“Dada, sizni yaxshi ko‘raman!” – mashhur otalar haqida o‘g‘illarning hikoyalari

056Инсоннинг орзулари, келажакда ким бўлиши, ҳаётда муносиб ўрнини эгаллаши, одатда у улғайган муҳитга боғлиқ бўлади. Яхши ота эса фарзандининг кўзлаган манзилига қоқилмай етишида вақт ва имконият имтиёзи. Oyina.uz шундай оталарнинг фарзандларидан ҳар доим ҳам айтилавермайдиган изҳорларини тақдим этади.

52Саъдиев Жалолиддин МАҲМУД ўғли:

Мен ҳаётимни икки қисмга бўламан: отам бор вақтлар ва ундан кейинги давр. Ўйлаб кўрсам, отам ҳаётлигида ҳали улғаймаган эканман. Ўттиздан ошган, 4 та фарзанднинг отаси бўлсам ҳам… Отам вафотидан кейин сездимки, дунё аслида иккига бўлинган экан: отам яратган оила муҳити – падарим қарашларидан пайдо бўлган, менга таъсир қиладиган ракурсдаги дунё ва реал дунё. Тушуняпсизми, яъни ҳаётий қарашларимни иккига ажратсам бўлади: олдинлари мен узоқда бўламанми ёки ўқишда/ишда/тадбиркорлик фаолиятимдами – фарқи йўқ, орқамда отам борлигини ҳис қилиб тургандаги тириклик ва отам вафотидан кейинги ростакасим ҳаёт ҳамда унга бўлган муносабат. Ўйласам, отам борлигида бутун дунёқарашимда уларнинг таъсири бўлган экан. Ҳолбуки, тарбияда бирор амалга мажбурлаш бўлмаган, хатойим учун ҳам калтак ейиш у ёқда турсин, сўкиш ҳам эшитмаганман. Қаттиққўллик қилмаганлар. Ўзбек оиласи учун уникал ҳолат-а? Отам тарбияни, айтайлик, ҳалолликни ўзларининг хатти-ҳаракатлари орқали, намуна кўрсатиб олиб борганлар.

Бизнинг оилада Ватан, миллатни севиш деган гаплар сийқаси чиққан, шунчаки айтиладиган гаплар эмасди. Биз учун бу туйғулар ўта табиий ва одатий қабул қилинарди. Отам борлигида “четга суриш” деган фикр хаёлимга умуман келмаган. Фаолиятим тақозоси туфайли турфа одамлар орасида мулоқотда бўламан, ишим битиши учун уларнинг дунёқарашлари билан ҳисоблашишга, эшитишга ва маълум қисмини ўзимга юқтиришга мажбур бўламан – бусиз илож йўқ. Қолаверса, ташқи дунёдан олинадиган жуда кўп салбий энергия, информация, инсон табиатини ўзгартирадиган таъсирлар бўладики, уни ҳазм қилавериб, қалбингиз, дунёқарашингиз ўзгара бошлаётганини сезмай қоласиз. Отам бунга қарши менинг иммунитетим эдилар. Аслида олдинлари ҳам ана шундай “инсонни ўзгартирувчи ташқи таъсирлар” бўлган, лекин уйга келгач, отам билан суҳбатлашгандан сўнг, ҳаттоки, шунчаки гапларини эшитгандан кейин барча юқтирилган “гард”лар ювилиб кетарди. Ҳозир эса инсон бўлиб қолиш борган сари катта масъулият ва куч талаб қиляпти, энди менинг ўрнимга бунга қарши туриб, қайтарадиган одам йўқ – Маҳмуд Саъдий Аллоҳ менга берган ана шундай кучли ҳимоячи, суянадиган тоғ эди. Ишдан толиқиб, баъзан муаммоларга учраб қайтсам, барча ғуборлар чиқиб кетарди, ҳаловат қайтарди – уйда отам мени кутарди. Оилада шунақа тафт мендаям бўлишига умид қиламан.

Аллоҳнинг менга раҳмдиллиги билан отам 80 йил умр кўрдилар. Ўтганларига 4 йилдан ошдию, лекин қалбимдаги кемтик кетмади ва улар тириклик пайтидаги ҳаловат ҳисси ҳали қайтиб келмади. …Ўғилларим қайсидир ишни бажармаса, хато қилса уришиб, ўзига хос жазо қўллаган пайтларим отамнинг шундай вазиятдаги менга нисбатан қандай муносабат қилганларини афсуски, кам ҳолларда эслайман. Ҳозир хотирамга бир воқеа келди. Қандайдир аҳмоқлик қилиб, отамни хафа қилдим. Эрталаб мактабга кетишим керак, ҳали тушлик пули олинмаган. Ғурурча жонивор отадан пул сўрашга эгилмаяпти, лекин оч қолиш ҳам ёқмаяпти. Аксига олиб, ҳали кечирим сўрашга улгурмаганман (ҳозир ўшандаги аҳволимни эслаб қаттиқ куляпман). Хуллас, секин отам хонасига мўраладим – ухлаяптилар. Чамаси ўн ёшлардаги боламан, “ғам-андуҳга чўмиб” короватим олдида турган оғир портфелимни олиш учун кирсам, токчага тушлик пули қўйиб қўйилган экан… “Боламнинг аҳмоқгарчилиги унинг оч қолишига сабаб бўлиши керакмас, ие, оч қолсинми энди?» деб айтардилар. Отамнинг тарбияси шунақа эди, виждонга таъсир қилиб, тарбиялайдиган услублари кўп эди…

23Аъзамов Сардор ЭРКИН ўғли:

Болалигимдан отамнинг доим китоб ё газета ўқиётган ҳолатини кўриб катта бўлганман. Бизни кўпроқ онам тарбия қилган бўлсалар-да, ҳар қандай жиддийроқ хархашамиз одатда отамнинг газета ортидан қовоқ солиб қараб қўйишлари билан барҳам топарди. Баъзан елкаларига чопон ташлаган ҳолда иш столига ўтириб, кечалари билан ижод қилардилар. Отамга ҳавас қилиб, бир куни мен ҳам “ижод”ни бошлаганим эсимда… Саккиз-тўққиз ёшларда бўлсам керак. Отамнинг ёзув машинкаси устидаги сарғиш қоғозлардан олиб, елкада чопон билан “қисса” ёзганман. Отам ишимни кўриб жилмайганда, нимагадир уни Дўрмондаги қўшнимиз Набижон Боқийга берган. 3-4 кундан кейин ўша пайтлардаги “Ватан” газетасининг иккинчи саҳифасини тўлиқ қамраб олган, тахминан “Номсиз қисса ёхуд ҳаваскор ёзувчи С.А.нинг ёзганлари” деб номланган мақола чиққан. Отам газетани менга тутқазганида, аввалига қисса газетада босилибдими деб хурсанд бўлиб кетганман. Ўқисам, фельетон экан, “Қатлнома”нинг ўзгинаси! Болаликда бошланган “ижод” шу заҳоти якун топган. Ўшанда катталар нима учун бундай кескин йўл тутишганини ҳанузгача билмайман. Набижон акани кейинги кўрганимда сўрарман…

“Бадиий ижод” қўлдан келмагач, университетда илмий мақола ёзишга ҳаракат қилдим. Уларни отамга кўрсатганимда, оппоқ қоғозни қоп-қора қилиб қайтариб берардилар. Шундай пайтларда отамнинг қанчалик профессионаллигига ҳар сафар қойил қолганим рост. Ёзиб-ёзавериб, бугун, мана, фан доктори ҳам бўлдим. Бунга ҳам отам сабабчи. Ўқишни битирганимдан сўнг илмий иш қилишга доим ундаб келганлар. Профессорликни ҳам тезроқ олишим керак энди… Умуман олганда, отам менинг ҳаётимда асосий ўрин эгаллайдиган шахс. Кенжа фарзанд эканим, кўп нарсани опам ва акамдан кўра мендан кутишлари бунинг боиси бўлса ажаб эмас. Ҳар қандай қийин вазиятда, турмуш ва ишдаги турли жумбоқларга рўбарў келганимда менга доим жўяли маслаҳат бериб келадилар, куйинчаклик қиладилар. Мен ҳам отамнинг ишончини оқлашга қўлимдан келганича ҳаракат қиламан. Ҳафсалалари пир бўлган даврлар ҳам бўлади, албатта, лекин менга буни билдирмайдилар.

Отам – ҳалол инсон. Бизга ҳалоллик ҳақида кўп ҳам гапирмаган бўлсаларда, ибратлари билан кўрсатиб келадилар. Ҳашаматсиз, бойликсиз бу ҳаётда маза қилиб яшаш мумкинлиги – отам амал қиладиган оддий ҳақиқат. Бизнинг оиламиз шиори шу аслида. Отам доим янги фикрга интилади, уни ҳурмат қилади, янги фикр билдирган инсонга меҳри мудом баланд бўлган. Чамамда, отам ўзи ўқиган сон-саноқсиз китоблари ичида доим янги фикр изласа керак, чунки отам янги фикрсиз яшай олмайди, шундан завқ олади. Ёзувчи сифатида ўз сўзи, ўз стили – сафдошлари ичида ўз ўрни бор. Отамдаги оригиналлик ёқади менга. Отамнинг мен ғурурланадиган хислатлари талайгина. Аслида-ку, ҳар қандай фарзанд ўз отаси билан фахрланиши табиий. Бироқ опам ва акам билан биз эса бу борада икки ҳисса бахтлироқмиз, деб ўйлайман. Чунки отамиз халқимизнинг эътиборига тушган инсон экани баробарида чиндан ҳам камтар ва ҳаётий принципларига эга инсон. Бугун отам билан онам Дўрмонда. Уларнинг дийдорига тўйиб келишим керак. Шу ўринда сўзимни тугатсам-да, бизнинг бебаҳо бойлигимиз – отам ва онамга узоқ умр тиласам!

31Ҳасанов Отабек АБДУРАШИД ўғли:

Дадам менинг устозим, мотиваторим. Беш ёшимда ҳарфларни танитганлар, етти ёшимда улар сабаб бемалол китоб мутолаа қила олардим. Болалигимда дадам бизга китоблардан иборат “Кутубхона уй” қуриб берганди. Китоб ва илм – шу тушунча руҳида улғайдик. Биз бирга ўқирдик, бирга китоблар мазмуни ҳақида гаплашардик. Бу мароқли эди. “Ўтган кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Кеча ва кундуз”, “Навоий” асарлари руҳиятини болаларча англаганман ўшанда. Дадам ҳар куни мен ўқиган китоблар ҳақида суҳбатлашишни канда қилмасдилар. “Қани, гапириб беринг-чи, бу китоб нима ҳақида экан?..» Кейин мен тўлиб-тошиб, завқ билан образларим ҳақида сўзлаб берардим. Дадам хизмат сафарига кетсалар қайтишларини кутардим. Чунки ўқиган китобларим ҳақида гапириб, олқиш олишга ўрганиб қолгандим. 11 ёшимда сиёсат ҳақида гаплашадиган бўлдик. 15 ёшларимда давлат бошқаруви ҳақида китоблар мутолааси бошланди. Дадамнинг бир одатлари бор эди. Ҳар маошларининг 5–10 фоизига китоб олиб келардилар. Қизиғи эса улар ойликдан ойликкача ўқилиши керак эди. Ва шундай бўларди ҳам. Мени илм билан дўст қилган инсон дадам бўладилар.

Бир ҳақиқатни бугун аниқ биламан: фарзанд тарбиясида отанинг ўрни беқиёс. “Мен сенга ишонаман!” Шу биргина гап мени доим ҳаракатга келтирган. Ўзимни қийнаб илм олишга мажбурлаган. Машаққатларга дуч келган пайтларим бўлди. Докторлик ишим ҳимоясида турли кутилмаган ҳолатларга дуч келдим. “Етади, илм қилмайман!”, деган фикр хаёлдан ўтган кунларим ҳам бўлди. Шундай пайтларда ягона инсон – дадам менга мотивация бердилар. Ўтирганимда юришга, юрганимда югуришга ундадилар. “Синмаслигинг, синдиролмасликлари керак, ҳақиқий қилич оловда тобланади”, дердилар қатъий. Шу гаплар мени янада кучли, сабрли, матонатли қилди. Бугун ҳар бир ота ўз фарзандининг мотиватори бўлиши керак. Фарзанд отадан куч олиши лозим. Бугун, балки ҳар бир ўзбек оиласида шундай оталар керакдир. Шунда биз тўлақонли илмли жамиятга айланишимиз осон бўлармиди…

57Турсунов Зиёвуддин АНВАР қори ўғли:

Аллоҳ раҳматига олсин, отамиз, устозимиз Анвар қори домла кўп йиллар Тошкент шаҳрининг бош имом-хатиби вазифасида фаолият кўрсатдилар. Чорак асрдан кўпроқ муддат миллатимиз тинчлиги, эътиқодимиз софлигини сақлаш йўлида эрта-ю кеч жонини тикиб хизмат қилганини нафақат отамни яқиндан таниган дўст-биродарлари, шогирдлари, балки бутун халқимиз яхши билади. Отамнинг ўзим кузатган баъзи хислатларини эслашга ҳаракат қиламан. У киши жуда таъсирчан ва меҳрли эдилар. Оилада бўлсин, кўча-кўй, маҳаллада бўлсин, ҳар қандай яхши ёки ёмон ишга бефарқ қаролмасдилар. Яхши ишдан суюниб, хурсандликларини яширолмас, албатта муносабат билдириб ўтар, бу хайрли ишнинг давомли бўлишига кишида рағбат уйғотардилар. Ғайришаръий, ёмон бир ишга гувоҳ бўлиб қолса, ўйлаб ўтирмасдан аралашар, кўчада ё масжидда бўлсин, тўхтаб, ўша ишни қилган кишига насиҳат қилар эдилар. Бузилиб бораётган қанча оилаларнинг ислоҳ бўлишига сабабчи бўлганларини қариндошларимиз, маҳалладошларимиз, отамнинг шогирдлари яхши билишади. Насиҳатлари шунчаки тил учида эмас, дилдан бўларди. Ичларида диннинг, халқнинг ташвиши бўлгани учун ёниб сўзлардилар. Гап-сўзлари содда, айни пайтда ўткир, нишонга аниқ етиб боргувчи эди.

Эсимни танибманки, отам эрталабдан кечгача ишда бўлар, турли расмий ва норасмий тадбирларда иштирок этар, қаерда бўлмасин, Аллоҳни танитиш йўлида жон куйдирар, исломий хулққа, одоб-ахлоқ қоидаларига жиддий эътибор қаратар эдилар. Ишдан чарчаб келганларига қарамасдан, оиламиз даврасида ҳар биримизга алоҳида меҳр кўрсатишга улгурардилар. Ота-она ҳаққини ўрнига қўяр, фарзандларга алоҳида эътибор қаратиб, невараларни суйиб, эркалар эдилар. Ҳа, у киши шундай меҳрибон, болажон эдилар. Бирортамиз хасталансак, ўзлари бемор бўлгандек, эрталабгача бетоқат бўлардилар. Ҳаммани китобхонликка даъват қилар, дунё ва охират саодатини китобда, маърифатда деб билгани боис бизни ҳам ҳамиша мутолаага ундар, доим қўлларида қандайдир китоб билан уйга кириб келардилар. Уйимиздан меҳмон аримасди. Суҳбатларини олиш учун келган мухлис-у шогирдлар, бирор масала сўраб ё қандайдир тадбирга таклиф этиб келган нотаниш ёки шунчаки зиёрат учун ташриф буюрган кишилар кундалик меҳмонларимиз бўларди. Отам имконияти даражасида ҳаммаларининг ҳожатини чиқарар, ҳеч кимнинг кўнглини қолдирмасликка ҳаракат қилардилар. Назаримда, меҳрибон падарим учун ечилмас муаммо йўқдек эди. Ҳар қандай ишга масъулият билан киришар ва осонлик билан уддалагандек тасаввур уйғотардилар. Энди билсак, у кишига асло осон бўлмаган экан, ҳал этилган ҳар бир ишнинг ортида қанчалар ҳаяжон, хавотир, безовталиклар яширин бўлганини, оқибатда саломатлик қанчалик бой берилганини бугун, мана у кишини йўқотганимиздан сўнг ҳис этяпмиз.

Ҳар ҳолда, бир нарса маълум – отамиз бутун умр инсонларга яхшилик соғиндилар, миллатимизнинг гуллаб-яшнашини, мусулмон умматининг маърифий юксалишини орзу қилдилар, диннинг, халқнинг ғами билан яшадилар… Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло отамизни, у зотнинг шу даражага етишига сабабчи бўлган устозларини ғариқи раҳмат, шойистаи жаннат айласин.

09Зокиров Жавоҳир ЖАМШИД ўғли:

Дадамнинг мен фахрланадиган жиҳатлари кўп эди. Улар одам танламас, одамларга қандай лавозим, қайси миллат вакили бўлмасин бир хил муносабатда бўлардилар. Кичкиналарни сизлаб муомала қилардилар. Кўнглида умуман ғайирлик бўлмаган. Кимдир муваффақият қозонса, зўр бўлиб кетса, албатта, уни биринчилардан бўлиб табриклардилар. Одамийликлари ҳам олий даражада бўлган. Менга ўргатган энг муҳим хислатлари – одамларга ҳамдард бўлиш эди. Дадам яхши ота, яхши турмуш ўртоқ, яхши актёр бўлган. Дадам ҳаётлигида ош қилиб, оилавий йиғинларни ташкиллаштирар, Зокировлар сулоласининг барча вакилларини бир дастурхон атрофида жамлашни уддалардилар. Ҳозир дадамнинг йўқлиги жуда билинади…

04Имомхўжаев Аброр АҲРОР ўғли:

Отамнинг ижобий хислатлари кўп бўлган: самимий, меҳнаткаш, ростгўй, ҳақиқатпарвар… Лекин ёшлигимда ундан биринчи бор ғурурланганим эсимдан чиқмайди.

Отам шарҳловчиликдан ташқари футбол ҳаками бўлган ва 10 бор республиканинг энг яхши ҳакамлари қаторидан жой олган. Лекин, биласиз, ишқибозларнинг аксарияти севимли жамоаси мағлуб бўлса, кўпинча ҳакамни айбдор қилади ва ҳатто уни пулга сотилганликда айблайди. Кунларнинг бирида отамдан интервью олган телевидение журналисти шу ҳақда савол берган ва “мен ҳеч қачон пулга сотилмаганман” деб баралла айта оласизми, деб сўраган. Отам “Бемалол айта оламан, агар кимдир менга пул берган ёки шу воқеага гувоҳ бўлган бўлса, чиқиб айтиши мумкин. Ўша куниёқ мен ҳакамликни йиғиштираман!» деган. Ўшанда бу баёнот катта шов-шувга сабаб бўлган ва кўпчилик унинг ниҳоясини кутган. Лекин бирор кимса бундай айблов билан чиқмаган, аксинча “биз бир неча бор таклиф қилганмиз, лекин Ахбор акадан ҳар сафар қаттиқ гап эшитганмиз” дегувчилар чиққан. Ўшанда отамдан бошқача ғурурланган эдим…

095Давронов Темур ХУРШИД ўғли:

Болаликда тўлиқ англаб-англамай, аммо юрагимни қаттиқ ҳаяжонга солган нарса – бу отамнинг китоб ёзиши бўлган. Китобга бўлган меҳрим ҳам отамдан ўтган бўлса керак. Мактабнинг бошланғич синфларида ўқиб юргандан бошлаб отам дўконлардан аввал ёшимга, кейин қизиқишимга мос китоблар олиб келарди. Фантастик асарлар орқали инглиз тилини ўрганиш ғояси ҳам отамники эди. Бу йўналишни беҳад севганим учун Жон Роналд Руэл Толкин китобларининг инглиз тилидаги нашрларини аллақаерлардан топиб олиб келардилар. Телевизор олдига ўтқазиб, инглиз тилини ўргатадиган болалар программаларини мунтазам кўриш тартибини ўрнатган эдилар. Ишонасизми, йўқми, 12-13 ёшимда инглиз адибаси Доди Смитнинг «101 долматин” номли ғиштдек келадиган эртак романини ўзбек тилига таржима қилдирганлар. Ўзлари инглиз тилини билмасалар-да, луғатдан қандай фойдаланишни ўргатганлар ўшанда. Ундан ҳам олдин кичик-кичик фантастик ҳикояларни ўзбекчага таржима қилдирган ва рағбат бўлсин дебми, газеталарда чоп эттирганлар. Балки ўша рағбат туфайли бўлса керак, бугун дунёнинг асосий тилларининг кўпини яхши эгаллаганман.

Мен ҳозир олис Канадада яшасам ҳам, Ўзбекистон ҳаётидан, унинг тарихидан, маданиятидан узилган эмасман. Бу хислат ҳам отамнинг она юрт тарихига бўлган меҳри орқали бизга ўтган. Отамнинг бир ўгити ҳамиша ёдимда туради: Уятли ишлардан сақлан. Сен фақат менинг болам эмас, Ўзбекистон тарихида, маданиятида, Нақшбандия тариқатида излари қолган фидойи ва донишманд боболарнинг авлодисан, бир уятли иш қилиб, уларгаям азоб берма, деб доим такрорлаб турардилар. Ўша боболарим тарихини ҳикоя қилиб ҳам берганлар. Худо хоҳласа, бу ҳикояларни набираларимга айтаман, деган умидим бор. Ана шу “уятли ишлардан сақлан” насиҳатлари менинг ҳаёт шиоримга айланган. Яна шуни яхши биламанки, отамнинг ўзиям бу ҳикматни ҳам ижодда, ҳам ҳаётда қатъий позицияга айлантирганлар. Энг аввало, шу сабабдан отам билан фахрланаман. Бир марта отам “Мен шеър ёзсам, бобонг ва сен қараб тургандай ҳолатда, ёзаман” деганлари эсимда. Менга бағишланган шеърлари ҳам жуда кўп. Бу машҳур шеърни мен бир ёшга тўлган 1981 йили ёзганлар:

ЎҒЛИМ ТEМУРГА

Ўғлим, бу ер –
Бизнинг еримиз.
Ўзимизнинг еримиз.
Қўрқмасдан қадам ташла.

Ер жуда қаттиқ –
Боболарнинг қони қотирган уни,
Момоларнинг кўзёши қотирган.

Ўғлим, бу ер –
Ўзимизники,
Ҳадиксирама, ишонгин отангга,
Ҳадеб қарайверма орқангга.

Йиқилсанг, кўтарар
Сени бу тупроқ.
Йиқилсанг, турмоқни ўрганасан,
Турмоқни ўрган, ўғлим.

Йиқилсанг, эмаклама,
Эмаклаганим етар, ўғлим,
Қад тиклашни ўрган,
Шунинг учун бизга берилган
Бу ер – бу Ватан.

Наргиза ОДИНАЕВА тайёрлаган Oyina.uz

Lotin alifbosida o’qish uchun yozuv ustiga bosing.

034

(Tashriflar: umumiy 394, bugungi 1)

Izoh qoldiring