Устоз шоир Рауф Парфи таваллуд топган кун олдидан
Шоир ҳаёти сатрдан бошланади, шеърида тажассум топади. Коинот мангулигига таққослаганда инсон умри йилт этган ёруғ бир сония. Ижодкор ана шу сонияга коинотни – мангуликни сиғдирмоғи лоим. Ижодкор интернационал шахс, у ўз халқи ва башарият кечмиш-кечирмиши билан яшайди. Шеър – ижтимоий кечинмалар кўзгуси. Шу сабабли шоир кўнгли дунё мазмунини ифодаловчи сўзга тенг туради.
Аҳмад АЪЗАМ
КУНДУЗНИНГ РАНГИ
Tаассурот
«Букун кечди. Қуюлди оқшом….»
Хона. Деразадан нотаниш тун қарайди. Таҳдид билан, кўз узмай тикилади. Столдаги чироқ қоғозга ҳайрон термулади. Қилт этмай турган деворлар сокинлигида аллақандай ҳадик.
Соатнинг кўзида Вақт парчинланган.
Нотинч руҳда билгисиз туйғулар кезинади.
Жим. Борлиқ жим. Фақат кўкракда юракнинг безовта дукури. Дарғазаб муштоқлик.
… Кўнгилда чўкиб ётган Сўз қалқийди. Қоғозга изтироб тирқирайди:
Бўрон, дўстим, нечун жимсан,
Нечун жимсан, Чақмоқ укам,
Синглим Сукунатнинг қошида?
Сўзлар қоғозга оғир ботади, залворидан сатрлар майишиб кетади. Туйғулар сатрларда кўзёшдек сизийди. Азоб! Қоғоз – оқлиқ, у – тоза. Сўз – муқаддас. Виждон розини қоғозга кўчириш, Сўз билан юзма-юз мулоқот – азоб.
Ҳар куни ҳузурингга келаман,
Ўлтираман соатлаб,
Сен мени тушунишинг керак, чинор.
Дунёнинг азим-азим чинорлари бор. Улар қуёшга яқин юксакликда шовуллайдилар, юксакликка чорлайдилар. Улар соя ташламайди, нур сочади. Кўнгил дунё қадар кенг – бу чинорлар кўнгилнинг маҳобатли машъаллари.
Нафасини ичига ютиб юборган ҳаво
Дим.
Нафасини ичига ютиб юборган
Паблосиз.
Бугун танҳо ҳасрат. Шоир ва Дунё.
Сўз йўқ Сўзга.
Осмон тошиб кирар кўзга, сиғмас кўзга,
Пабло.
Бу буюк ҳасратнинг мазмуни ўзга, Пабло.
“Қайғунинг қора суврати” – марсия. Ранглар ҳазин, лекин хаста эмас. Сатрларда ҳасрат ҳайқиради. Қудратли оқим бўлиб гупиради. Бу улкан, жаҳоний ҳасрат. Уни кўкракда сақлаб бўлмайди. Уни кўнгилга кўмиб ташлашнинг иложи йўқ. У юракнинг бир парчасини юлиб кетади. Бундай пайтда илҳом завқ-шавқ эмас, у – оғриқ. Шоир кўксига чирмашган оғриқни қоғозга туширмагунча, сатрларни ингратмагунча нажот топмоғи душвор.
Ингроқ қоғозда оҳангларга бўлинади, баравж куйда суратланади. Шу куй долғаларида юрак тинчийди, дард бир қадар осойишта кечади.
Шоир ҳаёти сатрдан бошланади, шеърида тажассум топади. Коинот мангулигига таққослаганда инсон умри йилт этган ёруғ бир сония. Ижодкор ана шу сонияга коинотни – мангуликни сиғдирмоғи лозим. Ижодкор интернационал шахс, у ўз халқи ва башарият кечмиш-кечирмиши билан яшайди. Шеър – ижтимоий кечинмалар кўзгуси. Шу сабабли шоир кўнгли дунё мазмунини ифодаловчи сўзга тенг туради.
Мутолаа. Хаёл дунё кезади. У шеър бўлиб туғилади, аста-аста ўсиб, йиғилиб китобларга айланади: “Карвон йўли”, “Акс-садо”, “Тасвир”, “Хотирот”…
Сатрларнинг ўтли изларида Рауф Парфининг сурати чизилади – шахсидан кучлироқ, юксакроқ, дунёни ўйлайдиган, фаол виждонли. Сўз билан юзма-юз қолганда бардошли, ўзига бешафқат шоир – граждан сийрати.
Шеърлар айрим ўринларда тасаввурни хиралаштириб, ясама ташбеҳлари билан дилга ўрнашмайди, онда-сонда Рауф Парфининг портрети анча хира тортади. Майли, Одам ҳамма вақт кучли ҳиссиётлар оғушида яшамайди-ку ахир.
Ўқиган сари кундалик ташвишлар унутилади, шеърлар ўз ҳасрати билан кўнгилдаги ўткинчи ғуссалар ғуссалар ғуборини сидириб олади.
Вақт эркин оқади. Юрак дукури унга ҳамоҳанг бўлиб кетади. Сукунат — оҳангларга тўла. Қоғозда – Ватан йўғрилган кўнгил. Тун энди тунд тикилмайди, у таниш:
Оғушига олар кундузни
Кундуз каби ёруғ бу кеча…
1978 йил
Рауф ПАРФИ
ШЕЪРЛАР
БЎРОН, ДЎСТИМ НЕЧУН ЖИМСАН,
Нечун жимсан, Чақмоқ, укам,
Синглим Сукунатнинг бошида?!
ВУЖУДИМ ЯЛЛИҒЛАНАР НАФАСИНГДАН,
Сен шундай яқинсанки жон қадар, ахир,
Барибир сени соғинаман, севгилим.
МЕН СЕНИНГ КЎЗЛАРИНГГА ҚАРАЙМАН,
Сен ўзгаларга.
Кимнинг кўзларидан излайсан мени?
СЕН ТОПГУНГА ҚАДАР,
Қандай яшадим мен?
Наҳотки, яшадим?
СУВЛАР НЕ ДЕБ ЖИЛДИРАЙСИЗ?
Не деб шивирлайсиз, саболар?
Сен-да бераҳмсан, Бойчечак.
ХАЁЛ ОЛИБ КЕТАР ЙИРОҚЛАРГА,
Кўз илғамас ёқларга олиб кетар.
Ўзига қаттиқ ишонар хаёл.
ХАЁЛ ОЛИБ КЕТАР ЙИРОҚЛАРГА,
Яна олисларга бошлар бешафқат
Олис у йўлларнинг хаёли.
ДАРАХТ ШОХЛАРИДА СИЛКИНАР
Кузнинг яйдоқ, сариқ шамоли.
Чирқирар бир қушча.
ЧЎКМАКДАМАН СУВЛАРГА.
Кўкларга чўкмакдаман,
Ўпмакдаман қуёшнинг оёғин.
КЎНГЛИМГА ҚИЛ СИҒМАС,
Сен эса бундай ширин,
Сен эса бундай улкан.
ҚАЙДАДИР КЎРГАНДИМ МЕН СЕНИ, ДАРАХТ,
Исиб кетди кўзим, омонмисан, ҳей.
Суюб эркалади қўлларимни у.
КЎЗЛАРИНГ СЎҚИРМИ, ТУН НИМА БЎЛДИ,
Бу ҳолда бировни босиб оласан,
Мана гугурт, ёндириб ол кўзингни.
1. БИР АҚЛЛИ-ЕЙ МАНА БУ ҚУРМАҒУР,
Бир чиройликки мана бу,
Булар ҳам туғилганмикан?
2. Чарс-чарс ёнавер, нимжон олов,
Қўлларимни қалайман,
Бегона эмасмиз ҳар қалай.
3. Мен сени севаманми? Билмайман.
Сен мангулик нафассан —
Билмайман, деган.
4. Оғзимга энг хушбўй ҳаволарни тўлдириб
Йиқилиб, туриб чопаяпман
Сен томон, жоним.
5.Ҳар кун ҳузурингга келаман,
Ўлтираман соатлаб
Сен мени тушунишинг керак, Чинор.
1. ДАФЪАТАН ЁМҒИР ЁҒАР, ТИНАР ДАФЪАТАН,
Дафъатан ер йиқилиб тушса,
Наҳот шу қадар душман — дафъатан сўзи.
2. Товушларнинг рангига қаранг,
Қаранг тез рангларнинг товушига,
Бу шўрлик ой ҳам шоирми дейман.
3. Мўлтираб қараб турибсан, қушчам,
Нега бундай қарайсан,
Барибир менга ишонмайсан-ку.
4. Ой, нурларингни йиғиштириб ол,
Қора пардангни ташла юзингга, тун,
Мен ёрим-ла видолашгали келдим.
5. Куйган дарахт бўйнига осилар,
Оқ булут, оппоқ булут,
Йиғлагали кетар кейин.
1. МЕН ҲАММАСИНИ ЧИНДАН АЙТДИМ, ЭҲ, СИЗЛАРИМ,
Сиз нафасни мендан қизғандингиз-а?
Қолганини балиқлар айтсин.
2. Хиралашиб борар кундузнинг ранги,
Ой ҳам кулар мендан беҳаё, беҳис,
Кундузнинг рангини сўриб олган у.
3. Дарахт шохларида силкинар
Кузнинг яйдоқ сариқ шамоли.
Чирқирар бир қушча.
4. О, хаёлнинг йўллари олис,
Яна олисларга бошлар бешафқат.
Олис у йўлларнинг хаёли.
5. Сен келмассан, келмассан энди,
Аччиқ томчи ёшга айланиб
Кўзимда айланар қўрғошин қуёш.
1. ОСМОН ШУ ҚАДАР ТОЗА, РАҲМИНГ КЕЛАДИ,
Узоқ қараб туролмайман, бевафо,
Сенинг сувратингга тўлар қорайиб.
2. «Воҳ жоним, воҳ жоним», деб ҳирқирар
Деразамнинг ортида шамол,
Юлиб ташласам эдим жонимни қани.
3. Қор ҳиди димоққа урилди,
Ухлайди шамолнинг қўйнида
Баргларини тўкмаган райҳон.
4. Ҳайҳотдек тун ичра бир ўзим,
Юлдузларнинг нурлари оғрир
Кўзларимга кириб санчилиб.
5. Тўхта, Виждон, қаёққа кетяпсан,
Қайга қочяпсан бевафо хотин каби,
Ҳаққинг йўқ, бир ўлим ҳақ хиёнат учун.
1. ТОНГ САҲАРДАН ЎЛТИРИБСАН ДАРЁ БЎЙИДА,
Бир фикрга келмадингми? Айт. Аёл.
Йўқса кеч бўлади, қуёш сўнади ҳозир.
2. Тўкилди умидимнинг баҳори,
Бўғизланган гулдаста бўлиб,
Сенинг оёғингга йиқилдим.
3. Юлдузларнинг аччиқ нурларига чирмашар,
Юлар ойнинг намхуш сочларини
Фалакка термулиб қолган кўзларинг.
4. Овозингни ўпарман, севгилим,
Кўзларимга кириб музлаб қолар овозинг,
Йўқотув ҳиссини туяр кўксим сирқираб.
5. Бу қандай оролдир, осмон кўринмас,
Бу қандай дарёдир, кўринмас соҳил.
Биз шу қадар ночормиз, эҳ, севгилим.
1. ЕР ЎЗ ЎҚИДАН АЙРИЛАР, ИНОН,
Инон, осмонидан айрилар қуёш,
Агар биз айрилсак.
2. Тирнайдир сочларингнинг тароғи,
Кўзларингнинг сурма суйи заҳарлар,
Лабингдаги ўқни нечун сақлайсан?
3. Йўқлик бир армондир, армон — бир йўқлик,
Армондан иборат борлиқ ва лекин
Ерга чўккан осмон менинг армоним.
4. Жигар-бағримга тўлди ушбу сўзлар,
Ушбу сўзларга айланди-ку менинг дунём —
«Сен мени алдамайсанми? Алдамайсанми?!»
ЧАҒАЛАЙ
1. Чағалайим, меҳмон чағалай,
Бу юртга қайдан келдинг,
Нечун келдинг, қурбон чағалай?
2. Сен ўйлаган омад йўқ,
Сен сўйлаган қомат йўқ,
Сен бўйлаган бир мард йўқ.
3.Чағалайим, сени суйганлар ёлғон,
Сени деб куйганлар ёлғон,
Сенга тўйганлар ёлғон.
4. Тошингни тайирдилар,
Қошингни қайирдилар,
Сени мендан айирдилар, чағалай.
5. Унут бўлган Чағалайим,
Унутилган қонли дунё бу.
Сендан нажот излайдир.
6. Чағалайим, у дунёда,
Сен ёлғиз, мен-да ёлғиз.
Бу дунёда ҳам ёлғиз.
1.ШАМОЛГА ОСИЛИБ ЯШАДИМ,
Мингга кирдим, чириди жисмим,
Сўнгакларим оқарди қақшаб.
2.Дунёсига қўйдим қўлимни,
Оёғимни босдим юзига.
Кўзларини юмди бу дунё.
3. Бир пиёла май бер, азизим,
Бағрим ёниб битди, кул бўлдим.
Чивғинларга сотдим ўзимни.
4. Қорларга кўмилди боғларим,
Тоғларимга чўкди осмон.
Сен йўқсан. Сен йўқсан? Сен — йўқсан!
5. Балки мен Мажнунман,
Балки Сиз, Лайло,
Балки мен маҳкумман, балки сиз жаллод.
1. МАНА ЗАҲАР, ҲОЗИР ИЧАМАН,
Кетаман мен сизнинг ҳаётингиздан,
Севаман, деб сизни алдадим.
2. Мен йиғладим тушимда,
Тўйиб-тўйиб йиғладим,
Ёнингизга энди бормайман.
3. Мен ғолибман, буюк лашкарман,
Босиб олдим севги юртини,
Ўзимнинг қалбимни ўчирдим.
4. Май бер менга, аччиқ шароб бер,
Дўсти ғариб хушҳол бу кеча,
Юлдузларга сени топширдим.
5. Юлдузларнинг раҳми келади,
Ой мўлтираб қарайди менга,
Юзларимни силайди оғоч.
1. СОЧИМНИ ЮЛАДИ ИЗҒИРИН,
Қорлар пичирлайди бошимда,
Кўзимда санчилар исмингиз.
2. Ичимда дунёлар кечди,
Ичимда титрайди заминлар.
Ойлар куйди, портлади Қуёш.
3. Бахтсиз шаҳар юпун, ухлайди,
Чанглар ютиб ухлар бояқиш,
Кир-чир сочлари тўзғиган бола.
4. Сўз мени таъқиб қилар,
Чирқиратар ўйиб кўксимни,
Сен кимнинг божисан, эй Сўз?
5. Хайр, қўлларини силкитар булут,
Мийиғида кулиб қўяр ой.
Шивирлар Илаш Тўйчи деган шоир.
1. МЕН СИЗНИ СЕВАМАН, АЛЛОҲ КЕЧИРСИН,
Мен сизни севиб ўлганман,
Кечирингиз ўлган одамни.
2. Мен сувман, ҳали ҳеч ким ичмаган,
Куйган китобман мен,
Ҳали ҳеч ким ўқимаган.
3. Ишонч йўқ ҳеч кимга. Бу қандай Дунё,
Яшаб яшолмайсан, бу қизиқ,
Ташлаб ташламайсан, ундан қизиқроқ.
4. Уйқунинг дарёсида чўмилдим,
Ётаман уйқунинг саҳросида,
Мен қандай боламан? Бало — ман!
5. Йиллар кўзимга сачради,
Жигаримга ўт қўйди ойлар,
Кунларимни санадим, сенсиз.
1. СОАТ СИНДИ, СОАТЛАР СИНДИ.
Вақтнинг исканжасида,
Ўлиб кетди соатсоз бевақт.
2. Сиз менинг номусимсиз,
Пичоғимсиз бўғзимда қотган,
Ичилмаган қонимсиз менинг.
3. Йўл кўп, йўллар кўп дунёда,
Ҳар бир йўлдан кўринар лекин
Сўнгги йўл.
4. Бир нарса дедимми сизга,
Севаман деб айтдимми?
Лаънатлайман ўзимни ўзим.
5. Сени оқ қилдим, деди Дунё,
Оқардим, оқариб кетдим.
Оқиб келдим оёғингизга.
1. ҚАЙДА ҚОЛДИ УЙ ЭГАЛАРИ,
Деразанинг маълум кўзи берк —
Оғироёқ мусича хомуш.
2. Сўзламайман, дейман. Сўзлайман,
Сўзларимнинг ортидан эргашаман
Қаро гўргача.
3. Нақадар қувончли куним, бу кун,
Атрофимда ҳамма бахтиёр,
Чап томоним жизиллаб турди.
4. Бунча узоқ тикиласан, кучуквой,
Ҳеч нарса бўлгани йўқ.
Ҳаммаси ўтади, куйинма.
5. Уйғонмади тоғлар, дарёлар,
Уйғонмади бу қаро дунё,
Уйғонмадим сенинг кўксингда.
Ustoz shoir Rauf Parfi tavallud topgan kun oldidan
Shoir hayoti satrdan boshlanadi, she’rida tajassum topadi. Koinot manguligiga taqqoslaganda inson umri yilt etgan yorug‘ bir soniya. Ijodkor ana shu soniyaga koinotni – mangulikni sig‘dirmog‘i loim. Ijodkor internatsional shaxs, u o‘z xalqi va bashariyat kechmish-kechirmishi bilan yashaydi. She’r – ijtimoiy kechinmalar ko‘zgusi. Shu sababli shoir ko‘ngli dunyo mazmunini ifodalovchi so‘zga teng turadi.
Ahmad A’ZAM
KUNDUZNING RANGI
Taassurot
«Bukun kechdi. Quyuldi oqshom….»
Xona. Derazadan notanish tun qaraydi. Tahdid bilan, ko‘z uzmay tikiladi. Stoldagi chiroq qog‘ozga hayron termuladi. Qilt etmay turgan devorlar sokinligida allaqanday hadik.
Soatning ko‘zida Vaqt parchinlangan.
Notinch ruhda bilgisiz tuyg‘ular kezinadi.
Jim. Borliq jim. Faqat ko‘krakda yurakning bezovta dukuri. Darg‘azab mushtoqlik.
… Ko‘ngilda cho‘kib yotgan So‘z qalqiydi. Qog‘ozga iztirob tirqiraydi:
Bo‘ron, do‘stim, nechun jimsan,
Nechun jimsan, Chaqmoq ukam,
Singlim Sukunatning qoshida?
So‘zlar qog‘ozga og‘ir botadi, zalvoridan satrlar mayishib ketadi. Tuyg‘ular satrlarda ko‘zyoshdek siziydi. Azob! Qog‘oz – oqliq, u – toza. So‘z – muqaddas. Vijdon rozini qog‘ozga ko‘chirish, So‘z bilan yuzma-yuz muloqot – azob.
Har kuni huzuringga kelaman,
O‘ltiraman soatlab,
Sen meni tushunishing kerak, chinor.
Dunyoning azim-azim chinorlari bor. Ular quyoshga yaqin yuksaklikda shovullaydilar, yuksaklikka chorlaydilar. Ular soya tashlamaydi, nur sochadi. Ko‘ngil dunyo qadar keng – bu chinorlar ko‘ngilning mahobatli mash’allari.
Nafasini ichiga yutib yuborgan havo
Dim.
Nafasini ichiga yutib yuborgan
Pablosiz.
Bugun tanho hasrat. Shoir va Dunyo.
So‘z yo‘q So‘zga.
Osmon toshib kirar ko‘zga, sig‘mas ko‘zga,
Pablo.
Bu buyuk hasratning mazmuni o‘zga, Pablo.
“Qayg‘uning qora suvrati” – marsiya. Ranglar hazin, lekin xasta emas. Satrlarda hasrat hayqiradi. Qudratli oqim bo‘lib gupiradi. Bu ulkan, jahoniy hasrat. Uni ko‘krakda saqlab bo‘lmaydi. Uni ko‘ngilga ko‘mib tashlashning iloji yo‘q. U yurakning bir parchasini yulib ketadi. Bunday paytda ilhom zavq-shavq emas, u – og‘riq. Shoir ko‘ksiga chirmashgan og‘riqni qog‘ozga tushirmaguncha, satrlarni ingratmaguncha najot topmog‘i dushvor.
Ingroq qog‘ozda ohanglarga bo‘linadi, baravj kuyda suratlanadi. Shu kuy dolg‘alarida yurak tinchiydi, dard bir qadar osoyishta kechadi.
Shoir hayoti satrdan boshlanadi, she’rida tajassum topadi. Koinot manguligiga taqqoslaganda inson umri yilt etgan yorug‘ bir soniya. Ijodkor ana shu soniyaga koinotni – mangulikni sig‘dirmog‘i lozim. Ijodkor internatsional shaxs, u o‘z xalqi va bashariyat kechmish-kechirmishi bilan yashaydi. She’r – ijtimoiy kechinmalar ko‘zgusi. Shu sababli shoir ko‘ngli dunyo mazmunini ifodalovchi so‘zga teng turadi.
Mutolaa. Xayol dunyo kezadi. U she’r bo‘lib tug‘iladi, asta-asta o‘sib, yig‘ilib kitoblarga aylanadi: “Karvon yo‘li”, “Aks-sado”, “Tasvir”, “Xotirot”…
Satrlarning o‘tli izlarida Rauf Parfining surati chiziladi – shaxsidan kuchliroq, yuksakroq, dunyoni o‘ylaydigan, faol vijdonli. So‘z bilan yuzma-yuz qolganda bardoshli, o‘ziga beshafqat shoir – grajdan siyrati.
She’rlar ayrim o‘rinlarda tasavvurni xiralashtirib, yasama tashbehlari bilan dilga o‘rnashmaydi, onda-sonda Rauf Parfining portreti ancha xira tortadi. Mayli, Odam hamma vaqt kuchli hissiyotlar og‘ushida yashamaydi-ku axir.
O‘qigan sari kundalik tashvishlar unutiladi, she’rlar o‘z hasrati bilan ko‘ngildagi o‘tkinchi g‘ussalar g‘ussalar g‘uborini sidirib oladi.
Vaqt erkin oqadi. Yurak dukuri unga hamohang bo‘lib ketadi. Sukunat — ohanglarga to‘la. Qog‘ozda – Vatan yo‘g‘rilgan ko‘ngil. Tun endi tund tikilmaydi, u tanish:
Og‘ushiga olar kunduzni
Kunduz kabi yorug‘ bu kecha…
1978 yil
Rauf PARFI
SHE’RLAR
BO‘RON, DO‘STIM NЕCHUN JIMSAN,
Nechun jimsan, Chaqmoq, ukam,
Singlim Sukunatning boshida?!
VUJUDIM YALLIG‘LANAR NAFASINGDAN,
Sen shunday yaqinsanki jon qadar, axir,
Baribir seni sog‘inaman, sevgilim.
MЕN SЕNING KO‘ZLARINGGA QARAYMAN,
Sen o‘zgalarga.
Kimning ko‘zlaridan izlaysan meni?
SЕN TOPGUNGA QADAR,
Qanday yashadim men?
Nahotki, yashadim?
SUVLAR NЕ DЕB JILDIRAYSIZ?
Ne deb shivirlaysiz, sabolar?
Sen-da berahmsan, Boychechak.
XAYOL OLIB KЕTAR YIROQLARGA,
Ko‘z ilg‘amas yoqlarga olib ketar.
O‘ziga qattiq ishonar xayol.
XAYOL OLIB KЕTAR YIROQLARGA,
Yana olislarga boshlar beshafqat
Olis u yo‘llarning xayoli.
DARAXT SHOXLARIDA SILKINAR
Kuzning yaydoq, sariq shamoli.
Chirqirar bir qushcha.
CHO‘KMAKDAMAN SUVLARGA.
Ko‘klarga cho‘kmakdaman,
O‘pmakdaman quyoshning oyog‘in.
KO‘NGLIMGA QIL SIG‘MAS,
Sen esa bunday shirin,
Sen esa bunday ulkan.
QAYDADIR KO‘RGANDIM MЕN SЕNI, DARAXT,
Isib ketdi ko‘zim, omonmisan, hey.
Suyub erkaladi qo‘llarimni u.
KO‘ZLARING SO‘QIRMI, TUN NIMA BO‘LDI,
Bu holda birovni bosib olasan,
Mana gugurt, yondirib ol ko‘zingni.
1. BIR AQLLI-YEY MANA BU QURMAG‘UR,
Bir chiroylikki mana bu,
Bular ham tug‘ilganmikan?
2. Chars-chars yonaver, nimjon olov,
Qo‘llarimni qalayman,
Begona emasmiz har qalay.
3. Men seni sevamanmi? Bilmayman.
Sen mangulik nafassan —
Bilmayman, degan.
4. Og‘zimga eng xushbo‘y havolarni to‘ldirib
Yiqilib, turib chopayapman
Sen tomon, jonim.
5.Har kun huzuringga kelaman,
O‘ltiraman soatlab
Sen meni tushunishing kerak, Chinor.
1. DAF’ATAN YOMG‘IR YOG‘AR, TINAR DAF’ATAN,
Daf’atan yer yiqilib tushsa,
Nahot shu qadar dushman — daf’atan so‘zi.
2. Tovushlarning rangiga qarang,
Qarang tez ranglarning tovushiga,
Bu sho‘rlik oy ham shoirmi deyman.
3. Mo‘ltirab qarab turibsan, qushcham,
Nega bunday qaraysan,
Baribir menga ishonmaysan-ku.
4. Oy, nurlaringni yig‘ishtirib ol,
Qora pardangni tashla yuzingga, tun,
Men yorim-la vidolashgali keldim.
5. Kuygan daraxt bo‘yniga osilar,
Oq bulut, oppoq bulut,
Yig‘lagali ketar keyin.
1. MЕN HAMMASINI CHINDAN AYTDIM, EH, SIZLARIM,
Siz nafasni mendan qizg‘andingiz-a?
Qolganini baliqlar aytsin.
2. Xiralashib borar kunduzning rangi,
Oy ham kular mendan behayo, behis,
Kunduzning rangini so‘rib olgan u.
3. Daraxt shoxlarida silkinar
Kuzning yaydoq sariq shamoli.
Chirqirar bir qushcha.
4. O, xayolning yo‘llari olis,
Yana olislarga boshlar beshafqat.
Olis u yo‘llarning xayoli.
5. Sen kelmassan, kelmassan endi,
Achchiq tomchi yoshga aylanib
Ko‘zimda aylanar qo‘rg‘oshin quyosh.
1. OSMON SHU QADAR TOZA, RAHMING KЕLADI,
Uzoq qarab turolmayman, bevafo,
Sening suvratingga to‘lar qorayib.
2. «Voh jonim, voh jonim», deb hirqirar
Derazamning ortida shamol,
Yulib tashlasam edim jonimni qani.
3. Qor hidi dimoqqa urildi,
Uxlaydi shamolning qo‘ynida
Barglarini to‘kmagan rayhon.
4. Hayhotdek tun ichra bir o‘zim,
Yulduzlarning nurlari og‘rir
Ko‘zlarimga kirib sanchilib.
5. To‘xta, Vijdon, qayoqqa ketyapsan,
Qayga qochyapsan bevafo xotin kabi,
Haqqing yo‘q, bir o‘lim haq xiyonat uchun.
1. TONG SAHARDAN O‘LTIRIBSAN DARYO BO‘YIDA,
Bir fikrga kelmadingmi? Ayt. Ayol.
Yo‘qsa kech bo‘ladi, quyosh so‘nadi hozir.
2. To‘kildi umidimning bahori,
Bo‘g‘izlangan guldasta bo‘lib,
Sening oyog‘ingga yiqildim.
3. Yulduzlarning achchiq nurlariga chirmashar,
Yular oyning namxush sochlarini
Falakka termulib qolgan ko‘zlaring.
4. Ovozingni o‘parman, sevgilim,
Ko‘zlarimga kirib muzlab qolar ovozing,
Yo‘qotuv hissini tuyar ko‘ksim sirqirab.
5. Bu qanday oroldir, osmon ko‘rinmas,
Bu qanday daryodir, ko‘rinmas sohil.
Biz shu qadar nochormiz, eh, sevgilim.
1. YER O‘Z O‘QIDAN AYRILAR, INON,
Inon, osmonidan ayrilar quyosh,
Agar biz ayrilsak.
2. Tirnaydir sochlaringning tarog‘i,
Ko‘zlaringning surma suyi zaharlar,
Labingdagi o‘qni nechun saqlaysan?
3. Yo‘qlik bir armondir, armon — bir yo‘qlik,
Armondan iborat borliq va lekin
Yerga cho‘kkan osmon mening armonim.
4. Jigar-bag‘rimga to‘ldi ushbu so‘zlar,
Ushbu so‘zlarga aylandi-ku mening dunyom —
«Sen meni aldamaysanmi? Aldamaysanmi?!»
CHAG‘ALAY
1. Chag‘alayim, mehmon chag‘alay,
Bu yurtga qaydan kelding,
Nechun kelding, qurbon chag‘alay?
2. Sen o‘ylagan omad yo‘q,
Sen so‘ylagan qomat yo‘q,
Sen bo‘ylagan bir mard yo‘q.
3.Chag‘alayim, seni suyganlar yolg‘on,
Seni deb kuyganlar yolg‘on,
Senga to‘yganlar yolg‘on.
4. Toshingni tayirdilar,
Qoshingni qayirdilar,
Seni mendan ayirdilar, chag‘alay.
5. Unut bo‘lgan Chag‘alayim,
Unutilgan qonli dunyo bu.
Sendan najot izlaydir.
6. Chag‘alayim, u dunyoda,
Sen yolg‘iz, men-da yolg‘iz.
Bu dunyoda ham yolg‘iz.
1.SHAMOLGA OSILIB YASHADIM,
Mingga kirdim, chiridi jismim,
So‘ngaklarim oqardi qaqshab.
2.Dunyosiga qo‘ydim qo‘limni,
Oyog‘imni bosdim yuziga.
Ko‘zlarini yumdi bu dunyo.
3. Bir piyola may ber, azizim,
Bag‘rim yonib bitdi, kul bo‘ldim.
Chivg‘inlarga sotdim o‘zimni.
4. Qorlarga ko‘mildi bog‘larim,
Tog‘larimga cho‘kdi osmon.
Sen yo‘qsan. Sen yo‘qsan? Sen — yo‘qsan!
5. Balki men Majnunman,
Balki Siz, Laylo,
Balki men mahkumman, balki siz jallod.
1. MANA ZAHAR, HOZIR ICHAMAN,
Ketaman men sizning hayotingizdan,
Sevaman, deb sizni aldadim.
2. Men yig‘ladim tushimda,
To‘yib-to‘yib yig‘ladim,
Yoningizga endi bormayman.
3. Men g‘olibman, buyuk lashkarman,
Bosib oldim sevgi yurtini,
O‘zimning qalbimni o‘chirdim.
4. May ber menga, achchiq sharob ber,
Do‘sti g‘arib xushhol bu kecha,
Yulduzlarga seni topshirdim.
5. Yulduzlarning rahmi keladi,
Oy mo‘ltirab qaraydi menga,
Yuzlarimni silaydi og‘och.
1. SOCHIMNI YULADI IZG‘IRIN,
Qorlar pichirlaydi boshimda,
Ko‘zimda sanchilar ismingiz.
2. Ichimda dunyolar kechdi,
Ichimda titraydi zaminlar.
Oylar kuydi, portladi Quyosh.
3. Baxtsiz shahar yupun, uxlaydi,
Changlar yutib uxlar boyaqish,
Kir-chir sochlari to‘zg‘igan bola.
4. So‘z meni ta’qib qilar,
Chirqiratar o‘yib ko‘ksimni,
Sen kimning bojisan, ey So‘z?
5. Xayr, qo‘llarini silkitar bulut,
Miyig‘ida kulib qo‘yar oy.
Shivirlar Ilash To‘ychi degan shoir.
1. MЕN SIZNI SЕVAMAN, ALLOH KЕCHIRSIN,
Men sizni sevib o‘lganman,
Kechiringiz o‘lgan odamni.
2. Men suvman, hali hech kim ichmagan,
Kuygan kitobman men,
Hali hech kim o‘qimagan.
3. Ishonch yo‘q hech kimga. Bu qanday Dunyo,
Yashab yasholmaysan, bu qiziq,
Tashlab tashlamaysan, undan qiziqroq.
4. Uyquning daryosida cho‘mildim,
Yotaman uyquning sahrosida,
Men qanday bolaman? Balo — man!
5. Yillar ko‘zimga sachradi,
Jigarimga o‘t qo‘ydi oylar,
Kunlarimni sanadim, sensiz.
1. SOAT SINDI, SOATLAR SINDI.
Vaqtning iskanjasida,
O‘lib ketdi soatsoz bevaqt.
2. Siz mening nomusimsiz,
Pichog‘imsiz bo‘g‘zimda qotgan,
Ichilmagan qonimsiz mening.
3. Yo‘l ko‘p, yo‘llar ko‘p dunyoda,
Har bir yo‘ldan ko‘rinar lekin
So‘nggi yo‘l.
4. Bir narsa dedimmi sizga,
Sevaman deb aytdimmi?
La’natlayman o‘zimni o‘zim.
5. Seni oq qildim, dedi Dunyo,
Oqardim, oqarib ketdim.
Oqib keldim oyog‘ingizga.
1. QAYDA QOLDI UY EGALARI,
Derazaning ma’lum ko‘zi berk —
Og‘iroyoq musicha xomush.
2. So‘zlamayman, deyman. So‘zlayman,
So‘zlarimning ortidan ergashaman
Qaro go‘rgacha.
3. Naqadar quvonchli kunim, bu kun,
Atrofimda hamma baxtiyor,
Chap tomonim jizillab turdi.
4. Buncha uzoq tikilasan, kuchukvoy,
Hech narsa bo‘lgani yo‘q.
Hammasi o‘tadi, kuyinma.
5. Uyg‘onmadi tog‘lar, daryolar,
Uyg‘onmadi bu qaro dunyo,
Uyg‘onmadim sening ko‘ksingda.
Rauf Parfi. Ko’zlar by Khurshid Davron on Scribd