Xulio Kortasar. Dahshatli tushlar

026

Хулио Кортасар таваллуд топган куннинг 100 йиллиги олдидан

     Жаҳонга машҳур адиб  Хулио Кортасарнинг  “Имтиҳон”, “Ютуқ” каби ажойиб романлари, “Бестиарий”, “Ўйин тугади” каби қатор ҳикоялар тўплами ҳамон адабиёт мухлисларини ҳайратга солиб келмоқда, ажойиб адабий маҳоратга далил сифатида катта адабиётга хизмат қилмоқда.

Хулио КОРТАСАР
ДАҲШАТЛИ ТУШЛАР
Маъсума Аҳмедова таржимаси
01

09Хулио Кортасар (исп. Julio Cortázar; асл исми: Хулес Флоренсио Корта́сар) 1914 йилнинг 20 августида Брюсселда Аргентина савдо ваколатхонаси ходимининг оиласида туғилди. Болалик ва ёшлиги Буэнос-Айрес шаҳрида ўтган. Буэнос-Айрес университетини молиявий танқислик туфайли тугатолмаган Хулио 7 йил давомида қишлоқ ўқитувчиси бўлиб ишлашга мажбур бўлди. 1944 йилдан Мендоса университетида, 1946 йилдан Китоб палатасида ишлади. 1951 йили адабиёт бўйича степендияга сазовор бўлган Кортасар Европага йўл олади ва ўшандан бошлаб қолган бутун умри Парижда ўтди.
«Аргентинанинг биринчи рақамли адиби» — ХХ асрнинг 60-70 йиллари жаҳоннинг нуфузли танқидчилари машҳур ёзувчи Хулио Кортасарга шундай таъриф берган эдилар. Бу баҳо ҳозир ҳам ўз қимматини йўқотгани йўқ. Ёзувчининг «Имтиҳон», «Ютуқ» каби романлари, «Таъқибчи», «Мануелнинг китоби» каби қиссалари, «Бошқа бир осмон», «Жанубий шоссе», «Автобус», «Иблис сўлаги», «Истило қилинган уй» каби ҳикоялари жаҳон адабиётига муносиб улуш бўлиб қўшилди.

01

Кутиш керак, ҳамма шундай деяпти, бундай ҳолларда ҳеч нарсага тушуниб бўлмайди, доктор Раймонди ҳам Мечанинг ёшида бундан баттарроқ бўлиши мумкин, шунинг учун ҳам кутиш керак, деяпти, кутиш керак, сеньор Ботто, ҳа, доктор, лекин қизим мана, икки ҳафтадирки, уйқудан уйғонмаяпти, икки ҳафтадирки, у худди ўликдай ётибди, доктор, биламан, сеньора Луиса, бу команинг классик ҳолати, нима ҳам қила оларди киши, фақат кутиш керак.

Лауро ҳам доктор айтганидай қилди, кутди, ҳар куни факультетдан қайтаркан, эшикни очиш олдидан бир лаҳза жойида тўхтаб қолар ва: мана, бугун Меча аниқ уйғонади, кўзини очади ва онаси билан гаплашиб ўтирган бўлади, деб хаёл қиларди; йигирма ёшдаги қиз шундай ўлиб кетавермайди-ку, ахир, аниқ – у ҳозир ўрнидан турган-да, каравотига ўтирганча онаси билан суҳбатлашиб ўтирган бўлади; лекин кутиш керак экан, ўғлим, ҳаммаси бояги-боягидай, доктор кечга томон келади, қўлимиздан нима ҳам келарди, ҳамма шундай деяпти. Бирон нима еб олсангиз-чи, дўстим, онангиз Мечанинг ёнида ўтириб туради, сиз тамадди қилиб олишингиз керак, ахир, имтиҳонларни ҳам унутманг-да, биз у ёқда телевизорда янгиликларни кўриб ўтирамиз.

Бари ўтди, фақат Меча ўзгармади, кун кетидан кун ўтди, у ҳамон бояги-боягидай ётади, каравот тана оғирлигидан эгилади, Мечанинг нозиккина вужуди букилади, у рокка рақсга тушарди, теннис ўйнарди, лекин мана, неча ҳафтадирки, эзилиб ётибди ва бошқаларни ҳам адо қилмоқда, бу оғир вирус касаллиги, кома ҳолати, сеньор Ботто, олдиндан бирон нарса деб бўлмайди-да, сеньора Луиса, унга қараб туринг, қизингизнинг бундан қутулиб чиқишига ёрдам беринг, бу ёшда одам куч-қувватга тўла, яшашга иштиёқи ҳам кучли бўлади. Ахир у ўзига-ўзи қарайдиган аҳволда эмас, доктор, ҳеч нимани билмайди, у худди – э, худо, ўзинг кечир, нималар деяётганимни ўзим ҳам билмайман.

Лауро ҳам кўриб турганларига ишонгиси келмас, буларнинг барини Меча ўйин қилаётганга ўхшар, унинг ана шунақа аҳмоқона қилиқлари кўп эди, гоҳ худди шарпа сингари зинапояда кийим-бошини алмаштирар, гоҳ қаламдонини тўшаги остига яшириб қўяр, бўлар-бўлмасга кулаверарди; ака-сингил бир-бирларига шундай “тузоқ” қўйишарди, болалик пайтларида бекинмачоқ ўйнаганлари…

Оғир вирус дардига чалиниб қолди-да бояқиш, бир кун кечқурун ҳарорати ҳам тушганди, оғриғи ҳам қолганди, бирдан ҳаммаёқ сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди, терисининг ранги худди кул сингари гезариб кетди, қиз оҳиста ва узун-узун нафас ола бошлади. Докторларнинг ўзларини хотиржам тутишлари, аппаратлар, ҳар хил анализлардан сўнг, Мечанинг ваҳимали ҳазили ҳаммани қўрқитиб юборди, соат сайин у баримизни оёққа турғизди, донья Луисанинг чорасизликдан қилган фарёдлари аламли йиғи, ғам-ғусса билан алмашди; отам ҳам янгиликларни кўрмай, газета ўқимай, онамга таскин берарди, шунда у тинчланарди; Лауро факультетга келганида, йиғилишга кирганида кўксидаги ғазаби тарқарди; ҳар сафар у марказдан қайтаётганида нимагадир умид қиларди: Меча, мана шу қилиғинг учун ҳали мендан кўрасан, уятсиз, нима қилганинг бу, деб ичида янарди. Уйда хотиржамлик – Мечага қаровчи ҳамшира ниманидир тикиб ўтирар, итни амакисига бериб юборгандилар, доктор Раймонди ҳамкасабалари билан келмади, вақт тунга оққанда бир кириб ўтди ва деярли турмади ҳам, афтидан, у ҳам кун сайин бизни эзаётган, бизни кутишга кўниктираётган Мечанинг оғирлигини ҳис қилган эди, ҳа, биргина кутиш қолганди, холос.

Мудҳиш тушга ўхшаш бу ғусса донья Луиса термометрни топа олмаган ва қўққисдан келиб қолган санитар аёл кўча муюлишидаги дорихонадан бошқасини олиш учун югурган ўша оқшомда бошланган эди. Бу гап шунинг учун айтилдики, термометр шундайгина йўқолиб қолмайди-да, ҳарорат ўлчагич кунига уч марталаб керак бўлиб тургандан кейин нима бўларди, улар Мечанинг каравоти ёнида бақириб гапираверадиган бўлиб қолдилар, олдингидай шивирлаб гаплашишга энди ҳожат қолмаганди, чунки Меча барибир ҳеч нимани эшитмайди, кома ҳолати қиз танасининг бари ҳис этиш аъзоларини фалаж қилиб ташлаганлигига доктор Раймондининг ишончи комил, унинг ҳузурида истаган нарсаларни валақлаш мумкин, барибир Мечанинг бепарво юзида ҳеч қандай ифода сезилмайди.

Кўча муюлишидан отишма овозлари қулоққа чалинган, ҳаттоки пича олисроқда, Гаон кўчаси томонда ўқ овозлари эшитилганда ҳам термометр ҳақида гаплашаётган эдилар. Улар бир-бирларига қараб қўйдилар, Мечага қараётган ҳамшира шунчаки елкасини қисди, чунки отишма уларнинг квартали ва шаҳарнинг ҳар қандай мавзеси учун одатий ҳол бўлиб қолганди, донья Луиса яна термометр ҳақида бир нима демоқчи бўлди, шунда Мечанинг қўллари қимирлаб кетганини кўриб қолди.

Бир сониягина, бироқ уларнинг иккалови ҳам дарҳол сергак тортдилар ва бирдан донья Луиса бақириб юборди, ҳамшира унинг оғзини қўллари билан пана қилди, сеньор Ботто хонасидан чиқди, шунда учалови Мечанинг бутун бадани бўйлаб қандай қалтироқ турганини кўрдилар, худди калтакесак “лип” этиб, қиз кифтларидан оёқлари томон югуриб кириб кетгандай бўлди, ёпиқ қовоқлар остидаги қорачиқлар қимир этгандай, енгилгина сесканиш қиз башарасини буриштириб юборгандай бўлди, худди Меча нолигандай, бирон нима дегиси келгандай, пульси тезлашди-да, яна аста ўзининг ҳаракатсиз ҳолатига қайтди.

Телефонда – Раймонди, умуман, ҳеч қандай янгилик йўқ, деди, гарчанд Раймонди бу ҳақда эшитишни ҳам хоҳламаса-да, юракларидаги умид ортди, художон, қани эди шундай бўлса, қани эди ана шу турма азоби тезроқ тугаса. Лекин бу ҳол яна ва яна қайталанаверди, орадан бир соат ўтиб, яна шундай бўлди, гўёки Меча азобли туш кўраётганга ўхшарди, босинқираш яна ва яна такрорланди, қиз улардан қутулолмади, уларни нари ҳайдолмади, ана, унинг ёнига ўтиринг-да, тинчлантиришга ҳаракат қилинг, Меча ҳеч нимани қабул қилмаяпти, уни нимадир эзяпти, балки узундан-узун туш кўраётгандир, ҳеч билиб бўлмаяпти, уни ўзинг асра, худойим, уни бундай ташлаб қўйма. Лауро ўқишдан қайт-ди ва худога илтижо қилаётган онасининг елкасига қўлини қўйди-да, каравотга ўтирди.

Кечқурун яна докторлар келишди, электродли ва сўрғичли янги аппаратларни қизнинг бош ва оёқларига ёпиштирдилар, Раймондининг икки нафар шифокор оғайнилари меҳмонхонада нималар ҳақдадир узоқ баҳслашдилар, яна кутиш керак, сеньор Ботто, аҳвол ўзгармаган, яхшилик томонга ўзгариши ҳақида ўйлашга ҳали эрта. Лекин у туш кўряпти, доктор, туш, ўзингиз кўрдингиз-ку, бу яна такрорланади, у нималарнидир ҳис қиляпти ва шундан сиқиляпти.

Буларнинг бари асабдан, сеньора Луиса, бу ҳали ҳушига келади, дегани эмас, сизларни ишонтириб айтаманки, кутинглар ва буларга аҳамият берманглар, қизингиз ҳеч нарсани ҳис қилмаяпти, биламан бунинг қандай азоблигини, агар сиз уни ҳамшира билан холи қолдирсангиз, яна ҳам яхши бўларди; пича дам олишга ҳаракат қилинг, манави дориларни ичиб олинг.

Лауро ярим тунгача Мечанинг ёнида ўтирди, ора-сира имтиҳонга кириш учун ёзиб олган қоғозларини қараб чиқди. Сирена товушлари эшитилганда, Лусеро берган телефон рақамига қўнғироқ қилиши кераклиги ёдига тушди, бироқ уйдан қўнғироқ қилиб бўлмас, сирена товушларидан сўнг кўчага чиқиш ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди. У Мечанинг чап қўли бармоқлари оҳиста қимирлаётганини кўрди, яна қовоқлар остидаги қорачиқлар ҳаракатга келгандай туюлди. Ҳамшира: бораверинг, кутишдан бошқа қўлимиздан нима ҳам келарди, деди.

“Лекин у туш кўряпти-ю, — деди Лауро, — қаранг-а, туш кўряпти”. Бу ҳол кўчада сирена увлашидан узоққа чўзилмади: худди Мечанинг қўллари ниманидир излаётганга, бармоқлари чойшаб остидан нажот истаётганга ўхшаб кетди. Донья Луиса дарҳол бу ерда ҳозир бўлди, унинг уйқуси қочган эди. “Нега доктор Раймонди берган дориларни ичмадингиз? – деб сўради ҳамшира аччиқланганини яширолмай. “Ўша дориларни тополмаяпман-да, — фаромушхотирлик билан жавоб қайтарди донья Луиса, – анув тунчироқ остидаги жавонда турганди, лекин у ердаям кўринмаяпти”.

Ҳамшира дорини қидиришга кетди, Меча яна бармоқларини қимирлатди, Лауро билан онаси бир-бирларига қараб қўйдилар. Улар – мудҳиш туш давом этаётганлигини, унинг узлуксиз чўзилганлигини билиб турардилар, кўнгилларидаги хайрихоҳликка, ҳамдардликка ўхшаган туйғу билан қизни уйғотгилари, ҳаммани азобдан халос этгилари келарди. Бироқ қиз ўқтин-ўқтин бармоқларини қимирлатганча ухлайверди. “Мен дориларни ҳеч қаердан тополмадим, – деди ҳамшира, – биз ҳаммамиз шунчалик паришонмизки, бу уйда нима қаёқда турганлигини ҳеч ким билмайди”.

Эртаси Лауро уйга кеч қайтди, сеньор Ботто стадиондан қизғин репортаж олиб борилаётган телевизордан кўзини олмай шунчаки унинг нега кеч қолганлигини сўраб қўйди. ”Жўраларим билан ўтирдик”, деб жавоб қайтарди Лауро нимадан ўзимга сэндвич тайёрласамикин, деган ўйда. “Ажойиб гол бўлди, – деди сеньор Ботто, – такрорий кўрсатаётганлари яхши бўлди-да, чемпионларнинг бари ҳаракатларини кўриб оласан киши”. Афтидан, Лаурони урилган гол қизиқтирмаётганга ўхшарди, у полга ўтирганча таом еди. “Нима қилаётганларингизни биласизларми, болалар, – дея сўзланди тўпдан кўзини олмай сеньор Ботто, – эҳтиёт бўлиш керак-да”. Лауро кўз қирини ташлаб, ҳайратдан қотиб қолди: отаси биринчи маротаба шунақа шарҳни ўзига эп кўрган эди. “Хотиржам бўлинг, қария”, – деди у отаси гапни кўпайтирмаслиги учун ўрнидан тураркан.

Ҳамшира тунчироқни ерга қўйди. Меча кенг, юмшоқ диванда аранг кўзга ташланарди, донья Луиса юзидан қўлларини олди, Лауро онасининг пешонасидан ўпди.
– Ҳеч қандай ўзгариш йўқ, – деди донья Луиса.– Ҳамиша бирдай ётибди, ўғлим, – деди донья Луиса. – Қара, қара, унинг лаблари титраяпти, худойим-эй, қачонгача чўзиларкин-а, бу?..
– Ойи.
– Бундай бўлиши мумкин эмас, Лауро, бу туш қизимни қанчалик қийнагандан-қийнаб ташлаганини, шунинг учун ҳам у сира уйғонмаётганлигини ҳеч ким менчалик билмайди, тушунмайди.
– Биламан, менам тушунаман. Агар бирон нима қилишнинг иложи бўлганда эди, Раймонди аллақачон қилган бўларди. Бу ерда шундай ўтираверсангиз, унга ёрдам беролмайсиз, бориб ётинг. Тинчлантирувчи доридан ичинг-да, ухланг.

У онасини ўрнидан турғизиб, эшиккача кузатиб қўйди. “Бу нимаси экан-а, Лауро?” – тўсатдан онаси тўхтаб қолди. “Ҳеч нима, ойижон, қаердадир отишма бўляпти, ўзингиз биласиз-ку”. Ҳа, энди кеч бўлиб қолди, у онасини ётоғида қолдиради-да, дўконга тушиб, ўша ёқдан Лусерога қўнғироқ қилади.

Лауро ўзи яхши кўрадиган мовий курткасини тополмади, эҳтимол онам уни ўша ёққа илиб қўйгандир, дея даҳлиздаги бари жавонларни титиб ташлади, – ахири тополмай қўлига илашган пиджакни эгнига кийди, ҳаво салқин эди. Кўчага чиқиш олдидан бир дақиқага Мечанинг олдига шўнғиди, ғира-ширада синглисига яхшилаб разм солди, ана шу мудҳиш тушни, тери остида сирли сирпанган титроқ қўлларни ҳис этди.

Ташқаридан яна сирена товушлари эшитилди, шунақа кеч кўчага чиқишнинг кераги йўқ эди аслида, бироқ дўконни ёпиб қўядилар, у қўнғироқ қилолмай қолади. Мечанинг кўз қорачиқлари қимир-қимир этди, худди қовоқлари остидан қарагиси, акасига ўгирилиб тикилгиси келаётганга ўхшаб кетди. Лауро синглисининг пешонаси узра қўлларини юргизди; унга қўл тегизиш қўрқинч-ли эди, худо кўрсатмасин, билмасдан тегиб кетсанг, мудҳиш туш яна зўрайиб кетиши мумкин.

Қовоқлар остида қорачиқлар уёқдан-буёққа ўтарди, Лауро бирдан орқасига тисланди; нимагалигини билмади-ю, бироқ ҳар қараганида, Меча қовоқларини очиб, унга қараши, кет, дея ҳайдаши мумкиндай туюлди, хаёлига келган бу фикрдан ўзи ҳам қўрқиб кетди. Агар отаси ҳали ухламаган бўлса, меҳмонхонадан қўнғироқ қилишга уриниб кўради ва аста шивирлаб гапиради, бироқ сеньор Ботто спорт шарҳловчисининг сўзларини тинглайверди. “Ҳа, бу ҳақда кўп гап сотяптилар, – хўрсинди Лауро. – Энди эртароқ туриш керак-да, факультетга кетмасдан олдин Лусерога қўнғироқ қилиш керак”. Хона ўртасида кўзи ҳамширага тушди, у ётоқхонадан қўлида ялтираб турган аллақандай нарсани – шприцними, қошиқними кўтарганича чиқиб келмоқда эди.

Вақт узундан-узоқ кутишлар, уйқусиз тунлар, озгина мижжа қоқиб олиш умидидаги кундузги уйқу билан ўтаётган эди; донья Луисани чалғитиш ёки бўлмаса, сеньор Ботто билан домино ўйнаш учун қариндош-уруғлар, дўст-жўралар кети узилмай келиб турардилар; Мечага қаровчи аёл яна алмашди – олдингиси бир ҳафтага Буэнос-Айресга кетадиган бўлиб қолибди; хонадан-хонага олиб ўтилаверганидан биров қаҳва финжонларини тополмасди; Лауро иложини қилса, уйга бирровга кириб ўтар, истаганида кетарди; келишидан олдин азалий одатича телефон қиладиган Раймонди энди олдиндан қўнғироқ қилмай ҳам келадиган бўлиб қолди; салбий оқибатга олиб келадиган ҳеч қандай аломат йўқ, сеньор Ботто, бу шундай жараёнки, унга фақат далда бўлиб туриш керак, холос, мен уни зонд орқали овқатлантиряпман, кутиш керак.

Қизим туш кўргани кўрган, доктор, унга қаранг, Меча энди деярли ухламаяпти. Хавотир олманг, сеньора Луиса, ўзингиз бир тасаввур қилинг-а, унинг тушлари – бу тана аъзоларининг таъсирланиши, буларнинг барини тушунтириб бериш қийин, бундай ҳолларда бошқа омиллар ҳаракатга тушади, биз туш деб ўйлаган нарсани у англаб етяпти, деган хаёлга борманг, бундай ҳолатда шунчалик яшаш қобилияти ва ана шу рецидивлар – яхши аломат ҳисобланади, менга ишонсангиз-чи, ахир мен қизингизни жуда диққат билан кузатиб боряпман-ку, сиз дам олишингиз керак, сеньора Луиса, буёққа келинг, қон босимингизни ўлчаб қўяй.

Факультетда рўй берган воқеалардан сўнг, Лауронинг марказдан қайтиши борган сари қийинлашиб бормоқда эди, у тўсатдан пайдо бўлиб қолар, уни Мечадан кўра кўпроқ онаси хавотирга соларди, уйда бир дақичача турар, аҳвол ўша-ўша эканлигини билар, қариялар билан гаплашар, жилла бўлмаса, уларни ваҳимали хаёллардан пича чалғитиш учун гаплашадиган мавзусини олдиндан ўйлаб қўярди.

Ҳар сафар Мечанинг каравотига яқинлашганида, яна қудратли куч уни ўзига тортар, Меча шундоқ яқингинасида, – гўё чақираётганга, бармоқларининг тушунарсиз имо-ишоралари билан ич-ичидан нигоҳ ташлаётганга ўхшарди, чарм қопланган деворга урилган товуш сингари бу даъват азобли ва маънисиз эди.

Баъзида Мечани тутқаноқ тутар, шунда Лауро бирдан бир нарсани: синглисининг ёнида туриб, унга тикилганида қиз онаси ва ҳамширадан кўра акасини яхшироқ сезаётганлигини ҳис этди, ҳозир алоқ-чалоқ туш энг қўрқинчли лаҳзасига кўтарилади, яхшиси, тезда жуфтакни ростлаб қолган маъқул, ахир унинг бирор ёрдам бериш қўлидан келмаса, Меча билан гаплашишдан ҳам маъно йўқ, тентаккина синглим, бўлди-да энди, қани бир кўзингни оч-чи, тезроқ шу қилиғингни бас қил.

Меча, эси паст сингилжоним, устимиздан шунчалик ҳам куласанми, етар, жинни қиз, бўлмағур комедиянгни бас қил-да, ярамас, тур ўрнингдан, мен сенга шунчалик кўп нарсаларни гапириб бераманки, ўзинг ҳайрон қоласан, сенинг ҳали ҳеч нимадан хабаринг йўқ, уйимизда қандай қиёмат қўпганлигини билмайсан, мен сенга буларнинг барини гапириб бераман, Меча, ўзим сенга айтиб бераман. Лауро таҳликага тушди: балки овоз чиқариб, бирон сўз айтмасдан Меча томон эгилиш керакдир, лекин ҳамшира билан донья Луиса уни сира ёлғиз қолдирмайдилар, унинг эса синглисига айтадиган гаплари шунчалик кўпки, назарида Меча ич-ичидан, ёпиқ қовоқлари остидан чойшабида маъниси ҳарфларни чизаётган бармоқлари билан акасига мурожаат қилаётгандай туюлиб кетди.

Пайшанба куни эди – бугун қандай кун эканлигини атрофдагилар билишлари учун эмас, бунинг уларга қанчалик аҳамиятга эгалиги учун ҳам эмас, буни ҳамшира ошхонада қаҳва ҳўплай туриб айтди ва шунда сеньор Ботто телевизорда янгиликларнинг махсус сони намойиш қилиниши кераклигини, донья Луиса эса – синглиси Росарио қўнғироқ қилганлигини, пайшанба ёки жумада келишини эслаб қолди.

Лауронинг имтиҳонлари бошланганлигига шубҳа йўқ эди, у уйдан саккизда чиқиб кетган ва хайрлашмаган, меҳмонхонада, хавотир олманглар ва кутманглар, эҳтимол кечки овқатга келолмасман, деб хат қолдирибди. Айтганидай, у кечки овқатга келмади, яна ҳамшира донья Луисани эртароқ ётишга кўндиришга муваффақ бўлди, сеньор Ботто телеўйинлар сеансидан сўнг деразадан қаради, Плас Ирланд томондан ора-сира пулемёт овозлари қулоққа чалинди, кейин бирдан ҳаммаёқ жимжит бўлиб қолди, тошдай оғир сукунат, кўчада патруль машинаси ҳам кўринмасди, яхшиси, ухлашга ётган маъқул, анави аёл кеч соат ўндаги телеўйиннинг ҳамма саволларига жавоб берди, – жуда калласи ўткир экан, антик тарихдан шунчалик кўп нарсаларни биларканки, худди Юлий Цезарь даврида яшаганга ўхшайди, нима бўлгандаям маданият соҳасида маошни кўпроқ тўлайдилар, бу сенга ким ошди савдосида болға уриш эмас.

Ҳеч ким бутун тун бўйи эшик очилмаганлигига, Лауро уйга келмаганлигига эътибор бермади, эрталаб ҳамма у навбатдаги имтиҳондан сўнг ухлаётгандир ёки нонушта олдидан дарс қилиб ўтиргандир, деб хаёл қилди. Фақат соат ўнларга бориб, Лауро уйда йўқлигини билиб қолдилар. “Хавотир олма, – деди сеньор Ботто, – тайин, у дўстлари билан ўтирган”.

Айни шу пайт донья Луисанинг ҳамширага Мечани ювинтириш ва унинг кийим-бошларини алмаштиришга ёрдам бериши керак эди, ёнида иссиқ сув ва одеколон, пахта ва чойшаблар турибди, пешин ҳам бўлди, ғалати, ҳалиям Лауродан дарак йўқ, Эдуардо,у ҳатто қўнғироқ ҳам қилмади, ҳеч қачон бундай қилмасди, эсингдами, курсни тугатганларидан сўнг ўтириш қилганларидаям, бизни хавотир олишмасин, деб тўққизда телефон қилганди, ахир Лауро ўшанда ёшроқ эди-ку. “Болакай шу имтиҳонларни деб нақ эс-ҳушини йўқотаёзди, – деди сеньор Ботто. – Мана, кўрасан, у роппа-роса соат бирдаги янгиликларга етиб келади”.

Бироқ соат бирдаги, спорт янгиликлари ҳамда тартиб муҳофазаси кучларининг ўз вақтида аралашуви туфайли бостирилган янги қўпорувчилик ҳаракати ҳақидаги хабар ҳам ўтиб кетди-ю, Лауро келмади, ҳеч қандай янгилик йўқ, ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяркан, тоғли туманларда ёмғир ёғаркан.

Ҳамшира донья Луиса томон йўналганда, соат саккиз бўлиб қолган, аёл ҳамон таниш-билишларга қўнғироқ қилар, сеньор Ботто, агар хабар топса, телефон қилиши керак бўлган комиссариатдаги дўстининг қўнғироғини кутар, бетиним донья Луисадан телефонни банд қилиб турмасликни сўрар, бироқ хотини ёзув дафтарчасидан танишлар рақамларини излар ва эҳтимол Лауро Фернандо амакиникида қолгандир ёки яна навбатдаги имтиҳонини топшириш учун факультетга қайтгандир, дея бирваракайига ҳаммага қўнғироқ қилаверарди. “Барака топкур, телефонни ўз ҳолига қўй, – дея яна ундан ўтинди сеньор Ботто.– Нега ахир тушунмайсан, болакай айни шу пайт уйга телефон қилаётгандир, телефон бўлса ҳамиша банд, сен унинг… автоматдан телефон қилишини истаётган бўлсанг, агар ўша телефон-автоматнинг абжағи чиқмаган бўлса, барибир бошқаларнинг ҳам қўнғироқ қилиб бўлишини кутиб туради”.

Ҳамширанинг қистови билан донья Луиса Мечанинг олдига келди, қиз бирдан бошини чайқай бошлади, бошини ҳадеб уёқдан-буёққа силкитаверганидан, пешонасига тушган сочларини ҳам йиғиштиришга улгуриб бўлмай қолди. Зудлик билан доктор Раймондига хабар қилиш керак, кечқурун уни топиш қийин эди, лекин соат тўққизда докторнинг хотини унинг ҳозир келиб қолишини айтиб қўнғироқ қилди.

“Келиши қийин бўлади, – деди ҳамшира дорихонадан бир қути ампула билан қайтиб келаркан.– Нима сабабданлиги номаълум, бутун квартални ўраб олишибди, эшитяпсизми сиренанинг овозини”. У эндигина Мечадан узоқлашгач, қиз калласини узоқ ва қайсарлик билан силкита кетди, донья Луиса сеньор Боттони чақирди, йўқ, ҳеч ким ҳеч нимани билмайди, болакайнинг кўчадан ўтиб келолмаётганлиги аниқ, аммо Раймондини ўтказиб юборишади, ахир у оқ халатда-ку.

– Гап бунда эмас, бунда эмас, унга бирор нарса бўлганлигини кўнглим сезиб турибди, шу пайтгача ҳеч ким ҳеч нарсани билмаслиги мумкин эмас-ку ахир, Лауро доим…
– Қара-қара, Луиса, — деди сеньор Ботто, – қара, панжаси, қўли қимирлаяпти, у биринчи марта қўлини қимирлатяпти, Луиса, балки…
– Бу илгаригисидан ҳам ёмонроқ, Эдуардо, сира тушунгинг келмаяпти, Меча ҳалиям галлюцинация*да, у ўзини ҳимоя қиляпти, нимадандир… Роса, унга бирор нима қилинг, мен ҳозир, ёки яхшиси, Эдуардо, телефон қил, улардан сўрагин-чи.

Сеньор Ботто меҳмонхонада телефон рақамини терди ва тўхтаб, гўшакни жойига илди. Аслида Ромеро, ҳа, Ромеро Лауро ҳақида ниманиям билиши мумкин, яхшиси, яна бир оз кутган маъқул. Раймонди келмади, уни муюлишда ушлаб қолишган, балки у бирор тушунтириш бераётгандир. Роса ортиқ Мечага дори юборолмади, бу анча кучли тинчлантирувчи восита, яхшиси, доктор келгунча кутиш керак.

Донья Луиса Мечанинг юмуқ кўзларига халақит қилаётган сочларини йиғиштириш учун эгиларкан, бирдан орқасига қалқиб кетди. Роса уни ўтқазиш учун аранг курси қўйишга улгурди. Гаон кўчаси томондан эшитилган сирена овози кучайгандан-кучайди, Меча қовоқларини ним очди, бир неча ҳафта гўёки ёпиқ парда ортида юмилиб ётган нигоҳи деразадан кўриниб турган бир парча тиниқ осмонда қотиб қолди, сўнг аста донья Луисанинг юзига ўтиб олди.

Донья Луиса қичқириб юборди, қўлларини кўкрагига қўйди-да, бақирди. Роса чорасиз аҳволда, сеньор Боттони чорлаганча, Луисани олиб кетишга уринди, сеньор Ботто келди, Мечанинг оёқ томонига руҳсиз ўтирди ва қизига тикилиб қолди, гўё бари қизнинг нигоҳида жам бўлганга ўхшар, унинг нигоҳи донья Луисадан сеньор Боттога, ҳамширадан осмон чеккасига ўтди, қўллари секин-аста қорни томон кўтарилди, чайқалди, вужуди оғриқдан, сиқилишдан қалтирай бошлади, чунки қиз ҳозир сиренанинг тобора кучаяётган наърасини, эшикка урилаётган зарбалардан бутун уй ларзага келаётганини, команда ҳайқириқларини, автоматлардан отилаётган ўқ овозларидан дарахтларнинг қасир-қасур қулаётганини, донья Луисанинг фарёдини, қочишга уринган оломон ур-йиқитини эшитаётганга ўхшар, бари худди унинг уйғониш вақтига, ана шу мудҳиш туш поёнига етган ва Меча ниҳоят ҳақиқий, ажойиб ҳаётга қайтиши мумкин бўлган вақтга тўғри келган эди.

_______________
* Г а л л ю ц и н а ц и я – йўқ нарсаларнинг кўзга кўриниши ва эшитилиши.

81

Xulio KORTASAR
DAHSHATLI TUSHLAR
Ma’suma Ahmedova tarjimasi

01

Xulio Kortasar (isp. Julio Cortazar; asl ismi: Xules Florensio Korta?sar) 1914 yilning 20 avgustida Bryusselda Argentina savdo vakolatxonasi xodimining oilasida tug’ildi. Bolalik va yoshligi Buenos-Ayres shahrida o’tgan. Buenos-Ayres universitetini moliyaviy tanqislik tufayli tugatolmagan Xulio 7 yil davomida qishloq o’qituvchisi bo’lib ishlashga majbur bo’ldi. 1944 yildan Mendosa
universitetida, 1946 yildan Kitob palatasida ishladi. 1951 yili adabiyot bo’yicha stependiyaga sazovor bo’lgan Kortasar Yevropaga yo’l oladi va o’shandan boshlab qolgan butun umri Parijda o’tdi.«Argentinaning birinchi raqamli adibi» — XX asrning 60-70 yillari jahonning nufuzli tanqidchilari mashhur yozuvchi Xulio Kortasarga shunday ta’rif bergan edilar. Bu baho hozir ham o’z qimmatini yo’qotgani yo’q. Yozuvchining «Imtihon», «Yutuq» kabi romanlari, «Ta’qibchi», «Manuelning kitobi» kabi qissalari, «Boshqa bir osmon», «Janubiy shosse», «Avtobus», «Iblis so’lagi», «Istilo qilingan uy» kabi hikoyalari jahon adabiyotiga munosib ulush bo’lib qo’shildi.

01

Kutish kerak, hamma shunday deyapti, bunday hollarda hech narsaga tushunib bo’lmaydi, doktor Raymondi ham Mechaning yoshida bundan battarroq bo’lishi mumkin, shuning uchun ham kutish kerak, deyapti, kutish kerak, sen`or Botto, ha, doktor, lekin qizim mana, ikki haftadirki, uyqudan uyg’onmayapti, ikki haftadirki, u xuddi o’likday yotibdi, doktor, bilaman, sen`ora Luisa, bu komaning klassik holati, nima ham qila olardi kishi, faqat kutish kerak.

Lauro ham doktor aytganiday qildi, kutdi, har kuni fakul`tetdan qaytarkan, eshikni ochish oldidan bir lahza joyida to’xtab qolar va: mana, bugun Mecha aniq uyg’onadi, ko’zini ochadi va onasi bilan gaplashib o’tirgan bo’ladi, deb xayol qilardi; yigirma yoshdagi qiz shunday o’lib ketavermaydi-ku, axir, aniq – u hozir o’rnidan turgan-da, karavotiga o’tirgancha onasi bilan suhbatlashib o’tirgan bo’ladi; lekin kutish kerak ekan, o’g’lim, hammasi boyagi-boyagiday, doktor kechga tomon keladi, qo’limizdan nima ham kelardi, hamma shunday deyapti. Biron nima yeb olsangiz-chi, do’stim, onangiz Mechaning yonida o’tirib turadi, siz tamaddi qilib olishingiz kerak, axir, imtihonlarni ham unutmang-da, biz u yoqda televizorda yangiliklarni ko’rib o’tiramiz.

Bari o’tdi, faqat Mecha o’zgarmadi, kun ketidan kun o’tdi, u hamon boyagi-boyagiday yotadi, karavot tana og’irligidan egiladi, Mechaning nozikkina vujudi bukiladi, u rokka raqsga tushardi, tennis o’ynardi, lekin mana, necha haftadirki, ezilib yotibdi va boshqalarni ham ado qilmoqda, bu og’ir virus kasalligi, koma holati, sen`or Botto, oldindan biron narsa deb bo’lmaydi-da, sen`ora Luisa, unga qarab turing, qizingizning bundan qutulib chiqishiga yordam bering, bu yoshda odam kuch-quvvatga to’la, yashashga ishtiyoqi ham kuchli bo’ladi. Axir u o’ziga-o’zi qaraydigan ahvolda emas, doktor, hech nimani bilmaydi, u xuddi – e, xudo, o’zing kechir, nimalar deyayotganimni o’zim ham bilmayman.

Lauro ham ko’rib turganlariga ishongisi kelmas, bularning barini Mecha o’yin qilayotganga o’xshar, uning ana shunaqa ahmoqona qiliqlari ko’p edi, goh xuddi sharpa singari zinapoyada kiyim-boshini almashtirar, goh qalamdonini to’shagi ostiga yashirib qo’yar, bo’lar-bo’lmasga kulaverardi; aka-singil bir-birlariga shunday “tuzoq” qo’yishardi, bolalik paytlarida bekinmachoq o’ynaganlari…

Og’ir virus dardiga chalinib qoldi-da boyaqish, bir kun kechqurun harorati ham tushgandi, og’rig’i ham qolgandi, birdan hammayoq suv quyganday jimjit bo’lib qoldi, terisining rangi xuddi kul singari gezarib ketdi, qiz ohista va uzun-uzun nafas ola boshladi. Doktorlarning o’zlarini xotirjam tutishlari, apparatlar, har xil analizlardan so’ng, Mechaning vahimali hazili hammani qo’rqitib yubordi, soat sayin u barimizni oyoqqa turg’izdi, don`ya Luisaning chorasizlikdan qilgan faryodlari alamli yig’i, g’am-g’ussa bilan almashdi; otam ham yangiliklarni ko’rmay, gazeta o’qimay, onamga taskin berardi, shunda u tinchlanardi; Lauro fakul`tetga kelganida, yig’ilishga kirganida ko’ksidagi g’azabi tarqardi; har safar u markazdan qaytayotganida nimagadir umid qilardi: Mecha, mana shu qilig’ing uchun hali mendan ko’rasan, uyatsiz, nima qilganing bu, deb ichida yanardi. Uyda xotirjamlik – Mechaga qarovchi hamshira nimanidir tikib o’tirar, itni amakisiga berib yuborgandilar, doktor Raymondi hamkasabalari bilan kelmadi, vaqt tunga oqqanda bir kirib o’tdi va deyarli turmadi ham, aftidan, u ham kun sayin bizni ezayotgan, bizni kutishga ko’niktirayotgan Mechaning og’irligini his qilgan edi, ha, birgina kutish qolgandi, xolos.

Mudhish tushga o’xshash bu g’ussa don`ya Luisa termometrni topa olmagan va qo’qqisdan kelib qolgan sanitar ayol ko’cha muyulishidagi dorixonadan boshqasini olish uchun yugurgan o’sha oqshomda boshlangan edi. Bu gap shuning uchun aytildiki, termometr shundaygina yo’qolib qolmaydi-da, harorat o’lchagich kuniga uch martalab kerak bo’lib turgandan keyin nima bo’lardi, ular Mechaning karavoti yonida baqirib gapiraveradigan bo’lib qoldilar, oldingiday shivirlab gaplashishga endi hojat qolmagandi, chunki Mecha baribir hech nimani eshitmaydi, koma holati qiz tanasining bari his etish a’zolarini falaj qilib tashlaganligiga doktor Raymondining ishonchi komil, uning huzurida istagan narsalarni valaqlash mumkin, baribir Mechaning beparvo yuzida hech qanday ifoda sezilmaydi.

Ko’cha muyulishidan otishma ovozlari quloqqa chalingan, hattoki picha olisroqda, Gaon ko’chasi tomonda o’q ovozlari eshitilganda ham termometr haqida gaplashayotgan edilar. Ular bir-birlariga qarab qo’ydilar, Mechaga qarayotgan hamshira shunchaki yelkasini qisdi, chunki otishma ularning kvartali va shaharning har qanday mavzesi uchun odatiy hol bo’lib qolgandi, don`ya Luisa yana termometr haqida bir nima demoqchi bo’ldi, shunda Mechaning qo’llari qimirlab ketganini ko’rib qoldi.

Bir soniyagina, biroq ularning ikkalovi ham darhol sergak tortdilar va birdan don`ya Luisa baqirib yubordi, hamshira uning og’zini qo’llari bilan pana qildi, sen`or Botto xonasidan chiqdi, shunda uchalovi Mechaning butun badani bo’ylab qanday qaltiroq turganini ko’rdilar, xuddi kaltakesak “lip” etib, qiz kiftlaridan oyoqlari tomon yugurib kirib ketganday bo’ldi, yopiq qovoqlar ostidagi qorachiqlar qimir etganday, yengilgina seskanish qiz basharasini burishtirib yuborganday bo’ldi, xuddi Mecha noliganday, biron nima degisi kelganday, pul`si tezlashdi-da, yana asta o’zining harakatsiz holatiga qaytdi.

Telefonda – Raymondi, umuman, hech qanday yangilik yo’q, dedi, garchand Raymondi bu haqda eshitishni ham xohlamasa-da, yuraklaridagi umid ortdi, xudojon, qani edi shunday bo’lsa, qani edi ana shu turma azobi tezroq tugasa. Lekin bu hol yana va yana qaytalanaverdi, oradan bir soat o’tib, yana shunday bo’ldi, go’yoki Mecha azobli tush ko’rayotganga o’xshardi, bosinqirash yana va yana takrorlandi, qiz ulardan qutulolmadi, ularni nari haydolmadi, ana, uning yoniga o’tiring-da, tinchlantirishga harakat qiling, Mecha hech nimani qabul qilmayapti, uni nimadir ezyapti, balki uzundan-uzun tush ko’rayotgandir, hech bilib bo’lmayapti, uni o’zing asra, xudoyim, uni bunday tashlab qo’yma. Lauro o’qishdan qayt-di va xudoga iltijo qilayotgan onasining yelkasiga qo’lini qo’ydi-da, karavotga o’tirdi.

Kechqurun yana doktorlar kelishdi, elektrodli va so’rg’ichli yangi apparatlarni qizning bosh va oyoqlariga yopishtirdilar, Raymondining ikki nafar shifokor og’aynilari mehmonxonada nimalar haqdadir uzoq bahslashdilar, yana kutish kerak, sen`or Botto, ahvol o’zgarmagan, yaxshilik tomonga o’zgarishi haqida o’ylashga hali erta. Lekin u tush ko’ryapti, doktor, tush, o’zingiz ko’rdingiz-ku, bu yana takrorlanadi, u nimalarnidir his qilyapti va shundan siqilyapti.

Bularning bari asabdan, sen`ora Luisa, bu hali hushiga keladi, degani emas, sizlarni ishontirib aytamanki, kutinglar va bularga ahamiyat bermanglar, qizingiz hech narsani his qilmayapti, bilaman buning qanday azobligini, agar siz uni hamshira bilan xoli qoldirsangiz, yana ham yaxshi bo’lardi; picha dam olishga harakat qiling, manavi dorilarni ichib oling.

Lauro yarim tungacha Mechaning yonida o’tirdi, ora-sira imtihonga kirish uchun yozib olgan qog’ozlarini qarab chiqdi. Sirena tovushlari eshitilganda, Lusero bergan telefon raqamiga qo’ng’iroq qilishi kerakligi yodiga tushdi, biroq uydan qo’ng’iroq qilib bo’lmas, sirena tovushlaridan so’ng ko’chaga chiqish haqida gap bo’lishi mumkin emas edi. U Mechaning chap qo’li barmoqlari ohista qimirlayotganini ko’rdi, yana qovoqlar ostidagi qorachiqlar harakatga kelganday tuyuldi. Hamshira: boravering, kutishdan boshqa qo’limizdan nima ham kelardi, dedi.

“Lekin u tush ko’ryapti-yu, — dedi Lauro, — qarang-a, tush ko’ryapti”. Bu hol ko’chada sirena uvlashidan uzoqqa cho’zilmadi: xuddi Mechaning qo’llari nimanidir
izlayotganga, barmoqlari choyshab ostidan najot istayotganga o’xshab ketdi. Don`ya Luisa darhol bu yerda hozir bo’ldi, uning uyqusi qochgan edi. “Nega doktor Raymondi bergan dorilarni ichmadingiz? – deb so’radi hamshira achchiqlanganini yashirolmay. “O’sha dorilarni topolmayapman-da, — faromushxotirlik bilan javob qaytardi don`ya Luisa, – anuv tunchiroq ostidagi javonda turgandi, lekin u yerdayam ko’rinmayapti”.

Hamshira dorini qidirishga ketdi, Mecha yana barmoqlarini qimirlatdi, Lauro bilan onasi bir-birlariga qarab qo’ydilar. Ular – mudhish tush davom etayotganligini, uning uzluksiz cho’zilganligini bilib turardilar, ko’ngillaridagi xayrixohlikka, hamdardlikka o’xshagan tuyg’u bilan qizni uyg’otgilari, hammani azobdan xalos etgilari kelardi. Biroq qiz o’qtin-o’qtin barmoqlarini qimirlatgancha uxlayverdi. “Men dorilarni hech qaerdan topolmadim, – dedi hamshira, – biz hammamiz shunchalik parishonmizki, bu uyda nima qayoqda turganligini hech kim bilmaydi”.

Ertasi Lauro uyga kech qaytdi, sen`or Botto stadiondan qizg’in reportaj olib borilayotgan televizordan ko’zini olmay shunchaki uning nega kech qolganligini so’rab qo’ydi. ”Jo’ralarim bilan o’tirdik”, deb javob qaytardi Lauro nimadan o’zimga sendvich tayyorlasamikin, degan o’yda. “Ajoyib gol bo’ldi, – dedi sen`or Botto, – takroriy ko’rsatayotganlari yaxshi bo’ldi-da, chempionlarning bari harakatlarini ko’rib olasan kishi”. Aftidan, Lauroni urilgan gol qiziqtirmayotganga o’xshardi, u polga o’tirgancha taom yedi. “Nima qilayotganlaringizni bilasizlarmi, bolalar, – deya so’zlandi to’pdan ko’zini olmay sen`or Botto, – ehtiyot bo’lish kerak-da”. Lauro ko’z qirini tashlab, hayratdan qotib qoldi: otasi birinchi marotaba shunaqa sharhni o’ziga ep ko’rgan edi. “Xotirjam bo’ling, qariya”, – dedi u otasi gapni ko’paytirmasligi uchun o’rnidan turarkan.

Hamshira tunchiroqni yerga qo’ydi. Mecha keng, yumshoq divanda arang ko’zga tashlanardi, don`ya Luisa yuzidan qo’llarini oldi, Lauro onasining peshonasidan o’pdi.
– Hech qanday o’zgarish yo’q, – dedi don`ya Luisa.– Hamisha birday yotibdi, o’g’lim, – dedi don`ya Luisa. – Qara, qara, uning lablari titrayapti, xudoyim-ey, qachongacha
cho’zilarkin-a, bu?..
– Oyi.
– Bunday bo’lishi mumkin emas, Lauro, bu tush qizimni qanchalik qiynagandan-qiynab tashlaganini, shuning uchun ham u sira uyg’onmayotganligini hech kim menchalik
bilmaydi, tushunmaydi.
– Bilaman, menam tushunaman. Agar biron nima qilishning iloji bo’lganda edi, Raymondi allaqachon qilgan bo’lardi. Bu yerda shunday o’tiraversangiz, unga yordam berolmaysiz, borib yoting. Tinchlantiruvchi doridan iching-da, uxlang.

U onasini o’rnidan turg’izib, eshikkacha kuzatib qo’ydi. “Bu nimasi ekan-a, Lauro?” – to’satdan onasi to’xtab qoldi. “Hech nima, oyijon, qaerdadir otishma bo’lyapti, o’zingiz bilasiz-ku”. Ha, endi kech bo’lib qoldi, u onasini yotog’ida qoldiradi-da, do’konga tushib, o’sha yoqdan Luseroga qo’ng’iroq qiladi.

Lauro o’zi yaxshi ko’radigan moviy kurtkasini topolmadi, ehtimol onam uni o’sha yoqqa ilib qo’ygandir, deya dahlizdagi bari javonlarni titib tashladi, – axiri topolmay qo’liga ilashgan pidjakni egniga kiydi, havo salqin edi. Ko’chaga chiqish oldidan bir daqiqaga Mechaning oldiga sho’ng’idi, g’ira-shirada singlisiga yaxshilab razm soldi, ana shu mudhish tushni, teri ostida sirli sirpangan titroq qo’llarni his etdi.

Tashqaridan yana sirena tovushlari eshitildi, shunaqa kech ko’chaga chiqishning keragi yo’q edi aslida, biroq do’konni yopib qo’yadilar, u qo’ng’iroq qilolmay qoladi. Mechaning ko’z qorachiqlari qimir-qimir etdi, xuddi qovoqlari ostidan qaragisi, akasiga o’girilib tikilgisi kelayotganga o’xshab ketdi. Lauro singlisining peshonasi uzra qo’llarini yurgizdi; unga qo’l tegizish qo’rqinch-li edi, xudo ko’rsatmasin, bilmasdan tegib ketsang, mudhish tush yana zo’rayib ketishi mumkin.

Qovoqlar ostida qorachiqlar uyoqdan-buyoqqa o’tardi, Lauro birdan orqasiga tislandi; nimagaligini bilmadi-yu, biroq har qaraganida, Mecha qovoqlarini ochib, unga qarashi, ket, deya haydashi mumkinday tuyuldi, xayoliga kelgan bu fikrdan o’zi ham qo’rqib ketdi. Agar otasi hali uxlamagan bo’lsa, mehmonxonadan qo’ng’iroq qilishga urinib ko’radi va asta shivirlab gapiradi, biroq sen`or Botto sport sharhlovchisining so’zlarini tinglayverdi. “Ha, bu haqda ko’p gap sotyaptilar, – xo’rsindi Lauro. – Endi ertaroq turish kerak-da, fakul`tetga ketmasdan oldin Luseroga qo’ng’iroq qilish kerak”. Xona o’rtasida ko’zi hamshiraga tushdi, u yotoqxonadan qo’lida yaltirab turgan allaqanday narsani – shpritsnimi, qoshiqnimi ko’targanicha chiqib kelmoqda edi.

Vaqt uzundan-uzoq kutishlar, uyqusiz tunlar, ozgina mijja qoqib olish umididagi kunduzgi uyqu bilan o’tayotgan edi; don`ya Luisani chalg’itish yoki bo’lmasa, sen`or Botto bilan domino o’ynash uchun qarindosh-urug’lar, do’st-jo’ralar keti uzilmay kelib turardilar; Mechaga qarovchi ayol yana almashdi – oldingisi bir haftaga Buenos-Ayresga ketadigan bo’lib qolibdi; xonadan-xonaga olib o’tilaverganidan birov qahva finjonlarini topolmasdi; Lauro ilojini qilsa, uyga birrovga kirib o’tar, istaganida ketardi; kelishidan oldin azaliy odaticha telefon qiladigan Raymondi endi oldindan qo’ng’iroq qilmay ham keladigan bo’lib qoldi; salbiy oqibatga olib keladigan hech qanday alomat yo’q, sen`or Botto, bu shunday jarayonki, unga faqat dalda bo’lib turish kerak, xolos, men uni zond orqali ovqatlantiryapman, kutish kerak.

Qizim tush ko’rgani ko’rgan, doktor, unga qarang, Mecha endi deyarli uxlamayapti. Xavotir olmang, sen`ora Luisa, o’zingiz bir tasavvur qiling-a, uning tushlari – bu tana a’zolarining ta’sirlanishi, bularning barini tushuntirib berish qiyin, bunday hollarda boshqa omillar harakatga tushadi, biz tush deb o’ylagan narsani u anglab yetyapti, degan xayolga bormang, bunday holatda shunchalik yashash qobiliyati va ana shu retsidivlar – yaxshi alomat hisoblanadi, menga ishonsangiz-chi, axir men qizingizni juda diqqat bilan kuzatib boryapman-ku, siz dam olishingiz kerak, sen`ora Luisa, buyoqqa keling, qon bosimingizni o’lchab qo’yay.

Fakul`tetda ro’y bergan voqealardan so’ng, Lauroning markazdan qaytishi borgan sari qiyinlashib bormoqda edi, u to’satdan paydo bo’lib qolar, uni Mechadan ko’ra ko’proq onasi xavotirga solardi, uyda bir daqichacha turar, ahvol o’sha-o’sha ekanligini bilar, qariyalar bilan gaplashar, jilla bo’lmasa, ularni vahimali xayollardan picha chalg’itish uchun gaplashadigan mavzusini oldindan o’ylab qo’yardi.

Har safar Mechaning karavotiga yaqinlashganida, yana qudratli kuch uni o’ziga tortar, Mecha shundoq yaqinginasida, – go’yo chaqirayotganga, barmoqlarining tushunarsiz imo-ishoralari bilan ich-ichidan nigoh tashlayotganga o’xshardi, charm qoplangan devorga urilgan tovush singari bu da’vat azobli va ma’nisiz edi.

Ba’zida Mechani tutqanoq tutar, shunda Lauro birdan bir narsani: singlisining yonida turib, unga tikilganida qiz onasi va hamshiradan ko’ra akasini yaxshiroq sezayotganligini his etdi, hozir aloq-chaloq tush eng qo’rqinchli lahzasiga ko’tariladi, yaxshisi, tezda juftakni rostlab qolgan ma’qul, axir uning biror yordam berish qo’lidan kelmasa, Mecha bilan gaplashishdan ham ma’no yo’q, tentakkina singlim, bo’ldi-da endi, qani bir ko’zingni och-chi, tezroq shu qilig’ingni bas qil.

Mecha, esi past singiljonim, ustimizdan shunchalik ham kulasanmi, yetar, jinni qiz, bo’lmag’ur komediyangni bas qil-da, yaramas, tur o’rningdan, men senga shunchalik ko’p narsalarni gapirib beramanki, o’zing hayron qolasan, sening hali hech nimadan xabaring yo’q, uyimizda qanday qiyomat qo’pganligini bilmaysan, men senga bularning barini gapirib beraman, Mecha, o’zim senga aytib beraman. Lauro tahlikaga tushdi: balki ovoz chiqarib, biron so’z aytmasdan Mecha tomon egilish
kerakdir, lekin hamshira bilan don`ya Luisa uni sira yolg’iz qoldirmaydilar, uning esa singlisiga aytadigan gaplari shunchalik ko’pki, nazarida Mecha ich-ichidan, yopiq qovoqlari ostidan choyshabida ma’nisi harflarni chizayotgan barmoqlari bilan akasiga murojaat qilayotganday tuyulib ketdi.

Payshanba kuni edi – bugun qanday kun ekanligini atrofdagilar bilishlari uchun emas, buning ularga qanchalik ahamiyatga egaligi uchun ham emas, buni hamshira oshxonada qahva ho’play turib aytdi va shunda sen`or Botto televizorda yangiliklarning maxsus soni namoyish qilinishi kerakligini, don`ya Luisa esa – singlisi Rosario qo’ng’iroq qilganligini, payshanba yoki jumada kelishini eslab qoldi.

Lauroning imtihonlari boshlanganligiga shubha yo’q edi, u uydan sakkizda chiqib ketgan va xayrlashmagan, mehmonxonada, xavotir olmanglar va kutmanglar, ehtimol kechki ovqatga kelolmasman, deb xat qoldiribdi. Aytganiday, u kechki ovqatga kelmadi, yana hamshira don`ya Luisani ertaroq yotishga ko’ndirishga muvaffaq bo’ldi, sen`or Botto teleo’yinlar seansidan so’ng derazadan qaradi, Plas Irland tomondan ora-sira pulemyot ovozlari quloqqa chalindi, keyin birdan hammayoq jimjit bo’lib qoldi, toshday og’ir sukunat, ko’chada patrul` mashinasi ham ko’rinmasdi, yaxshisi, uxlashga yotgan ma’qul, anavi ayol kech soat o’ndagi teleo’yinning hamma savollariga javob berdi, – juda kallasi o’tkir ekan, antik tarixdan shunchalik ko’p narsalarni bilarkanki, xuddi Yuliy Sezar` davrida yashaganga o’xshaydi, nima bo’lgandayam madaniyat sohasida maoshni ko’proq to’laydilar, bu senga kim oshdi savdosida bolg’a urish emas.

Hech kim butun tun bo’yi eshik ochilmaganligiga, Lauro uyga kelmaganligiga e’tibor bermadi, ertalab hamma u navbatdagi imtihondan so’ng uxlayotgandir yoki nonushta oldidan dars qilib o’tirgandir, deb xayol qildi. Faqat soat o’nlarga borib, Lauro uyda yo’qligini bilib qoldilar. “Xavotir olma, – dedi sen`or Botto, – tayin, u do’stlari bilan o’tirgan”.

Ayni shu payt don`ya Luisaning hamshiraga Mechani yuvintirish va uning kiyim-boshlarini almashtirishga yordam berishi kerak edi, yonida issiq suv va odekolon, paxta va choyshablar turibdi, peshin ham bo’ldi, g’alati, haliyam Laurodan darak yo’q, Eduardo,u hatto qo’ng’iroq ham qilmadi, hech qachon bunday qilmasdi, esingdami, kursni tugatganlaridan so’ng o’tirish qilganlaridayam, bizni xavotir olishmasin, deb to’qqizda telefon qilgandi, axir Lauro o’shanda yoshroq edi-ku. “Bolakay shu imtihonlarni deb naq es-hushini yo’qotayozdi, – dedi sen`or Botto. – Mana, ko’rasan, u roppa-rosa soat birdagi yangiliklarga yetib keladi”.

Biroq soat birdagi, sport yangiliklari hamda tartib muhofazasi kuchlarining o’z vaqtida aralashuvi tufayli bostirilgan yangi qo’poruvchilik harakati haqidagi xabar ham o’tib ketdi-yu, Lauro kelmadi, hech qanday yangilik yo’q, havo harorati asta-sekin pasayarkan, tog’li tumanlarda yomg’ir yog’arkan.

Hamshira don`ya Luisa tomon yo’nalganda, soat sakkiz bo’lib qolgan, ayol hamon tanish-bilishlarga qo’ng’iroq qilar, sen`or Botto, agar xabar topsa, telefon qilishi kerak bo’lgan komissariatdagi do’stining qo’ng’irog’ini kutar, betinim don`ya Luisadan telefonni band qilib turmaslikni so’rar, biroq xotini yozuv daftarchasidan tanishlar raqamlarini izlar va ehtimol Lauro Fernando amakinikida qolgandir yoki yana navbatdagi imtihonini topshirish uchun fakul`tetga qaytgandir, deya birvarakayiga hammaga qo’ng’iroq qilaverardi. “Baraka topkur, telefonni o’z holiga qo’y, – deya yana undan o’tindi sen`or Botto.– Nega axir tushunmaysan, bolakay ayni shu payt uyga telefon qilayotgandir, telefon bo’lsa hamisha band, sen uning… avtomatdan telefon qilishini istayotgan bo’lsang, agar o’sha telefon-avtomatning abjag’i chiqmagan bo’lsa, baribir boshqalarning ham qo’ng’iroq qilib bo’lishini kutib turadi”.

Hamshiraning qistovi bilan don`ya Luisa Mechaning oldiga keldi, qiz birdan boshini chayqay boshladi, boshini hadeb uyoqdan-buyoqqa silkitaverganidan, peshonasiga tushgan sochlarini ham yig’ishtirishga ulgurib bo’lmay qoldi. Zudlik bilan doktor Raymondiga xabar qilish kerak, kechqurun uni topish qiyin edi, lekin soat to’qqizda doktorning xotini uning hozir kelib qolishini aytib qo’ng’iroq qildi.

“Kelishi qiyin bo’ladi, – dedi hamshira dorixonadan bir quti ampula bilan qaytib kelarkan.– Nima sababdanligi noma’lum, butun kvartalni o’rab olishibdi, eshityapsizmi sirenaning ovozini”. U endigina Mechadan uzoqlashgach, qiz kallasini uzoq va qaysarlik bilan silkita ketdi, don`ya Luisa sen`or Bottoni chaqirdi, yo’q, hech kim hech nimani bilmaydi, bolakayning ko’chadan o’tib kelolmayotganligi aniq, ammo Raymondini o’tkazib yuborishadi, axir u oq xalatda-ku.

– Gap bunda emas, bunda emas, unga biror narsa bo’lganligini ko’nglim sezib turibdi, shu paytgacha hech kim hech narsani bilmasligi mumkin emas-ku axir, Lauro doim…
– Qara-qara, Luisa, — dedi sen`or Botto, – qara, panjasi, qo’li qimirlayapti, u birinchi marta qo’lini qimirlatyapti, Luisa, balki…
– Bu ilgarigisidan ham yomonroq, Eduardo, sira tushunging kelmayapti, Mecha haliyam gallyutsinatsiya*da, u o’zini himoya qilyapti, nimadandir… Rosa, unga biror nima qiling, men hozir, yoki yaxshisi, Eduardo, telefon qil, ulardan so’ragin-chi.

Sen`or Botto mehmonxonada telefon raqamini terdi va to’xtab, go’shakni joyiga ildi. Aslida Romero, ha, Romero Lauro haqida nimaniyam bilishi mumkin, yaxshisi, yana bir oz kutgan ma’qul. Raymondi kelmadi, uni muyulishda ushlab qolishgan, balki u biror tushuntirish berayotgandir. Rosa ortiq Mechaga dori yuborolmadi, bu ancha kuchli tinchlantiruvchi vosita, yaxshisi, doktor kelguncha kutish kerak.

Don`ya Luisa Mechaning yumuq ko’zlariga xalaqit qilayotgan sochlarini yig’ishtirish uchun egilarkan, birdan orqasiga qalqib ketdi. Rosa uni o’tqazish uchun arang kursi qo’yishga ulgurdi. Gaon ko’chasi tomondan eshitilgan sirena ovozi kuchaygandan-kuchaydi, Mecha qovoqlarini nim ochdi, bir necha hafta go’yoki yopiq parda ortida yumilib yotgan nigohi derazadan ko’rinib turgan bir parcha tiniq osmonda qotib qoldi, so’ng asta don`ya Luisaning yuziga o’tib oldi.

Don`ya Luisa qichqirib yubordi, qo’llarini ko’kragiga qo’ydi-da, baqirdi. Rosa chorasiz ahvolda, sen`or Bottoni chorlagancha, Luisani olib ketishga urindi, sen`or
Botto keldi, Mechaning oyoq tomoniga ruhsiz o’tirdi va qiziga tikilib qoldi, go’yo bari qizning nigohida jam bo’lganga o’xshar, uning nigohi don`ya Luisadan sen`or Bottoga, hamshiradan osmon chekkasiga o’tdi, qo’llari sekin-asta qorni tomon ko’tarildi, chayqaldi, vujudi og’riqdan, siqilishdan qaltiray boshladi, chunki qiz hozir sirenaning tobora kuchayayotgan na’rasini, eshikka urilayotgan zarbalardan butun uy larzaga kelayotganini, komanda hayqiriqlarini, avtomatlardan otilayotgan o’q ovozlaridan daraxtlarning qasir-qasur qulayotganini, don`ya Luisaning faryodini, qochishga uringan olomon ur-yiqitini eshitayotganga o’xshar, bari xuddi uning uyg’onish vaqtiga, ana shu mudhish tush poyoniga yetgan va Mecha nihoyat haqiqiy, ajoyib hayotga qaytishi mumkin bo’lgan vaqtga to’g’ri kelgan edi.

_______________
* G a l l yu s i n a s i ya – yo’q narsalarning ko’zga ko’rinishi va eshitilishi.

хдк

(Tashriflar: umumiy 528, bugungi 1)

Izoh qoldiring