Ibrohim Haqqul. Uch maqola

011
Навоийшунос ва тасаввуфшунос олим Иброҳим Ҳаққулнинг 65 ёшлиги олдидан.

Атоқли навоийшунос ва тасаввуфшунос олим Иброҳим Ҳаққулнинг сизга тақдим этилаётган мақолаларида Шарқ шеъриятининг уч буюк сиймоси: Фаридуддин Аттор, Бобораҳим Машраб ва Фурқат ҳаёти, шахсияти ва ижодининг айрим нуқталари ҳақида мулоҳаза юритилади.

009
Иброҳим Ҳаққул
УЧ МАҚОЛА

КЎНГИЛ КИМЁСИ
06

Ошиқ ўлди дея салоҳ этарлар,
Ўлган ҳайвон эрур – ошиқлар ўлмас.
Юнус Эмро.

I

Қуёш уфқдан бош кўтариши билан тонг отади. Уфққа бош қўйганида эса тун бошланади. Тун – ўша тун. Кун – ўша кун. Ҳеч нима гўё ўзгармайди. Уддалай олса, одамзод ҳар кун бир янги қуёш яратарди. Одатий, кўникилган қоронғулик – тун зулматидан қутулиб, ҳар субҳидамда аввалгига ўхшамайдиган офтобни қаршилаш завқли эмасми? Аллақайси замонларда шуни ҳам кимдир хаёлдан ўтказган бўлиши мумкин. Ҳайриятки, инсон янги ой, янги қуёш, янги-янги юлдуз яратишга қодир эмас. Бўлмаса, курраи оламнинг буюк мувозанати бузилиб, дахлсиз интизоми ўзгартирилар ва янада бошқача ваҳшиёна кураш, ўзгача бир мудҳиш тўфон-у қасирғалар авж олиб кетиши муқаррар эди…

Тасаввур қилайлик: Ҳазрати Одам Ато фарзандлари буғдой еб, буғдой неъматлари билан тирикчилик ўтказмаганда нима бўларди? Шайх Фаридbддин Аттор айтган мусибат юзага келарди:

Бани одам агар гандум нахурди,
Ҳаме мардум ба жуз мардум нахурди.

Чунончи: Одам қавми агар буғдой емаса эди, улар бир-биридан бошқа бир нимани емасди. Шубҳасиз, шундай бўларди. Фақат сиёҳ эмас, балки қон ва кўз ёш ила қоғозга битилиб келинган башар тарихи Атторнинг ҳақлигини ҳамон тасдиқлаб турибди.

Инсонни зулм ва йиртқичликдан сақлайдиган, нафсни офат ва қабоҳатлардан поклайдиган иккита куч манбаи бор. Бири – Оллоҳни таниш, У кўрсатган йўлдан юриш. Иккинчиси, Ўзни англаш. Англаган – севади, севган эса тушунади. Энг мураккаб, энг қалтис муаммоларни ҳал қилиш ўз-ўзидан енгиллашиб, ўнглашиб боради. Бектошийлик тариқатининг бош фалсафаси бор-йўғи тўрт қаторгина шеърда ифодалангани тасодиф эмас:

Бир-бирини севмаганни,
Ўзлигини билмаганни,
Одамга бош эгмаганни
Номини шайтон деюрмиз.

Асосий ҳақиқат ана шу. Ҳамма давр, ҳамма замонларда инсон зиммасига юкланган муқаддас вазифа ҳам мана шу: Ҳақни ва халқни севиш.
Мутасаввифларга кўра, инсон Тангри мазҳарларининг энг юксаги. У яратилмаса, коинот ҳам яратилмасди. Борлиқ бир жасад. Унинг руҳи ва жони одам. Лекин бу хусусда қанчалик кўп гапирилиб, нечоғлик кўп ёзилмасин, илоҳий моҳият мушоҳадаси кенг қулоч ёзмаган. Ишқ ва ирфон сирлари тадқиқ қилинган бир асарда:

Мо Худойи олам одам ёфтем,
Инчунин одам вале кам ёфтем,

дейилади. Яъни: биз олам Тангрисини одам ўлароқ топдик. Аммо бундай одамни жуда кам учратдик. Шарқда шу тоифага мансуб кишиларга валий, ориф, сўфий, фақир ёки дарвеш дейилган. Одамлар шу зотларнинг ўзига ҳам, сўзи ва амалига ҳам ишонишган. Алдамагани, риёга ён бермагани, холислиги, кароматфурушлик қилмагани боис ҳалқ уларга эргашган.

Булар кўнгилда томир ёзмаган ёки ўзи яшамаган ҳолдан баҳс юритишга қатъиян қарши бўлишган. Ривоят қилинишича, фақр ҳоли хусусида халққа маъруза қилган Рувайм бин Муҳаммадга машҳур шайхлардан бири қуйидаги мазмунда бир байт айтибди: “Одам-ку ўлдирмассан, қилични не қилурсен? Қимматбаҳо қилични сотиб пулига тўтиқуш олсанг бўлмайдими?” Рамз ва киноя ила айтилган бу фикрдан кўзда тутилган мақсадни Абу Бакр Муҳаммад бин Исҳоқ Бухорий бундай изоҳлайди: “Рувайм дилида бўлмаган, ўзи яшамагани ҳолдан баҳс юритмиш. Ҳолбуки, фақр ҳолини аввал кўнгилда барқарор айлаш, сўнгра унинг моҳият ва фазилатларидан сўзлаш ё ёзиш лозим. Буюклардан бири демишки, “Табиатига ёт, яъни руҳиятидан жой топмаган бир ҳол ё бир ҳақиқат хусусида гапирган кимсанинг даъвоси уни эшакка яқинлаштиради…”. Демак, гапга ружуъ қилиш, донолик ролини бажариш билан ҳақиқатга хизмат қилиб бўлмайди. Асос – маъно, моҳият, асос – дард ва самимиятдир. Шулар бўлмаса, қолгани сохталик, алдов ва ҳийла эрур.

Маъно ва моҳият эшиги қандай очилади? Бунга етишмоқ учун олдин Тангрини таниш керакми ёки Тангрини таниганларними? Бу саволга кўпчилик “Албатта, Тангрини таниганларни танишда!” деб жавоб бериши шубҳасиз. Агар шундай бўлганда эди, чиндан ҳам Ҳақ йўлчилари ва дўстларини таниш енгил кечганда эди – инсоният аллақачон маънавий-ахлоқий хасталиклардан, ғафлат, жаҳолат, қаҳру ғазаб офатларидан қутулиб, ер юзини жаннат қилган бўлар эди. Ва ўзини бунчалик кулфат, бахтсизлик, зулм ва бағритошликларга маҳкум айламасди. Унинг ҳийла ва найрангбозликлари, нафс шавқи ва лаззати учун турланиб-тусланишлари, ютоқиб ташланишлари ривож топиб бормасди.

Инсоннинг зоҳирий йўлсизлиги унчалик қўрқинчли эмас, ботиний йўлсизлик ёмон, ички адашув, ичдаги имконсизликлар таҳликали.

II

“Тангрини таниш, – дейди Баҳоуддин Валад, – валийларни танишдан кўп осондир. Бутун олам Тангрига топинади. Унга сажда қилади. Аммо юз мингларча инсондан ҳатто биттаси ҳам валийларни етарли даражада таний олмайди. Ҳазрати Мусо Тангрининг элчиси эмасмиди? Тангри у билан сўзлашмаганмиди? Асоси қўлида аждаҳога айланмаганмиди? Ул асо ила осийлардан ғолиб келмаганмиди?”

Худди шундай бўлган эди. Шунга қарамасдан, Ҳазрати Мусо валиларнинг юзини кўриш, уларни таниш учун Тангридан ёрдам тилайди. Унга ёлворади. Ниҳоят, Оллоҳ унинг дуо ва илтижосини қабул қилади ва унга “Ўз умматинг орасидан чиқ, саёҳат қил!” дея буюради. Мусо алайҳиссалом сўнг саёҳатга кетади. Хизрни топади ва танийди. Лекин Хизрнинг аҳволини тушунмайди. Тушунмаганлиги боис унинг ишларига эътироз билдиради. Охири “Бундан буён энди сендан неки зоҳир бўлса, сас чиқармайман ва жону кўнгулдан қабул айлайман”, – деб тавба қилади.

Қуръони каримда нақл этилган Хизр ва Мусо ҳикоятига тасаввуф ва тасаввуф адабиётида алоҳида эътибор берилгани бежиз эмас. Бундан кўзда тутилган асосий мақсад Оллоҳнинг хос бандалари, яъни валийуллоҳларнинг таълими, тарбияси ва таъсирисиз илоҳий сайру саёҳат, файзу камолотда олий натижаларга эришиб бўлмаслигини таъкидлаш эди.

Шарқ мутасаввифларининг ўзига хос хизматидан бири, балким биринчиси, инсоннинг маънавий мавқеи ва ички оламига доир қарашларни мисли кўрилмаган даражада кенгайтирганлиги, деса асло хато бўлмайди. Инсон сийратига очилган Йўл – ўзини таниш, Ҳақ ва ҳақиқатга эришишнинг мустасно бир йўли эканини мана шу Маърифат пешволари кашф қилиб берган. Ахлоқий, маънавий, руҳий ва завқий тажрибанинг улар жуда қийин, бағоят машаққатли усулларини танлашган. Гоҳо узлатга чекиниб, нафсни қийнашган, гоҳо муроқаба ва мушоҳадага берилишган. Кўнгилда ишқ оташи ёлқинланганда ўзни ҳам, ўзгани ҳам унутиб холис ҳол, беғараз, бетаъма амал соҳиби ўлароқ кун кечиришган. Тасаввуф адабиётининг етакчи қаҳрамонлари ана шулар. Саноий, Аттор, Румий, Навоий сингари даҳо санъаткорларга мана шу шахсларнинг ҳаёти ва қисмати илҳом бағишлаган. Фаридиддин Аттор “Тазкират ул-авлиё”ни ёзганда, шеърий асарларидан кам заҳмат чекмаган ва нисбатан олганда илҳом даражаси ҳам паст бўлмаган. Бу китоб Аттор учун ғоявий-ирфоний бир манба вазифасини ўтаган. Уни валию авлиёлар муҳитига олиб кириб, кенг бир миқёсда уларнинг шахсияти, маслаги ҳамда мафкурасидан огоҳ этган. Атторнинг шоирлик санъати – валоят сир-асрори бадиий талқинларини яратиш санъати эди. У аҳли ҳол ва аҳли ирфоннинг муҳиби эди.

Аҳли ирфон нуқтаи назарига кўра, Оллоҳ ўзини ошкор айлаш, яъни танитиш учун коинотни вужудга келтирган. Асосий ният эса борлиқ – олам саҳнига комил инсонни чиқариш бўлган. Дунёнинг зоҳирий манзараси касрат – кўпликни акс эттиради. Унинг замирида ваҳдат – буюк Бирлик пинҳондир.

Моҳиятбин одам коинотда улуҳият тажаллисини кўриши ва севиши лозим. Ана шунда мажозий ишқдан илгарилаб, илоҳий ишққа юксала олади. Ва қалбнинг Ҳақ тажаллигоҳилиги тўлиқ ёрқинлашади. Бироқ инсон қавми ақлини танигандан буён маънога эмас, шакл ва сувратга қизиқиб келади. Ваҳдат эмас, у касрат ошуфтасидир. Неча ўнлаб ориф ва мутафаккир бу қарашнинг ноқислиги, саёзлигини асослаб берган бўлса ҳамки, уни англайдиган, англаб амал қилгувчилар сафи кенгаймаган. Не-не мутасаввиф, не-не олий нуфузли шайх ва муршидлар, “Эй ғофиллар! Биз сувратга ошиқмиз” дейсиз. Бу хатодир. Чунки бутун олам маъно ва ҳақиқатга ошиқ… Сурат бир қадаҳ. Сурат бир косага ўхшайди. Маъно ва ҳақиқат эса уларнинг ичидаги май ёки таомдир. Мақсад қадаҳ ҳам эмас, коса ҳам эмас… Буни билинг ва англашда адашманг!” дея хитоб қилишган. Ўз фикр-қарашларини жилд-жилд китобларда ифодалаб беришган. Аҳвол эса айтарли ўзгармаган.

Ўзингиз бир ўйланг: неча юз йиллар мобайнида пайғамбарлар ортидан пайғамбарлар келиб, одамларни ғафлат, жаҳолат уйқусидан қутулишга чорлаб, қанчадан-қанча нодир фикрларни баён этишган. Нафаси тошни, темирни эритадиган валию орифлар томоғ оғритиб: “Эй ғофиллар! Эй гумроҳлар! Сиз бу ғаддор дунё ўрмонида йиртқич ва қонхўр махлуқлар орасида нечун қўрқмасдан ухлаб ётибсиз?! Бешафқат ва қонли бу маскандан, бераҳм ва олчоқ бу очундан ўзингизни халос қилинг! Одамийлик шарафи ва ҳақпарастлик иқболини намойиш айланг!..” дея нола чексалар ҳам ўша машъум хоби ғафлатдан бедор бўлолмаган. Бобораҳим Машраб эса тирикликни ўлимга эврилтирган ушбу ҳодисани хулосалаб:

Бу ғафлат уйқусидан, эй ёронлар, уйғониб бўлмас, –

деган эди.

Шулар назарда тутилса, Ғарб файласуфи Спиноза айтган қуйидаги гапнинг моҳияти жуда осон равшанлашади: “Мен иккинчи бир ҳаётни асло орзу қилмайман. Чунки зот эътибори ила бу ҳаётда ўликларнинг орасида тирилдим”.

III

Мутасаввифларнинг инонч ва эътиқодлари бўйича, олам Ҳақнинг вужудида зоҳир бўлиб, фақат ҳар он янгиланиб, ўзгариб турадиган бир қанча фоний ва йўқ бўлувчи сувратлардан иборатдир. Булар Унинг асмо ва сифатларининг мазҳарлари бўлса-да, зотан Оллоҳ булардан мустағнийдир. Олам йўқ бўлса ҳам Оллоҳ зотий сифоти ила яна боқий қолади. Демак, оламнинг моҳиятини яхлит шаклда билиш ва ўзлаштириш учун, энг аввало, фано тариқига юз буриш, фанолик ҳоли ва сир-асроридан яхши огоҳ бўлиш лозим. Чунки йўқликни – йўқлик ўрнида кўриш, ўткинчини – ўткинчи ўлароқ танишда адашмаслик фақру фано ҳолининг бош талабларидан ҳисобланади.

Фано – нафсоний, ҳайвоний эҳтиросларни руҳ, кўнгbл камоли учун, алдамчи латифликлар, бақосиз гўзалликларни энг олий, энг мукаммал Гўзаллик учун қурбон қилиш демак. Бу қурбонлик қанча кўпайса, инсон сийрати янги маъни, ҳеч мисли кўрилмаган янги-янги иштиёқ ва завқ-шавқ билан ўшанча бойиб боради, энг муҳими, у башарий менлигини поклаб ишқ ва маърифат оғушида гўё бошқадан дунёга келади. Буларнинг бари мистик йўл ва мушоҳада ила амалга ошади. Баъзи бировлар мистика ёхуд мистизм сўзини эшbтишданоқ чўчиб кетади. Бу тўғри эмас. Ботини қашшоқ, ҳислари якранг, фикр-тушунчалари турғун ва қўпол кимсаларда ҳеч қачон мистик ҳолат юз очмайди. Шу боисдан ҳам улар сўфий ва мутасаввиф ижодкорлар асарларини ўқиб-ўрганишда қанча уриниб-суринмасин, сирли ва асосий нарсани барибир фаҳмлашолмайди.

Мистик майл қачон туғилади? Қачонки, одам ўзининг ички оламидаги латифлик ва гўзалликдан завқланса, илҳом топса. Қачонки, сўз билан ифодалаш қийин бўлган шу гўзаллик ва нафислик бағрига чекинишга табиий эҳтиёж сезса. Инсоният тарихи қадар қадимий бўлган мистик тажриба ҳар бир маданиятнинг табиати ва туб моҳиятига кўра алоҳида бир маъно касб этгани эътиборга олинса, ислом фалсафасининг энг оригинал бир тарафи мистика, яъни тасаввуф эканлигини билиш қийин кечмайди.

Хорижлик аксарият шарқшунослар тасаввуфнинг келиб чиқиш заминини юнон, ҳинд, христиан динларига боғлашга уринадилар. Бу нуқтаи-назарни тўла қабул қилиш мумкин эмас. Чунки тасаввуфнинг бош тамали ва замини исломдир. Бу, бир томондан, Қуръони каримга дахлдор бўлса, яна бир тарафдан Ҳазрати Пайғабаримизнинг шахсий ҳаёт тарзлари ва ҳадисларига алоқадордир. Тасаввуфдаги дунёнинг фонийлиги, шу боисдан унга кўнгил бериб, бутга айлантирмаслик, дунё ишлари инсонни Оллоҳдан йироқлаштирмаслик зарурлигига доир тушунчалар исломдан олинган. Мусулмонликкача бўлган фикр-қарашлар-чи? Бунда ҳам асосий ва ҳал қилувчи нуқталарда ўзга динларга ўхшашлик йўқдир.

“Эски юнон нуқтаи назарида, – дейди туркиялик йирик қадимшунос ва тарихчи Иброҳим Кофас ўғли, – ўғрилик, ёлғончилик мубоҳ (рухсат берилган) саналган, ҳақсизлик қилиш бир қудрат нишонаси ва жасоратга мансуб “фазилат”ларнинг аввали дея қабул қилинган. Лекин инсонда уят аталмиш бир руҳий принцип мавжудлиги хаёлга ҳам келтирилмаган”. Бунга тамоман тескари равишда қадимий аждодларимиз ахлоқида инсонга номусли, виқорли бир ҳаёт низомини белгиловчи уят ва уятчанлик туйғуси энг юксак фазилат саналган. Мана шунинг учун ҳам улар дабдаба ичида яшашдан, кеккайиш, манфаат, муваффақият учун ялтоқланиш, ваъдага вафо қилмаслик, риё ва ёлғончиликдан уялишган. Уят ҳисси Ғарбдагидек бир руҳий кучсизлик эмас, аксинча, инсонни доимо ўз-ўзини назорат этишга ундайдиган психологик эҳтиёж деб қаралган. Тасаввуф илми асосан оғзаки тарзда шахсдан шахсга, кўнгилдан кўнгилга етказилган бир илм бўлса-да, тасаввуф адабиётида нафс, ахлоқ, қалб, руҳ ҳақиқатлари жуда теран ва ўзига хос шаклларда ёритилганлиги учун, қайси тилда бўлишидан қатъи назар, кўпчиликни қизиқтирган. Бунинг энг характерли бир мисоли Фаридиддин Аттор ижодиётидир.

Нақл этилишича, Жалолиддин Румий тахминан беш ёшларда экан, бир туш кўради. Тушида нуроний юзли бир қария унга олти новдали битта гул ҳадя этади. Бу тушни у отаси Муҳаммад Баҳоуддин Валадга айтганда, “Бу олти жилдлик бир китоб ёзишингга ишоратдир”, дейди. Қизиғи шундаки, чолнинг ўзи ҳам Жалолиддинга “Олти бутоқли гулга етишгунингча мана буни мутолаа қилгил” дея бир китоб ҳам берган эди. Орадан маълум йиллар кечгач, Жалолиддин бутун оила аъзолари билан она диёрини тарк айлаб кетаётганда, ўша чол билан йўлда учрашиб, унинг қўлидан китобни ҳам олади. У – Шайх Фаридиддин Аттор, китоб эса унинг “Асрорнома”си эди.
Атторнинг буюк Шахси ҳам, ижодиёти ҳам илҳом ва ибрат махзанидир. Унинг Шахси – асарларига, асарлари – шахсиятига эшик очади. Бу маърифат, ишқ, руҳоният, санъат “эшиги”дан фақат алоҳида қалам соҳиблари эмас, бутун бошли миллат ижодкорлари ичкарилай олганлиги ҳайратланарли, албатта.

Дарвоқе, “Туркий халқлар мистикларига намуна бўлган илк асарлар Фаридиддин Аттор қаламига мансуб эди. Бу улуғ мутасаввиф “Панднома”, “Илоҳийнома”, “Мантиқ ут-тайр”, “Тазкират ул-авлиё” каби китоблари билан ўша замонга қадар амалга оширилмаган ирфоний тажриба назариясини яратишга киришиб, уни мазбут (мустаҳкам) дидактика ҳолига етказган эди. Худди шунинг учун ҳам илк турк мутаржимлари унинг асарлари таржимасига қўл урдилар” (Ҳ.З.Ўлкан. Турк тафаккури тарихи, 202-бет).

IV

Форс, турк, рус, ўзбек тилида чиққан мақола, алоҳида китоб ва қомусларда Атторнинг таржимаи ҳоли, ижодий фаолияти ҳақида кўп ёзилиб, батафсил маълумотлар берилган. Аттор сермаҳсул ижодкор. У руҳни севган. Дин ва ахлоқнинг куч-қувватига суянган. Маърифат, ишқ ва бадиий ижод завқини ниҳоятда юксак қадрлаган. Кексайганида худди Нажмиддин Куброга ўхшаб у ҳам мўғул босқинининг қурбони бўлган. Алишер Навоий “Лисон ут-тайр” достонида Аттор асарларига шундай таъриф беради:

Назму насридинки таҳрир айлабон,
Ваҳдат асрорини тафсир айлабон…

Чун “Мусибатнома”син айлаб баён,
Юз мусибат нафсқа айлаб баён.

Ҳар мусибатдин кўнгулга сур ўлуб,
Ким кўнгул ул сурдин масрур ўлуб.

Чун рақам айлаб “Илоҳийнома”ни,
Ваҳийга айлаб муҳаррир хомани.

Шарҳи асрори илоҳи айлабон,
Халқ аро шарҳин камоҳи айлабон.

Чун, ки “Уштурнома” айлаб ошкор,
Нуктаси бухтиларин тортиб қатор.

Неча минг бухти нечукким чархи дун,
Дурри гавҳар ҳамлидин бори забун…

Чун ғазал гулзорида мажмаъ тузуб,
Булбул отин минг тараннум кўргузуб.

Лекин ул ҳар бир тараннумдин аён,
Сирри ваҳдат шарҳиға равшан баён.

Чун рубоийдин бериб девонға зайн,
Рубъи маскун ичра солиб шўру шайн.

Олами маъни аро тақсимдин,
Ҳар бири мухбир неча иқлимдин.

Наср ила чун “Тазкира” мавжуд этиб,
Авлиё арвоҳини хушнуд этиб.

Ҳар бирининг руҳидин юз тийра зот,
Жон топиб ичкон киби оби ҳаёт.

Бир тараф бориға отину шараф,
“Мантиқ ут-тайр”ға отин бир тараф.

Навоий устодининг китобларини мана шундай тартибда санайди. Айни пайтда уларнинг ҳар бирига хос хусусият, бирини иккинчидан ажратиб турувчи етакчи фазилатларини таъкидлаб ҳам беради.

Ҳақиқатда ҳам ёлғиз маснавийнависликда эмас, балки ғазал, рубоий ва насрда ҳам Аттор олий мақомларга кўтарилган эди. Агар диққат қилган бўлсангиз, “ваҳдат асрори”, “ваҳдат шарҳи” деган ибораларни Навоий мутасаввиф Аттор ижодиётининг ўзак-негизи ва унинг талқинларидаги туб моҳиятни урғулаш учун ишлатади. Дарҳақиқат, Аттор ваҳдат шаробидан маст, олам ва одам ҳодисотларини ваҳдат шуури ила мушоҳада айлашдан ҳеч четламаган, сўзи ҳам, фикр ва ифодалари ҳам кашфу илҳомдан туғилган санъаткор эди. Унга кўра, зоҳирий бу олам “кўплик”, яъни касратдир. Азалий оламда у Ҳақнинг зоти билан “бир” эди. Ажралиш ва кўплик йўқ эди. Зоҳирий олам бир оташ – алангадан юзага келган тутун янглиғдир. Коинотда Бирдан бошқасини кўрмaганлар, ваҳдат дарёсига чўмганлар ва ишқ оловида ёнганлар ҳисобланади.

Оллоҳ висолига етишишнинг ягона йўли – ўзни билиш, нафсни ислоҳ айлаш, шаҳватни енгиш ва Ҳақнинг вужудига фоне бўлиб, ваҳдат саодатини қўлга киритиш. Аттор “Илоҳийнома” китобида ҳам ана шу оламшумул ҳақиқатдан баҳс юритади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, у Аҳмад Ғаззолийдан келган ишқ тушунчаси ёки Мансур Халложнинг фано ҳоли сирларини ўзлаштириш билан чекланмайди, янада илгарилаб ваҳдати вужуднинг чўққиларига юксалади.

V

Аттор мумтоз шеъриятнинг бир неча жанрларида қалам тебратган бўлса ҳамки, шоирлик кучи ва талантини кўпроқ маснавий ва ғазалда намойиш этган. У ғазалларида тасаввуф завқи, хусусан, ваҳдати вужуд тушунчасини, илоҳий йўлчилик учун зарур ҳисобланмиш ишқ ва ошиқликни зўр илҳом ила тараннум қилган. Ишқ оташи, ваҳдат шуури ва ҳаяжони унинг маснавийларидаги ҳар бир сўз, ҳар бир маъно замиридан шундоқ нурланиб туради. Бу гап “Илоҳийнома”га ҳам тегишли. Асар мазмуни шундай бошланади: қадимда бир подшоҳ бўлиб, бири-биридан ақлли олти ўғилни вояга етказади. Уларнинг:

Бари олий сифот, мардона эрди,
Бировнинг олдида бош эгмас эрди.

Не илму дониш эрса ул замона,
Барида эрдилар нодир ягона.

Кунлардан бир кун подшоҳ фарзандларини ҳузурига чорлаб, дил тубида сақлаб юрган тилак ва орзуларини айтишни сўрайди. Тўнғич ўғил парилар подшоҳининг қизига ошиқлигини, асосий орзуси унинг висолига етишмоқ эканини сўзлайди:

Ки ҳусни, ақли бирлан меҳри жон ул,
На ёлғиз жон эмиш, зеби жаҳон ул.

Агар етсам анга, кулгайди омад,
Яшардим роҳат айлаб то қиёмат…

Бу гапларни тинглаган ота унга шаҳватнинг ёмонлиги ва зиёнларини тушунтиради. Иккинчи ўғил афсунгарлик сир-асрорини эгаллаш мақсади ила нафас олишини билдиради:

Чу жоду илмини истайди кўнгул,
Анинг бирла муродим айлаб ҳосил.

Этиб сайру томоша ҳар диёрда,
Яшардим шоду ҳуррам ҳар канорда…

Ҳама соҳиб жамолларга тикилсам,
Алар бирлан кейин ишратда бўлсам.

Не истарсам, ўшанга топсам имкон,
Юритсам еру кўкда ҳукму фармон.

Албатта, подшоҳ бундай орзу ва иддаонинг бемаъни ва мағзи пучлигини ўғлига изоҳлаб беради. Хуллас, бошқа ўғиллар ҳам бирин-кетин ўзларини асир айлаган орзуларини баён этишади. Ҳатто Сулаймон пайғамбар узугини қўлга киритишни кўзлаган шаҳзоданинг нияти ҳам отага мақбул келмайди, “Дунёдаги ҳамма давлат ва салтанат иши ўткинчи”, – дейди. Ниҳоят, олтинчи ўғил кимё илмини эгаллаш ва олтин йиғиш хоҳишини билдиради. Шунда подшоҳ унга “Сен вужудингни кўнгил ҳолига мувофиқлаштириш, кўнгилга эса Ҳақ ишқини ерлаштиришни кўзла: эрлар, эранлар, ана шу хил кимё билан машғул бўлурлар”, – деган мазмунда кўрсатма беради.

Хўш, бу кимёнинг ўзи нима? Ундан кўзланган асосий мақсад нималардан иборат?

Кимё ёки кимёи саодат деган тушунча – бу нафсни тозалаш, уни жилолантириш, ёмон феъл-хўйларни яхшилари билан ўзгартириб, вужуд талаби ила туғилажак ҳайвоний майлу ҳирслардан озод бўлиш демак. Нафснинг тубан ва чиркин хусусиятлари йўқотилиб, уларнинг жойига юксак ва қийматли фазилатларни собитлаштирмоқ билан нафс тазкия этилади. Ана шу ҳақиқат кимёдир, чунки у ёмон хулқлар орасидан нафснинг жавҳарини юзага чиқариб, яхши ва гўзаллари билан ўзгартиради. “Илоҳийнома”да шу психологик масала кенг кўламда ёритилган ва ундаги 250 дан зиёд ҳикоятлар ҳам маъанавий кимё куч-қувватини исботлашга, ҳар нарсадан аввал ишқ, ирфон ва илмга таяниш йўлларини кўрсатишга хизмат этади. Ўша ҳикоятлардан бири жаҳонгир Искандар ва унинг ўлими ҳақидадир. Албатта, Искандарнинг оби ҳаёт, яъни боқий тириклик сувини излаш воқеаси Шарқ адабиётида кўп талқин қилинган. Лекин мурод-мақсадга етишиш тимсоллари ўлароқ Аттор яна икки нарсани қўшади:

Довул бормиш яна, бир сурмадон ҳам,
Эмиш ҳар иккисида мўъжиза жам…

Оби ҳаётдан қонган киши абадий умрга етишгач довулга қўл урганда хасталиклардан халос бўлар экан. Кўзга сурма сурганда эса денгиздан то аршгача нима мавжуд бўлса, ҳамма-ҳаммасини кўрар ва биларкан. Искандар довулни ҳам, сурмадонни ҳам излаб-излаб топади. Лекин унинг топганлари хатолик ва толесизлик сармоясига дўнади. Буни Аттор Афлотуни ҳаким шогирди тилидан нақл этиб ёзади:

Деди: шоҳи жаҳонга не дейин сўз?
Довулким ул, ясатмиш эрди Ҳурмуз.

Уни сен ноаҳилларга инондинг,
Ўзингни бўйлаким иллатга қўйдинг…

Вале ғам чекма, икки сўз дегум шул,
Ўшал оби ҳаётдан ҳам азиз ул.

Бу янглиғ мулку бу қаҳру сиёсат,
Қўланса ел эрур, боди нажосат…

Тафаккур айла, ўзни ўртама, бас,
Ки, ул илми разиндур, ўзга эрмас.

Насиб этган эса ул илму ҳикмат,
Уни оби ҳаёт бил, бекудурат…

Аттор нуқтаи назарида, ҳар турли китоблардан ўқиб-ўрганилган тақлидий илмлар инсонни бу дунё зиндони, бу борлиқ тузоқларидан озод этолмайди. Чунки бундай илм жонсиз ва ўликдир, ориф ва валиларнинг маърифатига ўхшаб инсоннинг юрагига завқ, тириклик руҳи ва қудратини етказолмайди. Бу қарашда жон бор, албатта. Тасаввур этинг, деворда инсоннинг чиройли бир суврати чизилган. Унинг боши бор, лекин жонли ақли йўқ. Кўзи бор, аммо кўролмайди. Қўли бор, бироқ ҳаракат этолмайди. Ҳаттоки, қўлида қиличи ҳам бўлсин, кесадими? Йўқ, кесолмайди. Чунки кўкраги ичида нурли бир қалби йўқ. Бизга ҳар қанча кўркам, маҳобатли кўринмасин, суврати чизилган дарахтдан мева териб ололмаймиз. Атторнинг ўқувчини шакл эмас, маъно, моҳият, ҳаёт ва ҳақиқат ошиғига айлантира билишнинг сиррини ҳам кўнгул оби ҳаёти бўлган илмдан излаш керак:

Илм йўлида гар эрса саботинг,
Етишгай сенга ул оби ҳаётинг.

Илм сорига юрсанг, тўғри тут йўл,
Агарда чалғисанг, шайтон этар ул,

дейди шоир.

VI

Аттор ижодиётини биз етарли даражада ўқиб-ўзлаштирганимиз йўқ. Аттор серқирра истеъдод соҳиби. Бу беназир зот ишқни маърифат ила уйғунлаштира билган ориф ҳам эди. Унинг шахсиятидан баҳс юритганда, чин фақирлик, дарвешлик, валиqлик ва жўмардлигини-да, назардан четда қолдирмаслик лозим. Атторга нисбатан файласуф сўзи унча мувофиқ эмасдай туюлади. Аслида дил нигоҳи дунё бағрини кесиб ўтган шу ҳақир шоир файласуфларнинг файласуфи, мутафаккирларнинг муршиди эди.

Унинг илоҳий кашф ва илҳом билан битилган китобларида тафаккурни ичдан ёлқинлантириб, фалсафа оёғини ердан кўтарадиган жавҳари зот мавжуд. Аттор худди ўлим сингари тирикликни ҳам бир бўшлиқ деб англайди. Бири иккинчисига ўхшамайдиган шу икки бўшлиқни фанопараст шоир Руҳ билан тўлдиради. Алал-оқибатда ишқ завқи, ирфон тили билан бақолик сир-асрорини ёритиб беради.

Машҳур турк шоири Меҳмед Акиф Эрсой, “Биз асарларимbзни номусли оилаларда ўқилишини кўзлаб ёзурмиз. Зотан, ижтиҳодимизга кўра адабсизлик бошланган нуқтада адабиёт тугайди”, деган эди. Ахлоқ-одоб бурҳони адабиётни таназзулга маҳкум айлаши шубҳасиз. Аммо адабиётни емирадиган, ўлдирадиган асосий фалокат имонсизлик ва эътиқодсизликдир. Аттор шунинг учун ҳам бадиий ижодда имон, эътиқод, ҳақиқат ва виждон мавқеини баланд кўтарган эди. Бироқ унинг ахлоқий фазилатлари ва инсоний сифатлари шеъридан ҳам, мутасаввифлигидан ҳам кўп юксак эди. Буни у бошига тушган фожиа ва фалокатлар, ниҳоят, ўлимни мардона қаршилаш матонати ила у тўла исботлай олганди. Оловнинг иссиғи ва ҳароратини ҳис қилган киши куйишдан қўрқади. Ўзи оловга айланган одамда эса бундай қўрқув бўлмайди, деган гап бор. Шу ҳақ гап. Атторга қилич кўтарган ваҳший мўғул аскари ислом ва имонни қурол билан таслим айлаб бўлмаслигини билмасди.

Боз устига, жаҳолат ва ақидапарастликни титратган Мансур Ҳалложнинг нури юз эллик йилдан сўнг айнан шу қариянинг руҳига тажалли айлаб, унга мураббий бўлганини қонсираган ўша мўғул хаёлга ҳам келтиролмасди. Агар мўғул лашкарлари маълум муддат мусулмонларни енгиб, ғолиб чиқишган бўлса, орадан унча узоқ вақт ўтмай уларни ислом ва мусулмонлик ўзига таслим этган эди…
Яъни Мавлоно Жалолиддиннинг “Мўғуллар мусулмонликка номзоддирлар” деган башоратлари рост чиқиб, ҳатто уларнинг бир неча ҳукмдорлари ҳам исломни қабул қилиб, шу дин равнақига ҳисса қўшганлиги тарихдан аёндир. Демоқчимизки, Аттор ўлим ва мағлубият таҳликаси билан эмас, балки Ҳақ дини тантанаси, ишқ ва ирфон истиқболига комил ишонч ила фоний дунёдан кўз юмган.

VII

Бундан бир неча йил аввал ислом тасаввуфи ва бадиий ижод масалaларини ўрганган ғарблик тадқиқотчилардан бири билан учрашиб суҳбатлашган эдик. Мен унга тасаввуфга қизиқиш сабабларини сўраганимда, жуда ғалати, яъни кутилмаган гапларни ҳам сўзлагани ёдимда:
– Бизга тил билан алоқа қилиш йўл ва усулларини ўргатишди. Билимнинг ёзма ва оғзаки тилга боғлиқлигини англатишди. Биздан ўнларча, юзларча китоб ўқиш ва уларнинг маъно-мазмунини эгаллаш талаб қилинди… Аммо бошқа бировларнинг гап-сўзларини такрорлаш шахсий ҳаётимизга ҳузур-ҳаловат бермаганидек, моҳиятга рағбатлантирмаслиги ҳам инобатга олинавермади. Атоқли адиб ва олимларимиз ёзган нарсалардан ҳеч қайсиси бизни на ирфонга илҳомлантира олди, на Оллоҳга яқинлаштирди. Ўқиш, қуруқ ўзлаштириш билан ҳаёт руҳи қанот қоқиб келмайди…

Бундай фикр-мулоҳазаларни тинглаш менга мароқли эди. Чунки тасаввуфни тириклик, маънавий-руҳий ҳуррият, тафаккур эркинлиги ва тараққиёти душманларига қарши курашиш йўли эканини тўғри илғаган суҳбатдошим ғарб жамоасининг ҳайратланарли бир тузоқ ичида яшаётганини бағоят аниқ тарзда баён этарди.
– Бизлар шакл ва рамзларга ҳам тобемиз, – деган эди у, – ҳоли коримизга ярамагани замон қандай қилиб уларни бир ёққа улоқтиришни ҳам билмаймиз. Бироқ тўхтамасдан, бетиним гапирамиз. Онгимиз, оғзимиз сўзбозликдан агар бўшамаса, лоф ва сафсата бозорини янада қизитаверсак, ўзганинг гапини биз ҳеч қачон тингламаймиз ва тинглолмаймиз. Шундоқ бўлгач, Оллоҳ овозини қандай эшитиш мумкин?..

Бирданига мен ҳушёр тортдим. Ахир, қилу қолчилик балоси бизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Бироқ мен гап қўшишни эмас, инглиз олимини охиригача эшитишни истардим. У форсийда равон сўзламаса-да, фикрини аниқ етказиб билар, ирфоний ҳақиқат ва ҳолатларга алоҳида бир иштиёқ ҳосил қилгани сезилиб турарди. Унинг иқрори бўйича, ғарб олами руҳни эмас, балки моддани, маънони эмас, сувратни асос билгани, ишқ, маърифат, шафқат ва мурувватни назарга илмагани боис ҳол илмини, жумладан сукут сир-асрорини ҳам деярли билмайди:
– Бизнинг одамларимиз, ҳеч бўлмаганда, зиёлиларимиз илоҳий ишқ, ирфон ва сукут завқига эришиб, ботинан нури илоҳий ва ҳассос ҳолларга етишишганида – фақат ана шундан сўнг – замон ва макондан юксакдаги Чолғувчи мусиқасини тинглай олишлари мумкиндир…

Ҳа, Шарқ мутасаввифлари инсоният бошига ёғилажак ва кўнгил водийсида сўнгсиз қурғоқчилик, қуруқлик пайдо этадиган бало-қазоларни олдиндан аниқ пайқаб, аввалдан бунинг чора-тадбирларини бадиий ижодда талқин қилиб келишган. Буюк озарбайжон шоири Насимий ёзади:

Маърифат касб этмадинг сен фонисан,
Бир-икки кун дунёнинг меҳмонисан.
Ҳақни билсанг оламнинг султонисан,
Билмасанг худ дев ила шайтонисан.

Албатта, Ғарб одами бу сатрларни ўқимаган. Ундаги ҳар бир сўзнинг мағзини чақиб, Маърифат орқали Ҳақни билиш ва севишга ҳам уринмаган. Лекин Насимий меросининг ворисларичи? Насимий шеъриятининг бошқа халқларга мансуб мухлис ва муҳибларичи?

Мен гапни чўзиб ўтирмасдан, тасаввуфга ўзича умид билан қараган, жамиятидаги ахлоқий-маънавий қусур ва иллатларни Шарқ мутасаввифлари илмий, адабий меросига таяниб ҳар қалай камайтиришга инонган ва шундай ишонч билан аллома бобомиз Азизиддин Насафий рисолаларидан бирини она тилига таржима қилган озарбайжон адибаси Офоқ Масъуднинг мана бу фикрларига диққатингизни қаратмоқчиман: “Бизнинг жамиятимиз ҳозирги пайтда жонли майитлардан иборатга ўхшайди. Одам билан учрашасан, қарайсанки, у одам эмас, руҳан қай томонга бўлмасин, қочиб яширинасан… Уй-жой, еб-ичиш, кийим-кечак инсоннинг роҳат-фароғатини таъминлаш учундир. Инсон эса бутун борлиғини худди шу нарсаларга қурбон қилаётир…”

Адиба зоҳирий сўфийлик билан ботиний сўфийлик айни бир ҳол ва тажриба эмаслигини, қуруқ зуҳду тақво, тариқат расм-русуми ҳеч вақт Гўзаллик, нафосат, ишқ ва маърифат тарбияси билан тенглашолмаслигини тўғри таъкидлайди.

Ҳол аҳлининг урғулашича, инсон табиатида тирикликка алоқадор бир қўполлик, тирикчилик, яъни турмуш ташвишлари билан боғлиқ чиркинлик ва тубанлик мавжуд. Мана шу нарса одамнинг Гўзаллик ва Нафосатни ҳис қилиш, Гўзалликдан завқланишга ё тўсқинлик қилади ёки қаршилик кўрсатади. Агар инсон Гўзалликни севиш ва мушоҳада айлаш салоҳиятига эга бўлмаса, унда эстетик туйғуни тарбиялашга уринишдан бир наф чиқмайди. Бундай ҳолатда ҳеч қанақа ташаббус санъат ва адабиётни англашга ҳам ёрдам кўрсатолмайди.

Нафосат инсонни ҳамиша Гўзалликка, сабр-қаноатга чорлайди. Дунёда энг раҳм-шафқатли, ҳиммати зўр, фавқулодда меҳрибон, руҳ ва кўнгилни яйратиб, яшнатувчи қудрат, бу – Гўзаллик. Шунинг учун мутасаввиф санъаткорлар ҳаёт гўзаллиги билан, инсоннинг асл моҳиятини ёритишга илҳомлантирувчи илоҳий Гўзалликни ўзаро уйғунлаштиришган. Фариддидин Аттор шу тоифадаги ижодкорларнинг сардори ва пиру муршидларидан эди.
Мустақилликкача биз ўқиш ва билиш зарур бўлган диний, фалсафий, тасаввуфий кўп китобларни қўлга ҳам олмаганмиз. Табиийки, билим, малака, дид ва савия, дунёқараш ва тафаккур ҳам шунга яраша бўлган. Кўникиш ва унутиш оралиғидаги маънавий бузилиш ёки фикрий йўқотишларни бугун айтиб адо қилиш қийин. Аммо Мустақиллик мафкураси Аҳмад Яссавий, Сулаймон Боқирғоний, Сўфи Оллоёр сингари мутасаввифлар ижодиётига ҳам кенг йўл очди. Навоийнинг Навоий бўлишига маълум бир таъсир кўрсатган форсий тасаввуф адабиёти дарғаларининг асарлари ҳам таржима этилди.

Жалолиддин Румийнинг олти жилддан таркиб топган “Маснавий”сининг ўзбек тилидаги таржимаси китобхонлар қўлига етиб борганлиги, Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” достони ҳам назмда, ҳам насрда она тилимизда чоп этилгани назарда тутилса, тасаввуф адабиётини ўқиб-ўрганишда қандоқ имтиёз ва имкониятга эришилгани бир қадар ойдинлашади. Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол “Мантиқ ут-тайр”дан кейин, Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти мумтоз адабиёт бўлимининг навбатдаги таклифи билан “Илоҳийнома” таржимасига киришган эди. Заҳматкаш ва серғайрат шоиримиз бу ишни ҳам ниҳоясига етказди. Китобхонлар бир пайтлар “Илоҳийнома”нинг профессор Нажмиддин Комилов насрий таржимасидаги айрим парча ва ҳикоятлари билан танишган бўлса, энди унинг шеърий шаклдаги ўзбекчасини тўлиқ ўқиш имкониятига эгадирлар.

Ҳақиқий шеър, чинакам шеърият – инсоннинг Ўзлигини идрок айлаган юксак бир нуқтада юзага чиққан илҳом ва ҳайратнинг бадиий тили. Жамол Камол таржимаси ўқувчини айни шу ҳақиқатга ишонтира олади. Менингча, китобхон учун ҳам, таржимон учун ҳам энг муҳим натижа мана шу.

МАШРАБ НАФАСИ
06

Бобораҳим Машраб ўзбек мумтоз шеъриятига янги руҳ ва ўзига хос ижодий нафас олиб кирган улкан санъаткордир. Машраб шеърияти ўзининг самимийлиги, самовийлиги ва ҳаётийлиги билан ажралиб туради. Бу шеърият ҳақиқий шоир шахси ва қисматини ёрқин бир тарзда намоён этиши билан ҳам эътиборга моликдир. Машраб шеърларида сўз, оҳанг ва тасвир ҳеч бир ижодкорникига ўхшамайдиган тарзда юқори мақомга кўтарилган. Унинг ғазалларида сўз руҳдан, маъно руҳоният ва ҳолдан қувватланади.

Шоир ғазалларидан бирида «Тинмайин юрдим бу ғам даштида ҳайронлиқ билан», – деган эди. У чиндан ҳам дард, ғам ва армон даштидаги бир ошиқ-дарвешдир. У ҳайронликдан ҳайратга, ҳайратдан ҳақиқат ва маърифатга томон интилади:

Мақоми ҳайрат ичра гоҳи бехудман,
Жунун бозорида мастманки истиҳноҳа сиғмамдур.

Машрабдаги жунун – илоҳий ишқ жазбаси. У ишқнинг шиддатли туғёнларида «жунун водий»сига қочади. Уни ҳамма жойда ҳамма томондан «ҳам лашкари» таъқиб қилади. «Ғам лашкари ичра» «ҳайрону хароб» шоир гоҳ «жисми жони»нинг афгорлигидан сўзласа («Лашкари ҳам бу синуқ кўнглумни афгор айлади»; «Жисми жонимни фигор этти ғамингни лашкари»), гоҳ ўзлигини ҳам тарозусига тортади («Ғам тарозусиға тушган бори вазминмен бугун»). «Ғамдин ўзга бўлмади дардимга дармон оқибат», – деганида у ҳақ эди. Машрабнинг шахсияти ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмоқ учун унинг шеърларидаги мана бундай жумла ва ибораларга назар ташлаш кифоядир: «Ишқ саргардониман», «Дард ила хароб ўлдим», «Тинмай куюб ёндим», «Манга мотам тутиб йиғлар дару девор», «Тилим лолу кўзим гирён», «Нолишимдан қўрқаман», «Саҳар сўзимға чирмашдим», «Дилим дарёи нурдур», «Гунаҳим ҳайрдин эмас, кўзимдин», «Ўлтуруб қон йиғласам арзир», «Таҳ-батаҳ қондур юрак», «Мандин забунроқ йўқ киши», «Мен қонлар ютай то ўлгунча», «Дарду ғам ичра сарғайди юзум», «Айландим келдим яна ғам уйига», «Меҳрибоним йўқ мани», «Ётибмен қору ёмғир устима ўтиб», «Мусибат селини барбоди бўлдум», «Кўнгулда ғусса кўп», «Ғам лойи ичра қолмишман».

Бир мартабада турмас эмиш шоҳ ила дарвеш,
Бас жандани кийдим ўзими дарбадар эттим.

Дарвешлик Машраб учун шоҳликдан баланд. У «жон тўтисини ишқ ила сарбоз этай деб», жандани кийиб ўзни дарбадарликка чоғлаган эди. Машраб чин маънодаги ошиқ шоирдир. У «Шариат шарбатин ичгон», «Тариқат ҳалқасин тутқон», «Ҳақиқат шоҳини сургон», «Маломат куйида юргон», «Муҳаббат йўлида куйгон» «суяр қуллар», яъни Ҳақ ошиқлари фикру кечинмалари ифодачиси. Машраб ҳақиқий ишқ баҳрига чўмган санъаткор эди: «Шудам пайғамбари савдо, мани девонаи Машраб».

«Йўлни кўрганлар ҳама дунёни таркин қилдилар», дейди шоир. Қайси дунёни? Машраб ғазалларидан бири шундай сатрлар билан бошланади:

Дунёга келиб билмай лойиға бота қолдим,
Дармон йўқидан заҳри балосин юта қолдим.
Кўрдум мен они душмани руҳи тан экандур,
Ло ўқи билан икки кўзини ота қолдим.

Албатта, дунё бошдан-охир ботқоқдан иборат эмас, лекин лой – унинг бир рамзи. Шоир дунё ҳақидаги қарашларида ҳурлик туйғусига алоҳида аҳамият беради. Ҳурлик нима? Ишқ. Ҳақиқий ҳур одам ким? Ошиқ ва ориф. «Ишқ йўлиға кирган, албатта, кечар жондин, Кечмаса жондан айтгон сўзидур ёлғон», – дейди Машраб. У асл мақсадга етиш учун парда бўлган дунёни тарк этиш тарафдори: «Кўтарсанг пардани ногоҳ жамолингни кўрай дерман, Жамолинг партавин солсанг, ки ҳуснингга тўяй дерман», «Пардангни олиб мен сари гар биргина боқсанг, Ул дам мени мотамзада дар ханда бўлойин».

Машраб тавба мақомига доир фикр-мулоҳазаларида «Маломат куйида юргон» соликларнинг ахлоқий-фалсафий қарашларини ёқлаб, гуноҳ ва гуноҳкорлик туйғуларини идрок этишга чақиради:

Эй бандаи пургуноҳ, турғил саҳарда, йиғлағил,
Кўз ёшингни ҳурматидин ҳар кунда минг наво келур.

Шоир ўзини «бош-оёғ» «жўши гунаҳдин» олуда, бандаи пургунаҳ ҳисоблайди: «Гунаҳимдан хабар олсам жуҳуд, тарсо менингдек йўқ…», «Аё дўзах, мени куйдир, халойиқ куймасин ҳаргиз, Тамуҳдин ишқ ўти пурзўр, анинг заҳрин ютуб уттум», «Бул ҳавасни мағзи йўқдур, пўстдур беэътибор». «Маънипарвар одам» кўнгулни гуноҳлардан поклаш учун азобу азият ва маломатдан қочмайди. Шу тариқа Ёр «чароҳи ҳусни рўйи»дан дилни мунаввар қилишга эришади.

Сирри дилим изҳор агар бўлса малакка,
Ул моҳ била шамси мунаввар чидаёлмас.

Ишқ аҳли агар нола-ю фарёд чиқарса,
Масжид куяру воизу минбар чидаёлмас.

Машраб бир қатор ғазалларида тасаввуф таълимотининг умумий ғоя ва тушунчаларини талқин этади:

Маърифат бозорининг девонаси,
Ҳам ҳақиқат ишқининг майхонаси.
Оҳ уруб икки жаҳонни куйдурур
Ишқ элининг зийнати – сармояси…

Шоирнинг кўпчилик орифона ғазалларида эса ҳақиқий ишқнинг юқори нуқтасини акс эттирадиган туйғу ва кечинмалар тасвирланган. Шундай ғазаллардан бирида ўқиймиз:

Онқадар нурга тўлибман, осмонға сиғмадим,
Тоқи аршу курси-ю лавҳу жинонға сиғмадим.

Машраб форсий ғазалида «Анал-Ҳақ гўи эжодам, тажаллипарвари ишқам» – ижодимни Анал-Ҳақлик десанг, мен ишқнинг тажаллипарвариман, деб ёзган эди. Юқоридаги сатрлар билан бошланадиган ғазалнинг ғоявий таркиби Анал–Ҳақлик ва тажаллипарварлик моҳиятидан ташкил топган. Ғазалнинг навбатдаги байтларида бу ҳақиқат тўлиқ равшанлашади:

Кимга соям тушса бир нури яқин бўлди у ҳам,
Дафтари руҳи қудсдурман забонға сиғмадим.

Дўзахи сақар манам, жаннати кавсар манам,
Бир ўзимдурман бу кун ҳафт осмонға сиғмадим.

Бор эдим Нуҳ вақтида ғарқ этмади тўфони ҳам,
Ҳамроҳи Мусо бўлиб Тури Синонға сиғмадим.

Эллик йил Исо билан юрдим ўликни тиргузуб,
Боиси бир нуктадин, Машраб, замонға сиғмадим.

Ғазалда илоҳий «ишқ сиррин баёни» берилган. Бу «ишқ ўтидин» кишига «заррае етса», кифоя, у – гирён, бесабру бетоқат, унинг тили лол, сўнгаклари ниҳон ўртангани ўртанган. Чунки у оламу бу оламни ўзида бирлаштирадиган кенгликка эришади. Шеърдаги Нуҳ, Мусо, Исога тегишли талмиҳларданоқ тавҳид ҳолатининг тасвирини мушоҳада қилиш мумкин. Лекин шоир «ҳафт осмонға», «Тури Синонға» ва «замонға» сиғмаслик сабабини «Боиси бир нуктадин», деб таъкидлайдики, бу нукта – Анал-Ҳақлик завқидир. Машраб буни «Ажаб Мажнун»лик, «ажаб девона»лик деб ҳам характерлайди.

Тарихдан маълумки, тасаввуфдаги қаландария мазҳабига Жамолиддин Соважий асос солган. Қаландария маломатия силсиласи билан узвий боғлиқдир. Бобораҳим Машраб қаландария мазҳабига алоқадор шоирлардан. Бу тўғрида О.Шарафиддинов ва С.Ҳусайннинг «Ўзбек адабиёти» мақоласида шундай дейилган: «Машраб ўз замонасида кенг ёйилмоқда бўлган қаландарликнинг (сўфизмнинг бир оқими) йирик вакили сифатида танилган ва халқ ичида катта таъсирга эга шоирдир.

Қаландарлик вакиллари расмий ислом ва унинг қонунлари билан келиша олмас ва шу қонунларни ҳимоя қилувчи ҳокимларга, расмий ортодоксал руҳонийларга қарши курашар, уларни шиддатли танқидга олар эдилар» . Мақола муаллифлари қаландарлик тариқати вакилларини «оғир зулмларни бошидан кечирмоқда бўлган ва жуда қашшоқлашган» омманинг ўртасида «душманлардан ўч олиш ва зулмдан қутулиш учун ёрдам берувчилар» сифатида баҳолаб, Машрабни ана шу кураш қурбони бўлганини қайд этганлар. Уларнинг ҳукмига биноан, Машраб ижодиёти «бир-бирига ўта қарама-қарши бўлган қутбларга эга». Бу «қутб»лардан бири – «расмий ислом, руҳонийларни, ҳокимларни, шариат қонунларини аямай танқид қилиш» бўлса, иккинчиси – «таркидунёчилик, дарбадар ва қаландарона ҳаёт кечиришга даъват». Машраб бутун ижоди давомида тасаввуфдан узоқлашмаган ва ваҳдати вужуд идеали билан яшаган мистик шоир. Зоҳирий оламдан ботиний дунёга у жуда вақтли чекинган.

Мени зоҳир кўзида кўрган эл ўздин гумон айлар,
Вале, эл ичра ўздин, барчадин бегона Машрабман.

«Эл ичра ўздин» ва «барчадин бегона»лик – Машраб мистик ҳаётининг мазмунини характерлайдиган бундан аниқ ифода топиш қийин. Машрабдаги ёлғизлик – «ўздин» ҳам бегона бир танҳолик. Акс ҳолда у шайх тили билан, «этагимни елпишидин юз Худо пайдо бўлур», демаган бўлурди. Машрабдаги инсоний ёлғизлик илоҳий ёлғизликка эврилгандир. Ундан «Ёлғизлик нима?» – деб сўралганда у, албатта, «Худо!» – деб жавоб берган бўлар эди. Ёки қуйидаги сингари мисраларни эслатарди:

Ҳу десам, Анал-Ҳақ, деб олам бориси Ҳақдур,
Лайлига бўлуб шайдо, Мажнунга ўтай дерман.

Бобораҳим Машрабни шу тахаллус билан ижод қилган бошқа шоирлардан ажратиш учун ўзбек адабиётшунослигида анча ишлар амалга оширилди. Шу маънода шоир шеърларини йиғиб, нашр эттирган олимларнинг меҳнатлари таҳсинга лойиқдир. Лекин асл Машрабнинг қиёфаси – унинг шеъриятида, адабиётшунослик илмида Машрабнинг инсоний ва ижодий Ўзлиги тубдан ўзгартирилган ҳамда сохта талқинларга гирифтор этилган.

Машраб шеъриятининг ғоявий, фалсафий, ахлоқий замини – тасаввуф. Шоир ижодиётига доир тадқиқотларида унинг шеърлари онгли равишда ўз заминидан ажратилиб, таҳлил қилинган. Натижада, илоҳий ишқ моҳиятини очувчи фикру кечинмалар дунёвий муҳаббатга мансуб тасвирлар сифатида тавсия этилган. Машраб ижодиётидаги «антиклерикал мотив»лар ҳақида айтилган мулоҳазалар ҳам бирёқлама, гоҳо жуда чалкашдир. Бунинг сабаблари изоҳланганда, икки жиҳатга алоҳида диққат қилиш керак бўлади. Биринчиси, давлат ва сиёсат миқёсида динга қарши ҳужумнинг авж олдирилгани, иккинчиси, тасаввуф таълимотининг юзаки ўрганилгани.

Тасаввуф Машраб дунёқарашининг «чекланган томонлари» эмас, балки ички зиёсидир. Тасаввуф, биринчи галда, Руҳ тарбияси. Тасаввуф – ахлоқ ва одоб камолоти учун қайғуриш демак. Тасаввуф – Хаёл ва тасаввур гўзаллиги. Ҳақиқий тасаввуф оламдаги жамики кучсизлик, жамики тобеликларга иштибоҳ билан қарашга ўргатади. Тасаввуфнинг деярли барча мазҳабларида ғамгин ва ғуссакаш инсон «Мени»нинг ботиний фаоллиги акс этади. Тасаввуф таълимотида тарбияланган кишининг ҳаёт завқидан қўл силташи мумкин эмас. У ўткинчи завқларга бепарво қараши табииий, албатта. Дин сингари тасаввуфнинг ҳам оламшумул мафкураси Ишқдир. Шу маънода дин ва тасаввуф ўртасида кескин ихтилоф йўқ.

Дин номидан ҳукмлар чиқариб, «роҳи шаётин»дан юргувчи, ришвахўр, «бухлу ҳаводорлиқ билан» умр ўтказган дилозор, риёкор мулло ва эшонларга Машраб салбий муносабатда бўлган. У ана шундай калтабин ва ақидапараст дин аҳлининг имонини имонсизлик, динпарастлигини динсизлик деб билган. Қалби илоҳий зиёдан йироқ диндор – шоирга қолоқлик, чекланганлик тимсоли бўлиб кўринганлиги рост. Аммо Машраб ҳеч пайт ислом динининг асл моҳиятига шак келтирмаган. Шунинг учун ҳам «Бир Худодан ўзгаси барча ғалатдур», – деб ҳисоблаган.

Машрабга кўра, оламнинг мазмуни, хаёлий гўзаллиги ва абадияти биргина сўзда ифодаланади. Бу сўз – Худо. Шу сўз дунёнинг Дили, дунёнинг тили. Жаҳоннинг қайси гўшасига назар ташламанг, ҳусн нурини сочаётган ва забони ғайбда такаллум этмоқда бўлган Ҳақ зоҳирдир: «Олам ҳама кўз бўлди тамошо қилайин деб».

Восили Ҳақ бўлай десанг, ишқу муҳаббат ҳосил эт,
Ўрта ҳавоу кибр уйин шамъи юзин зиёсиға.

Машраб илоҳий «ишқу муҳаббат ҳосил» этмоқ маъносида қаландарлик тариқатини танлаган ва қаландар ошиқнинг биринчи вазифаси – бу, ваҳдат майидин қонмоқ, деб билган. Унинг қатор байтларида шу моҳият аксини топгандир:

Соқий, қадаҳни қилғил муҳайё,
Ваҳдат майидин ичголи келдим.

Машраб девонида ваҳдат тушунчасидан ажралиб қолган шеър йўқ. Шоир ғазалларидан бирида:

Бағри раҳматға кириб қилдим вужудимни адам,
Маърифатдан бехабарсан гавҳаримни кавлама, –

деган эди. Байтнинг биринчи мисраси ўзликдан кечиб, фаноликка эришиш тўғрисида. Ундаги умумий фикрнинг шарҳини бошқа ғазалда учратамиз:

Бўлдум фано мен туфроғ ичинда,
Бир дона эрдим, минг дона бўлдум.
Ул юз ўтида буд бўлди нобуд,
Жон жонға кирди, жонона бўлдум.

«Жон жонға кирди, жонона бўлдум» – Машраб дунёқарашининг энг олий ва якуний нуқтаси ана шу. «Жон жонға» қовушгунгача бўлган йўл – машаққатли йўл.

Солдим туну кун нафс итим бирла урушни,
Танҳо қиличи бирла уруб ҳай-ҳайлаб ўттум.

«Нафс ити» бирла бўлган «уруш»да ғолиб келган ошиқ, албатта, хомушлик ва мискинлигини топади. Мискинлик руҳи уйғонмагунча, Ҳақ толиби ожизу афкорлигини англай олмайди, гуноҳларидан тавба қилмайди, сир пардасининг очилишини тилаб зору таваллолар этмайди. Машрабнинг ўнлаб ғазалларида «хомуш пичоқини» нафс бўйниға қўйган ошиқ ҳолати ва кечинмалари тасвирланган.

Машраб «толиби дийдор»ликда Мансур Халлож, Шайх Боязид Бистомий, Фаридиддин Аттор, Насимий сингари «толиби содиқ»ларга издош ва маслакдош. У Мансур Халлождан кейин машҳур сўфий Иброҳим Адҳам тариқини ўзи учун ибрат ва намуна сифатида эътироф этади:

Жаҳонни тарк қилди Машраб Иброҳим Адҳамдек,
Саропо дард кўрдим, муддаони кўрмадим ҳаргиз.

Маълумки, Муҳаммад пайғамбарнинг фақирлик ҳақидаги ҳадислари моҳияти жуда терандир. Фақр – эҳтиёж негизидаги хорликни чуқур пайқайди. Фақр – Ҳақ маърифатидан ўзга ҳеч нимани талаб қилмайди. Машраб фақирлик йўлига содиқлиги учун ҳам:

Шаҳи рўйи замину тахту тожин орзу қилмай,
Гадойи фақр бўлдум, сайр этарман баҳру бар танҳо, –

деб ёзган эди. Фақирлик мақомига юз бурмаган ошиқ ҳақиқий ишқ сиррининг кошифи бўла олмайди.

Асли муҳаббат истасанг, кулли сивони ташлағил,
Фақр либосин кийиб дарбадари гадо келур.

Хуллас, Машраб шеърияти ҳали тўлиқ кашф қилинмаган бир хазинадир. Бу шеърият билан қанча кўпроқ қизиқилса, инсон ўзлигини ўшанча теран англаш имконига эришади, шахс ва жамият, одам ва олам, Ҳақ ва банда муносабатларини тўғри мушоҳада айлаш даражасига кўтарилади.

Манба: Олими нуктадон ўзум…Тошкент, 2006.

ЎЛМАС ОҲАНГЛАР
06

Улуғ форс-тожик шоири Абдураҳмон Жомийнинг «Хирадномайи Искандарий»сида шундай ҳикоят бор: дунёни эгаллашга қасд қилган Искандар, ниҳоят, бир шаҳарга етиб келади. Бу шаҳар – тенг ҳуқуқли, олижаноб фазилатли одамлар шаҳри. У ердаги аҳолининг феълу атвори иттифоқо жаҳонгирни ҳайратга солади. Одамлар тубан кимсаларга хос бутун иллатлардан йироқ. Ғийбат нима, бўҳтон нима – билишмайди. Ҳамма фақат яхшилик ва эзгуликка сиғиниб яшайди. Унда «на бой бор, на гадо». Оғир меҳнатдан бели букилганлар учрамайди. Давлат йўқ. Султон йўқ. Халқ озод. Эркин. Искандарнинг руҳан эркин, донишманд бир шахс билан бўлган мулоқоти янада характерли. Бу собир зот инсон ғурури, қадри ва қонеълик ҳақидаги мулоҳазалари билан зобит шоҳни лол қолдиради. Шаҳар халқига Искандар уни подшоҳ этиб тайинлашни таклиф қилганида, у: «Ман марди озодаам. Ба роҳи ҳавас пой нанҳодаам… Надорам тамаъ ганжу симу зарат, Чу мор, аз чй ҳалқа занам бар дарат?» – яъни: «Мен озод кишиман. Ҳою-ҳавас йўлига қадам қўймадим… Ганжу сим, шуҳрату зар тамаъм йўқ, Нега даргоҳингда илонга ўхшаб халқаланиб тўлғанишим керак?» – дея рад жавобини беради.

Албатта, бу идеал ғоя, орзудан яралган қаҳрамон ҳақиқати. Лекин дунё то ҳануз турли халқлар, элатлар толеидаги қуллик, ҳали юраклардан қон силқитаётган тенгсизлик, забунликларга чора ахтараётган экан, ҳали мукаммал инсон тушунчаси хаёлий бир тушунча бўлиб қолаётган экан, Жомий тасвиридаги бундай ғоя ва қаҳрамон эътиқоди ҳаётий кучга эга ва умидбахшдир. Бугина эмас. Шарқнинг энг истеъдодли, инсонпарвар шоирлари қалбида доимий бир дард ҳокимлик қилган. Бу – шахс ички ҳаёти, маънавий эркинлигини ҳимоя қилиш, инсон ўзлигини англаш йўлидаги ҳур қарашларни кучайтириш дарди. Айни шу ғоявий йўналишда гуманист санъаткорларнинг мақсад ва эътиқодлари бирлик топган, зулм ва ёвузликнинг ҳар қандай кўринишига қарши шеъриятнинг ягона кураш пафосини акс эттирган. Шунинг учун ҳам ўзбек демократик адабиётининг улкан вакили, лирик шоир Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат поэзиясидаги баъзи фикру туйғулар, айтайлик, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий каби даҳоларнинг нуқтаи назарларига яқин, ҳамоҳанг бўлиши асло тасодифий эмас. Фурқатнинг мана бу мисраларидаги маъноларнинг Жомий талқинидаги ўша идеал қаҳрамон тушунчаларига уйғунлигини кўринг:

Биз истиғно эли қичқирмоғон маъвоға бормасмиз,
Агар чинданки, хирман айласа дунёға бормасмиз.
Агар лаб ташна қолсак филмасал саҳройи оламда,
Малолат зоҳир этса мавж уран дарёға бормасмиз.

Бу сўзлар ўз қадрини ҳар нарсадан баланд кўрган, «ғурури порлоқ», «саҳройи оламда» лаб ташна қолганда ҳам, заррача бўлсин, руҳий ҳурлигига малолат чўктирмайдиган? иродаси мустаҳкам зотлар тилидан битилган. Табиатан тоза, нияти холис, юксак фазилатларга ишончи зўр эл вакилигина, «Агарчи мис эрурмиз қиммати тиллоға бормасмиз», – дейиши ва «ҳаво лойиға ботган моумонлик», маҳдудлик, худбинликлардан юз ўгирганлигини дадил изҳор этиши мумкин. Шеър давомида ўқиймиз:

Биз эллар – фақр элимиз, парча нонга сабр айлармиз,
Ғараз дунё учун Искандару Дороға бормасмиз.

Ҳақиқий шоир учун руҳни, кўнгилни суяйдиган шундай ғурур керак. Ўшандагина унинг тафаккури ҳақиқат маъволарига кўтарилади. Ўшандагина у ҳуқуқсиз, бироқ эрксевар одамларнинг дил изтиробини поэтик сўзда тасвирлай олади. Фурқат шеъриятинииг ибратли жиҳатларидан бири мана шу.

Фурқат ижодиётида «Уч хароботий эрурмиз» сўзлари билан бошланадиган бир мусаддас бор. Шоир унда уч шахс номидан сўзлайди ва уларни аввал «сокини майхона», «уч хароботий» кейин «уч аламкаш», «уч қаландар», «уч биродар», «уч мусофир», «уч адойи», «уч навоий», яъни навокаш, «уч ғарибий», «уч вафойи», «уч балокаш», «уч мукаддар», ниҳоят яна “уч хароботий” ҳолатида шеърхонга таништиради. Мусаддаснинг ҳар банди охирида:

Ёр бизнинг ёримиз, жонон бизнинг жононимиз,
Ушбу даврон бирла ўтсак йўқ эрур армонимиз, –

сатрлари изчил такрорланади. Хўш, бу қандай жафосиз ёр, армонлардан фориғ қанақа даврон? Жаҳон кезиб, «офоқни сарбасар», “вафодин аҳли оламни беасар” кўрган, сухан айлаб «ҳаманинг кўзи кўру қулоғи кар»лигига шубҳаланмаган ва:

Тамом сайр қилиб рўзғор боғини,
Мурод нахлини топдиму бесамар кўрдим, –

деган шоир, нега ушбу мусаддасида ғоявий позициясидан бир қадар чекинди экан? Фурқатшунос олимлар бу мусаддаснинг шоир шеърий меросидаги бошқа асарлардан ажралиб туришини ўринли таъкид этганлар. Масалан, устод Мақсуд Шайхзода уни шоир лирикасининг «шоҳ асари саналишга лойиқ» деб баҳолаган эди.

Сўфиёна шеърларда татбиқ қилинадиган сўз, ибора, анъанавий образлар мусаддасда анчагина. Лекин улар бошқачароқ мақсадга хизмат қилади. Шоир «уч қаландармиз, қаландархонада ҳамхонамиз» ёки «хонақоҳ кунжиға бориб ёки тоат айлалук» деган ўринларда шунчаки лутф оҳангида гапиради. Ахир, тоат-ибодатга ихлоси зўр кишилар «ёки тоат айлалук», дея маъно юкини бу тарзда енгиллаштирмайди. Демоқчимизки, бундай вазиятларда сўзлагувчининг сўзига эмас, ҳолига боқ деган ҳикматга риоя қилишга тўғри келади. Мана ўшандагина руҳий моҳият очилади. Мусаддасда эса бош ҳақиқат – руҳ ҳақиқати. Унда эркинликдан «нашъа пайдо» қилган озод руҳ овози ва хаёлий манзаралари порлоқ рангларда жонлантирилган. Мана, эшитинг:

Уч навоиймиз, келинглар, азми гулшан айлали,
Андалибга қўшулуб ул ерни маскан айлали.
Куйдуруб гул, шоху яфроғини гулхан айлали,
Чилтанни на этармиз, ўзни чор тан айлали:
Ёр бизнинг ёримиз, жонон бизнинг жононимиз,
Ушбу даврон бирла ўтсак йўқ эрур армонимиз.

Бу – эркин ва самовий бир руҳий ҳолат. Буни ҳис қилолмаган киши юрак ҳуррияти нималигини англолмайди. Фурқат эса ана шунга қарши.

Умуман олганда, мусаддасда риндона ҳиссиёт ва кайфиятлар етакчига ўхшайди. «Уч аламкаш» – гоҳо уч ҳақиқий ошиқ, уч исёнкор, гоҳо дин ҳомийларига ён бермас уч шаккок сиймосида ҳам кўзга ташланади. Буларнинг ҳаммасини инобатга олган ҳолда айтиш керакки, ушбу шеърнинг бош ва белгиловчи ҳақиқати – эрксеварлик. Шеърда гуноҳкор замин, бўғиқ замон, гумроҳликларга кўмилган жамият, бир-биридан баттар ақидапараст кимсалар, хуллас, нобакор оламдан беҳад юқори бир эрк муҳити яратилган. Шунинг учун уни ўқиган киши қалбини, албатта, юксак сезади, руҳ дунёдаги энг озод куч эканлигига тўла инонади. Агар мусаддасдаги «Ҳолимиз дунё ғамидин фориғи кошонамиз», «На ҳирси домдурмиз, на асри донамиз», «Боқмадук дунё юзиға, то анго ноз айлалук» каби шеър қаҳрамонлари характер мантиқларини таъкидловчи мисралар мазмуни ўша поэтик муҳитдан ажратилиб тушунилса, унда ҳур фикр бу уч биродар таркидунёчилик тарғиботчисига айланиб қолиши эҳтимол. Ҳолбуки, уларнинг қалб истаги, асосий орзуси ҳижрон қафасидан қутулиб, ёр висолига эришмоқдир:

Уч вафойимиз, келинглар, азми гулзор айлали,
Боргали ёр олдиға ўзни сабукбор айлали,
Ёрни уйқусидин бир лаҳза бедор айлали,
Хоҳ беҳуд бўлоли, хоҳ ўзни ҳушёр айлали…

Бизнингча, мусаддасда анъанавий ёр ва ошиқ образлари Фурқат учун кўпроқ восита бўлган. Шу воситада шоир замонасидаги ўз-ўзича ғолиб, эрксеварликда бағоят ҳушёр, дарвешликда ниҳоятда оқил кишиларнинг юрак оҳанглари, маънавий-руҳий интилашларини поэтиклаштирган.

Маълумки, табиатни севмаган, коинотга бағрини кенг очмаган шоир, борлиққа шуурсиз, сўник нигоҳ ташлайди. Бу ҳам ўзига хос тутқунлик. Чин шоирда коинот билан қалбан сирлашадиган тил, фазовий кенгликларда парвоз этадиган руҳий юксалиш бўлиши керак. Машрабнинг «Руҳи жоним аршға етди, мен ўзим осмониман», дейиши шунчаки гап бўлмаган. Фурқат ҳам ижтимоий муҳитдан топмаган эркинликни инсон табиати бағридан топишига ишонган.

Қадимги ҳинд эпоси «Маҳабҳарата» ҳикоятларидаги, бўғиқ муҳит толиқтирган, ёвузликлардан қалблари зада баъзи қаҳрамонлар табиат бағрига қочишлари, эркинлик истаб ўзларини табиат қучоғига ташлашлари бежизмас. Қизиғи шундаки, улар ҳатто росмана кийимларини ҳам ўзгартириб, тоғ, ўрмон, дашт ўтларидан тўқилган кўйлаклар кийиб юришади. Бунда рамз борлиги, шубҳасиз. Аслида инсон табиатни эмас, табиат инсонни оқ ювиб, оқ тарайди. Табиатнинг турфа ранг либосларидан «кўйлак киймаган» юрак яланғоч файзсиз бўлиб қолаверади. Инсонни мана шу бадбахтликдан муҳофаза қиладиган, шу бахтсизликка қарши тинимсиз курашадиган Қаҳрамонлардан энг фаоли – Шеърият. Фурқат поэзиясида ҳам табиат ва инсон, инсон ва табиат муносабатлари анча кенг ва жонли ифодаларини топган. Фурқат ўзига хос мусаввир шоир. Бир қатор шеърларида у табиат юрт манзараларини яратган. Сиз уларда субҳидам шабнамлари тизилган сабзаларни кўрасиз; найсонлардан тўкилаётган томчилар сасини тинглагандай бўласиз; қумриларнинг хонишини эшитасиз…

Бир саҳар эдим уйғоқ: ўт тутошди оламға,
Тоғлар чекиб ларза, титради биёбонлар.

Фурқатнинг бундай байтларида сўз табиат унсурлари тимсолига кўчади. Шоир «Навбаҳор айёми бўлди, келинг, эй аҳбоблар»; «Фасли навбаҳор ўлди кетибон зимистонлар» мисралари билан бошланадиган ғазалларида одамларни фақат табиатдан завқланиш, ҳаётдан баҳра олишгамас, балки эркинликка, ҳур яшашга ҳам чорлайди. Шуни ҳам қайд қилмоқ лозимки, инсон эркинглиги ва табиат, коинот ва шахс озодлиги Фурқат дунёқарашида айтарли битта тушунча. «Гулшан», «чаман», хусусан, «саҳро» образининг шоир лирикасида фаол қўлланиши сабаби ҳам шунда.

Жамият тараққиёти қонуниятлари, озодликнинг ижтимоий-сиёсий йўлларини атрофлича билишгача бориб етмаган Фурқат шеърларида эрксеварлик мотивлари у ё бу шаклда асосан она табиатга боғланади. Шоирнинг зулм ва зўравонликка қаҳр ҳислари билан йўғрилган, эрк ва озодлик ғояси фавқулодда таъсирчан оҳангда ифодаланган машҳур «Сайдинг қўябер, сайёд» мусаддасини эсланг. Оҳу унда – тутқунлик, ҳуқуқсиз, хўрланган кишилар тимсоли. Шоир оҳунинг золим ва ситамкор сайёд бандидан халос бўлиб, озод яшашини тилайди. Бу эркинлик қандай зоҳир бўлиши мумкин! Муаллиф тасаввурига кўра: тоғларга чиқиб у ёри билан пайваста кезганда, «ёмғир суви тўлганда, тоғ лолани жом» қилганида ва ҳоказо.

Фурқат шеърияти – инсоннинг ўз-ўзини чеклайдиган ички қуллик, фикрий кишанлардан халос қилишга ҳисса қўшадиган шеърият. Заминнинг қайси бурчагидаки, ҳақсизликдан мардумнинг дарди ичига сиғмаётган бўлса, демак Фурқат эрк сайёдларини лаънатлаётир. Демак, унинг шеърларидан бахтсиз кишиларнинг қайғу ва армон сўзлари эшитилмоқда. Шу маънода Фурқат ўтмишнинггина эмас, бугуннинг ҳам шоиридир.

Манба: Шеърият – 86. Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1987

Иброҳим Ҳаққулнинг «Шеърият — руҳий муносабат» китобини мутолаа қилинг

китоб

011

(Tashriflar: umumiy 500, bugungi 1)

Izoh qoldiring