Najmiddin Komilov. Tasavvuf. 2.Tariqat

033    Профессор Нажмиддин Комиловнинг «Тасаввуф» рисоласида Шарқ халқлари маънавияти тарихида чуқур из қолдирган диний-фалсафий таълимот – тасаввуфнинг пайдо бўлиши, тадрижий ривожи, асосий жиҳатлари ёритилган. Тариқат ва шариат орасидаги муносабат, тасаввуф гуманизми ва Комил инсон муаммолари, тасаввуф ривожига ҳисса қўшган олимлар, тариқат шайхлари ҳақида таҳлилий кузатишлар қилинган. Бугун ушбу асарнинг иккинчи мақоласини тақдим этмоқдамиз.

НАЖМИДДИН КОМИЛОВ
ТАСАВВУФ
02

ТАРИҚАТ

05IX аср бошларига келиб тасаввуфнинг назарий асослари ишлаб чиқилди, сўфийларнинг амалий, руҳий-психологик машқлари, ўз-ўзини тарбиялаш ва чиниқтириш табдир-усуллари шаклланди. ТАРИҚАТ, МАЪРИФАТ, ҲАҚИҚАТ деган тушунчалар юзага келиб, тасаввуфнинг ушбу уч қисмига оид қарашлар мажмуи тузилди — тасаввуф алоҳида илм сифатида қарор топди. Сўфийлар дастлабки пайтлар тасаввуфни нуқул сиру асрор, тушунтириб бўлмайдиган ҳолатлар («иборага келмайдиган ишоратлар») деб ҳисоблаган бўлсалар, бора-бора бу ҳолатлар ҳақида фикр-мулоҳазалар баён қилина бошланди, сўфийни тарбиялаш вазифаси, пир-муридлик қоидалари, одобини яратиш зарурати туғилди. Натижада, тариқат ва шариат орасидаги муносабатлар, олам, одам ва Худо орасидаги алоқа-муомала моҳияти, тавҳид — ваҳдат масалалари мунозаларга сабаб бўлди. Дин арбоблари билан сўфий шайхлари, айниқса фалсафийлашган тасаввуф тарафдорлари жиддий мафкуравий тортишувларгача бордилар. Тасаввуф бутун Ислом оламини забт этиб, барча қадимий шаҳарларда хонақоҳлар қурилди, йўлларда работлар, азиз-авлиёларнинг мазоротида шайхлар маскан тутиб, кўплаб шоигрдларни тарбияга олдилар.

Тасаввуфнинг илк даврида мақомот ва тариқат асосларини ишлаб чиқиш, сўфийлик йўриқларини белгилаш ва илоҳий ҳақиқатларни эл орасига ёйишда Абуали ал Ҳорис Муҳосибий (781–857), Зуннун Мисрий (796–861), Абуязид Бистомий (вафоти 875), Жунайд Бағдодий (вафоти 910), Ҳаким Термизий (вафоти IX аср охири) ва Мансур Ҳаллож (858–922)ларнинг хизмати катта бўлган. Кейинчалик Абусаид Абулхайр (967–1049), Абдуллоҳ Ансорий (1006–1089), Аҳмад Яссавий (вафоти 1166) Яҳё Суҳраввардий (1155–1191), Ибн Арабий (1165–1240), Нажмиддин Кубро (1145–1221), Баҳуоддин Нақшбанд (1318–1389) каби шайхул машойихлар тасаввуф илмини янги фикрлар, қарашлар билан бойитдилар, янги оқим, силсилаларини вужудга келтирдилар. Тасаввуф ҳақида бир қанча рисола ва китоблар ёзилди, тасаввуф ғояларини қизғин тарғиб этувчи улкан шеърият вужудга келди. Тасаввуфга оид назарий китоб ва қўлланмалардан Абунаср Саррож (вафоти 988 йил)нинг «Китобал лумаъ», Ал Калабодий (вафоти 990 йил)нинг «Китобат таъарруф», Абу Толиб Маккий (вафоти 998 йил)нинг «Қутал қулуб», Абдураҳмон Суламий (вафоти 1021 йил)нинг «Рисолатал маломатия», Қушарий (вафоти 1072 йил)нинг «Рисола фит тасаввуф», Ал Ҳужвирий (вафоти 1076)нинг «Кашфал маҳжуб», Абдуллоҳ Ансорийнинг «Манозил ас соирин», Фаридиддин Аттор (1119–1222)нинг «Тазкиратул авлиё» номли асарларини кўрсатиш мумкин. Булардан ташқари, Румий, Ҳофиз Шерозий, Маҳмуд Шабистарий асарларига ёзилган шарҳлар ҳам сўфиёна ишора ва тамсилларни англашда муҳим рол ўйнаган.

Тасаввуфга оид илмий китоблар ва дастурларда тариқат атамалари, мақомот манзилларини тушунтиришга кўп эътибор берилади. «Тариқат» сўзининг маъноси йўл демак. Яъни илоҳий маърифатни эгаллашга бел боғлаган кишининг руҳий-ахлоқий камолот йўли. Тариқатни тасаввуфнинг амалий қисми деб таърифлайдилар. Дарҳақиқат ҳам шундай, чунки пир-муридлик қоидалари, одобига риоя этиш, солик (яъни тариқатга қадам қўйган йўловчи) бажариши керак бўлган барча йўриқлар, иродат ва ишорат усуллари шу тариқат ичига киради. Тариқат ва унинг мақомотлари, маълумотларга қараганда, биринчи марта Зуннун Мисрий томонидан баён этилган экан. Абдуллоҳ Ансорий ёзадиким, Зуннун Мисрийни фақат «каромат билан ситойиш» қилиш кифоя эмас, чунки унинг «илгида мақом ва ҳол сухра эрди» (Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асаридан олинди). Яъни мақом ва ҳол илми Зуннун қўлида ўйинчоқдай гап эди, дейди Ансорий. Навоий ёзади: «Ул кишиким ишоратни иборатқа келтурди ва бу тариқдин сўз айтди ул эрди».

Демак, Зуннун биринчилардан бўлиб, сўфиёна ҳолатлар, кароматларни сўз билан ифодалаган. Зуннуннинг ўзи ҳикоя қилиб дейдики, уч сафар қилдим ва уч илм келтирдим: аввалги сафарда бир илм келтирдим, хос ҳам, авом ҳам қабул қилдилар, иккинчи сафарда яна бир илм келтирдим, хос қабул қилди, аммо авом қабул қилмади, учинчи сафарда яна бир илм ҳосил қилдим, на хос қабул қилди ва на авом (Тасаввуф аҳли хос деганда илми ҳолдан хабардор сўфийларни, авом деганда эса, тасаввуфга ошно бўлмаган кишиларни назарда тутганлар). Зуннун айтган биринчи илм шариат илмидир, чунки шариат хосга ҳам авомга ҳам бирдай тегишли. Иккинчи илм – тариқат ёхуд муомалат ва муҳаббат илми, учинчиси эса – ҳақиқат, яъни Илоҳ ҳақидаги илмдир.

Агар Зуннун тасаввуфдан биринчи бўлиб «сўз айтган» бўлса, Жунайд Бағдодий «бу илмга тартиб бериб, баст қилиб (жамлаб), кутуб битиди» («Насойимул муҳаббат»). Сўнгра Жунайднинг кичик замондоши Шайх Абубакр Шиблий бу илмни минбар устига олиб чиқиб, элга ошкор қилди. Биринчи бўлиб муридларга раҳнамолик қилган ҳам юқорида номлари тилга олинган шайхлар бўлган.

Мурид-мурод, яъни мақсадга интилувчи одам; мурод эса –Аллоҳ таолонинг васли. Муриднинг асосий хислати ниёзмандлик, яъни талабгор бўлиш, муршиди комилнинг этагини тутиб, айтганларига сўзсиз риоя қилишдир. Пирсиз солик манзилга етолмайди. Чунки одам ўзини назорат қилиши қийин, токи биров раҳнамолик қилиб, йўл кўрсатмаса, мушкули осон бўлмайди (буни Алишер Навоий «Лисонут тайр» достонида Ҳудҳуд ва талабгор қушлар мисолида яхши кўрсатиб берган). Ҳатто энг яхши ниятлар ҳам агар раҳнамо бўлмаса, самара бермай, қалбдаги завқу шавқ нотўғри йўлда сарф бўлиши, муҳаббат исёнга айла-ниши ҳеч гап эмас.

Шуни эътиборга олиб, тариқатда пирга қўл бериб, ирода-ихтиёрни унга топширганлар. Шу маънода тариқатни иродат ҳам дейдилар. Яъни иродани шайх иродасига мувофиқлаш-тириш, шайх иродасини ўз иродаси деб билиш.
Иккинчи тарафдан, бу муриднинг иродаси, мардлиги ҳимматини синашни ҳам билдиради (мурид, мурод, ирода сўзлари ўзакдош), зеро дунёдан кечиб, Илоҳ йўлига ўзини бағишлаш улуғ мардликлир. Муридга раҳбарлик қилувчи пирнинг ўзи ажзу изтироб йўли – тариқат мақомларини эсон-омон босиб ўтган, қалби Илоҳ маърифатига лимолим ориф инсон бўлиши керак. Пир ҳамма жиҳатдан муридга ўрнак бўлмоғи даркор: ҳам билимнинг чуқурлиги, ҳам тариқат усулларини яхши билиши, ҳам кўнгилнинг поклиги, нафсини маҳв этганлиги ва ҳоказолар билан ажралиб туриши, салобати, сўзи ва ҳаракати билан, суҳбати ва назари билан, тадбири ва ҳимояси билан муридга таъсир ўтказмоғи лозим.

«Агар шайхлик рукнлари нечта, деб сўрасалар, еттита деб айтгил, деб уқтиради Кошифий «Футувватномаи султоний» асариди. – Биринчидан, шайх комил маърифат эгаси бўлсин. Иккинчидан, ўткир фаросатли, одамшунос киши бўлиб, бир нигоҳ ташлаш билан муриднинг қобилиятини илғай олсин. Учинчидан, етук руҳий-маънавий қуввати бўлсин, токи агар мурид тариқат йўлидан адашса, унга маънавий мадад бериб, мушкулини осон қилолсин, тўғри йўлга солсин, яъни нарсага муҳтожлиги бўлмасин. Бешинчидан, ихлоси мустаҳкам бўлиб, риё ва тамаъни тарк этсин, мол ва мансаб деб бировга сарғаймасин, эгилмасин. Олтинчидан, ростлик ва беғараз дўстликни шиор қилсин – ҳақ сўзини ҳар ерда, ҳар қандай шароитда айта олсин, гапирганда иккинюзламачилик қилмасин. Еттинчидан, қалбида шафқат нури порлаб турсин, мурид манфаатини ва умум манфаатини ўз манфаатидан устун қўйсин» (24-бет).

Пир муриднинг шодлигини ҳам, ғамини ҳам баҳам кўрган, уни насиҳат, танбеҳ ва илҳомбахш сўзлар, ҳаркатлар билан руҳлантириб, қуйидан юқорига қараб тарбиялаб борган. Кошифий давом эттириб ёзади: «Агар ҳақиқат пирлари ким деб сўрасалар, бунинг аломатлари қуйидагилар деб жавоб бергил: тунларни бедор ўтказиш, ёмонлар билан ўтирмаслик, илм ўрганиш, ғийбат ва ёғондан сақланиш, одамлар хурсандчилигини исташ ва шу хислатларни ўз муридларига етказиш».

Бизнинг тарихимизда бундай мунаввар қалбли нажиб инсонлар кам бўлмаган. Улар ўз муридларини фарзандларидай яхши кўрганлар.

Пир ҳеч қачон мурид молига кўз олайтирмаслиги, бирон-бир йўсинда тамаъга ишора қилмаслиги, аксинча, мурид қошида бирор мушкул иш туғилганда дарров ёрдам бериши, мушкулни ҳал қилиши керак. Муриднинг мушкули фақат моддий қийинчилик эмас, соликлар буни ҳеч қачон эътиборга олмаганлар. Мушкул деганда тасаввуф аҳли маънавий муаммолар, юз берадиган ҳолатлар, туғилажак саволларни англайдилар. Пир ана шуларга жавоб топиб, муридларни қаноатлантириши шарт. Агар қаноатлантиришга кўзи етмаса, муридни бошқа ўзидан кучлироқ шайхга тавсия этади.

Шуни ҳам айтиш керакки, соликларнинг истеъдоди хилма-хил бўлгандай, пирларнинг мураббийлик қобилияти ҳам турлича бўлган. Баъзи шайхлар муридга тариқат одобини ўргатганлар, яъни уни хоксорлик, таслим ва итоатга келтириш, манманлик, ҳирсу ҳаво каби туйғулардан халос этиш билан шуғулланганлар. Баъзи шайхлар муридга руҳий каромати, мўъжизалари билан таъсир этганлар. Яна бир қисми шайхлар шоигрдларига тасаввуф асосларини ўргатиш, назарий билимлар билан қуроллантиришга эътибор қилганлар.

Масалан, ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанднинг бир нечта пирлари бўлган. Навоийнинг ёзишича, Хожа Баҳоуддинга «қабул назари» Бобойи Самосийдандир. Яъни Бобойи Самосий ёш Му-ҳаммад Баҳоуддиннинг келажакда истеъдодли шайх бўлишини каромат қилган. Ривоят қилишларича, Баҳоуддин ҳали туғил-масдан, Бобойи Самосий унинг оиласи яшайдиган Қасри Ҳинду-вон қўрғони олдидан ўтаётиб, «бу ерда бир эр туғилур», дея башорат этган экан ва Баҳоуддин туғилган куни яна шу қаср олдидан ўтиб, «ул эр туғилди» деб айтибдилар ва ичкарига кириб чақолоқни бағриларига босиб, нафас қилган эканлар. Навоий дейдиким, ҳазрати Баҳоуддинга суҳбат нисбати ва тариқат одоби таълими ва зикр талқини Бобойи Самосийдандир. Бобойи Самосий ёш Баҳоуддинни Амир Сайид Кулолга топширади. Амир Сайид Кулол тариқат одоби таълимини давом эттирган. Бироқ, ҳазрати Нақшбанд анча илгари вафот этган Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийни ва Қусам шайхни ҳам ўз пирлари қаторига қўшади. Нега? Чунки, Амир Сайид Кулол зоҳир юзасидан пир бўлсалар, «ҳақиқат юзидан» руҳий тарбиятни ҳазрати Баҳоуд-дин Абдухоллиқ Ғиждувонийдан олган. Бундай ғойибона руҳий-маънавий тарбия олишни тасаввуфда «увайсийлик» дейдилар. Сабаби Увайс Қараний ғойибона Ҳазрати Расулуллоҳ саллалло-ҳу алайҳи васаллам руҳларидан мадад олганлар, бу шунга ишора.

Хожа Баҳоуддин Нақшбанд шундай қилиб, тариқатнинг амалий йўриқларини Бобойи Самосий, амир Сайид Кулолдан ўрганган бўлса, ботиний-маънавий таълимни Абдухолиқ Ғиждувонийдан қабул қилган. Шундай ҳолни бошқа шайхлар ҳаётида ҳам кузатиш мумкин. Ҳозир айтганлардан пир ва муридлик муомаласида қуйидаги уч нарсага диққат қилинганини кўрамиз: биринчиси – суҳбат таълими, иккинчиси – хирқа кийгизиш, учинчиси – зикр талқини.

Шайх Саидиддин Фарғонийнинг айтишича, хирқа (дарвешларнинг махсус кийими) икки хил бўлади:
1) иродат хирқаси ва 2) табаррук хирқа. Иродат хирқаси, яъни сулук хирқаси битта пирдан олинади. Иродат хирқаси – муайян шахс сулукига тааллуқлиликни билдиради. Табаррук хирқани эса кўп шайхлардан олиш мумкин экан. Шу каби бўрк, кулоҳ, кўйлаклар ҳам табаррук туҳфа сифатида қабул қилинган. Талқини зикр ҳам битта шайхдан олинади, аммо суҳбат таълимини киши истаган шайхдан олиши мумкин. Хирқа кийдириш ва зикр талқинининг ўзига хос маросимлари, талаблари бўлган. Булар ҳақида батафсил тўхталишга бу ўринда имконимиз йўқ.

Фақат шуни таъкидлаш зарурки, мурид тарбиясидан асосий мақсад ахлоқни поклаш, нафсни ўлдириш, одамдаги ўзига бино қўйиш, такаббур, худписандликни йўқ қилиш эди. Мурид пир қўлида руҳий-маънавий зиналардан кўтарилиб боради. Илоҳ сари муҳаббати ошиб, дунё муҳаббати аҳамиятсиз бўлиб бораверган.
Шу боис тариқатда мақомот ва ҳол тушунчалари муҳим ўрин тутади. «Мақомот» – мақом (манзил, бекат) сўзининг кўплиги бўлиб, соликнинг руҳий-маънавий камолоти босқичларини англатади. Абунаср Саррож тариқатнинг қуйидаги мақомларини қайд этган:

1. Тавба.
2. Вараъ.
3. Зуҳд.
4. Фақр.
5. Сабр.
6. Хавф.
7. Ражо
8. Таваккул.
9. Ризо.

Тавба – қайтиш демак, яъни камолотга, олий ахлоқий сифатларга қайтиш. Тавбани бобул абвоб – эшикларнинг эшиги ҳам дейдилар, чунки тариқатга қадам қўйган одамнинг нияти ва моҳияти аввало шу тавбасида аёнлашади. Тавбанинг ҳақиқати шуки, солик Худога етишиш йўлига ғов бўладиган жамики нарсалардан қайтишга қасамёд этади, бутун интилиши, таважжуҳини Оллоҳга қаратади, аввалги ҳаёт тарзидан бутунлай воз кечади. Тавба куфрдан, шариат манъ этган наҳйи ва ёмон ишлардан қайташ, замима ахлоқдан ҳамида ахлоққа қайтиш, Ҳақнинг ғайри бўлган нарсалардан қайтиш кабиларни ўз ичига олади. Тавбанинг моҳияти ўз нуқсонларини кўра билиш, ўзининг аҳволини англаш, қабиҳ ишлар, қабиҳ феъл ва қабиҳ фикрдан қайтиш, дунёнинг маънисизлиги, арзимаслигини англаб, зулму адолатсизликдан қайтишни ҳам билдиради. Қўрқув тавбаси, гуноҳга иқрор бўлиш – оддий одамларга хос. Сўфийлар тавбаси қалб истижоби, яъни – узилиш, ўзгариш тавбасидир.

Вараъ сўзининг маъноси парҳез, тақво бўлиб, булғаниш-лардан, маънавий зарар келтирадиган шубҳалардан сақланиш демакдир. Шиблийнинг кўрсатишича, вараънинг уч кўриниши бор: тил вараъи, яъни тилни бемаъни гаплар учун ишлатмаслик, ғийбат-туҳматга берилмаслик; кўз вараъи – шубҳали нарсалардан сақланиш, ғализ шаклларга боқмаслик; қалб вараъи, яъни паст ҳимматни тарк этиш ва нохуш қилиқларни қилмаслик. Кўнгил манъ этган жамики нарсалардан парҳез қилиш, тамаъдан сақланиш, маҳрумликдан қўрқишдан ҳазар қилиш. Ҳуллас, тилга кўзга, қўлоққа ва оёққа банд солиш.

Зуҳд – вараънинг давоми ҳисобланади, бу ҳам парҳез қилиш демакдир. Аммо бунда таом ва ичимликдан сақланиш, ҳалол ва ҳаромни ажратишга алоҳида аҳамият берилади. Зуҳд сўфий учун дунё ва охират тарки, дунё молига эга бўламан деб интилмасликдир. Ҳадис: Кимки дунёдан парҳесз этса, унинг қалби тажаллиёт нури кирадиган жойга айланади. Жунайд Бағдодий сўзи: «Зуҳд – қўлни мулкдан холи тутиш, дилни эса Ҳақдан ўзга ҳар нарсадан пок сақлаш дамак». Имом Ғаззолий дейди: «Зуҳд дунёдан ихтиёрий равишда воз кечиш ва бунинг учун қайғурмасликдир».

Фақр – маъноси қашшоқлик, бенаволик. Сўфийлар наздида улуғвор илоҳий моҳият касб этиш бўлиб, Худога бандаликни сидқидилдан олий даражада бажо келтириш, бандаликдан шараф топиш, ниёзмандлик ва талабгорликда йўлдаги тупроқ мисол ному нишонасиз бўлиш, Илоҳ наздида ўзини зарра, балки заррадан ҳам кам деб ҳисоблаш. Ва шу мартабада комиллик рутбасини қозониш ҳам. Барча нарсалар, оламу Оллоҳга тегишли, инсоннинг вужуди ҳам ўзиники эмас. Чунки у ҳам Яратганнинг мулкидир. Фақрни ана шундай мазмунда англаган одам тасаввуф моҳиятига ҳам етиб боради.

Сабр – тоқат, чидам. Сўфийлар тилида қийинчиликлардан шикоят қилмаслик, айниқса, Худодан бошқага нола-илтижо қилмаслик. Сабр этувчи (собир) ўзини бало гирдобига солиб, балолардан қўрқмайдиган одамдир. Руҳий-маънавий мушкилликлар юз берганда, сабр қилган солик кушоиш топади, янги манзилларни кашф этади. Сабр – иймоннинг ярми дейдилар, чунки сўфийнинг душмани бўлган нафс сабр орқали жиловланади, тоатдан ҳаловат топиш ҳам сабр билан бўлади.

Хавф – қалбнинг ишончдан, иймон амнидан чиқиши, иккиланиш, таҳлика. Вақтинчалик шайтон найранги ҳам кўнгилга хавф-қўрув солади. Солик азобдан эмас, балки макрдан, нафс макридан қўрқади. Ваҳоланки, шайтон иймони мустаҳкам одамдан қўрқиши керак.

Ражо – умидворлик. Қалбнинг келажакда Маҳбуб васлига етишидан умидворлиги, хавфдан қутулиш умиди. Дилнинг соғинчи, интиқликлари ҳам шунга киради.

Таваккул – барча яхши-ёмон ҳодисалар, ишларни Худодан деб билиш, куллан Парвардигорга суяниш. Таваккул илоҳий файзга эътимодли кишининг иймонидир. Бу маърифат камолидан келадиган олиймақомдаги иймондир. Барча ҳолларда ва амалларда Оллоҳга суяниш, ўзини бир фаолият асбоби ҳисоблаш, барчани Худога топшириб, Худодан ўзга нарсалар ҳам худодан эканига чуқур ишониш. Инсон жуда кўп нарсаларни қила олади, аммо бу ҳаракатларнинг бари Улуғ Оллоҳ қудрати туфайли, Қудратининг намоён бўлиши эканини англаш шарт. Худонинг иродаси бизнинг иродамизга ҳоким. «Таваккул – иймон ҳақиқатидир» (Кошоний).

Ризо – қалбдан қабоҳат-кирларнинг кетиши, қазову қадар ҳукмига бўйсуниш, нафс розилигидан чиқиб, Ҳақ розилигига киришдир. Қазо амрига таслим бўлган қалбнинг сурури. Лоҳижий: Ризо – банданинг ўз ризосидан чиқиб, Маҳбуб ризосига кириши, илоҳий қисматга зарра эътироз қилмаслигидир. Соликда ушбу мақомда ҳеч нарсадан ғазаб, ҳаяжон, гина-қудрат ва хафаланиш бўлмайди… Бундай тўхтовсиз изланиш, руҳий изтироблар замирида кучли муҳаббат, мақсадга етишиш йўлидаги бемисл инсоний сидқу вафо, фидойилик ётарди. Шундай пайтда истеъдодли соликларнинг қалб кўзлари очилар, бешта ташқи ва бешта ички (хотира, ҳофиза, ақл, тахаййул, тасаввур) ҳислардан бошқа, яна ҳайратга солувчи зеҳний ва важдий (интиутив) қобилиятлар пайдо бўларди.

008
NAJMIDDIN KOMILOV
TASAVVUF
02

TARIQAT

033IX asr boshlariga kelib tasavvufning nazariy asoslari ishlab chiqildi, so’fiylarning amaliy, ruhiy-psixologik mashqlari, o’z-o’zini tarbiyalash va chiniqtirish tabdir-usullari shakllandi. TARIQAT, MA’RIFAT, HAQIQAT degan tushunchalar yuzaga kelib, tasavvufning ushbu uch qismiga oid qarashlar majmui tuzildi — tasavvuf alohida ilm sifatida qaror topdi. So’fiylar dastlabki paytlar tasavvufni nuqul siru asror, tushuntirib bo’lmaydigan holatlar («iboraga kelmaydigan ishoratlar») deb hisoblagan bo’lsalar, bora-bora bu holatlar haqida fikr-mulohazalar bayon qilina boshlandi, so’fiyni tarbiyalash vazifasi, pir-muridlik qoidalari, odobini yaratish zarurati tug’ildi. Natijada, tariqat va shariat orasidagi munosabatlar, olam, odam va Xudo orasidagi aloqa-muomala mohiyati, tavhid — vahdat masalalari munozalarga sabab bo’ldi. Din arboblari bilan so’fiy shayxlari, ayniqsa falsafiylashgan tasavvuf tarafdorlari jiddiy mafkuraviy tortishuvlargacha bordilar. Tasavvuf butun Islom olamini zabt etib, barcha qadimiy shaharlarda xonaqohlar qurildi, yo’llarda rabotlar, aziz-avliyolarning mazorotida shayxlar maskan tutib, ko’plab shoigrdlarni tarbiyaga oldilar.

Tasavvufning ilk davrida maqomot va tariqat asoslarini ishlab chiqish, so’fiylik yo’riqlarini belgilash va ilohiy haqiqatlarni el orasiga yoyishda Abuali al Horis Muhosibiy (781–857), Zunnun Misriy (796–861), Abuyazid Bistomiy (vafoti 875), Junayd Bag’dodiy (vafoti 910), Hakim Termiziy (vafoti IX asr oxiri) va Mansur Halloj (858–922)larning xizmati katta bo’lgan. Keyinchalik Abusaid Abulxayr (967–1049), Abdulloh Ansoriy (1006–1089), Ahmad Yassaviy (vafoti 1166) Yahyo Suhravvardiy (1155–1191), Ibn Arabiy (1165–1240), Najmiddin Kubro (1145–1221), Bahuoddin Naqshband (1318–1389) kabi shayxul mashoyixlar tasavvuf ilmini yangi fikrlar, qarashlar bilan boyitdilar, yangi oqim, silsilalarini vujudga keltirdilar. Tasavvuf haqida bir qancha risola va kitoblar yozildi, tasavvuf g’oyalarini qizg’in targ’ib etuvchi ulkan she’riyat vujudga keldi. Tasavvufga oid nazariy kitob va qo’llanmalardan Abunasr Sarroj (vafoti 988 yil)ning «Kitobal luma’», Al Kalabodiy (vafoti 990 yil)ning «Kitobat ta’arruf», Abu Tolib Makkiy (vafoti 998 yil)ning «Qutal qulub», Abdurahmon Sulamiy (vafoti 1021 yil)ning «Risolatal malomatiya», Qushariy (vafoti 1072 yil)ning «Risola fit tasavvuf», Al Hujviriy (vafoti 1076)ning «Kashfal mahjub», Abdulloh Ansoriyning «Manozil as soirin», Farididdin Attor (1119–1222)ning «Tazkiratul avliyo» nomli asarlarini ko’rsatish mumkin. Bulardan tashqari, Rumiy, Hofiz Sheroziy, Mahmud Shabistariy asarlariga yozilgan sharhlar ham so’fiyona ishora va tamsillarni anglashda muhim rol o’ynagan.

Tasavvufga oid ilmiy kitoblar va dasturlarda tariqat atamalari, maqomot manzillarini tushuntirishga ko’p e’tibor beriladi. «Tariqat» so’zining ma’nosi yo’l demak. Ya’ni ilohiy ma’rifatni egallashga bel bog’lagan kishining ruhiy-axloqiy kamolot yo’li. Tariqatni tasavvufning amaliy qismi deb ta’riflaydilar. Darhaqiqat ham shunday, chunki pir-muridlik qoidalari, odobiga rioya etish, solik (ya’ni tariqatga qadam qo’ygan yo’lovchi) bajarishi kerak bo’lgan barcha yo’riqlar, irodat va ishorat usullari shu tariqat ichiga kiradi. Tariqat va uning maqomotlari, ma’lumotlarga qaraganda, birinchi marta Zunnun Misriy tomonidan bayon etilgan ekan. Abdulloh Ansoriy yozadikim, Zunnun Misriyni faqat «karomat bilan sitoyish» qilish kifoya emas, chunki uning «ilgida maqom va hol suxra erdi» (Navoiyning «Nasoyimul muhabbat» asaridan olindi). Ya’ni maqom va hol ilmi Zunnun qo’lida o’yinchoqday gap edi, deydi Ansoriy. Navoiy yozadi: «Ul kishikim ishoratni iboratqa kelturdi va bu tariqdin so’z aytdi ul erdi».

Demak, Zunnun birinchilardan bo’lib, so’fiyona holatlar, karomatlarni so’z bilan ifodalagan. Zunnunning o’zi hikoya qilib deydiki, uch safar qildim va uch ilm keltirdim: avvalgi safarda bir ilm keltirdim, xos ham, avom ham qabul qildilar, ikkinchi safarda yana bir ilm keltirdim, xos qabul qildi, ammo avom qabul qilmadi, uchinchi safarda yana bir ilm hosil qildim, na xos qabul qildi va na avom (Tasavvuf ahli xos deganda ilmi holdan xabardor so’fiylarni, avom deganda esa, tasavvufga oshno bo’lmagan kishilarni nazarda tutganlar). Zunnun aytgan birinchi ilm shariat ilmidir, chunki shariat xosga ham avomga ham birday tegishli. Ikkinchi ilm – tariqat yoxud muomalat va muhabbat ilmi, uchinchisi esa – haqiqat, ya’ni Iloh haqidagi ilmdir.Agar Zunnun tasavvufdan birinchi bo’lib «so’z aytgan» bo’lsa, Junayd Bag’dodiy «bu ilmga tartib berib, bast qilib (jamlab), kutub bitidi» («Nasoyimul muhabbat»). So’ngra Junaydning kichik zamondoshi Shayx Abubakr Shibliy bu ilmni minbar ustiga olib chiqib, elga oshkor qildi. Birinchi bo’lib muridlarga rahnamolik qilgan ham yuqorida nomlari tilga olingan shayxlar bo’lgan.

Murid-murod, ya’ni maqsadga intiluvchi odam; murod esa –Alloh taoloning vasli. Muridning asosiy xislati niyozmandlik, ya’ni talabgor bo’lish, murshidi komilning etagini tutib, aytganlariga so’zsiz rioya qilishdir. Pirsiz solik manzilga yetolmaydi. Chunki odam o’zini nazorat qilishi qiyin, toki birov rahnamolik qilib, yo’l ko’rsatmasa, mushkuli oson bo’lmaydi (buni Alisher Navoiy «Lisonut tayr» dostonida Hudhud va talabgor qushlar misolida yaxshi ko’rsatib bergan). Hatto eng yaxshi niyatlar ham agar rahnamo bo’lmasa, samara bermay, qalbdagi zavqu shavq noto’g’ri yo’lda sarf bo’lishi, muhabbat isyonga ayla-nishi hech gap emas.Shuni e’tiborga olib, tariqatda pirga qo’l berib, iroda-ixtiyorni unga topshirganlar. Shu ma’noda tariqatni irodat ham deydilar. Ya’ni irodani shayx irodasiga muvofiqlash-tirish, shayx irodasini o’z irodasi deb bilish.

Ikkinchi tarafdan, bu muridning irodasi, mardligi himmatini sinashni ham bildiradi (murid, murod, iroda so’zlari o’zakdosh), zero dunyodan kechib, Iloh yo’liga o’zini bag’ishlash ulug’ mardliklir. Muridga rahbarlik qiluvchi pirning o’zi ajzu iztirob yo’li – tariqat maqomlarini eson-omon bosib o’tgan, qalbi Iloh ma’rifatiga limolim orif inson bo’lishi kerak. Pir hamma jihatdan muridga o’rnak bo’lmog’i darkor: ham bilimning chuqurligi, ham tariqat usullarini yaxshi bilishi, ham ko’ngilning pokligi, nafsini mahv etganligi va hokazolar bilan ajralib turishi, salobati, so’zi va harakati bilan, suhbati va nazari bilan, tadbiri va himoyasi bilan muridga ta’sir o’tkazmog’i lozim. «Agar shayxlik ruknlari nechta, deb so’rasalar, yettita deb aytgil, deb uqtiradi Koshifiy «Futuvvatnomai sultoniy» asaridi. – Birinchidan, shayx komil ma’rifat egasi bo’lsin. Ikkinchidan, o’tkir farosatli, odamshunos kishi bo’lib, bir nigoh tashlash bilan muridning qobiliyatini ilg’ay olsin. Uchinchidan, yetuk ruhiy-ma’naviy quvvati bo’lsin, toki agar murid tariqat yo’lidan adashsa, unga ma’naviy madad berib, mushkulini oson qilolsin, to’g’ri yo’lga solsin, ya’ni narsaga muhtojligi bo’lmasin. Beshinchidan, ixlosi mustahkam bo’lib, riyo va tama’ni tark etsin, mol va mansab deb birovga sarg’aymasin, egilmasin. Oltinchidan, rostlik va beg’araz do’stlikni shior qilsin – haq so’zini har yerda, har qanday sharoitda ayta olsin, gapirganda ikkinyuzlamachilik qilmasin. Yettinchidan, qalbida shafqat nuri porlab tursin, murid manfaatini va umum manfaatini o’z manfaatidan ustun qo’ysin» (24-bet).

Pir muridning shodligini ham, g’amini ham baham ko’rgan, uni nasihat, tanbeh va ilhombaxsh so’zlar, harkatlar bilan ruhlantirib, quyidan yuqoriga qarab tarbiyalab borgan. Koshifiy davom ettirib yozadi: «Agar haqiqat pirlari kim deb so’rasalar, buning alomatlari quyidagilar deb javob bergil: tunlarni bedor o’tkazish, yomonlar bilan o’tirmaslik, ilm o’rganish, g’iybat va yog’ondan saqlanish, odamlar xursandchiligini istash va shu xislatlarni o’z muridlariga yetkazish».

Bizning tariximizda bunday munavvar qalbli najib insonlar kam bo’lmagan. Ular o’z muridlarini farzandlariday yaxshi ko’rganlar.Pir hech qachon murid moliga ko’z olaytirmasligi, biron-bir yo’sinda tama’ga ishora qilmasligi, aksincha, murid qoshida biror mushkul ish tug’ilganda darrov yordam berishi, mushkulni hal qilishi kerak. Muridning mushkuli faqat moddiy qiyinchilik emas, soliklar buni hech qachon e’tiborga olmaganlar. Mushkul deganda tasavvuf ahli ma’naviy muammolar, yuz beradigan holatlar, tug’ilajak savollarni anglaydilar. Pir ana shularga javob topib, muridlarni qanoatlantirishi shart. Agar qanoatlantirishga ko’zi yetmasa, muridni boshqa o’zidan kuchliroq shayxga tavsiya etadi.

Shuni ham aytish kerakki, soliklarning iste’dodi xilma-xil bo’lganday, pirlarning murabbiylik qobiliyati ham turlicha bo’lgan. Ba’zi shayxlar muridga tariqat odobini o’rgatganlar, ya’ni uni xoksorlik, taslim va itoatga keltirish, manmanlik, hirsu havo kabi tuyg’ulardan xalos etish bilan shug’ullanganlar. Ba’zi shayxlar muridga ruhiy karomati, mo»jizalari bilan ta’sir etganlar. Yana bir qismi shayxlar shoigrdlariga tasavvuf asoslarini o’rgatish, nazariy bilimlar bilan qurollantirishga e’tibor qilganlar.

Masalan, hazrati Bahouddin Naqshbandning bir nechta pirlari bo’lgan. Navoiyning yozishicha, Xoja Bahouddinga «qabul nazari» Boboyi Samosiydandir. Ya’ni Boboyi Samosiy yosh Mu-hammad Bahouddinning kelajakda iste’dodli shayx bo’lishini karomat qilgan. Rivoyat qilishlaricha, Bahouddin hali tug’il-masdan, Boboyi Samosiy uning oilasi yashaydigan Qasri Hindu-von qo’rg’oni oldidan o’tayotib, «bu yerda bir er tug’ilur», deya bashorat etgan ekan va Bahouddin tug’ilgan kuni yana shu qasr oldidan o’tib, «ul er tug’ildi» deb aytibdilar va ichkariga kirib chaqoloqni bag’rilariga bosib, nafas qilgan ekanlar. Navoiy deydikim, hazrati Bahouddinga suhbat nisbati va tariqat odobi ta’limi va zikr talqini Boboyi Samosiydandir. Boboyi Samosiy yosh Bahouddinni Amir Sayid Kulolga topshiradi. Amir Sayid Kulol tariqat odobi ta’limini davom ettirgan. Biroq, hazrati Naqshband ancha ilgari vafot etgan Xoja Abduxoliq G’ijduvoniyni va Qusam shayxni ham o’z pirlari qatoriga qo’shadi. Nega? Chunki, Amir Sayid Kulol zohir yuzasidan pir bo’lsalar, «haqiqat yuzidan» ruhiy tarbiyatni hazrati Bahoud-din Abduxolliq G’ijduvoniydan olgan. Bunday g’oyibona ruhiy-ma’naviy tarbiya olishni tasavvufda «uvaysiylik» deydilar. Sababi Uvays Qaraniy g’oyibona Hazrati Rasululloh sallallo-hu alayhi vasallam ruhlaridan madad olganlar, bu shunga ishora.

Xoja Bahouddin Naqshband shunday qilib, tariqatning amaliy yo’riqlarini Boboyi Samosiy, amir Sayid Kuloldan o’rgangan bo’lsa, botiniy-ma’naviy ta’limni Abduxoliq G’ijduvoniydan qabul qilgan. Shunday holni boshqa shayxlar hayotida ham kuzatish mumkin. Hozir aytganlardan pir va muridlik muomalasida quyidagi uch narsaga diqqat qilinganini ko’ramiz: birinchisi – suhbat ta’limi, ikkinchisi – xirqa kiygizish, uchinchisi – zikr talqini.Shayx Saididdin Farg’oniyning aytishicha, xirqa (darveshlarning maxsus kiyimi) ikki xil bo’ladi:

1) irodat xirqasi va 2) tabarruk xirqa. Irodat xirqasi, ya’ni suluk xirqasi bitta pirdan olinadi. Irodat xirqasi – muayyan shaxs sulukiga taalluqlilikni bildiradi. Tabarruk xirqani esa ko’p shayxlardan olish mumkin ekan. Shu kabi bo’rk, kuloh, ko’ylaklar ham tabarruk tuhfa sifatida qabul qilingan. Talqini zikr ham bitta shayxdan olinadi, ammo suhbat ta’limini kishi istagan shayxdan olishi mumkin. Xirqa kiydirish va zikr talqinining o’ziga xos marosimlari, talablari bo’lgan. Bular haqida batafsil to’xtalishga bu o’rinda imkonimiz yo’q.

Faqat shuni ta’kidlash zarurki, murid tarbiyasidan asosiy maqsad axloqni poklash, nafsni o’ldirish, odamdagi o’ziga bino qo’yish, takabbur, xudpisandlikni yo’q qilish edi. Murid pir qo’lida ruhiy-ma’naviy zinalardan ko’tarilib boradi. Iloh sari muhabbati oshib, dunyo muhabbati ahamiyatsiz bo’lib boravergan.Shu bois tariqatda maqomot va hol tushunchalari muhim o’rin tutadi. «Maqomot» – maqom (manzil, bekat) so’zining ko’pligi bo’lib, solikning ruhiy-ma’naviy kamoloti bosqichlarini anglatadi. Abunasr Sarroj tariqatning quyidagi maqomlarini qayd etgan:

1. Tavba.
2. Vara’.
3. Zuhd.
4. Faqr.
5. Sabr.
6. Xavf.
7. Rajo
8. Tavakkul.
9. Rizo.

Tavba – qaytish demak, ya’ni kamolotga, oliy axloqiy sifatlarga qaytish. Tavbani bobul abvob – eshiklarning eshigi ham deydilar, chunki tariqatga qadam qo’ygan odamning niyati va mohiyati avvalo shu tavbasida ayonlashadi. Tavbaning haqiqati shuki, solik Xudoga yetishish yo’liga g’ov bo’ladigan jamiki narsalardan qaytishga qasamyod etadi, butun intilishi, tavajjuhini Ollohga qaratadi, avvalgi hayot tarzidan butunlay voz kechadi. Tavba kufrdan, shariat man’ etgan nahyi va yomon ishlardan qaytash, zamima axloqdan hamida axloqqa qaytish, Haqning g’ayri bo’lgan narsalardan qaytish kabilarni o’z ichiga oladi. Tavbaning mohiyati o’z nuqsonlarini ko’ra bilish, o’zining ahvolini anglash, qabih ishlar, qabih fe’l va qabih fikrdan qaytish, dunyoning ma’nisizligi, arzimasligini anglab, zulmu adolatsizlikdan qaytishni ham bildiradi. Qo’rquv tavbasi, gunohga iqror bo’lish – oddiy odamlarga xos. So’fiylar tavbasi qalb istijobi, ya’ni – uzilish, o’zgarish tavbasidir.

Vara’ so’zining ma’nosi parhez, taqvo bo’lib, bulg’anish-lardan, ma’naviy zarar keltiradigan shubhalardan saqlanish demakdir. Shibliyning ko’rsatishicha, vara’ning uch ko’rinishi bor: til vara’i, ya’ni tilni bema’ni gaplar uchun ishlatmaslik, g’iybat-tuhmatga berilmaslik; ko’z vara’i – shubhali narsalardan saqlanish, g’aliz shakllarga boqmaslik; qalb vara’i, ya’ni past himmatni tark etish va noxush qiliqlarni qilmaslik. Ko’ngil man’ etgan jamiki narsalardan parhez qilish, tama’dan saqlanish, mahrumlikdan qo’rqishdan hazar qilish. Hullas, tilga ko’zga, qo’loqqa va oyoqqa band solish.

Zuhd – vara’ning davomi hisoblanadi, bu ham parhez qilish demakdir. Ammo bunda taom va ichimlikdan saqlanish, halol va haromni ajratishga alohida ahamiyat beriladi. Zuhd so’fiy uchun dunyo va oxirat tarki, dunyo moliga ega bo’laman deb intilmaslikdir. Hadis: Kimki dunyodan parhesz etsa, uning qalbi tajalliyot nuri kiradigan joyga aylanadi. Junayd Bag’dodiy so’zi: «Zuhd – qo’lni mulkdan xoli tutish, dilni esa Haqdan o’zga har narsadan pok saqlash damak». Imom G’azzoliy deydi: «Zuhd dunyodan ixtiyoriy ravishda voz kechish va buning uchun qayg’urmaslikdir».

Faqr – ma’nosi qashshoqlik, benavolik. So’fiylar nazdida ulug’vor ilohiy mohiyat kasb etish bo’lib, Xudoga bandalikni sidqidildan oliy darajada bajo keltirish, bandalikdan sharaf topish, niyozmandlik va talabgorlikda yo’ldagi tuproq misol nomu nishonasiz bo’lish, Iloh nazdida o’zini zarra, balki zarradan ham kam deb hisoblash. Va shu martabada komillik rutbasini qozonish ham. Barcha narsalar, olamu Ollohga tegishli, insonning vujudi ham o’ziniki emas. Chunki u ham Yaratganning mulkidir. Faqrni ana shunday mazmunda anglagan odam tasavvuf mohiyatiga ham yetib boradi.

Sabr – toqat, chidam. So’fiylar tilida qiyinchiliklardan shikoyat qilmaslik, ayniqsa, Xudodan boshqaga nola-iltijo qilmaslik. Sabr etuvchi (sobir) o’zini balo girdobiga solib, balolardan qo’rqmaydigan odamdir. Ruhiy-ma’naviy mushkilliklar yuz berganda, sabr qilgan solik kushoish topadi, yangi manzillarni kashf etadi. Sabr – iymonning yarmi deydilar, chunki so’fiyning dushmani bo’lgan nafs sabr orqali jilovlanadi, toatdan halovat topish ham sabr bilan bo’ladi.

Xavf – qalbning ishonchdan, iymon amnidan chiqishi, ikkilanish, tahlika. Vaqtinchalik shayton nayrangi ham ko’ngilga xavf-qo’ruv soladi. Solik azobdan emas, balki makrdan, nafs makridan qo’rqadi. Vaholanki, shayton iymoni mustahkam odamdan qo’rqishi kerak.

Rajo – umidvorlik. Qalbning kelajakda Mahbub vasliga yetishidan umidvorligi, xavfdan qutulish umidi. Dilning sog’inchi, intiqliklari ham shunga kiradi.

Tavakkul – barcha yaxshi-yomon hodisalar, ishlarni Xudodan deb bilish, kullan Parvardigorga suyanish. Tavakkul ilohiy fayzga e’timodli kishining iymonidir. Bu ma’rifat kamolidan keladigan oliymaqomdagi iymondir. Barcha hollarda va amallarda Ollohga suyanish, o’zini bir faoliyat asbobi hisoblash, barchani Xudoga topshirib, Xudodan o’zga narsalar ham xudodan ekaniga chuqur ishonish. Inson juda ko’p narsalarni qila oladi, ammo bu harakatlarning bari Ulug’ Olloh qudrati tufayli, Qudratining namoyon bo’lishi ekanini anglash shart. Xudoning irodasi bizning irodamizga hokim. «Tavakkul – iymon haqiqatidir» (Koshoniy).

Rizo – qalbdan qabohat-kirlarning ketishi, qazovu qadar hukmiga bo’ysunish, nafs roziligidan chiqib, Haq roziligiga kirishdir. Qazo amriga taslim bo’lgan qalbning sururi. Lohijiy: Rizo – bandaning o’z rizosidan chiqib, Mahbub rizosiga kirishi, ilohiy qismatga zarra e’tiroz qilmasligidir. Solikda ushbu maqomda hech narsadan g’azab, hayajon, gina-qudrat va xafalanish bo’lmaydi… Bunday to’xtovsiz izlanish, ruhiy iztiroblar zamirida kuchli muhabbat, maqsadga yetishish yo’lidagi bemisl insoniy sidqu vafo, fidoyilik yotardi. Shunday paytda iste’dodli soliklarning qalb ko’zlari ochilar, beshta tashqi va beshta ichki (xotira, hofiza, aql, taxayyul, tasavvur) hislardan boshqa, yana hayratga soluvchi zehniy va vajdiy (intiutiv) qobiliyatlar paydo bo’lardi.

09

(Tashriflar: umumiy 11 070, bugungi 2)

Izoh qoldiring