Vafo Fayzulloh. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.10.12_22h37m30s_001_a.png      Бугун сизга тақдим этилаётган шеърларнинг аксарияти, муаллифнинг айтишига кўра, «ёруғ” эмас деб алёрбоз нашрлардан қайтган. Шоир  мавзу ва қайғусидан қатъий назар ҳар қанақа шеърни ёруғлик деб қабул қилиш керак, деб таъкидлайди.

ВАФО ФАЙЗУЛЛОҲ
ШЕЪРЛАР
09

_AGJ3646.JPGВафо Файзуллоҳ 1963 йили 27 июлида Бухоро (ҳозирги Навоий) вилояти, Кармана туманидаги, Тоғгузар қишлоғида туғилган. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий уневерситети) журналистика факультетида ва Москвадаги Адабиёт институти Олий адабиёт курсида таҳсил олган.
“Ҳут” (1993), “Хабарсиз севинч” (1997), “Мангу лаҳза” (2000) , “Жон йўли” (2008), “Азалий ғусса”(2013) шеърий, “Чақмоқ ёруғи”(2012) насрий китоблар муаллифи. Шеърлари “XX аср ўзбек шеърияти антологияси”га(2008) киритилган . Ижодидан намуналар ҳорижда ҳам нашр қилинган. Жумладан Москвада “Камертон”(2010,№ 7) “Дружба народов”(2011, № 12), “Новая юность”(2013,№ 1)адабиий журналлари; “Путь мастерская”(2010,2013.) “Узбекские слова”(2013)жамоа тўпламларида шеърий туркумлари берилган. Ф. Кафканинг “Жараён” романини, “Отамга хат” эссесини, М.Митерлинкнинг “Сўқирлар” драмасини, Г.Г.Маркеснинг “Полковникка ҳеч ким хат ёзмайди”қиссасини, Х.Борхес, К.Ҳамсун, Р.Акутагава ҳикояларини, Ш.Бодлер, П.Верлин, А.Рембо, И.Бунин, Н.Гумилёв, И.Бродский ва М.Цветаева шеърий туркумларини таржима қилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси. Тошкентда яшайди. “ШАРҚ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририятида ишлайди.

09

АБДУРАУФ ПАРФИ

Тишсиз тўртта шеърим қолди зулматда
Уммон қаъридаги тушдай сарғайиб.
Ҳаёт, севавердим сени ҳижратда
Оломон қарғаган кўнглимни чайиб.

Аввал дорга тортди фикрни ғаддор,
Қабрини метинлаб тилдан қўймади.
Ёлғон доирага сиғмаган баҳор,
Тоғларларда занжирбанд лола йиғлайди.

Ожиз меҳрим билан кўприклар солдим,
Ҳақнинг жамолига жуда ҳам ташна.
Ишқимнинг жон жойида ҳилпирар ёли,
Ўзим эврилганча қорайган тошга.

Муқаддас ваъда бериб нокас алдади,
Яшил ялов билан артиб кир юрагини.
Ҳислар полизида қўтир итлар талади,
Ёрилиб кетган ёлғон шира дардида…

Мен сизга тоабадга эл бўлолмайман,
Залолат кўчасида изғиб юрганлар,
Садоқатни сотиб орсиз қолганлар,
Дили ғилай, сўзин Кўнгил урганлар.

Зеро хаёлларим дарёдай тоза,
Ёлғондан қизғанаман ҳақни бир умр.
Ҳақир юрагимга бериб андоза,
Таъмамни сўқир этди, кўнглимни басир.

Оқ хатларим само тўрида пойга,
Тупроқ қатларида чўғдай имконсиз.
Барибир ишонаман дардсевар ойга,
Бир кун боқадирман кунга армонсиз.

Исқирт чоғирига сархуш маст тўда.
Болакай нигоҳини сутдай шопирдим.
Хиёнаткор нафсим ҳар кун кундада,
Дунёмни иймонимга топширдим.

Тишсиз тўртта шеърим майли узлатда…

ФАРРОШ. ХV АСР

(Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратлари шарафли Ҳаж ибодати учун Маккаи Мукаррамага ва Пайғамбаримиз (салаллоҳи алайҳи ва саллам) зиёратига Мадинаи мунавварага сафар қилиш улуғ армон бўлаётганидан буюк ғамга ботиб, Хуросон подшоҳи, соҳибқирон Ҳусайн Байқарога махсус расмий ўтинчнома билан мурожаат қиладилар ва Ҳиротдаги табаррук қадамжо Хожа Абдуллоҳ Ансорий мозорига журубкаш (фаррош) этиб тайинлашни ўтинадилар. Илтимос шоҳ ва шоир Байқаронинг фармони билан қондирилади.)

Ўғлим кетиб қолган ўрмонга,
Қизим турналарга ўланчи.
Ҳеч ҳам тушунмадим мардонга,
Шоҳдан шоиргача тиланчи…
Бўлгим келди бор-йўғи фаррош
Ёлғонга, ёлғонга, ёлғонга…

Боғимда шамоллар тунайди,
Кузни пойлар баҳорги қуёш…
Хатимга ким жавоб йўллайди,
Қаламин синдирган замондош…
Бўлгим келди бор-йўғи фаррош
Хазонга, хазонга, хазонга…

Сотиб бўлди сирларни булбул,
Катта-кичик ҳовлилар талош.
Сарғайганча жаннатий бир гул,
Кўнгил учун тўкар эди ёш…
Бўлгим келди бор-йўғи фаррош
Армонга, армонга, армонга…

15.11.2010, Москва

***

Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам…
Мақол

Наҳот дўстим сотди?
Йиғлади кўклам.
Душман ғамга ботди,
Яқин сўнгги дам.
Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам!..

Мен ҳам шоирманми,
Ҳақни демасам?
Мен ҳам булбулманми,
Сўлдирдим гулни…
Жаннат деб бўйлаганим
Чиқди жаҳаннам.
Ўлдирдим тирикчилик
Учун кўнгилни…
Айтсам ўлдирурлар,айтмасам ўлам!..

Бегонадир Ватан, ошно ватанлар,
Ўзимники истар қилмоқ қуллигим.
Йироқлар менга тикар зарбоф кафанлар,
Зор қилма тупроғимга хўрлаб тиригим.
Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам.

Нафсми, тақво ҳоким ойна сўзимда,
Қонига тортди, деманг, бу тилсиз, меров…
Инградим хоинларни кўриб ўзимда,
Қайданам юрагимни тушунсин биров…
Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам!

Айтсам ўлдирурлар, айтмасам ўлам!..

17.05.2011, Москва

ҲАЁТ ШУМИ?

Бир зум бермагайдир тин,
Алдов, макр қор бўронлари…
Кимнинг ханжарига кимдир қўсқи қин,
Иблис ҳоким шавқ замонлари.
Ҳаёт шуми?

Ит ёнида тиржаяр ҳўкиз,
Майми, заҳар кунлар тутар шум.
Тўраларга йиғлар чанқовуз:
Сиз зотларга бахт бўлмоғим дум.
Ҳаёт шуми?

Қайда орзу, қайда армонлар,
Муҳтожларнинг ажри пойгада.
Йўлдан чиқиб кетган карвонлар,
Мешларида ўлик дабдаба.
Ҳаёт шуми?

Керак эмас икки дунёда,
Кўприк эмас оламлар аро.
Бориб келар жондай савдода
Зир титратар нафс отли наво.
Ҳаёт шуми?

Азиз пирлар олами карахт,
Бадбахтгина шомларда ой йўқ.
Кўз очганинг мевасиз дарахт,
Мавҳум нишон, бемаънодир ўқ…
Ҳаёт шуми?

ШОИРГА КИНОЯ

Ўзимга ўхшамас шеърлар ёздим мен,
Ишонганлар ҳайрон, қўрққанлар шодон,
Тамагирлар улфат, тилсизлар гапдон,
Наҳотки зиёга қабр қаздим мен…
Ўзимга ўхшамас шеърлар ёздим мен…

Маслагига етмай эзилди ҳикмат,
Денгиз ўртасида юрди тулкилар,
Уммонларни кечди бедил уккилар,
Аслига қайтмайди наҳотки фитрат?
Маслагига етмай эзилди ҳикмат…

Дала-даштлар билан телба урушдим,
Салим маъволардан келмади мужда,
Тақдирни ҳал қилди донишманд жўжа,
Наҳотки ноҳақлик бўлди бўлишим,
Нопоклар ҳайқирди кўриб сўлишим…

Ўзимга нораво даврон… сурдим мен,
Кўз ёш орқалаган карвон кўрдим мен…

3.02.2014

***

Сўқир эдим… Байтуллоҳга етган басирман.
Ҳур бўлдим-ку ўз нафсига банди асирдан…

Изламайман бошқа ҳабиб, басдир Худойим!
Хиёнатни билмайдиган Дўстдир Худойим!

Қаҳрларни оралаган меҳр йўлиқди,
Кўнглим ишққа, қароқларим нурга тўлиқдир.

Фитрати пок, дийдаси бўш, олия жоҳга,
Амри наввот, ажри фирдавс мангу паноҳга,

Ҳирсу ҳавас бўронидан қочиблар келдим,
Журми исён замонидан қочиблар келдим!..

Сўқир эдим… Байтуллоҳга етган басирман!

25.05.2014, Сирғали

ЙЎЛ БОР

Тоғларда тентирадим йўл излаб ночор,
Чўққида биланглади мор мисоли йўл.
Хаёлимга келди йўл мисоли дор…
Даҳшат ўраганда сайради булбул:
Мен-да тополмаган барибир йўл бор,
Сен-да тополмаган барибир йўл бор –

Йўл бор осмонларда, ҳам уммонларда,
Қайинлар қучоқлашган зич ўрмонларда,
Кўнгил излаб юрган шашмақомларда!
Изла, қилгин қарор, бўлма беқарор!
Сен-да тополмаган барибир йўл бор –
Мен-да тополмаган барибир йўл бор…

Филлар галасида қандайдир қўр ёр,
Шерлар дарасида нарлари саркор
Ўтиб бўлмас тоғлар деганинг бекор!
Ёриб бўлмас музлар – асотир девор.
Сен-да тополмаган барибир йўл бор –
Мен-да тополмаган барибир йўл бор…

Қушлар учиб кетди, қилмадинг изҳор,
Ёмғирлар ёғиб ўтди, мўлтирадинг зор…
Уларнинг йўллари бор, билади баҳор,
Сенинг сўқмоғингни ким қилар ошкор?
Сен-да тополмаган барибир йўл бор –
Мен-да тополмаган барибир йўл бор…

Карлар жаранг топди, сўқирлар соз йўл,
Гўллар айёр бўлди, тадбирлари мўл,
Навони ямлаб-юлди сохта машшоқлар,
Кўнгилнинг энг тўрида қотил дашноқлар…
Қайда кишанланган ошиқ-маъшуқлар,
Қайда қолиб кетган кўзи ёшлиқлар?

Уларга йўл йўқ дейсан, эй сўқир бемор!
Уларга гул йўқ деган важларинг бекор.
Азалдан абадгача ошиқлар сардор,
Азалдан абадгача маъшуқлар хумор…
Йўл бор ошиқ учун, ҳамиша йўл бор,
Йўл бор маъшуқ учун, ҳамиша йўл бор!..

Меҳнат эмас олтин кўзинг ўйнатар,
Гўзал эмас, ёлқин кўзинг ўйнатар,
Маъно эмас талқин кўзинг ўйнатар,
Уларда идрок қайда, қорин борки ғор,
Нафси аммораю, мутеликка ёр…
Қулликка, махбусликка ҳамиша тайёр!..

Ҳаётда! Ҳеч бўлмаса ҳаётда бир бор
Маъно излаганга ёруғ бир йўл бор!
Майли қашқири кўп, тўнғизи ғаддор,
Майли ўр-қири бор, юлдузи-да бор.
Арзир шунинг учун бўлмоқлик бедор,
Арзир шунинг учун жон этмоқ нисор!

Сен-да тополмаган барибир йўл бор –
Мен-да тополмаган барибир йўл бор…

ЁМҒИР

Ёмғир ёғаверди йиллаб мен учун,
Эзиб ёғаверди билмасдан тиним.
Ёмғир ёғаверди кўрсатиб кучин
Ношудлигим учун қўзитиб жиним.
Кўнглимга бошпана йўқ ёмғир остида,
Титрадим, дилдирадим қушдай қўнишиб.
Булутларнинг бағри эди осуда
Етарманми, борар жоним увишиб.
Уйларда, шамсиялар остида шодон,
Оломон шаҳар бериб, хандалар отди.
Кечикдим дўстларимни бўғганда армон,
Ҳеч қайтмагай фурсат, гул хотироти.
Нега садоқатнинг кўркин сўрадим,
Бўлди оқибатнинг йўллари тугун
Онам полапонларга тутган юрагин,
Қарғага эврилибди полапон бугун…
Шижоатим қани иблис зоғларни
Ҳайдамоққа боғдан! Булбул армони.
Бошлаб келгум келар саҳро, тоғларни
Сабрим қани менинг, яғир товони…
Меҳрим қани менинг, борим бахтга зор
Девлар водийида қумрим жория.
Қишлоғимда укки ҳар кулбада бор,
Қирққа етмай кетган соҳиби уя.
Бу дунёда менинг севгилим борми
Йиғласа кўз ёшини артсам юпатиб,
Менинг меҳрим билан биров бедорми,
Эллик йил аразладим ўзимга ботиб…
Хасмим жинлар мактабида роҳиба.
Ўғлим учун йиғлаб тиклаган нишон,
Ханжар чархлаб, оғу суртган соҳиба
Кулбамни эгаллаган, мен унут жаҳон…
Ёмғир англатдингми барин қадрдон
Ҳамиша от қамчилаб, заҳматлар тила.
Ҳамроҳинг бўла олсам агар жўражон,
Ғамимга парво қилма, ҳеч парво қилма!..
Ёғавергин тинмай, дарё бўлиб оқ,
Мени оқиз майли, йўлингдан қайтма!
Томчингга аралашсин ёшим беадоқ ,
Фақат номардларга уни кўрсатма!..

ДИЛШОДИМНИНГ НОЛАЛАРИ

Баҳор куртагига йиғлаб етдим мен,
Абад ивирсиди юрагимда қиш.
Жонимни сўраганга кўнгил тутдим мен,
Қирда лола севмоқ ёзиғимда туш…

Соқов дунё мудраб топади лаззат,
Маъсум кўзларимни юммам ярим тун.
Тўшагимга ҳурлар келтирар неъмат,
Қиёмат соатидир мен яшаган кун…

Баҳор куртагига йиғлаб етдим мен…

МУҲАББАТ

Ой сузади кўлмакда кема каби,
Қор уради йўлакда, ҳукми Рабби.
Нима бордир юракда, кўмилган из
Осмондаги чироқ каби ҳақиқат.
Умр бир дам, ўткинчимиз ўткинчи…
Фақат яшар, фақат боқий муҳаббат!

ДУНЁ…

Дунё сенинг мол-ҳолингга қарайди,
Кўзин олайтириб аёлингга қарайди,
Темир-тошдан деволингга қарайди…
Худо, юрагингга қарайди дўстим!

ИККИ ҚУТБ

Сайрашга зориққан бир ғариб булбул,
Адирлар адоғида ҳар кун қон ютар.
Ундан олис-олис чаманда бир гул,
Булбул сайрашини зориқиб кутар…

24.07.2017, Тоғгузар

МАХЛУҚ

Зоти-насабининг тайини йўқ ҳароми,
Ит танга узатса, думидан ўпар.
Тўнғиз қўрасидан тўлдирар жомин,
Эшакнинг ҳанграши нафсин қитиқлар…

МАНГУ САВОЛ

Қурт еган тераклар учди шамолга,
Синч бўла олмаслар, бор-йўғи ўтин.
Тут ўзингни ҳар кун мангу саволга –
Қуртлардан омон қола олдингми, дўстим?

ИҚРОР ВА ИНКОР

Улкан қоя эдинг, ой, осмон дўстинг,
Майдалар тинмасдан майдаладилар.
Парча-парча бўлиб ётибди кўксинг,
Ҳолингдан майдалар тиржаядилар…

ЭРКАК ВА ХОТИН

Ҳақнинг каломида равшан ҳақиқат,
Эркакни раҳбар қилди, фазл берди чин.
Сенга лаънат бўлсин, минг карра лаънат
Эркакнинг ўрнини олмоқчи хотин!..

24.07.2017, Тоғгузар

СЎЗГА МУНОСАБАТ

Ким сўзни сотди минг бор, ким сўз билан олди қарз,
Сўзга зуғум ўтказганлар қатори бунча узун.
Сўзни балчиқда кўриб, юрагимда неча дарз,
Кўкдан инган Калом-ку, йўлимдаги ҳар бир ун!

24.07.2017, Тоғгузар

ХОЛИС БЎЛ

Ҳар бир амалингни холис қил инсон,
Эшагингнинг сувдан ўтишини ўйлама.
Худо розилиги учун бўл ҳабиб, қурбон,
Қаттол ғанимингга ҳам ўлим тилама!

25.07.2017, Тоғгузар

ЭЧКИ ВА ТАКА

Ажаб замон , баъзи эрлар уйида бека,
Пул топай деб хотин кезади олам.
Гўё эчки улоқиб кетиб, сут тутар така…
Йўқотилгангами ва ё топганга, мубҳам,
Элга ош беришар, уйга қайтганда санам…

25.07.2017, Тоғгузар

ЮЛДУЗ ВА ЁНАРҚУРТ

Ҳар кимнинг қаришича турфа тасаввур:
Шоирни майхўр ўйлаб бир хашаки-ғўр,
Уйига жўнатди бир вагон чоғир,
Шоир шаробхўрмас, ерга тутқун ҳур!
Шоирни нафс йиғлатмас, йиғлатар қадр –
Ор топталса, гўнгга қорилса ғурур.
Шоир дардхўр балки, таътийди шуур,
Шоир симирар нур, таратар сурур,
Шоир ёруғликдан улашар ҳузур!
Ёнар қуртдан юлдузни фарқла-да довдир!

2017 йил июли

АҲВОЛ

Итлар кўпайгандан кўпайиб кетди,
Ҳар тун неча бора таланар карвон.
Саҳродаги нолон қон билан битди:
Ўзинг итларингга ўлжа бўл сакбон!..

30.07.2017, Тавоқсой

ЕЛКАМДАГИ ЧУМОЛИ

Мен дон сочдим,
Сув тараб
Оралаб буғдойзорни…
Замин сандиғин очди,
Кун ботарни қоралаб
Турналар учди баланд,
Қизғалдоқзор баҳорни
Ташлаб ўтгандир балки…

Шовиллади бошоқлар,
Куйдирди-ку саратон,
Булоқдай тотли сароб,
Ўпкаси йўқ қишлоқлар,
Сув талашди тегирмон,
Тепада толди офтоб.
Танимас буғдойзорни
Ниначилар ҳам бу он…

Куз кўнгли синиқ синглим,
Оқ дуррали зарғалдоқ.
Эзилган сўқмоқ кўнглим,
Кўзидаги мунг, фироқ.
Кунчиқарни қоралаб
Турналар учди баланд.
Қўлин белига тираб
Хирмонжойда минг манап…

Момонгнинг маҳрими ой,
Талаганми тадбиркор?
Мен машоқ терар гадой,
Олислардадир баҳор…
Ҳеч ким сўрмасми ҳолим,
Тутмайдими уволим?
Туш елкамдан, туш беор.
Елкамдаги чумоли!..

30.07.2017, Тавоқсой

ОЛИЙ ТИЛАК

Худойимнинг нури қалбимнинг қўри!
Ўшанинг шуъласи-ча олам чароғон.
Қани мўмин қули бўлсайдим бир он,
Жоним мени ҳеч аяма, бўл Унга чўри!

КУМУШ ҚОШИҚ

Бир куни бир ғарибнинг қалбин титкилаб
Бор-йўғи кумуш қошиқ топди зония.
Умрида бундай лаззат кўрмаган ажаб…
Сатангларнинг бари шу товуқмия!

Кимнинг кумуш қошиғига гиргиттон улар,
Кимнинг оқ қушини этган хизматкор.
Анов ғариб икки кўзи ўйилган каптар,
Унда на ёр бордир, на ўғил-қиз бор!..

30.07.2017, Тавоқсой

АДАШМОҚ САОДАТИ…

Адашган йўлларда порламас ахтар,
Саҳройи ўрмонда заҳматга қондим.
Зеҳнимни чархлади ғаройиб хатар,
Ёраб, адашгандан кейин уйғондим!..

30.07.2017, Тошкент, Ялонғоч ота мавзеи

ЯЛОҚҚА ҚАСИДА

Инсонмисан, мусулмонмисан?
Яна эр деб даъво қиласан ўзинг…
Лаган кўтаришда чемпионмисан?
Ўйилсин эл ҳаққига тикилган кўзинг!
Олтин бўлса ҳамки қўлингда ялоқ,
Ҳақдан эмас, халқумидан титраган қўрқоқ!

2017 йил, биринчи август

МЎЪЖИЗА

Сочингда оқ, чеҳранг паришон,
Сунбуланинг карвонида нигоҳи…
Теграсида ҳуштак чалган заъфарон,
Тийрамоҳда адашиб қолган оҳу.
Кўзларингни соғиниб яшар осмон,
Қарашлари ёниқ мангу баҳорда.
Ишон, мени ОДАМ этди шу армон.
Ҳув сўқмоқча, саждагоҳдир аҳрорга.

13.08.2017, Тавоқсой

ҲАҚИҚАТ ВА ЁЛҒОН

Ҳақиқат Ҳақнинг амри, аён ноаён
Собит тураверар сирлигида ҳам.
Йўқни йўндирмоқни кўзлаган ёлғон,
Ҳақиқат тимсолида кезади олам.

Олам кезиб, бунга излама ҳакам,
Дард чек, аслингга боқ, балки кифоя.
Ёлғоннинг даъволари қилмасин алам,
Ҳақнинг собитлиги билмас ниҳоя!

13.08.2017, Тавоқсой

ТАСДИҚ ВА ИЛТИЖО

Тобора ожизлигим гувоҳиман, оҳ,
Ютқизиқлар сири пайдар-пай аён.
Наҳот бошдан-охир ҳаётим гуноҳ?
Афв эт, ўзгага ҳеч кўрсатма Раҳмон.

16.08.2017, Тошкент

ТОШКЕНТДА

Марҳаматга кетиб қолгач Муҳаммад Юсуф,
Дархонга боқмай қўйди Пушкин ҳайкали…
Шоирлар хиёбонин излабми, қайдам
Руставели кўчасида ҳайрон турадир…

16.08.2017

***

Бир булбул сайрашга имкон топгунча,
Кимнинг ҳам эсига тушарди тоғлар?
Бардошинг етмаса тонглар отгунча,
Жим йўқол, сиқтама, керилсин зоғлар,
Боғлар сени танимасин, офтоб ботгунча…

23.08.2017, Сирдарё

***

Не истасам, ўзимни зор кўрдим,
Ёрни ағёру, ағёрни ёр кўрдим.
Эвоҳки, кўтарилгач парда сўнгида
Не истасам, ўзимда бор кўрдим…

ОНА – ОЛАМ МЕҲВАРИДА СЕН МЕНГА ТАЯНЧ,
Юзта дўстим бир ён – сен менга суянч.
Ҳечдир пешонамга битмаган гўзал,
Тақдири кажрафторнинг ҳукми шу азал.
Майли омадим йўқ, ақлим ҳам саёз,
Теграмда ўн икки ой ҳукмрон аёз.
Туғимда армон ранги бўлмас устувор,
Доим яшавергум бахтдан умидвор.
Дуоларинг ҳар чоғ менга мадаткор,
Она, бу дунёда сен борсан мен бор!

21.09.2017

Bugun sizga taqdim etilayotgan she’rlarning aksariyati, muallifning  taytishiga ko‘ra, «yorug‘” emas deb alyorboz nashrlardan qaytgan. Shoir mavzu va qayg‘usidan qat’iy nazar har qanaqa she’rni yorug‘lik deb qabul qilish kerak, deb ta’kidlaydi.

VAFO FAYZULLOH
SHE’RLAR
09

_AGJ3560.JPGVafo Fayzulloh 1963 yili 27 iyulida Buxoro (hozirgi Navoiy) viloyati, Karmana tumanidagi, Tog‘guzar qishlog‘ida tug‘ilgan. ToshDU (hozirgi O‘zbekiston Milliy uneversiteti) jurnalistika fakultetida va Moskvadagi Adabiyot instituti Oliy adabiyot kursida tahsil olgan.
“Hut” (1993), “Xabarsiz sevinch” (1997), “Mangu lahza” (2000) , “Jon yo‘li” (2008), “Azaliy g‘ussa”(2013) she’riy, “Chaqmoq yorug‘i”(2012) nasriy kitoblar muallifi. She’rlari “XX asr o‘zbek she’riyati antologiyasi”ga(2008) kiritilgan . Ijodidan namunalar horijda ham nashr qilingan. Jumladan Moskvada “Kamerton”(2010,№ 7) “Drujba narodov”(2011, № 12), “Novaya yunost”(2013,№ 1)adabiiy jurnallari; “Put masterskaya”(2010,2013.) “Uzbekskiye slova”(2013)jamoa to‘plamlarida she’riy turkumlari berilgan. F. Kafkaning “Jarayon” romanini, “Otamga xat” essesini, M.Miterlinkning “So‘qirlar” dramasini, G.G.Markesning “Polkovnikka hech kim xat yozmaydi”qissasini, X.Borxes, K.Hamsun, R.Akutagava hikoyalarini, Sh.Bodler, P.Verlin, A.Rembo, I.Bunin, N.Gumilyov, I.Brodskiy va M.Svetayeva she’riy turkumlarini tarjima qilgan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi. Toshkentda yashaydi. “SHARQ” nashriyot-matbaa aksiyadorlik kompaniyasi Bosh tahririyatida ishlaydi.

09

ABDURAUF PARFI

Tishsiz to‘rtta she’rim qoldi zulmatda
Ummon qa’ridagi tushday sarg‘ayib.
Hayot, sevaverdim seni hijratda
Olomon qarg‘agan ko‘nglimni chayib.

Avval dorga tortdi fikrni g‘addor,
Qabrini metinlab tildan qo‘ymadi.
Yolg‘on doiraga sig‘magan bahor,
Tog‘larlarda zanjirband lola yig‘laydi.

Ojiz mehrim bilan ko‘priklar soldim,
Haqning jamoliga juda ham tashna.
Ishqimning jon joyida hilpirar yoli,
O‘zim evrilgancha qoraygan toshga.

Muqaddas va’da berib nokas aldadi,
Yashil yalov bilan artib kir yuragini.
Hislar polizida qo‘tir itlar taladi,
Yorilib ketgan yolg‘on shira dardida…

Men sizga toabadga el bo‘lolmayman,
Zalolat ko‘chasida izg‘ib yurganlar,
Sadoqatni sotib orsiz qolganlar,
Dili g‘ilay, so‘zin Ko‘ngil urganlar.

Zero xayollarim daryoday toza,
Yolg‘ondan qizg‘anaman haqni bir umr.
Haqir yuragimga berib andoza,
Ta’mamni so‘qir etdi, ko‘nglimni basir.

Oq xatlarim samo to‘rida poyga,
Tuproq qatlarida cho‘g‘day imkonsiz.
Baribir ishonaman dardsevar oyga,
Bir kun boqadirman kunga armonsiz.

Isqirt chog‘iriga sarxush mast to‘da.
Bolakay nigohini sutday shopirdim.
Xiyonatkor nafsim har kun kundada,
Dunyomni iymonimga topshirdim.

Tishsiz to‘rtta she’rim mayli uzlatda…

FARROSH. XV ASR

(Nizomiddin Mir Alisher Navoiy hazratlari sharafli Haj ibodati uchun Makkai Mukarramaga va Payg‘ambarimiz (salallohi alayhi va sallam) ziyoratiga Madinai munavvaraga safar qilish ulug‘ armon bo‘layotganidan buyuk g‘amga botib, Xuroson podshohi, sohibqiron Husayn Bayqaroga maxsus rasmiy o‘tinchnoma bilan murojaat qiladilar va Hirotdagi tabarruk qadamjo Xoja Abdulloh Ansoriy mozoriga jurubkash (farrosh) etib tayinlashni o‘tinadilar. Iltimos shoh va shoir Bayqaroning farmoni bilan qondiriladi.)

O‘g‘lim ketib qolgan o‘rmonga,
Qizim turnalarga o‘lanchi.
Hech ham tushunmadim mardonga,
Shohdan shoirgacha tilanchi…
Bo‘lgim keldi bor-yo‘g‘i farrosh
Yolg‘onga, yolg‘onga, yolg‘onga…

Bog‘imda shamollar tunaydi,
Kuzni poylar bahorgi quyosh…
Xatimga kim javob yo‘llaydi,
Qalamin sindirgan zamondosh…
Bo‘lgim keldi bor-yo‘g‘i farrosh
Xazonga, xazonga, xazonga…

Sotib bo‘ldi sirlarni bulbul,
Katta-kichik hovlilar talosh.
Sarg‘aygancha jannatiy bir gul,
Ko‘ngil uchun to‘kar edi yosh…
Bo‘lgim keldi bor-yo‘g‘i farrosh
Armonga, armonga, armonga…

15.11.2010, Moskva

***

Aytsam o‘ldirurlar, aytmasam o‘lam…
Maqol

Nahot do‘stim sotdi?
Yig‘ladi ko‘klam.
Dushman g‘amga botdi,
Yaqin so‘nggi dam.
Aytsam o‘ldirurlar, aytmasam o‘lam!..

Men ham shoirmanmi,
Haqni demasam?
Men ham bulbulmanmi,
So‘ldirdim gulni…
Jannat deb bo‘ylaganim
Chiqdi jahannam.
O‘ldirdim tirikchilik
Uchun ko‘ngilni…
Aytsam o‘ldirurlar,aytmasam o‘lam!..

Begonadir Vatan, oshno vatanlar,
O‘zimniki istar qilmoq qulligim.
Yiroqlar menga tikar zarbof kafanlar,
Zor qilma tuprog‘imga xo‘rlab tirigim.
Aytsam o‘ldirurlar, aytmasam o‘lam.

Nafsmi, taqvo hokim oyna so‘zimda,
Qoniga tortdi, demang, bu tilsiz, merov…
Ingradim xoinlarni ko‘rib o‘zimda,
Qaydanam yuragimni tushunsin birov…
Aytsam o‘ldirurlar, aytmasam o‘lam!

Aytsam o‘ldirurlar, aytmasam o‘lam!..

17.05.2011, Moskva

HAYOT SHUMI?

Bir zum bermagaydir tin,
Aldov, makr qor bo‘ronlari…
Kimning xanjariga kimdir qo‘sqi qin,
Iblis hokim shavq zamonlari.
Hayot shumi?

It yonida tirjayar ho‘kiz,
Maymi, zahar kunlar tutar shum.
To‘ralarga yig‘lar chanqovuz:
Siz zotlarga baxt bo‘lmog‘im dum.
Hayot shumi?

Qayda orzu, qayda armonlar,
Muhtojlarning ajri poygada.
Yo‘ldan chiqib ketgan karvonlar,
Meshlarida o‘lik dabdaba.
Hayot shumi?

Kerak emas ikki dunyoda,
Ko‘prik emas olamlar aro.
Borib kelar jonday savdoda
Zir titratar nafs otli navo.
Hayot shumi?

Aziz pirlar olami karaxt,
Badbaxtgina shomlarda oy yo‘q.
Ko‘z ochganing mevasiz daraxt,
Mavhum nishon, bema’nodir o‘q…
Hayot shumi?

SHOIRGA KINOYA

O‘zimga o‘xshamas she’rlar yozdim men,
Ishonganlar hayron, qo‘rqqanlar shodon,
Tamagirlar ulfat, tilsizlar gapdon,
Nahotki ziyoga qabr qazdim men…
O‘zimga o‘xshamas she’rlar yozdim men…

Maslagiga yetmay ezildi hikmat,
Dengiz o‘rtasida yurdi tulkilar,
Ummonlarni kechdi bedil ukkilar,
Asliga qaytmaydi nahotki fitrat?
Maslagiga yetmay ezildi hikmat…

Dala-dashtlar bilan telba urushdim,
Salim ma’volardan kelmadi mujda,
Taqdirni hal qildi donishmand jo‘ja,
Nahotki nohaqlik bo‘ldi bo‘lishim,
Nopoklar hayqirdi ko‘rib so‘lishim…

O‘zimga noravo davron… surdim men,
Ko‘z yosh orqalagan karvon ko‘rdim men…

3.02.2014

***

So‘qir edim… Baytullohga yetgan basirman.
Hur bo‘ldim-ku o‘z nafsiga bandi asirdan…

Izlamayman boshqa habib, basdir Xudoyim!
Xiyonatni bilmaydigan Do‘stdir Xudoyim!

Qahrlarni oralagan mehr yo‘liqdi,
Ko‘nglim ishqqa, qaroqlarim nurga to‘liqdir.

Fitrati pok, diydasi bo‘sh, oliya johga,
Amri navvot, ajri firdavs mangu panohga,

Hirsu havas bo‘ronidan qochiblar keldim,
Jurmi isyon zamonidan qochiblar keldim!..

So‘qir edim… Baytullohga yetgan basirman!

25.05.2014, Sirg‘ali

YO‘L BOR

Tog‘larda tentiradim yo‘l izlab nochor,
Cho‘qqida bilangladi mor misoli yo‘l.
Xayolimga keldi yo‘l misoli dor…
Dahshat o‘raganda sayradi bulbul:
Men-da topolmagan baribir yo‘l bor,
Sen-da topolmagan baribir yo‘l bor –

Yo‘l bor osmonlarda, ham ummonlarda,
Qayinlar quchoqlashgan zich o‘rmonlarda,
Ko‘ngil izlab yurgan shashmaqomlarda!
Izla, qilgin qaror, bo‘lma beqaror!
Sen-da topolmagan baribir yo‘l bor –
Men-da topolmagan baribir yo‘l bor…

Fillar galasida qandaydir qo‘r yor,
Sherlar darasida narlari sarkor
O‘tib bo‘lmas tog‘lar deganing bekor!
Yorib bo‘lmas muzlar – asotir devor.
Sen-da topolmagan baribir yo‘l bor –
Men-da topolmagan baribir yo‘l bor…

Qushlar uchib ketdi, qilmading izhor,
Yomg‘irlar yog‘ib o‘tdi, mo‘ltirading zor…
Ularning yo‘llari bor, biladi bahor,
Sening so‘qmog‘ingni kim qilar oshkor?
Sen-da topolmagan baribir yo‘l bor –
Men-da topolmagan baribir yo‘l bor…

Karlar jarang topdi, so‘qirlar soz yo‘l,
Go‘llar ayyor bo‘ldi, tadbirlari mo‘l,
Navoni yamlab-yuldi soxta mashshoqlar,
Ko‘ngilning eng to‘rida qotil dashnoqlar…
Qayda kishanlangan oshiq-ma’shuqlar,
Qayda qolib ketgan ko‘zi yoshliqlar?

Ularga yo‘l yo‘q deysan, ey so‘qir bemor!
Ularga gul yo‘q degan vajlaring bekor.
Azaldan abadgacha oshiqlar sardor,
Azaldan abadgacha ma’shuqlar xumor…
Yo‘l bor oshiq uchun, hamisha yo‘l bor,
Yo‘l bor ma’shuq uchun, hamisha yo‘l bor!..

Mehnat emas oltin ko‘zing o‘ynatar,
Go‘zal emas, yolqin ko‘zing o‘ynatar,
Ma’no emas talqin ko‘zing o‘ynatar,
Ularda idrok qayda, qorin borki g‘or,
Nafsi ammorayu, mutelikka yor…
Qullikka, maxbuslikka hamisha tayyor!..

Hayotda! Hech bo‘lmasa hayotda bir bor
Ma’no izlaganga yorug‘ bir yo‘l bor!
Mayli qashqiri ko‘p, to‘ng‘izi g‘addor,
Mayli o‘r-qiri bor, yulduzi-da bor.
Arzir shuning uchun bo‘lmoqlik bedor,
Arzir shuning uchun jon etmoq nisor!

Sen-da topolmagan baribir yo‘l bor –
Men-da topolmagan baribir yo‘l bor…

YOMG‘IR

Yomg‘ir yog‘averdi yillab men uchun,
Ezib yog‘averdi bilmasdan tinim.
Yomg‘ir yog‘averdi ko‘rsatib kuchin
Noshudligim uchun qo‘zitib jinim.
Ko‘nglimga boshpana yo‘q yomg‘ir ostida,
Titradim, dildiradim qushday qo‘nishib.
Bulutlarning bag‘ri edi osuda
Yetarmanmi, borar jonim uvishib.
Uylarda, shamsiyalar ostida shodon,
Olomon shahar berib, xandalar otdi.
Kechikdim do‘stlarimni bo‘g‘ganda armon,
Hech qaytmagay fursat, gul xotiroti.
Nega sadoqatning ko‘rkin so‘radim,
Bo‘ldi oqibatning yo‘llari tugun
Onam polaponlarga tutgan yuragin,
Qarg‘aga evrilibdi polapon bugun…
Shijoatim qani iblis zog‘larni
Haydamoqqa bog‘dan! Bulbul armoni.
Boshlab kelgum kelar sahro, tog‘larni
Sabrim qani mening, yag‘ir tovoni…
Mehrim qani mening, borim baxtga zor
Devlar vodiyida qumrim joriya.
Qishlog‘imda ukki har kulbada bor,
Qirqqa yetmay ketgan sohibi uya.
Bu dunyoda mening sevgilim bormi
Yig‘lasa ko‘z yoshini artsam yupatib,
Mening mehrim bilan birov bedormi,
Ellik yil arazladim o‘zimga botib…
Xasmim jinlar maktabida rohiba.
O‘g‘lim uchun yig‘lab tiklagan nishon,
Xanjar charxlab, og‘u surtgan sohiba
Kulbamni egallagan, men unut jahon…
Yomg‘ir anglatdingmi barin qadrdon
Hamisha ot qamchilab, zahmatlar tila.
Hamrohing bo‘la olsam agar jo‘rajon,
G‘amimga parvo qilma, hech parvo qilma!..
Yog‘avergin tinmay, daryo bo‘lib oq,
Meni oqiz mayli, yo‘lingdan qaytma!
Tomchingga aralashsin yoshim beadoq ,
Faqat nomardlarga uni ko‘rsatma!..

DILSHODIMNING NOLALARI

Bahor kurtagiga yig‘lab yetdim men,
Abad ivirsidi yuragimda qish.
Jonimni so‘raganga ko‘ngil tutdim men,
Qirda lola sevmoq yozig‘imda tush…

Soqov dunyo mudrab topadi lazzat,
Ma’sum ko‘zlarimni yummam yarim tun.
To‘shagimga hurlar keltirar ne’mat,
Qiyomat soatidir men yashagan kun…

Bahor kurtagiga yig‘lab yetdim men…

MUHABBAT

Oy suzadi ko‘lmakda kema kabi,
Qor uradi yo‘lakda, hukmi Rabbi.
Nima bordir yurakda, ko‘milgan iz
Osmondagi chiroq kabi haqiqat.
Umr bir dam, o‘tkinchimiz o‘tkinchi…
Faqat yashar, faqat boqiy muhabbat!

DUNYO…

Dunyo sening mol-holingga qaraydi,
Ko‘zin olaytirib ayolingga qaraydi,
Temir-toshdan devolingga qaraydi…
Xudo, yuragingga qaraydi do‘stim!

IKKI QUTB

Sayrashga zoriqqan bir g‘arib bulbul,
Adirlar adog‘ida har kun qon yutar.
Undan olis-olis chamanda bir gul,
Bulbul sayrashini zoriqib kutar…

24.07.2017, Tog‘guzar

MAXLUQ

Zoti-nasabining tayini yo‘q haromi,
It tanga uzatsa, dumidan o‘par.
To‘ng‘iz qo‘rasidan to‘ldirar jomin,
Eshakning hangrashi nafsin qitiqlar…

MANGU SAVOL

Qurt yegan teraklar uchdi shamolga,
Sinch bo‘la olmaslar, bor-yo‘g‘i o‘tin.
Tut o‘zingni har kun mangu savolga –
Qurtlardan omon qola oldingmi, do‘stim?

IQROR VA INKOR

Ulkan qoya eding, oy, osmon do‘sting,
Maydalar tinmasdan maydaladilar.
Parcha-parcha bo‘lib yotibdi ko‘ksing,
Holingdan maydalar tirjayadilar…

ERKAK VA XOTIN

Haqning kalomida ravshan haqiqat,
Erkakni rahbar qildi, fazl berdi chin.
Senga la’nat bo‘lsin, ming karra la’nat
Erkakning o‘rnini olmoqchi xotin!..

24.07.2017, Tog‘guzar

SO‘ZGA MUNOSABAT

Kim so‘zni sotdi ming bor, kim so‘z bilan oldi qarz,
So‘zga zug‘um o‘tkazganlar qatori buncha uzun.
So‘zni balchiqda ko‘rib, yuragimda necha darz,
Ko‘kdan ingan Kalom-ku, yo‘limdagi har bir un!

24.07.2017, Tog‘guzar

XOLIS BO‘L

Har bir amalingni xolis qil inson,
Eshagingning suvdan o‘tishini o‘ylama.
Xudo roziligi uchun bo‘l habib, qurbon,
Qattol g‘animingga ham o‘lim tilama!

25.07.2017, Tog‘guzar

ECHKI VA TAKA

Ajab zamon , ba’zi erlar uyida beka,
Pul topay deb xotin kezadi olam.
Go‘yo echki uloqib ketib, sut tutar taka…
Yo‘qotilgangami va yo topganga, mubham,
Elga osh berishar, uyga qaytganda sanam…

25.07.2017, Tog‘guzar

YULDUZ VA YONARQURT

Har kimning qarishicha turfa tasavvur:
Shoirni mayxo‘r o‘ylab bir xashaki-g‘o‘r,
Uyiga jo‘natdi bir vagon chog‘ir,
Shoir sharobxo‘rmas, yerga tutqun hur!
Shoirni nafs yig‘latmas, yig‘latar qadr –
Or toptalsa, go‘ngga qorilsa g‘urur.
Shoir dardxo‘r balki, ta’tiydi shuur,
Shoir simirar nur, taratar surur,
Shoir yorug‘likdan ulashar huzur!
Yonar qurtdan yulduzni farqla-da dovdir!

2017 yil iyuli

AHVOL

Itlar ko‘paygandan ko‘payib ketdi,
Har tun necha bora talanar karvon.
Sahrodagi nolon qon bilan bitdi:
O‘zing itlaringga o‘lja bo‘l sakbon!..

30.07.2017, Tavoqsoy

YELKAMDAGI CHUMOLI

Men don sochdim,
Suv tarab
Oralab bug‘doyzorni…
Zamin sandig‘in ochdi,
Kun botarni qoralab
Turnalar uchdi baland,
Qizg‘aldoqzor bahorni
Tashlab o‘tgandir balki…

Shovilladi boshoqlar,
Kuydirdi-ku saraton,
Buloqday totli sarob,
O‘pkasi yo‘q qishloqlar,
Suv talashdi tegirmon,
Tepada toldi oftob.
Tanimas bug‘doyzorni
Ninachilar ham bu on…

Kuz ko‘ngli siniq singlim,
Oq durrali zarg‘aldoq.
Ezilgan so‘qmoq ko‘nglim,
Ko‘zidagi mung, firoq.
Kunchiqarni qoralab
Turnalar uchdi baland.
Qo‘lin beliga tirab
Xirmonjoyda ming manap…

Momongning mahrimi oy,
Talaganmi tadbirkor?
Men mashoq terar gadoy,
Olislardadir bahor…
Hech kim so‘rmasmi holim,
Tutmaydimi uvolim?
Tush yelkamdan, tush beor.
Yelkamdagi chumoli!..

30.07.2017, Tavoqsoy

OLIY TILAK

Xudoyimning nuri qalbimning qo‘ri!
O‘shaning shu’lasi-cha olam charog‘on.
Qani mo‘min quli bo‘lsaydim bir on,
Jonim meni hech ayama, bo‘l Unga cho‘ri!

KUMUSH QOSHIQ

Bir kuni bir g‘aribning qalbin titkilab
Bor-yo‘g‘i kumush qoshiq topdi zoniya.
Umrida bunday lazzat ko‘rmagan ajab…
Satanglarning bari shu tovuqmiya!

Kimning kumush qoshig‘iga girgitton ular,
Kimning oq qushini etgan xizmatkor.
Anov g‘arib ikki ko‘zi o‘yilgan kaptar,
Unda na yor bordir, na o‘g‘il-qiz bor!..

30.07.2017, Tavoqsoy

ADASHMOQ SAODATI…

Adashgan yo‘llarda porlamas axtar,
Sahroyi o‘rmonda zahmatga qondim.
Zehnimni charxladi g‘aroyib xatar,
Yorab, adashgandan keyin uyg‘ondim!..

30.07.2017, Toshkent, Yalong‘och ota mavzei

YALOQQA QASIDA

Insonmisan, musulmonmisan?
Yana er deb da’vo qilasan o‘zing…
Lagan ko‘tarishda chempionmisan?
O‘yilsin el haqqiga tikilgan ko‘zing!
Oltin bo‘lsa hamki qo‘lingda yaloq,
Haqdan emas, xalqumidan titragan qo‘rqoq!

2017 yil, birinchi avgust

MO‘’JIZA

Sochingda oq, chehrang parishon,
Sunbulaning karvonida nigohi…
Tegrasida hushtak chalgan za’faron,
Tiyramohda adashib qolgan ohu.
Ko‘zlaringni sog‘inib yashar osmon,
Qarashlari yoniq mangu bahorda.
Ishon, meni ODAM etdi shu armon.
Huv so‘qmoqcha, sajdagohdir ahrorga.

13.08.2017, Tavoqsoy

HAQIQAT VA YOLG‘ON

Haqiqat Haqning amri, ayon noayon
Sobit turaverar sirligida ham.
Yo‘qni yo‘ndirmoqni ko‘zlagan yolg‘on,
Haqiqat timsolida kezadi olam.

Olam kezib, bunga izlama hakam,
Dard chek, aslingga boq, balki kifoya.
Yolg‘onning da’volari qilmasin alam,
Haqning sobitligi bilmas nihoya!

13.08.2017, Tavoqsoy

TASDIQ VA ILTIJO

Tobora ojizligim guvohiman, oh,
Yutqiziqlar siri paydar-pay ayon.
Nahot boshdan-oxir hayotim gunoh?
Afv et, o‘zgaga hech ko‘rsatma Rahmon.

16.08.2017, Toshkent

TOSHKЕNTDA

Marhamatga ketib qolgach Muhammad Yusuf,
Darxonga boqmay qo‘ydi Pushkin haykali…
Shoirlar xiyobonin izlabmi, qaydam
Rustaveli ko‘chasida hayron turadir…

16.08.2017

***

Bir bulbul sayrashga imkon topguncha,
Kimning ham esiga tushardi tog‘lar?
Bardoshing yetmasa tonglar otguncha,
Jim yo‘qol, siqtama, kerilsin zog‘lar,
Bog‘lar seni tanimasin, oftob botguncha…

23.08.2017, Sirdaryo

***

Ne istasam, o‘zimni zor ko‘rdim,
Yorni ag‘yoru, ag‘yorni yor ko‘rdim.
Evohki, ko‘tarilgach parda so‘ngida
Ne istasam, o‘zimda bor ko‘rdim…

ONA – OLAM MЕHVARIDA SЕN MЕNGA TAYANCH,
Yuzta do‘stim bir yon – sen menga suyanch.
Hechdir peshonamga bitmagan go‘zal,
Taqdiri kajraftorning hukmi shu azal.
Mayli omadim yo‘q, aqlim ham sayoz,
Tegramda o‘n ikki oy hukmron ayoz.
Tug‘imda armon rangi bo‘lmas ustuvor,
Doim yashavergum baxtdan umidvor.
Duolaring har chog‘ menga madatkor,
Ona, bu dunyoda sen borsan men bor!

21.09.2017

07

(Tashriflar: umumiy 984, bugungi 3)

Izoh qoldiring