Abdurashid Mamadolimov. Xorij hangomalari

Ashampoo_Snap_2017.01.26_22h04m32s_002_.png  Сайтимиз  муштарийлари Абдурашид Мамадолимов  ҳангомалари билан яхши таниш. Улар бу ҳангомалар давомини илҳақ кутадиган, айрим интернету  қоғозли нашрлар уларни сайтимиздан кўчириб босадиган ҳам бўлишди. Мана бугун Малайзияда илмий-текшириш институтида хизмат қиладиган олим юртдошимиз янги ҳангомаларини сизгатақдим этмоқда.

Абдурашид Мамадолимов
«ХОРИЖ ҲАНГОМАЛАРИ» ТУРКУМИДАН
005

10458895_919700384728244_5197374999568921398_n.jpgАбдурашид Мамадолимов 1973 йил Наманган вилояти Чуст туманининг Олмос қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат Университетининг механика-математика факультетида таҳсил олган, физика-математика фанлари номзоди. Ўзбекистон Миллий Университетида ишлаган. 2008 йилдан Малайзиядаги МИМОС илмий-текшириш институтида хизмат қилади. «Сайтимиз саҳифаларида унинг ҳикоя ва бадиалари эълон қилинган.

005

Емаган сомсага тўланган ҳақ

Ўн ёшлар атрофида эдим. Дадам ҳовлида етиштирилиб, рўзғордан ортадиган бир қоп картошкани сотиб беришни Ҳаким акамдан илтимос қилди. Ҳаким акам билан бозорга мен ҳам борадиган бўлдим. Мен бундан жуда хурсанд эдим. Шаҳарни айланиб келаман, Ҳаким акамни қизиқ-қизиқ гапларидан баҳраманд бўламан. Якшанба куни картошкани кўча машинасига юклаб, туман марказига йўл олдик.

Картошкани майдалаб, шошмасдан сотдик. Тушлик яқинлашганда ҳали ишимиз тугамаган эди.

— Тушликни навбат билан қиламиз, — деди Ҳаким акам, — биринчи сен қиласан.

У шундай деб, бозор ичидаги ошхоналарни, қаерда нима сотилишию, нархи қанча эканлигини менга тушунтирди. Кейин қўлимга тушликка яраша пул тутқазди. Мен овқатланиб келдим. Тушлик навбати Ҳаким акамники эди. Хали сотилмаган картошка бор, менинг вазифам унга қараб туриш, харидор келса сотишим керак эди. Картошканинг килоси неча пул эканлигини биламан, уни тарозида қандай тортишни ҳам ўрганиб олганман. Ҳаким акам тушликка кетди. Харидор дегани ҳар замонда бир келар, у ҳам нархни билиб, тескари бурилиб кетарди. Ҳаким акам қайтиб келгунча 5 6 кило картошка сотдим. Ҳаким акам келганда сотилган картошка пулини дарров унга бердим. Ҳаким акам бир пулга, бир қолган картошкага тикилди, назаримда мендан сал шубҳаланди, лекин хеч нарса демади. Мен ҳамма пулни берганимга ишончим комил эди. Орадан яна ярим соатлар вақт ўтти. Қўлимни чап чўнтагимга солдиму, у ерда қўлим бир дона қоғоз пул билан 2-3 та тангага илинди. Ана холос, картошканинг пулидан бу чўнтакда қолиб кетибди-ку. Боя у чўнтагимдан ҳамма пулларни Ҳаким акамга олиб бергандим, лекин бунисида ҳам пул борлигини билмапман. Энди нима бўлди?.. Мен аввал пулни дарров Ҳаким акамга бермоқчи бўлдим. Лекин энди кеч эмасми? Ҳаким акам нима деб ўйлайди, атайлаб яшириб қўйган экан демайдими? Шу озгина пул ўзимда қолса нима қипти? Қизиқ, қолган пул қанча экан? Мен пулнинг қанчалигини тезроқ билгим келди. Лекин Ҳаким акам олдида уни олиб, санай олмасдим. Ундан узоқлашишим керак.

— Мен сув ичиб келаман, — дедим Ҳаким акамга.

Ҳаким акам аввал, «Майли» деди, кейин «Шошма» деб, тўхтатди. Мен бир чўчиб тушдим, Ҳаким акам пулни билиб қолди деб ўйладим. Ҳаким акам ёнидан 4-5 дона танга олиб менга бердида, шундай деди:

— Мева бозорга ўтсанг, яхши шафтолилар бор, сув ичмагин-да, шафтоли ей қолгин.

Мен тангаларни олиб, нари кеттим. Ҳаким акамдан пана бўлишим биланоқ, ёнимдаги бир дона қоғоз пул билан тангаларни олиб санадим. Қоғоз пул бир сўмлик, тангалар 40 тийин эди. Уларни яна чўнтагимга солиб қўйдим. Хурсанд эдим. Ўзимча 1 сўм 40 тийинга кейинчалик нима сотиб олишни ўйлардим. Аммо,«Картошка ўзимизники бўлса, Ҳаким акамники эмас-ку,» — деган ўй билан ўзимни овутардим. Ўзимча, шундай деб, ўғирлигимни оқлашга ҳаракат қилардим.

Йирик, сувли «Отяғи» («Отоёғи») шафтолисидан 3 донасини сотиб олиб, маза қилиб едим. Картошка бошига қайтиб келиб, Ҳаким акамга ўзимча ҳиммат қилдим:

— Энди сиз бориб шафтоли еб келинг, — дедим унга.
— Мен кейинроқ бораман, — деди у.

Лекин Ҳаким акам ўша куни шафтолига бормади.

Картошкани сотиб бўлиб, кечки пайт уйга қайтдик. Ҳаким акам бизнинг ховлида, ерга қилинган жойда ўтириб, тоғасига (менинг дадамга) шошмасдан ҳисоб-китоб қилиб берарди. Картошканинг килосини қанчадан сотдик, умумий неча кило чиқди, у қанча пул бўлдию, йўлкира ва бошқа харажатлар қанча бўлди? Ҳаким акам ҳаммасини эринмай ҳисобини қиларди. Бу пайтда мен ўзимни ноқулай ҳис қила бошладим, дадам ва Ҳаким акамни ёнида ўтиролмай, ичкарига кириб кетдим. Лекин  ҳамон ховлидагиларнинг гапларини баралла эшитиб турардим. Очиғи, мен чўчиётган эдим. Назаримда Ҳаким акам менда бироз пул қолиб кетганини биладию, хозир бу хақда дадамга айтиб берадигандек эди. Ҳаким акам харажатларнинг хисобини берарди:

— Ўғлингиз билан 1 сўм 20 тийиндан 2 сўм 40 тийинга овқатландик. Ундан ташқари иккалам  фалон пулга шафтоли ҳам едик, шуларга рози бўлиб қўясиз, — деди Ҳаким акам.

Ҳаким акам шу ерда алдади. Шафтолини фақат мен еган эдим, у емаган эди. Ҳаким акам ростанам менда пул қолиб кетганини сезган, энди ўша пулни «қоплаш» учун ўзини шафтоли еганга чиқарган эди.

Мен шу пайтда чўнтагимдаги 1 сўм 40 тийин пулни олиб чиқиб, дадам ва Ҳаким акам олдига қўйишни жуда-жуда истардим, лекин бунга қўрқардим. Пулни қайтаролмадим. Узоқ пайтгача уни ишлатмадим ҳам. Лекин бола барибир бола бўларкан, орадан вақтлар ўтиб ўша кунги воқеанинг кучи мен ўз аҳамиятини йўқотди ва мен пулни ишлатиб юбордим.

Аммо, ора-ора ўша воқеани эслайману юзим қизарганини сезаман.

Америкага кетяпман

Ўшанда 2005 йил кеч кузи эди. Америкага борадиган бўлдим. Ўзбекистондан бир гуруҳ таълим ходимлари Америкада малака оширадиган бўлдик. Америка сафари мен учун харажатсиз бўляпти — бир ташкилот ўтказган конкурс ғолиби сифатида кетяпман ва барча харажатларни ўша ташкилот кўтаради. Хурсандман. У пайтларда хали чет элларга деярли чиқмаганман. Энди эса бирданига Америкага кетяпман. Яна қайси шаҳрига денг? Ундай-бундайимас, Лос-Ангелесга (Матндаги жой номлари муаллиф ишлатган шаклда қолдирилди. ХДК изоҳи). Бир ойдан кўпроқ муддат бўламиз у ерда. Мен хурсанд бўлмай ким хурсанд бўлсин!? Сафар бошланадиган кунгача хали бир ой вақт бор. Шунга қарамай, тайёргарликни бошлаб юбордим. Сафар учун керакли майда-чуйдаларни сотиб олдим. Ғилдирайдиган жомадон ҳам олдим, ахир Америкага оддий жамадон кўтариб бормайман-ку. Сафарга ярим ой қолганда  жамадоним ичига ҳамма керакли нарсалар жойлаб бўлинган, кетиш олдидан бироз егулик олсам бас эди.

Юрсам ҳам, ўтирсам ҳам Америка сафарини ўйлардим. Кечасилари уйқум қочиб Американи ўйлаб ётардим, уйқумда ҳам Америка тушимга кирарди. Сафар хақида яқинларимга овоза қилишни бошладим. Ишхонадагилар, қариндошлар, дўст-танишлар, ҳатто собиқ ишхонамдагилар ҳам қолмади: «Америкага кетяпман» деб қўярдим ишшайиб. Ўша кунлари қишлоқда тоғам тўй қилиб қолди. Тўй куни тоғамга қўнғироқ қилдим:

— Тўй қутлуғ бўлсин, тоға, узр, мен боролмайман, биласизку, Америкага кетяпман, — дедим мен.

Бутун тўйда «Абдурашид Америкага кетяпти экан» деган гап тарқалди (асли қўнғироқ қилишдан мақсад ҳам шу эдида).

Университетда студентларимга дарс ўтиб туриб, «Бу қисмини Америкага бориб келгандан кейин тушунтираман» деб қўяман. Шаҳарда автобусда кета туриб, эски ишхонам олдидан ўтиб қолдим. Бу ерга ҳам кириб мақтангим келди. Кеч ҳаракат қилганим учун бир бекат ўтиб кетиб автобусдан тушдим, пиёда орқага қайтиб бордим. Собиқ ҳамкасбларим билан кўришар эканман, гўё уларни соғиниб келгандек ўзимни тутаман, лекин мақсад сафарни билдириш, «Америкага кетяпман» деб қўяман. Хуллас,  Америкага кетаётганимни ярим Ўзбекистон билди.

Виза олинди, йўл-чипталар сотиб олинди. Сафар куни ҳам етиб келди. Эрталаб сафарни уюштирувчи ташкилотга йиғилдик. Охирги йўл-йўриқларни айтишди. Кечқурун фалон пайтда аэропортда йиғилишга келишиб, тарқалдик.

Кечқурун қайним мени машинасида аэропортга олиб чиқиб қўядиган бўлди. Машинада қайнонам ҳам борлар. Аэропорт томон йўл олдик. Бир пайт қайним чоррахада қизил чироқда ўтиб кетти-ку. Нарироқда «ГАИ» турган экан, хуштагини чалиб, таёғини кўндаланг қилиб тўхтатди. Қайнонам ўғилларига «Қимирлама» дедилару, машина ойнасини очиб, жарангдор овозлари билан Тошкент шевасида «ГАИ»га гапириб қолдилар:

— Куёвим Америкага кетвоттила, самолётга кеч қовоммиза, шунга… узр энди, ука.

Қайнонамнинг овозлари тунги сокин Тошкент кўчасида жаранглаб, назаримда етти маҳаллага кетти: «Куёвим Америкага кетвоттила, куёвим Америкага кетвоттила, …»

«ГАИ» ҳам аёл киши билан тенг бўлмай қўя қолай дедими, ёки ростанам Америкага кетаётган куёвга нисбатан кўрсатилаётган иззат таъсир қилдими, хар тугул «Майли, бора қолинглар, эхтиёт бўлиб кетинглар» деб, рухсат берворди.

Аэропортга келдик. Негадир шериклардан хеч ким кўринмасди. Бирпасдан кейин сафар ташкилотчиларидан иккитаси кўринди. Негадир улар хомушроқ эди, олдимга шумшайиб келишди-ю:

— Сафар бекор қилинди, — дейишди…

Устимга бир челак муздек сув қуйилгандек бўлди. Мен аввалига тушунмай бирпас карахт бўлиб турдим. Кейин анавиларни саволга туттим:

— Нега бекор қилинади? Қанақасига бекор қилинади?

Ўша куни пешиндан кейин шерикларга қўнғироқ қилиб, сафарнинг бекор қилинганини айтишган экан. Менда телефон йўқлиги учун мени аэропортда пойлаб туришган экан…

Қайнимнинг машинасида уйга қайтяпмиз. Бояги «Америкага кетётган куёв» обрўсидан энди асар ҳам қолмаган, орқада шумшайиб ўтирибман. Яна бояги «ГАИ»га дуч келдик-ку… Ишқилиб мени кўриб қолмасин деб, ўриндиқ орқасига кириб кетдим.

Орадан йиллар ўтиб, кўп чет элларга бордим, у ерларда яшадим ҳам, энди «чет эл» олдингидек мени ўзига оҳанграбодек жалб қилмайди. Лекин хануз Америкага бориш насиб қилмади. Канадага бордим, Америка чегарасига 25 чақиримча яқин келдим. Лекин Америка хануз забт этилмади…

Жеги

Биз мактабда ўқиб юрган пайтларимизда ланка тепиш ўғил болаларнинг севимли ўйини эди. Ҳозир болалар ланка тепадими ёки йўқми,  билмайман. Юнги ярим қарич узунликдаги қўй ёки эчки терисидан сўлкавой тангадек жойи қирқиб олиниб, терига оғирроқ «қопқоқ» кийдирилади. Шуни ланка дейилади. Ланка тепилганда бўй баравар кўтарилиб, парашютдек секин қайтади. Ўйиннинг мазмуни ланкани ерга туширмасдан, имкон қадар кўп марта тепишдан иборат. Болалигимизда мактабда ҳам, маҳаллаларда ҳам болалар тўп-тўп бўлиб ланка тепарди. Лекин мактабда бу ўйин расман таъқиқланган эди. Совет мактаби учун ланка «эскилик сарқити» ҳисобланган бўлса керак. Ланка тепиш домлалар тарафидан таъқиб қилинарди. Шунинг учун ланка мактабнинг чекка жойларида, биноларнинг орқасида тепиларди. Баъзида ланка тепувчилар шундай жойларда ҳам қўлга тушиб қолар ва қаттиқ жазоланарди. Айрим кунлари қаттиққўл пионервожатиймиз «тинтув» ўтказар, кимнингдир чўнтаги ёки попкасидан ланка топиб олса, худди совуқ қурол топиб олгандек, ланка эгасини намойишкороно жазоларди. Шунча қийин-қистовлар бўлишига қарамасдан болаларнинг аксарияти барибир бу ўйинни қўймасди.

Тан олиб айтишим керак, мен болалигимда ланка тепмаганман. Мен аълочи, намунали (айни пайтда содда, гўл) ўқувчи сифатида домлаларим айтган чизиқдан чиқмасдим. Домлаларнинг гаплари таъсирида ланкани ростанам ёқтирмаганман. «Пионер шахмат ўйнаши керак, футбол ўйнаши мумкин, лекин қаёқдаги ланкага бало борми?» деб ўйлардим.

Орадан йиллар ўтиб кетти. Кунлардан-бир кун Кореядаги университетлардан бирига боришимга тўғри келди. Бу ерда чет эллик студентлар учун хар хил тадбирлар ўтказиб турилади. Бундай тадбирлардан мақсад чет эллик студентларга Корея маданиятини таништиришдан иборат. Ана шундай тадбирлардан бирига бордим. Тадбирда Сеулда жойлашган университетларда ўқийдиган, дунёнинг турли бурчакларидан келган студентлар бор. Аввал таомландик. Кейин куй-қўшиқлар бўлди. Кетидан бизни бино ҳовлисига таклиф қилишди. У ерда Корея халқ ўйинларини намойиш қилишди. Бизни ҳам ўйнаб кўришга таклиф қилишди. Ўйинларнинг бири бизнинг ланка эди. Ҳа ишонаверинг, кореялик ёшлар ҳам ланка тепаркан. Уларда бу «жеги» дейиларкан. Биттаси жегини қандай тепишни бизга кўрсатди. Кейин ҳаммамизга биттадан жеги тарқатиб чиқди, тепинглар сизлар ҳам, деди. Жегиси худди бизнинг ланкага ўхшаш, лекин сунъий бир нарсадан ясалган, биздаги каби табиий юнгли теридан эмас. Жеги тепиш бошланди. Тасаввур қилинг, катта бир майдон, 30-40 чоғли йигит-қиз жеги-ланка тепяпти. Кимдир эплаяпти, кимдир йўқ. Қий-чув, кулги, кимдир йиқилган… Мен аввал уялибми, хавотир биланми – жеги тепмай, бирпас бошқаларни томоша қилиб турдим. Назаримда ҳозир (болаликдаги) домламиз келиб қоладию, бу ердагиларнинг ҳаммасини қулоғидан бураб олиб кетади… Лекин тезда атрофдаги кайфият менга ҳам таъсир қилди, мен ҳам аста жеги тепишни бошладим. Қарасам уддалаяпман. Қизишиб кетдим, энди жон-жахдим билан берилиб жеги тепардим. Болалигимда менда ланкага нисбатан шакллантирилган таъқиқ шу онда чил-парчин бўлиб кетган, мен эса бундан хурсанд эдим. Хўкиздай бўлиб лўкиллаб, терлаб-пишиб жеги тепардим…

Кераксиз музлатгич

Ушбу воқеани Корея университетларидан бирида ўқиган дўстимиз Улуғбек айтиб берган эди.

Улуғбек Кореяда ўқишининг биринчи йилида Сеулдаги ижара уйда яшаган, иккинчи йилдан бошлаб арзонроқ университет ётоқхонасига кўчиб ўтмоқчи бўлибди. Ётоқхонадан жой олибди, ижара уй эгаси билан охирги хисоб-китобларни қилиб, бир хафта ичида уйни бўшатишга келишиб олибди. Студент учун бир жойдан иккинчи жойга кўчиш катта муаммо эмас, студентда кўп юк бўлмайди, бўлса бир халта кийим-кечак билан, беш-олтита китоб бўлади. Лекин Улуғбек бир йил олдин шу ижара уйга келганида янги музлатгич сотиб олган экан. Уйда ҳамма керакли ашқол-дашқоллар бор экану, музлатгич йўқ экан, шунинг учун Улуғбек уни сотиб олишга мажбур бўлган экан. Улуғбек машинаси бор маҳаллий бир курсдошидан музлатгични ётоқхонага элтиб беришда ёрдам сўрабди.

— Бажонидил, — дебди маҳаллий курсдош, — лекин ётоқхона маъмуриятидан рухсат сўрадингизми?
— Сўраш керакми?, — деб ажабланибди Улуғбек, — мен ётоқхонага олиб келмоқчиман, олиб кетмоқчи эмасман.
— Барибир, сиз аввал бир сўранг.

Улуғбек ётоқхона маъмуриятига учраб, ўзига ажратилган хонага ўзининг шахсий мулки бўлган музлатгични олиб келмоқчи эканлигини айтибди. «Йўқ» дейишибди маъмуриятдагилар, «Мумкин эмас. Ётоқхонада ўзимизнинг музлатгичлар бор, марҳамат, ўшалардан фойдаланинг, четдан музлатгич, мебель ва шунга ўхшаш нарсаларни олиб келиш таъқиқланади.»

«Тортишиш бефойда. Энди нима бўлади? Агар ётоқхонага олиб келолмасам, уни сақлаб турадиган бошқа жойим йўқ. Балки Ўзбекистонга жўнатиб юборишнинг иложи бордир?» Улуғбек шундай ўйлаб, Ўзбекистонга юк жўнатиш хизматлари билан қизиқибди. Лекин кечга бориб бу фикрдан ҳам кўнгли совибди, сабаби музлатгични жўнатиш хақи шундай қиммат экан-ки, бу пулга Ўзбекистоннинг ўзидан бундан зўр янги музлатгич сотиб олса бўларкан.

Шу тариқа уч кун ўтиб кетибди. Яна уч кун ичида музлатгич масаласини хал қилиш керак. Улуғбек ўйлаб-ўйлаб музлатгични ижара уй эгасига сотиб кетишга қарор қилибди. «Албатта, арзон кетади, лекин илож йўқ. Аввал 75% пулини айтиб кўраман, қиммат деса, майли 50% пулига бервораман.» Улуғбек шундай хаёллар билан уй эгасига қўнғироқ қилиб, ниятини тушунтирибди.

— Кечирасиз, мен музлатгични ололмайман, — дебди уй эгаси кутилмаганда.
— Музлатгич яп-янги, бир йил олдин дўкондан сўтиб олганман, — дебди Улуғбек.

— Биламан, лекин барибир ололмайман.
— Қиммат нарх сўрайди деб ўйлаётган бўлсангиз керак, 75% нархига бервораман.
— Узр… Менга музлатгич керак эмас.

— Майли, 50% нархини бера қолинг.
— Сиз мени тушунмаяпсиз, мен музлатгич олмайман, — деб, уй эгаси бу сафар қатъий жавоб берибди.

Улуғбек уй эгаси музлатгични сотиб олишига, негадир, ишонган экан. Умиди пучга чиқибди. Энди кимга сотади? Тўғри, интернет орқали сотишга ҳаракат қилиб кўриш мумкин, лекин бу жуда кўп вақт талаб қилади.

Орадан яна бир кун ўтибди. Улуғбек яна уй эгасига қўнғироқ қилибди.

— Биласиз-ми, мен музлатгични сизга текинга қолдириб кетишга қарор қилдим, — дебди Улуғбек, овозида оғир бир мунг билан.

— Йўқ, йўқ, мен олиб қололмайман, — дебди уй эгаси.
— Текинга деяпман.
— Бунинг аҳамияти йўқ.

Улуғбек шарақ этиб трубкани қўйибди. Унинг энди ростакам жахли чиқибди. Кеча кечаси билан уйқуси қочиб, музлатгичдан айрилиб қолаётганидан ачиниб, ниҳоят уни уй эгасига текинга ташлаб кетишга қарор берган бўлсаю, анавининг ноз қилишини қаранг. Олмасанг олма, ҳей ўша…

Орадан яна бир кун ўтибди. Улуғбек музлатгични кўчага – ахлатга олиб чиқиб ташлашга қарор қилибди. «Ёрдам берасиз, кечқурун келинг» деб, бир ўртоғига қўнғироқ қилибди.

— Бажонидил, — дебди ўртоғи, — лекин сиз суриштирдингиз-ми, музлатгични ахлатга олиб чиқиб ташлаш мумкинми?

Улуғбек бунисини ўйламаган экан. Бу қорни тўқлардан ҳар балони кутиш мумкин, ростанам суриштириш керак.

Суриштирибди. Ахлатга эмас, уйингизга яқин, кўча бўйига чиқариб қўйсангиз кифоя экан. Лекин … Уни махсус хизмат машинасида олиб кетишлари учун хақ тўлаш лозим экан. Хақни тўлаб, бу тўғридаги бир парча қоғозни музлатгичга ёпиштириб, ана ундан кейин музлатгични кўча бўйига чиқариб қўйилса бўларкан… Хизмат хақи эса 50$ атрофида экан…

Шундай қилиб дўстимиз Улуғбек музлатгичидан айрилиб қолаётгани етмагандек, энди 50$ пул ҳам тўлаши лозим экан.

Улуғбекка шуниси қаттиқ алам қилибди. Пул тўлагиси келмай, бир шум ниятни ўйлабдию, бояги ўртоғини кечки пайтга яна чақирибди.

Улуғбек ўртоғи билан соат тунги иккида музлатгични эҳтиёткорлик билан кўчага кўтариб чиқишибди. Мақсад, уни қўшни кварталга олиб бориб ташлаш, хеч ким кўрмаса бўлди. Эртага бу музлатгич кимники эканлигини ким билиб ўтирибди? Тасаввур қилинг, қоронғи кечада икки йигит Сеул кварталлари орасида оғир музлатгични кўтариб кетишяпти. Ғалати жойи шунда-ки, музлатгич эгаси йигитлардан бири бўлсада, улар худди ўғирланган музлатгич олиб кетаётгандек хавотир билан, олазарак бўлиб кетишяпти…

Бир пайт Улуғбекнинг ўртоғи чарчабдию, «Бунингизнинг тўртта ғилдираги бор экан, бироз ғилдиратайлик» дебди. Музлатгични ерга қўйиб, аста ғилдирата бошлашибди. Лекин ғилдираган музлатгич қурғурдан овоз чиқарканда. Буни устига, тунги иккида секин овоз ҳам худди поэзд кетаётгандек акс берибдию, атрофдаги уйларда бирин-кетин чироқлар ёна бошлабди. Деразадан уйқусираб мўралаганлар шу пайтда музлатгич судраб кетаётган шубхали икки йигитни кўришади ва дарров нима қилишади? Яшанг, полицияга қўнғироқ қилишади. Полиция ҳам сал нарида «Иккита ўзбек қачон бу ердан музлатгич олиб ўтаркан?» дегандек пойлаб ўтирган экан-ми, хеч қанча вақт ўтмай муюлишдан чироғини ёқиб полиция машинаси кўринибди.

— Қочдик, — дебди Улуғбек ўртоғига.

Музлатгични ташлаб қочишибди. Ўзимизнинг ақлли йигитлар-да, тўғри ўзлари яшаб турган уй томон қочмай, йўлни аввал тескари солиб, полицияни чалғитиб, айланиб келиб уйга кирволишибди.

Улуғбек эртасига эрталаб музлатгич қолдириб кетилган жойга келиб қараса, музлатгич йўқ эмиш. «Яна бир-икки ой полиция топиб келсачи деб, хавотир билан юрдим», дейди Улуғбек, «Йўқ, хеч ким келмади. Шу тариқа музлатгичдан қутулдим» деб, ҳикоясини тугатган эди Улуғбек.

Сахий дўконлар

Озиқ-овқат дўконидан бозор қилиб келдим.

— Памилдори олмадингизми? — дедилар хоним, бозорликни совутгичга жойлай туриб.
— Олганман, нега олмас эканман?, — дедим мен ишонч билан.

Лекин хоним билан қайта-қайта текшириб чиқсак ҳам бозорлик ичидан памилдори чиқмади. Сотувчи берган қоғоздан текширсам, памилдори ёзувда турибди, унга пул тўлаганман. Демак кассадан ўтгандан кейин аравага солмаганман. Кайфиятим бузилди. Ўзимни айбладим. Дўконга қайтиб борсамми, деб ўйладим, лекин фикримдан қайттим, бормадим.

Орадан бир хафта ўтиб, яна ўша дўконга бозорлик учун бордим. Топилишига хеч ишонмасамда, бир сўраб кўрай деб, қолиб кетган памилдори хақида суриштирдим. Мен сўраган ходим бошқаси билан хабарлашди. Назаримда қаердадир видео-ёзувларни текшириб чиқишди. Ярим соатлардан кейин бир ходим келиб менинг памилдорим қолиб кетганини тасдиқласа денг… «Хоҳласангиз пулини қайтарамиз, хоҳласангиз ўшанча памилдори олинг» деди. Хурсанд бўлдим, барака топишсин.

Кийим-кечак, маиший моллар дўконларида бир одатий қоида бор. Харидингизни икки хафта ичида бошқасига алмаштиришингиз ёки бутунлай қайтариб топширишингиз мумкин. Харид қилганингизни тасдиқловчи дўконнинг бир парча қоғози сақланган бўлса кифоя. Биз ҳам бу хуқуқдан бир неча марта фойдаланганмиз. Лекин бир сафаргиси анча ғалати бўлган. Бир яқинимизга совға деб жинси шим харид қилдик. Юртга бориб, яқинимиз билан кўришгунча орадан бир йил ўтиб кетти. Қаранг-ки, шимнинг размери тўғри келмади. Бизнинг хоним шимни қайтариб Малайзияга олиб келдилар. Навбатдаги дам олиш куни шимни кўтариб дўконга кетяптилар. «Ҳа?», десам, «Алмаштириб келаман», дейдилар. Шим харид қилинганига бир йил бўлган… Анави бир парча қоғози ҳам, табиийки, аллақачон йўқ бўлиб кетган. Хоним билан дўконга бирга бордик. «Лекин мен аралашмайман, ўзингиз гаплашасиз», дедим хонимга. Хоним сотувчига тушунтирдилар. «Бошқа размердагисига алмаштириб берсангиз», деб илтимос қилдилар. Сотувчи бошқа бир ходимни бошлаб келди. Шимни кўришди. Кейин бизга худди шундай шим хозир йўқ эканлигини, унинг ўрнига дўкондаги шимлардан хохлаганимизни танлаб олишимиз мумкинлигини айтиишди. Худди ўзидек шим йўқлигидан хижолат бўлиб, кечирим сўрашди… Ўша куни биз бир йил олдин харид қилинган шимни бунданда яхшироғига алмаштириб келдик.

Ниҳоят, учинчи воқеа. Буниси яқинда бўлди. Телефонимга бир дўкондан хабар келди. Мен бу дўкондан 1,5-2 йиллар бурун бир нарсалар харид қилганман, шундан кейин уларга ишим тушмаган. Дўкондан келган хабарга тўлиқ тушунмадим, аниқроғи ишонмадим ва уларга қўнғироқ қилдим.

— Бизнинг тармоқ дўконларимиздан истаган бирига бориб, битта эркаклар кўйлагини олиб кетишингиз мумкин. Бу сизга совға, — деб тушунтиришди.
— Арзонлаштирилган нархдами?, — деб сўрадим мен.

— Йўқ, текин.
— Теп-текинми?
— Теп-текин.

— Балки кўйлакни текинга олишим учун бошқа бирор нарса харид қилишим керакдир?
— Шарт эмас, хеч нарса харид қилмасдан, кўйлакни олиб кетаверасиз.
— …

— Лекин бир узрлик жойи бор. Дўконимиздаги кўйлаклардан танлаётганингизда нархи фалон пулдан ошмайдиган кўйлак танлашингиз лозим.

— Қанча дедингиз?
— Фалон пул.

Менга айтилаётган «Фалон пул» шундай сумма эди-ки, мен шу пайтгача олган кўйлакларимнинг энг қиммати ҳам «Фалон пул»нинг ярмига етмасди.

Эртасига дўконга бордим. Бир тарафдан, халиям текинга кўйлак олишимга тўлиқ ишонмаётган эдим. Бошқа тарафдан, агар бу рост бўлса, дўконда ўзимни жиддий, сипо тутишим керак. Текинга хўрозқанд олган боладек ишшайиб, лаб-лунжим осилиб кетмасин…

Ростанам қиммат бир кўйлакни текинга беришди. Барака топишсин.

Жоду кўз

004Куала Лумпурдаги «Palace of the Golden Horses» деб аталувчи ажойиб, беш юлдузли меҳмонхонага жойлашдим. Меҳмонхонанинг улкан биноси шарқ меъморчилиги усулида қурилган, бино орқасида бир тарафга қараб кўл ястаниб ётади, бошқа тарафга эса кўм-кўк голф майдони чўзилиб кетган. Меҳмонхона ичи ўта ҳашамдор, ярқираган мармар пол ва устунлар, товланиб кўзни қамаштирадиган қандиллар, қимматбаҳо мебеллар… Айтишларича, бу меҳмонхонага кўпроқ казо-казо таниқли одамлар келиб туришаркан. Кечагина Кореядаги студентлар ётоқхонасида яшаб юрган эдим, энди мана бундай қасрсимон меҳмонхонада то ижара уй топганимча туришим мумкин. Энг муҳими, меҳмонхона хақини мени ишга таклиф қилган институт тўлайди.

Меҳмонхонада бир неча ресторанлар бор. Бирида овропача, бошқасида хитойча, учинчисида яна бошқа тур таомлари тайёрланади. Улардан бирида меҳмонхонада турувчилар учун нонушта берилади. Нонушта текин, аниқроғи нонушта хақи меҳмонхона хақи ичида. Мен ана шу ресторанда хар куни эркаланиб нонушта қиламан. Лекин тушлик ёки кечки овқат учун меҳмонхона ресторанларига киролмайман, улар менинг чўнтагим учун анча қимматлик қилади.

Шунга қарамасдан ресторанлардан бири  мени ўзига жалб қила олди. Бу асли ресторан эмас, бар эди. Бар «Grand Salon Lobby» деб аталарди. Бардаги залнинг ўртасига отлардан иборат улкан мажмуа:  айланиб турувчи фонтан  ўрнатилган.  Ним қоронғи залдаги столларга шам ёқиб қўйиларкан. Яна бир  ўзига хос жиҳати шунда-ки, у ерда ҳар куни кечки пайт жонли музика ва қўшиқлар ижро этиларкан. Аввал фортепианода классик музикалар чалинади. Кейин уч қиз ва бир йигитдан иборат гуруҳ ижросида поп (оммабоб) мусиқа-қўшиқлар янграйди. Ана шу мусиқа мени  оҳанграбодек ичкарига тортди. Мен оқшомлари барда бир финжон қаҳва олиб, музика эшитиб ўтиришни одат қилдим.

Аввалига фортепианодаги мусиқа мени ром этган бўлса, кейинча «3+1» гуруҳининг ижроси ҳам менга маъқул келиб қолди. Гуруҳдаги қизлар жозибадор эди. Улар навбат билан қўшиқ айтар, бири айтаётганда қолган иккитаси жўр бўлиб турарди. Йигит эса мусиқий анжомларни созлаб туради. Менимча, у гуруҳ рахбари ҳам эди.

Мен барга учинчи кун ташрифимдан бошлаб қизлар мени эски мижоз сифатида таниб қолишди. Улар қўшиқ айта туриб, менга жилмайиб, қўл силтаб қўйишарди. Қизларнинг биттаси бошқаларидан ҳам жозибалироқ, гўзалроқ эди. Унинг кўзларида ажиб бир жоду бор эди гўё. Мен беихтиёр уни кўпроқ кузатадиган бўлдим. Назаримда бу «Жоду Кўз» қўшиқни ҳам бошқаларидан яхшироқ айтарди.

Ўша оқшом мен «Grand Salon Lobby»га одатдагидан кечроқ тушдим. Фортепианочи ўз ишини тугатиб, навбат аллақачон «3+1»да экан. Мен столга яқинлашарканман, қизлар мен билан жилмайиб саломлашган бўлишди. Улар бор маҳоратларини ишга солиб, инглиз тилидаги машхур  қўшиқларни навбат билан куйлашарди.

Мен устида сут кўпиги кўпчиб турадиган каппучино қаҳвасини буюрдим. Қахвани эринчоқлик билан хўплаб ўтириб, қизларни томоша қиляпман. Сездирмасликка харакат қилсамда, диққатим асосан Жоду Кўзда. Ана, Жоду Кўз навбатдаги қўшиғини якунлади, энди бошқа қиз куйлай бошлади. Жоду Кўз учинчи қиз билан бирга куйловчига ёрдам бериб туриши керак. Лекин Жоду Кўз, кутилмаганда, кичик сахнадан тушиб, залга қараб юрди. Жоду Кўз тўғри менинг столим тарафга келарди. Буёғи қизиқ бўлдию. Балки ўтиб кетар?…

Йўқ, у менинг қаршимга келиб тўхтади. Мен ўрнимдан турдим. Биз саломлашдик.

— Стелла, Филиппинданман, — деб ўзини таништирди Жоду Кўз.

Мен ҳам ўзимни таништирдим. Кейин Стеллани ўтиришга таклиф қилдим. У аввалига бироз иккилангандек бўлди, кейин «Ҳа майли» дедию, қаршимдаги ўриндиққа ўтирди.

— Бирор нарса ичасизми?, — дедим мен.

Стелла «Мумкинми?» дегандек менга тикилди, тасдиқ олгач, бир қадаҳ Чили қизил шаробидан буюрди. Шу тариқа бизнинг сухбатимиз бошланди. Мен Стелланинг гапларига қулоқ соларканман, уни яқиндан кузатардим. Қаршимда ўта гўзал бир жонон ўтирарди. Орамизда кичиккина думалоқ стол бор холос, шунинг учун бу жонон менга жуда яқин эди. Ним қоронғиликда Стелланинг қорамағиз юзи тундаги тўлин ойдек нур сочиб турарди. Қоп-қора, узун ва силлиқ сочлари елкасига бироз бетартиб ёйилган. Стелла тез-тез чиройли жилмаяр экан, унинг садафдек тишлари қирмиз лаблар орқасидан кўриниш берарди.  Оқи оққа, қораси қорага ажраган йирик, бодомсимон кўзлари жоду тўла эди. Улар мастона ялтираб турарди. Кўз қирқими қошга хамоҳанг камонсимон. Узун киприклар кўзга соябон… Мен барибир Стелланинг бутун чиройини сизга борича таърифлаб беролмайман, бунга бўй берадиган сўзларни тополмайман. Назаримда, Стелланинг барча гўзаллиги бир эдию, унинг гавхар ва жоду кўзлари гўзаллиги ҳам бир эди. Мен унга «Жоду Кўз» деб тўғри ном қўйган эканман. Биринчи куни саҳнадалигида кузатганимдаёқ кўзларидаги сеҳрни сезган эдим.

Мен Стеллага унинг гўзаллигию, қўшиқ айтиш маҳоратини яхшилаб таърифладим. У ҳам мен билан қизиқиб, у-буни сўраган бўлди. Кейин у ўз юрти Филиппин хақида гапира кетти. Стелла гўё ўз вазифасини ҳам унутган, саҳнага қайтишга шошилмасди. Баъзида маъюс тортиб, жим бўлиб қолар, нималарнидир ўйлаб кетарди. Кейин бирдан ўзига қайтиб, юзига қувноқлик беришга харакат қиларди.

Шу ўринда мен асосий воқеадан чекиниб, сизга бир нарсани айтиб ўтишим керак. Мен, билмадим, ёки табиятимга кўра, ёки тарбиямга кўра, ёки олган таълимимга кўра ўта скептикман, ҳамма нарсага шубҳа билан қарайман. Ноодатий, ғайритабиий, тушунтириб бўлмайдиган воқеа-ходисаларга ишонмайман. Учар ликопчалар, арвоҳу  ажиналар мен учун чўпчак. Фолбинларни устидан куламан, фокусчиларни ғирт алдоқчилар, деб ҳисоблайман. Агар бирор кўзбойлоғич — фокусчи ернинг тортишиш кучини енгиб, осмонда учиб юрган бўлса унга мутлақо ишонманг, учиб юриш у ёқда турсин, одам ердан бир қарич ҳам кўтарила олмайди. Баъзи-баъзида дўстлар, яқинлар, танишлар шунга ўхшаш воқеа-ҳодисалар ҳақида гапириб, «Ўзим кўрдим, кўзларим билан кўрдим» деб ишонтирмоқчи бўлишса, «Қўйинг-э, опқочманг» дейман мен. Бундан ҳамсуҳбатларим хафа бўлишади. Ўзим хеч қачон ғайритабиий воқеага дуч келмаганман. Тўғрироғи, дуч келмаган эдим. То ўша куни, хашаматли «Palace of the Golden Horses» меҳмонхонасининг «Grand Salon Lobby» барида меҳмонхона қўшиқчиси, филиппинлик гўзал, мафтункор Стелла билан бир столда ўтириб сухбат қурган оқшомимизгача мен ғайритабиий воқеага дуч келмаган эдим…

— Сизнинг кўзларингизда қандайдир сеҳр бор, кўзларингиз, мени кечирингу, ноодатий даражада ўткир, — дедим мен Стеллага, — ҳатто мен исмингизни билмасдан олдин сизга «Жоду Кўз» деб исм қўйган эдим.

— Биламан, — деди Стелла хотиржам, — мен ростанам жодугарман, — дея у кулиб юборди.

— Ҳазиллашманг.
— Ростдан. Истайсизми, сизга бир нарса кўрсатаман?

— Нима кўрсатасиз?
— Ғайритабиий бирор нарсани?

— Марҳамат, лекин билиб қўйинг, мен ўта скептик одамман.
— Буни аҳамияти йўқ, — деди Стелла ишонч билан.

Кейин у атрофга, стол устига бирров кўз югуртириб чиқди. Нигоҳи стол устидаги ярми ичилган шаробли қадаҳда тўхтади.

— Бунга қаранг, — деди Стелла қадаҳни кўрсатиб.

Ўзи ҳам қадаҳга ўткир нигоҳлари билан тикилиб қолди. Мен ҳам Стелланинг гап-сўзию, ҳаракатларидан мийиғимда кулиб, «Қани, нима бўларкан?» деб, стол устидаги чала ярим ичилган шаробли қадаҳга тикилиб ўтирибман. Бу — лолашаклли, анчагина катта, оёғи узун, оғиргина қадаҳ эди. Бир пайт … мўъжиза юз бера бошлади. Қадаҳ стол устида аста сурила бошлади. У бир текис ҳаракат қилиб, салкам бир қарич сурилди. Стелла  қўлларини теккизмасдан, нигоҳлари билан қадаҳни сурарди. Стелла менга тикилди, мен унга қарадим, лекин тилим калимага келмади. Стелла яна қадаҳа ишора қилди. Идиш яна сурила бошлади. У  оҳисталик билан яна бир қаричча силжиди. Бу сафар мен ўзимни тутолмай, бақириб юбордим: «Wow, what are you doing?…” («Қойил, буни қандай қилдингиз?»)

Шу билан Стелланинг намойиш қилган мўъжизаси тугади. Лекин ана шу қисқа томоша менга қаттиқ таъсир қилган эди. Мен нуқул «How did you do it?» («Қойил, буни қандай қилдингиз?»), деб такрорлардим. Стелла хотиржам, жилмайиб ўтирарди.

Балки бу ғайритабииймасдир, қадаҳ сурилишига бирор реал нарса сабаб бўлгандир, деб атрофни текшириб чиқдим. Мармардан ясалган стол теп-текис ва мутлақо силжимайдиган қилиб ўрнатилган эди. Уни қийшайтириш у ёқда турсин, сал-пал қимирлатиш ҳам мумкин эмас эди. Қадаҳни қўлимга олиб, эринмай тикилдим. У анчагина оғир эди, боз устига, ичида шароб ҳам бор эди. Уни харакатлантириш учун яхшигина куч талаб қилинарди. Энг ажабланарлиси, идишнинг харакати силлиқ, текис кечган эди. Оғирлик маркази ноқулай жойда бўлган, лолашаклли  қадаҳни хатто қўл билан ҳам бундай текис қилиб суриш осон эмас эди.

— Истасам сизни ҳам жодулашим мумкин, — деди Стелла, ўрнидан тураркан, — лекин сиз … оилалисиз, шунинг учун сизни жоду қилмайман…

Мен ҳам ҳайрат, ҳам қўрқув билан саҳна тарафга кетаётган Стеллани кузатиб қолдим. Стелла саҳнага чиқдию, менга бир жилмайиб қўйиб, қўшиғини бошлади.

Мен бу барга бошқа кирмадим. Лекин меҳмонхонадан кетадиган куним хизматчилар орқали Стеллага ажойиб бир гулдаста бериб юбордим.

Узоқ пайтгача Стелла хаёлимдан кетмади. Уни ҳам қўрқув, ҳам ажиб бир соғиниш билан эслардим.

Қадаҳ сурилиш воқеасини кўпчилик дўстларимга, яқинларимга, танишларимга гапириб бердим. «Қўйинг-э, опқочманг» дейишди улар.

Биздан сизга

20290V.jpgТунги Мелбоурнени (Матндаги жой номлари муаллиф ишлатган шаклда қолдирилганини айтган эдик. Бу ўринда биз Мельбурн деб ўрганган  ва Австралиядаги катталиги жиҳатидан иккинчи шаҳар назарда тутилмоқда. ХДК изоҳи) айланиб юрибман. Ё жума ёки шанба куни эди. Жума-шанба оқшомлари австралияликлар мириқиб дам оладиган кунлар. Ўша куни ҳам Мелбоурне кўчалари тўла одам, асосан ёш-яланглар айланиб юрибди. Бу апрел ойида эди, кузнинг этни жунжиктирадиган салқин хавоси бўлишига қарамасдан, ёшлар аксарияти енгил кийинган (йўқ, мен адашмадим, ростанам апрел ва ростанам куз эди, ахир бу Австралия). Мен лақиллаб у ёққа юрдим, бу ёққа юрдим, охири бир барга кириб, ичишга бир нарса олдиму  телефонда интернет кўриб, ичимлигимни хўплаб ўтирдим. Мен бутун диққатим билан интернетга берилиб кетган эдим. Атрофдаги одамлар билан ишим йўқ. Лекин рўпарамда бир ёш жуфт ўтирганига кўзим тушди. Бироздан кейин ўша жуфтликнинг йигити кўринмай қолди. Якка қолган қиз мени гапга солди:

— Телефонга жуда қаттиқ берилиб кетибсиз?, — деб гап бошлади у.
— Ҳа, янгиликларни кўриб ўтирибман, — дедим мен, бошимни кўтариб.

Қизнинг дабдурустдан гап бошлаши мени бироз шошириб қўйган эди.

— Нималарни ёзишибди янгиликларда?
— Арзирлик хеч нарса.

— Рян, — деб ўзини таништирди қиз. Мен ҳам исмимни айттим.
— Мелбоурнеда меҳмонмисиз дейман?

— Ҳа, меҳмонман.
— Қалай, Мелбоурне, сизга ёқдими?
— Жуда ҳам ёқди.

Шу тариқа Рян билан гаплашиб ўтирдик. Рян ўз шахри Мелбоурнени роса мақтади, менга айрим жойларни кўришга тавсия қилди.

— Нега ёлғизсиз?, — деб сўради Рян бир пайт.
— Оилам меҳмонхонада, улар кундузи роса айланиб, чарчаб қолишди.

— Ҳа, шундай денг.
— Адашмасам, сиз ҳам боя бир йигит билан ўтирган эдингиз? Кеттими у?

— Йўқ, ҳов ана, бар олдида турибди. Дўстини кўриб қолди. У менинг йигитим, Жоаннес.

Мен қиз кўрсатган тарафга қайрилиб қарадим. Қизнинг йигити ростанам ташқарида  бир йигит билан гаплашиб ўтирган эди. Жоаннес менинг тикилганимни сезди, у ҳам менга тикилиб қўйди. Кейин қизига, «Ҳозир бораман», дегандай ишора қилди.

Оббо, бу ёғи ғалати бўлдику. Демак бу йигит боядан бери қизи билан гаплашиб турганимни билиб турган. Менку, хеч бир ёмон ниятда гапирмадим, қиз савол берди – мен жавоб бердим холос. Лекин йигит буни суриштириб ўтирармиди? Айниқса хозирги ахволида… Рашки ёмон бўлса, хозир келадию…

— Ана Жоаннес ҳам келяпти, — дея Рян йигитига жилмайиб, қўл силтаб қўйди.

Рян Жоаннес келаётган тарафга қараб турар, мен эса унга тескари эдим. Жоаннес менинг орқа тарафимдан аста яқинлашиб келаётган эди. Мен сергакландим. Бутун диққатимни Жоаннеснинг оёқ товушлари овозига қаратганман. Жоаннес орқамдан келиб, мушт тушириб қолиши мумкин. Ёки бўғиб қолсачи? Мен тайёр турардим. Ўзимни қандай ҳимоя қилиб қолишни ўйлардим. Рян Жоаннесни нигоҳи билан кузатаркан, мен қизнинг кўзларига зимдан тикилиб, Жоаннеснинг қайси йўналишда келаётганию, бизгача яна қанча юришини тахминлаб турардим. Жоаннес қиз тарафга эмас, менинг столим тарафга кела бошлади. Тушунарли, энди аниқ жанжал бўлади. Орқамга қараб олай десам, ноқулай. Лекин бутун диққатим билан химояга шай бўлиб турибман. Ана, бир қадам қолди. Менинг қўлларим муштга тугилди…

Жоаннес тақ этказиб столимга бир кружка пиво қўйди.

— This is from us to you, mate (Бу биздан сизга, оғайни), — деди Жоаннес илжайиб.

Кейин қўлидаги яна икки кружка пивоси билан қизи тарафга ўтиб кетти…

Австралияда етиштирилган ўзбек турпи

Varzob.jpgМен учун палов энг севимли таом бўлса, уни турп билан ейиш икки карра лаззатдир. Шунинг учун қаерга борсам бозорлардан ёки озиқ-овқат дўконларидан турп қидираман. Ҳозир дунёнинг истаган бурчагида палов тайёрлаш мумкин, бунинг учун керакли масаллиқларни, майли ўзимизникига тўлиқ ўхшамаса-да, ҳарқалай топса бўлади. Лекин турп – бу анча қийин масала. Турп мутлақо йўқ десам нотўғри бўлар. Масалан, Малайсияда Тесcо дўконларида турп сотилади. Лекин … бу турпмасда энди. Ичи оқариб, пўк бўлиб қолган, суви қочган бир нарса. Бу фақат «свежий» эмаслигидан эмас, асли янги етиштирилган пайтдаям яхши бўлмаган маҳаллий турп. Шундай қилиб, мен Малайзиядан яхши турп топиш умидини уздим. Балки кўм-кўк, сувли турп фақат Ўзбекистонда бордир, билмадим…

Австралиянинг Аделаиде шаҳридан 20 чақиримча нарида дехқон бозори бор. Шу бозорни айланиб юрибман. Бир пайт раста устига тўкиб қўйилган муштдек-муштдек келадиган кўм-кўк турпларга кўзим тушдику… Тилла топгандек хурсанд бўлиб кеттим. Хали еб кўрмасдан ишонч билан айта оламан-ки, бу росмана мазали, сувли турп, рангидан маълум. «Қаддингни ур, деҳқон бобо, бор экансан-ку». Мен турпни ўзбек деҳқонидан бошқаси етиштира олмас экан деб қўйгандим. Мана бор экан-ку…

Турп сотувчи деҳқон билан инглизча бироз гаплашдим. Ростанам у деҳқон экан, шунчаки сотувчи эмас. Турпни ҳам ўзи етиштирибди. Деҳқоннинг тиканга судралган инглизчасидан билдим-ки, у асли австралиялик эмас. Қаерданлигини сўрашга иймандим. Турпдан икки кило олдим. Хайр-хўшлашиб, икки қадам нари юрдимку… Турп сотувчи дехқон ёнида ёрдамлашиб турган болага соф ўзбек тилида, водий шевасида «Ўғлим, аши бақлажонларни сал йиғиштириб қўйинг» деса бўладими… Шарт орқамга қайрилдим.

— Эй ҳорманг деҳқон, — дедим ўзбекчалаб сотувчига.
— Ие, ўзбекмисиз?, — дея ажабланиб тикилиб турарди турпчи…

11947744_1019826474715634_6675479870560402475_o.jpg   Saytimiz mushtariylari Abdurashid Mamadolimov hangomalari bilan yaxshi tanish. Ular bu hangomalar davomini ilhaq kutadigan, ayrim internetu qog‘ozli nashrlar ularni saytimizdan ko‘chirib bosadigan ham bo‘lishdi. Mana bugun Malayziyada ilmiy-tekshirish institutida xizmat qiladigan olim yurtdoshimiz yangi hangomalarini sizgataqdim etmoqda.

Abdurashid Mamadolimov
«XORIJ HANGOMALARI» TURKUMIDAN
005

Abdurashid Mamadolimov 1973 yil Namangan viloyati Chust tumanining Olmos qishlog‘ida tug‘ilgan. Toshkent Davlat Universitetining mexanika-matematika fakultetida tahsil olgan, fizika-matematika fanlari nomzodi. O‘zbekiston Milliy Universitetida ishlagan. 2008 yildan Malayziyadagi MIMOS ilmiy-tekshirish institutida xizmat qiladi. «Saytimiz sahifalarida uning hikoya va badialari e’lon qilingan.

005

Yemagan somsaga to‘langan haq

371c4436c335667a47f13cd4e5bdc504.jpgO‘n yoshlar atrofida edim. Dadam hovlida yetishtirilib, ro‘zg‘ordan ortadigan bir qop kartoshkani sotib berishni Hakim akamdan iltimos qildi. Hakim akam bilan bozorga men ham boradigan bo‘ldim. Men bundan juda xursand edim. Shaharni aylanib kelaman, Hakim akamni qiziq-qiziq gaplaridan bahramand bo‘laman. Yakshanba kuni kartoshkani ko‘cha mashinasiga yuklab, tuman markaziga yo‘l oldik.

Kartoshkani maydalab, shoshmasdan sotdik. Tushlik yaqinlashganda hali ishimiz tugamagan edi.

— Tushlikni navbat bilan qilamiz, — dedi Hakim akam, — birinchi sen qilasan.

U shunday deb, bozor ichidagi oshxonalarni, qayerda nima sotilishiyu, narxi qancha ekanligini menga tushuntirdi. Keyin qo‘limga tushlikka yarasha pul tutqazdi. Men ovqatlanib keldim. Tushlik navbati Hakim akamniki edi. Xali sotilmagan kartoshka bor, mening vazifam unga qarab turish, xaridor kelsa sotishim kerak edi. Kartoshkaning kilosi necha pul ekanligini bilaman, uni tarozida qanday tortishni ham o‘rganib olganman. Hakim akam tushlikka ketdi. Xaridor degani har zamonda bir kelar, u ham narxni bilib, teskari burilib ketardi. Hakim akam qaytib kelguncha 5 6 kilo kartoshka sotdim. Hakim akam kelganda sotilgan kartoshka pulini darrov unga berdim. Hakim akam bir pulga, bir qolgan kartoshkaga tikildi, nazarimda mendan sal shubhalandi, lekin xech narsa demadi. Men hamma pulni berganimga ishonchim komil edi. Oradan yana yarim soatlar vaqt o‘tti. Qo‘limni chap cho‘ntagimga soldimu, u yerda qo‘lim bir dona qog‘oz pul bilan 2-3 ta tangaga ilindi. Ana xolos, kartoshkaning pulidan bu cho‘ntakda qolib ketibdi-ku. Boya u cho‘ntagimdan hamma pullarni Hakim akamga olib bergandim, lekin bunisida ham pul borligini bilmapman. Endi nima bo‘ldi?.. Men avval pulni darrov Hakim akamga bermoqchi bo‘ldim. Lekin endi kech emasmi? Hakim akam nima deb o‘ylaydi, ataylab yashirib qo‘ygan ekan demaydimi? Shu ozgina pul o‘zimda qolsa nima qipti? Qiziq, qolgan pul qancha ekan? Men pulning qanchaligini tezroq bilgim keldi. Lekin Hakim akam oldida uni olib, sanay olmasdim. Undan uzoqlashishim kerak.

— Men suv ichib kelaman, — dedim Hakim akamga.

Hakim akam avval, «Mayli» dedi, keyin «Shoshma» deb, to‘xtatdi. Men bir cho‘chib tushdim, Hakim akam pulni bilib qoldi deb o‘yladim. Hakim akam yonidan 4-5 dona tanga olib menga berdida, shunday dedi:

— Meva bozorga o‘tsang, yaxshi shaftolilar bor, suv ichmagin-da, shaftoli yey qolgin.

Men tangalarni olib, nari kettim. Hakim akamdan pana bo‘lishim bilanoq, yonimdagi bir dona qog‘oz pul bilan tangalarni olib sanadim. Qog‘oz pul bir so‘mlik, tangalar 40 tiyin edi. Ularni yana cho‘ntagimga solib qo‘ydim. Xursand edim. O‘zimcha 1 so‘m 40 tiyinga keyinchalik nima sotib olishni o‘ylardim. Ammo,«Kartoshka o‘zimizniki bo‘lsa, Hakim akamniki emas-ku,» — degan o‘y bilan o‘zimni ovutardim. O‘zimcha, shunday deb, o‘g‘irligimni oqlashga harakat qilardim.

Yirik, suvli «Otyag‘i» (“Otoyog‘i”) shaftolisidan 3 donasini sotib olib, maza qilib yedim. Kartoshka boshiga qaytib kelib, Hakim akamga o‘zimcha himmat qildim:

— Endi siz borib shaftoli yeb keling, — dedim unga.
— Men keyinroq boraman, — dedi u.

Lekin Hakim akam o‘sha kuni shaftoliga bormadi.

Kartoshkani sotib bo‘lib, kechki payt uyga qaytdik. Hakim akam bizning xovlida, yerga qilingan joyda o‘tirib, tog‘asiga (mening dadamga) shoshmasdan hisob-kitob qilib berardi. Kartoshkaning kilosini qanchadan sotdik, umumiy necha kilo chiqdi, u qancha pul bo‘ldiyu, yo‘lkira va boshqa xarajatlar qancha bo‘ldi? Hakim akam hammasini erinmay hisobini qilardi. Bu paytda men o‘zimni noqulay his qila boshladim, dadam va Hakim akamni yonida o‘tirolmay, ichkariga kirib ketdim. Lekin hamon xovlidagilarning gaplarini baralla eshitib turardim. Ochig‘i, men cho‘chiyotgan edim. Nazarimda Hakim akam menda biroz pul qolib ketganini biladiyu, xozir bu xaqda dadamga aytib beradigandek edi. Hakim akam xarajatlarning xisobini berardi:

— O‘g‘lingiz bilan 1 so‘m 20 tiyindan 2 so‘m 40 tiyinga ovqatlandik. Undan tashqari ikkalam falon pulga shaftoli ham yedik, shularga rozi bo‘lib qo‘yasiz, — dedi Hakim akam.

Hakim akam shu yerda aldadi. Shaftolini faqat men yegan edim, u yemagan edi. Hakim akam rostanam menda pul qolib ketganini sezgan, endi o‘sha pulni «qoplash» uchun o‘zini shaftoli yeganga chiqargan edi.

Men shu paytda cho‘ntagimdagi 1 so‘m 40 tiyin pulni olib chiqib, dadam va Hakim akam oldiga qo‘yishni juda-juda istardim, lekin bunga qo‘rqardim. Pulni qaytarolmadim. Uzoq paytgacha uni ishlatmadim ham. Lekin bola baribir bola bo‘larkan, oradan vaqtlar o‘tib o‘sha kungi voqeaning kuchi men o‘z ahamiyatini yo‘qotdi va men pulni ishlatib yubordim.

Ammo, ora-ora o‘sha voqeani eslaymanu yuzim qizarganini sezaman.

Amerikaga ketyapman

O‘shanda 2005 yil kech kuzi edi. Amerikaga boradigan bo‘ldim. O‘zbekistondan bir guruh ta’lim xodimlari Amerikada malaka oshiradigan bo‘ldik. Amerika safari men uchun xarajatsiz bo‘lyapti — bir tashkilot o‘tkazgan konkurs g‘olibi sifatida ketyapman va barcha xarajatlarni o‘sha tashkilot ko‘taradi. Xursandman. U paytlarda xali chet ellarga deyarli chiqmaganman. Endi esa birdaniga Amerikaga ketyapman. Yana qaysi shahriga deng? Unday-bundayimas, Los-Angelesga (Matndagi joy nomlari muallif ishlatgan shaklda qoldirildi. XDK izohi). Bir oydan ko‘proq muddat bo‘lamiz u yerda. Men xursand bo‘lmay kim xursand bo‘lsin!? Safar boshlanadigan kungacha xali bir oy vaqt bor. Shunga qaramay, tayyorgarlikni boshlab yubordim. Safar uchun kerakli mayda-chuydalarni sotib oldim. G‘ildiraydigan jomadon ham oldim, axir Amerikaga oddiy jamadon ko‘tarib bormayman-ku. Safarga yarim oy qolganda jamadonim ichiga hamma kerakli narsalar joylab bo‘lingan, ketish oldidan biroz yegulik olsam bas edi.

Yursam ham, o‘tirsam ham Amerika safarini o‘ylardim. Kechasilari uyqum qochib Amerikani o‘ylab yotardim, uyqumda ham Amerika tushimga kirardi. Safar xaqida yaqinlarimga ovoza qilishni boshladim. Ishxonadagilar, qarindoshlar, do‘st-tanishlar, hatto sobiq ishxonamdagilar ham qolmadi: «Amerikaga ketyapman» deb qo‘yardim ishshayib. O‘sha kunlari qishloqda tog‘am to‘y qilib qoldi. To‘y kuni tog‘amga qo‘ng‘iroq qildim:

— To‘y qutlug‘ bo‘lsin, tog‘a, uzr, men borolmayman, bilasizku, Amerikaga ketyapman, — dedim men.

Butun to‘yda «Abdurashid Amerikaga ketyapti ekan» degan gap tarqaldi (asli qo‘ng‘iroq qilishdan maqsad ham shu edida).

Universitetda studentlarimga dars o‘tib turib, «Bu qismini Amerikaga borib kelgandan keyin tushuntiraman» deb qo‘yaman. Shaharda avtobusda keta turib, eski ishxonam oldidan o‘tib qoldim. Bu yerga ham kirib maqtangim keldi. Kech harakat qilganim uchun bir bekat o‘tib ketib avtobusdan tushdim, piyoda orqaga qaytib bordim. Sobiq hamkasblarim bilan ko‘rishar ekanman, go‘yo ularni sog‘inib kelgandek o‘zimni tutaman, lekin maqsad safarni bildirish, «Amerikaga ketyapman» deb qo‘yaman. Xullas, Amerikaga ketayotganimni yarim O‘zbekiston bildi.

Viza olindi, yo‘l-chiptalar sotib olindi. Safar kuni ham yetib keldi. Ertalab safarni uyushtiruvchi tashkilotga yig‘ildik. Oxirgi yo‘l-yo‘riqlarni aytishdi. Kechqurun falon paytda aeroportda yig‘ilishga kelishib, tarqaldik.

Kechqurun qaynim meni mashinasida aeroportga olib chiqib qo‘yadigan bo‘ldi. Mashinada qaynonam ham borlar. Aeroport tomon yo‘l oldik. Bir payt qaynim chorraxada qizil chiroqda o‘tib ketti-ku. Nariroqda «GAI» turgan ekan, xushtagini chalib, tayog‘ini ko‘ndalang qilib to‘xtatdi. Qaynonam o‘g‘illariga «Qimirlama» dedilaru, mashina oynasini ochib, jarangdor ovozlari bilan Toshkent shevasida «GAI»ga gapirib qoldilar:

— Kuyovim Amerikaga ketvottila, samolyotga kech qovommiza, shunga… uzr endi, uka.

Qaynonamning ovozlari tungi sokin Toshkent ko‘chasida jaranglab, nazarimda yetti mahallaga ketti: «Kuyovim Amerikaga ketvottila, kuyovim Amerikaga ketvottila, …»

«GAI» ham ayol kishi bilan teng bo‘lmay qo‘ya qolay dedimi, yoki rostanam Amerikaga ketayotgan kuyovga nisbatan ko‘rsatilayotgan izzat ta’sir qildimi, xar tugul «Mayli, bora qolinglar, extiyot bo‘lib ketinglar» deb, ruxsat bervordi.

Aeroportga keldik. Negadir sheriklardan xech kim ko‘rinmasdi. Birpasdan keyin safar tashkilotchilaridan ikkitasi ko‘rindi. Negadir ular xomushroq edi, oldimga shumshayib kelishdi-yu:

— Safar bekor qilindi, — deyishdi…

Ustimga bir chelak muzdek suv quyilgandek bo‘ldi. Men avvaliga tushunmay birpas karaxt bo‘lib turdim. Keyin anavilarni savolga tuttim:

— Nega bekor qilinadi? Qanaqasiga bekor qilinadi?

O‘sha kuni peshindan keyin sheriklarga qo‘ng‘iroq qilib, safarning bekor qilinganini aytishgan ekan. Menda telefon yo‘qligi uchun meni aeroportda poylab turishgan ekan…

Qaynimning mashinasida uyga qaytyapmiz. Boyagi «Amerikaga ketyotgan kuyov» obro‘sidan endi asar ham qolmagan, orqada shumshayib o‘tiribman. Yana boyagi «GAI»ga duch keldik-ku… Ishqilib meni ko‘rib qolmasin deb, o‘rindiq orqasiga kirib ketdim.

Oradan yillar o‘tib, ko‘p chet ellarga bordim, u yerlarda yashadim ham, endi «chet el» oldingidek meni o‘ziga ohangrabodek jalb qilmaydi. Lekin xanuz Amerikaga borish nasib qilmadi. Kanadaga bordim, Amerika chegarasiga 25 chaqirimcha yaqin keldim. Lekin Amerika xanuz zabt etilmadi…

Jegi

Biz maktabda o‘qib yurgan paytlarimizda lanka tepish o‘g‘il bolalarning sevimli o‘yini edi. Hozir bolalar lanka tepadimi yoki yo‘qmi, bilmayman. Yungi yarim qarich uzunlikdagi qo‘y yoki echki terisidan so‘lkavoy tangadek joyi qirqib olinib, teriga og‘irroq «qopqoq» kiydiriladi. Shuni lanka deyiladi. Lanka tepilganda bo‘y baravar ko‘tarilib, parashyutdek sekin qaytadi. O‘yinning mazmuni lankani yerga tushirmasdan, imkon qadar ko‘p marta tepishdan iborat. Bolaligimizda maktabda ham, mahallalarda ham bolalar to‘p-to‘p bo‘lib lanka tepardi. Lekin maktabda bu o‘yin rasman ta’qiqlangan edi. Sovet maktabi uchun lanka «eskilik sarqiti» hisoblangan bo‘lsa kerak. Lanka tepish domlalar tarafidan ta’qib qilinardi. Shuning uchun lanka maktabning chekka joylarida, binolarning orqasida tepilardi. Ba’zida lanka tepuvchilar shunday joylarda ham qo‘lga tushib qolar va qattiq jazolanardi. Ayrim kunlari qattiqqo‘l pionervojatiymiz «tintuv» o‘tkazar, kimningdir cho‘ntagi yoki popkasidan lanka topib olsa, xuddi sovuq qurol topib olgandek, lanka egasini namoyishkorono jazolardi. Shuncha qiyin-qistovlar bo‘lishiga qaramasdan bolalarning aksariyati baribir bu o‘yinni qo‘ymasdi.

Tan olib aytishim kerak, men bolaligimda lanka tepmaganman. Men a’lochi, namunali (ayni paytda sodda, go‘l) o‘quvchi sifatida domlalarim aytgan chiziqdan chiqmasdim. Domlalarning gaplari ta’sirida lankani rostanam yoqtirmaganman. «Pioner shaxmat o‘ynashi kerak, futbol o‘ynashi mumkin, lekin qayoqdagi lankaga balo bormi?» deb o‘ylardim.

Oradan yillar o‘tib ketti. Kunlardan-bir kun Koreyadagi universitetlardan biriga borishimga to‘g‘ri keldi. Bu yerda chet ellik studentlar uchun xar xil tadbirlar o‘tkazib turiladi. Bunday tadbirlardan maqsad chet ellik studentlarga Koreya madaniyatini tanishtirishdan iborat. Ana shunday tadbirlardan biriga bordim. Tadbirda Seulda joylashgan universitetlarda o‘qiydigan, dunyoning turli burchaklaridan kelgan studentlar bor. Avval taomlandik. Keyin kuy-qo‘shiqlar bo‘ldi. Ketidan bizni bino hovlisiga taklif qilishdi. U yerda Koreya xalq o‘yinlarini namoyish qilishdi. Bizni ham o‘ynab ko‘rishga taklif qilishdi. O‘yinlarning biri bizning lanka edi. Ha ishonavering, koreyalik yoshlar ham lanka teparkan. Ularda bu “jegi” deyilarkan. Bittasi jegini qanday tepishni bizga ko‘rsatdi. Keyin hammamizga bittadan jegi tarqatib chiqdi, tepinglar sizlar ham, dedi. Jegisi xuddi bizning lankaga o‘xshash, lekin sun’iy bir narsadan yasalgan, bizdagi kabi tabiiy yungli teridan emas. Jegi tepish boshlandi. Tasavvur qiling, katta bir maydon, 30-40 chog‘li yigit-qiz jegi-lanka tepyapti. Kimdir eplayapti, kimdir yo‘q. Qiy-chuv, kulgi, kimdir yiqilgan… Men avval uyalibmi, xavotir bilanmi – jegi tepmay, birpas boshqalarni tomosha qilib turdim. Nazarimda hozir (bolalikdagi) domlamiz kelib qoladiyu, bu yerdagilarning hammasini qulog‘idan burab olib ketadi… Lekin tezda atrofdagi kayfiyat menga ham ta’sir qildi, men ham asta jegi tepishni boshladim. Qarasam uddalayapman. Qizishib ketdim, endi jon-jaxdim bilan berilib jegi tepardim. Bolaligimda menda lankaga nisbatan shakllantirilgan ta’qiq shu onda chil-parchin bo‘lib ketgan, men esa bundan xursand edim. Xo‘kizday bo‘lib lo‘killab, terlab-pishib jegi tepardim…

Keraksiz muzlatgich

Ushbu voqeani Koreya universitetlaridan birida o‘qigan do‘stimiz Ulug‘bek aytib bergan edi.

Ulug‘bek Koreyada o‘qishining birinchi yilida Seuldagi ijara uyda yashagan, ikkinchi yildan boshlab arzonroq universitet yotoqxonasiga ko‘chib o‘tmoqchi bo‘libdi. Yotoqxonadan joy olibdi, ijara uy egasi bilan oxirgi xisob-kitoblarni qilib, bir xafta ichida uyni bo‘shatishga kelishib olibdi. Student uchun bir joydan ikkinchi joyga ko‘chish katta muammo emas, studentda ko‘p yuk bo‘lmaydi, bo‘lsa bir xalta kiyim-kechak bilan, besh-oltita kitob bo‘ladi. Lekin Ulug‘bek bir yil oldin shu ijara uyga kelganida yangi muzlatgich sotib olgan ekan. Uyda hamma kerakli ashqol-dashqollar bor ekanu, muzlatgich yo‘q ekan, shuning uchun Ulug‘bek uni sotib olishga majbur bo‘lgan ekan. Ulug‘bek mashinasi bor mahalliy bir kursdoshidan muzlatgichni yotoqxonaga eltib berishda yordam so‘rabdi.

— Bajonidil, — debdi mahalliy kursdosh, — lekin yotoqxona ma’muriyatidan ruxsat so‘radingizmi?
— So‘rash kerakmi?, — deb ajablanibdi Ulug‘bek, — men yotoqxonaga olib kelmoqchiman, olib ketmoqchi emasman.
— Baribir, siz avval bir so‘rang.

Ulug‘bek yotoqxona ma’muriyatiga uchrab, o‘ziga ajratilgan xonaga o‘zining shaxsiy mulki bo‘lgan muzlatgichni olib kelmoqchi ekanligini aytibdi. «Yo‘q» deyishibdi ma’muriyatdagilar, «Mumkin emas. Yotoqxonada o‘zimizning muzlatgichlar bor, marhamat, o‘shalardan foydalaning, chetdan muzlatgich, mebel va shunga o‘xshash narsalarni olib kelish ta’qiqlanadi.»

«Tortishish befoyda. Endi nima bo‘ladi? Agar yotoqxonaga olib kelolmasam, uni saqlab turadigan boshqa joyim yo‘q. Balki O‘zbekistonga jo‘natib yuborishning iloji bordir?» Ulug‘bek shunday o‘ylab, O‘zbekistonga yuk jo‘natish xizmatlari bilan qiziqibdi. Lekin kechga borib bu fikrdan ham ko‘ngli sovibdi, sababi muzlatgichni jo‘natish xaqi shunday qimmat ekan-ki, bu pulga O‘zbekistonning o‘zidan bundan zo‘r yangi muzlatgich sotib olsa bo‘larkan.

Shu tariqa uch kun o‘tib ketibdi. Yana uch kun ichida muzlatgich masalasini xal qilish kerak. Ulug‘bek o‘ylab-o‘ylab muzlatgichni ijara uy egasiga sotib ketishga qaror qilibdi. «Albatta, arzon ketadi, lekin iloj yo‘q. Avval 75% pulini aytib ko‘raman, qimmat desa, mayli 50% puliga bervoraman.» Ulug‘bek shunday xayollar bilan uy egasiga qo‘ng‘iroq qilib, niyatini tushuntiribdi.

— Kechirasiz, men muzlatgichni ololmayman, — debdi uy egasi kutilmaganda.
— Muzlatgich yap-yangi, bir yil oldin do‘kondan so‘tib olganman, — debdi Ulug‘bek.

— Bilaman, lekin baribir ololmayman.
— Qimmat narx so‘raydi deb o‘ylayotgan bo‘lsangiz kerak, 75% narxiga bervoraman.
— Uzr… Menga muzlatgich kerak emas.

— Mayli, 50% narxini bera qoling.
— Siz meni tushunmayapsiz, men muzlatgich olmayman, — deb, uy egasi bu safar qat’iy javob beribdi.

Ulug‘bek uy egasi muzlatgichni sotib olishiga, negadir, ishongan ekan. Umidi puchga chiqibdi. Endi kimga sotadi? To‘g‘ri, internet orqali sotishga harakat qilib ko‘rish mumkin, lekin bu juda ko‘p vaqt talab qiladi.

Oradan yana bir kun o‘tibdi. Ulug‘bek yana uy egasiga qo‘ng‘iroq qilibdi.

— Bilasiz-mi, men muzlatgichni sizga tekinga qoldirib ketishga qaror qildim, — debdi Ulug‘bek, ovozida og‘ir bir mung bilan.

— Yo‘q, yo‘q, men olib qololmayman, — debdi uy egasi.
— Tekinga deyapman.
— Buning ahamiyati yo‘q.

Ulug‘bek sharaq etib trubkani qo‘yibdi. Uning endi rostakam jaxli chiqibdi. Kecha kechasi bilan uyqusi qochib, muzlatgichdan ayrilib qolayotganidan achinib, nihoyat uni uy egasiga tekinga tashlab ketishga qaror bergan bo‘lsayu, anavining noz qilishini qarang. Olmasang olma, hey o‘sha…

Oradan yana bir kun o‘tibdi. Ulug‘bek muzlatgichni ko‘chaga – axlatga olib chiqib tashlashga qaror qilibdi. «Yordam berasiz, kechqurun keling» deb, bir o‘rtog‘iga qo‘ng‘iroq qilibdi.

— Bajonidil, — debdi o‘rtog‘i, — lekin siz surishtirdingiz-mi, muzlatgichni axlatga olib chiqib tashlash mumkinmi?

Ulug‘bek bunisini o‘ylamagan ekan. Bu qorni to‘qlardan har baloni kutish mumkin, rostanam surishtirish kerak.

Surishtiribdi. Axlatga emas, uyingizga yaqin, ko‘cha bo‘yiga chiqarib qo‘ysangiz kifoya ekan. Lekin … Uni maxsus xizmat mashinasida olib ketishlari uchun xaq to‘lash lozim ekan. Xaqni to‘lab, bu to‘g‘ridagi bir parcha qog‘ozni muzlatgichga yopishtirib, ana undan keyin muzlatgichni ko‘cha bo‘yiga chiqarib qo‘yilsa bo‘larkan… Xizmat xaqi esa 50$ atrofida ekan…

Shunday qilib do‘stimiz Ulug‘bek muzlatgichidan ayrilib qolayotgani yetmagandek, endi 50$ pul ham to‘lashi lozim ekan.

Ulug‘bekka shunisi qattiq alam qilibdi. Pul to‘lagisi kelmay, bir shum niyatni o‘ylabdiyu, boyagi o‘rtog‘ini kechki paytga yana chaqiribdi.

Ulug‘bek o‘rtog‘i bilan soat tungi ikkida muzlatgichni ehtiyotkorlik bilan ko‘chaga ko‘tarib chiqishibdi. Maqsad, uni qo‘shni kvartalga olib borib tashlash, xech kim ko‘rmasa bo‘ldi. Ertaga bu muzlatgich kimniki ekanligini kim bilib o‘tiribdi? Tasavvur qiling, qorong‘i kechada ikki yigit Seul kvartallari orasida og‘ir muzlatgichni ko‘tarib ketishyapti. G‘alati joyi shunda-ki, muzlatgich egasi yigitlardan biri bo‘lsada, ular xuddi o‘g‘irlangan muzlatgich olib ketayotgandek xavotir bilan, olazarak bo‘lib ketishyapti…

Bir payt Ulug‘bekning o‘rtog‘i charchabdiyu, «Buningizning to‘rtta g‘ildiragi bor ekan, biroz g‘ildirataylik» debdi. Muzlatgichni yerga qo‘yib, asta g‘ildirata boshlashibdi. Lekin g‘ildiragan muzlatgich qurg‘urdan ovoz chiqarkanda. Buni ustiga, tungi ikkida sekin ovoz ham xuddi poezd ketayotgandek aks beribdiyu, atrofdagi uylarda birin-ketin chiroqlar yona boshlabdi. Derazadan uyqusirab mo‘ralaganlar shu paytda muzlatgich sudrab ketayotgan shubxali ikki yigitni ko‘rishadi va darrov nima qilishadi? Yashang, politsiyaga qo‘ng‘iroq qilishadi. Politsiya ham sal narida «Ikkita o‘zbek qachon bu yerdan muzlatgich olib o‘tarkan?» degandek poylab o‘tirgan ekan-mi, xech qancha vaqt o‘tmay muyulishdan chirog‘ini yoqib politsiya mashinasi ko‘rinibdi.

— Qochdik, — debdi Ulug‘bek o‘rtog‘iga.

Muzlatgichni tashlab qochishibdi. O‘zimizning aqlli yigitlar-da, to‘g‘ri o‘zlari yashab turgan uy tomon qochmay, yo‘lni avval teskari solib, politsiyani chalg‘itib, aylanib kelib uyga kirvolishibdi.

Ulug‘bek ertasiga ertalab muzlatgich qoldirib ketilgan joyga kelib qarasa, muzlatgich yo‘q emish. «Yana bir-ikki oy politsiya topib kelsachi deb, xavotir bilan yurdim», deydi Ulug‘bek, «Yo‘q, xech kim kelmadi. Shu tariqa muzlatgichdan qutuldim» deb, hikoyasini tugatgan edi Ulug‘bek.

Saxiy do‘konlar

Oziq-ovqat do‘konidan bozor qilib keldim.

— Pamildori olmadingizmi? — dedilar xonim, bozorlikni sovutgichga joylay turib.
— Olganman, nega olmas ekanman?, — dedim men ishonch bilan.

Lekin xonim bilan qayta-qayta tekshirib chiqsak ham bozorlik ichidan pamildori chiqmadi. Sotuvchi bergan qog‘ozdan tekshirsam, pamildori yozuvda turibdi, unga pul to‘laganman. Demak kassadan o‘tgandan keyin aravaga solmaganman. Kayfiyatim buzildi. O‘zimni aybladim. Do‘konga qaytib borsammi, deb o‘yladim, lekin fikrimdan qayttim, bormadim.

Oradan bir xafta o‘tib, yana o‘sha do‘konga bozorlik uchun bordim. Topilishiga xech ishonmasamda, bir so‘rab ko‘ray deb, qolib ketgan pamildori xaqida surishtirdim. Men so‘ragan xodim boshqasi bilan xabarlashdi. Nazarimda qayerdadir video-yozuvlarni tekshirib chiqishdi. Yarim soatlardan keyin bir xodim kelib mening pamildorim qolib ketganini tasdiqlasa deng… «Xohlasangiz pulini qaytaramiz, xohlasangiz o‘shancha pamildori oling» dedi. Xursand bo‘ldim, baraka topishsin.

Kiyim-kechak, maishiy mollar do‘konlarida bir odatiy qoida bor. Xaridingizni ikki xafta ichida boshqasiga almashtirishingiz yoki butunlay qaytarib topshirishingiz mumkin. Xarid qilganingizni tasdiqlovchi do‘konning bir parcha qog‘ozi saqlangan bo‘lsa kifoya. Biz ham bu xuquqdan bir necha marta foydalanganmiz. Lekin bir safargisi ancha g‘alati bo‘lgan. Bir yaqinimizga sovg‘a deb jinsi shim xarid qildik. Yurtga borib, yaqinimiz bilan ko‘rishguncha oradan bir yil o‘tib ketti. Qarang-ki, shimning razmeri to‘g‘ri kelmadi. Bizning xonim shimni qaytarib Malayziyaga olib keldilar. Navbatdagi dam olish kuni shimni ko‘tarib do‘konga ketyaptilar. «Ha?», desam, «Almashtirib kelaman», deydilar. Shim xarid qilinganiga bir yil bo‘lgan… Anavi bir parcha qog‘ozi ham, tabiiyki, allaqachon yo‘q bo‘lib ketgan. Xonim bilan do‘konga birga bordik. «Lekin men aralashmayman, o‘zingiz gaplashasiz», dedim xonimga. Xonim sotuvchiga tushuntirdilar. «Boshqa razmerdagisiga almashtirib bersangiz», deb iltimos qildilar. Sotuvchi boshqa bir xodimni boshlab keldi. Shimni ko‘rishdi. Keyin bizga xuddi shunday shim xozir yo‘q ekanligini, uning o‘rniga do‘kondagi shimlardan xoxlaganimizni tanlab olishimiz mumkinligini aytiishdi. Xuddi o‘zidek shim yo‘qligidan xijolat bo‘lib, kechirim so‘rashdi… O‘sha kuni biz bir yil oldin xarid qilingan shimni bundanda yaxshirog‘iga almashtirib keldik.

Nihoyat, uchinchi voqea. Bunisi yaqinda bo‘ldi. Telefonimga bir do‘kondan xabar keldi. Men bu do‘kondan 1,5-2 yillar burun bir narsalar xarid qilganman, shundan keyin ularga ishim tushmagan. Do‘kondan kelgan xabarga to‘liq tushunmadim, aniqrog‘i ishonmadim va ularga qo‘ng‘iroq qildim.

— Bizning tarmoq do‘konlarimizdan istagan biriga borib, bitta erkaklar ko‘ylagini olib ketishingiz mumkin. Bu sizga sovg‘a, — deb tushuntirishdi.
— Arzonlashtirilgan narxdami?, — deb so‘radim men.

— Yo‘q, tekin.
— Tep-tekinmi?
— Tep-tekin.

— Balki ko‘ylakni tekinga olishim uchun boshqa biror narsa xarid qilishim kerakdir?
— Shart emas, xech narsa xarid qilmasdan, ko‘ylakni olib ketaverasiz.
— …

— Lekin bir uzrlik joyi bor. Do‘konimizdagi ko‘ylaklardan tanlayotganingizda narxi falon puldan oshmaydigan ko‘ylak tanlashingiz lozim.

— Qancha dedingiz?
— Falon pul.

Menga aytilayotgan «Falon pul» shunday summa edi-ki, men shu paytgacha olgan ko‘ylaklarimning eng qimmati ham «Falon pul»ning yarmiga yetmasdi.

Ertasiga do‘konga bordim. Bir tarafdan, xaliyam tekinga ko‘ylak olishimga to‘liq ishonmayotgan edim. Boshqa tarafdan, agar bu rost bo‘lsa, do‘konda o‘zimni jiddiy, sipo tutishim kerak. Tekinga xo‘rozqand olgan boladek ishshayib, lab-lunjim osilib ketmasin…

Rostanam qimmat bir ko‘ylakni tekinga berishdi. Baraka topishsin.

Jodu ko‘z

003Kuala Lumpurdagi “Palace of the Golden Horses” deb ataluvchi ajoyib, besh yulduzli mehmonxonaga joylashdim. Mehmonxonaning ulkan binosi sharq me’morchiligi usulida qurilgan, bino orqasida bir tarafga qarab ko‘l yastanib yotadi, boshqa tarafga esa ko‘m-ko‘k golf maydoni cho‘zilib ketgan. Mehmonxona ichi o‘ta hashamdor, yarqiragan marmar pol va ustunlar, tovlanib ko‘zni qamashtiradigan qandillar, qimmatbaho mebellar… Aytishlaricha, bu mehmonxonaga ko‘proq kazo-kazo taniqli odamlar kelib turisharkan. Kechagina Koreyadagi studentlar yotoqxonasida yashab yurgan edim, endi mana bunday qasrsimon mehmonxonada to ijara uy topganimcha turishim mumkin. Eng muhimi, mehmonxona xaqini meni ishga taklif qilgan institut to‘laydi.

Mehmonxonada bir necha restoranlar bor. Birida ovropacha, boshqasida xitoycha, uchinchisida yana boshqa tur taomlari tayyorlanadi. Ulardan birida mehmonxonada turuvchilar uchun nonushta beriladi. Nonushta tekin, aniqrog‘i nonushta xaqi mehmonxona xaqi ichida. Men ana shu restoranda xar kuni erkalanib nonushta qilaman. Lekin tushlik yoki kechki ovqat uchun mehmonxona restoranlariga kirolmayman, ular mening cho‘ntagim uchun ancha qimmatlik qiladi.

Shunga qaramasdan restoranlardan biri meni o‘ziga jalb qila oldi. Bu asli restoran emas, bar edi. Bar «Grand Salon Lobby» deb atalardi. Bardagi zalning o‘rtasiga otlardan iborat ulkan majmua: aylanib turuvchi fontan o‘rnatilgan. Nim qorong‘i zaldagi stollarga sham yoqib qo‘yilarkan. Yana bir o‘ziga xos jihati shunda-ki, u yerda har kuni kechki payt jonli muzika va qo‘shiqlar ijro etilarkan. Avval fortepianoda klassik muzikalar chalinadi. Keyin uch qiz va bir yigitdan iborat guruh ijrosida pop (ommabob) musiqa-qo‘shiqlar yangraydi. Ana shu musiqa meni ohangrabodek ichkariga tortdi. Men oqshomlari barda bir finjon qahva olib, muzika eshitib o‘tirishni odat qildim.

Avvaliga fortepianodagi musiqa meni rom etgan bo‘lsa, keyincha «3+1» guruhining ijrosi ham menga ma’qul kelib qoldi. Guruhdagi qizlar jozibador edi. Ular navbat bilan qo‘shiq aytar, biri aytayotganda qolgan ikkitasi jo‘r bo‘lib turardi. Yigit esa musiqiy anjomlarni sozlab turadi. Menimcha, u guruh raxbari ham edi.

Men barga uchinchi kun tashrifimdan boshlab qizlar meni eski mijoz sifatida tanib qolishdi. Ular qo‘shiq ayta turib, menga jilmayib, qo‘l siltab qo‘yishardi. Qizlarning bittasi boshqalaridan ham jozibaliroq, go‘zalroq edi. Uning ko‘zlarida ajib bir jodu bor edi go‘yo. Men beixtiyor uni ko‘proq kuzatadigan bo‘ldim. Nazarimda bu «Jodu Ko‘z» qo‘shiqni ham boshqalaridan yaxshiroq aytardi.

O‘sha oqshom men «Grand Salon Lobby»ga odatdagidan kechroq tushdim. Fortepianochi o‘z ishini tugatib, navbat allaqachon «3+1»da ekan. Men stolga yaqinlasharkanman, qizlar men bilan jilmayib salomlashgan bo‘lishdi. Ular bor mahoratlarini ishga solib, ingliz tilidagi mashxur qo‘shiqlarni navbat bilan kuylashardi.

Men ustida sut ko‘pigi ko‘pchib turadigan kappuchino qahvasini buyurdim. Qaxvani erinchoqlik bilan xo‘plab o‘tirib, qizlarni tomosha qilyapman. Sezdirmaslikka xarakat qilsamda, diqqatim asosan Jodu Ko‘zda. Ana, Jodu Ko‘z navbatdagi qo‘shig‘ini yakunladi, endi boshqa qiz kuylay boshladi. Jodu Ko‘z uchinchi qiz bilan birga kuylovchiga yordam berib turishi kerak. Lekin Jodu Ko‘z, kutilmaganda, kichik saxnadan tushib, zalga qarab yurdi. Jodu Ko‘z to‘g‘ri mening stolim tarafga kelardi. Buyog‘i qiziq bo‘ldiyu. Balki o‘tib ketar?…

Yo‘q, u mening qarshimga kelib to‘xtadi. Men o‘rnimdan turdim. Biz salomlashdik.

— Stella, Filippindanman, — deb o‘zini tanishtirdi Jodu Ko‘z.

Men ham o‘zimni tanishtirdim. Keyin Stellani o‘tirishga taklif qildim. U avvaliga biroz ikkilangandek bo‘ldi, keyin «Ha mayli» dediyu, qarshimdagi o‘rindiqqa o‘tirdi.

— Biror narsa ichasizmi?, — dedim men.

Stella «Mumkinmi?» degandek menga tikildi, tasdiq olgach, bir qadah Chili qizil sharobidan buyurdi. Shu tariqa bizning suxbatimiz boshlandi. Men Stellaning gaplariga quloq solarkanman, uni yaqindan kuzatardim. Qarshimda o‘ta go‘zal bir jonon o‘tirardi. Oramizda kichikkina dumaloq stol bor xolos, shuning uchun bu jonon menga juda yaqin edi. Nim qorong‘ilikda Stellaning qoramag‘iz yuzi tundagi to‘lin oydek nur sochib turardi. Qop-qora, uzun va silliq sochlari yelkasiga biroz betartib yoyilgan. Stella tez-tez chiroyli jilmayar ekan, uning sadafdek tishlari qirmiz lablar orqasidan ko‘rinish berardi. Oqi oqqa, qorasi qoraga ajragan yirik, bodomsimon ko‘zlari jodu to‘la edi. Ular mastona yaltirab turardi. Ko‘z qirqimi qoshga xamohang kamonsimon. Uzun kipriklar ko‘zga soyabon… Men baribir Stellaning butun chiroyini sizga boricha ta’riflab berolmayman, bunga bo‘y beradigan so‘zlarni topolmayman. Nazarimda, Stellaning barcha go‘zalligi bir ediyu, uning gavxar va jodu ko‘zlari go‘zalligi ham bir edi. Men unga «Jodu Ko‘z» deb to‘g‘ri nom qo‘ygan ekanman. Birinchi kuni sahnadaligida kuzatganimdayoq ko‘zlaridagi sehrni sezgan edim.

Men Stellaga uning go‘zalligiyu, qo‘shiq aytish mahoratini yaxshilab ta’rifladim. U ham men bilan qiziqib, u-buni so‘ragan bo‘ldi. Keyin u o‘z yurti Filippin xaqida gapira ketti. Stella go‘yo o‘z vazifasini ham unutgan, sahnaga qaytishga shoshilmasdi. Ba’zida ma’yus tortib, jim bo‘lib qolar, nimalarnidir o‘ylab ketardi. Keyin birdan o‘ziga qaytib, yuziga quvnoqlik berishga xarakat qilardi.

Shu o‘rinda men asosiy voqeadan chekinib, sizga bir narsani aytib o‘tishim kerak. Men, bilmadim, yoki tabiyatimga ko‘ra, yoki tarbiyamga ko‘ra, yoki olgan ta’limimga ko‘ra o‘ta skeptikman, hamma narsaga shubha bilan qarayman. Noodatiy, g‘ayritabiiy, tushuntirib bo‘lmaydigan voqea-xodisalarga ishonmayman. Uchar likopchalar, arvohu ajinalar men uchun cho‘pchak. Folbinlarni ustidan kulaman, fokuschilarni g‘irt aldoqchilar, deb hisoblayman. Agar biror ko‘zboylog‘ich — fokuschi yerning tortishish kuchini yengib, osmonda uchib yurgan bo‘lsa unga mutlaqo ishonmang, uchib yurish u yoqda tursin, odam yerdan bir qarich ham ko‘tarila olmaydi. Ba’zi-ba’zida do‘stlar, yaqinlar, tanishlar shunga o‘xshash voqea-hodisalar haqida gapirib, «O‘zim ko‘rdim, ko‘zlarim bilan ko‘rdim» deb ishontirmoqchi bo‘lishsa, «Qo‘ying-e, opqochmang» deyman men. Bundan hamsuhbatlarim xafa bo‘lishadi. O‘zim xech qachon g‘ayritabiiy voqeaga duch kelmaganman. To‘g‘rirog‘i, duch kelmagan edim. To o‘sha kuni, xashamatli «Palace of the Golden Horses» mehmonxonasining «Grand Salon Lobby» barida mehmonxona qo‘shiqchisi, filippinlik go‘zal, maftunkor Stella bilan bir stolda o‘tirib suxbat qurgan oqshomimizgacha men g‘ayritabiiy voqeaga duch kelmagan edim…

— Sizning ko‘zlaringizda qandaydir sehr bor, ko‘zlaringiz, meni kechiringu, noodatiy darajada o‘tkir, — dedim men Stellaga, — hatto men ismingizni bilmasdan oldin sizga «Jodu Ko‘z» deb ism qo‘ygan edim.

— Bilaman, — dedi Stella xotirjam, — men rostanam jodugarman, — deya u kulib yubordi.

— Hazillashmang.
— Rostdan. Istaysizmi, sizga bir narsa ko‘rsataman?

— Nima ko‘rsatasiz?
— G‘ayritabiiy biror narsani?

— Marhamat, lekin bilib qo‘ying, men o‘ta skeptik odamman.
— Buni ahamiyati yo‘q, — dedi Stella ishonch bilan.

Keyin u atrofga, stol ustiga birrov ko‘z yugurtirib chiqdi. Nigohi stol ustidagi yarmi ichilgan sharobli qadahda to‘xtadi.

— Bunga qarang, — dedi Stella qadahni ko‘rsatib.

O‘zi ham qadahga o‘tkir nigohlari bilan tikilib qoldi. Men ham Stellaning gap-so‘ziyu, harakatlaridan miyig‘imda kulib, «Qani, nima bo‘larkan?» deb, stol ustidagi chala yarim ichilgan sharobli qadahga tikilib o‘tiribman. Bu — lolashaklli, anchagina katta, oyog‘i uzun, og‘irgina qadah edi. Bir payt … mo‘’jiza yuz bera boshladi. Qadah stol ustida asta surila boshladi. U bir tekis harakat qilib, salkam bir qarich surildi. Stella qo‘llarini tekkizmasdan, nigohlari bilan qadahni surardi. Stella menga tikildi, men unga qaradim, lekin tilim kalimaga kelmadi. Stella yana qadaha ishora qildi. Idish yana surila boshladi. U ohistalik bilan yana bir qarichcha siljidi. Bu safar men o‘zimni tutolmay, baqirib yubordim: “Wow, what are you doing?…” (”Qoyil, buni qanday qildingiz?»)

Shu bilan Stellaning namoyish qilgan mo‘’jizasi tugadi. Lekin ana shu qisqa tomosha menga qattiq ta’sir qilgan edi. Men nuqul “How did you do it?” (“Qoyil, buni qanday qildingiz?”), deb takrorlardim. Stella xotirjam, jilmayib o‘tirardi.

Balki bu g‘ayritabiiymasdir, qadah surilishiga biror real narsa sabab bo‘lgandir, deb atrofni tekshirib chiqdim. Marmardan yasalgan stol tep-tekis va mutlaqo siljimaydigan qilib o‘rnatilgan edi. Uni qiyshaytirish u yoqda tursin, sal-pal qimirlatish ham mumkin emas edi. Qadahni qo‘limga olib, erinmay tikildim. U anchagina og‘ir edi, boz ustiga, ichida sharob ham bor edi. Uni xarakatlantirish uchun yaxshigina kuch talab qilinardi. Eng ajablanarlisi, idishning xarakati silliq, tekis kechgan edi. Og‘irlik markazi noqulay joyda bo‘lgan, lolashaklli qadahni xatto qo‘l bilan ham bunday tekis qilib surish oson emas edi.

— Istasam sizni ham jodulashim mumkin, — dedi Stella, o‘rnidan turarkan, — lekin siz … oilalisiz, shuning uchun sizni jodu qilmayman…

Men ham hayrat, ham qo‘rquv bilan sahna tarafga ketayotgan Stellani kuzatib qoldim. Stella sahnaga chiqdiyu, menga bir jilmayib qo‘yib, qo‘shig‘ini boshladi.

Men bu barga boshqa kirmadim. Lekin mehmonxonadan ketadigan kunim xizmatchilar orqali Stellaga ajoyib bir guldasta berib yubordim.

Uzoq paytgacha Stella xayolimdan ketmadi. Uni ham qo‘rquv, ham ajib bir sog‘inish bilan eslardim.

Qadah surilish voqeasini ko‘pchilik do‘stlarimga, yaqinlarimga, tanishlarimga gapirib berdim. «Qo‘ying-e, opqochmang» deyishdi ular.

Bizdan sizga

ArtsSpire1.jpgTungi Melbourneni (Matndagi joy nomlari muallif ishlatgan shaklda qoldirilganini aytgan edik. Bu o‘rinda biz Melburn deb o‘rgangan va Avstraliyadagi kattaligi jihatidan ikkinchi shahar nazarda tutilmoqda. XDK izohi) aylanib yuribman. Yo juma yoki shanba kuni edi. Juma-shanba oqshomlari avstraliyaliklar miriqib dam oladigan kunlar. O‘sha kuni ham Melbourne ko‘chalari to‘la odam, asosan yosh-yalanglar aylanib yuribdi. Bu aprel oyida edi, kuzning etni junjiktiradigan salqin xavosi bo‘lishiga qaramasdan, yoshlar aksariyati yengil kiyingan (yo‘q, men adashmadim, rostanam aprel va rostanam kuz edi, axir bu Avstraliya). Men laqillab u yoqqa yurdim, bu yoqqa yurdim, oxiri bir barga kirib, ichishga bir narsa oldimu telefonda internet ko‘rib, ichimligimni xo‘plab o‘tirdim. Men butun diqqatim bilan internetga berilib ketgan edim. Atrofdagi odamlar bilan ishim yo‘q. Lekin ro‘paramda bir yosh juft o‘tirganiga ko‘zim tushdi. Birozdan keyin o‘sha juftlikning yigiti ko‘rinmay qoldi. Yakka qolgan qiz meni gapga soldi:

— Telefonga juda qattiq berilib ketibsiz?, — deb gap boshladi u.
— Ha, yangiliklarni ko‘rib o‘tiribman, — dedim men, boshimni ko‘tarib.

Qizning dabdurustdan gap boshlashi meni biroz shoshirib qo‘ygan edi.

— Nimalarni yozishibdi yangiliklarda?
— Arzirlik xech narsa.

— Ryan, — deb o‘zini tanishtirdi qiz. Men ham ismimni ayttim.
— Melbourneda mehmonmisiz deyman?

— Ha, mehmonman.
— Qalay, Melbourne, sizga yoqdimi?
— Juda ham yoqdi.

Shu tariqa Ryan bilan gaplashib o‘tirdik. Ryan o‘z shaxri Melbourneni rosa maqtadi, menga ayrim joylarni ko‘rishga tavsiya qildi.

— Nega yolg‘izsiz?, — deb so‘radi Ryan bir payt.
— Oilam mehmonxonada, ular kunduzi rosa aylanib, charchab qolishdi.

— Ha, shunday deng.
— Adashmasam, siz ham boya bir yigit bilan o‘tirgan edingiz? Kettimi u?

— Yo‘q, hov ana, bar oldida turibdi. Do‘stini ko‘rib qoldi. U mening yigitim, Joannes.

Men qiz ko‘rsatgan tarafga qayrilib qaradim. Qizning yigiti rostanam tashqarida bir yigit bilan gaplashib o‘tirgan edi. Joannes mening tikilganimni sezdi, u ham menga tikilib qo‘ydi. Keyin qiziga, «Hozir boraman», deganday ishora qildi.

Obbo, bu yog‘i g‘alati bo‘ldiku. Demak bu yigit boyadan beri qizi bilan gaplashib turganimni bilib turgan. Menku, xech bir yomon niyatda gapirmadim, qiz savol berdi – men javob berdim xolos. Lekin yigit buni surishtirib o‘tirarmidi? Ayniqsa xozirgi axvolida… Rashki yomon bo‘lsa, xozir keladiyu…

— Ana Joannes ham kelyapti, — deya Ryan yigitiga jilmayib, qo‘l siltab qo‘ydi.

Ryan Joannes kelayotgan tarafga qarab turar, men esa unga teskari edim. Joannes mening orqa tarafimdan asta yaqinlashib kelayotgan edi. Men sergaklandim. Butun diqqatimni Joannesning oyoq tovushlari ovoziga qaratganman. Joannes orqamdan kelib, musht tushirib qolishi mumkin. Yoki bo‘g‘ib qolsachi? Men tayyor turardim. O‘zimni qanday himoya qilib qolishni o‘ylardim. Ryan Joannesni nigohi bilan kuzatarkan, men qizning ko‘zlariga zimdan tikilib, Joannesning qaysi yo‘nalishda kelayotganiyu, bizgacha yana qancha yurishini taxminlab turardim. Joannes qiz tarafga emas, mening stolim tarafga kela boshladi. Tushunarli, endi aniq janjal bo‘ladi. Orqamga qarab olay desam, noqulay. Lekin butun diqqatim bilan ximoyaga shay bo‘lib turibman. Ana, bir qadam qoldi. Mening qo‘llarim mushtga tugildi…

Joannes taq etkazib stolimga bir krujka pivo qo‘ydi.

— This is from us to you, mate (Bu bizdan sizga, og‘ayni), — dedi Joannes iljayib.

Keyin qo‘lidagi yana ikki krujka pivosi bilan qizi tarafga o‘tib ketti…

Avstraliyada yetishtirilgan o‘zbek turpi

Men uchun palov eng sevimli taom bo‘lsa, uni turp bilan yeyish ikki karra lazzatdir. Shuning uchun qayerga borsam bozorlardan yoki oziq-ovqat do‘konlaridan turp qidiraman. Hozir dunyoning istagan burchagida palov tayyorlash mumkin, buning uchun kerakli masalliqlarni, mayli o‘zimiznikiga to‘liq o‘xshamasa-da, harqalay topsa bo‘ladi. Lekin turp – bu ancha qiyin masala. Turp mutlaqo yo‘q desam noto‘g‘ri bo‘lar. Masalan, Malaysiyada Tesco do‘konlarida turp sotiladi. Lekin … bu turpmasda endi. Ichi oqarib, po‘k bo‘lib qolgan, suvi qochgan bir narsa. Bu faqat «svejiy» emasligidan emas, asli yangi yetishtirilgan paytdayam yaxshi bo‘lmagan mahalliy turp. Shunday qilib, men Malayziyadan yaxshi turp topish umidini uzdim. Balki ko‘m-ko‘k, suvli turp faqat O‘zbekistonda bordir, bilmadim…

Avstraliyaning Adelaide shahridan 20 chaqirimcha narida dexqon bozori bor. Shu bozorni aylanib yuribman. Bir payt rasta ustiga to‘kib qo‘yilgan mushtdek-mushtdek keladigan ko‘m-ko‘k turplarga ko‘zim tushdiku… Tilla topgandek xursand bo‘lib kettim. Xali yeb ko‘rmasdan ishonch bilan ayta olaman-ki, bu rosmana mazali, suvli turp, rangidan ma’lum. «Qaddingni ur, dehqon bobo, bor ekansan-ku». Men turpni o‘zbek dehqonidan boshqasi yetishtira olmas ekan deb qo‘ygandim. Mana bor ekan-ku…

Turp sotuvchi dehqon bilan inglizcha biroz gaplashdim. Rostanam u dehqon ekan, shunchaki sotuvchi emas. Turpni ham o‘zi yetishtiribdi. Dehqonning tikanga sudralgan inglizchasidan bildim-ki, u asli avstraliyalik emas. Qayerdanligini so‘rashga iymandim. Turpdan ikki kilo oldim. Xayr-xo‘shlashib, ikki qadam nari yurdimku… Turp sotuvchi dexqon yonida yordamlashib turgan bolaga sof o‘zbek tilida, vodiy shevasida «O‘g‘lim, ashi baqlajonlarni sal yig‘ishtirib qo‘ying» desa bo‘ladimi… Shart orqamga qayrildim.

— Ey hormang dehqon, — dedim o‘zbekchalab sotuvchiga.
— Iya, o‘zbekmisiz?, — deya ajablanib tikilib turardi turpchi…

003

(Tashriflar: umumiy 712, bugungi 1)

2 izoh

  1. «Олим + ёзувчи», — камдан — кам учрайдиган ҳодиса.

  2. Тугри. Кам учрайди. Зур езилган. Укиб мазза килдим. Койил!!!

Izoh qoldiring