Ibodat Rajabova. Uvaysiy suhbatlar (turkum)

004    Ҳалима Аҳмад бир неча йил аввал Ибодат Ражабованинг «Тафаккур» журналида босилган туркуми олдидан берилган мухтасар сўзбошида шундай ёзган эди: (Шоира) сатрлари замирида кечмиш келажак, ёмғир билан шамол, нур билан зулмат туташ яшаЙди. Бу шеърларни ўқиганингиз сари юрагингизда гуллаётган юлғунлар шивирини, кузак ботарида адашиб қолган шаббоданинг армонли нафасини туйгандек бўласиз. Сеҳрланасиз ва шеърдан топ­ган янги манзараларингиз ичида яшагингиз келади…

Ибодат РАЖАБОВА
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
09

УВАЙСИЙ СУҲБАТЛАР
Туркум

091

(Робия Адвия — Фаластин авлиё аёли)

Робия: – Қорларни ёқмасак, ўтинлар қани?
Ибодат: – Менинг бу кувушим уруғлар тани.

Робия: – Ям-яшил шажарлар шамолнинг сози.
Ибодат: – Тўйингнинг ёр-ёри қушлар намози.

Робия: – Майсалар майсувдан тўқилган кўк бўз.
Ибодат: – У юрак чокидан чиқган порадўз.

Робия: – Мен ҳар кун шамолу ёмғиру қорман.
Ибодат: – Мен Худо мушкини йиғган атторман.

Робия: – Бир кўриб кетувдим, не бўлди Оқ шом
Ибодат: – Чап кўксим мулкида қон бўлди, қиём…

Робия: – Руҳингми қуюнни эмган тарона…
Ибодат: – У Машраб сочидан тўқилган Хона.

Робия: – Не бўлди, Фалакдан пастга тушдинг, кеч?
Ибодат: – Бор, Тангри эшигин занжирини еч.

Робия: – Меърожда ниш урдим, ҳосилам қуёш,
Ибодат: – Мен қақнус бўлгим бор, бошим ҳали ёш…

2

Аҳмад Дониш: – Шажарлар шамскарвон, япроқлар яшил –
Ибодат: – Қўл кафтим чизиғи гулбода ташир.

Аҳмад Дониш: – Чопоним ямоғи Ҳут-ҳутнинг тожи
Ибодат: – Мен тушган сувратлар Исонинг хочи.

Аҳмад Дониш: – Бир пари гирёҳбон чокимни чоклар
Ибодат: – Илоҳий тажаллий эмас бутпарвар.

Аҳмад Дониш: – Шамолни пуфласам бўшарми ичим?
Ибодат: – Қўзигул бўлдиму минг бор ма-ра-дим…

Аҳмад Дониш: – Ҳамонким муаллақ ҳолим хут эмас,
Ибодат: – Хутнома ичига бир мен кирдим, бас!

Аҳмад Дониш: – Қўлимни осмонга юбордим, ке-ет-ди…
Ибодат: – Эшитдим, юлдузлар кулгувчи тўти.

Аҳмад Дониш: – Бисотим хом хумдон, теракдан титроқ…
Ибодат: – Бухорий Дарвеша ҳолига бир боқ –
Ковуши гулқошиқ. Лашкари – қумри.
Ой шишса, Машрабин узайди умри…

3

Наршахий: – Кўнглимни чанқатган “Йилнома” шимдим.
Ибодат: – Мен эсам юракда шишадай синдим.

Наршахий: – Тўмарис ортидан кетдим неча бор.
Ибодат: – Мен гулдон ичида топмадим қарор.

Наршахий: – Намозгоҳ хумдонин олови-яздон.
Ибодат: – Алп Тегин майхумин тўйи, айт, қачон?

Наршахий: – Қушларнинг ковушин изладим баҳор.
Ибодат: – Менинг чап кўксимда чармдўкон бор.

Наршахий: – Зарманоҳ ипаги ўтмишга келин…
Ибодат: – Ўқидим, туткўприк чопони қалин.

Наршахий: – Дастхатга бир дунё музофот қўшсам,
Ибодат: – Ортингдан чопдими зар ариқлар ҳам.

Наршахий: – Бухоро ер-сувин бир бобда солдим,
Ибодат: – Мен ўша бир бобдан тўрт эшик олдим.

Наршахий: – Бир тарих битдимки, бор-йўғи зар.
Ибодат: – У менинг тиззамда бош қўйиб ухлар.

Наршахий: – Ҳар сатрин жамоли рашки анварий?
Ибодат: – Эҳ, ҳуснин олдида парилар қари.

Наршахий: – Бу ҳурми, ё ғилмон, ё Ҳақдан ризо,
Ибодат: – У нурдай, ҳув, кўкдан тушган Бухоро.

4

(Мансур Ҳалложни мутаасиблар куйдириб, кулини дарёга сепдилар)

Мансур Ҳаллож: – Кафаним сув бўлди, тобутим дарё.
Ибодат: – Қибладан қонгача кулингдан садо.
Мансур Ҳаллож: – Қамарни қор десам, лойларга ботдим.
Ибодат: – Мен Сенга ҳар оқшом жуфт салла отдим.

Мансур Ҳаллож: – Нур сингач кўнглимдан тўкилди оҳор.
Ибодат: – Шунга ҳам шунчами, ортингда мен бор.
Мансур Ҳаллож: – Арилар инларин шамоллатгум деб,
Ибодат: – Сўнг, тўйиб кетдингми шунча нештар еб.

Мансур Ҳаллож: – Чин ваҳдат ёғдуга чўмганим сайин,
Ибодат: – О, барибир товонинг остида замин…
Мансур Ҳаллож: – Каромат менмиди, ё мен каромат,
Ибодат: – Муҳими, ҳув кўкда Аллоҳ саломат.

Мансур Ҳаллож: – Дўкону бозору вазъда сиғмадим.
Ибодат: – Сиғгувчи Сен эмас… Бу савдо қадим.
Мансур Ҳаллож: – “Ҳақ” десам чодирга кирди минг Жунайд,
Ибодат: – Сал нохуш еганин Худо қилди қайд…

Мансур Ҳаллож: – Адоғим кесдилар, қўл, қулоқ Ҳак.о.о.
Ибодат: – Ўша пайт Мажнун ҳам қилганди қазо.
Мансур Ҳаллож: – Оловнинг оғзида чайналдим ёмон,
Ибодат: – У олов эмасди, шундайки, гумон.

Мансур Ҳаллож: – Менга ўт қўйганлар шайхми, карру фар?
Ибодат: – Улар – тош, оловда куйиб билмаслар.
Мансур Ҳаллож: – То ҳануз кулману бир лаҳадга зор,
Ибодат: – Мен ўлсам, гўримда Сенга ҳам жой бор!!?

5

(Умар Хайём бир муддат Бухорода вазир бўлган)

Хайём: – Бухоро кишмишин шимади майхум.
Ибодат: – Боғдарча тополмай чанқаб юрар қум.

Хайём: – Кўприги дарсхона, тонги валфажр,
Ибодат: – Ўзимиз шоҳмизу меҳмонлар вазир.

Хайём: – Тоқимни жуфт қилди бухорий бодом.
Ибодат: – У Миррих буржидан тўкилган қиём.

Хайём: – Ҳовузлар кавсарий, ариқлар узун.
Ибодат: – Уларга дарс ўтар султоний узум.

Хайём: Беҳиштий токзорлар кўнглим қилди сайд.
Ибодат: – Сен улар пойида чўкиб, ғазал айт.

Хайём: – Мўлиён мавжларин рубоий қилдим.
Ибодат: – Жом-сатринг тубида дурдадай тиндим.

Хайём: – Қоштумор, гулдомон ҳурмиди, парий?
Ибодат: – Сенга ҳам юқдими ишқи Ҳайдарий.

Хайём: – Аркдан тонг қадар маҳваший маъво,
Ибодат: – Боғлари шоирки, шеър тўла дунё…

Хайём: – Майканда бўлмадим кўнглидан ҳатлаб,
Ибодат: – Бухоро нафаси абад бахтталаб…

Хайём: – Шу тупроқ накҳати ёқимда анқир,
Ибодат: – У кофур, мушк эмас, илоҳий занжир.

6

Бедил: – Ҳар куни уд чалиб бораман бозор.
Ибодат: – Изингни босгандим, туғдан ёғди қор.

Бедил: – Сафомни саробга қўшди бир жоду,
Ибодат: – Гулбодом елкамда куйлади: “Ё, ҳу!”.

Бедил: – Донимни қуюнда эзди хом ғаддор.
Ибодат: – Мансурнинг шамдони менга очди фол.

Бедил: – Кўзимнинг ҳавосин кўнглимда осдим,
Ибодат: – Мен маъбад кулдонин чўғини босдим.

Бедил: – Ғилмонлар тароғин ҳоли мушккарвон,
Ибодат: – У қанот қоқганча чопган Шайх Санъон.

Бедил: – Сув ҳатлаб, қуш бўлдим, осмон-тарози,
Ибодат: – Хумдонда пишдими тарсоннинг хоби.

Бедил: – Дарёга сиғмади мен минган қайғу,
Ибодат: – Ўт ёққан тандиринг ранги мовий-ку!

Бедил: – Кўзимдан ёш томди, Кашмирга сепдим.
Ибодат: – Нуҳкема қолдиғин ковуш қилди Рим…

Бедил: – Ҳолимга ҳаққушдан келди бир хосткор,
Ибодат: – Ҳолингни хол қилма, тўрт фаслинг баҳор.

Бедил: – Бедилман, Бедилман, топиб бер бир дил –
Ибодат: – Номам Шоҳ бўлгунча Мирзом сабр қил.

7

Мажнун: – Саҳролар ҳадисин тўпладим – минг жилд.
Ибодат: – Мен Жамшид жомини қилгандай харид.

Мажнун: – Савдолар базмида ўйнадим: “Хуш, қол…”
Ибодат: – Оловлар тузини эмгандай сопол.

Мажнун: – Тушимни тешганда қумлар тикони,
Ибодат: – Вулқонда ёндими таъбир товони.

Мажнун: – Бир ўтким ичимни қилди чордара,
Ибодат: – Қалбингга тушдими Худодан зарра…

Мажнун: – У Лайли, оҳ, Лайли – қушдаги қафас,
Ибодат: – У юрак чокидан тўқилган нафас.

Мажнун: – Ҳолимни қуюнлар қилди ғарғара,
Ибодат: – Тўғонлар: “Ширин!” деб торгандай наъра.

Мажнун: – Ўймоқнинг заридай сочилдим, мен-йўқ,
Ибодат: – Дурсепар сабога мутлоқ урма дўқ.

Мажнун: – Не қилсам мен унинг изига сиғгум,
Ибодат: – Бу маъво мушкдони Ҳавзи қулдурум…

Мажнун: – Бир Лайли қибла-ю, юз дарё симоб,
Ибодат: – Исонинг кафтида михлар – изтироб.

Мажнун: – Ўзимни ўзимга минг чандон отдим,
Ибодат: – Мен ойнинг сувдаги аксига ботдим…

8

Машраб: – Ой билан думалаб ғамбода ичдим.
Ибодат: – Мен дейман қумсоат жимиб кетди, жим.
Машраб: – Бир мисрам юкини ютди қилқалам.
Ибодат: – У рангга уйланди мен уйғонган дам.

Машраб: – Эртадан тонггача ясаб тарози,
Ибодат: – Мезонга сиғдими мизроб овози.
Машраб: – Сўнг Жаббор мулкини ўлчадим тўқ, тўқ!
Ибодат: – Бир кўнгил қўярга қилсиғар жой йўқ.

Машраб: – Бир малак ишқида буздирсам қарич,
Ибодат: – Бош тугул салланг ҳам дорларга саққич.
Машраб: – Ёр мен-чун кўз ёшдан излади имкон.
Ибодат: – Сўқир бахт соғ кўзи очилар қачон?

Машраб: – Хуржуним кўзини шамол ёғлади.
Ибодат: – Шу шамол мени ҳам дилга боғлади.
Машраб: – Кўп узоқ кетибман ўзимдан нари.
Ибодат: – Мен энди “мен” эмас, олов хабари.

Машраб: – Товоним тиконин кўрганда Вомиқ.
Ибодат: – Сочига туз сепди, кўрдим, айролиқ.
Машраб: – То ҳануз йўлману ёрга етмайман.
Ибодат: – Мен Сенинг тўйингни кўрмай кетмайман.

9

(Хожа Абдулхолиқ Ғиждувонийнинг муриди Хасан Шовре Пешкўдаги кўчар қумларни каромати билан тўхтатган экан)

Ҳасан Шовре: – Зандана қалъасин девори яшил,
Ибодат: – Шовредан чумоли менга тож ташир.
Ҳасан Шовре: – Жом расмин чизмасдан айланур бошим.
Ибодат: – Токгулни ҳидлаган тунлар – сирдошим.

Ҳасан Шовре: – Дизадан дизага ўтаркан офтоб,
Ибодат: – Оқ тутлар шиндидан пиширар гулоб.
Ҳасан Шовре: – “Ҳаҳ” десам шинаклар лашкари Ҳорун.
Ибодат: – “Шеъримдан сув ичди Дарё”и дарун.

Ҳасан Шовре: – Кўчувчи қумларга кўрсатдим қамчи…
Ибодат: – Қувончдан тўлдими ҳамёнлар ичи.
Ҳасан Шовре: – Кўнглимда тўй берди Миришкор боғи.
Ибодат: У шундай боғ эмас, Зардушт қалпоғи.

Ҳасан Шовре: – Ўриклар куртакдан танлади куёв –
Ибодат: – Мажнундан бу юртга юққани – олов…
Ҳасан Шовре: – Ҳар эшик бошида бир бойлам ёғду,
Ибодат: – Хумдоним шифтида кўз очди какку.

Ҳасан Шовре: – Онамнинг дийдорин кийди гулбодом.
Ибодат: – Зарафшон дарёси авжи бардавом.
Ҳасан Шовре: – Бу замин нафаси сутмиди ғоза,
Ибодат: – У Ҳақнинг ердаги кўнглидай – тоза.

ХОЖА БАРГИЙ

У тўрт куни дунёга сиғди.
Аёлига “пиш” деди, кетдик,
Бугун менинг юким тортмоққа,
“Шамол шамшод, кўприклар тетик”.

Бозорларнинг нозига миниб,
Дуо қилса, осма тарози.
Метинработ омборларидан
Бўлиб кетди Худога қози.

Шўх булбулга ёқача тикди.
Боларига йиғиб берди бол.
Кишмиш гули ҳалвоча бўлмай,
Пичир-пичир қилди мажнунтол.

Қулоғини булоққа қўйди,
Чирмовиққа ясади эгар.
Анорзорга: “Чорлаб кетдинг” – деб,
Зарафшондан сиқиб берди зар.

Аёлига йўрма тўқиди.
Сув мавжидан тиктирди ковуш.
Сарбандидан қуёшни ечса,
Уй шифтида ин қурди Ҳаққуш.

Ой изини кўксидан топди,
Ушлаб кўрди, сохтамас, мумтоз.
Сўнг, соясин гулмеҳроб кўриб,
Бор кўнглида ёзди жойнамоз.

НАВОИЙНИНГ ОНАСИ ТИРИК

Нақшбанддан Навоий топдим,
Навоийдан топиб олдим дил.
Кенг кўнглимда Фарҳоддан бўлак,
Бу дунёга сиғмай қолди қил…

Тўғонларга бошимни қўйдим,
Шоҳ ариғдан кўп шимдим гулёғ.
“Насойим…”нинг сабоғидан сўнг –
Хаста руҳим бўлиб қолди соғ…

Шам ичидан ўзимни топдим.
Қилқаламдан танладим манзил.
Боғлар мени бошига қўйиб,
Ширинларга кўрсатди кўнглим.

Қушлар тили сочимдай узун,
Ишқ қибласин кўрсатди Вомиқ.
Узро битган нурномалардан.
Тоғолчалар тикди чимилдиқ.

Мажнун уйғоқ, Лайли гулбаргак,
Тақиб олди шоҳғазаллардан
Ҳирот борсам нур ёлворар:
“Мен ҳам борай, айтгин, қайдасан?”

Шеърга ботдим, тўйдан чиқмадим.
Най пуфласам, тўкилди илик.
Кайвонийлар бешик безатди:
“Навоийнинг онаси тирик…”

“Хамса” тинглаб ҳутда уйғондим.
Доро меҳроб танлаган палла.
Навоийнинг шажариман деб,
Боғлаб олдим беш бандли салла.

ЭСКИ ҚАБРИСТОН ҲОЛАТИ

Суртинади юлғунга шамол
Хўрсингандай бўлади терак.
Туғ сочига ойни боғлаган,
Фаришталар кулмаса керак.

Тошбитиклар соқоли узун,
Ҳар бир сатри гўёки жанда
Сукунатни бузиб сайрайди,
Тут кавакли бойқуш – гўянда.

Қиров ҳиди дилни тешади,
Қуруқ майса бўлолмас ёқут.
Қир ҳужрада чаппа ухлайди,
Бор йўғидан ажралган тобут.

Бобом ҳасса лутфига банда
Ярим рангин кўрсатган қазо.
Руҳлар шартни бузмасин дея –
Кунда келиб қилади дуо…

Мозор ёни катта йўл, ариқ,
Ва булоқни шимган дуоба.
Пичан ортиб хомуш қайтади,
Кўп қамчини кўрган арава.

* * *

Бир Жомийдан хабар олсамми?
Навоийга бўлайми котиб?
“Шохнома”га тез кириб чиқдим.
Гул Суҳробга қизил гул отиб.

Кишнаб чиқди Рустамнинг оти.
Қалқонларга санчилди ханжар
Қўзигуллар маъраб юборди:
“Ибодатни асрагин Ҳайдар!”.

Намозшомнинг шомларин шимдим.
Қип-қизариб кетди сочларим.
Шўр тарновдан келиб сув ичди
Кеча қўлдан учган каптарим.

Саноқчўбга: “Бор, сен, бўш” дедим,
Санаб кетдим Худо кокулин.
Адашмасдан ичимда пишсам,
Ўн беш кунким ой кўнгли ярим.

“Ё, ҳу!” дедим, яна “ҳу” дедим.
Егулигим дурдаи чақмоқ.
То энди мен ёмғир бўлгунча,
Яна ўша Мансур сочи оқ…

“Ё ҳу! Дедим, яна “ҳу!” дедим.

ҚАМБАР ОТА

Мансур Ҳаллож изин босган Пир,
Фақат сочин тешиб ўтар тир.
Аллоҳ ундан олмас хавотир –
Қамбар Ота!

Ғамларини ўзидан ҳам яширади,
Учиб кетар қанотларин қоқгач ари.
Ҳавояктак тикиб сотар – ип аҳмарий,
Қамбар ота.

Муридларин гужумзордан олди танлаб,
Само-салла, ариқ-ҳамён, қуёш замлаб,
Меҳварни ҳам даст кўтарди аҳли тараб,
Қамбар ота.

Изларини супурмади чумолилар,
Гулпарилар бозбанд қилиб муҳрин тақар.
Дунё қолиб қуш инида қилар сафар –
Қамбар ота.

Дарахтларнинг суҳбатига кетди ботиб,
Хандонписта гултомирдан олди топиб,
Кўнгилларга ой олдилар кўкка сотиб,
Қамбар ота.

Сизни дилга боғлаб қўяр у ҳар куни,
Соч-соқолин сутга бўяр ой кукуни.
Ҳаяжондан жанда бўлди гулнинг жуни,
Қамбар ота!

004 Halima Ahmad bir necha yil avval Ibodat Rajabovaning «Tafakkur» jurnalida bosilgan turkumi oldidan berilgan muxtasar so’zboshida shunday yozgan edi: (Shoira) satrlari zamirida kechmish kelajak, yomg’ir bilan shamol, nur bilan zulmat tutash yashaYdi. Bu she’rlarni o’qiganingiz sari yuragingizda gullayotgan yulg’unlar shivirini, kuzak botarida adashib qolgan shabbodaning armonli nafasini tuygandek bo’lasiz. Sehrlanasiz va she’rdan top­gan yangi manzaralaringiz ichida yashagingiz keladi…

Ibodat RAJABOVA
YANGI SHE’RLAR
09

UVAYSIY SUHBATLAR
Turkum

091

(Robiya Adviya Falastin avliyo ayoli)

Robiya: – Qorlarni yoqmasak, o’tinlar qani?
Ibodat: – Mening bu kuvushim urug’lar tani.

Robiya: – Yam-yashil shajarlar shamolning sozi.
Ibodat: – To’yingning yor-yori qushlar namozi.

Robiya: – Maysalar maysuvdan to’qilgan ko’k bo’z.
Ibodat: – U yurak chokidan chiqgan porado’z.

Robiya: – Men har kun shamolu yomg’iru qorman.
Ibodat: – Men Xudo mushkini yig’gan attorman.

Robiya: – Bir ko’rib ketuvdim, ne bo’ldi Oq shom
Ibodat: – Chap ko’ksim mulkida qon bo’ldi, qiyom…

Robiya: – Ruhingmi quyunni emgan tarona…
Ibodat: – U Mashrab sochidan to’qilgan Xona.

Robiya: – Ne bo’ldi, Falakdan pastga tushding, kech?
Ibodat: – Bor, Tangri eshigin zanjirini yech.

Robiya: – Me’rojda nish urdim, hosilam quyosh,
Ibodat: – Men qaqnus bo’lgim bor, boshim hali yosh…

2

Ahmad Donish: – Shajarlar shamskarvon, yaproqlar yashil –
Ibodat: – Qo’l kaftim chizig’i gulboda tashir.

Ahmad Donish: – Choponim yamog’i Hut-hutning toji
Ibodat: – Men tushgan suvratlar Isoning xochi.

Ahmad Donish: – Bir pari giryohbon chokimni choklar
Ibodat: – Ilohiy tajalliy emas butparvar.

Ahmad Donish: – Shamolni puflasam bo’sharmi ichim?
Ibodat: – Qo’zigul bo’ldimu ming bor ma-ra-dim…

Ahmad Donish: – Hamonkim muallaq holim xut emas,
Ibodat: – Xutnoma ichiga bir men kirdim, bas!

Ahmad Donish: – Qo’limni osmonga yubordim, ke-yet-di…
Ibodat: – Eshitdim, yulduzlar kulguvchi to’ti.

Ahmad Donish: – Bisotim xom xumdon, terakdan titroq…
Ibodat: – Buxoriy Darvesha holiga bir boq –
Kovushi gulqoshiq. Lashkari – qumri.
Oy shishsa, Mashrabin uzaydi umri…

3

Narshaxiy: – Ko’nglimni chanqatgan “Yilnoma” shimdim.
Ibodat: – Men esam yurakda shishaday sindim.

Narshaxiy: – To’maris ortidan ketdim necha bor.
Ibodat: – Men guldon ichida topmadim qaror.

Narshaxiy: – Namozgoh xumdonin olovi-yazdon.
Ibodat: – Alp Tegin mayxumin to’yi, ayt, qachon?

Narshaxiy: – Qushlarning kovushin izladim bahor.
Ibodat: – Mening chap ko’ksimda charmdo’kon bor.

Narshaxiy: – Zarmanoh ipagi o’tmishga kelin…
Ibodat: – O’qidim, tutko’prik choponi qalin.

Narshaxiy: – Dastxatga bir dunyo muzofot qo’shsam,
Ibodat: – Ortingdan chopdimi zar ariqlar ham.

Narshaxiy: – Buxoro yer-suvin bir bobda soldim,
Ibodat: – Men o’sha bir bobdan to’rt eshik oldim.

Narshaxiy: – Bir tarix bitdimki, bor-yo’g’i zar.
Ibodat: – U mening tizzamda bosh qo’yib uxlar.

Narshaxiy: – Har satrin jamoli rashki anvariy?
Ibodat: – Eh, husnin oldida parilar qari.

Narshaxiy: – Bu hurmi, yo g’ilmon, yo Haqdan rizo,
Ibodat: – U nurday, huv, ko’kdan tushgan Buxoro.

4

(Mansur Hallojni mutaasiblar kuydirib, kulini daryoga sepdilar)

Mansur Halloj: – Kafanim suv bo’ldi, tobutim daryo.
Ibodat: – Qibladan qongacha kulingdan sado.
Mansur Halloj: – Qamarni qor desam, loylarga botdim.
Ibodat: – Men Senga har oqshom juft salla otdim.

Mansur Halloj: – Nur singach ko’nglimdan to’kildi ohor.
Ibodat: – Shunga ham shunchami, ortingda men bor.
Mansur Halloj: – Arilar inlarin shamollatgum deb,
Ibodat: – So’ng, to’yib ketdingmi shuncha neshtar yeb.

Mansur Halloj: – Chin vahdat yog’duga cho’mganim sayin,
Ibodat: – O, baribir tovoning ostida zamin…
Mansur Halloj: – Karomat menmidi, yo men karomat,
Ibodat: – Muhimi, huv ko’kda Alloh salomat.

Mansur Halloj: – Do’konu bozoru vaz’da sig’madim.
Ibodat: – Sig’guvchi Sen emas… Bu savdo qadim.
Mansur Halloj: – “Haq” desam chodirga kirdi ming Junayd,
Ibodat: – Sal noxush yeganin Xudo qildi qayd…

Mansur Halloj: – Adog’im kesdilar, qo’l, quloq Hak.o.o.
Ibodat: – O’sha payt Majnun ham qilgandi qazo.
Mansur Halloj: – Olovning og’zida chaynaldim yomon,
Ibodat: – U olov emasdi, shundayki, gumon.

Mansur Halloj: – Menga o’t qo’yganlar shayxmi, karru far?
Ibodat: – Ular – tosh, olovda kuyib bilmaslar.
Mansur Halloj: – To hanuz kulmanu bir lahadga zor,
Ibodat: – Men o’lsam, go’rimda Senga ham joy bor!!?

5

(Umar Xayyom bir muddat Buxoroda vazir bo’lgan)

Xayyom: – Buxoro kishmishin shimadi mayxum.
Ibodat: – Bog’darcha topolmay chanqab yurar qum.

Xayyom: – Ko’prigi darsxona, tongi valfajr,
Ibodat: – O’zimiz shohmizu mehmonlar vazir.

Xayyom: – Toqimni juft qildi buxoriy bodom.
Ibodat: – U Mirrix burjidan to’kilgan qiyom.

Xayyom: – Hovuzlar kavsariy, ariqlar uzun.
Ibodat: – Ularga dars o’tar sultoniy uzum.

Xayyom: Behishtiy tokzorlar ko’nglim qildi sayd.
Ibodat: – Sen ular poyida cho’kib, g’azal ayt.

Xayyom: – Mo’liyon mavjlarin ruboiy qildim.
Ibodat: – Jom-satring tubida durdaday tindim.

Xayyom: – Qoshtumor, guldomon hurmidi, pariy?
Ibodat: – Senga ham yuqdimi ishqi Haydariy.

Xayyom: – Arkdan tong qadar mahvashiy ma’vo,
Ibodat: – Bog’lari shoirki, she’r to’la dunyo…

Xayyom: – Maykanda bo’lmadim ko’nglidan hatlab,
Ibodat: – Buxoro nafasi abad baxttalab…

Xayyom: – Shu tuproq nakhati yoqimda anqir,
Ibodat: – U kofur, mushk emas, ilohiy zanjir.

6

Bedil: – Har kuni ud chalib boraman bozor.
Ibodat: – Izingni bosgandim, tug’dan yog’di qor.

Bedil: – Safomni sarobga qo’shdi bir jodu,
Ibodat: – Gulbodom yelkamda kuyladi: “YO, hu!”.

Bedil: – Donimni quyunda ezdi xom g’addor.
Ibodat: – Mansurning shamdoni menga ochdi fol.

Bedil: – Ko’zimning havosin ko’nglimda osdim,
Ibodat: – Men ma’bad kuldonin cho’g’ini bosdim.

Bedil: – G’ilmonlar tarog’in holi mushkkarvon,
Ibodat: – U qanot qoqgancha chopgan Shayx San’on.

Bedil: – Suv hatlab, qush bo’ldim, osmon-tarozi,
Ibodat: – Xumdonda pishdimi tarsonning xobi.

Bedil: – Daryoga sig’madi men mingan qayg’u,
Ibodat: – O’t yoqqan tandiring rangi moviy-ku!

Bedil: – Ko’zimdan yosh tomdi, Kashmirga sepdim.
Ibodat: – Nuhkema qoldig’in kovush qildi Rim…

Bedil: – Holimga haqqushdan keldi bir xostkor,
Ibodat: – Holingni xol qilma, to’rt fasling bahor.

Bedil: – Bedilman, Bedilman, topib ber bir dil –
Ibodat: – Nomam Shoh bo’lguncha Mirzom sabr qil.

7

Majnun: – Sahrolar hadisin to’pladim – ming jild.
Ibodat: – Men Jamshid jomini qilganday xarid.

Majnun: – Savdolar bazmida o’ynadim: “Xush, qol…”
Ibodat: – Olovlar tuzini emganday sopol.

Majnun: – Tushimni teshganda qumlar tikoni,
Ibodat: – Vulqonda yondimi ta’bir tovoni.

Majnun: – Bir o’tkim ichimni qildi chordara,
Ibodat: – Qalbingga tushdimi Xudodan zarra…

Majnun: – U Layli, oh, Layli – qushdagi qafas,
Ibodat: – U yurak chokidan to’qilgan nafas.

Majnun: – Holimni quyunlar qildi g’arg’ara,
Ibodat: – To’g’onlar: “Shirin!” deb torganday na’ra.

Majnun: – O’ymoqning zariday sochildim, men-yo’q,
Ibodat: – Dursepar saboga mutloq urma do’q.

Majnun: – Ne qilsam men uning iziga sig’gum,
Ibodat: – Bu ma’vo mushkdoni Havzi quldurum…

Majnun: – Bir Layli qibla-yu, yuz daryo simob,
Ibodat: – Isoning kaftida mixlar – iztirob.

Majnun: – O’zimni o’zimga ming chandon otdim,
Ibodat: – Men oyning suvdagi aksiga botdim…

8

Mashrab: – Oy bilan dumalab g’amboda ichdim.
Ibodat: – Men deyman qumsoat jimib ketdi, jim.
Mashrab: – Bir misram yukini yutdi qilqalam.
Ibodat: – U rangga uylandi men uyg’ongan dam.

Mashrab: – Ertadan tonggacha yasab tarozi,
Ibodat: – Mezonga sig’dimi mizrob ovozi.
Mashrab: – So’ng Jabbor mulkini o’lchadim to’q, to’q!
Ibodat: – Bir ko’ngil qo’yarga qilsig’ar joy yo’q.

Mashrab: – Bir malak ishqida buzdirsam qarich,
Ibodat: – Bosh tugul sallang ham dorlarga saqqich.
Mashrab: – Yor men-chun ko’z yoshdan izladi imkon.
Ibodat: – So’qir baxt sog’ ko’zi ochilar qachon?

Mashrab: – Xurjunim ko’zini shamol yog’ladi.
Ibodat: – Shu shamol meni ham dilga bog’ladi.
Mashrab: – Ko’p uzoq ketibman o’zimdan nari.
Ibodat: – Men endi “men” emas, olov xabari.

Mashrab: – Tovonim tikonin ko’rganda Vomiq.
Ibodat: – Sochiga tuz sepdi, ko’rdim, ayroliq.
Mashrab: – To hanuz yo’lmanu yorga yetmayman.
Ibodat: – Men Sening to’yingni ko’rmay ketmayman.

9

(Xoja Abdulxoliq G’ijduvoniyning muridi Xasan Shovre Peshko’dagi ko’char qumlarni karomati bilan to’xtatgan ekan)

Hasan Shovre: – Zandana qal’asin devori yashil,
Ibodat: – Shovredan chumoli menga toj tashir.
Hasan Shovre: – Jom rasmin chizmasdan aylanur boshim.
Ibodat: – Tokgulni hidlagan tunlar – sirdoshim.

Hasan Shovre: – Dizadan dizaga o’tarkan oftob,
Ibodat: – Oq tutlar shindidan pishirar gulob.
Hasan Shovre: – “Hah” desam shinaklar lashkari Horun.
Ibodat: – “She’rimdan suv ichdi Daryo”i darun.

Hasan Shovre: – Ko’chuvchi qumlarga ko’rsatdim qamchi…
Ibodat: – Quvonchdan to’ldimi hamyonlar ichi.
Hasan Shovre: – Ko’nglimda to’y berdi Mirishkor bog’i.
Ibodat: U shunday bog’ emas, Zardusht qalpog’i.

Hasan Shovre: – O’riklar kurtakdan tanladi kuyov –
Ibodat: – Majnundan bu yurtga yuqqani – olov…
Hasan Shovre: – Har eshik boshida bir boylam yog’du,
Ibodat: – Xumdonim shiftida ko’z ochdi kakku.

Hasan Shovre: – Onamning diydorin kiydi gulbodom.
Ibodat: – Zarafshon daryosi avji bardavom.
Hasan Shovre: – Bu zamin nafasi sutmidi g’oza,
Ibodat: – U Haqning yerdagi ko’ngliday – toza.

XOJA BARGIY

U to’rt kuni dunyoga sig’di.
Ayoliga “pish” dedi, ketdik,
Bugun mening yukim tortmoqqa,
“Shamol shamshod, ko’priklar tetik”.

Bozorlarning noziga minib,
Duo qilsa, osma tarozi.
Metinrabot omborlaridan
Bo’lib ketdi Xudoga qozi.

Sho’x bulbulga yoqacha tikdi.
Bolariga yig’ib berdi bol.
Kishmish guli halvocha bo’lmay,
Pichir-pichir qildi majnuntol.

Qulog’ini buloqqa qo’ydi,
Chirmoviqqa yasadi egar.
Anorzorga: “Chorlab ketding” – deb,
Zarafshondan siqib berdi zar.

Ayoliga yo’rma to’qidi.
Suv mavjidan tiktirdi kovush.
Sarbandidan quyoshni yechsa,
Uy shiftida in qurdi Haqqush.

Oy izini ko’ksidan topdi,
Ushlab ko’rdi, soxtamas, mumtoz.
So’ng, soyasin gulmehrob ko’rib,
Bor ko’nglida yozdi joynamoz.

NAVOIYNING ONASI TIRIK

Naqshbanddan Navoiy topdim,
Navoiydan topib oldim dil.
Keng ko’nglimda Farhoddan bo’lak,
Bu dunyoga sig’may qoldi qil…

To’g’onlarga boshimni qo’ydim,
Shoh arig’dan ko’p shimdim gulyog’.
“Nasoyim…”ning sabog’idan so’ng –
Xasta ruhim bo’lib qoldi sog’…

Sham ichidan o’zimni topdim.
Qilqalamdan tanladim manzil.
Bog’lar meni boshiga qo’yib,
Shirinlarga ko’rsatdi ko’nglim.

Qushlar tili sochimday uzun,
Ishq qiblasin ko’rsatdi Vomiq.
Uzro bitgan nurnomalardan.
Tog’olchalar tikdi chimildiq.

Majnun uyg’oq, Layli gulbargak,
Taqib oldi shohg’azallardan
Hirot borsam nur yolvorar:
“Men ham boray, aytgin, qaydasan?”

She’rga botdim, to’ydan chiqmadim.
Nay puflasam, to’kildi ilik.
Kayvoniylar beshik bezatdi:
“Navoiyning onasi tirik…”

“Xamsa” tinglab hutda uyg’ondim.
Doro mehrob tanlagan palla.
Navoiyning shajariman deb,
Bog’lab oldim besh bandli salla.

ESKI QABRISTON HOLATI

Surtinadi yulg’unga shamol
Xo’rsinganday bo’ladi terak.
Tug’ sochiga oyni bog’lagan,
Farishtalar kulmasa kerak.

Toshbitiklar soqoli uzun,
Har bir satri go’yoki janda
Sukunatni buzib sayraydi,
Tut kavakli boyqush – go’yanda.

Qirov hidi dilni teshadi,
Quruq maysa bo’lolmas yoqut.
Qir hujrada chappa uxlaydi,
Bor yo’g’idan ajralgan tobut.

Bobom hassa lutfiga banda
Yarim rangin ko’rsatgan qazo.
Ruhlar shartni buzmasin deya –
Kunda kelib qiladi duo…

Mozor yoni katta yo’l, ariq,
Va buloqni shimgan duoba.
Pichan ortib xomush qaytadi,
Ko’p qamchini ko’rgan arava.

* * *

Bir Jomiydan xabar olsammi?
Navoiyga bo’laymi kotib?
“Shoxnoma”ga tez kirib chiqdim.
Gul Suhrobga qizil gul otib.

Kishnab chiqdi Rustamning oti.
Qalqonlarga sanchildi xanjar
Qo’zigullar ma’rab yubordi:
“Ibodatni asragin Haydar!”.

Namozshomning shomlarin shimdim.
Qip-qizarib ketdi sochlarim.
Sho’r tarnovdan kelib suv ichdi
Kecha qo’ldan uchgan kaptarim.

Sanoqcho’bga: “Bor, sen, bo’sh” dedim,
Sanab ketdim Xudo kokulin.
Adashmasdan ichimda pishsam,
O’n besh kunkim oy ko’ngli yarim.

“YO, hu!” dedim, yana “hu” dedim.
Yeguligim durdai chaqmoq.
To endi men yomg’ir bo’lguncha,
Yana o’sha Mansur sochi oq…

“YO hu! Dedim, yana “hu!” dedim.

QAMBAR OTA

Mansur Halloj izin bosgan Pir,
Faqat sochin teshib o’tar tir.
Alloh undan olmas xavotir –
Qambar Ota!

G’amlarini o’zidan ham yashiradi,
Uchib ketar qanotlarin qoqgach ari.
Havoyaktak tikib sotar – ip ahmariy,
Qambar ota.

Muridlarin gujumzordan oldi tanlab,
Samo-salla, ariq-hamyon, quyosh zamlab,
Mehvarni ham dast ko’tardi ahli tarab,
Qambar ota.

Izlarini supurmadi chumolilar,
Gulparilar bozband qilib muhrin taqar.
Dunyo qolib qush inida qilar safar –
Qambar ota.

Daraxtlarning suhbatiga ketdi botib,
Xandonpista gultomirdan oldi topib,
Ko’ngillarga oy oldilar ko’kka sotib,
Qambar ota.

Sizni dilga bog’lab qo’yar u har kuni,
Soch-soqolin sutga bo’yar oy kukuni.
Hayajondan janda bo’ldi gulning juni,
Qambar ota!

004

(Tashriflar: umumiy 514, bugungi 1)

2 izoh

Izoh qoldiring