Ergash Ochilov. Sadriddin Salim ijodida Buxoro mavzusi

12 10 март — Таниқли шоир Садриддин Салим хотираси куни. Аллоҳ раҳматига олган бўлсин!

Садриддин Салим Ватанни унинг бир парчаси – ажралмас қисми бўлмиш Бухоро, унинг табиати, одамлари, дунёни лол қолдирган обидалари воситасида шеърга солди, бу қадим ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг шонли ўтмиши, бугунги қувонч ва ташвишлари ҳамда ёруғ истиқболини ҳассос бир муҳаббат билан ёниб қаламга олди.

САДРИДДИН САЛИМ ИЖОДИДА БУХОРО МАВЗУСИ
Эргаш ОЧИЛОВ


Ватан – муқаддас мавзу. Она юрт мадҳида жўшиб қўлига қалам тутмаган шоир йўқ ҳисоби. Қайси бир шоирнинг ижодига кўз ташламанг, албатта Ватан ҳақидаги бир-иккита шеърга дуч келасиз. Лекин шундай шоирлар ҳам борки, Ватан мавзуи улар ижодининг асосий йўналишини белгилайди. Садриддин Салим ана шундай шоирлардан.

Ватан ҳақида янги сўз айтиш осон эмас. Хусусан, Абдулла Ориповдан кейин. У Ватанни бир бутун ҳолда – Ўзбекистон ва ўзбек халқи мисолида куйлади. Садриддин Салим эса Ватанни унинг бир парчаси – ажралмас қисми бўлмиш Бухоро, унинг табиати, одамлари, дунёни лол қолдирган обидалари воситасида шеърга солди, бу қадим ва ҳамиша навқирон шаҳарнинг шонли ўтмиши, бугунги қувонч ва ташвишлари ҳамда ёруғ истиқболини ҳассос бир муҳаббат билан ёниб қаламга олди. Зеро, шоир учун Ватан Бухородан бошланади: у Ўзбекистонни ҳам, бутун дунёни ҳам Бухоро орқали кўради, севади ва таъриф этади. Бухоро унинг учун уриб турган юрак, “мўйсафид она”, “муқаддас Маккаю Мадина”.
Истеъдодли шоирлар кўпинча ижодларининг дастлабки босқичидаёқ ўзларининг келажак йўли, шеъриятдаги ўрни, ўзига хос услубини белгилаб берувчи дастурий характердаги шеърлари билан майдонга чиқадилар. Чунончи, А.Орипов илк қадамлариданоқ:

Мен шоирман,
Истасангиз шу,
Ўзимники эрур шу созим.
Бировлардан олмадим туйғу,
Ўзгага ҳам бермам овозим, –

деган шиорни ташлаганида янглишмаган экан: мана, ҳозирда у ХХ аср ўзбек шеъриятида ўз мактабини яратган забардаст шоир бўлиб етишганига гувоҳмиз. Садриддин Салим ҳам ҳали тетапоя шоир экан, шундай бир шеър билан чиққан эди:

Онамдан меҳр ҳиди таралган каби,
Шоирдан шеър ҳиди таралган каби,
Анқисин шеъримдан ўзимнинг ҳидим,
Деҳқондан ер ҳиди таралган каби.

Бу ўзбек шеъриятига ўзига хос, такрорланмас бир шоир кириб келаётганидан далолат берган эди ва бу умид тўла-тўкис ўзини оқлади.
Ҳозирги ўзбек шеъриятида Садриддин Салимнинг ўзига хос ўрни бор. У, аввало, шеъриятимизда Ватан мавзуининг уфқини кенгайтирди: Ватаннинг одамлари, табиати, еру суви, тоғу тоши, хуллас, ҳар бир пучмоғи, ҳар бир заррасини ҳассос муҳаббат билан севмай туриб, Ватаннинг ўзини севиб бўлмаслигини кўрсатди. Бошқача айтганда, у Ватанни унинг энг чекка пучмоқлари, энг кичик зарралари қадар конкретлаштирди. Шоир ҳамиша хусусийликдан умумийликка қараб боради, яъни уммонни севиш учун аввал қатрани, қуёшни севиш учун дастлаб заррани севиш керак. Шунинг учун мабодо биров мендан:

– Ватанни қандай севиш керак? – деб сўрагудай бўлса, ҳеч иккиланмай:
– Садриддин Салимдай! – деб жавоб берган бўлар эдим.

Ватанни севмоқ иймондандир, дейилади Ҳадиси шарифда. Демак, Ватанни қанчалик севса, иймон ҳам шунчалик комил бўлади. “Боязид намоз қилса эрди, кўксининг сўнгакларидан қаъқаа (“Оллоҳ” деган чинқириқ) чиқор эрди”, – деб ёзган эди Алишер Навоий машҳур тасаввуф шайхи, орифлар султони Боязид Бастомий ҳақида. Шунга ўхшаб, Садриддин Салимнинг ҳам ўтирса, турса, юрса фикру зикрида, қалбида, бутун жисму жонида Бухоро!
Ўзининг Бухоро билан бир бутун бўлиб кетгани, жисму жони Бухорога айланганини хорижда ёзган бир шеърида шундай ифодалайди:

Во ажабки, ҳайратангиз ҳол:
Этаётир бугун тамошо
Менинг кўзим билан бемалол
Мағрибни-да кекса Бухоро!

Бундай севги фақат тасаввуф намояндалари орасидагина учрайди, демоқчимисиз? Аксинча! Менга қолса, илк сўфийлар – шоирлар, деган бўлар эдим. Чунки сўфийлик, дарвешлик хусусиятлари азалдан бу қавмнинг лойига қўшиб қорилган. Шунинг учун ҳам ҳақиқий шоирлар ҳамиша дарвештабиат, жунунга мойил кишилар бўладилар. Воқеан, Алишер Навоий айни хусусиятга эга қалам аҳлини ўзининг “Мажолис ун-нафоис” асарида алоҳида таъкидлаб, дарвешлик хислатларини ўзида мужассам этган шоирларгина назм осмонида юксак парвоз қила олишларини айтади. Садриддин Салим Бухорони ана шундай сўфиёна бир ишқ билан севади ва бу севги унинг Ўзбекистонга, ўзбек халқига бўлган катта муҳаббатига айланиб кетади:

Во ажабки, бирга мен билан
Қуёш ҳамроҳ, Минора ҳамроҳ.
Қиёфамда ҳувайдо Ватан,
Қиёфамда ўзбек ҳувайдо.

Машҳур шоир Абулқосим Лоҳутий ўз Ватани Эронни маъшуқам, деб улуғлаган эди. А.Орипов Ўзбекистонга ёр сифатини беради. Садриддин Салим учун ҳам “Ўзбекистон – севимли дилбар”:

Кимлар сени севаман, деб алдамоқ бўлди,
Дилбарим, сен эҳтиёт бўл, ёлғончи бисёр.
Тамагирдан баъзан сенинг атрофинг тўлди,
Дилбарим, сен эҳтиёт бўл – тамагир маккор.

Кимлар сенинг бўйнингдаги дурларга шайдо,
Ўғирламоқ бўлиб пойлар ҳар шому саҳар.
Мен севаман сени – қандай яшай бепарво,
Эҳтиёт бўл, Ўзбекистон – севимли дилбар!

Албатта, ҳар бир шоир ҳам ўзи туғилиб ўсган юртини мадҳ этади. Чунончи, А.Орипов шеърларида биз Қашқадарё воҳасининг бепоён кенгликлари нафасини туйсак, Усмон Азим шеърларида Бойсуннинг бетакрор гўзал табиатини ҳис қиламиз. Лекин бирор-бир ўзбек шоири ижодида туғилган тупроғи, она халқи, Ватанининг табиати, моддий-маданий қадриятлари, бойлигини таъриф этган шеърлар Садриддин Салим ижодидагичалик кўп эмас. У Бухородан чиқмай, Бухорода яшаб, Бухорони алқаб ижод қилган шоир. Бухоро бу ватанпарвар шоир ҳаётининг ажралмас қисмига айланиб кетган: у ҳар куни она шаҳрининг кўҳна обидаларидан хабар олади – “Бухорода Бухорони соғиниб” яшайди; улар билан соатлаб сирлашади:

Бухоронинг обидалари
Ҳар кун янги ҳикмат айтади.
Ўтмишни-да, келажакни-да
Мен томонга олиб қайтади.

Зилзила бўлган тунда эса шоир ухламай чиқади, азонлаб миноралар ҳолидан хабар олиш учун югуради:

Эй, Минора! Саломатмисан?
Келаяпман саҳардан йўқлаб,
Чунки сенинг оёқларинг йўқ,
Келолмайсан ҳолимни сўраб.

Айрилиқ муҳаббатни кучайтирганидек, Ватаннинг қадри ҳам ундан узоққа тушганингда билинади. Германия сафари чоғида бу туйғуни бошидан кечирган шоир бир шеърида шундай ёзади:

Бунда ҳам ҳаво бор,
Қуёш бор, сафо бор,
Замин ҳам наво бор,
Лекин Бухоро йўқ
Қандай бўлади яшаб?!

Ёки шоир: “Юрагим мисоли Бухоро”, – дер экан, бунда ҳеч бир муболаға йўқ. Бухоро унинг учун ҳар кун нафас оладигани ҳаводай гап. Инсон нафас олмаса – ўлади. Худди шундай Ватансиз ҳам яшолмайди.

Ҳолбуки, шундай бухоролик шоирлар борки, Бухоро билан боғлиқ бир мисра шеъри йўқ, асарларида Бухоро руҳи, нафаси сезилмайди. Эсимда: бундан бир неча йил муқаддам бухоролик ёш шоирнинг илк тўпламига тақриз ёзар экан, ҳайратга тушган эдим: бу шоир қаерлик ўзи? Наҳотки, дунёнинг не-не улуғ зотлари бир кўришга зор бўлган етти иқлимга машҳур шаҳарнинг қоқ марказида яшаб туриб, асрларни лол қолдириб келаётган дунёга донғи кетган обидалар ёнидан ҳар кун ўтиб-қайтиб, уларни ҳис қилмаслик, улардан таъсирланмаслик, илҳомланиб бир сатр битмаслик мумкин бўлса?! Ахир, бу меъморий ёдгорликлар билан танишар экан, ҳатто шоир бўлмаган одамнинг ҳам шеър ёзгиси келади-ку!

Бухоро мавзуси Садриддин Салим ижодининг ўзагини ташкил этади. Шоирнинг бу қадимий юрт билан боғлиқ шеърларини тарихий ва замонавий йўналишларига бўлиб ўрганиш мумкин. Бу йўналишларнинг ҳар бири, ўз навбатида, учтадан гуруҳга ажралади. Тарихий йўналиш шоирнинг шаҳарнинг шонли ўтмиши, қадимий пурвиқор обидалари ва дунёга донғи кетган фарзандларига, замонавий йўналиш эса Бухоронинг бугунги ҳаёти, машҳур кишилари, халқ ҳунармандчилигининг унутилиб кетаётган турларини асраб-авайлаб келаётган камсуқум ва меҳнаткаш ҳунар аҳлига бағишланган шеърларидан иборат.

Бухоронинг тарихига бағишланган шеърларида Шаҳри Ҳайбар, Шергирон, Шоҳруд, Шаҳристон каби қадимий шаҳарнинг ўтмишидан элчи бўлган қалъа, қишлоқ ва анҳорларнинг биридан шоир ҳикмат ахтарса, бошқасини ибрат қилиб кўрсатади, яна бирига мадад беришга даъват этади. Чунончи:

“Ер устига сиғмаймиз, ер – танг!” –
Дея тун-кун этганлар ҳам жанг,
Ер остига сиғмишлар, қаранг!
Ҳикмат туйдим шаҳри Хайбарда.
(“Шаҳри Ҳайбар”)

Бухоронинг кўҳна ёдгорликлари хусусида сўз кетганда, Ситораи Моҳи Хосса, Минораи Калон, Мағоки Аттор, Лаби ҳовуз, Чорминор, Тоқи заргарон, Мир Араб, Лаби ҳовузи Девонбеги, Сомоний мақбараси каби асрларни доғда қолдириб келаётган ноёб обидаларнинг кечаси ва бугуни тўғрисида сўз юритилади. Бу шеърлар ўқувчиларда ўтмиш меросига нисбатан меҳру муҳаббат, қўли гул аждод-ларимиздан фахрланиш туйғусини уйғотиш билан бир қаторда, қадимий қадриятларни асраб-авайлашга чақиради. Чунончи, минорларни шоир:

Сен тарихни опичлаб келдинг,
Эй, бобомнинг битган шоҳ байти! –

деб таъриф этса, “Лаби ҳовузи Девонбегида” шеърида шундай ёзади:

Ҳовуз бетидаги ажинлар
Эртак каби туюлди бу кеч.
Ҳовуз бетидаги ажинлар
Асрларки, кетмайдилар ҳеч.

Ҳовуз бетидаги ажинлар
Юзларимга солдилар ажин.
Ҳовуз бетидаги ажинлар
Аждодларим дардларимикин?!

Бухоро дунёнинг машҳур шаҳарларидан. Фақат ҳозир эмас, қадимда ҳам унинг нуфузи баланд бўлган. Ҳасанхожа Нисорийнинг “Музаккири аҳбоб” асарида келтирилишича: “… коинотнинг энг афзали Муҳаммад алайҳиссалом Меърож кечасида Бухоро уламоси нурини мушоҳада қилганларким, ул нур буюклик олами сари таралаётган экан. Муҳаддислар устози Имом Бухорий Бухородандир. Фақиҳлар сардафтари Абу Ҳафз Кабир ҳам бухороликдир. Назар аҳлининг сардори шайх ур-раис (Ибн Сино) Бухоро қишлоқларидан бири Афшонадандир”. Шоирнинг қатор шеърлари ана шундай Бухоронинг довруғини дунёга таратган Имом Исмоил Бухорий, Абу Али ибн Сино, Абу Абдуллоҳ Рўдакий, Абдулхолиқ Ғиждувоний (Хожаи Жаҳон), Ориф Ревгарий (Хожа Ориф Моҳитобон), Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Абдулазим Сомий, Ҳайрат Бухорий, Аҳмад Дониш, Садриддий Айний, Абдурауф Фитрат, Файзулла Хўжаев, уста Ширин Муродов каби буюк сиймоларга бағишланган. Улар орасида тарихий-афсонавий шахслар ҳам учрайди: Хўжа Насриддин Афанди, Сиёвуш, Маҳмуд Торобий каби. Бундай зотлар учун, шоир таъбири билан айтганда, “туғилмоқ бор, ўлмоқ йўқ”. Бухоронинг ҳақиқий хазинаси унинг олтини, қоракўли ва бошқа моддий бойликлари эмас, балки ана шундай улуғ фарзандлари ва буюк обидаларидир. Бу зотлардан бирини шоир васф этса, бошқасини, аксинча, сўзлатади, яна бирини эса восита қилиб, ўзининг бадиий мақсадини амалга оширади. Чунончи, Абдулхолиқ Ғижду-вонийни унинг тасаввуфдаги мақомидан келиб чиқиб, шундай таърифлайди:

Хожаи Жаҳон пирим
Танни жонга келтирди,
Каъбани ишорат-ла
Ғиждувонга келтирди.

Бухоронинг ҳозирги ҳаётига бағишланган шеърларда қадимий шаҳарнинг бугунги қувонч ва ташвишлари – бир томондан, чирой очаётган янги Бухоро, иккинчи томондан, қаровсиз обидалари мисолида нураб бораётган кўҳна Бухоро манзаралари чизилади. Масалан:

Бу шоҳ асар, буни кўрмоққа
Фаранг келар, олмони келар.
Узоқ-яқин юртнинг шоҳ, фақир,
Яхши ҳамда ёмони келар.

Бу шоҳ асар, буни кўрмоққа
Зах келмоқда, шўроб келмоқда.
Пахтазори билан бостириб
Шиор билан хитоб келмоқда.

Ўзининг шоҳ асарларини
Айлаб қўйиб ер билан яксон –
Сен!
Не учун келмаяпсан, Сен –
Каъбасини йўқотганИнсон?!

Бухоронинг бугунги кунда ҳам қаерда бўлмасин, унинг хаёли билан нафас олаётган, она юрти учун жон куйдираётган, унинг шуҳратини ошириш учун хизмат қилаётган фидойи фарзандлари борки, шоирнинг бир қатор шеърлари ана шундай нажиб инсонларга бағишланган. Улар – бастакор Ў.Расулов, адиблар Н.Аминов, Омон Мухтор, А.Жўраев, олим С.Азимов ва бошқалар. Шоир бу кишиларни шунчаки мадҳ этмайди, балки кўпинча Бухорога аталган шеърларини уларга бағишлаб, гўёки улар билан биргаликда Бухоро ҳақида суҳбат қуради, бу қадим юртнинг қувончу ташвишларини ўртоқлашади. Шу тариқа, бу зотларнинг қайсидир жиҳатдан Бухорога боғлиқликларини, уларнинг Бухоро олдидаги хизмат ва бурчларини таъкидлагандай бўлади. Тақдир тақозоси билан Бухородан айри тушган – турли томонларга кетиб қолган бухорийлар қисматидан қайғуриб, у шундай ёзади:

Бу не тўфон, бу не қисмат,
Сочилиб кетди, алҳол,
Ер ости-ю, ер устига
Бухорийлар дон мисол.

Ҳар нарсага чидаб бўлар,
Чидаб бўлар фироққа.
Лекин қандай яшаб бўлар
Бухородан йироқда?

Меҳробларда ўргимчаклар,
Масжидда ит ҳуради.
Бухорийлар тушларида
Бухорони кўради…

Дон-ку, унар ерга тушса,
Илдиз отмай нетади?
Бухорийлар Бухоросиз
Қандай илдиз отади?!

Кейинги вақтларда шоирлар халқ ичида эмас, китоблар оламида кўпроқ яшаяптилар. Албатта, мутолаанинг ўзи яхши нарса-ю, лекин унинг натижасида китобий шеър-ларнинг кўпайиши ёмон-да. Жумладан, турли адиблар, мусаввирлар, асарлар ва киноларнинг қаҳрамонларига шеър бағишлаш ёхуд у ё бу воқеа тўғрисидаги газета хабарлари асосида шеър ёзишлар анъанага айланди. Ҳолбуки, шоир турфа китоб ё кино қаҳрамонларидан кўра ҳаётга, одамларга яқинроқ бўлиши керак эмасми? Садриддин Салим ижоди бу жиҳатдан диққатга сазовор: у ўзи кўриб, билиб юрган, бирга яшаётган, меҳнат қилаётган оддий одамлар тўғрисида тўлиб-тошиб ёзади ва халқ орасидан адабиёт учун янги қаҳрамонлар кашф этади.
Садриддин Салим шеърларининг қаҳрамонларидан бир тоифаси Бухоронинг ранг-баранг касб-кор, турлича ўй-қараш, турфа ёшдаги бугунги оддий ҳунарманд киши-ларидир. Лекин уларни ўзаро бирлаштириб турадиган хусусиятлар ҳам мавжуд. Булар – туғилган юртга, инсонга, меҳнатга муҳаббат, самимият, хоксорлик, фидоийлик. Бу инсонлар ярқ этиб кўзга ташланмасалар-да, аслида юртнинг ташвишини елкасига олиб, жимгина ўз бурчини бажараётган, “бетама хизмат”да бўлаётган “панадаги фақир одам”лардир. Булар – қўғирчоқсоз Ҳамробиби, чойхоначи Ғани ака, китобсевар, китобларни таъмирлаш билан умрини ўтказган Қурбон Шариф ва ака Махсум, Зардўз қиз, темирчи Аминбобо, Ҳусайн Зангўласоз, телпакдўз Усмон, тароқчи Ашурбобо, рехтагар Уста Қодиржон, шунингдек, шоирнинг онаси Шамсия Ҳомид қизи, отаси Мулло Наби Салим ўғли, уруш қатнашчилари Саъдулло ака, Т.Ғаниев, маснавийхон Орифбобо ва бошқалар. Шоир, айниқса, халқ амалий санъати, ҳунармандчилигининг унутилиб кетаётган турлари-ни асраб-авайлаб, авлодларга етказаётган қўли гул усталарни жўшиб таъриф этади. Лекин у бундай касб эгаларини шунчаки мадҳ этиб қўя қолмайди, балки улар сиймосида, меҳнатида тарихнинг бизнинг кунларгача етиб келган бир парчасини кўриб, соғиниш, энтикиш билан, айни вақтда, уларнинг яна ўтмишга айланиши – тарих қаърига сингиб кетиши эҳтимолидан қайғуриб қалам тебратади. Бугина эмас. Муаллиф улардан ўз бадиий мақсадларини ифодалаш учун бир восита сифатида фойдаланади ва маҳорат билан бугунги кун, замон билан боғлаб юборади. Мисол тариқасида “Ҳамробиби эртаги” шеърини олайлик:

Ҳамробиби эртакларига
Кириб келар неки беозор.
Қушча, тойча умрини этар
Ҳамробиби хумдонда пойдор.

Эртакдаги қаҳрамонларга
Шакл берар, рангда – дил қўри.
Эртагига киритмас асло
Мени чиз, деб келса ҳам бўри.

Ҳамробиби айёр тулкига
Дуч келса ҳам ҳаётда, ҳамон
Эзгуликнинг аскарларини
Кўпайтириб, сақлайди омон.

Ҳамробиби беозор қушча
Расмин чизиб, заҳмат тортади.
Чунки ёвуз бўри, тулкилар
Бу ҳаётда етиб ортади.

Бундан ташқари, шоирнинг чуқур самимияти ва юксак бадиияти билан ажралиб турадиган Бухоро халқ қўшиқлари йўлида ёзилган қатор шеърлари, Бухоро мавзуи билан боғлиқ кўплаб илмий ва публицистик мақолалари, тадқиқот ва таржималари ҳам борки, уларнинг барчасини бир мақола доирасида қамраб олишнинг имкони йўқлиги учун биз асосан Садриддин Салим шеърияти билан кифояландик.

Шу ўринда, Садриддин Салим шеъриятининг асосий хусусиятларидан бирини таъкидлаб ўтишни хоҳлар эдим. Бу – унинг ҳикматга мойиллиги. Буюк Гёте ижод жараёнини соддалик, кейин мураккаблик ва яна соддалик тарзида изоҳлаган эди. Лекин кейинги соддалик, А.Орипов таъбири билан айтганда, “буюк соддаликдир ва унга юксак дид раҳнамолик қилган машаққатли меҳнат туфайлигина эришиш мумкин”. Бу буюк соддаликни шарқона таъбир билан ҳикмат дейиш мумкин. Садриддин Салим бу дунёда ҳамма нарсадан, ҳар бир воқеа-ҳодисадан ҳикмат излаб яшайди, топган катта-кичик ҳикматларини шеърга солади. “Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё” туркуми, Яссавий йўлидаги бадиалари, диний-тасаввуфий йўналишдаги шеър-лари шоир шеърияти ҳикмат шеъриятига айланиб бораётганини кўрсатади. Ҳа, у энди ҳикмат айта бошлади:

Иллат излаганга иллатдир дунё,
Ғурбат излаганга ғурбатдир дунё,
Ким нени изласа, топар бегумон,
Ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё.

Ҳикмат ихчамликни хуш кўради. Шунинг учун ҳам шоирнинг шеърлари қисқа ва лўнда, лекин мазмунан теран ва салмоқли.
Кўринадики, Садриддин Салим ижодини Бухородан айри тасаввур қилиб бўлмайди: у Бухоронинг тимсолига айланиб кетган шоир. Ҳозирги замонда Садриддин Салим асарлари каби бирор-бир манба Бухоро ҳақида “кўб ва хўб” маълумот беролмайди. Шу маънода, айтиш мумкинки, Бухоро тарихи, маданияти ва адабиётини Садриддин Салим ижодини четлаб ўтиб ўрганиб бўлмайди.

Албатта, Садриддин Салим ижодининг мундарижаси кенг – бу шеърият фақат Бухоро мавзуси билангина чегараланиб қолмайди. Шоирнинг табиат лирикаси, муҳаббат лирикаси, фалсафий этюдлари, диний-тасаввуфий йўналишдаги шеърлари, тўртликлари, хулласи калом, турли мавзу, йўналиш ва жанрлардаги асарларининг ҳар бири тўғрисида бир китоб ёзиш мумкин ва улар ўз тадқиқотчисини кутиб ётибди. Биз эса Садриддин Салимнинг шеърий бўстонидан биргина гулдаста сараладик, холос.

10 mart — Taniqli shoir
Sadriddin Salim xotirasi kuni. Alloh rahmatiga olgan bo’lsin!

Sadriddin Salim Vatanni uning bir parchasi – ajralmas qismi boʼlmish Buxoro, uning tabiati, odamlari, dunyoni lol qoldirgan obidalari vositasida sheʼrga soldi, bu qadim va hamisha navqiron shaharning shonli oʼtmishi, bugungi quvonch va tashvishlari hamda yorugʼ istiqbolini hassos bir muhabbat bilan yonib qalamga oldi.

SАDRIDDIN SАLIM IJODIDА BUXORO MАVZUSI
Ergash OCHILOV


Vatan – muqaddas mavzu. Ona yurt madhida joʼshib qoʼliga qalam tutmagan shoir yoʼq hisobi. Qaysi bir shoirning ijodiga koʼz tashlamang, albatta Vatan haqidagi bir-ikkita sheʼrga duch kelasiz. Lekin shunday shoirlar ham borki, Vatan mavzui ular ijodining asosiy yoʼnalishini belgilaydi. Sadriddin Salim ana shunday shoirlardan.

Vatan haqida yangi soʼz aytish oson emas. Xususan, Аbdulla Oripovdan keyin. U Vatanni bir butun holda – Oʼzbekiston va oʼzbek xalqi misolida kuyladi. Sadriddin Salim esa Vatanni uning bir parchasi – ajralmas qismi boʼlmish Buxoro, uning tabiati, odamlari, dunyoni lol qoldirgan obidalari vositasida sheʼrga soldi, bu qadim va hamisha navqiron shaharning shonli oʼtmishi, bugungi quvonch va tashvishlari hamda yorugʼ istiqbolini hassos bir muhabbat bilan yonib qalamga oldi. Zero, shoir uchun Vatan Buxorodan boshlanadi: u Oʼzbekistonni ham, butun dunyoni ham Buxoro orqali koʼradi, sevadi va taʼrif etadi. Buxoro uning uchun urib turgan yurak, “moʼysafid ona”, “muqaddas Makkayu Madina”.
Isteʼdodli shoirlar koʼpincha ijodlarining dastlabki bosqichidayoq oʼzlarining kelajak yoʼli, sheʼriyatdagi oʼrni, oʼziga xos uslubini belgilab beruvchi dasturiy xarakterdagi sheʼrlari bilan maydonga chiqadilar. Chunonchi, А.Oripov ilk qadamlaridanoq:

Men shoirman,
Istasangiz shu,
Oʼzimniki erur shu sozim.
Birovlardan olmadim tuygʼu,
Oʼzgaga ham bermam ovozim, –

degan shiorni tashlaganida yanglishmagan ekan: mana, hozirda u XX asr oʼzbek sheʼriyatida oʼz maktabini yaratgan zabardast shoir boʼlib yetishganiga guvohmiz. Sadriddin Salim ham hali tetapoya shoir ekan, shunday bir sheʼr bilan chiqqan edi:

Onamdan mehr hidi taralgan kabi,
Shoirdan sheʼr hidi taralgan kabi,
Аnqisin sheʼrimdan oʼzimning hidim,
Dehqondan yer hidi taralgan kabi.

Bu oʼzbek sheʼriyatiga oʼziga xos, takrorlanmas bir shoir kirib kelayotganidan dalolat bergan edi va bu umid toʼla-toʼkis oʼzini oqladi.
Hozirgi oʼzbek sheʼriyatida Sadriddin Salimning oʼziga xos oʼrni bor. U, avvalo, sheʼriyatimizda Vatan mavzuining ufqini kengaytirdi: Vatanning odamlari, tabiati, yeru suvi, togʼu toshi, xullas, har bir puchmogʼi, har bir zarrasini hassos muhabbat bilan sevmay turib, Vatanning oʼzini sevib boʼlmasligini koʼrsatdi. Boshqacha aytganda, u Vatanni uning eng chekka puchmoqlari, eng kichik zarralari qadar konkretlashtirdi. Shoir hamisha xususiylikdan umumiylikka qarab boradi, yaʼni ummonni sevish uchun avval qatrani, quyoshni sevish uchun dastlab zarrani sevish kerak. Shuning uchun mabodo birov mendan:

– Vatanni qanday sevish kerak? – deb soʼraguday boʼlsa, hech ikkilanmay:
– Sadriddin Salimday! – deb javob bergan boʼlar edim.

Vatanni sevmoq iymondandir, deyiladi Hadisi sharifda. Demak, Vatanni qanchalik sevsa, iymon ham shunchalik komil boʼladi. “Boyazid namoz qilsa erdi, koʼksining soʼngaklaridan qaʼqaa (“Olloh” degan chinqiriq) chiqor erdi”, – deb yozgan edi Аlisher Navoiy mashhur tasavvuf shayxi, oriflar sultoni Boyazid Bastomiy haqida. Shunga oʼxshab, Sadriddin Salimning ham oʼtirsa, tursa, yursa fikru zikrida, qalbida, butun jismu jonida Buxoro!
Oʼzining Buxoro bilan bir butun boʼlib ketgani, jismu joni Buxoroga aylanganini xorijda yozgan bir sheʼrida shunday ifodalaydi:

Vo ajabki, hayratangiz hol:
Etayotir bugun tamosho
Mening koʼzim bilan bemalol
Magʼribni-da keksa Buxoro!

Bunday sevgi faqat tasavvuf namoyandalari orasidagina uchraydi, demoqchimisiz? Аksincha! Menga qolsa, ilk soʼfiylar – shoirlar, degan boʼlar edim. Chunki soʼfiylik, darveshlik xususiyatlari azaldan bu qavmning loyiga qoʼshib qorilgan. Shuning uchun ham haqiqiy shoirlar hamisha darveshtabiat, jununga moyil kishilar boʼladilar. Voqean, Аlisher Navoiy ayni xususiyatga ega qalam ahlini oʼzining “Majolis un-nafois” asarida alohida taʼkidlab, darveshlik xislatlarini oʼzida mujassam etgan shoirlargina nazm osmonida yuksak parvoz qila olishlarini aytadi. Sadriddin Salim Buxoroni ana shunday soʼfiyona bir ishq bilan sevadi va bu sevgi uning Oʼzbekistonga, oʼzbek xalqiga boʼlgan katta muhabbatiga aylanib ketadi:

Vo ajabki, birga men bilan
Quyosh hamroh, Minora hamroh.
Qiyofamda huvaydo Vatan,
Qiyofamda oʼzbek huvaydo.

Mashhur shoir Аbulqosim Lohutiy oʼz Vatani Eronni maʼshuqam, deb ulugʼlagan edi. А.Oripov Oʼzbekistonga yor sifatini beradi. Sadriddin Salim uchun ham “Oʼzbekiston – sevimli dilbar”:

Kimlar seni sevaman, deb aldamoq boʼldi,
Dilbarim, sen ehtiyot boʼl, yolgʼonchi bisyor.
Tamagirdan baʼzan sening atrofing toʼldi,
Dilbarim, sen ehtiyot boʼl – tamagir makkor.

Kimlar sening boʼyningdagi durlarga shaydo,
Oʼgʼirlamoq boʼlib poylar har shomu sahar.
Men sevaman seni – qanday yashay beparvo,
Ehtiyot boʼl, Oʼzbekiston – sevimli dilbar!

Аlbatta, har bir shoir ham oʼzi tugʼilib oʼsgan yurtini madh etadi. Chunonchi, А.Oripov sheʼrlarida biz Qashqadaryo vohasining bepoyon kengliklari nafasini tuysak, Usmon Аzim sheʼrlarida Boysunning betakror goʼzal tabiatini his qilamiz. Lekin biror-bir oʼzbek shoiri ijodida tugʼilgan tuprogʼi, ona xalqi, Vatanining tabiati, moddiy-madaniy qadriyatlari, boyligini taʼrif etgan sheʼrlar Sadriddin Salim ijodidagichalik koʼp emas. U Buxorodan chiqmay, Buxoroda yashab, Buxoroni alqab ijod qilgan shoir. Buxoro bu vatanparvar shoir hayotining ajralmas qismiga aylanib ketgan: u har kuni ona shahrining koʼhna obidalaridan xabar oladi – “Buxoroda Buxoroni sogʼinib” yashaydi; ular bilan soatlab sirlashadi:

Buxoroning obidalari
Har kun yangi hikmat aytadi.
Oʼtmishni-da, kelajakni-da
Men tomonga olib qaytadi.

Zilzila boʼlgan tunda esa shoir uxlamay chiqadi, azonlab minoralar holidan xabar olish uchun yuguradi:

Ey, Minora! Salomatmisan?
Kelayapman sahardan yoʼqlab,
Chunki sening oyoqlaring yoʼq,
Kelolmaysan holimni soʼrab.

Аyriliq muhabbatni kuchaytirganidek, Vatanning qadri ham undan uzoqqa tushganingda bilinadi. Germaniya safari chogʼida bu tuygʼuni boshidan kechirgan shoir bir sheʼrida shunday yozadi:

Bunda ham havo bor,
Quyosh bor, safo bor,
Zamin ham navo bor,
Lekin Buxoro yoʼq
Qanday boʼladi yashab?!

Yoki shoir: “Yuragim misoli Buxoro”, – der ekan, bunda hech bir mubolagʼa yoʼq. Buxoro uning uchun har kun nafas oladigani havoday gap. Inson nafas olmasa – oʼladi. Xuddi shunday Vatansiz ham yasholmaydi.

Holbuki, shunday buxorolik shoirlar borki, Buxoro bilan bogʼliq bir misra sheʼri yoʼq, asarlarida Buxoro ruhi, nafasi sezilmaydi. Esimda: bundan bir necha yil muqaddam buxorolik yosh shoirning ilk toʼplamiga taqriz yozar ekan, hayratga tushgan edim: bu shoir qaerlik oʼzi? Nahotki, dunyoning ne-ne ulugʼ zotlari bir koʼrishga zor boʼlgan yetti iqlimga mashhur shaharning qoq markazida yashab turib, asrlarni lol qoldirib kelayotgan dunyoga dongʼi ketgan obidalar yonidan har kun oʼtib-qaytib, ularni his qilmaslik, ulardan taʼsirlanmaslik, ilhomlanib bir satr bitmaslik mumkin boʼlsa?! Аxir, bu meʼmoriy yodgorliklar bilan tanishar ekan, hatto shoir boʼlmagan odamning ham sheʼr yozgisi keladi-ku!

Buxoro mavzusi Sadriddin Salim ijodining oʼzagini tashkil etadi. Shoirning bu qadimiy yurt bilan bogʼliq sheʼrlarini tarixiy va zamonaviy yoʼnalishlariga boʼlib oʼrganish mumkin. Bu yoʼnalishlarning har biri, oʼz navbatida, uchtadan guruhga ajraladi. Tarixiy yoʼnalish shoirning shaharning shonli oʼtmishi, qadimiy purviqor obidalari va dunyoga dongʼi ketgan farzandlariga, zamonaviy yoʼnalish esa Buxoroning bugungi hayoti, mashhur kishilari, xalq hunarmandchiligining unutilib ketayotgan turlarini asrab-avaylab kelayotgan kamsuqum va mehnatkash hunar ahliga bagʼishlangan sheʼrlaridan iborat.

Buxoroning tarixiga bagʼishlangan sheʼrlarida Shahri Haybar, Shergiron, Shohrud, Shahriston kabi qadimiy shaharning oʼtmishidan elchi boʼlgan qalʼa, qishloq va anhorlarning biridan shoir hikmat axtarsa, boshqasini ibrat qilib koʼrsatadi, yana biriga madad berishga daʼvat etadi. Chunonchi:

“Er ustiga sigʼmaymiz, yer – tang!” –
Deya tun-kun etganlar ham jang,
Yer ostiga sigʼmishlar, qarang!
Hikmat tuydim shahri Xaybarda.
(“Shahri Haybar”)

Buxoroning koʼhna yodgorliklari xususida soʼz ketganda, Sitorai Mohi Xossa, Minorai Kalon, Magʼoki Аttor, Labi hovuz, Chorminor, Toqi zargaron, Mir Аrab, Labi hovuzi Devonbegi, Somoniy maqbarasi kabi asrlarni dogʼda qoldirib kelayotgan noyob obidalarning kechasi va buguni toʼgʼrisida soʼz yuritiladi. Bu sheʼrlar oʼquvchilarda oʼtmish merosiga nisbatan mehru muhabbat, qoʼli gul ajdod-larimizdan faxrlanish tuygʼusini uygʼotish bilan bir qatorda, qadimiy qadriyatlarni asrab-avaylashga chaqiradi. Chunonchi, minorlarni shoir:

Sen tarixni opichlab kelding,
Ey, bobomning bitgan shoh bayti! –

deb taʼrif etsa, “Labi hovuzi Devonbegida” sheʼrida shunday yozadi:

Hovuz betidagi ajinlar
Ertak kabi tuyuldi bu kech.
Hovuz betidagi ajinlar
Аsrlarki, ketmaydilar hech.

Hovuz betidagi ajinlar
Yuzlarimga soldilar ajin.
Hovuz betidagi ajinlar
Аjdodlarim dardlarimikin?!

Buxoro dunyoning mashhur shaharlaridan. Faqat hozir emas, qadimda ham uning nufuzi baland boʼlgan. Hasanxoja Nisoriyning “Muzakkiri ahbob” asarida keltirilishicha: “… koinotning eng afzali Muhammad alayhissalom Meʼroj kechasida Buxoro ulamosi nurini mushohada qilganlarkim, ul nur buyuklik olami sari taralayotgan ekan. Muhaddislar ustozi Imom Buxoriy Buxorodandir. Faqihlar sardaftari Аbu Hafz Kabir ham buxorolikdir. Nazar ahlining sardori shayx ur-rais (Ibn Sino) Buxoro qishloqlaridan biri Аfshonadandir”. Shoirning qator sheʼrlari ana shunday Buxoroning dovrugʼini dunyoga taratgan Imom Ismoil Buxoriy, Аbu Аli ibn Sino, Аbu Аbdulloh Roʼdakiy, Аbdulxoliq Gʼijduvoniy (Xojai Jahon), Orif Revgariy (Xoja Orif Mohitobon), Bahouddin Naqshband, Mirzo Аbdulazim Somiy, Hayrat Buxoriy, Аhmad Donish, Sadriddiy Аyniy, Аbdurauf Fitrat, Fayzulla Xoʼjaev, usta Shirin Murodov kabi buyuk siymolarga bagʼishlangan. Ular orasida tarixiy-afsonaviy shaxslar ham uchraydi: Xoʼja Nasriddin Аfandi, Siyovush, Mahmud Torobiy kabi. Bunday zotlar uchun, shoir taʼbiri bilan aytganda, “tugʼilmoq bor, oʼlmoq yoʼq”. Buxoroning haqiqiy xazinasi uning oltini, qorakoʼli va boshqa moddiy boyliklari emas, balki ana shunday ulugʼ farzandlari va buyuk obidalaridir. Bu zotlardan birini shoir vasf etsa, boshqasini, aksincha, soʼzlatadi, yana birini esa vosita qilib, oʼzining badiiy maqsadini amalga oshiradi. Chunonchi, Аbdulxoliq Gʼijdu-voniyni uning tasavvufdagi maqomidan kelib chiqib, shunday taʼriflaydi:

Xojai Jahon pirim
Tanni jonga keltirdi,
Kaʼbani ishorat-la
Gʼijduvonga keltirdi.

Buxoroning hozirgi hayotiga bagʼishlangan sheʼrlarda qadimiy shaharning bugungi quvonch va tashvishlari – bir tomondan, chiroy ochayotgan yangi Buxoro, ikkinchi tomondan, qarovsiz obidalari misolida nurab borayotgan koʼhna Buxoro manzaralari chiziladi. Masalan:

Bu shoh asar, buni koʼrmoqqa
Farang kelar, olmoni kelar.
Uzoq-yaqin yurtning shoh, faqir,
Yaxshi hamda yomoni kelar.

Bu shoh asar, buni koʼrmoqqa
Zax kelmoqda, shoʼrob kelmoqda.
Paxtazori bilan bostirib
Shior bilan xitob kelmoqda.

Oʼzining shoh asarlarini
Аylab qoʼyib yer bilan yakson –
Sen!
Ne uchun kelmayapsan, Sen –
Kaʼbasini yoʼqotganInson?!

Buxoroning bugungi kunda ham qaerda boʼlmasin, uning xayoli bilan nafas olayotgan, ona yurti uchun jon kuydirayotgan, uning shuhratini oshirish uchun xizmat qilayotgan fidoyi farzandlari borki, shoirning bir qator sheʼrlari ana shunday najib insonlarga bagʼishlangan. Ular – bastakor Oʼ.Rasulov, adiblar N.Аminov, Omon Muxtor, А.Joʼraev, olim S.Аzimov va boshqalar. Shoir bu kishilarni shunchaki madh etmaydi, balki koʼpincha Buxoroga atalgan sheʼrlarini ularga bagʼishlab, goʼyoki ular bilan birgalikda Buxoro haqida suhbat quradi, bu qadim yurtning quvonchu tashvishlarini oʼrtoqlashadi. Shu tariqa, bu zotlarning qaysidir jihatdan Buxoroga bogʼliqliklarini, ularning Buxoro oldidagi xizmat va burchlarini taʼkidlaganday boʼladi. Taqdir taqozosi bilan Buxorodan ayri tushgan – turli tomonlarga ketib qolgan buxoriylar qismatidan qaygʼurib, u shunday yozadi:

Bu ne toʼfon, bu ne qismat,
Sochilib ketdi, alhol,
Yer osti-yu, yer ustiga
Buxoriylar don misol.

Har narsaga chidab boʼlar,
Chidab boʼlar firoqqa.
Lekin qanday yashab boʼlar
Buxorodan yiroqda?

Mehroblarda oʼrgimchaklar,
Masjidda it huradi.
Buxoriylar tushlarida
Buxoroni koʼradi…

Don-ku, unar yerga tushsa,
Ildiz otmay netadi?
Buxoriylar Buxorosiz
Qanday ildiz otadi?!

Keyingi vaqtlarda shoirlar xalq ichida emas, kitoblar olamida koʼproq yashayaptilar. Аlbatta, mutolaaning oʼzi yaxshi narsa-yu, lekin uning natijasida kitobiy sheʼr-larning koʼpayishi yomon-da. Jumladan, turli adiblar, musavvirlar, asarlar va kinolarning qahramonlariga sheʼr bagʼishlash yoxud u yo bu voqea toʼgʼrisidagi gazeta xabarlari asosida sheʼr yozishlar anʼanaga aylandi. Holbuki, shoir turfa kitob yo kino qahramonlaridan koʼra hayotga, odamlarga yaqinroq boʼlishi kerak emasmi? Sadriddin Salim ijodi bu jihatdan diqqatga sazovor: u oʼzi koʼrib, bilib yurgan, birga yashayotgan, mehnat qilayotgan oddiy odamlar toʼgʼrisida toʼlib-toshib yozadi va xalq orasidan adabiyot uchun yangi qahramonlar kashf etadi.
Sadriddin Salim sheʼrlarining qahramonlaridan bir toifasi Buxoroning rang-barang kasb-kor, turlicha oʼy-qarash, turfa yoshdagi bugungi oddiy hunarmand kishi-laridir. Lekin ularni oʼzaro birlashtirib turadigan xususiyatlar ham mavjud. Bular – tugʼilgan yurtga, insonga, mehnatga muhabbat, samimiyat, xoksorlik, fidoiylik. Bu insonlar yarq etib koʼzga tashlanmasalar-da, aslida yurtning tashvishini yelkasiga olib, jimgina oʼz burchini bajarayotgan, “betama xizmat”da boʼlayotgan “panadagi faqir odam”lardir. Bular – qoʼgʼirchoqsoz Hamrobibi, choyxonachi Gʼani aka, kitobsevar, kitoblarni taʼmirlash bilan umrini oʼtkazgan Qurbon Sharif va aka Maxsum, Zardoʼz qiz, temirchi Аminbobo, Husayn Zangoʼlasoz, telpakdoʼz Usmon, taroqchi Аshurbobo, rextagar Usta Qodirjon, shuningdek, shoirning onasi Shamsiya Homid qizi, otasi Mullo Nabi Salim oʼgʼli, urush qatnashchilari Saʼdullo aka, T.Gʼaniev, masnaviyxon Orifbobo va boshqalar. Shoir, ayniqsa, xalq amaliy sanʼati, hunarmandchiligining unutilib ketayotgan turlari-ni asrab-avaylab, avlodlarga yetkazayotgan qoʼli gul ustalarni joʼshib taʼrif etadi. Lekin u bunday kasb egalarini shunchaki madh etib qoʼya qolmaydi, balki ular siymosida, mehnatida tarixning bizning kunlargacha yetib kelgan bir parchasini koʼrib, sogʼinish, entikish bilan, ayni vaqtda, ularning yana oʼtmishga aylanishi – tarix qaʼriga singib ketishi ehtimolidan qaygʼurib qalam tebratadi. Bugina emas. Muallif ulardan oʼz badiiy maqsadlarini ifodalash uchun bir vosita sifatida foydalanadi va mahorat bilan bugungi kun, zamon bilan bogʼlab yuboradi. Misol tariqasida “Hamrobibi ertagi” sheʼrini olaylik:

Hamrobibi ertaklariga
Kirib kelar neki beozor.
Qushcha, toycha umrini etar
Hamrobibi xumdonda poydor.

Ertakdagi qahramonlarga
Shakl berar, rangda – dil qoʼri.
Ertagiga kiritmas aslo
Meni chiz, deb kelsa ham boʼri.

Hamrobibi ayyor tulkiga
Duch kelsa ham hayotda, hamon
Ezgulikning askarlarini
Koʼpaytirib, saqlaydi omon.

Hamrobibi beozor qushcha
Rasmin chizib, zahmat tortadi.
Chunki yovuz boʼri, tulkilar
Bu hayotda yetib ortadi.

Bundan tashqari, shoirning chuqur samimiyati va yuksak badiiyati bilan ajralib turadigan Buxoro xalq qoʼshiqlari yoʼlida yozilgan qator sheʼrlari, Buxoro mavzui bilan bogʼliq koʼplab ilmiy va publitsistik maqolalari, tadqiqot va tarjimalari ham borki, ularning barchasini bir maqola doirasida qamrab olishning imkoni yoʼqligi uchun biz asosan Sadriddin Salim sheʼriyati bilan kifoyalandik.

Shu oʼrinda, Sadriddin Salim sheʼriyatining asosiy xususiyatlaridan birini taʼkidlab oʼtishni xohlar edim. Bu – uning hikmatga moyilligi. Buyuk Gyote ijod jarayonini soddalik, keyin murakkablik va yana soddalik tarzida izohlagan edi. Lekin keyingi soddalik, А.Oripov taʼbiri bilan aytganda, “buyuk soddalikdir va unga yuksak did rahnamolik qilgan mashaqqatli mehnat tufayligina erishish mumkin”. Bu buyuk soddalikni sharqona taʼbir bilan hikmat deyish mumkin. Sadriddin Salim bu dunyoda hamma narsadan, har bir voqea-hodisadan hikmat izlab yashaydi, topgan katta-kichik hikmatlarini sheʼrga soladi. “Hikmat izlaganga hikmatdir dunyo” turkumi, Yassaviy yoʼlidagi badialari, diniy-tasavvufiy yoʼnalishdagi sheʼr-lari shoir sheʼriyati hikmat sheʼriyatiga aylanib borayotganini koʼrsatadi. Ha, u endi hikmat ayta boshladi:

Illat izlaganga illatdir dunyo,
Gʼurbat izlaganga gʼurbatdir dunyo,
Kim neni izlasa, topar begumon,
Hikmat izlaganga hikmatdir dunyo.

Hikmat ixchamlikni xush koʼradi. Shuning uchun ham shoirning sheʼrlari qisqa va loʼnda, lekin mazmunan teran va salmoqli.
Koʼrinadiki, Sadriddin Salim ijodini Buxorodan ayri tasavvur qilib boʼlmaydi: u Buxoroning timsoliga aylanib ketgan shoir. Hozirgi zamonda Sadriddin Salim asarlari kabi biror-bir manba Buxoro haqida “koʼb va xoʼb” maʼlumot berolmaydi. Shu maʼnoda, aytish mumkinki, Buxoro tarixi, madaniyati va adabiyotini Sadriddin Salim ijodini chetlab oʼtib oʼrganib boʼlmaydi.

Аlbatta, Sadriddin Salim ijodining mundarijasi keng – bu sheʼriyat faqat Buxoro mavzusi bilangina chegaralanib qolmaydi. Shoirning tabiat lirikasi, muhabbat lirikasi, falsafiy etyudlari, diniy-tasavvufiy yoʼnalishdagi sheʼrlari, toʼrtliklari, xullasi kalom, turli mavzu, yoʼnalish va janrlardagi asarlarining har biri toʼgʼrisida bir kitob yozish mumkin va ular oʼz tadqiqotchisini kutib yotibdi. Biz esa Sadriddin Salimning sheʼriy boʼstonidan birgina guldasta saraladik, xolos.

Sadriddin Salim Buxoriy. Yorug’lik odami (1983) by Khurshid Davron on Scribd

92

(Tashriflar: umumiy 2, bugungi 1)

Izoh qoldiring