Mavlono Jaloliddin Rumiy. «Ma’naviy Masnaviy». Birinchi kitobdan yettinchi parcha.

044     Мавлоно Жалолиддин Румий инсониятга қолдирган ўлмас хазина — «Маънавий Маснавий»нинг иқтидорли шоир ва мутаржим Одил Икром таржима қилган биринчи китобини тақдим этишни давом этамиз. Бугун асарнинг еттинчи парчасини мутолаа қилишингиз мумкин…

ЖАЛОЛИДДИН РУМИЙ
МАЪНАВИЙ МАСНАВИЙ
Биринчи китобдан еттинчи парча
Одил Икром таржимаси
06

ПИРИ ЧАНГИЙ ҚИССАСИНИНГ ДАВОМИ ВА УНИНГ НАЖОТ ТОПГАНЛИГИ БАЁНИ
08
Завқ оларди барча мутриб созидан,
Не хаёл пайдо эди овозидан.

Чалса соз, қоқмиш қанот кўнгил қуши,
Куйлаганда лол қоларди жон ҳуши.

Қартайиб, жон лочини қолмиш ҳазин,
Пашша овлаб ўтказарди ҳар дамин.

Елкаси ҳам эгик эрди, худди, хум,
Қоши кўз устинда эрди мисли дум. 2075

Эрди нозик ҳамда жонбахш унда сас,
Бўлди қўпол, ҳеч вақога арзимас.

Зуҳра рашк этган навою нағма ул
Қари эшшак ҳанграши эрди нуқул.

Борми нохуш бўлмаган хуш ногаҳон?
Борми шифт, остга тўшалмас ҳеч қачон?

Қолгуси ёлғиз азизлардан наво,
Сур мисол, бергай садоси акс садо.

Сийрат ул кўнгилни маст, шайдо қилар,
Йўқлик ул, борликни бор, пайдо қилар. 2080

Ҳар фикрнинг мағзи, ҳар овоз Удир,
Ҳам ваҳий, илҳомга лаззат, роз Удир.

Кексайиб, қолганда мутриб бенаво,
Қолди зор нон дея – касбидан жудо.

Деди: “Умримга қилиб муҳлат ато,
Хас эдим, кўп марҳамат этдинг, Худо!

Кечса етмиш йил гуноҳлар ичра ҳам ,
Қилмадинг ҳеч гоҳ маним ризқимни кам.

Сенга меҳмонман букун бекасбу кор,
Сенга чанг чалгум, топай Сенда қарор”. 2085

Чанг тутиб, Оллоҳ қидирган ҳолида,
Борди зор Ясриб мозористонига.

Деди: “Мен сўргум ипакнинг ҳаққи1ни,
Ул Сахий айлар қабул қалбакини”.

Йиғлади, чанг чалди куйга куй улаб,
Чангни болиш қилди, бир гўрга қулаб.

Уйқу элтди, жон қуши озод бўлиб,
Чиқди ногоҳ чангчи-ю чангни қўйиб.

Бўлди озод тан ва ғамдан, осуда
Кезди содда мулку жон саҳросида. 2090

Жони куйларди, қилиб бунда сафар:
“Кошки шул ерда мени қолдирсалар.

Хуш ёқар жонимга бул боғу баҳор,
Маст этар саҳро-ю ғайбда лолазор.

Беқанот, юрмай қилардим мен сафар,
Тишсизу лабсиз чунон ердим шакар.

Ранж, алам, ўйсиз кезиб яйрар эдим,
Дилни кўк аҳли-ла шод айлар эдим.

Мен кўрар эрдим жаҳонни кўз юмиб,
Қўлсизу кафтсиз гулу райҳон узиб. 2095

Шўнғигай ўрдакки, денгиз лиқ асал,
Чашмаи Айюб “шаробу муғтасал”.2

Ул булоқ ичра Аюб бошдан-оёқ
Бўлди Шарқий нур каби дарддан йироқ.3

Маснавий қамрови кенг, гар қилса жам,
Сиғмас ул тортган азобнинг ярми ҳам.

Беканор осмону ер бағрим тилиб,
Ўртагай қалбимни танг-торлик қилиб.

Тушда мен гоҳ кўрганим, ушбу жаҳон
Пар¬-қанотим бандини ечгай шу он. 2100

Бул жаҳону унга йўл бўлса агар,
Озчилик ул ерда бир лаҳза яшар.

Амр этилгай: “Хомтамаъ бўлмай бу он
Кет, агар чиққай оёғингдан тикон!”

Чайқаларди жони кенг осмон аро,
Ҳақ ато этган карам, эҳсон аро.

——————————-
1 – Ипак ҳаққи – Қадимда мусиқачилар кумуш торлар ўрнига ипакдан фойдаланишган.

2-3 – “(Шунда унга айтилди): «Оёғинг билан (остингдаги Ерни) тепгин!» (У Оллоҳнинг амрини бажарган эди, ўша ердан бир чашма отилиб чиқди. Сўнг унга айтилди): «Мана шу чўмиладиган жой ва муздек ичимлик сувдир». (Қачонки Айюб у сувда чўмилиб, сўнг ундан ичгач, унинг барча зоҳирий ва ботиний дардлари дарҳол даво топди)”. (Қуръони карим, «Сод» сураси, 42-оят).

“Шаробу муғтасал” – “Шароб ва ғусл (чўмилиш) учун”

УМАР РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ТУШИДА ҲОТИФ УНГА: “ДАВЛАТ ХАЗИНАСИДАН БИР НЕЧА ОЛТИН ОЛИБ, ҚАБРИСТОНДА УХЛАБ ЁТГАН КИШИГА ЭЛТИБ БЕРГИН” — ДЕБ ДАЪВАТ ЭТГАНИ

Сўнг Умарни уйқуга чўмдирди Ҳақ,
Уйқуга бўлсин дея бир лаҳза ғарқ.

Қолди лол, бул одатий ҳол, ҳис эмас,
Келди ғайб амри билан, бежиз эмас. 2105

Қўйди бош уйқуга, сўнг туш кўрди ул,
Ҳақ нидосин айламиш жони қабул.

Ул Нидонинг акси – ҳар бонгу наво,
Бил, нидолар аслидир боқий Садо.

Тил, қулоқсиз ул нидони қанчалаб,
Англагай турк, курду форс ҳамда араб.

Занжию ҳам турку ҳам тожик тугул,
Айлагай, ҳаттоки, тош, оғоч қабул!

Ҳар нафас келгай “Аласт” – сўрганда Ёр,
Молу мулк, жавҳар қилар пайдою бор.1 2110

Келмагай гар “Ҳа!” деган иқрори тез,,
Бергуси “Ҳа!” деб жавоб йўқлик шу кез.2

Сўйладим тошу яғоч идрокидан,
Мен баён айлай, эшит диққат билан.

————————
1-2 – “Парвардигорингиз Одам болаларининг белларидан (яъни, пушти камарларидан то Қиёмат Кунигача дунёга келадиган барча) зурриётларини олиб: «Мен Парвардигорингиз эмасманми?» деб, ўзларига қарши гувоҳ қилганида, улар: «Ҳақикатан, Сен Парвардигоримизсан, бизлар бунга шоҳидмиз», деганларини эсланг! (Сизлардан бундай гувоҳлик — аҳд-паймон олишимиз) Қиёмат Кунида: «Бизлар бундан бехабар эдик», демасликларингиз учундир”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 172-оят).

“Аласт” – “Мен эмасманми?!”

ПАЙFАМБАР САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ УЧУН МАХСУС МИНБАР ҚУРГАНЛАРИДА, ЖАМОАТ ЙИҒИЛИБ: “ВАЪЗ ЧОҒИДА БИЗ СЕНИНГ МУБОРАК ЮЗИНГНИ КЎРОЛМАЙМИЗ” — ДЕГАЧ, ҲАННОНА УСТУННИНГ ҲАСРАТ ҚИЛГАНИ ВА УНИНГ ҲАСРАТИНИ РАСУЛУ САҲОБАЛАР ЭШИТГАНИ ҲАМДА МУСТАФО САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ ЎША УСТУН БИЛАН САВОЛ-ЖАВОБИ1

Нола қилди Мустафо ҳажри учун.
Ақли бор одам каби ғамгин сутун.

Сўрди Пайғамбар: “Сутун, не муддао?”
Деди: “Жоним қон ютар ҳажринг аро.

Мен суянчиқ эрдиму сен юз буриб,
Сўнг суянчиқ айладинг, минбар қуриб”. 2115

“Хоҳишинг хурмо бўлишми, айла шарҳ?
Ҳосилинг терсинми ёки Ғарбу Шарқ?

Сўйла, ул дунёда сарв айлаб Худо,
Айласин мангу яшиллик ё ато?”

Деди: “Мен ҳар дам бақолик истарам”,
Тингла, эй, ғофил, яғочдан бўлма кам!

Кўмдилар ерга уни, токи сутун
Худди, одамдай тирилсин Сўнгги Кун.

Токи билгил, чорлагай Ҳақ кимни гар,
Барча олам коридан ҳам қолдирар. 2120

Кимда гар бордир иши Ҳақ бирла, ул
Бунда – бекор, бўлгай ул ерда қабул.2

Ким агар ғайб сирридан ризқ олмасин,
Қандайин англайди жонсиз ноласин?3

“Ҳа” дегай тасдиқ учун, айтмайди чин,
То уни ҳеч ким мунофиқ билмасин.

Йўқ эса “Кун” амридан воқиф тамом,
Рад этилгайди жаҳонда бул калом.

Неча минг тақлиду суврат аҳли лол,
Ваҳму шак қаъринда топмишдир завол. 2125

Шубҳа, тақлидин далил билгай улар,
Ҳар гумонга пар-қаноти шай турар.4

Шубҳа қўзғар унда шайтон, сералам,
Чап берар бул жумла кўрлар боши хам.

Ким далил излар, ёғочоёқ эрур,
Бил, ёғоч оёқ мудом носоғ эрур.

Лек, замон қутбин басирдир борлиги,
Тоғни лол айлар унинг пойдорлиги.

Кўр оёғидир асо, қолгай суяб,
Тушмасин деб юзтубан, тошга қулаб. 2130

Гар чавандоздан қўшин топгай зафар,
Ким у дин аҳли учун? Шоҳдан назар.

Гар асо-ла йўлни кўрлар кўрса гоҳ,
Унга йўл кўргувчилар бўлгай паноҳ.

Бўлмаса шоҳлар ва кўргувчи, басир,
Барча кўр нобуд бўларди бирма-бир.

Кўр зироат ҳам экиндан бехабар,
На иморат бор, на савдо, на самар.

Ёғмагай Ҳақ нури гар раҳмат қилиб,
Бор далиллар устуни кетгай синиб. 2135

Бул асо недир? Қиёсот ҳам далил,
Ким асо бергувчи? Кўргувчи Жалил!

Гар асо жангу фиғон анжомидир,
Парчалаб, итқит асони, эй, сўқир!

Ул асо берганди, кел деб Мен томон,
Унга урдингизми, сиз қаҳр айлабон?

Эй, сўқирлар, не билан бандсиз бу кез?
Чорлангиз Кўргувчини даврага тез!

Этагин тут, сен асо берганни де!
Сол назар, ғафлатда Одам кўрди не? 5 2140

Мўъжиза кўрсатди, боқ, Аҳмад, Мусо,
Оқилу устун, илон бўлмиш асо.

Ул асо аждар бўлиб, шафқат – сутун,
Беш маҳал қоқмиш ноғора дин учун.

Бўлмаса мантиққа зид ул ҳолати,
Бормиди мўъжизаларнинг ҳожати?

Не ақлга сиғса, жо айлар ақл,
Товланишсиз, тусланишсиз, бенақл.

Бул ақл сиғдирмаган пок йўлни кўр,
Улки муқбил, қалбида мақбулни кўр. 2145

Қочди Одам ваҳмидан шум шайтанат
Чўл-биёбонлар аро, айлаб ҳасад.

Анбиё мўъжизасин ваҳми тутиб,
Аҳли инкор тортдилар бош жон ютиб.

Лоф ураркан муслимий ном-нангидан,
Кимлигин бўлмас билиб найрангидан.

Сохта пуллар узра қаллобдай улар
Сўнгра шоҳ номин битиб, нуқра сурар.

Сиртидир тавҳид, шариатбоп, улуғ,
Қалби – нон устинда сачратқи уруғ. 2150

Файласуф журъат қилолмас сўзга то,
Сўйласа, Ҳақ дийни қоргай лой аро.

Қўл-оёқ шол, жони кўрса не раво,
Айлагай ҳар иккиси дарҳол адо.

Гарчи тил бирла у туҳмат қўзғагай,
Қўл-оёқ унга гувоҳ бўлмоққа шай.6

—————————————
1 – Бу ерда ҳижранинг саккизинчи йилида Муҳаммад (с.а.в) учун қурилган уч зиналик махсус минбар кўзда тутилган. Бунгача пайғамбаримиз каппасимон мачит меҳроби олдида турган устунга таяниб ваъз айтганлар.

2 – “Қачон қалбга нур кирса, у очилади ва кенгаяди. – Унга дедилар: “Бунинг аломати нечук?” – У деди: “Ёлғонлар оламидан юз буриш, Бақо оламига қайтиб, ўлим келмасдан аввал ўлимга тайёргарлик кўриш”. (Ҳадис).

3 – “Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Оллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса (Оллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар) уларнинг тасбеҳ айтишларини – поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У ҳалим ва Мағфиратли Зотдир”. (Қуръони карим, «Ал-Исро» сураси, 44-оят).

4 – “Ҳолбуки, улар учун бу ҳақда (яъни, фаришталарнинг қайси жинсдан эканлиги ҳақида) бирон билим-ҳужжат йўқдир. Улар фақат гумон-тахминга эргашурлар, холос. Аниқки, гумон ҳақиқатдан бирон нарсанинг ўрнига ўтмас!” (Қуръони карим, «Ван-Нажм» сураси, 28-оят).

5 – “Бас, (Одам билан Ҳавво иблиснинг иғвосига алданиб ўша дарахтдан) едилар-у, ўша онда уларнинг авратлари очилиб қолди ва ўзларини жаннат япроқлари билан тўса бошладилар. Одам Парвардигорига осий бўлиб, йўлдан озди”. (Қуръони карим, «Тоҳа» сураси, 121-оят).

6 – “У Кунда – Қиёматда қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур”. (Қуръони карим, «Нур» сураси, 24-оят).

“Бу Кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур”. (Қуръони карим, “Ёсин” сураси, 65-оят).

ПАЙFАМБАР САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМ МЎЪЖИЗАСИНИНГ  БАЁНИ, АБУЖАҲЛ АЛАЙҲИЛАЪНА ҚЎЛИДАГИ ТОШ БЎЛАКЛАРИНИНГ ТИЛГА КИРГАНИ ВА ТОШ БЎЛАКЛАРИ МУҲАММАД САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВА САЛЛАМНИНГ ПАЙFАМБАРЛИГИ РОСТЛИГИГА ГУВОҲЛИК БЕРГАНИ1

Бу Жаҳл кафтинда тош эрди ниҳон,
Деди: “Эй, Аҳмад, надир бул? Айт, шу он.

Бул надир? Айтгил, Расул бўлсанг агар,
Бор-ку осмон сирридан сенда хабар”. 2155

Деди: “Мен айтайми ненинг борлигин
Ё улар, Ҳақ менга йўлдош, ёрлигин?”

Деди: “Мен иккинчисин кўргим келур”,
Деди: “Ҳа, Ҳақ барига қодир эрур”.

Тилга кирмиш шунда ҳар тош парчаси,
Берди каф ичра гувоҳлик барчаси:2

“Ло илоҳа” сўнгра “иллаллоҳ” деди,
Гавҳари “Аҳмад расулуллоҳ” деди.3

Булни тинглаб, Бу Жаҳл қилмиш қаҳр,
Урди сўнг тошларни ерга бирма-бир. 2160

——————————
1 – Абу Зарр шундай ҳикоя қилади: “Биз Пайғамбар (с.а.в) ҳузурида ўтирганимизда, у зот кафтлари орасига бир неча тош бўлакларини олган чоғда, тошлар ҳамд айта бошлади. Тош бўлаклари ерга қўйилгач, уларнинг садоси тинди. Кафтлари орасига олгач, яна ўша ҳолат такрорланди”.

2 – “Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Оллоҳни) поклар. Мавжуд бўлган барча нарса (Оллоҳга) ҳамду сано айтиш билан У Зотни поклар. Лекин сизлар (эй инсонлар) уларнинг тасбеҳ айтишларини – поклашларини англамассизлар. Дарҳақиқат, У ҳалим ва Мағфиратли Зотдир”. (Қуръони карим, «Ал-Исро» сураси, 44-оят).

3 – “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Оллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўмин-мўминалар(нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг!” (Қуръони карим, «Муҳаммад» сураси, 19-оят).

“Ла илаҳа иллалоҳу” – “Оллоҳдан ўзга Илоҳ йўқ”

“Аҳмад расулуллоҳ” – “Аҳмад (Муҳаммад) Унинг Расулидир”

МУТРИБ ҚИССАСИНИНГ ДАВОМИ. АМИРУЛМЎМИНИН УМАР РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУНИНГ ҲОТИФДАН КЕЛГАН САДО ХАБАРИНИ УНГА ЕТКАЗГАНИ

Боқ тағин мутрибда не ҳол, беқарор
Қолди ул ғамгинлашиб, интиқ ва зор.

Сўнг Умарга келди ғайбдан бир садо:
“Бандамизнинг ҳожатин этгил адо!

Бандамиз бор муҳтарам, хос, ушбу кез,
Қил қадам ранжида қабристонга тез.

Эй, Умар, байтулмуол1дан тез нисор
Айлагил сен унга етти юз динор.

Элтиб айтгил: “Сени қилдик ихтиёр,
Маъзур айла, сенгадир, ол, бул динор. 2165

Бул ипак ҳаққи2 эрур, харж айлагин,
Гар тамом бўлса, бу ён қайтгин тағин”.

Бул садонинг қудратин туйгач Умар,
Шул юмуш деб боғламиш дарҳол камар.

Сўнгра тез юз бурди қабристон тараф,
Қўйнида ҳамён-ла кезмиш тентираб.

Кезди қабристонда, бир зум тинмади,
Кекса чолдан ўзга зотни кўрмади.

“Бул эмас” деб ҳар тараф чопди тағин,
Толди, топмай бунда чолдан ўзгасин. 2170

Деди: “Оллоҳ улни содиқ қул демиш,
Пок, муносиб ҳам муборак ул, демиш.

Пийри Чангийдир, наҳот, Ҳаққа яқин?
Офарин, эйки, ниҳон сир, офарин!”

Ул тағин кезмиш мозористонда лол,
Дашт аро ўлжа қидирган шер мисол.

Ёлғиз ул чол борлигин билгач аён,
Деди: “Зулматда кифоя нурли жон”.

Келди юз одоб-ла ул ёнга ўтиб,
Сўнгра чучкурганди, чол кетмиш чўчиб. 2175

Кўрди чол ногоҳ Умарни, қотди тек,
Қайгадир чоғланди, титроқ тутди, лек.

Кўнглидан кечмиш: “Худо, бул не зуғум?
Кекса чолга муҳтасиб3 айлар ҳужум!”.

Англамиш чол юзига боққан замон,
Чол хижолат эрди, ранги заъфарон.

Деди: “Қўрқма, етмагай мендан хатар,
Сенга Ҳақ амри-ла келтирдим хабар.

Ҳақ сенинг хулқингга ёғдирмиш сано,
То Умарни қилди ошиқ, мубтало. 2180

Кел, ўтир ёнимга сен, кетмай йироқ,
Сенга иқбол сирридан сўйлай бу чоқ.

Ҳақ салом йўллаб сўрар сендан, гапир,
Fам-азоблар ичра, айт, ҳолинг надир?

Ол, ипак ҳаққи, бу олтинларни сарф
Айлабон келгин тағин сен бул тараф”.

Ҳақ паёмин тинглабон титрарди чол,
Лол қотиб, бармоғини тишларди чол.

Солди дод: “Эй, Беқиёсим, не бу ҳол?!
Бас, уятдан бўлди сув бечора чол!”. 2185

Ҳаддидан ошгач алам, тортмиш фиғон,
Чангни синдирмиш, уриб ерга шу он.

Деди: “Эй, Ҳақдан мени тўсган ҳижоб,
Катта йўлдан оздириб, этдинг хароб!

Эй, ичиб қонимни етмиш йил аро!
Эй, камол қошинда қилган юзқаро!

Эй, Худо, эй, сен вафодор, эй, сахо,
Қил раҳм, умримга қилдим кўп жафо.

Ҳақ умр бергай, қилиб кунларни кеч,
Етмагай ҳеч ким унинг қадрига ҳеч. 2190

Ҳар қадам соврилди умрим бенаво,
Паст-баланд созлар чалиб қилдим адо.

Оҳ, садо берганда шўх оҳанг “Ироқ”,
Бўлди ёдимдан фироқ они йироқ!

Воҳки, паст айлаб мудом зер4 пардасин,
Дил экинзори сўлиб, ўлмиш ҳазин.

Воҳ, йигирма тўрт овозиндан қатор
Ўтди карвон, шомга айланди наҳор.

Додлагувчин додидан дод эй, Худо,
Ўзгамас, ўздан қилурман иддао. 2195

Ўзгамас, адлимни Улдан изларам,
Менга Ул мендан яқинроқдир бу дам.5

Менлигим ундан раводир дамбадам,
Улни кўргум, менлигим бўлганда кам”.

Сен санаб олгин, У сен бирлан агар,
Ўз томонингмас, У ёнга сол назар.

——————————
1 – Байтулмуол – Давлат хазинаси.

2 – Ипак ҳаққи – Қадимда мусиқачилар кумуш торлар ўрнига ипакдан фойдаланишган.

3 – Муҳтасиб – Ислом шариати аҳкомлари ижросини назорат қилувчи шахс.

4 – Зер – мусиқада энг ингичка овоз, нозик товуш. Зидди – бам. Зеру бам – ингичка ва йўғон товуш.

5 – “Аниқки, инсонни Биз яратганмиз, (демак), унинг нафси васваса қиладиган (яъни, кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз. Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқмиз”. (Қуръони карим, «Қоф» сураси, 16-оят).

УМАР РАЗИЙАЛЛОҲУ АНҲУНИНГ МУТРИБ НАЗАРИНИ ЙИFИ МАҚОМИДАН ҚАЙТАРИБ, БОРЛИҚДА МАВЖУД МАШFУЛЛИК МАҚОМИГА ЙЎНАЛТИРГАНИ

Деди мутрибга Умар: “Жонинг ҳалак,
Бул эрур ҳушёрлигингдан бир дарак.

Фоний ўлмоқликда бордир ўзга роҳ,
Чунки, ҳушёрликда бор ўзга гуноҳ. 2200

Ҳушёрлик кечмишинг ёди эрур,
Келмишу кечмиш Худога пардадур.

Иккисин от ўтга, токай сен бу чоғ
Бир қамишдай, иккисиндан боғу боғ.

То қамиш боғлик эрур, сирдош эмас,
Ул лабу овоз-ла суҳбатдош эмас.

Ўз-ўзингни айланиб – ширк ичрасан,
Уйга келсанг ҳам, ўзинг-ла биргасан.

Эй, хабар бергувчи Зотдан бехабар,
Баттар ул тавбанг гуноҳдан қанчалар!1 2205

Кечмишингдан тавба айларсан ҳамон,
Тавбадан тавба этарсан, айт, қачон?

Паст садолар қибла бўлгай сенга гоҳ,
Гоҳ ялайсан, қайда ғамгин нола-оҳ!”

Форуқ2 асрор кўзгуси бўлган сайин,
Чол ичинда бўлди бедор жон тағин.

Этди тарк ханда, йиғи жонин шу он,
Жон йитиб, ундан тирилмиш бошқа жон.

Кўнглидан жой олди сўнг ҳайратлари,
Бўлди ул осмонлару ердан нари. 2210

Бул талаб барча талабдан ўзгадир,
Булни мен билмам, агар билсанг, гапир!

Ҳолу қолдан ўзгадир бул ҳолу қол,
Ўз жамоли ичра ичра кўмгай Зулжалол.

Ул халос топмоқ ўйинда ғарқ эмас,
Ё бировмас, улни Дарё билса бас.

Кулл ақлдан жузви гўё бўлмагай,
Гар тақозода тақозо бўлмагай.

Гар тақозода тақозо бўлгуси,
Ўша дарё мавжи бул ён келгуси. 2215

То бу ён чол қиссасин ҳоли етар,
Ҳолу чол ўз юзига парда тутар.

Чол этак силккач мулоқотдан бу чоқ,
Оғзимизда сўз чала қолди, бироқ.

Бул мулоқот, айш-ишрат деб чунон,
Шубҳасиз, тикмоқ керак юз мингта жон.

Овда жон ўрмонида лочинчалик
Бўл, жаҳон офтобидай жонингни тик.

Ул баланд офтоб сочар оламга жон,
Гоҳ бўшаб, гоҳи тўларкан ҳар замон. 2220

Офтоби маънавий, жон соч бу он!
Янгилансин токи бул кўҳна жаҳон.

Одамийнинг жисмига руҳ бирла жон
Етгуси ғайбдан оқувчи сувсимон.

——————————
1 – “Нимани хаёл қилманг, Оллоҳ бор деб гумон қилинг”. (Ҳадис).

2 – Форуқ – ҳақ ва ноҳақни ажратувчи, Умар ибн Хаттобнинг лақаби.

ҲАР КУНИ БОЗОР БОШИДА: “АЛЛОҲУММА АЪТИ КУЛЛА МУНФИҚИН ХАЛАФАН, АЛЛОҲУММА АЪТИ КУЛЛА МУМСИКИН ТАЛАФАН”1 — ДЕЯ ЖАР СОЛГАН ИККИ ФАРИШТА ДУОСИНИНГ ТАФСИРИ ВА УЛ ХАЙР-САДАҚА ҚИЛГУВЧИЛАР ҲОЮ ҲАВАС ЙЎЛИНИНГ ИСРОФГАРЛАРИ БЎЛМАЙ, ҲАҚ ЙЎЛИДА ЖИҲОД ЭТГУВЧИЛАР ЭКАНЛИГИ БАЁНИ2

Деди Пайғамбар: “Ўгит бўлсин учун,
Қўш фаришта даъват айлар кеча кун:

Эй, Худо, хайр этса ким, ҳеч қилма кам,
Бир дирамни айлагин юз минг дирам!

Эй, Худойим, зиқна бўлса ким агар,
Сен зиёнин устига бергин зарар!”. 2225

Кўп эрур исрофчидан яхши хасис,
Берма Ҳақнинг молини Ҳақ амрисиз!

Ўрнига топ беҳисоб ганж янгидин,
Бўлмагин сен токи кофир аҳлидин.

Қанча тева сўйдилар, деб жанг аро
Тийғимиздан мағлуб ўлсин Мустафо.3

Амри Ҳақни излагил ким Ҳаққа ёр,
Амри Ҳақ ҳар қалбда топмайди қарор.

Бўлса қул ёғий, кўр адлин ҳолини,
Тарқатар ёғийга шоҳнинг молини. 2230

Аҳли хос ҳушёр қилар ғафлатдагин,
Хайр этиб, афсус қилар бўлса тағин.4

Шоҳдан ул ёғий, қилиб адлу ато,
Орттирар не? Айрилиқда юзқаро.

Маккага бошлар Расул-ла жанг қилиб,
Тевалар сўймиш, қабул бўлгайми деб.

Шул сабаб, мўмин дегай, дилда ваҳм:
Ҳар намоз: “Иҳди сирота-л-мустақим”.5

Гар дирам бермоқ сахийга хос эрур,
Гар саховат этса ошиқ, жон берур. 2235

Ҳақ йўлинда берса ким нон, нон олар,
Ҳақ йўлинда берса ким жон, жон олар!6

Тўкса гар япроғу баргин ҳар чинор,
Қайтарар ҳаққин ҳақирнинг Кирдигор.

Қолмаса бахш айламоққа қўлда мол,
Айт, Илоҳий Фазл этарми поймол?

Ерга дон сочганда, омбор бўшагай,
Лек, экинзорлар аро ризқ тўшагай.

Кимки омбор ичра донни ғамлагай,
Борини сичқону қўнғиз ямлагай.7 2240

Бул жаҳон инкор эрур, исбот қидир,
Сувратинг бўш, изла маъно бирма-бир.

Элт қилич остига аччиқ жонни тез,
Ол ширин денгизсимон жонни бу кез.

Гар ошолмассан бу йўл остонасин,
Битта достон тинглагин мендан тағин.

——————————
1 – “Аллоҳумма аъти кулла мунфиқин халафан, аллоҳумма аъти кулла мумсикин талафан” – “Эй, Оллоҳ, барча садақа қилгувчилар эвазини бер (яъни, садақа қилинган моли эвазига мол ато айла). Эй, Оллоҳ, барча хасисларни барбод айлагин (яъни, садақа бермайдиганлар молини барбод айлагин).

2 – “Бирор кун йўқки, икки фаришта тушиб, улардан бири: “Эй, Раббим, йўқсилларга берганлар бергани эвазига бер!”, иккинчиси эса: “Бермаган зиқналарга талафот бер”, — деб айтмаган бўлса”. (Ҳадис).

3 – Бадр жангидан бир неча кун олдин (624) бутпарастлар Муҳаммад (с.а.в)нинг кам сонли қўшинлари устидан ғалаба қозонмоқ мақсадида ўзларининг худоларига қурбонлик келтирадилар, ўнлаб туяларни сўйиб, кофирларга тарқатадилар. Келтирилган қурбонликларига қарамай, улар жангда енгилади.

“(Эй инсонлар), Оллоҳга ва Унинг пайғамбари (Муҳаммад алайҳис-салом)га иймон келтиринглар ҳамда У зот сизларни халифа қилиб қўйган нарсалардан (яъни, вақтинча қўлларингизда турган эрта бир кун сизлар истасангиз-истамасангиз ўзгаларнинг қўлларига ўтиб кетадиган Оллоҳ берган мол-давлатдан) инфоқ-эҳсон қилинглар! Бас, сизлардан иймон келтирган ва инфоқ-эҳсон қилган зотлар учун катта ажр-мукофот бордир”. (Қуръони карим, “Ҳадид” сураси, 7-оят).

“Оллоҳ йўлидаги (кураш учун молларингизни) сарфланглар! Ва Оллоҳдан қўрқингиз! Билингларки, Оллоҳ ўзидан қўрқувчилар билан биргадир”. (Қуръони карим, “Бақара” сураси, 195-оят).

4 – “Албатта кофир бўлган кимсалар мол-дунёларини Оллоҳнинг Йўлидан тўсиш учун ишлатурлар. Бас, уни сарфламайдилар-у, сўнгра ўша (моллари) ўзларига ҳасрат бўлур, сўнгра мағлуб бўлурлар”. (Қуръони карим, «Анфол» сураси, 36-оят).

5 – “Иҳдинас сиротол мустақим” – “Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин”. (Қуръони карим, “Фотиҳа” сураси, 6-оят).

6 – “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: «Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда чиройли амал қилган зотлар учун (Охиратда) чиройли (оқибат – жаннат) бордир. Оллоҳнинг Ери кенгдир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур”. (Қуръони карим, «Зумар» сураси, 10-оят).

6 – Бу байт мазмуни – Исо (а.с)нинг: “Қўлингдан келса, жамғармангни шундай жойлаштиргинки, токи сичқонларга ем бўлмасин ва ўғрилар ҳам унга яқин йўламасин, сўнгра ҳаракатда бўл” деган фикрига ҳамоҳанг.

ЎЗ ЗАМОНАСИДА САХОВАТ БОБИДА ҲОТАМ ТОЙДАН ҲАМ ЎЗГАН, ЎХШАШИ ЙЎҚ ХАЛИФА ҚИССАСИ

Бир халифа бор эди, ўтмишда ул
Айламиш ҳиммат билан Ҳотам1ни қул.

Адлу ҳиммат туғин ул тиклаб мудом,
Йўқчиликнинг илдизин кесмиш тамом. 2245

Хайридан денгиз ва чўл топди самар,
Адли етмиш токи Қофдан Қоф қадар.

Ерга эрди сув, булутдай бахшу ёр,
Эрди Ҳақ эҳсони янглиғ ошкор.

Ҳимматиндан тебраниб денгиз ва кон,
Неча карвон талпинарди ул томон.

Эрди ҳожат қибласи – дарвозаси,
Даҳр аро тарқалмиш ул овозаси.

Ҳам ажам, ҳам турк, араб, ҳам рум таниб,
Ҳимматиндан қолдилар ҳайратланиб. 2250

Оби ҳайвон эрди ул денгизда жам,
Ҳам араб ундан ичарди, ҳам ажам.

—————————-
1 – Ҳотам – Ҳотам Абдуллоҳ ат-Той – сахийлик, қўли очиқлик билан шуҳрат қозонган. Шориҳларнинг фикрига кўра, бу ҳикоятдаги Халифанинг исми Маъмун бўлиб, ундаги воқеа Ф.Атторнинг “Мусибатнома” асаридан олинган.

ЙЎҚЧИЛИК, ҚАШШОҚЛИК ТУФАЙЛИ ХОТИНИ ЖАНЖАЛ КЎТАРГАН САҲРОЙИ ДАРВИШ АРАБ ҚИССАСИ

Тунда бир чўллик аёл эри билан
Қилди жанжал, ошди беҳад ҳаддидан:

“Йўқчилик жабрин, фақат, биз тортамиз,
Ҳамма шод, биз ғам аро бечорамиз.

Нонимиз йўқ, дард, алам – нон-ошимиз,
Кўзамиз йўқ, бизга сув – кўз ёшимиз.

Кундузи бизга қуёш тафти либос,
Тунда ой кўрпа-тўшак бўлгай бироз. 2255

Тўлса гар ой, ойни нон айлаб гумон,
Кўкка қўл чўзмоқдамиз бизлар ҳамон.

Ор қилар бизнинг гадоликдан гадо,
Бурда нон ўйинда кун бўлгай адо.

Кетди бизлардан йироқ ёт-ақрабо,
Сомирий1 бўлгандайин халқдан жудо.2

Кимга “мош бер бир сиқим” дей мен агар,
Ул мани ўлдиргудай қарғаб, талар.

Гар араб фахри эрур эҳсон, ғазо,
Сен – араб ичра ёзувда бир хато. 2260

Не ғазо? Хордир усиз ҳам лошимиз,
Йўқчилик тийғи кесаркан бошимиз.

Не ато? Бизлар гадодирмиз абад,
Пашшага санчдик ҳавода тиғ, фақат.3

Келса меҳмон, тунда ухлаб олса тин,
Мен ечиб олгум танидан жандасин”.

—————————-
1 – Сомирий – Мусо Зафар, Мусо пайғамбарнинг укаси, Мусога қарши чиқиб, гапирадиган олтин бузоқ ясаб, шу билан кишиларни ўзига қаратишга уринган киши.

2 – “(Сўнгра Мусо Сомирийга қараб): “Бу нима қилганинг, эй Сомирий?”, деди. У айтди: ”Мен улар (яъни, ьани Исроил) кўрмаган нарсани кўрдим. (Яъни, Жаброил сенинг олдингга келганда ҳаёт отига миниб келган эди. Унинг туёғи теккан тупроқ қандай жонсиз нарсага тегса дарҳол унга жон кирарди, мен шуни кўриб қолган эдим), бас, элчи – Жаброилнинг босган изидан бир сиқим олиб, уни (бузоқнинг ҳайкалига) сочган эдим (ундан тирик бузоқ каби овоз чиқди. Буни кўрган бани Исроил қавмидан бўлган одамлар у бузоққа сиғина бошладилар). Менга нафсим ана шундай қилишни чиройли кўрсатди”. (Мусо) деди: “Бас, йўқол! Энди сен учун ҳаётда “(Менга) тегинманглар” дейишгина бордир (яъни, умрингнинг охиригача якка мохов бўлиб қолурсан. Охиратда эса) сен учун ҳаргиз хилоф қилинмайдиган бир ваъда – азоб бордир. Сен устидан жилмай ибодат қилган “илоҳингнинг” (ҳолини) кўриб қўй. Биз албатта уни ёндириб, сўнгра (кулини) денгизга сочиб юборурмиз”. (Қуръони карим, “Тоҳа” сураси, 95-97-оятлар).

3 – Пашшага санчдик ҳавода тиғ, фақат – Кам ва қўлга илинган нарсани емоқ маъносида.

МУҲТОЖ МУРИДЛАРНИНГ СОХТА ЗОҲИДЛАРГА АЛДАНИШИ, УЛАРНИ ҲАҚҚА ЕТИШГАН УЛУFЛАР ДЕБ ЎЙЛАГАНИ, АСИЛ ВА ҚАЛБАКИ, ЎЛИК ВА ТИРИКНИНГ ФАРҚИГА БОРМАГАНИ

Бул закийлар сўзидир, маъноси мўл:
“Сен, фақат, ҳимматли зот меҳмони бўл”.

Сенга – мурид, улки сени меҳмон қилар,
Хас эсанг-да, сендан ҳосил ундирар. 2265

Гар етукмас, ул етук қилмас сира,
Нур ато этмас, сени қилгай хира.

Бўлмагай гар унда нур, келгач яқин,
Ўзгалар топсин нечук ул шуъласин?

Худди, кўр гар излагай кўзга даво,
Жун суришдан ўзга не кўгай раво?

Ҳолимиз шул, йўқчилик, ғам эрта-кеч,
Бизга меҳмон алданиб қолмайди ҳеч.

Кўрмагансан сен гар ўн йиллик қаҳат,
Кўзни оч, сен бизда кўргайсан, фақат. 2270

Сиртимиз – даъво қилувчин кўнгли, боқ,
Кўнгли зулматдир, тили, лек, ярқироқ.

Унда на Ҳақ атри, на из бор, ажаб,
Булбашар1, Шис2дан-да қилгай кўп талаб.

Унга шайтон кўринишдан ор қилар,
Ўзни абдолдан-да ортиқроқ билар.

Ул ўғирлаб қанча дарвишлар гапин,
Ўзни кимдир деб мудом англар тағин.

Боязидни сўзида айбдор атар,
Кўнглидан, ҳатто, Язид3 қилгай ҳазар. 2275

Бенасиб кўк неъматиндан, бенаво,
Унга Ҳақ кўрмас суякни ҳам раво.

Дейди: “Дастурхон тинимсиз ёзаман,
Ҳаққа ноибман, халифазодаман!

Марҳабо, эй, соддадиллар, кеб қолинг,
Ҳеч аталмиш неъматимдан еб қолинг!”.

Эртадан ваъда қилар ҳар эрта-кеч,
Эртаси, аммо, унинг келмайди ҳеч.

Вақт керакдир, одамий зот сирри то
Ошкор бўлгунча кўпу кам аро. 2280

Ганжли тан девори остинда ниҳон
Ё илон, аждар, чумолига макон?

Ҳеч вақо йўқлиги маълум бўлса гар,
Толиб умри кечди, бор деб не самар?

————————
1 – Булбашар – Одам Ато

2 – Шис – Шис пайғамбар. Одам Ато ва Момо Ҳавонинг ўғли. Изоҳ, 166-б

3 – Язид – Язид бинни Муовия (646-683), уммавийларнинг иккинчи халифаси, Муҳаммад (с.а.в)нинг неваралари Ҳусайн ибн Али унинг фармони билан Карбало даштида ўлдирилган.

БАЪЗАН, МУРИД СОХТА ДАЪВОГАРГА ЭЪТИҚОД БОFЛАШИ, ШУ ЭЪТИҚОДИ ТУФАЙЛИ ШАЙХИ ТУШИДА ҲАМ КЎРМАЙДИГАН МАҚОМГА ЕТИШИ, СУВ, ОЛОВ УНГА ЗАРАР ЕТКАЗМАЙ, ШАЙХИГА ЗАРАР ЕТКАЗИШИ ВА БУНДАЙЛАР ЖУДА КАМЛИГИ БАЁНИ

Кам эрур толиб, йўли нурлик агар,
Унга ёлғон эътиқод берган самар.

Етгай ул манзилга, айлаб пок ният,
Гарчи жон деб билгани бўлгай жасад.

Қибла излайди ярим тунлар аро,
Қибласин топмас, намоздир, лек, раво. 2285

Бор эрур толибда жонга ташналик,
Ошкор бизларда нонга ташналик.

Не учун толибдай этгаймиз ниҳон?
Сохта номус деб берармиз нега жон?

САҲРОЙИ АРАБ ХОТИНИНИ САБРГА ЧОРЛАГАНИ, УНГА САБР ВА ҚАШШОҚЛИК ФАЗИЛАТЛАРИНИ БАЁН ЭТГАНИ

Эр деди: “Наф деб қиларсан эътироз,
Умримизнинг кўпи кетмиш, қолди оз.

Кўпу кам тийрак назарлардан йироқ,
Селдайин иккови ҳам ўтгай, бироқ.

Хоҳ тиниқ бўлсин у сел, хоҳ лойқа ул,
Қўй, агар турмас кутиб бир жойда ул. 2290

Ушбу олам ичра не жонзотки бор,
Хуш яшар, ўнг-сўлга қилмай эътибор.

Қумри Ҳаққа шох уза шукр айлагай,
Тун учун хўрак ўзига ғамлагай.

Ҳаққа булбул сўйлагай ҳамду сано:
“Ризқ умидин бори сенда эй, Паноҳ!”1

Муждага дўндирди лочин шоҳ қўлин,
Ҳар ўлимтикдан йироқ айлаб йўлин.

Пашшадан тортиб, шунингдек, токи фил
Бил, “иёлуллоҳу ҳақ неъма-л-муъил”.2 2295

Дилда не қайғу-алам топмиш қарор,
Буғ ва ел чанги эрур, не бизда бор.

Ғам ўроқ янглиғ ўрар бардошимиз,
“Ундоғу бундоқ” эрур васвосимиз.

Бил, азоб, ғамлар – ўлимнинг пораси,
Бўл йироқ ундан, топилса чораси!

Гар ажал қисмига бўлсанг сен қарам,
Англагин, бошдан тўкилгай Кулли ҳам.

Қилса гар лаззат, ажал қисми ато,
Куллни ҳам лаззатли айлайди Худо. 2300

Дард ажалдан элчидир, эй, хийра жон!
Элчидан бурдирма юз сен ҳеч қачон!

Ўлгай аччиқ, ким яшар лаззат аро,
Танга ким тиз чўкса, ул жондан жудо.

Келтириб қўйларни саҳродан шу он,
Қай бири семиз, сўйилгай бегумон.

Тун тугаб, тонг отди, эй, дилга яқин!
Айтасан токайгача зар чўпчагин?

Эрди оз ёшликда сендан ҳар талаб,
Зар эдинг сен, сўнгра бўлдинг зарталаб. 2305

Боғ эдинг сермева, қолдинг беривож,
Айт, пишар чоғ айнидингми ноилож?

Гар десанг, мевангда бўлсин тоту таъм,
Мисли арқон, қўймасин ортга қадам.

Жуфт эрурсан, бўл сифатда менга ёр,
Маслаҳат бирлан топар ҳар иш барор.

Жуфт эрур не, келтирар буткул самар,
Жуфт этик, туфлига солгин сен назар.

Икки кавшинг биттаси гар келса тор,
Иккиси ҳам бермагайдир сенга кор. 2310

Жуфт этик катта-кичик, айт, қайда бор?
Ҳеч бўларми шеру бўри жуфту ёр?

Тева узра икки қоп нобоп турар,
Гар бири бўш, биттаси тўла улар.

Мен дадил борсам қаноатга томон,
Сен нечун юрдинг қабоҳатга томон?”.

Тонггача ўздан қониб, оқлаб ўзин,
Эр хотинга сўйламишдир шул йўсин.

———————————
1 – “Агар сизлар Оллоҳга чиндан таваккул қилганингизда, Оллоҳ таоло, худди, эрталаб оч кетиб, кечқурун тўқ қайтган қушларга ризқ бергандек, сизга ҳам ризқ ато этарди”. (Ҳадис).

2 – “Иёллуллоҳи ҳақ неъма-л-муъил” – “Барча яралмиш Оллоҳнинг оиласидир. Оллоҳ таолога бандалар ичида севимлиси оила аъзоларига манфаати кўп тегадиган кишидир”. (Ҳадис).

“Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Оллоҳнинг зиммасидадир. У Зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир”. (Қуръони карим, «Ҳуд» сураси, 6-оят).

ХОТИННИНГ: “ЎЗ ЙЎЛИНГ ВА ЎЗ МАҚОМИНГДАН ОШИРИБ ГАПИРМА, ЯЪНИ, “ЛИМА ТАҚУЛУНА МО ЛО ТАФЪАЛУНА?”1 ГАПЛАРИНГ РОСТ, АММО, СЕН УМИД ВА ИШОНЧ МАҚОМИДА ЭМАССАН. МАҚОМИНГ ВА ХУЛҚИНГДАН ОШИРИБ СЎЗЛАШ СЕНГА ЗАРАР КЕЛТИРАДИ, ЯЪНИ, “КАБУРА МАҚТАН ИНДАЛЛОҲА”2ДИР” — ДЕБ ЭРИГА НАСИҲАТ ҚИЛГАНИ

Сўнг хотин бонг урди: “Эй, ор айламас!
Менга ҳеч афсунларинг кор айламас. 2315

Беҳуда даъвою даъват айлама,
Сафсата кибру ғурурдан сўйлама!

Тумтароқ сўз-ла битарми иш-амал?
Боқ ишинг, ҳолингга, энди сал уял!

Йўқ гадонинг кибридай нохуш, зиён,
Қор, совуққа ҳўл кийим кийгансимон.

Бунча кўп даъвою худбинлик ўйинг?
Худди, ўргимчак уйидир, боқ, уйинг.3

Айт, қаноат бердими жонингга нур?
Билганинг ундан, фақат, бир ном эрур. 2320

Деди Пайғамбар: “Қаноат не? Бу – ганж”,4
Фарқи йўқдир сен учун ганж бирла ранж.

Бул қаноат бўлгуси жон ганжи чин,
Эй, ғаму жон ранжи, кўп лоф урмагин!

Сен мени жуфт билма, кўп қоқма қанот,5
Менга инсоф жуфту жуфтмас нуқсу дод.

Бек, амирлар йўлидан нетдинг юриб?
Чун малах “овлаб” — ҳавода тиғ уриб.

Бир суяк деб ит билан қилдинг уруш,
Бир қамишдай нолигайсан – қорни бўш!6 2325

Солма менга жирканиб, сўлғин назар,
Токи айтмай, томирингда не оқар.

Ўзни, ҳам ақлингни билдинг кўп расо,
Ақли ноқис деб мени билдингми ё?

Менга лоқайд бўридай ташланмагин,
Ақли пастлик яхши ақлинг оридин!

Халқ учун йўл бўлса ақлинг бегумон,
Бас, ақлмас, ул – илон бирла чаён.

Зулму макрингга Худо бўлсин тўсиқ,
Фазлу ақлинг етмасин бизга тўлиқ! 2330

Ҳам илон, ҳам жодугардирсан бу чоғ,
Ҳам илонбоз, эй, араб шаънига доғ!

Қарға ўз расволин қолса сезиб,
Қор каби эриб кетарди, ғам эзиб.

Гар ўқир афсун илонга ёвсимон,
Айлар афсунгарни ҳам афсун илон.

Бўлмасайди гар илон афсуни дом,
Ҳеч илон сеҳри уни қилгайми ром?

Жодугар зот касбу корин ҳирсидан,
Бехабар қолгай илон афсунидан. 2335

Дер илон: “Эй, сен сеҳргар, ушбу чоқ,
Кўрдинг ўз сеҳринг, менинг сеҳримга боқ!

Сен мени Ҳақ номи бирлан аврадинг,
Фитна-ю шарманда қилмоқ – мақсадинг.

Хоҳишингмас, айламиш Ҳақ номи ром,
Вой сенинг ҳолингга, қилдинг номни дом!

Олгуси Ҳақ номи ўч адлим учун,
Жон, таним топширдим ул ном деб бутун.

Қирқадир жон томиринг зарбим-ла ё,
Ё сени мендай тиқар зиндон аро”. 2340

Бор дағал гапларни айтиб шул йўсин,
Вайсамиш ёш эрга тинмай ул хотин.

———————————
1-2 – “Эй мўминлар, нега сизлар ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар?! Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз деб) айтишларингиз Оллоҳ наздида ўта манфур (ишдир). (Қуръони карим, «Саф» сураси, 2-3-оятлар).

“Лима тақулуна мо ло тафъалуна” – “Нега сизлар ўзларингиз қилмайдиган нарсани айтурсизлар?”.

“Кабура мақтан индаллоҳа” – “Оллоҳнинг наздида ўта манфур ишдир”.

3 – “Оллоҳдан ўзга “дўстлар”ни ушлаган кимсаларнинг мисоли худди (ўзи учун) уй қуриб олиб, (ўша уйидан паноҳ истаган) ўргимчакка ўхшайди. Албатта уйларнинг энг нимжони ўргимчак уясидир. Агар улар билсалар эди, (ўргимчак уяси ожиз бутлардан паноҳ истамаган бўлур эдилар). (Қуръони карим, «Анкабут» сураси, 41-оят).

4 – “Қаноат адо бўлмайдиган хазинадир”. (Ҳадис).

5 – Икки каптар қўшилганда азбаройи шодлик ва сархушликдан эмас, аслида бир-бирини ушлаб қолиш мақсадида қанот қоқмоғига ишора.

6 – “Мўмин мисоли бир бурғудир, унинг ичида бўшлиқ бўлмаса, чиройли садо бермайди”. (Ҳадис).

ЭРНИНГ ХОТИНИГА: “ҚАШШОҚЛАРГА ПАСТ НАЗАР, ҲАҚ ИШИГА ШУБҲА БИЛАН ҚАРАМА, ОЖИЗ ФИКР, ХОМ ХАЁЛЛАРИНГГА БЕРИЛИБ ҚАШШОҚЛИК ВА ҚАШШОҚЛАРГА ТАЪНА ҚИЛМАГИН” — ДЕБ НАСИҲАТ ҚИЛГАНИ

Деди: “Сен хотинми ё ғамхона, сил?
Йўқчилик – фахрим маним,1 теккизма тил.

Худди, бош узра кулоҳдай молу зар,
Ким паноҳ билгай кулоҳни, кал улар.

Жингалак ҳам кўп қалин, ким сочи гар,
Бошидан учса кулоҳи, хуш ёқар.

Ҳаққа ёр кўргувчига монанд агар,
Бил, яланғоч яхши, берк бўлса назар. 2345

Қулфурушлар қулни тақдим этса гар,
Айб ёпгич тўнни ул қулдан ечар.

Айби бўлса, қандоқ урён айлагай?
Тўн билан, аксинча, авраб-алдагай.

Дейди: “Бул яхши-ёмондан ор қилар,
Тўнни ечмоқликка сендан тортинар”.

Хожа бошдан то оёқ айбга ботар,
Моли бор, буткул унинг айбин ёпар.

Таъмадин айбин кўролмас таъмагир,
Таъмаси ҳам дилга сарпо, пардадир.2 2350

Айтса сўз кон зарри янглиғ гар гадо,
Моли йўл топмас бирор дўкон аро.

Сенга йўл бўлсин у дарвишлик қадар,
Солма дарвишлар томон сўлғин назар.

Мулку мол ташвиши йўқ дарвишда ҳеч,
Зулжалол бергуси ризқин эрта-кеч.

Ҳақ эрур Одил, адолат кимда жам,
Ҳеч қачон айларми бедилга ситам?3

Кимгадир айлайди ноз-неъмат ато,
Ким бировни ёндирар оташ аро. 2355

Ёндирар гулханда, ким икки жаҳон
Холиқи Ҳаққа агар қилгай гумон.

Айт, “фақирлик фахри”масми Ҳаққа ёр?
Не латофат, иззат-икром унда бор!

Сен лақаб қўйдинг ичинг-этингни еб,
Ёрни ҳам, морларни ҳам овловчи деб.

Мен тишин узгум, илон тутсам агар,
Бошга то келтирмасин зарби зарар.

Бил, илоннинг жонига тишдир ғаним,
Ёвни дўст айлар маним бул қилганим. 2360

Таъмадан ҳаргиз қидирмасман фусун,
Таъма бошин мен букиб кетгум бутун.

Қилмадим халқдан тамаъ, асра Худо!
Бор қаноат олами кўнглим аро.

Олмурут устинда не кўрсанг бу он,
Пастга тушгин, қолмасин то бир гумон.4

Тушганингда айланар бош, кўз тиниб,
Айланар уй демагил, сен айланиб.

—————————
1 – “Қашшоқлик фахримдир ва мен у билан фахрланаман”. (Ҳадис).

2 – “Илм ва мол-дунё ҳамма айбни беркитар, нодонлик ва қашшоқлик ҳар қандай айбни кўрсатар”. (Ҳадис).

3 – “Бу (азоб) ўзларингиз қилган гуноҳларингиз сабаблидир. Албатта Оллоҳ (Ўз) қулларига зулм қилгувчи эмасдир”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 182-оят).

4 – Бир ривоятга ишора: Бир хотин олмурут устига чиқиб, патда турган эрига: “Ёнингдаги хотин ким? Нега у билан ўпишасан?” – деб дод-вой солади. Кейин эрини дарахтга чиқариб, ўзи ўйнаши билан айш қилади. Эри дод-вой солса, айбни дарахтга тўнкайди.

ҲАР КИМНИНГ ҲАРАКАТИ УНИНГ ЭГАЛЛАГАН ЎРНИГА ҚАРАБ БЕЛГИЛАНИШИ ВА ҲАР КИМНИ ЎЗ ВУЖУДИ ДОИРАСИДА КЎРИШИ. ЯШИЛ ШИША ҚУЁШНИ ЯШИЛ, ҚИЗИЛ ШИША ҚИЗИЛ РАНГДА КЎРСАТАДИ, ШИШАЛАРНИНГ РАНГИ ЙЎҚОЛГАЧ, ОҚАРАДИ. БОШҚА БАРЧА ШИШАЛАРДАН У РОСТГЎЙРОҚ БЎЛИШИ ВА ИМОМ САНАЛИШИ БАЁНИДА

Дуч келиб Аҳмадга деди Бу Жаҳл:1
“Ҳошимийлар нақшисан яшноқ, разил”. 2365

Деди Аҳмад унга: “Не айтдинг, бу – рост,
Рост гапинг, сен гарчи оширдинг бироз.

Учратиб, сўнг деди Сиддиқ:2 “Эй, қуёш!
Сен на шарқийсан, на ғарбий, эгма бош!”.

Деди Аҳмад: “Эй, азиз, рост сўйладинг,
Арзимас дунёга банди бўлмадинг”.

Бунда борлар сўрди: “Эй, мумтозу ноб,
Икки зид гапга нечун бир хил жавоб?”

Деди: “Мен сайқал берилган кўзгуман,
Турку ҳинд кўргай ўзин бул кўзгудан”. 2370

Эй, хотин, сен таъмагир деб қилма панд
Бўл заиф даъволарингдан сал баланд.

Таъмага монанд у, лек, раҳмат эрур,
Таъма бор жойда нечук неъмат келур?

Кўр синаб хорликда ўзни икки кун,
Фақр аро бойликни хуш кўрмоқ учун.

Қил сабр, ҳам келмасин хорлик малол,
Ҳар фақирга шон бағишлар Зулжалол.

Бурма афт, ташла назар, мингларча жон
Ботди бол уммонига, сабр айлабон. 2375

Боқ, ўшал минглаб тахир жонлар томон,
Гулшакарлар ичра унгай гулсимон.

Эй, дариғ, жонимда гар сен жо эдинг,
Бунда кўнглим шарҳидан пайдо эдинг.

Ушбу сўз жон кўксидан сутдир лазиз,
Чиқмагай соғгувчи ё сургувчисиз.

Кимки тинглаб ушбу сўзни, хуш билар,
Гар ўликдир, воизу бийрон қилар.

Бўлса тингловчи умидвор, бемалол
Сўйлагай юз тилда дарҳол гунгу лол. 2380

Қўйса номаҳрам эшигимдан қадам,
Бор ҳарам аҳли юзин тўсгай шу дам.

Кирса эшикдар бирор маҳрам, яқин,
Юз яширганлар очар юз пардасин.

Неки бор, афзал, чиройлик кўрсатар,
Қай нигоҳ бўлгай басир, кўргувчи гар.

Чанг садоси бўлса хоҳ паст, хоҳ баланд,
Кар қулоқларни сира айларми банд?

Мушкни Ҳақ бекорга хушбўй қилмаган,
Ҳис қилолмас ҳидни ҳеч ҳид билмаган. 2385

Ҳақ яратмиш ер билан осмонни ҳур,
Ҳақ таратмиш ул аро оташ ва нур.

Ҳақ яратмиш ерни ер насли учун,
Ҳақ яратмиш кўкни кўк аҳли учун.

Ёв эрур ҳар дам баландга пасту хор,
Ҳар маконнинг ўз талабгор аҳли бор.

Эй, тубан, юксакни ҳеч кўрдингми эп?
Кўр учун зийнатланиб, бердингми зеб?

Гарчи мен дунёни дурга тўлдирай,
Гар буюрмас сенга, қайга бош урай? 2390

Эй, хотин, ё бехатар йўл танлагин,
Топмасанг йўл, кел, мени тарк айлагин.

Хушламам, яхши-ёмон қилса талаш,
Дилни, ҳатто, ғаш қилар сулҳу яраш.

Жим туришга топмасанг бир зум сабот,
Хонадонинг тарк этарман шул заҳот”.

—————————-
1 – Бу Жаҳл – Абу Жаҳл, яъни, Жаҳолат отаси. Муҳаммад (с.а.в)нинг ашаддий душманларидан. 624 йилда Бадр жангида қатл этилган.

2 – Сиддиқ – Абу Бакр Сиддиқ Абдуллоҳ ибн Абу каҳҳофа ибн Омир (571-634), исломда “хулафои рошидин” (“тўғри йўлдан борувчи халифалар”), “чорёрлар” деб аталган дастлабки тўрт халифадан биринчиси, Муҳаммад (с.а.в)нинг энг яқин сафдоши, қайноталари.

ХОТИН ЭРИГА ЭЪТИБОРИНИ ҚАРАТИБ, АЙТГАН ГАПЛАРИ УЧУН ТАВБА ҚИЛГАНИ

Кўрди хотин, чиқмиш эрнинг аччиғи,
Йиғламиш, чунки, аёл доми – йиғи.

“Шулми кутган сўзларим сендан,–деди.
Бошқа уммид, ўйларим ҳам бор эди” 2395

Ўтди ожизлик йўлига шул нафас,
Деди: “Пойинг хокиман, ожизамас.

Жисму жоним, борлиғим сенга нисор,
Ҳукму фармоним сенинг ҳукмингга зор.

Йўқчиликдан тўлса ҳам сабрим бутун,
Лек, ўзиммас, қайғурарман сен учун.

Дардларимга доимо бўлдинг даво,
Бенаволик кўрмагум сенга раво.

Ўзни ўйлаб ушбу ўйга бормадим,
Сен учундир барча нола-зорларим! 2400

Борлиғинг-чун борлиғим, валлоҳ, бу он,
Ҳар нафас берсамми дер қошингда жон!

Жонни мен қилган фидо жонинг агар,
Кошки, жоним қаъридан топса хабар!

Сен агар мендан қилар бўлсанг гумон,
Менга даркормас бу тан бирла бу жон!

Хокка қоргум сийму зарни шул замон,
Қарши бўлсанг менга, эй, оромижон!

Жон-дилимдан жой олиб сен шунчалар,
Беҳуда мендан безарсан бунчалар? 2405

Майли, безгин, сенда бор имкону йўл,
Безганим-чун жоним узрин эт қабул.

Эсла, эрдинг бир маҳал қошимда маст,
Мисли бут эрдим ва эрдинг бутпараст.

Жўр эдим, сен бирла доим ғам еган,
Нени айтсанг “пишди” деб, “куйди” деган.

Исмалоғингман, пиширсанг гар ғизо,
Хоҳи шўр қил, хоҳ ширин, сенга раво.

Ношукур эрдим, олиб иймонни тан,
Бош букиб келдим, букун ҳукмингдаман. 2410

Англамай шоҳона хулқинг, ҳар маҳал,
Сендан олдда сурдим эшшак мен дағал.

Ёндириб кўнгилда авфинг бир чироқ,
Тавба қилдим, эътироз қилмай, бироқ.

Сенга тутгайман кафан, шамшир бу кез,
Майли, қурбонман букун, бўйнимни кес!

Сўйладинг аччиқ фироқнинг нелигин,
Қил, на қилсанг, урма, лек, ҳижрон тиғин!

Сенда мендан узрини сўргувчи бор,
Сен билан менсиз мудом бўлгуси ёр. 2415

Боқ, дилинг узра узрхоҳ – хулқ-адаб,
Шул ишонч боис дилим излайди айб.

Қил раҳм, ўздан ниҳон, эй, қаҳри тез,
Эйки, хулқи беҳисоб болдан лазиз!”.

Лутф ила сўйларди ошкор шул йўсин,
Йиғламиш бирдан, тутолмасдан ўзин.

Ҳаддидан ортиқча ёш тўкмиш ҳазин,
Бейиғи ҳам дилрабо эрди тағин.

Шунда ёмғирлар аро нур чақнамиш,
Ёлғиз эр қалбига учқун сачрамиш. 2420

Гул юзин шайдоси эрди эр мудом,
Не эрур, гулюз ўзи бўлса ғулом?

Кибридан эрнинг дили титрарди зор,
Энди эр қошинда ул йиғларди зор.

Улки ноз қилса, юрак қон эрди лол,
Келса айлаб илтижо, недир бу ҳол?

Улки, дом эрмиш жафоси ҳар қадам,
Узримиз бекор, узр сўрса бу дам.

“Зуййина ли-н-нос”1 гар Ҳақдан садо,
Улки, Ҳақ айтмиш, надир ўзга паноҳ? 2425

Эрга гар “яскун илайҳа”2 деб билар,
Айт, нечук Одам Ҳаводан айрилар?

Рустами Зол3 Ҳамза4дан гар каттадир,
Амр аро оқсочлигига ул асир.5

Улки, олам сўзидан маст, қилди, о,
“Каллимина ё Ҳумайро”6 деб нидо.

Ўтни мағлуб этди сув, туйгач хатар,
Қайнагай ўтдан, ҳижобда бўлса гар.

Иккисин қамраб қозон, бўлганда ғов,
Сувни йўқ айлаб, ҳаво этмиш олов. 2430

Гарчи сувдай сиртда эр ғолиб эрур,
Ичда мағлуб, жуфтига толиб эрур.

Ушбу хислатлар, фақат, одамда жам,
Йўқчилик боис меҳр ҳайвонда кам.

——————————-
1 – “Одамларга аёллар, болалар, туганмас олтин-кумуш бойликлар, (қиммат) баҳоли отлар, чорва ва экин-тикинлар каби истак-хоҳишларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди. (Ҳолбуки), бу нарсалар ҳаёти дунёнинг (ўткинчи) нарсаларидир. Оллоҳнинг ҳузурида эса энг гўзал қайтадиган жой – жаннат бордир. (Яъни, ўткинчи нарсаларга кўнгил бермай, ҳақиқий гўзалликни севмоқ, унга интилмоқ лозим)”. (Қуръони карим, «Ол-и-Имрон» сураси, 14-оят).

“Зуййина-ли-н-насм” – “Чиройли қилинди”

2 – “(Оллоҳ) шундай Зотдирки, сизларни бир жондан (Одамдан) яратди ва у ором-осойиш топсин, деб унинг ўзидан жуфтини вужудга келтирди. (Одам) Унга қўшилганидан кейин у (Ҳавво) енгил юк (ҳомила) билан юклик бўлиб, ўша (юк) билан юрди”. (Қуръони карим, «Аъроф» сураси, 189-оят).

“Яскун илайҳа” – “Ором-осойиш топсин деб”

3 – Рустами Зол – Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” достонидаги афсонавий қаҳрамон.

4 – Ҳамза – Муҳаммад (с.а.в)нинг амакилари исми.

5 – Зол – Абулқосим Фирдавсийнинг “Шоҳнома” асаридаги афсонавий қаҳрамон Рустамнинг отаси, уни Золи Зар деб ҳам аташади, оқ сочли бўлиб туғилганига ишора.

6 –“Каллимина ё Ҳумайро” – “Менга сўйла, эй, Ҳумайро”.

“ИННАҲУННА ЯFНИБНА-Л-ОҚИЛА ВА ЯFЛИБУ ҲУННА-Л-ЖОҲИЛУ”1 ҲАДИСИ БАЁНИДА

Деди Пайғамбар: “Аёлга енгилур,
Қайси эр қалбинда жилва берса нур.

Кимки жоҳил, ғолиб ўлгай ҳар маҳал,
Чунки, бўлгайдир улар қўрсу дағал”.2

Меҳру шафқатсиз, садоқатсиз улар,
Таъбидан ҳайвонлиги ғолиб турар. 2435

Меҳру шафқат одамийлик васфидир,
Қаҳру шаҳват эрса ҳайвон нафсидир.

Ишқ, аёл Ҳақ шуъласи, маъшуқ эмас,
Холиқ ул, гўёки, бир махлуқ эмас.

——————————
1 – “Иннаҳунна яғнибна-л-оқила ва яғлибу ҳунна-л-жоҳилу” – “Аёллар оқилларга ғолиб, жоҳилларга мағлубдирлар”. (Ҳадис).

2 – “Яхшиларингиз хотинларига яхшилик қилувчилардир. Мен ҳам хотинларимга яхшилик қилувчиларданман. Аёлларни, фақат, улуғ одамлар ҳурмат қилади, уларни, фақат, пасткаш одам хорлайди”. (Ҳадис).

ЭРНИНГ ХОТИН ИЛТИЖОСИНИ ТИРИКЧИЛИК ТАЛАБИ ДЕБ ҚАБУЛ ҚИЛГАНИ ВА ХОТИН ЭЪТИРОЗИНИ ҲАҚНИНГ ИШОРАТИ ДЕБ БИЛГАНИ:

Ҳар ақлнинг доно, билгувчиси бор,
Айланувчин айлантиргувчиси бор.

Айтганидан чекди афсус эр шу он,
Қатл этилмоқ фурсати келгансимон.

Деди: “Жон жонига жабр этдим нечун?
Тепкилаб, жон бошини эздим нечун?”.

Кўз юмилгайдир Қазо келганда, бас,
Қайда қўл, қайда аёқ, ақл англамас. 2440

Гар Қазо ўтгач, ўзин қилгай адо,
Парда йиртиб, чок-чок айлар яқо.

Эр деди: “Афсусдаман, ёрим, бироқ,
Эрдиму кофир, мусулмонман бу чоқ.

Мен гуноҳкорман, раҳм қилгил букун,
Сен қулатма илдизим бирлан бутун!

Кекса кофир гар пушаймон қилгуси,
Тавба айлаб, сўнг мусулмон бўлгуси”.

Меҳру шафқат манбаи Холиқ эрур,
Бору йўқлик унга чин ошиқ эрур. 2445

Куфру иймон ошиқ Ул сиймо учун,
Мис, кумуш ҳам бандадир кимё учун.

099

JALOLIDDIN RUMIY
MA’NAVIY MASNAVIY
Birinchi kitobdan yettinchi parcha
Odil Ikrom tarjimasi
06

PIRI CHANGIY QISSASINING DAVOMI VA UNING NAJOT TOPGANLIGI BAYONI
08
Zavq olardi barcha mutrib sozidan,
Ne xayol paydo edi ovozidan.

Chalsa soz, qoqmish qanot ko’ngil qushi,
Kuylaganda lol qolardi jon hushi.

Qartayib, jon lochini qolmish hazin,
Pashsha ovlab o’tkazardi har damin.

Yelkasi ham egik erdi, xuddi, xum,
Qoshi ko’z ustinda erdi misli dum. 2075

Erdi nozik hamda jonbaxsh unda sas,
Bo’ldi qo’pol, hech vaqoga arzimas.

Zuhra rashk etgan navoyu nag’ma ul
Qari eshshak hangrashi erdi nuqul.

Bormi noxush bo’lmagan xush nogahon?
Bormi shift, ostga to’shalmas hech qachon?

Qolgusi yolg’iz azizlardan navo,
Sur misol, bergay sadosi aks sado.

Siyrat ul ko’ngilni mast, shaydo qilar,
Yo’qlik ul, borlikni bor, paydo qilar. 2080

Har fikrning mag’zi, har ovoz Udir,
Ham vahiy, ilhomga lazzat, roz Udir.

Keksayib, qolganda mutrib benavo,
Qoldi zor non deya – kasbidan judo.

Dedi: “Umrimga qilib muhlat ato,
Xas edim, ko’p marhamat etding, Xudo!

Kechsa yetmish yil gunohlar ichra ham ,
Qilmading hech goh manim rizqimni kam.

Senga mehmonman bukun bekasbu kor,
Senga chang chalgum, topay Senda qaror”. 2085

Chang tutib, Olloh qidirgan holida,
Bordi zor Yasrib mozoristoniga.

Dedi: “Men so’rgum ipakning haqqi1ni,
Ul Saxiy aylar qabul qalbakini”.

Yig’ladi, chang chaldi kuyga kuy ulab,
Changni bolish qildi, bir go’rga qulab.

Uyqu eltdi, jon qushi ozod bo’lib,
Chiqdi nogoh changchi-yu changni qo’yib.

Bo’ldi ozod tan va g’amdan, osuda
Kezdi sodda mulku jon sahrosida. 2090

Joni kuylardi, qilib bunda safar:
“Koshki shul yerda meni qoldirsalar.

Xush yoqar jonimga bul bog’u bahor,
Mast etar sahro-yu g’aybda lolazor.

Beqanot, yurmay qilardim men safar,
Tishsizu labsiz chunon yerdim shakar.

Ranj, alam, o’ysiz kezib yayrar edim,
Dilni ko’k ahli-la shod aylar edim.

Men ko’rar erdim jahonni ko’z yumib,
Qo’lsizu kaftsiz gulu rayhon uzib. 2095

Sho’ng’igay o’rdakki, dengiz liq asal,
Chashmai Ayyub “sharobu mug’tasal”.2

Ul buloq ichra Ayub boshdan-oyoq
Bo’ldi Sharqiy nur kabi darddan yiroq.3

Masnaviy qamrovi keng, gar qilsa jam,
Sig’mas ul tortgan azobning yarmi ham.

Bekanor osmonu yer bag’rim tilib,
O’rtagay qalbimni tang-torlik qilib.

Tushda men goh ko’rganim, ushbu jahon
Par¬-qanotim bandini yechgay shu on. 2100

Bul jahonu unga yo’l bo’lsa agar,
Ozchilik ul yerda bir lahza yashar.

Amr etilgay: “Xomtama’ bo’lmay bu on
Ket, agar chiqqay oyog’ingdan tikon!”

Chayqalardi joni keng osmon aro,
Haq ato etgan karam, ehson aro.

——————————-
1 – Ipak haqqi – Qadimda musiqachilar kumush torlar o’rniga ipakdan foydalanishgan.

2-3 – “(Shunda unga aytildi): «Oyog’ing bilan (ostingdagi Yerni) tepgin!» (U Ollohning amrini bajargan edi, o’sha yerdan bir chashma otilib chiqdi. So’ng unga aytildi): «Mana shu cho’miladigan joy va muzdek ichimlik suvdir». (Qachonki Ayyub u suvda cho’milib, so’ng undan ichgach, uning barcha zohiriy va botiniy dardlari darhol davo topdi)”. (Qur’oni karim, «Sod» surasi, 42-oyat).

“Sharobu mug’tasal” – “Sharob va g’usl (cho’milish) uchun”

UMAR RAZIYALLOHU ANHUNING TUSHIDA HOTIF UNGA: “DAVLAT XAZINASIDAN BIR NECHA OLTIN OLIB, QABRISTONDA UXLAB YOTGAN KISHIGA ELTIB BERGIN” — DEB DA’VAT
ETGANI

So’ng Umarni uyquga cho’mdirdi Haq,
Uyquga bo’lsin deya bir lahza g’arq.

Qoldi lol, bul odatiy hol, his emas,
Keldi g’ayb amri bilan, bejiz emas. 2105

Qo’ydi bosh uyquga, so’ng tush ko’rdi ul,
Haq nidosin aylamish joni qabul.

Ul Nidoning aksi – har bongu navo,
Bil, nidolar aslidir boqiy Sado.

Til, quloqsiz ul nidoni qanchalab,
Anglagay turk, kurdu fors hamda arab.

Zanjiyu ham turku ham tojik tugul,
Aylagay, hattoki, tosh, og’och qabul!

Har nafas kelgay “Alast” – so’rganda Yor,
Molu mulk, javhar qilar paydoyu bor.1 2110

Kelmagay gar “Ha!” degan iqrori tez,,
Bergusi “Ha!” deb javob yo’qlik shu kez.2

So’yladim toshu yag’och idrokidan,
Men bayon aylay, eshit diqqat bilan.

————————
1-2 – “Parvardigoringiz Odam bolalarining bellaridan (ya’ni, pushti kamarlaridan to Qiyomat Kunigacha dunyoga keladigan barcha) zurriyotlarini olib: «Men Parvardigoringiz emasmanmi?» deb, o’zlariga qarshi guvoh qilganida, ular: «Haqikatan, Sen Parvardigorimizsan, bizlar bunga shohidmiz», deganlarini eslang! (Sizlardan bunday guvohlik — ahd-paymon olishimiz) Qiyomat Kunida: «Bizlar bundan bexabar edik», demasliklaringiz uchundir”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 172-oyat).

“Alast” – “Men emasmanmi?!”

PAYFAMBAR SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAM UCHUN MAXSUS MINBAR QURGANLARIDA, JAMOAT YIG’ILIB: “VA’Z CHOG’IDA BIZ SENING MUBORAK YUZINGNI KO’ROLMAYMIZ” —
DEGACH, HANNONA USTUNNING HASRAT QILGANI VA UNING HASRATINI RASULU SAHOBALAR ESHITGANI HAMDA MUSTAFO SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAMNING O’SHA USTUN BILAN SAVOL-JAVOBI1

Nola qildi Mustafo hajri uchun.
Aqli bor odam kabi g’amgin sutun.

So’rdi Payg’ambar: “Sutun, ne muddao?”
Dedi: “Jonim qon yutar hajring aro.

Men suyanchiq erdimu sen yuz burib,
So’ng suyanchiq aylading, minbar qurib”. 2115

“Xohishing xurmo bo’lishmi, ayla sharh?
Hosiling tersinmi yoki G’arbu Sharq?

So’yla, ul dunyoda sarv aylab Xudo,
Aylasin mangu yashillik yo ato?”

Dedi: “Men har dam baqolik istaram”,
Tingla, ey, g’ofil, yag’ochdan bo’lma kam!

Ko’mdilar yerga uni, toki sutun
Xuddi, odamday tirilsin So’nggi Kun.

Toki bilgil, chorlagay Haq kimni gar,
Barcha olam koridan ham qoldirar. 2120

Kimda gar bordir ishi Haq birla, ul
Bunda – bekor, bo’lgay ul yerda qabul.2

Kim agar g’ayb sirridan rizq olmasin,
Qandayin anglaydi jonsiz nolasin?3

“Ha” degay tasdiq uchun, aytmaydi chin,
To uni hech kim munofiq bilmasin.

Yo’q esa “Kun” amridan voqif tamom,
Rad etilgaydi jahonda bul kalom.

Necha ming taqlidu suvrat ahli lol,
Vahmu shak qa’rinda topmishdir zavol. 2125

Shubha, taqlidin dalil bilgay ular,
Har gumonga par-qanoti shay turar.4

Shubha qo’zg’ar unda shayton, seralam,
Chap berar bul jumla ko’rlar boshi xam.

Kim dalil izlar, yog’ochoyoq erur,
Bil, yog’och oyoq mudom nosog’ erur.

Lek, zamon qutbin basirdir borligi,
Tog’ni lol aylar uning poydorligi.

Ko’r oyog’idir aso, qolgay suyab,
Tushmasin deb yuztuban, toshga qulab. 2130

Gar chavandozdan qo’shin topgay zafar,
Kim u din ahli uchun? Shohdan nazar.

Gar aso-la yo’lni ko’rlar ko’rsa goh,
Unga yo’l ko’rguvchilar bo’lgay panoh.

Bo’lmasa shohlar va ko’rguvchi, basir,
Barcha ko’r nobud bo’lardi birma-bir.

Ko’r ziroat ham ekindan bexabar,
Na imorat bor, na savdo, na samar.

Yog’magay Haq nuri gar rahmat qilib,
Bor dalillar ustuni ketgay sinib. 2135

Bul aso nedir? Qiyosot ham dalil,
Kim aso berguvchi? Ko’rguvchi Jalil!

Gar aso jangu fig’on anjomidir,
Parchalab, itqit asoni, ey, so’qir!

Ul aso bergandi, kel deb Men tomon,
Unga urdingizmi, siz qahr aylabon?

Ey, so’qirlar, ne bilan bandsiz bu kez?
Chorlangiz Ko’rguvchini davraga tez!

Etagin tut, sen aso berganni de!
Sol nazar, g’aflatda Odam ko’rdi ne? 5 2140

Mo»jiza ko’rsatdi, boq, Ahmad, Muso,
Oqilu ustun, ilon bo’lmish aso.

Ul aso ajdar bo’lib, shafqat – sutun,
Besh mahal qoqmish nog’ora din uchun.

Bo’lmasa mantiqqa zid ul holati,
Bormidi mo»jizalarning hojati?

Ne aqlga sig’sa, jo aylar aql,
Tovlanishsiz, tuslanishsiz, benaql.

Bul aql sig’dirmagan pok yo’lni ko’r,
Ulki muqbil, qalbida maqbulni ko’r. 2145

Qochdi Odam vahmidan shum shaytanat
Cho’l-biyobonlar aro, aylab hasad.

Anbiyo mo»jizasin vahmi tutib,
Ahli inkor tortdilar bosh jon yutib.

Lof urarkan muslimiy nom-nangidan,
Kimligin bo’lmas bilib nayrangidan.

Soxta pullar uzra qallobday ular
So’ngra shoh nomin bitib, nuqra surar.

Sirtidir tavhid, shariatbop, ulug’,
Qalbi – non ustinda sachratqi urug’. 2150

Faylasuf jur’at qilolmas so’zga to,
So’ylasa, Haq diyni qorgay loy aro.

Qo’l-oyoq shol, joni ko’rsa ne ravo,
Aylagay har ikkisi darhol ado.

Garchi til birla u tuhmat qo’zg’agay,
Qo’l-oyoq unga guvoh bo’lmoqqa shay.6

—————————————
1 – Bu yerda hijraning sakkizinchi yilida Muhammad (s.a.v) uchun qurilgan uch zinalik maxsus minbar ko’zda tutilgan. Bungacha payg’ambarimiz kappasimon machit mehrobi oldida turgan ustunga tayanib va’z aytganlar.

2 – “Qachon qalbga nur kirsa, u ochiladi va kengayadi. – Unga dedilar: “Buning alomati nechuk?” – U dedi: “Yolg’onlar olamidan yuz burish, Baqo olamiga qaytib, o’lim kelmasdan avval o’limga tayyorgarlik ko’rish”. (Hadis).

3 – “Etti osmon, Yer va ulardagi bor jonzot (Ollohni) poklar. Mavjud bo’lgan barcha narsa (Ollohga) hamdu sano aytish bilan U Zotni poklar. Lekin sizlar (ey insonlar) ularning tasbeh aytishlarini – poklashlarini anglamassizlar. Darhaqiqat, U halim va Mag’firatli Zotdir”. (Qur’oni karim, «Al-Isro» surasi, 44-oyat).

4 – “Holbuki, ular uchun bu haqda (ya’ni, farishtalarning qaysi jinsdan ekanligi haqida) biron bilim-hujjat yo’qdir. Ular faqat gumon-taxminga ergashurlar, xolos. Aniqki, gumon haqiqatdan biron narsaning o’rniga o’tmas!” (Qur’oni karim, «Van-Najm» surasi, 28-oyat).

5 – “Bas, (Odam bilan Havvo iblisning ig’vosiga aldanib o’sha daraxtdan) yedilar-u, o’sha onda ularning avratlari ochilib qoldi va o’zlarini jannat yaproqlari bilan to’sa boshladilar. Odam Parvardigoriga osiy bo’lib, yo’ldan ozdi”. (Qur’oni karim, «Toha» surasi, 121-oyat).

6 – “U Kunda – Qiyomatda qilib o’tgan (bo’htonlari) sababli ularning tillari ham, qo’l va oyoqlari ham o’zlarining ziyonlariga guvohlik berur”. (Qur’oni karim, «Nur» surasi, 24-oyat).

“Bu Kun Biz ularning og’izlarini muhrlab qo’yurmiz. Va Bizga ularning qilib o’tgan ishlari haqida ularning qo’llari so’zlar va oyoqlari guvohlik berur”. (Qur’oni karim, “Yosin” surasi, 65-oyat).

PAYFAMBAR SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAM MO»JIZASINING BAYONI, ABUJAHL ALAYHILA’NA QO’LIDAGI TOSH BO’LAKLARINING TILGA KIRGANI VA TOSH BO’LAKLARI
MUHAMMAD SALLALLOHU ALAYHI VA SALLAMNING PAYFAMBARLIGI ROSTLIGIGA GUVOHLIK BERGANI1

Bu Jahl kaftinda tosh erdi nihon,
Dedi: “Ey, Ahmad, nadir bul? Ayt, shu on.

Bul nadir? Aytgil, Rasul bo’lsang agar,
Bor-ku osmon sirridan senda xabar”. 2155

Dedi: “Men aytaymi nening borligin
YO ular, Haq menga yo’ldosh, yorligin?”

Dedi: “Men ikkinchisin ko’rgim kelur”,
Dedi: “Ha, Haq bariga qodir erur”.

Tilga kirmish shunda har tosh parchasi,
Berdi kaf ichra guvohlik barchasi:2

“Lo iloha” so’ngra “illalloh” dedi,
Gavhari “Ahmad rasululloh” dedi.3

Bulni tinglab, Bu Jahl qilmish qahr,
Urdi so’ng toshlarni yerga birma-bir. 2160

——————————
1 – Abu Zarr shunday hikoya qiladi: “Biz Payg’ambar (s.a.v) huzurida o’tirganimizda, u zot kaftlari orasiga bir necha tosh bo’laklarini olgan chog’da, toshlar hamd ayta boshladi. Tosh bo’laklari yerga qo’yilgach, ularning sadosi tindi. Kaftlari orasiga olgach, yana o’sha holat takrorlandi”.

2 – “Etti osmon, Yer va ulardagi bor jonzot (Ollohni) poklar. Mavjud bo’lgan barcha narsa (Ollohga) hamdu sano aytish bilan U Zotni poklar. Lekin sizlar (ey insonlar) ularning tasbeh aytishlarini – poklashlarini anglamassizlar. Darhaqiqat, U halim va Mag’firatli Zotdir”. (Qur’oni karim, «Al-Isro» surasi, 44-oyat).

3 – “Bas, (ey Muhammad alayhis-salom), hech qanday iloh yo’q, magar Ollohgina bor ekanligini biling va o’z gunohingiz uchun hamda mo’min-mo’minalar(ning gunohlari) uchun mag’firat so’rang!” (Qur’oni karim, «Muhammad» surasi, 19-oyat).

“La ilaha illalohu” – “Ollohdan o’zga Iloh yo’q”

“Ahmad rasululloh” – “Ahmad (Muhammad) Uning Rasulidir”

MUTRIB QISSASINING DAVOMI. AMIRULMO’MININ UMAR RAZIYALLOHU ANHUNING HOTIFDAN KELGAN SADO XABARINI UNGA YETKAZGANI

Boq tag’in mutribda ne hol, beqaror
Qoldi ul g’amginlashib, intiq va zor.

So’ng Umarga keldi g’aybdan bir sado:
“Bandamizning hojatin etgil ado!

Bandamiz bor muhtaram, xos, ushbu kez,
Qil qadam ranjida qabristonga tez.

Ey, Umar, baytulmuol1dan tez nisor
Aylagil sen unga yetti yuz dinor.

Eltib aytgil: “Seni qildik ixtiyor,
Ma’zur ayla, sengadir, ol, bul dinor. 2165

Bul ipak haqqi2 erur, xarj aylagin,
Gar tamom bo’lsa, bu yon qaytgin tag’in”.

Bul sadoning qudratin tuygach Umar,
Shul yumush deb bog’lamish darhol kamar.

So’ngra tez yuz burdi qabriston taraf,
Qo’ynida hamyon-la kezmish tentirab.

Kezdi qabristonda, bir zum tinmadi,
Keksa choldan o’zga zotni ko’rmadi.

“Bul emas” deb har taraf chopdi tag’in,
Toldi, topmay bunda choldan o’zgasin. 2170

Dedi: “Olloh ulni sodiq qul demish,
Pok, munosib ham muborak ul, demish.

Piyri Changiydir, nahot, Haqqa yaqin?
Ofarin, eyki, nihon sir, ofarin!”

Ul tag’in kezmish mozoristonda lol,
Dasht aro o’lja qidirgan sher misol.

Yolg’iz ul chol borligin bilgach ayon,
Dedi: “Zulmatda kifoya nurli jon”.

Keldi yuz odob-la ul yonga o’tib,
So’ngra chuchkurgandi, chol ketmish cho’chib. 2175

Ko’rdi chol nogoh Umarni, qotdi tek,
Qaygadir chog’landi, titroq tutdi, lek.

Ko’nglidan kechmish: “Xudo, bul ne zug’um?
Keksa cholga muhtasib3 aylar hujum!”.

Anglamish chol yuziga boqqan zamon,
Chol xijolat erdi, rangi za’faron.

Dedi: “Qo’rqma, yetmagay mendan xatar,
Senga Haq amri-la keltirdim xabar.

Haq sening xulqingga yog’dirmish sano,
To Umarni qildi oshiq, mubtalo. 2180

Kel, o’tir yonimga sen, ketmay yiroq,
Senga iqbol sirridan so’ylay bu choq.

Haq salom yo’llab so’rar sendan, gapir,
Fam-azoblar ichra, ayt, holing nadir?

Ol, ipak haqqi, bu oltinlarni sarf
Aylabon kelgin tag’in sen bul taraf”.

Haq payomin tinglabon titrardi chol,
Lol qotib, barmog’ini tishlardi chol.

Soldi dod: “Ey, Beqiyosim, ne bu hol?!
Bas, uyatdan bo’ldi suv bechora chol!”. 2185

Haddidan oshgach alam, tortmish fig’on,
Changni sindirmish, urib yerga shu on.

Dedi: “Ey, Haqdan meni to’sgan hijob,
Katta yo’ldan ozdirib, etding xarob!

Ey, ichib qonimni yetmish yil aro!
Ey, kamol qoshinda qilgan yuzqaro!

Ey, Xudo, ey, sen vafodor, ey, saxo,
Qil rahm, umrimga qildim ko’p jafo.

Haq umr bergay, qilib kunlarni kech,
Yetmagay hech kim uning qadriga hech. 2190

Har qadam sovrildi umrim benavo,
Past-baland sozlar chalib qildim ado.

Oh, sado berganda sho’x ohang “Iroq”,
Bo’ldi yodimdan firoq oni yiroq!

Vohki, past aylab mudom zer4 pardasin,
Dil ekinzori so’lib, o’lmish hazin.

Voh, yigirma to’rt ovozindan qator
O’tdi karvon, shomga aylandi nahor.

Dodlaguvchin dodidan dod ey, Xudo,
O’zgamas, o’zdan qilurman iddao. 2195

O’zgamas, adlimni Uldan izlaram,
Menga Ul mendan yaqinroqdir bu dam.5

Menligim undan ravodir dambadam,
Ulni ko’rgum, menligim bo’lganda kam”.

Sen sanab olgin, U sen birlan agar,
O’z tomoningmas, U yonga sol nazar.

——————————
1 – Baytulmuol – Davlat xazinasi.

2 – Ipak haqqi – Qadimda musiqachilar kumush torlar o’rniga ipakdan foydalanishgan.

3 – Muhtasib – Islom shariati ahkomlari ijrosini nazorat qiluvchi shaxs.

4 – Zer – musiqada eng ingichka ovoz, nozik tovush. Ziddi – bam. Zeru bam – ingichka va yo’g’on tovush.

5 – “Aniqki, insonni Biz yaratganmiz, (demak), uning nafsi vasvasa qiladigan (ya’ni, ko’nglidan o’tgan barcha) narsalarni ham bilurmiz. Biz unga jon tomiridan ham yaqinroqmiz”. (Qur’oni karim, «Qof» surasi, 16-oyat).

UMAR RAZIYALLOHU ANHUNING MUTRIB NAZARINI YIFI MAQOMIDAN QAYTARIB, BORLIQDA MAVJUD MASHFULLIK MAQOMIGA YO’NALTIRGANI

Dedi mutribga Umar: “Joning halak,
Bul erur hushyorligingdan bir darak.

Foniy o’lmoqlikda bordir o’zga roh,
Chunki, hushyorlikda bor o’zga gunoh. 2200

Hushyorlik kechmishing yodi erur,
Kelmishu kechmish Xudoga pardadur.

Ikkisin ot o’tga, tokay sen bu chog’
Bir qamishday, ikkisindan bog’u bog’.

To qamish bog’lik erur, sirdosh emas,
Ul labu ovoz-la suhbatdosh emas.

O’z-o’zingni aylanib – shirk ichrasan,
Uyga kelsang ham, o’zing-la birgasan.

Ey, xabar berguvchi Zotdan bexabar,
Battar ul tavbang gunohdan qanchalar!1 2205

Kechmishingdan tavba aylarsan hamon,
Tavbadan tavba etarsan, ayt, qachon?

Past sadolar qibla bo’lgay senga goh,
Goh yalaysan, qayda g’amgin nola-oh!”

Foruq2 asror ko’zgusi bo’lgan sayin,
Chol ichinda bo’ldi bedor jon tag’in.

Etdi tark xanda, yig’i jonin shu on,
Jon yitib, undan tirilmish boshqa jon.

Ko’nglidan joy oldi so’ng hayratlari,
Bo’ldi ul osmonlaru yerdan nari. 2210

Bul talab barcha talabdan o’zgadir,
Bulni men bilmam, agar bilsang, gapir!

Holu qoldan o’zgadir bul holu qol,
O’z jamoli ichra ichra ko’mgay Zuljalol.

Ul xalos topmoq o’yinda g’arq emas,
YO birovmas, ulni Daryo bilsa bas.

Kull aqldan juzvi go’yo bo’lmagay,
Gar taqozoda taqozo bo’lmagay.

Gar taqozoda taqozo bo’lgusi,
O’sha daryo mavji bul yon kelgusi. 2215

To bu yon chol qissasin holi yetar,
Holu chol o’z yuziga parda tutar.

Chol etak silkkach muloqotdan bu choq,
Og’zimizda so’z chala qoldi, biroq.

Bul muloqot, aysh-ishrat deb chunon,
Shubhasiz, tikmoq kerak yuz mingta jon.

Ovda jon o’rmonida lochinchalik
Bo’l, jahon oftobiday joningni tik.

Ul baland oftob sochar olamga jon,
Goh bo’shab, gohi to’larkan har zamon. 2220

Oftobi ma’naviy, jon soch bu on!
Yangilansin toki bul ko’hna jahon.

Odamiyning jismiga ruh birla jon
Yetgusi g’aybdan oquvchi suvsimon.

——————————
1 – “Nimani xayol qilmang, Olloh bor deb gumon qiling”. (Hadis).

2 – Foruq – haq va nohaqni ajratuvchi, Umar ibn Xattobning laqabi.

HAR KUNI BOZOR BOSHIDA: “ALLOHUMMA A’TI KULLA MUNFIQIN XALAFAN, ALLOHUMMA A’TI KULLA MUMSIKIN TALAFAN”1 — DEYA JAR SOLGAN IKKI FARISHTA
DUOSINING TAFSIRI VA UL XAYR-SADAQA QILGUVCHILAR HOYU HAVAS YO’LINING ISROFGARLARI BO’LMAY, HAQ YO’LIDA JIHOD ETGUVCHILAR EKANLIGI BAYONI2

Dedi Payg’ambar: “O’git bo’lsin uchun,
Qo’sh farishta da’vat aylar kecha kun:

Ey, Xudo, xayr etsa kim, hech qilma kam,
Bir diramni aylagin yuz ming diram!

Ey, Xudoyim, ziqna bo’lsa kim agar,
Sen ziyonin ustiga bergin zarar!”. 2225

Ko’p erur isrofchidan yaxshi xasis,
Berma Haqning molini Haq amrisiz!

O’rniga top behisob ganj yangidin,
Bo’lmagin sen toki kofir ahlidin.

Qancha teva so’ydilar, deb jang aro
Tiyg’imizdan mag’lub o’lsin Mustafo.3

Amri Haqni izlagil kim Haqqa yor,
Amri Haq har qalbda topmaydi qaror.

Bo’lsa qul yog’iy, ko’r adlin holini,
Tarqatar yog’iyga shohning molini. 2230

Ahli xos hushyor qilar g’aflatdagin,
Xayr etib, afsus qilar bo’lsa tag’in.4

Shohdan ul yog’iy, qilib adlu ato,
Orttirar ne? Ayriliqda yuzqaro.

Makkaga boshlar Rasul-la jang qilib,
Tevalar so’ymish, qabul bo’lgaymi deb.

Shul sabab, mo’min degay, dilda vahm:
Har namoz: “Ihdi sirota-l-mustaqim”.5

Gar diram bermoq saxiyga xos erur,
Gar saxovat etsa oshiq, jon berur. 2235

Haq yo’linda bersa kim non, non olar,
Haq yo’linda bersa kim jon, jon olar!6

To’ksa gar yaprog’u bargin har chinor,
Qaytarar haqqin haqirning Kirdigor.

Qolmasa baxsh aylamoqqa qo’lda mol,
Ayt, Ilohiy Fazl etarmi poymol?

Yerga don sochganda, ombor bo’shagay,
Lek, ekinzorlar aro rizq to’shagay.

Kimki ombor ichra donni g’amlagay,
Borini sichqonu qo’ng’iz yamlagay.7 2240

Bul jahon inkor erur, isbot qidir,
Suvrating bo’sh, izla ma’no birma-bir.

Elt qilich ostiga achchiq jonni tez,
Ol shirin dengizsimon jonni bu kez.

Gar osholmassan bu yo’l ostonasin,
Bitta doston tinglagin mendan tag’in.

——————————
1 – “Allohumma a’ti kulla munfiqin xalafan, allohumma a’ti kulla mumsikin talafan” – “Ey, Olloh, barcha sadaqa qilguvchilar evazini ber (ya’ni, sadaqa qilingan moli evaziga mol ato ayla). Ey, Olloh, barcha xasislarni barbod aylagin (ya’ni, sadaqa bermaydiganlar molini barbod aylagin).

2 – “Biror kun yo’qki, ikki farishta tushib, ulardan biri: “Ey, Rabbim, yo’qsillarga berganlar bergani evaziga ber!”, ikkinchisi esa: “Bermagan ziqnalarga talafot ber”, — deb aytmagan bo’lsa”. (Hadis).

3 – Badr jangidan bir necha kun oldin (624) butparastlar Muhammad (s.a.v)ning kam sonli qo’shinlari ustidan g’alaba qozonmoq maqsadida o’zlarining xudolariga qurbonlik keltiradilar, o’nlab tuyalarni so’yib, kofirlarga tarqatadilar. Keltirilgan qurbonliklariga qaramay, ular jangda yengiladi.

“(Ey insonlar), Ollohga va Uning payg’ambari (Muhammad alayhis-salom)ga iymon keltiringlar hamda U zot sizlarni xalifa qilib qo’ygan narsalardan (ya’ni, vaqtincha qo’llaringizda turgan erta bir kun sizlar istasangiz-istamasangiz o’zgalarning qo’llariga o’tib ketadigan Olloh bergan mol-davlatdan) infoq-ehson qilinglar! Bas, sizlardan iymon keltirgan va infoq-ehson qilgan zotlar uchun katta ajr-mukofot bordir”. (Qur’oni karim, “Hadid” surasi, 7-oyat).

“Olloh yo’lidagi (kurash uchun mollaringizni) sarflanglar! Va Ollohdan qo’rqingiz! Bilinglarki, Olloh o’zidan qo’rquvchilar bilan birgadir”. (Qur’oni karim, “Baqara” surasi, 195-oyat).

4 – “Albatta kofir bo’lgan kimsalar mol-dunyolarini Ollohning Yo’lidan to’sish uchun ishlaturlar. Bas, uni sarflamaydilar-u, so’ngra o’sha (mollari) o’zlariga hasrat bo’lur, so’ngra mag’lub bo’lurlar”. (Qur’oni karim, «Anfol» surasi, 36-oyat).

5 – “Ihdinas sirotol mustaqim” – “O’zing bizni To’g’ri Yo’lga hidoyat qilgin”. (Qur’oni karim, “Fotiha” surasi, 6-oyat).

6 – “(Ey Muhammad alayhis-salom), Mening iymon keltirgan bandalarimga ayting: «Parvardigoringizdan qo’rqingiz! Bu dunyoda chiroyli amal qilgan zotlar uchun (Oxiratda) chiroyli (oqibat – jannat) bordir. Ollohning Yeri kengdir. Hech shak-shubha yo’qki, sabr-toqat qilguvchilarga ajr-mukofotlari hisob-kitobsiz to’la-to’kis qilib berilur”. (Qur’oni karim, «Zumar» surasi, 10-oyat).

6 – Bu bayt mazmuni – Iso (a.s)ning: “Qo’lingdan kelsa, jamg’armangni shunday joylashtirginki, toki sichqonlarga yem bo’lmasin va o’g’rilar ham unga yaqin yo’lamasin, so’ngra harakatda bo’l” degan fikriga hamohang.

O’Z ZAMONASIDA SAXOVAT BOBIDA HOTAM TOYDAN HAM O’ZGAN, O’XSHASHI YO’Q XALIFA QISSASI

Bir xalifa bor edi, o’tmishda ul
Aylamish himmat bilan Hotam1ni qul.

Adlu himmat tug’in ul tiklab mudom,
Yo’qchilikning ildizin kesmish tamom. 2245

Xayridan dengiz va cho’l topdi samar,
Adli yetmish toki Qofdan Qof qadar.

Yerga erdi suv, bulutday baxshu yor,
Erdi Haq ehsoni yanglig’ oshkor.

Himmatindan tebranib dengiz va kon,
Necha karvon talpinardi ul tomon.

Erdi hojat qiblasi – darvozasi,
Dahr aro tarqalmish ul ovozasi.

Ham ajam, ham turk, arab, ham rum tanib,
Himmatindan qoldilar hayratlanib. 2250

Obi hayvon erdi ul dengizda jam,
Ham arab undan ichardi, ham ajam.

—————————-
1 – Hotam – Hotam Abdulloh at-Toy – saxiylik, qo’li ochiqlik bilan shuhrat qozongan. Shorihlarning fikriga ko’ra, bu hikoyatdagi Xalifaning ismi Ma’mun bo’lib, undagi voqea F.Attorning “Musibatnoma” asaridan olingan.

YO’QCHILIK, QASHSHOQLIK TUFAYLI XOTINI JANJAL KO’TARGAN SAHROYI DARVISH ARAB QISSASI

Tunda bir cho’llik ayol eri bilan
Qildi janjal, oshdi behad haddidan:

“Yo’qchilik jabrin, faqat, biz tortamiz,
Hamma shod, biz g’am aro bechoramiz.

Nonimiz yo’q, dard, alam – non-oshimiz,
Ko’zamiz yo’q, bizga suv – ko’z yoshimiz.

Kunduzi bizga quyosh tafti libos,
Tunda oy ko’rpa-to’shak bo’lgay biroz. 2255

To’lsa gar oy, oyni non aylab gumon,
Ko’kka qo’l cho’zmoqdamiz bizlar hamon.

Or qilar bizning gadolikdan gado,
Burda non o’yinda kun bo’lgay ado.

Ketdi bizlardan yiroq yot-aqrabo,
Somiriy1 bo’lgandayin xalqdan judo.2

Kimga “mosh ber bir siqim” dey men agar,
Ul mani o’ldirguday qarg’ab, talar.

Gar arab faxri erur ehson, g’azo,
Sen – arab ichra yozuvda bir xato. 2260

Ne g’azo? Xordir usiz ham loshimiz,
Yo’qchilik tiyg’i kesarkan boshimiz.

Ne ato? Bizlar gadodirmiz abad,
Pashshaga sanchdik havoda tig’, faqat.3

Kelsa mehmon, tunda uxlab olsa tin,
Men yechib olgum tanidan jandasin”.

—————————-
1 – Somiriy – Muso Zafar, Muso payg’ambarning ukasi, Musoga qarshi chiqib, gapiradigan oltin buzoq yasab, shu bilan kishilarni o’ziga qaratishga uringan kishi.

2 – “(So’ngra Muso Somiriyga qarab): “Bu nima qilganing, ey Somiriy?”, dedi. U aytdi: ”Men ular (ya’ni, `ani Isroil) ko’rmagan narsani ko’rdim. (Ya’ni, Jabroil sening oldingga kelganda hayot otiga minib kelgan edi. Uning tuyog’i tekkan tuproq qanday jonsiz narsaga tegsa darhol unga jon kirardi, men shuni ko’rib qolgan edim), bas, elchi – Jabroilning bosgan izidan bir siqim olib, uni (buzoqning haykaliga) sochgan edim (undan tirik buzoq kabi ovoz chiqdi. Buni ko’rgan bani Isroil qavmidan bo’lgan odamlar u buzoqqa sig’ina boshladilar). Menga nafsim ana shunday qilishni chiroyli ko’rsatdi”. (Muso) dedi: “Bas, yo’qol! Endi sen uchun hayotda “(Menga) teginmanglar” deyishgina bordir (ya’ni, umringning oxirigacha yakka moxov bo’lib qolursan. Oxiratda esa) sen uchun hargiz xilof qilinmaydigan bir va’da – azob bordir. Sen ustidan jilmay ibodat qilgan “ilohingning” (holini) ko’rib qo’y. Biz albatta uni yondirib, so’ngra (kulini) dengizga sochib yuborurmiz”. (Qur’oni karim, “Toha” surasi, 95-97-oyatlar).

3 – Pashshaga sanchdik havoda tig’, faqat – Kam va qo’lga ilingan narsani yemoq ma’nosida.

MUHTOJ MURIDLARNING SOXTA ZOHIDLARGA ALDANISHI, ULARNI HAQQA YETISHGAN ULUFLAR DEB O’YLAGANI, ASIL VA QALBAKI, O’LIK VA TIRIKNING FARQIGA
BORMAGANI

Bul zakiylar so’zidir, ma’nosi mo’l:
“Sen, faqat, himmatli zot mehmoni bo’l”.

Senga – murid, ulki seni mehmon qilar,
Xas esang-da, sendan hosil undirar. 2265

Gar yetukmas, ul yetuk qilmas sira,
Nur ato etmas, seni qilgay xira.

Bo’lmagay gar unda nur, kelgach yaqin,
O’zgalar topsin nechuk ul shu’lasin?

Xuddi, ko’r gar izlagay ko’zga davo,
Jun surishdan o’zga ne ko’gay ravo?

Holimiz shul, yo’qchilik, g’am erta-kech,
Bizga mehmon aldanib qolmaydi hech.

Ko’rmagansan sen gar o’n yillik qahat,
Ko’zni och, sen bizda ko’rgaysan, faqat. 2270

Sirtimiz – da’vo qiluvchin ko’ngli, boq,
Ko’ngli zulmatdir, tili, lek, yarqiroq.

Unda na Haq atri, na iz bor, ajab,
Bulbashar1, Shis2dan-da qilgay ko’p talab.

Unga shayton ko’rinishdan or qilar,
O’zni abdoldan-da ortiqroq bilar.

Ul o’g’irlab qancha darvishlar gapin,
O’zni kimdir deb mudom anglar tag’in.

Boyazidni so’zida aybdor atar,
Ko’nglidan, hatto, Yazid3 qilgay hazar. 2275

Benasib ko’k ne’matindan, benavo,
Unga Haq ko’rmas suyakni ham ravo.

Deydi: “Dasturxon tinimsiz yozaman,
Haqqa noibman, xalifazodaman!

Marhabo, ey, soddadillar, keb qoling,
Hech atalmish ne’matimdan yeb qoling!”.

Ertadan va’da qilar har erta-kech,
Ertasi, ammo, uning kelmaydi hech.

Vaqt kerakdir, odamiy zot sirri to
Oshkor bo’lguncha ko’pu kam aro. 2280

Ganjli tan devori ostinda nihon
YO ilon, ajdar, chumoliga makon?

Hech vaqo yo’qligi ma’lum bo’lsa gar,
Tolib umri kechdi, bor deb ne samar?

————————
1 – Bulbashar – Odam Ato

2 – Shis – Shis payg’ambar. Odam Ato va Momo Havoning o’g’li. Izoh, 166-b

3 – Yazid – Yazid binni Muoviya (646-683), ummaviylarning ikkinchi xalifasi, Muhammad (s.a.v)ning nevaralari Husayn ibn Ali uning farmoni bilan Karbalo dashtida o’ldirilgan.

BA’ZAN, MURID SOXTA DA’VOGARGA E’TIQOD BOFLASHI, SHU E’TIQODI TUFAYLI SHAYXI TUSHIDA HAM KO’RMAYDIGAN MAQOMGA YETISHI, SUV, OLOV UNGA ZARAR
YETKAZMAY, SHAYXIGA ZARAR YETKAZISHI VA BUNDAYLAR JUDA KAMLIGI BAYONI

Kam erur tolib, yo’li nurlik agar,
Unga yolg’on e’tiqod bergan samar.

Yetgay ul manzilga, aylab pok niyat,
Garchi jon deb bilgani bo’lgay jasad.

Qibla izlaydi yarim tunlar aro,
Qiblasin topmas, namozdir, lek, ravo. 2285

Bor erur tolibda jonga tashnalik,
Oshkor bizlarda nonga tashnalik.

Ne uchun tolibday etgaymiz nihon?
Soxta nomus deb berarmiz nega jon?

SAHROYI ARAB XOTININI SABRGA CHORLAGANI, UNGA SABR VA QASHSHOQLIK FAZILATLARINI BAYON ETGANI

Er dedi: “Naf deb qilarsan e’tiroz,
Umrimizning ko’pi ketmish, qoldi oz.

Ko’pu kam tiyrak nazarlardan yiroq,
Seldayin ikkovi ham o’tgay, biroq.

Xoh tiniq bo’lsin u sel, xoh loyqa ul,
Qo’y, agar turmas kutib bir joyda ul. 2290

Ushbu olam ichra ne jonzotki bor,
Xush yashar, o’ng-so’lga qilmay e’tibor.

Qumri Haqqa shox uza shukr aylagay,
Tun uchun xo’rak o’ziga g’amlagay.

Haqqa bulbul so’ylagay hamdu sano:
“Rizq umidin bori senda ey, Panoh!”1

Mujdaga do’ndirdi lochin shoh qo’lin,
Har o’limtikdan yiroq aylab yo’lin.

Pashshadan tortib, shuningdek, toki fil
Bil, “iyolullohu haq ne’ma-l-mu’il”.2 2295

Dilda ne qayg’u-alam topmish qaror,
Bug’ va yel changi erur, ne bizda bor.

G’am o’roq yanglig’ o’rar bardoshimiz,
“Undog’u bundoq” erur vasvosimiz.

Bil, azob, g’amlar – o’limning porasi,
Bo’l yiroq undan, topilsa chorasi!

Gar ajal qismiga bo’lsang sen qaram,
Anglagin, boshdan to’kilgay Kulli ham.

Qilsa gar lazzat, ajal qismi ato,
Kullni ham lazzatli aylaydi Xudo. 2300

Dard ajaldan elchidir, ey, xiyra jon!
Elchidan burdirma yuz sen hech qachon!

O’lgay achchiq, kim yashar lazzat aro,
Tanga kim tiz cho’ksa, ul jondan judo.

Keltirib qo’ylarni sahrodan shu on,
Qay biri semiz, so’yilgay begumon.

Tun tugab, tong otdi, ey, dilga yaqin!
Aytasan tokaygacha zar cho’pchagin?

Erdi oz yoshlikda sendan har talab,
Zar eding sen, so’ngra bo’lding zartalab. 2305

Bog’ eding sermeva, qolding berivoj,
Ayt, pishar chog’ aynidingmi noiloj?

Gar desang, mevangda bo’lsin totu ta’m,
Misli arqon, qo’ymasin ortga qadam.

Juft erursan, bo’l sifatda menga yor,
Maslahat birlan topar har ish baror.

Juft erur ne, keltirar butkul samar,
Juft etik, tufliga solgin sen nazar.

Ikki kavshing bittasi gar kelsa tor,
Ikkisi ham bermagaydir senga kor. 2310

Juft etik katta-kichik, ayt, qayda bor?
Hech bo’larmi sheru bo’ri juftu yor?

Teva uzra ikki qop nobop turar,
Gar biri bo’sh, bittasi to’la ular.

Men dadil borsam qanoatga tomon,
Sen nechun yurding qabohatga tomon?”.

Tonggacha o’zdan qonib, oqlab o’zin,
Er xotinga so’ylamishdir shul yo’sin.

———————————
1 – “Agar sizlar Ollohga chindan tavakkul qilganingizda, Olloh taolo, xuddi, ertalab och ketib, kechqurun to’q qaytgan qushlarga rizq bergandek, sizga ham rizq ato etardi”. (Hadis).

2 – “Iyollullohi haq ne’ma-l-mu’il” – “Barcha yaralmish Ollohning oilasidir. Olloh taologa bandalar ichida sevimlisi oila a’zolariga manfaati ko’p tegadigan kishidir”. (Hadis).

“Erda o’rmalagan narsa borki, barchasining rizqi Ollohning zimmasidadir. U Zot ularning turar joylarini ham, borar joylarini ham bilur. Hamma narsa ochiq-ravshan Kitobda bordir”. (Qur’oni karim, «Hud» surasi, 6-oyat).

XOTINNING: “O’Z YO’LING VA O’Z MAQOMINGDAN OSHIRIB GAPIRMA, YA’NI, “LIMA TAQULUNA MO LO TAF’ALUNA?”1 GAPLARING ROST, AMMO, SEN UMID VA ISHONCH
MAQOMIDA EMASSAN. MAQOMING VA XULQINGDAN OSHIRIB SO’ZLASH SENGA ZARAR KELTIRADI, YA’NI, “KABURA MAQTAN INDALLOHA”2DIR” — DEB ERIGA NASIHAT QILGANI

So’ng xotin bong urdi: “Ey, or aylamas!
Menga hech afsunlaring kor aylamas. 2315

Behuda da’voyu da’vat aylama,
Safsata kibru g’ururdan so’ylama!

Tumtaroq so’z-la bitarmi ish-amal?
Boq ishing, holingga, endi sal uyal!

Yo’q gadoning kibriday noxush, ziyon,
Qor, sovuqqa ho’l kiyim kiygansimon.

Buncha ko’p da’voyu xudbinlik o’ying?
Xuddi, o’rgimchak uyidir, boq, uying.3

Ayt, qanoat berdimi joningga nur?
Bilganing undan, faqat, bir nom erur. 2320

Dedi Payg’ambar: “Qanoat ne? Bu – ganj”,4
Farqi yo’qdir sen uchun ganj birla ranj.

Bul qanoat bo’lgusi jon ganji chin,
Ey, g’amu jon ranji, ko’p lof urmagin!

Sen meni juft bilma, ko’p qoqma qanot,5
Menga insof juftu juftmas nuqsu dod.

Bek, amirlar yo’lidan netding yurib?
Chun malax “ovlab” — havoda tig’ urib.

Bir suyak deb it bilan qilding urush,
Bir qamishday noligaysan – qorni bo’sh!6 2325

Solma menga jirkanib, so’lg’in nazar,
Toki aytmay, tomiringda ne oqar.

O’zni, ham aqlingni bilding ko’p raso,
Aqli noqis deb meni bildingmi yo?

Menga loqayd bo’riday tashlanmagin,
Aqli pastlik yaxshi aqling oridin!

Xalq uchun yo’l bo’lsa aqling begumon,
Bas, aqlmas, ul – ilon birla chayon.

Zulmu makringga Xudo bo’lsin to’siq,
Fazlu aqling yetmasin bizga to’liq! 2330

Ham ilon, ham jodugardirsan bu chog’,
Ham ilonboz, ey, arab sha’niga dog’!

Qarg’a o’z rasvolin qolsa sezib,
Qor kabi erib ketardi, g’am ezib.

Gar o’qir afsun ilonga yovsimon,
Aylar afsungarni ham afsun ilon.

Bo’lmasaydi gar ilon afsuni dom,
Hech ilon sehri uni qilgaymi rom?

Jodugar zot kasbu korin hirsidan,
Bexabar qolgay ilon afsunidan. 2335

Der ilon: “Ey, sen sehrgar, ushbu choq,
Ko’rding o’z sehring, mening sehrimga boq!

Sen meni Haq nomi birlan avrading,
Fitna-yu sharmanda qilmoq – maqsading.

Xohishingmas, aylamish Haq nomi rom,
Voy sening holingga, qilding nomni dom!

Olgusi Haq nomi o’ch adlim uchun,
Jon, tanim topshirdim ul nom deb butun.

Qirqadir jon tomiring zarbim-la yo,
YO seni menday tiqar zindon aro”. 2340

Bor dag’al gaplarni aytib shul yo’sin,
Vaysamish yosh erga tinmay ul xotin.

———————————
1-2 – “Ey mo’minlar, nega sizlar o’zlaringiz qilmaydigan narsani (qilamiz deb) aytursizlar?! Sizlarning o’zlaringiz qilmaydigan ishni (qilamiz deb) aytishlaringiz Olloh nazdida o’ta manfur (ishdir).
Qur’oni karim, «Saf» surasi, 2-3-oyatlar).

“Lima taquluna mo lo taf’aluna” – “Nega sizlar o’zlaringiz qilmaydigan narsani aytursizlar?”.

“Kabura maqtan indalloha” – “Ollohning nazdida o’ta manfur ishdir”.

3 – “Ollohdan o’zga “do’stlar”ni ushlagan kimsalarning misoli xuddi (o’zi uchun) uy qurib olib, (o’sha uyidan panoh istagan) o’rgimchakka o’xshaydi. Albatta uylarning eng nimjoni o’rgimchak uyasidir. Agar ular bilsalar edi, (o’rgimchak uyasi ojiz butlardan panoh istamagan bo’lur edilar). (Qur’oni karim, «Ankabut» surasi, 41-oyat).

4 – “Qanoat ado bo’lmaydigan xazinadir”. (Hadis).

5 – Ikki kaptar qo’shilganda azbaroyi shodlik va sarxushlikdan emas, aslida bir-birini ushlab qolish maqsadida qanot qoqmog’iga ishora.

6 – “Mo’min misoli bir burg’udir, uning ichida bo’shliq bo’lmasa, chiroyli sado bermaydi”. (Hadis).

ERNING XOTINIGA: “QASHSHOQLARGA PAST NAZAR, HAQ ISHIGA SHUBHA BILAN QARAMA, OJIZ FIKR, XOM XAYOLLARINGGA BERILIB QASHSHOQLIK VA QASHSHOQLARGA TA’NA
QILMAGIN” — DEB NASIHAT QILGANI

Dedi: “Sen xotinmi yo g’amxona, sil?
Yo’qchilik – faxrim manim,1 tekkizma til.

Xuddi, bosh uzra kulohday molu zar,
Kim panoh bilgay kulohni, kal ular.

Jingalak ham ko’p qalin, kim sochi gar,
Boshidan uchsa kulohi, xush yoqar.

Haqqa yor ko’rguvchiga monand agar,
Bil, yalang’och yaxshi, berk bo’lsa nazar. 2345

Qulfurushlar qulni taqdim etsa gar,
Ayb yopgich to’nni ul quldan yechar.

Aybi bo’lsa, qandoq uryon aylagay?
To’n bilan, aksincha, avrab-aldagay.

Deydi: “Bul yaxshi-yomondan or qilar,
To’nni yechmoqlikka sendan tortinar”.

Xoja boshdan to oyoq aybga botar,
Moli bor, butkul uning aybin yopar.

Ta’madin aybin ko’rolmas ta’magir,
Ta’masi ham dilga sarpo, pardadir.2 2350

Aytsa so’z kon zarri yanglig’ gar gado,
Moli yo’l topmas biror do’kon aro.

Senga yo’l bo’lsin u darvishlik qadar,
Solma darvishlar tomon so’lg’in nazar.

Mulku mol tashvishi yo’q darvishda hech,
Zuljalol bergusi rizqin erta-kech.

Haq erur Odil, adolat kimda jam,
Hech qachon aylarmi bedilga sitam?3

Kimgadir aylaydi noz-ne’mat ato,
Kim birovni yondirar otash aro. 2355

Yondirar gulxanda, kim ikki jahon
Xoliqi Haqqa agar qilgay gumon.

Ayt, “faqirlik faxri”masmi Haqqa yor?
Ne latofat, izzat-ikrom unda bor!

Sen laqab qo’yding iching-etingni yeb,
Yorni ham, morlarni ham ovlovchi deb.

Men tishin uzgum, ilon tutsam agar,
Boshga to keltirmasin zarbi zarar.

Bil, ilonning joniga tishdir g’anim,
Yovni do’st aylar manim bul qilganim. 2360

Ta’madan hargiz qidirmasman fusun,
Ta’ma boshin men bukib ketgum butun.

Qilmadim xalqdan tama’, asra Xudo!
Bor qanoat olami ko’nglim aro.

Olmurut ustinda ne ko’rsang bu on,
Pastga tushgin, qolmasin to bir gumon.4

Tushganingda aylanar bosh, ko’z tinib,
Aylanar uy demagil, sen aylanib.

—————————
1 – “Qashshoqlik faxrimdir va men u bilan faxrlanaman”. (Hadis).

2 – “Ilm va mol-dunyo hamma aybni berkitar, nodonlik va qashshoqlik har qanday aybni ko’rsatar”. (Hadis).

3 – “Bu (azob) o’zlaringiz qilgan gunohlaringiz sabablidir. Albatta Olloh (O’z) qullariga zulm qilguvchi emasdir”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 182-oyat).

4 – Bir rivoyatga ishora: Bir xotin olmurut ustiga chiqib, patda turgan eriga: “Yoningdagi xotin kim? Nega u bilan o’pishasan?” – deb dod-voy soladi. Keyin erini daraxtga chiqarib, o’zi o’ynashi bilan aysh qiladi. Eri dod-voy solsa, aybni daraxtga to’nkaydi.

HAR KIMNING HARAKATI UNING EGALLAGAN O’RNIGA QARAB BELGILANISHI VA HAR KIMNI O’Z VUJUDI DOIRASIDA KO’RISHI. YASHIL SHISHA QUYOSHNI YASHIL, QIZIL SHISHA
QIZIL RANGDA KO’RSATADI, SHISHALARNING RANGI YO’QOLGACH, OQARADI. BOSHQA BARCHA SHISHALARDAN U ROSTGO’YROQ BO’LISHI VA IMOM SANALISHI BAYONIDA

Duch kelib Ahmadga dedi Bu Jahl:1
“Hoshimiylar naqshisan yashnoq, razil”. 2365

Dedi Ahmad unga: “Ne aytding, bu – rost,
Rost gaping, sen garchi oshirding biroz.

Uchratib, so’ng dedi Siddiq:2 “Ey, quyosh!
Sen na sharqiysan, na g’arbiy, egma bosh!”.

Dedi Ahmad: “Ey, aziz, rost so’ylading,
Arzimas dunyoga bandi bo’lmading”.

Bunda borlar so’rdi: “Ey, mumtozu nob,
Ikki zid gapga nechun bir xil javob?”

Dedi: “Men sayqal berilgan ko’zguman,
Turku hind ko’rgay o’zin bul ko’zgudan”. 2370

Ey, xotin, sen ta’magir deb qilma pand
Bo’l zaif da’volaringdan sal baland.

Ta’maga monand u, lek, rahmat erur,
Ta’ma bor joyda nechuk ne’mat kelur?

Ko’r sinab xorlikda o’zni ikki kun,
Faqr aro boylikni xush ko’rmoq uchun.

Qil sabr, ham kelmasin xorlik malol,
Har faqirga shon bag’ishlar Zuljalol.

Burma aft, tashla nazar, minglarcha jon
Botdi bol ummoniga, sabr aylabon. 2375

Boq, o’shal minglab taxir jonlar tomon,
Gulshakarlar ichra ungay gulsimon.

Ey, darig’, jonimda gar sen jo eding,
Bunda ko’nglim sharhidan paydo eding.

Ushbu so’z jon ko’ksidan sutdir laziz,
Chiqmagay sog’guvchi yo surguvchisiz.

Kimki tinglab ushbu so’zni, xush bilar,
Gar o’likdir, voizu biyron qilar.

Bo’lsa tinglovchi umidvor, bemalol
So’ylagay yuz tilda darhol gungu lol. 2380

Qo’ysa nomahram eshigimdan qadam,
Bor haram ahli yuzin to’sgay shu dam.

Kirsa eshikdar biror mahram, yaqin,
Yuz yashirganlar ochar yuz pardasin.

Neki bor, afzal, chiroylik ko’rsatar,
Qay nigoh bo’lgay basir, ko’rguvchi gar.

Chang sadosi bo’lsa xoh past, xoh baland,
Kar quloqlarni sira aylarmi band?

Mushkni Haq bekorga xushbo’y qilmagan,
His qilolmas hidni hech hid bilmagan. 2385

Haq yaratmish yer bilan osmonni hur,
Haq taratmish ul aro otash va nur.

Haq yaratmish yerni yer nasli uchun,
Haq yaratmish ko’kni ko’k ahli uchun.

Yov erur har dam balandga pastu xor,
Har makonning o’z talabgor ahli bor.

Ey, tuban, yuksakni hech ko’rdingmi ep?
Ko’r uchun ziynatlanib, berdingmi zeb?

Garchi men dunyoni durga to’ldiray,
Gar buyurmas senga, qayga bosh uray? 2390

Ey, xotin, yo bexatar yo’l tanlagin,
Topmasang yo’l, kel, meni tark aylagin.

Xushlamam, yaxshi-yomon qilsa talash,
Dilni, hatto, g’ash qilar sulhu yarash.

Jim turishga topmasang bir zum sabot,
Xonadoning tark etarman shul zahot”.

—————————-
1 – Bu Jahl – Abu Jahl, ya’ni, Jaholat otasi. Muhammad (s.a.v)ning ashaddiy dushmanlaridan. 624 yilda Badr jangida qatl etilgan.

2 – Siddiq – Abu Bakr Siddiq Abdulloh ibn Abu kahhofa ibn Omir (571-634), islomda “xulafoi roshidin” (“to’g’ri yo’ldan boruvchi xalifalar”), “choryorlar” deb atalgan dastlabki to’rt xalifadan birinchisi, Muhammad (s.a.v)ning eng yaqin safdoshi, qaynotalari.

XOTIN ERIGA E’TIBORINI QARATIB, AYTGAN GAPLARI UCHUN TAVBA QILGANI

Ko’rdi xotin, chiqmish erning achchig’i,
Yig’lamish, chunki, ayol domi – yig’i.

“Shulmi kutgan so’zlarim sendan,–dedi.
Boshqa ummid, o’ylarim ham bor edi” 2395

O’tdi ojizlik yo’liga shul nafas,
Dedi: “Poying xokiman, ojizamas.

Jismu jonim, borlig’im senga nisor,
Hukmu farmonim sening hukmingga zor.

Yo’qchilikdan to’lsa ham sabrim butun,
Lek, o’zimmas, qayg’urarman sen uchun.

Dardlarimga doimo bo’lding davo,
Benavolik ko’rmagum senga ravo.

O’zni o’ylab ushbu o’yga bormadim,
Sen uchundir barcha nola-zorlarim! 2400

Borlig’ing-chun borlig’im, valloh, bu on,
Har nafas bersammi der qoshingda jon!

Jonni men qilgan fido joning agar,
Koshki, jonim qa’ridan topsa xabar!

Sen agar mendan qilar bo’lsang gumon,
Menga darkormas bu tan birla bu jon!

Xokka qorgum siymu zarni shul zamon,
Qarshi bo’lsang menga, ey, oromijon!

Jon-dilimdan joy olib sen shunchalar,
Behuda mendan bezarsan bunchalar? 2405

Mayli, bezgin, senda bor imkonu yo’l,
Bezganim-chun jonim uzrin et qabul.

Esla, erding bir mahal qoshimda mast,
Misli but erdim va erding butparast.

Jo’r edim, sen birla doim g’am yegan,
Neni aytsang “pishdi” deb, “kuydi” degan.

Ismalog’ingman, pishirsang gar g’izo,
Xohi sho’r qil, xoh shirin, senga ravo.

Noshukur erdim, olib iymonni tan,
Bosh bukib keldim, bukun hukmingdaman. 2410

Anglamay shohona xulqing, har mahal,
Sendan oldda surdim eshshak men dag’al.

Yondirib ko’ngilda avfing bir chiroq,
Tavba qildim, e’tiroz qilmay, biroq.

Senga tutgayman kafan, shamshir bu kez,
Mayli, qurbonman bukun, bo’ynimni kes!

So’ylading achchiq firoqning neligin,
Qil, na qilsang, urma, lek, hijron tig’in!

Senda mendan uzrini so’rguvchi bor,
Sen bilan mensiz mudom bo’lgusi yor. 2415

Boq, diling uzra uzrxoh – xulq-adab,
Shul ishonch bois dilim izlaydi ayb.

Qil rahm, o’zdan nihon, ey, qahri tez,
Eyki, xulqi behisob boldan laziz!”.

Lutf ila so’ylardi oshkor shul yo’sin,
Yig’lamish birdan, tutolmasdan o’zin.

Haddidan ortiqcha yosh to’kmish hazin,
Beyig’i ham dilrabo erdi tag’in.

Shunda yomg’irlar aro nur chaqnamish,
Yolg’iz er qalbiga uchqun sachramish. 2420

Gul yuzin shaydosi erdi er mudom,
Ne erur, gulyuz o’zi bo’lsa g’ulom?

Kibridan erning dili titrardi zor,
Endi er qoshinda ul yig’lardi zor.

Ulki noz qilsa, yurak qon erdi lol,
Kelsa aylab iltijo, nedir bu hol?

Ulki, dom ermish jafosi har qadam,
Uzrimiz bekor, uzr so’rsa bu dam.

“Zuyyina li-n-nos”1 gar Haqdan sado,
Ulki, Haq aytmish, nadir o’zga panoh? 2425

Erga gar “yaskun ilayha”2 deb bilar,
Ayt, nechuk Odam Havodan ayrilar?

Rustami Zol3 Hamza4dan gar kattadir,
Amr aro oqsochligiga ul asir.5

Ulki, olam so’zidan mast, qildi, o,
“Kallimina yo Humayro”6 deb nido.

O’tni mag’lub etdi suv, tuygach xatar,
Qaynagay o’tdan, hijobda bo’lsa gar.

Ikkisin qamrab qozon, bo’lganda g’ov,
Suvni yo’q aylab, havo etmish olov. 2430

Garchi suvday sirtda er g’olib erur,
Ichda mag’lub, juftiga tolib erur.

Ushbu xislatlar, faqat, odamda jam,
Yo’qchilik bois mehr hayvonda kam.

——————————-
1 – “Odamlarga ayollar, bolalar, tuganmas oltin-kumush boyliklar, (qimmat) baholi otlar, chorva va ekin-tikinlar kabi istak-xohishlarga ko’ngil qo’yish chiroyli qilindi. (Holbuki), bu narsalar hayoti dunyoning (o’tkinchi) narsalaridir. Ollohning huzurida esa eng go’zal qaytadigan joy – jannat bordir. (Ya’ni, o’tkinchi narsalarga ko’ngil bermay, haqiqiy go’zallikni sevmoq, unga intilmoq lozim)”. (Qur’oni karim, «Ol-i-Imron» surasi, 14-oyat).

“Zuyyina-li-n-nasm” – “Chiroyli qilindi”

2 – “(Olloh) shunday Zotdirki, sizlarni bir jondan (Odamdan) yaratdi va u orom-osoyish topsin, deb uning o’zidan juftini vujudga keltirdi. (Odam) Unga qo’shilganidan keyin u
(Havvo) yengil yuk (homila) bilan yuklik bo’lib, o’sha (yuk) bilan yurdi”. (Qur’oni karim, «A’rof» surasi, 189-oyat).

“Yaskun ilayha” – “Orom-osoyish topsin deb”

3 – Rustami Zol – Abulqosim Firdavsiyning “Shohnoma” dostonidagi afsonaviy qahramon.

4 – Hamza – Muhammad (s.a.v)ning amakilari ismi.

5 – Zol – Abulqosim Firdavsiyning “Shohnoma” asaridagi afsonaviy qahramon Rustamning otasi, uni Zoli Zar deb ham atashadi, oq sochli bo’lib tug’ilganiga
ishora.

6 –“Kallimina yo Humayro” – “Menga so’yla, ey, Humayro”.

“INNAHUNNA YAFNIBNA-L-OQILA VA YAFLIBU HUNNA-L-JOHILU”1 HADISI BAYONIDA

Dedi Payg’ambar: “Ayolga yengilur,
Qaysi er qalbinda jilva bersa nur.

Kimki johil, g’olib o’lgay har mahal,
Chunki, bo’lgaydir ular qo’rsu dag’al”.2

Mehru shafqatsiz, sadoqatsiz ular,
Ta’bidan hayvonligi g’olib turar. 2435

Mehru shafqat odamiylik vasfidir,
Qahru shahvat ersa hayvon nafsidir.

Ishq, ayol Haq shu’lasi, ma’shuq emas,
Xoliq ul, go’yoki, bir maxluq emas.

——————————
1 – “Innahunna yag’nibna-l-oqila va yag’libu hunna-l-johilu” – “Ayollar oqillarga g’olib, johillarga mag’lubdirlar”. (Hadis).

2 – “Yaxshilaringiz xotinlariga yaxshilik qiluvchilardir. Men ham xotinlarimga yaxshilik qiluvchilardanman. Ayollarni, faqat, ulug’ odamlar hurmat qiladi, ularni, faqat, pastkash odam xorlaydi”. (Hadis).

ERNING XOTIN ILTIJOSINI TIRIKCHILIK TALABI DEB QABUL QILGANI VA XOTIN E’TIROZINI HAQNING ISHORATI DEB BILGANI:

Har aqlning dono, bilguvchisi bor,
Aylanuvchin aylantirguvchisi bor.

Aytganidan chekdi afsus er shu on,
Qatl etilmoq fursati kelgansimon.

Dedi: “Jon joniga jabr etdim nechun?
Tepkilab, jon boshini ezdim nechun?”.

Ko’z yumilgaydir Qazo kelganda, bas,
Qayda qo’l, qayda ayoq, aql anglamas. 2440

Gar Qazo o’tgach, o’zin qilgay ado,
Parda yirtib, chok-chok aylar yaqo.

Er dedi: “Afsusdaman, yorim, biroq,
Erdimu kofir, musulmonman bu choq.

Men gunohkorman, rahm qilgil bukun,
Sen qulatma ildizim birlan butun!

Keksa kofir gar pushaymon qilgusi,
Tavba aylab, so’ng musulmon bo’lgusi”.

Mehru shafqat manbai Xoliq erur,
Boru yo’qlik unga chin oshiq erur. 2445

Kufru iymon oshiq Ul siymo uchun,
Mis, kumush ham bandadir kimyo uchun.

099

(Tashriflar: umumiy 856, bugungi 1)

Izoh qoldiring