Ibrohim Haqqul, Shahnoza Nazarova. Shoirlik – ilohiy qismat & El netib topg’ay menikim…Musiqiy spektakl

13   Навоийдай шоирларнинг ижодига йўл топишнинг биринчи шарти уларнинг Руҳ ва Ҳол оламига эркин кириб бора олишдир. Бу, албатта, соф моҳият ва изтиробни теран мушоҳада қилиш орқали амалга ошади.

ШОИРЛИК – ИЛОҲИЙ ҚИСМАТ
Иброҳим Ҳаққул билан Шаҳноза Назарова суҳбати
05

21Шаҳноза Назарова: Ҳар йили Алишер Навоий таваллудини зўр муҳаббат билан нишонлаймиз. Бу кун шахсан менда катта ифтихор, шунингдек, катта қарздорлик ва соғинч ҳиссини уйғотади. Гуё у табаррук даргоҳлардан узоқлашиб, қалъадан ташқарида қолиб кетгандекмиз. Олим, шоир, ёзувчилардан ҳеч бири “мен Навоийни тушунмай қолдим” ёки “тушунолмадим”, деб очиқ айтмайди. Ташқаридан уларнинг ҳар бирининг кўнглида ўз Навоийси бордек. Бироқ жуда қизиқтирадики, улар бир-бирига қанчалар ўхшайди ва қачон бир бутун бўлиб бирлашиб кетар экан? Устоз, биз нега Навоийдан узоқлашиб кетдик?! Бунинг тарихий, ижтимоий, иқтисодий, фанний, руҳий омиллари нимада?

02Иброҳим Ҳаққул: Сизнинг бу саволингизга жавоб бериш учун “Кейинги бир асрдан ортиқ вақт мобайнида биз қачон Навоийга яқин бўлганмиз?” деган саволга жавоб қайтариш лозим. Ваҳоланки, нисбатан яқинлик ва қизиқишни айтмаса, ҳеч пайт тўла яқинлик ва иштиёқ бўлмаган. Агар шундай маънавий-руҳий ҳодиса юзага келганида жафокаш халқимиз XX асрда ўзининг миллий шуури, дини, тарихи ва мумтоз адабиётидан афсусланарли даражада йироқлаштирилмаган бўлурди. Биласизми, мумтоз шоирлар асарларини руҳоний, ирфоний, фалсафий тамалидан ажратиб ўқишни жорий этиш кўрнинг қўлига ҳасса эмас, қилич тутқазишдай бир гап эди. Бадиий сўзнинг таъсир йўли бузилиб, моҳияти жўнлашгач, қизиқиш ва завқ нимага арзийди, дейсиз? Навоийдай шоирларнинг ижодига йўл топишнинг биринчи шарти уларнинг Руҳ ва Ҳол оламига эркин кириб бора олишдир. Бу, албатта, соф моҳият ва изтиробни теран мушоҳада қилиш орқали амалга ошади. Зеро, жаҳон адабиётининг энг виждонли, энг ҳақгўй санъаткорлари кундалик турмуш ташвиши ва моддий манфаатлардан йироқ моҳият, ақл ва ироданинг қўшилувидан туғилган изтироб атрофида бирлашишган. Шахс сифатида шаклланмаган ҳеч бир киши бу ҳақиқатни чуқур тушунмайди. Демак, Навоийни анг¬лаш биринчи галда бизнинг ўзимизни нечоғлик билишимиз, маънавий “Мен”лигимизни нақадар бойитиб, юксалтира олишимизга боғлиқ. Шу маънода биз нимага эришдик ва қанчалик улғайдик? Менинг назаримда, кейинги йигирма йил мобайнида элимизда журъат, жасорат, эркинлик ва ҳақгўйлик ҳисси олдингига қараганда ҳам анча пасайди. Оддий одамларни-ку қўяверинг, ижодкорлар ҳам зулм, адолатсизлик, қарамлик, алдов ва маддоҳликка қарши аёвсиз курашган Навоийга ҳолдошлик нелигини ҳатто хаёлга ҳам келтиришмади. Воқеликка Навоийнинг нигоҳи билан қараш, олам ҳодисотларини навоиёна дард тўлқинлари ила идрок этмоқ учун Навоий дунёқараши сир-асрорини ўзлаштиришга қайта-қайта уриниш зарур.

Мана, бир мулоҳаза. Шарқ тафаккурини Ғарбникидан ажратиб турган томонлардан бири, балки энг асосийси, фано ҳоли ва ломакон ишончидир. Бир-бири билан бевосита алоқадор шу икки жиҳатни пухтароқ билмасдан тасаввуф адабиётидаги вақт ва замон, макон ва келажак, холиқ ва халқ орасидаги алоқалар тўғрисида асосли фикр билдириш қийин. Навоий шеъриятида фирор – дунёга нуқул нафсоний манфаат кўзи билан қарайдиган тама бандаларидан қочиш, инзиво – маънавий ҳузур-ҳаловат гўшасига чекиниш ҳолатлари ниҳоятда таъсирли оҳангларда дарж этилган. Булар зарур зайлда қалбга нақшланмас экан, Навоийнинг фазовий хаёл ва самовий ҳислар тасвиридаги беқиёс ютуқлари қўл етмас юлдуз бўлиб қолаверади.

Хуллас, Навоий адабий меросини зоҳирий томондан тадқиқ ва таҳлил қилишда тўғри ва нотўғри, мақбул ё номақбул фикр ва мулоҳазалар керагидан ҳам ортиқ миқдорда эълон қилинди. Бироқ унинг турли жанрларда битилган ижод намуналарининг ботинини кўрсатиш, маънавий-руҳий мазмунини очишга бағишланган тадқиқотлар йўқ ҳисоби. Ҳолбуки, Навоийнинг ўзи “Ўн саккиз минг олам ичра ҳар не бор, Ким қилурлар аҳли маъни эътибор”, дея кўрсатма бериб қўйган. Эски даврларда яратилган “Вужуднома” номли асарларда таъкидланишича, ушбу ўн саккиз минг оламнинг асосий ва ғаройиб қисми инсоннинг сийратига тегишли. Демак, “Овоз-ку бор, лекин ўзим қани?” деган саволга аниқ жавоб бера олгувчилар сони қанча кўпайса, юртимизда навоийхонлик ҳам ўшанча тараққий топади. Аммо бу натижага эришгунча, ҳали кўп иш қилиниши керак. Аҳли ирфоннинг ҳукмига кўра, “Ҳақ билан инсон орасидаги энг қалин парда илм”дир. Бунда, албатта, руҳий завқ, илҳом ва кашфдан маҳрум зоҳирий илм назарда тутилган. Оврупо адабиётшунослиги қонун-қоидалари заминида шаклланган навоийшуносликни тубдан янгилаш эса янада қийинроқ вазифадир.

Ш.Н.: Навоий ва бугунги умуминсоний ҳамда миллий сиёсий жараёнларни қандай боғлаш мумкин?

И.Ҳ.: Алишер Навоий адабий ва илмий меросини ўрганиш – юртни юрт, халқни халқ қиладиган ҳақиқатларни ўрганиш ва ўзлаштириш демак. Навоийни билиш Одам бўлиш сирларини эгаллашдир. Навоийнинг миллий маслаги қай даражада юксак бўлса, башарий ҳиссиёти ҳам ўшанча кучлидир. Навоий куйлаган ишқ – ҳаётни, тириклик ва дунёни ўзида мужассамлаштирган ишқ. Бу ишқ ҳақиқат ва гўзаллик манбаи. Унда абадий файз мавжуд. Ана шу файз нури хоҳ миллий, хоҳ умуминсоний, хоҳ сиёсий, хоҳ ахлоқий бўлсин, ҳар қандай жараённи кундай равшанлаштиради. Ана шунда дунёнинг асл қиёфаси қандай бўлса, уни шундайлигича кўрасиз, улкан ёлғон, бешафқат ҳийла ва найранг бўронлари оддий одамлар бошига қаёндан ёғилиб келиши-ю, башариятнинг гумроҳлик, қашшоқлик, қуллик ва шафқатсизлик тўқайзорларида адашиш сабабларини аниқ илғайсиз. Навоийнинг дарду қайғулари ҳамма давр одамлари учун шифобахш ва халоскордир. Чунки улар энг оддий, энг хоксор ва меҳнаткаш инсонга меҳр-муҳаббатдан пайдо бўлган Ҳақ ҳадясидир. Ким ҳақиқат қаршисида довдирамаса, ким майдалик ва майдакашликдан сақлана билса, ким хушомад ва ялтоқланишлардан жирканса, Навоийнинг сўзларидан ўша одам, албатта, куч ва илҳом олади. Шоир қитъаларидан бирида банданинг ўзи каби бир ожиз бандага тобелиги, қуллуқкорлиги ва хушомадгўйлигини қоралаб:

Кимки махлуқ хизматиға камар,
Чуст этар, яхшироқ ушалса бели.

Қўл қовуштурғунға бу авлодур,
Ки анинг чиқса эгни, синса эли.

Чун хушомад демакни бошласа кош
Ким, тутулса дами, кесилса тили,

дейди. Қарийб қарғиш даражасидаги ушбу танқид ва танбеҳ сўзлардан бир хулоса чиқаролмаган кимсаларни одам қаторига қўшиш мумкинми?! Демак, одамдаги бузилиш ва тубанлик тўхтамаса, оламдаги бузилиш ва тубанликларга чек қўйиб бўлмайди. Навоийнинг одамшунослиги оламнинг ҳар турли ёмонликлардан тозаланишига хизмат қилиши билан ҳам умидбахшдир.

Ш.Н.: Навоий ва бугунги руҳий эврилишларни қанчалар боғлаш мумкин, Навоий асарларида тарбиялаб, вояга етказган комил инсон билан бўйлашганда, биз унинг тўпиғи ёки тиззасигача ета оламизми? Ҳазрат ижодида фақат хаёлдагина яшаб қолувчи туманли идеал инсонни эмас, чинакам тирик инсонни қаҳрамон қилиб олади. Биз ўша тирик одамга тириклигимиз билан ўхшаймизми, қанчалар ўхшаймиз? Аксинча бўлса, бунга нима халақит беради?

И.Ҳ.: Сиз назарда тутган ўша одамга ҳам ўхшаймиз, ҳам ўхшамаймиз. Ўхшашлигимиз зоҳирий, яъни сувратда. Аммо сийрат ва маънавиятда монандлик анча кам. Инсоният ҳамма даврларда у ёки бу зайлда алданиб яшаган. Лекин ўзини ўзи алдаш, шу алдов жафоларини тортиш миқёси ХХ асрда беҳад кенгайиб кетган. Ўзи ўзидан бегона, ўзининг асл аҳволидан бехабар кимсаларнинг сони ҳам шу асрда кўпайган. Инсонлик моҳиятини кашф қилиш, ҳар қандай вазиятда ҳам ўзига таяниш ҳоли бизда ҳам шаклланмаган. Кўпчиликни ташқаридан белгилаган мақсад ва муштарак таассуротлар бошқарган. Шунинг учун бир неча авлод фикрий якранглик, ижтимоий турғунлик ва оммавий тақлидга кўниктирилган. Мустақил ва бутун Шахс ҳақида ўйлашга айтарли ҳожат қолдирилмаган. Манаман деган бугунги зиёлидан Навоийнинг “Ўз вужудингға тафаккур айлагил, Ҳар не истарсен ўзингдин истагил” байтини шарҳлашни сўранг. Ҳар ким ўзича нималардир дейди, албатта. Бироқ улариннг аксарияти тахминий ёки уйдирма гаплар бўлади. “Вужуд тафаккури” аслида бир илм тармоғи. Унда аввал тана, кейин бирин-кетин ахлоқ, нафс, руҳ, хаёл сирлари ўрганилади. Умуман айтганда, Навоийни ўқиб англаш, англаб муҳокама юритишнинг ҳикмати кўп:

биринчидан, инсон ўзини маънан ночор, афтода ҳис қилмаганидек, ҳаётга ҳеч вақт бадбин, ишончсиз нигоҳ билан боқмайди;

иккинчидан, ўз тақдирини тили, дини, тарихи, миллати ва юртидан айри ҳолда тасаввур этмайди;

учинчидан, моддиётни деб маънавиятни, зоҳирий борлиқлар шавқига берилиб, ботиний мавжудликларни унутмайди.

Тўртинчидан, дунё ва аҳли дунё аҳволига шоир, мутафаккир, мутасаввиф Навоий кўзи билан қарашга интилиб, фанони бақодан фарқлашга бир қадар малака ҳосил қилади. Бу эса энг муҳими. Чунки ростни ёлғондан, ҳақни ноҳақдан, муқимни муваққатдан ажратолмаслик инсонни тақлидчилик гирдобига ташлайди. Тақлид – фикрий меҳнатни раво кўрмаслик, кимгадир эргашиш, кимгадир ўхшашдан нарига ўтолмаслик дегани.

Маълумки, коинот ҳеч қачон тўхташ ва турғунликни тан олмайди – тинимсиз равишда эврилиб, янгиланиб бораверади. Шунинг учун ҳар бир нарса ё мавжудлик бошқа бир шакл, ўзга ранг ва руҳга кириши муқаррар. Инсоннинг ҳис, туйғу, тасаввур ва хаёллари ҳам ўзгаради ҳамда бойийди. Мана шу янгиланиш “нуқта”сида ҳар ким ўзича ижодкор, ўзича шоир ё мусаввир бўлмоғи керак. Яъни Навоий айтмоқчи, “Кўнгил ичра дарду ғам аввалгиларга ўхшамас”лигини билмоғи лозим. Афсуски, турмуш ва ижтимоий муҳит кўпинча бунга имкон бермайди. Айни шу кемтиклик даҳо ижодкорлар асарларини ҳис қилиш, англаш ва талқин қилишда ҳар турли тўсиқ ёки чалғишларни юзага келтиради. Навоий ижодиётининг маъно-мазмунини зарур даражада мушоҳада этилмаслигининг бир сабаби мана шудир.

Ш.Н.: Шекспир инглиз, Гёте олмон адабиётини ҳаракатга келтиргани каби Навоий ҳам ҳозирги давр ўзбек адабиётини ҳаракатга келтириши, ҳар бир янги адабий оқим, янги адабий йўналиш, янги шакл ичига ўзига хос тарзда ҳар гал янги нафас билан кириб бориши керак эди. Устоз, Сиз бугунги адабий жараён ва Навоий сиймосини қандай умумий манзарада тасаввур қиласиз?

И.Ҳ.: Навоийнинг шахсияти томонидан ҳам, шоирлик маҳорати нуқтаи назаридан ҳам хусусан бугунги адабий жараёнда наинки ворислик, собит бир издошлик ҳам кўзга ташланмайди. Инглиз ижодкорлари Шекспир, немислар Гёте, рус адиблари Пушкин мактабидан таълим олмасликни ноқисликмас, эҳтимол, гуноҳ ҳисоблашар. Бизда бундай эмас: Яссавийни, Навоий ё Огаҳийни ўқиб-ўрганмасдан ҳам шоир бўлдик деб ўйловчиларга ҳар қадамда дуч келишимиз мумкин. Улар Навоийни номига мақтаб, умумий “урф”га кўра унга сиртдан эҳтиром кўрсатишдан асло хижолат чекишмайди. Бироқ бирор марта Навоийнинг тафаккур ва руҳ водийсида сайр айлаш учун тил, тарих, дин, тасаввуф ва фалсафа билан бирга турк ҳамда форс тилидаги мумтоз адабиётни билиш зарур, деган гапни хаёлдан ҳам ўтказишмаган. Навоий ижодиётининг туб илдизи Шарқ тамаддуни заминида – Ғарбникида эмас. Бир мутафаккир ижодкор “Одам ё шарқлик бўлади, ё ғарблик”, дейди. Бу фикрга тепадан туриб эътироз билдириш нотўғри. Негаки, инсон айни бир пайтда ҳам насроний, ҳам мусулмон бўлолмайди. Бу ҳақиқатни тушунган қалам соҳиби ғарб кишисининг фикр-қараши ва психологиясини “миллийлаштириш”га сира куч сарфламайди. Демоқчимизки, Яссавий, Аттор, Румий, Жомий ва Навоийни четлаб эришилган ижодий янгилик қурбу қувватдан маҳрум янгилик бўлиб қолаверади. Кўз тегмасин, неча замонлардан кейин халқимиз энди эркин нафас олиб, таҳлика ва қўрқувни унута бошлади. Хушомад ва тилёғламалик ўйинлари тўхтатилиб, маддоҳлик овозлари ҳозирча бир қадар тинди. Бизнинг ўйлашимизча, Оллоҳ хоҳласа, бундан буёғига халқнинг ўзи Навоийни ҳаққоний ҳис этиш ва англашга йўл излайди, қандай бўлмасин шеърият султонига маънан яқин боради. Навоий беназир тилшунос, адабиётшунос, тарихчи олим. Буни ҳамма билади. Навоий дин дарғаси, дили ёниқ мутасаввиф, беназир файласуф, сиёсат ва давлат арбоби… Кўпчилик буни ҳам яхши англайди. Аммо буларнинг ҳеч бири Навоийнинг шоирлигидан олдинги мавқега кўтарилган эмас. Навоий учун шоирлик юрак ва руҳоният шавқи, номус ва қисмат машаққати эди. Навоийга дунёнинг пасту баланд, мақбулу номақбул ишлари бир ён, шоирлик бир ён эди. Шоир бўлиш, шоир бўлганда ҳам тенгсиз санъаткор бўлиш учун дунёга келганини у ҳамма нарсадан ортиқ аниқ ҳис қиларди. Шоирлик илҳоми, шоирлик изтироби, шоирлик шарафи Навоий шахсиятининг ёлқинини акс эттиради. Албатта, унинг кўнгил осмонида ой ҳам, турфа-турфа порлоқ юлдузлар ҳам бўлган. Бироқ шоирлик, ошиқлик Навоий сийратининг офтобидир. Акс ҳолда у жунун мақомига юксалолмас ва:

То тутди жунун йўлин Навоий,
Ким бўлди ватанга раҳнамойи,

деёлмасди. Навоий шеъриятидан атайин ижтимоий, сиёсий, ахлоқий, дидактик ёки диний-тасаввуфий мазмун ахтармаслик, алламбало тарғиботлар юзасидан уни уни ҳар ким ўзига манзур бир қиёфада кўрсатишга уринмаслиги керак. Навоий ҳам дунё, ҳам охират, ҳам шодлик, ҳам қайғу, ҳам умид, ҳам армон, ҳам бахт, ҳам бахтсизлик, ҳам висол, ҳам ҳижрон, ҳам ўтмиш, ҳам замон шоири. Унинг сўз, туйғу, фикр, хаёл ва ҳолатларини кундалик турмушнинг тор, биқиқ, ўткинчи талабу манфаатларига мувофиқлаштириб бўлмаганидек, бешафқат ҳаётнинг ёлғон, алдов, риё, ҳийла-найрангларига хизмат эттиришдан ҳам тийилиш лозим. Чунки Навоий шеърларида ҳар бир маъни, рамз, белги ва ишорат софлик, гўзаллик, илоҳийлик ёғдусидан сайқал топган.

Ш.Н.: Навоийшуносликнинг бугунги ҳолати қандай? Бизда янги давр навоийшунослиги қачон шаклланади? Уларнинг мақсад ва вазифалари нималардан иборат бўлиши керак? Хориж навоийшунослиги билан қиёслаганда ўзбек навоийшунослигининг ўрни, нуфузи қандай?

И.Ҳ.: Ижтимоий-гуманитар фанларнинг аҳволи қандай бўлса, навоийшуносликники ҳам қарийб шундай. Албатта, бу жабҳада ҳам маълум ютуқ, эътиборга молик натижалар қўлга киритилган. Хорижий ўлкаларда Навоий мавзусида анча-мунча тадқиқотлар яратилган. Лекин истаймизми, истамаймизми, навоийшуносликнинг пойтахти – Ўзбекистондир. Чунки навоийшуносликнинг машаққат ва масъулияти ўзбек олимларининг зиммасида. Шундан келиб чиқиб таъкидлайдиган бўлсак, навоийшунослик ёш ва талантли тадқиқотчиларни камолга етказиб, тубдан ислоҳ этишга жуда-жуда муҳтождир. Сўнгги вақтларда навоийшуносликда сохта, ғайриилмий тамойил мавқе қозона бошлади. Бу ҳам тасодифий уриниш ёки уюшиш эмас, албатта. Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида илм-фаннинг аҳволига холис баҳо бериб, “Биз йигирма беш йил илм билан шуғулланмадик. Бор илмни йўқ қилдик”, деган эди. Қанчалик аччиқ бўлмасин, бу фикр – ҳақиқат. Саёзлик, лаганбардорлик кўникмаси, балки, буни тан олишга монелик этар. Бироқ масалага тарихан ёндашилса, эътирозга асло ўрин қолмайди. Навоийнинг олисни кўриши ва башоратига фақат ҳайрон қоласан киши. Улуғ шоир беш юз эллик йил муқаддам “Илмни ким воситаи жоҳ этар, Ўзинию халқни гумроҳ этар” деб, илмдан мол-мулк, бойлик, мансаб, мавқе воситаси ўлароқ фойдаланиш фожиасига диққатни тортган эди. Биз ҳатто шу огоҳлантириш, ҳушёрликка чорлашга ҳам амал этолмадик. Охир-оқибатда рост сўзга оғиз жуфтлаш ҳам ёқимсиз, умумий кўникмага қарши уринишга ўхшаб қолди.

Ш.Н.: Устоз, суҳбатларимиздан бирида Навоийни бир неча босқичда ўқувчилар оммасига тақдим қилиш керак дегандингиз.

И.Ҳ.: Ҳозир ҳам шундай фикрдаман. “Занжирбанд шер қошида”, “Камол эт касбким” китобларим ёш ва ўспирин йигит-қизларга мўлжаллаб ёзилган. Навоий инсон умрини тўрт фаслга ажратиб номлаганидек, турли ёшдаги ўқувчиларни назарда тутиб, навоийшунослар ҳам тили содда, услуби жонли ва равон рисолаю китоблар ёзиши керак. Айтайлик, болалар учун ёзилган асарда болалик талаби, ҳолати ва эҳтиёжлари инобатга олинса, Навоийни ёшларга танитишда нисбатан бошқача мақсад ва усулда қалам тебратилади. Навоий ижоди босқичма-босқич ўрганилиб, қарабсизки, навоийхонлик ўз-ўзидан тармоқланиб кенг қулоч ёзиб бораверади.

Ш.Н.: Устоз, Сиз меҳнат қилаётган ЎзР ФА Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида бир неча йиллардан буён Навоий ижодига бағишланган тадқиқот лойиҳалари устида иш олиб борилади. Бизни амалий натижалар қизиқтиряпти.

И.Ҳ.: Мақсадингизни англадим. “Навоий қомуси” тўғрисида сўрамоқчисиз. Икки жилдга мўлжалланган “Қомус”нинг қўлёзмаси уч жилддан ҳам зиёдроқ ҳажмда ёзиб тугалланди. Энди ҳамма гап уни кўнгилдагидай таҳрир қилиб, сифатли нашр эта билишда. Унга киритиладиган мақолаларнинг маълум бир қисми журнал, тўплам ва китобларимизда эълон қилинди. Қомус яратиш осон эмаслигини ким билмайди дейсиз? Бу ишнинг ҳам ўз қонун-қоида ва шартлари бор. Биз, албатта, уларга риоя қилиш ва ижодий ёндашишга уринганмиз. Лекин охир-оқибатда нашр тақдирини барибир маблағ ҳал этади. Навоийнинг муборак номи ва буюк шарафи қаршисида ҳеч қанақа моддий нарса тўсиқ бўлиб қололмайди, деб умид билдирамиз.

Муаллифлар: Иброҳим Ҳаққул – филология фанлари доктори.
Шаҳноза Назарова – филология фанлари бўйича фалсафа доктори.

Манба: «Жаҳон адабиёти» журнали, 2018/2


   Эл нетиб топғай мениким… «Дийдор» театр-студияси томонидан тайёрланган Aлишер Навоий ғазалларига басталанган мумтоз қўшиқлар дастури. Дастурнинг мусиқий раҳбари: Абдуҳошим Исмоилов. Дастурни саҳналаштирувчи режиссёр: Aбдукарим Мирзаев. Тасвирчи: Умар Содиқов. Қўшиқларни Илёс Арабов, Назокат Нарзиева, Руслан Ҳайдаров, Санжар Алиев, Мадинахон Сапаева, Парвиз Ашурбоев, Валижон Азметов, Мақсуджон Эрматов, Иброҳим Эрнепесов ижро этган. Бадиий раҳбар: Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошев.

El netib topg’ay menikim… «Diydor» teatr-studiyasi tomonidan tayyorlangan Alisher Navoiy g’azallariga bastalangan mumtoz qo’shiqlar dasturi. Dasturning musiqiy rahbari: Abduhoshim Ismoilov. Dasturni sahnalashtiruvchi rejissyor: Abdukarim Mirzayev. Tasvirchi: Umar Sodiqov. Qo’shiqlarni Ilyos Arabov, Nazokat Narziyeva, Ruslan Haydarov, Sanjar Aliyev, Madinaxon Sapayeva, Parviz Ashurboyev, Valijon Azmetov, Maqsudjon Ermatov, Ibrohim Ernepesov ijro etgan. Badiiy rahbar: O’zbekiston xalq artisti Bahodir Yo’ldoshev.

SHOIRLIK – ILOHIY QISMAT
Ibrohim Haqqul bilan Shahnoza Nazarova suhbati
05

07Shahnoza Nazarova: Har yili Alisher Navoiy tavalludini zo‘r muhabbat bilan nishonlaymiz. Bu kun shaxsan menda katta iftixor, shuningdek, katta qarzdorlik va sog‘inch hissini uyg‘otadi. Guyo u tabarruk dargohlardan uzoqlashib, qal’adan tashqarida qolib ketgandekmiz. Olim, shoir, yozuvchilardan hech biri “men Navoiyni tushunmay qoldim” yoki “tushunolmadim”, deb ochiq aytmaydi. Tashqaridan ularning har birining ko‘nglida o‘z Navoiysi bordek. Biroq juda qiziqtiradiki, ular bir-biriga qanchalar o‘xshaydi va qachon bir butun bo‘lib birlashib ketar ekan? Ustoz, biz nega Navoiydan uzoqlashib ketdik?! Buning tarixiy, ijtimoiy, iqtisodiy, fanniy, ruhiy omillari nimada?

Ibrohim Haqqul: Sizning bu savolingizga javob berish uchun “Keyingi bir asrdan ortiq vaqt mobaynida biz qachon Navoiyga yaqin bo‘lganmiz?” degan savolga javob qaytarish lozim. Vaholanki, nisbatan yaqinlik va qiziqishni aytmasa, hech payt to‘la yaqinlik va ishtiyoq bo‘lmagan. Agar shunday ma’naviy-ruhiy hodisa yuzaga kelganida jafokash xalqimiz XX asrda o‘zining milliy shuuri, dini, tarixi va mumtoz adabiyotidan afsuslanarli darajada yiroqlashtirilmagan bo‘lurdi. Bilasizmi, mumtoz shoirlar asarlarini ruhoniy, irfoniy, falsafiy tamalidan ajratib o‘qishni joriy etish ko‘rning qo‘liga hassa emas, qilich tutqazishday bir gap edi. Badiiy so‘zning ta’sir yo‘li buzilib, mohiyati jo‘nlashgach, qiziqish va zavq nimaga arziydi, deysiz? Navoiyday shoirlarning ijodiga yo‘l topishning birinchi sharti ularning Ruh va Hol olamiga erkin kirib bora olishdir. Bu, albatta, sof mohiyat va iztirobni teran mushohada qilish orqali amalga oshadi. Zero, jahon adabiyotining eng vijdonli, eng haqgo‘y san’atkorlari kundalik turmush tashvishi va moddiy manfaatlardan yiroq mohiyat, aql va irodaning qo‘shiluvidan tug‘ilgan iztirob atrofida birlashishgan. Shaxs sifatida shakllanmagan hech bir kishi bu haqiqatni chuqur tushunmaydi. Demak, Navoiyni ang¬lash birinchi galda bizning o‘zimizni nechog‘lik bilishimiz, ma’naviy “Men”ligimizni naqadar boyitib, yuksaltira olishimizga bog‘liq. Shu ma’noda biz nimaga erishdik va qanchalik ulg‘aydik? Mening nazarimda, keyingi yigirma yil mobaynida elimizda jur’at, jasorat, erkinlik va haqgo‘ylik hissi oldingiga qaraganda ham ancha pasaydi. Oddiy odamlarni-ku qo‘yavering, ijodkorlar ham zulm, adolatsizlik, qaramlik, aldov va maddohlikka qarshi ayovsiz kurashgan Navoiyga holdoshlik neligini hatto xayolga ham keltirishmadi. Voqelikka Navoiyning nigohi bilan qarash, olam hodisotlarini navoiyona dard to‘lqinlari ila idrok etmoq uchun Navoiy dunyoqarashi sir-asrorini o‘zlashtirishga qayta-qayta urinish zarur.

Mana, bir mulohaza. Sharq tafakkurini G‘arbnikidan ajratib turgan tomonlardan biri, balki eng asosiysi, fano holi va lomakon ishonchidir. Bir-biri bilan bevosita aloqador shu ikki jihatni puxtaroq bilmasdan tasavvuf adabiyotidagi vaqt va zamon, makon va kelajak, xoliq va xalq orasidagi aloqalar to‘g‘risida asosli fikr bildirish qiyin. Navoiy she’riyatida firor – dunyoga nuqul nafsoniy manfaat ko‘zi bilan qaraydigan tama bandalaridan qochish, inzivo – ma’naviy huzur-halovat go‘shasiga chekinish holatlari nihoyatda ta’sirli ohanglarda darj etilgan. Bular zarur zaylda qalbga naqshlanmas ekan, Navoiyning fazoviy xayol va samoviy hislar tasviridagi beqiyos yutuqlari qo‘l yetmas yulduz bo‘lib qolaveradi.

Xullas, Navoiy adabiy merosini zohiriy tomondan tadqiq va tahlil qilishda to‘g‘ri va noto‘g‘ri, maqbul yo nomaqbul fikr va mulohazalar keragidan ham ortiq miqdorda e’lon qilindi. Biroq uning turli janrlarda bitilgan ijod namunalarining botinini ko‘rsatish, ma’naviy-ruhiy mazmunini ochishga bag‘ishlangan tadqiqotlar yo‘q hisobi. Holbuki, Navoiyning o‘zi “O‘n sakkiz ming olam ichra har ne bor, Kim qilurlar ahli ma’ni e’tibor”, deya ko‘rsatma berib qo‘ygan. Eski davrlarda yaratilgan “Vujudnoma” nomli asarlarda ta’kidlanishicha, ushbu o‘n sakkiz ming olamning asosiy va g‘aroyib qismi insonning siyratiga tegishli. Demak, “Ovoz-ku bor, lekin o‘zim qani?” degan savolga aniq javob bera olguvchilar soni qancha ko‘paysa, yurtimizda navoiyxonlik ham o‘shancha taraqqiy topadi. Ammo bu natijaga erishguncha, hali ko‘p ish qilinishi kerak. Ahli irfonning hukmiga ko‘ra, “Haq bilan inson orasidagi eng qalin parda ilm”dir. Bunda, albatta, ruhiy zavq, ilhom va kashfdan mahrum zohiriy ilm nazarda tutilgan. Ovrupo adabiyotshunosligi qonun-qoidalari zaminida shakllangan navoiyshunoslikni tubdan yangilash esa yanada qiyinroq vazifadir.

Sh.N.: Navoiy va bugungi umuminsoniy hamda milliy siyosiy jarayonlarni qanday bog‘lash mumkin?

I.H.: Alisher Navoiy adabiy va ilmiy merosini o‘rganish – yurtni yurt, xalqni xalq qiladigan haqiqatlarni o‘rganish va o‘zlashtirish demak. Navoiyni bilish Odam bo‘lish sirlarini egallashdir. Navoiyning milliy maslagi qay darajada yuksak bo‘lsa, bashariy hissiyoti ham o‘shancha kuchlidir. Navoiy kuylagan ishq – hayotni, tiriklik va dunyoni o‘zida mujassamlashtirgan ishq. Bu ishq haqiqat va go‘zallik manbai. Unda abadiy fayz mavjud. Ana shu fayz nuri xoh milliy, xoh umuminsoniy, xoh siyosiy, xoh axloqiy bo‘lsin, har qanday jarayonni kunday ravshanlashtiradi. Ana shunda dunyoning asl qiyofasi qanday bo‘lsa, uni shundayligicha ko‘rasiz, ulkan yolg‘on, beshafqat hiyla va nayrang bo‘ronlari oddiy odamlar boshiga qayondan yog‘ilib kelishi-yu, bashariyatning gumrohlik, qashshoqlik, qullik va shafqatsizlik to‘qayzorlarida adashish sabablarini aniq ilg‘aysiz. Navoiyning dardu qayg‘ulari hamma davr odamlari uchun shifobaxsh va xaloskordir. Chunki ular eng oddiy, eng xoksor va mehnatkash insonga mehr-muhabbatdan paydo bo‘lgan Haq hadyasidir. Kim haqiqat qarshisida dovdiramasa, kim maydalik va maydakashlikdan saqlana bilsa, kim xushomad va yaltoqlanishlardan jirkansa, Navoiyning so‘zlaridan o‘sha odam, albatta, kuch va ilhom oladi. Shoir qit’alaridan birida bandaning o‘zi kabi bir ojiz bandaga tobeligi, qulluqkorligi va xushomadgo‘yligini qoralab:

Kimki maxluq xizmatig‘a kamar,
Chust etar, yaxshiroq ushalsa beli.

Qo‘l qovushturg‘ung‘a bu avlodur,
Ki aning chiqsa egni, sinsa eli.

Chun xushomad demakni boshlasa kosh
Kim, tutulsa dami, kesilsa tili,

deydi. Qariyb qarg‘ish darajasidagi ushbu tanqid va tanbeh so‘zlardan bir xulosa chiqarolmagan kimsalarni odam qatoriga qo‘shish mumkinmi?! Demak, odamdagi buzilish va tubanlik to‘xtamasa, olamdagi buzilish va tubanliklarga chek qo‘yib bo‘lmaydi. Navoiyning odamshunosligi olamning har turli yomonliklardan tozalanishiga xizmat qilishi bilan ham umidbaxshdir.

Sh.N.: Navoiy va bugungi ruhiy evrilishlarni qanchalar bog‘lash mumkin, Navoiy asarlarida tarbiyalab, voyaga yetkazgan komil inson bilan bo‘ylashganda, biz uning to‘pig‘i yoki tizzasigacha yeta olamizmi? Hazrat ijodida faqat xayoldagina yashab qoluvchi tumanli ideal insonni emas, chinakam tirik insonni qahramon qilib oladi. Biz o‘sha tirik odamga tirikligimiz bilan o‘xshaymizmi, qanchalar o‘xshaymiz? Aksincha bo‘lsa, bunga nima xalaqit beradi?

I.H.: Siz nazarda tutgan o‘sha odamga ham o‘xshaymiz, ham o‘xshamaymiz. O‘xshashligimiz zohiriy, ya’ni suvratda. Ammo siyrat va ma’naviyatda monandlik ancha kam. Insoniyat hamma davrlarda u yoki bu zaylda aldanib yashagan. Lekin o‘zini o‘zi aldash, shu aldov jafolarini tortish miqyosi XX asrda behad kengayib ketgan. O‘zi o‘zidan begona, o‘zining asl ahvolidan bexabar kimsalarning soni ham shu asrda ko‘paygan. Insonlik mohiyatini kashf qilish, har qanday vaziyatda ham o‘ziga tayanish holi bizda ham shakllanmagan. Ko‘pchilikni tashqaridan belgilagan maqsad va mushtarak taassurotlar boshqargan. Shuning uchun bir necha avlod fikriy yakranglik, ijtimoiy turg‘unlik va ommaviy taqlidga ko‘niktirilgan. Mustaqil va butun Shaxs haqida o‘ylashga aytarli hojat qoldirilmagan. Manaman degan bugungi ziyolidan Navoiyning “O‘z vujudingg‘a tafakkur aylagil, Har ne istarsen o‘zingdin istagil” baytini sharhlashni so‘rang. Har kim o‘zicha nimalardir deydi, albatta. Biroq ularinng aksariyati taxminiy yoki uydirma gaplar bo‘ladi. “Vujud tafakkuri” aslida bir ilm tarmog‘i. Unda avval tana, keyin birin-ketin axloq, nafs, ruh, xayol sirlari o‘rganiladi. Umuman aytganda, Navoiyni o‘qib anglash, anglab muhokama yuritishning hikmati ko‘p:

birinchidan, inson o‘zini ma’nan nochor, aftoda his qilmaganidek, hayotga hech vaqt badbin, ishonchsiz nigoh bilan boqmaydi;

ikkinchidan, o‘z taqdirini tili, dini, tarixi, millati va yurtidan ayri holda tasavvur etmaydi;

uchinchidan, moddiyotni deb ma’naviyatni, zohiriy borliqlar shavqiga berilib, botiniy mavjudliklarni unutmaydi.

To‘rtinchidan, dunyo va ahli dunyo ahvoliga shoir, mutafakkir, mutasavvif Navoiy ko‘zi bilan qarashga intilib, fanoni baqodan farqlashga bir qadar malaka hosil qiladi. Bu esa eng muhimi. Chunki rostni yolg‘ondan, haqni nohaqdan, muqimni muvaqqatdan ajratolmaslik insonni taqlidchilik girdobiga tashlaydi. Taqlid – fikriy mehnatni ravo ko‘rmaslik, kimgadir ergashish, kimgadir o‘xshashdan nariga o‘tolmaslik degani.

Ma’lumki, koinot hech qachon to‘xtash va turg‘unlikni tan olmaydi – tinimsiz ravishda evrilib, yangilanib boraveradi. Shuning uchun har bir narsa yo mavjudlik boshqa bir shakl, o‘zga rang va ruhga kirishi muqarrar. Insonning his, tuyg‘u, tasavvur va xayollari ham o‘zgaradi hamda boyiydi. Mana shu yangilanish “nuqta”sida har kim o‘zicha ijodkor, o‘zicha shoir yo musavvir bo‘lmog‘i kerak. Ya’ni Navoiy aytmoqchi, “Ko‘ngil ichra dardu g‘am avvalgilarga o‘xshamas”ligini bilmog‘i lozim. Afsuski, turmush va ijtimoiy muhit ko‘pincha bunga imkon bermaydi. Ayni shu kemtiklik daho ijodkorlar asarlarini his qilish, anglash va talqin qilishda har turli to‘siq yoki chalg‘ishlarni yuzaga keltiradi. Navoiy ijodiyotining ma’no-mazmunini zarur darajada mushohada etilmasligining bir sababi mana shudir.

Sh.N.: Shekspir ingliz, Gyote olmon adabiyotini harakatga keltirgani kabi Navoiy ham hozirgi davr o‘zbek adabiyotini harakatga keltirishi, har bir yangi adabiy oqim, yangi adabiy yo‘nalish, yangi shakl ichiga o‘ziga xos tarzda har gal yangi nafas bilan kirib borishi kerak edi. Ustoz, Siz bugungi adabiy jarayon va Navoiy siymosini qanday umumiy manzarada tasavvur qilasiz?

I.H.: Navoiyning shaxsiyati tomonidan ham, shoirlik mahorati nuqtai nazaridan ham xususan bugungi adabiy jarayonda nainki vorislik, sobit bir izdoshlik ham ko‘zga tashlanmaydi. Ingliz ijodkorlari Shekspir, nemislar Gyote, rus adiblari Pushkin maktabidan ta’lim olmaslikni noqislikmas, ehtimol, gunoh hisoblashar. Bizda bunday emas: Yassaviyni, Navoiy yo Ogahiyni o‘qib-o‘rganmasdan ham shoir bo‘ldik deb o‘ylovchilarga har qadamda duch kelishimiz mumkin. Ular Navoiyni nomiga maqtab, umumiy “urf”ga ko‘ra unga sirtdan ehtirom ko‘rsatishdan aslo xijolat chekishmaydi. Biroq biror marta Navoiyning tafakkur va ruh vodiysida sayr aylash uchun til, tarix, din, tasavvuf va falsafa bilan birga turk hamda fors tilidagi mumtoz adabiyotni bilish zarur, degan gapni xayoldan ham o‘tkazishmagan. Navoiy ijodiyotining tub ildizi Sharq tamadduni zaminida – G‘arbnikida emas. Bir mutafakkir ijodkor “Odam yo sharqlik bo‘ladi, yo g‘arblik”, deydi. Bu fikrga tepadan turib e’tiroz bildirish noto‘g‘ri. Negaki, inson ayni bir paytda ham nasroniy, ham musulmon bo‘lolmaydi. Bu haqiqatni tushungan qalam sohibi g‘arb kishisining fikr-qarashi va psixologiyasini “milliylashtirish”ga sira kuch sarflamaydi. Demoqchimizki, Yassaviy, Attor, Rumiy, Jomiy va Navoiyni chetlab erishilgan ijodiy yangilik qurbu quvvatdan mahrum yangilik bo‘lib qolaveradi. Ko‘z tegmasin, necha zamonlardan keyin xalqimiz endi erkin nafas olib, tahlika va qo‘rquvni unuta boshladi. Xushomad va tilyog‘lamalik o‘yinlari to‘xtatilib, maddohlik ovozlari hozircha bir qadar tindi. Bizning o‘ylashimizcha, Olloh xohlasa, bundan buyog‘iga xalqning o‘zi Navoiyni haqqoniy his etish va anglashga yo‘l izlaydi, qanday bo‘lmasin she’riyat sultoniga ma’nan yaqin boradi. Navoiy benazir tilshunos, adabiyotshunos, tarixchi olim. Buni hamma biladi. Navoiy din darg‘asi, dili yoniq mutasavvif, benazir faylasuf, siyosat va davlat arbobi… Ko‘pchilik buni ham yaxshi anglaydi. Ammo bularning hech biri Navoiyning shoirligidan oldingi mavqega ko‘tarilgan emas. Navoiy uchun shoirlik yurak va ruhoniyat shavqi, nomus va qismat mashaqqati edi. Navoiyga dunyoning pastu baland, maqbulu nomaqbul ishlari bir yon, shoirlik bir yon edi. Shoir bo‘lish, shoir bo‘lganda ham tengsiz san’atkor bo‘lish uchun dunyoga kelganini u hamma narsadan ortiq aniq his qilardi. Shoirlik ilhomi, shoirlik iztirobi, shoirlik sharafi Navoiy shaxsiyatining yolqinini aks ettiradi. Albatta, uning ko‘ngil osmonida oy ham, turfa-turfa porloq yulduzlar ham bo‘lgan. Biroq shoirlik, oshiqlik Navoiy siyratining oftobidir. Aks holda u junun maqomiga yuksalolmas va:

To tutdi junun yo‘lin Navoiy,
Kim bo‘ldi vatanga rahnamoyi,

deyolmasdi. Navoiy she’riyatidan atayin ijtimoiy, siyosiy, axloqiy, didaktik yoki diniy-tasavvufiy mazmun axtarmaslik, allambalo targ‘ibotlar yuzasidan uni uni har kim o‘ziga manzur bir qiyofada ko‘rsatishga urinmasligi kerak. Navoiy ham dunyo, ham oxirat, ham shodlik, ham qayg‘u, ham umid, ham armon, ham baxt, ham baxtsizlik, ham visol, ham hijron, ham o‘tmish, ham zamon shoiri. Uning so‘z, tuyg‘u, fikr, xayol va holatlarini kundalik turmushning tor, biqiq, o‘tkinchi talabu manfaatlariga muvofiqlashtirib bo‘lmaganidek, beshafqat hayotning yolg‘on, aldov, riyo, hiyla-nayranglariga xizmat ettirishdan ham tiyilish lozim. Chunki Navoiy she’rlarida har bir ma’ni, ramz, belgi va ishorat soflik, go‘zallik, ilohiylik yog‘dusidan sayqal topgan.

Sh.N.: Navoiyshunoslikning bugungi holati qanday? Bizda yangi davr navoiyshunosligi qachon shakllanadi? Ularning maqsad va vazifalari nimalardan iborat bo‘lishi kerak? Xorij navoiyshunosligi bilan qiyoslaganda o‘zbek navoiyshunosligining o‘rni, nufuzi qanday?

I.H.: Ijtimoiy-gumanitar fanlarning ahvoli qanday bo‘lsa, navoiyshunoslikniki ham qariyb shunday. Albatta, bu jabhada ham ma’lum yutuq, e’tiborga molik natijalar qo‘lga kiritilgan. Xorijiy o‘lkalarda Navoiy mavzusida ancha-muncha tadqiqotlar yaratilgan. Lekin istaymizmi, istamaymizmi, navoiyshunoslikning poytaxti – O‘zbekistondir. Chunki navoiyshunoslikning mashaqqat va mas’uliyati o‘zbek olimlarining zimmasida. Shundan kelib chiqib ta’kidlaydigan bo‘lsak, navoiyshunoslik yosh va talantli tadqiqotchilarni kamolga yetkazib, tubdan isloh etishga juda-juda muhtojdir. So‘nggi vaqtlarda navoiyshunoslikda soxta, g‘ayriilmiy tamoyil mavqe qozona boshladi. Bu ham tasodifiy urinish yoki uyushish emas, albatta. O‘zbekiston Prezidenti Sh.M.Mirziyoyev Oliy Majlisga yo‘llagan Murojaatnomasida ilm-fanning ahvoliga xolis baho berib, “Biz yigirma besh yil ilm bilan shug‘ullanmadik. Bor ilmni yo‘q qildik”, degan edi. Qanchalik achchiq bo‘lmasin, bu fikr – haqiqat. Sayozlik, laganbardorlik ko‘nikmasi, balki, buni tan olishga monelik etar. Biroq masalaga tarixan yondashilsa, e’tirozga aslo o‘rin qolmaydi. Navoiyning olisni ko‘rishi va bashoratiga faqat hayron qolasan kishi. Ulug‘ shoir besh yuz ellik yil muqaddam “Ilmni kim vositai joh etar, O‘ziniyu xalqni gumroh etar” deb, ilmdan mol-mulk, boylik, mansab, mavqe vositasi o‘laroq foydalanish fojiasiga diqqatni tortgan edi. Biz hatto shu ogohlantirish, hushyorlikka chorlashga ham amal etolmadik. Oxir-oqibatda rost so‘zga og‘iz juftlash ham yoqimsiz, umumiy ko‘nikmaga qarshi urinishga o‘xshab qoldi.

Sh.N.: Ustoz, suhbatlarimizdan birida Navoiyni bir necha bosqichda o‘quvchilar ommasiga taqdim qilish kerak degandingiz.

I.H.: Hozir ham shunday fikrdaman. “Zanjirband sher qoshida”, “Kamol et kasbkim” kitoblarim yosh va o‘spirin yigit-qizlarga mo‘ljallab yozilgan. Navoiy inson umrini to‘rt faslga ajratib nomlaganidek, turli yoshdagi o‘quvchilarni nazarda tutib, navoiyshunoslar ham tili sodda, uslubi jonli va ravon risolayu kitoblar yozishi kerak. Aytaylik, bolalar uchun yozilgan asarda bolalik talabi, holati va ehtiyojlari inobatga olinsa, Navoiyni yoshlarga tanitishda nisbatan boshqacha maqsad va usulda qalam tebratiladi. Navoiy ijodi bosqichma-bosqich o‘rganilib, qarabsizki, navoiyxonlik o‘z-o‘zidan tarmoqlanib keng quloch yozib boraveradi.

Sh.N.: Ustoz, Siz mehnat qilayotgan O‘zR FA O‘zbek tili, adabiyoti va folklori institutida bir necha yillardan buyon Navoiy ijodiga bag‘ishlangan tadqiqot loyihalari ustida ish olib boriladi. Bizni amaliy natijalar qiziqtiryapti.

I.H.: Maqsadingizni angladim. “Navoiy qomusi” to‘g‘risida so‘ramoqchisiz. Ikki jildga mo‘ljallangan “Qomus”ning qo‘lyozmasi uch jilddan ham ziyodroq hajmda yozib tugallandi. Endi hamma gap uni ko‘ngildagiday tahrir qilib, sifatli nashr eta bilishda. Unga kiritiladigan maqolalarning ma’lum bir qismi jurnal, to‘plam va kitoblarimizda e’lon qilindi. Qomus yaratish oson emasligini kim bilmaydi deysiz? Bu ishning ham o‘z qonun-qoida va shartlari bor. Biz, albatta, ularga rioya qilish va ijodiy yondashishga uringanmiz. Lekin oxir-oqibatda nashr taqdirini baribir mablag‘ hal etadi. Navoiyning muborak nomi va buyuk sharafi qarshisida hech qanaqa moddiy narsa to‘siq bo‘lib qololmaydi, deb umid bildiramiz.

Mualliflar: Ibrohim Haqqul – filologiya fanlari doktori.
Shahnoza Nazarova – filologiya fanlari bo‘yicha falsafa doktori.

Manba: “Jahon adabiyoti” jurnali, 2018/2

07

(Tashriflar: umumiy 2 706, bugungi 1)

Izoh qoldiring