Ibodat Rajabova. Kurtaklardan rang oldi dunyo

Ashampoo_Snap_2017.06.06_17h29m54s_003_d.png     Шоира Ибодат Ражабова шеърларини ўқиган китобхон уларнинг ўзига хос тимсоллар силсиласини, фақат айни шу шоирага хос бўлган фикру мушоҳада тизимини сезади. Шоира шеърларига бағишланган бир муносабатда эътироф этилганидек, унинг шеърларини ўқиганингиз сари юрагингизда гуллаётган юлғунлар шивирини, кузак ботарида адашиб қолган шаббоданинг армонли нафасини туйгандек бўласиз.

Ибодат РАЖАБОВА
КУРТАКЛАРДАН РАНГ ОЛДИ ДУНЁ
09

Ибодат Ражабова Пешкў туманидаги Қалаймиришкор қишлоғида туғилган. Самарқанд давлат университетининг филология ва Тошкент давлат университети (ҳозир Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетларини тугатган. «Осмондаги фаришта», «Қуш киприги», «Бухорнур ёки етти пир», «Бухорода гужум гуллади» ва бошқа шеърий тўпламлари нашр этилган. Ўз услубига эга истеъдодли шоиранинг шеърлари шеър ихлосмандларининг назарига тушган.

09

ҲАМОН МЕНИ КУТАР НАВОИЙ

Тонг нур ичин айланиб чиқдим.005
Қайда дедим даҳолар жойи?
Бешиксозлар кўнгил тўридан
Чиқиб келди Ҳазрат Навоий.

Олов бўлдим, чўғларда ундим,
Муҳаббатдан бўлдим садойи.
Қуш патидан шамъи ҳол ёқиб,
Тушларимга кирди Навоий.

Жон сўрадим қатор тоғлардан
Юзларимда кипригим мойи…
— Кел, ишқ ашкин шунда арт, — дея
Салласини тутди Навоий.

Ширин ўзин олиб қочди шом.
Мени тутди ғуссалар ёйи.
Сиздан олдин, ҳа, Сиздан олдин
Қалқон бўлди менга Навоий.

Қаламидан дон терди қақнус
Сиёҳдони ошиқлар жоми.
Юз маст бўлдим, минг аласт бўлдим,
— Тур, Порсо, — деб кулди Навоий.

Эҳ, ўзимни осмонга отдим,
Ёғду ёстиқ заминнинг пойи…
Хурмозорлар илдиз базмида –
Ҳамон мени кутар Навоий.

ОНА

Юзларингда Худо гул экди,
Борлиғингда мушк сепди, анбар.
Тандир томон борар изларинг,
Бирам қутлуғ, ноёб, нурхабар.

Тарозилар қуёш ўлчади,
Қумсоатлар ўлчаб берди зар.
Қушларга дон сепган қўлингга,
Ҳеч қайсиси келмас баробар.

Говмиш, тойчоқ, она мушук ҳам,
Омборингдан ризқ ейди саҳар.
Ўймоқ кийган бармоқларингни,
Кўрмоқ учун туғилди ахтар.

Рўмолларинг гулин ҳидладим,
Адоғингга тиз чўкдим ҳар кун.
Оппоқ сочинг жилосин кўриб,
Ғарқ гуллади Чорбоғи берун.

Кипригингда уммон уруғи,
Дуоларинг Тангрига дилхат.
Игналаринг тикган чопонлар,
Даҳо билан қилади суҳбат.

БАҲОР

Мени қушлар тўйга айтдилар,
Бодомзорлар осди гулқозон.
Бешикбозор боргач ниначи,
Ажриқларда кириб кетди жон.

Минорага хат ёзди лайлак,
Момотутлар бош ювди ҳар кун.
Туясутдан қатиғ ивитди,
Ялпизбаргда қўли уштурум.

Сўфидеҳқон буғдой саралаб,
Ғалвир кўзин ямади бошдан.
Фариштакент бодомзорини,
Туни билан ўпди Армичан.

Қарсак чалдим, қалдирғоч келди,
Гир айландим шамшод гиргиттон.
Гултож бўлдим, сурма султону,
Сурмадонда нақши гулистон.

Ҳатфарчанинг суви кўпайди,
Оғар дарё тўлқини – тилло.
Қандакўрик пойида осди –
Юрагини минг битта гадо.

Токгул ҳидлаб, девона бўлдим.
Буввак чалиб бўлдим муғанний
Нодон Тоҳир сандиқ-ла кетди,
Хинозорман, ҳур қушлар қани?!

* * *

Шамоллар ёстиғи эскириб кетди,
Деворлар намини шимади кундуз.
Миришкор қалъасин кўлмакларида,
Чумчуқлар ҳут бўйи келиб ювар юз.

Майсалар чопонин дазмоллар шудринг.
Сўқмоқлар сафари бўлар намоён.
Қора тол сап-сариқ попукларини
Шабада тўрт томон сочар – паришон.

Бўз сўзма халталар михга кўз қисар,
Шиндилар тубидан кўринади ёз.
Ҳаммадан эртароқ уйғониб кетиб,
Бепарво сурп қопни тешади пиёз.

Нокқоқи изини топар чумоли,
Қизғаниб эшигин ёпар Навметан.
Уларга битта гап айтишда олдин –
Худодан қўрқаман, Худодан.

Қақнуслар изига ботираман нон.
Лолалар уруғи менга ҳам Ватан.
Бу қуёш кун бўйи ерга нур сочар,
Ибодат Ражабнинг деразасидан…

“МИНГ ШАҲАР” ТАСВИРИ

Қалъалар чўнтагин ковладим…
Ғорларнинг оғзига қўйдим лаб,
Йиқилган деворлар шамоли.
Тонг, чопиб бордилар қиблага қараб.

Чумчуқлар саройи мўлу кўл.
Шинаклар каваги саноқсиз.
Эшиклар калити қай куни
Жаннатга кетганин билмайсиз.

Тегирмон тарнови тошботил,
Сополлар базмидан зерикдим.
Меҳроблар моғори пичирлар:
“Ҳаво дим, ҳаво дим, ҳаво дим”.

Ноғора лунжлари йиртилган.
Хумдоннинг молига йўқ сифат.
Донхумлар қопқоғи кун бўйи
Тошқудуқ туби-ла қилади суҳбат.

Байроқлар суврати сувайдо
Шаҳристон қолдиғи – мунажжим.
Қуриган қамишлар бағридан
Искандар шохини топмадим…

САФАРДАН ҚАЙТИШ…

Адоғим тупроққа ботади
Ариқлар югурар ортимдан.
— Ёзда бир салқинлаб кет, -дея
Менга сув сепади Зарметан.

Тавоис янтоқдан тоғ ясар
Уд чалиб югурар туялар.
Оқ қандак ўриклар тўкилиб,
Йўлимга сепади мушк, анбар.

Ёнғоқлар дастурхон тикади.
Тоғписта ўнгурда шамолбон.
Дарвишлар халтасин ҳидидай,
Шувоқдан ранг соғар Саратон.

Қуёшда пишган ол этикда
Кўприклар устидан ўтсам тун,
Мен ёқган оловдан туғилган
Тутунни кун бўйи ҳидлайди Мажнун.

Юкхалтам ҳавода учади.
Ҳассамни талашар Хожагон.
Бўйнимга осилиб йиғлайди,
Онамнинг камзўли – мармижон!

* * *

“Минг шаҳар” тушимда гулмеҳтар.
Кўнглимнинг кўчаси заргарон,
Куртаклар нуртақтақ қилса ҳам.
Эшигин очмайди бир дўкон.

Савдо-ю ҳасратим харсангтош,
Юз дуо тишлари ўтмайди.
— Бир илож топ, десам, Фурқат ҳам
“У кетган жойи”дан қайтмайди.

“Сен” дедим, Румийдан бир тарсак,
Лутфийдан дағдаға топди дил.
Искандар шохидай нийначи
Устимдан хўб кулди: “Хом, басир!”.

Тиконлар базмидан қўрқаман,
Рангимни куйдирди мўйқалам.
Муҳаббат мезонин нархи шу –
Шоири ночору ағёр-муҳтарам.

Тутларга тўкилсам ёрилди,
Сизсизлик суврати қумжувоз.
Парвона мисоли “Ҳақ, дедим,
Пешонам битигин қайта ёз…”.

Тиконлар базмидан қўрқаман…

БУХОР ХОТУН ХАТИ

“Зарафшон зарларин саралаб,
Боғларга улашдим чимилдиқ.
Деворлар ёнида эшиклар
Ёғийга очилмай турди тик.

Калитлар Мири шаб лашкари,
Қамчилар ёнимда тунсоқчи…
Садоқдон сурасин ёд олди,
Меҳробга айланган шаҳристон ичи.

Ариқлар сув ташиб, семирди,
Ҳовузлар ҳовузмас, заркома.
Қалъалар бир-бирин қучоқлаб,
Тунлари куйлайди тарона.

Чўнтаклар йиртиғин ямадим.
Зиндонга: “Бор, дедим, олма тер.
Бу халқнинг ғамини занжирмас,
Бошида тожи бор шоҳ ер…”

Шолизор пойида чўкдим тиз.
Шиорим – шамдону қарорим – зайтун.
Бухоро ковушин мойлади –
Кафтимдан сув ичган Чорбоғи берун.

Кампирак девордан то кўнгил қадар
Борлиққа тўй қилиб баҳорни
Бошимда кўтариб яшадим,
Шарафга айланган Бухорни!”.

СЕНИ –

Шамолдан сўрадим, билмади.
Қуш ранги кафтимга чизди хат.
Изимдан гулчанглар эргашди –
Беадад, беадад, беадад.

Ортимда майхумлар наъраси.
Рўпарам – Исодан насиҳат…
Искандар шохини синдирди –
Муҳаббат, муҳаббат, муҳаббат.

Кўз ёшим руҳлари – алангга.
Лолалар кўнглимда соябон.
Соянгни ақрабдан ол деди
Мармижон, мармижон, мармижон.

Пирларнинг пойида жой йўқ,
Фалакнинг калити – ур тўқмоқ.
Кирпидай мингта ниш чиқорди –
Чилчироқ, чилчироқ, чилчироқ.

Ичимда толтарнов йиғлади,
Дурдага айланди хотирам.
Минора дод солиб, югурди –
“Белимда белбоғим битта кам…”

Ёсуман ёйини синдирдим.
Ўйғонган дарахтлар лашкарим.
Ваҳийдан хабаринг келган тонг,
Ўзимни Бухордан топмадим…

ЧИЗГИЧ

Онамнинг ковушин мойладим,
Қушга ҳам ўймоқда суздим чой.
Дунёга тўрт томон улашган,
Ҳовузлар хилқатдан жуда бой.

Бешиклар – қора тол асари,
Яшил ранг майсага мукофот.
Ҳаммани дил томон ўтказар,
Кўприк деб аталмиш хомуш от.

Бувваклар ичидан югурдим,
Нонбеҳи гуллари – нурқоқий.
Кимнидир интизор кутади,
Сурп халта ичида гўштқоқи.

БАХТ

“Авесто”дан чимилдиқ тикдим.
“Минг бир кеча” булбул бисоти.
“Алпомиш”га бошимни қўйсам,
Ҳаққуш бўлди Гўрўғли оти.

Қамчилардан қўшнай ясадим,
Дубулғадан ойга соябон.
“Шохнома”ни қушга ўқитсам,
Сувялпизлар чиқардир забон.

Битта ғазал бир боғга етар,
“Хамса”дан тож ясади шамшод.
Тун, Саккокий шеърини шимсам,
Гул сутидан кўкарди ҳаёт.

Пешкўдарё ишқ томон оғди,
Пойкентқалъа Тангри дилбари.
Моҳонкўлда юзимни ювсам,
Менга тушди борлиқ назари.

Белбоғ, меҳроб, маҳси, яктаклар,
Туздон бўлгач кун достонида,
Ваҳий хатин бағримга босдим,
Бухоронинг Регистонида…

БУХОРОГА МЕҲМОНГА БОРИШ

Белбоғингнинг гулларин суғор,0 bukhara00278.jpg
Ёқанг гардин кумушга артгин.
Йўллар учун мушк йиғмасанг,
Кўприклардан ўтмоғинг қийин.

Йўлфайз тилла қуш инларидан,
Оқар сувдан сўраб ол суръат.
Жомадонинг бандлари уч кун
Қилиб олсин юз бор ибодат.

Тандирни ўп, мойжувозни ўп,
Майхумларга пичирла: “Ку-ку…”
Аравага ўрнашиб олиб,
Сендан олдин йўлга тушар у…

Шабадалар атрини шимгин,
Чирмовиқлар бағрига ёт, шом,
Ширин-ширин туршакларини
Оқ қопчада солиб берар том.

Гузарларга ёғсовға олгин.
Пули ошиғи бўлсин хабардор.
Дарвозалар занжирин очар,
Дуо билан ўттизта минор.

Мағоқларнинг адоғин сийла,
Шаҳристонни кезиб чиқ яёв,
(Эсингда тут) ҳаммадан олдин –
Ҳовузларга улаш туттарнов.

МУҲАББАТ

Далатандир кунда ўт олар,
Бедабоғни титкилар шамол.
Қишлоқларнинг кунгабоқарин
Ван Гог келиб ўпар бемалол.

Кўприкчалар ҳовли қўриқчи,
Нонсаватда қурийди анжир.
Қаймоқ тўла коса чирдидан
Шабадаой айланар гир-гир.

Терлаб кетар тери чилдирма,
Нонзувала гулқанддай хушбўй,
Мингта соқчи қўйинг, токзорда
Барибир чумчуқ ўтказади тўй.

Қовунқоқи полиз “қишғами”
Қушларга дом қўймайди ҳеч ким.
Баланд-баланд учган варакка,
Томга чиқиб омад тиладим.

Қишлоқ борсам, ердан сал чиқар,
Қоратоллар ошиқ томири.
Тун уларни қучиб, туш кўргум –
Бир тушларким зангор, амирий…

* * *

Дала-боғни супурар шамол.
Теракларга чирмашар ажриқ.
Қопқоғи йўқ шийпонтандирлар,
Оғзи очиқ, оғзи об-очиқ.

Ғўза гулин косаси пушти,
Жўякларни тортади уфқ.
Жуда намчил шолизорларда,
Қумурсқа базм қуради чумчуқ.

Гужумларнинг новдаси аҳил.
Қуш томига тўкилар япроқ…
Қора анжир ғўраларининг
Кўнгли тугул борлиғи ҳам оқ.

Токзорларда ишлайди кетмон.
Аравалар юмуши оғир.
Озиб кетди эшаклар… жарчи –
Яйловлардан ғиротни чақир.

Гул мойидан шўрва пиширдим.
Асал бўлди нокзор гулчанги.
Мўйқаламни ҳаммом жўнатдим,..
Ўзгарарми хатларинг ранги…

ЯРИМ ТУН, ТОНГ

Отам боғи сокин туш кўрар,
Олма ҳидлаб ёшарар қишлоқ,
Дарга ёйган гўштқоқиларни
Кўзи билан тешади бароқ.

Пишлоқларга айланар хом сут,
Тарс ёрилар сув ичган қовун.
Лойтўғонлар бўшашиб кетиб,
Сувгирдобга айланар қуюн.

Юлдуз учар, олча тўкилар.
Уруғларин аллалар янтоқ.
Соддаликда мендан ҳам ўтган,
Парвонани ўйнатар чироқ.

Йўлда сарсон кирпи излари,
Полиз ҳидин чиқарар шабнам.
Тонг чўнтагин чўққилар хўроз,
У қуш ёстиқ санаб юрган дам.

Чўбқошиқлар йиғади қаймоқ,
Гўштқоқидан тўлади халта.
Эҳ, бир қанот сотиб олмаган
Мушукларнинг қўллари калта…

* * *

Дарахтлардан узримни сўра.
Хайригулдан тилаб ол мени.
Қалдирғочлар шеъримни еди,
Жонинг оғрир ҳақсўрар қани?

Суратимни ойга ёпиштир,
Ширин отин қуш қилди фалак.
Сўраб борсам, эшигин очиб,
Фариштага сув сепди эртак.

Кўчатларга тилла улашдим,
Арк ортидан топдим сурмадон.
Тонг, Наршахий олдига боргум,..
У шаҳристон келмас ҳеч қачон.

Аҳмад Дониш қайиғин миниб,
Дил ортига айласам сафар.
Олтин балиқ ҳамёндан тушиб,
Савдо қолиб, мени савалар…

Қишлоғимга қайтиб, эртага
Ўрикзорлар томига чиқгум
Оч қолмасман, ғамимни ема,
Пастдан гулсут узатар гужум.

Дарахтлардан узримни сўра…

“ЮРТИ БОР”ЛИКНИНГ ИМТИЁЗИ

Суткосага кўнглимни очдим.
Дуоларга қўшилдим саҳар.
Қулфаклардай япроқ чиқарсам,
Ваҳи кўкдан ташлади назар.

Ван Гог мисол чирмовиқ бўлдим.
Тортиш кучин улашди ахтар.
Боларилар хартумларидан
Сочларимнинг ҳиди таралар.

Карвонларнинг сафари яшил,
Чимилдиқнниг бор-буди қўшиқ.
Бир кунгина боғга чиқмасам,
Қушлар менга қилади тумшуқ.

Беданалар жонли дастхатим,
Қуш киприги Тоҳирга сандиқ.
Бухор Хотун зарбоф кундалин –
Шеърларимга айлагач тортиқ.

“Рақсизону; “Савти занг” урдим,
Токзорларга чап отдим: “ку-ку!!”
Бамижкатда ерилдиз бўлган
Афросиёб сас берди: “Ё, ҳу!”.

Суткосага кўнглимни очдим…

* * *

Қишлоғимга: “Энди кет, дедим.
Тушларимга кирмагин такрор.
Ёстиғимнинг гулларида ҳам
Энди фақат шаҳар ҳиди бор.

Рўмолимни бодомга бердим,
Ковушим ҳам шоли қўриқчи.
Тўйдан шеърим йиғиб келган,
Пулдан тўлди ҳамёним ичи.

Қўш деразам осмонга дарча
Уй томим қуш кўрмаган туш.
Кўк дарвозам ўнг қанотида
Соқчиликда турар Сиёвуш.

Пули ошиқин менга ўтар дарс,
Гузарлардан совғага гуллар…
Сал лабширин бўлган байтимни
Чилдирмалар ҳаммага пуллар.

Ғозадан ҳам энди камим йўқ.
Лабларимда хорижий бўёқ…
Эртак ўқиб, сўнгра хат ёзиб,
Лайлидан ҳам кутмасман тароқ.

Гиреҳбоним Бедил мисол чоқ,
Мен шаҳарда – шоири даврон.
Лек, негадир гултувакларим –
Райҳон мисол чиқармас забон…

* * *

Эрта Сизни кўриб билмайман.
Лайли билан талашамиз ғам.
Кўзгуга ҳам касал тегди, деб,
Сап-сарғаяр Чорбоғи Эрам.

Эрта Сизни кўриб билмайман,
Кўзларимда ачийди ёмғир.
— Ибодатга кўнгил бўлдим, — деб
Сувратга ҳам тушмайди ғалвир.

Эрта Сизни кўриб билмайман,
Айёр йўлдан қиламан араз.
Хонқизи ҳам содда, дарвиш-да,
Қанотларин менга бермас қарз.

Эрта Сизни кўриб билмайман,
Менга Хайём сотмайди чодир.
Бир қайнашдан энди қолдим деб,
Кўлмакларга қўшилар чоғир.

Эрта Сизни кўриб билмайман,
Ё ўламан, ё бўлгум хароб,
Ишкомларда қуриган узум
Мисол соям шамолга шароб…

Эрта Сизни кўриб билмайман…

ОТАМ ВАФОТИДАН КЕЙИН

Бобом боғи бузилиб кетди,
Дала-боғда қолмади девор.
Хурмозорнинг кесилган шохи,
Ўчоқлардан топдилар қарор.

Аравани қўшнига сотдик,
Саманимиз кетди қайгадир?!
Сингилларим тушига фақат,
Оқ нок бўлиб гуллади анжир.

Олмақоқи қишга етмади,
Майиздан ҳам тўлмади сандиқ,
Қиблаердан келган ғарамнинг
Ҳут келмасдан тиззаси йиртиқ…

Отам итин кўзи кўп хийра…
Икки мойхум тешилди, аттанг,
Онам, опам кўйлакларининг
Гулларида қолмади бир ранг.

Ариқларнинг лабида қотдим,
Тошқудуққа айтмадим бир гап.
Бизнинг боғсиз қолганимизни,
Мусичалар юрдилар “сайраб”…

ОНАМ ВАФОТИ КУНИ…

Қудуқларни ковлади шамол,
Кўприкларни кўтарди довул.
Ҳовлимиздан қабристон қадар –
Қалдирғочлар бўлди қоровул.

Тўмариснинг тори узилди,
Широққа ҳам етмади ҳаво.
Пилла ичин очиб қарасам,
Ғумбаклари қилибди қазо.

Бухорхудот жун яктак кийди,
Бухор Хотун абра-ю маҳси.
Момотутлар кўз ёшларидан
Тўлиб кетди ҳовузлар ичи.

Шу тонг мушук сутдан тўймади,
Боғ эшигин буздириб, саҳар.
— Шоир туғган аёл ўлди, — деб,
Қарсак чалиб келди шамшодлар.

Қибла йўлдан кўтарилди чанг,
Ваҳий зикри бўлди овоза…
Етти пирнинг рухсати билан,
Қушлар ўқиб берди жаноза.

Киприк ёғдан шишди қўлрўмол,
Гулбоғични музлатди сукут.
Бўз отини қўлимга боғлаб,
Алпомиш ҳам кўтарди тобут.

* * *

Қишлоқ борсам, шўх халинчаклар,
Шамолидан айланар бошим.
Полизларни соғиниб кетган
Аравалар қараб турар жим.

Қишлоқ борсам, жуфт мусичалар
Ин қуришда қилмайди парво.
Эрка мушук панжасин хўллаб,
Юзларига беради оро.

Қишлоқ борсам, кузда албатта,
Томдан тушиб келади туршак.
Тегирмоннинг ишин текширар,
“Суткулча” деб урунган элак.

Қишлоқ борсам сув ўти – парқу
Гулқоқилар сариқ жойнамоз,
“Мен ҳам Сиз-ла шаҳар кетай, — деб
Отқулоғи бўлади қоғоз.

Қишлоқ борсам синглим – сунбула
Ва отамнинг ковуши – қайиқ,
Шолизорлар тунда шивирлар:
“Сенсиз гуллаб чарчади тариқ!”

Қишлоқ борсам, ҳамма нарса шеър,
Куз ёмғири “ундов”га номзод.
Кўп уйлайман: “Қишлоқ бўлмаса,
Қушлар қандай чиқарар қанот…”

ЮРТ

Отам боғин зар-ла суғордим,
Шамшодига тиктирдим чопон.
Куртак очган бодомзорларин,
Чимилдиққа кирит, Художон.

Гулзорига исмимни бердим,
Қақнусларин уйғотдим саҳар.
Олтин тожин кийган бошимким,
Осмон билан бўлди баробар.

— Бобом, — дедим, ҳар бир минорин
— Онам, — дедим райҳонин, Ҳаққо!
Қуш киприги бўлгач ашъорим,
Минг шукрким, қилмабман, хато.

Кўнглим билан тоғларин қўшиб,
Мўйқаламдан чиздирсам сурат.
Йўллар сувин чиқарган карвон,
Сўқмоғига қилди ибодат.

Уруғларин дуосин ёдлаб,
Пирлар билан бўлсам соябон,
Ваҳий ўқиб кетган қўшиқлар
Чилторларга очди дастурхон.

Гул ёғларин шимди зувала,
Серпуштликдан дарс ўтди тандир.
— Маъбуд, — дедим, пойига тиз чўк,
Бу – Бухоро, Бухоро ахир!!!

КУТИШ

Ялпизлар сафида тик турдим.
Лоладан тўн тикдим-бобурий
Қизил ип мойига чўмилсам
Ой-ку бир тебранди, чигиртка-қори

Жийдалар жомида ботди шом.
Чанқашдан ёрилди сув кўза
Тўкилган гулчангга “тур” десам,
У йиғлаб юборди: “Болари рўза”.

Жонимга “Ҳалқумдан кет” дедим,
Машрабни уйғотиб ўтказдим мажлис
Парвона қақнуслар руҳига
Қанотин куйдириб, чиқарди кўк ис…

Лоладан тўн тикдим бобурий…

***

Тут қариди, терак титроқий.
Холин бозор қилди хонқизи.
От нафаси текган майсанинг
Камалакдан тўлди тор ичи

Сабркосага, кир, симоб-дедим.
Хумдонингни янгила кулол
Эрта бориб тўрт туғни узар
Мен “кўксимдан кет” деган сопол

Марвориддан мойимни олдим.
Санаб кўрдим: бир кўза ёғ кам.
Дарвозамнинг нақшини ўйиб,
Худо экиб кетди юз санам.

Қишлоқ бориб, қушларни йиғдим.
Қум рангидан очиб кўрдим фол.
Ой синиғин ичига сиғмай.
Бешик бўлиб кетди қора тол

Елкам юкин рангини кўриб,
Етти Пирда синиб кетди жом
Бу дунёда бир кўприк топмай,
Кўнглингиздан ўтдим шу оқшом…

КУТИШ

Ялпизлар сафида тик турдим,
Лоладан тўн тикдим аҳмарий.
Қизил ип мойига чўмилсам,
Ой-ку бир тебранди, чигиртка қорий.

Жийдалар жомида ботди шом,
Чанқашдан ёрилди сувкўза.
Тўкилган гулчангга тур десам,
У йиғлаб юборди: “Болари рўза”.

Жонимга халқумдан “кет” дедим,
Машрабни уйғотиб ўтказдим мажлис.
Парвона қақнуслар руҳига –
Қанотин куйдириб чиқарди кўп из.

***

Тут қариди, терак титроқий.
Холин бозор қилди хонқизи.
От нафаси теккан майсанинг
Камалакдан тўлди тор ичи

Сабркосага, кир, симоб-дедим.
Хумдонингни янгила кулол
Эрта бориб тўрт туғни узар
Мен “кўксимдан кет” деган сопол

Марвориддан мойимни олдим.
Санаб кўрдим: бир кўза ёғ кам.
Дарвозамнинг нақшини ўйиб,
Худо экиб кетди юз санам.

Қишлоқ бориб, қушларни йиғдим.
Қум рангидан очиб кўрдим фол.
Ой синиғин ичига сиғмай.
Бешик бўлиб кетди қора тол

Елкам юкин рангини кўриб,
Етти Пирда синиб кетди жом
Бу дунёда бир кўприк топмай,
Кўнглингиздан ўтдим шу оқшом…

75_n.jpg   Shoira Ibodat Rajabova she’rlarini o‘qigan kitobxon ularning o‘ziga xos timsollar silsilasini, faqat ayni shu shoiraga xos bo‘lgan fikru mushohada tizimini sezadi. Shoira she’rlariga bag‘ishlangan bir munosabatda e’tirof etilganidek, uning she’rlarini o‘qiganingiz sari yuragingizda gullayotgan yulg‘unlar shivirini, kuzak botarida adashib qolgan shabbodaning armonli nafasini tuygandek bo‘lasiz.

Ibodat RAJABOVA
KURTAKLARDAN RANG OLDI DUNYO
09

Ibodat Rajabova Peshko‘ tumanidagi Qalaymirishkor qishlog‘ida tug‘ilgan. Samarqand davlat universitetining filologiya va Toshkent davlat universiteti (hozir O‘zbekiston Milliy universiteti)ning jurnalistika fakultetlarini tugatgan. «Osmondagi farishta», «Qush kiprigi», «Buxornur yoki yetti pir», «Buxoroda gujum gulladi» va boshqa she’riy to‘plamlari nashr etilgan. O‘z uslubiga ega iste’dodli shoiraning she’rlari she’r ixlosmandlarining nazariga tushgan.

09

HAMON MЕNI KUTAR NAVOIY

Tong nur ichin aylanib chiqdim.004
Qayda dedim daholar joyi?
Beshiksozlar ko‘ngil to‘ridan
Chiqib keldi Hazrat Navoiy.

Olov bo‘ldim, cho‘g‘larda undim,
Muhabbatdan bo‘ldim sadoyi.
Qush patidan sham’i hol yoqib,
Tushlarimga kirdi Navoiy.

Jon so‘radim qator tog‘lardan
Yuzlarimda kiprigim moyi…
— Kel, ishq ashkin shunda art, — deya
Sallasini tutdi Navoiy.

Shirin o‘zin olib qochdi shom.
Meni tutdi g‘ussalar yoyi.
Sizdan oldin, ha, Sizdan oldin
Qalqon bo‘ldi menga Navoiy.

Qalamidan don terdi qaqnus
Siyohdoni oshiqlar jomi.
Yuz mast bo‘ldim, ming alast bo‘ldim,
— Tur, Porso, — deb kuldi Navoiy.

Eh, o‘zimni osmonga otdim,
Yog‘du yostiq zaminning poyi…
Xurmozorlar ildiz bazmida –
Hamon meni kutar Navoiy.

ONA

Yuzlaringda Xudo gul ekdi,
Borlig‘ingda mushk sepdi, anbar.
Tandir tomon borar izlaring,
Biram qutlug‘, noyob, nurxabar.

Tarozilar quyosh o‘lchadi,
Qumsoatlar o‘lchab berdi zar.
Qushlarga don sepgan qo‘lingga,
Hech qaysisi kelmas barobar.

Govmish, toychoq, ona mushuk ham,
Omboringdan rizq yeydi sahar.
O‘ymoq kiygan barmoqlaringni,
Ko‘rmoq uchun tug‘ildi axtar.

Ro‘mollaring gulin hidladim,
Adog‘ingga tiz cho‘kdim har kun.
Oppoq soching jilosin ko‘rib,
G‘arq gulladi Chorbog‘i berun.

Kiprigingda ummon urug‘i,
Duolaring Tangriga dilxat.
Ignalaring tikgan choponlar,
Daho bilan qiladi suhbat.

BAHOR

Meni qushlar to‘yga aytdilar,
Bodomzorlar osdi gulqozon.
Beshikbozor borgach ninachi,
Ajriqlarda kirib ketdi jon.

Minoraga xat yozdi laylak,
Momotutlar bosh yuvdi har kun.
Tuyasutdan qatig‘ ivitdi,
Yalpizbargda qo‘li ushturum.

So‘fidehqon bug‘doy saralab,
G‘alvir ko‘zin yamadi boshdan.
Farishtakent bodomzorini,
Tuni bilan o‘pdi Armichan.

Qarsak chaldim, qaldirg‘och keldi,
Gir aylandim shamshod girgitton.
Gultoj bo‘ldim, surma sultonu,
Surmadonda naqshi guliston.

Hatfarchaning suvi ko‘paydi,
Og‘ar daryo to‘lqini – tillo.
Qandako‘rik poyida osdi –
Yuragini ming bitta gado.

Tokgul hidlab, devona bo‘ldim.
Buvvak chalib bo‘ldim mug‘anniy
Nodon Tohir sandiq-la ketdi,
Xinozorman, hur qushlar qani?!

* * *

Shamollar yostig‘i eskirib ketdi,
Devorlar namini shimadi kunduz.
Mirishkor qal’asin ko‘lmaklarida,
Chumchuqlar hut bo‘yi kelib yuvar yuz.

Maysalar choponin dazmollar shudring.
So‘qmoqlar safari bo‘lar namoyon.
Qora tol sap-sariq popuklarini
Shabada to‘rt tomon sochar – parishon.

Bo‘z so‘zma xaltalar mixga ko‘z qisar,
Shindilar tubidan ko‘rinadi yoz.
Hammadan ertaroq uyg‘onib ketib,
Beparvo surp qopni teshadi piyoz.

Nokqoqi izini topar chumoli,
Qizg‘anib eshigin yopar Navmetan.
Ularga bitta gap aytishda oldin –
Xudodan qo‘rqaman, Xudodan.

Qaqnuslar iziga botiraman non.
Lolalar urug‘i menga ham Vatan.
Bu quyosh kun bo‘yi yerga nur sochar,
Ibodat Rajabning derazasidan…

“MING SHAHAR” TASVIRI

Qal’alar cho‘ntagin kovladim…
G‘orlarning og‘ziga qo‘ydim lab,
Yiqilgan devorlar shamoli.
Tong, chopib bordilar qiblaga qarab.

Chumchuqlar saroyi mo‘lu ko‘l.
Shinaklar kavagi sanoqsiz.
Eshiklar kaliti qay kuni
Jannatga ketganin bilmaysiz.

Tegirmon tarnovi toshbotil,
Sopollar bazmidan zerikdim.
Mehroblar mog‘ori pichirlar:
“Havo dim, havo dim, havo dim”.

Nog‘ora lunjlari yirtilgan.
Xumdonning moliga yo‘q sifat.
Donxumlar qopqog‘i kun bo‘yi
Toshquduq tubi-la qiladi suhbat.

Bayroqlar suvrati suvaydo
Shahriston qoldig‘i – munajjim.
Qurigan qamishlar bag‘ridan
Iskandar shoxini topmadim…

SAFARDAN QAYTISH…

Adog‘im tuproqqa botadi
Ariqlar yugurar ortimdan.
— Yozda bir salqinlab ket, -deya
Menga suv sepadi Zarmetan.

Tavois yantoqdan tog‘ yasar
Ud chalib yugurar tuyalar.
Oq qandak o‘riklar to‘kilib,
Yo‘limga sepadi mushk, anbar.

Yong‘oqlar dasturxon tikadi.
Tog‘pista o‘ngurda shamolbon.
Darvishlar xaltasin hididay,
Shuvoqdan rang sog‘ar Saraton.

Quyoshda pishgan ol etikda
Ko‘priklar ustidan o‘tsam tun,
Men yoqgan olovdan tug‘ilgan
Tutunni kun bo‘yi hidlaydi Majnun.

Yukxaltam havoda uchadi.
Hassamni talashar Xojagon.
Bo‘ynimga osilib yig‘laydi,
Onamning kamzo‘li – marmijon!

* * *

“Ming shahar” tushimda gulmehtar.
Ko‘nglimning ko‘chasi zargaron,
Kurtaklar nurtaqtaq qilsa ham.
Eshigin ochmaydi bir do‘kon.

Savdo-yu hasratim xarsangtosh,
Yuz duo tishlari o‘tmaydi.
— Bir iloj top, desam, Furqat ham
“U ketgan joyi”dan qaytmaydi.

“Sen” dedim, Rumiydan bir tarsak,
Lutfiydan dag‘dag‘a topdi dil.
Iskandar shoxiday niynachi
Ustimdan xo‘b kuldi: “Xom, basir!”.

Tikonlar bazmidan qo‘rqaman,
Rangimni kuydirdi mo‘yqalam.
Muhabbat mezonin narxi shu –
Shoiri nochoru ag‘yor-muhtaram.

Tutlarga to‘kilsam yorildi,
Sizsizlik suvrati qumjuvoz.
Parvona misoli “Haq, dedim,
Peshonam bitigin qayta yoz…”.

Tikonlar bazmidan qo‘rqaman…

BUXOR XOTUN XATI

“Zarafshon zarlarin saralab,
Bog‘larga ulashdim chimildiq.
Devorlar yonida eshiklar
Yog‘iyga ochilmay turdi tik.

Kalitlar Miri shab lashkari,
Qamchilar yonimda tunsoqchi…
Sadoqdon surasin yod oldi,
Mehrobga aylangan shahriston ichi.

Ariqlar suv tashib, semirdi,
Hovuzlar hovuzmas, zarkoma.
Qal’alar bir-birin quchoqlab,
Tunlari kuylaydi tarona.

Cho‘ntaklar yirtig‘in yamadim.
Zindonga: “Bor, dedim, olma ter.
Bu xalqning g‘amini zanjirmas,
Boshida toji bor shoh yer…”

Sholizor poyida cho‘kdim tiz.
Shiorim – shamdonu qarorim – zaytun.
Buxoro kovushin moyladi –
Kaftimdan suv ichgan Chorbog‘i berun.

Kampirak devordan to ko‘ngil qadar
Borliqqa to‘y qilib bahorni
Boshimda ko‘tarib yashadim,
Sharafga aylangan Buxorni!”.

SЕNI –

Shamoldan so‘radim, bilmadi.
Qush rangi kaftimga chizdi xat.
Izimdan gulchanglar ergashdi –
Beadad, beadad, beadad.

Ortimda mayxumlar na’rasi.
Ro‘param – Isodan nasihat…
Iskandar shoxini sindirdi –
Muhabbat, muhabbat, muhabbat.

Ko‘z yoshim ruhlari – alangga.
Lolalar ko‘nglimda soyabon.
Soyangni aqrabdan ol dedi
Marmijon, marmijon, marmijon.

Pirlarning poyida joy yo‘q,
Falakning kaliti – ur to‘qmoq.
Kirpiday mingta nish chiqordi –
Chilchiroq, chilchiroq, chilchiroq.

Ichimda toltarnov yig‘ladi,
Durdaga aylandi xotiram.
Minora dod solib, yugurdi –
“Belimda belbog‘im bitta kam…”

Yosuman yoyini sindirdim.
O‘yg‘ongan daraxtlar lashkarim.
Vahiydan xabaring kelgan tong,
O‘zimni Buxordan topmadim…

CHIZGICH

Onamning kovushin moyladim,
Qushga ham o‘ymoqda suzdim choy.
Dunyoga to‘rt tomon ulashgan,
Hovuzlar xilqatdan juda boy.

Beshiklar – qora tol asari,
Yashil rang maysaga mukofot.
Hammani dil tomon o‘tkazar,
Ko‘prik deb atalmish xomush ot.

Buvvaklar ichidan yugurdim,
Nonbehi gullari – nurqoqiy.
Kimnidir intizor kutadi,
Surp xalta ichida go‘shtqoqi.

BAXT

“Avesto”dan chimildiq tikdim.
“Ming bir kecha” bulbul bisoti.
“Alpomish”ga boshimni qo‘ysam,
Haqqush bo‘ldi Go‘ro‘g‘li oti.

Qamchilardan qo‘shnay yasadim,
Dubulg‘adan oyga soyabon.
“Shoxnoma”ni qushga o‘qitsam,
Suvyalpizlar chiqardir zabon.

Bitta g‘azal bir bog‘ga yetar,
“Xamsa”dan toj yasadi shamshod.
Tun, Sakkokiy she’rini shimsam,
Gul sutidan ko‘kardi hayot.

Peshko‘daryo ishq tomon og‘di,
Poykentqal’a Tangri dilbari.
Mohonko‘lda yuzimni yuvsam,
Menga tushdi borliq nazari.

Belbog‘, mehrob, mahsi, yaktaklar,
Tuzdon bo‘lgach kun dostonida,
Vahiy xatin bag‘rimga bosdim,
Buxoroning Registonida…

BUXOROGA MЕHMONGA BORISH

Belbog‘ingning gullarin sug‘or,0 79.jpg
Yoqang gardin kumushga artgin.
Yo‘llar uchun mushk yig‘masang,
Ko‘priklardan o‘tmog‘ing qiyin.

Yo‘lfayz tilla qush inlaridan,
Oqar suvdan so‘rab ol sur’at.
Jomadoning bandlari uch kun
Qilib olsin yuz bor ibodat.

Tandirni o‘p, moyjuvozni o‘p,
Mayxumlarga pichirla: “Ku-ku…”
Aravaga o‘rnashib olib,
Sendan oldin yo‘lga tushar u…

Shabadalar atrini shimgin,
Chirmoviqlar bag‘riga yot, shom,
Shirin-shirin turshaklarini
Oq qopchada solib berar tom.

Guzarlarga yog‘sovg‘a olgin.
Puli oshig‘i bo‘lsin xabardor.
Darvozalar zanjirin ochar,
Duo bilan o‘ttizta minor.

Mag‘oqlarning adog‘in siyla,
Shahristonni kezib chiq yayov,
(Esingda tut) hammadan oldin –
Hovuzlarga ulash tuttarnov.

MUHABBAT

Dalatandir kunda o‘t olar,
Bedabog‘ni titkilar shamol.
Qishloqlarning kungaboqarin
Van Gog kelib o‘par bemalol.

Ko‘prikchalar hovli qo‘riqchi,
Nonsavatda quriydi anjir.
Qaymoq to‘la kosa chirdidan
Shabadaoy aylanar gir-gir.

Terlab ketar teri childirma,
Nonzuvala gulqandday xushbo‘y,
Mingta soqchi qo‘ying, tokzorda
Baribir chumchuq o‘tkazadi to‘y.

Qovunqoqi poliz “qishg‘ami”
Qushlarga dom qo‘ymaydi hech kim.
Baland-baland uchgan varakka,
Tomga chiqib omad tiladim.

Qishloq borsam, yerdan sal chiqar,
Qoratollar oshiq tomiri.
Tun ularni quchib, tush ko‘rgum –
Bir tushlarkim zangor, amiriy…

* * *

Dala-bog‘ni supurar shamol.
Teraklarga chirmashar ajriq.
Qopqog‘i yo‘q shiypontandirlar,
Og‘zi ochiq, og‘zi ob-ochiq.

G‘o‘za gulin kosasi pushti,
Jo‘yaklarni tortadi ufq.
Juda namchil sholizorlarda,
Qumursqa bazm quradi chumchuq.

Gujumlarning novdasi ahil.
Qush tomiga to‘kilar yaproq…
Qora anjir g‘o‘ralarining
Ko‘ngli tugul borlig‘i ham oq.

Tokzorlarda ishlaydi ketmon.
Aravalar yumushi og‘ir.
Ozib ketdi eshaklar… jarchi –
Yaylovlardan g‘irotni chaqir.

Gul moyidan sho‘rva pishirdim.
Asal bo‘ldi nokzor gulchangi.
Mo‘yqalamni hammom jo‘natdim,..
O‘zgararmi xatlaring rangi…

YARIM TUN, TONG

Otam bog‘i sokin tush ko‘rar,
Olma hidlab yosharar qishloq,
Darga yoygan go‘shtqoqilarni
Ko‘zi bilan teshadi baroq.

Pishloqlarga aylanar xom sut,
Tars yorilar suv ichgan qovun.
Loyto‘g‘onlar bo‘shashib ketib,
Suvgirdobga aylanar quyun.

Yulduz uchar, olcha to‘kilar.
Urug‘larin allalar yantoq.
Soddalikda mendan ham o‘tgan,
Parvonani o‘ynatar chiroq.

Yo‘lda sarson kirpi izlari,
Poliz hidin chiqarar shabnam.
Tong cho‘ntagin cho‘qqilar xo‘roz,
U qush yostiq sanab yurgan dam.

Cho‘bqoshiqlar yig‘adi qaymoq,
Go‘shtqoqidan to‘ladi xalta.
Eh, bir qanot sotib olmagan
Mushuklarning qo‘llari kalta…

* * *

Daraxtlardan uzrimni so‘ra.
Xayriguldan tilab ol meni.
Qaldirg‘ochlar she’rimni yedi,
Joning og‘rir haqso‘rar qani?

Suratimni oyga yopishtir,
Shirin otin qush qildi falak.
So‘rab borsam, eshigin ochib,
Farishtaga suv sepdi ertak.

Ko‘chatlarga tilla ulashdim,
Ark ortidan topdim surmadon.
Tong, Narshaxiy oldiga borgum,..
U shahriston kelmas hech qachon.

Ahmad Donish qayig‘in minib,
Dil ortiga aylasam safar.
Oltin baliq hamyondan tushib,
Savdo qolib, meni savalar…

Qishlog‘imga qaytib, ertaga
O‘rikzorlar tomiga chiqgum
Och qolmasman, g‘amimni yema,
Pastdan gulsut uzatar gujum.

Daraxtlardan uzrimni so‘ra…

“YURTI BOR”LIKNING IMTIYOZI

Sutkosaga ko‘nglimni ochdim.
Duolarga qo‘shildim sahar.
Qulfaklarday yaproq chiqarsam,
Vahi ko‘kdan tashladi nazar.

Van Gog misol chirmoviq bo‘ldim.
Tortish kuchin ulashdi axtar.
Bolarilar xartumlaridan
Sochlarimning hidi taralar.

Karvonlarning safari yashil,
Chimildiqnnig bor-budi qo‘shiq.
Bir kungina bog‘ga chiqmasam,
Qushlar menga qiladi tumshuq.

Bedanalar jonli dastxatim,
Qush kiprigi Tohirga sandiq.
Buxor Xotun zarbof kundalin –
She’rlarimga aylagach tortiq.

“Raqsizonu; “Savti zang” urdim,
Tokzorlarga chap otdim: “ku-ku!!”
Bamijkatda yerildiz bo‘lgan
Afrosiyob sas berdi: “Yo, hu!”.

Sutkosaga ko‘nglimni ochdim…

* * *

Qishlog‘imga: “Endi ket, dedim.
Tushlarimga kirmagin takror.
Yostig‘imning gullarida ham
Endi faqat shahar hidi bor.

Ro‘molimni bodomga berdim,
Kovushim ham sholi qo‘riqchi.
To‘ydan she’rim yig‘ib kelgan,
Puldan to‘ldi hamyonim ichi.

Qo‘sh derazam osmonga darcha
Uy tomim qush ko‘rmagan tush.
Ko‘k darvozam o‘ng qanotida
Soqchilikda turar Siyovush.

Puli oshiqin menga o‘tar dars,
Guzarlardan sovg‘aga gullar…
Sal labshirin bo‘lgan baytimni
Childirmalar hammaga pullar.

G‘ozadan ham endi kamim yo‘q.
Lablarimda xorijiy bo‘yoq…
Ertak o‘qib, so‘ngra xat yozib,
Laylidan ham kutmasman taroq.

Girehbonim Bedil misol choq,
Men shaharda – shoiri davron.
Lek, negadir gultuvaklarim –
Rayhon misol chiqarmas zabon…

* * *

Erta Sizni ko‘rib bilmayman.
Layli bilan talashamiz g‘am.
Ko‘zguga ham kasal tegdi, deb,
Sap-sarg‘ayar Chorbog‘i Eram.

Erta Sizni ko‘rib bilmayman,
Ko‘zlarimda achiydi yomg‘ir.
— Ibodatga ko‘ngil bo‘ldim, — deb
Suvratga ham tushmaydi g‘alvir.

Erta Sizni ko‘rib bilmayman,
Ayyor yo‘ldan qilaman araz.
Xonqizi ham sodda, darvish-da,
Qanotlarin menga bermas qarz.

Erta Sizni ko‘rib bilmayman,
Menga Xayyom sotmaydi chodir.
Bir qaynashdan endi qoldim deb,
Ko‘lmaklarga qo‘shilar chog‘ir.

Erta Sizni ko‘rib bilmayman,
Yo o‘laman, yo bo‘lgum xarob,
Ishkomlarda qurigan uzum
Misol soyam shamolga sharob…

Erta Sizni ko‘rib bilmayman…

OTAM VAFOTIDAN KЕYIN

Bobom bog‘i buzilib ketdi,
Dala-bog‘da qolmadi devor.
Xurmozorning kesilgan shoxi,
O‘choqlardan topdilar qaror.

Aravani qo‘shniga sotdik,
Samanimiz ketdi qaygadir?!
Singillarim tushiga faqat,
Oq nok bo‘lib gulladi anjir.

Olmaqoqi qishga yetmadi,
Mayizdan ham to‘lmadi sandiq,
Qiblayerdan kelgan g‘aramning
Hut kelmasdan tizzasi yirtiq…

Otam itin ko‘zi ko‘p xiyra…
Ikki moyxum teshildi, attang,
Onam, opam ko‘ylaklarining
Gullarida qolmadi bir rang.

Ariqlarning labida qotdim,
Toshquduqqa aytmadim bir gap.
Bizning bog‘siz qolganimizni,
Musichalar yurdilar “sayrab”…

ONAM VAFOTI KUNI…

Quduqlarni kovladi shamol,
Ko‘priklarni ko‘tardi dovul.
Hovlimizdan qabriston qadar –
Qaldirg‘ochlar bo‘ldi qorovul.

To‘marisning tori uzildi,
Shiroqqa ham yetmadi havo.
Pilla ichin ochib qarasam,
G‘umbaklari qilibdi qazo.

Buxorxudot jun yaktak kiydi,
Buxor Xotun abra-yu mahsi.
Momotutlar ko‘z yoshlaridan
To‘lib ketdi hovuzlar ichi.

Shu tong mushuk sutdan to‘ymadi,
Bog‘ eshigin buzdirib, sahar.
— Shoir tug‘gan ayol o‘ldi, — deb,
Qarsak chalib keldi shamshodlar.

Qibla yo‘ldan ko‘tarildi chang,
Vahiy zikri bo‘ldi ovoza…
Yetti pirning ruxsati bilan,
Qushlar o‘qib berdi janoza.

Kiprik yog‘dan shishdi qo‘lro‘mol,
Gulbog‘ichni muzlatdi sukut.
Bo‘z otini qo‘limga bog‘lab,
Alpomish ham ko‘tardi tobut.

* * *

Qishloq borsam, sho‘x xalinchaklar,
Shamolidan aylanar boshim.
Polizlarni sog‘inib ketgan
Aravalar qarab turar jim.

Qishloq borsam, juft musichalar
In qurishda qilmaydi parvo.
Erka mushuk panjasin xo‘llab,
Yuzlariga beradi oro.

Qishloq borsam, kuzda albatta,
Tomdan tushib keladi turshak.
Tegirmonning ishin tekshirar,
“Sutkulcha” deb urungan elak.

Qishloq borsam suv o‘ti – parqu
Gulqoqilar sariq joynamoz,
“Men ham Siz-la shahar ketay, — deb
Otqulog‘i bo‘ladi qog‘oz.

Qishloq borsam singlim – sunbula
Va otamning kovushi – qayiq,
Sholizorlar tunda shivirlar:
“Sensiz gullab charchadi tariq!”

Qishloq borsam, hamma narsa she’r,
Kuz yomg‘iri “undov”ga nomzod.
Ko‘p uylayman: “Qishloq bo‘lmasa,
Qushlar qanday chiqarar qanot…”

YURT

Otam bog‘in zar-la sug‘ordim,
Shamshodiga tiktirdim chopon.
Kurtak ochgan bodomzorlarin,
Chimildiqqa kirit, Xudojon.

Gulzoriga ismimni berdim,
Qaqnuslarin uyg‘otdim sahar.
Oltin tojin kiygan boshimkim,
Osmon bilan bo‘ldi barobar.

— Bobom, — dedim, har bir minorin
— Onam, — dedim rayhonin, Haqqo!
Qush kiprigi bo‘lgach ash’orim,
Ming shukrkim, qilmabman, xato.

Ko‘nglim bilan tog‘larin qo‘shib,
Mo‘yqalamdan chizdirsam surat.
Yo‘llar suvin chiqargan karvon,
So‘qmog‘iga qildi ibodat.

Urug‘larin duosin yodlab,
Pirlar bilan bo‘lsam soyabon,
Vahiy o‘qib ketgan qo‘shiqlar
Chiltorlarga ochdi dasturxon.

Gul yog‘larin shimdi zuvala,
Serpushtlikdan dars o‘tdi tandir.
— Ma’bud, — dedim, poyiga tiz cho‘k,
Bu – Buxoro, Buxoro axir!!!

KUTISH

Yalpizlar safida tik turdim.
Loladan to‘n tikdim-boburiy
Qizil ip moyiga cho‘milsam
Oy-ku bir tebrandi, chigirtka-qori

Jiydalar jomida botdi shom.
Chanqashdan yorildi suv ko‘za
To‘kilgan gulchangga “tur” desam,
U yig‘lab yubordi: “Bolari ro‘za”.

Jonimga “Halqumdan ket” dedim,
Mashrabni uyg‘otib o‘tkazdim majlis
Parvona qaqnuslar ruhiga
Qanotin kuydirib, chiqardi ko‘k is…

Loladan to‘n tikdim boburiy…

***

Tut qaridi, terak titroqiy.
Xolin bozor qildi xonqizi.
Ot nafasi tekgan maysaning
Kamalakdan to‘ldi tor ichi

Sabrkosaga, kir, simob-dedim.
Xumdoningni yangila kulol
Erta borib to‘rt tug‘ni uzar
Men “ko‘ksimdan ket” degan sopol

Marvoriddan moyimni oldim.
Sanab ko‘rdim: bir ko‘za yog‘ kam.
Darvozamning naqshini o‘yib,
Xudo ekib ketdi yuz sanam.

Qishloq borib, qushlarni yig‘dim.
Qum rangidan ochib ko‘rdim fol.
Oy sinig‘in ichiga sig‘may.
Beshik bo‘lib ketdi qora tol

Yelkam yukin rangini ko‘rib,
Yetti Pirda sinib ketdi jom
Bu dunyoda bir ko‘prik topmay,
Ko‘nglingizdan o‘tdim shu oqshom…

KUTISH

Yalpizlar safida tik turdim,
Loladan to‘n tikdim ahmariy.
Qizil ip moyiga cho‘milsam,
Oy-ku bir tebrandi, chigirtka qoriy.

Jiydalar jomida botdi shom,
Chanqashdan yorildi suvko‘za.
To‘kilgan gulchangga tur desam,
U yig‘lab yubordi: “Bolari ro‘za”.

Jonimga xalqumdan “ket” dedim,
Mashrabni uyg‘otib o‘tkazdim majlis.
Parvona qaqnuslar ruhiga –
Qanotin kuydirib chiqardi ko‘p iz.

***

Tut qaridi, terak titroqiy.
Xolin bozor qildi xonqizi.
Ot nafasi tekkan maysaning
Kamalakdan to‘ldi tor ichi

Sabrkosaga, kir, simob-dedim.
Xumdoningni yangila kulol
Erta borib to‘rt tug‘ni uzar
Men “ko‘ksimdan ket” degan sopol

Marvoriddan moyimni oldim.
Sanab ko‘rdim: bir ko‘za yog‘ kam.
Darvozamning naqshini o‘yib,
Xudo ekib ketdi yuz sanam.

Qishloq borib, qushlarni yig‘dim.
Qum rangidan ochib ko‘rdim fol.
Oy sinig‘in ichiga sig‘may.
Beshik bo‘lib ketdi qora tol

Yelkam yukin rangini ko‘rib,
Yetti Pirda sinib ketdi jom
Bu dunyoda bir ko‘prik topmay,
Ko‘nglingizdan o‘tdim shu oqshom…

(Tashriflar: umumiy 261, bugungi 1)

1 izoh

  1. «Onam vafoti kuni» sheringizni yaxshi ko’raman.U menga aslida qanday yozish kerakligini eslatib turadi.

Izoh qoldiring