A’zam O’ktam. She’rlar & Vafo Fayzulloh. Elning ko’nglin ko’tarar shoir (A’zam O’ktam she’riyati)

0_15ad71_3e75e606_orig.png4 октябр — шоир Аъзам Ўктам таваллуд топган кун

  Аъзамнинг армонли, булбул чаҳ-чаҳидай ғами кўтаринки, тонготарда мўйсафиднинг ҳикматидай зиё улашадиган талай шеърлари борки, уларни ўқиган ўқувчи шоир яшаган даврнигина эмас, Қиёмат қадар давом этар инсоният ҳаётининг маъсум, ёниқ, масъул чоғларини хотирлайди…

Аъзам ЎКТАМ
ШЕЪРЛАР
09

azam_uktam.jpgАъзам Ўктам (Аъзам Худойбердиев) 1960 йил 4 октябрда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган. ТошДУнинг журналистика факультетини битирган (1985). «Кузда кулган чечаклар» (1989), «Кузатиш» (1990), «Зиёрат» (1992), «Тараддуд» (1993), «Икки дунё саодати» (1998), «Қирқинчи баҳор» (2000) шеърий тўпламлари нашр этилган. «Бола дунёни тебратар» (1988), «Хабар» (1995) каби насрий асарлар муаллифи. Рабиндранат Тагор ва Николай Рубцовнинг туркум шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. 2002 йили Тошкент шаҳрида вафот этган.

09

ДАЛИЛ

Қул бўлган эмасмиз ҳеч, биродарлар,
Гарчи кўп босқинлар, таловлар ўтди:
Ўқталган мушт каби турар минорлар,
Мақбара қуббаси дубулға худди.

Ва буткул саводсиз эмасдик ҳечам,
Бунга ишонмайман, бу гап кўп оғир.
Ҳатто уй шифтининг вассалари ҳам
Китоблар шаклида қурилган ахир.

ЙЎЛ

Йил йиқилар йилнинг устига,
Хотиралар типирчилар хит.
Елкам оғрир, қақшар устухон,
Юк остида силтанар умид.

Бераймикан тақдиримга тан,
Наҳот бари тугади ёҳу!
Йилдан-йилга етаклаб ўтган —
Орзуларим ушалмади-ку?!

Сергак қадам ташлайман, ахир,
Юрар йўлим — қалин тиканзор.
Бениҳоят узундир умр,
Биттагина оқ кўйлагим бор.

Юксакларга чўзибман қўлни,
Омон етай унга ишқилиб.
Танладим сал оғирроқ йўлни,
Сал енгилроқ жон берайин деб.

Қадам босиш тобора қийин,
Умр кифтда. Қақшар устухон.
Олға қараб юрганим сайин
Йил йиқилар йилнинг устига.

ЖЎНАТИЛМАЙДИГАН ХАТ

Нечун сени кўрсам, ғамларим кетар,
Кўзлари ғуссага тўлган гулойим?
Ғам недир, ортиғу камларим кетар,
Бор-йўғим зер-забар қилган гулойим?

Султон бўлолмасман уйингда сенинг,
Сен ҳам бўлолмассан ғамхўр, дастёрим.
Наҳот яралгансан шўримга менинг,
Ҳамиша беморим, ҳамиша зорим?

Ҳали ер остига эмасмиз лойиқ.
Фаришта эмасмиз кўкка чиқарга.
Ажабки, ҳакамдир бизга халойиқ,
Куч йўқдир тоғнимас, сўзни йиқарга.

Ҳаргиз боролмасман сен томон босиб,
Сен ҳам чиқолмассан остона ҳатлаб.
Мен ўқиб йиғлайман ўзим хат ёзиб,
Сенга етиб бормас мен битган хатлар.

ИҚРОР

Куй бўл қўшиғимга, момогулдирак,
Бунча гурсиллама, оғир бўл, юрак.
Қийналдим, сиримни очишим керак:
Бир бахтсиз аёлни севаман…

Ҳар кун насибаси ҳақорат, қарғиш,
Баҳори бир лаҳза, узун умри қиш.
Бир истаги қолиш, минг аҳди кетиш —
Бир бахтсиз аёлни севаман…

Алдамчилик, ёлғон мендан наридир:
У менинг жонимдир, малак, паридир.
Биров деб яшнади, мен деб қарийдир —
Бир бахтсиз аёлни севаман…

Ўтда куйди, сувда чўкди йил, куни,
Менга насиб этди ойдин бир туни.
Энди ўлгим келар жим қучиб уни —
Бир бахтсиз аёлни саваман…

ШОИРНИНГ ОНАСИ

Шавкат Раҳмон кетганига боғлар кўнди,
Қафасдаги булбул, эркин зоғлар кўнди.
Онаси чин Офтоб экан,
Йил ўтмайин —
Куйди, сўнди.
Сал кўнгандай бўлди кейин.

ЧИРОҚ

Бир кун ўз турмушлари ҳақида гап кетганда Абдулла Қаҳҳор «Кибриёхон, тақдирнинг ишини қаранг: чироқни Қўқонда, шишасини Самарқандда ясабди-ю, унинг пилигини Тошкентда ёқиб қўйибди» деган экан.

1. Мен яна чарчадим.
Йўқ чарчатишди,
оғзини очмасдан ҳураётган итлар.
Яна хира тортди тиниқ осмоним.
уни ўраб олди қора булутлар.

Ғувиллаб қулоғим, елкам сирқираб,
яна Чиғатойга тушмоқда йўлим.
Шундай улуғ зотнинг хоки пойига
бошин қўймоқдан хижолат гулим.

2. Дилда ўт, кўзимда ҳалқаланар ёш,
лаънатлар ўқирман ўлим — балога.
Наҳот қаро ернинг қаро қаъри ҳам.
муштоқ ётган экан Бизнинг Зиёга?!

Сўзлагандай бўлди кўзлари билан
мен Ойбек домлага қолсам термулиб:
«Абдулла Қаҳҳорни учратмаганлар
нима ҳам кўрибди дунёга келиб?»

3. Менинг ўксик дилим ёришди аста,
ёритди ҳеч қачон сўнмаган чироқ.
Қалбимга ўт солиб қўйди у оқшом
тун ғолиблигига кўнмаган чироқ.
эй, суюк Ватаним — зиёга коним.
Дунёни кўзимга қиларсан ёруғ
менинг чироқ тутган Ўзбекистоним!

ЎТИНЧ

Сўзим, жон бахш сўзим, ёрдин
Менга ширин ҳикоят қил.
Кўзим, йиғла, бу ёрсизлик,
Бу ҳижрондин шикоят қил.

Қўлим, ёпгил қулоқларни,
Эшитма ҳеч маломатни.
Юрак, очгил у дафтарни,
Яна бошдин ривоят қил.

Оёғим, юр кетайлик, бу
Зулмкорларнинг ёнидин.
Етиб боргач синиб битгил,
Бугун аммо ҳимоят қил.

Кўнгил, сендин ризодирман,
Биру Бор ул, десанг басдир.
Сенга измимни берганман,
Жўшиб, майли, жиноят қил.

Тилим, қўрқинчларим сендан,
Хатарли сенга эрк бермоқ.
Ўтинчим: ўзидин доим
Сен умиди ҳидоят қил.

ТАРАДДУД

Аниқ ҳеч нарса йўқ, ҳар нарса тусмол,
Айбларим ўйласам — ҳушдан озарлик.
Қизларнинг юзидай очилган осмон
Булут келишига кўрар ҳозирлик.

Битта шам ўчгайдир шаббода елса,
Кулга либос балки, асли у қайғу.
Босқинчи бировнинг юртига келса,
Бир кун қувилишга ҳозирлиги шу.

Кўзни совуқ кўрдим, юракларни муз,
Шайландим ўт ила ўйнашмоқ учун.
Муҳит бўлса қишни бошлаб келар куз,
Юзма-юз чиқмасанг — яшамоқ нечун.

Йўл аниқ, қайтиш йўқ.
Мен кетдим энди.
Кечган нарсам — жонни ўйламам ҳечам.
Битта майдон керак — курашгим келди:
Тўшакда ётгулик қилмасин ўлим!

ОРАЛИҚДА

Жонимга тегмоқда барчаси бир-бир,
Жон эса ҳалқумга келар охири.
Битта мен йўқ бўлсам не бўпти ахир —
Ўзбекнинг камайиб қолмас шоири.

На Тошкент, на Қўқон билади мени,
Ахир ўз-ўзимни алдаб, нетаман?
Шу оппоқ қоғоздан яширай нени —
Бир ўлиб кўрмадим, холос. Кетаман!

Бир қалтис қулади кеч кузги офтоб,
Чўққидан чўққига урилиб синди.
Куннинг синиқлари бунчалар сероб –
Улар юлдуз бўлиб милтирар энди.

Яна бегоналар янглиғ турарман,
Мезбонларга ўхшар отам ҳам онам.
Қишлоқ кўчаларин кезиб юрарман,
Танимас дўстимнинг болалари ҳам.

Қийнагай ҳар нарса юракни эзиб:
Шохи синиб қайтди қўчқор подадан.
Аянчли ғингшийди кўнглимни бузиб,
Итим яраланиб келди тўдадан.

Сўнг тонгда жўнарман яна қалтираб,
Ўз ҳолим ўйлайман аччиқ жилмайиб.
Шаҳарда болалар кутар мўлтираб,
Қишлокда волидам қолар мунғайиб.

СЎРОҚ

Талпиндинг, йиғладинг — елдинг дунёга,
Сўйлагил, сен нечун келдинг дунёга,
Бузилди, айт, нима қилдинг дунёга,
Ўзингни ким дея билдинг дунёга?

Тилингни тиймайсан — бешарм сўйлар,
Кўзингни тиймайсан — бузукқа бўйлар,
Ўзингни тиймайсан — неларни ўйлар,
Ҳеч жазо йўқмикан бундай зинога?

Маломатнинг тоши тегмаган бошинг,
Мағрур тутмоқликдан тиймаган бошинг,
Ҳаттоки онангга эгмаган бошинг –
Бердинг бу ҳавойи, пучак сафога.

Тенгсиз таърифларни ўқиган кўзинг,
Улуғ тарихларни ўқиган кўзинг,
Қутлуғ ҳарфларни ўқиган кўзинг –
Не учун тикдинг бу юзи қарога?

Қишда қушларга дон сочган қўлингни,
Нопок луқмалардан қочган қўлингни,
Оллоҳ, деб дуога очган қўлингни –
Узатдинг ейиши, иши ҳаромга.

Тўйдириб ўт, қонга тўйган юракни,
Ўлдириб ҳақ дея тўлган юракни,
Сўлдириб ишқ ила кулган юракни,
Сен қандоқ сиғяпсан ёруғ дунёга?

НЕГА?

Кун узун, кун иссиқ — малоллар келур,
Тунлари қоп-қора саволлар келур,
Тонг чоғи мусаффо хаёллар келур,
Ақлим менинг тиниқ тортмади ҳануз.

Етти оқ-қорани ажратиш они,
Бу умр, бу ўлим кимнинг эҳсони?
Ҳар лаҳза шу қарзни узиш имкони,
Билдим, чин сарватни йиғмадим ҳануз.

Энг улуғ сўздан-да титрамас юрак,
Кўзимга ёш келмас — бу недан дарак,
Халқимга не бердим ваъдадан бўлак,
Эккан ниҳолим ёш, мевасиз ҳануз.

Маҳкам боғласам-да рост йўлга белни,
Кўнгил равшан эмас, доғи бор дилнинг,
Юртимни танидим, билдим-ку элни,
Бироқ унутмадим ўзимни ҳануз.

ҚАНОАТ

Асл айбим —
Текис йўлда қоқинмокдир.
Асл бахтим —
Ўзинг кўрмай соғинмокдир.
Еру кўкдан мудом излаб
Хато қилдим.
Сени топмоқ йўли
Доим топинмоқдир.

ИБОДАТ

Тоғлар сомеъ бўлиб ўтиришар жим,
Такбир айтган чоғи гулдураб само.
У янглиғ муножот қила олур ким,
Ёмғир бу пичирлаб қилинган дуо.

Ел йиғлар ер тирнаб. тупроқ сесканар,
Майсалар қалтираб қилурлар сажда.
Дуолар ижобат бўлган саначар,
Кун нурлари бундан келтирар мужда.

ИШҚ ҲАҚҚИ

Ажаб, дил шод бўлур тинглаб
Қиёматдан хабарларни.
Тобора шавқим ортгайдир
Сезиб келгич хатарларни.

На роҳат, на азоб боис
Сен айтган йўлга кирмишман.
Шу ишқ ҳаққи, хатарсиз қил
Ўзинг сори сафарларни.

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ
ЭЛНИНГ КЎНГЛИН КЎТАРАР ШОИР
(Аъзам Ўктам шеърияти)
09

Танимасдан танишув

0_142c01_d3e9027e_orig.jpgМинг тўққиз юз саксонинчи йилнинг биринчи августи. ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг журналистика факультетига ўқишга кириш учун имтиҳон топширар эдик. Соат ўн бирлардан ўтган, ёзаётган иншоимни қоралаб ҳам бўлмагандимки, пешонаси дўнг, кўзлари катта-катта бир йигит ўрнидан шахт туриб, кузатувчилар ўтирган столга яқинлашди ва ёзиб бўлганини биринчи топшириб, ташқарига чиқиб кетди. Кўпчилик қатори мен ҳам унга ҳавас ва ҳайрат билан қарадим. Дадил ҳаракати, ўктам қиёфаси эсимда қолди.

Омадим чопмай, қишлоққа қайтганимдан кейин ҳам Тошкент эсимга тушса, иншосини биринчи бўлиб топширган тенгдошимнинг ҳолати ҳам хотирамда жонланар, “У ўқишга қаттиқ тайёрланган экан, иқтидори ҳам шунга ярашадир. Ўзига ишончи чеҳрасида шундоқ балқиб турарди. Албатта, ўқишга кирган бўлиши керак. Ё шошқалоқлик қилиб ёхуд адолатсизликка учраб, у ҳам синовлардан ўтолмай қолдими? Йўқ! Бундай бўлиши мумкин эмас”, дея ўйланиб қолардим…

Бизнинг Ҳамзамиз

Бугун талабаликнинг баракали, серзавқ ва орзуларга лиммо-лим дамлари Сирдарё далаларида кечган кузлар – пахта мавсумисиз кемтикдай туюлади. Ҳолбуки унда бошқача ўйлаганмиз. Собиқ тузумнинг макрли ниятидан кенг далаларнинг инъоми ортиқроқ эканини ким ҳам ўйлабди, дейсиз…

Минг тўққиз юз саксон биринчи йилнинг октябри. Таҳсил бир ойга етар-етмас бизни ҳам пахта йиғим-теримига ҳайдашди. Қишлоқ боласи эмасманми, ўқувчиликда зада қилган мавсум талабаликнинг олтин онларига ҳам чанг солган ялмоғиздай кўриниб хунобим ошди. Ниҳоят, биринчи оғир кунни “қуёш орқалаб” кетгач, шом қорайганида судралгандай бўлиб “барак” деб аталувчи ётоғимизга етдик. Кечкиликдан кейин аксариятимиз, айниқса, биз биринчи курслар: “Кунлик чарчоқдан кейин ҳали замон тарракдек қотиб қолсак керак”, деган хаёлда уйқуга ҳозирланардик. Шийпонда биздан ташқари иккинчи ва бешинчи курс талабалари ҳам жойлашганини эшитган эсак-да, университет ётоқхонасидан жой тегмай, азим шаҳарнинг ҳар турли ижара уйларида амал-тақал яшаган мен сингарилар юқори босқичдагиларни деярли танимасди. Бирдан тевараги бўз билан ўралган қибла томондаги жойнинг “девори” туширилиб – худди театр саҳнасида парда четга сурилади-ку – дабдурустдан бир йигит шеър ўқиб кетди. Бу ҳолатни кўрмаганлар оғзи очилиб, анграйиб қолди. У шеър кетидан шеър ўқир, ўқиган сари мардона овозида ҳеч кимникига ўхшамайдиган бир шиддат, тўғридан тўғри қалбга кириб борадиган ёруғ нимадир теваракдагиларни лол айлаганди. Мен уни дарров танидим, у бултур синов хонасидан биринчи бўлиб чиқиб кетган ўша дўнг пешонали, кўзлари катта-катта йигит эди. У шеър ўқиркан, яқинда экранларга чиққан “Оловли йўллар” кўп қисмли бадиий фильми бош қаҳрамонини ҳаётда учратгандек бўлдим. “Ҳамзанинг худди ўзи-я”. Мен бунақа жўшқин қалбли одамлар ҳаётда учрамаса керак, кинода бўртирилган деб ўйлаган, мана энди бундай кишилар ён-атрофда ҳам бўлишини биринчи бор кўриб туришим эди. Шунда бир ой давомида университет сабоқларида олмаган илҳом-ижод муҳитини ҳеч кимдан сўралмай ўқилган шеър олиб келди. Ҳамма ўзича нимадир ёзсам-у, мана шу дала шийпонида тенгдошларимга ўқиб берсам деб қолган, теримдаги ҳорғинлик ҳам аллақайга ғойиб бўлганди. Ва шундан бошлаб талабаликдаги пахтага олиб чиқишлар сабоқлардан қолиш эмас, балки ёшлигимизнинг ажиб кунларида тақдирнинг бизга ҳадя этган ижод боғи, шеърият анжумани бўлди. Тўлқинланиб, орзиқиб шеър эшитгимиз, шеър ўқигимиз келса, алоҳида тадорик ё таклиф керак эмас: гоҳ баракнинг ўзида “саҳна очилиб”, гоҳ шийпон ёнида гулханни ўт олдириб, ўз-ўзидан шеърхонликни бошлаб юборар эдик. Бу шеърхонликларни эса кўпинча биринчи бўлиб “бизнинг Ҳамзамиз” – Аъзамжон Худойбердиев бошлаб берар ва бошқарар эди:

Ўйимга тўр солманг – ҳурлар ичра ҳур,
Гулюз севгилимни ўйлаётганда.
Кетинг, ҳалал берманг, ўзбек булбули
Шерали Жўраев куйлаётганда…

Аммо Аъзам Ўктамнинг қисмати ҳақиқийси яширилиб, тўқиб бичилган сохтаси ошириб-тоширилган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ҳаёти ва ижодига сира ҳам ўхшамади… Энди ўйласам, буни билишимиз учун ҳам, унда жуда эрта, ҳали олдинда кўп йилларни кўриш керак экан. Аммо уруғ ўша беармон куз кунларида сочилган ва илдиз отишга тушгани шубҳасиз эди.

“Кузда кулган чечаклар”-ла “Кузатиш”

Мактабга борганимиздан қўлимизга китоб тутқазишади. Китоб – калит! Китоб янги олам. Шунақа ғаройиб ва қудратли, қўл етмас оламки, уни асл ва жайдари тасаввурда одам ёзишига ҳеч ишонгингиз келмайди. Ва шунинг учун ҳам аллазамонларгача бу ҳақида ўйлашнинг ўзи ҳам шаккоклик туюлган менга. Аммо одамнинг нодон хаёли ва бир чимдим ақли ёшликда тўлиб-тошар ҳислари ила ўзининг ўйлаганларини китоб қилгиси келади… Китоб бўла олишига тўла тўкис арзимаслигига иқрор бўлганда ҳам, шу шаккокликка боравеади… Аммо шундоқ ҳодисани, айниқса, биринчи марта ён-атрофида кўриб қолса, ҳаддан шошиб қолар экан. Мен биздан бир курс юқорида ўқиган Аъзамжон Худойбердиевнинг (ўзини кўрмаганимга беш йиллар бўлганди) минг тўққиз юз тўқсонинчи йили бир йўла чиққан икки: “Кузатиш” ва “Кузда кулган чечаклар” тўпламларини кўриб, шундай ҳолга тушганман. Яна қайтараман унинг АЪЗАМ ЎКТАМга айлангани — адабий мўъжизага эврилганини ҳаётда биринчи гувоҳи бўлишим эди. Бу шеърий тўпламларнинг анча-мунча адабий қаҳрамонларини яхшигина таъниганимдан завқланиб, ҳайрат-ла ўқир эканман, у жуда ҳам улғайиб кетганини биринчи марта сезиб қолдим. Энди унга журналистика факультетида таниган талаба сифатида қараб бўлмас, у ШОИР эди!

Шоир қалбни ёруғликка тўлдириши керак. Шоир кўнгилнинг қўрғони – дилни осмонўпар этиши жоиз. Халқнинг, элнинг кўнглини кўтаришга келади шоирлар! Буни эплолмаган шоир ҳам шоирми? Ҳеч қачон! Шоирнинг шеърини ўқиб, тинглаб, эл, инсон тушкунликдан қутулсин, дили хасталар соғайсин. Тирилган кўнглида яхшиликка журъат, ёмонликка жиллақурса нафрат ўйғонсин. Ойдин армондан йиғлаб, қурум босган, ғашлик ҳукмрон аллақаерлари тиниқлашсин.

Аъзам Ўктамнинг биз пахта далаларида, гулхан теварагида эшитиб куч олган шеърлари Ўзбек отанинг қалбидан отилган булоқдай беғубор ва танти эди. Бир жигардай, бир элдошдай уни севиш, чўпон ва деҳқоннинг соддадай кўринган, аммо маъноси теран тўпори феъли каби ундан завқланиш саодати бор.

Фарғонадан келаман
Келасанми ёр-о, келасанми ёр.
Сенга ошиқлигимни
Биласанми ёр-о, биласанми ёр.

Бир бошга бир ўлимни
Бўйинга олдик-а, бўйинга олдик.
Ким бевафо бўлса, уни
Худога солдик-а, Худога солдик.

Шу саккиз қаторнинг ўзида тўртта жуда катта мезонлар – унинг ҳаётий эътиқоди – ВАТАН, ЁР, ЎЛИМ – ҳаммасини бирлаштирувчи: ЯРАТГАНга борувчи самимий изҳор ярқираб кўринади. Мўмин-мусулмон ўзбекнинг бундан залворли ҳикмати бўлиши мумкинми?! Юрт мустамлака, эл қул ҳолида эса-да, бу ҳикмат Аъзам Ўктамнинг қон-қонига сингигани, оила муҳити шу мезон асосида шаклланганидан хабар беради. Ҳар бир сатридан ал Мусоқда берилган ваъда – иймон нури таралади. Уни йигирма икки ёшли йигитчанинг қулоғига бир ҳур шивирлаган бўлса, ишонаверинг.

Аъзамнинг армонли, булбул чаҳ-чаҳидай ғами кўтаринки, тонготарда мўйсафиднинг ҳикматидай зиё улашадиган талай шеърлари борки, уларни ўқиган ўқувчи шоир яшаган даврнигина эмас, Қиёмат қадар давом этар инсоният ҳаётининг маъсум, ёниқ, масъул чоғларини хотирлайди.

Балки умр ўтди бекор,
Олдда қандай кунлар бор?
Болалигим беғубор
Оламга дуо денглар.

Ошиқни отдим тикка,
Тушар чикками-пукка?
Етказмоқчиман кўкка,
Ноламга дуо денглар.

Манманлик, худбинлик билан нимага эришиб бўларди? Неки нек ният бўлса, Яратгандан астойдил сўраб, жон-жаҳди билан интилиш эвазига рўёбга чиқади. Интилиш сабабчи, Ўзи қабул қилиб, ижобат этади. Аммо ўша йилларда буни англаш учун учун фитрий фаросатгина ёрдамга келиши мумкин эди. Ана шундай туғма фаросат унинг илк тўпламларида ярқ этиб кўзга ташланиб, шеърхоннигина эмас, шеър, сўз йўлини танламоқчи йўлбошида турганларни ҳам мамнун қилди. Дадиллантирди ҳам: “Бўларкан-ку!..”

“Кузатиш”. Китобга кутилмаган, кўп маъноли сўз ном қилиб танланган, топилган. Одатда биринчи тўпламларга биринчи амал, фасл, ёшлик, умиддан дарак берадиган ном қўйилади ва бу ўз ҳолича табиий ҳам… Аъзамники шу маънолардан бенасиб бўлмагани ҳолда, унда бу ҳудудни ёриб чиққан тушунчалар ҳам ҳозир эди. Шоир даставвал кузатувчидан туғилади. Лекин шоирона кузатиш иқтидори эса ҳаммага ҳам берилмаган, у жуда нодир ва ажабтовур бўлади. Киши эса ҳаётда ҳар куни нимагадир кўзи тушади, кузатади. Кутиб олади, кузатади. Уларнинг энг мусибатга соладигани сўнгги йўлга кузатиш… Кўринадики, у биринчи тўпламидаёқ пишган ақл соҳиби эканини кўрсатган, буни кўз-кўз қилмасдан қисматнинг энг эсда қоладиган лаҳзаларида чуқур ҳис қилиб, шеърхон кўнглига илинган.

Табиийки, унинг ана шу кузатишлари ўша йиллари гуриллаган ўзбек шеъриятини ҳар бир яхши ва янги топилдиғини кузатиб, ўрганиб, улардан ўрнак олиб туғилган. Унинг “Қор эриши” деган шеърини кузатамиз:

Қора чакмон кийган оқ саллали чол
Қўр тўкиб ўтирар салобат билан.
Кун чиқдими дея қайрилди, шу он
Чуваланиб кетди салласи бирдан.

Қуёш хандон отиб кулар ёйилиб,
Чол куйманар, ўзин эплолмас бироқ.
Эркин бўлганига беҳад суюниб,
Чопиб кетиб борар ўйноқи ирмоқ.

Шу шеърда Шавкат Раҳмон шеъриятига хос оҳанг, манзара яратишга ўхшаш нимадир бор. Аммо Аъзам ўзини завқлантирган манзарани кузатиб, унга фақат ўзига хос образли ифода ва ном топган. Ўхшатиш ва жонлантириши эса миллий. Қорли тоғни оқ саллали чол деб аташи мумкинми бирон-бир насроний ижодкори? Баҳор келиб қор сувининг тоғдан югуриб тушиши манзараси ила бўй қизнинг беҳад суюниб гўзал бир тарзда эркинликдан шодланишини ҳам фитратан муслим шоир бошқалардан қизғаниб кашф қилади.

Ҳали талаб қилганимиздек Аъзам Ўктам шеърларидаги умидворлик руҳи беҳад баланд:

Йўқ ҳали тирикман, кучим бор ахир,
Ҳали журъатимга йўқдир ниҳоя.
Ҳали олинмаган ўчим бор ахир,
Курашмай енгилиб ўлмоқ – жиноят!

Шоир ҳам одам, одам эса қўрқув туйғуси билан яратилган. У ҳам зулмдан даҳшатга тушади. Лекин қўрқоқ ҳеч бир банда шоир эмас. Довюкраклик ҳам иқтидорнинг бир қисми.

Аъзамнинг шеърлари ҳам жасурликка бошлайди.У ўзининг “Вазифа”сини кескин белгилаб олган:

Қиёмат нелигин билмасман, бироқ
Шу бир гап учун ҳам
Ишонгим келар:
“Ҳақ сўзни битмакка сарфланган сиёҳ
Жангда томган қондек
Қадрли бўлар!”
Аҳволим танглигин биламан ўзим,
Қалбим қаршиликдан тинмади ҳали.
Мудофаа – яхши бир ҳужум,
Ёзаман, қаламим синмади ҳали.

Разолат теграмда айланар ўчкор
Гоҳида имонин ютади ҳакам.
Енгиш, енгилишнинг нима фарқи бор –
Тинмай курашмоқдир менинг вазифам.

Инсониятнинг эзгулик манзили бир. Унга борар йўллар эса ҳар томондан келади. Ҳар бир миллат вакили ўзлигидаги маёқ белгилар, аждодлар қолдирган ҳикмат, тафаккур тарзи билан унга етади. Биз кўз очган давримизда эса ҳукмрон мафкуранинг таъзийқи билан ўзлигимиздан узоқлаштирилган, тор, ички даврада ўз қадриятларидан хабар топганлар ана шу ўзликни теваракдаги катта-кичик нарса ва воқеада уни кашф этар эди. Жумладан Аъзам Ўктамнинг “Кузатиш”ида ҳам шуни илғаш мумкин:

Бешикни ёдимга туширди тобут,
Гўёки милтиқдир осилган танбур.
Машъалани ўйлаб ўрлаганда дуд.
Тўпларни хотирга келтирди тандир.

Ўв, кўрганларим-ов, ўхшайди тушга,
Бир куним ибтидо, бир куним маҳшар.
Ариқдан сув ичиб турган ул қушлар –
Оғиз чайқаётган муслимга ўхшар.

Каттакон нон дейсиз кўринса сават,
Бамисли кундадир катта қайроқ тош.
Тушунчалар ичра ғарқ ўлдим, фақат
Оловга ўхшайди барибир Қуёш.

Қиёсланилаётган нарсалар бир-биридан жуда ҳам олис бўлгани билан, улар туташадиган йўл шоир сатрида кўринади ва бири аслида иккинчи нарса эканлигини кашф қиласиз:бешик билан тобут икки воқеага хизмат қилар бир нарса; танбурнинг милтиққа эврилиши энди маънан куй ила ўқ (айб, гуноҳ)ни ҳис қилиш, бу руҳоний оламдаги метамарфозадир… Тўп ва тандур, ҳуш ва туш, ибтидо ва интиҳо ва бошқа ўхшатишларда бир осмон буржи иккинчисига солиштирилиб, унисидаги фазл бунисида, бунисидаги унисида бор эврилиш орқали қиёслаб кўрсатилади. Лекин менга булар ичида энг чиройлиси маданиятимиз инъоми сифатида ҳайратлантиргани “Ариқдан сув ичиб турган ул қушлар – Оғиз чайқаётган муслимга ўхшар”и бўлди. Негаки унда жуда соғинилган ўзлик бор, фақат мусулмон киши тасаввур қилиб, Яратганнинг жонзотлари ибратидан завқланиб ҳайратланиши бор. Бундай ўзлик одам туғилганидаёқ у билан бирга бўлади, баъзан эса киши шу ўзлигини кўрмай, билмай, унга бегона, ундан айро қилинган ҳолда ҳам яшаб, яшамай ўтиб кетиши мумкин…

Шоирликнинг туғма бир маъноси ўзини аямасликни англатади. Сўзи ва умри икки хил ёзувчининг ёзгани чинакам маънода кишига таъсир қилиши душвор. Албатта, давр ва шахснинг кўз очуви, бошқа сабаблар билан шоир дунёнинг ғалати, тескари, лекин азалий қонуниятларини ички ва ташқи кўринишларига дуч келиб, ҳисларини номлайверади. Лекин аввало ўзи ким эканлиги билан эътиборни тортади ёки эътибордан қолади.

Шоирмас сўзни минг куйларга солган,
Шеърни деб минг куйга тушганлар шоир!

— деб ёзади Аъзам “Онамга” деб аталган “Кузда кулган чечаклар” тўпламида биринчи жойлаштирилган шеърида (Ҳар бир шоирда ШОИРга таъриф бор. Дейлик А.Ориф билан Р.Парфиникини солиштириб кўринг. Қанчалик узоқлик ва яқинликни топиш мумкин). Бу тўплам “Шоирнинг биринчи китоби” туркумида чоп этилганлигини ҳисобга олсак, илк ижоди маҳсулларидан. Демак, у йўлнинг бошидаёқ шоир ким эканлигини жуда теран англаган ҳолда, гўзал ва мардона тўхтамга келган.

Она моддий ва маънавий оламдаги илк тавоф этиладиган, ўзини яширимай очадиган, сабоқ ва далда олинадиган манзил. Шундай муқаддас ва олий Зот қаршисида киши софланади ва улғаяди. Аъзам шоирнинг онасидан олган таълимлари шунақа улуғвор ва таъсирчанки, ўқувчи ҳам унга амал қилишни истайди. Фақат ўзбек онасигина мана шундай насиҳат қиладигандай туюлади менга:

Қайда юрма, қанча умр кўрма, барибир,
Тобутда бўлса ҳам юртингга интил!

(Аъзам Ўктам бу насиҳатга амал қилди, Тошкентда ўтди, сўнг эса кўз очиб кўрган юрти Фарғонага интилди…)

Юрти бор шоирларнинг овозида, сўзида, ҳатто ниятида юртининг бир дилбар талъати ялт этиб кетади. Бу кишини энтиктириб, ўз туғилган жой — кичик ватаннинг ўзига хос томонини излаб топмоққа ундайди. Ҳақиқий шоир юртини севиб, унинг ўзига хос чизгиларини топиб қиёфасини нурлантиради ва бошқаларга ҳам ватанни севишга ўргатади. Масалан, қуйидаги шеърда “Фарғона” сўзи тилга олиши билан кўз олдимизда ернинг бошқа ҳеч ерида ўхшаши йўқ бир гўзал диёр ястанади:

Қор босганда Тошкент боғларин,
Қат-қат эди кўнгил зорлари.
Юрагимда гуллади бирдан
Фарғонанинг ўрикзорлари.

У битта аломат сўз билан юртимизнинг кўркам белгиларини жонлантириб, рангин ва яхлитлигимизни ҳис қилдиради:

Водий гулин тақай минорларингга,
Юрак расмин чизай дудоққинангга.

Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари охири, тўқсонинчи йиллари бошида ёзганларини эълон қила бошлаган авлод баъзан нолиб қолишади: иқтисодий қийинчиликлар ижодимизга кучли зарба берди. Фақат ёзиш эмас, уни китоб қилиб чиқариш, бунинг учун пул топиш ташвиши ҳам ўзимизнинг чекимизга тушди. Ёзайликми ёки уни чиқариш учун пул топайликми? Балки… Лекин айни шу саксонинчи йилларнинг иккинчи ярми ва тўқсонинчи йилларнинг бошида юртимиз, халқимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида шундай кескин ижобий ўзгаришлар юз бердики, асрлар давомида халқимиз орзу қилган, армон билан боболаримиз кута-кута ўтган миллий қадриятларимизнинг тикланишига, эътиқод эркинлигига етдик. Майли, ёзганларимиз китоб ҳолида чиқишини бироз кутсак-кутармиз, аммо асло нолишга ҳаққимиз йўқ.

На Тошкент, на Қўқон билади мени,
Ахир ўз-ўзимни алдаб нетаман?

деб очиғини ёзган Аъзам Ўктамнинг ўша йилларда қоралаган энг сара шеърлари кескир, аччиқ ҳақиқатларнинг хушбўй гулдастасидир. Кимдир “Шеърнинг энг гўзал чиққани – ширин ёлғони”, деган экан. Лекин ҳеч бир ташбеҳ, муболаға, чиройли ёлғон аччиқ ҳақиқатнинг, теран ҳикматнинг ўрнини боса олмайди.

У баъзан оддий кузаткисида Ҳақ томонидан берилган эминликка ҳеч ким жилов сололмаслигини ажиб заҳархандалик билан билдиради:

Яхшиям, буйруқ-ла қичқирмас хўроз,
Яхшиям, ўзича отаверар тонг.

Гоҳ ўзини аёвсиз фош этиш билан юксак инсонийликка чорлайди:

Сахийнинг ризқи ҳам бағри кенг экан –
Ҳануз кўр қилмади тузингиз мени.
Ишонч уволига қолмадим гарчанд,
Ҳар кун бир ўлдирар кўзингиз мени.

Мен одам боласи эмасман минбаъд,
Мендан ор қилади сиртмоқ ила ўқ.
Бир алам қалбимни тирмалар фақат –
Тобутингиз кўтармоққа ҳаққим йўқ.

Шоир камолга етганда у фақат ҳақиқатни айтишга қасд қилади. Бу борада Аъзам Ўктам борган сари довюраклик билан элнинг, юртнинг руҳий ҳаётидан ровийлик қилди. Мана 80- йилларда кўз очган беш қатор шеър:

Ўгайга ўхшайман она Ватанда.
Тун. Бўрон. Таҳлика…
Яшашдан бездим.
Бор овозда куйлаш тақиқланганда
Овозим очилиб кетганин сездим.

Ҳали-ҳамон миллий-диний қадриятларимизга нописанд, ғафлатда, юриш-туриш, кийинишимизда шу аломатни кўрса “қишлоқи” деб куладиган ҳамроҳларимиз бор. Бу миллатни севган кишига жуда ҳам алам қилади. Масалан, дўппи ва тўн яқин-яқин йилларгача ўлим хабари, азадорлик белгиси бўлиб қолаёзган эди.

Кимдир ўлар, нимадир бўлар,
Ўзбек қайтса асл ҳолига.

Шоир аччиқ киноя қилар экан, кинояси пичинг доирасини ёриб чиқади. Агар миллатимиз асл ҳолига қайтса, ёвлари маҳв этилади, яхшилик юз очади, деган фикрни таг маънода бериб, жасурона орзу қилади. Руҳи синдирилган элни асл ҳолига қайтариш учун мозийдан далиллар изланади. Шоир уни истаганича топади:

Қул бўлган эмасмиз, ҳеч биродарлар,
Гарчи кўп босқинлар, таловлар ўтди.
Ўқталган мушт каби турар минорлар,
Мақбара қуббаси дубулға худди.

У ҳақиқатни санъаткорона айтишда мустамлака зулми бошидан кечган, озодликка умрини тиккан Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Асқар Қосимларнинг толиби бўлгани жуда сезилади. Аммо толиблигича қолиб кетмасдан миллий қарашларимиз хазинасини бойитди. Бу йўлдаги унинг энг муваффақиятли изланишлари, кескин, янгроқ, топилма, кашфиёт сатрларининг умри узоқ, миллат, юрт ҳақидаги ўлмас гирялар каби қайғумизни эслаш, руҳиятимизни кўтариш учун уларга мурожаат қилаверамиз. Мана яна бири:

Эртак айтсанг ўғлингга
Ухламаслик учун айт!

Аъзам Ўктамнинг йигирмага ҳам кирмаган шоирлиги, қирқ бирнинг устида хазон бўлган гул умрига мураккаб ва ўзгараётган даврнинг тўлақонли ва зерикарсиз бир талай манзаралари кўчганки, йиллар ўтган сари уларнинг қадри ошади. Унинг шундай кўламдор ва ёрқин шеърларидан бири “Якшанба”, рус шоири Сергей Есениннинг 20-йилларда инқилоб боис она Ватани бошига солинган кулфатлар – янги давр изтироблари ҳақидаги шеърларини эслатади. Аммо Есенинда янги фитна ва ёлғон замонига мослаша олмаслик қайғуси устуворлик қилса, Аъзам Ўктамнинг “Якшанба”сида миллатимиз бошига солинган сўнгги қатағон – ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўртасида “Ўзбек иши” баҳонасидаги адолатсизлик ва хўрлашлар, озодлик эҳтиёжи бор овозда куйланганки, мен шеъриятимизда ушбу қатағон бир нафасда достондай қамров билан фош этилган бошқа шеърни билмайман. Ўзлигини унутаёзган, ажнабийпараст бўлиб бораётган анча-мунча ёшлар бу асар билан танишишса кўп фойдали бўлади. “Якшанба” мактаб дарслигига киритишга арзийди.

Бир-бирининг узвий ва мантиқий давоми бўлган “Бир кун” ва “Бир тун” шеърларида ҳам шахс-шоир тўлақонли намоён бўлади. Қолаверса, у лойқалар тиниб, қарашлар шаклланган замон ижодкорининг эмас, айни эски замон билан янгиси аёвсиз курашга кирган, ким ҳақу нима тўғрилиги борасида адоқсиз баҳслар кечаётган бир даврдаги шахс-шоирнинг муножотидир. Ҳайратланарлиси, у янги бир даврга кирган ўзбек зиёлиларининг ички олами, жавобгарлиги-ю, ҳақдорлигини ўз-ўзини фош этиш билан аёвсиз тафтиш этаркан, шеър чақмоғининг ёруғида даҳрий бир тузумдан чиққан эзғин ва умидвор, йўлсиз ва ҳайрон авлоднинг руҳияти порлаб жилоланади. Уч йил ўтиб 1993 йили ёзилган “Бир тун”да наинки ижодкорнинг, оддий инсоннинг-да ҳақиқий ҳаёти – иймонга келиш, ҳидоятни топиш саодати, охир-оқибат Яратганга юзланиш ҳодисаси борки, етмиш йил нари берисидаги кўпчилик шоирларимиз сўзида бу маърифат шуъласи ғойиб бўлган эди.

Кўп нодон эканман: ахир сен бор-ку,
Бўлмасми ўзингга ҳасратим айтсам.
Ғамхўрим бир ўзинг – Парвардигор-ку,
Ҳар не бўлай эмди, ҳақ йўлдан қайтсам.

“…Ҳар на бўлай агар ҳақ йўлдан қайтсам…” У қасам ичиб кирган йўл қай йўл эди? Маърифат йўли эди!

Дарвоқе маърифат…

Во дариғки, совет замонида бўлар-бўлмасга маърифат сўзини тилга олаверганмиз. Кўп илми найранг, ҳийла-ю, ночорликларга унинг суратини ниқоб қилмоқчи бўлганмиз… Ниятимиз яхши, лекин ўйлаганларимиз зоҳирий, юракнинг ичига киролмай, ташқарида қолиб кетаверган. Гапирган сари у силлиқ, сирғалувчан, жавҳар англатмайдиган сўз бўлиб қолаверган. Чунки бизга маърифат деб билишнинг зоҳирини кўрсатишган. Турли-туман, сирти ялтироқ, ботини номаълум маълумотларни маърифат илми, керакли дастури амал деб тиқиштиришган…

Ўрта мактаб адабиёт дарсларида маърифатпарвар шоир деган мавзулар бўлар, шу талқинга кўра, биз Завқий, Муқимий ва Фурқат, бу ёғи Хоразм адабий муҳитидан Аваз Ўтарнинг уч-тўртта шеърини ўрганган, сўнгги маърифатпарвар сифатида Ҳамзани таниган, аммо бу маърифатпарварлик бизга кўпам маъқул бўлмаган эди… Негаки, бу маърифатнинг доираси жуда тор, уларга Навоийу Огаҳийларнинг киролмагани қизиқ, фақат Чор Россияси ўзининг босқинини хаспўшлаб, сиёсатини адолатли кўрсатиб Туркистонга келтирган “янгича илм тартиби”га бир қур билдирилган муносабат, дейлик Фурқатнинг “Гимназия” шеърига ўхшаш мумтоз шеърият намунасидан кўра, ижтимоий янгилик тарғиби, публицистик даъват маърифат, маърифатпарварлик деб баҳо берилар экан, бу тарғиботлар кўнгилни илитмас эди. Ҳолбуки, бу шеърларини ёзганда шоирлар ҳам буларни чин маърифат намуналари сифатида билишмаган, босқинчи маъмурлар эса жон деб нашр қилишган, совет мафкурачиларига яна ҳам қўл келиб, халқни ўз йўлларига солиш учун байроқ қилиб кўтаришган, тўқиб-бичиб шиширишган ва остига ўзларининг чиллаки ва тасқара ниятларини маърифатпарварлик сўзи билан сингдирмоқчи бўлиб, мустамлака сиёсатини тарғиб-ташвиқ қилишган эди. Аслида Фурқату Муқиимий, Завқийу Ҳамза кабиларнинг ҳар сўзида маърифат зиёси тараладиган шундай асарлари борки, ҳеч ҳам тарғиботга муҳтож эмас. Зеро, адабиёт юракнинг эҳтиёжи эканини шоирлар ҳам, муҳиблар ҳам жуда яхши билар, шу умидда қалам йўнишар, шу маънавиий эҳтиёжни қондириш учун шеърият оламига талпинишар эди.

Маърифат аслни билиш, ашёларнинг жавҳари, қалбнинг чинакам озуқаси ҳақида иймоний-ирфоний билишдир. Яратганини таниб, юритилган фикр, адо этилган амалгина маърифий бўла олади. Адабиётнинг эса бош вазифаси маърифат хизматида тоабад камарбаста бўлишдир. Шу маънода бизнинг энг санъаткор шоир маърифатпарваримиз ҳазрат Алишер Навоий жаноблари бўладилар. Чин маънодаги маърифатпарвар шоир дарғаларимиз ҳазрат Яссавий, Ҳаким Ота – Сулаймон Бақирғоний каби салафи солиҳлар сўз воситасида ҳар нафаслари маърифат зиёси бўлганини Навоий ҳазратлари ҳам қарздорлик туйғуси ила тилга оладилар. Шу боис ҳам улуғ шоир ниҳоят ўз қўли билан девон тартиб беришга киришар экан, “Бадоиъ ул бидоя”нинг дебочасида шеър ёзилишидан мақсад нима бўлиши керагу, энди адабиётни, шеър хизматини қандай тушуна бошлаганларини кузата туриб озорланади: “Гўйиё баъзи эл ашъор таҳсилидин ва девон такмилидин ғараз мажозий ҳусну жамол тавсифи ва мақсуд зоҳирий хатти-ҳол таърифидин ўзга нима англамайдилар”. Қаранг, “халқ мусулмон, юрт мусулмон обод” бўлган ҳазрат Навоий даврида шеърдан мақсад зоҳирий гўзаллик, ташқи ҳуснни таърифлашга берилиш хавфи ғимирлаб қолган экан, юрт худосизлар қўлида мустамлака, ўзлигини билганлар таъқиқда, эл эса дину иймонидан узоқда бўлган совет даврида адабиётнинг, шеъриятнинг асл вазифасини нима деб тушунишган бўлсалар?..

Ҳазрат Навоий фикрларининг давоми ўзининг давридан ҳам кўра қарийб беш юз йил кейинги йилларнинг маънавий манзарасидай эшитилади. “Девон топилмағайдиким, анда маърифатомуз бир ғазал бўлғайким, анда маъвизатангиз бир байт бўлмағай”. Ҳақиқий аҳвол эса ундан беш-баттар эди. Ўтган асрнинг 80- йилларига келиб девон уёқда турсин, расмана аруз вазнида камчиликсиз ёзилган бир ғазални топиб бўлмасди. Санъати маърифатсиз шеъриятнинг кимга фойдаси бор? “Мундоқ девон битилса, худ асру беҳуда заҳмат ва зойиъ машаққат тортилғон бўлғай.” Буни жўнгина тушунтириладиган бўлса, шу йўсинидаги назм жуда беҳуда иш, бекордан-бекорга тортилган заҳмат, чекилган машаққат бўлар экан…

Илк китоблари “”Кузда кулган чечаклар”, “Кузатиш”да тўпори бир самимият, фитрий шижоат билан кўнглини бўшатган, гоҳида ҳеч нарсани ғараз қилмай сўзга ишқибозлигини намоён қилган ёш шоир Аъзам Ўктам қуёш чиқиб, бутун олам гўзаллиги шоён бўлганида, ўзининг анча-мунча ёзганлари “беҳуда иш” – савобдан кўра гуноҳни оширадиган бўлганини фаҳмлаб етди… Энди ундай фикрлашдан воз кечмаса бўлмаслигини азоб ва севинч билан англади. Орадан етмиш, саксон йил ўтиб мусулмон киши интиладиган уфқ ортда қолганини билиб қайғурган, тавба қилган, шу ҳақли ва муқарррар тўхтамга келган шоиру носирларимиз қалдирғоч сафларида шиддат-ла пайдо бўлди.

Энг қувончли қайғу ичида ҳидоятга келар экан, мусулмон учун энг оддий, энг асосий амалларни билишга киришди. Тавба, эътиқодимиз дахлсиз бўлиб, чин мусулмон бўлишимиз учун шароитлар етарли эканига чорак аср бўлаётганига қарамай баъзи ўзини зиёлиман деб юрган ҳамкасб ҳамроҳларимиз чинакам маънода иймон нима эканлигини ҳали-ҳамон тасаввур қилишолмайди. Шеър, сўз нима учун айтилиши кераклигини билишмайди. Аммо иддаолари осмонни тешади, даъволари булутлардан тепада. Шу боис ҳам ёзганлари нафс таъмаси, амал пойгаси, шону шуҳрат ғавғосидаги шайтон базмида, зоҳирий ва ўткинчи чирой каби хаёлларни шамғалат қилади. Ахир булар қалбнинг мангу тиргаги, кўнгил озуқаси бўлолмайди-ку…

“Зиёрат”дан “Тараддуд”гача

Аъзам Ўктам эса асл илмни ўрганган, ўрганганлари асосида ҳаётини қайта тузар экан, ўзида бошқа бир кўнгил туғилиб, унинг шивир-шивиринигина эшитишга тутинди, илҳақ бўлиб ёзиб олишни эртаю кеч истади. Ва жуда камтаринлик билан, жуда сомелик билан кўнглидан тўкилганларини “Зиёрат” (1992) деб атади. Бир йил ўтиб яна ва яна кўнгил мавжларига мавж қўшилиб, уларнинг буюк бир оламга киришга, улуғ бир йўлда бўлишга “Тараддуд” (1993) деб билди. Ўша йилларда Аъзам Ўктам хизмат қилган даргоҳ, азм бир маънавий муҳитни бутун юрт бўйлаб ёйилишиги хизмат қилди. У устозларга қўл бериб маърифатни ўрганиш қаторида энди ўзи ҳам дадиллик билан элни маърифатли қилишга, то қиёмат қадар садақаи жория бўладиган ишларга уринди. Яқин шоир дўсти Чори Аваз сатрини такрорлаб “Энди мени ўзинг қўллагин илм” дегудек илм зиёсини таратди. Биринчи марта юртимизда китоб сифатида нашр қилинган динимиз асоси Қуръони каримнинг шайх Аловиддин Мансур адо этган ўзбекчадаги маънолар таржимасига муҳаррир сифатида кўз нурларини тўкди. Ул Китобдан эса кўзлари нурланиб, қанча қалбларни нурлантирди. Бундан унинг беҳад илм юқтириб улғайиб кетганини кўрсангиз эди. У бир пайтлар устоз деб билган шеъриятимизнинг олтмишинчи, етмишинчи йилларида юлдуз бўлиб порлаган устозларининг ҳеч бири етмаган, кейинчалик баъзи бирларигина аранг англайдиган улуғ бир маънавий оламга чиқди. Бу қандай ҳақ йўл ва чинакам саодат, ҳақиқий адабиёт эканини билганларнинг қувонганини кўрсангиз эди. “Тараддуд” китобидаги шеърлар диний мавзудаги бошқа шеърлардан фарқли ўлароқ, баъзи бир оятларнинг, ҳадисларнинг ёки исломий ҳикматларни таржимаси эмас, балки мусулмон инсоннинг ҳаёт жараёнида қоришиб кетган фикрлари, ўйлари, фикр-мулоҳазалари ва халқи учун, дини учун куюниши, иймон-эътиқод йўлида ёниб яшаши акс этгани билан ажралиб туради”. Замонамизнинг буюк уломоси, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф бу фикрларни хорижда юрганида, Аъзам Ўктамнинг шеър китоби қўлига тушиб қолиб айтади. Демакки, ҳақиқий маънода маърифат учун жонкуяр ШОИР ва шеъриятга дуч келганидан тўлқинланиб кетади.

Ҳолбуки ҳали-ҳамон баъзи кишилар, бундайлар адабиётчилар орасида ҳам талайгина, динимиз амалларини беками кўст бажаришга интилиш кишини чеклайди, эркинлигини бўғади, деб чўчишади. Бу ўринсиз хавфсираш. Дангасалик сари бошлайдиган важ. Зеро, динимиз маърифати билан туйинган минг йиллик адабиётимизнинг кўздан кечирсак, инсониятга айтилган энг улкан ва тоза тилак ва йўл-йўриқлар, бадиий санъат йўлидаги энг бақувват ва узоқ яшайдиган кашфиётлар манбаси Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар илдизидан униб чиққанининг гувоҳи бўлиш мумкин. Буни ҳеч ким инкор этмайди. Аммо худди шундай кашфиётларнинг яна қанчаси кўз очишига кўплар ишонмайди. Бу ношуд, дангаса ва ноҳақ қарашга биринчилардан бўлиб Аъзам Ўктам зарба берди.

Маънавиятимиз сарчашмалари билан суғорилган онг ва хаёлот кўзи билан кўрадиганимиз дунёи сағир – кичик оламнинг ўзида қолиб кетмайди. Балки олами кабирга чиқади. Унда қарашлар ўлчови шунчалик кенгаядики, соат “чиқ-чиқ”и эмас, ками билан ёруғлик тезлигида меърожга кўтарилиб, абадият боғида истиқомат қилишимиз мумкинлигини англаб етамиз.

Аъзам Ўктамга қулоқ берайлик:

На бўлғай яшашни сал осон қилсанг,
Қил сиғмаган кўнглинг шуълага тўлсин.

Тирикчилик ташвишларига кўмилган инсонга киноя билан бошланган тасвир, кузатки: “На бўлғай яшашни сал осон қилсанг”да шоир бу нодонлик ҳасрати эканлигини фаҳмлатиб, ҳақиқий банда ажиб бир тилак билан масрур этилади: “Қил сиғмаган кўнглинг…(рост-да, нафс югур-югурларида банд, озорланган одамнинг кўнглига энг ингичка жисм — қил ҳам сиғмайди!) шуълага тўлсин”. Ҳайратланарлиги моддий оламда йўқ нарса тиланади. Зеро, шуъла моддийгина жисм эмас, маънавий хилқат, унинг учун қил сиғадиган ҳам ўрин керак эмас, у банд этмайди, кенгайтиради. Зулматга буркамайди, ёритади. Таъқиқламайди, кўрсатади. Чунки шоир тилаётгани шунчаки нур эмас, балки – иймон нуридир. Демак, фикр инсоннинг маънавий ҳаётини бутунлай ижобий томонга кескин ўзгартирадиган мўъжиза ҳақидадир. (Ҳеч бир қавм ўзини ўзгартирмагунча, мен уни ўзгартирмайман. (Қуръони карим ояти).

Истакнинг асоси ва манбасидан хабар топганга Аъзам Ўктамнинг маърифатпарварлиги, кашшоф шоирлиги маълум бўлади, зеро бу дуо, бу тилак, бу даъватда ҳақиқий ҳаёт шодиёнаси нимадалиги бир нафасда шоён этилган:

Ҳар намоз орасин Рамазон билсанг,
Бир кунда беш ҳайит
Муборак бўлсин.

Бунинг фавқулодда топилдиқ эканлигини етук маърифат соҳиблари ҳам эътироф этишган. Маънавий умр тадрижи шундай мужассамлаштирилганки, уни жуда кўп сўз ила изоҳлаб тушунтирилганда ҳам фақат низоми ва тартиби айтила олиниши мумкин. Шеърият эса ўшанга олиб борадиган кўнгилнинг эрка булбулигўёси эканки, бир зебо фикри ила жуда теран ва сирли қилиб ҳақиқий муслимнинг бу буюк ҳаёт тартиби ва улуғ саодатидан хабарчилик қила олар экан. Агарки: “Ҳар намоз орасин рамазон билсанг, бир кунда беш ҳайит муборак бўлсин” Шоирнинг улуғ даъвати ибодатдан бошқа пайтларни ҳам ибодатдагидек яшашга даъватдир. Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Ҳар тунинг Қадр ўлибон, ҳар кунинг наврўз ўлсин” байтига ҳамтилак кўз очган шеърнинг кейинги икки мисрасида мусулмончиликнинг буюк натижаси, ҳосили билан табрик қилиб қўйилаяпти. Зеро, нафс қутқуларидан парҳез, оғизнинг фақат егуликкагина эмас беҳуда сўзларга ҳам ёпиқ бўлгандаги ҳолати, илллатлардан ўзимизни ҳимоялашга бел боғлаганимизда руҳимизга қанчалик қўл келади. Чин амалларимиз ҳудуди кенгаяди, маърифат майдони катталашади. Натижада бу дамлар кўнгил учун ҳақиқий ийд, комилликнинг меърожи ва парвозига олиб келади. Мана маърифатли шоирнинг бизга илинишлари!

Ҳазрат Навоийга эргашиб ҳадисдан шеър тиклаган ижодкорларимиз кўпайди. Зеро, бундай маърифий шеърлардан олинадиган баҳралар, ҳикматлар халқнинг руҳиятини қувватлантиради, неча бир авлодларни камолотга етказади. Шундай шоирона шарҳ қилинган, руҳи беҳад кўтаринки Аъзам Ўктамнинг “Икки дунё саодати” китоби кишини жуда умидлантиради. Сабоқ ҳам беради.

Истаса, ҳазрат Навоий 400 арбаин ёзиши мумкин эди. Аммо ҳар бир мустақил фикр, илҳомий лаҳзаларда кўз очган маърифатда табиий, ҳаётий эътиқод ҳурлиги тасвири таъсирчан бадиий санъатлар ила уйғун келади. Аъзам Ўктам руҳоний ҳаётимизни кузатаркан, истиқоматимизга зийнат бўлгувчи ташбеҳлар топиб, гўзал тасаввурлар яратади.Улардан ҳикмат сифатида ўгит олсак, шеър сифатида мутаассирланамиз.

Рамазон – машаққат, синовлар ойи
Ўттиз қоронғу кун, ўттиз ёруғ тун.
Тонглар насиб этди тоза ҳавою
Булбулнинг овози саҳарлик учун.

Ўшандаги киши руҳияти саодатини олим бундай қилиб шархлолмайди, ҳис қилинганини тушунтириш ундан-да мушкул. Аммо шоирнинг “Ўттиз қоронғу куни-ю, ўттиз ёруғ туни” барини баралла мухтасарларкан, фавқулодда ҳолатнинг фавқулодда гўзаллиги кўнгилни маст қилади. “Булбулнинг овозини (руҳият) саҳарлик учун” тановул этишини бир тасаввур қилинг.

Аччиқ сўз чиқмайдир – ёпиқдир оғзим,
Бировга қадалиб тикилмоқ тамом.
Кўнгил тўқ, руҳ енгил.
Хушбахтман ўзим –
Гул исин ифторлик учун берди шом.

Тартибнинг улуғлиги хулқимизнинг яхшиланиши доясидир. Оғизнинг ёпиқлиги фақат ейишдан тийилиш, нафснигина жиловлаш эмас, жоҳилликнинг барча турларидан тийилиш жангидир, у иродани тоблайди. Хулқнинг гўзаллашишига олиб боради: энди зоҳирий гўзаллик макридан ҳам бир муддат эса-да қутилинади. Бу кўзнинг рўзаси экан… Охирида гул исини ифторлик учун шомнинг бериши валиюллоҳлардек рамазонни ўтказиш, қалбнинг рўзаси тасвиридир.

Адабиётнинг ўзаги адаб бўлгани ҳолда “адабиёт ҳеч нарсани ўргатмайди” дея даъво қилувчилар йўқ эмас. Баъзи шеърчи “адиб”лар ана шу қарашга осилиб шайтонга малайлигини хаспўшламоқчи бўлади. Асли эмас, майли хоҳлаган қутқуни намойиш қилмоқчи бўлади. Афсуски, ана шу қутқулар шайтон тухумини кўпайтирди, уларнинг илми амалини “ўргатди”. Қолаверса, маърифий руҳдаги битиклар урфдан қолган куйлакдек ибтидоий машқлар деб қарала бошланди. Собиқ совет даврида куртак отган, шайтоний қутқуга соладиган назмбозлик, аллам-бало лапарлар баттар оммага кўз-кўз қилиниб ётибди.

Сочимдан кўп ошиғим, сен бўлмасанг бошқаси…

Хиёнат, енгилтаклик бу, асло адабиёт эмас.

“Қирқинчи баҳор”нинг инъоми

Шоир Аъзам Ўктамнинг илк шеърларидаёқ инсоннинг инсонга пок севгиси таронаси ниҳоятда самимий ва ёниқ эди. Аммо унинг ўзи тартиб берган сўнгги КИТОБи “Қириқинчи баҳор”ида энди шахс улғайиб, камолга етиб, комиллик йўлида жондан кечиб англаган ва сийлаган муҳаббати, унга меҳри ва ишқи том маънода гўзал бир хулқлар гулшани яратганини кўнгил ҳузурланиб тамошо қилади. Ҳазрат Навоий ишқни учга: аввал авомий, кейин мажозий ва ниҳоят илоҳий даражага етилади деб босқичларга бўладилар. Мен шоир Аъзам Ўктамнинг “Кузда кулган чечаклар” бўлимини бирон бир босқичга мансублигини айтишга ҳаддим сиғмаса-да, улардаги илоҳий нур ёруғидаги гўзал хулқлар тарануми ҳавасимни келтирди. Бундаги муслима, мўмина, орифа, зоҳида, комила аёл-қизларнинг қалб суратлари эҳтимол шоирнинг орзуларидан кўз очгандир. Шунинг учун ҳам Қодирийнинг Кумишбибисини эсга солар. Мумтоз адабиётимизда покизалик тимсоли сифатида гўзаллар фариштага тенглаштирилгандир. Аслида, ҳурда инсоний эҳтиёж йўқ. Инсон эса ўрганиб, истаб фаришталик хулқини ўзлаштириш имконияти борлиги маданиятимизнинг кўрк қилинадиган энг юқори нуқтасидир. Аъзам Ўктам жоҳиллик даврининг танни кўз-кўзлаш иллати тобора ошкора кўнгилга ҳужум бошлаганда, аёл-қизларимиз учун ибрат бўладиган оқилалар сийратини муҳаббат билан чизадики, уларга беихтиёр меҳр қўясиз ва бир куни шундай ҳур кўнгиллардан бўюк боболардек қалби кўркли зотлар оламга келишига чинакамига ишонасиз:

Ҳурдай хоним, хаёлида ҳам,
Гуноҳ қилиб кўрмаган хоним;
Гоҳ ёвқур, гоҳ ҳақир кўрган дам
Ҳуркиб ҳолим сўрмаган хоним…

“Меҳр” деб аталган ана шу шеърдаги ҳурдил малакнинг ёруғ сиймоси неча Машраб куйлаб ўтган дилбарга ўхшайди. У-да рафиқа, кўнгилники.

…аёзларда увишган қўлни
астагина ушлаган хоним;
бевақт қариб-қартайган дилни
фақат тушда хушлаган хоним;

Бу шеърнинг нодир тушунчаларини изоҳлаб, тўла тушунтириб бўлмайди, беғуборликни ҳис қилибгина дилингиз таскин топади. У ҳисларимизни гапирмасдан тарбиялайди. Шу ҳолида ҳаётдан ҳам чекинмасдан, ерлик фаришта эканлигини билдириб туради:

жинни-санғи шеърлар ўқисам,
бош эгиб, жим тинглаган хоним;
дилимдагин кўзим айтса ҳам,
билатуриб “билмаган” хоним;

Мусулмон кўнгилда шундай ҳаё пардаси бор, ундан нарига ўтиш мумкин эмас, буёғига тилни тийиш керак бўлади. Аммо шоир бутунлай мумкин эмас ҳолатлар ҳақида эмас, балки инсоннинг ҳусни хулқи ва шу хулқдан ўниб чиққан жуда ҳам ростгўй орзуларидан сўз очади. Бу истаклар покиза, сирли ва асл ва уни шу тоза хулқ ҳаққи тушуниш мумкин:

Мен жудаям истарман: бир кун
Ўлсам, сиз ҳам ўлишингизни.

Бунақа журъат ўлимга эмас, кишини ҳаётга талпинтиради. Мўминнинг энг улуғ сифатларидан бири ўз рафиқасини доғули дунёдан қизғанишидир. Шоир шуни айтишга журъат қилади. Унинг худди шундай, жуда довюраклик билан юракнинг энг тўрида сақлайдиган “Изҳор”, “Қизғаниш” “Илтижо”, “Жўнатилмайдиган хат”, “Ортиқ” каби шеърларида камолот манзили бор ва улар кейинги асрларда севги дафтаримизни бўшаб қолган ўрнини тўлдирадиган ишқ тароналари, йиғлаб ўқиладган фожий ва қутлуғ бандлар бўлди.

Сен борсанки, кўнглим тўқ,
Меникисан тасаддуқ.
Олар ҳаммани, аммо
Худога ҳам бергим йўқ.

Шоир ишқ девонаси-да, девона эса маъсум бўлади, айтадиган ҳақли гапи учун ҳисоб бермайди…
Унинг “Илтижо”да антонимлари яхлитки, аксда нур жамланади, манфийнинг ҳолатида мусбат тикланади, булоқда олов софланади. Шунинг учун ҳам ҳеч бир бадиий гулшанда мутлақ ҳал этиб бўлмайдиган масалани шеъриятда шубҳасиз амалга ошириб бўлади. Аъзам Ўктам уни ўчинчи мисрасида эълон қилиб, кейинидан ҳеч мумкин эмас тилагини изҳор қилади…:

1. Мен яшнаган сари ранги синиққан –
Севарим, соғ ўл.
2. 2.Рўшнолик кўрмаган ошнога тегиб–
Севарим, соғ ўл.
3. 3. Демак мен айтмасам ўлмагайдирсан–
Севарим, соғ ўл.

Шоирнинг ягона бойлиги ва оташин дўсти – қалби ҳассос, жуда сезгир бўлади. Шунинг учун у борини инъом этади, эвазига топганидан ёнади, азалнинг қонунияти бўлган икки карра сирдан бошқа кўнгилларни воқиф этади. Аъзам Ўктамнинг сўнгги шеърларида ана шу аёвсизлик ва шиддат абадият қадар бор:

Йўқдир нур чашмаси ул нигоҳдан ортиқ,
Таниб, жилмайганинг никоҳдан ортиқ.

Фақат сенга очгим келур қалбимни,
Гарчи сирдош ўлмас Илоҳдан ортиқ.

Тиз чўксам пойингда, паст кетганимми.
Юксалмак йўли йўқ шу чоҳдан ортиқ.

Шоир бу каби шеърлари билан севиб эъзозлаш, қадрлашни ниҳоятда теран тасаввур қилдиради. Гўзалга, гўзалликка севги эса қалбнинг энг чуқур ерида туради. Ўзбек миллатининг аёлга муносабати ана шундай ўзбекона, мусулмонона тарбиядан туғилиши керак. Беш юз йил олдин ҳам шундай бўлган, беш аср кейин ҳам шундай бўлишини орзу қиламиз.

Она-ота, ўғил-қизга муносабат ҳам шунга ўхшаш шахсий, лекин жуда ҳам том, кескир ва тирилтирувчан, қилич ва қалқон насиҳатлар керагида зарб бериб, керагида ҳимояга отилади. Ҳолбуки биров шунчаки насиҳат қилса, беихтиёр энсамиз қотади. Ҳолбуки, каттами-кичик ҳар биримиз кўпинча насиҳатга жуда муҳтож бўламиз.

Қизига қилган насиҳати:

То тирик эканман тегмайди шамол
Ким сенга қасд этса, ишон у ўлди.
Қарши чиқсанг бутун дунё, бемалол,
Худони душманим демасанг бўлди.

Бу тўрт сатрнинг ҳеч бирида заррача ёлғон йўқ, ҳар қандай ота қиз кўриб, уни вояга етказаркан, худди шундай бир фидоий жасоратга ҳозир туради ва қиз мардуми олдига шундай иймондор шартлар қўяди ҳам.

Киши улғайган сари хатоларини англаб, истиғфорга борар экан, покиза ва мардона бир дўст қидиради. Унинг маъсум дўстлари болалари бўлиши ҳам мумкин. Уларда ўзининг ёшлигини кўриб покланади. Шунинг учун улар билан дардлашади, керагида ўтинади, керагида талаб қилади. Чунки уни англаб тушунувчи, биринчи бўлиб амал қилувчи ҳам ортида қолувчи авлоддир.

Ҳаётдек мўъжиза – неъматдир ўлим,
Шарпасин туйгандек ҳис этдим ўзим.
Отамга қилганим қилмасин ўғлим,
Онамга қилганим қайтарма қизим.

Отамга қилганим қилмасин ўғлим – нақадар гумроҳ кунларимиз тавбаси.

Онамга қилганим қайтарма қизим – бу инсонга энг улуғ ҳаққи (бурчи)ни эслатиш. Қуръони каримнинг Нисо сурасида Аллоҳ таоло шундай огоҳлантиради. “Ота-оналарингизга яхшилик қилинг!” Зеро, инсон буни унутувчан, кўпинча бола-чақа, нафс югур-югурлари билан овора бўлиб қолади. Васиятни унутмайлик. Аъзам Ўктамнинг келажакдан умидворлиги бениҳоя баланд эди. Қирчиллама қирқ ёш устидаги шеърларида-да бу порлаб турибди:

Ишонтирдинг сен ўзимга ўзимни,
Йигитсан, мен гувоҳ, болам, алла.
Фаришталар ювиб қўяр юзингни,
Чўриси ҳам бегуноҳ болам, алла.
Инсон зоти англолмагай сўзингни
Ҳамсуҳбати Аллоҳ болам, алла.

Мўъжаз олти қатор шеърда шунча золвор ва тикланиш. Оламларга татигулик инсоннинг юксак ва маъсумлиги. Маъсум фарзандгина одамнинг аслини кўрсатиб, уни ўзлигига қайтаради ва ҳаёт абадий эканлигига ишонтиради. Одам туғилгандаёқ унинг қалби жасур мардона, яъни йигит бўлади. Маъсумнинг ёрдамчилари ҳам маъсумалар, аммо бу ерда “чўриси”дан мурод уни оламга келтиргани эвазига гуноҳлари ювилиб кетадиган зот онадир. Улуғ зарб эса сўнгги қаторда берилади. Одам ақли билангина эмас, маъсум кунгли билан улуғвордир. Ана шу кунгил болада бўлади. Шу боис у шоир ҳам жуда. Уйқусида ҳам уйғоқ гўдакни айтажак сўзларини инсон зоти охиригача англаб етмаслиги табиий, зеро, шоир кашф қилганидек гўдакнинг суҳбатдоши Аллоҳнинг Ўзидир. Шоир ҳам битаётган паллада гўдакдай маъсум, гуноҳлардан фориғ бўлади ва унинг ҳам энг яқин суҳбатдоши Аллоҳ бўлади. Бу дунёни ҳойи ҳавасига ботган кишилар унга ажнабий, тили-да, дили-да бегона бўлади. Бўлиб ҳам келган…

Умуман, у “Қирқинчи баҳор”да жуда сўзларни тежаб, санъатни тиклаб, илҳомли фикрини битган, холос. Ўзини аёвсиз тафтиш қилишида эса салафларимиз каби инсон камолоти ва кемтиклиги тадқиқини кўрамиз:

Кимлардек бўлишга етмас саботим,
Кимлардек бўлишга ҳеч тоқатим йўқ.
Аъзам Ўктам.

Мени мен истаган киши суҳбатига аржуманд этмас,
Мени истарларнинг суҳбатин кўнглим писанд этмас.
Алишер Навоий.

Киноянинг шахтига қаранг:

Ақлим энди етяпти оз-моз:
астойдил қасд қилса одам,
айланади кундага қоғоз,
болта бўлар бемалол қалам.

Шоирнинг онги ва ҳисси бирдан ва бирдай ишлайди. Бу иқтидор ижод аҳлидан бошқа ҳеч кимга берилмаган.Унда дунё хавфи, ҳам ражоси бир нуқтада пайдо бўлади: Шоирни зафари ва абадий мағлубияти ва яна музаффаряти шудир:

Кетмай туриб қарғалар ҳали,
Қалдирғочлар келганин кўрдим!

Бу икки дунёдан умидворликнинг образли кўра олгани . Шунинг учун ҳам мана бу шеърни умр китобининг охирига шунчаки жойлаштирмаган. Бу башорат, хайрли мужда. Зеро, шоирнинг чин сўзи ё васият, ё башорат ва ёхуд муҳим нуқталари бошқалар тақдирида такрорланиб турадиган бетакрор, бардавом ҳаётнинг ўзи…:

Осмон беҳад яқин, Ер эса юмшоқ,
Ёшлик қайтиб кетмас, у мангу қолар.
Бўзчиман – боғлайман ҳар кун бир белбоғ,
Сафарим қаримас, яшариб турар.

***

Аъзам Ўктам мардона, шиддат билан яшаётганини билардик, аммо шитоб билан ўтиб кетганини билмай қолибмиз. 2002 йили феврали бошида эрталаб бекатда автобус кутиб турсам, жўрамиз Юсуф Абдуллоҳ етиб келиб, мусибатдан эзилиб дедики… Орадан тўрт ярим йил ўтди, ҳамон бу шум хабардан карахтман. Наҳотки “Қирқинчи баҳор”ини кечагина тақдим этган (китобининг номи) Аъзам шоир қирқ иккинчи баҳорга етолмаган бўлса? Начора. Шукрки, бул тонг Аъзам Ўктам шеърларини қўлимга олиб, мириқиб ўқир эканман, у билан учрашиб, гурунгини олдим… Шоирни шундан қўймасин!

2006 – 2015 йиллар

Axq8pLDCMAAGGrS.jpg large.jpg4 OKTYABR — SHOIR A’ZAM O‘KTAM TAVALLUD TOPGAN KUN

   A’zamning armonli, bulbul chah-chahiday g‘ami ko‘tarinki, tongotarda mo‘ysafidning hikmatiday ziyo ulashadigan talay she’rlari borki, ularni o‘qigan o‘quvchi shoir yashagan davrnigina emas, Qiyomat qadar davom etar insoniyat hayotining ma’sum, yoniq, mas’ul chog‘larini xotirlaydi…

A’zam O‘KTAM
SHE’RLAR
09

0838a404e93f66da854fe80948bf8894.jpgA’zam O‘ktam (A’zam Xudoyberdiyev) 1960 yil 4 oktyabrda Farg‘ona viloyatining Buvayda tumanida tug‘ilgan. ToshDUning jurnalistika fakultetini bitirgan (1985). «Kuzda kulgan chechaklar» (1989), «Kuzatish» (1990), «Ziyorat» (1992), «Taraddud» (1993), «Ikki dunyo saodati» (1998), «Qirqinchi bahor» (2000) she’riy to‘plamlari nashr etilgan. «Bola dunyoni tebratar» (1988), «Xabar» (1995) kabi nasriy asarlar muallifi. Rabindranat Tagor va Nikolay Rubsovning turkum she’rlarini o‘zbek tiliga tarjima qilgan. 2002 yili Toshkent shahrida vafot etgan.

09

DALIL

Qul bo‘lgan emasmiz hech, birodarlar,
Garchi ko‘p bosqinlar, talovlar o‘tdi:
O‘qtalgan musht kabi turar minorlar,
Maqbara qubbasi dubulg‘a xuddi.

Va butkul savodsiz emasdik hecham,
Bunga ishonmayman, bu gap ko‘p og‘ir.
Hatto uy shiftining vassalari ham
Kitoblar shaklida qurilgan axir.

YO‘L

Yil yiqilar yilning ustiga,
Xotiralar tipirchilar xit.
Yelkam og‘rir, qaqshar ustuxon,
Yuk ostida siltanar umid.

Beraymikan taqdirimga tan,
Nahot bari tugadi yohu!
Yildan-yilga yetaklab o‘tgan —
Orzularim ushalmadi-ku?!

Sergak qadam tashlayman, axir,
Yurar yo‘lim — qalin tikanzor.
Benihoyat uzundir umr,
Bittagina oq ko‘ylagim bor.

Yuksaklarga cho‘zibman qo‘lni,
Omon yetay unga ishqilib.
Tanladim sal og‘irroq yo‘lni,
Sal yengilroq jon berayin deb.

Qadam bosish tobora qiyin,
Umr kiftda. Qaqshar ustuxon.
Olg‘a qarab yurganim sayin
Yil yiqilar yilning ustiga.

JO‘NATILMAYDIGAN XAT

Nechun seni ko‘rsam, g‘amlarim ketar,
Ko‘zlari g‘ussaga to‘lgan guloyim?
G‘am nedir, ortig‘u kamlarim ketar,
Bor-yo‘g‘im zer-zabar qilgan guloyim?

Sulton bo‘lolmasman uyingda sening,
Sen ham bo‘lolmassan g‘amxo‘r, dastyorim.
Nahot yaralgansan sho‘rimga mening,
Hamisha bemorim, hamisha zorim?

Hali yer ostiga emasmiz loyiq.
Farishta emasmiz ko‘kka chiqarga.
Ajabki, hakamdir bizga xaloyiq,
Kuch yo‘qdir tog‘nimas, so‘zni yiqarga.

Hargiz borolmasman sen tomon bosib,
Sen ham chiqolmassan ostona hatlab.
Men o‘qib yig‘layman o‘zim xat yozib,
Senga yetib bormas men bitgan xatlar.

IQROR

Kuy bo‘l qo‘shig‘imga, momoguldirak,
Buncha gursillama, og‘ir bo‘l, yurak.
Qiynaldim, sirimni ochishim kerak:
Bir baxtsiz ayolni sevaman…

Har kun nasibasi haqorat, qarg‘ish,
Bahori bir lahza, uzun umri qish.
Bir istagi qolish, ming ahdi ketish —
Bir baxtsiz ayolni sevaman…

Aldamchilik, yolg‘on mendan naridir:
U mening jonimdir, malak, paridir.
Birov deb yashnadi, men deb qariydir —
Bir baxtsiz ayolni sevaman…

O‘tda kuydi, suvda cho‘kdi yil, kuni,
Menga nasib etdi oydin bir tuni.
Endi o‘lgim kelar jim quchib uni —
Bir baxtsiz ayolni savaman…

SHOIRNING ONASI

Shavkat Rahmon ketganiga bog‘lar ko‘ndi,
Qafasdagi bulbul, erkin zog‘lar ko‘ndi.
Onasi chin Oftob ekan,
Yil o‘tmayin —
Kuydi, so‘ndi.
Sal ko‘nganday bo‘ldi keyin.

CHIROQ

Bir kun o‘z turmushlari haqida gap ketganda Abdulla Qahhor “Kibriyoxon, taqdirning ishini qarang: chiroqni Qo‘qonda, shishasini Samarqandda yasabdi-yu, uning piligini Toshkentda yoqib qo‘yibdi” degan ekan.

1. Men yana charchadim.
Yo‘q charchatishdi,
og‘zini ochmasdan hurayotgan itlar.
Yana xira tortdi tiniq osmonim.
uni o‘rab oldi qora bulutlar.

G‘uvillab qulog‘im, yelkam sirqirab,
yana Chig‘atoyga tushmoqda yo‘lim.
Shunday ulug‘ zotning xoki poyiga
boshin qo‘ymoqdan xijolat gulim.

2. Dilda o‘t, ko‘zimda halqalanar yosh,
la’natlar o‘qirman o‘lim — baloga.
Nahot qaro yerning qaro qa’ri ham.
mushtoq yotgan ekan Bizning Ziyoga?!

So‘zlaganday bo‘ldi ko‘zlari bilan
men Oybek domlaga qolsam termulib:
«Abdulla Qahhorni uchratmaganlar
nima ham ko‘ribdi dunyoga kelib?»

3. Mening o‘ksik dilim yorishdi asta,
yoritdi hech qachon so‘nmagan chiroq.
Qalbimga o‘t solib qo‘ydi u oqshom
tun g‘olibligiga ko‘nmagan chiroq.
ey, suyuk Vatanim — ziyoga konim.
Dunyoni ko‘zimga qilarsan yorug‘
mening chiroq tutgan O‘zbekistonim!

O‘TINCH

So‘zim, jon baxsh so‘zim, yordin
Menga shirin hikoyat qil.
Ko‘zim, yig‘la, bu yorsizlik,
Bu hijrondin shikoyat qil.

Qo‘lim, yopgil quloqlarni,
Eshitma hech malomatni.
Yurak, ochgil u daftarni,
Yana boshdin rivoyat qil.

Oyog‘im, yur ketaylik, bu
Zulmkorlarning yonidin.
Yetib borgach sinib bitgil,
Bugun ammo himoyat qil.

Ko‘ngil, sendin rizodirman,
Biru Bor ul, desang basdir.
Senga izmimni berganman,
Jo‘shib, mayli, jinoyat qil.

Tilim, qo‘rqinchlarim sendan,
Xatarli senga erk bermoq.
O‘tinchim: o‘zidin doim
Sen umidi hidoyat qil.

TARADDUD

Aniq hech narsa yo‘q, har narsa tusmol,
Ayblarim o‘ylasam — hushdan ozarlik.
Qizlarning yuziday ochilgan osmon
Bulut kelishiga ko‘rar hozirlik.

Bitta sham o‘chgaydir shabboda yelsa,
Kulga libos balki, asli u qayg‘u.
Bosqinchi birovning yurtiga kelsa,
Bir kun quvilishga hozirligi shu.

Ko‘zni sovuq ko‘rdim, yuraklarni muz,
Shaylandim o‘t ila o‘ynashmoq uchun.
Muhit bo‘lsa qishni boshlab kelar kuz,
Yuzma-yuz chiqmasang — yashamoq nechun.

Yo‘l aniq, qaytish yo‘q.
Men ketdim endi.
Kechgan narsam — jonni o‘ylamam hecham.
Bitta maydon kerak — kurashgim keldi:
To‘shakda yotgulik qilmasin o‘lim!

ORALIQDA

Jonimga tegmoqda barchasi bir-bir,
Jon esa halqumga kelar oxiri.
Bitta men yo‘q bo‘lsam ne bo‘pti axir —
O‘zbekning kamayib qolmas shoiri.

Na Toshkent, na Qo‘qon biladi meni,
Axir o‘z-o‘zimni aldab, netaman?
Shu oppoq qog‘ozdan yashiray neni —
Bir o‘lib ko‘rmadim, xolos. Ketaman!

Bir qaltis quladi kech kuzgi oftob,
Cho‘qqidan cho‘qqiga urilib sindi.
Kunning siniqlari bunchalar serob –
Ular yulduz bo‘lib miltirar endi.

Yana begonalar yanglig‘ turarman,
Mezbonlarga o‘xshar otam ham onam.
Qishloq ko‘chalarin kezib yurarman,
Tanimas do‘stimning bolalari ham.

Qiynagay har narsa yurakni ezib:
Shoxi sinib qaytdi qo‘chqor podadan.
Ayanchli g‘ingshiydi ko‘nglimni buzib,
Itim yaralanib keldi to‘dadan.

So‘ng tongda jo‘narman yana qaltirab,
O‘z holim o‘ylayman achchiq jilmayib.
Shaharda bolalar kutar mo‘ltirab,
Qishlokda volidam qolar mung‘ayib.

SO‘ROQ

Talpinding, yig‘lading — yelding dunyoga,
So‘ylagil, sen nechun kelding dunyoga,
Buzildi, ayt, nima qilding dunyoga,
O‘zingni kim deya bilding dunyoga?

Tilingni tiymaysan — besharm so‘ylar,
Ko‘zingni tiymaysan — buzukqa bo‘ylar,
O‘zingni tiymaysan — nelarni o‘ylar,
Hech jazo yo‘qmikan bunday zinoga?

Malomatning toshi tegmagan boshing,
Mag‘rur tutmoqlikdan tiymagan boshing,
Hattoki onangga egmagan boshing –
Berding bu havoyi, puchak safoga.

Tengsiz ta’riflarni o‘qigan ko‘zing,
Ulug‘ tarixlarni o‘qigan ko‘zing,
Qutlug‘ harflarni o‘qigan ko‘zing –
Ne uchun tikding bu yuzi qaroga?

Qishda qushlarga don sochgan qo‘lingni,
Nopok luqmalardan qochgan qo‘lingni,
Olloh, deb duoga ochgan qo‘lingni –
Uzatding yeyishi, ishi haromga.

To‘ydirib o‘t, qonga to‘ygan yurakni,
O‘ldirib haq deya to‘lgan yurakni,
So‘ldirib ishq ila kulgan yurakni,
Sen qandoq sig‘yapsan yorug‘ dunyoga?

NЕGA?

Kun uzun, kun issiq — malollar kelur,
Tunlari qop-qora savollar kelur,
Tong chog‘i musaffo xayollar kelur,
Aqlim mening tiniq tortmadi hanuz.

Yetti oq-qorani ajratish oni,
Bu umr, bu o‘lim kimning ehsoni?
Har lahza shu qarzni uzish imkoni,
Bildim, chin sarvatni yig‘madim hanuz.

Eng ulug‘ so‘zdan-da titramas yurak,
Ko‘zimga yosh kelmas — bu nedan darak,
Xalqimga ne berdim va’dadan bo‘lak,
Ekkan niholim yosh, mevasiz hanuz.

Mahkam bog‘lasam-da rost yo‘lga belni,
Ko‘ngil ravshan emas, dog‘i bor dilning,
Yurtimni tanidim, bildim-ku elni,
Biroq unutmadim o‘zimni hanuz.

QANOAT

Asl aybim —
Tekis yo‘lda qoqinmokdir.
Asl baxtim —
O‘zing ko‘rmay sog‘inmokdir.
Yeru ko‘kdan mudom izlab
Xato qildim.
Seni topmoq yo‘li
Doim topinmoqdir.

IBODAT

Tog‘lar some’ bo‘lib o‘tirishar jim,
Takbir aytgan chog‘i guldurab samo.
U yanglig‘ munojot qila olur kim,
Yomg‘ir bu pichirlab qilingan duo.

Yel yig‘lar yer tirnab. tuproq seskanar,
Maysalar qaltirab qilurlar sajda.
Duolar ijobat bo‘lgan sanachar,
Kun nurlari bundan keltirar mujda.

ISHQ HAQQI

Ajab, dil shod bo‘lur tinglab
Qiyomatdan xabarlarni.
Tobora shavqim ortgaydir
Sezib kelgich xatarlarni.

Na rohat, na azob bois
Sen aytgan yo‘lga kirmishman.
Shu ishq haqqi, xatarsiz qil
O‘zing sori safarlarni.

Vafo FAYZULLOH
ELNING KO‘NGLIN KO‘TARAR SHOIR
(A’zam O‘ktam she’riyati)
09

Tanimasdan tanishuv

09Ming to‘qqiz yuz saksoninchi yilning birinchi avgusti. ToshDU (hozirgi O‘zbekiston Milliy universiteti)ning jurnalistika fakultetiga o‘qishga kirish uchun imtihon topshirar edik. Soat o‘n birlardan o‘tgan, yozayotgan inshoimni qoralab ham bo‘lmagandimki, peshonasi do‘ng, ko‘zlari katta-katta bir yigit o‘rnidan shaxt turib, kuzatuvchilar o‘tirgan stolga yaqinlashdi va yozib bo‘lganini birinchi topshirib, tashqariga chiqib ketdi. Ko‘pchilik qatori men ham unga havas va hayrat bilan qaradim. Dadil harakati, o‘ktam qiyofasi esimda qoldi.

Omadim chopmay, qishloqqa qaytganimdan keyin ham Toshkent esimga tushsa, inshosini birinchi bo‘lib topshirgan tengdoshimning holati ham xotiramda jonlanar, “U o‘qishga qattiq tayyorlangan ekan, iqtidori ham shunga yarashadir. O‘ziga ishonchi chehrasida shundoq balqib turardi. Albatta, o‘qishga kirgan bo‘lishi kerak. Yo shoshqaloqlik qilib yoxud adolatsizlikka uchrab, u ham sinovlardan o‘tolmay qoldimi? Yo‘q! Bunday bo‘lishi mumkin emas”, deya o‘ylanib qolardim…

Bizning Hamzamiz

Bugun talabalikning barakali, serzavq va orzularga limmo-lim damlari Sirdaryo dalalarida kechgan kuzlar – paxta mavsumisiz kemtikday tuyuladi. Holbuki unda boshqacha o‘ylaganmiz. Sobiq tuzumning makrli niyatidan keng dalalarning in’omi ortiqroq ekanini kim ham o‘ylabdi, deysiz…

Ming to‘qqiz yuz sakson birinchi yilning oktyabri. Tahsil bir oyga yetar-yetmas bizni ham paxta yig‘im-terimiga haydashdi. Qishloq bolasi emasmanmi, o‘quvchilikda zada qilgan mavsum talabalikning oltin onlariga ham chang solgan yalmog‘izday ko‘rinib xunobim oshdi. Nihoyat, birinchi og‘ir kunni “quyosh orqalab” ketgach, shom qorayganida sudralganday bo‘lib “barak” deb ataluvchi yotog‘imizga yetdik. Kechkilikdan keyin aksariyatimiz, ayniqsa, biz birinchi kurslar: “Kunlik charchoqdan keyin hali zamon tarrakdek qotib qolsak kerak”, degan xayolda uyquga hozirlanardik. Shiyponda bizdan tashqari ikkinchi va beshinchi kurs talabalari ham joylashganini eshitgan esak-da, universitet yotoqxonasidan joy tegmay, azim shaharning har turli ijara uylarida amal-taqal yashagan men singarilar yuqori bosqichdagilarni deyarli tanimasdi. Birdan tevaragi bo‘z bilan o‘ralgan qibla tomondagi joyning “devori” tushirilib – xuddi teatr sahnasida parda chetga suriladi-ku – dabdurustdan bir yigit she’r o‘qib ketdi. Bu holatni ko‘rmaganlar og‘zi ochilib, angrayib qoldi. U she’r ketidan she’r o‘qir, o‘qigan sari mardona ovozida hech kimnikiga o‘xshamaydigan bir shiddat, to‘g‘ridan to‘g‘ri qalbga kirib boradigan yorug‘ nimadir tevarakdagilarni lol aylagandi. Men uni darrov tanidim, u bultur sinov xonasidan birinchi bo‘lib chiqib ketgan o‘sha do‘ng peshonali, ko‘zlari katta-katta yigit edi. U she’r o‘qirkan, yaqinda ekranlarga chiqqan “Olovli yo‘llar” ko‘p qismli badiiy filmi bosh qahramonini hayotda uchratgandek bo‘ldim. “Hamzaning xuddi o‘zi-ya”. Men bunaqa jo‘shqin qalbli odamlar hayotda uchramasa kerak, kinoda bo‘rtirilgan deb o‘ylagan, mana endi bunday kishilar yon-atrofda ham bo‘lishini birinchi bor ko‘rib turishim edi. Shunda bir oy davomida universitet saboqlarida olmagan ilhom-ijod muhitini hech kimdan so‘ralmay o‘qilgan she’r olib keldi. Hamma o‘zicha nimadir yozsam-u, mana shu dala shiyponida tengdoshlarimga o‘qib bersam deb qolgan, terimdagi horg‘inlik ham allaqayga g‘oyib bo‘lgandi. Va shundan boshlab talabalikdagi paxtaga olib chiqishlar saboqlardan qolish emas, balki yoshligimizning ajib kunlarida taqdirning bizga hadya etgan ijod bog‘i, she’riyat anjumani bo‘ldi. To‘lqinlanib, orziqib she’r eshitgimiz, she’r o‘qigimiz kelsa, alohida tadorik yo taklif kerak emas: goh barakning o‘zida “sahna ochilib”, goh shiypon yonida gulxanni o‘t oldirib, o‘z-o‘zidan she’rxonlikni boshlab yuborar edik. Bu she’rxonliklarni esa ko‘pincha birinchi bo‘lib “bizning Hamzamiz” – A’zamjon Xudoyberdiyev boshlab berar va boshqarar edi:

O‘yimga to‘r solmang – hurlar ichra hur,
Gulyuz sevgilimni o‘ylayotganda.
Keting, halal bermang, o‘zbek bulbuli
Sherali Jo‘rayev kuylayotganda…

Ammo A’zam O‘ktamning qismati haqiqiysi yashirilib, to‘qib bichilgan soxtasi oshirib-toshirilgan Hamza Hakimzoda Niyoziy hayoti va ijodiga sira ham o‘xshamadi… Endi o‘ylasam, buni bilishimiz uchun ham, unda juda erta, hali oldinda ko‘p yillarni ko‘rish kerak ekan. Ammo urug‘ o‘sha bearmon kuz kunlarida sochilgan va ildiz otishga tushgani shubhasiz edi.

“Kuzda kulgan chechaklar”-la “Kuzatish”

Maktabga borganimizdan qo‘limizga kitob tutqazishadi. Kitob – kalit! Kitob yangi olam. Shunaqa g‘aroyib va qudratli, qo‘l yetmas olamki, uni asl va jaydari tasavvurda odam yozishiga hech ishongingiz kelmaydi. Va shuning uchun ham allazamonlargacha bu haqida o‘ylashning o‘zi ham shakkoklik tuyulgan menga. Ammo odamning nodon xayoli va bir chimdim aqli yoshlikda to‘lib-toshar hislari ila o‘zining o‘ylaganlarini kitob qilgisi keladi… Kitob bo‘la olishiga to‘la to‘kis arzimasligiga iqror bo‘lganda ham, shu shakkoklikka boraveadi… Ammo shundoq hodisani, ayniqsa, birinchi marta yon-atrofida ko‘rib qolsa, haddan shoshib qolar ekan. Men bizdan bir kurs yuqorida o‘qigan A’zamjon Xudoyberdiyevning (o‘zini ko‘rmaganimga besh yillar bo‘lgandi) ming to‘qqiz yuz to‘qsoninchi yili bir yo‘la chiqqan ikki: “Kuzatish” va “Kuzda kulgan chechaklar” to‘plamlarini ko‘rib, shunday holga tushganman. Yana qaytaraman uning A’ZAM O‘KTAMga aylangani — adabiy mo‘’jizaga evrilganini hayotda birinchi guvohi bo‘lishim edi. Bu she’riy to‘plamlarning ancha-muncha adabiy qahramonlarini yaxshigina ta’niganimdan zavqlanib, hayrat-la o‘qir ekanman, u juda ham ulg‘ayib ketganini birinchi marta sezib qoldim. Endi unga jurnalistika fakultetida tanigan talaba sifatida qarab bo‘lmas, u SHOIR edi!

Shoir qalbni yorug‘likka to‘ldirilishi kerak. Shoir ko‘ngilning qo‘rg‘oni – dilni osmono‘par etishi joiz. Xalqning, elning ko‘nglini ko‘tarishga keladi shoirlar! Buni eplolmagan shoir ham shoirmi? Hech qachon! Shoirning she’rini o‘qib, tinglab, el, inson tushkunlikdan qutulsin, dili xastalar sog‘aysin. Tirilgan ko‘nglida yaxshilikka jur’at, yomonlikka jillaqursa nafrat o‘yg‘onsin. Oydin armondan yig‘lab, qurum bosgan, g‘ashlik hukmron allaqayerlari tiniqlashsin.

A’zam O‘ktamning biz paxta dalalarida, gulxan tevaragida eshitib kuch olgan she’rlari O‘zbek otaning qalbidan otilgan buloqday beg‘ubor va tanti edi. Bir jigarday, bir eldoshday uni sevish, cho‘pon va dehqonning soddaday ko‘ringan, ammo ma’nosi teran to‘pori fe’li kabi undan zavqlanish saodati bor.

Farg‘onadan kelaman
Kelasanmi yor-o, kelasanmi yor.
Senga oshiqligimni
Bilasanmi yor-o, bilasanmi yor.

Bir boshga bir o‘limni
Bo‘yinga oldik-a, bo‘yinga oldik.
Kim bevafo bo‘lsa, uni
Xudoga soldik-a, Xudoga soldik.

Shu sakkiz qatorning o‘zida to‘rtta juda katta mezonlar – uning hayotiy e’tiqodi – VATAN, YOR, O‘LIM – hammasini birlashtiruvchi: YARATGANga boruvchi samimiy izhor yarqirab ko‘rinadi. Mo‘min-musulmon o‘zbekning bundan zalvorli hikmati bo‘lishi mumkinmi?! Yurt mustamlaka, el qul holida esa-da, bu hikmat A’zam O‘ktamning qon-qoniga singigani, oila muhiti shu mezon asosida shakllanganidan xabar beradi. Har bir satridan al Musoqda berilgan va’da – iymon nuri taraladi. Uni yigirma ikki yoshli yigitchaning qulog‘iga bir hur shivirlagan bo‘lsa, ishonavering.

A’zamning armonli, bulbul chah-chahiday g‘ami ko‘tarinki, tongotarda mo‘ysafidning hikmatiday ziyo ulashadigan talay she’rlari borki, ularni o‘qigan o‘quvchi shoir yashagan davrnigina emas, Qiyomat qadar davom etar insoniyat hayotining ma’sum, yoniq, mas’ul chog‘larini xotirlaydi.

Balki umr o‘tdi bekor,
Oldda qanday kunlar bor?
Bolaligim beg‘ubor
Olamga duo denglar.

Oshiqni otdim tikka,
Tushar chikkami-pukka?
Yetkazmoqchiman ko‘kka,
Nolamga duo denglar.

Manmanlik, xudbinlik bilan nimaga erishib bo‘lardi? Neki nek niyat bo‘lsa, Yaratgandan astoydil so‘rab, jon-jahdi bilan intilish evaziga ro‘yobga chiqadi. Intilish sababchi, O‘zi qabul qilib, ijobat etadi. Ammo o‘sha yillarda buni anglash uchun uchun fitriy farosatgina yordamga kelishi mumkin edi. Ana shunday tug‘ma farosat uning ilk to‘plamlarida yarq etib ko‘zga tashlanib, she’rxonnigina emas, she’r, so‘z yo‘lini tanlamoqchi yo‘lboshida turganlarni ham mamnun qildi. Dadillantirdi ham: “Bo‘larkan-ku!..”

“Kuzatish”. Kitobga kutilmagan, ko‘p ma’noli so‘z nom qilib tanlangan, topilgan. Odatda birinchi to‘plamlarga birinchi amal, fasl, yoshlik, umiddan darak beradigan nom qo‘yiladi va bu o‘z holicha tabiiy ham… A’zamniki shu ma’nolardan benasib bo‘lmagani holda, unda bu hududni yorib chiqqan tushunchalar ham hozir edi. Shoir dastavval kuzatuvchidan tug‘iladi. Lekin shoirona kuzatish iqtidori esa hammaga ham berilmagan, u juda nodir va ajabtovur bo‘ladi. Kishi esa hayotda har kuni nimagadir ko‘zi tushadi, kuzatadi. Kutib oladi, kuzatadi. Ularning eng musibatga soladigani so‘nggi yo‘lga kuzatish… Ko‘rinadiki, u birinchi to‘plamidayoq pishgan aql sohibi ekanini ko‘rsatgan, buni ko‘z-ko‘z qilmasdan qismatning eng esda qoladigan lahzalarida chuqur his qilib, she’rxon ko‘ngliga ilingan.

Tabiiyki, uning ana shu kuzatishlari o‘sha yillari gurillagan o‘zbek she’riyatini har bir yaxshi va yangi topildig‘ini kuzatib, o‘rganib, ulardan o‘rnak olib tug‘ilgan. Uning “Qor erishi” degan she’rini kuzatamiz:

Qora chakmon kiygan oq sallali chol
Qo‘r to‘kib o‘tirar salobat bilan.
Kun chiqdimi deya qayrildi, shu on
Chuvalanib ketdi sallasi birdan.

Quyosh xandon otib kular yoyilib,
Chol kuymanar, o‘zin eplolmas biroq.
Erkin bo‘lganiga behad suyunib,
Chopib ketib borar o‘ynoqi irmoq.

Shu she’rda Shavkat Rahmon she’riyatiga xos ohang, manzara yaratishga o‘xshash nimadir bor. Ammo A’zam o‘zini zavqlantirgan manzarani kuzatib, unga faqat o‘ziga xos obrazli ifoda va nom topgan. O‘xshatish va jonlantirishi esa milliy. Qorli tog‘ni oq sallali chol deb atashi mumkinmi biron-bir nasroniy ijodkori? Bahor kelib qor suvining tog‘dan yugurib tushishi manzarasi ila bo‘y qizning behad suyunib go‘zal bir tarzda erkinlikdan shodlanishini ham fitratan muslim shoir boshqalardan qizg‘anib kashf qiladi.

Hali talab qilganimizdek A’zam O‘ktam she’rlaridagi umidvorlik ruhi behad baland:

Yo‘q hali tirikman, kuchim bor axir,
Hali jur’atimga yo‘qdir nihoya.
Hali olinmagan o‘chim bor axir,
Kurashmay yengilib o‘lmoq – jinoyat!

Shoir ham odam, odam esa qo‘rquv tuyg‘usi bilan yaratilgan. U ham zulmdan dahshatga tushadi. Lekin qo‘rqoq hech bir banda shoir emas. Dovyukraklik ham iqtidorning bir qismi.

A’zamning she’rlari ham jasurlikka boshlaydi.U o‘zining “Vazifa”sini keskin belgilab olgan:

Qiyomat neligin bilmasman, biroq
Shu bir gap uchun ham
Ishongim kelar:
“Haq so‘zni bitmakka sarflangan siyoh
Jangda tomgan qondek
Qadrli bo‘lar!”
Ahvolim tangligin bilaman o‘zim,
Qalbim qarshilikdan tinmadi hali.
Mudofaa – yaxshi bir hujum,
Yozaman, qalamim sinmadi hali.

Razolat tegramda aylanar o‘chkor
Gohida imonin yutadi hakam.
Yengish, yengilishning nima farqi bor –
Tinmay kurashmoqdir mening vazifam.

Insoniyatning ezgulik manzili bir. Unga borar yo‘llar esa har tomondan keladi. Har bir millat vakili o‘zligidagi mayoq belgilar, ajdodlar qoldirgan hikmat, tafakkur tarzi bilan unga yetadi. Biz ko‘z ochgan davrimizda esa hukmron mafkuraning ta’ziyqi bilan o‘zligimizdan uzoqlashtirilgan, tor, ichki davrada o‘z qadriyatlaridan xabar topganlar ana shu o‘zlikni tevarakdagi katta-kichik narsa va voqeada uni kashf etar edi. Jumladan A’zam O‘ktamning “Kuzatish”ida ham shuni ilg‘ash mumkin:

Beshikni yodimga tushirdi tobut,
Go‘yoki miltiqdir osilgan tanbur.
Mash’alani o‘ylab o‘rlaganda dud.
To‘plarni xotirga keltirdi tandir.

O‘v, ko‘rganlarim-ov, o‘xshaydi tushga,
Bir kunim ibtido, bir kunim mahshar.
Ariqdan suv ichib turgan ul qushlar –
Og‘iz chayqayotgan muslimga o‘xshar.

Kattakon non deysiz ko‘rinsa savat,
Bamisli kundadir katta qayroq tosh.
Tushunchalar ichra g‘arq o‘ldim, faqat
Olovga o‘xshaydi baribir Quyosh.

Qiyoslanilayotgan narsalar bir-biridan juda ham olis bo‘lgani bilan, ular tutashadigan yo‘l shoir satrida ko‘rinadi va biri aslida ikkinchi narsa ekanligini kashf qilasiz:beshik bilan tobut ikki voqeaga xizmat qilar bir narsa; tanburning miltiqqa evrilishi endi ma’nan kuy ila o‘q (ayb, gunoh)ni his qilish, bu ruhoniy olamdagi metamarfozadir… To‘p va tandur, hush va tush, ibtido va intiho va boshqa o‘xshatishlarda bir osmon burji ikkinchisiga solishtirilib, unisidagi fazl bunisida, bunisidagi unisida bor evrilish orqali qiyoslab ko‘rsatiladi. Lekin menga bular ichida eng chiroylisi madaniyatimiz in’omi sifatida hayratlantirgani “Ariqdan suv ichib turgan ul qushlar – Og‘iz chayqayotgan muslimga o‘xshar”i bo‘ldi. Negaki unda juda sog‘inilgan o‘zlik bor, faqat musulmon kishi tasavvur qilib, Yaratganning jonzotlari ibratidan zavqlanib hayratlanishi bor. Bunday o‘zlik odam tug‘ilganidayoq u bilan birga bo‘ladi, ba’zan esa kishi shu o‘zligini ko‘rmay, bilmay, unga begona, undan ayro qilingan holda ham yashab, yashamay o‘tib ketishi mumkin…

Shoirlikning tug‘ma bir ma’nosi o‘zini ayamaslikni anglatadi. So‘zi va umri ikki xil yozuvchining yozgani chinakam ma’noda kishiga ta’sir qilishi dushvor. Albatta, davr va shaxsning ko‘z ochuvi, boshqa sabablar bilan shoir dunyoning g‘alati, teskari, lekin azaliy qonuniyatlarini ichki va tashqi ko‘rinishlariga duch kelib, hislarini nomlayveradi. Lekin avvalo o‘zi kim ekanligi bilan e’tiborni tortadi yoki e’tibordan qoladi.

Shoirmas so‘zni ming kuylarga solgan,
She’rni deb ming kuyga tushganlar shoir!

— deb yozadi A’zam “Onamga” deb atalgan “Kuzda kulgan chechaklar” to‘plamida birinchi joylashtirilgan she’rida (Har bir shoirda SHOIRga ta’rif bor. Deylik A.Orif bilan R.Parfinikini solishtirib ko‘ring. Qanchalik uzoqlik va yaqinlikni topish mumkin). Bu to‘plam “Shoirning birinchi kitobi” turkumida chop etilganligini hisobga olsak, ilk ijodi mahsullaridan. Demak, u yo‘lning boshidayoq shoir kim ekanligini juda teran anglagan holda, go‘zal va mardona to‘xtamga kelgan.

Ona moddiy va ma’naviy olamdagi ilk tavof etiladigan, o‘zini yashirimay ochadigan, saboq va dalda olinadigan manzil. Shunday muqaddas va oliy Zot qarshisida kishi soflanadi va ulg‘ayadi. A’zam shoirning onasidan olgan ta’limlari shunaqa ulug‘vor va ta’sirchanki, o‘quvchi ham unga amal qilishni istaydi. Faqat o‘zbek onasigina mana shunday nasihat qiladiganday tuyuladi menga:

Qayda yurma, qancha umr ko‘rma, baribir,
Tobutda bo‘lsa ham yurtingga intil!

(A’zam O‘ktam bu nasihatga amal qildi, Toshkentda o‘tdi, so‘ng esa ko‘z ochib ko‘rgan yurti Farg‘onaga intildi…)

Yurti bor shoirlarning ovozida, so‘zida, hatto niyatida yurtining bir dilbar tal’ati yalt etib ketadi. Bu kishini entiktirib, o‘z tug‘ilgan joy — kichik vatanning o‘ziga xos tomonini izlab topmoqqa undaydi. Haqiqiy shoir yurtini sevib, uning o‘ziga xos chizgilarini topib qiyofasini nurlantiradi va boshqalarga ham vatanni sevishga o‘rgatadi. Masalan, quyidagi she’rda “Farg‘ona” so‘zi tilga olishi bilan ko‘z oldimizda yerning boshqa hech yerida o‘xshashi yo‘q bir go‘zal diyor yastanadi:

Qor bosganda Toshkent bog‘larin,
Qat-qat edi ko‘ngil zorlari.
Yuragimda gulladi birdan
Farg‘onaning o‘rikzorlari.

U bitta alomat so‘z bilan yurtimizning ko‘rkam belgilarini jonlantirib, rangin va yaxlitligimizni his qildiradi:

Vodiy gulin taqay minorlaringga,
Yurak rasmin chizay dudoqqinangga.

O‘tgan asrning saksoninchi yillari oxiri, to‘qsoninchi yillari boshida yozganlarini e’lon qila boshlagan avlod ba’zan nolib qolishadi: iqtisodiy qiyinchiliklar ijodimizga kuchli zarba berdi. Faqat yozish emas, uni kitob qilib chiqarish, buning uchun pul topish tashvishi ham o‘zimizning chekimizga tushdi. Yozaylikmi yoki uni chiqarish uchun pul topaylikmi? Balki… Lekin ayni shu saksoninchi yillarning ikkinchi yarmi va to‘qsoninchi yillarning boshida yurtimiz, xalqimiz ijtimoiy-siyosiy, ma’naviy hayotida shunday keskin ijobiy o‘zgarishlar yuz berdiki, asrlar davomida xalqimiz orzu qilgan, armon bilan bobolarimiz kuta-kuta o‘tgan milliy qadriyatlarimizning tiklanishiga, e’tiqod erkinligiga yetdik. Mayli, yozganlarimiz kitob holida chiqishini biroz kutsak-kutarmiz, ammo aslo nolishga haqqimiz yo‘q.

Na Toshkent, na Qo‘qon biladi meni,
Axir o‘z-o‘zimni aldab netaman?

deb ochig‘ini yozgan A’zam O‘ktamning o‘sha yillarda qoralagan eng sara she’rlari keskir, achchiq haqiqatlarning xushbo‘y guldastasidir. Kimdir “She’rning eng go‘zal chiqqani – shirin yolg‘oni”, degan ekan. Lekin hech bir tashbeh, mubolag‘a, chiroyli yolg‘on achchiq haqiqatning, teran hikmatning o‘rnini bosa olmaydi.

U ba’zan oddiy kuzatkisida Haq tomonidan berilgan eminlikka hech kim jilov sololmasligini ajib zaharxandalik bilan bildiradi:

Yaxshiyam, buyruq-la qichqirmas xo‘roz,
Yaxshiyam, o‘zicha otaverar tong.

Goh o‘zini ayovsiz fosh etish bilan yuksak insoniylikka chorlaydi:

Saxiyning rizqi ham bag‘ri keng ekan –
Hanuz ko‘r qilmadi tuzingiz meni.
Ishonch uvoliga qolmadim garchand,
Har kun bir o‘ldirar ko‘zingiz meni.

Men odam bolasi emasman minba’d,
Mendan or qiladi sirtmoq ila o‘q.
Bir alam qalbimni tirmalar faqat –
Tobutingiz ko‘tarmoqqa haqqim yo‘q.

Shoir kamolga yetganda u faqat haqiqatni aytishga qasd qiladi. Bu borada A’zam O‘ktam borgan sari dovyuraklik bilan elning, yurtning ruhiy hayotidan roviylik qildi. Mana 80- yillarda ko‘z ochgan besh qator she’r:

O‘gayga o‘xshayman ona Vatanda.
Tun. Bo‘ron. Tahlika…
Yashashdan bezdim.
Bor ovozda kuylash taqiqlanganda
Ovozim ochilib ketganin sezdim.

Hali-hamon milliy-diniy qadriyatlarimizga nopisand, g‘aflatda, yurish-turish, kiyinishimizda shu alomatni ko‘rsa “qishloqi” deb kuladigan hamrohlarimiz bor. Bu millatni sevgan kishiga juda ham alam qiladi. Masalan, do‘ppi va to‘n yaqin-yaqin yillargacha o‘lim xabari, azadorlik belgisi bo‘lib qolayozgan edi.

Kimdir o‘lar, nimadir bo‘lar,
O‘zbek qaytsa asl holiga.

Shoir achchiq kinoya qilar ekan, kinoyasi piching doirasini yorib chiqadi. Agar millatimiz asl holiga qaytsa, yovlari mahv etiladi, yaxshilik yuz ochadi, degan fikrni tag ma’noda berib, jasurona orzu qiladi. Ruhi sindirilgan elni asl holiga qaytarish uchun moziydan dalillar izlanadi. Shoir uni istaganicha topadi:

Qul bo‘lgan emasmiz, hech birodarlar,
Garchi ko‘p bosqinlar, talovlar o‘tdi.
O‘qtalgan musht kabi turar minorlar,
Maqbara qubbasi dubulg‘a xuddi.

U haqiqatni san’atkorona aytishda mustamlaka zulmi boshidan kechgan, ozodlikka umrini tikkan Cho‘lpon, Usmon Nosir, Abdulla Oripov, Rauf Parfi, Asqar Qosimlarning tolibi bo‘lgani juda seziladi. Ammo tolibligicha qolib ketmasdan milliy qarashlarimiz xazinasini boyitdi. Bu yo‘ldagi uning eng muvaffaqiyatli izlanishlari, keskin, yangroq, topilma, kashfiyot satrlarining umri uzoq, millat, yurt haqidagi o‘lmas giryalar kabi qayg‘umizni eslash, ruhiyatimizni ko‘tarish uchun ularga murojaat qilaveramiz. Mana yana biri:

Ertak aytsang o‘g‘lingga
Uxlamaslik uchun ayt!

A’zam O‘ktamning yigirmaga ham kirmagan shoirligi, qirq birning ustida xazon bo‘lgan gul umriga murakkab va o‘zgarayotgan davrning to‘laqonli va zerikarsiz bir talay manzaralari ko‘chganki, yillar o‘tgan sari ularning qadri oshadi. Uning shunday ko‘lamdor va yorqin she’rlaridan biri “Yakshanba”, rus shoiri Sergey Yeseninning 20-yillarda inqilob bois ona Vatani boshiga solingan kulfatlar – yangi davr iztiroblari haqidagi she’rlarini eslatadi. Ammo Yeseninda yangi fitna va yolg‘on zamoniga moslasha olmaslik qayg‘usi ustuvorlik qilsa, A’zam O‘ktamning “Yakshanba”sida millatimiz boshiga solingan so‘nggi qatag‘on – o‘tgan asrning saksoninchi yillari o‘rtasida “O‘zbek ishi” bahonasidagi adolatsizlik va xo‘rlashlar, ozodlik ehtiyoji bor ovozda kuylanganki, men she’riyatimizda ushbu qatag‘on bir nafasda dostonday qamrov bilan fosh etilgan boshqa she’rni bilmayman. O‘zligini unutayozgan, ajnabiyparast bo‘lib borayotgan ancha-muncha yoshlar bu asar bilan tanishishsa ko‘p foydali bo‘ladi. “Yakshanba” maktab darsligiga kiritishga arziydi.

Bir-birining uzviy va mantiqiy davomi bo‘lgan “Bir kun” va “Bir tun” she’rlarida ham shaxs-shoir to‘laqonli namoyon bo‘ladi. Qolaversa, u loyqalar tinib, qarashlar shakllangan zamon ijodkorining emas, ayni eski zamon bilan yangisi ayovsiz kurashga kirgan, kim haqu nima to‘g‘riligi borasida adoqsiz bahslar kechayotgan bir davrdagi shaxs-shoirning munojotidir. Hayratlanarlisi, u yangi bir davrga kirgan o‘zbek ziyolilarining ichki olami, javobgarligi-yu, haqdorligini o‘z-o‘zini fosh etish bilan ayovsiz taftish etarkan, she’r chaqmog‘ining yorug‘ida dahriy bir tuzumdan chiqqan ezg‘in va umidvor, yo‘lsiz va hayron avlodning ruhiyati porlab jilolanadi. Uch yil o‘tib 1993 yili yozilgan “Bir tun”da nainki ijodkorning, oddiy insonning-da haqiqiy hayoti – iymonga kelish, hidoyatni topish saodati, oxir-oqibat Yaratganga yuzlanish hodisasi borki, yetmish yil nari berisidagi ko‘pchilik shoirlarimiz so‘zida bu ma’rifat shu’lasi g‘oyib bo‘lgan edi.

Ko‘p nodon ekanman: axir sen bor-ku,
Bo‘lmasmi o‘zingga hasratim aytsam.
G‘amxo‘rim bir o‘zing – Parvardigor-ku,
Har ne bo‘lay emdi, haq yo‘ldan qaytsam.

“…Har na bo‘lay agar haq yo‘ldan qaytsam…” U qasam ichib kirgan yo‘l qay yo‘l edi? Ma’rifat yo‘li edi!

Darvoqe ma’rifat…

Vo darig‘ki, sovet zamonida bo‘lar-bo‘lmasga ma’rifat so‘zini tilga olaverganmiz. Ko‘p ilmi nayrang, hiyla-yu, nochorliklarga uning suratini niqob qilmoqchi bo‘lganmiz… Niyatimiz yaxshi, lekin o‘ylaganlarimiz zohiriy, yurakning ichiga kirolmay, tashqarida qolib ketavergan. Gapirgan sari u silliq, sirg‘aluvchan, javhar anglatmaydigan so‘z bo‘lib qolavergan. Chunki bizga ma’rifat deb bilishning zohirini ko‘rsatishgan. Turli-tuman, sirti yaltiroq, botini noma’lum ma’lumotlarni ma’rifat ilmi, kerakli dasturi amal deb tiqishtirishgan…

O‘rta maktab adabiyot darslarida ma’rifatparvar shoir degan mavzular bo‘lar, shu talqinga ko‘ra, biz Zavqiy, Muqimiy va Furqat, bu yog‘i Xorazm adabiy muhitidan Avaz O‘tarning uch-to‘rtta she’rini o‘rgangan, so‘nggi ma’rifatparvar sifatida Hamzani tanigan, ammo bu ma’rifatparvarlik bizga ko‘pam ma’qul bo‘lmagan edi… Negaki, bu ma’rifatning doirasi juda tor, ularga Navoiyu Ogahiylarning kirolmagani qiziq, faqat Chor Rossiyasi o‘zining bosqinini xaspo‘shlab, siyosatini adolatli ko‘rsatib Turkistonga keltirgan “yangicha ilm tartibi”ga bir qur bildirilgan munosabat, deylik Furqatning “Gimnaziya” she’riga o‘xshash mumtoz she’riyat namunasidan ko‘ra, ijtimoiy yangilik targ‘ibi, publitsistik da’vat ma’rifat, ma’rifatparvarlik deb baho berilar ekan, bu targ‘ibotlar ko‘ngilni ilitmas edi. Holbuki, bu she’rlarini yozganda shoirlar ham bularni chin ma’rifat namunalari sifatida bilishmagan, bosqinchi ma’murlar esa jon deb nashr qilishgan, sovet mafkurachilariga yana ham qo‘l kelib, xalqni o‘z yo‘llariga solish uchun bayroq qilib ko‘tarishgan, to‘qib-bichib shishirishgan va ostiga o‘zlarining chillaki va tasqara niyatlarini ma’rifatparvarlik so‘zi bilan singdirmoqchi bo‘lib, mustamlaka siyosatini targ‘ib-tashviq qilishgan edi. Aslida Furqatu Muqiimiy, Zavqiyu Hamza kabilarning har so‘zida ma’rifat ziyosi taraladigan shunday asarlari borki, hech ham targ‘ibotga muhtoj emas. Zero, adabiyot yurakning ehtiyoji ekanini shoirlar ham, muhiblar ham juda yaxshi bilar, shu umidda qalam yo‘nishar, shu ma’naviiy ehtiyojni qondirish uchun she’riyat olamiga talpinishar edi.

Ma’rifat aslni bilish, ashyolarning javhari, qalbning chinakam ozuqasi haqida iymoniy-irfoniy bilishdir. Yaratganini tanib, yuritilgan fikr, ado etilgan amalgina ma’rifiy bo‘la oladi. Adabiyotning esa bosh vazifasi ma’rifat xizmatida toabad kamarbasta bo‘lishdir. Shu ma’noda bizning eng san’atkor shoir ma’rifatparvarimiz hazrat Alisher Navoiy janoblari bo‘ladilar. Chin ma’nodagi ma’rifatparvar shoir darg‘alarimiz hazrat Yassaviy, Hakim Ota – Sulaymon Baqirg‘oniy kabi salafi solihlar so‘z vositasida har nafaslari ma’rifat ziyosi bo‘lganini Navoiy hazratlari ham qarzdorlik tuyg‘usi ila tilga oladilar. Shu bois ham ulug‘ shoir nihoyat o‘z qo‘li bilan devon tartib berishga kirishar ekan, “Badoi’ ul bidoya”ning debochasida she’r yozilishidan maqsad nima bo‘lishi keragu, endi adabiyotni, she’r xizmatini qanday tushuna boshlaganlarini kuzata turib ozorlanadi: “Go‘yiyo ba’zi el ash’or tahsilidin va devon takmilidin g‘araz majoziy husnu jamol tavsifi va maqsud zohiriy xatti-hol ta’rifidin o‘zga nima anglamaydilar”. Qarang, “xalq musulmon, yurt musulmon obod” bo‘lgan hazrat Navoiy davrida she’rdan maqsad zohiriy go‘zallik, tashqi husnni ta’riflashga berilish xavfi g‘imirlab qolgan ekan, yurt xudosizlar qo‘lida mustamlaka, o‘zligini bilganlar ta’qiqda, el esa dinu iymonidan uzoqda bo‘lgan sovet davrida adabiyotning, she’riyatning asl vazifasini nima deb tushunishgan bo‘lsalar?..

Hazrat Navoiy fikrlarining davomi o‘zining davridan ham ko‘ra qariyb besh yuz yil keyingi yillarning ma’naviy manzarasiday eshitiladi. “Devon topilmag‘aydikim, anda ma’rifatomuz bir g‘azal bo‘lg‘aykim, anda ma’vizatangiz bir bayt bo‘lmag‘ay”. Haqiqiy ahvol esa undan besh-battar edi. O‘tgan asrning 80- yillariga kelib devon uyoqda tursin, rasmana aruz vaznida kamchiliksiz yozilgan bir g‘azalni topib bo‘lmasdi. San’ati ma’rifatsiz she’riyatning kimga foydasi bor? “Mundoq devon bitilsa, xud asru behuda zahmat va zoyi’ mashaqqat tortilg‘on bo‘lg‘ay.” Buni jo‘ngina tushuntiriladigan bo‘lsa, shu yo‘sinidagi nazm juda behuda ish, bekordan-bekorga tortilgan zahmat, chekilgan mashaqqat bo‘lar ekan…

Ilk kitoblari “”Kuzda kulgan chechaklar”, “Kuzatish”da to‘pori bir samimiyat, fitriy shijoat bilan ko‘nglini bo‘shatgan, gohida hech narsani g‘araz qilmay so‘zga ishqibozligini namoyon qilgan yosh shoir A’zam O‘ktam quyosh chiqib, butun olam go‘zalligi shoyon bo‘lganida, o‘zining ancha-muncha yozganlari “behuda ish” – savobdan ko‘ra gunohni oshiradigan bo‘lganini fahmlab yetdi… Endi unday fikrlashdan voz kechmasa bo‘lmasligini azob va sevinch bilan angladi. Oradan yetmish, sakson yil o‘tib musulmon kishi intiladigan ufq ortda qolganini bilib qayg‘urgan, tavba qilgan, shu haqli va muqarrrar to‘xtamga kelgan shoiru nosirlarimiz qaldirg‘och saflarida shiddat-la paydo bo‘ldi.

Eng quvonchli qayg‘u ichida hidoyatga kelar ekan, musulmon uchun eng oddiy, eng asosiy amallarni bilishga kirishdi. Tavba, e’tiqodimiz daxlsiz bo‘lib, chin musulmon bo‘lishimiz uchun sharoitlar yetarli ekaniga chorak asr bo‘layotganiga qaramay ba’zi o‘zini ziyoliman deb yurgan hamkasb hamrohlarimiz chinakam ma’noda iymon nima ekanligini hali-hamon tasavvur qilisholmaydi. She’r, so‘z nima uchun aytilishi kerakligini bilishmaydi. Ammo iddaolari osmonni teshadi, da’volari bulutlardan tepada. Shu bois ham yozganlari nafs ta’masi, amal poygasi, shonu shuhrat g‘avg‘osidagi shayton bazmida, zohiriy va o‘tkinchi chiroy kabi xayollarni shamg‘alat qiladi. Axir bular qalbning mangu tirgagi, ko‘ngil ozuqasi bo‘lolmaydi-ku…

“Ziyorat”dan “Taraddud”gacha

A’zam O‘ktam esa asl ilmni o‘rgangan, o‘rganganlari asosida hayotini qayta tuzar ekan, o‘zida boshqa bir ko‘ngil tug‘ilib, uning shivir-shivirinigina eshitishga tutindi, ilhaq bo‘lib yozib olishni ertayu kech istadi. Va juda kamtarinlik bilan, juda somelik bilan ko‘nglidan to‘kilganlarini “Ziyorat” (1992) deb atadi. Bir yil o‘tib yana va yana ko‘ngil mavjlariga mavj qo‘shilib, ularning buyuk bir olamga kirishga, ulug‘ bir yo‘lda bo‘lishga “Taraddud” (1993) deb bildi. O‘sha yillarda A’zam O‘ktam xizmat qilgan dargoh, azm bir ma’naviy muhitni butun yurt bo‘ylab yoyilishigi xizmat qildi. U ustozlarga qo‘l berib ma’rifatni o‘rganish qatorida endi o‘zi ham dadillik bilan elni ma’rifatli qilishga, to qiyomat qadar sadaqai joriya bo‘ladigan ishlarga urindi. Yaqin shoir do‘sti Chori Avaz satrini takrorlab “Endi meni o‘zing qo‘llagin ilm” degudek ilm ziyosini taratdi. Birinchi marta yurtimizda kitob sifatida nashr qilingan dinimiz asosi Qur’oni karimning shayx Aloviddin Mansur ado etgan o‘zbekchadagi ma’nolar tarjimasiga muharrir sifatida ko‘z nurlarini to‘kdi. Ul Kitobdan esa ko‘zlari nurlanib, qancha qalblarni nurlantirdi. Bundan uning behad ilm yuqtirib ulg‘ayib ketganini ko‘rsangiz edi. U bir paytlar ustoz deb bilgan she’riyatimizning oltmishinchi, yetmishinchi yillarida yulduz bo‘lib porlagan ustozlarining hech biri yetmagan, keyinchalik ba’zi birlarigina arang anglaydigan ulug‘ bir ma’naviy olamga chiqdi. Bu qanday haq yo‘l va chinakam saodat, haqiqiy adabiyot ekanini bilganlarning quvonganini ko‘rsangiz edi. “Taraddud” kitobidagi she’rlar diniy mavzudagi boshqa she’rlardan farqli o‘laroq, ba’zi bir oyatlarning, hadislarning yoki islomiy hikmatlarni tarjimasi emas, balki musulmon insonning hayot jarayonida qorishib ketgan fikrlari, o‘ylari, fikr-mulohazalari va xalqi uchun, dini uchun kuyunishi, iymon-e’tiqod yo‘lida yonib yashashi aks etgani bilan ajralib turadi”. Zamonamizning buyuk ulomosi, shayx Muhammad Sodiq Muhammad Yusuf bu fikrlarni xorijda yurganida, A’zam O‘ktamning she’r kitobi qo‘liga tushib qolib aytadi. Demakki, haqiqiy ma’noda ma’rifat uchun jonkuyar SHOIR va she’riyatga duch kelganidan to‘lqinlanib ketadi.

Holbuki hali-hamon ba’zi kishilar, bundaylar adabiyotchilar orasida ham talaygina, dinimiz amallarini bekami ko‘st bajarishga intilish kishini cheklaydi, erkinligini bo‘g‘adi, deb cho‘chishadi. Bu o‘rinsiz xavfsirash. Dangasalik sari boshlaydigan vaj. Zero, dinimiz ma’rifati bilan tuyingan ming yillik adabiyotimizning ko‘zdan kechirsak, insoniyatga aytilgan eng ulkan va toza tilak va yo‘l-yo‘riqlar, badiiy san’at yo‘lidagi eng baquvvat va uzoq yashaydigan kashfiyotlar manbasi Qur’on oyatlari, hadisi shariflar ildizidan unib chiqqanining guvohi bo‘lish mumkin. Buni hech kim inkor etmaydi. Ammo xuddi shunday kashfiyotlarning yana qanchasi ko‘z ochishiga ko‘plar ishonmaydi. Bu noshud, dangasa va nohaq qarashga birinchilardan bo‘lib A’zam O‘ktam zarba berdi.

Ma’naviyatimiz sarchashmalari bilan sug‘orilgan ong va xayolot ko‘zi bilan ko‘radiganimiz dunyoi sag‘ir – kichik olamning o‘zida qolib ketmaydi. Balki olami kabirga chiqadi. Unda qarashlar o‘lchovi shunchalik kengayadiki, soat “chiq-chiq”i emas, kami bilan yorug‘lik tezligida me’rojga ko‘tarilib, abadiyat bog‘ida istiqomat qilishimiz mumkinligini anglab yetamiz.

A’zam O‘ktamga quloq beraylik:

Na bo‘lg‘ay yashashni sal oson qilsang,
Qil sig‘magan ko‘ngling shu’laga to‘lsin.

Tirikchilik tashvishlariga ko‘milgan insonga kinoya bilan boshlangan tasvir, kuzatki: “Na bo‘lg‘ay yashashni sal oson qilsang”da shoir bu nodonlik hasrati ekanligini fahmlatib, haqiqiy banda ajib bir tilak bilan masrur etiladi: “Qil sig‘magan ko‘ngling…(rost-da, nafs yugur-yugurlarida band, ozorlangan odamning ko‘ngliga eng ingichka jism — qil ham sig‘maydi!) shu’laga to‘lsin”. Hayratlanarligi moddiy olamda yo‘q narsa tilanadi. Zero, shu’la moddiygina jism emas, ma’naviy xilqat, uning uchun qil sig‘adigan ham o‘rin kerak emas, u band etmaydi, kengaytiradi. Zulmatga burkamaydi, yoritadi. Ta’qiqlamaydi, ko‘rsatadi. Chunki shoir tilayotgani shunchaki nur emas, balki – iymon nuridir. Demak, fikr insonning ma’naviy hayotini butunlay ijobiy tomonga keskin o‘zgartiradigan mo‘’jiza haqidadir. (Hech bir qavm o‘zini o‘zgartirmaguncha, men uni o‘zgartirmayman. (Qur’oni karim oyati).

Istakning asosi va manbasidan xabar topganga A’zam O‘ktamning ma’rifatparvarligi, kashshof shoirligi ma’lum bo‘ladi, zero bu duo, bu tilak, bu da’vatda haqiqiy hayot shodiyonasi nimadaligi bir nafasda shoyon etilgan:

Har namoz orasin Ramazon bilsang,
Bir kunda besh hayit
Muborak bo‘lsin.

Buning favqulodda topildiq ekanligini yetuk ma’rifat sohiblari ham e’tirof etishgan. Ma’naviy umr tadriji shunday mujassamlashtirilganki, uni juda ko‘p so‘z ila izohlab tushuntirilganda ham faqat nizomi va tartibi aytila olinishi mumkin. She’riyat esa o‘shanga olib boradigan ko‘ngilning erka bulbuligo‘yosi ekanki, bir zebo fikri ila juda teran va sirli qilib haqiqiy muslimning bu buyuk hayot tartibi va ulug‘ saodatidan xabarchilik qila olar ekan. Agarki: “Har namoz orasin ramazon bilsang, bir kunda besh hayit muborak bo‘lsin” Shoirning ulug‘ da’vati ibodatdan boshqa paytlarni ham ibodatdagidek yashashga da’vatdir. Hazrat Alisher Navoiyning “Har tuning Qadr o‘libon, har kuning navro‘z o‘lsin” baytiga hamtilak ko‘z ochgan she’rning keyingi ikki misrasida musulmonchilikning buyuk natijasi, hosili bilan tabrik qilib qo‘yilayapti. Zero, nafs qutqularidan parhez, og‘izning faqat yegulikkagina emas behuda so‘zlarga ham yopiq bo‘lgandagi holati, illlatlardan o‘zimizni himoyalashga bel bog‘laganimizda ruhimizga qanchalik qo‘l keladi. Chin amallarimiz hududi kengayadi, ma’rifat maydoni kattalashadi. Natijada bu damlar ko‘ngil uchun haqiqiy iyd, komillikning me’roji va parvoziga olib keladi. Mana ma’rifatli shoirning bizga ilinishlari!

Hazrat Navoiyga ergashib hadisdan she’r tiklagan ijodkorlarimiz ko‘paydi. Zero, bunday ma’rifiy she’rlardan olinadigan bahralar, hikmatlar xalqning ruhiyatini quvvatlantiradi, necha bir avlodlarni kamolotga yetkazadi. Shunday shoirona sharh qilingan, ruhi behad ko‘tarinki A’zam O‘ktamning “Ikki dunyo saodati” kitobi kishini juda umidlantiradi. Saboq ham beradi.

Istasa, hazrat Navoiy 400 arbain yozishi mumkin edi. Ammo har bir mustaqil fikr, ilhomiy lahzalarda ko‘z ochgan ma’rifatda tabiiy, hayotiy e’tiqod hurligi tasviri ta’sirchan badiiy san’atlar ila uyg‘un keladi. A’zam O‘ktam ruhoniy hayotimizni kuzatarkan, istiqomatimizga ziynat bo‘lguvchi tashbehlar topib, go‘zal tasavvurlar yaratadi.Ulardan hikmat sifatida o‘git olsak, she’r sifatida mutaassirlanamiz.

Ramazon – mashaqqat, sinovlar oyi
O‘ttiz qorong‘u kun, o‘ttiz yorug‘ tun.
Tonglar nasib etdi toza havoyu
Bulbulning ovozi saharlik uchun.

O‘shandagi kishi ruhiyati saodatini olim bunday qilib sharxlolmaydi, his qilinganini tushuntirish undan-da mushkul. Ammo shoirning “O‘ttiz qorong‘u kuni-yu, o‘ttiz yorug‘ tuni” barini baralla muxtasarlarkan, favqulodda holatning favqulodda go‘zalligi ko‘ngilni mast qiladi. “Bulbulning ovozini (ruhiyat) saharlik uchun” tanovul etishini bir tasavvur qiling.

Achchiq so‘z chiqmaydir – yopiqdir og‘zim,
Birovga qadalib tikilmoq tamom.
Ko‘ngil to‘q, ruh yengil.
Xushbaxtman o‘zim –
Gul isin iftorlik uchun berdi shom.

Tartibning ulug‘ligi xulqimizning yaxshilanishi doyasidir. Og‘izning yopiqligi faqat yeyishdan tiyilish, nafsnigina jilovlash emas, johillikning barcha turlaridan tiyilish jangidir, u irodani toblaydi. Xulqning go‘zallashishiga olib boradi: endi zohiriy go‘zallik makridan ham bir muddat esa-da qutilinadi. Bu ko‘zning ro‘zasi ekan… Oxirida gul isini iftorlik uchun shomning berishi valiyullohlardek ramazonni o‘tkazish, qalbning ro‘zasi tasviridir.

Adabiyotning o‘zagi adab bo‘lgani holda “adabiyot hech narsani o‘rgatmaydi” deya da’vo qiluvchilar yo‘q emas. Ba’zi she’rchi “adib”lar ana shu qarashga osilib shaytonga malayligini xaspo‘shlamoqchi bo‘ladi. Asli emas, mayli xohlagan qutquni namoyish qilmoqchi bo‘ladi. Afsuski, ana shu qutqular shayton tuxumini ko‘paytirdi, ularning ilmi amalini “o‘rgatdi”. Qolaversa, ma’rifiy ruhdagi bitiklar urfdan qolgan kuylakdek ibtidoiy mashqlar deb qarala boshlandi. Sobiq sovet davrida kurtak otgan, shaytoniy qutquga soladigan nazmbozlik, allam-balo laparlar battar ommaga ko‘z-ko‘z qilinib yotibdi.

Sochimdan ko‘p oshig‘im, sen bo‘lmasang boshqasi…

Xiyonat, yengiltaklik bu, aslo adabiyot emas.

“Qirqinchi bahor”ning in’omi

Shoir A’zam O‘ktamning ilk she’rlaridayoq insonning insonga pok sevgisi taronasi nihoyatda samimiy va yoniq edi. Ammo uning o‘zi tartib bergan so‘nggi KITOBi “Qiriqinchi bahor”ida endi shaxs ulg‘ayib, kamolga yetib, komillik yo‘lida jondan kechib anglagan va siylagan muhabbati, unga mehri va ishqi tom ma’noda go‘zal bir xulqlar gulshani yaratganini ko‘ngil huzurlanib tamosho qiladi. Hazrat Navoiy ishqni uchga: avval avomiy, keyin majoziy va nihoyat ilohiy darajaga yetiladi deb bosqichlarga bo‘ladilar. Men shoir A’zam O‘ktamning “Kuzda kulgan chechaklar” bo‘limini biron bir bosqichga mansubligini aytishga haddim sig‘masa-da, ulardagi ilohiy nur yorug‘idagi go‘zal xulqlar taranumi havasimni keltirdi. Bundagi muslima, mo‘mina, orifa, zohida, komila ayol-qizlarning qalb suratlari ehtimol shoirning orzularidan ko‘z ochgandir. Shuning uchun ham Qodiriyning Kumishbibisini esga solar. Mumtoz adabiyotimizda pokizalik timsoli sifatida go‘zallar farishtaga tenglashtirilgandir. Aslida, hurda insoniy ehtiyoj yo‘q. Inson esa o‘rganib, istab farishtalik xulqini o‘zlashtirish imkoniyati borligi madaniyatimizning ko‘rk qilinadigan eng yuqori nuqtasidir. A’zam O‘ktam johillik davrining tanni ko‘z-ko‘zlash illati tobora oshkora ko‘ngilga hujum boshlaganda, ayol-qizlarimiz uchun ibrat bo‘ladigan oqilalar siyratini muhabbat bilan chizadiki, ularga beixtiyor mehr qo‘yasiz va bir kuni shunday hur ko‘ngillardan bo‘yuk bobolardek qalbi ko‘rkli zotlar olamga kelishiga chinakamiga ishonasiz:

Hurday xonim, xayolida ham,
Gunoh qilib ko‘rmagan xonim;
Goh yovqur, goh haqir ko‘rgan dam
Hurkib holim so‘rmagan xonim…

“Mehr” deb atalgan ana shu she’rdagi hurdil malakning yorug‘ siymosi necha Mashrab kuylab o‘tgan dilbarga o‘xshaydi. U-da rafiqa, ko‘ngilniki.

…ayozlarda uvishgan qo‘lni
astagina ushlagan xonim;
bevaqt qarib-qartaygan dilni
faqat tushda xushlagan xonim;

Bu she’rning nodir tushunchalarini izohlab, to‘la tushuntirib bo‘lmaydi, beg‘uborlikni his qilibgina dilingiz taskin topadi. U hislarimizni gapirmasdan tarbiyalaydi. Shu holida hayotdan ham chekinmasdan, yerlik farishta ekanligini bildirib turadi:

jinni-sang‘i she’rlar o‘qisam,
bosh egib, jim tinglagan xonim;
dilimdagin ko‘zim aytsa ham,
bilaturib “bilmagan” xonim;

Musulmon ko‘ngilda shunday hayo pardasi bor, undan nariga o‘tish mumkin emas, buyog‘iga tilni tiyish kerak bo‘ladi. Ammo shoir butunlay mumkin emas holatlar haqida emas, balki insonning husni xulqi va shu xulqdan o‘nib chiqqan juda ham rostgo‘y orzularidan so‘z ochadi. Bu istaklar pokiza, sirli va asl va uni shu toza xulq haqqi tushunish mumkin:

Men judayam istarman: bir kun
O‘lsam, siz ham o‘lishingizni.

Bunaqa jur’at o‘limga emas, kishini hayotga talpintiradi. Mo‘minning eng ulug‘ sifatlaridan biri o‘z rafiqasini dog‘uli dunyodan qizg‘anishidir. Shoir shuni aytishga jur’at qiladi. Uning xuddi shunday, juda dovyuraklik bilan yurakning eng to‘rida saqlaydigan “Izhor”, “Qizg‘anish” “Iltijo”, “Jo‘natilmaydigan xat”, “Ortiq” kabi she’rlarida kamolot manzili bor va ular keyingi asrlarda sevgi daftarimizni bo‘shab qolgan o‘rnini to‘ldiradigan ishq taronalari, yig‘lab o‘qiladgan fojiy va qutlug‘ bandlar bo‘ldi.

Sen borsanki, ko‘nglim to‘q,
Menikisan tasadduq.
Olar hammani, ammo
Xudoga ham bergim yo‘q.

Shoir ishq devonasi-da, devona esa ma’sum bo‘ladi, aytadigan haqli gapi uchun hisob bermaydi…
Uning “Iltijo”da antonimlari yaxlitki, aksda nur jamlanadi, manfiyning holatida musbat tiklanadi, buloqda olov soflanadi. Shuning uchun ham hech bir badiiy gulshanda mutlaq hal etib bo‘lmaydigan masalani she’riyatda shubhasiz amalga oshirib bo‘ladi. A’zam O‘ktam uni o‘chinchi misrasida e’lon qilib, keyinidan hech mumkin emas tilagini izhor qiladi…:

1. Men yashnagan sari rangi siniqqan –
Sevarim, sog‘ o‘l.
2. 2.Ro‘shnolik ko‘rmagan oshnoga tegib–
Sevarim, sog‘ o‘l.
3. 3. Demak men aytmasam o‘lmagaydirsan–
Sevarim, sog‘ o‘l.

Shoirning yagona boyligi va otashin do‘sti – qalbi hassos, juda sezgir bo‘ladi. Shuning uchun u borini in’om etadi, evaziga topganidan yonadi, azalning qonuniyati bo‘lgan ikki karra sirdan boshqa ko‘ngillarni voqif etadi. A’zam O‘ktamning so‘nggi she’rlarida ana shu ayovsizlik va shiddat abadiyat qadar bor:

Yo‘qdir nur chashmasi ul nigohdan ortiq,
Tanib, jilmayganing nikohdan ortiq.

Faqat senga ochgim kelur qalbimni,
Garchi sirdosh o‘lmas Ilohdan ortiq.

Tiz cho‘ksam poyingda, past ketganimmi.
Yuksalmak yo‘li yo‘q shu chohdan ortiq.

Shoir bu kabi she’rlari bilan sevib e’zozlash, qadrlashni nihoyatda teran tasavvur qildiradi. Go‘zalga, go‘zallikka sevgi esa qalbning eng chuqur yerida turadi. O‘zbek millatining ayolga munosabati ana shunday o‘zbekona, musulmonona tarbiyadan tug‘ilishi kerak. Besh yuz yil oldin ham shunday bo‘lgan, besh asr keyin ham shunday bo‘lishini orzu qilamiz.

Ona-ota, o‘g‘il-qizga munosabat ham shunga o‘xshash shaxsiy, lekin juda ham tom, keskir va tiriltiruvchan, qilich va qalqon nasihatlar keragida zarb berib, keragida himoyaga otiladi. Holbuki birov shunchaki nasihat qilsa, beixtiyor ensamiz qotadi. Holbuki, kattami-kichik har birimiz ko‘pincha nasihatga juda muhtoj bo‘lamiz.

Qiziga qilgan nasihati:

To tirik ekanman tegmaydi shamol
Kim senga qasd etsa, ishon u o‘ldi.
Qarshi chiqsang butun dunyo, bemalol,
Xudoni dushmanim demasang bo‘ldi.

Bu to‘rt satrning hech birida zarracha yolg‘on yo‘q, har qanday ota qiz ko‘rib, uni voyaga yetkazarkan, xuddi shunday bir fidoiy jasoratga hozir turadi va qiz mardumi oldiga shunday iymondor shartlar qo‘yadi ham.

Kishi ulg‘aygan sari xatolarini anglab, istig‘forga borar ekan, pokiza va mardona bir do‘st qidiradi. Uning ma’sum do‘stlari bolalari bo‘lishi ham mumkin. Ularda o‘zining yoshligini ko‘rib poklanadi. Shuning uchun ular bilan dardlashadi, keragida o‘tinadi, keragida talab qiladi. Chunki uni anglab tushunuvchi, birinchi bo‘lib amal qiluvchi ham ortida qoluvchi avloddir.

Hayotdek mo‘’jiza – ne’matdir o‘lim,
Sharpasin tuygandek his etdim o‘zim.
Otamga qilganim qilmasin o‘g‘lim,
Onamga qilganim qaytarma qizim.

Otamga qilganim qilmasin o‘g‘lim – naqadar gumroh kunlarimiz tavbasi.

Onamga qilganim qaytarma qizim – bu insonga eng ulug‘ haqqi (burchi)ni eslatish. Qur’oni karimning Niso surasida Alloh taolo shunday ogohlantiradi. “Ota-onalaringizga yaxshilik qiling!” Zero, inson buni unutuvchan, ko‘pincha bola-chaqa, nafs yugur-yugurlari bilan ovora bo‘lib qoladi. Vasiyatni unutmaylik. A’zam O‘ktamning kelajakdan umidvorligi benihoya baland edi. Qirchillama qirq yosh ustidagi she’rlarida-da bu porlab turibdi:

Ishontirding sen o‘zimga o‘zimni,
Yigitsan, men guvoh, bolam, alla.
Farishtalar yuvib qo‘yar yuzingni,
Cho‘risi ham begunoh bolam, alla.
Inson zoti anglolmagay so‘zingni
Hamsuhbati Alloh bolam, alla.

Mo‘’jaz olti qator she’rda shuncha zolvor va tiklanish. Olamlarga tatigulik insonning yuksak va ma’sumligi. Ma’sum farzandgina odamning aslini ko‘rsatib, uni o‘zligiga qaytaradi va hayot abadiy ekanligiga ishontiradi. Odam tug‘ilgandayoq uning qalbi jasur mardona, ya’ni yigit bo‘ladi. Ma’sumning yordamchilari ham ma’sumalar, ammo bu yerda “cho‘risi”dan murod uni olamga keltirgani evaziga gunohlari yuvilib ketadigan zot onadir. Ulug‘ zarb esa so‘nggi qatorda beriladi. Odam aqli bilangina emas, ma’sum kungli bilan ulug‘vordir. Ana shu kungil bolada bo‘ladi. Shu bois u shoir ham juda. Uyqusida ham uyg‘oq go‘dakni aytajak so‘zlarini inson zoti oxirigacha anglab yetmasligi tabiiy, zero, shoir kashf qilganidek go‘dakning suhbatdoshi Allohning O‘zidir. Shoir ham bitayotgan pallada go‘dakday ma’sum, gunohlardan forig‘ bo‘ladi va uning ham eng yaqin suhbatdoshi Alloh bo‘ladi. Bu dunyoni hoyi havasiga botgan kishilar unga ajnabiy, tili-da, dili-da begona bo‘ladi. Bo‘lib ham kelgan…

Umuman, u “Qirqinchi bahor”da juda so‘zlarni tejab, san’atni tiklab, ilhomli fikrini bitgan, xolos. O‘zini ayovsiz taftish qilishida esa salaflarimiz kabi inson kamoloti va kemtikligi tadqiqini ko‘ramiz:

Kimlardek bo‘lishga yetmas sabotim,
Kimlardek bo‘lishga hech toqatim yo‘q.
A’zam O‘ktam.

Meni men istagan kishi suhbatiga arjumand etmas,
Meni istarlarning suhbatin ko‘nglim pisand etmas.
Alisher Navoiy.

Kinoyaning shaxtiga qarang:

Aqlim endi yetyapti oz-moz:
astoydil qasd qilsa odam,
aylanadi kundaga qog‘oz,
bolta bo‘lar bemalol qalam.

Shoirning ongi va hissi birdan va birday ishlaydi. Bu iqtidor ijod ahlidan boshqa hech kimga berilmagan.Unda dunyo xavfi, ham rajosi bir nuqtada paydo bo‘ladi: Shoirni zafari va abadiy mag‘lubiyati va yana muzaffaryati shudir:

Ketmay turib qarg‘alar hali,
Qaldirg‘ochlar kelganin ko‘rdim!

Bu ikki dunyodan umidvorlikning obrazli ko‘ra olgani . Shuning uchun ham mana bu she’rni umr kitobining oxiriga shunchaki joylashtirmagan. Bu bashorat, xayrli mujda. Zero, shoirning chin so‘zi yo vasiyat, yo bashorat va yoxud muhim nuqtalari boshqalar taqdirida takrorlanib turadigan betakror, bardavom hayotning o‘zi…:

Osmon behad yaqin, Yer esa yumshoq,
Yoshlik qaytib ketmas, u mangu qolar.
Bo‘zchiman – bog‘layman har kun bir belbog‘,
Safarim qarimas, yasharib turar.

***

A’zam O‘ktam mardona, shiddat bilan yashayotganini bilardik, ammo shitob bilan o‘tib ketganini bilmay qolibmiz. 2002 yili fevrali boshida ertalab bekatda avtobus kutib tursam, jo‘ramiz Yusuf Abdulloh yetib kelib, musibatdan ezilib dediki… Oradan to‘rt yarim yil o‘tdi, hamon bu shum xabardan karaxtman. Nahotki “Qirqinchi bahor”ini kechagina taqdim etgan (kitobining nomi) A’zam shoir qirq ikkinchi bahorga yetolmagan bo‘lsa? Nachora. Shukrki, bul tong A’zam O‘ktam she’rlarini qo‘limga olib, miriqib o‘qir ekanman, u bilan uchrashib, gurungini oldim… Shoirni shundan qo‘ymasin!

2006 – 2015 yillar

A’zam Oktam. Kuzda kulgan chechaklar (1990) by Khurshid Davron on Scribd

014

 

 

(Tashriflar: umumiy 5 539, bugungi 2)

Izoh qoldiring