Shukur Xolmirzayev bilan suhbatlardan.

021

24 март — Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев (1940-2005) таваллуд топган кун.

Адабиётнинг ўлими — Инсоннинг ҳалокатига тўғри келади: илло, бу инсониятнинг тадрижий такомилидаги ақлий ва ҳиссий Ўсувининг ҳосиласидирки, Инсон ундан кечиб орқага — ибтидоий сезимлару фикрлаш тарзига қайтолмайди. Билъакс олға бориб, Адабиётнинг янгидан-янги имкониятларини очадики, Адабиёт, ўз навбатида, ана шу Инсон(ият)нинг ақлий ва ҳиссий такомили даражасини ойнадагидек кўрсатиб туради: булар — узангги-йўлдошдир.

001

028   Шукур Холмирзаев 1940 йил 24 мартда Сурхондарё вилояти Бойсун туманида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991). Тошкент университетининг журналистика факултетини тугатган (1963). Дастлабки ҳикоя ва очерклари 1958 йилдан нашр этила бошлаган. «Оқ отли» (1962), «Тўлқинлар» (1963), «Ўн саккизга кирмаган ким бор?» (1965) қиссалари, шунингдек, ёзувчининг шу даврда ёзган ҳикоялари «Олис юлдузлар остида» (1971), «Ҳаёт абадий» (1974), «Оғир тош кўчса…» (1980), «Йўллар, йўлдошлар» (1984), «Бодом қишда гуллади» (1986), «Тоғларга қор тушди» (1987) сингари тўпламларидан ўрин олган. «Сўнгги бекат» (1976), «Қил кўприк» (1984), «Йўловчи» (1987), «Олабўжи» (1992), «Динозавр» (1-китоб, 1996) каби романлар муаллифи. «Қора камар» (1987), «Зиёфат» (1990 йили саҳналаштирилган) драмалари ҳам бор.Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти (1989) ҳамда «Меҳнат шуҳрати» (1999) ордени билан тақдирланган.
Ёзувчи 2005 йил 29 cентябрда Тошкент шаҳрида вафот этган.

0023
ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ
СУҲБАТЛАРИДАН ИҚТИБОСЛАР

«ТОЛСТОЙНИНГ НИЯТИ МЕНИ МАФТУН ЭТГАН» СУҲБАТИДАН
Суҳбатдош: Мурод Абдуллаев
001

— Шукур ака, биласизки, тарбиянинг воситалари кўп. Турли даврларда одамлар тарбиянинг турли усулларига мурожаат қилишган. Ҳатто тарбияда қайси усул афзал, деган баҳслар ҳамон тугагани йўқ. Сиз дунё адабиётининг мумтоз намуналари билан танишсиз ва бу асарларни яратган ижодкорлар ҳаёти, жумладан, уларнинг инсон тарбиясига муносабати ҳақида ҳам яхши биласиз. Xўш, Сизнинг бу масаладаги қарашларингиз қандай, уни қай тарзда баён этган бўлур эдингиз?
— Мен ҳам қай бир даражада «тарбия кўрган» одам сифатида, қолаверса, бир адибнинг Инсон тарбиясига ички бир эҳтиёж-ла қизиқиши тақозоси билан ушбу масала ҳақида ўйлаб-ўйланиб қолардим баъзан.

Қўрни қўзғаганингиз учун раҳмат.

Энди, буюк адибларнинг Инсон тарбиясига муносабати ҳақида сўз юритадиган бўлсак, камина жуда олислаб кетмай, қўшнимиз Русиянинг «олтин асри»да ижод этиб, «дунёнинг талай қисмини забт этган» Лев Толстой ҳазратларининг бу йўриғдаги изланишларию хулосалари ҳақида гапирсам девдим. Ёки Жанубдаги қўшнимиз Ҳиндистоннинг «олтин даври» соҳибларидан Рабендранат Тагор (Тхакур)нинг бу борадаги изланишу топилдиқлари ҳақида гапирсамми? Эсларсиз: бу аллома адиб 30-йилларда бола тарбияси бобида маорифнинг тутумларини ўрганиш мақсадида янги Русияга келган ва «Русиядан хатлар» номли рисолаям битган эди.

Келинг, Толтой бобонинг этагини қўйвормайлик.

Маълумингиз, Толстой Ясная Полянада қўним топиб қолганидан кейин беихтиёр Инсоннинг ҳаётдаги ўрни, унинг Аллоҳга эътиқодлари, пироварди, «комил инсон» киму нимадан иборат ва ўша мақомга қандай етмоқ мумкинлиги ҳақида ўйлаб, «Тирилиш» романини ҳам ёзди. Унда бир помешикнинг бир замонлар қилган гуноҳини Ўзи олдида — айни чоғда Тангри қаршисида ювмоқ — покланмоқ учун қилган саъй-ҳаракатлари, ўртаниб тортган изтироблари тасвирланади. Шуниси ажойибки, унга — ўша бош қаҳрамонга (исмлар ёдимдан чиқади-да! Моҳияти қолаверади — нима қилай?) бу борада ҳеч ким, ҳеч бир зот маслаҳат бермаган, дейлик, ғойибдан қандайдир ваҳий-да келмаган. Ҳа, у Ўзи-Ўзлигини поклаш, аниқроғи, ниҳоят, Инсон номига муносиб бўлмоғи учун шу йўлни тутади…

Офарин! Унга эмас, уни Яратган зотга офарин!
— Шукур ака, бир дақиқа. Ўша асарни мен ҳам ўқиганман. Яхши. Лекин, баъзи жойлари одамни ишонтирмайди-да. Масалан, ўша Маслованинг орқасидан сургунларга бориб юришлари қандайдир…
— Тушундим. Сиз-ку — сиз, ўша асар эълон қилинганида, уни дастлаб ўқиб чиққанлардан бири Антон Павлович — Чехов жаноблари ҳам, масалан, «мен фақат ўша мурданинг ётиши тасвирларига ишондим. Мурдани қандай гўзал тасвирлаган. Бошқаси…» ва ҳоказолар деган эди.

Бу — табиий ҳол, албатта. Мен ҳам ишона қолганим йўқ Нехлюдовнинг хатти-ҳаракатларига…

Лекин, Толстойнинг НИЯТИ… мени мафтун этган. Ундай инсонлар инсонига топингим келган. Ҳа, ўша ИНСОНСЕВАРГА… Xуллас, тарбия отли мавзуимизга қайцак, Толстой Инсон Тарбиясига ўта-ўта жиддий ёндашган экан.

Унинг — минглаб «душлари» бор дворян-бойнинг деҳқон болаларини йиғиб, мактаб очиб, уларни ўқитганини эсланг! Нима зарил келибди экан. Унга бу ишлар? Тағин денг, ўша жужуқларга дарслик китоблари ҳам ёзган-а?

Мактабда — ўзбекча дарсликларимизда ўқиганмиз-ку: «Шер билан кучуквачча», «Айиқ билан икки дўст» ва ҳ. Нима кераги бор эди унга бу ташвишларнинг?!

Шу тобда ўзимизда — айни ўша 30-йилларда чиққан маърифатпарвар адибу шоирларимиз, борингки, зиёлиларимиз бўлмиш — Авлонийлар, Мунавварқорилар, Фитратларни эсламай бўладими? Ўз-ўзидан эсингизга тушиб кетади-я, тавба.

Ана, ўзим ҳам хиёл чалғидим… Гапнинг қисқаси, бу аллома адиб, бу дворян-бойвачча Баркамол инсоннинг шаклланиш жараёнлари ҳақида (инчунин Ўзи-ўзлиги ҳақидаям!) ўйларга толиб, шундай бир хулосага келади.

Мен бу хулосани «ўзлаштирма гап» қилиб баён этаман. Мана, Инсон тарбиясига замин бўлгич омиллар бор: МАКТАБ (ўқитувчилар, сабоқлар…) бор, ОТА-ОНА (демак, жамият-кўй ҳам шу ҳисобга киради) бор. Тағин, умумий МУҲИТ-да мавжуд (давлат сиёсати, манфаатлари, ташвиқотлари…).

Бу УЧВЛОН, аниқроғи, икковлон ёш вужуднинг камол топиши, баркамол инсон бўлиб етмоғи учун қўлидан келган ҳаракатни қилади: демак, ақли етган қадар (ўзлигидан-да келиб чиқиб) тарбия беради… Аммо, — о, дунёи қўтир, — «тарбия топган» жужуқларнинг тўқсон тўққиз фоизи ота-онасига тортиб кетади…

Толстой ота-онасига тортмаган!

Қарабсизки, бири — анчайин помешик-дворян бўлиб етишибди, бошқа бирови яна «душ»лигича қолаверибди… Уларнинг ҳар иккисида ҳам БАРКАМОЛЛИК кўринмабди.

Толстой ҳазратлари бу ҳолга иқрор бўлганларидан кейин қуйидаги тезис-дастурни олға сурадилар: «ДЭМАК, ИНСОН — бўлажак инсон ЎЗИНИ ЎЗИ тарбия қилиши керак!»

Ўрисчасига: «САМОВОСПИТАНИЕ».

— Қаранг, масаланинг шу тарафи ҳақида жуда кам гапирамиз-а? Менимча, гап адабиётга келиб тақалди?
— Xудди шундай… Чунки китоб ўқийдиган кимса — ёшми у, кексами у — қатъи назар, КИТОБ билан юзма-юз қолади. Ундаги — асардаги қаҳрамонлар билан ЎЗИЧА гаплашади. Орага биров тушмайди! Йўқ-йўқ. Китобхоннинг ўзи… ўзини тарбия қила бошлаганини сезмай ҳам қолади. Сиз айтган «турли усуллар»дан Толстой домла айни мана шу усулни «енг самарали усул», деб ҳисоблайди ва шунга буткул ишонч ҳосил қилади. Илло бу ҳолга ЎЗИ мисол — ўзлиги шоҳид…
— Шукур ака, илтимос, Сиз ҳам ўзингиздан-ўзлигингиздан бирон мисол келтириб ўтсангиз. Тарбия бобида.
— Энди мисоллар шу қадар кўпки, ҳатто қандай қадам босишим ҳам ўша — Адабиёт билан боғлиқдек…

001

Болаликдан тушсам. Иккинчи курс… узр, иккинчи синфларда ўқирдим. Ўша ўзингизга маълуму машҳур «Икки сандиқ» эртак-китобчани ўқиб қолганман. Бу тўғрида ёзганман ҳам… Унда, масалан, «Зумрад сув олгани жилғага тушса, гуллар эгилиб салом берарди», деган жумла бор. Ўлай агар, «гулларнинг эгилиб салом беришига» наинки ишониб қолган эдим, билъакс, уларни илгаригидан ҳам яхшироқ кўриб қолгандим. Оқшомлари баргаклари юмилаётган номозшомгулни кўрсам, «уйқуга кетаётир», деб кулимсирардим. Кейин ҳовлининг чироғини ёқиб қўйсам, қурмағур номозшомгул очилиб кетарди-да, мен: «Алдадим, алдадим!» деб кулардим. Кейин унга раҳмим келарди…

Ёки бўлмасам, ўша… йўқ, иккинчими-учинчими синфнинг «Ватан адабиёти» дарслигида бўлса керак: Қуддус Муҳаммадийнинг «Бол ари» деган шеъри бор. Шеърнинг устида учиб юрган асалари билан атиргулларнинг расмиям солинган эди. Шеърда шундай сатрлар ҳам бор эди:

Бол ари, ҳой, бол ари,
Учиб ўйин сол, ари.
Боғчамизда яйрашиб,
Ғув-ғув нағманг чол, ари…

«Вей, асалари билан гаплашиш мумкин экан-ку?» деб ўйлаган бўлишим аниқ. Ўйламаган эсам-да, арилар билан гаплашадиган бўлувдим. Баъзан уларни қувлаган бўлиб, шу шеърни қўшиқ қилиб куйлардим. Ёки бўлмасам, ўша китобда Зафар Диёрнинг:

Тўрткўз итим ўйнайди.
Ўйнамасам — қўймайди…

деб бошланадиган шеърини ўқиганимдан кейин Қорабой деган маймоқ итимни янаям яхши кўриб қолгандим. Ўша йиллар итлар қулоғидан касал бўлишар, кейин қулоғи… осилиб, боши ҳам ўша томонга қийшайиб, ўлиб кетар эди. Во-о, ўша ит учун қанча қайғурганман:

Энди ким билан ўйнайман, Қорабой жўра,
Сени соғинаман, бир ўйлаб кўр-а…

Умуман, «Табиатни» дейишим мумкин — менга қайта бошдан севимли қилган, дўстга-ҳамроҳга айлантирган «мактаб ҳам, ота-онам ҳам» — аслида Адабиёт бўлади!

001

Энди, кап-катта йигит, ҳатто университетнинг қайсидир курсида ўқиётганимда Адабиётнинг менга дафъатан кучли таъсир этган моментларидан бирини айтиб берсам.

Ўшанда Ёзувчилар уюшмаси «Первомайский» деган кўчада — икки қаватли иморатда эди. Биз — толиби илмларни қайсидир домламиз оборган эдилар ўша ерга — қандайдир йиғинга. Шунда йўлакда сотилаётган китобларни кўриб, кимнингдир маслаҳати билан Эрнест Xемингуейнинг янги чиққан икки жилдлик русча асарларини 25 сўмга сотиб олдим.

Квартирамга обкелиб, биринчи ўқиганим — «Имет или не имет» деган романи бўлди. Ўзбекчаси — «Гардкам!..»ми? Йўқ — «Бўлсанг — бўл, бўлмасанг — ўл». Асар асосан контрабандистлар ҳақида… Тағин унда Испан урушидан келган бир ногирон жангчи ҳам бор. У — таги журналист. Ўша йигит (тағин исми эсимда йўқ. Майли, кебқолар) бир куни денгиз ёқасида сайр қилиб юрганида, плашига ўраниб ўтиб кетаётган бир жувонга кўзи тушади. Жувон ҳам уни кўриб: «О, Генри!» деб изига қайтади. Кўришадилар. Йигит эслайди: бу — машҳур фоҳиша. «Қалай энди?» деб аҳвол сўрайди йигит. «Э, сўрама, уруш тугади-ю, қашшоқлик қачон тугар экан, ҳайронман», деб жавоб беради аёл. Кейин у: «Эй, Генри, мени бир кафега обкирмайсанми?» деб қолади. Йигит жилмайиб: «Юр, яхши бўлади-да», деб уни эргаштириб кетади. Кафедан кафе кўп. Биттасига кирадилар. Швейцарга плашларини ечиб беришади. Кейин ўзлари умумий залга ўтишади. Тамаки ҳиди, виски ҳиди! Ғала-ғовур. Танца тушишаётир. Булар иккови ҳам уч оёқли стол ёнига бориб, виски буюришади. Бироз ичишганларидан кейин ўйин тушаётганлар орасидан журналистнинг бир-иккита таниши буларни кўриб қолиб, ёнларига келишади. Яна бироздан ичишади. Кейин улардан бири Генридан сўрайди: «Хоним билан рақс тушсак майлими?» Генри яна кулимсираб: «Ўзи билади. Ўзидан сўра», дейди. Фоҳиша шундай мамнун, чеҳраси очилиб кетган бўладики, жон-жон деб унинг қучоғига киради. Улар айланиб-айланиб кетишади. Булар гурунг қилиб туришади. Кейин уйинчининг шериги ҳам кетиб, Генри ёлғиз қолади. Тағин бироз отади-да, битта сигаретни чекиб бўлгунча, хонимни кутади. Xоним шод-масрур! У йигитдан бу йигитга, бундан яна бошқасига отилиб бориб, рақс тушаверади. Ниҳоят, Генри ярим жилмайиб, ярим хўрсиниб қўйиб залдан чиқади. Швейцардан плашини олиб кияди. Ҳақини тўлайди-да, унга яна ўн доллар узатади: «Менинг ким билан залга кирганим эсингизда бўлса керак?» — «Ҳа, сер, эсимда. У қизни жуда яхши танирдим», деб жавоб беради хизматкор. «Чиқиб, мени сўраса, мана шу пулни унга беринг. Сўрамаса, обқўйинг, кейин бир киришда оламан». — «Хўп бўлади, сер», деб уни кузатиб қўяди швейцар.

Орадан анча кунлар ўтгандан кейин Генрининг йўли тушиб, тағин шу кафега кириб қолади ва швейцардан: «Ўша хоним нима қилди залдан чиқиб? Мени йўқладими?» деб сўрайди. «Йўқ, жаноб (сер). Кайфлари бор эди. Танишлари билан кетиб қолди», деб жавоб беради хизматчи. Сўнг Генрига ўн долларни узатади. Генри пулдан беш долларини унинг олдига ташлаб, чиқиб кетади…
Тамом.

— Буни ўқимаган эканман, Шукур ака. Xемингуейнинг қаҳрамони жуда олижаноб йигит экан.
— Гап шунда-да… Шунинг ўрнида, ўша журналистнинг ўрнида ўзимизнинг йигитларимиздан биронтаси… келинг, ўзим бўлганимда, нималар қилган бўлардим? Тасаввур этиш қийин эмас. Авваламбор, фоҳишани бунақа даргоҳларга етаклаб кирмасдим. Xўп, етаклаб кирганимдаям унинг бировлар билан танса тушиб кетишига қараб турмасдим. Ниҳоят, унинг йигитдан йигитнинг қучоғига ўтаётганини кўриб, тоқат қилолмасдим-да, уч оёқнинг устидаги бутилкани олиб, секин уларнинг ёнига борардим. Ана тўполон — мана тўполон…

Ёки, ёки анову швейцарга мени эсидан чиқарган аёлнинг эсига яна тушиб қолиб, мени суриштирганида: «Бериб қўйинг», деб ўн доллар берган бўлурмидим? Тошни берардим…

Э, яна буёғиям қизиқ: бирон ҳафтадан кейин ўша кафега қайтиб кириб, ўша жонон мени сўраган-сўрамаганини суриштирганимда, ўзбек швейцар нима деб жавоб берган бўлур эди?

Бу ёғини тасаввур этишни Сизга қўяман…

Ўшанда жуда ёлғизликни ҳис этганман. Ўзи, ҳақиқатан ҳам ёлғиз ўзим эдим квартирамда. Ўзиму китоб! Ўзиму Генри билан фоҳиша… Ўзлигим ҳақида кейин қанчалар изтироб билан ўйлаб қолганимни тасаввур этишингиз қийинмас. Ўзимни шу қадар юраги тор, яна алламбалолардек ҳис қилгандимки, қўяверинг.

Кейин, табиий равишда, ўша журналистдай Одам-Инсон бўлгим келган эди-да! Тағин денг, ўша пайтда — ўша йилларда совет сиёсати ҳар сония миямизга қуярди: «Америка — империалистик давлат. Чириб бораяпти. Xалқи жоҳил ва оч. Уларда бўрилар қонуни амалда! Бир-бирини ейиш пайида кун кўрадилар!» ва ҳ.к.

Бадиий асар — Китоб — Адабиёт… менинг кўзимни очиб юборган эди, десам ишонасизми?

Мана — Адабиётнинг кучи.

Мана, у билан ёлғиз (атрофда одамлар бўлсалар ҳам, барибир ёлғизликда суҳбатлашасан асар қаҳрамонлари билан) қолганингда кўнглингдан кечадиган — киши билмас ўйлар-хаёллар, мулоҳаза-фикр, ҳатто — тақлиду қиёлашу қиёсланишлар…

001

Бир олам ТАРБИЯ беради (ҳар йўсинда) бу мўъжиза-Адабиёт! О, унинг садағаси кетай… Шу ерда «мисол»га нуқта қўйиб, бошқа бир нарсани айтсам, майлими?

— Қани-қани?

— Бундан уч-тўрт ой муқаддам десаммикан, телевизорда — хато қилмасам, — Алишер деган укамиз «АДАБИЁТ» мавзуида давра суҳбати ўтказди. Ҳим, ўртада яна иккита йигит: бири — шартли равишда қораловчи, бири — оқловчи. Уларнинг ортида — йигит-қизлар…

Ўшанда пачоққина, сурроқ кулимсираб турган бир йигитча бошловчининг саволига жавобан — тахминан шундай деди: «Адабиёт менга керак эмас. Менинг мақсадим бор, компютерни ўрганаман. Шу мақсадимга мос келадиган илмий қўлланмаларни ўқийман. Мақсадимга, албатта, етаман!»

Мен ўшанда ўзимча шивирладим:
— Мақсадингга етарсан-у, аттанг, барибир одам бўлолмас экансан-да, нодон. — Кейин жаҳлим чиқа бошлади. — Унинг ишшайиб туришини қара. Xудди бир нарсани қойил қилиб қўйгандай… Оббо, қаердан чиқди ўзи бунақа гаплар-а: «Ҳар кимнинг ўз ФИКРИ бўлиши керак!» Ҳа-ҳа-ҳа, фикри бўлиши керак!

Лекин оламда шундай ҳақиқатлар борки, жумладан, Яхшилигу Ёмонлик, Нодонлигу Жоҳиллик, Раҳм-шафқату буларнинг акси… Бу тамойилларга нисбатан ҳар хил эма-ас, БИР хил фикр, бир хил кўзқараш бўлиши керак-ку! Акс ҳолда…

… урғочиси ғажиётган сўнгакни тишлаб тортиб олган йиртқич сиртлондан нима фарқимиз қолади?

Ҳа, бунақа — нигилист йигитчалар ўз МАҚСАДларига етиш йўлида сўнгакдан каттароқ ўлжаларниям ўмариб кетишлари мумкин… Раҳмдиллик? Нега раҳмдил бўлишлари керак? «Мақсад» йўлида олға босаётган шоввознинг бировга меҳр-шафқат кўрсатиб ўтиришга вақти йўқ, ахир! Ўхуд бир мунгли — қайғулардан ҳикоя қиладиган мумтоз мусиқа янграётир дейлик. Уни тинглашга вақти борми унинг? Вақти бўлган чоғдаям тинг-ла-майди. Ахир, бу куй уни ўйлатади… Унга эса, ўйлатмайдиган, МАҚСАД сари юришига кўмак берадиган ё кайфини чоғ қиладиган енгил, ўйинқароқ ва қичимол қўшиқлар керак…

Юнусобод бозорига кираверишда ҳар гал эшитаман шундай қўшиқларни: «Оқшом кел, бир маза қилайлик…», «До-од», деб чинқириб қўяди мусиқа ёзилган кассеталарни сотаётган йигитча гижинглаб. Унга бошқа шериклариям қўшилади ва ўша кассетани харид қилишади… Ҳа бизнинг ўша — МАҚСАД сари интилишга аҳд қилган пучуқ йигитчамизнинг ўзига хос маслакдошлари — булар…

Й-ўўқ, бунақалар билан бир окопга тушиб қолишдан Xудо асрасин. Мисол учун-да…

Унга жон керак: мақсад сари интилиши учун… Ҳимоя, дўстни ёлғиз қолдириш?

А, нима бўпти!

Даҳшат-а?

Ўша кўрсатувнинг охирида яна битта — қандайдир саволга ўша йигитча шундай жавоб берди: «А-а, «Ўтган кунлар»ми? Ўқимаганман. Отебк («Отабек» эмас) деган йигитнинг фожиаси ёзилган эмиш. Телевизорда кўзим тушган… Йўқ, ўқимайман. Ахир, айтдим-ку, менинг адабиётгаям ўз нуқтаи назарим бор. Ўз фикрим бор…»

Вассалом.

Кейин бошловчимиз ҳам назаримда, қовун туширдилар. «Мана, маълум бўлдики, — дея палағдагина товушда хулоса ясай бошлади бошловчи укамиз, — ҳар бир масалага ҳар хил ёндашиш бўлганидек, адабиётга ҳам икки хил қараш мавжуд экан. Бу — табиий ҳол…»

Э, бекорларни айтибсиз!
Тавба.

001

— Шукур ака… Бундан анча йиллар бурун чиққан бир маъруза-мақолангиз «Адабиёт ўладими?» деб номланган эди. Орадан шунча йил ўтди. Ҳақиқий адабиёт тақдирига доир мунозаралар эса ҳамон давом этиб келаяпти… Ҳаваскор шоиру носирлар топса — ўз пулига, топмаса — уддабурролик қилиб — ўзига яқин ташкилотларнинг бошини қотириб, машқларини китоб қилиб чиқараяптилар. Ҳатто баъзилари ўша — бир пулга қиммат китобларини кутубхоналаргаям жойлаштириб, пул ишлаётирлар… Шу ўринда иккита нарса ўйлантиради. Биринчиси — ўша пул қайси манбадан олинишидан қатъи назар, барибир — жамиятнинг бойлигидир. У беҳуда совурилаяпти! Иккинчиси: майли, қоғоз, босмахона ҳақини айтмаган тақдирда ҳам, уларни китоб қиёфасига келтириш учун нашриётларда меҳнат қилаётган қанчадан-қанча ижодкорлар ақлий меҳнатларини самарасиз ишга сарфламоқдалар… Боз устига ҳақиқий адабий меҳнат билан қиёмига етмаган асарларини журналларда, китобларда турфа жанрлар билан бостириб, ўқувчилар дидини ўтмаслаштираётганлар-да йўқ эмас.

— Аввало, ўша маърузамга «Адабиёт ўладими?» деб ном қўйган бўлсам, бу — Адабиётнинг куни тўлаётганидан хавотирга тушганимдан эмас эди! Мен ушбу сарлавҳани қўштирноқ ичига олган эдим ва бир-икки саҳифадан кейин шу мазмундаги гаплар қулоғимга чалинаётганини илова қилган эдим. Шу боис бировнинг гапини қўштирноққа олиб, сарлавҳага чиқаргандим. Зеро, бу сарлавҳа ўқувчилар диққатини кўпроқ торца ўзига, деган ниятим ҳам йўқ эмас эди.

Сиз таъкидлагандек, маъруза-мақолага (маърузамнинг учдан бири ўшанда «ЎзАС» саҳифаларида қисқариб чиққан) нисбатан турли-туман муносабатлар билдирилди. Ҳатто битта тузуккина ёзувчи укам: «Шукур ака, адабиёт ўлмаслигини биламан. Шунинг учун ўша йиғинга бормай қўя қолдим», деган эди. «Ажаб, мен буни билмас эканманми?» деб кулимсираб қўйган эдим мен ҳам…

Энди бозор иқтисоди шароитида ҳар хил қораламаларнинг китоб ҳолида чиқиб кетаётганига келсак, бундай муаллифларга эргашаётган айрим ёзувчиларни ҳам ана ўша «ҳаваскорлар» сафига қўшмоқ керак. Чунки уларнинг адабий савияси ҳам, ном чиқаришга ишқибозлик даражалари ҳам бир хил.

Шу тобда раҳматли Асқад Мухторнинг бир мулоқотда айтган гаплари ёдимга тушиб кетди: айтмасам бўлмас… «Асқад ака, — деб сўраганман мен, — нимага бу одам чол-мўйсафид бўла туриб, бунчалар нодон-а?» Асқад ака жавоб берганлар: «Чунки, Шукуржон, улар ёшликларидаям нодон эдилар. Демак, нодон ёшлардан доно қариялар пайдо бўлмас экан». Зўр гап-а?

— Асқад ака — донишманд одам эдилар-да!

— «Хўш» деганингиздан билдик — ўзбек экансиз, деганларидек, бир-биримизни тушундик. Энди мен сизга бир эмас, иккита мисол айтаман-да, кейин биргалашиб ўйлаб кўрамиз… Остап Бендер ролини кинода ўйнаган машҳур актёр, ҳозирда режиссёр (исми нимайди? Руревми, Гуревми — шу-да!) телевизорда мухбирга интервю берар экан, «Нима учун бемаза саҳна асарлариям кўпайиб кетди?» деган саволга анча ўйланиб қолиб, афтидан не-не андишалар билан шундай жавоб берган эди: «Бизда цензура йўқотилди. Бу, бу — жуда яхши иш бўлди. Аммо лекин бадиий асарни ўқиб чиқиб, мулоҳаза билдирадиган, керак бўлса — уни таҳлил қиладиган, керак бўлмаса — қайтариб юборадиган зукко муҳаррирлар ҳам ғойиб бўлишди. Ёзганингни чиқаравер — қўлингдан келса, демократия замони бу!» дейилди, демак. Ана шунинг учун «Яхши асар» билан «Ўмон асар»нинг фарқига боролмай қолдик. Бу соҳада «замона — зўр графаманники ё пулдорники бўлиб кетди».

Бу теран ва аччиқ мулоҳазалар — боёқиш режиссёрнинг юрагидан ситилиб чиққан дард — бизнинг ҳам дардимиз эмасми?..

001

Энди, иккинчи мисолни айтаман. Бир куни Антон Павлович шогирди Бунин билан Қора денгиз соҳилида сайр қилиб юриб, иттифоқо тўхтаб қолишади. Толстой… Лев Толстой сув ёқасидаги бир қояда қоядек бўлиб ўтирганмиш. Оппоқ соқоли елпиниб, елкаларига учармиш. Чехов ўзига хос назокат ва дўхтирларга хос хотиржамлик билаб дебди: «Иван, Толстой қариди. Яқинда ўлади. Биласанми, унинг ўлими мени унчалик ҳаяжонга солмайди. Бошқа нарса ҳаяжонга солади: адабиётимизда қаланғи-қасанғи ёзувчи, хом-хатала асарлар бодраб кетади. Диднинг бузилиши бошланади. Демак, одамга зиён етади… Толстойнинг авторитети адабиётимизни ана ўша лойқа оқимлар босқинидан асраб турибди ҳозир…»

…Буюк авторитетлар, Адабиётни виждони пок ҳолда кўтариб тургувчи билимдон истеъдод соҳиблари… Қани? Қаҳҳору Ойбек қаторидаги чинорларимиз қулаб кетди. Танқидчи-адабиёцҳунос олимларимиз ҳақидаям шу гапни айтиш мумкин. Масалан, Озод ака Шарафиддинов батамом публицист бўлиб олдилар. Домла Қўшжонов анчайин ҳаваскор адибнинг ҳам бошини силаяптилар, холос. Умарали ака шоирона эҳтиросларга бериладиган бўп қолдилар. Норбой ака, умуман, сафдан чиқиб кетди. Иброҳим Ғафуров бошқа йўлда ижод қилаяпти. Қозоқвой Йўлдошев зўр-у, баъзан унинг шахсий «мен»и «шунос»лигини босиб кетади…

Хаёл қиламанки баъзан, азиз умрларини адабиётимизга тиккан бу олимларимиз худдики селдан — бўтана тўлқинлар қаъридан соҳилга чиқиб бир қаттиқ силкинишда анча-мунча лойқа сув зарраларини сочиб ташлаб, атрофларга чимирилиб қараган тулпордек, би-ир силки-иб олсалар, олам гулистон бўлиб кетадигандек.

Аммо айни чоғда сезиб ҳам тураман: буларнинг ортида суянадиган тоғлари бўлиши билан бирга қўллари ҳам узун — нашриёту журналларга бемалол етадиган бўлиши керак… Ўзини ҳурмат қиладиган ёзувчи ҳам йирик жанрдаги ҳар қандай асарини шу соҳа мутахассислари муҳокамасига қўймасдан эълон қилиб юборишни… ор билгани тузук.

Ҳа, шундай бўлиши керак. Акс ҳолда китобхоннинг савияси — бизнинг савиямиз орқага кетиши тайин… Ҳолбуки, биз комил инсон, баркамол жамият йўлини тутганмиз. Шундайми?

— Албатта… Чарчатиб қўймадимми, Шукур ака?

— Йўқ… Айтдим-ку, бу масалаларда маслаҳат беришга мен ҳам «ёшлик қиламан». Сиз айтган муаммоларга бирмунча муносабат билдирдим, холос.

— Майли. Суҳбатингиз учун, раҳмат, Шукур ака.

— Сизгаям…

«ЭССЕ – ЭРКИН ИЖОД» СУҲБАТИДАН
Суҳбатдош — Марҳабо Қўчқорова
001

Таниқли адиб Шукур Xолмирзаев ўзбек адабиётида насрнинг турфа хил жанрларида сермаҳсул ижод этмоқда. Унинг ижодий йўлида янгича изланишларни кузатамиз. Xусусан, бу унинг эссе ва бадиаларида кўринади. Шунинг учун биз ижодкор билан эссе жанри табиати ва бевосита Шукур Xолмирзаев ижодида эссенинг ўрни, яратилиши ҳақида суҳбатлашдик.

— Шукур ака, маълумки, эссе қадимий жанр сифатида нафақат адабиёт оламини, бошқа фанлар ва жамият ҳодисаларини ҳам қамраб олади. Сизнинг ижодингизда эссенинг турли йўналишларини кўрамиз. Чунончи, бадиий, адабий-танқидий, тарихий, публицистик, хотиравий йўсиндаги эсселарингиз мавжуд. Эссе жанри табиати, генезиси ҳақида мулоҳазаларингизни билдирсангиз. Сизнингча, бу жанрнинг очерк, ҳикоя сингари насрий жанрлардан, шунингдек, хотиралардан тафовутли жиҳатлари нималарда кўринади?

— Бизда бир кекса ёзувчи бор. Жанрларнинг бир-биридан фарқини билмагани билан фахрланиб юради. «Ман билмайман қанақа жанрда ёзиб қўйдим. Китобхонга ёқса, бас», дейди. Ва жанрдан жанрнинг фарқини Садриддин Айний ҳам билмаганини рўкач қилади. Ҳа, энди бундай «билмаслик»нинг сабаблари бўлса бордир, албатта…

Аммо шофёр одам машинанинг машинадан фарқини, чавандоз йигит отнинг отдан фарқини билганидек адиб дегани ҳам адабиёт илмидан баҳоли қудрат хабардор бўлиши керак. Бу — аксиома, синглим. Энди менинг «ессе»га, ўзингиз айтмиш, унинг «табиати»га доир мулоҳазаларимга келсак, маълумингиз, асосан ҳикоянавис сифатида гапни ҳикоядан бошласам.

Русларда «рассказ» — «рассказат»дан олинган дейдилар. Яъни бир воқеани «айтиб бериш, ҳикоя қилиш» демакдир. Бошда аксар рус адиблари ҳақиқатан ҳам «ҳикоя қилиш, баён этиш» йўлидан борганлар. Ҳатто француз, ҳатто ҳинд адиблари ҳам аввалда шу йўсинда ижод қилганлар. Кейинчалик ижоднинг тадрижий такомили тақозосида Чехов каби новатор ёзувчилар чиқиб: «Йўқ, воқеани баён қилмаслик керак, балки кўрсатиш лозим», деб шу йўриғда асарлар битганлар. Илло, «кўрсатиш, холис тасвирлаш йўли» — асл адабиётнинг йўли эди.

Демак, ҳикояда маълум бир воқеа (инсон ҳаётининг маълум бир бўлаги) тасвирланади. Демак, холис тасвирланади ва аксар ҳолларда ҳикоядан чиқариладиган хулоса ўқувчига ҳавола этилади… Энг яхши ҳикоялар шу тариқа ёзилади. Шу ўринда айтиб кетишни истар эдимки, бугунги кунда — кейинги ўн йилликларда ёзилаётган ҳикояларнинг кўпчилигида орқага қайтишни, яъни оддий баён қилиш, шунчаки айтиб беришни кўраман. Бу ҳол — ўша муаллифларнинг қандайдир онгли равишда «ортга», аниқроғи, ҳикоя жанрининг ибтидоий ҳолатларига қайтишидан далолат бермайди — аксинча: ўша муаллифларнинг ҳикоя жанри хусусиятларидан, ҳикоянинг жанр сифатидаги такомилидан бехабар эканлигидан далолат беради.

Мен бундай ҳаваскор адибларни юқоридаги айтганим — «жанрнинг жанрдан фарқини билмайдиган» адибларга ўхшатаман. Энди «очерк» жанрининг ўзига хос жиҳатларига келсак, бунда ҳам маълум бир воқеа — инсон қисматининг бир бўлаги қаламга олинади-ю, аммо ҳикоядан фарқли ўлароқ очеркда мавжуд — бор ҳаётий одам қаламга олинади. Шу боис муаллифнинг ўша одамга — қаҳрамонга муносабати очиқ-ойдин бўртиб туради. Шунинг учун ҳамдир мен ўқиган аксар очеркларда ижобий хислатли кишилар тасвирланади… Энди «Эссе»га келсак, бу жанр ҳикоя, очерк жанридан жуда ёш бўлишига қарамай, ёзувчига беҳад кенг эркинликлар беради: яъни эссе ёзгувчи адиб тасвирлаётган ёхуд баён этаётган воқеа-ҳодисага — яна ўша гап: инсон қисматининг маълум даври бўлагига нисбатан ўз муносабатини (очеркдаги каби) очиқ-ошкор билдириб туриши баробарида (бу йўруғда) ўз кўнглида туғилган қандайдир ҳис-ҳаяжонини ҳам, ҳатто шахсий мулоҳазаларини ҳам бемалол ёзиш имконига эгадир. Демак, айтиш мумкинки, эссе жанри очерк билан ҳикоя ўртасидан ўсиб чиққан жанр — тасвир усулидирки, у мақола — мақола илмий бўладими, бадиийроқ бўладими, барибир, — мақолага хос унсурлардан ҳам фойдаланади, тўғрироғи, уларни-да ўзиники қилиб олади.

Марҳабо синглим, эсда тутингки, адабиётдаги ҳар битта жанр ҳам ўз даврига хос, унинг эҳтиёжларини тўлароқ ифодалаш замирида пайдо бўлар экан.

Эссе ҳам шу тариқа пайдо бўлган экан. Дарвоқе, унинг пайдо бўлган макони Франция ҳисобланади. Умуман, француз адабий тафаккури ҳамиша бошқалардан олдинроқда юрган ва замоннинг талабу эҳтиёжларини бошқа дунё адибларидан илгарироқ ҳис этган. Қарангки, «роман» жанри ҳам дастлаб французларда пайдо бўлди ва энг дунёвий-миллий романлар ўшаларда яратилди. Буёғи ҳам қизиқ: таажжуб қиласанки, «Антироман» (Сартр асарлари) ҳам ўшаларда пайдо бўлди.

Эсимдан чиқибди: Сиз «Хотира жанри» ҳақида сўровдингиз. Сингилой, «Хотира — хотира»-да: уни ҳар ким ёзиши мумкин ва унга қўйиладиган талаб ҳам ўзига яраша бўлади. Тўғри, Тагорнинг хотиралари («Россиядан хатлар»и ёки Эренбургнинг хотиралари ёхуд Уелснинг «Россия зулмат қўйнида») ёхуд шу каби ёдномалар борки, уларни эссе дейиш ҳам мумкин, очерк дейиш ҳам.

Улар шунчаки «хотиралар» деб жанрини қўйиб юборганлар. Қолаверса, уларни қизиқтирган долзарб масалалар олдида «жанр» ҳақида ўйлаш хаёлларига ҳам келмаганов…

— Эссе, менинг назаримда, ёзувчининг ҳаёт, инсон ва жамиятни тушуниш ва тушунтириш шаклларидан биридир. Айтинг-чи, сизнинг айнан шу жанрга мурожаатингизнинг боиси нимада?

— Эссега мурожаат қилишимнинг боиси — феълимда бўлса керак: болаликдан эркинликни севардим. Эссе — эркин жанр, бундан ташқари, у агар таъбир жоиз бўлса, «размерсиз жанр»ки, кийим танлаганда бўйинггаю энингга ўлчаб ўтиргандай сиқилмайсан.

— 70-йилларда Европа адабиётида эссе-роман, эссе-қисса, эссе-ҳикоя, ҳатто фантастик эсселар ҳам яратиш авж олиб кетди. Шунинг учун бўлса керак, Ғарб адабиёцҳунослигида романтика ва фантазияга қурилган адабиёт ўрнини бир кун келиб эссе эгаллайди, деган шов-шувли мунозаралар пайдо бўлди. Аммо 30 йил вақт ўтди ҳамки, прозанинг барча жанрлари баравар ижод шакли сифатида ривожланмоқда. Сизнинг шу баҳсларга муносабатингиз қандай?

— Рост айтасиз, ўша йилларда эссе-роман, эссе-қисса…лар кўп яратилди ва адабиёцҳуносликда «бошқа жанрларнинг шўри қуриди», деган гаплар ҳам пайдо бўлган эди.

Бунинг сабабини мен ўша Ғарбдаги маънавий-адабий ва бошқа-бошқа эҳтиёжлардан, деб биламан. Қолаверса, ўша тур асарларнинг муаллифлари жуда унақа — адабиёт — менинг қисматим деган ижодкорлар бўлишмаган. Адабиёцҳуносларнинг каромату башоратларида эса адабиётга нисбатан енгил таклифни кўраман. Сизга бир мисол айтайин: ўтган асрда рангли фотография санъати яратилди. Ва… каромату башоратчилар нималар дейишди: «Тасвирий санъатнинг куни битди!» деб айюҳаннос солишди… Йўқ, сал вақт ўтмасидан Тасвирий санъат инсоният яратган энг улуғ санъатлардан бири эканига яна иймон келтирдилар. Бундай гаплар бўлаверар экан. Ахир, ҳар битта жанр каби Санъатнинг ҳар бир тури ҳам — минг-минг йиллик ақлий ва ҳиссий, маънавий ва маданий изланишлар ҳосиласидир. Биз уларни фақат бойитишимиз, янада камол топтиришимиз лозим, холос…

Шу ўринда битта чекиниш қилсам: яқинда Комил Аваз деган қаламкашнинг «Қўналға» номли эссе-роман деб жанрини белгилаган асари қўлимга тушди. Бу ҳақда хоразмлик оғам — гўзал шоир Эркин Мадраҳимов (Ошиқ Эркин) айтган эдилар: «Шукуржон, шуни бир ўқинг». Xуллас, ўқиб чиқсам, жуда ғаройиб эсселар мажмуаси экан. Бекорга «мажмуа» демаяпман. Илло, биронта эссенинг бошқа биронтаси билан деярли алоқаси йўқ. Тағин »биринчи роман» деган илова ҳам бор.

Тавба, бунинг нимаси роман? Ўйлаб-ўйлаб шу фикрга келдим: романли бўлишни истабдиларда Комил оға. Ҳа, орзуга айб йўқ. Қолаверса, «роман» номи билан қанақанги хом-хатала, алжирашга ўхшаб кетадиган асарлар чиқиб кетмаётир. Мана шунақа гаплар. Сиз Ғарб адабиётида пайдо бўлган эссе-романларни гапириб юрибсиз. Ўтаверади… Шошманг, агар «Қўналға» — эсселар тўплами деб эълон қилинганда, камина Комил Авазни табриклаган бўлардим.

— Шукур ака, сизга яна бир савол бермоқчи эдим, жаҳон эссенависларидан қайси ёзувчи кўпроқ ёқади?

— Жаҳон эссенависларидан… Эсимга келмаяпти. Ҳа, ўтган йили Скандинавия ёзувчиларидан Фарли Моуетнинг шимол музликларида яшаётган элатлар ҳаётидан ёзилган эсселар тўпламини топиб ўқидим. Кейин руслардан Юрий Нагибиннинг «Дунё бўйлаб» деган каттагина эсселар тўпламини ўқиб чиқдим. Фарли Моуетнинг айрим эсселари Жек Лондоннинг шимол ҳикоялари билан бўйлашар экан. Юрий Нагибин эса, аслида эссенавис экан. Мен у адибни «ёзувчи, сценарист» деб юрардим.

— Бугунги кунда ўзбек адабиётида кимларни эссечиликда фаол қалам тебратаяпти деб ўйлайсиз?

— Бугунги ўзбек адабиётида Дадахон Нурийни энг фаол эссечи, деб биламан. Унинг бир неча эссе тўпламлари чиқди. Уларга ман-ман деган адабиёцҳунослар сўз боши ёзишган. Чунончи, Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов… ва бошқалар. Аммо матбуотда шу публицист адибнинг дурустроқ мақталганини билмайман. Ҳолбуки, бунақанги жонкуяр, юртпарвар адибни топиш қийин. Бошқа эссенавислардан домламиз Озод Шарифиддиновни айтгим келади. Аммо лекин, шу пайтгача Одил Ёқубовнинг «Фарзандлар бурчи» номли эсселаричалик гўзал эсселарни ўқимаганман. Бугунги кундаги эссенавислардан тағин Собиржон Қодиров, Карим Баҳриев, Қулмон Очил, Фотима Шариповаларни мамнуният билан тилга оламан.

— Мана сиз 68-йилдан бери шу жанрда ижод қилмоқдасиз. Айниқса, кейинги пайтларда жуда кўплаб ёзувчи, шоирлар, умуман санъат аҳли ҳақида, жамоат арбобларига бағишлаб ёзилган эссе ва бадиаларингиз бор. Айтинг-чи, эсселарингиз орасида сизга энг маъқули қайси бири?

— Деярли барча эсселарим ўзимга ёқади. Чунки… улардан биронтасини қайта ёзгим келмайди.


ЖАҲОНБОП АСАР ЁЗА ОЛАМАН, ЛЕКИН» СУҲБАТИДАН

Суҳбатдош — Сафар Оллоёр
001

Мазкур суҳбатни қоғозга тушириш учун ёзув столига ўтирар эканман, хонанинг нақадар ёруғлиги диққатимни тортди. Ўгирилиб тепага — электр лампага қарадим: ўткир нурдан кўзим қамашди. Сўнгра қоғозга юзландим. Негадир кўз олдим қоронғилашди. Барибир нур манбаига меҳрим ортди.

Қизиқ, инсон ўзи яратган нарсага ўхшайди. Баъзи электр чироқлар кичкина хонани базўр ёритади, пешонангни деворга уриб олмаганингга шукр қиласан. Xудди шу ҳажмдаги бошқа бир электр чироқ эса ҳайҳотдай хонанинг истаган бурчагида игнага ип ўтказишга имкон яратиб беради. Сабаби оддий: волтининг оз ёки кўплигида, яъни қувватида! Одамлар ҳам шундай-да! Биров ўз саводини аранг чиқаради, яна биров маънавий олами билан бутун бир авлод учун йўлчи юлдуз бўла олади. Албатта, Xудо берган қобилият билан. Аммо бу қобилиятни тарбиялаб, камол топтириб бориш кўпроқ соҳибга боғлиқ эканлигини инобатга олсак, унга ҳам осон эмас. Зеро, бир нарсага эришиш учун бошқа бир нарсадан воз кечиш керак-ку, ахир.

Шукур ака ҳам бадиий ижод учун ҳаётнинг фароғатли жилваларига қўл силтаган фидойилардан. Ҳатто сал бўлмаса соғлигидан айрилиб қолаёзган экан. «Бир ўлимдан қолдим» дейди ўзи. Қайта-қайта жарроҳи бўлибди. Кўп қон йўқотибди. Касалхона атрофидаги дорихоналарда ҳамма дори бору битта доимий зарурат — инсоф йўқлигидан норозилигини яширмади. «Айрим дориларни қизим 14-15 минг сўмдан олибди, бир кўча нарида шу дори 7 минг сўм экан, зарилдан олади деб икки баробар қиммат қилиб қўйиш яхшими?», — дейди куюниб.

Алқисса, ҳол-аҳвол, у-бу гаплар билан Шукур аканинг анча вақтини олишга тўғри келди. Қулай фурсат келгач, газетамизга мусоҳаба ёзиш ниятим борлигини айтдим. Яхшиямки, йўқ демади.

001

— Шукур ака, Сизнинг адабий муҳит ва ундаги турли жараёнлар хусусида ўртага ташлаган фикр — мулоҳазаларингиз ҳамиша адабий жамоатчиликни қизиқтириб келган. Бу борада бугунги қарашларингиз, кузатувларингиз қандай?

— Бир нарсага амин бўлдимки, ижодкорларни маънавий-моддий қўллаб-қуватлаш янада жонлантирилиши лозим. Бугунги кунда адабиётга содиқ қолаётган ёзувчилар кам қолаётганининг асл сабабларидан бири шунда. Мустақилликни, унинг ғоясини, инсонлар тақдирини тўлақонли акс эттириш лозим. Буни журналистлар бажаришга ҳаракат қиляпти. Лекин улар юзаки ёндошади. Журналист ҳарқанча мақтаган одамни ёзувчига беришса, шу қадар қаҳрамон ҳаётига кириб кетадики, унинг кўп қирраларини очиб ташлайди. Натижада ўша мақтовнинг ўттиз фоизи ҳам қолмайди.

Ижодкорга моддий манфаат бўлмаса бекор. Мен сизга бир мисол айтаман. Бир куни нашриётдан Эркин Маликов телефон қилди. Янги авлод тарбияси учун миллий ўйинлар ҳам катта аҳамиятга эга. Сизнинг бир қатор ҳикояларингизда миллий ўйинларимиз моҳияти очиб берилган. Шуларни жамлаб берсангиз, биз шуни китоб қилиб чиқарамиз, деди. Бу гап менга маъқул бўлди. Мен бир тўплам қилиб, олиб бордим. Эркин қўлёзмамни кўриб чиқиб, машинкалатиб келсангиз, деди. Менда бундай имконият йўқ, агар ўзларингда машинисткалар бўлса, кўчириб беришсин, пулини бераман, дедим. «Хўп» деб қўлёзмамни кўтариб чиқиб кетди-да бироздан сўнг қайтиб келиб, тўққиз минг сўм бўларкан, деди. Энди тўғрисини айтинглар, китоб бўлиб чиқса, қанча гонорар берасизлар, дедим. Шартта калкуляторга солишди-да, саккиз минг сўм берамиз, деди…

— Мана, сиз моҳир ҳикоянависсиз, нега ҳикоя ёзмай қўйдингиз?

— Бир-икки йил илгари бир ойлар уйдан чиқмай битта ҳикоя ёздим, газетада босилди, қалам ҳақига, ишонасизми-йўқми, бир килогина гўшт олиб, уйга қайтдим. Мана шу даражада бўлиб қолган, бир ҳикоянинг қадр-қиммати бир мақолага тенглашиб қолган. Ваҳоланки, мақолани бир ўтиришда ёзиш мумкин. Ҳикоя қанча машаққат билан ёзилади!? Бу — битта сабаби.

Яна бир сабаби, ҳаётий муносабатларнинг инсон қисматидаги аксини туйғу орқали ифодалай олиш маҳоратининг етишмаслигида. Ҳали айниб кетишлар, модерн-подерн деганлари ҳам шундан келиб чиққан.

— Модернизмга умумий нуқтаи назарингиз қанақа?

— «Модерн» дегани асли «янгилик» дегани. Шу ўринда бир гап. Бир пайтлар Абдулла Қодирийнинг Сотти Ҳусайн билан савол-жавоби газетада босилган. Шунда Сотти Ҳусайн Қодирийга асарингиз, хусусан, «Ўткан кунлар» анча жўн дейди ва исботлаб беради. Қодирий буни бўйнига олади ва мен бу асарни достон, эртак эшитиб юрган халқ учун ёзганман, аммо Оврўпа модерн услубида ёзиш ҳам қўлимдан келади, дейди.

— Кейинги пайтда ҳикоячилик сезиларли даражада оқсаяпти. Масалан, газетамизнинг наср бўлимига яхши ҳикоя жуда кам келади. Ёзувчилардан сўрасак, ёзолмаяпман — ҳали у, ҳали бу сабаб, дейишади… Ваҳоланки, замон қаҳрамони, деган масалалар бор. Сиз шу жараёнга қандай қарайсиз?

— Ўзим ҳам ўшаларнинг биттаси сифатида айтишим мумкин. Биламан, мен ёза оламан. Мен ёзганимни «кўтаролмайди» адабиётчилар.

— Қайси маънода?

— Xудди ўша қаҳрамон образи масаласида. Мисол учун, сайрга чиққан аёл: чиройли кийиниб, хурсанд бўлиб, болалари билан томоша қилиб юрди, қайтишда эса автобусга пули қолмади… Ана шу ерда очилади қаҳрамон қиёфаси! Президентимиз айтаяпти: ростини айтинглар, ростини ёзинглар, деб. Ҳеч ким ёзмаяпти ростини. Илгариям ўзи ҳикоянавислар жуда кам эди, бармоқ билан санарли даражада. «Ҳикояни шундай бир жойда тўхтатки, қаҳрамоннинг ўлими маълум бўлсин ёки яшаб кетиши муқаррар бўлсин» — дейди Жек Лондон. Ўша нуқтани топа билишимиз керак.

— Сизнингча, қаҳрамонни қайси соҳадан кўпроқ излаш керак?

— Замон қаҳрамони — яхши масала. Замон қаҳрамони ҳақида ёзадиган ёзувчининг ўзи тўғри, тўлиқ бўлиши керак. Xемингуэйнинг бир гапи бор: яхши одамдан яхши ёзувчи чиқади, дейди у. Демак, ёмон одамдан ҳеч қачон яхши ёзувчи чиқмайди. Шундайки, хаёли бўлинган ёзувчида ижобий қаҳрамон бўлмайди. Ким ўзгани ўзичалик тасаввур этади?! У ўзини, ўзлигини асарида акс эттиради. Ўзи, ўзлиги чатоқ бўлгандан кейин ижобий қаҳрамон қаердан пайдо бўлсин. Шукур акам мақтанаяпти, деманг. Мен ўзимни уриб, тадқиқ этиб, «Динозавр»даги қаҳрамонимни яратганман.

— Қайси ёзувчиларни шундай талаблар билан ёза олиши мумкин деб ҳисоблайсиз?

— Ўткир яхши ёзиши мумкин, Мурод яхши ёзади — Мурод Муҳаммад Дўст. Негадир ёзмаяпти. Эркин, жуда бағри кенг ёзувчи у. Кейин… Эслатинг бошқаларини…

— Назар Эшонқул…

— Ҳа, Назар Эшонқул ёзиши мумкин. Лекин у модерн-подерндан кечиши керак. Бир гал айтдим унга: сиз Японияда туғилганмисиз, ё Европада? Қачон ўзбекка қайтасиз… Аммо энг яхши ёзувчи шу — Назар Эшонқул. Қўлидан ҳар бало келади. Истаган мавзуда ёза олади. Асосим бор шундай дейишга. Чунки бир сўзли, адабиётга фидойи бир инсон у. Яна ким бор эди, эслатинг.

— Омон Мухтор.

— Омон Мухторнинг ижодий йўли менга кўп тушунарли эмас. У қаёққа кетаётганини билмайман. Ёки, масалан, Зоҳир Аълам. Яхши ҳикоянавис. Кейинги вақтда уям ёзмай қўйди. Балки ёзаётгандир.

— Эшқобил Шукурнинг вақтли матбуотда эълон қилинган ҳикоялари қизиқиш билан ўқиляпти.

— Ҳа-а, Эшқобил Шукурнинг айрим ҳикоялари чиқяпти. Мен Эшқобил билан учрашдим. Ҳикояларингни жамлаб кел, бир ўқиб чиқай, деб сўрадим. Йўқ, Шукур ака, мен шеърга сиғмаган пайтда ёзяпман, деди. «Сизга олиб келмайман» дегандай бўлди. У жуда вазмин, яхши ёзади. Зоҳир ҳам шунақа: дўстларига вафодор, ҳалол, миллатсевар.

Шойим яхши ёзяпти. Ражаббой ёзмаяпти. Энг ёмони, Нортўхта Қилич ёзмай қўйди.

— Шодиқул Ҳамронинг «Қора кун» асари анча шов-шув бўлувди. Унинг ижодини кузатганмисиз?

— Шодиқул ҳам мана шу кейинги авлоднинг ишонарли вакилларидан. Жуда яхши эслатдингиз-да Шодиқулни. У юракдан қайнаб-жўшиб ёзади, яхши ёзувчи.

— Ёш ёзувчи Улуғбек Ҳамдамнинг «Мувозанат» романи анча тилга тушиб қолди.

— Бир жойда ўқидим бир парчасини. У ҳали жилва қилаётган сувга ўхшайди. Лекин самимий ёзибди.

— Қўчқор Норқобил ҳам қиссалар ёзяпти изма-из.

— Адабиётда ҳам мол эгасига ўхшайди. Қўчқор табиатан тезкор, баъзан пала-партиш. Шу жиҳатлар асарларигаям кўчган. Ўрта баландликда ёзади. Мен унинг қиссаларининг айримларига сўз ҳам ёзганман. Бир нарсаси ёқмади менга: бир қисса ёзганди, ихчам, маънолигина. Шуни роман деб эълон қилибди кейин. У ростмана қисса эди. Романнинг юки йўқ эди унда… Айтмоқчи, Андижон томонда Жалолиддин деган ёзувчи йигит бор.

— Наби Жалолиддинми?

— Ҳа, ўша йигитнинг ҳикоялари анча маъқул менга. Яна, Сотиболди Ражабов деган ёзувчи бор. Яхши ёзарди. Тошкентдан кетдию ижоди кўринмай қолди.

— Мустақиллик туфайли спортимиз, санъатимиз жаҳон майдонига чиқди. Адабиётимиз қачон дунё билан юзлашади?

— Дунё адабиётининг машҳур асарлари билан бўйлашадиган асарларни кўзда тутяпсиз, шекилли. Сафаржон, масалан, дунёга донғи кетган, Нобел мукофотини олган ёзувчиларнинг ҳам асарларини бундай салмоқлаб кўрсангиз ўн-ўн бешта яхши ҳикоя чиқади, холос. Xемингуэйдан ҳам шунча ҳикоя чиқади. Шу маънода ишонч билан айта оламанки, жаҳонбоп асар ёза оламан лекин… Дунёга татийдиган ҳикоялар ўзимиздан, дейлик, Ўткир Ҳошимовдан ҳам, Учқун Назаровдан ҳам, Мурод Муҳаммад Дўст ва Эркин Аъзамовлардан ҳам чиқади. Ҳикоячилигимизга таъмал тошини қўйган Абдулла Қаҳҳорнинг, лоф бўлса ҳам, эллик фоиз ҳикояси дунёга машҳур ҳикоялар билан бўйлашади.

— Демак, бизда фақат аслиятдан — ўзбекчадан бевосита жаҳон тилларига таржима суст, ҳатто йўқ даражада. Тўғрими, асосий сабаб шу-да?

— Албатта. Булар четга таржима орқали чиқади. Илгари рус тили орқали чиқарди ва ташвишлари кўп бўларди. Деярли ҳар бир асарнинг таржима жараёнига хушомадгўйлик аралашган бўларди. Мана ўзимдан қиёс: битта асаримни Москвада таржима қилишмоқчи бўлишди. Сўзма-сўз таржимасини юбордим. «Молодая гвардия» нашриётидан Шивелёв деган ношир Темур Пўлатов билан келди.

— Бу воқеа қачон бўлган?

— Шўро даврида. Кейин у асарим ёзилган жойларни кўраман, деди. Сурхондарёга бормоқчи бўлдик. Сўнг Темур уни қўрқитибди, у ер тоғлардан иборат, айиқлар, йиртқич ҳайвонлар кўп, деб. Бормайман, деди. Нима дейман. Бўлмаса Xоразмга бораман, деди. Xоразм бутунлай бошқа иқлим, у ерда тоғ йўқ, дедим. Майли, олиб бор мени, деди. Зоҳир Аълам деган ёзувчи укамиз бор, шу билан Xоразмга бордик. У ерда Омон Матжоннинг отасининг худойиси бўлаётган экан, шунга кириб ўтдик. Ҳаво совуқ эди, эшик олдида ёшуллилар чиройли-чиройли чопон кийиб туришган экан. Шивелёв шундан олиб бер, деди. Суриштирсам, икки минг сўм тураркан, ўша пайтда тўрт мингга машина берарди,менда бунча пул йўқ, дедим. Xафа бўлди, гаплашмай қўйди. Эртасига меҳмонхонада Темур менга бир рўйхат тутқазди. Қарасам ёнғоқ, майиз, писта ва ҳоказо ноз-неъмат, ҳаммаси ўн килодан ёзилган. Мен ҳайрон қолдим. Бу нимаси, дедим. Ҳамма шунақа қилади, деди Темур. Биров туркман гилам, биров пўстин — ким асарини таржима қилдирса чекига тушаркан. Мен қилмайман буни, бор, кетавер, дедим. Шундан кейин асарларим таржимасига қизиқмадим.

Бугунги кунда таржима бўлиб четга чиқаётган асарларимиз йўқ эмас. Xусусан, туркчага таржима бўлаяпти. Бу тилда бир неча романлар, ҳикоялар тўпламлари чиқди. Аммо туркчадан нарига ўтолмай турибди. Бу ишлар қай тарзда амалга оширилаяпти, мен бехабарман. Менимча, бу ишга ўзбек-турк дўстлик жамияти, Туркия элчихонасидан ҳайрихоҳ одамларнинг ҳиссаси катта, деб ўйлайман. Аммо яна бир нарсани биламан. Ана шу даргоҳларга яқин бўлган ёзувчиларимиз борми, шоирларимиз борми, «нимани таржима қилайлик» деб сўралса, марҳамат деб ўзларининг ўртамиёна асарларини ҳам уларнинг қўлларига тутқазишади. Эй, биродар, ўзбек адабиётида мана бундай қиссалар, ҳикоялар бор, шуларни таржима қилинглар, булар ўзбек адабиётининг қиёфасини кўрсатади, дейдиган валломат йўқ.

Қизиқ-да, бир замонлар Горькийни академияга аъзоликка олишмаганди. Чехов, Короленко ва бошқа ёзувчилар залдан чиқиб кетишган экан. Академияга байкот эълон қилишган экан. Ана шундай қадрлашган адиблар бир-бирини.

— Шукур ака, нима учун китоблар чиқармай қўйдингиз? Ўн йиллар бўлди-ёв, чамамда.

— Ўн етти йил бўлди.

— Ўн етти йил?! Лекин барибир машҳур ёзувчи Шукур Xолмирзаев бўлиб юрибсиз. Қандай эришгансиз бунга?

— Шукрки, адабиётга хиёнат қилмаган эканман. Ҳамма гап шунда. Шу ўринда мен сизни хурсанд қиладиган бир янгиликни айтишим мумкин. «Шарқ» нашриётида уч жилдлик тўпламим чиқяпти. Келгуси ҳафта биринчи жилд ҳикоялар тўпламимнинг «корректура»си чиқади. Xудо ярлақагурлар. Минг раҳмат шуларга. «Динозавр»ниям ҳеч қаерга берманг, ўзимиз босамиз, дейишяпти. Роса хурсанд бўлдим. Шундай қилиб, кун «Шарқ»дан чиқди.

— Ҳозир қандай асар устида ишлаяпсиз?

— Фақат «Динозавр» устида. Ўртага суқулиб қолган бир-иккита асарлар ҳам бор. «От йили» деган бир ҳикоя ёзяпман.

— «Гулистон» журналида ўқидик.

— Ҳа, «Гулистон»да чиқяпти. Орада кўч-кўрон билан бўлиб, охирги йигирма беш варағи йўқолибди.

— Журналда «давоми бор» деб эълон қилинган-ку. Энди нима бўлади?

— Билмадим. Давомини қайтадан ёзсамми… Ёзсам қандай чиқаркан, тушунмай қолдим. Шу бир ғов бўлиб турибди-да. Ҳа, яна кичик-кичик тўрт-бешта ҳикоя ёзмоқчиман, мавзулари тайёр — ўйлаб қўйибман. Ҳозирча шу.

«ШОЛОХОВНИНГ АШАДДИЙ МУХЛИСИ ЭДИМ» СУҲБАТИДАН
Суҳбатдош — Баҳром Рўзимуҳаммад
001

— Шукур ака, олдиндан узр сўрамоқчиман: мен ижодингиз билан батафсил таниш эмасман. «Шарқ»да танланган асарларингиз нашр қилинаётган экан, худо хоҳласа ўша жилдларни астойдил ўқиш ниятим бор. Мени ҳайратга солган нарса «Бойчечак ҳидланг, амаки!» эссеингиз бўлди. Бу ҳақда уч-тўрт йиллар муқаддам — илк танишганимизда — ўзингизга айтганман. Ўша вақтда Сиз билан суҳбатлашиш имконияти туғилган эди. Ҳайрон қолганим: эсседа схематизмнинг умуман кўзга чалинмаганлигидадир. Ҳозир аксарият ёзувчилар, ҳатто модернчилар ҳам схематизмдан батамом қутула олишмаяпти. Сиз бунга қандай эришгансиз?

— Аттанг, менинг ёзганларим билан деярли танишмас экансиз. Таниш бўлганингизда, масалан, «Бойчечак ҳидланг, амаки!»ни ўқиб ҳайрон қолмас эдингиз. Ахир, менинг бутун онгли ҳаётим — ижод бобидаги изланишларим — мумкин қадар соддаликка етишиш, асар воқеаларининг мумкин қадар ҳаётга ва унинг табиий жараёнларига ўхшашлигига, қолаверса, асар ғояси — бадиий ниятнинг ҳам ана ўша воқеа-жараён тизимидан беихтиёр ситилиб чиқиши йўлида кечиб келаётир. Мақтаниш бўлса-да, дангал айтаман: бу изланишларни Синтезга эришиш, деб баҳоласангиз ҳам бўлади.

Энди бу даъвойимни андак мисоллар орқали шарҳлаб берсам, нима дейсиз?

Илло, талабингиз ҳам — шу.

Кимдан мисол келтирсам экан? Келинг, рус адабиётининг отаси — раҳматли Пушкиндан тушайлик. Маълумингиз, Лев Толстой ҳам «Пушкиндек ёзиш керак», деб орзулаб ўтди. Xотирангизда бўлса, Пушкиннинг «Белкин қиссалари»да бир жўнгина жумла бор: «Ёзги таътил бошланди. Петербург бўшаб қолди. Шаҳарни сўраб турганлар дала-ҳовлиларига кўчиб чиқиб кетишди». «Ана шундай ёзиш керак, — деб хитоб қилган эди рус насрининг алломаси. — Нақадар содда ва жўн, ва айни ҳақиқатнинг ўзгинаси!» Xудди шундай.

Энди Александр Сергеевичнинг бу соддаликка қандай қилиб етишганини кузатар бўлсак, унинг проза ёзмасидан бурун проза-наср ҳақида ёзган айрим мақолалари ёдга тушади. Илкинчи мақоласида у шундай ёзади: «Масалан, тунда қабристонни тасвирлаш лозим бўлса, нега энди: «Осмонда ой кўринмас, булбуллар сайрамас эди», деб ёзиш керак? (Масалан, Карамзин ҳам шундай ёзар экан.) «Осмон булутли эди, қабристондан чигирткаларнинг чирриллаши эшитилади», деб борини ёзиш мумкин-ку? — Бу гапдан кейин Пушкин жаноблари чатнаб кетади: — Йўқ, албатта, булбулни, ойни эслатиш керак… — Кейин шундай хулоса чиқаради: Борни бордек қилиб ёзишни ёзувчиларимиз ҳали билишмайди. Энг даҳшати шундаки, рус китобхони ҳам бундай жўн-содда прозани («голая проза») тушунмайди…»

Пушкин ана шу изланишлардан кейин, хусусан, Михайловскийда бир-икки йил таъқибда яшаб, озод бўлгач, шу йиллар давомида ўқигани — икки арава китобни (бу китобларнинг аксари инглиз, франтсуз ва немис тилларида бўлади) Масковга жўнатганидан кейин марказда «Литературная газета»ни ташкил этгач, ўз прозасини ёза бошлайди. Ҳа, Пушкиннинг прозаси — содда, жуда-жуда очиқ, қитмирлигу ортиқча психологизмдан (кавлаштиришлардан) холи прозадир. Ва бунга осонликча эришгани йўқ, албатта.

Ёхуд ўтган асрнинг дунё адабиётига метеордек кириб, деярли бутун олам адабиётларида тақлидчилари пайдо бўлган, ўқувчиларни эса дафъатан ҳайрон этган Эрнест Xемингуэйнинг ўтакетган содда насрига назар ташлайлик. Тавба, бутун бошли асар фақат диалогга қурилган дейсиз. Тўғри-тўғри, одамлар одатда шундай гапиришади. Аммо бу гапларни деярли натурал ҳолда ўқиш — бора-бора одамни зериктирар экан. Ва ўқувчи: «Ахир, булар нега ўйламайди ҳеч?!» деб ҳам ҳайрон қола бошлар экан. («Хемингуей «айсберг кўринишига қиёсан ёзган», ҳар бир диалогининг тагида олам-олам маъно бор. Ёзувчи онгли равишда ўша маъноларни англашни ўқувчига ҳавола қилади!» деб кўпириб мақтаган танқидчи-олимларнинг сўзларини бир четга қўйиб турайлик.) Гап шундаки, бу хил — совуқ, диалогга қуриб асар ёзиш кейинчалик Xемингуейнинг ўзига ҳам ёқмай қолади. Ва: «Мен эксперимент қилган эдим-ку? Тақлидчилар бунча кўпайиб кетди!» дея, ўз камчилигини мана бу тарзда тан олади: «Мен туйғулар оқимини яхши билолмас эдим, шунинг учун уни ёзишдан қочардим. Масалан, ўлим олдидаги кимсанинг ҳолатини тасвирлаш керак бўлиб қолди. Бу нарсага ўша кимсанинг ички оламини тасвирламасдан эришиб бўлмайди. Испания урушига кетишимнинг бош сабаби ҳам шунда…»

Хемингуэй «Чол ва Денгиз»дан кейин очилди. Айниқса, унинг вафотидан кейин чиққан — «Хемингуей — газетачи» деган мақолалар тўпламига кирган «Мисс Мерининг арслони» қиссасида (бу қисса ёзувчи ҳаётлигида босилиб чиқмаган) Эрнест Xемингуэй — батамом бошқача, лирикага (лирикага!) йўғрилган, табиат тасвирларини қайта-қайта ўқигинг келадиган, аёлига беҳад меҳрибон ва камсуқум, ўта таъсирчан ва олижаноб бир Инсон-Ёзувчи бўлиб кўринади.

Мободо ўша қиссани ўқиган бўлсангиз, Баҳромжон, эсларсиз. Xемингуэй Кения ҳукумат бошлиқлари билан келишиб, маҳаллий аҳолига кўпдан-кўп зиён етказаётган одамхўр арслон, қоплонларни ҳам отиш учун «сафар»га (қизиқ, ўзимиздаям сафар — сафар, а?) хотини Мери билан боради ва Мерига арслонни… оттиради. Аёл сезадики, ўқи йиртқичга тегмайди, «Йўқ, сенинг кейин отган ўқинг уни йиқитди», деб туриб олади. Xемингуэй бояқиш тавалло қилади: «Йўқ, сенинг ўқинг теккан эди. Лекин қочиб қутилиши мумкин эди, кейинчалик ўлса ҳам. Ана шунинг учун мен ҳам ўқ бўшатдим», деб ялинади ҳам. Вой, қандай ширин асар. Xемингуэйни бирам яхши кўриб кетасизки!.. Ахир, «Хемингуэй — совуққон одам, шафқатсиз одам! Ёзувчи сифатида ҳам шундай…» дейилган ёрлиқлар ҳамон бор.

Хуллас, Xемингуэй ҳам Ҳаётни ўзидек қилиб тасвирламоққа эришиш учун кўп заҳмат чеккан.

001

Мен бир замонлар Михаил Шолоховнинг ашаддий мухлиси эдим. «Тихий Дон»ни русчасида ялаб ўқиганман. Учинчими-тўртинчи ўқишимда ғалати ҳолга туша бошладим. Масалан, адиб ёзади: «Ғарбдан — булутлар орасидан шамол эсди…» Демак, Ғарбдан шамол эсибди. Қизиқ, нега Шарқдан эмас? Демак, бу ерда бир гап бор… Кузатиб борсам… ҳеч гап йўқ. Демак, шамолнинг йўналишини тасвирлаганда ҳам Асар воқеасига дахлдорлиги кўзда тутилиши керак, деган хулосага келдим. Кейинги кузатишлардан фаҳмлаб қолдимки, «Тинч Дон» романининг тахминан тўртдан бир қисми табиат тасвиридан иборат экан. Демак, Табиатни у ўзига хос образ даражасига кўтарган. Бу ҳол — ўз-ўзича яхши, албатта. Аммо асар мазмунига қанчалик дахлдорлиги — жумбоқ. Шу тобда устоз Абдулла Қаҳҳорнинг (у киши табиат тасвирига ўта хасис эдилар) мумтоз ҳикояларидан бири — «Минг бир жон»даги табиат тасвир(ча)и ҳақида айтганлари ёдимга тушиб кетди. Эсласангиз, асар қаҳрамони Саида касалхонада оғир ётибди. Ўликранг… Кеч куз. Деразадан булутли осмон кўриниб туради. Қуёш баъзан булутлар ортида кўринмай кетади. Қаҳҳор шу тасвир ҳақида гапириб: «Қуёш булутлар ортидан чиққани менга керак эди. Чунки ўша пайтда Саиданинг мурдаранг қиёфаси яққол кўринади…» Сиз қуёшу булутлар тасвирига шунчаки «куз ҳавоси-да», деб қарайсиз. Аммо оддий куз ҳавоси ҳам бежиз тасвирланмаган экан… Ёхуд Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романига материал жамғариш асноси эски қабристонда бир тунни ўтказганини эсланг. Бойқушлар… Асар сўнггида жуда керак бўларкан-да.

Аттангки, ёши биздан улуғ ёзувчиларимиз ижодидан бунақа мисолларни топиш маҳол. Чунки, назаримда, улар «ЁЗИШ» ҳақида кам ўйлаганлар ва деярли изланмаганлар. Дарвоқе, Ҳамид ака (Ҳамид Ғулом) бир учрашувда шундай дегандилар: «Баъзан табиатнинг чиройли кўринишларини ёндафтарга ёзиб олиш керак. Чунки рўмонингизга бемалол киритиб юборишингиз мумкин…»

Бу гапнинг хулосаси — ўзингизга ҳавола.

Қисқаси, Ҳаётнинг ўзидек қилиб Ёзиш-тасвирлашга зўр машаққатлар, изланишлар оқибатида эришилади. Мен бунга қанчалик эришганман — буям ўзингизга ҳавола.

— Умуман, шунақа саволларни беришимизга боис ёзувчи шахсияти ҳақида кўп ёзгансиз. Одил Ўқубов, Ўлмас Умарбеков, Учқун Назаровларнинг ҳам бошқаларга ўхшамаган жиҳатлари асарларингизда акс этган. Шу ўринда бир қизиқ ҳолат. Ўзбек менталитети бу янглиғ очиқликни қабул қилмасмикан ё? Ана ўша сабаб боис Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ойбек, Ғафур Ғулом шахсияти жумбоқлари биз учун мавҳум. Ҳозирги катта авлод вакиллари ҳам сирли туюлади. Анчайин сипо. Лекин бундай ҳодисот қачонгача давом этмоғи мумкин? Қачон биз уларни ўзимизга ўхшаган росмана одам эканликларини, дейлик, ишқ-муҳаббат бобида ҳам барқарор эмаслигини ҳаётий фактлар асосида биламиз? Чингиз Айтматов «асрор дафтари»ни очди. Ўзбек ёзувчилари ҳам бир кунмас бир кун «очилармиканлар»?

— Аввало, «ўзбек менталитети» ҳақида. Сиз унинг энг характерли жиҳатига тегиб ўтгансиз ва гапни ёзувчиларга бургансиз… Мен ана ўша «истисно» даражасидаги характерли жиҳат (балки сифат!) ҳақида икки оғиз сўзласам.

Бу «ўзбек» деганингиз юзлаб уруғу қабилалардан таркиб топган бўлса-да, шундай бир муштарак жиҳатга эгадирки, у ҳақда ўйлаб ўйингизга етолмайсиз.

Бу муштарак жиҳатнинг номи-атамаси — нима? Ор-номусми (бу туйғуларнинг беҳад кучли экани ва халқ уни маҳкам тутишимикан)? Ёки «ўзим кал бўлсам ҳам — кўнглим нозик» деганларидек Ғурурнинг (ор-номус ила боғлиқ, балки шу туйғулар замиридаги Ғурурнинг-да) ўта кучли эканидамикан? Ажаб, бу борада асрлар давомида ишланиб, қуйма ҳолга келган мақолу ҳикматлари ҳам сероб. Масалан, «Эр йигитнинг уялгани — ўлгани. Уят — ўлимдан қаттиқ. Уят-е, уят…» ёки «Номуссиз ҳаётдан номусли ўлим афзал. Номусларга ўлдим… Беномусда ҳаё нима қилсин? Оримни олиб келдинг, болам…» ва ҳоказолар.

(Кечирасиз, «эшак эшакдан орқада қолса, қулоғини кес!» деган гап ҳам бор.)

Агар ўша биқиқ ва теран туйғунинг номини «Ор-номус» деб дангал атайдиган бўлсак, бунинг шарҳига мисоллар тўлиб-тошиб ётибдики, ҳар қадамда учратамиз ва олимона фикр қилсак: «Ҳа, ўзбек менталитетининг асл белгиси шу-ёв!» деганимизни билмай қоламиз. Мана, Сизга бир неча мисоллар келтираман. Чунончи, бир фақир оилани кўз олдингизга келтиринг. Уйига меҳмон келди. Уй хўжасию бекаси нима қилади? Шошиб, ҳаяжонга тушиб, дастурхон тузаш тараддудини бошлайди. Уйида бир кафт уни йўғ-у, қўшнидан бир жуфт бўлса-да зоғора нон олиб чиқиб, дастурхонга қўяди. Агар бир ёвғон пиёва пишираётган бўлса, ўлганнинг кунидан қозонга ярим чойдиш обжуш қуйиб юборади. Ва меҳмон беражак одатдаги саволларга: «Яхши, жуда яхши…» деб жавоб беради. Ўзининг камбағаллигини билдирмайди, аниқроғи, йўқсиллигини яширади… «Вой, бу қандай оила бўлди?» деб ҳайрон қоласан киши. Нима, бир замонлар бу оила — бағоят бой, дастурхони ашир-нашир эди-ю, энди фақирликка тушиб қолибди ҳамки, отсиз чавандоздек эгардан тушмас эканми? Бу ерда уят ҳисси ҳам бор: илло, камбағаллигини… уят қилиб кетмасликларини истайди. Во, ажаб!

Яна шундай меҳмондўстлик ҳам бор: меҳмоннинг келиши маълум бўлса, бир ҳафта бурун ҳозирлик кўра бошланади: қарз-ҳавола қилиб, барча ноз-неъматлар муҳайё қилинади. Келган тансиқ меҳмон бу хонадонга… қойил қолиб кетиши мумкин (айниқса, у хорижлик бўлса). Мезбонлар хурсанд бўлиб, уларни кузатиб қолишади. Кейин, кейин эса, ойлаб қарз-ҳавола тўланади. Ўша кезлар хонадонда қозон ҳам қайнамайди: қозон сувга ташлаб қўйилади.

Вей, нега бундай қилар экан-а?

Энди денг, тўйларни олиб кўрайлик. Тўй, тўй, тўй… Ўзбекнинг нимаси кўп — тўйи кўп: ўғил тўйи, қиз тўйи, бешик тўйи… Ҳатто бир замонлар ўсмирларнинг мўйлаби қирилиши-да маросим бўлиб, тўйчуқ берилган. Ҳатто бир кимсанинг ўғли бошқа бир кишининг ўғли билан дўст киришар экан, бу ҳам маросим тусини олиб, бўлажак жўраларга бошдан-оёқ сарупо кийгизилар, росмана тўйча берилар экан. Табиийки, ундай дўстлик том айлангунча эмас, абадий бўларкан. Навоий бобо билан Ҳусайн Бойқаронинг дўстликлари эсга тушиб кетди-е… э, нималар деяпман? Алпомиш билан қалмоқ фарзанди Қоражоннинг дўстлигини эсланг. Тушида Алпомишга ихлос қўйиб, у ила дўст киришган ва ўнгида ҳам шу ҳол содир бўлган Қоражон дўсти учун… ўз қалмоқларига қарши туради, ҳатто улар билан сўкишади. О, яна эсга тушди: ҳув ривоятдаги дўстни эслаб кўринг. Айбдорнинг — яъни, дорга тортилиши лозим бўлган йигитнинг ўрнига ким осилишга рози бўлади, деб пошшо савол ташлаганда, оқибат, ким ўртага чиқади? Айбдорнинг дўсти.

Қизиқ, қадимги грек-юнонларнинг тилида «дўст» деган атама бўлмаган экан. Аммо шундай тушунча мавжуд бўлиб, у «қариндошлик» деган маънони ифодалар экан.

Ҳа, гапимиз тўй ҳақида эди. Баҳромжон, гапни чўзмасдан айтиб қўя қолай: «Элга катта тўй бераман» деб бели майиб бўлган миллатдошларимиздан нечасини биласиз?.. Ҳа, биларкансиз. Тўғри, энди бугунги бозор иқтисоди шароитида, аниқроғи, «тежамлилик шарт ва зарур» бўлиб қолган шароитда катта тўйлар ортиқча сарф-харажатлари боис матбуотда, телевизорда танқид остига олиняпти. Маҳаллаларда «ўртача тўйлар қилиш» афтидан урфга кираяпти.

Маъқул, дуруст… Аммо мени шу тобда бунақанги тўй-маъракаларга у ёки бу даражада муносабат билдириш эмас, балки… шу урфларнинг ижро этилиши ила боғлиқ Одат, унинг моҳияти, унинг миллий характердан келиб чиқаётгани, пироварди, бу ҳол – миллий менталитетнинг азалий белгиси экани қизиқтиради.

Энди, Баҳромжон ука, Сиз санаган мумтоз адибларимиз — Қодирий, Чўлпон, Фитрат, Ғафур Ғуломларнинг ўзлари ва ёр-дўстлари ҳақида деярли очиқ ёзиб қолдирмаганларига келсак, бу «жумбоқ»нинг сири ҳам ўша «менталитет»да эмасми, деб ўйлаб қолдим.

Қолаверса, «очиқ-ошкор» эсселар битиш ўшанда расм бўлмаган. Аммо, биродари азиз, улар бу хусусда бошқача йўсинда ёзганлар. Масалан, Фитратнинг «Ҳинд сайёҳи саргузаштлари» асарига кўзингиз тушгандир. У ҳинд сайёҳи тилидан бор борлиғини, дарду ҳасратини очади. Xўш, Бобурни эсласангиз-чи? Балки Шарқда «очиқ ёзиш» мумкинлигини ул буюк ҳақиқатчи бошлагандир-у… Қаранг, Бобур ўзининг энг ёмон одатларини ҳам қоралаб ёзган-а? Қайси бир бозорда қандайдир бир ўсмирнинг орқасидан тушгани эсингиздами?

О, унча-мунча реалист ҳам тилга чиқармайдиган сир эди-ку!.. Бошқа мумтоз адибларимиз ўзлари хусусида бадиий асарларида ёзиб қолдиришган. Ойбекнинг «Болалик» асарини эсланг. Ҳатто Қодирий ҳам «Ўтган кунлар»да асар воқеасини тўхтатиб қўйиб, ушбу воқеаларнинг маълум бир қисмини ўз отасидан эшитгани ҳақида сўзлаб кетади…

Ул мумтозлардан кейинги авлод ёзувчилари бу борада батамом мум тишлаб келишларини… ўзим ҳам тушунмайман. Аммо, назаримда, улар бир-бирлари ҳақида ёзса, фақат қоралар эди. Ва табиий, ўзларини оппоқ қилиб кўрсатишар эди…

Мана, Саид Аҳмад ака бу йўриғда бир неча хотиралар ёздилар. Миртемир домла ҳақида, Туроб Тўла ҳақида, яна… Аммо ўзлари ҳақида деярли оғиз очмадилар. Назаримда, оғиз очмайдилар ҳам. Ҳатто бир-икки ойлик қамоқдаги ҳаётлари ҳақида ҳам тузукроқ бир нима битмадилар. Ўриснинг Солженитсини эса нақ эпопея яратиб қўйди… Йўқ, бизникилар ундайлардан ҳам ибрат олишмайди… Дарвоқе, Озод Шарафиддинов бу борада анча дадил ва ростгўй чиқдилар. «Эътиқодимдан қайтишим…» асарини эсланг.

Шу тобда бошқа бир факт эсимга тушди. Бундан беш-олти ой бурун домламиз Лазиз Қаюмовнинг «Биз билмаган Ҳамза» номли мақоласини «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»да ўқидим. Ҳақиқатан ҳам биз билган Ҳамза – деярли тўқилган Ҳамза экан.

Лазиз акам ўз «кашфиёт»ларини шундай мисоллар орқали исботлайдилар, Ҳамзанинг шунақанги «туркона» шеърларини мисол қилиб келтирадиларки, ёқа ушлайсан киши.

Аммо мақоланинг бирон жойида, масалан, «Мен шу нарсани билардим. Аммо вақти замонида айтолмасдим», деган анчайин иловани ҳам учратмаймиз!

Ахир, Лазиз Қаюмов «Биз билмаган Ҳамза»ни бугун кашф этмадилар-ку! Ахир, у кишининг деярли бутун ижоди, илмий фаолияти Ҳамзага бағишланган эди…

Очиқ ёзсалар, қандай суюмли бўлардими!

Бу тарзда кўнгил очмасликни… нима деб баҳолаш мумкин? Ички сирни кўчага чиқармасликми бу?

Балки бундай ҳаракатнинг-да илдизи… «миллий менталитет»дадир? Ҳай-ҳай, ундай эмас-ов, дегинг келади… Ахир, Озод ака ҳам — шу ўзбек халқининг (Бобур каби) фарзанди. Дарвоқе, Матёқуб Қўшжоновнинг «Дегиш» деган хотираларига кўзингиз тушдими? Каттагина китоб. Айтиш мумкинки, таржимаи ҳолга ўхшаб кетадиган эсселар тўпламидан иборат. Домла унда ўзининг қайсарлиги, ҳатто бир қиздан «…Ўлганинг яхши!», деган қарғиш эшитганларини ҳам очиқ ёзган… Яна ёзаётир…

Айтмоқчи, бу йўриғда яна бир мисол. Олим ва драматург Иззат Султон (Худо раҳмат қилган бўлсин) бундан неча йил ҳам муқаддам ёзувчилар боғида менга бир китобча тутқаздилар. «Яссавий тариқати ҳақида. Қирқ йил ўйлаганман, ана шунинг ҳосили. Бир ўқиб кўр-чи», дедилар. Домла илгари бунақа китоб-питоб бермагандилар менга. Дарҳол тадқиқотни ўқий бошладим. Вай, ўзим бошқа олимлар, диншунослар асарларидан ўқиб билганларим… Тўғри, яна нималардир бор. Таҳлиллар ҳам учрайди. Эртаси куни домлага йўлиқдим. «Ўқиб чиқдим, — дедим. — Лекин ўзингиз йўқ-ку, асарда?» «Как это так?» — деди у киши. «Вот так, — дедим мен. — Изландим, ўрганиб юрдим, деган гапларни оғзингиздан эшитдим, холос. Асарингизда бу гаплар йўқ. Ахир, сиз Яссавийни бир шахс, совет олими сифатида ўшанда қандай қилиб…» «Тушундим, тушундим, — дедилар домла. — Сен менга яхши мавзу бердинг. Иккинчи китобим ана шунга бағишланади. Яссавийни қабул қилиш жараёнимни… Қизиқ асар бўлади».

Афсус, ўша суҳбатдан кейин ҳам уч-тўрт йил яшадилар. Аммо ёзмадилар. Менимча, ёзолмас ҳам эдилар.

Баҳромжон, саволларингизга бирмунча жавоб бериб бўлдим. Энди, охирги гапингиз — «…уларнинг (адибларнинг) росмана одам эканликларини, дейлик, ишқ-муҳаббат бобида ҳам барқарор эмаслигини ҳаётий фактлар асосида қачон биламиз?» деб сўрайсиз.

Сизга қарши савол: «Шуларни билишингиз жудаям шартми, ука?». Одатда, ундай сирлар — кўнгилнинг мулки бўлади. Уни ҳадеганда бозорга чиқаришавермайди. Xусусан, биз — Шарқ эркаклари. Борингки, буям ўша «миллий менталитет»га кирар?..

Энди, Чингиз Айтматовнинг «асрор дафтари»га келсак, камина уни мутолаа қилаётиб, кўп бор хижолат тортдим… Вей, биродар, адибнинг қалбида китобгаям чиқмайдиган қандайдир муқаддас сирлар қолиши керак-ку?!

Лекин, дўстим, бошқа бир ҳақиқат – том ҳақиқатдир. Яъни, ёзувчи-адибнинг барча беқарорликлари ҳам унинг асарларида (йўли билан) акс этади.

Бу ҳол, айниқса, шоирлар ижодида яққол кўринади. Сиз Миртемир домланинг «Сурат» поэмасини ўқигандирсиз? Ўша – бўлган воқеа. Ҳе, бошқа шоиру шоираларингизнинг ҳам ёзганларини чинакамига ўқиб ва уқиб таҳлил этилса, уларнинг-да барча ишқий саргузаштларини бемалол билиб олса бўлади.

— Ўша саволларнинг узвий давоми: халқ эртакмонанд ёзилгани боис «Ўтган кунлар»ни берилиб ўқиган. Ҳозир ҳам шундай. Қодирий маҳоратига заррача тил теккизмаган ҳолда айтиш мумкинки, росмана турмуш бундай кечмайди. Мисол тариқасида «Кеча ва кундуз» романини тилга оламиз. Мирёқуб — ҳақиқатан ҳам яшаган, яшаётган одам. Ана энди савол туғилади: Қодирий ва Чўлпон адабиётни тушуниш жабҳасида ўзаро мухолиф бўлмаганмиканлар? Масалан, Фридрих Нитсше идеал одамни тан олмаган. «Қанақасига? Буюк одам? Мен унинг тимсолида ўз идеалини қойил-мақом қилиб ўйнаётган актёрни кўраман», деб ёзади у…

— Мен муддаонгизни тушундим. Айтинг-чи, Сотти Ҳусайн билан Қодирийнинг мунозарасини ўқиганмисиз? А-а, мен ўқигансиз экан, деб ўйловдим. Ўшанда, «Ўтган кунлар» романи эълон қилинганидан кейин ўша замоннинг зукко танқидчиларидан Сотти Ҳусайн романда фавқулоддаликлар ва мантиқан асосланмаган ўринлар ҳам борлигини танқид қилиб, «Қизил Ўзбекистон» газетасига мақола ёзади. Унинг изидан Абдулла Қодирий ҳам чиқиш қилади. Мунозара жиддий тус олиб, бир қанча вақт давом этади. Қодирийнинг битта калимаси, масалан, менга роман услубию воқеалар баёни ҳақида деярли батафсил маълумот берган. «Мен романни Оврупо-модерн (яъни реалистик йўлда) усулида ёзишим мумкин эди, — дейди А.Қодирий. – Аммо мен асарни эртак ва достон ўқиб юрган халқимга (мослаб) ёздим…» (Кўчирмада бирон сўз хато кетган бўлса, айб менда — Ш.Х.) Демак, ушбу изоҳотдан очиқ-ойдин кўринадики, Қодирий қандай ёзаётганини, демак, айрим ўринларда реалликдан чекинганини ҳам (ертаксимон асарлар оҳангида атай ёзаётганини ҳам) яхши билган… Ушбу усулга анчайин содиқ қолганини муаллифнинг асарга ёзган қисқагина сўзбошисидаги ушбу жумладан ҳам билиб олса бўлади. Яъни, «Ҳар бир замоннинг ўз Тоҳир-Зуҳралари бўлади. Биз ҳам…»

Бутун тарихни, оқибат, севги саргузаштларига қурилишининг ҳам сабаби шунда. (Баъзан реал тарихнинг анчайин фон бўлиб қолишининг-да сабаби шунда, деб ўйлайман.)

Энди, Чўлпон билан Қодирийнинг «ўзаро мухолиф бўлмаганмикан» деган тахминингизга келсак, йўқ – асло мухолиф бўлмаганлар. Аслида жуда яқин маслакдош-улфат бўлишган. Ҳатто Қодирий Чўлпоннинг «Тонг куйлари» шеърий тўпламига сўзбоши ёзган… Аммо ижод бобида, аниқроғи, асар ёзиш усули йўлида уларнинг орасида анча-мунча фарқ бўлгани шубҳасиз.

Дейлик, Қодирий роман мавзуини ҳам «олис, қора ўтмиш»дан олади. Ва бир қадар эртакнамо унсурлардан-да фойдаланиб асарни яратади. Қизиқ, шу тобда менинг ёдимга Абдулла Қаҳҳорнинг «Ўтмишдан эртаклар» китоби тушди. Эртаклар эмиш… Ҳа, муаллиф асарга Турсуной аямикан – бир аянинг шу сўзларини эпиграф қилиб олган. Ҳим, шундай воқеалар ўтган эдики, сизларга эртак бўлиб туюлади… Тахминан шундай.

Чиндан ҳам бизга мозий воқеа ва ҳодисалари эртаксимон бўлиб туюлади…

Хўш, яна бир гап: Абдулла Қодирий роман ёзишга киришишдан олдин материал тўплаш бобидаги изланишларини қисман ёзиб қолдирган-у, роман ҳақида, пироварди, дунё романчилиги, дунё адабиёти ҳақида ўз билганларидан жуда ҳам оз нарсани айтиб кетган. Масалан, Қодирийнинг Араб дунёси ва романчилигидан хабардорлиги ҳаммамизга маълум…

001

Энди, Чўлпоннинг наср бобидаги изланишлари ҳақида гапирадиган бўлсак, унинг биргина «Буюк ҳинду» мақоласини ўқиш бизга кўп нарса беради. Унда улуғ шоир тотор адабиёти, турк адабиёти, озор адабиёти билан ҳам яхши танишлигини ёзиб, ниҳоят ҳинд адабиёти – Тагорга келганда, «қонганини» айтади ва Робендранат Тагорнинг ижодини улуғлаб: «У – Ғарб билан Шарқ орасидаги кўприкдир», дейди.

Хўш, бизга яхши маълумки, Тагор ҳинднинг миллий озодлик йўлидаги изланишу курашларини илкинжи ёзувчи-санъаткор сифатида баён этган. Унинг «Гоурмаҳон» (Оқ ҳинду) романи бу борада – энг буюк асари ҳисобланади.

Маълумки, Қодирий ҳам, Чўлпон ҳам миллатимизнинг озодлиги йўлида курашиб ўтдилар. Лекин, ўйлашимча, Чўлпон бу борада анча илдамлик қилган: унинг барча шеърлари бунга далил. Қолаверса, у ўзининг «Кеча ва кундуз» романида соф миллий уйғониш бобидаги изланишларни тасвирлайди. Тагорга ўхшаб кетадими? Албатта… Қолаверса, Чўлпоннинг инглиз адабиётидан ҳам бохабар эканини биламиз. Чунончи, яқинда «Ҳамза» театри саҳнасида яна ўйнала бошланган «Гамлет»ни ўзбекчага илк бора Чўлпон таржима этган. Аммо, раҳматли санъаткорларимиз Шукур Бурҳоннинг қатъий эътирофича, ўша ўттизинчи йиллардан бери «Гамлет» Чўлпон таржимасида ўйналар экан… экан-у, ўзингизга маълум сабабларга кўра, бошқа муаллифларнинг таржимаси бу, деб кўрсатиларкан.

Энди, Баҳромжон, файласуф Нитсшенинг «идеал одам ҳаётда бўлмаслиги», «идеалман деганлар… анчайин актёрдир» дейишига келсак, ҳа, ғоядаги, яъни инсоният орзусидаги «Идеал одам» – идеаллигича, идеялигича қолиб келаверади. Оддий инсонлар эса… унга интиладилар, холос. Аммо лекин, бизнинг Шарқда «идеал инсонлар ўтган-ов» деб ҳисоблайман. Масалан, ўзимизда Мансур Ҳалложу Машраб, Кулолу Робия бонуларнинг қандай «идеал одам»дан кам жойи бор? Улар – идеал-ов. Демак, улар суперодамлардир…

Қодирийнинг, Чўлпоннинг асарларидан кейин нечук бўлиб Фридрих Нитсшенинг «идеал одам» ҳақидаги фикрини эслаб қолдингиз? Назаримда, Қодирийнинг Отабеги… идеалми, идеал эмасмикан, деб сўрамоқчига ўхшаб туюляпсиз.

Отабек — албатта идеал қаҳрамон эмас. У – ўз даврининг илғори-қаҳрамони, холос.

Яна Нитсшега қайтгим келиб қолди. Маълумингиз, Нитсше оламдаги барча-барча эътиқоду тушунчаю ақидаларни Шубҳа остига олган ва бу йўриғда ўз мулоҳазаларини айтиб кетган файласуфдир. Эсласангиз, у ҳатто эр-хотиннинг оилада – бирга яшашларига нисбатан айрим-айрим яшашлари фойдалироқ бўлади, рўзғорларининг бузилиб кетишидан асрайди, деб ҳам ёзган…

Бу гап энди — нима десам экан, уйланмасдан бўйдоқ ўтган файласуфнинг «ҳазили» дегим келади. Ахир, бу ақида… инсониятнинг бешиги бўлмиш — оилага шак келтирмоқдирки, одам боласининг ақлига сиғмайди бу гап.

Нитсше (Ницше) «Санъат — иллюзиядир» деган гапниям айтганлар… Дарвоқе, мен унинг Зардуштий ҳақидаги поема-рисоласини ўқиб, ҳеч нарсани тушунмадим. У эса, Зардуштга сиғинади ва ўзи билан ул пайғамбар орасида кўпдан-кўп яқинликларни кўради.
Бас!

— Табиийки, Нитсше каби файласуфлар, Камю, Сартр каби ёзувчилар хос адабиётга мансуб даҳолардир. Буларнинг ёзганлари ўз замонида торгина доирада ўқилган. Лекин барибир дунё адабиётини шу шахслар феномени белгилаб берган. Айни вақтда биз адабиёт мавқеини оммавий мутолаага қараб аниқлаймиз. Сизнинг «Адабиёт ўладими?» номли мақолангизда ҳам шу ҳадик-хавотир аксини топган эди. Адабиёт такомилида оммавий мутолаа қай вазифани адо этади? Одамлар китобга қизиқмаса, омма орасида ёзувчи шахсиятига қизиқиш сусайса, адабиёт ўлиши мумкинми? Ўки бу адабиётнинг тамомила янгиланиш жараёнини кўрсатадими?

— Шу савол-мулоҳазангизга жавобни қисқа қилайин. Майлими? Xўш, Адабиётга, демак, «хос адабиёту оммабоп адабиёт»га муносабат ҳам менга қандайдир модага қизиқишни эслатади. Ва, аминманки, бу ҳолнинг сабаби — мавжуд тузуму яшаш шароитининг тақозосида юз беради… Дейлик, Бугун ўзбек китобхонининг кўпчилиги олди-қочди – детектив асарларга қизиқиб, уларни мутолаа қилаётган бўлса, эрта-бурускун жиддий-хос адабиётга ҳам нигоҳини қаратади.

Тарихда бундай «тўлқинлар», эврилишлар кўп бўлган. Истиқболда ҳам бўлади…

«Ўзувчи шахсиятига қизиқиш…» сусаядими дейсиз? Ҳа, балки ҳозирги пайтда — ёзувчилар фақиру ҳақир — назардан қолган замонларида уларга қизиқиш сусайгандир. Ҳа, рост-рост: мен бир неча йилдан бери телевизору радиою матбуотда ёшларимизнинг касб эгаллаш хусусидаги орзуларини тинглаб, ўқиб келаётирман. Деярли ҳамма касблар тилга олинади. Аммо бирон шоввознинг… «Мен ёзувчи бўламан!» деганини эшитганим йўқ. Майли. Кунлар келар — орзумандлар чиқар…

Аммо, Баҳромжон, бир нарсани Сизга уқтириб айтишни бурчим деб ҳисоблайман: масалан, ўз қадрини биладиган анчайин қаламкаш ҳам ўз шахсига қизиқиш сусайганидан зиғирча ғам емайди. Масалан, менга келсак, парвойим палак.

Мени буткул унутсалар ҳам – ғам емайман. «На чора?» деб қўя қоламан ва «илҳом келса» – Тагорнинг энг сўнгги романи, яъни, ўзини унутаётган ёшлар ҳақида ёзган «Сўнгги достон»идек бирон нарса битиб қолдирарман.

011

(Tashriflar: umumiy 724, bugungi 1)

Izoh qoldiring