Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy». Birinchi kitobdan sakkizinchi parcha.

044 Мавлоно Жалолиддин Румий инсониятга қолдирган ўлмас хазина — «Маънавий Маснавий»нинг иқтидорли шоир ва мутаржим Одил Икром таржима қилган биринчи китобини тақдим этишни давом этамиз. Бугун асарнинг саккизинчи парчасини мутолаа қилишингиз мумкин…

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобдан саккизинчи парча
Одил Икром таржимаси
06

МУСО ҲАМ, ФИРЪАВН ҲАМ ОFУЮ ДОРИ, ЗУЛМАТУ НУР ЯНГЛИF ҲАҚ ҲУКМИ, ИРОДАСИГА ТОБЕ ЭКАНЛИГИ, ФИРЪАВННИНГ: “МЕНИ БЕНОМУС АЙЛАМАГИЛ” — ДЕБ ХИЛВАТДА ЁЛВОРГАНИ БАЁНИДА

Ҳам Мусо, ҳам Фиръавн – Маъно қули,
Биттаси йўлсиз, бирин бордир йўли.1

Кундузи Ҳақ олдида нолиб Мусо,
Фиръавн тун ярмида қилмиш нидо:

“Эй, Худо, буйнимда бул занжир надир?
Йўқ эса, мен – мен дея ким айтадир?

Нур тараб, Мусони мамнун айладинг,
Менга ғам бердингу маҳзун айладинг. 2450

Сен Мусога нурли юз этдинг ато,
Жоним ичра ой юзин этдинг қаро.

Юлдузим ойдан ёруғмасдир, ахир,
Ой тутилгач, энди, айт, чорам надир?

Навбатимни олса Шоҳ, султон агар,
Ой тутилгач, худди, халқ ҳам тос чалар.

Тос чалиб, тун ичра ғавғо айлагай,
Зарби бирлан ойни расво айлагай.

Фиръавнман, халқдан офат, ғам келур!
Тосда зарб ул раббиалаълом2 эрур. 2455

Қулмизу бир хожага, тешанг, бироқ,
Қирқадир шохларни ўрмонингда, боқ.

Айласа пайванд яна бир шохни гар,
Биттасин, лек, ул қаровсиз қолдирар.

Шохга теша енгилиб қолгайми? Йўқ!
Тешадан бир шох омон бўлгайми? Йўқ!

Ўша тешанг қудрати ҳаққи, бу дам,
Айла бул қинғирни рост, айлаб карам!”.

Фиръавн дермиш тағин: “Тунлар аро,
Мен эмасми сўйлаган “Ё Раббано?” 2460

Хилватимда ердаман, вазмин, етук,
Гар Мусога етсам, айт, бўлгай нечук?

Сохта зарда ўн қават бўёғи бор,
Юзқаро бўлгай, олов қилганда кор.

Жисму жонимдир Унинг ҳукмида, бас,
Бир нафас пўст айлагай, бир лаҳза мағз.

Яшнагайман, Ул “экин бўлгин!” деса,
Қовжирайман, Ул агар “сўлгин!” деса.

Лаҳзада ойни қилар, бир зум қаро,
Бундан ортиқ нени Ҳақ кўргай раво? 2465

“Кун-факун”3 чавгонин олдида то,
Биз чопармиз борлигу йўқлик аро.

Ранги йўқликни асир этганда ранг,
Ул Мусо бирлан Мусо сўнг қилди жанг.4

Етсанг ул аввалги рангсизликка то,
Сўнг битим тузгуси Фиръавну Мусо.

Сенда бул сўздан савол пайдо бўлар,
Баҳсу сўздан ранг қачон айро бўлар?

Воажаб, беранглик ичра қўпди ранг,
Рангу беранглик нечун қилгуси жанг? 2470

(Ёғнинг аслин неча бор сув оширар,
Оқибатда нега ёғ, сув тортишар?) 2470/1 (Қўниё нусхасида бор).

Ёғни гар сувдан яратмишлар, бироқ,
Ўзаро зиддир нечун сув бирла ёғ?

Гул тикондан ҳам тикон гулдан унар,
Нега доим можаро айлар улар?

Балки, жангмасдир, бу ҳикмат аслида,
Ё ҳунар – эшшакфурушлар жангида.

Ёки ҳайронлик эрур, на бул, на ул,
Ганж қидиргин, чунки, бир вайрона бул.

Улки, сен ганж деб қиларсан ўй-гумон,
Бул хаёлинг бирла йитгай ганжу кон. 2475

Бул иморатларни бил фикру гумон,
Бўлмагай ганж, бўлса гар обод макон.

Ул иморат ичра борлик жанг этар,
Йўққа бордан бунда расволик етар.

Бунда борлик оҳу фарёд айламас,
Ҳайдагай борликни йўқлик ҳар нафас.

Сен дема: “Қочгум бу йўқликдан тағин”,
Лек, қочар сендан у йўқлик, тўхтагин!

Ўз тараф чорлаб турар сиртдан мудом,
Аслида, таъқиқ–ла қувгайдир, тамом. 2480

Тескари тургай нағаллар,5 эй, салим,
Фиръавннинг нафратин қўзғар Калим.

—————————
1 – “(Мусо) айтди: “Парвардигоримиз барча нарсага ўз ҳилқатини – шаклини ато этиб, сўнгра (уни) Тўғри Йўлга солиб қўйган Зотдир”. (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 50-оят).

2 – “Сўнг (ўз одамларини) тўплади-да, жар солиб: “Мен сизларнинг энг юксак парвардигорингизман”, деди”. (Қуръони карим, «Ван-Нозиот» сураси, 23-24-оятлар).

“Раббиалаълом” – “Энг юксак Парвардигорим!”

3 – “Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина “Бўл”, демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур – вужудга келур”. (Қуръони карим, «Ёсин» сураси, 82-оят).

“…Оллоҳ айтди: “Шундай, Оллоҳ Ўзи хоҳлаган нарсасини (ўзи хоҳлаган суратда) яратади. Қачон бирон ишни ирода қилса, унга “Бўл!”, дейди. Бас, у иш бўлади”. (Қуръони карим, “Ол-и-имрон” сураси, 47-оят).

“Кун фаякун” – “Бўл!” дейди, бас, у иш бўлади”.

4 – “Ҳар бир гўдак Ислом табиатида туғилади, сўнг ота-онаси уни ё яҳудий қилади, ё насроний қилади, ё мажусий қилади”. (Ҳадис).

5 – Ёвни адаштириш учун қўлланиладиган найранг.

РАҲМСИЗ, БАДБАХТ КИМСАЛАРНИНГ ИККИ ЖАҲОНДАН МАҲРУМЛИГИ, ЯЪНИ, “ХАСАРА-Д-ДУНЁ ВА-Л-ОХИРАТ”1

Бир ҳаким қилмиш шу тахлитда фикр,
Кўк – тухум, ер ул тухум сориғидир.

Сўрдилар: “Қандоқ турар бул хокдон,
Осмон бўшлиғи ичра ҳар замон?

Кўкда қандилдай муаллақ бегумон,
Юксалар ва на тушар пастга томон”.

Ул ҳаким дермиш: “Уни тортар само
Олти ёндан, сўнг турар бўшлиқ аро. 2485

Худди, ул оҳанраболик қуббадир,
Ўртада темирдай, осмон узрадир”.

Бошқаси сўрди: “Мусаффо кўк нечун
Тийра ерни тортар ўзга кеча-кун?

Ер итаргай олти ёндан тўсилиб,
Шул сабаб, қолди шамолга кўмилиб”.

Ҳақ элин фикри итаргач ҳар қадам,
Озди йўлдан фиръавнлар жони ҳам.

Ул жаҳону бул жаҳон қувган сари,
Ҳеч вақосиз қолди ҳар йўлсиз бари. 2 2490

Зулжалолга бандадан бош тортма лол,
Бил, уларга борлигинг келгай малол.

Қаҳрабоси бор, агар пайдо қилур,
Борлиғинг хас-кеппагин шайдо қилур.

Қаҳрабосин гар улар пинҳон қилар,
Таслиминг туғёнга тез айлантирар.

Англа, не ҳайвонга хосдир, ҳар қадам
Ул асир, одамга бўлгайдир қарам.

Авлиёга одамий унвон – асир,
Худди, бир ҳайвонсимон, эй, беназир! 2495

Ҳар дам Аҳмад бандаси деб қилди ёд
Барча оламни, ўқи: “қул йа ибод”.3

Тевасан, ақлинг мисоли тевабон,
Ул ташир қатъий ҳукмдан ҳар томон.

Авлиё ақл ақлидир охир қадар
Бор ақл сафда мисоли тевалар.

Сол разм, айлаб уларга эътибор,
Неча минг жонларда бир сарбони бор!

Тевабон, сарбон надир? Кўзни қидир,
То назар солсин қуёшга бирма-бир. 2500

Бир жаҳон қотмиш дамин ичга ютиб,
Мунтазир бўлгай қуёш, кунни кутиб.

Заррада пинҳон қуёш олгуси тин,
Худди, шер олмиш кийиб қўй терисин.

Боқ, хашак-хас остида дарё – ниҳон,
Сен оёқ қўйма, хато қилгансимон!

Ҳар хато, ҳар бир гумонга дилда бор,
Раҳнамога бўлгулик Ҳақ раҳми ёр.

Ҳар набий оламга танҳо келди, боқ,
Раҳнамоси ҳам эди пинҳону тоқ. 2505

Қилди қудрат бирла бор оламни ром,
Ўзни кичрайтмиш, йиғиб ўзда мудом.

Дерди ҳар нодон, заиф, ёлғиз улар,
Шоҳ билан қандоқ заиф суҳбат қурар?

Дердилар: “Одам улар, ортиқ эмас”,
Ҳоли танг – ким оқибатни ўйламас.

—————————
1-2 – “Одамлар орасида Оллоҳга бир четда (яъни, сидқидилдан эмас, балки тил учида) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас, агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-бахтсизлик етса (диндан) юз ўгириб кетур. У дунёю Охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир”. (Қуръони карим, «Ҳаж» сураси, 11-оят).

“Хасара-д-дунё ва-л-охират” – “Дунёю охиратда зарар кўрур”.

3 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: “Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда чиройли амал қилган зотлар учун (Охиратда) чиройли (оқибат – жаннат) бордир. Оллоҳнинг Ери кенгдир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур”. (Қуръони карим, «Зумар» сураси, 10-оят).

“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: “Оллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина Мағфиратли, Меҳрибондир”. (Қуръони карим, “Зумар” сураси, 53-оят).

“Қул йа ибод” – “Эй, бандалар!”

СОЛИҲ1 ВА СОЛИҲ ТУЯСИ КЎЗЛАРГА ОЖИЗ, ЭГАСИЗ БЎЛИБ КЎРИНГАНИ. ҲАҚ БИРОР ЛАШКАРНИ ҲАЛОК ҚИЛМОҚЧИ БЎЛСА, УЛАРНИНГ КЎЗИГА ДУШМАНЛАРНИ, ГАРЧИ ҚУДРАТЛИ, FОЛИБ БЎЛСА-ДА, ОЖИЗ ВА ОЗ КЎРСАТИШИ, ЯЪНИ, “ЮҚАЛЛИКУМ ФЙ АЪЮУНИҲИМ ЛИЯҚЗИАЛЛОҲУ АМРАН КОНА МАФЪУЛАН”2

Эрди Солиҳ теваси бир тевадай,
Еди бошин, сўйди ахмоқ қавм атай.3

Қилди ёвлик сувни деб, чунки, улар
Барчаси нонкўру сувкўр эрдилар. 2510

Ичди Ҳақнинг теваси ориқ сувин,
Тутдилар ҳақдан дариғ Холиқ сувин.

Эрди Солиҳ тевасин тан-жисми пок,
Дом бўлиб, қилмиш ёвузларни ҳалок.

“Ноқаталлоҳиву суқёҳо”4 — ҳукм,
Айламиш қавмни ҳалок, айлаб зуғум.

Ҳақ улардан, айлабон қаҳру ғазаб,
Қилди тева ўрнига, шаҳрин талаб.

Худди, руҳ Солиҳ эрур, тан – тевавор,
Руҳга Ёр васли насиб, тан хору зор. 2515

Топмагай Солиҳ руҳи зарбдан шикаст,
Тевага етмиш жароҳат, зотгамас.

(Қалби узра қучмагай ҳеч ким зафар,
Дур эмас, кўргай садаф бундан зарар). (Бу байт Қўниё нусхасида учрамайди. Николсонда бор).

Топмагай Солиҳ руҳи озору ғам,
Бўлмагай Ҳақ нури куффорга қарам.5

Руҳни Ҳақ қилмиш вужуд ичра ниҳон,
Ғам-азоб ичра синалсин токи жон.

Бехабар, бул кўрса ғам – Ул кўнгли ғаш,
Хум суви ҳар бир ариқ бирла туташ.6 2520

Пок вужудларга эрур пайванд Илоҳ,
Токи бор дунёга ул бўлсин паноҳ.

Бўл валийлар тевасин жисмига қул,
Токи Солиҳ руҳи ёр бўлсин нуқул.

Деди Солиҳ: “Сиз – ҳасадга мубтало,
Келгуси уч кун аро Ҳақдан жазо.7

Уч кун ўтгач, сизга офат келгуси,
Келса офат, бор унинг уч белгиси:

Барчанинг рангу сиёғи ўзгарар,
Хилма-хил тусда бўлар, солсанг назар. 2525

Сарғаяр дастлабки кун юзлар бутун,
Арғувон янглиғ қизил – иккинчи кун.

Барча юз бўлгай учинчи кун қаро,
Ёғилар Ҳақ қаҳридан оғир жазо.

Қилса ким бундан ишорат гар талаб:
Бўталоқ қочгуси тоғ томон қараб.

Чора топгай, улни ким олгай тутиб,
Йўқса, уммид қушлари кетгай учиб”.

Етмади ҳеч ким они қувлаб чунон,
Тоғу тош ичра чопиб бўлди ниҳон. 2530

Деди Солиҳ: “Бул Қазо ҳукми, қаранг!
Ҳеч умид йўқ, бунда борлар ҳоли танг!

Бўталоқ-чун айлабон эҳсон ато,
Тинчлатингиз, келтириб ҳурмат бажо.

Кўнгли тушса жойига, йитгай бало.
Йўқса, бармоқ тишлагайсиз бенаво!”.

Шум фалокатдан етиб келгач хабар,
Барча кўз тикди, ёғилгай деб хатар.

Сўнг биринчи кунда юзлар сарғариб,
Барча оҳ тортмиш илож, йўл ахтариб. 2535

Бўлди юзлар қирмизи, иккинчи кун,
Тавбалар ўтмай, умид йитмиш бутун.

Барча юз бўлмиш учинчи кун қаро,
Бўлди Солиҳ ҳукми жангсиз ҳам раво.

Барчаси бошин эгиб қолганди лол,
Ўлтирарди тиз чўкиб қушлар мисол.

Айтди Жаброил Китобда бирма-бир,
Бул йўсин таъзим қилиш шарҳи надир.9

Тиз чўкар, кимки агар таълим олар,
Дилга бундай тиз чўкиш қўрқув солар. 2540

Кутдилар Ҳақ қаҳридан зарбу хатар,
Келди Ҳақ қаҳри ва йўқ бўлмиш шаҳар.

Борди хилватдан чиқиб Солиҳ у ён,
Ўту нефт ичра куярди тўрт томон.

Нола айлар эрди ҳар эт, ҳар жасад,
Нола бор, лек, нола қилгич йўқ, фақат.

Тингламиш синган суяклар ноласин,
Кўрди жон тўккан у ёшлар жоласин.

Йиғламиш Солиҳ юракка ғам тўлиб,
Сўнг фиғон тортмиш уларга жўр бўлиб. 2545

Деди: “Эй, умрингиз ўтмиш бенишон!
Сизни деб Ҳақ олдида қилдим фиғон.

Деди Ҳақ: Сабр айла, қилса гар жафо,
Айла панд, даври эрур йўқлик аро!.

Мен дедим: Панд йўлларин тўсгай жафо,
Жўштирар пандлар сутин меҳру сафо.10

Менга қилдингиз жафо, жоним тилиб,
Томиримда панд сути қолмиш тиниб.

Деди Ҳақ: Сенга қилай лутфу карам,
Суртайин малҳам яра-захмингга ҳам. 2550

Ҳақ дилимни қилди соф мисли само,
Чиқди ёддан сўнгра сиз берган жафо.

Панд-насиҳат айлагум мен қайтадин,
Сўз, масал айтиб шакар янглиғ ширин.

Тоза сутга қанд қўшардим ҳар маҳал,
Сўйларимга ҳам қўшардим сут, асал.

Сизга етгач сўзларим бўлмиш заҳар,
Оғу эрдингиз оёқдан бош қадар.

Ғам емасман, ғамларимнинг боши хам,
Саркаш, эй, қавмим, эрурсиз қайғу-ғам. 2555

Fам агар жон берса, ким ҳам оҳ урар?
Бошда оғриқ тўхтагач, ким соч юлар?”

Деди ул сўнг ўзига: “Эй, нолакор,
Арзимас нолангга бир тўп нобакор!

Тўғриликча ўқиб, оч ҳикмат сирин:
“Кайфа осо халфа қавмин золимин”.11

Кўз ва кўнгилга йиғи тўлмиш тағин,
Бесабаб товланди раҳми ҳам майин.

Эрди лол оққан тинимсиз ёшидан,
Бесабаб томмиш сахо дарёсидан. 2560

Ақли дерди: “Не учундир нола-дард?
Нолага арзирми озор аҳли, айт?

Нега йиғларсан, гапир, феълигами?
Ё касофат аҳлининг ўртар ғами?

Ўртагайми ё қурум босган дили?
Ё илон заҳри томиб турган тили?

Йиғлатар сўйлоқ тиши ё оҳими?
Ё чаённинг инидек кўз-оғзими?

Кек, пичинг, ўткинчи деб чекдингми ғам?
Ҳақ асир этмишки, шукр айла бу дам! 2565

Қўл-оёғи, кўзи қийшиқ ҳар қадам,
Меҳри қийшиқ, сулҳи қийшиқ, қаҳри ҳам!

Нақлу тақлидин улар билмиш маёқ,
Ақл пийрин бошига қўймиш оёқ.

Кўз, қулоғу тил билан айлаб риё,
Қари эшшак бўлдилар, пирдан жудо.

Бандасин келтирди жаннатдан Худо,
Токи кўрсин, ким учун дўзах раво”.

——————————
1 – Солиҳ – Қуръонда зикр этилган пайғамбарлардан бири. Қуръонга кўра, Самуд қавмини ҳидоятга бошлаш учун пайғамбар қилиб юборилган.

2 – “(Эй мўминлар), Оллоҳ қилинадиган ишни амалга ошириш учун тўқнашган пайтингизда сизларнинг кўзингизга уларни кам қилиб кўрсатганини, уларнинг кўзларига эса сизларни оз қилиб қўйганини эслангиз! Барча ишлар Оллоҳга қайтарилур”. (Қуръони карим, «Анфол» сураси, 44-оят).

“Юқалликум фй аъюуниҳим лияқзиаллоҳу амран кона мафъулан” – “Оллоҳ қилинадиган ишни амалга ошириш учун сизларни ҳам уларнинг кўзларига оз қилиб кўрсатди”

3 – Ривоят қилишларича, Солиҳ пайғамбарнинг қавми ундан ҳақ пайғамбар эканлигини тасдиқловчи бирор мўъжиза кўрсатишни талаб қилганларида пайғамбар уларнинг кўз ўнгларида бир харсанг тошни тирик туяга айлантирадилар ва уни сўймай-ўлдирмай ўз ҳолига ташлаб қўйишларини буюрадилар. Акс ҳолда, бошларига бало келиши ҳақида уларни огоҳлантирадилар. (Шайх Алоуддин Мансурнинг “Аъроф” сурасидаги 73-оятга изоҳи)

“У айтди: (Менинг мўъжизам) мана шу туядир. (Маълум бир кун сув) ичиш навбати уникидир. Маълум бир кун эса сизларнинг ичиш навбатингиздир”. (Қуръони карим, “Шуаро” сураси, 155-оят)

4 – “Фақола лаҳум расулуллоҳи нақаталлоҳи ва суқйаҳа” – “Оллоҳнинг пайғамбари (Солиҳ алайҳис-салом) уларга: “Оллоҳнинг туяси(ни сўйиб юбориш)дан ва уни суғориш(га тўсиқ бўлиш)дан (сақланинглар)!” деди. (Қуръони карим, “Ваш-шамс” сураси, 13-оят)

“Эй қавмим, мана бу Оллоҳнинг (юборган) туяси сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Оллоҳнинг ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказманглар, акс ҳолда сизларни яқин азоб ушлар”. (Қуръони карим, “Ҳуд” сураси, 64-оят).

5 – “Улар Оллоҳнинг нурини (яъни, Исломни) оғизлари (яъни, беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Оллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни, Динини) тўла (яъни, ҳар тарафга) ёйгувчидир”. (Қуръони карим, «Саф» сураси, 8-оят).

6 – Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло деди: “Ким менинг валийларимдан бирига душманлик қилса, мен унга қарши уруш эълон қиламан”. (Ҳадис).

7 – “Улар эса (туяни) сўйиб юбордилар. Шунда (Солиҳ) айтди: «Уй-жойларингизда уч кун (тириклик неъматидан) фойдаланиб қолинглар. Мана шу ёлғон бўлмаган (яъни, чин) ваъдадир”. (Қуръони карим, «Ҳуд» сураси, 65-оят).

8 – Раббилминан – Ҳақ томонга.

9 – “Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок бўлдилар)”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 78-оят).

10 – “Кейин (Солиҳ) улардан юз ўгириб (ўзича) деди: “Эй қавмим, мана, мен сизларга Парвардигоримнинг вазифасини – Динини етказдим ва сизларга насиҳатлар қилдим. Лекин сизлар холис насиҳат қилгувчиларни севмайсиз”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 79-оят).

11 – “Кейин (Шуайб) улардан юз ўгириб, ўзича деди: “Эй қавмим, мана, мен Парвардигоримнинг вазифасини – Динини сизларга етказдим ва насиҳатлар қилдим. Энди (шунча ваъз-насиҳатлардан кейин ҳам)
кофир (бўлган) қавмга қандай қайғурай?!”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 93-оят).

“Кайфа осо халфа қавмин золимин” – “Кофир бўлган қавмга қандай қайғурай?!”

“МАРАЖА-Л-БАҲРАЙНИ ЯЛТАҚИЙАН. БАЙНАҲУМА БАРЗАХУЛ ЛО ЯБFИЙАН”1 ОЯТИНИНГ МАЗМУНИ

Жаннатийлар, дўзахийлар – ёнма-ён,
Ўртада бор “барзахун ло ябғиён”. 2 2570

Ўт ва нур аҳли қоришган бўлса ҳам,
Ўртада Қоф тоғи бордир муҳташам.

Кондайин хок, зарни ийлар битта жой,
Ўртада – юзлаб биёбон ҳам сарой.

Худди, маржон бандида дур – ёнма-ён,
Бирлашар бир кечалик меҳмонсимон.

Ярми денгизнинг ширин мисли шакар,
Таъми лаззатлик, тиниқ, худди, қамар.3

Ярми аччиқдир – илон заҳри, тайин,
Аччиғу ранги қародир мумдайин.4 2575

Тўқнашиб икков, баланд-паст сапчигай,
Худди, денгиз сувларин шўх мавжидай.

Тўқнашар тор гавдада жонлар бари,
Сулҳу жанг чоғинда чалкашган каби.

Бирлашиб сўнг сулҳу тинчлик мавжлари,
Сийналардан кийнани қилгай нари.

Ўзгариб жанг мавжларин шаклу туси,
Бор меҳрни остин-устин қилгуси.

Меҳр лаззатга бурар аччиқ изин,
Тўғрилик асрар меҳрнинг илдизин. 2580

Қаҳр аччиққа ширинни элтадир,
Шўр ширин бирлан бириккайми, ахир?

Ажратиб бўлмас қараб, не шўр, ширин,
Ул кўрингай оқибат дарчасидин.

Рост эрур – охирни кўргай қай нигоҳ,
Қайси кўз охурни кўргай, ул – хато.

Бор ширинликлар талай, шаккарсимон,
Лек, шакар ичра заҳар бўлгай ниҳон.

Кимки зийракдир, билар ҳидлаб уни,
Бошқаси билмоқ бўлар тишлаб уни. 2585

Шунда рад айлар лаби, ютмасдан у,
Гарчи шайтон наъра тортар, деб: “Кулу!”.5

Ул бирин бўғзи аро пайдо қилар,
Ул бирин булғаб танин, расво қилар.

Ул бирин оғриқ қичиштиргай ичин
Ҳам жигар захмига учрар завқидин.

Улда пайдо – ой ва кунлар ўтса гар,
Булда пайдо – гўр тубинда, ўлса гар.6

Берсалар гўр қаърида муҳлат у кез,
Қайтадир явманнушурда, шубҳасиз. 7 2590

Бул жаҳонда ҳар шакар, новвот учун
Бор эрур муҳлат замонда кеча-кун.

Ранг олиб товлангунича неча вақт,
Лаъл қуёшнинг остида турмоғи шарт.

Икки ой ичра кўкат яшнар ўсиб,
Лек, қизил гул яшнагай бир йил ўтиб.

Шул сабаб, сўз очди Ҳақ, Азза ва Жалл,
Сураи “Анъом” да муҳлатдин азал.8

Тингладинг, бошдан-оёқ англа сирин,
Ичганинг – обиҳаёт, бўлсин ширин! 2595

Оби ҳайвон деб, дема сўз, бегумон
Эски сўзнинг жисмида кўр янги жон!

Бошқа бир ҳикматни тингла, эй, рафиқ!
Жон каби ҳар лаҳза пайдодир, дақиқ:

Бир мақомда ул илоннинг заҳри гар,
Ҳақ таоло амри-ла хуш, безарар,

Бир мақомда заҳру бир жойда даво,
Бир мақомда куфру бир жойда раво.

Гарчи ул жойда эрур жонга хатар,
Келса бул жойга, даводир ҳар сафар. 2600

Fўралик сув бўлгуси нордону шўр,
Сен ширин таъмин узум пишганда кўр.

Тушса хум ичра, бўлар аччиқ, ҳаром,
Сиркага айланса гар “неъма-л-адом”.9

——————————-
1 – “Маражал баҳрайни ялтақийан. Байнаҳума барзахул ла ябғийан” – “У Зот икки денгиз-дарёни бир-бирлари билан учрашадиган ҳолларда (ёнма-ён) оқизиб қўйди. (Аммо) у иккисининг ўрталарида бир тўсиқ бўлиб, улар (ўша тўсиқдан) ошиб ўтмаслар”. (Қуръони карим, «Раҳмон» сураси, 19-20-оятлар).

2 – “Барзахул ла ябғийан” – “Улар тўсиқни ошиб ўтмаслар”.

3-4 – “Дарё-денгиз тенг бўлмас – буниси ширин-тотли ва ичилиши осон-ўтимли, буниси эса шўр-тахирдир. Сизлар (уларнинг) ҳар биридан янги гўшт (яъни, балиқ тутиб) ейсизлар ва ўзларингиз тақиб юрадиган зеб-зийнатларни чиқариб олурсизлар. Шунингдек, сизлар (Оллоҳнинг) фазлу марҳаматидан (яъни, ризқу рўзидан) исташларингиз учун (денгиз ва дарёларда сувни) ёриб кетаётган кемаларни курурсиз. Шояд шукр қилсангизлар”. (Қуръони карим, «Фотир» сураси, 12-оят).

5 – “Бас, Биз айтдик: “Эй Одам, албатта бу (иблис) сенга ҳам, хотинингга ҳам душмандир. Бас, у икковингизни жаннатдан чиқариб, бахтсиз бўлиб қолмагин…” Сўнг шайтон унга васваса қилиб: “Эй Одам, мен сенга абадият дарахтини ва йўқ бўлмас мулку давлатни кўрсатайми?”, деди. Бас, (Одам билан Ҳавво иблиснинг иғвосига алданиб ўша дарахтдан) едилар-у, ўша онда уларнинг авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди. (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 117, 120-121-оятлар).

“Кулу!” – “Енглар!”

6 – “Оллоҳ таолонинг шундай фаросатли бандалари борки, улар одамларни кўринишидан ажратадилар”. (Ҳадис).

7 – “У (Оллоҳ) сизлар учун Ерни хокисор-бўйсунгувчи қилиб қўйган Зотдир. Бас, сизлар у (Ер)нинг ҳар томонида (сайр-саёҳат қилиб ё тижорат билан ёки деҳқончиликни касб қилиб) юраверинглар ва (Оллоҳнинг берган) ризқ-рўзидан енглар! Ёлғиз Унинг ҳузурига тирилиб чиқиш – қайтиш бордир”. (Қуръони карим, «Мулк» сураси, 15-оят).

Явманнушур – Қиёмат, Охират.

8 – “У сизларни (Отангиз Одам Атони) лойдан яратиб, сўнгра ажални (яъни, тириклик муддатини) белгилаб қўйган Зотдир. Унинг ҳузурида яна бир белгиланган ажал (яъни, тирилиш муддати) бордир. Шундан кейин ҳам сизлар (эй кофирлар), шак-шубҳа қилмоқдасиз”. (Қуръони карим, «Анъом» сураси, 2-оят).

“Сураи “Анъом” – “Анъом” сураси.

9 – “Неъма-л-адом” – “Қанчалик лаззатли таом”. “Сирка нечоғлик лаззатли таомдир”. (Ҳадис).

ВАЛИЙ НИМАИКИ ҚИЛСА, МУРИД ЎШАНДОҚ ҚИЛАМАН ДЕБ ШАККОКЛИК ҚИЛИШИ ТЎFРИ ЭМАСЛИГИ, ҲОЛВА БЕМОРЛАРГА ЗИЁН ҚИЛСА-ДА, ТАБИБГА ЗИЁН ҚИЛМАСЛИГИ, СОВУҚ ВА ҚОР УЗУМГА ЗАРАР ЕТКАЗМАЙ, ҲАЛИ ЕТИЛМАГАН FЎРАГА ЗАРАР КЕЛТИРИШИНИНГ МАЪНОСИ ҲАҚИДА, ЯЪНИ, “ЛИЯFФИРА ЛАКАЛЛОҲУ МО ТАҚАДДАМА МИН ЗАНБИКА ВА МО ТАЪАХХАР”1

Гар валий ичгай заҳар, мазза қилар,
Ичса гар толиб, ақлдан айрилар.

“Рабби ҳиб ли”2 — деб Сулаймон сўзлагай:
Мулкни ўзга олмасин деб кўзлагай.

“Қилма мендан ўзгага эҳсон, ато!”,
Ўхшагай, лек, бул ҳасадмас мутлақо. 3 2605

Жонга сен “ло янбағий”4ни жойлагин,
Ҳеч бахиллик билма “мин баъди”5 сирин.

Балки, кўргай юз хатар ул мулк аро,
Бул жаҳон мулки – бутун бошга бало.

Бош ила сир ваҳми дин ваҳмисимон,
Биз учун йўқдир бу янглиғ имтиҳон.

Бас, Сулаймон ҳиммати лозим букун,
Минг синовларни босиб ўтмоқ учун.

Шунчалик куч-қудрати бирлан чунон,
Мулкининг мавжи тинарди бегумон. 2610

Унга андуҳ чанглари қўнганда ҳам,
Барча олам шоҳига қилмиш карам.

Ул шафоат қилди: “Ким мулк, туғни дер,
Менга бергандай, камол топганга бер.

Кимга берсанг гар уни, айлаб карам,
Ул Сулаймондир, ўзимдирман у ҳам.

Мен билан ул, бўлмагай ортимда из,
Бул надир? Мен – иддао қилгувчисиз”.

Шарт эрур бул шарҳи, лек, сен тинглагин,
Сўйлагум эру хотиннинг қиссасин. 2615

—————————
1 – “Лияғфира лакаллоҳу мо тақаддама мин занбика ва мо таъаххар” – “(Эй муҳаммад алайҳис-салом), токи Оллоҳ Сизнинг гуноҳингиздан илгари ўтган ва кейин кел(ади)ган нарсалар (барча гуноҳларингиз)ни мағфират қилиши учун…” (Қуръони карим, “Фатҳ” сураси, 1-2-оятлар).

2-3 – “Дарҳақиқат, Биз Сулаймонни имтиҳон қилдик ва унинг тахти устига бир (жонсиз) жасадни ташладик. Сўнг у тавба-тазарруъ қилиб деди: “Парвардигорим, ўзинг мени мағфират қилгин ва менга ўзимдан кейин биронтаси муяссар бўлмайдиган бир мулку давлат ҳадя этгин. Зеро, Ёлғиз Сенинг Ўзинггина (барча яхшиликларни) ҳадя этгувчисан”. (Қуръони карим, «Сод» сураси, 34-35-оятлар).

“Рабби ҳиб ли” – “Парвардигорим, Ўзинг мени мағфират қилгин!”.

4 – “Ло яғнабий” – “Сазовор эмас”.

5 – “Мин баъди” – “Мендан кейин”.

АРАБ ВА УНИНГ ХОТИНИ МОЖАРОСИНИНГ ОХИРИ

Сўнги не бўлди хотин-эр жанжалин,
Деб сўрар бир бериё қалби тағин.

Эр-аёлнинг можароси бир нақл:
Улни бил нафсинг мисоли ҳам ақл.

Эр ила хотинки, нафсу ақл эрур,
Ҳар ёмону яхшига бўлгай зарур.

Бул зарурат иккиси олам аро,
Кеча-кун айлайди жангу можаро.

Хотин истар уй учун анжом мудом,
Яъни, обрўй, ҳам жиҳозу нону ном. 2620

Нафс аёлдир, чора излар доимо,
Гоҳ хоксор, гоҳи бўлгай раҳнамо.

Ақл эмас бул ўй-фикрлар ҳамдами,
Фикрида бордир, фақат, Оллоҳ ғами.

Гарчи бул қисса сири дон бирла дом,
Энди қисса сувратин тингла тамом.

Гар кифоя эрса маъни нақли то,
Олам аҳли боридан эрди жудо. (Бу байт бошқа нусхаларда йўқ)

Гар ҳавас ўй-фикру маъно ичра жам,
Йўқ эди савму намознинг шакли ҳам. 2625

Бир-бирига қилса дўст совға ато,
Ул, фақат, суврат эрур дўстлик аро.

Ҳадялар берсин гувоҳлик токи сир,
Дилдаги пинҳон ҳавасдан бирма-бир.

Чунки, ошкор армуғон шоҳид у дам,
Ҳар ниҳон майлу ҳавасга, муҳтарам!

Гоҳи ёлғон шоҳидинг, гоҳ ҳақпараст,
Гоҳи айрон бирла, гоҳ май бирла маст.

Айрон ичган ўзни маст янглиғ тутар,
Ҳою ҳуй айлаб, ўзин ҳар ён урар. 2630

Ул мунофиқ савму тоат ичрадир,
То десинлар масту ишқ-ла биргадир.1

Ўзгадир ҳар зоҳирий феълу амал,
То кўрингай неки пинҳон ҳар маҳал.

Бизга бергин, эй, Худо, бошқа тамиз,
То қилайлик рост билан ёлғонни ҳис.2

Гар тамиз деб ҳисни билсанг не бўлур?
Улки, ҳис “янзур бинуриллоҳ”3 эрур.

Гар нишон йўқдир, сабаб бўлгай аён,
Ақрабодай, майлини этгай баён. 2635

Кимга Оллоҳ нури имом ҳар нафас,
Ул нишон ҳамда сабабга қул эмас.

Дилга майлу ишқидан шуъла етар,
Ҳар нишондан, куч тўлиб, фориғ этар.

Меҳрини сўйлашга ҳожат қолмагай,
Гар ҳавас нури фалакда порлагай.

Тафсилот бор айламакка то тамом,
Ушбу сўзни, лек, қидир сен, вассалом!

Гарчи суврат ичра маъни бор, бироқ,
Маънидан суврат яқиндир ҳам йироқ. 2640

Гар далолатда дарахт, сувдай улар,
Аслига етсанг, жуда олис турар.

Кет сифат ҳам моҳиятлар ёнидан,
Қил баён ул икки ойюз ҳолидан.

———————————-
1 – “Албатта мунофиқлар Оллоҳни алдамоқчи бўладилар. Ҳолбуки, Оллоҳ уларни «алдаб» қўйгувчидир. Ва улар қачон намозга турсалар дангасалик билан, одамлар кўрсин, деб турадилар ва Оллоҳни камдан-кам ёдга оладилар. Улар на уёқлик, на буёқлик бўлмай икки орада сарсон ҳолда қолганлар. Кимники Оллоҳ йўлдан оздирса, Сиз унга бирон йўл топиб бера олмайсиз. Эй мўминлар, мўминларни қўйиб, кофирларни дўст тутманглар! Оллоҳ учун ўз зарарларингизга очиқ ҳужат қилиб беришни истайсизларми? Албатта мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!” (Қуръони карим, «Нисо» сураси, 142-145-оятлар).

2 – “Парвардигоро, бизга нарсаларни қандай бўлса, ўшандай кўрсат”. (Ҳадис).

3 – “Янзур бинуриллаҳ” – “Оллоҳ нури билан қарайди”. “Мўмин кишининг фаросатли назаридан эҳтиёт бўлинглар, чунки, у Оллоҳ нури билан қарайди” ҳадисига ишора.

“(У) Оллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки, (ўз алангаси билан баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур!” (Қуръони карим, «Ҳумаза» сураси, 6-7-оятлар).

АРАБНИНГ ЎЗ МАҲБУБАСИ ХОҲИШИГА КЎНГАНИ ҲАМДА: “БУ ИТОАТИМДА ҲИЙЛА ВА СИНОВ ЙЎҚ” — ДЕБ ҚАСАМЁД ҚИЛГАНИ

Эр деди: “Мен энди зидмасман, буюр,
Айтганинг – айтган, тиғинг қиндан суғур!

Не десанг, амрингга шайман бегумон,
Боқмагум, хоҳ яхши бўлсин, хоҳ ёмон.

Борлиғинг ичра йитарман энди жим,
Гар муҳибман, “ҳуббу юъми ва юсим”.1 2645

Деди хотин: “Илтифотдан муддао
Бор сирим билмоқми, макр айлаб раво?”

Деди эр: “Билгувчи Оллоҳ2га қасам,
Айламиш хокдан бино Одамни ҳам!

Қилди уч газ қолип ичра ошкор,
Неки ул алвоҳда ҳам арвоҳда бор.

Тоабад, ҳар неки бор, бир бошидан
Олди таълим “аллама-л-асмо”3сидан.

Ҳар малак ул дарсидан бўлганча лол,
Поклигиндан топди поклик безавол. 4 2650

Улки, Одамдан улар топмиш наво,
Йўқ эди осмонларин сатҳи аро:

Пок у жон кенглигин олдида қатор
Етти осмон кенглиги ҳам келди тор.

Деди Пайғамбар, амр этмиш Худо:
Бўлмагайман мен баланд-пастликка жо.

Ерга ҳам, осмонга ҳам, арш ичра ҳам
Сиғмагайман, сен ишон, эй, муҳтарам!

Мўмин аҳлин қалбига сиғгум, ажаб!
Изласанг, қилгин у қалблардан талаб!5 2655

Деди: “Удхул фй ибоди, талтақий,
Жаннатан мин руъяти ё маттақий”.6

Арш ўзин чексиз ва пок нури билан
Улни кўргач, силжиди ўз ўрнидан.

Гарчи Арш улкан ва бепоён эрур,
Лек, надир суврат, агар маъно келур?

Ҳар малак дер: “Бизга аввал эрди ёр,
Ер юзига майлу рағбат, ихтиёр.

Ерга эҳсон тухмини экдик тиғиз,
Бул яқинликдан эдик ҳайратда биз. 2660

Не учун тупроққа ёрмиз ҳар қадам,
Аслимиз осмон-фалакдан бўлса ҳам?

Нурмизу зулматга ҳамроҳлик надир?
Нур ила зулмат нечук бўлгуси бир?

Эй, Одам, атринг қилар бизни яқин,
Чунки, жисмингга асос эрди замин.

Хок танингни ушбу ердан қордилар,
Нури покингни шу ердан топдилар.7

Неки жонингдан бизим руҳ ичрадир,
Илгари балқирди хокдан бирма-бир. 2665

Ғофил эрдик ерда ернинг бағридан,
Ғофил эрдик ул хазина ганжидан.

Қўзғалиб қилдик сафар, етгач амр,
Ушбу ҳолдан оғзимиз бўлмиш тахир.

Не далиллар келтириб қилдик нидо:
“Ўрнимизни ким эгаллар, эй, Худо?”

Таҳлил8у тасбиҳ9 эрур нур – кеча кун,
Қийлу қол10га сен кетарсан не учун?”

Қўйди Ҳақ ҳукми тўшаб бизга гилам:
“Неки бор, ошкор-аён сўйланг бу дам. 2670

Тилга не келгай, қилинг изҳор дадил,
Сўйлагандай отага ёлғиз ўғил.

Борини сўйланг, эрур гарчи дағал,
Раҳматим қаҳримдан устун ҳар маҳал.11

Ўша ҳол изҳори боис, эй, малак,
Сенда пайдо айлагайман шубҳа-шак.

То ўзинг айт, олмайин сендан юлиб,
Ҳилмим инкори турар жим, кўз юмиб!

Неча юз ота-она бул ҳилм аро,
Ҳар нафас пайдо бўлиб, топгай фано! 2675

Ҳилми ҳилмим денгизин кўпиги, бас,
Кетса кўпик, қолгай уммон ҳар нафас”.12

Мен на дей? Эрсам садаф, Ул эса дур,
Борим Ул кўпигидан кўпик эрур.

Ўша кўпик, ўша Уммон ҳаққи соф,
Имтиҳонмас ушбу сўзлар, ушбу лоф!

Сўзларим меҳру сафодир бегумон,
Ким тараф қайтсам, ўшал ҳаққи, ишон.13

Гар сенингча имтиҳондир бул ҳавас,
Имтиҳонни имтиҳон қил бир нафас. 2680

Сирни ёпма, ошкор бўлсин сирим,
Йўллагин, ҳар ишда кўр қодирлигим.

Оч дилингни, то дилим бўлсин аён,
Неки мақбулдир, қабул айлай бу он.

Не қилай? Айт, менда қандай чора бор?
Боқ, бу жоним қай юмушда барқарор?”

——————————
1 – “Ҳуббу юъми ва юсим” – “Бир нарсани яхши кўришинг сени кўр ва кар қилиб қўяди”. (Ҳадис)

2 – “Агар сиз ошкора гапирсангиз ҳам (ва ёки хуфёна гапирсангиз ҳам У Зотга баробардир). Зеро, У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур”. (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 7-оят).

3 – “Ва У Зот Одамга барча нарсаларнинг исмларини ўргатди. Сўнгра уларни фаришталарга рўбарў қилиб деди: “Агар (халифаликка биз ҳақдормиз, деган) сўзларингиз рост бўлса, мана бу нарсаларнинг исмларини Менга билдиринглар!”. (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 31-оят)

“Аллама-л-асмо” – “Ва У Зот барча нарсаларнинг исмларини ўргатди”.

4 –“(Оллоҳ): “Эй Одам, буларга у нарсаларнинг исмларини билдир”, деди. (Одам) уларга барча нарсаларнинг исмларини билдирганидан кейин (Оллоҳ) айтди: “Сизларга, Мен Еру осмонларнинг сирларини ва сизлар ошкор қилган ва яширган нарсаларни биламан, демаганмидим?”. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Биз фаришталарга Одамга таъзим қилинг дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Фақат, иблис кибр ва ор қилиб – кофирлардан бўлди”. (Қуръони карим, «Бақара» сураси, 33-34-оятлар).

5 – “Ер ҳам, осмонлар ҳам мени сиғдира олмас, аммо, мўмин бандамнинг қалбига сиғаман” (Ҳадис).

6 – “У Кунда ҳаёти дунёдан Оллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб, имон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга хитоб қилиниб дейилур: “Эй (Оллоҳнинг зикри билан) хотиржам – сокин нафс; Сен (Оллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Оллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт! Бас, (Солиҳ) бандаларим қаторига киргин; Ва менинг жаннатимга киргин!”. (Қуръони карим, «Вал-Фажр» сураси, 27-30-оятлар).

“Удхул фй ибоди, талтақий, жаннатан мин руъяти ё маттақий” – “Эй, қўрқувни ҳис қилган, бандаларим (қаторига) киргин, жаннатимга киргин”

7 – (Оллоҳнинг қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидан (бири) – У Зот сизларни (яъни, отангиз Одамни) тупроқдан яратгани, сўнгра сизлар башарга айланиб (Ер юзига) таралишларингиздир. (Қуръони карим, «Рум» сураси, 20-оят).

8 – Таҳлил – “Ло илаҳа иллаллоҳ” (“Оллоҳдан ўзга Илоҳ йўқ”) дейиш.

9 – Тасбиҳ – “Субҳоноллоҳ, субҳоноллоҳ” деб Оллоҳни зикр этиш.

10 – Қийлу қол – Суҳбат, баҳс.

11 – Абу Ҳурайра (р.а) ривоят қилган ҳадис: “Расулуллоҳ (с.а.в) айтдилар: “Оллоҳ таоло (бутун борлиқни) яратишни адо қилгач, Арш устидаги, Ўзининг ҳузуридаги Китобига: “Менинг Раҳматим ғазабимдан ғолибдир”, деб битиб қўйди.

12 – “(Эй, Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга: “Мен Ерда (Одамни) халифа қилмоқчиман”, деганида, улар айтдилар: “У Ерда бузғунчилик қиладиган, қонлар тўкадиган кимсани (халифа) қиласанми? Ҳолбкуи, биз ҳамду сано айтиш билан Сени улуғлаймиз ва Сени(нг номинги мудом) пок тутамиз”. (Оллоҳ) айтди: “Мен сизлар билмаган нарсаларни биламан”. (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 30-оят).

13 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бирор мусибат келганда: “Албатта биз Оллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз У Зотга қайтгувчилармиз”, дейдиган сабрли кишиларга хушхабар беринг!”. (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 156-оят).

ХОТИННИНГ ЭРИГА РИЗҚ ТАЛАБИ ЙЎЛИНИ ТАЙИНЛАГАНИ ВА ЭРИ УНИ ҚАБУЛ ҚИЛГАНИ

Деди хотин: “Бир қуёш кўк узрадур,
Бахш этар, аммо, бутун оламга нур.

Улки Раҳмон ноибидир, Ҳаққа ёр,
Бўлди Бағдод ўлкаси ундан баҳор. 2685

Шоҳ-ла эрсанг, шоҳ эрурсан бегумон,
Элтадир токай йўлинг бадбахт томон?

Шоҳга ёрлик кимиё янглиғ агар,
Борми кимё, айлагандек шоҳ назар.

Гар Абу Бакр эрди, Аҳмад кўз қадаб,
Сўнгра Сиддиқ бўлди бир тасдиқ1 сабаб!

Эр деди: “Шоҳ олдига қандоқ кирай?
Топмасам бир важ, баҳона, не қилай?

Ё яқинлик, ё бирор ҳийла раво,
Қай амал бевосита бўлгай бажо? 2690

Худди, Мажнунга хабар етган маҳал,
Бўлди деб Лайли бироз бетоб, касал,

Деди: “Эй, воҳ, бесабаб қандоқ борай?
Сўрмасам ҳол, сўнгра не куйга қолай?

Лайтани кунту табибан ҳозиқан,
Кунту амши наҳва лайло собиқан”.2

“Қул таъалав” деди Ҳақким, ул замон
То уят синмоғига бўлсин нишон.3

Шабпаракда бўлса гар олат, назар,
Кундузи жавлон урарди қанчалар”. 2695

Деди: “Ҳиммат шоҳи майдон орадир, –
Чорасизлик манбаи ҳам чорадир.

Чунки, олат борлигу даъво қилиш,
Иш эса олатсиз ўлгай хўрланиш”.

Деди: “Олатсиз, нечук савдо қилай?
Йўқ эса, қандай қилиб пайдо қилай?

Бас, зарур йўқсиллигим-чун бир гувоҳ,
Менга то раҳм айласин ҳимматли шоҳ.

Сен гувоҳ топ ҳийласиз, сўзсиз, фақат,
Муҳтарам шоҳ айласин то марҳамат. 2700

Қай гувоҳда сўзу найранг қатма-қат,
Қозиларга Қози4 улни қилди рад.

Ҳол гувоҳин сидқ ўзига чорлагай,
Токи сўзсиз ҳам у нури порлагай”.

———————————
1 – Тасдиқ – Абу Бакр Муҳаммад (с.а.в) даъватлари билан исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган. Исломга киришдан олдин исми Абулкаъба эди. Сиддиқ деб аталишига сабаб шуки, исро ва Меърож ҳодисасини энг биринчи бўлиб тасдиқлаган. Муҳаммад пайғамбар унга Сиддиқ, яъни, имони кучли деб лақаб берганлар.

2 – “Лайтани кунту табибан ҳозиқан, кунту амши наҳва лайло собиқан” – “Эй, кошки ҳозиқ табиб бўлардим, Лайли томонга ҳаммадан олдин борардим”.

3 – “Айтинг: “Келинглар, Парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай…” (Қуръони карим, “Анъом” сураси, 151-оят).

“Қул таъалав” – “Келинглар”.

4 – Яъни, қозиюл қуззот, барча халифаликнинг Бош Қозиси. Бу унвон машҳур халифа Хорун ар-Рашид даврида жорий қилинган.

АРАБНИНГ БИЁБОН ОРАЛАБ БАFДОДГА БОРГАНИ, У ЕРДА ҲАМ СУВ ТАНҚИС ДЕБ ЎЙЛАБ, БИР КЎЗАДА ЁМFИР СУВИНИ АМИРАЛМЎМИНИНГА СОВFА ҚИЛИШ УЧУН ЭЛТГАНИ

Деди хотин: “Сидқ эрур буткул кечиш
Борлиғингдан ҳамда азму жаҳд этиш.

Кўзамиз ёмғир-ла лиммо-лим нуқул,
Мулку бойлик ҳамда анжом бизга ул.

Ўша сувнинг кўзасин олгин-да бор,
Шоҳга қил ҳадя ва бўлгин унга ёр. 2705

Айт-ки, бунда ўзга йўқдир ҳеч вақо,
Сувдин аъло, яхшиси йўқ чўл аро.

Гарчи ғазна лиқ тўла зар, серҳашам,
Бундайин сув бўлмаса, камёб бу ҳам”.

Кўза недир? Кўза – тутқун боримиз,
Ундаги сув – изтиробу зоримиз.

Бул хуму кўзамни, эй, қодир Худо,
Эт қабул луфинг-ла “Аллоҳ аштаро”. 1

Беш оғизли кўзада беш туйғу-ҳис,
Ул сувин асра ҳаромдан пок, азиз. 2710

Токи қолсин кўзадан денгизга из,
Токи денгиз хулқин олсин кўзамиз.

Элтганинг чоғ Шоҳга сен ҳадя қилиб,
Унга Шоҳ бўлсин харидор, пок билиб.

Унда сув билмай ниҳоя шул замон,
Тўлгуси бул кўзадин юзлаб жаҳон!

Тўлдириб хумдан, унинг оғзини юм,
Деди: “Fуззу ъан ҳаво абсоракум”.2

Тўлди эрнинг кўнгли, кимга ҳадя бул?
Ростданам шоҳга муносиб дерди ул! 2715

Лек, аёл билмасди ул ён шом-саҳар,
Дажла оқгайдир, суви мисли шакар.

Ул шаҳар қоқ белидан дарё равон,
Беҳисоб кема, балиқларга макон.

Бор у Султон олдига, кўр не раво?
Кўр, не “тажри таҳтаҳа-л-анҳор” аро?3

Неки идрок бирла ҳис бизлардадир,
Ул сафо дарёсидан бир қатрадир.

—————————
1 – “Албатта Оллоҳ мўминларниг жонларини ва молларини улардан жаннат баробарига сотиб олди – улар Оллоҳ йўлида жанг қилишиб (кофирларни) ўлдирадилар ва (ўзлари хам Оллоҳ учун шаҳид бўлиб) ўлдириладилар. (Бундай мўминларга жаннат берилишига) Оллоҳ Таврот, Инжил ва Қуръонда Ўзининг ҳақ ваъдасини бергандир. Оллоҳдан ҳам аҳдига вафодорроқ ким бор? Бас, (эй мўминлар), қилган бу савдоларингиздан шод бўлингиз! Мана шу ҳақиқатан, буюк саодатдир. (Қуръони карим, «Тавба» сураси, 111-оят).

“Аллоҳ аштаро” – “Оллоҳ сотиб олди”

2 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар!.. Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Оллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир”. (Қуръони карим, «Нур» сураси, 30—оят).

“Ғуззу ъан ҳаво абсоракум” – “Кўзингизни ҳою ҳаваслардан тўсинг”.

3 – “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли – сифати (будир): “Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир…” (Қуръони карим, «Муҳаммад» сураси, 15-оят).

“…улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бор…” (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 25-оят).

“Тажри таҳтаҳа-л-анҳор” – “Остларидан дарёлар оқиб ўтгувчи”.

АРАБНИНГ ХОТИНИ ЁМFИР СУВИ ТЎЛА КЎЗАНИ АРАБЛАРГА ХОС ТАРЗДА КИГИЗГА ЎРАБ ТИККАНИ ВА ЯНАДА ИШОНЧЛИРОҚ БЎЛИШИ УЧУН СУРҒУЧЛАГАНИ

Эр деди: “Ҳа, кўза оғзин боғлагин,
Биз кўрармиз ушбу ҳадя фойдасин. 2720

Сен кигиз бирла ўра, бу кўзадин,
Сув ичиб шоҳ, токи очсин рўзасин.

Бундайин сув олам ичра қайдадир?
Бори софлик, таъму завққа манбадир”.1

Чунки, ичган сувлари аччиқ ва шўр,
Шул сабаб, иллатлидирмиз, нимкўр.

Қайси қуш шўр сувни гар маскан билар,
Соф, тиниқ сув жойини қайдан билар?

Шўр булоқдан сув ичар бўлсанг, фақат,
Сен учун қайда Фирот, Жайҳун ва Шат? 2725

Сенга, эй, ўз қобиғи ичра ниҳон,
Завқу кенглик, покланиш қайдан аён?

Ота-бобонг нақли фикринг банд этур
Сенга номлар мисли бир абжад2 эрур.

“Абжаду ҳавваз”3ни гўдак ҳам билар,
Лек, улардан олис унда маънилар.

Эр-араб, хуллас, кўтарганча юкин,
Чиқди йўлга, кўза элтиб кеча-кун.

Ваҳм ила четларди тақдир ҳамласин,
Чўлдан элтарди шаҳарга, найласин! 2730

Жойнамоз ёзди у, Ҳақ ўй–фикрида,
“Рабби саллим” дерди тоат зикрида.4

“Сувимиз асра ёмонлардан бу кез,
Дурни еткур, эй, Худо, денгизга тез!

Гарчи ҳушёру закий эрим маним,
Дурру гавҳарда бўлар минглаб ғаним.

Не ўзи гавҳар? У кавсар сувидур,
Унда ҳар қатра асил гавҳар эрур”.

Ул хотин қилган дуо, зорлар етиб,
Юк билан эр ҳам машаққатлар чекиб, 2735

Ўғрию тош зарбидан сақлаб омон,
Элтди эр сувни йирик пойтахт томон.

Кўрди бир даргоҳки, инъом эрди жам,
Ҳожат аҳли қўйган ул домларни ҳам.

Ҳожат аҳли эрди сероб қанчалар,
Бунда топмиш кўп либосу ҳадялар.

Ўтпараст, мўмин, хунук, зебо учун,
Эрди ёмғир ё қуёш, жаннат бутун.

Бир гуруҳ эрди безангандай қатор,
Бошқа бир қавм эрди интиқ, интизор. 2740

Ҳам Сулаймон, ҳам чумоли, хос-авом,
Сур чалингач, ер тирилгандай тамом.5

Олди суврат аҳли жавҳар ичра тин,
Маъни аҳли топди маъно денгизин.

Кимки ҳимматсиз, бўлиб ҳимматга ёр!
Кимки ҳимматлик, бўлиб неъматга ёр!

—————————
1 – “Улар (жаннатда) муҳрланган майдан суғорилурларки; У (май)нинг муҳри мушк бўлур…” (Қуръони карим, «Мутаффифун» сураси, 25-оят).

2 – Абжад – Араб алифбосининг сирасини кўрсатувчи саккизта уйдурма сўзнинг биринчиси ва шу уйдурма сўзлар мажмуининг номи (бундаги ҳар бир ҳарф маълум бир сон қийматига ҳам эгадир): Абжад тартиби, абжад ҳисоби каби.

3 – “Абжаду ҳавваз “ – “Ҳарфлар ва номи”.

4 – “ Рабби саллим” – “Ўзинг омон асрагил!”. Ғаззолийнинг “Иҳёу улум ид-дин” асарида келтирилган ҳадисга ишора: “Сирот – қиличнинг дамидай ёки ингичка соч толасидай. Дарҳақиқат, фаришталар мўмин эркак-аёлларни қутқаради, Жабройил (а.с) эса менинг белимдан тутади ва мен айтаман: “Эй, Раббим, Ўзинг асра, Ўзинг асра!”.

5 – “То улар чумолилар водийсига етган вақтларида, бир чумоли: “Эй чумолилар, уяларингизга киринглар, яна Сулаймон ва унинг лашкарлари ўзлари сезмаган ҳолларида сизларни босиб-янчиб кетмасинлар”, деган эди”. (Қуръони карим, «Намл» сураси, 18-оят).

ГАДО ҚАНЧАЛИК КАРАМ ВА КАРИМ ОШИFИ БЎЛСА, КАРИМ КАРАМИ ҲАМ ШУНЧАЛИК ГАДО ОШИFИДИР. АГАР ГАДО САБРЛИ БЎЛСА, КАРИМ УЛ ТОМОН КЕЛГАЙ. АММО, ГАДОНИНГ САБРИ – ГАДОНИНГ КАМОЛИ, КАРИМНИНГ САБРИ КАРИМНИНГ НУҚСОНИ ЭКАНЛИГИ БАЁНИДА

Етди “кел, толиб!” деган даъват, садо,
Кутгай эҳсонлар гадо янглиғ гадо!

Излагай ожиз, гадоларни ато,
Силлиқ ойна излагандай ҳурлиқо. 2745

Кўзгу ҳар гулюзлини зебо қилур,
Ҳар гадо эҳсон юзин пайдо қилур.

“Ва-з-зуҳо”да Ҳақ буюрмиш: “Қурби йўқ,
Ҳар гадога, эй, Муҳаммад, урма дўқ!”1

Гар гадо эҳсонга кўзгу бўлса, бас,
Кўзгуга кони зарардир ҳар нафас.

Ул бири эҳсонни айлайди гадо,
Бошқаси қилгай талай эҳсон ато.

Бил, гадолар Ҳақ атосин кўзгуси,
Ҳаққа ёрлар Мутлақ Эҳсон бўлгуси. 2750

Бил жасад, ким иккисиндан айридир,
Парда нақши бул эшикдан наридир.

———————————
1 – “Бас, энди Сиз ҳам етимга қаҳр қилманг. Сўрагувчи – тиланчини эса (бирон нарса бермасдан) ҳайдаманг! Парвардигорингизнинг (Сизга ато этган пайғамбарлик ва бошқа барча) неъмати ҳақида (кишиларга доимо) сўзланг!” (Қуръони карим, «Ваз-Зуҳа» сураси, 9-11-оятлар).

“Ваз-зуҳа” – “Чошгоҳ вақтига қасам”. (Қуръони каримдаги сураларнинг бири).

ХУДОГА ДАРВИШУ ХУДОГА ТАШНА ҲАМДА ХУДОДАН ТАШҚАРИДА ДАРВИШУ ЎЗГАГА ТАШНА ИККИ ДАРВИШ ОРАСИДАГИ ФАРҚ БАЁНИ

Улки дарвиш нақши нонга арзимас,
Қил суяк отмоқни ит нақшига бас.

Ҳақ эмас, бор унда нонга иштиёқ,
Мурда нақшин олдига қўйма товоқ.

Ердаги балиқ у нон дарвишлари,
Суврати балиқ, бироқ, сувдан нари.

Хонаки қушдир, ҳаво Симурғимас,
Лут1 егай, Ҳақнинг таомин ул емас. 2755

Ҳақни севгай, қилгуси нон деб ато,
Жонимас, ҳусну жамолга мубтало.

Моҳият ишқи шудир деб ўйлагай,
Моҳият исму сифатда бўлмагай.

Гар хаёл махлуқ, яралмишдир, фақат,
Ҳақ яралгувчи эмас, Ул – “лам юлад”.2

Ким тасаввур-ўйга ошиқ эрта-кеч,
Ул Худонинг ошиғи бўлгайми ҳеч?

Бўлса суврат ошиғи содиқ агар,
Элтадир улни мажози Ҳақ қадар. 2760

Шарҳ истар ушбу сўз нақли бу чоқ,
Қўрқаман эски қарашдан мен, бироқ.

Эскича фикру қарашлар – ақли тор,
Пуч хаёлга фикратинг айлар дучор.

Ҳақ куйи ҳар кимга ҳам тақдир эмас,
Барча қушнинг луқмаси анжир эмас.

Қушгаким, буткул чирик, мурда агар,
Бўлса пуч ўйларга ғарқу кўру кар.

Гар балиқ – суврат, суву хок унга бир,
Ҳиндуга совун не, аччиқтош надир. 2765

Суврати ғамгин чизилган ҳар вароқ,
Бермагай шодлик ва ғамдан бир сабоқ.

Суврати ғамгину ғофил унда жон,
Суврати хандону йўқдир бир нишон.

Бир чизиқ гар дил аро бул ғам, сурур,
Шодлигу ғам наздида суврат эрур.

Сен учун – шодлик у суврат нақшидин,
Тўғри маъно то яралсин шаклидин.

Нақшлар ҳаммомда сувратдек турар,
Сиртидан боққанда, бир тўндек улар. 2770

Сиртда сен кўрсанг агар тўнларни, бас,
Тўнни еч, кир ичкари, эй, ҳамнафас.

Ичкарига тўн-ла йўл йўқ ҳар сафар,
Тан жондин, тўн тандин бехабар.

——————————
1 – Лут – таом, емиш.

2 – “Лам ялид ва лам юлад” – “У туғмаган ва туғилмагандир (яъни, Оллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У Азалий ва Абадий Зотдир)”. (Қуръони карим, «Ихлос» сураси, 3-оят).

ХАЛИФАНИНГ МУЛОЗИМЛАРИ ВА ЭШИК СОҚЧИЛАРИ ЭҲТИРОМ ЮЗАСИДАН САҲРОЙИ АРАБГА ПЕШВОЗ ЧИҚҚАНИ ВА УНИНГ СОВFАСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛГАНИ

Ул араб олис биёбонни кезиб,
Сўнгра султон қасрига келмиш етиб.

Кўрсатиб нозирлар унга илтифот,
Сепдилар лутфий гулоблар шул заҳот.

Ҳожати эрди аён бе қийлу қол,
Одат эрди аввал эҳсон, сўнг савол. 2775

Дедилар сўнг унга: “Ё важҳа-л-араб!1
Сен қаердан? Толмадингми тентираб?”

Деди: “Борман, бор десангиз мен бу чоқ,
Юз ўгирсангиз, қиёфам йўқ, бироқ.

Эй, юзингизда улуғликликдир далил,
Гардишингиз жаъфарий зар2дан асил!

Сиздаги дийдорда дийдор акси бор,
Эйки, дийнингизга соқчи зар, динор!

Эйки, сиз “янзур бинуриллаҳ” букун,
Шоҳимиздан армуғон этмоқ учун.3 2780

То назар кимёси зарбиндан нари,
Қолмасин аҳли башарнинг мислари!

Мен – ғариб, келдим биёбон юртидан,
Ҳам умид қилганча султон лутфидан.

Лутфининг атри таралмиш чўл томон,
Чўлда ҳар қум зарраси ҳам олди жон.

Бунга келгандим динорнинг ортидин,
Англадим келгач, экан дийдор ширин”.

Аллаким нонвойга бормиш нон сўриб,
Берди жон, нонвой жамол-ҳуснин кўриб. 2785

Боққа кирди кимдир ором олгани,
Олди боғбон ҳуснидан дам жон-тани.

Чоҳ тубидан бир арабдай тортди сув,
Чун Юсуфдан оби ҳайвон тотди у.4

Борди Мусо оташу лахча сўриб,
Бўлди оташдан халос, оташ кўриб.5

Қочди Ийсо жаҳди ёвдан бехатар,
Элтди то тўртинчи осмонга қадар.6

Бўлди буғдой дони Одамга тузоқ,
Борлиғи бўлсин дея халққа бошоқ. 7 2790

Луқма деб лочин борар қопқон томон,
Сўнгра шоҳнинг илкида топгуси шон.

Касб учун гўдак борар мактабга тез,
Қуш олиб бергум дегач ота у кез.

Сўнг тугаб мактаб, улуғ, комил бўлар,
Ойлигин бергай ва ой янглиғ тўлар.

Қилди жанг Аббос,8 дилин қоплаб ғараз,
Қилди Аҳмад жонига, ҳам динга қасд.

То қиёмат қайтди иймон, дин сари,
Бул Халифатда ўзи, фарзандлари. 2795

Бунга келгандим, қилиб нарса талаб,
Топдим иззат, даҳлиз ичра чўккалаб.

Туҳфа билдим сувни, нон деб мен бу кез,
Нон ҳиди элтмиш мени жаннатга тез.

Қилди жаннатдан нари Одамни нон,
Сўнгра нон қилмиш мени жаннатмакон.

Нону сувдан айриман, гўё, малак,
Беғаразман бунда мен мисли фалак.

Беғаразмас, неки бор, то бор жаҳон,
Беғараз – ишқ аҳли, унда жисму жон. 2800

—————————
1 – “Ё важҳа-л-араб!” – “Эй, арабсиёқ!”.

2 – Жаъфарий зар – соф олтин. Жаъфар Яҳё Бармакий – халифа Хорун ар-Рашиднинг вазири, машҳур араб кимёгари зарб этган олтинлар шундай деб аталган.

3 – “Янзур бинуриллаҳ” – “Оллоҳ нури билан қарайди”. “Мўмин кишининг фаросатли назаридан эҳтиёт бўлинглар, чунки, у Оллоҳ нури билан қарайди” ҳадисига ишора.

“(У) Оллоҳнинг ёқиб қўйилган бир оловидирки, (ўз алангаси билан баданларни тешиб ўтиб) юракларга қадар етур!” (Қуръони карим, «Ҳумаза» сураси, 6-7-оятлар).

4 – “(Юсуф алайҳис-салом қудуққа ташланганининг учинчи куни, у очликдан азобланиб ётганида) бир карвон келиб, ўзларининг сув изловчиларини (сув келтиргани) юборганларида, у челакни (қудуққа) ташлаган эди, (сувнинг ўрнига) челакка осилиб Юсуф чиқди”. (Қуръони карим, «Юсуф» сураси, 19-оят).

5 – “Энди қачонки Мусо ( келишилган ўн йил) муддатни ўтаб, аҳли-оиласи билан (Миср томон) йўлга тушгач, Тур (тоғи) тарафдан бир оловни кўриб қолди. У аҳли-оиласига: “Сизлар кутиб туринглар. Аниқки, мен бир оловни кўриб қолдим. Шояд сизларга ундан бирон хабар ёки исиниб олишларингиз учун у оловдан чўғ олиб келсам”, деди. (Қуръони карим, «Қасас» сураси, 29-оят).

“Эсланг, у (қоронғи кечада узоқдан) бир оловни кўриб аҳли-оиласига: “(Сизлар шу ерда) туринглар, мен бир олов кўриб қолдим, шоядки сизларга ундан бирон чўғ олиб келсам ёки шу ўт олдидан бирон йўл (кўрсатувчи) топсам”, деди. Бас, қачонки у (оловнинг яқинига) келгач: “Эй Мусо”, деган нидо эшитилди. “(Эй Мусо), Мен сенинг Парвардигорингдирман. Энди ковушларингни ечгин. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан”. (Қуръони карим, “Тоҳа” сураси, 10-12-оятлар).

6 – “Ҳолбуки, улар (Ийсони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта (Ийсо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч қандай билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир. Балки уни Оллоҳ Ўз ҳузурига кўтаргандир. Оллоҳ қудрат ва ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир”. (Қуръони карим, «Нисо» сураси,157-158-оятлар).

7 – “Сўнг шайтон уларни беркитилган авратларини очиб юбориш учун васвасага солди ва: “Парвардигорингиз фақат фаришталарга айланмаслигингиз ёки (жаннатда) абадий яшаб қолмаслигингиз учунгина сизларни бу дарахтдан қайтарди”, деди”. (Қуръони карим, “Аъроф” сураси, 20-оят).

8 – Аббос – Абдуллоҳ ибн Аббос (619-686), Муҳаммад (с.а.в)нинг амакиваччалари, ниҳоятда илмли бўлганлиги туфайли “хабр ал-умма” (“жамоа донишманди”) лақабига сазовор бўлган. (“Ислом энциклопедияси”, Тошкент, 2004)

ДУНЁ ОШИFИ ҚУЁШ НУРИ ТУШИБ ТУРГАН ДЕВОР ОШИFИГА ЎХШАЙДИ, ТОВЛАНГАН БУ НУР ДЕВОРДАН ЭМАС, ТЎРТИНЧИ ОСМОНДАГИ ҚУЁШ ГАРДИШИДАН ЭКАНЛИГИНИ АНГЛАШГА ҲАРАКАТ ҚИЛМАСЛИГИ, ДЕВОРГА БУТУНЛАЙ КЎНГИЛ ҚЎЙИБ, ҚУЁШ ЁFДУЛАРИ ҚУЁШГА ҚАЙТГАЧ, У БИР УМР МАҲРУМ ҚОЛИШИ БАЁНИДА, ЯЪНИ, “ҲИЛА БАЙНАҲУМ БАЙНА МО ЯШТАҲУНА”1

Куллга ошиқ – жузвигамас мубтало,
Жузвига муштоқ эрур куллдан жудо.

Бўлса гар жузв ошиғи жузви, шу кез,
Маъшуғи кулл ёнига кетгуси тез.

Кулги бўлмиш, ўзгага букмиш тизин,
Ғарқ ўлиб, қоқмиш заифлик эшигин.

Ҳоким эрмас, қилгали дармон, даво,
Хожасин ё ул ишин қилсин бажо?

———————————-
1 – “Ҳила байнаҳум байна мо яштаҳуна” – “Улар ва улар истаган нарса орасида парда бордир”.

“(Мана энди) худди улардан илгари (ўтган) ҳаммаслакларига қилингани каби, улар билан ўзлари истайдиган нарсанинг (яъни, иймон келтириб, дўзах азобидан қутулиб қолишнинг) ўртаси тўсиб қўйилди, зеро, улар (ҳаёти дунёдалик пайтларида) шак-шубҳа остида эдилар”. (Қуръони карим, «Сабаъ» сураси, 54-оят).

АРАБЛАРНИНГ: “ИЗО ЗАНАЙТА ФАЗНИ БИ-Л-ҲУРРАТИ ВА ИЗО САРАҚТА ФАСРИҚИ-Д-ДУРРАТА”1 МАҚОЛИ ХУСУСИДА

“Фазни билҳурра”2 мақолдир, бир асос,
“Фасриқи-д-дурра”3 каломи – унга хос. 2805

Хожага ён берди қул, ул қолди зор,
Гулга борди гул ҳиди, ул бўлди хор.

Мақсадиндан айрилиб ул эрта-кеч,
Жаҳди зоеъ, пойи мажруҳ, ранжи – ҳеч.

Ул соя овловчи бир сайёд мисол,
Соя ҳеч бўлгайми ўлжа, мулку мол?

Бир киши қуш соясинга солди чанг,
Қуш дарахт шохинда қолмиш лол, гаранг:

“Бул фаросатсиз кулар кимдан, ажаб?”
Боқ, мана, беҳудалик, жирканч сабаб. 2810

Гар дегайсан, жузв эрур куллга туташ,
Сен тикон е, чунки, ул гулга туташ.

Бир томондан бўлгай ул кулл бирла жам,
Йўқса, пуч эрди расуллар бурчи ҳам.

Ҳар расул пайвандлик ортиндан юрар,
Бас, нечун пайвасталик? Бир тан улар.

Эй, ғулом, бул сўз адо бўлмайди ҳеч,
Қил ҳикоятни тамом, кун бўлди кеч.

—————————
1 – “Изо занайта фазни би-л-ҳуррати ва изо сарақта фасриқи-д-дуррата” – “Зино қилсанг, ҳур билан зино қил, ўғирлик қилсанг, дур (қимматбаҳо тош)ни ўғирла.

2 – “Фазни билҳурра” – “Ҳур билан зино қил”.

3 – “Фасриқи-д-дурра” – “Дурни ўғирла”.

АРАБ ЎЗ ҲАДЯСИНИ, ЯЪНИ, КЎЗАНИ ХАЛИФАНИНГ ХИЗМАТКОРЛАРИГА ТОПШИРГАНИ

Кўзасин қўлда тутиб саҳройи зот,
Экди хизматнинг уруғин шул заҳот. 2815

Деди: “Элтинг, ҳадя бул султон учун,
Шоҳ гадоси ҳожатин айланг бутун.

Сув ширин, янги, яшил1дир кўза ҳам,
Айладик ёмғир сувин чоҳ ичра жам”.

Барча нозир кулгисин келтирди бул,
Қилдилар, лек, ҳадясин жон деб қабул.

Чунки, шоҳнинг лутфу меҳри, бохабар,
Бор сарой аҳлига этганди асар.

Шоҳ хулқи халққа ибрат ҳар қадам,
Кўм-кўк осмон кўм-кўк айлар ерни ҳам. 2820

Шоҳ ҳовуз эрса, мулозимлар – қувур,
Сув қувурдан кўзага етгусидур.

Пок ҳовуздан бўлса гар ул сув раво,
Ҳар қувур қилгай ширин, соф сув ато.

Шўру ифлос сув ҳовузда бўлса жам,
Булғанар сув ул қувурлар ичра ҳам.

Чунки, пайванддир ҳовузга ҳар қувур,
Сен бу сўз маъносига етгин чуқур.2

Шоҳ лутфи беватан бир жонсаро,
Қандай из қолдирди буткул тан аро! 2825

Ул ақлким, бори лутфи хушнасаб,
Танга буткул айлагайдир бахш адаб!

Ишқ агар шўх, беқарордир, бесукун,
Келтирар жунбушга танни кеча-кун!

Лутфи ҳар уммон сувин Кавсар этур,
Ҳар шағал, тош унда дур-гавҳар эрур.

Ҳар ҳунар устози гар шуҳратга ёр,
Барча шогирд жонида ул васфи бор.

Ул усул устозидан не-не усул
Ўрганар эпчил, закий шогирд нуқул. 2830

Барча шогирдлар фақиҳдан ҳар нафас
Фиқҳ ўргангай, усул нақлин эмас.

Бўлса имло олими устоз агар,
Ул сабаб шогирд дили тил ўрганар.

Йўлда маҳв этса ўзин устоз, у дам,
Шоҳда маҳв этгай ўзин шогирди ҳам.

Сўнгги кун барча илмдан ортиғи,
Лек, фақирлик илмидир – йўл озиғи.

————————
1 – Халқда қизил идишдан кўра яшил идишда сув яхши сақланади, деган тасаввур мавжуд.

2 – “Одамлар ўз подшоҳларининг дийнига эргашади”. (Ҳадис).

ТИЛШУНОС ОЛИМ ВА ҚАЙИҚЧИ МОЖАРОСИ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ

Тилчи олим кемага тушган заҳот,
Кемачига юзланиб худбин у зот, 2835

Сўрди: “Борми наҳвий илминг?” Деди: “Ло” ,
Деди: “Умринг ярми ўтмиш бебақо!”.

Кемачин кўнглига озор етса ҳам,
Ўзни жим тиймиш жавобдан ушбу дам.

Кемани гирдобга ел сургач шу пайт,
Кемачи сўрмиш балан овозда: “Айт!

Борми сузмоққа уқувинг, эй, жаноб?!”,
Деди: “Йўқ, эй, хушлиқою хушжавоб!”.

Деди: “Эй, наҳвий, бутун умринг – адо,
Кемамиз бўлмоқда ғарқ гирдоб аро!” 2840

Маҳв эса лозим, керак бўлмайди наҳв,
Сувга киргин, айласанг гар ўзни маҳв.

Мурдани денгиз суви бошда тутар,
Гар тирик бўлса, нажот қайдан кутар?

Гар вафот этсанг, яшаб одамсифот,
Бошда сир уммонинг элтар шул заҳот.

Халқни эшшак билган эй, эшшакнамо!
Қолдинг эшшакдай ботиб музлик аро!

Даҳр аро аллома бўлсанг бул замон,
Боқ, нечоғ фоний замону бул жаҳон. 2845

Бунда наҳвий қиссасин айлаб ямоқ,
Маҳв ўлишнинг наҳвидан бердик сабоқ.

Фиқҳ фиқҳин, маҳв маҳвин, сарф аро
Сарфни хорликда топарсан, ошно!

Кўзада сув – илмимизнинг барчаси,
Ул халифа Оллоҳ илмин Дажласи.

Дажлага хум ичра сув элтдик, демак,
Ўзни эшшак билмасак-да, биз – эшак.

Лек, араб узри қабул, жоиз эди,
Дажладин ул бехабар, олис эди. 2850

Бўлса огоҳ биз каби ул Дажладин,
Шунча жойдан элтмас эрди ҳадясин.

Дажладан топса хабар, дарҳол туриб,
Синдирарди кўзасин тошга уриб.1

——————————————-
1 – «(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиздан руҳ – жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ Ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир”. Сизларга жуда оз илм берилгандир”. (Қуръони карим, “Ал-Исро” сураси, 85-оят).

ХАЛИФАНИНГ ҲАДЯГА, ЯЪНИ, КЎЗАГА ЭҲТИЁЖИ БЎЛМАСА-ДА, УНИ ҚАБУЛ ҚИЛГАНИ ВА АРАБГА ИНЪОМ БЕРИШНИ БУЮРГАНИ

Кўрди ул ҳолин халифа, тинглабон,
Кўзани тўлдирди зарга шул замон.

Берди қанча ҳадялар, ҳар хил либос,
Сўнг араб бўлмиш фақирликдан халос.

“Топширинг олтин тўла ул кўзани,
Қайтса қай вақт, Дажлага элтинг ани. 2855

Ул сафар қилмиш, кезиб саҳрою чўл,
Дажладан бўлгай яқинроқ унга йўл”.

Кемага тушганда Дажлани кўриб,
Мукка тушди юзтубан, изза бўлиб:

“Воажаб, лутф этди шоҳ, бахш этгач ул,
Қилди лол баттар, этиб сувни қабул.

Ул сахо уммони шоҳ мендан, наҳот,
Арзимас совғамни олмиш шул заҳот?”

Буткул олам, эй, ўғил, бир кўзадир,
Илму ирфон, эзгуликка тўладир. 2860

Қатрасин Ул эзгулик денгизидан
Сиғдиролмас тан – тўлиқ, кенглигидан.

Ганж эди махфий ва тўлгач бўлди чок,1
Бўлди осмондан-да нурли еру хок.

Ганж эди махфий, тўлиб кетмиш тошиб,
Ерни султон айламиш, атлас ёпиб.

Кўрса гар Ҳақ Дажласиндан қатра то,
Кўзасин айларди буткул бебақо.

Кимни кўрмиш, кетди ўздан доимо, 2865
Кўзага тош урди бехудлик аро.

Кўзага тош отган эй, қилгувчи кин,
Кўза бўлгайдир бутун, синган сайин!

Сув тўкилмас, гарчи хум кетгай синиб,
Юз бутунлик дарзидан чиққай сизиб.

Рақс этар хум жузви масту телбаҳол,
Жузв ақлга улни, лек, кўрмак маҳол.

Кўза ҳам, сув ҳам кўринмайди шу тоб,
Яхши боқ, “валлоҳу аълам би-с-савоб”.2

Маъни очгай эшигин, қоқ шул заҳот,3
Сен-ку лочин, фикратинг ёйсин қанот. 2870

Лой эрур фикринг пати, оғир чунон,
Чунки, лойхўрсан, эрур лой сенга нон.

Нон ила гўшт лой эрур, камроқ егин,4
Лойдайин ерда қолиб кетма, лекин.

Сен агар оч қолсанг, итдирсан чунон,
Дарғазаб, насли бузуқ, асли ёмон.

Сен қорин тўйганда мурдор ҳар сафар,
Мисли деворсан, оёқсиз, бехабар.5

Гоҳида мурдору итсан гоҳи пайт
Нега шерлар йўлида чопгайсан, айт? 2875

Ов қуроли деб кучукни сен тушун,
Лек, суякни ташла камроқ ит учун.6

Чунки, ит саркаш бўлар тўйган ҳамон,
Сўнг нечук чопгуси тез ўлжа томон?

Ул араб эрди ҳақиру бенаво,
Давлату даргоҳ томон етгунча то.

Сўйладик, эҳсон ато қилганда шоҳ,
Топганин бир бенаво қандай паноҳ.

Не деса ошиқ, у ишқ атрин тарар,
Оғзидан ишқ кўчасига тарқалар. 2880

Деса фиқҳ ул, йўқчилик келгуси, бас,
Тарқатар фақр атрин ул хушбўй нафас.

Деса куфр ул, қамрагайдир дин ҳидин,
Ҳақ ҳиди келгай бу янглиғ куфридин.7

Эгри кўпик сочса ростлик денгизи,
Новдага оро берар пок илдизи.

Ул кўпикни росту соф деб англагин,
Бил уни – дашномидай маъшуқ лабин.

Гарчи ул дашноми эрди нораво,
Айлагай маҳбуб юзин хуш, бебаҳо. 2885

Эгри сўйлар, лек, кўрингай тўғри, тик,
Тўғрини пардозлаган эй, эгрилик!

Сен шакардан айласанг нон шаклини,
Гар есанг, нонмас, берар қанд таъмини.

Тилла бут топса агар мўминсифот,
Тутқазарми бутпарастга шул заҳот?

Қиздириб ўтга солар бутни, лекин,
Синдирар у сўнг омонат сувратин.

Бўлмасин бут шаклида то тилла, зар,
Чунки, суврат ғов эрур, йўлдан урар. 2890

Зар аро Раббониятнинг адли жам,
Ҳам омонат – зарда бутнинг шакли ҳам.

Бурга деб жаҳл ичра кўрпа ёқма ҳеч,
Пашша деб оғритма бошни эрта-кеч.

Бутпарастсан, қилса суврат банд агар,
Сувратин қўй, маънига солгин назар.

Ҳожи эрсанг, ҳожини қилгин талаб,
Хоҳи ҳинди, хоҳи турку хоҳ араб.

Рангу тус, сувратга боқма бул қадар,
Мақсаду азмингга боқ, боқсанг агар. 2895

Сен-ла бирдир фикри гар, гарчи қаро,
Бил уни рангдошу оқ деб доимо.

Сўйладик бул ҳақда биз, чап-ўнги йўқ,
Худди, ошиқ ўйидай бош-сўнги йўқ.

Боши йўқ, чунки, азалдан ул азал,
Сўнги йўқ, чунки, абад ёр ҳар маҳал.

Лек, у мисли сув эрур, ҳар қатраси
Ҳам оёқ, ҳам бошу ҳам йўқ барчаси.

Ҳошалиллоҳ,8 бул ҳикоятмас, бироқ,
Сену бизнинг – ҳолимиз, боқ яхшироқ. 2900

Чунки, сўфий шон-шукуҳпарвар эрур,
Неки ўтмиш бўлса “ло юзкар”9 эрур.

Барчамиз ҳам кўзадирмиз, ҳам малик,
Ҳам арабмиз. “Юъфак анҳу ман уфик”.10

Эрни бил ақлу аёлни нафсу таъм,
Нафсу таъм мункир, қаро, ақл эса – шам.

Қайда инкор асли? Энди тинглагил,
Чунки, куллнинг жузви бордир хилма-хил.

Жузвимас кулл олдида жузвлар бари,
Гул ҳиди гул жузви бўлган сингари. 2905

Майса лутфи жузвидир гул лутфининг,
Жузв эрур булбулга бонги қумрининг.

Банд эсам шарҳу жавоб бирлан бу он,
Ташналарга сув берарман, айт, қачон?

Келса гар буткул малол қийноғу ранж,
Қил сабр: “Ас-сабру мифтоҳу-л-фараж”.11

Ўй-хаёлдан ўзни тийгин бемалол,
Дил – тўқай, ёввойи эшшак, шер – хаёл.

Дориларга сарвару бош ҳар тийиқ,12
Қашланишдан ортадир қўтир, қичиқ. 2910

Ўзни тиймоқ доридир шак-шубҳасиз,
Ўзни тийгач, айла жон қурбини ҳис.

Ол бу сўзларни қулоқдай, тинглагин,
То ясай мен сенга сирға тилладин.

Сирға тақсанг заргар ойсан ҳар сафар,
Юксаларсан то Сурайё, ой қадар.

Тингла аввал, хилма-хилдир халқ чунон,
Хилма-хил жони “алиф”дан “йо”симон.

Хилма-хил ҳарфларда бор шубҳа, нифоқ,
Гарчи бир хилдай улар бошдан-аёқ. 2915

Гоҳи бирдай, гоҳида зиддий эрур,
Гоҳ ҳазилдай, гоҳида жиддий эрур.

Ул Қиёмат кун улуғ изҳор эрур,
Истагай то унда бўлсин кўрку нур.13

Ҳиндудай кимнинг агар кўнгли қаро,
Ўша кун – шармандаликка мубтало.14

Порламас гар чеҳраси чун офтоб,
Хоҳламас тундин бўлак ҳеч бир ниқоб.15

Гар тикон гул баргига бўлмайди ёр,
Бўлгай ул асрор-сирига ёв баҳор. 2920

Ким гулу сафсан бўлиб топгай қарор,
Икки равшан кўз эрур унга баҳор.

Кузни истар маънидан айри тикон,
То гулистон бирла турсин ёнма-ён.

Беркитар ул ҳуснию бул айбини,
Кўрма то ул рангию бул зангини.

Унга куз умру баҳор инъом қилар,
Тош билан ёқутни бир хил деб билар.16

Кузда боғбон топгуси ундан хабар,
Бор жаҳон кўргандан афзал бир назар. 2925

Бу жаҳон бир шахс, ақлдан йўқ дарак,
Кўк аро ҳар юлдуз ойдан бир бўлак.17

Сўнгра ҳар нақшу нигор айтар яна:
“Хушхабар! Қувнанг, баҳор келмиш, мана!”

Токи барқ ургувчи ул қалқонсимон,
Мевалар бунда тугун боғлар қачон?

Гул тўкилгач, мевалар бошлар ҳаёт,
Синса тан, жон бош кўтаргай шул заҳот.

Мева мазмун эрса, гул суврат эрур,
Муждадир гул, мева бир неъмат эрур. 2930

Гул тўкилгач, мева кўзга ташланар,
Ортадир бул, ул камайгач ҳар сафар.

Куч берарми ҳеч, агар нон синмагай?
Гар эзилмайди бошоқ, бергайми май?

Гар туйилмайди ҳалийла, дори то,
Бир ўзи дардга нечук бўлсин даво?

——————————
1 – Довуд (а.с) дедилар: “Эй, Парвардигорим, нега сен одамзодни яратдинг?”. У деди: “Мен махфий бир хазинаман, Мени билмоқликларини истадим ва Мени билмоқликлари учун одамларни яратдим”. (Ҳадис).

2 – “Валлоҳу аълам би-с-савоб” – “Оллоҳ савоб(Ҳақ)ни билгувчи Донодир”.

3 – “Ким эшикни астойдил тақиллатса, у албатта киради”. (Ҳадис).

4 – “Лойни емоқ ҳар бир мусулмонга ҳаромдир. Ким лойни еса, ўзини ўзи ўлдиришга ёрдам беради”. (Ҳадис).

5 – Шориҳларнинг фикрига кўра, бу байтга Амир ибн Абдул Кайснинг сўзлари асос қилиб олинган, яъни, ундан сўрашади: “Инсон ҳақида нима дея оласан?” У деди: “Оч қолса бўйсунадиган, тўқ бўлса бебошлик қиладиган мавжудот ҳақида нима ҳам дея олардим?”.

6 – “Итингни оч ҳолатда сақлагин, токи у сенга бўйинсунсин” деган араб мақолига ишора.

7 – “Ким Оллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса, (Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлур). Лекин ким қалби иймон билан ором олган ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, (унинг иймонига зиён етмас). Аммо кимнинг кўнгли куфр билан (яъни, Диндан чиқиб, кофир бўлиш билан) ёзиладиган бўлса, бас, ундай кимсаларга Оллоҳ томонидан ғазаб ва улар учун улуғ азоб бордир”. (Қуръони карим, «Наҳл» сураси, 106-оят).

8 – Ҳошалиллоҳ – Оллоҳ асрасин!

9 – “Ло юзкар” – “Ёдга келтирмаслик”.

10 –“(Самодаги юлдузлар ҳаракат қиладиган) йўллар эгаси бўлган осмонга қасамки, албатта сизлар (ушбу пайғамбарлар хусусида) хилма-хил сўз устидадирсизлар. Ундан (яъни, Қуръондан, Пайғамбардан Оллоҳнинг илми азалийсида Ҳидоят йўлидан) бурилган (ва саодатдан маҳрум қилинган) кимса бурилиб (юз ўгириб) кетур”. (Қуръони карим, «Ваз-Зариёт» сураси, 7-10-оятлар).

“Юъфак анҳу ман уфик” – “Ундан бурилган кимса бурилиб кетур”.

11 – “Ас-сабру мифтоҳу-л-фараж” – “Сабр кушойишлар калитидир”. (Ҳадис).

12 – “Ўзни тиймоқ – давонинг боши, ошқозон эса касалликлар уйидир”. (Ҳадис).

13 – “Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Оллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар – сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас”. (Қуръони карим, «Ал-Ҳааққа» сураси, 18-оят).

14-15 – “Улар қўллари (яъни, ўзлари) қилиб қўйган ишлари (яъни, Тавротда Ҳақ Пайғамбар эканликлари зикр қилинган Муҳаммад алайҳис-саломни ёлғончи қилганлари) сабабли ҳеч қачон (ўлимни) орзу қила олмаслар. Оллоҳ бундай золим кимсаларни Билгувчидир”. (Қуръони карим, «Жумъа» сураси, 7-оят).

16 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Эй яҳудийлар, агар сзлар (бошқа) одамларни эмас, фақат ўзларингизни Оллоҳнинг дўстлари деб даъво қилсангизлар – агар (мана шу даъволарингизда) ростгўй бўлсангизлар – ўлимни орзу қилинглар-чи?!” (Қуръони карим, “Жумъа” сураси, 6-оят)

17 – “Жаннат аҳлининг аксарияти ақли заиф кишилардир” (Ҳадис).

04

JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobdan sakkizinchi parcha
Odil Ikrom tarjimasi
06

MUSO HAM, FIR’AVN HAM OFUYU DORI, ZULMATU NUR YANGLIF HAQ HUKMI, IRODASIGA TOBE EKANLIGI, FIR’AVNNING: “MENI BENOMUS AYLAMAGIL” — DEB XILVATDA YOLVORGANI BAYONIDA

Ham Muso, ham Fir’avn – Ma’no quli,
Bittasi yo’lsiz, birin bordir yo’li.1

Kunduzi Haq oldida nolib Muso,
Fir’avn tun yarmida qilmish nido:

“Ey, Xudo, buynimda bul zanjir nadir?
Yo’q esa, men – men deya kim aytadir?

Nur tarab, Musoni mamnun aylading,
Menga g’am berdingu mahzun aylading. 2450

Sen Musoga nurli yuz etding ato,
Jonim ichra oy yuzin etding qaro.

Yulduzim oydan yorug’masdir, axir,
Oy tutilgach, endi, ayt, choram nadir?

Navbatimni olsa Shoh, sulton agar,
Oy tutilgach, xuddi, xalq ham tos chalar.

Tos chalib, tun ichra g’avg’o aylagay,
Zarbi birlan oyni rasvo aylagay.

Fir’avnman, xalqdan ofat, g’am kelur!
Tosda zarb ul rabbiala’lom2 erur. 2455

Qulmizu bir xojaga, teshang, biroq,
Qirqadir shoxlarni o’rmoningda, boq.

Aylasa payvand yana bir shoxni gar,
Bittasin, lek, ul qarovsiz qoldirar.

Shoxga tesha yengilib qolgaymi? Yo’q!
Teshadan bir shox omon bo’lgaymi? Yo’q!

O’sha teshang qudrati haqqi, bu dam,
Ayla bul qing’irni rost, aylab karam!”.

Fir’avn dermish tag’in: “Tunlar aro,
Men emasmi so’ylagan “YO Rabbano?” 2460

Xilvatimda yerdaman, vazmin, yetuk,
Gar Musoga yetsam, ayt, bo’lgay nechuk?

Soxta zarda o’n qavat bo’yog’i bor,
Yuzqaro bo’lgay, olov qilganda kor.

Jismu jonimdir Uning hukmida, bas,
Bir nafas po’st aylagay, bir lahza mag’z.

Yashnagayman, Ul “ekin bo’lgin!” desa,
Qovjirayman, Ul agar “so’lgin!” desa.

Lahzada oyni qilar, bir zum qaro,
Bundan ortiq neni Haq ko’rgay ravo? 2465

“Kun-fakun”3 chavgonin oldida to,
Biz choparmiz borligu yo’qlik aro.

Rangi yo’qlikni asir etganda rang,
Ul Muso birlan Muso so’ng qildi jang.4

Yetsang ul avvalgi rangsizlikka to,
So’ng bitim tuzgusi Fir’avnu Muso.

Senda bul so’zdan savol paydo bo’lar,
Bahsu so’zdan rang qachon ayro bo’lar?

Voajab, beranglik ichra qo’pdi rang,
Rangu beranglik nechun qilgusi jang? 2470

(Yog’ning aslin necha bor suv oshirar,
Oqibatda nega yog’, suv tortishar?) 2470/1 (Qo’niyo nusxasida bor).

Yog’ni gar suvdan yaratmishlar, biroq,
O’zaro ziddir nechun suv birla yog’?

Gul tikondan ham tikon guldan unar,
Nega doim mojaro aylar ular?

Balki, jangmasdir, bu hikmat aslida,
YO hunar – eshshakfurushlar jangida.

Yoki hayronlik erur, na bul, na ul,
Ganj qidirgin, chunki, bir vayrona bul.

Ulki, sen ganj deb qilarsan o’y-gumon,
Bul xayoling birla yitgay ganju kon. 2475

Bul imoratlarni bil fikru gumon,
Bo’lmagay ganj, bo’lsa gar obod makon.

Ul imorat ichra borlik jang etar,
Yo’qqa bordan bunda rasvolik yetar.

Bunda borlik ohu faryod aylamas,
Haydagay borlikni yo’qlik har nafas.

Sen dema: “Qochgum bu yo’qlikdan tag’in”,
Lek, qochar sendan u yo’qlik, to’xtagin!

O’z taraf chorlab turar sirtdan mudom,
Aslida, ta’qiq–la quvgaydir, tamom. 2480

Teskari turgay nag’allar,5 ey, salim,
Fir’avnning nafratin qo’zg’ar Kalim.

—————————
1 – “(Muso) aytdi: “Parvardigorimiz barcha narsaga o’z hilqatini – shaklini ato etib, so’ngra (uni) To’g’ri Yo’lga solib qo’ygan Zotdir”. (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 50-oyat).

2 – “So’ng (o’z odamlarini) to’pladi-da, jar solib: “Men sizlarning eng yuksak parvardigoringizman”, dedi”. (Qur’oni karim, «Van-Noziot» surasi, 23-24-oyatlar).

“Rabbiala’lom” – “Eng yuksak Parvardigorim!”

3 – “Biron narsani (yaratishni) iroda qilgan vaqtida Uning ishi faqatgina “Bo’l”, demoqligidir. Bas, u (narsa) bo’lur – vujudga kelur”. (Qur’oni karim, «Yosin» surasi, 82-oyat).

“…Olloh aytdi: “Shunday, Olloh O’zi xohlagan narsasini (o’zi xohlagan suratda) yaratadi. Qachon biron ishni iroda qilsa, unga “Bo’l!”, deydi. Bas, u ish bo’ladi”. (Qur’oni karim, “Ol-i-imron” surasi, 47-oyat).

“Kun fayakun” – “Bo’l!” deydi, bas, u ish bo’ladi”.

4 – “Har bir go’dak Islom tabiatida tug’iladi, so’ng ota-onasi uni yo yahudiy qiladi, yo nasroniy qiladi, yo majusiy qiladi”. (Hadis).

5 – Yovni adashtirish uchun qo’llaniladigan nayrang.

RAHMSIZ, BADBAXT KIMSALARNING IKKI JAHONDAN MAHRUMLIGI, YA’NI, “XASARA-D-DUNYO VA-L-OXIRAT”1

Bir hakim qilmish shu taxlitda fikr,
Ko’k – tuxum, yer ul tuxum sorig’idir.

So’rdilar: “Qandoq turar bul xokdon,
Osmon bo’shlig’i ichra har zamon?

Ko’kda qandilday muallaq begumon,
Yuksalar va na tushar pastga tomon”.

Ul hakim dermish: “Uni tortar samo
Olti yondan, so’ng turar bo’shliq aro. 2485

Xuddi, ul ohanrabolik qubbadir,
O’rtada temirday, osmon uzradir”.

Boshqasi so’rdi: “Musaffo ko’k nechun
Tiyra yerni tortar o’zga kecha-kun?

Yer itargay olti yondan to’silib,
Shul sabab, qoldi shamolga ko’milib”.

Haq elin fikri itargach har qadam,
Ozdi yo’ldan fir’avnlar joni ham.

Ul jahonu bul jahon quvgan sari,
Hech vaqosiz qoldi har yo’lsiz bari. 2 2490

Zuljalolga bandadan bosh tortma lol,
Bil, ularga borliging kelgay malol.

Qahrabosi bor, agar paydo qilur,
Borlig’ing xas-keppagin shaydo qilur.

Qahrabosin gar ular pinhon qilar,
Tasliming tug’yonga tez aylantirar.

Angla, ne hayvonga xosdir, har qadam
Ul asir, odamga bo’lgaydir qaram.

Avliyoga odamiy unvon – asir,
Xuddi, bir hayvonsimon, ey, benazir! 2495

Har dam Ahmad bandasi deb qildi yod
Barcha olamni, o’qi: “qul ya ibod”.3

Tevasan, aqling misoli tevabon,
Ul tashir qat’iy hukmdan har tomon.

Avliyo aql aqlidir oxir qadar
Bor aql safda misoli tevalar.

Sol razm, aylab ularga e’tibor,
Necha ming jonlarda bir sarboni bor!

Tevabon, sarbon nadir? Ko’zni qidir,
To nazar solsin quyoshga birma-bir. 2500

Bir jahon qotmish damin ichga yutib,
Muntazir bo’lgay quyosh, kunni kutib.

Zarrada pinhon quyosh olgusi tin,
Xuddi, sher olmish kiyib qo’y terisin.

Boq, xashak-xas ostida daryo – nihon,
Sen oyoq qo’yma, xato qilgansimon!

Har xato, har bir gumonga dilda bor,
Rahnamoga bo’lgulik Haq rahmi yor.

Har nabiy olamga tanho keldi, boq,
Rahnamosi ham edi pinhonu toq. 2505

Qildi qudrat birla bor olamni rom,
O’zni kichraytmish, yig’ib o’zda mudom.

Derdi har nodon, zaif, yolg’iz ular,
Shoh bilan qandoq zaif suhbat qurar?

Derdilar: “Odam ular, ortiq emas”,
Holi tang – kim oqibatni o’ylamas.

—————————
1-2 – “Odamlar orasida Ollohga bir chetda (ya’ni, sidqidildan emas, balki til uchida) ibodat qiladigan kimsalar ham bordir. Bas, agar unga (dindor bo’lgani sharofatidan) yaxshilik yetsa o’sha sababli xotirjam bo’lur, agar biron fitna-baxtsizlik yetsa (dindan) yuz o’girib ketur. U dunyoyu Oxiratda ziyon ko’rur. Bu esa ochiq-aniq ziyondir”. (Qur’oni karim, «Haj» surasi, 11-oyat).

“Xasara-d-dunyo va-l-oxirat” – “Dunyoyu oxiratda zarar ko’rur”.

3 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Mening iymon keltirgan bandalarimga ayting: “Parvardigoringizdan qo’rqingiz! Bu dunyoda chiroyli amal qilgan zotlar uchun (Oxiratda) chiroyli (oqibat – jannat) bordir. Ollohning Yeri kengdir. Hech shak-shubha yo’qki, sabr-toqat qilguvchilarga ajr-mukofotlari hisob-kitobsiz to’la-to’kis qilib berilur”. (Qur’oni karim, «Zumar» surasi, 10-oyat).

“(Ey Muhammad alayhis-salom), Mening (turli gunoh-ma’siyatlar qilish bilan) o’z jonlariga jinoyat qilgan bandalarimga ayting: “Ollohning rahmat-marhamatidan noumid bo’lmangiz! Albatta Olloh (O’zi xohlagan bandalarining) barcha gunohlarini mag’firat qilur. Albatta Uning O’zigina Mag’firatli, Mehribondir”. (Qur’oni karim, “Zumar” surasi, 53-oyat).

“Qul ya ibod” – “Ey, bandalar!”

SOLIH1 VA SOLIH TUYASI KO’ZLARGA OJIZ, EGASIZ BO’LIB KO’RINGANI. HAQ BIROR LASHKARNI HALOK QILMOQCHI BO’LSA, ULARNING KO’ZIGA DUSHMANLARNI, GARCHI QUDRATLI, FOLIB BO’LSA-DA, OJIZ VA OZ   KO’RSATISHI, YA’NI, “YUQALLIKUM FY A’YUUNIHIM LIYAQZIALLOHU AMRAN KONA MAF’ULAN”2

Erdi Solih tevasi bir tevaday,
Yedi boshin, so’ydi axmoq qavm atay.3

Qildi yovlik suvni deb, chunki, ular
Barchasi nonko’ru suvko’r erdilar. 2510

Ichdi Haqning tevasi oriq suvin,
Tutdilar haqdan darig’ Xoliq suvin.

Erdi Solih tevasin tan-jismi pok,
Dom bo’lib, qilmish yovuzlarni halok.

“Noqatallohivu suqyoho”4 — hukm,
Aylamish qavmni halok, aylab zug’um.

Haq ulardan, aylabon qahru g’azab,
Qildi teva o’rniga, shahrin talab.

Xuddi, ruh Solih erur, tan – tevavor,
Ruhga Yor vasli nasib, tan xoru zor. 2515

Topmagay Solih ruhi zarbdan shikast,
Tevaga yetmish jarohat, zotgamas.

(Qalbi uzra quchmagay hech kim zafar,
Dur emas, ko’rgay sadaf bundan zarar). (Bu bayt Qo’niyo nusxasida uchramaydi. Nikolsonda bor).

Topmagay Solih ruhi ozoru g’am,
Bo’lmagay Haq nuri kufforga qaram.5

Ruhni Haq qilmish vujud ichra nihon,
G’am-azob ichra sinalsin toki jon.

Bexabar, bul ko’rsa g’am – Ul ko’ngli g’ash,
Xum suvi har bir ariq birla tutash.6 2520

Pok vujudlarga erur payvand Iloh,
Toki bor dunyoga ul bo’lsin panoh.

Bo’l valiylar tevasin jismiga qul,
Toki Solih ruhi yor bo’lsin nuqul.

Dedi Solih: “Siz – hasadga mubtalo,
Kelgusi uch kun aro Haqdan jazo.7

Uch kun o’tgach, sizga ofat kelgusi,
Kelsa ofat, bor uning uch belgisi:

Barchaning rangu siyog’i o’zgarar,
Xilma-xil tusda bo’lar, solsang nazar. 2525

Sarg’ayar dastlabki kun yuzlar butun,
Arg’uvon yanglig’ qizil – ikkinchi kun.

Barcha yuz bo’lgay uchinchi kun qaro,
Yog’ilar Haq qahridan og’ir jazo.

Qilsa kim bundan ishorat gar talab:
Bo’taloq qochgusi tog’ tomon qarab.

Chora topgay, ulni kim olgay tutib,
Yo’qsa, ummid qushlari ketgay uchib”.

Yetmadi hech kim oni quvlab chunon,
Tog’u tosh ichra chopib bo’ldi nihon. 2530

Dedi Solih: “Bul Qazo hukmi, qarang!
Hech umid yo’q, bunda borlar holi tang!

Bo’taloq-chun aylabon ehson ato,
Tinchlatingiz, keltirib hurmat bajo.

Ko’ngli tushsa joyiga, yitgay balo.
Yo’qsa, barmoq tishlagaysiz benavo!”.

Shum falokatdan yetib kelgach xabar,
Barcha ko’z tikdi, yog’ilgay deb xatar.

So’ng birinchi kunda yuzlar sarg’arib,
Barcha oh tortmish iloj, yo’l axtarib. 2535

Bo’ldi yuzlar qirmizi, ikkinchi kun,
Tavbalar o’tmay, umid yitmish butun.

Barcha yuz bo’lmish uchinchi kun qaro,
Bo’ldi Solih hukmi jangsiz ham ravo.

Barchasi boshin egib qolgandi lol,
O’ltirardi tiz cho’kib qushlar misol.

Aytdi Jabroil Kitobda birma-bir,
Bul yo’sin ta’zim qilish sharhi nadir.9

Tiz cho’kar, kimki agar ta’lim olar,
Dilga bunday tiz cho’kish qo’rquv solar. 2540

Kutdilar Haq qahridan zarbu xatar,
Keldi Haq qahri va yo’q bo’lmish shahar.

Bordi xilvatdan chiqib Solih u yon,
O’tu neft ichra kuyardi to’rt tomon.

Nola aylar erdi har et, har jasad,
Nola bor, lek, nola qilgich yo’q, faqat.

Tinglamish singan suyaklar nolasin,
Ko’rdi jon to’kkan u yoshlar jolasin.

Yig’lamish Solih yurakka g’am to’lib,
So’ng fig’on tortmish ularga jo’r bo’lib. 2545

Dedi: “Ey, umringiz o’tmish benishon!
Sizni deb Haq oldida qildim fig’on.

Dedi Haq: Sabr ayla, qilsa gar jafo,
Ayla pand, davri erur yo’qlik aro!.

Men dedim: Pand yo’llarin to’sgay jafo,
Jo’shtirar pandlar sutin mehru safo.10

Menga qildingiz jafo, jonim tilib,
Tomirimda pand suti qolmish tinib.

Dedi Haq: Senga qilay lutfu karam,
Surtayin malham yara-zaxmingga ham. 2550

Haq dilimni qildi sof misli samo,
Chiqdi yoddan so’ngra siz bergan jafo.

Pand-nasihat aylagum men qaytadin,
So’z, masal aytib shakar yanglig’ shirin.

Toza sutga qand qo’shardim har mahal,
So’ylarimga ham qo’shardim sut, asal.

Sizga yetgach so’zlarim bo’lmish zahar,
Og’u erdingiz oyoqdan bosh qadar.

G’am yemasman, g’amlarimning boshi xam,
Sarkash, ey, qavmim, erursiz qayg’u-g’am. 2555

Fam agar jon bersa, kim ham oh urar?
Boshda og’riq to’xtagach, kim soch yular?”

Dedi ul so’ng o’ziga: “Ey, nolakor,
Arzimas nolangga bir to’p nobakor!

To’g’rilikcha o’qib, och hikmat sirin:
“Kayfa oso xalfa qavmin zolimin”.11

Ko’z va ko’ngilga yig’i to’lmish tag’in,
Besabab tovlandi rahmi ham mayin.

Erdi lol oqqan tinimsiz yoshidan,
Besabab tommish saxo daryosidan. 2560

Aqli derdi: “Ne uchundir nola-dard?
Nolaga arzirmi ozor ahli, ayt?

Nega yig’larsan, gapir, fe’ligami?
YO kasofat ahlining o’rtar g’ami?

O’rtagaymi yo qurum bosgan dili?
YO ilon zahri tomib turgan tili?

Yig’latar so’yloq tishi yo ohimi?
YO chayonning inidek ko’z-og’zimi?

Kek, piching, o’tkinchi deb chekdingmi g’am?
Haq asir etmishki, shukr ayla bu dam! 2565

Qo’l-oyog’i, ko’zi qiyshiq har qadam,
Mehri qiyshiq, sulhi qiyshiq, qahri ham!

Naqlu taqlidin ular bilmish mayoq,
Aql piyrin boshiga qo’ymish oyoq.

Ko’z, qulog’u til bilan aylab riyo,
Qari eshshak bo’ldilar, pirdan judo.

Bandasin keltirdi jannatdan Xudo,
Toki ko’rsin, kim uchun do’zax ravo”.

——————————
1 – Solih – Qur’onda zikr etilgan payg’ambarlardan biri. Qur’onga ko’ra, Samud qavmini hidoyatga boshlash uchun payg’ambar qilib yuborilgan.

2 – “(Ey mo’minlar), Olloh qilinadigan ishni amalga oshirish uchun to’qnashgan paytingizda sizlarning ko’zingizga ularni kam qilib ko’rsatganini, ularning ko’zlariga esa sizlarni oz qilib qo’yganini eslangiz! Barcha ishlar Ollohga qaytarilur”. (Qur’oni karim, «Anfol» surasi, 44-oyat).

“Yuqallikum fy a’yuunihim liyaqziallohu amran kona maf’ulan” – “Olloh qilinadigan ishni amalga oshirish uchun sizlarni ham ularning ko’zlariga oz qilib ko’rsatdi”

3 – Rivoyat qilishlaricha, Solih payg’ambarning qavmi undan haq payg’ambar ekanligini tasdiqlovchi biror mo»jiza ko’rsatishni talab qilganlarida payg’ambar ularning ko’z o’nglarida bir xarsang toshni tirik tuyaga aylantiradilar va uni so’ymay-o’ldirmay o’z holiga tashlab qo’yishlarini buyuradilar. Aks holda, boshlariga balo kelishi haqida ularni ogohlantiradilar. (Shayx Alouddin Mansurning “A’rof” surasidagi 73-oyatga izohi)

“U aytdi: (Mening mo»jizam) mana shu tuyadir. (Ma’lum bir kun suv) ichish navbati unikidir. Ma’lum bir kun esa sizlarning ichish navbatingizdir”. (Qur’oni karim, “Shuaro” surasi, 155-oyat)

4 – “Faqola lahum rasulullohi naqatallohi va suqyaha” – “Ollohning payg’ambari (Solih alayhis-salom) ularga: “Ollohning tuyasi(ni so’yib yuborish)dan va uni sug’orish(ga to’siq bo’lish)dan (saqlaninglar)!” dedi. (Qur’oni karim, “Vash-shams” surasi, 13-oyat)

“Ey qavmim, mana bu Ollohning (yuborgan) tuyasi sizlar uchun oyat-mo»jiza bo’lib keldi. Bas, uni Ollohning yerida yeb-ichib yurgan holida qo’yib yuboringlar va unga biron yomonlik yetkazmanglar, aks holda sizlarni yaqin azob ushlar”. (Qur’oni karim, “Hud” surasi, 64-oyat).

5 – “Ular Ollohning nurini (ya’ni, Islomni) og’izlari (ya’ni, behuda gaplari) bilan o’chirmoqchi bo’lurlar. Olloh esa, garchi kofirlar istamasalar-da, O’z nurini (ya’ni, Dinini) to’la (ya’ni, har tarafga) yoyguvchidir”. (Qur’oni karim, «Saf» surasi, 8-oyat).

6 – Darhaqiqat, Olloh taolo dedi: “Kim mening valiylarimdan biriga dushmanlik qilsa, men unga qarshi urush e’lon qilaman”. (Hadis).

7 – “Ular esa (tuyani) so’yib yubordilar. Shunda (Solih) aytdi: «Uy-joylaringizda uch kun (tiriklik ne’matidan) foydalanib qolinglar. Mana shu yolg’on bo’lmagan (ya’ni, chin) va’dadir”. (Qur’oni karim, «Hud» surasi, 65-oyat).

8 – Rabbilminan – Haq tomonga.

9 – “Bas, ularni dahshatli zilzila tutib, turgan joylarida to’kildilar (halok bo’ldilar)”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 78-oyat).

10 – “Keyin (Solih) ulardan yuz o’girib (o’zicha) dedi: “Ey qavmim, mana, men sizlarga Parvardigorimning vazifasini – Dinini yetkazdim va sizlarga nasihatlar qildim. Lekin sizlar xolis nasihat qilguvchilarni sevmaysiz”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 79-oyat).

11 – “Keyin (Shuayb) ulardan yuz o’girib, o’zicha dedi: “Ey qavmim, mana, men Parvardigorimning vazifasini – Dinini sizlarga yetkazdim va nasihatlar qildim. Endi (shuncha va’z-nasihatlardan keyin ham)kofir (bo’lgan) qavmga qanday qayg’uray?!”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 93-oyat).

“Kayfa oso xalfa qavmin zolimin” – “Kofir bo’lgan qavmga qanday qayg’uray?!”

“MARAJA-L-BAHRAYNI YALTAQIYAN. BAYNAHUMA BARZAXUL LO YABFIYAN”1 OYATINING MAZMUNI

Jannatiylar, do’zaxiylar – yonma-yon,
O’rtada bor “barzaxun lo yabg’iyon”. 2 2570

O’t va nur ahli qorishgan bo’lsa ham,
O’rtada Qof tog’i bordir muhtasham.

Kondayin xok, zarni iylar bitta joy,
O’rtada – yuzlab biyobon ham saroy.

Xuddi, marjon bandida dur – yonma-yon,
Birlashar bir kechalik mehmonsimon.

Yarmi dengizning shirin misli shakar,
Ta’mi lazzatlik, tiniq, xuddi, qamar.3

Yarmi achchiqdir – ilon zahri, tayin,
Achchig’u rangi qarodir mumdayin.4 2575

To’qnashib ikkov, baland-past sapchigay,
Xuddi, dengiz suvlarin sho’x mavjiday.

To’qnashar tor gavdada jonlar bari,
Sulhu jang chog’inda chalkashgan kabi.

Birlashib so’ng sulhu tinchlik mavjlari,
Siynalardan kiynani qilgay nari.

O’zgarib jang mavjlarin shaklu tusi,
Bor mehrni ostin-ustin qilgusi.

Mehr lazzatga burar achchiq izin,
To’g’rilik asrar mehrning ildizin. 2580

Qahr achchiqqa shirinni eltadir,
Sho’r shirin birlan birikkaymi, axir?

Ajratib bo’lmas qarab, ne sho’r, shirin,
Ul ko’ringay oqibat darchasidin.

Rost erur – oxirni ko’rgay qay nigoh,
Qaysi ko’z oxurni ko’rgay, ul – xato.

Bor shirinliklar talay, shakkarsimon,
Lek, shakar ichra zahar bo’lgay nihon.

Kimki ziyrakdir, bilar hidlab uni,
Boshqasi bilmoq bo’lar tishlab uni. 2585

Shunda rad aylar labi, yutmasdan u,
Garchi shayton na’ra tortar, deb: “Kulu!”.5

Ul birin bo’g’zi aro paydo qilar,
Ul birin bulg’ab tanin, rasvo qilar.

Ul birin og’riq qichishtirgay ichin
Ham jigar zaxmiga uchrar zavqidin.

Ulda paydo – oy va kunlar o’tsa gar,
Bulda paydo – go’r tubinda, o’lsa gar.6

Bersalar go’r qa’rida muhlat u kez,
Qaytadir yavmannushurda, shubhasiz. 7 2590

Bul jahonda har shakar, novvot uchun
Bor erur muhlat zamonda kecha-kun.

Rang olib tovlangunicha necha vaqt,
La’l quyoshning ostida turmog’i shart.

Ikki oy ichra ko’kat yashnar o’sib,
Lek, qizil gul yashnagay bir yil o’tib.

Shul sabab, so’z ochdi Haq, Azza va Jall,
Surai “An’om” da muhlatdin azal.8

Tinglading, boshdan-oyoq angla sirin,
Ichganing – obihayot, bo’lsin shirin! 2595

Obi hayvon deb, dema so’z, begumon
Eski so’zning jismida ko’r yangi jon!

Boshqa bir hikmatni tingla, ey, rafiq!
Jon kabi har lahza paydodir, daqiq:

Bir maqomda ul ilonning zahri gar,
Haq taolo amri-la xush, bezarar,

Bir maqomda zahru bir joyda davo,
Bir maqomda kufru bir joyda ravo.

Garchi ul joyda erur jonga xatar,
Kelsa bul joyga, davodir har safar. 2600

Fo’ralik suv bo’lgusi nordonu sho’r,
Sen shirin ta’min uzum pishganda ko’r.

Tushsa xum ichra, bo’lar achchiq, harom,
Sirkaga aylansa gar “ne’ma-l-adom”.9

——————————-
1 – “Marajal bahrayni yaltaqiyan. Baynahuma barzaxul la yabg’iyan” – “U Zot ikki dengiz-daryoni bir-birlari bilan uchrashadigan hollarda (yonma-yon) oqizib qo’ydi. (Ammo) u ikkisining o’rtalarida bir to’siq bo’lib, ular (o’sha to’siqdan) oshib o’tmaslar”. (Qur’oni karim, «Rahmon» surasi, 19-20-oyatlar).

2 – “Barzaxul la yabg’iyan” – “Ular to’siqni oshib o’tmaslar”.

3-4 – “Daryo-dengiz teng bo’lmas – bunisi shirin-totli va ichilishi oson-o’timli, bunisi esa sho’r-taxirdir. Sizlar (ularning) har biridan yangi go’sht (ya’ni, baliq tutib) yeysizlar va o’zlaringiz taqib yuradigan zeb-ziynatlarni chiqarib olursizlar. Shuningdek, sizlar (Ollohning) fazlu marhamatidan (ya’ni, rizqu ro’zidan) istashlaringiz uchun (dengiz va daryolarda suvni) yorib ketayotgan kemalarni kurursiz. Shoyad shukr qilsangizlar”. (Qur’oni karim, «Fotir» surasi, 12-oyat).

5 – “Bas, Biz aytdik: “Ey Odam, albatta bu (iblis) senga ham, xotiningga ham dushmandir. Bas, u ikkovingizni jannatdan chiqarib, baxtsiz bo’lib qolmagin…” So’ng shayton unga vasvasa qilib: “Ey Odam, men senga abadiyat daraxtini va yo’q bo’lmas mulku davlatni ko’rsataymi?”, dedi. Bas, (Odam bilan Havvo iblisning ig’vosiga aldanib o’sha daraxtdan) yedilar-u, o’sha onda ularning avratlari ochilib qoldi va o’zlarini jannat yaproqlari bilan to’sa boshladilar. Odam Parvardigoriga osiy bo’lib, yo’ldan ozdi. (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 117, 120-121-oyatlar).

“Kulu!” – “Englar!”

6 – “Olloh taoloning shunday farosatli bandalari borki, ular odamlarni ko’rinishidan ajratadilar”. (Hadis).

7 – “U (Olloh) sizlar uchun Yerni xokisor-bo’ysunguvchi qilib qo’ygan Zotdir. Bas, sizlar u (Yer)ning har tomonida (sayr-sayohat qilib yo tijorat bilan yoki dehqonchilikni kasb qilib) yuraveringlar va (Ollohning bergan)
rizq-ro’zidan yenglar! Yolg’iz Uning huzuriga tirilib chiqish – qaytish bordir”. (Qur’oni karim, «Mulk» surasi, 15-oyat).

Yavmannushur – Qiyomat, Oxirat.

8 – “U sizlarni (Otangiz Odam Atoni) loydan yaratib, so’ngra ajalni (ya’ni, tiriklik muddatini) belgilab qo’ygan Zotdir. Uning huzurida yana bir belgilangan ajal (ya’ni, tirilish muddati) bordir. Shundan keyin ham sizlar (ey kofirlar), shak-shubha qilmoqdasiz”. (Qur’oni karim, «An’om» surasi, 2-oyat).

“Surai “An’om” – “An’om” surasi.

9 – “Ne’ma-l-adom” – “Qanchalik lazzatli taom”. “Sirka nechog’lik lazzatli taomdir”. (Hadis).

VALIY NIMAIKI QILSA, MURID O’SHANDOQ QILAMAN DEB SHAKKOKLIK QILISHI TO’FRI EMASLIGI, HOLVA BEMORLARGA ZIYON QILSA-DA, TABIBGA ZIYON QILMASLIGI, SOVUQ VA QOR UZUMGA ZARAR YETKAZMAY, HALI YETILMAGAN FO’RAGA ZARAR KELTIRISHINING MA’NOSI HAQIDA, YA’NI, “LIYAFFIRA LAKALLOHU MO TAQADDAMA MIN ZANBIKA VA MO TA’AXXAR”1

Gar valiy ichgay zahar, mazza qilar,
Ichsa gar tolib, aqldan ayrilar.

“Rabbi hib li”2 — deb Sulaymon so’zlagay:
Mulkni o’zga olmasin deb ko’zlagay.

“Qilma mendan o’zgaga ehson, ato!”,
O’xshagay, lek, bul hasadmas mutlaqo. 3 2605

Jonga sen “lo yanbag’iy”4ni joylagin,
Hech baxillik bilma “min ba’di”5 sirin.

Balki, ko’rgay yuz xatar ul mulk aro,
Bul jahon mulki – butun boshga balo.

Bosh ila sir vahmi din vahmisimon,
Biz uchun yo’qdir bu yanglig’ imtihon.

Bas, Sulaymon himmati lozim bukun,
Ming sinovlarni bosib o’tmoq uchun.

Shunchalik kuch-qudrati birlan chunon,
Mulkining mavji tinardi begumon. 2610

Unga anduh changlari qo’nganda ham,
Barcha olam shohiga qilmish karam.

Ul shafoat qildi: “Kim mulk, tug’ni der,
Menga berganday, kamol topganga ber.

Kimga bersang gar uni, aylab karam,
Ul Sulaymondir, o’zimdirman u ham.

Men bilan ul, bo’lmagay ortimda iz,
Bul nadir? Men – iddao qilguvchisiz”.

Shart erur bul sharhi, lek, sen tinglagin,
So’ylagum eru xotinning qissasin. 2615

—————————
1 – “Liyag’fira lakallohu mo taqaddama min zanbika va mo ta’axxar” – “(Ey muhammad alayhis-salom), toki Olloh Sizning gunohingizdan ilgari o’tgan va keyin kel(adi)gan narsalar (barcha gunohlaringiz)ni mag’firat qilishi uchun…” (Qur’oni karim, “Fath” surasi, 1-2-oyatlar).

2-3 – “Darhaqiqat, Biz Sulaymonni imtihon qildik va uning taxti ustiga bir (jonsiz) jasadni tashladik. So’ng u tavba-tazarru’ qilib dedi: “Parvardigorim, o’zing meni mag’firat qilgin va menga o’zimdan keyin birontasi muyassar bo’lmaydigan bir mulku davlat hadya etgin. Zero, Yolg’iz Sening O’zinggina (barcha yaxshiliklarni) hadya etguvchisan”. (Qur’oni karim, «Sod» surasi, 34-35-oyatlar).

“Rabbi hib li” – “Parvardigorim, O’zing meni mag’firat qilgin!”.

4 – “Lo yag’nabiy” – “Sazovor emas”.

5 – “Min ba’di” – “Mendan keyin”.

ARAB VA UNING XOTINI MOJAROSINING OXIRI

So’ngi ne bo’ldi xotin-er janjalin,
Deb so’rar bir beriyo qalbi tag’in.

Er-ayolning mojarosi bir naql:
Ulni bil nafsing misoli ham aql.

Er ila xotinki, nafsu aql erur,
Har yomonu yaxshiga bo’lgay zarur.

Bul zarurat ikkisi olam aro,
Kecha-kun aylaydi jangu mojaro.

Xotin istar uy uchun anjom mudom,
Ya’ni, obro’y, ham jihozu nonu nom. 2620

Nafs ayoldir, chora izlar doimo,
Goh xoksor, gohi bo’lgay rahnamo.

Aql emas bul o’y-fikrlar hamdami,
Fikrida bordir, faqat, Olloh g’ami.

Garchi bul qissa siri don birla dom,
Endi qissa suvratin tingla tamom.

Gar kifoya ersa ma’ni naqli to,
Olam ahli boridan erdi judo. (Bu bayt boshqa nusxalarda yo’q)

Gar havas o’y-fikru ma’no ichra jam,
Yo’q edi savmu namozning shakli ham. 2625

Bir-biriga qilsa do’st sovg’a ato,
Ul, faqat, suvrat erur do’stlik aro.

Hadyalar bersin guvohlik toki sir,
Dildagi pinhon havasdan birma-bir.

Chunki, oshkor armug’on shohid u dam,
Har nihon maylu havasga, muhtaram!

Gohi yolg’on shohiding, goh haqparast,
Gohi ayron birla, goh may birla mast.

Ayron ichgan o’zni mast yanglig’ tutar,
Hoyu huy aylab, o’zin har yon urar. 2630

Ul munofiq savmu toat ichradir,
To desinlar mastu ishq-la birgadir.1

O’zgadir har zohiriy fe’lu amal,
To ko’ringay neki pinhon har mahal.

Bizga bergin, ey, Xudo, boshqa tamiz,
To qilaylik rost bilan yolg’onni his.2

Gar tamiz deb hisni bilsang ne bo’lur?
Ulki, his “yanzur binurilloh”3 erur.

Gar nishon yo’qdir, sabab bo’lgay ayon,
Aqraboday, maylini etgay bayon. 2635

Kimga Olloh nuri imom har nafas,
Ul nishon hamda sababga qul emas.

Dilga maylu ishqidan shu’la yetar,
Har nishondan, kuch to’lib, forig’ etar.

Mehrini so’ylashga hojat qolmagay,
Gar havas nuri falakda porlagay.

Tafsilot bor aylamakka to tamom,
Ushbu so’zni, lek, qidir sen, vassalom!

Garchi suvrat ichra ma’ni bor, biroq,
Ma’nidan suvrat yaqindir ham yiroq. 2640

Gar dalolatda daraxt, suvday ular,
Asliga yetsang, juda olis turar.

Ket sifat ham mohiyatlar yonidan,
Qil bayon ul ikki oyyuz holidan.

———————————-
1 – “Albatta munofiqlar Ollohni aldamoqchi bo’ladilar. Holbuki, Olloh ularni «aldab» qo’yguvchidir. Va ular qachon namozga tursalar dangasalik bilan, odamlar ko’rsin, deb turadilar va Ollohni kamdan-kam yodga oladilar. Ular na uyoqlik, na buyoqlik bo’lmay ikki orada sarson holda qolganlar. Kimniki Olloh yo’ldan ozdirsa, Siz unga biron yo’l topib bera olmaysiz. Ey mo’minlar, mo’minlarni qo’yib, kofirlarni do’st tutmanglar! Olloh uchun o’z zararlaringizga ochiq hujat qilib berishni istaysizlarmi? Albatta munofiqlar do’zaxning eng tuban joyida bo’lurlar. Va ular uchun biron madadkor topa olmaysiz!” (Qur’oni karim, «Niso» surasi, 142-145-oyatlar).

2 – “Parvardigoro, bizga narsalarni qanday bo’lsa, o’shanday ko’rsat”. (Hadis).

3 – “Yanzur binurillah” – “Olloh nuri bilan qaraydi”. “Mo’min kishining farosatli nazaridan ehtiyot bo’linglar, chunki, u Olloh nuri bilan qaraydi” hadisiga ishora.

“(U) Ollohning yoqib qo’yilgan bir olovidirki, (o’z alangasi bilan badanlarni teshib o’tib) yuraklarga qadar yetur!” (Qur’oni karim, «Humaza» surasi, 6-7-oyatlar).

ARABNING O’Z MAHBUBASI XOHISHIGA KO’NGANI HAMDA: “BU ITOATIMDA HIYLA VA SINOV YO’Q” — DEB QASAMYOD QILGANI

Er dedi: “Men endi zidmasman, buyur,
Aytganing – aytgan, tig’ing qindan sug’ur!

Ne desang, amringga shayman begumon,
Boqmagum, xoh yaxshi bo’lsin, xoh yomon.

Borlig’ing ichra yitarman endi jim,
Gar muhibman, “hubbu yu’mi va yusim”.1 2645

Dedi xotin: “Iltifotdan muddao
Bor sirim bilmoqmi, makr aylab ravo?”

Dedi er: “Bilguvchi Olloh2ga qasam,
Aylamish xokdan bino Odamni ham!

Qildi uch gaz qolip ichra oshkor,
Neki ul alvohda ham arvohda bor.

Toabad, har neki bor, bir boshidan
Oldi ta’lim “allama-l-asmo”3sidan.

Har malak ul darsidan bo’lgancha lol,
Pokligindan topdi poklik bezavol. 4 2650

Ulki, Odamdan ular topmish navo,
Yo’q edi osmonlarin sathi aro:

Pok u jon kengligin oldida qator
Yetti osmon kengligi ham keldi tor.

Dedi Payg’ambar, amr etmish Xudo:
Bo’lmagayman men baland-pastlikka jo.

Yerga ham, osmonga ham, arsh ichra ham
Sig’magayman, sen ishon, ey, muhtaram!

Mo’min ahlin qalbiga sig’gum, ajab!
Izlasang, qilgin u qalblardan talab!5 2655

Dedi: “Udxul fy ibodi, taltaqiy,
Jannatan min ru’yati yo mattaqiy”.6

Arsh o’zin cheksiz va pok nuri bilan
Ulni ko’rgach, siljidi o’z o’rnidan.

Garchi Arsh ulkan va bepoyon erur,
Lek, nadir suvrat, agar ma’no kelur?

Har malak der: “Bizga avval erdi yor,
Yer yuziga maylu rag’bat, ixtiyor.

Yerga ehson tuxmini ekdik tig’iz,
Bul yaqinlikdan edik hayratda biz. 2660

Ne uchun tuproqqa yormiz har qadam,
Aslimiz osmon-falakdan bo’lsa ham?

Nurmizu zulmatga hamrohlik nadir?
Nur ila zulmat nechuk bo’lgusi bir?

Ey, Odam, atring qilar bizni yaqin,
Chunki, jismingga asos erdi zamin.

Xok taningni ushbu yerdan qordilar,
Nuri pokingni shu yerdan topdilar.7

Neki joningdan bizim ruh ichradir,
Ilgari balqirdi xokdan birma-bir. 2665

G’ofil erdik yerda yerning bag’ridan,
G’ofil erdik ul xazina ganjidan.

Qo’zg’alib qildik safar, yetgach amr,
Ushbu holdan og’zimiz bo’lmish taxir.

Ne dalillar keltirib qildik nido:
“O’rnimizni kim egallar, ey, Xudo?”

Tahlil8u tasbih9 erur nur – kecha kun,
Qiylu qol10ga sen ketarsan ne uchun?”

Qo’ydi Haq hukmi to’shab bizga gilam:
“Neki bor, oshkor-ayon so’ylang bu dam. 2670

Tilga ne kelgay, qiling izhor dadil,
So’ylaganday otaga yolg’iz o’g’il.

Borini so’ylang, erur garchi dag’al,
Rahmatim qahrimdan ustun har mahal.11

O’sha hol izhori bois, ey, malak,
Senda paydo aylagayman shubha-shak.

To o’zing ayt, olmayin sendan yulib,
Hilmim inkori turar jim, ko’z yumib!

Necha yuz ota-ona bul hilm aro,
Har nafas paydo bo’lib, topgay fano! 2675

Hilmi hilmim dengizin ko’pigi, bas,
Ketsa ko’pik, qolgay ummon har nafas”.12

Men na dey? Ersam sadaf, Ul esa dur,
Borim Ul ko’pigidan ko’pik erur.

O’sha ko’pik, o’sha Ummon haqqi sof,
Imtihonmas ushbu so’zlar, ushbu lof!

So’zlarim mehru safodir begumon,
Kim taraf qaytsam, o’shal haqqi, ishon.13

Gar seningcha imtihondir bul havas,
Imtihonni imtihon qil bir nafas. 2680

Sirni yopma, oshkor bo’lsin sirim,
Yo’llagin, har ishda ko’r qodirligim.

Och dilingni, to dilim bo’lsin ayon,
Neki maqbuldir, qabul aylay bu on.

Ne qilay? Ayt, menda qanday chora bor?
Boq, bu jonim qay yumushda barqaror?”

——————————
1 – “Hubbu yu’mi va yusim” – “Bir narsani yaxshi ko’rishing seni ko’r va kar qilib qo’yadi”. (Hadis)

2 – “Agar siz oshkora gapirsangiz ham (va yoki xufyona gapirsangiz ham U Zotga barobardir). Zero, U sirni ham, eng maxfiy narsalarni ham bilur”. (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 7-oyat).

3 – “Va U Zot Odamga barcha narsalarning ismlarini o’rgatdi. So’ngra ularni farishtalarga ro’baro’ qilib dedi: “Agar (xalifalikka biz haqdormiz, degan) so’zlaringiz rost bo’lsa, mana bu narsalarning ismlarini Menga bildiringlar!”. (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 31-oyat)

“Allama-l-asmo” – “Va U Zot barcha narsalarning ismlarini o’rgatdi”.

4 –“(Olloh): “Ey Odam, bularga u narsalarning ismlarini bildir”, dedi. (Odam) ularga barcha narsalarning ismlarini bildirganidan keyin (Olloh) aytdi: “Sizlarga, Men Yeru osmonlarning sirlarini va sizlar oshkor qilgan va yashirgan narsalarni bilaman, demaganmidim?”. (Ey Muhammad alayhis-salom), eslang, Biz farishtalarga Odamga ta’zim qiling deyishimiz bilan ular sajdaga egildilar. Faqat, iblis kibr va or qilib – kofirlardan bo’ldi”. (Qur’oni karim, «Baqara» surasi, 33-34-oyatlar).

5 – “Er ham, osmonlar ham meni sig’dira olmas, ammo, mo’min bandamning qalbiga sig’aman” (Hadis).

6 – “U Kunda hayoti dunyodan Olloh taoloning va’dasiga ishonib, imon va ezgu amallar bilan o’tgan mo’minlarga xitob qilinib deyilur: “Ey (Ollohning zikri bilan) xotirjam – sokin nafs; Sen (Olloh ato etgan ne’matlardan) rozi bo’lgan (va Olloh taolo tomonidan sening amallaringdan) rozi bo’lingan holda Parvardigoring (huzuri)ga qayt! Bas, (Solih) bandalarim qatoriga kirgin; Va mening jannatimga kirgin!”. (Qur’oni karim, «Val-Fajr» surasi, 27-30-oyatlar).

“Udxul fy ibodi, taltaqiy, jannatan min ru’yati yo mattaqiy” – “Ey, qo’rquvni his qilgan, bandalarim (qatoriga) kirgin, jannatimga kirgin”

7 – (Ollohning qudrati Ilohiyyasiga dalolat qiladigan) oyat-alomatlaridan (biri) – U Zot sizlarni (ya’ni, otangiz Odamni) tuproqdan yaratgani, so’ngra sizlar basharga aylanib (Yer yuziga) taralishlaringizdir. (Qur’oni karim, «Rum» surasi, 20-oyat).

8 – Tahlil – “Lo ilaha illalloh” (“Ollohdan o’zga Iloh yo’q”) deyish.

9 – Tasbih – “Subhonolloh, subhonolloh” deb Ollohni zikr etish.

10 – Qiylu qol – Suhbat, bahs.

11 – Abu Hurayra (r.a) rivoyat qilgan hadis: “Rasululloh (s.a.v) aytdilar: “Olloh taolo (butun borliqni) yaratishni ado qilgach, Arsh ustidagi, O’zining huzuridagi Kitobiga: “Mening Rahmatim g’azabimdan g’olibdir”, deb bitib qo’ydi.

12 – “(Ey, Muhammad alayhis-salom), eslang, Parvardigoringiz farishtalarga: “Men Yerda (Odamni) xalifa qilmoqchiman”, deganida, ular aytdilar: “U Yerda buzg’unchilik qiladigan, qonlar to’kadigan kimsani (xalifa) qilasanmi? Holbkui, biz hamdu sano aytish bilan Seni ulug’laymiz va Seni(ng nomingi mudom) pok tutamiz”. (Olloh) aytdi: “Men sizlar bilmagan narsalarni bilaman”. (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 30-oyat).

13 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), biror musibat kelganda: “Albatta biz Ollohning (bandalarimiz) va albatta biz U Zotga qaytguvchilarmiz”, deydigan sabrli kishilarga xushxabar bering!”. (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 156-oyat).

XOTINNING ERIGA RIZQ TALABI YO’LINI TAYINLAGANI VA ERI UNI QABUL QILGANI

Dedi xotin: “Bir quyosh ko’k uzradur,
Baxsh etar, ammo, butun olamga nur.

Ulki Rahmon noibidir, Haqqa yor,
Bo’ldi Bag’dod o’lkasi undan bahor. 2685

Shoh-la ersang, shoh erursan begumon,
Eltadir tokay yo’ling badbaxt tomon?

Shohga yorlik kimiyo yanglig’ agar,
Bormi kimyo, aylagandek shoh nazar.

Gar Abu Bakr erdi, Ahmad ko’z qadab,
So’ngra Siddiq bo’ldi bir tasdiq1 sabab!

Er dedi: “Shoh oldiga qandoq kiray?
Topmasam bir vaj, bahona, ne qilay?

YO yaqinlik, yo biror hiyla ravo,
Qay amal bevosita bo’lgay bajo? 2690

Xuddi, Majnunga xabar yetgan mahal,
Bo’ldi deb Layli biroz betob, kasal,

Dedi: “Ey, voh, besabab qandoq boray?
So’rmasam hol, so’ngra ne kuyga qolay?

Laytani kuntu tabiban hoziqan,
Kuntu amshi nahva laylo sobiqan”.2

“Qul ta’alav” dedi Haqkim, ul zamon
To uyat sinmog’iga bo’lsin nishon.3

Shabparakda bo’lsa gar olat, nazar,
Kunduzi javlon urardi qanchalar”. 2695

Dedi: “Himmat shohi maydon oradir, –
Chorasizlik manbai ham choradir.

Chunki, olat borligu da’vo qilish,
Ish esa olatsiz o’lgay xo’rlanish”.

Dedi: “Olatsiz, nechuk savdo qilay?
Yo’q esa, qanday qilib paydo qilay?

Bas, zarur yo’qsilligim-chun bir guvoh,
Menga to rahm aylasin himmatli shoh.

Sen guvoh top hiylasiz, so’zsiz, faqat,
Muhtaram shoh aylasin to marhamat. 2700

Qay guvohda so’zu nayrang qatma-qat,
Qozilarga Qozi4 ulni qildi rad.

Hol guvohin sidq o’ziga chorlagay,
Toki so’zsiz ham u nuri porlagay”.

———————————
1 – Tasdiq – Abu Bakr Muhammad (s.a.v) da’vatlari bilan islomni birinchilardan bo’lib qabul qilgan. Islomga kirishdan oldin ismi Abulka’ba edi. Siddiq deb atalishiga sabab shuki, isro va Me’roj hodisasini eng birinchi bo’lib tasdiqlagan. Muhammad payg’ambar unga Siddiq, ya’ni, imoni kuchli deb laqab berganlar.

2 – “Laytani kuntu tabiban hoziqan, kuntu amshi nahva laylo sobiqan” – “Ey, koshki hoziq tabib bo’lardim, Layli tomonga hammadan oldin borardim”.

3 – “Ayting: “Kelinglar, Parvardigoringiz sizlarga harom qilgan narsalarni tilovat qilib beray…” (Qur’oni karim, “An’om” surasi, 151-oyat).

“Qul ta’alav” – “Kelinglar”.

4 – Ya’ni, qoziyul quzzot, barcha xalifalikning Bosh Qozisi. Bu unvon mashhur xalifa Xorun ar-Rashid davrida joriy qilingan.

ARABNING BIYOBON ORALAB BAFDODGA BORGANI, U YERDA HAM SUV TANQIS DEB O’YLAB, BIR KO’ZADA YOMFIR SUVINI AMIRALMO’MININGA SOVFA QILISH UCHUN ELTGANI

Dedi xotin: “Sidq erur butkul kechish
Borlig’ingdan hamda azmu jahd etish.

Ko’zamiz yomg’ir-la limmo-lim nuqul,
Mulku boylik hamda anjom bizga ul.

O’sha suvning ko’zasin olgin-da bor,
Shohga qil hadya va bo’lgin unga yor. 2705

Ayt-ki, bunda o’zga yo’qdir hech vaqo,
Suvdin a’lo, yaxshisi yo’q cho’l aro.

Garchi g’azna liq to’la zar, serhasham,
Bundayin suv bo’lmasa, kamyob bu ham”.

Ko’za nedir? Ko’za – tutqun borimiz,
Undagi suv – iztirobu zorimiz.

Bul xumu ko’zamni, ey, qodir Xudo,
Et qabul lufing-la “Alloh ashtaro”. 1

Besh og’izli ko’zada besh tuyg’u-his,
Ul suvin asra haromdan pok, aziz. 2710

Toki qolsin ko’zadan dengizga iz,
Toki dengiz xulqin olsin ko’zamiz.

Eltganing chog’ Shohga sen hadya qilib,
Unga Shoh bo’lsin xaridor, pok bilib.

Unda suv bilmay nihoya shul zamon,
To’lgusi bul ko’zadin yuzlab jahon!

To’ldirib xumdan, uning og’zini yum,
Dedi: “Fuzzu ‘an havo absorakum”.2

To’ldi erning ko’ngli, kimga hadya bul?
Rostdanam shohga munosib derdi ul! 2715

Lek, ayol bilmasdi ul yon shom-sahar,
Dajla oqgaydir, suvi misli shakar.

Ul shahar qoq belidan daryo ravon,
Behisob kema, baliqlarga makon.

Bor u Sulton oldiga, ko’r ne ravo?
Ko’r, ne “tajri tahtaha-l-anhor” aro?3

Neki idrok birla his bizlardadir,
Ul safo daryosidan bir qatradir.

—————————
1 – “Albatta Olloh mo’minlarnig jonlarini va mollarini ulardan jannat barobariga sotib oldi – ular Olloh yo’lida jang qilishib (kofirlarni) o’ldiradilar va (o’zlari xam Olloh uchun shahid bo’lib) o’ldiriladilar. (Bunday mo’minlarga jannat berilishiga) Olloh Tavrot, Injil va Qur’onda O’zining haq va’dasini bergandir. Ollohdan ham ahdiga vafodorroq kim bor? Bas, (ey mo’minlar), qilgan bu savdolaringizdan shod bo’lingiz! Mana shu haqiqatan, buyuk saodatdir. (Qur’oni karim, «Tavba» surasi, 111-oyat).

“Alloh ashtaro” – “Olloh sotib oldi”

2 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), mo’minlarga ayting, ko’zlarini (nomahram ayollarga tikishdan) to’ssinlar va avratlarini (haromdan) saqlasinlar!.. Mana shu ular uchun eng toza (yo’ldir). Albatta Olloh ular qilayotgan hunarlardan xabardordir”. (Qur’oni karim, «Nur» surasi, 30—oyat).

“G’uzzu ‘an havo absorakum” – “Ko’zingizni hoyu havaslardan to’sing”.

3 – “Taqvo egalari uchun va’da qilingan jannatning misoli – sifati (budir): “Unda aynimagan suvdan bo’lgan daryolar ham, ta’mi o’zgarmagan sutdan bo’lgan daryolar ham, ichguvchilar uchun lazzatli (ya’ni, badta’m va aqldan ozdirguvchi bo’lmagan) maydan bo’lgan daryolar ham, musaffo asaldan bo’lgan daryolar ham bordir…” (Qur’oni karim, «Muhammad» surasi, 15-oyat).

“…ular uchun ostlaridan daryolar oqib turuvchi jannatlar bor…” (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 25-oyat).

“Tajri tahtaha-l-anhor” – “Ostlaridan daryolar oqib o’tguvchi”.

ARABNING XOTINI YOMFIR SUVI TO’LA KO’ZANI ARABLARGA XOS TARZDA KIGIZGA O’RAB TIKKANI VA YANADA ISHONCHLIROQ BO’LISHI UCHUN SURG’UCHLAGANI

Er dedi: “Ha, ko’za og’zin bog’lagin,
Biz ko’rarmiz ushbu hadya foydasin. 2720

Sen kigiz birla o’ra, bu ko’zadin,
Suv ichib shoh, toki ochsin ro’zasin.

Bundayin suv olam ichra qaydadir?
Bori soflik, ta’mu zavqqa manbadir”.1

Chunki, ichgan suvlari achchiq va sho’r,
Shul sabab, illatlidirmiz, nimko’r.

Qaysi qush sho’r suvni gar maskan bilar,
Sof, tiniq suv joyini qaydan bilar?

Sho’r buloqdan suv ichar bo’lsang, faqat,
Sen uchun qayda Firot, Jayhun va Shat? 2725

Senga, ey, o’z qobig’i ichra nihon,
Zavqu kenglik, poklanish qaydan ayon?

Ota-bobong naqli fikring band etur
Senga nomlar misli bir abjad2 erur.

“Abjadu havvaz”3ni go’dak ham bilar,
Lek, ulardan olis unda ma’nilar.

Er-arab, xullas, ko’targancha yukin,
Chiqdi yo’lga, ko’za eltib kecha-kun.

Vahm ila chetlardi taqdir hamlasin,
Cho’ldan eltardi shaharga, naylasin! 2730

Joynamoz yozdi u, Haq o’y–fikrida,
“Rabbi sallim” derdi toat zikrida.4

“Suvimiz asra yomonlardan bu kez,
Durni yetkur, ey, Xudo, dengizga tez!

Garchi hushyoru zakiy erim manim,
Durru gavharda bo’lar minglab g’anim.

Ne o’zi gavhar? U kavsar suvidur,
Unda har qatra asil gavhar erur”.

Ul xotin qilgan duo, zorlar yetib,
Yuk bilan er ham mashaqqatlar chekib, 2735

O’g’riyu tosh zarbidan saqlab omon,
Eltdi er suvni yirik poytaxt tomon.

Ko’rdi bir dargohki, in’om erdi jam,
Hojat ahli qo’ygan ul domlarni ham.

Hojat ahli erdi serob qanchalar,
Bunda topmish ko’p libosu hadyalar.

O’tparast, mo’min, xunuk, zebo uchun,
Erdi yomg’ir yo quyosh, jannat butun.

Bir guruh erdi bezanganday qator,
Boshqa bir qavm erdi intiq, intizor. 2740

Ham Sulaymon, ham chumoli, xos-avom,
Sur chalingach, yer tirilganday tamom.5

Oldi suvrat ahli javhar ichra tin,
Ma’ni ahli topdi ma’no dengizin.

Kimki himmatsiz, bo’lib himmatga yor!
Kimki himmatlik, bo’lib ne’matga yor!

—————————
1 – “Ular (jannatda) muhrlangan maydan sug’orilurlarki; U (may)ning muhri mushk bo’lur…” (Qur’oni karim, «Mutaffifun» surasi, 25-oyat).

2 – Abjad – Arab alifbosining sirasini ko’rsatuvchi sakkizta uydurma so’zning birinchisi va shu uydurma so’zlar majmuining nomi (bundagi har bir harf ma’lum bir son qiymatiga ham egadir): Abjad tartibi, abjad hisobi kabi.

3 – “Abjadu havvaz “ – “Harflar va nomi”.

4 – “ Rabbi sallim” – “O’zing omon asragil!”. G’azzoliyning “Ihyou ulum id-din” asarida keltirilgan hadisga ishora: “Sirot – qilichning damiday yoki ingichka soch tolasiday. Darhaqiqat, farishtalar mo’min erkak-ayollarni qutqaradi, Jabroyil (a.s) esa mening belimdan tutadi va men aytaman: “Ey, Rabbim, O’zing asra, O’zing asra!”.

5 – “To ular chumolilar vodiysiga yetgan vaqtlarida, bir chumoli: “Ey chumolilar, uyalaringizga kiringlar, yana Sulaymon va uning lashkarlari o’zlari sezmagan hollarida sizlarni bosib-yanchib ketmasinlar”, degan edi”. (Qur’oni karim, «Naml» surasi, 18-oyat).

GADO QANCHALIK KARAM VA KARIM OSHIFI BO’LSA, KARIM KARAMI HAM SHUNCHALIK GADO OSHIFIDIR. AGAR GADO SABRLI BO’LSA, KARIM UL TOMON KELGAY. AMMO, GADONING SABRI – GADONING KAMOLI,  KARIMNING SABRI KARIMNING NUQSONI EKANLIGI BAYONIDA

Yetdi “kel, tolib!” degan da’vat, sado,
Kutgay ehsonlar gado yanglig’ gado!

Izlagay ojiz, gadolarni ato,
Silliq oyna izlaganday hurliqo. 2745

Ko’zgu har gulyuzlini zebo qilur,
Har gado ehson yuzin paydo qilur.

“Va-z-zuho”da Haq buyurmish: “Qurbi yo’q,
Har gadoga, ey, Muhammad, urma do’q!”1

Gar gado ehsonga ko’zgu bo’lsa, bas,
Ko’zguga koni zarardir har nafas.

Ul biri ehsonni aylaydi gado,
Boshqasi qilgay talay ehson ato.

Bil, gadolar Haq atosin ko’zgusi,
Haqqa yorlar Mutlaq Ehson bo’lgusi. 2750

Bil jasad, kim ikkisindan ayridir,
Parda naqshi bul eshikdan naridir.

———————————
1 – “Bas, endi Siz ham yetimga qahr qilmang. So’raguvchi – tilanchini esa (biron narsa bermasdan) haydamang! Parvardigoringizning (Sizga ato etgan payg’ambarlik va boshqa barcha) ne’mati haqida (kishilarga doimo) so’zlang!” (Qur’oni karim, «Vaz-Zuha» surasi, 9-11-oyatlar).

“Vaz-zuha” – “Choshgoh vaqtiga qasam”. (Qur’oni karimdagi suralarning biri).

XUDOGA DARVISHU XUDOGA TASHNA HAMDA XUDODAN TASHQARIDA DARVISHU O’ZGAGA TASHNA IKKI DARVISH ORASIDAGI FARQ BAYONI

Ulki darvish naqshi nonga arzimas,
Qil suyak otmoqni it naqshiga bas.

Haq emas, bor unda nonga ishtiyoq,
Murda naqshin oldiga qo’yma tovoq.

Yerdagi baliq u non darvishlari,
Suvrati baliq, biroq, suvdan nari.

Xonaki qushdir, havo Simurg’imas,
Lut1 yegay, Haqning taomin ul yemas. 2755

Haqni sevgay, qilgusi non deb ato,
Jonimas, husnu jamolga mubtalo.

Mohiyat ishqi shudir deb o’ylagay,
Mohiyat ismu sifatda bo’lmagay.

Gar xayol maxluq, yaralmishdir, faqat,
Haq yaralguvchi emas, Ul – “lam yulad”.2

Kim tasavvur-o’yga oshiq erta-kech,
Ul Xudoning oshig’i bo’lgaymi hech?

Bo’lsa suvrat oshig’i sodiq agar,
Eltadir ulni majozi Haq qadar. 2760

Sharh istar ushbu so’z naqli bu choq,
Qo’rqaman eski qarashdan men, biroq.

Eskicha fikru qarashlar – aqli tor,
Puch xayolga fikrating aylar duchor.

Haq kuyi har kimga ham taqdir emas,
Barcha qushning luqmasi anjir emas.

Qushgakim, butkul chirik, murda agar,
Bo’lsa puch o’ylarga g’arqu ko’ru kar.

Gar baliq – suvrat, suvu xok unga bir,
Hinduga sovun ne, achchiqtosh nadir. 2765

Suvrati g’amgin chizilgan har varoq,
Bermagay shodlik va g’amdan bir saboq.

Suvrati g’amginu g’ofil unda jon,
Suvrati xandonu yo’qdir bir nishon.

Bir chiziq gar dil aro bul g’am, surur,
Shodligu g’am nazdida suvrat erur.

Sen uchun – shodlik u suvrat naqshidin,
To’g’ri ma’no to yaralsin shaklidin.

Naqshlar hammomda suvratdek turar,
Sirtidan boqqanda, bir to’ndek ular. 2770

Sirtda sen ko’rsang agar to’nlarni, bas,
To’nni yech, kir ichkari, ey, hamnafas.

Ichkariga to’n-la yo’l yo’q har safar,
Tan jondin, to’n tandin bexabar.

——————————
1 – Lut – taom, yemish.

2 – “Lam yalid va lam yulad” – “U tug’magan va tug’ilmagandir (ya’ni, Ollohning o’g’il-qizi ham, ota-onasi ham yo’qdir. U Azaliy va Abadiy Zotdir)”. (Qur’oni karim, «Ixlos» surasi, 3-oyat).

XALIFANING MULOZIMLARI VA ESHIK SOQCHILARI EHTIROM YUZASIDAN SAHROYI ARABGA PESHVOZ CHIQQANI VA UNING SOVFASINI QABUL QILGANI

Ul arab olis biyobonni kezib,
So’ngra sulton qasriga kelmish yetib.

Ko’rsatib nozirlar unga iltifot,
Sepdilar lutfiy guloblar shul zahot.

Hojati erdi ayon be qiylu qol,
Odat erdi avval ehson, so’ng savol. 2775

Dedilar so’ng unga: “YO vajha-l-arab!1
Sen qaerdan? Tolmadingmi tentirab?”

Dedi: “Borman, bor desangiz men bu choq,
Yuz o’girsangiz, qiyofam yo’q, biroq.

Ey, yuzingizda ulug’liklikdir dalil,
Gardishingiz ja’fariy zar2dan asil!

Sizdagi diydorda diydor aksi bor,
Eyki, diyningizga soqchi zar, dinor!

Eyki, siz “yanzur binurillah” bukun,
Shohimizdan armug’on etmoq uchun.3 2780

To nazar kimyosi zarbindan nari,
Qolmasin ahli basharning mislari!

Men – g’arib, keldim biyobon yurtidan,
Ham umid qilgancha sulton lutfidan.

Lutfining atri taralmish cho’l tomon,
Cho’lda har qum zarrasi ham oldi jon.

Bunga kelgandim dinorning ortidin,
Angladim kelgach, ekan diydor shirin”.

Allakim nonvoyga bormish non so’rib,
Berdi jon, nonvoy jamol-husnin ko’rib. 2785

Boqqa kirdi kimdir orom olgani,
Oldi bog’bon husnidan dam jon-tani.

Choh tubidan bir arabday tortdi suv,
Chun Yusufdan obi hayvon totdi u.4

Bordi Muso otashu laxcha so’rib,
Bo’ldi otashdan xalos, otash ko’rib.5

Qochdi Iyso jahdi yovdan bexatar,
Eltdi to to’rtinchi osmonga qadar.6

Bo’ldi bug’doy doni Odamga tuzoq,
Borlig’i bo’lsin deya xalqqa boshoq. 7 2790

Luqma deb lochin borar qopqon tomon,
So’ngra shohning ilkida topgusi shon.

Kasb uchun go’dak borar maktabga tez,
Qush olib bergum degach ota u kez.

So’ng tugab maktab, ulug’, komil bo’lar,
Oyligin bergay va oy yanglig’ to’lar.

Qildi jang Abbos,8 dilin qoplab g’araz,
Qildi Ahmad joniga, ham dinga qasd.

To qiyomat qaytdi iymon, din sari,
Bul Xalifatda o’zi, farzandlari. 2795

Bunga kelgandim, qilib narsa talab,
Topdim izzat, dahliz ichra cho’kkalab.

Tuhfa bildim suvni, non deb men bu kez,
Non hidi eltmish meni jannatga tez.

Qildi jannatdan nari Odamni non,
So’ngra non qilmish meni jannatmakon.

Nonu suvdan ayriman, go’yo, malak,
Beg’arazman bunda men misli falak.

Beg’arazmas, neki bor, to bor jahon,
Beg’araz – ishq ahli, unda jismu jon. 2800

—————————
1 – “YO vajha-l-arab!” – “Ey, arabsiyoq!”.

2 – Ja’fariy zar – sof oltin. Ja’far Yahyo Barmakiy – xalifa Xorun ar-Rashidning vaziri, mashhur arab kimyogari zarb etgan oltinlar shunday deb atalgan.

3 – “Yanzur binurillah” – “Olloh nuri bilan qaraydi”. “Mo’min kishining farosatli nazaridan ehtiyot bo’linglar, chunki, u Olloh nuri bilan qaraydi” hadisiga ishora.

“(U) Ollohning yoqib qo’yilgan bir olovidirki, (o’z alangasi bilan badanlarni teshib o’tib) yuraklarga qadar yetur!” (Qur’oni karim, «Humaza» surasi, 6-7-oyatlar).

4 – “(Yusuf alayhis-salom quduqqa tashlanganining uchinchi kuni, u ochlikdan azoblanib yotganida) bir karvon kelib, o’zlarining suv izlovchilarini (suv keltirgani) yuborganlarida, u chelakni (quduqqa) tashlagan edi, (suvning o’rniga) chelakka osilib Yusuf chiqdi”. (Qur’oni karim, «Yusuf» surasi, 19-oyat).

5 – “Endi qachonki Muso ( kelishilgan o’n yil) muddatni o’tab, ahli-oilasi bilan (Misr tomon) yo’lga tushgach, Tur (tog’i) tarafdan bir olovni ko’rib qoldi. U ahli-oilasiga: “Sizlar kutib turinglar. Aniqki, men bir olovni ko’rib qoldim. Shoyad sizlarga undan biron xabar yoki isinib olishlaringiz uchun u olovdan cho’g’ olib kelsam”, dedi. (Qur’oni karim, «Qasas» surasi, 29-oyat).

“Eslang, u (qorong’i kechada uzoqdan) bir olovni ko’rib ahli-oilasiga: “(Sizlar shu yerda) turinglar, men bir olov ko’rib qoldim, shoyadki sizlarga undan biron cho’g’ olib kelsam yoki shu o’t oldidan biron yo’l (ko’rsatuvchi) topsam”, dedi. Bas, qachonki u (olovning yaqiniga) kelgach: “Ey Muso”, degan nido eshitildi. “(Ey Muso), Men sening Parvardigoringdirman. Endi kovushlaringni yechgin. Chunki sen muqaddas Tuvo vodiysidasan”. (Qur’oni karim, “Toha” surasi, 10-12-oyatlar).

6 – “Holbuki, ular (Iysoni) o’ldirganlari ham, osganlari ham yo’q. Faqat ular uchun (boshqa birov Iysoga) o’xshatib qo’yildi, xolos. Albatta (Iyso) haqida talashib-tortishgan kimsalar uning (o’ldirilgan-o’ldirilmagani) haqida shubhada qolganlar. U haqda hech qanday bilimlari yo’q, faqat gumonlarga beriladilar, xolos. Uni o’ldirmaganlari aniqdir. Balki uni Olloh O’z huzuriga ko’targandir. Olloh qudrat va hikmat Egasi bo’lgan Zotdir”. (Qur’oni karim, «Niso» surasi,157-158-oyatlar).

7 – “So’ng shayton ularni berkitilgan avratlarini ochib yuborish uchun vasvasaga soldi va: “Parvardigoringiz faqat farishtalarga aylanmasligingiz yoki (jannatda) abadiy yashab qolmasligingiz uchungina sizlarni bu daraxtdan qaytardi”, dedi”. (Qur’oni karim, “A’rof” surasi, 20-oyat).

8 – Abbos – Abdulloh ibn Abbos (619-686), Muhammad (s.a.v)ning amakivachchalari, nihoyatda ilmli bo’lganligi tufayli “xabr al-umma” (“jamoa donishmandi”) laqabiga sazovor bo’lgan. (“Islom entsiklopediyasi”, Toshkent, 2004)

DUNYO OSHIFI QUYOSH NURI TUSHIB TURGAN DEVOR OSHIFIGA O’XSHAYDI, TOVLANGAN BU NUR DEVORDAN EMAS, TO’RTINCHI OSMONDAGI QUYOSH GARDISHIDAN EKANLIGINI ANGLASHGA HARAKAT QILMASLIGI, DEVORGA  BUTUNLAY KO’NGIL QO’YIB, QUYOSH YOFDULARI QUYOSHGA QAYTGACH, U BIR UMR MAHRUM QOLISHI BAYONIDA, YA’NI, “HILA BAYNAHUM BAYNA MO YASHTAHUNA”1

Kullga oshiq – juzvigamas mubtalo,
Juzviga mushtoq erur kulldan judo.

Bo’lsa gar juzv oshig’i juzvi, shu kez,
Ma’shug’i kull yoniga ketgusi tez.

Kulgi bo’lmish, o’zgaga bukmish tizin,
G’arq o’lib, qoqmish zaiflik eshigin.

Hokim ermas, qilgali darmon, davo,
Xojasin yo ul ishin qilsin bajo?

———————————-
1 – “Hila baynahum bayna mo yashtahuna” – “Ular va ular istagan narsa orasida parda bordir”.

“(Mana endi) xuddi ulardan ilgari (o’tgan) hammaslaklariga qilingani kabi, ular bilan o’zlari istaydigan narsaning (ya’ni, iymon keltirib, do’zax azobidan qutulib qolishning) o’rtasi to’sib qo’yildi, zero, ular (hayoti
dunyodalik paytlarida) shak-shubha ostida edilar”. (Qur’oni karim, «Saba’» surasi, 54-oyat).

ARABLARNING: “IZO ZANAYTA FAZNI BI-L-HURRATI VA IZO SARAQTA FASRIQI-D-DURRATA”1 MAQOLI XUSUSIDA

“Fazni bilhurra”2 maqoldir, bir asos,
“Fasriqi-d-durra”3 kalomi – unga xos. 2805

Xojaga yon berdi qul, ul qoldi zor,
Gulga bordi gul hidi, ul bo’ldi xor.

Maqsadindan ayrilib ul erta-kech,
Jahdi zoe’, poyi majruh, ranji – hech.

Ul soya ovlovchi bir sayyod misol,
Soya hech bo’lgaymi o’lja, mulku mol?

Bir kishi qush soyasinga soldi chang,
Qush daraxt shoxinda qolmish lol, garang:

“Bul farosatsiz kular kimdan, ajab?”
Boq, mana, behudalik, jirkanch sabab. 2810

Gar degaysan, juzv erur kullga tutash,
Sen tikon ye, chunki, ul gulga tutash.

Bir tomondan bo’lgay ul kull birla jam,
Yo’qsa, puch erdi rasullar burchi ham.

Har rasul payvandlik ortindan yurar,
Bas, nechun payvastalik? Bir tan ular.

Ey, g’ulom, bul so’z ado bo’lmaydi hech,
Qil hikoyatni tamom, kun bo’ldi kech.

—————————
1 – “Izo zanayta fazni bi-l-hurrati va izo saraqta fasriqi-d-durrata” – “Zino qilsang, hur bilan zino qil, o’g’irlik qilsang, dur (qimmatbaho tosh)ni o’g’irla.

2 – “Fazni bilhurra” – “Hur bilan zino qil”.

3 – “Fasriqi-d-durra” – “Durni o’g’irla”.

ARAB O’Z HADYASINI, YA’NI, KO’ZANI XALIFANING XIZMATKORLARIGA TOPSHIRGANI

Ko’zasin qo’lda tutib sahroyi zot,
Ekdi xizmatning urug’in shul zahot. 2815

Dedi: “Elting, hadya bul sulton uchun,
Shoh gadosi hojatin aylang butun.

Suv shirin, yangi, yashil1dir ko’za ham,
Ayladik yomg’ir suvin choh ichra jam”.

Barcha nozir kulgisin keltirdi bul,
Qildilar, lek, hadyasin jon deb qabul.

Chunki, shohning lutfu mehri, boxabar,
Bor saroy ahliga etgandi asar.

Shoh xulqi xalqqa ibrat har qadam,
Ko’m-ko’k osmon ko’m-ko’k aylar yerni ham. 2820

Shoh hovuz ersa, mulozimlar – quvur,
Suv quvurdan ko’zaga yetgusidur.

Pok hovuzdan bo’lsa gar ul suv ravo,
Har quvur qilgay shirin, sof suv ato.

Sho’ru iflos suv hovuzda bo’lsa jam,
Bulg’anar suv ul quvurlar ichra ham.

Chunki, payvanddir hovuzga har quvur,
Sen bu so’z ma’nosiga yetgin chuqur.2

Shoh lutfi bevatan bir jonsaro,
Qanday iz qoldirdi butkul tan aro! 2825

Ul aqlkim, bori lutfi xushnasab,
Tanga butkul aylagaydir baxsh adab!

Ishq agar sho’x, beqarordir, besukun,
Keltirar junbushga tanni kecha-kun!

Lutfi har ummon suvin Kavsar etur,
Har shag’al, tosh unda dur-gavhar erur.

Har hunar ustozi gar shuhratga yor,
Barcha shogird jonida ul vasfi bor.

Ul usul ustozidan ne-ne usul
O’rganar epchil, zakiy shogird nuqul. 2830

Barcha shogirdlar faqihdan har nafas
Fiqh o’rgangay, usul naqlin emas.

Bo’lsa imlo olimi ustoz agar,
Ul sabab shogird dili til o’rganar.

Yo’lda mahv etsa o’zin ustoz, u dam,
Shohda mahv etgay o’zin shogirdi ham.

So’nggi kun barcha ilmdan ortig’i,
Lek, faqirlik ilmidir – yo’l ozig’i.

————————
1 – Xalqda qizil idishdan ko’ra yashil idishda suv yaxshi saqlanadi, degan tasavvur mavjud.

2 – “Odamlar o’z podshohlarining diyniga ergashadi”. (Hadis).

TILSHUNOS OLIM VA QAYIQCHI MOJAROSI HAQIDA HIKOYAT

Tilchi olim kemaga tushgan zahot,
Kemachiga yuzlanib xudbin u zot, 2835

So’rdi: “Bormi nahviy ilming?” Dedi: “Lo” ,
Dedi: “Umring yarmi o’tmish bebaqo!”.

Kemachin ko’ngliga ozor yetsa ham,
O’zni jim tiymish javobdan ushbu dam.

Kemani girdobga yel surgach shu payt,
Kemachi so’rmish balan ovozda: “Ayt!

Bormi suzmoqqa uquving, ey, janob?!”,
Dedi: “Yo’q, ey, xushliqoyu xushjavob!”.

Dedi: “Ey, nahviy, butun umring – ado,
Kemamiz bo’lmoqda g’arq girdob aro!” 2840

Mahv esa lozim, kerak bo’lmaydi nahv,
Suvga kirgin, aylasang gar o’zni mahv.

Murdani dengiz suvi boshda tutar,
Gar tirik bo’lsa, najot qaydan kutar?

Gar vafot etsang, yashab odamsifot,
Boshda sir ummoning eltar shul zahot.

Xalqni eshshak bilgan ey, eshshaknamo!
Qolding eshshakday botib muzlik aro!

Dahr aro alloma bo’lsang bul zamon,
Boq, nechog’ foniy zamonu bul jahon. 2845

Bunda nahviy qissasin aylab yamoq,
Mahv o’lishning nahvidan berdik saboq.

Fiqh fiqhin, mahv mahvin, sarf aro
Sarfni xorlikda toparsan, oshno!

Ko’zada suv – ilmimizning barchasi,
Ul xalifa Olloh ilmin Dajlasi.

Dajlaga xum ichra suv eltdik, demak,
O’zni eshshak bilmasak-da, biz – eshak.

Lek, arab uzri qabul, joiz edi,
Dajladin ul bexabar, olis edi. 2850

Bo’lsa ogoh biz kabi ul Dajladin,
Shuncha joydan eltmas erdi hadyasin.

Dajladan topsa xabar, darhol turib,
Sindirardi ko’zasin toshga urib.1

——————————————-
1 – «(Ey Muhammad alayhissalom), Sizdan ruh – jon haqida so’raydilar. Ayting: “Ruh Yolg’iz Parvardigorim biladigan ishlardandir”. Sizlarga juda oz ilm berilgandir”. (Qur’oni karim, “Al-Isro” surasi, 85-oyat).

XALIFANING HADYAGA, YA’NI, KO’ZAGA EHTIYOJI BO’LMASA-DA, UNI QABUL QILGANI VA ARABGA IN’OM BERISHNI BUYURGANI

Ko’rdi ul holin xalifa, tinglabon,
Ko’zani to’ldirdi zarga shul zamon.

Berdi qancha hadyalar, har xil libos,
So’ng arab bo’lmish faqirlikdan xalos.

“Topshiring oltin to’la ul ko’zani,
Qaytsa qay vaqt, Dajlaga elting ani. 2855

Ul safar qilmish, kezib sahroyu cho’l,
Dajladan bo’lgay yaqinroq unga yo’l”.

Kemaga tushganda Dajlani ko’rib,
Mukka tushdi yuztuban, izza bo’lib:

“Voajab, lutf etdi shoh, baxsh etgach ul,
Qildi lol battar, etib suvni qabul.

Ul saxo ummoni shoh mendan, nahot,
Arzimas sovg’amni olmish shul zahot?”

Butkul olam, ey, o’g’il, bir ko’zadir,
Ilmu irfon, ezgulikka to’ladir. 2860

Qatrasin Ul ezgulik dengizidan
Sig’dirolmas tan – to’liq, kengligidan.

Ganj edi maxfiy va to’lgach bo’ldi chok,1
Bo’ldi osmondan-da nurli yeru xok.

Ganj edi maxfiy, to’lib ketmish toshib,
Yerni sulton aylamish, atlas yopib.

Ko’rsa gar Haq Dajlasindan qatra to,
Ko’zasin aylardi butkul bebaqo.

Kimni ko’rmish, ketdi o’zdan doimo, 2865
Ko’zaga tosh urdi bexudlik aro.

Ko’zaga tosh otgan ey, qilguvchi kin,
Ko’za bo’lgaydir butun, singan sayin!

Suv to’kilmas, garchi xum ketgay sinib,
Yuz butunlik darzidan chiqqay sizib.

Raqs etar xum juzvi mastu telbahol,
Juzv aqlga ulni, lek, ko’rmak mahol.

Ko’za ham, suv ham ko’rinmaydi shu tob,
Yaxshi boq, “vallohu a’lam bi-s-savob”.2

Ma’ni ochgay eshigin, qoq shul zahot,3
Sen-ku lochin, fikrating yoysin qanot. 2870

Loy erur fikring pati, og’ir chunon,
Chunki, loyxo’rsan, erur loy senga non.

Non ila go’sht loy erur, kamroq yegin,4
Loydayin yerda qolib ketma, lekin.

Sen agar och qolsang, itdirsan chunon,
Darg’azab, nasli buzuq, asli yomon.

Sen qorin to’yganda murdor har safar,
Misli devorsan, oyoqsiz, bexabar.5

Gohida murdoru itsan gohi payt
Nega sherlar yo’lida chopgaysan, ayt? 2875

Ov quroli deb kuchukni sen tushun,
Lek, suyakni tashla kamroq it uchun.6

Chunki, it sarkash bo’lar to’ygan hamon,
So’ng nechuk chopgusi tez o’lja tomon?

Ul arab erdi haqiru benavo,
Davlatu dargoh tomon yetguncha to.

So’yladik, ehson ato qilganda shoh,
Topganin bir benavo qanday panoh.

Ne desa oshiq, u ishq atrin tarar,
Og’zidan ishq ko’chasiga tarqalar. 2880

Desa fiqh ul, yo’qchilik kelgusi, bas,
Tarqatar faqr atrin ul xushbo’y nafas.

Desa kufr ul, qamragaydir din hidin,
Haq hidi kelgay bu yanglig’ kufridin.7

Egri ko’pik sochsa rostlik dengizi,
Novdaga oro berar pok ildizi.

Ul ko’pikni rostu sof deb anglagin,
Bil uni – dashnomiday ma’shuq labin.

Garchi ul dashnomi erdi noravo,
Aylagay mahbub yuzin xush, bebaho. 2885

Egri so’ylar, lek, ko’ringay to’g’ri, tik,
To’g’rini pardozlagan ey, egrilik!

Sen shakardan aylasang non shaklini,
Gar yesang, nonmas, berar qand ta’mini.

Tilla but topsa agar mo’minsifot,
Tutqazarmi butparastga shul zahot?

Qizdirib o’tga solar butni, lekin,
Sindirar u so’ng omonat suvratin.

Bo’lmasin but shaklida to tilla, zar,
Chunki, suvrat g’ov erur, yo’ldan urar. 2890

Zar aro Rabboniyatning adli jam,
Ham omonat – zarda butning shakli ham.

Burga deb jahl ichra ko’rpa yoqma hech,
Pashsha deb og’ritma boshni erta-kech.

Butparastsan, qilsa suvrat band agar,
Suvratin qo’y, ma’niga solgin nazar.

Hoji ersang, hojini qilgin talab,
Xohi hindi, xohi turku xoh arab.

Rangu tus, suvratga boqma bul qadar,
Maqsadu azmingga boq, boqsang agar. 2895

Sen-la birdir fikri gar, garchi qaro,
Bil uni rangdoshu oq deb doimo.

So’yladik bul haqda biz, chap-o’ngi yo’q,
Xuddi, oshiq o’yiday bosh-so’ngi yo’q.

Boshi yo’q, chunki, azaldan ul azal,
So’ngi yo’q, chunki, abad yor har mahal.

Lek, u misli suv erur, har qatrasi
Ham oyoq, ham boshu ham yo’q barchasi.

Hoshalilloh,8 bul hikoyatmas, biroq,
Senu bizning – holimiz, boq yaxshiroq. 2900

Chunki, so’fiy shon-shukuhparvar erur,
Neki o’tmish bo’lsa “lo yuzkar”9 erur.

Barchamiz ham ko’zadirmiz, ham malik,
Ham arabmiz. “Yu’fak anhu man ufik”.10

Erni bil aqlu ayolni nafsu ta’m,
Nafsu ta’m munkir, qaro, aql esa – sham.

Qayda inkor asli? Endi tinglagil,
Chunki, kullning juzvi bordir xilma-xil.

Juzvimas kull oldida juzvlar bari,
Gul hidi gul juzvi bo’lgan singari. 2905

Maysa lutfi juzvidir gul lutfining,
Juzv erur bulbulga bongi qumrining.

Band esam sharhu javob birlan bu on,
Tashnalarga suv berarman, ayt, qachon?

Kelsa gar butkul malol qiynog’u ranj,
Qil sabr: “As-sabru miftohu-l-faraj”.11

O’y-xayoldan o’zni tiygin bemalol,
Dil – to’qay, yovvoyi eshshak, sher – xayol.

Dorilarga sarvaru bosh har tiyiq,12
Qashlanishdan ortadir qo’tir, qichiq. 2910

O’zni tiymoq doridir shak-shubhasiz,
O’zni tiygach, ayla jon qurbini his.

Ol bu so’zlarni quloqday, tinglagin,
To yasay men senga sirg’a tilladin.

Sirg’a taqsang zargar oysan har safar,
Yuksalarsan to Surayyo, oy qadar.

Tingla avval, xilma-xildir xalq chunon,
Xilma-xil joni “alif”dan “yo”simon.

Xilma-xil harflarda bor shubha, nifoq,
Garchi bir xilday ular boshdan-ayoq. 2915

Gohi birday, gohida ziddiy erur,
Goh hazilday, gohida jiddiy erur.

Ul Qiyomat kun ulug’ izhor erur,
Istagay to unda bo’lsin ko’rku nur.13

Hinduday kimning agar ko’ngli qaro,
O’sha kun – sharmandalikka mubtalo.14

Porlamas gar chehrasi chun oftob,
Xohlamas tundin bo’lak hech bir niqob.15

Gar tikon gul bargiga bo’lmaydi yor,
Bo’lgay ul asror-siriga yov bahor. 2920

Kim gulu safsan bo’lib topgay qaror,
Ikki ravshan ko’z erur unga bahor.

Kuzni istar ma’nidan ayri tikon,
To guliston birla tursin yonma-yon.

Berkitar ul husniyu bul aybini,
Ko’rma to ul rangiyu bul zangini.

Unga kuz umru bahor in’om qilar,
Tosh bilan yoqutni bir xil deb bilar.16

Kuzda bog’bon topgusi undan xabar,
Bor jahon ko’rgandan afzal bir nazar. 2925

Bu jahon bir shaxs, aqldan yo’q darak,
Ko’k aro har yulduz oydan bir bo’lak.17

So’ngra har naqshu nigor aytar yana:
“Xushxabar! Quvnang, bahor kelmish, mana!”

Toki barq urguvchi ul qalqonsimon,
Mevalar bunda tugun bog’lar qachon?

Gul to’kilgach, mevalar boshlar hayot,
Sinsa tan, jon bosh ko’targay shul zahot.

Meva mazmun ersa, gul suvrat erur,
Mujdadir gul, meva bir ne’mat erur. 2930

Gul to’kilgach, meva ko’zga tashlanar,
Ortadir bul, ul kamaygach har safar.

Kuch berarmi hech, agar non sinmagay?
Gar ezilmaydi boshoq, bergaymi may?

Gar tuyilmaydi haliyla, dori to,
Bir o’zi dardga nechuk bo’lsin davo?

——————————
1 – Dovud (a.s) dedilar: “Ey, Parvardigorim, nega sen odamzodni yaratding?”. U dedi: “Men maxfiy bir xazinaman, Meni bilmoqliklarini istadim va Meni bilmoqliklari uchun odamlarni yaratdim”. (Hadis).

2 – “Vallohu a’lam bi-s-savob” – “Olloh savob(Haq)ni bilguvchi Donodir”.

3 – “Kim eshikni astoydil taqillatsa, u albatta kiradi”. (Hadis).

4 – “Loyni yemoq har bir musulmonga haromdir. Kim loyni yesa, o’zini o’zi o’ldirishga yordam beradi”. (Hadis).

5 – Shorihlarning fikriga ko’ra, bu baytga Amir ibn Abdul Kaysning so’zlari asos qilib olingan, ya’ni, undan so’rashadi: “Inson haqida nima deya olasan?” U dedi: “Och qolsa bo’ysunadigan, to’q bo’lsa beboshlik qiladigan mavjudot haqida nima ham deya olardim?”.

6 – “Itingni och holatda saqlagin, toki u senga bo’yinsunsin” degan arab maqoliga ishora.

7 – “Kim Ollohga iymon keltirganidan keyin (yana qaytib) kofir bo’lsa, (Ollohning g’azabiga duchor bo’lur). Lekin kim qalbi iymon bilan orom olgan holda (kufr kalimasini aytishga) majbur qilinsa, (uning iymoniga ziyon yetmas). Ammo kimning ko’ngli kufr bilan (ya’ni, Dindan chiqib, kofir bo’lish bilan) yoziladigan bo’lsa, bas, unday kimsalarga Olloh tomonidan g’azab va ular uchun ulug’ azob bordir”. (Qur’oni karim, «Nahl» surasi, 106-oyat).

8 – Hoshalilloh – Olloh asrasin!

9 – “Lo yuzkar” – “Yodga keltirmaslik”.

10 –“(Samodagi yulduzlar harakat qiladigan) yo’llar egasi bo’lgan osmonga qasamki, albatta sizlar (ushbu payg’ambarlar xususida) xilma-xil so’z ustidadirsizlar. Undan (ya’ni, Qur’ondan, Payg’ambardan Ollohning ilmi azaliysida Hidoyat yo’lidan) burilgan (va saodatdan mahrum qilingan) kimsa burilib (yuz o’girib) ketur”. (Qur’oni karim, «Vaz-Zariyot» surasi, 7-10-oyatlar).

“Yu’fak anhu man ufik” – “Undan burilgan kimsa burilib ketur”.

11 – “As-sabru miftohu-l-faraj” – “Sabr kushoyishlar kalitidir”. (Hadis).

12 – “O’zni tiymoq – davoning boshi, oshqozon esa kasalliklar uyidir”. (Hadis).

13 – “O’sha Kunda sizlar (hisob-kitob uchun Ollohga) ko’ndalang qilinursizlar – sizlarning biron siringiz maxfiy qolmas”. (Qur’oni karim, «Al-Haaqqa» surasi, 18-oyat).

14-15 – “Ular qo’llari (ya’ni, o’zlari) qilib qo’ygan ishlari (ya’ni, Tavrotda Haq Payg’ambar ekanliklari zikr qilingan Muhammad alayhis-salomni yolg’onchi qilganlari) sababli hech qachon (o’limni) orzu qila olmaslar. Olloh bunday zolim kimsalarni Bilguvchidir”. (Qur’oni karim, «Jum’a» surasi, 7-oyat).

16 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), ayting: «Ey yahudiylar, agar szlar (boshqa) odamlarni emas, faqat o’zlaringizni Ollohning do’stlari deb da’vo qilsangizlar – agar (mana shu da’volaringizda) rostgo’y bo’lsangizlar – o’limni orzu qilinglar-chi?!” (Qur’oni karim, “Jum’a” surasi, 6-oyat)

17 – “Jannat ahlining aksariyati aqli zaif kishilardir” (Hadis).

04

(Tashriflar: umumiy 2 395, bugungi 1)

Izoh qoldiring