Hakim Sanoyi. «Hadiqatul-haqoiq»dan rivoyatlar

Ashampoo_Snap_2016.10.08_18h20m19s_005_.png     Уч мусулмон Рум урушига бориб, тез орада душманга асир тушиб қолибдилар. Рум қайсари вакиллари орқали уларга шарт қўйибди: “Агар ислом динидан юз ўгириб, масиҳийликка ўтсангиз, омон қоласизлар, акс ҳолда, сизларни қатл этамиз” дебди…

АБУЛ МАЖИД САНОЙИ
“ҲАДОЙИҚУ-Л-ҲАҚОЙИҚ”ДАН  РИВОЯТЛАР
0034

006     Ҳаким Абдулмажид Маждуд бинни Одам Саноий-Ғазнавий (حکیم ابوالمجد مجدود ‌بن آدم سنایی غزنوی‎) XII асрда яшаган буюк шоир ва алломадир. Алломанинг «Ҳадиқул ҳақиқат», «Тариқул таҳқиқ», «Ишқнома», «Ақлнома», «Ғарибнома», «Афвнома» асарлари тасаввуф адабиётининг етук ва ёрқин иамуналари ҳисобланади. Унинг ғазаллари ва рубоийларида абадий ишқ ва ҳақиқат тараннум этилади, абадий ишқ ва ҳақиқатга интилган инсон қалбининг орзулари янграйди.

0034

Фил ҳақида кўрларнинг фикри

  Тоғлар ортида фақат кўрлар жамоаси яшайдиган бир шаҳар бор экан. Бир куни буларнинг яқинидаги йўлдан хорижий подшоҳ шон-шавкатли лашкари билан ўтиб кетаётиб, шу атрофга вақтинча қўниб, чодирларини тиклабди. Подшоҳнинг қўшинида кўп жангларда душманларни қийратган бир жанговор фил ҳам бор экан. Филнинг овозасини эшитган кўрлар жамоаси у қандай ҳайвон эканлигини билиб келиш учун тўртта кўрни вакил қилиб юборибди.

Кўрлар умрида филни кўрмаганлари учун кела солиб, ҳайвоннинг турли жойларини пайпаслаб, ушлаб кўришибди. Биттаси филнинг оёғини, биттаси – хартумини, биттаси – қулоғини, биттаси белини ушлаб кўриб, филнинг қандайлигини билдим, деб ўйлабди.

Вакил кўрлар ўз жамоасига қайтганида шаҳар аҳли йиғилиб, фил нималигини тезроқ билгиси келиб, сўраб-суриштирибдилар.

Филнинг япалоқ катта қулоғини ушлаб билган кўр:

— Фил япалоқ бўлиб, кигизга ўхшаркан, — дебди.

Филнинг хартумини ушлаган кўр:

— Фил – узун, эгилувчан ичакдай ичи бўш, лекин жуда кучли нарса экан, — дебди.

Ҳайвон оёғини ушлаган кўр:

— Фил устун каби йўғон ва мустаҳкам бир нарса, — дебди.

Кўрларнинг ҳар бири ўзи билган қисмни айни ҳақиқат деб билиб, қатъий ишонч ҳосил қилибди. Ҳеч бири филни бус-бутун тасаввур қилолмагани сабабли у ҳақда айни ҳақиқатни билолмабди. Чунки ҳақиқий билимни кўзи (қалб кўзи) очиқларгина билади. Илоҳий оламнинг бир бутунлигини билиш ҳам (қалб кўзи) кўрларга насиб этмайди.

Туянинг бўйни нега қийшиқ?

Бир одам қирда ўтлаб юрган туяни кўриб, “Нега бўйнинг қийшиқ?” деб таъна, дашном берибди.

Туя бундай жавоб берибди:

— Эй, одам, сен менинг бўйнимни ўтаб юрганда эмас, чўлда йўл босаётганимда нақадар тўғрилигини кўрасан. Камон ҳам ўқни узоққа етказиш учун қаттиқ эгилади.

Бу суҳбатни эшитган учинчи одам деди:

— Оқил одамларга қийшиқ бўйин ҳам гўзал кўринади ва оқиллар ҳеч қачон қийшиқ бўйинга таъна қилмайдилар.

Ғилай кўзга қўш кўринар

Бир одам дўстига тушунтирарди:

— Ғилай кўзли одамга бир нарса иккита кўринади.

Дўсти унинг бу фикрига ишонмади ва ўзи бир ғилай одамни топиб сўради: Ғилай аввалги одамнинг фикрини рад этиб, деди:

— У бекор айтибди, биз нарсаларни тўғри кўрамиз. Бизга осмондаги ой тўртта бўлиб кўринмайди-ку?

Ҳақиқатни билишни истаган одам шу хулосага келдики, ҳар ким ҳаётда нарсаларни ўзича кўрар экан. Ҳақ таоло одамларни турлича қараш билан яратган экан. Бунинг ҳикматини одамзоднинг ақли билан билолмас экан.

Халифа Умар ва болалар

Бир куни халифа Умар йўлда бораётиб, бир тўп болалар ўйнаб турганини кўрибди. Халифани кўриб, болалар ҳар томонга қочиб кетибдилар. Фақат бир бола қочмай тураверибди.

— Нимага сен қочиб кетмадинг? – деб сўрабди халифа ундан.

Болакай жавоб берибди:

— Эй, мўминлар амири, нима учун қочаман? Ахир сен золим эмассан, мен ўғри эмасман-ку. Айби йўқ одам қочиб нима қилади.

Халифа Умар боланинг зийраклигига қойил қолибди ва уни ўз тарбиятига олибди. Бу бола кейинчалик машҳур лашкарбоши бўлиб етишган Абдуллоҳ ибн Зубайр экан.

Сохта ошиқ

Бир одам айтар эди: Ишқнинг кўзи кўрдир, ошиқ жинни, мажнундир, у ақл-ҳушга келса ишқидан айрилади. У фикрини қуйидаги ҳикоят билан далиллар эди.

Бир ошиқ ҳар куни маъшуқасини кўриш учун Дажла дарёсини сузиб ўтар экан. Аммо у бир куни маъшуқасининг юзида бир доғ борлигини кўриб қолибди. Сўнг у дарёдан яна сузиб ўтаётганида маъшуқасининг юзидаги доғ ҳақида ўйлаб, жасорати тугабди ва чўкиб кетибди.

Чин ошиқ ишқда ҳаёлини бошқа нарсага чалғитмаслиги керак. Бир гўзал севгилисини ишқда вафодорлигини синаб кўриш учун бундай дебди:

— Эй йигит, мен унчалик чиройли эмасман, опамнинг гўзаллигини бир кўрсанг эди…

Йигит қизнинг опаси қандай экан, деб у ёқ, бу ёққа қараган экан, унинг ишқи чин эмаслиги билиниб қолибди.

Беш кунлик дунё

Одамлар абадий яшайман дегандай, ҳар дақиқа келиб қолиши мумкин бўлган ўлимни ўйламайдилар.

Ҳатто Ҳақ таоло марҳамати билан 950 йил яшаб, тўфонда жон сақлаб қолган Нуҳ пайғамбар ҳам умр қисқалигидан нолиган экан.

Луқмони ҳаким Нуҳ пайғамбарнинг ўша сўзини эслаб, минг йилдан ортиқ яшаса ҳам, уй-жойини мустаҳкам, пишиқ, пухта қилиб олмаган экан.

— Нима учун бу вайронангизни тузатиб олмайсиз? – деб сўраганларга у:

— Беш кунлик дунёда мен учун шу уй ҳам бўлаверади, ўзи яхши, — деб жавоб қилар экан.

Бу – ҳақиқий жамоа эмас

Хулафои рошидиндан бири ҳазрат Умар бир куни шаҳар айланиб юрганида бир жамоани учратибди ва сизлар кимсизлар? – деб сўрабди.

Жамоа аҳли “Биз ўзаро аҳил, ҳамжиҳат, бир тан, бир жон жамоамиз”, дебдилар.

Ҳазрат Умар бундай савол берибди:

— Ҳар бирингизнинг мулкингиздан кўпчилик фойдаланадими ёки ҳар ким ўз мулкидан ўзи фойдаланадими?

— Бизда ҳар ким ўз маблағини сақлайди. Кимда қанча динор ва дирҳам борлигини биз билмаймиз ва билишни ҳам истамаймиз.

Халифа Умар бир оз ўйланиб туриб, деди:

— Сизлар аҳил жамоа эмас экансиз, ишларингиз чатоқ. Агар сизларда олтин, кумуш – динор ва дирҳамлар умумий бўлиб, биров жуда бой, биров жуда қашшоқ бўлмасайди, ҳар ким умум бойлигидан бемалол фойдалана олсайди, сизни аҳил жамоа дейиш мумкин эди.

Тилда ва дилда

Уч мусулмон Рум урушига бориб, тез орада душманга асир тушиб қолибдилар. Рум қайсари вакиллари орқали уларга шарт қўйибди: “Агар ислом динидан юз ўгириб, масиҳийликка ўтсангиз, омон қоласизлар, акс ҳолда, сизларни қатл этамиз” дебди.

Асир жангчилар бу таклиф ва фармонни эшитиб, ўзларича ўйга толибдилар. Асир тушган жангчилардан бири аввал фақиҳ бўлиб, шариат қонунларини (аҳкомларини) яхши билар экан. У ўйлаб кўриб, “Мен дилимда эмас, тилимда ўз динимдан кечсам, омон қоламан, бу гуноҳ бўлмас”, деган хулосага келибди.

Учинчи жангчи ҳазрат Али авлодига мансуб саййидлардан экан. У ўйлабди: “Мен вазият тақозоси билан тилимда динимдан воз кечсам, маҳшар куни буюк аждодим менга шафоат қилар”.

Учинчи жангчи ўз умрида кўп гуноҳ ишлар қилган безори одам экан. У сафдошларининг фикрларини эшитиб, ўйга толибди ва дебди:

— Менга ҳеч ким шариат аҳкомларини ўргатмаган, ҳеч бир қариндошим мени ҳимоя қилмайди. Шу сабабли мен динимдан воз кечмайман ва ўлимимга розиман. Охиратда ҳеч бўлмаса шу ишим – динимдан қайтмай ўлиб кетганим учун менга раҳм қилишса керак. Минг-минг гуноҳ билан яшаганимдан кўра битта савобли амал билан яхши ном чиқариб, ўлганим яхши!

Учала асир жангчи ўз айтганларини қилибдилар. Булардан қайси бири охиратда нажот топишини фақат Ҳақ таоло билади.

59ff0e21cdee.jpg
ABUL MAJID SANOYI

“HADOYIQU-L-HAQOYIQ”DAN RIVOYATLAR
0034

006    Hakim Abdulmajid Majdud binni Odam Sanoiy-G’aznaviy (حکیم ابوالمجد مجدود ‌بن آدم سنایی غزنوی‎)) XII asrda yashagan buyuk shoir va allomadir. Allomaning «Hadiqul haqiqat», «Tariqul tahqiq», «Ishqnoma», «Aqlnoma», «G’aribnoma», «Afvnoma» asarlari tasavvuf adabiyotining yetuk va yorqin iamunalari hisoblanadi. Uning g’azallari va ruboiylarida abadiy ishq va haqiqat tarannum etiladi, abadiy ishq va haqiqatga intilgan inson qalbining orzulari yangraydi.

0034

Fil haqida ko’rlarning fikri

Tog’lar ortida faqat ko’rlar jamoasi yashaydigan bir shahar bor ekan. Bir kuni bularning yaqinidagi yo’ldan xorijiy podshoh shon-shavkatli lashkari bilan o’tib ketayotib, shu atrofga vaqtincha qo’nib, chodirlarini tiklabdi. Podshohning qo’shinida ko’p janglarda dushmanlarni qiyratgan bir jangovor fil ham bor ekan. Filning ovozasini eshitgan ko’rlar jamoasi u qanday hayvon ekanligini bilib kelish uchun to’rtta ko’rni vakil qilib yuboribdi.

Ko’rlar umrida filni ko’rmaganlari uchun kela solib, hayvonning turli joylarini paypaslab, ushlab ko’rishibdi. Bittasi filning oyog’ini, bittasi – xartumini, bittasi – qulog’ini,
bittasi belini ushlab ko’rib, filning qandayligini bildim, deb o’ylabdi.

Vakil ko’rlar o’z jamoasiga qaytganida shahar ahli yig’ilib, fil nimaligini tezroq bilgisi kelib, so’rab-surishtiribdilar.

Filning yapaloq katta qulog’ini ushlab bilgan ko’r:

— Fil yapaloq bo’lib, kigizga o’xsharkan, — debdi.

Filning xartumini ushlagan ko’r:

— Fil – uzun, egiluvchan ichakday ichi bo’sh, lekin juda kuchli narsa ekan, — debdi.

Hayvon oyog’ini ushlagan ko’r:

— Fil ustun kabi yo’g’on va mustahkam bir narsa, — debdi.

Ko’rlarning har biri o’zi bilgan qismni ayni haqiqat deb bilib, qat’iy ishonch hosil qilibdi. Hech biri filni bus-butun tasavvur qilolmagani sababli u haqda ayni haqiqatni bilolmabdi. Chunki haqiqiy bilimni ko’zi (qalb ko’zi) ochiqlargina biladi. Ilohiy olamning bir butunligini bilish ham (qalb ko’zi) ko’rlarga nasib etmaydi.

Tuyaning bo’yni nega qiyshiq?

Bir odam qirda o’tlab yurgan tuyani ko’rib, “Nega bo’yning qiyshiq?” deb ta’na, dashnom beribdi.

Tuya bunday javob beribdi:

— Ey, odam, sen mening bo’ynimni o’tab yurganda emas, cho’lda yo’l bosayotganimda naqadar to’g’riligini ko’rasan. Kamon ham o’qni uzoqqa yetkazish uchun qattiq egiladi.

Bu suhbatni eshitgan uchinchi odam dedi:

— Oqil odamlarga qiyshiq bo’yin ham go’zal ko’rinadi va oqillar hech qachon qiyshiq bo’yinga ta’na qilmaydilar.

G’ilay ko’zga qo’sh ko’rinar

Bir odam do’stiga tushuntirardi:

— G’ilay ko’zli odamga bir narsa ikkita ko’rinadi.

Do’sti uning bu fikriga ishonmadi va o’zi bir g’ilay odamni topib so’radi: G’ilay avvalgi odamning fikrini rad etib, dedi:

— U bekor aytibdi, biz narsalarni to’g’ri ko’ramiz. Bizga osmondagi oy to’rtta bo’lib ko’rinmaydi-ku?

Haqiqatni bilishni istagan odam shu xulosaga keldiki, har kim hayotda narsalarni o’zicha ko’rar ekan. Haq taolo odamlarni turlicha qarash bilan yaratgan ekan. Buning hikmatini odamzodning aqli bilan bilolmas ekan.

Xalifa Umar va bolalar

Bir kuni xalifa Umar yo’lda borayotib, bir to’p bolalar o’ynab turganini ko’ribdi. Xalifani ko’rib, bolalar har tomonga qochib ketibdilar. Faqat bir bola qochmay turaveribdi.

— Nimaga sen qochib ketmading? – deb so’rabdi xalifa undan.

Bolakay javob beribdi:

— Ey, mo’minlar amiri, nima uchun qochaman? Axir sen zolim emassan, men o’g’ri emasman-ku. Aybi yo’q odam qochib nima qiladi.

Xalifa Umar bolaning ziyrakligiga qoyil qolibdi va uni o’z tarbiyatiga olibdi. Bu bola keyinchalik mashhur lashkarboshi bo’lib yetishgan Abdulloh ibn Zubayr ekan.

Soxta oshiq

Bir odam aytar edi: Ishqning ko’zi ko’rdir, oshiq jinni, majnundir, u aql-hushga kelsa ishqidan ayriladi. U fikrini quyidagi hikoyat bilan dalillar edi.

Bir oshiq har kuni ma’shuqasini ko’rish uchun Dajla daryosini suzib o’tar ekan. Ammo u bir kuni ma’shuqasining yuzida bir dog’ borligini ko’rib qolibdi. So’ng u daryodan yana suzib o’tayotganida ma’shuqasining yuzidagi dog’ haqida o’ylab, jasorati tugabdi va cho’kib ketibdi.

Chin oshiq ishqda hayolini boshqa narsaga chalg’itmasligi kerak. Bir go’zal sevgilisini ishqda vafodorligini sinab ko’rish uchun bunday debdi:

— Ey yigit, men unchalik chiroyli emasman, opamning go’zalligini bir ko’rsang edi…

Yigit qizning opasi qanday ekan, deb u yoq, bu yoqqa qaragan ekan, uning ishqi chin emasligi bilinib qolibdi.

Besh kunlik dunyo

Odamlar abadiy yashayman deganday, har daqiqa kelib qolishi mumkin bo’lgan o’limni o’ylamaydilar.

Hatto Haq taolo marhamati bilan 950 yil yashab, to’fonda jon saqlab qolgan Nuh payg’ambar ham umr qisqaligidan noligan ekan.

Luqmoni hakim Nuh payg’ambarning o’sha so’zini eslab, ming yildan ortiq yashasa ham, uy-joyini mustahkam, pishiq, puxta qilib olmagan ekan.

— Nima uchun bu vayronangizni tuzatib olmaysiz? – deb so’raganlarga u:

— Besh kunlik dunyoda men uchun shu uy ham bo’laveradi, o’zi yaxshi, — deb javob qilar ekan.

Bu – haqiqiy jamoa emas

Xulafoi roshidindan biri hazrat Umar bir kuni shahar aylanib yurganida bir jamoani uchratibdi va sizlar kimsizlar? – deb so’rabdi.

Jamoa ahli “Biz o’zaro ahil, hamjihat, bir tan, bir jon jamoamiz”, debdilar.

Hazrat Umar bunday savol beribdi:

— Har biringizning mulkingizdan ko’pchilik foydalanadimi yoki har kim o’z mulkidan o’zi foydalanadimi?

— Bizda har kim o’z mablag’ini saqlaydi. Kimda qancha dinor va dirham borligini biz bilmaymiz va bilishni ham istamaymiz.

Xalifa Umar bir oz o’ylanib turib, dedi:

— Sizlar ahil jamoa emas ekansiz, ishlaringiz chatoq. Agar sizlarda oltin, kumush – dinor va dirhamlar umumiy bo’lib, birov juda boy, birov juda qashshoq bo’lmasaydi, har kim umum boyligidan bemalol foydalana olsaydi, sizni ahil jamoa deyish mumkin edi.

Tilda va dilda

Uch musulmon Rum urushiga borib, tez orada dushmanga asir tushib qolibdilar. Rum qaysari vakillari orqali ularga shart qo’yibdi: “Agar islom dinidan yuz o’girib, masihiylikka o’tsangiz, omon qolasizlar, aks holda, sizlarni qatl etamiz” debdi.

Asir jangchilar bu taklif va farmonni eshitib, o’zlaricha o’yga tolibdilar. Asir tushgan jangchilardan biri avval faqih bo’lib, shariat qonunlarini (ahkomlarini) yaxshi bilar ekan. U o’ylab ko’rib, “Men dilimda emas, tilimda o’z dinimdan kechsam, omon qolaman, bu gunoh bo’lmas”, degan xulosaga kelibdi.

Uchinchi jangchi hazrat Ali avlodiga mansub sayyidlardan ekan. U o’ylabdi: “Men vaziyat taqozosi bilan tilimda dinimdan voz kechsam, mahshar kuni buyuk ajdodim menga shafoat qilar”.

Uchinchi jangchi o’z umrida ko’p gunoh ishlar qilgan bezori odam ekan. U safdoshlarining fikrlarini eshitib, o’yga tolibdi va debdi:

— Menga hech kim shariat ahkomlarini o’rgatmagan, hech bir qarindoshim meni himoya qilmaydi. Shu sababli men dinimdan voz kechmayman va o’limimga roziman. Oxiratda hech bo’lmasa shu ishim
– dinimdan qaytmay o’lib ketganim uchun menga rahm qilishsa kerak. Ming-ming gunoh bilan yashaganimdan ko’ra bitta savobli amal bilan yaxshi nom chiqarib, o’lganim yaxshi!

Uchala asir jangchi o’z aytganlarini qilibdilar. Bulardan qaysi biri oxiratda najot topishini faqat Haq taolo biladi.

007

(Tashriflar: umumiy 463, bugungi 1)

Izoh qoldiring