Umid Bekmuhammad. Tolstoyning o’zbek suhbatdoshi & «XDK» yutub kanalida Lev Tolstoy asarlari: radiospektakllar, audiokitoblar

01Сокин ўрмон сўқмоғининг сукунатини отнинг дупур-дупури бузди. Сўқмоқ четида турган кишилар ёнига келган оқ от устида серсоқол, елкалари кенг, шляпа кийган бир киши ўтирарди. У отдан тушиб, бошида симоби салла, эгнида адрас тўн, қотмадан келган баланд бўйли кишига бармоқлари йўғон қўлини узатди…

Умид БЕКМУҲАММАД
ТОЛСТОЙНИНГ ЎЗБЕК СУҲБАТДОШИ


1909 йилнинг ёз ойлари. Тула губернияси .

02Сокин ўрмон сўқмоғининг сукунатини отнинг дупур-дупури бузди. Сўқмоқ четида турган кишилар ёнига келган оқ от устида серсоқол, елкалари кенг, шляпа кийган бир киши ўтирарди. У отдан тушиб, бошида симоби салла, эгнида адрас тўн, қотмадан келган баланд бўйли кишига бармоқлари йўғон қўлини узатди:

-Салом, Лев Николаевич!

Саллали киши ҳам салом бериб ўзини таништирди:

-Ассалому алайкум, мен Абдувоҳидқориман!,-дея у ҳам қўлини узатиб кўришди.

-Ўрта Осиёликка ўхшайсиз?,-савол берди Лев Николаевич.

-Ҳа. Мен Тошкентдан келдим. Душманларим иғвоси билан Тулага сургун қилиндим. Ўзим мадрасада мударрислик қилганман, 2-Давлат думасига депутат ҳам бўлганман.
Шу тахлит Чор империяси тузумига қарши ҳаракатлари учун сургун қилинган доғистонлик Қозиев, Магомед Эфендиев ва тошкентлик Абдувоҳидқори эрталабгача машҳур инсон билан гурунглашдилар. Мусулмон зиёлиларининг суҳбатдоши ўрмон ортидаги Ясная Поляна қишлоғилик елкалари кенг, серсоқол, шляпа кийган қария эди. У дунёга танилган ёзувчи Лев Толстой бўлиб, уйига боргач, кундалигига шундай сўзларни битиб қўйди: “ Мен бугун буғдойранг ўрта осиёлик билан танишдим…”

Толстой ёзган буғдойранг Ўрта Осиёлик Абдувоҳидқори эди…

…Жангу жадаллар сабабли зах ерларда ётиб-туравериб ўпкасини шамоллатган зобит, таниқли адиб Лев Толстой 1862 йили шифокорлар маслаҳатига кўра, Бошқирдистонга боради. Ғоят хушманзара Қоралиқ қишлоғида ўпкасини даволатиш учун қимиз ичиб юрганида шу ерлик Софья исмли қизни севиб қолади ва унга уйланади. Энди оддий қишлоқ шифокори қизи Софья Андреевна Берс (1844-1919) ни графиня Толстая дея чақира бошладилар.

Хотинининг юртида Толстойни, энг аввало, жой номлари ҳайратлантирди. Масалан, Қоралиқ. Кейин атрофда нафақат бошқирд, татарлар, балки бухоролик, хоразмлик ва тошкентликларнинг кўплиги, уларнинг тили, урф-одатлари адиб учун қизиқ эди.

Орадан йиллар ўтиб, 1909 йилдаги Тулада бўлган учрашувда Толстой бир пайтлари хотинининг юртидаги сўзларини эшитиб, кийимларидан ҳайратланган Ўрта Осиёлик мусулмон билан тонггача гурунглашди.

Суҳбат чор тузуми, ер-сув, дин масаласидан тортиб, Ўрта Осиё мусулмонлари ҳаёти ҳақида бўлди.Толстой жаноблари Абдувоҳидқорининг шунчаки оддий мусулмон эмаслиги, мадраса мударриси, қози, Россия давлат думасига депутат бўлиб сайланган жамоат арбоби, ислоҳатлар ва чор мустамлакачилиги зулмига қарши кескин фикрлар билдиргани учун бадарға этилган исёнкор эканлигини англади. Мавзу ўз-ўзидан Ўрта Осиё мусулмонлари ҳаёти ҳақида бўлди.

Лев Николаевич Абдувоҳидқорига Ислом дини тўғрисидаги ўз тушунчаларини баён қилар экан, Муҳаммад пайғамбар билан боғлиқ ҳадисларни тўплаётганини гапирди:

— Балки, эшитгандирсиз, кунларнинг бирида хурмо дарахти остида ухлаб қолган Муҳаммад пайғамбар уйғонсалар, тепаларида душман Дуъсуур қилич яланғочлаб турган эмиш. У Пайғамбардан сўрабди:
— Эй Муҳаммад, энди сени ўлимдан ким қутқаради?.

Шунда пайғамбар жавоб берибдилар:
-Аллоҳ!

Дуъсуурнинг қилич ерга тушибди. Уни қўлга олган Муҳаммад пайғамбар ўз навбатида сўрабдилар:
-Эй Дуъсуур, энди сени ўлимдан ким қутқаради?

Дуъсуур:
-Ҳеч ким!,-дебди.

Шунда пайғамбар уни озод қилиб:

-Бил, сени ҳам ўлимдан меним Аллоҳим қутқарди,-дебдилар ва унинг қиличини қайтариб берибдилар. Дуъсуур кетаётиб “Сен мендан хайрлироқсан”, дебди. Муҳаммад пайғамбар эса унга қарата:

Дуъсуур : “Мен Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқлигига ва сен Унинг расули эканинггга ишондим”, дея шаҳодат келтириб, мусулмон бўлибди. У шу тариқа пайғамбарнинг дўстларидан бирига айланибди. Мана ислом маърифати,-дея Лев Николаевич ўзи тўплаётган яна бошқа ҳадислардан ҳам сўз очади:

-“Жаҳаннам нафсга хуш келган нарсалар билан, жаннат эса нафс истамаган нарсалар билан ўралгандир”, “Кишиларнинг қусурларини, агар у қусурлар уларнинг ўзларида бўлса ҳам юзига солмоқдан сақлан”, “Ҳамма кишилар учун яратилган нарсалардан фақат ўзи учун фойдаланган кимса айбдор ва қонун олдида жавобгардир”, “Ҳақиқат инсонлар учун нақадар аччиқ бўлса-да, ҳақиқатни сўйлагин”…Бу каби ҳадислар нақадар ҳаётий, ҳаққоний! Уларда инсон умрининг мазмуни мужассам. Мен бир неча йиллардирки, Абдуллоҳ Суҳравардийнинг “Ҳазрати Муҳаммаднинг ҳадислари “ китоби орқали ҳадисларни тўплаб, уларни ўқувчиларга рус тилида тақдим этдим. Қозон университетида ўқиётганимда, Уфага хотиним билан ҳар гал борганимда, ўша ерлик ва у ерга борган мусулмон савдогарлар билан суҳбатлашиб, кўнглимда ислом динига муҳаббат уйғонди,-деди Толстой ва шу мавзуда яна узоқ сўзлади:

-Менга Тбилиси шаҳридан Елена Ефимовна Векилова исмли аёл мактуб йўллаган, унда Петербург технология институтида, ҳамда Москвадаги Александровск ҳарбий билим юртида юнкерлик қилаётган иккала ўғлининг православ динини ташлаб, ислом динига ўтиш борасидаги маслаҳатларим сўралганди. Афтидан ўғилларининг дўстлари, ёки уларнинг қўшнилари орасида татар, бошқирд мусулмонлар кўп бўлиб улар таъсирида Елена Ефимовнанинг фарзандлари ислом динига ўтишни маъқул топишган. Бу борада оилаларида балки келишмовчилик, балки баҳсу мунозаралар бўлган ва шундан келиб чиқиб маслаҳат тарзида менга ойиси мактуб битгандир.

-Бу ҳақда олдинроқ сиз билан суҳбатимизда айтгандингиз,ҳатто мактубни ўқиб ҳам бергандингиз,-дея Магомед Эфендиев Толстойнинг гапини маъқуллади.

-Ҳа, эсингизда экан. Хуллас, мен Векилова хонимга ўз қарашларимни баён қилиб, ўғилларининг истакларини қўллаб қувватлагандим.

Шундан сўнг Толстой мактубида баён қилинган мулоҳазаларини суҳбатдошларига қайтадан айтиб берди.

Суҳбатдош мусулмонлар буюк адибнинг ислом дини ва Муҳаммад пайғамбар тўғрисидаги бу сўзларидан мағрурланиш ҳисларини туйдилар.

Толстой гурунгни Абдувоҳидқорининг мадраса мударриси, қози, Россия давлат думасига депутат бўлиб сайланган жамоат арбоби бўлганини билгани боис, Ўрта Осиёга қилинган чор босқини, Пётр 1 ҳаракатлари-ю Перовскийдек истилопараст генералнинг Хоразмга юриши ва шармандаларча чекинганига боғлади.

Табиийки, суҳбатдош мусулмонлар бу мавзулардаям Лев Николаевичнинг фикрини билишни исташарди.

Суҳбатда Перовский номи тилга олиниши билан, Толстой “Декабристлар” романида 19 асрдаги Россия ҳаёти, аслзодалар, зобит ва сарой амалдорлари ўртасидаги зиддиятлар, исёнкорлик, босқинчилик, хуллас реал ҳаётни ёритганини сўзлаб берди.

-Асаримдаги қаҳрамонлардан бири генерал Перовскийдир,- деди Толстой суҳбатдошларига.

Шундан кейин Толстой суҳбатдошларига генерал Перовский тўғрисида маълумот берди:

-Оренбург генерал губернатори Василий Алексеевич Перовский (1794-1857 ) 19 асрда Россиянинг энг донгдор кишиларидан, императорнинг эса арзанда генералларидан бўлган. У Ўрта Осиёни босиб олиш ташаббускорларидан эди. Айни пайтда кўплаб ёзувчи-шоир, олимлар билан дўст бўлиб, ҳатто Пушкин билан анча яқин эди. 1833 йил кузида Пушкинни Оренбургдаги уйида меҳмон ҳам қилган. Пушкиннинг генерал билан яқинлигига сабаб, губернаторнинг акаси Алексей Перовский (1787-1836) ёзувчи бўлиб, ўз даврининг билан шуҳрат қозонган кишиларидан эди.

Генерал Перовский, шунингдек, В.Даль, Штернберг, А.Брюллов, Н.Хаников, Г.Данилевский сингари Россиянинг буюк рассом ва олимларини Оренбургга таклиф қилиб, уларга шароит яратиб берди. Бу тадқиқотчи зиёлилар 1839 йили Перовскийнинг Хива хонлигига қилган юришида иштирок этишди. Ҳужум муаффақиятсизликка учраб, Оренбургга қайтишгач, Н.Хаников “ Хива юриши” номли асарини ёзади.

“Хива юриши”да ёритилган воқеалар, мени ғоятда ҳайратга солди. Перовский шахсини ўрганиш асносида Хоразм билан боғлиқ бошқа асарларни, чоризм босқинчилигини акс этдирган тадқиқотларниям ўқиб чиқдим.

Ҳатто, 1876 йили юқоридаги воқеалар юз берган Оренбургга бориб, “ Декабристлар” асари учун ҳужжатлар тўпладим.”Хива юриши”ни чоп этган “Рус архиви” нашри бош муҳаррири П.Бартеневга хат ёзиб, мавзу бўйича мени қизиқтирган саволларга жавоб изладим—деди Толстой.

Маълумки, “Декабристлар” романини ёзиш жараёнида адиб қарашларида кескин ўзгаришлар юз берди.Ҳатто, насрни қўйиб, публицисткада ижод қилди.”Одамга кўп ер керакми?”, “Инсон нима билан тирик?”, “Худо ҳақиқатни кўрса ҳам тезроқ айта олмайди” сингари мақолалар ёзди.Деҳқончасига яшаб, ер чопди, этигини ўзи тикиб, гўштсиз овқат ея бошлади.Текинга овқат берадиган ошхона очди.

Қозиев, Эфендиев ва Абдувоҳидқори билан 1909 йилда кечган суҳбат оқшомида Толстойнинг ана шу эътиқоди яққол акс этиб турар, шу боис гурунг тонггача давом этганди. Кейинчалик ёзувчи бўлиб етишган ва ўша суҳбатдан ғоят таъсирланган Магомед Эфендиев орадан йиллар ўтиб, Толстой билан қилган гурунгларини қоғозга туширди.

Абдувоҳидқори Магомед орқали Толстой билан танишганди. Бу учрашувдан бир йил ўтиб, 1910 йилнинг ноябрида Толстой вафот этди. Абдувоҳидқори машҳур адибнинг дафн маросимида ҳам қатнашган. ”Абдувоҳидқори Абдурауфқориев Толстой билан суҳбатлашган биргина ўзбек кишиси эди”(В.Булгаков, “Л.Толстой в последние годи жизни” М, 1960, стр-390-391). Абдувоҳид қори 1909 йил ёзигача ва ундан сўнг ҳам 83 йиллик умри давомида ( 1855-1938) ўз даврининг хонзодалари, қози-ю генераллари, Давлат Думаси депутатлари, элчи ва ҳукумат арбоблари билан учрашди, суҳбат қурди.Аммо уларнинг ҳеч бирини Абдувоҳид қори Толстойчалик салоҳиятли ШАХС дея билмасди…

Орадан етти йил ўтиб, 1917 йилнинг февралидагина Абдувоҳидқори сургундан ватанига қайтди.

Хўш, машҳур адиб билан гурунглашиш шарафига эга бўлган ягона ўзбек -Абдувоҳидқори аслида ким эди?

У 1855 йилда Тошкентнинг Шайх Хованди Тоҳур даҳасида туғилган бўлиб, болалигида отаси Абдурауф қоридан таълим олади. Кейин Эшонқули додҳоҳ, ундан сўнгра Бухородаги Эрназарбий мадрасасида таҳсил олади. Таҳсилни тугатиб, Тошкентдаги Мирзаабдуллабой мадрасасида имом, мударрис, кейинроқ эса даҳа қозиси сифатида фаолият юритади.

Санъатшунослик фанлари номзоди Сирожиддин Аҳмаднинг тадқиқотларича, “ ўз даврининг илғор зиёлиси сифатида генерал Жўрабек, Орифхўжабой, Мақсудхўжа Отахўжаев, Саидкарим ва Саидғани Саидазимбоев, Валиҳожи Абдумаликбой, Эшонхўжа Маҳмудхўжаев, Саидалиҳожи Эшонхўжаев сингари маърифатли бойлар, уламолар билан дўст тутинади. Абдувоҳидқори араб, форс ва рус тилларини биладиган, даврнинг олд зиёлиларидан бўлиб, нафақат фиқҳ илмини, балки чоризм қонунчилигини ҳам мукамммал ўрганган эди”. Шу боис уни 1906 йилда Тошкент шаҳар думасига, 1907 йилда эса Россия Давлат Думасига депутат этиб сайлашади. Шу тариқа Абдувоҳидқори Петербургга бориб, туркистонликлар манфаатларини ҳимоя қилган, қонунчиликка маҳаллий аҳоли талабларини киритишга уринган ягона туркистонлик вакил-депутат бўлган.

У Тошкентдан Петербург шаҳрига бориб, маҳаллий халқлар истакларини ўрганар, шулар натижасида 1905 ва 1906 йилнинг август ойларида Нижний Новгородда ўтказилган Русия мусулмонлар съездида қатнашган, Садри Мақсудий, Абдурашид Иброҳимов сингари шу даврнинг татар ва бошқирд маърифатпарвар раҳбарлари билан танишиб, суҳбат қурган эди.

Абдувоҳид қори Давлат Думасидаги йиғинларда чоризм амалдорлари, ҳуқуқшунослари билан музокаралар ўтказиб, мустамлакачилардан ўз халқининг манфаатларини ҳимоя қилишга уринади. Аммо унинг бундай ҳаракатлари “чоризмга қарши фитна тайёрлаётган душман” сифатида баҳоланиб, 1909 йилда у Тула губерниясига сургун қилинганди.

Сургундан у 1917 йилда қайтиб келади. Абдувоҳидқори яна илгаригидек халқ манфаатларини кўзлаган ижтимоий ҳаракатларга фаол аралаша бошлайди. Мунаввар қоридек жадидлар билан ҳамкорлик қилади. “Шўрои ислом” ташкилоти топшириғи билан Петербургга бориб, ўз халқи манфаатларини ҳимоя қилишга уринади. Петербургда М. Субҳий, М.Баракатулло, М.Валихон сингари ёш Афғон давлати арбоблари билан учрашади. 1919 йилдаги Афғонистоннинг Москвадаги элчихонасида ўтказилган йиғинда Афғонистон ва Россия дўстлигини ёқлаб нутқ сўзлайди. 1920 йилдан то 1924 йилгача янги ташкил этилган Бухоро ва Хоразм республикаларининг қад тиклашида “Ёш бухороликлар” ва “Ёш хиваликлар”га ёрдам беради.

“Ёш хиваликлар” ҳаракатининг йўлбошчиларидан ва 1920 йилда ташкил қилинган ХХРнинг илк раҳбари Полвонниёз ҳожи Юсупов (1861-1936) ўз хотираларида , Абдувоҳид қорининг Хоразм манфаатлари, воҳа тараққиётига катта ҳисса қўшганлигини таъкидлаб ўтганди.

Бироқ у мудом миллий манфаатларни кўзлаб, мустамлакачиликка қарши бўлгани учун доимо шўро ҳукуматининг таъқиблари остида яшайди. 1923 йилда Саид Ҳамза исмли арабистонлик билан учрашгани учун уни Қозоғистонда уч ой ҳибсда сақлашди. Кейин озод қилишди.Эътиборлиси, уч йил олдин хорижлик араб билан шунчаки суҳбатлашгани учун қамалган қори, 1926 йилда Москва рухсати билан халқаро анжуманда қатнашиш учун Арабистонга юборилган.

Анжумандан қайтиб келгач, Тошкентда яшай бошлади.Бироқ 1937 йил қатағони уни ҳам ўз домига тортди. 1938 йил 12 январ куни эса қамоқхонада… калтаклаб ўлдирилди.Бу вақтда у 83 ёшга кирган қария эди.Шу тариқа Толстой билан суҳбатлашган, халқини маърифатли қилишга ҳаётини бағишлаган жадид зиёлисининг умри шундай фожиали якун топди.

     Мақола муаллифи ҳақида: Умид Бекмуҳаммад (Бекимметов) 1975 йилда Хоразмда: Гурлан туманидаги Сахтиён қишлоғида туғилган. 1997 йилда Урганч Давлат Университетининг тарих факултетини тугатган.  Меҳнат фаолиятини “Олтин Мерос” жамғармаси вилоят бўлимида референтликдан бошлаган. Шундан кейин матбуот  ва бошқа соҳаларда  ишлаган.
    Умид Бекмуҳаммаднинг Ўзбекистон ва хориж матбуотида  жуда  кўп тарихий-публитсистик мақолалари, “Гурлан”, Гурлан тарихи”, “Тарихимизнинг теран тадқиқотчилари”, “Мозийнинг қора кунлари”, “Академикнинг гурунглари”, “Мозийдаги сирли ўлимлар”, “Ҳарбий ҳийлалар”, “Қатағон қурбонлари.Хотира.Хоразм вилояти”, “Қатағон қурбонлари.5-китоб”, “Навоийнинг армонлари”, “Хоразмга ошуфта кўнгиллар” каби 30 та китоби, “Хоразмга талпинган Пушкин” роман-эссеси нашр этилган..

Sokin o‘rmon so‘qmog‘ining sukunatini otning dupur-dupuri buzdi. So‘qmoq chetida turgan kishilar yoniga kelgan oq ot ustida sersoqol, yelkalari keng, shlyapa kiygan bir kishi o‘tirardi. U otdan tushib, boshida simobi salla, egnida adras to‘n, qotmadan kelgan baland bo‘yli kishiga barmoqlari yo‘g‘on qo‘lini uzatdi…

Umid BEKMUHAMMAD
TOLSTOYNING O‘ZBEK SUHBATDOSHI


1909 yilning yoz oylari. Tula guberniyasi .

044Sokin o’rmon so’qmog’ining sukunatini otning dupur-dupuri buzdi. So’qmoq chetida turgan kishilar yoniga kelgan oq ot ustida sersoqol, yelkalari keng, shlyapa kiygan bir kishi o’tirardi. U otdan tushib, boshida simobi salla, egnida adras to’n, qotmadan kelgan baland bo’yli kishiga barmoqlari yo’g’on qo’lini uzatdi:

-Salom, Lev Nikolayevich!

Sallali kishi ham salom berib o’zini tanishtirdi:

-Assalomu alaykum, men Abduvohidqoriman!,-deya u ham qo’lini uzatib ko’rishdi.

-O’rta Osiyolikka o’xshaysiz?,-savol berdi Lev Nikolayevich.

-Ha. Men Toshkentdan keldim. Dushmanlarim ig’vosi bilan Tulaga surgun qilindim. O’zim madrasada mudarrislik qilganman, 2-Davlat dumasiga deputat ham bo’lganman.
Shu taxlit Chor imperiyasi tuzumiga qarshi harakatlari uchun surgun qilingan dog’istonlik Qoziyev, Magomed Efendiyev va toshkentlik Abduvohidqori ertalabgacha mashhur inson bilan gurunglashdilar. Musulmon ziyolilarining suhbatdoshi o’rmon ortidagi Yasnaya Polyana qishlog’ilik yelkalari keng, sersoqol, shlyapa kiygan qariya edi. U dunyoga tanilgan yozuvchi Lev Tolstoy bo’lib, uyiga borgach, kundaligiga shunday so’zlarni bitib qo’ydi: “ Men bugun bug’doyrang o’rta osiyolik bilan tanishdim…”

Tolstoy yozgan bug’doyrang O’rta Osiyolik Abduvohidqori edi…

…Jangu jadallar sababli zax yerlarda yotib-turaverib o’pkasini shamollatgan zobit, taniqli adib Lev Tolstoy 1862 yili shifokorlar maslahatiga ko’ra, Boshqirdistonga boradi. G’oyat xushmanzara Qoraliq qishlog’ida o’pkasini davolatish uchun qimiz ichib yurganida shu yerlik Sofьya ismli qizni sevib qoladi va unga uylanadi. Endi oddiy qishloq shifokori qizi Sofьya Andreyevna Bers (1844-1919) ni grafinya Tolstaya deya chaqira boshladilar.

Xotinining yurtida Tolstoyni, eng avvalo, joy nomlari hayratlantirdi. Masalan, Qoraliq. Keyin atrofda nafaqat boshqird, tatarlar, balki buxorolik, xorazmlik va toshkentliklarning ko’pligi, ularning tili, urf-odatlari adib uchun qiziq edi.

Oradan yillar o’tib, 1909 yildagi Tulada bo’lgan uchrashuvda Tolstoy bir paytlari xotinining yurtidagi so’zlarini eshitib, kiyimlaridan hayratlangan O’rta Osiyolik musulmon bilan tonggacha gurunglashdi.

Suhbat chor tuzumi, yer-suv, din masalasidan tortib, O’rta Osiyo musulmonlari hayoti haqida bo’ldi.Tolstoy janoblari Abduvohidqorining shunchaki oddiy musulmon emasligi, madrasa mudarrisi, qozi, Rossiya davlat dumasiga deputat bo’lib saylangan jamoat arbobi, islohatlar va chor mustamlakachiligi zulmiga qarshi keskin fikrlar bildirgani uchun badarg’a etilgan isyonkor ekanligini angladi. Mavzu o’z-o’zidan O’rta Osiyo musulmonlari hayoti haqida bo’ldi.

Lev Nikolayevich Abduvohidqoriga Islom dini to’g’risidagi o’z tushunchalarini bayon qilar ekan, Muhammad payg’ambar bilan bog’liq hadislarni to’playotganini gapirdi:

— Balki, eshitgandirsiz, kunlarning birida xurmo daraxti ostida uxlab qolgan Muhammad payg’ambar uyg’onsalar, tepalarida dushman Du’suur qilich yalang’ochlab turgan emish. U Payg’ambardan so’rabdi:
— Ey Muhammad, endi seni o’limdan kim qutqaradi?.

Shunda payg’ambar javob beribdilar:
-Alloh!

Du’suurning qilich yerga tushibdi. Uni qo’lga olgan Muhammad payg’ambar o’z navbatida so’rabdilar:
-Ey Du’suur, endi seni o’limdan kim qutqaradi?

Du’suur:
-Hech kim!,-debdi.

Shunda payg’ambar uni ozod qilib:

-Bil, seni ham o’limdan menim Allohim qutqardi,-debdilar va uning qilichini qaytarib beribdilar. Du’suur ketayotib “Sen mendan xayrliroqsan”, debdi. Muhammad payg’ambar esa unga qarata:

Du’suur : “Men Allohdan boshqa iloh yo’qligiga va sen Uning rasuli ekaninggga ishondim”, deya shahodat keltirib, musulmon bo’libdi. U shu tariqa payg’ambarning do’stlaridan biriga aylanibdi. Mana islom ma’rifati,-deya Lev Nikolayevich o’zi to’playotgan yana boshqa hadislardan ham so’z ochadi:

-“Jahannam nafsga xush kelgan narsalar bilan, jannat esa nafs istamagan narsalar bilan o’ralgandir”, “Kishilarning qusurlarini, agar u qusurlar ularning o’zlarida bo’lsa ham yuziga solmoqdan saqlan”, “Hamma kishilar uchun yaratilgan narsalardan faqat o’zi uchun foydalangan kimsa aybdor va qonun oldida javobgardir”, “Haqiqat insonlar uchun naqadar achchiq bo’lsa-da, haqiqatni so’ylagin”…Bu kabi hadislar naqadar hayotiy, haqqoniy! Ularda inson umrining mazmuni mujassam. Men bir necha yillardirki, Abdulloh Suhravardiyning “Hazrati Muhammadning hadislari “ kitobi orqali hadislarni to’plab, ularni o’quvchilarga rus tilida taqdim etdim. Qozon universitetida o’qiyotganimda, Ufaga xotinim bilan har gal borganimda, o’sha yerlik va u yerga borgan musulmon savdogarlar bilan suhbatlashib, ko’nglimda islom diniga muhabbat uyg’ondi,-dedi Tolstoy va shu mavzuda yana uzoq so’zladi:

-Menga Tbilisi shahridan Yelena Yefimovna Vekilova ismli ayol maktub yo’llagan, unda Peterburg texnologiya institutida, hamda Moskvadagi Aleksandrovsk harbiy bilim yurtida yunkerlik qilayotgan ikkala o’g’lining pravoslav dinini tashlab, islom diniga o’tish borasidagi maslahatlarim so’ralgandi. Aftidan o’g’illarining do’stlari, yoki ularning qo’shnilari orasida tatar, boshqird musulmonlar ko’p bo’lib ular ta’sirida Yelena Yefimovnaning farzandlari islom diniga o’tishni ma’qul topishgan. Bu borada oilalarida balki kelishmovchilik, balki bahsu munozaralar bo’lgan va shundan kelib chiqib maslahat tarzida menga oyisi maktub bitgandir.

-Bu haqda oldinroq siz bilan suhbatimizda aytgandingiz,hatto maktubni o’qib ham bergandingiz,-deya Magomed Efendiyev Tolstoyning gapini ma’qulladi.

-Ha, esingizda ekan. Xullas, men Vekilova xonimga o’z qarashlarimni bayon qilib, o’g’illarining istaklarini qo’llab quvvatlagandim.

Shundan so’ng Tolstoy maktubida bayon qilingan mulohazalarini suhbatdoshlariga qaytadan aytib berdi.

Suhbatdosh musulmonlar buyuk adibning islom dini va Muhammad payg’ambar to’g’risidagi bu so’zlaridan mag’rurlanish hislarini tuydilar.

Tolstoy gurungni Abduvohidqorining madrasa mudarrisi, qozi, Rossiya davlat dumasiga deputat bo’lib saylangan jamoat arbobi bo’lganini bilgani bois, O’rta Osiyoga qilingan chor bosqini, Pyotr 1 harakatlari-yu Perovskiydek istiloparast generalning Xorazmga yurishi va sharmandalarcha chekinganiga bog’ladi.

Tabiiyki, suhbatdosh musulmonlar bu mavzulardayam Lev Nikolayevichning fikrini bilishni istashardi.

Suhbatda Perovskiy nomi tilga olinishi bilan, Tolstoy “Dekabristlar” romanida 19 asrdagi Rossiya hayoti, aslzodalar, zobit va saroy amaldorlari o’rtasidagi ziddiyatlar, isyonkorlik, bosqinchilik, xullas real hayotni yoritganini so’zlab berdi.

-Asarimdagi qahramonlardan biri general Perovskiydir,- dedi Tolstoy suhbatdoshlariga.

Shundan keyin Tolstoy suhbatdoshlariga general Perovskiy to’g’risida ma’lumot berdi:

-Orenburg general gubernatori Vasiliy Alekseyevich Perovskiy (1794-1857 ) 19 asrda Rossiyaning eng dongdor kishilaridan, imperatorning esa arzanda generallaridan bo’lgan. U O’rta Osiyoni bosib olish tashabbuskorlaridan edi. Ayni paytda ko’plab yozuvchi-shoir, olimlar bilan do’st bo’lib, hatto Pushkin bilan ancha yaqin edi. 1833 yil kuzida Pushkinni Orenburgdagi uyida mehmon ham qilgan. Pushkinning general bilan yaqinligiga sabab, gubernatorning akasi Aleksey Perovskiy (1787-1836) yozuvchi bo’lib, o’z davrining bilan shuhrat qozongan kishilaridan edi.

General Perovskiy, shuningdek, V.Dalь, Shternberg, A.Bryullov, N.Xanikov, G.Danilevskiy singari Rossiyaning buyuk rassom va olimlarini Orenburgga taklif qilib, ularga sharoit yaratib berdi. Bu tadqiqotchi ziyolilar 1839 yili Perovskiyning Xiva xonligiga qilgan yurishida ishtirok etishdi. Hujum muaffaqiyatsizlikka uchrab, Orenburgga qaytishgach, N.Xanikov “ Xiva yurishi” nomli asarini yozadi.

“Xiva yurishi”da yoritilgan voqealar, meni g’oyatda hayratga soldi. Perovskiy shaxsini o’rganish asnosida Xorazm bilan bog’liq boshqa asarlarni, chorizm bosqinchiligini aks etdirgan tadqiqotlarniyam o’qib chiqdim.

Hatto, 1876 yili yuqoridagi voqealar yuz bergan Orenburgga borib, “ Dekabristlar” asari uchun hujjatlar to’pladim.”Xiva yurishi”ni chop etgan “Rus arxivi” nashri bosh muharriri P.Bartenevga xat yozib, mavzu bo’yicha meni qiziqtirgan savollarga javob izladim—dedi Tolstoy.

Ma’lumki, “Dekabristlar” romanini yozish jarayonida adib qarashlarida keskin o’zgarishlar yuz berdi.Hatto, nasrni qo’yib, publitsistkada ijod qildi.”Odamga ko’p yer kerakmi?”, “Inson nima bilan tirik?”, “Xudo haqiqatni ko’rsa ham tezroq ayta olmaydi” singari maqolalar yozdi.Dehqonchasiga yashab, yer chopdi, etigini o’zi tikib, go’shtsiz ovqat yeya boshladi.Tekinga ovqat beradigan oshxona ochdi.

Qoziyev, Efendiyev va Abduvohidqori bilan 1909 yilda kechgan suhbat oqshomida Tolstoyning ana shu e’tiqodi yaqqol aks etib turar, shu bois gurung tonggacha davom etgandi. Keyinchalik yozuvchi bo’lib yetishgan va o’sha suhbatdan g’oyat ta’sirlangan Magomed Efendiyev oradan yillar o’tib, Tolstoy bilan qilgan gurunglarini qog’ozga tushirdi.

Abduvohidqori Magomed orqali Tolstoy bilan tanishgandi. Bu uchrashuvdan bir yil o’tib, 1910 yilning noyabrida Tolstoy vafot etdi. Abduvohidqori mashhur adibning dafn marosimida ham qatnashgan. ”Abduvohidqori Abduraufqoriyev Tolstoy bilan suhbatlashgan birgina o’zbek kishisi edi”(V.Bulgakov, “L.Tolstoy v posledniye godi jizni” M, 1960, str-390-391). Abduvohid qori 1909 yil yozigacha va undan so’ng ham 83 yillik umri davomida ( 1855-1938) o’z davrining xonzodalari, qozi-yu generallari, Davlat Dumasi deputatlari, elchi va hukumat arboblari bilan uchrashdi, suhbat qurdi.Ammo ularning hech birini Abduvohid qori Tolstoychalik salohiyatli ShAXS deya bilmasdi…

Oradan yetti yil o’tib, 1917 yilning fevralidagina Abduvohidqori surgundan vataniga qaytdi.

Xo’sh, mashhur adib bilan gurunglashish sharafiga ega bo’lgan yagona o’zbek -Abduvohidqori aslida kim edi?

U 1855 yilda Toshkentning Shayx Xovandi Tohur dahasida tug’ilgan bo’lib, bolaligida otasi Abdurauf qoridan ta’lim oladi. Keyin Eshonquli dodhoh, undan so’ngra Buxorodagi Ernazarbiy madrasasida tahsil oladi. Tahsilni tugatib, Toshkentdagi Mirzaabdullaboy madrasasida imom, mudarris, keyinroq esa daha qozisi sifatida faoliyat yuritadi.

San’atshunoslik fanlari nomzodi Sirojiddin Ahmadning tadqiqotlaricha, “ o’z davrining ilg’or ziyolisi sifatida general Jo’rabek, Orifxo’jaboy, Maqsudxo’ja Otaxo’jayev, Saidkarim va Saidg’ani Saidazimboyev, Valihoji Abdumalikboy, Eshonxo’ja Mahmudxo’jayev, Saidalihoji Eshonxo’jayev singari ma’rifatli boylar, ulamolar bilan do’st tutinadi. Abduvohidqori arab, fors va rus tillarini biladigan, davrning old ziyolilaridan bo’lib, nafaqat fiqh ilmini, balki chorizm qonunchiligini ham mukammmal o’rgangan edi”. Shu bois uni 1906 yilda Toshkent shahar dumasiga, 1907 yilda esa Rossiya Davlat Dumasiga deputat etib saylashadi. Shu tariqa Abduvohidqori Peterburgga borib, turkistonliklar manfaatlarini himoya qilgan, qonunchilikka mahalliy aholi talablarini kiritishga uringan yagona turkistonlik vakil-deputat bo’lgan.

U Toshkentdan Peterburg shahriga borib, mahalliy xalqlar istaklarini o’rganar, shular natijasida 1905 va 1906 yilning avgust oylarida Nijniy Novgorodda o’tkazilgan Rusiya musulmonlar s’ezdida qatnashgan, Sadri Maqsudiy, Abdurashid Ibrohimov singari shu davrning tatar va boshqird ma’rifatparvar rahbarlari bilan tanishib, suhbat qurgan edi.

Abduvohid qori Davlat Dumasidagi yig’inlarda chorizm amaldorlari, huquqshunoslari bilan muzokaralar o’tkazib, mustamlakachilardan o’z xalqining manfaatlarini himoya qilishga urinadi. Ammo uning bunday harakatlari “chorizmga qarshi fitna tayyorlayotgan dushman” sifatida baholanib, 1909 yilda u Tula guberniyasiga surgun qilingandi.

Surgundan u 1917 yilda qaytib keladi. Abduvohidqori yana ilgarigidek xalq manfaatlarini ko’zlagan ijtimoiy harakatlarga faol aralasha boshlaydi. Munavvar qoridek jadidlar bilan hamkorlik qiladi. “Sho’roi islom” tashkiloti topshirig’i bilan Peterburgga borib, o’z xalqi manfaatlarini himoya qilishga urinadi. Peterburgda M. Subhiy, M.Barakatullo, M.Valixon singari yosh Afg’on davlati arboblari bilan uchrashadi. 1919 yildagi Afg’onistonning Moskvadagi elchixonasida o’tkazilgan yig’inda Afg’oniston va Rossiya do’stligini yoqlab nutq so’zlaydi. 1920 yildan to 1924 yilgacha yangi tashkil etilgan Buxoro va Xorazm respublikalarining qad tiklashida “Yosh buxoroliklar” va “Yosh xivaliklar”ga yordam beradi.

“Yosh xivaliklar” harakatining yo’lboshchilaridan va 1920 yilda tashkil qilingan XXRning ilk rahbari Polvonniyoz hoji Yusupov (1861-1936) o’z xotiralarida , Abduvohid qorining Xorazm manfaatlari, voha taraqqiyotiga katta hissa qo’shganligini ta’kidlab o’tgandi.

Biroq u mudom milliy manfaatlarni ko’zlab, mustamlakachilikka qarshi bo’lgani uchun doimo sho’ro hukumatining ta’qiblari ostida yashaydi. 1923 yilda Said Hamza ismli arabistonlik bilan uchrashgani uchun uni Qozog’istonda uch oy hibsda saqlashdi. Keyin ozod qilishdi.E’tiborlisi, uch yil oldin xorijlik arab bilan shunchaki suhbatlashgani uchun qamalgan qori, 1926 yilda Moskva ruxsati bilan xalqaro anjumanda qatnashish uchun Arabistonga yuborilgan.

Anjumandan qaytib kelgach, Toshkentda yashay boshladi.Biroq 1937 yil qatag’oni uni ham o’z domiga tortdi. 1938 yil 12 yanvar kuni esa qamoqxonada… kaltaklab o’ldirildi.Bu vaqtda u 83 yoshga kirgan qariya edi.Shu tariqa Tolstoy bilan suhbatlashgan, xalqini ma’rifatli qilishga hayotini bag’ishlagan jadid ziyolisining umri shunday fojiali yakun topdi.





08

(Tashriflar: umumiy 313, bugungi 1)

Izoh qoldiring