Lev Tolstoy. Anna Karenina. Romandan ostiga chizilgan parchalar

Ashampoo_Snap_2017.03.11_16h33m36s_001_.png Инсоф ва ноинсофлик тўғрисида ўйлаш одамларни иши эмас. Одамлар ҳамма нарсадан ҳам кўра инсофни ноинсофликдан ажратишда бир умр адашган ва бундан кейин ҳам адашади.

Л.Н. ТОЛСТОЙ
АННА КАРЕНИНА 
Романдан остига чизилган парчалар
004

Tolstoy.jpgЛев Николаевич Толстой [1828.28.8 (9.9), Тула губерняси Ясная Поляна қишлоғи — 1910.7 (20).11, Липецк вилояти, ҳоз. Лев Толстой бекати; Ясная Полянада дафн этилган] — рус ёзувчиси. Россиядаги қадимий дворянлар сулоласидан, граф. Петербург Фанлар Академияси мухбир аъзоси (1873), фахрий академиги. (1900). 1844—47 йилларда Қозон университетининг араб-турк ва ҳуқуқшунослик факультетларида ўқиган. 1851—53 йилларда Кавказда бўлиб, жангларда иштирок этган. 1854 йил Дунай армиясига юборилган; кейинчалик, илтимосига кўра, қамалдаги Севастополга ўтказилган. Қрим урушида қатнашган.

Толстой 1855 йилда Петербургга бориб, Н. А. Некрасовнннг «Современник» («Замондош») журнали ва журнал атрофидаги ёзувчилар (И. С. Тургенев, И. А. Гончаров, Н. Г. Чернишевский ва б.) билан ҳамкорлик қилган. Болалик кезларида рус ва араб халқ эртаклари, А.С. Пушкин шеърлари, шунингдек, Юсуф ҳақидаги Инжил ривояти таъсирида шеърлар ёзган. Биринчи йирик асари — «Инсон камолотининг тўрт даври» автобиографик асари («Болалик», 1852; «Ўсмирлик», 1852-54; «Ёшлик», 1855-57; «Йигитлик», ёзилмай қолган). Уруш лавҳалари ва аскарларнинг маиший турмуши Толстойнинг «Севастополь ҳикоялари» (1855) тўпламига кирган ҳикоя ва очеркларида ўз ифодасини топган. 50-йиллар Толстой руҳий ҳаёт лавҳалари ва маиший турмуш тафсилларини тарихий воқеаларнинг кенг манзараси, ҳаётнинг ахлоқий-фалсафий асослари тасвири билан уйғунлаштиришга ҳаракат қилади. Толстой ижодида шакллана бошлаган бу ижодий тамойил «Казаклар» қиссаси (1863)да, айниқса, яққол кўринади. Бу асарда ўз инъикосини топган халқ ҳаёти мавзуи ва воқеликнинг эпик тасвири Толстойнинг 60-йиллар ижодида янада теранлашади.

Рус ва жаҳон адабиёти хазинасидан мустаҳкам ўрин олган «Уруш ва тинчлик» (1863—69) эпопеяси (ўзбек тилига Абдулла Қаҳҳор ва Кибриё Қаҳҳорова таржимаси) Толстойнинг 60-йилларда ижодий камолотга эришганидан шаҳодат беради. Айрим совет адабиётшунослари гарчанд бу асарни Толстойнинг ўз даври муаммоларидан қочиши, деб баҳолаган бўлсаларда, ёзувчи «Уруш ва тинчлик» романи билан ўз даврида рўй берган ва ўзи шахсан гувоҳ бўлган воқеаларга фаол муносабат билдирган. Энг муҳими, у Наполеоннинг 1805—07 ва 1812—14 йиллардаги ҳарбий юришлари мавзуига мурожаат этиб, кўплаб қаҳрамонлар иштирок этган эпик воқеалар билан бирга қаҳрамонларнинг руҳий тасвирлари илк бор катта маҳорат билан уйғунлашган тарихий роман жанрини яратди. Ҳолбуки, 19-аср ўрталарида эпик асарлар даври ўтди, деган фикрлар кенг тарқалган, 60-йилларда рус жамиятида куч ола бошлаган синфий зиддият ва курашлар эса «Уруш ва тинчлик»дек эпопеянинг майдонга келиши учун унумли замин бўла олмас эди. 1812 йилда Россиянинг Наполеон қўшинлари томонидан босиб олиниши мумкинлиги бир-бири билан келиша олмаган турли табақа ва синфларни душманга қарши кураш шиори остида бирлаштирдики, Толстойнинг рус халқи онгидаги ана шу уйғонишга мурожаат этиши «Уруш ва тинчлик» романининг юзага келиши учун ҳаётбахш замин вазифасини ўтади.

expertrusrep_05_025_2.jpgТолстойнинг 70-йиллар ижодида «Анна Каренина» романи алоҳида мавқега эга. «Уруш ва тинчлик»дан бу романни ёзгунига қадар бўлган даврда Толстойнинг рус жамиятидаги ижтимоий тенглик ва адолат тўғрисидаги орзу-умидлари рўёбга чиқмади. 60-йиллардаги ислоҳот ёзувчи кутган натижани бермади. Мазкур романда Толстойнинг жамият ҳаётида кечаётган нохуш жараёнлар ҳақидаги изтиробли ўйлари акс этди. Романда Каренинлар, Облонскийлар ва Левинлардан иборат уч оиланинг бир-бири билан чатишган, аммо мустақил сюжет чизиғига эга бўлган тарихи тасвир этилган. Толстой, аксар рус ёзувчиларидек, насроний динига катта эътиқод қўйган, ҳаётда рўй бераётган воқеаларга ва кишиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳам шу дин нуқтаи назаридан ёндашган. Унинг диний қарашлари жамият ва шу жамиятда яшовчи кишиларга, бинобарин, у ёки бу қаҳрамонига бўлган муносабатига, шак-шубҳасиз, таъсир ўтказган. Толстойнинг оила масаласига, чунончи, Каренинлар оиласида содир бўлаётган воқеаларга ёндашувида ҳам диний қарашлари сезилади. У жамият аъзоларида қандай чиркин хислатлар мавжуд бўлмасин, кишилар диний қонун-қоидалар доирасида ҳаракат қилишлари лозим, акс ҳолда жамият ҳалокат сари боради, деган фикрдан келиб чиқиб, қаҳрамонлар образини яратади.

70-йилларда руҳий изтироб иқлимида яшаган Толстой ўз ҳаёт йўлини қайта назардан ўтказди ва шу жараёнда ижтимоий келиб чиқиши, тарбияси ва ҳаёт йўли билан боғлиқ жамият қатламининг маънавий асослари ёлғонга асосланган, деган хулосага келди. Унинг бундай қарашлари «Иқрорнома» (1880) ва «Эътиқодим нимада?» (1884) асарларида ўз ифодасини топди. Толстойнинг шу даврда ёзган асарлари орасида «Иван Ильичнинг ўлими» (1886), «Крейцер сонатаси» (1889) қиссалари, айниқса, эътиборга лойиқ. Толстой 80-йилларда драматургия жанрларида ҳам ижод қилиб, «Зулмат ҳокимияти» (1886) драмаси ва «Маърифат мевалари» (1890) комедиясини ёзади. Бу асарларда қишлоқ аҳлидаги жаҳолат, шаҳар маданиятининг қишлоққа кўрсатаётган салбий таъсири катта бадиий куч билан тасвирланган.

Толстой дунёқарашида тобора кучайиб бораётган зиддиятлар унинг сўнгги йирик асарларидан бири — «Тирилиш» романи (1889—99)да ўз аксини топди. Ҳаётда бўлиб ўтган оддий воқеа — бир суд жараёни асосида яратилган бу асарда Толстой ижтимоий адолатсизликка асосланган жамиятнинг ички, маънавий асосларини очиб ташлайди. Мазкур асардаги кишилар тақдири билан воқеаларнинг ўзаро чамбарчас боғликлиги масаласи «Ҳожимурод» (1896— 1904) қиссасининг ҳам асосини ташкил этган. Толстой диндор ёзувчи сифатида кишилар руҳиятидаги зиддиятларни тасвир этибгина қолмай, ўзи ҳам жамият ва кишилар ҳаётидаги бундай зиддият ва майллардан жароҳатланиб яшаган. Ёзувчидаги мураккаб руҳий ҳолат унинг сўнгги асарлари («Тирик мурда» (1890); «Балдан сўнг» (1903) ва бошқа.) да ҳам акс этган. Толстой ҳаётининг Ясная Полянадаги сўнгги кунлари руҳий изтироблар пўртанасида кечди. У яқин кишилари тўқиган иғво ва фасод тўридан қочиб, 1910 йил Ясная Полянадан бош олиб чиқиб кетади ва йўлда шамоллаб, вафот этади.

Ўзбекистонда Толстой ижодига қизиқиш у ҳаёт пайтлардаёқ бошланган. Унинг «Одамлар нима билан тирик?», «Худо ҳақиқатни кўрса ҳам тезда айта олмайди» мақолалари 1887-1902 йилларда «Туркистон вилоятининг газети»да ўзбек тилида нашр этилган. Толстой ҳақидаги «Россия мамлакатининг машҳур ёзувчиси» деган мақола эса 1889 йил шу газетада таниқли маърифатпарвар Сатторхон Абдуғаффоров таржимасида босилган. Толстойнинг болалар учун ёзган қатор ҳикоялари Саидрасул Азизий («Устоди аввал», 1902), Алиасқар Калинин («Муаллими соний», 1903), Абдулла Авлоний («Биринчи муаллим», 1909; «Иккинчи муаллим», 1912) сингари жадид маърифатпарварларининг ўқув қўлланмалари ва дарсликларида эълон қилинган ҳамда усули савтия мактабларида ўқитилган.Толстой нафақат буюк ёзувчи, балки адолатпарвар ва халқпарвар инсон сифатида ҳам ўзбек жадидларининг эътиборини ўзига жалб этган. Биринчи ўзбек адвокати Убайдулла Хўжаев 1909 йилда Толстойга унинг ёмонликка ёмонлик билан жавоб бермаслик ҳақидаги таълимоти юзасидан хат ёзиб, ўша йилнинг 5 июнида ундан жавоб олган. Ислом динининг таниқли арбобларидан бири Абдувоҳид Қориев эса 1910 йил Ясная Полянага махсус бориб, Толстой билан бир неча марта мулоқотда бўлган. Аммо ўзбек халқининг Толстой ижоди билан яқиндан танишиши 20-асрнинг 30-йилларидан бошланган ва унинг барча асосий асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

004

1-ҚИСМДАН

503594_original.jpgБорлиқ ҳақидаги тушунчамиз сезгилар мажмуасидан ҳосил бўлади, бу борлиқ тушунчаси сезгилар натижасидир. Сезги йўқ жойда, борлиқ ҳам йўқ.

Сезги замирида таассурот бўлса ҳамки, биз бу икки тушунчани бир-биридан қатъиян фарқ этишимиз лозим.

(36-бет).

* * *

Аёллар бамисоли мурват — ҳамма нарса ўшанинг теварагида айланади.

(55-бет).

* * *

Дунёда икки тоифа хотин бор: бири фақат ўз ҳуқуқини талаб этади; бу ҳуқуқ — сенинг севгинг, сен севгингни унга бағишлай олмайсан; иккинчи тоифа хотин эса, борлиғини сенга қурбон қилади-ю, сендан ҳеч нима талаб этмайди.

(57-бет).

* * *

Шундай одамлар борки, бирон нарсада омади бўлган рақибини кўрганларида ундаги яхши фазилатларнинг ҳаммасидан дарҳол кўз юмушга тайёр турадилар ва ундаги ёмон нарсаларнигина кўрадилар; яна шундай одамлар борки, улар, аксинча, ҳамма нарсадан олдин у бахтиёр рақибларида ўзларини мағлуб қилган фазилатларни топишга ҳаракат қиладилар ва юракларини ачишиб бўлса ҳамки, ундан фақат яхши хислатларни ахтарадилар.

(68-бет).

* * *

Хотин деган нарса шундай бир оламки, уни қанча ўрганмагин, яна ҳамма вақт ундан янги нарса топасан.  Қайси бир математик лаззат — ҳақиқатни топишда эмас, уни қидиришда, деган экан.

(212-бет).

* * *

Муҳаббат бўлмаса, бахт ҳам, бахтсизлик ҳам, ҳаёт ҳам бўлмайди.

(239-бет).

* * *

Шуҳратпараст, мансабпараст кишининг юрагида ҳеч нима йўқ. Баландпарвоз мулоҳазалар, маърифат ва маърифатга бўлган севгиси, дин-диёнат буларнинг ҳаммаси баланд мартабага эришиш йўлидаги қуролдир, холос.

(269-бет).

* * *

Қачонки инсон ўзини унутса-ю, бошқаларга меҳр қўйса, шунда унинг дарров ором топиши, бахтли ва диловар бўлиши мумкинлиги исботланади.

(292-бет).

* * *

Ўз муассасаларидаги муҳим, аҳамиятли нарсаларни дарров пайқаб оладиган, уларни ардоқлайдиган халқларнинггина истиқболи бўлиши ана шундай халқларнигина тарихий халқ деб аташ мумкин.

(322-бет).

* * *

Барча асрлар фалсафаси олдида кўндаланг бўлиб келган асосий масала: шахсий манфаат билан умумий манфаат орасида мавжуд бўлган зарур алоқани топишдан иборат эди.

(322-бет).

* * *

Шахсий манфаат негизида қурилмаган фаолиятнинг ҳеч бири ҳеч қачон мустаҳкам бўлолмайди.

(322-бет).

* * *

Ҳар нарсада қилинган сохтакорлик энг ақлли, энг зеҳнли одамни алдаши мумкин, лекин сохтакорлик ҳар қанча яшириб беркитилган бўлмасин, энг тўпос бола ҳам билиб олади, билгандан кейин эса ундан жирканади.

(347-бет).

* * *

Эски ҳаётдан, фойдасиз билимдан, ҳеч нарсага керак бўлмаган илмдан воз кечиш керак.

(358-бет).

* * *

Аёллар — инсон фаолиятидаги асосий ғовдир. Хотин кишини ҳам севиб, ҳам бир иш чиқариш қийин. Бунда севги халақит бермайдиган битта йўл бор — уйланиш.

(404-бет).

* * *

Хотинлар эркаклардан кўра дунёпараст бўлади. Эркаклар муҳаббатни олий нарса деб билади, аёллар эса аксинча.

(405-бет).

* * *

Ҳар қандай тараққиёт ҳокимият кучи билан ўтказилади.

(428-бет).

* * *

Мақсадга эришиш учун оғишмай боравериш керак. Шундай қилинса муродга етилади. Ишлашга,  меҳнат қилишга арзийдиган нарсалар бор.

(444-бет).

* * *

Одамларнинг мутеълиги ва итоаткорликлари кишини ноқулай аҳволга туширса, талабчанликлари ва инжиқликлари ҳаддидан ошганда эса тезда жонга тегади.

(451-бет).

* * *

Фалокат келса, ёлғиз келмайди.

(467-бет).

* * *

Равшан тушуниб олганингдан кейин, ҳамма нарса майда, аҳамиятсиз бўлиб қолади.

Ўлимни ўйлаганингда ҳаёт завқи камаяди-ю, лекин тинчлигинг ортади.

(484-бет).

* * *

Устунлик ҳамма вақт чинакам таълим томонда бўлиши керак.

(497-бет).

* * *

Вазифа – ҳуқуқ ва бойликнинг жўраси; ҳокимият — пул, шараф демакдир.

(501-бет).

* * *

Ўзингиздан нафратланганларни севинг.

(508-бет).

* * *

Душманларингни кечир, уларни яхши кўр.

(531-бет).

* * *

Дунёда чораси топилмайдиган мушкул нарса йўқ.

(549-бет).

* * *

Эркин фикрлилик даражасига (инсон) фақат ўзининг кураши ва меҳнати орқасидангина кўтарилади.

(600-бет).

* * *

Ҳамма нарсани рад қилиш асосида тарбия топган одам –  ёввойи одам.

(600-бет).

* * *

Норози одамнинг бошқаларга ўпка қилмаслиги қийин, энг яқин кишисига ҳам норозилигини айтолмасдан туролмайди.

(623-бет).

* * *

Ҳар кимда яшаш ва севиш иштиёқи бўлсин.

(650-бет).

* * *

Хотини бор одам дунё ташвишини, хотинига манзур бўлиш ташвишини қилади; хотини йўқ одам худони ўйлайди, худога манзур бўлиш ғамини ейди.

(661-бет).

* * *

Дунёда ҳамма нарса ёвузликдан иборат.  Дунё тургунча тур-у, дунё тургунча ўрган.

(665-бет).

* * *

Ақлнинг сўзига кир, ундан яхшироғини топа олмайсан.

(743-бет).

* * *

Сарф қилинган меҳнатга мувофиқ келмайдиган ҳар қандай даромад – ҳаром. Ҳаром-ҳариш йўллар билан, ҳийла-найранг билан қўлга киритилган даромад ҳам.

(751-бет).

* * *

Агар бировни яхши кўрадиган бўлсанг, у одам ўзинг хоҳлаганингча бўлгандагина эмас, қандай бўлса, шундайлигича яхши кўраверасан.

(784-бет).

* * *

Сайланадиган мансабдорларни юзларига қараб эмас, хизматларига қараб, Ватан саодатини кўзлаб сайлаш керак.

(826-бет).

* * *

Жамоат ишига хизмат қилишни хоҳласанг, унда жиддий ва изчил бўлишинг керак.

(832-бет).

* * *

Меҳнат тагида муҳаббат бор. Муҳаббат эса ташқаридан келмайди, унга буюриб бўлмайди.

(890-бет).

* * *

Инсон ўқимишли кишиларга ярашадиган тахлитда ўзи учун яшаши керак.

(927-бет).

* * *

Ҳурматни бўш ерни, муҳаббат банд қилиши керак бўлган ерни яшириш учун ўйлаб чиқаришган.

(946-бет).

* * *

Одамларни бир-бирига боғлаб турган бирдан-бир нарса – яшаш учун курашу  нафрат холос.

(970-бет).

* * *

Муҳаббат тугаган жойдан нафрат бошланади.

(971-бет).

* * *

Ақл инсонга ўзини безовта қилаётган нарсалардан қутулиш йўлини топиш учун берилган.

(975-бет).

* * *

Аллоҳнинг ҳақлигига асосий исбот унинг ўзи кашф этган саховатдир.

(1035-бет).

2-ҚИСМДАН

Шайтоннинг кучи зўр, биз унинг васвасаларига учмаслигимиз керак. Худойи таолога муножот қилинг, сўранг, тиланг. Худойи таолога муножот қилинг…

(8-бет).

* * *

Эрк? Эркинлик нима кераги бор? Бутун бахт – севги ва ҳавасда, у нимани орзу қилса, ўшани орзу қилиш, нимани ўйласа, ўшани ўйлаш яъни ҳар қандай эркинликнинг баҳридан ўтишда – бахт деб шуни айтадилар (Левиннинг уйланиши ҳақидаги ўйлари).

(13-бет).

* * *

Ҳамма гаплар ҳам бебахтликдан афзалроқ.

(14-бет).

* * *

Менинг тарзи ҳаётим сизга ёқадими ёқмайдими, бунинг мен учун асло фарқи йўқ; лекин мен билан таниш-билишлик қилгингиз келса, мени ҳурмат қилишингиз керак

(32-бет).

* * *

Шубҳа бор жойда сабр бор.

(91-бет).

* * *

Суянчиғимиз – муҳаббатимиз, Парвардигор бизга ато қилган муҳаббатимиздир. 

(94-бет).

* * *

Ҳар қандай одам бахтимизга рахна солади, деб ўйлаш – кўп ёмон нарса.

(176-бет).

* * *

Даромадни кўзлаган киши бош оғриғига ҳам чидаб беради.

(247-бет).

* * *

Баъзан севгили кишиси бошқаларда қолдираётган таъсирини аниқлаш учун уни бегона одам ўрнида кўришга интилганлар.

(296-бет).

* * *

Одам боласи ўрганиб кетмайдиган ҳеч бир шароит йўқ; айниқса теварагидаги одамларнинг ҳам шундай яшаб турганларини кўрганда, албатта ўрганасан.

(340-бет).

* * *

Маош товар учун тўланадиган ҳақ, шу важдан талаб ва таклиф қонунига муносиб бўлиши керак.

(359-бет).

* * *

Дўстларимизнинг дўстлари бизнинг дўстларимиз. Лекин дўст бўлиш учун дўст қалбидан хабардор бўлиш керак.

(374-бет).

* * *

Ёғдудан маҳрум бўлмаслик учун кўзларимизни юммаслигимиз керак.

(376-бет).

* * *

Оила ҳаётида бирон қарорга келиш учун эру  хотин ўртасида кучли адоват ёки муҳаббат бўлиши керак. Эру хотин ўртасидаги муносабат аниқ бўлмаганда, яъни юқоридаги шартларнинг униси ҳам, буниси ҳам бўлмаганда, ҳеч бир ишга қўл уриб бўлмайди.

(381-бет).

* * *

Аниқлик оғизда эмас, қалбда бўлиши керак.

(393-бет).

* * *

Ўғлининг бахту саодати нимада эканлигини қалби билан англамаган она –тошюрак хотин.

(393-бет).

* * *

Ақл инсонга ўзини безовта қилаётган нарсалардан қутулиш йўлини топиш учун берилган.

(416-бет).

* * *

Одам ўз нафси учун эмас, худо учун яшаши керак.

(453-бет).

* * *

Агар саховатли иш бирон сабаб билан қилинса, демак, у саховат бўлолмайди; агар унинг оқибати -мукофоти бўлса, демак у бу аҳволда ҳам саховат бўлолмайди. Демак, саховат сабабдан ҳам, оқибатдан ҳам холи бўлиши керак.

(454-бет).

* * *

Ақл яшаш учун курашни ва орзуларимнинг ушалишига халақит берувчиларнинг ҳаммасини бўғишни талаб қилган қонунни кашф этган. Бу ақл хулосаси. Бошқани севишни эса ақл кашф этолмасди, чунки бошқани севиш ақлдан эмас.

(456-бет).
 

4-ҚИСМДАН

Уларнинг қасослари менинг бўйнимда, мен жазоларини бераман.

(1-бет).

* * *

Бахтли оилаларнинг ҳаммаси бир-бирига ўхшайди, бахтсиз оилаларнинг эса ҳар бири ўзича бахтсиздир.

(2-бет).

* * *

Сезги замирида таасурот бўлса ҳамки, биз бу икки тушунчани бир биридан қатъиян фарқ этишимиз лозим.

(35-бет).

* * *

Ҳовлиқиш керак эмас, оғир бўлиш керак.

(39-бет).

* * *

Мени лойиқ билиб эмас, шафқат қилиб кечир.

(53-бет).

* * *

Жамият ҳам шундай қурилганки, меҳнаткашлар қанча кўп иш қилишса, савдогарлар, ер эгалари шунча кўп даромад кўришади, меҳнаткашлар эса ҳамиша иш ҳайвони бўлиб қолаверишади.  Шунинг учун бу тартибни ўзгартириш керак.

(116-бет).

* * *

Тавба- тазаррунинг кечи бўлмайди.

(118-бет).

* * *

Қанча ақл бўлса, шунча калла бор, қанча кўнгил бўлса, демак шунча севги хили бор.

(118-бет).

* * *

Рашк –хотин учун бир ҳақорат, шу сабабли хотинга ишонч бўлиши керак.

(186-бет).

* * *

Одоб деган нарсанинг шундай қонун-қоидалари борки, буни оёқ ости қилган киши жазосини тортмай қолмайди.

(192-бет).

* * *

Мен сенинг олдингда, ўзимнинг олдимда, худо олдида ўз бурчларингни кўрсатиб қўйишга мажбурман. Бизнинг ҳаётимиз пайванд қилинган, лекин одамлар томонидан эмас, Оллоҳ томонидан пайванд қилинган. Бу пайвандни фақат жиноятгина бузуши мумкин, бундай жиноят эса оғир жазо билан натижаланади.

(193-бет).

* * *

Хотин деган нарса шундай бир оламки, уни қанча ўрганмагин, яна ҳамма вақт ундан янги нарса топасан.

(212-бет).

* * *

Шу замонда ҳар бир иш қонун-қоида билан, суд билан бақамти қилинади: ҳозир ҳамма нарсани тўғрилик билан бир ёқлик қилиш керак; ўғрилик билан бир нима қилиб бўлармишми?!

(220-бет).

* * *

Ҳар қандай аҳволдан қутулишнинг йўли бор. Фақат журъат керак.

(246-бет).

* * *

Кимки бир бетингга шапати урса, унга иккинчи бетингни ҳам тутиб бер. Агар устингдан чопонингни ечиб олишса, ичингдаги кўйлагингни ҳам ечиб бер.

(293-бет).

* * *

Шахсий манфаат негизига қурилмаган фаолиятларнинг ҳеч бири ҳеч қачон мустаҳкам бўлолмайди. Бу умумий, фалсафавий ҳақиқат.

(322-бет).

* * *

Миясидан қайта-қайта ўтган ва ҳис қилган нарсаларнинг ҳаммаси учта алоҳида фикр туркумига бўлинар эди. Биттаси — эски ҳаётдан, фойдасиз билимдан, ҳеч нарсага керак бўлмаган илмдан воз кечиш эди. Иккинчи хил фикр ва тасаввурлари эса энди бошламоқчи бўлган ҳаётга таалуқли эди. Аммо учинчи фикр эски ҳаётдан янги ҳаётга қандай қилиб ўтиш керак экан деган саволлар атрофида айланиб юрар.

(358-бет).

* * *

Зерикиб хуноб бўлмаслик учун ҳеч қачон зерикишни ўйламаслик керак. Уйқусизликдан қўрққан киши уйқум келмасмикан деб қўрқмаслиги керак.

(390-бет).

* * *

Мулоҳазаларнинг оқибати қандай бўлиши билан унинг иши йўқ эди; унга фақат мулоҳаза жараёнининг ўзигина керак эди.

(437-бет).

* * *

Мен ишлаяпман, алланима қилмоқчиман, холбуки ҳамма нарсанинг бир кун бориб тугашини, бунинг ўлим эканини хотирамдан чиқарибман.

(450-бет).

* * *

Никоҳдан энг муҳим нарса муҳаббат эканлигини, муҳаббат бор ерда ҳамиша бахт борлигини, чунки муҳаббат фақат одамнинг ўзидагина бўлишлигини сўзлаб берди.

(516-бет).

* * *

Шайтоннинг кучи зўр, биз унинг васвасасига учмаслигимиз керак.

(566-бет).

* * *

Иккаласидан бирини танлаб олиш керак: ё жамиятнинг ҳозирги тузумини адолатли деб ҳисобла-ю, ўз ҳақингни ҳимоя қил, ёки менга ўхшаш, адолатсиз имтиёзлардан фойдаланаётганингни бўйнинга ол-у, бу имтиёзлардан фойдаланиб, хурсанд бўлиб юравер.

(753-бет).

* * *

Мадомики ўзини, қалбини, севгисини Оллоҳнинг ихтиёрида эканлигини сезгандан кейин, яна кимга илтижо қила олар эди.

(902-бет).

* * *

Шуъласида ҳаяжон, алдов, алам, ёвузлик тўла китобни ўқиган шам ҳар вақтдагидан ҳам баландроқ лоппиллаб ёнди, илгари зулмат ичида қолиб келган нарсаларни Аннага ёритиб кўрсатди.

(977-бет).

* * *

Менинг назариям шундай: бир томондан, уруш шундай бир ҳайвоний, шундай бир шафқатсиз, даҳшатли нарсаки, насроний динидаги одамни бир ёққа қўйиб турайлик, бошқа ҳар қандай одам ҳам урушни бошлаш масъулиятини зиммасига олаолмайди, бу масъулиятни уруш қилиш ўзининг бурчи ҳисобланган ва уруш қилишга мажбур бўлган ҳукуматгина зиммасига ола олади.

(1024-бет).

* * *

Кимда-ким урушни тарғиб қилса, уни олдинда жанг қиладиган махсус легионга юбориш керак; ҳамланинг олдига тушиб ҳужум ва ҳамла қилсин!

(1028-бет)

Манба: «Тафаккур жавҳари».Тошкент, «Фан» нашриёти. 2010 (Тўпловчи ва сўз боши муаллифи, ф.ф.д. И.М.Ғаниев)

anna4.jpgL.N. TOLSTOY
ANNA KARENINA 
Romandan ostiga chizilgan parchalar
004

L.N.Tolstoy_Prokudin-Gorsky.jpgLev Nikolayevich Tolstoy [1828.28.8 (9.9), Tula gubernyasi Yasnaya Polyana qishlog‘i — 1910.7 (20).11, Lipesk viloyati, hoz. Lev Tolstoy bekati; Yasnaya Polyanada dafn etilgan] — rus yozuvchisi. Rossiyadagi qadimiy dvoryanlar sulolasidan, graf. Peterburg Fanlar Akademiyasi muxbir a’zosi (1873), faxriy akademigi. (1900). 1844—47 yillarda Qozon universitetining arab-turk va huquqshunoslik fakultetlarida o‘qigan. 1851—53 yillarda Kavkazda bo‘lib, janglarda ishtirok etgan. 1854 yil Dunay armiyasiga yuborilgan; keyinchalik, iltimosiga ko‘ra, qamaldagi Sevastopolga o‘tkazilgan. Qrim urushida qatnashgan.

Tolstoy 1855 yilda Peterburgga borib, N. A. Nekrasovnnng «Sovremennik» («Zamondosh») jurnali va jurnal atrofidagi yozuvchilar (I. S. Turgenev, I. A. Goncharov, N. G. Chernishevskiy va b.) bilan hamkorlik qilgan. Bolalik kezlarida rus va arab xalq ertaklari, A.S. Pushkin she’rlari, shuningdek, Yusuf haqidagi Injil rivoyati ta’sirida she’rlar yozgan. Birinchi yirik asari — «Inson kamolotining to‘rt davri» avtobiografik asari («Bolalik», 1852; «O‘smirlik», 1852-54; «Yoshlik», 1855-57; «Yigitlik», yozilmay qolgan). Urush lavhalari va askarlarning maishiy turmushi Tolstoyning «Sevastopol hikoyalari» (1855) to‘plamiga kirgan hikoya va ocherklarida o‘z ifodasini topgan. 50-yillar Tolstoy ruhiy hayot lavhalari va maishiy turmush tafsillarini tarixiy voqealarning keng manzarasi, hayotning axloqiy-falsafiy asoslari tasviri bilan uyg‘unlashtirishga harakat qiladi. Tolstoy ijodida shakllana boshlagan bu ijodiy tamoyil «Kazaklar» qissasi (1863)da, ayniqsa, yaqqol ko‘rinadi. Bu asarda o‘z in’ikosini topgan xalq hayoti mavzui va voqelikning epik tasviri Tolstoyning 60-yillar ijodida yanada teranlashadi.

Rus va jahon adabiyoti xazinasidan mustahkam o‘rin olgan «Urush va tinchlik» (1863—69) epopeyasi (o’zbek tiliga Abdulla Qahhor va Kibriyo Qahhorova tarjimasi) Tolstoyning 60-yillarda ijodiy kamolotga erishganidan shahodat beradi. Ayrim sovet adabiyotshunoslari garchand bu asarni Tolstoyning o‘z davri muammolaridan qochishi, deb baholagan bo‘lsalarda, yozuvchi «Urush va tinchlik» romani bilan o‘z davrida ro‘y bergan va o‘zi shaxsan guvoh bo‘lgan voqealarga faol munosabat bildirgan. Eng muhimi, u Napoleonning 1805—07 va 1812—14 yillardagi harbiy yurishlari mavzuiga murojaat etib, ko‘plab qahramonlar ishtirok etgan epik voqealar bilan birga qahramonlarning ruhiy tasvirlari ilk bor katta mahorat bilan uyg‘unlashgan tarixiy roman janrini yaratdi. Holbuki, 19-asr o‘rtalarida epik asarlar davri o‘tdi, degan fikrlar keng tarqalgan, 60-yillarda rus jamiyatida kuch ola boshlagan sinfiy ziddiyat va kurashlar esa «Urush va tinchlik»dek epopeyaning maydonga kelishi uchun unumli zamin bo‘la olmas edi. 1812 yilda Rossiyaning Napoleon qo‘shinlari tomonidan bosib olinishi mumkinligi bir-biri bilan kelisha olmagan turli tabaqa va sinflarni dushmanga qarshi kurash shiori ostida birlashtirdiki, Tolstoyning rus xalqi ongidagi ana shu uyg‘onishga murojaat etishi «Urush va tinchlik» romanining yuzaga kelishi uchun hayotbaxsh zamin vazifasini o‘tadi.

tolstoevskiy_Svoy_01_05.jpegTolstoyning 70-yillar ijodida «Anna Karenina» romani alohida mavqega ega. «Urush va tinchlik»dan bu romanni yozguniga qadar bo‘lgan davrda Tolstoyning rus jamiyatidagi ijtimoiy tenglik va adolat to‘g‘risidagi orzu-umidlari ro‘yobga chiqmadi. 60-yillardagi islohot yozuvchi kutgan natijani bermadi. Mazkur romanda Tolstoyning jamiyat hayotida kechayotgan noxush jarayonlar haqidagi iztirobli o‘ylari aks etdi. Romanda Kareninlar, Oblonskiylar va Levinlardan iborat uch oilaning bir-biri bilan chatishgan, ammo mustaqil syujet chizig‘iga ega bo‘lgan tarixi tasvir etilgan. Tolstoy, aksar rus yozuvchilaridek, nasroniy diniga katta e’tiqod qo‘ygan, hayotda ro‘y berayotgan voqealarga va kishilarning xatti-harakatlariga ham shu din nuqtai nazaridan yondashgan. Uning diniy qarashlari jamiyat va shu jamiyatda yashovchi kishilarga, binobarin, u yoki bu qahramoniga bo‘lgan munosabatiga, shak-shubhasiz, ta’sir o‘tkazgan. Tolstoyning oila masalasiga, chunonchi, Kareninlar oilasida sodir bo‘layotgan voqealarga yondashuvida ham diniy qarashlari seziladi. U jamiyat a’zolarida qanday chirkin xislatlar mavjud bo‘lmasin, kishilar diniy qonun-qoidalar doirasida harakat qilishlari lozim, aks holda jamiyat halokat sari boradi, degan fikrdan kelib chiqib, qahramonlar obrazini yaratadi.

70-yillarda ruhiy iztirob iqlimida yashagan Tolstoy o‘z hayot yo‘lini qayta nazardan o‘tkazdi va shu jarayonda ijtimoiy kelib chiqishi, tarbiyasi va hayot yo‘li bilan bog‘liq jamiyat qatlamining ma’naviy asoslari yolg‘onga asoslangan, degan xulosaga keldi. Uning bunday qarashlari «Iqrornoma» (1880) va «E’tiqodim nimada?» (1884) asarlarida o‘z ifodasini topdi. Tolstoyning shu davrda yozgan asarlari orasida «Ivan Ilichning o‘limi» (1886), «Kreyser sonatasi» (1889) qissalari, ayniqsa, e’tiborga loyiq. Tolstoy 80-yillarda dramaturgiya janrlarida ham ijod qilib, «Zulmat hokimiyati» (1886) dramasi va «Ma’rifat mevalari» (1890) komediyasini yozadi. Bu asarlarda qishloq ahlidagi jaholat, shahar madaniyatining qishloqqa ko‘rsatayotgan salbiy ta’siri katta badiiy kuch bilan tasvirlangan.

Tolstoy dunyoqarashida tobora kuchayib borayotgan ziddiyatlar uning so‘nggi yirik asarlaridan biri — «Tirilish» romani (1889—99)da o‘z aksini topdi. Hayotda bo‘lib o‘tgan oddiy voqea — bir sud jarayoni asosida yaratilgan bu asarda Tolstoy ijtimoiy adolatsizlikka asoslangan jamiyatning ichki, ma’naviy asoslarini ochib tashlaydi. Mazkur asardagi kishilar taqdiri bilan voqealarning o‘zaro chambarchas bog‘likligi masalasi «Hojimurod» (1896— 1904) qissasining ham asosini tashkil etgan. Tolstoy dindor yozuvchi sifatida kishilar ruhiyatidagi ziddiyatlarni tasvir etibgina qolmay, o‘zi ham jamiyat va kishilar hayotidagi bunday ziddiyat va mayllardan jarohatlanib yashagan. Yozuvchidagi murakkab ruhiy holat uning so‘nggi asarlari («Tirik murda» (1890); «Baldan so‘ng» (1903) va boshqa.) da ham aks etgan. Tolstoy hayotining Yasnaya Polyanadagi so‘nggi kunlari ruhiy iztiroblar po‘rtanasida kechdi. U yaqin kishilari to‘qigan ig‘vo va fasod to‘ridan qochib, 1910 yil Yasnaya Polyanadan bosh olib chiqib ketadi va yo‘lda shamollab, vafot etadi.

O‘zbekistonda Tolstoy ijodiga qiziqish u hayot paytlardayoq boshlangan. Uning «Odamlar nima bilan tirik?», «Xudo haqiqatni ko‘rsa ham tezda ayta olmaydi» maqolalari 1887-1902 yillarda «Turkiston viloyatining gazeti»da o‘zbek tilida nashr etilgan. Tolstoy haqidagi «Rossiya mamlakatining mashhur yozuvchisi» degan maqola esa 1889 yil shu gazetada taniqli ma’rifatparvar Sattorxon Abdug‘afforov tarjimasida bosilgan. Tolstoyning bolalar uchun yozgan qator hikoyalari Saidrasul Aziziy («Ustodi avval», 1902), Aliasqar Kalinin («Muallimi soniy», 1903), Abdulla Avloniy («Birinchi muallim», 1909; «Ikkinchi muallim», 1912) singari jadid ma’rifatparvarlarining o‘quv qo‘llanmalari va darsliklarida e’lon qilingan hamda usuli savtiya maktablarida o‘qitilgan.Tolstoy nafaqat buyuk yozuvchi, balki adolatparvar va xalqparvar inson sifatida ham o‘zbek jadidlarining e’tiborini o‘ziga jalb etgan. Birinchi o‘zbek advokati Ubaydulla Xo‘jayev 1909 yilda Tolstoyga uning yomonlikka yomonlik bilan javob bermaslik haqidagi ta’limoti yuzasidan xat yozib, o‘sha yilning 5 iyunida undan javob olgan. Islom dinining taniqli arboblaridan biri Abduvohid Qoriyev esa 1910 yil Yasnaya Polyanaga maxsus borib, Tolstoy bilan bir necha marta muloqotda bo‘lgan. Ammo o‘zbek xalqining Tolstoy ijodi bilan yaqindan tanishishi 20-asrning 30-yillaridan boshlangan va uning barcha asosiy asarlari o‘zbek tiliga tarjima qilingan.

004

1-QISMDAN

1710-4.jpg

Borliq haqidagi tushunchamiz sezgilar majmuasidan hosil bo‘ladi, bu borliq tushunchasi sezgilar natijasidir. Sezgi yo‘q joyda, borliq ham yo‘q.

Sezgi zamirida taassurot bo‘lsa hamki, biz bu ikki tushunchani bir-biridan qat’iyan farq etishimiz lozim.

(36-bet).

* * *

Ayollar bamisoli murvat — hamma narsa o‘shaning tevaragida aylanadi.

(55-bet).

* * *

Dunyoda ikki toifa xotin bor: biri faqat o‘z huquqini talab etadi; bu huquq — sening sevging, sen sevgingni unga bag‘ishlay olmaysan; ikkinchi toifa xotin esa, borlig‘ini senga qurbon qiladi-yu, sendan hech nima talab etmaydi.

(57-bet).

* * *

Shunday odamlar borki, biron narsada omadi bo‘lgan raqibini ko‘rganlarida undagi yaxshi fazilatlarning hammasidan darhol ko‘z yumushga tayyor turadilar va undagi yomon narsalarnigina ko‘radilar; yana shunday odamlar borki, ular, aksincha, hamma narsadan oldin u baxtiyor raqiblarida o‘zlarini mag‘lub qilgan fazilatlarni topishga harakat qiladilar va yuraklarini achishib bo‘lsa hamki, undan faqat yaxshi xislatlarni axtaradilar.

(68-bet).

* * *

Xotin degan narsa shunday bir olamki, uni qancha o‘rganmagin, yana hamma vaqt undan yangi narsa topasan. Qaysi bir matematik lazzat — haqiqatni topishda emas, uni qidirishda, degan ekan.

(212-bet).

* * *

Muhabbat bo‘lmasa, baxt ham, baxtsizlik ham, hayot ham bo‘lmaydi.

(239-bet).

* * *

Shuhratparast, mansabparast kishining yuragida hech nima yo‘q. Balandparvoz mulohazalar, ma’rifat va ma’rifatga bo‘lgan sevgisi, din-diyonat bularning hammasi baland martabaga erishish yo‘lidagi quroldir, xolos.

(269-bet).

* * *

Qachonki inson o‘zini unutsa-yu, boshqalarga mehr qo‘ysa, shunda uning darrov orom topishi, baxtli va dilovar bo‘lishi mumkinligi isbotlanadi.

(292-bet).

* * *

O‘z muassasalaridagi muhim, ahamiyatli narsalarni darrov payqab oladigan, ularni ardoqlaydigan xalqlarninggina istiqboli bo‘lishi ana shunday xalqlarnigina tarixiy xalq deb atash mumkin.

(322-bet).

* * *

Barcha asrlar falsafasi oldida ko‘ndalang bo‘lib kelgan asosiy masala: shaxsiy manfaat bilan umumiy manfaat orasida mavjud bo‘lgan zarur aloqani topishdan iborat edi.

(322-bet).

* * *

Shaxsiy manfaat negizida qurilmagan faoliyatning hech biri hech qachon mustahkam bo‘lolmaydi.

(322-bet).

* * *

Har narsada qilingan soxtakorlik eng aqlli, eng zehnli odamni aldashi mumkin, lekin soxtakorlik har qancha yashirib berkitilgan bo‘lmasin, eng to‘pos bola ham bilib oladi, bilgandan keyin esa undan jirkanadi.

(347-bet).

* * *

Eski hayotdan, foydasiz bilimdan, hech narsaga kerak bo‘lmagan ilmdan voz kechish kerak.

(358-bet).

* * *

Ayollar — inson faoliyatidagi asosiy g‘ovdir. Xotin kishini ham sevib, ham bir ish chiqarish qiyin. Bunda sevgi xalaqit bermaydigan bitta yo‘l bor — uylanish.

(404-bet).

* * *

Xotinlar erkaklardan ko‘ra dunyoparast bo‘ladi. Erkaklar muhabbatni oliy narsa deb biladi, ayollar esa aksincha.

(405-bet).

* * *

Har qanday taraqqiyot hokimiyat kuchi bilan o‘tkaziladi.

(428-bet).

* * *

Maqsadga erishish uchun og‘ishmay boraverish kerak. Shunday qilinsa murodga yetiladi. Ishlashga, mehnat qilishga arziydigan narsalar bor.

(444-bet).

* * *

Odamlarning mute’ligi va itoatkorliklari kishini noqulay ahvolga tushirsa, talabchanliklari va injiqliklari haddidan oshganda esa tezda jonga tegadi.

(451-bet).

* * *

Falokat kelsa, yolg‘iz kelmaydi.

(467-bet).

* * *

Ravshan tushunib olganingdan keyin, hamma narsa mayda, ahamiyatsiz bo‘lib qoladi.

O‘limni o‘ylaganingda hayot zavqi kamayadi-yu, lekin tinchliging ortadi.

(484-bet).

* * *

Ustunlik hamma vaqt chinakam ta’lim tomonda bo‘lishi kerak.

(497-bet).

* * *

Vazifa – huquq va boylikning jo‘rasi; hokimiyat — pul, sharaf demakdir.

(501-bet).

* * *

O‘zingizdan nafratlanganlarni seving.

(508-bet).

* * *

Dushmanlaringni kechir, ularni yaxshi ko‘r.

(531-bet).

* * *

Dunyoda chorasi topilmaydigan mushkul narsa yo‘q.

(549-bet).

* * *

Erkin fikrlilik darajasiga (inson) faqat o‘zining kurashi va mehnati orqasidangina ko‘tariladi.

(600-bet).

* * *

Hamma narsani rad qilish asosida tarbiya topgan odam – yovvoyi odam.

(600-bet).

* * *

Norozi odamning boshqalarga o‘pka qilmasligi qiyin, eng yaqin kishisiga ham noroziligini aytolmasdan turolmaydi.

(623-bet).

* * *

Har kimda yashash va sevish ishtiyoqi bo‘lsin.

(650-bet).

* * *

Xotini bor odam dunyo tashvishini, xotiniga manzur bo‘lish tashvishini qiladi; xotini yo‘q odam xudoni o‘ylaydi, xudoga manzur bo‘lish g‘amini yeydi.

(661-bet).

* * *

Dunyoda hamma narsa yovuzlikdan iborat. Dunyo turguncha tur-u, dunyo turguncha o‘rgan.

(665-bet).

* * *

Aqlning so‘ziga kir, undan yaxshirog‘ini topa olmaysan.

(743-bet).

* * *

Sarf qilingan mehnatga muvofiq kelmaydigan har qanday daromad – harom. Harom-harish yo‘llar bilan, hiyla-nayrang bilan qo‘lga kiritilgan daromad ham.

(751-bet).

* * *

Agar birovni yaxshi ko‘radigan bo‘lsang, u odam o‘zing xohlaganingcha bo‘lgandagina emas, qanday bo‘lsa, shundayligicha yaxshi ko‘raverasan.

(784-bet).

* * *

Saylanadigan mansabdorlarni yuzlariga qarab emas, xizmatlariga qarab, Vatan saodatini ko‘zlab saylash kerak.

(826-bet).

* * *

Jamoat ishiga xizmat qilishni xohlasang, unda jiddiy va izchil bo‘lishing kerak.

(832-bet).

* * *

Mehnat tagida muhabbat bor. Muhabbat esa tashqaridan kelmaydi, unga buyurib bo‘lmaydi.

(890-bet).

* * *

Inson o‘qimishli kishilarga yarashadigan taxlitda o‘zi uchun yashashi kerak.

(927-bet).

* * *

Hurmatni bo‘sh yerni, muhabbat band qilishi kerak bo‘lgan yerni yashirish uchun o‘ylab chiqarishgan.

(946-bet).

* * *

Odamlarni bir-biriga bog‘lab turgan birdan-bir narsa – yashash uchun kurashu nafrat xolos.

(970-bet).

* * *

Muhabbat tugagan joydan nafrat boshlanadi.

(971-bet).

* * *

Aql insonga o‘zini bezovta qilayotgan narsalardan qutulish yo‘lini topish uchun berilgan.

(975-bet).

* * *

Allohning haqligiga asosiy isbot uning o‘zi kashf etgan saxovatdir.

(1035-bet).

2-QISMDAN

Shaytonning kuchi zo‘r, biz uning vasvasalariga uchmasligimiz kerak. Xudoyi taologa munojot qiling, so‘rang, tilang. Xudoyi taologa munojot qiling…

(8-bet).

* * *

Erk? Erkinlik nima keragi bor? Butun baxt – sevgi va havasda, u nimani orzu qilsa, o‘shani orzu qilish, nimani o‘ylasa, o‘shani o‘ylash ya’ni har qanday erkinlikning bahridan o‘tishda – baxt deb shuni aytadilar (Levinning uylanishi haqidagi o‘ylari).

(13-bet).

* * *

Hamma gaplar ham bebaxtlikdan afzalroq.

(14-bet).

* * *

Mening tarzi hayotim sizga yoqadimi yoqmaydimi, buning men uchun aslo farqi yo‘q; lekin men bilan tanish-bilishlik qilgingiz kelsa, meni hurmat qilishingiz kerak

(32-bet).

* * *

Shubha bor joyda sabr bor.

(91-bet).

* * *

Suyanchig‘imiz – muhabbatimiz, Parvardigor bizga ato qilgan muhabbatimizdir.

(94-bet).

* * *

Har qanday odam baxtimizga raxna soladi, deb o‘ylash – ko‘p yomon narsa.

(176-bet).

* * *

Daromadni ko‘zlagan kishi bosh og‘rig‘iga ham chidab beradi.

(247-bet).

* * *

Ba’zan sevgili kishisi boshqalarda qoldirayotgan ta’sirini aniqlash uchun uni begona odam o‘rnida ko‘rishga intilganlar.

(296-bet).

* * *

Odam bolasi o‘rganib ketmaydigan hech bir sharoit yo‘q; ayniqsa tevaragidagi odamlarning ham shunday yashab turganlarini ko‘rganda, albatta o‘rganasan.

(340-bet).

* * *

Maosh tovar uchun to‘lanadigan haq, shu vajdan talab va taklif qonuniga munosib bo‘lishi kerak.

(359-bet).

* * *

Do‘stlarimizning do‘stlari bizning do‘stlarimiz. Lekin do‘st bo‘lish uchun do‘st qalbidan xabardor bo‘lish kerak.

(374-bet).

* * *

Yog‘dudan mahrum bo‘lmaslik uchun ko‘zlarimizni yummasligimiz kerak.

(376-bet).

* * *

Oila hayotida biron qarorga kelish uchun eru xotin o‘rtasida kuchli adovat yoki muhabbat bo‘lishi kerak. Eru xotin o‘rtasidagi munosabat aniq bo‘lmaganda, ya’ni yuqoridagi shartlarning unisi ham, bunisi ham bo‘lmaganda, hech bir ishga qo‘l urib bo‘lmaydi.

(381-bet).

* * *

Aniqlik og‘izda emas, qalbda bo‘lishi kerak.

(393-bet).

* * *

O‘g‘lining baxtu saodati nimada ekanligini qalbi bilan anglamagan ona –toshyurak xotin.

(393-bet).

* * *

Aql insonga o‘zini bezovta qilayotgan narsalardan qutulish yo‘lini topish uchun berilgan.

(416-bet).

* * *

Odam o‘z nafsi uchun emas, xudo uchun yashashi kerak.

(453-bet).

* * *

Agar saxovatli ish biron sabab bilan qilinsa, demak, u saxovat bo‘lolmaydi; agar uning oqibati -mukofoti bo‘lsa, demak u bu ahvolda ham saxovat bo‘lolmaydi. Demak, saxovat sababdan ham, oqibatdan ham xoli bo‘lishi kerak.

(454-bet).

* * *

Aql yashash uchun kurashni va orzularimning ushalishiga xalaqit beruvchilarning hammasini bo‘g‘ishni talab qilgan qonunni kashf etgan. Bu aql xulosasi. Boshqani sevishni esa aql kashf etolmasdi, chunki boshqani sevish aqldan emas.

(456-bet).

4-QISMDAN

Ularning qasoslari mening bo‘ynimda, men jazolarini beraman.

(1-bet).

* * *

Baxtli oilalarning hammasi bir-biriga o‘xshaydi, baxtsiz oilalarning esa har biri o‘zicha baxtsizdir.

(2-bet).

* * *

Sezgi zamirida taasurot bo‘lsa hamki, biz bu ikki tushunchani bir biridan qat’iyan farq etishimiz lozim.

(35-bet).

* * *

Hovliqish kerak emas, og‘ir bo‘lish kerak.

(39-bet).

* * *

Meni loyiq bilib emas, shafqat qilib kechir.

(53-bet).

* * *

Jamiyat ham shunday qurilganki, mehnatkashlar qancha ko‘p ish qilishsa, savdogarlar, yer egalari shuncha ko‘p daromad ko‘rishadi, mehnatkashlar esa hamisha ish hayvoni bo‘lib qolaverishadi. Shuning uchun bu tartibni o‘zgartirish kerak.

(116-bet).

* * *

Tavba- tazarruning kechi bo‘lmaydi.

(118-bet).

* * *

Qancha aql bo‘lsa, shuncha kalla bor, qancha ko‘ngil bo‘lsa, demak shuncha sevgi xili bor.

(118-bet).

* * *

Rashk –xotin uchun bir haqorat, shu sababli xotinga ishonch bo‘lishi kerak.

(186-bet).

* * *

Odob degan narsaning shunday qonun-qoidalari borki, buni oyoq osti qilgan kishi jazosini tortmay qolmaydi.

(192-bet).

* * *

Men sening oldingda, o‘zimning oldimda, xudo oldida o‘z burchlaringni ko‘rsatib qo‘yishga majburman. Bizning hayotimiz payvand qilingan, lekin odamlar tomonidan emas, Olloh tomonidan payvand qilingan. Bu payvandni faqat jinoyatgina buzushi mumkin, bunday jinoyat esa og‘ir jazo bilan natijalanadi.

(193-bet).

* * *

Xotin degan narsa shunday bir olamki, uni qancha o‘rganmagin, yana hamma vaqt undan yangi narsa topasan.

(212-bet).

* * *

Shu zamonda har bir ish qonun-qoida bilan, sud bilan baqamti qilinadi: hozir hamma narsani to‘g‘rilik bilan bir yoqlik qilish kerak; o‘g‘rilik bilan bir nima qilib bo‘larmishmi?!

(220-bet).

* * *

Har qanday ahvoldan qutulishning yo‘li bor. Faqat jur’at kerak.

(246-bet).

* * *

Kimki bir betingga shapati ursa, unga ikkinchi betingni ham tutib ber. Agar ustingdan choponingni yechib olishsa, ichingdagi ko‘ylagingni ham yechib ber.

(293-bet).

* * *

Shaxsiy manfaat negiziga qurilmagan faoliyatlarning hech biri hech qachon mustahkam bo‘lolmaydi. Bu umumiy, falsafaviy haqiqat.

(322-bet).

* * *

Miyasidan qayta-qayta o‘tgan va his qilgan narsalarning hammasi uchta alohida fikr turkumiga bo‘linar edi. Bittasi — eski hayotdan, foydasiz bilimdan, hech narsaga kerak bo‘lmagan ilmdan voz kechish edi. Ikkinchi xil fikr va tasavvurlari esa endi boshlamoqchi bo‘lgan hayotga taaluqli edi. Ammo uchinchi fikr eski hayotdan yangi hayotga qanday qilib o‘tish kerak ekan degan savollar atrofida aylanib yurar.

(358-bet).

* * *

Zerikib xunob bo‘lmaslik uchun hech qachon zerikishni o‘ylamaslik kerak. Uyqusizlikdan qo‘rqqan kishi uyqum kelmasmikan deb qo‘rqmasligi kerak.

(390-bet).

* * *

Mulohazalarning oqibati qanday bo‘lishi bilan uning ishi yo‘q edi; unga faqat mulohaza jarayonining o‘zigina kerak edi.

(437-bet).

* * *

Men ishlayapman, allanima qilmoqchiman, xolbuki hamma narsaning bir kun borib tugashini, buning o‘lim ekanini xotiramdan chiqaribman.

(450-bet).

* * *

Nikohdan eng muhim narsa muhabbat ekanligini, muhabbat bor yerda hamisha baxt borligini, chunki muhabbat faqat odamning o‘zidagina bo‘lishligini so‘zlab berdi.

(516-bet).

* * *

Shaytonning kuchi zo‘r, biz uning vasvasasiga uchmasligimiz kerak.

(566-bet).

* * *

Ikkalasidan birini tanlab olish kerak: yo jamiyatning hozirgi tuzumini adolatli deb hisobla-yu, o‘z haqingni himoya qil, yoki menga o‘xshash, adolatsiz imtiyozlardan foydalanayotganingni bo‘yninga ol-u, bu imtiyozlardan foydalanib, xursand bo‘lib yuraver.

(753-bet).

* * *

Madomiki o‘zini, qalbini, sevgisini Ollohning ixtiyorida ekanligini sezgandan keyin, yana kimga iltijo qila olar edi.

(902-bet).

* * *

Shu’lasida hayajon, aldov, alam, yovuzlik to‘la kitobni o‘qigan sham har vaqtdagidan ham balandroq loppillab yondi, ilgari zulmat ichida qolib kelgan narsalarni Annaga yoritib ko‘rsatdi.

(977-bet).

* * *

Mening nazariyam shunday: bir tomondan, urush shunday bir hayvoniy, shunday bir shafqatsiz, dahshatli narsaki, nasroniy dinidagi odamni bir yoqqa qo‘yib turaylik, boshqa har qanday odam ham urushni boshlash mas’uliyatini zimmasiga olaolmaydi, bu mas’uliyatni urush qilish o‘zining burchi hisoblangan va urush qilishga majbur bo‘lgan hukumatgina zimmasiga ola oladi.

(1024-bet).

* * *

Kimda-kim urushni targ‘ib qilsa, uni oldinda jang qiladigan maxsus legionga yuborish kerak; hamlaning oldiga tushib hujum va hamla qilsin!

(1028-bet)

Manba: “Tafakkur javhari”.Toshkent, «Fan» nashriyoti. 2010 (To‘plovchi va so‘z boshi muallifi, f.f.d. I.M.G‘aniyev)

Lev Tolstoy. Tanlangan Asarlar. 4-Jild. Anna Karenina. by Khurshid Davron on Scribd

09

(Tashriflar: umumiy 6 874, bugungi 1)

3 izoh

  1. Лев Толстой асарлари қимматли, шу кунгача ўз ўрнини йўқотмаган. Лекин кўп томли романларида чолларга хос эзмалик қилиб юборган. Унча-мунча одамнинг тўлиқ ўқиб чиқишга тоқати етмайди. Юқоридагиларни тайёрлаган ҳурматли шахс китобни баъзи гапларнинг тагига чизиш учун ўқиган шекилли. Кечирим сўрайман, балки ундай эмасдир. Негадир менинг ахмоқ миямга шундай фикр келди.

  2. «Hamma narsani ham o’qiyverish yaramaydi, dilda tug’ilgan savollarga javob bera oladigan kitoblarnigina o’qish kerak» L.Tolstoy

Izoh qoldiring