Oshiq Erkin. Tabiatning oshig’i edi

05Ҳар бир адиб ижодининг қаймоқ мавзуси бўлади. Таниқли адиб Раҳим Бекниёз табиат ва атроф — муҳитнинг муҳофазаси ҳақида, экологияга янада эътибор қаратиш ҳақида ўзининг овчилик ҳикоялари тимсолида баракали ижод қилган эди…

ТАБИАТНИНГ ОШИҒИ ЭДИ
Ошиқ ЭРКИН — Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат
кўрсатган маданият ходими, шоир ва адиб


03Ҳар бир адиб ижодининг қаймоқ мавзуси бўлади. Таниқли адиб Раҳим Бекниёз табиат ва атроф — муҳитнинг муҳофазаси ҳақида, экологияга янада эътибор қаратиш ҳақида ўзининг овчилик ҳикоялари тимсолида баракали ижод қилган эди. Академик Матёқуб Қўшжонов унинг “Темиртирноқ” китобига битган сўзбошисида, жумладан, шундай деб ёзади: “Раҳим Бекниёз ўзининг қатор овчилик ҳикояларида ҳақиқий табиатшунос сифатида кўзга ташланади. У шунчаки олам сирлари билан қизиқадиган табиатшунос эмас, балки табиат дунёсидан завқланадиган, унинг ҳар бир кўринишидан инсон ҳаётини эслатадиган белгилар ахтарадиган табиатшуносдир. У бошқа бировлар учун оддий бўлиб кўринадиган табиат воқеаларидан поэзия топади. Раҳим Бекниёз – табиат куйчиси. У ўз асарларида кўпгина умуминсоний масалаларни кўтариб чиқа олган адиб ва шоир. У адиб сифатида, аввало табиат куйчиси сифатида китобхонлар дилидан жой ола олди.”

Ҳақ гап. Раҳим Бекниёз ўзининг барча асарларида дадил кўтарган ҳаётий муаммолар фақат кечаги кун учунгина эмас, балки бугунимиз учун ҳам, эртамиз ва узоқ келажагимиз учун ҳам бирдай катта аҳамият касб этади, кишиларни тарбиялайди, уларга эстетик завқ-шавқ беради, табиатни севиш, кўз қорачиғидай асраш ва ардоқлашга ундайди.

Зеро табиатга ёмон, меҳрсизларча муносабатда бўлишнинг оқибати ҳам ёмон. Табиат бунинг учун у инсондан ўч ҳам олиши мумкин. Табиат мавзуси ҳам гўё муҳаббат мавзуси сингари, балки ундан ҳам муҳим, ўлмас ва умри боқий, аҳамияти ва долзарблигини сира ҳам йўқотмайдиган, буюк бу маъвони ҳеч нарса билан ўлчаб бўлмайдиган абадий мавзудир. Чунки экологик жиҳатдан дарз кетган, ҳайвонот ва ўсимликлар дунёси бузилган, пировардида инсоният соғлигига путур етган муҳит шароитида соғлом муҳаббат ҳақида илиқ гаплар бўлиши эҳтимолдан анча узоқдир.

Демак, Раҳим Бекниёз табиат мавзусига, уни асраб-авайлаш, ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига меҳрибонларча муносабатда бўлиш зарурлигига беҳуда эътибор қаратмаган, бу йўналишдаги асарларини эрмак учун ёзган эмас. Унинг овчилик ҳақидаги барча ҳикояларини синчиклаб ўқиган китобхон бу асарларнинг ҳаммасида ҳаётий муҳим масалалар, ҳатто улкан умумбашарий муаммолар кўтарилганлигининг, бу ғоялар бадиий сўз воситасида инъикос топганлигининг гувоҳи бўлади.

Адибнинг 1981 йилда “Ёш гвардия” нашриёти чоп этган “Қайдасан, ҳумо?” китоби унинг ижодида алоҳида аҳамият касб этади. Бу китобда овчилик мавзусига оид 27 та ҳикоя жамланган бўлиб, шунгача муаллиф ўзининг “Дерсу Узала изидан”, “Қалдирғочлар”, “Момиқжон” сингари китоблари билан ўқувчиларга яхши таниш бўлиб қолган эди. У “Қайдасан, ҳумо?” китоби воситасида ўз қадрдон мавзусига содиқ ҳолда китобхонларни Хоразм воҳаси, Аму соҳиллари, тўқайзорлар, Қорақумнинг ҳайбатли барханлари, у ерларнинг табиати, ҳайвонот дунёси, овчилик гашти ҳақидаги ҳис-ҳаяжонларга тўла ажойиботлар оламига яна бир бор саёҳатга чорлайди, уларни она табиат мафтунига айлантиради. Бу жиҳатдан ҳам, кўплаб янги, сара ҳикоялар жамланганлиги жиҳатидан ҳам китобхонларнинг илиқ меҳрига сазовор бўлди.

Раҳим Бекниёзнинг яна бир муҳим китоби ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни жоиз деб ҳисоблайман. Бу унинг 1984 йилда Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти чоп этган “Тўтиё” шеърлар тўпламидир. 120 га яқин гўзал шеърлар жамланган бу китобдаги назм намуналарида иккинчи жаҳон уруши фожеалари, урушдан кейинги ҳаёт, қишлоқ ёшлари ва аёлларининг гўзаллиги, уларнинг меҳр-муҳаббати ва садоқати, бир-бирларига оқибати, бир-биридан гўзал ёрқин бўёқларда, чиройли назмий топилдиқлар воситасида юксак маҳорат билан тараннум этилган эди.
Бу шеърий китобда ҳам муаллифнинг табиатга бўлган ёниқ меҳрини юрак-юракдан ҳис қиласиз, чаманларда гулгашт қилаётганга ўхшайсиз. Бу туйғу адибнинг 1986 йилда нашр этилган “Бола мерган” китобидаги ҳаётий, қувноқ ҳикояларини ўқиётганингизда ҳам сизни тарк этмайди.

Ҳа, табиат, олам боқий, умр эса ўткинчи. Инсонга берилган ёш чекланган. Аммо, шундай бўлса-да у дарахт сингари буткул йўқ бўлиб кетмайди, ҳаётини давом эттирадиган зурриёдлар, фарзандлар қолдиради. Раҳим Бекниёзнинг 1990 йилда чоп этилган “Армонли дунё” қиссаси ана шу мавзуга бағишланган бўлиб, унинг қаҳрамони ҳам отасидан мерос қилиб олган фазилатларни фарзандларига бахш этади, инсонлик бурчини ўтаб, фоний дунёни тарк қилади. Демак, эзгулик ҳеч қачон ўлмайди, унинг умри боқий бўлиб, авлодлардан авлодларга ўтиб яшайверади, деган хулоса чиқаради китобхон “Армонли дунё”ни ўқиш жараёнида. Бу китоб ҳам ўқувчилар томонидан илиқ кутиб олинди. Асар муаллиф барҳаётлиги чоғида нашр қилинганлиги, адиб уни кўриш бахтига муяссар бўлганлиги ҳам кўнглимизга аллақандай бир илиқ таскин беради. Шуниси диққатга сазоворки, бу қиссани дастлаб рус ва русийзабон китобхонлар ўқишган, қисса илк бора “Отажон” номи билан таниқли таржимон Семен Виленский таржимасида Москвада 1985 йилда “Советский писатель” нашриётида чоп қилинган, ундан бир неча ҳикоя ва очерклар ҳам ўрин олган эди.

Раҳим Бекниёз ўз кучи, қобилияти, бутун ҳаёт йўлини адабиётга бахшида этиб хато қилмади. Қутлуғ бу даргоҳга уни жўяли бир бадиий сўз айтиш истаги ўзи яшаган ХХ асрнинг қирқинчи йиллари охирларида етаклаб келган эди. Бу истак унинг кўнглида куртак ёза бошлаганида у йигирма ёшларга яқинлашиб қолган қишлоқ йигити эди. Бу пайтда тенгқурлари Ҳушнуд Абдулла, Аминзода, нисбатан ёш Дўстжон Матжон сингари талантлар анча кўзга кўриниб қолишган, устоз мақомидаги Партав, Айёмий, Аҳмад Бобожон анча илгарилаб кетишган. Эгам Раҳим ижодда ҳийла “пишиб” етилган эди.

1920 йилнинг 5 апрелида Боғот туманининг Қулонқорабоғ қишлоғида деҳқон оиласида туғилган, камолотга етишгач, жамоа хўжалигида ҳисобчи бўлиб ишлаб юрган ўспирин йигитни ижодга бўлган иштиёқ Урганч шаҳрига бошлади. 1940 йилда Урганч ўқитувчилар тайёрлаш институтига ўқишга кирган Раҳим Бекниёзнинг бахтига қарши иккинчи жаҳон уруши бошланиб кетди ва у ўқишни аро йўлда қолдириб, ҳарбий хизматга отланди. Европада кечган бу қирғинбарот урушда у дастлаб турли фронтларда, 1944-1945 йилларда I ва II Белоруссия жангоҳларида миномет отувчи жангчилар гуруҳи (расчети) нинг командири, артиллерия разведкачиси, бўлинма раҳбари мақомида немис-фашист газандаларига қарши мардларча жанг қилди, ғалабага қўшган жанговар хизматлари эвазига қатор орден ва нишонлар билан тақдирланди.

Раҳим Бекниёз урушдан қайтгач – 1946-1949 йилларда қишлоқ мактабида ўқитувчи, мактаб директори, Хонқа тумани ижрокўмининг масъул котиби вазифаларида фаолият кўрсатди. Кейинчалик Хоразм Давлат педагогика институти (Ҳозирги УрДУ)да ўқишни давом эттириб, уни 1953 йилда имтиёзли тугаллади. Ўқиш билан бирга 1950-1953 йилларда матбуотда давлат сирларини сақлаш идорасининг бошлиғи, 1953 йилдан бошлаб “Хоразм ҳақиқати” рўзномасида бўлим мудири, Огаҳий номли вилоят театри директори, 1957-1961, 1970-1981 йилларда эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг вилоят бўлимига етакчилик қилди. Баракали ижоди ҳисобга олиниб, у 1951 йилда Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган эди.

У чиндан ҳам катта ҳаёт ва ижод йўлини босиб ўтди. Кўпни кўрди, кўпдан ўрганди, кўп ўқиди, тинмай шеърлар машқ қилиб, пировардида таниқли ёзувчи даражасига кўтарилди. Илк шеърлар китобини 40 ёшида – 1960 йилда “Биринчи учрашув” номи билан нашр қилдирди. “Биринчи учрашув” китобидан кейин йиллар оша “Овчининг куйлари”, “Момиқжон”, “Дерсу Узала изидан”, “Мовий тўлқинлар”, “Сеҳрли дунё”, “Интиламан”, “Журъат”, “Қалдирғочлар”, “Қорақум этагидаги машъал” (Эгам Раҳим билан ҳаммуаллифликда), “Тўтиё”, “Темиртирноқ”, “Қайдасан, ҳумо?”, “Бола мерган”, “Армонли дунё”, рус тилидаги “Отажон” деб номланган шеърлар, ҳикоялар, очерклар ва қиссалар тўпламлари кўплаб нусхаларда нашр этилиб, минглаб мухлисларнинг китоб жавонларидан ўрин олди.

Раҳим Бекниёз моҳир драматург ҳам эди. Республикамизнинг кўпгина театрларида саҳналаштирилган “Сенсиз яшолмайман”, “Икки ўт орасида”, “Кўк кўйлаклар”, “Оқибат” пьесалари томошабинлар томонидан илиқ кутиб олинди. Ўзбек адабиёти ривожига қўшган хизматлари юксак баҳоланиб, Раҳим Бекниёзга 1981 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ҳодими” унвони берилди. У 1990 йилнинг 9 декабрида, 70 ёшида оламдан ўтди. Лекин адабиётимиз хазинасига мағзи тўқ, мароқли, бадиий жиҳатдан бақувват асарлар қолдирди. Ўз китобхонига эга устозимизни эслаб қўйиш, китобларини қайта чоп этдириш, бошқа тилларга ўгириш биз учун ҳам фарз, ҳам қарз ҳисобланади!

Урганч

11Har bir adib ijodining qaymoq mavzusi bo’ladi. Taniqli adib Rahim Bekniyoz tabiat va atrof — muhitning muhofazasi haqida, ekologiyaga yanada e’tibor qaratish haqida o’zining ovchilik hikoyalari timsolida barakali ijod qilgan edi…

TABIATNING OShIG’I EDI
Oshiq ERKIN — O’zbekiston va Qoraqalpog’istonda xizmat
ko’rsatgan madaniyat xodimi, shoir va adib


Har bir adib ijodining qaymoq mavzusi bo’ladi. Taniqli adib Rahim Bekniyoz tabiat va atrof — muhitning muhofazasi haqida, ekologiyaga yanada e’tibor qaratish haqida o’zining ovchilik hikoyalari timsolida barakali ijod qilgan edi. Akademik Matyoqub Qo’shjonov uning “Temirtirnoq” kitobiga bitgan so’zboshisida, jumladan, shunday deb yozadi: “Rahim Bekniyoz o’zining qator ovchilik hikoyalarida haqiqiy tabiatshunos sifatida ko’zga tashlanadi. U shunchaki olam sirlari bilan qiziqadigan tabiatshunos emas, balki tabiat dunyosidan zavqlanadigan, uning har bir ko’rinishidan inson hayotini eslatadigan belgilar axtaradigan tabiatshunosdir. U boshqa birovlar uchun oddiy bo’lib ko’rinadigan tabiat voqealaridan poeziya topadi. Rahim Bekniyoz – tabiat kuychisi. U o’z asarlarida ko’pgina umuminsoniy masalalarni ko’tarib chiqa olgan adib va shoir. U adib sifatida, avvalo tabiat kuychisi sifatida kitobxonlar dilidan joy ola oldi.”

Haq gap. Rahim Bekniyoz o’zining barcha asarlarida dadil ko’targan hayotiy muammolar faqat kechagi kun uchungina emas, balki bugunimiz uchun ham, ertamiz va uzoq kelajagimiz uchun ham birday katta ahamiyat kasb etadi, kishilarni tarbiyalaydi, ularga estetik zavq-shavq beradi, tabiatni sevish, ko’z qorachig’iday asrash va ardoqlashga undaydi.

Zero tabiatga yomon, mehrsizlarcha munosabatda bo’lishning oqibati ham yomon. Tabiat buning uchun u insondan o’ch ham olishi mumkin. Tabiat mavzusi ham go’yo muhabbat mavzusi singari, balki undan ham muhim, o’lmas va umri boqiy, ahamiyati va dolzarbligini sira ham yo’qotmaydigan, buyuk bu ma’voni hech narsa bilan o’lchab bo’lmaydigan abadiy mavzudir. Chunki ekologik jihatdan darz ketgan, hayvonot va o’simliklar dunyosi buzilgan, pirovardida insoniyat sog’ligiga putur yetgan muhit sharoitida sog’lom muhabbat haqida iliq gaplar bo’lishi ehtimoldan ancha uzoqdir.

Demak, Rahim Bekniyoz tabiat mavzusiga, uni asrab-avaylash, o’simliklar va hayvonot dunyosiga mehribonlarcha munosabatda bo’lish zarurligiga behuda e’tibor qaratmagan, bu yo’nalishdagi asarlarini ermak uchun yozgan emas. Uning ovchilik haqidagi barcha hikoyalarini sinchiklab o’qigan kitobxon bu asarlarning hammasida hayotiy muhim masalalar, hatto ulkan umumbashariy muammolar ko’tarilganligining, bu g’oyalar badiiy so’z vositasida in’ikos topganligining guvohi bo’ladi.

Adibning 1981 yilda “Yosh gvardiya” nashriyoti chop etgan “Qaydasan, humo?” kitobi uning ijodida alohida ahamiyat kasb etadi. Bu kitobda ovchilik mavzusiga oid 27 ta hikoya jamlangan bo’lib, shungacha muallif o’zining “Dersu Uzala izidan”, “Qaldirg’ochlar”, “Momiqjon” singari kitoblari bilan o’quvchilarga yaxshi tanish bo’lib qolgan edi. U “Qaydasan, humo?” kitobi vositasida o’z qadrdon mavzusiga sodiq holda kitobxonlarni Xorazm vohasi, Amu sohillari, to’qayzorlar, Qoraqumning haybatli barxanlari, u yerlarning tabiati, hayvonot dunyosi, ovchilik gashti haqidagi his-hayajonlarga to’la ajoyibotlar olamiga yana bir bor sayohatga chorlaydi, ularni ona tabiat maftuniga aylantiradi. Bu jihatdan ham, ko’plab yangi, sara hikoyalar jamlanganligi jihatidan ham kitobxonlarning iliq mehriga sazovor bo’ldi.

Rahim Bekniyozning yana bir muhim kitobi haqida alohida to’xtalib o’tishni joiz deb hisoblayman. Bu uning 1984 yilda G’afur G’ulom nomidagi adabiyot va san’at nashriyoti chop etgan “To’tiyo” she’rlar to’plamidir. 120 ga yaqin go’zal she’rlar jamlangan bu kitobdagi nazm namunalarida ikkinchi jahon urushi fojealari, urushdan keyingi hayot, qishloq yoshlari va ayollarining go’zalligi, ularning mehr-muhabbati va sadoqati, bir-birlariga oqibati, bir-biridan go’zal yorqin bo’yoqlarda, chiroyli nazmiy topildiqlar vositasida yuksak mahorat bilan tarannum etilgan edi.
Bu she’riy kitobda ham muallifning tabiatga bo’lgan yoniq mehrini yurak-yurakdan his qilasiz, chamanlarda gulgasht qilayotganga o’xshaysiz. Bu tuyg’u adibning 1986 yilda nashr etilgan “Bola mergan” kitobidagi hayotiy, quvnoq hikoyalarini o’qiyotganingizda ham sizni tark etmaydi.

Ha, tabiat, olam boqiy, umr esa o’tkinchi. Insonga berilgan yosh cheklangan. Ammo, shunday bo’lsa-da u daraxt singari butkul yo’q bo’lib ketmaydi, hayotini davom ettiradigan zurriyodlar, farzandlar qoldiradi. Rahim Bekniyozning 1990 yilda chop etilgan “Armonli dunyo” qissasi ana shu mavzuga bag’ishlangan bo’lib, uning qahramoni ham otasidan meros qilib olgan fazilatlarni farzandlariga baxsh etadi, insonlik burchini o’tab, foniy dunyoni tark qiladi. Demak, ezgulik hech qachon o’lmaydi, uning umri boqiy bo’lib, avlodlardan avlodlarga o’tib yashayveradi, degan xulosa chiqaradi kitobxon “Armonli dunyo”ni o’qish jarayonida. Bu kitob ham o’quvchilar tomonidan iliq kutib olindi. Asar muallif barhayotligi chog’ida nashr qilinganligi, adib uni ko’rish baxtiga muyassar bo’lganligi ham ko’nglimizga allaqanday bir iliq taskin beradi. Shunisi diqqatga sazovorki, bu qissani dastlab rus va rusiyzabon kitobxonlar o’qishgan, qissa ilk bora “Otajon” nomi bilan taniqli tarjimon Semen Vilenskiy tarjimasida Moskvada 1985 yilda “Sovetskiy pisatelь” nashriyotida chop qilingan, undan bir necha hikoya va ocherklar ham o’rin olgan edi.

Rahim Bekniyoz o’z kuchi, qobiliyati, butun hayot yo’lini adabiyotga baxshida etib xato qilmadi. Qutlug’ bu dargohga uni jo’yali bir badiiy so’z aytish istagi o’zi yashagan XX asrning qirqinchi yillari oxirlarida yetaklab kelgan edi. Bu istak uning ko’nglida kurtak yoza boshlaganida u yigirma yoshlarga yaqinlashib qolgan qishloq yigiti edi. Bu paytda tengqurlari Hushnud Abdulla, Aminzoda, nisbatan yosh Do’stjon Matjon singari talantlar ancha ko’zga ko’rinib qolishgan, ustoz maqomidagi Partav, Ayyomiy, Ahmad Bobojon ancha ilgarilab ketishgan. Egam Rahim ijodda hiyla “pishib” yetilgan edi.

1920 yilning 5 aprelida Bog’ot tumanining Qulonqorabog’ qishlog’ida dehqon oilasida tug’ilgan, kamolotga yetishgach, jamoa xo’jaligida hisobchi bo’lib ishlab yurgan o’spirin yigitni ijodga bo’lgan ishtiyoq Urganch shahriga boshladi. 1940 yilda Urganch o’qituvchilar tayyorlash institutiga o’qishga kirgan Rahim Bekniyozning baxtiga qarshi ikkinchi jahon urushi boshlanib ketdi va u o’qishni aro yo’lda qoldirib, harbiy xizmatga otlandi. Yevropada kechgan bu qirg’inbarot urushda u dastlab turli frontlarda, 1944-1945 yillarda I va II Belorussiya jangohlarida minomet otuvchi jangchilar guruhi (rascheti) ning komandiri, artilleriya razvedkachisi, bo’linma rahbari maqomida nemis-fashist gazandalariga qarshi mardlarcha jang qildi, g’alabaga qo’shgan jangovar xizmatlari evaziga qator orden va nishonlar bilan taqdirlandi.

Rahim Bekniyoz urushdan qaytgach – 1946-1949 yillarda qishloq maktabida o’qituvchi, maktab direktori, Xonqa tumani ijroko’mining mas’ul kotibi vazifalarida faoliyat ko’rsatdi. Keyinchalik Xorazm Davlat pedagogika instituti (Hozirgi UrDU)da o’qishni davom ettirib, uni 1953 yilda imtiyozli tugalladi. O’qish bilan birga 1950-1953 yillarda matbuotda davlat sirlarini saqlash idorasining boshlig’i, 1953 yildan boshlab “Xorazm haqiqati” ro’znomasida bo’lim mudiri, Ogahiy nomli viloyat teatri direktori, 1957-1961, 1970-1981 yillarda esa O’zbekiston Yozuvchilar uyushmasining viloyat bo’limiga yetakchilik qildi. Barakali ijodi hisobga olinib, u 1951 yilda Yozuvchilar uyushmasi a’zoligiga qabul qilingan edi.

U chindan ham katta hayot va ijod yo’lini bosib o’tdi. Ko’pni ko’rdi, ko’pdan o’rgandi, ko’p o’qidi, tinmay she’rlar mashq qilib, pirovardida taniqli yozuvchi darajasiga ko’tarildi. Ilk she’rlar kitobini 40 yoshida – 1960 yilda “Birinchi uchrashuv” nomi bilan nashr qildirdi. “Birinchi uchrashuv” kitobidan keyin yillar osha “Ovchining kuylari”, “Momiqjon”, “Dersu Uzala izidan”, “Moviy to’lqinlar”, “Sehrli dunyo”, “Intilaman”, “Jur’at”, “Qaldirg’ochlar”, “Qoraqum etagidagi mash’al” (Egam Rahim bilan hammualliflikda), “To’tiyo”, “Temirtirnoq”, “Qaydasan, humo?”, “Bola mergan”, “Armonli dunyo”, rus tilidagi “Otajon” deb nomlangan she’rlar, hikoyalar, ocherklar va qissalar to’plamlari ko’plab nusxalarda nashr etilib, minglab muxlislarning kitob javonlaridan o’rin oldi.

Rahim Bekniyoz mohir dramaturg ham edi. Respublikamizning ko’pgina teatrlarida sahnalashtirilgan “Sensiz yasholmayman”, “Ikki o’t orasida”, “Ko’k ko’ylaklar”, “Oqibat” pьesalari tomoshabinlar tomonidan iliq kutib olindi. O’zbek adabiyoti rivojiga qo’shgan xizmatlari yuksak baholanib, Rahim Bekniyozga 1981 yilda “O’zbekistonda xizmat ko’rsatgan madaniyat hodimi” unvoni berildi. U 1990 yilning 9 dekabrida, 70 yoshida olamdan o’tdi. Lekin adabiyotimiz xazinasiga mag’zi to’q, maroqli, badiiy jihatdan baquvvat asarlar qoldirdi. O’z kitobxoniga ega ustozimizni eslab qo’yish, kitoblarini qayta chop etdirish, boshqa tillarga o’girish biz uchun ham farz, ham qarz hisoblanadi!

Urganch

033

(Tashriflar: umumiy 959, bugungi 1)

Izoh qoldiring