Rahmat Bobojon. «Kuz daftari»dan

09    Фейсбукда таниқли шоир Одил Икром тавсияси баҳона Раҳмат Бобожон шеърларини ўқидим. Одилжоннинг синчилигига тан бериб, хоразмлик ёш шоир дўстим саҳифасидаги бошқа шеърларини қувониб-қувониб ўқиб чиқдим. Устоз Рауф Парфининг туғилган куни арафасида бу қувончли мутолаа ўзгача маъно топгандай бўлди. Ана шу қувонч сабаб Ҳоди Тоқтошнинг ўша эски гапини сал ўзгартириб айтгим келди: Шеър — ул ўзи эски нарса, лекин ҳар бир асл шоир они ёнғорта…

Хуршид ДАВРОН

Раҳмат БОБОЖОН
«КУЗ ДАФТАРИ»ДАН
021

ЎЙЛАРГА МАҲКУМ ОДАМ

02

…мен сенинг ёнингда ҳар кун қайтадан туғиламан, бу яшашга бўлган илк қадамнинг на азобини, на бахтини англайсан. Сен англаган нарсалар, менинг юрак-юрагимдан ўтиб бормоқда, тушун. Тушунмаслигингни билиб туриб қилаётган ҳаракатларим худди ёш боланинг қилиқларига ўхшайди…

…охирги кунларда кимгадир суянишим, кимнидир суяшим кераклиги ҳақида кўп ўйладим. Очиқ дераза, кичкина хона, тор дунё, муштдай юрагим ва баланд ИШҚим… ташқарида эса Куз!..

…кеча эса менга нимадир кераклигини англадим, ҳар ҳолда англадим, фақат нималигини билолмадим, билолмаяпман, билолмасам ҳам керак…

…нигоҳлари жонимда ғусса ва ҳасратнинг, бахт ила шодликнинг аёвсиз курашларини бошлаган, сўзлари руҳимда гуллаётган умидга обиҳаёт қуяётган, қўллари қўлларимга теккан маҳалда “Ток ургандай бўлди” деяётгани ҳам ёлғизлик оқшомидаги маҳзун одамга нур ташлайди…

…О, ишқи НУР, зулматларда қолган, Куз билан курашиб чарчаган одам карам қил…

…узоқ-узоқларда баҳор бор дейди Кимдир, менга умид бағишлайди Нимадир, ҳеч Кими ва ҳеч Нарсаси бор ташнага раҳминг келмайдими, Ё, Раб…

…ё, Кузни ташлаб кетолмаслигимни яхши тушундингми?! Худога шукур. Сен Кузни тушун, мен кетсам уни ҳор қилишади, тепкилашади… Куз менга ҳаммасини тушунтириб берган, сен ҳақда, сенинг ўйларинг ҳақда…

…бегоналар орасида беш баттарлаб бегона бўлиш осонми? Энг осон нарса бегоналикми? “Йироқлашиб кетганимизни сезмадим?” тўхта, энг осон нарсани топдим: КЕТ демоқ… эвох, КЕТ демоқ… КЕТ…

…о, менинг кутганим, кутилмаган насибам, биламан меникисан, сеникиман, кўп нарса сўрамайман, Сенсизликдан қутқар, бўлди…

…ИШҚи баланд одамни кечир!..

КУЗ

I

Учқур қайғуларнинг мовий елкаларида менга салом келтирди бу йилги Куз… Йўлканинг бағрини қадамлар билан эзиб борар эканман, хаёлнинг ҳадсиз кенгликларида туфроқ ўйнаётган боладай қувондим. Куз…зангор ҳислардан, яшил туйғулардан айри ҳолда яшашга яна бир имкон. Менинг умрим давомида имкониятларим кенг бўлиши шубҳасиз, чунки Кузни яхши кўраман… Юрагимга хуш келибсан Куз, кўнгилнинг сенга аталган, “Умид” исмли дарвозаси ҳамиша очиқ. Остонадан хатла, кел, тортинма! Тортинма мен билан бўл, ҳасратларни кўзимга кулдай сочиб юбор…

Кел, яхшиси одамлар ҳақида гаплашамиз, бизнинг бағримизга қаттол нигоҳини меҳр билан санчувчи одамлар ҳақида. Одамлар… яшаш азобини англамаган одамлар, Кузни танимай яшаётган одамлар, яшамаётган одамлар…

Дарахтларни кўрсам қучоқлагим келади. Бир-бирига ўхшайдиганларда шундай ҳолат учраса керак. Дарахтлар яшаш матлаби билан менга ўхшайди. Дарахтларнинг баргларини – кулгуларга менгзайман. Сен, ёлғиз сен, менга, ёлғиз менга, кулгулари тўкилаётган дунёда кулиб яшаш осон деб ўйлайсанми, яна севиб яшаш, Кузни севиб яшаш…
Тирикликнинг уйқусидан уйғона олмаётган юракка баҳор бор дейишса, фақат Уни танийдиган одамнинг кулгуси қистайди. Тўкила олмаётган кулгуларнинг юрагимга йиғидай кириб боришидан мамнунман… Фақат, сен эзилма, сен қийналма, Кузни ўйлама, мени ўйлама! Сен яша, мовий осмонга нигоҳингдан нур сачратиб яша, мен зулматда ҳам нур борлигига ишонмай.
Ҳамма нарсадан чарчадим: кулишдан, йиғлашдан, дардсизликдан, соғинчсизликдан, яшамасликдан, фақат ўзимни “Қачон яхши одам бўласан?!” деб қайта-қайта тергашдан чарчамадим… Қайта-қайта чарчашдан чарчадим.

Сен эса чарчама, Кузни менинг қошимга, менинг юрагимга келтириб яша! Бу сўзларни айта олиш кучини менга Куз берди, сен мени Куз билан учраштирдинг, сендан ва Куздан бир умр миннатдор бўлсам керак. Ёзганларимни кечир, мени кечир, юрагимни кечир, булар бир ўйлар, кечирим учун айтилган сўзлар холос.

Қара, тугаб бораётган одам сени шунчалик яхши кўради! Сен менга илтифот кўрсат, кетма, кетма Куз! Сен кетсанг ўзимни унутиб қўяман!..

* * *

I

Кўзларни тўлдирар осмон кўп кенгдир,
сен бир қушча эдинг,
руҳимдай эрка.
Ўйлардинг: “Энг сокин, энг гўзал, …энгдир“
қўниб кўрмагандинг ҳеч замон ерга.

Чўққилар мисоли соғинчинг узун,
ахир тоғлар каби дардларинг улкан.
Худойим, қанотлар бергани учун,
омадинг кулган…

Мен эса азоблар исканжасида,
ўз кўксимга ўзим ураман ханжар.
Кузни севганимга эмас, азизим,
шунчаки яшашдан юрагим санчар.

Шохларим қақшайди, титрайди танам,
куйларим, о, менинг бунча олийдир.
Азал шу: қушчалар қушликдан ҳар дам,
дарахт дарахтликдан нолийди.

Ўз ғамим ўзимдан тўкилар хазон,
йўқотиб қўяди юрар йўлимни.
Балки, шунга аянч туйилмас ҳеч он-
қушларнинг бир гўзал ўлими…

II

Кўзлардай бир сокин эди субҳлар,
нигоҳлар эмасди бунчалар золим.
На бир қушча йўқлар, на бир Куз йўқлар,
яшашни истаган дарахтнинг ҳолин.

Ёлғизлик — бетиним солади раҳна,
замину самода аламли бир сас.
Тик туриб яшашдан толган дарахтман,
барини топганман, фақат бахт эмас…

Хазонга айланди яшил куйларим,
мен ўзимча, ҳаёт ўзича ҳақдир.
Бир кун келасан деб албат ўйладим,
Тангрим, келмас қилиб яратган тақдир.

Мендан олма асло ҳавотир билсанг,
учавер, менсиз ҳам бахтинг кулгандир.
Барига тайёр кел, бир куни келсанг,
танам олов менинг, қабрим гулхандир…

* * *

Узилиб бормоқда бир ичкин ришта,
Сенсиз соғинчларни ёғдиради кўк –
Ҳамма айб менда,
йўқ, айрилишда,
Ҳамма айб сенда,
учрашишида йўқ…
Атрофда бемалол кезар куз эса,
Эгнига ғамгинлик либосин илиб:
“Ярашмас бу боғга баҳорлар келса,
Ярашмас бу одам яшаса кулиб…”
Оҳанг нигоҳимдан сачраган азоб,
Юракни қиймасдан,
кўзни қиймасдан,
куйларим саволдир, куйларим жавоб,
фақат, куймасман…
Оқшомлар ичикиб қайтиб келган бахт,
Ташвишлар, чарчашлар ичида гангиб,
Ўзини унутган,
сен унга фақат,
Бошини уришга девор бер, Тангри!
Уни мендан қутқар, умрлик ғамни,
Ва олий жазони танламайди у.
Ҳеч қачон,
ҳеч қачон,
ёлғиз одамни,
қайтган баланд Ишқни англамайди у.
У яхши билади, ғуссалар мангу,
Ва ёлғиз яшамоқ ўлим билан тенг.
Бир кун яна қайта кетадиган У,
Бир кун яна қайта қоладиган Мен!..

25. 9. 2019

* * *

Баҳорни эслатма кўксимга қайта,
ҳазин хаёллардан кўксим зил бўлди.
Ахир яшиликка “Хайр-хўш“ айта-
кузга кетганимга неча йил бўлди…
Дарахтлар шовуллаб ҳасратин тўкди,
ўйнаблар шамоллар айтган ўйинга.
Шовқинли шаҳарда яна тун чўкди,
…фақат, бир фонуснинг кўзи ўйилган.
Бекатлар, кафелар манглайи-ойдин,
нур тўла қисматдан беради дарак.
Мен ўша қушчани унутиб қўйдим,
сен мени кечиргин, кечиргин юрак!
Қайтганча қарорлар қилган бир сўздан,
ёнимда айланиб, учиб толмайди.
…бир сени баҳордан,
…бир мени куздан,
тушунгин ҳеч кимса қутқаролмайди.
Айрилиқда кўриб ҳар ҳил ёмон туш,
баҳорлари билан мендан кўнгли тўқ.
мен ўша фонусаман…
энди ўша қуш,
келарми, кетарми ахир фарқи йўқ…

* * *

I

Жоним, деганларинг жонингни олиб,
жонингга бемалол қиладилар қасд,
мен сенинг жонингга озорлар солиб,
яшаб юролмайман,
сен “жоним“ эмас…
Ёмғир каби поксан,
куз мисол ҳазин,
шамсан, минг бир дардда бўлмайсан адо,
қай жонда бўлсанг ҳам Худо асрасин,
менинг соғинчимдан этмасин жудо…
Бахт бер, ҳеч кимда йўқ, гўзал ва сўлмас,
йўлимга нигоҳинг тўшаб қўйгин жим.
Икки дунёйим бўл,
сен жоним бўлма,
жонимни бир куни олгайдир Тангрим…

II

Қайтаверар яна изига,
нигоҳларим — йўл билмас дайди,
уларни кечиргин, айби йўқ,
ахир сенсиз яшаб билмайди…
Денгизлардек ўйнар елкангда,
сочларингни ўйласам агар,
уммонларни эслайдирман, кўз
ёшларингни ўйласам агар.
Сенчи, мени ўйламайсан йўқ,
мен бир дали,
ночор бир банда.
Юзингдаги холинг — тақдирга,
нуқта қўяр, кутилмаганда…
Сен бемалол кетаверсан,
қадамларни эркалаб бир-бир.
Куздан айро тушгани сабаб,
совуқ қотар бечора сабр.
Яна қайтар, аммо нигоҳинг,
мен ва содда юрагим учун.
Мени ёмон кўрганинг каби,
сени яхши кўраман,
тушун!

5. 9. 2019.

ДАРАХТ ВА ҚУШНИНГ БИР-БИРИГА ДEГАНИ

I

Учай десам қанотларим қайрилган,
учмасдан яшамоқ гарчи зил ўлим,
нигорон, минг-минглаб бахтдан айрилган-
бағрингдан ҳеч қачон топмайман қўним.
Озодлик — нақадар гўзал азоб бу:
“мен сенинг ёнингда қолгани келдим,
келдиму, бир сенга дилни бердиму,
йиқилдим, йиқилдим, фақат йиқилдим…“-
охлар чекавердим, туганмас олий,
муҳаббат қадару, охират — кадар…
қанотлар қоқсайдим, бунда илоҳий,
устингга тўкилса “Ишқ“ деган хабар.
Бошимни эгганча майда қушларга,
учиш умидила яшадим ҳар он,
кетақол, йўл қўйгин унутишларга,
меники бўлмайсан ахир ҳеч қачон!

II

Уни деб ўзидан кечиб кетди деб,
кимларга гапириб, алдадинг кимни?
ахир битиришди кундан кунга еб,
кузга топширилган ярим умримни.
Изиллаб эсдилар ярим оқшомлар,
жонимдан соғинчнинг унсиз еллари,
синдириб ташлади шохим ёмонлар,
чорак умрим олди азоб селлари…
Қолмади тик туриб яшага ҳожат,
айланди баҳорлар бир зумда тушга,
кел, вақт бор бир-икки дақиқа фақат,
у ҳам сўнгги бора хайрлашишга…
Бахтли бўлолмайди ёлғиз дарахт жим,
керакса, индамай топширади жон,
бормайман, барини энди унутгин,
сеники бўлмайман тушун ҳеч қачон!

13. 9. 2019

ЁҒИШ — КЎКНИНГ ФАРЁДИ

“Айрилиш“ туркумидан

1

Ёғиш — кўкнинг фарёди,
ёмғирмидинг, кўкмидинг,
ҳаётимнинг имдоди,
борми эдинг, йўқмидинг…
Капалак қанотини,
қоқмай тўкилган андуҳ,
бир инсон ҳаётини,
яшайвердим чала руҳ.
Симиллаб оқар дилдан,
исминг аталган шароб,
қайси йўл бахтдир, билмам,
қайси йўлим изтироб.
Ох қадар, охлардаман,
беҳабарим, беморим,
куз ютган боғлардаман,
кечикмагин баҳорим…
Бўлурман, бўлсам барбод,
дард-ҳасратнинг озидан,
ёғмайдирсан ҳеч, наҳот,
сўлишимга розисан?!

2

Ёғиш…
ёлғиз қолган соябон,
ёғиш…
тупроқ яшаган кўча,
ёғиш…
гуллар бошин эгган тонг,
ёғиш…
ғусса ўраган кеча.
Қучоқ очиб бари кадарга,
эсимда йўқ, кетар-ўтари,
ёғишлардан ҳўл бу шаҳарга,
кириб бордим офтоб кўтариб…
Мажағланди бахтнинг сийнаси,
қутлуғ фармон келтириб Ҳақдин.
Эй, дунёнинг жабрдийдаси,
юрагимга бемалол ёғдинг.
Рад этмади кўзларинг — ташна,
кўзларимдан оқди қайталаб.
Мендан бошқа дилга адашмай,
тўкилавер, майда-майдалаб…
Ёғгин…
ярим умрим видога,
ярми тўлган ахир хатодан.
Мағрур борсин албат Худога,
юраклари пок битта одам!..

3

Кузакнинг бошидаман,
сўлиш билмас гул каби,
беписанд ва бепарво,
айни гул ёшидаман,
боқабердим нажотга,
мангу қарашида мен…
Аммо, тақдиримга тенг,
яшнашдан топмай маъни,
кузакнинг ўртасида,
умиддан тушдим айро,
бўлдим бахтин йўқотган,
бечора, норасида.
Аёз қулоч ёзар кенг,
бари қайтсайди қани,
тавбанинг чодирида,
қилдим дея кўп хато,
ёғсам эди ҳаётга,
кузакнинг охирида…

3. 9. 2019.

УЧРАШИШ ҚЎШИҒИ

1

У ҳамон эсимда:
сўзлари бурро,
кўзлари қораю,
юзлари нурли,
лаблари устида холи — тақдирим,
уни эсламоқ ҳам ҳузурли…
унга бош эгмоқлик учун яшадим,
умримни пойига тўшарман келса.
у осмон,
бу ердан унга томон то,
йиқилсам, йиқилсам, йиқилаверсам…
У бахтдир,
бахтлигин билмайди аммо,
ўша-ўша ҳамон юриш-туриши.
Эсимда йиғлаши ичикиб, сокин,
эсимда йўқ фақат кулиши…

2

Нигоҳлар тўқнашган
жойда
тўкилар,
бир сўз:
“Севаман!“
Нигоҳлар айрилган
жойда
туғилар,
битта сўз:
“Соғинч!“
Тўқнашиш айрилиш
оралиғида
яшар,
бир сўз:
“Бахт!“

3

Милён йил соғинчнинг қаъридан қайтиб,
сўз топмай,
қимтиниб,
жилмайиб,
карахт.
ёнимда ўтирар ҳижолат чекиб,
фақат тушларимда танийдиган бахт…

27.6.2019

* * *

Кўзларинг — кўзларим сиғмаган тасвир,
сочларинг — хув, Жайҳун, елкангда тошган.
У сени унутди энди адашма-
бирдан чўчиб тушар…
сенга барибир,
кузнинг келганини эшитган Тошкан…
У ҳамон кенгликда кезар сарсари,
у ҳамон осмонни севар кўнгли тўқ.
хаёлдир — заволлик билмаган, ташна,
гарчи, боролмайди баҳорга сари,
Хоразм,
кузакни соғинмайди, йўқ…
Бу ерда кузакни танимас аъвом,
бунда янчиб ўтар хазонни улов,
дейдилар: -қиш бўлгин, бекор, талашма-
сенинг борлигингни билмасин биров!
Худо қисматингни айлагай давом…

25. 8. 2019

* * *

Менсиз кулгуларнинг баҳридан кечиб,
яшайсан,
ўчмаган
нигоҳинг — шамлар.
Тун-кун мен учун ғуссани ичиб,
бошингда айланар —
байт-ул ҳазанлар…
Ёлғиз…
оқшом билан келишолмай ҳеч,
шеър ила алданган руҳимни жеркиб,
оламан соғинчли дамларимдан ўч,
сигарамнинг
олов бошини чертиб…
Узиб олинган у йилларимдан гунг,
неча кун олмади кўзларинг хабар.
Кўнглим тўла азоб,
кўзим тўла мунг.
умр зеру забар,
йўл зеру забар…
Кимдир чала бошлар шу замонда, сан,
қошимда унутиб қолдирган найни,
кел,
ёнимга, кўпроқ руҳим ҳаммадан,
сани ва,
сани ва,
сани истайди.
Ё насиб айласун сўзларинг шавқи,
ё гулгун тилакка яна куч кирсин,
ё телбалик майин тутқазсин тақдир,
ё баланд ишқимни Худо кечирсин!..

9.8.2019

* * *

1
Юрагимда туғилиб бугун,
бахти йўқдир тўкилар шеърнинг.
“Ҳеч бўлмаса ахир мен учун,
ўзингизни асрангиз!“ — дердинг…
Кўксим кулга тўлиб яшадим,
ёшлар ювди ғариб кўзимни.
Фақатгина, сендан асрадим,
ғамдан асролмадим ўзимни…

2
“Кўнгил узаверсин бошқалар,
бизлар энди умид узамиз“.
Гул сўзларни бирма-бир талаб,
аҳду паймонларни тузамиз…
Тонглар ғамдек биринчи отар,
нигоҳимда ҳасрат озори.
Хаёлимда ҳувиллаб ётар,
сўнгсиз ваъдаларнинг бозори…

3
Таслим бўлдим, йўл охирида,
кетмоқликка ўзимни уннаб.
Юрагимнинг қай чодирида,
қай туйғулар қолади тунаб.
Керишади, бўлгач сўнг мизғиб,
юрагимда бахт-шодлик ўгай.
Йўлимда кўп жангларим қизғин,
бир мағлублик билан тугагай…

4
Ўрган дедим, менсиз яшашни,
тугамасин дилинг саботи.
Кўзларингдан оқизиб ёшни,
сени ташлаб кетдим, ҳаётим…
Қорачиқлар ох тўлган, вох-а,
Худо, менга берган ҳур кадар.
Юрагимдек бўш ётар воҳа,
овунтирар кўнглимдек шаҳар…

5
Тугамаган шеърларни ёздим,
қўёлмадим сўнгги нуқта ҳам.
Ғамни бахтдек қўйнимга босдим,
соғинчларга берганман елкам.
Ишқ кетмоқда, ишқ кетиб борар,
хайр-хўшни ёғдирганча шаън.
Қолаяпман бир дунё чора,
ёзилмаган шеърларим билан…

31.7.2019

“АЙРИЛИШ“ ТУРКУМИДАН

* * *

Ям-яшил ҳислардан анча нарида,
Куз келди…
юзида ғамгин табассум.
-Севаман!
бир сўзнинг оташларида,
бахт-у дардим ёнар бирдайин, маъсум…
Маъсум қарашларинг ҳамон ёдимда,
Холинг нуқта қўяр тақдиримга шан.
Куз билан сирлашдим ҳар бир одимда:
«Кузни севадиган қизни севаман!»
-Севаман…
дарахтлар сўлишни бошлар,
кетасан, хазонлар учади йиғлаб.
Ким учун тўкилар кўзимдан ёшлар
Яшайман тўрт фасл куз каби титраб…
Титраб жон беради, севгинг, дард-куздек,
Юракка азобинг мангу қуйилар.
Енди Худосизлар гўё кузсиздек,
Кузсизлар Худосиз каби туйилар…

31. 8. 2019

УНУТИШ ҲАҚИДА УЧ ШEЪР

Масиҳуллоҳга

1
Қайт, дейман, қайт дейман, йўқ у тарафда,
эскирар ҳасратинг, ўтинч, андуҳинг.
Борини унутиб,
ёндириб кафтда-
бир сўзни чангаллаб олади руҳинг.
Сен эса истайсан:
кўзларингдек пок,
кўхнайган ҳисларнинг бахридан кечиб,
кўтарасан яна бошинг баландроқ,
кўйлагингнинг олди тугмасин ечиб-
яшайсан,
хоҳлайсан ҳамма одамдек,
сени тинглаганга термуласан,
сўнг-
сендан тонар, сени кутаётган эрк,
тушларга қочади Эрк истаган ўнг…

2
Азобдек туйилар бариси энди,
сени осмонларнинг оғуши тортар.
Ўз қанотин ўзи юлган келгинди,
учолмайсан, юкинг залвори ортар.
Бу ерлар бошқадир, бу макон ўзга,
ваҳки, ўз йўлида ўзи оввора.
Гарчи, қанотларинг умидин узган,
кўкка кириб бормоқ истар тобора…
Сен тушлар кўрасан, заминда бу пайт,
қаршингда гуллашдан толмайди учмох.
Ахир, ҳеч жонингга тегмадими айт,
тушларингда бемалол учмоқ…

3
Ўжар шоир эрдим,
ҳурликка ташна,
аммо, хаёлимда олий бир сукут.
Бас етар, бахт дея ёлғон талашма,
учиш ҳақидаги тушларни унут…
4. 9. 2019

* * *

1
Ёмғирларга айланиб фурсат,
елкаларим эзганда бот-бот,
бахш қилдилар умримга шиддат,
кўзлар дея аталган ҳаёт…

2
Кўнгил боғларида Куз ҳоким,
хазонларга бош бўлди йўлим,
тинмай қилар умримни сокин,
сўзлар дея аталган ўлим…

3
Термулайин, чиқармагин ун,
яшай бахту дард аро доим,
минг бор ўлиб-тирилганим-чун,
мангу ишқни берсин Худойим!

15.9.2019

 

022Feysbukda taniqli shoir Odil Ikrom tavsiyasi bahona Rahmat Bobojon she’rlarini o’qidim. Odiljonning sinchiligiga tan berib, xorazmlik yosh shoir do’stim sahifasidagi boshqa she’rlarini quvonib-quvonib o’qib chiqdim. Ustoz Rauf Parfining tug’ilgan kuni arafasida bu quvonchli mutolaa o’zgacha ma’no topganday bo’ldi. Ana shu quvonch sabab Hodi Toqtoshning o’sha eski gapini sal o’zgartirib aytgim keldi: She’r — ul o’zi eski narsa, lekin har bir asl shoir oni yong’orta…

Xurshid DAVRON

Rahmat BOBOJON
«KUZ DAFTARI»DAN
01

Rahmat Bobojon (Rahmatjon Bobojonov) – 1998 yili Xorazm viloyati Shovot tumanida tug’ilgan. Urganch ijtimoiy-iqtisodiyot kollejini tamomlagan. “Xorazm” nashriyotida muharrir, “Jayhun” gazetasida muxbir sifatida ishlab kelyapti.
Maqolalari, she’rlari, tarjimalari “Tamaddun nuri”, “Ezgu so’z”, “Xorazm haqiqati” kabi nashrlarda chop etilgan. 2016 yilda “Ko’ngil g’unchasi” nomli she’rlar to’plami chop qilingan. Ijod namunalari “Jilg’alar qo’shig’i”, “Mitti hikoyalar: kecha va bugun”, “Shovot mavjlari” almanaxlaridan ham joy olgan.

O’YLARGA MAHKUM ODAM

…men sening yoningda har kun qaytadan tug’ilaman, bu yashashga bo’lgan ilk qadamning na azobini, na baxtini anglaysan. Sen anglagan narsalar, mening yurak-yuragimdan o’tib bormoqda, tushun. Tushunmasligingni bilib turib qilayotgan harakatlarim xuddi yosh bolaning qiliqlariga o’xshaydi…

…oxirgi kunlarda kimgadir suyanishim, kimnidir suyashim kerakligi haqida ko’p o’yladim. Ochiq deraza, kichkina xona, tor dunyo, mushtday yuragim va baland IShQim… tashqarida esa Kuz!..

…kecha esa menga nimadir kerakligini angladim, har holda angladim, faqat nimaligini bilolmadim, bilolmayapman, bilolmasam ham kerak…

…nigohlari jonimda g’ussa va hasratning, baxt ila shodlikning ayovsiz kurashlarini boshlagan, so’zlari ruhimda gullayotgan umidga obihayot quyayotgan, qo’llari qo’llarimga tekkan mahalda “Tok urganday bo’ldi” deyayotgani ham yolg’izlik oqshomidagi mahzun odamga nur tashlaydi…

…O, ishqi NUR, zulmatlarda qolgan, Kuz bilan kurashib charchagan odam karam qil…

…uzoq-uzoqlarda bahor bor deydi Kimdir, menga umid bag’ishlaydi Nimadir, hech Kimi va hech Narsasi bor tashnaga rahming kelmaydimi, Yo, Rab…

…yo, Kuzni tashlab ketolmasligimni yaxshi tushundingmi?! Xudoga shukur. Sen Kuzni tushun, men ketsam uni hor qilishadi, tepkilashadi… Kuz menga hammasini tushuntirib bergan, sen haqda, sening o’ylaring haqda…

…begonalar orasida besh battarlab begona bo’lish osonmi? Eng oson narsa begonalikmi? “Yiroqlashib ketganimizni sezmadim?” to’xta, eng oson narsani topdim: KET demoq… evox, KET demoq… KET…

…o, mening kutganim, kutilmagan nasibam, bilaman menikisan, senikiman, ko’p narsa so’ramayman, Sensizlikdan qutqar, bo’ldi…

…ISHQi baland odamni kechir!..

KUZ

I

Uchqur qayg’ularning moviy yelkalarida menga salom keltirdi bu yilgi Kuz… Yo’lkaning bag’rini qadamlar bilan ezib borar ekanman, xayolning hadsiz kengliklarida tufroq o’ynayotgan boladay quvondim. Kuz…zangor hislardan, yashil tuyg’ulardan ayri holda yashashga yana bir imkon. Mening umrim davomida imkoniyatlarim keng bo’lishi shubhasiz, chunki Kuzni yaxshi ko’raman… Yuragimga xush kelibsan Kuz, ko’ngilning senga atalgan, “Umid” ismli darvozasi hamisha ochiq. Ostonadan xatla, kel, tortinma! Tortinma men bilan bo’l, hasratlarni ko’zimga kulday sochib yubor…

Kel, yaxshisi odamlar haqida gaplashamiz, bizning bag’rimizga qattol nigohini mehr bilan sanchuvchi odamlar haqida. Odamlar… yashash azobini anglamagan odamlar, Kuzni tanimay yashayotgan odamlar, yashamayotgan odamlar…

Daraxtlarni ko’rsam quchoqlagim keladi. Bir-biriga o’xshaydiganlarda shunday holat uchrasa kerak. Daraxtlar yashash matlabi bilan menga o’xshaydi. Daraxtlarning barglarini – kulgularga mengzayman. Sen, yolg’iz sen, menga, yolg’iz menga, kulgulari to’kilayotgan dunyoda kulib yashash oson deb o’ylaysanmi, yana sevib yashash, Kuzni sevib yashash…
Tiriklikning uyqusidan uyg’ona olmayotgan yurakka bahor bor deyishsa, faqat Uni taniydigan odamning kulgusi qistaydi. To’kila olmayotgan kulgularning yuragimga yig’iday kirib borishidan mamnunman… Faqat, sen ezilma, sen qiynalma, Kuzni o’ylama, meni o’ylama! Sen yasha, moviy osmonga nigohingdan nur sachratib yasha, men zulmatda ham nur borligiga ishonmay.
Hamma narsadan charchadim: kulishdan, yig’lashdan, dardsizlikdan, sog’inchsizlikdan, yashamaslikdan, faqat o’zimni “Qachon yaxshi odam bo’lasan?!” deb qayta-qayta tergashdan charchamadim… Qayta-qayta charchashdan charchadim.

Sen esa charchama, Kuzni mening qoshimga, mening yuragimga keltirib yasha! Bu so’zlarni ayta olish kuchini menga Kuz berdi, sen meni Kuz bilan uchrashtirding, sendan va Kuzdan bir umr minnatdor bo’lsam kerak. Yozganlarimni kechir, meni kechir, yuragimni kechir, bular bir o’ylar, kechirim uchun aytilgan so’zlar xolos.

Qara, tugab borayotgan odam seni shunchalik yaxshi ko’radi! Sen menga iltifot ko’rsat, ketma, ketma Kuz! Sen ketsang o’zimni unutib qo’yaman!..

* * *

I

Ko’zlarni to’ldirar osmon ko’p kengdir,
sen bir qushcha eding,
ruhimday erka.
O’ylarding: “Eng sokin, eng go’zal, …engdir“
qo’nib ko’rmaganding hech zamon yerga.

Cho’qqilar misoli sog’inching uzun,
axir tog’lar kabi dardlaring ulkan.
Xudoyim, qanotlar bergani uchun,
omading kulgan…

Men esa azoblar iskanjasida,
o’z ko’ksimga o’zim uraman xanjar.
Kuzni sevganimga emas, azizim,
shunchaki yashashdan yuragim sanchar.

Shoxlarim qaqshaydi, titraydi tanam,
kuylarim, o, mening buncha oliydir.
Azal shu: qushchalar qushlikdan har dam,
daraxt daraxtlikdan noliydi.

O’z g’amim o’zimdan to’kilar xazon,
yo’qotib qo’yadi yurar yo’limni.
Balki, shunga ayanch tuyilmas hech on-
qushlarning bir go’zal o’limi…

II

Ko’zlarday bir sokin edi subhlar,
nigohlar emasdi bunchalar zolim.
Na bir qushcha yo’qlar, na bir Kuz yo’qlar,
yashashni istagan daraxtning holin.

Yolg’izlik — betinim soladi rahna,
zaminu samoda alamli bir sas.
Tik turib yashashdan tolgan daraxtman,
barini topganman, faqat baxt emas…

Xazonga aylandi yashil kuylarim,
men o’zimcha, hayot o’zicha haqdir.
Bir kun kelasan deb albat o’yladim,
Tangrim, kelmas qilib yaratgan taqdir.

Mendan olma aslo havotir bilsang,
uchaver, mensiz ham baxting kulgandir.
Bariga tayyor kel, bir kuni kelsang,
tanam olov mening, qabrim gulxandir…

* * *

Uzilib bormoqda bir ichkin rishta,
Sensiz sog’inchlarni yog’diradi ko’k –
Hamma ayb menda,
yo’q, ayrilishda,
Hamma ayb senda,
uchrashishida yo’q…
Atrofda bemalol kezar kuz esa,
Egniga g’amginlik libosin ilib:
“Yarashmas bu bog’ga bahorlar kelsa,
Yarashmas bu odam yashasa kulib…”
Ohang nigohimdan sachragan azob,
Yurakni qiymasdan,
ko’zni qiymasdan,
kuylarim savoldir, kuylarim javob,
faqat, kuymasman…
Oqshomlar ichikib qaytib kelgan baxt,
Tashvishlar, charchashlar ichida gangib,
O’zini unutgan,
sen unga faqat,
Boshini urishga devor ber, Tangri!
Uni mendan qutqar, umrlik g’amni,
Va oliy jazoni tanlamaydi u.
Hech qachon,
hech qachon,
yolg’iz odamni,
qaytgan baland Ishqni anglamaydi u.
U yaxshi biladi, g’ussalar mangu,
Va yolg’iz yashamoq o’lim bilan teng.
Bir kun yana qayta ketadigan U,
Bir kun yana qayta qoladigan Men!..

25. 9. 2019

* * *

Bahorni eslatma ko’ksimga qayta,
hazin xayollardan ko’ksim zil bo’ldi.
Axir yashilikka “Xayr-xo’sh“ ayta-
kuzga ketganimga necha yil bo’ldi…
Daraxtlar shovullab hasratin to’kdi,
o’ynablar shamollar aytgan o’yinga.
Shovqinli shaharda yana tun cho’kdi,
…faqat, bir fonusning ko’zi o’yilgan.
Bekatlar, kafelar manglayi-oydin,
nur to’la qismatdan beradi darak.
Men o’sha qushchani unutib qo’ydim,
sen meni kechirgin, kechirgin yurak!
Qaytgancha qarorlar qilgan bir so’zdan,
yonimda aylanib, uchib tolmaydi.
…bir seni bahordan,
…bir meni kuzdan,
tushungin hech kimsa qutqarolmaydi.
Ayriliqda ko’rib har hil yomon tush,
bahorlari bilan mendan ko’ngli to’q.
men o’sha fonusaman…
endi o’sha qush,
kelarmi, ketarmi axir farqi yo’q…

* * *

I

Jonim, deganlaring joningni olib,
joningga bemalol qiladilar qasd,
men sening joningga ozorlar solib,
yashab yurolmayman,
sen “jonim“ emas…
Yomg’ir kabi poksan,
kuz misol hazin,
shamsan, ming bir dardda bo’lmaysan ado,
qay jonda bo’lsang ham Xudo asrasin,
mening sog’inchimdan etmasin judo…
Baxt ber, hech kimda yo’q, go’zal va so’lmas,
yo’limga nigohing to’shab qo’ygin jim.
Ikki dunyoyim bo’l,
sen jonim bo’lma,
jonimni bir kuni olgaydir Tangrim…

II

Qaytaverar yana iziga,
nigohlarim — yo’l bilmas daydi,
ularni kechirgin, aybi yo’q,
axir sensiz yashab bilmaydi…
Dengizlardek o’ynar yelkangda,
sochlaringni o’ylasam agar,
ummonlarni eslaydirman, ko’z
yoshlaringni o’ylasam agar.
Senchi, meni o’ylamaysan yo’q,
men bir dali,
nochor bir banda.
Yuzingdagi xoling — taqdirga,
nuqta qo’yar, kutilmaganda…
Sen bemalol ketaversan,
qadamlarni erkalab bir-bir.
Kuzdan ayro tushgani sabab,
sovuq qotar bechora sabr.
Yana qaytar, ammo nigohing,
men va sodda yuragim uchun.
Meni yomon ko’rganing kabi,
seni yaxshi ko’raman,
tushun!

5. 9. 2019.

DARAXT VA QUShNING BIR-BIRIGA DEGANI

I

Uchay desam qanotlarim qayrilgan,
uchmasdan yashamoq garchi zil o’lim,
nigoron, ming-minglab baxtdan ayrilgan-
bag’ringdan hech qachon topmayman qo’nim.
Ozodlik — naqadar go’zal azob bu:
“men sening yoningda qolgani keldim,
keldimu, bir senga dilni berdimu,
yiqildim, yiqildim, faqat yiqildim…“-
oxlar chekaverdim, tuganmas oliy,
muhabbat qadaru, oxirat — kadar…
qanotlar qoqsaydim, bunda ilohiy,
ustingga to’kilsa “Ishq“ degan xabar.
Boshimni eggancha mayda qushlarga,
uchish umidila yashadim har on,
ketaqol, yo’l qo’ygin unutishlarga,
meniki bo’lmaysan axir hech qachon!

II

Uni deb o’zidan kechib ketdi deb,
kimlarga gapirib, aldading kimni?
axir bitirishdi kundan kunga yeb,
kuzga topshirilgan yarim umrimni.
Izillab esdilar yarim oqshomlar,
jonimdan sog’inchning unsiz yellari,
sindirib tashladi shoxim yomonlar,
chorak umrim oldi azob sellari…
Qolmadi tik turib yashaga hojat,
aylandi bahorlar bir zumda tushga,
kel, vaqt bor bir-ikki daqiqa faqat,
u ham so’nggi bora xayrlashishga…
Baxtli bo’lolmaydi yolg’iz daraxt jim,
keraksa, indamay topshiradi jon,
bormayman, barini endi unutgin,
seniki bo’lmayman tushun hech qachon!

13. 9. 2019

YOG’ISH — KO’KNING FARYODI

“Ayrilish“ turkumidan

1

Yog’ish — ko’kning faryodi,
yomg’irmiding, ko’kmiding,
hayotimning imdodi,
bormi eding, yo’qmiding…
Kapalak qanotini,
qoqmay to’kilgan anduh,
bir inson hayotini,
yashayverdim chala ruh.
Simillab oqar dildan,
isming atalgan sharob,
qaysi yo’l baxtdir, bilmam,
qaysi yo’lim iztirob.
Ox qadar, oxlardaman,
behabarim, bemorim,
kuz yutgan bog’lardaman,
kechikmagin bahorim…
Bo’lurman, bo’lsam barbod,
dard-hasratning ozidan,
yog’maydirsan hech, nahot,
so’lishimga rozisan?!

2

Yog’ish…
yolg’iz qolgan soyabon,
yog’ish…
tuproq yashagan ko’cha,
yog’ish…
gullar boshin eggan tong,
yog’ish…
g’ussa o’ragan kecha.
Quchoq ochib bari kadarga,
esimda yo’q, ketar-o’tari,
yog’ishlardan ho’l bu shaharga,
kirib bordim oftob ko’tarib…
Majag’landi baxtning siynasi,
qutlug’ farmon keltirib Haqdin.
Ey, dunyoning jabrdiydasi,
yuragimga bemalol yog’ding.
Rad etmadi ko’zlaring — tashna,
ko’zlarimdan oqdi qaytalab.
Mendan boshqa dilga adashmay,
to’kilaver, mayda-maydalab…
Yog’gin…
yarim umrim vidoga,
yarmi to’lgan axir xatodan.
Mag’rur borsin albat Xudoga,
yuraklari pok bitta odam!..

3

Kuzakning boshidaman,
so’lish bilmas gul kabi,
bepisand va beparvo,
ayni gul yoshidaman,
boqaberdim najotga,
mangu qarashida men…
Ammo, taqdirimga teng,
yashnashdan topmay ma’ni,
kuzakning o’rtasida,
umiddan tushdim ayro,
bo’ldim baxtin yo’qotgan,
bechora, norasida.
Ayoz quloch yozar keng,
bari qaytsaydi qani,
tavbaning chodirida,
qildim deya ko’p xato,
yog’sam edi hayotga,
kuzakning oxirida…

3. 9. 2019.

UCHRAShISH QO’SHIG’I

1

U hamon esimda:
so’zlari burro,
ko’zlari qorayu,
yuzlari nurli,
lablari ustida xoli — taqdirim,
uni eslamoq ham huzurli…
unga bosh egmoqlik uchun yashadim,
umrimni poyiga to’sharman kelsa.
u osmon,
bu yerdan unga tomon to,
yiqilsam, yiqilsam, yiqilaversam…
U baxtdir,
baxtligin bilmaydi ammo,
o’sha-o’sha hamon yurish-turishi.
Esimda yig’lashi ichikib, sokin,
esimda yo’q faqat kulishi…

2

Nigohlar to’qnashgan
joyda
to’kilar,
bir so’z:
“Sevaman!“
Nigohlar ayrilgan
joyda
tug’ilar,
bitta so’z:
“Sog’inch!“
To’qnashish ayrilish
oralig’ida
yashar,
bir so’z:
“Baxt!“

3

Milyon yil sog’inchning qa’ridan qaytib,
so’z topmay,
qimtinib,
jilmayib,
karaxt.
yonimda o’tirar hijolat chekib,
faqat tushlarimda taniydigan baxt…

27.6.2019

* * *

Ko’zlaring — ko’zlarim sig’magan tasvir,
sochlaring — xuv, Jayhun, yelkangda toshgan.
U seni unutdi endi adashma-
birdan cho’chib tushar…
senga baribir,
kuzning kelganini eshitgan Toshkan…
U hamon kenglikda kezar sarsari,
u hamon osmonni sevar ko’ngli to’q.
xayoldir — zavollik bilmagan, tashna,
garchi, borolmaydi bahorga sari,
Xorazm,
kuzakni sog’inmaydi, yo’q…
Bu yerda kuzakni tanimas a’vom,
bunda yanchib o’tar xazonni ulov,
deydilar: -qish bo’lgin, bekor, talashma-
sening borligingni bilmasin birov!
Xudo qismatingni aylagay davom…

25. 8. 2019

* * *

Mensiz kulgularning bahridan kechib,
yashaysan,
o’chmagan
nigohing — shamlar.
Tun-kun men uchun g’ussani ichib,
boshingda aylanar —
bayt-ul hazanlar…
Yolg’iz…
oqshom bilan kelisholmay hech,
she’r ila aldangan ruhimni jerkib,
olaman sog’inchli damlarimdan o’ch,
sigaramning
olov boshini chertib…
Uzib olingan u yillarimdan gung,
necha kun olmadi ko’zlaring xabar.
Ko’nglim to’la azob,
ko’zim to’la mung.
umr zeru zabar,
yo’l zeru zabar…
Kimdir chala boshlar shu zamonda, san,
qoshimda unutib qoldirgan nayni,
kel,
yonimga, ko’proq ruhim hammadan,
sani va,
sani va,
sani istaydi.
Yo nasib aylasun so’zlaring shavqi,
yo gulgun tilakka yana kuch kirsin,
yo telbalik mayin tutqazsin taqdir,
yo baland ishqimni Xudo kechirsin!..

9.8.2019

* * *

1
Yuragimda tug’ilib bugun,
baxti yo’qdir to’kilar she’rning.
“Hech bo’lmasa axir men uchun,
o’zingizni asrangiz!“ — derding…
Ko’ksim kulga to’lib yashadim,
yoshlar yuvdi g’arib ko’zimni.
Faqatgina, sendan asradim,
g’amdan asrolmadim o’zimni…

2
“Ko’ngil uzaversin boshqalar,
bizlar endi umid uzamiz“.
Gul so’zlarni birma-bir talab,
ahdu paymonlarni tuzamiz…
Tonglar g’amdek birinchi otar,
nigohimda hasrat ozori.
Xayolimda huvillab yotar,
so’ngsiz va’dalarning bozori…

3
Taslim bo’ldim, yo’l oxirida,
ketmoqlikka o’zimni unnab.
Yuragimning qay chodirida,
qay tuyg’ular qoladi tunab.
Kerishadi, bo’lgach so’ng mizg’ib,
yuragimda baxt-shodlik o’gay.
Yo’limda ko’p janglarim qizg’in,
bir mag’lublik bilan tugagay…

4
O’rgan dedim, mensiz yashashni,
tugamasin diling saboti.
Ko’zlaringdan oqizib yoshni,
seni tashlab ketdim, hayotim…
Qorachiqlar ox to’lgan, vox-a,
Xudo, menga bergan hur kadar.
Yuragimdek bo’sh yotar voha,
ovuntirar ko’nglimdek shahar…

5
Tugamagan she’rlarni yozdim,
qo’yolmadim so’nggi nuqta ham.
G’amni baxtdek qo’ynimga bosdim,
sog’inchlarga berganman yelkam.
Ishq ketmoqda, ishq ketib borar,
xayr-xo’shni yog’dirgancha sha’n.
Qolayapman bir dunyo chora,
yozilmagan she’rlarim bilan…

31.7.2019

“AYRILISh“ TURKUMIDAN

* * *

Yam-yashil hislardan ancha narida,
Kuz keldi…
yuzida g’amgin tabassum.
-Sevaman!
bir so’zning otashlarida,
baxt-u dardim yonar birdayin, ma’sum…
Ma’sum qarashlaring hamon yodimda,
Xoling nuqta qo’yar taqdirimga shan.
Kuz bilan sirlashdim har bir odimda:
«Kuzni sevadigan qizni sevaman!»
-Sevaman…
daraxtlar so’lishni boshlar,
ketasan, xazonlar uchadi yig’lab.
Kim uchun to’kilar ko’zimdan yoshlar
Yashayman to’rt fasl kuz kabi titrab…
Titrab jon beradi, sevging, dard-kuzdek,
Yurakka azobing mangu quyilar.
Yendi Xudosizlar go’yo kuzsizdek,
Kuzsizlar Xudosiz kabi tuyilar…

31. 8. 2019

UNUTISH HAQIDA UCH SHE’R

Masihullohga

1
Qayt, deyman, qayt deyman, yo’q u tarafda,
eskirar hasrating, o’tinch, anduhing.
Borini unutib,
yondirib kaftda-
bir so’zni changallab oladi ruhing.
Sen esa istaysan:
ko’zlaringdek pok,
ko’xnaygan hislarning baxridan kechib,
ko’tarasan yana boshing balandroq,
ko’ylagingning oldi tugmasin yechib-
yashaysan,
xohlaysan hamma odamdek,
seni tinglaganga termulasan,
so’ng-
sendan tonar, seni kutayotgan erk,
tushlarga qochadi Erk istagan o’ng…

2
Azobdek tuyilar barisi endi,
seni osmonlarning og’ushi tortar.
O’z qanotin o’zi yulgan kelgindi,
ucholmaysan, yuking zalvori ortar.
Bu yerlar boshqadir, bu makon o’zga,
vahki, o’z yo’lida o’zi ovvora.
Garchi, qanotlaring umidin uzgan,
ko’kka kirib bormoq istar tobora…
Sen tushlar ko’rasan, zaminda bu payt,
qarshingda gullashdan tolmaydi uchmox.
Axir, hech joningga tegmadimi ayt,
tushlaringda bemalol uchmoq…

3
O’jar shoir erdim,
hurlikka tashna,
ammo, xayolimda oliy bir sukut.
Bas yetar, baxt deya yolg’on talashma,
uchish haqidagi tushlarni unut…

4. 9. 2019

* * *

1
Yomg’irlarga aylanib fursat,
yelkalarim ezganda bot-bot,
baxsh qildilar umrimga shiddat,
ko’zlar deya atalgan hayot…

2
Ko’ngil bog’larida Kuz hokim,
xazonlarga bosh bo’ldi yo’lim,
tinmay qilar umrimni sokin,
so’zlar deya atalgan o’lim…

3
Termulayin, chiqarmagin un,
yashay baxtu dard aro doim,
ming bor o’lib-tirilganim-chun,
mangu ishqni bersin Xudoyim!

15.9.2019

04

(Tashriflar: umumiy 614, bugungi 1)

Izoh qoldiring