Клод Лоррен сувратларини кўрганман.Уларда қасрларнинг вайроналари жуда қадим замонлардан қиссалар айтаётгандай.Сокин кўрфазлар,қанотли малоикалар,кўпириб ётган оқ булутлар,тонглар,тунлар,сўлим чошгоҳлар.Эски ғишт кўприклар чуқур оқаётган дарёлар узра…Дарахтлар эса…Клод Лоррен сувратларида дарахтлар доим марказда,доим борлиқ узра юксалиб сирли ҳикоятлар сўйлайдилар.Улар гўё кўп юриб,заминни айлана-айлана ҳориб шу ерда чўккандайлар,нафас ростлаётгандайлар.
Хуршид Даврон шеърларини ўқиганда Клод Лоррен сувратлари ёдимга тушади.Ўхшашлик бор эди улар ўртасида.
Тарих дам ҳайқиради,дам узоқ сукутга кетади бу шеърларда.Хуршид Давронга санъат,китоблар,тарих,қадим адабиёт кўпроқ илҳом беради.Унинг шеърларида давримизнинг зиёли кишиси образи анча бой кечинмалари билан гавдаланади.
Иброҳим Ғaфуров
Хуршид Даврон
ШЕЪРЛАР
ЁНАЁТГАН ГУЛХАНЛАР
Кўз ўнгимда бепоён боғлар,
Япроқларда тилларанг ғубор.
Яқинлашиб қолгандек тоғлар,
Ҳаво шундай тиниқ, беғубор.
Шитирлаган тунги ёмғир ҳам,
Туманларни қучоқлаган тонг,
Қоп-қорайган дала-ю қир ҳам
Бари менга таниш, қадрдон.
Дарахтларда ловиллар гулхан,
Юрагимда унинг тафти бор.
Боғчадаги хазонлар билан
Учиб юрар кечаги баҳор.
Мени ташлаб кетмоқчи дўстни
Тўхтатмоқчи бўлгандай, бу он
Мен жимгина қўлим чўзаман
Ёнаётган гулханлар томон.
1977
ЭСКИ ШАҲАР
Бибихоним даҳмаси харобасида
сўнгги бор этар ва сўнар қуёш.
Уйғона бошлайди кун нафасидан
мудраб, ухлаб қолган қора қабртош.
Тор, қийшиқ кўчалар адашиб қолиб,
илондек ўрмалар нурафшон тунда.
Товлана бошлайди қайғуга тўлиб
“Зижи Кўрагон”нинг акси осмонда.
Мудрар сезгир қушлар бутоқлар аро,
уларнинг уйқусин бузар шамоллар
ва қайсар эшагин ниқтаб бесадо
уйга қайтаётган бозорчи чоллар.
Томга учиб тушган ёрқин бир юлдуз
куйдира бошлаган пайтда ўтларни,
мункайган чол каби қариган кундуз
Шоҳизинда томон писиб ўтарди…
Эски шаҳар ухлар, мудраган токлар
пахса деворларни маҳкам қучоқлар.
Ухлайди бозорда қовуну-ноклар,
армонга айланиб муаттар боғлар.
Тунги сукунатда тўкилар ерга
йиллар нафасидан нам тортган шўрхок.
Боладек мўлтираб боқар шаҳарга
бир четда биқиниб олган митти боғ.
1979
САМАРҚАНДДА ТОНГ ОТИШИНИ КУТИБ
I
Тун кезинар… Қора кийган йўлчидек маҳзун
тун кезинар. Нигоҳимга йўл бермайди тун.
Кўзим чарчар тўқнашганча тун деворига.
Тун девори – қоронғилик, чексиз кўланка.
Термиламан, биламанки яқиндир саҳар
ва қаршимда оқ кийиниб уйғонар шаҳар.
Бироқ, ойдин саҳаргача яшамоқ керак,
гоҳо ойга, гоҳ юлдузга ўхшамоқ керак.
II
Қора саҳро тупроғидан униб чиқар тонг,
кўтарилар ниҳол каби шамси қамарга.
Ҳайратларим тўзим билмай балки ўша он
боқадирман кўзим ёниб она шаҳарга.
Қайда қолди Бибихоним?! Қайда Улуғбек?!
Оҳ, кимларнинг суягини оқартирганча
Самарқанднинг осмонида порлар ёруғлик,
қумга сингган Зарафшондек йўқолгач кеча.
Тонг отдими, бунда йўлин йўқотган тушлар
каби кўкда чарх уради ҳориган қушлар.
Бу қушчалар учиб келар гўё офтобдан –
олисларда қолиб кетган Афросиёбдан.
Қўл чўзсанг бас, қўлларингга қўнади улар
ва кафтингда қолар чангга айланган йиллар.
1979
ТУНГИ БОҒЛАР СУРАТГА ЎХШАР…
Тунги боғлар суратга ўхшар,
ҳар бир чизиқ аниқ ва қора.
Кундузи у мен каби яшар,
тунда – қотиб қолган хотира.
Нозик чизиқ…
Ва кўпкарига
кирган отдек шиддатли чизиқ.
Гўё барин боғ дафтарига
қўйган каби мусаввир чизиб.
Боғлар тунда суратга ўхшар,
қора тортиб қолар чизиқлар.
Шунда қанча узоқ тикилсанг,
хотира ҳам шунча чўзилар.
1979
САМАРҚАНДДА ОЙДИН ТУН
Ер устида нурлар сояси…
Ойдин тун бу!
Гўё жодугар
Шаҳар узра ҳарир оқ дока
Ташлаб қўйиб томоша қилар.
Ой нуридан илиган умид
Юрагимни қилар безовта.
Кўксаройнинг соқчиси – кўр ит
Эгасини излар моҳтобда.
Осмон гулхан чўғлари тушиб
Милт-милт этиб ёнаётган шол.
Арвоҳларнинг безовта туши –
Чинорларни силкитган шамол.
Мудроқ нигоҳ ила боқаман,
Мозий ёди мени қилар маст.
Гўё дарё аро оқаман –
Манзилимни ҳеч кимса билмас…
1980
САМАРҚАНД
1. КУНДУЗ
Кўчалари бир-бирин тинмай
такрорлайди мисли акс-садо.
Олислардан келган кемадай
қалқиб турар Регистон танҳо.
Шу кемада келгандай, тушиб
эмаклайди ташна тонготар.
Унга асрий ўйларин қўшиб
Тошҳовуз бир ҳовуч сув тутар.
Кўкда мовий дарё сузади,
оқиб ётар мовий бир кадар,
Алплар отган пўлат найзадек
кўкка ботиб турар минорлар.
Олислардан келиб зиёрат
қилган каби армон мозорин,
Бибихоним масжиди узра
янграр Улуғ Қушлар Бозори.
Олиб чиқар нурга кўмилиб,
боболарга қирқ қари зина
Ва эртакнинг нуқтаси бўлиб
қотиб турар тунд Шоҳизинда.
Шоҳизинда қабрларида
ухлаб ётар юз-юзлаб шаҳар.
Бироқ, унда энди ҳеч қачон
тун чўкмайди, оқармас саҳар.
2. ТУН
Юлдузларга боқиб сармаст
шовиллайди чорбоғлари,
Шаҳар томон оқиб тушар
Афросиёб сўқмоқлари.
Улар ойдин, улар сархуш,
ичгандек куз шаробидан,
Ерга қўнар мисоли қуш
хазонлар – ол, зардобиранг.
Мункиллаган кампирлар жим
шам ёқади мозорларда,
Саратоннинг иси ҳоким
мудраб ётган бозорларда.
Ачиган май иси кезган
ҳовлиларда шамол-дайди,
Ниманидир гўё излаб
хумлар гирдин айланади…
Ҳамма ухлар, фақат шамол
дарахтларнинг сочин тарар.
Ухламасдан қўриқлайди
Самарқандни миноралар.
3. ТОНГ
Туш кўрдим мен бугун саҳарда –
титраб ёниб дил ларзасидан,
Кирармишман мовий шаҳарга
мен Навбаҳор дарвозасидан.
Ва юлдузлар чанги қопланган
майсаларнинг яшил қоғозин
Ўқиб турсам, ернинг қаъридан
янграр эмиш инсон овози:
— Мен опичлаб Афросиёбни
олиб келдим, чиққин югуриб.
Тушда кўриб ҳар кун офтобни
сочим кетди қордек оқариб.
…Уйғондиму чиқдим кўчага –
шаршарадек ойдин эди тун.
Қиздек ухлаб ётган кечага
мен меҳримни бердим ўша кун.
Кўзим тиниб осмонга боқдим,
у шишадек порларди совуқ.
Ёр яшаган равоқдан оқиб
тушар эди пастга чирмовиқ.
Ва куз меҳри чулғаган боғда,
она шаҳрим, сени ўйладим.
Кекса боғлар уйғонган чоғда
тонгга сингиб кетди ўйларим.
1980
ТУН ШУНДАЙ ЗИМ-ЗИЁ…
(М.Флорианга назира)
Тун шундай
зим-зиё –
нақш олмалар
юлдуздек порлар.
Тун шундай
чуқурки –
Учган юлдуз
қудуққа тушар.
Тун шундай
ойдинки –
Келинчаклар
дарчани тўсар.
Тун шундай
сокинки –
Эшитилар
қуёш нафаси.
1980
ҲОЖИ АБДУЛАЗИЗ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ
Қўшиқ – дил сукунати
ва сўзларнинг фарёди.
Қоп-қора оқшом пайти
янгради “Ушшоқ” доди.
Фонуснинг тиллари ҳам
жўр бўлар бу қўшиққа
ва титраб етиб борар
ҳилол – тилла бошоққа.
Қора шохли дарахтлар
силкинар куй авжида.
Юлдузчалар чўмилар
ойдин қайғу мавжида.
О, Ҳожи бобо саси,
қалқир ҳорғин миноралар,
бир-бирининг кўксига
бош қўяди чинорлар.
Гўри Мир даҳмасида
ўкиради оппоқ тош –
тош остида Улуғбек
кўзида қалқдими ёш?
Титратар гумбаз аро
қотиб қолган ҳавони
ва ранглар ташна саҳро
каби ютар навони.
О, Ҳожи бобо саси,
девордан оқади ранг
ва ранг билан юракни
бўяр мусаввир оҳанг.
Бу қўшиқнинг дардидан
мойчечаклар сарғаяр.
Уларнинг баргида жим
тош кўз ёши сирғалар.
Тун қучган ҳовлиларда
ухлатиб неварасин,
Кампирлар уйғотмоқда
юракдаги ярасин.
Расадхона шаҳардан
қирлар томон югурар
ва унинг нафасига
ёвшаннинг ҳиди урар.
Шоҳизинда бағрида
янграр қирқ зина сози –
қирқ пардага бўлинар
Ҳожи бобо овози.
Бу қўшиқнинг сасидан
ҳаво дардга қорилди,
бўғзимдаги ғунчалар
анор каби ёрилди.
О, Ҳожи бобо саси,
нақадар ғамгин, маҳзун.
Бу овознинг нафаси
ҳофиз умридан узун.
О, Ҳожи бобо саси –
ёвшангуллар нафаси…
1980
ОЛИС-ОЛИС ТОҒЛАР ТОМОНДА
Олис-олис тоғлар томонда
Қўзғалмоқда кузак бўрони
Ва ҳадемай чексиз осмонда
Пайдо бўлар унинг сурони.
Печакгулнинг новдаларидан
Япроқлари тўкилиб бўлди.
Чечак боғлар,
Заъфарон боғлар
Хазонларнинг оҳига тўлди.
Қировларга айланар шабнам,
Ой гардишсиз чиқмас фалакка.
Ўз-ўзимни тайёрлаб мен ҳам
Сиғинаман ёлғиз юракка.
Уни-да мен очдим дардларга,
Қутқаради дилни фақат ғам.
Ғам ёр бўлар фақат мардларга,
Улар ғамни кўрмаслар баҳам.
1988
* * *
Юлдузларин кўкка сочди ғайб,
Ой ҳам чиқди сочлари тўзиб,
Гўё қилиб қўйгандайин айб,
Шол рўмол-ла юзини тўсиб.
Сукут аро ухлайди дала,
Ой сутини ичиб гўдакдай –
Қайлардадир, қилганча нола,
Бўзлаётир ғамдийда қўшнай.
Тиниқ тортиб боради осмон,
Аммо сирин очмас мавжудот.
Поёни йўқ адирда бу он
Ўтлаб юрар киртиллаб бир от.
От ёнида чўзала тушиб,
Кўкатларни силайди қўлим.
Юлдузларнинг тафтида яйраб
Бундай пайтда исинар ўлим.
Ҳув, пастликда шағиллар дарё,
Қирғоғида қамишлар қалин.
У яшириб тургандек гўё
Бу дунёнинг ҳасратли қалбин…
1989
КУЗ ТАШБЕҲЛАРИ
Бева аёл қалби – сарғайган япроқ.
Ўтмиш ёди – булут чулғаган юлдуз.
Ўзбек боласининг рангидир – тупроқ,
Учиб кетган қушнинг бўм-бўш ини – куз…
1989
Kattalashtirish uchun suratni bosing
Klod Lorren suvratlarini ko’rganman.Ularda qasrlarning vayronalari jida qadim zamonlardan qissalar ayrayotganday.Sokin ko’rfazlar,qanotli maloikalar,ko’pirib yotgan oq bulutlar,tonglar,tunlar,so’lim choshgohlar…Eski g’isht ko’priklar chuqur oqayotgan daryolar uzra…Daraxtlar esa…Klod Lorren suvratlarida daraxtlar doim markazda,doim borliq uzra yuksalib sirli hikoyatlar so’ylaydilar.Ular go’yo ko’p yurib,zaminni aylana-aylana horib shu yerga cho’kkandaylar,nafas rostlayotgandaylar.Xurshid Davronning she’rlarini,uning keyingi kitobi “To’marisning ko’zlari”ni o’qiganda,Klod Lorren suvratlari yodimga tushdi.O’xshashlik bor edi ular o’rtasida.
Tarix dam hayqiradi,dam uzoq sukutga ketadi bu she’rlarda.Xurshid Davronga san’at,kitoblar,tarix,qadim adabiyot ko’proq ilhom beradi.Uning she’rlarida davrimizning ziyoli kishisi obrazi ancha boy kechinmalar bilan gavdalanadi.
Ibrohim G’аfurov
Xurshid Davron
SHE’RLAR
YONAYOTGAN GULXANLAR
Ko’z o’ngimda bepoyon bog’lar,
Yaproqlarda tillarang g’ubor.
Yaqinlashib qolgandek tog’lar,
Havo shunday tiniq, beg’ubor.
Shitirlagan tungi yomg’ir ham,
Tumanlarni quchoqlagan tong,
Qop-qoraygan dala-yu qir ham
Bari menga tanish, qadrdon.
Daraxtlarda lovillar gulxan,
Yuragimda uning tafti bor.
Bog’chadagi xazonlar bilan
Uchib yurar kechagi bahor.
Meni tashlab ketmoqchi do’stni
To’xtatmoqchi bo’lganday, bu on
Men jimgina qo’lim cho’zaman
Yonayotgan gulxanlar tomon.
1977
ESKI SHAHAR
Bibixonim dahmasi xarobasida
so’nggi bor etar va so’nar quyosh.
Uyg’ona boshlaydi kun nafasidan
mudrab, uxlab qolgan qora qabrtosh.
Tor, qiyshiq ko’chalar adashib qolib,
ilondek o’rmalar nurafshon tunda.
Tovlana boshlaydi qayg’uga to’lib
“Ziji Ko’ragon”ning aksi osmonda.
Mudrar sezgir qushlar butoqlar aro,
ularning uyqusin buzar shamollar
va qaysar eshagin niqtab besado
uyga qaytayotgan bozorchi chollar.
Tomga uchib tushgan yorqin bir yulduz
kuydira boshlagan paytda o’tlarni,
munkaygan chol kabi qarigan kunduz
Shohizinda tomon pisib o’tardi…
Eski shahar uxlar, mudragan toklar
paxsa devorlarni mahkam quchoqlar.
Uxlaydi bozorda qovunu-noklar,
armonga aylanib muattar bog’lar.
Tungi sukunatda to’kilar yerga
yillar nafasidan nam tortgan sho’rxok.
Boladek mo’ltirab boqar shaharga
bir chetda biqinib olgan mitti bog’.
1979
SAMARQANDDA TONG OTISHINI KUTIB
I
Tun kezinar… Qora kiygan yo’lchidek mahzun
tun kezinar. Nigohimga yo’l bermaydi tun.
Ko’zim charchar to’qnashgancha tun devoriga.
Tun devori – qorong’ilik, cheksiz ko’lanka.
Termilaman, bilamanki yaqindir sahar
va qarshimda oq kiyinib uyg’onar shahar.
Biroq, oydin sahargacha yashamoq kerak,
goho oyga, goh yulduzga o’xshamoq kerak.
II
Qora sahro tuprog’idan unib chiqar tong,
ko’tarilar nihol kabi shamsi qamarga.
Hayratlarim to’zim bilmay balki o’sha on
boqadirman ko’zim yonib ona shaharga.
Qayda qoldi Bibixonim?! Qayda Ulug’bek?!
Oh, kimlarning suyagini oqartirgancha
Samarqandning osmonida porlar yorug’lik,
qumga singgan Zarafshondek yo’qolgach kecha.
Tong otdimi, bunda yo’lin yo’qotgan tushlar
kabi ko’kda charx uradi horigan qushlar.
Bu qushchalar uchib kelar go’yo oftobdan –
olislarda qolib ketgan Afrosiyobdan.
Qo’l cho’zsang bas, qo’llaringga qo’nadi ular
va kaftingda qolar changga aylangan yillar.
1979
TUNGI BOG’LAR SURATGA O’XSHAR…
Tungi bog’lar suratga o’xshar,
har bir chiziq aniq va qora.
Kunduzi u men kabi yashar,
tunda – qotib qolgan xotira.
Nozik chiziq…
Va ko’pkariga
kirgan otdek shiddatli chiziq.
Go’yo barin bog’ daftariga
qo’ygan kabi musavvir chizib.
Bog’lar tunda suratga o’xshar,
qora tortib qolar chiziqlar.
Shunda qancha uzoq tikilsang,
xotira ham shuncha cho’zilar.
1979
SAMARQANDDA OYDIN TUN
Yer ustida nurlar soyasi…
Oydin tun bu!
Go’yo jodugar
Shahar uzra harir oq doka
Tashlab qo’yib tomosha qilar.
Oy nuridan iligan umid
Yuragimni qilar bezovta.
Ko’ksaroyning soqchisi – ko’r it
Egasini izlar mohtobda.
Osmon gulxan cho’g’lari tushib
Milt-milt etib yonayotgan shol.
Arvohlarning bezovta tushi –
Chinorlarni silkitgan shamol.
Mudroq nigoh ila boqaman,
Moziy yodi meni qilar mast.
Go’yo daryo aro oqaman –
Manzilimni hech kimsa bilmas…
1980
SAMARQAND
1. KUNDUZ
Ko’chalari bir-birin tinmay
takrorlaydi misli aks-sado.
Olislardan kelgan kemaday
qalqib turar Registon tanho.
Shu kemada kelganday, tushib
emaklaydi tashna tongotar.
Unga asriy o’ylarin qo’shib
Toshhovuz bir hovuch suv tutar.
Ko’kda moviy daryo suzadi,
oqib yotar moviy bir kadar,
Alplar otgan po’lat nayzadek
ko’kka botib turar minorlar.
Olislardan kelib ziyorat
qilgan kabi armon mozorin,
Bibixonim masjidi uzra
yangrar Ulug’ Qushlar Bozori.
Olib chiqar nurga ko’milib,
bobolarga qirq qari zina
Va ertakning nuqtasi bo’lib
qotib turar tund Shohizinda.
Shohizinda qabrlarida
uxlab yotar yuz-yuzlab shahar.
Biroq, unda endi hech qachon
tun cho’kmaydi, oqarmas sahar.
2. TUN
Yulduzlarga boqib sarmast
shovillaydi chorbog’lari,
Shahar tomon oqib tushar
Afrosiyob so’qmoqlari.
Ular oydin, ular sarxush,
ichgandek kuz sharobidan,
Yerga qo’nar misoli qush
xazonlar – ol, zardobirang.
Munkillagan kampirlar jim
sham yoqadi mozorlarda,
Saratonning isi hokim
mudrab yotgan bozorlarda.
Achigan may isi kezgan
hovlilarda shamol-daydi,
Nimanidir go’yo izlab
xumlar girdin aylanadi…
Hamma uxlar, faqat shamol
daraxtlarning sochin tarar.
Uxlamasdan qo’riqlaydi
Samarqandni minoralar.
3. TONG
Tush ko’rdim men bugun saharda –
titrab yonib dil larzasidan,
Kirarmishman moviy shaharga
men Navbahor darvozasidan.
Va yulduzlar changi qoplangan
maysalarning yashil qog’ozin
O’qib tursam, yerning qa’ridan
yangrar emish inson ovozi:
— Men opichlab Afrosiyobni
olib keldim, chiqqin yugurib.
Tushda ko’rib har kun oftobni
sochim ketdi qordek oqarib.
…Uyg’ondimu chiqdim ko’chaga –
sharsharadek oydin edi tun.
Qizdek uxlab yotgan kechaga
men mehrimni berdim o’sha kun.
Ko’zim tinib osmonga boqdim,
u shishadek porlardi sovuq.
Yor yashagan ravoqdan oqib
tushar edi pastga chirmoviq.
Va kuz mehri chulg’agan bog’da,
ona shahrim, seni o’yladim.
Keksa bog’lar uyg’ongan chog’da
tongga singib ketdi o’ylarim.
1980
TUN SHUNDAY ZIM-ZIYO…
(M.Florianga nazira)
Tun shunday
zim-ziyo –
naqsh olmalar
yulduzdek porlar.
Tun shunday
chuqurki –
Uchgan yulduz
quduqqa tushar.
Tun shunday
oydinki –
Kelinchaklar
darchani to’sar.
Tun shunday
sokinki –
Eshitilar
quyosh nafasi.
1980
HOJI ABDULAZIZ HAQIDA QO’SHIQ
Qo’shiq – dil sukunati
va so’zlarning faryodi.
Qop-qora oqshom payti
yangradi “Ushshoq” dodi.
Fonusning tillari ham
jo’r bo’lar bu qo’shiqqa
va titrab yetib borar
hilol – tilla boshoqqa.
Qora shoxli daraxtlar
silkinar kuy avjida.
Yulduzchalar cho’milar
oydin qayg’u mavjida.
O, Hoji bobo sasi,
qalqir horg’in minoralar,
bir-birining ko’ksiga
bosh qo’yadi chinorlar.
Go’ri Mir dahmasida
o’kiradi oppoq tosh –
tosh ostida Ulug’bek
ko’zida qalqdimi yosh?
Titratar gumbaz aro
qotib qolgan havoni
va ranglar tashna sahro
kabi yutar navoni.
O, Hoji bobo sasi,
devordan oqadi rang
va rang bilan yurakni
bo’yar musavvir ohang.
Bu qo’shiqning dardidan
moychechaklar sarg’ayar.
Ularning bargida jim
tosh ko’z yoshi sirg’alar.
Tun quchgan hovlilarda
uxlatib nevarasin,
Kampirlar uyg’otmoqda
yurakdagi yarasin.
Rasadxona shahardan
qirlar tomon yugurar
va uning nafasiga
yovshanning hidi urar.
Shohizinda bag’rida
yangrar qirq zina sozi –
qirq pardaga bo’linar
Hoji bobo ovozi.
Bu qo’shiqning sasidan
havo dardga qorildi,
bo’g’zimdagi g’unchalar
anor kabi yorildi.
O, Hoji bobo sasi,
naqadar g’amgin, mahzun.
Bu ovozning nafasi
hofiz umridan uzun.
O, Hoji bobo sasi –
yovshangullar nafasi…
1980
OLIS-OLIS TOG’LAR TOMONDA
Olis-olis tog’lar tomonda
Qo’zg’almoqda kuzak bo’roni
Va hademay cheksiz osmonda
Paydo bo’lar uning suroni.
Pechakgulning novdalaridan
Yaproqlari to’kilib bo’ldi.
Chechak bog’lar,
Za’faron bog’lar
Xazonlarning ohiga to’ldi.
Qirovlarga aylanar shabnam,
Oy gardishsiz chiqmas falakka.
O’z-o’zimni tayyorlab men ham
Sig’inaman yolg’iz yurakka.
Uni-da men ochdim dardlarga,
Qutqaradi dilni faqat g’am.
G’am yor bo’lar faqat mardlarga,
Ular g’amni ko’rmaslar baham.
1988
* * *
Yulduzlarin ko’kka sochdi g’ayb,
Oy ham chiqdi sochlari to’zib,
Go’yo qilib qo’ygandayin ayb,
Shol ro’mol-la yuzini to’sib.
Sukut aro uxlaydi dala,
Oy sutini ichib go’dakday –
Qaylardadir, qilgancha nola,
Bo’zlayotir g’amdiyda qo’shnay.
Tiniq tortib boradi osmon,
Ammo sirin ochmas mavjudot.
Poyoni yo’q adirda bu on
O’tlab yurar kirtillab bir ot.
Ot yonida cho’zala tushib,
Ko’katlarni silaydi qo’lim.
Yulduzlarning taftida yayrab
Bunday paytda isinar o’lim.
Huv, pastlikda shag’illar daryo,
Qirg’og’ida qamishlar qalin.
U yashirib turgandek go’yo
Bu dunyoning hasratli qalbin…
1989
KUZ TASHBEHLARI
Beva ayol qalbi – sarg’aygan yaproq.
O’tmish yodi – bulut chulg’agan yulduz.
O’zbek bolasining rangidir – tuproq,
Uchib ketgan qushning bo’m-bo’sh ini – kuz…
1989
КЛОД ЛОРРЕН ИЖОДИДАН НАМУНАЛАР
Клод Лоррен (фр. Claude Lorrain; ҳақиқий фамилияси — Желле или Желе (Gellée, Gelée); 1600 йили Лотарингияда дунёга келган — 1682 йилнинг 23 ноябрида Римда вафот этган — буюк француз мусаввири.
Kattalashtirish uchun suratni bosing