O’tkir Hoshimov. Muhabbat & “Ikki eshik orasi” romanidan ostiga chizilgan parchalar

0445 август — Атоқли адиб Ўткир Ҳошимов таваллуд топган куннинг 80 йиллиги

    Қизнинг соч толалари Тиркашнинг юзига тегиб турар, алланечук нотаниш, аммо тотли ис анқир, унинг бутун вужуди таранг тортилиб, оёқлари титрар, қизнинг ҳам елкалари билинар-билинмас силкинаётганини ҳис қилиб турарди. Тўсатдан қиз силтаниб қаддини ростлади-ю, зарб билан итариб юборди уни…

Ўткир Ҳошимов
МУҲАББАТ
09

043   Ўткир Ҳошимов 1941 йил 5 августда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1991). ТошДУнинг филология факултетининг журналистика бўлимини тугатган (1964). Илк китоби — «Пўлат чавандоз» (1962, очерклар тўплами). Биринчи йирик насрий асари — «Чўл ҳавоси» (1963). «Одамлар нима деркин» (1965), «Шамол эсаверади» (1966), «Қалбингга қулоқ сол» (1973), «Баҳор қайтмайди» (1970), «Дунёнинг ишлари» (1982) қиссалари ҳамда «Нур борки, соя бор» (1976), «Икки эшик ораси» (1986), «Тушда кечган умрлар» (1994) романлари нашр этилган.
Ёзувчининг бир қанча асарлари экранлаштирилган. «Хазон бўлган баҳор», «Инсон садоқати» (1975), «Виждон дориси», «Тўйлар муборак» (1979), «Қатағон» каби драма, комедия, бир қатор киносценарийлар муаллифи. «Дафтар ҳошиясидаги битиклар» (2001) китоби ижтимоий-маънавий ҳаётда муайян из қолдирган.
Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1986). «Меҳнат шуҳрати» (1996), «Буюк хизматлари учун» (2001) орденлари билан мукофотланган. 2013 йил 24 май куни вафот этган.

09

I

Узоқ, энтикиб ўпишдилар. Қизнинг соч толалари Тиркашнинг юзига тегиб турар, алланечук нотаниш, аммо тотли ис анқир, унинг бутун вужуди таранг тортилиб, оёқлари титрар, қизнинг ҳам елкалари билинар-билинмас силкинаётганини ҳис қилиб турарди. Тўсатдан қиз силтаниб қаддини ростлади-ю, зарб билан итариб юборди уни.

Тиркаш лайлак қилиб қўйилган аравага суяниб қолди. У ҳамон ўзига келолмас, аллақандай ички бир тўлқин борган сайин қаттиқроқ жўш урарди.

— Дадам сўйиб ташлайди, — деди қиз тўзиб кетган сочларини кафти билан текисларкан. Аммо дадасидан ҳеч қачон ҳайиқмаганлиги, бундан кейин ҳам ҳайиқмаслиги унинг овозидан билиниб турарди.

Тиркаш аравадан уч-тўрт қадам нарида, майсалар устига ташлаб қўйилган бир парча намат устида ухлаб ётган чолга қаради. Чол ола-була хуржунга бошини ташлаб, оёқларини керганича, чалқанча ётар, қоронғида юзи аниқ кўринмасди. Ундан ҳам нарироқда бир туп дўлананинг тўкилган хазонини шитирлатиб, шарпадай қоп-қора эшак ўтлаб юрарди.

Тиркаш қаддини ростлаб, қизга тикилиб қолди. Унинг катта-катта кўзлари ёниб турар, узун-узун киприклари, қирра бурни қоронғида янаям жозибали кўринар, Тиркаш ҳали ҳам ҳаяжонини босиб ололмас эди. Икковлари анчагача жимиб қолишди. Арслонбоб тоғининг чўққиси ёниб кетди. Зум ўтмай дум-думалоқ тўлин ой чиқди. Чор атрофга нур аралаш сукунат сели қуйилгандай, ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди. Япроқлари тўкила бошлаган дўлана соядай қорайиб кўринар, ҳавода хазон, ғўзапоя иси анқирди.

Қиз сочини қайтадан ўриб, орқасига ташлади. Тиркашнинг ёнига келди-да, ниҳолдай нозик гавдасини эгиб, арава ичидан пахталик нимча олиб кийди. Тиркашга бир қараб қўйди-ю, оёқларини осилтириб, аравага ўтириб олди. У энди ҳамма нарсани унутгандай, Тиркашни кўрмаёттандай эди. Бошини баланд кўтариб, ойга тикилиб ўтирар, чеҳрасида бепарволик кўриниб турарди. Бояги тўлқин яна жўш уриб кетди. Тиркаш нима қилаётганини ўзи ҳам сезмай, тиз чўкиб, қизнинг оёқларидан маҳкам қучоқлаб олди.

— Дилор, кетма. Илтимос қиламан, ялинаман… — У қизнинг тиззасига бош қўйди. Негадир шу топда қизнинг қўллари сочини силашини кутар, орзу қиларди. Дилор эгилиб унинг елкасидан итарди.
— Кет бу ердан!

— Тушунсанг-чи, ахир, қаёққа борасан?! Нимага борасан? — Тиркаш қизнинг оёқларини маҳкамроқ қисиб илтижо билан бош чайқади. — Йўқ дема, Дилор. Иккаламиз бирга ишлаймиз. Сен нимани хоҳласанг…
— Кет, мен ухлайман! — Дилор тағин унинг елкасидан итарди.

Тиркаш қизнинг чимирилган қошларига, қатъият билан қимтилган лабларига қараб, энди гапириш ортиқча эканини тушунди. Аста қаддини ростлаб, бошини қуйи солди. Ўзига ҳам эриш туюлган паст, ўкин овозда пичирлади:
— Кетиб қолманглар, тонготарда келаман.

Шартта бурилди-да, тасмадай оқариб ётган тупроқ кўчадан соясини босиб, чопиб кетди. Ой коптокдай сакраб-сакраб унга эргашиб келаётгандек бўлар, қишлоқ томондан итларнинг акиллагани эшитилар, сой шовиллар эди. Қир устига чиққанида олд томондан қишлоқ чироқлари кўринди. У тўхтаб қолди. Орқасига бурилиб қаради. Пастлиқда, йўл ёқасидаги ўша бир туп дўлана қорайиб кўринар, Дилор ҳам, отаси хам дарахт кўланкаси тагида қолиб кетганди.

Тиркаш тез юрганидан нафаси қисиб, терлаб кетганини энди сезди. Кўйлагини ечиб елкасига ташлади-да, тағин қишлоқ томонга қаради. Катта йўлдан нур занжири билан боғланиб қолгандай қатор-қатор машиналар ўтиб борарди. «Пунктга пахта олиб кетишяпти», деб ўйлади у. Бирдан кўнгли чўкди. «Йўқ! — деди у пичирлаб. — Ҳеч қаёққа бормайман. Бормайман! Уйга ҳам, Дилорнинг олдига ҳам. Ҳеч нима керакмас менга, ҳеч нима!»

У кўйлагини ерга ташлаб, қуриб, сарғайиб қолган кўкатлар устига ўтирди.

«Нима бўляпти ўзи? Қаёқданам шу қизни учратдим?! Наҳотки энди ҳамма нарсадан — уйим, қишлоғим, отамдан айрилсам? Наҳотки энди Тентаксойдан бир умр бош олиб кетсам? Нима бўляпти ўзи?»
У диққат билан қулоқ сола бошлади. Бу сафар сойнинг шовиллаши аниқ эшитилди. Кейин хўрозлар чўзиб-чўзиб қичқира бошлади. Эҳтимол, уларнинг ҳовлисидаги тождор хўроз ҳам қўноқда туриб бўйнини чўзганча жўр бўлаётгандир. Эҳтимол, Қосим ота хирмондан қайтиб, унинг келишини кутиб, супада нос чекиб мудраб ўтиргандир.

Тиркашнинг хаёлида Қосим отанинг оппоқ қоши остидан ўйчанлик, мулойимлик билан боқиб турган кўзлари, сўлғинроқ, аммо нуроний юзи, чўққи соқоли жонланди. Шу кўзларнинг нурини олган Тиркашнинг ўзи эмасмикин? Шу соч-соқолга қиров қўндирган Тиркашнинг ўзи эмасмикин! Ахир уни одам қилган, ота ўрнида ота бўлган киши шу эмасмиди?.. Тиркашдан бошқа суянчиғи борми унинг…
Кошки эди, Тентаксойга ўша эски арава кириб келмаган бўлса… Кошки эди, Тиркаш шу аравада келаётган лўли қизни — Дилорни кўрмаган бўлса…

Тиркаш бирданига ўрнидан сакраб тургиси, қишлоқ томонга югуриб кетгиси келди. Лекин қачонлардир гўдаклик хотирасига маҳкам ўрнашиб қолган, унутилаёзган соғинч бир туйғу устун келди-ю, чалқанча ётиб олди. Ой ҳаволаб кетган, қатлам-қатлам куз булутлари оҳиста сузиб ўтар, намхуш тупроқ иси анқир эди.

II

Бу воқеага анча йил бўлиб кетган. Анча йиллар…

Тиркаш эсини танибдики, шу тупроқ вояга етказди уни. Дунёга қайси куни келганини, отаси ким, онаси ким эканини ҳалиям билмайди. Тўрт-беш ёшида одам ажратадиган бўлиб қолганида лўлилар чодирида кўрди ўзини. Ота-онаси аллақачон кўз юмиб кетганини шулардан эшитди. Ҳаммага эргашиб юргани учун Тиркаш деб чақиришаркан уни. Улар Тиркашни қўлма-қўл кўтариб катта қилишибди… Тиркаш ҳам шу лўлилардан биттаси эди. Ярим кечагача чилдирма чалиб, базм қилишни, қизил кўйлагининг этагини ҳилпиратиб рақс тушишни ҳеч нимага алишмайдиган хотинларнинг ҳаммаси унинг онаси эди. Гулхан атрофида давра қуриб ўтирган лўлиларнинг ҳаммаси ота эди унга.

Ҳазин қўшиқлар оғушида мудраган оқшомлар, ой нурига ғарқ бўлган осмон… Тиркаш дунёга келиб энг аввал шуларни кўрганди. Кун ботар-ботмас уларнинг элати кўкаламзор бир ерга чодир тикар, Тиркаш кўкатлар устига чалқанча тушиб оларди-да, чилдирманинг гумбирлашига, қувноқ қаҳқаҳаларга қулоқ солиб ётар, гулхан атрофида лип-лип айланаётган соялардан кўзи тиниб ухлаб қоларди.
Эрта тонгда одамларнинг ғовур-ғувури, эшакларнинг ҳанграшидан уйғониб кетарди. Шудрингдан ҳўл бўлиб кетган жингалак сочларини силаб ўрнидан турар, увушиб қолган қўлларини уқалаб-уқалаб қўярди.

Яна ўша узун-узун йўллар бошланарди. Дунёда йўлларнинг нега шунчалик кўплигига унинг ақли етмас, лўлилар элати бўлса бир зум ҳам тўхтамас, қаёққа кетишаётганини ҳеч ким билмасди.
Тиркашнинг сўнгсиз-ниҳоясиз йўллари Тентаксойда тўхтади. Баҳор оқшомларидан бирида лўлилар элати шундоққина сойнинг бўйига, тошлоқ соҳилга чодир тикди. Тентаксой сон-саноқсиз оролчалар ҳосил қилиб ҳайқирар, осмони фалакка марварид сочарди.

Тиркаш ўшанда етти-саккизларга бориб қолган, тишлари бир марта тўкилиб чиққан эди. Кун бўйи йўл юравериб чарчаганиданми, ҳаммадан олдин ухлаб қолибди.

Тонготарга яқин энтикиб уйғониб кетди. Уйғонди-ю, тўлқинлар кетма-кет урилиб, сув қаърига тортиб кетаётганини билиб чинқириб юборди. Аммо овозини ўзи ҳам эшитолмади. Оғзига сув тўлиб ўқчий бошлади. Сой даҳ-шатли гулдуросдан титрар, еру кўк қоп-қора тўлқинларга кўмилган эди. Тиркаш сувдан қалқиб чиқиб, қоп-қора осмонни сўнгги марта кўрди-ю, типирчилаб чўкиб кетди.

У кўзини очганида бошига эгилиб турган нотаниш кишини кўрди. Элатида бундай одам йўқ эди. Бошига кўк духоба дўппи кийиб олибди. Юзлари қизариб кетган, оқ оралаган мўйлови ҳўл бўлиб, чўққи соқолига ёпишиб қблибди. У жиққа сув кўйлагининг этагини қайириб, Тиркашнинг пешанасини артди.
— Отинг нима, ўғлим?

Тиркаш ўзини шу одам сувдан олиб чиққанини энди тушунди.
— Кетаман!

У ўрнидан турмоқчи бўлган эди, мажоли келмади. Нотаниш киши унинг устига кўрпа ташлади.

— Элатларинг кетиб қолишди. Сени аллақачон ўлдига чиқаришган бўлса керак. — Нотаниш киши чуқур хўрсинди. — Сел ёмон қутурди-да! Тентаксой шунақа ўзи. Ҳар баҳорда жиловини йўқотиб қўяди.

Тиркаш бегона уйнинг гулдор қоғоз ёпиштирилган шифтига тикилиб ёта-ёта кўзлари илинди.

…Бу воқеага анча йил бўлиб кетган… Анча йиллар…

Агар уч кун аввал қишлоққа яна битта лўли арава кириб келмаганида, агар Дилорни кўрмаганида, қиз кетаман деб туриб олмаганида, ўша дамларни эслаб ўтирмасди.

III

Қуёш уфққа лаб босди. Кичкина шалақ арава тупроқ йўлдан имиллаб борар эди. Қора эшак чиллакдай ингичка оёқлари билан тупроқ чангитиб, аравани судраб борар, ғилдираклар нола чеккан каби ҳазин ғийқилларди.

Аравада ўтирган чолнинг ингичка, буришиқ бўйнидаги чуқурчаси, оқ оралаган сочи Тиркашга кўриниб турарди. Дилорнинг отаси ҳеч қаёққа шошилмаётганини шама қилгандай эшакни қистамас, бошини ташлаб, мудраб борарди. Эрталабдан бери чол Тиркашга бир оғиз ҳам гапирмади. Фақат аҳён-аҳёнда милки қизариб кетган кўзлари билан унга синчиклаб қараб қўяр, яна индамасдан тескари қараб оларди.

Араванинг кетида Тиркаш билан ёнма-ён келаётган Дилор унга қараб жилмайиб қўяр, аллақаёқдан синдириб олган тол хивичи билан йўл четидаги гиёҳларни савалаб борарди. Унинг шапалоқ гулли қизил куйлаги шафакда ловиллар, ўзи ҳам ўт бўлиб ёниб кетаётгандай кўринарди. Тиркаш шу топда қизнинг нима ўйлаётганини билолмас, аммо бир кўзини сал қисиб, истеҳзоли, жозибали жилмайишидан ўзининг гўзаллигидан, йигитни эргаштириб келаётганидан мамнун эканлигини кўриб турарди.

Қуёш ер ортига юмалаб кетди. Оқшом шамоли уфқда ёниб турган шафақ алангасини пуфлаб ўчирди. Ҳамон ғилдираклар нола чекар, шалақ арава тепаликка чиқиб борарди.

Тиркаш қишлоқдан чиқиб кетаётганида ҳозиргидек кўнгли ғаш бўлишини ўйламаганди. У Қосим отанинг кўзига кўринишдан қўрққан, Тентаксойдан чиқиб олгунча таниш шофёрларнинг учраб қолишидан юрак ҳовучлаб турганди. Йўқ, ҳеч ким учрамади… У Дилорни энди ўзиники деб ўйлар, шу қиз учун дунёнинг нариги чеккасигача боришга ҳам тайёр эди. Лекин қишлоқдан узоқлашган сайин унинг қадами секинлашар, ўзи қилаётган гуноҳини энди тушунаётгандай бўларди. Гўё кимдир кўзга кўринмас нозик, жуда нозик иплар билан уни Тентаксойга боғлаб қўйгану, бу иплар борган сайин таранг тортилар, яна бир қадам юрса, узилиб кетаётгандай бўларди.

Шалақ арава тепалик устига чиққанда тўхтади. Тиркаш тағин бурилиб орқага қаради. Пастда қишлоқни тасмадай ўраб олган сой ялтиллаб кўринар, аммо уйлар кўзга ташланмас, қуюқ дарахтзор устига оқшом шарпаси қўнганди. Узоқда — катта йўл устида қуюқ чанг кўринди.

— Пода қайтяпти, — пичирлади у. Бирдан кўз ўнги қоронғилашиб, хотиралар қуюнидан боши айланиб кетди.

Бир вақтлар ўзи ҳам каттакон тарғил сигирни тонг-саҳарда подага қўшиб юборар, кечқурун сигирнинг ўзи эшикдан маъраб кириб келарди. Сигирни қўшни келин соғиб берар, Қосим отанинг кампири ўлиб кетган, сўққабош эди. Чолнинг ўзидан бошқа овунчоғи йўқлигини, унинг умиди ёлғиз Тиркашдан эканини эндигина тушунди у.

Ўша, сувдан олиб чиққан йилиёқ Қосим ота унга папка, «Алифбе» олиб берган, Тиркаш мактабга қатнай бошлаган эди. Тонг-саҳарлаб шудринг қўнган далалардан мактабга югурганлари, ёзлари колхоз боғида болалар билан узум узишгани, бултур ўнинчини битирганида мактабда ўтказилган кеча унинг хаёлида жонланди-ю, юраги гупиллаб уриб кетди.

Тиркаш куз кечалари хирмонда ишлашни яхши кўрарди. У баланд хирмон устига чиқиб, чалқанча ётиб олар, назарида осмон борган сайин пастлашиб тушаётгандай бўлар, пахтанинг елкаларига илиққина, юмшоққина бо-тиши ҳам, салқин шамолдан жунжикиб, сесканиб кетиши ҳам — ҳамма-ҳаммаси жуда лаззатли эди.

У роҳат қилиб ётганида пастдан машинанинг бўғиқ овози эшитилар, кабина эшиги тарақлаб очиларди.
— Ухлаб қолдингми, ҳой лўли!

Тиркаш шофёрларнинг қўполлигига парво қилмас, ўзини шу қишлоқнинг бир ўзбеги, бир фарзанди ҳисобларди. У хирмон устидан сакраб тушарди-да, кузовга паншаха билан пахта ортарди…
Кейин тракторчига шогирд тушди. У омочларни тўғрилаб борар, палахса-палахса бўлиб кўчаётган тупроқ иси, керосин ҳиди маст қилиб қўйгандай боши айланиб кетар, моторнинг гувиллаши ҳам, трактор атрофида парвонадай айланаётган қарғаларнинг қағиллаши ҳам гаштли туюларди унга.

Йигит ўша тупроқ исини, баҳор қўнғироғидан уйғонган ернинг илиқ нафасини, Тентаксойнинг тишни қамаштириб юборувчи муздай сувларини ҳеч қачон, ҳеч нимага алишмаслигини, алиша олмаслигини энди тушунди. Тушунди-ю, тишлари ғижирлаб кетди.

…Тиркаш елкасига келиб тушган хивич зарбидан сесканиб кетди.

— Юрмайсанми?

Дилор бир қўлини биқинига тираб, бир қўлида хивич ўйнатиб жилмайиб турарди. Атроф қоронғилашиб қолган, шалақ арава аллақачон пастга тушиб кетганди.

Дилорнинг ҳокимона жилмайиб туриши ҳам, ўтдай ёниқ кўзлари, қирра бурни ҳам биринчи марта хунук кўриниб кетди унга.

— Туртмасдан гапир! — деди у бўғилиб. Ғазабдан юзлари ловиллаб кетганини ўзи ҳам сезиб турарди.
— Бечора ошиқ! — Дилор бирдан қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди. Сукунат чўккан адирлар устидан оқшом шарпасидай сирли, бўғиқ акс-садо келди.

Тиркаш бир силтаниб қизнинг хивичини тортиб олдида, майда-майда қилиб ерга отди. Дилор ҳеч нима бўлмагандай ҳамон жилмайиб турарди.

— Қишлоққа қайтамиз! — Тиркаш жуда муҳим, азиз бир нарсани тушунтирмоқчи бўлгандай, қизнинг елкаларидан ушлаб ўтинч билан силай бошлади. — Илтимос, Дилор, йўқ демагин! Кетишимиздан нима фойда, қаёққа борамиз? Жон Дилор, хўп дегин, — у бирдан қизни бағрига босиб шивирлай бошлади: — Тентаксойга қайтамиз. У ерда менинг отам, ўртоқларим, тракторим бор, биласанми, — у негадир бўғилиб кетди. Томоғига тиқилиб қолган илиқ бир нарсани ютиб аранг шивирлади, — биласанми, Дилор, у ерда менинг… менинг ватаним бор. — Қизнинг соч толалари яна юзига тегиб кетди. Яна ўша, кишини маст қилиб юборувчи майин ис гуркиради. — Дилор, хўп дегин, битта хўп дегин…

Қиз силтаниб чекинди. Энди у жилмаймас, кўзлари ўт бўлиб ёнарди.

— Ҳеч ким сени судраб кетаётгани йўқ. Ўзинг келяпсан, — у бирдан чинқириб юборди. — Сен лўли эмассан, анқовсан! — кейин кўзлари қисилиб киноя билан овозини пасайтирди. — Ким қўйибди сенга дуч келган қизга эргашиб юришни? Бор, қишлоғингга боравер! Сен билан ишим йўқ. Мен билан ҳам ишинг бўлмасин!

Дилор тупроқ йўлдан пастга қараб чопиб кетди. Тиркаш унинг шамолда ҳилпираб узоқлашиб бораётган кўйлагини кўриб турар, аммо нима бўлаётганига ҳали ҳам тушунолмасди. У бир нафас иккиланиб турди-да, қизнинг кетидан югурди. Тепанинг ярмига борганда, ҳаллослаб етиб олиб, қўлидан тортди.

— Дилор!
— Қоч! — қизнинг кўзлари нафрат билан ёниб турарди.

— Кетма, Дилор!
— Қоч, лайча!

Бирдан Тиркашнинг.вужуди музлаб қолди. Бояги қайноқ ҳислар ўрнини аллақандай ёввойи куч эгаллади-ю, тарсакилаб юборди уни.
— Йўқол! — деди хириллаб, — йўқол!

У Дилорнинг кафти билан юзини ушлаб қолганини кўрди. Кейин кескин бурилди-да, қишлоқ йўлини мўлжаллаб чопиб кетди. Бир марта ҳам орқасига қарамади.

Арслонбоб чўққисидан қип-қизариб ой чиқиб келар, тупроқ йўл оқариб кўринар, Тиркашнинг соясигача қалтирарди.

IV

Қиш эрта тушди. Ҳали ғўзапоялар йиғиштириб олинмасдан қор ёғди. Эртасига ҳаво чарақлаб очилиб кетди.

Тиркаш қор кўрпасига бурканиб эндигина уйқуга кетган ерни чўчитиб трактор ҳайдар, қор босган далалар офтоб нурида кўзни қамаштириб ярқирар, яккам-дуккам ғўзапоялар тақдиридан нолигандай шумшайиб турарди. Трактор ҳали яхламаган далада енгилгина сузиб, музёрар кемадай орқасидан қоп-қора из қолдириб борарди.

У тушликка чиқиш учун моторни ўчириб, кабинадан сакраб тушди-ю, пайкал бошидаги тутзор ёнида турган қизни кўриб қолди. Боя, моторга сув қуяётганида ҳам кўргандай бўлганди. Қиз сариқ пахталик кийиб, бошига кўк рўмол ўраб олганди. Унинг бир қўлини биқинига тираб туриши танишдай кўринди йигитга.

«Ўткинчилардан бўлса керак». Тиркаш шийпон томонга бурилиб кетаётган эди, қиз қўл силтаб имо қилди.

Тиркаш кирза этиклари билан қор кечиб, беш-ўн қадам юрди-ю, қизни таниб қолиб, югуриб кетди. Юраги яна ўша соғинч ҳислар билан жўш урар, этикнинг сирғанишига ҳам, ғўзапояларга қоқилишига ҳам парво қилмасди. «Дилор, Дилор!» — дерди у пичирлаб. Негадир қувончдан энтикар, нимага қувонаётганини ўзи ҳам билмасди.

У нафаси тиқилиб югуриб келди-ю, Дилорнинг нозик, аммо чайир қўлларини кафтига олди.

«Қўли музлаб кетибди», — деб ўйлади қизнинг юзига тикиларкан. Дилорнинг ранги сўлғинлашган, кўзлари чўккан, аммо ҳамон жозибали табассум билан жилмайиб турарди. У исиб кетгандай пахмоқ рўмолининг тугунини ечаркан, тирсаги билан Тиркашнинг кўкрагига туртди.

— Ҳайдаб юбормайсанми?
— Қачон келдинг?

— Эрталаб.
— Бутунлайми?

— Бутунлай! — деди Дилор бепарво. Тиркаш қизнинг кўзларига бир қаради-ю, шу бир оғиз сўзга ишониш мумкинлигини тушунди.
— Жинни! — деди у кулиб.

Қизнинг елкасига оҳиста қўл ташлади-да, қор босган дала йўлидан қишлоққа — ўз ҳаётига бошлаб кетди.

1964

БАҲОР КЕЛААВЕРАДИ,
ҚИЗҒАЛДОҚЛАР ОЧИЛАВЕРАДИ…
“Икки эшик ораси” романидан парчалар
09

“Рост билан ёлғоннинг ўртаси — тўрт энлик”, деган гап бор. Қизиқ, нега энди оз эмас, кўп эмас, тўрт энлик? Гап шундаки, кўз билан қулоқнинг ораси — тўрт энлик экан. Эшитганингга эмас, кўрганингга ишон… Мақсад — шу… Начора, ҳамма рост гапиравермайди. Аммо ёлғон гапираётган одам ҳам ичида, барибир ростини ўйлайди…

***

Катта виждонсизликлар кичкина нопокликдан бошланишини билсам нима қилай ахир?

***

Одамзоднинг қонида ғалати адолатсизликлар бўлади. Бегоналардаги ўзгаришни дарров сезасизу яқин одамингизга эътибор бермайсиз. Худди ота¬онангизни биров сизга боғлаб бериб қўйгандек. Гўё улар сиз учун абадий яшаши шартдек. Ойим кексайиб қолганини, сочлари оқариб кетганини, қовоқлари салқиб, юзи йиллаб тўшакка ёпишиб ётган одамдек сарғимтил¬заҳил тусга кирганини энди пайқадим.

***

Ажаб, инсон хотираси — эшиги ёпиб қўйилган омборга ўхшаркан. Омбор олдидан ҳар куни ўтасиз. Ўтасизу ўз юмушингиз билан овора бўлиб, қайрилиб қарамайсиз. Вақти келиб тасодифий шамол омборнинг эшигини очиб юборади-ю, беихтиёр ичкарига мўралаб қарайсиз. Шунда қизиқ ҳолат рўй беради. Омбор ичида олтиндан азиз нарса ҳам, кўзингиз тушиши билан таъбингизни хира қиладиган қақир¬қуқурлар ҳам қалашиб ётган бўлади. Алам қиладиган жойи шундаки, сиз улардан хоҳлаганингизни ажратиб ололмайсиз… Ҳаммаси бараварига жон ато қилиб, атрофингизни қуршаб олади.

***
…Тинч, тўкин замоннинг аллақандай осойишта завқи бўлади.

***

Одам қимматбаҳо нарсасини йўқотса ачинади. Туҳматга қолса бошини тоғ-тошга уради. Қадри ерга урилса, исён кўтаради. Яқин кишиларидан айрилса дод солади… Лекин умидингдан айрилсанг ғалати бўларкан. Ҳеч нимага, ҳеч кимга, ҳатто ўз қадрингга ҳам ачинмайсан. Дод солмайсан. Исён кўтармайсан… Гўё сен ўлгансан. Ўзинг ўлиб, қуруқ суратинг қолган…

***

Сомонсувоқ қилинган томлар устини бир қарич қор босган, ёришиб келаётган осмонда учқунлар ғужғон ўйнар эди… Негадир биринчи қор ёғишини узоқ касал бўлиб ётган одамнинг жон таслим қилишига ўхшатаман. Бемор тўшагига ёпишиб инқиллаб ёта-ёта охири омонатини топширади-ю, бу дунёнинг азобларидан қутулганига шукр қилгандек тинчиб чеҳраси ёришади.

***

Из тушмаган қордан юришнинг гашти ғалати бўлади. Ҳаммаёқ жимжит. Йўл четидаги қор босган толлар турмушнинг баланд¬пастини кўравериб, ҳар қандай мушкулотни хотиржамлик билан кутиб олишга ўрганиб кетган қариялардек оппоқ бошини қуйи солганча ўйга чўмган.

***

Садоқат билан хиёнатнинг ораси шунчалик яқинми?

***

Дунёда ҳадиксираб яшашдан ортиқ азоб йўқ экан. Гўё бошингда биров қилич кўтариб тургандек, сен бўлсанг ҳар лаҳзада ўша қилич бўйнингга тушишини кутаётгандек. Бора-бора шунақанги жонингдан тўйиб кетасанки, қилич танингни бошингдан тезроқ жудо қилишига орзуманд бўлиб қоласан. Нима бўлгандаям ҳадик азобидан қутулсам, бир чўқиб, атрофга минг аланглаган қарғадек аянчли аҳволдан халос бўлсам дейсан…

***

…Одам боласининг феъли қизиқ. Аввало, умид билан қурган иморатинг бир оғмасин экан. Бир оғдими бўлди, барибир йиқиларкан. Тўсиб қоламан десанг, босиб тушиб, ўзингни ҳам парча¬парча қилиб ташлашидан қўрқар экансан. Негаки, ўша иморатнинг пойдевори қўпорилишига бир чеккаси ўзинг ҳам сабабчи эканлигингни биларкансан.

***

Бу — қадим дунёнинг одамлар билан нима иши бор! Баҳор келаверади, қизғалдоқлар очилаверади… Одамлар эса келадию кетади. Дунё ўткинчи деймиз. Йўқ, дунё эмас, биз ўткинчимиз. Баҳор бир айланиб келгунча биров туғилади, биров ўлади. Биров¬бировни яхши кўради. Биров¬ бировнинг кўзига чўп солади…

***

Амал — асов отдек гап. Қўлингдан бир чиқардингми, икки дунёдаям етолмайсан. От-ку, охир¬оқибат эгасига қайтиб келса¬келар. Лекин амал қайтмайди. Уни аллақачон бошқаси эгарлаб миниб олган бўлади. Мабодо сени амал отидан туширганлар бир эмас, минг марта ноҳақ бўлганида ҳам қайтиб ўша отни минишингга йўл қўймайди. Ўзи отдан тушишини ўйлаб қўрқади.

***

Билмадим. Эҳтимол одамзод фаришта бўлиб туғилса-туғилар. Аммо бир умр фаришта бўлиб яшолмайди. Ҳеч ким! Ҳеч ким фаришта эмас. Фақат ўзини оппоқ қилиб кўрсатгиси келади. Минг урингани билан фаришта бўлолмайди. Йўлидан шунақанги шайтонлар кесиб чиқадики, гуноҳга ботганини ўзи ҳам сезмай қолади.

***

…Ҳар қадамда ўлим кутиб турган жанггоҳдан тирик қайтишимга ишонмаган эдим. Лекин уруш оёқлаган сайин умидим кучая бошлади. Назаримда соғ-саломат уйга қайтсам, буёғи нуқул байрам бўладиганга ўхшарди. Эрталаб ишга бораман. Кечқурун уйга келсам овқат тайёр, иссиқ ўрним тайёр. Бундан ортиқ бахт борми одамга?

***

Одам ўзини жудаям бахтиёр ҳис этса, худбин бўлиб қоларкан. Ўзгаларнинг дардини сезмас экан.

***

Ҳар хил одамларни кўравергандан кейин психолог бўлиб кетаркансан. Бир тоифа шикоятчилар бор: уялиб, қимтиниб, ҳатто қўрқиб киради. Арзимаган нарсаниям овози титраб гапиради. Булар — кўпинча ҳақ бўлади.

Яна бир тоифа бор. Эски қадрдонлардек бемалол омонлашади. Овозини пасайтириб гапиради. “Биламиз, сиздаям бола-чақа бор, шу иш тўғри бўлса қарздор бўлиб қолмаймиз”, дегандек имо-ишоралар қилади. Бола-чақа уёқда турсин, хотиним ҳам йўқлигини билмайди. Аммо пинжимга кириб кетгудек бўлади. Тўғри, пора бераман демайдию дудмалроқ қилиб гапиради. Бунақалар билан муомала қилишни боплайман. Трубкани кўтариб, атайлаб иккита номер тераман. “Милициями?” дейишим билан ё қочиб қолади, ё бидир-бидир қилиб бошқача сайраб кетади.

***
Эҳтимол ўғрилик қилган одамнинг сири очилмас. Эҳтимол қотиллик қилган олчоқнинг ҳам сири билинмас. Аммо хиёнат фош бўлмай қолмайди. Негаки, хиёнатни бир одам қилмайди. Албатта, шериги бўлади. Фақат, ёмон жойи шундаки, хиёнатдан озор чеккан одам бу сирни ҳаммадан кейин билади. Шуниси алам қилади.

***

…Одамзотнинг феъли шунақа. Нохуш нарсани эслагиси келмайди. Аммо ёмон хотира бармоққа чиққан ярага ўхшайди. Қўлингни қимирлатишинг билан ўша лаънати яра бехосдан бир жойга тегиб кетади-ю, азоб беради.

***

Аччиқни аччиқ кесади дейишарди. Баъзан аччиқни ширин ҳам кесаркан.

***

Одам бировни алдаши мумкин. Аммо ўзингни ўзинг алдай олмайсан. Осмондаги юлдузни узиб олиб бўлмайди!

***

Тирикларни ҳурматлаган одам, марҳумларни иззат қилади.

***

Марҳумлар ҳеч нимани эсламайди, десангиз хато қиласиз. Марҳумларнинг хотираси сиз тирикларникидан яхшироқ бўлади. Негаки, сиз минг хил ташвиш билан елиб¬югурасиз. Бизнинг эса хотираларни эслашдан бошқа юмушимиз йўқ.

***

Ҳаёт нима ўзи?.. Толе ҳадя этган инъом. Аммо одамлар ҳар хил. Биров шу инъомни бошқалар билан баҳам кўради. Биров бошқаларникиниям қўшиб олгиси келади. Шу билан умри узайиб қоладигандек. Гап қачон ўлишдами? Қандай ўлишда эмасми!

***

Минг йил яшаган бир саҳоба “Эсиз-эсиз, у эшикдан кирдиму бу эшикдан чиқиб кетаяпман”, деган экан. Шунақа, болам… Ҳеч ким ўлишни ўйламайди. Аммо одамзодга умр ўлчаб берилган. Шунақаликка шунақа-ку, одамнинг умри неча йил яшагани билан ўлчанмайди. Бир хил одамлар бор: у эшикдан кириб, бу эшикдан чиқиб кетаётганда қўлидан келганча савобли иш қилади. Ҳаёт деган иморатга ақалли битта ғишт қўйиб кетади. Яна бир хиллари бор: ўша иморатдан ақалли битта ғиштни ўғирлаб кетгиси келади. Ўғирлаб¬ку, ҳеч қаёққа боролмайди, нариги эшик олдига борганда барибир ташлаб кетади. Икки орада иморатни бузгани қолади…

***

Қуёш ҳар куни уйғонган заҳоти жилмайиб боқадию унсиз хитоб қилади: “Бир киприк қоқгулик қисқагина умрингизда тинч-тотув яшасаларинг бўлмайдими? Гоҳ нон талашасизлар, гоҳ шон! Гоҳ макон талашасизлар, гоҳ имон? Ахир ҳаммангиз инсонсиз-ку. Ҳаммангиз менинг болаларимсиз-ку, мен сизларнинг оталарингизман-ку. Бир¬бирларинг билан қирпичоқ бўлаверишларингни кўриб чарчаб кетдим-ку! Ўз онангизни — Ер куррасини адойи тамом қилиб тинчимоқчимисиз?! Шу ниятда кўтариб юрибдими кўксида!”

Замира РЎЗИЕВА тайёрлаган.

Манба: «Қашқадарё» газетаси веб-саҳифаси

033

O’tkir Hoshimov
MUHABBAT
09

  O’tkir Hoshimov 1941 yil 5 avgustda Toshkent shahrida tug’ilgan. O’zbekiston xalq yozuvchisi (1991). ToshDUning filologiya fakultetining jurnalistika bo’limini tugatgan (1964). Ilk kitobi — «Po’lat chavandoz» (1962, ocherklar to’plami). Birinchi yirik nasriy asari — «Cho’l havosi» (1963). «Odamlar nima derkin» (1965), «Shamol esaveradi» (1966), «Qalbingga quloq sol» (1973), «Bahor qaytmaydi» (1970), «Dunyoning ishlari» (1982) qissalari hamda «Nur borki, soya bor» (1976), «Ikki eshik orasi» (1986), «Tushda kechgan umrlar» (1994) romanlari nashr etilgan.Yozuvchining bir qancha asarlari ekranlashtirilgan. «Xazon bo’lgan bahor», «Inson sadoqati» (1975), «Vijdon dorisi», «To’ylar muborak» (1979), «Qatag’on» kabi drama, komediya, bir qator kinostsenariylar muallifi. «Daftar hoshiyasidagi bitiklar» (2001) kitobi ijtimoiy-ma’naviy hayotda muayyan iz qoldirgan.Hamza nomidagi O’zbekiston Davlat mukofoti laureati (1986). «Mehnat shuhrati» (1996), «Buyuk xizmatlari uchun» (2001) ordenlari bilan mukofotlangan. 2013 yil 24 may kuni vafot etgan.

09

I

Uzoq, entikib o‘pishdilar. Qizning soch tolalari Tirkashning yuziga tegib turar, allanechuk notanish, ammo totli is anqir, uning butun vujudi tarang tortilib, oyoqlari titrar, qizning ham yelkalari bilinar-bilinmas silkinayotganini his qilib turardi. To‘satdan qiz siltanib qaddini rostladi-yu, zarb bilan itarib yubordi uni.

Tirkash laylak qilib qo‘yilgan aravaga suyanib qoldi. U hamon o‘ziga kelolmas, allaqanday ichki bir to‘lqin borgan sayin qattiqroq jo‘sh urardi.
— Dadam so‘yib tashlaydi, — dedi qiz to‘zib ketgan sochlarini kafti bilan tekislarkan. Ammo dadasidan hech qachon hayiqmaganligi, bundan keyin ham hayiqmasligi uning ovozidan bilinib turardi.

Tirkash aravadan uch-to‘rt qadam narida, maysalar ustiga tashlab qo‘yilgan bir parcha namat ustida uxlab yotgan cholga qaradi. Chol ola-bula xurjunga boshini tashlab, oyoqlarini kerganicha, chalqancha yotar, qorong‘ida yuzi aniq ko‘rinmasdi. Undan ham nariroqda bir tup do‘lananing to‘kilgan xazonini shitirlatib, sharpaday qop-qora eshak o‘tlab yurardi.

Tirkash qaddini rostlab, qizga tikilib qoldi. Uning katta-katta ko‘zlari yonib turar, uzun-uzun kipriklari, qirra burni qorong‘ida yanayam jozibali ko‘rinar, Tirkash hali ham hayajonini bosib ololmas edi. Ikkovlari anchagacha jimib qolishdi. Arslonbob tog‘ining cho‘qqisi yonib ketdi. Zum o‘tmay dum-dumaloq to‘lin oy chiqdi. Chor atrofga nur aralash sukunat seli quyilganday, hammayoq jimjit bo‘lib qoldi. Yaproqlari to‘kila boshlagan do‘lana soyaday qorayib ko‘rinar, havoda xazon, g‘o‘zapoya isi anqirdi.

Qiz sochini qaytadan o‘rib, orqasiga tashladi. Tirkashning yoniga keldi-da, niholday nozik gavdasini egib, arava ichidan paxtalik nimcha olib kiydi. Tirkashga bir qarab qo‘ydi-yu, oyoqlarini osiltirib, aravaga o‘tirib oldi. U endi hamma narsani unutganday, Tirkashni ko‘rmayottanday edi. Boshini baland ko‘tarib, oyga tikilib o‘tirar, chehrasida beparvolik ko‘rinib turardi. Boyagi to‘lqin yana jo‘sh urib ketdi. Tirkash nima qilayotganini o‘zi ham sezmay, tiz cho‘kib, qizning oyoqlaridan mahkam quchoqlab oldi.

— Dilor, ketma. Iltimos qilaman, yalinaman… — U qizning tizzasiga bosh qo‘ydi. Negadir shu topda qizning qo‘llari sochini silashini kutar, orzu qilardi. Dilor egilib uning yelkasidan itardi.
— Ket bu yerdan!
— Tushunsang-chi, axir, qayoqqa borasan?! Nimaga borasan? — Tirkash qizning oyoqlarini mahkamroq qisib iltijo bilan bosh chayqadi. — Yo‘q dema, Dilor. Ikkalamiz birga ishlaymiz. Sen nimani xohlasang…
— Ket, men uxlayman! — Dilor tag‘in uning yelkasidan itardi.

Tirkash qizning chimirilgan qoshlariga, qat’iyat bilan qimtilgan lablariga qarab, endi gapirish ortiqcha ekanini tushundi. Asta qaddini rostlab, boshini quyi soldi. O’ziga ham erish tuyulgan past, o‘kin ovozda pichirladi:
— Ketib qolmanglar, tongotarda kelaman.

Shartta burildi-da, tasmaday oqarib yotgan tuproq ko‘chadan soyasini bosib, chopib ketdi. Oy koptokday sakrab-sakrab unga ergashib kelayotgandek bo‘lar, qishloq tomondan itlarning akillagani eshitilar, soy shovillar edi. Qir ustiga chiqqanida old tomondan qishloq chiroqlari ko‘rindi. U to‘xtab qoldi. Orqasiga burilib qaradi. Pastliqda, yo‘l yoqasidagi o‘sha bir tup do‘lana qorayib ko‘rinar, Dilor ham, otasi xam daraxt ko‘lankasi tagida qolib ketgandi.

Tirkash tez yurganidan nafasi qisib, terlab ketganini endi sezdi. Ko‘ylagini yechib yelkasiga tashladi-da, tag‘in qishloq tomonga qaradi. Katta yo‘ldan nur zanjiri bilan bog‘lanib qolganday qator-qator mashinalar o‘tib borardi. «Punktga paxta olib ketishyapti», deb o‘yladi u. Birdan ko‘ngli cho‘kdi. «Yo‘q! — dedi u pichirlab. — Hech qayoqqa bormayman. Bormayman! Uyga ham, Dilorning oldiga ham. Hech nima kerakmas menga, hech nima!»

U ko‘ylagini yerga tashlab, qurib, sarg‘ayib qolgan ko‘katlar ustiga o‘tirdi.

«Nima bo‘lyapti o‘zi? Qayoqdanam shu qizni uchratdim?! Nahotki endi hamma narsadan — uyim, qishlog‘im, otamdan ayrilsam? Nahotki endi Tentaksoydan bir umr bosh olib ketsam? Nima bo‘lyapti o‘zi?»

U diqqat bilan quloq sola boshladi. Bu safar soyning shovillashi aniq eshitildi. Keyin xo‘rozlar cho‘zib-cho‘zib qichqira boshladi. Ehtimol, ularning hovlisidagi tojdor xo‘roz ham qo‘noqda turib bo‘ynini cho‘zgancha jo‘r bo‘layotgandir. Ehtimol, Qosim ota xirmondan qaytib, uning kelishini kutib, supada nos chekib mudrab o‘tirgandir.

Tirkashning xayolida Qosim otaning oppoq qoshi ostidan o‘ychanlik, muloyimlik bilan boqib turgan ko‘zlari, so‘lg‘inroq, ammo nuroniy yuzi, cho‘qqi soqoli jonlandi. Shu ko‘zlarning nurini olgan Tirkashning o‘zi emasmikin? Shu soch-soqolga qirov qo‘ndirgan Tirkashning o‘zi emasmikin! Axir uni odam qilgan, ota o‘rnida ota bo‘lgan kishi shu emasmidi?.. Tirkashdan boshqa suyanchig‘i bormi uning…

Koshki edi, Tentaksoyga o‘sha eski arava kirib kelmagan bo‘lsa… Koshki edi, Tirkash shu aravada kelayotgan lo‘li qizni — Dilorni ko‘rmagan bo‘lsa…

Tirkash birdaniga o‘rnidan sakrab turgisi, qishloq tomonga yugurib ketgisi keldi. Lekin qachonlardir go‘daklik xotirasiga mahkam o‘rnashib qolgan, unutilayozgan sog‘inch bir tuyg‘u ustun keldi-yu, chalqancha yotib oldi. Oy havolab ketgan, qatlam-qatlam kuz bulutlari ohista suzib o‘tar, namxush tuproq isi anqir edi.

II

Bu voqeaga ancha yil bo‘lib ketgan. Ancha yillar…
Tirkash esini tanibdiki, shu tuproq voyaga yetkazdi uni. Dunyoga qaysi kuni kelganini, otasi kim, onasi kim ekanini haliyam bilmaydi. To‘rt-besh yoshida odam ajratadigan bo‘lib qolganida lo‘lilar chodirida ko‘rdi o‘zini. Ota-onasi allaqachon ko‘z yumib ketganini shulardan eshitdi. Hammaga ergashib yurgani uchun Tirkash deb chaqirisharkan uni. Ular Tirkashni qo‘lma-qo‘l ko‘tarib katta qilishibdi… Tirkash ham shu lo‘lilardan bittasi edi. Yarim kechagacha childirma chalib, bazm qilishni, qizil ko‘ylagining etagini hilpiratib raqs tushishni hech nimaga alishmaydigan xotinlarning hammasi uning onasi edi. Gulxan atrofida davra qurib o‘tirgan lo‘lilarning hammasi ota edi unga.

Hazin qo‘shiqlar og‘ushida mudragan oqshomlar, oy nuriga g‘arq bo‘lgan osmon… Tirkash dunyoga kelib eng avval shularni ko‘rgandi. Kun botar-botmas ularning elati ko‘kalamzor bir yerga chodir tikar, Tirkash ko‘katlar ustiga chalqancha tushib olardi-da, childirmaning gumbirlashiga, quvnoq qahqahalarga quloq solib yotar, gulxan atrofida lip-lip aylanayotgan soyalardan ko‘zi tinib uxlab qolardi.
Erta tongda odamlarning g‘ovur-g‘uvuri, eshaklarning hangrashidan uyg‘onib ketardi. Shudringdan ho‘l bo‘lib ketgan jingalak sochlarini silab o‘rnidan turar, uvushib qolgan qo‘llarini uqalab-uqalab qo‘yardi.
Yana o‘sha uzun-uzun yo‘llar boshlanardi. Dunyoda yo‘llarning nega shunchalik ko‘pligiga uning aqli yetmas, lo‘lilar elati bo‘lsa bir zum ham to‘xtamas, qayoqqa ketishayotganini hech kim bilmasdi.
Tirkashning so‘ngsiz-nihoyasiz yo‘llari Tentaksoyda to‘xtadi. Bahor oqshomlaridan birida lo‘lilar elati shundoqqina soyning bo‘yiga, toshloq sohilga chodir tikdi. Tentaksoy son-sanoqsiz orolchalar hosil qilib hayqirar, osmoni falakka marvarid sochardi.

Tirkash o‘shanda yetti-sakkizlarga borib qolgan, tishlari bir marta to‘kilib chiqqan edi. Kun bo‘yi yo‘l yuraverib charchaganidanmi, hammadan oldin uxlab qolibdi.
Tongotarga yaqin entikib uyg‘onib ketdi. Uyg‘ondi-yu, to‘lqinlar ketma-ket urilib, suv qa’riga tortib ketayotganini bilib chinqirib yubordi. Ammo ovozini o‘zi ham eshitolmadi. Og‘ziga suv to‘lib o‘qchiy boshladi. Soy dah-shatli guldurosdan titrar, yeru ko‘k qop-qora to‘lqinlarga ko‘milgan edi. Tirkash suvdan qalqib chiqib, qop-qora osmonni so‘nggi marta ko‘rdi-yu, tipirchilab cho‘kib ketdi.
U ko‘zini ochganida boshiga egilib turgan notanish kishini ko‘rdi. Elatida bunday odam yo‘q edi. Boshiga ko‘k duxoba do‘ppi kiyib olibdi. Yuzlari qizarib ketgan, oq oralagan mo‘ylovi ho‘l bo‘lib, cho‘qqi soqoliga yopishib qblibdi. U jiqqa suv ko‘ylagining etagini qayirib, Tirkashning peshanasini artdi.
— Oting nima, o‘g‘lim?

Tirkash o‘zini shu odam suvdan olib chiqqanini endi tushundi.
— Ketaman!

U o‘rnidan turmoqchi bo‘lgan edi, majoli kelmadi. Notanish kishi uning ustiga ko‘rpa tashladi.
— Elatlaring ketib qolishdi. Seni allaqachon o‘ldiga chiqarishgan bo‘lsa kerak. — Notanish kishi chuqur xo‘rsindi. — Sel yomon quturdi-da! Tentaksoy shunaqa o‘zi. Har bahorda jilovini yo‘qotib qo‘yadi.

Tirkash begona uyning guldor qog‘oz yopishtirilgan shiftiga tikilib yota-yota ko‘zlari ilindi.
…Bu voqeaga ancha yil bo‘lib ketgan… Ancha yillar…
Agar uch kun avval qishloqqa yana bitta lo‘li arava kirib kelmaganida, agar Dilorni ko‘rmaganida, qiz ketaman deb turib olmaganida, o‘sha damlarni eslab o‘tirmasdi.

III

Quyosh ufqqa lab bosdi. Kichkina shalaq arava tuproq yo‘ldan imillab borar edi. Qora eshak chillakday ingichka oyoqlari bilan tuproq changitib, aravani sudrab borar, g‘ildiraklar nola chekkan kabi hazin g‘iyqillardi.
Aravada o‘tirgan cholning ingichka, burishiq bo‘ynidagi chuqurchasi, oq oralagan sochi Tirkashga ko‘rinib turardi. Dilorning otasi hech qayoqqa shoshilmayotganini shama qilganday eshakni qistamas, boshini tashlab, mudrab borardi. Ertalabdan beri chol Tirkashga bir og‘iz ham gapirmadi. Faqat ahyon-ahyonda milki qizarib ketgan ko‘zlari bilan unga sinchiklab qarab qo‘yar, yana indamasdan teskari qarab olardi.

Aravaning ketida Tirkash bilan yonma-yon kelayotgan Dilor unga qarab jilmayib qo‘yar, allaqayoqdan sindirib olgan tol xivichi bilan yo‘l chetidagi giyohlarni savalab borardi. Uning shapaloq gulli qizil kuylagi shafakda lovillar, o‘zi ham o‘t bo‘lib yonib ketayotganday ko‘rinardi. Tirkash shu topda qizning nima o‘ylayotganini bilolmas, ammo bir ko‘zini sal qisib, istehzoli, jozibali jilmayishidan o‘zining go‘zalligidan, yigitni ergashtirib kelayotganidan mamnun ekanligini ko‘rib turardi.

Quyosh yer ortiga yumalab ketdi. Oqshom shamoli ufqda yonib turgan shafaq alangasini puflab o‘chirdi. Hamon g‘ildiraklar nola chekar, shalaq arava tepalikka chiqib borardi.
Tirkash qishloqdan chiqib ketayotganida hozirgidek ko‘ngli g‘ash bo‘lishini o‘ylamagandi. U Qosim otaning ko‘ziga ko‘rinishdan qo‘rqqan, Tentaksoydan chiqib olguncha tanish shofyorlarning uchrab qolishidan yurak hovuchlab turgandi. Yo‘q, hech kim uchramadi… U Dilorni endi o‘ziniki deb o‘ylar, shu qiz uchun dunyoning narigi chekkasigacha borishga ham tayyor edi. Lekin qishloqdan uzoqlashgan sayin uning qadami sekinlashar, o‘zi qilayotgan gunohini endi tushunayotganday bo‘lardi. Go‘yo kimdir ko‘zga ko‘rinmas nozik, juda nozik iplar bilan uni Tentaksoyga bog‘lab qo‘yganu, bu iplar borgan sayin tarang tortilar, yana bir qadam yursa, uzilib ketayotganday bo‘lardi.

Shalaq arava tepalik ustiga chiqqanda to‘xtadi. Tirkash tag‘in burilib orqaga qaradi. Pastda qishloqni tasmaday o‘rab olgan soy yaltillab ko‘rinar, ammo uylar ko‘zga tashlanmas, quyuq daraxtzor ustiga oqshom sharpasi qo‘ngandi. Uzoqda — katta yo‘l ustida quyuq chang ko‘rindi.
— Poda qaytyapti, — pichirladi u. Birdan ko‘z o‘ngi qorong‘ilashib, xotiralar quyunidan boshi aylanib ketdi.

Bir vaqtlar o‘zi ham kattakon targ‘il sigirni tong-saharda podaga qo‘shib yuborar, kechqurun sigirning o‘zi eshikdan ma’rab kirib kelardi. Sigirni qo‘shni kelin sog‘ib berar, Qosim otaning kampiri o‘lib ketgan, so‘qqabosh edi. Cholning o‘zidan boshqa ovunchog‘i yo‘qligini, uning umidi yolg‘iz Tirkashdan ekanini endigina tushun-diu.

O’sha, suvdan olib chiqqan yiliyoq Qosim ota unga papka, «Alifbe» olib bergan, Tirkash maktabga qatnay boshlagan edi. Tong-saharlab shudring qo‘ngan dalalardan maktabga yugurganlari, yozlari kolxoz bog‘ida bolalar bilan uzum uzishgani, bultur o‘ninchini bitirganida maktabda o‘tkazilgan kecha uning xayolida jonlandi-yu, yuragi gupillab urib ketdi.
Tirkash kuz kechalari xirmonda ishlashni yaxshi ko‘rardi. U baland xirmon ustiga chiqib, chalqancha yotib olar, nazarida osmon borgan sayin pastlashib tushayotganday bo‘lar, paxtaning yelkalariga iliqqina, yumshoqqina bo-tishi ham, salqin shamoldan junjikib, seskanib ketishi ham — hamma-hammasi juda lazzatli edi.

U rohat qilib yotganida pastdan mashinaning bo‘g‘iq ovozi eshitilar, kabina eshigi taraqlab ochilardi.
— Uxlab qoldingmi, hoy lo‘li!

Tirkash shofyorlarning qo‘polligiga parvo qilmas, o‘zini shu qishloqning bir o‘zbegi, bir farzandi hisoblardi. U xirmon ustidan sakrab tushardi-da, kuzovga panshaxa bilan paxta ortardi…
Keyin traktorchiga shogird tushdi. U omochlarni to‘g‘rilab borar, palaxsa-palaxsa bo‘lib ko‘chayotgan tuproq isi, kerosin hidi mast qilib qo‘yganday boshi aylanib ketar, motorning guvillashi ham, traktor atrofida parvonaday aylanayotgan qarg‘alarning qag‘illashi ham gashtli tuyulardi unga.

Yigit o‘sha tuproq isini, bahor qo‘ng‘irog‘idan uyg‘ongan yerning iliq nafasini, Tentaksoyning tishni qamashtirib yuboruvchi muzday suvlarini hech qachon, hech nimaga alishmasligini, alisha olmasligini endi tushundi. Tushundi-yu, tishlari g‘ijirlab ketdi.

…Tirkash yelkasiga kelib tushgan xivich zarbidan seskanib ketdi.
— Yurmaysanmi?

Dilor bir qo‘lini biqiniga tirab, bir qo‘lida xivich o‘ynatib jilmayib turardi. Atrof qorong‘ilashib qolgan, shalaq arava allaqachon pastga tushib ketgandi.
Dilorning hokimona jilmayib turishi ham, o‘tday yoniq ko‘zlari, qirra burni ham birinchi marta xunuk ko‘rinib ketdi unga.

— Turtmasdan gapir! — dedi u bo‘g‘ilib. G’azabdan yuzlari lovillab ketganini o‘zi ham sezib turardi.
— Bechora oshiq! — Dilor birdan qah-qah urib kulib yubordi. Sukunat cho‘kkan adirlar ustidan oqshom sharpasiday sirli, bo‘g‘iq aks-sado keldi.

Tirkash bir siltanib qizning xivichini tortib oldida, mayda-mayda qilib yerga otdi. Dilor hech nima bo‘lmaganday hamon jilmayib turardi.
— Qishloqqa qaytamiz! — Tirkash juda muhim, aziz bir narsani tushuntirmoqchi bo‘lganday, qizning yelkala-ridan ushlab o‘tinch bilan silay boshladi. — Iltimos, Dilor, yo‘q demagin! Ketishimizdan nima foyda, qayoqqa boramiz? Jon Dilor, xo‘p degin, — u birdan qizni bag‘riga bosib shivirlay boshladi: — Tentaksoyga qaytamiz. U yerda mening otam, o‘rtoqlarim, traktorim bor, bilasanmi, — u negadir bo‘g‘ilib ketdi. Tomog‘iga tiqilib qolgan iliq bir narsani yutib arang shivirladi, — bilasanmi, Dilor, u yerda mening… mening vatanim bor. — Qizning soch tolalari yana yuziga tegib ketdi. Yana o‘sha, kishini mast qilib yuboruvchi mayin is gurkiradi. — Dilor, xo‘p degin, bitta xo‘p degin…

Qiz siltanib chekindi. Endi u jilmaymas, ko‘zlari o‘t bo‘lib yonardi.
— Hech kim seni sudrab ketayotgani yo‘q. O’zing kelyap-san, — u birdan chinqirib yubordi. — Sen lo‘li emassan, anqovsan! — keyin ko‘zlari qisilib kinoya bilan ovozini pasaytirdi. — Kim qo‘yibdi senga duch kelgan qizga ergashib yurishni? Bor, qishlog‘ingga boraver! Sen bilan ishim yo‘q. Men bilan ham ishing bo‘lmasin!
Dilor tuproq yo‘ldan pastga qarab chopib ketdi. Tirkash uning shamolda hilpirab uzoqlashib borayotgan ko‘ylagini ko‘rib turar, ammo nima bo‘layotganiga hali ham tushunolmasdi. U bir nafas ikkilanib turdi-da, qizning ketidan yugurdi. Tepaning yarmiga borganda, halloslab yetib olib, qo‘lidan tortdi.

— Dilor!
— Qoch! — qizning ko‘zlari nafrat bilan yonib turardi.

— Ketma, Dilor!
— Qoch, laycha!

Birdan Tirkashning.vujudi muzlab qoldi. Boyagi qaynoq hislar o‘rnini allaqanday yovvoyi kuch egalladi-yu, tarsakilab yubordi uni.
— Yo‘qol! — dedi xirillab, — yo‘qol!

U Dilorning kafti bilan yuzini ushlab qolganini ko‘rdi. Keyin keskin burildi-da, qishloq yo‘lini mo‘ljallab chopib ketdi. Bir marta ham orqasiga qaramadi.
Arslonbob cho‘qqisidan qip-qizarib oy chiqib kelar, tuproq yo‘l oqarib ko‘rinar, Tirkashning soyasigacha qaltirardi.

IV

Qish erta tushdi. Hali g‘o‘zapoyalar yig‘ishtirib olinmasdan qor yog‘di. Ertasiga havo charaqlab ochilib ketdi.
Tirkash qor ko‘rpasiga burkanib endigina uyquga ketgan yerni cho‘chitib traktor haydar, qor bosgan dalalar oftob nurida ko‘zni qamashtirib yarqirar, yakkam-dukkam g‘o‘zapoyalar taqdiridan noliganday shumshayib turardi. Traktor hali yaxlamagan dalada yengilgina suzib, muzyorar kemaday orqasidan qop-qora iz qoldirib borardi.
U tushlikka chiqish uchun motorni o‘chirib, kabinadan sakrab tushdi-yu, paykal boshidagi tutzor yonida turgan qizni ko‘rib qoldi. Boya, motorga suv quyayotganida ham ko‘rganday bo‘lgandi. Qiz sariq paxtalik kiyib, boshiga ko‘k ro‘mol o‘rab olgandi. Uning bir qo‘lini biqiniga tirab turishi tanishday ko‘rindi yigitga.
«O’tkinchilardan bo‘lsa kerak». Tirkash shiypon tomonga burilib ketayotgan edi, qiz qo‘l siltab imo qildi.
Tirkash kirza etiklari bilan qor kechib, besh-o‘n qadam yurdi-yu, qizni tanib qolib, yugurib ketdi. Yuragi yana o‘sha sog‘inch hislar bilan jo‘sh urar, etikning sirg‘anishiga ham, g‘o‘zapoyalarga qoqilishiga ham parvo qilmasdi. «Dilor, Dilor!» — derdi u pichirlab. Negadir quvonchdan entikar, nimaga quvonayotganini o‘zi ham bilmasdi.
U nafasi tiqilib yugurib keldi-yu, Dilorning nozik, ammo chayir qo‘llarini kaftiga oldi.
«Qo‘li muzlab ketibdi», — deb o‘yladi qizning yuziga tikilarkan. Dilorning rangi so‘lg‘inlashgan, ko‘zlari cho‘kkan, ammo hamon jozibali tabassum bilan jilmayib turardi. U isib ketganday paxmoq ro‘molining tugunini yecharkan, tirsagi bilan Tirkashning ko‘kragiga turtdi.
— Haydab yubormaysanmi?
— Qachon kelding?
— Ertalab.
— Butunlaymi?
— Butunlay! — dedi Dilor beparvo. Tirkash qizning ko‘zlariga bir qaradi-yu, shu bir og‘iz so‘zga ishonish mumkinligini tushundi.
— Jinni! — dedi u kulib.
Qizning yelkasiga ohista qo‘l tashladi-da, qor bosgan dala yo‘lidan qishloqqa — o‘z hayotiga boshlab ketdi.

1964

BAHOR KELAAVERADI,
QIZG’ALDOQLAR OCHILAVERADI…
“Ikki eshik orasi” romanidan parchalar
09

“Rost bilan yolg’onning o’rtasi — to’rt enlik”, degan gap bor. Qiziq, nega endi oz emas, ko’p emas, to’rt enlik? Gap shundaki, ko’z bilan quloqning orasi — to’rt enlik ekan. Eshitganingga emas, ko’rganingga ishon… Maqsad — shu… Nachora, hamma rost gapiravermaydi. Ammo yolg’on gapirayotgan odam ham ichida, baribir rostini o’ylaydi…

***

Katta vijdonsizliklar kichkina nopoklikdan boshlanishini bilsam nima qilay axir?

***

Odamzodning qonida g’alati adolatsizliklar bo’ladi. Begonalardagi o’zgarishni darrov sezasizu yaqin odamingizga e’tibor bermaysiz. Xuddi ota¬onangizni birov sizga bog’lab berib qo’ygandek. Go’yo ular siz uchun abadiy yashashi shartdek. Oyim keksayib qolganini, sochlari oqarib ketganini, qovoqlari salqib, yuzi yillab to’shakka yopishib yotgan odamdek sarg’imtil¬zahil tusga kirganini endi payqadim.

***

Ajab, inson xotirasi — eshigi yopib qo’yilgan omborga o’xsharkan. Ombor oldidan har kuni o’tasiz. O’tasizu o’z yumushingiz bilan ovora bo’lib, qayrilib qaramaysiz. Vaqti kelib tasodifiy shamol omborning eshigini ochib yuboradi-yu, beixtiyor ichkariga mo’ralab qaraysiz. Shunda qiziq holat ro’y beradi. Ombor ichida oltindan aziz narsa ham, ko’zingiz tushishi bilan ta’bingizni xira qiladigan qaqir¬ququrlar ham qalashib yotgan bo’ladi. Alam qiladigan joyi shundaki, siz ulardan xohlaganingizni ajratib ololmaysiz… Hammasi baravariga jon ato qilib, atrofingizni qurshab oladi.

***
…Tinch, to’kin zamonning allaqanday osoyishta zavqi bo’ladi.

***

Odam qimmatbaho narsasini yo’qotsa achinadi. Tuhmatga qolsa boshini tog’-toshga uradi. Qadri yerga urilsa, isyon ko’taradi. Yaqin kishilaridan ayrilsa dod soladi… Lekin umidingdan ayrilsang g’alati bo’larkan. Hech nimaga, hech kimga, hatto o’z qadringga ham achinmaysan. Dod solmaysan. Isyon ko’tarmaysan… Go’yo sen o’lgansan. O’zing o’lib, quruq surating qolgan…

***

Somonsuvoq qilingan tomlar ustini bir qarich qor bosgan, yorishib kelayotgan osmonda uchqunlar g’ujg’on o’ynar edi… Negadir birinchi qor yog’ishini uzoq kasal bo’lib yotgan odamning jon taslim qilishiga o’xshataman. Bemor to’shagiga yopishib inqillab yota-yota oxiri omonatini topshiradi-yu, bu dunyoning azoblaridan qutulganiga shukr qilgandek tinchib chehrasi yorishadi.

***

Iz tushmagan qordan yurishning gashti g’alati bo’ladi. Hammayoq jimjit. Yo’l chetidagi qor bosgan tollar turmushning baland¬pastini ko’raverib, har qanday mushkulotni xotirjamlik bilan kutib olishga o’rganib ketgan qariyalardek oppoq boshini quyi solgancha o’yga cho’mgan.

***

Sadoqat bilan xiyonatning orasi shunchalik yaqinmi?

***

Dunyoda hadiksirab yashashdan ortiq azob yo’q ekan. Go’yo boshingda birov qilich ko’tarib turgandek, sen bo’lsang har lahzada o’sha qilich bo’yningga tushishini kutayotgandek. Bora-bora shunaqangi joningdan to’yib ketasanki, qilich taningni boshingdan tezroq judo qilishiga orzumand bo’lib qolasan. Nima bo’lgandayam hadik azobidan qutulsam, bir cho’qib, atrofga ming alanglagan qarg’adek ayanchli ahvoldan xalos bo’lsam deysan…

***

…Odam bolasining fe’li qiziq. Avvalo, umid bilan qurgan imorating bir og’masin ekan. Bir og’dimi bo’ldi, baribir yiqilarkan. To’sib qolaman desang, bosib tushib, o’zingni ham parcha¬parcha qilib tashlashidan qo’rqar ekansan. Negaki, o’sha imoratning poydevori qo’porilishiga bir chekkasi o’zing ham sababchi ekanligingni bilarkansan.

***

Bu — qadim dunyoning odamlar bilan nima ishi bor! Bahor kelaveradi, qizg’aldoqlar ochilaveradi… Odamlar esa keladiyu ketadi. Dunyo o’tkinchi deymiz. Yo’q, dunyo emas, biz o’tkinchimiz. Bahor bir aylanib kelguncha birov tug’iladi, birov o’ladi. Birov¬birovni yaxshi ko’radi. Birov¬ birovning ko’ziga cho’p soladi…

***

Amal — asov otdek gap. Qo’lingdan bir chiqardingmi, ikki dunyodayam yetolmaysan. Ot-ku, oxir¬oqibat egasiga qaytib kelsa¬kelar. Lekin amal qaytmaydi. Uni allaqachon boshqasi egarlab minib olgan bo’ladi. Mabodo seni amal otidan tushirganlar bir emas, ming marta nohaq bo’lganida ham qaytib o’sha otni minishingga yo’l qo’ymaydi. O’zi otdan tushishini o’ylab qo’rqadi.

***

Bilmadim. Ehtimol odamzod farishta bo’lib tug’ilsa-tug’ilar. Ammo bir umr farishta bo’lib yasholmaydi. Hech kim! Hech kim farishta emas. Faqat o’zini oppoq qilib ko’rsatgisi keladi. Ming uringani bilan farishta bo’lolmaydi. Yo’lidan shunaqangi shaytonlar kesib chiqadiki, gunohga botganini o’zi ham sezmay qoladi.

***

…Har qadamda o’lim kutib turgan janggohdan tirik qaytishimga ishonmagan edim. Lekin urush oyoqlagan sayin umidim kuchaya boshladi. Nazarimda sog’-salomat uyga qaytsam, buyog’i nuqul bayram bo’ladiganga o’xshardi. Ertalab ishga boraman. Kechqurun uyga kelsam ovqat tayyor, issiq o’rnim tayyor. Bundan ortiq baxt bormi odamga?

***

Odam o’zini judayam baxtiyor his etsa, xudbin bo’lib qolarkan. O’zgalarning dardini sezmas ekan.

***

Har xil odamlarni ko’ravergandan keyin psixolog bo’lib ketarkansan. Bir toifa shikoyatchilar bor: uyalib, qimtinib, hatto qo’rqib kiradi. Arzimagan narsaniyam ovozi titrab gapiradi. Bular — ko’pincha haq bo’ladi.

Yana bir toifa bor. Eski qadrdonlardek bemalol omonlashadi. Ovozini pasaytirib gapiradi. “Bilamiz, sizdayam bola-chaqa bor, shu ish to’g’ri bo’lsa qarzdor bo’lib qolmaymiz”, degandek imo-ishoralar qiladi. Bola-chaqa uyoqda tursin, xotinim ham yo’qligini bilmaydi. Ammo pinjimga kirib ketgudek bo’ladi. To’g’ri, pora beraman demaydiyu dudmalroq qilib gapiradi. Bunaqalar bilan muomala qilishni boplayman. Trubkani ko’tarib, ataylab ikkita nomer teraman. “Militsiyami?” deyishim bilan yo qochib qoladi, yo bidir-bidir qilib boshqacha sayrab ketadi.

***
Ehtimol o’g’rilik qilgan odamning siri ochilmas. Ehtimol qotillik qilgan olchoqning ham siri bilinmas. Ammo xiyonat fosh bo’lmay qolmaydi. Negaki, xiyonatni bir odam qilmaydi. Albatta, sherigi bo’ladi. Faqat, yomon joyi shundaki, xiyonatdan ozor chekkan odam bu sirni hammadan keyin biladi. Shunisi alam qiladi.

***

…Odamzotning fe’li shunaqa. Noxush narsani eslagisi kelmaydi. Ammo yomon xotira barmoqqa chiqqan yaraga o’xshaydi. Qo’lingni qimirlatishing bilan o’sha la’nati yara bexosdan bir joyga tegib ketadi-yu, azob beradi.

***

Achchiqni achchiq kesadi deyishardi. Ba’zan achchiqni shirin ham kesarkan.

***

Odam birovni aldashi mumkin. Ammo o’zingni o’zing alday olmaysan. Osmondagi yulduzni uzib olib bo’lmaydi!

***

Tiriklarni hurmatlagan odam, marhumlarni izzat qiladi.

***

Marhumlar hech nimani eslamaydi, desangiz xato qilasiz. Marhumlarning xotirasi siz tiriklarnikidan yaxshiroq bo’ladi. Negaki, siz ming xil tashvish bilan yelib¬yugurasiz. Bizning esa xotiralarni eslashdan boshqa yumushimiz yo’q.

***

Hayot nima o’zi?.. Tole hadya etgan in’om. Ammo odamlar har xil. Birov shu in’omni boshqalar bilan baham ko’radi. Birov boshqalarnikiniyam qo’shib olgisi keladi. Shu bilan umri uzayib qoladigandek. Gap qachon o’lishdami? Qanday o’lishda emasmi!

***

Ming yil yashagan bir sahoba “Esiz-esiz, u eshikdan kirdimu bu eshikdan chiqib ketayapman”, degan ekan. Shunaqa, bolam… Hech kim o’lishni o’ylamaydi. Ammo odamzodga umr o’lchab berilgan. Shunaqalikka shunaqa-ku, odamning umri necha yil yashagani bilan o’lchanmaydi. Bir xil odamlar bor: u eshikdan kirib, bu eshikdan chiqib ketayotganda qo’lidan kelgancha savobli ish qiladi. Hayot degan imoratga aqalli bitta g’isht qo’yib ketadi. Yana bir xillari bor: o’sha imoratdan aqalli bitta g’ishtni o’g’irlab ketgisi keladi. O’g’irlab¬ku, hech qayoqqa borolmaydi, narigi eshik oldiga borganda baribir tashlab ketadi. Ikki orada imoratni buzgani qoladi…

***

Quyosh har kuni uyg’ongan zahoti jilmayib boqadiyu unsiz xitob qiladi: “Bir kiprik qoqgulik qisqagina umringizda tinch-totuv yashasalaring bo’lmaydimi? Goh non talashasizlar, goh shon! Goh makon talashasizlar, goh imon? Axir hammangiz insonsiz-ku. Hammangiz mening bolalarimsiz-ku, men sizlarning otalaringizman-ku. Bir¬birlaring bilan qirpichoq bo’laverishlaringni ko’rib charchab ketdim-ku! O’z onangizni — Yer kurrasini adoyi tamom qilib tinchimoqchimisiz?! Shu niyatda
ko’tarib yuribdimi ko’ksida!”

Zamira RO’ZIEVA tayyorlagan.

Manba: «Qashqadaryo» gazetasi veb-sahifasi

05

(Tashriflar: umumiy 14 953, bugungi 1)

2 izoh

  1. Bu kitob haqida asar haqida har qancha gapirsak oz bu huddi mening kechinmalarimga oxwaydi

  2. Assalom alaykum hurmatli admin iltimos elektron kitobni telifonga qanday qilib yuklab olsa bo’ladi.Man sayt yoqti.
    Oldindan javob berganingiz uchun rahmat.

Izoh qoldiring