Ibrohim Haqqul. Maktabi betakror.

abdulla-qodiriy

Буюк адиб Абдулла Қодирий таваллудининг 120 йиллиги олдидан

Ҳамма замонда ҳам амал атрофида алам ва адоват ўралашиб, эргашиб юрган. Мансаб ва мартаба учун олишув, тортишув, ҳасад ва маккорликлар ҳеч бир даврда тўхтаб қолмаган – ҳамиша фаол ҳаракатда бўлган. Энг ёмони, ҳасад ва адоват на истеъдод, на фазилат, на умумэътироф – ҳеч нарсани тан олмаган. Мана шу ҳақиқатни Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён” романида жуда ёрқин шаклда ёритиб берган.
Халқимизда “Ҳамма нарсага фаришта омин дейди”, – деган бир қараш бор. “Меҳробдан чаён”даги дастлабки лавҳалардан бирини хотирлаб, “Наҳотки, фаришта ҳазилга ҳам “Омин!” деса, наинки, самимий ва зариф бир ҳазилнинг таги ҳам зил бўлиб чиқса?” дейсиз.

0122
Иброҳим Ҳаққул
МАКТАБИ БЕТАКРОР
Мақола 2004 йилда Абдулла Қодирий таваллудининг 110 йиллигига бағишлаб ёзилган

033   Маълумки, дунё бир жойда тўхтаб турмайди: доимо ўзгариб, янгиланиб боради. Шунинг учун кўпдан-кўп воқеа-ҳодисаларда ҳам табиий равишда ўзгаришлар, янгиланишлар содир бўлади. Лекин уларнинг мазмун-моҳиятига чуқурроқ назар ташланса, ўзгариш маъно ёки мантиқда эмас, кўпроқ шаклда бўлишига тан беришга тўғри келади. Масалан, амал ва амалдорликни олайлик. Ҳамма замонда ҳам амал атрофида алам ва адоват ўралашиб, эргашиб юрган. Мансаб ва мартаба учун олишув, тортишув, ҳасад ва маккорликлар ҳеч бир даврда тўхтаб қолмаган – ҳамиша фаол ҳаракатда бўлган. Энг ёмони, ҳасад ва адоват на истеъдод, на фазилат, на умумэътироф – ҳеч нарсани тан олмаган. Мана шу ҳақиқатни Абдулла Қодирий “Меҳробдан чаён” романида жуда ёрқин шаклда ёритиб берган.

Халқимизда “Ҳамма нарсага фаришта омин дейди”, – деган бир қараш бор. “Меҳробдан чаён”даги дастлабки лавҳалардан бирини хотирлаб, “Наҳотки, фаришта ҳазилга ҳам “Омин!” деса, наинки, самимий ва зариф бир ҳазилнинг таги ҳам зил бўлиб чиқса?” дейсиз.

Ана ўша лавҳа: Раъно кичкина укалари – Мансур ва Масъуд билан айвонда ўтирибди. Онаси ошхонада манти пишираётир. Отаси аср намозига бориб келиш учун масжидга йўл олади. Кўп ўтмай Анвар ишдан қайтади. Раъно ўрнидан туриб уни қаршилайди. Анвар аввал ерда ўтирган Мансурни, кейин Раънонинг қўлидан олиб Масъудни эркалайди. Сўнг “симобий шоҳи салласини” олиб, ёстиққа ташлайди ва “рўмоли билан қоп-қора бўлиб чиқа бошлаган муртини тузатади”. Раънодан сўрайди:

“ – Тинчликми?
– Бетинчлик, – деди кулиб Раъно.
– Айни муддао экан бўлмаса… Ҳа, айтгандек, – деди Анвар ўтирган супасига ишорат қилиб, – букун жой катта солинган?
– Меҳмон келар эмиш.
– Ёлғонинг қурсин, Раъно, – деди Анвар кулимсиб. – Қандай меҳмон?
– Мен қаёқдан билай, қандай меҳмон… фотиҳага кишилар келар эмиш, деб эшитдим.
– Фотиҳаси қанақа?
– Билмасам қанақа.

Анвар ўйланиб яна кулимсиди:
– Сенинг фотиҳанг бўлмасин?
– Менинг қандай фотиҳам бўлсин: мен ҳали тирикман.
– Тескарига бурма, Раъно, балки сени эрга бермакчидирлар?
Раъно қизариб турди-да, яна гапни кулгиликка олди:
– Мени кимга берар эмишлар?
– Сеними? – деди кулиб Анвар. – Сени хондан бошқа ким олсин?…”

Бу гапларнинг бари ҳазил. Ҳар қандай ошиқ-маъшуқ ўртасида шундай ҳазил бўлиши мумкин. Агар шўрлик Анвар кунлардан бир кун хон Раънога совчи юборишини билганида “Сени хондан бошқа ким олсин?” дермиди? Тили кесилганда ҳам бундай демасди. Раъно-чи? Эрка бир аччиғланиш бугун-эрта мудҳиш ҳақиқатга айланиши ва қисмати ўзгариб кетишини зарра қадар сезганида Анварнинг “маслаҳати”га кўнгандай кўрсатармиди ўзини (“Сиз шундай маслаҳат берсангиз… Мен қандай қилай…”).

Ёзувчи балки ҳазил йўли билан Анвар ва Раънонинг келажак тақдирига ишорат қилгандир? Аммо китобхон бу тўғрида ўйламайди ва бундай ишорат маъносига унинг инонгиси ҳам келмайди. “Тақдир деган подшоҳ бўлса, ошиқларнинг ҳоли танг”, деганларидек, Раънонинг хон ҳарамига боришига йўл очувчи яширин бир сабаблар ҳам бор эдики, бу бевосита Солиҳ Маҳдумнинг ўтмиши ва шажараси билан боғлиқдир. Солиҳ Маҳдум романдаги энг пишиқ ишланган образ эканлиги маълум. У ўқувчини ҳам жуда қизиқтиради, ҳам кўп мушоҳадага чорлайди.
Қоралай десангиз – уни тўла қоралолмайсиз. Айблай десангиз – қай бир жойда Маҳдум, “шу учун ҳам мени айблаб бўладими” деб тургандай. Мақтамоқчи бўлсангиз – баъзи ишлари ва нокасликларини кўриб, “Э, садқаи одам кет!” дегингиз келади унга. Баъзан Раънони ўйлаб, баъзан Анварнинг раъйига қараб, таъна-ю маломатга ҳам тил айланмай қолади.

Кейинги пайтларда бундоқ ўйлаб кўрсам, Маҳдум жаноблари салбий ё ижобий дея қатъий равишда “рамка”га солинадиган қаҳрамон эмас экан. Муҳими, уни билиш ва тушуниш экан. Зеро, Маҳдум инсон табиатидаги камчилик ва чиркиндан-чиркин иллатларнигинамас, ички мураккаблик, ишониш қийин бўлган нафсоний эврилишларни ҳам очиб берадиган серқирра бир образдир. Маҳдум ҳақида сўзлаганда ёзувчи тўғри таъкидлаганидек, “унинг шахсига хиёнат ва бўҳтон қилишдан” сақланмоқ лозим.

Ҳақиқатда у хасис. Моддий кечими яхши, “устоз Мулла Солиҳ Маҳдум” бўлиб танилган вақтларда ҳам “кўйлак, иштонининг аксар етти-саккиз жойидан ямоғи бўлади. Етти қишдан бери гуппи чопон” янгиланмайди. “Фақат қиш келиб кетган сайин алак гуппининг енги ўзгарибгина туради ва астари йил сайин янгидан-янги ямоқлар билан бойийди. Шу гуппи бутун умрида биргина маротаба ва шунда ҳам Маҳдумдан берухсат” тоғора юзини кўрган. Ёки беш-олти қайта бошлатиб қўнжи бир қаричга келган айбаки маҳси, чарми усти-устига уюлиб ердан уч энлик чамаси кўтарилган, икки чорак вазнлик кафшни айтмайсизми? “Ҳарчанд эҳтиёт қилинса ҳам неча жойдан попилтириғи осилган оқ бўз салла-чи?” Унинг “ёши” маҳалланинг кўпчилик кишиларига маълум ҳам эмас.

Маҳдумнинг рўзғор юритишдаги зиқналикларини таърифлайман десангиз, Раънонинг “кулгулик учун” ёзилган мана бу сўзларидан ошириб бир нима айтолмайсиз:

Ёғлар тўкилса ерга, ётиб ялар тақсирим,
Бўлса бозорда пастлик, сотиб олар тақсирим.

Отаси вафот этганда Солиҳ Маҳдум “йигирма ёшлик талаба” бўлган. Ўзидан бир неча ёш каттароқ акаси отасининг ўлимидан сўнг Марғилонга имом бўлиб, оиласини кўчириб кетган. Онаси ва Наима исмли ўн олти ёшлик синглиси билан Маҳдум Қўқонда қолган. Бирор жойдан даромад йўқ. Оила кўп тангликка тушиб қийналган. Охири Солиҳ Маҳдум таҳсилни тарк этиб, қорин тўйдирарлик касб излашга мажбур бўлган. Одамда нафрат қўзғайдиган унинг айрим ҳаракатлари, хусусан, хасислиги ана шу қаттиқчиликларнинг руҳга сингиб қолган ёмон таъсирлари бўлиши мумкин. Хасислик томир отган вужудда таъма барг ёзади. Маҳдумнинг хасислигини ҳам, таъмагирлигини ҳам тушунса бўлади. Лекин унда ҳорисона бир ички қоралик ҳам бор. Бу офатга у қачон йўлиққан? Бу ҳам етимлик, йўқчилик асоратими?

Бу саволга тўғри ва қаноатланарли жавоб топмоқ учун сал олдинга – Маҳдумнинг шажаравий тарихига бир назар ташлаш зарурияти туғилади. Юқорида айтилганидек, Маҳдум отасидан ажралганида йигирма ёшлик талаба эди. Демак, бунгача унинг характери деярли шаклланган. Келажакдаги мақсад ва вазифалар ҳам мавҳум бўлмаган. Ахир, у кимсан – Олимхон ва Умархон даврларида муфтилик, қозилик мансабларида хизмат қилган баланд нуфузли бир амалдорнинг невараси эди. “Ота-боболари хонлар қошида мумтоз, халқ назарида “шарафли ва муҳтарам мавқени” маҳкам сақлаб келган киши ўзининг кибор ўтмиши, қондан-қонга кўчиб келган ҳиссиётларидан қандай қилиб тамоман жудо бўлади? Маҳдумнинг отасидан омад юз бурмаганида, у оддий мактабдор бўлишни хаёлга келтирармиди? Асло келтирмасди.

Қўқоннинг энг эътиборли мадрасасида неча йиллар мударрислик қилган ва шахсан Мадалихоннинг назарига тушган одамнинг фарзандига нега амал ва юқори мартаба эшиклари очилмасин? Маҳдум амалга сиғинади. Катта амалдорни кўрса, жонини қўйгани жой тополмай қолади. Нега? Чунки у ўсган муҳитдаги ахлоқ шундай бўлган. У худди шундай нуқтаи назар билан тарбияланган. Агар ўша “мумтоз силсила” Маҳдумгача етиб келганида борми, манаман деган айёр, юлғич мансабдорни ҳам у доғда қолдириши шубҳасиз эди. Лекин…

“Туркистон хонлиги тарихидан хабардор кишиларга маълумдирким, амир Умархон охир умрида ўз саройидаги ёш канизаклардан бирига муҳаббат қўяди. Каниз ёш бўлганлиги ва балоғатга етмаганлиги учун уни никоҳга ололмай, вақт кутади. Шу кутиш йилларида Умархон муродига етолмай вафот қилади. Орадан бир неча йиллар ўтиб, бояги каниз қиз балоғатга эришади ва бир ҳуснига ўн ҳусн қўшилиб, отанинг боласи бўлган Мадалихонни ҳам ўзига ошиқ қилади”. Ёш хон бу паривашнинг дардида неча йиллар ёниб-куяди.

Аммо аҳли уламо қизни Мадалига “она мақомида ҳисоблаб”, хоннинг унга уйланишини шариат номидан тақиқлайдилар. Ҳукмдор истаса, нима ишлар амалга ошмайди, дейсиз бу дунёда? Хон орзусига қарши чиққан уламони бирин-кетин “илмий” фаолиятдан четлаштиради. Орадан анча вақт ўтказиб оғзи ошга етган янги уламога у фатво сўраб мурожаат қилганда улар “Отангиз марҳум: “никоҳланаман” деб айтган бўлсалар ҳам, “никоҳландим” деб айтмаганлар. Бас, амиралмўъмин мазкурани (яъни канизакни – И.Ҳ.) ўз нафсларига ақди шаръий қилсалар жоиз ва дурустдир, – дея хоннинг тўй ва томошолар билан мурод-мақсадига етишига кенг йўл очиб берадилар. Гўзал канизнинг таърифини эшитган ва унга ғойибона ошиқ бўлган Бухоро амири Насруллога бу хабар етиб боргач, уламойи киромнинг тескари фатвоси билан Фарғона устига ул золим юриш қилади. Мадалихонни қатл этади. Унга фатво ёзиб берган олимлардан бир нечаси таъқибга учраб, бир нечалари қочиб қутиладилар. Шулардан бири Маҳдумнинг отаси бўлиб, у бошга тушган кулфатдан сўнг кўп яшолмай ўлган эди. Буларнинг барчаси Маҳдумнинг кўз ўнгида содир бўлган, бамисоли оғир тош хотирасида ўрнашиб қолган эди. Шу-шу оиланинг бой берилган имтиёз ва шарафи Солиҳ Маҳдумга тинчлик бермайди. Унинг бағрида мудраб, яшириниб ётган меросий ҳис-туйғулар жаҳд билан Анварни сармунший бўлишга кўндиришга уринаётганда гўё бирданига бош кўтаради: “Ойига қирқ тилло вазифа, анвойи ҳадяи шоҳона, яна – элдан кўриладиган обрў, ҳурмат, ҳай, ҳай, ҳай…”.

Маҳдумнинг қалбини ўртаган, ичдан уни доимо “ҳай, ҳай”латган асосий ҳақиқат ана шу эди. Хўш, одамлар нимага мансаб учун интилишади? Маҳдумни узоқни кўра билганлигига қойил, албатта. У таъкидлаганга ўхшаш имконият ва имтиёзлардан маҳрум этилсин – ҳеч биров мансабу мартабага яқин келмайди. Шу маънода Маҳдумнинг реалистлиги мансаб “фалсафа”сини сафсатага берилмасдан, тўғри талқин қилишга уриниши мақбулдир. Шу билан бир қаторда Маҳдум типидаги одамлар нечоғлик пишиқ ва билағон бўлишмасин, тақдирнинг ногаҳоний зарбаларидан ҳам четга қочолмайдилар. Ва ўзлари инонган, ўзлари орзу қилган, ўзлари идеаллаштирган хосиятсиз бир кучнинг шарафсиз қурбонлари сафидан жой оладилар.

Мана бу қиёсга эътибор беринг: Маҳдумнинг отаси канизак можаросига аралашади. Мадалихонни қўллаб фатво берувчилар томонида туради. Шунинг учун Бухоро амири золим Насрулло қаҳрига йўлиқиб, ғам-ғусса ва мардудликка дош беролмай ўлиб кетади. Унинг ўғли эса Худоёрхонга қизимни бераман, деб мусибат жарига қулайди. Ота гўзал канизак воситасида бир ҳукмдорга ёқиш ва мавқеини мустаҳкамлашни кўзлаган бўлса, ўғил иккинчи бир хон билан наслан яқинлашиш умидида ўз қизининг бахтига чанг солиб, шарманда-ю шармисор бўлади. Натижа эса битта: нафс ва таъмага қурбонлик. Бадбахт Маҳдумнинг таъмани қоралаб, унинг катта “қопқони”га бўйнидан илингани ниҳоятда ачинарли, албатта. Умуман, инсон қисмати беҳад мураккаб ва чигалдирки, Қодирий асарларини қанча ўқисангиз бунга шунча иқрор бўласиз.

Манба: “Ишонч”, 2004 йил 10 апрель

0122
Ibrohim Haqqul
MAKTABI BETAKROR
Maqola 2004 yilda Abdulla Qodiriy tavalludining 110 yilligiga bag’ishlab yozilgan

033    Ma’lumki, dunyo bir joyda to’xtab turmaydi: doimo o’zgarib, yangilanib boradi. Shuning uchun ko’pdan-ko’p voqea-hodisalarda ham tabiiy ravishda o’zgarishlar, yangilanishlar sodir bo’ladi. Lekin ularning mazmun-mohiyatiga chuqurroq nazar tashlansa, o’zgarish ma’no yoki mantiqda emas, ko’proq shaklda bo’lishiga tan berishga to’g’ri keladi.
Masalan, amal va amaldorlikni olaylik. Hamma zamonda ham amal atrofida alam va adovat o’ralashib, ergashib yurgan. Mansab va martaba uchun olishuv, tortishuv, hasad va makkorliklar hech bir davrda to’xtab qolmagan – hamisha faol harakatda bo’lgan. Eng yomoni, hasad va adovat na iste’dod, na fazilat, na umume’tirof – hech narsani tan olmagan. Mana shu haqiqatni Abdulla Qodiriy “Mehrobdan chayon” romanida juda yorqin shaklda yoritib bergan.

Xalqimizda “Hamma narsaga farishta omin deydi”, – degan bir qarash bor. “Mehrobdan chayon”dagi dastlabki lavhalardan birini xotirlab, “Nahotki, farishta hazilga ham “Omin!” desa, nainki, samimiy va zarif bir hazilning tagi ham zil bo’lib chiqsa?” deysiz.

Ana o’sha lavha: Ra’no kichkina ukalari – Mansur va Mas’ud bilan ayvonda o’tiribdi. Onasi oshxonada manti pishirayotir. Otasi asr namoziga borib kelish uchun masjidga yo’l oladi. Ko’p o’tmay Anvar ishdan qaytadi. Ra’no o’rnidan turib uni qarshilaydi. Anvar avval yerda o’tirgan Mansurni, keyin Ra’noning qo’lidan olib Mas’udni erkalaydi. So’ng “simobiy shohi sallasini” olib, yostiqqa tashlaydi va “ro’moli bilan qop-qora bo’lib chiqa boshlagan murtini tuzatadi”. Ra’nodan so’raydi:

“ – Tinchlikmi?
– Betinchlik, – dedi kulib Ra’no.
– Ayni muddao ekan bo’lmasa… Ha, aytgandek, – dedi Anvar o’tirgan supasiga ishorat qilib, – bukun joy katta solingan?
– Mehmon kelar emish.
– Yolg’oning qursin, Ra’no, – dedi Anvar kulimsib. – Qanday mehmon?
– Men qayoqdan bilay, qanday mehmon… fotihaga kishilar kelar emish, deb eshitdim.
– Fotihasi qanaqa?
– Bilmasam qanaqa.

Anvar o’ylanib yana kulimsidi:
– Sening fotihang bo’lmasin?
– Mening qanday fotiham bo’lsin: men hali tirikman.
– Teskariga burma, Ra’no, balki seni erga bermakchidirlar?
Ra’no qizarib turdi-da, yana gapni kulgilikka oldi:
– Meni kimga berar emishlar?
– Senimi? – dedi kulib Anvar. – Seni xondan boshqa kim olsin?…”

Bu gaplarning bari hazil. Har qanday oshiq-ma’shuq o’rtasida shunday hazil bo’lishi mumkin. Agar sho’rlik Anvar kunlardan bir kun xon Ra’noga sovchi yuborishini bilganida “Seni xondan boshqa kim olsin?” dermidi? Tili kesilganda ham bunday demasdi. Ra’no-chi? Erka bir achchig’lanish bugun-erta mudhish haqiqatga aylanishi va qismati o’zgarib ketishini zarra qadar sezganida Anvarning “maslahati”ga ko’nganday ko’rsatarmidi o’zini (“Siz shunday maslahat bersangiz… Men qanday qilay…”).

Yozuvchi balki hazil yo’li bilan Anvar va Ra’noning kelajak taqdiriga ishorat qilgandir? Ammo kitobxon bu to’g’rida o’ylamaydi va bunday ishorat ma’nosiga uning inongisi ham kelmaydi. “Taqdir degan podshoh bo’lsa, oshiqlarning holi tang”, deganlaridek, Ra’noning xon haramiga borishiga yo’l ochuvchi yashirin bir sabablar ham bor ediki, bu bevosita Solih Mahdumning o’tmishi va shajarasi bilan bog’liqdir. Solih Mahdum romandagi eng pishiq ishlangan obraz ekanligi ma’lum. U o’quvchini ham juda qiziqtiradi, ham ko’p mushohadaga chorlaydi.
Qoralay desangiz – uni to’la qoralolmaysiz. Ayblay desangiz – qay bir joyda Mahdum, “shu uchun ham meni ayblab bo’ladimi” deb turganday. Maqtamoqchi bo’lsangiz – ba’zi ishlari va nokasliklarini ko’rib, “E, sadqai odam ket!” degingiz keladi unga. Ba’zan Ra’noni o’ylab, ba’zan Anvarning ra’yiga qarab, ta’na-yu malomatga ham til aylanmay qoladi.

Keyingi paytlarda bundoq o’ylab ko’rsam, Mahdum janoblari salbiy yo ijobiy deya qat’iy ravishda “ramka”ga solinadigan qahramon emas ekan. Muhimi, uni bilish va tushunish ekan. Zero, Mahdum inson tabiatidagi kamchilik va chirkindan-chirkin illatlarniginamas, ichki murakkablik, ishonish qiyin bo’lgan nafsoniy evrilishlarni ham ochib beradigan serqirra bir obrazdir. Mahdum haqida so’zlaganda yozuvchi to’g’ri ta’kidlaganidek, “uning shaxsiga xiyonat
va bo’hton qilishdan” saqlanmoq lozim.

Haqiqatda u xasis. Moddiy kechimi yaxshi, “ustoz Mulla Solih Mahdum” bo’lib tanilgan vaqtlarda ham “ko’ylak, ishtonining aksar yetti-sakkiz joyidan yamog’i bo’ladi. Yetti qishdan beri guppi chopon” yangilanmaydi. “Faqat qish kelib ketgan sayin alak guppining yengi o’zgaribgina turadi va astari yil sayin yangidan-yangi yamoqlar bilan boyiydi. Shu guppi butun umrida birgina marotaba va shunda ham Mahdumdan beruxsat” tog’ora yuzini ko’rgan. Yoki besh-olti qayta boshlatib qo’nji bir qarichga kelgan aybaki mahsi, charmi usti-ustiga uyulib yerdan uch enlik chamasi ko’tarilgan, ikki chorak vaznlik kafshni aytmaysizmi? “Harchand ehtiyot qilinsa ham necha joydan popiltirig’i osilgan oq bo’z salla-chi?” Uning “yoshi” mahallaning ko’pchilik kishilariga ma’lum ham emas.

Mahdumning ro’zg’or yuritishdagi ziqnaliklarini ta’riflayman desangiz, Ra’noning “kulgulik uchun” yozilgan mana bu so’zlaridan oshirib bir nima aytolmaysiz:

Yog’lar to’kilsa yerga, yotib yalar taqsirim,
Bo’lsa bozorda pastlik, sotib olar taqsirim.

Otasi vafot etganda Solih Mahdum “yigirma yoshlik talaba” bo’lgan. O’zidan bir necha yosh kattaroq akasi otasining o’limidan so’ng Marg’ilonga imom bo’lib, oilasini ko’chirib ketgan. Onasi va Naima ismli o’n olti yoshlik singlisi bilan Mahdum Qo’qonda qolgan. Biror joydan daromad yo’q. Oila ko’p tanglikka tushib qiynalgan. Oxiri Solih Mahdum tahsilni tark etib, qorin to’ydirarlik kasb izlashga majbur bo’lgan. Odamda nafrat qo’zg’aydigan uning ayrim harakatlari, xususan, xasisligi ana shu qattiqchiliklarning ruhga singib qolgan yomon ta’sirlari bo’lishi mumkin. Xasislik tomir otgan vujudda ta’ma barg yozadi. Mahdumning xasisligini ham, ta’magirligini ham tushunsa bo’ladi. Lekin unda horisona bir ichki qoralik ham bor. Bu ofatga u qachon yo’liqqan? Bu ham yetimlik, yo’qchilik asoratimi?

Bu savolga to’g’ri va qanoatlanarli javob topmoq uchun sal oldinga – Mahdumning shajaraviy tarixiga bir nazar tashlash zaruriyati tug’iladi. Yuqorida aytilganidek, Mahdum otasidan ajralganida yigirma yoshlik talaba edi. Demak, bungacha uning xarakteri deyarli shakllangan. Kelajakdagi maqsad va vazifalar ham mavhum bo’lmagan. Axir, u kimsan – Olimxon va Umarxon davrlarida muftilik, qozilik mansablarida xizmat qilgan baland nufuzli bir amaldorning nevarasi edi. “Ota-bobolari xonlar qoshida mumtoz, xalq nazarida “sharafli va muhtaram mavqeni” mahkam saqlab kelgan kishi o’zining kibor o’tmishi, qondan-qonga ko’chib kelgan hissiyotlaridan qanday qilib tamoman judo bo’ladi? Mahdumning otasidan omad yuz burmaganida, u oddiy maktabdor bo’lishni xayolga keltirarmidi? Aslo keltirmasdi.

Qo’qonning eng e’tiborli madrasasida necha yillar mudarrislik qilgan va shaxsan Madalixonning nazariga tushgan odamning farzandiga nega amal va yuqori martaba eshiklari ochilmasin? Mahdum amalga sig’inadi. Katta amaldorni ko’rsa, jonini qo’ygani joy topolmay qoladi. Nega? Chunki u o’sgan muhitdagi axloq shunday bo’lgan. U xuddi shunday nuqtai nazar bilan tarbiyalangan. Agar o’sha “mumtoz silsila” Mahdumgacha yetib kelganida bormi, manaman degan ayyor, yulg’ich mansabdorni ham u dog’da qoldirishi shubhasiz edi. Lekin…

“Turkiston xonligi tarixidan xabardor kishilarga ma’lumdirkim, amir Umarxon oxir umrida o’z saroyidagi yosh kanizaklardan biriga muhabbat qo’yadi. Kaniz yosh bo’lganligi va balog’atga yetmaganligi uchun uni nikohga ololmay, vaqt kutadi. Shu kutish yillarida Umarxon murodiga yetolmay vafot qiladi. Oradan bir necha yillar o’tib, boyagi kaniz qiz balog’atga erishadi va bir husniga o’n husn qo’shilib, otaning bolasi bo’lgan Madalixonni ham o’ziga oshiq qiladi”. Yosh xon bu parivashning dardida necha yillar yonib-kuyadi.

Ammo ahli ulamo qizni Madaliga “ona maqomida hisoblab”, xonning unga uylanishini shariat nomidan taqiqlaydilar. Hukmdor istasa, nima ishlar amalga oshmaydi, deysiz bu dunyoda? Xon orzusiga qarshi chiqqan ulamoni birin-ketin “ilmiy” faoliyatdan chetlashtiradi. Oradan ancha vaqt o’tkazib og’zi oshga yetgan yangi ulamoga u fatvo so’rab murojaat qilganda ular “Otangiz marhum: “nikohlanaman” deb aytgan bo’lsalar ham, “nikohlandim” deb aytmaganlar.
Bas, amiralmo»min mazkurani (ya’ni kanizakni – I.H.) o’z nafslariga aqdi shar’iy qilsalar joiz va durustdir, – deya xonning to’y va tomosholar bilan murod-maqsadiga yetishiga keng yo’l ochib beradilar. Go’zal kanizning ta’rifini eshitgan va unga g’oyibona oshiq bo’lgan Buxoro amiri Nasrulloga bu xabar yetib borgach, ulamoyi kiromning teskari fatvosi bilan Farg’ona ustiga ul zolim yurish qiladi. Madalixonni qatl etadi. Unga fatvo yozib bergan olimlardan bir nechasi ta’qibga uchrab, bir nechalari qochib qutiladilar. Shulardan biri Mahdumning otasi bo’lib, u boshga tushgan kulfatdan so’ng ko’p yasholmay o’lgan edi. Bularning barchasi Mahdumning ko’z o’ngida sodir bo’lgan, bamisoli og’ir tosh xotirasida o’rnashib qolgan edi. Shu-shu oilaning boy berilgan imtiyoz va sharafi Solih Mahdumga
tinchlik bermaydi. Uning bag’rida mudrab, yashirinib yotgan merosiy his-tuyg’ular jahd bilan Anvarni sarmunshiy bo’lishga ko’ndirishga urinayotganda go’yo birdaniga bosh ko’taradi: “Oyiga qirq tillo vazifa, anvoyi hadyai shohona, yana – eldan ko’riladigan obro’, hurmat, hay, hay, hay…”.

Mahdumning qalbini o’rtagan, ichdan uni doimo “hay, hay”latgan asosiy haqiqat ana shu edi. Xo’sh, odamlar nimaga mansab uchun intilishadi? Mahdumni uzoqni ko’ra bilganligiga qoyil, albatta. U ta’kidlaganga o’xshash imkoniyat va imtiyozlardan mahrum etilsin – hech birov mansabu martabaga yaqin kelmaydi. Shu ma’noda Mahdumning realistligi mansab “falsafa”sini safsataga berilmasdan, to’g’ri talqin qilishga urinishi maqbuldir. Shu bilan bir qatorda Mahdum tipidagi odamlar nechog’lik pishiq va bilag’on bo’lishmasin, taqdirning nogahoniy zarbalaridan ham chetga qocholmaydilar. Va o’zlari inongan, o’zlari orzu qilgan, o’zlari ideallashtirgan xosiyatsiz bir kuchning sharafsiz qurbonlari safidan joy oladilar.

Mana bu qiyosga e’tibor bering: Mahdumning otasi kanizak mojarosiga aralashadi. Madalixonni qo’llab fatvo beruvchilar tomonida turadi. Shuning uchun Buxoro amiri zolim Nasrullo qahriga yo’liqib, g’am-g’ussa va mardudlikka dosh berolmay o’lib ketadi. Uning o’g’li esa Xudoyorxonga qizimni beraman, deb musibat jariga qulaydi. Ota go’zal kanizak vositasida bir hukmdorga yoqish va mavqeini mustahkamlashni ko’zlagan bo’lsa, o’g’il ikkinchi bir xon bilan naslan yaqinlashish umidida o’z qizining baxtiga chang solib, sharmanda-yu sharmisor bo’ladi. Natija esa bitta: nafs va ta’maga qurbonlik. Badbaxt Mahdumning ta’mani qoralab, uning katta “qopqoni”ga bo’ynidan ilingani nihoyatda achinarli, albatta. Umuman, inson qismati behad murakkab va chigaldirki, Qodiriy asarlarini qancha o’qisangiz bunga shuncha iqror bo’lasiz.

Manba: “Ishonch”, 2004 yil 10 aprel`

011

(Tashriflar: umumiy 438, bugungi 1)

Izoh qoldiring