Abdunabi Boyqo’ziyev Amerika jurnalida & Yangi she’rlar

Ashampoo_Snap_2017.08.08_00h02m40s_003_.png    Куни кеча Америкадан бир яхши хабар келди. Педогогика фанлари доктори Қундузой Ҳусанбоеванинг таниқли шоир Абдунаби Бойқўзиев ижодига бағишланган мақоласи Мичиганда нашр этиладиган “Америка тадқиқот журнали”да чоп этилибди. Инглиз тилидаги бу  мақолани онлайн форматда  тақдим этиш билан баробар саҳифага шоирнинг янги шеърларини ҳам илова этишни маъқул топдик.

OWNER OF BELOVED VERSES
(“КЎНГИЛЛАРНИ КЎНГЛИГА ЖОЙЛАГАН ШОИР”)
Qunduzkhon Khusanbaeva, Doctor of Sciences of Pedagogics.
09

Ashampoo_Snap_2017.08.07_23h40m41s_002_.pngПедогогика фанлари доктори Қундузой Ҳусанбоеванинг шоир  Абдунаби Бойқўзиев ижодига бағишланган OWNER OF BELOVED VERSES  “Кўнгилларни кўнглига жойлаган шоир” номли тадқиқоти Америка Қўшма Штатларида чиқадиган American Journal of Research (Америка тадқиқот журнали) нинг № 4 (4), April 2017 сонида чоп этилди.

Муаллиф ўзбек шоирининг “O’ZBEKISTON” НМИУда нашрдан чиққан “Чўли ироғим” номли шеърий китоби(2014)ни тадқиқ объектига манбаа қилиб олган. Олима ўз қарашларини америкалик назм шайдолари билан ўртоқлашиб: “…ёзиш дардга айланган, ёзмаса оғриқларига даво тополмайдиган шоирлар ҳамиша, ҳамма жойда, ҳар нарсада гўзаллик кўрадилар. Бундан кўнгил мувозанати бузилади, ҳайрат-ҳаяжонлар қоғозга тўкилади, улардан энди ўқувчининг ҳам кўнгли безовта бўлади”, дейди.

“Абдунаби Бойқўзиевнинг ижодида ўқувчи руҳиятини мувозанатдан чиқарадиган, кўнгилга ҳузур бағишлайдиган мисралар анчагина”, деб ёзаркан, олима бу фикрларини шоирнинг қатор шеърларини ўзига хос таҳлил қилиш орқали исботлаб беради.

Инглиз тилини билгувчилар саҳифа  якунида мақолани тўлиқ мутолаа қилишлари мумкин.

Абдунаби БОЙҚЎЗИЕВ
ЯНГИ ШЕЪРЛАР
09

    Абдунаби Бойқўзиев 1954 йил 15 ноябрда Андижон вилоятининг Избоскан туманида туғилган. Тошкент давлат (бугунги Миллий) университетини тамомлаган (1983). Турли йилларда Ғафур Ғулом номли адабиёт ва санъат нашриётида, «Муштум» журналида, «Совет Ўзбекистони», «Халқ сўзи», «Оила ва жамият», «Шарқ ҳафтаномаси» газеталарида, Ўзбекистон Республикаси Президенти девонида, Ўзбекистон ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармасида ишлаган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.
“Ғуборингни ёзгайман”, “Сени излаб келдим”, “Ўзбекнаво юлдузлари”, “Жудолиғ дашти”, “Кўзлари дарёйим!..”, “Дилхирож туйғулар”, “Беш наво”, “Беш сўмлик кеккайиш”, “Чўли ироғим” номли шеърий, ҳажвий-юмористик ва публицистик китоблари чоп этилган.

09

АРИСТОН ЎЛМАЙДИ

1937 йил махбуслари монологи

Аристон ўлмайди,
Ўлмайди, сабаб –
Олис кулбасида бир аёл… кутар.
Аристон ўлмайди, чунки, ўлолмас,
Бир аёл гоҳи гоҳ уни… унутар.

Агар у ўлса, ўлса у агар.
Йиллар армонини кимлар сўйлайди.
Зинҳор ўлолмайди, ўлолмас сабаб –
Бир аёл сочини ғаним силайди.

Аристон кулмайди.
Кулмайди, чунки
Зурёди ич кетар бўлган, ичикиб.
Аристон йиғламас,
Аристон йиғламас, йиғламас, чунки –
Унинг…чун қайдадир йиғлар онаси!

Аристон ўлмайди.
Аристон – метин,
Нозир онасидан келса… чидайди.
Аристон йиғламас, инграйди, лекин,
Нозирнинг калтаги синар… Синмайди.

Кун ҳам санамайди.
Санамай қўйган,
Ҳе, кун ҳам ўтмаса ўтмасин, майли,
Бир аёл у ҳақда ўйламай қўйган…
Бу битмас жароҳат… Ўша туфайли…

Ой ҳам санамайди.
Йиллар чикара,
Эртаси биёбон – қовжироқ куйдир.
Энди у бу дунё хуснида “яра”,
Юраги эгасиз қолган бир уйдир.

Ҳайриятки, иш бор.
Яғир юмуш бор,
Оҳу нолаларин олар суғуриб.
Ҳайриятки, баҳор, ёзу куз, қиш бор –
Бараклар кутадир силласи қуриб.

Йўқ, йўқ,
Озодликда…
Бир аёл кутар.
Хиёнат қилсада, ҳамон кутади.
Қолгани… барчаси, барчаси хаёл –
Нима бўпти, уч йил – бу ҳам ўтади,
Нима бўпти, тўрт йил – бу ҳам ўтади,
Нима бўпти, беш йил – бу ҳам ўтади,
Нима бўпти ўн йил… Ўтар, ўтади…

Қайдадир, озодлик кутар, кутади…
Аристон ўлмайди, аристон – метин!..

КЎКЛАМ

Ҳамал,
Совуғ ебсан,
Кулбамизга кир,
Оёғинг иситвол сандалимизда.
Хали ҳў,
Бу қишнинг
Жуссаси бикир,
Қор ҳам эрий демас. Тоза ҳотиржам…

Ҳали шудгор
Юзларини ювмаган.
Мўрилар бурқсийди димоғи тўлиб.
Оптовшувоқ кунлар келар…
Қумри қувраган…
Қалдирғоч вижири шипларга қўнур.

Ҳар неки
Вақт-бевақт, эзгуликка йўй,
Бу ёвғон кунларни елкангдан ошир.
Биз қишга сир бермай яшаяпмизку!
Сен ҳам дийдирашинг ичингга яшир!

Ай, ҳамал, зап бўпти,
Бизни чечакланиб излаб келганинг!..

ХОТИРА

…мендан қанча йироққа кетсанг ,
Шунча яқин келди суратинг.
Салим Ашур

Бизни, алҳол,
Топиб кепсан-да,
Йиллар оша униққан сурат.
Мунглар тўлган қорачиқлардан
Боқар йиллар, турфа хотират…

Ай, суратжон –
Ай, униққан тот,
Изладингми, бизни шунча йил.
Қайдин сенда бунчалар сабот,
Қойил, сенинг сидқингга қойил!

Эсладим, ҳа,
Уни… Отини!
Борми эди шунинг кераги?.
У жимгина боқиб турсаям,
Қонайверар менинг юрагим!..

У кўзларда
Бир кўнгил йиғлар,
Ҳолин сўраб киприклар ҳалак.
Жовдирайди мунгҳазин унлар.
Тилга кирар хунолуд юрак:

Абгор қилди, уни шу кўзи,
Ачинмоқдан ўзга чора йўқ!
Балки шундан сориғдир юзи,
Гуноҳкору сазойи, синиқ!..

Йўқ-йўқ…
Уни ҳароб қилдик, биз,
Кўзларидан гина йўқ зинҳор.
Кўзда неки, юракдан хабар,
Кўзда неки, юракдан ғубор.

У кўзлардан узрларим бор,
У кўзларда қародир юзим!..

04.02.2015

* * *

Ичимда
Ичларим нуради,
Ичим йиғлар. Кўз ёшлари шўр.
Ичимни йиғлатган нимадир?
Ҳий, ичингдан сўрашим зарур.

04.02.2015

ШОИР АРМОНИ
Миртемир домлага

Мозий гувоҳ,
Донғил дил эдик,
Майдалашдик бугун, нечундир.
Бугун, хатто, тарихимнинг ҳам
Кўзи хира, хотираси кир.

Гоҳо, тиниб ўйга толаман:
Ҳазилинг ҳам бор бўлсин, ёзуқ?
Тошим миллат, ичим… оломон,
Миллатману, миллиятим йўқ.

Менда мени не қилдинг, ёзуқ?
Қайларга гум қилдинг, ўзлигим?
Ғарбга боқсам кўнглим ғарибдек.
Шарқирамас, Шарқларда уним!

Бир замонлар донғил эл эдик.
Майдалашдик бугун нечундир.
Ва нечундир ўтмишимнинг ҳам
Кўзи хира, хотираси кир!..

Бир замонлар… донғил эл эдик?!…

04.02.2015

БИР АЗОБ

Бир ишлар бор, хаёлдан
Кечирасан – бир азоб.
Бир ишлар бор, хаёлдан
Ўчирасан. Бир азоб…

Гиналар бор, хотирдан
Ўчирмасанг бўлмайди.
Ўз-ўзингга сабр азобин
Ичирмасанг бўлмайди.

Хотирданку, ўчиргунг,
Кўксингда доғлиқ қолар.
Бағирнинг чок-чокида
Ситилган оғлиқ қолар.

Умрнинг бори армон,
Қолганиям, пушаймон.
Пушаймонни армонга
Қовуштириб яшайман.

Бир гизлар бор, хотирдан
Ўчирмасанг бўлмайди.
Ўз-ўзингга сабр азобин
Ичирмасанг бўлмайди!

06.02.2015

* * *

Шунча бағри тошмидик,
Бойчечакни боғлаб олмадик!
Шудгорлар ҳамалга ичикди…
Муросага бора қолмадик!

Мадоранинг
Қўллари синиқ,
Аллақачон ўлган сазаси.
Энди, муросанинг ўзи йўқ,
Тутаяпмиз мана, азасин.

Қайда тугар,
Бу талх изғирин…
На қўналға ва на бир газа.
Энди бизга манзил битгунча,
Манзилсизлик беради азоб.

Чечакка қўл узатмадик биз!..

08.03.2015

ИЙК ОТА ЗИЁРАТГОҲИДА

Қани довлик, дўлворликларим?
Ошар-тўшаримиз тамом маданий.
Ҳою-ҳавасларда ҳаволандим-ов,
Тузим дастурхони шоҳона ғаний.

Кечаги йўқчилик бугун, ўксурук,
Алвон қуюқлашди сизу бизимиз.
Билмадик, эртага қоларми тирик,
Дунёни титратган “ур-ҳо!” сўзимиз!

Майли, истило, деб қурол тутмайлик,
Босқин жангларига кирмайлик, майли.
Жангсанъат керакдир, бугун Ватанга.
Томоша харбларда юрмайлик лайлиб,

Эсланг, ҳий боболар жасоратини,
Номуси, қисмати… Тирик аланга!
Санжақларни сермаб кирардик жанга,
Ер-кўкни титратиб, урҳо гуриллаб!..

Жангда… санъат керак, куйик Ватанга!
Жўмард ҳарб керакдир бийик Ватанга!
Жангмардлар керакдир бу ийк Ватанга!

04. 04. 2014

0110.jpgKuni kecha Amerikadan bir yaxshi xabar keldi. Pedogogika fanlari doktori Qunduzoy Husanboyevaning taniqli shoir Abdunabi Boyqo‘ziyev ijodiga bag‘ishlangan maqolasi Michiganda nashr etiladigan “Amerika tadqiqot jurnali”da chop etilibdi. Ingliz  tilidagi bu maqolani onlayn formatda taqdim etish bilan barobar sahifaga shoirning yangi she’rlarini ham ilova etishni ma’qul topdik.

OWNER OF BELOVED VERSES
(“KO‘NGILLARNI KO‘NGLIGA JOYLAGAN SHOIR”)
Qunduzkhon Khusanbaeva, Doctor of Sciences of Pedagogics.
09

07Pedogogika fanlari doktori Qunduzoy Husanboyevaning shoir Abdunabi Boyqo‘ziyev ijodiga bag‘ishlangan OWNER OF BELOVED VERSES “Ko‘ngillarni ko‘ngliga joylagan shoir” nomli tadqiqoti Amerika Qo‘shma Shtatlarida chiqadigan American Journal of Research (Amerika tadqiqot jurnali) ning № 4 (4), April 2017 sonida chop etildi.

Muallif o‘zbek shoirining “O’ZBEKISTON” NMIUda nashrdan chiqqan “Cho‘li irog‘im” nomli she’riy kitobi(2014)ni tadqiq obyektiga manbaa qilib olgan. Olima o‘z qarashlarini amerikalik nazm shaydolari bilan o‘rtoqlashib: “…yozish dardga aylangan, yozmasa og‘riqlariga davo topolmaydigan shoirlar hamisha, hamma joyda, har narsada go‘zallik ko‘radilar. Bundan ko‘ngil muvozanati buziladi, hayrat-hayajonlar qog‘ozga to‘kiladi, ulardan endi o‘quvchining ham ko‘ngli bezovta bo‘ladi”, deydi.

“Abdunabi Boyqo‘ziyevning ijodida o‘quvchi ruhiyatini muvozanatdan chiqaradigan, ko‘ngilga huzur bag‘ishlaydigan misralar anchagina”, deb yozarkan, olima bu fikrlarini shoirning qator she’rlarini o‘ziga xos tahlil qilish orqali isbotlab beradi.

Ingliz tilini bilguvchilar sahifa yakunida maqolani to‘liq mutolaa qilishlari mumkin.

Abdunabi BOYQO‘ZIYEV
YANGI SHE’RLAR
09

 Abdunabi Boyqo‘ziyev 1954 yil 15 noyabrda Andijon viloyatining Izboskan tumanida tug‘ilgan. Toshkent davlat (bugungi Milliy) universitetini tamomlagan (1983). Turli yillarda G‘afur G‘ulom nomli adabiyot va san’at nashriyotida, «Mushtum» jurnalida, «Sovet O‘zbekistoni», «Xalq so‘zi», «Oila va jamiyat», «Sharq haftanomasi» gazetalarida, O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti devonida, O‘zbekiston OAVni qo‘llab-quvvatlash jamg‘armasida ishlagan. O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasining a’zosi.
“G‘uboringni yozgayman”, “Seni izlab keldim”, “O‘zbeknavo yulduzlari”, “Judolig‘ dashti”, “Ko‘zlari daryoyim!..”, “Dilxiroj tuyg‘ular”, “Besh navo”, “Besh so‘mlik kekkayish”, “Cho‘li irog‘im” nomli she’riy, hajviy-yumoristik va publitsistik kitoblari chop etilgan.

09

ARISTON O‘LMAYDI

1937 yil maxbuslari monologi

Ariston o‘lmaydi,
O‘lmaydi, sabab –
Olis kulbasida bir ayol… kutar.
Ariston o‘lmaydi, chunki, o‘lolmas,
Bir ayol gohi goh uni… unutar.

Agar u o‘lsa, o‘lsa u agar.
Yillar armonini kimlar so‘ylaydi.
Zinhor o‘lolmaydi, o‘lolmas sabab –
Bir ayol sochini g‘anim silaydi.

Ariston kulmaydi.
Kulmaydi, chunki
Zuryodi ich ketar bo‘lgan, ichikib.
Ariston yig‘lamas,
Ariston yig‘lamas, yig‘lamas, chunki –
Uning…chun qaydadir yig‘lar onasi!

Ariston o‘lmaydi.
Ariston – metin,
Nozir onasidan kelsa… chidaydi.
Ariston yig‘lamas, ingraydi, lekin,
Nozirning kaltagi sinar… Sinmaydi.

Kun ham sanamaydi.
Sanamay qo‘ygan,
He, kun ham o‘tmasa o‘tmasin, mayli,
Bir ayol u haqda o‘ylamay qo‘ygan…
Bu bitmas jarohat… O‘sha tufayli…

Oy ham sanamaydi.
Yillar chikara,
Ertasi biyobon – qovjiroq kuydir.
Endi u bu dunyo xusnida “yara”,
Yuragi egasiz qolgan bir uydir.

Hayriyatki, ish bor.
Yag‘ir yumush bor,
Ohu nolalarin olar sug‘urib.
Hayriyatki, bahor, yozu kuz, qish bor –
Baraklar kutadir sillasi qurib.

Yo‘q, yo‘q,
Ozodlikda…
Bir ayol kutar.
Xiyonat qilsada, hamon kutadi.
Qolgani… barchasi, barchasi xayol –
Nima bo‘pti, uch yil – bu ham o‘tadi,
Nima bo‘pti, to‘rt yil – bu ham o‘tadi,
Nima bo‘pti, besh yil – bu ham o‘tadi,
Nima bo‘pti o‘n yil… O‘tar, o‘tadi…

Qaydadir, ozodlik kutar, kutadi…
Ariston o‘lmaydi, ariston – metin!..

KO‘KLAM

Hamal,
Sovug‘ yebsan,
Kulbamizga kir,
Oyog‘ing isitvol sandalimizda.
Xali ho‘,
Bu qishning
Jussasi bikir,
Qor ham eriy demas. Toza hotirjam…

Hali shudgor
Yuzlarini yuvmagan.
Mo‘rilar burqsiydi dimog‘i to‘lib.
Optovshuvoq kunlar kelar…
Qumri quvragan…
Qaldirg‘och vijiri shiplarga qo‘nur.

Har neki
Vaqt-bevaqt, ezgulikka yo‘y,
Bu yovg‘on kunlarni yelkangdan oshir.
Biz qishga sir bermay yashayapmizku!
Sen ham diydirashing ichingga yashir!

Ay, hamal, zap bo‘pti,
Bizni chechaklanib izlab kelganing!..

XOTIRA

…mendan qancha yiroqqa ketsang ,
Shuncha yaqin keldi surating.
Salim Ashur

Bizni, alhol,
Topib kepsan-da,
Yillar osha uniqqan surat.
Munglar to‘lgan qorachiqlardan
Boqar yillar, turfa xotirat…

Ay, suratjon –
Ay, uniqqan tot,
Izladingmi, bizni shuncha yil.
Qaydin senda bunchalar sabot,
Qoyil, sening sidqingga qoyil!

Esladim, ha,
Uni… Otini!
Bormi edi shuning keragi?.
U jimgina boqib tursayam,
Qonayverar mening yuragim!..

U ko‘zlarda
Bir ko‘ngil yig‘lar,
Holin so‘rab kipriklar halak.
Jovdiraydi munghazin unlar.
Tilga kirar xunolud yurak:

Abgor qildi, uni shu ko‘zi,
Achinmoqdan o‘zga chora yo‘q!
Balki shundan sorig‘dir yuzi,
Gunohkoru sazoyi, siniq!..

Yo‘q-yo‘q…
Uni harob qildik, biz,
Ko‘zlaridan gina yo‘q zinhor.
Ko‘zda neki, yurakdan xabar,
Ko‘zda neki, yurakdan g‘ubor.

U ko‘zlardan uzrlarim bor,
U ko‘zlarda qarodir yuzim!..

04.02.2015

* * *

Ichimda
Ichlarim nuradi,
Ichim yig‘lar. Ko‘z yoshlari sho‘r.
Ichimni yig‘latgan nimadir?
Hiy, ichingdan so‘rashim zarur.

04.02.2015

SHOIR ARMONI
Mirtemir domlaga

Moziy guvoh,
Dong‘il dil edik,
Maydalashdik bugun, nechundir.
Bugun, xatto, tariximning ham
Ko‘zi xira, xotirasi kir.

Goho, tinib o‘yga tolaman:
Haziling ham bor bo‘lsin, yozuq?
Toshim millat, ichim… olomon,
Millatmanu, milliyatim yo‘q.

Menda meni ne qilding, yozuq?
Qaylarga gum qilding, o‘zligim?
G‘arbga boqsam ko‘nglim g‘aribdek.
Sharqiramas, Sharqlarda unim!

Bir zamonlar dong‘il el edik.
Maydalashdik bugun nechundir.
Va nechundir o‘tmishimning ham
Ko‘zi xira, xotirasi kir!..

Bir zamonlar… dong‘il el edik?!…

04.02.2015

BIR AZOB

Bir ishlar bor, xayoldan
Kechirasan – bir azob.
Bir ishlar bor, xayoldan
O‘chirasan. Bir azob…

Ginalar bor, xotirdan
O‘chirmasang bo‘lmaydi.
O‘z-o‘zingga sabr azobin
Ichirmasang bo‘lmaydi.

Xotirdanku, o‘chirgung,
Ko‘ksingda dog‘liq qolar.
Bag‘irning chok-chokida
Sitilgan og‘liq qolar.

Umrning bori armon,
Qolganiyam, pushaymon.
Pushaymonni armonga
Qovushtirib yashayman.

Bir gizlar bor, xotirdan
O‘chirmasang bo‘lmaydi.
O‘z-o‘zingga sabr azobin
Ichirmasang bo‘lmaydi!

06.02.2015

* * *

Shuncha bag‘ri toshmidik,
Boychechakni bog‘lab olmadik!
Shudgorlar hamalga ichikdi…
Murosaga bora qolmadik!

Madoraning
Qo‘llari siniq,
Allaqachon o‘lgan sazasi.
Endi, murosaning o‘zi yo‘q,
Tutayapmiz mana, azasin.

Qayda tugar,
Bu talx izg‘irin…
Na qo‘nalg‘a va na bir gaza.
Endi bizga manzil bitguncha,
Manzilsizlik beradi azob.

Chechakka qo‘l uzatmadik biz!..

08.03.2015

IYK OTA ZIYORATGOHIDA

Qani dovlik, do‘lvorliklarim?
Oshar-to‘sharimiz tamom madaniy.
Hoyu-havaslarda havolandim-ov,
Tuzim dasturxoni shohona g‘aniy.

Kechagi yo‘qchilik bugun, o‘ksuruk,
Alvon quyuqlashdi sizu bizimiz.
Bilmadik, ertaga qolarmi tirik,
Dunyoni titratgan “ur-ho!” so‘zimiz!

Mayli, istilo, deb qurol tutmaylik,
Bosqin janglariga kirmaylik, mayli.
Jangsan’at kerakdir, bugun Vatanga.
Tomosha xarblarda yurmaylik laylib,

Eslang, hiy bobolar jasoratini,
Nomusi, qismati… Tirik alanga!
Sanjaqlarni sermab kirardik janga,
Yer-ko‘kni titratib, urho gurillab!..

Jangda… san’at kerak, kuyik Vatanga!
Jo‘mard harb kerakdir biyik Vatanga!
Jangmardlar kerakdir bu iyk Vatanga!

04. 04. 2014

Abdunabi Boyqo’ziyev Amerika jurnalida

09

(Tashriflar: umumiy 1 154, bugungi 1)

1 izoh

  1. Assalomu alaykum, hurmatli Xurshid Davron! Saytingizda A. Boyqo’ziyev ijodiga bag’ishlangan maqolam haqida ma’lumot berganingiz uchun sizdan minnatdorman. Nabijonning she’rlarini o’qib undanda quvondim! E’tirof va e’tibor uchun tashakkur! O’zingizning she’rlaringizni o’qib yanada maza qildim! Omon bo’ling! Ijodingizga baraka!

Izoh qoldiring