Толстойнинг мақоласи бу борадаги дастлабки фикрлар эмас, аниқроғи Лев Николаевич Шекспир драмалари ҳақидаги баҳсга қўшилганди фақат. Толстойдан кейин ҳам бу баҳс давом этиб, 1907 йилда Карл Блейбтрей Шекспирнинг драмаларини граф Ретлендники дея атаганди. Бельгиялик журналист Дамблен ҳам 1918 йилда матбуотда бу фикрни давом қилдириб Ретленд драмаларини Шекспир кўчирган деган фикрларни билдирганди.
Умид Бекмуҳаммад
ТОЛСТОЙ ШЕКСПИРНИ ТАНҚИД ҚИЛГАНДИ…НЕГА?
ен ҳеч қачон сизнинг фикрларингизга қўшила олмайман , аммо уларни эркин айта олишингиз учун жонимни беришга тайёрман” деганди машҳур француз адиби, файласуфи ва тарихчиси Мари Франсуа Аруэ — Вольтер (1694-1778) жаноблари.
Ҳа, эркинлик ва демократиянинг энг оддий кўриниши бу. Айнан Вольтер фикрини келтирганимиздан аёнки, инсоният тарихида муҳим из қолдирган икки ШАХС — Шекспир ва Толстой, ёки бошқача айтганда Лев Николаевичнинг Жон Шекспир ўғли Вильямнинг драмалари ҳақидаги фикрлари бизни шунга ундади.Айтиш жоизки, Толстойнинг 1906 йилда Россиядаги «Русское слово» газетасида айтган Шекспир тўғрисидаги танқидий фикрлари биринчиси эмас.Уни ҳатто ўз даврида кўчирмакашликда айблаганлар ҳам бўлган.Бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз. Дастлаб драма ҳақида.
Драма юнончадан келиб чиққан сўз бўлиб ҳаракат, танглик, мушкуллик маъноларини англатган. У Юнонистондаги диний маросимларда ижро этиладиган, куйланадиган асарлар сифатида пайдо бўлди. Қисқаси драма бадиий адабиётнинг, аниқроғи дастлаб ижро учун, саҳнада қўйишга мўлжалланган театр санъатининг ажралмас қисмидир. Драматик асарлар одатда бир неча қисм бўлиб, танаффуслар билан кўрсатилади ва бу бўлаклар “парда” ёки “акт” деб аталади. Парда ичида ҳам бўлаклар бўлиб, улар “кўриниш” дейилади. Драманинг қадим намуналарида кўриниш яна ижрочиларнинг “чиқиш”ларига ҳам бўлинар эди. Драмаларда ҳаёт ҳодисалари тез ривожланувчи сюжет ва ўткир тўқнашувларда кўрсатилгани ва одатда, бу кўрсатувда муаллиф иштирок этмагани сабабли диалог (персонажлар суҳбати) жуда катта аҳамиятга эга. У таъсирнинг бирдан бир воситаси. Бунда тасвир этилаётган кишиларни сўз орқали характерлаш, аниқ, қисқа ва таъсирли бўлиши шарт. Драматик асар фақат бир неча соат мобайнида кўрсатишга мўлжалланган бўлади. Бу ҳолат эса драманинг ҳажмини чеклаб қўяди. Натижада тасвир этилаётган воқеанинг кўп тармоқли бўлмаслиги, ихчам ва шиддатли ифода этилиши каби драматургияга хос талаблар келиб чиққан. Бундай талаблар натижасида драма бадиий ижоднинг энг қийин турларидан бирига айланган.
Ана шундай шаклланган мураккаб санъат асарини яратишга ўз ҳиссасини қўшган Шекспир (у 1564 йилнинг 23 апрелида Англиянинг Стретфорд шаҳарчасида туғилган. Вильям оиладаги 8 фарзанднинг учинчиси эди. Отаси Жон дастлаб чарм қўлқоп тайёрловчи ҳунарманд бўлиб савдо билан шуғулланади. Кейин обрў орттириб шаҳар Кенгашига сайланади, ҳаттоки Стретфорпд бошлиғи вазифасида ишлайди. Аммо бироз ўтиб вазифасидан озод этилади, камбағаллашиб қолади. Натижада Вильм 16 ёшга тўлмай ўқишни ташлаб кетади. 18 ёшида у Анна Хэтуэй деган фермер қизига уйланиб, Сузанна исмли қиз, Юдеф ва Гамлет деган ўғиллар кўради. Табиатан артистлик қобилиятига эга Вилям 1587 йилда Лондонга бориб театрга ишга киради. Аввал сублёр ёрдамчиси, кейин актёр ва режиссёр ёрдамчиси бўлиб ишлайди.) тўғрисидаги Толстойнинг ёзган мақоласи Вильямни дастлабки танқид қилиши эмасди. Масалан Шекспирнинг замондоши драматург Роберт Грин уни “Паст табақалардан чиқиб бизнинг патларимизга ўралиб олган қарға, ўзини саҳнани бирдан бир ларзага келтирувчиман деб тасаввур қиладиган устабилармон» дея киноя қилганди. Ҳаттоки, Шекспирнинг “Адашишлар комедияси”, “Қийиқ қизнинг қуйилиши”, “Ҳар нарсанинг меъёри бор” драмалари бошқа муаллифларнинг пьесаларини қайта ишлаш натижасида яратилган бўлиб, театрда қўйилгач Вильямни замондошлари кўчирмакашликда айблашганди.
Орадан бироз вақт ўтиб ХХVIII аср охирига келиб ғарбда яна “Шекспирчилик масаласи” деган танқидий чиқишлар пайдо бўлди. 1772 йилда Герберт Лоренц Шекспир муаллифлигидаги драмаларни философ Френцис Бэкон ёзган деган фикрни айтганди. 1857 йилда Америкалик Деиля Бэкон Шекспир ҳақида китоб ёзиб, унда Шекспир қаламига мансуб бўлган асарларни Фрэнсис Бэкон бошлиқ маҳфий тўгарак аъзолари яратган, чунки Вильямни драмаларида гўё аниқ индивидуал услуб йўқ, деб исботлашга ҳаракат қилган.
Хуллас, Толстойнинг мақоласи бу борадаги дастлабки фикрлар эмас, аниқроғи Лев Николаевич Шекспир драмалари ҳақидаги баҳсга қўшилганди фақат. Толстойдан кейин ҳам бу баҳс давом этиб, 1907 йилда Карл Блейбтрей Шекспирнинг драмаларини граф Ретлендники дея атаганди. Бельгиялик журналист Дамблен ҳам 1918 йилда матбуотда бу фикрни давом қилдириб Ретленд драмаларини Шекспир кўчирган деган фикрларни билдирганди.
Демак, Толстойнинг Шекспир ҳақидаги танқидий фикрлари ягона эмас. Бироқ, Лев Николаевичнинг мақоласида ғоятда фалсафий теранлик, ўткир мушоҳада, таққослаш услуби бор. Шу ўринда Толстойнинг ўзи ҳам “Зулмат ҳукмронлиги”, “Тирик мурда”, “Маърифат мевалари” сингари драмалар яратганини таъкидлаш жоиз.
Умуман, Шекспир ижоди давомида 2 поэма, 154 сонет ва 37 та драма яратган. Демак, шунчалик асар яратган ижодкор ҳақида танқидий фикрлар ҳам билдириладида.
Унинг “Отелло” трагедияси сюжетига ХVI асрда яшаган италян ёзувчиси Чинтионинг «Венеция маври» новелласининг мазмуни асос қилиб олинганини Шекспир ўз вақтида тан олганди. Шунингдек, XIII аср бошида Данияда яшаган Саксом Грамматикнинг хроникасидан фойдаланган ҳолда “Гамлет” трагедиясини яратганди. Шу каби “Макбет» трагедиясининг сюжетини Холиншеднинг “Хроника”ларидан олганини В. Шекспир замондошларига таъкидлаб ўтганини айтиш жоиз. Яъни у кўчирмакашликда айблаганларга ўз вақтида жавоб берган.
Шу ўринда А. С. Пушкиннинг 1825 йилда Н. Н. Раевскийга ёзган хатида Шекспирнинг драма яратиш маҳоратига қойил қолганини келтириб ўтиш лозим: «Ҳодисанинг ростгўйлиги ва диалогнинг чинлиги — мана трагедиянинг ҳқиқий қонуни… (мен Кальдеронни ҳам, Вегани ҳам ўқиган эмасман) , бироқ Шекспир, бу қандай ҳайратда қолдирадиган одам! Ҳаяжондан ҳалигача ўзимга келолмайман! Байрон, трагик сифатида унга тенглаша олмайди.”.
Улуғ Пушкиннинг ватандоши Толстой эса Шекспирдан ҳайратланмай, уни танқид қилган.Хўш, граф Толстойни нималар тажжублантирган?
“Маълумки, деярлик ҳамма Шекспир қаршисида бош эгиб таъзим қилади, лекин мен бунга бутунлай қаршиман.Шу фикрга келгунча мен жуда кўп иккиландим, шубҳаларга бордим, ўзимни унинг мухлиси қилиб кўрсатмоқчи ҳам бўлдим, ўзимни мажбурлаб, кайяитимни созлаб ҳам кўрдим.Бошимдан кечган кураш онларини эслаб ва бошқалар ҳам мен кечирган савдоларни бошидан кечирган бўлса керак деб тахмин қилиб, бир тўхтамга келдим.Ўйлайманки, кўпчиликнинг фикрига қўшилмаслигимни қаътий тарзда ошкора айтсам , фойдадан холи бўлмас”, дея Толстой ғоятда чуқур таҳлиллар билан Шекспир ижоди тўғрисидаги фикрларини баён қилади.
“Эсимда,Шекспирни биринчи марта ўқиб чиққанимда жуда қаттиқ таажжубда қолган эдим.Мен уни ўқиб, жуда катта эстетик завқ оламан деб ўйлагандим.Аммо унинг энг яхши ҳисобланадиган асарларини-“Қирол Лир”, “ Ромео ва Жулетьтта”, “Ҳамлет”, “Макбет” ларини бирин-кетин ўқиб чиқиб, завқ олиш бир ёқда турсин, қутулиб бўлмайдиган бир ижирғаниш ҳис қилдим; ўқиб чиққунча сиқилиб кетдим ва ҳанг-манг бўлиб қолдим: бутун маърифатли дунё бенуқсон, мукаммал деб ҳисобласа-ю, мен бу асарларни тўғридан-тўғри бемаза ва арзимас деб ўтирсам?Нима бало, мен ақлдан озган эмасмиканман?Ёхуд шу маърифатли дунё Шекспир асарларига хос деб ҳисоблайдиган тасниф маъносизмикан? Менинг тажжубим яна шу сабабдан кучайдики, мен шеърият гўзалликларини унинг ҳар қандай шаклларида жуда жонли тарзда ҳис қилар эдим.Нега энди бутун дунё томонидан доҳиёна бадиий асарлар деб тан олинган Шекспир асарлари менга маъқул бўлиш бир ёқда турсин, меним нафратимни қўзғаб ўтирипти?Узоқ вақт мобайнида мен ўзимга ишонмадим.Эллик йил давомида қайта-қайта ўзимни синовдан ўтказиб, бир неча марталаб Шекспирни имкони бор ҳамма шаклларда ўқишга тутиндим.Мен уларни рус тилида ҳам, инглиз тилида ҳам ўқидим.Ҳатто менга берган маслаҳатларига амал қилиб, комедияларини ҳам, солномаларини ҳам ўқидим, лекин натижа ҳар гал бехато равишда ўша-ўша бўлди-улар нафратимни қўзғади, уларни ўқиб сиқилдим, таажжубим ошди” дейди оқсоқол ёзувчи 75 ёшида танқидий фикрларини қоғозга туширар экан.
Ниҳоят, у яна бир бора Шекспир асарларини қайтадан ўқиб чиқиб яна ўша туйғуларни бошдан кечиради.Шундан кейингина ўз мақоласини ёза бошлайди.Толстой Шекспир драмаларидаги воқеалар, қаҳрамонларнинг сўзлашуви-ю, асарда кечаётган жараённи мантиқ юзасидан рўй бермаслигини, характерлар сунъийлигини таҳлил қилади. ”Шекспир пелсаларида қатнашувчи шахслар воқеалар ривожидан келиб чиқмайдиган, бўлиши мумкин бўлмаган, замон ва маконга мос келмайдиган вазиятларга солиб қўйилгани камлик қилгандай, бу шахслар ўзларининг муаяйн характерларига тўғри келадиган тарзда эмас, балки мутлақо ўзбошимчалик билан ҳаракат қиладилар.Шекспирда ҳеч қайси шахс ўзининг тилида гапирмайди, балки ҳамма вақт жимжимадор, ғайритабиий тил билан, ҳеч қачон ўзгармайдиган бир шекспирона тил билан гапиради.Бунақа тилда тасвирланган шахсларнинг ҳеч қайсиси гапира олмас эдимас, балки ҳеч қандай жонли одам гапириши мумкин ҳам эмасди”Яна бунинг устига драмалардаги ҳамма шакллар тирик одамлар ҳеч қачон гапирмаган ва гапириши мумкин бўлмаган бир тилда гапирганлари етмагандек, ҳаммалари эзмалик дардига ҳам чалинган. Гапирганда ҳаммалари мутлақо бир хил гапиришади.Эдгар ўзини жиннига солиб қандай алжираса,Лир ҳам шундай алжирайди.кент билан масхарабоз ҳам худди шундай гапиради.Бир одамнинг нутқини бемалол бошқа одамга олиб берса ҳам бўлаверади.Нутқига қараб, гапираётган одамнинг ким эканини сира ҳам билиб бўлмайди.Шекспирдаги шахслар гапи радиган тилда мабодо фарқ бўлса, бу шахслар ўртасидаги фарқ эмас, балки улар учун гапирувчи Шекспир нутқидаги фарқдир.Масалан, Шекспир қироллар учун ҳамиша пуфакдек шиширилган, қуруқ тил билан гапиради,Шекспирда Юлия,Дездемона, Корделия,Имоджена,Марина каби аёллар бор.Шекспир уларни ғоятда латофатли қилиб кўрмсатмоқчи бўлади, аммо бунинг ўрнига улар ҳам шекспирона сохта маъюслаштирилган бир тилда гапиришади.Ричард, Эдмунд,Яго, Макбет каби ёвуз табиатли қаҳрамонлари учун ҳам Шекспир мутлақо бир хил тилда гапиради.Шекспир улар учун шунақа ёвуз туйғуларни ифодлайдики, ҳаётда улар ҳеч қачон бунақа туйғуларни намоён этмайдилар.Телбаларнинг нутқлари эса бундан ҳам ортиқ даражада бир хил.Уларнинг бари қўрқинчли сўзларни айтади, масхарабозларнинг аскиялари эса сира-сира кулгули эмас” дея таъкидлайди Толстой.
Маълумки, драмада ҳақиқатдан ҳам тил характер яратишнинг воситасидир.Шу боис Лев Николаевич Шекспир асарларининг шу жиҳатига алоҳида эътибор қаратади: “Шекспирда айни ана шу жонли шахсларнинг тили йўқ(мабодо балетдаги каби қўл ҳаракати ёхд тана ҳаракати характерли ифодалаш воситаси бўлса, бу ёрдамчи восита бўлади).Шекспирда шундай бўладики, унинг асарларидаги ҳамма шахслар оғзига келган гапни қайтармай, тўғри келган тарзда бир хил тилда гапираверадилар, бунинг оқибатида ҳатто ҳатти-ҳаракатлари таъсири ҳам йўқолади.Шунинг учун ҳам Шекспирнинг сўқир маддоҳлари ҳар нима демасин,Шекспирда характерлар тасвири йўқ.”.
Маълумки,Шекспир асарларида қаҳрамонлари томонидан айтиладиган теран маъноли гаплар ва ҳикматлар мавжудМасалан,Лирнинг жазо ҳақидаги монологи,Кентнинг хушомад тўғрисидаги нутқи,Эдгарнинг ўзининг аввалги ҳаёти тўғрисидаги нутқи, Глостернинг тақдирнинг бевафолиги ҳақидаги ва бошқа драмлардаги Ҳамлет,Антоний ва бошқаларнинг машҳур нутқлари томошабинлар эътиборини ва эътирофини қозонган.Хўш, Толстой бунга қандай муносабат билдиради?
“Фикрлар ва ҳикматлар, насроний асарларда, рисолаларда, ҳикматлар мажмуаларида қадрли, бадиий драматик асарда эмас.Драматик асарнинг мақсади тасвирланаётган нарсага ҳамдардлик уйғотишдир.Шунинг учун ҳам Шекспирдаги нутқлар ва ҳикматларда теран ва янги фикрлар ҳар қанча кўп бўлмасин (аслида ундай эмас), бадиий поэтик асарнинг фазилати бўла олмайдилар.Аксинча, номувофиқ шароитларда айтилган бу нутқлар бадиий асарни бузишигина мумкин”.
Шундан сўнг Лев Николаевич,Ҳомер ва Шекспирни ўзича таққослаб шундай фикр билдиради: “ Шекспир эстетик туйғудан буткул маҳрум эканига уни Ҳомер билан таққослаганда узил-кесил ишонч ҳосил қилиш мумкин.Биз Ҳомернинг асарлари деб атайдиган бадиий асарлардир, ўзига хос санъат асарларидир, муаллиф ёки муаллифларнинг юрагидан чиққан асарлардир.Шекспирнинг асарлари эса ўзларидан олинган, ҳар хил қурама лахтаклардан сунъий равишда елимлаб ёпиштирилган, бирор мукносабат билан ўйлаб чиқарилган асарлардир.Уларнинг бадиият ва санъатга мутлақо дахли йўқ”.
Толстой бундай фикрларни “Русское слово” газетасига ёзибгина қолмай, Тургенев,Фет сингари адабиёт ва санъатни чуқур тушунадиган ижодкорлар билан ҳаётда ҳам кўп бора Шекспир ижоди тўғрисида баҳслашганди.Улар Толстой фикрларига эътироз билдиршаолмас, фақатгина Шекспирни тушунмагани учун Толстойга ҳамдардлик билдиришарди.,драматургнинг ғаройиб, ғайритабиий улуғворлигини эътироф этиш зарурлигини Лев Николаевичга уқтирмоқчи бўлишарди.Шунда Толстой уларга қарата: “Шекспир асарларининг истаган саҳифасини ёхуд тўғри келган жойини очинг.Шунда аниқ кўрасизки, унда ҳеч қачон кетма-кет келган ўн мисра топилмайдики, бу мисраларда тушунарли, табиий, шу гапларни айтаётган шахсларга хос бўлган ва бадиий тааассурот туғдировчи сифатлар бўлсин” деярди қаътий.
Хўш, унда Шекспир нимага бундай катта шон-шуҳратларга эришди?
“Одамларга ҳамиша бирор фикр ёхуд туйғу сингдириб келинган ва ҳозир ҳам сингдириб келинади.Шекспирнинг шуҳрати ҳам ана шундай ялпи сингдиришлардан биридир.Бундай таъсир кўрсатишлар ҳаётнинг турли-туман соҳаларида ҳамиша бўлиб келган ва ҳозир ҳам бор.Ўзининг аҳамияти ва ҳажмига кўра энг муҳимларига ёрқин мисол тариқасида ўрта асрлардаги нафақат катталар, балки болалар ўртасида ҳам ўтказилган салб юришларини эслаш мумкин.Бундан ташқари бот-бот бўлиб турадиган, ялпи касалликларга ўхшаган беъмани таъсир кўрсатишлари қаторида жодугарларга ихлос қўйиш, ҳақиқатни билиб олмоқ учун қийнаб сўроқ қилишга ишониш, мангу умр берадиган оби ҳаёт ёхуд темирни олтинга айлантирадиган фалсафа тошига эътиқод қўйиш, битта пиёз бир неча минг гульден турадиган лолага муккасидан кетишни санаш мумкин.Бунақа бемаъни таъсир кўрсатишлар инсон ҳаётининг ҳамма соҳаларида ҳамиша бўлиб келган ва ҳозир ҳам бор.Бу, айниқса, диний, фалсафий, сиёсий, иқтисодий, илмий, бадиий ва умуман адабий соҳаларда кенг тарқалган.Одамлар бу таъсирдан халос бўлиб олганларидан кейингина уларнинг нечоғлик беъмани эканини равшан кўрадилар.Аммо одамлар уларнинг меҳру жодусига асир эканлар, бу таъсирлар уларга шак-шубҳа туғдирмайдиган ҳақиқат бўлиб кўринадики, улар бу тўғрида мулоҳаза юритишга ҳеч қандай зарурият ҳис қилмайдилар.Матбуотнинг ривожи билан бу юқумли иллат янада кенг тарқади.
Матбуотнинг ривожи билан бундай бўлди: алланечук тасодифий вазиятлар оқибатида бирор ҳодиса бошқа ҳодисалар қаршисида лоақал заррача аҳамият касб этиб қолса, матбуот нашрлари шу лаҳзадаёқ бу тўғрида бонг урадилар.Матбуот ҳодисанинг бирон жиҳатига эътиборни қаратар экан, халойиқ унга янада кўпроқ эътибор билан қарай бошлайди.Халойиқнинг эътибори эса матбуотни бу ҳодисага янада синчиклаб қарашга ва уни батафсил кўздан ўтказишга ундайди.Халойиқнинг қизиқиши кучайгандан кучая боради ва матбуот ўзаро рақобатлашиб, халойиқнинг талабларини қондиришга интилади.
Халойиқ яна кўпроқ қизиқади, матбуот ҳодисанинг аҳамиятини яна зўрроқ бўрттиради.Шу тарзда қор кўчкисига ўхшаб, ҳодисанинг қиммати ошгандан-ошиб бораверади ва охир-пировардида ўзининг асл мазмунига сира тўғри келмайдиган баҳони олади.Матбуот раҳбарларининг ва халойиқнинг дунёқараши ўша-ўша ўзгармай қолар экан, шу вақт мобайнида кўпинча телбалик даражасига етказилган маҳобатлар сақланиб қолаверади” дея Толстой Шекспирнинг довруқ қозонишининг бир томонини матбуот билан боғлайди.Шу билан бирга Толстой адабиёт, фалсафа, санъат тарихидан келиб чиқиб, мисоллар билан ўз фикрини исботлашда давом этади: “Яхши эсимда,1840 йилларда бадиий адабиёт соҳасида Эжен Сю,Жорж Санд, ижтимоий соҳада Фурьс, фалсафада Кант билан Гегель, илм соҳасида Дарвин мақталиб, кўкларга кўтарилди.Эндиликда, Сю бутунлай унутилиб кетди.Санд унутилмоқда.Унинг асарлари ўрнини Золянинг ёзганлари ва Бодлер,Верлен,,Метерлик каби декадентликларнинг асарлари эгаллаяпти.Фурье ҳам бутунлай унутилди.Унинг ўрнига Маркс келди.Мавжуд тартибларни аниқловчи Гегль, инсониятга диний фаолият зарурлигини инкор этган Кант, яшаш учун кураш қонунларини топган Дарвин ҳозиргача қалқиб турипти, лекин улар ҳам унитила бошлади.Уларнинг ўрнига Ницше таълимоти юзага чиқаяпти.Ҳолбуки, унинг таълимоти мутлақо беъмани, ўйлайманки, хира ва мазмуни ёмон, лекин мавжуд дунёқараш талабларига кўпроқ мос келади.Бадиий, илмий, фалсафий, умуман , адабий васвасалар ана шу тарзда тўсатдан пайдо бўладию, тезда оҳори тўкилиб, унутилиб кетади.
Бироқ шундоқ ҳам бўладики, бундай васвасалар уларни тасдиқлаш учун жуда фойдали бўлган тасодифий сабаблар замирида туғиладида, жамиятда ва, айниқса, адабий доираларда тарқалган дунёқарашга шу даражада мос келиб қоладики, бунинг оқибатида узоқ яшаб қолади.Рим империяси давридаёқ бир ҳақиқатни пайқаган эдилар: китобларнинг ўз тақдири бор ва кўпинча бу жуда ғаройиб тақдир: баъзан китоб юксак фазилатларга эга бўладию, муваффақиятсизликка маҳкум бўлади, баъзан эса, аксинча, асар жуда саёз ва пачоқ бўладию, арзимаса ҳам жуда катта муваффақият қозонади.Шунинг учун ҳам китобнинг тақдири уни ўқйидиган одамларнинг тушуниш даражасига боғлиқ деган ҳикмат юзага келди-да, шундан уларнинг шуҳрати туғилди.Бу шуҳратнинг шу пайтгача яшаб келганига ва ҳозир ҳам яшаётганига сабаб шуки, Шекспи р асарлари шу шуҳратни қўллаб-қувватловчи одамларнинг дунёқарашига жавоб беришда давом этмоқда”.
Толстой шундан сўнг Шекспирни Англияда 17 асрнинг охиригача тузукроқ довруққа эга бўлмаган , Бен-Жонсон,Флетчер,Бомон ва бошқа замонавий драматурглардан паст кўрилган, унинг шуҳрати Германияда боланиб, кейингина Англияга ўтган дея таъкидлайди ва бунинг сабабларини ҳам таҳлил қила бошлайди.Толстой драмаларнинг ўтган асрлар давомида қай тахлит санъат даражасига чиққанию, Европадаги халқларда драмани тушуниш моҳияти, ҳар бир халқдаги оддий омма ва аслзодаларнинг санъатни, драмани тушунишидан келиб чиқиб, Германияга тўхталади: 18 асрда Германияда лоақал ўртамиёна драмтик ёзувчилар ҳам йўқ эди.Фақат Ганс Сакс деган жуда заиф ва ҳеч ким танимайдиган ёзувчи бор эди.Жамики маърифатли одамлар Улуғ Фридрих билан биргаликда француз сохта классик драмасига таъзим қилишарди.Ҳолбуки, худди шу вақтларда Германияда маърифатли, истеъдодли ёзувчилар ва шоирлардан ташкил топган тўгарак майдонга келади.Улар француз драмасининг қалбакилиги ва совуқлигини ҳис қилиб, янги, эркинроқ драматик шакллар излай бошлашди.Бу тўгарак одамлари ўша пайтдаги христиан дунёсининг олий табақага мансуб жамики одамлари сингари юнон ёдгорликларининг жозибаси ва таъсири остида эдилар.Шу сабабдан модомики юнон драмаси ўз қаҳрамонларининг бошига тушган кулфатлар, улар кечирган изтирооблар ва курашларни тасвирлаш билан драманинг олий намунаси даражасига кўтарилган экан, христиан дунёсидаги драма учун ҳам қаҳрамонларнинг изтироблари ва курашини тасвирлаш мазмун учун кифоя қилади деб ўйлайдилар.Фақат бунинг сохта классицзмнинг тор талабларидан юз ўгирмоқ керак.Бу одамлар юнонлар учун уларнинг қаҳрамонларининг курашлари ва изтироблари диний моҳиятига эга бўлганини тушунишмади ва шунинг учун ҳам тасвир имкониятларини чекловчи уч бирлик қонунларидан воз кечилса бас, замонга мос келадиган ҳеч қандай мазмунни қаламга олмай туриб ҳам драма тарихий арбоблар ҳаётини ва умуман, одамларнинг кучли эҳтиросларини тасвирлаш учун етарли асосга эга бўлади деб ҳисоблайдилар.Ўша пайтларда немисларга қариндош бўлган инглиз халқида шунақа драма мавжуд эди, у билан танишгандан кейин немислар янги даврнинг драмаси айни шунақа бўлмоғи керак, деб қарор қилишди.
Ўша пайтдаги кўпгина инглиз драмалари ҳеч қайси жиҳати билан Шекспирникидан қолишмас ва ҳатто ундан устун турар эди.Лекин шунга қарамай уларнинг орасидан айни Шекспир драмаларини танлаб олишди.Бунга сабаб-драмалардаги саҳналарни тартиблаш маҳорати бўлдики, бу Шекспирнинг ўзига хос хусусиятини ташкил қиларди.
Тўгарак тепасида Гёте турар эди.У ўша кезларда эстетика маслаларида жамоатчилик фикрига раҳнамолик қиларди.Айни ана шу Гёте Шекспирни улуғ санъаткор деб эълон қилди.Бунинг сабаби қисман шу бўлдики, у сохта француз санъатининг жозибасига барҳам беришни истар эди.Қисман эса ўзининг драматик фаолиятига каттароқ имконият яратмоқчи бўлганди, энг муҳими эса унинг дунёқараши Шекспирнинг дунёқарашига тўғри келиб қолганди.Бу ёлғон гап Гётенинг мўътабар оғзидан чиққандан кейин санъатни тушунмайдиган эстетик мунаққидлар қузғунлар ўлжасига ташлангандай бу гапга ёпишиб олдилар ва Шекспирда йўқ фазилатларни қидириб топиб, мадҳ этишга тушишди.Бу одамларнинг, яъни немис эстетик мунаққидларининг кўпчилиги эстетик туйғудан мутлақо маҳрум эдилар.Улар оддий, бевосита бадиий таассуротга ҳам эга эмас эдилар, ҳолбуки у санъатга сезгир одамлар учун бу тасссуротни бошқа ҳар қандайидан ажратиб турарди.Бироқ улар Шекспирни улуғ санъаткор деб эътироф этган мўътабар одамнинг гапига ишониб, Шекспирни бошдан-оёқ қаторасига мақтай бошладилар.Улар, айниқса, мароқлилиги билан ўларини лол қолдирган жойларни ёхуд уларнинг дунёқарашига мос келадиган фикрлар ифодаланган ўринларни кўкларга кўтардилар.”
Хуллас,Лев николаевич шу тарзда Шекспир тўғрисидаги танқидий фикрларини 1903 йилда ўз мақоласида асослашга уринади.Гарчи у мақолани ёзган бўлсада, дастлаб уни чоп этишга шошилмайди ва даҳолардек яна бир маротаба инглиз драматургининг асарларини қайтадан ўқиб, таҳлил қилиб чиқади ва шундан сўнггина фикрларида қаътий тургач, 1906 йилдагина “Русское слово”да нашр эттиради.Чунки, Толстой мақолани ёзган йилгача Шекспир ҳаёти ва ижоди тўғрисида дунёда ўн бир минг жилд (!) асарлар ёзилган ва шекспиршукнослик деган илм соҳаси вужудга келганди дейиш мумкин.Демак, дунё шекспиршунослари эътирозига учрашини била туриб,Толстой шундай мақола ёззади ва унда яна шундай сатрлар бор : “ Шекспир шуҳратининг биринчи сабаби немис адабиётшуносларида-уларга жонларига тегиб кетган ва чиндан ҳам зерикарли, совуқдан-совуқ француз драмасининг ўрнига жонли ва эркинроқ драма керак бўлган.Иккинчи сабаб шуки, ёш немис ёзувчиларига ўз драмаларини ёзишда ўрнак бўладиган ёзувчи зарур эди.Учинчи ва энг асосий сабаб эстетик туйғудан маҳрум ва лекин серғайрат немис эстетик танқидчиларининг муайян фаолияти бўлган эди…
…Драманинг аҳамиятини ана шундай паст, юзаки тушуниш оқибатидагина бизнинг орамизда беҳисоб миқдордаги драматик асарлар майдонга келмоқдаки, уларда тасвирланган ҳатти-ҳаракатлар, вазиятлар, характерлар, одамларнинг кайфиятлари нафақат ҳар қандай ички мазмундан маҳрумдирлар, балки кўпинча ҳеч қанақа инсоний мазмунга ҳам эга эмаслар.
Шу тарзда санъатнинг муҳим бир соҳаси бўлмиш драма бизнинг давримизга келиб, бачкана ва маънавиятсиз авомнинг бачкана ва маънавиятсиз эрмагигина бўлиб қолди.Бундай ҳолатда энг ёмони шундаки, тубан кетишда энг сўнгги нуқтага етиб борган драма санъатига ҳамон унга хос бўлмаган юксак қиммат ёпиштиришда давом этмоқдалар”.
Шундан сўнгра Толстой, ёшларнинг эстетик ва туйғусига, маънавиятига бу драмаларнинг салбий таъсир кўрсатиши тўғрисидаям тўхталиб ўтади:” Шекспирнинг ҳамма асарларига сингиб кетган маънавиятсиз дунёқарашини ўзлаштириб олгач, яхшини ёмондан ажратиш қобилиятини йўқотади.Шунда арзимас нарсани, на бадиий нарсани, на фақат ғайримаънавий, балки тўғридан-тўғри маънавиятсиз ёзувчини улуғлашдаги ёлғон ўзининг ҳалокатли ишини қилади…ўз олдига томошабинларнинг кўнглини хуш этишни, уларга эрмак бўлишнигина мақсад қилиб қўйган Шекспирнинг пуч ва маънавиятсиз асарлари ҳеч қанақасига ҳаётда устозлик қила олмайдилар”.
Ҳа,Толстой шундай хулосага келганди.Лев Ниолаевичнинг ушбу асарини таржима қилган марҳум профессор,Ўзбекистон қаҳрамони Озод Шарафиддинов айтганидек, “ Толстойнинг фикрларига қўшилиш ёки қўшилмаслик ўқувчиларнинг ўзига ҳавола.Фақат шуни инобатга олингки, Толстой мақоласидаги мулоҳазалар кўп ўринларда рад этиб бўлмайдиган даражада тўғри кўрингани билан Шекспир ҳам ҳамон яшашда давом этаяпти…Адабиёт деганлари шунақа бир ғаройиб олам экан..”Биз ҳам ушбу мақолани ёзиш давомида Толстой фикрларини келтиравериб,Лев Ниолаевичнинг тарафини олгандек бўлиб қолдик гўё. Аслида биз Шекспир ҳақидаги баҳсларга Толстойнинг қўшилганини таъкидладик, қолаверса, бугунги аксарият ўзбек ўқувчиларига юқоридаги фикрлар янгилик бўлгани учун уларни келтириб ўтдик, холос.
Инсоният тафаккури хазинасига эса Толстой ҳам, Шекспир ҳам ўзига яраша катта улуш қўшганлар. Шекспирни танқид қилган билан унинг драмалари санъатсеварларни ҳамиша томошага жалб қилаверади. Ўз ўрнида Толстойнинг 90 жилдлик асарлари ҳам ўз мухлисларига эга.
Сўнгсўзга Шекспирнинг қуйидаги сонети билан нуқта қўйсак:
Ким қулай соатда туғилган экан,
Шуҳрату давлатдан баланд димоғи.
Менга илтифотни толе кам қилган,
Менга муҳаббатдир, бахтлар булоғи.
Шаҳзода маҳрами бекнинг улфати
Валломат лутфидан шароб ичади.
Қачонким офтоб ботиб кетади,
Кунгабоқарнинг ҳам зари ўчади.
Зафарлар эркаси, машҳур саркарда
Охирги урушда енгилса бир кун,
Бурун хизматлари пуч бўлар бирдан,
Унинг қисмати шу: инқироз, сургун.
Менинг унвонимга йўқ завол куни,
Севдиму, севаман, севарлар мени.
Ҳа, Шекспир ҳам, Толстой ҳам севимли инсоният учун. Баҳс эса давом этаверади.
Kopchilik Tolstoy Shekspirga hasad qilgan deydi.Bu mutloqa notogri.Men ozim ham Shekspirni oqib deyarli rohat olmayman.
Nimaga keragi bor shuncha tragediyaning,yana u ishonchli bolmasa.Togri drama shartli boladi,lekin bu degani xaraktersiz asar yoz degani emas.
Tolstoy tarafdoriman!