Sobir O’nar. Safura xolamning ertagi.

017

       Собир Ўнар 1964 йилда Самарқанд вилояти Қўшработ туманининг Қувкалла қишлоғида туғилган. Ҳозирги ЎзМУнинг журналистика факультетини тамомлаган. Қатор насрий асарлар муаллифи, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Давлат мукофоти соҳиби.
Яна энг муҳимини айтай: Собир менинг қўшним бўлади. Қарайиб 20 йилдан бери ҳамсоямиз. Унинг болалари кўз ўнгимда катта бўлди.  Собир «Ёшлик» журналининг бош муҳаррири эмасми, ҳар кўрганда «Бизгаям бирон нарса беринг» ёки «Шу суҳбатни қилиб бермадингиз-а?!» — дейди сезилар-сезилмас араз оҳангида. Мен ҳам «Сайтимга бирон нарса берсангиз-чи?!» — дейман ҳар замон.  Хуллас,бугун ажойиб ёзувчи ҳамсоямнинг янги ҳикоясини сизга тақдим этмоқчиман.

Собир Ўнар
 САФУРА ХОЛАМНИНГ ЭРТАГИ

      Мен бир нарсага кўпам тушунмайман ва хулоса қилишгаям қўрқаман: яратган Парвардигор баъзи бировларга кетма-кет мусибат жўнатади, ёш-навжувон жигарларидан айрилиб қолиш жуда ҳам оғир, кейинчалик ҳам бошқаларга фалончи акам, укам ёки холам айни бўйи етган, ақли тўлишган, чиройи ҳаддан ошган вақтда тўсатдан дунёдан ўтди, дейиш… қийин, негадир одамнинг гапиргиси келмайди. Бироқ гапирмасанг ҳам тушуниладиган жудоликлар бор. Айтмоқчиманки, Худойи таоло ҳам жигарингни ўсмирлигида олиб қўйса, кейин анча вақт сабр қилади, чоғи. Аслида мен бундай дейишга жиддий асос айтолмайман, шундан кейин бундай бўлади, дейишга тилим бормайди, сабабики – бари бир тақдир эгасининг Ўзи ҳал қилади. Аммо баъзан инсонларга раҳм-шафқат қилинади – мен шундай ўйлайман: оғирнинг кетидан яна бир оғирлик келиши мумкин. Лекин яратган эгам шундан сўнг яна ва яна оғирлик солишни эп кўрмайди, кейининга енгилликлар беради, демоқчиман…
Бу менинг хулосам эмас. Ҳаётда ғирт тескари ишлар ҳам кетма-кет бўлаверади, уларга таъбир боғлашгаям шошиб қоласан, эплаёлмайсан, бошинг қотади ва охири “э, эгамнинг иши-да, У нимани хоҳласа шу бўлади”, дейсан. Ўзи асли шу-ку, лекин ичингда қайсар бир одам бари бир шу тўғри ҳукм билан келишолмай тураверади. Сенга таскир-тасалли бермайди, қайтанга бир норозилик туйғусини, тақдир билан келишолмаслик ҳиссини тортиқ қиладики, шу билан олишиб юрганинг-юрган, қовоғинг ҳам, дилинг ҳам очилмайди.
Бироқ ўртада тушунарли мусибатлар ҳечқурса орадан қирқ йиллар ўтиб қўнгиллар осойиш топиб бўлгач, ундан кейин неча тақдирлар ҳал бўлиб кетгач, балки сал енгил туюлиб, туғишганларинг билан баҳам кўришга имкон ва бир оз енгиллик берар. Масалан ҳозир мен Сафура холамни гапирсам онам оғзимга урмайди – биламан шуни. Тоғам ҳам энди оғир сўлиш олмайди, ёши етмиш бешга кирибди. Қўй-чи шу гапларни, демайди. Қайтанга дунёнинг у ёқ-бу ёғини ўзи ўтириб ўйлайди. Жон жигари ҳақида энди очиқроқ гапириш унга малол келмайди.
Мен холамнинг қиёфасини яхши эслайман. Майда, сийрак сепкил оралаган юзи оққувадан келган, қараганингда кўзларида ташвиш эмас, бир фавқулодда қатъиятни кўрардинг. Бу қатъият аслида нимадан иборат эканини мен билмас эдим. Шу боис ҳам холамга бир оз чўчиб муомала қилар эдим. Холам баъзан уч-тўрт кунлаб кўрпадан турмай ётиб қолар эди. Онам – катта опаси ҳўл рўмолни пешонасига танғиб боғлаб қўяр эди, холам қошига бизнинг боришимизни сира хоҳламас эди. Нохайрихоҳона ёки бутунлай хоҳламай бир нигоҳ ташлар эдики, биз бу сафар эркаланиш гали эмаслигини дарров англаб ортга қайтар эдик. Ростдан ҳам шундай бўлар эди. Аммо холам очилса шундай меҳрибон бўлиб кетардики, асти қўяберасиз. Кейинчалик билсам, холам шўрлик қисқа муддатда, дард қўйиб юборгандагина шундай баҳри дили очилиб кетаркан. Не маломатким, бундай ҳол узоқ давом этмас, қайтанга холам тез орада аввалгидан баттар буришиб оларди. Кечалари у сирли бир пичир-пичирлар билан онамга нималарнидир ўзича ошкор қилар, онам дабдурустдан “гапирма, бўлди” деб қоларди. Ўйлар эдимки, бу ёмон сир, уни кимсага оғиз очиб гапирмаслик керак. Онам бобом ва катта энамнинг бош фарзанди. Улар билан бу тўғрида ҳасратлашганларини кўрганман. Катта энам гарчи мактаб кўрган, ҳарф таниган бўлса-да, жиндай бесабр, бунақа масалаларни тезроқ ҳал қилиб қўйгиси келарди. Аммо бу хусусда бирор нарсага ақли етмаса дарров онамга ағдариб: “болам, ўзинг гаплаш, бўларини ўзинг бўлдир, бўлмасиниям ўзинг эпла” деб қўл силтаб қўя қоларди.
Онам холамнинг бу галги ташрифидан жуда ташвишга тушди.
– Нега бундай кеч юрибсан, биров қувмадими сени?
Холам уйга кириб келганда қоронғу тушган, биз мойчироқнинг шишасини ҳар галгидай куҳ-куҳлаб тозалаб эндигина ўрнатиб пилигини кўтара бошлаган, онам даҳлизда шом қоронғусида эндигина оғилдан соғиб келган ярим челакдан зиёд сутни примусга қўйган ва челакни ҳам сувга чайиб сузги билан қозонга тўкаётган эди.
Холам гарчи “йўқ, ким ҳам қуварди” деса-да, нечукдир кўзлари олазарак, назаримда қўрққандай, хотиржамлигини йўқотгандай эди. Буни холамнинг шу сафар бизга мутлақо бефарқлигидан сезиб қолдим. У негадир ўзи билан ўзи оворадек, бир ташвиш орттириб олгандек эди. Мен ҳам худди онамдек биров таҳдид қилмаганмикан, деган хаёлга бордим. Зўр бериб бир нарсани яширишга тиришаётгани сезилиб турарди. Дастурхондан бирор нарса тотганини ҳам сезмадим. Биз ширгуручни талашиб уриб ташладик. Отам қўрага молларни жойлаштириб келиб қолди. Холамни эркалатмоқчи бўлди. Аммо холамнинг бунга тоби йўқлиги сезилиб турарди. Отам эшон бобонинг кароматларини баён қила бошлади. “Лекин садағаси кетай, жуда содда-да, ўтган куни идорага бориб ойлик опкелаётганимда, Саидбойнинг магазинидан иккита эгов олдим, эшон бобо, эй муридим, буни ювиш керак, деди, садағаси кетай-да, эллик тийинлик иккита эговга тўрт ароқ олдирди, ўзиям жуда чатоқ ичади-да, ҳеч маст бўлмайди. Шуйтиб тўрт ароқ…”
Отам гапини тағин бошидан бошлади:
– Садағанг кетай, эшон бобом…
Онам жеркиган бўлди. Чунки бу гаплар холамга ёқмаётган эди шекилли.
Бари бир отам эшон бобога азбаройи ихлоси баландлигини такроран баён этатуриб:
– Сен бир эшон бобога кўринишинг керак, Бегимхолнинг оғзи қийшайганда садағаси кетай, бир тупуриб жағини жойига опкелиб қўйиб эд. Сапура, сен…
– Бунинг оғзи қийшаймаган, – деди онам. Анчайин и зардали иддао эди бу.
Отам бу мавзуда бошқа сўз очмади. Бир товоқ ширгуруч, ортидан бир чойнак чойни туширди. Назаримда бу ошқозонига урвоқ ҳам бўлмади. Хўран одам эди-да. Этигини киймай, калишчан, жўраси Сайдулла гуппиникига чиқиб кетди. Алламаҳал қайтган бўлса эҳтимол, бу вақтда мен ухлаб қолган эдим. Аммо бари бир шу кеча мен анчагача ухламадим. Онам ва холамнинг анчагина пичир-пичир қилганларини эшитиб ётдим.
Онам холамни эркалатган бўлди, бошини силади, холам ҳам эркалангандек жим ётарди. Бешикдаги синглим ухлаб бўлгач, онам хира мойчироқ ёруғида холамнинг иягидан меҳрибонлик билан ушлади.
– Михли қайнимнинг сенда кўнгли бор, мени кўрса тайсаллаб қолади, – деди.
Холам чўчиб тушди.
– Гапирманг, – деди.
– Нимага, ойдай йигит. Касби бор, қўли гул.
– Мен етмиш бир кундан кейин ўламан, – деди холам қатъий овозда.
– Нафасингни ел учирсин, нима деганинг бу?
– Биламан-да. Мен ҳур кетаман, опа.
– Отанг, энанг, бизга ўхшаган опаларинг турибди, ҳар нарсани сандирайверадими одам?
Шундай деб онам холамнинг рўмолини ечиб сочини силади, турмагини юзига олиб ўпди.
– Оппоққина эркатойим, ёмон нарсани ўйлама!
– Менинг ичимда ит бор, опа. Бир вақт Нонбер отанинг қўйиндиси қошидан кечқурун ўтаётганимда кучук қувган, етиб олиб ичимга кириб кетган. Шу ит менга ҳар доим бахтсизлигимни айтиб туради.
– Бўлмаган гапни қўй, айланайин, бундай деб қўрқитма. Нонбер ота ҳамамизни қўллайди. Азиз отамиз у.
– Билмадим, қўрқиб кетганман-да. Қўрқмаслигим керак эди.
– Ичимизда энг сулувимиз ўзингсан. Ҳали тўйинг бўлади. Кўп тўйлар кўрамиз.
– Опа, – деди холам гўё онамнинг гапларини эшитмагандай. – Менгача яна биров ўлади, мен етмиш бир кундан кейин ўламан.
– Бўлди-е, гапираверадими тилимнинг суяги йўқ деб…
Сўнг яна меҳри ийиб:
– Сапуражон, айланай, бу ўрлигингни қўй, яхшисан-ку, ўзимнинг оппоғим.
– Опа, – деди Сапура холам ва ўрнидан турди. Негадир сенсираб гапира бошлади. – Бларингнинг ҳеч қайсиси мени тушунмайди. Сен тушун.
Онам оғир хўрсинди. Ўпкаси тўлиб йиғлай бошлади. Холамни йиғлай-йиғлай кўрпага ётқизди. Холам анча ватқгача худди томоғида бир сиқим балғам бордай узлуксиз йўталди. Уйқум очилиб вужудим қулоққа айланган эди. Сўнг бари бир ухлаб қолибман.
Тонг отгач акам молларни чўпон олдига ҳайдаб чиқади. Қўйларни қўй чўпонига, қорамолларни бошқа чўпонга. Бунгача онам катта қозонга сутни қуйиб тагига олов ёқади, кечқурунги уйиб қатиқ бўлганини кувига ағдаради. Синглим йиғлаб бесаранжом қилавергач куви пишишга вақти ҳам, ҳоли ҳам қолмайди. Куви пишишга мени ва акамни ундайди. Кичиклигимиз боис бу ишга қийналамиз. Аммо на илож, рўзғор, онамнинг аҳволини кўриб турибмиз. Тўкиб-сочиб бўлсаям, пишкакни ҳар ёнга уриб, дакки эштиб, охири кувининг мойи юзага чиққач, ура қозондаги қирмочга ёпишамиз. Қирмоч дегани қозоннинг тугида сутнинг қаймоқлаб ёпишиб қолган жойи. Жуда мазали бўлади-да.
Назаримда холамнинг ҳуши ҳам тушига ўхшар эди. Ўзи ҳам буни фарқлашга тиришгани билан эплаёлмас эди, паришонлиги шундан бўлса керак. Катта акаси – тоғамнинг вафотини ҳам у бир кун аввал сезган. Ухламай, катта энам – онасининг тиззасига бош уриб кечаси билан изиллаб йиғлаган, энам бечорани ҳам ухлатмаган. Эртасига бутун қишлоқ чувлашиб қолувди – катта тоғам Иштихон беморхонасида бандаликни бажо келтирибди. Шунда холам тоғам ёнбошлаб ётадиган кўрпада миқ этмай ўтирган, йиғламаган, гапирмаган, бошқа хотинларга ўхшаб маййитнинг устига ўзини отиб соч юлмаган. Гўё содир бўлиши муқаррар воқеа юз бердию у аввалдан маълум эди. Буни эса холам аввалдан билар эди ва муқаддам йиғлаб ҳам бўлганди. Онамни таъзияга эшакка миндириб суяб бордик. Кеч бўлганда онам, катта энам, бобом ва Сафура холам ҳаммаси йиғламай қўйган, ҳолдан тойган, аслида эса оддий гаплари ҳам йиғига ўхшаб чиқарди. Намозидигар вақтида тоғамни қабристонга элтар вақтда биз ўғиллари билан ўчоқбошида ўйнаб юрардик. Улар икковлон ҳар-ҳар замонда кўзёш ҳам қилиб олишар, лекин тағин ўйин билан банд бўлардилар. Аммо жанозадан сўнг эшон бобонинг ўнинчи синфда ўқийдиган ўғли Норхўжа уларни:
– Юринглар, оталарингни кўрасизлар, – деб ортидан эргаштирди. Мен ҳам эргашган эдим, уришиб берди.
Қабристондан тоғаваччаларим ҳўнграб йиғлаб келишди. Қўшилиб мен ҳам йиғлаб юбордим. Лекин ўлимнинг маъносига тушунмаганим учунми, ортиқ йиғламадим. Улар иккови эса шу кўйи узмасдан ҳиқиллар, баъзан туйқус бақириб юборар эдилар.
Самоварга ўт ёқиб ўтирган Очил тоға бўлса:
– Ана, етим бўлдинглар, шундай оталаринг ўлди, – дерди дам-бадам.
Бу шунақа хунук сўз эдики, хаёлимда ўлимдан-да ёмонроқ эди. Негадир ичимда Очил тоғани сўкар ва тоғаваччаларимни жудолик эмас, самоварчининг гаплари эзаётгандек туюларди.
Атиги тўрт кун бурун тоғам бу уйнинг қўрғони эди. Бобом, бувим, янгам, укаларим ва фарзандларининг боқувчиси, таянчи эди. Бугун эса… Кечагина Иштихонга уни кўргани борганлар ҳам “операциядан яхши чиқибди, ҳожатга ўзи бемалол чиқиб келаётган экан” деб хушхабар опкелишган. Бир йил аввал мендан уч ёш кичик ўғли Анвар тўсатдан қазо қилганди. Шунда тоғамнинг йиғлаганини сезмаганман. Мустаҳкам одам эди. Эллик ёшида турникка ёш йигитлардай осилиб ўттиз марта тортилар эди. Биз ёнғоқни тош билан чақамиз, тоғам ҳар қандай ёлғиз данакни икки кафти орасига олиб эзғилаб мажақлаб ташлаганини кўп кўрганман.
Хуллас, тоғам кетди, ҳовлиси ҳувиллаб қолди.
Сафура холамни ўпкаси безовта қила бошлади. Иштихоннинг Шейхлар деган жойидаги шифохонага олиб кетишди. Кичкина тоғам ва акам билан кўргани бордик. Овлоқроқ, сокин жой экан. Холам энди шифо топган, ранги аввалгидан тоза, кулганида бутун вужуди билан гулгун очилар эди. У ҳаммамизни яхши кўриб бағрига босди.
Қайтиб кетганида акасининг қирқи ўтган, дард бирмунча пасанда бўлган эди. Ўзининг айтишича уйларининг пастидаги жар ичида доим бир кампир уни кутиб туради. Сувга бориши билан дарров гапга солади. Бироқ холам унинг нималар деганини айтмайди. Чунки онам ва катта энам буни тақиқлаб қўйишган. Бироқ бир гал бизникига келганида онамга:
– Опа, ўн олти кун қолди, – деди деярли хурсандлик билан.
– Валдирайверасан-да, – деди онам ва бирдан тумтайиб олди. Бир пас ўйланиб, хомуш турди-да, тўлиқиб йиғлай берди.
– Шунчаси етмайдими? – деди-да, холамга тик боқди. Бироқ холам бари бир хушхабар айтаётгандек:
– Анов момом ҳеч уйига чақирмас эди, бу сафар уйига опкетди, сандиғидан бир чиройли сарпо оберди, опкелдим, мана, кийиб олдим. Шунда чоли ҳалигини уришиб, сўкиб берди. “Ҳали вақт бор эди, нега буни ҳалитдан кийинтирдинг?” деди. Лекин момом қулоқ солмади. Энамгаям кўрсатди, мана, кўринг.
– Дарров кийиб опсан-да, – деди онам ва шошилмай уни этагидан ушлаб кўрди. Қўли қизиган темирга теккандек дарҳол тортиб олди.
– Балки тушингдир бу, жигаржоним? – деди илтижо билан.
– Нега тушим бўлади, мана, кўринг, – деди холам тантиқлангандай. Сўнг қўшиб қўйди: – Шу кампир билан ичимдаги жонивор ҳаммасини билади.
– Тилингни тиймайсан, тий тилингни! – деб уришиб берди онам.
– Қачонгача? – деди холам ҳафсаласи пир бўлиб ва негадир беэътибор устидаги кўйлагини силади.
Менинг кўзимга бу либос холамнинг беморхонада кийгани каби рангсиз бир матодай туюлди. Диққатни тортадиган афзаллигини кўрмаётган эдим.
– Бекор опсан, олиб яна кийиб опсан, – деди онам бу сафар тақдирга тан бергандай.
Шундан сўнг мен ўн беш кун санадим. Мактабдан чиқиб тоғамнинг уйига ўтдим. Холам ҳам шу ерда экан. Пастки қишлоқдан энди келиб туришган экан. Бир пасдан кейин онам ҳам келди. Эшакдан тушиб:
– Сен шуни миниб кетавер, моллар сувсиз қолмасин, – деди менга қатъий.
– Салқин тушсин, кетади, – деди холам менинг ёнимни олиб. – Ҳозир бу билан оқпишар ўрикдан қоқамиз. Эртапишар олманинг юмшоқларидан отамга териб берамиз.
Онам холамнинг раъйини қайтаролмади. Кўзлари илтижоланган каби холамга мўлтираб термулди.
– Отам менга кирларимни ювиб бер, ҳаммасини туз босиб кетди иссиқда деди. Мен майли, ечинг, ювиб бераман деб бир қозон сув иситдим. Кейин мева егим келиб қолди. Пастда ҳали ниҳоллар кичкина, мева йўқ. Юринг ота, катта акамнинг боғидан ўрик, юмшоқ олмалардан териб бераман дедим. Эшакка миндирдим-да, халачўп билан ҳайдаб келавердим. Э, ўлсин, кийим бўлса янгам ювар, қўли синадими? Бўлмаса эртага бориб ўзим юваман. Бир мевага тўйдирай!
Шундай деб холам қаҳ-қаҳ отиб кулди. Юзлари бўғриқиб қизариб кетгунча кулди. Онам унга аввал хавотирланиб қараб турди, сўнг кўнглидан ғубор тарқагандек ўзи ҳам кулди.
– Сингилжоним-а, жигарим-а, – деди алқаб ва яна негадир бош чайқаб қўйди. – Дарахтга ўзинг чиқма, буни чиқар, – деди мени кўрсатиб.
Дарахтга бари бир холам чиқди. У бақувват шохларни эркаклардан ҳам дадил силкитар эди. Икки челак пишаётган довучча ва бир хуржун олма тердик.
Кетаётганимда менинг хуржунимга ҳам олма солишди. Кун санаб юрганим учун холамга зингил солиб қарадим. Назаримда холам ҳеч нарсани ўйламас эди. Худди қизалоқлардек менга шўхчан, тенгқурига қўл силкигандек қўл силкиди. Ироқи дўпписи остидан кўп ўрим сочларига таққан жамалакларига кўзим тушди. Улар ҳам қизалоқларникига ўхшарди.
Шу кеча анчагача уйқум келмади. Холамнинг сўзи ёлғон чиқишини вужудим билан истар эдим. Одатда ёмон хабар кечаси тарқалади, ҳаммани бесаранжом қилади. Ажабки, бу тун сокин кечди. Ҳатто холам ҳақида ёруғ тушлар ҳам кўрдим. Дарсдан сўнг яна тоғамникига ўтмоқчи бўлдим. Негадир кўнглим хотиржам эди. Шу боис уйга қараб йўл олдим. Тоғамникида бобом, энам, онам, холам ва бошқалар Азроилни узоқларга қувиб ҳайдаб юбориб, энди байрам қилмоқда эдилар. Бу кеч яна ҳам сокин эди. Акам, укам ва синглим билан ёзнинг ўрталарида қип-қизил, катта-катта бўлиб пишадиган ўрик остидаги супада ухлар эдик. Холам ҳақида бугун ҳам туш кўрдим. Холамнинг ёшлигини ёки яшариб кетганини кўрдим. Кийимлари ҳам кўкайимда ёшлигидаги эди. Гапирмаса ҳам кулиб турар эди. Уйғондим. Шунда холамни соғинаётганимни сездим. Дарахт орасидан мўралаб турган тиниқ ойга, ён атрофдаги живирлаган юлдузларга қараб уйғоқ ётдим. Яна холамни туш кўргим келаётганди.
– Ёрқул, ҳў, Ёрқул!
Бу товуш тушимдами, тушимдами эканини билмай ётавердим.
Бироқ отамнинг уй томондан:
– О, ҳой, ким, Бекпўл, кимсан? – деб бақириб уйғонишидан ҳушимга келдим.
– Ёрқул, бандалик бўпқолди, Сапувра…
– Ўҳ, дунёси… – деб отамнинг ўтириб олганини кўрдим.
– Бевафо дунё экан, жўра, ким ўйлаб ҳам эди, яйраб-яшнаб гапириб ўтирган жойида жони чиқиб кетибди, – деди Бекбўл амаки. Сўнг эшагини қайириб жўнайберди.
Тавба, холамнинг оғзига лафз солган ким экан? Айтган кунидан бери бир кун ҳам кечикмади-я. Энам куя-куя етмиш саккизга, бобом куя-куя саксон тўртга кириб фоний дунё билан хўшлашдилар. Онам саксон иккига кирди.
Биз айтган гаплар эса эски замоннинг, қирқ йил олдинги даврнинг ҳангомаси. Қирқ йилда ажал буларга бемаврид таҳдид қилмади.
Холамнинг зорлиғиданмикан?… Ё шарофатидан…

13.09.2012

(Tashriflar: umumiy 202, bugungi 1)

2 izoh

  1. Жуда таъсирли.
    Собир Унар асарларини укиганда кишлогимни, кишлокдошларимни кургандай буламан.
    Аллохдан умрига, ижодига барака тилайман.
    Сизга хам катта ташаккур, устоз!

  2. Ular ko’ngilga yaqin yozuvchilar. Yangi hikoyalari menga juda yoqti! Iloyim umirlari uzoq bo’sin, Sobir akani rafiqalarigayam hudo shifo bersin!!!

Izoh qoldiring