Ishikava Takuboku. O’z-o’zimga muhabbat qo’shiqlari («Bir hovuch qum» kitobidan)

Ashampoo_Snap_2016.10.10_11h38m23s_001_.png Саҳифа буюк япон шоири таваллудининг 130 йиллигига бағишланади   

Ишикава Такубоку ўсмирлик чоғиданоқ япон мумтоз шеъриятида устивор танка — бешлик жанрида шеърлар ёза бошлаган, аммо, кейинчалик «Тонг юлдузи» журналининг ношири бўлмиш таниқли шоир Ёсано Тэккан маслаҳати билан замонавий, яъни Такубокунинг ўзи таърифлагандек, «узун шеърлар» ёза бошлади. Йиллар ўтиб, шеъриятдаги маслаги қадимий жанрга янги руҳ бахш этиш эканини англагач шоир яна танка ёзишга қайтади.

Ишикава Такубокунинг танкалардан (бешликлардан) иборат биринчи китоби 1910 йилда «Бир ҳовуч қум» номи билан нашр этилган. Шоир вафотидан сўнг танкалардан тузилган иккинчи китоби — «Ғамгин қўғирчоқ» эса 1912 йили чоп қилинган. Буюк шоирнинг ўлмас мероси мана шу икки тўпламда мужассамланган. Биз бугундан бошлаб ушбу тўпламлардан жо олган туркумларни (уларда эски таржималар билан бирга янгилари ҳам қўшилган) тақдим этишни бошлаймиз.

Ишикава Такубокунинг шеърият ҳақидаги тушунчалари унинг «Еса бўладиган шеърлар» эссесида ўз аксини топган. «Шеърият ҳам одамлар учун ҳар кунлик таомдай доимий эҳтиёж бўлиши керак»,— деган фикр ушбу эссенинг ўқилдизидир.

«Шундай лаҳзалар борки, улар икки марта такрорланмайди, — деб ёзади шоир, — шунинг учун ҳам уларни унутолмаймайман, ҳаяжон билан эслайман. Мен бундай лаҳзалар беиз кетмаслигини истайман. Бундай лаҳзаларни фақатгина лаҳзанинг ўзидай қисқа танка — бешликда ифодалаш мумкин…Ҳаётни севганим учун ҳам танка ёзаман». (Хуршид Давроннинг «Такубоку ва танка ҳақида қисқача қайдлар» мақоласидан. Мақолани мана бу саҳифада ўқишингиз мумкин)

Ишикава ТАКУБОКУ
ЎЗ-ЎЗИМГА МУҲАББАТ ҚЎШИҚЛАРИ
«Бир ҳовуч қум» китобидан
Хуршид Даврон таржималари
001

* * *

Шарқий уммон сувлари ювган
Орол қирғоғида —Ashampoo_Snap_2016.10.10_11h50m39s_012_.png
Оппоқ қумлоқда
Митти қисқичбақа билан ўйнайман —
Сидирмасдан кўз ёшларимни.

* * *

Ахир, қандай унутай!..
Бармоқлари оралаб тўкилган
Бир ҳовуч  қумни
Кўрсатиб йиғлаган ўша қизни

Қандай унутай…

* * *

Улкан денгиз қаршисида
Турурман ёлғиз —
Неча кунки уйдан
Чиқиб кетаман,
Томоғимга тиқилса йиғи.

* * *

Занг емирган
Тўппончани
Топиб олдим тўсатдан,
Қўлим билан қумлоқни
Ковлаб ўтирган пайтим…

* * *

Туни билан гувлаган бўрон
Қумлоқда тиклабди
Қабрга ўхшаган
Улкан бир тепа.
Кимнинг қабри бўлди бу?

* * *

Қумтепага юз босиб
Узоқ индамай  ётдим —
Олисда  қолиб кетган
Илк севгим оғриқлари
Кўксимни тирнаганди…

*  *  *

Тўлқинлар олиб келган
Қари дарахт шохини
Қирғоқда кўрган чоғим,
Дилдаги пинҳон сирим
Унга очмоқчи бўлдим…

*  *  *

Ў, қанчалар маҳзунсан,
Ҳаётдан асар йўқ қум!
Ҳовучимда сиққан дам
Сассизгина оқасан
Бармоқлар орасидан…

*  *  *

Кўз ёшим томган қумнинг
Зарралари  ҳўлланиб
Дона бўлиб йиғилди.
Қанчалар оғирлашдинг
Томчи кўз  ёшим!

* * *

003

Мен қирғоқда, оппоқ қумлоқда
«Буюк» рамзин юз бор чизаман
Ва ўлим ҳақдаги
Ўйларни қувиб
Уйга қайтаман.

* * *

Онам сувратин чиздим:
Кўз ёшидан шўр чеҳра.
Пешонаси
Тупроқдек ғадир —

Бунчалар ғамгин.

* * *

Уйғонаман,
Узоқ ётаман —
Кўзларимни очиб ётаман.
Болаликдан қолган бу одат…
Айблама мени.

* * *1333448291-1764878642.jpg

Қоронғи хонада ўтирар эдим.
Тўсатдан девордан
Чиқиб келдилар
Ҳассага суянган
Отам ва онам.

* * *

Ҳазиллашиб
Мен онамни опичлаб олдим.
У шундай енгил эди-ки,
Уч қадам юрар-юрмас
Йиғлаб юбордим.

* * *

Қайдадир
Эзилиб
Йиғлар
Чигиртка.
Юрагимга сиғмас ҳасратим.

* * *

Кўзгуни қўлга олиб,
Ўз-ўзимни
Масхаралаб кула бошладим.
Жуда чарчагандим
Кўз ёш  тўкмоқдан.

* * *
Мен мақсадсиз
Уйдан чиқаман
Ва мақсадсиз
Қайтамаи уйга —
Дўстлар кулар менинг ҳолимдан.

* * *

Гўё туби йўқ чоҳга
Учаётир юрагим…
Учар тўхтамасдан
Қоронғиликка.
Охир чарчаб, ухлаб қоламан.

* * *

Шундай иш
Топсам-ки,
Дил енгил тортса.
Тугатсаму
Кўз юмсам.

* * *

Тиқилинч трамвайнинг тор бурчагида
Қисиниб оламан.
О, қандай ачинаман
Ўзимга ўзим
Кеча, бугун, ҳар куни оқшом.

* * *

Асукуса боғида
Тунги сайил авжида.
Оломонга қўшилдиму
Дам ўтмасдан тарк этдим
Юрагим ғамга тўлиб.

* * *

Кўз ёши, кўз ёши  —
Буюк мўъжиза!
Кўз ёшида
Чўмилган юрак
Кулишга тайёр.

* * *

Онам бетоқат чақирган маҳал
Ўзимга келдим бирдан,
Фақат шундагина англадим:
Нимкоса четига тинимсиз
Қошиқ билан ураётганим…

* * *

Улкан дарахт танасига
Қулоғим босиб,
Қалин пўстлоғини
Жуда узоқ,
Узоқ сидирдим.

* * *

«Шуни деб
Ўлмоқ керакми?»
«Шуни деб
Яшаш шартми?»
Бўлди, тугат, бу бекор баҳсни.

* * *

Азиз меҳмон каби
Кириб келар
Юрагимга сукунат.
Соат зангини ҳам
Тинглаш мароқли!

* * *

Мен юксак
Чўққига чиқиб
Кимгадир, билмайман,
Қўл силкитдим-да,
Яна қайтиб водийга тушдим.

* * *

Қайдадир баҳслашар одамлар:
Кимга насиб
Бўлар бу ютуқ?
Кошки мен ҳам
Ўша ерда бўлсам.

* * *

Ўтиб кетди соз кунлар —
Қаршимга югуриб чиқишса дея
Нотавиш дарвозаларни
Тақиллатишни
Мен севган кунлар ўтди.

* * *

«Қўлидан иш келмас
Шоир-хаёлкаш!»
У ҳақда мен шундай ўйлардим,
Келиб-келиб  ўшандан
Қарзга пул олдим.

* * *

Мен бугун
Ўйладим:
«Ўлмоқ —
Дори ичмоқдек ,
Осон».

* * *

«Уям яхши
Буям яхши!» —
Дейишади баъзи одамлар.
Ҳавасим келади
Менинг уларга.

* * *

Чин юракдан
Мақтамоқчи эдим уни,
Аммо, ҳадеб ўзини ўйлаган
Юрагимни чангалидан
Бўшатмади ғам.

* * *

Сени инжиқ кимсаларга,
Ахмоқ зотларга
Хизмат қилишингга йўл қўйиб берган
Бу дунё даҳшатли,
Бу дунё золим!

* * *

Беташвиш чарчоқ бор —
Мен ҳавас қиламан
Кун бўйи терлаб
Ишлаганларга.
Бу чарчоқ уларга ором бағишлар.

* * *

Қотиб қолди қўлимда қошиқ,
Мен ногоҳ ўйладим:
«Ниҳоят, мана,
Ўрганиб қолдим-ку мен ҳам
Оламга ҳукмрон қоидаларга».

* * *

Қари қиз деб ном олган
Синглимнинг хатини ўқийман тонгда.
Билмайман, негадир
Ишқий мактуб ўқиётгандай
Сездим ўзимни.

* * *

Шунчаки,
Бемақсад югурсам эди:
Нафасим тиқилиб қолгунга қадар
Югурсам
Ям-яшил ўтлар устидан.

* * *

005

Истардим мен жаҳл устида
Ерга урсам чинни гулдонни!
Бира тўла синдирсам
Тўқсон тўққизтасини
Ва кейин ўлсам.

* * *

Кўзгулар
Дўкони олдида
Ҳайратга тушдим.
Мана, мен!
Бужмайган, рангпар.

* * *

Бўм-бўш уйга кирдиму
Чека бошладим.
Ўша лаҳза
Ёлғиз қолгим
Келганди жуда.

* * *

Билмайман, нега
Поездга чиқишни
Орзу қилардим.
Мана бугун поезддан тушиб
Қаёққа боришни билмасдан қолдим.

* * *

Аямасдан боссам
Қор уюмига
Ловиллаган юзимни…
Шундай шиддат билан
Севмоқ истайман!

* * *

Қўлларимни жуфтлаштириб кўкрагимда
Баъзан ўйлайман:
«Қаерга кетди, ўша менга душман дев?
Бир келсину ўйнаб берсин,
Мен томоша қилай!»

* * *

Ҳеч нимани ўйламай,
Бир мириқиб эснасам —
Гўёки жуда узоқ,
Юз йиллик уйқудан
Уйғонган каби.

* * *

Мен уйдан чиқаман,
Гўёки уйғонаман.
Қаердадир бор-ку, дейман, илиқранг қуёш.
Кўкрагим  тўлдириб
Нафас оламан.

* * *

Бугун юрагимдан чиқиб қочди,
Қочди яраланган йиртқичдай,
Ҳеч ором топмаган
Хавотир.
Юрагимдан чиқди-ю, қочди.

* * *

Дўстгинам,
Гадони ранжитма,
Ғариб ва оч
Бўлгани учун.
Ахир, мен ҳам унга ўхшайман.

* * *

Менга жуда ўхшаган
Икки  жўрам бор эди.
Бири вафот этди.
Иккинчиси  қамоқдан
Касалванд бўлиб чиқди.

* * *

«Кимларки эгган бўлса
Бошимни
Ҳатто бир бор,

Ҳалок бўлсин барчаси», — дея
Мен ялинар эдим худога.

* * *

Баъзан ўзимга ўхшамай қоламан —
Аҳмоқлик қиламан
Болалар каби.
Йўқ, йўқ, севган одамга
Ҳеч ўхшамайман.

* * *

Бор сиримни тўкиб солдим,
Суҳбатлашаркан —
Ннмадир йўқотганимни
Сездиму бирдан
Индамай тарк этдим дўстим уйини.

* * *

Ишлагин, тер тўккин!
Хўш, нима бўлар?
Ҳаёт енгил бўлмас бари бир.
Қўлимга тикилиб
Қоламан узоқ.

* * *

Бугун жуда зерикарли кун:
Қулоғимда
Кун бўйи тинмай
Янгради, янгради
Олис трамвай қўнғироғи.

* * *

Туюлади ўзимга баъзан —
Юрагим
Ҳозиргина
Тандирдан узилган
Нонга ўхшайди.

* * *

«Бунга ортиқ чидай олмайман!»
Чидай олмайман!»—
Бироқ остонага
Яқинлашганда
От кишнаб юборди.

* * *

Ўзимни унутиб,
Югуриб бориб,
Мен эшикка қўлимни чўздим.
О, тезроқ очила
Қолсайди эшик.

* * *

Оқшом пайт истадим
Ёзсам
Узундан-узоқ хат.
Шундай хат-ки,
Севиб қолсин ҳамма мени.

* * *

Жонимга тегди
Бу жонсиз чироққа
Тикилиб яшаш.
Уч кундирки,
Иситар жонимни  шам алангаси.

* * *

Ҳеч ким билмайдиган,
Ҳеч ким зшитмаган сўзлар…
Ногоҳ менга туюлар
Ёлғиз мен биламан
Ўша сўзларни.

* * *

Бир гўша топсам.
Тонгларни қувониб
Кутиш мумкин бўлган бир гўша топсам.
Уйимни эсласам —
Юрагим титрар.

* * *

Янги юрак излаб ўзимга
Бугун ёлғиз
Кезиб чиқдим
Тор ва узун кўчаларни мен.
Кўчалар номини билмайман ҳатто.

***

Менга бу ерда нима бор?
Бунда нимани унутганман?
Ўзимнинг хонамга
Ўзим
Ҳайрон бўлиб қараб турибман.

* * *

Шундай бир мўьжиза яратсам,
«Кўряпсизми? Мана!» — десам.
Ҳамма ҳайрон қолса  ёқасин ушлаб
Ва ўша дақиқа
Ҳеч кимга билдирмай кетиб қолсам.

* * *

Ҳар бир одам юрагида,—
Агар у ростдан ҳам одам бўлса,
Инграб ётар
Пинҳон
Бир маҳбус.

* * *

Болани сўкишар,
Бола йиғлайди.
О, менинг олисларда қолган
Болалигимнинг юраги,
Нима қилсам қайтиб келасан.

* * *

Мен зарб билан
Ерга урдим
Қўл соатимни.
Ўша кунлар бирпасда
Жаҳлим чиқарди!

* * *

Бир аёл бор,
Измимдан чиқмайди сира.
Не истасам айлагай бажо,
Мен-чи…
Мен қийналаман шу аёлни деб.

* * *

О, сизлар нададар бежуръат,
Кунчиқар мамлакатининг
Аёллари!
Алам билан сизни койидим
Куз шомида, ёмғир остида.

* * *

«Фақат пул, пул!»
Дея кулдим мен.
Бироқ, бир лаҳза ўтмай
Сезиб қолдим
Ўзим ҳам пул ҳақида ўйлаётганимни.

* * *

Кўча уфққа бориб тақалар.
Бирдан англадим:
Бекор эмас экан
Бугун менинг
Бу кўчадан юришим.

03307aj2200023232_2.jpg   Ishikava Takuboku o’smirlik chog’idanoq yapon mumtoz she’riyatida ustivor tanka — beshlik janrida she’rlar yoza boshlagan, ammo, keyinchalik «Tong yulduzi» jurnalining noshiri bo’lmish taniqli shoir Yosano Tekkan maslahati bilan zamonaviy, ya’ni Takubokuning o’zi ta’riflagandek, «uzun she’rlar» yoza boshladi. Yillar o’tib, she’riyatdagi maslagi qadimiy janrga yangi ruh baxsh etish ekanini anglagach shoir yana tanka yozishga qaytadi.

Ishikava Takubokuning tankalardan (beshliklardan) iborat birinchi kitobi 1910 yilda «Bir hovuch qum» nomi bilan nashr etilgan. Shoir vafotidan so’ng tankalardan tuzilgan ikkinchi kitobi — «G’amgin qo’g’irchoq» esa 1912 yili chop qilingan. Buyuk shoirning o’lmas merosi mana shu ikki to’plamda mujassamlangan. Biz bugundan boshlab ushbu to’plamlardan jo olgan turkumlarni (ularda eski tarjimalar bilan birga yangilari ham qo’shilgan) taqdim etishni boshlaymiz.

Ishikava Takubokuning she’riyat haqidagi tushunchalari uning «Yesa bo’ladigan she’rlar» essesida o’z aksini topgan. «She’riyat ham odamlar uchun har kunlik taomday doimiy ehtiyoj bo’lishi kerak»,— degan fikr ushbu essening o’qildizidir.

«Shunday lahzalar borki, ular ikki marta takrorlanmaydi, — deb yozadi shoir, — shuning uchun ham ularni unutolmaymayman, hayajon bilan eslayman. Men bunday lahzalar beiz ketmasligini istayman. Bunday lahzalarni faqatgina lahzaning o’ziday qisqa tanka — beshlikda ifodalash mumkin…Hayotni sevganim uchun ham tanka yozaman». (Xurshid Davronning «Takuboku va tanka haqida qisqacha qaydlar» maqolasidan. Maqolani  mana bu sahifada o’qishingiz mumkin)

Ishikava TAKUBOKU
O’Z-O’ZIMGA MUHABBAT QO’SHIQLARI
«Bir hovuch qum» kitobidan
Xurshid Davron tarjimalari
001

* * *

Sharqiy ummon suvlari yuvgan
Orol qirg’og’ida —Ashampoo_Snap_2016.10.10_11h39m51s_006_.png
Oppoq qumloqda
Mitti qisqichbaqa bilan o’ynayman —
Sidirmasdan ko’z yoshlarimni.

* * *

Axir, qanday unutay!..
Barmoqlari oralab to’kilgan
Bir hovuch qumni
Ko’rsatib yig’lagan o’sha qizni

Qanday unutay…

* * *

Ulkan dengiz qarshisida
Tururman yolg’iz —
Necha kunki uydan
Chiqib ketaman,
Tomog’imga tiqilsa yig’i.

* * *

Zang yemirgan
To’pponchani
Topib oldim to’satdan,
Qo’lim bilan qumloqni
Kovlab o’tirgan paytim…

* * *

Tuni bilan guvlagan bo’ron
Qumloqda tiklabdi
Qabrga o’xshagan
Ulkan bir tepa.
Kimning qabri bo’ldi bu?

* * *

Qumtepaga yuz bosib
Uzoq indamay yotdim —
Olisda qolib ketgan
Ilk sevgim og’riqlari
Ko’ksimni tirnagandi…

* * *

To’lqinlar olib kelgan
Qari daraxt shoxini
Qirg’oqda ko’rgan chog’im,
Dildagi pinhon sirim
Unga ochmoqchi bo’ldim…

* * *

O’, qanchalar mahzunsan,
Hayotdan asar yo’q qum!
Hovuchimda siqqan dam
Sassizgina oqasan
Barmoqlar orasidan…

* * *

Ko’z yoshim tomgan qumning
Zarralari ho’llanib
Dona bo’lib yig’ildi.
Qanchalar og’irlashding
Tomchi ko’z yoshim!

* * *

Men qirg’oqda, oppoq qumloqda
«Buyuk» ramzin yuz bor chizaman
Va o’lim haqdagi
O’ylarni quvib
Uyga qaytaman.

* * *

Onam suvratin chizdim:
Ko’z yoshidan sho’r chehra.
Peshonasi
Tuproqdek g’adir —

Bunchalar g’amgin.

* * *

Uyg’onaman,
Uzoq yotaman —
Ko’zlarimni ochib yotaman.
Bolalikdan qolgan bu odat…
Ayblama meni.

* * *

Qorong’i xonada o’tirar edim.
To’satdan devordan
Chiqib keldilar
Hassaga suyangan
Otam va onam.

* * *

004

Hazillashib
Men onamni opichlab oldim.
U shunday yengil edi-ki,
Uch qadam yurar-yurmas
Yig’lab yubordim.

* * *

Qaydadir
Ezilib
Yig’lar
Chigirtka.
Yuragimga sig’mas hasratim.

* * *

Ko’zguni qo’lga olib,
O’z-o’zimni
Masxaralab kula boshladim.
Juda charchagandim
Ko’z yosh to’kmoqdan.

* * *
Men maqsadsiz
Uydan chiqaman
Va maqsadsiz
Qaytamai uyga —
Do’stlar kular mening holimdan.

* * *

Go’yo tubi yo’q chohga
Uchayotir yuragim…
Uchar to’xtamasdan
Qorong’ilikka.
Oxir charchab, uxlab qolaman.

* * *

Shunday ish
Topsam-ki,
Dil yengil tortsa.
Tugatsamu
Ko’z yumsam.

* * *

Tiqilinch tramvayning tor burchagida
Qisinib olaman.
O, qanday achinaman
O’zimga o’zim
Kecha, bugun, har kuni oqshom.

* * *

Asukusa bog’ida
Tungi sayil avjida.
Olomonga qo’shildimu
Dam o’tmasdan tark etdim
Yuragim g’amga to’lib.

* * *

Ko’z yoshi, ko’z yoshi —
Buyuk mo»jiza!
Ko’z yoshida
Cho’milgan yurak
Kulishga tayyor.

* * *

Onam betoqat chaqirgan mahal
O’zimga keldim birdan,
Faqat shundagina angladim:
Nimkosa chetiga tinimsiz
Qoshiq bilan urayotganim…

* * *

Ulkan daraxt tanasiga
Qulog’im bosib,
Qalin po’stlog’ini
Juda uzoq,
Uzoq sidirdim.

* * *

«Shuni deb
O’lmoq kerakmi?»
«Shuni deb
Yashash shartmi?»
Bo’ldi, tugat, bu bekor bahsni.

* * *

Aziz mehmon kabi
Kirib kelar
Yuragimga sukunat.
Soat zangini ham
Tinglash maroqli!

* * *

Men yuksak
Cho’qqiga chiqib
Kimgadir, bilmayman,
Qo’l silkitdim-da,
Yana qaytib vodiyga tushdim.

* * *

Qaydadir bahslashar odamlar:
Kimga nasib
Bo’lar bu yutuq?
Koshki men ham
O’sha yerda bo’lsam.

* * *

O’tib ketdi soz kunlar —
Qarshimga yugurib chiqishsa deya
Notavish darvozalarni
Taqillatishni
Men sevgan kunlar o’tdi.

* * *

«Qo’lidan ish kelmas
Shoir-xayolkash!»
U haqda men shunday o’ylardim,
Kelib-kelib o’shandan
Qarzga pul oldim.

* * *

Men bugun
O’yladim:
«O’lmoq —
Dori ichmoqdek ,
Oson».

* * *

«Uyam yaxshi
Buyam yaxshi!» —
Deyishadi ba’zi odamlar.
Havasim keladi
Mening ularga.

* * *

Chin yurakdan
Maqtamoqchi edim uni,
Ammo, hadeb o’zini o’ylagan
Yuragimni changalidan
Bo’shatmadi g’am.

* * *

Seni injiq kimsalarga,
Axmoq zotlarga
Xizmat qilishingga yo’l qo’yib bergan
Bu dunyo dahshatli,
Bu dunyo zolim!

* * *

Betashvish charchoq bor —
Men havas qilaman
Kun bo’yi terlab
Ishlaganlarga.
Bu charchoq ularga orom bag’ishlar.

* * *

Qotib qoldi qo’limda qoshiq,
Men nogoh o’yladim:
«Nihoyat, mana,
O’rganib qoldim-ku men ham
Olamga hukmron qoidalarga».

* * *

Qari qiz deb nom olgan
Singlimning xatini o’qiyman tongda.
Bilmayman, negadir
Ishqiy maktub o’qiyotganday
Sezdim o’zimni.

* * *

Shunchaki,
Bemaqsad yugursam edi:
Nafasim tiqilib qolgunga qadar
Yugursam
Yam-yashil o’tlar ustidan.

* * *

Istardim men jahl ustida
Yerga ursam chinni guldonni!
Bira to’la sindirsam
To’qson to’qqiztasini
Va keyin o’lsam.

* * *

Ko’zgular
Do’koni oldida
Hayratga tushdim.
Mana, men!
Bujmaygan, rangpar.

* * *

Bo’m-bo’sh uyga kirdimu
Cheka boshladim.
O’sha lahza
Yolg’iz qolgim
Kelgandi juda.

* * *

Bilmayman, nega
Poezdga chiqishni
Orzu qilardim.
Mana bugun poezddan tushib
Qayoqqa borishni bilmasdan qoldim.

* * *

Ayamasdan bossam
Qor uyumiga
Lovillagan yuzimni…
Shunday shiddat bilan
Sevmoq istayman!

* * *

Qo’llarimni juftlashtirib ko’kragimda
Ba’zan o’ylayman:
«Qaerga ketdi, o’sha menga dushman dev?
Bir kelsinu o’ynab bersin,
Men tomosha qilay!»

* * *

Hech nimani o’ylamay,
Bir miriqib esnasam —
Go’yoki juda uzoq,
Yuz yillik uyqudan
Uyg’ongan kabi.

* * *

Men uydan chiqaman,
Go’yoki uyg’onaman.
Qaerdadir bor-ku, deyman, iliqrang quyosh.
Ko’kragim to’ldirib
Nafas olaman.

* * *

Bugun yuragimdan chiqib qochdi,
Qochdi yaralangan yirtqichday,
Hech orom topmagan
Xavotir.
Yuragimdan chiqdi-yu, qochdi.

* * *

Do’stginam,
Gadoni ranjitma,
G’arib va och
Bo’lgani uchun.
Axir, men ham unga o’xshayman.

* * *

Menga juda o’xshagan
Ikki jo’ram bor edi.
Biri vafot etdi.
Ikkinchisi qamoqdan
Kasalvand bo’lib chiqdi.

* * *

«Kimlarki eggan bo’lsa
Boshimni
Hatto bir bor,

Halok bo’lsin barchasi», — deya
Men yalinar edim xudoga.

* * *

Ba’zan o’zimga o’xshamay qolaman —
Ahmoqlik qilaman
Bolalar kabi.
Yo’q, yo’q, sevgan odamga
Hech o’xshamayman.

* * *

Bor sirimni to’kib soldim,
Suhbatlasharkan —
Nnmadir yo’qotganimni
Sezdimu birdan
Indamay tark etdim do’stim uyini.

* * *

Ishlagin, ter to’kkin!
Xo’sh, nima bo’lar?
Hayot yengil bo’lmas bari bir.
Qo’limga tikilib
Qolaman uzoq.

* * *

Bugun juda zerikarli kun:
Qulog’imda
Kun bo’yi tinmay
Yangradi, yangradi
Olis tramvay qo’ng’irog’i.

* * *

Tuyuladi o’zimga ba’zan —
Yuragim
Hozirgina
Tandirdan uzilgan
Nonga o’xshaydi.

* * *

«Bunga ortiq chiday olmayman!»
Chiday olmayman!»—
Biroq ostonaga
Yaqinlashganda
Ot kishnab yubordi.

* * *

O’zimni unutib,
Yugurib borib,
Men eshikka qo’limni cho’zdim.
O, tezroq ochila
Qolsaydi eshik.

* * *

Oqshom payt istadim
Yozsam
Uzundan-uzoq xat.
Shunday xat-ki,
Sevib qolsin hamma meni.

* * *

Jonimga tegdi
Bu jonsiz chiroqqa
Tikilib yashash.
Uch kundirki,
Isitar jonimni sham alangasi.

* * *

Hech kim bilmaydigan,
Hech kim zshitmagan so’zlar…
Nogoh menga tuyular
Yolg’iz men bilaman
O’sha so’zlarni.

* * *

Bir go’sha topsam.
Tonglarni quvonib
Kutish mumkin bo’lgan bir go’sha topsam.
Uyimni eslasam —
Yuragim titrar.

* * *

Yangi yurak izlab o’zimga
Bugun yolg’iz
Kezib chiqdim
Tor va uzun ko’chalarni men.
Ko’chalar nomini bilmayman hatto.

***

Menga bu yerda nima bor?
Bunda nimani unutganman?
O’zimning xonamga
O’zim
Hayron bo’lib qarab turibman.

* * *

Shunday bir mo’`jiza yaratsam,
«Ko’ryapsizmi? Mana!» — desam.
Hamma hayron qolsa yoqasin ushlab
Va o’sha daqiqa
Hech kimga bildirmay ketib qolsam.

* * *

Har bir odam yuragida,—
Agar u rostdan ham odam bo’lsa,
Ingrab yotar
Pinhon
Bir mahbus.

* * *

Bolani so’kishar,
Bola yig’laydi.
O, mening olislarda qolgan
Bolaligimning yuragi,
Nima qilsam qaytib kelasan.

* * *

Men zarb bilan
Yerga urdim
Qo’l soatimni.
O’sha kunlar birpasda
Jahlim chiqardi!

* * *

Bir ayol bor,
Izmimdan chiqmaydi sira.
Ne istasam aylagay bajo,
Men-chi…
Men qiynalaman shu ayolni deb.

* * *

O, sizlar nadadar bejur’at,
Kunchiqar mamlakatining
Ayollari!
Alam bilan sizni koyidim
Kuz shomida, yomg’ir ostida.

* * *

«Faqat pul, pul!»
Deya kuldim men.
Biroq, bir lahza o’tmay
Sezib qoldim
O’zim ham pul haqida o’ylayotganimni.

* * *

Ko’cha ufqqa borib taqalar.
Birdan angladim:
Bekor emas ekan
Bugun mening
Bu ko’chadan yurishim.

005

(Tashriflar: umumiy 161, bugungi 1)

Izoh qoldiring