Abdurashid Mamadolimov. Bobom, onam, Mirzahakim akam va futbolchilar bilan matematiklar

Ashampoo_Snap_2016.09.29_15h05m34s_001_.png    Хабарингиз бор, олдин ҳам сайтимизда Абдурашид Мамадолимовнинг бир неча ҳаётий ҳангомалар акс этган ҳикоя ва бадиаларини эълон қилганмиз. Рости гап, мен ҳар гал уларни мириқиб ўқийман. Ёзувчиликка даъвоси йўқ, аслида физика-математика фанлари номзоди бўлмиш, бугун Малайзиядаги МИМОС илмий-текшириш институтида хизмат қиладиган муаллифнинг бу ёзиқларини ҳаётни ишхонаси ёки хонадони деразасидан кузатиб, «нималардир» ёзаётган жуда кўп ёзувчиларнинг сунъий ҳикояларидан устун қўяман. Унинг ёзиқларида ўзи тасвир қилаётган одамларга нисбатан меҳр товланиб туради. Ана шу меҳр ўлмасин.

Хуршид Даврон
Ўзбекистон халқ шоири

Абдурашид Мамадолимов
БОБОМ, ОНАМ, МИРЗАҲАКИМ АКАМ
ВА ФУТБОЛЧИЛАР БИЛАН МАТЕМАТИКЛАР

077

09a    Абдурашид Мамадолимов 1973 йил Наманган вилояти Чуст туманининг Олмос қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат Университетининг механика-математика факультетида таҳсил олган, физика-математика фанлари номзоди. Ўзбекистон Миллий Университетида ишлаган. 2008 йилдан Малайзиядаги МИМОС илмий-текшириш институтида хизмат қилади. «Сайтимиз саҳифаларида унинг ҳикоя ва бадиалари эълон қилинган.

077

БОБОМ

1981 йил 6 май эди ўша куни. Мен биринчи синфни тугатётган даврим. Тонг саҳарлаб уйғотишди. Уйқудан турдиму эсанкираб қолдим: ҳали тонг ёришиб улгурмаган бўлса-да ҳамма ёқ одам, уй тўла хотин-халаж, ҳовлида эркаклар. Ғалати тарафи, бу одамлар ҳаммаси йиғлаб юрибди. Кап-катта одамлар, айниқса, эркаклар йиғласа ғалати бўларкан, олдин бундайини кўрмаган эдим. Ҳамма эркаклар чопон кийиб, белини белбоғ билан боғлаб олган. Хеч қачон дўппи киймайдиганлар ҳам бугун дўппида. Чопон-белбоғ-дўппи майли, мени бошқа бир ҳолат жуда ажаблантирди. Дадам, акам ва уч-тўрт яқин қариндошларимиз қўлларига ҳасса тутволишибди. “Ҳассани бели букилиб қолган чоллар тутарди, нега дадам, акам ҳасса ушлаволишди?..” Дадам бошчилигида ҳасса ушлаганлар ҳаммадан қаттиқроқ йиғларди.

— Вой отам, вой отам, — деб йиғларди дадам.

Мен ним-чала тушуна бошладим. Саксонга кирган бобом уч кундан бери касал бўлиб, ётиб қолган эдилар. Демак, бобом ўлиб қоптилар.

Дадам мени кўриб, олдимга келдилар. Йиғидан дадамнинг кўзлари қизариб кетган эди.

— Ҳов анави таёқлардан биттасини олгин-да, сен ҳам бизни қаторимизга тур, — дедилар дадам менга.

— Мактаб-чи, мактабга бормайманми?, — дебман, мен содда. Ўлим нима эканлигини тушунмайдиган бир бўз бола эдим-да. Дадам менга бир тикилдилару индамай жойларига қайтдилар. Мен дадам айтганларидек қилдим.

Ўша куни мен барибир бобомдан айрилиб қолганимиз қайғусини сезмадим, болалик қилдим. Мени уйда бўлаётган ўлим маросими, катталарнинг, айниқса, аёлларнинг дод солиб йиғлашлари бутун дахшати билан ўзига жалб қилиб олган эди. Сал кейинроқ тобут олиб келиб, бир четга қўйиб қўйишди. Ўшанда тобут деганларини ҳам биринчи кўришим эди. Бир қарасангиз, замбилга, яна бир қарасангиз нарвонга ўхшаб кетадиган, ёғочдан ясалган бу нарсани зимдан қўрқув билан томоша қилдим. Бироздан кейин бобомнинг майитини ўша тобутга солиб, олиб чиқиб кетишди…

Яна уч кун келди-кетти бўлди. Тўртинчи кун қариндошлар ҳам тарқади, ўзимиз қолдик. Ана ўшанда орамизда бобом йўқлигини бутун вужудим билан ҳис қилдим. Уйнинг тўри – бобомнинг жойи энди бўш эди… Бирдан йиғи келди. Ховлимиз этагига бориб юм-юм йиғладим…

Бобом бир умр дехқончилик билан шуғулландилар. Умрларининг охиригача қўлларидан кетмон тушмади. У киши ўта вазмин, камгап, камтар, мўмин-қобил инсон эдилар. У кишини тенгқурлари “Мамадолим сўфи” дейишарди. Лекин бобомиз мачитда сўфичилик қилмаган.

Бобомнинг исми бизнинг сулолавий исмимиз — фамилиямизга айланган.

ОНАМНИНГ СЎЗСИЗ ХАТЛАРИ

Малайзия ярим оролининг жанубий нуқтасидан, Сингапур билан қўшни жойлашган Жоҳор Баҳру шаҳридан, бир дўстимизникидан меҳмондан қайтяпмиз. Мусобек ака ва мен. Мени машинамдамиз. Лекин рулда Мусобек ака. Куала Лумпургача масофа 350 км атрофида. Жоҳор Баҳруга кетишда Мусобек ака билан тинмай гаплашиб кетган эдик, қайтишда гап-сўзлар камайиб қолди, шунинг учун музика ёқиб қўйдим. Маъмуржон Узоқов, Муроджон Аҳмедов, Комилжон Отаниёзов, Ориф Алимахсумов, Муножат Йўлчиеваларнинг қўшиқлари ёзилган диск бор эди, шуни қўйдим. Мусобек акага “Ака, мен анча-мунча енгил ашулаларни эшитмайман, кўряпсизми қанақа ашулалар эшитяпман…” деб, мақтандим. Лекин бироздан кейин Мусобек ака мени мақтовимни бир чақа қилди: у киши ўзбек мумтоз қўшиқчилигининг хақиқий билимдони экан, янграётган хар бир ашулани бошидан охиригача жўр бўлиб айтти. Мусобек ака ашулаларнинг сўзини ҳам, оҳангини ҳам тўлиқ билар экан. Мен эса “… шунақа ашулалар эшитаман” деб мақтаниб юрибман, лекин ашула сўзидан бир сатр ёддан айтиб беролмайман.

Куй ва ашулага маст бўлиб, уйқусираб кетётган эканман. Мусобек ака машинани тузуккина тезликда хайдаб кетаётган эди. Бир пайт “Пақ” этти-ю, машина ўнгга-чапга лапанглаб кетти. Кейин бир тарафга қийишайиб олди. Чўчиб тушдим. Мусобек ака усталик билан машинани ўзига бўйсиндириб, аввал тезликни пасайтириб олди, кейин секин четга ўтиб тўхтади.

— Ғилдирак отворди, — деди Мусобек ака.

Пастга тушдик. Ростанам олди чап тарафдаги шина балқайиб ётарди. Яхши, эхтиёт шинам бор, орқани очиб, ўшани олдим. Очиғи, шина алмаштиришга мутлақо тажрибам йўқ, бундай ҳолатга биринчи тушишим эди. Яхшиям Мусобек ака бор экан, дарров ўзи шинани алмаштириб ташлади, мен ёрдам бериб турган бўлдим. Йўлда давом эттик. Шина ёрилган пайтда рулда Мусобек ака эканлиги яхши бўлди, агар мен бўлганимда, билмадим, балки эплолмасдим. Мусобек ака мендан шиналарни охирги марта қачон янгилаганим хақида сўради. Бир амаллаб эсладим. Мусобек акани айтиши бўйича, алмаштириш муддати аллақачон ўтиб кетган экан. Айниқса, бундай узоқ йўлларга отланишдан олдин машинани обдон текшириш кераклигини уқтирди Мусобек ака. Мен қаердан билай, мен машина ҳайдашни биламан, қачон нимани алмаштириш кераклигини умуман билмайман. Одатда бунга ҳожат йўқ, чунки машинани мунтазам сервисга олиб бориб тураман, ўша ерда ўзлари айтишади, уни алмаштириш керак, буни ундоқ қилиш керак, деб. Демак автосервисдагиларнинг айби: шиналар хақида мени огоҳлантиришмаган.

— Иккинчиси ҳам кетади хозир, — деб Мусобек ака тезликни минимал қилиб олди.
— Қаердан билдингиз?, — деб сўрадим мен.
— Овоз келяпти, эшитяпсизми?

Мен қулоқ солиб улгурмасимдан яна “пақ” этти…

350 километрлик Жоҳор Баҳру–Куала Лумпур тезюрар йўлининг қоқ ўртасида турибмиз. Иккинчи шинамиз ёрилиб кетган, энди алмаштириш учун қўшимча шина ҳам йўқ.

Машиналар тинмай, ғизиллаб ўтиб турибди. Мен улардан ёрдам умид қилиб, қўл кўтараман. Бирортаси тўхтай демайди. Бир-икки йил олдин Ўзбекистонда, Тошкентдан водийга боришда тоғ йўлида, йўловчи машинада шундай ҳолатга тушган эдик. Ўшанда бирданига иккита шина отворди. Ҳайдовчимиз ҳали машинани тўхтатиб улгурмасдан, орқамиздаги машиналарнинг икки-учтаси ёрдам учун биздан олдин тўхтади. Дарров иккитаси эҳтиёт шиналарини олиб келди, алмаштиришга ҳам ёрдам берворишди, хуллас, 15 минутга бориб-бормай биз йўлимизда давом этган эдик. Ҳозир ярим соатдан бери қўл кўтараман, бирорта машина тўхтамайди.

«Энди нима қиламиз?» – деб бош қотти. Буёғи қош қорая бошлаган, ҳадемай қоронғи тушади. Йўл четида мунғайиб турибман, нарироқда Мусобек ака, у киши ҳам нима қилишни билмайди. Шу пайт “Тит-тит” деб телефонимга СМС келди. Қарасам Онамдан, Ўзбекистондан… Очсам СМС “пустой”, яъни хеч нарса ёзилмаган…

Охирги бир неча ойда Онамдан ана шундай “пустой” СМСлардан учта олдим. Биринчисини олганимда дарров телефон қилдим. Саломлашиб, ҳол-аҳвол сўралгандан кейин

— Она, хозир сиздан телефонда хат келди, лекин ҳеч нарса ёзилмаган…, — дедим.
— Билмадим болам, мен бу телефонларни тушунмасам, босилиб кетгандир балки, — дедилар онам.

Ростанам босилиб кетгандир балки. Лекин ўша кунги онам билан суҳбатдан кейин узоқ ўйлаб, мен “пустой” СМС тасодиф туфайли келганлигига ишонмадим. Онам уни жўнатганлар. Телефонда ёза билмайдилар. Шунинг учун “пустой” жўнатганлар. Лекин мен ўша “пустой” СМСни ўзимча ўқидим. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди: “Болам, тинчмисан? Тани-жонинг соғми? Нега анчадан бери телефон қилмайсан?” Мен ота-онамга мунтазам қўнғироқ қилиб тураман. Лекин ўшанда секин эслаб кўрсам, охирги қўнғироқ қилганимга одатдагидан кўпроқ вақт ўтган экан. Орадан икки ойлар ўтиб, онамдан иккинчи “пустой” СМСни олганимда бу фикримга яна-да ишондим, чунки бу гал ҳам қўнғироқ қилишим одатдагидан бироз чўзилган пайтда СМС келди.

Энди эса учинчи сўзсиз СМС келяпти Онамдан. Лекин ишонч билан айта оламан-ки, бу гал қўнғироқ қилиш интизомини бузмаган эдим. Яқинда гаплашгандик Онам билан. Нега яна СМС жўнаттилар экан?..

Балки бу бир тасодиф холосдир, лекин Онамнинг СМСи мен катта тезюрар йўлда, машинам шинаси ёрилиб, иложсизликдан нима қилишни билмай бошим қотиб турган пайтда келган эди. Мен яна ўзимча Онамнинг сўзсиз СМСларини ўқиб кўрдим: “Болам, тинчмисан? Нима бўлди? … Ўзингга хеч нарса қилмадими?..”

Кейин ҳамма нарса тезлашиб кетти. Мен машинам суғурта қилинган компанияга қўнғироқ қилдим, улар тезда техник ёрдам жўнатишга ваъда беришди. Нега дарров суғуртачилар эсимга келмапти… Орадан 15 минутлар ўтиб-ўтмай бирданига иккита техник ёрдам кўрсатувчи машина етиб келди. Бири суғуртачилар экан, иккинчиси эса шу йўлдаги техник носозликларга масъул компания бўлиб, уларга бизни йўлда кўрган хайдовчилар хабар қилишган экан.

Куала Лумпурга етиб келишим билан Онамга қўнғироқ қилдим. Бу гал “Она, сиздан яна сўзсиз СМС келди” деб айтмадим. “Тинчмисан, болам, тани-жонинг соғми?” дердилар Онам. Дунёдаги энг ёқимли сўзлардир эхтимол булар…

МИРЗАҲАКИМ АКАМ

Шаҳарларда ақли норасо одамларни учратиш қийин. Улар тегишли касалхоналарга мажбуран олиб кетилса керак. Лекин қишлоқларда девонасифат одамлар бемалол жамоат ичида яшайверади. Ҳар қалай менинг болалигимда шундай эди. Ҳар бир қишлоқнинг ўз девоналари, тентаклари ёки жиннилари бўларди. Менинг қишлоғимда ҳам бор эди шундайлар. Бизда «девона» деб анча тузукроқларни, «жинни» деб эса қаттиқларни айтиларди. «Фалончи девона» ёки «Пистончи жинни» деб гапириларди. Бундай одамлар хақида гап кетганда «Бу одам туғилгандан шунақа» ёки «У кейинчалик шунақа бўлган» деб қўйишарди ёши катталар. Девоналар одамларга қўшилиб юрар, унча-мунча гапира оларди. Одамлар ҳам улардан ҳеч бир хайиқмасди. Беозор эди бизнинг девоналар. Қишлоқнинг қайси бурчагида тўй бўлса, барча девоналар ҳам ўша ерда бўларди. Лекин жиннилар одамларга қўшилмасди. Одамлар ҳам, айниқса ёш болалар, жиннилардан хайиқарди. Ана шундай жинниларнинг бири бизнинг маҳалламиз этагида яшарди. «Дали жинни» эди унинг оти.

Дали жинни қари отаси билан бирга яшар, ақлан соғлом, лекин қариб мункиллаб қолган отаси бечора жинни фарзандини парвариш қиларди. Биз ёш болалар Дали жиннидан ўлгудек қўрқардик. Дали жиннининг бировга зарари текканини хеч ким билмайди, лекин унинг кўриниши қўрқинчли эди. Мабодо Дали жинни кўчамиз бошида кўриниб қолса, биз югуриб уйимизга кирволар, лекин дахшатли бир қўрқинч билан уни дарвоза тирқишидан томоша қилардик. Дали жинни новча, суяклари бақувват, лекин озиб эти суягига ёпишгудек бўлиб қолганди. У одатда ялангоёқ юрарди, бели бироз букик эди. Сочлари ўсиб, тўзиб кетган эди. Юрганда баъзида ғалати-ғалати овозлар чиқариб қўярди. Дали жиннининг ёшини ҳам хеч ким билмасди. Вақти-соати етиб, Дали жиннининг отаси қазо қилди. Мен у кишининг жаннати бўлганига ҳечам шубхаланмайман. Отаси вафотидан кейин кўп ўтмай Дали жинни кўринмай қолди. Маълум бўлишича, уни тегишли касалхонага олиб кетишипти. Биз болалар бундан хурсанд бўлдик. Тез вақтда Дали жинни қишлоқда унутилди, уни ҳеч ким эсламади.

Мирзаҳаким акам — менинг аммамнинг ўғли эди. Уни устига биз қўшни ҳам эдик. Мирзаҳаким акам университетда филологияга ўқиганди, сал ҳаракат қилса ёзувчи бўлиб кетадиган қобилияти бор эди. Унинг уйи тўла китоб бўларди. Мен болалик пайтимда Мирзаҳаким акамнинг уйига чиқиб, унинг қизиқарли суҳбатларини тинглашни яҳши кўрардим. У ўзи кўрган-кечирган воқеаларни жуда қизиқарли ҳикоя қилиб бера оларди. Баъзида эса воқеаларни тўқирди. Бундай тўқима воқеаларни шундай мароқ билан, равон ҳикоя қиларди-ки, гўё воқеалар ростанам бўлгандек туюларди бизга. Бу тўқималар Мирзаҳаким акамнинг ёзилмаган асарлари эди ва мен ҳозир ҳам ишонаман-ки, уларни ёзиб, бироз ишлов берилганда улар туппа-тузук асарлар бўларди.

Энди айтмоқчи бўлганим асосий гапни эшитинг. Бир куни Мирзаҳаким акам уйимизга сал кайфиятсизроқ кириб келди. Бирпас ўтиргандан кейин тоғасига, яъни менинг дадамга гап бошлади.

— Бугун Далиназарни кўриб келдим, — деди Мирзаҳаким акам.

Ҳаммамиз «Далиназар ким эди?» — деб бир муддат жим бўлиб қолдик. Дали жиннини айтаётган экан Мирзаҳаким акам. Ҳуллас, Мирзаҳаким акам катта шаҳарга борипти. У ерда жинниҳона борлигини биларкан. Ҳойнаҳой ҳамқишлоғимиз Далиназар ҳам шу ерда бўлса керак деб, уни кўриб кетишга қарор қипти. Жинниҳонага бориб суриштирса, ростанам бизни ҳамқишлоқ ўша ерда экан. Мирзаҳаким акамни бир ҳонага опкириб, Далиназарни опкелишга кетишипти. Узоқ куттирмай, Далиназар ҳонага кириб кепти. Мирзаҳаким акамнинг айтишича, энди у олдинги сингари кир-чир эмас экан, оқ ювиб оқ таралган, кийимлари ҳам топ-тоса эмиш. Далиназар эшик олдида Мирзаҳаким акамга узоқ тикилиб қопти.

-Таниди-ми? — деб сўрадилар дадам Мирзаҳаким акамдан.
-Таниди, — деди Мирзаҳаким акам.

Қишлоғимиздан кетганига сал кам бир йил бўлган Далиназар ҳамқишлоғи, маҳалладоши Мирзаҳаким акамни танипти. Танипти-ю, хурсандчиликдан ўзини қўйишга жой тополмай қопти. Кўзлари чақнаб кетганмиш. Тиржаярмиш. Тушунарсиз овозлар чиқарармиш. Мирзаҳаким акамни маҳкам қучоқлармиш…

Мирзаҳаким акам Далиназар билан узоқ ўтириптилар. Сўнггида олиб келган совға-саломларини бериб, қайтмоқчи бўптилар. Шунда Далиназар «Сен билан қишлоғимизга кетаман» дегандек, Мирзаҳаким акамга маҳкам ёпишиб олганмиш…

Ўша куни Мирзаҳаким акамнинг айтиб берганлари бизни анча ўйлантириб қўйди…

Қишлоқда ҳеч кимнинг ҳаёлига Дали жиннини бориб кўриб келиш фикри келмаган, лекин Мирзаҳаким акам шу ишни қилган эди. Бу коп вақт, катта маблағ талаб қилмайдиган бир иш, лекин Мирзаҳаким акам шу эзгу иши билан катта-катта савобларга эга бўлгани аниқ.

Ўтган йили элликдан бироз ошган Мирзаҳаким акам юрак хасталигидан вафот этти. Яҳши одам эди Мирзаҳаким акам…

МИЛЛИОНИНГАЯМ, СТАДИОНИНГАЯМ…

“Футбол – миллионлар ўйини” деган гап бор. Бу гап футбол ўйини ўта оммавий эканлигига бир ишора. Назаримизда бугун “Футбол – миллионерлар ўйини”. Майли, сал аниқлик киритиб қўямиз: “Европа футболи – миллионерлар ўйини”. Чинданам, бугун Ғарбий Европа миллий футбол чемпионатларида ўйнаётган футболчилар ҳаммаси миллионерлар. Стадиондаги 22 футболчи, заҳирадагилар — ҳаммаси миллионер, мураббий ҳам миллионер. Клуб хўжайини эса миллиардер. Бу футболчилар аксариятининг икки-уч ойлик маоши миллион еврога етяпти. Испания, Англия чемпионатларидаги номдор клублар ойинчиларининг маоши янада кўпроқ. Айрим супер-талант ўйинчилар маоши эса хафтасига миллион евро атрофида бўляпти. Бундай супер-талант футболчиларнинг маошдан ташқари ҳам даромад манбалари бор: рекламаларда иштирок этиш орқали ҳам улар миллионларга эга бўлишади. Мулти-миллионер футболчилар…

Тан олиш керак, замонавий футбол ўта жозибали, чиройли ва ақлли бир спорт турига айланди. Бугунги футбол майдони ичра турмоқ – футболчилардан катта маҳорат, куч ва меҳнат талаб қилади. Шу маънода Европа клублари футболчилари топаётган пул – бу уларнинг пешона тери. Лекин…

Келинг, ўша футболчиларни бошқа бирор касб эгалари билан таққослаб кўрамиз. Масалан, математиклар билан.

Математик миллионер бўлиши мумкинми?

Бугун ривожланган мамлакатлардаги университетларда ишлайдиган математиклар 3000-5000$ ойлик маош олади. Энг зўр университетларда ишлайдиган математика профессорининг ойлик маоши 8000$ атрофида бўлиши мумкин. Айрим университетлар айрим супер-талант профессорларга, айтайлик, 12000$ гача хақ тўлаши мумкин. Бундай профессорлар асосий иш жойидан ташқари яна бирор тўлиқмас иш олиб, ойлик даромадини 20000$ гача етказиши мумкин. Маошдан ташқари ягона кирим – бу дунёнинг у ёки бу бурчагида ўтказиладиган илмий анжуманларга университет хисобидан бориш, бу йилига 3-4 марта бўлиши мумкин. 20000$ ойлик маош ва йилига 4 марта четга чиқиб келиш – бугунги математик даромади учун юқори чегара. Мен математик одам ўз касби билан бундан ортиқ пул топишига ишонмайман. Кўриб турганингиздек, бугун математик миллионер бўлолмайди. Ўз касбини ташлаб, бошқа касбдан миллионер бўлган математиклар бундан мустасно албатта. Ўз бизнесини очиб, бойиб кетган математиклар йўқ эмас. Масалан, Борис Березовский математик бўлганини ҳамма ҳам билавермаса керак. У фан доктори эди. Лекин хозир гап математика орқали пул топиш хақида бўляпти.

Нобел мукофоти хақида деярли ҳамма билади. Унинг пул мукофоти бир миллион атрофида. Агар мукофотни бир йўналишда 2-3 киши ютса, пулни бўлишга тўғри келади. Майли-да, миллионнинг учдан бири ҳам ёмонмас. Лекин Нобел мукофоти математикларга берилмайди. Математикада олинган илмий натижаларнинг бошқа сохадаги татбиқи учун ўша бошқа сохалар орқали Нобел олган математиклар бор. Масалан, иқтисод бўйича Нобел лауреатлари орасида математиклар анчагина.

2003 йилдан бери математиклар учун Нобелга тенглаштирилган янги мукофот таъсис қилинди, у Абел мукофоти дейилади. Абелнинг ҳам пул мукофоти миқдори бир миллион атрофида. Бугунгача 17 та математик Абел олишга улгурди. Яшасин янги математик-миллионерлар…

2000 йили узоқ йиллардан бери ечилмай келаётган энг машхур ва энг аҳамиятли 7 та математик масаланинг хар бири учун бир миллиондан мукофот эълон қилинди. Шу кунгача улардан биттаси ечилган. 2003 йили Россиялик математик Григорий Перелман “Пуанкаре гипотезаси” деб аталувчи масала ечимини топди. Ҳа, бу ўша Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Пуанкаре” ҳикоясида (Бу ҳикояни сайтимизнинг мана бу саҳифасида ўқишингиз мумкин) тасвирланган математик масаладир. Перелман ечимини узоқ текшириб, тўғрилигини тан олишди. “Ҳалол” дейишди, “Ол, миллион сеники” дейишди. Математиклар орасида обрўли (лекин пули йўқ) мукофот бор – Фиелдс медали дейилади. Перелманга “Фиелдс медали ҳам сенга” дейишди. Перелман нима деди денг?.. Унинг жавобини ҳикоямиз охирига қолдираман.

Демак математик-миллионерлар 17 та Абелчилару 10-15 та Нобелчилар, бўлди, бошқа йўқ. Абелчилар – янги миллионерлар, лекин Нобелчилар мукофотларини охирги 100 йил давомида олган, улардан битта-яримтаси тирик бўлмаса, қолганлари аллақачон кўкариб чиққан. Абелчиларнинг ҳам айримлари оёғини узатишга улгурди. Хуллас, барча тирик миллионер-математиклар йиғилса, битта футбол жамоаси ҳам чиқмайди.

Энди асосий саволга ўтамиз. Нега бугун Европа футбол чемпионатида ўйнаётган минглаб футболчилар миллионеру шўринг қурғур математиклар бундай бечора? Иккала касб эгаларининг энг олди даромадларини таққосласак, футболчилар 4,5 миллион, математиклар эса 20 минг оляпти. Нисбат 225.

“Футболчилар талантли-да. Улар қаттиқ меҳнат қилади-да”. Бекор гап. Математиклар футболчилардан талантлироқ, меҳнатни ҳам математиклар кўпроқ қилади.

Менимча, гап бу ерда БОЗОР деб аталмиш шафқатсиз тизимда. Бу тизим бугунги кунда иқтисодни юритишнинг энг мақбул тизими бўлишига қарамасдан, назаримизда тизим айрим камчиликлардан ҳоли эмас. Футболчилар ўйини – бу товар. Товар бўлганда ҳам ўта жозибали, харидорни ўзига жалб қилиб ташлайдиган товар. Футбол ихлосмандлари бугун Европа стадионларига бир неча юз долларлаб пул тўлаб киришади. Бир ойинни бир неча ўн минглаб томошабин стадиондан томоша қилади. Лекин бу хали ҳаммаси эмас. Ўйин бир неча телеканаллар орқали намойиш қилинади. Бу телеканаллар ўйинни намойиш қилиш хуқуқини миллионлаб долларга сотиб олиши керак. Бу ҳам хали ҳаммаси эмас. Стадионга рекламалар жойлаштирилади. У ҳам фалон пул. Стадион атрофидаги пистафурушлару папиросфурушлар келтирадиган даромадни, майли, хисобламаймиз. Бир ўйин қанча даромад келтиряпти – тасаввур қилиш қийин эмас. Шунча пул ишлагандан кейин футболчилар шунга яраша хақ ҳам олади-да.

Энди бироз фантазиямизга эрк берамиз. Дунёга машхур математик маъруза ўқияпти. Тингловчилар кўплигидан маъруза стадионда ўтказиляпти. Стадионнинг қоқ ўртасига улкан доска ўрнатилган. Стадион математика ишқибозлари билан тўлган. Математик доскани тўлдириб хар хил формулаларни ёзиб ташлаган. У хар бир формулани исбот қилиб беряпти. Бу пайтда стадион математикни «Олеее-оле-олеее» деб қўллаб турибди. Исбот тугаганда эса бутун стадион ўрнидан туриб, хурсандчилик билан бақиради. Математик ҳам қувонганидан майдонда югуриб, кўйлагини этагини бошига кийиб, чимга тизза ташлайди. Математика ишқибозлари стадионга 500 доллардан билет олиб киришган. Ушбу маъруза дунёнинг бир неча телеканаллари орқали намойиш қилиняпти. Реклама компаниялари стадионга реклама жойлаштириш учун жой талашиб урушиб кетишган. «Чанел», «Лоуис Вуиттон», «Диор» каби компаниялар маърузачи математикдан “Фақат бизнинг компания юзи бўлинг” деб, ялиниб юришибди.

Қалай бу хаёлот? Албатта, ширин бир орзу, холос. Аслида-чи? Аслида қандай бўлади? Агар бирор эси йўқ математик стадионда маъруза қилишга қарор қилган бўлса, шу атрофда юрган бирор дайди ит кириб стадионда ўтирмаса, бошқа жон ўтирмайди. Нега шундай? Нега одамлар футбол томоша қилиш учун пулини аямайди, лекин математикадан бўладиган маърузага пул берсангиз ҳам келмайди? Шошманг, биз мутлақо одамларни айбламоқчи эмасмиз, улар тўғри қилади математикани эмас, футболни танлаб. Муаммо бошқа жойда. Боя футболчи товар яратади дедик. Математикнинг илмий меҳнати ҳам алал оқибат товар вужудга келтиради. Лекин футболчи яратган товар билан, математик яратган товар турлари мутлақо фарқли. Биринчиси, олдин айтганимиздек, жозибадор. Харидор уни сотиб олиб, маза қилиб дам олади. Завқланади. Энг мухими, ўша дам олиш, ўша завқ хозир бўлади, қандайдир мавхум келажакда эмас. Бу энди шоу бизнес товари.

Математик нима товар яратади? Математикнинг меҳнатидан нима наф? Биз бу ерда таълим бериш хақида гапирмоқчи эмасмиз, таълим бериш – ростанам хизмат товари. Лекин хозир биз математикнинг илми, унинг фанга қўшаётган янги ҳиссалари қандай товар бўлади – шу хақда гапирмоқчимиз. Назаримизда математика орқали товар яратишнинг бир неча ўзига хосликлари бор. Биринчиси, яратилаётган товарнинг қачон бозорга олиб чиқишга тайёр бўлишини айтиш қийин. Ҳар қалай, у бугун тайёр бўлмайди, унинг бозорга чиқишига бир неча йиллар, ҳатто бир неча ўн йиллар кетиши мумкин. Иккинчидан, математикавий илм – бу жамоа иши. Лекин бу жамоа бир офисда ўтирган жамоа бўлиши шарт эмас, унинг аъзолари дунёнинг турли бурчакларига сочилиб кетган, бир-бирини танимайдиган, ҳатто турли даврларда яшайдиган одамлар бўлиши мумкин. Лекин ана шу жамоанинг илмга қўшган ҳиссалари йиғилиб, бир бутун товарни бунёдга келтиради. Якка математикнинг қилган иши, одатда, узоқ пайт нафсиздек қолиши мумкин. Математика яратадиган товарнинг ана шу каби хусусиятларини яна санаб давом эттириш мумкин. Лекин хозир айтганимиз икки хусусиятнинг ўзи бу товарнинг насия, мавҳум эканлигини билдириб турибди. Энди менга инсоф билан айтингчи, қайси ақли расо харидор бундай товар учун хақ тўласин? Тўламайди. “500 доллар тўласанг, ана стадионга кирасан, маза қилиб футбол томоша қиласан” денг, тўлайди, “5 доллар тўласанг, 8-20 йилдан кейин янги бир технология чиқиши мумкин-ки, ундан сен фалон жойларда ишинг енгил бўлиши учун фойдаланасан” деб кўринг, “Ахмоғингни бошқа жойдан қидир” дейди. Тўғри айтади.

Бозор шароитида одамлар қўлига ушлайдиган ва фойдасини кўриб турган нарсаси учун хақ тўлайди. Насия бўлса, бетайин, мавхум бир нарса бўлса, ҲАТТО У КЕЛАЖАКДА ИНСОНИЯТ УЧУН УЛКАН ФОЙДАЛАР КЕЛТИРГАН ТАҚДИРДА ҲАМ, бугун унга пул бермайдилар. Буни БОЗОР дейдилар.

Шундай қилиб, Григорий Перелманга “Ол, миллион ҳам, Фиелдс медали ҳам сеники” дейишди. Перелман шундай жавоб берди:

— Миллионингаям, медалингаям, стадионингаям…

У миллиондан ҳам, медалдан ҳам воз кечди. Яшавор, Гриша! Тўғри-да, бир футболчи стадионда бир ҳафта лўкиллаб чопгани учун бир миллион олармиш-да, 100 йилдан бери мана-ман деган олимлар уриниб ечолмаган масалани хал қилиб берган Перелманга ҳам бир миллионмиш…

«Хуршид Даврон кутубхонаси»дан луқма: Аслида-ку, бутун дунё бозори мурватини ишлатиб турган, Россия, АҚШ, Хитой ва Европанинг фазовий кемаларини, «Боинг»у «Аэробус», «Ил»у «Ту»ларнинг энг ҳайбатли учоқларини осмонга учираётган, бутун дунё интернет тизимини бекаму кўст ишлашини таъминлаётган, уйимиздаги бор техник жиҳозларни (телевизор, музлатгич, совутгич, компютер ва ҳ.к.), қўлимиздаги телефону смартфонларга «ҳаёт» бағишлаб турган илм асосини ким ихтиро этган? Бу донишманд инсон Яратганнинг инояти билан алгебра фанига асос солган, замонавий компьюьтер технологияларининг пойдевори ҳисобланган алгоритм тушунчасини жорий этган, ўнлик саноқ тизимини, ноль белгиси ва қутблар координаталарини биринчи  бўлиб асослаган ва амалиётга татбиқ этган, номи «алгоритм» шаклида фанда абадий ўрнашиб қолган, америкалик фан тарихчиси Жорж Сартон «Ўз замонасининг энг буюк математиги, агар барча ҳолатлар эътиборга олинса, барча замонларнинг энг буюк математикларидан бири», деб баҳолаган улуғ ватандошимиз Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий эканини унутмаслигимиз керак.

0 dokimasies.jpg Xabaringiz bor, oldin ham saytimizda Abdurashid Mamadolimovning bir necha hayotiy hangomalar aks etgan hikoya va badialarini e’lon qilganmiz. Rosti gap, men har gal ularni miriqib o’qiyman. Yozuvchilikka da’vosi yo’q, aslida fizika-matematika fanlari nomzodi bo’lmish, bugun Malayziyadagi MIMOS ilmiy-tekshirish institutida xizmat qiladigan muallifning bu yoziqlarini hayotni ishxonasi yoki xonadoni derazasidan kuzatib, «nimalardir» yozayotgan juda ko’p yozuvchilarning sun’iy hikoyalaridan ustun qo’yaman. Uning yoziqlarida o’zi tasvir qilayotgan odamlarga nisbatan mehr tovlanib turadi. Ana shu mehr o’lmasin.

Xurshid Davron
O’zbekiston xalq shoiri

Abdurashid Mamadolimov
BOBOM, ONAM, MIRZAHAKIM AKAM
VA FUTBOLCHILAR BILAN MATEMATIKLAR

077

 Abdurashid Mamadolimov 1973 yil Namangan viloyati Chust tumanining Olmos qishlog’ida tug’ilgan. Toshkent Davlat Universitetining mexanika-matematika fakul`tetida tahsil olgan, fizika-matematika fanlari nomzodi. O’zbekiston Milliy Universitetida ishlagan. 2008 yildan Malayziyadagi MIMOS ilmiy-tekshirish institutida xizmat qiladi. «Saytimiz sahifalarida uning hikoya va badialari e’lon qilingan.

077

BOBOM

1981 yil 6 may edi o’sha kuni. Men birinchi sinfni tugatyotgan davrim. Tong saharlab uyg’otishdi. Uyqudan turdimu esankirab qoldim: hali tong yorishib ulgurmagan bo’lsa-da hamma yoq odam, uy to’la xotin-xalaj, hovlida erkaklar. G’alati tarafi, bu odamlar hammasi yig’lab yuribdi. Kap-katta odamlar, ayniqsa, erkaklar yig’lasa g’alati bo’larkan, oldin bundayini ko’rmagan edim. Hamma erkaklar chopon kiyib, belini belbog’ bilan bog’lab olgan. Xech qachon do’ppi kiymaydiganlar ham bugun do’ppida. Chopon-belbog’-do’ppi mayli, meni boshqa bir holat juda ajablantirdi. Dadam, akam va uch-to’rt yaqin qarindoshlarimiz qo’llariga hassa tutvolishibdi. “Hassani beli bukilib qolgan chollar tutardi, nega dadam, akam hassa ushlavolishdi?..” Dadam boshchiligida hassa ushlaganlar hammadan qattiqroq yig’lardi.

— Voy otam, voy otam, — deb yig’lardi dadam.

Men nim-chala tushuna boshladim. Saksonga kirgan bobom uch kundan beri kasal bo’lib, yotib qolgan edilar. Demak, bobom o’lib qoptilar.

Dadam meni ko’rib, oldimga keldilar. Yig’idan dadamning ko’zlari qizarib ketgan edi.

— Hov anavi tayoqlardan bittasini olgin-da, sen ham bizni qatorimizga tur, — dedilar dadam menga.

— Maktab-chi, maktabga bormaymanmi?, — debman, men sodda. O’lim nima ekanligini tushunmaydigan bir bo’z bola edim-da. Dadam menga bir tikildilaru indamay joylariga qaytdilar. Men dadam aytganlaridek qildim.

O’sha kuni men baribir bobomdan ayrilib qolganimiz qayg’usini sezmadim, bolalik qildim. Meni uyda bo’layotgan o’lim marosimi, kattalarning, ayniqsa, ayollarning dod solib yig’lashlari butun daxshati bilan o’ziga jalb qilib olgan edi. Sal keyinroq tobut olib kelib, bir chetga qo’yib qo’yishdi. O’shanda tobut deganlarini ham birinchi ko’rishim edi. Bir qarasangiz, zambilga, yana bir qarasangiz narvonga o’xshab ketadigan, yog’ochdan yasalgan bu narsani zimdan qo’rquv bilan tomosha qildim. Birozdan keyin bobomning mayitini o’sha tobutga solib, olib chiqib ketishdi…

Yana uch kun keldi-ketti bo’ldi. To’rtinchi kun qarindoshlar ham tarqadi, o’zimiz qoldik. Ana o’shanda oramizda bobom yo’qligini butun vujudim bilan his qildim. Uyning to’ri – bobomning joyi endi bo’sh edi… Birdan yig’i keldi. Xovlimiz etagiga borib yum-yum yig’ladim…

Bobom bir umr dexqonchilik bilan shug’ullandilar. Umrlarining oxirigacha qo’llaridan ketmon tushmadi. U kishi o’ta vazmin, kamgap, kamtar, mo’min-qobil inson edilar. U kishini tengqurlari “Mamadolim so’fi” deyishardi. Lekin bobomiz machitda so’fichilik qilmagan.

Bobomning ismi bizning sulolaviy ismimiz — familiyamizga aylangan.

ONAMNING SO’ZSIZ XATLARI

Malayziya yarim orolining janubiy nuqtasidan, Singapur bilan qo’shni joylashgan Johor Bahru shahridan, bir do’stimiznikidan mehmondan qaytyapmiz. Musobek aka va men. Meni mashinamdamiz. Lekin rulda Musobek aka. Kuala Lumpurgacha masofa 350 km atrofida. Johor Bahruga ketishda Musobek aka bilan tinmay gaplashib ketgan edik, qaytishda gap-so’zlar kamayib qoldi, shuning uchun muzika yoqib qo’ydim. Ma’murjon Uzoqov, Murodjon Ahmedov, Komiljon Otaniyozov, Orif Alimaxsumov, Munojat Yo’lchievalarning qo’shiqlari yozilgan disk bor edi, shuni qo’ydim. Musobek akaga “Aka, men ancha-muncha yengil ashulalarni eshitmayman, ko’ryapsizmi qanaqa ashulalar eshityapman…” deb, maqtandim. Lekin birozdan keyin Musobek aka meni maqtovimni bir chaqa qildi: u kishi o’zbek mumtoz qo’shiqchiligining xaqiqiy bilimdoni ekan, yangrayotgan xar bir ashulani boshidan oxirigacha jo’r bo’lib aytti. Musobek aka ashulalarning so’zini ham, ohangini ham to’liq bilar ekan. Men esa “… shunaqa ashulalar eshitaman” deb maqtanib yuribman, lekin ashula so’zidan bir satr yoddan aytib berolmayman.

Kuy va ashulaga mast bo’lib, uyqusirab ketyotgan ekanman. Musobek aka mashinani tuzukkina tezlikda xaydab ketayotgan edi. Bir payt “Paq” etti-yu, mashina o’ngga-chapga lapanglab ketti. Keyin bir tarafga qiyishayib oldi. Cho’chib tushdim. Musobek aka ustalik bilan mashinani o’ziga bo’ysindirib, avval tezlikni pasaytirib oldi, keyin sekin chetga o’tib to’xtadi.

— G’ildirak otvordi, — dedi Musobek aka.

Pastga tushdik. Rostanam oldi chap tarafdagi shina balqayib yotardi. Yaxshi, extiyot shinam bor, orqani ochib, o’shani oldim. Ochig’i, shina almashtirishga mutlaqo tajribam yo’q, bunday holatga birinchi tushishim edi. Yaxshiyam Musobek aka bor ekan, darrov o’zi shinani almashtirib tashladi, men yordam berib turgan bo’ldim. Yo’lda davom ettik. Shina yorilgan paytda rulda Musobek aka ekanligi yaxshi bo’ldi, agar men bo’lganimda, bilmadim, balki eplolmasdim. Musobek aka mendan shinalarni oxirgi marta qachon yangilaganim xaqida so’radi. Bir amallab esladim. Musobek akani aytishi bo’yicha, almashtirish muddati allaqachon o’tib ketgan ekan. Ayniqsa, bunday uzoq yo’llarga otlanishdan oldin mashinani obdon tekshirish kerakligini uqtirdi Musobek aka. Men qaerdan bilay, men mashina haydashni bilaman, qachon nimani almashtirish kerakligini umuman bilmayman. Odatda bunga hojat yo’q, chunki mashinani muntazam servisga olib borib turaman, o’sha yerda o’zlari aytishadi, uni almashtirish kerak, buni undoq qilish kerak, deb. Demak avtoservisdagilarning aybi: shinalar xaqida meni ogohlantirishmagan.

— Ikkinchisi ham ketadi xozir, — deb Musobek aka tezlikni minimal qilib oldi.
— Qaerdan bildingiz?, — deb so’radim men.
— Ovoz kelyapti, eshityapsizmi?

Men quloq solib ulgurmasimdan yana “paq” etti…

350 kilometrlik Johor Bahru–Kuala Lumpur tezyurar yo’lining qoq o’rtasida turibmiz. Ikkinchi shinamiz yorilib ketgan, endi almashtirish uchun qo’shimcha shina ham yo’q.

Mashinalar tinmay, g’izillab o’tib turibdi. Men ulardan yordam umid qilib, qo’l ko’taraman. Birortasi to’xtay demaydi. Bir-ikki yil oldin O’zbekistonda, Toshkentdan vodiyga borishda tog’ yo’lida, yo’lovchi mashinada shunday holatga tushgan edik. O’shanda birdaniga ikkita shina otvordi. Haydovchimiz hali mashinani to’xtatib ulgurmasdan, orqamizdagi mashinalarning ikki-uchtasi yordam uchun bizdan oldin to’xtadi. Darrov ikkitasi ehtiyot shinalarini olib keldi, almashtirishga ham yordam bervorishdi, xullas, 15 minutga borib-bormay biz yo’limizda davom etgan edik. Hozir yarim soatdan beri qo’l ko’taraman, birorta mashina to’xtamaydi.

«Endi nima qilamiz?» – deb bosh qotti. Buyog’i qosh qoraya boshlagan, hademay qorong’i tushadi. Yo’l chetida mung’ayib turibman, nariroqda Musobek aka, u kishi ham nima qilishni bilmaydi. Shu payt “Tit-tit” deb telefonimga SMS keldi. Qarasam Onamdan, O’zbekistondan… Ochsam SMS “pustoy”, ya’ni xech narsa yozilmagan…

Oxirgi bir necha oyda Onamdan ana shunday “pustoy” SMSlardan uchta oldim. Birinchisini olganimda darrov telefon qildim. Salomlashib, hol-ahvol so’ralgandan keyin

— Ona, xozir sizdan telefonda xat keldi, lekin hech narsa yozilmagan…, — dedim.
— Bilmadim bolam, men bu telefonlarni tushunmasam, bosilib ketgandir balki, — dedilar onam.

Rostanam bosilib ketgandir balki. Lekin o’sha kungi onam bilan suhbatdan keyin uzoq o’ylab, men “pustoy” SMS tasodif tufayli kelganligiga ishonmadim. Onam uni jo’natganlar. Telefonda yoza bilmaydilar. Shuning uchun “pustoy” jo’natganlar. Lekin men o’sha “pustoy” SMSni o’zimcha o’qidim. Unda quyidagi so’zlar yozilgan edi: “Bolam, tinchmisan? Tani-joning sog’mi? Nega anchadan beri telefon qilmaysan?” Men ota-onamga muntazam qo’ng’iroq qilib turaman. Lekin o’shanda sekin eslab ko’rsam, oxirgi qo’ng’iroq qilganimga odatdagidan ko’proq vaqt o’tgan ekan. Oradan ikki oylar o’tib, onamdan ikkinchi “pustoy” SMSni olganimda bu fikrimga yana-da ishondim, chunki bu gal ham qo’ng’iroq qilishim odatdagidan biroz cho’zilgan paytda SMS keldi.

Endi esa uchinchi so’zsiz SMS kelyapti Onamdan. Lekin ishonch bilan ayta olaman-ki, bu gal qo’ng’iroq qilish intizomini buzmagan edim. Yaqinda gaplashgandik Onam bilan. Nega yana SMS jo’nattilar ekan?..

Balki bu bir tasodif xolosdir, lekin Onamning SMSi men katta tezyurar yo’lda, mashinam shinasi yorilib, ilojsizlikdan nima qilishni bilmay boshim qotib turgan paytda kelgan edi. Men yana o’zimcha Onamning so’zsiz SMSlarini o’qib ko’rdim: “Bolam, tinchmisan? Nima bo’ldi? … O’zingga xech narsa qilmadimi?..”

Keyin hamma narsa tezlashib ketti. Men mashinam sug’urta qilingan kompaniyaga qo’ng’iroq qildim, ular tezda texnik yordam jo’natishga va’da berishdi. Nega darrov sug’urtachilar esimga kelmapti… Oradan 15 minutlar o’tib-o’tmay birdaniga ikkita texnik yordam ko’rsatuvchi mashina yetib keldi. Biri sug’urtachilar ekan, ikkinchisi esa shu yo’ldagi texnik nosozliklarga mas’ul kompaniya bo’lib, ularga bizni yo’lda ko’rgan xaydovchilar xabar qilishgan ekan.

Kuala Lumpurga yetib kelishim bilan Onamga qo’ng’iroq qildim. Bu gal “Ona, sizdan yana so’zsiz SMS keldi” deb aytmadim. “Tinchmisan, bolam, tani-joning sog’mi?” derdilar Onam. Dunyodagi eng yoqimli so’zlardir extimol bular…

MIRZAHAKIM AKAM

Shaharlarda aqli noraso odamlarni uchratish qiyin. Ular tegishli kasalxonalarga majburan olib ketilsa kerak. Lekin qishloqlarda devonasifat odamlar bemalol jamoat ichida yashayveradi. Har qalaymening bolaligimda shunday edi. Har bir qishloqning o’z devonalari, tentaklari yoki jinnilari bo’lardi. Mening qishlog’imda ham bor edi shundaylar. Bizda «devona» deb ancha tuzukroqlarni, «jinni» deb esa qattiqlarni aytilardi. «Falonchi devona» yoki «Pistonchi jinni» deb gapirilardi. Bunday odamlar xaqida gap ketganda «Bu odam tug’ilgandan shunaqa» yoki «U keyinchalik shunaqa bo’lgan» deb qo’yishardi yoshi kattalar. Devonalar odamlarga qo’shilib yurar, uncha-muncha gapira olardi. Odamlar ham ulardan hech bir xayiqmasdi. Beozor edi bizning devonalar. Qishloqning qaysi burchagida to’y bo’lsa, barcha devonalar ham o’sha yerda bo’lardi. Lekin jinnilar odamlarga qo’shilmasdi. Odamlar ham, ayniqsa yosh bolalar, jinnilardan xayiqardi. Ana shunday jinnilarning biri bizning mahallamiz etagida yashardi. «Dali jinni» edi uning oti.

Dali jinni qari otasi bilan birga yashar, aqlan sog’lom, lekin qarib munkillab qolgan otasi bechora jinni farzandini parvarish qilardi. Biz yosh bolalar Dali jinnidan o’lgudek qo’rqardik. Dali jinnining birovga zarari tekkanini xech kim bilmaydi, lekin uning ko’rinishi qo’rqinchli edi. Mabodo Dali jinni ko’chamiz boshida ko’rinib qolsa, biz yugurib uyimizga kirvolar, lekin daxshatli bir qo’rqinch bilan uni darvoza tirqishidan tomosha qilardik. Dali jinni novcha, suyaklari baquvvat, lekin ozib eti suyagiga yopishgudek bo’lib qolgandi. U odatda yalangoyoq yurardi, beli biroz bukik edi. Sochlari o’sib, to’zib ketgan edi. Yurganda ba’zida g’alati-g’alati ovozlar chiqarib qo’yardi. Dali jinnining yoshini ham xech kim bilmasdi. Vaqti-soati yetib, Dali jinnining otasi qazo qildi. Men u kishining jannati bo’lganiga hecham shubxalanmayman. Otasi vafotidan keyin ko’p o’tmay Dali jinni ko’rinmay qoldi. Ma’lum bo’lishicha, uni tegishli kasalxonaga olib ketishipti. Biz bolalar bundan xursand bo’ldik. Tez vaqtda Dali jinni qishloqda unutildi, uni hech kim eslamadi.

Mirzahakim akam — mening ammamning o’g’li edi. Uni ustiga biz qo’shni ham edik. Mirzahakim akam universitetda filologiyaga o’qigandi, sal harakat qilsa yozuvchi bo’lib ketadigan qobiliyati bor edi. Uning uyi to’la kitob bo’lardi. Men bolalik paytimda Mirzahakim akamning uyiga chiqib, uning qiziqarli suhbatlarini tinglashni yahshi ko’rardim. U o’zi ko’rgan-kechirgan voqealarni juda qiziqarli hikoya qilib bera olardi. Ba’zida esa voqealarni to’qirdi. Bunday to’qima voqealarni shunday maroq bilan, ravon hikoya qilardi-ki, go’yo voqealar rostanam bo’lgandek tuyulardi bizga. Bu to’qimalar Mirzahakim akamning yozilmagan asarlari edi va men hozir ham ishonaman-ki, ularni yozib, biroz ishlov berilganda ular tuppa-tuzuk asarlar bo’lardi.

Endi aytmoqchi bo’lganim asosiy gapni eshiting. Bir kuni Mirzahakim akam uyimizga sal kayfiyatsizroq kirib keldi. Birpas o’tirgandan keyin tog’asiga, ya’ni mening dadamga gap boshladi.

— Bugun Dalinazarni ko’rib keldim, — dedi Mirzahakim akam.

Hammamiz «Dalinazar kim edi?» — deb bir muddat jim bo’lib qoldik. Dali jinnini aytayotgan ekan Mirzahakim akam. Hullas, Mirzahakim akam katta shaharga boripti. U yerda jinnihona borligini bilarkan. Hoynahoy hamqishlog’imiz Dalinazar ham shu yerda bo’lsa kerak deb, uni ko’rib ketishga qaror qipti. Jinnihonaga borib surishtirsa, rostanam bizni hamqishloq o’sha yerda ekan. Mirzahakim akamni bir honaga opkirib, Dalinazarni opkelishga ketishipti. Uzoq kuttirmay, Dalinazar honaga kirib kepti. Mirzahakim akamning aytishicha, endi u oldingi singari kir-chir emas ekan, oq yuvib oq taralgan, kiyimlari ham top-tosa emish. Dalinazar eshik oldida Mirzahakim akamga uzoq tikilib qopti.

-Tanidi-mi? — deb so’radilar dadam Mirzahakim akamdan.
-Tanidi, — dedi Mirzahakim akam.

Qishlog’imizdan ketganiga sal kam bir yil bo’lgan Dalinazar hamqishlog’i, mahalladoshi Mirzahakim akamni tanipti. Tanipti-yu, xursandchilikdan o’zini qo’yishga joy topolmay qopti. Ko’zlari chaqnab ketganmish. Tirjayarmish. Tushunarsiz ovozlar chiqararmish. Mirzahakim akamni mahkam quchoqlarmish…

Mirzahakim akam Dalinazar bilan uzoq o’tiriptilar. So’nggida olib kelgan sovg’a-salomlarini berib, qaytmoqchi bo’ptilar. Shunda Dalinazar «Sen bilan qishlog’imizga ketaman» degandek, Mirzahakim akamga mahkam yopishib olganmish…

O’sha kuni Mirzahakim akamning aytib berganlari bizni ancha o’ylantirib qo’ydi…

Qishloqda hech kimning hayoliga Dali jinnini borib ko’rib kelish fikri kelmagan, lekin Mirzahakim akam shu ishni qilgan edi. Bu kop vaqt, katta mablag’ talab qilmaydigan bir ish, lekin Mirzahakim akam shu ezgu ishi bilan katta-katta savoblarga ega bo’lgani aniq.

O’tgan yili ellikdan biroz oshgan Mirzahakim akam yurak xastaligidan vafot etti. Yahshi odam edi Mirzahakim akam…

MILLIONINGAYAM, STADIONINGAYAM…

“Futbol – millionlar o’yini” degan gap bor. Bu gap futbol o’yini o’ta ommaviy ekanligiga bir ishora. Nazarimizda bugun “Futbol – millionerlar o’yini”. Mayli, sal aniqlik kiritib qo’yamiz: “Evropa futboli –millionerlar o’yini”. Chindanam, bugun G’arbiy Yevropa milliy futbol chempionatlarida o’ynayotgan futbolchilar hammasi millionerlar. Stadiondagi 22 futbolchi, zahiradagilar — hammasi millioner, murabbiy ham millioner. Klub xo’jayini esa milliarder. Bu futbolchilar aksariyatining ikki-uch oylik maoshi million yevroga yetyapti. Ispaniya, Angliya chempionatlaridagi nomdor klublar oyinchilarining maoshi yanada ko’proq. Ayrim super-talant o’yinchilar maoshi esa xaftasiga million yevro atrofida bo’lyapti. Bunday super-talant futbolchilarning maoshdan tashqari ham daromad manbalari bor: reklamalarda ishtirok etish orqali ham ular millionlarga ega bo’lishadi. Multi-millioner futbolchilar…

Tan olish kerak, zamonaviy futbol o’ta jozibali, chiroyli va aqlli bir sport turiga aylandi. Bugungi futbol maydoni ichra turmoq – futbolchilardan katta mahorat, kuch va mehnat talab qiladi. Shu ma’noda Yevropa klublari futbolchilari topayotgan pul – bu ularning peshona teri. Lekin…

Keling, o’sha futbolchilarni boshqa biror kasb egalari bilan taqqoslab ko’ramiz. Masalan, matematiklar bilan.

Matematik millioner bo’lishi mumkinmi?

Bugun rivojlangan mamlakatlardagi universitetlarda ishlaydigan matematiklar 3000-5000$ oylik maosh oladi. Eng zo’r universitetlarda ishlaydigan matematika professorining oylik maoshi 8000$ atrofida bo’lishi mumkin. Ayrim universitetlar ayrim super-talant professorlarga, aytaylik, 12000$ gacha xaq to’lashi mumkin. Bunday professorlar asosiy ish joyidan tashqari yana biror to’liqmas ish olib, oylik daromadini 20000$ gacha yetkazishi mumkin. Maoshdan tashqari yagona kirim – bu dunyoning u yoki bu burchagida o’tkaziladigan ilmiy anjumanlarga universitet xisobidan borish, bu yiliga 3-4 marta bo’lishi mumkin. 20000$ oylik maosh va yiliga 4 marta chetga chiqib kelish – bugungi matematik daromadi uchun yuqori chegara. Men matematik odam o’z kasbi bilan bundan ortiq pul topishiga ishonmayman. Ko’rib turganingizdek, bugun matematik millioner bo’lolmaydi. O’z kasbini tashlab, boshqa kasbdan millioner bo’lgan matematiklar bundan mustasno albatta. O’z biznesini ochib, boyib ketgan matematiklar yo’q emas. Masalan, Boris Berezovskiy matematik bo’lganini hamma ham bilavermasa kerak. U fan doktori edi. Lekin xozir gap matematika orqali pul topish xaqida bo’lyapti.

Nobel mukofoti xaqida deyarli hamma biladi. Uning pul mukofoti bir million atrofida. Agar mukofotni bir yo’nalishda 2-3 kishi yutsa, pulni bo’lishga to’g’ri keladi. Mayli-da, millionning uchdan biri ham yomonmas. Lekin Nobel mukofoti matematiklarga berilmaydi. Matematikada olingan ilmiy natijalarning boshqa soxadagi tatbiqi uchun o’sha boshqa soxalar orqali Nobel olgan matematiklar bor. Masalan, iqtisod bo’yicha Nobel laureatlari orasida matematiklar anchagina.

2003 yildan beri matematiklar uchun Nobelga tenglashtirilgan yangi mukofot ta’sis qilindi, u Abel mukofoti deyiladi. Abelning ham pul mukofoti miqdori bir million atrofida. Bugungacha 17 ta matematik Abel olishga ulgurdi. Yashasin yangi matematik-millionerlar…

2000 yili uzoq yillardan beri yechilmay kelayotgan eng mashxur va eng ahamiyatli 7 ta matematik masalaning xar biri uchun bir milliondan mukofot e’lon qilindi. Shu kungacha ulardan bittasi yechilgan.2003 yili Rossiyalik matematik Grigoriy Perelman “Puankare gipotezasi” deb ataluvchi masala yechimini topdi. Ha, bu o’sha Abduqayum Yo’ldoshevning “Puankare” hikoyasida (Bu hikoyani saytimizning mana bu sahifasida o’qishingiz mumkin) tasvirlangan matematik masaladir. Perelman yechimini uzoq tekshirib, to’g’riligini tan olishdi. “Halol” deyishdi, “Ol, million seniki” deyishdi. Matematiklar orasida obro’li (lekin puli yo’q) mukofot bor – Fields medali deyiladi. Perelmanga “Fields medali ham senga” deyishdi. Perelman nima dedi deng?.. Uning javobini hikoyamiz oxiriga qoldiraman.

Demak matematik-millionerlar 17 ta Abelchilaru 10-15 ta Nobelchilar, bo’ldi, boshqa yo’q. Abelchilar – yangi millionerlar, lekin Nobelchilar mukofotlarini oxirgi 100 yil davomida olgan, ulardan bitta-yarimtasi tirik bo’lmasa, qolganlari allaqachon ko’karib chiqqan. Abelchilarning ham ayrimlari oyog’ini uzatishga ulgurdi. Xullas, barcha tirik millioner-matematiklar yig’ilsa, bitta futbol jamoasi ham chiqmaydi.

Endi asosiy savolga o’tamiz. Nega bugun Yevropa futbol chempionatida o’ynayotgan minglab futbolchilar millioneru sho’ring qurg’ur matematiklar bunday bechora? Ikkala kasb egalarining eng oldi daromadlarini taqqoslasak, futbolchilar 4,5 million, matematiklar esa 20 ming olyapti. Nisbat 225.

“Futbolchilar talantli-da. Ular qattiq mehnat qiladi-da”. Bekor gap. Matematiklar futbolchilardan talantliroq, mehnatni ham matematiklar ko’proq qiladi.

Menimcha, gap bu yerda BOZOR deb atalmish shafqatsiz tizimda. Bu tizim bugungi kunda iqtisodni yuritishning eng maqbul tizimi bo’lishiga qaramasdan, nazarimizda tizim ayrim kamchiliklardan holi emas. Futbolchilar o’yini – bu tovar. Tovar bo’lganda ham o’ta jozibali, xaridorni o’ziga jalb qilib tashlaydigan tovar. Futbol ixlosmandlari bugun Yevropa stadionlariga bir necha yuz dollarlab pul to’lab kirishadi. Bir oyinni bir necha o’n minglab tomoshabin stadiondan tomosha qiladi. Lekin bu xali hammasi emas. O’yin bir necha telekanallar orqali namoyish qilinadi. Bu telekanallar o’yinni namoyish qilish xuquqini millionlab dollarga sotib olishi kerak. Bu ham xali hammasi emas. Stadionga reklamalar joylashtiriladi. U ham falon pul. Stadion atrofidagi pistafurushlaru papirosfurushlar keltiradigan daromadni, mayli, xisoblamaymiz. Bir o’yin qancha daromad keltiryapti – tasavvur qilish qiyin emas. Shuncha pul ishlagandan keyin futbolchilar shunga yarasha xaq ham oladi-da.

Endi biroz fantaziyamizga erk beramiz. Dunyoga mashxur matematik ma’ruza o’qiyapti. Tinglovchilar ko’pligidan ma’ruza stadionda o’tkazilyapti. Stadionning qoq o’rtasiga ulkan doska o’rnatilgan. Stadion matematika ishqibozlari bilan to’lgan. Matematik doskani to’ldirib xar xil formulalarni yozib tashlagan. U xar bir formulani isbot qilib beryapti. Bu paytda stadion matematikni «Oleee-ole-oleee» deb qo’llab turibdi. Isbot tugaganda esa butun stadion o’rnidan turib, xursandchilik bilan baqiradi. Matematik ham quvonganidan maydonda yugurib, ko’ylagini etagini boshiga kiyib, chimga tizza tashlaydi. Matematika ishqibozlari stadionga 500 dollardan bilet olib kirishgan. Ushbu ma’ruza dunyoning bir necha telekanallari orqali namoyish qilinyapti. Reklama kompaniyalari stadionga reklama joylashtirish uchun joy talashib urushib ketishgan. «Chanel», «Louis Vuitton», «Dior» kabi kompaniyalar ma’ruzachi matematikdan “Faqat bizning kompaniya yuzi bo’ling” deb, yalinib yurishibdi.

Qalay bu xayolot? Albatta, shirin bir orzu, xolos. Aslida-chi? Aslida qanday bo’ladi? Agar biror esi yo’q matematik stadionda ma’ruza qilishga qaror qilgan bo’lsa, shu atrofda yurgan biror daydi it kirib stadionda o’tirmasa, boshqa jon o’tirmaydi. Nega shunday? Nega odamlar futbol tomosha qilish uchun pulini ayamaydi, lekin matematikadan bo’ladigan ma’ruzaga pul bersangiz ham kelmaydi? Shoshmang, biz mutlaqo odamlarni ayblamoqchi emasmiz, ular to’g’ri qiladi matematikani emas, futbolni tanlab. Muammo boshqa joyda. Boya futbolchi tovar yaratadi dedik. Matematikning ilmiy mehnati ham alal oqibat tovar vujudga keltiradi. Lekin futbolchi yaratgan tovar bilan, matematik yaratgan tovar turlari mutlaqo farqli. Birinchisi, oldin aytganimizdek, jozibador. Xaridor uni sotib olib, maza qilib dam oladi. Zavqlanadi. Eng muximi, o’sha dam olish, o’sha zavq xozir bo’ladi, qandaydir mavxum kelajakda emas. Bu endi shou biznes tovari.

Matematik nima tovar yaratadi? Matematikning mehnatidan nima naf? Biz bu yerda ta’lim berish xaqida gapirmoqchi emasmiz, ta’lim berish – rostanam xizmat tovari. Lekin xozir biz matematikning ilmi, uning fanga qo’shayotgan yangi hissalari qanday tovar bo’ladi – shu xaqda gapirmoqchimiz. Nazarimizda matematika orqali tovar yaratishning bir necha o’ziga xosliklari bor. Birinchisi, yaratilayotgan tovarning qachon bozorga olib chiqishga tayyor bo’lishini aytish qiyin. Har qalay, u bugun tayyor bo’lmaydi, uning bozorga chiqishiga bir necha yillar, hatto bir necha o’n yillar ketishi mumkin. Ikkinchidan, matematikaviy ilm – bu jamoa ishi. Lekin bu jamoa bir ofisda o’tirgan jamoa bo’lishi shart emas, uning a’zolari dunyoning turli burchaklariga sochilib ketgan, bir-birini tanimaydigan, hatto turli davrlarda yashaydigan odamlar bo’lishi mumkin. Lekin ana shu jamoaning ilmga qo’shgan hissalari yig’ilib, bir butun tovarni bunyodga keltiradi. Yakka matematikning qilgan ishi, odatda, uzoq payt nafsizdek qolishi mumkin. Matematika yaratadigan tovarning ana shu kabi xususiyatlarini yana sanab davom ettirish mumkin. Lekin xozir aytganimiz ikki xususiyatning o’zi bu tovarning nasiya, mavhum ekanligini bildirib turibdi. Endi menga insof bilan aytingchi, qaysi aqli raso xaridor bunday tovar uchun xaq to’lasin? To’lamaydi. “500 dollar to’lasang, ana stadionga kirasan, maza qilib futbol tomosha qilasan” deng, to’laydi, “5 dollar to’lasang, 8-20 yildan keyin yangi bir texnologiya chiqishi mumkin-ki, undan sen falon joylarda ishing yengil bo’lishi uchun foydalanasan” deb ko’ring, “Axmog’ingni boshqa joydan qidir” deydi. To’g’ri aytadi.

Bozor sharoitida odamlar qo’liga ushlaydigan va foydasini ko’rib turgan narsasi uchun xaq to’laydi. Nasiya bo’lsa, betayin, mavxum bir narsa bo’lsa, HATTO U KELAJAKDA INSONIYAT UCHUN ULKAN FOYDALAR KELTIRGAN TAQDIRDA HAM, bugun unga pul bermaydilar. Buni BOZOR deydilar.

Shunday qilib, Grigoriy Perelmanga “Ol, million ham, Fields medali ham seniki” deyishdi. Perelman shunday javob berdi:

— Millioningayam, medalingayam, stadioningayam…

U milliondan ham, medaldan ham voz kechdi. Yashavor, Grisha! To’g’ri-da, bir futbolchi stadionda bir hafta lo’killab chopgani uchun bir million olarmish-da, 100 yildan beri mana-man degan olimlar urinib yecholmagan masalani xal qilib bergan Perelmanga ham bir millionmish…

«Xurshid Davron kutubxonasi»dan luqma: Aslida-ku, butun dunyo bozori murvatini ishlatib turgan, Rossiya, AQSH, Xitoy va Yevropaning fazoviy kemalarini, «Boing»u «Aerobus», «Il»u «Tu»larning eng haybatli uchoqlarini osmonga uchirayotgan, butun dunyo internet tizimini bekamu ko’st ishlashini ta’minlayotgan, uyimizdagi bor texnik jihozlarni (televizor, muzlatgich, sovutgich, kompyuter va h.k.), qo’limizdagi telefonu smartfonlarga «hayot» bag’ishlab turgan ilm asosini kim ixtiro etgan? Bu donishmand inson Yaratganning inoyati bilan algebra faniga asos solgan, zamonaviy komp`yu`ter texnologiyalarining poydevori hisoblangan algoritm tushunchasini joriy etgan, o’nlik sanoq tizimini, nol` belgisi va qutblar koordinatalarini birinchi bo’lib asoslagan va amaliyotga tatbiq etgan, nomi «algoritm» shaklida fanda abadiy o’rnashib qolgan, amerikalik fan tarixchisi Jorj Sarton «O’z zamonasining eng buyuk matematigi, agar barcha holatlar e’tiborga olinsa, barcha zamonlarning eng buyuk matematiklaridan biri», deb baholagan ulug’ vatandoshimiz Muhammad ibn Muso al-Xorazmiy ekanini unutmasligimiz kerak.

011

(Tashriflar: umumiy 469, bugungi 1)

Izoh qoldiring