Михаил Юрьевич Лермонтов [1814.3(15).10, Москва — 1841.15(27).7, Пятигорск] — рус шоири. Болалик чоғлари Пенза губернясидаги Тархан (ҳозирги Лермонтов) қишлоғида кечган. 1827 йилда бувиси Е.А.Арсеньева билан бирга Москвага кўчиб борган ва 1828 йилда Москва университети қошидаги пансионнинг 4-курсига ўқишга кирган. Дастлабки шеърлари, «Черкеслар» (1828) ва «Кавказ асири» (1929) достонлари шу ерда ёзилган. Лермонтов пансиондаги 2 йиллик таҳсилидан сўнг 1830 йилда университетнинг маънавий-сиёсий бўлимига ўқишга киради. Лермонтов талабалик йилларида қатор лирик шеърлар, достон ва драмалар ёзган («Одамлар ва эҳтирослар», 1930 ва б.). 1832 йилда университетни тарк этади ва Петербургга бориб, гвардия подпрапоршчиклари ва кавалерия юнкерлари мактабига ўқишга киради. Мазкур мактабни тугатгач, Лермонтов Царское Селода жойлашган гусарлар полкига юборилади (1834). Навқирон гусар кўп вақтини аслзодаларнинг кўнгилочар давраларида ўтказиб, шу давралардан олган таассуротлари асосида «Маскарад» драмаси, «Ҳожи Абрек» романтик достони (1835) ва бошқа асарларини ёзади. Лермонтов 1837 йилда А.С.Пушкиннинг фожиали ўлимига бағишлаб «Шоирнинг ўлимига» шеърини ёзади. Лермонтов бу шеърда шоирнинг ўлимида айбдор саналган ҳукмрон кучларни кескин қоралагани учун Кавказга сургун қилинган. Лермонтовнинг Кавказда бўлиши унинг шоир ва рассом сифатидаги ижодига самарали таъсир кўрсатди. Кавказ табиати ва элатлар фольклорига меҳр қўйган шоир шу ерда «Ошиқ Ғариб» (1837) шарқ эртаги, «Замонамиз қаҳрамони» (1840) романи ва кўплаб рангтасвир асарларини яратди. Е.А.Арсеньева ва шоир В.А.Жуковскийнинг саъй-ҳаракатлари билан афв этилган Лермонтов 1838 йил январда Петербургга ва апрель ойида эса Царское Селода жойлашган гусар полкига кайтиб келади. Петурбургдаги қизғин адабий ҳаёт 30-йиллар охирида Лермонтов ижодида эрксеварлик йўналишининг кенг қанот ёзишига имконият туғдиради. «Ўйлар», «Шоир», «Ўзингга ишонма…», «Пайғамбар», «Алвидо, Русия, эй нопок макон» каби шеърлари, «Мцири», «Демон» («Иблис») каби достонлари, «Бэла» қиссаси (ҳаммаси 1839) Лермонтов ижодининг камолот босқичига кўтарилганидан шаҳодат беради. Шу кезларда Франция элчисининг ўғли Э.Барант билан бўлиб ўтган дуэль Лермонтовнинг иккинчи марта Кавказга сургун қилинишига сабабчи бўлади. У Кавказдаги пиёдалар полки таркибида бир неча ҳарбий юришларда иштирок этади. Унинг шу вақтда (1840, окт.) «Отечественные записки» журналида эълон қилган шеър ва достонлари Петербургда катта акс-садо беради. Бундан фойдаланган Е.А.Арсеньева набирасининг Петербургга таътилга келишига эришади (1841, февраль). Аммо расмий доиралардаги ўзига бўлган совуқ муносабатни кўрган Лермонтов 1841 йил 13 майда Пятигорскка қайтиб келади. Шу вақтда бу ерларда истироҳат қилаётган бир гуруҳ ёшлар Лермонтов билан зобит Н.С.Мартинов ўртасида жанжал чиқишига эришадилар. 13 июль куни шоир дуэлда вафот этади. Лермонтовнинг хоки Тархан қишлоғига олиб келиниб, Арсеньевлар хилхонасида дафн этилган (1842 йил 23 апрель). Лермонтов шоир, носир ва рассом сифатида рус маданияти тарихида фахрий ўринлардан бирини эгаллайди. У ўзининг энг яхши асарларида эрксеварлик ва ватанпарварлик ғояларини баланд пардаларда куйлади, мустамлакачилик сиёсати улуғ рус шовинизмининг авж олишига сабаб бўлиши ҳақида рус жамиятини огоҳлантирди, юксак фуқаролик идеалларини тасдиқлади. Лермонтов ижоди Ўзбекистонда катта эътибор қозонган. Шоир ҳаётининг йирик саналари (1941, 1954, 1964, 1989) муносабати билан ўзбек матбуоти, театри ва жамоат ташкилотлари Лермонтов ижодига кўп бор мурожаат этдилар. Асарлари Ойбек, Шайхзода, Миртемир, Усмон Носир, Асқад Мухтор ва бошқа томонидан ўзбек тилига таржима қилинган. Лермонтовнинг «Маскарад» драмаси Ўзбек миллий академик драма театрида саҳналаштирилган. Тошкент ва бошқа шаҳарларда Лермонтов номи билан аталган мактаб ва кўчалар бор.
Наим Каримов.
Михаил Лермонтов
ШЕЪРЛАР
Хуршид Даврон таржималари (1981)
ЕЛКАН
Кўринади ёлғиз оқ елкан
Зангор денгиз тумани аро!..
Нелар излар у йироқ элдан,
Нелар қолди юртида танҳо?..
Тўлқин ўйнар,шамол изиллар,
Эгик мачта ғижиллар ингроқ…
Афсус! У на бахтини излар,
На бахтидан қочмоқда йироқ!
Пастда мовий тўлқин тинмайди,
Кўкда қуёш қилар тиловат.
У — исёнкор,бўрон тилайди,
Бўронларда бордек ҳаловат.
КУЗ
Далаларда сарғайди япроқ,
Хазон учар,хазон айланар.
Қалин ўрмон қўйнида бироқ,
Яшиллигин сақлар қайинлар.
Энди излаб қоя соясин,
Майсазорда ёнбошлаб бир дам,
Кундузги зўр меҳнатдан кейин
Дам олишни суймас қўшчи ҳам.
Жасур йиртқич бу ҳорғин палла
Яширинмоқ истаб ҳоли танг.
Тунги ой ҳам хира ва дала
Туман аро порлар кумушранг.
Тақдим этилаётган шеърлар шоирнинг «Ватан» номи билан 1982 йили Тошкентда нашр этилган тўпламидан олинди.
Juda juda zo’r
Ажойиб таржима килинган екан!!!!.