Imom G’azzoliy. Qalb kitobi & Zuhriddin Isomiddinov. Hojilik… martabami?

Ashampoo_Snap_2017.04.15_15h28m23s_001_a.png    Баъзиларнинг бир марта адо этилиши фарз бўлган ҳажга бир неча маротаба бориб кела бериши, албатта, унинг ихлоси туфайли, аммо бу сафар эвазига бошқа, қўли қисқароқ одамларнинг навбати кейинга сурилиб, эҳтимолки, кимлардир ҳаж армони билан дунёдан ўтиб кетадиган бўлса, наузанбиллоҳ, бошқаларни ноумид қилиш эвазига амалга ошган бундай сафари унинг учун савоб эмас, гуноҳ амаллардан бўлиб қолиши ҳам мумкин…

Зуҳриддин ИСОМИДДИНОВ
ҲОЖИЛИК… МАРТАБАМИ?
009

– Бобо, бу киши ким, ўзи қаерлик?
– Ҳи-и, энг аввал, ҳи, мен бобогина эмасман, балки Ҳожи бобоман!

(Ғафур Ғулом. “Шум бола”)

-7532a.jpgРамазон ҳайити билан Қурбон ҳайитининг ораси – етмиш кун. Яъни, Рамазондан сўнг шаввол, кейин зулқаъда ойлари ҳам ўтиб, зулҳижжа ойи бошлангач, ўнинчи куни ийди Қурбон келади. Юртимизда Рамазон ва Қурбон ҳайитлари байрам ва дам олиш куни қилиб белгиланган.

Қурбон ҳайити яқинлашганида ҳажга йўл олувчилар улуғ сафарга тайёргарлик кўра бошлашади. Намоз ўқиш – ният қилиш ва таҳорат олишдан бошланганидай, ҳаж ибодатининг боши ҳам унга ҳозирлик кўришдир. Бу пайт ҳожилар барча исломий амалларни мукаммал бажаришга, ҳалим ва хушфеъл бўлишга интиладилар. Зеро, уламоларнинг айтишича, ҳаж қабул бўлганининг белгиси – кишининг феъли юмшаб, қалби очилиб, ўзини камтарин тутар, янада мўъмин бўлиб қолар экан. Ушбу муқаддас фарзни адо этиш аксар кишиларга умрида бир марта насиб бўлади.

Диёнатли элимиз ҳаж ибодатини ўтаган кишиларга алоҳида эҳтиром билдиради, отини жуфт қилиб “Фалончи ҳожи” дейишади. Чунки тарихий шароит шуни тақозо этган. Илгари Ўрта Осиёдан олис Ҳижоз томонларга бориш ўта мушкул, бориш-келишнинг ўзига камида олти ой вақт кетарди. Чексиз саҳролар оша ўтиладиган ва қароқчилар ҳужум қилиб турадиган бу сафар йўлларида кўп одамлар омонат жонини Ҳаққа топширган. Шу сабабли, ҳажга отланган кишилар яқинлари билан рози-ризолик сўраб йўлга чиққан. Омон-эсон қайтганлар бир музофотда бир неча нафар бўлар эди, холос. Шўро давлати ҳукм сурган замонда эса, ҳаж йўллари тақа-тақ берк бўлди, фақат айрим таниқли уламоларгина минг чиғириқдан ўтиб, бориб келишган. Шу сабабли, ҳожилар эл ичида сийрак учраган, одамлар ҳожи ота дея уларнинг номини алоҳида ҳурмат билан тилга олар эди. У замонларда ҳожиларни ҳамма тавоф қилар, этагини тутиб кўзига суртар, шу тариқа бўлса-да, Каъба исини димоғида туйгандай бўлишар эди.

Энди-чи? Ҳожидан кўпи йўқ. “Ҳожи ака шунақа деди”, деб бир гапни айтсангиз, одамлар “Қайси ҳожи?” деб сўрашади. Сўнгги чорак аср ичида юртимизда юз мингдан ортиқ одам ҳажга бориб келди. Алҳамдуллилоҳ, ҳожилардан камимиз йўқ. Бирон гавжум жойда “Ҳўв ҳожи ака!”, деб овоз чиқариб кўринг – камида ўн киши “Лаббай!” деб сизга қарамаса, биз бенават.

Аммо, беш қўл баравар эмас. Айрим одамлар, ҳажга бориб келганидан кейин, агар отини тоқ айтадиган бўлсангиз, саломингизга алик олмай қўйишади. Ҳожи эканини билдириш учун, Маккада кийган эҳромини ҳар жума куни елкасига илади. Исмоил ака, деб кўринг, “бўлмағур одам”га чиқасиз – Исмоилжон ҳожи ака, деб “тўлиқ” айтишингиз шарт. Ҳатто бир одам, ўша йили Арафотга кўтарилиш жума кунига тўғри келган экан –ҳаждан қайтиб келгач, ота-онаси қулоғига азон айтиб қўйган ва паспортида ҳам битилган туппа-тузук отидан воз кечди-да, ўзига Ҳожиакбар деб исм қўйди. Нега бунақа, деб сўрасак, жума куни ҳаж амалини ўтаганлар ҳожи акбар бўлади, деб сипо қараш қилди…

– Ўтган ҳафта Қўқонга бориб келдим, ҳожи биродарларимиз билан ҳар ойда бир марта гап еймиз-да, – дея сўз қистиради бир акахон, бизлар унинг ҳожилигидан ғофил қолиб, гуноҳга ботиб қолмаслигимизнинг ғамини еб.

Ўзининг кимлиги ва қандай одамлигини ёнидагиларга билдириб қўймагунча кўнгли жойига тушмайдиган бундайларнинг садағаси кетай!

– Кеча тун соат икки яримда таҳорат олиб бўлиб, осмонга қарасам, Ҳулкар тепага келиб қолган экан, – дейди бир одам камтаргина қилиб. Ҳолбуки, бу гапни айтишдан мақсади – кечаси уйғониб, нафл ва ташаҳҳуд намози ўқишини бошқаларга билдириб қўйишдан ўзга нарса эмас.

Буям ҳолва экан, қайси куни ўша ёқларда илм олган уч давангирдай йигитнинг йўлда аллаким билан қуюқ сўрашишганига гувоҳ бўлдим. Учаласининг энгагида баҳайбат соқол, аммо учови ҳам, худди хотинлар каби, этаги тиззадан қуйироққа тушган олди ёпиқ кўйлак кийган… Сўрасам, булар катта мулло ва ҳожи бўлиб, илмлари ҳам шунчалик эмиш. Наузанбиллоҳ, дедим, кийим илм даражасини белгилайдиган бўлиб қопти-да? Арабистонда офтоб ўткир ва чанг-ғубор кўп, шунинг учун эркаклар ҳам, юзини тўсиб олабайроқ рўмол ўрашади, энди айрим муллобаччаларимиз, тақвоси кучлилигини кўрсатиш учун, рўмол ёпинишга ўтмасалар эди…

Газетада одоб-ахлоқ мавзуидаги бир мақолага кўзим тушди. Муаллифи “Фалончи ҳожи ая Пистончи ҳожи қизи” деб имзо чекибди. Яъни, “круглий” ҳожи. Бу дегани, фақат камина эмас, падари бузрукворимиз ҳам ҳожи, бинобарин, бизнинг мавқе ва салмоғимиз ҳў-ў юқорида туради, хоҳласанг-хоҳламасанг, ҳурмат қилишинг шарт, деган иддаонинг ўзгинасидир.

Яна бир оғамиз асар ёзиб чоп эттирибди. Китобда, кимдир унга “Ҳожисиз, айтинг, мана бу диний масалада ким ҳақ?” деб савол беради. Бу кишим эса билиб-билмай йўл кўрсата беради. Ахир, ҳожи дегани, сизу биздай жўн бир одам, фатво берувчи муфти эмас-ку?

Буям ҳолва экан: тунов куни симёғочдаги бир эълонга кўзим тушди: “Машҳур шифокор Анов ҳожи Манов ҳожи ўғли кўзга кўринмас боболар ёрдамида сизни ҳар қандай дарду иллатдан халос этади. Манзилимиз…” Тавба, ўзи ҳожи, отасиям ҳожи, аммо ишлари шубҳали. Ана шу исломга зид ғояни (“бобо”лар) амалга ошириш учун эса у “ҳожи” эканини кўзир карта сифатида ўртага ташлайди, марҳум отаси ҳам ҳожи бўлганини пеш қилади…

Тўғри, айрим илмий мақолаларда муаллифнинг унвони ёзилади. Акс ҳолда, ўқувчи мақола муаллифининг салоҳиятига шубҳаланиши мумкин. Ўшанда ҳам аксар олимлар илмий даражасини пеш қилавермайди. Негаки, мақоланинг ўзи унинг илмидан дарак бериб туриши лозим. Озод Шарафиддинов домла лутф қилганидай, баъзиларни, жами унвону мукофотларини айтиб таништирсангиз ҳам кўплар билмайди, баъзиларни эса, отини айтсангиз кифоя –исмининг ўзи ҳар қандай мукофотдан баланд…

Бас, ҳожи одам ҳам ўзининг ҳажга бориб келганини пеш қилавермагани дуруст, ҳожилик унинг амалидан ва суҳбатидан аён бўлсин.

Бизга савол беришлари мумкин: ахир, кимдир ҳажга борганига дилдан қувониб, исмига “ҳожи” сўзини қўшиб қўйса, бунинг нимаси ёмон, деб.

Ёмонлиги шундаки, киши ўзининг бошқалардан ажралиб туришини, алоҳида эҳтиром қилинишини истаган бўлади, бу эса, риёнинг ўзгинасидир. Намоз ўқиётган одам – намозхон, рўза тутиб юрган киши – рўзадор дейилганидай, ҳаж амали ўталадиган жойлар (Каъба, Мино, Арафот…)га борган киши ҳожи аталади. Турли ўлкалардан келган одамлар, танимагани учун, қилаётган ишидан келиб чиқиб, бир-бирини “Ҳожи!” деб чақиради. Аммо мавсум тугаб, ҳаждан қайтган одам, яна Ёсир, ё Абдураҳмон деб атала беради, Абдураҳмон ҳожи, ёки ҳожи Ёсир дейилмайди. Чунки, Арабистон ёқларда ҳажга бормаган кишининг ўзи йўқ ҳисоби. Агар биздагидай, “Фалончи ҳожи” дейиш шарт бўлса, аксар арабларнинг оти “Ҳожи Сулаймон ибн Ҳожи Фазл ибн Ҳожи Бувайҳ ибн Ҳожи…” тарзида болохонадор бўлиб кетарди. Ўтмишда эллик бора, етмиш маротаба ҳажга борган авлиёлар бўлган, аммо улардан ҳеч бирининг номи “Ҳожи фалоний” эмас.

Шу билан бирга, афсуски, ҳожи бўлишга чоғланган баъзиларнинг пешонаси саждага камроқ теккани ҳам бор гап. Ажабо, исломдаги беш фарзнинг биринчиси имон бўлса, иккинчиси намоз-ку? Иккинчи фарзга “вақти йўқ” одамнинг бешинчи фарз учун жаҳд қилиши тўғримикин? Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ёзганига кўра, “намознинг зарурлиги ҳаждан ҳам эътиборли” (“Руҳий тарбия. Покланиш” китоби).

Каминангиз уламо эмас, аммо фикри ожизимча, ҳажга боришдан мурод – тавбадир. Тавба қилишга: билиб-билмай қилган гуноҳларимиз учун кечирим сўрашга борамиз у муқаддас жойга. Шайтонга тош отар эканмиз, ичимиздаги кибрни ўлдиришга жаҳд қиламиз, чунки шайтон алайҳилаъна мутакаббир эди, айнан кибр-ҳаво туфайли унинг бўйнига тавқи лаънат тушган. Кибрли одам такаббур бўлади, ҳолбуки, ҳаж – жиҳоднинг бир тури ҳисобланади, бу жиҳоддан асосий мақсад эса кибрни ўлдиришдир.

Бас, киши кибру ҳаводан қутулмаган бўлса, ҳажга боришдан мақсадни яхши англамаган бўлиб чиқади, чунки ичидаги шайтонни тош отиб ҳам ўлдира олмаган-да. Бас, ҳаж унинг учун бир саёҳат мақомида бўлибди. Бундайлар “ҳожи ота”, “ҳожи она” сифатида янада иззатталаб бўлиб қолади.

Кибрини маҳв этиш билан бирга, ҳожи одам ғурурини ҳам синдира олгани дуруст. Чунки ғурур ҳам мўъмин учун офат. Баъзиларнинг бир марта адо этилиши фарз бўлган ҳажга бир неча маротаба бориб кела бериши, албатта, унинг ихлоси туфайли, аммо бу сафар эвазига бошқа, қўли қисқароқ одамларнинг навбати кейинга сурилиб, эҳтимолки, кимлардир ҳаж армони билан дунёдан ўтиб кетадиган бўлса, наузанбиллоҳ, бошқаларни ноумид қилиш эвазига амалга ошган бундай сафари унинг учун савоб эмас, гуноҳ амаллардан бўлиб қолиши ҳам мумкин. Чунки бу ҳам айримларнинг ўтар дунёда орттирган тўрт тангалик бойлиги ғурури туфайли бўлади. Ҳолбуки, уламоларнинг айтишича, инсоннинг Оллоҳ таолога энг мақбул хислатларидан бири камтарлик экан. Биз Байтуллоҳга Оллоҳ назарида ҳеч нарсага арзимайдиган кибру ғурурни эмас, камтарлигимизни туҳфа қилиб олиб борганимиз дуруст. Ғурур эса банданинг Оллоҳга азтаҳидил яқинлигини поймол этади. Шунинг учун ҳам Навоийнинг ушбу байти барчамизнинг шиоримизга айланса, айни муддао бўлур эди:

Ёр васлиға қувондим, қовди кўйидин мени,
Эй Навоий, ҳеч киши давлатқа мағрур ўлмасун…

Манба: «Маърифат саодати» газетаси

40-40.jpgZuhriddin ISOMIDDINOV
HOJILIK… MARTABAMI?
009

– Bobo, bu kishi kim, o‘zi qayerlik?
– Hi-i, eng avval, hi, men bobogina emasman, balki Hoji boboman!

(G‘afur G‘ulom. “Shum bola”)

Ramazon hayiti bilan Qurbon hayitining orasi – yetmish kun. Ya’ni, Ramazondan so‘ng shavvol, keyin zulqa’da oylari ham o‘tib, zulhijja oyi boshlangach, o‘ninchi kuni iydi Qurbon keladi. Yurtimizda Ramazon va Qurbon hayitlari bayram va dam olish kuni qilib belgilangan.

ABS8Gvf1c10a.jpgQurbon hayiti yaqinlashganida hajga yo‘l oluvchilar ulug‘ safarga tayyorgarlik ko‘ra boshlashadi. Namoz o‘qish – niyat qilish va tahorat olishdan boshlanganiday, haj ibodatining boshi ham unga hozirlik ko‘rishdir. Bu payt hojilar barcha islomiy amallarni mukammal bajarishga, halim va xushfe’l bo‘lishga intiladilar. Zero, ulamolarning aytishicha, haj qabul bo‘lganining belgisi – kishining fe’li yumshab, qalbi ochilib, o‘zini kamtarin tutar, yanada mo‘’min bo‘lib qolar ekan. Ushbu muqaddas farzni ado etish aksar kishilarga umrida bir marta nasib bo‘ladi.

Diyonatli elimiz haj ibodatini o‘tagan kishilarga alohida ehtirom bildiradi, otini juft qilib “Falonchi hoji” deyishadi. Chunki tarixiy sharoit shuni taqozo etgan. Ilgari O‘rta Osiyodan olis Hijoz tomonlarga borish o‘ta mushkul, borish-kelishning o‘ziga kamida olti oy vaqt ketardi. Cheksiz sahrolar osha o‘tiladigan va qaroqchilar hujum qilib turadigan bu safar yo‘llarida ko‘p odamlar omonat jonini Haqqa topshirgan. Shu sababli, hajga otlangan kishilar yaqinlari bilan rozi-rizolik so‘rab yo‘lga chiqqan. Omon-eson qaytganlar bir muzofotda bir necha nafar bo‘lar edi, xolos. Sho‘ro davlati hukm surgan zamonda esa, haj yo‘llari taqa-taq berk bo‘ldi, faqat ayrim taniqli ulamolargina ming chig‘iriqdan o‘tib, borib kelishgan. Shu sababli, hojilar el ichida siyrak uchragan, odamlar hoji ota deya ularning nomini alohida hurmat bilan tilga olar edi. U zamonlarda hojilarni hamma tavof qilar, etagini tutib ko‘ziga surtar, shu tariqa bo‘lsa-da, Ka’ba isini dimog‘ida tuyganday bo‘lishar edi.

Endi-chi? Hojidan ko‘pi yo‘q. “Hoji aka shunaqa dedi”, deb bir gapni aytsangiz, odamlar “Qaysi hoji?” deb so‘rashadi. So‘nggi chorak asr ichida yurtimizda yuz mingdan ortiq odam hajga borib keldi. Alhamdulliloh, hojilardan kamimiz yo‘q. Biron gavjum joyda “Ho‘v hoji aka!”, deb ovoz chiqarib ko‘ring – kamida o‘n kishi “Labbay!” deb sizga qaramasa, biz benavat.

Ammo, besh qo‘l baravar emas. Ayrim odamlar, hajga borib kelganidan keyin, agar otini toq aytadigan bo‘lsangiz, salomingizga alik olmay qo‘yishadi. Hoji ekanini bildirish uchun, Makkada kiygan ehromini har juma kuni yelkasiga iladi. Ismoil aka, deb ko‘ring, “bo‘lmag‘ur odam”ga chiqasiz – Ismoiljon hoji aka, deb “to‘liq” aytishingiz shart. Hatto bir odam, o‘sha yili Arafotga ko‘tarilish juma kuniga to‘g‘ri kelgan ekan –hajdan qaytib kelgach, ota-onasi qulog‘iga azon aytib qo‘ygan va pasportida ham bitilgan tuppa-tuzuk otidan voz kechdi-da, o‘ziga Hojiakbar deb ism qo‘ydi. Nega bunaqa, deb so‘rasak, juma kuni haj amalini o‘taganlar hoji akbar bo‘ladi, deb sipo qarash qildi…

– O‘tgan hafta Qo‘qonga borib keldim, hoji birodarlarimiz bilan har oyda bir marta gap yeymiz-da, – deya so‘z qistiradi bir akaxon, bizlar uning hojiligidan g‘ofil qolib, gunohga botib qolmasligimizning g‘amini yeb.

O‘zining kimligi va qanday odamligini yonidagilarga bildirib qo‘ymaguncha ko‘ngli joyiga tushmaydigan bundaylarning sadag‘asi ketay!

– Kecha tun soat ikki yarimda tahorat olib bo‘lib, osmonga qarasam, Hulkar tepaga kelib qolgan ekan, – deydi bir odam kamtargina qilib. Holbuki, bu gapni aytishdan maqsadi – kechasi uyg‘onib, nafl va tashahhud namozi o‘qishini boshqalarga bildirib qo‘yishdan o‘zga narsa emas.

Buyam holva ekan, qaysi kuni o‘sha yoqlarda ilm olgan uch davangirday yigitning yo‘lda allakim bilan quyuq so‘rashishganiga guvoh bo‘ldim. Uchalasining engagida bahaybat soqol, ammo uchovi ham, xuddi xotinlar kabi, etagi tizzadan quyiroqqa tushgan oldi yopiq ko‘ylak kiygan… So‘rasam, bular katta mullo va hoji bo‘lib, ilmlari ham shunchalik emish. Nauzanbilloh, dedim, kiyim ilm darajasini belgilaydigan bo‘lib qopti-da? Arabistonda oftob o‘tkir va chang-g‘ubor ko‘p, shuning uchun erkaklar ham, yuzini to‘sib olabayroq ro‘mol o‘rashadi, endi ayrim mullobachchalarimiz, taqvosi kuchliligini ko‘rsatish uchun, ro‘mol yopinishga o‘tmasalar edi…

Gazetada odob-axloq mavzuidagi bir maqolaga ko‘zim tushdi. Muallifi “Falonchi hoji aya Pistonchi hoji qizi” deb imzo chekibdi. Ya’ni, “krugliy” hoji. Bu degani, faqat kamina emas, padari buzrukvorimiz ham hoji, binobarin, bizning mavqe va salmog‘imiz ho‘-o‘ yuqorida turadi, xohlasang-xohlamasang, hurmat qilishing shart, degan iddaoning o‘zginasidir.

Yana bir og‘amiz asar yozib chop ettiribdi. Kitobda, kimdir unga “Hojisiz, ayting, mana bu diniy masalada kim haq?” deb savol beradi. Bu kishim esa bilib-bilmay yo‘l ko‘rsata beradi. Axir, hoji degani, sizu bizday jo‘n bir odam, fatvo beruvchi mufti emas-ku?

Buyam holva ekan: tunov kuni simyog‘ochdagi bir e’longa ko‘zim tushdi: “Mashhur shifokor Anov hoji Manov hoji o‘g‘li ko‘zga ko‘rinmas bobolar yordamida sizni har qanday dardu illatdan xalos etadi. Manzilimiz…” Tavba, o‘zi hoji, otasiyam hoji, ammo ishlari shubhali. Ana shu islomga zid g‘oyani (“bobo”lar) amalga oshirish uchun esa u “hoji” ekanini ko‘zir karta sifatida o‘rtaga tashlaydi, marhum otasi ham hoji bo‘lganini pesh qiladi…

To‘g‘ri, ayrim ilmiy maqolalarda muallifning unvoni yoziladi. Aks holda, o‘quvchi maqola muallifining salohiyatiga shubhalanishi mumkin. O‘shanda ham aksar olimlar ilmiy darajasini pesh qilavermaydi. Negaki, maqolaning o‘zi uning ilmidan darak berib turishi lozim. Ozod Sharafiddinov domla lutf qilganiday, ba’zilarni, jami unvonu mukofotlarini aytib tanishtirsangiz ham ko‘plar bilmaydi, ba’zilarni esa, otini aytsangiz kifoya –ismining o‘zi har qanday mukofotdan baland…

Bas, hoji odam ham o‘zining hajga borib kelganini pesh qilavermagani durust, hojilik uning amalidan va suhbatidan ayon bo‘lsin.

Bizga savol berishlari mumkin: axir, kimdir hajga borganiga dildan quvonib, ismiga “hoji” so‘zini qo‘shib qo‘ysa, buning nimasi yomon, deb.

Yomonligi shundaki, kishi o‘zining boshqalardan ajralib turishini, alohida ehtirom qilinishini istagan bo‘ladi, bu esa, riyoning o‘zginasidir. Namoz o‘qiyotgan odam – namozxon, ro‘za tutib yurgan kishi – ro‘zador deyilganiday, haj amali o‘taladigan joylar (Ka’ba, Mino, Arafot…)ga borgan kishi hoji ataladi. Turli o‘lkalardan kelgan odamlar, tanimagani uchun, qilayotgan ishidan kelib chiqib, bir-birini “Hoji!” deb chaqiradi. Ammo mavsum tugab, hajdan qaytgan odam, yana Yosir, yo Abdurahmon deb atala beradi, Abdurahmon hoji, yoki hoji Yosir deyilmaydi. Chunki, Arabiston yoqlarda hajga bormagan kishining o‘zi yo‘q hisobi. Agar bizdagiday, “Falonchi hoji” deyish shart bo‘lsa, aksar arablarning oti “Hoji Sulaymon ibn Hoji Fazl ibn Hoji Buvayh ibn Hoji…” tarzida boloxonador bo‘lib ketardi. O‘tmishda ellik bora, yetmish marotaba hajga borgan avliyolar bo‘lgan, ammo ulardan hech birining nomi “Hoji faloniy” emas.

Shu bilan birga, afsuski, hoji bo‘lishga chog‘langan ba’zilarning peshonasi sajdaga kamroq tekkani ham bor gap. Ajabo, islomdagi besh farzning birinchisi imon bo‘lsa, ikkinchisi namoz-ku? Ikkinchi farzga “vaqti yo‘q” odamning beshinchi farz uchun jahd qilishi to‘g‘rimikin? Shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusufning yozganiga ko‘ra, “namozning zarurligi hajdan ham e’tiborli” (“Ruhiy tarbiya. Poklanish” kitobi).

Kaminangiz ulamo emas, ammo fikri ojizimcha, hajga borishdan murod – tavbadir. Tavba qilishga: bilib-bilmay qilgan gunohlarimiz uchun kechirim so‘rashga boramiz u muqaddas joyga. Shaytonga tosh otar ekanmiz, ichimizdagi kibrni o‘ldirishga jahd qilamiz, chunki shayton alayhila’na mutakabbir edi, aynan kibr-havo tufayli uning bo‘yniga tavqi la’nat tushgan. Kibrli odam takabbur bo‘ladi, holbuki, haj – jihodning bir turi hisoblanadi, bu jihoddan asosiy maqsad esa kibrni o‘ldirishdir.

Bas, kishi kibru havodan qutulmagan bo‘lsa, hajga borishdan maqsadni yaxshi anglamagan bo‘lib chiqadi, chunki ichidagi shaytonni tosh otib ham o‘ldira olmagan-da. Bas, haj uning uchun bir sayohat maqomida bo‘libdi. Bundaylar “hoji ota”, “hoji ona” sifatida yanada izzattalab bo‘lib qoladi.

Kibrini mahv etish bilan birga, hoji odam g‘ururini ham sindira olgani durust. Chunki g‘urur ham mo‘’min uchun ofat. Ba’zilarning bir marta ado etilishi farz bo‘lgan hajga bir necha marotaba borib kela berishi, albatta, uning ixlosi tufayli, ammo bu safar evaziga boshqa, qo‘li qisqaroq odamlarning navbati keyinga surilib, ehtimolki, kimlardir haj armoni bilan dunyodan o‘tib ketadigan bo‘lsa, nauzanbilloh, boshqalarni noumid qilish evaziga amalga oshgan bunday safari uning uchun savob emas, gunoh amallardan bo‘lib qolishi ham mumkin. Chunki bu ham ayrimlarning o‘tar dunyoda orttirgan to‘rt tangalik boyligi g‘ururi tufayli bo‘ladi. Holbuki, ulamolarning aytishicha, insonning Olloh taologa eng maqbul xislatlaridan biri kamtarlik ekan. Biz Baytullohga Olloh nazarida hech narsaga arzimaydigan kibru g‘ururni emas, kamtarligimizni tuhfa qilib olib borganimiz durust. G‘urur esa bandaning Ollohga aztahidil yaqinligini poymol etadi. Shuning uchun ham Navoiyning ushbu bayti barchamizning shiorimizga aylansa, ayni muddao bo‘lur edi:

Yor vaslig‘a quvondim, qovdi ko‘yidin meni,
Ey Navoiy, hech kishi davlatqa mag‘rur o‘lmasun…

Manba: «Ma’rifat saodati» gazetasi

Imom G’azzoliy. Qalb kitobi. «Ihyou ulumid-din»dan — Xurshid Davron kutubxonasi by Khurshid Davron on Scribd

005

(Tashriflar: umumiy 549, bugungi 1)

Izoh qoldiring