Ulug’bek Hamdam. 70-yillar avlodi she’riyati: Usmon Azim, Shavkat Rahmon, Xurshid Davron

031 “Хуршид Даврон ижодининг маънавий- маърифий аҳамияти” мавзусида ўтказилган республика илмий конференциясида тақдим этилган мақолада 70-йиллар авлоди шеъриятининг уч вакили Хуршид Даврон, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон ижодига мухтасар назар ташланади.

67
70-ЙИЛЛАР АВЛОДИ ШЕЪРИЯТИ:
УСМОН АЗИМ, ШАВКАТ РАҲМОН, ХУРШИД ДАВРОН

Улуғбек ҲАМДАМОВ
Филология фанлари доктори


     Ҳар давр ўзидан аввалги ёки кейингисидан қайси бир жиҳати билан ажралиб туради. Ҳар даврнинг ўз қиёфаси, юриш-туриши бўлади. Айни ўзгачалик кўпинча шу даврда яшаган инсоннинг умумий кайфиятини белгилайди. Зеро, одамзоднинг хаёли ҳар қанча учқур бўлмасин, у ўз даврининг кўринмас ришталаридан батамом узилиб кетолмайди. Шу маънода ХIХ асрнинг қарийб иккинчи ярмидан ХХ асрнинг сўнгги ўн йилига қадар давом этган узун муддат ҳар хил шаклларда турланишига қарамай, моҳиятан истибдод даври бўлди. Ва бу истибдодни англаб етган шоир хоҳ у, хоҳ бу кўринишда бўлсин, қатъи назар, озодликни куйлади, истиқлолга етишни орзу қилди, халқни шунга чорлади. Чунончи, асримиз аввалида Чўлпон «Кишан кийма бўйин эгма, Ки сен ҳам ҳур туғилонсен!» деб ҳайқирган бўлса, аср поёнига яқинлашганда Шавкат Раҳмон “Сурилар бу темир пардалар, Истибдоднинг туғлари қулар” деб башорат қилди.

Хуршид Даврон, Усмон Азим, Шавкат Раҳмон каби шоирлар мансуб 70-йиллар авлоди истиқлол соғинчини баланд пардаларда куйлаш насиб этган авлод. Мен бекорга “насиб этган” демадим. Зеро, яхши маълумки, истибдод деганлари энг аввал сўз ва фикр эркинлигини бўғади. Аммо, қанча қудратли бўлмасин, истибдод умри боқий эмас, чунки у инсон табиатига зид. Бас, унинг умрида ҳам болалик, ёшлик, етуклик ва кексалик паллалари бор. 70-йиллар авлоди истибдод кексалик палласига кирган вақтда майдонга тушди. Яъни бу авлоднинг ижодий ўзига хослигини белгилаган ижтимоий-психологик омиллар ҳақида гапирганда, менимча, энг аввал жамиятда ғояга ишончнинг сўниши, мамлакатнинг “турғунлик” деб аталган даврга киришини кўрсатиш лозим бўлади. Зеро, айни шу авлод мазкур ўзгаришларни жуда ўткир ҳис этган. Чунки бу авлод вакиллари жамиятда фасл алмашган ўша 50-йиллар ўрталарида эндигина мактабга борган, “ижтимоий баҳор” кайфиятига яраша сабоқлар тинглаган, шунинг нафаси уфуриб турган дарсликлару газета- журналларни мутолаа қилган, радио-телевидение орқали ер юзидаги жаннатдан репортажларни тинглаб-томоша қилиб улғайган. Ва шу боис ҳам бу авлод ўзи тўқнаш келган ҳаёт билан ғоянинг, сўз билан амалнинг бир- бирига номувофиқлигини 60-йиллар авлодига нисбатан теранроқ ҳис қилган. Шунинг учун ҳам 60-йиллар авлодининг илк ижодида фаолиятга ташналик, “қуриш, яратиш” иштиёқи устувор бўлган эса, 70-йиллар авлоднинг илк ижодида ўзгача кайфият кузатилади. Жумладан, Хуршид Даврон “Оппоқ эди бошда бу дунё…” (1976) номли шеърида болалик даврини қўмсаб, оппоқ дунё аввалига яшилланиб мовийланганию сўнг барча ранглар қоришиб, “кейин аста хира тортди нур” дейди:

Фақат баъзан бу азиз ранглар
Тушларимга солар қасирға.
Оппоқ болиш устида ёнар
Кўздан оққан томчи – исирға (1).

Умуман, бу авлод айни йигит ёшида болаликни бот-бот қўмсайди. Албатта, бу барчага хос туйғу, лекин уларнинг қўмсаши оғриқли, изтиробли. Чунки йўқотиш салмоғи улкан, бошда оппоқ кўринган дунё энди нурсиз. Яъни бу шеърда шоирнинг интим кечинмалари билан ижтимоий кечинмалари ўзаро ҳамоҳанг, аниқроғи, унда ижтимоий кайфият шахсий кайфиятга дўнган. Зеро, бу авлод ижоддаги илк қадамлариданоқ кучли ижтимоий дард билан оғриди, буни Шавкат Раҳмон “Юракнинг энг чуқур жойида Оғриққа айланган туйғу” (2) дея ифодалайди. Туйғунинг исмини эса шоирнинг илк тўпламига очқич қилиб олинган тўртликдан билиб оламиз:

Жойлашгансан шунчалар чуқур…
Ўз тубига яширган юрак.
Сенга етиб бормоқлик учун
Узун умрим етмаса керак.[Рангин лаҳзалар,3]

1975 йилда ёзилган тўртликнинг “Ватан” деб номлангани бежиз эмас, оғриқли туйғуларнинг бари шу тушунча билан боғлиқ.

70-йиллар авлоди шеъриятидаги хитоблар аксарият замондошларига – тўқликдан бўғриққанча туриш-турмушидан мамнун, атрофида юз бераётган ҳодисаларга лоқайд қараб яшаётган кишиларга қаратилган. Аслида, бу “уйғониш”га даъват, тарихимиздаги миллий уйғонишнинг иккинчи тўлқинидан таралган сас эди. Сираси, 70-йилларда жамиятимизда юзага келган ҳолат бир пайтлар жадидлар ғафлат, жаҳолат деб атаган шароитнинг бошқача бир кўриниши эди. Гўё ҳаммаси яхшидек: юрт тинч, элнинг қорни тўқ, турмуш борган сари фаровонлашиб бораётгандек… хуллас, яшашдан мурод шугина бўлса, индамайгина яшайверса бўладиган. Лекин “кўзи очиқ” кишиларга – Ватан, миллат, тил, эътиқод каби тушунчалар ҳақида ўйлашга қобил кишиларга яшаш ҳақиқатан ҳам қийинлашиб бораётган, мавжудлик юракда оғриқ ҳосил қилаётган палла эди бу. Миллатнинг истеъдодли ва албатта кўзи очиқ кишилари сифатида бу авлод шоирларининг мавжуд ҳолдан кўнгли тўлмайди, аксинча, юракларидаги дард чўнглашиб боради.

70-йилларнинг ўрталарида шеъриятимизга янги нафас олиб кирган 60- йиллар авлоди ҳам депсиниб қолган, хусусан, А.Орипов ижодида ҳам замонасозлик кўринишлари уч бера бошлаган эди. Шеърият кейинги одимни ташлай олмай тараддудланиб қолган паллада бу вазифани 70-йиллар авлоди ўз зиммасига олди.

Эътиборли жиҳати шуки, 70-йиллар авлоди илк ижодидаёқ ўз ғоявий- эстетик позициясини аниқ белгилашга интилади. Шу сабабли шоир қисматию вазифаси, шеър ва шоирлик мавзусида талайгина шеърлар яратилди. Аввало шуки, бу авлод шоирликни қисматгина эмас, яшаш тарзи деб билди. Бу шундай яшаш тарзики, дунёда юз бераётган ҳар неки бўлса шоир юрагида садо бермоғи, шоир буларнинг бари учун ўзини масъул ўлароқ ҳис қилмоғи даркор.

Демак, унинг назарида яшамоқ ва шоирлик сўзлари маънодош, иккисининг ҳам моҳияти зулматга қарши бориш, бефарқ бўлмасликдадир. Яъни бу ўринда юқорида айтилган “кўзи очиқ” ҳолда яшашлик шоирга қўйилаётган энг бирламчи шарт сифатида тушунилади. Шунга ўхшаш, Хуршид Даврон тушунчасида ҳам шоирдан ижтимоий фаоллик талаб этилади. Шоир бефарқ бўлмасликка, мавжуд воқеликка нисбатан муносабати – дилидаги ўй-ҳисларини изҳор этишга, бонг уришга бурчли. Зеро, “Энг даҳшатли сукунат – Шоир жим юрса” [Болаликнинг овози,83]. Хуршид Даврон эътиқодича, шоирлик бекордир, агар “Кулфат панжасида қолган инсонга Қалбини бахш эта олмаса”, чунки унинг учун шоирлик аввало инсонпарварликдир [Болаликнинг овози,188]. Бунгача кўриб ўтдикки, ХХ аср ўзбек шеъриятидаги барча авлодлар адабиётни кураш майдони деб билган. 70-йиллар авлоди ҳам истисно эмас. Фақат унинг кураш мақсади ўзга. Хусусан, Хуршид Даврон “Адабиёт – она халқ учун, Ватан учун, севги учун жанг” деб ёзади (3). Шавкат Раҳмон эса “Ёш ўзбек  шоирларига” номли шеърида кураш мақсадини бундай аниқлаштиради:

Сўзларни қайрайлик,
дўстлар, жўралар,
ғафлат тўшагида ётмай шошайлик:
яшамоқ, курашмоқ, ўлмоқ сирларин
болакайлар учун очайлик.
Битта дунё қолсин мустаҳкам
унга посбон бўлсин ўткир шеъримиз,
токим бу дарёлар бемалол оқсин
болаларга қолсин жаннат еримиз. [Гуллаётган тош,7]

Албатта, 80-йиллар аввалида истиқлол ғоясини бундан-да очиқ ифодалаш мушкул эди.

Қолаверса, “болаларга қолсин жаннат еримиз” деганида шоир мустақил Ўзбекистонни назарда тутаётганини англаш ҳам қийин эмас. 70- йиллар авлоди салафлари журъат топганида ўз-ўзига шивирлаб, аксар эса ичидагина айтолган гапларни ҳайқириб айтишга имкон топдики,бу унинг илғорида турган шоирларга хос жасоратдан дарак беради. Сираси, 70-йиллар охирига келиб бу уларнинг англанган ижодий принципларидан бири бўлиб қолганди ҳам.

Шавкат Раҳмоннинг:

Ҳаётим маънисин жуда кўп ўйлаб,
сайладим сўзларнинг сараларини.
Ҳар бир сўз
юз сўзнинг ўрнини босар:
Ватан Халқ Жасорат Кураш Озодлик [Гуллаётган тош,6], —

деб ёзиши бунинг ёрқин далилидир. Англанганлик Хуршид Давроннинг “Чилилик дўстларга” номли шеърида ҳам яққол кўзга ташланади. Шеър “Эрк нима? Озодлик нима? Буни англаганга қийин бўлади” [Қақнус,37] деган сўзлар билан бошланади. Шоир фикрини тадрижий давом эттиради, шеър қурилиши қуйидагича тартибда амалга оширилган:  “Эрк нима? Озодлик нима? “Юрт нима? Ватан нима?” “Халқ нима? Миллат нима?” “Бурч нима? Виждон нима?”

Бу сўроқларнинг ҳар биридан сўнг “Буни англаганга қийин бўлади” мисраси такрорланиб, фикр изоҳланади. Охирги икки мисра шеърда тадрижий ривожлантирилган фикрни умумлаштириб, буларни англаган одам “Ўлимдан сўнг тириламан деб, Ўлимдан қўрқмасдан ўлади” [Қақнус.37] деган хулосани ифода этади. Кўриниб турибдики, Ватан ва Миллат Эрки учун курашни иккала шоир ҳам Бурч, Виждон иши, ҳаётининг мазмуни деб тушунади. Бу эса уларнинг ҳаётий ва ижодий позицияси англанган эътиқод даражасига кўтарилганини, улар чинакам шахс-шоир мақомида туриб қалам сурганини кўрсатади. Албатта, океан ортидаги ҳодисаларга муносабат ифодаланган шеърда ижтимоий буюртма таъсири борлиги шубҳасиз. Ва шундан келиб чиқиб юқоридаги талқинга эътироз қилиниши ҳам мумкин.

Лекин олис Чили воқеалари шоир учун бир восита, дилидагиларни ифодалаш воситаси, холос. Зеро, давр руҳи ва шоирнинг шу даврда ёзган шеърлари контексти шунақа талқинга изн беради.

70-йиллар авлоди ижодида Ватан мавзуси етакчи ўрин тутади. Шу жиҳати билан бу авлодни ўзидан олдинги авлод бошлаб берган анъананинг давомчиси ўлароқ тушуниш мумкин. Айни чоқда, унда мавзунинг талқини салафлардан ўзгачароқ. Менга қолса, бу авлоднинг Ватанга муҳаббати оғриқлироқ деган бўлардим. Хўш, бу оғриқ нимадан? Унинг ижтимоий- психологик илдизлари қайдан озиқланади? Менимча, буни англаш учун 60- йиллар авлоди билан қиёслаб кўриш керак бўлади. Абдулла Орипов ва Эркин Воҳидовлар Ватанга муҳаббатни баралла изҳор этишди, унинг буюк ўтмиши туфайли туйган фахру ифтихорни имкон даражасида ифодалай олишди. Ватан ҳақида мушоҳада этганларида уларнинг дилидан ҳам гоҳи-гоҳида оғриқ симиллаб ўтган. Хусусан, А.Ориповнинг “миллион эгатларга сочилган ўзбек”, “рангпар сингил” ҳақидаги оғриқли мушоҳадалари бунинг ёрқин далили. Бироқ уларда бу оғриқнинг дафъи учун самарали дори – Ватаннинг порлоқ истиқболига ишонч бор эди. Майли, бу ишонч шўро кўзлаган мақсад билан муштарак бўлсин, майли, баъзи-баъзида сусайиб дилларига изтироб солган бўлсин, барибир, ишонч бор эди. 70-йиллар авлоди майдонга кирган вақтга келиб бу ишонч чилпарчин бўлган, энди Ватан, унинг ўтмиши, ҳозири ва келажагини қайта бошдан тафаккур ва қалбдан ўтказиш тақозо этиларди.

63Хуршид Даврон 1984 йилда чоп қилинган “Болаликнинг овози” тўпламига очқич сифатида Ватан ҳақидаги шеърини қўйган, шеърнинг илк банди:

Мен кўксингга бошимни қўйдим,
Сен чеккан ғам, ҳасартда куйдим.
Суйдим сенинг Оқдарёнгни ҳам,
Ҳамда Қорадарёнгни суйдим,
Эй, қалбимнинг онаси, Ватан. [Болаликнинг овози,3]

Оқдарё ва Қорадарё сўзлари ўзгача маъноларга ишора қилади. Шоирнинг Ватанига муҳаббати онага муҳаббат каби – уни бор ҳолича, яхшию ёмон томонларини билан бир бутун ҳолида севади. Шунинг учун ҳам “Сен ўтган йўл – юрагим йўли, Изтироб ёшлари чўккан йўл” [БО,3] дейди шоир. Ва шу нуқтада биринчи байтдаёқ сезилган Шавкат Раҳмон билан қарашлар муштараклиги бўртиб кўзга ташланади: иккисининг ҳам Ватанни англаш йўли умрга тенг ва изтиробларга тўлиқ. Улар учун Ватан жуғрофий ёхуд мавҳум тушунча эмас, жонли мавжудот. Хуршид Давроннинг бошқа бир шеърида “Ватан ҳам одамдек олади нафас” [БО,132] дейилгани шундан. Унинг талқинида Ватан сизу биз билан баробар нафас олади, шундай экан фарзандлар ҳар вақт ва ҳар жойда унинг ёди билан яшамоғи шарт, зеро “Ватан – бу дилдаги қувонч, қайғу, шашт, Уни тирик сақлар юракдаги сас” [БО,132]. Яна бир жиҳати, Х. Даврон Ватанни ўтмиш – ҳозир – келажак кесимларида идрок этади, унинг учун ҳалқаларнинг бари бирдек муҳим. Шу сабаб айтадики: “Ўтмишингга йўл солиб гоҳо, Келажагинг билиб қайтурман”. Шоир тасаввурида Ватани келажаги нурли:

“Болакайлар қоғоздан ясаб
Оқизган оқ кемачалардай,
Сўлим тонглар, ол тонглар ясан
Оқиб чиқар кечаларингдан” [БО,4].

Хуршид Даврон, ўзи айтмоқчи, Ватан келажагини ўтмиш орқали идрок этаётир ва шу сабаб ҳам уни порлоқ, шавкатли ўтмишга муносиб қиёфада кўради. Менимча, айни шу ҳол 70-йиллар авлодини Ватан келажагини коммунизм ғоясига боғлиқ тасаввур этган салафлардан фарқлаб туради.

Хуршид Давроннинг “Доҳий сурати қаршисида” (1980) номли шеърида ҳам инқилоб дарғасига муносабат ўзига хос тарзда намоён бўлади. Шоирнинг “Қани, доҳий, ўйга чўмиб англайлик бирга, Қандай маъно англатади Ленин дегани?!” [БО,133] тарзида савол қўйишиёқ мавзу талқинидаги ноанъанавийликни кўрсатади. Ахир, неча ўн йиллар шеърият Ленин деганда пастдан тепага – илоҳга қарагандай қараб келган бўлса-ю, шоир унга ошнасидек мурожаат қилса, янгилик бўлади-да. Аслида, шу мисраларнинг ўзида асосий мақсад жам этилган – шоир “Ленин дегани нима маъно англатишини” аниқлаб олмоқчи. Яъни вақтида А.Орипов ўзи учун “коммунизм” тушунчасини аниқлаб олишга интилгани каби. Шоирнинг эътирофича, доҳий “юрагининг қонида”, “номи худди жондек яшар вужудда”. Лекин шу эътирофи учун шоирни “ашаддий ленинчи”га чиқариш ҳам тўғри эмас. Негаки, унинг учун Ленин дегани – “тун қўйнида адашиб юрган Одамларни тонгга олиб келинг дегани!” Яна бу “асрларким соқов элларга Сўз ўргатинг, улар куйлаб, ёнсин дегани, Саҳро каби қақраб ётган чанқоқ дилларга Сув чиқаринг, зиё сочинг, қонсин дегани!” [БО,133] Худди А.Орипов каби, Х.Даврон ҳам айтганларини “қизил гаплар” дейишларини билади. Шоир буни тан олади ва қизиллик уларда қурбонлар қони қайнагани туфайли деб билади. Бир қарасанг, бу 20-йиллардан оммалашган талқиннинг ўзидек-у, аслида фарқли. Фарқ шуки, бу ўринда инқилобчилар тўккан қонгина эмас, қадимдан ҳозирга қадар Ватан учун курашганлар қонини назарда тутади шоир, шу сабабли шеърларида тарихга кўп мурожаат этади. Шоир талқинига кўра, шеъриятнинг иккинчи номи эътиқод, у эса – “Прометейнинг қалби, тилагида биринчи бор уйғонган орзу” [БО,134]. Ва бу эътиқод “Халқим дея, Ватан дея айтилган ҳар бир Ҳақиқатнинг сўзларида тирик”дир [БО,134]. Яъни шоир эътиқоди Ватан, Халқ, Озодлик тушунчаларидан таркиб топади, доҳий эса шунга сингиб, унинг бир узвига айланиб кетади.

    Юқоридаги шеърлар 70-йиллар авлодининг ғояга муносабатида жиддий ўзгаришлар юз бергани, ғоянинг маъно сиғими ғоят кенгайганини кўрсатади. Бу авлод ғояга тарихан кенгроқ қарайди, ўзи топинган эътиқод “инқилоб тонги”дан эмас, инсониятнинг тонгидан бошлаб шаклланганини идрок этади. Табиийки, бундай қараш шўро мафкурасининг таянчи бўлган синфийлик тамойилига соя ташлайди. Яъни бу дунёқараш бобидаги жиддий силжишдир. Ушбу силжишдаги энг муҳим жиҳат ғояда умуминсоний қадриятларнинг устуворлик касб этиши ва айни чоқда, унда миллий манфаатларнинг ҳам бўртиб акс этишидир.

   70-80-йилларга келиб бирмунча мўътадиллашган сиёсий-мафкуравий иқлим шароитида собиқ империяда кўзи очиқ, ҳақиқатпарвар зиёлиларнинг, айниқса, ижодкорларнинг адабиёт ва санъатнинг ўзга соҳалари воситасидаги Умумий Катта Ёлғонга қарши кураши янги босқичга кўтарилди. 70 йиллар авлодининг Ҳақиқат, Ватан, Жасорат, Озодлик ҳақида куйлай бошлаши ана шу Катта Курашнинг бир парчаси ўлароқ намоён бўлди. Бунинг учун тарихий асослар ҳам мавжуд бўлиб, бу асос, аввало, жадидларнинг ватан озодлиги йўлидаги курашлари билан, хусусан, Чўлпон билан, унинг исёнкор шеърияти билан, Э.Воҳидов, А.Орипов ва Рауф Парфилар анъаналарини давом эттириш билан боғлиқ эди. Инчунун, Чўлпон ва 70 йиллар авлоди шеъриятидаги ҳамоҳанглик айнан шу ердан туғилди. Улар ижтимоий дардни куйлаш нуқтаи назаридан бир-бирига яқинлашиб келади. Бироқ уларда тафовутли жиҳатлар ҳам мавжуд: Чўлпон шеъриятида ҳамма нарса айланиб келиб юрт озодлиги муаммосига тақалаверади. Унда ҳатто гул ва ёр ҳақидаги шеърлар ҳам охир-оқибат Ватан ҳурлиги ҳақидаги орзу-армонларга йўғрилиб кетаверади. Яъни Чўлпон шеърияти ўзининг ибтидосидан интиҳосигача асосан юрт озодлиги қайғусига бағишлангандир. 70-йиллар авлодининг бош қайғуси ҳам шу, лекин унга Ҳақиқат ва Жасорат зиналари орқали чиқилади.

70-йиллар авлоди ўзбек халқи турмушига расмий мафкурадан тамом бошқа тарафдан қаради. Маълумки, урушдан кейинги йилларда иқтисодий манфаатларни кўзлаб пахта етиштириш муттасил ортиб борди: қисқа давр ичида 3, 4, 5, 6 миллионлик марралар забт этилди. Марказнинг “яна, яна”сига жавобан ўзбек уйининг саҳнига довур пахта экди: она заминимиз тупроғи зўрланди, зилол сувлару мусаффо ҳаво ифлосланди. Хуллас, марказнинг бу борадаги сиёсати моҳиятини қисқа қилиб “пахта ўзбек халқи учун яратилмайди, лекин ўзбек халқи пахта учун яратилган” тарзида ифодалаш мумкин. Матбуот, радио ва телевидение пахтакор меҳнатини кўклар қадар шарафлаб, романтиклаштиришга ҳарчанд уринмасин, 80-йилларга келиб пахта яккаҳокимлигининг халқимиз турмушига салбий таъсири тобора кучли сезила бошлади. Бироқ булар ҳақда оғиз очиб бўлмас, пахта сиёсий масалага айланган эди. Ва айни шу ҳолатда 70-йиллар авлоди байроғидаги ҳақиқат ва жасорат сўзлари амалларига мос келди. Хуршид Давроннинг 1981 йилда ёзилган “Кузни ўйла” номли шеъри бор. Шеърда пахта сўзи асло тилга олинмаган, лекин пахта яккаҳокимлиги оқибатларига эътибор қаратилган:

Саратон офтоби тиғида
Меҳнат қорайтирган болаларнинг
Кўзларига тик қаролмасдан
Кузни ўйла. [Қақнус, 44]

Шеърда қайта-қайта такрорланувчи “кузни ўйла” хитоби, албатта, тескари маънода, албатта, аламли киноя. Бу ҳаммадан олдин кузни – пахта ҳосили йиғиштириб олинадиган пайтни ўйлаган, бутун саъй-ҳаракатини шунга йўналтириб, унинг қаршисида бошқа ҳар нени бир пулга олмаган давр сиёсатига аччиқ киноядир. Мана бу мисраларда тасвирланган манзара эса, кўпчилик яхши эсласа керак, давр колхозларидаги “социалистик турмуш” тарзи учун типик ҳодиса эди:

Кузни ўйла,
Икки тол овутолмаётган
Беланчакдаги боланинг бўғилиб йиғлаши,
Кун иссиғида кўксида сути қуриб қолган аёлнинг
Изтироби аро кузни ўйла,
Кузни ўйла,
Кузни ўйла… [Қ,44]

Шоир шўро даври пахта сиёсатида болаларга, демакки, халқнинг келажагига нисбатан жиноятни кўради ва 1981 йил шароитида буни ифода этади. 1985 йилда ёзилган бир шеърида эса шундай сатрлар бор:

Совуқларда оғриса суяк,
Соғлиқ тила ўзингга ўзинг.

Совуқларда оғриса суяк,
Ишқдан ёниб товлансин кўзинг,

Яшнаса бас Ватан даласи,
Янграса бас Она алласи. [Қ,124]

Гап Ватаннинг эмас, “Ватан даласи”нинг яшнаши ҳақида бормоқда, яъни киноя пахта тайёрлашни “пахта фронти”га айлантирган сиёсатга қаратилган. Шеърнинг “Ўлим келса уйга киритма, Далаларга олиб чиқ уни. Далаларда узилсин жонинг…” мисралари билан ниҳояланиши инсонни қадрсизлантирган сиёсатга исён ўлароқ жаранг топади.

Шунга ўхшаш, Шавкат Раҳмоннинг “Ғўза” (1982) шеъридаги:

Бир парихон каби сўзладим
тупроқ ёрган ғўзага қараб:
“Авлодларнинг ҳаққи-ҳурмати
ўсгин,
ўсгин,
пакана дарахт” [Уйғоқ тоғлар,95] , —

дея қилган илтижоси замирида исёнга миллатнинг эртаси ҳақидаги ташвиш қоришиқ намоён бўлади. Шоир миллионлик хирмонлар ўзича эмас, балки кўпчилик сезмаётган қурбонлар эвазига: кирза этикли қизларнинг “минг бора эгилиб, минг бор ялиниб, ҳар митти ғўзани сизлаб” уйғотишлари, “саксовул сингари чидамли, чайир” одамларнинг олтинга менгзалса-да, асли “ерга ўхшаб кетган” [Уйғоқ тоғлар,156] қўллари билан, “қанчадан қанча ўктам асрлар қаддини ростлаёлмай ўтаёгани” [УТ,95] ҳисобига барпо этилаётганини билади. Шавкат Раҳмоннинг “Кузги ер кўриниши” (1983) шеъри эса пахта сиёсатининг яна бир оқибати – она ерга етказилган озор ҳақида. Шеърнинг илк мисралари йиғи йўқлов оҳангларини эслатади:

Сарғайган
баҳайбат япроғим – ерим, ерим,
қовжираган гиёҳванд ерим. [УТ,123]

Бу бекорга эмас. Она замин “бағрига бағрини бериб” ётган лирик қаҳрамон унинг йўқликка кетган жаннатий гиёҳларию ўрмонлари, зилол сувларию ранг-баранг чечаклари, қушлару турфа ҳашаротларини қўмсайди. Замин эса, она-да, ҳамон бошига тушган шўришлар сабабчиси бўлмиш фарзандни ўйлайди: “майсамни ҳидлама, ичма сувимни, сарғайган бағримда ётмагин, болам”. Менга қолса, юртини шунчаки лутф учун эмас, дил-дилидан “она” деб билган, байроғига ҳақиқат сўзини битган инсонгина шундай сатрларни битиши мумкин. Зеро, бунинг учун ижтимоий дарднинг шахсийланиши, яъни она заминга етказилган озорни ўзига етказилган озордек ҳис қила олиш, оғриқларини вужуддан ўтказа олиш талаб этилади.

Агар Шавкат Раҳмон ва Хуршид Давронлар бу шеърларни 80-йилларнинг ўрталарига қадар ёзишгани, бу вақтда ҳали “ошкоралик” бошланмаганини ҳисобга олсак, 70-йиллар авлодининг миллий ижтимоий тафаккур ривожида нечоғли улкан ҳиссаси борлигини тасаввур қилиш мумкин бўлади.

Ҳа, 70-йиллар авлодининг энг сара вакиллари воқеликнинг негатив томонларига кўпроқ диққат қилишди. Лекин бу асло уларнинг шеъриятида тушкунлик кайфияти акс этди дегани эмас. Аксинча, негатив томонларга урғу беришдан мурод халқнинг “кўзини очиш”, унга бу алфозда яшаб бўлмайди деган қарашни сингдириб, улкан кучни ҳаракатга келтиришдан иборат эди. Яъни бу 80-йилларга келиб ижтимоий тафаккур илғорига чиққан шоирларимиз англанган ижодий принципининг муҳим қирралари – Кураш ва Озодлик ғояларининг амалга татбиқи эди. Уларга бу борада куч бағишлаб турган асосий омил Ватаннинг шонли ўтмиши эди десак, асло янглишмаймиз. Чунки улар қадим ўтмишимизга фикран қайтиб, ундан “оққан дарё оқади” нақлига амин бўлиб қайтдилар ва шу ишончни оммага сингдириш пайида бўлдилар. Бу авлод ўтмишга порлоқ келажак пойдевори деб қаради. Ш.Раҳмоннинг 1980 йилда ёзилган бир шеърида “минг йиллар қаъридан келаётган” минора тасвирланади. Тўплар ўқидан миноранинг бош қисми учиб кетган, жони “шарқона безаклар битилган жисмида” омон қолган ва:

Бу йил ҳам минорда, хайрият,
шарқона безаклар сўнмабди.
Минорнинг бошига бу йил ҳам
Хайрият, қарғалар қўнмабди.[УТ,50]

Шеърнинг мазкур хулоса банди сўз санъатдан хабардорки кишига мажозан келажакка умидворликни англатишини айтмаса ҳам бўлади. Минора ҳали ўзлигини буткул йўқотмаган миллат, унга эзгулик рамзи бўлган лайлаклар қўнгани озод эртасидан башорат. Зеро, энг муҳими асос – “шарқона безаклар битилган жисмида” жоннинг омон қолгани. Худди шундай руҳ-кайфият Хуршид Давроннинг “Барокўҳ тоғига чиқдим тирмашиб…” [Қ,121] мисраси билан бошланувчи шеърида ҳам устувор. Шоир тоққа Бобур қурдирган уйни кўриш учун чиқмоқчи. Лекин унга “Шошилма, Бобур уйи йўқ, Фақат пойдевори қолгандир омон” дедилар. Шоирнинг жавобини қаранг: “Уйнинг пойдевори омон бўлса бас, Уйни бўлса ўзим қилгум тасаввур”. Шоир пойдевор омонлиги учун мағрур, шод. Чунки:

Пойдевор омондир,
Демак, уй омон.
У яна тикланар, токи бор фироқ,
Токи бор бошимда бу қадим осмон,
Токи бор боболар қон тўккан тупроқ. [Қақнус,121]

70-йиллар авлоди тарих идрокида салафларга нисбатан бир неча одим олдинлади. Агар А.Орипов, Э.Воҳидовлар буюк ўтмишдан фахр туйғусини ифода этганлари ҳолда унга муносабатда мафкура тазйиқидан холи бўлолмаган бўлсалар, булар ўтмишни ўз қарашларига мувофиқ талқин қилиш имконига эга бўлдилар. Бу қараш расмий мафкура нуқтаи назаридан жиддий фарқланади. Масалан, Хуршид Давроннинг “Қочоқ. 1868 йил. Савр” номли шеъри, тўпламда қайд этилишича, 1971 йилда ёзилган. Унда рус истилоси вақтида қуролини ташлаб қочган қочоқ қисмати қаламга олинган. Қочоқ одамлар нафратига учраган, ёлғизликка маҳкум, ҳатто она заминдан унган анғиз ҳам уни ўзидан итаради; уни қурбон бўлган дўстлар руҳи ва яна “бир жуфт қора кўз” мудом таъқиб этади. Ўша “бир жуфт қора кўз” дегани “она ер – У ҳимоя қилмаган тупроқ ” [Қақнус,10]. Агар шеър ёзилган даврда “Ўрта Осий Россияга ихтиёрий қўшиб олинган” қабилидаги ёлғон зўр бериб сингдирилиб тургани эсга олинса, талқиннинг расмий қарашга зидлиги яққол кўринади. Шоирнинг “Ханжар” (1982) шеърида зидлик янада яққол кўринади: унда ёғийни пинҳон йўллардан Қўқонга олиб кирган хоин қисмати тасвирланган. У ўз халқига урган хиёнат ханжари ўзининг “кўксига абадий ботган”. Хоин бу ханжарни хизмати учун оқпошшодан олган кумуш нишон билан қўшиб кўтариб юришга мажбур. Эл ундан ҳазар қилади:

Болалар кўчада кўриб қолишса,
Ўзини ҳовлига уради қушдек,
Чоллар ўзларини четга олишса,
Йигитлар ғазабдан қисарди муштин” [Қ,50].

Агарки элнинг хоинга муносабати шунчалик – ўлигини кўммас даражада экан, унинг ёғийни қучоқ очиб кутиб олмаганлиги ҳам аниқ, албатта. Рус истилоси мавзуси Хуршид Давроннинг яна “Верешчагин” (1982), “Жангчи ҳақида ривоят” (1983), “Тютчев ўлими” (1986) каби шеърларда ҳам поэтик акс эттирилди. Бу шеърлар ўз даври учун нафақат бадиий-эстетик, балки улкан маърифий ва ғоявий аҳамиятга молик эди.

Ҳа, 70-йиллар авлоди тарих идрокига миллий ўзликни англаш ва англатишнинг муҳим шарти сифатида қаради. Ҳоким мафкура эса омма онгига сохталаштирилган тарихни сингдиришдан манфаатдор эдики, айни шу нуқтада манфаатлар тўқнашуви юзага келади. Ш.Раҳмон бир шеърида:

Гапириб бўлмайди мозий ҳақида,
мозий юки оғир – ташлаб кетарли,
ҳали бузғунчи деб, қўпорувчи деб,
ёқангдан олгучи гумроҳ етарли” [Гуллаётган тош,56], —

деб ёзиши бежиз эмас эди. Адабиётдаги юқоридагича тенденцияни илғаб олган мафкурачилар дарҳол сергак тортишган, бунда ўзлари сингдираётган мафкура мақсадларига буткул зидлигини, унинг кушандаси бўлиши мумкинлигини англаб қолишганди улар. Шунинг учун ЎзКП МКнинг юксак минбарларидан туриб тарихни идеаллаштириш ҳоллари кескин танқид қилинди (4). Мафкурачилар аюҳаннос солиб айтган “идеаллаштириш”, аслини олганда, тарихга холис назар эди. Тўғри, Шавкат Раҳмон айтмоқчи “Мозий қора маскан – заррача нур йўқ” [ГТ,56] деб тушунтирган мафкура қаршисида бунинг “идеаллаштириш” бўлиб кўриниши ҳам ажаб эмас.
Агар 60-йиллар авлоди ўтмишни юртимиз бошига тушган кулфатлар тарихидан иборат деб билса, 70-йиллар авлоди уни Ватан озодлиги учун курашлар тарихидан иборат кўрди. Салафлар учун ғурур-ифтихор сабаби кўпроқ буюк алломаларимиз бўлган бўлса, булар учун эрк ва озодлик учун курашчилар фахр-ўрнак объекти бўлди. Хусусан, биргина Хуршид Давроннинг 70- 80-йиллар ижодида Широқ, Тўмарис, Спитамен, Қурбонжон додҳо, Бобон ботир, Намоз Пиримқул ўғли сингари курашчилар образларининг бутун бошли галереяси яратилди. Менга қолса, Хуршид Давроннинг бу йиллардаги ижодини кўпроқ бадиий сўз воситасидаги тарихчи-маърифатчилик фаолияти деган бўлардим. Назаримда, шоир тарихимизнинг фахр-ўрнак бўларли саҳифаларини бир-бир очиб, ўқувчи омма кўз олдида ҳижжалаб қироат қилди, уни ҳис қилишга, уқишга ўргатди. Шавкат Раҳмон, Усмон Азимларнинг тарихий мавзудаги шеърлари ҳам мақсад-моҳиятига кўра шундай. Зеро, бу шеърларнинг бари тарихга “кўзни очиб қараш”га ўргатиш билан миллатга ўзлигини танитиш, олиб борилаётган мунофиқона сиёсатга нисбатан тўғри мавқени эгаллашга кўмаклашиш мақсадига қаратилган эди.

80-йилларнинг ўрталарида “ошкоралик” “қайта қуриш” жараёнлари бошланиши билан жамият сиёсийлашди: сиёсат ҳақида ўйламаган, гапирмаган, ёзмаган одам қолмади ҳисоб. Бу, албатта, ўзини “қайта қуриш”га чоғлаган жамиятнинг маънавий-руҳий эҳтиёжлари билан боғлиқ эди. Аслида, “қайта қуриш” дегани социализм ғояси ва улкан империяни сақлаб қолиш йўлидаги бир уриниш, сиёсий тадбир бўлгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Лекин нима бўлганда ҳам, буткул бошқа мақсадларда тақдим этилган сўз эркинлиги мустабид тузум илдизига урилган болта бўлди. Ва албатта, ўта ижтимоийлашган ва ошкор публицистиклик касб этган шеърият ўша болта билан нақ ўқ томирни мўлжалга олди. Бунгача шоирларимиз бўғзида қолиб келган ҳақиқатнинг ярмиси ҳам энди шеърларга шиддат-ла қуйилди. Ўзбек халқининг мустамлака шароитидаги фожеали ҳаёти, мустабид сиёсат оқибатлари давр шеъриятининг етакчи мавзусига айланди.

044 Усмон Азимнинг “Роса қирқ ёшингда тўхтадинг, юрак” шеърининг лирик қаҳрамони – қирчиллама қирқида ҳаёт билан видолашган одам, уни биргина савол қийнайди: “Мени нима учун ўлдирдинг, ўлим?” Лирик қаҳрамон ўлимга ёзғирадики, “Аммо мен ҳеч нарса қилганим йўқ-ку! – Меҳнат қилавердим бошимни эгиб” (5). Аслини олсак, унинг ўзи англамаётган фожиаси шунда – мутеликда. Чинданам бу – бошидан учоқлар оғу сочганида ҳам, боласи кузги япроқ мисоли хазон бўлганида ҳам, хотини кўксидан сут ўрнига заққум келганида ҳам “ҳеч нарса қилмаган” одам. У ҳамма шиорларга дилдан ишониб, ҳамма буйруқларни сўзсиз бажариб, ташаббус талаб қилганларида “Мен – тайёр!” дея унсиз бош силкиб… газетада ёзилгандан бошқани кўрмай, ўзи етиштирган пахтадан қулоғига тиқин қилиб – яшамасдан яшаган одам. Унинг бошида ўтирган – Ватан, бўлганда ҳам “ўттиз йил пахтазор кечиб Пушти куйиб кетган опаси”нинг худди ўзгинаси. У-да ожиз, “Қандай олиб қолай сени ўлимдан, Нимага ҳеч нарса қилмадинг, Болам?”. Бу – Ватаннинг мавжуд ҳоли учун ўзини тўлиқ масъул санаётган авлод иқрори, бу иқрор “кўзни очиш”га, энди “нимадир қилиш, хатоларни тузатишга даъватдир. У. Азимнинг “Пахтага қасида” шеъри биргина “Менинг таржимаи ҳолим йўқ – гап шу! Менинг ўтган умрим пахтаники-ку!” [Уйғониш азоби,24] банди билан бошланиб, шу банд билан якунланади. Шунинг ўзидаёқ шўро сиёсати натижасида пахта қулига айланаёзган миллат фожеаси жам этилган. Шеърнинг “Кимлар орден олган ва кимлар қамоқ” [УА,24] мисраси давр ўқувчиси кўз олдига қарийб йигирма йиллик тарихни – “олтин қўллар” дея шарафлашу бунинг ортидан келган “ўзбеклар иши”, “пахта иши” қабилидаги сохта айбловларни шундоқ келтириб қўйгани шубҳасиз. Марказ матбуоти “ошкоралик”ни рўкач қилган ҳолда ёруғ оламга жар солиб, халқимиз ҳақида мутлақо бўҳтондан иборат тасаввурни сингдира бошлади. Бу – миллатга туҳмат, унинг ҳамиятини қўзғаган энг сўнгги томчи эди. Шавкат Раҳмон “шоирлар уйғота олмаган элни уйғотиб юборди маломат, туҳмат” (6) деб ёзганида тўла ҳақ эди. Шоир масаланинг туб моҳиятини теран илғаган ҳолда жасорат билан “юксак қалъалардан боққан ўғрилар улкан мамлакатнинг бутун айбини содда ўзбекларга қўйди тўғрилаб” дейди [С,318]. Шунга ўхшаш, шоир “қайта қуриш”нинг юқорида айтилган моҳиятини ҳам ўз вақтида теран англай олди. Бироқ аксарият кишиларимизда бу сиёсат умид уйғотгани ҳам сир эмас. Шу боис ҳам Ш.Раҳмон халойиқ “айбдор болтамас, айбдор кунда” дея ишониб, “кўз ёшдан ийгани”га куяди. Шоир юзага келган ҳолатни “Уйқу” шеърида мана бундай ифодалайди:

“Қайдадир булбуллар толиқиб сайрар,
ҳавода учгандай милён малоик.
Бир четда жаллодлар тиғларин қайрар,
уйқуни уради шўрлик халойиқ” [С,319].

Шавкат Раҳмоннинг 80-йиллар ўрталаридан бошлаб ёзилган қатор шеърлари мана шу уйқудан уйғотишга қаратилган.

Шу тариқа истиқлол соғинчи билан шеъриятга кириб келган 70-йиллар авлоди ўзининг ёрқин ижтимоий-маънавий мавқеига кўра нафақат миллий бадиий тафаккурни ривожлантирди, балки миллий ижтимоий тафаккур ривожига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди ва шу асосда юртимизнинг мустақилликка эришишида ўз ҳиссасини қўшди.

045Хулоса қилиб айтиш жоизки, шеъриятимизга 70-йилларда кириб келган авлоднинг ижодий фаолияти узоқ вақт адабиётмизни ўз исканжасига олган мафкура тазйиқидан бирмунча эркин тарзда бошланди ва 80-йиллар ўрталаридан бошлаб ундан, асосан, халос бўлиб борди. 70-йиллар авлоди юртимиздаги мавжуд ҳолат, халқнинг фоже аҳволи, ўтмиши ва келажагига янгича назар солди. Шунинг натижасида бу авлод, салафларидан фарқли ўлароқ, Ватан истиқболини коммунизм ғояси билан боғлиқ ҳолда кўрмади. Аксинча, у ғоя ўз умрини яшаб бўлганини, расмий мафкура шиорлари билан ҳақиқий ҳолат орасида тубсиз жар ҳосил бўлганини теран ҳис қилди ва шунинг натижасида юртининг истиқболини истиқлол билан боғлиқ ҳолда тасаввур қила бошлади;

Жамиятда ҳоким мафкуранинг асоси бўлган социализм ғоясига ишонч сусайган ва кейинча “турғунлик даври” деб аталган давр қатор жиҳатлари билан жадидлар “ғафлат, жаҳолат” деб атаган шароитга ўхшаш эди. Мавжуд аҳволни теран бадиий идрок этган бу авлод ўзининг асосий вазифасини халқни “уйғотиш”да деб билди. Ва бу мақсадга эришиш учун жамиятдаги маддалаб бораётган иллатларни очиб кўрсатди, халқнинг фоже аҳволи ва бунинг асл сабабларидан баҳс юритди, ўқувчиларни бу ҳақда фикрлашга йўналтирди, шунга ўргатди. Шу маънода 70-йиллар авлоди адабиётимиздаги миллий уйғонишнинг иккинчи тўлқинидир.

Изоҳлар

1. Даврон Х. Болаликнинг овози. – Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, 1986. – Б.16; бундан кейин қавс ичида БО қисқартмаси ва саҳифа кўрсатилади.
2. Раҳмон Ш. Рангин лаҳзалар. – Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, 1978. – Б.10; бундан кейин қавс ичида РЛ қисқартмаси ва саҳифа кўрсатилади.
3. Даврон Х. Қақнус. – Т., Ёш гвардия, 1987. – Б.17; бундан кейин Қ қисқартмаси ва саҳифа кўрсатилади.
4. Қаранг: “Постановление ЦК КП Узбекистана от 29 января 1985 года “О состоянии и мерах по дальнейшему улучшению литературно-художественной критики в республике в свете решения июньского (1983) Пленума ЦК КПСС” // Коммунистическая партия Узбекистана в резолюциях и решениях съездов и Пленумов ЦК. Т.4. – Т.,1989.
5. Азим У. Уйғониш азоби. – Т., Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат, 1991. – Б.24; бундан кейин қавс ичида УА қисқартмаси ва саҳифа кўрсатилади.
6. Раҳмон Ш. Сайланма. – Т., Шарқ, 1997. – Б.318; бундан кейин қавс ичида С қисқартмаси ва саҳифа кўрсатилади.

Манба: “Хуршид Даврон ижодининг маънавий- маърифий аҳамияти” мавзусида ўтказилган республика илмий конференцияси материаллари. Тошкент, 2022

“Xurshid Davron ijodining ma’naviy- ma’rifiy ahamiyati” mavzusida o’tkazilgan respublika ilmiy konferentsiyasida taqdim etilgan maqolada 70-yillar avlodi she’riyatining uch vakili Xurshid Davron, Usmon Azim, Shavkat Rahmon ijodiga muxtasar nazar tashlanadi.

70-YILLAR AVLODI SHE’RIYATI:
USMON AZIM, SHAVKAT RAHMON, XURSHID DAVRON
Ulug’bek HAMDAMOV
Filologiya fanlari doktori


Har davr o’zidan avvalgi yoki keyingisidan qaysi bir jihati bilan ajralib turadi. Har davrning o’z qiyofasi, yurish-turishi bo’ladi. Ayni o’zgachalik ko’pincha shu davrda yashagan insonning umumiy kayfiyatini belgilaydi. Zero, odamzodning xayoli har qancha uchqur bo’lmasin, u o’z davrining ko’rinmas rishtalaridan batamom uzilib ketolmaydi. Shu ma’noda XIX asrning qariyb ikkinchi yarmidan XX asrning so’nggi o’n yiliga qadar davom etgan uzun muddat har xil shakllarda turlanishiga qaramay, mohiyatan istibdod davri bo’ldi. Va bu istibdodni anglab yetgan shoir xoh u, xoh bu ko’rinishda bo’lsin, qat’i nazar, ozodlikni kuyladi, istiqlolga yetishni orzu qildi, xalqni shunga chorladi. Chunonchi, asrimiz avvalida Cho’lpon «Kishan kiyma bo’yin egma, Ki sen ham hur tug’ilonsen!» deb hayqirgan bo’lsa, asr poyoniga yaqinlashganda Shavkat Rahmon “Surilar bu temir pardalar, Istibdodning tug’lari qular” deb bashorat qildi.

Xurshid Davron, Usmon Azim, Shavkat Rahmon kabi shoirlar mansub 70-yillar avlodi istiqlol sog’inchini baland pardalarda kuylash nasib etgan avlod. Men bekorga “nasib etgan” demadim. Zero, yaxshi ma’lumki, istibdod deganlari eng avval so’z va fikr erkinligini bo’g’adi. Ammo, qancha qudratli bo’lmasin, istibdod umri boqiy emas, chunki u inson tabiatiga zid. Bas, uning umrida ham bolalik, yoshlik, yetuklik va keksalik pallalari bor. 70-yillar avlodi istibdod keksalik pallasiga kirgan vaqtda maydonga tushdi. Ya’ni bu avlodning ijodiy o’ziga xosligini belgilagan ijtimoiy-psixologik omillar haqida gapirganda, menimcha, eng avval jamiyatda g’oyaga ishonchning so’nishi, mamlakatning “turg’unlik” deb atalgan davrga kirishini ko’rsatish lozim bo’ladi. Zero, ayni shu avlod mazkur o’zgarishlarni juda o’tkir his etgan. Chunki bu avlod vakillari jamiyatda fasl almashgan o’sha 50-yillar o’rtalarida endigina maktabga borgan, “ijtimoiy bahor” kayfiyatiga yarasha saboqlar tinglagan, shuning nafasi ufurib turgan darsliklaru gazeta- jurnallarni mutolaa qilgan, radio-televideniye orqali yer yuzidagi jannatdan reportajlarni tinglab-tomosha qilib ulg’aygan. Va shu bois ham bu avlod o’zi to’qnash kelgan hayot bilan g’oyaning, so’z bilan amalning bir- biriga nomuvofiqligini 60-yillar avlodiga nisbatan teranroq his qilgan. Shuning uchun ham 60-yillar avlodining ilk ijodida faoliyatga tashnalik, “qurish, yaratish” ishtiyoqi ustuvor bo’lgan esa, 70-yillar avlodning ilk ijodida o’zgacha kayfiyat kuzatiladi. Jumladan, Xurshid Davron “Oppoq edi boshda bu dunyo…” (1976) nomli she’rida bolalik davrini qo’msab, oppoq dunyo avvaliga yashillanib moviylanganiyu so’ng barcha ranglar qorishib, “keyin asta xira tortdi nur” deydi:

Faqat ba’zan bu aziz ranglar
Tushlarimga solar qasirg’a.
Oppoq bolish ustida yonar
Ko’zdan oqqan tomchi – isirg’a (1).

72

Umuman, bu avlod ayni yigit yoshida bolalikni bot-bot qo’msaydi. Albatta, bu barchaga xos tuyg’u, lekin ularning qo’msashi og’riqli, iztirobli. Chunki yo’qotish salmog’i ulkan, boshda oppoq ko’ringan dunyo endi nursiz. Ya’ni bu she’rda shoirning intim kechinmalari bilan ijtimoiy kechinmalari o’zaro hamohang, aniqrog’i, unda ijtimoiy kayfiyat shaxsiy kayfiyatga do’ngan. Zero, bu avlod ijoddagi ilk qadamlaridanoq kuchli ijtimoiy dard bilan og’ridi, buni Shavkat Rahmon “Yurakning eng chuqur joyida Og’riqqa aylangan tuyg’u” (2) deya ifodalaydi. Tuyg’uning ismini esa shoirning ilk to’plamiga ochqich qilib olingan to’rtlikdan bilib olamiz:

Joylashgansan shunchalar chuqur…
O’z tubiga yashirgan yurak.
Senga yetib bormoqlik uchun
Uzun umrim yetmasa kerak.[Rangin lahzalar,3]

1975 yilda yozilgan to’rtlikning “Vatan” deb nomlangani bejiz emas, og’riqli tuyg’ularning bari shu tushuncha bilan bog’liq.

70-yillar avlodi she’riyatidagi xitoblar aksariyat zamondoshlariga – to’qlikdan bo’g’riqqancha turish-turmushidan mamnun, atrofida yuz berayotgan hodisalarga loqayd qarab yashayotgan kishilarga qaratilgan. Aslida, bu “uyg’onish”ga da’vat, tariximizdagi milliy uyg’onishning ikkinchi to’lqinidan taralgan sas edi. Sirasi, 70-yillarda jamiyatimizda yuzaga kelgan holat bir paytlar jadidlar g’aflat, jaholat deb atagan sharoitning boshqacha bir ko’rinishi edi. Go’yo hammasi yaxshidek: yurt tinch, elning qorni to’q, turmush borgan sari farovonlashib borayotgandek… xullas, yashashdan murod shugina bo’lsa, indamaygina yashayversa bo’ladigan. Lekin “ko’zi ochiq” kishilarga – Vatan, millat, til, e’tiqod kabi tushunchalar haqida o’ylashga qobil kishilarga yashash haqiqatan ham qiyinlashib borayotgan, mavjudlik yurakda og’riq hosil qilayotgan palla edi bu. Millatning iste’dodli va albatta ko’zi ochiq kishilari sifatida bu avlod shoirlarining mavjud holdan ko’ngli to’lmaydi, aksincha, yuraklaridagi dard cho’nglashib boradi.

70-yillarning o’rtalarida she’riyatimizga yangi nafas olib kirgan 60- yillar avlodi ham depsinib qolgan, xususan, A.Oripov ijodida ham zamonasozlik ko’rinishlari uch bera boshlagan edi. She’riyat keyingi odimni tashlay olmay taraddudlanib qolgan pallada bu vazifani 70-yillar avlodi o’z zimmasiga oldi.

E’tiborli jihati shuki, 70-yillar avlodi ilk ijodidayoq o’z g’oyaviy- estetik pozitsiyasini aniq belgilashga intiladi. Shu sababli shoir qismatiyu vazifasi, she’r va shoirlik mavzusida talaygina she’rlar yaratildi. Avvalo shuki, bu avlod shoirlikni qismatgina emas, yashash tarzi deb bildi. Bu shunday yashash tarziki, dunyoda yuz berayotgan har neki bo’lsa shoir yuragida sado bermog’i, shoir bularning bari uchun o’zini mas’ul o’laroq his qilmog’i darkor.

Demak, uning nazarida yashamoq va shoirlik so’zlari ma’nodosh, ikkisining ham mohiyati zulmatga qarshi borish, befarq bo’lmaslikdadir. Ya’ni bu o’rinda yuqorida aytilgan “ko’zi ochiq” holda yashashlik shoirga qo’yilayotgan eng birlamchi shart sifatida tushuniladi. Shunga o’xshash, Xurshid Davron tushunchasida ham shoirdan ijtimoiy faollik talab etiladi. Shoir befarq bo’lmaslikka, mavjud voqelikka nisbatan munosabati – dilidagi o’y-hislarini izhor etishga, bong urishga burchli. Zero, “Eng dahshatli sukunat – Shoir jim yursa” [Bolalikning ovozi,83]. Xurshid Davron e’tiqodicha, shoirlik bekordir, agar “Kulfat panjasida qolgan insonga Qalbini baxsh eta olmasa”, chunki uning uchun shoirlik avvalo insonparvarlikdir [Bolalikning ovozi,188]. Bungacha ko’rib o’tdikki, XX asr o’zbek she’riyatidagi barcha avlodlar adabiyotni kurash maydoni deb bilgan. 70-yillar avlodi ham istisno emas. Faqat uning kurash maqsadi o’zga. Xususan, Xurshid Davron “Adabiyot – ona xalq uchun, Vatan uchun, sevgi uchun jang” deb yozadi (3). Shavkat Rahmon esa “Yosh o’zbek shoirlariga” nomli she’rida kurash maqsadini bunday aniqlashtiradi:

So’zlarni qayraylik,
do’stlar, jo’ralar,
g’aflat to’shagida yotmay shoshaylik:
yashamoq, kurashmoq, o’lmoq sirlarin
bolakaylar uchun ochaylik.
Bitta dunyo qolsin mustahkam
unga posbon bo’lsin o’tkir she’rimiz,
tokim bu daryolar bemalol oqsin
bolalarga qolsin jannat yerimiz. [Gullayotgan tosh,7]

Albatta, 80-yillar avvalida istiqlol g’oyasini bundan-da ochiq ifodalash mushkul edi.

Qolaversa, “bolalarga qolsin jannat yerimiz” deganida shoir mustaqil O’zbekistonni nazarda tutayotganini anglash ham qiyin emas. 70- yillar avlodi salaflari jur’at topganida o’z-o’ziga shivirlab, aksar esa ichidagina aytolgan gaplarni hayqirib aytishga imkon topdiki,bu uning ilg’orida turgan shoirlarga xos jasoratdan darak beradi. Sirasi, 70-yillar oxiriga kelib bu ularning anglangan ijodiy printsiplaridan biri bo’lib qolgandi ham.

Shavkat Rahmonning:

Hayotim ma’nisin juda ko’p o’ylab,
sayladim so’zlarning saralarini.
Har bir so’z
yuz so’zning o’rnini bosar:
Vatan Xalq Jasorat Kurash Ozodlik [Gullayotgan tosh,6], —

deb yozishi buning yorqin dalilidir. Anglanganlik Xurshid Davronning “Chililik do’stlarga” nomli she’rida ham yaqqol ko’zga tashlanadi. She’r “Erk nima? Ozodlik nima? Buni anglaganga qiyin bo’ladi” [Qaqnus,37] degan so’zlar bilan boshlanadi. Shoir fikrini tadrijiy davom ettiradi, she’r qurilishi quyidagicha tartibda amalga oshirilgan: “Erk nima? Ozodlik nima? “Yurt nima? Vatan nima?” “Xalq nima? Millat nima?” “Burch nima? Vijdon nima?”

Bu so’roqlarning har biridan so’ng “Buni anglaganga qiyin bo’ladi” misrasi takrorlanib, fikr izohlanadi. Oxirgi ikki misra she’rda tadrijiy rivojlantirilgan fikrni umumlashtirib, bularni anglagan odam “O’limdan so’ng tirilaman deb, O’limdan qo’rqmasdan o’ladi” [Qaqnus.37] degan xulosani ifoda etadi. Ko’rinib turibdiki, Vatan va Millat Erki uchun kurashni ikkala shoir ham Burch, Vijdon ishi, hayotining mazmuni deb tushunadi. Bu esa ularning hayotiy va ijodiy pozitsiyasi anglangan e’tiqod darajasiga ko’tarilganini, ular chinakam shaxs-shoir maqomida turib qalam surganini ko’rsatadi. Albatta, okean ortidagi hodisalarga munosabat ifodalangan she’rda ijtimoiy buyurtma ta’siri borligi shubhasiz. Va shundan kelib chiqib yuqoridagi talqinga e’tiroz qilinishi ham mumkin.

Lekin olis Chili voqealari shoir uchun bir vosita, dilidagilarni ifodalash vositasi, xolos. Zero, davr ruhi va shoirning shu davrda yozgan she’rlari konteksti shunaqa talqinga izn beradi.

70-yillar avlodi ijodida Vatan mavzusi yetakchi o’rin tutadi. Shu jihati bilan bu avlodni o’zidan oldingi avlod boshlab bergan an’ananing davomchisi o’laroq tushunish mumkin. Ayni choqda, unda mavzuning talqini salaflardan o’zgacharoq. Menga qolsa, bu avlodning Vatanga muhabbati og’riqliroq degan bo’lardim. Xo’sh, bu og’riq nimadan? Uning ijtimoiy- psixologik ildizlari qaydan oziqlanadi? Menimcha, buni anglash uchun 60- yillar avlodi bilan qiyoslab ko’rish kerak bo’ladi. Abdulla Oripov va Erkin Vohidovlar Vatanga muhabbatni baralla izhor etishdi, uning buyuk o’tmishi tufayli tuygan faxru iftixorni imkon darajasida ifodalay olishdi. Vatan haqida mushohada etganlarida ularning dilidan ham gohi-gohida og’riq simillab o’tgan. Xususan, A.Oripovning “million egatlarga sochilgan o’zbek”, “rangpar singil” haqidagi og’riqli mushohadalari buning yorqin dalili. Biroq ularda bu og’riqning daf’i uchun samarali dori – Vatanning porloq istiqboliga ishonch bor edi. Mayli, bu ishonch sho’ro ko’zlagan maqsad bilan mushtarak bo’lsin, mayli, ba’zi-ba’zida susayib dillariga iztirob solgan bo’lsin, baribir, ishonch bor edi. 70-yillar avlodi maydonga kirgan vaqtga kelib bu ishonch chilparchin bo’lgan, endi Vatan, uning o’tmishi, hoziri va kelajagini qayta boshdan tafakkur va qalbdan o’tkazish taqozo etilardi.

Xurshid Davron 1984 yilda chop qilingan “Bolalikning ovozi” to’plamiga ochqich sifatida Vatan haqidagi she’rini qo’ygan, she’rning ilk bandi:

Men ko’ksingga boshimni qo’ydim,
Sen chekkan g’am, hasartda kuydim.
Suydim sening Oqdaryongni ham,
Hamda Qoradaryongni suydim,
Ey, qalbimning onasi, Vatan. [Bolalikning ovozi,3]

Oqdaryo va Qoradaryo so’zlari o’zgacha ma’nolarga ishora qiladi. Shoirning Vataniga muhabbati onaga muhabbat kabi – uni bor holicha, yaxshiyu yomon tomonlarini bilan bir butun holida sevadi. Shuning uchun ham “Sen o’tgan yo’l – yuragim yo’li, Iztirob yoshlari cho’kkan yo’l” [BO,3] deydi shoir. Va shu nuqtada birinchi baytdayoq sezilgan Shavkat Rahmon bilan qarashlar mushtarakligi bo’rtib ko’zga tashlanadi: ikkisining ham Vatanni anglash yo’li umrga teng va iztiroblarga to’liq. Ular uchun Vatan jug’rofiy yoxud mavhum tushuncha emas, jonli mavjudot. Xurshid Davronning boshqa bir she’rida “Vatan ham odamdek oladi nafas” [BO,132] deyilgani shundan. Uning talqinida Vatan sizu biz bilan barobar nafas oladi, shunday ekan farzandlar har vaqt va har joyda uning yodi bilan yashamog’i shart, zero “Vatan – bu dildagi quvonch, qayg’u, shasht, Uni tirik saqlar yurakdagi sas” [BO,132]. Yana bir jihati, X. Davron Vatanni o’tmish – hozir – kelajak kesimlarida idrok etadi, uning uchun halqalarning bari birdek muhim. Shu sabab aytadiki: “O’tmishingga yo’l solib goho, Kelajaging bilib qayturman”. Shoir tasavvurida Vatani kelajagi nurli:

“Bolakaylar qog’ozdan yasab
Oqizgan oq kemachalarday,
So’lim tonglar, ol tonglar yasan
Oqib chiqar kechalaringdan” [BO,4].

Xurshid Davron, o’zi aytmoqchi, Vatan kelajagini o’tmish orqali idrok etayotir va shu sabab ham uni porloq, shavkatli o’tmishga munosib qiyofada ko’radi. Menimcha, ayni shu hol 70-yillar avlodini Vatan kelajagini kommunizm g’oyasiga bog’liq tasavvur etgan salaflardan farqlab turadi.

Xurshid Davronning “Dohiy surati qarshisida” (1980) nomli she’rida ham inqilob darg’asiga munosabat o’ziga xos tarzda namoyon bo’ladi. Shoirning “Qani, dohiy, o’yga cho’mib anglaylik birga, Qanday ma’no anglatadi Lenin degani?!” [BO,133] tarzida savol qo’yishiyoq mavzu talqinidagi noan’anaviylikni ko’rsatadi. Axir, necha o’n yillar she’riyat Lenin deganda pastdan tepaga – ilohga qaraganday qarab kelgan bo’lsa-yu, shoir unga oshnasidek murojaat qilsa, yangilik bo’ladi-da. Aslida, shu misralarning o’zida asosiy maqsad jam etilgan – shoir “Lenin degani nima ma’no anglatishini” aniqlab olmoqchi. Ya’ni vaqtida A.Oripov o’zi uchun “kommunizm” tushunchasini aniqlab olishga intilgani kabi. Shoirning e’tiroficha, dohiy “yuragining qonida”, “nomi xuddi jondek yashar vujudda”. Lekin shu e’tirofi uchun shoirni “ashaddiy leninchi”ga chiqarish ham to’g’ri emas. Negaki, uning uchun Lenin degani – “tun qo’ynida adashib yurgan Odamlarni tongga olib keling degani!” Yana bu “asrlarkim soqov ellarga So’z o’rgating, ular kuylab, yonsin degani, Sahro kabi qaqrab yotgan chanqoq dillarga Suv chiqaring, ziyo soching, qonsin degani!” [BO,133] Xuddi A.Oripov kabi, X.Davron ham aytganlarini “qizil gaplar” deyishlarini biladi. Shoir buni tan oladi va qizillik ularda qurbonlar qoni qaynagani tufayli deb biladi. Bir qarasang, bu 20-yillardan ommalashgan talqinning o’zidek-u, aslida farqli. Farq shuki, bu o’rinda inqilobchilar to’kkan qongina emas, qadimdan hozirga qadar Vatan uchun kurashganlar qonini nazarda tutadi shoir, shu sababli she’rlarida tarixga ko’p murojaat etadi. Shoir talqiniga ko’ra, she’riyatning ikkinchi nomi e’tiqod, u esa – “Prometeyning qalbi, tilagida birinchi bor uyg’ongan orzu” [BO,134]. Va bu e’tiqod “Xalqim deya, Vatan deya aytilgan har bir Haqiqatning so’zlarida tirik”dir [BO,134]. Ya’ni shoir e’tiqodi Vatan, Xalq, Ozodlik tushunchalaridan tarkib topadi, dohiy esa shunga singib, uning bir uzviga aylanib ketadi.

Yuqoridagi she’rlar 70-yillar avlodining g’oyaga munosabatida jiddiy o’zgarishlar yuz bergani, g’oyaning ma’no sig’imi g’oyat kengayganini ko’rsatadi. Bu avlod g’oyaga tarixan kengroq qaraydi, o’zi topingan e’tiqod “inqilob tongi”dan emas, insoniyatning tongidan boshlab shakllanganini idrok etadi. Tabiiyki, bunday qarash sho’ro mafkurasining tayanchi bo’lgan sinfiylik tamoyiliga soya tashlaydi. Ya’ni bu dunyoqarash bobidagi jiddiy siljishdir. Ushbu siljishdagi eng muhim jihat g’oyada umuminsoniy qadriyatlarning ustuvorlik kasb etishi va ayni choqda, unda milliy manfaatlarning ham bo’rtib aks etishidir.

70-80-yillarga kelib birmuncha mo»tadillashgan siyosiy-mafkuraviy iqlim sharoitida sobiq imperiyada ko’zi ochiq, haqiqatparvar ziyolilarning, ayniqsa, ijodkorlarning adabiyot va san’atning o’zga sohalari vositasidagi Umumiy Katta Yolg’onga qarshi kurashi yangi bosqichga ko’tarildi. 70 yillar avlodining Haqiqat, Vatan, Jasorat, Ozodlik haqida kuylay boshlashi ana shu Katta Kurashning bir parchasi o’laroq namoyon bo’ldi. Buning uchun tarixiy asoslar ham mavjud bo’lib, bu asos, avvalo, jadidlarning vatan ozodligi yo’lidagi kurashlari bilan, xususan, Cho’lpon bilan, uning isyonkor she’riyati bilan, E.Vohidov, A.Oripov va Rauf Parfilar an’analarini davom ettirish bilan bog’liq edi. Inchunun, Cho’lpon va 70 yillar avlodi she’riyatidagi hamohanglik aynan shu yerdan tug’ildi. Ular ijtimoiy dardni kuylash nuqtai nazaridan bir-biriga yaqinlashib keladi. Biroq ularda tafovutli jihatlar ham mavjud: Cho’lpon she’riyatida hamma narsa aylanib kelib yurt ozodligi muammosiga taqalaveradi. Unda hatto gul va yor haqidagi she’rlar ham oxir-oqibat Vatan hurligi haqidagi orzu-armonlarga yo’g’rilib ketaveradi. Ya’ni Cho’lpon she’riyati o’zining ibtidosidan intihosigacha asosan yurt ozodligi qayg’usiga bag’ishlangandir. 70-yillar avlodining bosh qayg’usi ham shu, lekin unga Haqiqat va Jasorat zinalari orqali chiqiladi.

70-yillar avlodi o’zbek xalqi turmushiga rasmiy mafkuradan tamom boshqa tarafdan qaradi. Ma’lumki, urushdan keyingi yillarda iqtisodiy manfaatlarni ko’zlab paxta yetishtirish muttasil ortib bordi: qisqa davr ichida 3, 4, 5, 6 millionlik marralar zabt etildi. Markazning “yana, yana”siga javoban o’zbek uyining sahniga dovur paxta ekdi: ona zaminimiz tuprog’i zo’rlandi, zilol suvlaru musaffo havo ifloslandi. Xullas, markazning bu boradagi siyosati mohiyatini qisqa qilib “paxta o’zbek xalqi uchun yaratilmaydi, lekin o’zbek xalqi paxta uchun yaratilgan” tarzida ifodalash mumkin. Matbuot, radio va televideniye paxtakor mehnatini ko’klar qadar sharaflab, romantiklashtirishga harchand urinmasin, 80-yillarga kelib paxta yakkahokimligining xalqimiz turmushiga salbiy ta’siri tobora kuchli sezila boshladi. Biroq bular haqda og’iz ochib bo’lmas, paxta siyosiy masalaga aylangan edi. Va ayni shu holatda 70-yillar avlodi bayrog’idagi haqiqat va jasorat so’zlari amallariga mos keldi. Xurshid Davronning 1981 yilda yozilgan “Kuzni o’yla” nomli she’ri bor. She’rda paxta so’zi aslo tilga olinmagan, lekin paxta yakkahokimligi oqibatlariga e’tibor qaratilgan:

Saraton oftobi tig’ida
Mehnat qoraytirgan bolalarning
Ko’zlariga tik qarolmasdan
Kuzni o’yla. [Qaqnus, 44]

She’rda qayta-qayta takrorlanuvchi “kuzni o’yla” xitobi, albatta, teskari ma’noda, albatta, alamli kinoya. Bu hammadan oldin kuzni – paxta hosili yig’ishtirib olinadigan paytni o’ylagan, butun sa’y-harakatini shunga yo’naltirib, uning qarshisida boshqa har neni bir pulga olmagan davr siyosatiga achchiq kinoyadir. Mana bu misralarda tasvirlangan manzara esa, ko’pchilik yaxshi eslasa kerak, davr kolxozlaridagi “sotsialistik turmush” tarzi uchun tipik hodisa edi:

Kuzni o’yla,
Ikki tol ovutolmayotgan
Belanchakdagi bolaning bo’g’ilib yig’lashi,
Kun issig’ida ko’ksida suti qurib qolgan ayolning
Iztirobi aro kuzni o’yla,
Kuzni o’yla,
Kuzni o’yla… [Q,44]

Shoir sho’ro davri paxta siyosatida bolalarga, demakki, xalqning kelajagiga nisbatan jinoyatni ko’radi va 1981 yil sharoitida buni ifoda etadi. 1985 yilda yozilgan bir she’rida esa shunday satrlar bor:

Sovuqlarda og’risa suyak,
Sog’liq tila o’zingga o’zing.

Sovuqlarda og’risa suyak,
Ishqdan yonib tovlansin ko’zing,

Yashnasa bas Vatan dalasi,
Yangrasa bas Ona allasi. [Q,124]

Gap Vatanning emas, “Vatan dalasi”ning yashnashi haqida bormoqda, ya’ni kinoya paxta tayyorlashni “paxta fronti”ga aylantirgan siyosatga qaratilgan. She’rning “O’lim kelsa uyga kiritma, Dalalarga olib chiq uni. Dalalarda uzilsin joning…” misralari bilan nihoyalanishi insonni qadrsizlantirgan siyosatga isyon o’laroq jarang topadi.

Shunga o’xshash, Shavkat Rahmonning “G’o’za” (1982) she’ridagi:

Bir parixon kabi so’zladim
tuproq yorgan g’o’zaga qarab:
“Avlodlarning haqqi-hurmati
o’sgin,
o’sgin,
pakana daraxt” [Uyg’oq tog’lar,95] , —

deya qilgan iltijosi zamirida isyonga millatning ertasi haqidagi tashvish qorishiq namoyon bo’ladi. Shoir millionlik xirmonlar o’zicha emas, balki ko’pchilik sezmayotgan qurbonlar evaziga: kirza etikli qizlarning “ming bora egilib, ming bor yalinib, har mitti g’o’zani sizlab” uyg’otishlari, “saksovul singari chidamli, chayir” odamlarning oltinga mengzalsa-da, asli “erga o’xshab ketgan” [Uyg’oq tog’lar,156] qo’llari bilan, “qanchadan qancha o’ktam asrlar qaddini rostlayolmay o’tayogani” [UT,95] hisobiga barpo etilayotganini biladi. Shavkat Rahmonning “Kuzgi yer ko’rinishi” (1983) she’ri esa paxta siyosatining yana bir oqibati – ona yerga yetkazilgan ozor haqida. She’rning ilk misralari yig’i yo’qlov ohanglarini eslatadi:

Sarg’aygan
bahaybat yaprog’im – yerim, yerim,
qovjiragan giyohvand yerim. [UT,123]

Bu bekorga emas. Ona zamin “bag’riga bag’rini berib” yotgan lirik qahramon uning yo’qlikka ketgan jannatiy giyohlariyu o’rmonlari, zilol suvlariyu rang-barang chechaklari, qushlaru turfa hasharotlarini qo’msaydi. Zamin esa, ona-da, hamon boshiga tushgan sho’rishlar sababchisi bo’lmish farzandni o’ylaydi: “maysamni hidlama, ichma suvimni, sarg’aygan bag’rimda yotmagin, bolam”. Menga qolsa, yurtini shunchaki lutf uchun emas, dil-dilidan “ona” deb bilgan, bayrog’iga haqiqat so’zini bitgan insongina shunday satrlarni bitishi mumkin. Zero, buning uchun ijtimoiy dardning shaxsiylanishi, ya’ni ona zaminga yetkazilgan ozorni o’ziga yetkazilgan ozordek his qila olish, og’riqlarini vujuddan o’tkaza olish talab etiladi.

Agar Shavkat Rahmon va Xurshid Davronlar bu she’rlarni 80-yillarning o’rtalariga qadar yozishgani, bu vaqtda hali “oshkoralik” boshlanmaganini hisobga olsak, 70-yillar avlodining milliy ijtimoiy tafakkur rivojida nechog’li ulkan hissasi borligini tasavvur qilish mumkin bo’ladi.

Ha, 70-yillar avlodining eng sara vakillari voqelikning negativ tomonlariga ko’proq diqqat qilishdi. Lekin bu aslo ularning she’riyatida tushkunlik kayfiyati aks etdi degani emas. Aksincha, negativ tomonlarga urg’u berishdan murod xalqning “ko’zini ochish”, unga bu alfozda yashab bo’lmaydi degan qarashni singdirib, ulkan kuchni harakatga keltirishdan iborat edi. Ya’ni bu 80-yillarga kelib ijtimoiy tafakkur ilg’origa chiqqan shoirlarimiz anglangan ijodiy printsipining muhim qirralari – Kurash va Ozodlik g’oyalarining amalga tatbiqi edi. Ularga bu borada kuch bag’ishlab turgan asosiy omil Vatanning shonli o’tmishi edi desak, aslo yanglishmaymiz. Chunki ular qadim o’tmishimizga fikran qaytib, undan “oqqan daryo oqadi” naqliga amin bo’lib qaytdilar va shu ishonchni ommaga singdirish payida bo’ldilar. Bu avlod o’tmishga porloq kelajak poydevori deb qaradi. Sh.Rahmonning 1980 yilda yozilgan bir she’rida “ming yillar qa’ridan kelayotgan” minora tasvirlanadi. To’plar o’qidan minoraning bosh qismi uchib ketgan, joni “sharqona bezaklar bitilgan jismida” omon qolgan va:

Bu yil ham minorda, xayriyat,
sharqona bezaklar so’nmabdi.
Minorning boshiga bu yil ham
Xayriyat, qarg’alar qo’nmabdi.[UT,50]

She’rning mazkur xulosa bandi so’z san’atdan xabardorki kishiga majozan kelajakka umidvorlikni anglatishini aytmasa ham bo’ladi. Minora hali o’zligini butkul yo’qotmagan millat, unga ezgulik ramzi bo’lgan laylaklar qo’ngani ozod ertasidan bashorat. Zero, eng muhimi asos – “sharqona bezaklar bitilgan jismida” jonning omon qolgani. Xuddi shunday ruh-kayfiyat Xurshid Davronning “Baroko’h tog’iga chiqdim tirmashib…” [Q,121] misrasi bilan boshlanuvchi she’rida ham ustuvor. Shoir toqqa Bobur qurdirgan uyni ko’rish uchun chiqmoqchi. Lekin unga “Shoshilma, Bobur uyi yo’q, Faqat poydevori qolgandir omon” dedilar. Shoirning javobini qarang: “Uyning poydevori omon bo’lsa bas, Uyni bo’lsa o’zim qilgum tasavvur”. Shoir poydevor omonligi uchun mag’rur, shod. Chunki:

Poydevor omondir,
Demak, uy omon.
U yana tiklanar, toki bor firoq,
Toki bor boshimda bu qadim osmon,
Toki bor bobolar qon to’kkan tuproq. [Qaqnus,121]

70-yillar avlodi tarix idrokida salaflarga nisbatan bir necha odim oldinladi. Agar A.Oripov, E.Vohidovlar buyuk o’tmishdan faxr tuyg’usini ifoda etganlari holda unga munosabatda mafkura tazyiqidan xoli bo’lolmagan bo’lsalar, bular o’tmishni o’z qarashlariga muvofiq talqin qilish imkoniga ega bo’ldilar. Bu qarash rasmiy mafkura nuqtai nazaridan jiddiy farqlanadi. Masalan, Xurshid Davronning “Qochoq. 1868 yil. Savr” nomli she’ri, to’plamda qayd etilishicha, 1971 yilda yozilgan. Unda rus istilosi vaqtida qurolini tashlab qochgan qochoq qismati qalamga olingan. Qochoq odamlar nafratiga uchragan, yolg’izlikka mahkum, hatto ona zamindan ungan ang’iz ham uni o’zidan itaradi; uni qurbon bo’lgan do’stlar ruhi va yana “bir juft qora ko’z” mudom ta’qib etadi. O’sha “bir juft qora ko’z” degani “ona yer – U himoya qilmagan tuproq ” [Qaqnus,10]. Agar she’r yozilgan davrda “O’rta Osiy Rossiyaga ixtiyoriy qo’shib olingan” qabilidagi yolg’on zo’r berib singdirilib turgani esga olinsa, talqinning rasmiy qarashga zidligi yaqqol ko’rinadi. Shoirning “Xanjar” (1982) she’rida zidlik yanada yaqqol ko’rinadi: unda yog’iyni pinhon yo’llardan Qo’qonga olib kirgan xoin qismati tasvirlangan. U o’z xalqiga urgan xiyonat xanjari o’zining “ko’ksiga abadiy botgan”. Xoin bu xanjarni xizmati uchun oqposhshodan olgan kumush nishon bilan qo’shib ko’tarib yurishga majbur. El undan hazar qiladi:

Bolalar ko’chada ko’rib qolishsa,
O’zini hovliga uradi qushdek,
Chollar o’zlarini chetga olishsa,
Yigitlar g’azabdan qisardi mushtin” [Q,50].

Agarki elning xoinga munosabati shunchalik – o’ligini ko’mmas darajada ekan, uning yog’iyni quchoq ochib kutib olmaganligi ham aniq, albatta. Rus istilosi mavzusi Xurshid Davronning yana “Vereshchagin” (1982), “Jangchi haqida rivoyat” (1983), “Tyutchev o’limi” (1986) kabi she’rlarda ham poetik aks ettirildi. Bu she’rlar o’z davri uchun nafaqat badiiy-estetik, balki ulkan ma’rifiy va g’oyaviy ahamiyatga molik edi.

Ha, 70-yillar avlodi tarix idrokiga milliy o’zlikni anglash va anglatishning muhim sharti sifatida qaradi. Hokim mafkura esa omma ongiga soxtalashtirilgan tarixni singdirishdan manfaatdor ediki, ayni shu nuqtada manfaatlar to’qnashuvi yuzaga keladi. Sh.Rahmon bir she’rida:

Gapirib bo’lmaydi moziy haqida,
moziy yuki og’ir – tashlab ketarli,
hali buzg’unchi deb, qo’poruvchi deb,
yoqangdan olguchi gumroh yetarli” [Gullayotgan tosh,56], —

deb yozishi bejiz emas edi. Adabiyotdagi yuqoridagicha tendentsiyani ilg’ab olgan mafkurachilar darhol sergak tortishgan, bunda o’zlari singdirayotgan mafkura maqsadlariga butkul zidligini, uning kushandasi bo’lishi mumkinligini anglab qolishgandi ular. Shuning uchun O’zKP MKning yuksak minbarlaridan turib tarixni ideallashtirish hollari keskin tanqid qilindi (4). Mafkurachilar ayuhannos solib aytgan “ideallashtirish”, aslini olganda, tarixga xolis nazar edi. To’g’ri, Shavkat Rahmon aytmoqchi “Moziy qora maskan – zarracha nur yo’q” [GT,56] deb tushuntirgan mafkura qarshisida buning “ideallashtirish” bo’lib ko’rinishi ham ajab emas.
Agar 60-yillar avlodi o’tmishni yurtimiz boshiga tushgan kulfatlar tarixidan iborat deb bilsa, 70-yillar avlodi uni Vatan ozodligi uchun kurashlar tarixidan iborat ko’rdi. Salaflar uchun g’urur-iftixor sababi ko’proq buyuk allomalarimiz bo’lgan bo’lsa, bular uchun erk va ozodlik uchun kurashchilar faxr-o’rnak ob’ekti bo’ldi. Xususan, birgina Xurshid Davronning 70- 80-yillar ijodida Shiroq, To’maris, Spitamen, Qurbonjon dodho, Bobon botir, Namoz Pirimqul o’g’li singari kurashchilar obrazlarining butun boshli galereyasi yaratildi. Menga qolsa, Xurshid Davronning bu yillardagi ijodini ko’proq badiiy so’z vositasidagi tarixchi-ma’rifatchilik faoliyati degan bo’lardim. Nazarimda, shoir tariximizning faxr-o’rnak bo’larli sahifalarini bir-bir ochib, o’quvchi omma ko’z oldida hijjalab qiroat qildi, uni his qilishga, uqishga o’rgatdi. Shavkat Rahmon, Usmon Azimlarning tarixiy mavzudagi she’rlari ham maqsad-mohiyatiga ko’ra shunday. Zero, bu she’rlarning bari tarixga “ko’zni ochib qarash”ga o’rgatish bilan millatga o’zligini tanitish, olib borilayotgan munofiqona siyosatga nisbatan to’g’ri mavqeni egallashga ko’maklashish maqsadiga qaratilgan edi.

80-yillarning o’rtalarida “oshkoralik” “qayta qurish” jarayonlari boshlanishi bilan jamiyat siyosiylashdi: siyosat haqida o’ylamagan, gapirmagan, yozmagan odam qolmadi hisob. Bu, albatta, o’zini “qayta qurish”ga chog’lagan jamiyatning ma’naviy-ruhiy ehtiyojlari bilan bog’liq edi. Aslida, “qayta qurish” degani sotsializm g’oyasi va ulkan imperiyani saqlab qolish yo’lidagi bir urinish, siyosiy tadbir bo’lgani bugun hech kimga sir emas. Lekin nima bo’lganda ham, butkul boshqa maqsadlarda taqdim etilgan so’z erkinligi mustabid tuzum ildiziga urilgan bolta bo’ldi. Va albatta, o’ta ijtimoiylashgan va oshkor publitsistiklik kasb etgan she’riyat o’sha bolta bilan naq o’q tomirni mo’ljalga oldi. Bungacha shoirlarimiz bo’g’zida qolib kelgan haqiqatning yarmisi ham endi she’rlarga shiddat-la quyildi. O’zbek xalqining mustamlaka sharoitidagi fojeali hayoti, mustabid siyosat oqibatlari davr she’riyatining yetakchi mavzusiga aylandi.

045Usmon Azimning “Rosa qirq yoshingda to’xtading, yurak” she’rining lirik qahramoni – qirchillama qirqida hayot bilan vidolashgan odam, uni birgina savol qiynaydi: “Meni nima uchun o’ldirding, o’lim?” Lirik qahramon o’limga yozg’iradiki, “Ammo men hech narsa qilganim yo’q-ku! – Mehnat qilaverdim boshimni egib” (5). Aslini olsak, uning o’zi anglamayotgan fojiasi shunda – mutelikda. Chindanam bu – boshidan uchoqlar og’u sochganida ham, bolasi kuzgi yaproq misoli xazon bo’lganida ham, xotini ko’ksidan sut o’rniga zaqqum kelganida ham “hech narsa qilmagan” odam. U hamma shiorlarga dildan ishonib, hamma buyruqlarni so’zsiz bajarib, tashabbus talab qilganlarida “Men – tayyor!” deya unsiz bosh silkib… gazetada yozilgandan boshqani ko’rmay, o’zi yetishtirgan paxtadan qulog’iga tiqin qilib – yashamasdan yashagan odam. Uning boshida o’tirgan – Vatan, bo’lganda ham “o’ttiz yil paxtazor kechib Pushti kuyib ketgan opasi”ning xuddi o’zginasi. U-da ojiz, “Qanday olib qolay seni o’limdan, Nimaga hech narsa qilmading, Bolam?”. Bu – Vatanning mavjud holi uchun o’zini to’liq mas’ul sanayotgan avlod iqrori, bu iqror “ko’zni ochish”ga, endi “nimadir qilish, xatolarni tuzatishga da’vatdir. U. Azimning “Paxtaga qasida” she’ri birgina “Mening tarjimai holim yo’q – gap shu! Mening o’tgan umrim paxtaniki-ku!” [Uyg’onish azobi,24] bandi bilan boshlanib, shu band bilan yakunlanadi. Shuning o’zidayoq sho’ro siyosati natijasida paxta quliga aylanayozgan millat fojeasi jam etilgan. She’rning “Kimlar orden olgan va kimlar qamoq” [UA,24] misrasi davr o’quvchisi ko’z oldiga qariyb yigirma yillik tarixni – “oltin qo’llar” deya sharaflashu buning ortidan kelgan “o’zbeklar ishi”, “paxta ishi” qabilidagi soxta ayblovlarni shundoq keltirib qo’ygani shubhasiz. Markaz matbuoti “oshkoralik”ni ro’kach qilgan holda yorug’ olamga jar solib, xalqimiz haqida mutlaqo bo’htondan iborat tasavvurni singdira boshladi. Bu – millatga tuhmat, uning hamiyatini qo’zg’agan eng so’nggi tomchi edi. Shavkat Rahmon “shoirlar uyg’ota olmagan elni uyg’otib yubordi malomat, tuhmat” (6) deb yozganida to’la haq edi. Shoir masalaning tub mohiyatini teran ilg’agan holda jasorat bilan “yuksak qal’alardan boqqan o’g’rilar ulkan mamlakatning butun aybini sodda o’zbeklarga qo’ydi to’g’rilab” deydi [S,318]. Shunga o’xshash, shoir “qayta qurish”ning yuqorida aytilgan mohiyatini ham o’z vaqtida teran anglay oldi. Biroq aksariyat kishilarimizda bu siyosat umid uyg’otgani ham sir emas. Shu bois ham Sh.Rahmon xaloyiq “aybdor boltamas, aybdor kunda” deya ishonib, “ko’z yoshdan iygani”ga kuyadi. Shoir yuzaga kelgan holatni “Uyqu” she’rida mana bunday ifodalaydi:

“Qaydadir bulbullar toliqib sayrar,
havoda uchganday milyon maloik.
Bir chetda jallodlar tig’larin qayrar,
uyquni uradi sho’rlik xaloyiq” [S,319].

Shavkat Rahmonning 80-yillar o’rtalaridan boshlab yozilgan qator she’rlari mana shu uyqudan uyg’otishga qaratilgan.

Shu tariqa istiqlol sog’inchi bilan she’riyatga kirib kelgan 70-yillar avlodi o’zining yorqin ijtimoiy-ma’naviy mavqeiga ko’ra nafaqat milliy badiiy tafakkurni rivojlantirdi, balki milliy ijtimoiy tafakkur rivojiga ham sezilarli ta’sir ko’rsatdi va shu asosda yurtimizning mustaqillikka erishishida o’z hissasini qo’shdi.

Xulosa qilib aytish joizki, she’riyatimizga 70-yillarda kirib kelgan avlodning ijodiy faoliyati uzoq vaqt adabiyotmizni o’z iskanjasiga olgan mafkura tazyiqidan birmuncha erkin tarzda boshlandi va 80-yillar o’rtalaridan boshlab undan, asosan, xalos bo’lib bordi. 70-yillar avlodi yurtimizdagi mavjud holat, xalqning foje ahvoli, o’tmishi va kelajagiga yangicha nazar soldi. Shuning natijasida bu avlod, salaflaridan farqli o’laroq, Vatan istiqbolini kommunizm g’oyasi bilan bog’liq holda ko’rmadi. Aksincha, u g’oya o’z umrini yashab bo’lganini, rasmiy mafkura shiorlari bilan haqiqiy holat orasida tubsiz jar hosil bo’lganini teran his qildi va shuning natijasida yurtining istiqbolini istiqlol bilan bog’liq holda tasavvur qila boshladi;

Jamiyatda hokim mafkuraning asosi bo’lgan sotsializm g’oyasiga ishonch susaygan va keyincha “turg’unlik davri” deb atalgan davr qator jihatlari bilan jadidlar “g’aflat, jaholat” deb atagan sharoitga o’xshash edi. Mavjud ahvolni teran badiiy idrok etgan bu avlod o’zining asosiy vazifasini xalqni “uyg’otish”da deb bildi. Va bu maqsadga erishish uchun jamiyatdagi maddalab borayotgan illatlarni ochib ko’rsatdi, xalqning foje ahvoli va buning asl sabablaridan bahs yuritdi, o’quvchilarni bu haqda fikrlashga yo’naltirdi, shunga o’rgatdi. Shu ma’noda 70-yillar avlodi adabiyotimizdagi milliy uyg’onishning ikkinchi to’lqinidir.

Izohlar

1. Davron X. Bolalikning ovozi. – T., G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at, 1986. – B.16; bundan keyin qavs ichida BO qisqartmasi va sahifa ko’rsatiladi.
2. Rahmon Sh. Rangin lahzalar. – T., G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at, 1978. – B.10; bundan keyin qavs ichida RL qisqartmasi va sahifa ko’rsatiladi.
3. Davron X. Qaqnus. – T., Yosh gvardiya, 1987. – B.17; bundan keyin Q qisqartmasi va sahifa ko’rsatiladi.
4. Qarang: “Postanovleniye SK KP Uzbekistana ot 29 yanvarya 1985 goda “O sostoyanii i merax po dalьneyshemu uluchsheniyu literaturno-xudojestvennoy kritiki v respublike v svete resheniya iyunьskogo (1983) Plenuma SK KPSS” // Kommunisticheskaya partiya Uzbekistana v rezolyutsiyax i resheniyax s’ezdov i Plenumov SK. T.4. – T.,1989.
5. Azim U. Uyg’onish azobi. – T., G’afur G’ulom nomidagi Adabiyot va san’at, 1991. – B.24; bundan keyin qavs ichida UA qisqartmasi va sahifa ko’rsatiladi.
6. Rahmon Sh. Saylanma. – T., Sharq, 1997. – B.318; bundan keyin qavs ichida S qisqartmasi va sahifa ko’rsatiladi.

Manba: “Xurshid Davron ijodining ma’naviy- ma’rifiy ahamiyati” mavzusida o’tkazilgan respublika ilmiy konferentsiyasi materiallari. Toshkent, 2022

47

(Tashriflar: umumiy 969, bugungi 1)

Izoh qoldiring