Abduqayum Yo’ldoshev. Puankare. Radiospektakl

puankare  Бироқ мен бахтиёр эдим. Зеро асосий ишим миллиметрма-миллиметр, заррама-зарра олдинга силжиётгандай эди. Ҳориган чоғларим эмаклаб бўлса ҳам мақсад сари интилардим, қўлларимдан мадор кетганида ерни  тирноқларим билан кавлаб бўлса ҳам илгарига силжирдим. Илло, илло олдинда, олис уфқ ортида бўлса ҳам ненингдир шамойили кўриниб қолаётгандек, нимадир ўзига чорлаётгандек эди…

006

02Жюль Анри Пуанкаре (1854-1912) – машҳур математик, физик, астроном ва файласуф. Париж Фанлар академияси раҳбари, дунёнинг ўттиздан ортиқ академиялари аъзоси. Пуанкаре дунёнинг энг улуғ математикларидан ҳисобланади. У беш юздан ортиқ мақола ва китоблар муаллифи. “Пуанкаре ўз ҳиссасини қўшмаган, бойитмаган математиканинг бирон соҳаси қолмаган”, деган эътироф аллақачон аксиомага айланиб улгурган. Олим топология йўналишининг асосчиси, дифференциал тенгламалар ҳамда автоморф функциялар бўйича мутлақо янги назариялар яратган, фазо механикасининг фавқулодда аҳамиятга молик усулларини амалиётга тадбиқ этган, нисбийлик назариясининг математик асосларини ишлаб чиққан ва ҳоказо ва ҳоказо…

Ваҳоланки, бўғма хасталигини бошидан ўтказган Анрининг болалиги оғир кечган. Уни кўпчилик ҳардамхаёл, фаромушхотир болакай сифатида танишарди. Устига-устак, оёқлари вақтинча ишламай қолди, тил ҳам фалажланди. Буни қарангки, оғир азоблар болакайда товушларни рангли қабул қилишдек айрича салоҳиятини юзага келтирди. Бу иқтидор олимга бир умр ҳамроҳ бўлди.

Уйдаги пухта тайёргарлик туфайли Анри саккиз ярим ёшида лицейнинг иккинчи босқичига қабул қилинади. 1871 йили бакалавр унвонига эга бўлиш учун имтиҳон топширганида Пуанкаре бор-йўғи “қониқарли” баҳо олади (у ҳардамхаёллиги боис бошқа саволга жавоб берганди).  Тез орада Анрининг математик иқтидори ўзини кўрсата бошлайди. 1873 йили у Париждаги Политехника мактабига ўқишга киради. Кейинги йили эса дифференциал геометрия бўйича илк илмий ишини эълон қилади.

1879 йили Пуанкаре ҳимоя қилган докторлик иши кўплаб мутахассисларнинг эътиборини тортади. 1881 йили у Париж университетига ишга таклиф этилади. Университет Пуанкаре учун ҳақиқий кашфиётлар даргоҳига айланади. 1885 йили Швеция қироли Оскар II эълон қилган математик танловда Пуанкаре ғолиб чиқади. Ҳакамлар унинг тадқиқотлари фазо механикасида янги даврни бошлаб берганини бир овоздан эълон қилишади.

1889 йили Пуанкаренинг машҳур 10 жилдлик “Математик физика курси” чоп этилади. Кейинги икки йилда эса фазо механикаси бўйича уч жилдлик асар… Эришилган оламшумул ютуқларга қарамасдан, Пуанкаре камтарин, самимий, очиқкўнгил ва тортинчоқ инсон бўлиб қолаверди. Унинг камсуқумлиги шу даражада бўлганки, нисбийлик назариясининг тап-тайёр математик асосини қўшқўллаб Эйнштейнга топширган-қўйган… Олим мамлакатнинг буюклиги унинг фарзандларининг ахлоқий фазилатларида, адабиёт ва санъатдаги ютуқларида, илм-фандаги кашфиётларида намоён бўлади, деб ҳисобларди.
Францияда Пуанкаре номидаги назарий физика институти ишлаб турибди.

Абдуқаюм ЙЎЛДОШЕВ
ПУАНКАРЕ
022

I

“Вақт таъсирини ўтказмайдиган нарсанинг ўзи қолмапти. Ҳатто асл мол ҳам унинг қошида ожиз экан”.
Бундан ўттиз беш йил бурун Масковда мана шу портфелни нақ бир юз йигирма рублга олаётганимда сотувчи “Тоза чарм. Сизга юз йил хизмат қилиб беради. Ҳатто бир асрдан кейин ҳам янгидай туради!” деб роса оғиз кўпиртирган, ёнимда турган ўзим қатори аҳли урфоннинг айримлари эса кўрсаткич бармоқларини чаккаларига тираб, айлантиришдан ўзларини тийишолмаган, баайни айтмоқчи бўлгандиларки, тентаклик ҳам эви билан-да, сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига, деганлари асли шу; аммо на илож, зоримиз бор, зўримиз йўқ, илло наинки лириклар, балки биздек жиддий риёзиётчилар сафида ҳам ақли қосирлар учраб туриши эҳтимоллик назариясига мос ва хос…
Дарвоқе, олдиндан айтиб қўя қолай, келажак уларнинг адашмаганлигини кўрсатди. Аммо ўшанда… ўшанда кўнглим портфелга суст кетганди. Гўё шуни олсам, ичига қўлёзмаларимни солсам, габаритлари улканроқ тумор янглиғ маҳкам бағримга босиб юрсам бас, барча ишларим ўз-ўзидан юришиб кетадигандек. Тўғри, Тиркаш жўрам ниҳоят кўп йиллик орзусига етиб, урғочи бўрини қопқонга туширган, у жон алпозда ҳалиги жойини ғажиб ташламасидан бурун тинчитишга улгурган, хуллас, ўткир пичоқда кесиб олинган ўша жойини тош устида, кунчувоқда эринмай туз сепиб, қуритиб- қовжиратгач, эски латтага ўраб-чирмаб, менга олиб келиб берган, қўлтиғимда тумор қилиб тақиб юришим кераклигини қайта-қайта маслаҳат берганди. Нима эмиш, урғочи бўрининг бутун қудрати жамланган ўша жойини қўйнида олиб юрган одам ҳам бало-қазолардан асраларкан, ҳам ишлари жуда қисқа фурсатда (“Секундда! Гаррантия!” деди жўрам ишонч билан) жўнашиб кетаркан. “Овулимиздан чиқадиган биринчи каттакон ўзинг бўладиганга ўхшайсан, жўра, яна Масковга бораман деяпсан, бу лекин сенга ёмонам керак бўлади-да!” деб молини тарғиб-ташвиқ қилишни боплади Тиркаш. Албатта, боғчадан бошлаб даҳрийлик эътиқоди қон-қонига сингдирилган авлод вакили сифатида бунақанги ирим-сиримларга ишонмадим; нима, мендай олий маълумотли, бўйнига илоннинг тилидай бўйинбоғ тақиб олган бўлғуси олим қўйнига урғочи бўрининг жинсий органини солиб юрсинми? Ўрисчасига айтганда, где это видано… Аммо дўлвор жўрамни хафа қилиб қўймай деган мақсадда бу ажабтовур “совға”ни рад этишим сабабини ётиғи билан, илмийроқ асосда тушунтиришга уриндимки, хўп, ана, ўзинг уч юз чақиримлик йўлдан келдинг шу матоҳни кўтариб, хўш, бундай ўйлаб кўр-чи, нима бўлди, қайси ишинг бирдан, секундда, гаррантияси билан жўнашиб кетди? Чақирилмаган қўноғимни чуқур мантиқли гапим билан бопладим- ов, деб турсам, Тиркаш куйдирган калладай тиржайди: “Сени топдим-ку, жўра, ишимнинг бундан ортиқ жўнашгани бўлама?”. Бунга нима дейсиз? Йўқ, алдаб-сулдаб, “кейин бориб оламан” қабилидаги яхши гаплар билан жўрамни ўша очилмаган тугунчадаги шармсиз бойлиги билан қўшиб ортга қайтариб юбордим.
Сўнгроқ, не ҳодисотлару истилоҳлар, не эврилишлару синоатлар ҳосиласи ўлароқ онг-шуур бирлан тафаккурда, қалб бирлан руҳониятда бемисл ўзгаришлар юз берганида, айниқса, қисматнинг омадсизлик ҳамда бебахтлик аталмиш икки баҳайбат тоши орасида шафқатсизларча эзилиб- янчилиб, зулумот бағрида “дод” дейишга ҳам нафасим чиқмай қолган онларда ўзимга ўзим пушмон аралаш ўкинчли иддаолар қилдимки, эй, гумроҳ банда, ўшанда ўша матоҳни чўнтагингга солиб кетаверсанг ёинки бўйнингга осиб олсанг бир жойинг кемтилиб қолармиди? Нима, у сендан ош-нон сўрармиди? Илло, моҳиятига қаралса, ҳар қандай эътиқод иззатга лойиқ эмасми? Ана, Тиркаш жўрам бўрининг ўша нарсасига ишониб кам бўлмади-ку! Кимсан, тоғбеги! Лорсиллаган, ҳар билаги келисопдай, икки юзи ширмой нондай қип-қизил, шу ҳолига бир гапириб ўн куладиган ҳазилкаш хотини, тўртта девдай-девдай ўғли бор. Кўпкари чопади, солим олади, кади-кади қимиз ичади, бир ўтиришда яримта қўйнинг этини еб, мойли қўлларини амиркон этигининг қўнжига артадию, мўйловини бура-аб кетаверади. Умрида бир марта дўхтирга бормаган, бир марта парҳез деган нарсанинг ёнидан ўтмаган! (Ўзининг айтишича, “Кампирминан тиззани тиззага текизиб гурунглашиб ўтиришдан ортиқ ҳўзир борма бу дунёда?”) Одам қуригандай келиб-келиб хотини билан гаров ўйнаб, кенжасининг тўйига Тошкентдан қирқта санъаткор опкелган, ҳаммасини тоққа отда опчиққан, орқаси шилинганидан столда ўтиролмай, диконглаб ўйнайверган қўшиқчи-раққосларнинг устидан даста-даста пул сочган, тўйдан кейин эса – баҳс шартига кўра – устма-уст қирқ кун мағлуб хотинини тўй суратга олинган видеони томоша қилишга мажбур этган, ўзи бўлса ўтирган чорпояда мийиғида илжайган кўйи мўйловини сила-аб… Бир бандага бундан ортиқ яна не керак, ахир, яна не керак?..
Айтгандай, гап портфелдан бошланганди-я, мен бўлсам қаёқларга улоқиб кетдим. Бироқ бунга ажабланмасаям бўлади – математик қонуният бу. Ҳаётнинг ўзи сонлардан иборатлиги қанчалик рост бўлса, ёш билан тил эшилишининг бир-бирига тўғри мутаносиблиги шунчалик ҳақиқат. Зеро, мен ҳалига довур кам гапирадиган мўйсафидни кўрмадим…
Мана ўша портфель. Юз йил эмиш! Бир асрнинг учдан бирини ўтаб-ўтамай юзимга ўхшаб бужмайиб, қаримсиқ бўлиб қолди; бир хил жойларининг териси кўчган, кал бошимни эслатади. Мол ҳам эгасига ўхшаркан-да. Буям камдай, бўш қопга ўхшаб сира тик турмайди, ичига у-бу солсам сал қаддини ғоз тутгандай бўлади, аммо бу алдамчи таассурот, сал ўтмай яна қийшайиб қолади. Қулф деган жонивор ишдан чиққанига- ку, неча замонлар бўлган: мен ёпиб чарчайман, у бўлса “ширқ” этиб очилиб кетишдан эринмайди. Шунга портфелни қўлтиқлаб ё бўлмаса бағримга маҳкам босиб юришга мажбурман. Камбағалнинг бойлиги ёнида бўлгани маъқул. Йўқса, ҳов бир галгидай мошин-пошин туртиб кетса, қоғозларимнинг бари сочилиб кетиш мумкин. Ўшанда бирдан ердан чиққандай бошимда пайдо бўлиб қолиб, текин томошани ҳузур қилиб кўраётган, айримлари телефонига суратга ҳам олаётган лак- лак одамга шунча тавалло қилиб ялиндим, Худонинг зорини қилдим, ҳой, мусулмонлар, ўрнимдан туролмаяпман, эмаклашнинг ҳам эвини қилолмаяпман, сизлар, соғ бандалар манави ер билан битта бўлиб сочилиб ётган қоғозларимни теришга ёрдам беринглар, ёрдам беринглар, илтимос, ўтинаман, ёлвораман… Аммо қани таваллойимни бир кас эшитса! Билъакс, “Мияси чайқалган-да, ҳар нарсани валдираяпти… Йўқ, ўзини артистликка солаяпти… Бу энди шопирни соғиб ичади” қабилидаги тахминлар қулоғимга чалинди, холос. Ҳолбуки, мен артист эмасдим, миям чайқалмаганди, эсанкираб қолган шўрлик шопирни соғиб ичиш ниятим ҳам йўқ эди. Мен қўлёзмаларимни йўқотиб қўйиш ваҳимасидан шу кўйга тушгандим. Гарчанд ўшал бахтсиз ҳодиса туфайли қаторасига тўрт йил ҳасса таяниб юришга ўтган бўлсам-да, мени чап оёғимдаги болдир суягининг тўрт энликка қисқаргани эмас, ногаҳоний зарба боис қўлимдан отилиб кетган портфелимдан сочилган битикларимнинг изсиз йўқолгани кўпроқ изтиробга солди. Кимга керак эди улар? Ҳар саҳифадаги нари борса саккизта формула билан тўртта график кимниям қизиқтирарди? Бу ахир… бу ахир, агар муқояса жоиз эса, кўринмас одамнинг иш дафтарини ўғирлаб қочган, сўнг узун тунлари саҳифалардаги ўзининг мутлақо тиши ўтмайдиган қайдларга анграйиб қараб ўтирадиган саводсиз, жоҳил кимсанинг мантиқдан буткул холи қилиғини эслатмаяптими сизга?
Йўқ, йўқ, Уэллсни тинч қўяйлик. Илло, мендай ер юзида судралиб юришга маҳкум этилган ожиз бир банда ким-у, битикларига “Фикрловчилар учун” деган ҳикматли эскартмани қистириб қўядиган ул улуғ зот ким?.. Гап портфель ҳақидамиди, демак, яна унга қайтамиз. Фақат ўшандан буён қўлёзмаларимни портфелимда тахлам-тахлам қилиб бойлаб юришимни қистириб ўтиб кетсам бўлар: чойдан оғзи куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади.
Замон ўзгариб, турли оҳанжама атамалар урфга қириб қолди. Шундоқ лаҳжада лутф этадиган бўлсам, ушбу портфелим қайсидир маънода каминанинг имижини яратди: талабалар, ҳамкасбларим мени ундан айро ҳолда тасаввур этмай қўйишди. Балки шу сабаблидир, портфелимнинг аста-секин, мен билан бирга қариб бораётганини ҳам табиий жараён сифатида қабул қилишди чоғи. Чин сўзим, агар портфелимга муштдеккина бош битганида эди, у ҳам меники сингари қалтираб турадиган бўлиб қоларди; озгинагина забон бўлганида эди, у ҳам меникига ўхшаб тутилиб- тутилиб қоладиган одат чиқарарди.
Биз афсоналар ва ўтрикларнинг юмшоққина, иссиққина қучоғида яшаймиз. Биз ўзимиз шуни истаймиз, бошқаси керак эмас, бошқаси бизга ёқмайди, нотавон кўнглимизга ўтиришмайди. Биз ўзимиз тўқиб чиқарган ривоятларга-да ишониб кун кечирамиз, зарурат туғилиб қолганда уйдирмаларимизни ялов қилиб кўтарамиз, “Ягона ҳақиқат!”, ҳимоя қиламиз, улар учун жангга кирамиз, жон олиб-жон берамиз, қаҳрамонлик кўрсатамиз. Мисоли ўрмонга адашиб кириб қолган отга беадад ҳайрат ва қўрқув билан термулиб қолган, сўнг, от қариб вафот этгач, уни илоҳ даражасига кўтарган, суякларига сиғина бошлаган гўл аборигенлар мисоли ҳаётимиздаги тимсол ва тушунчаларимизни аввал ўзимиз бўй- бастимизга мослаб яратиб оламиз-да, сўнг уларнинг ожиз бандиларига эвриламиз.
Шаксиз, бу гап биринчи бўлиб кимдан чиққанини энди аниқлаб бўлмайди. Аммо институтда каминанинг хўп ғаройиботларга бой қисмати борасида ажабтовур талқинлар бор эдики, улар бора-бора, эҳтимолки ўзимнинг унсиз маъқулловиму ҳайбаракаллачилигим орқали исбот ҳам талаб қилиб ўтирмайдиган оддий маъқулот, яъниким аксиома сифатида тилга олинадиган бўлиб қолди. Сиз биринчи курсда таълим олаётган исталган талаба ёинки толибадан «а» плюс «в»нинг квадрати нечага тенг?» деб сўраб кўринг, ҳар учтадан иккитаси ғўлдираб қолишига ёки нари борса «а» квадрат плюс «б» квадрат» деб без бўлиб тураверишига мен кафил. Аммо энди ўта жўн, мактабнинг еттинчи синф ўқувчиси ҳам биладиган квадрат тенгламани ечолмаган думбулга бир оғизгина: «Сизларга олий математикадан сабоқ берадиган Фалончи Пистончиевич ҳақида нима биласиз?» деб кўринг-чи, ҳали саволингиз тугамасидан жавобини ёқангиздан олиб енгингизга ёпиштиришига яна ўзим балогардон. Нима эмиш, шўрлик, – ҳа-ҳа, аксарияти худди шундай дейди, ҳар қалай, ҳамма олтмиш ёшга борган, пенсия остонасида турган муаллимнинг бошини орқаворатдан, маънан силаб қўйиш уларга тасвирлаб бўлмас ҳузур бағишласа керак, бунинг устига, яшириб нима қиламан, инсон кўпинча бошқа бировга нисбатан соғлом, ёш ва бахтлироқ эканини ҳис қилган онлари юрак-юрагида озгина бўлса ҳам худбинона ҳаловат ҳис этади, шу боисдан беихтиёр қулоғи томон чўзилиб кетаётган оғзини йиғиштиролмай армонда қолади – хуллас, ўша шўрлик бундан анча йиллар муқаддам номзодлик ишини юз фоиз тайёрлаб қўйиб, энди ҳимоя қиламан деб турганида унинг дўсти, тасаввур қиласизми, энг яқин дўсти ягона нусхадаги илмий ишни таг-туби билан ўғирлаб кетади ва, табиийки, тайёр ишни осонлик билан ҳимоя қилади-қўяди. Бу қадар разилликдан ларзага тушган Фалончи Пистончиевич роса изтироб чекади, натижада бир кечада жингалак сочи аввал қордай оқаради, кейин бош тепасидан тўкила бошлайди. Энг яқин дўстидан бу қадар хиёнатни кутмаган-да, бечора. Бу ахир ҳатто орқадан келиб хоинлик қилиш ҳам эмас, балки қучоқлаб туриб оч биқинга ғарчиллатиб ўткир пичоқни санчиш билан баробар… Тўхтанг, тўхтанг, бу ҳали ҳаммаси эмас. Руҳий азоб ўзининг ёвуз ишини қилмай қўймайди: шундан кейин шўрлик домланинг боши тебранадиган бўлиб қолади, тил ҳам андак заха ейди: айниқса ҳаяжонланиб кетган чоғлари домла дудуқланадиган бўлиб қолади. Йўқ, маъруза пайти бу унчалик сезилмайди, домланинг довдирга ўхшаб ўзи савол бериб, ўзи жавоб қайтараверишини айтмасак, тузук, чидаса бўлади…
Мана шунақанги ғозсиз, лекин бора-бора ҳаттоки ҳамкасбларим ҳам ишониб қолган олди-қочди гаплар. Менга ер остидан ачиниб қарайвериб, қанча ёш мутахассисларнинг кўзлари ғилай бўлиб кетди. Ваҳоланки…Тап-тайёр қўлёзмани ўғирлаб кетган эмиш! Яна ким, энг яқин дўстим!..Лақмалик ҳам эви билан-да.
Тўғри, мен илмий иш қилиб юрган пайтларим ҳали компьютер деган мўъжиза йўқ эди. Аммо компьютердан минг чандон кучлироқ, тезроқ,сифатлироқ ишлайдиган миям бор эди, миям! Наҳотки шу миямга олтмиш бет машинка матни билан бир юз йигирма тўққизта формулаю, ўттиз саккизта диаграмма-графикни жойлаб қўёлмасдим! Ўша пайтлари…ярим кечаси уйғотиб сўранг эди,қўлёзмамнинг исталган саҳифасидаги исталган сатр бошидан ёддан ўқиб кетардим то тўхтатмагунларича.
Формула-графиклар-ку, инчунун. У пайтлари мен учун дунё фақат менинг формулаларим ва диаграммаларим билан тирикдай, ранглидай эди. Акс ҳолда охир замон бўлиши керак эди, фақат оқ ва қора ранглардан иборат ғариб курраи заминда қиёмат-қойим қўпиши керак эди… Булар бўлса мени оғзидаги тайёр ошини ўғирлатиб ўтирган ландавур-латтачайнарга,паришонхотир лақмага чиқаришяпти. Ана шундан кейингина ларзага тушганмишман! Сочларим оқариб кетганмиш! Бошим лиқиллаб,дудуқланадиган бўлиб қолганмишман! Тўқи-я, тўқи… Ўзингиз ўйланг,инсоф билан айтинг, ишониб бўладими шунақа гапларга? Буларнинг бари… буларнинг бари ўша ҳаётни билмайдиган телба ёзғувчиларнинг тузсиз фантазияси маҳсули. Ишонаверинг, худди шундай. Аниқ ёдимда, ўша машъум воқеадан бир йилча бурун бизни факультетдан мажбурлаб театрга олиб боришди. Томоша кўрдик. Воқеани қаранг: бир архитекторнингми, инженернингми чизмаларини ўртоғи ўғирлаб кетаркану, ўзиники қилиб оларкан. Энди бу архитекторми-инженер “оҳ” дейди саҳнанинг ёғоч полини ғижирлатиб у ёққа юради, «воҳ» дейди бу ёққа юради. Охири чидай олмаган бўлғуси олимлар ўзаро шивирлашишга тушдик: “Калласи борми бунинг? Шунгаям ота гўри қозихонами? Қайта чиз-қўй-да. Шуям муаммоми, галварс…” Аммо биз бўлғуси олимлар тушунган оддий ҳақиқатни шўринг қурғур ёзувчи тушунмаган экан денг, қаҳрамонларини нақ бир ярим соат оворайи сарсон қилди. Ора-сира ўтли монологлару ҳайқириқлар ҳам янграб қолади денг, баайни тўртта ватман қоғозидаги чизманинг эмас, бутун бошли мамлакатнинг тақдири ҳал бўлаётгандек.
Хуллас, ҳавога совурилган вақтимизга ачина-ачина театрни тарк этарканмиз, бир дўстим – бу ўша, кейинчалик мени уқубатларнинг тубсиз жарига ирғитган, устимга чиқиб топтаган, хор қилган, зор қилган разил кас эди! – айтиб қолдики, буниси ҳали ҳолва, ўттизинчи йиллари чиққан шунақанги пьесада бир ёт унсур бўлган қиз заводни қулфлаб, калитини ҳалиги жойига, хуллас, одамнинг ақли бовар қилмас жойга яшириб қўяди. Натижада завод ишдан тўхтайди… Буни шууримизга сиғдиролмай, онг- тонг қолганимизни кўрган дўстимиз дарров айбни ўзидан соқит қилишга шошди: менга ишонмасаларинг, Қаҳҳор деган ёзувчининг эсдаликларини ўқинглар… Ҳа, шунақанги доғули эди у, йиқиладиган жойига олдиндан кўрпа тўшаб қўярди, ишигаям, сўзигаям ҳамиша бировларни қалқон қиларди, ўзи қўй оғзидан чўп олмаган, бузоқнинг ҳақи бор деб сигирнинг сутини ичмайдиган фақир ва ҳаттоки жабрдийда мисоли панада қолиб кетаверарди…
Ваҳоланки, айнан ўша кас мени расвойи раддибало қилди! Ҳа, у ўғирлади, фақат қўлёзмамни эмас, у менинг келажагимни ўғирлади, у менинг орзуларимни ўғирлади, у менинг одамлик сиёғимни ўғирлади, у менинг “мен”лигимни ўғирлади, ўзимдан ўзимни ўғирлади! У бир лаҳзада мени, осмонда, булутлар бағрида учиб юрган жўрасини шартта гирибонидан тутди ва пўрсиллаб ёрилиб ётган қаттиқ заминга шунақанги гурсиллатиб урдики, суяк-суякларимга қадар майдаланиб-парчаланиб, миямнинг қатиғи отилиб кетди, бу зарбанинг асорати ҳали-ҳануз ҳаётимни заҳарлаб келади: баайни “чўрт” этиб синган суягимнинг ёрқаси асаб толаларимни аёвсиз тилаётгандек чидаб бўлмас азобда қоламан; не макон, не замонда умргузаронлик қилаётганимни англаб-англамай, атрофга нолон боқаман; милён тонналик улкан тош устимда, мен эса торгина ёриққа тиқилиб қолган одамдай нафасим қайтади, оғзимни каппа-каппа очаман, аммо бу наф бермайди, гурсиллаб ураётган юрак кўкрак қафасимни ёриб чиқиб кетгудай катталашаверади-катталашаверади, мана, мана, ҳозир, оний сониядан сўнг ҳаво тўлғазилаётган шардай пақиллаб ёрилади…

II

Кимгадир ёқар лола…
Кўнгилга буюриб бўлармиди. Ҳатто гап аниқ фанлар хусусида кетганида ҳам.
Институтни битириш арафасида, мен кутилмаганда Пуанкаре гипотезасининг шайдосига айландим. Гипотезани жўнроқ тилда ифодалашга уриниб кўраман. Жисмларнинг ҳандасавий хусусиятларини ўрганувчи топология деган фан бор. Пуанкаре гипотезаси эса айнан шу фаннинг марказий муаммоси. Яна бир муҳим ҳолат: тадқиқ этилаётган жисмлар оддий эмас, балки сиқилганида, буралганида, чўзилганида ўзгармайдиган жисмлардир. Бирон нимани тушундингизми? Йўқми?
Унда янада соддароқ йўсинда изоҳ бериб ўтай. Агар уч ўлчамли сирт қайсидир жиҳати билан икки ўлчамли сферага ўхшаш бўлса, демак уни мана шу сферага текислаш мумкин. Дунё пайдо бўлишидаги мураккаб жараёнларни ўрганишда ҳамда оламлар шакли ҳақидаги саволларга жавоб беришда ўта муҳим аҳамиятга эгалиги сабабли бу гипотезани баъзан “Коинот формуласи” ҳам дейишади. Энди тушундингизми? Яна йўқми? Ундай бўлса сиз оддий финжоннинг тешиккулчага айланишини, аслини олганда эса бу иккаласининг чўзилувчан ҳандаса назариясига кўра бир нарса эканини тасаввур этоласизми? Бўлди, бас, шу жараённи сал-пал бўлса-да тасаввур этаркансиз, демак гипотезанинг мазмун-моҳиятини бемалол англаб оласиз. Вақти келиб, албатта. Аслини олганда-ку, мутахассис учун 1904 йили фаранг математиги Анри Пуанкаре томонидан илгари сурилган гипотезанинг моҳиятига тушуниш унчалик қийин эмас. Аммо уни исботлаш, ечиш… Ахир тоғнинг тоғ эканлигини кўрасиз, унинг бағрида милёнлаб тонна руда борлигини билиб ҳам турасиз, аммо бу кўриш-билиш сизга шартта бориб тоғ бағридан бир қоп олтин ёмбисини кўтариб олиб чиқиб кетиш имконини яратмайди-ку. Математика сизга “Сим-сим, очил!” эмас… Гипотеза соддаликнинг буюк тимсоли эди гўё. У мана шу жозибаси билан ҳам ўзига мафтун этарди. Баайни саҳар палла, биллур ҳовузда чўмилаётган жойида сиз илоҳани учратиб қолдингиз, аммо у эсанкиради, чўчимайди, билъакс, сизга андаккина ҳаёсизлик ҳам аралашгандай туюладиган ноз-карашмалар, сирли имо-ишоралар қилади, бундан жўшиб кетиб, юрагингиз гупиллаб урганча “Худо бериб қолди- ёв” дея ҳовлиқиб-энтикиб ёнига чопсангиз, қиқирлаб кулганча шартта самога кўтарилади-кетади. Ахир у ўз номи билан пари-да: кўкда яшайди, нари борса зериккан чоғлари гуноҳкор бандаларга истиғно қилиб қўяди, барибир буларнинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини билиб туради, билиб туриб яна шу ишини қилади, хом сут этган гумроҳ одамларнинг устидан маза қилиб кулади: унисини қари деб ҳурмат қилмайди, бунисини ёш деб иззат қилмайди. Бундоқ паривашни маҳкам ушлаб олиб, тўшига босадиган ёвқур йигит фақат чўпчакларда ё бўлмаса Усмон Азим деганга ўхшаш хаёлпараст шоирларнинг шиғирларида учрайди. Бироқ Пуанкаре гипотезаси мана шундоқ илоҳий висолни сизга нақд қилиб қўяди: марҳамат, ечимни топинг, исботланг, учиб кетаётган пари қизнинг силлиқ оёқларига тушов ташланг, уни аста-секин тортиб олинг ва қарабсизки… сизга беадад ҳайрат кўзи билан қараётган, сизга сиғинаётган илоҳа қучоғингизда тўлғаниб турибди-да. Бундан ортиқ бахт борми инсон учун! Шаксиз, бу айтишга осон. Илло неча-неча йиллардан бери не-не билимдонлар, фан докторларию академиклар енг шимариб ишга киришишади, аммо барибир гипотезани исботлай олишмай, мағлубиятни тан олган ҳолда, бошлари хам, қалблари тўла ғам, майдонни бирин-кетин тарк этишади.
1934 йили инглиз Жон Уайтхед “Гипотезани исботладим” дея ҳаммаёққа жар солишга шошди. Аммо тез орада ўз ечимида хато борлигини сезиб қолди ва дарҳол айбини бўйнига олди. Кейин саҳнага америкалик Бинг чиқиб келди. Афсуски, унинг топганлари гипотезанинг ўзидан бир неча баробар мураккаброқ эди. Навбат грек Папакириакопоулосга етди. Аммо ўн йиллик оғир меҳнатнинг самараси кутилган натижани бермади. 1961 йилдан бери Смейл фамилияли бир олим бу мавзуда қаттиқ изланиш олиб бораяпти деб ўқидим. Аммо натижадан дарак йўқ. Бунинг устига у 1976 йили Принстонда саратон хасталигидан вафот этганмишми-ей…
Санаб ўтганларим, албатта, денгиздан томчи эди. Ахир биргина Париждаги Пуанкаре институтида не-не оқил ва оқила зотлар бу муаммо устида неча йиллардан бери тинмай бош қотириб келишаётгани ҳам бор гап-ку. Шунга қарамасдан, кўнгил-да, мен ҳам шу майдонга кирмоқни, кучимни синаб кўрмоқни ихтиёр этдим. Ҳали ёш эдим, романтика юракни тарк этиб улгурмаганди, миям ҳам бутундай туюларди ўзимга. Мен шу мавзуда китоб кетидан китоб ўқий бошладим, кутубхонага танда қўйиб олдим. Ўқиганим сайин гипотезанинг исботи нақадар мураккаблигини тушуна бордим. Аммо бу ҳол менинг ғайратимни оширарди, холос.
Номзодлик мавзуси сифатида Пуанкаре гипотезасини танламоқчи бўлаётганимни эшитган илмий раҳбарим кўзойнаги устидан менга худди ўзга сайёрадан келган душман махлуқотга қарагандай олайиб қаради, сўнг сўради:
– Бу соҳада қанча фан доктори, академик борлигини биласизми?
Мен тахминан билишимни айтдим.
– Унда яна бир нарсани билиб қўйинг, йигитча, – деди раҳбарим сўнгги сўзни алоҳида таъкидлаб. – Мана шу илмий потенциалнинг камида ярми умри давомида ҳеч бўлмаса бир марта сиз айтаётган ўша гипотезага қўл уриб кўрган ва охир-оқибат уни ечимсиз масала сифатида қолдирган.
Мен ўз фикримни билдиришга журъат этдим:
– Лекин унинг ечими бор-ку. Ечимсиз гипотеза бўлиши мумкин эмас.
Гапга уста раҳбарим бўш келмади:
– Албатта бор. Ечим тухумнинг ичида, тухум сандиқда, сандиқ ертўлада,ертўла эса, – раҳбарим кўкка ишора қилди, – ҳов анави ёқда. Баланд дорга осилиб бўйнингизни синдириб юргандан кўра, йигитча, аниқ амалий иш билан шуғулланинг. Давлат сизга сароб ортидан югурсин деб пул бериб қўймайди! Узоқдаги қуйруқдан яқиндаги ўпка яхши. Агар шунчалик ақлингиз зўр экан, ҳеч ўйлаб кўрмадингизми, наҳотки шунақанги абсурд мавзуни Илмий Кенгаш сизнинг номзодлик ишингиз сифатида тасдиқлаб  берса? Ҳеч қачон бундай бўлмайди, йигитча, ҳеч қачон! Дарҳақиқат, бу залворли даст ак эди. Илмий Кенгаш барибир раҳбаримнинг қош-қовоғига қарайди… Ноилож бўйин эгдим:
– Қандай маслаҳат берасиз, устоз?
Раҳбарим ўшшайиб тураверди-тураверди, ахийри ёрилди:
– Майли, тиш кавагимда асраб юрган бир мавзу бор эди. Ўшани сизга бағишладим. Илмий Кенгашдан ўтказиб бериш кафолати билан. Қарабсизки, икки йилда геометрия-топология мутахассислиги бўйича физика-математика фанлари номзоди бўлиб турибсиз-да.
Ў, Худойим, бу “бағишлаш”лар ва “кафолат”лар ортида нима турганини билмасам экан!.. Аммо нима қилай. Сал саркашлик қилсам, раҳбарим тўнини тескари кийиб олади, ана ундан кейин хайр, аспирантура, хайр,илмий иш! Одатдагидек, ёмонликнинг бундайроғини  танлашга тўғри келди.
Раҳбарим устомонлигидан ташқари айёр ҳам эди. Математик ҳандаса соҳасида ўзимиздан чиққан мутахассислар бармоқ билан санарли эканини яхши биларди. Шу сабаб Лобачевский, Александров, Погорелов,Бакелман, Вернер, Кантор, Ефимов, Позняк, Шикиннинг изланишлари ҳақида ярим соат маъруза ўқигач, – устозим совға-саломни шу тариқа ҳалоллаб оларди, ҳар қалай, буям виждонга сув сепиб қўйишнинг бир воситаси бўлса керак-да, – алоҳа менга Галилей фазосининг циклик сиртлари бўйича тадқиқотни бошлаб юборишим мумкинлигини айтди. Шубҳасиз, бу ҳам жуда қизиқарли мавзу эди. Айниқса Долгарев билан Мартинецнинг кейинги йилларда чоп этилган баҳсли мақолаларини эътиборга олсак. Тишимни тишимга босганча номзодлик ишимга киришдим.
Мен қаттиқ меҳнат қилардим. Математиканинг барибир ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайдиган ўз оҳанрабоси бор-да: бир пасда ўзига тортиб олади-қўяди. Айниқса уч ўлчовли Евклид фазосида эришилган ечимлардан сўнг яримевклидли фазо геометрияси очилмаган қўриқ бўлиб турарди ўзиям.
Аммо барибир Пуанкаре бошқача эди-да. Бу мавзу гўё биринчи муҳаббат сингари сира қалбимни тарк этмас, аксинча, тобора унинг қат-қатига чуқурроқ кириб бораётгандай эди. Азалдан интизомни яхши кўрардим, ҳар бир соатда нима иш қилишимни аниқ белгилаб олишга ҳаракат қилардим. Шу сабабли, ҳеч чидай олмагач, уйқуни тенг ярмига қисқартирдим-да, тежалган вақтимни гипотеза исботини топишга бағишладим.
Ў, бу ҳаётимнинг энг ёрқин, энг мазмунли, энг шодон, энг ҳайратларга тўла кунлари эди. Ётоқхонада яшардим. Ўлгудай чарчардим, гоҳида ҳатто чой дамлаб ичишга ҳам ҳолим етмасди, баъзан суткалаб туз тотмасдим, пулим бор пайтлари картошка қайнатиб ердим, ишга кетаётиб портфелимга иккита қайнатилган тухум солиб қўярдим: шу менинг тушлигим бўларди…
Бироқ мен бахтиёр эдим. Зеро асосий ишим миллиметрма-миллиметр, заррама-зарра олдинга силжиётгандай эди. Ҳориган чоғларим эмаклаб бўлса ҳам мақсад сари интилардим, қўлларимдан мадор кетганида ерни  тирноқларим билан кавлаб бўлса ҳам илгарига силжирдим. Илло, илло олдинда, олис уфқ ортида бўлса ҳам ненингдир шамойили кўриниб қолаётгандек, нимадир ўзига чорлаётгандек эди. Тунлари қандайдир сирли шивир-шивирларни эшита бошладим, тонглари сарин шабада тўлқинида нафис, шудрингга чўмган майин либос юзимни силаб ўтарди. Мен ҳатто  буни овоз чиқариб айтиш у ёқда турсин, ўйлашга ҳам қўрқардим: наҳотки, наҳотки…

III

Вақт, вақт, вақт… У бунчалар тез ўтади? Қаёққа бунчалар шошади? Бу қаттол шиддат инсон умрини тушга, рўёга айлантириб қўймайдими? Ухладинг-у, уйғондинг. Қисқагина давом этган тушингда эса бутун умрингни кўрдинг.
Бунчалар шафқатсизсан, вақт…
Етти фарзандли хонадоннинг тўнғичи эдим. Бир куни уйга борсам,аллақачон йигирма олтига кириб қўйганлигимни кескинроқ оҳангда писанда қилишди. Катта синглимни-ку, турмушга узатгандик, аммо укаларим ғингшийвериб безор қилиб юборишди. Жон-жон деб уларга йўл берай десам, ота-онам кўнмайди: нима эмиш, шусиз ҳам овулда мен  ҳақимда “ҳалигача бир боши иккита бўлмаган, бир балоси бор-ов, ахир бу тенгиларнинг боласи мактабга бораяпти” қабилида гап-сўзлар юрганмиш, агар бундай қилсам, ўша миш-мишларга пишанг берган бўларканман.
Дарвоқе, уйланиш борасида менда муаммонинг ўзи йўқ эди. Балки шу сабаблидир, бу масалага унчалик аҳамият ҳам бермабман. Яъниким отам кўп йиллар бурун, яқин жўрасиникига меҳмондорчиликка борганида унинг пилдираб чопиб юрган, мендан тахминан беш ёшлар кичик  қизчасини кўриб қолади ва “Кел, қуда бўлайлик, шу қизингни тўнғичимга обераман”, дейди. Хуллас, гарчанд бориб қулоғини тишламаган бўлсам-да, ўзига хос бешиккертти. Орадан йиллар ўтди, отамнинг жўраси вафот этиб ҳам кетди. Аммо отам “Лафз ҳалол, мен ваъдамни бажараман, бўлмаса жўрам гўрида тик туради, у ёққа борганимда ёқамдан олади”, деб туриб олди. Хуллас, ким бориб кўриб келса “сочи узун” деб таърифлайдиган бу қиз неча йилдан бери ўша узун сочини ўриб, келган совчиларни қайтара- қайтара, тенг-тўшлари ўтириш-пўтиришларга чақирса ҳам чиқмасдан, каминани кутиб ўтирган эди.
Ўй-хаёлим Пуанкаре билан яримевклидли фазо ҳандасасида эди. Учрашувга чиқиб ўтирмадим. Шунча одам мақтаяптими, ҳар нечук, узун сочидан ўзга ҳам фазилатлар ҳам бисёрдир бўлғуси рафиқамда.
Ота-онанинг фарзандини уйлантириши фарз дейишади. Аммо мен бу “фарз”нинг қанчалар азобли, асабий тарзда кечишини ўшанда кўрдим. Тўй мени ён-атрофга реал кўз билан, ҳушёрроқ қарашга ўргатди, бошқачароқ айтадиган бўлсам, бирданига улғайтириб ҳам қўйди. Мен ўшангача ростдан ҳам романтик ўй-хаёллар оғушида “нон”ни “нанна” деб юрганимга ишонч ҳосил қилдим.
Институтда кичик илмий ходимман, маошим етмиш рубль. Тўй эса аждаҳо мисоли оғзини очиб турибди: етмиш рубль нима деган гап, одамнинг кулгисини қистатманг, минг рубль ҳам урпоқ бўлмайди… Ота- онамнинг, укаларимнинг қарз излаб елиб-югуришларини кўриб иссиғим чиқиб кетади, хижолатдан ўзимни қаерга қўйишимни билмайман. Яна ажабланаман: шунча ташвишларга, пул илинжида одамнинг ғурурини ер билан битта қилиб ташлайдиган бўйин эгиб туришларга, ҳали тўй бошланмасидан бурун қуда тараф билан тўрт газ мато устида жиққамушт бўлишларга, ҳалитдан у томон вакилларига – бежиз “душман томон” дейишмас экан шекилли – олайиб, “Бир амаллаб келинни тушириб олайлик! Кейин кунларингни кўрсатамиз!” дегандай ўқрайиб тикилишларига қарамасдан барибир улар бахтиёр эдилар. Минг уринсам ҳам, буни мантиқий жиҳатдан асослаб, тушуна олмадим. Ҳар нечук, укам айтганидек, шаҳарда илм ортидан қувиб юравериб оёғим ердан узилгани, урф-одатларимизни унутиб қўйганим рост шекилли. Мана шу хижолатпазлик асорати бўлса керак, тўй оқшоми игна устида ўтиргандек безовталаниб, ўртада ернинг чангини кўтарганча, астойдил ўйнаётган хеш-уруғларимга, яқинларимга мияси олиб ташланган қўйдек анграйиб  термулиб ўтиравердим.
Чимилдиқда кўрдим: рафиқам сарғишдан келган, новчароқ қиз экан. Сочи, таърифланганидек, тақимини ўпмаса-да, белидан пастга тушиб турарди. Мен ҳар бир инсонни Коинот мўъжизаси, гултожи деб биламан. Инчунин, ҳар бир инсон азиз ва мукаррам. Мана шу ақида таъсирида ўсганман. Бўлғуси умр йўлдошимга ҳам шундай муносабатда бўлдим.
Ахир бу қиз уйдагиларининг ихтиёрини ўзи учун қонун деб билган, неча йил сарғайиб, умид-ишонч билан мени кутган, кўчада тенгдошлари билан ўйнаб-кулиб юрмаган, боғларда бегона йигитлар билан қўл ушлашиб  сайр қилмаган. Мана шу келтирган қурбонликлари эвазигаёқ мен унга рисоладагидек эр бўлишим лозим ва жоиз эмасми? Илло, ўз бахти йўлида  ихтиёрий равишда қабул қилинган ҳар қандай чеклов алал-оқибат муносиб мукофотланиши керак эмасми? Мана шу туйғулар таъсирида бўлса керак, рафиқам кўзимга оловдек кўриниб кетди. Тепада Худо шоҳид, уйланганимга қадар ҳам, уйланганимдан кейин ҳам хотинимга хиёнат қилмадим, шундай имконият туғилганида эса, ўзимни олиб қочдим. Кўз очиб кўрганим умр йўлдошим бўлди.
Тўшак масаласида сал тортинчоқроқман. Билмадим, янгалари қандай йўл-йўриқ кўрсатишган, қандай сабоқ беришган, хуллас, қовушганимиздан сўнг, аёллик остонасини ҳатлаб ўтган рафиқам чойшабни кўрсатишдан ташқари бошимдан илиқ сув қуйиб, ювинтириб ҳам қўйганида, рости, қувончдан кўзларимга ёш келди, уялганидан бош эгиб турган хотинимни беихтиёр қучиб олиб, қулоғига ҳаяжон билан шивирладим: “Биз бахтли бўламиз, жоним…” Назаримда, шак-шубҳасиз шундай бўладигандек  ҳам эди. Таассуфки… Мен кейинчалик сўнгги сўзни бирон марта хотинимнинг қулоғига шивирлаб айтмадим, айтолмадим. Ҳатто ўзим истаган тақдиримда ҳам дилимдан ўчиб кетган бу сўз тилимга қайта  ситилиб чиқмади.
Орадан йиллар ўтди. Мен ҳар замон-ҳар замонда ўзимни чимилдиқда, келинчак ювинтириб қўяётган куёв сифатида тасаввур этишга уринаман, аммо буни эплолмайман, қайлардадир олисда қолган ғира-шира манзаралар янада хиралашади, туссизлашади, уларнинг ўрнини шафқатсиз  воқелик эгаллаб олади-қўяди…
Ўша тонгда эса… етмиш икки томирим бўшашиб, оғзимнинг таноби  қочган ҳолда, табиатнинг никоҳ, эр-хотинлик аталмиш тилсимотларига шукроналар айта-айта ўтирган маҳалим эди. Қайнонам кириб келди хонага. Бир амаллаб салом бердим. Қайнонам ўтирди. Ўзи билан олиб келган урчуғини йигира бошлади. Ҳа, аниқ эсимда бор, худди шундай  бўлганди. Иккинчи онамга недир яхши гаплар айтгим келди. Ахир, шундай қизни  вояга етказган, авайлаб-асраган, чанг ҳам қўндирмасдан, менга олиб келиб тутқазган. Шу сабабли бўлса керак, қайнонам ҳол-аҳвол сўраш асносида “Қизим яхшими” деб қўйган маҳал, мени нима жин урди, тилимни қайси қарға чўқиди, билмайман, рафиқамни бир мақтаб қўяй деган ниятда  талтайиб:
– Қизингиз ёмо-он… – десам бўладими!
Ҳа, ҳа, “ёмон” демадим, “ёмо-он” дедим, балки бундай бўлишини билганимда, “…зўр” деган сўзни ҳам қўшиб кетардим.
Умуман, менимча, кўп ҳолларда сўзларнинг ўзидан кўра уларнинг  айтилиш оҳанги, ифода муҳимроқ. Сўз шакл бўлса, оҳанг – моҳият. Ҳамма  гап моҳиятда, ахир. Шундай эмасми? Ахир шоир ҳам ўзининг севгилисига  қараб, “Эҳ, қани энди дунёда яна бирон қиз сени мен каби ёмон кўрсайди”,  дейди, “яхши кўрсайди” демайди. Илло ўша қиз ошиғига “ёмон кўраман”  деб туриб аслида “яхши кўраман” деган, гап оҳанги билан айтган. Шоир  буни тушунган. Аммо қайнонам тушунмади.
Ўзим кўрдим: олтмиш ёшли кампирнинг юзи бирдан қийшайиб, қаҳрли тус олди, кўзлари чақчайди. Бир юмалаб, эртаклардаги бурни узун ялмоғиз  кампирга айланган қайнонам нафрат билан қарғанди:
– Қизим ёмон бўлса, яхшисини топиб ол!
Мен ҳали жавобга, ўзимни оқлашга оғиз жуфтлаб улгурмасимдан  қайнонам шартта ўрнидан турди ва хонадан чиқди-кетди. Йўқ, шунчаки  чиқмади, эшикни қарсиллатиб ёпиб чиқиб кетди.  Қовун тушириб қўйганимни англадим. Ўнғайсиз қилиғи учун тарсаки еган боладай юзим уят ва номусдан ловуллаб ёнарди. Нимадир қилиш керак эди. Аммо нима?
Довдираб қолгандим. Мен то мулоҳаза юритиб, бирон қарорга келиб улгурганимча эса ғишт қолипдан кўчиб бўлганди: қизининг хонасига кириб, эшикни ичкаридан қулфлаб олган қайнонам янги келинчак билан тушга довур тарбиявий соат ўтказди. Ва… ва шу билан ҳаммаси тугади.
Кекса аёл нима деса дегандир, аммо хайр-маъзурни ҳам насия қилган онаси жўнаб кетганидан сўнг ичкаридан юлқиниб, ранги бўзариб чиқиб келган рафиқам биров билан уришгудай важоҳатда эди. Бу қиёфа уни анча-мунча хунук кўрсатарди.
Бу дунёда эркак киши учун энг оғири – ўзини оқлаш. Айниқса қилмаган  гуноҳи учун. У пайтлари хотинимнинг юзида сал-пал ҳаё пардаси бор эди. Шунгами, хайриятки шанғилламасдан, аммо заҳарли сўзларни тишлари  орасидан битта-битталаб чиқарган кўйи, бошимга маломат тошлари  ёғдиришга тушиб кетди: “Боринг ўша яхшиларингизнинг олдига! Биз энди  ёмон бўлиб қолдик-да, а? Ишингиз битгандан кейин… Ўзимам билувдим-а, бир келиб хабар олмаганингиздан шаҳарда ўйнашларингиз кўплигини…
Онамнинг гаплари тўғри ўзи. Сиз мени ўқимаган деб менсимайсиз.  Лекин ўқиганлариниям кўраяпмиз. Бари бири-биридан баттар. Сиз ўшанақаларнинг орасида юргансиз-да…” На гапингни эшитадиган, на изоҳингга қулоқ тутадиган, дақиқасига ўттиз уч ўрнига, қирқ беш тезликда айланаётган пластинкадай тинмай жавраётган аёл олдида ўзимни қандай ҳам оқлай олардим? Бир-икки уриниб кўрдим, фойдаси бўлмади.
Хотинимнинг юрагимга наштардай санчилаётган ҳамма гаплари бир бўлди-ю, “Агар мен тегмаганимда.. мен тегмаганимда хотинсиз қолиб кетардингиз, юраверардингиз ўша бузуқларингиз билан, ўзингизам бузуқ бўлиб!” деган ҳақорати бир бўлди. Ё раб! Бу нима деган гап ахир! Ахир бу… менинг эркаклик шаънимни балчиққа қориш билан баробар эмасми?   Нега, нега у биринчи кечадан кейиноқ менга умр йўлдоши бўлганлигини  таъна қилади? Нима, у бўлмаса мен бир умр бўйдоқ ўтармидим?
Кўзларим намланди. Беихтиёр кафедрамиздаги исми-жисмига мос лаборант Мунисани, унинг ҳуркак нигоҳларини эсладим. Кейинги пайтлари уни кўрсам, юрагим дукиллаб урадиган, этим ғалати жимирлашадиган бўлиб қолганди. Шунинг учун кафедрага боришни ҳам  йиғиштиргандим. Йўқ, йўқ, мен буни онгли равишда қилдим, мукофот  ёинки мақтов илинжида эмас. Бу воқеани эслагим келмайди. Аммо қайси  гуноҳим учун таъна-дашномлар дўли бунчалик устимга ёғилаяпти, шуни  тушунмасдим. Яна кимдан, тун бўйи қучоғимда бўлган, мен ўпган, мени  ўпган, ўзини менга бахшида айлаган, мени ювинтириб қўйган, мен ҳаяжон  билан “жоним” деб атаганимда юзини уялинқираб яширган аёлдан.
Кўнглим бирдан бўм-бўш бўлиб, ҳувиллаб қолди. Хотинимнинг  таъналаридан кўра бу гапларнинг нафрат ва ғазабга қоришиқ оҳанги мени  адойи тамом қилмоқда эди. Қачон улгурди у менга душман бўлиб олишга?  Қачон улгурди у менга бу қадар тийиқсиз алам билан қарашга? Нима, мен еб, у қуруқ қолдими? Қўйиб берса, ҳозирнинг ўзида мени пичоқлаб ташлашдан, этимни хомталаш қилишдан ҳам тоймайдиганга ўхшайди.
Айбим, онасига айтган бир оғиз гапимми?.. Шуми оғиз тўлдирилиб  айтиладиган оилавий ҳаёт, шуми “эр-хотин – қўш ҳўкиз” деганлари? Яна ўзимча юрагим терак баргидай титраб, ич-ичимдан илтижо қиламан  денг: “Э Худо, ишқилиб бу гапларни ота-онам ё ука-сингилларимдан  биронтаси эшитиб қолмасин-да… Шарманда бўламиз-ку, шарманда…”
Синган кўнгилни чегалаб бўлмас экан.
Шу оқшом биз, бир кунлик эр-хотин, бир-биримизга тескари қараб ётдик. Хотиним-ку, тезда пишиллаб ухлаб қолди, лекин мен тонггача кўз юммай чиқдим. Бу мен кутган, айниқса биринчи кечадан сўнг ажойиб бўлишига ишониб қолган оилавий ҳаётга ўхшамасди…
Эртаси куни Пискуновнинг “Олий математика”сини ўқиб ўтиргандим. Хотиним бошимга келиб турди-турди, сўнг:
– Ўлдим-куйдим китобми? – деб сўради.
– Шунга ўхшашроқ, – деб қўяқолдим.
Рафиқам чўнтагидан ўқувчилар дафтаридан йиртиб олинган бир варақ  қоғоз чиқариб берди:
– Уни Тошкентингизга борганда ўқийверасиз. Аввал манавини ўқинг.
Бу рўйхат эди. Адашмасам, агар ғиж-ғиж имло хатоларини тузатиб  ўқисак, “Душанба холамнинг туғилган куни. Сешанба дугонамнинг тўйи. Чоршанба тушга аммамнинг уйида “нон синдирар”, кечқурун “қиз  чақирди”… мазмунида эди. Бу рўйхат синоатини сўрадим. Ёш келин-куёв  сифатида уларнинг ҳаммасига боришимиз керак экан. Табиийки, қуруқ қўл   билан сўппайиб кириб борилмас, арзирли совға-салом олиш шарт экан.
Рафиқам алоҳида таъкидлаб ўтди:
– Ёш келинман. Ҳамманинг кўзи менда бўлади. Уялтириб қўйманг.  Менинг уялганим – сизнинг ерга кириб кетганингиз бўлади-я.
Буни-ку, тушундим. Аммо нима учун ўзимизнинг тўйимизга тушган  совға-саломлардан бунақа жойларга олиб бориш мумкин эмаслигини асло  тушунмадим. Шунақа ирим бор эмиш: янги келин-куёвга берилган совға-  саломларга тегинилса, шу рўзғордан барака кетаркан, уруш-жанжалам  кўпайиб қоларкан. Бу мен учун олий математикадан ҳам қийинроқ масала  эди. Эътироз билдиришга уриниб кўрдим:
– Пул масаласи сал оғирроқ бўлиб турибди-ку…
Рафиқам қовоғини уйди:
– Бўйнингизга мажбурлаб о силиб ол магандим . Мард бўлиб  уйландингизми, энди бу ёғигаям чидаб беринг-да. Ахир икки бармоғимни  бурнимга тиқиб, шўппайиб кириб борсам уйимдагилар, қариндош-  уруғлар “Ўл бу кунингдан! Топганинг шу қурумсоқ бўлдими? Ўзинг  пиширган ошни энди айланибам, ўргилибам ичавер” дейишмайдими?  Устимдан кулишмайдими? Нима, биринчи кундан мени ер билан битта  қилмоқчимисиз?
Яна тушунтиришга уриндим:
– Ахир… йўқ нарсани қаердан топай? Уйдагиларнинг аҳволи маълум- ку. Тўй қилиб беришди…
Эшитганим илон пўст ташлайдиган гап бўлди:
– Тўйни пеш қилманг. Жа унақа мақтанадиган тўй бўлгани йўқ. Онам бечора уятларда ўлди… Сиз менга тўйни миннат қилгандан кўра жондай  холамнинг туғилган кунига нима совға қилишни ўйланг.
Буниси энди ҳаддан ортиқ эди. Жаҳлим чиққанини кўрган икки кунлик  келинчак йиғламсиради:
– Менга не-не казо-казолардан совчилар келишганди. Мен бўлса…
Энди нимадир дейишга бефойда. Шу сабабли иккала қўлимни  кўтардим-у, бош эгиб онамнинг ҳузурига чиқдим.
Кунда-кунора албатта бир тадбир чиқиб туради. Ҳақиқатан ҳам  шаҳарда яшаб, қишлоқ расм-русумларидан, урф-одатларидан йироқлашиб  кетган эканман. Унақа десам, бизнинг давримизда, мисол учун, аёллар туғилган кунларини бунақа тантанали нишонламасди, шекилли. Ё бола бўлиб, буни сезмаган эканмизми?

IV

Аввал “кичик чилла, қоронғида юриш мумкин эмас, узоққа бориш мумкин эмас”, дейишди, кейин “катта чилла”. Ишқилиб, қирқ кунча қишлоқда қолиб кетдим.  Шундан сўнг ота-онамдан рухсат олиб хотинимни шаҳарга олиб келдим. Институтнинг оилавий ётоқхонасидан каталакдай хона ажратиб беришди.
Мўлжаллаган ишларимдан анча орқада қолиб кетгандим. Графигимга етиб олишим керак. Бир томонда номзодлик иши, иккинчи томонда Пуанкаре менга илҳақ кўз тикиб туришарди. Энди белни маҳкам боғлаб, тадқиқотларимни давом эттиришга киришмоқчи бўлиб турганимда кутилмаганда, оёқ остидан катта бир муаммо чиқиб қолди.
– Ватан керак, – деди хотиним.
Аввалига бу гапнинг мағзини чақмадим. Шунда рафиқам изоҳ берди:
– Уй керак. Обшитада ҳам яшаб бўладими?
Бу талабни қулоғим тагидан ўтказиб юборишга ҳаракат қилдим. Нега  энди шунча одам яшаётган “обшита”да яшаб бўлмас экан? Бунинг устига, осон бўптими уй олиш? Отлиққа йўғ-у… Ана, навбатга ёзилиб қўйганман, бирон ўн йилларда бериб қолишсаям дўппимни осмонга отсам бўлади.
Бироқ хотиним мутаассибларча талабини такрорлагани-такрорлаган эди:“Ватан керак!”  Йўқ, шаҳарнинг сусти босдими, иккинчи ярмим бақириб-чақириб жанжал қилмади. Бунинг ўрнига дунёнинг жами ташвиш-ғамлари,  ваҳималари елкасига тушгандай бирдан қадди букчайиб қолди, сўнг  номаълум нуқтага тикилган кўйи лаблари титраб пичирлади: “Энди нима қиламан?.. Энди қандай яшайман?..” Баайни жами одамзот қирилиб,  улкандан-улкан дунёда ёлғиз ўзи қолгандек. Рафиқамни бу аҳволда кўриб,  юрагим туз сепилгандек ачишди, беихтиёр кўзларимга ёш қалқди. Ахир  у шўрлик уйим-рўзғорим, қолаверса мени деб шу кўйга тушаяпти-ку.
Жойлашганимизга тўрт кун ўтар-ўтмас қовоғини тўрвадай осилтириб  қайнонам кириб келди. Кампирнинг гаплари эса маълум:
– Мен ойдай қизимни бировнинг иргасида сарғайиб яшасин деб эрга  бермагандим. Юборганларингизнинг “Тошкентда саройдай ҳовлиси бор”, деган лафзига ишонгандим. Агар қизимни иккита одам келса, учинчиси кўчада кутиб турадиган бу товуқ катагида тиқиб қўйишларингни билганимдами… Ва ҳоказо, ва ҳоказо. Бу аҳволда ишлаб бўлмасди. Бу аҳволда яшаб  ҳам бўлмасди. Нима, совчилардан биронтаси бўлғуси куёвтўрани тарғиб- ташвиқ қилаётган маҳали айтиб юборган ўтриги учун мен бошимни  кундага қўйишим керакми? Ахир томчи тошни тешади; жигар-бағрингни ўйиб ўтадиган гапларга ҳам бир кун чидаш мумкиндир, икки кун, хўп, ана, нари борса уч кун, ана ундан кейин нима қиласан? Портлайсан-да.
Лекин мен… портламадим. Илло менга тинчлик керак, хотиржамлик  керак эди, майда-чуйда ғишавалар билан, ниманидир исботлашга уриниб  ўтказишга сарфлайдиган вақтимнинг ўзи йўқ. Шусиз ҳам қирқ кунимни  осмонга совуриб келган эдим. Мени қилинадиган бир олам ишларим,эҳтимолки, қанчалик дабдабали бўлиб эшитилмасин, умуминсоний аҳамиятга молик кашфиётим кутиб турарди. Шу боис бошимни янада қуйироқ эгдим ва ота-онам, ука-сингилларим, ҳаддим сиғадиган қариндош-уруғларим, дўст-биродарларимга қарз сўраб бордим. Ким берди, ким бермади. Уйланганим муносабати билан иш жойимдан моддий ёрдам, мукофот, жамоа йиғиб берган пул дегандай, ишқилиб, бир ой ичида тўрт минг рублга яқин пул тўпладим. Кооператив уй дегани бўларкан, бир хонали квартираси тахминан шунча тураркан. Шунақа квартира топилди ҳам, беш қаватли уйнинг бешинчи қаватида. Нима қипти, тўққизинчи қаватда яшайдиган бир танишим ҳазиллашиб айтганидек, “тепа”га яқинроқ.
Мен шошилардим. Бу ўзимнинг сира уқувим йўқ юмушларни тезроқ бир ёқли қилишни, номзодлик ишим билан гипотезага иложи борича тезроқ қайтишни истардим. Вақт кетаётганди, вақт!
Ёраб, ким айнитиб ёхуд ўргатиб улгурган, тасаввур этолмайман, аммо мутлақо кутилмаганда, баайни ёз осмонидан дўл ёққандай, рафиқам бир хонали “ватан”дан воз кечиб қолди. Бизга икки ёки уч хонали ва иложи борича иккинчи ёки учинчи қаватдаги “ватан” керак экан. Эътироз учун жуфтлаган оғзимни “Шу ҳолимда бешинчи қаватга қандай чиқаман, ярим йўлда бола тушиб қолади-ку! Сизга хотин, фарзанд керакми ўзи?” деган дастак шартта ёпди. Ҳар қалай, аёл киши эркакка нисбатан рўзғорни, оилани кўпроқ ва хўпроқ ўйлаши рост шекилли.
Бироқ бу истакни амалга оширишим учун тўплаганимнинг яна ярмича ақча топишим керак эди. Айтишга осон.
Ғалати даврда яшаётгандик. Қандайдир кооперативлар, ширкатлар ёмғирдан кейинги қўзиқоринлардай бодраб чиқаётир. Одамнинг суқи кирар даражада афсонавий даромад топаётганлар, партия взносининг ўзига минг-минг рубллаб тўлаётганлар… Бировнинг топгани эса ҳамиша кўзингга осмондан тушгандай бўлиб кўринаверади.
Хуллас, гапдан гап чиқди ва ўша жўрам мени биргаликда каттакон бизнес қилишга таклиф этди. Ўзи пишиб турган иш экан. Яъни пул мендан, ғоя ундан, даромад ўртада. Тиккан маблағим бир ярим ой ичида энг камида икки баробар бўлиб қайтиши кафолатли экан. Камида. Иш юришиб қолса, бемалол уч, ҳаттоки тўрт баробар ҳам ташлаб бериши  “икки карра икки – тўрт” сингари аниқ ва равшан аксиома экан. Бу мен учун айни муддао эди: бир ярим ой нима, “зув” этиб ўтади-кетади. Зато кейин… Қўл ташлашдим. Худо берса қулига, чиқариб қўяр йўлига, деганлари шу-да.
Энди ўша кунларимни қўрқинчли туш каби эслайман.
Мирзачўлнинг қоқ киндигидаги хўжаликнинг ярим хароба фермаси. Ҳовли пиёзга тўлиб кетган. Ҳаммаёқ пиёз. Биз, тадбиркорлик қилиб, катта пул топишга жаҳд қилган икки ўртоқ ва кунлик ишга ёлланган  ўттиз чоғли эркак-аёл эрталабдан қора кечгача бош кўтармай ишлаймиз. Ишимиз ажабтовур. Ҳар биримизнинг ёнимизда электр плитаси, плита етмай қолганларга дазмол ёки ичига олов ёқилган печкалар берилган. Биз пиёзнинг орқасини пичоқда шартта кесамиз-да, шу кесилган жойни қизиб турган плита ёки дазмолга босамиз, сўнг хирмонга ирғитамиз. Шундай қилинса, ўн беш-йигирма кунлик йўлда бу сабил чириб қолмас экан. Ахир  биз бу маҳсулотнинг нақ тўрт КамАЗини шу зайлда Россияга юбориш учун улгуржи сотиб олганмиз. У ёқда эса бир кило аччиқ пиёзнинг нархи… Эҳ-ҳе, эшитсанг оғзингнинг суви қочади, фойдани ҳисоблайвериб, бошинг айланиб кетади…
Тасаввур қилинг: кун иссиқ, ҳавода қилт этган шабада йўқ, биз ишлаётган тўрт томони берк саройнинг қуруқ ҳаммомдан фарқи қолмаган, бутун баданимиздан шувиллаб тер оқади, буям камдай, қўланса пиёз иси димоғимизга, кийимларимизга ўрнашиб қолган, ундан қутулиб бўлмайди.
Худо шоҳид, мен ҳатто биз ажратиб ташлаётган чиқитларни еяверган сигирлар сутига ҳам пиёз иси ўрнашиб қолганини ўшанда кўрганман. Эрталаб пиёздоғ билан ярим косадан сут, тушликка озгина серпиёз шўрва, кечқурунга яна пиёздоғ; тарашадай қотиб қолган қора буханка. Бармоқлар ачийди, кўздан дувиллаб ёш оқади, ўпканг юлингудай бўлиб йўталасан, бош айланади… Э, “дод” деб юборгиси келади одамнинг!
Икки ҳафта мана шу жаҳаннам азобида ўтди. Ахийри ишни тугатдик. КамАЗлар карвони жўрам бошчилигида “Қайдасан, Новосибир!” дея йўлга тушди. Енгил нафас олдим. Шу қадар зада бўлганимдан, пиёз деган нарсага бошқа умуман қарамайман, овқатгаям ишлатмайман, ҳатто кабобнинг устигаям септирмайман дея ўзимга ўзим онт ичган кўйи шаҳарга қайтдим.
Катта операцияни қойиллатиб қўйган бизнесмен сифатида бир ойдан кўпроқ жон-жаҳдим билан ўзим соғиниб қолган ишимни давом эттирдим, менга ора-сира ишонқирамай қараб-қараб қўяётган хотиним ҳам “миқ” этиб оғиз очмади. Бу энг самарали, саодатли кунларим эди. Номзодлик ишимни битирдим ҳисоб. Янги ғайрат билан Пуанкаре гипотезаси аталмиш “тотли тош ёнғоқ”ни чақишга ўтдим. Илло математикада ҳам  данагидан мағизи ширин, мағизи…
Кўнгил-да, ҳали уйланмаган чоғларим орзу қилардимки, эрта-бир кун бошим иккита бўлса, мени тушунадиган мунис бир аёл – йўқ, йўқ, мен лаборанткамизни назарда тутганим йўқ, асло! – ёстиқдошимга айланса, юмушдан ҳориб қайтган чоғларим уйга яқинлашганимни савқи табиийси билан сезса, дик этиб ўрнидан турса, ошиқиб эшик ёнига келса, табассумларга кўмилган кўйи “Чарчамай келдингизми, дадажониси?” дея кутиб олса, оҳиста қучса, иссиқ юзини юзимга босса, ёноғини ўпич учун тутса, портфелимни қўлимдан олганидан сўнг эса яна бир бор қучоқлаб қўйса… Дастурхон устида елкасини елкамга текказиб ўтирса, менинг ўз  юмушим борасидаги бош-кети йўқ гап-сўзларимни кўзларимга ҳайрат ила термулиб эшитса, мен билан ич-ичидан фахрланса, ғурурланса, мендан мўъжиза кутса, менга ишониб-топиниб яшаса… Мен аниқ фан вакилиман. Дунёнинг ўзи рақамлардан иборат. Буни мендан олдин айтиб кетишган. Мендан кейин ҳам айтишади. Умуман олганда эса, математикани  билмайдиган одам бошқа фанниям тушунмайди. Айниқса бунақа одам ўзининг жоҳиллигини билмай, унга даво изламай ўтиб кетиши ёмон. Йўқ, бу гапни мен айтмаганман. Етти юз йил бурун Бекон деган донишманд айтиб ўтиб кетган. Гапнинг пўсткалласиям шу-да. Инчунин, ким айтади  математикларга лирика ёт деб. Бу сира мақтаниш бўлиб туюлмасин, аммо ора-сира, шундай одамни энтиктириб-тўлиқтириб, телба юракни ҳаприқтириб юборадиган орзуларга умидвор асир бўлган маҳалларинг исмсиз аллақандай    туйғуларни уйқашроқ мисраларда ёзиб қўйгинг келиб кетадими-ей. Дейлик, шундоқ эшикни очсам-у… “Мени кўрган маҳали кўзлари чақнаб кетса, Нақш олмадай ловуллаб, юзлари яшнаб кетса…” Наинки уч-тўрт кун, ҳаттоки бир кунга қишлоққа кетган бўлса ҳам, у ёқдан сени соғиниб, учиб етиб келса,ўзини бағрингга ташласа; тунлар қучоғингда энтикиб “фақат сизникиман…” дея шивирласа, туйғулар пўртанасига дош бера олмай ҳўнграб йиғлаб юборса… Идеалда эса, ҳалиги ўрис шиғирчи хотин ёзганидай, бир лаҳзага хайрлашаётган бўлса ҳам худди асрларга ажрашаётгандай сенга соғинч билан тўймай термулса, қўлларингни кўкрагига босиб, маҳкам сиқса… Воқеликда идеал бўлмайди дейсизми? Бекор гап. Аслида ҳаётимизнинг ўзи идеалликдан, ҳайратомуз мукаммаллик қонуниятларидан иборат. Акс ҳолда дунё аллақачон чок-чокидан сўкилиб кетган бўларди. Мисол излаб узоққа ҳам бориб ўтирманг, мактаб даврида физика дарсида ёдлаган газ қонунларингизни эсланг. Хўш, бу қонунларнинг бари нимага татбиқ этилади? Ҳа, балли, идеал газларга. Аслида Пуанкаре ҳам тадқиқ этилаётган геометрик жисмни идеал деб билади…
Етар-а. Гапни орзумдаги аёлдан бошлаб, яна гипотезага олиб келиб тақаганимни қаранг. Қип-қизил бачканалик, тўғрими? Хаёл барибир ўз номи билан хаёл-да. Зеро, мен омадсиз ҳамжинсларим бир умр камина сингари мана шундай илинжлар алдовида ўтиб кетишларини ёинки уйдан топмаганини кўчадан қидиришларини кейинроқ тушуниб етдим.
…Кўчадан ҳовлиқиб келган хотиним жўрамни шаҳарда кўриб қолганини айтди. Ишонмадим. Аммо рафиқам ўзиникини маъқуллаб туриб олди. Шундай ишдан чалғитишганидан кўнглим оғриган бўлса-да, ноилож кийиниб, жўрамникига йўл олдим. Эшикни унинг ранги синиқ хотини очди. Кўнглим бир нимани сезгандай “шув” этиб кетди. Ичкарига кириб, бошини боғлаб ётган жўрамнинг ранг-рўйига бир қарашданоқ недир кулфат, бахтсизлик содир бўлганини англадим. Пиёз йўлда ириб, сув бўлиб оқиб кетибди… “Менга ишонмасангиз, шопирлардан сўранг, барисининг адресиям, телефониям бор. Лекин ўзимни уларга рўбарў қилманг. Ҳали йўл пулини берганим йўқ, кўришса, мени тириклай еб қўйишади, шунинг учун уйда биқиниб ўтирибман… Тўрт КамАЗдаги пиёзам оқди, худди менинг аччиқ кўз ёшимга ўхшаб оқди”, деди жўрам шўрқиллаб.
Мен тамом бўлдим…

V

Мен тамом бўлдим.
Бахтсизлик номард овчидай панада пойлаб тураркан: ўқи нишонга бир тегдими, ёввойи шавқ билан оғули пайконларини кетма-кет  йўллайвераркан. Шу пайтгача қандай чидаб юришган экан, ҳайронман, аммо бирданига иккита укам зудликда уйланадиган бўлиб қолишибди. Қўшалоқ тўй, қарзлар… Бу ёқда аламдан куйиб, қорайиб кетган рафиқам кўз очирмайди, мени бўшангдан олиб латтага солади, менга теккизиб-теккизиб ёмон қарғанади, орада йиғлаб-сиқтаб олади, сўнг ҳезланиб, жўрамнинг манзилини айтишимни талаб қилади, “ҳай-ҳай” демасам, бориб у бечораниям юлиб келадигандай. Қаёқдан хабар топган, эртасигаёқ доғули  қайнонам кириб келди тухумидан айрилган товуқдай ҳурпайиб. Она-бола менинг биттаям сўзимга ишонишмади…
Пешонамга битилган энг шўр, энг қора кунларим эди у кунлар…
Одам ўзини оқлай-оқлай, ахийри чарчаркан. Аммо яшаш керак эди. Ўша лаънати тўрт минг рублни жойига қўйиш керак эди. Укаларимнинг тўйига тузукроқ тўёна оборишим керак эди. Энг оғири – менга чирқираб ёпишаётган хотиним билан қайнонамнинг асабларимни аёвсиз эговлаётган, кўзимга дунёни қоронғи қилиб кўрсатаётган овозларини ўчиришим керак эди. Бир кўнгил: “Костюмни елкангга ил-да, чиқ-кет. Ҳаммасига тупур. Дунё кенг”, деди. Бошқа кўнгил: “Сен эркакмисан ё ҳажиқиз? Туғилажак зурёдингда нима айб? Оталик масъулияти борми сенда ўзи? Ўзинг тирик бўла туриб хотинингни есир, болангни сағир қилмоқчимисан?” деди. Ахир, мана, аҳволимни кўриб, рафиқам чидаб тура олмади: шу ҳолида бир амаллаб боғчага ишга кирди шўрлик. Энди юрибди болаларнинг иштонини ювиб. Рўзғор учун фидойилик бўлса шунчалик бўлар-да…
Ва мен бошимни янада қуйироқ эгдим…
Шундан сўнг нима бўлди, нима қўйди – ғира-шира эслайман. Гўёки шундан кейинги ўтган йиллар ичида мен яшамагандайман, ойнаванд қафас ичидаги олмахон мисоли тиним билмай, ўпкам бўғзимга тиқилганча ҳарсиллаб чопаверганман-чопаверганман.
Ёдимда қолгани шартта бетимни сидириб ташлашу, таниш-бегоналар олдига қарз сўраб бориш бўлди. Нечтасининг уйидан, ишхонасидан орқамдан ўхшатиб тепки егандай музтар аҳволда чиқиб келдим, санаб саноғига етолмайман. Мен ҳатто – ёраб! – нигоҳлари ҳуркаккина лаборантка қизимиз Мунисага ҳам юкиниб бордим. Билиб-сезиб турардим, бундан ортиқ пасткашлик йўқ эди, аммо… Ранги пахтадай оқариб кетган, менга хавотирланиб қараб-қараб қўяётган Муниса эртаси куниёқ икки юз рубль  билан тилла узугини олиб келиб берди. Дарвоқе, мен кейинчалик бу қарзни қайтаролмадим: тез орада Муниса ишдан бўшаб, бошқа жойга ўтиб кетди. Айнан қаерга ўтганини ҳеч ким билмади, ўзим суриштириб юришга эса на фурсат топдим, на ҳафсала қилдим. Жўрамдан умид қилиб тургандим ҳеч бўлмаса ярмини кўтарар деб. Аммо у кутилмаганда бошқа жойга кўчиб кетиб қолди. Бир-икки қидирдим, тополмадим. Орадан уч ойлар ўтиб, уни гўёки яп-янги “Жигули” машинасини учириб кетаётган ҳолда кўриб  қолган рафиқам қилди жанжал, қилди жанжал. Қорни қаппайиб қолган, бу қоринда ўзингнинг пушти камарингдан бўлган зурриёдни кўтариб юрган аёлнинг ички нафрат, ирганиш тўла таъна-дашномларини эшитишдан оғирроқ уқубат борми бу дунёда?! Ва бу азобга чидай олмаган асабларим дарз кетди, музлаган идишга қайноқ сув қуйилгандай чатнади: бир кечада сочим қордай оқарди, бошим ора-сира пружинкаси чиқиб кетган қўғирчоқнинг калласидай қилтиллайдиган бўлиб қолди, ҳаяжонланган маҳалларим дудуқланишдек бемаъни қилиқ пайдо бўлди. Ваҳоланки, мен талабаларга маъруза ўқирдим. Мана ўғирланган қўлёзмаю, унинг асоратлари хусусидаги афсона қачон пайдо бўлганди! Энг яқин дўстим қўлёзмани ўғирлармиш-да, дарров ҳимоя ҳам қилиб қўя қолармиш! Илмий Кенгаш менга тасдиқлаб берган мавзуни-я?..
Қолган хотираларим айқаш-уйқаш. Мен бу йиллар ичида мурвати бураб қўйилган, абадий ишга мўлжалланган қўғирчоқдай тинмай ишладим. Аввал икки жойда, кейин уч жойда. Эрталабдан портфелимни қўлтиқлаб маъруза ўқишга чопаман, тушдан кейин қурилишда, кечаси қоровулчилик; шанба-якшанба кунлари мардикорлик… Иш, иш ва яна иш. Пул, пул ва яна пул ташвиши. Ҳар сафар бирон қарзимдан қутуларканман, елкамдан шафқатсизларча босиб турган навбатдаги залворли юкдан қутулгандай енгил тортардим, озгина қолди-ку, ўшалар билан ҳам ҳисоб-китобни тугатиб олай, кейин ётиб олиб илм билан шуғулланаман, деб юпатардим ўзимни ўзим. Мавзу меники, уни ҳеч ким тортиб ололмайди, бунинг устига у тўқсон тўққиз фоизга битган. Пуанкаре эса… шунча йил кутган, яна озроқ кутиб турса ҳеч нима қилмайди. Улгураман. Албатта улгураман. Ахир атай ўзимни орқага ташламаяпман-ку. Ҳозирча мажбурман. Аммо оз қолди, жуда оз қолди, яна бир зўр берсам бўлди…
Бу орада “ватан”лик ҳам бўлдик. Рафиқам орзу қилганидек иккинчи қаватда, фақат икки хонали. Бир хона қарз бўлиб қолдим.
Бу орада, минг шукр, бир ўғил, бир қизнинг отаси бўлдим.
Бу орада бадқовоқ қайнонам раҳматли бўлиб кетди.
Бу орада Кембриждаги Клэй Математика институти учинчи минг йиллик учун математиканинг етти энг муҳим масаласи рўйхатини эълон қилди. Ҳар бир масалани ечган кишига бир миллион доллардан мукофот ваъда қилинди. Пуанкаре гипотазаси ҳам бу рўйхатда бор эди…
Бу орада мен билан бир пайтда иш бошлаган Аюпов йигирма етти ёшида фан номзоди, ўттиз ёшида фан доктори бўлди. Мен эса олтмиш ёшимда ҳамон катта ўқитувчи бўлиб, бир сўзни тўтиқушдай икки мартадан такрорлаб, талабаларга ўзим савол бериб, жавобини ҳам ўзим айтиб юрибман… Дарвоқе, яқинда бир танишимнинг номзодлик иши ҳимояси сабаб Аюпов раҳбарлик қилаётган институтга бордим. Президиумда ўтирибди қиличдай бўлиб. Пўрим. Кўзлар чақнаган. Сира қаримагандай. Агар ёнма-ён туриб қолсак, бизни ота-бола дейишлари эҳтимолдан холи эмас… Аюпов мен томонга бир-икки марта кўз ташлади, аммо танимади  шекилли. Қаёқданам танисин. Индамай ўрнимдан туриб, залдан чиқиб кетдим. Аюпов менинг ийиғи чиқиб кетган портфелимга қараб қолганини ҳис қилдим. Балки нимадир эслагандай бўлгандир…
Бироқ ўша куни менинг бошимга тушган шўришлар шу билангина тугаб қолмади. Институтнинг гилам тўшалган йўлагида кетарканман, девордаги зарҳал ҳарфлар билан “Бизнинг фахримиз” деб ёзилган доскага кўзим тушиб қолди. Институтнинг фахри бўлган олимларга шунчаки кўз ташлаб ўтаётиб, ногоҳ ток ургандай жойимда қотиб қолдим. Янглишишим мумкин эмас эди. Учинчи қаторнинг бошида Муниса турарди. Ҳамон ўшандай муниса, маъсума, ўшандай тортинчоқ, ҳуркак нигоҳли… Гўё  йиллар унга таъсир қилмагандай. Дир-дир титраб, аранг ўқий олдим: “Муниса Фалончиева. Физика-математика фанлари доктори. Фалон-фалон йиллари Теннеси университетида маъруза ўқиган…”
Институт биносидан қандай чиқдим, эслай олмайман…
Табиатда бўшлиқ бўлмайди. У албатта нима биландир тўлдирилади. Қанчалик тан олмасликка уринмайин, қанчалик қаршилик кўрсатмайин, жон-жаҳдим билан инкор этмайин, бироқ барибир табиат қонунлари қошида ожизлигимни ғира-шира бўлса-да идрок этиб турардим: онг- шуурни, тафаккурни бирданига икки томонга йўналтириб бўлмайди, икки кемага осилган ғарқ бўлади. Инчунун, ё илм, ё моддият! Унисидан эллик, бунисидан эллик фоиз олиб яшаб бўлмайди. Бунинг самараси чала туғилган болага ўхшаб қолиши ҳақиқатга яқинроқ. Инчунун, тирикчилик ғуборига тўлган мияни ярқиратиб тозалаб ташламоқ, унинг йўналишини  олдинга ўзанга қайтармоқ имконим хорижидаги иш эмасми…
Тан олай, болаларимдан умид қилгандим. Ҳар нечук, олма ўз дарахтидан узоққа тушмас. Бироқ рафиқам томонидан саркаш ўжарлик ва қатъият аралаш ишонч билан яратилган “бўшанг, ҳеч ишни эплолмайдиган, умри чақа санаб ўтаётган, бошқаларга ўхшаб бундай яхши яшашни ҳам билмайдиган” уқувсиз ота образи мен билан фарзандларим ўртасига ўтиб бўлмас хитой деворини ўрнатди. Шунда ҳам анча уриниб кўрдим. Аммо “икс”нинг кубидан оддий ҳосила ололмайдиган, логарифм билан интегралнинг фарқини билмайдиган болалардан буюк математик чиқмаслигини мендек уқувсиз катта ўқитувчи ҳам билиб-тушуниб турарди…

VI

Барибир, инсон умид билан, умид дарахти сўлганида эса, илинж ниҳоли билан тирик дейишади.
Мен ҳар сафар янги ўқув йилида янги талабаларга маъруза ўқишни бошларканман, дарс охирида битта саволни ўртага ташлайман. Одатда бу салгина мураккаб сўроқ бўлади. Яъни, мен билишга уринаман: шу аудиторияда ўтирган қора кўзлар орасида ҳеч бўлмаса биттагина фавқулодда салоҳиятлиси учраб қолармикан? Бу хатти-ҳаракатим лакмус қоғозини синаб кўришдай гап, албатта: қани, аудиториянинг ишқорлилик, яъни илм даражаси қанчалик? Кўнгил туб-тубида эса илинж: зора шунақа иқтидор чиқиб қолсаю… қолиб кетган ишимни, ҳеч бўлмаса гипотезани ечишга уриниб кўришни биргаликда давом эттирсак. Эҳтимол ёшлик ғайрати ва кексалик тажрибаси қўшилган жойда чинакам мўъжиза юз берар. Ахир, қатиқ тўкилгани билан ҳовончада юқи қолади-ку. Яқинда, ниҳоят фурсат топиб, қўлёзмаларимни диққат билан ўқиб чиқдим. Нимадир бордек, қалбни қоплаган кул орасида эса чўғлар милтираб қолаётгандек…
Афсуски, синовдан ҳар сафар ҳафсалам пир бўлавергач, охири бу бенаф машғулотни тугатсаммикан, деган ўйларга ҳам бора бошладим.
Аниқ эсимда бор, – мен ахир математикман, сонлар менинг кўзир қартам, – янги ўқув йилининг биринчи маърузасини иккинчи курс талабаларига ўқидим. Ҳали айтганимдай, математиканинг ўз оҳанрабоси бор-да. Дунёнинг математик асосдаги бу қадар изчиллиги, ақл бовар қилмас мукаммаллиги мени ҳамиша ҳайратга солади. Балки шу сабаблидир, маърузам якунланган сайин титраб, ҳаяжонга туша бошлайман, аммо бунинг оқибатида дудуқланиб қолишдан чўчиб, ўзимни ўзим назорат қилиб туришга ҳам уринаман. Ўша куни ҳам маърузам хотимасида доскадаги формулаларга ишора қиларканман, беихтиёр жўшқинлик билан:
– Агар Гаусснинг манфий чизиғи юзанинг эгарга ўхшашлиги билан боғланган бўлса, масала бутунлай бошқача тус олади. Эътибор беринглар-а,бутунлай бошқача! Бу нақадар қизиқарли! – деб юбордим.
Олдинги партада ўтирган талаба ёнидаги шеригининг қулоғига шипшиди:
– Худди сигири эгиз туққандай қувонишини!
Аниқ эшитган бўлсам-да, айни дамда бунақанги луқмаларга эътибор бериб ўтирадиган аҳволда эмасдим. Мени масаланинг синоати ўзига мафтун этиб бўлганди:
– Бу ерда энди ҳатто Лобачевский назарияси ҳам ёрдам беролмай қолади. Бу нима дегани? Бу энди ҳандаса илмида янги кашфиётлар яратила бошланди, де-дегани…
Дудуқлана бошладим. Бу ёмон аломат эди. Сал ўзимни босиб олдим-у, аудиторияга қарадим. Аммо биронта чақнаган, мен билан қўшилишиб ҳайратга тушаётган нигоҳни учратмадим. Ҳушёр тортдим. Кўнглим чопмай, ҳеч нарсага ишонмай турган бўлсам-да, соатимга қараб, қўнғироқ чалинишига уч дақиқа қолганини кўрдим ва доскадаги формулаларга ишора қилдим:
– Мана энди лемма 2.1.1.га эътибор қаратинг-а. Маълумки, Гаусс эгри чизиғининг бир қисми бирламчи квадрат шакл коэффиценти билан аниқланмайди. Демак биз “V”ни констант деб олсак, унда лемма бир нарсани очиқ-ойдин нима қилаяпти? Ҳа, кўрсатаяпти. Яъни юзадаги “V” констант бўлса, 0.1-формуладаги “D” ўз-ўзидан нимага тенг бўлиб қолади? Хўш?
Бу менинг лакмус қоғозим, яъни талабаларнинг илм даражасини аниқлаш юзасидан бераётган назорат саволим эди. Одатдагидай, талабалар жим. Мен қарасам, кўзларини олиб қочганлари қанча. Ажабланганимни яшириб ўтирмадим:
– Ахир бу шундайгина кўриниб турибди-ку. Болалар, сал диққат қилинглар.
Менга эмас, формулага қаранглар-а, формулага. Нақадар осон бу ечим. Озгина мантиқий фикрлаш керак, холос. Ахир биз ҳеч қўрқмасдан, мана, “v = cons” деб белгилаб қўйдик. Хўш, бу ҳолда 0.1-формуладаги “D” ўз-ўзидан нимага тенг бўлиб қолади?
Талабалар оғизларига сув солиб олгандай яна миқ этишмади. Мен худди шундай бўлишини билгандай, қовоғимни уйганча ўзим сира
фойдаланмайдиган маъруза матнимни қайтариб портфелимга сола бошладим.
Шу пайт ўртароқда ўтирган бир талабанинг қўл кўтарганини кўриб қолдим. “Бошланди. Ҳозир бутунлай бошқа мавзуда савол беради, одамни майна қилишга уринади. Сўтак!” деган ўйда ғижиниброқ бош ирғадим:
– Хўш?
Шунда йигитча нима деди денг:
– Агар “v”ни константа деб олсак, 0.1-формуладаги “D” нолга тенг бўлади.
Ўз қулоқларимга ишонмадим. Йўқ, “D” нолга тенг бўлиши тўғри эди.
Аммо буни бу бола қаёқдан билди? Наҳотки тахмин қилган бўлса?
– Ўртага чиқиб, шуни кўрсатиб берсангиз, йигитча.
Талаба доска ёнига келди ва бир ярим дақиқа ичида ҳаммасини исботлаб ташлади. Мен анграйиб қолдим. Қўнғироқ жиринглади. Менинг аҳволимни кўрган талабалар жойларида жимгина ўтиришарди. Аранг сўрай олдим:
– Давом этоласизми? Энди биз юзада ҳосиласи нолга тенг бўладиган эгри чизиқли координатларни нима қилишимиз керак?
Йигитча иккиланмай жавоб қайтарди:
– Аниқлашимиз керак. Бунинг учун биз 0.2-формулани келтириб ўтамиз.
Талаба керакли формулани доскага ёза бошлади.
Худо бор! Мен излаганимни топган эдим! Ниҳоят! Умидим деярли узилиб бўлганида-я!
Дарсдан кейин талабани кафедрага чақирдим. Гаплашиб кўрдим. Бало экан. Туғма математик!
Мен қачондир бир умр ерга қараб, ниманидир излаб юрган одам тилла танга топиб олганида ишонмасдан, топилдиғини ташлаб юборган экан, деб эшитгандим. Шу аҳволга тушиб қолмаслик учун эҳтиёткорлик билан иш тутдим. Аввалига “Математика бўйича талабалар орасида ўтказиладиган олимпиадага қатнашасиз”, деган сабабни рўкач қилиб, уни кутубхонага олиб бордим ва уч-тўртта керакли адабиётни олиб бердим. Мана шу китобларни диққат билан ўқиб чиқишни ва уқишни тайинладим. Йигитча одобли муллаваччадек бир оғиз “хўп бўлади” деди ва китобларни олиб кетди.
Кейинги ҳафта талабани имтиҳон қилиб кўрдим. Нима ҳам дердим, бола мен берган асарларни ўзим талаб қилгандай ҳам ўқиб, ҳам уқиб келганди. Қувончдан шайтонлаб қолишимга сал қолди. Талабада мен излаган илм ҳам,салоҳият ҳам бор эди.
Кафедрада ўтган учинчи сабоқдан кейин мен гапни аста-секинлик билан ўз мақсадим томон бурдим: бир асрдан бери ечимини тополмай келаётган Пуанкаре гипотезаси ҳақида сўзладим. Қизиқиши кучайсин деган мақсадда  охири дунё математиклари шу бошқотирмани ечган олимга бир миллион доллар мукофот ваъда қилишганини ҳам қистириб ўтиб кетдим. Кутганимдай, пул миқдорини эшитган талабанинг қошлари керилиб кетди, кўзлари чақнади. Мен тўғри йўлдан бораётганимга ишонч ҳосил қилдим. “Шу пул эгасини кутиб ётибди. Эҳтимол, у бизники бўлар”, дедим.
Табиийки, талаба ишонқирамай бош чайқади:
– Шунча олим турганда…
Ўзимам шу жавобни кутгандим. Дарров тайёрлаб келган гапларимни тўкиб солдим:
– Бошқа олимлар ҳам худди шундай ўйлашади. Бу аслида ўзи йўқ воқеликнинг қуруқ ваҳимаси, шарпадан қўрқиш, арқонга осилиб қўйилган, шамолда ҳилпираётган кўйлак ичида биров бор деб чўчиш. Шунинг учун ҳеч ким бу гипотезани ечишга астойдил киришмаяпти. Очиғи, йигитча, мен бу соҳада у-бу иш қилиб қўйганман.
Талаба яна менга ишонқирамай қаради:
– Сиз-а? – Сўнг саволининг ўринсиз эканлигини ўзи ҳам пайқади шекилли,дув қизариб кетди: – Кечирасиз.
– Ҳечқиси йўқ, – дедим дарҳол. Сўнг гапни ҳазилга бурдим: – Нима, мени осмондан мана шундай, катта ўқитувчи ҳолида портфелини қўлтиқлаганча тўғри аудиторияга тушиб, маъруза ўқишни бошлаб юборган деб ўйлайсизми? Мен ҳам ёш бўлганман, ўзимга яраша орзуларим бўлган.
Ҳар қанча яширишга уринса-да, йигитча барибир гапларимга унчалик ишонмаётганлиги сезилиб турарди. Тўғри-да, Пуанкаре қаёқда-ю, қаршисида ғижим костюм-шимда, ийиғи чиқиб кетган бўйинбоғда ўтирган манави қориндор, сочи тўкилган, бунинг устига салга боши қалтираб, ўзи дудуқланиб қоладиган, яна бир пайтлар ёш бўлганлигини даъво қилаётган домла қаёқда!
Мен портфелимдан қўлёзмаларимни олдим. Аввал гипотеза хусусида узоқ маъруза ўқидим. Ҳеч қанақанги гап бўлиши мумкин эмас, талаба ўта зеҳнли, ўта фаросатли, аналитик таҳлилга мойил эди. У айтмоқчи бўлаётган фикрларимни жуда тез илғаб олар, баъзан, дудуқланиб қолган кезларим ҳатто кўмаклашиб ҳам юборарди. Шундай бўлса-да, учинчи соат охирига борибгина йигитча менинг ниятимни бир қадар равшанроқ тушуна бошлади. Менга шунинг ўзи етарли эди. Бизнинг фанда калаванинг учини топиб  олсангиз бас, қолгани ўз-ўзидан чиқиб келаверади, оддий мантиқ шуни талаб қилади. Йигитчанинг ҳам мавзуга қизиқиб қолганлиги жойида тинч ўтиролмай қолганлигидан, лаблари қаттиқ қимтилганидан сезилиб турарди. Эртаси куни яна учрашишга келишиб, хайрлашдик.
Мен масрур эдим. Шу қадар масрур эдимки, кейинги йиллар ичида биринчи марта “прогул” қилиб, иккинчи иш жойимга бормадим. Учинчисига ҳам. Хотинимнинг “…нима қиламан? …қандай яшайман?” қабилидаги изтиробли нолишларини эшитмаслик учун қулоқларимга пахта тиқдиму, хонамда китоб ўқиб ётавердим.
Мен яна илмга қайтмоқда эдим. Дилимнинг қай қоронғу, ҳамманинг, ҳатто ўзимнинг ҳам нигоҳимдан пинҳон пучмоқларида бир телбавор ўй кезардики, мабодо Худо “Ол, қулим” десаю, талаба иккаламиз гипотезани ечсак, мен… мен мукофот пулидан воз кечаман. Майли, талаба олсин, унга керакдир.
Аммо мен ўзимга тегишли беш юз минг доллардан воз кечаман. Тўлалагича! Илло… илло мен бир асрдан бери жумбоқ бўлиб келаётган гипотезани исботлаб, кашфиётга эришган маҳалим ҳис қилган шодлигимни, бахтимни ярим миллион доллардан қиммат деб ҳисоблаган бўлардим. Тушунтириб беролмадимми? Буни тушуниш учун одам ҳақиқий математик бўлиши керак. Тўғри, пулдан воз кечганимни эшитган хотиним мени тириклай ғажийди, болаларим нафрат билан қарашади, таниш-билишларим телбага чиқаришади. Аммо мен барибир шундай йўл тутаман. Назаримда, талаба ҳам шундай қиладигандай. Ахир унинг томирларида ҳам асл математикнинг қони оқмоқда…
Туни билан қўлёзмаларимни титиб чиқдим. Мен яна ҳов ўшал даврдаги, ғалаба исини туя бошлаган тадқиқотчига айланиб бормоқдайдим… Эртаси куни университетга худди байрамга бораётгандай кўтаринки кайфиятда, учта ноёб китобни портфелимга солган кўйи, ғўдайиб йўл олдим.
Йигитча келишилган пайтда кафедрага кириб келди. Буям мени хурсанд қилди: аниқлик – математикнинг биринчи фазилати. Мана шу кайфият таъсирида бўлса керак, талабани мақтаб қўйишдан ўзимни тийиб туролмадим:
– Йигитча. Нигоҳингиз ўткир, шуурингиз тиниқ. Очиғини айтаман, шунча йил дарс бериб, бу гипотеза моҳиятини тушунган, уни ечишга жазм қилган талабани нима қилмагандим? Учратмагандим. Тўғри, бу гипотеза ечимини топишга анча вақтимизни нима қиламиз? Тўппа-тўғри, сарфлаймиз. Лекин ишонаверинг, бу арзийдиган иш бўлади. Нафақат арзийдиган, балки фан оламида катта шов-шув ясайдиган иш бўлади. Ечимни тополсак, бутун Ўзбекистон математиклари бизга нима қилади? Ҳа, ҳавас қилади. Мен нима деяпман? Нафақат юртимизнинг, ҳаттоки дунёнинг мана-ман деган олимлариям…
Жўшиб гапираётган маҳалим қарасам, талабанинг шашти пастроқ. Ўзиям журъатсизлик билан:
– Домла, – деб қўйди.
Одам баъзан келаётган хавфни олдиндан сезади, дейишади. Юрагим увишиб, сергак тортдим, йигитчага далда беришга уриндим:
– Чўчияпсизми? Асло чўчиманг. Ёшсиз, ғайратингиз, кучингиз, билимингиз бор. Бу иш иккаламизнинг қўлимиздан нима қилади? Келади.
Албатта, келади.
Мана шунда… мана шунда талаба чўнтагидан зарҳал таклифнома олиб узатди ва:
– Шунақа бўп қолди, устоз, – деди бир оғиз. – Оилада тўнғич ўғилман…
Бу икки кундан кейин бўладиган тўйга таклифнома эди. Бўшашиб қолдим. Тилак билдирган бўлдим:
– Табриклайман. Вақт арифметик прогрессияда ўсгани сайин бахтингиз геометрик прогрессияда кўпая борсин.
Кайфиятим тушиб кетганини сезди шекилли, йигитча нимагадир шоша-пиша ўзини оқлай бошлади:
– Лекин бу гипотеза билан, устоз, албатта шуғулланаман. Тўй ўтиб олсин.
Паришон аҳволда унинг гапини маъқулладим:
– Албатта, албатта. Аввал тўй ўтиб олсин.
Бунга сайин талаба мени ишонтиришга зўр берарди:
–Тўйданкейинхотиржамбўлиболиб,бемалолилмбиланшуғулланавераман. Мана кўрасиз. Тушунинг, устоз…
Нима дердим?
– Албатта. Албатта тушунаман, – дедим.
Йигитча яна ўзини оқлади:
– Очиғи, тез тўй қилмасак, бахтимдан ажралиб қоламан.
Хаёлим бошқа ёққа кетганди. Аммо навбатчи жумлаларни бир амаллаб тилга олдим:
– Албатта, албатта. Шахсий бахт муҳим.
Яна қисир ваъда янгради:
– Тўйдан кейиноқ илмга астойдил киришаман.
Куёв йигитнинг бўйнига ҳеч қачон амалга ошмайдиган мажбуриятни юклаб қўйишдан ўзимни тийдим:
– Албатта. Фақат ҳеч бўлмаса кичик чиллангиз ўтиб олсин-да, йигитча.
Талаба жонланиб қолди:
– Сўраб билиб олдим. Кичик чилла йигирма кунда тугаркан. Ўшангача уйда бўлишим керак экан. Лекин ана ундан кейин кўрасиз, устоз, астойдил киришаман. Ўзи жуда қизиқ гипотеза экан.
Беихтиёр тан олдим:
– Қизиқ ҳам гапми, ҳикматнинг кони.
Талаба тўйга яна бир бор таклиф қилишни унутмади:
– Албатта келинг, домла. Кутамиз. Кичик чилла ўтиб олсин, кейин енг шимариб олиб ишга киришамиз. Унгача гипотеза кутиб туради.
Беихтиёр талабага “ялт” этиб қарадим. У беғубор кўзларини менга тикиб турарди. Афтидан, айтаётган гаплари ростлигига ўзи ишонарди. Бу сафар кўнглимдагини айтмасликнинг иложини қилолмадим:
– Тарихнинг такрорланишини қаранг. Ҳар қалай, тараққиёт спиралсимон шаклда эканлиги рост шекилли. Биласизми, барибир тараққиёт бор. Худди шу гапларни мен ўттиз йил бурун тўйим олдидан ўзим ўзимга айтгандим, ўзим ўзимни ишонтиргандим. Сиз бўлса менга овоз чиқариб айтяпсиз. Ўшанда менам Пуанкаре кутиб туради дегандим. Пуанкаре кутиб турди, албатта, роса кутди, сабр-тоқат билан ўттиз йил кутди. Лекин мен…
Қарасам, бола бечоранинг кўзлари аланг-жаланг бўлаяпти. Дарров ўзимни тутиб олдим, овозимдаги титроқни ҳам яширишга муваффақ бўлдим:
– Бахтли бўлинг. Тўйингизга эса, олдиндан очиқ айтиб қўяй, боролмайман. Бунинг учун узр. Очиғи, бугун сизга яна учта китоб бериб турмоқчийдим. Ўқишга ва уқишга. Лекин тўй ташвишлари билан экансиз. Албатта, ёқимли ташвишлар. Шунинг учун, – мен портфелимдан ўтган куни иккинчи иш
жойимдан олган маошимни чиқардим, – ҳозирча китобларни қўйиб турайлик-да… Бу сизга. Оз бўлсаям кўп ўрнида нима қиласиз? Кўрасиз. Тўёна дегандай.
Хурсанд бўлиб кетган йигитча пулни ҳатто номига бўлса ҳам бир марта қайтариб беришга уринмаганидан сездимки, бу борада муаммолари етарли. Бир кунлик шогирдим қайта-қайта раҳмат айтган кўйи чиқиб кетди. Дилимда ёмон бир оғриқ қолди: назаримда, пулни кўриб, миннатдорчилик билдираётган пайти йигитча бошини сал пастга эггандек бўлди. Яна ким билади дейсиз. Балки менга шундай туюлгандир. Ўзидан ҳадиги бор бировга шубҳаланиб қараши рост-да.
Мен жойимга беҳол ўтириб қолдим. Ўтирдим, ўтирдим. Ногаҳон… ҳўнграб йиғлаб юбордим ва кўз ёшим аралаш яратганга илтижо қилавердим, қилавердим:
– Худойим! Мени ўттиз йил орқага қайтар, Худойим… Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар…

VII

Менда нимадир ўзгариш юз берган эди. Рафиқамнинг шунча таваллоларига, йиғи-сиғиларига, ҳаттоки “Шу юришингиз бўлса, бир ойдан кейин оч қоламиз! Унда тўйни битимизни сотиб ўтказамизми?” қабилидаги ваҳималарига қарамасдан, қолган икки иш жойимга “адашган ходимнинг қайтиши” қиёфасида бош эгиб бормадим: ўзимни касалга солдим ва кўрпа-тўшак қилиб ётиб олдим.
Мен… мен уйдагилардан яшириниб ишлардим. Кўнглим ниманидир сезарди: гипотеза ечими яқиндай, жуда яқиндай. Мен бу сирли қасрга олиб кирадиган дарвоза ёнида, бир шода калит кўтариб турардим гўё. Энди қулфга мос калитни топиб олсам бас эди. Мен яна бир нарсани сезардим: менга ёш ақл, тийрак тафаккурли биргина ёрдамчи керак эди.
Албатта, “кичик чилла… катта чилла” деб юрган талабадан ҳозир ва балки кейин ҳам умид йўқ ҳисоби.Эҳтимоллар назариясига кўра эса, қўлимдаги калитларнинг ҳаммасида ҳам қулфни очиш имконияти мавжуд. Аммо бунга жуда кўп фурсат кетарди. Менда эса бу фурсатнинг ўзи йўқ. Орадан бир ҳафта ўтар, кўпи билан ўн кун ўтар, сўнг мен тўшагимдан туришга ва бошимни янада қуйироқ эгиб, қўшимча юмуш излашга мажбур эдим. Бусиз мумкин эмас. Бусиз бўлмайди. Шусиз ҳам ваҳима морлари миясини еб бўлган, бўлғуси тўй харажатларидан бошқа нарса кўзига кўринмаётган рафиқам бундан ортиғига дош беролмайди.
Ҳаш-паш дегунча ўн кун ўтди-кетди. Мен ҳамон эшик ёнида, калитларни бир-бир қулфга солиб кўрардим гўё. Менга вақт керак эди. Ҳеч бўлмаса яна ўн кунгина. Ҳеч бўлмаса яна бир ҳафтагина. Аммо бу вақтни қайдан оламан?..
Ишга чиқдим. Университетда омонат эдим. Ёшим олтмишга бориб қолди. Тез орада пенсияга чиқаман. Илмий унвоним эса йўқ. Демак аввал ярим штатга туширишади, кейин юмшоқлик билан “Ўз хоҳишимга кўра” ишдан бўшашни таклиф этишади. Рози бўлсам, эҳтимол “узоқ йиллик самарали меҳнатим учун” фахрий ёрлиқ билан тақдирлашиб, зар чопон ҳам кийдиришар… Қўшимча иш ҳам топдим. Уйга ярим кечаси, ҳар қанча ҳориб-чарчаб қайтсам-да, ҳеч бўлмаса бир-икки соат гипотеза билан шуғулланишга ўзимда куч топишга ҳаракат қилардим. Аммо бу осон эмасди. Эвоҳ, мен энди ёш эмасдим, қудратли вақт ўз таъсирини ўтказмоқда эди. Кўпинча қўлёзмаларимга бош қўйганча ухлаб қолардим-у, эрталаб умр йўлдошимнинг умидсиз хаста мисоли ваҳимага тўла  зориллашидан сесканиб уйғониб кетардим: “… нима қиламан? …қандай яшайман?”
Айёрлик қилмоқчи бўлдим: хотинимга йўлланма олиб, бирон дам олиш уйида ҳордиқ чиқариб келишни таклиф қилдим. Кўпи билан ўн  икки кунга. Ҳам соғлиққа фойдали, бунинг устига шунча йил яшаб, бирон марта сайр-саёҳатга чиқмадинг, чет элга бормадинг, ҳатто шундоққина биқинимиздаги Чорвоқ денгизига ҳам бир марта қадам ранжида қилмадинг-а… Рафиқам менга аввал ажабланиб-шубҳаланиб, сўнг баайни довдир одамга қарагандай масхаралаб қаради ва айтдики…
Хуллас, агар, сал юмшоқроқ ибораларда ифодалайдиган бўлсак, шу пайтгача дам олмаган фидойи хотиним бундан кейин ҳам дам олишни хаёлига келтирмас экан, чунки унинг учун – мендек тепса тебранмас, лоқайд, дангаса эрдан фарқли равишда – болаларнинг бахти тўкис бўлиши муҳим экан, бу тўкислик эса эл қатори ўтказилган тўйда намоён бўларкан, шу сабабли, ҳар бир сўм ҳисобда бўлган шу кунларда иккинчи марта бундай таклиф билан чиқишга журъат этмаслигим керак экан, ундан кўра кўпроқ пул топишни ўйлашим керак экан, зеро, оила аъзоларини таъминлаб қўйиш, болаларнинг тўйини ўтказиб бериш эрнинг биринчи вазифаси экан ва ҳоказо ва ҳоказо (Ҳа, бу хотин дам олиш-пам олишга бормайди, мабодо санатория-панаторияга обориб, боғлаб қўйиб қайтсам, арқонларни тишлаб-узиб, узолмаган тақдирда эса ҳаккалаб бўлса ҳам мендан бурун уйга етиб келади). Кейин эса яна эски пластинка айлана бошлади: “Агар сизга мен тегмаганимда ё ўзингизга ўхшаган довдир хотин йўлиқиб қолганида, ана ўшанда кўрардингиз нима бўлишини! Ҳалиям раҳмат денг, мен шу оилани бир амаллаб эплаб турибман. Агар бошқа хотин бўлганидами… агар бошқа хотин бўлганидами…”
Юрагим симиллаб оғриб кетди: дарҳақиқат, бошқа хотин бўлганида нима бўларди? Айтайлик… Йўқ, йўқ… Мен бу ўйни ҳайдаб солишга шошдим… Балодан нари…
Ҳаёт шу зайлда давом этарди. Мен тегиб-қочиб ҳамон гипотеза исботи устида ишлардим. Иш тизимга қўйилмаганидан кейин, одам чалғиркан. Устига-устак, аллақачон катта чилла муддати тугаганига қарамасдан, зийрак талабадан дарак йўқ эди. Гуруҳ раҳбаридан суриштирдим: куёвтўра аллақандай бош-охири йўқ маросимлару, тадбирлардан бўшамаяпти экан.
Аммо вақт топгандан чопиб келишга ваъда бериб юборипти. Шундай бўлишини билиб турган бўлсам-да, беҳад чарчаганим сабаблими, ўзимни босиб туролмай, барибир жаҳлим чиқди, қаттиқроқ гапириб ҳам юбордим:
“Ваъдасини бир жойига боссин…” Гап нимадалигини тушунмай турган бўлса-да, тили заҳаргина раҳбар ҳам қарз бўлиб қолмади, мени ўхшатиб тузлади: “Алам қилса орқангизга қалампир қўйинг…”
Шундай кунларнинг бирида… Шундай кунларнинг бирида… интернетга қарадим-у… кўзларимга ишонмадим… дарди дунёйим қоронғи бўлиб кетди. Санкт-Петербург шаҳрида яшайдиган, институтда катта илмий ходим бўлиб ишлаётган 41 ёшли Григорий Перельман деган математик Пуанкаренинг гипотезасини тўла-тўкис нима қилибди? Ҳа, исботлаб берибди-қўйибди… Science журнали Пуанкаре теоремаси исботини “Йил кашфиёти” деб эълон қилибди. Ўзимизнинг Сильвия-Зулфия Назар исбот муаллифини кўкларга кўтарган мақоласини чоп этишгаям улгурибди. Перельман бизнинг соҳада нуфузига кўра Нобель мукофотига тенг ҳисобланадиган халқаро “Филдс медали” билан тақдирланибди…
Шоирлар алдайдилар. Нима эмиш, қандайдир бир мавзуни ёзмоқчи бўлиб юрсанг-у, уни сендан олдин кимдир қоғозга тушириб қўйса, бундан хурсанд бўлишинг керак экан. Бекор гап! Эҳтимол адабиётда шундайдир, аммо аниқ фанларда эмас. Мен унақанги бағри кенг одам ҳам эмасман. Мен ичи қора одамман. Худо шоҳид, бу оламшумул янгиликни ўқиганимда бутун вужудимни ҳасад ва алам фасоди тўлдирди. Мен ўзимни тишлаб ташлагудай аҳволга тушдим: “Нега у? Нега у? Нега мен эмас…”
Ҳаёт мен учун ўз маъносини йўқотди. Аммо бу ҳали ҳолваси экан. Тез орада сайтда Перельманнинг гипотеза ечими ифодаланган мақолаларини эълон қилишди. Э, Худо, бу нима деган гап! Менга яна қандай жазойинг бор? Қачонгача устимдан куласан?
Ахир… ахир бу тўқсон тўққиз бутун-у юздан тўқсон тўққиз фоиз менинг ечимим-ку!!! Ахир мен тўғри йўлдан борган эканман-ку. Сўнгги ноль бутун юздан бир фоиз иш қолган экан-ку! Бир ойгина, йўқ, йўқ, кўпи билан бир ҳафтагина босим ўтириб илм қилганимдами, гипотезани ўзим исботлаган бўлардим. Агар зукко талаба ҳам ёнимга қўшилганида, эҳтимол биргалашиб бу ишни янада тезроқ ниҳоясига етказардик… Ахир озгина қолган экан-ку… Озгинагина қолган экан-ку…
Менга кўрс атган шунча жабринг каммиди, Яратганим? Нега мени шундай имкониятдан маҳрум этдинг? Нега оғзимдаги ошимни олдиришимга йўл қўйдинг… Нега? Нега ахир? Гарчанд биламан, бу сенинг айбинг эмас, бироқ нима қилай, ўзим ўзимни айблайми? Ўзим ўзимни жазолайми? Бу билишим менга азоб-изтиробдан ўзга нима олиб келади, нима?..
Худойим! Мени ўттиз йил орқага қайтар, Худойим… Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар…”

VIII

Қўлёзма шу ерда тугаганди.
Талаба бир даста қоғозни стол устига қўйди, қаршисида ўзига диққат билан тикилиб турган шифокорга қараб, тараддудланди, ноиложлигини билдираётгандай елка қисиб қўйди:
– Очиғи, аниқ бир нарса деёлмайман.
Шифокор бош ирғади:
– Тушунаман, тушунаман.
Талаба эҳтиёткорлик билан сўради:
– Ўзи… ўзи яхшими?
Шифокор ачинганини билдираётгандай хўрсиниб қўйди:
– Бир соқолли одамнинг расмига қарагани-қараган.
Талаба сумкасидан бир сурат олиб кўрсатди:
– Шуми?
Шифокор бош ирғаб тасдиқлади:
– Худди ўзи.
Талаба изоҳ берди:
– Бу ўша Григорий Перельман. Пуанкаре гипотезасини исботлаб берган.
Шифокор жонланиб қолди:
– Эшитгандим. Айтгандай, унинг ўзига бериладиган миллион доллар мукофотдан воз кечгани ростми?
– Рост.
Шифокор кўрсаткич бармоғини чаккасига олиб бориб айлантирди:
– Бизнинг мижоз экан-да.
Талаба безовталанди:
– Йўғ-э. Тўғри, у торгина икки хонали уйда, онаси билан камбағалгина яшайди. Битта маошга. Лекин…
Шифокор ишонч билан бармоқ силкиди:
– Тўппа-тўғри. У бизнинг мижоз. Ахир бу замонда қайси соғ одам миллион доллардан воз кечади? Шизофрениянинг шунақа формаси. Унга мания величия қўшилган бўлиши мумкин. – Сўнг ичкарига ишора қилди:
– Худди устозингиз каби.
Талаба нимагадир тобора ўнғайсизланиб борарди.
– Йўғ-э.

– Бунақаларни кўравериб кўзим пишиб кетган, ука, менга ишонаверинг.
Ташхисимга каллам билан жавоб бераман.
– Лекин Перельман дунёдаги тирик даҳолар рўйхатининг тўққизинчи қаторида турибди-да!
Шифокор ҳайрон бўлди:
– Тўққизинчи? Нега биринчи эмас?
– Билмадим.
– Умуман олганда, бу ҳам менинг ташхисимни тасдиқлаяпти. Чунки даҳолик билан телбаликнинг ораси бир қадам, буларнинг орасида читтакка  ўхшаб у шохдан бу шохга сакраб юрганлари қанча!.. Айтгандай, мен барибир тушунмадим, ўша телба нега бир миллиондан воз кечганлигининг сабабини бундай одамга ўхшаб айтганми?
– Айтган. “Мен энди Коинотни бошқаришни биламан, шу ҳолимда миллион долларнинг орқасидан чопиб юраманми?!” деган.
Шифокор ишонч билан бош ирғади:
– Супер шизик.
Талаба шошаётганини билдирмоқчидай бир қўзғалиб қўйди.
Шифокор қоғозларга ишора қилди:
– Буларни нима қиламиз?
Талаба иккиланиб қолди:
– Билмасам.
Шифокор қоғоз тахламинининг бир чеккасини ручкасининг учида кўтариб кўрди.
– Бирон жойга ишлатиб юборайлик десак, қоғози қаттиқ. Бунинг устига орқасига ҳам бир балолар ручкада ёзиб-чизиб ташланган экан.
Талаба энг юқорида турган қоғозни олиб, орқасига қаради:
– Ҳа, бу ўша, домланинг Пуанкаре гипотезаси исботи бўйича қилган ишлари.
Шифокор таъкидлаб сўради:
– Энди булар бирон аҳамиятга эгами?
Жавоб қисқа бўлди:
– Йўқ.
Шифокор пихиллаб кулди:
– Тушунаман, тушунаман. Поезд кетиб бўлган денг… Тўйдан кейин хинани қаерга қўйиш кераклигини эса муҳтарам устозингиз жуда яхши билади, жуда яхши. Тўғрироғи, биларди… Хўп, келишдик, бу қўлёзмани таниш бир макулатурачига топшириб юборамиз. Ҳар қалай, жамиятга озроқ бўлса ҳам фойдаси тегади-ку. Ҳи-ҳи-ҳи. Туалет қоғози сифатида бўлса ҳам.
Талаба қизаринқираб ерга қаради.
Шифокор ишчан оҳангга ўтди:
– Хўш, учрашасизми устозингиз билан?
Талаба иккиланиб қолди:
– Тўғриси, сал шошиб тургандим. Келинингизнинг…
Шифокор кўрсаткич бармоғини кўтариб, йигитчани гапдан тўхтатди:
– Бунинг менга аҳамияти йўқ. Айтгандай, қовуннинг яхшиси кимга насиб қилишини эшитган чиқарсиз. Устозингиз ҳам хотинга ёлчиган экан лекин. Шукр қили-иб, борига қаноат қили-иб яшайвермайдими!
Бечора аёл, кўзидан ёши дарёдай оқиб, ҳар куни икки марта хабар олиб кетяпти. Тушгача бир марта, тушдан кейин бир марта. Садоқатни қаранг!

Аммо устозингиз сизни сўрагани-сўраган. Айтишига қараганда… – у яна пихиллаб кулиб юборди, – айтишига қараганда, оламшумул кашфиёт арафасида эмиш. Бу масалада унга фақат сиз ёрдам бера олармишсиз. Ўзиям сизни нақ йигирма марта сўради.
Талаба соатига кўз ташлаб қўйди:
– Майли, ўн дақиқача вақтим бор.
– Хавфсизлик масаласи юзасидан хавотирланаётган бўлсангиз, сира ташвишга тушманг. Бу борада ҳамма чора-тадбирлар олдиндан ҳисобга олиб қўйилган.

IX

Шифокор бежиз хавфсизлик масаласига алоҳида эътибор қаратмаган экан. Бемор учрашув хонасига бир эмас, икки бақувват санитар ҳамроҳлигида кириб келди. Аммо домлани бу сира ташвишлантирмаётганга ўхшарди. У шогирдини кўрган заҳоти яшнаб кетди, кўкрагига босиб олган, ийиғи чиқиб кетган портфелидан майда ҳарфларда нималардир ёзилган бир варақ қоғоз чиқарганча энтикиб-ҳовлиқиб, гапира кетди:
– Йигитча. Сиз ҳозир орзу қилиш ёшидасиз. Сизда математикага истеъдод бор. Шу истеъдоднинг сўниб қолишига нима қилманг? Ҳа, йўл қўйманг. Агар илм қиламан десангиз, қўлимдан келганча кўмаклашаман, кейин математика институтига олиб бораман, у ерда зўр-зўр каллалар бор.
– Домла…
– Лекин сизга айтмоқчи бўлган асосий гапим бу эмас. Асосий гапим шуки… – Домла қўлидаги қоғозни ялов мисоли баланд кўтариб, унга ишора қилган кўйи жўшқин оҳангда хитоб қилди: – Биз биргаликда мана буни ечамиз! Бу гипотеза Перельманнинг тушига ҳам нима қилмаган?
Кирмаган. Бу сизга Пуанкаре эмас! Бу бутунлай бошқа масала. Буни Шарқ деб қўйибдилар…
Талаба журъатсизроқ тарзда эътироз билдиришга уринди:
– Домла…
Аммо кўзлари илоҳий илҳомдан чақнаётган, ёноқлари ловуллаётган, вужуди дир-дир титраётган домла уни гапиргани қўймади:
– Ишонаверинг, бу фан оламида катта шов-шув ясайдиган иш бўлади. Ечимни топсак, керак бўлса Перельманнинг ўзи бизга нима қилади? Ҳа, ҳавас қилади. Мен нима деяпман? Перельман ким бўлибди, ҳаттоки…
Соатига зимдан кўз ташлаб олган йигитча баттар тоқатсизланди ва бу гал сал кескинроқ оҳангда гапириб юборди:
– Домла, узр, лекин мен сал шошиб тургандим. Ташқарида келинингиз кутиб турибди. Биз у билан…
Домла устидан совуқ сув қуйилгандай бирдан ҳовуридан тушиб, сергак тортди, сўнг қўлидаги қоғозни узатаркан, шогирдига қандайдир чўчиброқ, эҳтиёткорлик билан мурожаат қилди:
– Бу дастлабки босқичнинг натижалари, йигитча. Керакли адабиётларни ёзиб қўйганман. Уларни топиб келсангиз, бемалол иккинчи босқични бошлаб юбораверамиз.
Талаба шошиб ўрнидан тура бошлади:
– Хўп, хўп.
Домла ногаҳон шогирди томон энгашди, шошиб, биров эшитиб қолишини истамагандай қизғинлик билан шивирлади:

– Ҳаммаси, ҳаммаси ўзимизга боғлиқ. Баҳона қидирманг, сабабни маҳкам ушланг, орзуга интилишдан чўчиманг. Математика ва фақат математика. Бошқа ҳаммаси бекор…
Ташқаридан қараганда бемор қайтиб жойига ўтириб қолган талаба устига ётиб олаётгандай эди. Ҳар қалай, нафақат йигитча, балки қўлларин чалкаштириб туришган ҳушёр санитарлар ҳам шундай гумонга боришди шекилли, бирдан беморга ёпишишди ва уни осонлик билан кўтариб олишганча ичкарига судраб кета бошлашди. Бир амаллаб қўлидаги қоғозни ваҳимадан афти қийшайиб кетган талаба томон отишга улгурган, сўнг, бу манзарани кўрмаслик учунми, нигоҳини оппоқ шифтга тиккан домла қуйилиб келаётган кўз ёшлари аралаш юракни ўртаб юборадиган даражада изтироб билан илтижо қилди:
– Худойим! Мени ўттиз йил орқага қайтар, Худойим… Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар…
Талаба уст-бошини қоққан бўлиб, ўрнидан турди. Оғир уф тортиб, соатига қараркан, сесканиб кетди. У ростдан ҳам кечикаётган эди. Илдам юриб эшик ёнига борган йигитча ногоҳ тўхтаб, ортига ўгирилди. Домла қолдирган, чумоли изидек майда ҳарфларда турли формулалар ёзилган, график-диаграммалар чизилган қоғоз ерда ётарди. Оний сония давом этган мулоҳазадан сўнг талаба йўлидан қолмасликка қарор қилди ва учрашув хонасидан чиқди-кетди.
Узун йўлак охиридаги қалин эшик тарақлаб очилди, беморни ичкарига олиб кириб кетишди. Домланинг изтиробли нидоси кимсасиз учрашув хонасидан тобора узоқлашаверди:
– Худойим, мени ўттиз йил орқага қайтар… қайтар, Худойим…
Ахийри сас ўчди…

Манбаъ: «Jahon adabiyoti» журнали(2012 ,9-сон).

Jyul Anri Puankare (1854-1912) – mashhur matematik, fizik, astronom va faylasuf. Parij Fanlar akademiyasi rahbari, dunyoning o’ttizdan ortiq akademiyalari a’zosi. Puankare dunyoning eng ulug’ matematiklaridan hisoblanadi. U besh yuzdan ortiq maqola va kitoblar muallifi. “Puankare o’z hissasini qo’shmagan, boyitmagan matematikaning biron sohasi qolmagan”, degan e’tirof allaqachon aksiomaga aylanib ulgurgan. Olim topologiya yo’nalishining asoschisi, differentsial tenglamalar hamda avtomorf funktsiyalar bo’yicha mutlaqo yangi nazariyalar yaratgan, fazo mexanikasining favqulodda ahamiyatga molik usullarini amaliyotga tadbiq etgan, nisbiylik nazariyasining matematik asoslarini ishlab chiqqan va hokazo va hokazo…

Vaholanki, bo’g’ma xastaligini boshidan o’tkazgan Anrining bolaligi og’ir kechgan. Uni ko’pchilik hardamxayol, faromushxotir bolakay sifatida tanishardi. Ustiga-ustak, oyoqlari vaqtincha ishlamay qoldi, til ham falajlandi. Buni qarangki, og’ir azoblar bolakayda tovushlarni rangli qabul qilishdek ayricha salohiyatini yuzaga keltirdi. Bu iqtidor olimga bir umr hamroh bo’ldi.
02

Uydagi puxta tayyorgarlik tufayli Anri sakkiz yarim yoshida litseyning ikkinchi bosqichiga qabul qilinadi. 1871 yili bakalavr unvoniga ega bo’lish uchun imtihon topshirganida Puankare bor-yo’g’i “qoniqarli” baho oladi (u hardamxayolligi bois boshqa savolga javob bergandi). Tez orada Anrining matematik iqtidori o’zini ko’rsata boshlaydi. 1873 yili u Parijdagi Politexnika maktabiga o’qishga kiradi. Keyingi yili esa differentsial geometriya bo’yicha ilk ilmiy ishini e’lon qiladi.

1879 yili Puankare himoya qilgan doktorlik ishi ko’plab mutaxassislarning e’tiborini tortadi. 1881 yili u Parij universitetiga ishga taklif etiladi. Universitet Puankare uchun haqiqiy kashfiyotlar dargohiga aylanadi. 1885 yili Shvetsiya qiroli Oskar II e’lon qilgan matematik tanlovda Puankare g’olib chiqadi. Hakamlar uning tadqiqotlari fazo mexanikasida yangi davrni boshlab berganini bir ovozdan e’lon qilishadi.

1889 yili Puankarening mashhur 10 jildlik “Matematik fizika kursi” chop etiladi. Keyingi ikki yilda esa fazo mexanikasi bo’yicha uch jildlik asar… Erishilgan olamshumul yutuqlarga qaramasdan, Puankare kamtarin, samimiy, ochiqko’ngil va tortinchoq inson bo’lib qolaverdi. Uning kamsuqumligi shu darajada bo’lganki, nisbiylik nazariyasining tap-tayyor matematik asosini qo’shqo’llab Eynshteynga topshirgan-qo’ygan… Olim mamlakatning buyukligi uning farzandlarining axloqiy fazilatlarida, adabiyot va san’atdagi yutuqlarida, ilm-fandagi kashfiyotlarida namoyon bo’ladi, deb hisoblardi.
Frantsiyada Puankare nomidagi nazariy fizika instituti ishlab turibdi.

Abduqayum YO’LDOSHEV
PUANKARE
022

I

“Vaqt ta’sirini o‘tkazmaydigan narsaning o‘zi qolmapti. Hatto asl mol ham uning qoshida ojiz ekan”.
Bundan o‘ttiz besh yil burun Maskovda mana shu portfelni naq bir yuz yigirma rublga olayotganimda sotuvchi “Toza charm. Sizga yuz yil xizmat qilib beradi. Hatto bir asrdan keyin ham yangiday turadi!” deb rosa og‘iz ko‘pirtirgan, yonimda turgan o‘zim qatori ahli urfonning ayrimlari esa ko‘rsatkich barmoqlarini chakkalariga tirab, aylantirishdan o‘zlarini tiyisholmagan, baayni aytmoqchi bo‘lgandilarki, tentaklik ham evi bilan-da, sichqon sig‘mas iniga, g‘alvir bog‘lar dumiga, deganlari asli shu; ammo na iloj, zorimiz bor, zo‘rimiz yo‘q, illo nainki liriklar, balki bizdek jiddiy riyoziyotchilar safida ham aqli qosirlar uchrab turishi ehtimollik nazariyasiga mos va xos…
Darvoqe, oldindan aytib qo‘ya qolay, kelajak ularning adashmaganligini ko‘rsatdi. Ammo o‘shanda… o‘shanda ko‘nglim portfelga sust ketgandi. Go‘yo shuni olsam, ichiga qo‘lyozmalarimni solsam, gabaritlari ulkanroq tumor yanglig‘ mahkam bag‘rimga bosib yursam bas, barcha ishlarim o‘z-o‘zidan yurishib ketadigandek. To‘g‘ri, Tirkash jo‘ram nihoyat ko‘p yillik orzusiga yetib, urg‘ochi bo‘rini qopqonga tushirgan, u jon alpozda haligi joyini g‘ajib tashlamasidan burun tinchitishga ulgurgan, xullas, o‘tkir pichoqda kesib  olingan o‘sha joyini tosh ustida, kunchuvoqda erinmay tuz sepib, quritib- qovjiratgach, eski lattaga o‘rab-chirmab, menga olib kelib bergan, qo‘ltig‘imda tumor qilib taqib yurishim kerakligini qayta-qayta maslahat bergandi. Nima emish, urg‘ochi bo‘rining butun qudrati jamlangan o‘sha joyini qo‘ynida olib yurgan odam ham balo-qazolardan asralarkan, ham ishlari juda qisqa fursatda (“Sekundda! Garrantiya!” dedi jo‘ram ishonch bilan) jo‘nashib ketarkan. “Ovulimizdan chiqadigan birinchi kattakon o‘zing bo‘ladiganga o‘xshaysan, jo‘ra, yana Maskovga boraman deyapsan, bu lekin senga yomonam kerak bo‘ladi-da!” deb molini targ‘ib-tashviq qilishni bopladi Tirkash. Albatta, bog‘chadan boshlab dahriylik e’tiqodi qon-qoniga singdirilgan avlod vakili sifatida bunaqangi irim-sirimlarga ishonmadim; nima, menday oliy ma’lumotli, bo‘yniga ilonning tiliday bo‘yinbog‘ taqib olgan bo‘lg‘usi olim qo‘yniga urg‘ochi bo‘rining jinsiy organini solib yursinmi? O‘rischasiga aytganda, gde eto vidano… Ammo do‘lvor jo‘ramni xafa qilib qo‘ymay degan maqsadda bu ajabtovur “sovg‘a”ni rad etishim sababini yotig‘i bilan, ilmiyroq asosda tushuntirishga urindimki, xo‘p, ana, o‘zing uch yuz chaqirimlik yo‘ldan kelding shu matohni ko‘tarib, xo‘sh, bunday o‘ylab ko‘r-chi, nima bo‘ldi, qaysi ishing birdan, sekundda, garrantiyasi bilan jo‘nashib ketdi? Chaqirilmagan qo‘nog‘imni chuqur mantiqli gapim bilan bopladim- ov, deb tursam, Tirkash kuydirgan kalladay tirjaydi: “Seni topdim-ku, jo‘ra, ishimning bundan ortiq jo‘nashgani bo‘lama?”. Bunga nima deysiz? Yo‘q, aldab-suldab, “keyin borib olaman” qabilidagi yaxshi gaplar bilan jo‘ramni o‘sha ochilmagan tugunchadagi sharmsiz boyligi bilan qo‘shib ortga qaytarib yubordim.
So‘ngroq, ne hodisotlaru istilohlar, ne evrilishlaru sinoatlar hosilasi o‘laroq ong-shuur birlan tafakkurda, qalb birlan ruhoniyatda bemisl o‘zgarishlar yuz berganida, ayniqsa, qismatning omadsizlik hamda bebaxtlik atalmish ikki bahaybat toshi orasida shafqatsizlarcha ezilib- yanchilib, zulumot bag‘rida “dod” deyishga ham nafasim chiqmay qolgan onlarda o‘zimga o‘zim pushmon aralash o‘kinchli iddaolar qildimki, ey, gumroh banda, o‘shanda o‘sha matohni cho‘ntagingga solib ketaversang yoinki bo‘yningga osib olsang bir joying kemtilib qolarmidi? Nima, u sendan osh-non so‘rarmidi? Illo, mohiyatiga qaralsa, har qanday e’tiqod izzatga loyiq emasmi? Ana, Tirkash jo‘ram bo‘rining o‘sha narsasiga ishonib kam bo‘lmadi-ku! Kimsan, tog‘begi! Lorsillagan, har bilagi kelisopday, ikki yuzi shirmoy nonday qip-qizil, shu holiga bir gapirib o‘n kuladigan hazilkash xotini, to‘rtta devday-devday o‘g‘li bor. Ko‘pkari chopadi, solim oladi, kadi-kadi qimiz ichadi, bir o‘tirishda yarimta qo‘yning etini yeb, moyli qo‘llarini amirkon etigining qo‘njiga artadiyu, mo‘ylovini bura-ab ketaveradi. Umrida bir marta do‘xtirga bormagan, bir marta parhez degan narsaning yonidan o‘tmagan! (O‘zining aytishicha, “Kampirminan tizzani tizzaga tekizib gurunglashib o‘tirishdan ortiq ho‘zir borma bu dunyoda?”) Odam quriganday kelib-kelib xotini bilan garov o‘ynab, kenjasining to‘yiga Toshkentdan qirqta san’atkor opkelgan, hammasini toqqa otda opchiqqan, orqasi shilinganidan stolda o‘tirolmay, dikonglab o‘ynayvergan qo‘shiqchi-raqqoslarning ustidan dasta-dasta pul sochgan, to‘ydan keyin esa – bahs shartiga ko‘ra – ustma-ust qirq kun mag‘lub xotinini to‘y suratga olingan videoni tomosha qilishga majbur etgan, o‘zi bo‘lsa o‘tirgan chorpoyada miyig‘ida iljaygan ko‘yi mo‘ylovini sila-ab… Bir bandaga bundan ortiq yana ne kerak, axir, yana ne kerak?..
Aytganday, gap portfeldan boshlangandi-ya, men bo‘lsam qayoqlarga uloqib ketdim. Biroq bunga ajablanmasayam bo‘ladi – matematik qonuniyat bu. Hayotning o‘zi sonlardan iboratligi qanchalik rost bo‘lsa, yosh bilan til eshilishining bir-biriga to‘g‘ri mutanosibligi shunchalik haqiqat. Zero, men haliga dovur kam gapiradigan mo‘ysafidni ko‘rmadim…
Mana o‘sha portfel. Yuz yil emish! Bir asrning uchdan birini o‘tab-o‘tamay yuzimga o‘xshab bujmayib, qarimsiq bo‘lib qoldi; bir xil joylarining terisi ko‘chgan, kal boshimni eslatadi. Mol ham egasiga o‘xsharkan-da. Buyam kamday, bo‘sh qopga o‘xshab sira tik turmaydi, ichiga u-bu solsam sal qaddini g‘oz tutganday bo‘ladi, ammo bu aldamchi taassurot, sal o‘tmay yana qiyshayib qoladi. Qulf degan jonivor ishdan chiqqaniga- ku, necha zamonlar bo‘lgan: men yopib charchayman, u bo‘lsa “shirq” etib ochilib ketishdan erinmaydi. Shunga portfelni qo‘ltiqlab yo bo‘lmasa bag‘rimga mahkam bosib yurishga majburman. Kambag‘alning boyligi yonida bo‘lgani ma’qul. Yo‘qsa, hov bir galgiday moshin-poshin turtib ketsa, qog‘ozlarimning bari sochilib ketish mumkin. O‘shanda birdan yerdan chiqqanday boshimda paydo bo‘lib qolib, tekin tomoshani huzur qilib ko‘rayotgan, ayrimlari telefoniga suratga ham olayotgan lak- lak odamga shuncha tavallo qilib yalindim, Xudoning zorini qildim, hoy, musulmonlar, o‘rnimdan turolmayapman, emaklashning ham evini qilolmayapman, sizlar, sog‘ bandalar manavi yer bilan bitta bo‘lib sochilib yotgan qog‘ozlarimni terishga yordam beringlar, yordam beringlar, iltimos, o‘tinaman, yolvoraman… Ammo qani tavalloyimni bir kas eshitsa! Bil’aks, “Miyasi chayqalgan-da, har narsani valdirayapti… Yo‘q, o‘zini artistlikka solayapti… Bu endi shopirni sog‘ib ichadi” qabilidagi taxminlar qulog‘imga chalindi, xolos. Holbuki, men artist emasdim, miyam chayqalmagandi, esankirab qolgan sho‘rlik shopirni sog‘ib ichish niyatim ham yo‘q edi. Men qo‘lyozmalarimni yo‘qotib qo‘yish vahimasidan shu ko‘yga tushgandim. Garchand o‘shal baxtsiz hodisa tufayli qatorasiga to‘rt yil hassa tayanib yurishga o‘tgan bo‘lsam-da, meni chap oyog‘imdagi boldir suyagining to‘rt enlikka qisqargani emas, nogahoniy zarba bois qo‘limdan otilib ketgan portfelimdan sochilgan bitiklarimning izsiz yo‘qolgani ko‘proq iztirobga soldi. Kimga kerak edi ular? Har sahifadagi nari borsa sakkizta formula bilan to‘rtta grafik kimniyam qiziqtirardi? Bu axir… bu axir, agar muqoyasa joiz esa, ko‘rinmas odamning ish daftarini o‘g‘irlab qochgan, so‘ng uzun tunlari sahifalardagi o‘zining mutlaqo tishi o‘tmaydigan qaydlarga angrayib qarab o‘tiradigan savodsiz, johil kimsaning mantiqdan butkul xoli qilig‘ini eslatmayaptimi sizga?
Yo‘q, yo‘q, Uellsni tinch qo‘yaylik. Illo, menday yer yuzida sudralib yurishga mahkum etilgan ojiz bir banda kim-u, bitiklariga “Fikrlovchilar uchun” degan hikmatli eskartmani qistirib qo‘yadigan ul ulug‘ zot kim?.. Gap portfel haqidamidi, demak, yana unga qaytamiz. Faqat o‘shandan buyon qo‘lyozmalarimni portfelimda taxlam-taxlam qilib boylab yurishimni qistirib o‘tib ketsam bo‘lar: choydan og‘zi kuygan qatiqni ham puflab ichadi.
Zamon o‘zgarib, turli ohanjama atamalar urfga qirib qoldi. Shundoq lahjada lutf etadigan bo‘lsam, ushbu portfelim qaysidir ma’noda kaminaning imijini yaratdi: talabalar, hamkasblarim meni undan ayro holda tasavvur etmay qo‘yishdi. Balki shu sabablidir, portfelimning asta-sekin, men bilan birga qarib borayotganini ham tabiiy jarayon sifatida qabul qilishdi chog‘i. Chin so‘zim, agar portfelimga mushtdekkina bosh bitganida edi, u ham meniki singari qaltirab turadigan bo‘lib qolardi; ozginagina zabon bo‘lganida edi, u ham menikiga o‘xshab tutilib- tutilib qoladigan odat chiqarardi.
Biz afsonalar va o‘triklarning yumshoqqina, issiqqina quchog‘ida yashaymiz. Biz o‘zimiz shuni istaymiz, boshqasi kerak emas, boshqasi bizga yoqmaydi, notavon ko‘nglimizga o‘tirishmaydi. Biz o‘zimiz to‘qib chiqargan rivoyatlarga-da ishonib kun kechiramiz, zarurat tug‘ilib qolganda uydirmalarimizni yalov qilib ko‘taramiz, “Yagona haqiqat!”, himoya qilamiz, ular uchun jangga kiramiz, jon olib-jon beramiz, qahramonlik ko‘rsatamiz. Misoli o‘rmonga adashib kirib qolgan otga beadad hayrat va qo‘rquv bilan termulib qolgan, so‘ng, ot qarib vafot etgach, uni iloh darajasiga ko‘targan, suyaklariga sig‘ina boshlagan go‘l aborigenlar misoli hayotimizdagi timsol va tushunchalarimizni avval o‘zimiz bo‘y- bastimizga moslab yaratib olamiz-da, so‘ng ularning ojiz bandilariga evrilamiz.
Shaksiz, bu gap birinchi bo‘lib kimdan chiqqanini endi aniqlab bo‘lmaydi. Ammo institutda kaminaning xo‘p g‘aroyibotlarga boy qismati borasida ajabtovur talqinlar bor ediki, ular bora-bora, ehtimolki o‘zimning unsiz ma’qullovimu haybarakallachiligim orqali isbot ham talab qilib o‘tirmaydigan oddiy ma’qulot, ya’nikim aksioma sifatida tilga olinadigan bo‘lib qoldi. Siz birinchi kursda ta’lim olayotgan istalgan talaba yoinki tolibadan «a» plyus «v»ning kvadrati nechaga teng?» deb so‘rab ko‘ring, har uchtadan ikkitasi g‘o‘ldirab qolishiga yoki nari borsa «a» kvadrat plyus «b» kvadrat» deb bez bo‘lib turaverishiga men kafil. Ammo endi o‘ta jo‘n, maktabning yettinchi sinf o‘quvchisi ham biladigan kvadrat tenglamani yecholmagan dumbulga bir og‘izgina: «Sizlarga oliy matematikadan saboq beradigan Falonchi Pistonchievich haqida nima bilasiz?» deb ko‘ring-chi, hali savolingiz tugamasidan javobini yoqangizdan olib yengingizga yopishtirishiga yana o‘zim balogardon. Nima emish, sho‘rlik, – ha-ha, aksariyati xuddi shunday deydi, har qalay, hamma oltmish yoshga borgan, pensiya ostonasida turgan muallimning boshini orqavoratdan, ma’nan silab qo‘yish ularga tasvirlab bo‘lmas huzur bag‘ishlasa kerak, buning ustiga, yashirib nima qilaman, inson ko‘pincha boshqa birovga nisbatan sog‘lom, yosh va baxtliroq ekanini his qilgan onlari yurak-yuragida ozgina bo‘lsa ham xudbinona halovat his etadi, shu boisdan beixtiyor qulog‘i tomon cho‘zilib ketayotgan og‘zini yig‘ishtirolmay armonda qoladi – xullas, o‘sha sho‘rlik bundan ancha yillar muqaddam nomzodlik ishini yuz foiz tayyorlab qo‘yib, endi himoya qilaman deb turganida uning do‘sti, tasavvur qilasizmi, eng yaqin do‘sti yagona nusxadagi ilmiy ishni tag-tubi bilan o‘g‘irlab ketadi va, tabiiyki, tayyor ishni osonlik bilan himoya qiladi-qo‘yadi. Bu qadar razillikdan larzaga tushgan Falonchi Pistonchievich rosa iztirob chekadi, natijada bir kechada jingalak sochi avval qorday oqaradi, keyin bosh tepasidan to‘kila boshlaydi. Eng yaqin do‘stidan bu qadar xiyonatni kutmagan-da, bechora. Bu axir hatto orqadan kelib xoinlik qilish ham emas, balki quchoqlab turib och biqinga g‘archillatib o‘tkir pichoqni sanchish bilan barobar… To‘xtang, to‘xtang, bu hali hammasi emas. Ruhiy azob o‘zining yovuz ishini qilmay qo‘ymaydi: shundan keyin sho‘rlik domlaning boshi tebranadigan bo‘lib qoladi, til ham andak zaxa yeydi: ayniqsa hayajonlanib ketgan chog‘lari domla duduqlanadigan bo‘lib qoladi. Yo‘q, ma’ruza payti bu unchalik sezilmaydi, domlaning dovdirga o‘xshab o‘zi savol berib, o‘zi javob qaytaraverishini aytmasak, tuzuk, chidasa bo‘ladi…
Mana shunaqangi g‘ozsiz, lekin bora-bora hattoki hamkasblarim ham ishonib qolgan oldi-qochdi gaplar. Menga yer ostidan achinib qarayverib, qancha yosh mutaxassislarning ko‘zlari g‘ilay bo‘lib ketdi. Vaholanki…Tap-tayyor qo‘lyozmani o‘g‘irlab ketgan emish! Yana kim, eng yaqin do‘stim!..Laqmalik ham evi bilan-da.
To‘g‘ri, men ilmiy ish qilib yurgan paytlarim hali kompyuter degan mo‘‘jiza yo‘q edi. Ammo kompyuterdan ming chandon kuchliroq, tezroq,sifatliroq ishlaydigan miyam bor edi, miyam! Nahotki shu miyamga oltmish bet mashinka matni bilan bir yuz yigirma to‘qqizta formulayu, o‘ttiz sakkizta diagramma-grafikni joylab qo‘yolmasdim! O‘sha paytlari…yarim kechasi uyg‘otib so‘rang edi,qo‘lyozmamning istalgan sahifasidagi istalgan satr boshidan yoddan o‘qib ketardim to to‘xtatmagunlaricha.
Formula-grafiklar-ku, inchunun. U paytlari men uchun dunyo faqat mening formulalarim va diagrammalarim bilan tirikday, rangliday edi. Aks holda oxir zamon bo‘lishi kerak edi, faqat oq va qora ranglardan iborat g‘arib kurrai zaminda qiyomat-qoyim qo‘pishi kerak edi… Bular bo‘lsa meni og‘zidagi tayyor oshini o‘g‘irlatib o‘tirgan landavur-lattachaynarga,parishonxotir laqmaga chiqarishyapti. Ana shundan keyingina larzaga tushganmishman! Sochlarim oqarib ketganmish! Boshim liqillab,duduqlanadigan bo‘lib qolganmishman! To‘qi-ya, to‘qi… O‘zingiz o‘ylang,insof bilan ayting, ishonib bo‘ladimi shunaqa gaplarga? Bularning bari…
bularning bari o‘sha hayotni bilmaydigan telba yozg‘uvchilarning tuzsiz fantaziyasi mahsuli. Ishonavering, xuddi shunday. Aniq yodimda, o‘sha mash’um voqeadan bir yilcha burun bizni fakultetdan majburlab teatrga olib borishdi. Tomosha ko‘rdik. Voqeani qarang: bir arxitektorningmi, injenerningmi chizmalarini o‘rtog‘i o‘g‘irlab ketarkanu, o‘ziniki qilib olarkan. Endi bu arxitektormi-injener “oh” deydi sahnaning yog‘och polini g‘ijirlatib u yoqqa yuradi, «voh» deydi bu yoqqa yuradi. Oxiri chiday olmagan bo‘lg‘usi olimlar o‘zaro shivirlashishga tushdik: “Kallasi bormi buning? Shungayam ota go‘ri qozixonami? Qayta chiz-qo‘y-da. Shuyam muammomi, galvars…” Ammo biz bo‘lg‘usi olimlar tushungan oddiy haqiqatni sho‘ring qurg‘ur yozuvchi tushunmagan ekan deng, qahramonlarini naq bir yarim soat ovorayi sarson qildi. Ora-sira o‘tli monologlaru hayqiriqlar ham yangrab qoladi deng, baayni to‘rtta vatman qog‘ozidagi chizmaning emas, butun boshli mamlakatning taqdiri hal bo‘layotgandek.
Xullas, havoga sovurilgan vaqtimizga achina-achina teatrni tark etarkanmiz, bir do‘stim – bu o‘sha, keyinchalik meni uqubatlarning tubsiz jariga irg‘itgan, ustimga chiqib toptagan, xor qilgan, zor qilgan razil kas edi! – aytib qoldiki, bunisi hali holva, o‘ttizinchi yillari chiqqan shunaqangi pesada bir yot unsur bo‘lgan qiz zavodni qulflab, kalitini haligi joyiga, xullas, odamning aqli bovar qilmas joyga yashirib qo‘yadi. Natijada zavod ishdan to‘xtaydi… Buni shuurimizga sig‘dirolmay, ong- tong qolganimizni ko‘rgan do‘stimiz darrov aybni o‘zidan soqit qilishga shoshdi: menga ishonmasalaring, Qahhor degan yozuvchining esdaliklarini o‘qinglar… Ha, shunaqangi dog‘uli edi u, yiqiladigan joyiga oldindan ko‘rpa to‘shab qo‘yardi, ishigayam, so‘zigayam hamisha birovlarni qalqon qilardi, o‘zi qo‘y og‘zidan cho‘p olmagan, buzoqning haqi bor deb sigirning sutini ichmaydigan faqir va hattoki jabrdiyda misoli panada qolib ketaverardi…
Vaholanki, aynan o‘sha kas meni rasvoyi raddibalo qildi! Ha, u o‘g‘irladi, faqat qo‘lyozmamni emas, u mening kelajagimni o‘g‘irladi, u mening orzularimni o‘g‘irladi, u mening odamlik siyog‘imni o‘g‘irladi, u mening “men”ligimni o‘g‘irladi, o‘zimdan o‘zimni o‘g‘irladi! U bir lahzada meni, osmonda, bulutlar bag‘rida uchib yurgan jo‘rasini shartta giribonidan tutdi va po‘rsillab yorilib yotgan qattiq zaminga shunaqangi gursillatib urdiki, suyak-suyaklarimga qadar maydalanib-parchalanib, miyamning qatig‘i otilib ketdi, bu zarbaning asorati hali-hanuz hayotimni zaharlab keladi: baayni “cho‘rt” etib singan suyagimning yorqasi asab tolalarimni ayovsiz tilayotgandek chidab bo‘lmas azobda qolaman; ne makon, ne zamonda umrguzaronlik qilayotganimni anglab-anglamay, atrofga nolon boqaman; milyon tonnalik ulkan tosh ustimda, men esa torgina yoriqqa tiqilib qolgan odamday nafasim qaytadi, og‘zimni kappa-kappa ochaman, ammo bu naf bermaydi, gursillab urayotgan yurak ko‘krak qafasimni yorib chiqib ketguday kattalashaveradi-kattalashaveradi, mana, mana, hozir, oniy soniyadan so‘ng havo to‘lg‘azilayotgan sharday paqillab yoriladi…

II

Kimgadir yoqar lola
Ko‘ngilga buyurib bo‘larmidi. Hatto gap aniq fanlar xususida ketganida ham.
Institutni bitirish arafasida, men kutilmaganda Puankare gipotezasining shaydosiga aylandim. Gipotezani jo‘nroq tilda  ifodalashga urinib ko‘raman. Jismlarning handasaviy xususiyatlarini o‘rganuvchi topologiya degan fan bor. Puankare gipotezasi esa aynan shu fanning markaziy muammosi. Yana bir muhim holat: tadqiq etilayotgan jismlar oddiy emas, balki siqilganida, buralganida, cho‘zilganida o‘zgarmaydigan jismlardir. Biron nimani tushundingizmi? Yo‘qmi?
Unda yanada soddaroq yo‘sinda izoh berib o‘tay. Agar uch o‘lchamli sirt qaysidir jihati bilan ikki o‘lchamli sferaga o‘xshash bo‘lsa, demak uni mana shu sferaga tekislash mumkin. Dunyo paydo bo‘lishidagi murakkab jarayonlarni o‘rganishda hamda olamlar shakli haqidagi savollarga javob berishda o‘ta muhim ahamiyatga egaligi sababli bu gipotezani ba’zan “Koinot formulasi” ham deyishadi. Endi tushundingizmi? Yana yo‘qmi? Unday bo‘lsa siz oddiy finjonning teshikkulchaga aylanishini, aslini olganda esa bu ikkalasining cho‘ziluvchan handasa nazariyasiga ko‘ra bir narsa ekanini tasavvur etolasizmi? Bo‘ldi, bas, shu jarayonni sal-pal bo‘lsa-da tasavvur etarkansiz, demak gipotezaning mazmun-mohiyatini bemalol anglab olasiz. Vaqti kelib, albatta. Aslini olganda-ku, mutaxassis uchun 1904 yili farang matematigi Anri Puankare tomonidan ilgari surilgan gipotezaning mohiyatiga tushunish unchalik qiyin emas. Ammo uni isbotlash, yechish… Axir tog‘ning tog‘ ekanligini ko‘rasiz, uning bag‘rida milyonlab tonna ruda borligini bilib ham turasiz, ammo bu ko‘rish-bilish sizga shartta borib tog‘ bag‘ridan bir qop oltin yombisini ko‘tarib olib chiqib ketish imkonini yaratmaydi-ku. Matematika sizga “Sim-sim, ochil!” emas… Gipoteza soddalikning buyuk timsoli edi go‘yo. U mana shu jozibasi bilan ham o‘ziga maftun etardi. Baayni sahar palla, billur hovuzda cho‘milayotgan joyida siz ilohani uchratib qoldingiz, ammo u esankiradi, cho‘chimaydi, bil’aks, sizga andakkina hayosizlik ham aralashganday tuyuladigan noz-karashmalar, sirli imo-ishoralar qiladi, bundan jo‘shib ketib, yuragingiz gupillab urgancha “Xudo berib qoldi- yov” deya hovliqib-entikib yoniga chopsangiz, qiqirlab kulgancha shartta samoga ko‘tariladi-ketadi. Axir u o‘z nomi bilan pari-da: ko‘kda yashaydi, nari borsa zerikkan chog‘lari gunohkor bandalarga istig‘no qilib qo‘yadi, baribir bularning qo‘lidan hech narsa kelmasligini bilib turadi, bilib turib yana shu ishini qiladi, xom sut etgan gumroh odamlarning ustidan maza qilib kuladi: unisini qari deb hurmat qilmaydi, bunisini yosh deb izzat qilmaydi. Bundoq parivashni mahkam ushlab olib, to‘shiga bosadigan yovqur yigit faqat cho‘pchaklarda yo bo‘lmasa Usmon Azim deganga o‘xshash xayolparast shoirlarning shig‘irlarida uchraydi. Biroq Puankare gipotezasi mana shundoq ilohiy visolni sizga naqd qilib qo‘yadi: marhamat, yechimni toping, isbotlang, uchib ketayotgan pari qizning silliq oyoqlariga tushov tashlang, uni asta-sekin tortib oling va qarabsizki… sizga beadad hayrat ko‘zi bilan qarayotgan, sizga sig‘inayotgan iloha quchog‘ingizda to‘lg‘anib turibdi-da. Bundan ortiq baxt bormi inson uchun! Shaksiz, bu aytishga oson. Illo necha-necha yillardan beri ne-ne bilimdonlar, fan doktorlariyu akademiklar yeng shimarib ishga kirishishadi, ammo baribir gipotezani isbotlay olishmay, mag‘lubiyatni tan olgan holda, boshlari xam, qalblari to‘la g‘am, maydonni birin-ketin tark etishadi.
1934 yili ingliz Jon Uaytxed “Gipotezani isbotladim” deya hammayoqqa jar solishga shoshdi. Ammo tez orada o‘z yechimida xato borligini sezib qoldi va darhol aybini bo‘yniga oldi. Keyin sahnaga amerikalik Bing chiqib keldi. Afsuski, uning topganlari gipotezaning o‘zidan bir necha barobar murakkabroq edi. Navbat grek Papakiriakopoulosga yetdi. Ammo o‘n yillik og‘ir mehnatning samarasi kutilgan natijani bermadi. 1961 yildan beri Smeyl familiyali bir olim bu mavzuda qattiq izlanish olib borayapti deb o‘qidim. Ammo natijadan darak yo‘q. Buning ustiga u 1976 yili Prinstonda saraton xastaligidan vafot etganmishmi-ey…
Sanab o‘tganlarim, albatta, dengizdan tomchi edi. Axir birgina Parijdagi Puankare institutida ne-ne oqil va oqila zotlar bu muammo ustida necha yillardan beri tinmay bosh qotirib kelishayotgani ham bor gap-ku. Shunga qaramasdan, ko‘ngil-da, men ham shu maydonga kirmoqni, kuchimni sinab ko‘rmoqni ixtiyor etdim. Hali yosh edim, romantika yurakni tark etib ulgurmagandi, miyam ham butunday tuyulardi o‘zimga. Men shu mavzuda kitob ketidan kitob o‘qiy boshladim, kutubxonaga tanda qo‘yib oldim. O‘qiganim sayin gipotezaning isboti naqadar murakkabligini tushuna bordim. Ammo bu hol mening g‘ayratimni oshirardi, xolos.
Nomzodlik mavzusi sifatida Puankare gipotezasini tanlamoqchi bo‘layotganimni eshitgan ilmiy rahbarim ko‘zoynagi ustidan menga xuddi o‘zga sayyoradan kelgan dushman maxluqotga qaraganday olayib qaradi, so‘ng so‘radi:
– Bu sohada qancha fan doktori, akademik borligini bilasizmi?
Men taxminan bilishimni aytdim.
– Unda yana bir narsani bilib qo‘ying, yigitcha, – dedi rahbarim so‘nggi so‘zni alohida ta’kidlab. – Mana shu ilmiy potentsialning kamida yarmi umri davomida hech bo‘lmasa bir marta siz aytayotgan o‘sha gipotezaga qo‘l urib ko‘rgan va oxir-oqibat uni yechimsiz masala sifatida qoldirgan.
Men o‘z fikrimni bildirishga jur’at etdim:
– Lekin uning yechimi bor-ku. Yechimsiz gipoteza bo‘lishi mumkin emas.
Gapga usta rahbarim bo‘sh kelmadi:
– Albatta bor. Yechim tuxumning ichida, tuxum sandiqda, sandiq yerto‘lada,erto‘la esa, – rahbarim ko‘kka ishora qildi, – hov anavi yoqda. Baland dorga osilib bo‘yningizni sindirib yurgandan ko‘ra, yigitcha, aniq amaliy ish bilan shug‘ullaning. Davlat sizga sarob ortidan yugursin deb pul berib qo‘ymaydi! Uzoqdagi quyruqdan yaqindagi o‘pka yaxshi. Agar shunchalik aqlingiz zo‘r ekan, hech o‘ylab ko‘rmadingizmi, nahotki shunaqangi absurd mavzuni Ilmiy Kengash sizning nomzodlik ishingiz sifatida tasdiqlab bersa? Hech qachon bunday bo‘lmaydi, yigitcha, hech qachon! Darhaqiqat, bu zalvorli dast ak edi. Ilmiy Kengash baribir rahbarimning qosh-qovog‘iga qaraydi… Noiloj bo‘yin egdim:
– Qanday maslahat berasiz, ustoz?
Rahbarim o‘shshayib turaverdi-turaverdi, axiyri yorildi:
– Mayli, tish kavagimda asrab yurgan bir mavzu bor edi. O‘shani sizga bag‘ishladim. Ilmiy Kengashdan o‘tkazib berish kafolati bilan. Qarabsizki, ikki yilda geometriya-topologiya mutaxassisligi bo‘yicha fizika-matematika fanlari nomzodi bo‘lib turibsiz-da.
O‘, Xudoyim, bu “bag‘ishlash”lar va “kafolat”lar ortida nima turganini bilmasam ekan!.. Ammo nima qilay. Sal sarkashlik qilsam, rahbarim to‘nini teskari kiyib oladi, ana undan keyin xayr, aspirantura, xayr,ilmiy ish! Odatdagidek, yomonlikning bundayrog‘ini tanlashga to‘g‘ri keldi.
Rahbarim ustomonligidan tashqari ayyor ham edi. Matematik handasa sohasida o‘zimizdan chiqqan mutaxassislar barmoq bilan sanarli ekanini yaxshi bilardi. Shu sabab Lobachevskiy, Aleksandrov, Pogorelov,Bakelman, Verner, Kantor, Yefimov, Poznyak, Shikinning izlanishlari haqida yarim soat ma’ruza o‘qigach, – ustozim sovg‘a-salomni shu tariqa halollab olardi, har qalay, buyam vijdonga suv sepib qo‘yishning bir vositasi bo‘lsa kerak-da, – aloha menga Galiley fazosining tsiklik sirtlari bo‘yicha tadqiqotni boshlab yuborishim mumkinligini aytdi. Shubhasiz, bu ham juda qiziqarli mavzu edi. Ayniqsa Dolgarev bilan Martinetsning keyingi yillarda chop etilgan bahsli maqolalarini e’tiborga olsak. Tishimni tishimga bosgancha nomzodlik ishimga kirishdim.
Men qattiq mehnat qilardim. Matematikaning baribir hech narsa bilan tenglashtirib bo‘lmaydigan o‘z ohanrabosi bor-da: bir pasda o‘ziga tortib oladi-qo‘yadi. Ayniqsa uch o‘lchovli Yevklid fazosida erishilgan yechimlardan so‘ng yarimevklidli fazo geometriyasi ochilmagan qo‘riq bo‘lib turardi o‘ziyam.
Ammo baribir Puankare boshqacha edi-da. Bu mavzu go‘yo birinchi muhabbat singari sira qalbimni tark etmas, aksincha, tobora uning qat-qatiga chuqurroq kirib borayotganday edi. Azaldan intizomni yaxshi ko‘rardim, har bir soatda nima ish qilishimni aniq belgilab olishga harakat qilardim. Shu sababli, hech chiday olmagach, uyquni teng yarmiga qisqartirdim-da, tejalgan vaqtimni gipoteza isbotini topishga bag‘ishladim.
O‘, bu hayotimning eng yorqin, eng mazmunli, eng shodon, eng hayratlarga to‘la kunlari edi. Yotoqxonada yashardim. O‘lguday charchardim, gohida hatto choy damlab ichishga ham holim yetmasdi, ba’zan sutkalab tuz totmasdim, pulim bor paytlari kartoshka qaynatib yerdim, ishga ketayotib portfelimga ikkita qaynatilgan tuxum solib qo‘yardim: shu mening tushligim bo‘lardi…
Biroq men baxtiyor edim. Zero asosiy ishim millimetrma-millimetr, zarrama-zarra oldinga siljiyotganday edi. Horigan chog‘larim emaklab bo‘lsa ham maqsad sari intilardim, qo‘llarimdan mador ketganida yerni tirnoqlarim bilan kavlab bo‘lsa ham ilgariga siljirdim. Illo, illo oldinda, olis ufq ortida bo‘lsa ham neningdir shamoyili ko‘rinib qolayotgandek, nimadir o‘ziga chorlayotgandek edi. Tunlari qandaydir sirli shivir-shivirlarni eshita boshladim, tonglari sarin shabada to‘lqinida nafis, shudringga cho‘mgan mayin libos yuzimni silab o‘tardi. Men hatto buni ovoz chiqarib aytish u yoqda tursin, o‘ylashga ham qo‘rqardim: nahotki, nahotki…

III

Vaqt, vaqt, vaqt… U bunchalar tez o‘tadi? Qayoqqa bunchalar shoshadi? Bu qattol shiddat inson umrini tushga, ro‘yoga aylantirib qo‘ymaydimi? Uxlading-u, uyg‘onding. Qisqagina davom etgan tushingda esa butun umringni ko‘rding.
Bunchalar shafqatsizsan, vaqt…
Yetti farzandli xonadonning to‘ng‘ichi edim. Bir kuni uyga borsam,allaqachon yigirma oltiga kirib qo‘yganligimni keskinroq ohangda pisanda qilishdi. Katta singlimni-ku, turmushga uzatgandik, ammo ukalarim g‘ingshiyverib bezor qilib yuborishdi. Jon-jon deb ularga yo‘l beray desam, ota-onam ko‘nmaydi: nima emish, shusiz ham ovulda men haqimda “haligacha bir boshi ikkita bo‘lmagan, bir balosi bor-ov, axir bu tengilarning bolasi maktabga borayapti” qabilida gap-so‘zlar yurganmish, agar bunday qilsam, o‘sha mish-mishlarga pishang bergan bo‘larkanman.
Darvoqe, uylanish borasida menda muammoning o‘zi yo‘q edi. Balki shu sabablidir, bu masalaga unchalik ahamiyat ham bermabman. Ya’nikim otam ko‘p yillar burun, yaqin jo‘rasinikiga mehmondorchilikka borganida uning pildirab chopib yurgan, mendan taxminan besh yoshlar kichik qizchasini ko‘rib qoladi va “Kel, quda bo‘laylik, shu qizingni to‘ng‘ichimga oberaman”, deydi. Xullas, garchand borib qulog‘ini tishlamagan bo‘lsam-da, o‘ziga xos beshikkertti. Oradan yillar o‘tdi, otamning jo‘rasi vafot etib ham ketdi. Ammo otam “Lafz halol, men va’damni bajaraman, bo‘lmasa jo‘ram go‘rida tik turadi, u yoqqa borganimda yoqamdan oladi”, deb turib oldi. Xullas, kim borib ko‘rib kelsa “sochi uzun” deb ta’riflaydigan bu qiz necha yildan beri o‘sha uzun sochini o‘rib, kelgan sovchilarni qaytara- qaytara, teng-to‘shlari o‘tirish-po‘tirishlarga chaqirsa ham chiqmasdan, kaminani kutib o‘tirgan edi.
O‘y-xayolim Puankare bilan yarimevklidli fazo handasasida edi. Uchrashuvga chiqib o‘tirmadim. Shuncha odam maqtayaptimi, har nechuk, uzun sochidan o‘zga ham fazilatlar ham bisyordir bo‘lg‘usi rafiqamda.
Ota-onaning farzandini uylantirishi farz deyishadi. Ammo men bu “farz”ning qanchalar azobli, asabiy tarzda kechishini o‘shanda ko‘rdim. To‘y meni yon-atrofga real ko‘z bilan, hushyorroq qarashga o‘rgatdi, boshqacharoq aytadigan bo‘lsam, birdaniga ulg‘aytirib ham qo‘ydi. Men o‘shangacha rostdan ham romantik o‘y-xayollar og‘ushida “non”ni “nanna” deb yurganimga ishonch hosil qildim.
Institutda kichik ilmiy xodimman, maoshim yetmish rubl. To‘y esa ajdaho misoli og‘zini ochib turibdi: yetmish rubl nima degan gap, odamning kulgisini qistatmang, ming rubl ham urpoq bo‘lmaydi… Ota- onamning, ukalarimning qarz izlab yelib-yugurishlarini ko‘rib issig‘im chiqib ketadi, xijolatdan o‘zimni qaerga qo‘yishimni bilmayman. Yana ajablanaman: shuncha tashvishlarga, pul ilinjida odamning g‘ururini yer bilan bitta qilib tashlaydigan bo‘yin egib turishlarga, hali to‘y boshlanmasidan burun quda taraf bilan to‘rt gaz mato ustida jiqqamusht bo‘lishlarga, halitdan u tomon vakillariga – bejiz “dushman tomon” deyishmas ekan shekilli – olayib, “Bir amallab kelinni tushirib olaylik! Keyin kunlaringni ko‘rsatamiz!” deganday o‘qrayib tikilishlariga qaramasdan baribir ular baxtiyor edilar. Ming urinsam ham, buni mantiqiy jihatdan asoslab, tushuna olmadim. Har nechuk, ukam aytganidek, shaharda ilm ortidan quvib yuraverib oyog‘im yerdan uzilgani, urf-odatlarimizni unutib qo‘yganim rost shekilli. Mana shu xijolatpazlik asorati bo‘lsa kerak, to‘y oqshomi igna ustida o‘tirgandek bezovtalanib, o‘rtada yerning changini ko‘targancha, astoydil o‘ynayotgan xesh-urug‘larimga, yaqinlarimga miyasi olib tashlangan qo‘ydek angrayib termulib o‘tiraverdim.
Chimildiqda ko‘rdim: rafiqam sarg‘ishdan kelgan, novcharoq qiz ekan. Sochi, ta’riflanganidek, taqimini o‘pmasa-da, belidan pastga tushib turardi. Men har bir insonni Koinot mo‘‘jizasi, gultoji deb bilaman. Inchunin, har bir inson aziz va mukarram. Mana shu aqida ta’sirida o‘sganman. Bo‘lg‘usi umr yo‘ldoshimga ham shunday munosabatda bo‘ldim.
Axir bu qiz uydagilarining ixtiyorini o‘zi uchun qonun deb bilgan, necha yil sarg‘ayib, umid-ishonch bilan meni kutgan, ko‘chada tengdoshlari bilan o‘ynab-kulib yurmagan, bog‘larda begona yigitlar bilan qo‘l ushlashib sayr qilmagan. Mana shu keltirgan qurbonliklari evazigayoq men unga risoladagidek er bo‘lishim lozim va joiz emasmi? Illo, o‘z baxti yo‘lida ixtiyoriy ravishda qabul qilingan har qanday cheklov alal-oqibat munosib mukofotlanishi kerak emasmi? Mana shu tuyg‘ular ta’sirida bo‘lsa kerak,  rafiqam ko‘zimga olovdek ko‘rinib ketdi. Tepada Xudo shohid, uylanganimga qadar ham, uylanganimdan keyin ham xotinimga xiyonat qilmadim, shunday imkoniyat tug‘ilganida esa, o‘zimni olib qochdim. Ko‘z ochib ko‘rganim umr yo‘ldoshim bo‘ldi.
To‘shak masalasida sal tortinchoqroqman. Bilmadim, yangalari qanday yo‘l-yo‘riq ko‘rsatishgan, qanday saboq berishgan, xullas, qovushganimizdan so‘ng, ayollik ostonasini hatlab o‘tgan rafiqam choyshabni ko‘rsatishdan tashqari boshimdan iliq suv quyib, yuvintirib ham qo‘yganida, rosti, quvonchdan ko‘zlarimga yosh keldi, uyalganidan bosh egib turgan xotinimni beixtiyor quchib olib, qulog‘iga hayajon bilan shivirladim: “Biz baxtli bo‘lamiz, jonim…” Nazarimda, shak-shubhasiz shunday bo‘ladigandek ham edi. Taassufki… Men keyinchalik so‘nggi so‘zni biron marta xotinimning qulog‘iga shivirlab aytmadim, aytolmadim. Hatto o‘zim istagan taqdirimda ham dilimdan o‘chib ketgan bu so‘z tilimga qayta sitilib chiqmadi.
Oradan yillar o‘tdi. Men har zamon-har zamonda o‘zimni chimildiqda, kelinchak yuvintirib qo‘yayotgan kuyov sifatida tasavvur etishga urinaman, ammo buni eplolmayman, qaylardadir olisda qolgan g‘ira-shira manzaralar yanada xiralashadi, tussizlashadi, ularning o‘rnini shafqatsiz voqelik egallab oladi-qo‘yadi…
O‘sha tongda esa… yetmish ikki tomirim bo‘shashib, og‘zimning tanobi qochgan holda, tabiatning nikoh, er-xotinlik atalmish tilsimotlariga shukronalar ayta-ayta o‘tirgan mahalim edi. Qaynonam kirib keldi xonaga. Bir amallab salom berdim. Qaynonam o‘tirdi. O‘zi bilan olib kelgan urchug‘ini yigira boshladi. Ha, aniq esimda bor, xuddi shunday bo‘lgandi. Ikkinchi onamga nedir yaxshi gaplar aytgim keldi. Axir, shunday qizni voyaga yetkazgan, avaylab-asragan, chang ham qo‘ndirmasdan, menga olib kelib  tutqazgan. Shu sababli bo‘lsa kerak, qaynonam hol-ahvol so‘rash asnosida “Qizim yaxshimi” deb qo‘ygan mahal, meni nima jin urdi, tilimni qaysi qarg‘a cho‘qidi, bilmayman, rafiqamni bir maqtab qo‘yay degan niyatda taltayib:
– Qizingiz yomo-on… – desam bo‘ladimi!
Ha, ha, “yomon” demadim, “yomo-on” dedim, balki bunday bo‘lishini bilganimda, “…zo‘r” degan so‘zni ham qo‘shib ketardim.
Umuman, menimcha, ko‘p hollarda so‘zlarning o‘zidan ko‘ra ularning aytilish ohangi, ifoda muhimroq. So‘z shakl bo‘lsa, ohang – mohiyat. Hamma gap mohiyatda, axir. Shunday emasmi? Axir shoir ham o‘zining sevgilisiga qarab, “Eh, qani endi dunyoda yana biron qiz seni men kabi yomon ko‘rsaydi”, deydi, “yaxshi ko‘rsaydi” demaydi. Illo o‘sha qiz oshig‘iga “yomon ko‘raman” deb turib aslida “yaxshi ko‘raman” degan, gap ohangi bilan aytgan. Shoir buni tushungan. Ammo qaynonam tushunmadi.
O‘zim ko‘rdim: oltmish yoshli kampirning yuzi birdan qiyshayib, qahrli tus oldi, ko‘zlari chaqchaydi. Bir yumalab, ertaklardagi burni uzun yalmog‘iz kampirga aylangan qaynonam nafrat bilan qarg‘andi:
– Qizim yomon bo‘lsa, yaxshisini topib ol!
Men hali javobga, o‘zimni oqlashga og‘iz juftlab ulgurmasimdan qaynonam shartta o‘rnidan turdi va xonadan chiqdi-ketdi. Yo‘q, shunchaki chiqmadi, eshikni qarsillatib yopib chiqib ketdi. Qovun tushirib qo‘yganimni angladim. O‘ng‘aysiz qilig‘i uchun tarsaki yegan boladay yuzim uyat va nomusdan lovullab yonardi. Nimadir qilish kerak edi. Ammo nima?
Dovdirab qolgandim. Men to mulohaza yuritib, biron qarorga kelib ulgurganimcha esa g‘isht qolipdan ko‘chib bo‘lgandi: qizining xonasiga kirib, eshikni ichkaridan qulflab olgan qaynonam yangi kelinchak bilan tushga dovur tarbiyaviy soat o‘tkazdi. Va… va shu bilan hammasi tugadi.
Keksa ayol nima desa degandir, ammo xayr-ma’zurni ham nasiya qilgan onasi jo‘nab ketganidan so‘ng ichkaridan yulqinib, rangi bo‘zarib chiqib kelgan rafiqam birov bilan urishguday vajohatda edi. Bu qiyofa uni ancha-muncha xunuk ko‘rsatardi.
Bu dunyoda erkak kishi uchun eng og‘iri – o‘zini oqlash. Ayniqsa qilmagan gunohi uchun. U paytlari xotinimning yuzida sal-pal hayo pardasi bor edi. Shungami, xayriyatki shang‘illamasdan, ammo zaharli so‘zlarni tishlari orasidan bitta-bittalab chiqargan ko‘yi, boshimga malomat toshlari yog‘dirishga tushib ketdi: “Boring o‘sha yaxshilaringizning oldiga! Biz endi yomon bo‘lib qoldik-da, a? Ishingiz bitgandan keyin… O‘zimam biluvdim-a, bir kelib xabar olmaganingizdan shaharda o‘ynashlaringiz ko‘pligini…
Onamning gaplari to‘g‘ri o‘zi. Siz meni o‘qimagan deb mensimaysiz. Lekin o‘qiganlariniyam ko‘rayapmiz. Bari biri-biridan battar. Siz o‘shanaqalarning orasida yurgansiz-da…” Na gapingni eshitadigan, na izohingga quloq tutadigan, daqiqasiga o‘ttiz uch o‘rniga, qirq besh tezlikda aylanayotgan plastinkaday tinmay javrayotgan ayol oldida o‘zimni qanday ham oqlay olardim? Bir-ikki urinib ko‘rdim, foydasi bo‘lmadi.
Xotinimning yuragimga nashtarday sanchilayotgan hamma gaplari bir bo‘ldi-yu, “Agar men tegmaganimda.. men tegmaganimda xotinsiz qolib ketardingiz, yuraverardingiz o‘sha buzuqlaringiz bilan, o‘zingizam buzuq bo‘lib!” degan haqorati bir bo‘ldi. Yo rab! Bu nima degan gap axir! Axir bu… mening erkaklik sha’nimni balchiqqa qorish bilan barobar emasmi? Nega, nega u birinchi kechadan keyinoq menga umr yo‘ldoshi bo‘lganligini ta’na qiladi? Nima, u bo‘lmasa men bir umr bo‘ydoq o‘tarmidim?
Ko‘zlarim namlandi. Beixtiyor kafedramizdagi ismi-jismiga mos laborant Munisani, uning hurkak nigohlarini esladim. Keyingi paytlari uni ko‘rsam, yuragim dukillab uradigan, etim g‘alati jimirlashadigan bo‘lib qolgandi. Shuning uchun kafedraga borishni ham yig‘ishtirgandim. Yo‘q, yo‘q, men buni ongli ravishda qildim, mukofot yoinki maqtov ilinjida emas. Bu voqeani eslagim kelmaydi. Ammo qaysi gunohim uchun ta’na-dashnomlar do‘li bunchalik ustimga yog‘ilayapti, shuni tushunmasdim. Yana kimdan, tun bo‘yi quchog‘imda bo‘lgan, men o‘pgan, meni o‘pgan, o‘zini menga baxshida aylagan, meni yuvintirib qo‘ygan, men hayajon bilan “jonim” deb ataganimda yuzini uyalinqirab yashirgan ayoldan.
Ko‘nglim birdan bo‘m-bo‘sh bo‘lib, huvillab qoldi. Xotinimning ta’nalaridan ko‘ra bu gaplarning nafrat va g‘azabga qorishiq ohangi meni adoyi tamom qilmoqda edi. Qachon ulgurdi u menga dushman bo‘lib olishga? Qachon ulgurdi u menga bu qadar tiyiqsiz alam bilan qarashga? Nima, men yeb, u quruq qoldimi? Qo‘yib bersa, hozirning o‘zida meni pichoqlab tashlashdan, etimni xomtalash qilishdan ham toymaydiganga o‘xshaydi.
Aybim, onasiga aytgan bir og‘iz gapimmi?.. Shumi og‘iz to‘ldirilib aytiladigan oilaviy hayot, shumi “er-xotin – qo‘sh ho‘kiz” deganlari? Yana o‘zimcha yuragim terak bargiday titrab, ich-ichimdan iltijo qilaman deng: “E Xudo, ishqilib bu gaplarni ota-onam yo uka-singillarimdan birontasi eshitib qolmasin-da… Sharmanda bo‘lamiz-ku, sharmanda…”
Singan ko‘ngilni chegalab bo‘lmas ekan.
Shu oqshom biz, bir kunlik er-xotin, bir-birimizga teskari qarab yotdik. Xotinim-ku, tezda pishillab uxlab qoldi, lekin men tonggacha ko‘z yummay chiqdim. Bu men kutgan, ayniqsa birinchi kechadan so‘ng ajoyib bo‘lishiga ishonib qolgan oilaviy hayotga o‘xshamasdi…
Ertasi kuni Piskunovning “Oliy matematika”sini o‘qib o‘tirgandim. Xotinim boshimga kelib turdi-turdi, so‘ng:
– O‘ldim-kuydim kitobmi? – deb so‘radi.
– Shunga o‘xshashroq, – deb qo‘yaqoldim.
Rafiqam cho‘ntagidan o‘quvchilar daftaridan yirtib olingan bir varaq qog‘oz chiqarib berdi:
– Uni Toshkentingizga borganda o‘qiyverasiz. Avval manavini o‘qing.
Bu ro‘yxat edi. Adashmasam, agar g‘ij-g‘ij imlo xatolarini tuzatib o‘qisak, “Dushanba xolamning tug‘ilgan kuni. Seshanba dugonamning to‘yi. Chorshanba tushga ammamning uyida “non sindirar”, kechqurun “qiz chaqirdi”… mazmunida edi. Bu ro‘yxat sinoatini so‘radim. Yosh kelin-kuyov sifatida ularning hammasiga borishimiz kerak ekan. Tabiiyki, quruq qo‘l bilan so‘ppayib kirib borilmas, arzirli sovg‘a-salom olish shart ekan.
Rafiqam alohida ta’kidlab o‘tdi:
– Yosh kelinman. Hammaning ko‘zi menda bo‘ladi. Uyaltirib qo‘ymang. Mening uyalganim – sizning yerga kirib ketganingiz bo‘ladi-ya.
Buni-ku, tushundim. Ammo nima uchun o‘zimizning to‘yimizga tushgan sovg‘a-salomlardan bunaqa joylarga olib borish mumkin emasligini aslo tushunmadim. Shunaqa irim bor emish: yangi kelin-kuyovga berilgan sovg‘a- salomlarga teginilsa, shu ro‘zg‘ordan baraka ketarkan, urush-janjalam ko‘payib qolarkan. Bu men uchun oliy matematikadan ham qiyinroq masala edi. E’tiroz bildirishga urinib ko‘rdim:
– Pul masalasi sal og‘irroq bo‘lib turibdi-ku…
Rafiqam qovog‘ini uydi:
– Bo‘yningizga majburlab o silib ol magandim . Mard bo‘lib uylandingizmi, endi bu yog‘igayam chidab bering-da. Axir ikki barmog‘imni burnimga tiqib, sho‘ppayib kirib borsam uyimdagilar, qarindosh- urug‘lar “O‘l bu kuningdan! Topganing shu qurumsoq bo‘ldimi? O‘zing pishirgan oshni endi aylanibam, o‘rgilibam ichaver” deyishmaydimi? Ustimdan kulishmaydimi? Nima, birinchi kundan meni yer bilan bitta qilmoqchimisiz?
Yana tushuntirishga urindim:
– Axir… yo‘q narsani qaerdan topay? Uydagilarning ahvoli ma’lum- ku. To‘y qilib berishdi…
Eshitganim ilon po‘st tashlaydigan gap bo‘ldi:
– To‘yni pesh qilmang. Ja unaqa maqtanadigan to‘y bo‘lgani yo‘q. Onam bechora uyatlarda o‘ldi… Siz menga to‘yni minnat qilgandan ko‘ra jonday xolamning tug‘ilgan kuniga nima sovg‘a qilishni o‘ylang.
Bunisi endi haddan ortiq edi. Jahlim chiqqanini ko‘rgan ikki kunlik kelinchak yig‘lamsiradi:
– Menga ne-ne kazo-kazolardan sovchilar kelishgandi. Men bo‘lsa…
Endi nimadir deyishga befoyda. Shu sababli ikkala qo‘limni ko‘tardim-u, bosh egib onamning huzuriga chiqdim.
Kunda-kunora albatta bir tadbir chiqib turadi. Haqiqatan ham shaharda yashab, qishloq rasm-rusumlaridan, urf-odatlaridan yiroqlashib ketgan ekanman. Unaqa desam, bizning davrimizda, misol uchun, ayollar tug‘ilgan kunlarini bunaqa tantanali nishonlamasdi, shekilli. Yo bola bo‘lib, buni sezmagan ekanmizmi?

IV

Avval “kichik chilla, qorong‘ida yurish mumkin emas, uzoqqa borish mumkin emas”, deyishdi, keyin “katta chilla”. Ishqilib, qirq kuncha qishloqda qolib ketdim. Shundan so‘ng ota-onamdan ruxsat olib xotinimni shaharga olib keldim. Institutning oilaviy yotoqxonasidan katalakday xona ajratib berishdi.
Mo‘ljallagan ishlarimdan ancha orqada qolib ketgandim. Grafigimga yetib olishim kerak. Bir tomonda nomzodlik ishi, ikkinchi tomonda Puankare menga ilhaq ko‘z tikib turishardi. Endi belni mahkam bog‘lab, tadqiqotlarimni davom ettirishga kirishmoqchi bo‘lib turganimda kutilmaganda, oyoq ostidan katta bir muammo chiqib qoldi.
– Vatan kerak, – dedi xotinim.
Avvaliga bu gapning mag‘zini chaqmadim. Shunda rafiqam izoh berdi:
– Uy kerak. Obshitada ham yashab bo‘ladimi?
Bu talabni qulog‘im tagidan o‘tkazib yuborishga harakat qildim. Nega endi shuncha odam yashayotgan “obshita”da yashab bo‘lmas ekan? Buning ustiga, oson bo‘ptimi uy olish? Otliqqa yo‘g‘-u… Ana, navbatga yozilib qo‘yganman, biron o‘n yillarda berib qolishsayam do‘ppimni osmonga otsam bo‘ladi.
Biroq xotinim mutaassiblarcha talabini takrorlagani-takrorlagan edi:“Vatan kerak!” Yo‘q, shaharning susti bosdimi, ikkinchi yarmim baqirib-chaqirib janjal qilmadi. Buning o‘rniga dunyoning jami tashvish-g‘amlari, vahimalari yelkasiga tushganday birdan qaddi bukchayib qoldi, so‘ng noma’lum nuqtaga tikilgan ko‘yi lablari titrab pichirladi: “Endi nima qilaman?.. Endi qanday yashayman?..” Baayni jami odamzot qirilib, ulkandan-ulkan dunyoda yolg‘iz o‘zi qolgandek. Rafiqamni bu ahvolda ko‘rib, yuragim tuz sepilgandek achishdi, beixtiyor ko‘zlarimga yosh qalqdi. Axir u sho‘rlik uyim-ro‘zg‘orim, qolaversa meni deb shu ko‘yga tushayapti-ku.
Joylashganimizga to‘rt kun o‘tar-o‘tmas qovog‘ini to‘rvaday osiltirib qaynonam kirib keldi. Kampirning gaplari esa ma’lum:
– Men oyday qizimni birovning irgasida sarg‘ayib yashasin deb erga bermagandim. Yuborganlaringizning “Toshkentda saroyday hovlisi bor”, degan lafziga ishongandim. Agar qizimni ikkita odam kelsa, uchinchisi ko‘chada kutib turadigan bu tovuq katagida tiqib qo‘yishlaringni bilganimdami… Va hokazo, va hokazo. Bu ahvolda ishlab bo‘lmasdi. Bu ahvolda yashab ham bo‘lmasdi. Nima, sovchilardan birontasi bo‘lg‘usi kuyovto‘rani targ‘ib- tashviq qilayotgan mahali aytib yuborgan o‘trigi uchun men boshimni kundaga qo‘yishim kerakmi? Axir tomchi toshni teshadi; jigar-bag‘ringni o‘yib o‘tadigan gaplarga ham bir kun chidash mumkindir, ikki kun, xo‘p, ana, nari borsa uch kun, ana undan keyin nima qilasan? Portlaysan-da.
Lekin men… portlamadim. Illo menga tinchlik kerak, xotirjamlik kerak edi, mayda-chuyda g‘ishavalar bilan, nimanidir isbotlashga urinib o‘tkazishga sarflaydigan vaqtimning o‘zi yo‘q. Shusiz ham qirq kunimni osmonga sovurib kelgan edim. Meni qilinadigan bir olam ishlarim,ehtimolki, qanchalik dabdabali bo‘lib eshitilmasin, umuminsoniy ahamiyatga molik kashfiyotim kutib turardi. Shu bois boshimni yanada quyiroq egdim va ota-onam, uka-singillarim, haddim sig‘adigan qarindosh-urug‘larim, do‘st-birodarlarimga qarz so‘rab bordim. Kim berdi, kim bermadi. Uylanganim munosabati bilan ish joyimdan moddiy yordam, mukofot, jamoa yig‘ib bergan pul deganday, ishqilib, bir oy ichida to‘rt ming rublga yaqin pul to‘pladim. Kooperativ uy degani bo‘larkan, bir xonali kvartirasi taxminan shuncha turarkan. Shunaqa kvartira topildi ham, besh qavatli uyning beshinchi qavatida. Nima qipti, to‘qqizinchi qavatda yashaydigan bir tanishim hazillashib aytganidek, “tepa”ga yaqinroq.
Men shoshilardim. Bu o‘zimning sira uquvim yo‘q yumushlarni tezroq bir yoqli qilishni, nomzodlik ishim bilan gipotezaga iloji boricha tezroq qaytishni istardim. Vaqt ketayotgandi, vaqt!
Yorab, kim aynitib yoxud o‘rgatib ulgurgan, tasavvur etolmayman, ammo mutlaqo kutilmaganda, baayni yoz osmonidan do‘l yoqqanday, rafiqam bir xonali “vatan”dan voz kechib qoldi. Bizga ikki yoki uch xonali va iloji boricha ikkinchi yoki uchinchi qavatdagi “vatan” kerak ekan. E’tiroz uchun juftlagan og‘zimni “Shu holimda beshinchi qavatga qanday chiqaman, yarim yo‘lda bola tushib qoladi-ku! Sizga xotin, farzand kerakmi o‘zi?” degan dastak shartta yopdi. Har qalay, ayol kishi erkakka nisbatan ro‘zg‘orni, oilani ko‘proq va xo‘proq o‘ylashi rost shekilli.
Biroq bu istakni amalga oshirishim uchun to‘plaganimning yana yarmicha aqcha topishim kerak edi. Aytishga oson.
G‘alati davrda yashayotgandik. Qandaydir kooperativlar, shirkatlar yomg‘irdan keyingi qo‘ziqorinlarday bodrab chiqayotir. Odamning suqi kirar darajada afsonaviy daromad topayotganlar, partiya vznosining o‘ziga ming-ming rubllab to‘layotganlar… Birovning topgani esa hamisha ko‘zingga osmondan tushganday bo‘lib ko‘rinaveradi.
Xullas, gapdan gap chiqdi va o‘sha jo‘ram meni birgalikda kattakon biznes qilishga taklif etdi. O‘zi pishib turgan ish ekan. Ya’ni pul mendan, g‘oya undan, daromad o‘rtada. Tikkan mablag‘im bir yarim oy ichida eng kamida ikki barobar bo‘lib qaytishi kafolatli ekan. Kamida. Ish yurishib qolsa, bemalol uch, hattoki to‘rt barobar ham tashlab berishi
“ikki karra ikki – to‘rt” singari aniq va ravshan aksioma ekan. Bu men uchun ayni muddao edi: bir yarim oy nima, “zuv” etib o‘tadi-ketadi. Zato keyin… Qo‘l tashlashdim. Xudo bersa quliga, chiqarib qo‘yar yo‘liga, deganlari shu-da.
Endi o‘sha kunlarimni qo‘rqinchli tush kabi eslayman.
Mirzacho‘lning qoq kindigidagi xo‘jalikning yarim xaroba fermasi. Hovli piyozga to‘lib ketgan. Hammayoq piyoz. Biz, tadbirkorlik qilib, katta pul topishga jahd qilgan ikki o‘rtoq va kunlik ishga yollangan o‘ttiz chog‘li erkak-ayol ertalabdan qora kechgacha bosh ko‘tarmay ishlaymiz. Ishimiz ajabtovur. Har birimizning yonimizda elektr plitasi, plita yetmay qolganlarga dazmol yoki ichiga olov yoqilgan pechkalar berilgan. Biz piyozning orqasini pichoqda shartta kesamiz-da, shu kesilgan joyni qizib turgan plita yoki dazmolga bosamiz, so‘ng xirmonga irg‘itamiz. Shunday qilinsa, o‘n besh-yigirma kunlik yo‘lda bu sabil chirib qolmas ekan. Axir
biz bu mahsulotning naq to‘rt KamAZini shu zaylda Rossiyaga yuborish uchun ulgurji sotib olganmiz. U yoqda esa bir kilo achchiq piyozning narxi… Eh-he, eshitsang og‘zingning suvi qochadi, foydani hisoblayverib, boshing aylanib ketadi…
Tasavvur qiling: kun issiq, havoda qilt etgan shabada yo‘q, biz ishlayotgan to‘rt tomoni berk saroyning quruq hammomdan farqi qolmagan, butun badanimizdan shuvillab ter oqadi, buyam kamday, qo‘lansa piyoz isi dimog‘imizga, kiyimlarimizga o‘rnashib qolgan, undan qutulib bo‘lmaydi.
Xudo shohid, men hatto biz ajratib tashlayotgan chiqitlarni yeyavergan sigirlar sutiga ham piyoz isi o‘rnashib qolganini o‘shanda ko‘rganman. Ertalab piyozdog‘ bilan yarim kosadan sut, tushlikka ozgina serpiyoz sho‘rva, kechqurunga yana piyozdog‘; tarashaday qotib qolgan qora buxanka. Barmoqlar achiydi, ko‘zdan duvillab yosh oqadi, o‘pkang yulinguday bo‘lib yo‘talasan, bosh aylanadi… E, “dod” deb yuborgisi keladi odamning!
Ikki hafta mana shu jahannam azobida o‘tdi. Axiyri ishni tugatdik. KamAZlar karvoni jo‘ram boshchiligida “Qaydasan, Novosibir!” deya yo‘lga tushdi. Yengil nafas oldim. Shu qadar zada bo‘lganimdan, piyoz degan narsaga boshqa umuman qaramayman, ovqatgayam ishlatmayman, hatto kabobning ustigayam septirmayman deya o‘zimga o‘zim ont ichgan ko‘yi shaharga qaytdim.
Katta operatsiyani qoyillatib qo‘ygan biznesmen sifatida bir oydan ko‘proq jon-jahdim bilan o‘zim sog‘inib qolgan ishimni davom ettirdim, menga ora-sira ishonqiramay qarab-qarab qo‘yayotgan xotinim ham “miq” etib og‘iz ochmadi. Bu eng samarali, saodatli kunlarim edi. Nomzodlik ishimni bitirdim hisob. Yangi g‘ayrat bilan Puankare gipotezasi atalmish “totli tosh yong‘oq”ni chaqishga o‘tdim. Illo matematikada ham danagidan mag‘izi shirin, mag‘izi…
Ko‘ngil-da, hali uylanmagan chog‘larim orzu qilardimki, erta-bir kun boshim ikkita bo‘lsa, meni tushunadigan munis bir ayol – yo‘q, yo‘q, men laborantkamizni nazarda tutganim yo‘q, aslo! – yostiqdoshimga aylansa, yumushdan horib qaytgan chog‘larim uyga yaqinlashganimni savqi tabiiysi bilan sezsa, dik etib o‘rnidan tursa, oshiqib eshik yoniga kelsa, tabassumlarga ko‘milgan ko‘yi “Charchamay keldingizmi, dadajonisi?” deya kutib olsa, ohista quchsa, issiq yuzini yuzimga bossa, yonog‘ini o‘pich uchun tutsa, portfelimni qo‘limdan olganidan so‘ng esa yana bir bor quchoqlab qo‘ysa… Dasturxon ustida yelkasini yelkamga tekkazib o‘tirsa, mening o‘z yumushim borasidagi bosh-keti yo‘q gap-so‘zlarimni ko‘zlarimga hayrat ila termulib eshitsa, men bilan ich-ichidan faxrlansa, g‘ururlansa, mendan mo‘‘jiza kutsa, menga ishonib-topinib yashasa… Men aniq fan vakiliman. Dunyoning o‘zi raqamlardan iborat. Buni mendan oldin aytib ketishgan. Mendan keyin ham aytishadi. Umuman olganda esa, matematikani
bilmaydigan odam boshqa fanniyam tushunmaydi. Ayniqsa bunaqa odam o‘zining johilligini bilmay, unga davo izlamay o‘tib ketishi yomon. Yo‘q, bu gapni men aytmaganman. Yetti yuz yil burun Bekon degan donishmand aytib o‘tib ketgan. Gapning po‘stkallasiyam shu-da. Inchunin, kim aytadi matematiklarga lirika yot deb. Bu sira maqtanish bo‘lib tuyulmasin, ammo ora-sira, shunday odamni entiktirib-to‘liqtirib, telba yurakni hapriqtirib yuboradigan orzularga umidvor asir bo‘lgan mahallaring ismsiz allaqanday tuyg‘ularni uyqashroq misralarda yozib qo‘yging kelib ketadimi-ey. Deylik, shundoq eshikni ochsam-u… “Meni ko‘rgan mahali ko‘zlari chaqnab ketsa, Naqsh olmaday lovullab, yuzlari yashnab ketsa…” Nainki uch-to‘rt kun, hattoki bir kunga qishloqqa ketgan bo‘lsa ham, u yoqdan seni sog‘inib, uchib yetib kelsa,o‘zini bag‘ringga tashlasa; tunlar quchog‘ingda entikib “faqat siznikiman…” deya shivirlasa, tuyg‘ular po‘rtanasiga dosh bera olmay ho‘ngrab yig‘lab yuborsa… Idealda esa, haligi o‘ris shig‘irchi xotin yozganiday, bir lahzaga xayrlashayotgan bo‘lsa ham xuddi asrlarga ajrashayotganday senga sog‘inch bilan to‘ymay termulsa, qo‘llaringni ko‘kragiga bosib, mahkam siqsa… Voqelikda ideal bo‘lmaydi deysizmi? Bekor gap. Aslida hayotimizning o‘zi ideallikdan, hayratomuz mukammallik qonuniyatlaridan iborat. Aks holda dunyo allaqachon chok-chokidan so‘kilib ketgan bo‘lardi. Misol izlab uzoqqa ham borib o‘tirmang, maktab davrida fizika darsida yodlagan gaz qonunlaringizni eslang. Xo‘sh, bu qonunlarning bari nimaga tatbiq etiladi? Ha, balli, ideal gazlarga. Aslida Puankare ham tadqiq etilayotgan geometrik jismni ideal deb biladi…
Yetar-a. Gapni orzumdagi ayoldan boshlab, yana gipotezaga olib kelib taqaganimni qarang. Qip-qizil bachkanalik, to‘g‘rimi? Xayol baribir o‘z nomi bilan xayol-da. Zero, men omadsiz hamjinslarim bir umr kamina singari mana shunday ilinjlar aldovida o‘tib ketishlarini yoinki uydan topmaganini ko‘chadan qidirishlarini keyinroq tushunib yetdim.
…Ko‘chadan hovliqib kelgan xotinim jo‘ramni shaharda ko‘rib qolganini aytdi. Ishonmadim. Ammo rafiqam o‘zinikini ma’qullab turib oldi. Shunday ishdan chalg‘itishganidan ko‘nglim og‘rigan bo‘lsa-da, noiloj kiyinib, jo‘ramnikiga yo‘l oldim. Eshikni uning rangi siniq xotini ochdi. Ko‘nglim bir nimani sezganday “shuv” etib ketdi. Ichkariga kirib, boshini bog‘lab yotgan jo‘ramning rang-ro‘yiga bir qarashdanoq nedir kulfat, baxtsizlik sodir bo‘lganini angladim. Piyoz yo‘lda irib, suv bo‘lib oqib ketibdi… “Menga ishonmasangiz, shopirlardan so‘rang, barisining adresiyam, telefoniyam bor. Lekin o‘zimni ularga ro‘baro‘ qilmang. Hali yo‘l pulini berganim yo‘q, ko‘rishsa, meni tiriklay yeb qo‘yishadi, shuning uchun uyda biqinib o‘tiribman… To‘rt KamAZdagi piyozam oqdi, xuddi mening achchiq ko‘z yoshimga o‘xshab oqdi”, dedi jo‘ram sho‘rqillab.
Men tamom bo‘ldim…

V

Men tamom bo‘ldim.
Baxtsizlik nomard ovchiday panada poylab turarkan: o‘qi nishonga bir tegdimi, yovvoyi shavq bilan og‘uli paykonlarini ketma-ket yo‘llayverarkan. Shu paytgacha qanday chidab yurishgan ekan, hayronman, ammo birdaniga ikkita ukam zudlikda uylanadigan bo‘lib qolishibdi. Qo‘shaloq to‘y, qarzlar… Bu yoqda alamdan kuyib, qorayib ketgan rafiqam ko‘z ochirmaydi, meni bo‘shangdan olib lattaga soladi, menga tekkizib-tekkizib yomon qarg‘anadi, orada yig‘lab-siqtab oladi, so‘ng hezlanib, jo‘ramning manzilini aytishimni talab qiladi, “hay-hay” demasam, borib u bechoraniyam yulib keladiganday. Qayoqdan xabar topgan, ertasigayoq dog‘uli  qaynonam kirib keldi tuxumidan ayrilgan tovuqday hurpayib. Ona-bola mening bittayam so‘zimga ishonishmadi…
Peshonamga bitilgan eng sho‘r, eng qora kunlarim edi u kunlar…
Odam o‘zini oqlay-oqlay, axiyri charcharkan. Ammo yashash kerak edi. O‘sha la’nati to‘rt ming rublni joyiga qo‘yish kerak edi. Ukalarimning to‘yiga tuzukroq to‘yona oborishim kerak edi. Eng og‘iri – menga chirqirab yopishayotgan xotinim bilan qaynonamning asablarimni ayovsiz egovlayotgan, ko‘zimga dunyoni qorong‘i qilib ko‘rsatayotgan ovozlarini o‘chirishim kerak edi. Bir ko‘ngil: “Kostyumni yelkangga il-da, chiq-ket. Hammasiga tupur. Dunyo keng”, dedi. Boshqa ko‘ngil: “Sen erkakmisan yo hajiqiz? Tug‘ilajak zuryodingda nima ayb? Otalik mas’uliyati bormi senda o‘zi? O‘zing tirik bo‘la turib xotiningni yesir, bolangni sag‘ir qilmoqchimisan?” dedi. Axir, mana, ahvolimni ko‘rib, rafiqam chidab tura olmadi: shu holida bir amallab bog‘chaga ishga kirdi sho‘rlik. Endi yuribdi bolalarning ishtonini yuvib. Ro‘zg‘or uchun fidoyilik bo‘lsa shunchalik bo‘lar-da…
Va men boshimni yanada quyiroq egdim…
Shundan so‘ng nima bo‘ldi, nima qo‘ydi – g‘ira-shira eslayman. Go‘yoki shundan keyingi o‘tgan yillar ichida men yashamagandayman, oynavand qafas ichidagi olmaxon misoli tinim bilmay, o‘pkam bo‘g‘zimga tiqilgancha harsillab chopaverganman-chopaverganman.
Yodimda qolgani shartta betimni sidirib tashlashu, tanish-begonalar oldiga qarz so‘rab borish bo‘ldi. Nechtasining uyidan, ishxonasidan orqamdan o‘xshatib tepki yeganday muztar ahvolda chiqib keldim, sanab sanog‘iga yetolmayman. Men hatto – yorab! – nigohlari hurkakkina laborantka qizimiz Munisaga ham yukinib bordim. Bilib-sezib turardim, bundan ortiq pastkashlik yo‘q edi, ammo… Rangi paxtaday oqarib ketgan, menga xavotirlanib qarab-qarab qo‘yayotgan Munisa ertasi kuniyoq ikki yuz rubl  bilan tilla uzugini olib kelib berdi. Darvoqe, men keyinchalik bu qarzni qaytarolmadim: tez orada Munisa ishdan bo‘shab, boshqa joyga o‘tib ketdi. Aynan qaerga o‘tganini hech kim bilmadi, o‘zim surishtirib yurishga esa na fursat topdim, na hafsala qildim. Jo‘ramdan umid qilib turgandim hech bo‘lmasa yarmini ko‘tarar deb. Ammo u kutilmaganda boshqa joyga ko‘chib ketib qoldi. Bir-ikki qidirdim, topolmadim. Oradan uch oylar o‘tib, uni go‘yoki yap-yangi “Jiguli” mashinasini uchirib ketayotgan holda ko‘rib  qolgan rafiqam qildi janjal, qildi janjal. Qorni qappayib qolgan, bu qorinda o‘zingning pushti kamaringdan bo‘lgan zurriyodni ko‘tarib yurgan ayolning ichki nafrat, irganish to‘la ta’na-dashnomlarini eshitishdan og‘irroq uqubat bormi bu dunyoda?! Va bu azobga chiday olmagan asablarim darz ketdi, muzlagan idishga qaynoq suv quyilganday chatnadi: bir kechada sochim qorday oqardi, boshim ora-sira prujinkasi chiqib ketgan qo‘g‘irchoqning kallasiday qiltillaydigan bo‘lib qoldi, hayajonlangan mahallarim duduqlanishdek bema’ni qiliq paydo bo‘ldi. Vaholanki, men talabalarga ma’ruza o‘qirdim. Mana o‘g‘irlangan qo‘lyozmayu, uning asoratlari xususidagi afsona qachon paydo bo‘lgandi! Eng yaqin do‘stim qo‘lyozmani o‘g‘irlarmish-da, darrov himoya ham qilib qo‘ya qolarmish! Ilmiy Kengash menga tasdiqlab bergan mavzuni-ya?..
Qolgan xotiralarim ayqash-uyqash. Men bu yillar ichida murvati burab qo‘yilgan, abadiy ishga mo‘ljallangan qo‘g‘irchoqday tinmay ishladim. Avval ikki joyda, keyin uch joyda. Ertalabdan portfelimni qo‘ltiqlab ma’ruza o‘qishga chopaman, tushdan keyin qurilishda, kechasi qorovulchilik; shanba-yakshanba kunlari mardikorlik… Ish, ish va yana ish. Pul, pul va yana pul tashvishi. Har safar biron qarzimdan qutularkanman, yelkamdan shafqatsizlarcha bosib turgan navbatdagi zalvorli yukdan qutulganday yengil tortardim, ozgina qoldi-ku, o‘shalar bilan ham hisob-kitobni tugatib olay, keyin yotib olib ilm bilan shug‘ullanaman, deb yupatardim o‘zimni o‘zim. Mavzu meniki, uni hech kim tortib ololmaydi, buning ustiga u to‘qson to‘qqiz foizga bitgan. Puankare esa… shuncha yil kutgan, yana ozroq kutib tursa hech nima qilmaydi. Ulguraman. Albatta ulguraman. Axir atay o‘zimni orqaga tashlamayapman-ku. Hozircha majburman. Ammo oz qoldi, juda oz qoldi, yana bir zo‘r bersam bo‘ldi…
Bu orada “vatan”lik ham bo‘ldik. Rafiqam orzu qilganidek ikkinchi qavatda, faqat ikki xonali. Bir xona qarz bo‘lib qoldim.
Bu orada, ming shukr, bir o‘g‘il, bir qizning otasi bo‘ldim.
Bu orada badqovoq qaynonam rahmatli bo‘lib ketdi.
Bu orada Kembrijdagi Kley Matematika instituti uchinchi ming yillik uchun matematikaning yetti eng muhim masalasi ro‘yxatini e’lon qildi. Har bir masalani yechgan kishiga bir million dollardan mukofot va’da qilindi. Puankare gipotazasi ham bu ro‘yxatda bor edi…
Bu orada men bilan bir paytda ish boshlagan Ayupov yigirma yetti yoshida fan nomzodi, o‘ttiz yoshida fan doktori bo‘ldi. Men esa oltmish yoshimda hamon katta o‘qituvchi bo‘lib, bir so‘zni to‘tiqushday ikki martadan takrorlab, talabalarga o‘zim savol berib, javobini ham o‘zim aytib yuribman… Darvoqe, yaqinda bir tanishimning nomzodlik ishi himoyasi sabab Ayupov rahbarlik qilayotgan institutga bordim. Prezidiumda o‘tiribdi qilichday bo‘lib. Po‘rim. Ko‘zlar chaqnagan. Sira qarimaganday. Agar yonma-yon turib qolsak, bizni ota-bola deyishlari ehtimoldan xoli emas… Ayupov men tomonga bir-ikki marta ko‘z tashladi, ammo tanimadi  shekilli. Qayoqdanam tanisin. Indamay o‘rnimdan turib, zaldan chiqib ketdim. Ayupov mening iyig‘i chiqib ketgan portfelimga qarab qolganini his qildim. Balki nimadir eslaganday bo‘lgandir…
Biroq o‘sha kuni mening boshimga tushgan sho‘rishlar shu bilangina tugab qolmadi. Institutning gilam to‘shalgan yo‘lagida ketarkanman, devordagi zarhal harflar bilan “Bizning faxrimiz” deb yozilgan doskaga ko‘zim tushib qoldi. Institutning faxri bo‘lgan olimlarga shunchaki ko‘z tashlab o‘tayotib, nogoh tok urganday joyimda qotib qoldim. Yanglishishim mumkin emas edi. Uchinchi qatorning boshida Munisa turardi. Hamon o‘shanday munisa, ma’suma, o‘shanday tortinchoq, hurkak nigohli… Go‘yo  yillar unga ta’sir qilmaganday. Dir-dir titrab, arang o‘qiy oldim: “Munisa Falonchieva. Fizika-matematika fanlari doktori. Falon-falon yillari Tennesi universitetida ma’ruza o‘qigan…”
Institut binosidan qanday chiqdim, eslay olmayman…
Tabiatda bo‘shliq bo‘lmaydi. U albatta nima bilandir to‘ldiriladi. Qanchalik tan olmaslikka urinmayin, qanchalik qarshilik ko‘rsatmayin, jon-jahdim bilan inkor etmayin, biroq baribir tabiat qonunlari qoshida ojizligimni g‘ira-shira bo‘lsa-da idrok etib turardim: ong- shuurni, tafakkurni birdaniga ikki tomonga yo‘naltirib bo‘lmaydi, ikki kemaga osilgan g‘arq bo‘ladi. Inchunun, yo ilm, yo moddiyat! Unisidan ellik, bunisidan ellik foiz olib yashab bo‘lmaydi. Buning samarasi chala tug‘ilgan bolaga o‘xshab qolishi haqiqatga yaqinroq. Inchunun, tirikchilik g‘uboriga to‘lgan miyani yarqiratib tozalab tashlamoq, uning yo‘nalishini  oldinga o‘zanga qaytarmoq imkonim xorijidagi ish emasmi…
Tan olay, bolalarimdan umid qilgandim. Har nechuk, olma o‘z daraxtidan uzoqqa tushmas. Biroq rafiqam tomonidan sarkash o‘jarlik va qat’iyat aralash ishonch bilan yaratilgan “bo‘shang, hech ishni eplolmaydigan, umri chaqa sanab o‘tayotgan, boshqalarga o‘xshab bunday yaxshi yashashni ham bilmaydigan” uquvsiz ota obrazi men bilan farzandlarim o‘rtasiga o‘tib bo‘lmas xitoy devorini o‘rnatdi. Shunda ham ancha urinib ko‘rdim. Ammo “iks”ning kubidan oddiy hosila ololmaydigan, logarifm bilan integralning farqini bilmaydigan bolalardan buyuk matematik chiqmasligini mendek uquvsiz katta o‘qituvchi ham bilib-tushunib turardi…

VI

Baribir, inson umid bilan, umid daraxti so‘lganida esa, ilinj niholi bilan tirik deyishadi.
Men har safar yangi o‘quv yilida yangi talabalarga ma’ruza o‘qishni boshlarkanman, dars oxirida bitta savolni o‘rtaga tashlayman. Odatda bu salgina murakkab so‘roq bo‘ladi. Ya’ni, men bilishga urinaman: shu auditoriyada o‘tirgan qora ko‘zlar orasida hech bo‘lmasa bittagina favqulodda salohiyatlisi uchrab qolarmikan? Bu xatti-harakatim lakmus qog‘ozini sinab ko‘rishday gap, albatta: qani, auditoriyaning ishqorlilik, ya’ni ilm darajasi qanchalik? Ko‘ngil tub-tubida esa ilinj: zora shunaqa iqtidor chiqib qolsayu… qolib ketgan ishimni, hech bo‘lmasa gipotezani yechishga urinib ko‘rishni birgalikda davom ettirsak. Ehtimol yoshlik g‘ayrati va keksalik tajribasi qo‘shilgan joyda chinakam mo‘‘jiza yuz berar. Axir, qatiq to‘kilgani bilan hovonchada yuqi qoladi-ku. Yaqinda, nihoyat fursat topib, qo‘lyozmalarimni diqqat bilan o‘qib chiqdim. Nimadir bordek, qalbni qoplagan kul orasida esa cho‘g‘lar miltirab qolayotgandek…
Afsuski, sinovdan har safar hafsalam pir bo‘lavergach, oxiri bu benaf mashg‘ulotni tugatsammikan, degan o‘ylarga ham bora boshladim.
Aniq esimda bor, – men axir matematikman, sonlar mening ko‘zir qartam, – yangi o‘quv yilining birinchi ma’ruzasini ikkinchi kurs talabalariga o‘qidim. Hali aytganimday, matematikaning o‘z ohanrabosi bor-da. Dunyoning matematik asosdagi bu qadar izchilligi, aql bovar qilmas mukammalligi meni hamisha hayratga soladi. Balki shu sabablidir, ma’ruzam yakunlangan sayin titrab, hayajonga tusha boshlayman, ammo buning oqibatida duduqlanib qolishdan cho‘chib, o‘zimni o‘zim nazorat qilib turishga ham urinaman. O‘sha kuni ham ma’ruzam xotimasida doskadagi formulalarga ishora qilarkanman, beixtiyor jo‘shqinlik bilan:
– Agar Gaussning manfiy chizig‘i yuzaning egarga o‘xshashligi bilan bog‘langan bo‘lsa, masala butunlay boshqacha tus oladi. E’tibor beringlar-a,butunlay boshqacha! Bu naqadar qiziqarli! – deb yubordim.
Oldingi partada o‘tirgan talaba yonidagi sherigining qulog‘iga shipshidi:
– Xuddi sigiri egiz tuqqanday quvonishini!
Aniq eshitgan bo‘lsam-da, ayni damda bunaqangi luqmalarga e’tibor berib o‘tiradigan ahvolda emasdim. Meni masalaning sinoati o‘ziga maftun etib bo‘lgandi:
– Bu yerda endi hatto Lobachevskiy nazariyasi ham yordam berolmay qoladi. Bu nima degani? Bu endi handasa ilmida yangi kashfiyotlar yaratila boshlandi, de-degani…
Duduqlana boshladim. Bu yomon alomat edi. Sal o‘zimni bosib oldim-u, auditoriyaga qaradim. Ammo bironta chaqnagan, men bilan qo‘shilishib hayratga tushayotgan nigohni uchratmadim. Hushyor tortdim. Ko‘nglim chopmay, hech narsaga ishonmay turgan bo‘lsam-da, soatimga qarab, qo‘ng‘iroq chalinishiga uch daqiqa qolganini ko‘rdim va doskadagi formulalarga ishora qildim:
– Mana endi lemma 2.1.1.ga e’tibor qarating-a. Ma’lumki, Gauss egri chizig‘ining bir qismi birlamchi kvadrat shakl koeffitsenti bilan aniqlanmaydi. Demak biz “V”ni konstant deb olsak, unda lemma bir narsani ochiq-oydin nima qilayapti? Ha, ko‘rsatayapti. Ya’ni yuzadagi “V” konstant bo‘lsa, 0.1-formuladagi “D” o‘z-o‘zidan nimaga teng bo‘lib qoladi? Xo‘sh?
Bu mening lakmus qog‘ozim, ya’ni talabalarning ilm darajasini aniqlash yuzasidan berayotgan nazorat savolim edi. Odatdagiday, talabalar jim. Men qarasam, ko‘zlarini olib qochganlari qancha. Ajablanganimni yashirib o‘tirmadim:
– Axir bu shundaygina ko‘rinib turibdi-ku. Bolalar, sal diqqat qilinglar.
Menga emas, formulaga qaranglar-a, formulaga. Naqadar oson bu yechim. Ozgina mantiqiy fikrlash kerak, xolos. Axir biz hech qo‘rqmasdan, mana, “v = cons” deb belgilab qo‘ydik. Xo‘sh, bu holda 0.1-formuladagi “D” o‘z-o‘zidan nimaga teng bo‘lib qoladi?
Talabalar og‘izlariga suv solib olganday yana miq etishmadi. Men xuddi shunday bo‘lishini bilganday, qovog‘imni uygancha o‘zim sira  foydalanmaydigan ma’ruza matnimni qaytarib portfelimga sola boshladim.
Shu payt o‘rtaroqda o‘tirgan bir talabaning qo‘l ko‘targanini ko‘rib qoldim. “Boshlandi. Hozir butunlay boshqa mavzuda savol beradi, odamni mayna qilishga urinadi. So‘tak!” degan o‘yda g‘ijinibroq bosh irg‘adim:
– Xo‘sh?
Shunda yigitcha nima dedi deng:
– Agar “v”ni konstanta deb olsak, 0.1-formuladagi “D” nolga teng bo‘ladi.
O‘z quloqlarimga ishonmadim. Yo‘q, “D” nolga teng bo‘lishi to‘g‘ri edi.
Ammo buni bu bola qayoqdan bildi? Nahotki taxmin qilgan bo‘lsa?
– O‘rtaga chiqib, shuni ko‘rsatib bersangiz, yigitcha.
Talaba doska yoniga keldi va bir yarim daqiqa ichida hammasini isbotlab tashladi. Men angrayib qoldim. Qo‘ng‘iroq jiringladi. Mening ahvolimni ko‘rgan talabalar joylarida jimgina o‘tirishardi. Arang so‘ray oldim:
– Davom etolasizmi? Endi biz yuzada hosilasi nolga teng bo‘ladigan egri chiziqli koordinatlarni nima qilishimiz kerak?
Yigitcha ikkilanmay javob qaytardi:
– Aniqlashimiz kerak. Buning uchun biz 0.2-formulani keltirib o‘tamiz.
Talaba kerakli formulani doskaga yoza boshladi.
Xudo bor! Men izlaganimni topgan edim! Nihoyat! Umidim deyarli uzilib bo‘lganida-ya!
Darsdan keyin talabani kafedraga chaqirdim. Gaplashib ko‘rdim. Balo ekan. Tug‘ma matematik!
Men qachondir bir umr yerga qarab, nimanidir izlab yurgan odam tilla tanga topib olganida ishonmasdan, topildig‘ini tashlab yuborgan ekan, deb eshitgandim. Shu ahvolga tushib qolmaslik uchun ehtiyotkorlik bilan ish tutdim. Avvaliga “Matematika bo‘yicha talabalar orasida o‘tkaziladigan olimpiadaga qatnashasiz”, degan sababni ro‘kach qilib, uni kutubxonaga olib bordim va uch-to‘rtta kerakli adabiyotni olib berdim. Mana shu kitoblarni diqqat bilan o‘qib chiqishni va uqishni tayinladim. Yigitcha odobli mullavachchadek bir og‘iz “xo‘p bo‘ladi” dedi va kitoblarni olib ketdi.
Keyingi hafta talabani imtihon qilib ko‘rdim. Nima ham derdim, bola men bergan asarlarni o‘zim talab qilganday ham o‘qib, ham uqib kelgandi. Quvonchdan shaytonlab qolishimga sal qoldi. Talabada men izlagan ilm ham,salohiyat ham bor edi.
Kafedrada o‘tgan uchinchi saboqdan keyin men gapni asta-sekinlik bilan o‘z maqsadim tomon burdim: bir asrdan beri yechimini topolmay kelayotgan Puankare gipotezasi haqida so‘zladim. Qiziqishi kuchaysin degan maqsadda  oxiri dunyo matematiklari shu boshqotirmani yechgan olimga bir million dollar mukofot va’da qilishganini ham qistirib o‘tib ketdim. Kutganimday, pul miqdorini eshitgan talabaning qoshlari kerilib ketdi, ko‘zlari chaqnadi. Men to‘g‘ri yo‘ldan borayotganimga ishonch hosil qildim. “Shu pul egasini kutib yotibdi. Ehtimol, u bizniki bo‘lar”, dedim.
Tabiiyki, talaba ishonqiramay bosh chayqadi:
– Shuncha olim turganda…
O‘zimam shu javobni kutgandim. Darrov tayyorlab kelgan gaplarimni to‘kib soldim:
– Boshqa olimlar ham xuddi shunday o‘ylashadi. Bu aslida o‘zi yo‘q voqelikning quruq vahimasi, sharpadan qo‘rqish, arqonga osilib qo‘yilgan, shamolda hilpirayotgan ko‘ylak ichida birov bor deb cho‘chish. Shuning uchun hech kim bu gipotezani yechishga astoydil kirishmayapti. Ochig‘i, yigitcha, men bu sohada u-bu ish qilib qo‘yganman.
Talaba yana menga ishonqiramay qaradi:
– Siz-a? – So‘ng savolining o‘rinsiz ekanligini o‘zi ham payqadi shekilli,duv qizarib ketdi: – Kechirasiz.
– Hechqisi yo‘q, – dedim darhol. So‘ng gapni hazilga burdim: – Nima, meni osmondan mana shunday, katta o‘qituvchi holida portfelini qo‘ltiqlagancha to‘g‘ri auditoriyaga tushib, ma’ruza o‘qishni boshlab yuborgan deb o‘ylaysizmi? Men ham yosh bo‘lganman, o‘zimga yarasha orzularim bo‘lgan.
Har qancha yashirishga urinsa-da, yigitcha baribir gaplarimga unchalik ishonmayotganligi sezilib turardi. To‘g‘ri-da, Puankare qayoqda-yu, qarshisida g‘ijim kostyum-shimda, iyig‘i chiqib ketgan bo‘yinbog‘da o‘tirgan manavi qorindor, sochi to‘kilgan, buning ustiga salga boshi qaltirab, o‘zi duduqlanib qoladigan, yana bir paytlar yosh bo‘lganligini da’vo qilayotgan domla qayoqda!
Men portfelimdan qo‘lyozmalarimni oldim. Avval gipoteza xususida uzoq ma’ruza o‘qidim. Hech qanaqangi gap bo‘lishi mumkin emas, talaba o‘ta zehnli, o‘ta farosatli, analitik tahlilga moyil edi. U aytmoqchi bo‘layotgan fikrlarimni juda tez ilg‘ab olar, ba’zan, duduqlanib qolgan kezlarim hatto ko‘maklashib ham yuborardi. Shunday bo‘lsa-da, uchinchi soat oxiriga boribgina yigitcha mening niyatimni bir qadar ravshanroq tushuna boshladi. Menga shuning o‘zi yetarli edi. Bizning fanda kalavaning uchini topib  olsangiz bas, qolgani o‘z-o‘zidan chiqib kelaveradi, oddiy mantiq shuni talab qiladi. Yigitchaning ham mavzuga qiziqib qolganligi joyida tinch o‘tirolmay qolganligidan, lablari qattiq qimtilganidan sezilib turardi. Ertasi kuni yana uchrashishga kelishib, xayrlashdik.
Men masrur edim. Shu qadar masrur edimki, keyingi yillar ichida birinchi marta “progul” qilib, ikkinchi ish joyimga bormadim. Uchinchisiga ham. Xotinimning “…nima qilaman? …qanday yashayman?” qabilidagi iztirobli nolishlarini eshitmaslik uchun quloqlarimga paxta tiqdimu, xonamda kitob o‘qib yotaverdim.
Men yana ilmga qaytmoqda edim. Dilimning qay qorong‘u, hammaning, hatto o‘zimning ham nigohimdan pinhon puchmoqlarida bir telbavor o‘y kezardiki, mabodo Xudo “Ol, qulim” desayu, talaba ikkalamiz gipotezani yechsak, men… men mukofot pulidan voz kechaman. Mayli, talaba olsin, unga kerakdir.
Ammo men o‘zimga tegishli besh yuz ming dollardan voz kechaman. To‘lalagicha! Illo… illo men bir asrdan beri jumboq bo‘lib kelayotgan gipotezani isbotlab, kashfiyotga erishgan mahalim his qilgan shodligimni, baxtimni yarim million dollardan qimmat deb hisoblagan bo‘lardim. Tushuntirib berolmadimmi? Buni tushunish uchun odam haqiqiy matematik bo‘lishi kerak. To‘g‘ri, puldan voz kechganimni eshitgan xotinim meni tiriklay g‘ajiydi, bolalarim nafrat bilan qarashadi, tanish-bilishlarim telbaga chiqarishadi. Ammo men baribir shunday yo‘l tutaman. Nazarimda, talaba ham shunday qiladiganday. Axir uning tomirlarida ham asl matematikning qoni oqmoqda…
Tuni bilan qo‘lyozmalarimni titib chiqdim. Men yana hov o‘shal davrdagi, g‘alaba isini tuya boshlagan tadqiqotchiga aylanib bormoqdaydim… Ertasi kuni universitetga xuddi bayramga borayotganday ko‘tarinki kayfiyatda, uchta noyob kitobni portfelimga solgan ko‘yi, g‘o‘dayib yo‘l oldim.
Yigitcha kelishilgan paytda kafedraga kirib keldi. Buyam meni xursand qildi: aniqlik – matematikning birinchi fazilati. Mana shu kayfiyat ta’sirida bo‘lsa kerak, talabani maqtab qo‘yishdan o‘zimni tiyib turolmadim:
– Yigitcha. Nigohingiz o‘tkir, shuuringiz tiniq. Ochig‘ini aytaman, shuncha yil dars berib, bu gipoteza mohiyatini tushungan, uni yechishga jazm qilgan talabani nima qilmagandim? Uchratmagandim. To‘g‘ri, bu gipoteza yechimini topishga ancha vaqtimizni nima qilamiz? To‘ppa-to‘g‘ri, sarflaymiz. Lekin ishonavering, bu arziydigan ish bo‘ladi. Nafaqat arziydigan, balki fan olamida katta shov-shuv yasaydigan ish bo‘ladi. Yechimni topolsak, butun O‘zbekiston matematiklari bizga nima qiladi? Ha, havas qiladi. Men nima deyapman? Nafaqat yurtimizning, hattoki dunyoning mana-man degan olimlariyam…
Jo‘shib gapirayotgan mahalim qarasam, talabaning shashti pastroq. O‘ziyam jur’atsizlik bilan:
– Domla, – deb qo‘ydi.
Odam ba’zan kelayotgan xavfni oldindan sezadi, deyishadi. Yuragim uvishib, sergak tortdim, yigitchaga dalda berishga urindim:
– Cho‘chiyapsizmi? Aslo cho‘chimang. Yoshsiz, g‘ayratingiz, kuchingiz, bilimingiz bor. Bu ish ikkalamizning qo‘limizdan nima qiladi? Keladi.
Albatta, keladi.
Mana shunda… mana shunda talaba cho‘ntagidan zarhal taklifnoma olib uzatdi va:
– Shunaqa bo‘p qoldi, ustoz, – dedi bir og‘iz. – Oilada to‘ng‘ich o‘g‘ilman…
Bu ikki kundan keyin bo‘ladigan to‘yga taklifnoma edi. Bo‘shashib qoldim. Tilak bildirgan bo‘ldim:
– Tabriklayman. Vaqt arifmetik progressiyada o‘sgani sayin baxtingiz geometrik progressiyada ko‘paya borsin.
Kayfiyatim tushib ketganini sezdi shekilli, yigitcha nimagadir shosha-pisha o‘zini oqlay boshladi:
– Lekin bu gipoteza bilan, ustoz, albatta shug‘ullanaman. To‘y o‘tib olsin.
Parishon ahvolda uning gapini ma’qulladim:
– Albatta, albatta. Avval to‘y o‘tib olsin.
Bunga sayin talaba meni ishontirishga zo‘r berardi:
–To‘ydankeyinxotirjambo‘libolib,bemalolilmbilanshug‘ullanaveraman. Mana ko‘rasiz. Tushuning, ustoz…
Nima derdim?
– Albatta. Albatta tushunaman, – dedim.
Yigitcha yana o‘zini oqladi:
– Ochig‘i, tez to‘y qilmasak, baxtimdan ajralib qolaman.
Xayolim boshqa yoqqa ketgandi. Ammo navbatchi jumlalarni bir amallab tilga oldim:
– Albatta, albatta. Shaxsiy baxt muhim.
Yana qisir va’da yangradi:
– To‘ydan keyinoq ilmga astoydil kirishaman.
Kuyov yigitning bo‘yniga hech qachon amalga oshmaydigan majburiyatni yuklab qo‘yishdan o‘zimni tiydim:
– Albatta. Faqat hech bo‘lmasa kichik chillangiz o‘tib olsin-da, yigitcha.
Talaba jonlanib qoldi:
– So‘rab bilib oldim. Kichik chilla yigirma kunda tugarkan. O‘shangacha uyda bo‘lishim kerak ekan. Lekin ana undan keyin ko‘rasiz, ustoz, astoydil kirishaman. O‘zi juda qiziq gipoteza ekan.
Beixtiyor tan oldim:
– Qiziq ham gapmi, hikmatning koni.
Talaba to‘yga yana bir bor taklif qilishni unutmadi:
– Albatta keling, domla. Kutamiz. Kichik chilla o‘tib olsin, keyin yeng shimarib olib ishga kirishamiz. Ungacha gipoteza kutib turadi.
Beixtiyor talabaga “yalt” etib qaradim. U beg‘ubor ko‘zlarini menga tikib turardi. Aftidan, aytayotgan gaplari rostligiga o‘zi ishonardi. Bu safar ko‘nglimdagini aytmaslikning ilojini qilolmadim:
– Tarixning takrorlanishini qarang. Har qalay, taraqqiyot spiralsimon shaklda ekanligi rost shekilli. Bilasizmi, baribir taraqqiyot bor. Xuddi shu gaplarni men o‘ttiz yil burun to‘yim oldidan o‘zim o‘zimga aytgandim, o‘zim o‘zimni ishontirgandim. Siz bo‘lsa menga ovoz chiqarib aytyapsiz. O‘shanda menam Puankare kutib turadi degandim. Puankare kutib turdi, albatta, rosa kutdi, sabr-toqat bilan o‘ttiz yil kutdi. Lekin men…
Qarasam, bola bechoraning ko‘zlari alang-jalang bo‘layapti. Darrov o‘zimni tutib oldim, ovozimdagi titroqni ham yashirishga muvaffaq bo‘ldim:
– Baxtli bo‘ling. To‘yingizga esa, oldindan ochiq aytib qo‘yay, borolmayman. Buning uchun uzr. Ochig‘i, bugun sizga yana uchta kitob berib turmoqchiydim. O‘qishga va uqishga. Lekin to‘y tashvishlari bilan ekansiz. Albatta, yoqimli tashvishlar. Shuning uchun, – men portfelimdan o‘tgan kuni ikkinchi ish  joyimdan olgan maoshimni chiqardim, – hozircha kitoblarni qo‘yib turaylik-da… Bu sizga. Oz bo‘lsayam ko‘p o‘rnida nima qilasiz? Ko‘rasiz. To‘yona deganday.
Xursand bo‘lib ketgan yigitcha pulni hatto nomiga bo‘lsa ham bir marta qaytarib berishga urinmaganidan sezdimki, bu borada muammolari yetarli. Bir kunlik shogirdim qayta-qayta rahmat aytgan ko‘yi chiqib ketdi. Dilimda yomon bir og‘riq qoldi: nazarimda, pulni ko‘rib, minnatdorchilik bildirayotgan payti yigitcha boshini sal pastga eggandek bo‘ldi. Yana kim biladi deysiz. Balki menga shunday tuyulgandir. O‘zidan hadigi bor birovga shubhalanib qarashi rost-da.
Men joyimga behol o‘tirib qoldim. O‘tirdim, o‘tirdim. Nogahon… ho‘ngrab yig‘lab yubordim va ko‘z yoshim aralash yaratganga iltijo qilaverdim, qilaverdim:
– Xudoyim! Meni o‘ttiz yil orqaga qaytar, Xudoyim… Xudoyim, meni o‘ttiz yil orqaga qaytar…

VII

Menda nimadir o‘zgarish yuz bergan edi. Rafiqamning shuncha tavallolariga, yig‘i-sig‘ilariga, hattoki “Shu yurishingiz bo‘lsa, bir oydan keyin och qolamiz! Unda to‘yni bitimizni sotib o‘tkazamizmi?” qabilidagi vahimalariga qaramasdan, qolgan ikki ish joyimga “adashgan xodimning qaytishi” qiyofasida bosh egib bormadim: o‘zimni kasalga soldim va ko‘rpa-to‘shak qilib yotib oldim.
Men… men uydagilardan yashirinib ishlardim. Ko‘nglim nimanidir sezardi: gipoteza yechimi yaqinday, juda yaqinday. Men bu sirli qasrga olib kiradigan darvoza yonida, bir shoda kalit ko‘tarib turardim go‘yo. Endi qulfga mos kalitni topib olsam bas edi. Men yana bir narsani sezardim: menga yosh aql, tiyrak tafakkurli birgina yordamchi kerak edi.
Albatta, “kichik chilla… katta chilla” deb yurgan talabadan hozir va balki keyin ham umid yo‘q hisobi.Ehtimollar nazariyasiga ko‘ra esa, qo‘limdagi kalitlarning hammasida ham qulfni ochish imkoniyati mavjud. Ammo bunga juda ko‘p fursat ketardi. Menda esa bu fursatning o‘zi yo‘q. Oradan bir hafta o‘tar, ko‘pi bilan o‘n kun o‘tar, so‘ng men to‘shagimdan turishga va boshimni yanada quyiroq egib, qo‘shimcha yumush izlashga majbur edim. Busiz mumkin emas. Busiz bo‘lmaydi. Shusiz ham vahima morlari miyasini yeb bo‘lgan, bo‘lg‘usi to‘y xarajatlaridan boshqa narsa ko‘ziga ko‘rinmayotgan rafiqam bundan ortig‘iga dosh berolmaydi.
Hash-pash deguncha o‘n kun o‘tdi-ketdi. Men hamon eshik yonida, kalitlarni bir-bir qulfga solib ko‘rardim go‘yo. Menga vaqt kerak edi. Hech bo‘lmasa yana o‘n kungina. Hech bo‘lmasa yana bir haftagina. Ammo bu vaqtni qaydan olaman?..
Ishga chiqdim. Universitetda omonat edim. Yoshim oltmishga borib qoldi. Tez orada pensiyaga chiqaman. Ilmiy unvonim esa yo‘q. Demak avval yarim shtatga tushirishadi, keyin yumshoqlik bilan “O‘z xohishimga ko‘ra” ishdan bo‘shashni taklif etishadi. Rozi bo‘lsam, ehtimol “uzoq yillik samarali mehnatim uchun” faxriy yorliq bilan taqdirlashib, zar chopon ham kiydirishar… Qo‘shimcha ish ham topdim. Uyga yarim kechasi, har qancha horib-charchab qaytsam-da, hech bo‘lmasa bir-ikki soat gipoteza bilan shug‘ullanishga o‘zimda kuch topishga harakat qilardim. Ammo bu oson emasdi. Evoh, men endi yosh emasdim, qudratli vaqt o‘z ta’sirini o‘tkazmoqda edi. Ko‘pincha qo‘lyozmalarimga bosh qo‘ygancha uxlab qolardim-u, ertalab umr yo‘ldoshimning umidsiz xasta misoli vahimaga to‘la
zorillashidan seskanib uyg‘onib ketardim: “… nima qilaman? …qanday yashayman?”
Ayyorlik qilmoqchi bo‘ldim: xotinimga yo‘llanma olib, biron dam olish uyida hordiq chiqarib kelishni taklif qildim. Ko‘pi bilan o‘n  ikki kunga. Ham sog‘liqqa foydali, buning ustiga shuncha yil yashab, biron marta sayr-sayohatga chiqmading, chet elga bormading, hatto shundoqqina biqinimizdagi Chorvoq dengiziga ham bir marta qadam ranjida qilmading-a… Rafiqam menga avval ajablanib-shubhalanib, so‘ng baayni dovdir odamga qaraganday masxaralab qaradi va aytdiki…
Xullas, agar, sal yumshoqroq iboralarda ifodalaydigan bo‘lsak, shu paytgacha dam olmagan fidoyi xotinim bundan keyin ham dam olishni xayoliga keltirmas ekan, chunki uning uchun – mendek tepsa tebranmas, loqayd, dangasa erdan farqli ravishda – bolalarning baxti to‘kis bo‘lishi muhim ekan, bu to‘kislik esa el qatori o‘tkazilgan to‘yda namoyon bo‘larkan, shu sababli, har bir so‘m hisobda bo‘lgan shu kunlarda ikkinchi marta bunday taklif bilan chiqishga jur’at etmasligim kerak ekan, undan ko‘ra ko‘proq pul topishni o‘ylashim kerak ekan, zero, oila a’zolarini ta’minlab qo‘yish, bolalarning to‘yini o‘tkazib berish erning birinchi vazifasi ekan va hokazo va hokazo (Ha, bu xotin dam olish-pam olishga bormaydi, mabodo sanatoriya-panatoriyaga oborib, bog‘lab qo‘yib qaytsam, arqonlarni tishlab-uzib, uzolmagan taqdirda esa hakkalab bo‘lsa ham mendan burun uyga yetib keladi). Keyin esa yana eski plastinka aylana boshladi: “Agar sizga men tegmaganimda yo o‘zingizga o‘xshagan dovdir xotin yo‘liqib qolganida, ana o‘shanda ko‘rardingiz nima bo‘lishini! Haliyam rahmat deng, men shu oilani bir amallab eplab turibman. Agar boshqa xotin bo‘lganidami… agar boshqa xotin bo‘lganidami…”
Yuragim simillab og‘rib ketdi: darhaqiqat, boshqa xotin bo‘lganida nima bo‘lardi? Aytaylik… Yo‘q, yo‘q… Men bu o‘yni haydab solishga shoshdim… Balodan nari…
Hayot shu zaylda davom etardi. Men tegib-qochib hamon gipoteza isboti ustida ishlardim. Ish tizimga qo‘yilmaganidan keyin, odam chalg‘irkan. Ustiga-ustak, allaqachon katta chilla muddati tugaganiga qaramasdan, ziyrak talabadan darak yo‘q edi. Guruh rahbaridan surishtirdim: kuyovto‘ra allaqanday bosh-oxiri yo‘q marosimlaru, tadbirlardan bo‘shamayapti ekan.
Ammo vaqt topgandan chopib kelishga va’da berib yuboripti. Shunday bo‘lishini bilib turgan bo‘lsam-da, behad charchaganim sabablimi, o‘zimni bosib turolmay, baribir jahlim chiqdi, qattiqroq gapirib ham yubordim:
“Va’dasini bir joyiga bossin…” Gap nimadaligini tushunmay turgan bo‘lsa-da, tili zahargina rahbar ham qarz bo‘lib qolmadi, meni o‘xshatib tuzladi: “Alam qilsa orqangizga qalampir qo‘ying…”
Shunday kunlarning birida… Shunday kunlarning birida… internetga qaradim-u… ko‘zlarimga  ishonmadim… dardi dunyoyim qorong‘i bo‘lib ketdi. Sankt-Peterburg shahrida yashaydigan, institutda katta ilmiy xodim bo‘lib ishlayotgan 41 yoshli Grigoriy Perelman degan matematik Puankarening gipotezasini to‘la-to‘kis nima qilibdi? Ha, isbotlab beribdi-qo‘yibdi… Science jurnali Puankare teoremasi isbotini “Yil kashfiyoti” deb e’lon qilibdi. O‘zimizning Silviya-Zulfiya Nazar isbot muallifini ko‘klarga ko‘targan maqolasini chop etishgayam ulguribdi. Perelman bizning sohada nufuziga ko‘ra Nobel mukofotiga teng hisoblanadigan xalqaro “Filds medali” bilan taqdirlanibdi…
Shoirlar aldaydilar. Nima emish, qandaydir bir mavzuni yozmoqchi bo‘lib yursang-u, uni sendan oldin kimdir qog‘ozga tushirib qo‘ysa, bundan xursand bo‘lishing kerak ekan. Bekor gap! Ehtimol adabiyotda shundaydir, ammo aniq fanlarda emas. Men unaqangi bag‘ri keng odam ham emasman. Men ichi qora odamman. Xudo shohid, bu olamshumul yangilikni o‘qiganimda butun vujudimni hasad va alam fasodi to‘ldirdi. Men o‘zimni tishlab tashlaguday ahvolga tushdim: “Nega u? Nega u? Nega men emas…”
Hayot men uchun o‘z ma’nosini yo‘qotdi. Ammo bu hali holvasi ekan. Tez orada saytda Perelmanning gipoteza yechimi ifodalangan maqolalarini e’lon qilishdi. E, Xudo, bu nima degan gap! Menga yana qanday jazoying bor? Qachongacha ustimdan kulasan?
Axir… axir bu to‘qson to‘qqiz butun-u yuzdan to‘qson to‘qqiz foiz mening yechimim-ku!!! Axir men to‘g‘ri yo‘ldan borgan ekanman-ku. So‘nggi nol butun yuzdan bir foiz ish qolgan ekan-ku! Bir oygina, yo‘q, yo‘q, ko‘pi bilan bir haftagina bosim o‘tirib ilm qilganimdami, gipotezani o‘zim isbotlagan bo‘lardim. Agar zukko talaba ham yonimga qo‘shilganida, ehtimol birgalashib bu ishni yanada tezroq nihoyasiga yetkazardik… Axir ozgina qolgan ekan-ku… Ozginagina qolgan ekan-ku…
Menga ko‘rs atgan shuncha jabring kammidi, Yaratganim? Nega meni shunday imkoniyatdan mahrum etding? Nega og‘zimdagi oshimni oldirishimga yo‘l qo‘yding… Nega? Nega axir? Garchand bilaman, bu sening aybing emas, biroq nima qilay, o‘zim o‘zimni ayblaymi? O‘zim o‘zimni jazolaymi? Bu bilishim menga azob-iztirobdan o‘zga nima olib keladi, nima?..
Xudoyim! Meni o‘ttiz yil orqaga qaytar, Xudoyim… Xudoyim, meni o‘ttiz yil orqaga qaytar…”

VIII

Qo‘lyozma shu yerda tugagandi.
Talaba bir dasta qog‘ozni stol ustiga qo‘ydi, qarshisida o‘ziga diqqat bilan tikilib turgan shifokorga qarab, taraddudlandi, noilojligini bildirayotganday yelka qisib qo‘ydi:
– Ochig‘i, aniq bir narsa deyolmayman.
Shifokor bosh irg‘adi:
– Tushunaman, tushunaman.
Talaba ehtiyotkorlik bilan so‘radi:
– O‘zi… o‘zi yaxshimi?
Shifokor achinganini bildirayotganday xo‘rsinib qo‘ydi:
– Bir soqolli odamning rasmiga qaragani-qaragan.
Talaba sumkasidan bir surat olib ko‘rsatdi:
– Shumi?
Shifokor bosh irg‘ab tasdiqladi:
– Xuddi o‘zi.
Talaba izoh berdi:
– Bu o‘sha Grigoriy Perelman. Puankare gipotezasini isbotlab bergan.
Shifokor jonlanib qoldi:
– Eshitgandim. Aytganday, uning o‘ziga beriladigan million dollar mukofotdan voz kechgani rostmi?
– Rost.
Shifokor ko‘rsatkich barmog‘ini chakkasiga olib borib aylantirdi:
– Bizning mijoz ekan-da.
Talaba bezovtalandi:
– Yo‘g‘-e. To‘g‘ri, u torgina ikki xonali uyda, onasi bilan kambag‘algina yashaydi. Bitta maoshga. Lekin…
Shifokor ishonch bilan barmoq silkidi:
– To‘ppa-to‘g‘ri. U bizning mijoz. Axir bu zamonda qaysi sog‘ odam million dollardan voz kechadi? Shizofreniyaning shunaqa formasi. Unga maniya velichiya qo‘shilgan bo‘lishi mumkin. – So‘ng ichkariga ishora qildi:
– Xuddi ustozingiz kabi.
Talaba nimagadir tobora o‘ng‘aysizlanib borardi.
– Yo‘g‘-e.
– Bunaqalarni ko‘raverib ko‘zim pishib ketgan, uka, menga ishonavering.
Tashxisimga kallam bilan javob beraman.
– Lekin Perelman dunyodagi tirik daholar ro‘yxatining to‘qqizinchi qatorida turibdi-da!
Shifokor hayron bo‘ldi:
– To‘qqizinchi? Nega birinchi emas?
– Bilmadim.
– Umuman olganda, bu ham mening tashxisimni tasdiqlayapti. Chunki daholik bilan telbalikning orasi bir qadam, bularning orasida chittakka  o‘xshab u shoxdan bu shoxga sakrab yurganlari qancha!.. Aytganday, men baribir tushunmadim, o‘sha telba nega bir milliondan voz kechganligining sababini bunday odamga o‘xshab aytganmi?
– Aytgan. “Men endi Koinotni boshqarishni bilaman, shu holimda million dollarning orqasidan chopib yuramanmi?!” degan.
Shifokor ishonch bilan bosh irg‘adi:
– Super shizik.
Talaba shoshayotganini bildirmoqchiday bir qo‘zg‘alib qo‘ydi.
Shifokor qog‘ozlarga ishora qildi:
– Bularni nima qilamiz?
Talaba ikkilanib qoldi:
– Bilmasam.
Shifokor qog‘oz taxlaminining bir chekkasini ruchkasining uchida ko‘tarib ko‘rdi.
– Biron joyga ishlatib yuboraylik desak, qog‘ozi qattiq. Buning ustiga orqasiga ham bir balolar ruchkada yozib-chizib tashlangan ekan.
Talaba eng yuqorida turgan qog‘ozni olib, orqasiga qaradi:
– Ha, bu o‘sha, domlaning Puankare gipotezasi isboti bo‘yicha qilgan ishlari.
Shifokor ta’kidlab so‘radi:
– Endi bular biron ahamiyatga egami?
Javob qisqa bo‘ldi:
– Yo‘q.
Shifokor pixillab kuldi:
– Tushunaman, tushunaman. Poezd ketib bo‘lgan deng… To‘ydan keyin xinani qaerga qo‘yish kerakligini esa muhtaram ustozingiz juda yaxshi biladi, juda yaxshi. To‘g‘rirog‘i, bilardi… Xo‘p, kelishdik, bu qo‘lyozmani tanish bir makulaturachiga topshirib yuboramiz. Har qalay, jamiyatga ozroq bo‘lsa ham foydasi tegadi-ku. Hi-hi-hi. Tualet qog‘ozi sifatida bo‘lsa ham.
Talaba qizarinqirab yerga qaradi.
Shifokor ishchan ohangga o‘tdi:
– Xo‘sh, uchrashasizmi ustozingiz bilan?
Talaba ikkilanib qoldi:
– To‘g‘risi, sal shoshib turgandim. Keliningizning…
Shifokor ko‘rsatkich barmog‘ini ko‘tarib, yigitchani gapdan to‘xtatdi:
– Buning menga ahamiyati yo‘q. Aytganday, qovunning yaxshisi kimga nasib qilishini eshitgan chiqarsiz. Ustozingiz ham xotinga yolchigan ekan lekin. Shukr qili-ib, boriga qanoat qili-ib yashayvermaydimi!
Bechora ayol, ko‘zidan yoshi daryoday oqib, har kuni ikki marta xabar olib ketyapti. Tushgacha bir marta, tushdan keyin bir marta. Sadoqatni qarang!
Ammo ustozingiz sizni so‘ragani-so‘ragan. Aytishiga qaraganda… – u yana pixillab kulib yubordi, – aytishiga qaraganda, olamshumul kashfiyot arafasida emish. Bu masalada unga faqat siz yordam bera olarmishsiz. O‘ziyam sizni naq yigirma marta so‘radi.
Talaba soatiga ko‘z tashlab qo‘ydi:
– Mayli, o‘n daqiqacha vaqtim bor.
– Xavfsizlik masalasi yuzasidan xavotirlanayotgan bo‘lsangiz, sira tashvishga tushmang. Bu borada hamma chora-tadbirlar oldindan hisobga olib qo‘yilgan.

IX

Shifokor bejiz xavfsizlik masalasiga alohida e’tibor qaratmagan ekan. Bemor uchrashuv xonasiga bir emas, ikki baquvvat sanitar hamrohligida kirib keldi. Ammo domlani bu sira tashvishlantirmayotganga o‘xshardi. U shogirdini ko‘rgan zahoti yashnab ketdi, ko‘kragiga bosib olgan, iyig‘i chiqib ketgan portfelidan mayda harflarda nimalardir yozilgan bir varaq qog‘oz chiqargancha entikib-hovliqib, gapira ketdi:
– Yigitcha. Siz hozir orzu qilish yoshidasiz. Sizda matematikaga iste’dod bor. Shu iste’dodning so‘nib qolishiga nima qilmang? Ha, yo‘l qo‘ymang. Agar ilm qilaman desangiz, qo‘limdan kelgancha ko‘maklashaman, keyin matematika institutiga olib boraman, u yerda zo‘r-zo‘r kallalar bor.
– Domla…
– Lekin sizga aytmoqchi bo‘lgan asosiy gapim bu emas. Asosiy gapim shuki… – Domla qo‘lidagi qog‘ozni yalov misoli baland ko‘tarib, unga ishora qilgan ko‘yi jo‘shqin ohangda xitob qildi: – Biz birgalikda mana buni yechamiz! Bu gipoteza Perelmanning tushiga ham nima qilmagan?
Kirmagan. Bu sizga Puankare emas! Bu butunlay boshqa masala. Buni Sharq deb qo‘yibdilar…
Talaba jur’atsizroq tarzda e’tiroz bildirishga urindi:
– Domla…
Ammo ko‘zlari ilohiy ilhomdan chaqnayotgan, yonoqlari lovullayotgan, vujudi dir-dir titrayotgan domla uni gapirgani qo‘ymadi:
– Ishonavering, bu fan olamida katta shov-shuv yasaydigan ish bo‘ladi. Yechimni topsak, kerak bo‘lsa Perelmanning o‘zi bizga nima qiladi? Ha, havas qiladi. Men nima deyapman? Perelman kim bo‘libdi, hattoki…
Soatiga zimdan ko‘z tashlab olgan yigitcha battar toqatsizlandi va bu gal sal keskinroq ohangda gapirib yubordi:
– Domla, uzr, lekin men sal shoshib turgandim. Tashqarida keliningiz kutib turibdi. Biz u bilan…
Domla ustidan sovuq suv quyilganday birdan hovuridan tushib, sergak tortdi, so‘ng qo‘lidagi qog‘ozni uzatarkan, shogirdiga qandaydir cho‘chibroq, ehtiyotkorlik bilan murojaat qildi:
– Bu dastlabki bosqichning natijalari, yigitcha. Kerakli adabiyotlarni yozib qo‘yganman. Ularni topib kelsangiz, bemalol ikkinchi bosqichni boshlab yuboraveramiz.
Talaba shoshib o‘rnidan tura boshladi:
– Xo‘p, xo‘p.
Domla nogahon shogirdi tomon engashdi, shoshib, birov eshitib qolishini istamaganday qizg‘inlik bilan shivirladi:
– Hammasi, hammasi o‘zimizga bog‘liq. Bahona qidirmang, sababni mahkam ushlang, orzuga intilishdan cho‘chimang. Matematika va faqat matematika. Boshqa hammasi bekor…
Tashqaridan qaraganda bemor qaytib joyiga o‘tirib qolgan talaba ustiga yotib olayotganday edi. Har qalay, nafaqat yigitcha, balki qo‘llarin chalkashtirib turishgan hushyor sanitarlar ham shunday gumonga borishdi shekilli, birdan bemorga yopishishdi va uni osonlik bilan ko‘tarib olishgancha ichkariga sudrab keta boshlashdi. Bir amallab qo‘lidagi qog‘ozni vahimadan afti qiyshayib ketgan talaba tomon otishga ulgurgan, so‘ng, bu manzarani ko‘rmaslik uchunmi, nigohini oppoq shiftga tikkan domla quyilib kelayotgan ko‘z yoshlari aralash yurakni o‘rtab yuboradigan darajada iztirob bilan iltijo qildi:
– Xudoyim! Meni o‘ttiz yil orqaga qaytar, Xudoyim… Xudoyim, meni o‘ttiz yil orqaga qaytar…
Talaba ust-boshini qoqqan bo‘lib, o‘rnidan turdi. Og‘ir uf tortib, soatiga qararkan, seskanib ketdi. U rostdan ham kechikayotgan edi. Ildam yurib eshik yoniga borgan yigitcha nogoh to‘xtab, ortiga o‘girildi. Domla qoldirgan, chumoli izidek mayda harflarda turli formulalar yozilgan, grafik-diagrammalar chizilgan qog‘oz yerda yotardi. Oniy soniya davom etgan mulohazadan so‘ng talaba yo‘lidan qolmaslikka qaror qildi va uchrashuv xonasidan chiqdi-ketdi.
Uzun yo‘lak oxiridagi qalin eshik taraqlab ochildi, bemorni ichkariga olib kirib ketishdi. Domlaning iztirobli nidosi kimsasiz uchrashuv xonasidan tobora uzoqlashaverdi:
– Xudoyim, meni o‘ttiz yil orqaga qaytar… qaytar, Xudoyim…
Axiyri sas o‘chdi…

09

(Tashriflar: umumiy 9 879, bugungi 1)

6 izoh

  1. Asar rostanam juda kuchli yozilgan ekan! Dolzarb mavzuning baddiy tasviri yuragimni ezib yubordi.
    Shunaqa asarni yozgan muallifga va ulashganingiz uchun sizdan cheksiz minnatdorman!

  2. Шу ҳикояни ўқиганимда ҳар сафар ларзага тушаман. Яқинда тўгарагимда шу ҳикоя таҳлилини қилдик.Талабаларнинг теран таҳлили орқали ёзувчи қўйган оғриқли саволга жавоб изланди:БИЗ ҚАЧОН ЎЗГАРАМИЗ?
    УСТОЗ, сайтингизда А.йўлдошевнинг «Парим бўлса…» ҳикояси борми?

  3. Адабиётшунос Умарали Норматов бу ҳикояни новелла жанрининг энг етук намунаси сифатида баҳолаган эди. Жуда зўр асар. Абсурд ҳаётнинг реал манзараси.

  4. Asarda umid aks ettiryapti yozuvchi.
    Hech qachon tanlagan yolidan ortga qaytmasligi,odamlani gapiga etibor bermaslik maqsad sari umid bn dadil qadamlar bilan bor juchi bilan harakat qilishi kerekligini yozuvchi aytyapti

Izoh qoldiring