Lev Tolsroy to’plagan aforizmlar

09 …гап орасида эса фикр юритишда «ўз устида ишлашга» катта аҳамият беришини айтди, яъни инсон ўз фикрларини кузатиб бориши керак, токи ичиқоралик қилиш, бошқаларга ёмонлик тилаш ва умуман, ярамас ўй-фикрлар номаъқул эканлигини ўзи англаб етсин ва ўша заҳоти уларни тўхтатиш ҳамда жиловлашга уринсин…

ТОЛСТОЙ ТЎПЛАГАН АФОРИЗМЛАР
Ёхуд ёзувчининг ақл хазинаси ва руҳий сабоғи хусусида
Абдулла ХОЛМИРЗАЕВ


Қўлимда сиёҳранг календарь дафтар. Унда йил йўқ, аммо ойлар бор, лекин кунлар ёзилмаган, саҳифаларига барча кунларга монанд биттадан, жами 365 та ҳикматли сўз битилган. Агар кунлари белгилаб чиқилса, ўша куннинг ҳикмати аён бўлади. Кишига бир йиллик ҳамроҳ ва дастёр вазифасини ўтовчи ушбу кундалик дафтарни очганимизда «Йилнинг ҳар кунига донолар фикри. Лев Толстой тўплаган» деган ёзувни кўрамиз.

«Лев Толстой тўплаган!». Наҳотки дейсиз, XIX аср рус ва жаҳон адабиёти ҳамда тафаккурининг улуғ сиймоси ёзувчилик заҳматлариданда ортиб, афоризмлар йиғиш билан ҳам шуғулланган бўлса?! Шу аснода дабдурустдан ахир, буни кимсан Лев Толстойнинг ўзлари махсус йиғганга ўхшайдилар-ку, бежизга эмасдир бу, деган фикр келади ва… унга ростакамига қизиқиб қоласиз.

Адибнинг китобларини варақлай бошлаймиз. Толстойнинг ўзбекчага ўгирилган китобларида биз излаган нарса учрамади. Асл матндаги кўптомлик асарлар тўпламлари, шунингдек, 22 томлиги (1978 йилдан ёзувчининг 150 йиллигига атаб чиқарила бошлаган)да ҳам йўқ эди. 1928-1958 йилларда чоп этилган 90 томлик асарлар тўпламига эса қўлимиз етган эмас. Ниҳоят Толстой ҳаётининг сўнгги йилида унга котиблик қилган Москва Давлат университети битирувчи талабаси Валентин Булгаковнинг кундалиги қўлимизга тушиб қолгани боис излаган нарсамизни топдик. Кундалик 1960 йили Москвада китоб бўлиб чиққан, Ясная Полянада 1910 йили бўлган воқеаларни холисона баён қилади.

Маълум бўладики, 82 ёшга кирганида ҳам улуғ ёзувчини руҳий-ҳаётий куч тарк этмаган ва у тинимсиз ижодий фаолият юритган. Валентин Булгаковдан Лев Толстойнинг ўша йиллардаги энг севимли машғулоти – ҳаётга қарашларини ифодаловчи фикрлар тўпламини яратиш бўлганлигини билиб оламиз. Бу ишда Толстойга яқиндан ёрдам берган Булгаковга мансуб кундаликнинг 38 жойида бизни қизиқтирган мавзу тилга олинади ва улардан бу борада саволларга жавоб топишимиз мумкин бўлади.

Хуллас, Л. Н. Толстойнинг «Ҳар бир кунга. Ҳаёт ҳақида чуқур маъноли иборалар орқали ифодаланган таълимот» деб номланган диний-фалсафий асари мавжуд бўлиб, у муаллифнинг ижод намуналаридан олинган ёки ушбу нашр учун махсус ёзилган ҳикматлари, шунингдек, тур-ли донишмандларнинг ҳикматли сўзларидан таркиб топган. «Ҳар бир кунга» тўплами устида ёзувчи 1906 йилдан 1910 йилгача ишлайди. 1909 йилда тўплам нашриётда алоҳида китобчалар ҳолида чиқа бошлайди. Газеталар тўпламдан кўчирмалар беришади. 1910 йилда Л. Толстой тўпламни бутунлай қайта кўриб чиқади, қўшимча ва тузатишлар киритади, янги материаллар танлайди, китобчалар корректураси устида мунтазам ишлайди.

Келинг, Валентин Булгаковнинг кундалигидаги баъзи мисоллар билан танишайлик: «1910 йил 28 январь. У (Толстой) «Ҳар бир кунга» тўплами январь ойи сонини халққа тушунарлироқ қилиб қайта ишланган ўн кунлиги корректурасига киритган тузатишларимни қараб чиқди, «баъзиларини қабул қилди, айримларига қўшилмади»,

…гап орасида эса фикр юритишда «ўз устида ишлашга» катта аҳамият беришини айтди, яъни инсон ўз фикрларини кузатиб бориши керак, токи ичиқоралик қилиш, бошқаларга ёмонлик тилаш ва умуман, ярамас ўй-фикрлар номаъқул эканлигини ўзи англаб етсин ва ўша заҳоти уларни тўхтатиш ҳамда жиловлашга уринсин.

– Фаолиятнинг ҳақиқий йўналишида бу зўр ёрдам беради, – деди Лев Николаевич. – Мен буни амалий қоида, ақл учун гигиеник кўрсатма тариқасида гапиряпман, чунки буни жуда ҳам муҳим деб ҳисоблайман».

«1910 йил 15 февраль. Лев Николаевич «Ҳар бир кунга» тўплами ва ундаги фикрлардан танланиб яна алоҳида китобчалар чиқарилиши борасида гапирар экан, бу иш унга катта қувонч бағишлашини, қизиқарли эканлигини, фойдали ва зарурлигига энди шубҳаланмаётганлигини айтди».

«1910 йил 21 май. «Нималар ёзмоқдасиз, азизим Лев Николаевич!», – деб сўради М. А. Шмидт.

– Тасаввур қилинг, ҳеч нарса, Мария Александровна! Ва жуда мамнунман, – жавоб берди Лев Николаевич. – Менда ноширлар учун «Ҳар бир кунга» ва «Ҳаёт ҳақида ўйлар» бор. Бу мен қилишим шарт бўлган ишдир, бу ишим одамларга фойдали бўлар деган умид билан ўзимни овутаман».

«1910 йил 3 август. Паскални французча ўқиб, унинг яна бир фикри таржимасини менга ёздирар экан, деди: «Паскаль ўлганига 200 йилдан ошди, аммо у билан руҳан бир бўлиб яшамоқдаман, сирлилик бор-а? Менга яқин бўлган мана бу фикри хаёлимни остин-
устун қилди, худди ўзимники-я! Паскаль билан руҳан бирлашиб кетаётганимни сезмокдаман. Паскаль ҳаёт, у ўлмаган, мана у. Худди Исо алайҳиссаломдек… Биласанми, буни баъзан яққол тасаввур қилиб турасан. Шу фикри орқали у фақат мен билан эмас, уни ўқийдиган минглаб кишилар билан боғланади. Бу – энг чуқур, энг тилсимли ва меҳр қўзғатувчи нарса…»

Юқоридаги кўчирмалар Толстой тафаккур оламидан сизу бизга қарата очилган кичкинагина ёруғ даричадек эди, назаримда. Узоқ ва сермазмун ҳаёти чуқур ғоявий изланиш ва руҳий изтироб пўртаналарига тўла бўлган, черков ақидаларини рад этиб, фақат ягона Худони тан олган, инқилобий ҳаракатларни ёқламасдан ёвузликка куч билан қаршилик кўрсатмасликни олға сурган, ўзидаги икки қутб: «курашчи исёнкор руҳи» билан суст муроса, бўйсуниш таълимотини бир-бирига келиштиролмаган улуғ Толстой ҳар бир инсон ва барча одамлар ҳаёти-ни қандай қилиб бахтли қилиш йўлларини кўрсатиб бериш ҳақида орзу қилади.

Унинг фикрича, бунинг учун фақат бир нарса зарур: у ҳам бўлса шуки, одамлар бир-бирларининг олдида айбдор бўлмасинлар, ҳаётда худбин, адолатсиз тартибни ёқламасинлар, ўзини эмас, балки бошқаларни, барчани севсинлар, ҳис-туйғу, майлларини ақл билан маҳв этсинлар. 40 ёшида «Уруш ва тинчлик», 50 ёшида «Анна Каренина», 70 ёшида «Тирилиш» сингари машҳур романларини ёзиб тугаллаган Лев Толстой 80 ёшининг нари-берисида ўзининг, ўзигача ўтган ва замондош улуғларнинг фикрларини инсон ҳаётининг ҳар бир куни учун мўлжаллаган ҳолда жамлаб, «Ҳар бир кунга» — «На каждий день» (90 томлик тўла асарлар тўпламининг 44-томига киритилган) номи билан алоҳида китобчалар ҳолида нашр эттира бошлаган. Уларда ўтадиган ҳар бир кун учун ўнлаб ҳикматлар бор.

Ана энди бизга маълум бўладики, улуғ ёзувчи мақсади шунчаки афоризмлар йиғиш эмас, балки унинг ўз сўзи билан айтганда «халқни ахлоқий қайта тирилтириш» ва шу орқали «инсон табиатида инқилоб» ясаш эди.

 

“ҲАР БИР  КУНГА”
асарига кирган иборалардан намуналар


  Ўқиш ва ёзишни билмайдиган одам уни бошқаларга ўргата олмайди: худди шунингдек, нима қилишини ўзи билмайдиган одам қандай қилиб бошқаларга йўл кўрсата олсин.

Марк АВРЕЛИЙ

Тийилган тил яхши тилдир, обдон ўйланган сўз яхши сўздир. Айтар сўзинг сукутдан афзал бўлса гапир.

Араб ҳикмати

Ўзи билан софлик ва баркамоллик хислатларини олиб келувчи болалар доимий туғилиб турмаганида эди, бу дунё ниҳоятда ваҳшатли бўларди.

Жон РЕСКИН

Ишингиз натижасига бошқалар баҳо беради: сиз эса қалбингиз фақат соф ва ҳаққоний бўлишига интилинг.

Жон РЕСКИН

Икки нарса абадий янгиланиб борувчи ва доимий ҳайрат ҳамда хайрихоҳлик билан қалбни тўлдириб борар экан, улар фикримни шунчалар мунтазам ва кўпроқ ўзига жалб этаверади: тепамдаги юлдузли осмон ва ичимдаги ахлоқ қонунияти.

КАНТ

Ҳар қандай меҳнат муҳимдир, чунки у инсоннинг фазилатларини оширади. Ўғилни бирорта ҳунарга ўргатмаслик уни ўғриликка тайёрлаш билан баравардир.

ТАЛМУД

Халқларни денгизлар эмас, нодонлик, тиллар ҳар хиллиги эмас, балки душманлик муносабатлари ажратади.

Жон РЕСКИН

Ёлғон кучайган замонлардан бери ҳуқуқ бузилган, хулқ-атвор тубанлашган.

ТАЛМУД

Ҳузур-ҳаловатга кўникма – у ўтади, ким эга бўлса – йўқотишни, ким бахтиёр бўлса – изтироб чекишни ўргансин.

ШИЛЛЕР

Донишманд айтган сўзи учун маърифатли деб тан олинади ва ногаҳоний сўзлаган бир сўзи учун ҳеч нарсани билмайдиганга чиқарилади. Шунинг учун у ўз сўзларида эҳтиёткор бўлиши лозим.

Хитой ҳикмати

Кимки мен Худони севаман, деб айтса-ю, лекин у ўз биродарини ёмон кўрса, у ёлғончидир: зеро, ўзига кўриниб турган акаси ё укасини яхши кўрмаган одам қандай қилиб кўринмаётган Худони сева олади?

Иоанн мактуби IV, 20.

Тушунтирмоқ вактни беҳуда сарфламоқдир. Фаросатли одам салгина ишорадан ту-шунади, ҳар нарсани нотўғри англайдиган одам эса бутун бир нуткдан ҳам ҳеч нарсани тушунмайди.

Жон РЕСКИН

Инсон осмон юборган кулфатлардан кутулиши мумкин, аммо ўзи сабабчи бўладиган мусибатлардан халос бўлолмайди.

Шарқ мақоли

Шундай яшагинки, гўёки ҳозир ҳаёт билан видолашмоқчисан, сенга қолдирилган вақт эса бамисли кутилмаган ҳадя бўлсин.

Марк АВРЕЛИЙ

Бир марта гуноҳ қилган одам, айб ишни қилса ҳам бўлаверади, деган фикрда бўлади.

ТАЛМУД

Яхши иш доимо тиришқоқлик билан амалга оширилади, қачонки тиришқоқлик кўп маротаба қайтарилса, бу одатга айланади.
Лев ТОЛСТОЙ

Инсон учун ўзини ҳақиқат фош қилишидан қўрқиб, ундан қоча бошлаганидан ортиқ мусибат йўқдир.

Влас ПАСКАЛЬ

Доимо эсда тутингки, кимўзарликдан гўзаллик, такаббурликдан олижаноблик чиқмайди.

Жон РЕСКИН

Қандай қилса душмандан ўч олиш мумкин? Иложи борича унга кўпроқ яхшилик қилиш билан.

ЭПИКТЕТ

Қувноқликни сақлаб қолишнинг асосий сири беҳуда нарсаларга безовта бўлавермаслик ҳамда турмушдаги айрим жузъий хурсандчиликларни ҳам баҳолай билишда.

САЙЛЬС

Доно ҳамма нарсани фақат ўзидан талаб қилса, майда, ҳақир одам бошқалардан талаб қилади.

Хитой ҳикмати

Таажжуб! Инсон бошқалардан келган ва ўзи тузата олмайдиган ёмонликдан ғазабланади, аммо ўз измида бўлган ёмонлигини енга олмайди.

Жон РЕСКИН

Инсонни фақат унга тенг ёки ундан юқори бўлганлар баҳолай олиши мумкин. Лекин барибир инсонга хослик ва асллик фақат Яратганга аён.

Агар сен одамларнинг ўй-фикр ва интилишлари қайси чашмалардан сув ичганини билганингда эди, унда сен одамларнинг қўллаб-қувватлаши ва мақтовларига қўярда-қўймай эришишга ҳаракат қилмаган бўлардинг.

Марк АВРЕЛИЙ

Л.Н.Толстой ижоди ҳақидаги фикрлар

«Толстой бобонинг асарлари қазига ўхшайди, чайнаган саринг мазаси чиқаверади».

Абдулла Қаҳҳор

«Л.Н.Толстой юксак бир гений, мислсиз бир талант. Унинг чуқур фалсафали асарларининг ҳар бири бадиий бир ҳайкалдир. Бу улуғ адибнинг кундалик дафтарларига қадар мароқ билан кўп дафъа ўқиганман. Ҳар ўқиганимда Л.Толстой даҳосининг янги бир қиррасини, янги бир ранги, бир зиёсини кўряпман».

Ойбек

«Пушкин, Лермонтов, Л.Толстой, Чехов ва бошқаларнинг асарлари ўзбек прозаси учун намуна мактабини ўтади».

Ҳамид Олимжон

«Мен ўйлайманки, Толстой ҳеч қачон қаримайди. Тили эскиради-ю, аммо ўзи ёшлигича қолаверади».

А.П.Чехов

«Лев Толстой – ҳар бир ёзувчи учун академиядир». А.Н.Толстой

«Унинг асарлари тараша ёки пойраҳанинг ўтига ўхшаб ловуллаб ёниб, бир зумда ўчмайди, балки саксовулнинг чўғига ўхшаб тутаб, суст ёнади, лекин ҳарорати зўр бўлади, анча фурсат ўчмай туради».

Абдулла Қаҳҳор

«Жаҳон адабиёти тарихида француз ёзувчиси Бальзак, рус ёзувчиси Лев Толстой сингари кўп ёзган адиб йўқ. Ўз асарларининг кўплиги жиҳатидан бу икки ижод ва фикр гигантига тенг бўладиган ёзувчи топилмайди. Улар проза азаматларидир».

Ҳамид Олимжон

«Ҳа, Толстой ҳақиқатан ҳам жуда катта санъаткор. Бундай санъаткорлар асрлар давомида туғилади ва унинг ижодиёти ғоят топ-тоза, ёруғ ва ажойибдир».

В.Г.Короленко

27…gap orasida esa fikr yuritishda «oʻz ustida ishlashga» katta ahamiyat berishini aytdi, ya’ni inson oʻz fikrlarini kuzatib borishi kerak, toki ichiqoralik qilish, boshqalarga yomonlik tilash va umuman, yaramas oʻy-fikrlar noma’qul ekanligini oʻzi anglab yetsin va oʻsha zahoti ularni toʻxtatish hamda jilovlashga urinsin…

TOLSTOY TOʻPLAGAN AFORIZMLAR
Yoxud yozuvchining aql xazinasi va ruhiy sabogʻi xususida
Abdulla XOLMIRZAYEV


Qoʻlimda siyohrang kalendar daftar. Unda yil yoʻq, ammo oylar bor, lekin kunlar yozilmagan, sahifalariga barcha kunlarga monand bittadan, jami 365 ta hikmatli soʻz bitilgan. Agar kunlari belgilab chiqilsa, oʻsha kunning hikmati ayon boʻladi. Kishiga bir yillik hamroh va dastyor vazifasini oʻtovchi ushbu kundalik daftarni ochganimizda «Yilning har kuniga donolar fikri. Lev Tolstoy toʻplagan» degan yozuvni koʻramiz.

«Lev Tolstoy toʻplagan!». Nahotki deysiz, XIX asr rus va jahon adabiyoti hamda tafakkurining ulugʻ siymosi yozuvchilik zahmatlaridanda ortib, aforizmlar yigʻish bilan ham shugʻullangan boʻlsa?! Shu asnoda dabdurustdan axir, buni kimsan Lev Tolstoyning oʻzlari maxsus yigʻganga oʻxshaydilar-ku, bejizga emasdir bu, degan fikr keladi va… unga rostakamiga qiziqib qolasiz.

Adibning kitoblarini varaqlay boshlaymiz. Tolstoyning oʻzbekchaga oʻgirilgan kitoblarida biz izlagan narsa uchramadi. Asl matndagi koʻptomlik asarlar toʻplamlari, shuningdek, 22 tomligi (1978 yildan yozuvchining 150 yilligiga atab chiqarila boshlagan)da ham yoʻq edi. 1928-1958 yillarda chop etilgan 90 tomlik asarlar toʻplamiga esa qoʻlimiz yetgan emas. Nihoyat Tolstoy hayotining soʻnggi yilida unga kotiblik qilgan Moskva Davlat universiteti bitiruvchi talabasi Valentin Bulgakovning kundaligi qoʻlimizga tushib qolgani bois izlagan narsamizni topdik. Kundalik 1960 yili Moskvada kitob boʻlib chiqqan, Yasnaya Polyanada 1910 yili boʻlgan voqealarni xolisona bayon qiladi.

Ma’lum boʻladiki, 82 yoshga kirganida ham ulugʻ yozuvchini ruhiy-hayotiy kuch tark etmagan va u tinimsiz ijodiy faoliyat yuritgan. Valentin Bulgakovdan Lev Tolstoyning oʻsha yillardagi eng sevimli mashgʻuloti – hayotga qarashlarini ifodalovchi fikrlar toʻplamini yaratish boʻlganligini bilib olamiz. Bu ishda Tolstoyga yaqindan yordam bergan Bulgakovga mansub kundalikning 38 joyida bizni qiziqtirgan mavzu tilga olinadi va ulardan bu borada savollarga javob topishimiz mumkin boʻladi.

Xullas, L. N. Tolstoyning «Har bir kunga. Hayot haqida chuqur ma’noli iboralar orqali ifodalangan ta’limot» deb nomlangan diniy-falsafiy asari mavjud boʻlib, u muallifning ijod namunalaridan olingan yoki ushbu nashr uchun maxsus yozilgan hikmatlari, shuningdek, tur-li donishmandlarning hikmatli soʻzlaridan tarkib topgan. «Har bir kunga» toʻplami ustida yozuvchi 1906 yildan 1910 yilgacha ishlaydi. 1909 yilda toʻplam nashriyotda alohida kitobchalar holida chiqa boshlaydi. Gazetalar toʻplamdan koʻchirmalar berishadi. 1910 yilda L. Tolstoy toʻplamni butunlay qayta koʻrib chiqadi, qoʻshimcha va tuzatishlar kiritadi, yangi materiallar tanlaydi, kitobchalar korrekturasi ustida muntazam ishlaydi.

Keling, Valentin Bulgakovning kundaligidagi ba’zi misollar bilan tanishaylik: «1910 yil 28 yanvar. U (Tolstoy) «Har bir kunga» toʻplami yanvar oyi sonini xalqqa tushunarliroq qilib qayta ishlangan oʻn kunligi korrekturasiga kiritgan tuzatishlarimni qarab chiqdi, «ba’zilarini qabul qildi, ayrimlariga qoʻshilmadi»,

…gap orasida esa fikr yuritishda «oʻz ustida ishlashga» katta ahamiyat berishini aytdi, ya’ni inson oʻz fikrlarini kuzatib borishi kerak, toki ichiqoralik qilish, boshqalarga yomonlik tilash va umuman, yaramas oʻy-fikrlar noma’qul ekanligini oʻzi anglab yetsin va oʻsha zahoti ularni toʻxtatish hamda jilovlashga urinsin.

– Faoliyatning haqiqiy yoʻnalishida bu zoʻr yordam beradi, – dedi Lev Nikolaevich. – Men buni amaliy qoida, aql uchun gigienik koʻrsatma tariqasida gapiryapman, chunki buni juda ham muhim deb hisoblayman».

«1910 yil 15 fevral. Lev Nikolaevich «Har bir kunga» toʻplami va undagi fikrlardan tanlanib yana alohida kitobchalar chiqarilishi borasida gapirar ekan, bu ish unga katta quvonch bagʻishlashini, qiziqarli ekanligini, foydali va zarurligiga endi shubhalanmayotganligini aytdi».

«1910 yil 21 may. «Nimalar yozmoqdasiz, azizim Lev Nikolaevich!», – deb soʻradi M. A. Shmidt.

– Tasavvur qiling, hech narsa, Mariya Aleksandrovna! Va juda mamnunman, – javob berdi Lev Nikolaevich. – Menda noshirlar uchun «Har bir kunga» va «Hayot haqida oʻylar» bor. Bu men qilishim shart boʻlgan ishdir, bu ishim odamlarga foydali boʻlar degan umid bilan oʻzimni ovutaman».

«1910 yil 3 avgust. Paskalni fransuzcha oʻqib, uning yana bir fikri tarjimasini menga yozdirar ekan, dedi: «Paskal oʻlganiga 200 yildan oshdi, ammo u bilan ruhan bir boʻlib yashamoqdaman, sirlilik bor-a? Menga yaqin boʻlgan mana bu fikri xayolimni ostin-ustun qildi, xuddi oʻzimniki-ya! Paskal bilan ruhan birlashib ketayotganimni sezmokdaman. Paskal hayot, u oʻlmagan, mana u. Xuddi Iso alayhissalomdek… Bilasanmi, buni ba’zan yaqqol tasavvur qilib turasan. Shu fikri orqali u faqat men bilan emas, uni oʻqiydigan minglab kishilar bilan bogʻlanadi. Bu – eng chuqur, eng tilsimli va mehr qoʻzgʻatuvchi narsa…»

Yuqoridagi koʻchirmalar Tolstoy tafakkur olamidan sizu bizga qarata ochilgan kichkinagina yorugʻ darichadek edi, nazarimda. Uzoq va sermazmun hayoti chuqur gʻoyaviy izlanish va ruhiy iztirob poʻrtanalariga toʻla boʻlgan, cherkov aqidalarini rad etib, faqat yagona Xudoni tan olgan, inqilobiy harakatlarni yoqlamasdan yovuzlikka kuch bilan qarshilik koʻrsatmaslikni olgʻa surgan, oʻzidagi ikki qutb: «kurashchi isyonkor ruhi» bilan sust murosa, boʻysunish ta’limotini bir-biriga kelishtirolmagan ulugʻ Tolstoy har bir inson va barcha odamlar hayoti-ni qanday qilib baxtli qilish yoʻllarini koʻrsatib berish haqida orzu qiladi.

Uning fikricha, buning uchun faqat bir narsa zarur: u ham boʻlsa shuki, odamlar bir-birlarining oldida aybdor boʻlmasinlar, hayotda xudbin, adolatsiz tartibni yoqlamasinlar, oʻzini emas, balki boshqalarni, barchani sevsinlar, his-tuygʻu, mayllarini aql bilan mahv etsinlar. 40 yoshida «Urush va tinchlik», 50 yoshida «Anna Karenina», 70 yoshida «Tirilish» singari mashhur romanlarini yozib tugallagan Lev Tolstoy 80 yoshining nari-berisida oʻzining, oʻzigacha oʻtgan va zamondosh ulugʻlarning fikrlarini inson hayotining har bir kuni uchun moʻljallagan holda jamlab, «Har bir kunga» — «Na kajdiy den» (90 tomlik toʻla asarlar toʻplamining 44-tomiga kiritilgan) nomi bilan alohida kitobchalar holida nashr ettira boshlagan. Ularda oʻtadigan har bir kun uchun oʻnlab hikmatlar bor.

Ana endi bizga ma’lum boʻladiki, ulugʻ yozuvchi maqsadi shunchaki aforizmlar yigʻish emas, balki uning oʻz soʻzi bilan aytganda «xalqni axloqiy qayta tiriltirish» va shu orqali «inson tabiatida inqilob» yasash edi.

“HAR BIR KUNGA”
asariga kirgan iboralardan namunalar


Oʻqish va yozishni bilmaydigan odam uni boshqalarga oʻrgata olmaydi: xuddi shuningdek, nima qilishini oʻzi bilmaydigan odam qanday qilib boshqalarga yoʻl koʻrsata olsin.

Mark AVRYeLIY

Tiyilgan til yaxshi tildir, obdon oʻylangan soʻz yaxshi soʻzdir. Aytar soʻzing sukutdan afzal boʻlsa gapir.

Arab hikmati

Oʻzi bilan soflik va barkamollik xislatlarini olib keluvchi bolalar doimiy tugʻilib turmaganida edi, bu dunyo nihoyatda vahshatli boʻlardi.

Jon RYeSKIN

Ishingiz natijasiga boshqalar baho beradi: siz esa qalbingiz faqat sof va haqqoniy boʻlishiga intiling.

Jon RYeSKIN

Ikki narsa abadiy yangilanib boruvchi va doimiy hayrat hamda xayrixohlik bilan qalbni toʻldirib borar ekan, ular fikrimni shunchalar muntazam va koʻproq oʻziga jalb etaveradi: tepamdagi yulduzli osmon va ichimdagi axloq qonuniyati.

KANT

Har qanday mehnat muhimdir, chunki u insonning fazilatlarini oshiradi. Oʻgʻilni birorta hunarga oʻrgatmaslik uni oʻgʻrilikka tayyorlash bilan baravardir.

TALMUD

Xalqlarni dengizlar emas, nodonlik, tillar har xilligi emas, balki dushmanlik munosabatlari ajratadi.

Jon RYeSKIN

Yolgʻon kuchaygan zamonlardan beri huquq buzilgan, xulq-atvor tubanlashgan.

TALMUD

Huzur-halovatga koʻnikma – u oʻtadi, kim ega boʻlsa – yoʻqotishni, kim baxtiyor boʻlsa – iztirob chekishni oʻrgansin.

ShILLYeR

Donishmand aytgan soʻzi uchun ma’rifatli deb tan olinadi va nogahoniy soʻzlagan bir soʻzi uchun hech narsani bilmaydiganga chiqariladi. Shuning uchun u oʻz soʻzlarida ehtiyotkor boʻlishi lozim.

Xitoy hikmati

Kimki men Xudoni sevaman, deb aytsa-yu, lekin u oʻz birodarini yomon koʻrsa, u yolgʻonchidir: zero, oʻziga koʻrinib turgan akasi yo ukasini yaxshi koʻrmagan odam qanday qilib koʻrinmayotgan Xudoni seva oladi?

Ioann maktubi IV, 20.

Tushuntirmoq vaktni behuda sarflamoqdir. Farosatli odam salgina ishoradan tu-shunadi, har narsani notoʻgʻri anglaydigan odam esa butun bir nutkdan ham hech narsani tushunmaydi.

Jon RYeSKIN

Inson osmon yuborgan kulfatlardan kutulishi mumkin, ammo oʻzi sababchi boʻladigan musibatlardan xalos boʻlolmaydi.

Sharq maqoli

Shunday yashaginki, goʻyoki hozir hayot bilan vidolashmoqchisan, senga qoldirilgan vaqt esa bamisli kutilmagan hadya boʻlsin.

Mark AVRYeLIY

Bir marta gunoh qilgan odam, ayb ishni qilsa ham boʻlaveradi, degan fikrda boʻladi.

TALMUD

Yaxshi ish doimo tirishqoqlik bilan amalga oshiriladi, qachonki tirishqoqlik koʻp marotaba qaytarilsa, bu odatga aylanadi.
Lev TOLSTOY

Inson uchun oʻzini haqiqat fosh qilishidan qoʻrqib, undan qocha boshlaganidan ortiq musibat yoʻqdir.

Vlas PASKAL

Doimo esda tutingki, kimoʻzarlikdan goʻzallik, takabburlikdan olijanoblik chiqmaydi.

Jon RYeSKIN

Qanday qilsa dushmandan oʻch olish mumkin? Iloji boricha unga koʻproq yaxshilik qilish bilan.

EPIKTYeT

Quvnoqlikni saqlab qolishning asosiy siri behuda narsalarga bezovta boʻlavermaslik hamda turmushdagi ayrim juz’iy xursandchiliklarni ham baholay bilishda.

SAYLS

Dono hamma narsani faqat oʻzidan talab qilsa, mayda, haqir odam boshqalardan talab qiladi.

Xitoy hikmati

Taajjub! Inson boshqalardan kelgan va oʻzi tuzata olmaydigan yomonlikdan gʻazablanadi, ammo oʻz izmida boʻlgan yomonligini yenga olmaydi.

Jon RYeSKIN

Insonni faqat unga teng yoki undan yuqori boʻlganlar baholay olishi mumkin. Lekin baribir insonga xoslik va asllik faqat Yaratganga ayon.

Agar sen odamlarning oʻy-fikr va intilishlari qaysi chashmalardan suv ichganini bilganingda edi, unda sen odamlarning qoʻllab-quvvatlashi va maqtovlariga qoʻyarda-qoʻymay erishishga harakat qilmagan boʻlarding.

Mark AVRYeLIY

L.N.Tolstoy ijodi haqidagi fikrlar

«Tolstoy boboning asarlari qaziga oʻxshaydi, chaynagan saring mazasi chiqaveradi».

Abdulla Qahhor

«L.N.Tolstoy yuksak bir geniy, mislsiz bir talant. Uning chuqur falsafali asarlarining har biri badiiy bir haykaldir. Bu ulugʻ adibning kundalik daftarlariga qadar maroq bilan koʻp daf’a oʻqiganman. Har oʻqiganimda L.Tolstoy dahosining yangi bir qirrasini, yangi bir rangi, bir ziyosini koʻryapman».

Oybek

«Pushkin, Lermontov, L.Tolstoy, Chexov va boshqalarning asarlari oʻzbek prozasi uchun namuna maktabini oʻtadi».

Hamid Olimjon

«Men oʻylaymanki, Tolstoy hech qachon qarimaydi. Tili eskiradi-yu, ammo oʻzi yoshligicha qolaveradi».

A.P.Chexov

«Lev Tolstoy – har bir yozuvchi uchun akademiyadir». A.N.Tolstoy

«Uning asarlari tarasha yoki poyrahaning oʻtiga oʻxshab lovullab yonib, bir zumda oʻchmaydi, balki saksovulning choʻgʻiga oʻxshab tutab, sust yonadi, lekin harorati zoʻr boʻladi, ancha fursat oʻchmay turadi».

Abdulla Qahhor

«Jahon adabiyoti tarixida fransuz yozuvchisi Balzak, rus yozuvchisi Lev Tolstoy singari koʻp yozgan adib yoʻq. Oʻz asarlarining koʻpligi jihatidan bu ikki ijod va fikr gigantiga teng boʻladigan yozuvchi topilmaydi. Ular proza azamatlaridir».

Hamid Olimjon

«Ha, Tolstoy haqiqatan ham juda katta san’atkor. Bunday san’atkorlar asrlar davomida tugʻiladi va uning ijodiyoti gʻoyat top-toza, yorugʻ va ajoyibdir».

V.G.Korolenko

48

(Tashriflar: umumiy 1, bugungi 2)

Izoh qoldiring