Ибодат Ражабова шеърларини ўқиган китобхон уларнинг ўзига хос тимсоллар силсиласини, фақат айни шу шоирага хос бўлган фикру мушоҳада тизимини сезади. Бир суҳбатда эътироф этилганидек, бухоролик иқтидори баланд шоиранинг шеърлари тил билан эмас дил билан ўқиладиган шеърлардир.
Ибодат Ражабова
ЮЛҒУН ГУЛЛАР ДИЛНИ ЧИМЧИЛАР
«Тийрамоҳ» туркумидан шеърлар
Ибодат Ражабова Пешкў туманидаги Қалаймиришкор қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология ва Тошкент давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетларини тугатган. Айни пайтда «Бухоро оқшоми» шаҳар газетаси муҳаррири ўринбосари вазифасида ишламоқда. Турли йилларда унинг «Осмондаги фаришта», «Қуш киприги», «Бухорнур ёки етти пир», «Бухорода гужум гуллади», “Қуш киприги” ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. Ўз услубига эга истеъдодли шоиранинг шеърлари шеър ихлосмандларининг назарига тушган.
1
Юлғун гуллар дилни чимчилар
Онам, челак, сигир, ёғли қор…
Мен билан бир уйда кўз очган.
Қалдирғочнинг сутда ҳаққи бор.
Қишлоқ кўприк мулкида излар,
Исириқдан ўрганса сабоқ.
Кузда учиб юрган мезонлар,
Саёҳатин бузар қалдироқ.
Қўзиқорин уруғи ғоза.
Қалпоғига тўкилар ахтар.
Сочларини шамолга бериб,
Сап-сарғайиб кетар сўталар.
Нонбеҳилар юзин силайди.
Синглим билан Бегим қўғирчоқ.
Даладан кеч қайтган чалғилар,
Омборчада чиқарар чарчоқ.
Зиғирпоя “юкдан бўшалгач”
Хушёр қушлар чорлайди мажлис,
Арвоҳларга ризқ бўлсин дея,
Қўшни кампир чиқаради ис…
Бу маъводан:
Кўп кечикдим, минг бор кечиқдим.
Уйпойгакдан кўп едим дакки.
Онам уйин шифтидан ҳамон,
Юрагимга томади чакки…
2015 йил, 5 октябрь
2
Тонг ёмғирин юлғунлар шимди.
Кузги жағ-жағ яна урди ниш.
Тоғдан қайтар пода бўйнига
Ўз сувратин осиб қўйди қиш.
Қалдирғочлар қишлоқ айланар,
Хайрлашишга кузак чўзди қўл.
Қушйиғинда белин боғлатди,
Жануб томон олиб борар йўл.
Жўхорийлар тик туриб ухлар,
Бозорда кўп сотилди арқон.
Қўриқчига кўз ёши қилди.
Кенг шийпонга сиғмаган ёввон .
Ертандирлар нондан ёғ ҳидлар.
Кўнгил сўраб туради косов,
Қумғонларни сийлаб, кулдириб,
Чўпон билан яшайди олов.
Варахшада шўх саксовуллар.
Айни кузак тўкканда уруғ.
Ичи зам-зам анор ўралар,
Атрофини минг қаричлар муғ.
2015 йил, 6 октябрь
3
Мезонлардан йўлхат сўрадим.
Оқ жўхорий салласи янги.
Тушларимда чилдирма чалди,
Нонбеҳилар кўйлагин ранги.
Аравалар тасбиҳга дўнар,
Дала йўли илоҳий туздон.
Ғурбунчада анорлар ичи,
Ҳавзи шарбат мисоли гулқон.
Оқ тераклар пушти совиди.
Энди ҳеч ким чалмайди қарсак.
Чорбахосса кечки олмаси.
Чўнтакларга сочди анбарак.
Тарозилар иплари узун.
Ниначилар чап кўзи ғилай…
Кишмишмайиз сувратин чиздим.
“ Ғалвирларда қотиб қолган май!!!”
Сизни излаб Зандана бордим.
Хумшиндига ёпиштирдим хат.
Ортга қайтсам, тарнов ғўлдирар:
“Узоқлашиб кетма Ибодат…”
2015 йил, 7 октябрь
4
Варақлайди дарахтни шамол.
Тебранишга тушади япроқ.
Кузқировнинг ёғ боғлашидан.
Боғ кўнглида ёнмайди чироқ.
Ер ўчоқда кирпи излари
Қурвақалар шўркўлда доҳий.
Ошқовоқлар юзин дазмоллаб,
Чопон кийди матоҳи шоҳи.
Дағаллашди қарға овози
Сарҳовузлар суви бодаранг.
Кузак билан ўйинга тушган.
Найқамишлар ичида жаранг-
Эрта пишар, ё индин пишар,
Адоғида Машраб қўриқчи.
Яшил ғамдан ёрилай деди.
Мени кўриб тоғписта ичи.
Эски шаҳар хордеворлари,
Бедил томон чўзганда қўлин.
Оқ жўхорий саллаларига
Юзин босиб йиғлади Ширин.
2015 йил, 11 октябрь
5
Гуланжирлар мудроғи хабар,
Тупроқкўрпа тикади кетмон.
Йиғлаб қолган қушлар уясин,
Алдаб-сулдаб овутар айвон.
Чанг ютгичдай тошноқ япроғи.
Хайригулга осилар мезон.
Мингта ўркач ёғи билан ҳам
Кузак кўнглин юмшатмоқ гумон.
Кўнгли ярим полиз қўриқчи,
Елкаларин тешади ёмғир.
Бойўғлилар йўлга бақирар:
“О, уни ҳам қишлоққа чақир…”
Ғўзапоя тандирга ёқар.
Жўхорийлар уб-узун меҳмон.
Сув тегирмон тишин янгилар,
Тушум тўплаб қўйган Харосбон.
Боғсўқмоқлар чориғи эски-
Баҳоргача унут йўлбошчи…
Хазонбода ичган барглардан.
Тўлиб кетди ариқлар ичи…
2015 йил, 12 октябрь
6
Думалади девордан ёмғир.
Ошиб ўтди елкамдан шамол.
Пичир-пичир қилди тушимда.
Боларилар йиғиб қўйган бол.
Ҳўб-ҳўл бўлди Хожа чорбоғи.
Ҳовуз суви ачиган бода.
Ўркачларин ёғдан тўлдириб,
Чўлдан қайтди уюр пиёда.
Бир кулгандай бўлди тонг отар.
Бошин кўкка теккизди гумбаз.
Тувакгуллар ичкари кирди,
Туманларга қилганча араз.
Бир ноз қилди момоқалдироқ.
Ёқа йиртиқ булутлар чопқир.
Қўнғироқни хабарчи қилдим:
“Бор, кирпини токзордан чақир.”
Ёмон бўлди қибла аҳволи
Ҳур саждалар бўғзига ботди.
Нақшлар ушлаб турган фандуқий
Жойнамозни кузакка отди.
Порсо мисол зикри дил тушдим.
Чирмовиқдан ўрадим салла
Сомонҳидга ботиб йиғладим,
Ҳиногуллар тўкилган палла…
2015 йил, 20 октябрь
7
Бошин ювди ёмғирда ўрик.
Оғочлардан таралди анбар.
Қулфак гуллар кўнгил уруғдан
Хат ёздилар ерга бир дафтар.
Қишлоқ йўли кўп жойга борди.
Аравага миниб олди дўл.
Пири пухта қари туғларин.
Ўзи тугул соқоли ҳам ҳўл.
Ёмғирпўшлар зоти нилуфар,
Шамсиялар олифта тутқич.
Даричалар юзларин ёпиб,
Чақмоқларга бермади ўпич.
Бухор худот сояси шамшод,
Миноралар тик турган сайлов.
Ер ўчоқни тор деб, тўй қилди.
Шаҳартандир бағрида олов.
Кузсаломдан боши айланиб,
Ерга хомуш ўтирган анғиз
Минг бор ёмғир келиб кетса ҳам
Булутларга узатмади қиз.
Ҳайрон бўлдим, томларда қотдим.
Чопон тикиб узатди Мағоқ.
Бозор борсам, ўша бозор-да…
Қор ёғса ҳам унинг вақти чоқ…
2015 йил, 23 октябрь
8
Яна келдинг ойда ўтирдинг.
Сояларга қолмади мадор.
Куз бўлса ҳам дарахтлар боши,
Қалдирғочлар мисоли тождор.
Қилқаламдай зарбўёқ ютдим.
Япроқларнинг томири тароқ.
Шаршарани ерга итарган.
Шамолнинг ҳам соқолида оқ…
Буввак бўғзи-куйловчи туздон
Киприкларда Худо дастхати.
Мен бошимга боғлаб чопганим.
Гулрўмолмас, чиғаноқ пати…
Ойдинлашди ойдинлик ичи.
Астарига гул экди гумбаз.
Жони куйган шамъ Тангридан,
То тонггача умр олди қарз.
Фаришталар елкамда куйлаб,
Қасак чалиб турса ям-яшил.
Мен не қилай, Тийрамоҳда ҳам
Шомни ёриб, гуллади анжир.
Яна келдинг, ойда ўтирдинг…
2015 йил, 27 октябрь
9
Боғ пишириб қуёш чарчади.
Қоғозпўчоқ бодом хаёлий.
Бозор бориб болин ўлчади
Сал тортинчоқ қоп-қора оли.
Дув-дув садо берди айролиқ.
Оғочларким яланғоч томир.
Ерда ётган хазон сувратдан.
Тошкўприк ҳам бўлолмас оғир…
Сувқалампир сувда қуриди.
Ортга қараб чопмади ариқ.
Карахт тўлқин суриб чиқарган,
Соҳилларда думалар оғриқ…
Эгатлардан узун дунё йўқ.
Қатортолдан йўл тўсар эрка.
Кеч кузакда ризқ излаб қарға,
Ботиб кетди қоп-қора терга.
Заъфарондан расмимни топдим.
Кўнглим симоб, сочларим симоб,
Кузак келиб тилламни терди,
Кўк олтинсиз яшаш минг азоб,
Боғ пишириб, қуёш чарчади.
2015 йил, 24-26 октябрь
10
Ҳамон менинг хобхонам эртак.
Ёстиқларим Машраб хуржуни.
Гул кўрпамни ўзим тўқидим.
Абрешинмас, оқ балиқ жуни.
Қўл кафтимни ҳавонча қилдим.
Шамол янчган ёмғирлар ёқут.
Чумолилар йўлин шарт кессам,
Енги билан урди она тут
Дарахтлардан вақтни сўрадим,
Бувваклардан буввак саралаб.
Ой ўзидан ўзи эриди,
Қушлар инин шифтига қараб.
Тарозилар бир ёқа йиртди.
Юрт қаричлаб кетди Алпомиш
Ҳар қаричда шамшод урса ниш
Тўйхонада гуллади кишмиш.
Яна изинг кўзимга тушди.
Гулбаргларин тўкди тўтиё.
Ковушимни чаппа кийган пайт,
Эртакларга етмади ҳаво…
2015 йил, 28 август
11
Куз охири этагида қор
Боғлар билан хайрлашдим хомуш.
Том бошидан бўйнини чўзди
“Дунё шу” деб тарнов –боданўш.
От ёлига тароқ ўтмади.
“Хайфсан” бердим малакларга ҳам.
Кўклик излаб, шом шаҳар кезсам.
Гулбозорлар кўрсатди карам.
Бир исиндим…Чўғлар хавотир
Пичирлади ичимда олов.
Ёввон қайтсам ўтов ўчоқда
Бошин қўйиб ухлабди касов.
Бўз ҳукмида оқарди рангим.
Кузак айтди: “Мендан ранг тилан!”
Тушимда тун кўзимни артди,
Арчаларнинг кўйлаги билан.
Шамъ милтиллар: “Кел ичимдан
Сен ҳам бир бор ўзингни ахтар.
Қишда, барибир, ерга тушади
Ўрикларга осилган токлар…”
2015 йил, 28 октябрь
12
Оёғимни бир булбул босди.
Сутчойимга яширинди ой.
Хазонрезги ўлчаб чарчаган
Кўнгли яшил Мансур яна бой…
Оғочларни қаричлаб чиқдим.
Шўх токлардан танладим меҳроб.
Хўрозларнинг намозидан сўнг.
Чаққон булут пиширди гулоб.
Тошохурлар тушига кирдим.
Гултувакдан тўйиб ичдим сув.
Қаймоқ мисол қалин тус олиб,
Қанотимга айланди ёғду.
Бир айландим заркўб бўлдим.
Исо томон кетдим дил талаб.
Заррабинлар ёғини шимиб,
Изларимни тергади Машраб.
Қўй-қўй дедим, сабримга олтин.
Қўшганларнинг ўзи ҳам гадо…
Бу ҳовуздан чиқиб улгурай,
Катта дарё қилмасдан қазо…
Оёғимни бир булбул босди…
2015 йил, 31 октябрь
13
Қуёш ёғин юзимга суртдим
Меҳроб билан ўпишдим саҳар
Беҳизорлар енгимдан тортиб,
Чўнтагимга солиб қўйди зар
Тошохурлар арпадан тўлди.
Ўркачларда ёзнинг ёғи жам
Нур тахтини бўлиб олдилар
Зайтун пишгач Чорбоғи ҳарам
Қилкўприкдан мезонлар ўтди
Қушлар ўтди қанот кийган жон
Кечки қовун чопонларига
Ироқий нақш чизди “Меҳржон”
Сунбулада дунбул қолмади
Сув бағридан тўкилди ғубор,
Қишлоқ билан шаҳар орасин
Боғлаб турар сўнгсиз анорзор
Иликлардан сурма кўйдирар
Дил қаричлаб олови Яздон
Сап-сарғайган боғлардан Машраб
Тонг, кўз ёшсиз ўтмас ҳеч қачон
Кузак мулки шоли, дон бўлиб,
Ғарамлардан ранг олса агар,
Тазим учун олов чап кўксим
Ўнг қўлин чун макони дилбар…
Бухоро 2015 йил 8 октябр
14
Ой пишириб шеъримни боқдим.
Кўнгил сўраб бўлдим мунажжим.
Баҳорчақмоқ уруғи бўлган
Гултугманга дардимни айтдим
Оби кўҳак тошга урилди,
Балиқ жунин излар Кони гил
Ҳожа Баргий туғларни тешиб,
Қўл кафтида боқди мингта дил
Кўчатларга елкамни ўлчап,
Гумбаз билан ўйнасам шатранж,
“Ғолиб чиқса олиб кетар деб ”
Кундалбофон йиғиб қўйди ганж
Шеърнуқтамни Муҳонкўл бузди
Тўғон излаб югурди Арқут
Бир байтимдан зар дўппи тикиб
Гулобхумга кийдир Оқ тут
Заркўбхона мени имлади
Сочимга ранг суртди Вардонзе
“Қўл кафтини йўлкўприк қилган,
Шамшодларга бирор нарса де…”
Ё ҳақ дедим маржонга миндим
Кўзмунчоқдан тикдим хобхона
“Бор мисрамни қатронда ювиб,
Сўнг, қишлоққа олиб кет, Она! ”
Бухоро 2015 йил 8 октябр
15
Болари туздони нилуфар
Қарғалар тандири жийдазор
Булутлар кўп бузган тонг мажлисида
Тарновлар дуриллаб ўқиди қарор
Кўнглимнинг чокидан чиқди чок
Юлғунлар куз гуллаб…савдоий
Тоғ-тошлар пуштидек совиди
Ўтовлар йиғнагач, ер ўчоқ жойи
Шакардай қамишлар олуфта
Ҳиногул япроғи кайвони
Мўйқалам сочларин чимчилар
Асалга ёпишган фаришта жони
Хурмодай ҳўл пишти Боғи дашт
Жўйи зар сувида барг бирён.
Хордевор ёнида гул чизсам,
Маъбудлар чориғин бағри қон…
Кузакни сиз келиб бир койинг
Қировга ўргатинг Дарси ҳол
Боғи нав аталмиш хумдонда
О, менинг юз минглаб шеърим бор
Бухоро 2015 йил 14 октябр
16
Дарахтларга: “Уйга юр дедим,
Яктагингни ечиб тўрга ил.
Ерўчоққа яқинроқ ўтир
Бу жойни ҳам ўз боғинг деб бил.”
Ялпизларга айтдим келади
Жағ-жағларга тикдирдим жома.
Лайлак кетма, йўл олис дедим.
О, Сенга ҳам ажратгум хона
Чўлчумчуққа дон сепиб келдим
Кафтарларга юбордим хўрак.
Ҳовлимизга дунё сиғишин,
Ниначилар билмаса керак.
Ғарам келар, йўнғичқа келар
Жўхорилар шунда жамулжам
Нонжийдани томдан туширдик.
Шолиларга шу ерда байрам
Югур ҳут-ҳут, тез бўл хон қизи.
Таклиф кутиб ўтирма сўқмоқ.
Даштак янтоқ кокулларидан,
Баҳоргача ёндириб чароқ
Сизни ҳормай бағримга босгум
Шеърларимдан тикиб дилқалқон
Қишдан ўтиб Ҳамалга етсак,
Мен ҳам тирик, сиз ҳам соғ-омон
Гултувакка сепган уруғим,
Бўлиб кетар ишқи андар печ…
Минг афсус ким…
Қалдирғочлар кетгандан кейин,
Мен чорловхат юборибман кеч…
Бухоро 2015 йил 15 октябр
17
Бугун шаҳар қулоғи оғир
Яккатутлар атрофи туман
Боғлар борин тўкиб берса ҳам,
Яна кузак кўзларида нам
Ухлаб қолар чорбоғ девори.
Дарахтларни санайди шамол.
Қарғаларни бошида тўплаб,
“Қуш эртаги”н ўқир қора тол.
Соҳилларда қиров нафаси
Тупроқ яктак тикар қумбалиқ.
Қуш уясин бағрига босиб,
Чақмоқларга ботар айролиқ.
Нонжийдалар ерга тўкилар,
Шабнам келиб ювиб берар юз.
Она ғуррак узоқ тушича
Хўрак бўлиб кўринади муз
Шаҳар хомўш беҳи ҳидлайди.
Омбор шифти қовунга ишком.
Минг бўлакка бўлиб олсак ҳам.
Гумбазларга етмас қушсалом…
Лайлак теппа исмин тергайди.
Уюр қайтиб, қишлоқ тўйхона,
Оқ кишмишга қўшилган ялпиз.
Бўзқоп кийиб ўқир тарона…
Бухоро 2015 йил 17 октябр
18
Варахшада мезонлар узун
Хордеворлар нафаси қуруқ.
Секин-аста кўзин бойлайди
Хас-хашаклар билан чўл қудуқ
Чигаллашар қарға хаёли
Мусичалар тирноқдаги жон
Қадим шаҳар шинакларига
Руҳдан дидбон танлайди явшон
Тун излайди шамдонлар ўрнин
Тахт жойида ҳурпайган янтоқ.
Хонзодага кўзгу пиширган
Хумдончани талади чақмоқ.
Махфий йўлин эшиги дарвиш
Меҳроб кўнгли кафтарга макон.
Шоҳ боғлаган саллани шамол
Думалатиб кетди тўрт томон
Эшикбонни дилдан чорладим
Қушбегига йиғиб бердим қуш:
“Эски шаҳар пойдеворига
Қуёш едир, кўп кўрмасин туш.
Эрта-индин кўкариб кетиб,
Боши кўкка етганда саҳар.
Шеърим зарбоф чопонин кийиб
Маъбудларга беради хабар
Бир шаҳарким кокули анбар,
Базмгоҳида сиғади дунё
Томин кўрган етмиш пушти нур
Жомин кўрган қилмайди қазо…”
Бухоро 2015 йил 16 октябр
Ibodat Rajabova she’rlarini o’qigan kitobxon ularning o’ziga xos timsollar silsilasini, faqat ayni shu shoiraga xos bo’lgan fikru mushohada tizimini sezadi. Bir suhbatda e’tirof etilganidek, buxorolik iqtidori baland shoiraning she’rlari til bilan emas dil bilano’qiladigan she’rlardir.
Ibodat Rajabova
YULG’UN GULLAR DILNI CHIMCHILAR
«Tiyramoh» turkumidan she’rlar
Ibodat Rajabova Peshko’ tumanidagi Qalaymirishkor qishlog’ida tug’ilgan. Samarqand davlat universitetining filologiya va Toshkent davlat universiteti (hozir O’zbekiston Milliy universiteti)ning jurnalistika fakul`tetlarini tugatgan. Ayni paytda «Buxoro oqshomi» shahar gazetasi muharriri o’rinbosari vazifasida ishlamoqda. Turli yillarda uning «Osmondagi farishta», «Qush kiprigi», «Buxornur yoki yetti pir», «Buxoroda gujum gulladi», “Qush kiprigi” va boshqa she’riy to’plamlari nashr etilgan. O’z uslubiga ega iste’dodli shoiraning she’rlari she’r ixlosmandlarining nazariga tushgan.
1
Yulg’un gullar dilni chimchilar
Onam, chelak, sigir, yog’li qor…
Men bilan bir uyda ko’z ochgan.
Qaldirg’ochning sutda haqqi bor.
Qishloq ko’prik mulkida izlar,
Isiriqdan o’rgansa saboq.
Kuzda uchib yurgan mezonlar,
Sayohatin buzar qaldiroq.
Qo’ziqorin urug’i g’oza.
Qalpog’iga to’kilar axtar.
Sochlarini shamolga berib,
Sap-sarg’ayib ketar so’talar.
Nonbehilar yuzin silaydi.
Singlim bilan Begim qo’g’irchoq.
Daladan kech qaytgan chalg’ilar,
Omborchada chiqarar charchoq.
Zig’irpoya “yukdan bo’shalgach”
Xushyor qushlar chorlaydi majlis,
Arvohlarga rizq bo’lsin deya,
Qo’shni kampir chiqaradi is…
Bu ma’vodan:
Ko’p kechikdim, ming bor kechiqdim.
Uypoygakdan ko’p yedim dakki.
Onam uyin shiftidan hamon,
Yuragimga tomadi chakki…
2015 yil, 5 oktyabr`
2
Tong yomg’irin yulg’unlar shimdi.
Kuzgi jag’-jag’ yana urdi nish.
Tog’dan qaytar poda bo’yniga
O’z suvratin osib qo’ydi qish.
Qaldirg’ochlar qishloq aylanar,
Xayrlashishga kuzak cho’zdi qo’l.
Qushyig’inda belin bog’latdi,
Janub tomon olib borar yo’l.
Jo’xoriylar tik turib uxlar,
Bozorda ko’p sotildi arqon.
Qo’riqchiga ko’z yoshi qildi.
Keng shiyponga sig’magan yovvon .
Yertandirlar nondan yog’ hidlar.
Ko’ngil so’rab turadi kosov,
Qumg’onlarni siylab, kuldirib,
Cho’pon bilan yashaydi olov.
Varaxshada sho’x saksovullar.
Ayni kuzak to’kkanda urug’.
Ichi zam-zam anor o’ralar,
Atrofini ming qarichlar mug’.
2015 yil, 6 oktyabr`
3
Mezonlardan yo’lxat so’radim.
Oq jo’xoriy sallasi yangi.
Tushlarimda childirma chaldi,
Nonbehilar ko’ylagin rangi.
Aravalar tasbihga do’nar,
Dala yo’li ilohiy tuzdon.
G’urbunchada anorlar ichi,
Havzi sharbat misoli gulqon.
Oq teraklar pushti sovidi.
Endi hech kim chalmaydi qarsak.
Chorbaxossa kechki olmasi.
Cho’ntaklarga sochdi anbarak.
Tarozilar iplari uzun.
Ninachilar chap ko’zi g’ilay…
Kishmishmayiz suvratin chizdim.
“ G’alvirlarda qotib qolgan may!!!”
Sizni izlab Zandana bordim.
Xumshindiga yopishtirdim xat.
Ortga qaytsam, tarnov g’o’ldirar:
“Uzoqlashib ketma Ibodat…”
2015 yil, 7 oktyabr`
4
Varaqlaydi daraxtni shamol.
Tebranishga tushadi yaproq.
Kuzqirovning yog’ bog’lashidan.
Bog’ ko’nglida yonmaydi chiroq.
Yer o’choqda kirpi izlari
Qurvaqalar sho’rko’lda dohiy.
Oshqovoqlar yuzin dazmollab,
Chopon kiydi matohi shohi.
Dag’allashdi qarg’a ovozi
Sarhovuzlar suvi bodarang.
Kuzak bilan o’yinga tushgan.
Nayqamishlar ichida jarang-
Erta pishar, yo indin pishar,
Adog’ida Mashrab qo’riqchi.
Yashil g’amdan yorilay dedi.
Meni ko’rib tog’pista ichi.
Eski shahar xordevorlari,
Bedil tomon cho’zganda qo’lin.
Oq jo’xoriy sallalariga
Yuzin bosib yig’ladi Shirin.
2015 yil, 11 oktyabr`
5
Gulanjirlar mudrog’i xabar,
Tuproqko’rpa tikadi ketmon.
Yig’lab qolgan qushlar uyasin,
Aldab-suldab ovutar ayvon.
Chang yutgichday toshnoq yaprog’i.
Xayrigulga osilar mezon.
Mingta o’rkach yog’i bilan ham
Kuzak ko’nglin yumshatmoq gumon.
Ko’ngli yarim poliz qo’riqchi,
Yelkalarin teshadi yomg’ir.
Boyo’g’lilar yo’lga baqirar:
“O, uni ham qishloqqa chaqir…”
G’o’zapoya tandirga yoqar.
Jo’xoriylar ub-uzun mehmon.
Suv tegirmon tishin yangilar,
Tushum to’plab qo’ygan Xarosbon.
Bog’so’qmoqlar chorig’i eski-
Bahorgacha unut yo’lboshchi…
Xazonboda ichgan barglardan.
To’lib ketdi ariqlar ichi…
2015 yil, 12 oktyabr`
6
Dumaladi devordan yomg’ir.
Oshib o’tdi yelkamdan shamol.
Pichir-pichir qildi tushimda.
Bolarilar yig’ib qo’ygan bol.
Ho’b-ho’l bo’ldi Xoja chorbog’i.
Hovuz suvi achigan boda.
O’rkachlarin yog’dan to’ldirib,
Cho’ldan qaytdi uyur piyoda.
Bir kulganday bo’ldi tong otar.
Boshin ko’kka tekkizdi gumbaz.
Tuvakgullar ichkari kirdi,
Tumanlarga qilgancha araz.
Bir noz qildi momoqaldiroq.
Yoqa yirtiq bulutlar chopqir.
Qo’ng’iroqni xabarchi qildim:
“Bor, kirpini tokzordan chaqir.”
Yomon bo’ldi qibla ahvoli
Hur sajdalar bo’g’ziga botdi.
Naqshlar ushlab turgan fanduqiy
Joynamozni kuzakka otdi.
Porso misol zikri dil tushdim.
Chirmoviqdan o’radim salla
Somonhidga botib yig’ladim,
Hinogullar to’kilgan palla…
2015 yil, 20 oktyabr`
7
Boshin yuvdi yomg’irda o’rik.
Og’ochlardan taraldi anbar.
Qulfak gullar ko’ngil urug’dan
Xat yozdilar yerga bir daftar.
Qishloq yo’li ko’p joyga bordi.
Aravaga minib oldi do’l.
Piri puxta qari tug’larin.
O’zi tugul soqoli ham ho’l.
Yomg’irpo’shlar zoti nilufar,
Shamsiyalar olifta tutqich.
Darichalar yuzlarin yopib,
Chaqmoqlarga bermadi o’pich.
Buxor xudot soyasi shamshod,
Minoralar tik turgan saylov.
Yer o’choqni tor deb, to’y qildi.
Shahartandir bag’rida olov.
Kuzsalomdan boshi aylanib,
Yerga xomush o’tirgan ang’iz
Ming bor yomg’ir kelib ketsa ham
Bulutlarga uzatmadi qiz.
Hayron bo’ldim, tomlarda qotdim.
Chopon tikib uzatdi Mag’oq.
Bozor borsam, o’sha bozor-da…
Qor yog’sa ham uning vaqti choq…
2015 yil, 23 oktyabr`
8
Yana kelding oyda o’tirding.
Soyalarga qolmadi mador.
Kuz bo’lsa ham daraxtlar boshi,
Qaldirg’ochlar misoli tojdor.
Qilqalamday zarbo’yoq yutdim.
Yaproqlarning tomiri taroq.
Sharsharani yerga itargan.
Shamolning ham soqolida oq…
Buvvak bo’g’zi-kuylovchi tuzdon
Kipriklarda Xudo dastxati.
Men boshimga bog’lab chopganim.
Gulro’molmas, chig’anoq pati…
Oydinlashdi oydinlik ichi.
Astariga gul ekdi gumbaz.
Joni kuygan sham’ Tangridan,
To tonggacha umr oldi qarz.
Farishtalar yelkamda kuylab,
Qasak chalib tursa yam-yashil.
Men ne qilay, Tiyramohda ham
Shomni yorib, gulladi anjir.
Yana kelding, oyda o’tirding…
2015 yil, 27 oktyabr`
9
Bog’ pishirib quyosh charchadi.
Qog’ozpo’choq bodom xayoliy.
Bozor borib bolin o’lchadi
Sal tortinchoq qop-qora oli.
Duv-duv sado berdi ayroliq.
Og’ochlarkim yalang’och tomir.
Yerda yotgan xazon suvratdan.
Toshko’prik ham bo’lolmas og’ir…
Suvqalampir suvda quridi.
Ortga qarab chopmadi ariq.
Karaxt to’lqin surib chiqargan,
Sohillarda dumalar og’riq…
Egatlardan uzun dunyo yo’q.
Qatortoldan yo’l to’sar erka.
Kech kuzakda rizq izlab qarg’a,
Botib ketdi qop-qora terga.
Za’farondan rasmimni topdim.
Ko’nglim simob, sochlarim simob,
Kuzak kelib tillamni terdi,
Ko’k oltinsiz yashash ming azob,
Bog’ pishirib, quyosh charchadi.
2015 yil, 24-26 oktyabr`
10
Hamon mening xobxonam ertak.
Yostiqlarim Mashrab xurjuni.
Gul ko’rpamni o’zim to’qidim.
Abreshinmas, oq baliq juni.
Qo’l kaftimni havoncha qildim.
Shamol yanchgan yomg’irlar yoqut.
Chumolilar yo’lin shart kessam,
Yengi bilan urdi ona tut
Daraxtlardan vaqtni so’radim,
Buvvaklardan buvvak saralab.
Oy o’zidan o’zi eridi,
Qushlar inin shiftiga qarab.
Tarozilar bir yoqa yirtdi.
Yurt qarichlab ketdi Alpomish
Har qarichda shamshod ursa nish
To’yxonada gulladi kishmish.
Yana izing ko’zimga tushdi.
Gulbarglarin to’kdi to’tiyo.
Kovushimni chappa kiygan payt,
Ertaklarga yetmadi havo…
2015 yil, 28 avgust
11
Kuz oxiri etagida qor
Bog’lar bilan xayrlashdim xomush.
Tom boshidan bo’ynini cho’zdi
“Dunyo shu” deb tarnov –bodano’sh.
Ot yoliga taroq o’tmadi.
“Xayfsan” berdim malaklarga ham.
Ko’klik izlab, shom shahar kezsam.
Gulbozorlar ko’rsatdi karam.
Bir isindim…Cho’g’lar xavotir
Pichirladi ichimda olov.
Yovvon qaytsam o’tov o’choqda
Boshin qo’yib uxlabdi kasov.
Bo’z hukmida oqardi rangim.
Kuzak aytdi: “Mendan rang tilan!”
Tushimda tun ko’zimni artdi,
Archalarning ko’ylagi bilan.
Sham’ miltillar: “Kel ichimdan
Sen ham bir bor o’zingni axtar.
Qishda, baribir, yerga tushadi
O’riklarga osilgan toklar…”
2015 yil, 28 oktyabr`
12
Oyog’imni bir bulbul bosdi.
Sutchoyimga yashirindi oy.
Xazonrezgi o’lchab charchagan
Ko’ngli yashil Mansur yana boy…
Og’ochlarni qarichlab chiqdim.
Sho’x toklardan tanladim mehrob.
Xo’rozlarning namozidan so’ng.
Chaqqon bulut pishirdi gulob.
Toshoxurlar tushiga kirdim.
Gultuvakdan to’yib ichdim suv.
Qaymoq misol qalin tus olib,
Qanotimga aylandi yog’du.
Bir aylandim zarko’b bo’ldim.
Iso tomon ketdim dil talab.
Zarrabinlar yog’ini shimib,
Izlarimni tergadi Mashrab.
Qo’y-qo’y dedim, sabrimga oltin.
Qo’shganlarning o’zi ham gado…
Bu hovuzdan chiqib ulguray,
Katta daryo qilmasdan qazo…
Oyog’imni bir bulbul bosdi…
2015 yil, 31 oktyabr`
13
Quyosh yog’in yuzimga surtdim
Mehrob bilan o’pishdim sahar
Behizorlar yengimdan tortib,
Cho’ntagimga solib qo’ydi zar
Toshoxurlar arpadan to’ldi.
O’rkachlarda yozning yog’i jam
Nur taxtini bo’lib oldilar
Zaytun pishgach Chorbog’i haram
Qilko’prikdan mezonlar o’tdi
Qushlar o’tdi qanot kiygan jon
Kechki qovun choponlariga
Iroqiy naqsh chizdi “Mehrjon”
Sunbulada dunbul qolmadi
Suv bag’ridan to’kildi g’ubor,
Qishloq bilan shahar orasin
Bog’lab turar so’ngsiz anorzor
Iliklardan surma ko’ydirar
Dil qarichlab olovi Yazdon
Sap-sarg’aygan bog’lardan Mashrab
Tong, ko’z yoshsiz o’tmas hech qachon
Kuzak mulki sholi, don bo’lib,
G’aramlardan rang olsa agar,
Tazim uchun olov chap ko’ksim
O’ng qo’lin chun makoni dilbar…
Buxoro 2015 yil 8 oktyabr
14
Oy pishirib she’rimni boqdim.
Ko’ngil so’rab bo’ldim munajjim.
Bahorchaqmoq urug’i bo’lgan
Gultugmanga dardimni aytdim
Obi ko’hak toshga urildi,
Baliq junin izlar Koni gil
Hoja Bargiy tug’larni teshib,
Qo’l kaftida boqdi mingta dil
Ko’chatlarga yelkamni o’lchap,
Gumbaz bilan o’ynasam shatranj,
“G’olib chiqsa olib ketar deb ”
Kundalbofon yig’ib qo’ydi ganj
She’rnuqtamni Muhonko’l buzdi
To’g’on izlab yugurdi Arqut
Bir baytimdan zar do’ppi tikib
Gulobxumga kiydir Oq tut
Zarko’bxona meni imladi
Sochimga rang surtdi Vardonze
“Qo’l kaftini yo’lko’prik qilgan,
Shamshodlarga biror narsa de…”
YO haq dedim marjonga mindim
Ko’zmunchoqdan tikdim xobxona
“Bor misramni qatronda yuvib,
So’ng, qishloqqa olib ket, Ona! ”
Buxoro 2015 yil 8 oktyabr
15
Bolari tuzdoni nilufar
Qarg’alar tandiri jiydazor
Bulutlar ko’p buzgan tong majlisida
Tarnovlar durillab o’qidi qaror
Ko’nglimning chokidan chiqdi chok
Yulg’unlar kuz gullab…savdoiy
Tog’-toshlar pushtidek sovidi
O’tovlar yig’nagach, yer o’choq joyi
Shakarday qamishlar olufta
Hinogul yaprog’i kayvoni
Mo’yqalam sochlarin chimchilar
Asalga yopishgan farishta joni
Xurmoday ho’l pishti Bog’i dasht
Jo’yi zar suvida barg biryon.
Xordevor yonida gul chizsam,
Ma’budlar chorig’in bag’ri qon…
Kuzakni siz kelib bir koying
Qirovga o’rgating Darsi hol
Bog’i nav atalmish xumdonda
O, mening yuz minglab she’rim bor
Buxoro 2015 yil 14 oktyabr
16
Daraxtlarga: “Uyga yur dedim,
Yaktagingni yechib to’rga il.
Yero’choqqa yaqinroq o’tir
Bu joyni ham o’z bog’ing deb bil.”
Yalpizlarga aytdim keladi
Jag’-jag’larga tikdirdim joma.
Laylak ketma, yo’l olis dedim.
O, Senga ham ajratgum xona
Cho’lchumchuqqa don sepib keldim
Kaftarlarga yubordim xo’rak.
Hovlimizga dunyo sig’ishin,
Ninachilar bilmasa kerak.
G’aram kelar, yo’ng’ichqa kelar
Jo’xorilar shunda jamuljam
Nonjiydani tomdan tushirdik.
Sholilarga shu yerda bayram
Yugur hut-hut, tez bo’l xon qizi.
Taklif kutib o’tirma so’qmoq.
Dashtak yantoq kokullaridan,
Bahorgacha yondirib charoq
Sizni hormay bag’rimga bosgum
She’rlarimdan tikib dilqalqon
Qishdan o’tib Hamalga yetsak,
Men ham tirik, siz ham sog’-omon
Gultuvakka sepgan urug’im,
Bo’lib ketar ishqi andar pech…
Ming afsus kim…
Qaldirg’ochlar ketgandan keyin,
Men chorlovxat yuboribman kech…
Buxoro 2015 yil 15 oktyabr
17
Bugun shahar qulog’i og’ir
Yakkatutlar atrofi tuman
Bog’lar borin to’kib bersa ham,
Yana kuzak ko’zlarida nam
Uxlab qolar chorbog’ devori.
Daraxtlarni sanaydi shamol.
Qarg’alarni boshida to’plab,
“Qush ertagi”n o’qir qora tol.
Sohillarda qirov nafasi
Tuproq yaktak tikar qumbaliq.
Qush uyasin bag’riga bosib,
Chaqmoqlarga botar ayroliq.
Nonjiydalar yerga to’kilar,
Shabnam kelib yuvib berar yuz.
Ona g’urrak uzoq tushicha
Xo’rak bo’lib ko’rinadi muz
Shahar xomo’sh behi hidlaydi.
Ombor shifti qovunga ishkom.
Ming bo’lakka bo’lib olsak ham.
Gumbazlarga yetmas qushsalom…
Laylak teppa ismin tergaydi.
Uyur qaytib, qishloq to’yxona,
Oq kishmishga qo’shilgan yalpiz.
Bo’zqop kiyib o’qir tarona…
Buxoro 2015 yil 17 oktyabr
18
Varaxshada mezonlar uzun
Xordevorlar nafasi quruq.
Sekin-asta ko’zin boylaydi
Xas-xashaklar bilan cho’l quduq
Chigallashar qarg’a xayoli
Musichalar tirnoqdagi jon
Qadim shahar shinaklariga
Ruhdan didbon tanlaydi yavshon
Tun izlaydi shamdonlar o’rnin
Taxt joyida hurpaygan yantoq.
Xonzodaga ko’zgu pishirgan
Xumdonchani taladi chaqmoq.
Maxfiy yo’lin eshigi darvish
Mehrob ko’ngli kaftarga makon.
Shoh bog’lagan sallani shamol
Dumalatib ketdi to’rt tomon
Eshikbonni dildan chorladim
Qushbegiga yig’ib berdim qush:
“Eski shahar poydevoriga
Quyosh yedir, ko’p ko’rmasin tush.
Erta-indin ko’karib ketib,
Boshi ko’kka yetganda sahar.
She’rim zarbof choponin kiyib
Ma’budlarga beradi xabar
Bir shaharkim kokuli anbar,
Bazmgohida sig’adi dunyo
Tomin ko’rgan yetmish pushti nur
Jomin ko’rgan qilmaydi qazo…”
Buxoro 2015 yil 16 oktyabr
«Узоқлашиб кетма Ибодат»…Баъзан излаб тополмай қолсам мен ҳам шоира опамизга шу сўзни бот-бот ичимда айтиб тураман…Ҳалима опа ҳам айтиб туради бу сўзни… Ибодат Ражабованинг «Онам ўраб юрган рўмолнинг, гулларини кафтимга чизсам» деган сатрлари, бугунги янги шеърларидаги «боғлар борин тўкиб берса ҳам, Яна кузнинг кўзларида ёш» каби сатрларини ўқисам Лоркани «Худодан узоқсан дейди ҳар бир тош» деган сатрини ўқиганимдагидек бўғзимда аччиқ бир хасратни ҳис қиламан.»Хайфсан бердим малакларга ҳам» дебди шоира…»Шеърим зарбоф чопонин кийиб» дебди яна у…Бухорои шарифда ўз қалбига чўкиб моҳияти денгизидан дурлар олиб чиқаётган ғаввос опам мени…Янги ва яхши шеърлар аввало бизга, халқимизга, кейин сизга муборак бўлсин!
Хуршид ака! Ўйлаб кўрсам Сиззи яқиндан умримда 1 мартта кўрган эканман…Лекин моҳият моҳияти билан тийран маърифатга чўлғанган шоир деса Сиз мудом кўз ўнгимдасиз! Бошиз омон бўлсин.Рахмат сизга!
Ибодат Ражабовага бағишланган БУХОРИЙ МИНОРГА АРАЗНОМА деган шеъримда шундай сатрлар бор эди…ўринлими ўринсиз шу сатрларни ёзгим келди.
…Сенинг юртинг ёғдулар юрти,
Қонинг ичра ишқ жило қилган.
Бухорони ёғийлар эмас,
Мудом нурлар истило қилган.
…Нақшбандий бобом пойида,
Гуноҳимни сўрайсан саҳар.
Етти пирдан дуолар олиб,
Юрагингга айларсан сафар.
Кечир, бошдин оёғим хато!
Ҳеч тўймадим дилларни еб ҳам.
Яралганим Худога хуш, лек,
Яралмасам бандага не ғам?****ва давоми бор эди…
Гулжамолнинг «ўз қалбига чўкиб, моҳияти денгизидан дурлар олиб чи қаётган ғаввос опам», деган таърифида жон бор. (Ибодат опанинг шеърлари ҳақида менга илк бор у гапириб берган.)Ибодат Ражабова чиндан ҳам ўз моҳиятини бетакрор бир йўсинда қоғозга тушираётган шоира. Унинг шеърлари кўнгилдан ҳеч бир тўсиқсиз жой оладиган, самимий изҳорларга бойлиги, қадим туйғуларнинг бошқаларга ўхшамаган талқинлари билан ажралиб туради. Ибодат Ражабова шеърларида ташбиҳлар ранг-баранг, образлар эса ўзининг дафъатанлиги билан сизни ҳайратга солади. Шоира кўҳна Бухоронинг ҳар қарич еридан шеър излайди ва унинг изланишлари ҳамиша ижобий натижа беради. Аслида ватан ҳақидаги энг чиройли шеърлар мана шундай изланишлар, содда, юракка яқин туйғулар ҳосиласи сифатида қоғозга тушади. Бу янги туркум эса кузги Бухоронинг шеърий пейзажи бўлибди.Муборак бўлсин, Ибодат опа!
Бугун Ибодат Ражабованинг туғилган куни! У ўзи заррин туйғулар билан таърифлаган маҳзуна фасл — кузда туғилган!
Опа! Ўзингизнинг таърифингиз билан айтганда «Яна изи(нг)з кўзимга тушди»…Соғиндик! Туғилганингиз учун рахмат!Бухоро кўчалари, пирлар маконида шеър териб юраверасизми? Тошкентгаям келинг…зора бизга ҳам юқса дейман! Дийдоргача! Гулжамол