Тонгда денгиз сокин бўлади. Фақат унинг сийнаси қаърида ожиз бир шовуллаш элас-елас эшитилар, гўё уйқусида алағ-чалағ туш кўриб безовталанаётгандек, сув юзи бехосдан титраб-титраб кетарди. Кириб келаётган тонгнинг бўзарган ва туманли жилоси милтиллаши билан тунда, осмон чироқларининг қизғиш шуъласида мусаллас рангига ғарқ бўлган денгиз юзи аста-секин ўзгара бошлайди, гоҳ оч яшил, бинафша, гоҳ зумрад рангда товланади…
Зулфия ҚУРОЛБОЙ ҚИЗИ
БЕДОР РУҲ
Зулфия Қуролбой қизи (Зулфия Йўлдошева) – 1966 йили Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. 1989 йили Жиззах педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битирган. “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Ўлим ҳеч нарса эмас” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари муаллифи. Айни кунларда “Ўзбекфильм” киностудиясида ишлайди. Ҳикояси асосида “Чақмоқ чаққан тунда” бадиий фильми суратга олинган. “Ёзсиз йил” бадиий фильмининг, “Фидойилар” сериалининг сценарий муаллифи. Ҳикоялари асосида Ўзбек давлат драма театрида “Аёл” спектакли саҳналаштирилди.
“Золужо айди:
“Эй Жаброил, Изи азза ва жалла Юнусни ўзга зиндонга солур бўлса манда-ўқ турсун.
Ман анга сандин бағирсоқман”
“Қисаси Рабғузий”дан
Тонгда денгиз сокин бўлади.
Фақат унинг сийнаси қаърида ожиз бир шовуллаш элас-елас эшитилар, гўё уйқусида алағ-чалағ туш кўриб безовталанаётгандек, сув юзи бехосдан титраб-титраб кетарди. Кириб келаётган тонгнинг бўзарган ва туманли жилоси милтиллаши билан тунда, осмон чироқларининг қизғиш шуъласида мусаллас рангига ғарқ бўлган денгиз юзи аста-секин ўзгара бошлайди, гоҳ оч яшил, бинафша, гоҳ зумрад рангда товланади; балиқчи қушлар жимгина чарх уради, оппоқ тўлқинлар шовқинсиз келиб қирғоқ қучоғига отилади ва яна шу заҳоти денгизга қайтади.
Ўзининг нақшин устунлар қад кўтарган айвонлари бўлган сон-саноқсиз уйлари, ёнма-ён жойлашган қатор-қатор дўконлар-у қовоқхоналари, қуббалари ялтироқ гумбазли ибодатхоналари, тижорат кемалари ҳеч аримайдиган бандаргоҳлари, аёллардек кўркам ва мағрур, тилларанг баргли дарахтлари билан денгизга ёриб кирган дабдабали ва сервиқор кўрфаз ҳам одатда тонг чоғида сокин бўлади, ҳаяжонга тўла юраги қотиб қолгандай, тиқ этган товуш эшитилмайди; гўё тунги эҳтирослар қуюни тинганидан енгил тортган табиат ҳордиқ чиқараётгандек, борлиқда сукунат ҳукм суради. Баланд ва кенг қилиб қурилган, ҳафсала билан турфа рангларга бўялган уйларнинг деворларида, ноз-карашмали аёлларнинг шойи либосларида, ёқут кўзли маржонларию тилла тақинчоқларида ўзини кўз-кўз қилган чироқларнинг оловранг шуъласи ҳам энди кўринмайди.
Денгиз ортидан тонг шафағи мўралаб, қуёшнинг илк нурлари сув юзини тила бошлаган маҳал сафардан қайтган кемалар гудоги мудраб ётган кўрфазни маст уйқудан уйғотади. Энг аввал қирғоқдаги омборхоналарда ётиб юрувчи ҳаммоллар уйқули, қизарган кўзларини ишқалаганча бандаргоҳ оғзига секин кириб келаётган кемалар сари югуришади. Кейин олибсотарларнинг ўткир овозлари янграйди. Новвойхоналар тепасида тутун ўрлайди. Денгиз шамоли куйдирилган зайтун ёғи ҳидини олисларга олиб кетади. Бозорларнинг сон-саноқсиз расталари одамларга тўлади. Юк ортилган аравалар қўшилган отларнинг шиддатли туёқлари остида ер титрайди.
Нозик қўлчаларида чиройли туфлиларини ликиллатганча офтобнинг илк нурида эриб кетаётгандай майин шитирлаётган қумда ғовур-ғувур қилиб чиғаноқ териб юрган аёллар пайдо бўлиши ҳамон бандаргоҳда ишни тугатиб, қўли пул кўрган ҳаммоллар мамнунлик билан кафтларини бир-бирига уриб қўйиб, асаларилардай ғувиллаганча қирғоқ томонга отилишади…
Пешинга бориб кўрфаз аҳлининг ҳашаматга ўч табиатлари ифодаси бўлмиш – пойдевори баланд бинолари, тундан тонггача маст-аласт кишилар аримайдиган қовоқхоналарнинг деразалари ва соҳилнинг ноз-у ишвага уста жононларидек солланиб, сувдаги аксига маҳлиё бўлган дарахтлар денгиз юзида худди кўзгуда акс этгандек товланиб, липиллай бошлайди, гўё барчаси бир лаҳзада изсиз йўқ бўлиб кетадигандек…
Кеч тушиб, қирғоққа боғланган қайиқлар тепасини мойга шимдирилган олов-таёқлар ёрита бошлаган бир вақтда улкан балиқ кўкрак қанотларини кенг ёйиб, улкан қуйруғи билан зим-зиё қоронғиликни тилимлаганча соҳилга яқин сузиб келади. У олам ҳали мурғак паллада, дунё фақат сув ва жонзотлардан иборат бўлган замонлардан буён шу денгизни макон тутган; узоқ яшаганидан ҳатто неча ёшдалигини ҳам эслай олмас; мудом умрларини ҳарбу зарбларда ўтказадиган, нуқул уруш ва ҳийлагарликлар ўйлаб топадиган, ҳашаматга ўч одамлар пайдо бўлгач тез-тез қирғоққа яқин келиб, сув остида қимир этмай турганча отлар дупури, суворийлар ҳайқириғи, қиличлар жарангидан тортиб, араваларнинг тош йўлга урилиб ғичирлаган товушлари ва билярдхоналардаги қаҳ-қаҳалар-у, гўшт чопилаётган тўнкаларнинг гурсиллашларини, дошқозонлар тагига қаланган ўтинларнинг чирсиллаши-ю товуқларнинг қоқоғлашларигача эшитарди.
Унга одамлар ҳаёти сирли ва қизиқарли туюларди.
Улкан балиқ шу қадар эҳтиёткор эдики, мавжуд бўла туриб, номавжуддек яшарди.
Қирғоқда яшовчилар қанчалик ақлли, бой-бадавлат, ўзларига баланд-баланд қалъалар қуриб олган, зийнатлаган, устахоналар қурган, ҳимоя аслаҳалари ясаган, ҳеч кимни назар-писанд қилмайдиган, ўзларига ҳаддан зиёд ишонадиган кишилар бўлмасин, шу вақтгача унинг мавжудлигини пайқашмаганди. Гоҳ-гоҳида улкан балиқнинг қизиқувчанлиги, табиатан саргузаштталаблиги устун келиб, одамларга билинмоқни, ошкор бўлмоқни истаб қоларди, лекин эшкакларнинг шалоплаши, балиқчиларнинг ёввойи қичқириқлари қулоқлари остида жаранглаши билан ошкор бўлиш яхшиликка олиб келмаслигини эслаб, бу истакни ортга сурарди ҳар сафар…
* * *
Бу вақтда кўрфаз аҳли одатдагидек, денгиз бўйидаги қовоқхонага жам бўлишганди. Улар тилларанг нақш билан безалган гумбазсимон шифти мусиқа садоларидан титраётган кенг ва ёруғ хонада, тўкин-сочин столлар атрофида ўтирганча маишат қилишар, ўйнаб-кулишар, кундузи қўққисдан осмонда пайдо бўлган ой каби кутилмаганда кириб келган баланд бўйли, келишган, юзидан нур ёғилаётган муҳтарам Зот томонга қарамасдилар ҳам.
Эшик олдидаги столда ўтирган бир неча кишигина энсалари қотиб, ижирғаниб кулимсираганча қаршиларида турган Муҳтарам зотнинг сўзларини тинглардилар:
– Эй қавмим, мен сизларга фақат яхшилик тилайман. Агар бу залолат, гумроҳликда давом эцангиз, Уғон тенгри сизларга шундай бир азоб, бало-мусибат юборадики, аниқ ҳалок бўлурсизлар!
Шунда одамлар орасидан паст бўйли, жиккак бир киши чайқалганча ўрнидан туриб хириллаган овозда деди:
– Бас қилмайсанми, эй, ўзини пайғамбар деб атаётган зот. Ахир, кўрмаяпсанми, биз кун бўйи эшакдай ишлаб, энди дам олишга келганмиз…
Жиккак киши ёнидаги ярим яланғоч аёлни етаклаганча нари кетаркан, аёл ишва билан жилмайиб, Унга ликопчада бир бўлак гўшт тутди.
Муборак зотнинг оғриқли нигоҳлари на аёлга, на гўшт бўлагига парво қилди, дераза оша денгизга талпинди.
– Худодан қўрқинг…
– Нима, сенингча, ота-боболаримиз сиғиниб келган худолар ҳеч ким эмасми? – дея эътироз билдирди ўтирганлардан бири ингичка бўйнини чўзиб. – Сен айтаётган ўзи йўқ Худога ишониб, биз учун муқаддас бўлган маъбудларимиздан ҳаром нарсадан иргангандек юз ўгиришимиз керакми?!
– Сиздай шаҳватпараст, жоҳил ва гуноҳкорларнинг гапларига қулоқ соладиган худолар қанақа худолар экан?! – киноя қилди Муҳтарам зот.
Оломон Муҳтарам зотни гапини давом эттиргани қўймади.
– Яккаю ягона Парвардигорингга бориб айт, агар биз гуноҳкор бўлсак, ўша сен айтиб, қўрқитаётган азобини юбора қолсин! – дея қичқиришди улар.
Ликопчада гўшт тутган аёл кутилмаганда ёнидаги жиккак кишини кўкрагидан итариб юборди-ди, хона ўртасида тўнтарилган бочка устига сакраб чиқди ва мода силовсиндай эшилиб-буралиб рақс туша бошлади. Кимдир “Баландроқ!” деб қичқирди. Жазавали мусиқадан қовоқхона шифти ларзага тушди. Эркаклар ваҳшиёна қичқирганча аёлни олқишлашарди. Аёл ноз-у ишва билан хиром айларкан, жодули кўзларини Муҳтарам зотдан узмасди.
Муҳтарам Зот беозорлик билан қутурган оломонга бир зум қараб турди, сўнг қаҳвахонадан отилиб чиқди. Зеро, чак-чак заҳар томиб турган ҳашамат ва гўзалликдан унинг кўнгли айниётганди
Ҳовлида доғ босган юзи гўштдор, чақчайган кўзлари қонга тўлгандай қип-қизил, бўйни қат-қат ёғ орасидан зўрға кўриниб турган қаҳвахона хўжайини кекса Лаҳабийга дуч келди.
– Ҳей, Мано ўғли, отанг дуруст одам эди, лекин сен телва десам, телвага ўхшамаюрсан, аммо ғирт телванинг ишини қиляпсан, бунақада мени хонавайрон қиласан-ку! – деди Лаҳабий худди бир ери оғриётгандек оғзини қийшайтириб, норози оҳангда.
Қаҳвахонанинг орқа ҳовлисида белига исқирт пешбоғ боғлаган, қўлида тиғи ялтираган пичоқ тутиб, калласини олиш учун семизгина хўрознинг кетидан қувиб юрган букри хизматчи ахийри хўрозни тутолмаслигига кўзи етиб, жаҳл билан пичоғини қинига солди ва уларнинг олдига келиб, ҳарислик билан илжайганча Муҳтарам Зотнинг атрофида айлана бошлади.
Муҳтарам Зот қонталашган кўзларини қисиб, мазахомуз қараб турган “бир қоп гўшт”га нимадир демоқчи бўлди, лекин фикридан қайтиб йўлида давом этди.
– Агар Уғон тенгри пайғамбар юборишни хоҳлаганида, осмондан фаришталарни туширган бўларди, шунга ақлинг етмадими, телва?! – дея қичқирди кекса Лаҳабий мешдай қорнини селкиллатиб, пихиллаб куларкан.
Букри хизматчи “Ҳозир уни боплайман,” дегандек ялтоқланганча қаҳвахона хўжайнига кўзини қисиб қўйди ва Муҳтарам зотнинг ортидан югурди.
– Агар Сен ҳақиқатан ҳам Худонинг элчиси бўлсанг, Унга айт, менинг букримни тўғрилаб берсин! – деди у тиржайганча Муҳтарам зотнинг йўлини тўсиб, сап-сариқ кўзлари йилтираганча.
Муҳтарам Зот букрига боқди, унинг нигоҳларида қисмат ўз муҳрини босган жафокашнинг азоби эмас, балки бўлғуси бахцизликлар ва фалокатлар қайғусидан башорат бор эди.
– Ношукр бўлма, Ҳорон.
Букрининг жазаваси қўзиди, у барча омадсиз одамлар каби аламзада эди:
– Нимага шукр қилишим керак?! Айт-чи, нимага? Мени ва хотинимни букри қилиб яратгани учунми?!
Ҳақиқатан ҳам букрининг нафақат ўзи, балки хотини ҳам букри эди. Аммо уларнинг ўн икки яшар ўғли соғлом ва ҳеч бир камчиликсиз туғилганди.
– Ибодат қил, дейишдан бошқа гап айтмайман сенга, – деди Муҳтарам Зот ва йўлида давом этди.
Букри унинг ортидан қулоқни тешиб, кар қилгудай узун ҳуштак чалиб, қичқира бошлади:
– Топган баҳонасини қаранглар! Мен ундан нима сўрадиму у менга нима деди!..
Полизда турган қўриқчидек, ўтирганларнинг кўзига бало-қазо бўлиб кўринган Зотнинг қаҳвахонани тарк этиши оломонга қўл келди, улар энди жуфт-жуфт бўлиб рақсга туша бошладилар. Аввалига аёл ва эркак, кейин эркак билан эркак…
Улар қалбларини жунбушга келтирган ёввойи эҳтиросларини кўпроқ, кўпроқ ва янада кўпроқ сарфлашга шошардилар.
Муҳтарам Зот қирғоқ бўйига келди. Бу вақтда ердаги эҳтирослар қайновини жимгина ёритган ҳомиладор ой баркашдай бўлиб денгиз устида осилиб турарди.
– Тоғда, қўйчивонлар орасида юрган бир банда эдим, – сўзланди у ўзича, юзида ўйчан табассум жилва қиларди, гўё ўзининг гапларидан ўзи кулаётгандек. – Мунда келтиришди. Ялавочлиғ қилармушмен. Кекса Лаҳабий унчалик ақлли одам бўлмаса ҳам, шу гал тўғри айтадир, бирор марта юмшоқ ўринда ётмаган, бирор марта яхши тўн киймаган ва бирор марта тўйиб арпа нони емаган одам ялавоч эмиш… Қавмингни тўғри йўлға бошлағил, чунки улар ҳеч нарсани билмайдилар, дейилди. Улар ҳеч нарсани билмайдиларми?! Улар-а?! Уй қуришни, зийнатлашни билган одамлар-а! Улар жуда яхши биладилар. Фақат ўзлари истагандай яшашни истайдилар. Нафсларини тийишни истамайдилар. Қандайлигидан қатъи назар, орзуларидан воз кечишни истамайдилар. Шуларни эпга солиб бўладими?..
Уфқ ортидан кўпчиган қорнида ўтли иплар чақнаган қоп-қора, қаҳрвор булутлар тўдаси кўтарилиб, ириллаётган арслонлар каби гулдираганча аста-секин қути ўчган денгиз томон йўл олди. Гўё сирли илоҳа улкан қанотларини кенг ёйганча порлаб турган юлдузларни бир-бир ўчираётгандек, осмон бағрини зулмат қоплай бошлади.
Муҳтарам Зот кўкка умидвор тикилди. “Уғон Тенгри уларға бало йиборғаймен теб ваъда қилмиш эрди…”
Булутлар тўдаси иррилаётган арслонлар каби гулдираганча Унинг тепасидан ўтиб кетди.
Муҳтарам Зот энди кўкка таъна билан тикилди…
* * *
Аммо ярим тунда денгиз жазавага тушган улкан наҳанг мисол кўрфазга бостириб келди. Кучли тўфон шаҳарни қамради ва шу дамнинг ўзида уйларни, дарахтларни, одамларни ўз комига тортиб, чирпирак қила бошлади. Кўз очиб юмгунча тўфон ҳамма нарсани вайрон қилди. Кўрфазни чанг-тўзон, қоронғулик босди. Шўртаъм, муздай ҳаводан одамлар нафас ололмай ерга йиқилар, йиқилган қайтиб ўрнидан турмас, музга ёпишгандай қотиб қоларди.
Шамол эса лаҳза сайин кучайиб, бошвоқсиз дайдига ўхшаб, кўрфаздаги бор нарсани яксон қилар, кўкка учирарди.
Довдираган, ранг-қути ўчган одамлар ўзларини ибодатхонага уришди. Бу ерда уларнинг ўзлари учун ҳолвадан ясаб олган бутлари турарди.
Оломон ҳолва бут қаршисида тиз чўкди. Улар шу ерда, ҳолва бут қаршисидагина жон сақлаб қолишларига ишонишарди.
Кўрфазда, қирғоқ бўйида фақат биргина инсон қолганди…
* * *
Кучли тўфон икки кун давом этди.
Учинчи кун тонгида шамол ўз маконига, денгизга қайтди.
Одамлар бирин-сирин ибодатхонадан чиқа бошладилар. Муҳтарам зот ўз қавмдошларини энди имонга келишларидан умидвор эди. Аммо пишқираётган оломон оч эди. Улар бақир-чақир қилганча тўфон қирғоққа улоқтирган балиқ ва қисқичқабақаларни териш билан банд эдилар.
– Эй қавмим, – дея мурожаат қилди муҳтарам зот уларга. – Аллоҳга имон келтиринг. Ундан бошқа илоҳ йўқлигига ишонинг! Унинг балосини кўрдингизми?!
Оч-наҳор олаомонга бу гап ёқмади, улар ғазабланиб кетишди:
– Аллоҳнинг юборган азоби шуми?! Бу билан бизни қўрқитолмайсан! Агар бузилган иморатларимизни айтаётган бўлсанг, хотиржам бўл, бундан яхшироқларини қуриб олишга қурбимиз етади. Фақат аввал қорнимизни тўйдириб олайлик!
Муборак зотнинг юзи оғриқдан буришди. Одамлардан юз ўгириб, денгизга юзланди.
– Мени золимлардан қутқарғил, – ич-ичидан нола қилди у: – Уларнинг ёмонлигини даф қилишда ожизмен… Улар фақат гумонга эргашурлар. Гумон эса Ҳақиқатнинг ўрнини босолмайди-ку!
Шу вақт ҳар томондан бошига намхуш қум сочилди.
Муҳтарам Зот сесканиб, ортига ўгирилди.
Уч-тўрт қадам нарида Букри бошчилигида қўлларига тош-кесак ушлаган дарғазаб одамлар туришарди:
– Илоҳингга айт, унинг мутлоқо кераги йўқ бизга!.. Ўзинг ҳам даф бўл! Яна ишимизга аралашадиган бўлсанг, туғилганингга пушаймон бўласан!
Муҳтарам Зот ёлворди:
– Жим бўлсангиз-чи! Мен Уғон тенгри кўнглимга солганини айтиб олай…
Оломон унинг илтижосига қулоқ тутмади. Қўлларидаги тош-кесакларни унинг устига ёғдиришди.
* * *
Ёзнинг жазирама кунларидан бирида туйқусдан осмонни зулмат қоплади. Самодан олов ёғилгандай сув юзини чақмоқлар тила бошлади. Севимли машғулоти – тижоратчи сайёҳ кемалар билан қувлашиб юрган Балиқ кўрфаздан келаётган ноғораларнинг овози ва кучли шовқин-суронни эшитиб қолди. Бу овозлар ҳам аввалгиларидек, худди бўронда қолган очофат қушларнинг овозидай ўткир ва қўрқинчли эди.
Балиқ қирғоқ томон интилди.
– Қорнимиз тўқ, устимиз бут, уйларимиз кошона бўлса, бизга Худонинг нима кераги бор?! Биз худосиз ҳам ўз йўлимизни топиб оламиз! – бу бозорда тўпланган одамларнинг овози эди.
Балиқ қувончдан энтикди. Мана ҳозир… ўша, одамларга яхшилик истовчи, уларни тўғри йўлга бошлаб, балолардан асрагувчи Муҳтарам Зот ғазабга тўлган одамларга қараб:
– Эй қавмим, мен сизларга фақат яхшилик тилайман!.. – дейди.
Балиқ таниш ва қадрдон овозни эшитиш илинжида бутун вужуди билан қирғоққа қулоқ тутди.
Дарҳақиқат, ана у!
– Сизларга не бўлди? Сизлар Аллоҳ балоси нелигин билмаяпсизлар! Қулоқларингиз кар эмас, аммо ўзингизни кардек тутяпсиз! Кўзларингиз кўр эмас…
Ҳавода тошларнинг визиллиб учган товуши эшитилди.
Муҳтарам зотнинг ҳам тоқати тоқ бўлганди. У кенг яғринли, бақувват киши эди, лекин кифтида оғир юк бордек ва бу юк уни эзиб, парчалаб ташлагандек, ниҳоятда дили хуфтон эди.
– Э, менга деса ер ютмайдими уларни! – Унинг қаҳри қўзиган, ҳамма нарсани чилпарчин қилиб ташлагиси келарди. – Бузуқлик ва фаҳш ботқоғига ботган бу заминни денгиз ютиб юборсайди, ундан бир дона тош ҳам қолмасайди!
Зулмат қуюқлашиб, кўпириб-тошган бағрида чақмоқларни ортмоқлаган булутларнинг пақ этиб қорни ёрилди: шаррос жала қуйиб юборди.
Ёмғир шу қадар кучли қуйдики, сув юзида “чучвара қайнади”, тўлқинлар мавжи денгиз бағрига сиғмай, кўкка отилди…
* * *
Ниҳоят, камалак пайдо бўлди.
Чиройи очилган осмон яна аввалги беғубор қиёфасига қайтди. Балиқнинг қалбини қамраган ўкинчли ғусса тарқагандай бўлди. Умидланди, мана, энди ҳаммаси ўз ўрнига тушади.
Лекин негадир ҳамма ёқ сув қуйгандай жим-жит эди. Гўё денгиз пойига ястанган кўрфаз ўзининг баланд-баланд уйлари, тилларанг япроқли дарахтлари билан олис-олисларга кетиб қолгандай.
Бир маҳал қирғоқдан зардали овоз эшитилди.
– Тангрим, ёрлиғинг қирқ кун эди. Ундадим, бирагу ҳам имонга келмади. Улар менга муҳтож эмас… Улар бир сичқон мисол. Каваклари жойлашган бинони ким қурган, қанча яшайди, ишлари йўқ. Фақат яхши яшашни, инларини ёввойи жониворлардан ҳимоя қилишнигина биладилар, холос.
Уфқ томонда улкан кема тутун чуватиб сузиб кела бошлади.
Муҳтарам Зот барча азоблардан қутилишнинг бирдан бир чораси топилгандек, енгил тортиб, бир зум ўша томонга тикилиб турди, сўнг барига қўл силтаб, кема томонга тез-тез юриб кетди. Унинг юрагида бўрон вақтидаги тўлқинлардек шиддатли алам ва ғазаб мавж урарди:
– Итоациз кимсалар! Гапларим уларга оғир ботган бўлса, бас, бутлари билан билганларини қилаверишсин! Ўзлари ақл юргизмаган одамларга тушунтириб бўлармиди?! Уғон тенгрининг ваъдаси ҳам қирқ кун эди. Бугун қирқинчи кун. Муҳлат битди! – унинг сўнгги сўзлари кескин таънаю аламга тўла эди.
Муҳтарам зот кемага чиқди.
* * *
Афсус… Буюкларнинг кўрган куни қурсин, ҳар қадамда хорлик…
Денгизда нотинчлик, ола-тасир тўполон қўпди.
Кеманинг чўкиши аниқ бўлиб қолди.
“Гуноҳкорни сувга улоқтирмагунимизча, бизга тинчлик бўлмайди,” дейишди кемадагилар ва ўзаро маслаҳатлашиб, қуръа ташлашга, қуръа кимнинг номига чиқса, ўша кишини сувга отиб, ўзларини қутқариб қолишга келишиб олишди.
Ё тангрим!..
Биринчи қуръа ҳам, иккинчи ва ҳатто учинчиси ҳам муҳтарам зотга чиқди, чиқаверди…
* * *
Денгиз тинчланди.
Кема олға интилди.
Кема билан бирга аввалгига қараганда анча оғирлашиб қолган Балиқ ҳам шиддат билан сузар, кемадан ортда қолмасликка тиришарди. Бу унинг учун, айниқса, мароқли эди. У кемаларни, улар билан қувлашмачоқ ўйнашни яхши кўрарди. Бир гал тижоратчи кема билан баҳс бойлашгандай, унинг ортидан суза-суза қутб ёғдуси ва абадий музлик, сокинлик ҳоким бўлган шимолий денгизга бориб қолганди. Оҳ, қанчалар ажойиб эди! Катта-катта муз бўлаклари… муздай тўлқинлар… кумуш зарралар… Кемадагилар асосан тижоратчи, бадавлат кишилар эмасми, йўл бўйи сувга мўл-кўл емиш ташлардилар, аммо балиқ буларга қайрилиб ҳам қарамасди…
Бироқ бу сафар балиқ кема ортидан узоққа кетолмаслигини ҳис қилди. Чунки ич-ичида, зимистон аро димиқиб ўтирган пок бир банда тинмай илтижо қиларди:
– Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен барча нуқсонлардан покдирсан. Дарҳақиқат, мен ўзимга зулм қилгувчилардан бўлдим. Ўзинг кечир, парвардигорим!
Уч кундан кейин Улкан балиқ қирғоққа яқин келди ва оғзини очди. Ундан бироз ҳолдан тойган, аммо онадан қайта туғилгандай руҳан пок Муҳтарам зот чиқди.
Улар бор-йўғи бир неча кунгина бирга бўлдилар. Шу вақт мобайнида Инсон худди онасининг қорнида яшагандай балиқнинг вужудида яшади. Балиқ эса ўз вужудида инсон тафтини ҳис этди.
Мана энди улар ажраляптилар.
Муҳтарам Зот гўё миннатдорлик билдиргандай, эгилиб унинг қаншарини силади, кўзларига тикилди, кейин тез-тез юриб кетди.
Улкан балиқнинг борлиғида ундан, инсондан нимадир қолгандай эди…
* * *
Балиқ ўз вазифасини адо этди.
Энди ортга қарамай кетиш қолди.
Аммо балиқ Уни бахтиёр ҳолда яна бир бор кўришни, овозини эшитишни истарди. Бу истак шу қадар кучли эдики, юрагини беҳалавот, тушуниксиз изтироб чулғаб олганди.
Зеро, энди ҳаммаси бошқача бўлишига ич-ичидан ишонарди. Кучли тўфон туфайли юз берган очарчилик сабаб ўзлари ҳолвадан ясаган бутларини паққос туширган одамлар Муҳтарам Зотни тирик ҳолда кўриб, кўзларига ишонмасликлари мумкин, лекин энди албатта унинг айтганларига ишонадилар ва имон келтирадилар, деб умид қиларди.
Ҳадеганда Унинг овози эшитилавермади. Балиқ кутишга қарор қилди. Зеро, у кутиб ўрганган эди.
Ниҳоят, денгиз ботаётган қуёшнинг оловранг нурида ёрқин товланаётган вақтда қирғоқдан одамларнинг шовур-шувури, букри хизматчи Ҳороннинг товуқларини чақириб “ту-ту”лагани эшитилди. Балиқ бу овозлар ичидан ўзига таниш овозни, ўзига таниш нафасни эшитиш илинжида қирғоққа янада яқин келди: “Сендан ўзга илоҳ йўқдир. Сен барча нуқсонлардан поксан. Дарҳақиқат, мен ўзимга зулм қилгувчилардан бўлдим…”
Аммо ҳамон таниш овоз эшитилмасди.
Сон-саноқсиз “кўз”лар ўзига қадалганини ҳис қилган Балиқ кеч кирганини, кўкда юлдузлар бодрай бошлаганини сезди, ҳадемай гуноҳкор келиндек хижолатдан қизарган тўлин ой ҳам сувни шалоплатмасдан, оҳиста чўмилишни бошлаб қолса ажабмас.
Қирғоқдан нотаниш одамнинг овози келди:
– Ёлғончи ялавоч сенмусен? Малик ҳар кимки ёлғончи Ялавочни мунда кетурса, дор тикиб, дорга осайин теюр!..
Балиқнинг юраги хавотирдан увишди.
“Наҳот Уни яна зиндонга солсалар?! Одамларнинг боши айланиб қолганми? Намунча ўзларига бино қўймасалар!”
Балиқнинг сув остидан ўсиб чиққандай улкан гавдасини ўзидан-да оғир юк босиб, парчалаб ташлагандек, ғамгин бўлиб қолди. Қалбига қўрқинч бостириб кирди.
“Одамзод қалби чумчуққа ўхшаб, бир кунда гоҳ у ёққа, гоҳ бу ёққа айланиб тураркан-да!..”
Авваллари сезгилари қанчалик ўткир, учқур бўлмасин, балиқ воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини қамраб оладиган қувватга эга эмасди. Шунинг учун ҳам авваллари қанча ўйламасин, ўз мавжудлигидан бирор мақсад ва маъно топмасди. Аммо кутилмаганда у ўзини бутун оламни мушоҳада қила олишдек илоҳий кучга эга бўлгандай, юз бераётган воқеа-ҳодисаларнинг моҳиятини англаётгандек ҳис эта бошлади.
Тўғри, уммон тубларида уни севгучилар сон-саноқсиз, лекин унинг бирорта ҳам дўсти йўқ эди. Сув махлуқларининг унга яқин келиш тугул, ҳатто шовурини эшитган заҳотиёқ тум-тарақай бўлишлари, ўз маҳобати билан атрофдагиларни ларзага солишлари аввал-бошда завқлантирган бўлса, энди аламини келтирарди. Унинг хўрак илинжида ўзларини ўтга-чўққа уришдан тоймайдиган майда балиқларга ҳаваси келар, аммо тишлари иржайган акулаларни кўргани кўзи йўқ эди. Акулалар азбаройи у билан яқин бўлиш илинжида ҳар қандай ваҳшийликдан қайтмасдилар, аммо қалбларида жўш урган туйғулари ола-кула кўзларида қанчалик ошкор порламасин, улар унга дуч келишдан, унга рўбарў бўлишдан, у билан учрашиб қолишдан шунчалик безиллашарди! О, бу олакўз нигоҳларни у қанчалар яхши биларди! Ҳатто уларнинг ўзларидан ҳам яхшироқ уларнинг дилларини ва ҳаётларини яхши биларди. Фақат… балиқ фавқулодда дилига тушган ғулғуладан қутулолмай, яна бесаранжом бўла бошлади. Бу ҳам ғалати, ҳам ёқимли, шунингдек, қалбни сиқувчи, оғир ва ҳаддан ортиқ қайғули туйғу эди.
Қирғоқдан таниш овоз эшитилди:
– Мани борсун теб яна ёрлуқ борму?
– Изи ёрлиқар, Нинваға борғил, ёрлиқ тегургил, имон келтирсунлар.
– Мавлонинг ялавочи мундоқ бормоқ лойиқ эрмас. Онча замон бергил!
– Мавло тариқинда замон бермак йўқ!
Балиқнинг ич-ичидан алланечук истеҳзо кўтарилди: Савдолашиш бундан ортиқ бўлмас!
Ийланмаган теридан чориқ кийган оёқ саслари сувга яқинлашди.
“Сенинг фазлингга муштоқ бир тиланчимен…”
Балиқнинг туйғулари идрокидан устун чиқди, натижада у ўзини ана шу туйғулари ихтиёрига топширди ва қирғоққа ҳар доимгидан ҳам яқинроқ келди.
Балиқ Унинг ўзини сувга отишини интиқлик билан кутди. Айни дамда у ҳамма нарсага тайёр эди. Кейин… нима бўлса бўлар, аммо ҳозир… ўзи интилаётган мақсадга ҳамма нарсани қурбон қилиш сира оқлаб бўлмайдиган иш эканлигини яхши билса-да, айни дамда у ҳеч нарсадан ўзини тийиб туролмасди. У ўзини сувга оца бас!
Муҳтарам Зот намхуш қум устига чўк тушди. Гўё елкасидаги юк залворидан чарчагандек, ниҳоятда беҳол ва ҳафсаласиз кўринса-да, одамларнинг шафқацизлигидан ранжиб, ўлиб кетадиганлар хилидан эмаслиги юз-кўзларидан сезилиб турарди.
– Инсон устидан зўрлик билан ғалаба қилиб бўлмайди. Инсон ўзи тушуниб етмагунча уни мажбурлаш таҳқирлаш билан баробар. Худди ғирром ўйинда ўз бахтини синаб кўришга уринаётган қиморбозга ўхшаймен… Бас, бу ўйинда мен ўзимнинг охирги соққамни ташлаб бўлдим! Энди мени энг оғир жазога мустаҳиқ қил, шунда одамлар аҳволимни кўриб ҳушёр тортар, дунё беҳудалигидан ўзларига келиб, ўз қалбларига, қилаётган ишларига разм соларлар, тавба тазарру қиларлар – мақсадинг ҳам аслида шу-ку!
У бемисл уқубатлар вақтлар ўтиб, ўзига абадийликка эришиш саодатини ато этишини билмаган, ҳатто хаёлига ҳам келтирмаган ҳолда овоз чиқармай йиғларди.
Гўё ғуссасида худбинлик, итоатида кибр-ҳаво бордай…
Шу вақт кимдир ҳаяжон билан қичқирди:
– Тўрни олларинг! Наҳанг!
Қирғоқда шовқин-сурон қўпди:
– Денгизни чайқатишига қараганда, у оддий наҳанг эмас! Қайиққа тушларинг!
Қармоқ ва чангаклар билан қуролланган одамлар ўзларини қайиқларга уришди.
Муборак Зот кўзларида олов ёлқинланаётган оломоннинг йўлини тўсди:
– Унга емиш сифатида қараманг!
Аммо ҳеч ким Унга қулоқ солмади.
Балиқ эҳтиёцизлик қилганини англади.
Юрагини даҳшат чулғади: кетиш керак, кетиш!
Юраги қанчалик ўртаниб турган бўлмасин, ўз тинчини ўйлаб қирғоқдан анча узоқларга сузиб кетди.
Балиқчилар эса икки соатлардан кейин қайиқлари ағдарилган, найзалари синган ҳолда қуруқ қўл билан қайтишди…
* * *
Ҳаловат истаб борган ери тинч, осойишта, аммо ўта зерикарли… ва совуқ эди. Шундай бўлса-да, у океаннинг туб-тубида кўкрак қанотларини кенг ёйиб, улкан қуйруғи билан зим-зиё қоронғиликни тилимлаганча, одам болаларининг турли-туман мунофиқликлари ва ҳийла-найрангларидан йироқларда яшаб юраркан, ичида, зулмат ичра ўтирган одамни ҳеч унутолмасди. Элчилик уйидан чиққан ягона саркаш!.. Қочоқ… Бесабр… дея эркалаб ўйларди у унинг “Ҳеч кимни кўришни истамайман! Менга ҳеч қандай сийлов керакмас!” деганча овчининг таъқибидан қочган кийик мисол ўзини ёқдан-бу ёққа отиб, типирчилаганларини эслаб. Ҳа, тун зулмати, сув ва балиқ зулмати ичра бўлмоқ осон эмас. Бу тадбир билан исталган одамни тўғри йўлга солиш мумкин.
Нафсиламрни айтганда, Унинг саркашлигида ҳам маъни бордай. Ахир у ҳеч нарсани атай, қасддан қилмади-ку. Замонлар ўтиб, ғазабланган оломон учун ибрат намунаси бўлиб қолишидан ҳам чўчимади. Шунчаки, ўзлари ақл юргизмаган одамларни имонга чорлашдан чарчаганди, холос. Уни унутгани ҳам йўқ эди. Ҳар доим боши саждада эди. Назари ҳам тоймаган, ҳаддидан ҳам ошмаганди. Аммо одамлар уни назарларига илмади. Улар уни ёмон кўришарди, ўзларига ўхшамагани учун. Тафовут – нафрат туғдириши рост. У эса жоҳил одамлар орасида ҳеч қандай муваффақиятга эришолмай, уялиб қолишдан чўчиди. Бу дамлар унинг ҳаётидаги энг оғир паллалар эди. Агар анави мунофиқлардан бирортаси уни қўллаб юборганида эди, унинг бардоши мустаҳкамланган бўларди. У тўғри айтади, одамзодни жазолаш орқали тўғри йўлга солиб бўлмайди.
Тавба қилиш аслида билмасдан ёмон иш қилиб қўйганларга лозим. Аммо у тавба қилди. Эшитяпсизларми, у тавба қилди!
У имдод кутиб атрофига назар солди. Поёнсиз бўшлиқ ва сувдан иборат борлиқда сукунат, сукунат ва яна сукунат ҳукмрон эди. Шунда у машъум ҳақиқатни яна бир бор кўнглидан ўтказди, у ёлғиз эди. Қичқираётган ҳам унинг ёлғизлиги эди…
Балиқ яна ўйлашда давом этди:
Тўғри, фақат дорулбақода нафи тегиши мумкин бўлган нарсалардан бўлак бошқа ҳамма нарсаларга нисбатан нафрат билан яшаш одамзоднинг қўлидан келмайди. Ортиқча дунёпарастлик ҳам одамни йўлдан оздиради. Бунда энг мақбули – оралиқ йўл! Зеро, кимдир ҳирс ва нафсни қаноат қамчиси билан савалаб турмас экан, одамзод жаҳаннам сари юзланаверади…
Охири бўлмади, анчадан буён кўнглини суст қилган васвасани енга олмади ва кунларнинг бирида бурнига осилиб қолган сумалакларни парча-парча қилганча, маржон қояларни айланиб ўтиб, уммон қаърига ғарқ бўлган кемалар-у шаҳар-қишлоқлар харобалари оралаб, вужудида инсоният кечмиши долғаланаётган, илиқ ва кумушранг нурга йўғрилган жанубий денгиз томон йўл олди. У шитоб билан сузаркан, у билан бирга тўлқинлар камалакдек товланиб, бир нималарни шивирлаганча унинг ортидан югуришди: “Борма! Ер юзи – мислсиз эврилишлар макони. У ерда ақл бовар қилмайдиган воқеалар рўй бермоқда!”
Балиқ қадрдон тўлқинлар шивирига қулоқ тутмади, ҳатто эшитишни ҳам истамай, тиғдай ўткир қанотлари билан сувни шиддат-ла тилиб, энтикканча олға интилди.
Кутилмаганда Балиқ бирдан ҳушёр тортди, назарида сувнинг таъми ўзгарган, аллақандай чучмалмиди ёки куйик таъми бормиди. Бунинг устига кунмиди, тунмиди, билиб бўлмасди, сувда на ойнинг, на қуёшнинг акси сузарди.
Балиқ қирғоқдан анча нарида сузишдан тўхтади.
Бу вақтда ҳақиқатан ҳам осмонда на ой бор эди, на қуёш. Гўё эҳтирослар қуюнидан зада бўлган ой бир юмалаб ғойиб бўлган, қуёш жаранглаб, бирдан ёрилиб кетган-у, кўрфазни зимистонлик босганди. Узоқ-узоқларда қип-яланғоч дарахтлар дўл ургандек, шўппайиб турар, экинзор-у далалар яксон бўлган, кемалар бир ёнга қийшайганча қумга ботиб қолган, қайиқлар ағдарилиб ётарди. Зимистонлик тўфони аро сув юзида оппоқ тўрларга бурканган болалар бешиклари сузар, дўппайган қабрлар орасидан бирин-кетин чиқиб келаётган мотамсаро одамларнинг гоҳ таҳдидона, гоҳ ғазабнок овозлари дам сайин авжга чиқарди.
– Кўзларимиз очиқ, лекин қоронғилик қуюқлигидан ҳеч нарсани кўрмаяпмиз. Экинларимизни дўл урди! Меваларимизни нобуд қилди. Дўлдан қолганини чигирткалар еб битирди. Мана энди тирик қолган бола-чақамиз билан чувиллашганча, ризқимизни излаб юрибмиз. Ҳаммасига Сен, Сенинг Худоинг сабаб! Энди бизнинг бу ҳолимизга ўзинг чора топ. Агар Худоингга айтиб, поймол бўлган экинларимизни, дон-дунларимизни тиклаб бермасанг, биздан яхшилик кутма!
Таҳдидона овозлар…
Таҳдидона қадамлар… тобора яқинлашиб келарди.
Соҳилда эса… бошини чангаллаган бир одам ўтирарди. Беун. Чорасиз…
Букри хизматчи қўлида боласининг жонсиз жасадини кўтарганча букчайиб қолганидан елкасидаги букри янада бўртган гавдасини зўрға судраб, одамлар орасидан бир қадам олдинга чиқди.
– Агар Сен чинданам Худонинг элчиси бўлсанг, Унга айт, боламни тирилтириб берсин, – деди у телбавор овозда. – Шунда мен чинданам Худонинг борлигига ишонаман.
Муҳтарам Зот бошини кўтариб букрига қаради, бу жирканч, афтодо ҳолатдан этлари жимирлаб кетди, аммо лом-мим демади. У энди бир оғиз ҳам гапирмасликка аҳд қилганди.
– Нега индамайсан? – деди букри. – Агар сен худо билан гаплашиб, боламни тирилтириб берсанг, чинданам Сен худонинг элчиси эканлигингга ишонаман! Акс ҳолда…
Муҳтарам Зот унинг адоватдан қийшайган, буришган, мотамсаро чеҳрасига қарагиси келмай, юзини бурди, кўксидан оғир хўрсиниқ отилиб чиқди: “Дунёнинг ҳолига вой!”
Букри боласининг жасадини ёнидаги бировнинг қўлига тутди. Кейин бамисоли юрагига кириб бориб, ҳаммасини билиб олмоқчи бўлгандек, эмаклаганча Муҳтарам зотнинг нақ бурни тагига келди.
– Биласанми, акс ҳолда нима қилишимни? – у атрофига қараб аламли илжайди. Кейин бўғилган, хириллаган овозини бир парда пасайтириб, сирли оҳангда деди: – Сен азобини айтиб қўрқитаётган Худонинг қаердалигини мен биламан! У шу ерда, ёнгинамизда! Сен ҳар куни келиб арз-ҳол қиладиган мана шу сувнинг тагида ётибди! Одамлар уни наҳанг дейишяпти. Йўқ, у наҳанг эмас. У ўша сенинг Худойинг!..
Муҳтарам Зот бениҳоя оқариб кетди, лекин кейин негадир кулимсиради, зум ўтиб кулимсираш аянчли кулгига айланди ва бирдан кулгиси кучайгандан кучайиб кутилмаганда асабий қаҳқаҳага айланди…
Балиқ ҳаммасини сўзсиз ҳис қилди.
– Ҳа, бирини бири билан ризқлантириб турмаса бўлмас!
* * *
Кутилмаганда зим-зиё фалакнинг аллақаерида нимадир “йилт” этди. Зум ўтмай “йилт” этган учқун тобора катталашиб, зулмат бағрини ёриб кела бошлади ва бирдан бутун олам чароғон бўлиб кетди.
Ёғдулар рақси бошланди, ялт-юлт қилган ўткир найзалар денгиз бағрини тилар, эритилган олтиндай тинимсиз қуйилаётган нурлар гир айланар, тобора шиддатлироқ, тобора жўшқинроқ рақс тушарди.
Одамлар довдираб қолишди, уларнинг нималар юз бераётганига ақллари бовар қилмаётганди.
Шу чоғ яна бир фавқулодда ҳодиса юз берди: денгиз қўққисдан қалқиб кетгандай бўлди, сув юзаси қаттиқ чайқалди-ю аллақандай улкан махлуқ шарпаси кўриниб-кўринмай шувиллаганча сузиб ўтди. Қирғоққа кучли тўлқин келиб урилди, атрофга сув зарралари сачради, лаҳза ичида бутун соҳил оппоқ туман ичра қолди. Ва қумлоқ узра бир дунё балиқлар сочилди!
Зум ўтмай бу ҳол яна такрорланди. Кейин яна!..
Ўзлари ясаган мармар маъбудлардай тош қотган оломон кутилмаган қамчининг зарбидан жазавага тушган отдек бирдан титраб кетди ва очкўзларча мўмай емиш устига ёпирилди.
Сув юзини босган оппоқ кўпикларга маҳзун тикилган Муҳтарам Зот секин пичирлади:
– Шу ердалигингни билардим!..
Қирғоқдан шўр балиқ ва туз ҳиди кела бошлади. Ва яна одамларнинг қувноқ овозлари… Улар овда омади келган овчилардай шодон эдилар ва об-ҳаво, экин-тикин ҳақида хотиржам гурунг қилишарди.
* * *
Саодатманд балиқнинг умидвор қалби қувончдан яйради. Мана, ниҳоят, у кутган дамлар. Энди қирғоқ ёнида туриб, истаганча одамларнинг овозларини, кулгиларини эшитади, гуллаган дарахтлардан таралган ёқимли ҳидлардан баҳраманд бўлади.
Кейин… илк дафъа кўкка сапчиб, одамларга ўзининг борлигини билдиради. Ана ундан кейин бошланади, қоча-қоч, қува-қув! Улкан балиқ ҳозирнинг ўзида одамларнинг шовқин-суронини, эшкакларнинг шалоплашини, балиқчиларнинг қичқириқларини эшитгандай бўлди. Азбаройи завқланиб кетганидан ортиқ ўзини босолмади, сув тубида улкан доира ясаб, гўё афсонавий мусиқа садолари остида рақс тушаётгандек, бор гавдаси билан бир қур айланди-ю кўкка сапчиди. Ва… ҳаммасини бир зумда кўрди:
Офтоб нурида эриб кетаётгандек майин товланаётган қумлоқда улкан тахт қад ростлаган, атрофини одамлар қуршаб олганди.
Тахт оппоқ бўлиб, фил суягидан ясалганди.
Тахт устида ўтирган Муҳтарам зот оломонни ибодатга даъват этар, ҳамма иззат-икром билан бош эгиб қўл қовуштирган ва худди бир одам ўқиётгандек дуо сўзлари янграрди.
Улар орасида Букри хизматчи қўринмасди, холос.
Кутилмаганда гумбурлаган овоз эшитилди, улкан балиқ вужудида қаттиқ оғриқ, ачишиш туйди. Зум ўтмай, кўрганларининг барча-барчаси, каттаю кичик нарсаларнинг ҳаммаси кичрайиб, бир бутун ҳолга келди ва унинг ичига сингиб кетди-ю, бирдан ҳамма ёқ сув қуйгандай жим-жит бўлиб қолди…
Манба: «Ёшлик» журнали веб-саҳифаси
Qirg‘oqda yashovchilar qanchalik aqlli, boy-badavlat, o‘zlariga baland-baland qal’alar qurib olgan, ziynatlagan, ustaxonalar qurgan, himoya aslahalari yasagan, hech kimni nazar-pisand qilmaydigan, o‘zlariga haddan ziyod ishonadigan kishilar bo‘lmasin, shu vaqtgacha uning mavjudligini payqashmagandi. Goh-gohida ulkan baliqning qiziquvchanligi, tabiatan sarguzashttalabligi ustun kelib, odamlarga bilinmoqni, oshkor bo‘lmoqni istab qolardi, lekin eshkaklarning shaloplashi, baliqchilarning yovvoyi qichqiriqlari quloqlari ostida jaranglashi bilan oshkor bo‘lish yaxshilikka olib kelmasligini eslab, bu istakni ortga surardi har safar…
Zulfiya QUROLBOY QIZI
BEDOR RUH
Zulfiya Qurolboy qizi (Zulfiya Yoʻldosheva) – 1966 yili Jizzax viloyatining Jizzax tumanida tugʻilgan. 1989 yili Jizzax pedagogika institutining oʻzbek filologiyasi fakultetini bitirgan. “Turmush”, “Yovuzlik farishtasi”, “Oʻlim hech narsa emas” hikoyalar toʻplamlari hamda “Armon asirasi”, “Mashaqqatlar girdobi” romanlari muallifi. Ayni kunlarda “Oʻzbekfilm” kinostudiyasida ishlaydi. Hikoyasi asosida “Chaqmoq chaqqan tunda” badiiy filmi suratga olingan. “Yozsiz yil” badiiy filmining, “Fidoyilar” serialining ssenariy muallifi. Hikoyalari asosida Oʻzbek davlat drama teatrida “Ayol” spektakli sahnalashtirildi.
“Zolujo aydi:
“Ey Jabroil, Izi azza va jalla Yunusni o‘zga zindonga solur bo‘lsa manda-o‘q tursun.
Man anga sandin bag‘irsoqman”
“Qisasi Rabg‘uziy”dan
Tongda dengiz sokin bo‘ladi.
Faqat uning siynasi qa’rida ojiz bir shovullash elas-elas eshitilar, go‘yo uyqusida alag‘-chalag‘ tush ko‘rib bezovtalanayotgandek, suv yuzi bexosdan titrab-titrab ketardi. Kirib kelayotgan tongning bo‘zargan va tumanli jilosi miltillashi bilan tunda, osmon chiroqlarining qizg‘ish shu’lasida musallas rangiga g‘arq bo‘lgan dengiz yuzi asta-sekin o‘zgara boshlaydi, goh och yashil, binafsha, goh zumrad rangda tovlanadi; baliqchi qushlar jimgina charx uradi, oppoq to‘lqinlar shovqinsiz kelib qirg‘oq quchog‘iga otiladi va yana shu zahoti dengizga qaytadi.
O‘zining naqshin ustunlar qad ko‘targan ayvonlari bo‘lgan son-sanoqsiz uylari, yonma-yon joylashgan qator-qator do‘konlar-u qovoqxonalari, qubbalari yaltiroq gumbazli ibodatxonalari, tijorat kemalari hech arimaydigan bandargohlari, ayollardek ko‘rkam va mag‘rur, tillarang bargli daraxtlari bilan dengizga yorib kirgan dabdabali va serviqor ko‘rfaz ham odatda tong chog‘ida sokin bo‘ladi, hayajonga to‘la yuragi qotib qolganday, tiq etgan tovush eshitilmaydi; go‘yo tungi ehtiroslar quyuni tinganidan yengil tortgan tabiat hordiq chiqarayotgandek, borliqda sukunat hukm suradi. Baland va keng qilib qurilgan, hafsala bilan turfa ranglarga bo‘yalgan uylarning devorlarida, noz-karashmali ayollarning shoyi liboslarida, yoqut ko‘zli marjonlariyu tilla taqinchoqlarida o‘zini ko‘z-ko‘z qilgan chiroqlarning olovrang shu’lasi ham endi ko‘rinmaydi.
Dengiz ortidan tong shafag‘i mo‘ralab, quyoshning ilk nurlari suv yuzini tila boshlagan mahal safardan qaytgan kemalar gudogi mudrab yotgan ko‘rfazni mast uyqudan uyg‘otadi. Eng avval qirg‘oqdagi omborxonalarda yotib yuruvchi hammollar uyquli, qizargan ko‘zlarini ishqalagancha bandargoh og‘ziga sekin kirib kelayotgan kemalar sari yugurishadi. Keyin olibsotarlarning o‘tkir ovozlari yangraydi. Novvoyxonalar tepasida tutun o‘rlaydi. Dengiz shamoli kuydirilgan zaytun yog‘i hidini olislarga olib ketadi. Bozorlarning son-sanoqsiz rastalari odamlarga to‘ladi. Yuk ortilgan aravalar qo‘shilgan otlarning shiddatli tuyoqlari ostida yer titraydi.
Nozik qo‘lchalarida chiroyli tuflilarini likillatgancha oftobning ilk nurida erib ketayotganday mayin shitirlayotgan qumda g‘ovur-g‘uvur qilib chig‘anoq terib yurgan ayollar paydo bo‘lishi hamon bandargohda ishni tugatib, qo‘li pul ko‘rgan hammollar mamnunlik bilan kaftlarini bir-biriga urib qo‘yib, asalarilarday g‘uvillagancha qirg‘oq tomonga otilishadi…
Peshinga borib ko‘rfaz ahlining hashamatga o‘ch tabiatlari ifodasi bo‘lmish – poydevori baland binolari, tundan tonggacha mast-alast kishilar arimaydigan qovoqxonalarning derazalari va sohilning noz-u ishvaga usta jononlaridek sollanib, suvdagi aksiga mahliyo bo‘lgan daraxtlar dengiz yuzida xuddi ko‘zguda aks etgandek tovlanib, lipillay boshlaydi, go‘yo barchasi bir lahzada izsiz yo‘q bo‘lib ketadigandek…
Kech tushib, qirg‘oqqa bog‘langan qayiqlar tepasini moyga shimdirilgan olov-tayoqlar yorita boshlagan bir vaqtda ulkan baliq ko‘krak qanotlarini keng yoyib, ulkan quyrug‘i bilan zim-ziyo qorong‘ilikni tilimlagancha sohilga yaqin suzib keladi. U olam hali murg‘ak pallada, dunyo faqat suv va jonzotlardan iborat bo‘lgan zamonlardan buyon shu dengizni makon tutgan; uzoq yashaganidan hatto necha yoshdaligini ham eslay olmas; mudom umrlarini harbu zarblarda o‘tkazadigan, nuqul urush va hiylagarliklar o‘ylab topadigan, hashamatga o‘ch odamlar paydo bo‘lgach tez-tez qirg‘oqqa yaqin kelib, suv ostida qimir etmay turgancha otlar dupuri, suvoriylar hayqirig‘i, qilichlar jarangidan tortib, aravalarning tosh yo‘lga urilib g‘ichirlagan tovushlari va bilyardxonalardagi qah-qahalar-u, go‘sht chopilayotgan to‘nkalarning gursillashlarini, doshqozonlar tagiga qalangan o‘tinlarning chirsillashi-yu tovuqlarning qoqog‘lashlarigacha eshitardi.
Unga odamlar hayoti sirli va qiziqarli tuyulardi.
Ulkan baliq shu qadar ehtiyotkor ediki, mavjud bo‘la turib, nomavjuddek yashardi.
Qirg‘oqda yashovchilar qanchalik aqlli, boy-badavlat, o‘zlariga baland-baland qal’alar qurib olgan, ziynatlagan, ustaxonalar qurgan, himoya aslahalari yasagan, hech kimni nazar-pisand qilmaydigan, o‘zlariga haddan ziyod ishonadigan kishilar bo‘lmasin, shu vaqtgacha uning mavjudligini payqashmagandi. Goh-gohida ulkan baliqning qiziquvchanligi, tabiatan sarguzashttalabligi ustun kelib, odamlarga bilinmoqni, oshkor bo‘lmoqni istab qolardi, lekin eshkaklarning shaloplashi, baliqchilarning yovvoyi qichqiriqlari quloqlari ostida jaranglashi bilan oshkor bo‘lish yaxshilikka olib kelmasligini eslab, bu istakni ortga surardi har safar…
* * *
Bu vaqtda ko‘rfaz ahli odatdagidek, dengiz bo‘yidagi qovoqxonaga jam bo‘lishgandi. Ular tillarang naqsh bilan bezalgan gumbazsimon shifti musiqa sadolaridan titrayotgan keng va yorug‘ xonada, to‘kin-sochin stollar atrofida o‘tirgancha maishat qilishar, o‘ynab-kulishar, kunduzi qo‘qqisdan osmonda paydo bo‘lgan oy kabi kutilmaganda kirib kelgan baland bo‘yli, kelishgan, yuzidan nur yog‘ilayotgan muhtaram Zot tomonga qaramasdilar ham.
Eshik oldidagi stolda o‘tirgan bir necha kishigina ensalari qotib, ijirg‘anib kulimsiragancha qarshilarida turgan Muhtaram zotning so‘zlarini tinglardilar:
– Ey qavmim, men sizlarga faqat yaxshilik tilayman. Agar bu zalolat, gumrohlikda davom etsangiz, Ug‘on tengri sizlarga shunday bir azob, balo-musibat yuboradiki, aniq halok bo‘lursizlar!
Shunda odamlar orasidan past bo‘yli, jikkak bir kishi chayqalgancha o‘rnidan turib xirillagan ovozda dedi:
– Bas qilmaysanmi, ey, o‘zini payg‘ambar deb atayotgan zot. Axir, ko‘rmayapsanmi, biz kun bo‘yi eshakday ishlab, endi dam olishga kelganmiz…
Jikkak kishi yonidagi yarim yalang‘och ayolni yetaklagancha nari ketarkan, ayol ishva bilan jilmayib, Unga likopchada bir bo‘lak go‘sht tutdi.
Muborak zotning og‘riqli nigohlari na ayolga, na go‘sht bo‘lagiga parvo qildi, deraza osha dengizga talpindi.
– Xudodan qo‘rqing…
– Nima, seningcha, ota-bobolarimiz sig‘inib kelgan xudolar hech kim emasmi? – deya e’tiroz bildirdi o‘tirganlardan biri ingichka bo‘ynini cho‘zib. – Sen aytayotgan o‘zi yo‘q Xudoga ishonib, biz uchun muqaddas bo‘lgan ma’budlarimizdan harom narsadan irgangandek yuz o‘girishimiz kerakmi?!
– Sizday shahvatparast, johil va gunohkorlarning gaplariga quloq soladigan xudolar qanaqa xudolar ekan?! – kinoya qildi Muhtaram zot.
Olomon Muhtaram zotni gapini davom ettirgani qo‘ymadi.
– Yakkayu yagona Parvardigoringga borib ayt, agar biz gunohkor bo‘lsak, o‘sha sen aytib, qo‘rqitayotgan azobini yubora qolsin! – deya qichqirishdi ular.
Likopchada go‘sht tutgan ayol kutilmaganda yonidagi jikkak kishini ko‘kragidan itarib yubordi-di, xona o‘rtasida to‘ntarilgan bochka ustiga sakrab chiqdi va moda silovsinday eshilib-buralib raqs tusha boshladi. Kimdir “Balandroq!” deb qichqirdi. Jazavali musiqadan qovoqxona shifti larzaga tushdi. Erkaklar vahshiyona qichqirgancha ayolni olqishlashardi. Ayol noz-u ishva bilan xirom aylarkan, joduli ko‘zlarini Muhtaram zotdan uzmasdi.
Muhtaram Zot beozorlik bilan quturgan olomonga bir zum qarab turdi, so‘ng qahvaxonadan otilib chiqdi. Zero, chak-chak zahar tomib turgan hashamat va go‘zallikdan uning ko‘ngli ayniyotgandi
Hovlida dog‘ bosgan yuzi go‘shtdor, chaqchaygan ko‘zlari qonga to‘lganday qip-qizil, bo‘yni qat-qat yog‘ orasidan zo‘rg‘a ko‘rinib turgan qahvaxona xo‘jayini keksa Lahabiyga duch keldi.
– Hey, Mano o‘g‘li, otang durust odam edi, lekin sen telva desam, telvaga o‘xshamayursan, ammo g‘irt telvaning ishini qilyapsan, bunaqada meni xonavayron qilasan-ku! – dedi Lahabiy xuddi bir yeri og‘riyotgandek og‘zini qiyshaytirib, norozi ohangda.
Qahvaxonaning orqa hovlisida beliga isqirt peshbog‘ bog‘lagan, qo‘lida tig‘i yaltiragan pichoq tutib, kallasini olish uchun semizgina xo‘rozning ketidan quvib yurgan bukri xizmatchi axiyri xo‘rozni tutolmasligiga ko‘zi yetib, jahl bilan pichog‘ini qiniga soldi va ularning oldiga kelib, harislik bilan iljaygancha Muhtaram Zotning atrofida aylana boshladi.
Muhtaram Zot qontalashgan ko‘zlarini qisib, mazaxomuz qarab turgan “bir qop go‘sht”ga nimadir demoqchi bo‘ldi, lekin fikridan qaytib yo‘lida davom etdi.
– Agar Ug‘on tengri payg‘ambar yuborishni xohlaganida, osmondan farishtalarni tushirgan bo‘lardi, shunga aqling yetmadimi, telva?! – deya qichqirdi keksa Lahabiy meshday qornini selkillatib, pixillab kularkan.
Bukri xizmatchi “Hozir uni boplayman,” degandek yaltoqlangancha qahvaxona xo‘jayniga ko‘zini qisib qo‘ydi va Muhtaram zotning ortidan yugurdi.
– Agar Sen haqiqatan ham Xudoning elchisi bo‘lsang, Unga ayt, mening bukrimni to‘g‘rilab bersin! – dedi u tirjaygancha Muhtaram zotning yo‘lini to‘sib, sap-sariq ko‘zlari yiltiragancha.
Muhtaram Zot bukriga boqdi, uning nigohlarida qismat o‘z muhrini bosgan jafokashning azobi emas, balki bo‘lg‘usi baxtsizliklar va falokatlar qayg‘usidan bashorat bor edi.
– Noshukr bo‘lma, Horon.
Bukrining jazavasi qo‘zidi, u barcha omadsiz odamlar kabi alamzada edi:
– Nimaga shukr qilishim kerak?! Ayt-chi, nimaga? Meni va xotinimni bukri qilib yaratgani uchunmi?!
Haqiqatan ham bukrining nafaqat o‘zi, balki xotini ham bukri edi. Ammo ularning o‘n ikki yashar o‘g‘li sog‘lom va hech bir kamchiliksiz tug‘ilgandi.
– Ibodat qil, deyishdan boshqa gap aytmayman senga, – dedi Muhtaram Zot va yo‘lida davom etdi.
Bukri uning ortidan quloqni teshib, kar qilguday uzun hushtak chalib, qichqira boshladi:
– Topgan bahonasini qaranglar! Men undan nima so‘radimu u menga nima dedi!..
Polizda turgan qo‘riqchidek, o‘tirganlarning ko‘ziga balo-qazo bo‘lib ko‘ringan Zotning qahvaxonani tark etishi olomonga qo‘l keldi, ular endi juft-juft bo‘lib raqsga tusha boshladilar. Avvaliga ayol va erkak, keyin erkak bilan erkak…
Ular qalblarini junbushga keltirgan yovvoyi ehtiroslarini ko‘proq, ko‘proq va yanada ko‘proq sarflashga shoshardilar.
Muhtaram Zot qirg‘oq bo‘yiga keldi. Bu vaqtda yerdagi ehtiroslar qaynovini jimgina yoritgan homilador oy barkashday bo‘lib dengiz ustida osilib turardi.
– Tog‘da, qo‘ychivonlar orasida yurgan bir banda edim, – so‘zlandi u o‘zicha, yuzida o‘ychan tabassum jilva qilardi, go‘yo o‘zining gaplaridan o‘zi kulayotgandek. – Munda keltirishdi. Yalavochlig‘ qilarmushmen. Keksa Lahabiy unchalik aqlli odam bo‘lmasa ham, shu gal to‘g‘ri aytadir, biror marta yumshoq o‘rinda yotmagan, biror marta yaxshi to‘n kiymagan va biror marta to‘yib arpa noni yemagan odam yalavoch emish… Qavmingni to‘g‘ri yo‘lg‘a boshlag‘il, chunki ular hech narsani bilmaydilar, deyildi. Ular hech narsani bilmaydilarmi?! Ular-a?! Uy qurishni, ziynatlashni bilgan odamlar-a! Ular juda yaxshi biladilar. Faqat o‘zlari istaganday yashashni istaydilar. Nafslarini tiyishni istamaydilar. Qandayligidan qat’i nazar, orzularidan voz kechishni istamaydilar. Shularni epga solib bo‘ladimi?..
Ufq ortidan ko‘pchigan qornida o‘tli iplar chaqnagan qop-qora, qahrvor bulutlar to‘dasi ko‘tarilib, irillayotgan arslonlar kabi guldiragancha asta-sekin quti o‘chgan dengiz tomon yo‘l oldi. Go‘yo sirli iloha ulkan qanotlarini keng yoygancha porlab turgan yulduzlarni bir-bir o‘chirayotgandek, osmon bag‘rini zulmat qoplay boshladi.
Muhtaram Zot ko‘kka umidvor tikildi. “Ug‘on Tengri ularg‘a balo yiborg‘aymen teb va’da qilmish erdi…”
Bulutlar to‘dasi irrilayotgan arslonlar kabi guldiragancha Uning tepasidan o‘tib ketdi.
Muhtaram Zot endi ko‘kka ta’na bilan tikildi…
* * *
Ammo yarim tunda dengiz jazavaga tushgan ulkan nahang misol ko‘rfazga bostirib keldi. Kuchli to‘fon shaharni qamradi va shu damning o‘zida uylarni, daraxtlarni, odamlarni o‘z komiga tortib, chirpirak qila boshladi. Ko‘z ochib yumguncha to‘fon hamma narsani vayron qildi. Ko‘rfazni chang-to‘zon, qorong‘ulik bosdi. Sho‘rta’m, muzday havodan odamlar nafas ololmay yerga yiqilar, yiqilgan qaytib o‘rnidan turmas, muzga yopishganday qotib qolardi.
Shamol esa lahza sayin kuchayib, boshvoqsiz daydiga o‘xshab, ko‘rfazdagi bor narsani yakson qilar, ko‘kka uchirardi.
Dovdiragan, rang-quti o‘chgan odamlar o‘zlarini ibodatxonaga urishdi. Bu yerda ularning o‘zlari uchun holvadan yasab olgan butlari turardi.
Olomon holva but qarshisida tiz cho‘kdi. Ular shu yerda, holva but qarshisidagina jon saqlab qolishlariga ishonishardi.
Ko‘rfazda, qirg‘oq bo‘yida faqat birgina inson qolgandi…
* * *
Kuchli to‘fon ikki kun davom etdi.
Uchinchi kun tongida shamol o‘z makoniga, dengizga qaytdi.
Odamlar birin-sirin ibodatxonadan chiqa boshladilar. Muhtaram zot o‘z qavmdoshlarini endi imonga kelishlaridan umidvor edi. Ammo pishqirayotgan olomon och edi. Ular baqir-chaqir qilgancha to‘fon qirg‘oqqa uloqtirgan baliq va qisqichqabaqalarni terish bilan band edilar.
– Ey qavmim, – deya murojaat qildi muhtaram zot ularga. – Allohga imon keltiring. Undan boshqa iloh yo‘qligiga ishoning! Uning balosini ko‘rdingizmi?!
Och-nahor olaomonga bu gap yoqmadi, ular g‘azablanib ketishdi:
– Allohning yuborgan azobi shumi?! Bu bilan bizni qo‘rqitolmaysan! Agar buzilgan imoratlarimizni aytayotgan bo‘lsang, xotirjam bo‘l, bundan yaxshiroqlarini qurib olishga qurbimiz yetadi. Faqat avval qornimizni to‘ydirib olaylik!
Muborak zotning yuzi og‘riqdan burishdi. Odamlardan yuz o‘girib, dengizga yuzlandi.
– Meni zolimlardan qutqarg‘il, – ich-ichidan nola qildi u: – Ularning yomonligini daf qilishda ojizmen… Ular faqat gumonga ergashurlar. Gumon esa Haqiqatning o‘rnini bosolmaydi-ku!
Shu vaqt har tomondan boshiga namxush qum sochildi.
Muhtaram Zot seskanib, ortiga o‘girildi.
Uch-to‘rt qadam narida Bukri boshchiligida qo‘llariga tosh-kesak ushlagan darg‘azab odamlar turishardi:
– Ilohingga ayt, uning mutloqo keragi yo‘q bizga!.. O‘zing ham daf bo‘l! Yana ishimizga aralashadigan bo‘lsang, tug‘ilganingga pushaymon bo‘lasan!
Muhtaram Zot yolvordi:
– Jim bo‘lsangiz-chi! Men Ug‘on tengri ko‘nglimga solganini aytib olay…
Olomon uning iltijosiga quloq tutmadi. Qo‘llaridagi tosh-kesaklarni uning ustiga yog‘dirishdi.
* * *
Yozning jazirama kunlaridan birida tuyqusdan osmonni zulmat qopladi. Samodan olov yog‘ilganday suv yuzini chaqmoqlar tila boshladi. Sevimli mashg‘uloti – tijoratchi sayyoh kemalar bilan quvlashib yurgan Baliq ko‘rfazdan kelayotgan nog‘oralarning ovozi va kuchli shovqin-suronni eshitib qoldi. Bu ovozlar ham avvalgilaridek, xuddi bo‘ronda qolgan ochofat qushlarning ovoziday o‘tkir va qo‘rqinchli edi.
Baliq qirg‘oq tomon intildi.
– Qornimiz to‘q, ustimiz but, uylarimiz koshona bo‘lsa, bizga Xudoning nima keragi bor?! Biz xudosiz ham o‘z yo‘limizni topib olamiz! – bu bozorda to‘plangan odamlarning ovozi edi.
Baliq quvonchdan entikdi. Mana hozir… o‘sha, odamlarga yaxshilik istovchi, ularni to‘g‘ri yo‘lga boshlab, balolardan asraguvchi Muhtaram Zot g‘azabga to‘lgan odamlarga qarab:
– Ey qavmim, men sizlarga faqat yaxshilik tilayman!.. – deydi.
Baliq tanish va qadrdon ovozni eshitish ilinjida butun vujudi bilan qirg‘oqqa quloq tutdi.
Darhaqiqat, ana u!
– Sizlarga ne bo‘ldi? Sizlar Alloh balosi neligin bilmayapsizlar! Quloqlaringiz kar emas, ammo o‘zingizni kardek tutyapsiz! Ko‘zlaringiz ko‘r emas…
Havoda toshlarning vizillib uchgan tovushi eshitildi.
Muhtaram zotning ham toqati toq bo‘lgandi. U keng yag‘rinli, baquvvat kishi edi, lekin kiftida og‘ir yuk bordek va bu yuk uni ezib, parchalab tashlagandek, nihoyatda dili xufton edi.
– E, menga desa yer yutmaydimi ularni! – Uning qahri qo‘zigan, hamma narsani chilparchin qilib tashlagisi kelardi. – Buzuqlik va fahsh botqog‘iga botgan bu zaminni dengiz yutib yuborsaydi, undan bir dona tosh ham qolmasaydi!
Zulmat quyuqlashib, ko‘pirib-toshgan bag‘rida chaqmoqlarni ortmoqlagan bulutlarning paq etib qorni yorildi: sharros jala quyib yubordi.
Yomg‘ir shu qadar kuchli quydiki, suv yuzida “chuchvara qaynadi”, to‘lqinlar mavji dengiz bag‘riga sig‘may, ko‘kka otildi…
* * *
Nihoyat, kamalak paydo bo‘ldi.
Chiroyi ochilgan osmon yana avvalgi beg‘ubor qiyofasiga qaytdi. Baliqning qalbini qamragan o‘kinchli g‘ussa tarqaganday bo‘ldi. Umidlandi, mana, endi hammasi o‘z o‘rniga tushadi.
Lekin negadir hamma yoq suv quyganday jim-jit edi. Go‘yo dengiz poyiga yastangan ko‘rfaz o‘zining baland-baland uylari, tillarang yaproqli daraxtlari bilan olis-olislarga ketib qolganday.
Bir mahal qirg‘oqdan zardali ovoz eshitildi.
– Tangrim, yorlig‘ing qirq kun edi. Undadim, biragu ham imonga kelmadi. Ular menga muhtoj emas… Ular bir sichqon misol. Kavaklari joylashgan binoni kim qurgan, qancha yashaydi, ishlari yo‘q. Faqat yaxshi yashashni, inlarini yovvoyi jonivorlardan himoya qilishnigina biladilar, xolos.
Ufq tomonda ulkan kema tutun chuvatib suzib kela boshladi.
Muhtaram Zot barcha azoblardan qutilishning birdan bir chorasi topilgandek, yengil tortib, bir zum o‘sha tomonga tikilib turdi, so‘ng bariga qo‘l siltab, kema tomonga tez-tez yurib ketdi. Uning yuragida bo‘ron vaqtidagi to‘lqinlardek shiddatli alam va g‘azab mavj urardi:
– Itoatsiz kimsalar! Gaplarim ularga og‘ir botgan bo‘lsa, bas, butlari bilan bilganlarini qilaverishsin! O‘zlari aql yurgizmagan odamlarga tushuntirib bo‘larmidi?! Ug‘on tengrining va’dasi ham qirq kun edi. Bugun qirqinchi kun. Muhlat bitdi! – uning so‘nggi so‘zlari keskin ta’nayu alamga to‘la edi.
Muhtaram zot kemaga chiqdi.
* * *
Afsus… Buyuklarning ko‘rgan kuni qursin, har qadamda xorlik…
Dengizda notinchlik, ola-tasir to‘polon qo‘pdi.
Kemaning cho‘kishi aniq bo‘lib qoldi.
“Gunohkorni suvga uloqtirmagunimizcha, bizga tinchlik bo‘lmaydi,” deyishdi kemadagilar va o‘zaro maslahatlashib, qur’a tashlashga, qur’a kimning nomiga chiqsa, o‘sha kishini suvga otib, o‘zlarini qutqarib qolishga kelishib olishdi.
Yo tangrim!..
Birinchi qur’a ham, ikkinchi va hatto uchinchisi ham muhtaram zotga chiqdi, chiqaverdi…
* * *
Dengiz tinchlandi.
Kema olg‘a intildi.
Kema bilan birga avvalgiga qaraganda ancha og‘irlashib qolgan Baliq ham shiddat bilan suzar, kemadan ortda qolmaslikka tirishardi. Bu uning uchun, ayniqsa, maroqli edi. U kemalarni, ular bilan quvlashmachoq o‘ynashni yaxshi ko‘rardi. Bir gal tijoratchi kema bilan bahs boylashganday, uning ortidan suza-suza qutb yog‘dusi va abadiy muzlik, sokinlik hokim bo‘lgan shimoliy dengizga borib qolgandi. Oh, qanchalar ajoyib edi! Katta-katta muz bo‘laklari… muzday to‘lqinlar… kumush zarralar… Kemadagilar asosan tijoratchi, badavlat kishilar emasmi, yo‘l bo‘yi suvga mo‘l-ko‘l yemish tashlardilar, ammo baliq bularga qayrilib ham qaramasdi…
Biroq bu safar baliq kema ortidan uzoqqa ketolmasligini his qildi. Chunki ich-ichida, zimiston aro dimiqib o‘tirgan pok bir banda tinmay iltijo qilardi:
– Sendan o‘zga iloh yo‘qdir. Sen barcha nuqsonlardan pokdirsan. Darhaqiqat, men o‘zimga zulm qilguvchilardan bo‘ldim. O‘zing kechir, parvardigorim!
Uch kundan keyin Ulkan baliq qirg‘oqqa yaqin keldi va og‘zini ochdi. Undan biroz holdan toygan, ammo onadan qayta tug‘ilganday ruhan pok Muhtaram zot chiqdi.
Ular bor-yo‘g‘i bir necha kungina birga bo‘ldilar. Shu vaqt mobaynida Inson xuddi onasining qornida yashaganday baliqning vujudida yashadi. Baliq esa o‘z vujudida inson taftini his etdi.
Mana endi ular ajralyaptilar.
Muhtaram Zot go‘yo minnatdorlik bildirganday, egilib uning qansharini siladi, ko‘zlariga tikildi, keyin tez-tez yurib ketdi.
Ulkan baliqning borlig‘ida undan, insondan nimadir qolganday edi…
* * *
Baliq o‘z vazifasini ado etdi.
Endi ortga qaramay ketish qoldi.
Ammo baliq Uni baxtiyor holda yana bir bor ko‘rishni, ovozini eshitishni istardi. Bu istak shu qadar kuchli ediki, yuragini behalavot, tushuniksiz iztirob chulg‘ab olgandi.
Zero, endi hammasi boshqacha bo‘lishiga ich-ichidan ishonardi. Kuchli to‘fon tufayli yuz bergan ocharchilik sabab o‘zlari holvadan yasagan butlarini paqqos tushirgan odamlar Muhtaram Zotni tirik holda ko‘rib, ko‘zlariga ishonmasliklari mumkin, lekin endi albatta uning aytganlariga ishonadilar va imon keltiradilar, deb umid qilardi.
Hadeganda Uning ovozi eshitilavermadi. Baliq kutishga qaror qildi. Zero, u kutib o‘rgangan edi.
Nihoyat, dengiz botayotgan quyoshning olovrang nurida yorqin tovlanayotgan vaqtda qirg‘oqdan odamlarning shovur-shuvuri, bukri xizmatchi Horonning tovuqlarini chaqirib “tu-tu”lagani eshitildi. Baliq bu ovozlar ichidan o‘ziga tanish ovozni, o‘ziga tanish nafasni eshitish ilinjida qirg‘oqqa yanada yaqin keldi: “Sendan o‘zga iloh yo‘qdir. Sen barcha nuqsonlardan poksan. Darhaqiqat, men o‘zimga zulm qilguvchilardan bo‘ldim…”
Ammo hamon tanish ovoz eshitilmasdi.
Son-sanoqsiz “ko‘z”lar o‘ziga qadalganini his qilgan Baliq kech kirganini, ko‘kda yulduzlar bodray boshlaganini sezdi, hademay gunohkor kelindek xijolatdan qizargan to‘lin oy ham suvni shaloplatmasdan, ohista cho‘milishni boshlab qolsa ajabmas.
Qirg‘oqdan notanish odamning ovozi keldi:
– Yolg‘onchi yalavoch senmusen? Malik har kimki yolg‘onchi Yalavochni munda ketursa, dor tikib, dorga osayin teyur!..
Baliqning yuragi xavotirdan uvishdi.
“Nahot Uni yana zindonga solsalar?! Odamlarning boshi aylanib qolganmi? Namuncha o‘zlariga bino qo‘ymasalar!”
Baliqning suv ostidan o‘sib chiqqanday ulkan gavdasini o‘zidan-da og‘ir yuk bosib, parchalab tashlagandek, g‘amgin bo‘lib qoldi. Qalbiga qo‘rqinch bostirib kirdi.
“Odamzod qalbi chumchuqqa o‘xshab, bir kunda goh u yoqqa, goh bu yoqqa aylanib turarkan-da!..”
Avvallari sezgilari qanchalik o‘tkir, uchqur bo‘lmasin, baliq voqea-hodisalarning mohiyatini qamrab oladigan quvvatga ega emasdi. Shuning uchun ham avvallari qancha o‘ylamasin, o‘z mavjudligidan biror maqsad va ma’no topmasdi. Ammo kutilmaganda u o‘zini butun olamni mushohada qila olishdek ilohiy kuchga ega bo‘lganday, yuz berayotgan voqea-hodisalarning mohiyatini anglayotgandek his eta boshladi.
To‘g‘ri, ummon tublarida uni sevguchilar son-sanoqsiz, lekin uning birorta ham do‘sti yo‘q edi. Suv maxluqlarining unga yaqin kelish tugul, hatto shovurini eshitgan zahotiyoq tum-taraqay bo‘lishlari, o‘z mahobati bilan atrofdagilarni larzaga solishlari avval-boshda zavqlantirgan bo‘lsa, endi alamini keltirardi. Uning xo‘rak ilinjida o‘zlarini o‘tga-cho‘qqa urishdan toymaydigan mayda baliqlarga havasi kelar, ammo tishlari irjaygan akulalarni ko‘rgani ko‘zi yo‘q edi. Akulalar azbaroyi u bilan yaqin bo‘lish ilinjida har qanday vahshiylikdan qaytmasdilar, ammo qalblarida jo‘sh urgan tuyg‘ulari ola-kula ko‘zlarida qanchalik oshkor porlamasin, ular unga duch kelishdan, unga ro‘baro‘ bo‘lishdan, u bilan uchrashib qolishdan shunchalik bezillashardi! O, bu olako‘z nigohlarni u qanchalar yaxshi bilardi! Hatto ularning o‘zlaridan ham yaxshiroq ularning dillarini va hayotlarini yaxshi bilardi. Faqat… baliq favqulodda diliga tushgan g‘ulg‘uladan qutulolmay, yana besaranjom bo‘la boshladi. Bu ham g‘alati, ham yoqimli, shuningdek, qalbni siquvchi, og‘ir va haddan ortiq qayg‘uli tuyg‘u edi.
Qirg‘oqdan tanish ovoz eshitildi:
– Mani borsun teb yana yorluq bormu?
– Izi yorliqar, Ninvag‘a borg‘il, yorliq tegurgil, imon keltirsunlar.
– Mavloning yalavochi mundoq bormoq loyiq ermas. Oncha zamon bergil!
– Mavlo tariqinda zamon bermak yo‘q!
Baliqning ich-ichidan allanechuk istehzo ko‘tarildi: Savdolashish bundan ortiq bo‘lmas!
Iylanmagan teridan choriq kiygan oyoq saslari suvga yaqinlashdi.
“Sening fazlingga mushtoq bir tilanchimen…”
Baliqning tuyg‘ulari idrokidan ustun chiqdi, natijada u o‘zini ana shu tuyg‘ulari ixtiyoriga topshirdi va qirg‘oqqa har doimgidan ham yaqinroq keldi.
Baliq Uning o‘zini suvga otishini intiqlik bilan kutdi. Ayni damda u hamma narsaga tayyor edi. Keyin… nima bo‘lsa bo‘lar, ammo hozir… o‘zi intilayotgan maqsadga hamma narsani qurbon qilish sira oqlab bo‘lmaydigan ish ekanligini yaxshi bilsa-da, ayni damda u hech narsadan o‘zini tiyib turolmasdi. U o‘zini suvga otsa bas!
Muhtaram Zot namxush qum ustiga cho‘k tushdi. Go‘yo yelkasidagi yuk zalvoridan charchagandek, nihoyatda behol va hafsalasiz ko‘rinsa-da, odamlarning shafqatsizligidan ranjib, o‘lib ketadiganlar xilidan emasligi yuz-ko‘zlaridan sezilib turardi.
– Inson ustidan zo‘rlik bilan g‘alaba qilib bo‘lmaydi. Inson o‘zi tushunib yetmaguncha uni majburlash tahqirlash bilan barobar. Xuddi g‘irrom o‘yinda o‘z baxtini sinab ko‘rishga urinayotgan qimorbozga o‘xshaymen… Bas, bu o‘yinda men o‘zimning oxirgi soqqamni tashlab bo‘ldim! Endi meni eng og‘ir jazoga mustahiq qil, shunda odamlar ahvolimni ko‘rib hushyor tortar, dunyo behudaligidan o‘zlariga kelib, o‘z qalblariga, qilayotgan ishlariga razm solarlar, tavba tazarru qilarlar – maqsading ham aslida shu-ku!
U bemisl uqubatlar vaqtlar o‘tib, o‘ziga abadiylikka erishish saodatini ato etishini bilmagan, hatto xayoliga ham keltirmagan holda ovoz chiqarmay yig‘lardi.
Go‘yo g‘ussasida xudbinlik, itoatida kibr-havo borday…
Shu vaqt kimdir hayajon bilan qichqirdi:
– To‘rni ollaring! Nahang!
Qirg‘oqda shovqin-suron qo‘pdi:
– Dengizni chayqatishiga qaraganda, u oddiy nahang emas! Qayiqqa tushlaring!
Qarmoq va changaklar bilan qurollangan odamlar o‘zlarini qayiqlarga urishdi.
Muborak Zot ko‘zlarida olov yolqinlanayotgan olomonning yo‘lini to‘sdi:
– Unga yemish sifatida qaramang!
Ammo hech kim Unga quloq solmadi.
Baliq ehtiyotsizlik qilganini angladi.
Yuragini dahshat chulg‘adi: ketish kerak, ketish!
Yuragi qanchalik o‘rtanib turgan bo‘lmasin, o‘z tinchini o‘ylab qirg‘oqdan ancha uzoqlarga suzib ketdi.
Baliqchilar esa ikki soatlardan keyin qayiqlari ag‘darilgan, nayzalari singan holda quruq qo‘l bilan qaytishdi…
* * *
Halovat istab borgan yeri tinch, osoyishta, ammo o‘ta zerikarli… va sovuq edi. Shunday bo‘lsa-da, u okeanning tub-tubida ko‘krak qanotlarini keng yoyib, ulkan quyrug‘i bilan zim-ziyo qorong‘ilikni tilimlagancha, odam bolalarining turli-tuman munofiqliklari va hiyla-nayranglaridan yiroqlarda yashab yurarkan, ichida, zulmat ichra o‘tirgan odamni hech unutolmasdi. Elchilik uyidan chiqqan yagona sarkash!.. Qochoq… Besabr… deya erkalab o‘ylardi u uning “Hech kimni ko‘rishni istamayman! Menga hech qanday siylov kerakmas!” degancha ovchining ta’qibidan qochgan kiyik misol o‘zini yoqdan-bu yoqqa otib, tipirchilaganlarini eslab. Ha, tun zulmati, suv va baliq zulmati ichra bo‘lmoq oson emas. Bu tadbir bilan istalgan odamni to‘g‘ri yo‘lga solish mumkin.
Nafsilamrni aytganda, Uning sarkashligida ham ma’ni borday. Axir u hech narsani atay, qasddan qilmadi-ku. Zamonlar o‘tib, g‘azablangan olomon uchun ibrat namunasi bo‘lib qolishidan ham cho‘chimadi. Shunchaki, o‘zlari aql yurgizmagan odamlarni imonga chorlashdan charchagandi, xolos. Uni unutgani ham yo‘q edi. Har doim boshi sajdada edi. Nazari ham toymagan, haddidan ham oshmagandi. Ammo odamlar uni nazarlariga ilmadi. Ular uni yomon ko‘rishardi, o‘zlariga o‘xshamagani uchun. Tafovut – nafrat tug‘dirishi rost. U esa johil odamlar orasida hech qanday muvaffaqiyatga erisholmay, uyalib qolishdan cho‘chidi. Bu damlar uning hayotidagi eng og‘ir pallalar edi. Agar anavi munofiqlardan birortasi uni qo‘llab yuborganida edi, uning bardoshi mustahkamlangan bo‘lardi. U to‘g‘ri aytadi, odamzodni jazolash orqali to‘g‘ri yo‘lga solib bo‘lmaydi.
Tavba qilish aslida bilmasdan yomon ish qilib qo‘yganlarga lozim. Ammo u tavba qildi. Eshityapsizlarmi, u tavba qildi!
U imdod kutib atrofiga nazar soldi. Poyonsiz bo‘shliq va suvdan iborat borliqda sukunat, sukunat va yana sukunat hukmron edi. Shunda u mash’um haqiqatni yana bir bor ko‘nglidan o‘tkazdi, u yolg‘iz edi. Qichqirayotgan ham uning yolg‘izligi edi…
Baliq yana o‘ylashda davom etdi:
To‘g‘ri, faqat dorulbaqoda nafi tegishi mumkin bo‘lgan narsalardan bo‘lak boshqa hamma narsalarga nisbatan nafrat bilan yashash odamzodning qo‘lidan kelmaydi. Ortiqcha dunyoparastlik ham odamni yo‘ldan ozdiradi. Bunda eng maqbuli – oraliq yo‘l! Zero, kimdir hirs va nafsni qanoat qamchisi bilan savalab turmas ekan, odamzod jahannam sari yuzlanaveradi…
Oxiri bo‘lmadi, anchadan buyon ko‘nglini sust qilgan vasvasani yenga olmadi va kunlarning birida burniga osilib qolgan sumalaklarni parcha-parcha qilgancha, marjon qoyalarni aylanib o‘tib, ummon qa’riga g‘arq bo‘lgan kemalar-u shahar-qishloqlar xarobalari oralab, vujudida insoniyat kechmishi dolg‘alanayotgan, iliq va kumushrang nurga yo‘g‘rilgan janubiy dengiz tomon yo‘l oldi. U shitob bilan suzarkan, u bilan birga to‘lqinlar kamalakdek tovlanib, bir nimalarni shivirlagancha uning ortidan yugurishdi: “Borma! Yer yuzi – mislsiz evrilishlar makoni. U yerda aql bovar qilmaydigan voqealar ro‘y bermoqda!”
Baliq qadrdon to‘lqinlar shiviriga quloq tutmadi, hatto eshitishni ham istamay, tig‘day o‘tkir qanotlari bilan suvni shiddat-la tilib, entikkancha olg‘a intildi.
Kutilmaganda Baliq birdan hushyor tortdi, nazarida suvning ta’mi o‘zgargan, allaqanday chuchmalmidi yoki kuyik ta’mi bormidi. Buning ustiga kunmidi, tunmidi, bilib bo‘lmasdi, suvda na oyning, na quyoshning aksi suzardi.
Baliq qirg‘oqdan ancha narida suzishdan to‘xtadi.
Bu vaqtda haqiqatan ham osmonda na oy bor edi, na quyosh. Go‘yo ehtiroslar quyunidan zada bo‘lgan oy bir yumalab g‘oyib bo‘lgan, quyosh jaranglab, birdan yorilib ketgan-u, ko‘rfazni zimistonlik bosgandi. Uzoq-uzoqlarda qip-yalang‘och daraxtlar do‘l urgandek, sho‘ppayib turar, ekinzor-u dalalar yakson bo‘lgan, kemalar bir yonga qiyshaygancha qumga botib qolgan, qayiqlar ag‘darilib yotardi. Zimistonlik to‘foni aro suv yuzida oppoq to‘rlarga burkangan bolalar beshiklari suzar, do‘ppaygan qabrlar orasidan birin-ketin chiqib kelayotgan motamsaro odamlarning goh tahdidona, goh g‘azabnok ovozlari dam sayin avjga chiqardi.
– Ko‘zlarimiz ochiq, lekin qorong‘ilik quyuqligidan hech narsani ko‘rmayapmiz. Ekinlarimizni do‘l urdi! Mevalarimizni nobud qildi. Do‘ldan qolganini chigirtkalar yeb bitirdi. Mana endi tirik qolgan bola-chaqamiz bilan chuvillashgancha, rizqimizni izlab yuribmiz. Hammasiga Sen, Sening Xudoing sabab! Endi bizning bu holimizga o‘zing chora top. Agar Xudoingga aytib, poymol bo‘lgan ekinlarimizni, don-dunlarimizni tiklab bermasang, bizdan yaxshilik kutma!
Tahdidona ovozlar…
Tahdidona qadamlar… tobora yaqinlashib kelardi.
Sohilda esa… boshini changallagan bir odam o‘tirardi. Beun. Chorasiz…
Bukri xizmatchi qo‘lida bolasining jonsiz jasadini ko‘targancha bukchayib qolganidan yelkasidagi bukri yanada bo‘rtgan gavdasini zo‘rg‘a sudrab, odamlar orasidan bir qadam oldinga chiqdi.
– Agar Sen chindanam Xudoning elchisi bo‘lsang, Unga ayt, bolamni tiriltirib bersin, – dedi u telbavor ovozda. – Shunda men chindanam Xudoning borligiga ishonaman.
Muhtaram Zot boshini ko‘tarib bukriga qaradi, bu jirkanch, aftodo holatdan etlari jimirlab ketdi, ammo lom-mim demadi. U endi bir og‘iz ham gapirmaslikka ahd qilgandi.
– Nega indamaysan? – dedi bukri. – Agar sen xudo bilan gaplashib, bolamni tiriltirib bersang, chindanam Sen xudoning elchisi ekanligingga ishonaman! Aks holda…
Muhtaram Zot uning adovatdan qiyshaygan, burishgan, motamsaro chehrasiga qaragisi kelmay, yuzini burdi, ko‘ksidan og‘ir xo‘rsiniq otilib chiqdi: “Dunyoning holiga voy!”
Bukri bolasining jasadini yonidagi birovning qo‘liga tutdi. Keyin bamisoli yuragiga kirib borib, hammasini bilib olmoqchi bo‘lgandek, emaklagancha Muhtaram zotning naq burni tagiga keldi.
– Bilasanmi, aks holda nima qilishimni? – u atrofiga qarab alamli iljaydi. Keyin bo‘g‘ilgan, xirillagan ovozini bir parda pasaytirib, sirli ohangda dedi: – Sen azobini aytib qo‘rqitayotgan Xudoning qayerdaligini men bilaman! U shu yerda, yonginamizda! Sen har kuni kelib arz-hol qiladigan mana shu suvning tagida yotibdi! Odamlar uni nahang deyishyapti. Yo‘q, u nahang emas. U o‘sha sening Xudoying!..
Muhtaram Zot benihoya oqarib ketdi, lekin keyin negadir kulimsiradi, zum o‘tib kulimsirash ayanchli kulgiga aylandi va birdan kulgisi kuchaygandan kuchayib kutilmaganda asabiy qahqahaga aylandi…
Baliq hammasini so‘zsiz his qildi.
– Ha, birini biri bilan rizqlantirib turmasa bo‘lmas!
* * *
Kutilmaganda zim-ziyo falakning allaqayerida nimadir “yilt” etdi. Zum o‘tmay “yilt” etgan uchqun tobora kattalashib, zulmat bag‘rini yorib kela boshladi va birdan butun olam charog‘on bo‘lib ketdi.
Yog‘dular raqsi boshlandi, yalt-yult qilgan o‘tkir nayzalar dengiz bag‘rini tilar, eritilgan oltinday tinimsiz quyilayotgan nurlar gir aylanar, tobora shiddatliroq, tobora jo‘shqinroq raqs tushardi.
Odamlar dovdirab qolishdi, ularning nimalar yuz berayotganiga aqllari bovar qilmayotgandi.
Shu chog‘ yana bir favqulodda hodisa yuz berdi: dengiz qo‘qqisdan qalqib ketganday bo‘ldi, suv yuzasi qattiq chayqaldi-yu allaqanday ulkan maxluq sharpasi ko‘rinib-ko‘rinmay shuvillagancha suzib o‘tdi. Qirg‘oqqa kuchli to‘lqin kelib urildi, atrofga suv zarralari sachradi, lahza ichida butun sohil oppoq tuman ichra qoldi. Va qumloq uzra bir dunyo baliqlar sochildi!
Zum o‘tmay bu hol yana takrorlandi. Keyin yana!..
O‘zlari yasagan marmar ma’budlarday tosh qotgan olomon kutilmagan qamchining zarbidan jazavaga tushgan otdek birdan titrab ketdi va ochko‘zlarcha mo‘may yemish ustiga yopirildi.
Suv yuzini bosgan oppoq ko‘piklarga mahzun tikilgan Muhtaram Zot sekin pichirladi:
– Shu yerdaligingni bilardim!..
Qirg‘oqdan sho‘r baliq va tuz hidi kela boshladi. Va yana odamlarning quvnoq ovozlari… Ular ovda omadi kelgan ovchilarday shodon edilar va ob-havo, ekin-tikin haqida xotirjam gurung qilishardi.
* * *
Saodatmand baliqning umidvor qalbi quvonchdan yayradi. Mana, nihoyat, u kutgan damlar. Endi qirg‘oq yonida turib, istagancha odamlarning ovozlarini, kulgilarini eshitadi, gullagan daraxtlardan taralgan yoqimli hidlardan bahramand bo‘ladi.
Keyin… ilk daf’a ko‘kka sapchib, odamlarga o‘zining borligini bildiradi. Ana undan keyin boshlanadi, qocha-qoch, quva-quv! Ulkan baliq hozirning o‘zida odamlarning shovqin-suronini, eshkaklarning shaloplashini, baliqchilarning qichqiriqlarini eshitganday bo‘ldi. Azbaroyi zavqlanib ketganidan ortiq o‘zini bosolmadi, suv tubida ulkan doira yasab, go‘yo afsonaviy musiqa sadolari ostida raqs tushayotgandek, bor gavdasi bilan bir qur aylandi-yu ko‘kka sapchidi. Va… hammasini bir zumda ko‘rdi:
Oftob nurida erib ketayotgandek mayin tovlanayotgan qumloqda ulkan taxt qad rostlagan, atrofini odamlar qurshab olgandi.
Taxt oppoq bo‘lib, fil suyagidan yasalgandi.
Taxt ustida o‘tirgan Muhtaram zot olomonni ibodatga da’vat etar, hamma izzat-ikrom bilan bosh egib qo‘l qovushtirgan va xuddi bir odam o‘qiyotgandek duo so‘zlari yangrardi.
Ular orasida Bukri xizmatchi qo‘rinmasdi, xolos.
Kutilmaganda gumburlagan ovoz eshitildi, ulkan baliq vujudida qattiq og‘riq, achishish tuydi. Zum o‘tmay, ko‘rganlarining barcha-barchasi, kattayu kichik narsalarning hammasi kichrayib, bir butun holga keldi va uning ichiga singib ketdi-yu, birdan hamma yoq suv quyganday jim-jit bo‘lib qoldi…
Manba: «Yoshlik» jurnali veb-sahifasi