Bahodir Yo’ldoshev: Teatr tarbiyalamaydi, u hamdard bo’lishni o’rgatadi & Bahodir Yo’ldoshev «Men bilgan haqiqatlar» teleloyihasida

07   Баҳодир Йўлдошев! Бу инсоннинг истеъдоди томошабинни доим ҳайратлантирган. Ўзбек театри деганда кўз ўнгимдан Баҳодир Йўлдошевнинг комедиялари, драмалари ўтаверади. Ўз ишини севадиган, фидойи инсонлар билан суҳбатлашишни хушлаганим учунми, анчадан буён Баҳодир Йўлдошев билан учрашишни орзу қилиб юрардим… Узоқ кутилган учрашув насиб этганда эса нега барча маёқ каби йўл кўрсатиб турадиган бу истеъдод эгаси томон талпинишини тушунгандек бўлдим…

ТEАТР ТАРБИЯЛАМАЙДИ, У ҲАМДАРД
БЎЛИШНИ ЎРГАТАДИ
Таниқли режиссёр Баҳодир Йўлдошев билан суҳбат
07

07Баҳодир Турсунович Йўлдошев (1945.7.9, Каттақўрғон ш.) — режиссёр, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1979), Ўзбекистон халқ артисти (1995). Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-тини тугатган (1970). Ҳамза театрида реж. ассистенти (1968—70), реж. (1970-74), бош режиссёр. (1974-84). 1984 йилдан Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрининг бош режиссёри бўлиб ишлаган. Бугунги кунда «Дийдор» студиясининг бадиий раҳбари. Энг яхши спектакллари: «Рўйхатларда йўқ» (Б. Васильев), «Келинлар қўзғолони», «Фармонбиби аразлади» (С. Аҳмад), «Нодирабегим» (Т. Тўла), «Юлдузли тунлар» (П. Қодиров), «Зебуннисо» (Уйғун), «Майсаранинг иши» (Ҳамза), «Қора камар» (Ш. Холмирзаев), «Искандар» (А. Навоий), «Аршин мол олон» (У. Ҳожибеков),«Малика» (Фотима Галер), «Буюк ипак йўли» (М. Бафоев мусиқаси асосида),«Бухоройи шариф» (С. Айний асари асосида), «Тоға-жиянлар» (Р. Бобожон) ва б. Бир қанча бошқа театрларда ҳам спектакллар қўйган: Муқимий театрида «Нодирабегим», Лаос театрида «Келинлар қўзғолони», АҚШда «Дунё ёшлари», Конибодом театрида «Судхўрнинг ўлими», Сирдарё театрида «Дардимни кимга айтай», «Маъмура кампир», Самарқанд театрида «Нодирабегим»,«Чеча», «Буюк ипак йўли», Навоий театрида «Алишер Навоий» операси ва б. У, шунингдек, мамлакатнинг турли саналарига бағишланган байрам томошалари- ни саҳналаштирган: «Улуғбек юбилейи» (1994), «Наврўз» (1995), «Амир Темур юбилейи» (1996, Регистон), «Шарқ та роналари» (1997 йилдан 2013 йилгача) ва б. шулар жумласидан. Кинода актёр сифатида Олчинбек («Оловли йўллар»), Мухторов («Тоғдаги учрашув»), Шерзод («Олмос камар»), Собиров («Ошпаз») Акахон ( «Дев билан пакана») каби образлар яратган. Унинг спектакллари ҳар бир вокеанинг, эпизоднинг моҳиятини ифодалашга қодир саҳна воситаларига бойлиги б-н, тасвирий воситалар, мусиқа, пластиканинг мураккаб оҳангдошлиги б-н ажра- либ туради. Шунингдек, янги саҳна шаклларини топиш, давр мавзуси, ғоялари, характер, ўзбек театри анъаналарини унутмаган ҳолда жаҳон театри жараёни кенгликларига чиқишга интилиш, бугунги кун учун долзарб бўлган мавзуни ҳозиржавоблик б-н саҳнага олиб чиқиш Баҳодир Йўлдошев ижодига хос.

07

— Cизнинг театрларингизда томошабинга эътибор бўлакча. Ўзбек Давлат драма театрида ҳам саҳна томошабинга яқин бўлган. «Дийдор»да эса актёрлар томошабиннинг ёнгинасида туриб роль ижро этишади. Бунинг сабаби нимада?

— Драма театрини Георгий Брим билан бирга қургандик. Ўйлайманки, у саҳна Ўзбекистондаги энг яхши театр саҳналаридан бири. Гап шундаки, ўзбек теат­ри асли бозордан бошлаган — масхарабозлардан, дорбозлардан. Ўзбек, умуман Шарқ театри кўпроқ давра теат­ри бўлиб, томошабин билан мулоқот қилинган. Шунинг учун драма театрида кўпроқ саҳнани томошабин тарафга қаратганмиз. Театр томошабини аслида кам бўлади. Биз 700-800 кишилик заллар қурамиз. Лекин актёр чиқиб гапирганда охирги қатордагилар ҳеч нимани эшитмайди. Шу сабаб бошқа театрларда актёрлар бақириб гапиришга мажбур, чунки томошабинлар эшитмайди-да. Юнонлар ҳам давра театри қурган, лекин уларнинг акустикаси зўр ўйлаб чиқилган. Эътибор беринг, ўша замонда! Кейин актёрлар ниқоб тақиб ўйнашган, бу ниқобларда овозни кучайтириб берадиган ускуна бўлган. «Дийдор»да ҳам актёрлар томошабинга яқин туради ва самимий ўйнайди. Улардан шуни талаб қиламиз, бу эрда кучаниб, бақириб гапириш йўқ. Шу сабаб таъсир кучи ҳам катта.

— 1983 йили академик театрда Пиримқул Қодировнинг «Юлдузли тунлар» романи асосида спектакль саҳналаштиргансиз, Бобур сиймосини саҳнага олиб чиққанингиз учун спектакль тақиқланган. «Дийдор»да ушбу асарга яна қўл урдингиз. Ўша даврда айтилмаган гапларингиз қолиб кетгани учунми ёки бошқа сабаби борми?

— У пайтларда тарихимизни камситиб кўрсатишарди, мактабларда ҳам иложи борича кам ўқитиларди. Ўзбек болалари ўз тарихини билмай ўсган. Бобур ким деса, ватанини ташлаб кетган бир қочқин подшо, де­йишарди. Ҳатто Амир Темурни ҳам қанчалик ерга уришган. Лекин шунга қарамасдан мен Ибн Сино, Бобур, Нодирабегим, Берунийлар ҳақида спектакллар қўйганман. Албатта катта қаршиликлар бўлган, лекин қаршиликсиз иш яхши иш бўлмайди. Бу асарга қайта қўл урганимизнинг ҳам ўзига хос сабаб­лари бор. Ҳозирги Бобур образи сал мураккаб, ҳатто Миллий театрда қўйилган «Юлдузли тунлар»дан ҳам мураккаброқ. У пайтда Шайбонийхон бир қонхўр сифатида гавдалантирилган бўлса, бунисида Шайбонийхон буткул бошқача. Ўзи Шайбонийхон катта шоир бўлган, бежизга унга «Халифаи Раҳмон» унвони берилмаган. Бу ҳаммага ҳам берилавермайди. У киши Қуръонни жуда яхши билган, мусулмон оламида катта обрўга эга бўлган.

Янги спектаклда Шайбонийхон нима қилиб бўлса-да, Бобурни сақлашга уринади. Қуршовдан чиқариб юборади. Опасига уйланади… Бобур ўша пайтларда ўн олти-ўн этти ёш, қони қизиган йигит бўлган. Лекин Шайбонийхон унинг шахсан ўзига зарар этказишни истамайди. У бошқача йўл тутади. Агар ёш ҳукмдорни ўлдирмоқчи бўлса, қўлидан келарди. Бобурнинг қуршовдан соғ-омон чиқиб кетишига имкон яратиб берган одам сифатида гавдаланади бу спектаклда. Ўйлайманки, ҳали Шайбонийхон ҳақида ҳам спектакльлар бўлади. Регистон мажмуасида Шайбонийлар дахмаси бор, ўша ердаги қабртошларнинг айримларини совет даврида Ленинградга — Эрмитажга олиб кетишган. Шайбонийхоннинг жуда чиройли қабртоши бўлган… Энди замонлар ўзгарди, ҳукуматимиз, президентимиз иложи борича ўша қабртошни қайтариб олиб келтириб, Шайбонийхон қабрига қўйишади, деб ўйлайман.

— Насиб!

— Бу миллатнинг ўз қаҳрамонларига, у қандай бўлишига қарамасдан ҳурмати ҳисобланади.

— Кейинги саволни мендан хафа бўлмасангиз, бераман.

— Шунча кутдингиз, энди истаган саволингизни бераверинг.

— Миллий театрдаги тўфон ҳаётингизда қандай из қолдирди? Кўп ижодкорлар фитналар бўрони таъсирида синиб кетади. Барчасини енгиб, яна бош кўтариш учун нима куч ва ирода бағишлади?

— Биласизми, бу — режиссёрларнинг тақдири… Театрда ҳаммага ёққан режиссёр, режиссёр эмас. Ҳаётда ҳам шунақа-ку. Албатта, ижодингизни кузатадиган мухлисларингиз бор, сизга қарши бўлган одамлар ҳам бор. Мен қарши бўлган одамларни кўпроқ қадрлайман. Чунки улар ишлашга мажбур қилади. Менинг театрдан кетишим, кутилмаган ҳодиса эмас, бу ҳар бир театрнинг анъанаси. Масалан, Маннон Уйғурни ҳам театр­дан қувишган. У ҳар куни театрга келиб, кун бўйи қоровулхонада ўтирган. Ўзи тарбиялаган актёрлари у киши билан сўрашмай ўтиб кетган… Тошхўжа Хўжаевда ҳам худди шундай бўлган. Менда ҳам шундай бўлди. Бундан хафа бўлиш керак эмас. Тўғриси, агар менга қарши чиқишмаганида ҳайрон бўлардим. Бу ишларнинг ҳаммаси одамга куч беради. Яхшироқ, мукаммалроқ ишлашга ундайди.

— Собиқ Ҳамза театридан сизнинг ортингиздан Ёшлар театрига ўтган рассом дўстингиз Георгий Брим Германияда вафот этганда уни дафн маросимига ватан тупроғидан олиб борган экансиз…

— Рост, қабрига қўйиш учун ватан тупроғидан олиб борганман. Менимча, Георгий Брим ичикиб ўлди. У Ўзбекистонда катта бўлган. Унинг оиласини 1937 йилда — болалигида — Ўрта Осиёга сургун қилишган. Бу юрт унга бошпана берди. Ҳеч нарсага қарамасдан уни ўқитишди. Шунинг учун Ўзбекистонни ўз ватанидек қабул қиларди. Менинг билишимча, у соғиниб ўлган. Унинг ўлими Бобурнинг ўлимига ўхшайди. Унинг кўчиб кетиши биз учун катта йўқотиш бўлди, лекин бошқа илож йўқ эди. Онаси, болалари, неваралари кўчиб кетишгач, ёлғиз қолишдан қўрқиб, у ҳам кетди.

— Брим бошқа миллат вакили бўлса-да, Ўзбекистонга қаттиқ меҳр қўйган эканда. Кўпчилик Ватан миллатдошларинг яшайдиган жой, дейди…

— Брим ўзбек бўлмаса-да, Ўзбекистонни, унинг тарихини севиши ҳеч бир ўзбекдан кам эмасди.

— «Ҳамлет — менинг дўстим. Мен ҳар тонг унинг ёди билан уйғонаман, у билан бирга дунёдан нафратланаман ва у билан бирга шу дунёни севаман», дегандингиз бир интервьюнгизда…

— Бу фикр Шекспирни таниганимдан буён мен билан. 9-10-синфда ўқиб юрганимда «Ҳамлет» спектаклини қўйганман. У пайтда халқ театрлари бўларди, ролларни халқ театри актёрлари ўйнаган. Ўзим эса Ҳамлетни ўйнаганман. У мен учун жуда қадрли песа. Уни саҳнага олиб чиққанда, одам бир нарсасини йўқотгандек бўлади, шу сабаб қўрқаман. У ҳамишалик орзу мен учун. Одам ҳар сафар орзусига етаверса ҳам бўлмайди. Бир-икки нарса орзулигича қолиши керак.

— Салбий қаҳрамон ҳақида ёзаётган ижодкорнинг ўзида ҳам ўша салбий хусусиятлар бўлади, деб ўйлайсизми?

— Инсонда ҳамма нарса бор. Биз инсонга фақат бирор вазиятга тушиб қолгандагина тўғри баҳо бера оламиз. Биз яхши деб ўйлаган инсон шундай вазият келадики, нега уни яхши деб ўйладим, деб ҳайрон бўламиз. Масалан, Шекспирнинг ўзида Яго ҳам бор, Отелло ҳам, Дездемона ҳам бор. Одам ўзи билмаган нарсаси ҳақида ёза олмайди. Дейлик, катта ўғрилик ёки қотиллик жиноятини шу ишга мойиллиги бор одам тезроқ оча олади. Чунки у ўғри қай вазиятда қандай иш тутиши мумкинлигини билади. Чунки унинг ўзида шунақа хислат бор. Инсоннинг кўнглида иккита «бўри» яшайди. Бири жуда баджаҳл, иккинчиси сипо. Иккаласи мудом ўзаро жанжал қилади. Сизнингча, қайси бўри ютиб чиқади? Қайси бирига кўпроқ эмиш берган бўлсангиз, ўшаниси ютиб чиқади.

— Станиславский «Санъатдаги ўзингни эмас, ўзингдаги санъатни сев», деганди. Сиз ўз санъатингизни севасизми?

— Жуда ҳаракат қиламан. Бошқа иложим йўқ. Санъат — Аллоҳ берган неъмат. Ҳар бир истеъдодли одам ўзининг истеъдоди учун шукр қилиши керак. Бу истеъдод сизга қарзга берилади. Истеъдоддан фойдаланиш мумкин эмас. Уни фақат ривожлантириш билан шуғулланиш керак. Агар ундан фойдалансангиз, масалан, Аллоҳ овоз берган бўлса-ю, тўй-ҳашамларда ундан манфаат талаб қилиб пул ишласангиз, бу нотўғри. Бу албатта жазосиз қолмайди.

Санъатда одам ўзи учун ишлаши керак. Мана шу спектаклни қўйганимизда, томошабинлар келиб, менга гул беришса, олқишлашса ёки шу спектаклим учун унвон оламан, деган фикр билан ишлаган одамнинг спектакли ўхшамайди. Бу спектакль мен учун, менинг дўстларим, томошабинларим учун. Томошабинларни ниҳоятда ҳурмат қилиш, уларни севиш керак. Чунки бир спектаклни томоша қилиш учун икки соат вақт кетади. Одамнинг умри жуда қисқа, улар шу қисқа умрининг икки соатини сизга, спектаклингизни кўришга бағишлайди. Уларнинг вақтини ўғирлаб бўлмағур бир нарсани қўйсангиз, бу яхши эмасда.

— Ўзбек томошабинига қандай баҳо берган бўлардингиз?

— Ўзбек томошабинини вақти келганда қадрламасдан дидини бузиб юборганмиз. Ҳар битта ўйланмай қўйилган спектакль томошабин дидини бузади. «Образ-шоу» деган кўрсатув бор эди. Одамлар ҳар хил спектакллардан роль ижро этишади. Ҳатто Ҳамлетни ҳам тайёрланмасдан роль ҳақида, спектакль ҳақида чуқур тушунчага эга бўлмасдан ижро этаверишади. Буларнинг бари телевизорга чиқаман, деб қилинадиган ишлар. Уларнинг ҳакамларига юрагим ачийди. Чунки ҳакамлар ўша ижрога баҳо беради. Шунақа кўрсатувлар томошабиннинг дидини бузиб юбораётганини телевидениедагилар ўйлаши керак. Ҳар бир театр ҳам бирор асарни саҳнага олиб чиқишдан олдин яхшилаб ўйлаши керак. Лекин театрни тушунадиганлар ва унинг томошабини кўп бўлмайди. Айтайлик, ҳозир музейга борсак, қанча одамни кўрамиз? Агар экскурсия бўлмаса, ҳеч ким йўқ. Музейга бориб мўйқалам усталари яратган портретларни кўраман, деган одам неч­та? Жуда кам. Ҳаммамиз Алишер Навоий каби улуғ шоирларимизни гапирамиз. Лекин ҳозир иккаламиз Тошкентни кезиб бирор уйни тақиллатсак-да, «Алишер Навоийни ўқияпсизми?» деб сўрасак. Тўрт миллионлик шаҳардан нечта одам Алишер Навоийни ўқиб ўтирибди, деб ўйлайсиз? Балки талабалар ўқиётгандир. Улар ҳисобмас, улар имтиҳон учун китобни қўлига олган бўлиши мумкин. Гап шундаки, билим бериш осон, лекин уни ишлатиш ва тушуниш қийин. Мактаблар билим бериш билан шуғулланиши керак эмас. Билимни қандоқ ишлатишни, тушунишни ўргатиши керак аслида.

— Ўзингизга нисбатан жуда қаттиққўлсиз… Ваҳоланки, комедия бўладими, драма ёки оммавий томошалар режиссёрлиги бўладими, нимага қўл урманг, барчаси муваффақиятли чиқади.

— Менимча, бу тарбиядан бўлса керак. Аямиз — Ўзбекистон халқ артисти Ширин Мелиева жуда қаттиққўл аёл эдилар. Улар 40 йил театрда директор бўлганлар. Эскиларнинг айтишича, театрга раҳбарлик қилиш, армияга раҳбарлик қилишдан кўра қийинроқ. Ижодкорларнинг ҳар бирининг ўзига хос феъл-атвори бор. Уларнинг ҳар бири бир дунё. Мана шу дунёларни бирлаштириб спектакль қўйиш жуда қийин иш. Актёр қанчалик истеъдодли бўлса, дунёси шунчалик кенгроқ, ўзи инжиқроқ бўлади.

— Болалигингиз хотираларини биз билан ҳам бўлишсангиз…

— Болалигимизда аямиз театрда ишлагани учун кўпинча бизни дадамизга ташлаб кетардилар. Шу боис биз учун дадамиз ҳам ая, ҳам дада эди. Ўша пайтларда икки-уч ойлик гастроллар бўларди. Баъзида аямиз келса, биз бу аёл ким экан, деб ўйлардик… Ёш боланинг эсидан тез чиқиб кетади=да. «Мен аянгман», деб совғалар олиб келардилар, лекин барибир у совға одамга татимасди… Аям театридаги артистларга болангни театрга олиб келма, дердилар. Бизни ҳам иложи борича театрга қўймасдилар.

— Нега?

— Биринчидан, бола қўрқади. Чунки онаси саҳнага чиққанда бошқа одамга айланади. Саҳнада онасини кимдир уриши, уришиши мумкин… Сал каттароқ бўлганда, яъни 12-13 ёшларда бориши мумкин. «Гулсара» спектакли бўларди. Ўшанда аям Гулсаранинг онасини ўйнарди. Гулсаранинг отаси онасини пичоқлаб ўлдирадиган саҳна яқинлашганда мени доим титроқ босарди. Бу спектакллигини билсам-да, қўрқардим.

— Фидойи одамлар жамиятни илгари суради, дейишади. Сиз ҳам «Дийдор» театр студиясини ташкил этиб, бу ерда болаларга дарс беришингиз, уларнинг билимини оширишда ўз ҳиссангизни қўшишингизни фидойилик деб ўйлайман.

— Бу фидойилик эмас, агар ҳукуматимиз ёрдам бермаса, биз ҳеч нима қила олмасдик. Бизга жой ажратилди, ўқитувчиларимизга ойлик маош берилади. Бу ҳукуматимиз томонидан бизга кўрсатилган ғамхўрлик. Айтайлик, Чайковскийнинг ҳам ҳомийси бўлмаганида, у ҳеч қандай симфония ярата олмасди. Бу яхшиликка жавоб бериш керак. Биз болаларни бепул ўқитамиз. Иложи борича, ёрдам беришга ҳаракат қиламиз. Спектаклларни бепул ўйнаймиз. Биз ҳам чипта сотиб пул олишимиз мумкин эди. Лекин талабаларимизнинг спектакльлари — ўқув спектакллар, ҳали пулга сотишга арзимайди.

— Илгари фильмларда роль ўйнагансиз. Лекин кейинчалик фақат режиссёрлик билан шуғулланяпсиз…

— Мен фақат режиссёрларнинг катта илтимоси билан фильмга тушганман. Ҳеч қачон ўзим роль сўраб бормаганман. Устоз Шуҳрат Аббосовнинг илтимоси билан роль ўйнаб, шу билан бирга, у кишидан кино санъати бўйича кўп нарса ўрганганман. Кино ва театр санъати бир-биридан жуда фарқ қилади. У киши театрда ишлашимни билиб, барча шароитни яратиб берарди. Айтайлик, мен соат иккигача театр­да бўлсам, съёмкани соат иккидан кейин қўярди. Агар суратга олиш ишлари Қўқонда бўлса, мен у ерга самолётда учиб борардим, суратга олиш ишларини тугатиб кечки рейс билан қайтиб келиб, эрталаб театр репетициясида бўлардим. Шуҳрат ака актёрларни яхши кўрадиган одам, у киши актёрлар учун ҳамма шароитни яратиб берарди.

— Сиз ҳам кино актёрларини театрга жалб қилдингиз. Қатъий тартиб асосида ишлайдиган театрингизга улар қандай мослашишди?

— Гап шундаки, кино актёрлар бизнинг театрга ўқигани, ўргангани келишган. Уларнинг номидан, расмидан фойдаланиб театримизни реклама қилиш ниятимиз бўлмаган. Буни уларнинг ўзига ҳам айтганмиз. Шунга рози бўлганлар, келган.

— Кўпчиликда театр инсонни тарбиялаши керак, деган тушунча бор…

— Йўқ, театрга ўзи тарбияли одамлар келишади. Театр фақат ҳамдард бўлишни ўргатади. Айтайлик, Кумушдан айрилган Отабекка ачиниб йиғласангиз, демак сиз ўз дардингизни бироз бўлса-да унутиб, Отабекнинг дардига ҳамдард бўлдингиз. Ундаги йиғини ўз йиғингиз билан қиёслаб бўлмайди. Тафаккур туғёни билан тўлқинланган қалб йиғиси бошқача бўлади. Буни ҳис этиш учун театрга тез-тез келиб туриш керак.

— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур! Сиздан янгидан-янги асарлар кутиб қоламиз.

— Сизга ҳам раҳмат.

Дилфуза СОБИРОВА суҳбатлашди

Манба: www.darakchi.uz

  Bahodir Yo‘ldoshev! Bu insonning iste’dodi tomoshabinni doim hayratlantirgan. O‘zbek teatri deganda ko‘z o‘ngimdan Bahodir Yo‘ldoshevning komediyalari, dramalari o‘taveradi. O‘z ishini sevadigan, fidoyi insonlar bilan suhbatlashishni xushlaganim uchunmi, anchadan buyon Bahodir Yo‘ldoshev bilan uchrashishni orzu qilib yurardim… Uzoq kutilgan uchrashuv nasib etganda esa nega barcha mayoq kabi yo‘l ko‘rsatib turadigan bu iste’dod egasi tomon talpinishini tushungandek bo‘ldim…

TEATR TARBIYALAMAYDI, U HAMDARD
BO‘LISHNI O‘RGATADI
Taniqli rejissyor Bahodir Yo‘ldoshev bilan suhbat
07

07Bahodir Tursunovich Yo‘ldoshev (1945.7.9, Kattaqo‘rg‘on sh.) — rejissyor, O‘zbekistonda xizmat ko‘rsatgan san’at arbobi (1979), O‘zbekiston xalq artisti (1995). Toshkent teatr va rassomlik san’ati in-tini tugatgan (1970). Hamza teatrida rej. assistenti (1968—70), rej. (1970-74), bosh rejissyor. (1974-84). 1984 yildan Abror Hidoyatov nomidagi drama teatrining bosh rejissyori bo‘lib ishlagan. Bugungi kunda “Diydor” studiyasining badiiy rahbari. Eng yaxshi spektakllari: “Ro‘yxatlarda yo‘q” (B. Vasilyev), “Kelinlar qo‘zg‘oloni”, “Farmonbibi arazladi” (S. Ahmad), “Nodirabegim” (T. To‘la), “Yulduzli tunlar” (P. Qodirov), “Zebunniso” (Uyg‘un), “Maysaraning ishi” (Hamza), “Qora kamar” (Sh. Xolmirzayev), “Iskandar” (A. Navoiy), “Arshin mol olon” (U. Hojibekov),“Malika” (Fotima Galer), “Buyuk ipak yo‘li” (M. Bafoyev musiqasi asosida),“Buxoroyi sharif” (S. Ayniy asari asosida), “Tog‘a-jiyanlar” (R. Bobojon) va b. Bir qancha boshqa teatrlarda ham spektakllar qo‘ygan: Muqimiy teatrida “Nodirabegim”, Laos teatrida “Kelinlar qo‘zg‘oloni”, AQSHda “Dunyo yoshlari”, Konibodom teatrida “Sudxo‘rning o‘limi”, Sirdaryo teatrida “Dardimni kimga aytay”, “Ma’mura kampir”, Samarqand teatrida “Nodirabegim”,“Checha”, “Buyuk ipak yo‘li”, Navoiy teatrida “Alisher Navoiy” operasi va b. U, shuningdek, mamlakatning turli sanalariga bag‘ishlangan bayram tomoshalari- ni sahnalashtirgan: “Ulug‘bek yubileyi” (1994), “Navro‘z” (1995), “Amir Temur yubileyi” (1996, Registon), “Sharq ta ronalari” (1997 yildan 2013 yilgacha) va b. shular jumlasidan. Kinoda aktyor sifatida Olchinbek (“Olovli yo‘llar”), Muxtorov (“Tog‘dagi uchrashuv”), Sherzod (“Olmos kamar”), Sobirov (“Oshpaz”) Akaxon ( “Dev bilan pakana”) kabi obrazlar yaratgan. Uning spektakllari har bir vokeaning, epizodning mohiyatini ifodalashga qodir sahna vositalariga boyligi b-n, tasviriy vositalar, musiqa, plastikaning murakkab ohangdoshligi b-n ajra- lib turadi. Shuningdek, yangi sahna shakllarini topish, davr mavzusi, g‘oyalari, xarakter, o‘zbek teatri an’analarini unutmagan holda jahon teatri jarayoni kengliklariga chiqishga intilish, bugungi kun uchun dolzarb bo‘lgan mavzuni hozirjavoblik b-n sahnaga olib chiqish Bahodir Yo‘ldoshev ijodiga xos.

07

— Cizning teatrlaringizda tomoshabinga e’tibor bo‘lakcha. O‘zbek Davlat drama teatrida ham sahna tomoshabinga yaqin bo‘lgan. “Diydor”da esa aktyorlar tomoshabinning yonginasida turib rol ijro etishadi. Buning sababi nimada?

— Drama teatrini Georgiy Brim bilan birga qurgandik. O‘ylaymanki, u sahna O‘zbekistondagi eng yaxshi teatr sahnalaridan biri. Gap shundaki, o‘zbek teat­ri asli bozordan boshlagan — masxarabozlardan, dorbozlardan. O‘zbek, umuman Sharq teatri ko‘proq davra teat­ri bo‘lib, tomoshabin bilan muloqot qilingan. Shuning uchun drama teatrida ko‘proq sahnani tomoshabin tarafga qaratganmiz. Teatr tomoshabini aslida kam bo‘ladi. Biz 700-800 kishilik zallar quramiz. Lekin aktyor chiqib gapirganda oxirgi qatordagilar hech nimani eshitmaydi. Shu sabab boshqa teatrlarda aktyorlar baqirib gapirishga majbur, chunki tomoshabinlar eshitmaydi-da. Yunonlar ham davra teatri qurgan, lekin ularning akustikasi zo‘r o‘ylab chiqilgan. E’tibor bering, o‘sha zamonda! Keyin aktyorlar niqob taqib o‘ynashgan, bu niqoblarda ovozni kuchaytirib beradigan uskuna bo‘lgan. “Diydor”da ham aktyorlar tomoshabinga yaqin turadi va samimiy o‘ynaydi. Ulardan shuni talab qilamiz, bu erda kuchanib, baqirib gapirish yo‘q. Shu sabab ta’sir kuchi ham katta.

— 1983 yili akademik teatrda Pirimqul Qodirovning “Yulduzli tunlar” romani asosida spektakl sahnalashtirgansiz, Bobur siymosini sahnaga olib chiqqaningiz uchun spektakl taqiqlangan. “Diydor”da ushbu asarga yana qo‘l urdingiz. O‘sha davrda aytilmagan gaplaringiz qolib ketgani uchunmi yoki boshqa sababi bormi?

— U paytlarda tariximizni kamsitib ko‘rsatishardi, maktablarda ham iloji boricha kam o‘qitilardi. O‘zbek bolalari o‘z tarixini bilmay o‘sgan. Bobur kim desa, vatanini tashlab ketgan bir qochqin podsho, de­yishardi. Hatto Amir Temurni ham qanchalik yerga urishgan. Lekin shunga qaramasdan men Ibn Sino, Bobur, Nodirabegim, Beruniylar haqida spektakllar qo‘yganman. Albatta katta qarshiliklar bo‘lgan, lekin qarshiliksiz ish yaxshi ish bo‘lmaydi. Bu asarga qayta qo‘l urganimizning ham o‘ziga xos sabab­lari bor. Hozirgi Bobur obrazi sal murakkab, hatto Milliy teatrda qo‘yilgan “Yulduzli tunlar”dan ham murakkabroq. U paytda Shayboniyxon bir qonxo‘r sifatida gavdalantirilgan bo‘lsa, bunisida Shayboniyxon butkul boshqacha. O‘zi Shayboniyxon katta shoir bo‘lgan, bejizga unga “Xalifai Rahmon” unvoni berilmagan. Bu hammaga ham berilavermaydi. U kishi Qur’onni juda yaxshi bilgan, musulmon olamida katta obro‘ga ega bo‘lgan.

Yangi spektaklda Shayboniyxon nima qilib bo‘lsa-da, Boburni saqlashga urinadi. Qurshovdan chiqarib yuboradi. Opasiga uylanadi… Bobur o‘sha paytlarda o‘n olti-o‘n etti yosh, qoni qizigan yigit bo‘lgan. Lekin Shayboniyxon uning shaxsan o‘ziga zarar etkazishni istamaydi. U boshqacha yo‘l tutadi. Agar yosh hukmdorni o‘ldirmoqchi bo‘lsa, qo‘lidan kelardi. Boburning qurshovdan sog‘-omon chiqib ketishiga imkon yaratib bergan odam sifatida gavdalanadi bu spektaklda. O‘ylaymanki, hali Shayboniyxon haqida ham spektakllar bo‘ladi. Registon majmuasida Shayboniylar daxmasi bor, o‘sha yerdagi qabrtoshlarning ayrimlarini sovet davrida Leningradga — Ermitajga olib ketishgan. Shayboniyxonning juda chiroyli qabrtoshi bo‘lgan… Endi zamonlar o‘zgardi, hukumatimiz, prezidentimiz iloji boricha o‘sha qabrtoshni qaytarib olib keltirib, Shayboniyxon qabriga qo‘yishadi, deb o‘ylayman.

— Nasib!

— Bu millatning o‘z qahramonlariga, u qanday bo‘lishiga qaramasdan hurmati hisoblanadi.

— Keyingi savolni mendan xafa bo‘lmasangiz, beraman.

— Shuncha kutdingiz, endi istagan savolingizni beravering.

— Milliy teatrdagi to‘fon hayotingizda qanday iz qoldirdi? Ko‘p ijodkorlar fitnalar bo‘roni ta’sirida sinib ketadi. Barchasini yengib, yana bosh ko‘tarish uchun nima kuch va iroda bag‘ishladi?

022— Bilasizmi, bu — rejissyorlarning taqdiri… Teatrda hammaga yoqqan rejissyor, rejissyor emas. Hayotda ham shunaqa-ku. Albatta, ijodingizni kuzatadigan muxlislaringiz bor, sizga qarshi bo‘lgan odamlar ham bor. Men qarshi bo‘lgan odamlarni ko‘proq qadrlayman. Chunki ular ishlashga majbur qiladi. Mening teatrdan ketishim, kutilmagan hodisa emas, bu har bir teatrning an’anasi. Masalan, Mannon Uyg‘urni ham teatr­dan quvishgan. U har kuni teatrga kelib, kun bo‘yi qorovulxonada o‘tirgan. O‘zi tarbiyalagan aktyorlari u kishi bilan so‘rashmay o‘tib ketgan… Toshxo‘ja Xo‘jayevda ham xuddi shunday bo‘lgan. Menda ham shunday bo‘ldi. Bundan xafa bo‘lish kerak emas. To‘g‘risi, agar menga qarshi chiqishmaganida hayron bo‘lardim. Bu ishlarning hammasi odamga kuch beradi. Yaxshiroq, mukammalroq ishlashga undaydi.

— Sobiq Hamza teatridan sizning ortingizdan Yoshlar teatriga o‘tgan rassom do‘stingiz Georgiy Brim Germaniyada vafot etganda uni dafn marosimiga vatan tuprog‘idan olib borgan ekansiz…

— Rost, qabriga qo‘yish uchun vatan tuprog‘idan olib borganman. Menimcha, Georgiy Brim ichikib o‘ldi. U O‘zbekistonda katta bo‘lgan. Uning oilasini 1937 yilda — bolaligida — O‘rta Osiyoga surgun qilishgan. Bu yurt unga boshpana berdi. Hech narsaga qaramasdan uni o‘qitishdi. Shuning uchun O‘zbekistonni o‘z vatanidek qabul qilardi. Mening bilishimcha, u sog‘inib o‘lgan. Uning o‘limi Boburning o‘limiga o‘xshaydi. Uning ko‘chib ketishi biz uchun katta yo‘qotish bo‘ldi, lekin boshqa iloj yo‘q edi. Onasi, bolalari, nevaralari ko‘chib ketishgach, yolg‘iz qolishdan qo‘rqib, u ham ketdi.

— Brim boshqa millat vakili bo‘lsa-da, O‘zbekistonga qattiq mehr qo‘ygan ekanda. Ko‘pchilik Vatan millatdoshlaring yashaydigan joy, deydi…

— Brim o‘zbek bo‘lmasa-da, O‘zbekistonni, uning tarixini sevishi hech bir o‘zbekdan kam emasdi.

— “Hamlet — mening do‘stim. Men har tong uning yodi bilan uyg‘onaman, u bilan birga dunyodan nafratlanaman va u bilan birga shu dunyoni sevaman”, degandingiz bir intervyungizda…

— Bu fikr Shekspirni taniganimdan buyon men bilan. 9-10-sinfda o‘qib yurganimda “Hamlet” spektaklini qo‘yganman. U paytda xalq teatrlari bo‘lardi, rollarni xalq teatri aktyorlari o‘ynagan. O‘zim esa Hamletni o‘ynaganman. U men uchun juda qadrli pesa. Uni sahnaga olib chiqqanda, odam bir narsasini yo‘qotgandek bo‘ladi, shu sabab qo‘rqaman. U hamishalik orzu men uchun. Odam har safar orzusiga yetaversa ham bo‘lmaydi. Bir-ikki narsa orzuligicha qolishi kerak.

— Salbiy qahramon haqida yozayotgan ijodkorning o‘zida ham o‘sha salbiy xususiyatlar bo‘ladi, deb o‘ylaysizmi?

— Insonda hamma narsa bor. Biz insonga faqat biror vaziyatga tushib qolgandagina to‘g‘ri baho bera olamiz. Biz yaxshi deb o‘ylagan inson shunday vaziyat keladiki, nega uni yaxshi deb o‘yladim, deb hayron bo‘lamiz. Masalan, Shekspirning o‘zida Yago ham bor, Otello ham, Dezdemona ham bor. Odam o‘zi bilmagan narsasi haqida yoza olmaydi. Deylik, katta o‘g‘rilik yoki qotillik jinoyatini shu ishga moyilligi bor odam tezroq ocha oladi. Chunki u o‘g‘ri qay vaziyatda qanday ish tutishi mumkinligini biladi. Chunki uning o‘zida shunaqa xislat bor. Insonning ko‘nglida ikkita “bo‘ri” yashaydi. Biri juda badjahl, ikkinchisi sipo. Ikkalasi mudom o‘zaro janjal qiladi. Sizningcha, qaysi bo‘ri yutib chiqadi? Qaysi biriga ko‘proq emish bergan bo‘lsangiz, o‘shanisi yutib chiqadi.

— Stanislavskiy “San’atdagi o‘zingni emas, o‘zingdagi san’atni sev”, degandi. Siz o‘z san’atingizni sevasizmi?

— Juda harakat qilaman. Boshqa ilojim yo‘q. San’at — Alloh bergan ne’mat. Har bir iste’dodli odam o‘zining iste’dodi uchun shukr qilishi kerak. Bu iste’dod sizga qarzga beriladi. Iste’doddan foydalanish mumkin emas. Uni faqat rivojlantirish bilan shug‘ullanish kerak. Agar undan foydalansangiz, masalan, Alloh ovoz bergan bo‘lsa-yu, to‘y-hashamlarda undan manfaat talab qilib pul ishlasangiz, bu noto‘g‘ri. Bu albatta jazosiz qolmaydi.

San’atda odam o‘zi uchun ishlashi kerak. Mana shu spektaklni qo‘yganimizda, tomoshabinlar kelib, menga gul berishsa, olqishlashsa yoki shu spektaklim uchun unvon olaman, degan fikr bilan ishlagan odamning spektakli o‘xshamaydi. Bu spektakl men uchun, mening do‘stlarim, tomoshabinlarim uchun. Tomoshabinlarni nihoyatda hurmat qilish, ularni sevish kerak. Chunki bir spektaklni tomosha qilish uchun ikki soat vaqt ketadi. Odamning umri juda qisqa, ular shu qisqa umrining ikki soatini sizga, spektaklingizni ko‘rishga bag‘ishlaydi. Ularning vaqtini o‘g‘irlab bo‘lmag‘ur bir narsani qo‘ysangiz, bu yaxshi emasda.

— O‘zbek tomoshabiniga qanday baho bergan bo‘lardingiz?

— O‘zbek tomoshabinini vaqti kelganda qadrlamasdan didini buzib yuborganmiz. Har bitta o‘ylanmay qo‘yilgan spektakl tomoshabin didini buzadi. “Obraz-shou” degan ko‘rsatuv bor edi. Odamlar har xil spektakllardan rol ijro etishadi. Hatto Hamletni ham tayyorlanmasdan rol haqida, spektakl haqida chuqur tushunchaga ega bo‘lmasdan ijro etaverishadi. Bularning bari televizorga chiqaman, deb qilinadigan ishlar. Ularning hakamlariga yuragim achiydi. Chunki hakamlar o‘sha ijroga baho beradi. Shunaqa ko‘rsatuvlar tomoshabinning didini buzib yuborayotganini televideniyedagilar o‘ylashi kerak. Har bir teatr ham biror asarni sahnaga olib chiqishdan oldin yaxshilab o‘ylashi kerak. Lekin teatrni tushunadiganlar va uning tomoshabini ko‘p bo‘lmaydi. Aytaylik, hozir muzeyga borsak, qancha odamni ko‘ramiz? Agar ekskursiya bo‘lmasa, hech kim yo‘q. Muzeyga borib mo‘yqalam ustalari yaratgan portretlarni ko‘raman, degan odam nech­ta? Juda kam. Hammamiz Alisher Navoiy kabi ulug‘ shoirlarimizni gapiramiz. Lekin hozir ikkalamiz Toshkentni kezib biror uyni taqillatsak-da, “Alisher Navoiyni o‘qiyapsizmi?” deb so‘rasak. To‘rt millionlik shahardan nechta odam Alisher Navoiyni o‘qib o‘tiribdi, deb o‘ylaysiz? Balki talabalar o‘qiyotgandir. Ular hisobmas, ular imtihon uchun kitobni qo‘liga olgan bo‘lishi mumkin. Gap shundaki, bilim berish oson, lekin uni ishlatish va tushunish qiyin. Maktablar bilim berish bilan shug‘ullanishi kerak emas. Bilimni qandoq ishlatishni, tushunishni o‘rgatishi kerak aslida.

— O‘zingizga nisbatan juda qattiqqo‘lsiz… Vaholanki, komediya bo‘ladimi, drama yoki ommaviy tomoshalar rejissyorligi bo‘ladimi, nimaga qo‘l urmang, barchasi muvaffaqiyatli chiqadi.

— Menimcha, bu tarbiyadan bo‘lsa kerak. Ayamiz — O‘zbekiston xalq artisti Shirin Meliyeva juda qattiqqo‘l ayol edilar. Ular 40 yil teatrda direktor bo‘lganlar. Eskilarning aytishicha, teatrga rahbarlik qilish, armiyaga rahbarlik qilishdan ko‘ra qiyinroq. Ijodkorlarning har birining o‘ziga xos fe’l-atvori bor. Ularning har biri bir dunyo. Mana shu dunyolarni birlashtirib spektakl qo‘yish juda qiyin ish. Aktyor qanchalik iste’dodli bo‘lsa, dunyosi shunchalik kengroq, o‘zi injiqroq bo‘ladi.

— Bolaligingiz xotiralarini biz bilan ham bo‘lishsangiz…

— Bolaligimizda ayamiz teatrda ishlagani uchun ko‘pincha bizni dadamizga tashlab ketardilar. Shu bois biz uchun dadamiz ham aya, ham dada edi. O‘sha paytlarda ikki-uch oylik gastrollar bo‘lardi. Ba’zida ayamiz kelsa, biz bu ayol kim ekan, deb o‘ylardik… Yosh bolaning esidan tez chiqib ketadi=da. “Men ayangman”, deb sovg‘alar olib kelardilar, lekin baribir u sovg‘a odamga tatimasdi… Ayam teatridagi artistlarga bolangni teatrga olib kelma, derdilar. Bizni ham iloji boricha teatrga qo‘ymasdilar.

— Nega?

— Birinchidan, bola qo‘rqadi. Chunki onasi sahnaga chiqqanda boshqa odamga aylanadi. Sahnada onasini kimdir urishi, urishishi mumkin… Sal kattaroq bo‘lganda, ya’ni 12-13 yoshlarda borishi mumkin. “Gulsara” spektakli bo‘lardi. O‘shanda ayam Gulsaraning onasini o‘ynardi. Gulsaraning otasi onasini pichoqlab o‘ldiradigan sahna yaqinlashganda meni doim titroq bosardi. Bu spektaklligini bilsam-da, qo‘rqardim.

— Fidoyi odamlar jamiyatni ilgari suradi, deyishadi. Siz ham “Diydor” teatr studiyasini tashkil etib, bu yerda bolalarga dars berishingiz, ularning bilimini oshirishda o‘z hissangizni qo‘shishingizni fidoyilik deb o‘ylayman.

— Bu fidoyilik emas, agar hukumatimiz yordam bermasa, biz hech nima qila olmasdik. Bizga joy ajratildi, o‘qituvchilarimizga oylik maosh beriladi. Bu hukumatimiz tomonidan bizga ko‘rsatilgan g‘amxo‘rlik. Aytaylik, Chaykovskiyning ham homiysi bo‘lmaganida, u hech qanday simfoniya yarata olmasdi. Bu yaxshilikka javob berish kerak. Biz bolalarni bepul o‘qitamiz. Iloji boricha, yordam berishga harakat qilamiz. Spektakllarni bepul o‘ynaymiz. Biz ham chipta sotib pul olishimiz mumkin edi. Lekin talabalarimizning spektakllari — o‘quv spektakllar, hali pulga sotishga arzimaydi.

— Ilgari filmlarda rol o‘ynagansiz. Lekin keyinchalik faqat rejissyorlik bilan shug‘ullanyapsiz…

— Men faqat rejissyorlarning katta iltimosi bilan filmga tushganman. Hech qachon o‘zim rol so‘rab bormaganman. Ustoz Shuhrat Abbosovning iltimosi bilan rol o‘ynab, shu bilan birga, u kishidan kino san’ati bo‘yicha ko‘p narsa o‘rganganman. Kino va teatr san’ati bir-biridan juda farq qiladi. U kishi teatrda ishlashimni bilib, barcha sharoitni yaratib berardi. Aytaylik, men soat ikkigacha teatr­da bo‘lsam, syomkani soat ikkidan keyin qo‘yardi. Agar suratga olish ishlari Qo‘qonda bo‘lsa, men u yerga samolyotda uchib borardim, suratga olish ishlarini tugatib kechki reys bilan qaytib kelib, ertalab teatr repetitsiyasida bo‘lardim. Shuhrat aka aktyorlarni yaxshi ko‘radigan odam, u kishi aktyorlar uchun hamma sharoitni yaratib berardi.

— Siz ham kino aktyorlarini teatrga jalb qildingiz. Qat’iy tartib asosida ishlaydigan teatringizga ular qanday moslashishdi?

— Gap shundaki, kino aktyorlar bizning teatrga o‘qigani, o‘rgangani kelishgan. Ularning nomidan, rasmidan foydalanib teatrimizni reklama qilish niyatimiz bo‘lmagan. Buni ularning o‘ziga ham aytganmiz. Shunga rozi bo‘lganlar, kelgan.

— Ko‘pchilikda teatr insonni tarbiyalashi kerak, degan tushuncha bor…

— Yo‘q, teatrga o‘zi tarbiyali odamlar kelishadi. Teatr faqat hamdard bo‘lishni o‘rgatadi. Aytaylik, Kumushdan ayrilgan Otabekka achinib yig‘lasangiz, demak siz o‘z dardingizni biroz bo‘lsa-da unutib, Otabekning dardiga hamdard bo‘ldingiz. Undagi yig‘ini o‘z yig‘ingiz bilan qiyoslab bo‘lmaydi. Tafakkur tug‘yoni bilan to‘lqinlangan qalb yig‘isi boshqacha bo‘ladi. Buni his etish uchun teatrga tez-tez kelib turish kerak.

— Mazmunli suhbatingiz uchun tashakkur! Sizdan yangidan-yangi asarlar kutib qolamiz.

— Sizga ham rahmat.

Dilfuza SOBIROVA suhbatlashdi

Manba: darakchi.uz

07

(Tashriflar: umumiy 361, bugungi 1)

Izoh qoldiring