Жонтемирнинг яхши шоирлигидан хабардорсиз. Бугун унинг ёшлигида, муаллифнинг ўзи ёзганидек, «ҳу-ув жужуқликда қоралаган» ҳикоялари ва бадиалари билан танишасиз…
ЖОНТЕМИР
ҲИКОЯ ВА БАДИАЛАР
СУВПАРИ
Қиш қариди. Кўклам сеп ёйди. Одамлар елкаларига кетмон кўтариб далалай бошлашди. Меҳнат мавсуми келди. Қишлоғимиз одамлари ҳам ини бузилган арилардай тўзғиб қолишди, қўзғалиб қолишди. Мен молларимни далага ҳайдадим. Оёғи ёзилсин, дедим. Янги кўкатлардан еб яйрасин, дедим. Тўрт ойдан бери бир жойда қантарилган ҳолда ётган молларим тентароғлади. Шаталоқ отиб чопди. Буғдойзорларни оёқ ости қилиб чопди. Буни кўрган фермерлар бўкириб-бўкириб сўкди. Бақириб-бақириб сўкди. Мен молларимни ипидан тутиб етаклайдиган бўлдим. Молларим баҳорнинг барра майсаларига оғиз уришди. Молларим баҳорнинг барра майсаларини тишлари ям-яшил бўлиб чайнашди. Молларим баҳорнинг барра майсаларини оғизлари кўпириб-кўпириб ейишди. Ана кейин молларим ичкетти бўлди. Нимага бундай бўлди? Сабаби, майсалар ҳали тар. Сабаби, майсалар барра бўлади. Сабаби, майсалар ҳали хом бўлади. Молларимнинг ичкетти бўлгани бир тарафдан яхши бўлди. Сабаби, молларимнинг ичи ювилди. Молларимнинг ичи тозаланди.
Каттам (бизда ота-онанинг онасини шундай аташади) молларни тоққа бериб юбориш кераклигини айтиб қолдилар. Ҳар йили шундай бўлади. Баҳор келгач молларни чигалини ёзиш учун бир-икки кун далага ҳайдайман. Кейин чўпонларга бериб юборамиз. Акбар отли чўпон дўстим бор. Жуда кўнгли очиқ, ичида кўмири йўқ бола. Бўйи мендан бироз паст, лекин ёши катта. Бўйи пастлиги онасидан мерос бўлса керак. Чунки онасининг ҳам бўйи… Умуман айтганда, зўр бола. Каттамнинг ниятларини унга билдириш учун кечқурун уйига бордим. Сабаби, у тоғда чўпонлик қилар, ўтган йили ҳам молларимизни ўзи боқиб берганди. Сизга айтсам чўпоннинг таниш бўлгани ҳам дуруст. Молларингга яхши қарайди. Болаласа сутини охирги томчисигача соғиб олмасдан боласига эмиздиради… Хуллас яхшида-е. Шундай қилиб уйига бордим. Унинг уйи ўзимнинг уйимдай бўлиб қолганлиги учун дарвозасини тақиллатмасдан ичкариладим. Акбар қўйларини қўрага қамаётган экан.
— Акбаржон, қандайсиз? -дедим хушомадгўйлик қилиб. У эса кулиб, бош ирғаб қўйди. Яъни саломимга алик олди. Униси-бунисини билмадим-у, шу болани кулгусига беш кетаман-да. Э, кулганида ҳалиги ҳинд актёрларига ўхшаб кетади.
— Қўйдан бунча кеч қайтибсан, -дедим ёнига яқинлашиб. Акбар қўра эшигини беркитди-да мен билан қучоқлашиб кўришди. Кийимларига ўтириб қолган қўй иси димоғимга урди. Лекин мен ўқчимадим. Тескари қарамадим. Ўзимни олиб қочмадим. Балки уни қаттиқроқ бағримга босдим. Чунки у менинг дўстим. Менинг елкадошим.
— Ҳа, энди шундай бўп қолди жўра, -деди мени қучоғидан бўшатиб. Сўнг сув тўлдирилган занг босган бочка ёнига бориб ечинди. Ёрдамим кераклигини фаҳмлаб ёнига бордим. – Сув қуйиб турайми, — деб сўрадим.
— Жуда яхши бўларди-да, -деди. — Ана чўмич, сўрига илинган турибди. Чўмични олдим. Акбар оёқлари орасини кенгроқ очиб гавдаси билан олдинга энгашди. Мен елкасидан сув қуя бошладим. У елка, бўйин, кўкрак, қўлларини бир ишқалаб чиқди. Кейин қўлини кўтариб “шошмай тур” деган ишорани қилди-да, бочка ёнидан қоғозга ўралган атир совунни олиб юз, бўйин, кўкрак, қўлларига суртди. Қўли етмаган жойларига ўзим суртиб қўйдим. Кейин яна қўлини қимирлатди. Бу ҳаракат “сув қуйишни бошла” дегани бўлди. Мен буйруқни бажардим. Ювиниб бўлгач мени ичкарига таклиф қилди. Рад этгандим, оёқ тираб туриб олди. Айтдим-ку бағри кенг бола деб. Бир тарафдан кўчада туриб гаплашгандан ичкари маъқулда. Наилож ичкариладим. Олдимга дастурхон ёзди. Онаси манти қилган экан, бир товоқ қилиб кўтариб келди. Қатиққа ботириб, ёғини оқириб еб олдик. Бирам онасининг қўли ширин. Айниқса, мантини маромига етказиб пиширади. Қорин тўйгач, Акбар маъноли қараб гап бошлади.
— Нима иш билан келдинг ўзи?
— Молларни тоққа бермоқчийдик. Бу йил ҳам ўзинг боқсанг дегандим. Шунга нима дейсан-а?
Акбар бироз ўйланиб қолди-да гап қотди.
— Майли, боқишга боқаманку-я, аммо тоққача молларни ҳайдаб бориш учун менга шерик йўқ, -деди. — Бир ўзим қийналиб қолишим турган гап.
— Бош чўпон Баҳодир ака-чи, у бормайдими?
— У аллақачон тоққа чиқиб кетган.
Ўртага жимлик бош суқди. Мен деразадан ташқарига қарадим. Атроф зимистон, фақатгина Нуриддин асалчининг уйи ёнидаги симёғочга ўрнатилган чироқ ёниб ўзидан уч-тўрт ҳовли наригача бўлган масофани ёритиб турарди. Осмонда юлдузлар, ой эса гўё чизиб қўйилгандай муаллақ қотиб турар, ҳар-ҳар замонда юзини тўсмоқчи бўлиб булутлар келар, аммо мақсадларига етолмасдан ўтиб кетишарди. Узоқ-узоқлардан кучукларнинг узуқ-юлуқ ҳуришлари эшитилар, бунга жавобан кўчамиз посбонлари бор овозда акиллашарди.
— Сен шерик бўлиб борсангчи,-деб қолди тўсатдан Акбар. Нима де-йишимни билмай қолдим. Умрида бир марта бўлса-да тоққа бормаган бола бўлсам. Тўғри борганман. Ҳа, энди мол ҳайдаб эмас-да, дам олишга, саёҳатга деганларидай… -роса маза қиласан. Тоза ҳаводан нафас олиб, ям-яшил ўтлоқларда ёнбошлаб, кўм-кўк осмонни яқиндан томоша қилиб роҳатланасан. Э, чимилдиққа кирган куёвдай яйрайсан дўстим. Мана мени айтди дейсан. Ўлай агар алдасам. Ҳаммасидан ҳам зўри — бўрини кўрасан. Агар учраб қолса айиқни ҳам. Умид қиламанки, учрамайди. Ўзиям ём-м-он айёр бўлади-да бу айиқ деганлари. Э, худди одамга ўхшаб икки оёғида юриб, ҳуштак чалиб қўйларга яқинлашади. Кейин иккита семиз қўйни икки қўлтиғига қистириб кўтариб кетади. Холи жойга олиб бориб, еганича ейди-да қолганини тирноқлари билан бурдалаб салқинроқ жойдан ўра қазиб, ўша ерга жойлайди. Устига тоғ арчаларининг шохларини олиб келиб босади. Бир неча кундан кейин келиб ейди. Одамлар тандир қилишни шу айиқдан ўрганишган бўлишса керак.
— Йў-ғе?
— Ишониш қийин-а? Менам бошида ишонмагандим. Ўз кўзларим билан кўрганимдан кейин буткул амин бўлдим. Айиқ гўштни ачитиб, яъни дудлаб ейишни хуш кўраркан, деган қарорга келдим шундан кейин.
Аслида-ку бориш ниятим йўқ эди. Аммо бунақанги қизиқарли, ўзига магнитдай тортувчи ҳикояни эшитган ҳар қандай кишида бир марта бўлсада эшитган нарсаларини кўришга бўлган иштиёқ уйғонади. Сўзловчи тасвирлаб берган манзарани ўз кўзларинг билан кўргинг келаверади. Менда ҳам ана шундай бўлди.
— Борганим бўлсин жўражон, — деганимни билмай қолдим қувонганимдан, -қачон йўлга чиқамиз?
— Ўзим айтаман, –деди Акбар менга кулимсираб қараб.
— Бўлмаса мен кетдим жўра, -дедим. Негадир у ҳар галгидай ўтирибсан-да, кейинроқ борасан демади. Қўлларини дуога очди. Дастурхонга дуо ўқиб қўзғалдик. Кўчага чиқдим. Ортимдан мезбон сифатида, ҳурмат юзасидан у ҳам чиқди. Акбар билан хайрлашиб, бир-икки қадам қўйгандим ҳамки, энг муҳим гапни сўраш ёдимдан кўтарилганлигини англадим. Бирдан ортимга бурилдимда, ҳали уйига киришга улгурмаган дўстимга гап қотдим.
— Ҳалиги, хўш, а бу… -тилим каловланиб қолди. Негаки гап пул ҳақида кетаётган эди-да. Акбар дўстим бўлса. Унга бу гапни айтиш қандайдир ноқулай эди менга. — Ҳм, молларни пули, яъни ойига қанчадан бўлади бу йил? Ўтган йилгидан ошибди деб эшитдим.
У ўйлаб ҳам ўтирмасдан: — Ўтган йилги нархда тўлайверасан, -деди. Аниқ жавобини эшитгач, у билан такрор хайрлашиб йўлимда давом этдим. Уйга бориб ҳамма гапни каттамга айтиб бердим. “Умридан барака топсин”, деб дуо қилди каттам Акбарни. Бир неча кундан кейин у келиб тайёргарлик кўришимни, шу бугун кечаси молларни тоққа ҳайдашимизни айтди. Молларни кеч тушмасдан уйга олиб келдим.
— Сариқ тана қандай? — сўради тоғам оғилхонадан молларни ҳайдаб чиқаётганида. — Сал-пал жонландими?
Тоғамнинг бундай дейишларига сабаб бечора қишда жуда қийналди. Айниқса, емиш тугаб қолган пайтда этидан айрилиб, қоқ суяк бўлиб қолди. Кейин қўшни қишлоқдан сомон олиб келдик. Бечора молларим сомон ейишди. Қўшниларнинг моллари ем ейишди. Қўшниларни моллари қуритилган емиш ейишди. Менинг шўрлик молларим сомон ейишди. Бу сомонда ҳеч нарса йўқ. Ичи тешик чўп. Уни еди нимаю, емади нима? Зиғирчалик молга фойдаси йўқ. Худди гўдакка сўрғич бергандай, ошқозонни алдаб туради, холос. Хуллас, баҳорга чиқишимизга икки-уч кун қолганида сариқ танам кўтарам бўлиб қолди. Ўрнидан туролмай қалтираб қолди. На сув ичади, на сомон ейди. Бир бало бўлиб қолмасин деб, қишлоғимиз молдўхтири Мансур тоғани чақириб келдим. Дўхтир ўз оти ўзи билан дўхтир-да. Қаторасига уч кун осма қуйди. Ана шундан кейин бечора оёққа турди.
— Ҳа, яхши-ю фақат ичи кетяпти-да.
— Янги, хом ўтларни егандан ке-йин ичи кетади-да жиян.
— Нима бўлганида ҳам тоққача соғ-омон етиб борса бўлгани, -дедим. Тоғам бошини ирғаб-ирғаб кўчага чиқиб кетдилар.
Қаерга кетаётганларини сўраб ўтирмадим. Чунки билардим. Ҳар куни қуёш кўздан ғойиб бўлгач, тоғам кўчамиз бошидаги дўконда улфатлари билан бир ёки икки шишани бўшатиб қайтадилар. Ҳеч кимга билдирмасдан хоналарига кириб кетадилар. Мен буни билсамда бобомга айтмайман. Бир марта катта йўлнинг бўйидаги арчазорда улфатлари билан ҳалигини ичиб ўтирганларида кетмондаста билан ургандилар. Тўхтанг, йўқ. Адашдим. Ҳа, эсладим, эрталаб турмаганлари учун, пешингача ухлаганлари учун ургандилар. Мен яна уришларини истамаганим учун ҳам айтмайман. Тоғамни яхши кўраман, ҳайиқаман ҳам. Энди менга қаранг, гавдаси салкам айиқдай келадиган, доим қонхўр бўриники сингари кўзлари қизариб юрувчи, юзини соқол қоплаган, сержаҳл, тоғни урса титиб юборадиган одамдан қўрқмай бўладими-а? Ўтган йили молларни бедапояга ҳайдаб қўйиб ўзим карта ўйнаб чалғиб қолибман. Қора сигиримиз дамлаб қолибди денг. Эй, худога шукурки тоғам келиб қолиб ҳайдаб чиққандилар. Бўлмаса сигиримиз ёрилиб ўларди. Ўшанда тут хивичи билан роса додлатиб савалагандилар ўзиям. Вой-вой-е… эсласам этларим жимирлаб кетади ҳозиргача. Лекин кечқурун олдимга келиб йиғлагандилар, “Урган қўлларим синсин”, деб. Бу гапларни менга онам ҳам айтмаган. Қани айтинг-чи, шундай тоғани яхши кўрмай бўладими?
Кеч соат ўн бирларда Акбар келди. Каттам бало-қазолардан асрайди деб қўйнимга нон солдилар. Тўнимни кийиб, белимни боғладим. Оёғимга резин этигимни кийдим. Молларимни шохларидан арқонларини ечиб олиб, оғилхона шифтига осиб қўйдим-да, ўзларини ташқарига ҳайдаб чиқиб, Акбарнинг мол-қўйларига қўшдим. Биз қишлоқдан чиқиб, менга бутунлай нотаниш бўлган йўл бўйлаб кета бошладик. Тахминан икки соатлар юрганимиздан кейин Акбар:
— Бу ернинг отини Қора Мерган дейишади, -деди йўлнинг икки томонида қоматини тик тутиб, баргларини шовуллатиб, хуррак отиб ухлаб ётган одамга ўхшаш дарахтларга қараб. Мен ҳам уларга қарадим. Ой худди шу теракларнинг бошларига ўтириб олгандай кўринарди менга. — Халқи чўпон. Ҳушёр бўл, кучуклари ёмон. Ҳаммаси бўрибосар. Яна орқангдан узиб олмасин.
Акбарнинг гапидан кейин орқа-олдимга қараб юра бошладим. Табиат шуларни бир боплай дедими, ёнгинамда бир нарса “шитир” этди денг. Юрагим улоққа кирган отнинг юрагидай гупурлаб кетди. Мен-ку мен, ҳалиги сариқ танам ҳам йўлбарсни кўрган кийикдай югуриб подадан ажраб кетди.
— Нимага қарайсан, гаранг, — деди Акбар ҳовлиқиб, — бор қайтариб кел, йўқолиб қолса нима қиласан?
Қўрқувдан жўрамнинг гаплари устун келиб, танамнинг ортидан югуриб кетдим. Кўчанинг ўнг томонидаги ариқдан сакраб ўтиб, йўлдошимдан анча узоқлашиб кетдим. Ёлғиз қолганимни сезгач югуришдан тўхтаб, секин-аста, қўрқа-писа юра бошладим. Қани энди тана кўринса. Бир маҳал гоҳ баланд, гоҳ паст кичкина-кичкина тепаликчалар узра ҳаракатланаётганимни сезиб қолдим. Калламга келган биринчи нарса, оёғим остидаги жой қабристон деган фикр бўлди. Ўлай агар шу фикрдан ёмон қўрқиб кетдим. Оёғимдан пешонамгача музлаб қолдим. Ичимда бобомдан ўрганган калималарни қайтара бошладим. Нима қилиб бўлмасин, ўзимни ўзим, юрган ерим қабристон, босиб ўтаётганларим қабрлар эмаслигига ишонтиришга ҳаракат қила бошладим. Биродарлар, мен ўша пайтда бир нарсага амин бўлдим: одамзод худони қўрққанида чин дилдан ёдга олар экан… Қўрқув исканжасида юрар эканман, нимагадир урилиб тўхтадим. Қўлим билан пайпаслаб кўрдим — тош. Эгили-иб қарадим. Шу пайт булутлар орасидан ой чиқиб келди. Унинг нури тегиб, ёритиб турган тошда шоп мўйловли эркакнинг суврати турарди. Бу… бу қабр тоши эди. Шундан кейин, қандай қилиб, қай йўсинда, қанақа тезликда Акбарнинг олдига бориб қолганимни ўзим ҳам билмайман.
— Нима бўлди? -деди у қути учиб, оқариб кетган юзимга яқинроқ келиб қараб. — Бўри кўрдингми, нима бало? Тананг қани?
— Ҳе, онасини… … ўша танани …, — дедим қўрқув аралаш важоҳат билан. — Йўқолиб кетмайдими? Аммо қабристонга кириб қолганимни айтмадим. Устимдан кулишини истамадим уни. Тўғри қилганманми айтмай?.. Ҳа, раҳмат. Отангизга балли. Айтганимда “ўла, жигит бўлмай, юракданам бор экан-да” деб масхаралаши аниқ эди. Сизга айтсам бундай воқеа менда биринчи бўлиши эмас. Ўтган йили “Лайлат-ул қадр” кечасида, бобомга қўшилиб қишлоқ масжидига бордим. Тунни масжид аҳли, жамоа билан бирга бедор ўтказиш мақсадида. Тўғрироғи, қизиқувчанлигим сабаб. Айтишларича, ана шу кечада осмондан бир қуш учиб ўтармиш. Кимки уни кўриб қолса-ю ниятини айтса, амалга ошармиш. Сиз шунга ишонасизми? Мен ишонаман. Хуллас, ўша кеча масжидга бордим. Масжид ичида қабристон жойлашган. Яъни, қандай десам, ҳа, тасаввур қилинг, бир ҳовлида… йўқ, йўқ. Бир томорқанинг ярмига бодринг, ярмига помидор экилган. Тасаввур қилдингизми? Шунга ўхшаб, бир жойда ҳам масжид, ҳам қабристон жойлашган.
Масжид ҳовлисида ошпаз иккита дошқозонда шўрва осган. Одамларнинг бир қисми қоровул ҳужрасида қизғин гурунг қилишаяпти. Қолганлари ибодат, китоб ўқиш билан банд. Менинг эса уйқум келаяпти. Ноилож кўзларимни аранг очиб ошпазнинг ёнида ўтирибман. Ҳар-ҳар замонда уйқусираб, кўзим илиниб ёнбошга қараб эгилиб-эгилиб кетаман. Уйқу деганларининг ём-м-он ширин бўлишини ўша куни билдим. Аҳволимни кўриб турган ошпаз бобо:
— Бориб таҳоратингни янгилаб кел,-дедилар, -уйқунг қочади.
Иссиқ сув билан тўлғазилган офтобани кўтариб таҳоратхона томон жўнадим. Таҳоратхонага борадиган йўл қабристонга ҳам олиб боради. Яъни ўша йўлдан бироз юриб чапга бурилсангиз таҳоратхона, ўнгга бурилсангиз эса қабристон чиқади қаршингиздан. Менгина ўлай, офтобани қучоқлаб, кўзимни юмиб, уйқу таъсирида қабристонга кириб кетибман. Бир маҳал кўзларимни очсам, мозор ўртасида турибман. Эртаси куни лабимдан дўппайиб учуқ чиққан. Каттам қўярда-қўймай қозоннинг қоракуясини ичирганлар. Сариқ касал бўлиб қолмасин деб. Ўқитиб ҳам келишган. Васвас бўлиб қолмасин деб.
— Бор, яна ахтариб кел, — деди елкамга мушт уриб Акбар. — Кучук ё пишакмидики ташлаб кетаверсак. Ахир мол-ку. Йўқолса нима қиласан?
— Топилмаса-топилмас, ўзим жавобини бераман уйдагиларга, — дедим ўзимни бироз босиб олиб. — Ҳайдайверамиз молларни.
— Ўзинг биласан, -деди у ва молларни ҳайдай бошлади. — Мол сеники.
Озроқ юрганимиздан кейин топилди уккағарди моли. Биздан анча узоқлашиб кетиб, йўл бўйида ўтлаб турган экан. Хурсандлигимдан Акбарнинг бошига уриб юборибман. Сал қолди қутурган итларга ўхшаб бир-биримизга тармашиб, уришиб кетишимизга. Мабодо уришганимизда ҳам у ютган бўларди. Чунки у тоғда ўсган, эпчил, чайир бола. Мен эса… ҳа майли, ишқилиб Акбар ғолиб бўларди-да.
Бирор марта бўлса-да, тонг отишини кузатганмисиз? Мен ўша куни кузатдим. Аввал осмоннинг қора чопонига тирмашиб олган ялтироқ қўнғизларга ўхшаш юлдузлар бирин-кетин учиб, ўчиб кетаркан. Ойнинг акси хиралашиб, кўз илғамас бўлиб қоларкан. Кейин осмон қора чопонини секин ечиб, тоғлар ортига отиб юбораркан. Шунда, шунда шарқий тоғлар ортидан бутун ер юзининг сарбони — қуёш секин-аста кўтарилади. Унинг баданидан сочилиб турган нур ерга, майсаларга, дарахтларга… келиб қадалади. Замин уйқусираб кўз очади. Гуллар бош кўтаради, майсалар бош кўтаради. Майсалар юзидаги шудринг нур таъсирида товланади, жиловланади. Охири буғланиб учиб кетади. Ана шундай тонг чоғида кўйлагингни тугмаларини ечиб, кўкрагингни қуёшга тутсанг, қуёшнинг илк нурлари келиб кўкрагингга урилса, тананг бирам яйрар экан, бирам яйрар экан, худди қишнинг изғиринида ташқаридан югуриб келиб, чўғи ловуллаб турган ўзбекларнинг мўъжизаси бўлмиш сандалга оёғингни тиққанингда туядиган роҳатни ҳис этаркансиз. Беҳазил. Ишонмасангиз ана, эртагаёқ айтганимни қилиб кўринг. Бу роҳатни туйишингиз учун тоғда бўлишингиз шарт эмас. Уйингизнинг томига чиқиб ҳам яйрайверинг.
Қуёш найза бўйи кўтарилганда биз кон йўлига етиб бордик. Бу йўлнинг кон йўли деб аталишига сабаб, айнан шу йўл бўйида мармар кони жойлашган. Йўлнинг иккала томони токзор экан. Молларни бир амаллаб токзор ёнидан ҳайдаб ўтиб (моллар токзорни пайхон қилиши ҳам мумкин эди-да) тоғ этагига чиқиб олдик. Шунда Акбар менга уйқусизликдан қизариб кетган, юмилай-юмилай деб турган кўзларини тикиб:
— Оз қолди, ана у қирдан ўтсак бўлди. Қўтонга етамиз, -деди. Кайфиятим кўтарилиб, молларни тезроқ ҳайдай бошладим. Жуда чарчагандим, қорним очганди, бунинг устига уйқум келаётганди. Миямдан, қўтонга етиб борсак: очлик, чарчоқ ва уйқу балосидан буткул қутуламан деган ўй ўтди. Қадамимни тезлатганимни кўриб, Акбар ҳам тезлашди. Унинг кўзларидан ҳам худди мен истаётган нарсаларни хоҳлаётганлиги шундоқ кўриниб турарди.
Бир аҳволда қўтонга етиб бордик. У ерда бир аёлдан бошқа ҳеч кимса йўқ экан. Бечора аёлни кўриб унга ачиниб кетдим. Юзлари, лаблари, қўллари ёрилиб кетган, сочлари тўзғиган, қовоқлари осилиб, қомати букилиб қолган эди бояқишнинг. Бунинг устига эгнига кийиб олган жанда кийими уни баттарроқ ғариб кўрсатарди.
— Нодир билан дадаси подани чашмага ҳайдаб кетишган айланай,- деди ўша аёл бизни кўрганидан ажабланмай, — бу ердан унча узоқ эмас. Ярим соатлик йўл.
Менинг ҳафсалам пир бўлди. Орзуларим пуч бўлди. Акбар молларни ҳайдай бошлади.
— Чашма қайси тарафдалигини сўрамадик-ку?, — унинг елкасига туртдим, — қандай топиб борамиз? Ё бориб сўраб келайми?
— Неча йиллардан бери шу тоғларда чўпонлик қиламан. Ўлган эканман энди чашма қаердалигини билмасам.
Унга эргашиб йўлга тушдим. Аёлнинг айтгани рост чиқиб, ярим соатда чашмага етиб бордик. Чўпонлар пастда подани суғоришаётган эканлар. Акбар молларни ҳайдаб, менга кутиб туришимни айтиб, ўзи чўпонлар олдига эниб кетди. Молларни подага қўшиб, улар билан нималарнидир гаплашди-да кейин мени қўли билан имлаб ёнига чақирди. Бориб ота-бола чўпонлар билан қўл бериб кўришдим. Ота чўпоннинг оти Ражаб экан. Худди Сталинникига ўхшаш мўйловли, (расмини кўрганман Сталинни) икки юзи тандирдан энди узилган бўрсилдоқ нонни эслатувчи қовоқдор одам экан у. Ўғли эса тескариси: на қовоғи бор, на мўйлови, на юзлари тўлишган новча бўйли нимжонгина йигит.
— Мен қўтонга қайтдим, — деди бош чўпон эшагига мингашиб. — Подага кўз-қулоқ бўлинглар, жарга эниб кетмасин.
— Нимага энди биз боқишимиз керак? — дедим Акбарнинг ўзига эшиттириб. — Пулини оладими, боқсин-да.
— У эмас, мен боқаман молларингни. Бизни подамиз юқорилаб кетибди. Ҳозир йўлга чиққанимиз билан етиб боролмаймиз. Шунинг учун молларимизни бир кун подаларига қўшиб туришни сўрадим. Рози бўлишди, -деди. — Эртага молларни подага ҳайдаб бориб, қўшиб, уйга қайтамиз.
Кечга яқин подани тўплаб қўтонга қайтдик. Қўл-бетимизни ювиб, ичкариладик. Ҳалиги аёл (Ражаб мўйловнинг хотини экан, мен ҳам кейин билдим. Тўғрироғи, Акбардан эшитдим) олдимизга дастурхон ёзди, ўртага бир жуфт қотирма нон қўйди. Бу нон нимага қотирма дейилади? Сабаби бу нон бошқа нонларга ўхшаб тандирда ёпилмайди. Бу нон қизиб турган қозонга ёғ суртиб айлантириб-айлантириб пишириб олинади. Ўнгариб-чаппариб пишириб олинади. Шу боисдан бу нон жуда ширин бўлади. Лекин андек қаттиқ ва чайир бўладиким, чайнаб ютгунингча жағинг оғриб қолади. Ана шу кўп чайналганлиги учун ҳам ширин бўлади.
Кейин ҳар биримизга макаронли овқат келди. Ширин бўлган эканми ё очлигим туфайлими, мазза қилиб, Чиялининг яхнасини егандай роҳат билан, иштаҳа билан еб олдим. Ётиш учун қўтоннинг орқасидаги дўлананинг тагига жой солиб беришди. Алдаб нима қилдим, тагимизга тўшаш учун эшакнинг хуржунини беришди. Шунисига ҳам шукур деб, устимизга тўнларимизни ёпиб чўзилдик. Дўлана шохларининг орасидан милт-милт ёниб турган юлдузларга қараб, қишлоғим, онам, каттам, бувам, тоғаларим, жўраларим ёдимга тушиб кетишди. Бирдан бўғзим ачишиб, ўпкам тўлиб йиғлаб юбордим.
— Нимага йиғлайсан? — Акбар тирсагига таяниб менга қаради. — Нима бўлди?
— Уйимни, онамни… … соғиндим. — Шу гапни айтдиму ўз-ўзимдан уялиб кетдим. Ўзингиз ўйлаб кўринг. Мана бу ёнимда ётган бола ойлаб уйидан, оила аъзоларидан узоқда юради. Бирор марта бўлса-да йиғлаганини кўрмаганман. Нолиганини ҳам кўрганим йўқ. Мен бўлсам атиги бир кун уйимдан узоқлашганимга, уйдагиларимни кўрмаганимга йиғлаб ўтирибман боғча боласига ўхшаб. Шундай бўлганидан кейин мен уялмай ким уялсин? Ўл-а, бу кунингдан. Йигит бўлмай ўл-а. Эрта бир кун армияга борсанг, нима қиласан? Шарманда. Уят…
Қишлоқда тонг азонлаб бобом юзимга сув қуйиб уйғотардилар, бу ерда анави турқи совуқ Ражаб мўйлов чўпон таёғи билан турткилаб уйғотди. Ўзи пешонамга мириқиб, чет эл жанобларига ўхшаб, қуёшнинг нурлари юзимга тушиб уйғотмагунича ухлаш ёзилмаган экан-да. Қачон қарама уйқунгни ҳаром қилишади. “Эрта турсанг ишинг унумли бўлади” эмиш. Гўри унумли бўлади. Куни бўйи кўзинг қизариб, ланж бўлиб юрасан. Лекин туришга мажбурмиз. Бу ерда эркаликлар ўтмайди. Бобом бўлганларида бошқа гап эди. Мана, мана тураяпман-ку, уфф…
Ражаб мўйловнинг буйруғига асосан сут берадиган сигирларни хотинининг олдига бузоқчалари билан галма-гал етаклаб келдик. Хотини эса бузоқчаларнинг оғизларини оналарининг елинларига бирма-бир тегизиб чиқар, кейин қантариб қўяр ва сутни охирги томчисигача соғиб оларди. Бечора бузоқчалар эса қантарилган жойларидан оғизлари кўпириб, оналарининг елинлари томон талпинганча унсиз йиғлашарди. Одамзод қанчалар разил-а? Бировнинг, айниқса, гўдакнинг ризқини ейиш гуноҳ-ку, ахир. Қишлоғимизда Шоди бобо деган тақводор одам бор. У киши шунчалар тақводорки, ҳаттоки бузоқнинг ҳаққи деб сутни ичмайди. У кишига ҳавас қиламан. Аммо қилган ишларини қилолмайман. Чунки сутни яхши кўраман-да.
— Подани яйловга ҳайдаб боринглар. — Хотини сигирларни соғиб бўлгач, янги фармон чиқарди Ражаб мўйлов. — Мен борганимдан кейин келиб овқатланиб кетасизлар.
Уч киши, мен, Акбар, фармонбардорнинг ўғли подани яйлов томон ҳайдаб кетдик. Шу молларда ақл-фаросат деган нарса бўлмайди-да. Қиши билан оғилхонада масиқиб кетган ҳўкизчалар, ғунажинларни кўриб, тангликларни йўқотди. Ҳа, айтганча, ақл, онг фақатгина одамзодга берилган-ку.
Молларни яйловга ёйиб, ярим танаси ер остида, қолган қисми ер устида дўмпайиб турган бир харсанг тош устига чўкдик.
— Чўпонлар жа-а қўли очиқ бўлишади, меҳмон бўлиб борсанг оёғинг остига қўй сўйишади дегандинг, — дея гап бошладим, — а, бу чўпонинг қўй уёғда турсин, товуқ ҳам сўймади-ку.
— Биринчидан, сен билан мен эмас, бирор баобрў кишилар келишганда сўйишади. Иккинчидан, биз таниқли бўлганимизда ҳам бу одам сарка-да сўймасди. Чўпонлар ичида энг зиқна одам шу — Ражаб мўйлов бўлади. Бегоналар учун бир чақа-да сарфламайдиган одам бу.
Шу пайт Акбар айтаётган “зиқнанинг” ўғли келиб қолди. Биз суҳбат йўналишини бирдан бошқа тарафга буриб юбордик.
— Шу кунларда тоғдан пастлайдиган бирорта чўпон йўқми? — деди Акбар “зиқнанинг” ўғлига, — жўрамни қўшиб юбормоқчийдим.
— Бунисидан хабарим йўқ-ку-я, лекин уч кундан кейин синглим келади. Шу синглимга қўшилиб, қайтиб кетса бўлади. Нима йўлни билмайдими? Биринчи келишими?
— Ҳа.
— Нодир чўпоннинг тўнғичини курашда оёғини осмондан қилиб кўтариб урган қизми?
— Ҳа, ўша қиз. Аслида у йигит бўлиши керак эди.
— Адашмасам, сен ҳам курашчисан-а, жўра?, — Акбар сўраб қолди мендан.
— Ҳа.
— Шу акамизнинг сингиллари билан куч синашасанми?
— Эй, нима деяпсан? Қиз бола билан-а?, — ажабландим беписандлик билан. — Умримда қиз бола билан курашмаган бўлсам.
— Ука, — деб елкамга қўлини қўйди чўпон, — айтдим-ку, синглим аслида ўғил бола бўлиши керак эди деб. Агар уни йиқитсанг, битта қўчқор мендан.
— Бизнинг жўраям анойилардан эмас. Яна қўчқорингиздан айрилиб қолманг.
Акбарнинг гаплари жонимга оро кирди. Унча-мунча йигитлар ерга тегизолмаган курагимни келиб-келиб қиз бола тегизадими? Йўғ-е.
— Хўш-ш, нима дейсан?, — деди чўпон, — розимисан?
Жон кетса кетсин, обрў кетмасин деганларидай рози бўлдим. Акбар курашни томоша қилиш учун қоладиган бўлди. Бу орада Ражаб мўйлов эшагини лўкиллатиб етиб келди. Биз овқатланиш учун қўтонга қайтдик. Ражаб мўйловнинг хотини қозонда биқ-биқ қайнаб ётмиш сутдан косаларни тўлдириб-тўлдириб сузиб берди. Қотирмани тўғраб ичиб олдик. Сутнинг қаймоғи шундайгина коса юзасида килкиб турибди. Мммм, мазза. Лекин сутчой қилиш борасида ҳеч ким каттамнинг олдиларига тушолмайди. У кишининг сарёғ, туз, қуруқ чой барглари қўшиб, пиширилган сутчойларини ичмабсиз, бу дунёга келмабсиз. Хуллас бир айланиб. биз томонларга келсангиз, ўзим сутчой билан меҳмон қиламан. Гап битта.
Ҳаммасидан ҳам Ражаб мўйловнинг кучукларига беш кетдим. Э, ҳар бири сал кам эшакдай-эшакдай келади. Айиқнинг боласи деб ўйлайди одам. Бошида қўрқдим. Бора-бора бир-биримизга ўрганиб қолдик. Бу чўпонлар кучук боласини бир ёшга тўлгунича махсус қазилган чуқурчада боқишаркан. Ҳаммасини эмас, баъзи бирларини. Сабаби қўрқув нима билмаслиги учун. Кучукларда бир ёшга қадар қўрқув туйғуси бўларкан. Ана шу даврда улар бўрини кўришса, абадий қўрқоқ бўлиб қолишаркан. Шу боисдан чуқурчаларда катта қилишаркан кучукчаларни. Акбар билан ўша чуқурчадаги кучукчалардан иккитасини уриштирдик. Ишонасизми, икковида қайтмайди. Бир-бирининг этидан тишлаб олган, қўйвормайди. Охири қон оқа бошлаганидан кейин ажратишга мажбур бўлдик. Бу кучукваччалар келажакда бўрибосар уёғда турсин айиқбосар бўлиши аниқ.
Молларни тўплаш қийин бўлди. Подадан жуда кеч қайтдик. Ражаб мўйлов эринмай санаб чиқди молларни.
— Олтита кам, — деди жаҳлдор овозда. Худди биз айбдордай. — Санаб тўпласаларинг ўласанларми? Борларинг, топиб келларинг. Учта ҳўкиз, иккита сигир, битта ғунажин йўқ.
Унинг гапи — қонун. Ноилож борамиз, қидириб топамиз. Акбар қўлимга гугурт тутқазди.
— Қўлтиғингга тез аланга оладиган хашаклардан қистириб ол. Бўрими ё бошқа ҳайвонларнинг овозини эшитсанг ёқасан. Улар оловдан қўрқишади.
— Бирга бормаймизми?
— Йўқ. Учаламиз уч тарафга кетамиз.
Менга чашманинг ёнига бориб, моллар ўша ёқда бўлса ҳайдаб келиш буюрилди. Нима бўлса пешонамдан кўраман деб йўлга тушдим. Борган сари қўтон кўзга кўринмай, анча узоқда қолганлигини сезган юрагимни, қўрқув, ваҳима ўз тўри билан ўрай бошлади. Ўзимни қўрқувдан холи қилиш учун қўшиқ айтишни бошладим. Қишлоқда даладан ёлғиз қайтган кунларимда қўрқсам қўшиқ айтардим. Қўрқув йўқоларди.
Керак эмас, шаҳло кўзларинг,
Керак эмас, сунбул сочларинг.
Қалбим учун кифоя сенинг,
Ширин сўзларинг…
ово-о-ов-о-о…
Тағин овозимдан ҳам ҳурка бошладим. Қўшиқ айтишни тўхтатдим. Ахири етиб келдим чашмага. Чашма ёнида тепалик бўлиб, мен ўшанинг тепасига чиқиб атрофга қарадим. Диққат билан қарадим. Синчиклаб қарадим. Молларнинг қораси-да кўринмади. Тағин яна қарадим, ҳеч нарса йўқ. Шунда кўзим бехосдан чашма бўйида ўтириб, қордай оппоқ сочларини чашма сувига термулиб тараётган қизга тушди. У бошдан оёқ оппоқ эди. Ўзидан ойга ўхшаб нур таратарди. Ундан кўзларимни узолмай қолдим. Фикр-у хаёлимни ўғирлаб олди. Бир маҳал бошини сувдан кўтариб қаради. Унинг кўзлари шунчалар гўзал эдики, кўзларимни кўзларидан узолмай қолдим. Гирдоб мисоли домига тортарди мени кўзлари. Ой нурида сочлари товланар, мени мафтун этган кўзлари эса ёнарди. Кўйлагига тиралиб, чораги кўриниб турган сийналари ўзига оҳанрабодай чорларди. Кейин у мени қўли билан имлаб, ёнига чақира бошлади. Мен ушбу вазиятда заррача бўлсада қўрқув сезмасдим. Аксинча балоғатга етган вужудимда шижоат кўпириб, мени унинг ёнига боришимга ундарди. Сўнг қандайдир бир енгиб бўлмас куч таъсирида қиз томонга ҳаракатлана бошладим. Ёнига бориб ўтирдим. У сочларимдан, юзимдан силади. Кейин… кейин ўпди. Шундан кейин нима бўлганлиги менга қоронғу. Кўзимни очганимда ўзимни эшакнинг устида кўрдим. Олдимда Акбар ўтирар, мени ўзига белимдан боғлаб олганди. Йиқилиб кетмаслигим учундир-да.
— Қаерга кетаяпмиз?-дедим ҳеч нарсага тушунмай. — Моллар топилдими?
— Уйғондингми жўра? Ҳа, топилди, топилди.
— Мен чашмани ёнидайдим-ку, қандай қилиб бу ерга…
— Моллар топилгандан кейин хавотир олиб ортингдан бордим. Қарасам чашманинг бўйида ухлаб ётган экансан. Қанча уйғотдим турмадинг. Кўтариб олиб келдим қўтонга.
— Қизчи? Қиз нима бўлди?
— Нима?
— Қиз. Оппоқ кийимли қиз?
— Зўр туш кўрибсан шекилли-а? Бемалол ухлайвер, Ражаб мўйловдан бир амаллаб эшагини олдим. Шу болани уйига ташлаб келайин, бечора қийналиб кетди дедим. Мана чарчаганидан далада ухлаб қолибди дедим. Бўри еб кетса нима бўларди дедим. Фалон мансабдорнинг невараси, бирор кориҳол бўлса бошингиз балодан чиқмайди дедим. Чиппа-чин ишонди.
— Кураш нима бўлади? Кураш? Молларга ким қарайди, сен ҳам кетсанг?
— Молларга ўзлари қараб туришади. Мен сени қўйиб қайтиб келаман. Қиз билан эса кейинги сафар олишасан. Барибир йиқитолмасдинг уни. Жуда бақувват, чайир қиз. Ундан кўра ухла, бояги тушингнинг давомини кўр. Кейин ўша оппоқ кийимли қиз билан нима қилганларингни менга айтиб берасан.
Акбар қаҳ-қаҳ отиб кулди. Силкиниб-силкиниб кулди. Тебраниб-тебраниб кулди.
— Эйй…
Наҳотки кўрганларим туш бўлса? Йўқ. Бўлиши мумкин эмас. Ахир мен у қизни йўқ, у қиз менинг сочларимдан силаб…
Мен Акбарнинг куракларига чап юзимни босиб, ўнг елкам оша орқамга қарадим. Елкам узра узун соч толаси шамолда байроқ мисол ҳилпираб турарди. Энг қизиғи бу соч толасининг рангги оқ эди…
2011 й. Шаҳрисабз
ТУРКМАН БОБО
(Гурунглар)
Қонга ботган мўйқалам
Ёшлигимдан бобом, бувимнинг қўлларида улғайганим учунми қарияларга меҳрим бўлакча. Айниқса, бобомга. Кечалари уйқум қочиб қайсидир китобни ўқишга тутинганимда ўзимча ўйлаб қоламан, балки ота-онам билан яшаганимда бунчалик мукаммал тарбия олмасмидим, менда ёзувчиликка бўлган иштиёқ, истеъдод уйғонмасмиди деб. Уни-буни қўйиб турайлик, билсангиз қарияларнинг суҳбати жуда оромижон бўлади-да. Менга айтинг-чи, сиз нима қилсангиз кайф қиласиз? Негадир роҳатланасиз деган сўз шу ерда ёпишмади. Хўш, нима қилсангиз кайф қиласиз? … Ҳа, шундайми, мен хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, бобом билан қўшнимиз Раим бобонинг суҳбатларини тингласам кайф қиламан. Маънавий озуқа оламан. Ўтмишдан, эскиларнинг ҳаётидан хабардор бўламан.
Туркман бобо (бобом иккимиз Раим бобони шундай атаймиз. Туркман миллатиданлиги учун) биз турган уйнинг ёнбошидаги икки қаватли уйнинг иккинчи қаватида ўттиз ёшлардаги аёл билан яшайди. Оиласи Туркманистонда, хотини ҳар йили бир келиб кетарди, охирги икки йилдан бери «қораси»ни кўрсатгани йўқ. Фарзандлари ҳам Туркманистонда. Ўзи қанақасига Ўзбекистонга келиб қолганини билмайман. Сўраганимда ҳам айтмаган. У билан бирга турувчи аёл шунчаки қаровчи. Яъники, то оламдан кўз юмгунича, бобонинг иссиқ-совуғидан хабардор бўлиб туради, кейин уй унинг номига ўтади. Яширмай айтаман, ўша аёл менга умуман ёқмайди. Феъли бузуқ. Чолга бақиргани бақирган. Чол ҳам эй, боре, деб ҳайдаб юборолмайди уни. Ҳайдаб юборса ким кунига ярайди? Хуллас ана шу туркман бобо кунига икки-уч марта бизникига бобом билан гурунглашгани келиб туради. Бугун ҳам эшик қоқиб қолди. Мен тўнғич тоғамнинг эски машинаси ўриндиғидан ясалган диванда Шукур Холмирзаевнинг учинчи том сайланмасини берилиб ўқиётгандим. Китобнинг кеп қолган бетининг рақамини эслаб қолиб ёпиб диванга қўйдимда бориб эшикни очдим.
— «Можно», -деди туркман бобо одатий гапириш услубига кўра. — Бобой уйдами?
— Уйда, -дедим баланд овозда. Қулоқлари оғир, қаттиқ гапирилмаса эшитмайдилар. — Киринг, жойнамоздалар.
— Намоз ўқияптими?-кўзларимга интиқ тикилди бобо. Ҳа дегандек бош қимирлатдим. Пешонасига тугма қадалган калишини ечиб, хонтахта ёнидан жой олди бобо. Саксон олтини қоралаб қўйган эса-да ҳассадан ҳазар қилади, ёш боладек чопқиллаб юради. Юзида бир тола ҳам туки йўқ. Аммо ажинлар томир ёйган бутун бадани бўйлаб. Жуссаси кичик, юрганда гавдасини олдинга чиқариб юради. Қишлоғимизда Оя хола деган бир аёл бор. Ўш аёл шундай юради. Келинг, чалғимасдан мавзуга қайтайлик. Туркман бобо ўтиргач, дарров китобни қўлимга олиб яна диванга чўкдим. Менинг бир одатим бор. Китоб ўқиётганимда ёки нимадир ёзаётганимда, бошқа нарсалар, масалан, овқатланиш, телевизор кўриш, телефонда суҳбатлашиш (ҳатто онам бўлса ҳам) кабилар билан чалғишни ҳуш кўрмайман. Мени чалғитган одамни ҳам ёқтирмайман. Хуллас китобни келган жойидан ўқий бошладим. Туркман бобо бир-икки томоқ қириб қўйди. Шаъмасини тушундим, ёнига чорлаяпти. Борсам китоб қолиб кетади, яна бир одатим борки, китобни бор вужудим билан, ўзимни асардаги қаҳрамоннинг ўрнига қўйиб ўқийман. Китобда у кулди деб ёзилган бўлса, куламан, йиғлади деса, йиғлайман, бошини қимирлатди деса, қимирлатаман. Агар сонияга чалғисам, ана шундай кучли ҳиссиётга берилиб ўқиёлмай қоламан. Шунинг учун бобога эътибор бермай индамай ўқийвердим. Дам ўтмай нариги хонадан бобом чиқиб келди.
— Ийе, ийе, ассалому алайкум, — туркман бобо ўтирган жойга яқинроқ бориб қўл узатдилар бобом. — Турманг, ўтираверинг.
— Омин, — бобом билан сўрашиб бўлгач қўлини дуога очди ҳамсоя. — Уйингиздан барака аримасин, аллоҳи акбар.
— Ўғлим, чой қўйиб юбор, — деди бобом. Шундай қилдим.
— Ҳа мулла, қандайсиз? Бизникига бормай қўйдингиз, нима энди, ҳожи бўлдим деб писанд қилмай қўйдингизми-а?
— Ундаймас, иш кўп-да, иш.
— Ҳар гапга баҳона бор…
— Сизга ўхшаб бекорчиманми?
— Бекорчиманми? Бекорчиманми? Ҳой, шу Маккага бориб келиб “ма, Раимбой”, деб бир нарса бермадингиз. Қиззиғар, Санобар опага берибсиз.
— Нима берибман?
— Нималигини айтадими? Э, қойиле, сизга мулла.
Санобар хола бир девор қўшнимиз, ёши бобомга тенг. Қўлидан сигарет тушмайди. ғирт кашанда аёл. Ёлғиз яшайди. Эри ўлган, ё ташлаб кетган. Масалан, мен ҳам бунақа кашанда аёл билан бирга яшамасдим. Сизга айтсам, бобом ўша аёлга совға берганлигини мен ҳам билмасдим. Ҳозир туркман бободан эшитиб турибман. Китобни берилиб ўқиш ҳам барбод бўлиб, қани нима деркинлар, деб бобомга тикилдим. Ҳеч нарса демадилар.
— Бу ўзгарибди, -деди туркман бобо мени кўрсатиб. — Кўчада кўрса бесалом ўтади. Ёшлигида яхши эди. Ў бола, — деди менга тикилиб, — бу одатингни йўқот.
— Тушунмайди-да ҳали булар, — мулойим жилмайди бобом. Мендан хафа эмаслиги шундоққина кўриниб турарди юзидан. — Ўзингиздан гапиринг, нималар қилиб юрибсиз?
Раим бобо бобомни эшитмади чоғи менга юзланди.
— Қўлингдаги нима?
— Шукур Холмирзаев, — мендан олдин жавоб берди бобом. — Сурхондарёлик ёзувчи.
— Менга танитманг. Уни аввалдан биламан. Машинамда олиб юрганман. Уккағарди ули ёмон ич-чайди. Ёзувчи уруғи шундай бўладими ё? Менга қаранг мулла, ё ичганда илҳом келайканми-а? — Раим бобо юзини бобом тарафга ўгирди. — Нима дейсиз?
— Миясидаги ҳар хил ўй-ташвишлардан бир неча соат қутулиб «свежий» каллада ижод қилиш учун ичса керак-да. — Бобомнинг гапларидан кейин ёдимга Умар Хайёмнинг бир рубоийси келди:
Май ич, дилдан кетар кудурат, иллат,
Тенг кўринар етмиш иккала миллат.
Дардингга излама шифо-ю малҳам,
Қултум майдан арир юз туман иллат.
Ўқиётган ҳикоям охирига етиб, гўё ўқиб бўлишимни кутиб тургандек чой қайнади.
— Кўк чойми? Қора чойми? — сўрадим қариялардан.
— Деразани олдига қара, кийик ўти бор. Ўшандан дамла, — деди бобом.
Чойни хонтахтанинг устига қўйиб, одатга кўра уч марта қайтардим. Туркман бобо мендан кўз узмай термулиб турди.
Сувсаб кетгандир, деб пиёлани тўлдириб чой сузиб бердим.
— Буни ўзингга ол, -деди дағал овозда. — Менга танга ботмайдиган қилиб сузиб бер. Ёшлигимда отамга тўлдириб чой сузсам, солайди айлантириб. — Айтганини қилиб танга ботмайдиган қилиб сузиб бердим. — Телевизорингни қўй-чи, нима бераяпти?
Туркман бобо уруш киноларни ёқтиришини билиб, ўшандай кинолар бераётган канални топиб қўйдим. Иккинчи жаҳон уруши ҳақида филмь кўрсатишаётган экан. Минбарда туриб армиясига маъруза ўқиётган калта бўйли қўнғиз мўйловли ранги совуқ ҳезалакбашара Гитлерни кўриб гап бошлади туркман бобо.
— Мулла, ўзи бўйи бир қарич бўлса-да, дунёни босиб олишига бир баҳя қолган-а?
— Битта бунинг бўйи паст эмас. Наполеон, Ленин, Сталиннинг ҳам бўйи паст бўлган.
— Мениям бўйим калта-ку.
— Ҳамма гап бўйдамас, каллада, бобой, — бошини кўрсатиб кулиб қўйди бобом.
— Э, сизга кулгу бўлса, мен бу қонхўрга ўхшаб ном қолдирмоқчимасман.
— Гитлер аслида ким бўлганини биласизми? — туркман бобо анграйиб бобомга термулиб тураверди. Бобом суҳбатдошининг билмаслигини фаҳмлаб Адольф Гитлернинг тарихи ҳақида сўзлашга киришиб кетди. Мен ҳам азбаройи қизиққанимдан жон қулоғим билан тинглай бошладим.
— Билмасангиз, эшитинг. У қобилиятли рассом, гўзаллик шайдоси, санъаткор бўлган.
— Йўғе, ундай бўлса нима учун уруш бошлади? Нима мажбур қилган уни?..
— Уруш бошлашгами, хўш, Ленинни биларсиз, акасини оқпошшо ўлдиртирганидан кейин қасд олиб ҳокимиятни тўнтариш ва бошқарувни ўз қўлига олиш учун бутун бир халқни ортидан эргаштириб буюк тўнтариш қилади. Чўлпон бекорга халқ дарёдур, халқ кучдир демаган.
— Хўш, давом этинг-чи.
— Мияси яхши ишлаганда, қамоқда ётганида ҳам ноннинг ичига сут солиб ,оқ қоғозга ғояларини ёзиб, қўл остидагиларга юбориб турган.
— Нимага энди сут билан?
— Қоғоз оқ, сут ҳам оқ, ёзув билинмаслиги учун. Шотирлари эса қоғозни оловга яқинлаштириб ёзувларни ўқиб олишган. Тушунмадингиз-а? — туркман бобо бош чайқади. — Ўша қоғозни оловга яқинлаштирса, сут буғланибми, хуллас нимадир бўлиб, ундаги ёзувлар юзага бўртиб чиққан. Кейин бемалол ўқийверишган.
— Бунинг Гитлерга қандай алоқаси бор? — Гапга аралашдим. — Ленин қаёқда-ю, Гитлер қаёқда.
— Ҳм, алоқадорлик томони Ленин уруш бошлашига акасининг ўлими сабаб бўлган. Гитлернинг уруш бошлашига асосий сабаб эса ўгай онасининг ёлғон айблови. У қайси миллатни ёмон кўрган ва ер юзидан қириб ташламоқчи бўлган?
— Яҳудийларни,-дедим ҳеч иккиланмай. Тарих китобидан ўқиганман. — Лекин боисини билмайман.
— Гитлернинг онаси ўлганидан кейин отаси яҳудий аёлга уйланади. Ўгай она эрининг ўғлини ёқтирмайди, доим унга зуғум ўткаради. Бир куни отаси иш билан бошқа шаҳарга кетади. Қайтиб келганида отасига “ўғлинг менга тажовуз қилди. Зўрламоқчи бўлди” деб ёлғон айбловни унинг бўйнига илади. Ва яҳудийларнинг қонунига асосан Гитлер қаттиқ жазоланади, яъни эркаклигидан айрилади.
— Нима деганингиз бу, тушунмадим?
— Ҳалиги, нима десам экан, ҳа “булбул”ини кесиб ташлашади. Сўғин у ҳосил бермас дарахтга айланади-қолади. Ана шунда, Гитлер қасам ичади, яҳудийларни ер юзидан қириб ташлайман деб.
— Овмин, юртимиз тинч бўлсин, ҳар хил офатлардан ўзи асрасин, аллоҳу акбар.
— Ўтирибсиз-да, кечи билан кетаверасиз, -деб қолди бобом унга.
— Эшикни очиқ ташлаб келгандим, -деб ўрнидан турди-да ёнимга келди бобо. Мен ҳам ҳурмат юзасидан турдим. — Сен дуо ўқиётганда беэътибор ўтирдинг, ундан кейин қўлингни хоҳламагандай, худди биров мажбурлаб тургандай дуога очиб турдинг. Отам айтарди “дуога қўл очганингда қўлларинг елкангдан юқорида турсин” деб. Иккинчи бундай қилма. Майли, яхши қолинглар, эрта келаман.
Туркман бобо пешонасига тугма қадалган калишини оёғига илиб ташқарилади. Бобом иккимиз ҳам ортидан кузатгани чиқдик.
— Соғ бўлинг, кеп туринг, — бобом иккимиз уйга қайтиб кирдик.
Қари билганни…
Чоршанба куни эди. Ўқишдан соат тўртларда уйга келдим. Бобом хонтахта қуйруғига ёнбошлаб, устара билан ялтиратилган бошларига чертганча телевизор кўриб ўтирган эканлар. Салом бермоқчи бўлиб юзларига қарадиму кулиб юбордим.
— Ҳа, нима бўлди? — деди бобом ажабланиб. — Жин-пин чалдими кўчада?
— Сочингизни олдирибсиз-да? — бобом “ҳа” дегандек бош қимирлатди. Кейин ялтироқ бошини бир силаб қўйди. — Шунга нима бўпти? Бу сенга кулгулими?
— Унга кулмадим, — дедим бобомга яқинроқ келиб. — Юзингизни офтоб урибди. Сочингизни олдирганиз учун юзиз қора-ю, пешонангиздан юқориси оқ бўлиб қопти. Хуллас «чёрный — белый» бўп қопсиз. Шунга кулдим.
— Йўғ-е, — бобом ҳам ётган жойларидан уй бурчагидаги шкаф ойнасига қараб, гапим тўғрилигини билгач, кулдилар.
— Энди уради-да, жўқи (бобом мени шундай лақаб билан атардилар) ҳозир баҳор бўлса. Баҳорнинг офтоби кучли бўлади. Ўзи нимага кеч келаяпсан ўқишингдан?
— Шанбалик бўлди. Гул экиш керак экан. — Аслида-ку, гулни кеча экиб бўлгандик. Бугун ёқтирган қизим билан шаҳар айлангандик. Буни айтишга уялдим.- Шунга кеч қолдим.
— Директоринг яхшими? — деди бобом худди у кишининг юз йиллик қадрдонларидек.
— Анчадан бери кўринганлари йўқ. Отасини бериб қўйганмиш эшитишимча.
— Бечора… жойи жаннатдан бўлсин.
Кийимларимни алмаштириб, овқатга уннадим. Масаллиқларни қозонга солиб, ёпдим. Қорним пиёз пўсти бўлиб кетган, тушда ҳам овқатланганим йўқ. Мен билан айланган қиз ҳам очқолиб кетгандир… Кўзимга кўринган биринчи нарса — косадаги қатиққа нон ботириб еб олдим. Кейин бобом билан бугунги об-ҳаво тўғрисида бир-икки оғиз гаплашиб, энди қўлимга Чеховнинг китобини олгандим ҳамки, эшик “ғийқ” этиб очилиб қўшни Раим бобо кириб келди.
— Можно?
— Можно, можно, — деб бобом ўринларидан туриб, икки қўллаб кўришдилар. – Қани, ўтиринг.
Раим бобо ошнаси кўрсатган жойга чўкди.
— Бирор нарса деб қўйинг, мулло, — қўлларини дуога очди чол.
— Сиз айтақолинг, ҳар ҳолда ёшингиз улуғ.
— Майли, овмин, мени ҳурмат қилдиз, сизни худо ҳурмат қилсин. Аллоҳу акбар.
— Зиёратга яхши бориб келдизми? — деди бобом суҳбатдошининг қулоғига яқинроқ бориб, баланд овозда. — Чарчамайгина.
Мен чолларнинг гурунгига қўшилмай, берилиб Чеховни ўқийвердим. Бошқа киши бўлганида қайрилиб қараган, салом бериб, аҳвол сўраган бўлардим. Негадир айнан шу чолни жиним суймайди. Жуда сўконғич-да. Оғзи ёмон, оғзи.
— Қўй энди китобингни,-менга суқланиб қаради Раим бобо. — Салом бермадинг, кўтарилиб кетдингми?
— Ассалому алайкум! -дедим бошимни эгиб.
— Менга жавоб бермадиз-ку, — бобом гапга аралашди.
— Ҳа, бордим. Хожаи Жарроҳ қабристони ўзгариб кетибди, мулла. Ичкарига кириб адашиб қолдим. Қабрларниям кўчирибди, энағарлар. Ўғлимнинг қабриниям тополмадим. Расми қўйилган тош бор эди. Уям йўқ. Уккағарди лўлилари синдириб кетганми?
— Нега энди лўлилар синдираркан? -дедим гапга қўшилиб. — Бу уларга нима керак?
— Авваллари лўлилар қабр тошларини синдириб юришарди. Ишонавер, бир марта кўриб қолиб, боплаб урганман. Сен ниманиям билардинг? Бир қарич ҳолингдан сапчийсан.
— Нимага ундай дейсиз? — паст кетгим келмади. — Сиз билган нарсани биламан.
— Сен ҳали эшак нечта ҳанграйди билмайсан-у, мен билган нарсани қайдан билардинг, — чолнинг бироз жаҳли чиқди. Қошлари уюлиб, қовоғи осилди. Бутун гавдаси билан мен томонга ўгирилди. — Хўш, мана сенга оддийгина савол. Ҳм, мен ўша бугун зиёратга борган Хожаий Жарроҳ нима иш қилгану бунча улуғлашади, а?
— Шу, буюклардан бўлгани учундир-да, — дедим.
— Билмасанг гапирма. Эшитиб ол. Қайсидир жангда пайғамбаримиз оёқларидан яраланадилар, бу киши ўша ўқни тишлари билан суғуриб ташлайдилар, ўқдан ўтган заҳарни сўриб оладилар. Шундан кейин одамларнинг у кишига ихлоси ортади, улуғлашади. Нотўғри бўлса, айтинг мулла, — бобомга юзланди чол. Бобом ҳам бош қимирлатиб, тасдиқладилар. Мен жим бўлиб қолдим. “Жимгина китобингни ўқийвермайсанми, жўқи”, деб ўзимни-ўзим койиб ҳам қўйдим.
— Сен мен билан гап талашма бир бурда ҳолингдан. Мен кўп ўқидим, ҳамма жойни кўрдим. Только Термиз билан Хива қолди қадамим етмаган.
— Кўрасиз, бобой, худо насиб қилган бўлса, кўрасиз. Ҳали ёш бўлсангиз. Ўзи нечига кирдингиз?
— Саксон учга.
— Айтдим-ку, ёшсиз деб, қирчиллама йигит экансиз-ку ҳали. — Бобом чиройли кулиб қўйди Раим бобога қараб.
— Сизга кулгу бўлса бўлди, мулла. Набирангиз сиз билганни менам биламан деб устимдан кулгани етмагандек, сиз ҳам кулинг.
— Нимага куламан. Бор гапни айтдим-да, бобой. — Бобом энди хандон отиб кулиб юборди.
— Суф-е, сизга! Мулла бўлмай кетинг-е… Бу-ку бу, сиз ҳам мен билган нарсанинг ўндан бирини билмайсиз. Уялинг-е. Сиз атайин ҳар келганимда менинг шайтонимни қўзғатасиз мулла. — Бобом ҳали ҳам кулишда давом этарди. — Мен кетдим-е, сизларга гап кор қилармиди?
Раим бобо шартта ўрнидан турди-ю, деворга суяб қўйган ҳассасини олиб қарс этиб эшикни ёпиб чиқиб кетди. Мен қилган ишимдан уялиб қолдим. Беҳурматлик қилганимдан, Раим бобонинг олдида ўзим-ку ўзим, бобомни ҳам ноқулай аҳволга солганимдан уялиб қолдим. Бобом хафа бўлганларини сездирмадилар. Аммо ич-ичимдан ҳис қилиб турдим буни. Мени қандай тарбия кўрганлигимга қараб бобомнинг ҳурмати ошади ёки тушади. Наҳотки шуни ўйламадим? Раим бобо кўчада дуч келган одамни тўхтатиб гап беради. Ўшаларнинг ҳар бирига бизникида бўлган воқеани айтиб беради энди. Ўзим ҳақимда гапирса майли, бундан қўрқмайман, аммо “мулла набирасига яхши тарбия беролмапти” деган гапни айтишидан қўрқаман. Аҳмоқман, аҳмоқ.
— Яхши қилмадинг, — деди бобом ўрнидан турар экан. Менга шу гапнинг ўзи кифоя эди. Кечиринг, дейишга мажолим етмади. Индамай турдим-у, хонамга кириб кетдим. Ўша куни кечгача ўзимни койиб, минг хил хаёлларга берилиб ўтирдим. Охири бир қарорга, яъни Раим бободан кечирим сўраш қарорига келиб тўхтадим. Кечқурун ярим коса овқат билан уйига кириб бордим. Чол мени совуққина кутиб олди. Ичкарига кириб дастурхон ёздим, чой қўйдим, олиб келган овқатимни қўйдим. Кейин кечирим сўрадим. Ишонасизми, қизариб кетдим. Ёмон бўлар экан, айбингни тан олиб кечирим сўраш. Чол индамай ўтирди-да кулиб юборди.
— Ҳа, мулла набирасига яхши тарбия берган экан, — деди елкамга қўлини қўйиб. Уйга енгилгина бўлиб келдим. Энди бошим ҳам оғримасди, кайфиятим ҳам кўтарилиб кетди. Бобомнинг олдига чой дамлаб келдим, биргалашиб шахмат ўйнаб, чойхўрлик қилдик.
Бу чоллар ёмон чоллар
1-митти туман. 1 (кўп қаватли) уй. 11- хонадон. Бу бизнинг Қаршидаги манзилимиз. Аввал айтганимдек бобом иккаламиз яшаймиз. Манзилни бекорга айтмадим, уйда зерикиб ўтирган бўлсангиз, бемалол келаверинг. Меҳмонларга доим эшигимиз, дастурхонимиз очиқ. Хўш, бобом нафақахўр, шундай бўлсалар-да ишлайдилар. Қонунда ёзилишича, нафақага чиққандан кейин ҳам бирор корхона ёки идорада ишлаётган фуқаронинг нафақаси ёки ойлигининг ярми ушлаб қолинаркан. Аммо бизнинг бобо анойилардан эмас. Доно! Ойлигини ҳам, нафақасини ҳам тийинигача тўлиқ санаб олади. Қандай қилиб дейсизми? Йўқ, йўқ айтмайман, яна юқоридагиларнинг қулоғига етиб бориб, нафақадан ҳам, ойликдан ҳам айрилиб қолмасинлар. Ўзи шундоғам электр, газ, сув, кабел, мусор, турар жой…ларга кесиб қолишгани ҳам етади. Шундай қилишмаса бўлмайди ҳам-да. Мен бир оддий одам бўлсам, сиёсатга тушунмасам, келинг бошқа мавзуга ўтайлик. Нима? Қанча нафақа оладилар дейсизми? 372000 сўм. Аслида 200000 сўм олишлари керак эди. Каттам (хотинлари) деҳқончиликдан йиғиб қўйган пулларини бобомга бериб “дадаси, идорага бориб пенсиямни кўпайтириб келинг” деганлар. А, пихини ёрган пухта бобом эса ўзлариникини кўпайтириб келганларда “иложи йўқ экан буни” деб алдаб қўяқолганлар каттамни. Соддагина каттам эса бунга чиппа-чин ишонганлар. Қарабсизки, бобомнинг нафақаси ошди, каттамники эса ўша-ўшалигича қолди. Шунинг учун каттам эрларини (эсига тушиб қолганда) “ҳа, мафия-е, уйинг буғдойга тўлгур. Ўзингизни хотингизни ҳам алдайсизми-а, қаллоб. Ҳе… (қолганини ёзолмайман, жанжал бўлиши мумкин)” деб қарғаб қўядилар. Шунда ҳам бобомнинг олдида эмас, иккаламиз ёлғиз қолган пайтларда. Хўш, энди нафақани тўлиқ олишларига келсак, ҳалиги… ҳеч кимга айтмайсиз-а? Ишондим лекин. Ўша иш жойларида бошқа бировнинг номидан ишлайдилар. Яъни ойлик Алининг номига ёзилаверади, пулни эса Вали олаверади. Чиндан ҳам қаллоб экан бу чол деб ўйламанг. Ишхонадан ўзлари келиб “юринг, юринг” деб олиб кетишади. Бобомдек ишнинг кўзини биладиган одамлар кам.
Бизнинг “дом”да уч бева бўлиб, улар ашаддий овчилар ҳисобланишади. Қолганларни билмадим-у, мен шундай деб ўйлайман. Яна қандай овчи денг, эркак овчилари. Бе, сизга айтсам бобомнида овлашга уриниб кўришди. Фикримча ниятларига етиша олишмади. Балки етишгандир. Яна билмадим. Айтиб бўлмайди, каттам қишлоқда бўлсалар, бобомни “разведка” қилиб турадиган одам йўқ. Бўлди, бўлди, айнимайлик. Ҳа, ана шу уч бевадан энг илғори Адиба опа бўлди. Оқ-сариқдан келган, сариқ сочлари калта қилиб кесилган дўмбоққина бева. Йигитларни билмадиму, чоллар кўрса “протез” тишининг орасидан суви оқиб қолади. Шу сабабдан ҳам унинг “клиентлари” асосан чоллар.
Бобомнинг сурхондарёлик Эркин деган ошнаси бор. Қарши-Денов оралиғида киракашлик қиларди. Оқшомда келса ёки одами бўлмай қолса бизникида тунаб қолади. Ишончли одам деб уйнинг “запас” калитини бериб қўйган эдик. Тавба қилдим. Астағфирулло, астағфирулло! Уят бўлса-да айтаман. Бир куни кечқурун уйга келсам (ўша куни якшанба эди, биз дам олиш кунлари қишлоққа кетардик. Аммо ўша куни мен нимадир сабаб бўлиб кетмагандим) Эркинбой, қариб қуйилмаган чол, бир бесўнақай, хомсемиз, танасининг учдан икки қисми очиқ нотаниш аёлни қўйнига олиб ўтирибди. Мени кўриши билан ҳалиги “хомсемиз” апил-тапил кийиниб даф бўлди. Бобомнинг ошнаси эса менга ийманиброқ қараб:
— Ҳалиги… сен… ўша… қишлоққа кетмаганмидинг? — дейди каловланиб. “Ҳалиям кетмапман, кетсам шундай зўр томошани кўролмасдим” дедим ичимда. Бетига айтардиму бобомнинг ҳурмати бор-да, индамадим. Тўғри айтасиз. Кап-катта одам бўлиб у уялмаган, мен нега уялишим керак? Индамаганим яхши бўлди. Нима демоқчилигимни ўзи тушуниб олди. Бечоранинг юзи чидамай калитни топширди. Ҳозир келмайди ҳисоб. Ҳа-я, туркман бобо қолиб кетмасин. У киши кун ора бизникида. Бугун эрталаб келганди.
— Мулла-а, -деб эшикни ҳассаси билан тақиллатганча. У кишиям кучдан қолиб бораяпти. Ҳасса тутмасдилар. Энди бўлса икки оёғда мувозанатни сақлолмай қолганлар.
— Ҳўв, келинг, шу ердаман, бобой. — Бобом қўл узатди кўришиш учун.
— Остонада кўришиб бўлмайди мулла, — деди туркман бобо қўлини орқасига қистириб.
— Хўб, узр бобо. Киринг ичкарига.
Бошида шу чолнинг бизникига келиши ёқмасди. Энди тез-тез келиб турса дейман. Чунки у келган куни ичак узди ҳангомалар бўлади уйимизда. Яна кўп нарсани ўрганаман у кишидан.
— Чой ичасизми? — сўрайди бобом.
— Йўқ, бу қанақа чой? Қарами? Ҳа. Менам кеча 2000 сўмлик обкелиб дамладим. Бирам кайф қилайкансиз ичсайиз.
-Бўмаса Адибага айтайми, бир массаж қилиб қўяди. — Ҳазил қилади бобом.
— Ҳа, мулла бўмай ўлинг. Яна намоз ўқийди бу.
— Энди айтаман-да. Ўйлаб кўринг яна.
— Эй мулла, топсангиз свежисидан топинг. Шилпилдоғиданмас.
— Адибага нима қипти?
— Уми? У суви сиқиб олинган анор. Энди билдингизми?
— О! Кўнгиллари 17 яшарли энаси ўпмаганини тусаб қолдими-а? Белингизгача қабрга ботиб турибсизда, яна ёш қизга бало борми?
— Менга қаранг, ҳой, кўринишимиз қари бўлсаям, кўнгил чимилдиққа кирган йигирма яшар йигитникидай “здоровий”.
— Ҳали неварангиз тенги фарзандлар ҳам кўрмоқчидирсиз?
— Кўраман ҳам. Билсангиз пушти камаримда саноқсиз фарзандларим навбат кутиб ётишибди, “қачон дунё юзини кўрамиз” деб. Сиз ниманиям биласиз.
— Майли, уйланинг. Ёшига уйланинг. Аввал қитиғлаб кулдиради, кейин заҳарлаб ўлдиради. Сизни бошига урадими?
— Суф-е сизга, кетдим. Ачимаган куни йўқ бу мулланинг.
— Кеп туринг, куёвтўра… — кузатиб қўяди бобом. Мен кулгудан ўзимни тўхтатолмай, хонамга эшитганларимни ёзиб қўйгани кириб кетаман.
Жаноби олийлари
Аслида бировга лақаб қўйиш гуноҳ. Аммо шуни била туриб, мен қўйганман. Худонинг ўзи кечирсин. Рўпарамизда Нодир исмли дўхтир хотини, уч яримта фарзанди ва яна битта кулранг “Матиз”и билан яшайди. Фарзандларини уч яримта деганимга ажабланманг. Учтаси хотинининг қўлида, яримтаси қорнида. Ўзи ёмон одам эмас, бунинг устига жуда шўх. Аммо қилган иши қонингизни қайнатади. Нима қилади дейсизми? Бир кунда уч марта ўша “Матиз”часини шампунлаб чўмилтиради. Ҳатто мен инсон бўлиб туриб, ҳафтасига бир марта чўмиламан. Эрталаб ўқишга кетаётиб, шўрлик “Матиз”га қараб “чириб кетмаганингга қойилман-е”, деб қўяман. Уйи шинам, кўп қаватли уйнинг 1-қавати. Олди супа қилинган, супа атрофи темир панжара билан ўралган. Шу ерда машинаси туради. Машинасига ҳимоя воситаси ўрнатилган. Кимдир тегиб кетса, ғалати-ғалати овоз чиқариб қолади. Энди нима қилади денг, деразасидан қараб туради-да, (ишдан қайтгач) машинаси олдидан бегона бир киши ўтиб қолса, атайлаб масофадан туриб, бошқариладиган машинанинг ҳимоя воситасини ишга тушириб юборади. Ҳалиги одам бечора машина овозидан чўчиб тушади. Ўзи эса ҳеч нимани билмагандек, деразадан бошини чиқариб сўкиниб қўяди. Яна “фараларни” ҳам ҳар замонда ёқиб ўчиради. Энг ёмони боя айтганимдек машинасини ёзда 3, қишда 2 марта шампунлаб чўмилтиради. Эринмаган банда-е, ғалати одам шу киши. Инсон машинасини ҳам шунчалик яхши кўриши мумкинми? Сизга айтсам ана шу машинасини кўп ювганлиги учун ҳам унга, «жаноби олийлари» деб лақаб қўйганман. Бир томондан тозаликка риоя қилиб машинасини тез-тез ювиши соз. Негадир менга ёқмайди. Тасаввур қилинг, қиш. Йигирма беш… лоф бўлдиёв, йигирма тўрт даража совуқ. Ташқарида юриб бўлмайди. Осмондан тинмай лайлак қор ёғаяпти. Шу онда бизнинг уй деразасидан шундоқ қарасангиз, машинасини юваётган жаноби олийларига кўзингиз тушади. Ва бирдан тукларингиз тикка бўлиб, этингиз жунжикиб кетади. Бу-ку ҳолва, ёмғир остида ҳам юваётганини кўрганман. Ўшанда савол бергандим.
— А, ёмғир ёғиб турган бўлса, нимага яна юваяпсиз? Шундоғам ёмғирнинг ўзи ялтиратиб қўяди-ку.
— Деҳқончиликдан хабаринг борми? Бошимни олдинга қимирлатиб “ҳа” дедим.
— Деҳқон осмондан челаклаб ёмғир қуйиб турганда ҳам ерини суғораверади.
Ақли паст десам, гапида мантиқ бор. Аммо ҳеч тушунмайман “Матиз”и билан ернинг қандай ўхшашлик тарафи борлигини. Лекин қўшнинг дўхтир бўлса яхши экан. Ўтган куни бобомнинг бурни булоқ очиб қолганида, келиб игна санчиб кетган эди, юзларига қон югуриб, иситмалари тушиб, қирқ яшарли қирчиллама йигитлардек оёққа туриб кетдилар. Бирам қувондиме, бирам қувондим. Жаноби олийлари ҳақларига узундан-узун дуо қилдим.
Қайси куни нон олиб келиш учун кўчага чиқдим. Жаноби олийлари уйлари олдидан хаёл билан ўтаётган эдим, нимагадир қаттиқ қоқилиб юз тубан йиқилдим. Кўзларимдан олов сачраб кетди. Бироз муддат ўрнимдан туролмай, ерда чўзилиб ётдим. Кейин ўрнимдан туриб “қани, нимага тўқишибман” деб қарасам, йўлакчанинг ўртасига кимдир темир қозиқ қоқиб қўйибди. Мени чўзилтириб қўйган нарса шу экан. Темир қозиқни бу ерга қоқиб қўйган одамни бисотимдаги бор сўкиниш, ҳақоратли сўзлар билан сийладим. Эртасига билдимки, бу ишни жаноби олийлари қилган эканлар. Секин ёнига бориб сабабини сўрадим. Нима дейди денг, кечқурун уйининг олдидан машиналар ўтиб, уйқусини бузармиш. Кейин уйи олдидаги цемент супа машиналар қатновидан емирилиб кетармиш. Тавба қилдим, тавба қилдим. Ўша темир қозиқ билан бошига бир уриб, майиб қип қўйгим келди-ю, ўзимни босдим. Яхшими-ёмонми, ҳар ҳолда тобимиз қочса ёрдами тегади-да.
Яхшилик
Уйимиздан бир неча чақирим нарида ҳаммом бор. Уйимизда “душ” бор. Лекин иссиқ сув йўқ. Балки энди бўлиб қолар. Хуллас, ҳафтада икки марта ўша ерни “зиёрат” қилиб келаман. Кеча чўмилиш учун керакли буюмларим жойланган сумкамни қўлтиқлаб уйдан чиққандим, домнинг тагида, ўриндиқда ўтирган туркман бобо “ҳай-ҳай”лаб чақириб олди. Нимадир сабаб бўлиб уйимизга келмай қўйганди. Бирор иши бўлса, хожатини чиқарай, деб ёнига бордим.
— Болажоним, ҳозиргина Худодан сўраб турган эдим, Жонтемир кўриниб қолсин, деб. Мана, ўзинг келиб қолдинг. Ўтир болам. – Қўлини дуога очди бобо. – Бирор нарса де.
— Ўзингиздан бўлсин.
— Бошинг омон, мартабанг улуғ бўлсин. Кам бўлма, дард кўрма. Омин.
— Зерикмаяпсизми, бобо?
— Зерикаман-да, кемайсан. Ҳол-аҳвол сўрамайсан. Менам “кабел” улатдим. Телбузорим энди сеникидай кўп канал кўрсатади. Келавер, икковимиз “война” киноларни кўрамиз.
— Эрталаб ишга кетиб, кечқурун қайтаман. Чарчаб ухлаб қоламан. Вақт бўлмайди-да.
— Жоним болам, мана буни ол-да, — қўлимга қайчи тутқазди бобо, — оёғимнинг тирноғини олиб қўй. Неччи кундан бери оғриқ бериб, қийнаб юборди. Кеча йиғладим ҳам. Ўзимни қўлимдан келмайди.
“Хўп” дедиму ишга киришдим. Чини билан тирноқ қайрилиб ўсиб, этга кириб кетган. Кўрсангиз раҳмингиз келади. Оёғини тиззамга олиб, жонига озор бераётган тирноқларни ола бошладим. Ёнимиздан одамлар ўтиб-қайтишаяпти. Уларнинг хаёлларидан нима ўтаётгани менга маълум. “Мана бу йигит тарбияли, ақлли йигит экан, бунинг устига меҳрибон”. Аёллар ўйлашаяпти: қани энди шундай ўғлим бўлса? Қизлар ўйлашаяпти: йигитинг шундай бўлса… Агар улар туркман бобонинг аҳволидан ойда бир хабар олиб турмаслигимни, шунда ҳам у киши мени яхши кўришларини билишганида эди, бундай ўйлашмаган бўлишарди. Бобонинг тирноқларини олаяпману кўнглим ёришиб кетаяпти. Бир неча ойдан бери ичимни талаётган ит тинчиб қолди. Кайфиятим кўтарилиб, юзимга кулгу югурди. Нимагалигини билмайман. Бобо тинмай дуо қилади.
— Илоё дард кўрма, ишларингнинг ўнгини берсин…
Туркман бобонинг кўнглини топиш қийин. Чунки у киши ўта инжиқ чол. Ҳеч қачон ишимдан кўнгли тўлмаган, лекин бу сафар рози бўлди. Кўнгли тўлди. Шу пайт олтин оҳумиди ё олтин туёқли оҳумиди, хуллас шунақа номли эртак ёдимга тушиб кетди. Унда шундай воқеа рўй беради. Бир деҳқон йигит филнинг оёғига санчилиб қолган зирапчани олиб ташлайди, эвазига фил йигитни елкасига ўтқазиб манзилига элтиб қўяди. Бу гапим билан бобони филга менгзамоқчи эмасман. Шунчаки яхшиликнинг яхшилик олиб келишини эслатмоқчиман, холос. Шундай қилиб бобонинг хожатини чиқариб, бормоқчи бўлган жойимга кетдим. У ерда ҳар доим бегона киши ўтирарди. Буни қарангки, бу сафар танишим ўтирибди. Кириб чиққанимга пул ҳам олмади. Ё тавба. Уйга келиб компьютеримни қўшгандим (у анчадан бери ишламаётганди) ишлаб кетди. Китоб дўконидан мен йиллар давомида тополмай келаётган китобни топдим. Энди бермаса керак, деб ўйлаган пулларимни қайтариб беришди. Энг қувонарлиси, пластигимни ҳеч қандай фоизсиз нақдлаб олдим. Ё қудратингдан! Бир кунда шунча хурсандчилик. Одамлар мўъжиза йўқ, дейишади. А, мундайроқ эътибор бериб қаралса, ҳаётнинг ўзи, ҳар бир кунимиз мўъжиза. Йўлим очилгани рост бўлсин. Айнан қайси хизматим эвазига бунча туҳфага эришганлигимни ҳали ҳам билолмайман. Нима бўлганда ҳам хурсандман. Ўзингга шукур эгам, ўзингга!
Қалтис ҳазил
1.
Одам қариганида негадир пулга ўч бўлиб қолар экан. Аниқроғи, кўпроқ пул топишни эмас, ҳамёнидаги муллажирингини иложи борича бошқаларга (ҳатто уйдагиларига ҳам) кўрсатмасликка, фақат ўзи учун сарфлашга одатланиб қолади. Буни эндигина йигирмага тўлган йигит қайдан биларди, дерсиз. Ёшлигимнинг асосий қисми қариялар даврасида ўтганидан кейин биламан-да. Иннан кейин тухумнинг палағда ёки яроқлилигини билиш учун товуқ бўлиш шарт эмас, азизлар. Маълум бир гапни айтишдан, ёзишдан олдин, асос бўлиши керак кишида. Менда ҳам бор. Пулсевар қария билан бўлган ҳангомани айтиб бераман. Хулласи калом, туркман бобони биласиз. У киши ҳақида тинмай гапираман-ку. Кеча ундай қилди, бугун бундай қилди, эртага ҳалигинақа қилмоқчи, деб. Ўша тунов куни мени йўқлаб келганди.
— Уйга юр, бир нарсани кўтаришиб юборасан, — деди.
Ёрдам бермоқ савоб, ҳар бир қилган ишим билан бир нечта гуноҳларимдан соқит бўламан, дедим-да орқаларидан эргашдим. Айтган бўлишим керак, у киши биздан кейинги “подъезд”да иккинчи қаватда танҳо(айтгандай, анави қаровчи хотиннинг лаш-лушларини йиғиштириб жўнаб қолганига а-анча бўлганди. Ҳа, бобойга чидаш қийин) умргузаронлик қиладилар. Уйга кирдик, олдинма-кетин.
— Мана буни кўтариб тур, — деди Раим бобо деворга тиқиб қўйилган ёши эгасиикидан-да улуғроқ, аммо ҳозирги, қўл учида ясалган баъзи бир каравотларга қараганда анча яхши ёғочдан ишланган йиғма каравотни кўрсатиб. – Анқайма, бўлақол!
Бу ўлгур каравотнинг ўриндиғи остида махфий бўлмачаси бўларкан. Буни ўша куни кўрдим. Бирам оғир, бирам оғир, белим чиқиб кетай, деди. Аранг ушлаб турибман. Бобо бўлса, бемалол эти осилиб, суяклари бўртиб қолган ингичка қўли билан ўша бўлмачадан ниманидир излаяпти.
— Ташлаб юборма тағин, — деб қўяди ҳадиксираб, — оз қолди, топволай, қўясан.
Нимани излаётган экан, дея роса бошим қотди.
— Уф, шу ерга қўйгандим-ку, — энсаси қотади бобонинг, — ҳа, мана топдим.
Қора нарсани олиб чиқди бўлмачадан.
— Қўй энди.
Кетмоқчи эдим, лекин ўша қора нарсанинг нима эканлигига қизиқиб қолганим учун индамай туравердим.
— Кетиб қома яна, ҳозир буни қайтиб жойига қўямиз.
Бобонинг гапи менинг бемалол ўтиришимга шароит яратиб берди. Агар шу гапни айтмаганида тепасида безрайиб туришимга тўғри келар, бундан эса ўзимни ноқулай ҳис қилардим.
Туркман бобо топилмани ёя бошлади. Кўрдимки, у қора целлофанга ўраб-чирмаб ташланган пул экан. Пенсия бўлса керак менимча. Вой пихини ёрган чоле. Беркитиб қўйган жойини қаранг. Худди биров ўмариб кетади-я. Қараб турсам, желагининг ички киссасидан яна бир мунча пул олиб, жамғармага қўшиб қўйди. Эринмай қайтадан пулни ўраб чиқди.
— Қани, кўтар!
Итоаткорона буйруқни бажардим. Агар бўйин товласам, ҳассанинг зарбини тотиб кўришим аниқ. Бобо армияда хизмат қилган. Қандайдир лейтенантми, полковникми бўлган, айтишича. Шунинг учун айтганини қилмаганларни ёқтирмайди. Кучи етса ўзи, етмаса, ҳассаси билан таъзирини бериб қўяди маҳмадоналарнинг. Биз ҳам бир-икки еганмиз. Шундан кейин йўталса ҳам лаббай дейдиган бўлганмиз. Э, қўрқоқ экансан-ку, деманг яна. У кишини ҳурмат қилганимдан шундай қиламан. Ҳадди сиғарки, мендан ёрдам сўрайди. Бўлмаса атрофида қанча ёш-яланг яшайди. Тўғри, баъзида уйда бўлсам ҳам чироқларни ўчириб, эшикни тақиллатсалар-да очмай ўтираман. Нимага, дейсизми? Ишдан чарчаб келганимда ёки бошим оғриётганда ёлғиз қолишни истайди кўнгил. Ёки китобни. Бу ишимдан кейин афсус қиламан. Энди гуруч курмаксиз бўлмаганидек, бизда ҳам хато ва камчиликлар бисёр. Тўғрироғи, бошқаларга нисбатан одамовироқман. Балки айнан шунинг учун шовқин-суронни хушламасам керак. Кечирасиз, туркман бобо ҳақида гап бораяпти-ю, мен бўлсам, тинмай ўзимни тиқиштириб ётибман. Минг бор узр. Шундай қилиб, яна боягидек қилиб кўтариб турдим, каравотнинг бир қисмини. Қийналаётганимни сезган (оғирлигини билса керак-да) бобо мени уятли ҳолга тушириш учун оғзидан беўхшов овоз чиқарса бўладими. Хафа бўлмадим. Қишлоқда “Зомбир бобо” бўларди. Асл исмини билмайман. Ҳар ҳолда, болалар шундай аташарди у кишини. Ўша киши бизни кўриб қолса бўлди, ҳозир туркман бобо менга қилган қилиқни қиларди-да, “ҳе уятсиз, ўсироқ” деб кулиб кетарди. Биз эса тилимизни чиқариб, қўлларимизни қулоқларимизга қўйиб, у кишини калака қилиб қочардик. Ўша зомбир бобонинг ҳазиломуз гапларини эшитиб қулоғим қотганлиги учунми туркман бобонинг қилмишидан кўнглим хираланмади. Майли, ҳазил қилдингиз, мен ҳам бир куни қайтараман, деб қўйдим ичимда.
— Ие, нима бўлди? – қилғилиқни ўзи қилиб яна ўзи куладиям уккағарди бобоси. – Пўрриқ эмасдинг-ку.
— Ҳалиям ундай эмасман, – дедим овозимни баландлатиб. Тушуниб олди шекилли бошқа ҳазил қилмади. – Қўйиб бўлдингизми бойлигингизни?
— Бўлди, бўлди. Раҳмат сенга. Энди боравер.
Терлаб-пишиб уйга келдим. Ювиниб олдимда хонамга кириб чўзилдим.
2.
Шундан кейин туркман бобо бизникига чиқмай қўйди. Хавотирланиб уйига борсам, телевизор овозини баланд қилиб (қулоғи оғирда) ухлаб ётибди. Уйғотмоқчи бўлдиму бирдан калламга бир шумлик келиб қолди.
— Ўша куни устимдан кулган эдингиз, энди бир аҳволингизни кўрайчи.
Бир амаллаб ҳалиги каравотнинг бўлмачасидан бобойнинг бойлигини олдим. Йўқ, йўқ нотўғри тушунманг. Ўғри эмасман. Худо ҳаққи, қайтариб бериш нияти билан олдим. Мақсадим, бобо пулнинг йўқолганлигини билиши ва бундан қай аҳволга тушишини кўриш эди. Пулни уйга обориб, тайинли жойга беркитиб қўйдим. Орадан бир неча кун ўтиб, Раим бобо касалхонага тушиб қолибди, деган гап эшитдим. Қўрқиб кетдим. Ёши улуғ одам, кетиб-петиб қоладими, деб ўйладим. Унга ўрганиб қолганман ахир. Иш-пишимни йиғиштирдиму бобони кўргани бордим. Борсам, боши ва бир қўли гипсланган ҳолда ётибди. Бошида йиқилиб тушган бўлса керак, деб ўйладим. Ўзимча тусмоллаб нима қиламан, мана, ёнимда ётибдилар-ку, ўзларидан сўраб қўяқолай-а, нима дедингизлар?
— А, бу қўлга нима қилди? – дедим салом-аликдан сўнг.
— Эй, уйингга борсам, йўқ экансан. Тунов куни кўтариб туриб эдинг-ку, ўша каравотни яна кўтаришиб юборасанми девдим. Ноилож ўзим кўтардим. Тушиб кетмасин деб ёғоч бўлагини тираб қўйдим. Энди десанг, пул топилмайди-да. У бурчагига қўл юбораман йўқ, бу бурчагига қўл юбораман йўқ. Пул ёмон нарса бўлади-да, топилавермагач қўлим етмаганидек бошимни ҳам тиқиб олдим. Бир пайт билмасдан ҳалиги тираб қўйган тахтачамни туртиб юборибман. Тақ этиб бошимга тушса бўладими каравот.
Шу жойида хохолаб кулиб юборишимга оз қолди. Аранг ўзимни тийдим. Сиз кулаверинг. Ахир сизнинг олдингизда туркман бобо йўқ-ку. Мен каби айбдор ҳам эмассиз.
— Кейин-чи, кейин нима бўлди?
— Нима бўларди, дод дедим, вой дедим, биров эшитмайди. Буни устига эшикниям ичидан қулфлаб огандим. Бир бало қилиб бошимни чиқариб олганимни биламан, қўлимни қисиб қолди. – Бу сафар чидаб туролмай кулиб юбордим. Нима қилай? Тишимни-тишимга босиб ўтирмайман-ку. – Нега куласан, хумпар? Ўрнимда бўлганингда билардинг.
— Хўш, кейин нима бўлди? Қандай қутулдингиз?
— Қанча уринмай қўлимни чиқаролмадим. Оғриқ миямга чиқиб кетди. Овозим борича бақирдим. Худо зоримни эшитди, қўшнилар эшикни бузиб, чиқариб олишди қўлимни.
— Ҳа, тарвуз эртагидақа бўлибтида а? – дедим кулишдан тўхтамай.
— Қанақа эртак яна?
— Бир бой ва камбағал қўшнилар бўлишади. Камбағал далада ишлаётганида бир ярадор лайлакка дуч келади ва уни парваришлаб учириб юборади. У эса халоскорига тарвуз уруғларини ташлаб кетади…
— Бўлди, бўлди эсладим.
— Сиз ўша эртакдаги бойсиз. Фақат зомбир таламаганда, каравот қисиб қолган. Ҳе-ҳе-ҳе.
— Ҳе, ўхшатишингдан ўргилдим. Ўлиб қолишимга оз қолди-ю, бу бўлса кулади.
Уйга қайтаяпману кўнглимдан қўрқинчли ўйлар ўтади. Нега пулни олиб қўйдинг? Чиндан ҳам худо кўрсатмасин ўлиб қолса нима қилардинг? Ўзингни айблайвериб, адойи тамом бўлардинг охири. Келиб-келиб бобонгдан катта одамга ҳазил қиласанми, аҳмоқ? Нима, у сенинг жўранг бўлармиди? Ҳалиям қўшнилар эшитиб қолишибди. Бўлмаса…
Уйга келишим билан “шумо” қилинган пулларни олиб, ғир этиб жойига элтиб қўйдим. Ана шундан кейингина кўнглим сал хотиржам тортди. Энди десангиз, туркман бобонинг уйга қайтишини кутиб юрибман. Келиши билан ёнида пайдо бўламану каравотини кўтариб туришимни, шунда бемалол қидирувни давом эттираверишларини айтаман. Хуллас шунақа гаплар, азизлар!
2011-2012 й. й. Шаҳрисабз
Jontemirning yaxshi shoirligidan xabardorsiz. Bugun uning yoshligida, muallifning o‘zi yozganidek, “hu-uv jujuqlikda qoralagan” hikoyalari va badialari bilan tanishasiz…
JONTЕMIR
HIKOYA VA BADIALAR
Jontemir (Toshtemirov) 1994 yilning 18 sentyabrida Qashqadaryo viloyati Shahrisabz tumanida tug‘ilgan. 2013 yil Qarshi davlat universiteti qoshidagi 2-akademik litseyni tamomlagan.
SUVPARI
Qish qaridi. Ko‘klam sep yoydi. Odamlar yelkalariga ketmon ko‘tarib dalalay boshlashdi. Mehnat mavsumi keldi. Qishlog‘imiz odamlari ham ini buzilgan arilarday to‘zg‘ib qolishdi, qo‘zg‘alib qolishdi. Men mollarimni dalaga haydadim. Oyog‘i yozilsin, dedim. Yangi ko‘katlardan yeb yayrasin, dedim. To‘rt oydan beri bir joyda qantarilgan holda yotgan mollarim tentarog‘ladi. Shataloq otib chopdi. Bug‘doyzorlarni oyoq osti qilib chopdi. Buni ko‘rgan fermerlar bo‘kirib-bo‘kirib so‘kdi. Baqirib-baqirib so‘kdi. Men mollarimni ipidan tutib yetaklaydigan bo‘ldim. Mollarim bahorning barra maysalariga og‘iz urishdi. Mollarim bahorning barra maysalarini tishlari yam-yashil bo‘lib chaynashdi. Mollarim bahorning barra maysalarini og‘izlari ko‘pirib-ko‘pirib yeyishdi. Ana keyin mollarim ichketti bo‘ldi. Nimaga bunday bo‘ldi? Sababi, maysalar hali tar. Sababi, maysalar barra bo‘ladi. Sababi, maysalar hali xom bo‘ladi. Mollarimning ichketti bo‘lgani bir tarafdan yaxshi bo‘ldi. Sababi, mollarimning ichi yuvildi. Mollarimning ichi tozalandi.
Kattam (bizda ota-onaning onasini shunday atashadi) mollarni toqqa berib yuborish kerakligini aytib qoldilar. Har yili shunday bo‘ladi. Bahor kelgach mollarni chigalini yozish uchun bir-ikki kun dalaga haydayman. Keyin cho‘ponlarga berib yuboramiz. Akbar otli cho‘pon do‘stim bor. Juda ko‘ngli ochiq, ichida ko‘miri yo‘q bola. Bo‘yi mendan biroz past, lekin yoshi katta. Bo‘yi pastligi onasidan meros bo‘lsa kerak. Chunki onasining ham bo‘yi… Umuman aytganda, zo‘r bola. Kattamning niyatlarini unga bildirish uchun kechqurun uyiga bordim. Sababi, u tog‘da cho‘ponlik qilar, o‘tgan yili ham mollarimizni o‘zi boqib bergandi. Sizga aytsam cho‘ponning tanish bo‘lgani ham durust. Mollaringga yaxshi qaraydi. Bolalasa sutini oxirgi tomchisigacha sog‘ib olmasdan bolasiga emizdiradi… Xullas yaxshida-ye. Shunday qilib uyiga bordim. Uning uyi o‘zimning uyimday bo‘lib qolganligi uchun darvozasini taqillatmasdan ichkariladim. Akbar qo‘ylarini qo‘raga qamayotgan ekan.
— Akbarjon, qandaysiz? -dedim xushomadgo‘ylik qilib. U esa kulib, bosh irg‘ab qo‘ydi. Ya’ni salomimga alik oldi. Unisi-bunisini bilmadim-u, shu bolani kulgusiga besh ketaman-da. E, kulganida haligi hind aktyorlariga o‘xshab ketadi.
— Qo‘ydan buncha kech qaytibsan, -dedim yoniga yaqinlashib. Akbar qo‘ra eshigini berkitdi-da men bilan quchoqlashib ko‘rishdi. Kiyimlariga o‘tirib qolgan qo‘y isi dimog‘imga urdi. Lekin men o‘qchimadim. Teskari qaramadim. O‘zimni olib qochmadim. Balki uni qattiqroq bag‘rimga bosdim. Chunki u mening do‘stim. Mening yelkadoshim.
— Ha, endi shunday bo‘p qoldi jo‘ra, -dedi meni quchog‘idan bo‘shatib. So‘ng suv to‘ldirilgan zang bosgan bochka yoniga borib yechindi. Yordamim kerakligini fahmlab yoniga bordim. – Suv quyib turaymi, — deb so‘radim.
— Juda yaxshi bo‘lardi-da, -dedi. — Ana cho‘mich, so‘riga ilingan turibdi. Cho‘michni oldim. Akbar oyoqlari orasini kengroq ochib gavdasi bilan oldinga engashdi. Men yelkasidan suv quya boshladim. U yelka, bo‘yin, ko‘krak, qo‘llarini bir ishqalab chiqdi. Keyin qo‘lini ko‘tarib “shoshmay tur” degan ishorani qildi-da, bochka yonidan qog‘ozga o‘ralgan atir sovunni olib yuz, bo‘yin, ko‘krak, qo‘llariga surtdi. Qo‘li yetmagan joylariga o‘zim surtib qo‘ydim. Keyin yana qo‘lini qimirlatdi. Bu harakat “suv quyishni boshla” degani bo‘ldi. Men buyruqni bajardim. Yuvinib bo‘lgach meni ichkariga taklif qildi. Rad etgandim, oyoq tirab turib oldi. Aytdim-ku bag‘ri keng bola deb. Bir tarafdan ko‘chada turib gaplashgandan ichkari ma’qulda. Nailoj ichkariladim. Oldimga dasturxon yozdi. Onasi manti qilgan ekan, bir tovoq qilib ko‘tarib keldi. Qatiqqa botirib, yog‘ini oqirib yeb oldik. Biram onasining qo‘li shirin. Ayniqsa, mantini maromiga yetkazib pishiradi. Qorin to‘ygach, Akbar ma’noli qarab gap boshladi.
— Nima ish bilan kelding o‘zi?
— Mollarni toqqa bermoqchiydik. Bu yil ham o‘zing boqsang degandim. Shunga nima deysan-a?
Akbar biroz o‘ylanib qoldi-da gap qotdi.
— Mayli, boqishga boqamanku-ya, ammo toqqacha mollarni haydab borish uchun menga sherik yo‘q, -dedi. — Bir o‘zim qiynalib qolishim turgan gap.
— Bosh cho‘pon Bahodir aka-chi, u bormaydimi?
— U allaqachon toqqa chiqib ketgan.
O‘rtaga jimlik bosh suqdi. Men derazadan tashqariga qaradim. Atrof zimiston, faqatgina Nuriddin asalchining uyi yonidagi simyog‘ochga o‘rnatilgan chiroq yonib o‘zidan uch-to‘rt hovli narigacha bo‘lgan masofani yoritib turardi. Osmonda yulduzlar, oy esa go‘yo chizib qo‘yilganday muallaq qotib turar, har-har zamonda yuzini to‘smoqchi bo‘lib bulutlar kelar, ammo maqsadlariga yetolmasdan o‘tib ketishardi. Uzoq-uzoqlardan kuchuklarning uzuq-yuluq hurishlari eshitilar, bunga javoban ko‘chamiz posbonlari bor ovozda akillashardi.
— Sen sherik bo‘lib borsangchi,-deb qoldi to‘satdan Akbar. Nima de-yishimni bilmay qoldim. Umrida bir marta bo‘lsa-da toqqa bormagan bola bo‘lsam. To‘g‘ri borganman. Ha, endi mol haydab emas-da, dam olishga, sayohatga deganlariday… -rosa maza qilasan. Toza havodan nafas olib, yam-yashil o‘tloqlarda yonboshlab, ko‘m-ko‘k osmonni yaqindan tomosha qilib rohatlanasan. E, chimildiqqa kirgan kuyovday yayraysan do‘stim. Mana meni aytdi deysan. O‘lay agar aldasam. Hammasidan ham zo‘ri — bo‘rini ko‘rasan. Agar uchrab qolsa ayiqni ham. Umid qilamanki, uchramaydi. O‘ziyam yom-m-on ayyor bo‘ladi-da bu ayiq deganlari. E, xuddi odamga o‘xshab ikki oyog‘ida yurib, hushtak chalib qo‘ylarga yaqinlashadi. Keyin ikkita semiz qo‘yni ikki qo‘ltig‘iga qistirib ko‘tarib ketadi. Xoli joyga olib borib, yeganicha yeydi-da qolganini tirnoqlari bilan burdalab salqinroq joydan o‘ra qazib, o‘sha yerga joylaydi. Ustiga tog‘ archalarining shoxlarini olib kelib bosadi. Bir necha kundan keyin kelib yeydi. Odamlar tandir qilishni shu ayiqdan o‘rganishgan bo‘lishsa kerak.
— Yo‘-g‘ye?
— Ishonish qiyin-a? Menam boshida ishonmagandim. O‘z ko‘zlarim bilan ko‘rganimdan keyin butkul amin bo‘ldim. Ayiq go‘shtni achitib, ya’ni dudlab yeyishni xush ko‘rarkan, degan qarorga keldim shundan keyin.
Aslida-ku borish niyatim yo‘q edi. Ammo bunaqangi qiziqarli, o‘ziga magnitday tortuvchi hikoyani eshitgan har qanday kishida bir marta bo‘lsada eshitgan narsalarini ko‘rishga bo‘lgan ishtiyoq uyg‘onadi. So‘zlovchi tasvirlab bergan manzarani o‘z ko‘zlaring bilan ko‘rging kelaveradi. Menda ham ana shunday bo‘ldi.
— Borganim bo‘lsin jo‘rajon, — deganimni bilmay qoldim quvonganimdan, -qachon yo‘lga chiqamiz?
— O‘zim aytaman, –dedi Akbar menga kulimsirab qarab.
— Bo‘lmasa men ketdim jo‘ra, -dedim. Negadir u har galgiday o‘tiribsan-da, keyinroq borasan demadi. Qo‘llarini duoga ochdi. Dasturxonga duo o‘qib qo‘zg‘aldik. Ko‘chaga chiqdim. Ortimdan mezbon sifatida, hurmat yuzasidan u ham chiqdi. Akbar bilan xayrlashib, bir-ikki qadam qo‘ygandim hamki, eng muhim gapni so‘rash yodimdan ko‘tarilganligini angladim. Birdan ortimga burildimda, hali uyiga kirishga ulgurmagan do‘stimga gap qotdim.
— Haligi, xo‘sh, a bu… -tilim kalovlanib qoldi. Negaki gap pul haqida ketayotgan edi-da. Akbar do‘stim bo‘lsa. Unga bu gapni aytish qandaydir noqulay edi menga. — Hm, mollarni puli, ya’ni oyiga qanchadan bo‘ladi bu yil? O‘tgan yilgidan oshibdi deb eshitdim.
U o‘ylab ham o‘tirmasdan: — O‘tgan yilgi narxda to‘layverasan, -dedi. Aniq javobini eshitgach, u bilan takror xayrlashib yo‘limda davom etdim. Uyga borib hamma gapni kattamga aytib berdim. “Umridan baraka topsin”, deb duo qildi kattam Akbarni. Bir necha kundan keyin u kelib tayyorgarlik ko‘rishimni, shu bugun kechasi mollarni toqqa haydashimizni aytdi. Mollarni kech tushmasdan uyga olib keldim.
— Sariq tana qanday? — so‘radi tog‘am og‘ilxonadan mollarni haydab chiqayotganida. — Sal-pal jonlandimi?
Tog‘amning bunday deyishlariga sabab bechora qishda juda qiynaldi. Ayniqsa, yemish tugab qolgan paytda etidan ayrilib, qoq suyak bo‘lib qoldi. Keyin qo‘shni qishloqdan somon olib keldik. Bechora mollarim somon yeyishdi. Qo‘shnilarning mollari yem yeyishdi. Qo‘shnilarni mollari quritilgan yemish yeyishdi. Mening sho‘rlik mollarim somon yeyishdi. Bu somonda hech narsa yo‘q. Ichi teshik cho‘p. Uni yedi nimayu, yemadi nima? Zig‘irchalik molga foydasi yo‘q. Xuddi go‘dakka so‘rg‘ich berganday, oshqozonni aldab turadi, xolos. Xullas, bahorga chiqishimizga ikki-uch kun qolganida sariq tanam ko‘taram bo‘lib qoldi. O‘rnidan turolmay qaltirab qoldi. Na suv ichadi, na somon yeydi. Bir balo bo‘lib qolmasin deb, qishlog‘imiz moldo‘xtiri Mansur tog‘ani chaqirib keldim. Do‘xtir o‘z oti o‘zi bilan do‘xtir-da. Qatorasiga uch kun osma quydi. Ana shundan keyin bechora oyoqqa turdi.
— Ha, yaxshi-yu faqat ichi ketyapti-da.
— Yangi, xom o‘tlarni yegandan ke-yin ichi ketadi-da jiyan.
— Nima bo‘lganida ham toqqacha sog‘-omon yetib borsa bo‘lgani, -dedim. Tog‘am boshini irg‘ab-irg‘ab ko‘chaga chiqib ketdilar.
Qayerga ketayotganlarini so‘rab o‘tirmadim. Chunki bilardim. Har kuni quyosh ko‘zdan g‘oyib bo‘lgach, tog‘am ko‘chamiz boshidagi do‘konda ulfatlari bilan bir yoki ikki shishani bo‘shatib qaytadilar. Hech kimga bildirmasdan xonalariga kirib ketadilar. Men buni bilsamda bobomga aytmayman. Bir marta katta yo‘lning bo‘yidagi archazorda ulfatlari bilan haligini ichib o‘tirganlarida ketmondasta bilan urgandilar. To‘xtang, yo‘q. Adashdim. Ha, esladim, ertalab turmaganlari uchun, peshingacha uxlaganlari uchun urgandilar. Men yana urishlarini istamaganim uchun ham aytmayman. Tog‘amni yaxshi ko‘raman, hayiqaman ham. Endi menga qarang, gavdasi salkam ayiqday keladigan, doim qonxo‘r bo‘riniki singari ko‘zlari qizarib yuruvchi, yuzini soqol qoplagan, serjahl, tog‘ni ursa titib yuboradigan odamdan qo‘rqmay bo‘ladimi-a? O‘tgan yili mollarni bedapoyaga haydab qo‘yib o‘zim karta o‘ynab chalg‘ib qolibman. Qora sigirimiz damlab qolibdi deng. Ey, xudoga shukurki tog‘am kelib qolib haydab chiqqandilar. Bo‘lmasa sigirimiz yorilib o‘lardi. O‘shanda tut xivichi bilan rosa dodlatib savalagandilar o‘ziyam. Voy-voy-ye… eslasam etlarim jimirlab ketadi hozirgacha. Lekin kechqurun oldimga kelib yig‘lagandilar, “Urgan qo‘llarim sinsin”, deb. Bu gaplarni menga onam ham aytmagan. Qani ayting-chi, shunday tog‘ani yaxshi ko‘rmay bo‘ladimi?
Kech soat o‘n birlarda Akbar keldi. Kattam balo-qazolardan asraydi deb qo‘ynimga non soldilar. To‘nimni kiyib, belimni bog‘ladim. Oyog‘imga rezin etigimni kiydim. Mollarimni shoxlaridan arqonlarini yechib olib, og‘ilxona shiftiga osib qo‘ydim-da, o‘zlarini tashqariga haydab chiqib, Akbarning mol-qo‘ylariga qo‘shdim. Biz qishloqdan chiqib, menga butunlay notanish bo‘lgan yo‘l bo‘ylab keta boshladik. Taxminan ikki soatlar yurganimizdan keyin Akbar:
— Bu yerning otini Qora Mergan deyishadi, -dedi yo‘lning ikki tomonida qomatini tik tutib, barglarini shovullatib, xurrak otib uxlab yotgan odamga o‘xshash daraxtlarga qarab. Men ham ularga qaradim. Oy xuddi shu teraklarning boshlariga o‘tirib olganday ko‘rinardi menga. — Xalqi cho‘pon. Hushyor bo‘l, kuchuklari yomon. Hammasi bo‘ribosar. Yana orqangdan uzib olmasin.
Akbarning gapidan keyin orqa-oldimga qarab yura boshladim. Tabiat shularni bir boplay dedimi, yonginamda bir narsa “shitir” etdi deng. Yuragim uloqqa kirgan otning yuragiday gupurlab ketdi. Men-ku men, haligi sariq tanam ham yo‘lbarsni ko‘rgan kiyikday yugurib podadan ajrab ketdi.
— Nimaga qaraysan, garang, — dedi Akbar hovliqib, — bor qaytarib kel, yo‘qolib qolsa nima qilasan?
Qo‘rquvdan jo‘ramning gaplari ustun kelib, tanamning ortidan yugurib ketdim. Ko‘chaning o‘ng tomonidagi ariqdan sakrab o‘tib, yo‘ldoshimdan ancha uzoqlashib ketdim. Yolg‘iz qolganimni sezgach yugurishdan to‘xtab, sekin-asta, qo‘rqa-pisa yura boshladim. Qani endi tana ko‘rinsa. Bir mahal goh baland, goh past kichkina-kichkina tepalikchalar uzra harakatlanayotganimni sezib qoldim. Kallamga kelgan birinchi narsa, oyog‘im ostidagi joy qabriston degan fikr bo‘ldi. O‘lay agar shu fikrdan yomon qo‘rqib ketdim. Oyog‘imdan peshonamgacha muzlab qoldim. Ichimda bobomdan o‘rgangan kalimalarni qaytara boshladim. Nima qilib bo‘lmasin, o‘zimni o‘zim, yurgan yerim qabriston, bosib o‘tayotganlarim qabrlar emasligiga ishontirishga harakat qila boshladim. Birodarlar, men o‘sha paytda bir narsaga amin bo‘ldim: odamzod xudoni qo‘rqqanida chin dildan yodga olar ekan… Qo‘rquv iskanjasida yurar ekanman, nimagadir urilib to‘xtadim. Qo‘lim bilan paypaslab ko‘rdim — tosh. Egili-ib qaradim. Shu payt bulutlar orasidan oy chiqib keldi. Uning nuri tegib, yoritib turgan toshda shop mo‘ylovli erkakning suvrati turardi. Bu… bu qabr toshi edi. Shundan keyin, qanday qilib, qay yo‘sinda, qanaqa tezlikda Akbarning oldiga borib qolganimni o‘zim ham bilmayman.
— Nima bo‘ldi? -dedi u quti uchib, oqarib ketgan yuzimga yaqinroq kelib qarab. — Bo‘ri ko‘rdingmi, nima balo? Tanang qani?
— He, onasini… … o‘sha tanani …, — dedim qo‘rquv aralash vajohat bilan. — Yo‘qolib ketmaydimi? Ammo qabristonga kirib qolganimni aytmadim. Ustimdan kulishini istamadim uni. To‘g‘ri qilganmanmi aytmay?.. Ha, rahmat. Otangizga balli. Aytganimda “o‘la, jigit bo‘lmay, yurakdanam bor ekan-da” deb masxaralashi aniq edi. Sizga aytsam bunday voqea menda birinchi bo‘lishi emas. O‘tgan yili “Laylat-ul qadr” kechasida, bobomga qo‘shilib qishloq masjidiga bordim. Tunni masjid ahli, jamoa bilan birga bedor o‘tkazish maqsadida. To‘g‘rirog‘i, qiziquvchanligim sabab. Aytishlaricha, ana shu kechada osmondan bir qush uchib o‘tarmish. Kimki uni ko‘rib qolsa-yu niyatini aytsa, amalga osharmish. Siz shunga ishonasizmi? Men ishonaman. Xullas, o‘sha kecha masjidga bordim. Masjid ichida qabriston joylashgan. Ya’ni, qanday desam, ha, tasavvur qiling, bir hovlida… yo‘q, yo‘q. Bir tomorqaning yarmiga bodring, yarmiga pomidor ekilgan. Tasavvur qildingizmi? Shunga o‘xshab, bir joyda ham masjid, ham qabriston joylashgan.
Masjid hovlisida oshpaz ikkita doshqozonda sho‘rva osgan. Odamlarning bir qismi qorovul hujrasida qizg‘in gurung qilishayapti. Qolganlari ibodat, kitob o‘qish bilan band. Mening esa uyqum kelayapti. Noiloj ko‘zlarimni arang ochib oshpazning yonida o‘tiribman. Har-har zamonda uyqusirab, ko‘zim ilinib yonboshga qarab egilib-egilib ketaman. Uyqu deganlarining yom-m-on shirin bo‘lishini o‘sha kuni bildim. Ahvolimni ko‘rib turgan oshpaz bobo:
— Borib tahoratingni yangilab kel,-dedilar, -uyqung qochadi.
Issiq suv bilan to‘lg‘azilgan oftobani ko‘tarib tahoratxona tomon jo‘nadim. Tahoratxonaga boradigan yo‘l qabristonga ham olib boradi. Ya’ni o‘sha yo‘ldan biroz yurib chapga burilsangiz tahoratxona, o‘ngga burilsangiz esa qabriston chiqadi qarshingizdan. Mengina o‘lay, oftobani quchoqlab, ko‘zimni yumib, uyqu ta’sirida qabristonga kirib ketibman. Bir mahal ko‘zlarimni ochsam, mozor o‘rtasida turibman. Ertasi kuni labimdan do‘ppayib uchuq chiqqan. Kattam qo‘yarda-qo‘ymay qozonning qorakuyasini ichirganlar. Sariq kasal bo‘lib qolmasin deb. O‘qitib ham kelishgan. Vasvas bo‘lib qolmasin deb.
— Bor, yana axtarib kel, — dedi yelkamga musht urib Akbar. — Kuchuk yo pishakmidiki tashlab ketaversak. Axir mol-ku. Yo‘qolsa nima qilasan?
— Topilmasa-topilmas, o‘zim javobini beraman uydagilarga, — dedim o‘zimni biroz bosib olib. — Haydayveramiz mollarni.
— O‘zing bilasan, -dedi u va mollarni hayday boshladi. — Mol seniki.
Ozroq yurganimizdan keyin topildi ukkag‘ardi moli. Bizdan ancha uzoqlashib ketib, yo‘l bo‘yida o‘tlab turgan ekan. Xursandligimdan Akbarning boshiga urib yuboribman. Sal qoldi quturgan itlarga o‘xshab bir-birimizga tarmashib, urishib ketishimizga. Mabodo urishganimizda ham u yutgan bo‘lardi. Chunki u tog‘da o‘sgan, epchil, chayir bola. Men esa… ha mayli, ishqilib Akbar g‘olib bo‘lardi-da.
Biror marta bo‘lsa-da, tong otishini kuzatganmisiz? Men o‘sha kuni kuzatdim. Avval osmonning qora choponiga tirmashib olgan yaltiroq qo‘ng‘izlarga o‘xshash yulduzlar birin-ketin uchib, o‘chib ketarkan. Oyning aksi xiralashib, ko‘z ilg‘amas bo‘lib qolarkan. Keyin osmon qora choponini sekin yechib, tog‘lar ortiga otib yuborarkan. Shunda, shunda sharqiy tog‘lar ortidan butun yer yuzining sarboni — quyosh sekin-asta ko‘tariladi. Uning badanidan sochilib turgan nur yerga, maysalarga, daraxtlarga… kelib qadaladi. Zamin uyqusirab ko‘z ochadi. Gullar bosh ko‘taradi, maysalar bosh ko‘taradi. Maysalar yuzidagi shudring nur ta’sirida tovlanadi, jilovlanadi. Oxiri bug‘lanib uchib ketadi. Ana shunday tong chog‘ida ko‘ylagingni tugmalarini yechib, ko‘kragingni quyoshga tutsang, quyoshning ilk nurlari kelib ko‘kragingga urilsa, tanang biram yayrar ekan, biram yayrar ekan, xuddi qishning izg‘irinida tashqaridan yugurib kelib, cho‘g‘i lovullab turgan o‘zbeklarning mo‘jizasi bo‘lmish sandalga oyog‘ingni tiqqaningda tuyadigan rohatni his etarkansiz. Behazil. Ishonmasangiz ana, ertagayoq aytganimni qilib ko‘ring. Bu rohatni tuyishingiz uchun tog‘da bo‘lishingiz shart emas. Uyingizning tomiga chiqib ham yayrayvering.
Quyosh nayza bo‘yi ko‘tarilganda biz kon yo‘liga yetib bordik. Bu yo‘lning kon yo‘li deb atalishiga sabab, aynan shu yo‘l bo‘yida marmar koni joylashgan. Yo‘lning ikkala tomoni tokzor ekan. Mollarni bir amallab tokzor yonidan haydab o‘tib (mollar tokzorni payxon qilishi ham mumkin edi-da) tog‘ etagiga chiqib oldik. Shunda Akbar menga uyqusizlikdan qizarib ketgan, yumilay-yumilay deb turgan ko‘zlarini tikib:
— Oz qoldi, ana u qirdan o‘tsak bo‘ldi. Qo‘tonga yetamiz, -dedi. Kayfiyatim ko‘tarilib, mollarni tezroq hayday boshladim. Juda charchagandim, qornim ochgandi, buning ustiga uyqum kelayotgandi. Miyamdan, qo‘tonga yetib borsak: ochlik, charchoq va uyqu balosidan butkul qutulaman degan o‘y o‘tdi. Qadamimni tezlatganimni ko‘rib, Akbar ham tezlashdi. Uning ko‘zlaridan ham xuddi men istayotgan narsalarni xohlayotganligi shundoq ko‘rinib turardi.
Bir ahvolda qo‘tonga yetib bordik. U yerda bir ayoldan boshqa hech kimsa yo‘q ekan. Bechora ayolni ko‘rib unga achinib ketdim. Yuzlari, lablari, qo‘llari yorilib ketgan, sochlari to‘zg‘igan, qovoqlari osilib, qomati bukilib qolgan edi boyaqishning. Buning ustiga egniga kiyib olgan janda kiyimi uni battarroq g‘arib ko‘rsatardi.
— Nodir bilan dadasi podani chashmaga haydab ketishgan aylanay,- dedi o‘sha ayol bizni ko‘rganidan ajablanmay, — bu yerdan uncha uzoq emas. Yarim soatlik yo‘l.
Mening hafsalam pir bo‘ldi. Orzularim puch bo‘ldi. Akbar mollarni hayday boshladi.
— Chashma qaysi tarafdaligini so‘ramadik-ku?, — uning yelkasiga turtdim, — qanday topib boramiz? Yo borib so‘rab kelaymi?
— Necha yillardan beri shu tog‘larda cho‘ponlik qilaman. O‘lgan ekanman endi chashma qayerdaligini bilmasam.
Unga ergashib yo‘lga tushdim. Ayolning aytgani rost chiqib, yarim soatda chashmaga yetib bordik. Cho‘ponlar pastda podani sug‘orishayotgan ekanlar. Akbar mollarni haydab, menga kutib turishimni aytib, o‘zi cho‘ponlar oldiga enib ketdi. Mollarni podaga qo‘shib, ular bilan nimalarnidir gaplashdi-da keyin meni qo‘li bilan imlab yoniga chaqirdi. Borib ota-bola cho‘ponlar bilan qo‘l berib ko‘rishdim. Ota cho‘ponning oti Rajab ekan. Xuddi Stalinnikiga o‘xshash mo‘ylovli, (rasmini ko‘rganman Stalinni) ikki yuzi tandirdan endi uzilgan bo‘rsildoq nonni eslatuvchi qovoqdor odam ekan u. O‘g‘li esa teskarisi: na qovog‘i bor, na mo‘ylovi, na yuzlari to‘lishgan novcha bo‘yli nimjongina yigit.
— Men qo‘tonga qaytdim, — dedi bosh cho‘pon eshagiga mingashib. — Podaga ko‘z-quloq bo‘linglar, jarga enib ketmasin.
— Nimaga endi biz boqishimiz kerak? — dedim Akbarning o‘ziga eshittirib. — Pulini oladimi, boqsin-da.
— U emas, men boqaman mollaringni. Bizni podamiz yuqorilab ketibdi. Hozir yo‘lga chiqqanimiz bilan yetib borolmaymiz. Shuning uchun mollarimizni bir kun podalariga qo‘shib turishni so‘radim. Rozi bo‘lishdi, -dedi. — Ertaga mollarni podaga haydab borib, qo‘shib, uyga qaytamiz.
Kechga yaqin podani to‘plab qo‘tonga qaytdik. Qo‘l-betimizni yuvib, ichkariladik. Haligi ayol (Rajab mo‘ylovning xotini ekan, men ham keyin bildim. To‘g‘rirog‘i, Akbardan eshitdim) oldimizga dasturxon yozdi, o‘rtaga bir juft qotirma non qo‘ydi. Bu non nimaga qotirma deyiladi? Sababi bu non boshqa nonlarga o‘xshab tandirda yopilmaydi. Bu non qizib turgan qozonga yog‘ surtib aylantirib-aylantirib pishirib olinadi. O‘ngarib-chapparib pishirib olinadi. Shu boisdan bu non juda shirin bo‘ladi. Lekin andek qattiq va chayir bo‘ladikim, chaynab yutguningcha jag‘ing og‘rib qoladi. Ana shu ko‘p chaynalganligi uchun ham shirin bo‘ladi.
Keyin har birimizga makaronli ovqat keldi. Shirin bo‘lgan ekanmi yo ochligim tufaylimi, mazza qilib, Chiyalining yaxnasini yeganday rohat bilan, ishtaha bilan yeb oldim. Yotish uchun qo‘tonning orqasidagi do‘lananing tagiga joy solib berishdi. Aldab nima qildim, tagimizga to‘shash uchun eshakning xurjunini berishdi. Shunisiga ham shukur deb, ustimizga to‘nlarimizni yopib cho‘zildik. Do‘lana shoxlarining orasidan milt-milt yonib turgan yulduzlarga qarab, qishlog‘im, onam, kattam, buvam, tog‘alarim, jo‘ralarim yodimga tushib ketishdi. Birdan bo‘g‘zim achishib, o‘pkam to‘lib yig‘lab yubordim.
— Nimaga yig‘laysan? — Akbar tirsagiga tayanib menga qaradi. — Nima bo‘ldi?
— Uyimni, onamni… … sog‘indim. — Shu gapni aytdimu o‘z-o‘zimdan uyalib ketdim. O‘zingiz o‘ylab ko‘ring. Mana bu yonimda yotgan bola oylab uyidan, oila a’zolaridan uzoqda yuradi. Biror marta bo‘lsa-da yig‘laganini ko‘rmaganman. Noliganini ham ko‘rganim yo‘q. Men bo‘lsam atigi bir kun uyimdan uzoqlashganimga, uydagilarimni ko‘rmaganimga yig‘lab o‘tiribman bog‘cha bolasiga o‘xshab. Shunday bo‘lganidan keyin men uyalmay kim uyalsin? O‘l-a, bu kuningdan. Yigit bo‘lmay o‘l-a. Erta bir kun armiyaga borsang, nima qilasan? Sharmanda. Uyat…
Qishloqda tong azonlab bobom yuzimga suv quyib uyg‘otardilar, bu yerda anavi turqi sovuq Rajab mo‘ylov cho‘pon tayog‘i bilan turtkilab uyg‘otdi. O‘zi peshonamga miriqib, chet el janoblariga o‘xshab, quyoshning nurlari yuzimga tushib uyg‘otmagunicha uxlash yozilmagan ekan-da. Qachon qarama uyqungni harom qilishadi. “Erta tursang ishing unumli bo‘ladi” emish. Go‘ri unumli bo‘ladi. Kuni bo‘yi ko‘zing qizarib, lanj bo‘lib yurasan. Lekin turishga majburmiz. Bu yerda erkaliklar o‘tmaydi. Bobom bo‘lganlarida boshqa gap edi. Mana, mana turayapman-ku, uff…
Rajab mo‘ylovning buyrug‘iga asosan sut beradigan sigirlarni xotinining oldiga buzoqchalari bilan galma-gal yetaklab keldik. Xotini esa buzoqchalarning og‘izlarini onalarining yelinlariga birma-bir tegizib chiqar, keyin qantarib qo‘yar va sutni oxirgi tomchisigacha sog‘ib olardi. Bechora buzoqchalar esa qantarilgan joylaridan og‘izlari ko‘pirib, onalarining yelinlari tomon talpingancha unsiz yig‘lashardi. Odamzod qanchalar razil-a? Birovning, ayniqsa, go‘dakning rizqini yeyish gunoh-ku, axir. Qishlog‘imizda Shodi bobo degan taqvodor odam bor. U kishi shunchalar taqvodorki, hattoki buzoqning haqqi deb sutni ichmaydi. U kishiga havas qilaman. Ammo qilgan ishlarini qilolmayman. Chunki sutni yaxshi ko‘raman-da.
— Podani yaylovga haydab boringlar. — Xotini sigirlarni sog‘ib bo‘lgach, yangi farmon chiqardi Rajab mo‘ylov. — Men borganimdan keyin kelib ovqatlanib ketasizlar.
Uch kishi, men, Akbar, farmonbardorning o‘g‘li podani yaylov tomon haydab ketdik. Shu mollarda aql-farosat degan narsa bo‘lmaydi-da. Qishi bilan og‘ilxonada masiqib ketgan ho‘kizchalar, g‘unajinlarni ko‘rib, tangliklarni yo‘qotdi. Ha, aytgancha, aql, ong faqatgina odamzodga berilgan-ku.
Mollarni yaylovga yoyib, yarim tanasi yer ostida, qolgan qismi yer ustida do‘mpayib turgan bir xarsang tosh ustiga cho‘kdik.
— Cho‘ponlar ja-a qo‘li ochiq bo‘lishadi, mehmon bo‘lib borsang oyog‘ing ostiga qo‘y so‘yishadi deganding, — deya gap boshladim, — a, bu cho‘poning qo‘y uyog‘da tursin, tovuq ham so‘ymadi-ku.
— Birinchidan, sen bilan men emas, biror baobro‘ kishilar kelishganda so‘yishadi. Ikkinchidan, biz taniqli bo‘lganimizda ham bu odam sarka-da so‘ymasdi. Cho‘ponlar ichida eng ziqna odam shu — Rajab mo‘ylov bo‘ladi. Begonalar uchun bir chaqa-da sarflamaydigan odam bu.
Shu payt Akbar aytayotgan “ziqnaning” o‘g‘li kelib qoldi. Biz suhbat yo‘nalishini birdan boshqa tarafga burib yubordik.
— Shu kunlarda tog‘dan pastlaydigan birorta cho‘pon yo‘qmi? — dedi Akbar “ziqnaning” o‘g‘liga, — jo‘ramni qo‘shib yubormoqchiydim.
— Bunisidan xabarim yo‘q-ku-ya, lekin uch kundan keyin singlim keladi. Shu singlimga qo‘shilib, qaytib ketsa bo‘ladi. Nima yo‘lni bilmaydimi? Birinchi kelishimi?
— Ha.
— Nodir cho‘ponning to‘ng‘ichini kurashda oyog‘ini osmondan qilib ko‘tarib urgan qizmi?
— Ha, o‘sha qiz. Aslida u yigit bo‘lishi kerak edi.
— Adashmasam, sen ham kurashchisan-a, jo‘ra?, — Akbar so‘rab qoldi mendan.
— Ha.
— Shu akamizning singillari bilan kuch sinashasanmi?
— Ey, nima deyapsan? Qiz bola bilan-a?, — ajablandim bepisandlik bilan. — Umrimda qiz bola bilan kurashmagan bo‘lsam.
— Uka, — deb yelkamga qo‘lini qo‘ydi cho‘pon, — aytdim-ku, singlim aslida o‘g‘il bola bo‘lishi kerak edi deb. Agar uni yiqitsang, bitta qo‘chqor mendan.
— Bizning jo‘rayam anoyilardan emas. Yana qo‘chqoringizdan ayrilib qolmang.
Akbarning gaplari jonimga oro kirdi. Uncha-muncha yigitlar yerga tegizolmagan kuragimni kelib-kelib qiz bola tegizadimi? Yo‘g‘-ye.
— Xo‘sh-sh, nima deysan?, — dedi cho‘pon, — rozimisan?
Jon ketsa ketsin, obro‘ ketmasin deganlariday rozi bo‘ldim. Akbar kurashni tomosha qilish uchun qoladigan bo‘ldi. Bu orada Rajab mo‘ylov eshagini lo‘killatib yetib keldi. Biz ovqatlanish uchun qo‘tonga qaytdik. Rajab mo‘ylovning xotini qozonda biq-biq qaynab yotmish sutdan kosalarni to‘ldirib-to‘ldirib suzib berdi. Qotirmani to‘g‘rab ichib oldik. Sutning qaymog‘i shundaygina kosa yuzasida kilkib turibdi. Mmmm, mazza. Lekin sutchoy qilish borasida hech kim kattamning oldilariga tusholmaydi. U kishining saryog‘, tuz, quruq choy barglari qo‘shib, pishirilgan sutchoylarini ichmabsiz, bu dunyoga kelmabsiz. Xullas bir aylanib. biz tomonlarga kelsangiz, o‘zim sutchoy bilan mehmon qilaman. Gap bitta.
Hammasidan ham Rajab mo‘ylovning kuchuklariga besh ketdim. E, har biri sal kam eshakday-eshakday keladi. Ayiqning bolasi deb o‘ylaydi odam. Boshida qo‘rqdim. Bora-bora bir-birimizga o‘rganib qoldik. Bu cho‘ponlar kuchuk bolasini bir yoshga to‘lgunicha maxsus qazilgan chuqurchada boqisharkan. Hammasini emas, ba’zi birlarini. Sababi qo‘rquv nima bilmasligi uchun. Kuchuklarda bir yoshga qadar qo‘rquv tuyg‘usi bo‘larkan. Ana shu davrda ular bo‘rini ko‘rishsa, abadiy qo‘rqoq bo‘lib qolisharkan. Shu boisdan chuqurchalarda katta qilisharkan kuchukchalarni. Akbar bilan o‘sha chuqurchadagi kuchukchalardan ikkitasini urishtirdik. Ishonasizmi, ikkovida qaytmaydi. Bir-birining etidan tishlab olgan, qo‘yvormaydi. Oxiri qon oqa boshlaganidan keyin ajratishga majbur bo‘ldik. Bu kuchukvachchalar kelajakda bo‘ribosar uyog‘da tursin ayiqbosar bo‘lishi aniq.
Mollarni to‘plash qiyin bo‘ldi. Podadan juda kech qaytdik. Rajab mo‘ylov erinmay sanab chiqdi mollarni.
— Oltita kam, — dedi jahldor ovozda. Xuddi biz aybdorday. — Sanab to‘plasalaring o‘lasanlarmi? Borlaring, topib kellaring. Uchta ho‘kiz, ikkita sigir, bitta g‘unajin yo‘q.
Uning gapi — qonun. Noiloj boramiz, qidirib topamiz. Akbar qo‘limga gugurt tutqazdi.
— Qo‘ltig‘ingga tez alanga oladigan xashaklardan qistirib ol. Bo‘rimi yo boshqa hayvonlarning ovozini eshitsang yoqasan. Ular olovdan qo‘rqishadi.
— Birga bormaymizmi?
— Yo‘q. Uchalamiz uch tarafga ketamiz.
Menga chashmaning yoniga borib, mollar o‘sha yoqda bo‘lsa haydab kelish buyurildi. Nima bo‘lsa peshonamdan ko‘raman deb yo‘lga tushdim. Borgan sari qo‘ton ko‘zga ko‘rinmay, ancha uzoqda qolganligini sezgan yuragimni, qo‘rquv, vahima o‘z to‘ri bilan o‘ray boshladi. O‘zimni qo‘rquvdan xoli qilish uchun qo‘shiq aytishni boshladim. Qishloqda daladan yolg‘iz qaytgan kunlarimda qo‘rqsam qo‘shiq aytardim. Qo‘rquv yo‘qolardi.
Kerak emas, shahlo ko‘zlaring,
Kerak emas, sunbul sochlaring.
Qalbim uchun kifoya sening,
Shirin so‘zlaring…
ovo-o-ov-o-o…
Tag‘in ovozimdan ham hurka boshladim. Qo‘shiq aytishni to‘xtatdim. Axiri yetib keldim chashmaga. Chashma yonida tepalik bo‘lib, men o‘shaning tepasiga chiqib atrofga qaradim. Diqqat bilan qaradim. Sinchiklab qaradim. Mollarning qorasi-da ko‘rinmadi. Tag‘in yana qaradim, hech narsa yo‘q. Shunda ko‘zim bexosdan chashma bo‘yida o‘tirib, qorday oppoq sochlarini chashma suviga termulib tarayotgan qizga tushdi. U boshdan oyoq oppoq edi. O‘zidan oyga o‘xshab nur taratardi. Undan ko‘zlarimni uzolmay qoldim. Fikr-u xayolimni o‘g‘irlab oldi. Bir mahal boshini suvdan ko‘tarib qaradi. Uning ko‘zlari shunchalar go‘zal ediki, ko‘zlarimni ko‘zlaridan uzolmay qoldim. Girdob misoli domiga tortardi meni ko‘zlari. Oy nurida sochlari tovlanar, meni maftun etgan ko‘zlari esa yonardi. Ko‘ylagiga tiralib, choragi ko‘rinib turgan siynalari o‘ziga ohanraboday chorlardi. Keyin u meni qo‘li bilan imlab, yoniga chaqira boshladi. Men ushbu vaziyatda zarracha bo‘lsada qo‘rquv sezmasdim. Aksincha balog‘atga yetgan vujudimda shijoat ko‘pirib, meni uning yoniga borishimga undardi. So‘ng qandaydir bir yengib bo‘lmas kuch ta’sirida qiz tomonga harakatlana boshladim. Yoniga borib o‘tirdim. U sochlarimdan, yuzimdan siladi. Keyin… keyin o‘pdi. Shundan keyin nima bo‘lganligi menga qorong‘u. Ko‘zimni ochganimda o‘zimni eshakning ustida ko‘rdim. Oldimda Akbar o‘tirar, meni o‘ziga belimdan bog‘lab olgandi. Yiqilib ketmasligim uchundir-da.
— Qayerga ketayapmiz?-dedim hech narsaga tushunmay. — Mollar topildimi?
— Uyg‘ondingmi jo‘ra? Ha, topildi, topildi.
— Men chashmani yonidaydim-ku, qanday qilib bu yerga…
— Mollar topilgandan keyin xavotir olib ortingdan bordim. Qarasam chashmaning bo‘yida uxlab yotgan ekansan. Qancha uyg‘otdim turmading. Ko‘tarib olib keldim qo‘tonga.
— Qizchi? Qiz nima bo‘ldi?
— Nima?
— Qiz. Oppoq kiyimli qiz?
— Zo‘r tush ko‘ribsan shekilli-a? Bemalol uxlayver, Rajab mo‘ylovdan bir amallab eshagini oldim. Shu bolani uyiga tashlab kelayin, bechora qiynalib ketdi dedim. Mana charchaganidan dalada uxlab qolibdi dedim. Bo‘ri yeb ketsa nima bo‘lardi dedim. Falon mansabdorning nevarasi, biror korihol bo‘lsa boshingiz balodan chiqmaydi dedim. Chippa-chin ishondi.
— Kurash nima bo‘ladi? Kurash? Mollarga kim qaraydi, sen ham ketsang?
— Mollarga o‘zlari qarab turishadi. Men seni qo‘yib qaytib kelaman. Qiz bilan esa keyingi safar olishasan. Baribir yiqitolmasding uni. Juda baquvvat, chayir qiz. Undan ko‘ra uxla, boyagi tushingning davomini ko‘r. Keyin o‘sha oppoq kiyimli qiz bilan nima qilganlaringni menga aytib berasan.
Akbar qah-qah otib kuldi. Silkinib-silkinib kuldi. Tebranib-tebranib kuldi.
— Eyy…
Nahotki ko‘rganlarim tush bo‘lsa? Yo‘q. Bo‘lishi mumkin emas. Axir men u qizni yo‘q, u qiz mening sochlarimdan silab…
Men Akbarning kuraklariga chap yuzimni bosib, o‘ng yelkam osha orqamga qaradim. Yelkam uzra uzun soch tolasi shamolda bayroq misol hilpirab turardi. Eng qizig‘i bu soch tolasining ranggi oq edi…
2011 y. Shahrisabz
TURKMAN BOBO
(Gurunglar)
Qonga botgan mo‘yqalam
Yoshligimdan bobom, buvimning qo‘llarida ulg‘ayganim uchunmi qariyalarga mehrim bo‘lakcha. Ayniqsa, bobomga. Kechalari uyqum qochib qaysidir kitobni o‘qishga tutinganimda o‘zimcha o‘ylab qolaman, balki ota-onam bilan yashaganimda bunchalik mukammal tarbiya olmasmidim, menda yozuvchilikka bo‘lgan ishtiyoq, iste’dod uyg‘onmasmidi deb. Uni-buni qo‘yib turaylik, bilsangiz qariyalarning suhbati juda oromijon bo‘ladi-da. Menga ayting-chi, siz nima qilsangiz kayf qilasiz? Negadir rohatlanasiz degan so‘z shu yerda yopishmadi. Xo‘sh, nima qilsangiz kayf qilasiz? … Ha, shundaymi, men xoh ishoning, xoh ishonmang, bobom bilan qo‘shnimiz Raim boboning suhbatlarini tinglasam kayf qilaman. Ma’naviy ozuqa olaman. O‘tmishdan, eskilarning hayotidan xabardor bo‘laman.
Turkman bobo (bobom ikkimiz Raim boboni shunday ataymiz. Turkman millatidanligi uchun) biz turgan uyning yonboshidagi ikki qavatli uyning ikkinchi qavatida o‘ttiz yoshlardagi ayol bilan yashaydi. Oilasi Turkmanistonda, xotini har yili bir kelib ketardi, oxirgi ikki yildan beri “qorasi”ni ko‘rsatgani yo‘q. Farzandlari ham Turkmanistonda. O‘zi qanaqasiga O‘zbekistonga kelib qolganini bilmayman. So‘raganimda ham aytmagan. U bilan birga turuvchi ayol shunchaki qarovchi. Ya’niki, to olamdan ko‘z yumgunicha, boboning issiq-sovug‘idan xabardor bo‘lib turadi, keyin uy uning nomiga o‘tadi. Yashirmay aytaman, o‘sha ayol menga umuman yoqmaydi. Fe’li buzuq. Cholga baqirgani baqirgan. Chol ham ey, bore, deb haydab yuborolmaydi uni. Haydab yuborsa kim kuniga yaraydi? Xullas ana shu turkman bobo kuniga ikki-uch marta biznikiga bobom bilan gurunglashgani kelib turadi. Bugun ham eshik qoqib qoldi. Men to‘ng‘ich tog‘amning eski mashinasi o‘rindig‘idan yasalgan divanda Shukur Xolmirzayevning uchinchi tom saylanmasini berilib o‘qiyotgandim. Kitobning kep qolgan betining raqamini eslab qolib yopib divanga qo‘ydimda borib eshikni ochdim.
— “Mojno”, -dedi turkman bobo odatiy gapirish uslubiga ko‘ra. — Boboy uydami?
— Uyda, -dedim baland ovozda. Quloqlari og‘ir, qattiq gapirilmasa eshitmaydilar. — Kiring, joynamozdalar.
— Namoz o‘qiyaptimi?-ko‘zlarimga intiq tikildi bobo. Ha degandek bosh qimirlatdim. Peshonasiga tugma qadalgan kalishini yechib, xontaxta yonidan joy oldi bobo. Sakson oltini qoralab qo‘ygan esa-da hassadan hazar qiladi, yosh boladek chopqillab yuradi. Yuzida bir tola ham tuki yo‘q. Ammo ajinlar tomir yoygan butun badani bo‘ylab. Jussasi kichik, yurganda gavdasini oldinga chiqarib yuradi. Qishlog‘imizda Oya xola degan bir ayol bor. O‘sh ayol shunday yuradi. Keling, chalg‘imasdan mavzuga qaytaylik. Turkman bobo o‘tirgach, darrov kitobni qo‘limga olib yana divanga cho‘kdim. Mening bir odatim bor. Kitob o‘qiyotganimda yoki nimadir yozayotganimda, boshqa narsalar, masalan, ovqatlanish, televizor ko‘rish, telefonda suhbatlashish (hatto onam bo‘lsa ham) kabilar bilan chalg‘ishni hush ko‘rmayman. Meni chalg‘itgan odamni ham yoqtirmayman. Xullas kitobni kelgan joyidan o‘qiy boshladim. Turkman bobo bir-ikki tomoq qirib qo‘ydi. Sha’masini tushundim, yoniga chorlayapti. Borsam kitob qolib ketadi, yana bir odatim borki, kitobni bor vujudim bilan, o‘zimni asardagi qahramonning o‘rniga qo‘yib o‘qiyman. Kitobda u kuldi deb yozilgan bo‘lsa, kulaman, yig‘ladi desa, yig‘layman, boshini qimirlatdi desa, qimirlataman. Agar soniyaga chalg‘isam, ana shunday kuchli hissiyotga berilib o‘qiyolmay qolaman. Shuning uchun boboga e’tibor bermay indamay o‘qiyverdim. Dam o‘tmay narigi xonadan bobom chiqib keldi.
— Iye, iye, assalomu alaykum, — turkman bobo o‘tirgan joyga yaqinroq borib qo‘l uzatdilar bobom. — Turmang, o‘tiravering.
— Omin, — bobom bilan so‘rashib bo‘lgach qo‘lini duoga ochdi hamsoya. — Uyingizdan baraka arimasin, allohi akbar.
— O‘g‘lim, choy qo‘yib yubor, — dedi bobom. Shunday qildim.
— Ha mulla, qandaysiz? Biznikiga bormay qo‘ydingiz, nima endi, hoji bo‘ldim deb pisand qilmay qo‘ydingizmi-a?
— Undaymas, ish ko‘p-da, ish.
— Har gapga bahona bor…
— Sizga o‘xshab bekorchimanmi?
— Bekorchimanmi? Bekorchimanmi? Hoy, shu Makkaga borib kelib “ma, Raimboy”, deb bir narsa bermadingiz. Qizzig‘ar, Sanobar opaga beribsiz.
— Nima beribman?
— Nimaligini aytadimi? E, qoyile, sizga mulla.
Sanobar xola bir devor qo‘shnimiz, yoshi bobomga teng. Qo‘lidan sigaret tushmaydi. g‘irt kashanda ayol. Yolg‘iz yashaydi. Eri o‘lgan, yo tashlab ketgan. Masalan, men ham bunaqa kashanda ayol bilan birga yashamasdim. Sizga aytsam, bobom o‘sha ayolga sovg‘a berganligini men ham bilmasdim. Hozir turkman bobodan eshitib turibman. Kitobni berilib o‘qish ham barbod bo‘lib, qani nima derkinlar, deb bobomga tikildim. Hech narsa demadilar.
— Bu o‘zgaribdi, -dedi turkman bobo meni ko‘rsatib. — Ko‘chada ko‘rsa besalom o‘tadi. Yoshligida yaxshi edi. O‘ bola, — dedi menga tikilib, — bu odatingni yo‘qot.
— Tushunmaydi-da hali bular, — muloyim jilmaydi bobom. Mendan xafa emasligi shundoqqina ko‘rinib turardi yuzidan. — O‘zingizdan gapiring, nimalar qilib yuribsiz?
Raim bobo bobomni eshitmadi chog‘i menga yuzlandi.
— Qo‘lingdagi nima?
— Shukur Xolmirzayev, — mendan oldin javob berdi bobom. — Surxondaryolik yozuvchi.
— Menga tanitmang. Uni avvaldan bilaman. Mashinamda olib yurganman. Ukkag‘ardi uli yomon ich-chaydi. Yozuvchi urug‘i shunday bo‘ladimi yo? Menga qarang mulla, yo ichganda ilhom kelaykanmi-a? — Raim bobo yuzini bobom tarafga o‘girdi. — Nima deysiz?
— Miyasidagi har xil o‘y-tashvishlardan bir necha soat qutulib “svejiy” kallada ijod qilish uchun ichsa kerak-da. — Bobomning gaplaridan keyin yodimga Umar Xayyomning bir ruboiysi keldi:
May ich, dildan ketar kudurat, illat,
Teng ko‘rinar yetmish ikkala millat.
Dardingga izlama shifo-yu malham,
Qultum maydan arir yuz tuman illat.
O‘qiyotgan hikoyam oxiriga yetib, go‘yo o‘qib bo‘lishimni kutib turgandek choy qaynadi.
— Ko‘k choymi? Qora choymi? — so‘radim qariyalardan.
— Derazani oldiga qara, kiyik o‘ti bor. O‘shandan damla, — dedi bobom.
Choyni xontaxtaning ustiga qo‘yib, odatga ko‘ra uch marta qaytardim. Turkman bobo mendan ko‘z uzmay termulib turdi.
Suvsab ketgandir, deb piyolani to‘ldirib choy suzib berdim.
— Buni o‘zingga ol, -dedi dag‘al ovozda. — Menga tanga botmaydigan qilib suzib ber. Yoshligimda otamga to‘ldirib choy suzsam, solaydi aylantirib. — Aytganini qilib tanga botmaydigan qilib suzib berdim. — Televizoringni qo‘y-chi, nima berayapti?
Turkman bobo urush kinolarni yoqtirishini bilib, o‘shanday kinolar berayotgan kanalni topib qo‘ydim. Ikkinchi jahon urushi haqida film ko‘rsatishayotgan ekan. Minbarda turib armiyasiga ma’ruza o‘qiyotgan kalta bo‘yli qo‘ng‘iz mo‘ylovli rangi sovuq hezalakbashara Gitlerni ko‘rib gap boshladi turkman bobo.
— Mulla, o‘zi bo‘yi bir qarich bo‘lsa-da, dunyoni bosib olishiga bir bahya qolgan-a?
— Bitta buning bo‘yi past emas. Napoleon, Lenin, Stalinning ham bo‘yi past bo‘lgan.
— Meniyam bo‘yim kalta-ku.
— Hamma gap bo‘ydamas, kallada, boboy, — boshini ko‘rsatib kulib qo‘ydi bobom.
— E, sizga kulgu bo‘lsa, men bu qonxo‘rga o‘xshab nom qoldirmoqchimasman.
— Gitler aslida kim bo‘lganini bilasizmi? — turkman bobo angrayib bobomga termulib turaverdi. Bobom suhbatdoshining bilmasligini fahmlab Adolf Gitlerning tarixi haqida so‘zlashga kirishib ketdi. Men ham azbaroyi qiziqqanimdan jon qulog‘im bilan tinglay boshladim.
— Bilmasangiz, eshiting. U qobiliyatli rassom, go‘zallik shaydosi, san’atkor bo‘lgan.
— Yo‘g‘ye, unday bo‘lsa nima uchun urush boshladi? Nima majbur qilgan uni?..
— Urush boshlashgami, xo‘sh, Leninni bilarsiz, akasini oqposhsho o‘ldirtirganidan keyin qasd olib hokimiyatni to‘ntarish va boshqaruvni o‘z qo‘liga olish uchun butun bir xalqni ortidan ergashtirib buyuk to‘ntarish qiladi. Cho‘lpon bekorga xalq daryodur, xalq kuchdir demagan.
— Xo‘sh, davom eting-chi.
— Miyasi yaxshi ishlaganda, qamoqda yotganida ham nonning ichiga sut solib ,oq qog‘ozga g‘oyalarini yozib, qo‘l ostidagilarga yuborib turgan.
— Nimaga endi sut bilan?
— Qog‘oz oq, sut ham oq, yozuv bilinmasligi uchun. Shotirlari esa qog‘ozni olovga yaqinlashtirib yozuvlarni o‘qib olishgan. Tushunmadingiz-a? — turkman bobo bosh chayqadi. — O‘sha qog‘ozni olovga yaqinlashtirsa, sut bug‘lanibmi, xullas nimadir bo‘lib, undagi yozuvlar yuzaga bo‘rtib chiqqan. Keyin bemalol o‘qiyverishgan.
— Buning Gitlerga qanday aloqasi bor? — Gapga aralashdim. — Lenin qayoqda-yu, Gitler qayoqda.
— Hm, aloqadorlik tomoni Lenin urush boshlashiga akasining o‘limi sabab bo‘lgan. Gitlerning urush boshlashiga asosiy sabab esa o‘gay onasining yolg‘on ayblovi. U qaysi millatni yomon ko‘rgan va yer yuzidan qirib tashlamoqchi bo‘lgan?
— Yahudiylarni,-dedim hech ikkilanmay. Tarix kitobidan o‘qiganman. — Lekin boisini bilmayman.
— Gitlerning onasi o‘lganidan keyin otasi yahudiy ayolga uylanadi. O‘gay ona erining o‘g‘lini yoqtirmaydi, doim unga zug‘um o‘tkaradi. Bir kuni otasi ish bilan boshqa shaharga ketadi. Qaytib kelganida otasiga “o‘g‘ling menga tajovuz qildi. Zo‘rlamoqchi bo‘ldi” deb yolg‘on ayblovni uning bo‘yniga iladi. Va yahudiylarning qonuniga asosan Gitler qattiq jazolanadi, ya’ni erkakligidan ayriladi.
— Nima deganingiz bu, tushunmadim?
— Haligi, nima desam ekan, ha “bulbul”ini kesib tashlashadi. So‘g‘in u hosil bermas daraxtga aylanadi-qoladi. Ana shunda, Gitler qasam ichadi, yahudiylarni yer yuzidan qirib tashlayman deb.
— Ovmin, yurtimiz tinch bo‘lsin, har xil ofatlardan o‘zi asrasin, allohu akbar.
— O‘tiribsiz-da, kechi bilan ketaverasiz, -deb qoldi bobom unga.
— Eshikni ochiq tashlab kelgandim, -deb o‘rnidan turdi-da yonimga keldi bobo. Men ham hurmat yuzasidan turdim. — Sen duo o‘qiyotganda bee’tibor o‘tirding, undan keyin qo‘lingni xohlamaganday, xuddi birov majburlab turganday duoga ochib turding. Otam aytardi “duoga qo‘l ochganingda qo‘llaring yelkangdan yuqorida tursin” deb. Ikkinchi bunday qilma. Mayli, yaxshi qolinglar, erta kelaman.
Turkman bobo peshonasiga tugma qadalgan kalishini oyog‘iga ilib tashqariladi. Bobom ikkimiz ham ortidan kuzatgani chiqdik.
— Sog‘ bo‘ling, kep turing, — bobom ikkimiz uyga qaytib kirdik.
Qari bilganni…
Chorshanba kuni edi. O‘qishdan soat to‘rtlarda uyga keldim. Bobom xontaxta quyrug‘iga yonboshlab, ustara bilan yaltiratilgan boshlariga chertgancha televizor ko‘rib o‘tirgan ekanlar. Salom bermoqchi bo‘lib yuzlariga qaradimu kulib yubordim.
— Ha, nima bo‘ldi? — dedi bobom ajablanib. — Jin-pin chaldimi ko‘chada?
— Sochingizni oldiribsiz-da? — bobom “ha” degandek bosh qimirlatdi. Keyin yaltiroq boshini bir silab qo‘ydi. — Shunga nima bo‘pti? Bu senga kulgulimi?
— Unga kulmadim, — dedim bobomga yaqinroq kelib. — Yuzingizni oftob uribdi. Sochingizni oldirganiz uchun yuziz qora-yu, peshonangizdan yuqorisi oq bo‘lib qopti. Xullas “chyornыy — belыy” bo‘p qopsiz. Shunga kuldim.
— Yo‘g‘-ye, — bobom ham yotgan joylaridan uy burchagidagi shkaf oynasiga qarab, gapim to‘g‘riligini bilgach, kuldilar.
— Endi uradi-da, jo‘qi (bobom meni shunday laqab bilan atardilar) hozir bahor bo‘lsa. Bahorning oftobi kuchli bo‘ladi. O‘zi nimaga kech kelayapsan o‘qishingdan?
— Shanbalik bo‘ldi. Gul ekish kerak ekan. — Aslida-ku, gulni kecha ekib bo‘lgandik. Bugun yoqtirgan qizim bilan shahar aylangandik. Buni aytishga uyaldim.- Shunga kech qoldim.
— Direktoring yaxshimi? — dedi bobom xuddi u kishining yuz yillik qadrdonlaridek.
— Anchadan beri ko‘ringanlari yo‘q. Otasini berib qo‘yganmish eshitishimcha.
— Bechora… joyi jannatdan bo‘lsin.
Kiyimlarimni almashtirib, ovqatga unnadim. Masalliqlarni qozonga solib, yopdim. Qornim piyoz po‘sti bo‘lib ketgan, tushda ham ovqatlanganim yo‘q. Men bilan aylangan qiz ham ochqolib ketgandir… Ko‘zimga ko‘ringan birinchi narsa — kosadagi qatiqqa non botirib yeb oldim. Keyin bobom bilan bugungi ob-havo to‘g‘risida bir-ikki og‘iz gaplashib, endi qo‘limga Chexovning kitobini olgandim hamki, eshik “g‘iyq” etib ochilib qo‘shni Raim bobo kirib keldi.
— Mojno?
— Mojno, mojno, — deb bobom o‘rinlaridan turib, ikki qo‘llab ko‘rishdilar. – Qani, o‘tiring.
Raim bobo oshnasi ko‘rsatgan joyga cho‘kdi.
— Biror narsa deb qo‘ying, mullo, — qo‘llarini duoga ochdi chol.
— Siz aytaqoling, har holda yoshingiz ulug‘.
— Mayli, ovmin, meni hurmat qildiz, sizni xudo hurmat qilsin. Allohu akbar.
— Ziyoratga yaxshi borib keldizmi? — dedi bobom suhbatdoshining qulog‘iga yaqinroq borib, baland ovozda. — Charchamaygina.
Men chollarning gurungiga qo‘shilmay, berilib Chexovni o‘qiyverdim. Boshqa kishi bo‘lganida qayrilib qaragan, salom berib, ahvol so‘ragan bo‘lardim. Negadir aynan shu cholni jinim suymaydi. Juda so‘kong‘ich-da. Og‘zi yomon, og‘zi.
— Qo‘y endi kitobingni,-menga suqlanib qaradi Raim bobo. — Salom bermading, ko‘tarilib ketdingmi?
— Assalomu alaykum! -dedim boshimni egib.
— Menga javob bermadiz-ku, — bobom gapga aralashdi.
— Ha, bordim. Xojai Jarroh qabristoni o‘zgarib ketibdi, mulla. Ichkariga kirib adashib qoldim. Qabrlarniyam ko‘chiribdi, enag‘arlar. O‘g‘limning qabriniyam topolmadim. Rasmi qo‘yilgan tosh bor edi. Uyam yo‘q. Ukkag‘ardi lo‘lilari sindirib ketganmi?
— Nega endi lo‘lilar sindirarkan? -dedim gapga qo‘shilib. — Bu ularga nima kerak?
— Avvallari lo‘lilar qabr toshlarini sindirib yurishardi. Ishonaver, bir marta ko‘rib qolib, boplab urganman. Sen nimaniyam bilarding? Bir qarich holingdan sapchiysan.
— Nimaga unday deysiz? — past ketgim kelmadi. — Siz bilgan narsani bilaman.
— Sen hali eshak nechta hangraydi bilmaysan-u, men bilgan narsani qaydan bilarding, — cholning biroz jahli chiqdi. Qoshlari uyulib, qovog‘i osildi. Butun gavdasi bilan men tomonga o‘girildi. — Xo‘sh, mana senga oddiygina savol. Hm, men o‘sha bugun ziyoratga borgan Xojaiy Jarroh nima ish qilganu buncha ulug‘lashadi, a?
— Shu, buyuklardan bo‘lgani uchundir-da, — dedim.
— Bilmasang gapirma. Eshitib ol. Qaysidir jangda payg‘ambarimiz oyoqlaridan yaralanadilar, bu kishi o‘sha o‘qni tishlari bilan sug‘urib tashlaydilar, o‘qdan o‘tgan zaharni so‘rib oladilar. Shundan keyin odamlarning u kishiga ixlosi ortadi, ulug‘lashadi. Noto‘g‘ri bo‘lsa, ayting mulla, — bobomga yuzlandi chol. Bobom ham bosh qimirlatib, tasdiqladilar. Men jim bo‘lib qoldim. “Jimgina kitobingni o‘qiyvermaysanmi, jo‘qi”, deb o‘zimni-o‘zim koyib ham qo‘ydim.
— Sen men bilan gap talashma bir burda holingdan. Men ko‘p o‘qidim, hamma joyni ko‘rdim. Tolko Termiz bilan Xiva qoldi qadamim yetmagan.
— Ko‘rasiz, boboy, xudo nasib qilgan bo‘lsa, ko‘rasiz. Hali yosh bo‘lsangiz. O‘zi nechiga kirdingiz?
— Sakson uchga.
— Aytdim-ku, yoshsiz deb, qirchillama yigit ekansiz-ku hali. — Bobom chiroyli kulib qo‘ydi Raim boboga qarab.
— Sizga kulgu bo‘lsa bo‘ldi, mulla. Nabirangiz siz bilganni menam bilaman deb ustimdan kulgani yetmagandek, siz ham kuling.
— Nimaga kulaman. Bor gapni aytdim-da, boboy. — Bobom endi xandon otib kulib yubordi.
— Suf-ye, sizga! Mulla bo‘lmay keting-ye… Bu-ku bu, siz ham men bilgan narsaning o‘ndan birini bilmaysiz. Uyaling-ye. Siz atayin har kelganimda mening shaytonimni qo‘zg‘atasiz mulla. — Bobom hali ham kulishda davom etardi. — Men ketdim-ye, sizlarga gap kor qilarmidi?
Raim bobo shartta o‘rnidan turdi-yu, devorga suyab qo‘ygan hassasini olib qars etib eshikni yopib chiqib ketdi. Men qilgan ishimdan uyalib qoldim. Behurmatlik qilganimdan, Raim boboning oldida o‘zim-ku o‘zim, bobomni ham noqulay ahvolga solganimdan uyalib qoldim. Bobom xafa bo‘lganlarini sezdirmadilar. Ammo ich-ichimdan his qilib turdim buni. Meni qanday tarbiya ko‘rganligimga qarab bobomning hurmati oshadi yoki tushadi. Nahotki shuni o‘ylamadim? Raim bobo ko‘chada duch kelgan odamni to‘xtatib gap beradi. O‘shalarning har biriga biznikida bo‘lgan voqeani aytib beradi endi. O‘zim haqimda gapirsa mayli, bundan qo‘rqmayman, ammo “mulla nabirasiga yaxshi tarbiya berolmapti” degan gapni aytishidan qo‘rqaman. Ahmoqman, ahmoq.
— Yaxshi qilmading, — dedi bobom o‘rnidan turar ekan. Menga shu gapning o‘zi kifoya edi. Kechiring, deyishga majolim yetmadi. Indamay turdim-u, xonamga kirib ketdim. O‘sha kuni kechgacha o‘zimni koyib, ming xil xayollarga berilib o‘tirdim. Oxiri bir qarorga, ya’ni Raim bobodan kechirim so‘rash qaroriga kelib to‘xtadim. Kechqurun yarim kosa ovqat bilan uyiga kirib bordim. Chol meni sovuqqina kutib oldi. Ichkariga kirib dasturxon yozdim, choy qo‘ydim, olib kelgan ovqatimni qo‘ydim. Keyin kechirim so‘radim. Ishonasizmi, qizarib ketdim. Yomon bo‘lar ekan, aybingni tan olib kechirim so‘rash. Chol indamay o‘tirdi-da kulib yubordi.
— Ha, mulla nabirasiga yaxshi tarbiya bergan ekan, — dedi yelkamga qo‘lini qo‘yib. Uyga yengilgina bo‘lib keldim. Endi boshim ham og‘rimasdi, kayfiyatim ham ko‘tarilib ketdi. Bobomning oldiga choy damlab keldim, birgalashib shaxmat o‘ynab, choyxo‘rlik qildik.
Bu chollar yomon chollar
1-mitti tuman. 1 (ko‘p qavatli) uy. 11- xonadon. Bu bizning Qarshidagi manzilimiz. Avval aytganimdek bobom ikkalamiz yashaymiz. Manzilni bekorga aytmadim, uyda zerikib o‘tirgan bo‘lsangiz, bemalol kelavering. Mehmonlarga doim eshigimiz, dasturxonimiz ochiq. Xo‘sh, bobom nafaqaxo‘r, shunday bo‘lsalar-da ishlaydilar. Qonunda yozilishicha, nafaqaga chiqqandan keyin ham biror korxona yoki idorada ishlayotgan fuqaroning nafaqasi yoki oyligining yarmi ushlab qolinarkan. Ammo bizning bobo anoyilardan emas. Dono! Oyligini ham, nafaqasini ham tiyinigacha to‘liq sanab oladi. Qanday qilib deysizmi? Yo‘q, yo‘q aytmayman, yana yuqoridagilarning qulog‘iga yetib borib, nafaqadan ham, oylikdan ham ayrilib qolmasinlar. O‘zi shundog‘am elektr, gaz, suv, kabel, musor, turar joy…larga kesib qolishgani ham yetadi. Shunday qilishmasa bo‘lmaydi ham-da. Men bir oddiy odam bo‘lsam, siyosatga tushunmasam, keling boshqa mavzuga o‘taylik. Nima? Qancha nafaqa oladilar deysizmi? 372000 so‘m. Aslida 200000 so‘m olishlari kerak edi. Kattam (xotinlari) dehqonchilikdan yig‘ib qo‘ygan pullarini bobomga berib “dadasi, idoraga borib pensiyamni ko‘paytirib keling” deganlar. A, pixini yorgan puxta bobom esa o‘zlarinikini ko‘paytirib kelganlarda “iloji yo‘q ekan buni” deb aldab qo‘yaqolganlar kattamni. Soddagina kattam esa bunga chippa-chin ishonganlar. Qarabsizki, bobomning nafaqasi oshdi, kattamniki esa o‘sha-o‘shaligicha qoldi. Shuning uchun kattam erlarini (esiga tushib qolganda) “ha, mafiya-ye, uying bug‘doyga to‘lgur. O‘zingizni xotingizni ham aldaysizmi-a, qallob. He… (qolganini yozolmayman, janjal bo‘lishi mumkin)” deb qarg‘ab qo‘yadilar. Shunda ham bobomning oldida emas, ikkalamiz yolg‘iz qolgan paytlarda. Xo‘sh, endi nafaqani to‘liq olishlariga kelsak, haligi… hech kimga aytmaysiz-a? Ishondim lekin. O‘sha ish joylarida boshqa birovning nomidan ishlaydilar. Ya’ni oylik Alining nomiga yozilaveradi, pulni esa Vali olaveradi. Chindan ham qallob ekan bu chol deb o‘ylamang. Ishxonadan o‘zlari kelib “yuring, yuring” deb olib ketishadi. Bobomdek ishning ko‘zini biladigan odamlar kam.
Bizning “dom”da uch beva bo‘lib, ular ashaddiy ovchilar hisoblanishadi. Qolganlarni bilmadim-u, men shunday deb o‘ylayman. Yana qanday ovchi deng, erkak ovchilari. Be, sizga aytsam bobomnida ovlashga urinib ko‘rishdi. Fikrimcha niyatlariga yetisha olishmadi. Balki yetishgandir. Yana bilmadim. Aytib bo‘lmaydi, kattam qishloqda bo‘lsalar, bobomni “razvedka” qilib turadigan odam yo‘q. Bo‘ldi, bo‘ldi, aynimaylik. Ha, ana shu uch bevadan eng ilg‘ori Adiba opa bo‘ldi. Oq-sariqdan kelgan, sariq sochlari kalta qilib kesilgan do‘mboqqina beva. Yigitlarni bilmadimu, chollar ko‘rsa “protez” tishining orasidan suvi oqib qoladi. Shu sababdan ham uning “kliyentlari” asosan chollar.
Bobomning surxondaryolik Erkin degan oshnasi bor. Qarshi-Denov oralig‘ida kirakashlik qilardi. Oqshomda kelsa yoki odami bo‘lmay qolsa biznikida tunab qoladi. Ishonchli odam deb uyning “zapas” kalitini berib qo‘ygan edik. Tavba qildim. Astag‘firullo, astag‘firullo! Uyat bo‘lsa-da aytaman. Bir kuni kechqurun uyga kelsam (o‘sha kuni yakshanba edi, biz dam olish kunlari qishloqqa ketardik. Ammo o‘sha kuni men nimadir sabab bo‘lib ketmagandim) Erkinboy, qarib quyilmagan chol, bir beso‘naqay, xomsemiz, tanasining uchdan ikki qismi ochiq notanish ayolni qo‘yniga olib o‘tiribdi. Meni ko‘rishi bilan haligi “xomsemiz” apil-tapil kiyinib daf bo‘ldi. Bobomning oshnasi esa menga iymanibroq qarab:
— Haligi… sen… o‘sha… qishloqqa ketmaganmiding? — deydi kalovlanib. “Haliyam ketmapman, ketsam shunday zo‘r tomoshani ko‘rolmasdim” dedim ichimda. Betiga aytardimu bobomning hurmati bor-da, indamadim. To‘g‘ri aytasiz. Kap-katta odam bo‘lib u uyalmagan, men nega uyalishim kerak? Indamaganim yaxshi bo‘ldi. Nima demoqchiligimni o‘zi tushunib oldi. Bechoraning yuzi chidamay kalitni topshirdi. Hozir kelmaydi hisob. Ha-ya, turkman bobo qolib ketmasin. U kishi kun ora biznikida. Bugun ertalab kelgandi.
— Mulla-a, -deb eshikni hassasi bilan taqillatgancha. U kishiyam kuchdan qolib borayapti. Hassa tutmasdilar. Endi bo‘lsa ikki oyog‘da muvozanatni saqlolmay qolganlar.
— Ho‘v, keling, shu yerdaman, boboy. — Bobom qo‘l uzatdi ko‘rishish uchun.
— Ostonada ko‘rishib bo‘lmaydi mulla, — dedi turkman bobo qo‘lini orqasiga qistirib.
— Xo‘b, uzr bobo. Kiring ichkariga.
Boshida shu cholning biznikiga kelishi yoqmasdi. Endi tez-tez kelib tursa deyman. Chunki u kelgan kuni ichak uzdi hangomalar bo‘ladi uyimizda. Yana ko‘p narsani o‘rganaman u kishidan.
— Choy ichasizmi? — so‘raydi bobom.
— Yo‘q, bu qanaqa choy? Qarami? Ha. Menam kecha 2000 so‘mlik obkelib damladim. Biram kayf qilaykansiz ichsayiz.
-Bo‘masa Adibaga aytaymi, bir massaj qilib qo‘yadi. — Hazil qiladi bobom.
— Ha, mulla bo‘may o‘ling. Yana namoz o‘qiydi bu.
— Endi aytaman-da. O‘ylab ko‘ring yana.
— Ey mulla, topsangiz svejisidan toping. Shilpildog‘idanmas.
— Adibaga nima qipti?
— Umi? U suvi siqib olingan anor. Endi bildingizmi?
— O! Ko‘ngillari 17 yasharli enasi o‘pmaganini tusab qoldimi-a? Belingizgacha qabrga botib turibsizda, yana yosh qizga balo bormi?
— Menga qarang, hoy, ko‘rinishimiz qari bo‘lsayam, ko‘ngil chimildiqqa kirgan yigirma yashar yigitnikiday “zdoroviy”.
— Hali nevarangiz tengi farzandlar ham ko‘rmoqchidirsiz?
— Ko‘raman ham. Bilsangiz pushti kamarimda sanoqsiz farzandlarim navbat kutib yotishibdi, “qachon dunyo yuzini ko‘ramiz” deb. Siz nimaniyam bilasiz.
— Mayli, uylaning. Yoshiga uylaning. Avval qitig‘lab kuldiradi, keyin zaharlab o‘ldiradi. Sizni boshiga uradimi?
— Suf-ye sizga, ketdim. Achimagan kuni yo‘q bu mullaning.
— Kep turing, kuyovto‘ra… — kuzatib qo‘yadi bobom. Men kulgudan o‘zimni to‘xtatolmay, xonamga eshitganlarimni yozib qo‘ygani kirib ketaman.
Janobi oliylari
Aslida birovga laqab qo‘yish gunoh. Ammo shuni bila turib, men qo‘yganman. Xudoning o‘zi kechirsin. Ro‘paramizda Nodir ismli do‘xtir xotini, uch yarimta farzandi va yana bitta kulrang “Matiz”i bilan yashaydi. Farzandlarini uch yarimta deganimga ajablanmang. Uchtasi xotinining qo‘lida, yarimtasi qornida. O‘zi yomon odam emas, buning ustiga juda sho‘x. Ammo qilgan ishi qoningizni qaynatadi. Nima qiladi deysizmi? Bir kunda uch marta o‘sha “Matiz”chasini shampunlab cho‘miltiradi. Hatto men inson bo‘lib turib, haftasiga bir marta cho‘milaman. Ertalab o‘qishga ketayotib, sho‘rlik “Matiz”ga qarab “chirib ketmaganingga qoyilman-ye”, deb qo‘yaman. Uyi shinam, ko‘p qavatli uyning 1-qavati. Oldi supa qilingan, supa atrofi temir panjara bilan o‘ralgan. Shu yerda mashinasi turadi. Mashinasiga himoya vositasi o‘rnatilgan. Kimdir tegib ketsa, g‘alati-g‘alati ovoz chiqarib qoladi. Endi nima qiladi deng, derazasidan qarab turadi-da, (ishdan qaytgach) mashinasi oldidan begona bir kishi o‘tib qolsa, ataylab masofadan turib, boshqariladigan mashinaning himoya vositasini ishga tushirib yuboradi. Haligi odam bechora mashina ovozidan cho‘chib tushadi. O‘zi esa hech nimani bilmagandek, derazadan boshini chiqarib so‘kinib qo‘yadi. Yana “faralarni” ham har zamonda yoqib o‘chiradi. Eng yomoni boya aytganimdek mashinasini yozda 3, qishda 2 marta shampunlab cho‘miltiradi. Erinmagan banda-ye, g‘alati odam shu kishi. Inson mashinasini ham shunchalik yaxshi ko‘rishi mumkinmi? Sizga aytsam ana shu mashinasini ko‘p yuvganligi uchun ham unga, “janobi oliylari” deb laqab qo‘yganman. Bir tomondan tozalikka rioya qilib mashinasini tez-tez yuvishi soz. Negadir menga yoqmaydi. Tasavvur qiling, qish. Yigirma besh… lof bo‘ldiyov, yigirma to‘rt daraja sovuq. Tashqarida yurib bo‘lmaydi. Osmondan tinmay laylak qor yog‘ayapti. Shu onda bizning uy derazasidan shundoq qarasangiz, mashinasini yuvayotgan janobi oliylariga ko‘zingiz tushadi. Va birdan tuklaringiz tikka bo‘lib, etingiz junjikib ketadi. Bu-ku holva, yomg‘ir ostida ham yuvayotganini ko‘rganman. O‘shanda savol bergandim.
— A, yomg‘ir yog‘ib turgan bo‘lsa, nimaga yana yuvayapsiz? Shundog‘am yomg‘irning o‘zi yaltiratib qo‘yadi-ku.
— Dehqonchilikdan xabaring bormi? Boshimni oldinga qimirlatib “ha” dedim.
— Dehqon osmondan chelaklab yomg‘ir quyib turganda ham yerini sug‘oraveradi.
Aqli past desam, gapida mantiq bor. Ammo hech tushunmayman “Matiz”i bilan yerning qanday o‘xshashlik tarafi borligini. Lekin qo‘shning do‘xtir bo‘lsa yaxshi ekan. O‘tgan kuni bobomning burni buloq ochib qolganida, kelib igna sanchib ketgan edi, yuzlariga qon yugurib, isitmalari tushib, qirq yasharli qirchillama yigitlardek oyoqqa turib ketdilar. Biram quvondime, biram quvondim. Janobi oliylari haqlariga uzundan-uzun duo qildim.
Qaysi kuni non olib kelish uchun ko‘chaga chiqdim. Janobi oliylari uylari oldidan xayol bilan o‘tayotgan edim, nimagadir qattiq qoqilib yuz tuban yiqildim. Ko‘zlarimdan olov sachrab ketdi. Biroz muddat o‘rnimdan turolmay, yerda cho‘zilib yotdim. Keyin o‘rnimdan turib “qani, nimaga to‘qishibman” deb qarasam, yo‘lakchaning o‘rtasiga kimdir temir qoziq qoqib qo‘yibdi. Meni cho‘ziltirib qo‘ygan narsa shu ekan. Temir qoziqni bu yerga qoqib qo‘ygan odamni bisotimdagi bor so‘kinish, haqoratli so‘zlar bilan siyladim. Ertasiga bildimki, bu ishni janobi oliylari qilgan ekanlar. Sekin yoniga borib sababini so‘radim. Nima deydi deng, kechqurun uyining oldidan mashinalar o‘tib, uyqusini buzarmish. Keyin uyi oldidagi sement supa mashinalar qatnovidan yemirilib ketarmish. Tavba qildim, tavba qildim. O‘sha temir qoziq bilan boshiga bir urib, mayib qip qo‘ygim keldi-yu, o‘zimni bosdim. Yaxshimi-yomonmi, har holda tobimiz qochsa yordami tegadi-da.
Yaxshilik
Uyimizdan bir necha chaqirim narida hammom bor. Uyimizda “dush” bor. Lekin issiq suv yo‘q. Balki endi bo‘lib qolar. Xullas, haftada ikki marta o‘sha yerni “ziyorat” qilib kelaman. Kecha cho‘milish uchun kerakli buyumlarim joylangan sumkamni qo‘ltiqlab uydan chiqqandim, domning tagida, o‘rindiqda o‘tirgan turkman bobo “hay-hay”lab chaqirib oldi. Nimadir sabab bo‘lib uyimizga kelmay qo‘ygandi. Biror ishi bo‘lsa, xojatini chiqaray, deb yoniga bordim.
— Bolajonim, hozirgina Xudodan so‘rab turgan edim, Jontemir ko‘rinib qolsin, deb. Mana, o‘zing kelib qolding. O‘tir bolam. – Qo‘lini duoga ochdi bobo. – Biror narsa de.
— O‘zingizdan bo‘lsin.
— Boshing omon, martabang ulug‘ bo‘lsin. Kam bo‘lma, dard ko‘rma. Omin.
— Zerikmayapsizmi, bobo?
— Zerikaman-da, kemaysan. Hol-ahvol so‘ramaysan. Menam “kabel” ulatdim. Telbuzorim endi senikiday ko‘p kanal ko‘rsatadi. Kelaver, ikkovimiz “voyna” kinolarni ko‘ramiz.
— Ertalab ishga ketib, kechqurun qaytaman. Charchab uxlab qolaman. Vaqt bo‘lmaydi-da.
— Jonim bolam, mana buni ol-da, — qo‘limga qaychi tutqazdi bobo, — oyog‘imning tirnog‘ini olib qo‘y. Nechchi kundan beri og‘riq berib, qiynab yubordi. Kecha yig‘ladim ham. O‘zimni qo‘limdan kelmaydi.
“Xo‘p” dedimu ishga kirishdim. Chini bilan tirnoq qayrilib o‘sib, etga kirib ketgan. Ko‘rsangiz rahmingiz keladi. Oyog‘ini tizzamga olib, joniga ozor berayotgan tirnoqlarni ola boshladim. Yonimizdan odamlar o‘tib-qaytishayapti. Ularning xayollaridan nima o‘tayotgani menga ma’lum. “Mana bu yigit tarbiyali, aqlli yigit ekan, buning ustiga mehribon”. Ayollar o‘ylashayapti: qani endi shunday o‘g‘lim bo‘lsa? Qizlar o‘ylashayapti: yigiting shunday bo‘lsa… Agar ular turkman boboning ahvolidan oyda bir xabar olib turmasligimni, shunda ham u kishi meni yaxshi ko‘rishlarini bilishganida edi, bunday o‘ylashmagan bo‘lishardi. Boboning tirnoqlarini olayapmanu ko‘nglim yorishib ketayapti. Bir necha oydan beri ichimni talayotgan it tinchib qoldi. Kayfiyatim ko‘tarilib, yuzimga kulgu yugurdi. Nimagaligini bilmayman. Bobo tinmay duo qiladi.
— Iloyo dard ko‘rma, ishlaringning o‘ngini bersin…
Turkman boboning ko‘nglini topish qiyin. Chunki u kishi o‘ta injiq chol. Hech qachon ishimdan ko‘ngli to‘lmagan, lekin bu safar rozi bo‘ldi. Ko‘ngli to‘ldi. Shu payt oltin ohumidi yo oltin tuyoqli ohumidi, xullas shunaqa nomli ertak yodimga tushib ketdi. Unda shunday voqea ro‘y beradi. Bir dehqon yigit filning oyog‘iga sanchilib qolgan zirapchani olib tashlaydi, evaziga fil yigitni yelkasiga o‘tqazib manziliga eltib qo‘yadi. Bu gapim bilan boboni filga mengzamoqchi emasman. Shunchaki yaxshilikning yaxshilik olib kelishini eslatmoqchiman, xolos. Shunday qilib boboning xojatini chiqarib, bormoqchi bo‘lgan joyimga ketdim. U yerda har doim begona kishi o‘tirardi. Buni qarangki, bu safar tanishim o‘tiribdi. Kirib chiqqanimga pul ham olmadi. Yo tavba. Uyga kelib kompyuterimni qo‘shgandim (u anchadan beri ishlamayotgandi) ishlab ketdi. Kitob do‘konidan men yillar davomida topolmay kelayotgan kitobni topdim. Endi bermasa kerak, deb o‘ylagan pullarimni qaytarib berishdi. Eng quvonarlisi, plastigimni hech qanday foizsiz naqdlab oldim. Yo qudratingdan! Bir kunda shuncha xursandchilik. Odamlar mo‘jiza yo‘q, deyishadi. A, mundayroq e’tibor berib qaralsa, hayotning o‘zi, har bir kunimiz mo‘jiza. Yo‘lim ochilgani rost bo‘lsin. Aynan qaysi xizmatim evaziga buncha tuhfaga erishganligimni hali ham bilolmayman. Nima bo‘lganda ham xursandman. O‘zingga shukur egam, o‘zingga!
Qaltis hazil
1.
Odam qariganida negadir pulga o‘ch bo‘lib qolar ekan. Aniqrog‘i, ko‘proq pul topishni emas, hamyonidagi mullajiringini iloji boricha boshqalarga (hatto uydagilariga ham) ko‘rsatmaslikka, faqat o‘zi uchun sarflashga odatlanib qoladi. Buni endigina yigirmaga to‘lgan yigit qaydan bilardi, dersiz. Yoshligimning asosiy qismi qariyalar davrasida o‘tganidan keyin bilaman-da. Innan keyin tuxumning palag‘da yoki yaroqliligini bilish uchun tovuq bo‘lish shart emas, azizlar. Ma’lum bir gapni aytishdan, yozishdan oldin, asos bo‘lishi kerak kishida. Menda ham bor. Pulsevar qariya bilan bo‘lgan hangomani aytib beraman. Xullasi kalom, turkman boboni bilasiz. U kishi haqida tinmay gapiraman-ku. Kecha unday qildi, bugun bunday qildi, ertaga haliginaqa qilmoqchi, deb. O‘sha tunov kuni meni yo‘qlab kelgandi.
— Uyga yur, bir narsani ko‘tarishib yuborasan, — dedi.
Yordam bermoq savob, har bir qilgan ishim bilan bir nechta gunohlarimdan soqit bo‘laman, dedim-da orqalaridan ergashdim. Aytgan bo‘lishim kerak, u kishi bizdan keyingi “podyezd”da ikkinchi qavatda tanho(aytganday, anavi qarovchi xotinning lash-lushlarini yig‘ishtirib jo‘nab qolganiga a-ancha bo‘lgandi. Ha, boboyga chidash qiyin) umrguzaronlik qiladilar. Uyga kirdik, oldinma-ketin.
— Mana buni ko‘tarib tur, — dedi Raim bobo devorga tiqib qo‘yilgan yoshi egasiikidan-da ulug‘roq, ammo hozirgi, qo‘l uchida yasalgan ba’zi bir karavotlarga qaraganda ancha yaxshi yog‘ochdan ishlangan yig‘ma karavotni ko‘rsatib. – Anqayma, bo‘laqol!
Bu o‘lgur karavotning o‘rindig‘i ostida maxfiy bo‘lmachasi bo‘larkan. Buni o‘sha kuni ko‘rdim. Biram og‘ir, biram og‘ir, belim chiqib ketay, dedi. Arang ushlab turibman. Bobo bo‘lsa, bemalol eti osilib, suyaklari bo‘rtib qolgan ingichka qo‘li bilan o‘sha bo‘lmachadan nimanidir izlayapti.
— Tashlab yuborma tag‘in, — deb qo‘yadi hadiksirab, — oz qoldi, topvolay, qo‘yasan.
Nimani izlayotgan ekan, deya rosa boshim qotdi.
— Uf, shu yerga qo‘ygandim-ku, — ensasi qotadi boboning, — ha, mana topdim.
Qora narsani olib chiqdi bo‘lmachadan.
— Qo‘y endi.
Ketmoqchi edim, lekin o‘sha qora narsaning nima ekanligiga qiziqib qolganim uchun indamay turaverdim.
— Ketib qoma yana, hozir buni qaytib joyiga qo‘yamiz.
Boboning gapi mening bemalol o‘tirishimga sharoit yaratib berdi. Agar shu gapni aytmaganida tepasida bezrayib turishimga to‘g‘ri kelar, bundan esa o‘zimni noqulay his qilardim.
Turkman bobo topilmani yoya boshladi. Ko‘rdimki, u qora sellofanga o‘rab-chirmab tashlangan pul ekan. Pensiya bo‘lsa kerak menimcha. Voy pixini yorgan chole. Berkitib qo‘ygan joyini qarang. Xuddi birov o‘marib ketadi-ya. Qarab tursam, jelagining ichki kissasidan yana bir muncha pul olib, jamg‘armaga qo‘shib qo‘ydi. Erinmay qaytadan pulni o‘rab chiqdi.
— Qani, ko‘tar!
Itoatkorona buyruqni bajardim. Agar bo‘yin tovlasam, hassaning zarbini totib ko‘rishim aniq. Bobo armiyada xizmat qilgan. Qandaydir leytenantmi, polkovnikmi bo‘lgan, aytishicha. Shuning uchun aytganini qilmaganlarni yoqtirmaydi. Kuchi yetsa o‘zi, yetmasa, hassasi bilan ta’zirini berib qo‘yadi mahmadonalarning. Biz ham bir-ikki yeganmiz. Shundan keyin yo‘talsa ham labbay deydigan bo‘lganmiz. E, qo‘rqoq ekansan-ku, demang yana. U kishini hurmat qilganimdan shunday qilaman. Haddi sig‘arki, mendan yordam so‘raydi. Bo‘lmasa atrofida qancha yosh-yalang yashaydi. To‘g‘ri, ba’zida uyda bo‘lsam ham chiroqlarni o‘chirib, eshikni taqillatsalar-da ochmay o‘tiraman. Nimaga, deysizmi? Ishdan charchab kelganimda yoki boshim og‘riyotganda yolg‘iz qolishni istaydi ko‘ngil. Yoki kitobni. Bu ishimdan keyin afsus qilaman. Endi guruch kurmaksiz bo‘lmaganidek, bizda ham xato va kamchiliklar bisyor. To‘g‘rirog‘i, boshqalarga nisbatan odamoviroqman. Balki aynan shuning uchun shovqin-suronni xushlamasam kerak. Kechirasiz, turkman bobo haqida gap borayapti-yu, men bo‘lsam, tinmay o‘zimni tiqishtirib yotibman. Ming bor uzr. Shunday qilib, yana boyagidek qilib ko‘tarib turdim, karavotning bir qismini. Qiynalayotganimni sezgan (og‘irligini bilsa kerak-da) bobo meni uyatli holga tushirish uchun og‘zidan beo‘xshov ovoz chiqarsa bo‘ladimi. Xafa bo‘lmadim. Qishloqda “Zombir bobo” bo‘lardi. Asl ismini bilmayman. Har holda, bolalar shunday atashardi u kishini. O‘sha kishi bizni ko‘rib qolsa bo‘ldi, hozir turkman bobo menga qilgan qiliqni qilardi-da, “he uyatsiz, o‘siroq” deb kulib ketardi. Biz esa tilimizni chiqarib, qo‘llarimizni quloqlarimizga qo‘yib, u kishini kalaka qilib qochardik. O‘sha zombir boboning hazilomuz gaplarini eshitib qulog‘im qotganligi uchunmi turkman boboning qilmishidan ko‘nglim xiralanmadi. Mayli, hazil qildingiz, men ham bir kuni qaytaraman, deb qo‘ydim ichimda.
— Ie, nima bo‘ldi? – qilg‘iliqni o‘zi qilib yana o‘zi kuladiyam ukkag‘ardi bobosi. – Po‘rriq emasding-ku.
— Haliyam unday emasman, – dedim ovozimni balandlatib. Tushunib oldi shekilli boshqa hazil qilmadi. – Qo‘yib bo‘ldingizmi boyligingizni?
— Bo‘ldi, bo‘ldi. Rahmat senga. Endi boraver.
Terlab-pishib uyga keldim. Yuvinib oldimda xonamga kirib cho‘zildim.
2.
Shundan keyin turkman bobo biznikiga chiqmay qo‘ydi. Xavotirlanib uyiga borsam, televizor ovozini baland qilib (qulog‘i og‘irda) uxlab yotibdi. Uyg‘otmoqchi bo‘ldimu birdan kallamga bir shumlik kelib qoldi.
— O‘sha kuni ustimdan kulgan edingiz, endi bir ahvolingizni ko‘raychi.
Bir amallab haligi karavotning bo‘lmachasidan boboyning boyligini oldim. Yo‘q, yo‘q noto‘g‘ri tushunmang. O‘g‘ri emasman. Xudo haqqi, qaytarib berish niyati bilan oldim. Maqsadim, bobo pulning yo‘qolganligini bilishi va bundan qay ahvolga tushishini ko‘rish edi. Pulni uyga oborib, tayinli joyga berkitib qo‘ydim. Oradan bir necha kun o‘tib, Raim bobo kasalxonaga tushib qolibdi, degan gap eshitdim. Qo‘rqib ketdim. Yoshi ulug‘ odam, ketib-petib qoladimi, deb o‘yladim. Unga o‘rganib qolganman axir. Ish-pishimni yig‘ishtirdimu boboni ko‘rgani bordim. Borsam, boshi va bir qo‘li gipslangan holda yotibdi. Boshida yiqilib tushgan bo‘lsa kerak, deb o‘yladim. O‘zimcha tusmollab nima qilaman, mana, yonimda yotibdilar-ku, o‘zlaridan so‘rab qo‘yaqolay-a, nima dedingizlar?
— A, bu qo‘lga nima qildi? – dedim salom-alikdan so‘ng.
— Ey, uyingga borsam, yo‘q ekansan. Tunov kuni ko‘tarib turib eding-ku, o‘sha karavotni yana ko‘tarishib yuborasanmi devdim. Noiloj o‘zim ko‘tardim. Tushib ketmasin deb yog‘och bo‘lagini tirab qo‘ydim. Endi desang, pul topilmaydi-da. U burchagiga qo‘l yuboraman yo‘q, bu burchagiga qo‘l yuboraman yo‘q. Pul yomon narsa bo‘ladi-da, topilavermagach qo‘lim yetmaganidek boshimni ham tiqib oldim. Bir payt bilmasdan haligi tirab qo‘ygan taxtachamni turtib yuboribman. Taq etib boshimga tushsa bo‘ladimi karavot.
Shu joyida xoxolab kulib yuborishimga oz qoldi. Arang o‘zimni tiydim. Siz kulavering. Axir sizning oldingizda turkman bobo yo‘q-ku. Men kabi aybdor ham emassiz.
— Keyin-chi, keyin nima bo‘ldi?
— Nima bo‘lardi, dod dedim, voy dedim, birov eshitmaydi. Buni ustiga eshikniyam ichidan qulflab ogandim. Bir balo qilib boshimni chiqarib olganimni bilaman, qo‘limni qisib qoldi. – Bu safar chidab turolmay kulib yubordim. Nima qilay? Tishimni-tishimga bosib o‘tirmayman-ku. – Nega kulasan, xumpar? O‘rnimda bo‘lganingda bilarding.
— Xo‘sh, keyin nima bo‘ldi? Qanday qutuldingiz?
— Qancha urinmay qo‘limni chiqarolmadim. Og‘riq miyamga chiqib ketdi. Ovozim boricha baqirdim. Xudo zorimni eshitdi, qo‘shnilar eshikni buzib, chiqarib olishdi qo‘limni.
— Ha, tarvuz ertagidaqa bo‘libtida a? – dedim kulishdan to‘xtamay.
— Qanaqa ertak yana?
— Bir boy va kambag‘al qo‘shnilar bo‘lishadi. Kambag‘al dalada ishlayotganida bir yarador laylakka duch keladi va uni parvarishlab uchirib yuboradi. U esa xaloskoriga tarvuz urug‘larini tashlab ketadi…
— Bo‘ldi, bo‘ldi esladim.
— Siz o‘sha ertakdagi boysiz. Faqat zombir talamaganda, karavot qisib qolgan. He-he-he.
— He, o‘xshatishingdan o‘rgildim. O‘lib qolishimga oz qoldi-yu, bu bo‘lsa kuladi.
Uyga qaytayapmanu ko‘nglimdan qo‘rqinchli o‘ylar o‘tadi. Nega pulni olib qo‘yding? Chindan ham xudo ko‘rsatmasin o‘lib qolsa nima qilarding? O‘zingni ayblayverib, adoyi tamom bo‘larding oxiri. Kelib-kelib bobongdan katta odamga hazil qilasanmi, ahmoq? Nima, u sening jo‘rang bo‘larmidi? Haliyam qo‘shnilar eshitib qolishibdi. Bo‘lmasa…
Uyga kelishim bilan “shumo” qilingan pullarni olib, g‘ir etib joyiga eltib qo‘ydim. Ana shundan keyingina ko‘nglim sal xotirjam tortdi. Endi desangiz, turkman boboning uyga qaytishini kutib yuribman. Kelishi bilan yonida paydo bo‘lamanu karavotini ko‘tarib turishimni, shunda bemalol qidiruvni davom ettiraverishlarini aytaman. Xullas shunaqa gaplar, azizlar!
2011-2012 y. y. Shahrisabz