Назаримда эшик тиқиллаганга ўхшади… Бориб очдим. Ҳеч ким йўқ. Нимадир оёғим остига тушди. Дафтарнинг йиртиб олинган варағи тўрт букланиб, эшикка қистириб қўйилган экан. Бундай воқеалар кўп бўлиб тургани учун ҳайратланмадим. Фақат кеча гап талашиб қолганим, энг азиз кишимни андак норизо қилиб қўйганим эсимга тушиб, хатни шошилиб очдим. Таниш ёзув. Икки қатор шеър.
ХОСИЯТ РУСТАМОВА
ШЕЪР — Ё ЭЪТИРОФ, Ё ИСЁН
Эссе
Шеър нима? Ўз—ўзимга савол ташлайман. Кўзларим нигоҳларини олиб қочади. Ичимдан ҳайқириб келаётган нарсанинг номини билмайман. Йиғи бўлганда кўзларимни куйдирган бўларди.
Бу йиғидан—да ўтли, азоблардан—да аччиқ.
Шеър нима?
“Шеър — ё эътироф ё исён, ё тирсаки ё ўпич «, — дейди Доғистоннинг зўр шоири Расул Ҳамзатов. Бир нуқтага тикилиб қолиб кетганимни анчадан кейин англайман. Ғира—шираликда кимдир бордай туюлади. Бутун вужудим кўзга айланади. Шарпа менинг қараб турганимни сезиб, ўзини атиргулнинг панасига яширади. Кўзларим бироз хира тортганини ҳисобга олмаганда менинг нигоҳларим ўткир. Мен уни дарҳол топиб оламан. У — юракка ўхшайди.
Шеър нима?
Бироз чанг қоплаган китобларим орасидан ўзимнинг Маринамни топиб оламан. Чунки у менинг қўлим осонгина етадиган жойда туради. Ҳар гал уни қўлимга олганимда севгилисини узоқ кўрмаган ва кутилмаганда йўлидан чиқиб қолган одам каби ўзимни йўқотиб қўяман.
Бошим айланади. Кўзим тиниб кетади. Менинг яҳинлашганим сайин унинг ҳам менга қараб келаётганини кўраман.
«Шеър — муҳаббат», — дейди уялибгина Цветаева.
Очиғи, у билан кўпдан бери кўришолмадик. Рўзғорнинг кўзга кўринмас икир—чикирлари билан ўралашиб қолдим. Уни қўлимга олганимда, у менга отилмади. Ҳатто қараб ҳам қўймади. Гинадор нигоҳларини бурчакка тикканча жимгина тураведи. Ўзимни йўқотиб қўйдим. Нима дейишни билмай каловланиб қолдим…
Шеър нима?
Тўрт ой бўлди — Онамни кўришга боролмдим. Яхшиям, ўлимнинг борлигини биламан. Кўзларини йўлга тикиб, кун санаётган онажонимнинг киприкларидан думалаб—думалаб тушаётган ёш — шеърга ўхшаркан…
Билмадим, кундан—кунга тошбағир бўлиб бораётгандайман. Ҳаттоки, ҳеч кимдан меҳр кутмай қўйдим. Ёшим ўтиб бораётганидан афсусланмайман ҳам.
“Шеърларим мендан кейин қанча умр кўради?“ дея зорланаётганга ўхшайди русларнинг збардаст шоири Евгений Евтушенко.
Шеър нима? Шоир ким? Тунда ёзган алланарсаларини тонгда ўқиб, чиндан ўзи ёзган, ёзмаганлигига ишонмай турган кимсани ким деб аташ мумкин? Бу илоҳийликми? Илоҳийлик шеърми ё?
Назаримда эшик тиқиллаганга ўхшади… Бориб очдим. Ҳеч ким йўқ. Нимадир оёғим остига тушди. Дафтарнинг йиртиб олинган варағи тўрт букланиб, эшикка қистириб қўйилган экан. Бундай воқеалар кўп бўлиб тургани учун ҳайратланмадим. Фақат кеча гап талашиб қолганим, энг азиз кишимни андак норизо қилиб қўйганим эсимга тушиб, хатни шошилиб очдим. Таниш ёзув. Икки қатор шеър.
Мен сени келишинг ҳеч истамайман.
Бироқ кел.
Абдували Қутбиддиннинг ушбу шеъри билан кечаги аламлар олинган эди.
Кўзларим ерни кўрмай қўйди. Қаерда эканимни ҳам унутиб қўйдим. Эшик ичкаридан очилгандагина қаерда турганимни, боз устига йиғлаётганимни кўрдим. Ушбу шеърни жўнатган кишимнинг кўнгли таскин топган бўлса не ажаб!
Бир куни уйимга шеърга қизиқадиган, ўзи ҳам шеър ёзиб турадиган шоира қиз ташриф буюрди. Негадир хомуш. “Чилонзордан атайин шеър эшитгани келгандим. Сиз банд экансиз», — деди у. Назаримда, ҳозир йиғлаб юборадигандек туюлди. У жуда ҳам ғамгин эди. Олдига ўтиришдан бошқа чорам йўқлигини англадим. У дабдурустдан узун— узун киприкларини деворга тикиб, ойнага суянган кўйи шеър ўқий бошлади.
Энди тиконлими бу эрка йўллар,
Ё йўл тугадими — энди қайтишми?
Гуллаган севгидан қолдими чўллар,
Энди бегонадай «хайр» айтишми?
Оҳ, қачон алдашга ўрганасан сен,
Юзингда кулгу—ю лабингда титроқ.
Мен учун ўртанмай ўртанасан сен…
Қўрқма, тилларимда қолмади сўроқ.
Не қилай? Юракдан бўшади таним,
Нажот қўнишдами, нажот — ўлишда?
Азизим? Азизим! азизим маним,
Айт, қачон улгурдинг жоним бўлишга?
Мен ҳаммасини тушундим. Шеър менга қиз кўнглидаги барча талотумларни гапириб берди.
Шоира кўнглидаги титроқ менга кўчди. Беихтиёр шеър кайфиятига тушдим. Қани энди тўхтатиб қолинг—чи? Бу шеърни шу қиз ёзгандай эди. Бу шеърни мен ҳозиргина ёзиб тугатгандай эдим. Таҳрирга сўз қолмаган эди. Аммо таҳрир қилиш кераклигини унутганим ҳам йўқ эди.
Ярим кеча. Назаримда кимдир йиғлаётганга ўхшайди. Ўрнимдан ирғиб тураман. Ким бўлса ҳам унинг йиғисини тўхтатиб қоладиган шаҳд билан йўлакча бўйлаб юра бошлайман. Нафасим қисгандай туюлади. Пардани суриб, деразани очаман. Шамол кутиб турган каби ўзини ичкарига отади. Стол устида турган қоғозлар хона бўйлаб уча бошлайди. Мен севган китоблар (стол устида фақат мен яхши кўрган китоблар туради) ҳайрон. Нима фалокат рўй берганини билмай жовдираб қарайди. Улар учиб кетмайди. Уларнинг залвори оғир. Шамолда пирпираб турган китобчани олиб, очилган жойидан ўқий бошлайман.
Ёлғизлик ортимдан ҳувиллаб қувди,
Йиқилгунча бетин югурдим елдим…
Бир аёл туфлимнинг лойини ювди —
Унга севаман деб айтмаган эдим.
Қисмат қаҳр билан бизни отганди,
Танҳолик тунининг тор қучоғига.
Билмадим, қай маҳал аёл уйғонди
Туфли ювмоқликнинг иштиёҳида.
Асли масхаралаш қисмат матлаби,
Аммо ҳайрат ичра тентиди хиёл:
Қувониб, масалан гул терган каби,
Туфли ювар экан тунда бир аёл.
Менга кўзи тушиб аёл қизарди,
Уялди. Қўллари қолди шалвираб.
Қўққис қаршимда у йиғлаб турарди,
Ёмғир қўйнидаги баргдай қалтираб.
Қўймоғим шарт эди бир жасур қадам, —
Қулаб танҳоликнинг ғариб аршидан.
Чўчидим мен меҳр кўрмаган одам —
Севги туфли ювиб чиқса қаршимдан.
Кетдим… Ёмғирдайин ўтдиму кетдим,
Минг аср танҳолик кечди бошимдан.
Минг аср оралаб қайтадан етдим,
Ўша ёлғиз қолган аёл қошига.
У менга бахт берди осмондай улкан,
Мен—чи? Мен қоврилдим бахтнинг доғида.
Бедорману нега уйғонолмайман
Туфли ювмоқликнинг иштиёқида.
Туфли юваётган аёл ким? Туфли ювмоқлик иштиёқида уйғонган аёл ким ўзи?
Шамол каби хаёлим ҳам тун ичра тўзғиб кетди. Энди уни йиғиштириб олиш жуда ҳам қийин, жуда ҳам машаққатли. Ўзимга келишим учун эса Цветаева бўлишим керак: «Бунча оз севасиз, ёмон севасиз»… Ҳа—я, яна эзмалана бошладим. Девордаги соатнинг «как—ку»лаши ҳалақит бермаганида, билмадим, яна қанча эзмаланган бўлардим.
Юрагим танамга сиғмай кетяпти. Ёрилиши мумкин. Ишонмаяпсизми? Мана шу шеър менинг тақдиримни ҳал қилиши мумкин айни лаҳзада. Ўзимни деразадан ташқарига отгим келди, чангли кўчаларда шамол каби тентираб—тентираб юргим келди. Аммо оёқларим оғир эди. Менга бўйсунмади. Тунни ларзага солиб бақиргим келди. Афсус, овозимни ютиб юборганманми, овозим ҳам чиқмади.
Ўзимни қаерга қўйишни билмай бир жойда туриб қолдим. Очиқ деразадан кимдир қараётганга ўхшади. У атиргул панасидан бошини кўтарди. Чинқириб юбордим. У Цветаева эди. Айтиш мумкин бўлса, у менинг Цветаевам эди.
Хосият Рустамова 1971 йилнинг 19 март санасида Наманган вилояти, Поп туманиниг Олмос қишлоғида таваллуд топган. 1988 йили ўрта мактабни тугатиб,Тошкент Давлат университетига (ҳозирги Миллий университет) ўқишга кирган. 1993 йилда ушбу олий даргоҳни тугатгач, турли газета ва журналларда хизмат қилган. Унинг илк шеърияти талабалик йилларидаёқ, маҳаллий матбуотларда дунё юзини кўради. Шоира 2004 йилда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган
Xosiyat Rustamova 1971 yilning 19 mart sanasida Namangan viloyati, Pop tumaninig Olmos qishlog’ida tavallud topgan. 1988 yili o’rta maktabni tugatib,Toshkent Davlat universitetiga (hozirgi Milliy universitet) o’qishga kirgan. 1993 yilda ushbu oliy dargohni tugatgach, turli gazeta va jurnallarda xizmat qilgan. Uning ilk she’riyati talabalik yillaridayoq, mahalliy matbuotlarda dunyo yuzini ko’radi. Shoira 2004 yilda «Shuhrat» medali bilan taqdirlangan
XOSIYAT RUSTAMOVA
SHE’R — YO E’TIROF, YO ISYON
Esse
She’r nima? O’z—o’zimga savol tashlayman. Ko’zlarim nigohlarini olib qochadi. Ichimdan hayqirib kelayotgan narsaning nomini bilmayman. Yig’i bo’lganda ko’zlarimni kuydirgan bo’lardi.Bu yig’idan—da o’tli, azoblardan—da achchiq.
She’r nima?
“She’r — yo e’tirof yo isyon, yo tirsaki yo o’pich «, — deydi Dog’istonning zo’r shoiri Rasul Hamzatov. Bir nuqtaga tikilib qolib ketganimni anchadan keyin anglayman. G’ira—shiralikda kimdir borday tuyuladi. Butun vujudim ko’zga aylanadi. Sharpa mening qarab turganimni sezib, o’zini atirgulning panasiga yashiradi. Ko’zlarim biroz xira tortganini hisobga olmaganda mening nigohlarim o’tkir. Men uni darhol topib olaman. U — yurakka o’xshaydi.
She’r nima?
Biroz chang qoplagan kitoblarim orasidan o’zimning Marinamni topib olaman. Chunki u mening qo’lim osongina yetadigan joyda turadi. Har gal uni qo’limga olganimda sevgilisini uzoq ko’rmagan va kutilmaganda yo’lidan chiqib qolgan odam kabi o’zimni yo’qotib qo’yaman.
Boshim aylanadi. Ko’zim tinib ketadi. Mening yahinlashganim sayin uning ham menga qarab kelayotganini ko’raman.
«She’r — muhabbat», — deydi uyalibgina Svetaeva.
Ochig’i, u bilan ko’pdan beri ko’risholmadik. Ro’zg’orning ko’zga ko’rinmas ikir—chikirlari bilan o’ralashib qoldim. Uni qo’limga olganimda, u menga otilmadi. Hatto qarab ham qo’ymadi. Ginador nigohlarini burchakka tikkancha jimgina turavedi. O’zimni yo’qotib qo’ydim. Nima deyishni bilmay kalovlanib qoldim…
She’r nima?
To’rt oy bo’ldi — Onamni ko’rishga borolmdim. Yaxshiyam, o’limning borligini bilaman. Ko’zlarini yo’lga tikib, kun sanayotgan onajonimning kipriklaridan dumalab—dumalab tushayotgan yosh — she’rga o’xsharkan…
Bilmadim, kundan—kunga toshbag’ir bo’lib borayotgandayman. Hattoki, hech kimdan mehr kutmay qo’ydim. Yoshim o’tib borayotganidan afsuslanmayman ham.
“She’rlarim mendan keyin qancha umr ko’radi?“ deya zorlanayotganga o’xshaydi ruslarning zbardast shoiri Yevgeniy Yevtushenko.
She’r nima? Shoir kim? Tunda yozgan allanarsalarini tongda o’qib, chindan o’zi yozgan, yozmaganligiga ishonmay turgan kimsani kim deb atash mumkin? Bu ilohiylikmi? Ilohiylik she’rmi yo?
Nazarimda eshik tiqillaganga o’xshadi… Borib ochdim. Hech kim yo’q. Nimadir oyog’im ostiga tushdi. Daftarning yirtib olingan varag’i to’rt buklanib, eshikka qistirib qo’yilgan ekan. Bunday voqealar ko’p bo’lib turgani uchun hayratlanmadim. Faqat kecha gap talashib qolganim, eng aziz kishimni andak norizo qilib
qo’yganim esimga tushib, xatni shoshilib ochdim. Tanish yozuv. Ikki qator she’r.
Men seni kelishing hech istamayman.
Biroq kel.
Abduvali Qutbiddinning ushbu she’ri bilan kechagi alamlar olingan edi.
Ko’zlarim yerni ko’rmay qo’ydi. Qaerda ekanimni ham unutib qo’ydim. Eshik ichkaridan ochilgandagina qaerda turganimni, boz ustiga yig’layotganimni ko’rdim. Ushbu she’rni jo’natgan kishimning ko’ngli taskin topgan bo’lsa ne ajab!
Bir kuni uyimga she’rga qiziqadigan, o’zi ham she’r yozib turadigan shoira qiz tashrif buyurdi. Negadir xomush. “Chilonzordan atayin she’r eshitgani kelgandim. Siz band ekansiz», — dedi u. Nazarimda, hozir yig’lab yuboradigandek tuyuldi. U juda ham g’amgin edi. Oldiga o’tirishdan boshqa choram yo’qligini angladim. U dabdurustdan uzun— uzun kipriklarini devorga tikib, oynaga suyangan ko’yi she’r o’qiy boshladi.
Endi tikonlimi bu erka yo’llar,
YO yo’l tugadimi — endi qaytishmi?
Gullagan sevgidan qoldimi cho’llar,
Endi begonaday «xayr» aytishmi?
Oh, qachon aldashga o’rganasan sen,
Yuzingda kulgu—yu labingda titroq.
Men uchun o’rtanmay o’rtanasan sen…
Qo’rqma, tillarimda qolmadi so’roq.
Ne qilay? Yurakdan bo’shadi tanim,
Najot qo’nishdami, najot — o’lishda?
Azizim? Azizim! azizim manim,
Ayt, qachon ulgurding jonim bo’lishga?
Men hammasini tushundim. She’r menga qiz ko’nglidagi barcha talotumlarni gapirib berdi.
Shoira ko’nglidagi titroq menga ko’chdi. Beixtiyor she’r kayfiyatiga tushdim. Qani endi to’xtatib qoling—chi? Bu she’rni shu qiz yozganday edi. Bu she’rni men hozirgina yozib tugatganday edim. Tahrirga so’z qolmagan edi. Ammo tahrir qilish kerakligini unutganim ham yo’q edi.
Yarim kecha. Nazarimda kimdir yig’layotganga o’xshaydi. O’rnimdan irg’ib turaman. Kim bo’lsa ham uning yig’isini to’xtatib qoladigan shahd bilan yo’lakcha bo’ylab yura boshlayman. Nafasim qisganday tuyuladi. Pardani surib, derazani ochaman. Shamol kutib turgan kabi o’zini ichkariga otadi. Stol ustida turgan qog’ozlar xona bo’ylab ucha boshlaydi. Men sevgan kitoblar (stol ustida faqat men yaxshi ko’rgan kitoblar turadi) hayron. Nima falokat ro’y berganini bilmay jovdirab qaraydi. Ular uchib ketmaydi. Ularning zalvori og’ir. Shamolda pirpirab turgan kitobchani olib, ochilgan joyidan o’qiy boshlayman.
Yolg’izlik ortimdan huvillab quvdi,
Yiqilguncha betin yugurdim yeldim…
Bir ayol tuflimning loyini yuvdi —
Unga sevaman deb aytmagan edim.
Qismat qahr bilan bizni otgandi,
Tanholik tunining tor quchog’iga.
Bilmadim, qay mahal ayol uyg’ondi
Tufli yuvmoqlikning ishtiyohida.
Asli masxaralash qismat matlabi,
Ammo hayrat ichra tentidi xiyol:
Quvonib, masalan gul tergan kabi,
Tufli yuvar ekan tunda bir ayol.
Menga ko’zi tushib ayol qizardi,
Uyaldi. Qo’llari qoldi shalvirab.
Qo’qqis qarshimda u yig’lab turardi,
Yomg’ir qo’ynidagi bargday qaltirab.
Qo’ymog’im shart edi bir jasur qadam, —
Qulab tanholikning g’arib arshidan.
Cho’chidim men mehr ko’rmagan odam —
Sevgi tufli yuvib chiqsa qarshimdan.
Ketdim… Yomg’irdayin o’tdimu ketdim,
Ming asr tanholik kechdi boshimdan.
Ming asr oralab qaytadan yetdim,
O’sha yolg’iz qolgan ayol qoshiga.
U menga baxt berdi osmonday ulkan,
Men—chi? Men qovrildim baxtning dog’ida.
Bedormanu nega uyg’onolmayman
Tufli yuvmoqlikning ishtiyoqida.
Tufli yuvayotgan ayol kim? Tufli yuvmoqlik ishtiyoqida uyg’ongan ayol kim o’zi?
Shamol kabi xayolim ham tun ichra to’zg’ib ketdi. Endi uni yig’ishtirib olish juda ham qiyin, juda ham mashaqqatli. O’zimga kelishim uchun esa Svetaeva bo’lishim kerak: «Buncha oz sevasiz, yomon sevasiz»… Ha—ya, yana ezmalana boshladim. Devordagi soatning «kak—ku»lashi halaqit bermaganida, bilmadim, yana qancha ezmalangan bo’lardim.
Yuragim tanamga sig’may ketyapti. Yorilishi mumkin. Ishonmayapsizmi? Mana shu she’r mening taqdirimni hal qilishi mumkin ayni lahzada. O’zimni derazadan tashqariga otgim keldi, changli ko’chalarda shamol kabi tentirab—tentirab yurgim keldi. Ammo oyoqlarim og’ir edi. Menga bo’ysunmadi. Tunni larzaga solib baqirgim keldi. Afsus, ovozimni yutib yuborganmanmi, ovozim ham chiqmadi.
O’zimni qaerga qo’yishni bilmay bir joyda turib qoldim. Ochiq derazadan kimdir qarayotganga o’xshadi. U atirgul panasidan boshini ko’tardi. Chinqirib yubordim. U Svetaeva edi. Aytish mumkin bo’lsa, u mening Svetaevam edi.