Abul-a’lo al-Maarriy. She’rlar

Ashampoo_Snap_2017.05.30_22h36m46s_003_b.png    “Берунийнинг замондоши бўлган Абул-аъло, — деб ёзган эди академик И.Ю.Крачковский, — тафаккурининг эркинлиги, фикрининг мустақиллиги, ҳаётда кўрсатган жонбозлиги жиҳатидан хивалик улуғ астраномдан қолишмаса керак. Албатта унинг дунёни кўриш доираси бирмунча торроқ эди… У азоб-уқубат билан ўтган узун умрини инсон ҳаётининг олий масалалари устида жиддий мулоҳаза ва тафаккур билан ўтказди”.

АБУЛ-АЪЛО АЛ-МААРРИЙ
ШЕЪРЛАР
Русчадан Жуманиёз Жабборов таржималари
008

maari.jpgАбул-аъло ал-Мааррий (973-1057)– ўрта асрларда яшаб ижод этган улуғ араб шоири ва мутафаккиридир.У 973 йилда Суриянинг шимолидаги Маратаннўъмон ёки Маарра деган кичик бир шаҳарчада, қози оиласида туғилган. Уч яшарлик вақтида чечак касали билан оғриганидан кейин, Абул-аълонинг бир кўзи ожиз бўлиб қолди. Олти ёшга кирганида иккинчи кўзидан ҳам маҳрум бўлиб, умрининг охиригача кўр бўлиб ўтди. Дастлабки таҳсилни отасидан олди. Отаси унга савод ўргатди, араб адабиётидан бошланғич маълумотларни берди. Абул-аълонинг билимга иштиёқи, таҳсилни давом эттириш орзуси жуда кучли эди. Бу иштиёқ ва орзу бўлажак шоирни ўша даврнинг катта маданий марказларидан бўлмиш Ҳалаб шаҳрига олиб келди.

Бу ерда Абу Таммом, Бухтурий, Мутанаббий каби энг катта араб шоирларининг ижодиёти билан яқиндан танишади. Улар ижодиёти Абул-аъло фикру онгига чуқур таъсир кўрсатади. Уларга тақлид этиб шеърлар битди ва Мутанаббий шеърларига шарҳлар ёзди. У ўша пайтдаги айрим маддоҳ шоирларни фош этиб, ҳақиқат йўлини тутди. Яна бир неча шаҳарлардаги машҳур кутубхоналарни “ўзлаштириб”, билимини муттасил чуқурлаштирди. Унинг ёнида керакли китобларни ўқиб берувчи шогирди бор эди, шу шогирдининг ёрдами билан юнон файласуфларининг асарларини ўрганди. Бағдоддаги адабий доираларда маарлик кўр шоирнинг номи машҳур бўлди. Натижада Абул-аъло замонасининг буюк шоирлари Абут Тайиб ал-Мутанаббий, Ханнал Фахурий, Абу Нувос, Абу ал-Аттахия, Умар ибн Аби Робиа каби забардаст шоирлар сафида ўзига хос ўрин тутди ва катта мактаб яратди. Абул-аъло ал-Мааррий қаламига мансуб “Рисолаталмалоика” (“Фаришталар тўғрисида рисола”), “Рисолатанғуфрон” (“Авф тўғрисида рисола”) каби фалсафий асарлар ва айниқса унинг “Аллузумиёт” (“Лозим бўлмаган нарсаларнинг лозимлиги”) номли шеърий тўплами жуда шуҳрат топди.

Тақдир тақозоси шундай бўлдики, кўзи ожизлиги жиҳатидан Ҳомеру Рўдакийга тақдирдош бўлган бу улуғ шоир қалб кўзи – басорат кўзи билан ўзи яшаб турган оламни, жамиятни, даврнинг моддий ва маънавий қирраларини чуқур ҳис этди, одамлар орасидаги зиддиятни, адолатсизликка асосланган турмуш тарзини, оддий инсон фожеасини, разолат ва тенгсизликни руҳан ғоят теран англади. Шу боисдан унинг асарлари ўзидан кейинги барча давру диёрларнинг ижтимоий фикрларига катта таъсир кўрсатди. “Берунийнинг замондоши бўлган Абул-аъло, — деб ёзган эди академик И.Ю.Крачковский, — тафаккурининг эркинлиги, фикрининг мустақиллиги, ҳаётда кўрсатган жонбозлиги жиҳатидан хивалик улуғ астраномдан қолишмаса керак. Албатта унинг дунёни кўриш доираси бирмунча торроқ эди… У азоб-уқубат билан ўтган узун умрини инсон ҳаётининг олий масалалари устида жиддий мулоҳаза ва тафаккур билан ўтказди”.

Шоир ҳақида “Абул-аъло Мааррий” номли достон ёзган буюк арман шоири Аветик Исаакян бу ҳақиқатларни юксак шеърий мисраларда тараннум этгани ҳам бежиз эмас.

Шоир ўзининг 84 йиллик умри давомида олтмишдан зиёд асар ёзди. Айниқса, унинг шеърияти араб адабиётининг олий ва порлоқ намуналари ҳисобланади ҳамда жаҳон шеърияти дурдонаси сирасига киради. Унинг асарлари мазмун ўткирлиги, образли ифодаларининг бойлиги, тилининг бурролиги ва ҳаққонийлиги билан ўқувчига завқ бағишлайди. Унинг асарлари дунёнинг кўп тилларига таржима қилинган.

008

* * *

Кундузлари ғам-алам ичида қотса бошим,
Кечалари кўзимдан оқарди аччиқ ёшим.

Сочим қораси… менга эслатса қора тунни,
Тишим оқи… кўрсатар келажак нурли кунни.

Биз ҳаётни севамиз, гарчи аччиқ бўлса ҳам,
Гарчи ҳар лаҳзасида кўзимизда бордир нам.

Одам нола қилади: “Умримни чўзгил, Ҳаёт!”,
Ҳаёт дер: “Фурсат етди, йўқ энди зарра нажот!”,

Қачон бу айрилиқлар ниҳоя топар, алҳол,
Қачон ўз мақомини топажак васлу висол?

Сени ўқдан сақлади неча бор содиқ қалқон,
Энди воз кечгил ундан, битди энг сўнгги имкон.

Баъзилардек ўлимдан қўрқмаган зот эмасман,
Ўлиму Ҳаёт менга бефарқ нарса демасман.

Жасадимни ғассолга топширган чоғда ҳатто,
Чин кўнгилдан номозим этажакдурман адо.

Гарчандки вужудингни қучса-да қора зулмат,
Дуойи хайринг бўлур ёнингда содиқ улфат.

Дўстлар, орзум ўшал пайт ёнингизда мен турсам,
Ўзимнинг жанозамни ўз кўзим билан кўрсам.

Оҳ, бундай мўъжизага ўрин бўлмагай мутлақ,
Ҳаёт — аччиқ ҳақиқат, ўлим бу дунёда ҳақ!

* * *

Олим зоти қолмади. Ҳар ён зулмат, қоронғу,
Оддий одам фарзандин насибасидир оғу.

Кўзга кўринган бир пайт бирор кимсаки бордир,
Қонунсизлик илгида барчаси хор-зордир.

Аёлу эркаклару барча-барча — ҳаммамиз
Қуллик исканжасида кеча-кундуз ғамдамиз.

Оллоҳнинг мулки эрур Ою Қуёшу само,
Еру денгизу уммон тоғлару гулхан, ҳаво.

Оллоҳга тегишлидир юлдуз тўла қаҳқашон,
Яъники бизни ўраб турган ушбу кенг жаҳон –

Мисоли қалин тўрдек ташланган бошимизга,
Шулар ҳукмида бўлмоқ абадий тақдир бизга.

Буюк раҳнамо эрур оламга Парвардигор,
Сен ушбу ҳақиқатни ҳар лаҳза айла такрор.

Ҳаёт демак – туну кун айланажак чархпалак,
Икки ранг илон бўлиб одамни этур ҳалок.

Биз ажал ҳузуринда қарздор эрурмиз ҳар гал,
Лозим топган пайтида бизга уражак чангал.

Сувдан тенг баҳра олур боғлару дашту ангор,
Чорвалар подасию барча вуҳушу жонвор.

Умримиз оқибатин ўйласак эди агар,
Қонни сувдек оқизиб яшамасдик, алҳазар.

Ҳаёт аслин олганда ўтгувчи тезкор лаҳза,
Уни даф этар зумда бир қилич ёки найза.

Баҳам кўргил борингни муҳтож билан, эй дўстим,
Бу дунё омонатдир, шу сенга айтар сўзим.

* * *

Оллоҳга ҳамду сано! Ундандир ризқ-рўзимиз,
Мардлигу шарм қочди. Гуноҳкормиз ўзимиз.

Саховатли бўлса қалб, ҳатто ўлим чоғи ҳам
Гўрнинг азоби бўлгай барча малҳамдан малҳам.

Энг охирги лаҳза ҳам – нафас бўлса танга ёр,
Ҳомийларга ҳомийлик қилишга ҳам мен тайёр.

Дуогўйлар ичида юриб кундузу кеча
Эътиқодли бир одам топмадим излаб неча.

Билганим шул бўлдики, бу изғиган галалар
Кўзи очиқ кўрлару ақлу ҳуши чалалар.

Бирови олғир бироз, ўзин санар авлиё,
Такаббурлик бобида англайди ўзин танҳо.

Аслига назар солсанг, бориб турган лақма, гўл,
Бошқаларин қусури уникидан анча мўл.

Яъни ҳар бир лаҳзада битта шумликка тайёр,
Бири ғирт ёлғончию бири ўлгудек айёр.

Дунёда бор маразнинг ҳаммасидан бор, бешак,
Уларнинг қилиғидан хижолат тортар эшак.

Биз-ку камбағал инсон, кийгани жанда, ямоқ,
Лекин анов зотлардан неча бора биз бойроқ.

Биз ўлимдан қўрқмаймиз, биз ҳаётни севамиз,
Лекин ишқ-муҳаббатдан маҳрум бўлдик нега биз?!

Тирикликда топмадик содиқ дўстларни асло,
Балки ўлган чоғимиз бўлар бу иш мустасно.

Қуёш ҳам балқиб боқар, нурлари яйраб оқар,
Ҳаёт қувончи балки ўшанда бизга ёқар.

* * *

Жафокашларни эркка йўллаш келар қўлимдан,
Қаршилик қилсалар ҳам, қайтмасдим бу йўлимдан.

Асрим-ку жонга тегди. Мен ҳам тегдим жонига,
Ақлим етди ниҳоят шу ҳикмат поёнига.

Билурманки, ажалим етган ўшал соатда,
Ҳиндий шамшир-ла бошим кесажаклар албатта.

Ҳаёт — бир йўрға нордир, тошдан тўқим-эгари,
Фақат ўлим сени бу даҳшатдан этар нари.

Икки эшик ораси эрур бизнинг бу олам,
Ўз-ўзинг билан ёлғиз қолган чоғинг, эй одам,

Алоқани узгилу дарҳол бу дунёдан кет,
Бефойда бу ҳаётнинг баҳридан ўту тарк эт!

Хоҳ кураш, хоҳ курашма – икки йўлинг ҳам тенгдир,
Қай бирини танламоқ, дўстгинам, ўз ишингдир.

* * *
Кимки оғир пайтда ҳам оғзини тутса маҳкам,
Ўшал одам ҳаётда бўлгай азиз, муҳтарам.

Сергаплик одам зотин дучор этар балога,
Сукут одамни асрар, кўтаргайдир самога.

Камтарлик билан одам юксалур тоғдек баланд,
Мағрур кимса бўлгайдир изтироб билан пайванд.

Балолардан қутулмоқ истаган, азиз инсон,
Қаергаки бормагил, кўрмассан беғам бир жон.

Ҳар хонадонда учрар номуси поймол аёл,
Одам Ато фарзанди шароб ичиб масту лол.

Бундай юртнинг подшоси елкага жанда илиб,
Ёазнаю саройи йўқ манзилга кетсин… билиб.

* * *

Ўз фойдангни ўйламай, одамга яхшилик қил,
Ундан бир наф топишни ўйлама бўлсанг оқил.

Ер юзини ахтариб чиққил қадамба-қадам,
Камдан-кам учрагайдир олийжаноб бир одам.

Одамларга қўрқинчни сингдирар шоҳлар бутун,
Чангалида заҳрини жам этган каби қузғун,

Баланду пастликлари билинар кўз қиридан,
Улар жабру зулмда қолишмас бир-биридан.

Бизнинг шоҳ эса… халқни талаб чиқди-ку обдон,
Одам кўз ёшида сузиб юрибди обдон.

Тошбағир амалдорлар тўлдиришиб саройни,
Тинч қўйишмас бечора бир жоннию бир жойни.

Масжиду работларни талашдир муддаоси,
Аслин олсанг, шоҳ ўзи бу ишнинг раҳнамоси,

Қизларни ўргатингиз тикиш, тўқиш ишига,
Ўқиш, ёзиш дегани фойда бермас кишига.

Яхшиликка ундайди аёл дуосин ўзи,
Уларга шарт эмасдир улуғ китоблар сўзи.

Бу гапларни эшитиб ва кўриб турган инсон,
Дуо ўликларга жон берур, десалар ишон.

* * *

Мисрда ўлат кезар, лекин айтинг, қайда бор,
Одами ўлмайдиган жаҳонда бирон диёр?

Ақлимиз чора истар ундан бўлмоққа холи,
Аммо бундоқ юмушнинг кўринмас эҳтимоли.

Қайси араб, қайси форс ё қайси битта юнон
Ҳаёт гулшани ичра юрар мангу қучиб шон.

Хоҳи пайғамбар бўлсин, хоҳи бўлсин шаҳаншоҳ —
Ажалнинг нигоҳидан қочиб қололгай ногоҳ?

“Қочиб қолиш” ниятин ҳеч қандай иложи йўқ,
Нишонга шартта теккай ажал отган ўткир ўқ.

Ҳар лаҳзада қалбимиз аниқ сезиб туради,
Ортимиздан ажалнинг ўзи пойлаб юради.

* * *

Эй, қаламкаш маддоҳлар, айтинг бугун қалайсиз,
Ҳар балоларни мақтаб, пашшадай ғўнғиллайсиз.

Шоирларингиз изғир, бўридай қидириб ов,
Улар севган емиши — албатта ширин мақтов.

Улар худди каламуш, ёвдан баттар минг бора,
Муттасил ўғирлашар бирор шеърий ибора.

Қабул қилингиз, дўстлар, менинг мақтовимни ҳам,
Ҳар бир сўзим аслида сўкинишдан эмас кам.

Энг гуллаган вақтларим даврангизда ўтди хайф,
Энди кексалик чоғи сиздан нима топгум кайф.

Хайриятки, сизлардан анча энди олисман,
Айтадиган гапим шу истасангиз… холисман.

* * *

Беркингил ўз-ўзингга. Чунки танҳодир Оллоҳ,
Шоҳлар иноқлашур деб марҳамат кутма ногоҳ.

Камбағал дўст қидирар, агар бермаса толе,
Бу ҳам бир нарса, у балодан бўлар холи.

Агар кечаю кундуз зулматда ўтса рўзғор,
Демак эру аёлнинг ўзларидир гуноҳкор.

Агар шу хилда бўлса инсонга тақдир нақши,
Инсоннинг гўдакликда ўлиб кетгани яхши!

Мана у, яшаётир, тақдирни қарғаб-қарғаб;
“Онагинам дардига бўлдим деб танҳо сабаб!”

* * *

Дунёда яшайсанки, ўчдирсан маишатга,
Шу интилиш бошлагай сени офат, иллатга.

Ном қўйиб чиқадирсан қуруқликка, сувга ҳам,
Ою юлдузларни ҳам ўлчайсан қадам­қадам.

Ҳаттоки офтобга ҳам ташлайсан очкўз назар,
Бу қилмишинг ўзингга қайтажак бўлиб ханжар.

* * *

Ёлғиздирман, бўм-бўшдир энди буткул ҳаётим,
На фаришта, на шайтон бўла олгай нажотим.

Кўнглим даштидан кетди ўйнаб юрган минг жайрон,
Ҳувиллаган чўл қолди, ҳаммаёқ бўм-бўш, ҳайрон.

Фақат жисми шишаси синди деб этманг хаёл,
Балки руҳ бўлди мажруҳ — оёқ остида поймол.

Кимки ёшлик пайтида топмади дилоромин,
Умр бўйи топмагай энди у дил оромин.

Мен таслимман… ҳаётнинг ушбу йўлидан бордим,
Ҳеч ким мадад этмади, ҳар нечаки ёлбордим.

* * *

Олдинги мардликлардан қолмади дея урвоқ,
Ёам чекиб, оҳ урмоғинг беҳуда эрур, ўртоқ.

Ироқ билан Сурия очкўзларга ем агар,
Демак бошларида йўқ салоҳиятли раҳбар.

Аждаҳолар ўтирар бош бўлиб салтанатга,
Улар хизмат қилур ҳамиша шайтанатга.

Ўшал подшоҳ дегани шароб ичиб айш этар,
Бундай пайтда оч юрти азоб чекмасдан нетар?

Бошқа тилга қўшилиб, булғанди-ку тилимиз,
Боболарнинг тилидан маҳрум бўлди элимиз.

Қачон дунёга келур энди бир оқил имом,
Бизга ҳақиқат йўлин кўрсатса эди тамом.

Оллоҳга ибодат қил, нажосатга юрт тўлди,
Бу ифлослик қошида — таппи ҳам ҳолва бўлди!

3l5cbOftKug.jpg “Beruniyning zamondoshi bo‘lgan Abulalo, — deb yozgan edi akademik I.Yu.Krachkovskiy, — tafakkurining erkinligi, fikrining mustaqilligi, hayotda ko‘rsatgan jonbozligi jihatidan xivalik ulug‘ astranomdan qolishmasa kerak. Albatta uning dunyoni ko‘rish doirasi birmuncha torroq edi… U azob-uqubat bilan o‘tgan uzun umrini inson hayotining oliy masalalari ustida jiddiy mulohaza va tafakkur bilan o‘tkazdi”.

ABUL-A’LO AL-MAARRIY
SHE’RLAR
Ruschadan Jumaniyoz Jabborov tarjimalari
008

Picture 19.pngAbul-a’lo al-Maarriy (973-1057)– o‘rta asrlarda yashab ijod etgan ulug‘ arab shoiri va mutafakkiridir.U 973 yilda Suriyaning shimolidagi Maratanno‘’mon yoki Maarra degan kichik bir shaharchada, qozi oilasida tug‘ilgan. Uch yasharlik vaqtida chechak kasali bilan og‘riganidan keyin, Abul-a’loning bir ko‘zi ojiz bo‘lib qoldi. Olti yoshga kirganida ikkinchi ko‘zidan ham mahrum bo‘lib, umrining oxirigacha ko‘r bo‘lib o‘tdi. Dastlabki tahsilni otasidan oldi. Otasi unga savod o‘rgatdi, arab adabiyotidan boshlang‘ich ma’lumotlarni berdi. Abul-a’loning bilimga ishtiyoqi, tahsilni davom ettirish orzusi juda kuchli edi. Bu ishtiyoq va orzu bo‘lajak shoirni o‘sha davrning katta madaniy markazlaridan bo‘lmish Halab shahriga olib keldi.

Bu yerda Abu Tammom, Buxturiy, Mutanabbiy kabi eng katta arab shoirlarining ijodiyoti bilan yaqindan tanishadi. Ular ijodiyoti Abul-a’lo fikru ongiga chuqur ta’sir ko‘rsatadi. Ularga taqlid etib she’rlar bitdi va Mutanabbiy she’rlariga sharhlar yozdi. U o‘sha paytdagi ayrim maddoh shoirlarni fosh etib, haqiqat yo‘lini tutdi. Yana bir necha shaharlardagi mashhur kutubxonalarni “o‘zlashtirib”, bilimini muttasil chuqurlashtirdi. Uning yonida kerakli kitoblarni o‘qib beruvchi shogirdi bor edi, shu shogirdining yordami bilan yunon faylasuflarining asarlarini o‘rgandi. Bag‘doddagi adabiy doiralarda maarlik ko‘r shoirning nomi mashhur bo‘ldi. Natijada Abulalo zamonasining buyuk shoirlari Abut Tayib al-Mutanabbiy, Xannal Faxuriy, Abu Nuvos, Abu al-Attaxiya, Umar ibn Abi Robia kabi zabardast shoirlar safida o‘ziga xos o‘rin tutdi va katta maktab yaratdi. Abulalo Maarriy qalamiga mansub “Risolatalmaloika” (“Farishtalar to‘g‘risida risola”), “Risolatang‘ufron” (“Avf to‘g‘risida risola”) kabi falsafiy asarlar va ayniqsa uning “Alluzumiyot” (“Lozim bo‘lmagan narsalarning lozimligi”) nomli she’riy to‘plami juda shuhrat topdi.

Taqdir taqozosi shunday bo‘ldiki, ko‘zi ojizligi jihatidan Homeru Ro‘dakiyga taqdirdosh bo‘lgan bu ulug‘ shoir qalb ko‘zi – basorat ko‘zi bilan o‘zi yashab turgan olamni, jamiyatni, davrning moddiy va ma’naviy qirralarini chuqur his etdi, odamlar orasidagi ziddiyatni, adolatsizlikka asoslangan turmush tarzini, oddiy inson fojeasini, razolat va tengsizlikni ruhan g‘oyat teran angladi. Shu boisdan uning asarlari o‘zidan keyingi barcha davru diyorlarning ijtimoiy fikrlariga katta ta’sir ko‘rsatdi. “Beruniyning zamondoshi bo‘lgan Abul-a’lo, — deb yozgan edi akademik I.Yu.Krachkovskiy, — tafakkurining erkinligi, fikrining mustaqilligi, hayotda ko‘rsatgan jonbozligi jihatidan xivalik ulug‘ astranomdan qolishmasa kerak. Albatta uning dunyoni ko‘rish doirasi birmuncha torroq edi… U azob-uqubat bilan o‘tgan uzun umrini inson hayotining oliy masalalari ustida jiddiy mulohaza va tafakkur bilan o‘tkazdi”.

Shoir haqida “Abul-a’lo Maarriy” nomli doston yozgan buyuk arman shoiri Avetik Isaakyan bu haqiqatlarni yuksak she’riy misralarda tarannum etgani ham bejiz emas.

Shoir o‘zining 84 yillik umri davomida oltmishdan ziyod asar yozdi. Ayniqsa, uning she’riyati arab adabiyotining oliy va porloq namunalari hisoblanadi hamda jahon she’riyati durdonasi sirasiga kiradi. Uning asarlari mazmun o‘tkirligi, obrazli ifodalarining boyligi, tilining burroligi va haqqoniyligi bilan o‘quvchiga zavq bag‘ishlaydi. Uning asarlari dunyoning ko‘p tillariga tarjima qilingan.

008

* * *

Kunduzlari g‘am-alam ichida qotsa boshim,
Kechalari ko‘zimdan oqardi achchiq yoshim.

Sochim qorasi… menga eslatsa qora tunni,
Tishim oqi… ko‘rsatar kelajak nurli kunni.

Biz hayotni sevamiz, garchi achchiq bo‘lsa ham,
Garchi har lahzasida ko‘zimizda bordir nam.

Odam nola qiladi: “Umrimni cho‘zgil, Hayot!”,
Hayot der: “Fursat yetdi, yo‘q endi zarra najot!”,

Qachon bu ayriliqlar nihoya topar, alhol,
Qachon o‘z maqomini topajak vaslu visol?

Seni o‘qdan saqladi necha bor sodiq qalqon,
Endi voz kechgil undan, bitdi eng so‘nggi imkon.

Ba’zilardek o‘limdan qo‘rqmagan zot emasman,
O‘limu Hayot menga befarq narsa demasman.

Jasadimni g‘assolga topshirgan chog‘da hatto,
Chin ko‘ngildan nomozim etajakdurman ado.

Garchandki vujudingni quchsa-da qora zulmat,
Duoyi xayring bo‘lur yoningda sodiq ulfat.

Do‘stlar, orzum o‘shal payt yoningizda men tursam,
O‘zimning janozamni o‘z ko‘zim bilan ko‘rsam.

Oh, bunday mo‘’jizaga o‘rin bo‘lmagay mutlaq,
Hayot — achchiq haqiqat, o‘lim bu dunyoda haq!

* * *

Olim zoti qolmadi. Har yon zulmat, qorong‘u,
Oddiy odam farzandin nasibasidir og‘u.

Ko‘zga ko‘ringan bir payt biror kimsaki bordir,
Qonunsizlik ilgida barchasi xor-zordir.

Ayolu erkaklaru barcha-barcha — hammamiz
Qullik iskanjasida kecha-kunduz g‘amdamiz.

Ollohning mulki erur Oyu Quyoshu samo,
Yeru dengizu ummon tog‘laru gulxan, havo.

Ollohga tegishlidir yulduz to‘la qahqashon,
Ya’niki bizni o‘rab turgan ushbu keng jahon –

Misoli qalin to‘rdek tashlangan boshimizga,
Shular hukmida bo‘lmoq abadiy taqdir bizga.

Buyuk rahnamo erur olamga Parvardigor,
Sen ushbu haqiqatni har lahza ayla takror.

Hayot demak – tunu kun aylanajak charxpalak,
Ikki rang ilon bo‘lib odamni etur halok.

Biz ajal huzurinda qarzdor erurmiz har gal,
Lozim topgan paytida bizga urajak changal.

Suvdan teng bahra olur bog‘laru dashtu angor,
Chorvalar podasiyu barcha vuhushu jonvor.

Umrimiz oqibatin o‘ylasak edi agar,
Qonni suvdek oqizib yashamasdik, alhazar.

Hayot aslin olganda o‘tguvchi tezkor lahza,
Uni daf etar zumda bir qilich yoki nayza.

Baham ko‘rgil boringni muhtoj bilan, ey do‘stim,
Bu dunyo omonatdir, shu senga aytar so‘zim.

* * *

Ollohga hamdu sano! Undandir rizq-ro‘zimiz,
Mardligu sharm qochdi. Gunohkormiz o‘zimiz.

Saxovatli bo‘lsa qalb, hatto o‘lim chog‘i ham
Go‘rning azobi bo‘lgay barcha malhamdan malham.

Eng oxirgi lahza ham – nafas bo‘lsa tanga yor,
Homiylarga homiylik qilishga ham men tayyor.

Duogo‘ylar ichida yurib kunduzu kecha
E’tiqodli bir odam topmadim izlab necha.

Bilganim shul bo‘ldiki, bu izg‘igan galalar
Ko‘zi ochiq ko‘rlaru aqlu hushi chalalar.

Birovi olg‘ir biroz, o‘zin sanar avliyo,
Takabburlik bobida anglaydi o‘zin tanho.

Asliga nazar solsang, borib turgan laqma, go‘l,
Boshqalarin qusuri unikidan ancha mo‘l.

Ya’ni har bir lahzada bitta shumlikka tayyor,
Biri g‘irt yolg‘onchiyu biri o‘lgudek ayyor.

Dunyoda bor marazning hammasidan bor, beshak,
Ularning qilig‘idan xijolat tortar eshak.

Biz-ku kambag‘al inson, kiygani janda, yamoq,
Lekin anov zotlardan necha bora biz boyroq.

Biz o‘limdan qo‘rqmaymiz, biz hayotni sevamiz,
Lekin ishq-muhabbatdan mahrum bo‘ldik nega biz?!

Tiriklikda topmadik sodiq do‘stlarni aslo,
Balki o‘lgan chog‘imiz bo‘lar bu ish mustasno.

Quyosh ham balqib boqar, nurlari yayrab oqar,
Hayot quvonchi balki o‘shanda bizga yoqar.

* * *

Jafokashlarni erkka yo‘llash kelar qo‘limdan,
Qarshilik qilsalar ham, qaytmasdim bu yo‘limdan.

Asrim-ku jonga tegdi. Men ham tegdim joniga,
Aqlim yetdi nihoyat shu hikmat poyoniga.

Bilurmanki, ajalim yetgan o‘shal soatda,
Hindiy shamshir-la boshim kesajaklar albatta.

Hayot — bir yo‘rg‘a nordir, toshdan to‘qim-egari,
Faqat o‘lim seni bu dahshatdan etar nari.

Ikki eshik orasi erur bizning bu olam,
O‘z-o‘zing bilan yolg‘iz qolgan chog‘ing, ey odam,

Aloqani uzgilu darhol bu dunyodan ket,
Befoyda bu hayotning bahridan o‘tu tark et!

Xoh kurash, xoh kurashma – ikki yo‘ling ham tengdir,
Qay birini tanlamoq, do‘stginam, o‘z ishingdir.

* * *
Kimki og‘ir paytda ham og‘zini tutsa mahkam,
O‘shal odam hayotda bo‘lgay aziz, muhtaram.

Sergaplik odam zotin duchor etar baloga,
Sukut odamni asrar, ko‘targaydir samoga.

Kamtarlik bilan odam yuksalur tog‘dek baland,
Mag‘rur kimsa bo‘lgaydir iztirob bilan payvand.

Balolardan qutulmoq istagan, aziz inson,
Qayergaki bormagil, ko‘rmassan beg‘am bir jon.

Har xonadonda uchrar nomusi poymol ayol,
Odam Ato farzandi sharob ichib mastu lol.

Bunday yurtning podshosi yelkaga janda ilib,
Yoaznayu saroyi yo‘q manzilga ketsin… bilib.

* * *

O‘z foydangni o‘ylamay, odamga yaxshilik qil,
Undan bir naf topishni o‘ylama bo‘lsang oqil.

Yer yuzini axtarib chiqqil qadamba-qadam,
Kamdan-kam uchragaydir oliyjanob bir odam.

Odamlarga qo‘rqinchni singdirar shohlar butun,
Changalida zahrini jam etgan kabi quzg‘un,

Balandu pastliklari bilinar ko‘z qiridan,
Ular jabru zulmda qolishmas bir-biridan.

Bizning shoh esa… xalqni talab chiqdi-ku obdon,
Odam ko‘z yoshida suzib yuribdi obdon.

Toshbag‘ir amaldorlar to‘ldirishib saroyni,
Tinch qo‘yishmas bechora bir jonniyu bir joyni.

Masjidu rabotlarni talashdir muddaosi,
Aslin olsang, shoh o‘zi bu ishning rahnamosi,

Qizlarni o‘rgatingiz tikish, to‘qish ishiga,
O‘qish, yozish degani foyda bermas kishiga.

Yaxshilikka undaydi ayol duosin o‘zi,
Ularga shart emasdir ulug‘ kitoblar so‘zi.

Bu gaplarni eshitib va ko‘rib turgan inson,
Duo o‘liklarga jon berur, desalar ishon.

* * *

Misrda o‘lat kezar, lekin ayting, qayda bor,
Odami o‘lmaydigan jahonda biron diyor?

Aqlimiz chora istar undan bo‘lmoqqa xoli,
Ammo bundoq yumushning ko‘rinmas ehtimoli.

Qaysi arab, qaysi fors yo qaysi bitta yunon
Hayot gulshani ichra yurar mangu quchib shon.

Xohi payg‘ambar bo‘lsin, xohi bo‘lsin shahanshoh —
Ajalning nigohidan qochib qololgay nogoh?

“Qochib qolish” niyatin hech qanday iloji yo‘q,
Nishonga shartta tekkay ajal otgan o‘tkir o‘q.

Har lahzada qalbimiz aniq sezib turadi,
Ortimizdan ajalning o‘zi poylab yuradi.

* * *

Ey, qalamkash maddohlar, ayting bugun qalaysiz,
Har balolarni maqtab, pashshaday g‘o‘ng‘illaysiz.

Shoirlaringiz izg‘ir, bo‘riday qidirib ov,
Ular sevgan yemishi — albatta shirin maqtov.

Ular xuddi kalamush, yovdan battar ming bora,
Muttasil o‘g‘irlashar biror she’riy ibora.

Qabul qilingiz, do‘stlar, mening maqtovimni ham,
Har bir so‘zim aslida so‘kinishdan emas kam.

Eng gullagan vaqtlarim davrangizda o‘tdi xayf,
Endi keksalik chog‘i sizdan nima topgum kayf.

Xayriyatki, sizlardan ancha endi olisman,
Aytadigan gapim shu istasangiz… xolisman.

* * *

Berkingil o‘z-o‘zingga. Chunki tanhodir Olloh,
Shohlar inoqlashur deb marhamat kutma nogoh.

Kambag‘al do‘st qidirar, agar bermasa tole,
Bu ham bir narsa, u balodan bo‘lar xoli.

Agar kechayu kunduz zulmatda o‘tsa ro‘zg‘or,
Demak eru ayolning o‘zlaridir gunohkor.

Agar shu xilda bo‘lsa insonga taqdir naqshi,
Insonning go‘daklikda o‘lib ketgani yaxshi!

Mana u, yashayotir, taqdirni qarg‘ab-qarg‘ab;
“Onaginam dardiga bo‘ldim deb tanho sabab!”

* * *

Dunyoda yashaysanki, o‘chdirsan maishatga,
Shu intilish boshlagay seni ofat, illatga.

Nom qo‘yib chiqadirsan quruqlikka, suvga ham,
Oyu yulduzlarni ham o‘lchaysan qadam­qadam.

Hattoki oftobga ham tashlaysan ochko‘z nazar,
Bu qilmishing o‘zingga qaytajak bo‘lib xanjar.

* * *

Yolg‘izdirman, bo‘m-bo‘shdir endi butkul hayotim,
Na farishta, na shayton bo‘la olgay najotim.

Ko‘nglim dashtidan ketdi o‘ynab yurgan ming jayron,
Huvillagan cho‘l qoldi, hammayoq bo‘m-bo‘sh, hayron.

Faqat jismi shishasi sindi deb etmang xayol,
Balki ruh bo‘ldi majruh — oyoq ostida poymol.

Kimki yoshlik paytida topmadi diloromin,
Umr bo‘yi topmagay endi u dil oromin.

Men taslimman… hayotning ushbu yo‘lidan bordim,
Hech kim madad etmadi, har nechaki yolbordim.

* * *

Oldingi mardliklardan qolmadi deya urvoq,
Yoam chekib, oh urmog‘ing behuda erur, o‘rtoq.

Iroq bilan Suriya ochko‘zlarga yem agar,
Demak boshlarida yo‘q salohiyatli rahbar.

Ajdaholar o‘tirar bosh bo‘lib saltanatga,
Ular xizmat qilur hamisha shaytanatga.

O‘shal podshoh degani sharob ichib aysh etar,
Bunday paytda och yurti azob chekmasdan netar?

Boshqa tilga qo‘shilib, bulg‘andi-ku tilimiz,
Bobolarning tilidan mahrum bo‘ldi elimiz.

Qachon dunyoga kelur endi bir oqil imom,
Bizga haqiqat yo‘lin ko‘rsatsa edi tamom.

Ollohga ibodat qil, najosatga yurt to‘ldi,
Bu ifloslik qoshida — tappi ham holva bo‘ldi!

05

(Tashriflar: umumiy 535, bugungi 1)

Izoh qoldiring