so’zim, keldim aytgali,
Sevganman, sevaman, sevib qolaman!”.

Onaga ta’zim

Siz chig’anoq kabi o’zingizdan so’ng
Qoldirib ketasiz duru javohir.
Jannat oyog’ingiz ostida, demak,
Bizning boshimizning ustida zohir.

Madhingiz quyoshu oygacha yetgan,
Ne-ne donishmandlar yonib aytganlar.
Sizdan kimki ketsa sahroga ketgan,
Chamanzorga qaytgan sizga qaytganlar.

Pushkin

Sevgi, hasrat kuychisi,
Asov daho, jo’shqin ruh
Chalib o’tdi yangroq soz,
Mangu sharaf topdi rus.

Makkor bir zamon edi,
Har yonda nayrang, o’yin.
Muhabbat lirasini
Sindirdi qora quyun.

Tanho edi. Tug’ilmas
Endi, Pushkin boshqa yo’q.
Ammo kezib yuribdi
Shoirga otilgan o’q…

So’z va donishmand

El ichra nomi baland,
Har ishda fazli ayon,
Yashar edi donishmand –
Toza tiynat, pokdomon.

Kimdir: “Olam iborat, –
Desa, – molekuladan”,
“Yo’q, so’zdan bu imorat”, –
Derdi sirli kularkan.

So’z uning ko’z o’ngida
Oqar edi chuldirab,
Goh qorong’u osmonda
Chaqnar edi guldirab.

“Bu dunyoni yoritib
Turgan ham so’z”, derdi u.
“Inson dardin aritib
Turgan ham so’z”, derdi u.

“So’z aynisa, diyonat
O’lgani shu”, der edi.
“So’z qaynasa, qiyomat
Bo’lgani shu”, der edi.

Neki yaralmish bari
So’zning jismu tanidir,
So’z – chig’anoq gavhari,
Ko’ngil – so’z Vatanidir.

Bir so’z bor so’z avvali,
Joy olgan dil to’ridan,
Qolgan barcha so’z, asli,
O’sha so’zdan o’rigan.

Yursa ham, o’tirsa ham
Faqat o’sha o’yida,
Yashar edi donishmand
Shu tanho so’z ko’yida.

Jon kabi edi aziz
O’sha so’zning diydori,
Oxir, yiqildi holsiz,
Ketdi tandan madori.

O’ngimidi, tushi yo
Bilmas, harchand urindi,
So’z jamoli ko’ziga
Elas-elas ko’rindi.

Quvonchidan ko’ksini
O’rtab ketdi hayajon,
Chorladi shogirdlarin
Huzuriga o’shal on.

Dupur-dupur jon qushi
Depsidi qanot qoqib,
Boshidan uchib hushi,
Tildan qoldi, boyoqish.

Yosh aylandi ko’zida:
Sevinch yoshi, g’am yoshi.
O’krar edi donishmand
O’pkasi to’lib-toshib.

So’zga qovushmay labi
G’o’ldiradi, so’ng so’lg’in:
“Ana u!” degan kabi
Osmonga cho’zdi qo’lin…

…Ustozning ochiq ko’zin
Shogird asta yoparkan,
Ahd qildi: “O’sha so’zni
Bir kun so’zsiz topaman!”

Qaldirg’och qosh

Boshima tushmish bu savdo qoshidan,
Aylanurman hech ketolmay qoshidan.
O’smani qo’ymish yaratganning o’zi,
Aylanay ham o’zi, ham naqqoshidan.

YOMG’IR SUVI
Turkum

* * *

Tun.
Yomg’ir shovullar,
Shamol tentirar,
Taraqlab ochilar eshik nogahon,
Xonaga yoprilar yomg’ir salqini.
Qordek oq ko’ylakli bo’liq bir juvon
Ostonada o’ychan termulib turar.

Sirli ohanglardan entikar qalbi,
Shamol sochlarini tortqilab qochar,
Shaffof tomchilarni yuziga sochar,
Hilpirar ko’ylagi oq yolqin kabi
Junjikib ohista kirar yotoqqa.

Ko’ksini to’ldirib yomg’ir navosi
Ko’z ocharu jonbaxsh sezgidan eri
Singib ketar muzdek bag’riga erib,
May kabi simirib bahor havosin.

Tun.
Yomg’ir shovullar,
Shamol entikar.

* * *

Tuyoq izlari yomg’ir suviga to’ldi,
O’tloqqa to’kildi oy siniqlari.
Tolg’in tongga qadar davomli bo’ldi,
Ayg’iru biyaning sho’x qiliqlari.

Havo bo’ysara qiz labidek shirin,
Halovat yoyildi borliqqa sokit.
Bostirma yonida yulqib zanjirin
Oyga xonish qildi bahaybat bir it.

* * *

Yarim tunda cho’chib uyg’ondim bexos,
Ko’rdim, bino bo’lmish yeru ko’k aro
Kumush to’r tortilgan bir xonai xos.
Osmon yerni qizdek quchib yotardi,
Shivirlardi suyib, erkalab, kulib
Tongda xushbo’y gullar tug’ildi sarxil,
Osmon singari pok,
Yer kabi suluv.
…Bir qiz qadamidan yoshardi yosh bog’,
Yosh bog’ iforlarga ko’mdi havoni.
Qiz tuydi, kerakdir sir ochar o’rtoq,
Sezdi siynasida sarxush uyg’onish.

* * *

Yalangbosh yugurdim yomg’irdan qochib,
Mendan ilgariroq eshikni ochib
Ichkariga urdi o’zini shamol.

Xonalarni kezib chiqdiyu bir-bir
O’z tilida so’zlay boshladi g’ir-g’ir
Tuvakdagi gulni ko’rgani hamon.

Mening borligimni yo payqadi gul,
Allanechuk bo’lib bosh chayqadi gul,
Eshikka yo’naldi ayg’oqchi shamol.

Bahor kelganini, kim bilsin, yo’qlab,
Derazadan chappar yog’dirdi o’qlar,
Davom etdi butun tun bo’yi qamal.

Tongda bog’, ko’chada ming quyosh yondi,
Qushlar gul bo’g’zida navo uyg’ondi,
Ufqlar ortida sovudi shamol.

Shudringdan isirg’a taqdi tongda gul,
Cho’g’day qo’llarini uzatib mas’ul
Charaqlab oynadan jilmaydi hamal!

* * *

Seni sevishimni shamolga aytdim,
Shamol daraxtlarga yetkazdi uni,
Yalang’och shoxlarda kurtaklar bo’rtdi.

Senga xohishimni suvlarga aytdim,
Suvlar gulbog’larga yetkazdi uni,
Gullar uyalibmi qizarib ketdi.

* * *

Toshli joyda oqqan suv
Sayrab, sharqirab oqar.
Toshlarni pichoqlardek
Qayrab, arqirab oqar.

Toshli joyda oqqan suv
Toshlarni minib oqar.
To’polonli oqsa ham
Yomg’irdek tiniq oqar.

* * *

Ahli ehtiyoj mudom
Er himmatidan sharif.
To’g’riligi uchun ham
Ignaga ergashar ip.
Zero, haqiqat abad
Harakatda bilinur.
Bag’ri qora… shu sabab
Bulutdan qochar yomg’ir.

* * *

Yarim tunda ko’z ochsam
Yonimda yotibdi oy.
Sochlari – nur yomg’iri,
Yuzlari – tiniq shirmoy.

Tomirimda qon emas,
Guras-guras oqdi nur.
Oyga qarang… yuzida
Bo’sa izi ko’rinur.

* * *

Menga doim shunday tuyular:
Yuragimning gulbog’lariga
Umr yomg’ir kabi quyilar.

Tomirlarim – tezob sharshara,
Hayot suvi oqar sharqirab
Va qo’shiqlar kuylaydi sara.

Qo’shiq uchar ko’nglimga sig’may,
Lablarimda jaranglab ketar
Marvaridlar sochilganiday.

Billur yomg’ir quyilar muqim…
Fikrim gullar olcha misoli,
Borgan sari yorishar ruhim.

Ammo, uyqum yo’qdir tunlari,
Oh, bir kuni tinar-ku yomg’ir,
So’lmasmikan orzum gullari?!.

Ibodat

Sen qayda edingu men edim qayda,
Buncha kech, buncha kech keldim senga duch.
Ko’zlaring ko’raman har qaysi joyda,
So’zlaring tinglayman, qolgan bari puch.

Faqat sen tufayli, bir sen tufayli
Go’zal tuyuladi hayot g’amzasi.
Roziman yodimdan o’chsa ham, mayli,
Bir sening ismingdan boshqa hammasi.

Tamshansam asaldek tilim kuydirar,
Boldan ham shirindir ismingning toti.
Bu ne ishq? Suyganim sari suydirar,
Bu ne dard? O’ynatar jonimni otib.

Ko’nglim kuyib ko’ngil berganim ayon,
El ichra ovoza bo’layin bo’lsam.
Boshim ostonangga qo’yib beray jon,
Ismingni quchoqlab o’layin o’lsam!

021

(Tashriflar: umumiy 220, bugungi 1)

1 izoh

  1. Ё, Рабб! Бунча гўзал шеърлар!!! Ўқиганим сари мусофир кўнглим яйраб, ҳаяжондан томоғимга тиқилган йиғи мижжаларимдан сиртга чиқди! Абдулла Орипов айтган қуйма сатрлар руҳимни мувозанатдан чиқарди. Таассуротини қандай ифодалашни билмай беихтёр «Вой дод!» деб юборганимни билмай қолдим. Табиат ҳодисаларини ошиқ кўнгил ҳислари билан боғлаш, уларга гўзал либос кийдиришга уста эканлар, шоир! Кўнгилларидаги беғубор туйғулар ҳеч қачон у кишини тарк этмасин! Кўнгил кишиларини ҳамиша Худонинг ўзи асрасин!
    Мен ҳам шоирни таваллуд айёмлари билан чин дилдан қутлайман! Танлари соғ, умрлари узоқ бўлсин! Фарзандлари, набираларининг камолини Худо қўшган тақдирлари билан бирга кўрсинлар! Энг муҳими, у кишини Раббим шоирни сўздан жудо этмасин!
    Умид қиламанки, табригимни шоирга етказасизлар. Гарчи мен истагандек сўлим бўлмаган бўлса-да (мен бу ўтиришимиз кичкинагина шеърият кечаси бўлишини жуда-жуда истагандим), сафар олдидан Қозоқбой домла, шоир ва мендан иборат учлик давра кўнглимда ўзига яраша из қолдирганини айтишга имкон берасизлар. Яна бир бор шоирни туғилган кунлари билан табриклайман!

Izoh qoldiring