Zulfiya Qurolboy qizi. Trubka chekayotgan odam

Ashampoo_Snap_2018.04.09_22h03m48s_001_.png   Чилангар балкони қуёшга қараган “Г” шаклидаги кўп қаватли уйнинг учинчи қаватида яшовчи олтмиш беш-етмишларни қоралаб қолган, бадқовоқ, истеҳзоли қарашларидан, гезарган лабларини буриб туришидан унча-мунчани писанд қилмайдигандек кўринадиган бу одамни ёқтирмасди. Айниқса ишга янги келган вақтларида. Ўшанда ҳам, яъни чилангар янги иш бошлаган кезларда, дераза олдида соатлаб туриб олиб трубка чекадиган, хўмрайган бу одамнинг бошида кепка бўларди.

Зулфия Қуролбой қизи
ТРУБКА ЧЕКАЁТГАН ОДАМ
088

007Зулфия Қуролбой қизи (Зулфия Йўлдошева) – 1966 йили Жиззах вилоятининг Жиззах туманида туғилган. 1989 йили Жиззах педагогика институтининг ўзбек филологияси факультетини битирган. “Турмуш”, “Ёвузлик фариштаси”, “Ўлим ҳеч нарса эмас” ҳикоялар тўпламлари ҳамда “Армон асираси”, “Машаққатлар гирдоби” романлари муаллифи. Айни кунларда “Ўзбекфильм” киностудиясида ишлайди. Ҳикояси асосида “Чақмоқ чаққан тунда” бадиий фильми суратга олинган. “Ёзсиз йил” бадиий фильмининг, “Фидойилар” сериалининг сценарий муаллифи. Ҳикоялари асосида Ўзбек давлат драма театрида “Аёл” спектакли саҳналаштирилди.

011

1449075331_pensionery-1.jpgЧилангар балкони қуёшга қараган “Г” шаклидаги кўп қаватли уйнинг учинчи қаватида яшовчи олтмиш беш-етмишларни қоралаб қолган, бадқовоқ, истеҳзоли қарашларидан, гезарган лабларини буриб туришидан унча-мунчани писанд қилмайдигандек кўринадиган бу одамни ёқтирмасди. Айниқса ишга янги келган вақтларида. Ўшанда ҳам, яъни чилангар янги иш бошлаган кезларда, дераза олдида соатлаб туриб олиб трубка чекадиган, хўмрайган бу одамнинг бошида кепка бўларди. Оппоқ, қуюқ сочлари булутдай ҳурпайиб, кепка четидан тошиб чиқиб бошини саватдай кўрсатарди. Ҳар бир мўйи тикандай тикрайиб турадиган қош-киприкларию соқол-мўйлабига бахтга қарши ҳали битта ҳам оқ тушмаганди. Ўзи эса ҳозиргидан бирмунча дадил, айтиш мумкинки, анча бақувват эди. Қачон қараманг, эгнида туси ўчган футболка билан оқариб кетган жинси шим бўларди. Гавдасининг барвасталигидан пастдан қараган одамга балкон деразасидан унинг белдан юқориси худди текисликдаги тепадек узоқдан кўзга ташланиб турарди. Лекин ҳуда-беҳудага ҳовлига чиқавермас, қўни-қўшнилар билан ҳам ҳамсуҳбат бўлавермасди. Наҳорги ошларга-ку изини ҳам босмасди. Ўзини худди от сурган дамларини эсдан чиқармаган кеккаймачоқ собиқ амалдордай тутишидан, кишилик кийимларини жуда ўрнига қўйиб кийинишию хатти-ҳаракатларидан у ниҳоятда озода ва интизомли кишига ўхшарди. У фақат нон учунгина яқин-ўртадаги дўконга чиқарди. Ва яна кир ювган чоғларида елим тоғорани кўтарганча пастга тушарди. Ювган кирлари бор-йўғи иккита эркаклар кўйлаги ва майка бўларди. Лекин чол шугина учун ҳам нақ ярим соат овора бўлар, дорга илинган кийимларнинг ҳар бирини алоҳида диққат-эътибор билан кўздан кечирар, ғижим жойларини кафтлари билан текислар ёки, жуда бўлмаса дордан олиб қуёшга тутар, кейин яна бир неча марта, бу сафар қаттиқроқ силкиб-силкиб, жойига илиб қўярди. Кийимларни илганида айниқса, кир қисқичларни шундай маҳорат билан ишлатардики, улар симдорда эмас, кийимилгичда тургандай кўринарди. Кейин иссиқдан ўзини елпиб, кийгизранг кўланкаси ҳовли ўртасидаги болалар майдончасини буткул эгаллаган улкан чинор остига ўтарди, аммо шу ерда ҳам бир пас тинч турмасди, кекса чинорнинг икки одамнинг қучоғига базўр сиғадиган бақувват, оқиш-жигарранг танаси атрофини эринмай кўздан кечирар, юпқа қобиқлар билан қопланган пўстлоғи шилинган ёки бирор чирмовуқ ўт илашган бўлса юлиб ташлар, синган шохчаларни чўнтагидан олган қайчиси билан авайлаб кесиб олиб, бир чеккага қўярди. Бировнинг қозонига човлисини солавермайдиган одамлар тоифасидан эканлиги туриш-турмушидан кўриниб-билиниб турган бўлса-да, қўни-қўшнилар ундан негадир ҳайиқиб туришарди. Айниқса маҳалла болалари ундан қаттиқ чўчирди. Чол уларнинг ҳовлида шовқин-сурон солиб ўйнашларига халақит бермасди, аммо бирорта қўли қичиганроғи подъезд деворига, эшигига бўр ёки фламастер билан чизаётганини кўриб қолса борми, ўғил-қиз деб аяб ўтирмасди, шартта қулоғидан чўзганча уйига, онасининг олдига олиб бориб айтадиганини айтиб чиқарди. Шунинг учунми, бошқаларга қараганда уларнинг подъезди ҳамиша саранжом-саришта бўларди.

Чилангар ўзига қарашли уйларнинг подвалларига кириб-чиқиб юраркан, уни кўпинча дераза олдида турганча трубка чекаётган ҳолда кўрарди. Чол ҳали куч — қувватга тўла гавдасини букчайтириб, тирсакларини токчага тираганча трубкасини бурқситаркан, кайфнинг ҳузуриданми ва ё хаёлга толганиданми, уни, чилангарни кўрмасди. Баъзида эса жуда ҳам гаплашгиси келаётгани юз-кўзларидан сезилиб турса-да, атай уни кўриб туриб кўрмасликка олар ёки шунчаки бир назар ташлаб қўяр, унинг бу қарашларидан лоқайдлик, шунингдек, менсимаслик маъноларини уқиш мумкин эди. Гоҳ у ҳовлида, гоҳ бошқасида тимирскиланиб юрадиган бу ўрта бўй, миқтидан келган, сочлари барвақт оқарган хизматчи гўё у билан гаплашишга арзимайдигандек туюлармиди, ҳар қалай ишлаётганига тўрт-беш йил бўлиб қолганида ҳам чилангар у билан ҳали-ҳамон бир оғиз гаплашмаганди. Бўлмаса қўшни уйларга йилда уч-тўрт марталаб кириб чиқаверганидан баъзи хонадон эгалари билан апоқ-чапоқ бўлиб кетганди. Негаки кейинги вақтларда Хитойдан пешма-пеш келтирилаётган асбоб-ускуналарнинг сифатсизлиги туфайли домларда, айниқса, серфарзанд оилаларда тез-тез ё иссиқ сувнинг жўмраги бузилиб, сув чакиллаб қоларди, ё ҳожатхона қувурида бирор ишкал чиқарди. Қиш кунларида бехосдан иссиқлик тизимининг ишдан чиқишлари ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади. Шундай вақтларда чилангар зоти кўп қаватли уйда яшовчилар учун жуда-жуда асқотадиган одам-да. Уларни ноёб мутахассислар деса ҳам бўлади. Маошдан ташқари келиб турадиган уч-тўрт сўмнинг ва яна… кўча супурувчи Слава амакининг чилангарларга нафрат билан қарашининг боиси ҳам шундан… Чилангар биргина мана шу чолнинг квартирасига бирор марта ҳам қадам ранжида қилмаганди. Бу эса уй эгаси ҳақида ижобий фикр уйғотади. Чунки чилангар қавми – ўзи мойга ботиб юрса-да – азалдан хонадоннинг озодалигию жиҳозларнинг ишлатилишига қараб, уй хўжаси ҳақида фикр юритиб келган.

Бир куни чилангар чолнинг деразаси остида жойлашган қудуқ атрофида куймаланиб юраркан, иссиқ бир нима тепадан шувиллаб келиб елкасига тушди. Тушган нарса баданини куйдирадиган даражада эмасди, елкасини қоқиб ташлаб, индамай кетаверса бўларди. Лекин у ҳолда ўша илимилиқ нарсани ташлаган одам бу ёқда турсин, ҳатто ўзи ҳам ўзини писанд қилмай қўярди. Шу боис чилангар бир қўли билан елкасини силаркан, худди бадани куйиб ачишгандай афтини буриштирганча тепага қаради. Шу вақт тепадан йўғон овоз келди:

– Ука, мени кечиринг, хаёл билан бўлиб тамакининг кулини тўкиб юборибман. Кечиринг.

Чилангар ярим гавдаси билан пастга осилиб турган чолнинг ҳамишаги бадқовоқ юзида хижолатга ўхшаш бир нима кезинаётганини, кўзлари саросимадан катталашиб кетганини кўрди. Кўнгли сал ўрнига тушиб, жавоб берди:

– Хижолат бўлманг, амаки. Бор-йўғи кул экан-ку.
– Малол келмаса, тепага чиқинг. Кўйлагингизни ювиб бераман.

Шу гапдан кейин чилангар футболкасини бошидан суғуриб оларкан, чол бекорга уйига таклиф қилмаганини тушунди, эрталаб кийган кийимининг елка қисмида ола-чипор кўкимтир доғ пайдо бўлганди.

– Э, шарт эмас. Овора бўлманг, – деди чилангар кекса кишини ортиқ хижолатда қолдирмаслик учун.

– Ҳа, майли, ўзингиз биласиз… – деди чол ҳам, лекин зум ўтмай пружинаси бураб қўйилган гапирувчи қўғирчоқдай гапга тушиб кетди. – Жуда инсофли одам экансиз. Сизга ўхшаганлар ҳозир камёб! Гапимга ишонаверинг, рост айтяпман.

Чилангар кулиб қўйди: камёб! Одамнинг ҳам камёби бўларкан-да?

– Тавба қилдим, дунё қандай бўлиб кетяпти а? – бирдан чолнинг гап оҳанги ўзгарди. – Кирларни ўзи ювса қўли синиб акашак бўлиб қоладими?! Ҳозирги хотинлар жа ўзидан кетиб қолди! Пули кўп-да,пули кўп!

Чилангар ишдан чалғиб, атрофига кўз югуртираркан чолнинг аччиғини чиқарган нарса – биринчи қаватда яшовчи бизнесмен хотиннинг эшиги олдига келиб тўхтаган “Аҳолига хизмат кўрсатувчи” фирма машинаси эканлигини билди.

– Амаки, нега жиғибийрон бўласиз? Ахир ХХI асрда яшаяпмиз! Қолаверса, аёллар ҳар қандай янги замоннинг одатларини тез ўзлаштиришади.

Бундан сал аввалроқ нима ҳақда бўлмасин ким биландир гаплашгиси келиб турган чолга унинг гапи ёқмади чоғи, бир қараб қўйди-да тўсиндан одамовилиги тутиб бошини буриб олди, лекин зум ўтмай ичидан тошаётган жазаваси бўғзидан ғиппа бўғиб олгандай хириллаган овозда деди:

– Кир ювмаса, уй супурмаса, хотинларнинг хотинлиги қайда қолади, оғайни?!

– Энди замон, замон деймизу… – овозини пасайтирди чилангар бизнесмен хотиннинг уйидан бир неча гиламни битта қилиб елкасида кўтариб чиқаётган барваста йигитга кўзи тушиб. Зум ўтмай бу ҳар қалай бизнесменнинг ўзи эмас экан-ку дегандай, хотиржам тортди, тепага қараб гапини давом эттирди: – Ростини айтсам, эркакларнинг топгани рўзғорга урвоқ бўлмагандан кейин хотинлар йўлга чиқади-да. Уларгаям осонмас.

– Қизиқ гапни гапирдингиз-ку, – деди чол энсаси қотиб. – Эркакнинг топгани рўзғорга урвоқ бўлмаса, сабр қилсин!

Чилангар э, амаки, сиз эски замоннинг одамисиз, бунақа нарсаларни тушунмайсиз, деб юборишига сал қолди, бир амаллаб сўнгги лаҳзада ўйлаганини ичига ютиб, сал бошқароқ гап қилди:

– Илгари мана шу кўчада фақат болалар ўйнаб юрарди. Ҳозир боладан кўп машина!

– Ҳар хил хизмат кўрсатувчи сервис машиналари-чи! “Комплексний уборка”, “Стирка ковров”, “Доставка пицца”… э, буларнинг адоғи йўқ. Хотинлар ҳатто аҳлат тўкиш учун ҳам уйдан чиқишга эринадиган бўлиб қолган!

Чилангар сўнгги жумлалар кимга қарататилганини дарров илғади, чунки у йигирма дақиқа аввал уч-тўрт қадам нарида салгина эпкин туриши билан япроқларини дувиллаб тўкиб соладиган теракларга жаҳл қилиб, бир нималарни ғудранганча хас-хазонларни супуриб, ариқчаларни тозалаб юрган фаррош Слава амакининг рўпарадаги, атрофи темир панжаралар билан ўраб олинган уй ҳовлисида ўзининг чорбоғида ишлаётгандай, ихлос билан темтиниб юрганини кўрганди. Айни дамда эса кекса фаррош уй эгаси – этагини эчки ямлаб қўйгандай калта, енгсиз халат кийган чигирткадай озғин дўкончи аёлдан хизмат ҳаққини ундираётганди.

– Э, майли-да, – деб қўйди чилангар хаёлан ”Слава амаки ҳам тирикчилигини йўлга қўйиб олибди-ку, энди тирғалмайдиган бўлади”, деган фикрга бориб.

– Нимаси “майли?” А, нимаси “майли”? – тутақди чол.

Уларнинг шовқинини эшитиб ипак пардалар ортидан мўралаб қўяётган қўшни аёлларнинг хўмрайган башараларига кўзи тушган чилангар:

– Нима қиламиз энди… Замонига яраша-да, – деб қўйди дудмолроқ қилиб. Чунки қўни-қўшниларнинг ишбилармон аёлга ҳам, чигирткадай озғин дўкончи хотинга ҳам бирдай ҳурматлари беҳад зўр эди. Боиси бири ҳали Туркиядан, ҳали Дубайдан алламбало кийимларни олиб келса, иккинчиси уларни ўз дўконида устама нарх қўйиб сотиб берарди. Лекин ҳар икки ҳолда ҳам улар нарсаларини қўшни аёлларга андак чегирма билан пуллашарди. Айниқса, дугонасига қараганда анча хушрўй, икки юзи қизил олмадай таранг, қош-кўзлари пайваста, дўндиққина ишбилармон аёл сахийроқ эди, “Топганингизда қарзингизни узасиз!” деб баъзида насияга ҳам бериб юбораверади.

– Замонига ярашамиш! – кесатди чол юзинг-кўзинг демай. – Дангасалик! Ғирт дангасалик! Эрта бир кун мана шу хотинларнинг қизлари бошқа бир уйда тоғорада кир ювармикин? Тағин ўчоқда сув иситиб! Ёки мол тагини кураб, аравада гўнг таширмикин?

Чилангар энди баралла кулиб юборди. Кейин нега тишингни оқини кўрсатасан, кулгули гап айтдимми, дегандай ўқрайиб турган чолга қараб пастроқ овозда деди:

– Амаки, сиқилманг. Пулдорлар бу томонини ҳам аввалдан ўйлаб қўйишади.

Чол “Э, баринг бир гўрсан!” дегандай қўл силкиди.

Пардалар ортидан мўралаётган аёллар эса тарақ-туруқ қилиб, деразаларини ёпишга киришди. Улар ҳам чолни ёқтиришмасди. Ваҳоланки чол бизнесмен аёлдан бошқаларига айтарли тихирлик қилмасди, лекин уларни эшик олдидаги ўриндиқларда гап сотиб ўтирганларини кўрса бас, кўзлари билан суза бошларди.

* * *

Шундан кейин чол бир муддат дераза олдида кўринмай қолди. Чилангар чол бетоб бўлиб қолмадимикин, деган хаёлда юрди, ахир иссиқ жон, бунинг устига кекса одам… Лекин бу ҳол узоққа чўзилмади, чилангар бешинчи қаватдаги хонадонда ишлаётганида чолнинг нималар билан машғуллигини билиб олди. Айтишларича, чол ҳовлида ўйнаб юрган болаларни уйига чақириб, улар билан суҳбатлашадиган бўлиб қолибди. Суҳбат вақтида у болаларга китоб ўқиб бераркан, охирида ҳар хил саволлар бериб, икки ёки уч кундан кейин жавобини топиб келишларини тайинларкан. “Агар ишимиз юришиб кетса, “Заковот” кўрсатувига олиб чиқаман сизларни,” деяркан болаларни хурсанд қилиб. Ҳақиқатан ҳам ўша кезларда маҳалланинг энг тўполончи болалари ҳам сипо тортиб, қўлтиқларига китоб қисганча чол яшайдиган подъездга кириб кетадиган бўлиб қолишганди. Одатда, болалар тушликдан кейин унинг ҳузурига келишарди. Афтидан унгача чолнинг ўзи ҳам тайёргарлик кўрарди чоғи, энди дераза олдида бурнига кўзойнагини қўндирганча, бошини солинтирган кўйи китоб ўқиб ўтирарди. Аммо чилангар бошқа хонадонлардан сал бошқачароқ, ташвишлироқ гапларни ҳам эшитарди: “Бу чоли тушкур, болаларимизнинг миясини бузяпти, уларга ёмон нарсаларни ўргатяпти”. Домдагиларнинг фахри ҳисобланмиш, қалами ўткир деб ном қозонган бир журналистнинг айтишича эса, ортиқча ташвишга ҳожат йўқ эмиш. Чунки чолнинг бирор фирибгарлик қиладиган турқи йўқ, бўлган тақдирда ҳам ҳар қанча ичидан пишган бўлса-да, бир кунмас бир кун миси чиқиб қолармиш. У шунчаки тўлқинли дарёнинг четида оқимдан узилиб, бир жойда айланаётган чўп, хас эмиш…
Кунларнинг бирида чилангар ҳовлида ғуж бўлиб, шовқин кўтараётган жувонларни кўриб, чолга бир гап бўлдимикин деб ўйлаб кайфи учиб кетди. Кейин билса, китобхон болалар орасида жамалаксоч қизчалар ҳам бўлгани учун қизғанчиқ ёш оналар ҳали она сути оғзидан кетмаган қизчаларини ундан қизғанишиб, норозилик билдираётган эканлар.

– Ким билади, китоб ўқиш баҳонасида у қизларимизга нималарни ўргатаётганини? – дейишарди улар ташвишланиб. – Ахир билиб бўладими?.. Ёлғиз эркак… яна телбасифат…

Бу гапларнинг бир учини дераза олдида турган чолнинг ўзи ҳам эшитди, юзида остини мил-мил заҳарханда босиб ётган бир жилмайиш билан пастга қараб турди-турди-да, бу оми ва думбул хотинлар билан олишиб ўтиришни ўзига эп билмади чоғи бурилиб нари кетди. Кўп ўтмай болаларнинг унинг уйига ташрифи ҳам барҳам топди. Маҳалла мутасаддилари бир неча марта у билан суҳбатлашгани келишипти, лекин чол бирор марта ҳам эшик очмапти…

* * *

Кунларнинг бирида чилангар одатдагидай кўп қаватли уйлар оралиғидан ўтиб, гоҳ у ҳовлида, гоҳ бунисида темир-терсагини судраб юраркан, чолнинг бизнесмен аёлнинг подъезди олдидаги ўриндиқда ўтирганини кўрди. Йўлини шу томонга бурди. Чол ўйчан кўринарди, лекин кўзларини хаёл тумани қопламаган, фақат вужуди узоқ вақт ҳаракатсиз бўлган одамникидай шишинқираганини айтмаса, чеҳраси сергак ва ҳушёр эди.

– Постдамисиз? – деди чол у яқинлашганда.
– Ҳар доимгидай, – жавоб берди чилангар унинг ёнига чўкаркан.

Кейин гаплари тамом бўлгандай иккиси ҳам жим бўлиб қолишди.

– Болаларни ўқитмай қўйдингизми? – деб сўради чилангар шунчаки, жим ўтирмаслик учун.
– Э! – чол юзини бурди.

Чилангар чўнтагидан дастрўмолини олиб қора мойга ботган бармоқларини арта бошлади.

– Мен, – деди бир маҳал чол томоқ қириб олиб, – шунчаки… болаларга қаҳрамонлик ҳақидаги ҳикояларни айтиб бермоқчи бўлгандим. Улар билиши керак. Нимагадир ишониши керак… Лекин калтафаҳм хотинлар… Э, нимасини гапираман?! – чол беҳафсала қўл силтади.

Шу пайт подеъзд эшигидан ишбилармон аёл шошиб чиқди-да у ёқ-бу ёққа қарамасдан шитоб билан ўтиб кетди. Ҳатто ўриндиқда ўтирган икки кишига жажжигина бошчасини ирғаб салом ҳам бермади.

– Салом бермади-я, – шипшиди чол.

Чилангарга эшикдан отилиб чиққан аёл атай улар томонга қарамай ўтгандек, юзи ҳам бўғриқиб, қизариб кетгандай туюлганди, аммо бу ҳақда оғиз очмай қўя қолди.

– Эрта-индин йўлга чиқиб қолса керак. Ўзи яқинда келувди… – деди чол гараж томон тез-тез юриб кетаётган ишбилармон аёлнинг ортидан қараб қоларкан. Кейин чилангарга юзланиб сўради: – Оти нима унинг, биласизми?

Чилангар елка қисди.
– Менам билмайман…

Чол бу сафар аёлни айбламади, ёзғирмади, негадир хўрсиниб қўйди. Афтидан у аёлга ачинарди. Қизиқ, одамлар унинг ўзига ачинади-ю, у бўлса бошқаларга…

– Аёл киши ҳадеб ўзини ўтга-чўққа уравермаслиги керак, – деди чол бир оздан кейин чилангарнинг фикрларини тасдиқлагандай бўлиб. – Эркаклар барибир қадрига етмайди.

– Нега энди? – чилангар энди чидаб туролмади, эътироз билдирди. – Битта рўзғорни обод қилаётган бўлса… Камига учта болани туғиб берган… Агар шундай топармон-тутармон хотин менинг хотиним бўлганида бошидан сув ўгириб ичардим, дегувчи эркаклар ҳам бўлса керак бу дунёда.

Чолнинг нафаси чиқмай қолди.

– Тўғри айтасиз, – дея маъқуллади у анчадан кейин буткул таслим бўлиб. – Хотинлар кимнинг этагига солса индамай кетаверадиган мушукка ўхшагандан кўра, мана шундай эпли-шудли бўлгани ҳам дуруст бир томондан…

Бора-бора улар анча қадрдон бўлиб қолишди. Улкан косасидан бошини чиқариб турган тошбақадай дераза олдида мункайганча трубка чекаётган чол энди чилангарни узоқдан кўриши билан пастга тушиб, тадбиркор аёлнинг подъезди олидидаги ўриндиқда уни кутиб ўтирарди.

Лекин ҳеч вақт уйига таклиф қилмасди.

– Ҳа, амаки, зерикдингизми? – сўрарди чилангар унинг ёнига ўтираркан.
– Зерикиш қайда. Мен умуман зерикмайман, – кибр билан бурро жавоб берарди чол.

Чилангар ишонқирамай унга қараб қўяди.

– Мен… шундай яшашга кўникиб кетганман, – дейди чол шеригининг нигоҳини ҳис қилиб. – Ёмон яшаётганим йўқ ҳар қалай… Кўнглингизга бу чол ёмон художўй экан, деган гап келмасин-у, мен бу дунёга келишидан аввал ҳар бир одамга жой ажратилади деган фикрдаман. Кимгадир энг қулай жой, кимгадир ночорроқ… бизга эса… ҳар қалай нолимайман.

Бу гапларига қараб чилангар уни бир умр ёғли жойларда ишлаган деб тасаввур қилди. Дарҳақиқат, чолнинг енглари шимарилган билакларининг оқлиги ва силлиқлиги, кафтининг дўмбоқлиги, бармоқ бўғимларининг бўғиб-бўғиб қўйилгандай тирсиллаб туриши чилангарнинг фикрларини тасдиқлаб тургандай эди. Лекин барибир бир нарса мавҳумлигича қолмоқдайди.

– Қандай… – ҳайрон бўлганини яширолмасди чилангар. – Қандай қилиб… ахир ёлғиз ўзингиз…

– Шундай тақдир насиб қилган экан-да… – чол атрофни кузатган бўлиб кўзларини олиб қочди.

– Бизнинг маҳаллада чоллар йиғилиб масжидга чиқиб туришади. Айтайми, улар сизниям ўзларига қўшиб олишади.

– Бе, – деди чол беписанд оҳангда. – Энди бир камим шу қолувди!

Чилангар чолнинг юзи ўзгариб, қарашлари қаттиқлашганини сезди. У олий мактаб кўрмаган бўлса-да, ўзини замонавийроқ ғоялар эгаси бўлмиш янги одамлар наслига дахлдор эканлигини, чолнинг эса бутунлай бошқа бир даврда яшагани, тарбияланганини, охир оқибат қариб-чуриб, путурдан кетган харобадай яккаланиб қолганини ич-ичидан ҳис қиларди. Замондошлари, уларнинг қилмиш-қидирмишлари, ҳою ҳаваслари аллақачон бўз тупроқ каби эски элакдан шувиллаб ўтиб кетган бўлса-да, чолнинг назарида ўтмиш, у яшаган давр ҳеч қачон узоқлашиб кетмаган, шундоқ ёнгинасида, худди ям-яшил водий каби уни ўзига чорлаётгандай туюларди чамаси, ҳеч унутолмасди, аммо минбаъд эскича ҳаётини янги бир шароитда давом этираётган, бундан кейин ҳам истаган ерида давом эттирадиган ва бу қўлларидан келадиган одамлар тоифасидан эмасди.

У фақат ёлғизликдан азоб чекарди.

Ёлғизлик эса одамни еб битиради, худди Сулаймон пайғамбарнинг ҳассасидаги қуртлар каби. Чолнинг ҳе йўқ-бе йўқ, маҳалла болаларини ўқитишдан муроду мақсади ҳам аслида шу – ёлғизлигини унутиш бўлганди чамаси. Зотан инсон аксар ҳолларда бу туйғуни ўзи истаб туйгани билан аслида ҳамиша ёлғизликдан қочишга уринади.

Бир маҳал елкасига узун сумка осган, ўн беш-ўн олти ёшлардаги, майка-шўртикли, паст бўйли йигитча рўпарадаги тўққиз қаватли “дом”лар оралиғидан сирғалиб ўтиб келди-да тўғри чинор олдига борди. У ёқ-бу ёққа қарамасдан сумкасидан бир даста елимланган қоғозни олиб дарахт танасига ёпиштира бошлади. Кўз очиб юмгунча дарахт танаси “Эълонлар доскаси”га айланди-қолди. Чол аввалига нима бўлаётганини тушунолмаётгандай кўзларини қисиб пича қараб турди, сўнг бирдан юзи гезариб кетди, чопағон отидан айрилган чавандоздай кўзларига қон қуйилди.

– Ҳой бола! Ҳов бемаза! – чол ирғиб ўрнидан туриб йигитча томон отилди. – Бу нима қилганинг?! Эшакмиянг ишлайдими?!

Кутилмаганда ҳай-ҳайлаб устига бостириб келган барваста чолнинг дағдағасидан чўчиб кетган йигитча ўзини йўқотиб, тек қотиб қолди.

– Ол, қоғозингни ҳозироқ ол! – бақирди чол қўлини пахса қилиб. – Ҳозироқ юлиб олмасанг, кўзларингни ўйиб оламан!
Йигитча афтидан яқинда ишга кирган, бунинг устига бунақа далли-ғулли одамларга дуч келмаганидан тамоман довдираб, кўзларини аланг-жаланг қила бошлади.

Чилангар ўртага тушмаса бўлмаслигини пайқаб уларга яқин борди.

– Ука, – деди у йигитчага қараб. – Қоғозларингни тезгина кўчириб ол-да, бу ердан туёғингни шиқиллатиб қол! Ке, яхшиси, ўзим сенга қарашиб юбораман.

Чилангар дарахтга ёпиштирилган қоғозларни бирин-кетин кўчириб ола бошлади. Шундагина йигитча бехосдан етимлиги эсига тушиб қолган тойхардай бирдан йиғлаб юборди.

– Менга айтишганди… Атай қилмадим…
– Атай қилмаганмиш! Дарахт сенга эълонлар доскаси эмас-ку, шунга фаҳминг етмадими?

Чилангар қўлини хиёл кўтариб, чолга бўлди қила қолинг энди, болапақирнинг бўлари бўлди ўзи, дегандай ёлворувчи нигоҳ ташлади. Чол жим бўлиб, нари кетди. Ўсмир энди жуфтакни ростламоқчийди, чол бирдан ортига ўгирилиб, қўлини бигиз қилди:

– Анави исқиртингни ўзинг билан олиб кет!

Ўсмир ерда сочилиб ётган қоғоз парчаларини шоша-пиша йиғиб-териб олди-да, орқа-олдига қарамай югуриб кетди.

– Чинор жуда қадрдонми дейман? – ўсмоқчилади чилангар ўриндиққа қайтиб, боягидай ёнма-ён ўтиришаркан. – Балки… ёшлик билан боғлиқ… а?

Чол индамади. Чилангар чолнинг сукутга толганини кўриб ноўрин гапириб юборганини сезди, ичида ўзини сўкди.

– Ҳеч қандай ёшлик хотиралари билан боғлиқ эмас, – деди чол бир маҳал тилга кириб. – Мен у ерда… – чол боши билан ўзининг деразаси томон ишора қилди, – туриб ғалати манзарани кўраман, назаримда чинор остидан аллақандай одамлар гурра-гурра ўтаётгандай туюлади… – чол кўзларини юмиб, тасаввурида кўрганларини гапира бошлади: – Эшитишимча, бу чинорни бир дарвеш Эрондан олиб келиб эккан экан. Экилган кунидан бошлаб у қуёш томон бўй чўзиб ўсаверган, ўсаверган… Одамлар эса унинг остидан зарбоф тўнларда, яхтак кўйлак-иштонларда, жанда салла-чопонларда, узун кўйлагу беқасам камзулларда ўтаверган. Кейинроқ бориб эркаклар пиджак ва кенг шимларда, галифеларда, аёллар эса калта юбкаларда, жинси шимларда, коржомаларда калта сочларини елкаларида селкиллатиб ўтаверган, ўтаверган… Биламан, вақт ўтгани сари одамлар ҳам ўзгаради-да, дейсиз, дунёқарашингизни жуда яхши билиб олганман. Сиз ҳақсиз, дунё бор экан, тараққиёт бўлиши лозим. Лекин мени одамлар қизиқтирмайди, бошқа қиладиган ишлари бўлмаганидан кейин улар кийимлар билан ўзларига зеб бераверади-да. Мени чинорнинг ўзгармаслиги ҳайратга солади…

* * *

Вақти келиб чилангар қизини узатмоқчи бўлиб, тўй қилмоқчи, элни чорлаб, наҳорга ош бермоқчи бўлди. Таклиф қилинганлар орасида унинг узоқ-яқин қариндош уруғларидан тортиб, яқиндагина қўшни домга кўчиб келган янги қўшниларгача бор эди. Биргина чол… Йўқ, охирги дақиқада у учинчи қаватда яшайдиган ғалати танишини эслаб қолди ва атай уйига бориб унга тўйхатни ўз қўли билан топшириб келди. Бироқ чол ошга келмади. Чилангар учун чолнинг ошга чиқмагани айтарли даражадаги хафачилик бўлмаса-да (у чолнинг ошларга чиқмаслигини биларди!), лекин нимагадир хафа бўлди.”Кўриб қолсам, ундан боплаб ўпкалайман,” деб кўнглига тугиб қўйди. Тўйдан кейин бир неча ой ўтиб, чилангар одатдагидай ўз ишлари билан андармон бўлиб, домлар оралаб юраркан, бахтга қарши чолни учратмади.

Шу кунларда унинг бизнесмен аёлнинг уйига хизматга боришига тўғри келди. Ванна кранидан сув томчилаётганмиш. Чилангар ишбилармон аёлнинг уйига ҳам шу вақтгача бирор марта кирмаганди. Аёлнинг эркакча кийиниши, ўзини тутиши ва ниҳоят, гоҳ “Ласетти”да, гоҳ “Прадо”да юришларини кунда-кунора кўриб юрганидан, унинг уйида биздек чилангарларнинг хизматига эҳтиёж бўлмаса керак деб ўйларди. Лекин кўрдики, бойларнинг ҳам майда одамларга иши тушаркан.

Эшикни очган тарашадай қотма, калта шўртик кийган дароз эркак унинг кир-чир комбинзонига хушламайроқ қараб қўйиб, тўғри ваннага бошларкан, йўл-йўлакай беписандлик билан писанда қилди:

– Оёғингизни поллаттага яхшилаб артинг, илтимос. Гиламларимизни яқинда тозалатганмиз.
“Аравани от тортадию итнинг ҳансираганига ўлайми?!.”

Эркак энсиз йўлак адоғидаги эшик олдида тўхтаб, ичкарида сув томчилаётган кранга ишора қилди:

– Хотиним уни Дубайдан олиб келганди. Бор-йўғи тўққиз йил ишлаб берди. Чет элликлар ҳам айнишибди, мен сизга айтсам!

– Тўққиз йил ишлаб берган бўлса, ёмонмас, – деб қўйди чилангар ишга киришаркан.

Нари кетган эркак жавобан унга нимадир деди. Лекин чилангар яхши англамади.

– Ваннанинг тегидан ҳам сув томчилаяпти деяпман, – деди эркак бир маҳал ичкарига бош суқиб.

Чилангар энди эшитган бўлса ҳам миқ этмади. Ўзини оддий чилангар эмас, манави уй хўжасидан ортиқ ҳурматга лойиқ одам қилиб кўрсатиш фақат унга эмас, барча ширкат ходимларига йўргакда теккан касал эди.

– Эшитдингизми, – деб қолди кутилмаганда эркак йўлакка курси қўйиб, унга тескари ўтириб оларкан. – Анави оғайнингиз бор-ку, учинчи қаватдаги чол…

– У оғайним эканлигини қандай билдингиз? – деб сўради чилангар энди энкайиб ванна тагини кўздан кечираркан.

– Деразадан қараб иккингизнинг гаплашиб ўтирганинигизни кўп кўрганман.

– Нима, сиз ишламайсизми? – бўйнини буриб, елкаси оша олайиб қараб қўйди чилангар.

– Ишлайман, тунги қоровулликда тураман. Уч кунда бир навбат келади. Хуллас, ўша чол танишинигизнинг омади кулиб қолди… – эркак сирли боқди.

– Нима бўлди?

– Ёшгина бир аёл анчадан бери уникига келиб турарди. Сулувгина… Бугун, айни моментда у шу ерда, чолникида! Уни олиб кетмоқчи… – Эркак юм-юмалоқ, қўй кўзларини ўйнатди. – Охирги пайтларда са-л камқатнов бўлиб қолганди. Шунга чолнинг роса ичи куярди чамаси. Дераза олдида турволиб, трубкасини бурситгани-бурқситган эди. Ҳам рашки қўзирди, ҳам соғинарди-ёв…

– Сиз буларни қаёқдан биласиз? – сўради чилангар.

– Э, деразанинг олдида туришда гап кўп! – ҳиринглади эркак, кейин афтидан зерикиб ўтирган бўлса керак бирдан гапга тушиб кетди: – Айтсам, балки ишонмассиз, лекин бу чол ҳалигидақа эркаклардан… Ўзи ғирт ўриспараст! Йўқ, ўрислашган ўзбеклардан. Нуқул ёш ўрис хотинлар билан юради денг. Шунинг учунам етмишдан ошган бўлсаям бақувват кўринади. Вампирга ўхшаб ёш аёлларнинг куч-қувватини сўриб олса керак-да!

– Бўлди, ишни тугатдим, – деди чилангар ваннадан чиқаркан, кейин найновсифат уй эгасининг кўзларига қаттиқ тикилиб аҳён-аҳёнда қўллайдиган усулини қўллади: – Хизмат ҳаққи йигирма минг бўлади!

Эркакнинг кулиб турган чеҳраси жиддийлашди.

– Кўп эмасми? – деди чилангарга яна аввалгидай беписанд қараб.
– Пулни ўзингизнинг ҳисобингиздан бермайсиз-ку, барибир эмасми?!

Найновнинг ранги оқариб кетди. Лекин чилангарнинг тикилиб турган нигоҳига дош беролмай кўзларини олиб қочди.

Найнов тўғри айтган экан, ўша куннинг эртасидан бошлаб балкон деразаси олдида чолнинг қораси кўринмай қолди.

“Маъшуқаси олиб кетган чиқар,” деб қўярди чилангар уй ёнидан ўтаркан.

* * *

Эҳтимол кейинги бир неча воқеалар сабаб бўлмаганида чилангар учинчи қаватда яшовчи чолни аллақачон унутиб юборган бўлармиди? Ахир унинг ҳам ташвишлари ўзига етарли эди. Тўнғич қизини узатганига икки ой бўлмасдан, тиббиёт коллежини битирган ўртанчасига ҳам совчи келиб уйининг турмини бузаётганди. Бу ёқда ўғли тўққиз йилликни тугатган, эрта-индин уни ҳам бирорта билим юртига тиқиштириши лозим. Ночорлик жонидан ўтган кезларда чилангар ўзини шармандали ҳолга тушиб қолганидан уялиб, эгнидан узилиб тушаёзган жандасини олдини тортса, орқаси, орқасини тортса олди очилиб қолаётган девона мисол тасаввур қилиб, “Болалар мунча тез улғайишмаса”, деб хуноби ошиб юрган вақтлар эди…

Хуллас, ўша куни эрталаб ширкатга чол яшайдиган домдан шошилинч қўнғироқ бўлибди. Гапирувчининг айтишига қараганда, учинчи қаватдан сув ўтаётганмиш! Чилангар бу вақтда уйида гумқовиб ётганди. Бошлиқ қўнғироқ қилиб зудлик билан уни ўша домга бориб, носозликни бартараф қилишини айтди. Чилангар тумовлигини баҳона қилиб бормаса ҳам бўларди, лекин носозлик учинчи қаватдаги квартирада юз берганини эшитиб, бирдан темир калиту омбирлар билан тўла саквояжини қўлига олганини ўзи ҳам сезмай қолди.

Эшик олдида узоқ кутишга тўғри келди. Бирор ўн-ўн беш дақиқалардан кейин ичкаридан:

– Мана… ҳозир… – деган хирқироқ овоз эшитилмаганида чилангар эҳтимол эшикни бузиб кирган бўлармиди.

– Ие, амаки, нима бўлди? – эшик очилган заҳоти остонада титраб-қалтираб турган чолни кўриб чилангарнинг капалаги учиб кетганидан оёғи остидаги шолча сувга жиққа бўкканига эътибор ҳам бермади. – Тобингиз йўқми?

– Ҳожатхона… – чол беҳоллик билан ишора қилди.

Шундагина чилангар сув тошиб, аллақачон бошқа хоналарга ҳам ёйилганини пайқади ва деворга суяниб қолган чолга ортиқ эътибор бермай, зудлик билан ишга киришди. Бирор йигирма дақиқа уриниб, бир амаллаб носозликни бартараф этди. Лекин бу вақтинчалик эди, уч-тўрт кундан кейин арзимаган зўриқишдан трубалар яна ёрилиб кетиши мумкин.
Шуни айтиш учун у чолни қидирди. У ошхонада ҳам, балкондаги ҳамишаги жойида ҳам кўринмасди. Бу ёқда йўлакда ҳамон сув кўллаб ётарди. Ким йиғиштириб олади? Ҳар ҳолда бу чилангарнинг иши эмас. У ўзининг вазифасини адо этди. Бўлди-да. Чилангар темир-терсагини саквояжига жойлаб, эшик томон йўналди. Шу вақт меҳмонхонадан овоз эшитилди:
– Ўғлим… Ҳой… чилангар…

Чилангар саквояжини эшик олдига қўйиб, меҳмонхонага кирди. Деразасига нимдош парда осилган, гулқоғозлари сарғайган хонада пастак китоб жавони ва олдига чоғроқ айлана стол қўйилган эски оғоч дивандан бошқа айтарли ҳеч нарса йўқ эди. Ажабланарлиси, хона бева аёлнинг уйидай озода, мебеллар ҳам, пол ҳам тил билан ялагандай ялтирарди. Фақат оёқ остидаги ночоргина гилам нам тортиб қолганди. Дарвоқе, жавоннинг барча полкалари китоблар билан лиқ тўла эканлиги кирган одамнинг дарров эътиборини тортарди.

Диванда устига ақалли чойшаб ҳам ёпмаган, кийим-пийими билан ётган чол уни кўриб ўрнидан қўзғалди. Шунда диван ғижирлаб кетди.

– Турманг, ётаверинг… – чилангар ошиғич келиб чолнинг елкасидан авайлаб тутди, жойига ётқизаётиб ёстиғини тўғрилаб қўяркан хаёлидан:”Жун тиқилганми, намунча қаттиқ?” деган ўй ўтди.

– Сизни овора қилдим…
– Овораси бор эканми? Ўзингиз… дурустмисиз?

Чолнинг кўриниши бир аҳволда эди. Жияклари қизарган, шиша соққадай йилтираб турувчи кўзлари сўниқ, пастки лаблари қовжираб, осилиб қолганди.

– Бизники… энди шу-да… – чолнинг териси бужмайиб, сарғайиб кетган юзини аянчли табассум сийпаб ўтгандай бўлди. Шу ҳолида у қари ва бетоб арслонни эслатарди.

Шундан кейин иккаласи ҳам жимиб қолишди. Чилангар суҳбатни қандай давом эттиришни билмасди, кўриб турибди чол бетоб, бунинг устига қаровсиз… “Нима бало, ёш маъшуқаси ҳайдаб юборганми?!” Чилангар хонага кўз ташларкан чолнинг шундоқ тепасида, деворга осилган портретни энди кўрди. Зарҳал рамкаси униқиброқ қолган суратда ойдин тунда, жилвадор юлдузлар ёғдуси остида сон-саноқсиз чироқлари порлаб турган улкан кема бепоён кенгликлар сари сузиб кетаётгани тасвирланганди. Уфқ кўринмайди, осмон ва ер ўртасидаги чегара ғойиб бўлган, фақат чайқалганча сузиб кетаётган ярқироқ кема атрофида бешик-бешик тўлқинлар мавж уради, гўё ҳақиқий ҳаётга мутлақо ўхшамайдиган, афсонавий, ғам-андуҳсиз оламга хос бўлган аллақандай қудратли жозибадорлик кишини ўзига чорлаётгандек. Расм остига майда ҳарфларда: “Ёрқин келажак сари” деб ёзилган сўзни ўқиб чилангар ичида кулиб қўйди: Бунақа ҳаётда муҳтожлик, ночорлик, умидсизлик не қилсин! Анави кемадагиларга ўхшаб манави чол ҳам подваллардаги зах ишхоналарни, улфатчиликлардан ўзини олиб қочиб юришлар нималигини билмаса керак. Рассом роса хаёлпараст экан-да, ол-а!..
Чол бўлса унинг одатдагидай савол билан мурожаат қилишини кутармиди ёки гапиришга ҳоли йўқмиди, ҳар қалай киртайган кўзларини қисиб, зимдан чилангарга тикилиб ётарди.

Чилангар даҳватан нима қилиши лозимлигини англаб қолди. Чолга ҳеч нима демасдан хонадан тез юриб чиқди-да, ваннадан елим тоғора билан поллаттани олиб, ишга киришди. Барибир бошқа биров келиб бу ишларни қилиб бермайди. Куч-қувватнинг борида ёш хотинлар ортидан югуравермай, бола-чақа орттириш керак эди! Чилангар шу вақтгача ўз уйида қилмаган ишни бажараётганидан ичида ўзидан ғижинарди, аммо айни дамда бундан бошқа яна нима ҳам қилиши мумкин?

– Амаки, чой ичволинг, – деди чилангар ҳамма ёқни саранжом-саришта қилгач, бир чойнак чойни айлана стол устига қўйиб, бурчакдаги курсини диван ёнига сураркан. – Ўзингиз туроласизми ё…

– Ўзим… – чол тирсакларига таяниб ўрнидан туриб ўтирди. Кейин чилангарга эски қадрдонига қарагандай меҳр билан назар ташлади. – Ҳеч мунақаси бўлмаганди… Ўн йилдан бери яшайман шу уйда. Қўшнилар ҳам роса ҳайрон бўлишаётгандир?

– Ҳозирча инсоф қилиб туришибди шекилли, ҳар қалай калтак кўтариб чиқишмаяпти, – чилангар курсига жойлашиброқ ўтириб олгач чой сузди.

– Пастдаги қўшним анча инсофли, лекин барибир ноқулай бўлди, – деб минғирлади чол. Кейин чилангар узатган чойдан юрагига ўт тушгандай ташналик билан устма-уст ҳўпларкан, томоғидан сув ўтаётган қувурдай “қулт-қулт” этган овоз эшитилди. Зум ўтмай иккинчи, учинчи пиёлани ҳам шундай ташналик билан бўшатди-да, бир оз тин олди.

Чилангар чолнинг озиб кетган ёноқларию тириш босган бўйнига қараркан, хаёлига: “Бу бечора анчадан бери ош-овқатсиз қолган-ов”, деган ўй келди.

– Картошка-партошка қовуриб берайми, амаки? Лекин ўлай агар, шундан бошқаси қўлимдан келмайди.

Чолнинг серажин юзига сирли табассум югурди:
– Болтадан борш қилиб бераман десангиз, майли.

Чилангар мактаб дарслигидаги хасис кампир ҳақидаги эртакни эслади. Бало бу чол. Отам замондан қолган эртакни чилангар деярли унутаёзганди, аммо чолнинг эсдан чиқармагани қизиқ!
– Болтадан борш бўлса, борш-да!

Чилангар ошхонага ўтди. Оёқ остидаги нимдош шолчанинг нам тортганини айтмаса, бу ер ҳам саришта эди, сарғиш ошхона мебелининг полкаларида катта-кичик идиш-товоқлару қошиқ-санчқилар тартиб билан тахланган, кран жўмраклари ҳам жойидайди. Барча жиҳозлар эски, етмишинчи йилларнинг тусини бериб турарди. Фақат қорамтир газ плитаси устини андак чанг босганди. Чилангар анчадан буён ошхонада газ ёқилмаганини, қозон қайнамаганини ҳис қилди. Чолга ачинди. Ачиниш баробар хаёлига: ”Нима бало, чол яқин йигирма-ўттиз йил ичида бирорта ҳам янги нарса харид қилмаганми?” деган ўй келди.

– Ёлғиз яшаётганимни кўриб ҳайрон бўлаётганингизни сезиб турибман, – деди чол тамаддидан кейин бир оз дадил тортиб, чилангарга миннатдорлик билан қараркан. – Бирорта қариндош-уруғи йўқмикин, келиб мунга эгалик қилишмасмикин деб ўйлаётганингизни ҳам шундоқ кўзингиздан ўқиб турибман.

Чилангар чой қуйиб узатди.

– Ҳар қалай ёнингизда биров бўлиши керак, деб ўйлаганим рост…

– Э, хавотир олманг! – деди чол бу сафар анча дадиллик билан. Яна денг, русча лаҳжада. – Биз бурунгининг одамимиз. Резинкадай чўзилганимиз билан қўрқманг, ҳали-бери узилмаймиз… – чол бир зум тин олди-да сўнг узр сўргандай қўшиб қўйди: – Тил барибир кетиб қолади-да. Бизнинг давримизда рус тили иккинчи она тилимиз эди, русча гапирмаслик уят ҳисобланарди…

– Хурсандман, – деб қўйди чилангар зимдан чолнинг ингичка тортиб қолган гавдасига қараб қўяркан.

Чол ён-верини титкилаб ниманидир қидира бошлади. Чилангар эса маҳзун кўзларида танҳолигу ғамгинликда ўлиши мана-ман деб бўй кўрсатиб турса-да, ўзини ҳеч қачон ўлмайдигандек кўрсатаётган бу чолга негадир бирдан ачинмай қўйди. Тезроқ бу ердан чиқиб кетишни истаб қолди.

Шу вақт чол онасидан музқаймоқ учун пул ундирган боладай хурсандлик билан хитоб қилди:
– А-ҳа, бу ерда экан-ку!

Чол ёстиқ остидан топиб олган трубкасига меҳр билан тикилди. Кейин ёстиқ остини яна кавлаштириб, чоғроқ кулранг халтачани қўлига олди.

Чилангар унинг пайдор, аммо айни пайтда дир-дир тираётган қўлларига тикилиб қолди. Сўнг чўнтагига қўл юбораркан:
– Сигарета берайми? – деб сўради.

– Йўқ, шуниси маъқул, – чол кулранг бўғма халтачани очиб, эринмай трубкасини тамаки билан тўлдирди-да, чилангарни ҳам унутиб, уни ҳузур билан чека бошлади. – Ҳозиргилар сигаретани маъқул кўришади. Лекин менга ўзимнинг трубкам яхши, – чол ҳафсала билан тутунини бурнидан бурқситиб чиқарди. Кейин кайфини обдон баданига сингдирмоқчи бўлгандек гапдан тўхтаб, кўзларини сузганча анча вақт паға-паға тутун бурқситиб ўтирди. – Бизнинг давримизда буям бир мартаба эди-да! – Халқа-халқа бўлиб айланаётган кўкиш тутун орасидан кўзларини қисиб қараётган чол фахр билан қўшиб қўйди.

– Бу чекишингизда элтиб қолмайсизми? – сўради чилангар.

– Мазасини билмайсиз-да, бай-бай! Қулфлоғлиқ сандиқдай биқсиб ётган ичингдан борини қувиб чиқаради.

– Тамакини қаердан оласиз?

– Бир танишим Ургутдан опкеб беради, – чол халтачани намойишкорона силкитиб шўхлик билан кулимсиради: – Табиий тоза маҳсулот!

Чилангар ўрнидан турди.
– Яхши қолинг.

Чол унга нимадир демоқчи бўлди, аммо гапиришга улгурмади, чилангар аллақачон эшикни очиб, ўзини ташқарига олишга улгурганди.

– Исмингизни сўрамоқчийдим… – деган хирилдоқ овоз эшик тирқишидан ўтиб, чилангарнинг қулоғига чалинди. Аммо у парво қилмади, тез-тез юриб зиналардан тушиб кетди.

* * *

Кейинги вақтларда чилангар чол билан аввалгидай ўриндиқда бафуржа ўтириб узоқ-узоқ ҳангома қилмаса-да, учинчи қаватдаги хонадонда ҳали ҳаёт сўнмаганини унинг дераза олдида трубкаси билан пайдо бўлиб қолганидан билиб оларди. Баъзида чол қўлида бир парча латта билан дераза ойналарини, ромларини артаётган бўларди. Лекин энди у аввалгидай барваста кўринмасди, этлари шалвираб, қадди букчайиброқ қолганди. Фақат бир туки ҳам камаймаган оппоқ сочлари ҳамон кепка остидан булутдай ҳурпайиб турарди. У одатдагидай чошгоҳга яқин нон учун кўчага чиқар, кирларини дорга илар, чинор атрофини эринмасдан кўздан кечирарди. Лекин энди бу ишларни у аввалгидан-да имиллаб бажарарди. Айниқса бир буханка нонни қўлтиғига қисганча дўкондан қайтаётганида худди яхмалакда юргандек ҳар бир қадамини авайлаб, эҳтиёткорлик билан босарди. Чилангарнинг қўли ишдаю кўнгли алағда эди, у ўтган сафар амал-тақал ямаб қўйилган қувурнинг бир кунмас-бир кун яна ҳунар кўрсатишини ўйлаб, чолга буни эслатиб қўйишликни ўзининг бурчи деб ҳисобларди-ю, аммо қунт қилмасди. Э, менга нима, труба уники, қўшнининг уйини сув босса, бу унинг муаммоси, деган лоқайд бир ўй ўргимчак тўридай миясини чирмаб қўйганди. Ахийри кунларнинг бирида унинг лоқайдлиги ўз ишини қилди: эски труба ёрилиб, нафақат чолнинг уйини, балки пастки қаватдаги қўшнининг уйини ҳам сув босди. Ана энди кўринг томошани! Чол “инсофли” атаган қўшни ундан уйини таъмирлаб беришни, ўзининг кучи етмаса таъмирга кетадиган пулни нақд санаб беришни талаб қилар, акс ҳолда судга беришини айтиб дағдаға қиларди. Чолнинг эса шусиз ҳам аҳволи танг эди. Энди нима бўлади? Бунча пулни қаердан топади? Уйини сотадими? Бир хоналик уйни сотса ўзи қаерда яшайди? Балки бир вақтлар ҳайдаб солган маъшуқасининг олдига бош эгиб борар?..

Трубани-ку чилангар бошлиғи билан келишиб, ширкат ҳисобидан янгилади, лекин бу билан чолнинг аҳволи ўнгланишига кўзи етмасди. Бир куни у чолдан хабар олиш учун йўл устида уникига кираркан, ичкарида бўлаётган гап-сўзлардан қулоғи тешилгудай бўлиб остонада туриб қолди.

– Мен билмайман, уйимни ремонт қилиб берасиз, дедимми, қилиб берасиз! Ҳадемай қиз узатадиган одамман. Шу аҳволда уйимга қанаққиб меҳмон чақираман? А, қанаққиб?! Ўзингизни бир менинг ўрнимга қўйиб кўринг!

– Синглим, тушунинг, мен бир пенсионер одам бўлсам… Сиз сўраётган пулни қаердан топиб бераман?..

– Ўйнашингиздан олинг! Ёшгина марускалар билан етаклашиб…

– Ўйнаш?! Оғзингга қараб гапир, ҳой хотин. Худди… пора-пора қилиб ташлайман! Пичоқ… Э, пичоғим қани…

– Вой-дод!

Эшик тарақлаб очилиб паст бўйли, ўпкадай қип-қизил бир аёл ташқарига отилиб чиқди ва орқа-олдига қарамай зиналардан югурганча тушиб кетди.

– Ҳу оғзингдан қонинг келгур, сассиқ чол! Уйимни расво қилгани етмагандай, дағдаға қилади-я. Кўрсатиб қўяман сенга одам сўйишни! – энди аёлнинг шанғи овози пастдан, ўз эшиги олдидан эшитилаётганди. – Топган-тутганини ўйнашларига сарф қила-қила, энди аламига чидолмай…

Чилангар ўзини ичкарига олиб эшикни ёпдию, қулоғи тинчиди.

– Ё парвардигор, бу хотинлар бунчалар ярамас бўлса! Нақ хонумонингни куйдиради-я! Наҳотки улар мени шунчалар палид, ифлос одам деб билишса?! – хона ўртасида абгор ҳолда турган чол юрагини эзиб, кўнглини вайрон қилаётган нафратини босолмай, ўзини қўярга жой тополмаётганди.

– Битта аҳмоқ хотинни деб жонингизга жавр қилманг, – чилангар уни қўлтиғидан олиб хонага бошлади.

– Мен яна бунга… – ҳамон қаттиқ ҳаяжонда бўлган чол гапиролмай қолди.

Чилангар уни диванга ўтқазди, чой дамлаб келди.

– Биласизми, у қанақа юлғич хотин! – чол бироз ўтиб ўзини босиб олганига қарамай нафратомуз ижирғанишни бас қилмасди. – Уйига сув ўтгани рост, лекин у, биласизми, мендан қанча пул сўраётганини?! – чол кўзларини чақчайтирганча унга қаттиқ тикилди. Чилангар хижолатдан безовталанди, у мана шундай оғир ҳолатда ҳам инсонларнинг юрагидан яхшилик аримаслигини истайдиган одамлар тоифасидан бўлганидан ҳалидан буён чолга дўстона назар ташлаб турганди.

– Отнинг калласидай пул сўраяпти. Бунақа пулга бир эмас, иккита уйни бошдан-оёқ таъмирлаш мумкин!

Ташқаридан қадам товушлари эшитилди. Кимдир шошилганча зина пиллапояларидан чиқиб келарди.

Чол кутилмаганда жимиб қолди. Ташқарига диққат билан қулоқ тутаркан ҳатто қарашлари мулойим тортиб, бир лаҳзада мўмин-қобил чолга айланди-қолди.

– Ана, келди! – деди у қўлини кўтариб ташқарига имо қиларкан. – Келди. Тез бориб эшикни очмайсизми, нима қилиб ўтирибсиз бақрайиб?!

Чолнинг охирги буйруқомуз сўзлари дилига андак оғир ботган бўлса-да чилангар сездирмади, ким келганию нима учун келганига тушунолмай, бориб эшикни очиб қўйди. Энди изига қайтмоқчи бўлиб бурилган ҳам эдики, зинапоялардан ҳарсиллаганча чиқиб келаётган ёш аёлнинг қадам товушлари эшитилиб таққа тўхтаб қолди.

– Уйда… биров борми? – эшикдан бош суққан сариқ сочли, биров қаттиқроқ чертиб қўйгандек бурнининг учи тўмтоқ, чуқурчаси бор ияги ингичка, луччак шафтолидек бежирим аёл журъатсизлик билан ичкарига назар ташлади. Йўлак ўртасида турган чилангарни кўриб бегонасиради, лекин зум ўтмай бегонасираш ғойиб бўлиб, мовий кўзлари хавотирли боқди: – Отамнинг тоби қочиб қолдими?

– Йўқ… Ҳа… Бироз… Лекин аҳволи унчалик эмас…

Аёл тўпиғи баравар узун шифон юбкасини ҳилпиратганча унинг ёнидан ўтиб меҳмонхонага кирди.

– Гул-но-о-за! – диванда ўтирган чол қўлларини олдинга чўзиб, шундай интиқлик билан қичқириб юбордики, чилангар ғалати бўлиб кетди.

– Дадажон!

Аёл энгашиб отасининг елкасига бошини қўйди.

Чилангар оғир бир юкдан халос бўлгандай енгил тортди ва секин ташқарига чиқиб эшикни ёпди…

* * *

Орадан икки-уч ҳафта ўтди.

Ёзнинг сўнгги кунлари эди. Қўғирчоғи сувга оқиб кетган қизалоқдай кўз ёшлари мижжаларида қалқиб турган кузойим тўқиётган тивитсимон булутлар дунёни тўлдириб, ўраб олмоқчидай аста-секин шаҳар осмонида кезар, ҳавода кўз илғамас мезон момиқлари учарди. Йўлкалар четида кета-кетгунча, буримлардан бурумларгача кузги гуллар тизилишган, тарвақайлаган ҳожирайҳонлару атиргулларнинг кумушдай ярқираган мунис япроқлари ялтирар, айниқса кун бўйи кўзларини юмиб олган намозшомгуллар кеч кириши билан осмонга отилган мушакдек ранго-ранг товлана бошларди. Саррин шабада райҳону атиргуллар узра чарх уриб, атрини атрофга тарата бошлаганда ҳовлилар ёқимли ифорларга тўлиб кетарди.

Чилангар таниш уй олдидаги қудуқда сув қувурларини кўздан кечираётганди: кузга тайёргарлик. Кеч тушиб қолган, аммо уфққа бош қўйган қуёшдан баркашдаги оловдек яллиғ таралиб турганидан ҳаво дим, қуруқ, нафас олиб бўлмасди. Одатда, ёғингарчилик олдидан ҳаво шунақа дим бўлади.

– Чилангар… Ҳой, ишлаётган сизмисиз?..

Чилангар қудуқдан бошини чиқарди. На атрофда, на тепада одам қораси кўринарди. “Тўрғайга ўхшаб овози бору ўзи кўринмаётган ким бўлди?..” Чилангар қайтиб иши билан машғул бўларкан, тепадан тағин бояги овоз эшитилди. Чилангар сакраб қудуқдан ташқарига чиқди.

– Чилангар… Ука…

Чилангар энди фаҳмлади. Овоз учинчи қаватдан эшитилаётганди. Аммо чолнинг ўзи қани?! Чилангар ишларини битирган эди, лаш-лушларини жомадонига жойлаб, тўғри эски танишининг уйига йўл олди.

– Вақтингиз бемалол бўлса… Мени ташқарига, тоза ҳавога олиб чиқинг, илтимос… – деди у кириб борганида ҳамишаги диванида ётган чол. – Фақат ростини айтинг, малол келаётган бўлса…

– Хижолат бўлманг, – жавоб берди чилангар ва гапни чўзиб ўтирмай чолнинг ўрнидан туришига ёрдамлаша бошлади. – Балки тамадди қилиб оларсиз? – сўради чилангар хонадан чиқаётганларида бирдан эсига тушиб қолгандай таққа тўхтаб.

– Қорним очмас, – деди чол. – Ҳар қалай ёмон қўшнилар қараб туришибди.

Улар етаклашиб ташқарига чиққанларида аллақачон қош қорайган, симёғочлар тепасидаги чироқлар атрофида визвизаклар айланарди.

Улар бизнесмен аёлнинг эшиги қошидаги ўриндиққа келиб ўтиришди.

– Мен… қизингиз билан кетгансиз деб ўйлаб юрибман, – деди чилангар.
– Қизим эканлигини билганмидингиз?
– Билмасдан нима, худди ўзингиз-ку.

Чолнинг юзи ёришди.

– Қизим молодец. Анави ифлос хотинни шундай тинчитдики, оқибатда, у менга қилаётган даъвосидан воз кечиб, яна ўлгунимча иссиқ-совуғимдан хабар олиб турадиган бўлди. Лекин мен барибир у билан кетмадим… – чолнинг юзида айёрона табассум ўйнади. – Сизларга ортиқча ташвиш бўламан. Мени қўй. Ўзингни, болаларингни ўйла. Яхши яшашга ҳаракат қил, деб алдаб-сулдаб жўнатвордим. Ҳи-ҳи…

– Куёвингиздан…

– Э, гап ундамас. Куёвим тўрвасини тешган сичқонга ҳам индамайдиган одамлардан. Ўзим… боргим келмади.
– Қизиқ.

– Нимаси қизиқ?! – чол бошини орқага ташлаганча унинг кўзларига тик қаради. Чилангар унинг айнан мана шундай, сизлар ниманиям тушунардингиз, дегандай қарашига дош беролмади. – Айтинг, нимаси қизиқ?!

– Ҳар қалай… – чилангар қизингиз билан муносабатингиз қандайлигини билмадим-у, лекин бу ҳар қалай ёлғизликда ўлгандан кўра яхшироқ-ку, демоқчи бўлди. Аммо бирдан гапиргиси келмай қолди.

Чол бўлса ҳамон унга қараб турарди, ҳадеганда чилангардан садо чиқавермагач бошини бурди, аммо зум ўтмай ичида борини айтишга аҳд қилган одамдай унга қараб гапира бошлади. Лекин энди бутунлай бошқа нарсалар ҳақида.

– Ҳечам уйга киргим келмаяпти, – деди у. – Қанийди ёш бўлсанг, шаҳардан чиқиб узоқ-узоқларга кетсанг, далаларда кўкрагингни кенг очиб югуриб юраверсанг, юраверсанг…

Чол жимиб қолди. Чилангар уни толиқди деб ўйлаб, уйга кириш тараддисига тушди. Шу пайт чол яна тилга кирди:

– Э, бетон полли уйлар шундай жонимга тегдики, ўзимизнинг жайдари тупроқли уйимизни қўмсайман… Онам иккимиз яшаган уйни… Уй эмиш, қаёқда… шунчаки томи қамиш билан ёпилган бир кулба эди. Лекин шундай қўмсайманки… қўмсайманки…

Борлиққа шом қўнди. Кўча чироқларининг ёруғида қорамтир сояси янада улканлашган чинорнинг тепадаги барглари аста-секин ҳилпирай бошлади, кейин пастдагилари титрашга тушди. Сал ўтиб салқин шабада эсиб, тивит булутларнинг этаги титила бошлади. Сокин тун киши хаёлини олиб қочгудек сирли эди. Чол ўриндиққа бор гавдасини ташлаб, юзини шабадага тутиб, гўё эртага бунақа тун бўлмайдигандек, бўлса ҳам унга бундай яйраб ўтириш насиб қилмайдигандай кўксини тўлдириб-тўлдириб нафас олар, қоронғу бўшлиққа сассиз назар ташларди.

Бир маҳал бизнесмен аёлнинг деразасидан қаттиқ-қурум гаплар эшитила бошлади.

– Қачон уйда ўтирасан хотинга ўхшаб?! Нима, мен сен учун текин уй қоровулиманми?

– Яна ичиб олдингизми?
– Ичаман, ишинг бўлмасин!

– Ҳа, хўп, бўлмаса тирикчиликни ўзингиз бўйнингизга олинг. Мен уйда ўтираман!

– Мен ҳалол одамман! Савдо-сотиқ менинг ишиммас!

– Тушунмадим… Бу билан нима демоқчисиз? Сиз ҳалол одаму мен… ўғри-каззобманми?

– Ўғри-каззобдан ҳам баттар! Фоҳиша!
-Ним-ма… Йўқол! Йўқол, дедим! Кўзимга кўринма…

– Мана, мана шу-да… Мен бир оғиз гапирсам…

Бирдан жанжал авжига чиқди. Нимадир тарақлади, гурсиллади, синди… Шовқин-сурон, қарғиш, дўқ, иддаоли сўкинишлар орасида аёлнинг овози гоҳ чийиллаб кетар, гоҳ хирқираб бўғилиб қоларди. Кутилмаганда жанжал қандай тез бошланган бўлса, шундай тез тугади. Уй бирдан сув қуйгандай жим-жит бўлиб қолди. Бир оздан кейин дераза ортидан аёл кишининг йиғиси, иддаоли йиғиси эшитилди…

Чол бетоқатланди. Ваҳима-аросат ичида чилангарга югурик назар ташлади, сўнг дераза томонга буриларкан гавдаси худди отилишга тайёр пўлат пружинадай чўзилди, юзи ловуллаб кетди.

– Туринг, кетамиз, – деди чилангар.

Чол нимадир демоқчи бўлдию гапиролмади, кутилмаганда илдизи чирт-чирт узилиб, аста-секин қулаётган дарахтдай бир томонга оға бошлади.

Чилангар шошиб қолди…

* * *

Кейинги кунларини чол тўшакда ўтказди. У туришга ҳоли бўлмаганидан хонага одам кирганини ҳам пайқамайдиган даражада беҳуш, ҳолдан тойган, бемажол бир алфозда ҳамма нарсани унутиб қўйгандай чуқур ўйга толганча шифтга тикилиб ётарди. Аввалгидан-да озиб кетганди, рангида ранг қолмаган, кўзларидаги нур кундан кун сўниб борарди.

Қизи келди. Лекин қайсар чол у билан кетишни хоҳламади. Қизини шу ерда қолиб ўзига қараб туришига ҳам рухсат бермади. Охирги келганида қаттиқроқ гапириб юборди чоғи қизи кетаётганида йиғлади. Буни кўрган чилангар ичида чолни ёзғирди: Жонини ҳузурини билмаган банда!

– Мен ўзимнинг тинчимни ўйлаб уни олиб қолсам, у ёқда эрининг ҳоли не кечади? – чол тушуниксиз бир алфозда зимдан тикилиб турган чилангар ҳеч нарса демса-да унга қараб тушунтира кетди. – Эри ногирон. Саксон учинчи йилда иккала оёғиниям афғонга ташлаб, ўзи ғирт тентак бўлмасаям берироқ бўлиб келган. Ўша вақтда битта қизчаси бор эди. Кўзингни чирт юм-да, шартта ажраш дедим. Қаёқда! Ўламан-қоламан деб туриб олди…

Бир куни чилангар хабар олгани кирганида чолни бўйнига галстук боғлаётган ҳолда кўрди. Эгнида эски фасондаги, оҳори кетган, лекин жуда ўхшатиб дазмол урилган костюм-шим, қўлтиғига аллақандай қалин дафтарни қисиб олган…

–Ўртоқ Худойқулов, – деди у қизғинлик билан. – Бўлинг тез, мажлис бошланяпти! Нега қаққайиб турибсиз, кеч келганингизга яраша… айтгандай, сизга фамилиянгизни ўзгартириш ҳақида огоҳлантириш берилганди-а?

“Ўртоқ Худойқулов” бир неча сония ағрайиб туриб қолди, кейин нимадир миясига урди. Ғалати бўлиб кетди. Бу туйғу шу вақтгача ҳис қилганларидан, сезганларидан бошқача, бутунлай бошқача, оғир ва изтиробли бир туйғу эди. “Шунча узоқ яшаш шартмиди? – ўйлади у чолни мажлис алалқачон тугаганига ишонтириб, тинчлантираркан. – “Ўртоқ Худойқулов”миш!..”

Чилангар чолнинг қизига қўнғироқ қилди.

– Ҳеч қандай касали йўқ, – деди эртаси куни қизи юборган доктор уни кўздан кечиаркан. – Шунчаки… у умрини яшаб бўлган! Энди ўлиши керак. Агар бор бўлса, қариндошларига хабар бераверинг.

Доктор кетгач, чолнинг пастдаги қўшниси – ўпкадай қип-қизил аёл қуюнни бошлаб келадиган қора булутдай қовоқ солиб кириб келди. Қўлида жимитдай кастрюлка.

– Шўрвани ўзингиз ичирасизми… – аёл қошларини чимириб, совуқ қаради.

Чилангар чол ётиб қолганидан буён қўшни аёлнинг ўзига бошқача назар ташлаб юрганини сезарди. Аммо тагига етолмай ҳалак эди.

– Қўйиб кетаверинг.

Аёл иддао билан стол устига кастрюлкани қўйиб, эшик томон юрди.

– Раҳмат.

– Мунча серилтифот бўлмасангиз?! – йўлакка чиққан аёл шарт бурилди, кўзларини чақчайтириб, бирдан заҳрини соча бошлади. – Ўзингизча чолга меҳрибонлик қилиб, уйга эгалик қилмоқчимисиз? Билиб қўйинг, уй меники! Бус-бутунича меники. Чол менинг уйимда ижарада туради!

Чилангар аёлга қаттиқ тикилганча кўча эшикни очди. Кейин:
– Уйингиз ўзингизга буюрсин, – деди паст овозда илондай вишиллаб. – Лекин чол ўлгунича бу уйга қадамингизни босманг! Эшитдингизми?!

Ранг-қути ўчган аёл ёқасини тутамлаганча пастга югурди.

– Буларнинг бари бир гўр, – шанғиллади у пастда туриб. – Сийлаганни сигир билмас деганлари шу-да!

Чилангар хонага қайтиб кирганида чол кафтини ёзиб унга диққат билан тикилиб ётганди. Чилангарга қараб негадир жилмайиб қўйди, қарашлари тийрак ва андак хижолатли эди. Афтидан у можарони эшитганди.

– Мен… айтишим керак эди… – деди у ҳеч қачон бетоб бўлмаган одамдай ўрнидан туриб ўтираркан. – Балки… сиз… умидвор бўлиб… Ахир ҳозир кўпчилик шундай қилади-ку…

– Ижарада туришингизни билмаган эканман, – ростига кўчди чилангар диван ёнидаги курсига чўкаркан. – Лекин мен ҳеч нарсадан умидвор бўлмаганман. Бўлмайман ҳам!

– Уйим бор эди, – чол уялгандай бўлиб юзини девор томонга бурди. – Қизимга қолдирганман… Ўзларининг бир хоналигига меникини қўшиб, уч хоналикка алмаштириб олишди.

– Тўғри қилгансиз.
– Ростданми?
– Албатта.

Чол қўлини узатди. Чилангар унинг териси салқиган қўлини қўлига олиб сиқиб қўйди.

– Қизимга ота керак бўлган вақтда ташлаб кетганман, – деди чол бир пайт кўнглини ёриб. – Энди уяламан… лекин ўзим истаб ташлаб кетмаганман, йўқ, йўқ… Энди борсам яхши эмас!

Чилангарнинг яна ажинаси қўзиди: “Нимаси яхши эмас? Ижарахонада биров келиб бир пиёла чой тутармикин деб эшикка кўз тутиб ётган яхшими?!” демоққа оғиз жуфтлади, аммо чол гап жиловини илиб кетди:

– Хотиним ижроқўм раисининг хотин-қизлар масаласи бўйича ўринбосари, мен уй-жой бошқармаси бошлиғи бўлганман.

Ўзим одамларни уй билан таъминловчи бўлсам-да, у вақтларда шаҳарда ўз уйимиз йўқ эди. Шундай қилмасак бўлмасдиям-да. Аслида бизга ҳам уй керак. Ижарада яшаш жонга теккан! Лекин аввал одамларни таъминлаш керак. Халқ дарди билан яшаш керак деб ҳисоблардик ва… ва биз хўжакўрсинга… э, нима десам экан… ҳа, топдим, биз худди очкўзлигини билдириб қўймаслик учун ўлиб-тирилиб ўзини пулга қарамаётгандай кўрсатаётган қари қиздай, жон-жаҳдимиз билан ўзимизни ҳалол ва пок кўрсатишга тиришардик. Биттагина ўғлимиз бор эди. Эртаю кеч ижара уйда ёлғиз қоладиган болам боёқиш чақалоқлигидан жуда нимжон бўлиб ўсганди. Бир йилги қаттиқ келган қишда ўпкасини шамоллатиб қўйиб… Хотиним бошқа бола кўрмади. Кейин… – чол бир зум тин олди. – Кейин мен бошқасига айланишиб қолдим. Қўл остимда ишлайдиган малласоч биттасига. У менга қиз туғиб берди. Лекин кўп ўтмай улар билан ажралишга тўғри келди. Хотиним устимдан ёзиб берган экан, юқоридагилар бир пасда оёғимни осмондан қилиб ташлашларига сал қолди. У вақтларда бунақа ишлар кечирилмасди-да. Шартта партиядан ўчириб, асфаласофинга жўнатиб юборишлари ҳеч гапмасди. Бир амаллаб қутилдим. Фақат бир шарт билан, иккинчи оиламдан воз кечишим керак эди. Шундай қилдим. Партбилетдан айрилгандан кўра… шуниси осонроқ… – Чол жим қолди. Бу гал анча сукут сақлади. Сўнг чуқур хўрсиниқ аралаш деди: – Хотиним барибир кечирмади. Ўзиям куйиб-куйиб ўлиб кетди… Ўша вақтларда юзимни сидириб ташлаб борганман… буларнинг олдига… лекин буниси ўқлов билан ҳайдаб солган… Ана шунақа!

– Ҳар қалай… фарзанд экан, қизингиз ташлаб қўймабди-ку…

– Ҳа, ташлаб қўймади, – деди чол гуноҳкорона илжайиб. – Куёв асабий бўлгани билан менинг ҳурматимни жуда ўрнига қўяди. Лекин мен барибир уларникига бориб яшашни истамайман. Чунки… – чол овозини пасайтирди, деярли шивирлагудай бўлиб деди: – уни кўрдингиз-ку, исмини айтмасангиз, ўзи ғирт ўрис. Онасиям мен билан турмуш қилиб бир оғиз ҳам ўзбекчани ўрганмаган-да! Мен бўлсам… бу ёғи ўрисчасига бўлишини истамайман… Бори шу.

Чилангар ўйга толди. “Охирида беклик қалби уйғониб қолибди-да,” деган ўй лип этиб ўтди хаёлидан.
– Хўш деганигиздан билсак… – чол нурсиз кўзларини унга тикиб кулимсиради. – Битта чектирасизми?

Чилангар унинг трубкасини тамакига тўлдириб берди. Чол уни қийналиб оғзига олиб борди. Кейин кўзларини юмганча ҳузур билан узоқ, босиб-босиб чекди.

– Барака топинг, – чол қадрини ерга урмай, ялтоқланмай, самимий миннатдорлик билдирди.

Пастдан машина тўхтагани эшитилди.

– Сафардан қайтди-ёв, – деб қўйди чол ташқарига диққат билан қулоқ тутаркан. Чилангар унга савол назари билан тикилиб турганини кўриб қўшиб қўйди: – Бизнесмен хотинни айтяпман… Ҳа, аниқ ўша. “Прадо”нинг мотор овози шунақа-да…

Чилангарнинг юзига табассум ёйилди. “Чоли тушмагур-ей!” деб қўйди ичида. Шу вақт чол китоб жавонининг пастки эшигига ишора қилиб деди:

– Шу ерни очинг. Бир нима бор.

Чилангар кўрсатилган жойдан каттагина тугунни олди.
– Очинг.

Чилангар тугунни очаркан, худди антиқа бир нарсадан ҳайратга тушган одамдай хитоб қилди:
– Э-ҳа, зўр-ку!

– Кетар чоғим… шуни ёпиниб кетсам девдим…

Чол майда, жимжимадор қавиқли пахталик қора тўнга кўзларини тикди.

Чилангар унинг нима демоқчи бўлганини тушунди. Мўрт стаканга қайноқ сув қуйилгандек, ичи қисирлаб кетди…

prev800_52d2c116a930eba90fae051517a09742.jpg   Chilangar balkoni quyoshga qaragan “G” shaklidagi ko‘p qavatli uyning uchinchi qavatida yashovchi oltmish besh-yetmishlarni qoralab qolgan, badqovoq, istehzoli qarashlaridan, gezargan lablarini burib turishidan uncha-munchani pisand qilmaydigandek ko‘rinadigan bu odamni yoqtirmasdi. Ayniqsa ishga yangi kelgan vaqtlarida. O‘shanda ham, ya’ni chilangar yangi ish boshlagan kezlarda, deraza oldida soatlab turib olib trubka chekadigan, xo‘mraygan bu odamning boshida kepka bo‘lardi.

Zulfiya Qurolboy qizi
TRUBKA ChЕKAYOTGAN ODAM
088

Zulfiya Qurolboy qizi (Zulfiya Yo‘ldosheva) – 1966 yili Jizzax viloyatining Jizzax tumanida tug‘ilgan. 1989 yili Jizzax pedagogika institutining o‘zbek filologiyasi fakultetini bitirgan. “Turmush”, “Yovuzlik farishtasi”, “O‘lim hech narsa emas” hikoyalar to‘plamlari hamda “Armon asirasi”, “Mashaqqatlar girdobi” romanlari muallifi. Ayni kunlarda “O‘zbekfilm” kinostudiyasida ishlaydi. Hikoyasi asosida “Chaqmoq chaqqan tunda” badiiy filmi suratga olingan. “Yozsiz yil” badiiy filmining, “Fidoyilar” serialining ssenariy muallifi. Hikoyalari asosida O‘zbek davlat drama teatrida “Ayol” spektakli sahnalashtirildi.

011

82cb543e2fdcd39a09e7b20eae0eeecb.jpgChilangar balkoni quyoshga qaragan “G” shaklidagi ko‘p qavatli uyning uchinchi qavatida yashovchi oltmish besh-yetmishlarni qoralab qolgan, badqovoq, istehzoli qarashlaridan, gezargan lablarini burib turishidan uncha-munchani pisand qilmaydigandek ko‘rinadigan bu odamni yoqtirmasdi. Ayniqsa ishga yangi kelgan vaqtlarida. O‘shanda ham, ya’ni chilangar yangi ish boshlagan kezlarda, deraza oldida soatlab turib olib trubka chekadigan, xo‘mraygan bu odamning boshida kepka bo‘lardi. Oppoq, quyuq sochlari bulutday hurpayib, kepka chetidan toshib chiqib boshini savatday ko‘rsatardi. Har bir mo‘yi tikanday tikrayib turadigan qosh-kipriklariyu soqol-mo‘ylabiga baxtga qarshi hali bitta ham oq tushmagandi. O‘zi esa hozirgidan birmuncha dadil, aytish mumkinki, ancha baquvvat edi. Qachon qaramang, egnida tusi o‘chgan futbolka bilan oqarib ketgan jinsi shim bo‘lardi. Gavdasining barvastaligidan pastdan qaragan odamga balkon derazasidan uning beldan yuqorisi xuddi tekislikdagi tepadek uzoqdan ko‘zga tashlanib turardi. Lekin huda-behudaga hovliga chiqavermas, qo‘ni-qo‘shnilar bilan ham hamsuhbat bo‘lavermasdi. Nahorgi oshlarga-ku izini ham bosmasdi. O‘zini xuddi ot surgan damlarini esdan chiqarmagan kekkaymachoq sobiq amaldorday tutishidan, kishilik kiyimlarini juda o‘rniga qo‘yib kiyinishiyu xatti-harakatlaridan u nihoyatda ozoda va intizomli kishiga o‘xshardi. U faqat non uchungina yaqin-o‘rtadagi do‘konga chiqardi. Va yana kir yuvgan chog‘larida yelim tog‘orani ko‘targancha pastga tushardi. Yuvgan kirlari bor-yo‘g‘i ikkita erkaklar ko‘ylagi va mayka bo‘lardi. Lekin chol shugina uchun ham naq yarim soat ovora bo‘lar, dorga ilingan kiyimlarning har birini alohida diqqat-e’tibor bilan ko‘zdan kechirar, g‘ijim joylarini kaftlari bilan tekislar yoki, juda bo‘lmasa dordan olib quyoshga tutar, keyin yana bir necha marta, bu safar qattiqroq silkib-silkib, joyiga ilib qo‘yardi. Kiyimlarni ilganida ayniqsa, kir qisqichlarni shunday mahorat bilan ishlatardiki, ular simdorda emas, kiyimilgichda turganday ko‘rinardi. Keyin issiqdan o‘zini yelpib, kiygizrang ko‘lankasi hovli o‘rtasidagi bolalar maydonchasini butkul egallagan ulkan chinor ostiga o‘tardi, ammo shu yerda ham bir pas tinch turmasdi, keksa chinorning ikki odamning quchog‘iga bazo‘r sig‘adigan baquvvat, oqish-jigarrang tanasi atrofini erinmay ko‘zdan kechirar, yupqa qobiqlar bilan qoplangan po‘stlog‘i shilingan yoki biror chirmovuq o‘t ilashgan bo‘lsa yulib tashlar, singan shoxchalarni cho‘ntagidan olgan qaychisi bilan avaylab kesib olib, bir chekkaga qo‘yardi. Birovning qozoniga chovlisini solavermaydigan odamlar toifasidan ekanligi turish-turmushidan ko‘rinib-bilinib turgan bo‘lsa-da, qo‘ni-qo‘shnilar undan negadir hayiqib turishardi. Ayniqsa mahalla bolalari undan qattiq cho‘chirdi. Chol ularning hovlida shovqin-suron solib o‘ynashlariga xalaqit bermasdi, ammo birorta qo‘li qichiganrog‘i podyezd devoriga, eshigiga bo‘r yoki flamaster bilan chizayotganini ko‘rib qolsa bormi, o‘g‘il-qiz deb ayab o‘tirmasdi, shartta qulog‘idan cho‘zgancha uyiga, onasining oldiga olib borib aytadiganini aytib chiqardi. Shuning uchunmi, boshqalarga qaraganda ularning podyezdi hamisha saranjom-sarishta bo‘lardi.

Chilangar o‘ziga qarashli uylarning podvallariga kirib-chiqib yurarkan, uni ko‘pincha deraza oldida turgancha trubka chekayotgan holda ko‘rardi. Chol hali kuch — quvvatga to‘la gavdasini bukchaytirib, tirsaklarini tokchaga tiragancha trubkasini burqsitarkan, kayfning huzuridanmi va yo xayolga tolganidanmi, uni, chilangarni ko‘rmasdi. Ba’zida esa juda ham gaplashgisi kelayotgani yuz-ko‘zlaridan sezilib tursa-da, atay uni ko‘rib turib ko‘rmaslikka olar yoki shunchaki bir nazar tashlab qo‘yar, uning bu qarashlaridan loqaydlik, shuningdek, mensimaslik ma’nolarini uqish mumkin edi. Goh u hovlida, goh boshqasida timirskilanib yuradigan bu o‘rta bo‘y, miqtidan kelgan, sochlari barvaqt oqargan xizmatchi go‘yo u bilan gaplashishga arzimaydigandek tuyularmidi, har qalay ishlayotganiga to‘rt-besh yil bo‘lib qolganida ham chilangar u bilan hali-hamon bir og‘iz gaplashmagandi. Bo‘lmasa qo‘shni uylarga yilda uch-to‘rt martalab kirib chiqaverganidan ba’zi xonadon egalari bilan apoq-chapoq bo‘lib ketgandi. Negaki keyingi vaqtlarda Xitoydan peshma-pesh keltirilayotgan asbob-uskunalarning sifatsizligi tufayli domlarda, ayniqsa, serfarzand oilalarda tez-tez yo issiq suvning jo‘mragi buzilib, suv chakillab qolardi, yo hojatxona quvurida biror ishkal chiqardi. Qish kunlarida bexosdan issiqlik tizimining ishdan chiqishlari haqida-ku gapirmasa ham bo‘ladi. Shunday vaqtlarda chilangar zoti ko‘p qavattli uyda yashovchilar uchun juda-juda asqotadigan odam-da. Ularni noyob mutaxassislar desa ham bo‘ladi. Maoshdan tashqari kelib turadigan uch-to‘rt so‘mning va yana… ko‘cha supuruvchi Slava amakining chilangarlarga nafrat bilan qarashining boisi ham shundan… Chilangar birgina mana shu cholning kvartirasiga biror marta ham qadam ranjida qilmagandi. Bu esa uy egasi haqida ijobiy fikr uyg‘otadi. Chunki chilangar qavmi – o‘zi moyga botib yursa-da – azaldan xonadonning ozodaligiyu jihozlarning ishlatilishiga qarab, uy xo‘jasi haqida fikr yuritib kelgan.

Bir kuni chilangar cholning derazasi ostida joylashgan quduq atrofida kuymalanib yurarkan, issiq bir nima tepadan shuvillab kelib yelkasiga tushdi. Tushgan narsa badanini kuydiradigan darajada emasdi, yelkasini qoqib tashlab, indamay ketaversa bo‘lardi. Lekin u holda o‘sha ilimiliq narsani tashlagan odam bu yoqda tursin, hatto o‘zi ham o‘zini pisand qilmay qo‘yardi. Shu bois chilangar bir qo‘li bilan yelkasini silarkan, xuddi badani kuyib achishganday aftini burishtirgancha tepaga qaradi. Shu vaqt tepadan yo‘g‘on ovoz keldi:

– Uka, meni kechiring, xayol bilan bo‘lib tamakining kulini to‘kib yuboribman. Kechiring.

Chilangar yarim gavdasi bilan pastga osilib turgan cholning hamishagi badqovoq yuzida xijolatga o‘xshash bir nima kezinayotganini, ko‘zlari sarosimadan kattalashib ketganini ko‘rdi. Ko‘ngli sal o‘rniga tushib, javob berdi:

– Xijolat bo‘lmang, amaki. Bor-yo‘g‘i kul ekan-ku.
– Malol kelmasa, tepaga chiqing. Ko‘ylagingizni yuvib beraman.

Shu gapdan keyin chilangar futbolkasini boshidan sug‘urib olarkan, chol bekorga uyiga taklif qilmaganini tushundi, ertalab kiygan kiyimining yelka qismida ola-chipor ko‘kimtir dog‘ paydo bo‘lgandi.

– E, shart emas. Ovora bo‘lmang, – dedi chilangar keksa kishini ortiq xijolatda qoldirmaslik uchun.

– Ha, mayli, o‘zingiz bilasiz… – dedi chol ham, lekin zum o‘tmay prujinasi burab qo‘yilgan gapiruvchi qo‘g‘irchoqday gapga tushib ketdi. – Juda insofli odam ekansiz. Sizga o‘xshaganlar hozir kamyob! Gapimga ishonavering, rost aytyapman.

Chilangar kulib qo‘ydi: kamyob! Odamning ham kamyobi bo‘larkan-da?

– Tavba qildim, dunyo qanday bo‘lib ketyapti a? – birdan cholning gap ohangi o‘zgardi. – Kirlarni o‘zi yuvsa qo‘li sinib akashak bo‘lib qoladimi?! Hozirgi xotinlar ja o‘zidan ketib qoldi! Puli ko‘p-da,puli ko‘p!

Chilangar ishdan chalg‘ib, atrofiga ko‘z yugurtirarkan cholning achchig‘ini chiqargan narsa – birinchi qavatda yashovchi biznesmen xotinning eshigi oldiga kelib to‘xtagan “Aholiga xizmat ko‘rsatuvchi” firma mashinasi ekanligini bildi.

– Amaki, nega jig‘ibiyron bo‘lasiz? Axir XXI asrda yashayapmiz! Qolaversa, ayollar har qanday yangi zamonning odatlarini tez o‘zlashtirishadi.

Bundan sal avvalroq nima haqda bo‘lmasin kim bilandir gaplashgisi kelib turgan cholga uning gapi yoqmadi chog‘i, bir qarab qo‘ydi-da to‘sindan odamoviligi tutib boshini burib oldi, lekin zum o‘tmay ichidan toshayotgan jazavasi bo‘g‘zidan g‘ippa bo‘g‘ib olganday xirillagan ovozda dedi:

– Kir yuvmasa, uy supurmasa, xotinlarning xotinligi qayda qoladi, og‘ayni?!

– Endi zamon, zamon deymizu… – ovozini pasaytirdi chilangar biznesmen xotinning uyidan bir necha gilamni bitta qilib yelkasida ko‘tarib chiqayotgan barvasta yigitga ko‘zi tushib. Zum o‘tmay bu har qalay biznesmenning o‘zi emas ekan-ku deganday, xotirjam tortdi, tepaga qarab gapini davom ettirdi: – Rostini aytsam, erkaklarning topgani ro‘zg‘orga urvoq bo‘lmagandan keyin xotinlar yo‘lga chiqadi-da. Ulargayam osonmas.

– Qiziq gapni gapirdingiz-ku, – dedi chol ensasi qotib. – Erkakning topgani ro‘zg‘orga urvoq bo‘lmasa, sabr qilsin!

Chilangar e, amaki, siz eski zamonning odamisiz, bunaqa narsalarni tushunmaysiz, deb yuborishiga sal qoldi, bir amallab so‘nggi lahzada o‘ylaganini ichiga yutib, sal boshqaroq gap qildi:

– Ilgari mana shu ko‘chada faqat bolalar o‘ynab yurardi. Hozir boladan ko‘p mashina!

– Har xil xizmat ko‘rsatuvchi servis mashinalari-chi! “Kompleksniy uborka”, “Stirka kovrov”, “Dostavka pissa”… e, bularning adog‘i yo‘q. Xotinlar hatto ahlat to‘kish uchun ham uydan chiqishga erinadigan bo‘lib qolgan!

Chilangar so‘nggi jumlalar kimga qaratatilganini darrov ilg‘adi, chunki u yigirma daqiqa avval uch-to‘rt qadam narida salgina epkin turishi bilan yaproqlarini duvillab to‘kib soladigan teraklarga jahl qilib, bir nimalarni g‘udrangancha xas-xazonlarni supurib, ariqchalarni tozalab yurgan farrosh Slava amakining ro‘paradagi, atrofi temir panjaralar bilan o‘rab olingan uy hovlisida o‘zining chorbog‘ida ishlayotganday, ixlos bilan temtinib yurganini ko‘rgandi. Ayni damda esa keksa farrosh uy egasi – etagini echki yamlab qo‘yganday kalta, yengsiz xalat kiygan chigirtkaday ozg‘in do‘konchi ayoldan xizmat haqqini undirayotgandi.

– E, mayli-da, – deb qo‘ydi chilangar xayolan ”Slava amaki ham tirikchiligini yo‘lga qo‘yib olibdi-ku, endi tirg‘almaydigan bo‘ladi”, degan fikrga borib.

– Nimasi “mayli?” A, nimasi “mayli”? – tutaqdi chol.

Ularning shovqinini eshitib ipak pardalar ortidan mo‘ralab qo‘yayotgan qo‘shni ayollarning xo‘mraygan basharalariga ko‘zi tushgan chilangar:

– Nima qilamiz endi… Zamoniga yarasha-da, – deb qo‘ydi dudmolroq qilib. Chunki qo‘ni-qo‘shnilarning ishbilarmon ayolga ham, chigirtkaday ozg‘in do‘konchi xotinga ham birday hurmatlari behad zo‘r edi. Boisi biri hali Turkiyadan, hali Dubaydan allambalo kiyimlarni olib kelsa, ikkinchisi ularni o‘z do‘konida ustama narx qo‘yib sotib berardi. Lekin har ikki holda ham ular narsalarini qo‘shni ayollarga andak chegirma bilan pullashardi. Ayniqsa, dugonasiga qaraganda ancha xushro‘y, ikki yuzi qizil olmaday tarang, qosh-ko‘zlari payvasta, do‘ndiqqina ishbilarmon ayol saxiyroq edi, “Topganingizda qarzingizni uzasiz!” deb ba’zida nasiyaga ham berib yuboraveradi.

– Zamoniga yarashamish! – kesatdi chol yuzing-ko‘zing demay. – Dangasalik! G‘irt dangasalik! Erta bir kun mana shu xotinlarning qizlari boshqa bir uyda tog‘orada kir yuvarmikin? Tag‘in o‘choqda suv isitib! Yoki mol tagini kurab, aravada go‘ng tashirmikin?

Chilangar endi baralla kulib yubordi. Keyin nega tishingni oqini ko‘rsatasan, kulguli gap aytdimmi, deganday o‘qrayib turgan cholga qarab pastroq ovozda dedi:

– Amaki, siqilmang. Puldorlar bu tomonini ham avvaldan o‘ylab qo‘yishadi.

Chol “E, baring bir go‘rsan!” deganday qo‘l silkidi.

Pardalar ortidan mo‘ralayotgan ayollar esa taraq-turuq qilib, derazalarini yopishga kirishdi. Ular ham cholni yoqtirishmasdi. Vaholanki chol biznesmen ayoldan boshqalariga aytarli tixirlik qilmasdi, lekin ularni eshik oldidagi o‘rindiqlarda gap sotib o‘tirganlarini ko‘rsa bas, ko‘zlari bilan suza boshlardi.

* * *

Shundan keyin chol bir muddat deraza oldida ko‘rinmay qoldi. Chilangar chol betob bo‘lib qolmadimikin, degan xayolda yurdi, axir issiq jon, buning ustiga keksa odam… Lekin bu hol uzoqqa cho‘zilmadi, chilangar beshinchi qavatdagi xonadonda ishlayotganida cholning nimalar bilan mashg‘ulligini bilib oldi. Aytishlaricha, chol hovlida o‘ynab yurgan bolalarni uyiga chaqirib, ular bilan suhbatlashadigan bo‘lib qolibdi. Suhbat vaqtida u bolalarga kitob o‘qib berarkan, oxirida har xil savollar berib, ikki yoki uch kundan keyin javobini topib kelishlarini tayinlarkan. “Agar ishimiz yurishib ketsa, “Zakovot” ko‘rsatuviga olib chiqaman sizlarni,” deyarkan bolalarni xursand qilib. Haqiqatan ham o‘sha kezlarda mahallaning eng to‘polonchi bolalari ham sipo tortib, qo‘ltiqlariga kitob qisgancha chol yashaydigan pode’zdga kirib ketadigan bo‘lib qolishgandi. Odatda, bolalar tushlikdan keyin uning huzuriga kelishardi. Aftidan ungacha cholning o‘zi ham tayyorgarlik ko‘rardi chog‘i, endi deraza oldida burniga ko‘zoynagini qo‘ndirgancha, boshini solintirgan ko‘yi kitob o‘qib o‘tirardi. Ammo chilangar boshqa xonadonlardan sal boshqacharoq, tashvishliroq gaplarni ham eshitardi: “Bu choli tushkur, bolalarimizning miyasini buzyapti, ularga yomon narsalarni o‘rgatyapti”. Domdagilarning faxri hisoblanmish, qalami o‘tkir deb nom qozongan bir jurnalistning aytishicha esa, ortiqcha tashvishga hojat yo‘q emish. Chunki cholning biror firibgarlik qiladigan turqi yo‘q, bo‘lgan taqdirda ham har qancha ichidan pishgan bo‘lsa-da, bir kunmas bir kun misi chiqib qolarmish. U shunchaki to‘lqinli daryoning chetida oqimdan uzilib, bir joyda aylanayotgan cho‘p, xas emish…
Kunlarning birida chilangar hovlida g‘uj bo‘lib, shovqin ko‘tarayotgan juvonlarni ko‘rib, cholga bir gap bo‘ldimikin deb o‘ylab kayfi uchib ketdi. Keyin bilsa, kitobxon bolalar orasida jamalaksoch qizchalar ham bo‘lgani uchun qizg‘anchiq yosh onalar hali ona suti og‘zidan ketmagan qizchalarini undan qizg‘anishib, norozilik bildirayotgan ekanlar.

– Kim biladi, kitob o‘qish bahonasida u qizlarimizga nimalarni o‘rgatayotganini? – deyishardi ular tashvishlanib. – Axir bilib bo‘ladimi?.. Yolg‘iz erkak… yana telbasifat…

Bu gaplarning bir uchini deraza oldida turgan cholning o‘zi ham eshitdi, yuzida ostini mil-mil zaharxanda bosib yotgan bir jilmayish bilan pastga qarab turdi-turdi-da, bu omi va dumbul xotinlar bilan olishib o‘tirishni o‘ziga ep bilmadi chog‘i burilib nari ketdi. Ko‘p o‘tmay bolalarning uning uyiga tashrifi ham barham topdi. Mahalla mutasaddilari bir necha marta u bilan suhbatlashgani kelishipti, lekin chol biror marta ham eshik ochmapti…

* * *

Kunlarning birida chilangar odatdagiday ko‘p qavatli uylar oralig‘idan o‘tib, goh u hovlida, goh bunisida temir-tersagini sudrab yurarkan, cholning biznesmen ayolning podyezdi oldidagi o‘rindiqda o‘tirganini ko‘rdi. Yo‘lini shu tomonga burdi. Chol o‘ychan ko‘rinardi, lekin ko‘zlarini xayol tumani qoplamagan, faqat vujudi uzoq vaqt haraktsiz bo‘lgan odamnikiday shishinqiraganini aytmasa, chehrasi sergak va hushyor edi.

– Postdamisiz? – dedi chol u yaqinlashganda.
– Har doimgiday, – javob berdi chilangar uning yoniga cho‘karkan.

Keyin gaplari tamom bo‘lganday ikkisi ham jim bo‘lib qolishdi.

– Bolalarni o‘qitmay qo‘ydingizmi? – deb so‘radi chilangar shunchaki, jim o‘tirmaslik uchun.
– E! – chol yuzini burdi.

Chilangar cho‘ntagidan dastro‘molini olib qora moyga botgan barmoqlarini arta boshladi.

– Men, – dedi bir mahal chol tomoq qirib olib, – shunchaki… bolalarga qahramonlik haqidagi hikoyalarni aytib bermoqchi bo‘lgandim. Ular bilishi kerak. Nimagadir ishonishi kerak… Lekin kaltafahm xotinlar… E, nimasini gapiraman?! – chol behafsala qo‘l siltadi.

Shu payt pode’zd eshigidan ishbilarmon ayol shoshib chiqdi-da u yoq-bu yoqqa qaramasdan shitob bilan o‘tib ketdi. Hatto o‘rindiqda o‘tirgan ikki kishiga jajjigina boshchasini irg‘ab salom ham bermadi.

– Salom bermadi-ya, – shipshidi chol.

Chilangarga eshikdan otilib chiqqan ayol atay ular tomonga qaramay o‘tgandek, yuzi ham bo‘g‘riqib, qizarib ketganday tuyulgandi, ammo bu haqda og‘iz ochmay qo‘ya qoldi.

– Erta-indin yo‘lga chiqib qolsa kerak. O‘zi yaqinda keluvdi… – dedi chol garaj tomon tez-tez yurib ketayotgan ishbilarmon ayolning ortidan qarab qolarkan. Keyin chilangarga yuzlanib so‘radi: – Oti nima uning, bilasizmi?

Chilangar yelka qisdi.
– Menam bilmayman…

Chol bu safar ayolni ayblamadi, yozg‘irmadi, negadir xo‘rsinib qo‘ydi. Aftidan u ayolga achinardi. Qiziq, odamlar uning o‘ziga achinadi-yu, u bo‘lsa boshqalarga…

– Ayol kishi hadeb o‘zini o‘tga-cho‘qqa uravermasligi kerak, – dedi chol bir ozdan keyin chilangarning fikrlarini tasdiqlaganday bo‘lib. – Erkaklar baribir qadriga yetmaydi.

– Nega endi? – chilangar endi chidab turolmadi, e’tiroz bildirdi. – Bitta ro‘zg‘orni obod qilayotgan bo‘lsa… Kamiga uchta bolani tug‘ib bergan… Agar shunday toparmon-tutarmon xotin mening xotinim bo‘lganida boshidan suv o‘girib ichardim, deguvchi erkaklar ham bo‘lsa kerak bu dunyoda.

Cholning nafasi chiqmay qoldi.

– To‘g‘ri aytasiz, – deya ma’qulladi u anchadan keyin butkul taslim bo‘lib. – Xotinlar kimning etagiga solsa indamay ketaveradigan mushukka o‘xshagandan ko‘ra, mana shunday epli-shudli bo‘lgani ham durust bir tomondan…

Bora-bora ular ancha qadrdon bo‘lib qolishdi. Ulkan kosasidan boshini chiqarib turgan toshbaqaday deraza oldida munkaygancha trubka chekayotgan chol endi chilangarni uzoqdan ko‘rishi bilan pastga tushib, tadbirkor ayolning podyezdi olididagi o‘rindiqda uni kutib o‘tirardi.

Lekin hech vaqt uyiga taklif qilmasdi.

– Ha, amaki, zerikdingizmi? – so‘rardi chilangar uning yoniga o‘tirarkan.
– Zerikish qayda. Men umuman zerikmayman, – kibr bilan burro javob berardi chol.

Chilangar ishonqiramay unga qarab qo‘yadi.

– Men… shunday yashashga ko‘nikib ketganman, – deydi chol sherigining nigohini his qilib. – Yomon yashayotganim yo‘q har qalay… Ko‘nglingizga bu chol yomon xudojo‘y ekan, degan gap kelmasin-u, men bu dunyoga kelishidan avval har bir odamga joy ajratiladi degan fikrdaman. Kimgadir eng qulay joy, kimgadir nochorroq… bizga esa… har qalay nolimayman.

Bu gaplariga qarab chilangar uni bir umr yog‘li joylarda ishlagan deb tasavvur qildi. Darhaqiqat, cholning yenglari shimarilgan bilaklarining oqligi va silliqligi, kaftining do‘mboqligi, barmoq bo‘g‘imlarining bo‘g‘ib-bo‘g‘ib qo‘yilganday tirsillab turishi chilangarning fikrlarini tasdiqlab turganday edi. Lekin baribir bir narsa mavhumligicha qolmoqdaydi.

– Qanday… – hayron bo‘lganini yashirolmasdi chilangar. – Qanday qilib… axir yolg‘iz o‘zingiz…

– Shunday taqdir nasib qilgan ekan-da… – chol atrofni kuzatgan bo‘lib ko‘zlarini olib qochdi.

– Bizning mahallada chollar yig‘ilib masjidga chiqib turishadi. Aytaymi, ular sizniyam o‘zlariga qo‘shib olishadi.

– Be, – dedi chol bepisand ohangda. – Endi bir kamim shu qoluvdi!

Chilangar cholning yuzi o‘zgarib, qarashlari qattiqlashganini sezdi. U oliy maktab ko‘rmagan bo‘lsa-da, o‘zini zamonaviyroq g‘oyalar egasi bo‘lmish yangi odamlar nasliga dahldor ekanligini, cholning esa butunlay boshqa bir davrda yashagani, tarbiyalanganini, oxir oqibat qarib-churib, puturdan ketgan xarobaday yakkalanib qolganini ich-ichidan his qilardi. Zamondoshlari, ularning qilmish-qidirmishlari, hoyu havaslari allaqachon bo‘z tuproq kabi eski elakdan shuvillab o‘tib ketgan bo‘lsa-da, cholning nazarida o‘tmish, u yashagan davr hech qachon uzoqlashib ketmagan, shundoq yonginasida, xuddi yam-yashil vodiy kabi uni o‘ziga chorlayotganday tuyulardi chamasi, hech unutolmasdi, ammo minba’d eskicha hayotini yangi bir sharoitda davom etirayotgan, bundan keyin ham istagan yerida davom ettiradigan va bu qo‘llaridan keladigan odamlar toifasidan emasdi.

U faqat yolg‘izlikdan azob chekardi.

Yolg‘izlik esa odamni yeb bitiradi, xuddi Sulaymon payg‘ambarning hassasidagi qurtlar kabi. Cholning he yo‘q-be yo‘q, mahalla bolalarini o‘qitishdan murodu maqsadi ham aslida shu – yolg‘izligini unutish bo‘lgandi chamasi. Zotan inson aksar hollarda bu tuyg‘uni o‘zi istab tuygani bilan aslida hamisha yolg‘izlikdan qochishga urinadi.

Bir mahal yelkasiga uzun sumka osgan, o‘n besh-o‘n olti yoshlardagi, mayka-sho‘rtikli, past bo‘yli yigitcha ro‘paradagi to‘qqiz qavatli “dom”lar oralig‘idan sirg‘alib o‘tib keldi-da to‘g‘ri chinor oldiga bordi. U yoq-bu yoqqa qaramasdan sumkasidan bir dasta yelimlangan qog‘ozni olib daraxt tanasiga yopishtira boshladi. Ko‘z ochib yumguncha daraxt tanasi “E’lonlar doskasi”ga aylandi-qoldi. Chol avvaliga nima bo‘layotganini tushunolmayotganday ko‘zlarini qisib picha qarab turdi, so‘ng birdan yuzi gezarib ketdi, chopag‘on otidan ayrilgan chavandozday ko‘zlariga qon quyildi.

– Hoy bola! Hov bemaza! – chol irg‘ib o‘rnidan turib yigitcha tomon otildi. – Bu nima qilganing?! Eshakmiyang ishlaydimi?!

Kutilmaganda hay-haylab ustiga bostirib kelgan barvasta cholning dag‘dag‘asidan cho‘chib ketgan yigitcha o‘zini yo‘qotib, tek qotib qoldi.

– Ol, qog‘ozingni hoziroq ol! – baqirdi chol qo‘lini paxsa qilib. – Hoziroq yulib olmasang, ko‘zlaringni o‘yib olaman!
Yigitcha aftidan yaqinda ishga kirgan, buning ustiga bunaqa dalli-g‘ulli odamlarga duch kelmaganidan tamoman dovdirab, ko‘zlarini alang-jalang qila boshladi.

Chilangar o‘rtaga tushmasa bo‘lmasligini payqab ularga yaqin bordi.

– Uka, – dedi u yigitchaga qarab. – Qog‘ozlaringni tezgina ko‘chirib ol-da, bu yerdan tuyog‘ingni shiqillatib qol! Ke, yaxshisi, o‘zim senga qarashib yuboraman.

Chilangar daraxtga yopishtirilgan qog‘ozlarni birin-ketin ko‘chirib ola boshladi. Shundagina yigitcha bexosdan yetimligi esiga tushib qolgan toyxarday birdan yig‘lab yubordi.

– Menga aytishgandi… Atay qilmadim…
– Atay qilmaganmish! Daraxt senga e’lonlar doskasi emas-ku, shunga fahming yetmadimi?

Chilangar qo‘lini xiyol ko‘tarib, cholga bo‘ldi qila qoling endi, bolapaqirning bo‘lari bo‘ldi o‘zi, deganday yolvoruvchi nigoh tashladi. Chol jim bo‘lib, nari ketdi. O‘smir endi juftakni rostlamoqchiydi, chol birdan ortiga o‘girilib, qo‘lini bigiz qildi:

– Anavi isqirtingni o‘zing bilan olib ket!

O‘smir yerda sochilib yotgan qog‘oz parchalarini shosha-pisha yig‘ib-terib oldi-da, orqa-oldiga qaramay yugurib ketdi.

– Chinor juda qadrdonmi deyman? – o‘smoqchiladi chilangar o‘rindiqqa qaytib, boyagiday yonma-yon o‘tirisharkan. – Balki… yoshlik bilan bog‘liq… a?

Chol indamadi. Chilangar cholning sukutga tolganini ko‘rib noo‘rin gapirib yuborganini sezdi, ichida o‘zini so‘kdi.

– Hech qanday yoshlik xotiralari bilan bog‘liq emas, – dedi chol bir mahal tilga kirib. – Men u yerda… – chol boshi bilan o‘zining derazasi tomon ishora qildi, – turib g‘alati manzarani ko‘raman, nazarimda chinor ostidan allaqanday odamlar gurra-gurra o‘tayotganday tuyuladi… – chol ko‘zlarini yumib, tasavvurida ko‘rganlarini gapira boshladi: – Eshitishimcha, bu chinorni bir darvesh Erondan olib kelib ekkan ekan. Ekilgan kunidan boshlab u quyosh tomon bo‘y cho‘zib o‘savergan, o‘savergan… Odamlar esa uning ostidan zarbof to‘nlarda, yaxtak ko‘ylak-ishtonlarda, janda salla-choponlarda, uzun ko‘ylagu beqasam kamzullarda o‘tavergan. Keyinroq borib erkaklar pidjak va keng shimlarda, galifelarda, ayollar esa kalta yubkalarda, jinsi shimlarda, korjomalarda kalta sochlarini yelkalarida selkillatib o‘tavergan, o‘tavergan… Bilaman, vaqt o‘tgani sari odamlar ham o‘zgaradi-da, deysiz, dunyoqarashingizni juda yaxshi bilib olganman. Siz haqsiz, dunyo bor ekan, taraqqiyot bo‘lishi lozim. Lekin meni odamlar qiziqtirmaydi, boshqa qiladigan ishlari bo‘lmaganidan keyin ular kiyimlar bilan o‘zlariga zeb beraveradi-da. Meni chinorning o‘zgarmasligi hayratga soladi…

* * *

Vaqti kelib chilangar qizini uzatmoqchi bo‘lib, to‘y qilmoqchi, elni chorlab, nahorga osh bermoqchi bo‘ldi. Taklif qilinganlar orasida uning uzoq-yaqin qarindosh urug‘laridan tortib, yaqindagina qo‘shni domga ko‘chib kelgan yangi qo‘shnilargacha bor edi. Birgina chol… Yo‘q, oxirgi daqiqada u uchinchi qavatda yashaydigan g‘alati tanishini eslab qoldi va atay uyiga borib unga to‘yxatni o‘z qo‘li bilan topshirib keldi. Biroq chol oshga kelmadi. Chilangar uchun cholning oshga chiqmagani aytarli darajadagi xafachilik bo‘lmasa-da (u cholning oshlarga chiqmasligini bilardi!), lekin nimagadir xafa bo‘ldi.”Ko‘rib qolsam, undan boplab o‘pkalayman,” deb ko‘ngliga tugib qo‘ydi. To‘ydan keyin bir necha oy o‘tib, chilangar odatdagiday o‘z ishlari bilan andarmon bo‘lib, domlar oralab yurarkan, baxtga qarshi cholni uchratmadi.

Shu kunlarda uning biznesmen ayolning uyiga xizmatga borishiga to‘g‘ri keldi. Vanna kranidan suv tomchilayotganmish. Chilangar ishbilarmon ayolning uyiga ham shu vaqtgacha biror marta kirmagandi. Ayolning erkakcha kiyinishi, o‘zini tutishi va nihoyat, goh “Lasetti”da, goh “Prado”da yurishlarini kunda-kunora ko‘rib yurganidan, uning uyida bizdek chilangarlarning xizmatiga ehtiyoj bo‘lmasa kerak deb o‘ylardi. Lekin ko‘rdiki, boylarning ham mayda odamlarga ishi tusharkan.

Eshikni ochgan tarashaday qotma, kalta sho‘rtik kiygan daroz erkak uning kir-chir kombinzoniga xushlamayroq qarab qo‘yib, to‘g‘ri vannaga boshlarkan, yo‘l-yo‘lakay bepisandlik bilan pisanda qildi:

– Oyog‘ingizni pollattaga yaxshilab arting, iltimos. Gilamlarimizni yaqinda tozalatganmiz.
“Aravani ot tortadiyu itning hansiraganiga o‘laymi?!.”

Erkak ensiz yo‘lak adog‘idagi eshik oldida to‘xtab, ichkarida suv tomchilayotgan kranga ishora qildi:

– Xotinim uni Dubaydan olib kelgandi. Bor-yo‘g‘i to‘qqiz yil ishlab berdi. Chet elliklar ham aynishibdi, men sizga aytsam!

– To‘qqiz yil ishlab bergan bo‘lsa, yomonmas, – deb qo‘ydi chilangar ishga kirisharkan.

Nari ketgan erkak javoban unga nimadir dedi. Lekin chilangar yaxshi anglamadi.

– Vannaning tegidan ham suv tomchilayapti deyapman, – dedi erkak bir mahal ichkariga bosh suqib.

Chilangar endi eshitgan bo‘lsa ham miq etmadi. O‘zini oddiy chilangar emas, manavi uy xo‘jasidan ortiq hurmatga loyiq odam qilib ko‘rsatish faqat unga emas, barcha shirkat xodimlariga yo‘rgakda tekkan kasal edi.

– Eshitdingizmi, – deb qoldi kutilmaganda erkak yo‘lakka kursi qo‘yib, unga teskari o‘tirib olarkan. – Anavi og‘ayningiz bor-ku, uchinchi qavatdagi chol…

– U og‘aynim ekanligini qanday bildingiz? – deb so‘radi chilangar endi enkayib vanna tagini ko‘zdan kechirarkan.

– Derazadan qarab ikkingizning gaplashib o‘tirganinigizni ko‘p ko‘rganman.

– Nima, siz ishlamaysizmi? – bo‘ynini burib, yelkasi osha olayib qarab qo‘ydi chilangar.

– Ishlayman, tungi qorovullikda turaman. Uch kunda bir navbat keladi. Xullas, o‘sha chol tanishinigizning omadi kulib qoldi… – erkak sirli boqdi.

– Nima bo‘ldi?

– Yoshgina bir ayol anchadan beri unikiga kelib turardi. Suluvgina… Bugun, ayni momentda u shu yerda, cholnikida! Uni olib ketmoqchi… – Erkak yum-yumaloq, qo‘y ko‘zlarini o‘ynatdi. – Oxirgi paytlarda sa-l kamqatnov bo‘lib qolgandi. Shunga cholning rosa ichi kuyardi chamasi. Deraza oldida turvolib, trubkasini bursitgani-burqsitgan edi. Ham rashki qo‘zirdi, ham sog‘inardi-yov…

– Siz bularni qayoqdan bilasiz? – so‘radi chilangar.

– E, derazaning oldida turishda gap ko‘p! – hiringladi erkak, keyin aftidan zerikib o‘tirgan bo‘lsa kerak birdan gapga tushib ketdi: – Aytsam, balki ishonmassiz, lekin bu chol haligidaqa erkaklardan… O‘zi g‘irt o‘risparast! Yo‘q, o‘rislashgan o‘zbeklardan. Nuqul yosh o‘ris xotinlar bilan yuradi deng. Shuning uchunam yetmishdan oshgan bo‘lsayam baquvvat ko‘rinadi. Vampirga o‘xshab yosh ayollarning kuch-quvvatini so‘rib olsa kerak-da!

– Bo‘ldi, ishni tugatdim, – dedi chilangar vannadan chiqarkan, keyin naynovsifat uy egasining ko‘zlariga qattiq tikilib ahyon-ahyonda qo‘llaydigan usulini qo‘lladi: – Xizmat haqqi yigirma ming bo‘ladi!

Erkakning kulib turgan chehrasi jiddiylashdi.

– Ko‘p emasmi? – dedi chilangarga yana avvalgiday bepisand qarab.
– Pulni o‘zingizning hisobingizdan bermaysiz-ku, baribir emasmi?!

Naynovning rangi oqarib ketdi. Lekin chilangarning tikilib turgan nigohiga dosh berolmay ko‘zlarini olib qochdi.

Naynov to‘g‘ri aytgan ekan, o‘sha kunning ertasidan boshlab balkon derazasi oldida cholning qorasi ko‘rinmay qoldi.

“Ma’shuqasi olib ketgan chiqar,” deb qo‘yardi chilangar uy yonidan o‘tarkan.

* * *

Ehtimol keyingi bir necha voqealar sabab bo‘lmaganida chilangar uchinchi qavatda yashovchi cholni allaqachon unutib yuborgan bo‘larmidi? Axir uning ham tashvishlari o‘ziga yetarli edi. To‘ng‘ich qizini uzatganiga ikki oy bo‘lmasdan, tibbiyot kollejini bitirgan o‘rtanchasiga ham sovchi kelib uyining turmini buzayotgandi. Bu yoqda o‘g‘li to‘qqiz yillikni tugatgan, erta-indin uni ham birorta bilim yurtiga tiqishtirishi lozim. Nochorlik jonidan o‘tgan kezlarda chilangar o‘zini sharmandali holga tushib qolganidan uyalib, egnidan uzilib tushayozgan jandasini oldini tortsa, orqasi, orqasini tortsa oldi ochilib qolayotgan devona misol tasavvur qilib, “Bolalar muncha tez ulg‘ayishmasa”, deb xunobi oshib yurgan vaqtlar edi…

Xullas, o‘sha kuni ertalab shirkatga chol yashaydigan domdan shoshilinch qo‘ng‘iroq bo‘libdi. Gapiruvchining aytishiga qaraganda, uchinchi qavatdan suv o‘tayotganmish! Chilangar bu vaqtda uyida gumqovib yotgandi. Boshliq qo‘ng‘iroq qilib zudlik bilan uni o‘sha domga borib, nosozlikni bartaraf qilishini aytdi. Chilangar tumovligini bahona qilib bormasa ham bo‘lardi, lekin nosozlik uchinchi qavatdagi kvartirada yuz berganini eshitib, birdan temir kalitu ombirlar bilan to‘la sakvoyajini qo‘liga olganini o‘zi ham sezmay qoldi.

Eshik oldida uzoq kutishga to‘g‘ri keldi. Biror o‘n-o‘n besh daqiqalardan keyin ichkaridan:

– Mana… hozir… – degan xirqiroq ovoz eshitilmaganida chilangar ehtimol eshikni buzib kirgan bo‘larmidi.

– Ie, amaki, nima bo‘ldi? – eshik ochilgan zahoti ostonada titrab-qaltirab turgan cholni ko‘rib chilangarning kapalagi uchib ketganidan oyog‘i ostidagi sholcha suvga jiqqa bo‘kkaniga e’tibor ham bermadi. – Tobingiz yo‘qmi?

– Hojatxona… – chol behollik bilan ishora qildi.

Shundagina chilangar suv toshib, allaqachon boshqa xonalarga ham yoyilganini payqadi va devorga suyanib qolgan cholga ortiq e’tibor bermay, zudlik bilan ishga kirishdi. Biror yigirma daqiqa urinib, bir amallab nosozlikni bartaraf etdi. Lekin bu vaqtinchalik edi, uch-to‘rt kundan keyin arzimagan zo‘riqishdan trubalar yana yorilib ketishi mumkin.
Shuni aytish uchun u cholni qidirdi. U oshxonada ham, balkondagi hamishagi joyida ham ko‘rinmasdi. Bu yoqda yo‘lakda hamon suv ko‘llab yotardi. Kim yig‘ishtirib oladi? Har holda bu chilangarning ishi emas. U o‘zining vazifasini ado etdi. Bo‘ldi-da. Chilangar temir-tersagini sakvoyajiga joylab, eshik tomon yo‘naldi. Shu vaqt mehmonxonadan ovoz eshitildi:
– O‘g‘lim… Hoy… chilangar…

Chilangar sakvoyajini eshik oldiga qo‘yib, mehmonxonaga kirdi. Derazasiga nimdosh parda osilgan, gulqog‘ozlari sarg‘aygan xonada pastak kitob javoni va oldiga chog‘roq aylana stol qo‘yilgan eski og‘och divandan boshqa aytarli hech narsa yo‘q edi. Ajablanarlisi, xona beva ayolning uyiday ozoda, mebellar ham, pol ham til bilan yalaganday yaltirardi. Faqat oyoq ostidagi nochorgina gilam nam tortib qolgandi. Darvoqe, javonning barcha polkalari kitoblar bilan liq to‘la ekanligi kirgan odamning darrov e’tiborini tortardi.

Divanda ustiga aqalli choyshab ham yopmagan, kiyim-piyimi bilan yotgan chol uni ko‘rib o‘rnidan qo‘zg‘aldi. Shunda divan g‘ijirlab ketdi.

– Turmang, yotavering… – chilangar oshig‘ich kelib cholning yelkasidan avaylab tutdi, joyiga yotqizayotib yostig‘ini to‘g‘rilab qo‘yarkan xayolidan:”Jun tiqilganmi, namuncha qattiq?” degan o‘y o‘tdi.

– Sizni ovora qildim…
– Ovorasi bor ekanmi? O‘zingiz… durustmisiz?

Cholning ko‘rinishi bir ahvolda edi. Jiyaklari qizargan, shisha soqqaday yiltirab turuvchi ko‘zlari so‘niq, pastki lablari qovjirab, osilib qolgandi.

– Bizniki… endi shu-da… – cholning terisi bujmayib, sarg‘ayib ketgan yuzini ayanchli tabassum siypab o‘tganday bo‘ldi. Shu holida u qari va betob arslonni eslatardi.

Shundan keyin ikkalasi ham jimib qolishdi. Chilangar suhbatni qanday davom ettirishni bilmasdi, ko‘rib turibdi chol betob, buning ustiga qarovsiz… “Nima balo, yosh ma’shuqasi haydab yuborganmi?!” Chilangar xonaga ko‘z tashlarkan cholning shundoq tepasida, devorga osilgan portretni endi ko‘rdi. Zarhal ramkasi uniqibroq qolgan suratda oydin tunda, jilvador yulduzlar yog‘dusi ostida son-sanoqsiz chiroqlari porlab turgan ulkan kema bepoyon kengliklar sari suzib ketayotgani tasvirlangandi. Ufq ko‘rinmaydi, osmon va yer o‘rtasidagi chegara g‘oyib bo‘lgan, faqat chayqalgancha suzib ketayotgan yarqiroq kema atrofida beshik-beshik to‘lqinlar mavj uradi, go‘yo haqiqiy hayotga mutlaqo o‘xshamaydigan, afsonaviy, g‘am-anduhsiz olamga xos bo‘lgan allaqanday qudratli jozibadorlik kishini o‘ziga chorlayotgandek. Rasm ostiga mayda harflarda: “Yorqin kelajak sari” deb yozilgan so‘zni o‘qib chilangar ichida kulib qo‘ydi: Bunaqa hayotda muhtojlik, nochorlik, umidsizlik ne qilsin! Anavi kemadagilarga o‘xshab manavi chol ham podvallardagi zax ishxonalarni, ulfatchiliklardan o‘zini olib qochib yurishlar nimaligini bilmasa kerak. Rassom rosa xayolparast ekan-da, ol-a!..
Chol bo‘lsa uning odatdagiday savol bilan murojaat qilishini kutarmidi yoki gapirishga holi yo‘qmidi, har qalay kirtaygan ko‘zlarini qisib, zimdan chilangarga tikilib yotardi.

Chilangar dahvatan nima qilishi lozimligini anglab qoldi. Cholga hech nima demasdan xonadan tez yurib chiqdi-da, vannadan yelim tog‘ora bilan pollattani olib, ishga kirishdi. Baribir boshqa birov kelib bu ishlarni qilib bermaydi. Kuch-quvvatning borida yosh xotinlar ortidan yuguravermay, bola-chaqa orttirish kerak edi! Chilangar shu vaqtgacha o‘z uyida qilmagan ishni bajarayotganidan ichida o‘zidan g‘ijinardi, ammo ayni damda bundan boshqa yana nima ham qilishi mumkin?

– Amaki, choy ichvoling, – dedi chilangar hamma yoqni saranjom-sarishta qilgach, bir choynak choyni aylana stol ustiga qo‘yib, burchakdagi kursini divan yoniga surarkan. – O‘zingiz turolasizmi yo…

– O‘zim… – chol tirsaklariga tayanib o‘rnidan turib o‘tirdi. Keyin chilangarga eski qadrdoniga qaraganday mehr bilan nazar tashladi. – Hech munaqasi bo‘lmagandi… O‘n yildan beri yashayman shu uyda. Qo‘shnilar ham rosa hayron bo‘lishayotgandir?

– Hozircha insof qilib turishibdi shekilli, har qalay kaltak ko‘tarib chiqishmayapti, – chilangar kursiga joylashibroq o‘tirib olgach choy suzdi.

– Pastdagi qo‘shnim ancha insofli, lekin baribir noqulay bo‘ldi, – deb ming‘irladi chol. Keyin chilangar uzatgan choydan yuragiga o‘t tushganday tashnalik bilan ustma-ust ho‘plarkan, tomog‘idan suv o‘tayotgan quvurday “qult-qult” etgan ovoz eshitildi. Zum o‘tmay ikkinchi, uchinchi piyolani ham shunday tashnalik bilan bo‘shatdi-da, bir oz tin oldi.

Chilangar cholning ozib ketgan yonoqlariyu tirish bosgan bo‘yniga qararkan, xayoliga: “Bu bechora anchadan beri osh-ovqatsiz qolgan-ov”, degan o‘y keldi.

– Kartoshka-partoshka qovurib beraymi, amaki? Lekin o‘lay agar, shundan boshqasi qo‘limdan kelmaydi.

Cholning serajin yuziga sirli tabassum yugurdi:
– Boltadan borsh qilib beraman desangiz, mayli.

Chilangar maktab darsligidagi xasis kampir haqidagi ertakni esladi. Balo bu chol. Otam zamondan qolgan ertakni chilangar deyarli unutayozgandi, ammo cholning esdan chiqarmagani qiziq!
– Boltadan borsh bo‘lsa, borsh-da!

Chilangar oshxonaga o‘tdi. Oyoq ostidagi nimdosh sholchaning nam tortganini aytmasa, bu yer ham sarishta edi, sarg‘ish oshxona mebelining polkalarida katta-kichik idish-tovoqlaru qoshiq-sanchqilar tartib bilan taxlangan, kran jo‘mraklari ham joyidaydi. Barcha jihozlar eski, yetmishinchi yillarning tusini berib turardi. Faqat qoramtir gaz plitasi ustini andak chang bosgandi. Chilangar anchadan buyon oshxonada gaz yoqilmaganini, qozon qaynamaganini his qildi. Cholga achindi. Achinish barobar xayoliga: ”Nima balo, chol yaqin yigirma-o‘ttiz yil ichida birorta ham yangi narsa xarid qilmaganmi?” degan o‘y keldi.

– Yolg‘iz yashayotganimni ko‘rib hayron bo‘layotganingizni sezib turibman, – dedi chol tamaddidan keyin bir oz dadil tortib, chilangarga minnatdorlik bilan qararkan. – Birorta qarindosh-urug‘i yo‘qmikin, kelib munga egalik qilishmasmikin deb o‘ylayotganingizni ham shundoq ko‘zingizdan o‘qib turibman.

Chilangar choy quyib uzatdi.

– Har qalay yoningizda birov bo‘lishi kerak, deb o‘ylaganim rost…

– E, xavotir olmang! – dedi chol bu safar ancha dadillik bilan. Yana deng, ruscha lahjada. – Biz burungining odamimiz. Rezinkaday cho‘zilganimiz bilan qo‘rqmang, hali-beri uzilmaymiz… – chol bir zum tin oldi-da so‘ng uzr so‘rganday qo‘shib qo‘ydi: – Til baribir ketib qoladi-da. Bizning davrimizda rus tili ikkinchi ona tilimiz edi, ruscha gapirmaslik uyat hisoblanardi…

– Xursandman, – deb qo‘ydi chilangar zimdan cholning ingichka tortib qolgan gavdasiga qarab qo‘yarkan.

Chol yon-verini titkilab nimanidir qidira boshladi. Chilangar esa mahzun ko‘zlarida tanholigu g‘amginlikda o‘lishi mana-man deb bo‘y ko‘rsatib tursa-da, o‘zini hech qachon o‘lmaydigandek ko‘rsatayotgan bu cholga negadir birdan achinmay qo‘ydi. Tezroq bu yerdan chiqib ketishni istab qoldi.

Shu vaqt chol onasidan muzqaymoq uchun pul undirgan boladay xursandlik bilan xitob qildi:
– A-ha, bu yerda ekan-ku!

Chol yostiq ostidan topib olgan trubkasiga mehr bilan tikildi. Keyin yostiq ostini yana kavlashtirib, chog‘roq kulrang xaltachani qo‘liga oldi.

Chilangar uning paydor, ammo ayni paytda dir-dir tirayotgan qo‘llariga tikilib qoldi. So‘ng cho‘ntagiga qo‘l yuborarkan:
– Sigareta beraymi? – deb so‘radi.

– Yo‘q, shunisi ma’qul, – chol kulrang bo‘g‘ma xaltachani ochib, erinmay trubkasini tamaki bilan to‘ldirdi-da, chilangarni ham unutib, uni huzur bilan cheka boshladi. – Hozirgilar sigaretani ma’qul ko‘rishadi. Lekin menga o‘zimning trubkam yaxshi, – chol hafsala bilan tutunini burnidan burqsitib chiqardi. Keyin kayfini obdon badaniga singdirmoqchi bo‘lgandek gapdan to‘xtab, ko‘zlarini suzgancha ancha vaqt pag‘a-pag‘a tutun burqsitib o‘tirdi. – Bizning davrimizda buyam bir martaba edi-da! – Xalqa-xalqa bo‘lib aylanayotgan ko‘kish tutun orasidan ko‘zlarini qisib qarayotgan chol faxr bilan qo‘shib qo‘ydi.

– Bu chekishingizda eltib qolmaysizmi? – so‘radi chilangar.

– Mazasini bilmaysiz-da, bay-bay! Qulflog‘liq sandiqday biqsib yotgan ichingdan borini quvib chiqaradi.

– Tamakini qayerdan olasiz?

– Bir tanishim Urgutdan opkeb beradi, – chol xaltachani namoyishkorona silkitib sho‘xlik bilan kulimsiradi: – Tabiiy toza mahsulot!

Chilangar o‘rnidan turdi.
– Yaxshi qoling.

Chol unga nimadir demoqchi bo‘ldi, ammo gapirishga ulgurmadi, chilangar allaqachon eshikni ochib, o‘zini tashqariga olishga ulgurgandi.

– Ismingizni so‘ramoqchiydim… – degan xirildoq ovoz eshik tirqishidan o‘tib, chilangarning qulog‘iga chalindi. Ammo u parvo qilmadi, tez-tez yurib zinalardan tushib ketdi.

* * *

Keyingi vaqtlarda chilangar chol bilan avvalgiday o‘rindiqda bafurja o‘tirib uzoq-uzoq hangoma qilmasa-da, uchinchi qavatdagi xonadonda hali hayot so‘nmaganini uning deraza oldida trubkasi bilan paydo bo‘lib qolganidan bilib olardi. Ba’zida chol qo‘lida bir parcha latta bilan deraza oynalarini, romlarini artayotgan bo‘lardi. Lekin endi u avvalgiday barvasta ko‘rinmasdi, etlari shalvirab, qaddi bukchayibroq qolgandi. Faqat bir tuki ham kamaymagan oppoq sochlari hamon kepka ostidan bulutday hurpayib turardi. U odatdagiday choshgohga yaqin non uchun ko‘chaga chiqar, kirlarini dorga ilar, chinor atrofini erinmasdan ko‘zdan kechirardi. Lekin endi bu ishlarni u avvalgidan-da imillab bajarardi. Ayniqsa bir buxanka nonni qo‘ltig‘iga qisgancha do‘kondan qaytayotganida xuddi yaxmalakda yurgandek har bir qadamini avaylab, ehtiyotkorlik bilan bosardi. Chilangarning qo‘li ishdayu ko‘ngli alag‘da edi, u o‘tgan safar amal-taqal yamab qo‘yilgan quvurning bir kunmas-bir kun yana hunar ko‘rsatishini o‘ylab, cholga buni eslatib qo‘yishlikni o‘zining burchi deb hisoblardi-yu, ammo qunt qilmasdi. E, menga nima, truba uniki, qo‘shnining uyini suv bossa, bu uning muammosi, degan loqayd bir o‘y o‘rgimchak to‘riday miyasini chirmab qo‘ygandi. Axiyri kunlarning birida uning loqaydligi o‘z ishini qildi: eski truba yorilib, nafaqat cholning uyini, balki pastki qavatdagi qo‘shnining uyini ham suv bosdi. Ana endi ko‘ring tomoshani! Chol “insofli” atagan qo‘shni undan uyini ta’mirlab berishni, o‘zining kuchi yetmasa ta’mirga ketadigan pulni naqd sanab berishni talab qilar, aks holda sudga berishini aytib dag‘dag‘a qilardi. Cholning esa shusiz ham ahvoli tang edi. Endi nima bo‘ladi? Buncha pulni qayerdan topadi? Uyini sotadimi? Bir xonalik uyni sotsa o‘zi qayerda yashaydi? Balki bir vaqtlar haydab solgan ma’shuqasining oldiga bosh egib borar?..

Trubani-ku chilangar boshlig‘i bilan kelishib, shirkat hisobidan yangiladi, lekin bu bilan cholning ahvoli o‘nglanishiga ko‘zi yetmasdi. Bir kuni u choldan xabar olish uchun yo‘l ustida unikiga kirarkan, ichkarida bo‘layotgan gap-so‘zlardan qulog‘i teshilguday bo‘lib ostonada turib qoldi.

– Men bilmayman, uyimni remont qilib berasiz, dedimmi, qilib berasiz! Hademay qiz uzatadigan odamman. Shu ahvolda uyimga qanaqqib mehmon chaqiraman? A, qanaqqib?! O‘zingizni bir mening o‘rnimga qo‘yib ko‘ring!

– Singlim, tushuning, men bir pensioner odam bo‘lsam… Siz so‘rayotgan pulni qayerdan topib beraman?..

– O‘ynashingizdan oling! Yoshgina maruskalar bilan yetaklashib…

– O‘ynash?! Og‘zingga qarab gapir, hoy xotin. Xuddi… pora-pora qilib tashlayman! Pichoq… E, pichog‘im qani…

– Voy-dod!

Eshik taraqlab ochilib past bo‘yli, o‘pkaday qip-qizil bir ayol tashqariga otilib chiqdi va orqa-oldiga qaramay zinalardan yugurgancha tushib ketdi.

– Hu og‘zingdan qoning kelgur, sassiq chol! Uyimni rasvo qilgani yetmaganday, dag‘dag‘a qiladi-ya. Ko‘rsatib qo‘yaman senga odam so‘yishni! – endi ayolning shang‘i ovozi pastdan, o‘z eshigi oldidan eshitilayotgandi. – Topgan-tutganini o‘ynashlariga sarf qila-qila, endi alamiga chidolmay…

Chilangar o‘zini ichkariga olib eshikni yopdiyu, qulog‘i tinchidi.

– Yo parvardigor, bu xotinlar bunchalar yaramas bo‘lsa! Naq xonumoningni kuydiradi-ya! Nahotki ular meni shunchalar palid, iflos odam deb bilishsa?! – xona o‘rtasida abgor holda turgan chol yuragini ezib, ko‘nglini vayron qilayotgan nafratini bosolmay, o‘zini qo‘yarga joy topolmayotgandi.

– Bitta ahmoq xotinni deb joningizga javr qilmang, – chilangar uni qo‘ltig‘idan olib xonaga boshladi.

– Men yana bunga… – hamon qattiq hayajonda bo‘lgan chol gapirolmay qoldi.

Chilangar uni divanga o‘tqazdi, choy damlab keldi.

– Bilasizmi, u qanaqa yulg‘ich xotin! – chol biroz o‘tib o‘zini bosib olganiga qaramay nafratomuz ijirg‘anishni bas qilmasdi. – Uyiga suv o‘tgani rost, lekin u, bilasizmi, mendan qancha pul so‘rayotganini?! – chol ko‘zlarini chaqchaytirgancha unga qattiq tikildi. Chilangar xijolatdan bezovtalandi, u mana shunday og‘ir holatda ham insonlarning yuragidan yaxshilik arimasligini istaydigan odamlar toifasidan bo‘lganidan halidan buyon cholga do‘stona nazar tashlab turgandi.

– Otning kallasiday pul so‘rayapti. Bunaqa pulga bir emas, ikkita uyni boshdan-oyoq ta’mirlash mumkin!

Tashqaridan qadam tovushlari eshitildi. Kimdir shoshilgancha zina pillapoyalaridan chiqib kelardi.

Chol kutilmaganda jimib qoldi. Tashqariga diqqat bilan quloq tutarkan hatto qarashlari muloyim tortib, bir lahzada mo‘min-qobil cholga aylandi-qoldi.

– Ana, keldi! – dedi u qo‘lini ko‘tarib tashqariga imo qilarkan. – Keldi. Tez borib eshikni ochmaysizmi, nima qilib o‘tiribsiz baqrayib?!

Cholning oxirgi buyruqomuz so‘zlari diliga andak og‘ir botgan bo‘lsa-da chilangar sezdirmadi, kim kelganiyu nima uchun kelganiga tushunolmay, borib eshikni ochib qo‘ydi. Endi iziga qaytmoqchi bo‘lib burilgan ham ediki, zinapoyalardan harsillagancha chiqib kelayotgan yosh ayolning qadam tovushlari eshitilib taqqa to‘xtab qoldi.

– Uyda… birov bormi? – eshikdan bosh suqqan sariq sochli, birov qattiqroq chertib qo‘ygandek burnining uchi to‘mtoq, chuqurchasi bor iyagi ingichka, luchchak shaftolidek bejirim ayol jur’atsizlik bilan ichkariga nazar tashladi. Yo‘lak o‘rtasida turgan chilangarni ko‘rib begonasiradi, lekin zum o‘tmay begonasirash g‘oyib bo‘lib, moviy ko‘zlari xavotirli boqdi: – Otamning tobi qochib qoldimi?

– Yo‘q… Ha… Biroz… Lekin ahvoli unchalik emas…

Ayol to‘pig‘i baravar uzun shifon yubkasini hilpiratgancha uning yonidan o‘tib mehmonxonaga kirdi.

– Gul-no-o-za! – divanda o‘tirgan chol qo‘llarini oldinga cho‘zib, shunday intiqlik bilan qichqirib yubordiki, chilangar g‘alati bo‘lib ketdi.

– Dadajon!

Ayol engashib otasining yelkasiga boshini qo‘ydi.

Chilangar og‘ir bir yukdan xalos bo‘lganday yengil tortdi va sekin tashqariga chiqib eshikni yopdi…

* * *

Oradan ikki-uch hafta o‘tdi.

Yozning so‘nggi kunlari edi. Qo‘g‘irchog‘i suvga oqib ketgan qizaloqday ko‘z yoshlari mijjalarida qalqib turgan kuzoyim to‘qiyotgan tivitsimon bulutlar dunyoni to‘ldirib, o‘rab olmoqchiday asta-sekin shahar osmonida kezar, havoda ko‘z ilg‘amas mezon momiqlari uchardi. Yo‘lkalar chetida keta-ketguncha, burimlardan burumlargacha kuzgi gullar tizilishgan, tarvaqaylagan hojirayxonlaru atirgullarning kumushday yarqiragan munis yaproqlari yaltirar, ayniqsa kun bo‘yi ko‘zlarini yumib olgan namozshomgullar kech kirishi bilan osmonga otilgan mushakdek rango-rang tovlana boshlardi. Sarrin shabada rayhonu atirgullar uzra charx urib, atrini atrofga tarata boshlaganda hovlilar yoqimli iforlarga to‘lib ketardi.

Chilangar tanish uy oldidagi quduqda suv quvurlarini ko‘zdan kechirayotgandi: kuzga tayyorgarlik. Kech tushib qolgan, ammo ufqqa bosh qo‘ygan quyoshdan barkashdagi olovdek yallig‘ taralib turganidan havo dim, quruq, nafas olib bo‘lmasdi. Odatda, yog‘ingarchilik oldidan havo shunaqa dim bo‘ladi.

– Chilangar… Hoy, ishlayotgan sizmisiz?..

Chilangar quduqdan boshini chiqardi. Na atrofda, na tepada odam qorasi ko‘rinardi. “To‘rg‘ayga o‘xshab ovozi boru o‘zi ko‘rinmayotgan kim bo‘ldi?..” Chilangar qaytib ishi bilan mashg‘ul bo‘larkan, tepadan tag‘in boyagi ovoz eshitildi. Chilangar sakrab quduqdan tashqariga chiqdi.

– Chilangar… Uka…

Chilangar endi fahmladi. Ovoz uchinchi qavatdan eshitilayotgandi. Ammo cholning o‘zi qani?! Chilangar ishlarini bitirgan edi, lash-lushlarini jomadoniga joylab, to‘g‘ri eski tanishining uyiga yo‘l oldi.

– Vaqtingiz bemalol bo‘lsa… Meni tashqariga, toza havoga olib chiqing, iltimos… – dedi u kirib borganida hamishagi divanida yotgan chol. – Faqat rostini ayting, malol kelayotgan bo‘lsa…

– Xijolat bo‘lmang, – javob berdi chilangar va gapni cho‘zib o‘tirmay cholning o‘rnidan turishiga yordamlasha boshladi. – Balki tamaddi qilib olarsiz? – so‘radi chilangar xonadan chiqayotganlarida birdan esiga tushib qolganday taqqa to‘xtab.

– Qornim ochmas, – dedi chol. – Har qalay yomon qo‘shnilar qarab turishibdi.

Ular yetaklashib tashqariga chiqqanlarida allaqachon qosh qoraygan, simyog‘ochlar tepasidagi chiroqlar atrofida vizvizaklar aylanardi.

Ular biznesmen ayolning eshigi qoshidagi o‘rindiqqa kelib o‘tirishdi.

– Men… qizingiz bilan ketgansiz deb o‘ylab yuribman, – dedi chilangar.
– Qizim ekanligini bilganmidingiz?
– Bilmasdan nima, xuddi o‘zingiz-ku.

Cholning yuzi yorishdi.

– Qizim molodes. Anavi iflos xotinni shunday tinchitdiki, oqibatda, u menga qilayotgan da’vosidan voz kechib, yana o‘lgunimcha issiq-sovug‘imdan xabar olib turadigan bo‘ldi. Lekin men baribir u bilan ketmadim… – cholning yuzida ayyorona tabassum o‘ynadi. – Sizlarga ortiqcha tashvish bo‘laman. Meni qo‘y. O‘zingni, bolalaringni o‘yla. Yaxshi yashashga harakat qil, deb aldab-suldab jo‘natvordim. Hi-hi…

– Kuyovingizdan…

– E, gap undamas. Kuyovim to‘rvasini teshgan sichqonga ham indamaydigan odamlardan. O‘zim… borgim kelmadi.
– Qiziq.

– Nimasi qiziq?! – chol boshini orqaga tashlagancha uning ko‘zlariga tik qaradi. Chilangar uning aynan mana shunday, sizlar nimaniyam tushunardingiz, deganday qarashiga dosh berolmadi. – Ayting, nimasi qiziq?!

– Har qalay… – chilangar qizingiz bilan munosabatingiz qandayligini bilmadim-u, lekin bu har qalay yolg‘izlikda o‘lgandan ko‘ra yaxshiroq-ku, demoqchi bo‘ldi. Ammo birdan gapirgisi kelmay qoldi.

Chol bo‘lsa hamon unga qarab turardi, hadeganda chilangardan sado chiqavermagach boshini burdi, ammo zum o‘tmay ichida borini aytishga ahd qilgan odamday unga qarab gapira boshladi. Lekin endi butunlay boshqa narsalar haqida.

– Hecham uyga kirgim kelmayapti, – dedi u. – Qaniydi yosh bo‘lsang, shahardan chiqib uzoq-uzoqlarga ketsang, dalalarda ko‘kragingni keng ochib yugurib yuraversang, yuraversang…

Chol jimib qoldi. Chilangar uni toliqdi deb o‘ylab, uyga kirish taraddisiga tushdi. Shu payt chol yana tilga kirdi:

– E, beton polli uylar shunday jonimga tegdiki, o‘zimizning jaydari tuproqli uyimizni qo‘msayman… Onam ikkimiz yashagan uyni… Uy emish, qayoqda… shunchaki tomi qamish bilan yopilgan bir kulba edi. Lekin shunday qo‘msaymanki… qo‘msaymanki…

Borliqqa shom qo‘ndi. Ko‘cha chiroqlarining yorug‘ida qoramtir soyasi yanada ulkanlashgan chinorning tepadagi barglari asta-sekin hilpiray boshladi, keyin pastdagilari titrashga tushdi. Sal o‘tib salqin shabada esib, tivit bulutlarning etagi titila boshladi. Sokin tun kishi xayolini olib qochgudek sirli edi. Chol o‘rindiqqa bor gavdasini tashlab, yuzini shabadaga tutib, go‘yo ertaga bunaqa tun bo‘lmaydigandek, bo‘lsa ham unga bunday yayrab o‘tirish nasib qilmaydiganday ko‘ksini to‘ldirib-to‘ldirib nafas olar, qorong‘u bo‘shliqqa sassiz nazar tashlardi.

Bir mahal biznesmen ayolning derazasidan qattiq-qurum gaplar eshitila boshladi.

– Qachon uyda o‘tirasan xotinga o‘xshab?! Nima, men sen uchun tekin uy qorovulimanmi?

– Yana ichib oldingizmi?
– Ichaman, ishing bo‘lmasin!

– Ha, xo‘p, bo‘lmasa tirikchilikni o‘zingiz bo‘yningizga oling. Men uyda o‘tiraman!

– Men halol odamman! Savdo-sotiq mening ishimmas!

– Tushunmadim… Bu bilan nima demoqchisiz? Siz halol odamu men… o‘g‘ri-kazzobmanmi?

– O‘g‘ri-kazzobdan ham battar! Fohisha!
-Nim-ma… Yo‘qol! Yo‘qol, dedim! Ko‘zimga ko‘rinma…

– Mana, mana shu-da… Men bir og‘iz gapirsam…

Birdan janjal avjiga chiqdi. Nimadir taraqladi, gursilladi, sindi… Shovqin-suron, qarg‘ish, do‘q, iddaoli so‘kinishlar orasida ayolning ovozi goh chiyillab ketar, goh xirqirab bo‘g‘ilib qolardi. Kutilmaganda janjal qanday tez boshlangan bo‘lsa, shunday tez tugadi. Uy birdan suv quyganday jim-jit bo‘lib qoldi. Bir ozdan keyin deraza ortidan ayol kishining yig‘isi, iddaoli yig‘isi eshitildi…

Chol betoqatlandi. Vahima-arosat ichida chilangarga yugurik nazar tashladi, so‘ng deraza tomonga burilarkan gavdasi xuddi otilishga tayyor po‘lat prujinaday cho‘zildi, yuzi lovullab ketdi.

– Turing, ketamiz, – dedi chilangar.

Chol nimadir demoqchi bo‘ldiyu gapirolmadi, kutilmaganda ildizi chirt-chirt uzilib, asta-sekin qulayotgan daraxtday bir tomonga og‘a boshladi.

Chilangar shoshib qoldi…

* * *

Keyingi kunlarini chol to‘shakda o‘tkazdi. U turishga holi bo‘lmaganidan xonaga odam kirganini ham payqamaydigan darajada behush, holdan toygan, bemajol bir alfozda hamma narsani unutib qo‘yganday chuqur o‘yga tolgancha shiftga tikilib yotardi. Avvalgidan-da ozib ketgandi, rangida rang qolmagan, ko‘zlaridagi nur kundan kun so‘nib borardi.

Qizi keldi. Lekin qaysar chol u bilan ketishni xohlamadi. Qizini shu yerda qolib o‘ziga qarab turishiga ham ruxsat bermadi. Oxirgi kelganida qattiqroq gapirib yubordi chog‘i qizi ketayotganida yig‘ladi. Buni ko‘rgan chilangar ichida cholni yozg‘irdi: Jonini huzurini bilmagan banda!

– Men o‘zimning tinchimni o‘ylab uni olib qolsam, u yoqda erining holi ne kechadi? – chol tushuniksiz bir alfozda zimdan tikilib turgan chilangar hech narsa demsa-da unga qarab tushuntira ketdi. – Eri nogiron. Sakson uchinchi yilda ikkala oyog‘iniyam afg‘onga tashlab, o‘zi g‘irt tentak bo‘lmasayam beriroq bo‘lib kelgan. O‘sha vaqtda bitta qizchasi bor edi. Ko‘zingni chirt yum-da, shartta ajrash dedim. Qayoqda! O‘laman-qolaman deb turib oldi…

Bir kuni chilangar xabar olgani kirganida cholni bo‘yniga galstuk bog‘layotgan holda ko‘rdi. Egnida eski fasondagi, ohori ketgan, lekin juda o‘xshatib dazmol urilgan kostyum-shim, qo‘ltig‘iga allaqanday qalin daftarni qisib olgan…

–O‘rtoq Xudoyqulov, – dedi u qizg‘inlik bilan. – Bo‘ling tez, majlis boshlanyapti! Nega qaqqayib turibsiz, kech kelganingizga yarasha… aytganday, sizga familiyangizni o‘zgartirish haqida ogohlantirish berilgandi-a?

“O‘rtoq Xudoyqulov” bir necha soniya ag‘rayib turib qoldi, keyin nimadir miyasiga urdi. G‘alati bo‘lib ketdi. Bu tuyg‘u shu vaqtgacha his qilganlaridan, sezganlaridan boshqacha, butunlay boshqacha, og‘ir va iztirobli bir tuyg‘u edi. “Shuncha uzoq yashash shartmidi? – o‘yladi u cholni majlis alalqachon tugaganiga ishontirib, tinchlantirarkan. – “O‘rtoq Xudoyqulov”mish!..”

Chilangar cholning qiziga qo‘ng‘iroq qildi.

– Hech qanday kasali yo‘q, – dedi ertasi kuni qizi yuborgan doktor uni ko‘zdan kechiarkan. – Shunchaki… u umrini yashab bo‘lgan! Endi o‘lishi kerak. Agar bor bo‘lsa, qarindoshlariga xabar beravering.

Doktor kechgach, cholning pastdagi qo‘shnisi – o‘pkaday qip-qizil ayol quyunni boshlab keladigan qora bulutday qovoq solib kirib keldi. Qo‘lida jimitday kastryulka.

– Sho‘rvani o‘zingiz ichirasizmi… – ayol qoshlarini chimirib, sovuq qaradi.

Chilangar chol yotib qolganidan buyon qo‘shni ayolning o‘ziga boshqacha nazar tashlab yurganini sezardi. Ammo tagiga yetolmay halak edi.

– Qo‘yib ketavering.

Ayol iddao bilan stol ustiga kastryulkani qo‘yib, eshik tomon yurdi.

– Rahmat.

– Muncha seriltifot bo‘lmasangiz?! – yo‘lakka chiqqan ayol shart burildi, ko‘zlarini chaqchaytirib, birdan zahrini socha boshladi. – O‘zingizcha cholga mehribonlik qilib, uyga egalik qilmoqchimisiz? Bilib qo‘ying, uy meniki! Bus-butunicha meniki. Chol mening uyimda ijarada turadi!

Chilangar ayolga qattiq tikilgancha ko‘cha eshikni ochdi. Keyin:
– Uyingiz o‘zingizga buyursin, – dedi past ovozda ilonday vishillab. – Lekin chol o‘lgunicha bu uyga qadamingizni bosmang! Eshitdingizmi?!

Rang-quti o‘chgan ayol yoqasini tutamlagancha pastga yugurdi.

– Bularning bari bir go‘r, – shang‘illadi u pastda turib. – Siylaganni sigir bilmas deganlari shu-da!

Chilangar xonaga qaytib kirganida chol kaftini yozib unga diqqat bilan tikilib yotgandi. Chilangarga qarab negadir jilmayib qo‘ydi, qarashlari tiyrak va andak xijolatli edi. Aftidan u mojaroni eshitgandi.

– Men… aytishim kerak edi… – dedi u hech qachon betob bo‘lmagan odamday o‘rnidan turib o‘tirarkan. – Balki… siz… umidvor bo‘lib… Axir hozir ko‘pchilik shunday qiladi-ku…

– Ijarada turishingizni bilmagan ekanman, – rostiga ko‘chdi chilangar divan yonidagi kursiga cho‘karkan. – Lekin men hech narsadan umidvor bo‘lmaganman. Bo‘lmayman ham!

– Uyim bor edi, – chol uyalganday bo‘lib yuzini devor tomonga burdi. – Qizimga qoldirganman… O‘zlarining bir xonaligiga menikini qo‘shib, uch xonalikka almashtirib olishdi.

– To‘g‘ri qilgansiz.
– Rostdanmi?
– Albatta.

Chol qo‘lini uzatdi. Chilangar uning terisi salqigan qo‘lini qo‘liga olib siqib qo‘ydi.

– Qizimga ota kerak bo‘lgan vaqtda tashlab ketganman, – dedi chol bir payt ko‘nglini yorib. – Endi uyalaman… lekin o‘zim istab tashlab ketmaganman, yo‘q, yo‘q… Endi borsam yaxshi emas!

Chilangarning yana ajinasi qo‘zidi: “Nimasi yaxshi emas? Ijaraxonada birov kelib bir piyola choy tutarmikin deb eshikka ko‘z tutib yotgan yaxshimi?!” demoqqa og‘iz juftladi, ammo chol gap jilovini ilib ketdi:

– Xotinim ijroqo‘m raisining xotin-qizlar masalasi bo‘yicha o‘rinbosari, men uy-joy boshqarmasi boshlig‘i bo‘lganman.

O‘zim odamlarni uy bilan ta’minlovchi bo‘lsam-da, u vaqtlarda shaharda o‘z uyimiz yo‘q edi. Shunday qilmasak bo‘lmasdiyam-da. Aslida bizga ham uy kerak. Ijarada yashash jonga tekkan! Lekin avval odamlarni ta’minlash kerak. Xalq dardi bilan yashash kerak deb hisoblardik va… va biz xo‘jako‘rsinga… e, nima desam ekan… ha, topdim, biz xuddi ochko‘zligini bildirib qo‘ymaslik uchun o‘lib-tirilib o‘zini pulga qaramayotganday ko‘rsatayotgan qari qizday, jon-jahdimiz bilan o‘zimizni halol va pok ko‘rsatishga tirishardik. Bittagina o‘g‘limiz bor edi. Ertayu kech ijara uyda yolg‘iz qoladigan bolam boyoqish chaqaloqligidan juda nimjon bo‘lib o‘sgandi. Bir yilgi qattiq kelgan qishda o‘pkasini shamollatib qo‘yib… Xotinim boshqa bola ko‘rmadi. Keyin… – chol bir zum tin oldi. – Keyin men boshqasiga aylanishib qoldim. Qo‘l ostimda ishlaydigan mallasoch bittasiga. U menga qiz tug‘ib berdi. Lekin ko‘p o‘tmay ular bilan ajralishga to‘g‘ri keldi. Xotinim ustimdan yozib bergan ekan, yuqoridagilar bir pasda oyog‘imni osmondan qilib tashlashlariga sal qoldi. U vaqtlarda bunaqa ishlar kechirilmasdi-da. Shartta partiyadan o‘chirib, asfalasofinga jo‘natib yuborishlari hech gapmasdi. Bir amallab qutildim. Faqat bir shart bilan, ikkinchi oilamdan voz kechishim kerak edi. Shunday qildim. Partbiletdan ayrilgandan ko‘ra… shunisi osonroq… – Chol jim qoldi. Bu gal ancha sukut saqladi. So‘ng chuqur xo‘rsiniq aralash dedi: – Xotinim baribir kechirmadi. O‘ziyam kuyib-kuyib o‘lib ketdi… O‘sha vaqtlarda yuzimni sidirib tashlab borganman… bularning oldiga… lekin bunisi o‘qlov bilan haydab solgan… Ana shunaqa!

– Har qalay… farzand ekan, qizingiz tashlab qo‘ymabdi-ku…

– Ha, tashlab qo‘ymadi, – dedi chol gunohkorona iljayib. – Kuyov asabiy bo‘lgani bilan mening hurmatimni juda o‘rniga qo‘yadi. Lekin men baribir ularnikiga borib yashashni istamayman. Chunki… – chol ovozini pasaytirdi, deyarli shivirlaguday bo‘lib dedi: – uni ko‘rdingiz-ku, ismini aytmasangiz, o‘zi g‘irt o‘ris. Onasiyam men bilan turmush qilib bir og‘iz ham o‘zbekchani o‘rganmagan-da! Men bo‘lsam… bu yog‘i o‘rischasiga bo‘lishini istamayman… Bori shu.

Chilangar o‘yga toldi. “Oxirida beklik qalbi uyg‘onib qolibdi-da,” degan o‘y lip etib o‘tdi xayolidan.
– Xo‘sh deganigizdan bilsak… – chol nursiz ko‘zlarini unga tikib kulimsiradi. – Bitta chektirasizmi?

Chilangar uning trubkasini tamakiga to‘ldirib berdi. Chol uni qiynalib og‘ziga olib bordi. Keyin ko‘zlarini yumgancha huzur bilan uzoq, bosib-bosib chekdi.

– Baraka toping, – chol qadrini yerga urmay, yaltoqlanmay, samimiy minnatdorlik bildirdi.

Pastdan mashina to‘xtagani eshitildi.

– Safardan qaytdi-yov, – deb qo‘ydi chol tashqariga diqqat bilan quloq tutarkan. Chilangar unga savol nazari bilan tikilib turganini ko‘rib qo‘shib qo‘ydi: – Biznesmen xotinni aytyapman… Ha, aniq o‘sha. “Prado”ning motor ovozi shunaqa-da…

Chilangarning yuziga tabassum yoyildi. “Choli tushmagur-yey!” deb qo‘ydi ichida. Shu vaqt chol kitob javonining pastki eshigiga ishora qilib dedi:

– Shu yerni oching. Bir nima bor.

Chilangar ko‘rsatilgan joydan kattagina tugunni oldi.
– Oching.

Chilangar tugunni ocharkan, xuddi antiqa bir narsadan hayratga tushgan odamday xitob qildi:
– E-ha, zo‘r-ku!

– Ketar chog‘im… shuni yopinib ketsam devdim…

Chol mayda, jimjimador qaviqli paxtalik qora to‘nga ko‘zlarini tikdi.

Chilangar uning nima demoqchi bo‘lganini tushundi. Mo‘rt stakanga qaynoq suv quyilgandek, ichi qisirlab ketdi…

09

(Tashriflar: umumiy 1 130, bugungi 1)

Izoh qoldiring