Mavlono Jaloliddin Rumiy. Majolisi sab’a (Yetti majlis). Birinchi majlis

09    “Мажолиси сабъа ” рисоласи Жаяолиддин Румийнинг жума маърузалари асосида яратилган бўлиб, у Мавлононинг устози Шамс Табризий билан учрашмасидан аввал шогирди Ҳусомиддин Чалабий ёки ўғли Султон Валад тарафидан ёзиб олинган, дея тахмин қилинади.

ТАРЖИМОНДАН
065

Ўзбек китобхони Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маънавийи маснавий , «Девони Кабир”, “Ичиндаги ичиндадир ” каби маърифий-фалсафий, орифона асарлари билан  яхши таниш. Аммо негадир адабиётларда мазкур асарлари саналаркан, “Мажолиси сабъа ” асари назардан четда қолар, у ҳақда умумий маълумотлар ҳам деярли учрамас эди. Мазкур бўшлиқни тўлдириш мақсадида асарни таржима қилишга жазм этдик.

“Мажолиси сабъа ” рисоласи Жалолиддин Румийнинг жума маърузалари асосида яратилган бўлиб, у Мавлононинг устози Шамс Табризий билан учрашмасидан аввал шогирди Ҳусомиддин Чалабий ёки ўғли Султон Валад тарафидан ёзиб олинган, дея тахмин қилинади.

Ҳар бир мажлис анъанавий муқаддима — ҳамду наът, муножот билан бошланган бўлиб, сўнг маълум бир ҳадис келтирилиб ваъзга ўтилади ва ушбу ҳадис шарҳи давомида румиёна услубга биноан мавзуга дахлдор ҳикматлар, ҳикоятлар, шеърлар бир-бири билан узвий алоқада баён қилинади.

055Румий асарларига тадрижан боқилса, “Мажолиси сабъа ” энг сўнгги асарларидан бири эканлиги аён бўлади. Асар “Ичиндаги ичиндадир ”дан фарқли ўлароқ, расмий ваъзлардан ташкил топган. Шунга қарамасдан, ифода шакллари ўта халқоналиги билан умумийлик касб этади. Мажлисларнинг энг ишонарли нусхаси Кўнёда — Мавлоно музейи кутубхонасида “Ичиндаги ичиндадир”, “Мактубот ” каби нарий асарлари жамланган 79-рақам остидаги манбада сақланади.

Биз Румийни шу чоққача «Девони Кабир» таркибига кирган айрим туркий шеърларидан ташқари фақат форс тилида ижод қилган, деб билардик. Мазкур асар тадқиқоти Мавлоно нафақат форсигўй, балки туркигўй ижодкор эканлигини кўрсатмоқда. Маълумки, Румий умрининг асосий қисмини Кўнёда кечирган. Кўнё аҳолиси турк тилида сўзлашган. Шундан келиб чиқиб, маъруза ва мажлисларни Румий турк тилида ўқиб, котиблар ҳам айни шу тилда кўчирганлари, китоб  ҳолига келтириш жараёнида эса кўпчилик англаши учун ўша даврнинг санъату бадиий мулоқот тили бўлмиш форсчага ўгирилгани  манбаларда қайд этилган. Аммо, минг афсуски, туркча варианти сақланмаган. Асарни машҳур олим Абдулбоқий Гулпинарли форс тилидан туркчага ўгирган вариантидан ўзбекчалаштирдик.

Таржимада услубни сақлаб қолишга баҳоли қудрат уриндик. Камтарона меҳнатимиз ҳосиласини сиз — муҳтарам ўқувчиларга ҳавола қилар эканмиз, Ҳазрат билан галдаги ғойибона дийдор барчамизга муборак бўлсин, деймиз.

034

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЖОЛИСИ САБЪА (ЕТТИ МАЖЛИС)
Турк тилидан Раъно Ҳакимжонова таржимаси
065

Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи ила бошлайман!

Биринчи мажлис

   Сел бор куч-қуввати билан тоғлар, тепаликлардан ошиқона жўшиб-тошиб денгиз томон чопади. Минглаб қўл-оёқ воситасида денгизга етиб боради. Чунки улар бир-бировининг қўл-оёғи, уловига айланиб қолгандир. Бир-бирига дастак бўлган сув зарралари шу қувват билан тоғлардан ошиб, ялангликлардан ўтади ва ниҳоят, асли бўлмиш денгизга қўшилади. Ҳар томчи сув: “Сен рози бўлган, рози бўлинган ҳолда Парвардигорингга қайт” 1, дея наъра тортади. Бунга нега ажабланиш керак? Асл ажабланадиган нарса, асл кўринмаган мушкулот — бир тоғда ёки бир ғор ичида ва ё омон қолиш душвор бўлган ялангликда томчининг якка ўзи абгор ҳолда қолиб кетишидир. Томчининг маъдани, асли — денгиз. Уни орзу қилади. Қўли йўқ бўлса, оёғи билан етиб олишга шайланади, оёғи бўлмаса, денгиз соғинчида қўлларини узатади. На сел кўмакка келади ва на бирон дўсти. Шундай бўлгани ҳолда, туртиниб-суртиниб эмаклай бошлайди. Интизорлик оёқлари билан денгиз томон ошиққанча завқ уловига миниб йўлга тушади.

Эй, бечора томчи! Тупроқ, шамол ва қуёш жазирамаси — сенинг душманинг. Сен етиб олишни истаган денгиз эса жуда олисда. Эй, қўл-оёқсиз томчи! Шунча душманингни оралаб денгизга қандай бормоқчисан?

   Шунда ҳалиги томчи ҳол тили билан дейдики: “Тўғри, мен бир ожиз томчиман, аммо ичимда бепоён денгиз соғинчи бор. “Биз бу омонатни осмонларга, ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди”2 ҳукмида айтилганидек, мен кўп ғарибман”. Бу чўлда сел қатралари ҳам йўл топа олишдан қўрқиб дир-дир титрамоқдалар. Шафқат билмас чўл таҳликасидан ҳатто осмонлар ҳам ҳадиксирамоқдалар. Азим тоғлар эса: «Роббимиз, биз бу омонатингни сақлашга кучимиз етмайди”, дея фарёд чекмоқдалар. Ҳатто замин ҳам “мен у йўлчиларга тупроқ тайин қилинганман, жонимда сен юкламоқчи бўлган омонатга таҳаммул йўқ” деб турибди. Фақат бир томчидангина иборат бўлмиш инсоннинг жони омонатни қабул қилиб дерки:

Байт: “Сен менга бир юрак бергин-да, йигитликни томоша қил!
Менинг тулкимда яширинган арслонни кўр 3!»

Тўғри, заиф-нотавонман, абгор-бечораман, лекин жон қулоғимга “Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик”4 деган овоз келди. У овознинг инояти асарларини ҳис қилмоқдаман. Энди на заифман, на ожиз ва на бечора. Дунё-дунё чоралар топаман ҳали мен.

Байт: Садоғимни Сенинг ўқларинг-ла тўлдирсам, 
бориб  Қоф тоғининг ҳам белини букиб келаман  5 .

Ўзимга — ўз куч-қувватимга ишонганим сайин нимжонман, аслида, у менда нима қилсин? Барча ғариблардан ғариброқ, чорасизлардан чорасизроқман. Лекин қарашимни ўзгартириб, ўзимни кўрмас ҳолга келгач, Сенинг лутфинг ва мададингга учраб: “У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорига боқиб тургувчидир! 6 марҳамати келиб турганда, нечун бечораю заиф бўлайин? Нечун чораси йўқ ишларнинг чораси ўзим, мен — инсон бўлмайин? Нечун ўша заҳоти лаҳзаю замоннинг маҳрамига айланмайин?

Шеър: Ой юзлигим келганда, мен ким ҳам бўлардим?
Зотан, мен ўзимдан кечганимда бор бўламан.
Менда бир амал, бир борлиқдан нишона кўрганингда,
билки, у амал, у борлиқ Удир.
Менда бир соя кўрсанг, билки, у соя менман.
У менга сўз сўзласа,
Юсуфдек “Бу кун сизлар айбланмайсиз’7 ҳукми зуҳур этар.
Мен Унга сўз сўзласам,
Мусодек “Сен Мени ҳаргиз кўролмайсан» 8 ҳукми зуҳур этар.
Сўз ҳам яширин, ҳам майдонда.
Лекин У менга гапиришни кўпроқ яхши кўради.
У менга сўз сўзлаганда, мен сўзда йўқоламан 9.

Бу сўз ўзлик истайдики, ўзлигини топсин. Жон керакки, жондан таъм олсин. Эй, менинг азиз жоним, эй, менинг излаганим, истаганим! Сен қидиришда бир қават парда ортидан чиққанингда, маъно келини ҳам битта пардасини кўтаради. Сен иккинчи пар- дани кўтарган маҳалинг, у ҳам иккинчи пардадан чиқиб кўринади ва дейдики:

Байт: “Бир бўлиб бирликка етиб олсанг, кўнглим ҳам сен билан бирлашади.
 Шунда халқ севгиси, одамлар муҳаббатидан воз кечаман 10”.

Аммо сен яна ғафлатда, хоҳиш-истак амрига тобе қолиб парда ортига ўтасан. Кейин у ҳам парда ортига беркиниб олади. «Эй, маъно келини, эй, оламларнинг муроди, эй, ғайб гўзали, эй, бенуқсон камолот! Юзингни кўрсатиб яна нега парда ортига яшириниб олдинг?» дейсан. У ҳам жавобан дейдики: “Сен истак-шаҳват пардаси ортига майл этганинг учун”.

Рубоий: Севгили шундай сархуш бўлиб келдики, асти сўрама.
Ҳижрон қадаҳини шундай оташлар-ла тўлатиб тутдики, асти сўрама.
Бундай қилма, дедим. У ҳам, “Узинг бундай қилмагинки, мен ҳам қилмайин» деди.
Мана шу бир огиз сўзи чунонам ёқиб тушдики, асти сўрама 11.

Бир кун Сулаймон (Оллоҳ  уни раҳматига олсин!), «Биз унга шамолни  бўйинсундирдик”12, тахтига ўтирди. Қушлар ҳавода қанот қоққанча Сулаймонни офтоб урмасин, дея қубба қургандилар. “Эрталаб бир ойли, кечки пайт бир ойли шамолни (бўйинсундирдик)”13 ҳукмига биноан осмонда учаётганди. Тўсатдан Сулаймоннинг кўнглидан шу неъматнинг шукронасига лойиқ бўлмаган бир ўй ўтди. Шу заҳоти бошидаги тожи қийшайиб қолди. Тожини тўғирламоқчи бўлса, яна эгилиб, қийшайиб қолаверди. «Эй, тож, тўғри турсангчи!» деди. Тож тилга кириб: “Эй, Сулаймон, ўзинг тўғри бўл”, деди. Сулаймон дарҳол саждага бош урди: “Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр-зулм қилдик”14, деб тавба қилди. Қийшайиб қолган тож ҳам аслига қайтди. Сулаймон синамоқ илинжида тожни эгиб кўрмоқчи бўлганди, тож эгилмади, ҳатто буралмади ҳам.

Азизим, шунга ўхшаб сенинг тожинг — завқу важдинг, кўнгил ҳароратингдир. Сени завқ тарк этиши биланоқ унинг ортидан келганларнинг бари қайтиб кетади, тожинг ҳам эгилади.

Байт: Халқдан келган завқдан жисм тўлишади,
Ҳақдан келган завқдан кўнгил тўлади, жон тўлишади 15.

   Эй, вақтнинг Сулаймони, ақлга, руҳга дахлдор парирўйлар сенинг буйруғинг остида бўлганидек, нафсга мансуб лаъин юз эгалари ҳам борлиқ тахтинг атрофида  югуриб-елаётир.

Байт: Юзингни кўзлаб иблису пари тўдалари атрофингда саф тортди.
Сулаймон салтанати сеники, узукни йўқотма 16.

Тинчликни урушдан ажрата бил, чунки қўли гул шиша ясовчи билан оддий бўз тўқувчининг бир ерда ўтириши яхшилик аломати эмас.

Борлиқ дўконида ибодат, завқ-шавқ шишаларини ясовчи санъаткор билан хоҳиш-истак бўзларини силкитиб тўқувчи, кейин ювиб-тозаловчи бўзчи устахонаси бир жойда бўлса, шишачи ўн кун мобайнида бу дўконда қуллик шишаларини ясай олади, холос. Бўз тўқувчи тўқиш жиҳозига оёғини узатиб бир зарб берса, дўкон ўрнидан силжиб, бутун шишалар чил-чил синади. “Амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар» 17. Эй, вақтнинг Сулаймони, ҳали ҳам жоннинг бошидаги завқ ва пухталик тожига кўзинг тушмадими? Унга боққанинг замон ўзидан кетган, қорайган, савдою разолатга маҳбус ҳолда кўрасан. Эй, завқ, қаердасан, эй, шавқ, қайси парданинг ортидасан, дея қидиришни бошлайсан. Ўша кетган завқ ортига қайтсин, дея қанчалар тиришсанг ҳам энди осонликча келмайди. У тўғрилик тожи бошингда тик туришини қанчалар истама, барибир, эгилиб, қийшайиб қолаверади. Сен ҳам тўғри бўлгинки, мен ҳам тўғри бўлайин, деб тураверади.

Томчининг соғинч азобини чекаётган покиза жони жонон денгизидан йироқ тушиб, пардалар билан  қопланганча балчиқ оламида жону кўнгил иштиёқи билан қуруқликдаги абгор балиқ каби ўзини ҳар ён уриб, тўлғониб ётибди. Қолган томчилар ҳам унга ёрдам беролмайди. Айрим томчилар тупроққа аралашиб, баъзилари япроққа осилиб, яна баъзилари ёвуз васвасаларга учиб ўзларини чормихга осадилар.

Баъзи томчилар дарахтларнинг матонатлари сабаб бўлиб, уларнинг илдизларига сўрилиб кетадилар. Ҳар бир жон томчиси нима биландир машғул. Ким тикувчилик, ким этикдўзлик, яна кимдир ахийлик 18  савдосига банди, тағин бириси чанг эшитиш ишқибози. Бошқа бири эса ҳид, рангларга боғланганидан денгизни тамомила унутиб юборган. У юз минг томчи сел галалари бир ерга тўпланишиб: “Пешқадам бўлгувчи зотлар (жаннат неъматларига эришишда ҳам) пешқадам бўлгувчи зотлардир”’ 19 ҳукмидагидек, бир-бирларига суянганча йўл очиб, оқиб кетгандилар. Дўстларидан айро тушган бу ёлғиз томчи эса, охири йўқ, чексиз-чегарасиз йўлу чўлларни шу ёлғиз боши билан, бирор дўст, ҳимоячиси, суянадиган кимсаси бўлмагани ҳолда йиқилганни турғизувчи, ҳар нени ундириб-ўстирувчининг мададидан тиланиб, ўша селларнинг юз минглаб томчилари билан ошиб ўтган чўлларни бир ўзи кечиб ўтишга маҳкум. У шундай ягонадирки, минг кишига бадал кўнгли ғаний 20 бир эрдир. Уларни санаб кўрсанг озчиликдирлар, лекин ҳужум қилганларида кўпнинг ҳисобидалар. Мана шу биргина томчи мингларча томчи бажарган ишни уддалайди. Энди у томчи эмас, томчи шаклидаги селдир. “Албатта, Иброҳим ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво — имом эди»21.

Пайғамбардан (Унга Оллоҳнинг саломи ёғилсин!) Иброҳим умматининг ҳолини сўрадилар. Жавоб келдики, “Иброҳимнинг умматини нечун сўрайсан? У (Иброҳим — тарж.) ўз-ўзига ҳам уммат эди, ҳам парча. Ҳам подшоҳ эди, ҳам қўшин. Ҳам томчи эди, ҳам сел. Уммат — юз минг киши бўлади». “Албатта, Иброҳим ҳақ йўлдан тойилмаган бир пешво — имом эди”22. Минг киши эди, балки юз минглаб киши эди у.

Рубоий: Оқилнинг борлиқ кемаси мавжудиятига ажабланса бўлади,
кўзи кўриб турган одамнинг қудуққа тушиб кетиши ҳам ажабланарли ҳол.
Денгизда сузиб юрган кемага ҳайрон бўлмагин, бир кеманинг ўзида
юз минглаб денгиз нишонасининг борлигига эса ажабланмаслик мумкин эмас 23.

Шеър: Юсуфимнинг бўйи келгач, кўрнинг кўзлари очилиб кетади.
Эй, кўнгил, нечун денгиздан йироқ тушдинг?
Одам дегани ҳеч замонда бунақа қилиб денгиздан айриладими?
Денгиздан узилиб, қуруқликда қолган балиқ,
яна тезроқ ўша денгизга қўшилмоқ илинжида тиришиб, тўлғаниб туради.
Бирортаси кўнгил ишқ денгизи томон нега бунча жўшиб,
далли-девонага айланиб қолади, деса сен шундай жавоб бергинки,
“томчи денгиз соғинчида беқарор ҳолга тушади-да, ҳеч нима парвойига келмайди”.
Яна дегинки, “томчи қуёш қаршисида тапвасага тушиб, йўқликка юз тутади» 24.

Азизим, денгиз айролиғига кўникиб қолган, ҳатто денгизни ёд этмай қўйган, бир япроққа осилиб ёки тупроққа беланганча сингиб кетган ўша жон қатраси қандайдир одобсизлик қилган бўлса керакки, унинг оёқларига тамға босиб, олтин, кумуш, жавоҳирлар боғи билан боғлаганлар. У ҳам ўша боғга (сиртмоққа — тарж.) кўнгил бериб, ошиқ бўлганидан кумушу олтин ишқида ҳалиги сиртмоқни боғ деб ўйламайди. Энди унга минг насиҳат қилма, барибир, ўша боғи ўгитингдан ҳам қувватли бўлиб қолаверади. Панд-насиҳат унга йўл тополмайди, у ҳам ўгитлардан фойдаланолмайди.

Шеър: Бу мусофирхонанинг бор давлати, атлас матоси —
тиниб-тинчимас жонга биргина тилло занжирдир.
У олтин занжирни кўрибоқ унга алданди.
Жон у чўлни ошиб ўтолмади, бир қудуқ ичида қолиб кетди.
У қудуқ зоҳиран жаннат бўлиб туюлгани билан,
 аслида, жаҳаннамнинг ўзи. У кўринишидан гулчеҳрадир,
аммо аслини сўрасанг, заҳарлар-ла тўлган илондир.
Эй, хомлар, у гулчеҳрадан узоқроқ юринг,
чунки суҳбат чоғида дўзах томон тортқилайди,
йўқ-йўқ, дўзахнинг ўзига айланади 25.

Бу шундай ҳолки, одамнинг тушуниш, билиш салоҳиятини ўша ранг ва ҳид — иғво севгиси қоплайди. Қоплаганда ҳам шундай қоплайдики, ҳатто бир игна учи қадар жой қолмайди, шундай бўлгач, панд-насиҳат қаёқданам йўл топиб кирарди? У ҳатто ўгит берганга душман бўлади. Чунки занжи ҳамиша ойнага душмандир.

Барчамиз Ҳофизи Қуръонларнинг аълоси Фалониддинга юзланиб, сидқидилдан Раҳмон исмини ёдга олайлик. “Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳноми ила» 26.

Шеър: Кўнгил сенинг камолотингдан бир нишон кўргач,
 жон ишқингни жонингдан топди.
Жон сенинг манзилингни излади, сўради.
Маконсизлик оламининг айни ўзидан топди.
Сенинг атрофингда ер билан бир бўлиб йиқилган ҳар жонки бор,
хуш бўйингни олганидан у билан абадий ҳаёт қозонди.
Ошиқларнинг фарёдларига, жўшиб-кўпиришларига
на борлиқ оламида етишиш имкони бор ва на макон оламида.
Жонимиз дардингдан йиғлаб-сиқташга тушиб кетди.
Сенинг дардингни қозониб эса
ҳар дарднинг ортида бутун дунёнинг дармонини топди.
Жонимиз сенга бир боқиб кўрган,
излаган ҳар нарсасини сенда кўрди, сендан топди.
Дармон ҳам сенинг орзуйингда
сўнгсиз дардга гирифтор бўлди 27.

Бу исм таъмидан бохабар кимсанинг ҳиммати олдида аршнинг энг юқори қаватларидан, ернинг энг остки қаватларигача нимаики мавжуд эса, бир пашша қанотичалик ҳам қадри йўқ. Бу исм гўзаллиги билан кимники овласа, ҳеч қандай гўзаллик, ҳеч қандай шуҳрат ва ҳеч қандай рангу ҳид энди унга тўр сололмайди. Қайси кулбани бу исмнинг  қуёши нур таратиб иситса, дунё подшоҳлари ўз кўшклари, саройларининг устунларию қуббаларини фидо этсинлар-да, ўзлари шу кулбага қул бўлсинлар.

Кимда-ким бу исмнинг қуллик исирғасини қулоғига тақса, дунёни ҳам унутиб юборади, охиратни ҳам. Кимда-ким бу исмнинг шириндан-ширин булоғидан сув ичса, дунёнинг ободлиги ақл кўзига-да хароба бўлиб кўринади, қалб кўзига-да. Табарруклик қуёши давлат буржида бир кун бош кўтаради, қадрдон дўст кўнгил гўшасида тўсатдан зоҳир бўлади.

Юрак майдони вужуднинг ўртасидадир. Юрак- кўнгил Каъбаси. Байтуллоҳ — ер юзининг марказида жойлашгани каби адоватдан холи бу кўнгил ҳам баданнинг ўртасидан жой олган. “Ишларнинг энг хайрлиси ўртачасидир”. Энг сара жавоҳир ҳам бўйиннинг ўртасидан топилади. Ёнларига бирор зарар келгудай бўлса, унга хавф солмасин, деб ўртага тақишади. Теграсига қадаб чиқилган дурлар соқчига менгзалади. Шунга ўхшаб, кўнгил ҳам ўртада бир хазина кабидир. Зотан, уйдан мурод келиндир. Келинга қараб турувчи, хоналарга пардалар тикиб ўтирадиган кампирлару келиб-кетувчи меҳмонлар ҳам, жориялар ҳам эмас.

Бисмиллоҳ шундай исмки, Имрон ўғли Мусо (Раҳмон раҳматига олсин!) Фиръавннинг юз минглаб қилич яланғочлаб, темирни босиб эзғиловчи олов оёқлари билан бостириб келаётган қўшинини ул исм шарофатидан остин-устин қилиб, бузиб юборди.

Бисмиллоҳ шундай исмки, Имрон ўғли Мусо Исроил ўғилларининг халос бўлишлари учун денгиздан ўн икки қуп-қуруқ йўл очди. Ул исм хосияти билан денгиздан чанг кўтарилди.

Бисмиллоҳ шундай исмки, Марям ўғли Исо бу исмни ўликка ўқиганди, оппоқ сочли ўлик у исм ҳайбатидан тирилиб, мозордан чиқиб келди. Эй, қабрдаги Мункар ва Накир савол-жавобини инкор этган, сен ҳали ҳам Исони биргина калима билан ўликни тирилтирганини инкор этасанми? Ўлик Исо чақириши билан қабрдан бош кўтариб тургани ҳолда, нечун Мункар ва Накирнинг овозини эшитиб кафанидан бош кўтармасин, саволларга жавоб бермасин?

Бисмиллоҳ шундай исмки, ҳар куни қанчадан-қанча оқсоқ, қанчадан-қанча балога йўлиққан касал, кўр кишилар саҳарлаб Исонинг (Оллоҳ раҳматига олсин!) қуллик этадиган макони эшиги олдида тўпланардилар. У дуосини ўқиб битириши ҳамоно, ташқари чиқиб уларга ушбу муқаддас исмни ўқир, ҳаммалари касалликдан қутилиб, соғ-саломат уйларига қайтардилар.

Бисмиллоҳ шундай исмки, Мустафо (Унга Оллоҳнинг раҳмати ёғилсин!) ойнинг ўн тўртинчи кечаси Каъбанинг атрофини тавоф этаётганди. Маккада жазирама шиддатидан халқнинг кўпчилик қисми кечаси ташқарига чиқарди. Абу Жаҳл уни (Муҳаммадни — тарж.) кўрди. Ғазабланди, баттар ҳасад қилди: “Ким билади, бу сеҳргар яна қандай тартиб ўрнатмоқчи бўлиб юрибди экан?”. Мустафо ўзини ҳимоя қилиб дедики: “Тартиб қаёқда, мен қаёкда? Мен халқни сенга ўхшаган йўлтўсарларнинг  тартибидан, тузоғидан қутқариш учун келганман”. Абу Жаҳл: “Хўп, майли, агар сеҳргар бўлмасанг, кафтимда нима борлигини айтиб кўргин-чи!” деди. Олдинроқ атайин кафтига шағал тошларини солиб олганди. Жаброил келиб: “Ҳеч хафа бўлмагин, улар сени сеҳргар десалар деяверсинлар. Биз сенга яхши исмлар бердик ва у исмларнинг баъзиларини халққа сўзладик ва баъзиларини тушунолмайдилар деб, “Халққа ақллари нисбатида сўз айтинг” ҳукмини юбордик. У ким бўлибдики, сенга исм қўйсин? Қулга эгасигина исм қўяди. Эшикдан кириб келган муттаҳам қул соҳибининг ўғлига қандай қилиб исм қўйсин? Қўйгани билан ўша исмни бўйнига осиб, дўзахга отадилар. У сени синаш учун, кафтимда нима бор, деб сўрайди. Жавобан деки: “Ҳовучингда нима яширинганини айтайми ёки ҳовучингдаги менинг ким эканлигимни айтсинми?” Мустафо (Унга Оллоҳнинг саломи бўлсин!) Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи билан, дея ушбу исмни айтиб унга жавоб қайтарди. Абу Жаҳл: “Ҳовучимдаги нарса сенинг ким эканлигингни айтса, яна-да ишонарлироқ бўлурди”, деди. Ҳақ таолонинг пок исми билан ҳовучидаги шағал тошларининг ҳар бири тилга кириб: “Оллоҳдан бошқа илоҳ йўқ, Муҳаммад Унинг расулидир», деган овоз чиқарди. Халқнинг ярми бунга ишонди. Абу Жаҳл бундан қаттиқ дарғазаб бўлиб, шағалларни ерга ташлаб юборди. Гапларидан пушаймон бўлиб, ўзини йўқотмасликка уринди ва қаҳр билан деди: “Мана шу қўлларим билан нима қилганимни кўрдингми? Лот, Уззога қасамки, бу ишинг ҳам сеҳргарлик!”

Абу Жаҳлнинг баъзи дўстлари: “Сеҳргарлик ерда бўлиши мумкин, лекин осмонга таъсир этмайди. Кел, уни яна бир бор шу тарафдан синаб кўрамиз», дедилар ва пайғамбарнинг ёнига келиб: “Қилган ишинг ҳақиқатдан ҳам сеҳр эмас, Оллоҳнинг мўъжизаси бўлса, шу ўн тўрт кунлик ойни иккига бўлиб кўргин-чи!” Дарҳол Жаброил тушди ва: “Хавотирланма, пок — муқаддас, мисли йўқ исмимизни ёдга ол! Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи ила де ва икки муборак бармоғингни айри қилиб осмонга тутгин-да, ойга ишора қил, токи қудратимизни кўрсинлар», дея Ҳакдан хабар келтирди. Мустафо шундай қилди. Ой иккига бўлинди. Ярми пайғамбарнинг ўнг бармоғи томонда, ярми чап бармоғи томонда акс этди. “(Қиёмат) соати яқинлашиб қолди ва ой ҳам бўлинди» 28. Шундай даҳшатли овоз эшитилдики, шаҳар ва чўлларда минглаб ҳайвонлар ўлди. Тирик қолганлари ҳам ем еёлмай, дир-дир титрай бошладилар ва худди шундай — халқ ҳам касалланиб қолди. Ярим халқнинг юраги қон бўлди. Ҳаммалари: “Мавжудлигидан хабар бераётганинг Оллоҳ ҳақи, ойни тезроқ асл ҳолига қайтар. Акс ҳолда, бутун олам ост-уст бўлиб кетади”, дедилар. Пайғамбар (Оллоҳ раҳматига олсин!) яна у исмни айтди: “Меҳрибон ва раҳмли Оллоҳ номи билан”, деб икки бармоғини жуфтлаган эди, Оллоҳнинг амри ила жонбахш исм шарофатидан ойнинг иккала парчаси қайта бирлашди. Бир талай киши иймон келтириб мусулмон бўлди. Абу Жаҳлнинг ичига қурт тушди ва аранг ўзини тутиб, тўпланган оломонга эшиттириб алам билан деди: “Агар қилган ишинг кўзбўямачилик эмас, ҳақиқат бўлса, кўз-қулоқларимизни боғлаб, ақлу ҳушимизни тамғаламаган бўлсанг, бошқа шаҳарлар ҳам бунга гувоҳлик берсинлар!” Шу заҳоти, дунёнинг ҳар чеккасидан одамлар, карвонлар, элчию мактублар оқиб кела бошлади: “Бу қандай воқеаки, Ҳақ таоло самоларни бунёд этган, шу қуббада икки шаъмни ойдинлатган, “Қуёшни зиё сочгувчи, ойни ёруғлик қилиб яратди” 29 ҳукмидагидек, мана шу икки гавҳар билан зулумот пардаларини ёққан кунидан буён бундай кўз кўриб, қулоқ эшитмаган, ғайритабиий воқеа содир бўлмаганди. Оталаримиз, боболаримиз ҳам бундай ҳодиса ҳақида гапириб беришмаганди, ҳеч бир китобда ҳам бундай нарсани ўқимагандик”.

Байт: Ой нур сочар, ит эса ҳурар. Бунда ойнинг қандай гуноҳи бўлсин? Итнинг турган битгани шу.
Самовот устунлари ойдан нур олар. Ер юзидаги бир тикон остида ҳуриб ётган ит нимагаям ярарди 30?

Карвон чўлда йўлдан адашса, кимдир йўл бу ёқда дейди, кимдир у ёқда. Шайтон эса: “Айни муддао бўлди-да, мана энди менинг фурсатим келди”, дея хезланади. Асл манзилдан тамомила тескари томонга бориб, карвонга яқинлари, ишонган дўстларининг хуш, нажоткорона садолари билан: «Келинг, келақолинг — йўл бу ёқда”, дея чорлайди. Эсингизни йиғинг, эй, карвондаги иймон эгалари, ўзингизга келинг, қулоғингизга ҳушёр бўлинг-да, зинҳор алданманг! Келаётган овозда фитна — имтиҳон бор.

Карвон аҳли ўз яқинларининг овозига ўхшаган ҳимоя овозини эшитишлари билан, ўша томонга бурилиб кетадилар. Бир чақирим юриб: “Бизни чақирган шу ерда эди. Энди қаёққа кетиб қолди экан?” дейдилар ва ортларига қайтмоқчи бўладилар. Ваҳоланки, бу сароб карвонни йўлдан адаштирди. Шайтон дейди: “Буларни ташлаб кетсам, ортларига қайтадилар ва бу яхши иш бўлмайди”. Йўлини йўқотганларни янаям узоқроқдан, аввалгисидан ҳам ёқимлироқ овоз билан “Келаверинглар!” деб чақиради. Карвон аҳлидан баъзи кишилар: “Чинданам бизнинг ғамимизни еяётган бўлса, боргунимизча нега жойидан жилмай турмади, нега биродарлик қилмади?” дея шубҳага борадилар. Бир у томонга қараб “кетдик!” дейдилар, бир ортларига боққанча келган тарафларига илҳақ йўналган кўйи балки бирортаси келиб қолар, дея умидвор бўладилар. Ҳатто уларнинг айримлари Тангри раҳматидан йироқдирларки, бу тоифа кишилар ўша тубанлик, ўжарлик ва фурсат чўлида шайтоннинг ортидан қолмай, шу тахлит эргашиб кетаверадилар. Шу қадар эргашадиларки, на ўгирилишга мадорлари қолади ва на ортга қайтишга. Очлик, сувсизликдан савдойи чўлда ўлиб, қурт-қумурсқаларга ем бўлиб кетадилар. Ҳақ кўмагига мазҳар бўлганлар эса сарсари чўлнинг ўртасида, “Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр- зулм этдик’° 31 дея ёлворадилар. Зулм қилдик, кўп адашдик энди қутилишимиз маҳол, дейдилар. Ҳақ таоло уларга бир фаришта, ҳатто маъсум, шариат соҳиби, танланган, пок бир пайғамбарни юборади. У пайғамбар Оллоҳ номидан уларни тўғри, ҳақ йўлда туриб чорлайди: «Эй, Оллоҳнинг ҳаддидан ошган қуллари! Эй, йўлдан адашганлар! Сизлар ҳаддидан ошиб, бир-икки чақани увол қилиш ёки бир неча эшакка юк бўлгич буғдой  ҳисобини билмай сарфлашу мерос қолган анчайин мол-давлатни еб-ичишга харжлаб юборишни исроф деб ўйламанглар. Асл исроф азиз умрни харжламокдир. Чунки бир сониялик умр қимматини юз минг чақа билан ўлчаб бўлмайди. Жавоҳир вақт ўтиши билан қозонилиши мумкиндир, аммо вақтни жавоҳирга сотиб олиб бўлмайди. Яьни умр давомида не-не ёқутларни ҳам қўлга киритса бўлар, бироқ юз-минглаб ёқут билан вақтга эга чиқиб бўлармиди?”.

Байт: Жонни олтин баҳосида сотиб олмагансан-да, шунинг учун қадрини билмайсан.
Ҳинду ҳам текин молнинг қадрига етмайди 32.

Сиз бошқаларга зулм қилдик, деб ўйлаганингиз билан, аслида, буни ўзингизга қилгансиз. Душманларимнинг дўконини ёқдим, деб севиниб юрганингизда ўз дўконингиз оловлар ичра қолган, бор сармоянгиз касодга учраганди. ЁМОНЛИК қилмагинки, ёмонлик кўрмагайсан. Чоҳ қазимагинки, чоҳга қуламагайсан.

Байт: Йўқсилнинг кўнглини кабоб қилиб еган золимга яхшилаб назар солсанг,
ўз- ўзини қизартириб еяётганининг гувоҳи бўласан 33.

Ҳикоя қилишларича, бир қассоб насияга гўшт бераркан. Дўконда насияларни ёзиб ўтирадиган бир ёш шогирди ҳам бор экан. Қассоб: “Ёзиб қўй, фалончининг шунча қарзи бор, пистончидан эса шунча олди-бердимиз бор”, деб буюраркан. Кунларнинг бирида бир ўлаксахўр қуш келиб, бир бўлак гўшт ўғирлаб қочибди. Қассоб болага: “Ёзиб қўй, гўштнинг тўртдан бири шу йиртқич қушда. Ундан ҳам мана шунча оладиганимиз бор”, дебди. Бошқа кун ўлаксахўр қуш одати бўйича дўконга яна келиб, гўшт ўғирламоқчи бўлганида қассоб қушни тузоққа туширибди ва калласини узиб қассобхонага осиб қўйибди. Бола: “Устоз, қушдан олинган ҳаққимизни ёзиб қўйдим. “Менинг ўз жонларига жиноят қилган бандаларим» ҳукмидагидек, энди қушнинг ҳам сиздан оладигани бор. Қанча ёзиб қўяй?” деб сўрабди. Уста ёқасини чок этиб: “Гўшт масаласи осон. Аммо жон сўрасалар, мен нима қиламан?” дея оҳ урибди. “Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз” 34. Яъни гирдобга тушсангиз, ноумид бўлмангиз. Баъзи муфассирлар бу оят Ҳамзанинг (Оллоҳ ундан рози бўлгай!) қотили Ваҳший ҳақида келган, дейишади.

Ҳамза аввалига қилич арслони эди, кейин Ҳақ арслонига айланди. Олдинига пайғамбарнинг амакиси, яқини эди, сўнгроқ ўғли бўлди. Ҳамза мусулмон бўлгач, урушга кетаётиб зирҳ киймайдиган одат чиқарди. Ундан: “Эй, арабнинг арслони, ёшлигингда — айни йигитлик куч-қувватига тўла чоғингда зирҳ кияр, бошингга дубулға илардинг. Баданинг заифлашиб қариган чоғингда жангга зирҳ киймасдан кетишинг боиси нимада?» деб сўрашди. Шунда Ҳамза: “Арслоннинг фитратидаги йигитлик сифати — яшамоқ, тирик қолмоқ умидию жони билан ўйин ўйнамаслик одати қай йўсин табиатнинг инъоми бўлиб, ўлим қўрқуви унинг кўзларига кўринмаса, худди шундай менинг ҳам сийратим арслон — йигит эди. Парвонада Иброҳимнинг нури бўлмаганидан кейин қандай қилиб Оллоҳга дош берсин? Зеро, сувга ташна, чанқоқлик балосига гирифтор одам, қониб сув ичгани ҳамон қўл-оёғи шишиб кетганини кўрса ҳамки, сувдаги лаззат буларни ундан тўсади. Ундан ўлим хаёлини қувади. Мен Ҳамза бўлганим билан, ҳалиги йигитлигу жасоратни табиатим амрига кўра бажараётгандим. Ўлим кўзларимга ҳаёт бўлиб кўринганидан эмас, ўшанда бундай нур йўқ эди менда. Мана энди иймон келтиргач, табиатим билан боғлиқ зулмат кўз олдимдан, кўнглимдан чиқиб кетди. Ўлимдан, ўлдирилишдан сўнг  жонга улашилажак қанчалар ҳаёт неъмати бор. Жоннинг фақат жон мажлисида ҳузур шаробидан қандай тотганию қўлсиз қадаҳ тутиб, оғиз, лабсиз ичган кўйи бошсиз қандай бош чайқатганини, оёқсиз қандай рақсга тушганини кўрдим”. Улар жисмсиз — қорин, оғиз, лабсиз еб-ичмоқдалар. Жон ҳузур шаробидан бир тотдими, ғайб оламида оҳ уриб дерки: Эй, тупроқ қолипида ноумид бўлганлар! Шу тупроқ қолип парчаланса, еб-ичишдан қоламиз, ойдин кундан маҳрум, тор қабрга маҳбус бўламиз, деб умидсизлик қиляпсиз. Сиз бир бор бизнинг ҳолимизга боқиб кўринг! Эй, мозорда кўр қолган! Ғофил ўзини кўр деб ўйлайди, аммо арслон ҳеч замонда бундай баҳони ўзига берадими? Бекати — манзилини мозор билган кишининг оёғида қандай мадор қолсин? Ундай кимса қайси кўнгил билан учиб бекатлар ошсин? Ахир, кўнгил — кўришдан ҳаракатга келади. Кимники кўриш қибласи мозор бўлса, унда куч-қувватдан ҳеч қандай улуш қолмайди. Басийрат соҳибларининг босган тупроқларини кўзларингизга суртингки, кўзингиз тупроқни кўролмай қолсин, мозорга қарашдан воз кечсин. Чунки бу тараф тупроқ ёки мозор эмас, топ-тоза нурдир. Мозор билан тупроқ қаёқдаю мусаффо нур қаёқда?

Байт: Биродар, сен тушунчадан иборатсан. Қолгани гўшт, теридир.
Гул хаёли ила гулистонга, янтоқ хаёли ила тиканзорга айланасан 35.

Охирингни тупроқ деб ўйласанг — тупроқсан.
Ўзингни пок деб фараз қилсанг —  поксан 36.

Ҳамза уларга шундай жавоб берди: “Ҳа, у пайтлар жангга кетаркан, зирҳ кийиб олардим. Чунки ўлимга, яраланишга кетардим. Ўлим томон зирҳсиз, тадбирсиз бориш ақлдан эмас. Мана энди иймон кўзи билан кўриб турибманки, жангга эмас, яшамоққа кетар эканман. Асл ожизлик — тириклик, ҳаёт томон зирҳ билан ҳимояланиб бориш экан».

Байт: Ҳеч бир кўнгил у меҳробга ўз истаги билан бормайди, (Удир кўнгилларни ўзига жазб этган).
Ҳеч ким у гўзал билан кўйлагини ечмаса, ётиб-турмайди 37.

Ваҳший деган киши зодагон бир араб аёлининг қули эди. Ҳамза жангда у аёлнинг энг яқин кишисини ўлдирганди. Аёлнинг қалбида Ҳамзага нисбатан қасос ҳисси бор эди. Аёл қули Ваҳшийга: “Бирон чора топиб Ҳамзани ўлдиролсанг, сенга мана шунча сармоя бериб, озод қиламан”, дейди. Жангда яқинларининг ўлими сабаб Ҳамзага адоват билан боқувчи бошқа кишилар ҳам шу ишни бажарсанг, фалон от сеники бўлади, фалон жорияни ҳам сенга берамиз, дея уни ахийри кўндирибдилар. Олтин ва мол кўзни шамғалат, қулоқни кар қилиб қўядиган кўзбўямачидир. Ҳатто илм, ҳунари билан қилни қирқ ёрган қози ва ҳаким ҳам мол-дунё, пора қайғусига тушдими, ўша мол-дунёю пораси уларнинг кўзини боғлайди. Оқибат, кундузи ҳам золим билан мазлумни ажратолмай қоладилар. Робия (Оллоҳ раҳматига олсин!) ҳақида халқ орасида шундай ҳикоя юради: Бир кун Робиянинг хизматчиси ўн икки танга пулни олиб унинг қўлига берди. Шунда Робия бир тангани ўнг қўлига, иккинчи бирини чап қўлига олди. Овқат маҳали унга, “олсанг-чи!“, дейишди. Луқмани оғзимга тутинг, чунки қўлларим банд, деди. Яхшиси иккала тангани ҳам бир қўлингга олгин-да, иккинчи қўлингни ошга узат. “Худо сақласин, униси ҳам афсунгар, буниси ҳам. Бу икковини асло бир қўлимга олмайман. Ҳар иккиси бир орага келдими, фитнаю бузғунчилик тараддудига тушиб қоладилар. Улар бир топишдиларми, бизни бир-биримиздан айириш ҳаракатини қиладилар”. Худдики, “Ва ўшалардан (Ҳорут ва Морутдан) эр-хотиннинг ўртасини бузадиган нарсалар ўрганадилар» 38, деб буюрилганидек. Оятни зоҳир аҳли тафсир этаркан, бу эр-хотиннинг орасини бузувчилар ҳақида дейдилар. Аҳли ҳақиқат эса жон ва бадан орасидаги ажрим ҳақида, дейишади. Чунки жоннинг тенги йўқ боқий жуфти ҳақиқат бекатидир. Унинг чин жуфти, уни жуфтлик савдосидан қутқариб бирликка етиштирган, дарддан фориғ этиб — ягона қилган Зотдир.

Рубоий: Бутун оламда жуфти топилмаган ул Ягона Зот, қули билан келишиб
“бирми- жуфтми” ўйинини ўйнашни бошлади.
Тўсатдан менга, бирни хоҳлайсанми, жуфтними, деб қолди.
Мен ҳам: Бу оламда бир бўлиш учун, Сен-ла жуфт бўлишни истайман, дедим 19.

Ҳар не бошқа бирон нарса билан дўст тутиндими, икки бўлади. Фақат бу ҳақиқат ажабланарли бир ҳақиқатки, сен у билан бирга бўлсанггина бир бўласан. Усиз қолдингми, парчаланиб кетасан. Бунинг мисоли жон ва бадандир. Жон танда экан, бир-бирига зид жами парчаю бўлаклар бирлашадилар. Қачонки, жон танни тарк этгач, бир нарса юз минг нарсага айланиб қолади. Кўз бир ёқ, қулоқ бошқа бир ёққа кетади. Суяк-суякка, эт-этга ажралиб қумурсқаларга ем бўлиб, йўқолади. Нега бу парча-бўлаклар сочилиб кетди, улар, аслида, бир эмасмидилар? Тупроққа эврилиши биланоқ унинг бир қисм лойидан кўза ясасалар, бир қисмидан меш ясайдилар. Уларнинг ҳар бири ўз-ўзича якка, бир-бировига бегона бўлиб кетади. Биз икки ёрти бир эдик, қачон бегона бўлдик? Жон суҳбати билан бирлашган, бир тану бир жон бўлган биз эмасмидик?!

Байт: Қадаҳлар бўшаб қолгандан кейин огирлашади.
Соф шароб билан тўлганлари заҳоти енгиллашадилар,
ҳавода учар даражада енгил ҳолга келадилар.
Шунга ўхшаб, бадан ҳам жон билан айни шундоқ енгиллашади 40.

Ваҳший мол-дунёга алданиб, Ҳамзани ўлдириш фурсатини қидира бошлади. Ниҳоят, Ҳамза ғанимларни ўлдириш билан андармон экан, Ваҳший унинг ёнига яқинлашиш учун фурсат тополмай, Ҳамзанинг ўнг томонидаги бир тош ортига яширинди. Ҳамза урушга тамомила шўнғиркан, Ваҳший тош ортидан пайт пойлаб бошини чиқариб- чиқариб турарди. Тўсатдан бир гала душман аскарлари ҳужумга келиб қолди. Ҳамза уларни қириш билан овора эди. Ваҳший ниҳоят пайтини топди. Ҳамза зирҳсиз эди. Ваҳший унга томон қилич отди. Қилич Ҳамзанинг белига санчилди. Ҳамза қилични бор кучи билан белидан суғуриб олди. Аммо буни уддалагунча кўп қон йўқотди. Ваҳшийнинг ортидан тушмоқчи бўлди-ю, кўп қон йўқотганидан қуввати қолмай ерга йиқилди ва уч бора: “Биз — сархушмиз”, деди. “Уларнинг ҳаёти-дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз ўзимиз тақсимлаганмиз’» 41, деб буюрилганидек, шу онда жон берди. “Албатта биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У зотга қайтгувчилармиз«42.

Шундан сўнг Мустафо (Саломлар бўлгай!) Ҳамзанинг шаҳид бўлганини эшитдилар. Оёқлари яраланган, ғанимлар муборак тишларини синдирган ва анча-мунча қон йўқотганларига қарамай, Ҳамзанинг ўлими хабарини эшитиб — барини унутдилар. Бориб Ҳамзанинг бошини бағирларига босдилар ва қутлуғ енглари билан юзларини артдилар. “Сен учун ёвларни шундай қирайинки, саноғига етолмасинлар”, дея онт ичдилар. Ниҳоят, оят тушди: “Биз Ҳамзани баланд давлатларга мушарраф қилмадикми? Ўч олишни ўйламанг! Чунки сизнинг йўл-йўриғингиз лутфдир, афв этишдир”. Эркагу аёл шаҳид кетган ўз яқинлари кетидан юм-юм йиғлаб, фарёд чекарди. Мустафо буюрдики, (Оллоҳ раҳматига олгай!) “Эй, менинг амаким, Ҳамза! Сенинг ортингдан ҳеч ким кўз ёш тўкмаяпти. Ҳолбуки, куюнишларга энг муносиби сенсан. Аслида, сени йўқотганларидан фарёд чекиб, кўз ёш тўкишлари жоиз эди”.

Йиғлай-йиғлай масжидга томон кетдилар. Аёллар келишди. Ҳамзага (Оллоҳ ундан рози бўлгай!) масжид эшигида фарёд эта-эта аза очдилар. Пайғамбар яна бир муддат йиғладилар-да, Ҳамзага мотам тутган аёлларни дуо қилдилар. Жангда шаҳид кетганлар ҳаққига бирма-бир намоз ўқидилар. Ҳамзага эса етмиш маротаба намоз ўқидилар.

Ваҳший ноумид бўлди: “Ҳатто лаънатланган Иблиснинг  бутун авлодпари гуноҳларидан ўтилганда ҳам, менинг тавбам қабул бўлмайди. Мен шундай бир иш қилдимки, шу жиноятим боисидан пайғамбарларнинг энг мақбули, энг устунининг, самодаги барча малаклар кўнгил қўйган зотнинг муборак қалби қаттиқ озор топди. Энди Нуҳ умри қадар ҳаёт сурсам ҳам, яна бундан ўн баробар узоқроқ яшасам ҳам, умр бўйи сабр қилган Аюбдек сабр қилсам ҳам, тавбам қабул бўлишига, афу этилишимга ишонмайман”. Унинг оҳлари осмонни тутди. Шу кундан бошлаб Макканинг қайси томонида аза бўлса, Ваҳший ўша ўлик қабри тепасига бориб, бошидан тупроқ сочар, аёлларга қўшилиб йиғлай кетарди. Ундан: “Эй, Ваҳший, сен марҳумимизнинг ақраболариданмисан?” деб сўрашарди. У эса: “Жоним шундай азага ботган, шундай мотамсароки, бутун дунёнинг азалари менинг мотамимга айланган каби», деб жавоб берарди.

Раҳмат денгизи жўшиб кўпирди. Жаннат ирмоқлари раҳмат сутлари билан қирғоқларга қадар тўлди. “Раҳмат асарларию эҳсон денгизи жўшиб-тошишининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Кўрамиз, раҳм-шафқат тўлқини соҳилга қандайин кўз кўриб, қулоқ эшитмаган дурларни отар экан”, дея етти осмон фаришталари қанотларини ёздилар.

Фаришталар шундай маҳтал бўларкан, азалу абад Подшоҳ, бечораю эҳтиёжмандларнинг қўлларидан тутувчи, беҳисоб мағфират соҳиби Раҳмон ҳабиби Мустафога (Оллоҳ раҳматига олгай!) ваҳий юборди: “(Эй Муҳаммад, турли гуноҳ маъсиятлар қилиш билан) Менинг ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: “Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз!” Албатта Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур” 43.  Эй, менинг бағри қон қулларим! Эй, менинг хирмони куйган қулларим! Эй, дардга мубтало, ғам-ғуссага гирифтор бўлган, зиндонбанд этилган, пушаймонлик оташида ёниб, билимсизлик ортидан уй-жойини куйдирган қулларим! Эй, олов ютиб, қон йиғлаган, ҳаддидан ошиб умидсизликка тушган қулларим! Сўнгсиз раҳматимдан ноумид бўлмангиз! Бандаларимга ғамхўрлик, марҳамат қилувчи карамимдан умид узмангиз! Оллоҳ, шубҳасиз, барча гуноҳларни мағфират қилур. «Албатта, Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур”. Бошқа бир оятда куфрдан бўлак барча гуноҳларни афу этаман, деган бўлса, бу оятда Ваҳшийнинг дардига дармон бўлмоқ учун бари гуноҳларини кечираман, деб буюрди. Бу сафар “Ўзим хоҳлаган бандамнинг” демади, чунки айни жумланинг қиличи Ваҳший жигарини яралаб, тилка-пора қилиб юборганди. “Эй, “Ўзим хоҳлаган бандамнинг” сўзи, сен жигаримни тиляпсан, йўлларимда оловлар билан лиқ тўла етмиш хандақсан. Буларни ҳатлаб ўта олишимга қандоқ кўзим етсин? Тутунлар чулғаган қаттоллигим билан у оловли хандақлардан қандоқ ошиб ўтайин? Бу ҳатто хаёлга ҳам сиғмайди, ақл эса бовар қилмайди” деб надомат чекарди.

Байт: Ўзингдан кечмас экансан, жисмингга ўралиб олганча асирликдан нетиб қутулмоқчисан?
Сен бир ўтинсан. Жаҳаннамни — у куйдирги оловни қандоқ кечиб ўтмоқчисан 44?

Карам соҳиби, лутфкор Ҳақ таолонинг беқиёс раҳмат зиёсидан таралмиш марҳамат шуълалари, ўша “Ўзим хоҳлаган бандамнинг” оятидаги ҳарфлардан ҳам дуд чиқариб юборди-да, алангали олов хандақлар билан Ваҳшийнинг кўз ёшларидан Иброҳим оловидек гул, райҳон, ёсуман ўстирди — гулистон ҳолига келтирди. “Оллоҳ ана ўшаларнинг ёмонлик — гуноҳларини яхшилик — савобларга айлантириб қўюр”, ҳукмидагидек олов билан тўлдирилган хандақни ва “Ўзим хоҳлаган бандамнинг” сўзини майдондан чиқариб ер юзига ҳам, осмонларга ҳам раҳмат ёғдирди.

Байт: Суюклигим, ясаниб олди — ҳуснига ҳусн қўшилди. Умр бўйи — кўз тегмасин! Куфри бутунлай иймонга айланиб қолди — сираям кўз тегмасин!
Аччиқпаниб заҳар сочган ўша дудоқларидан шакару бол тома бошлади — сираям кўз тегмасин 45!

Байт: Сен ҳукм сурган ўлкада давлатинг соясида афтода —
паришон бўлиш  фойдали бўлмаслиги мумкин, лекин зиён ҳам эмас.

Рубоий: Сен менинг тулким эмасмисан, арслондан қўрққанинг нимаси?
Сенинг давлатинг мен эмасманми, йўқсилликдан чўчиганинг нимаси?
Самодаги ой сенинг йўлдошинг эмасми? Тонг эр киши мақомига етди,
оқшом маҳали бунга муяссар бўлди, хавотиринг нимаси 46?

Бу шунга ўхшайди: тухумни ёриб чиққан палапонлар уяда қоладилар. Оналари эса уларга емиш ахтариб учиб кетади. Она қуш болаларини узоқ куттирмай, яқин атрофдан озуқа топиш илинжида парвоз қилса ҳамки, топган дон-дуним ортида тузоқ бўлмасин яна, егулик ғамида ҳаялласам ҳаяллайинки, аммо унга (тузоққа -тарж.) банди қолмайин, деб палапонларини кун бўйи ёлғиз қолдириб кетишга мажбур бўлади.

Рубоий: Бошимизга тушган барча азият, изтироблар хомлик — очкўзлик ортидан келади.
Булар нафс синовпаридан, истакларнинг бизга ўтказган зуғумидан туғилади.
 Дон илинжида тузоққа тушган қуш,
торгина қафасга қамалади-да, том бошига осиб қўйилади 47.

Эй, очкўз нафс, сен қушдан ҳам тубанроқмисан? Ахир, қуш ҳам дуч келган донга бўйин чўзмайди-ку! Очликдан азоб чекканда ақли унга: “Бу ёниб куйишинг тузоққа илинишдан афзалроқдир. Қўй, шу донни. Хавфсизроқ, овчилардан холироқ  жойлардан емиш изла!” дея йўл кўрсатади. Кейин қуш шундай егулик топадики, у ерда на бир қўрқув, на бир хатар бор. У ёқ зиён-заҳматдан йироқ. Шундай бўлгани ҳолда, яна эллик марта ўнгу сўлига боқиб, тағин бирор йиртқич қуш ёки бирор мушук мени ғофил кўриб, ов режасини тузиб, кўзлаб турган бўлмасин. Бирови тутиб, бошқаси боғлаб тузоққа илинтирмасин, дея яна тадбир олади. Оқиллар кимни аҳмоқ деб билсалар, ўшанга кулгилари қистайди.

Байт: Қушча доннинг тепасида юз марта ўнгу сўлига, олду ортига қараб ҳадиксираб туриб қолади.
Жони шунинг боисидан ҳаловатини йўқотган. Жон қайғуси  дон қайғусидан минг марта ортиқроқдир 48.

Қаерда экан у ҳақиқатки, қўлга киритган дон-дунига қараб: мана шу луқмамни деб, ўлакса еган нафс домига тушиб қолмайин ёки қора мушук менга қасд қилиш пайтини пойламасин ва ё Ҳақнинг қаҳр тузоғи тутиб олмасин, десин. Шу бегона аёлга боқаяпман, ишқилиб, бўйним дор тагига етмасин. Уйқусираган кўзларини томоша қиляпман, ишқилиб, ғайб пардаси ортидан бир кузатувчи чиқиб бўғзимдан олмасин.

Байт: Гўзалларга қиё боқмагинки, бу боқишнинг охири йиғи билан ниҳоя топмасин.
Аввалига у биргина боқишинг аҳамиятсиздек туюлади, аммо кейинроқ қуш дон-дунини чўқиб олади-да, учиб кетади 49.

Исроил ўғиллари орасида Барсисо деган бир зоҳид бор эди. Зоҳидлигининг овозаси мағрибу машриққа ёйилганди. Қаерда бирор бетоб киши бўлса, унга дуо ўқиб, дам урилган сув бериб юборарди. Уни ичган касал дарҳол соғайиб кетарди. Буни ҳамма унинг нафаси ўткирлигига йўярди. Кўп ўтмай, халқ ичида табобатга нисбатан “фалон дори-дармон таъсиридан касалларимиз ҳеч шифо топдиларми”, каби шубҳалар пайдо бўлди. Барсисонинг довруғи шунчалар ошиб кетдики, оқибатда замонасининг ҳакимлари ишсиз қолдилар.

Лаънатланган, ҳийла-найранглар хожаси, азалий душман Иблис, бу ҳолдан ғашланар, лекин тайинли чора тополмай юрарди. Кунлардан бир кун қуёш ботгач, ўғилларига қараб деди: “Ораларингизда шу ягона эр кишини тузоққа илинтириб, мени бу ғалвадан қутқарадиган бирон мард йўқми?” Ўғилларидан бири: “Эртароқ менга айтмайсанми, ҳали кўрасан, бу ишни пишитаман. сени эзғилаётган дарддан ўзим фориғ этаман», дея ғашланди. Иблис суюниб кетиб: “Ўғил дегани — сендай бўлса! Агар зиммангга олган ишнинг уддасидан чиқолсанг, кўр кўзларимни ёритган бўлурдинг», деди.

Иблиснинг бу ўғлида шундайин малъунона ақл бор эдики, халқни ёш ва гўзал аёллардан бўлак яхшироқ овлайдиган тузоқ йўқ, деб ўйларди. Чунки бу — олтину нон қайғусига ўхшамайди. Сен олтинга ошиқ бўласан. Лекин унинг жони йўқки, сенга у ҳам ошиқ бўлсин. Ноннинг ҳам қандай жони борки, сени изласин ва сен билан гаплашсин. Фақатгина ёш аёллар муҳаббати икки тарафлама бўлиши мумкин. Сен уни севиб, талпинсанг, у ҳам сени севиб, талпинади. Сен уни йўқотиш тадбирини қилсанг, у ҳам зимдан сендан қутилиш режасини тузади. Деворни бир ёғига ўтволиб бузишга киришсанг, у ҳадеганда ағанай қолмайди. Мадомики, уни ҳар икки томондан тешишга чандон уринсанг, икки ёндан ўйиб келаётган иккала аслаҳа кўп ўтмай бир-бировига қовушади. Энди сен билан у аёл орасидаги дўст-душман, бегоналарнинг яхши-ёмон назаридан ҳосил бўлган парда бир деворга ўхшайдики, бу — аёл билан сенинг орангдир. Сен бу ёқдан ўша аёл ишқида девордан тезроқ дарича очиб олиш ҳаракатини қиласан. Аёл ҳам нариги ёқдан бирор йўлини қилиб деворни тешиш тадбирини олади. Шундай қилиб, ўйилган икки дарича висол учун восита бўлади.

Ўғри кечаси эшикни ташқари томондан очишни қандай уддалаш мумкин, деб ўйлаб юрарди. Агар ўғрининг уй ичида ҳаммаслак ўртоғи бўлса ёки бир жория ичкаридан эшикни очиб турса, ҳеч замонда ташқаридан пул ўмариш муродида югуриб-еладими? Олтин ва ё сандиқ бориб эшикни очолармиди? Шунга ўхшаб, Иблиснинг ўғли ҳам бутун дунёни кезиб чиқци. Зоҳидни овламоқ учун гўзал, ақлли, тагли-тугли, жозибаю ишвали аёл излади. Иблисона фисқи-фасод қуввати билан қўшмачилик, юзи қоралик иллатини яшириб, тузукроқ аёл қайғусида уйма-уй, шаҳарма-шаҳар айланиб юрди. Узоқ излади — излаган муродига етур. Излаган нарсаси изланишга муносиб бўлган киши қандай бахтли! Бу тўнғиз овлашга сираям ўхшамайди. Инсон тўнғиз овида ҳам отни ҳолдан толдиради, ҳам ўзининг тинка-мадори қурийди. Бу бемаъни овда вақти кетгани қолади. Гўзалим, тўнғиз овига чиқиб, бундан завқланиб юраверади. Ниҳоят, тўнғизни бир амаллаб ўлдиради ҳам. Бироқ унинг жасади: терисию эти, тишларию жуни ҳеч нимага ярамайди. Кейин қаёкдаги тўнғиз учун умримни кўкка, ўқларимни ҳавога совурдим, дея надомат чекиб юради.

Байт: Юкларнинг бари эшак кирасига етса, қанийди.
Дўстларнинг бари кўнгил ғамига яраса, қанийди 50.

Ақлли деб шундай одамни айтадиларки, бирон нимани излаб тополмаса, оғриниб ўтирмайди. Топгудай бўлса, ўз-ўзи билан олишиб, пушаймон бўлмайди. Кўзлари ҳар кун овдан аста-аста ёриша бошлайди-да, гулистонга боқади, завқи эса у гўзални деб яна-да ошади, ҳуснига ошуфта этади. Хаста кўнглини ўша хазина, мол-давлат шавқи овласа, шамол унинг бўйини келтириб, сармаст қилади. Инсон унинг жилваю ишвасига банди бўлади. Бунда на ўлим ва на айрилиқ қўрқуви бор, на мансаб, на ғовларни ғорат этиш қайғуси бор. “Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни охират неъматларини) бирон жон билмас Тангри таоло марҳамат қиладики, кўнгил хилватида Билқийс каби қўним топиб, Ҳудҳуддек ёд этиш тумшуғи билан ҳар лаҳзада бир ниёз мактуби изҳор қилган ва Сулаймон даргоҳига ундан хабар келтирган ул хуш нафасли жон унинг йўғу борини абадий ҳаёт томон тортқилаётганларини қаёқдан билсин? Бунингдек ҳаёт, бунингдек завқу сафонинг ниҳояси бўлармиди? Дунёда қайси оёқ бу манзиллар сари олға юра олади ва қайси қадам бу қутлуғ қадамни илғай олади? Бу оламда уни эшитгувчи қулоқ қани? Қаёқда у ақл-тафаккурки, бу таъмни тотиб кўрса? Ҳозир мана мен — сўз сўзлаяпман, сиз — эшитяпсиз. Улуғлик соҳиби Оллоҳга қасамки, ғайб оламининг юксакларида учиб юрганлар ҳам, самовот пардаларида бенуқсон, комил қулоқлари билан буни эшитиб турадилар. “Шак-шубҳасиз, сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб, ёзиб тургувчи улуғ (фаришталар) бор. Улар сизлар қилаётган ишларни билурлар» 52. Улар бир-бирларига қараб: “Бу қандай ажабланарли ҳолки, шу сўзларни айтаётган, шу нафасни олиб-чиқараётган киши нима учун борлиқ пардасини йиртиб, осмонларда учмаяпти экан?” — дея ҳайрон бўладилар. Кўзлари шамғалат бўлиб: “Ажабо, сўз айтаётган чинданам инсонми? Инсоннинг ҳам сўзи бўладими? Шамол бу сўзни тоғга пуфласайди, тоғ сомон чўпидек севинчдан яйраб уча кетарди. У тоғнинг бўлаклари, севги ҳавосидаги мезонлардек умбалоқ ошардилар. “Агар Биз ушбу Қуръонни бирон тоққа нозил қилганимизда, албатта сиз у (тоғ)ни Оллоҳнинг қўрқувидан эгилиб ёрилиб кетган ҳолида кўрган бўлур эдингиз” 53.

Бу инсон отлиғ мавжудот нечун парчаланиб кетмаяпти? Заррадек сочилиб кетмаслигининг боиси не, Парвардигор? Бунақанги ақлни шошириб қўювчи нарсаларни кўнглига келтириб яна тили билан сўзловчи, одамларнинг қулоғига қуйиб, қалами билан ёзиб ҳам қўювчи борлиқ қандай қилиб ўз ҳолича қолаверади?” Сўнг Ҳақ таолодан шундай хитоб келади: “Парча-парча бўлиниб кетмоғига монеъ бўлган нарса, шубҳа пардасидир”.

Шеър: Эй, жонимнинг қат-қатларини макон этган
ва бундан ҳатто жонимнинг ўзи ҳам бехабар бўлган, дўст!
Дунё сен билан тўлиг, лекин дунёнинг сендан хабари йўқ.
Кўнглим, жоним, нетиб изингни изласин.
Жону кўнгил сенинг масканинг, фақат улар сендан огоҳ эмаслар.
Суратинг хаёлда-ю, хаёлнинг сендан насибаси йўқ.
Исминг тилда-ю, тилнинг ҳам бундан хабари йўқ.
Халқнинг сендан хабардор бўлмоги исм ва белгилар била мумкиндир.
Лекин, кўрмайсанми, барча исмлару белгиларинг ошкор бўлгани ҳолда, халқнинг сендан хабари йўқ.
Сенинг денгизинг жавоҳири ортидан тушганлар
ҳақиқий иймон ва шубҳа водийида сайр этиб ҳам сендан воқиф бўлмадилар.
Сени қандай таништирайин? Чунки ҳар қадай комил таништирув ҳам
сендан ожиз, ҳатто унинг сендан хабари йўқ.
Парвознинг Жаброил қанотидан қандай қилиб хабари бўлсин,
худди шундай, сендан хабар берганнинг ҳам, аслида, сендан хабари йўқ» 54.

Барсисо ҳикоясини ниҳоялаб қўйсак. Ҳалиги даргоҳдан қувилган Иблиси лаъин узоқ ахтариб, ниҳоят ўша мамлакат подшоҳининг қизини танлади. Сабаби — малика тенги йўқ соҳибжамол эди. У қизнинг миясига кириб, эс-ҳушидан айирди, девона қилди. Малика тўшакка михланиб қолди. Подшоҳ донишманду ҳакимларни тўплади. Уларнинг бари маликани даволаб, дори-дармон тавсия этишга, оёққа турғизишга ожиз эдилар. Иблис зоҳидлар киядиган либосга ўралиб келди-да, подшоҳга деди: “Агар қизимнинг хасталиги тезроқ арисин, десанг, Барсисога олиб боришинг керак. У қизингни ўқиб, дам ургачгина бу касалликдан халос бўлади”. Сарой аҳли бундан бошқа чора тополмай, Иблиснинг гапига кириб, маликани Барсисонинг ҳузурига олиб бордилар. Барсисо дуо ўқиди, Иблис ҳам қизни қўйиб юборди. Қиз соғайди. Иблис шу йўл билан подшоҳнинг ишончига кирди. Подшоҳ қизининг саломатлигидан севинчи ичига сиғмай юрарди. Бироз вақт ўтгач, Иблис яна маликани касаллатиб қўйди. Ҳакимлар аввалгидай уни даволашдан ожиз қолдилар. Иблис яна ўша зоҳид суратида саройга бориб, деди: “Маликани Барсисонинг олдига олиб бориш зарур. Лекин бу сафар тузалиб кетгунча унинг ёнида қолсин. Узоқ вақт ўтиб, ўзи сизларга соғайдим деб хабар бермагунча безовта қилманглар». Мингларча ҳурлиқо қандай иззат-ҳурмат билан манзилга етказиб қўйилса, малика ҳам айни шундоқ эъзоз билан Барсисо ҳузурига элтиб қўйилди. Ҳакимга: “Малика бутунлай соғаймагунча сенинг  ёнингда қолади. Бизга шундай маслаҳат бердилар ва биз буни маъқул топдик», деб омонатларини зоҳиднинг ибодатхонасида қолдириб қайтдилар. Қиз, зоҳид ва Иблис ибодатхонада ёлғиз қолдилар. Ўшал зоҳид оқил киши бўлсайди, ибодатхонада малика билан танҳо қолишга асло рози бўлмасди. Пайғамбар (Унга саломлар бўлгай!) буюради: “Бир аёл ва бир эркак хонада ёлғиз қолдиларми, уларнинг учинчилари шайтондир». Яъни шайтон уларнинг воситачисидир.

Узоқ муддат қиз зоҳид билан бир ҳужрада қолди. Ҳаш-паш дегунча, Барсисо унга кўнгил қўйиб, тўшакка тортди. Қиз ҳомиладор бўлиб қолди. Бу сафар Иблис инсон суратига кириб Барсисонинг ёнига келди. Унга ўзини ҳамдард кўрсатди. Нимадан хавотирланяпсан, деб сўради. Барсисо бўлиб ўтган воқеаларни айтиб берди. Иблис қизни ўлдиришдан бошқа чоранг йўқ, сўраганларга ўлиб қолганди, кўмиб юбордим дейсан, дея маслаҳат солди. Барсисо Иблисга бўйсуниб маликани ўлдирди. Бундан сўнг Иблис инсон суратида подшоҳнинг ёнига келди-да: “Қизингиз тузалди, бориб олиб келмайсизларми?” деди. Шоҳ ва унинг аъёнлари йўлга тушиб, Барсисодан маликани сўрадилар. Барсисо: “Малика ўлиб қолди. Кўмиб юбордим”, деди. Ортга қайтиб аза очдилар. Галдаги сафар Иблис бошқа бир суратда саройга келиб шохдан сўради: “Малика қаерда?» “Ўлиб қолди». Иблис: “Ким айтди?» Шоҳ: “Барсисо ҳаким”. Иблис: “Ёлғон айтибди. Ҳаким малика билан қўшилди ва у ҳомиладор бўлиб қолди. Сўнгра қизни ўлдириб, кўмиб ташлади. Ишонмасангиз, фалон ерни қаздиринг, маликанинг жасади ўша жойда”, деди. Подшоҳ ўзини қўярга жой тополмай, дунё кўзларига қоронғи бўлиб кетди. Боши қаҳру ғазабдан ёрилай дер, ҳоли ғоят абгор эди. Кейин бир гала аъёнлари билан отга миниб, Барсисонинг ибодатхонасига борди. Ичкари кириб: “Қизим қани!?” деб сўради, Барсисо яна ўшандай: “Ўлиб қолди. Кўмиб юбордим”, деганди, шоҳ: “Унда нега бизга хабар бермадинг!?” дея дод солди. Ҳаким жавоб берди: “Ибодат билан машғул эдим. Ундан чалғимай, деб қўрқдим». Подшоҳ сўради: “Айтган гапларингнинг тескариси бўлса, нима қилайин?” Бу гапдан сўнг Барсисонинг қони қайнай бошлади, олд-ортига боқмай, сўкина кетди. Подшоҳ Иблис айтган ерни ковлатди. Қизни чиқардилар. У ҳақиқатдан ҳам ўлдирилган эди. Барсисонинг қўлларини боғлаб, бўйнига сиртмоқ солдилар. Халқ тўпланди. Барсисо ўз-ўзига: “Эй, кўрнамак нафс! Дуом қабул бўлади, деб севиниб юрардинг. Халқнинг эътибору ишончини қозониб бундан керилардинг ҳам. Халқ сени яхши кўрар ва сендан миннатдор эди. Халқнинг ихлоси сусайишидан ҳам чўчиб турардинг! Аслида, буларнинг бари — илон, чаён эди-ку! Ҳа-ҳа, халқ муҳаббати заҳарли илоннинг ўзгинаси!» дея оҳ урар, аммо бундан энди не наф?!

Уни баҳайбат дор остига олиб бордилар. Дорга нарвон тираб, бўйнини сиртмоққа тутдилар. Шу заҳоти Иблис инсон суратида унга кўриниш берди ва деди: “Бошингга тушган фожиаларнинг барини мен қилдим. Ҳали ҳам кучим бор. Ҳаётинг менинг қўлимда. Менга сажда қилсанг, бас, сени қутқараман”. Барсисо сўради: “Бўйнимдаги арқон билан қандай сажда қиламан?» Иблис: “Саждага ният этгин-да, бошинг билан ишора қил. Оқилга биргина ишора кифоя», деди. Жон ширин экан — Барсисо саждага ният қилди. Бироқ бошини эгиши биланоқ бўйни янада қаттиқроқ қисилиб, жон таслим қилди. Иблис эса: “Албатта, мен сендан безорман” 55, деб ортга тисарилди. Оллоҳ (Шон-шарафи улуғлангандан улуғлансин!) буюрдики: “Эй, инсонлар, эй, иймон эгалари! Сизларни бир ярамас тўхтатиб, ёмонликка чақирса, бу иш сенга мана шунча фойда келтиради, дея ваъдалар берса, унга зинҳор ва зинҳор ишонманглар. Улар шунақа йўллар билан ўзларига ўхшатиб сизларни ҳам йўлдан оздириш, касодга учратиш, разолатга ботириш пайида бўладилар. Улар ўз ортларидан эргаштирдиларми, ёнингизда на дўстингиз қолади, на ёрингиз — ҳаммалари сиздан безор бўлиб кетадилар”.

Ҳикоямиздаги Иблис ҳам ўзини аввалига ҳакимга ҳамдард дўст кўрсатди. Тузоққа илинтириб бўлгач эса, ундан безиб, кулиб кетди.

Шеър: Сенга кўнгил қўйган киши, тинмай ўз устидан кулаётган ва ўзини алдаётган бўлади.
Чунки сенга ўхшаган — одамгарчиликдан бегона киши
сендан бошқасини яхши кўриб ҳам, ёқтириб ҳам қололмайди.
Зўр ишва билан, ҳатто янгитдан ишқ-ла лиммо-лим тўрва халта билан келсанг ҳам,
сенга қарши ёқаларини чок этадилар. Шунда ҳам қошингда умид боғлаб турадилар.
Фақатгина жондан иборат бўлган тақдирингда ҳам, нечун сендан кўнгил узмаслик керак?
Қараб турсам, бир кўзинг тинмай йиғламоқда, иккинчи кўзинг эса хандон отиб кулмоқда 56.

Рубоий: Сенинг қайғунгни чекмай, дардингга дармон бўлмай туриб
сендан бир нарсалар умид қилиб турган кишига асло алданма.
У сенга ёлғон гапиряпти, алдаяпти. Шодумон экансан, бутун олам сенинг дўстинг бўлади,
Аммо сенга ғам кечаси дўст тутинувчи кимсани осонликча топиб беролмайдилар 57.

Мисра: Қайғу тунида дўстлик таклиф қилган кишигина Ҳақнинг ҳабибидир 58.

Оллоҳнинг вафоси шундай кишиларда зуҳур этади. “Мўминлар, ҳеч шак-шубҳасиз ога-инилардир 59″. Уларнинг ораларига биродарлик солган Зот Ҳақ таолонинг Ўзидир. У боғлаган ришта ҳеч қачон узилмайди.

Байт: Инсонлар ақлли кишилардан сираям зерикмайдилар.
Ақлдан туғилган севги эса озаймайди 60.

Турли-туман ғараз устига қурилган севги ўткинчидир. У чириб, узила бошлаган дорга ўхшайди. Агар унга осилмоқчи бўлсанг, узилиб кетади. Ҳақиқий, бетаъма севги эса Оллоҳ ипидир. У асло узилмайди. “Бас, ким шайтондан юз ўгириб, Оллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди” 61. Олим ҳам, оми ҳам, ақллию ақлдан зоил ҳам, амрларга бўйсунувчию исён этгувчи ҳам, мўмину кофир — ҳаммалари бошига оғир мусибат тушганда қолган умри сонияларини Оллоҳ ипига боғлайди. Шайтоний сабабларни унутади. Лекин пешқадам деб шундай кишини айтадиларки, ишларига яхшилаб диққат қилганча ишнинг бошиданоқ охирини кўра олади.

Кунлардан бир кун бир подшоҳ меъморларига “Сарой қуринг!” дея амр қилди. Баҳор келади — қурмайдилар, ёз ўтади — эринчоқлик қиладилар, куз ҳам келади — уннамайдилар. Ниҳоят, қиш эшик қоқади. Дунёни муз қоплайди. Шундагина ўринларидан қўзғалиб, хом ғишт излаб бир у ёққа, бир бу ёққа чопадилар. “Энди-я! Ахир, сен илгари итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!» 62.

Байт: Хўроз бемаҳал қичқирдими,
унинг бошини олиш вожибдир 63.

Пайғамбар (Унга саломлар ёғилгай!) буюради: “Жон ҳиқилдоққа келмасидан аввал қилинган тавбани Оллоҳ қабул этади”. Жон талвасасида тавба этиш мумкинми ё йўқ — ҳамма гап шунда. Соғ-саломат экан, тавба қилиш имконига эга кишининг тавбаси зоҳиран фойдасиз кўрингани билан, ботинан қабул бўлаверади. Сиртдан қараганда, у тавбадан узоқ кўринади. Аммо, аслида, унга яқиндир. Ҳар қандай бегоналик жон талвасасида йўқолади ва киши тавба қилади. Лекин яна шундай тоифа ҳам борки, улар на зоҳиран, на ботинан тавбага муносиб бўладилар. Улар асли келиб чиқишларидан осийдирлар. Уларни бир зумда қандайдир шамол билан тузатишнинг имкони йўқ.

Байт: Қордан меш  ясалиши мумкиндир,
лекин уни ҳеч ким сув билан тўлдиролмайди 64.

Иймон кўнгилнинг аслига қайтишидир. Иймоннинг ўрни кўнгилдир. Зеро, “Ана ўшаларнинг дилларига (Оллоҳ) иймонни битиб қўйгандир” 65, дея буюрилгандир. Кўнгил билан тил ўртасида бир муносабат бор. Кўнгилда иймон хамиртуруши жонландими, бас, тил Ҳақ  таолони поклашга, унинг бирлигини зикр этишга тушиб кетади. Шунда ҳалиги хамиртуруш қувватга тўлади. Бу худди — оловга озгина пуфланса, алангаланиб, ҳаводан кўмак олиб юксалишига ва, ниҳоят, ҳавонинг олов билан бирлашиб кетишига ўхшайди. Кўнгилда ҳидоят зиёсидан бирор чақин бўлса, покиза шаҳодат калимасини тилга олганинг замон, «иймон-ишончларига яна ишонч қўшилсин» 66 дея ҳалиги зиё яна-да ортади. Аммо кул уюмида чўғ бўлмаса, минг пуфлама, кулнинг ҳавога тўзғигани қолади, холос. Риёкорлар ўзларини оловни жонлантириш учун пуфлаётгандай кўрсатадилар. Буни кўрганлар ҳам уларга эргашиб пуфлайдилар, бироқ у ерда нима борлигини билмайдилар. Пуфларкан, олов ёқяпмиз деб ўйлайдилар. Ваҳоланки, кўнгил тандирларида кулдан ва майда-чуйда чўплардан бўлак ҳеч вақо йўқлигидан хабарлари йўқ. Зотан, Ҳақ таоло: “Бу уларнинг оғизларидаги (ҳужжат-далилсиз) гапларидир 67”, деб буюради. Озчиликни ташкил қилувчи баъзи кишилар тиллари билан Ҳақни поклаб ёд этганларига қарамай, кўнгилларида бундан ном-нишон бўлмайди. Иймон, аслида, кўнгилда туғилади, тилда эмас.

Байт: Ҳар оқилнинг хаёлидан ўтиб турган нарсани, ўтказиб тургувчи (бу ишни амалга оширувчи Зот — тарж.) бордир, албатта 66.

Дарҳақиқат, кўнгли билан эмас, тили билангина юрувчи кишилар озчиликдир. Ушбу озчилик қисм ҳам ҳар итоатгўйнинг итоатида пишиб етилиши зарур бўлган нарсага қўрқув олови ёқилмагунча хомлигича қолаверишини тушунтириш учун шундай. Шунинг боисидан улуғ зотлар: “Қўрқув эркакдир, умид эса аёл. Улардан сўнмас, соф нарсалар туғилади”, дейишган. “Туғилади” сўзи тушунтириш учун қўлланган. Қўрқув — қоронғилик бўлса, умид — ёруғлик. Бу ташқаридан қараганда шундай. Аслини сўрасанг, бунинг акси. Чунки умид қиларкан, қулнинг тасарруфи ўз ихтиёрида бўлади. Қўрқувда эса тасарруфи қолмайди. Турфа хил бузуқлигу иродасизлик зуҳур этса этсин, уларнинг бари — қулнинг тасарруфидан майдонга келади. Интизому эзгулик қай йўсин пайдо бўлса бўлсин, энди у Ҳақдан нузул қилади. Бу сўзга тегишли савол, умуман, барча саволларнинг жавобидир. Чунки сўз — мутлақ кўзгунинг жилоси. Бутунлик кўзгусига боқсанг, яхлит, бир бутун ҳолда унинг (бутуннинг — тарж.) юзини: бурни, кўзлари, пешонасию қулоқлари ва ҳатто тақиб олган зиракларини ҳам кўришга мушарраф бўласан. Қани, айт-чи, қандай қилиб ҳали ҳам бир парча билан андармон бўлиб, бутунлик кўзгусидан ғофил қоляпсан? Бутунликни тарк этганингда, билимсизлигинг оқибатида ҳалиги парчани ҳам тушунолмайсан. Шунинг учун ҳам, “Қачонки, Қуръон қироат қилинса, унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз «69, деб буюрилгандир. Мустафо (Унга Оллоҳнинг раҳмати ёғилсин!) Қуръон тиловат қилиб, юборилган ваҳий хабарини бераркан, саҳобаларга юзланиб: “Ҳеч қандай савол бермай, қулоқ солиб туринглар! “Шояд раҳматга сазовор бўлсангизлар’» 70, ушбу сомеъликнинг хосияти билан бутуннинг ойнасига айлансангизлар. Сукут сақлангки, сизга раҳм қилиб, барча шубҳаю хавотирингизни Ўзи маҳв айласин», дерди. Қул фақатгина Ҳақ раҳмати туфайли шубҳа-гумондан қутилиши мумкин. Йўқса, ғийбату иғводан эмас. Яхшилаб разм солсанг, кўрасан: каломчилар 71 савол-жавоб усулида жилд- жилд китоблар ёздилар. Сўз ўйинини шундай ҳадди аълосига етказиб, чирпирак қилиб ташладиларки, олимларнинг бирортаси ҳам кўриш қобилиятлари латифлигидан улар ёзиб қолдирган, баҳс боғлаган масалаларнинг замирига ета олмадилар. Шундай бўлгани ҳолда, каломчилар ҳанузгача шубҳаю гумон зулумотидан халос бўлолмадилар. Бундан шундай хулоса чиқаргинки, қулни иккиланиш тўридан ёлғиз Тангрининг раҳматигина қутқара олади. “Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлгиз Ўзигина билур” 72. Қанчадан-қанча кишилар ғийбату иғвога ўралашмай, жон қулоқларини улуғларнинг оғзига тикдилар. Уларнинг жонбахш сўзларини тинглаб, барча шубҳаю гумонларидан фориғ бўлдилар. Бундан фақатгина ғофиллар бенасибдирлар. Чунки улар иғво тарқатишга одатланиб қолгандирлар. У тоифанинг завқи худди қичима касалига йўлиқиб, унинг ўрнини қашлайверадиган кишига ўхшаб савол-жавоб шатранжини ўйнамоқдир. Қичима касаллигида ундан тезроқ қутилиш учун эмас, балки қашлашдаги ҳузурни ҳис қилиш учун қашланади. Табиб: “Ҳадеб қашланавермагин. Бундан соғайиб қолмайсан. Мен бир малҳам суртиб қўяман. Фақат сурган жойимни қашлаб, малҳамни чаплаб юбормайсан. Малҳамдан кейин ҳам бироз қичийди, лекин малҳамни артиб ташламасанг, тез орада тамомила бу дарддан фориғ бўласан», дея тавсия беради. Комил орифнинг сўзи савол-жавоб қичимасига малҳамдир. Иғво эса одамни мағрибу машриққа судраб сарсон қилади. Чунки сўз икки қарич, суяксиз тилдан чиққан ҳавойи гап эмас, балки моҳиятлар моҳиятидир. Моҳиятлар моҳиятидан эса эсон-омонлик туғилади. Барча савол-жавоблар, шубҳаю гумонлар унда маҳв бўлади, иллату касалликлар эса инсон кўнглидан — ўзлигидан йўқолади. Шунда инсон соғлом дину иймондан фароғат топади. «Биз мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган Қуръон оятларини нозил қилурмиз” 73. Мустафо (Унга салом бўлгай!): “Ваҳий хабарини берар, Қуръон ўқирканман, сукут сақлангиз!” деб буюрди. Пайғамбар Қуръон тиловат қилаётганида йиғилган пок саҳобаи киромлар бир-бирларига ҳикоя ва ё масал айтмасдилар албатта, фақат савол берардилар. Демак, сукут сақланг амрининг маъноси — “савол бермай туринг»дир. Шундан сўнг саҳобалар дедилар: “Биз пайғамбар (Унга саломлар ёғилгай!) гапираётганда, гўё бошимизга қуш қўнгандай қимирламай эшитадиган бўлдик”.

Мўъжазгина бир қушча учиб-келиб биттасининг бошига қўнади. У қуш учиб кетмасин, дея ҳалиги одам на қўлини ва на оёғини қимирлата олади. Ҳатто оғиз жуфтлашга ҳадди сиғмайди. У қуш хоҳиш-истак зумрадининг анқоси эсаю иноят Қоф тоғидан учиб келган бўлса, энди у одам бу давлат қушининг соясидан фойдаланиб қолмоғи, мушкуллари сўзсиз ҳал этилмоғи учун ҳатто биргина соч толасини ҳам қимирлатмай турмоғи даркор. Бу иш ов эмаски, бир тутиб, бир югурсанг. Шундай деб ўйласанг, хаёлга банди бўласан. Энди кимдир олдингга келиб “у бир хаёл, холос», деб мингларча далилларни қалаштириб ташласа ҳам, унинг далилини рад этиб тураверасан ва “аслида, ўзинг хаёлпараст бўлиб қолибсан”, дейсан. Боиси, сенда у ҳақиқатни қабул қилиш жавҳари йўқ. Буни ҳам тушунмаётган бўлсанг, бола чоғингни эсла. Ўртоқларинг ўйин бошлашса, ўйиндан қолмайин, дея югуриб сафларига қўшилар, ўйинга шўнғирдинг. “Сен шошаётган нарса беҳуда, охири йўқ иш, хаёлдир. Ундан сенга ҳеч қандай наф йўқ: на қорнинг тўяди, на эгнинг бут бўлади, бунинг устига бирон нима ғамлаб ҳам қўя олмайсан”, деб насиҳат қилишса ҳам булар қулоғингга кирмайди. Ҳатто бу гапларни айтган одамни ўзингга душман деб билар, ундан қочардинг. Вояга етиб, эсинг киргач, бу ўйинлардан ҳеч қандай фойда йўқлигини аста-секин англаб етасан. “Болалик чоғимизда, биз интилган, ошиққан нарсаларнинг охири йўқ сароблигига ақлимиз етмаскан. Бизга насиҳат қилганлар ҳақ эканлар”, дейсан. Шундан хулоса чиқаргинки, кўнглида зарра қадар зиё чақини бўлмаган инсонга ташқаридан берилган ўгитнинг фойдаси йўқ. Аммо орифнинг гаплари кўнгли нурдан насибадор кишининггина қулоғига киради. Ундаги нур билан қоришади. Ахир, кўзида кўриш нури бўлмаган одамга қуёшнинг порлашидан ҳеч қандай наф йўқ-ку! Кўзи нурдан насибадор кишига эса қуёш ёғдусидан не-не карамлар ёғилгуси!

ИЗОҲЛАР

1.»Вал-Фажр» сураси, 28-оят. Мажлисларда Қуръони Карим оятларидан намуналар келтирилган ўринларда Алоуддин Мансур таржимасидан фойдапанилди — тарж.
2. “Аҳзоб” сураси, 71-оят.
3. “Хадийқа” вазнида, муаллифи номаълум. Ҳаким Саноийнинг мазкур асари ҳафиф баҳрининг ҳафифи мусаддаси солими махбуни маҳзуф -V—|V-V- |VV — (фоилотун мафоилун фаилун ) вазнида
ёзилгандир.
4. “Ал-Исро»сураси, 70-оят.
5. “Хадийқа” вазнида, муаллифи номаълум.
6. “Қиёмат» сураси, 22-23-оятлар.
7. “Юсуф” сураси, 92-оят.
8. “Аъроф” сураси, 143-оят.
9. Саноий. Девон.

10. Муаллифи номаълум.
11. Жалолиддин Румий.
12. “Сод” сураси, 36-оят.
13.“Сабаъ” сураси, 12-оят.
14. “Аъроф” сураси, 23-оят.
15. Жалолиддин Румий. Девони Кабир.
16. Саноий. Девон.
17. “Ҳужурот” сураси, 2-оят.
18. Жувонмардликнинг энг юқори мақоми. Сахийларнинг ҳам сахийи.
19. “Воқеа” сураси, 10-оят.

20. Давлатманд.
21. “Наҳл» сураси, 120-оят.
22. “Наҳл» сураси, 120-оят.
23. Муаллифи номаълум.
24. Фаридиддин Аттор. Девон.
25 Муаллифи номаълум.
26. “Намл» сураси, 30-оят.
27. Муаллифи номаълум.
28. «Қамар» сураси, 1-оят.
29. “Юнус” сураси, 5-оят.
30. Жалолиддин Румий. Девони Кабир.

31. “Аъроф” сураси, 23-оят.
32. Муаллифи номаълум.
33. Муаллифи номаълум.
34. “Зумар» сураси, 53-оят
35. Жалолиддин Румий. “Маънавийи маснавий».
36. Саноий. Девон
37. Саноий. Девон
38. «Бақара» сураси,102-оят
39. Жалолиддин Румий
40. «Хадийқа» вазнида, муаллифи номаълум

41. «Зухруф» сураси, 32-оят
42. «Бақара» сураси,156-оят
43. «Зумар» сураси, 53-оят..
44. “Хадийқа» вазнида, муаллифи номаълум.
45. Саноий. Девон.
46. Жалолиддин Румий.
47. Жалолиддин Румий.
48. Саноий. «Ҳадийқа”.
49. “Хадийқа» вазнида, муаллифи номаълум.
50. Муаллифи номаълум.

51. “Сажда» сураси, 17-оят.
52. “Инфитор» сураси, 10-11-оятлар.
53. «Ҳашр» сураси, 21-оят.
54. Фаридуддин Аттор. Девон.
55. “Ҳашр” сураси, 16-оят.
56. Саноий. Девон.
57. Жалолиддин Румий. Девони Кабир.
58. Муаллифи номаълум.
59. “Ҳужурот» сураси, 10-оят.
60. Саноий. «Ҳадийқа» вазнида.

61. “Бақара” сураси, 256-оят.
62. “Юнус” сураси, 91-оят.
63. Муаллифи номаълум.
64. Муаллифи номаълум.
65. “Мужодала» сураси, 22-оят.
66. “Фатҳ” сураси, 4-оят.
67. “Тавба” сураси, 30-оят.
68. “Муаллифи номаълум.
69. “Аъроф» сураси, 204-оят.
70. “Аъроф» сураси, 204-оят.
71. Қуръон ва ҳадисларга суяниб, эътиқод, тавҳид, тақдир, руҳ каби масалаларни ақл ва мантиқ йўли билан аниқлашга уринган фалсафий йўл..
72. “Анъом» сураси, 59-оят.
73. “Ал-Исро» сураси, 82-оят.

07

TARJIMONDAN
065

O’zbek kitobxoni Mavlono Jaloliddin Rumiyning “Ma’naviyi masnaviy , «Devoni Kabir”, “Ichindagi ichindadir ” kabi ma’rifiy-falsafiy, orifona asarlari bilan yaxshi tanish. Ammo negadir adabiyotlarda mazkur asarlari sanalarkan, “Majolisi sab’a ” asari nazardan chetda qolar, u haqda umumiy ma’lumotlar ham deyarli uchramas edi. Mazkur bo’shliqni to’ldirish maqsadida asarni tarjima qilishga jazm etdik.

“Majolisi sab’a ” risolasi Jaloliddin Rumiyning juma ma’ruzalari asosida yaratilgan bo’lib, u Mavlononing ustozi Shams Tabriziy bilan uchrashmasidan avval shogirdi Husomiddin Chalabiy yoki o’g’li Sulton Valad tarafidan yozib olingan, deya taxmin qilinadi.

Har bir majlis an’anaviy muqaddima — hamdu na’t, munojot bilan boshlangan bo’lib, so’ng ma’lum bir hadis keltirilib va’zga o’tiladi va ushbu hadis sharhi davomida rumiyona uslubga binoan mavzuga daxldor hikmatlar, hikoyatlar, she’rlar bir-biri bilan uzviy aloqada bayon qilinadi.

055Rumiy asarlariga tadrijan boqilsa, “Majolisi sab’a ” eng so’nggi asarlaridan biri ekanligi ayon bo’ladi. Asar “Ichindagi ichindadir ”dan farqli o’laroq, rasmiy va’zlardan tashkil topgan. Shunga qaramasdan, ifoda shakllari o’ta xalqonaligi bilan umumiylik kasb etadi. Majlislarning eng ishonarli nusxasi Ko’nyoda — Mavlono muzeyi kutubxonasida “Ichindagi ichindadir”, “Maktubot ” kabi nariy asarlari jamlangan 79-raqam ostidagi manbada saqlanadi.

Biz Rumiyni shu choqqacha «Devoni Kabir» tarkibiga kirgan ayrim turkiy she’rlaridan tashqari faqat fors tilida ijod qilgan, deb bilardik. Mazkur asar tadqiqoti Mavlono nafaqat forsigo’y, balki turkigo’y ijodkor ekanligini ko’rsatmoqda. Ma’lumki, Rumiy umrining asosiy qismini Ko’nyoda kechirgan. Ko’nyo aholisi turk tilida so’zlashgan. Shundan kelib chiqib, ma’ruza va majlislarni Rumiy turk tilida o’qib, kotiblar ham ayni shu tilda ko’chirganlari, kitob holiga keltirish jarayonida esa ko’pchilik anglashi uchun o’sha davrning san’atu badiiy muloqot tili bo’lmish forschaga o’girilgani manbalarda qayd etilgan. Ammo, ming afsuski, turkcha varianti saqlanmagan. Asarni mashhur olim Abdulboqiy Gulpinarli fors tilidan turkchaga o’girgan variantidan o’zbekchalashtirdik.

Tarjimada uslubni saqlab qolishga baholi qudrat urindik. Kamtarona mehnatimiz hosilasini siz — muhtaram o’quvchilarga havola qilar ekanmiz, Hazrat bilan galdagi g’oyibona diydor barchamizga muborak bo’lsin, deymiz.

034

JALOLIDDIN RUMIY
MAJOLISI SAB’A (YETTI MAJLIS)
Turk tilidan Ra’no Hakimjonova tarjimasi
065

Mehribon va rahmli Olloh nomi ila boshlayman!

Birinchi majlis

Sel bor kuch-quvvati bilan tog’lar, tepaliklardan oshiqona jo’shib-toshib dengiz tomon chopadi. Minglab qo’l-oyoq vositasida dengizga yetib boradi. Chunki ular bir-birovining qo’l-oyog’i, uloviga aylanib qolgandir. Bir-biriga dastak bo’lgan suv zarralari shu quvvat bilan tog’lardan oshib, yalangliklardan o’tadi va nihoyat, asli bo’lmish dengizga qo’shiladi. Har tomchi suv: “Sen rozi bo’lgan, rozi bo’lingan holda Parvardigoringga qayt” 1, deya na’ra tortadi. Bunga nega ajablanish kerak? Asl ajablanadigan narsa, asl ko’rinmagan mushkulot — bir tog’da yoki bir g’or ichida va yo omon qolish dushvor bo’lgan yalanglikda tomchining yakka o’zi abgor holda qolib ketishidir. Tomchining ma’dani, asli — dengiz. Uni orzu qiladi. Qo’li yo’q bo’lsa, oyog’i bilan yetib olishga shaylanadi, oyog’i bo’lmasa, dengiz sog’inchida qo’llarini uzatadi. Na sel ko’makka keladi va na biron do’sti. Shunday bo’lgani holda, turtinib-surtinib emaklay boshlaydi. Intizorlik oyoqlari bilan dengiz tomon oshiqqancha zavq uloviga minib yo’lga tushadi.

Ey, bechora tomchi! Tuproq, shamol va quyosh jaziramasi — sening dushmaning. Sen yetib olishni istagan dengiz esa juda olisda. Ey, qo’l-oyoqsiz tomchi! Shuncha dushmaningni oralab dengizga qanday bormoqchisan?

Shunda haligi tomchi hol tili bilan deydiki: “To’g’ri, men bir ojiz tomchiman, ammo ichimda bepoyon dengiz sog’inchi bor. “Biz bu omonatni osmonlarga, yerga va tog’u toshlarga ko’ndalang qilgan edik, ular uni ko’tarishdan bosh tortdilar va undan qo’rqdilar. Inson esa uni o’z zimmasiga oldi. Darhaqiqat, u (o’ziga) zulm qilguvchi va nodon edi”2 hukmida aytilganidek, men ko’p g’aribman”. Bu cho’lda sel qatralari ham yo’l topa olishdan qo’rqib dir-dir titramoqdalar. Shafqat bilmas cho’l tahlikasidan hatto osmonlar ham hadiksiramoqdalar. Azim tog’lar esa: «Robbimiz, biz bu omonatingni saqlashga kuchimiz yetmaydi”, deya faryod chekmoqdalar. Hatto zamin ham “men u yo’lchilarga tuproq tayin qilinganman, jonimda sen yuklamoqchi bo’lgan omonatga tahammul yo’q” deb turibdi. Faqat bir tomchidangina iborat bo’lmish insonning joni omonatni qabul qilib derki:

Bayt: “Sen menga bir yurak bergin-da, yigitlikni tomosha qil!
Mening tulkimda yashiringan arslonni ko’r 3!»

To’g’ri, zaif-notavonman, abgor-bechoraman, lekin jon qulog’imga “Darhaqiqat, Biz Odam bolalarini aziz-mukarram qildik”4 degan ovoz keldi. U ovozning inoyati asarlarini his qilmoqdaman. Endi na zaifman, na ojiz va na bechora. Dunyo-dunyo choralar topaman hali men.

Bayt: Sadog’imni Sening o’qlaring-la to’ldirsam,
borib Qof tog’ining ham belini bukib kelaman 5 .

O’zimga — o’z kuch-quvvatimga ishonganim sayin nimjonman, aslida, u menda nima qilsin? Barcha g’ariblardan g’aribroq, chorasizlardan chorasizroqman. Lekin qarashimni o’zgartirib, o’zimni ko’rmas holga kelgach, Sening lutfing va madadingga uchrab: “U Kunda (mo’minlarning) yuzlari yashnab, Parvardigoriga boqib turguvchidir! 6 marhamati kelib turganda, nechun bechorayu zaif bo’layin? Nechun chorasi yo’q ishlarning chorasi o’zim, men — inson bo’lmayin? Nechun o’sha zahoti lahzayu zamonning mahramiga aylanmayin?

She’r: Oy yuzligim kelganda, men kim ham bo’lardim?
Zotan, men o’zimdan kechganimda bor bo’laman.
Menda bir amal, bir borliqdan nishona ko’rganingda,
bilki, u amal, u borliq Udir.
Menda bir soya ko’rsang, bilki, u soya menman.
U menga so’z so’zlasa,
Yusufdek “Bu kun sizlar ayblanmaysiz’7 hukmi zuhur etar.
Men Unga so’z so’zlasam,
Musodek “Sen Meni hargiz ko’rolmaysan» 8 hukmi zuhur etar.
So’z ham yashirin, ham maydonda.
Lekin U menga gapirishni ko’proq yaxshi ko’radi.
U menga so’z so’zlaganda, men so’zda yo’qolaman 9.

Bu so’z o’zlik istaydiki, o’zligini topsin. Jon kerakki, jondan ta’m olsin. Ey, mening aziz jonim, ey, mening izlaganim, istaganim! Sen qidirishda bir qavat parda ortidan chiqqaningda, ma’no kelini ham bitta pardasini ko’taradi. Sen ikkinchi par- dani ko’targan mahaling, u ham ikkinchi pardadan chiqib ko’rinadi va deydiki:

Bayt: “Bir bo’lib birlikka yetib olsang, ko’nglim ham sen bilan birlashadi.
Shunda xalq sevgisi, odamlar muhabbatidan voz kechaman 10”.

Ammo sen yana g’aflatda, xohish-istak amriga tobe qolib parda ortiga o’tasan. Keyin u ham parda ortiga berkinib oladi. «Ey, ma’no kelini, ey, olamlarning murodi, ey, g’ayb go’zali, ey, benuqson kamolot! Yuzingni ko’rsatib yana nega parda ortiga yashirinib olding?» deysan. U ham javoban deydiki: “Sen istak-shahvat pardasi ortiga mayl etganing uchun”.

Ruboiy: Sevgili shunday sarxush bo’lib keldiki, asti so’rama.
Hijron qadahini shunday otashlar-la to’latib tutdiki, asti so’rama.
Bunday qilma, dedim. U ham, “Uzing bunday qilmaginki, men ham qilmayin» dedi.
Mana shu bir ogiz so’zi chunonam yoqib tushdiki, asti so’rama 11.

Bir kun Sulaymon (Olloh uni rahmatiga olsin!), «Biz unga shamolni bo’yinsundirdik”12, taxtiga o’tirdi. Qushlar havoda qanot qoqqancha Sulaymonni oftob urmasin, deya qubba qurgandilar. “Ertalab bir oyli, kechki payt bir oyli shamolni (bo’yinsundirdik)”13 hukmiga binoan osmonda uchayotgandi. To’satdan Sulaymonning ko’nglidan shu ne’matning shukronasiga loyiq bo’lmagan bir o’y o’tdi. Shu zahoti boshidagi toji qiyshayib qoldi. Tojini to’g’irlamoqchi bo’lsa, yana egilib, qiyshayib qolaverdi. «Ey, toj, to’g’ri tursangchi!» dedi. Toj tilga kirib: “Ey, Sulaymon, o’zing to’g’ri bo’l”, dedi. Sulaymon darhol sajdaga bosh urdi: “Parvardigoro, bizlar o’z jonimizga jabr-zulm qildik”14, deb tavba qildi. Qiyshayib qolgan toj ham asliga qaytdi. Sulaymon sinamoq ilinjida tojni egib ko’rmoqchi bo’lgandi, toj egilmadi, hatto buralmadi ham.

Azizim, shunga o’xshab sening tojing — zavqu vajding, ko’ngil haroratingdir. Seni zavq tark etishi bilanoq uning ortidan kelganlarning bari qaytib ketadi, tojing ham egiladi.

Bayt: Xalqdan kelgan zavqdan jism to’lishadi,
Haqdan kelgan zavqdan ko’ngil to’ladi, jon to’lishadi 15.

Ey, vaqtning Sulaymoni, aqlga, ruhga daxldor pariro’ylar sening buyrug’ing ostida bo’lganidek, nafsga mansub la’in yuz egalari ham borliq taxting atrofida yugurib-yelayotir.

Bayt: Yuzingni ko’zlab iblisu pari to’dalari atrofingda saf tortdi.
Sulaymon saltanati seniki, uzukni yo’qotma 16.

Tinchlikni urushdan ajrata bil, chunki qo’li gul shisha yasovchi bilan oddiy bo’z to’quvchining bir yerda o’tirishi yaxshilik alomati emas.

Borliq do’konida ibodat, zavq-shavq shishalarini yasovchi san’atkor bilan xohish-istak bo’zlarini silkitib to’quvchi, keyin yuvib-tozalovchi bo’zchi ustaxonasi bir joyda bo’lsa, shishachi o’n kun mobaynida bu do’konda qullik shishalarini yasay oladi, xolos. Bo’z to’quvchi to’qish jihoziga oyog’ini uzatib bir zarb bersa, do’kon o’rnidan siljib, butun shishalar chil-chil sinadi. “Amallaringiz o’zlaringiz sezmagan hollaringizda behuda-befoyda bo’lib qolmasligi uchun sizlar ovozlaringizni payg’ambarning ovozidan yuqori ko’tarmanglar» 17. Ey, vaqtning Sulaymoni, hali ham jonning boshidagi zavq va puxtalik tojiga ko’zing tushmadimi? Unga boqqaning zamon o’zidan ketgan, qoraygan, savdoyu razolatga mahbus holda ko’rasan. Ey, zavq, qaerdasan, ey, shavq, qaysi pardaning ortidasan, deya qidirishni boshlaysan. O’sha ketgan zavq ortiga qaytsin, deya qanchalar tirishsang ham endi osonlikcha kelmaydi. U to’g’rilik toji boshingda tik turishini qanchalar istama, baribir, egilib, qiyshayib qolaveradi. Sen ham to’g’ri bo’lginki, men ham to’g’ri bo’layin, deb turaveradi.

Tomchining sog’inch azobini chekayotgan pokiza joni jonon dengizidan yiroq tushib, pardalar bilan qoplangancha balchiq olamida jonu ko’ngil ishtiyoqi bilan quruqlikdagi abgor baliq kabi o’zini har yon urib, to’lg’onib yotibdi. Qolgan tomchilar ham unga yordam berolmaydi. Ayrim tomchilar tuproqqa aralashib, ba’zilari yaproqqa osilib, yana ba’zilari yovuz vasvasalarga uchib o’zlarini chormixga osadilar.

Ba’zi tomchilar daraxtlarning matonatlari sabab bo’lib, ularning ildizlariga so’rilib ketadilar. Har bir jon tomchisi nima bilandir mashg’ul. Kim tikuvchilik, kim etikdo’zlik, yana kimdir axiylik 18 savdosiga bandi, tag’in birisi chang eshitish ishqibozi. Boshqa biri esa hid, ranglarga bog’langanidan dengizni tamomila unutib yuborgan. U yuz ming tomchi sel galalari bir yerga to’planishib: “Peshqadam bo’lguvchi zotlar (jannat ne’matlariga erishishda ham) peshqadam bo’lguvchi zotlardir”’ 19 hukmidagidek, bir-birlariga suyangancha yo’l ochib, oqib ketgandilar. Do’stlaridan ayro tushgan bu yolg’iz tomchi esa, oxiri yo’q, cheksiz-chegarasiz yo’lu cho’llarni shu yolg’iz boshi bilan, biror do’st, himoyachisi, suyanadigan kimsasi bo’lmagani holda yiqilganni turg’izuvchi, har neni undirib-o’stiruvchining madadidan tilanib, o’sha sellarning yuz minglab tomchilari bilan oshib o’tgan cho’llarni bir o’zi kechib o’tishga mahkum. U shunday yagonadirki, ming kishiga badal ko’ngli g’aniy 20 bir erdir. Ularni sanab ko’rsang ozchilikdirlar, lekin hujum qilganlarida ko’pning hisobidalar. Mana shu birgina tomchi minglarcha tomchi bajargan ishni uddalaydi. Endi u tomchi emas, tomchi shaklidagi seldir. “Albatta, Ibrohim haq yo’ldan toyilmagan bir peshvo — imom edi»21.

Payg’ambardan (Unga Ollohning salomi yog’ilsin!) Ibrohim ummatining holini so’radilar. Javob keldiki, “Ibrohimning ummatini nechun so’raysan? U (Ibrohim — tarj.) o’z-o’ziga ham ummat edi, ham parcha. Ham podshoh edi, ham qo’shin. Ham tomchi edi, ham sel. Ummat — yuz ming kishi bo’ladi». “Albatta, Ibrohim haq yo’ldan toyilmagan bir peshvo — imom edi”22. Ming kishi edi, balki yuz minglab kishi edi u.

Ruboiy: Oqilning borliq kemasi mavjudiyatiga ajablansa bo’ladi,
ko’zi ko’rib turgan odamning quduqqa tushib ketishi ham ajablanarli hol.
Dengizda suzib yurgan kemaga hayron bo’lmagin, bir kemaning o’zida
yuz minglab dengiz nishonasining borligiga esa ajablanmaslik mumkin emas 23.

She’r: Yusufimning bo’yi kelgach, ko’rning ko’zlari ochilib ketadi.
Ey, ko’ngil, nechun dengizdan yiroq tushding?
Odam degani hech zamonda bunaqa qilib dengizdan ayriladimi?
Dengizdan uzilib, quruqlikda qolgan baliq,
yana tezroq o’sha dengizga qo’shilmoq ilinjida tirishib, to’lg’anib turadi.
Birortasi ko’ngil ishq dengizi tomon nega buncha jo’shib,
dalli-devonaga aylanib qoladi, desa sen shunday javob berginki,
“tomchi dengiz sog’inchida beqaror holga tushadi-da, hech nima parvoyiga kelmaydi”.
Yana deginki, “tomchi quyosh qarshisida tapvasaga tushib, yo’qlikka yuz tutadi» 24.

Azizim, dengiz ayrolig’iga ko’nikib qolgan, hatto dengizni yod etmay qo’ygan, bir yaproqqa osilib yoki tuproqqa belangancha singib ketgan o’sha jon qatrasi qandaydir odobsizlik qilgan bo’lsa kerakki, uning oyoqlariga tamg’a bosib, oltin, kumush, javohirlar bog’i bilan bog’laganlar. U ham o’sha bog’ga (sirtmoqqa — tarj.) ko’ngil berib, oshiq bo’lganidan kumushu oltin ishqida haligi sirtmoqni bog’ deb o’ylamaydi. Endi unga ming nasihat qilma, baribir, o’sha bog’i o’gitingdan ham quvvatli bo’lib qolaveradi. Pand-nasihat unga yo’l topolmaydi, u ham o’gitlardan foydalanolmaydi.

She’r: Bu musofirxonaning bor davlati, atlas matosi —
tinib-tinchimas jonga birgina tillo zanjirdir.
U oltin zanjirni ko’riboq unga aldandi.
Jon u cho’lni oshib o’tolmadi, bir quduq ichida qolib ketdi.
U quduq zohiran jannat bo’lib tuyulgani bilan,
aslida, jahannamning o’zi. U ko’rinishidan gulchehradir,
ammo aslini so’rasang, zaharlar-la to’lgan ilondir.
Ey, xomlar, u gulchehradan uzoqroq yuring,
chunki suhbat chog’ida do’zax tomon tortqilaydi,
yo’q-yo’q, do’zaxning o’ziga aylanadi 25.

Bu shunday holki, odamning tushunish, bilish salohiyatini o’sha rang va hid — ig’vo sevgisi qoplaydi. Qoplaganda ham shunday qoplaydiki, hatto bir igna uchi qadar joy qolmaydi, shunday bo’lgach, pand-nasihat qayoqdanam yo’l topib kirardi? U hatto o’git berganga dushman bo’ladi. Chunki zanji hamisha oynaga dushmandir.

Barchamiz Hofizi Qur’onlarning a’losi Faloniddinga yuzlanib, sidqidildan Rahmon ismini yodga olaylik. “Mehribon va rahmli Ollohnomi ila» 26.

She’r: Ko’ngil sening kamolotingdan bir nishon ko’rgach,
jon ishqingni joningdan topdi.
Jon sening manzilingni izladi, so’radi.
Makonsizlik olamining ayni o’zidan topdi.
Sening atrofingda yer bilan bir bo’lib yiqilgan har jonki bor,
xush bo’yingni olganidan u bilan abadiy hayot qozondi.
Oshiqlarning faryodlariga, jo’shib-ko’pirishlariga
na borliq olamida yetishish imkoni bor va na makon olamida.
Jonimiz dardingdan yig’lab-siqtashga tushib ketdi.
Sening dardingni qozonib esa
har dardning ortida butun dunyoning darmonini topdi.
Jonimiz senga bir boqib ko’rgan,
izlagan har narsasini senda ko’rdi, sendan topdi.
Darmon ham sening orzuyingda
so’ngsiz dardga giriftor bo’ldi 27.

Bu ism ta’midan boxabar kimsaning himmati oldida arshning eng yuqori qavatlaridan, yerning eng ostki qavatlarigacha nimaiki mavjud esa, bir pashsha qanotichalik ham qadri yo’q. Bu ism go’zalligi bilan kimniki ovlasa, hech qanday go’zallik, hech qanday shuhrat va hech qanday rangu hid endi unga to’r sololmaydi. Qaysi kulbani bu ismning quyoshi nur taratib isitsa, dunyo podshohlari o’z ko’shklari, saroylarining ustunlariyu qubbalarini fido etsinlar-da, o’zlari shu kulbaga qul bo’lsinlar.

Kimda-kim bu ismning qullik isirg’asini qulog’iga taqsa, dunyoni ham unutib yuboradi, oxiratni ham. Kimda-kim bu ismning shirindan-shirin bulog’idan suv ichsa, dunyoning obodligi aql ko’ziga-da xaroba bo’lib ko’rinadi, qalb ko’ziga-da. Tabarruklik quyoshi davlat burjida bir kun bosh ko’taradi, qadrdon do’st ko’ngil go’shasida to’satdan zohir bo’ladi.

Yurak maydoni vujudning o’rtasidadir. Yurak- ko’ngil Ka’basi. Baytulloh — yer yuzining markazida joylashgani kabi adovatdan xoli bu ko’ngil ham badanning o’rtasidan joy olgan. “Ishlarning eng xayrlisi o’rtachasidir”. Eng sara javohir ham bo’yinning o’rtasidan topiladi. Yonlariga biror zarar kelguday bo’lsa, unga xavf solmasin, deb o’rtaga taqishadi. Tegrasiga qadab chiqilgan durlar soqchiga mengzaladi. Shunga o’xshab, ko’ngil ham o’rtada bir xazina kabidir. Zotan, uydan murod kelindir. Kelinga qarab turuvchi, xonalarga pardalar tikib o’tiradigan kampirlaru kelib-ketuvchi mehmonlar ham, joriyalar ham emas.

Bismilloh shunday ismki, Imron o’g’li Muso (Rahmon rahmatiga olsin!) Fir’avnning yuz minglab qilich yalang’ochlab, temirni bosib ezg’ilovchi olov oyoqlari bilan bostirib kelayotgan qo’shinini ul ism sharofatidan ostin-ustin qilib, buzib yubordi.

Bismilloh shunday ismki, Imron o’g’li Muso Isroil o’g’illarining xalos bo’lishlari uchun dengizdan o’n ikki qup-quruq yo’l ochdi. Ul ism xosiyati bilan dengizdan chang ko’tarildi.

Bismilloh shunday ismki, Maryam o’g’li Iso bu ismni o’likka o’qigandi, oppoq sochli o’lik u ism haybatidan tirilib, mozordan chiqib keldi. Ey, qabrdagi Munkar va Nakir savol-javobini inkor etgan, sen hali ham Isoni birgina kalima bilan o’likni tiriltirganini inkor etasanmi? O’lik Iso chaqirishi bilan qabrdan bosh ko’tarib turgani holda, nechun Munkar va Nakirning ovozini eshitib kafanidan bosh ko’tarmasin, savollarga javob bermasin?

Bismilloh shunday ismki, har kuni qanchadan-qancha oqsoq, qanchadan-qancha baloga yo’liqqan kasal, ko’r kishilar saharlab Isoning (Olloh rahmatiga olsin!) qullik etadigan makoni eshigi oldida to’planardilar. U duosini o’qib bitirishi hamono, tashqari chiqib ularga ushbu muqaddas ismni o’qir, hammalari kasallikdan qutilib, sog’-salomat uylariga qaytardilar.

Bismilloh shunday ismki, Mustafo (Unga Ollohning rahmati yog’ilsin!) oyning o’n to’rtinchi kechasi Ka’baning atrofini tavof etayotgandi. Makkada jazirama shiddatidan xalqning ko’pchilik qismi kechasi tashqariga chiqardi. Abu Jahl uni (Muhammadni — tarj.) ko’rdi. G’azablandi, battar hasad qildi: “Kim biladi, bu sehrgar yana qanday tartib o’rnatmoqchi bo’lib yuribdi ekan?”. Mustafo o’zini himoya qilib dediki: “Tartib qayoqda, men qayokda? Men xalqni senga o’xshagan yo’lto’sarlarning tartibidan, tuzog’idan qutqarish uchun kelganman”. Abu Jahl: “Xo’p, mayli, agar sehrgar bo’lmasang, kaftimda nima borligini aytib ko’rgin-chi!” dedi. Oldinroq atayin kaftiga shag’al toshlarini solib olgandi. Jabroil kelib: “Hech xafa bo’lmagin, ular seni sehrgar desalar deyaversinlar. Biz senga yaxshi ismlar berdik va u ismlarning ba’zilarini xalqqa so’zladik va ba’zilarini tushunolmaydilar deb, “Xalqqa aqllari nisbatida so’z ayting” hukmini yubordik. U kim bo’libdiki, senga ism qo’ysin? Qulga egasigina ism qo’yadi. Eshikdan kirib kelgan muttaham qul sohibining o’g’liga qanday qilib ism qo’ysin? Qo’ygani bilan o’sha ismni bo’yniga osib, do’zaxga otadilar. U seni sinash uchun, kaftimda nima bor, deb so’raydi. Javoban deki: “Hovuchingda nima yashiringanini aytaymi yoki hovuchingdagi mening kim ekanligimni aytsinmi?” Mustafo (Unga Ollohning salomi bo’lsin!) Mehribon va rahmli Olloh nomi bilan, deya ushbu ismni aytib unga javob qaytardi. Abu Jahl: “Hovuchimdagi narsa sening kim ekanligingni aytsa, yana-da ishonarliroq bo’lurdi”, dedi. Haq taoloning pok ismi bilan hovuchidagi shag’al toshlarining har biri tilga kirib: “Ollohdan boshqa iloh yo’q, Muhammad Uning rasulidir», degan ovoz chiqardi. Xalqning yarmi bunga ishondi. Abu Jahl bundan qattiq darg’azab bo’lib, shag’allarni yerga tashlab yubordi. Gaplaridan pushaymon bo’lib, o’zini yo’qotmaslikka urindi va qahr bilan dedi: “Mana shu qo’llarim bilan nima qilganimni ko’rdingmi? Lot, Uzzoga qasamki, bu ishing ham sehrgarlik!”

Abu Jahlning ba’zi do’stlari: “Sehrgarlik yerda bo’lishi mumkin, lekin osmonga ta’sir etmaydi. Kel, uni yana bir bor shu tarafdan sinab ko’ramiz», dedilar va payg’ambarning yoniga kelib: “Qilgan ishing haqiqatdan ham sehr emas, Ollohning mo»jizasi bo’lsa, shu o’n to’rt kunlik oyni ikkiga bo’lib ko’rgin-chi!” Darhol Jabroil tushdi va: “Xavotirlanma, pok — muqaddas, misli yo’q ismimizni yodga ol! Mehribon va rahmli Olloh nomi ila de va ikki muborak barmog’ingni ayri qilib osmonga tutgin-da, oyga ishora qil, toki qudratimizni ko’rsinlar», deya Hakdan xabar keltirdi. Mustafo shunday qildi. Oy ikkiga bo’lindi. Yarmi payg’ambarning o’ng barmog’i tomonda, yarmi chap barmog’i tomonda aks etdi. “(Qiyomat) soati yaqinlashib qoldi va oy ham bo’lindi» 28. Shunday dahshatli ovoz eshitildiki, shahar va cho’llarda minglab hayvonlar o’ldi. Tirik qolganlari ham yem yeyolmay, dir-dir titray boshladilar va xuddi shunday — xalq ham kasallanib qoldi. Yarim xalqning yuragi qon bo’ldi. Hammalari: “Mavjudligidan xabar berayotganing Olloh haqi, oyni tezroq asl holiga qaytar. Aks holda, butun olam ost-ust bo’lib ketadi”, dedilar. Payg’ambar (Olloh rahmatiga olsin!) yana u ismni aytdi: “Mehribon va rahmli Olloh nomi bilan”, deb ikki barmog’ini juftlagan edi, Ollohning amri ila jonbaxsh ism sharofatidan oyning ikkala parchasi qayta birlashdi. Bir talay kishi iymon keltirib musulmon bo’ldi. Abu Jahlning ichiga qurt tushdi va arang o’zini tutib, to’plangan olomonga eshittirib alam bilan dedi: “Agar qilgan ishing ko’zbo’yamachilik emas, haqiqat bo’lsa, ko’z-quloqlarimizni bog’lab, aqlu hushimizni tamg’alamagan bo’lsang, boshqa shaharlar ham bunga guvohlik bersinlar!” Shu zahoti, dunyoning har chekkasidan odamlar, karvonlar, elchiyu maktublar oqib kela boshladi: “Bu qanday voqeaki, Haq taolo samolarni bunyod etgan, shu qubbada ikki sha’mni oydinlatgan, “Quyoshni ziyo sochguvchi, oyni yorug’lik qilib yaratdi” 29 hukmidagidek, mana shu ikki gavhar bilan zulumot pardalarini yoqqan kunidan buyon bunday ko’z ko’rib, quloq eshitmagan, g’ayritabiiy voqea sodir bo’lmagandi. Otalarimiz, bobolarimiz ham bunday hodisa haqida gapirib berishmagandi, hech bir kitobda ham bunday narsani o’qimagandik”.

Bayt: Oy nur sochar, it esa hurar. Bunda oyning qanday gunohi bo’lsin? Itning turgan bitgani shu.
Samovot ustunlari oydan nur olar. Yer yuzidagi bir tikon ostida hurib yotgan it nimagayam yarardi 30?

Karvon cho’lda yo’ldan adashsa, kimdir yo’l bu yoqda deydi, kimdir u yoqda. Shayton esa: “Ayni muddao bo’ldi-da, mana endi mening fursatim keldi”, deya xezlanadi. Asl manzildan tamomila teskari tomonga borib, karvonga yaqinlari, ishongan do’stlarining xush, najotkorona sadolari bilan: «Keling, kelaqoling — yo’l bu yoqda”, deya chorlaydi. Esingizni yig’ing, ey, karvondagi iymon egalari, o’zingizga keling, qulog’ingizga hushyor bo’ling-da, zinhor aldanmang! Kelayotgan ovozda fitna — imtihon bor.

Karvon ahli o’z yaqinlarining ovoziga o’xshagan himoya ovozini eshitishlari bilan, o’sha tomonga burilib ketadilar. Bir chaqirim yurib: “Bizni chaqirgan shu yerda edi. Endi qayoqqa ketib qoldi ekan?” deydilar va ortlariga qaytmoqchi bo’ladilar. Vaholanki, bu sarob karvonni yo’ldan adashtirdi. Shayton deydi: “Bularni tashlab ketsam, ortlariga qaytadilar va bu yaxshi ish bo’lmaydi”. Yo’lini yo’qotganlarni yanayam uzoqroqdan, avvalgisidan ham yoqimliroq ovoz bilan “Kelaveringlar!” deb chaqiradi. Karvon ahlidan ba’zi kishilar: “Chindanam bizning g’amimizni yeyayotgan bo’lsa, borgunimizcha nega joyidan jilmay turmadi, nega birodarlik qilmadi?” deya shubhaga boradilar. Bir u tomonga qarab “ketdik!” deydilar, bir ortlariga boqqancha kelgan taraflariga ilhaq yo’nalgan ko’yi balki birortasi kelib qolar, deya umidvor bo’ladilar. Hatto ularning ayrimlari Tangri rahmatidan yiroqdirlarki, bu toifa kishilar o’sha tubanlik, o’jarlik va fursat cho’lida shaytonning ortidan qolmay, shu taxlit ergashib ketaveradilar. Shu qadar ergashadilarki, na o’girilishga madorlari qoladi va na ortga qaytishga. Ochlik, suvsizlikdan savdoyi cho’lda o’lib, qurt-qumursqalarga yem bo’lib ketadilar. Haq ko’magiga mazhar bo’lganlar esa sarsari cho’lning o’rtasida, “Parvardigoro, bizlar o’z jonimizga jabr- zulm etdik’° 31 deya yolvoradilar. Zulm qildik, ko’p adashdik endi qutilishimiz mahol, deydilar. Haq taolo ularga bir farishta, hatto ma’sum, shariat sohibi, tanlangan, pok bir payg’ambarni yuboradi. U payg’ambar Olloh nomidan ularni to’g’ri, haq yo’lda turib chorlaydi: «Ey, Ollohning haddidan oshgan qullari! Ey, yo’ldan adashganlar! Sizlar haddidan oshib, bir-ikki chaqani uvol qilish yoki bir necha eshakka yuk bo’lgich bug’doy hisobini bilmay sarflashu meros qolgan anchayin mol-davlatni yeb-ichishga xarjlab yuborishni isrof deb o’ylamanglar. Asl isrof aziz umrni xarjlamokdir. Chunki bir soniyalik umr qimmatini yuz ming chaqa bilan o’lchab bo’lmaydi. Javohir vaqt o’tishi bilan qozonilishi mumkindir, ammo vaqtni javohirga sotib olib bo’lmaydi. Ya`ni umr davomida ne-ne yoqutlarni ham qo’lga kiritsa bo’lar, biroq yuz-minglab yoqut bilan vaqtga ega chiqib bo’larmidi?”.

Bayt: Jonni oltin bahosida sotib olmagansan-da, shuning uchun qadrini bilmaysan.
Hindu ham tekin molning qadriga yetmaydi 32.

Siz boshqalarga zulm qildik, deb o’ylaganingiz bilan, aslida, buni o’zingizga qilgansiz. Dushmanlarimning do’konini yoqdim, deb sevinib yurganingizda o’z do’koningiz olovlar ichra qolgan, bor sarmoyangiz kasodga uchragandi. YOMONLIK qilmaginki, yomonlik ko’rmagaysan. Choh qazimaginki, chohga qulamagaysan.

Bayt: Yo’qsilning ko’nglini kabob qilib yegan zolimga yaxshilab nazar solsang,
o’z- o’zini qizartirib yeyayotganining guvohi bo’lasan 33.

Hikoya qilishlaricha, bir qassob nasiyaga go’sht berarkan. Do’konda nasiyalarni yozib o’tiradigan bir yosh shogirdi ham bor ekan. Qassob: “Yozib qo’y, falonchining shuncha qarzi bor, pistonchidan esa shuncha oldi-berdimiz bor”, deb buyurarkan. Kunlarning birida bir o’laksaxo’r qush kelib, bir bo’lak go’sht o’g’irlab qochibdi. Qassob bolaga: “Yozib qo’y, go’shtning to’rtdan biri shu yirtqich qushda. Undan ham mana shuncha oladiganimiz bor”, debdi. Boshqa kun o’laksaxo’r qush odati bo’yicha do’konga yana kelib, go’sht o’g’irlamoqchi bo’lganida qassob qushni tuzoqqa tushiribdi va kallasini uzib qassobxonaga osib qo’yibdi. Bola: “Ustoz, qushdan olingan haqqimizni yozib qo’ydim. “Mening o’z jonlariga jinoyat qilgan bandalarim» hukmidagidek, endi qushning ham sizdan oladigani bor. Qancha yozib qo’yay?” deb so’rabdi. Usta yoqasini chok etib: “Go’sht masalasi oson. Ammo jon so’rasalar, men nima qilaman?” deya oh uribdi. “Ollohning rahmat-marhamatidan noumid bo’lmangiz” 34. Ya’ni girdobga tushsangiz, noumid bo’lmangiz. Ba’zi mufassirlar bu oyat Hamzaning (Olloh undan rozi bo’lgay!) qotili Vahshiy haqida kelgan, deyishadi.

Hamza avvaliga qilich arsloni edi, keyin Haq arsloniga aylandi. Oldiniga payg’ambarning amakisi, yaqini edi, so’ngroq o’g’li bo’ldi. Hamza musulmon bo’lgach, urushga ketayotib zirh kiymaydigan odat chiqardi. Undan: “Ey, arabning arsloni, yoshligingda — ayni yigitlik kuch-quvvatiga to’la chog’ingda zirh kiyar, boshingga dubulg’a ilarding. Badaning zaiflashib qarigan chog’ingda jangga zirh kiymasdan ketishing boisi nimada?» deb so’rashdi. Shunda Hamza: “Arslonning fitratidagi yigitlik sifati — yashamoq, tirik qolmoq umidiyu joni bilan o’yin o’ynamaslik odati qay yo’sin tabiatning in’omi bo’lib, o’lim qo’rquvi uning ko’zlariga ko’rinmasa, xuddi shunday mening ham siyratim arslon — yigit edi. Parvonada Ibrohimning nuri bo’lmaganidan keyin qanday qilib Ollohga dosh bersin? Zero, suvga tashna, chanqoqlik balosiga giriftor odam, qonib suv ichgani hamon qo’l-oyog’i shishib ketganini ko’rsa hamki, suvdagi lazzat bularni undan to’sadi. Undan o’lim xayolini quvadi. Men Hamza bo’lganim bilan, haligi yigitligu jasoratni tabiatim amriga ko’ra bajarayotgandim. O’lim ko’zlarimga hayot bo’lib ko’ringanidan emas, o’shanda bunday nur yo’q edi menda. Mana endi iymon keltirgach, tabiatim bilan bog’liq zulmat ko’z oldimdan, ko’nglimdan chiqib ketdi. O’limdan, o’ldirilishdan so’ng jonga ulashilajak qanchalar hayot ne’mati bor. Jonning faqat jon majlisida huzur sharobidan qanday totganiyu qo’lsiz qadah tutib, og’iz, labsiz ichgan ko’yi boshsiz qanday bosh chayqatganini, oyoqsiz qanday raqsga tushganini ko’rdim”. Ular jismsiz — qorin, og’iz, labsiz yeb-ichmoqdalar. Jon huzur sharobidan bir totdimi, g’ayb olamida oh urib derki: Ey, tuproq qolipida noumid bo’lganlar! Shu tuproq qolip parchalansa, yeb-ichishdan qolamiz, oydin kundan mahrum, tor qabrga mahbus bo’lamiz, deb umidsizlik qilyapsiz. Siz bir bor bizning holimizga boqib ko’ring! Ey, mozorda ko’r qolgan! G’ofil o’zini ko’r deb o’ylaydi, ammo arslon hech zamonda bunday bahoni o’ziga beradimi? Bekati — manzilini mozor bilgan kishining oyog’ida qanday mador qolsin? Unday kimsa qaysi ko’ngil bilan uchib bekatlar oshsin? Axir, ko’ngil — ko’rishdan harakatga keladi. Kimniki ko’rish qiblasi mozor bo’lsa, unda kuch-quvvatdan hech qanday ulush qolmaydi. Basiyrat sohiblarining bosgan tuproqlarini ko’zlaringizga surtingki, ko’zingiz tuproqni ko’rolmay qolsin, mozorga qarashdan voz kechsin. Chunki bu taraf tuproq yoki mozor emas, top-toza nurdir. Mozor bilan tuproq qayoqdayu musaffo nur qayoqda?

Bayt: Birodar, sen tushunchadan iboratsan. Qolgani go’sht, teridir.
Gul xayoli ila gulistonga, yantoq xayoli ila tikanzorga aylanasan 35.

Oxiringni tuproq deb o’ylasang — tuproqsan.
O’zingni pok deb faraz qilsang — poksan 36.

Hamza ularga shunday javob berdi: “Ha, u paytlar jangga ketarkan, zirh kiyib olardim. Chunki o’limga, yaralanishga ketardim. O’lim tomon zirhsiz, tadbirsiz borish aqldan emas. Mana endi iymon ko’zi bilan ko’rib turibmanki, jangga emas, yashamoqqa ketar ekanman. Asl ojizlik — tiriklik, hayot tomon zirh bilan himoyalanib borish ekan».

Bayt: Hech bir ko’ngil u mehrobga o’z istagi bilan bormaydi, (Udir ko’ngillarni o’ziga jazb etgan).
Hech kim u go’zal bilan ko’ylagini yechmasa, yotib-turmaydi 37.

Vahshiy degan kishi zodagon bir arab ayolining quli edi. Hamza jangda u ayolning eng yaqin kishisini o’ldirgandi. Ayolning qalbida Hamzaga nisbatan qasos hissi bor edi. Ayol quli Vahshiyga: “Biron chora topib Hamzani o’ldirolsang, senga mana shuncha sarmoya berib, ozod qilaman”, deydi. Jangda yaqinlarining o’limi sabab Hamzaga adovat bilan boquvchi boshqa kishilar ham shu ishni bajarsang, falon ot seniki bo’ladi, falon joriyani ham senga beramiz, deya uni axiyri ko’ndiribdilar. Oltin va mol ko’zni shamg’alat, quloqni kar qilib qo’yadigan ko’zbo’yamachidir. Hatto ilm, hunari bilan qilni qirq yorgan qozi va hakim ham mol-dunyo, pora qayg’usiga tushdimi, o’sha mol-dunyoyu porasi ularning ko’zini bog’laydi. Oqibat, kunduzi ham zolim bilan mazlumni ajratolmay qoladilar. Robiya (Olloh rahmatiga olsin!) haqida xalq orasida shunday hikoya yuradi: Bir kun Robiyaning xizmatchisi o’n ikki tanga pulni olib uning qo’liga berdi. Shunda Robiya bir tangani o’ng qo’liga, ikkinchi birini chap qo’liga oldi. Ovqat mahali unga, “olsang-chi!“, deyishdi. Luqmani og’zimga tuting, chunki qo’llarim band, dedi. Yaxshisi ikkala tangani ham bir qo’lingga olgin-da, ikkinchi qo’lingni oshga uzat. “Xudo saqlasin, unisi ham afsungar, bunisi ham. Bu ikkovini aslo bir qo’limga olmayman. Har ikkisi bir oraga keldimi, fitnayu buzg’unchilik taraddudiga tushib qoladilar. Ular bir topishdilarmi, bizni bir-birimizdan ayirish harakatini qiladilar”. Xuddiki, “Va o’shalardan (Horut va Morutdan) er-xotinning o’rtasini buzadigan narsalar o’rganadilar» 38, deb buyurilganidek. Oyatni zohir ahli tafsir etarkan, bu er-xotinning orasini buzuvchilar haqida deydilar. Ahli haqiqat esa jon va badan orasidagi ajrim haqida, deyishadi. Chunki jonning tengi yo’q boqiy jufti haqiqat bekatidir. Uning chin jufti, uni juftlik savdosidan qutqarib birlikka yetishtirgan, darddan forig’ etib — yagona qilgan Zotdir.

Ruboiy: Butun olamda jufti topilmagan ul Yagona Zot, quli bilan kelishib
“birmi- juftmi” o’yinini o’ynashni boshladi.
To’satdan menga, birni xohlaysanmi, juftnimi, deb qoldi.
Men ham: Bu olamda bir bo’lish uchun, Sen-la juft bo’lishni istayman, dedim 19.

Har ne boshqa biron narsa bilan do’st tutindimi, ikki bo’ladi. Faqat bu haqiqat ajablanarli bir haqiqatki, sen u bilan birga bo’lsanggina bir bo’lasan. Usiz qoldingmi, parchalanib ketasan. Buning misoli jon va badandir. Jon tanda ekan, bir-biriga zid jami parchayu bo’laklar birlashadilar. Qachonki, jon tanni tark etgach, bir narsa yuz ming narsaga aylanib qoladi. Ko’z bir yoq, quloq boshqa bir yoqqa ketadi. Suyak-suyakka, et-etga ajralib qumursqalarga yem bo’lib, yo’qoladi. Nega bu parcha-bo’laklar sochilib ketdi, ular, aslida, bir emasmidilar? Tuproqqa evrilishi bilanoq uning bir qism loyidan ko’za yasasalar, bir qismidan mesh yasaydilar. Ularning har biri o’z-o’zicha yakka, bir-biroviga begona bo’lib ketadi. Biz ikki yorti bir edik, qachon begona bo’ldik? Jon suhbati bilan birlashgan, bir tanu bir jon bo’lgan biz emasmidik?!

Bayt: Qadahlar bo’shab qolgandan keyin ogirlashadi.
Sof sharob bilan to’lganlari zahoti yengillashadilar,
havoda uchar darajada yengil holga keladilar.
Shunga o’xshab, badan ham jon bilan ayni shundoq yengillashadi 40.

Vahshiy mol-dunyoga aldanib, Hamzani o’ldirish fursatini qidira boshladi. Nihoyat, Hamza g’animlarni o’ldirish bilan andarmon ekan, Vahshiy uning yoniga yaqinlashish uchun fursat topolmay, Hamzaning o’ng tomonidagi bir tosh ortiga yashirindi. Hamza urushga tamomila sho’ng’irkan, Vahshiy tosh ortidan payt poylab boshini chiqarib- chiqarib turardi. To’satdan bir gala dushman askarlari hujumga kelib qoldi. Hamza ularni qirish bilan ovora edi. Vahshiy nihoyat paytini topdi. Hamza zirhsiz edi. Vahshiy unga tomon qilich otdi. Qilich Hamzaning beliga sanchildi. Hamza qilichni bor kuchi bilan belidan sug’urib oldi. Ammo buni uddalaguncha ko’p qon yo’qotdi. Vahshiyning ortidan tushmoqchi bo’ldi-yu, ko’p qon yo’qotganidan quvvati qolmay yerga yiqildi va uch bora: “Biz — sarxushmiz”, dedi. “Ularning hayoti-dunyodagi maishat-tirikchiliklarini ham ularning o’rtalarida Biz o’zimiz taqsimlaganmiz’» 41, deb buyurilganidek, shu onda jon berdi. “Albatta biz Ollohning (bandalarimiz) va albatta biz U zotga qaytguvchilarmiz«42.

Shundan so’ng Mustafo (Salomlar bo’lgay!) Hamzaning shahid bo’lganini eshitdilar. Oyoqlari yaralangan, g’animlar muborak tishlarini sindirgan va ancha-muncha qon yo’qotganlariga qaramay, Hamzaning o’limi xabarini eshitib — barini unutdilar. Borib Hamzaning boshini bag’irlariga bosdilar va qutlug’ yenglari bilan yuzlarini artdilar. “Sen uchun yovlarni shunday qirayinki, sanog’iga yetolmasinlar”, deya ont ichdilar. Nihoyat, oyat tushdi: “Biz Hamzani baland davlatlarga musharraf qilmadikmi? O’ch olishni o’ylamang! Chunki sizning yo’l-yo’rig’ingiz lutfdir, afv etishdir”. Erkagu ayol shahid ketgan o’z yaqinlari ketidan yum-yum yig’lab, faryod chekardi. Mustafo buyurdiki, (Olloh rahmatiga olgay!) “Ey, mening amakim, Hamza! Sening ortingdan hech kim ko’z yosh to’kmayapti. Holbuki, kuyunishlarga eng munosibi sensan. Aslida, seni yo’qotganlaridan faryod chekib, ko’z yosh to’kishlari joiz edi”.

Yig’lay-yig’lay masjidga tomon ketdilar. Ayollar kelishdi. Hamzaga (Olloh undan rozi bo’lgay!) masjid eshigida faryod eta-eta aza ochdilar. Payg’ambar yana bir muddat yig’ladilar-da, Hamzaga motam tutgan ayollarni duo qildilar. Jangda shahid ketganlar haqqiga birma-bir namoz o’qidilar. Hamzaga esa yetmish marotaba namoz o’qidilar.

Vahshiy noumid bo’ldi: “Hatto la’natlangan Iblisning butun avlodpari gunohlaridan o’tilganda ham, mening tavbam qabul bo’lmaydi. Men shunday bir ish qildimki, shu jinoyatim boisidan payg’ambarlarning eng maqbuli, eng ustunining, samodagi barcha malaklar ko’ngil qo’ygan zotning muborak qalbi qattiq ozor topdi. Endi Nuh umri qadar hayot sursam ham, yana bundan o’n barobar uzoqroq yashasam ham, umr bo’yi sabr qilgan Ayubdek sabr qilsam ham, tavbam qabul bo’lishiga, afu etilishimga ishonmayman”. Uning ohlari osmonni tutdi. Shu kundan boshlab Makkaning qaysi tomonida aza bo’lsa, Vahshiy o’sha o’lik qabri tepasiga borib, boshidan tuproq sochar, ayollarga qo’shilib yig’lay ketardi. Undan: “Ey, Vahshiy, sen marhumimizning aqrabolaridanmisan?” deb so’rashardi. U esa: “Jonim shunday azaga botgan, shunday motamsaroki, butun dunyoning azalari mening motamimga aylangan kabi», deb javob berardi.

Rahmat dengizi jo’shib ko’pirdi. Jannat irmoqlari rahmat sutlari bilan qirg’oqlarga qadar to’ldi. “Rahmat asarlariyu ehson dengizi jo’shib-toshishining guvohi bo’lib turibmiz. Ko’ramiz, rahm-shafqat to’lqini sohilga qandayin ko’z ko’rib, quloq eshitmagan durlarni otar ekan”, deya yetti osmon farishtalari qanotlarini yozdilar.

Farishtalar shunday mahtal bo’larkan, azalu abad Podshoh, bechorayu ehtiyojmandlarning qo’llaridan tutuvchi, behisob mag’firat sohibi Rahmon habibi Mustafoga (Olloh rahmatiga olgay!) vahiy yubordi: “(Ey Muhammad, turli gunoh ma’siyatlar qilish bilan) Mening o’z jonlariga jinoyat qilgan bandalarimga ayting: “Ollohning rahmat-marhamatidan noumid bo’lmangiz!” Albatta Olloh (O’zi xohlagan bandalarining) barcha gunohlarini mag’firat qilur” 43. Ey, mening bag’ri qon qullarim! Ey, mening xirmoni kuygan qullarim! Ey, dardga mubtalo, g’am-g’ussaga giriftor bo’lgan, zindonband etilgan, pushaymonlik otashida yonib, bilimsizlik ortidan uy-joyini kuydirgan qullarim! Ey, olov yutib, qon yig’lagan, haddidan oshib umidsizlikka tushgan qullarim! So’ngsiz rahmatimdan noumid bo’lmangiz! Bandalarimga g’amxo’rlik, marhamat qiluvchi karamimdan umid uzmangiz! Olloh, shubhasiz, barcha gunohlarni mag’firat qilur. «Albatta, Olloh (O’zi xohlagan bandalarining) barcha gunohlarini mag’firat qilur”. Boshqa bir oyatda kufrdan bo’lak barcha gunohlarni afu etaman, degan bo’lsa, bu oyatda Vahshiyning dardiga darmon bo’lmoq uchun bari gunohlarini kechiraman, deb buyurdi. Bu safar “O’zim xohlagan bandamning” demadi, chunki ayni jumlaning qilichi Vahshiy jigarini yaralab, tilka-pora qilib yuborgandi. “Ey, “O’zim xohlagan bandamning” so’zi, sen jigarimni tilyapsan, yo’llarimda olovlar bilan liq to’la yetmish xandaqsan. Bularni hatlab o’ta olishimga qandoq ko’zim yetsin? Tutunlar chulg’agan qattolligim bilan u olovli xandaqlardan qandoq oshib o’tayin? Bu hatto xayolga ham sig’maydi, aql esa bovar qilmaydi” deb nadomat chekardi.

Bayt: O’zingdan kechmas ekansan, jismingga o’ralib olgancha asirlikdan netib qutulmoqchisan?
Sen bir o’tinsan. Jahannamni — u kuydirgi olovni qandoq kechib o’tmoqchisan 44?

Karam sohibi, lutfkor Haq taoloning beqiyos rahmat ziyosidan taralmish marhamat shu’lalari, o’sha “O’zim xohlagan bandamning” oyatidagi harflardan ham dud chiqarib yubordi-da, alangali olov xandaqlar bilan Vahshiyning ko’z yoshlaridan Ibrohim olovidek gul, rayhon, yosuman o’stirdi — guliston holiga keltirdi. “Olloh ana o’shalarning yomonlik — gunohlarini yaxshilik — savoblarga aylantirib qo’yur”, hukmidagidek olov bilan to’ldirilgan xandaqni va “O’zim xohlagan bandamning” so’zini maydondan chiqarib yer yuziga ham, osmonlarga ham rahmat yog’dirdi.

Bayt: Suyukligim, yasanib oldi — husniga husn qo’shildi. Umr bo’yi — ko’z tegmasin! Kufri butunlay iymonga aylanib qoldi — sirayam ko’z tegmasin!
Achchiqpanib zahar sochgan o’sha dudoqlaridan shakaru bol toma boshladi — sirayam ko’z tegmasin 45!

Bayt: Sen hukm surgan o’lkada davlating soyasida aftoda —
parishon bo’lish foydali bo’lmasligi mumkin, lekin ziyon ham emas.

Ruboiy: Sen mening tulkim emasmisan, arslondan qo’rqqaning nimasi?
Sening davlating men emasmanmi, yo’qsillikdan cho’chiganing nimasi?
Samodagi oy sening yo’ldoshing emasmi? Tong er kishi maqomiga yetdi,
oqshom mahali bunga muyassar bo’ldi, xavotiring nimasi 46?

Bu shunga o’xshaydi: tuxumni yorib chiqqan palaponlar uyada qoladilar. Onalari esa ularga yemish axtarib uchib ketadi. Ona qush bolalarini uzoq kuttirmay, yaqin atrofdan ozuqa topish ilinjida parvoz qilsa hamki, topgan don-dunim ortida tuzoq bo’lmasin yana, yegulik g’amida hayallasam hayallayinki, ammo unga (tuzoqqa -tarj.) bandi qolmayin, deb palaponlarini kun bo’yi yolg’iz qoldirib ketishga majbur bo’ladi.

Ruboiy: Boshimizga tushgan barcha aziyat, iztiroblar xomlik — ochko’zlik ortidan keladi.
Bular nafs sinovparidan, istaklarning bizga o’tkazgan zug’umidan tug’iladi.
Don ilinjida tuzoqqa tushgan qush,
torgina qafasga qamaladi-da, tom boshiga osib qo’yiladi 47.

Ey, ochko’z nafs, sen qushdan ham tubanroqmisan? Axir, qush ham duch kelgan donga bo’yin cho’zmaydi-ku! Ochlikdan azob chekkanda aqli unga: “Bu yonib kuyishing tuzoqqa ilinishdan afzalroqdir. Qo’y, shu donni. Xavfsizroq, ovchilardan xoliroq joylardan yemish izla!” deya yo’l ko’rsatadi. Keyin qush shunday yegulik topadiki, u yerda na bir qo’rquv, na bir xatar bor. U yoq ziyon-zahmatdan yiroq. Shunday bo’lgani holda, yana ellik marta o’ngu so’liga boqib, tag’in biror yirtqich qush yoki biror mushuk meni g’ofil ko’rib, ov rejasini tuzib, ko’zlab turgan bo’lmasin. Birovi tutib, boshqasi bog’lab tuzoqqa ilintirmasin, deya yana tadbir oladi. Oqillar kimni ahmoq deb bilsalar, o’shanga kulgilari qistaydi.

Bayt: Qushcha donning tepasida yuz marta o’ngu so’liga, oldu ortiga qarab hadiksirab turib qoladi.
Joni shuning boisidan halovatini yo’qotgan. Jon qayg’usi don qayg’usidan ming marta ortiqroqdir 48.

Qaerda ekan u haqiqatki, qo’lga kiritgan don-duniga qarab: mana shu luqmamni deb, o’laksa yegan nafs domiga tushib qolmayin yoki qora mushuk menga qasd qilish paytini poylamasin va yo Haqning qahr tuzog’i tutib olmasin, desin. Shu begona ayolga boqayapman, ishqilib, bo’ynim dor tagiga yetmasin. Uyqusiragan ko’zlarini tomosha qilyapman, ishqilib, g’ayb pardasi ortidan bir kuzatuvchi chiqib bo’g’zimdan olmasin.

Bayt: Go’zallarga qiyo boqmaginki, bu boqishning oxiri yig’i bilan nihoya topmasin.
Avvaliga u birgina boqishing ahamiyatsizdek tuyuladi, ammo keyinroq qush don-dunini cho’qib oladi-da, uchib ketadi 49.

Isroil o’g’illari orasida Barsiso degan bir zohid bor edi. Zohidligining ovozasi mag’ribu mashriqqa yoyilgandi. Qaerda biror betob kishi bo’lsa, unga duo o’qib, dam urilgan suv berib yuborardi. Uni ichgan kasal darhol sog’ayib ketardi. Buni hamma uning nafasi o’tkirligiga yo’yardi. Ko’p o’tmay, xalq ichida tabobatga nisbatan “falon dori-darmon ta’siridan kasallarimiz hech shifo topdilarmi”, kabi shubhalar paydo bo’ldi. Barsisoning dovrug’i shunchalar oshib ketdiki, oqibatda zamonasining hakimlari ishsiz qoldilar.

La’natlangan, hiyla-nayranglar xojasi, azaliy dushman Iblis, bu holdan g’ashlanar, lekin tayinli chora topolmay yurardi. Kunlardan bir kun quyosh botgach, o’g’illariga qarab dedi: “Oralaringizda shuyagona er kishini tuzoqqa ilintirib, meni bu g’alvadan qutqaradigan biron mard yo’qmi?” O’g’illaridan biri: “Ertaroq menga aytmaysanmi, hali ko’rasan, bu ishni pishitaman. seni ezg’ilayotgan darddan o’zim forig’ etaman», deya g’ashlandi. Iblis suyunib ketib: “O’g’il degani — senday bo’lsa! Agar zimmangga olgan ishning uddasidan chiqolsang, ko’r ko’zlarimni yoritgan bo’lurding», dedi.

Iblisning bu o’g’lida shundayin mal’unona aql bor ediki, xalqni yosh va go’zal ayollardan bo’lak yaxshiroq ovlaydigan tuzoq yo’q, deb o’ylardi. Chunki bu — oltinu non qayg’usiga o’xshamaydi. Sen oltinga oshiq bo’lasan. Lekin uning joni yo’qki, senga u ham oshiq bo’lsin. Nonning ham qanday joni borki, seni izlasin va sen bilan gaplashsin. Faqatgina yosh ayollar muhabbati ikki taraflama bo’lishi mumkin. Sen uni sevib, talpinsang, u ham seni sevib, talpinadi. Sen uni yo’qotish tadbirini qilsang, u ham zimdan sendan qutilish rejasini tuzadi. Devorni bir yog’iga o’tvolib buzishga kirishsang, u hadeganda ag’anay qolmaydi. Madomiki, uni har ikki tomondan teshishga chandon urinsang, ikki yondan o’yib kelayotgan ikkala aslaha ko’p o’tmay bir-biroviga qovushadi. Endi sen bilan u ayol orasidagi do’st-dushman, begonalarning yaxshi-yomon nazaridan hosil bo’lgan parda bir devorga o’xshaydiki, bu — ayol bilan sening orangdir. Sen bu yoqdan o’sha ayol ishqida devordan tezroq daricha ochib olish harakatini qilasan. Ayol ham narigi yoqdan biror yo’lini qilib devorni teshish tadbirini oladi. Shunday qilib, o’yilgan ikki daricha visol uchun vosita bo’ladi.

O’g’ri kechasi eshikni tashqari tomondan ochishni qanday uddalash mumkin, deb o’ylab yurardi. Agar o’g’rining uy ichida hammaslak o’rtog’i bo’lsa yoki bir joriya ichkaridan eshikni ochib tursa, hech zamonda tashqaridan pul o’marish murodida yugurib-yeladimi? Oltin va yo sandiq borib eshikni ocholarmidi? Shunga o’xshab, Iblisning o’g’li ham butun dunyoni kezib chiqtsi. Zohidni ovlamoq uchun go’zal, aqlli, tagli-tugli, jozibayu ishvali ayol izladi. Iblisona fisqi-fasod quvvati bilan qo’shmachilik, yuzi qoralik illatini yashirib, tuzukroq ayol qayg’usida uyma-uy, shaharma-shahar aylanib yurdi. Uzoq izladi — izlagan murodiga yetur. Izlagan narsasi izlanishga munosib bo’lgan kishi qanday baxtli! Bu to’ng’iz ovlashga sirayam o’xshamaydi. Inson to’ng’iz ovida ham otni holdan toldiradi, ham o’zining tinka-madori quriydi. Bu bema’ni ovda vaqti ketgani qoladi. Go’zalim, to’ng’iz oviga chiqib, bundan zavqlanib yuraveradi. Nihoyat, to’ng’izni bir amallab o’ldiradi ham. Biroq uning jasadi: terisiyu eti, tishlariyu juni hech nimaga yaramaydi. Keyin qayokdagi to’ng’iz uchun umrimni ko’kka, o’qlarimni havoga sovurdim, deya nadomat chekib yuradi.

Bayt: Yuklarning bari eshak kirasiga yetsa, qaniydi.
Do’stlarning bari ko’ngil g’amiga yarasa, qaniydi 50.

Aqlli deb shunday odamni aytadilarki, biron nimani izlab topolmasa, og’rinib o’tirmaydi. Topguday bo’lsa, o’z-o’zi bilan olishib, pushaymon bo’lmaydi. Ko’zlari har kun ovdan asta-asta yorisha boshlaydi-da, gulistonga boqadi, zavqi esa u go’zalni deb yana-da oshadi, husniga oshufta etadi. Xasta ko’nglini o’sha xazina, mol-davlat shavqi ovlasa, shamol uning bo’yini keltirib, sarmast qiladi. Inson uning jilvayu ishvasiga bandi bo’ladi. Bunda na o’lim va na ayriliq qo’rquvi bor, na mansab, na g’ovlarni g’orat etish qayg’usi bor. “Bas, ularning qilib o’tgan amallariga mukofot qilib ular uchun berkitib qo’yilgan ko’zlar quvonchini (ya’ni oxirat ne’matlarini) biron jon bilmas Tangri taolo marhamat qiladiki, ko’ngil xilvatida Bilqiys kabi qo’nim topib, Hudhuddek yod etish tumshug’i bilan har lahzada bir niyoz maktubi izhor qilgan va Sulaymon dargohiga undan xabar keltirgan ul xush nafasli jon uning yo’g’u borini abadiy hayot tomon tortqilayotganlarini qayoqdan bilsin? Buningdek hayot, buningdek zavqu safoning nihoyasi bo’larmidi? Dunyoda qaysi oyoq bu manzillar sari olg’a yura oladi va qaysi qadam bu qutlug’ qadamni ilg’ay oladi? Bu olamda uni eshitguvchi quloq qani? Qayoqda u aql-tafakkurki, bu ta’mni totib ko’rsa? Hozir mana men — so’z so’zlayapman, siz — eshityapsiz. Ulug’lik sohibi Ollohga qasamki, g’ayb olamining yuksaklarida uchib yurganlar ham, samovot pardalarida benuqson, komil quloqlari bilan buni eshitib turadilar. “Shak-shubhasiz, sizlarning ustingizda (qilgan har bir amalingizni) yod olib, yozib turguvchi ulug’ (farishtalar) bor. Ular sizlar qilayotgan ishlarni bilurlar» 52. Ular bir-birlariga qarab: “Bu qanday ajablanarli holki, shu so’zlarni aytayotgan, shu nafasni olib-chiqarayotgan kishi nima uchun borliq pardasini yirtib, osmonlarda uchmayapti ekan?” — deya hayron bo’ladilar. Ko’zlari shamg’alat bo’lib: “Ajabo, so’z aytayotgan chindanam insonmi? Insonning ham so’zi bo’ladimi? Shamol bu so’zni tog’ga puflasaydi, tog’ somon cho’pidek sevinchdan yayrab ucha ketardi. U tog’ning bo’laklari, sevgi havosidagi mezonlardek umbaloq oshardilar. “Agar Biz ushbu Qur’onni biron toqqa nozil qilganimizda, albatta siz u (tog’)ni Ollohning qo’rquvidan egilib yorilib ketgan holida ko’rgan bo’lur edingiz” 53.

Bu inson otlig’ mavjudot nechun parchalanib ketmayapti? Zarradek sochilib ketmasligining boisi ne, Parvardigor? Bunaqangi aqlni shoshirib qo’yuvchi narsalarni ko’ngliga keltirib yana
tili bilan so’zlovchi, odamlarning qulog’iga quyib, qalami bilan yozib ham qo’yuvchi borliq qanday qilib o’z holicha qolaveradi?” So’ng Haq taolodan shunday xitob keladi: “Parcha-parcha bo’linib ketmog’iga mone’ bo’lgan narsa, shubha pardasidir”.

She’r: Ey, jonimning qat-qatlarini makon etgan
va bundan hatto jonimning o’zi ham bexabar bo’lgan, do’st!
Dunyo sen bilan to’lig, lekin dunyoning sendan xabari yo’q.
Ko’nglim, jonim, netib izingni izlasin.
Jonu ko’ngil sening maskaning, faqat ular sendan ogoh emaslar.
Surating xayolda-yu, xayolning sendan nasibasi yo’q.
Isming tilda-yu, tilning ham bundan xabari yo’q.
Xalqning sendan xabardor bo’lmogi ism va belgilar bila mumkindir.
Lekin, ko’rmaysanmi, barcha ismlaru belgilaring oshkor bo’lgani holda, xalqning sendan xabari yo’q.
Sening dengizing javohiri ortidan tushganlar
haqiqiy iymon va shubha vodiyida sayr etib ham sendan voqif bo’lmadilar.
Seni qanday tanishtirayin? Chunki har qaday komil tanishtiruv ham
sendan ojiz, hatto uning sendan xabari yo’q.
Parvozning Jabroil qanotidan qanday qilib xabari bo’lsin,
xuddi shunday, sendan xabar berganning ham, aslida, sendan xabari yo’q» 54.

Barsiso hikoyasini nihoyalab qo’ysak. Haligi dargohdan quvilgan Iblisi la’in uzoq axtarib, nihoyat o’sha mamlakat podshohining qizini tanladi. Sababi — malika tengi yo’q sohibjamol edi. U qizning miyasiga kirib, es-hushidan ayirdi, devona qildi. Malika to’shakka mixlanib qoldi. Podshoh donishmandu hakimlarni to’pladi. Ularning bari malikani davolab, dori-darmon tavsiya etishga, oyoqqa turg’izishga ojiz edilar. Iblis zohidlar kiyadigan libosga o’ralib keldi-da, podshohga dedi: “Agar qizimning xastaligi tezroq arisin, desang, Barsisoga olib borishing kerak. U qizingni o’qib, dam urgachgina bu kasallikdan xalos bo’ladi”. Saroy ahli bundan boshqa chora topolmay, Iblisning gapiga kirib, malikani Barsisoning huzuriga olib bordilar. Barsiso duo o’qidi, Iblis ham qizni qo’yib yubordi. Qiz sog’aydi. Iblis shu yo’l bilan podshohning ishonchiga kirdi. Podshoh qizining salomatligidan sevinchi ichiga sig’may yurardi. Biroz vaqt o’tgach, Iblis yana malikani kasallatib qo’ydi. Hakimlar avvalgiday uni davolashdan ojiz qoldilar. Iblis yana o’sha zohid suratida saroyga borib, dedi: “Malikani Barsisoning oldiga olib borish zarur. Lekin bu safar tuzalib ketguncha uning yonida qolsin. Uzoq vaqt o’tib, o’zi sizlarga sog’aydim deb xabar bermaguncha bezovta qilmanglar». Minglarcha hurliqo qanday izzat-hurmat bilan manzilga yetkazib qo’yilsa, malika ham ayni shundoq e’zoz bilan Barsiso huzuriga eltib qo’yildi. Hakimga: “Malika butunlay sog’aymaguncha sening yoningda qoladi. Bizga shunday maslahat berdilar va biz buni ma’qul topdik», deb omonatlarini zohidning ibodatxonasida qoldirib qaytdilar. Qiz, zohid va Iblis ibodatxonada yolg’iz qoldilar. O’shal zohid oqil kishi bo’lsaydi, ibodatxonada malika bilan tanho qolishga aslo rozi bo’lmasdi. Payg’ambar (Unga salomlar bo’lgay!) buyuradi: “Bir ayol va bir erkak xonada yolg’iz qoldilarmi, ularning uchinchilari shaytondir». Ya’ni shayton ularning vositachisidir.

Uzoq muddat qiz zohid bilan bir hujrada qoldi. Hash-pash deguncha, Barsiso unga ko’ngil qo’yib, to’shakka tortdi. Qiz homilador bo’lib qoldi. Bu safar Iblis inson suratiga kirib Barsisoning yoniga keldi. Unga o’zini hamdard ko’rsatdi. Nimadan xavotirlanyapsan, deb so’radi. Barsiso bo’lib o’tgan voqealarni aytib berdi. Iblis qizni o’ldirishdan boshqa chorang yo’q, so’raganlarga o’lib qolgandi, ko’mib yubordim deysan, deya maslahat soldi. Barsiso Iblisga bo’ysunib malikani o’ldirdi. Bundan so’ng Iblis inson suratida podshohning yoniga keldi-da: “Qizingiz tuzaldi, borib olib kelmaysizlarmi?” dedi. Shoh va uning a’yonlari yo’lga tushib, Barsisodan malikani so’radilar. Barsiso: “Malika o’lib qoldi. Ko’mib yubordim”, dedi. Ortga qaytib aza ochdilar. Galdagi safar Iblis boshqa bir suratda saroyga kelib shoxdan so’radi: “Malika qaerda?» “O’lib qoldi». Iblis: “Kim aytdi?» Shoh: “Barsiso hakim”. Iblis: “Yolg’on aytibdi. Hakim malika bilan qo’shildi va u homilador bo’lib qoldi. So’ngra qizni o’ldirib, ko’mib tashladi. Ishonmasangiz, falon yerni qazdiring, malikaning jasadi o’sha joyda”, dedi. Podshoh o’zini qo’yarga joy topolmay, dunyo ko’zlariga qorong’i bo’lib ketdi. Boshi qahru g’azabdan yorilay der, holi g’oyat abgor edi. Keyin bir gala a’yonlari bilan otga minib, Barsisoning ibodatxonasiga bordi. Ichkari kirib: “Qizim qani!?” deb so’radi, Barsiso yana o’shanday: “O’lib qoldi. Ko’mib yubordim”, degandi, shoh: “Unda nega bizga xabar bermading!?” deya dod soldi. Hakim javob berdi: “Ibodat bilan mashg’ul edim. Undan chalg’imay, deb qo’rqdim». Podshoh so’radi: “Aytgan gaplaringning teskarisi bo’lsa, nima qilayin?” Bu gapdan so’ng Barsisoning qoni qaynay boshladi, old-ortiga boqmay, so’kina ketdi. Podshoh Iblis aytgan yerni kovlatdi. Qizni chiqardilar. U haqiqatdan ham o’ldirilgan edi. Barsisoning qo’llarini bog’lab, bo’yniga sirtmoq soldilar. Xalq to’plandi. Barsiso o’z-o’ziga: “Ey, ko’rnamak nafs! Duom qabul bo’ladi, deb sevinib yurarding. Xalqning e’tiboru ishonchini qozonib bundan kerilarding ham. Xalq seni yaxshi ko’rar va sendan minnatdor edi. Xalqning ixlosi susayishidan ham cho’chib turarding! Aslida, bularning bari — ilon, chayon edi-ku! Ha-ha, xalq muhabbati zaharli ilonning o’zginasi!» deya oh urar, ammo bundan endi ne naf?!

Uni bahaybat dor ostiga olib bordilar. Dorga narvon tirab, bo’ynini sirtmoqqa tutdilar. Shu zahoti Iblis inson suratida unga ko’rinish berdi va dedi: “Boshingga tushgan fojialarning barini men qildim. Hali ham kuchim bor. Hayoting mening qo’limda. Menga sajda qilsang, bas, seni qutqaraman”. Barsiso so’radi: “Bo’ynimdagi arqon bilan qanday sajda qilaman?» Iblis: “Sajdaga niyat etgin-da, boshing bilan ishora qil. Oqilga birgina ishora kifoya», dedi. Jon shirin ekan — Barsiso sajdaga niyat qildi. Biroq boshini egishi bilanoq bo’yni yanada qattiqroq qisilib, jon taslim qildi. Iblis esa: “Albatta, men sendan bezorman” 55, deb ortga tisarildi. Olloh (Shon-sharafi ulug’langandan ulug’lansin!) buyurdiki: “Ey, insonlar, ey, iymon egalari! Sizlarni bir yaramas to’xtatib, yomonlikka chaqirsa, bu ish senga mana shuncha foyda keltiradi, deya va’dalar bersa, unga zinhor va zinhor ishonmanglar. Ular shunaqa yo’llar bilan o’zlariga o’xshatib sizlarni ham yo’ldan ozdirish, kasodga uchratish, razolatga botirish payida bo’ladilar. Ular o’z ortlaridan ergashtirdilarmi, yoningizda na do’stingiz qoladi, na yoringiz — hammalari sizdan bezor bo’lib ketadilar”.

Hikoyamizdagi Iblis ham o’zini avvaliga hakimga hamdard do’st ko’rsatdi. Tuzoqqa ilintirib bo’lgach esa, undan bezib, kulib ketdi.

She’r: Senga ko’ngil qo’ygan kishi, tinmay o’z ustidan kulayotgan va o’zini aldayotgan bo’ladi.
Chunki senga o’xshagan — odamgarchilikdan begona kishi
sendan boshqasini yaxshi ko’rib ham, yoqtirib ham qololmaydi.
Zo’r ishva bilan, hatto yangitdan ishq-la limmo-lim to’rva xalta bilan kelsang ham,
senga qarshi yoqalarini chok etadilar. Shunda ham qoshingda umid bog’lab turadilar.
Faqatgina jondan iborat bo’lgan taqdiringda ham, nechun sendan ko’ngil uzmaslik kerak?
Qarab tursam, bir ko’zing tinmay yig’lamoqda, ikkinchi ko’zing esa xandon otib kulmoqda 56.

Ruboiy: Sening qayg’ungni chekmay, dardingga darmon bo’lmay turib
sendan bir narsalar umid qilib turgan kishiga aslo aldanma.
U senga yolg’on gapiryapti, aldayapti. Shodumon ekansan, butun olam sening do’sting bo’ladi,
Ammo senga g’am kechasi do’st tutinuvchi kimsani osonlikcha topib berolmaydilar 57.

Misra: Qayg’u tunida do’stlik taklif qilgan kishigina Haqning habibidir 58.

Ollohning vafosi shunday kishilarda zuhur etadi. “Mo’minlar, hech shak-shubhasiz oga-inilardir 59″. Ularning oralariga birodarlik solgan Zot Haq taoloning O’zidir. U bog’lagan rishta hech qachon uzilmaydi.

Bayt: Insonlar aqlli kishilardan sirayam zerikmaydilar.
Aqldan tug’ilgan sevgi esa ozaymaydi 60.

Turli-tuman g’araz ustiga qurilgan sevgi o’tkinchidir. U chirib, uzila boshlagan dorga o’xshaydi. Agar unga osilmoqchi bo’lsang, uzilib ketadi. Haqiqiy, beta’ma sevgi esa Olloh ipidir. U aslo uzilmaydi. “Bas, kim shaytondan yuz o’girib, Ollohga iymon keltirsa, u hech ajrab ketmaydigan mustahkam halqani ushlabdi” 61. Olim ham, omi ham, aqlliyu aqldan zoil ham, amrlarga bo’ysunuvchiyu isyon etguvchi ham, mo’minu kofir — hammalari boshiga og’ir musibat tushganda qolgan umri soniyalarini Olloh ipiga bog’laydi. Shaytoniy sabablarni unutadi. Lekin peshqadam deb shunday kishini aytadilarki, ishlariga yaxshilab diqqat qilgancha ishning boshidanoq oxirini ko’ra oladi.

Kunlardan bir kun bir podshoh me’morlariga “Saroy quring!” deya amr qildi. Bahor keladi — qurmaydilar, yoz o’tadi — erinchoqlik qiladilar, kuz ham keladi — unnamaydilar. Nihoyat, qish eshik qoqadi. Dunyoni muz qoplaydi. Shundagina o’rinlaridan qo’zg’alib, xom g’isht izlab bir u yoqqa, bir bu yoqqa chopadilar. “Endi-ya! Axir, sen ilgari itoatsizlik qilgan va buzg’unchi kimsalardan bo’lgan eding-ku!» 62.

Bayt: Xo’roz bemahal qichqirdimi,
uning boshini olish vojibdir 63.

Payg’ambar (Unga salomlar yog’ilgay!) buyuradi: “Jon hiqildoqqa kelmasidan avval qilingan tavbani Olloh qabul etadi”. Jon talvasasida tavba etish mumkinmi yo yo’q — hamma gap shunda. Sog’-salomat ekan, tavba qilish imkoniga ega kishining tavbasi zohiran foydasiz ko’ringani bilan, botinan qabul bo’laveradi. Sirtdan qaraganda, u tavbadan uzoq ko’rinadi. Ammo, aslida, unga yaqindir. Har qanday begonalik jon talvasasida yo’qoladi va kishi tavba qiladi. Lekin yana shunday toifa ham borki, ular na zohiran, na botinan tavbaga munosib bo’ladilar. Ular asli kelib chiqishlaridan osiydirlar. Ularni bir zumda qandaydir shamol bilan tuzatishning imkoni yo’q.

Bayt: Qordan mesh yasalishi mumkindir,
lekin uni hech kim suv bilan to’ldirolmaydi 64.

Iymon ko’ngilning asliga qaytishidir. Iymonning o’rni ko’ngildir. Zero, “Ana o’shalarning dillariga (Olloh) iymonni bitib qo’ygandir” 65, deya buyurilgandir. Ko’ngil bilan til o’rtasida bir munosabat bor. Ko’ngilda iymon xamirturushi jonlandimi, bas, til Haq taoloni poklashga, uning birligini zikr etishga tushib ketadi. Shunda haligi xamirturush quvvatga to’ladi. Bu xuddi — olovga ozgina puflansa, alangalanib, havodan ko’mak olib yuksalishiga va, nihoyat, havoning olov bilan birlashib ketishiga o’xshaydi. Ko’ngilda hidoyat ziyosidan biror chaqin bo’lsa, pokiza shahodat kalimasini tilga olganing zamon, «iymon-ishonchlariga yana ishonch qo’shilsin» 66 deya haligi ziyo yana-da ortadi. Ammo kul uyumida cho’g’ bo’lmasa, ming puflama, kulning havoga to’zg’igani qoladi, xolos. Riyokorlar o’zlarini olovni jonlantirish uchun puflayotganday ko’rsatadilar. Buni ko’rganlar ham ularga ergashib puflaydilar, biroq u yerda nima borligini bilmaydilar. Puflarkan, olov yoqyapmiz deb o’ylaydilar. Vaholanki, ko’ngil tandirlarida kuldan va mayda-chuyda cho’plardan bo’lak hech vaqo yo’qligidan xabarlari yo’q. Zotan, Haq taolo: “Bu ularning og’izlaridagi (hujjat-dalilsiz) gaplaridir 67”, deb buyuradi. Ozchilikni tashkil qiluvchi ba’zi kishilar tillari bilan Haqni poklab yod etganlariga qaramay, ko’ngillarida bundan nom-nishon bo’lmaydi. Iymon, aslida, ko’ngilda tug’iladi, tilda emas.

Bayt: Har oqilning xayolidan o’tib turgan narsani, o’tkazib turguvchi (bu ishni amalga oshiruvchi Zot — tarj.) bordir, albatta 66.

Darhaqiqat, ko’ngli bilan emas, tili bilangina yuruvchi kishilar ozchilikdir. Ushbu ozchilik qism ham har itoatgo’yning itoatida pishib yetilishi zarur bo’lgan narsaga qo’rquv olovi yoqilmaguncha xomligicha qolaverishini tushuntirish uchun shunday. Shuning boisidan ulug’ zotlar: “Qo’rquv erkakdir, umid esa ayol. Ulardan so’nmas, sof narsalar tug’iladi”, deyishgan. “Tug’iladi” so’zi tushuntirish uchun qo’llangan. Qo’rquv — qorong’ilik bo’lsa, umid — yorug’lik. Bu tashqaridan qaraganda shunday. Aslini so’rasang, buning aksi. Chunki umid qilarkan, qulning tasarrufi o’z ixtiyorida bo’ladi. Qo’rquvda esa tasarrufi qolmaydi. Turfa xil buzuqligu irodasizlik zuhur etsa etsin, ularning bari — qulning tasarrufidan maydonga keladi. Intizomu ezgulik qay yo’sin paydo bo’lsa bo’lsin, endi u Haqdan nuzul qiladi. Bu so’zga tegishli savol, umuman, barcha savollarning javobidir. Chunki so’z — mutlaq ko’zguning jilosi. Butunlik ko’zgusiga boqsang, yaxlit, bir butun holda uning (butunning — tarj.) yuzini: burni, ko’zlari, peshonasiyu quloqlari va hatto taqib olgan ziraklarini ham ko’rishga musharraf bo’lasan. Qani, ayt-chi, qanday qilib hali ham bir parcha bilan andarmon bo’lib, butunlik ko’zgusidan g’ofil qolyapsan? Butunlikni tark etganingda, bilimsizliging oqibatida haligi parchani ham tushunolmaysan. Shuning uchun ham, “Qachonki, Qur’on qiroat qilinsa, unga quloq tutingiz va jim turingiz «69, deb buyurilgandir. Mustafo (Unga Ollohning rahmati yog’ilsin!) Qur’on tilovat qilib, yuborilgan vahiy xabarini berarkan, sahobalarga yuzlanib: “Hech qanday savol bermay, quloq solib turinglar! “Shoyad rahmatga sazovor bo’lsangizlar’» 70, ushbu some’likning xosiyati bilan butunning oynasiga aylansangizlar. Sukut saqlangki, sizga rahm qilib, barcha shubhayu xavotiringizni O’zi mahv aylasin», derdi. Qul faqatgina Haq rahmati tufayli shubha-gumondan qutilishi mumkin. Yo’qsa, g’iybatu ig’vodan emas. Yaxshilab razm solsang, ko’rasan: kalomchilar 71 savol-javob usulida jild- jild kitoblar yozdilar. So’z o’yinini shunday haddi a’losiga yetkazib, chirpirak qilib tashladilarki, olimlarning birortasi ham ko’rish qobiliyatlari latifligidan ular yozib qoldirgan, bahs bog’lagan masalalarning zamiriga yeta olmadilar. Shunday bo’lgani holda, kalomchilar hanuzgacha shubhayu gumon zulumotidan xalos bo’lolmadilar. Bundan shunday xulosa chiqarginki, qulni ikkilanish to’ridan yolg’iz Tangrining rahmatigina qutqara oladi. “G’ayb ochqichlari Uning huzuridadirkim, ularni yolgiz O’zigina bilur” 72. Qanchadan-qancha kishilar g’iybatu ig’voga o’ralashmay, jon quloqlarini ulug’larning og’ziga tikdilar. Ularning jonbaxsh so’zlarini tinglab, barcha shubhayu gumonlaridan forig’ bo’ldilar. Bundan faqatgina g’ofillar benasibdirlar. Chunki ular ig’vo tarqatishga odatlanib qolgandirlar. U toifaning zavqi xuddi qichima kasaliga yo’liqib, uning o’rnini qashlayveradigan kishiga o’xshab savol-javob shatranjini o’ynamoqdir. Qichima kasalligida undan tezroq qutilish uchun emas, balki qashlashdagi huzurni his qilish uchun qashlanadi. Tabib: “Hadeb qashlanavermagin. Bundan sog’ayib qolmaysan. Men bir malham surtib qo’yaman. Faqat surgan joyimni qashlab, malhamni chaplab yubormaysan. Malhamdan keyin ham biroz qichiydi, lekin malhamni artib tashlamasang, tez orada tamomila bu darddan forig’ bo’lasan», deya tavsiya beradi. Komil orifning so’zi savol-javob qichimasiga malhamdir. Ig’vo esa odamni mag’ribu mashriqqa sudrab sarson qiladi. Chunki so’z ikki qarich, suyaksiz tildan chiqqan havoyi gap emas, balki mohiyatlar mohiyatidir. Mohiyatlar mohiyatidan esa eson-omonlik tug’iladi. Barcha savol-javoblar, shubhayu gumonlar unda mahv bo’ladi, illatu kasalliklar esa inson ko’nglidan — o’zligidan yo’qoladi. Shunda inson sog’lom dinu iymondan farog’at topadi. «Biz mo’minlar uchun shifo va rahmat bo’lgan Qur’on oyatlarini nozil qilurmiz” 73. Mustafo (Unga salom bo’lgay!): “Vahiy xabarini berar, Qur’on o’qirkanman, sukut saqlangiz!” deb buyurdi. Payg’ambar Qur’on tilovat qilayotganida yig’ilgan pok sahobai kiromlar bir-birlariga hikoya va yo masal aytmasdilar albatta, faqat savol berardilar. Demak, sukut saqlang amrining ma’nosi — “savol bermay turing»dir. Shundan so’ng sahobalar dedilar: “Biz payg’ambar (Unga salomlar yog’ilgay!) gapirayotganda, go’yo boshimizga qush qo’nganday qimirlamay eshitadigan bo’ldik”.

Mo»jazgina bir qushcha uchib-kelib bittasining boshiga qo’nadi. U qush uchib ketmasin, deya haligi odam na qo’lini va na oyog’ini qimirlata oladi. Hatto og’iz juftlashga haddi sig’maydi. U qush xohish-istak zumradining anqosi esayu inoyat Qof tog’idan uchib kelgan bo’lsa, endi u odam bu davlat qushining soyasidan foydalanib qolmog’i, mushkullari so’zsiz hal etilmog’i uchun hatto birgina soch tolasini ham qimirlatmay turmog’i darkor. Bu ish ov emaski, bir tutib,bir yugursang. Shunday deb o’ylasang, xayolga bandi bo’lasan. Endi kimdir oldingga kelib “u bir xayol, xolos», deb minglarcha dalillarni qalashtirib tashlasa ham, uning dalilini rad etib turaverasan va “aslida, o’zing xayolparast bo’lib qolibsan”, deysan. Boisi, senda u haqiqatni qabul qilish javhari yo’q. Buni ham tushunmayotgan bo’lsang, bola chog’ingni esla. O’rtoqlaring o’yin boshlashsa, o’yindan qolmayin, deya yugurib saflariga qo’shilar, o’yinga sho’ng’irding. “Sen shoshayotgan narsa behuda, oxiri yo’q ish, xayoldir. Undan senga hech qanday naf yo’q: na qorning to’yadi, na egning but bo’ladi, buning ustiga biron nima g’amlab ham qo’ya olmaysan”, deb nasihat qilishsa ham bular qulog’ingga kirmaydi. Hatto bu gaplarni aytgan odamni o’zingga dushman deb bilar, undan qocharding. Voyaga yetib, esing kirgach, bu o’yinlardan hech qanday foyda yo’qligini asta-sekin anglab yetasan. “Bolalik chog’imizda, biz intilgan, oshiqqan narsalarning oxiri yo’q sarobligiga aqlimiz yetmaskan. Bizga nasihat qilganlar haq ekanlar”, deysan. Shundan xulosa chiqarginki, ko’nglida zarra qadar ziyo chaqini bo’lmagan insonga tashqaridan berilgan o’gitning foydasi yo’q. Ammo orifning gaplari ko’ngli nurdan nasibador kishininggina qulog’iga kiradi. Undagi nur bilan qorishadi. Axir, ko’zida ko’rish nuri bo’lmagan odamga quyoshning porlashidan hech qanday naf yo’q-ku! Ko’zi nurdan nasibador kishiga esa quyosh yog’dusidan ne-ne karamlar yog’ilgusi!

IZOHLAR

1.»Val-Fajr» surasi, 28-oyat. Majlislarda Qur’oni Karim oyatlaridan namunalar keltirilgan o’rinlarda Alouddin Mansur tarjimasidan foydapanildi — tarj.
2. “Ahzob” surasi, 71-oyat.
3. “Xadiyqa” vaznida, muallifi noma’lum. Hakim Sanoiyning mazkur asari hafif bahrining hafifi musaddasi solimi maxbuni mahzuf -V—|V-V- |VV — (foilotun mafoilun failun ) vaznida
yozilgandir.
4. “Al-Isro»surasi, 70-oyat.
5. “Xadiyqa” vaznida, muallifi noma’lum.
6. “Qiyomat» surasi, 22-23-oyatlar.
7. “Yusuf” surasi, 92-oyat.
8. “A’rof” surasi, 143-oyat.
9. Sanoiy. Devon.

10. Muallifi noma’lum.
11. Jaloliddin Rumiy.
12. “Sod” surasi, 36-oyat.
13.“Saba’” surasi, 12-oyat.
14. “A’rof” surasi, 23-oyat.
15. Jaloliddin Rumiy. Devoni Kabir.
16. Sanoiy. Devon.
17. “Hujurot” surasi, 2-oyat.
18. Juvonmardlikning eng yuqori maqomi. Saxiylarning ham saxiyi.
19. “Voqea” surasi, 10-oyat.

20. Davlatmand.
21. “Nahl» surasi, 120-oyat.
22. “Nahl» surasi, 120-oyat.
23. Muallifi noma’lum.
24. Farididdin Attor. Devon.
25 Muallifi noma’lum.
26. “Naml» surasi, 30-oyat.
27. Muallifi noma’lum.
28. «Qamar» surasi, 1-oyat.
29. “Yunus” surasi, 5-oyat.
30. Jaloliddin Rumiy. Devoni Kabir.

31. “A’rof” surasi, 23-oyat.
32. Muallifi noma’lum.
33. Muallifi noma’lum.
34. “Zumar» surasi, 53-oyat
35. Jaloliddin Rumiy. “Ma’naviyi masnaviy».
36. Sanoiy. Devon
37. Sanoiy. Devon
38. «Baqara» surasi,102-oyat
39. Jaloliddin Rumiy
40. «Xadiyqa» vaznida, muallifi noma’lum

41. «Zuxruf» surasi, 32-oyat
42. «Baqara» surasi,156-oyat
43. «Zumar» surasi, 53-oyat..
44. “Xadiyqa» vaznida, muallifi noma’lum.
45. Sanoiy. Devon.
46. Jaloliddin Rumiy.
47. Jaloliddin Rumiy.
48. Sanoiy. «Hadiyqa”.
49. “Xadiyqa» vaznida, muallifi noma’lum.
50. Muallifi noma’lum.

51. “Sajda» surasi, 17-oyat.
52. “Infitor» surasi, 10-11-oyatlar.
53. «Hashr» surasi, 21-oyat.
54. Fariduddin Attor. Devon.
55. “Hashr” surasi, 16-oyat.
56. Sanoiy. Devon.
57. Jaloliddin Rumiy. Devoni Kabir.
58. Muallifi noma’lum.
59. “Hujurot» surasi, 10-oyat.
60. Sanoiy. «Hadiyqa» vaznida.

61. “Baqara” surasi, 256-oyat.
62. “Yunus” surasi, 91-oyat.
63. Muallifi noma’lum.
64. Muallifi noma’lum.
65. “Mujodala» surasi, 22-oyat.
66. “Fath” surasi, 4-oyat.
67. “Tavba” surasi, 30-oyat.
68. “Muallifi noma’lum.
69. “A’rof» surasi, 204-oyat.
70. “A’rof» surasi, 204-oyat.
71. Qur’on va hadislarga suyanib, e’tiqod, tavhid, taqdir, ruh kabi masalalarni aql va mantiq yo’li bilan aniqlashga uringan falsafiy yo’l..
72. “An’om» surasi, 59-oyat.
73. “Al-Isro» surasi, 82-oyat.

07

(Tashriflar: umumiy 3 364, bugungi 1)

Izoh qoldiring