Bektemir Pirnafas. She’rlar & Vafo Fayzulloh. «Tong yoqasi»da yoxud mangu yosh shoir rivoyati

07    “Тонг ёқаси” боис адабий муҳитда танилган ёш шоир Бектемир Пирнафас ўшандан кейин вақтли нашрларда, баёзларда янги шеърлари билан жуда сийрак кўринди. Кейинги йигирма йил орасида бошқа алоҳида китоби ёруғлик юзини кўрмади. Биз бу билан унинг истеъдоди сўнди ё авжи пасайди демоқчи эмасмиз. Лекин маънавий ҳаётда унинг овози янгроқ эшитилмади… Албатта, бадииятга рағбат сусайган, маънавий очлик кучайган очунда шоирнинг ботини нафснинг босқинидан қандай ҳолдалигидан кўпинча омма бехабар қолади…”

Вафо Файзуллоҳ
«ТОНГ ЁҚАСИ»ДА
ёхуд мангу ёш шоир ривояти…
011

(Йигирма ёшлик шоир китобига йигирма йилдан кейин нимадир демоқ)

Эмишки, Тангри Одамнинг мусибат ёмғиру қорларидан тўкилаверганини кўриб, унинг зуваласида ўзи қўшиб яратган ужмоҳдаги жунунваш ёруғликни — ажабтовур феълни дардига даво мақомида Ерга индирди. Балки ердан чиқарди, бу ёғи энди бизга қоронғу. Ишқилиб, ўша феъл устувор бандаси бешикдалигидаёқ гўзал чеҳрани кўрса ғилмонмонанд ҳислари жўшиб, севги изҳор қилар, онасига қўлини узатиб боғни, далани кўрсатар, гулга узоқ термулиб қолар, шодланиб нималардир деб юборар, қалби туғёнга тўлиб денгиз каби мавжланиб кетарди. Унинг бу аломати кун сайин авжланиб, уч-тўртида ажиб маъсум ҳаракатлар қиладиган, етти-саккизида ўспиринликдан хатлаб балоғатга етди. Ўн тўрт-ўн бешида энди ақли ҳам камолатнинг энг чўққиси-ла бўйлашиб, шунақа бир мунаввар ўлан деса дегулик айтимлар тилидан учадиган бўлдики, дарди ширинлигидан қавми маст бўлар, рости аччиқлигидан мардумнинг басират кўзи очилиб кетар эди. Хуллас, Тангри унга берган бу иқтидор онлари — илҳоми ғалаён қилганида у чунон қувват сарф қилганига қарамай вақт тўхтаб қолар, қаримас эди. Ажабтовури у айтимини бошлаши билан каромат ҳол юз берар: ҳайвонот ва ноботот олами бутунлай бошқа хилқатга, қадрдон одамлар ҳуру ғулмонга эврилар, нигоҳларда олам гўзал бир равзанинг бўлагидек, дардлар олисларга чекинар, алвон-алвон рангда булутлар сутдай ойдин тун, юлдузлар шуъласи ернинг кўнглини ёритиб, энг оғир, аянчли ғамларга гирифтор бўлиб юрганлар ҳам масрур бир кайфиятда ғамини унутар, ё энг омадлиман деб юрган кимса-да асл ҳақиқатдан хабар топиб, улуғ бир ғамга ботар эди.

Халойиқ унга шоир деган рутба-ном берди. У бир умр зоҳиран ҳам қалбидай ўн беш, ўн олти ёшида қолди. Дунёдан кетарида ҳам шундай ҳур, шундай бокира, ҳисларига доғ тушмаган, туйғуларига гард йўқмаган эди. Дунёни пок, одамни маъсум, меҳрни мушфиқ она, севгини илоҳнинг нури, севгилини қалбнинг шафоатгуйи каби билди. Куйлаб-бўзлаб, бу дунёдан унисига ўтди. Бундан ҳам ғаройиби ўша ёш шоир кўнглини қиёмат Қадар бизнинг дунёмизга мерос, айтимчиларга васият, зийнат ва таскин қилиб қолдириб кетди…

Достончи бобом “Мангу ёш шоир” ривоятини ҳам гоҳ-гоҳида ана шундай бошлаб қоларди… Эмишки…

Машраб ва Рембо

Хотирамда анчадан буён фаранг шоири Артюр Рембонинг шов-шувли маъсум ва бадбин ҳаёти яшайди. Очиғи, унинг жисмоний ҳаёти лаънатлашдан ҳам тубанроқдир. Лекин инсонни ҳеч вақт инсон қоралашга, айблашга, гуноҳкор санашга ҳаққи йўқ! У ўзиники билмайди, бошқани қаёқдан билсин; ўзиники гуноҳдан тия олмас экан, қандай қилиб бошқани гуноҳкор, бузғунчи, бадкор-бадбин дея олади? Озгина ақли-фаросати бор одам бундан андиша қилади.

Артюрни дунёни ҳайратга солган хазинаси, дунёни дунёга ёниқ ва гўзал қилиб кўрсатган каромати ШЕЪРИЯТИдир. Унинг 16-19 ёш орасида жўш уриб, қалбидан тўкилган ғаройиб, кўлвор шеърлари бетимсол бир етуклик касб этиб, ўз идроки ила дунёнинг қайтадан кашфи бўлди. Рембонинг фитратидан таралган мастона мусаффолик кўнгилни жаннат сари бошлаб, назаркардалик билан, ўқувчини софлаб, беҳад ҳайратлантиради. Бу унинг бадиий олами каромати. Жумладан, унинг “Сархуш кема”сига тушган, поклик ва тиниқликнинг теран умонида моддият ҳеч қачон дахл қилмас маънавий инжулар топади. Гўзаллик олами саёҳатида тасаввурлари ҳудудини кенгайтиради ва кўркамлаштиради. Ёниқ, ёш, гўзал, бокира ана шу туйғулар манзараси, ҳислар ҳаёти, фикрларнинг фавқулодда тирик ва теранлиги ҳамон тахайюл оламидан муждалар бериб, орзиқтиради. Ақлбовар қилмас тоза ва мусаффо ҳисларни уйғотиб, одамзотнинг некбин ва ҳурсифатлигига ишончни мустаҳкамлайди. Исёнкорлиги ва даллилиги билан чиркинликларга бош эгмас руҳ сиймоси бўлиб, руҳиятларга қувват беради. Ана шу бир онлик ҳур хаёллари боис уни Ғарбнинг Машраби деб билдим. Ҳолбуки, бутун ҳаёти исботи ила Машраб осмон бўлса, у Ерча тубанликда, Ер қадар Машрабдан олисликда…

Зеро, Рембо ҳам бу хослар, гўзал хаёлларни севарлар оламида жуда кам истиқомат қилди, эҳтимол, унинг чинакам бахти бу оламда ҳарқалай яшагани, ҳатто гарттак жаннат исини туйганида эди. Авом кўнгиллар эса бу оламни жуда кераксиз, хомхаёл ва думбул; фуқароларини девоналар деб ҳисоблаб, яқинига йўлашни-да истамаслар. Шунинг учун ҳам кўнглига ошуфталарни хаёлпараст, қушлар қавми дея — шоирлар устидан кулиб, гадойлар каби сўз аҳлидан, ишқ қавмидан ҳазар қилишади… Бу жаннатни уч йил ўтмай туриб, Рембонинг ўзи ҳам ташлаган, ундан тобора узоққа — жаҳаннамга чопган, яна шунча йил яшаб, қайта қўлига қалам олмаган эди. Лекин алал-оқибат 37 ёшида бедаво хасталикка йўлиқиб, ўлими олдидан яна шеъриятни қаттиқ соғинганини ҳис қилади…

***

Жавонимда қай бир фикрга далил керак бўлибми “П” ҳарфи қаторида турган китобларни ўнгдан чапга ўтказар эканман, бир китобчага кўзим тушиб, мақсадим эсимдан чиқиб кетди. Бектемир Пирнафасов. Тонг ёқаси. Шеърлар. 1996 йил.

“Ёш шоир” сифати кўпинча ижодкорнинг адабиётдаги “ёши”га қараб қўлланилади. Лекин Бектемир ҳақиқатдан ҳам ёш, у илк китоби “Тонг ёқаси” ни йигирма бир ёшда эълон қилдирди. Йигирма яшар йигитнинг залворли сўзларини ўқиймиз, бу сўзлар тажрибасиз бир ижодкорникидан тафовут қилади. Демак, шоир назмдаги ўз сўқмоғини аллақачон топган” (Баҳром Рўзи Муҳаммад. “Дахлсизлик ҳуқуқи” мақоласидан, 1997 йил).

Демак, Бектемир ҳам нақ Артюрдай суяги қотиб улгурмаган ўспирин ҳолида ўзидан бир мучал ёшулли шеърият вакили томонидан эътироф билан қарши олинган. Шу бир босма табоқли китобча муносабати билан Баҳром Рўзи Муҳаммад шу ҳажми митти китобча туртки бериб, янгиланаётган дунё шеъриятига назар солади.

“Тонг ёқаси”да тонг ёқасига чиқиб умидланганимизга ҳам йигирма йил бўляпти. Адабий муҳитда бирдан тан олинган ёш шоир ўшандан кейин вақтли нашрларда, баёзларда янги шеърлари билан жуда сийрак кўринди. “ХХ аср ўзбек шеърияти анталогияси”да тенгдошларидан фақат унинг шеърлари киритилганига қарамай шу йигирма йил орасида бошқа алоҳида китоби ёруғлик юзини кўрмади. Биз бу билан унинг истеъдоди сўнди ё авжи пасайди демоқчи эмасмиз. Лекин маънавий ҳаётнинг далиллари ўжар, истеъдодга яраша ишончни оқламоқ, фидойилик талаби ҳам шафақ қадар юксак бўлади… Шу йигирма йил орасида шеърият оламида қанақа талотўплар, не бир йўқотишлар бўлмади, дейсиз. Яна қайтарамиз, бугунги бадииятга рағбати сусайган, маънавий очлик кучайган очунда шоирнинг ботини нафснинг босқинидан қандай ҳолдалигидан кўпинча омма бехабар қолади… Шоир ҳам одам ахир, унга ҳам моддиян иккита умр берилмаган…
Тахминларни қўй, нақддан гапир денг!..

Менга “Тонг ёқаси” муаллифининг ўшандаги у-бу зоҳирий-ботиний ҳолати бир қадар маълум… Бир адабиётчи домламиз ёзади: “Одатда Усмон Носир тўғрисида сўз борганда, туғма талант, деган ифода тез-тез тилга олинади. Лекин Усмоннинг Қўқондалик йилларида ёзган шеърларида ҳам, Самарқанд юлдузлари остида туғилган аксар шеърларида ҳам туғма талантнинг нишоналари кўринмайди” (Н. Каримов. “Усмон Носир” рисоласи қўлёзмаси, 91 б.). Менимча, бошиданоқ истеъдод намоёндасининг ёзганларида туғма иқтидор нишоналари бўлади, кейин у шароит, муҳит, илм, тажриба, маҳорат, меҳнат ва фидойилик билан ярқ этиб юзага чиқади ёки аксинча. Барибир бош-аввалдан шоирона истеъдод биринчи белги, усиз қолган ҳамма ҳаракатлар бўлгани билан ҳам қаламкаш чинакамига марғуб асарлар яратолмайди. Истеъдод бўла туриб, ёзишга улгуриш ва улгурмаслик эса бошқа масала.

Воқеалар ривожи

Биринчи воқеа (Шоира ва адиба Салима Умарова ҳикояси).
“Кармана тумани газетасида ишлайман. Жалойир қишлоғидан бир хат келди. Катак дафтарнинг қоғозида қисқа-қисқа, лекин теран ифодаланган фикрлар йўлланган эди. Улар одатий хабарлардан фарқ қилар, табиатни кузатиш ва солиштиришдан туғилган чиройли ва оҳорли сочмалар; ҳаётийлигидан ташқари, яна сеҳрловчан лирик нимасидир бор эди… Мен бу сочмаларни эллик ёшдан ошган, тажрибаси етарли, қишлоқда истиқомат қиладиган деҳқон-муаллим ёзган бўлса керак, деб ўйдадим ва газетага бериб юбордим. Чоп этилгач, кунлардан бир куни таҳририятга тортиниб бир ўспирин кириб келди.

— Ҳа, болам? — 15 ёшлардаги йигитчага қарадим.
— Мен Бектемир Пирнафасов эдим.
Энди мен бир оз шошиб қолдим…”

Зарафшон дарёсининг Сармиш тоғи томонидаги Кавоби қишлоғида туғилган Бектемир, отасининг бевақт қазосидан кейин дарёнинг Қизбиби тоғи томонида жойлашган Жалойир қишлоғига тоғасини қора тортиб кўчиб келишади. Оиланинг тўртинчи фарзанди Бектемир ўшанда саккизинчими, тўққизинчи синфида ўқирди.

Сочмалар воқеасидан кейин Кармана тумани газетига тез-тез борадиган бўлади. Таҳририятдаги Одил ака Ҳотамов, Салима опа Умарова ва бошқаларнинг таъсирида инсон ва ижодкор сифатида яна ҳам тез улғаяди. Аслида булар сабаб. Истеъдод тез таъсирчан, ўзлаштиршга бошқалардан кўра қобил ва шиддатлироқ, ўзида ҳам бошқаларда кўринмаган аломат ва ўзгача ҳоллар бор бир зувала. Биринчи навбатда ҳаётнинг ўзи қувончли ва изтиробли ташвишлари билан озиқ ва ашё беради, улғайтиради. Аммо хайрихоҳ устозсиз унинг ҳоли жуда мураккаб кечади. Ҳар ким тўғри йўлни кўрсатувчиустозга ва ҳимояга, айниқса, умрининг тонготарида муҳтож бўлади.

Иккинчи воқеа. Шу устозлардан бири айтган чиқар, Тошкентдан қишлоққа келганимдан Бектемир хабар топибди. Унгача мен ҳам у ҳақида эшитган эдим. 1991 йилнинг қиш фасли экани аниқ, кун очиқ кунда у велосепид миниб болалигим кечган ҳовлимизга танишмоқчи бўлиб кириб келган эди. Негадир ўша учрашув хотирамда уйғонса, ҳовлимиз қишлоқнинг кунчиқар томони энг чеккасида жойлашган эди: шудгорланган дала оша, қори кетмаган оқиштоб Нурота тоғлари томонга яқин қиш офтобига гоҳ кўз ташлаб, бадани кўк толлар остида, қизғиш ва гўзал кунчиқар шафағи ҳам назаримиздан қочмай анчагина гурунглашганмиз уйга кирганимизча ҳам. Менга ўшанда унинг биринчи фазилати дадил ва журъат¬лилиги бўлиб кўринган. Ўн етти ёшли йигитчанинг сўзлари хотиржам ва жўяли, жўнликдан холи, тенгдошлариникидан фарқ¬ли ўлароқ қайтариқ сўровлар эмасди.

Шундан мен адабиёт, қолаверса, ҳаёт ҳақида ақли ва шуурини ишга солиб, ҳамма нарсада янгилик кўрадиган бир ўспирин дўст топдим. Бизни адабиёт ва ҳақиқатга ташналик маърифати биродарлаштирди. Кейин у “Тонг ёқаси”нинг нашр этилишигача бор-йўғи беш йилни жуда шиддатли, баракали, қалтис, мураккаб, фавқулодда яшади. Мен биридан хабардор бўлсам, ўнидан ғофилман…

Учинчи воқеа. Мактабни битирибоқ, университетга кирди. Анчадан буён эса Тошкент адабий муҳитининг ҳақиқий марказларидан бири эса ТошДУнинг журналистика, филология факультетлари бўлиб келади. Янги шеърият, баҳслар, мунозаралар, ҳеч кимни тан олмай, ҳеч кимга қўл бермай, дунё адабиёти ўрганиш ва тарғиб қилишнинг уч бурчаги бўлган бу даргоҳ куни кечагача. Адабий “изм”лар ва урфлар ҳам шу ерда биринчи бўлиб байроғини кўтарарди.

Тўртинчи воқеа. “Ёшлик” журналида насибамни териб юрардим. Бир куни ёш шоир курсдоши шоира қиз билан таҳририятга кириб келди. Менга улар ёшлик шижоатидай кўринди. Бу фаслда одам мангу яшайдигандек жуда беғубор, бетактор туйғулар билан нафас олади. Ожизликни заррача ҳам тан олмайди. Кўп ўтмай унинг “Нигоҳингни чайиб ол курсдош қиз” сатри ёниб турган шеърга кўзим тушди…

Бешинчи воқеа. Шоир гўзал ҳақиқатгўй. Унинг жим туриши ўзига, ўзлигига хиёнат. Ҳақиқатчи эса шунга яраша ҳаққини олади… Ҳамишагидек ўша йиллардаги талабалар давраси фикрларининг ҳаммасига ҳам қўшилавермаслик табиий, аммо ёниқ ва аёвсизлигига ҳавасингиз келмаслиги мумкин эмас. Шундай нафис мажлисларнинг бирида машҳур шоирага ҳақиқат юзасидан икки-уч берилган саволлар ҳаддан шаккок туюлиб, маддоҳани шошириб қўйганлар, эртаси куни университет талабалари рўйхатидан ўчирилади. Улар орасида Бектемир ҳам бор эди.

Албатта, улар ноҳақ айбланган, аммо ҳақиқат қарор топиб, ўқишлари тиклангунича орадан икки йил ўтади.

Олтинчи воқеа. Унинг ўқиши тикланиб, яна Иброҳим Ғафуровдек адиб ва буюк таржимон асос солган “Миллий тикланиш” газетига ишга жойлашди.

Еттинчи воқеа. 1994 йили Бектемирнинг битикларидан бир туркумини тепасига икки оғиз сўз ҳам ёзиб, адабий журналларимизнинг оқсоқоли “Шарқ юлдузи”га тақдим этдим. “Ҳали бўш жой кўп сукунатда” деб аталган туркуми тез нашр этилди, фақат менинг икки оғиз сўзимсиз…

Саккизинчи воқеа. 1996 йили биринчи китоби ва кейинги йигирма йилда биргина тўплами бўлиб турган жуссаси жуда ҳам ориқ “Тонг ёқаси” нашр этилди.

***

021Бировлар каби йиллар давомида кутиб эмас, ана-мана дейишга ҳам улгурмасдан шиддат билан ёруғлик юзини кўрган тўпламини Бектемир менга тутқазаркан, ёзғиргандай: “Ватан ҳақида бирон нима бўлиши керак”, деб қўйишмагач, мана бу иккисини қоралаб элтсам, китобнинг бошига қўйишибди… ” деди. Шунда мени бошқа нарса, сохта мезон ўйлантирди, ҳозир ҳам ташвишлантиради: инсон ҳисларини буниси ижтимоий, буниси шахсий деб орасига тўсиқ қўйиш тўғримикин? Ахир, ҳар қандай ижтимоий ғоя, ният, фалсафа, ҳикмат шахсий ҳаётда асл ё ноасллигини аниқлаб олади; қолаверса, шахсий дарди бўлмаган ижтимоийлик ёхуд шахсий, интим туйғуда омма ўзини кўрмаса, у ўйин, оҳангжама, олифта ва сохталиги билан маъносиз ва кераксиз ҳолида, йўқлик қаърига равона бўлади.

Ушбу икки шеъри саралаганлари ичида энг нимжони бўлишига қарамай, икки доирада ҳам истеъдод кучи шахс дарди ва маслагини ифодалашга ўзида ҳофиза топган эди.

Қўшиқ кириб чиқди тушимга,
Киприкларим титиб уйғондим.
Тонг келтирди мени ҳушимга.

Еллар топиб келтирган бахтдай,
Уфққа чорлаб умидларимни
Чопди сочларини силкиб дарахтлар.

Хусусан, юқоридаги биринчи мисра жуда ҳам табиий ҳолда шеърхонга адабиёт, маънавият, санъат бандасининг ботиний оламидан муждалар бериб, изҳор, кўнгил очиш, салом янглиғ янграйди. Ошиқ кўнгилнинг тушига биринчи ташриф буюрадиган борлиқ, албатта, қўшиқ бўлади-да. Бу мисрада ёш шоирда салафларига хос, лекин ўзгача киноя, реал эмас, идеал борлиқ балқийди, яъни ҳушда, моддиятда кўринмайдиган олам тушда жонланади. Ҳаётда хаёл қўшиқ туш оламида қаҳрамонни сел қилади. Иккинчи учликдаги охирги қатор манзараси — “Чопди сочларини силкиб дарахтлар” Шавкат Раҳмоннинг “Чопиб кирди совуқ шаҳарга яланг оёқ яшил дарахтлар” мисрасига монанд.

Истеъдод ижтимоий буюртмага шахсий ҳаёти тарихидан мисоллар топиб, уни гўзал ифодалай олса, у бошқаларнинг ҳаётига уйқаш жиҳатларни тирилтирар, бошқанинг қисматини бус-бутун ўз ичига олиши ва ўзи ҳам бошқаларнинг дарди билан нафас ола олар экан. Бектемирнинг гапи таъсиридами “Ватан ҳақида шеър”ини сидирғасига ўқиб кетган эканман… Аммо бир тарих ўқитувчиси билан гурунгимизда — мактаб ўқувчиларига мозийнинг маънавий ҳақиқатларини етказишда бу шеър фикрларига туртки бериб, билимига исботдай ёрдамга келганини эътироф этаркан, мана бу мисралар инсониятнинг маънавий тарихидан ривоятгўй экани менга-да аён бўлди.

Мен ватанман ўзимга ўзим,
Бу юртдда мен ҳам шоҳ, ҳам вазир.
Менда яшар онгим ва кўзим,
Кўнглим ўзга юртда мусофир.

Шеърда, аввало, инсон ватанда ватан тимсоли эканлигини ақлан анг¬латиб, кўнгилнинг ватанини кўрсатади. “Кўнглим ўзга юртда мусофир” мисраси эса яна ҳам ботиний муносабатлар ҳақида туганмас хаёл суришга бошлайди. Кўнгил доимо мусофир, у жаннатдан тушган, яна жаннатга интилади… Яна бу шоир битикларига ишорадай туюлади… Қолаверса, муҳаббат қисмати борасида ҳам хаёллар қўзғайди…

Менда яшар ўз ватанидан
Қувғин бўлган бир нечча юрак.
Уларга ҳам кўнглим каби-да,
Меҳр керак, муҳаббат керак.

Шоирнинг тоза ҳислари, муболағадор тасаввурларига бу моддий оламда жой йўқ, ҳеч ҳам жой йўқ балки… Улар бу моддий дунёнинг фуқаролари эмас, кўнгил оламининг бойлари, маъдан изловчиларидир…

***

Муаллиф ўзи танлаб, китобига киритган: “Нилуфар ҳидлаган балиқлар… дея бошланувчи биринчи шеър илк ўқиганимдай ҳар сафар ажиб кайфият яратиб ғаройиб оламга етаклайди. Бу олам қуруқликда эмас, дарёнинг тубида. Унда эса балиқлар нилуфарни “емайди”, балки ҳидлайди. Зеро, гул ҳидлаш ҳам маънавий эҳтиёж. Бу маънавий эҳтиёжнинг руҳоний тури шеъриятнинг ҳам рамзи. Шеърнинг манзили дарёнинг туби, нилуфар ҳидлаётган балиқлар орасида. Шунинг учун шоир “ақлдан озгандай муаллақ” тўлқинларнинг оралиғидан овозини излайди илҳақ…

Ақлдан озгандай муаллақ ҳолат ҳам балиқларга, ҳам шоирга тегишли. Бундан балиқлар маст, инсон эса ўзининг қавми одамлар орасидан эмас, тўлқинларнинг оралиғидан овозини излашга маҳкумлиги боис балиқлар тўнтарилиб ётгандай фавқулодда аҳволда эканлигини маълум қилади. Зеро, шеъриятнинг ҳайрати ва жозибаси ақл бирдан тушуниб, қабул қилиши қийин, мураккаб жараён. Шунинг учун моддий дунёда ақлдан озишдай тасаввур уйғотади.

Шеърият ёруғлик маёғи. Шунинг учун дарё қаъридан бир лаҳзада парвоз қилиб, осмон қопқасини тақиллатиши ҳеч гап эмас экан:

Юлдузлар чуғурлайди:
— Кимсиз?!

Бектемирнинг лирик қаҳрамони борган сари бу оламларнинг меҳварига — одамзот ҳайдалган ва қайтиб бориши муқаддас орзу — иллиюнга интилади. Шунинг учун унинг “Усти(м)дан кулади парилар”. Фақат “парилар” полифоник образ эканлигини ҳам унутмайлик…

Энг асосий топган тимсоли эса янги ва азалий, кўзлар ва юраклар ташна бўлган қадрдонликка, меҳр-оқибатга жавоб:

…Баҳорим келганда менинг ҳам,
Турналар чоғланса парвозга.
Бир қўшиқ айтишни истайман,
Адирлар соғинган овозда…

Адирлар соғинган овозда…

Адирлар — бу юрт одамлари. Қанча овозларимиз гум бўлиб кетди, ўзимизга-да эшитилиб-эшитилмай: йўлда қолди, чўлда сўнди, бошқа кўчаларга бурилиб кетди…:

“Қолиб кетди ўшал овозим,
Икки дарё оралииғида” (А.Орипов).

Водариғ, тўлқинларнинг орасидан овозини излаб, бизни ғаройиб оламга бошлаган Бектемирники-чи???

***

Шеърият хайрли ниятни, фидойилик, ошиқликни ёқтиради, қадрлайди, аммо даъвони жини суймайди, ундан ҳазар қилади, иддаони мазах, калака қилади, шарманда, бадном этади.

Ўн тўққиз баҳорни қаршилаган шоир хомхаёлларни хаёлига келтирмай, инсоннинг ботиний ҳаёти фожиаларини кечади, комедиялари шамолларида мавжланади! Шунда унинг ўз юрак сирлари очилиб кетади. Бундан кўнгли титраб тураркан, тилидаги рамзий калит, ҳақиқатга табиатдан пардали сўз топиб, изҳори дили қилади. Бу тавба ҳам:

Кетяпман хиёбон бўйлаб,
Қучоғимда паришон еллар.

Муҳаббат, васлни хор этиб, тубанга ташлаган, жисм майлини “севги” деб маънавиятни булғаётган фаҳмсиз қофия¬бозлар, ҳусни хулқ кўчасидан ўтмаганлар ишқ мана шу эканлигини билсалар эди, англасалар эди. Йўқ улар бу ҳиснинг рангин изтиробидан мосуво сўқирлардир.

“Қучоғимда паришон еллар” — гўзал ташбеҳнинг руҳи сирли, пардали.

Тонгга қадар висолни ўйлаб
Атрофимда қизарган гуллар.

Қизарган гуллар — инсоннинг инсонга ва Аллоҳга муҳаббатининг улғайиши ва юксалиши. Шу билан яна ҳаё доираси ичида. Гулларнинг қизариши тасвири ила бир йўла ҳам эстетикани, ҳам этикани жамулжам қила олган. Ҳаёдан жудо шеъримиз яланғоч, кийимсиз, безбет ва ҳиссиз бўлиб бораётгани қанчалик мағлубият. Бу ҳам қадриятимизнинг, ҳам бадиий дидимизнинг жаллоди. Тана намойишининг эса таъмагир йўлбузарларидан. Танни кўз-кўзловчи тизмаларнинг ҳеч ҳам кўнгил муҳаббатига қавм-қариндошчилиги йўқ.

Эҳтимол, ёш шоир буларни ўйламагандир, бироқ ўзбекона руҳоний тарбияда қарашлари қорилган дард изҳорида ҳаётий манзаралар иқтидорига эшик очган.

“Менким, фотиҳ Темур” асарида ёзилишича, Амир Темур ҳазратлари биринчи марта муҳаббат дардига мубтало бўлганларида ўзларини поралаб ташлашни истаган эканлар. Улуғ шоиримиз Рауф Парфи: “Мен оила қурдим — енгилдим”, дейди армон билан. Бу абадий жараёнга қаршилик эмас, балки моддият оламида нафс тарозисининг босиб кетишидан изтироб. Инсон ярми илоҳий борлиқдан иборатлигини англаб, табиат қонуни қаршисида буюк қалбларнинг кўнгилсизликка исёни, олий ишққа муносиб бўлиш даъватидир.

Бектемирнинг шеъри ҳам ҳар бир кўнгилли бошига тушадиган шу қисматдан баҳс қилади:

Нафасимдан титраган майса
Чеҳрасида тобланар гулоб,
Шивирлари тўкилар ғамгин;
— Соғинчлар — мен кўниккан азоб…

Ишқ ҳам, шеърият ҳам жудоликда комилликка эришади. Икки дунёнинг фикри ва кўзлови бир хил бўлиши мумкин эмас. Шу қарама-қаршиликни кўриб, ҳис қилиб, кўнгил, юрак томонида қолиши ва яшаши, ошиқ ва шоирнинг қисмати. У норозилигини билдира туриб, маслагини маълум қилади ва инсонни ўша чўққига назарини қаратади:

Олисларга чирмашар нигоҳ
Хаёлимдан дунёдан гина —
Бу дунёдан майсалар каби
Ўтиб кетсам индамайгина…

Бунақа жасорат кимнинг ҳам қўлидан келарди, кимнинг? Мажнуннинг, Фарҳоднинг, Отабекнинг, Ғарибнинг қўлидан келмади… Расвои жаҳон бўлди буюк қалблар, куйиги жон бўлишди ишқ аҳли… Лекин ўшалар ёшида қўлига қалам олган кўнгил (Дарвоқе, юқорида саналган зотлар ҳам шоир бўлишган) шу мардлликка, кўнгил комиллигига ўзини, ўқувчини чоғлайди…

Бектемир муҳаббат куйчиси. Чин ошиқнинг қисмати эса бошқаларникига ўхшамайди:

…Барибир Бир куни
Кўзларинг чақириб олади мени
Парилар сочингни ўрар майдалаб,
Ҳумо хаёл сурар тилагимизда.
Кўксимиз тоғ бўлиб ўсар қайтадан,
Оҳулар югурар юрагимизда.

Бу сархуш ҳолатнинг баъзи устунлари халқона ташбеҳ билан тикланган. Зеро, Бектемир анъанавийликни рад қилмайди, балки шу тизимда янги ва оҳорли ҳис ва фикрларини ифодалайди. У халқоналикни жўн деб керилмайди. Қайтага руҳи, оҳанги, ташбеҳи билан гоҳ ўзини кучлантиради. Фақат асосий фазилати янги топилдиғи ила азалий ҳолат онларини рангинлантириб юборади:

Оҳулар югурар юрагимизда
Тунлар ўзи учун топиб олар ранг,
Ёмғирлар май бўлиб ёғади фақат.
Менинг юрагимдан бошланади тонг,
Сенинг кўзларингдан бошланар шафақ.

Шундай рамзлар билан ҳолат ўзгаришига муносиб ишоралар келаверади. Ишораларда ўқувчининг ўзида ўзгача хаёл суришига ҳам масофалар қолдирилади. Ҳаётий мисоллар эса кўнгил озиқаси сифатида келиб, маънони кучайтиради ҳам. “Ёмғирлар май бўлиб ёғади фақат”. Шафақ икки хил маъно беради: йиғлаганда кўзларнинг қизариши ва қуёшнинг чиқиши. Фақат бу икки маъно бир-бирини тўлдиради.

Бектемирнинг туйғулар тадрижи ҳамиша ҳам анъанавий шеър йўлига сиғавермайди. Шеъриятимизда ўтган аср бошидан кузатилиб, 70-80-йиллардагина бориб номи топилган шеърлар пайдо бўлди. Мансур шеърлар, насрдаги назм ва ҳоказо. Ушбу сарлавҳа ҳам ана шу насрий-мансур услуб-ифода орқали ҳислар ҳаётини, кечинмани кўрсатишдан туғилган. Демакки, номнинг биринчи сўзи шеърнинг шаклига, иккинчиси воқеасига тегишли. Шеърни ҳикоя сифатида хотирга толиб ўқиркансиз, севгисини йўқотган ошиқнинг хотирадаги олишуви завқ ва армонга ботиради. Бу сурат билан сийратнинг суҳбати. Эски дафтаримни варақлаганда чиқиб қолар йиртиқ суратинг. Фақат кўзлар қолган, кўзларинг ҳалиям ўзининг ихтиёрида.

Бир воқеадан иккинчисига ҳаракат билан ўтилади:

Ҳозир қарагандек бўлади менга,
Базўр жилмайгандек кўрсатиб ўзин
Олиб қочадигандек бўлаверади…
Кейин йиғлайди…

Учинчи воқеада хотирадаги маъшқанинг руҳий ҳолати, ошиқнинг ҳам бор тақдирини айтмасдан айтиб, илтижо қилади. Ўқувчини кўпроқ айтилмаган, бўлиб ўтган ва ўтажак савдоларни ўзича тасаввур қилиши мароқлантиради.

Ҳар гал… қўрқаман термулишдан
Ҳар гал ўтинаман,
Нигоҳингни уз мендан Сурат,
Ёпиб қўяй эски дафтарни!

(“Ишонмайман муҳаббатдан сўнг
Бегоналик бошланса наҳот” —
Абдулла Орипов).

Занжирдай боғланган ҳар бир воқеада ўзини фош этишда кўнгил истагини ҳеч қачон бир мезон билан ўлчаб бўлмаслиги ўқувчини-да ўз ишқ тарихига қаратади:

Мен сенга ачиниб кетаман
Мен дафтарни ёпганимдан сўнг…
Кимга қараб қолар суратинг
(“Кўргали ҳуснунгни зору
мубтало бўлдим санга,
Не балолиғ кун эдиким,
ошно бўлдим санга,
Ҳар неча дедимки,
кун-кундин узай сендин кўнгул,
Ваҳки, кун-кундин батаррак
мубтало бўлдим санга. Алишер Навоий)
…Билсайдинг нақадар оғирлигини
Сенинг суратингга боқмай қўйишим.
Нақадар оғирлигини билсайдинг
Сенинг суратингга қарашимни ҳам!..

Ана шу шафқатсиз қаршилантириш, фалсафий ва бир умр яшовчан хулосаларни у йигирма ёшгача ёзган. Албатта, улар насиҳат эмас, лекин кескирлиги билан ёшидан қатъи назар ўқувчини ҳақ фикри билан ўйга толдиради. Дунё ва инсон муносабатларининг чигал ва улуғлигидан ҳикматлар кўзини очиб, илҳом ҳам Худонинг марҳамати эканига яна бир бор имон келтиртиради.

Унинг “Видо” деган шеъри бор. Ҳақиқий шоирларнинг “видо”лари бир-биридан таъсирчан. Бедилникими, Есенин ё Ориповники бўлсин, кишининг жону жаҳонини ўртайди. Рауф Парфиники бутун ижодида сочилиб ётибди. Ҳаёт ҳар лаҳза давом этар экан, ҳар бир фурсат, сўнгги фурсат бўлиш эҳтимоли ҳам қилич яланғочлаб тураверади. Видолашиш қисмат. Лекин кимлар бутун умр унга тайёрланиб, шунга яраша юк босар, энг муҳим сўзларини айтадилар. Кимлардир видолашишга улгурмай ҳам ўтиб кетаверадилар. Видолашишнинг энг оғири севган одами, йўқотган яхшиси билан видолашишдир.

Бектемирнинг шундай шеъри бор. У жуда янгроқ ҳам эмас, Нақорати кўркам ҳам деб бўлмайди. Қайтариғи “Юрагим кенгроқ пайти келгин, севгилим” деб мурожаат қилиши ҳам эриш туюлади кишига… Лекин унда ҳам бир теран ақл, кишининг руҳияти очилиш пайтида дийдорлашишга даъватида ҳеч бир ижодкорникига ўхшамас видоси тўхтамлари мардона тушкунлик чоҳига улоқтирмайди, балки кўнглингизни шифолайди ва янги ҳаёт сари йўллайди!

Ҳаёт учрашув ва айрилиқдан иборат. Висол ва ҳижрон оралиғи ҳаёт, жудолик ва етишиш оралиғи ўлим. Ва, айни ҳолда, акси ҳам. Биз васлда эдик жаннатда.

Бу дунёга ҳайдалдик, синовли айрилиқда умид-илинж яшайди, фақат азоб ва жабри-жафоларга чирпирак бўлиб, хавф ва ражони юракка босганча, васл сари талпинаверамиз. Инсон буни ҳаёт дейди. Қисмат манглайига ёзган билан, уни чала-ярим ўқишга тутинади. Васлда ҳеч қачон васл хаёлга келмайди… аммо мусибат, айрилиқ, ўлим ҳар лаҳза хотирада қалқиб туради. Аслида биз ўйлаган видонинг у томони васлга йўл, абадий йўл ва балки ҳеч оғишмай бориладиган йўл…

Ожиз тасаввуримизча, қаердан ҳам ўспириннинг видоси бўлсин? Лекин етук идрок жуда тез англайдики, ҳар лаҳза бу дунёда ўткинчи, дунёда айридиққина муқаррар: Боғлаб қўйгани йўқ болаларни ҳам (А.Орипов).

Бектемирнинг шеъри ҳам шу изтиробдан кўз очган.

Юрагим кенгроқ пайти келгин севгилим
Кимлардир бахт ваъда этса ҳам пинҳон.
Хиёнат қилсанг-да тиламам ўлим,
Мен сенинг йўлингни тўсмайман, ишон.

Юракнинг кенг бўладиган пайти… Маънавий борлиқда фаришталар оламига етилган фурсатдир балки. Ўшанда оддий одамнинг ожизлигига тушунилади, унга раҳми келади одил юрак; уни меҳр-муҳаббат билан йиғлаб кечира олади. Ҳолбуки, махлуқнинг ҳайвоний ҳаёти тарзи ҳазар қилиш қадар даҳшатли… Аммо кенгликда севган юрак учун башарнинг оддий яшаш хоҳиши дунёнинг зийнатига сотилиши, ўзидан кетиши ё севилганнинг хиёнати ҳеч; — Менинг сенинг йўлингни тўсмайман, ишон!

Кишининг фаришталар оламида истиқомати — Бектемирнинг ифодасича «юраги кенг»лик фурсати қанча? Уни Яратган билади, белгилайди ва севган бандасига инъом этади. Шоир иккита ҳолатини чизги қилади:

1. “Мен тонгда шеърлар ёзиб бўлганимдан сўнг…” Шеър ёзиш — ҳам покланиш, ҳам тавба қилиш онидир.

2. “Ва ё йўл олганда издиҳом сари”. Одамлар олдига чиққанда кишида асл ҳақиқатларни айтиш, англатиш, ўшанга бошлаш, ўша учун яшаш, ўша учун курашиш истаги бўлиши керак. Бўлмаса издиҳомга талпинмаган, оммадан жуда ҳам нари юрмоқ керак. Бектемирда ҳам ана шу маънавий оламга арзигулик нимасинидир билдириб қўйиш эҳтиёжи борки, ўшандан кейин энг яқин кишиси билан, севгилиси билан хайрлашмоқчи, севгиси билан эмас… Улар юраги кенглик пайтида бошқа-бошқа оламларнинг одамлари эса-да, зоҳиран нималаридир ўхшаш, лойлари пиширилганда нималаридир бир-бирига интилувчан, талпинувчан эканки, ҳамроз қилди, севдирди. Моддий оламда кўнгил истиқоматига макон йўқ, шунда ҳам унинг саодати пок севги тор, ноқулай яралган махлуқий, оламда лаҳзали бахтиёр ва фаровон этди. Илоҳий ишқнинг соясини, мажозини, исини, рамзини, завқини, армонини кўнгилга, юракка берди. Шундан унинг басират кўзи тилга киради:

Ўшанда ўйлайман охирги ўйим:
Сендан ҳам таъмасиз парвоналар бор,
Сендан ҳам гўзалроқ оламлар мавжуд,
Сендан ҳам кечмоқлик мумкин бахтиёр.

Шеърдаги туйғу моддий, тирикчилик оламининг муносабатларидан куйинаётгани йўқ. Балки мумтоз шеъриятимизда хўп ўйланган комилликка узанган туйғудир. Ҳали ўспирин кўнгилнинг мезони баланд:

Сендан ҳам гўзалроқ оламлар мавжуд.
Сендан ҳам кечмоқлик мумкин бахтиёр…

Асл ишқдан дарак топган, таъмали, ҳисоб-китобли, сохта меҳрибонликдан кечишни, билади, аммо “бахтиёр кечиш”да алам ҳам, сабоқ ҳам кинояваш келади…

Кечолмаслик — қуллик, кечиш эса беҳожат оламга юз буришнинг ибтидоси…

Юрагим кенгроқ пайти келгин, севгилим,
Токи шундан кейин ҳеч нарса ёзмай,
Токи ҳамма айбим оқласин ўлим,
Токи ўлим топай ақлдан озмай.

Ана шу охирги банд чиндан ҳам видо. Шоирликнинг ҳам тугаши. “Токи шундан кейин ҳеч нарса ёзмай”, дейиши қаламкашлигини даъвога тиқиштиришдай туюлади биринчи ўқишда. Ҳолбуки, Бектемирнинг шеърлари ҳам сермаъно, серқатлам.

Одамни сўйлатишга ва куйлатишга, суҳбатга бошлайдиган нарса севги. Ҳақиқий шоир машҳур бўлиш, кимнидир қойил қолдириш учун эмас, балки айтилмаса ёрилиб ўладиган дарди борлигидан қўлига қалам олади, ёниб-куйиб, йиғлаб, изҳори дил қилади. Демакки севгисиз, севгилисидан айрилган одам учун “ҳеч нима ёзмай”, дейиши табиий ҳол, зеро, бутун дунёсини бой берди. Ва бу дунёдан кетишки — токи ҳамма айбим оқласин ўлим — тавба, ўзликка қайтиш, гуноҳларга истиғфор. “Токи ўлим топай ақлдан озмай!” Зеро, қисматнинг ҳаммасини англаб, инсонни шунга муносиб этганидан рози, ўлим бир оламдан иккинчисига кўприк эканига фаросатнинг етиши кўнгилнинг ақлга, ақлнинг кўнгилга қиёматли дўст экани ва биргаликда юксалишидир.

***

Бектемир бу дунё ботиний кайфиятини кутилмаган вазиятида кўра олгани учун шеърлари бошқаларникига ўхшамайди. Унинг оламида табиат ҳодисаси жамият эврилишларини бемалол тасаввур қилишга ёрдам беради.

Унинг “Ёмғирда” шеъри метонимия. Аслида бу ҳодисани ҳамма ҳам пайқайвермагани дунёга тафаккур назари билан боқмаганида, боқолмаганида. Шоирни ўткир нигоҳидан кейин ёмғир пайтида бутун борлиқ сув остида қолиш маълумоти, илми бизга етади. Шоир кашшоф экан…

Дарахтлар — нилуфар,
Тўлғонади сув остида.
Уйлар — харсанг
Уйлар — тешик ғор.
Балиқлар ухлаган ғорларда,
Тўлқин — эпкин — насим
Толим, толим, толим сув —
Бўйига, энига шабода
Мен бедор балиқман бу тунда —
Тонг олдидан
Сув юзига чиқишни
Истаган балиқ…

Бор-йўғи, унда ҳам синдирилган ҳолда кўпайиб, ўн икки қатор чиққан шеърда қарийб шунга яқин миқдорда ташбеҳ, бир нарса бошқасига солиштириб, ҳолатлар, яна у жуда ҳам нозик ҳаракатда бериладики, ер усти сув ости дунёси ҳаёти билан тикланади.

Умуман, нилуфар, балиқ, сукут, сукунат образлари Бектемирда бир жойдагина келмайди. Фақат реал, рамзий, кўп маъноли; ҳар сафар бошқа маънони ташийди, бошқа юки бор, бошқанинг қиёфасини , бошқаларнинг ниқобларини сидириш учун ёлланади…

***

Очиғи, унинг ҳар бир янгилиги илдизи барибир шаклланган бирикмалар билан мухолифликда мангу ва миллий саволларга жавобдай келади.

– Сиз ўшами? (“Ўткан кунлар” романининг фавқулодда саволи). Миллатнинг ҳар бир аъзоси Энди ҳамрози шу савол бериш даражасида бу ҳисларни оёққа турғазади. Ошиқларни, маъшуқаларни саралайди. Асл ва сохтани аниқлашга ундайди. Бектемир, ўйлашимча, жавобда бутунлай бошқа маънавий орзиқишларни айтиш учун бу миллий тимсолга гўё юз йиллар ўтиб, Отабек номидан жавоб қайтаради…:

Мен ўша – кўзлардан ҳайдалган итман,
Ишқнинг тарихига эмас бегона.
Шафақ қирғоғида оҳулар кутган,
Саҳролар соғиниб қолган девона.

Дарвоқе, ижодкор миллатнинг маънавий тарихини яхши билиб, ҳар қачон хотирасида нақшлаб, лекин бошқа бир даврда яшаётгани учун унга бўйлашишга урина туриб, ифодани янгилашни, ўз менидан нимадир қўшиш хаёлида қалам суради… Шунинг учун ҳам бу тўрт сатрда Отабекнинг қисматини ҳам тасаввур қиламиз қандайдир даражада… Аммо шуларнинг ўзи эмас… Миллатнинг руҳоний тарихини кўрамиз. Яна ҳам чуқурлашсак, шахснинг қуллик давридан қутулиб-қутулмай, ўзини намоён қилишга қийналган замондошимиз қиёфаси, ижодкор сиймосини ҳам бемалол тасаввур қиламиз. Нега истеъдод жиҳатидан Қодирийдай адиб, инсон сифатида Отабекдай ўзини кўрсатган сиймо нега 70-80 йилда етишмади?

***

Менда ўтган йиллар давомида ҳар бир миллат адибининг жараёнларни ифодалашда сўзларни қўллаш шаклидаги фарқ аниқ-тиниқ билинди. Масалан рус билан арабники, таржимада ҳам шунга яқин оҳанг, услуб топиш, бунга ўрганмаганингиз учун бироз эриш ҳам туюлади. Бу ҳодиса тилнинг охирги ижодкорлари шоирларнинг сўз қўллашида, айниқса, бўртиб кўзга ташланади.

Янги шоир қотган қарашлар, шаклланган фикрларни синдиради, дунёнинг бошқа қоидасини ўз ичига, ўзига хизмат қилдириб ихтиро этади. Бунинг мутлақ тўғри бўлиши шарт эмас. Янгилиги ва ўзгачалиги эътиборли биринчи белгиси. Балки шунинг учун ҳам жуда кўп новатор шоирлар уларни халқ қабул қилишида жуда катта қаршиликларга учрашар, кўпи рад этилиб, унутилади. Баъзан омадлари кулиб, фавқулодда қарашларни ўзгартириб юборадилар. Анъанавийлар эса тез оммалашади, лекин камдан-ками фавқулодда феномин даражасига чиқади, ҳақиқий янгилардан фаросатли мухлислар олдида мартабалари ҳамиша паст бўлади. Фақат теран фикр, ҳикмат билан тўйинсаларгина асл шоирлар бўлиб етишадилар, бўлмаса косибчи бўлиб, давру даврон сурадилар, холос…

Бектемир кўпинч анъанавий бармоқ вазнида ёзади. Халқона оҳанглари фақат ўзининг реалияси, ботинини тадқиқ этади. У зиддиятда ёлғон севинчдан қочиб, мунгнинг суратларини турфа хил солади, ғадир-будир, кўпинча насрга яқин эса-да янги фикр топсагина ифодалашга чоғланади. Тўғри, у ўзбек шеъриятининг 60-80-йилларидаги ютуқларидан ўрганган, таъсирланган. Аввало, Рауф Парфи ижоди таъсири ёрқин кўзга ташланади, сўнг Абдували Қутбиддин, Шавкат Раҳмон ва бошқаларнинг рамзлари, оҳангдорлиги ҳам элас-элас билинади. Ва ХХ асрнинг энг яхши анъаналари, япон хаккулари, Европа сонетчилиги, хусусан, Гарсиа Лорка халқона уйноқилиги “Тонг ёқаси”ни қувватлаб турганини айтиш мумкин. Бари бир янгилик излашдаги ўз ўрганишлари ва топилмалари унинг шеъриятини белгилайди. У иқтидорнинг кашшофлигига қаттиқ ишонади ва ўрни келган жойларда кўра олиш лаёқати билан бунга ишоралар ҳам қила олган: (“Ҳали очиқ жой кўп сукутда”). Бу ваъда ва ишонч имкониятлари ҳам.

Шеърнинг асосий матни манзарасидан кўра, худди иккинчи даражали, эътибор бериш шарт эмасдек қавс ичида берилган топилмаси янгилиги ва кашф қилишга даъваткорлиги билан ҳаяжонлантиради:

Атроф эса ҳали жуда кенг,
Ҳали очиқ жой кўп сукутда.
Олис овозларни ютинар
Ёлғизликдан ортиб қолган жой.

Олти қаторли мана бу мўъжаз шеърда эса “илмий қарашлар”ни расмана синдириш, жуда нозик ҳиссий тушунчаларни янгича тиклаш, ишоравий маънода кучайтириб шарҳлаш бор.

Ялдо кечаси энг узун тун. У табиий қонуниятга асосланади. Бектемир эса маъно оламида буни тан олмайди, рад этади, устидан қизил чизиқ тортади:

Тун ҳеч қандай узун эмас,
Тун фақат кенг, кундуздан ҳам кенг

Қуръони каримда “ечиб олинади” деган ибора келади, худди оламнинг икки либоси бор: тун ва кун… Қолаверса, бу янги тушунчани реал табиий жараён сифатида шоирга ишониб, қабул қилишимиз билан бирга “тун фақат кенглиги (ҳамма жойни эгаллагани-да) кундуздан ҳам кенглиги — нурдан кўра зулматнинг урчиб кетганлиги — ёвузликнинг бежо хатти-ҳаракатига ишора бўлиб, огоҳликка чорловдай янграйди: “Тун фақат кенг, кундуздан ҳам кенг…”

Шеърдаги иккинчи кашфиёт:

Сукунат эса узун
Шу қадар чўзилган, шу қадар ингичка
Ҳар қандай товуш
Чиқиб юролмайди унинг устидан

Бу ифодада на бир ўйноқи оҳанг, на бир вазнга тушадиган бармоқча услубни кузатамиз, аммо бир шитоб билан тарона кескин-кескин бурилиб, сукунатнинг рамзий суратларини чизиб беради. Қанча ҳақиқатлар кўксида ётибди, кескир қиличнинг қалтис дам устига садо чиқиши билан кесади… Шу боис ҳам шоирнинг топган катта маъносига чиндан ишонамиз, сукутга ботамиз, сукунатга бўйсунамиз.

Зеро, “Ҳар қандай товуш
Чиқиб юролмайди унинг устидан”

***

Шоирона, бетакрор, ёрқин образлар яратиш, Худо юқтирган бир саодатки, ҳамма шоир ҳам у чўққига чиқа олмайди. Агар топилма ташбеҳ фавқулодда янги образ даражасига етмаса, қуруқ ташбеҳбозлик ҳам зериктиради, эскиради, унутилади, ўзида катта маъно ва тасвирни сиғдиролмайди. Йўлсиз дарахтзорда, қадрдон киминидир излаб тополмаган йўловчи бу ўрмонни ташлаб чиқади. Маъносиз безак беҳуда сўзамолликдай.

Ўтган асрнинг 70-80-90-йилларида ташбеҳчиликка усталикларидан керилиб юрганлар бугун унутилгани аччиқ ҳақиқат. Ташбеҳ шоирнинг қимматли сармояси. Аммо у образ — қиёфа даражасига кўтарилсагина тасвирга жон киради, бекаму кўст кўринади, ўқувчи ҳам уни дарров таниб олади ва қадрдонлашади. Шу мўъжаз китобчада ҳам кам бўлса-да эсда қолар қиёфа — образлар бор. Бундан шеър¬хон тўлқинланади. Келинг Бектемирнинг бир шеърида бир-бирига жон қадар яқин ва боғлиқ ана шундай образлар истиқоматини кузатамиз.

Нигоҳимда эзилган сўқмоқ,
Олисларга туташиб кетган

Бу қишлоқнинг муштипар сиймоси. Фикран эса она тимсоли.

Кимсасизлик ҳоким хиёбон
Барча товушларни унутган…

Бу энди шаҳарда қишлоқ боласи адашиб келиб қолгандай ҳолат. Бир умр кўнгилнинг кўниколмаган руҳий кечинмалари. Гуё ҳаёти алғов-далғов одам. Издан чиқиб кетган поезд.

Шаҳар ва, қолаверса, куз алоҳида кимсадек жонланади. Ана шу тасвирларда қишлоғини соғинган, қишлоқча қадриятларни унутган йигитнинг қисмати ҳам рамзий, ҳам аллегорик тарзда ҳис қилдирилади..:

Қўзғалади қадамдан чўчиб,
Атрофимда заъфарон шарпа.
Бесаришта кезинар кўнгил
Гўё энди охирги марта.

Манзаралар — қиёфалар. Ҳаёт — шаҳар. Хаёл — қишлоқ. Образларни эса хотира тиклайди. Лип-лип этиб, макон биридан иккинчисига кўчади.

Мана шаҳар: “Арғувонлар чақирар шамол”

Қишлоқнинг мунис ва улуғ сиймоси босиб кетаверади: “Тераклар йўл кўрсатар ойга…”

Негадир хаёлимдан рус шоири Тютчев ўтди, гўё фақат у шундай ёзиши мумкиндай… Кейин Рауф Парфининг тирик манзаралари…:

Овозини яшириб жимлик,
Юзларини ювади сойда.

Лекин Бектемирдаги яхлитликда персонажлар яна ҳам ғуж.

Мағрур хазонларни телба ел
Сувга чўккан тунга ботирар.

Бу манзараларни ҳатто рассом ҳам кўролмайди. Шоир эса жуда ёрқин кўз олдимизга келтиряпти.

1.Мағрур хазонлар. 2. Телба ел – Тирик табиат жараёнлари: “Сувга чўккан тунга ботирар”. Ўзни эмас тунга; сувга эмас тунга, хазон сувга чўкмаяпти, тунга ботяпти… Мағрур хазонни телба ел қандай қисматга гирифтор қиляпти… Мураккаб ва таъсирли. Шунда инсон қисмати ҳақида ўйлайсиз. Ўзингизни гоҳ мағрур хазон, гоҳ телба ел, гоҳ сувга чўккан тун ва сувга ботиб бораётган хазон ҳолида кўравериб, юрагингиз эзилиб кетади. Бошидаёқ мақсад онани хотирлаш, унинг меҳрига исинганликни эслаш эди, аммо ҳеч бир жойда “она” сўзи тилга олинмасдан англатилади, зеро, буюк бир севгини, меҳрни тавсифлаб бўладими? Эҳтимол рамзий тасвир билан бошқаларни лоқайдликдан, ўз худпарастлигидан тортиб олмоқлик мумкиндир, холос. Бектемирнинг ушбу образи ўз ижодида эмас ХХ аср 90 йиллари ўзбек шеъриятидаги энг ғамгин ва ёрқин, фавқулодда ва рост чизги дегим келади:

Деразадан кузатар мени,
Сочлари оқарган хотира…

“Тонг ёқаси”да адабий портретлар кўп эмас… Лекин одатий, бағишлов, мақтов ва таърифлардан холи бўлиб, ишора билан инсонийликни ҳис қилдиради, кўнгилни жунбишга келтиради, қадрдонлар сафига қўшдиради. “Эгачи” шеъри шуларнинг энг эсда қоладигани. Ўзбек опа-сингиллари тақдири палахмонтоши, бошқа бир мамлакатда қисматга асирдай эканлигидан уларни соғиниб, олдиларидаги қарздорлигини ҳис қилиб яшайди. Ўзининг худбинлигини улар тақдирини ўйлаб англайди.

“Эгачи” ана шу ҳасратнинг ташбеҳ ва истиоралар билан авжланган ғамгин қўшиғи, мунгли ҳикояси…:

Эгачи осмонми чеҳрангиз,
Турфа дам тўкилар турфа ранг.
Кўзимга хазондай ихрайсиз,
Шамолдай изғийман мен — гаранг.

Бутунлай бўлак мавжудодларнинг табиати ва хатти-ҳаракати опа-уканинг қисматини очади. Лаҳзада эврилувчан тасвирлар аёлнинг фазилат ва ҳолатларига исм, маъно бўлади. “Осмонми чеҳрангиз”, “турфа дам тўкилар турфа ранг…” Шу бир деталь билан минг хил ҳаракат, эврилиш, одамнинг бутун ҳаётини унинг чеҳраси ўзгаришида акс этади. Қаршилантиришларни қаранг: “Кўнгилга хазондай ихрайсиз, Шамолдай изғийман мен — гаранг…”

Аёл, опа — қуруқшаган (кузги) хазон. Шамолдай изғийман — ука… Бу икки бири учувчи эрксиз, бирини учирувчи ҳаёт персонажлари ўз ҳолича иккита қисмат достони. Шу билан бирга уканинг хатти-ҳаракати ўз жинсдошлари феъл-атворини-да шафқатсизларча фош қилиб, уканинг опа олдидаги бурчини эслатиб, умуман эркакнинг аёлга муносабати адолатли бўлишини ҳам эсга солаётгандай. Ахир ҳар биримизнинг аёлимиз ҳам кимнингдир опа ё синглиси!

Ота-онадан кейин ака-ука, опа-сингилларни бахтидан чинакамига севиниб, уларни йўқотганда эса астойдил куйиниш ҳиси бошқа ҳеч бир яқин кишингизга нисбатан бўлмайди. Бўлса ҳам бири иккинчисининг ўрнини боса олмайди.

Фалак — бахтимизни атайлаб,
Чегалаб туширган чегачи.

Маъсум болаликда бир уйда, бир кўрпага сиғганлар, улғайгач, аёвсиз қисмат боис ҳамма ўз бахти, толе томон шошади. Ўз фожиа ва зафарлари ортидан юриб, ўтган бедоғ дамларидан узоқлашиб бораверади. Соғинчнинг исёни шундан. Бектемирнинг ростгўйлиги, ўзини фош қилиши янаям бу сатрларнинг таъсирини оширади!

Сизни бекор кутаман ойлаб,
Сиз ҳам мени кутманг, эгачи.

Бектемирнинг шеърини тушуниб ўқилса, икки бегона қирра бир-бирига урилиб, олов, учқун чиқишини кузатиб бораверасиз. Моддий ҳаёт ва маънавий олам.

Эгачи, дилингиз саҳроми,
Бунчалар чуқур йўл, адашасиз.
Айрилиқ — ҳасадгўй маҳрамим,
Қай имкон бор менда чидашсиз.

“Дилингиз саҳроми?” да камида иккита маъно, рамз мавжуд. Кенглик ва шип-шийдамлик. Бири тирик белгиси, бошқаси ( ўт-ўланнинг йўқлиги) эса қалбан адо бўлганлик. Дилнинг кимсасиз, кишининг ёлғиз қолиши эса одам фожиасини катталаштириб англатади.

Бунчалар чуқур йўл, инсон ҳаётининг чигал ва оғирлиги, “адашасиз” энди мавҳум ҳаёт, куйиниш. Имкон — чидаш. Минг бор ақл шу иқрорга келаверади:

Қай имкон бор менда чидашсиз .
Айрилиқ — ҳасадгўй маҳрамим.

Турфа одамларнинг сувратлари булар. Теварагинггизда улар оз эмас, балки жуда яқинингиздир… Лекин бегона, рафиғу рақиб, сизни асло тушунмайди, устингиздан кулади, сиздан нафратланади, дунёни қизғанади… Шундан роҳат, ором олади… бу маҳрамлар…

Нима бўлганда ҳам бари бир қадр¬дон одамнинг, бетаъма меҳрибоннинг, олисдан бўлса ҳам куйинадиган жигарнинг борлигига нима етсин. Фожиалар оралаймиз: Қурбон қиламиз, қурбон бўламиз, бу нафс ботқоғида, худпарастлик уммонида кимларга дуч келмаймиз…

Адашган йўловчи бўлдим мен,
Дарахтларнинг тагидан ўтдим.
Телбадай тиржайиб хазонга,
Яна ёлғиз сизни дил кутди…
Эгачи-и…

Дилида меҳри адоқсиз бир одам кетиб боряпти. Кўрасиз. У тоғлар ортида, дарёлар нарисида. Ўрмонлар теппасида туриб у ҳам сизни кўради. Лекин келолмайди, ҳеч келолмайди. Сиз ҳам боролмайсиз, фақат йиғлаб чақирасиз, тинимсиз дил онадай меҳрибон бир инсонни чақиради. Эгачи-и…

Воқеалар давоми ва…

Саккизинчи воқеа. Орадан етти йил ўтиб, 2003 йили “Ўзбек модерн шеърияти” номида бир баёз тайёрланиб нашр этилди. Янги шеърият вакиллари дея топилганлар сафида Бектемир Пирнафас шеърларига ҳам ўрин берилди.
Тўққизинчи воқеа. Яна орадан беш йил ўтиб, “ХХ аср ўзбек шеърияти антологияси” нашр қилинди. Унда ўзбек ва қорақалпоқ шеъриятининг ўтган асрдаги намояндаларидан 103 нафари танлаб киритилган, мажмуа ўзбек шеъриятининг мумтоз вакили Абдулҳамид Чўлпон шеър¬лари билан очилиб, Бектемир Пирнафасовники билан ёпилган.

***

Йигирма йил олдин… “Тонг ёқаси” нашр этилганда бир устози аввал кулиб, ёқаларини кўрсатиб тиржайиб, ғалатиликни инкор қилиб, тушунмаганини, тушунишни истамаганини писанда қилгани кечагидек хотирамда… Зеро, янгилик воқеа. Уни кўриш, тушуниш, қабул қилиш ҳам мардона воқеа…

Тонг ёқаси — фақат кўнгил кўрар ва фақат кўнгил одамлари етар манзилдир. Кимдир пешинга, кимдир асрга, кимдир шоми қорайиб хуфтонга етиб келганда ҳам Шоирнинг кейинги манзилларга кўринар деб кутамиз. Қани у, қани шоир? Ё бу ҳаётда унга ўринли иш қолмаганми?

Бектемир талаба эди унда. Университетни битириб, газетларда ишлади, оинаижаҳонда жоҳонгашталик қилиб неча йиллар беқўним қўним топди, жамиятни қуриш академияларида таълим олди. “Жаҳон”га чиқди, Бобур салтанат тузган юртларгача етди, лекин бунинг шеърий дараги-чи? Соғиниблар яна “Тонг ёқаси” оламига қайтдик. У мўъжаз ва улкан, масъум олам эканки, санъати, ҳақиқати, қисмати кўнглимизни тўлдирди. Сўзнинг сони эмас, чини; фикрнинг чалкаши эмас, терани; тасвирнинг эзилгани эмас, самимийси ва тасаввурнинг дилбари лаҳзамизни шодон этди. Худо юқтирган 16-21 ёшли Бектемир Пирнафасни қирқ биринчи баҳорида йўловчи шамол каби йўқладик, холос. Чунки, асл шеъриятга дўст излаган кўнгил ҳамиша биродарга муҳтож бўлади! Муҳтож бўлдик… Қани Бектемир каби мангу ёш шоирлар: Хайрулло, Фарҳод Арзиев, Абдувоҳид Ҳайит, Паҳлавон Содиқ, Зокир Худойшукур, Баҳодир Жўралар… Қани?

Ҳей, қайдасиз, мангу ёш шоирлар?

2016

Бектемир ПИРНАФАС
ШЕЪРЛАР
011

  Бектемир Пирнафасов 1975 йилда Бухоро вилояти (Бугунги кунда Навоий вилояти таркибидаги) Навбаҳор туманидаги Кавоби қишлоғида туғилган. 1998 йили Ўзбекистон Миллий Университетининг журналистика факултетини тугатган. Бир неча йил давомида Ўзбекистон телерадиокомпаниясида,Жаҳон» матбуот агентлиги фаолият юритган.«Тонг ёқаси» (1996) номли шеърий китоби нашр этилган.

011

* * *

Деворда ўсган гуллар08
Болалигим ҳовлисининг пахсаларида
Ёриқлардан ўсиб ўтар эди
қўшни қизнинг хаёли бўлиб…

ҳеч унутиб бўлмас воқеалар каби
қайта-қайта келаверар ёдимга
деворда ўсган гуллар…

Мен уларни жуда кўп ҳолатларга
ўхшатардим ўша дамларда
Бир орзумнинг бўйи бўлиб кўринса,
Бир армонларимнинг исёнига ўхшаб кетарди улар…

Ўша дамларда мен
Ҳеч қачон, ҳеч нарсага ён бермайман деб ўйлардим,
Тақдирим менинг измимда бўлади деб ўйлардим,
Агар нимадир йўлимда тўсиқ бўлиб чиқса
Деворда ўсган гуллар каби —
Уни тешиб ўтаман деб ўйлардим ўша дамларда…

ҳеч унутиб бўлмас воқеалар каби
қайта-қайта келаверар ёдимга
деворда ўсган гуллар…

* * *

Кетаяпман хиёбон бўйлаб
Нигоҳимда паришон еллар.
Тонгта қадар висолни ўйлаб
Атрофимда қизарган гуллар.

Нафасимдан титраган майса
Чеҳрасида тобланар гулоб.
Шивирлар тўкилар ғамгин: —
Соғинчлар — мен кўниккан азоб…

Олисларга чирмашар нигоҳ,
Хаёлимда дунёдан гина –
Бу дунёдан майсалар каби
Ўтиб кетсам, индамайгина…

* * *

Нигоҳимда эзилган сўқмоқ
Олисларга туташиб кетган.
Кимсасизлик ҳоким хиёбон
Барча товушларни унутган.

Қўзғалади қадамдан чўчиб
Атрофимда заъфарон шарпа.
Бесаришта кезинар кўнгил
Гўё энди охирги марта…

Аргувонлар чақирар шамол,
Тераклар йўл кўрсатар ойга.
Овозини яшириб жимлик
Юзларини ювади сойда.

Мағрур хазонларни телба ел
Сувга чўккан тунга ботирар.
Деразадан кузатар мени
Сочлари оқарган хотира…

* * *

Сен қариб қолаяпсан…
Менинг имконсизлигимни юзимга солиб,
Мангулик ҳақидаги барча шеърларимни таҳқирлаб
Сен қариб бораяпсан тобора…
Онажон…

* * *

Бирин-кетин,
Ҳамма бегоналашиб бораверади.
Умр ўтаверди барчасининг
Устидан кулганча
Кўзда ёш билан.
Йўл четида
Бир тошни устига ўтириб олиб
Йўлдан ўтаётган умрни кузатар одам.
Бошини чайқайди, кулади, йиғлар
Қараб бегоналар босиб кетган дунёга.
Ота-она кетди олис сафарга.
Ака, ука — бари қодди мунғайиб,
Умр босиб ўтаверди барини.
Кўнглини ўйнади, олмадай, гулдай
Ҳавасини ўғирлади барининг
Ҳар бирини ўзга-ўзга манзилларга
Олиб кетаверди.
Орзиқса, кўнглини чалғитди ками,
Соғинса ташвишлар бўйнини эгди.
Бир четда
Бир тўйиб йиғлашга ҳатто
Бермади бир лаҳза ҳеч ким,
ҳеч қачон!
Болаларни босиб ўтди умр.
Кўнгиллари турфа,
Орзулари айро
Гарчи томир ҳам бир,
қон ҳам бир.
Ҳамма бегоналар
Борган сари
Кўпроқ қарар ўкиниб
Қуёшга, қуёшга, қуёшга…

* * *

Кетаяпман хиёбон бўйлаб
Нигоҳимда паришон еллар.
Тонгта қадар висолни ўйлаб
Атрофимда қизарган гуллар.

Нафасимдан титраган майса
Чеҳрасида тобланар гулоб.
Шивирлар тўкилар ғамгин: —
Соғинчлар — мен кўниккан азоб…

Олисларга чирмашар нигоҳ,
Хаёлимда дунёдан гина –
Бу дунёдан майсалар каби
Ўтиб кетсам, индамайгина…

* * *

Сочларимнинг кора ранги тугади,
Кафтимда қолмади келажак изи.
Манглайимга қисмат ёзиқлари устидан
Умрим тортиб чиқди чуқур-чуқур чизиқ.

Сўқир каби боқиб қўяман атрофга,
Ҳидлари унутилган гуллар сўлади.
Кўнгилни юволмай айланар фасллар,
Умидлар тўлгокда бугилиб ўлади.

Олисларга қочиб кетган хотира,
Хаёл бошини урар дунёнинг тўрт томонига,
Ўз қонига беланиб ётар қафасда.

Хеч қандай айрилиқ изтиробга солмас мени,
Фақат кўзларимнинг очиқлиги қийнайди
Алданиб кетишга келган ҳаётда…

* * *

Ҳамал елкасида кулган беқасам
Ёйларда манзилим кўзлаган истак:
Руҳим кийимидан варраклар ясаб,
Вужудимни сувга оқизар аста.

Яшил ялангликлар бағрида чопган
Дашт – йўлда томири ададсиз сўқмоқ.
Олиб борар адир устини ёпган
Қари дарахтларга маъсума япроқ.

Мовий изтироблар – ёдим ўзани –
Ойни чўмилтирар телба булоқлар.
Қалдирғочлар чўқиб очар кўзимни,
Тинглашим қайтарар ҳўл қалдироқлар.

Иймон келтиради шому саҳарга
Қора харсанглардан таралган нурлар…
…Бирдан севиб қолиш мумкин баҳорни,
Кузни эса севиб бўлмайди бирдан…

***

Шундай эди улар ҳаммаси:
юпун,
озғин,
уйсиз,
дарбадар.
Лекин синчков эди
ҳаётга
умидлари – чароғон, дилбар.

Бирин-кетин:
ҳар тошдан бир-бир зарб,
ҳар гулдан бир бўса ўрганиб,
катта-катта бўлиб кетишди,
энди кўрсанг бўлмайди таниб.

Сен уларга ўхшамайсан-ку,
Ҳамон хаёлпараст, сабрсан.
Ёш боладай йиғлайсан дарров,
Анграясан, қалбга таъбирсан.

Йиллар сабоғидан
топганинг –
ўтаётган умринг – бемаъни.
Нега орзу қиларсан висол,
Нега сабринг қиларсан таъна?..

* * *

Хотиржамлик ҳоким
атроф бағрида,
хавотир асраган жимлик бунда йўқ.
Кўнгил ердан ҳам кенг,
осмондан ҳам кенг,
дунё кўрмаганлар мавжуддир унда.

Фақат узоқ давом этмади бу
мангулик
нималигин ҳеч кимса билмаганидай…
… Гуё кашф этилмаган кўнгилдек –
кенгликка
ҳеч кимса
келмаганидай…

* * *

Ўтаётган кунлар кўзимдан ўчиб,
Бетартиб жойлашар хотиротимга.
Кўнглимга тақлидим сўзимга кўчиб,
Беҳис ном улашар менинг отимга.

Турна сафарига айтилган чорлов
Изтиробим ичра маъсум ин қўяр.
Кузги камалакка осилсам порлаб
Насимлар тебратиб, вужудим суяр.

Олис теракларда титраган олов
Маҳзун қувончларда сўндирар уним.
Кўчаларда ойнинг болалиги яёв
Кезар итлар билан бирга, бетиним.

Тонгларнинг ярмида талашиб еллар,
Адашган кемадек учади варрак.
Тўлқинларни унутгандек соҳиллар,
Хотира тўзони қаърида юрак.

Саҳро деворига уриб бошимни,
Йиғлаб қизартирдим кўзимни уфқдай.
Карвон тўхтамади кўзим ёшига,
Энди, менинг борар манзилим йўқдай…

***

Денгиз кулар…
Мовий осмонда
оқчарлоқлар излайди қўним.
Қирғоқ йўқдир, тўртта томонга
талпинганча
умидлар сўнар…
…Ва, ниҳоят, қайдандир бирдан
кўринади балиқчи қайиқ.
Сўнгги қадам –
жон халқумида
етишади
қирғоқ бор, тайин.
Энди олис эмас масофа,
қайғу чиқиб кетар ёдидан.
Энди жужуқ
турмуш
касофат
кўринади кўзи олдида.
Фақат шундай бўлар негадир,
жонга азоб келса – ўлим ҳақ.
Ёлворади, астойдил яниб,
омон қолса унутар барин…

Денгиз йиғлар…
Мовий осмонда
учиб борар бир тўп оқчарлоқ…

03“Tong yoqasi” bois adabiy muhitda tanilgan yosh shoir Bektemir Pirnafas o‘shandan keyin vaqtli nashrlarda, bayozlarda yangi she’rlari bilan juda siyrak ko‘rindi. Keyingi yigirma yil orasida boshqa alohida kitobi yorug‘lik yuzini ko‘rmadi. Biz bu bilan uning iste’dodi so‘ndi yo avji pasaydi demoqchi emasmiz. Lekin ma’naviy hayotda uning ovozi yangroq eshitilmadi… Albatta, badiiyatga rag‘bat susaygan, ma’naviy ochlik kuchaygan ochunda shoirning botini nafsning bosqinidan qanday holdaligidan ko‘pincha omma bexabar qoladi…”

Vafo Fayzulloh
“TONG YOQASI”DA
yoxud mangu yosh shoir rivoyati…
011

(Yigirma yoshlik shoir kitobiga yigirma yildan keyin nimadir demoq)

Emishki, Tangri Odamning musibat yomg‘iru qorlaridan to‘kilaverganini ko‘rib, uning zuvalasida o‘zi qo‘shib yaratgan ujmohdagi jununvash yorug‘likni — ajabtovur fe’lni dardiga davo maqomida Yerga indirdi. Balki yerdan chiqardi, bu yog‘i endi bizga qorong‘u. Ishqilib, o‘sha fe’l ustuvor bandasi beshikdaligidayoq go‘zal chehrani ko‘rsa g‘ilmonmonand hislari jo‘shib, sevgi izhor qilar, onasiga qo‘lini uzatib bog‘ni, dalani ko‘rsatar, gulga uzoq termulib qolar, shodlanib nimalardir deb yuborar, qalbi tug‘yonga to‘lib dengiz kabi mavjlanib ketardi. Uning bu alomati kun sayin avjlanib, uch-to‘rtida ajib ma’sum harakatlar qiladigan, yetti-sakkizida o‘spirinlikdan xatlab balog‘atga yetdi. O‘n to‘rt-o‘n beshida endi aqli ham kamolatning eng cho‘qqisi-la bo‘ylashib, shunaqa bir munavvar o‘lan desa degulik aytimlar tilidan uchadigan bo‘ldiki, dardi shirinligidan qavmi mast bo‘lar, rosti achchiqligidan mardumning basirat ko‘zi ochilib ketar edi. Xullas, Tangri unga bergan bu iqtidor onlari — ilhomi g‘alayon qilganida u chunon quvvat sarf qilganiga qaramay vaqt to‘xtab qolar, qarimas edi. Ajabtovuri u aytimini boshlashi bilan karomat hol yuz berar: hayvonot va nobotot olami butunlay boshqa xilqatga, qadrdon odamlar huru g‘ulmonga evrilar, nigohlarda olam go‘zal bir ravzaning bo‘lagidek, dardlar olislarga chekinar, alvon-alvon rangda bulutlar sutday oydin tun, yulduzlar shu’lasi yerning ko‘nglini yoritib, eng og‘ir, ayanchli g‘amlarga giriftor bo‘lib yurganlar ham masrur bir kayfiyatda g‘amini unutar, yo eng omadliman deb yurgan kimsa-da asl haqiqatdan xabar topib, ulug‘ bir g‘amga botar edi.

Xaloyiq unga shoir degan rutba-nom berdi. U bir umr zohiran ham qalbiday o‘n besh, o‘n olti yoshida qoldi. Dunyodan ketarida ham shunday hur, shunday bokira, hislariga dog‘ tushmagan, tuyg‘ulariga gard yo‘qmagan edi. Dunyoni pok, odamni ma’sum, mehrni mushfiq ona, sevgini ilohning nuri, sevgilini qalbning shafoatguyi kabi bildi. Kuylab-bo‘zlab, bu dunyodan unisiga o‘tdi. Bundan ham g‘aroyibi o‘sha yosh shoir ko‘nglini qiyomat Qadar bizning dunyomizga meros, aytimchilarga vasiyat, ziynat va taskin qilib qoldirib ketdi…

Dostonchi bobom “Mangu yosh shoir” rivoyatini ham goh-gohida ana shunday boshlab qolardi… Emishki…

Mashrab va Rembo

Xotiramda anchadan buyon farang shoiri Artyur Remboning shov-shuvli ma’sum va badbin hayoti yashaydi. Ochig‘i, uning jismoniy hayoti la’natlashdan ham tubanroqdir. Lekin insonni hech vaqt inson qoralashga, ayblashga, gunohkor sanashga haqqi yo‘q! U o‘ziniki bilmaydi, boshqani qayoqdan bilsin; o‘ziniki gunohdan tiya olmas ekan, qanday qilib boshqani gunohkor, buzg‘unchi, badkor-badbin deya oladi? Ozgina aqli-farosati bor odam bundan andisha qiladi.

Artyurni dunyoni hayratga solgan xazinasi, dunyoni dunyoga yoniq va go‘zal qilib ko‘rsatgan karomati SHE’RIYATIdir. Uning 16-19 yosh orasida jo‘sh urib, qalbidan to‘kilgan g‘aroyib, ko‘lvor she’rlari betimsol bir yetuklik kasb etib, o‘z idroki ila dunyoning qaytadan kashfi bo‘ldi. Remboning fitratidan taralgan mastona musaffolik ko‘ngilni jannat sari boshlab, nazarkardalik bilan, o‘quvchini soflab, behad hayratlantiradi. Bu uning badiiy olami karomati. Jumladan, uning “Sarxush kema”siga tushgan, poklik va tiniqlikning teran umonida moddiyat hech qachon daxl qilmas ma’naviy injular topadi. Go‘zallik olami sayohatida tasavvurlari hududini kengaytiradi va ko‘rkamlashtiradi. Yoniq, yosh, go‘zal, bokira ana shu tuyg‘ular manzarasi, hislar hayoti, fikrlarning favqulodda tirik va teranligi hamon taxayyul olamidan mujdalar berib, orziqtiradi. Aqlbovar qilmas toza va musaffo hislarni uyg‘otib, odamzotning nekbin va hursifatligiga ishonchni mustahkamlaydi. Isyonkorligi va dalliligi bilan chirkinliklarga bosh egmas ruh siymosi bo‘lib, ruhiyatlarga quvvat beradi. Ana shu bir onlik hur xayollari bois uni G‘arbning Mashrabi deb bildim. Holbuki, butun hayoti isboti ila Mashrab osmon bo‘lsa, u Yercha tubanlikda, Yer qadar Mashrabdan olislikda…

Zero, Rembo ham bu xoslar, go‘zal xayollarni sevarlar olamida juda kam istiqomat qildi, ehtimol, uning chinakam baxti bu olamda harqalay yashagani, hatto garttak jannat isini tuyganida edi. Avom ko‘ngillar esa bu olamni juda keraksiz, xomxayol va dumbul; fuqarolarini devonalar deb hisoblab, yaqiniga yo‘lashni-da istamaslar. Shuning uchun ham ko‘ngliga oshuftalarni xayolparast, qushlar qavmi deya — shoirlar ustidan kulib, gadoylar kabi so‘z ahlidan, ishq qavmidan hazar qilishadi… Bu jannatni uch yil o‘tmay turib, Remboning o‘zi ham tashlagan, undan tobora uzoqqa — jahannamga chopgan, yana shuncha yil yashab, qayta qo‘liga qalam olmagan edi. Lekin alal-oqibat 37 yoshida bedavo xastalikka yo‘liqib, o‘limi oldidan yana she’riyatni qattiq sog‘inganini his qiladi…

***

07Javonimda qay bir fikrga dalil kerak bo‘libmi “P” harfi qatorida turgan kitoblarni o‘ngdan chapga o‘tkazar ekanman, bir kitobchaga ko‘zim tushib, maqsadim esimdan chiqib ketdi. Bektemir Pirnafasov. Tong yoqasi. She’rlar. 1996 yil.

“Yosh shoir” sifati ko‘pincha ijodkorning adabiyotdagi “yoshi”ga qarab qo‘llaniladi. Lekin Bektemir haqiqatdan ham yosh, u ilk kitobi “Tong yoqasi” ni yigirma bir yoshda e’lon qildirdi. Yigirma yashar yigitning zalvorli so‘zlarini o‘qiymiz, bu so‘zlar tajribasiz bir ijodkornikidan tafovut qiladi. Demak, shoir nazmdagi o‘z so‘qmog‘ini allaqachon topgan” (Bahrom Ro‘zi Muhammad. “Daxlsizlik huquqi” maqolasidan, 1997 yil).

Demak, Bektemir ham naq Artyurday suyagi qotib ulgurmagan o‘spirin holida o‘zidan bir muchal yoshulli she’riyat vakili tomonidan e’tirof bilan qarshi olingan. Shu bir bosma taboqli kitobcha munosabati bilan Bahrom Ro‘zi Muhammad shu hajmi mitti kitobcha turtki berib, yangilanayotgan dunyo she’riyatiga nazar soladi.

“Tong yoqasi”da tong yoqasiga chiqib umidlanganimizga ham yigirma yil bo‘lyapti. Adabiy muhitda birdan tan olingan yosh shoir o‘shandan keyin vaqtli nashrlarda, bayozlarda yangi she’rlari bilan juda siyrak ko‘rindi. “XX asr o‘zbek she’riyati antalogiyasi”da tengdoshlaridan faqat uning she’rlari kiritilganiga qaramay shu yigirma yil orasida boshqa alohida kitobi yorug‘lik yuzini ko‘rmadi. Biz bu bilan uning iste’dodi so‘ndi yo avji pasaydi demoqchi emasmiz. Lekin ma’naviy hayotning dalillari o‘jar, iste’dodga yarasha ishonchni oqlamoq, fidoyilik talabi ham shafaq qadar yuksak bo‘ladi… Shu yigirma yil orasida she’riyat olamida qanaqa taloto‘plar, ne bir yo‘qotishlar bo‘lmadi, deysiz. Yana qaytaramiz, bugungi badiiyatga rag‘bati susaygan, ma’naviy ochlik kuchaygan ochunda shoirning botini nafsning bosqinidan qanday holdaligidan ko‘pincha omma bexabar qoladi… Shoir ham odam axir, unga ham moddiyan ikkita umr berilmagan…
Taxminlarni qo‘y, naqddan gapir deng!..

Menga “Tong yoqasi” muallifining o‘shandagi u-bu zohiriy-botiniy holati bir qadar ma’lum… Bir adabiyotchi domlamiz yozadi: “Odatda Usmon Nosir to‘g‘risida so‘z borganda, tug‘ma talant, degan ifoda tez-tez tilga olinadi. Lekin Usmonning Qo‘qondalik yillarida yozgan she’rlarida ham, Samarqand yulduzlari ostida tug‘ilgan aksar she’rlarida ham tug‘ma talantning nishonalari ko‘rinmaydi” (N. Karimov. “Usmon Nosir” risolasi qo‘lyozmasi, 91 b.). Menimcha, boshidanoq iste’dod namoyondasining yozganlarida tug‘ma iqtidor nishonalari bo‘ladi, keyin u sharoit, muhit, ilm, tajriba, mahorat, mehnat va fidoyilik bilan yarq etib yuzaga chiqadi yoki aksincha. Baribir bosh-avvaldan shoirona iste’dod birinchi belgi, usiz qolgan hamma harakatlar bo‘lgani bilan ham qalamkash chinakamiga marg‘ub asarlar yaratolmaydi. Iste’dod bo‘la turib, yozishga ulgurish va ulgurmaslik esa boshqa masala.

Voqealar rivoji

Birinchi voqea (Shoira va adiba Salima Umarova hikoyasi).
“Karmana tumani gazetasida ishlayman. Jaloyir qishlog‘idan bir xat keldi. Katak daftarning qog‘ozida qisqa-qisqa, lekin teran ifodalangan fikrlar yo‘llangan edi. Ular odatiy xabarlardan farq qilar, tabiatni kuzatish va solishtirishdan tug‘ilgan chiroyli va ohorli sochmalar; hayotiyligidan tashqari, yana sehrlovchan lirik nimasidir bor edi… Men bu sochmalarni ellik yoshdan oshgan, tajribasi yetarli, qishloqda istiqomat qiladigan dehqon-muallim yozgan bo‘lsa kerak, deb o‘ydadim va gazetaga berib yubordim. Chop etilgach, kunlardan bir kuni tahririyatga tortinib bir o‘spirin kirib keldi.

— Ha, bolam? — 15 yoshlardagi yigitchaga qaradim.
— Men Bektemir Pirnafasov edim.
Endi men bir oz shoshib qoldim…”

Zarafshon daryosining Sarmish tog‘i tomonidagi Kavobi qishlog‘ida tug‘ilgan Bektemir, otasining bevaqt qazosidan keyin daryoning Qizbibi tog‘i tomonida joylashgan Jaloyir qishlog‘iga tog‘asini qora tortib ko‘chib kelishadi. Oilaning to‘rtinchi farzandi Bektemir o‘shanda sakkizinchimi, to‘qqizinchi sinfida o‘qirdi.

Sochmalar voqeasidan keyin Karmana tumani gazetiga tez-tez boradigan bo‘ladi. Tahririyatdagi Odil aka Hotamov, Salima opa Umarova va boshqalarning ta’sirida inson va ijodkor sifatida yana ham tez ulg‘ayadi. Aslida bular sabab. Iste’dod tez ta’sirchan, o‘zlashtirshga boshqalardan ko‘ra qobil va shiddatliroq, o‘zida ham boshqalarda ko‘rinmagan alomat va o‘zgacha hollar bor bir zuvala. Birinchi navbatda hayotning o‘zi quvonchli va iztirobli tashvishlari bilan oziq va ashyo beradi, ulg‘aytiradi. Ammo xayrixoh ustozsiz uning holi juda murakkab kechadi. Har kim to‘g‘ri yo‘lni ko‘rsatuvchiustozga va himoyaga, ayniqsa, umrining tongotarida muhtoj bo‘ladi.

Ikkinchi voqea. Shu ustozlardan biri aytgan chiqar, Toshkentdan qishloqqa kelganimdan Bektemir xabar topibdi. Ungacha men ham u haqida eshitgan edim. 1991 yilning qish fasli ekani aniq, kun ochiq kunda u velosepid minib bolaligim kechgan hovlimizga tanishmoqchi bo‘lib kirib kelgan edi. Negadir o‘sha uchrashuv xotiramda uyg‘onsa, hovlimiz qishloqning kunchiqar tomoni eng chekkasida joylashgan edi: shudgorlangan dala osha, qori ketmagan oqishtob Nurota tog‘lari tomonga yaqin qish oftobiga goh ko‘z tashlab, badani ko‘k tollar ostida, qizg‘ish va go‘zal kunchiqar shafag‘i ham nazarimizdan qochmay anchagina gurunglashganmiz uyga kirganimizcha ham. Menga o‘shanda uning birinchi fazilati dadil va jur’at¬liligi bo‘lib ko‘ringan. O‘n yetti yoshli yigitchaning so‘zlari xotirjam va jo‘yali, jo‘nlikdan xoli, tengdoshlarinikidan farq¬li o‘laroq qaytariq so‘rovlar emasdi.

Shundan men adabiyot, qolaversa, hayot haqida aqli va shuurini ishga solib, hamma narsada yangilik ko‘radigan bir o‘spirin do‘st topdim. Bizni adabiyot va haqiqatga tashnalik ma’rifati birodarlashtirdi. Keyin u “Tong yoqasi”ning nashr etilishigacha bor-yo‘g‘i besh yilni juda shiddatli, barakali, qaltis, murakkab, favqulodda yashadi. Men biridan xabardor bo‘lsam, o‘nidan g‘ofilman…

Uchinchi voqea. Maktabni bitiriboq, universitetga kirdi. Anchadan buyon esa Toshkent adabiy muhitining haqiqiy markazlaridan biri esa ToshDUning jurnalistika, filologiya fakultetlari bo‘lib keladi. Yangi she’riyat, bahslar, munozaralar, hech kimni tan olmay, hech kimga qo‘l bermay, dunyo adabiyoti o‘rganish va targ‘ib qilishning uch burchagi bo‘lgan bu dargoh kuni kechagacha. Adabiy “izm”lar va urflar ham shu yerda birinchi bo‘lib bayrog‘ini ko‘tarardi.

To‘rtinchi voqea. “Yoshlik” jurnalida nasibamni terib yurardim. Bir kuni yosh shoir kursdoshi shoira qiz bilan tahririyatga kirib keldi. Menga ular yoshlik shijoatiday ko‘rindi. Bu faslda odam mangu yashaydigandek juda beg‘ubor, betaktor tuyg‘ular bilan nafas oladi. Ojizlikni zarracha ham tan olmaydi. Ko‘p o‘tmay uning “Nigohingni chayib ol kursdosh qiz” satri yonib turgan she’rga ko‘zim tushdi…

Beshinchi voqea. Shoir go‘zal haqiqatgo‘y. Uning jim turishi o‘ziga, o‘zligiga xiyonat. Haqiqatchi esa shunga yarasha haqqini oladi… Hamishagidek o‘sha yillardagi talabalar davrasi fikrlarining hammasiga ham qo‘shilavermaslik tabiiy, ammo yoniq va ayovsizligiga havasingiz kelmasligi mumkin emas. Shunday nafis majlislarning birida mashhur shoiraga haqiqat yuzasidan ikki-uch berilgan savollar haddan shakkok tuyulib, maddohani shoshirib qo‘yganlar, ertasi kuni universitet talabalari ro‘yxatidan o‘chiriladi. Ular orasida Bektemir ham bor edi.

Albatta, ular nohaq ayblangan, ammo haqiqat qaror topib, o‘qishlari tiklangunicha oradan ikki yil o‘tadi.

Oltinchi voqea. Uning o‘qishi tiklanib, yana Ibrohim G‘afurovdek adib va buyuk tarjimon asos solgan “Milliy tiklanish” gazetiga ishga joylashdi.

Yettinchi voqea. 1994 yili Bektemirning bitiklaridan bir turkumini tepasiga ikki og‘iz so‘z ham yozib, adabiy jurnallarimizning oqsoqoli “Sharq yulduzi”ga taqdim etdim. “Hali bo‘sh joy ko‘p sukunatda” deb atalgan turkumi tez nashr etildi, faqat mening ikki og‘iz so‘zimsiz…

Sakkizinchi voqea. 1996 yili birinchi kitobi va keyingi yigirma yilda birgina to‘plami bo‘lib turgan jussasi juda ham oriq “Tong yoqasi” nashr etildi.

***

Birovlar kabi yillar davomida kutib emas, ana-mana deyishga ham ulgurmasdan shiddat bilan yorug‘lik yuzini ko‘rgan to‘plamini Bektemir menga tutqazarkan, yozg‘irganday: “Vatan haqida biron nima bo‘lishi kerak”, deb qo‘yishmagach, mana bu ikkisini qoralab eltsam, kitobning boshiga qo‘yishibdi… ” dedi. Shunda meni boshqa narsa, soxta mezon o‘ylantirdi, hozir ham tashvishlantiradi: inson hislarini bunisi ijtimoiy, bunisi shaxsiy deb orasiga to‘siq qo‘yish to‘g‘rimikin? Axir, har qanday ijtimoiy g‘oya, niyat, falsafa, hikmat shaxsiy hayotda asl yo noaslligini aniqlab oladi; qolaversa, shaxsiy dardi bo‘lmagan ijtimoiylik yoxud shaxsiy, intim tuyg‘uda omma o‘zini ko‘rmasa, u o‘yin, ohangjama, olifta va soxtaligi bilan ma’nosiz va keraksiz holida, yo‘qlik qa’riga ravona bo‘ladi.

Ushbu ikki she’ri saralaganlari ichida eng nimjoni bo‘lishiga qaramay, ikki doirada ham iste’dod kuchi shaxs dardi va maslagini ifodalashga o‘zida hofiza topgan edi.

Qo‘shiq kirib chiqdi tushimga,
Kipriklarim titib uyg‘ondim.
Tong keltirdi meni hushimga.

Yellar topib keltirgan baxtday,
Ufqqa chorlab umidlarimni
Chopdi sochlarini silkib daraxtlar.

Xususan, yuqoridagi birinchi misra juda ham tabiiy holda she’rxonga adabiyot, ma’naviyat, san’at bandasining botiniy olamidan mujdalar berib, izhor, ko‘ngil ochish, salom yanglig‘ yangraydi. Oshiq ko‘ngilning tushiga birinchi tashrif buyuradigan borliq, albatta, qo‘shiq bo‘ladi-da. Bu misrada yosh shoirda salaflariga xos, lekin o‘zgacha kinoya, real emas, ideal borliq balqiydi, ya’ni hushda, moddiyatda ko‘rinmaydigan olam tushda jonlanadi. Hayotda xayol qo‘shiq tush olamida qahramonni sel qiladi. Ikkinchi uchlikdagi oxirgi qator manzarasi — “Chopdi sochlarini silkib daraxtlar” Shavkat Rahmonning “Chopib kirdi sovuq shaharga yalang oyoq yashil daraxtlar” misrasiga monand.

Iste’dod ijtimoiy buyurtmaga shaxsiy hayoti tarixidan misollar topib, uni go‘zal ifodalay olsa, u boshqalarning hayotiga uyqash jihatlarni tiriltirar, boshqaning qismatini bus-butun o‘z ichiga olishi va o‘zi ham boshqalarning dardi bilan nafas ola olar ekan. Bektemirning gapi ta’siridami “Vatan haqida she’r”ini sidirg‘asiga o‘qib ketgan ekanman… Ammo bir tarix o‘qituvchisi bilan gurungimizda — maktab o‘quvchilariga moziyning ma’naviy haqiqatlarini yetkazishda bu she’r fikrlariga turtki berib, bilimiga isbotday yordamga kelganini e’tirof etarkan, mana bu misralar insoniyatning ma’naviy tarixidan rivoyatgo‘y ekani menga-da ayon bo‘ldi.

Men vatanman o‘zimga o‘zim,
Bu yurtdda men ham shoh, ham vazir.
Menda yashar ongim va ko‘zim,
Ko‘nglim o‘zga yurtda musofir.

She’rda, avvalo, inson vatanda vatan timsoli ekanligini aqlan ang¬latib, ko‘ngilning vatanini ko‘rsatadi. “Ko‘nglim o‘zga yurtda musofir” misrasi esa yana ham botiniy munosabatlar haqida tuganmas xayol surishga boshlaydi. Ko‘ngil doimo musofir, u jannatdan tushgan, yana jannatga intiladi… Yana bu shoir bitiklariga ishoraday tuyuladi… Qolaversa, muhabbat qismati borasida ham xayollar qo‘zg‘aydi…

Menda yashar o‘z vatanidan
Quvg‘in bo‘lgan bir nechcha yurak.
Ularga ham ko‘nglim kabi-da,
Mehr kerak, muhabbat kerak.

Shoirning toza hislari, mubolag‘ador tasavvurlariga bu moddiy olamda joy yo‘q, hech ham joy yo‘q balki… Ular bu moddiy dunyoning fuqarolari emas, ko‘ngil olamining boylari, ma’dan izlovchilaridir…

***

Muallif o‘zi tanlab, kitobiga kiritgan: “Nilufar hidlagan baliqlar… deya boshlanuvchi birinchi she’r ilk o‘qiganimday har safar ajib kayfiyat yaratib g‘aroyib olamga yetaklaydi. Bu olam quruqlikda emas, daryoning tubida. Unda esa baliqlar nilufarni “yemaydi”, balki hidlaydi. Zero, gul hidlash ham ma’naviy ehtiyoj. Bu ma’naviy ehtiyojning ruhoniy turi she’riyatning ham ramzi. She’rning manzili daryoning tubi, nilufar hidlayotgan baliqlar orasida. Shuning uchun shoir “aqldan ozganday muallaq” to‘lqinlarning oralig‘idan ovozini izlaydi ilhaq…

Aqldan ozganday muallaq holat ham baliqlarga, ham shoirga tegishli. Bundan baliqlar mast, inson esa o‘zining qavmi odamlar orasidan emas, to‘lqinlarning oralig‘idan ovozini izlashga mahkumligi bois baliqlar to‘ntarilib yotganday favqulodda ahvolda ekanligini ma’lum qiladi. Zero, she’riyatning hayrati va jozibasi aql birdan tushunib, qabul qilishi qiyin, murakkab jarayon. Shuning uchun moddiy dunyoda aqldan ozishday tasavvur uyg‘otadi.

She’riyat yorug‘lik mayog‘i. Shuning uchun daryo qa’ridan bir lahzada parvoz qilib, osmon qopqasini taqillatishi hech gap emas ekan:

Yulduzlar chug‘urlaydi:
— Kimsiz?!

Bektemirning lirik qahramoni borgan sari bu olamlarning mehvariga — odamzot haydalgan va qaytib borishi muqaddas orzu — illiyunga intiladi. Shuning uchun uning “Usti(m)dan kuladi parilar”. Faqat “parilar” polifonik obraz ekanligini ham unutmaylik…

Eng asosiy topgan timsoli esa yangi va azaliy, ko‘zlar va yuraklar tashna bo‘lgan qadrdonlikka, mehr-oqibatga javob:

…Bahorim kelganda mening ham,
Turnalar chog‘lansa parvozga.
Bir qo‘shiq aytishni istayman,
Adirlar sog‘ingan ovozda…

Adirlar sog‘ingan ovozda…

Adirlar — bu yurt odamlari. Qancha ovozlarimiz gum bo‘lib ketdi, o‘zimizga-da eshitilib-eshitilmay: yo‘lda qoldi, cho‘lda so‘ndi, boshqa ko‘chalarga burilib ketdi…:

“Qolib ketdi o‘shal ovozim,
Ikki daryo oraliig‘ida” (A.Oripov).

Vodarig‘, to‘lqinlarning orasidan ovozini izlab, bizni g‘aroyib olamga boshlagan Bektemirniki-chi???

***

She’riyat xayrli niyatni, fidoyilik, oshiqlikni yoqtiradi, qadrlaydi, ammo da’voni jini suymaydi, undan hazar qiladi, iddaoni mazax, kalaka qiladi, sharmanda, badnom etadi.

O‘n to‘qqiz bahorni qarshilagan shoir xomxayollarni xayoliga keltirmay, insonning botiniy hayoti fojialarini kechadi, komediyalari shamollarida mavjlanadi! Shunda uning o‘z yurak sirlari ochilib ketadi. Bundan ko‘ngli titrab turarkan, tilidagi ramziy kalit, haqiqatga tabiatdan pardali so‘z topib, izhori dili qiladi. Bu tavba ham:

Ketyapman xiyobon bo‘ylab,
Quchog‘imda parishon yellar.

Muhabbat, vaslni xor etib, tubanga tashlagan, jism maylini “sevgi” deb ma’naviyatni bulg‘ayotgan fahmsiz qofiya¬bozlar, husni xulq ko‘chasidan o‘tmaganlar ishq mana shu ekanligini bilsalar edi, anglasalar edi. Yo‘q ular bu hisning rangin iztirobidan mosuvo so‘qirlardir.

“Quchog‘imda parishon yellar” — go‘zal tashbehning ruhi sirli, pardali.

Tongga qadar visolni o‘ylab
Atrofimda qizargan gullar.

Qizargan gullar — insonning insonga va Allohga muhabbatining ulg‘ayishi va yuksalishi. Shu bilan yana hayo doirasi ichida. Gullarning qizarishi tasviri ila bir yo‘la ham estetikani, ham etikani jamuljam qila olgan. Hayodan judo she’rimiz yalang‘och, kiyimsiz, bezbet va hissiz bo‘lib borayotgani qanchalik mag‘lubiyat. Bu ham qadriyatimizning, ham badiiy didimizning jallodi. Tana namoyishining esa ta’magir yo‘lbuzarlaridan. Tanni ko‘z-ko‘zlovchi tizmalarning hech ham ko‘ngil muhabbatiga qavm-qarindoshchiligi yo‘q.

Ehtimol, yosh shoir bularni o‘ylamagandir, biroq o‘zbekona ruhoniy tarbiyada qarashlari qorilgan dard izhorida hayotiy manzaralar iqtidoriga eshik ochgan.

“Menkim, fotih Temur” asarida yozilishicha, Amir Temur hazratlari birinchi marta muhabbat dardiga mubtalo bo‘lganlarida o‘zlarini poralab tashlashni istagan ekanlar. Ulug‘ shoirimiz Rauf Parfi: “Men oila qurdim — yengildim”, deydi armon bilan. Bu abadiy jarayonga qarshilik emas, balki moddiyat olamida nafs tarozisining bosib ketishidan iztirob. Inson yarmi ilohiy borliqdan iboratligini anglab, tabiat qonuni qarshisida buyuk qalblarning ko‘ngilsizlikka isyoni, oliy ishqqa munosib bo‘lish da’vatidir.

Bektemirning she’ri ham har bir ko‘ngilli boshiga tushadigan shu qismatdan bahs qiladi:

Nafasimdan titragan maysa
Chehrasida toblanar gulob,
Shivirlari to‘kilar g‘amgin;
— Sog‘inchlar — men ko‘nikkan azob…

Ishq ham, she’riyat ham judolikda komillikka erishadi. Ikki dunyoning fikri va ko‘zlovi bir xil bo‘lishi mumkin emas. Shu qarama-qarshilikni ko‘rib, his qilib, ko‘ngil, yurak tomonida qolishi va yashashi, oshiq va shoirning qismati. U noroziligini bildira turib, maslagini ma’lum qiladi va insonni o‘sha cho‘qqiga nazarini qaratadi:

Olislarga chirmashar nigoh
Xayolimdan dunyodan gina —
Bu dunyodan maysalar kabi
O‘tib ketsam indamaygina…

Bunaqa jasorat kimning ham qo‘lidan kelardi, kimning? Majnunning, Farhodning, Otabekning, G‘aribning qo‘lidan kelmadi… Rasvoi jahon bo‘ldi buyuk qalblar, kuyigi jon bo‘lishdi ishq ahli… Lekin o‘shalar yoshida qo‘liga qalam olgan ko‘ngil (Darvoqe, yuqorida sanalgan zotlar ham shoir bo‘lishgan) shu mardllikka, ko‘ngil komilligiga o‘zini, o‘quvchini chog‘laydi…

Bektemir muhabbat kuychisi. Chin oshiqning qismati esa boshqalarnikiga o‘xshamaydi:

…Baribir Bir kuni
Ko‘zlaring chaqirib oladi meni
Parilar sochingni o‘rar maydalab,
Humo xayol surar tilagimizda.
Ko‘ksimiz tog‘ bo‘lib o‘sar qaytadan,
Ohular yugurar yuragimizda.

Bu sarxush holatning ba’zi ustunlari xalqona tashbeh bilan tiklangan. Zero, Bektemir an’anaviylikni rad qilmaydi, balki shu tizimda yangi va ohorli his va fikrlarini ifodalaydi. U xalqonalikni jo‘n deb kerilmaydi. Qaytaga ruhi, ohangi, tashbehi bilan goh o‘zini kuchlantiradi. Faqat asosiy fazilati yangi topildig‘i ila azaliy holat onlarini ranginlantirib yuboradi:

Ohular yugurar yuragimizda
Tunlar o‘zi uchun topib olar rang,
Yomg‘irlar may bo‘lib yog‘adi faqat.
Mening yuragimdan boshlanadi tong,
Sening ko‘zlaringdan boshlanar shafaq.

Shunday ramzlar bilan holat o‘zgarishiga munosib ishoralar kelaveradi. Ishoralarda o‘quvchining o‘zida o‘zgacha xayol surishiga ham masofalar qoldiriladi. Hayotiy misollar esa ko‘ngil oziqasi sifatida kelib, ma’noni kuchaytiradi ham. “Yomg‘irlar may bo‘lib yog‘adi faqat”. Shafaq ikki xil ma’no beradi: yig‘laganda ko‘zlarning qizarishi va quyoshning chiqishi. Faqat bu ikki ma’no bir-birini to‘ldiradi.

Bektemirning tuyg‘ular tadriji hamisha ham an’anaviy she’r yo‘liga sig‘avermaydi. She’riyatimizda o‘tgan asr boshidan kuzatilib, 70-80-yillardagina borib nomi topilgan she’rlar paydo bo‘ldi. Mansur she’rlar, nasrdagi nazm va hokazo. Ushbu sarlavha ham ana shu nasriy-mansur uslub-ifoda orqali hislar hayotini, kechinmani ko‘rsatishdan tug‘ilgan. Demakki, nomning birinchi so‘zi she’rning shakliga, ikkinchisi voqeasiga tegishli. She’rni hikoya sifatida xotirga tolib o‘qirkansiz, sevgisini yo‘qotgan oshiqning xotiradagi olishuvi zavq va armonga botiradi. Bu surat bilan siyratning suhbati. Eski daftarimni varaqlaganda chiqib qolar yirtiq surating. Faqat ko‘zlar qolgan, ko‘zlaring haliyam o‘zining ixtiyorida.

Bir voqeadan ikkinchisiga harakat bilan o‘tiladi:

Hozir qaragandek bo‘ladi menga,
Bazo‘r jilmaygandek ko‘rsatib o‘zin
Olib qochadigandek bo‘laveradi…
Keyin yig‘laydi…

Uchinchi voqeada xotiradagi ma’shqaning ruhiy holati, oshiqning ham bor taqdirini aytmasdan aytib, iltijo qiladi. O‘quvchini ko‘proq aytilmagan, bo‘lib o‘tgan va o‘tajak savdolarni o‘zicha tasavvur qilishi maroqlantiradi.

Har gal… qo‘rqaman termulishdan
Har gal o‘tinaman,
Nigohingni uz mendan Surat,
Yopib qo‘yay eski daftarni!

(“Ishonmayman muhabbatdan so‘ng
Begonalik boshlansa nahot” —
Abdulla Oripov).

Zanjirday bog‘langan har bir voqeada o‘zini fosh etishda ko‘ngil istagini hech qachon bir mezon bilan o‘lchab bo‘lmasligi o‘quvchini-da o‘z ishq tarixiga qaratadi:

Men senga achinib ketaman
Men daftarni yopganimdan so‘ng…
Kimga qarab qolar surating
(“Ko‘rgali husnungni zoru
mubtalo bo‘ldim sanga,
Ne balolig‘ kun edikim,
oshno bo‘ldim sanga,
Har necha dedimki,
kun-kundin uzay sendin ko‘ngul,
Vahki, kun-kundin batarrak
mubtalo bo‘ldim sanga. Alisher Navoiy)
…Bilsayding naqadar og‘irligini
Sening suratingga boqmay qo‘yishim.
Naqadar og‘irligini bilsayding
Sening suratingga qarashimni ham!..

Ana shu shafqatsiz qarshilantirish, falsafiy va bir umr yashovchan xulosalarni u yigirma yoshgacha yozgan. Albatta, ular nasihat emas, lekin keskirligi bilan yoshidan qat’i nazar o‘quvchini haq fikri bilan o‘yga toldiradi. Dunyo va inson munosabatlarining chigal va ulug‘ligidan hikmatlar ko‘zini ochib, ilhom ham Xudoning marhamati ekaniga yana bir bor imon keltirtiradi.

Uning “Vido” degan she’ri bor. Haqiqiy shoirlarning “vido”lari bir-biridan ta’sirchan. Bedilnikimi, Yesenin yo Oripovniki bo‘lsin, kishining jonu jahonini o‘rtaydi. Rauf Parfiniki butun ijodida sochilib yotibdi. Hayot har lahza davom etar ekan, har bir fursat, so‘nggi fursat bo‘lish ehtimoli ham qilich yalang‘ochlab turaveradi. Vidolashish qismat. Lekin kimlar butun umr unga tayyorlanib, shunga yarasha yuk bosar, eng muhim so‘zlarini aytadilar. Kimlardir vidolashishga ulgurmay ham o‘tib ketaveradilar. Vidolashishning eng og‘iri sevgan odami, yo‘qotgan yaxshisi bilan vidolashishdir.

Bektemirning shunday she’ri bor. U juda yangroq ham emas, Naqorati ko‘rkam ham deb bo‘lmaydi. Qaytarig‘i “Yuragim kengroq payti kelgin, sevgilim” deb murojaat qilishi ham erish tuyuladi kishiga… Lekin unda ham bir teran aql, kishining ruhiyati ochilish paytida diydorlashishga da’vatida hech bir ijodkornikiga o‘xshamas vidosi to‘xtamlari mardona tushkunlik chohiga uloqtirmaydi, balki ko‘nglingizni shifolaydi va yangi hayot sari yo‘llaydi!

Hayot uchrashuv va ayriliqdan iborat. Visol va hijron oralig‘i hayot, judolik va yetishish oralig‘i o‘lim. Va, ayni holda, aksi ham. Biz vaslda edik jannatda.

Bu dunyoga haydaldik, sinovli ayriliqda umid-ilinj yashaydi, faqat azob va jabri-jafolarga chirpirak bo‘lib, xavf va rajoni yurakka bosgancha, vasl sari talpinaveramiz. Inson buni hayot deydi. Qismat manglayiga yozgan bilan, uni chala-yarim o‘qishga tutinadi. Vaslda hech qachon vasl xayolga kelmaydi… ammo musibat, ayriliq, o‘lim har lahza xotirada qalqib turadi. Aslida biz o‘ylagan vidoning u tomoni vaslga yo‘l, abadiy yo‘l va balki hech og‘ishmay boriladigan yo‘l…

Ojiz tasavvurimizcha, qayerdan ham o‘spirinning vidosi bo‘lsin? Lekin yetuk idrok juda tez anglaydiki, har lahza bu dunyoda o‘tkinchi, dunyoda ayridiqqina muqarrar: Bog‘lab qo‘ygani yo‘q bolalarni ham (A.Oripov).

Bektemirning she’ri ham shu iztirobdan ko‘z ochgan.

Yuragim kengroq payti kelgin sevgilim
Kimlardir baxt va’da etsa ham pinhon.
Xiyonat qilsang-da tilamam o‘lim,
Men sening yo‘lingni to‘smayman, ishon.

Yurakning keng bo‘ladigan payti… Ma’naviy borliqda farishtalar olamiga yetilgan fursatdir balki. O‘shanda oddiy odamning ojizligiga tushuniladi, unga rahmi keladi odil yurak; uni mehr-muhabbat bilan yig‘lab kechira oladi. Holbuki, maxluqning hayvoniy hayoti tarzi hazar qilish qadar dahshatli… Ammo kenglikda sevgan yurak uchun basharning oddiy yashash xohishi dunyoning ziynatiga sotilishi, o‘zidan ketishi yo sevilganning xiyonati hech; — Mening sening yo‘lingni to‘smayman, ishon!

Kishining farishtalar olamida istiqomati — Bektemirning ifodasicha “yuragi keng”lik fursati qancha? Uni Yaratgan biladi, belgilaydi va sevgan bandasiga in’om etadi. Shoir ikkita holatini chizgi qiladi:

1. “Men tongda she’rlar yozib bo‘lganimdan so‘ng…” She’r yozish — ham poklanish, ham tavba qilish onidir.

2. “Va yo yo‘l olganda izdihom sari”. Odamlar oldiga chiqqanda kishida asl haqiqatlarni aytish, anglatish, o‘shanga boshlash, o‘sha uchun yashash, o‘sha uchun kurashish istagi bo‘lishi kerak. Bo‘lmasa izdihomga talpinmagan, ommadan juda ham nari yurmoq kerak. Bektemirda ham ana shu ma’naviy olamga arzigulik nimasinidir bildirib qo‘yish ehtiyoji borki, o‘shandan keyin eng yaqin kishisi bilan, sevgilisi bilan xayrlashmoqchi, sevgisi bilan emas… Ular yuragi kenglik paytida boshqa-boshqa olamlarning odamlari esa-da, zohiran nimalaridir o‘xshash, loylari pishirilganda nimalaridir bir-biriga intiluvchan, talpinuvchan ekanki, hamroz qildi, sevdirdi. Moddiy olamda ko‘ngil istiqomatiga makon yo‘q, shunda ham uning saodati pok sevgi tor, noqulay yaralgan maxluqiy, olamda lahzali baxtiyor va farovon etdi. Ilohiy ishqning soyasini, majozini, isini, ramzini, zavqini, armonini ko‘ngilga, yurakka berdi. Shundan uning basirat ko‘zi tilga kiradi:

O‘shanda o‘ylayman oxirgi o‘yim:
Sendan ham ta’masiz parvonalar bor,
Sendan ham go‘zalroq olamlar mavjud,
Sendan ham kechmoqlik mumkin baxtiyor.

She’rdagi tuyg‘u moddiy, tirikchilik olamining munosabatlaridan kuyinayotgani yo‘q. Balki mumtoz she’riyatimizda xo‘p o‘ylangan komillikka uzangan tuyg‘udir. Hali o‘spirin ko‘ngilning mezoni baland:

Sendan ham go‘zalroq olamlar mavjud.
Sendan ham kechmoqlik mumkin baxtiyor…

Asl ishqdan darak topgan, ta’mali, hisob-kitobli, soxta mehribonlikdan kechishni, biladi, ammo “baxtiyor kechish”da alam ham, saboq ham kinoyavash keladi…

Kecholmaslik — qullik, kechish esa behojat olamga yuz burishning ibtidosi…

Yuragim kengroq payti kelgin, sevgilim,
Toki shundan keyin hech narsa yozmay,
Toki hamma aybim oqlasin o‘lim,
Toki o‘lim topay aqldan ozmay.

Ana shu oxirgi band chindan ham vido. Shoirlikning ham tugashi. “Toki shundan keyin hech narsa yozmay”, deyishi qalamkashligini da’voga tiqishtirishday tuyuladi birinchi o‘qishda. Holbuki, Bektemirning she’rlari ham serma’no, serqatlam.

Odamni so‘ylatishga va kuylatishga, suhbatga boshlaydigan narsa sevgi. Haqiqiy shoir mashhur bo‘lish, kimnidir qoyil qoldirish uchun emas, balki aytilmasa yorilib o‘ladigan dardi borligidan qo‘liga qalam oladi, yonib-kuyib, yig‘lab, izhori dil qiladi. Demakki sevgisiz, sevgilisidan ayrilgan odam uchun “hech nima yozmay”, deyishi tabiiy hol, zero, butun dunyosini boy berdi. Va bu dunyodan ketishki — toki hamma aybim oqlasin o‘lim — tavba, o‘zlikka qaytish, gunohlarga istig‘for. “Toki o‘lim topay aqldan ozmay!” Zero, qismatning hammasini anglab, insonni shunga munosib etganidan rozi, o‘lim bir olamdan ikkinchisiga ko‘prik ekaniga farosatning yetishi ko‘ngilning aqlga, aqlning ko‘ngilga qiyomatli do‘st ekani va birgalikda yuksalishidir.

***

Bektemir bu dunyo botiniy kayfiyatini kutilmagan vaziyatida ko‘ra olgani uchun she’rlari boshqalarnikiga o‘xshamaydi. Uning olamida tabiat hodisasi jamiyat evrilishlarini bemalol tasavvur qilishga yordam beradi.

Uning “Yomg‘irda” she’ri metonimiya. Aslida bu hodisani hamma ham payqayvermagani dunyoga tafakkur nazari bilan boqmaganida, boqolmaganida. Shoirni o‘tkir nigohidan keyin yomg‘ir paytida butun borliq suv ostida qolish ma’lumoti, ilmi bizga yetadi. Shoir kashshof ekan…

Daraxtlar — nilufar,
To‘lg‘onadi suv ostida.
Uylar — xarsang
Uylar — teshik g‘or.
Baliqlar uxlagan g‘orlarda,
To‘lqin — epkin — nasim
Tolim, tolim, tolim suv —
Bo‘yiga, eniga shaboda
Men bedor baliqman bu tunda —
Tong oldidan
Suv yuziga chiqishni
Istagan baliq…

Bor-yo‘g‘i, unda ham sindirilgan holda ko‘payib, o‘n ikki qator chiqqan she’rda qariyb shunga yaqin miqdorda tashbeh, bir narsa boshqasiga solishtirib, holatlar, yana u juda ham nozik harakatda beriladiki, yer usti suv osti dunyosi hayoti bilan tiklanadi.

Umuman, nilufar, baliq, sukut, sukunat obrazlari Bektemirda bir joydagina kelmaydi. Faqat real, ramziy, ko‘p ma’noli; har safar boshqa ma’noni tashiydi, boshqa yuki bor, boshqaning qiyofasini , boshqalarning niqoblarini sidirish uchun yollanadi…

***

Ochig‘i, uning har bir yangiligi ildizi baribir shakllangan birikmalar bilan muxoliflikda mangu va milliy savollarga javobday keladi.

– Siz o‘shami? (“O‘tkan kunlar” romanining favqulodda savoli). Millatning har bir a’zosi Endi hamrozi shu savol berish darajasida bu hislarni oyoqqa turg‘azadi. Oshiqlarni, ma’shuqalarni saralaydi. Asl va soxtani aniqlashga undaydi. Bektemir, o‘ylashimcha, javobda butunlay boshqa ma’naviy orziqishlarni aytish uchun bu milliy timsolga go‘yo yuz yillar o‘tib, Otabek nomidan javob qaytaradi…:

Men o‘sha – ko‘zlardan haydalgan itman,
Ishqning tarixiga emas begona.
Shafaq qirg‘og‘ida ohular kutgan,
Sahrolar sog‘inib qolgan devona.

Darvoqe, ijodkor millatning ma’naviy tarixini yaxshi bilib, har qachon xotirasida naqshlab, lekin boshqa bir davrda yashayotgani uchun unga bo‘ylashishga urina turib, ifodani yangilashni, o‘z menidan nimadir qo‘shish xayolida qalam suradi… Shuning uchun ham bu to‘rt satrda Otabekning qismatini ham tasavvur qilamiz qandaydir darajada… Ammo shularning o‘zi emas… Millatning ruhoniy tarixini ko‘ramiz. Yana ham chuqurlashsak, shaxsning qullik davridan qutulib-qutulmay, o‘zini namoyon qilishga qiynalgan zamondoshimiz qiyofasi, ijodkor siymosini ham bemalol tasavvur qilamiz. Nega iste’dod jihatidan Qodiriyday adib, inson sifatida Otabekday o‘zini ko‘rsatgan siymo nega 70-80 yilda yetishmadi?

***

Menda o‘tgan yillar davomida har bir millat adibining jarayonlarni ifodalashda so‘zlarni qo‘llash shaklidagi farq aniq-tiniq bilindi. Masalan rus bilan arabniki, tarjimada ham shunga yaqin ohang, uslub topish, bunga o‘rganmaganingiz uchun biroz erish ham tuyuladi. Bu hodisa tilning oxirgi ijodkorlari shoirlarning so‘z qo‘llashida, ayniqsa, bo‘rtib ko‘zga tashlanadi.

Yangi shoir qotgan qarashlar, shakllangan fikrlarni sindiradi, dunyoning boshqa qoidasini o‘z ichiga, o‘ziga xizmat qildirib ixtiro etadi. Buning mutlaq to‘g‘ri bo‘lishi shart emas. Yangiligi va o‘zgachaligi e’tiborli birinchi belgisi. Balki shuning uchun ham juda ko‘p novator shoirlar ularni xalq qabul qilishida juda katta qarshiliklarga uchrashar, ko‘pi rad etilib, unutiladi. Ba’zan omadlari kulib, favqulodda qarashlarni o‘zgartirib yuboradilar. An’anaviylar esa tez ommalashadi, lekin kamdan-kami favqulodda fenomin darajasiga chiqadi, haqiqiy yangilardan farosatli muxlislar oldida martabalari hamisha past bo‘ladi. Faqat teran fikr, hikmat bilan to‘yinsalargina asl shoirlar bo‘lib yetishadilar, bo‘lmasa kosibchi bo‘lib, davru davron suradilar, xolos…

Bektemir ko‘pinch an’anaviy barmoq vaznida yozadi. Xalqona ohanglari faqat o‘zining realiyasi, botinini tadqiq etadi. U ziddiyatda yolg‘on sevinchdan qochib, mungning suratlarini turfa xil soladi, g‘adir-budir, ko‘pincha nasrga yaqin esa-da yangi fikr topsagina ifodalashga chog‘lanadi. To‘g‘ri, u o‘zbek she’riyatining 60-80-yillaridagi yutuqlaridan o‘rgangan, ta’sirlangan. Avvalo, Rauf Parfi ijodi ta’siri yorqin ko‘zga tashlanadi, so‘ng Abduvali Qutbiddin, Shavkat Rahmon va boshqalarning ramzlari, ohangdorligi ham elas-elas bilinadi. Va XX asrning eng yaxshi an’analari, yapon xakkulari, Yevropa sonetchiligi, xususan, Garsia Lorka xalqona uynoqiligi “Tong yoqasi”ni quvvatlab turganini aytish mumkin. Bari bir yangilik izlashdagi o‘z o‘rganishlari va topilmalari uning she’riyatini belgilaydi. U iqtidorning kashshofligiga qattiq ishonadi va o‘rni kelgan joylarda ko‘ra olish layoqati bilan bunga ishoralar ham qila olgan: (“Hali ochiq joy ko‘p sukutda”). Bu va’da va ishonch imkoniyatlari ham.

She’rning asosiy matni manzarasidan ko‘ra, xuddi ikkinchi darajali, e’tibor berish shart emasdek qavs ichida berilgan topilmasi yangiligi va kashf qilishga da’vatkorligi bilan hayajonlantiradi:

Atrof esa hali juda keng,
Hali ochiq joy ko‘p sukutda.
Olis ovozlarni yutinar
Yolg‘izlikdan ortib qolgan joy.

Olti qatorli mana bu mo‘jaz she’rda esa “ilmiy qarashlar”ni rasmana sindirish, juda nozik hissiy tushunchalarni yangicha tiklash, ishoraviy ma’noda kuchaytirib sharhlash bor.

Yaldo kechasi eng uzun tun. U tabiiy qonuniyatga asoslanadi. Bektemir esa ma’no olamida buni tan olmaydi, rad etadi, ustidan qizil chiziq tortadi:

Tun hech qanday uzun emas,
Tun faqat keng, kunduzdan ham keng

Qur’oni karimda “yechib olinadi” degan ibora keladi, xuddi olamning ikki libosi bor: tun va kun… Qolaversa, bu yangi tushunchani real tabiiy jarayon sifatida shoirga ishonib, qabul qilishimiz bilan birga “tun faqat kengligi (hamma joyni egallagani-da) kunduzdan ham kengligi — nurdan ko‘ra zulmatning urchib ketganligi — yovuzlikning bejo xatti-harakatiga ishora bo‘lib, ogohlikka chorlovday yangraydi: “Tun faqat keng, kunduzdan ham keng…”

She’rdagi ikkinchi kashfiyot:

Sukunat esa uzun
Shu qadar cho‘zilgan, shu qadar ingichka
Har qanday tovush
Chiqib yurolmaydi uning ustidan

Bu ifodada na bir o‘ynoqi ohang, na bir vaznga tushadigan barmoqcha uslubni kuzatamiz, ammo bir shitob bilan tarona keskin-keskin burilib, sukunatning ramziy suratlarini chizib beradi. Qancha haqiqatlar ko‘ksida yotibdi, keskir qilichning qaltis dam ustiga sado chiqishi bilan kesadi… Shu bois ham shoirning topgan katta ma’nosiga chindan ishonamiz, sukutga botamiz, sukunatga bo‘ysunamiz.

Zero, “Har qanday tovush
Chiqib yurolmaydi uning ustidan”

***

Shoirona, betakror, yorqin obrazlar yaratish, Xudo yuqtirgan bir saodatki, hamma shoir ham u cho‘qqiga chiqa olmaydi. Agar topilma tashbeh favqulodda yangi obraz darajasiga yetmasa, quruq tashbehbozlik ham zeriktiradi, eskiradi, unutiladi, o‘zida katta ma’no va tasvirni sig‘dirolmaydi. Yo‘lsiz daraxtzorda, qadrdon kiminidir izlab topolmagan yo‘lovchi bu o‘rmonni tashlab chiqadi. Ma’nosiz bezak behuda so‘zamollikday.

O‘tgan asrning 70-80-90-yillarida tashbehchilikka ustaliklaridan kerilib yurganlar bugun unutilgani achchiq haqiqat. Tashbeh shoirning qimmatli sarmoyasi. Ammo u obraz — qiyofa darajasiga ko‘tarilsagina tasvirga jon kiradi, bekamu ko‘st ko‘rinadi, o‘quvchi ham uni darrov tanib oladi va qadrdonlashadi. Shu mo‘jaz kitobchada ham kam bo‘lsa-da esda qolar qiyofa — obrazlar bor. Bundan she’r¬xon to‘lqinlanadi. Keling Bektemirning bir she’rida bir-biriga jon qadar yaqin va bog‘liq ana shunday obrazlar istiqomatini kuzatamiz.

Nigohimda ezilgan so‘qmoq,
Olislarga tutashib ketgan

Bu qishloqning mushtipar siymosi. Fikran esa ona timsoli.

Kimsasizlik hokim xiyobon
Barcha tovushlarni unutgan…

Bu endi shaharda qishloq bolasi adashib kelib qolganday holat. Bir umr ko‘ngilning ko‘nikolmagan ruhiy kechinmalari. Guyo hayoti alg‘ov-dalg‘ov odam. Izdan chiqib ketgan poyezd.

Shahar va, qolaversa, kuz alohida kimsadek jonlanadi. Ana shu tasvirlarda qishlog‘ini sog‘ingan, qishloqcha qadriyatlarni unutgan yigitning qismati ham ramziy, ham allegorik tarzda his qildiriladi..:

Qo‘zg‘aladi qadamdan cho‘chib,
Atrofimda za’faron sharpa.
Besarishta kezinar ko‘ngil
Go‘yo endi oxirgi marta.

Manzaralar — qiyofalar. Hayot — shahar. Xayol — qishloq. Obrazlarni esa xotira tiklaydi. Lip-lip etib, makon biridan ikkinchisiga ko‘chadi.

Mana shahar: “Arg‘uvonlar chaqirar shamol”

Qishloqning munis va ulug‘ siymosi bosib ketaveradi: “Teraklar yo‘l ko‘rsatar oyga…”

Negadir xayolimdan rus shoiri Tyutchev o‘tdi, go‘yo faqat u shunday yozishi mumkinday… Keyin Rauf Parfining tirik manzaralari…:

Ovozini yashirib jimlik,
Yuzlarini yuvadi soyda.

Lekin Bektemirdagi yaxlitlikda personajlar yana ham g‘uj.

Mag‘rur xazonlarni telba yel
Suvga cho‘kkan tunga botirar.

Bu manzaralarni hatto rassom ham ko‘rolmaydi. Shoir esa juda yorqin ko‘z oldimizga keltiryapti.

1.Mag‘rur xazonlar. 2. Telba yel – Tirik tabiat jarayonlari: “Suvga cho‘kkan tunga botirar”. O‘zni emas tunga; suvga emas tunga, xazon suvga cho‘kmayapti, tunga botyapti… Mag‘rur xazonni telba yel qanday qismatga giriftor qilyapti… Murakkab va ta’sirli. Shunda inson qismati haqida o‘ylaysiz. O‘zingizni goh mag‘rur xazon, goh telba yel, goh suvga cho‘kkan tun va suvga botib borayotgan xazon holida ko‘raverib, yuragingiz ezilib ketadi. Boshidayoq maqsad onani xotirlash, uning mehriga isinganlikni eslash edi, ammo hech bir joyda “ona” so‘zi tilga olinmasdan anglatiladi, zero, buyuk bir sevgini, mehrni tavsiflab bo‘ladimi? Ehtimol ramziy tasvir bilan boshqalarni loqaydlikdan, o‘z xudparastligidan tortib olmoqlik mumkindir, xolos. Bektemirning ushbu obrazi o‘z ijodida emas XX asr 90 yillari o‘zbek she’riyatidagi eng g‘amgin va yorqin, favqulodda va rost chizgi degim keladi:

Derazadan kuzatar meni,
Sochlari oqargan xotira…

“Tong yoqasi”da adabiy portretlar ko‘p emas… Lekin odatiy, bag‘ishlov, maqtov va ta’riflardan xoli bo‘lib, ishora bilan insoniylikni his qildiradi, ko‘ngilni junbishga keltiradi, qadrdonlar safiga qo‘shdiradi. “Egachi” she’ri shularning eng esda qoladigani. O‘zbek opa-singillari taqdiri palaxmontoshi, boshqa bir mamlakatda qismatga asirday ekanligidan ularni sog‘inib, oldilaridagi qarzdorligini his qilib yashaydi. O‘zining xudbinligini ular taqdirini o‘ylab anglaydi.

“Egachi” ana shu hasratning tashbeh va istioralar bilan avjlangan g‘amgin qo‘shig‘i, mungli hikoyasi…:

Egachi osmonmi chehrangiz,
Turfa dam to‘kilar turfa rang.
Ko‘zimga xazonday ixraysiz,
Shamolday izg‘iyman men — garang.

Butunlay bo‘lak mavjudodlarning tabiati va xatti-harakati opa-ukaning qismatini ochadi. Lahzada evriluvchan tasvirlar ayolning fazilat va holatlariga ism, ma’no bo‘ladi. “Osmonmi chehrangiz”, “turfa dam to‘kilar turfa rang…” Shu bir detal bilan ming xil harakat, evrilish, odamning butun hayotini uning chehrasi o‘zgarishida aks etadi. Qarshilantirishlarni qarang: “Ko‘ngilga xazonday ixraysiz, Shamolday izg‘iyman men — garang…”

Ayol, opa — quruqshagan (kuzgi) xazon. Shamolday izg‘iyman — uka… Bu ikki biri uchuvchi erksiz, birini uchiruvchi hayot personajlari o‘z holicha ikkita qismat dostoni. Shu bilan birga ukaning xatti-harakati o‘z jinsdoshlari fe’l-atvorini-da shafqatsizlarcha fosh qilib, ukaning opa oldidagi burchini eslatib, umuman erkakning ayolga munosabati adolatli bo‘lishini ham esga solayotganday. Axir har birimizning ayolimiz ham kimningdir opa yo singlisi!

Ota-onadan keyin aka-uka, opa-singillarni baxtidan chinakamiga sevinib, ularni yo‘qotganda esa astoydil kuyinish hisi boshqa hech bir yaqin kishingizga nisbatan bo‘lmaydi. Bo‘lsa ham biri ikkinchisining o‘rnini bosa olmaydi.

Falak — baxtimizni ataylab,
Chegalab tushirgan chegachi.

Ma’sum bolalikda bir uyda, bir ko‘rpaga sig‘ganlar, ulg‘aygach, ayovsiz qismat bois hamma o‘z baxti, tole tomon shoshadi. O‘z fojia va zafarlari ortidan yurib, o‘tgan bedog‘ damlaridan uzoqlashib boraveradi. Sog‘inchning isyoni shundan. Bektemirning rostgo‘yligi, o‘zini fosh qilishi yanayam bu satrlarning ta’sirini oshiradi!

Sizni bekor kutaman oylab,
Siz ham meni kutmang, egachi.

Bektemirning she’rini tushunib o‘qilsa, ikki begona qirra bir-biriga urilib, olov, uchqun chiqishini kuzatib boraverasiz. Moddiy hayot va ma’naviy olam.

Egachi, dilingiz sahromi,
Bunchalar chuqur yo‘l, adashasiz.
Ayriliq — hasadgo‘y mahramim,
Qay imkon bor menda chidashsiz.

“Dilingiz sahromi?” da kamida ikkita ma’no, ramz mavjud. Kenglik va ship-shiydamlik. Biri tirik belgisi, boshqasi ( o‘t-o‘lanning yo‘qligi) esa qalban ado bo‘lganlik. Dilning kimsasiz, kishining yolg‘iz qolishi esa odam fojiasini kattalashtirib anglatadi.

Bunchalar chuqur yo‘l, inson hayotining chigal va og‘irligi, “adashasiz” endi mavhum hayot, kuyinish. Imkon — chidash. Ming bor aql shu iqrorga kelaveradi:

Qay imkon bor menda chidashsiz .
Ayriliq — hasadgo‘y mahramim.

Turfa odamlarning suvratlari bular. Tevaraginggizda ular oz emas, balki juda yaqiningizdir… Lekin begona, rafig‘u raqib, sizni aslo tushunmaydi, ustingizdan kuladi, sizdan nafratlanadi, dunyoni qizg‘anadi… Shundan rohat, orom oladi… bu mahramlar…

Nima bo‘lganda ham bari bir qadr¬don odamning, beta’ma mehribonning, olisdan bo‘lsa ham kuyinadigan jigarning borligiga nima yetsin. Fojialar oralaymiz: Qurbon qilamiz, qurbon bo‘lamiz, bu nafs botqog‘ida, xudparastlik ummonida kimlarga duch kelmaymiz…

Adashgan yo‘lovchi bo‘ldim men,
Daraxtlarning tagidan o‘tdim.
Telbaday tirjayib xazonga,
Yana yolg‘iz sizni dil kutdi…
Egachi-i…

Dilida mehri adoqsiz bir odam ketib boryapti. Ko‘rasiz. U tog‘lar ortida, daryolar narisida. O‘rmonlar teppasida turib u ham sizni ko‘radi. Lekin kelolmaydi, hech kelolmaydi. Siz ham borolmaysiz, faqat yig‘lab chaqirasiz, tinimsiz dil onaday mehribon bir insonni chaqiradi. Egachi-i…

Voqealar davomi va…

Sakkizinchi voqea. Oradan yetti yil o‘tib, 2003 yili “O‘zbek modern she’riyati” nomida bir bayoz tayyorlanib nashr etildi. Yangi she’riyat vakillari deya topilganlar safida Bektemir Pirnafas she’rlariga ham o‘rin berildi.
To‘qqizinchi voqea. Yana oradan besh yil o‘tib, “XX asr o‘zbek she’riyati antologiyasi” nashr qilindi. Unda o‘zbek va qoraqalpoq she’riyatining o‘tgan asrdagi namoyandalaridan 103 nafari tanlab kiritilgan, majmua o‘zbek she’riyatining mumtoz vakili Abdulhamid Cho‘lpon she’r¬lari bilan ochilib, Bektemir Pirnafasovniki bilan yopilgan.

***

Yigirma yil oldin… “Tong yoqasi” nashr etilganda bir ustozi avval kulib, yoqalarini ko‘rsatib tirjayib, g‘alatilikni inkor qilib, tushunmaganini, tushunishni istamaganini pisanda qilgani kechagidek xotiramda… Zero, yangilik voqea. Uni ko‘rish, tushunish, qabul qilish ham mardona voqea…

Tong yoqasi — faqat ko‘ngil ko‘rar va faqat ko‘ngil odamlari yetar manzildir. Kimdir peshinga, kimdir asrga, kimdir shomi qorayib xuftonga yetib kelganda ham Shoirning keyingi manzillarga ko‘rinar deb kutamiz. Qani u, qani shoir? Yo bu hayotda unga o‘rinli ish qolmaganmi?

Bektemir talaba edi unda. Universitetni bitirib, gazetlarda ishladi, oinaijahonda johongashtalik qilib necha yillar beqo‘nim qo‘nim topdi, jamiyatni qurish akademiyalarida ta’lim oldi. “Jahon”ga chiqdi, Bobur saltanat tuzgan yurtlargacha yetdi, lekin buning she’riy daragi-chi? Sog‘iniblar yana “Tong yoqasi” olamiga qaytdik. U mo‘jaz va ulkan, mas’um olam ekanki, san’ati, haqiqati, qismati ko‘nglimizni to‘ldirdi. So‘zning soni emas, chini; fikrning chalkashi emas, terani; tasvirning ezilgani emas, samimiysi va tasavvurning dilbari lahzamizni shodon etdi. Xudo yuqtirgan 16-21 yoshli Bektemir Pirnafasni qirq birinchi bahorida yo‘lovchi shamol kabi yo‘qladik, xolos. Chunki, asl she’riyatga do‘st izlagan ko‘ngil hamisha birodarga muhtoj bo‘ladi! Muhtoj bo‘ldik… Qani Bektemir kabi mangu yosh shoirlar: Xayrullo, Farhod Arziyev, Abduvohid Hayit, Pahlavon Sodiq, Zokir Xudoyshukur, Bahodir Jo‘ralar… Qani?

Hey, qaydasiz, mangu yosh shoirlar?

2016

Bektemir PIRNAFAS
SHE’RLAR
011

Bektemir Pirnafasov 1975 yilda Buxoro viloyati (Bugungi kunda Navoiy viloyati tarkibidagi) Navbahor tumanidagi Kavobi qishlog‘ida tug‘ilgan. 1998 yili O‘zbekiston Milliy Universitetining jurnalistika fakultetini tugatgan. Bir necha yil davomida O‘zbekiston teleradiokompaniyasida,Jahon» matbuot agentligi faoliyat yuritgan.“Tong yoqasi” (1996) nomli she’riy kitobi nashr etilgan.

011

* * *

Devorda o‘sgan gullar
Bolaligim hovlisining paxsalarida
Yoriqlardan o‘sib o‘tar edi
qo‘shni qizning xayoli bo‘lib…

hech unutib bo‘lmas voqealar kabi
qayta-qayta kelaverar yodimga
devorda o‘sgan gullar…

Men ularni juda ko‘p holatlarga
o‘xshatardim o‘sha damlarda
Bir orzumning bo‘yi bo‘lib ko‘rinsa,
Bir armonlarimning isyoniga o‘xshab ketardi ular…

O‘sha damlarda men
Hech qachon, hech narsaga yon bermayman deb o‘ylardim,
Taqdirim mening izmimda bo‘ladi deb o‘ylardim,
Agar nimadir yo‘limda to‘siq bo‘lib chiqsa
Devorda o‘sgan gullar kabi —
Uni teshib o‘taman deb o‘ylardim o‘sha damlarda…

hech unutib bo‘lmas voqealar kabi
qayta-qayta kelaverar yodimga
devorda o‘sgan gullar…

* * *

Ketayapman xiyobon bo‘ylab
Nigohimda parishon yellar.
Tongta qadar visolni o‘ylab
Atrofimda qizargan gullar.

Nafasimdan titragan maysa
Chehrasida toblanar gulob.
Shivirlar to‘kilar g‘amgin: —
Sog‘inchlar — men ko‘nikkan azob…

Olislarga chirmashar nigoh,
Xayolimda dunyodan gina –
Bu dunyodan maysalar kabi
O‘tib ketsam, indamaygina…

* * *

Nigohimda ezilgan so‘qmoq
Olislarga tutashib ketgan.
Kimsasizlik hokim xiyobon
Barcha tovushlarni unutgan.

Qo‘zg‘aladi qadamdan cho‘chib
Atrofimda za’faron sharpa.
Besarishta kezinar ko‘ngil
Go‘yo endi oxirgi marta…

Arguvonlar chaqirar shamol,
Teraklar yo‘l ko‘rsatar oyga.
Ovozini yashirib jimlik
Yuzlarini yuvadi soyda.

Mag‘rur xazonlarni telba yel
Suvga cho‘kkan tunga botirar.
Derazadan kuzatar meni
Sochlari oqargan xotira…

* * *

Sen qarib qolayapsan…
Mening imkonsizligimni yuzimga solib,
Mangulik haqidagi barcha she’rlarimni tahqirlab
Sen qarib borayapsan tobora…
Onajon…

* * *

Birin-ketin,
Hamma begonalashib boraveradi.
Umr o‘taverdi barchasining
Ustidan kulgancha
Ko‘zda yosh bilan.
Yo‘l chetida
Bir toshni ustiga o‘tirib olib
Yo‘ldan o‘tayotgan umrni kuzatar odam.
Boshini chayqaydi, kuladi, yig‘lar
Qarab begonalar bosib ketgan dunyoga.
Ota-ona ketdi olis safarga.
Aka, uka — bari qoddi mung‘ayib,
Umr bosib o‘taverdi barini.
Ko‘nglini o‘ynadi, olmaday, gulday
Havasini o‘g‘irladi barining
Har birini o‘zga-o‘zga manzillarga
Olib ketaverdi.
Orziqsa, ko‘nglini chalg‘itdi kami,
Sog‘insa tashvishlar bo‘ynini egdi.
Bir chetda
Bir to‘yib yig‘lashga hatto
Bermadi bir lahza hech kim,
hech qachon!
Bolalarni bosib o‘tdi umr.
Ko‘ngillari turfa,
Orzulari ayro
Garchi tomir ham bir,
qon ham bir.
Hamma begonalar
Borgan sari
Ko‘proq qarar o‘kinib
Quyoshga, quyoshga, quyoshga…

* * *

Ketayapman xiyobon bo‘ylab
Nigohimda parishon yellar.
Tongta qadar visolni o‘ylab
Atrofimda qizargan gullar.

Nafasimdan titragan maysa
Chehrasida toblanar gulob.
Shivirlar to‘kilar g‘amgin: —
Sog‘inchlar — men ko‘nikkan azob…

Olislarga chirmashar nigoh,
Xayolimda dunyodan gina –
Bu dunyodan maysalar kabi
O‘tib ketsam, indamaygina…

* * *

Sochlarimning kora rangi tugadi,
Kaftimda qolmadi kelajak izi.
Manglayimga qismat yoziqlari ustidan
Umrim tortib chiqdi chuqur-chuqur chiziq.

So‘qir kabi boqib qo‘yaman atrofga,
Hidlari unutilgan gullar so‘ladi.
Ko‘ngilni yuvolmay aylanar fasllar,
Umidlar to‘lgokda bugilib o‘ladi.

Olislarga qochib ketgan xotira,
Xayol boshini urar dunyoning to‘rt tomoniga,
O‘z qoniga belanib yotar qafasda.

Xech qanday ayriliq iztirobga solmas meni,
Faqat ko‘zlarimning ochiqligi qiynaydi
Aldanib ketishga kelgan hayotda…

* * *

Hamal yelkasida kulgan beqasam
Yoylarda manzilim ko‘zlagan istak:
Ruhim kiyimidan varraklar yasab,
Vujudimni suvga oqizar asta.

Yashil yalangliklar bag‘rida chopgan
Dasht – yo‘lda tomiri adadsiz so‘qmoq.
Olib borar adir ustini yopgan
Qari daraxtlarga ma’suma yaproq.

Moviy iztiroblar – yodim o‘zani –
Oyni cho‘miltirar telba buloqlar.
Qaldirg‘ochlar cho‘qib ochar ko‘zimni,
Tinglashim qaytarar ho‘l qaldiroqlar.

Iymon keltiradi shomu saharga
Qora xarsanglardan taralgan nurlar…
…Birdan sevib qolish mumkin bahorni,
Kuzni esa sevib bo‘lmaydi birdan…

***

Shunday edi ular hammasi:
yupun,
ozg‘in,
uysiz,
darbadar.
Lekin sinchkov edi
hayotga
umidlari – charog‘on, dilbar.

Birin-ketin:
har toshdan bir-bir zarb,
har guldan bir bo‘sa o‘rganib,
katta-katta bo‘lib ketishdi,
endi ko‘rsang bo‘lmaydi tanib.

Sen ularga o‘xshamaysan-ku,
Hamon xayolparast, sabrsan.
Yosh boladay yig‘laysan darrov,
Angrayasan, qalbga ta’birsan.

Yillar sabog‘idan
topganing –
o‘tayotgan umring – bema’ni.
Nega orzu qilarsan visol,
Nega sabring qilarsan ta’na?..

* * *

Xotirjamlik hokim
atrof bag‘rida,
xavotir asragan jimlik bunda yo‘q.
Ko‘ngil yerdan ham keng,
osmondan ham keng,
dunyo ko‘rmaganlar mavjuddir unda.

Faqat uzoq davom etmadi bu
mangulik
nimaligin hech kimsa bilmaganiday…
… Guyo kashf etilmagan ko‘ngildek –
kenglikka
hech kimsa
kelmaganiday…

* * *

O‘tayotgan kunlar ko‘zimdan o‘chib,
Betartib joylashar xotirotimga.
Ko‘nglimga taqlidim so‘zimga ko‘chib,
Behis nom ulashar mening otimga.

Turna safariga aytilgan chorlov
Iztirobim ichra ma’sum in qo‘yar.
Kuzgi kamalakka osilsam porlab
Nasimlar tebratib, vujudim suyar.

Olis teraklarda titragan olov
Mahzun quvonchlarda so‘ndirar unim.
Ko‘chalarda oyning bolaligi yayov
Kezar itlar bilan birga, betinim.

Tonglarning yarmida talashib yellar,
Adashgan kemadek uchadi varrak.
To‘lqinlarni unutgandek sohillar,
Xotira to‘zoni qa’rida yurak.

Sahro devoriga urib boshimni,
Yig‘lab qizartirdim ko‘zimni ufqday.
Karvon to‘xtamadi ko‘zim yoshiga,
Endi, mening borar manzilim yo‘qday…

***

Dengiz kular…
Moviy osmonda
oqcharloqlar izlaydi qo‘nim.
Qirg‘oq yo‘qdir, to‘rtta tomonga
talpingancha
umidlar so‘nar…
…Va, nihoyat, qaydandir birdan
ko‘rinadi baliqchi qayiq.
So‘nggi qadam –
jon xalqumida
yetishadi
qirg‘oq bor, tayin.
Endi olis emas masofa,
qayg‘u chiqib ketar yodidan.
Endi jujuq
turmush
kasofat
ko‘rinadi ko‘zi oldida.
Faqat shunday bo‘lar negadir,
jonga azob kelsa – o‘lim haq.
Yolvoradi, astoydil yanib,
omon qolsa unutar barin…

Dengiz yig‘lar…
Moviy osmonda
uchib borar bir to‘p oqcharloq…

08

(Tashriflar: umumiy 491, bugungi 1)

Izoh qoldiring