8 август — Машҳур рус адиби Юрий Казаков таваллудининг 90 йиллиги
Ёзувчининг теварагидаги жумла олам қайноқ ҳаёт ичида тинимсиз ҳаракатланади, елиб-югуради, бутун дунё қаергадир шошади. У эса бу оламга гўё ёшлигидаёқ асир тушган, у бошқаларга қўшилиб яшаши зарур. Бундай бўладиган бўлса, унинг ёлғиз қолишига қанақа эҳтиёж бор? Жуда катта эҳтиёж бор.
Юрий Казаков
ОҚ ҚОҒОЗ БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ
Ориф Толиб таржимаси
Юрий Казаков (1927–1982) ўтган аср янги рус ҳикоячилигининг энг йирик вакилларидан. Илк китоби – “Мовий ва яшил” (1956). Шундан сўнг ёзувчининг “Тедди”, “Кичик станцияда”, “Қўноқ”, “Йиғлагайман, бўзлагайман”, “Изғиринда қолган юраклар”, “Эман ўрмонларида куз”, “Шимол кундалиги”, “Сен уйқунгда қаттиқ йиғладинг” сингари китоблари чоп этилган.
Чин маънодаги карвонсаройга айланиб қолган, денгизчи ва сайёҳлар билан тўлиб-тошган кўҳна, деворлари яғир меҳмонхонанинг эски қанотидаги хонада ўтирардим. Бўлмада турли халта-хуржунлар, ашқол-дашқоллар очилиб-сочилиб ётар, тамаки қутилари, устара, қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва ҳоказолар ҳар жойда қалашган эди. Бунинг устига, адабиёт ҳақида беҳуда ва оғирдан оғир баҳс бўлган, ҳозир дераза ёнида ҳорғин ўтирар эдим. Аллақачон қош қорайиб, сокин тун чўккан ва у менинг руҳимга худди заҳар каби тобора ёйилиб борарди. Гарчи хунобим ошиб турган бўлса-да, эртага бир кемача тиклаб, Янги Ерга ва ундан нари Кар денгизи томонларга боришимиз ҳақидаги фикрдан ичим яйрарди.
Мен ҳамон деразадан олис-олисларга, томларнинг тепасига, уфқдаги енгил қизғиш булутларга тикилиб ўтирардим. Томлар орасидан Двина дарёси унда-бунда ялт-ялт кўзга ташланарди. Бандаргоҳ остонасида турган маҳобатли ўрмончи кемалар эса қорайиб кўринар, улардан ғира-шира ёруғлик тараларди. Гоҳ-гоҳида пишиллаб буғ кўтарилар, ишлаётган улкан мурватлар бўғиқ гуриллар, шатакчи кемалар итлардай ув тортар, сафарга отланаётган кемалар эса кучли ва ғамгин занг чалар эди.
Пастда аллақачон уловлар сийраклаб қолган, трамвайнинг тарақа-туруғи умуман камайган эди. Айни дамда остки қаватдаги ресторан вағир-вуғурга тўлган, оркестрнинг илҳоми бевақт қўзиб, ғижжаклар додлар, ноғоралар устига тинимсиз мушт ёғилар эди. Кечқурунги созандалар гуруҳи одатда нафақахўрлардан иборат бўларди. Ресторан ойналари ҳовли томонга қарагани сабабли овозлар менинг хонамга яхшигина етиб келарди. Ана, рестораннинг ҳамишаҳозир, ўзгармас қоровули Вася тоға айш-ишратга ўрганган уч-тўртта олчоқ-муттаҳамни ичкарига қўймади. Бу пайтда менинг қадрдон ва бахтиёр бир дўстим ресторанда ошналари – румин циркчилари билан испанча ва эскимосчада суҳбатлашиб ўтирарди. Мен эса ёлғиз эдим. Боягина пастки қаватда маҳаллий бир билимдон билан адабиёт тўғрисида қурган баҳсимиз ёдимга тушди ва ёзувчи жасорати ҳақида ўйлай бошладим.
Ёзувчи мардонавор бўлиши керак, деб ўйладим мен. Чунки унинг ҳаёти қийинчиликлар билан кечади. У оппоқ қоғоз билан юзма-юз қолган чоғлари ҳамма-ҳамма нарса унга қарши чиқади. Унгача ёзилган милён-милён китоблар бош кўтариб келади. Ахир, сенгача ҳамма гап айтиб бўлинган бўлса, энди қўлга қалам олишнинг нима кераги бор? Буни ўйлашнинг ўзи даҳшат! Ёзувчининг ёвлари орасида бош оғриғи ва баъзан қўзғалиб қоладиган ўзига ишонмаслик ҳисси ҳам бор. Бунинг устига, ишлаётган пайтингда қўнғироқ қиладиган ёки йўқлаб келадиган турли одамлар, турфа ташвишлару югур-югурлар, гўё муҳимдай кўринадиган ишлар… Аслида, ёзувчи учун олдида турган ижодий ишдан кўра аҳамиятлироғи йўқ. Унга ҳатто қуёш ҳам халал беради: уйдан чиқишга, умуман, бирор жойга бориб, ҳордиқ чиқаришга, атроф-муҳитни кўриш, бирор яхши воқеани бошдан кечиришга чорлаб туради. Ишга қўл бормай, юрак тисарилиб турган дамларда ёмғир ҳам ваҳиманинг уясига айланади, ишдан тамоман совитади.
Ёзувчининг теварагидаги жумла олам қайноқ ҳаёт ичида тинимсиз ҳаракатланади, елиб-югуради, бутун дунё қаергадир шошади. У эса бу оламга гўё ёшлигидаёқ асир тушган, у бошқаларга қўшилиб яшаши зарур. Бундай бўладиган бўлса, унинг ёлғиз қолишига қанақа эҳтиёж бор? Жуда катта эҳтиёж бор. Чунки ижод жараёнида унинг атрофида ҳеч ким – на онаси, на хотини, на болалари – ҳеч ким бўлмаслиги керак. У фақат қаҳрамонлари, сўз-иборалари ва завқу шавқи билан бирга бўлиши зарур.
Ёзувчи ишга киришар экан, унга қарши ҳаддан ташқари кўп “душман” қуролланади, ҳамма нарса уни чорлайди, унга ўзини эслатади. У эса ўзигагина хос, ўзи ўйлаб топган дунёда яшаши шарт. Ҳеч ким ҳеч қачон кўрмаган, бироқ ҳаётда бордай туюладиган қаҳрамонларини ўз яқинларидай билиши, улар ҳақида қайғуриши керак. Дераза ёки девор ортига, қаерларгадир тикилиб ўтирар экан, у ҳеч нарсани кўрмайди. Фақат поёнсиз кунларни, ортда қолган ва олдда турган саҳифаларни, ўзининг омадсизлигию чекинишларини кўради, холос. Бу унга жудаям оғир ва аламли. Унга ҳеч ким ёрдам бера олмайди, чунки у тамоман ёлғиз.
Ҳамма гап ана шунда, унга ҳеч ким кўмакчи бўлолмайди, унинг учун бирор зот қўлига қалам ёки машинка олиб бирор нарса қораламайди, қандай ёзиш кераклигини кўрсатиб бермайди. У бу ишни ўзи ёлғиз бажариши керак. Агар буни эплай олмас экан, ҳар қандай чираниш бекор – у ёзувчи эмас. Соғмисан-касалмисан, ишингни тўғри танладингми-йўқми, сабр косанг чуқурми-саёз – булар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Ана шу ҳолатда ўзингни йўқотмаслик катта жасорат бўлади. Агар сен ёмон ёзган бўлсанг, сени ҳеч нарса – унвонинг ҳам, мукофотларинг ҳам, олдинги муваффақиятларинг ҳам қутқара олмайди. Унвонинг баъзида ёмон ёзган нарсангни чоп этишга кўмаклашиши мумкин, дўст-ошноларинг ёзганингни мақтаб, кўнглингни кўтаришга уринади, қаламҳақи ҳам оласан. Лекин буларнинг баридан қатъи назар, сен ёзувчи эмассан…
Барини яна қайтадан бошлаш учун сабр-тоқатли, матонатли бўлиш зарур. Ишга киришган чоғинг бирдан истеъдодинг қаёққадир йўқолиб, биринчи жумладаёқ тилингга тушов тушса, бунга мардонавор чидаш бермоғинг керак. Истеъдод баъзида узоқ вақтга кетиб қолади, лекин сен чидамли бўлсанг, албатта қайтади.
Ҳақиқий ёзувчи кунига ўн соат тер тўкади. Ишлар юришмай қолган ҳолатлар эса кўп бўлади. Кунлар кетидан кунлар ўтиб боради. У ҳеч нарса ёза олмайди ва, шу билан бирга, бу ишдан воз ҳам кеча олмайди. Алам-ғазаб билан, деярли кўзда ёш билан ўзи шундоқ ҳам саноқли бўлган кунлар шувиллаб ўтаётганини, беҳуда соврилаётганини ҳис этиб яшайди.
Ниҳоят, асарига сўнгги нуқтани қўяди. Энди у бўм-бўш. Гўё энди у бошқа бирор сатр ҳам ёзмайдигандай. У, дейлик, “Мана, ишимни қилиб қўйдим, столимда бир боғлам бўлиб қораламам турибди. Бунақасини ҳозиргача ҳеч ким ёзмаган. Майли, менгача Толстой ва Чехов ҳам қалам тебратган, лекин бу асарни мен ёздим. Бу бошқача нарса. Балки меники уларникидан кўра мундайроқдир, лекин бу ўзига хос асар. Устига устак, ёзганимнинг яхши-ёмонлиги ҳақида хулоса қилишга ҳали эрта. Қани, қўлидан келса, бошқалар ҳам шунга ўхшаш бирор нарса ёзиб кўрсин”, деб ўйлаши мумкин.
Иш битганда ёзувчининг хаёлига шундай гаплар келиши эҳтимолга яқин. У асарига сўнгги нуқтани қўйдими, демак, ўзини ўзи енгди. Бу жудаям қисқа ва ўта мароқли кун бўлади. Чунки у яқин орада янги бир ишга киришади, ҳозир эса ана шу қисқагина завқ лаззатини тотиб қолишга уринади.
Чунки у, дейлик, баҳор ўтиб кетганини бирдан сезиб қолади. Апрель бошида кунботарда қора булутлар тўпланган ва ўша томондан кучли илиқ шамол эсиб, қорларни илма-текшик қилиб эритиб юборгандан буён қанча вақт ўтиб кетибди-я! Музлар эриб битибди, сойлар қурибди, кўклам майсалари қовжирабди, бошоқлар тўлишиб, сап-сариқ рангга кирибди – бутун бир аср сувдай оқиб ўтибди. У эса ҳаммасини бой берибди, буларнинг бирортасини кўролмабди. Шу давр ичида жаҳонда нималар бўлмади, одамларнинг ҳаётида қандай ўзгаришлар юз бермади. У эса фақат ишлади, қаршисида янги ва янги қоғозларгина пайдо бўлди, дунёни ўз қаҳрамонларидагина кўрди. Ўтган вақтни энди унга ҳеч ким қайтариб бермайди, у умрнинг бу бўлагидан мангуга жудо бўлди.
Бундан сўнг ёзувчи асарини журналга беради. Энг яхши ҳолатни олиб кўрайлик. Унинг ёзганларини бирданига, мамнуният билан олиб қолишди. Ёзувчига қўнғироқ қилишади ёки телеграмма жўнатишади. Бошқа журналга бериб қўймасин деб оғиз кўпиртириб мақташади. Ёзувчи завқу шавқ билан, тўлиб-тошиб таҳририятга боради. Уни кўрганидан ҳамма хурсанд, у ҳам хурсанд. Жудаям ажойиб одамлар, ажойиб чеҳралар. “Қадрдон, – деб гап бошлайди таҳририятдагилар. – Ёзганларингизни берамиз, албатта берамиз. Ўн иккинчи сонда кетади!”. Ўн иккинчи сон дегани декабрда чиқади. Қишда. Ҳозир эса ёз…
Ёзувчига ҳамма мамнун боқади, табассум қилади, қўлини сиқиб, елкасига қоқиб ҳам қўяди. Ҳаммада ғаройиб бир ишонч бордай, гўё ёзувчи яна беш юз йил яшайди. Гўё бу олти ой олти кундай тез ўтади-кетади.
Ёзувчи учун ғалати, оғир бир давр бошланади. У вақт тезроқ ўтишини истайди. Ёз тезроқ оёқлайқолсайди. Ҳали бу ёқда куз ҳам бор. Э-э… Декабрь, унга декабр керак. Декабрьни кутавериб ёзувчининг тинкаси қурийди.
У яна ишга киришади, худди олдинги сафаргидай иши бирда юришади, бирда оқсайди. Вақтнинг учқур тулпори эса тинмай елади, йил ўтиб, яна апрель келади. Энди ишга танқидчилик аралашади.
Ёзувчилар танқидни тўғридан тўғри қабул қилади. Айрим ёзувчилар ўзлари ҳақида нима дейишаётгани билан қизиқмайди, деган гап мутлақо хато. Бундай пайтда бардош ёзувчига ҳар қачонгидан ҳам кўра зарурроқ. Танбеҳлару адолатсизликларга чидашнинг ўзи бўладими! Ғазабланмаслик керак, устингдан дўл ёғдиришаётган пайтда ишингдан қўлни ювиб қўлтиққа урмаслик керак. Агар мақташса, мақтовга учмаслик даркор. Мақтов қўрқинчли нарса, у ёзувчида ўзи ҳақида аслидагидан кўра ижобий, қаноатли фикрлар пайдо қилади. Энди у ўзига ўргатиш ўрнига бировларга ўргатишни бошлайди. Ахир, ёзувчи янги асарини қай даражада қойилмақом ёзган бўлмасин, бундан ҳам яхши ёзиш имконига эга. Бунинг учун ундан мардонавор бўлиш ва ўзини тарбиялашда давом этиш талаб этилади.
Лекин энг хавфли нарса мақтов ва олқишлар ҳам эмас. Энг қўрқинчлиси – сен ҳақингда ҳамма сукут сақласа. Бирор китобинг чиқса, унинг чинакам асар эканини билиб турсанг-у, бу ҳақда биров лом-мим демаса. Худди ана шу дамда матонатли бўлиш зарур!
Адабий ҳақиқатнинг илдизи ҳамиша ҳаёт ҳақиқатига бориб тақалади. Ёзувчи ўзининг матонат фазилатига учувчилар, денгизчилар, ишчилар – пешона тери билан ҳаётимизни гуллатаётган одамларнинг, яъни бўлажак қаҳрамонларининг матонатини ҳам бирлаштириши керак. Ахир, у турфа хил одамлар ҳақида, деярли ҳамма ҳақида ёзади. Демак, у бу одамлар билан бирга нафас олиши, улар ҳис қилган нарсани ҳис қила билиши шарт. Маълум бир муддат давомида у геолог, ўрмончи, ишчи, овчи, тракторчи бўлиб “яшаш”и зарур. Ёзувчи пайти келганда балиқ овчилари билан ов кемасининг умумий хонасида бирга ўтиради, бошқа бир гуруҳга қўшилиб эса тайга ўрмонларида кезади, қутб авиацияси учувчилари билан бирга самога кўтарилади ёки Буюк Шимол йўлларидан кемаларни олиб ўтади.
Ёзувчи Ер юзида ёвузлик яшаётгани, одамларни йўқ қилиш, оддийгина эркинликлардан жудо этиш, уларни эзиш, очлик, мутаассиблик ва аҳмоқоналиклар, урушлар ва ваҳшийлик мавжуд эканини ёдида тутмоғи зарур. У қўлидан келганича буларга қарши турмоғи керак. Унинг ёлғон, мунофиқлик ва жиноятлардан кўра баландроқ овози жасоратнинг алоҳида бир шаклидир.
Ёзувчи, ва ниҳоят, жангчи аскар бўлиши даркор. Чунки унинг жасорати, агар олишувдан омон чиқса, яна столга ўтириб, оқ қоғоз билан бирга бир чиқишга етмоғи зарур.
Ёзувчининг матонати юксак даражада бўлиши керак. Ва бу фазилат унинг доимий йўлдоши бўлмоғи даркор. Чунки ижод бир кун ё икки кунлик эмас, бутун умрлик юмушдир. Ҳаммаси ҳар сафар янгидан бошланади ва янада қийинроқ кечади.
Ёзувчида ирода етишмас экан, унинг адо бўлгани шу. Ҳатто истеъдодли бўлса ҳам, йўқолади, йитади. У энди ҳасадчига айланади. Ўзининг касбдош дўстларини ҳақоратлашни бошлайди. Ғазабга минади, уни фалон-фалон ўринларда эсга олишмагани, мукофот беришмагани ҳақида ўйлай бошлайди… Бундан сўнг у ёзувчиликнинг чинакам бахтини ҳеч қачон ҳис қилмайди. Ёзувчининг эса ҳақиқий бахт-қувончи бор.
Ижодий жараёнда ишлар юришиб кетган вақтлар ҳам бўлади. Фикрлар осон-равон қоғозга тушади, кеча чираниб қилолмаган ишингни бугун жонингни койитмай уддалашинг мумкин. Машинка худди пулемёт каби тасира-тусир ишлайди, бир томонда қоралама варақлар устма-уст тахланаверади. Бундай пайтларда ёзувчи ўзида куч-қувват ва самимиятни яққол сезади.
Энг гўзал, энг шоҳона сатрларни битганда эса каломнинг илоҳийлигини ҳис этади. Бундай ҳолат ҳатто даҳоларда ҳам камдан кам юзага келади. Бироқ у фақат матонатли ёзувчилардагина кузатилади. Бу машаққатлару ўтган умр учун, ўзидан қониқмаслик ва ноумидликка тоқат учун берилган мукофотдир. Мана шундай нурли лаҳзаларда ёзувчи ўзидан бошқа нарса эмас, худди ана шу саҳифалар қолишини сезади.
Ижодкор ҳақиқатни ёзиш эҳтиёжини сезган пайтда унинг яккаю ягона нажот йўли фақат ҳақиқат бўлади. Албатта, сенинг ҳақиқатинг бирданига, сўзсиз қабул қилинмайди. Аммо сен сон-саноқсиз нотаниш одамлар учун ҳам шундай ёзишинг керак. Чунки сен алал-оқибат ўшалар учун ёзасан. Ахир, сен ё муҳаррир, ё танқидчи, ё пул учун ёзмайсан. Гарчи пул ҳамма қатори сенга ҳам зарур бўлса-да, кўзлаган асл мақсадинг бошқа. Пулни бошқа касб-ҳунар қилиб топиш мумкин, бунинг учун ёзувчиликдан фойдаланиш шарт эмас. Сен сўзнинг илоҳийлиги ва ҳақиқатни ёдингда тутган ҳолда ёзасан. Ёзаркансан, адабиёт бу инсониятнинг ўзини ўзи англаши, сенинг тимсолингда ўзини ифодалаши эканини ўйлайсан. Буни сен ҳамиша ёдда тутишинг ва елкангга шундай шарафли вазифа тушганидан ҳамиша бахтиёр бўлишинг, фахрланишинг керак.
Тўсатдан соатга кўзинг тушган пайтлар икки ёки уч бўлганини кўрасан. Ярим тун. Ҳамма ширин уйқуда. Улкан борлиқ бағрида ҳозир кимлардир ухлаяпти, кимлардир бир-бирига муҳаббат изҳор қиляпти ва улар учун севгиларидан бошқа ҳеч нарсанинг қизиғи йўқ, кимлардир эса бир-бирини йўқ қилиш пайида, қайлардадир бомба ортган самолётлар кўкка кўтарилди, қайлардадир мириқиб рақс тушишяпти, қайсидир радиостанцияларнинг сухандонлари бўлса, ёлғон учун ёки одамларни тинчлантириш учун, ваҳима ва шов-шувлар ёки ўйин-кулги учун, умидсизлик ёки умид бағишлаш учун электр энергиясини сарфлаб ётибди. Сен эса мадоринг қуриб, тамом ёлғизликда ўтирибсан. Кўзингга уйқу келмайди, олам ва одам ҳақида ўй сурасан. Ер юзидаги барча одамлар ниҳоят бахтли ва эркин бўлишини, тенгсизлик йўқолиб, урушлар, ирқчилик, қашшоқлик барҳам топишини орзу қиласан. Ҳамма ўз манглай тери билан ҳалол нон топишини истайсан.
Лекин асосий саодат бошқа нарсада – тун бағрида ухламай ўйга чўмган биргина сен эмассан. Сен билан бирга бошқа ёзувчилар ҳам, сенинг сўздош дўстларинг ҳам уйқудан воз кечган. Сизларнинг умумниятингиз, маслагингиз битта – дунё бундан яхшироқ, инсон инсонийроқ бўлишини хоҳлайсиз.
Сенда дунёни ўзинг истаган ҳолга келтириш қудрати йўқ. Лекин сенинг ўз ҳақиқатинг, ўз сўзинг бор. Ва сен уч карра матонатли бўлишинг шарт. Чунки бахтсизликларинг, омадсизликларинг, муваффақиятсизликларингга қарамай, одамларга қувонч улашишинг ва ҳаёт бундан яхшироқ бўлиши кераклиги ҳақида тўхтамай гапиришинг зарур.
1966
Манба: “Ёшлик” журналининг 2015 йил 11-сони
Мазкур мақолани Олим Отахон таржимасида сайтимизнинг мана ба саҳифасида ўқишингиз мумкин
Юрий Казаков
ХУНУК
Ориф Толиб таржимаси
Тўй қизигандан қизиди. Келин-куёвни аллақачон чимилдиққа кузатиб қўйишган. Қишлоқ бўйлаб хўрозларнинг дастлабки қичқириғи эшитилди, гармончи бисотидаги бор куйни чалиб тугатди, уйлар оёқларнинг зарбидан зир-зир титради. Чироқлар ҳануз теварак-атрофни ёритиб турибди, уйларнинг деразасидан ҳалиям ухламаган ўйинқароқ болалар кўриниб қолади.
Жуда кўп ейилди, ичилди, кўз ёши тўкилди, мириқиб ўйин-кулги қилинди. Столдаги ноз-неъматлар пешма-пеш янгилаб турилди. Ҳолдан тойган гармончини ўйинбоп мусиқалар ёзилган патефонга алмаштиришди. Кўчада, ён-атрофда оёқларнинг дупур-дупури, шўх-шодон қийқириқлар тинмади, далада ҳам, дарё бўйида ҳам эшитилиб турди. Теваракдаги қишлоқ аҳли бугун Подворьеда тўй-томоша эканидан хабардор.
Ҳамманинг оғзи қулоғида, биргина Сонянинг қалби алам-изтиробда. Қизнинг қиррадор бурни ароқ таъсирида қизариб кетган, боши шанғиллар, юраги аламли ўйлар гирдобида оғир-оғир урарди. Унинг бор-йўқлигини биров хаёлига келтирмас, ҳамма ўзи билан ўзи овора. Кечадагиларнинг деярли барчаси ўз жуфтини топиб олган, бир-бирига меҳр-илтифот кўрсатар, биргина Соняга ҳеч ким эътибор бермас, рақсга ҳам таклиф қилмас эди.
Қиз чиройли эмаслигини билар, озғинлигидан уяларди. Ўйин-кулги бўладиган давраларга бормасликка такрор-такрор қасам ичар, лекин ҳар сафар ўзини тутиб туролмас, қандайдир бахтнинг мавҳум шарпаси уни етаклаб келаверарди.
Ҳатто анча йиллар олдин, ёшлик пайтида – институтда ўқиб юрган кезларида ҳам уни ҳеч ким севмади. Ҳеч ким уни бирор марта уйига кузатиб қўймади, бирор марта ўпмади. Қиз институтни битириб, қишлоққа ишга келди. Унга мактабдан хона ажратиб беришди. Қиз кечалари дафтар текширар, ўқир, севги ҳақидаги шеърларни ёдлар, кинога борар, дугоналарига узундан-узоқ мактублар ёзар, соғинчли хаёлларга чўмарди. Икки йил ичида деярли ҳамма дугоналари турмушга чиқди. Бу вақт давомида эса унинг юзи янаям хиралашди, баттар озиб елкалари туртиб чиқди, холос.
Мана, бугун уни яна мазах қилмоқчи бўлгандек тўйга таклиф қилишди ва у яна келди. Қиз бахт-шодликка кўмилган келинчакка энтикиб тикилар, одамлар билан бирга заиф овозда “Аччиқ!”, “Аччиқ” деб бақирар, келин-куёвни ўпишишга ундар эди. Ҳеч қачон бундай тўй кўролмаслигини, бахтиёр келинчакка айланолмаслигини ўйлар, ўйлагани сари кўксида аччиқ-аччиқ оғриқ турарди.
Уни текис юзли, кўзлари қоп-қора ғамгин бир йигит билан – ветеринар-фелдшер Николай билан таништиришди. Улар ёнма-ён ўтирдилар, йигит дастлаб қизни ташлаб кетмоқчи бўлди. Соня йигит таклиф қилган ҳамма нарсани еб-ичар, кўзларида чуқур меҳр, миннатдорчилик зоҳир эди.
Нимагадир Николайнинг қовоғи барибир очилмади, кўп ўтмай қизни эътиборсиз қолдириб бошқа столдаги ким биландир гаплашишга тушди. Кейин уни бутунлай ташлаб кетди. Узун қўлларини лапанглатиб, бақириб-чақириб роса рақсга тушди, ҳолдан тойгач атрофга аланглаб қаради-да, столга қайтиб келиб ароқ ичди. Кейин даҳлизга чиқиб кетганча қайтиб келмади.
Соня бир бурчакда ёлғиз ўтираркан, ўз ҳаётини ўйлар, мана бу кайфи чоғ, бахтиёр, маст, терга ботган одамларни кўриб ғашлиги келар ва ўз ҳолига ачинарди.
Яқинда у ўзига тўқ зангор рангли кўйлак тикиб олганди. Кўрганлар роса мақтаган, кийим ярашганини айтганди. Мана, ҳатто кўйлаги ҳам ёрдам бермади, ҳаммаси аввалгидай қолди: эски ҳаммом, эски тос.
Соат тунги учга етганда, юзларига доғ тушган, унутилган, бахтиқаро қиз – Соня ташқарига чиқди, ундан зинага ўтди.
Уйлар зулматга чўмганди. Бутун қишлоқ ширин уйқуда, ичкарида осойишталик, фақат очиқ деразалардан сайр қилиб юрган кишиларнинг қийқириқлари, дупур-дупурлари, гармоннинг қулоқ йиртар товуши ичкарига оқиб кирарди. Хира нур тушган майсалар йилтиллаб кўринарди.
Сонянинг ияклари титраб кетди. Лабларини тишлади, лекин буям ёрдам бермади. Зинадан тушгач қоронғулик қаърида оқариб-ажралиб турган қайиннинг олдига аранг етиб олди. Елкаси билан суяниб турди-да, ҳўнграб йиғлаб юборди. Биров эшитиб қолишидан уялиб рўмолчасини тишлаб олди. Лекин уни эшитадиган одамнинг ўзи йўқ эди. “Бас, етар! – деди ўзига ўзи кўзларини қаттиқ юмиб. – Етар! Мана бу еримга келди. Кетиш керак! Ҳозироқ!” Соня қайинни қўйиб юбориб нари кетмоқчи бўлди. Лекин оёқлари ўзига бўйсунмас, қадам ташлашга қўймасди.
– Ким у? – деган овоз эшитилди орқадан.
Соня йиғисини яширишга уринди, тезда рўмолчаси билан юз-кўзини артди, қайинга суянган ҳолда ортга қайрилди. Бу Николай эди. У қоқилиб кетди, йиқилиб тушмаслик учун қизнинг елкасидан ушлаб олди. Қўли лой-тупроққа беланганди.
– А! – деди у маст овозда. – Сизмидингиз? Мен… чорвоққа ўтгандим. – У яна чайқалиб кетиб қизга ёпишиб қолди. – Тўйига таклиф қилди-я, беюз! – бақириб гапирди у. – Ўлдираман ҳаммасини! Қонини ичаман! Мени пулга сотиб олмоқчимидинг! Эси паст!
Николай тишларини ғижирлатди, кейин онадан сўкинди.
– Бирор ерингиз оғрияптими? – қўрқа-писа сўради Соня. – Сув опкелайми?
– Ҳеч бало керакмас…
Йигит бурчак томонга қараб кетди. Сонянинг унга ичи ачиди. Даҳлиздан бир пақир сув олиб келди-да, Николайнинг бошидан қуя бошлади. У итоаткорона эгилиб турар, оғиз-бурнига кирган сувларни пувлаб пишқирар, нималардир деб тўнғиллаб қўярди.
Кейин шалоббо аҳволда, кўйлакчан ўтириб зинада сигарет чекди, Соня эса чакмонини ювиб тозалади.
– Анча енгил тортингизми? – гўё кимдир чиқиб кўриб қоладигандай қўрқиб паст товушда сўради қиз.
– Сал-пал… Нимага сизни олдин ҳеч кўрмаганман? Тўйдагиларнинг ҳаммасини яхши танийман.
– Базмларга кам бораман.
– А! Сиз мактабда яшайсиз-а?
– Ҳа, мактабда.
– Кузатиб қўяман, қаршимасмисиз?
Николай туриб чакмонини кийди, кейин даҳлизга сув ичгани кетди.
– Йиғлабсиз, шекилли, – сўради у. – Ким хафа қилди?
Қизнинг қалби миннатдорчилик ҳисларига тўлди. Сўнг бошини эгиб жавоб берди:
– Йўқ, ҳеч ким хафа қилгани йўқ…
– Тўғрисини айтўвринг! Агар бирортаси чертса борми, қовурғасини синдираман! – Николай Соняни елкасидан қучиб олди. Тупроқ йўлдан юриб кетишди, сўнг чапга бурилиб сўқмоқ йўлга чиқишди. Томорқалар, қўраларнинг ёнидан ўтишди. Аллақачон шудринг тушган, майсалар жиққа ҳўл эди.
Соня нимагадир кулишни хоҳларди. У ҳозир ўзига бегона эди. У бошини Николайнинг елкасига қўйиб кетишни истар, аммо уяларди. Бир марта Николай қоқилиб, қизга қапишиб қолди. Шунда ҳам қиз шоша-пиша ўзини орқага ташлади.
– Сиз ўлгудай мастсиз! – худди эски қадрдонига гапираётгандай енгил таъна билан деди қиз.
– Тўғри! – Николай қўллари билан юзини ишқалади. – Тўйда ҳамма бўкиб ичди.
Улар мактабга етиб келиб, зинага кўтарилди. Соня саросимага тушиб қолган, нима қилишини билмасди: дарров кириб кетсинми ё турсинми? Дастлаб кетмоқчи бўлди, лекин кейин Николайнинг ранжишидан қўрқиб, қолди.
Николай негадир яна мастона тебранар, нафаси хириллар, Сонянинг қўлидан ушлаб олган эди.
– Нимадир десангиз-чи, – деди қиз ҳорғин кўзларини зим-зиё осмонга қадаб.
– Яна нима дейишим керак? – хириллади у, кейин қизни ўзига тортди-да қаттиқ қучоқлади, бечоранинг суяклари қисирлаб кетди. Йигит ҳўл лаблари билан уни ўпа бошлади.
– Қўйворинг! – деб шивирлади қиз йигитнинг қучоғидан чиқиб кетишга уринаркан.
– Жим! – деди йигит овозини янаям пасайтириб, қизни даҳлизнинг қоронғуроқ жойига олиб борди. – Жим дейман! Нима, эсингни еганмисан!
– Коля… Ўзингни бос, азизим. Нима қилганинг бу, а?
– Севасанми мени? – тўнғиллади Николай. – Жиннилик қилма!
– Кераги йўқ, Коля, кераги йўқ, – қизнинг сўзларидаги ёлворувчи оҳанг йигитни ҳовуридан туширди.
– Бўпти… – деди у. – Асабимга тегма! Сен… сен эртага даладаги бостирмага боргин. Борасанми?
– Қачон? – деб шивирлади Соня титраб-қалтираб.
– Соат еттида. Бўптими?
– Бораман.
– Аҳа… – Николай сигаретни бир неча бор тортиб-тортиб симирди, қолдиғини эса пошнаси билан анча вақт эзиб турди. – Майли, кўришгунча!
Йигит қизни яна бир марта ўпди. Лекин бу сафар ўпкасини босиб олганди, ортиқча ҳаяжонланмади. Қизнинг юзларини кафтлари орасига олиб бирпас турди. Сўнг зинадан тушиб қоронғулик бағрига сингиб кетди. Бир минутдан кейин унинг ҳиргойиси эшитила бошлади. Қўшиқ тутуруқсиз ва ясама эди.
Уйда Соня хона бўйлаб оҳиста юрди, устки кийимларини ечди, яхна чойдан ичди. Кўйлакчан ҳолда кўзгу ёнига келиб юзига, туртиб чиққан елкалари, суякларига узоқ ва ғамгин тикилиб қолди. “Эй худойим, қанақа кўримсизман-а, – деган фикр хаёлидан ўтди ва қўрқиб кетди. – Балиқ ёғи ичиш керак! Албатта ичиш керак!”
Столга ўтирди-да сариёғ ейишга киришди. У, аслида, ёғни ёмон кўрарди. Лекин ҳозир сариёғни биринчи марта кўраётгандай апил-тапил чайналар ва Николай ҳақида ўйларди. Кейин чироқни ўчириб ётди, бироқ уҳлай олмади. Москвада, унинг уйига қарама қарши томонда фонар ёнар, баланд ўсган жўка дарахтларининг сояси ойнада титраб ғалати рақсга тушарди. Борлиқни қуюқ зулмат қоплаганди.
– Бу севгими? – деди овоз чиқариб Соня ва деворга ўгирилиб олди.
Бутун кун давомида Сонянинг хаёли аллақаёқларда юрди.
Эрталабдан ёмғир ёға бошлади. Болаларга қандайдир парчани ўқиб бераркан, Соня ойнадан кўчадаги кўлмакларга хавотир билан қараб қўйди. Лекин ёмғир тиниб ҳаво очилиб кетди. Кечга яқин мактаб ёнидаги йўлдан олов думли машиналар ўта бошлади.
Ишдан сўнг Соня дугонасига хат ёзишга киришди. Хатда кеча бир йигит уни кузатиб қўйгани ва учрашувга таклиф қилгани ҳақида ёзди. Мактуб каттагина, қувончга тўла чиқди. Ишни тугатгач Соня нимагадир Николайни севгани тўғрисида тўхтамга келди. У хатни почтага ташлаб қайтгач, деворга ўгирилиб ётди.
Қиз Николай келадими-йўқми деб ўйлади, келса ўзини қандай тутиши ва нималарни гапиришини мўлжаллаб олди. Агар у яна ўпадиган бўлса нима қиламан деб қўрқувга тушди. Бу фикрлар қизни шунчалик ҳаяжонга солдики, кийинаётганида ҳам қўли титрашдан тўхтамади.
Соня кечаги тўқ зангор кўйлагини кийди, сочини бир оз жингалаклади, атир сепди. Ҳаяжондан кафтлари терлади. Қишлоқ кўчасидан ўтаркан, гўё деразадан ҳамма уни кузатаётгандай, қаерга, нима учун кетаётганини биладигандай туюлди. Уялиб кетди, қадамини тезлатмоқчи бўлди, лекин уддасидан чиқолмади. Далага етиб боргачгина енгил тин олди. Ҳаво иссиқ эди. Йўлга енгил чанг инган, қуёш юзини алвон парда қоплаган эди. Йўлга яқин жойда, марзада трактор турарди. Қорамойга беланган тракторчи маторни чуқулаб ўтирарди. У Соняни кўриб қаддини ростлади, қўлини шалварига артди, кейин чекди ва қизнинг ортидан ўйчан тикилиб қолди.
Кенг жарликка тушиб, сигир подалари ифлослантириб юборган ботқоқликдан ўтар экан, Сонянинг хаёлига тўсатдан: “Николай вақтлироқ келиб мени кутмай кетворган бўлса-чи”, деган фикр келди. Қўрқиб кетди.
Қиз бостирма кўзга ташлангач юришдан тўхтади. Бостирма атрофида ҳеч ким йўқлигидан севиниб кетди. Бир оз нафасини ростлаб олгач чанг босган туфлисини ўт-ўланлар билан тозалади. Ялангликда туриш қизга ноқулай туюлди, панароққа ўтиб олди. Кун бўйи қуёшда қизиган деворнинг ҳовури баданга урарди.
Қармоқ кўтарган болакай келиб, чувалчанг қидира бошлади. Соня уялганидан қизариб кетди, яна йўлга чиқди. Шаҳардан келаётган аравалардаги одамлар унга тикилиб ўтар, болакай ҳам атайлаб қилгандай кетмасди. Соня беҳаловат бўла бошлади. Бахтига, болакай чувалчанг йиғиб бўлди, шекилли, кетди. У бир неча марта кинояли қарагандай туюлди. “Сезиб қолди! – уялиб ўйлади Соня. – Яхшиям бизнинг мактабдан эмас экан!”
У яна бостирма ортига ўтиб паналади, мойчечак терди. Мойчечакнинг гулбарглари сийраклашиб қолган, у шу туришда ракетага ўхшарди. Қиз гулбаргларни уза бошлади: “Келади, келмайди…” Келмайдиган бўлиб чиқди. Бунданам ёмони, Соня Николай қайси томондан келишини билмасди. Бостирма ортидан чиқиб йўлга қаради. Сўнг яна бекинди. Николай кўринган пайт қиз тамом ҳолдан тойганди. У пастки йўлдан келар, қўлларини чўнтагига тиқиб, чакмонини елкасига ташлаб олганди. Яқинлашгач бирор нарсани унутган ва уни эслашга уринаётган кишидан пешанасини тириштириб Соняга қаради. Юз-кўзидан зерикиш аломатларини уқиш мумкин эди. Қизнинг ёнига келиб истамайгина қўл узатди:
– Яхшимисиз…
– Яхши, раҳмат, – кўзларини ерга қадаб жавоб берди Соня.
– Кўп кутдингизми?
– Йўқ…
– Ҳим… Салқинроққа борайлик.
Улар йўл бўйидаги похол уюмига ўтирди. Қуёш уфққа яқинлашиб, нурсизланиб қолган, бостирманинг сояси даланинг этагигача чўзилган эди.
– Кеча яхши дам олдингизми? – сўради Соня. Николайга бирров қараб олди, негадир жилмайишга уринди.
– Тузук… – Николай эснади, чакмонини туширди. – Фақат ухлаб бўлмади.
– Кеча яхши эмасдингиз, – оҳистагина деди Соня.
– Яна бошладингми! – Николай Соняни лоқайд қучоқлади, ўпмоқчи бўлди, лекин фикридан қайтди. Қизнинг бўйнига йигитнинг нафаси урилди.
– Ҳозир қоронғу тушади, – деди Соня. Николайнинг кўксига аста бош қўйди ва зарб билан ураётган юрак товушларини эшитди.
– Кеч тушса яхши, нўхот пайкалига борамиз, – Николай бошини ўнг томонга буриб қаергадир ишора қилди. – У ерда чайла бор. Борасанми?
– Бунақа гапларни гапирма, Коля, – паст товушда деди Соня.
– Эҳ, – бирдан ҳайқирди Николай, – ухлагим келяпти, қани тиззангни бер-чи…
У нари сурилди-да, этикли оёқларини кенг ёйиб ётди. Бошини Сонянинг тиззаларига қўйди. Бир оз кўз юмиб ётгач, қўл узатиб қизнинг биқинини ушлади.
– Нега бунақа озғинсан?
Қиз бир дақиқа нафас олишдан тўхтади.
– Тузилишим шунақа, – зўр бериб жилмайишга уринди қиз.
– Тузилиш эмиш! Менимча, қаерингдир касал. Моллар ҳам шунақа: касал бўлдими – қанча боқма фойдаси йўқ. Ўша-ўша арматуралигича қолаверади.
Сонянинг кўз олди қоронғулашиб кетди, бир неча бор кўнгил айнишидан ўзини зўрға тийиб қолди.
– Нимага бунақа қўполсиз, – тўсатдан терс гапирди у. – Ё мен билан истаган ишни қилса бўлади деб ўйлаяпсизми?
У юзини кескин бошқа томонга бурди ва секин қизара бошлади.
– Мен билан бунақа гаплашишга ҳаққингиз йўқ! Эшитдингизми!
Қиз пастки лабини тишлаб, енги билан кўзларини қаттиқ артди. Кейин дала томонга қараганча тиззаларини силкитди.
– Кетинг! Мен сизга молмасман, кўтаринг каллангизни! Даф бўлинг!
Николай тош қотди.
– Мени… мени… – тўнғиллади у. – Кечирасиз! Билмабман! Истамагандим – ит бўлай! Ишим шунақа, ўрганиб қолганман.
– Йўқ, буни ишга ҳеч қанақа алоқаси йўқ, – энди Соня ўзини анча босиб олган, ғазаб билан гапирарди. – Сабаби…
Қизни тер босди, бармоқлари титрар, юзи кўринмас эди.
– Сабаби, “ўз оёғи билан кептими, ҳар қандай ишни қилсам бўлаверади”, деб ўйлагансиз.
Николай мум тишлаб ўтирар, ҳеч нима деёлмасди.
– Кеча кимни сўккандингиз? – узоқ сукутдан сўнг сўради Соня.
– Ҳим… – Қошларини чимирди Николай. – Мениям дардим ичимда. Анави аблаҳ Зойкани мендан тортиб олди, унга уйланди. Келин бўлса янаям очилиб кетаркан. Мен у билан қандай бахтли эдим-а…
– Сизни, тўғриси, жуда кўп қизлар яхши кўради, – деди Соня.
– А! – Николай худди эшшак олма егандай афтини буриштирди, кейин қизнинг тиззасига яна бош қўйди. – Уларнинг муҳаббати қанақалигини яхши биламан!
– Нимага бунақасиз, Коля? – шошиб гапирди Соня. – Одамларга ишониш керак. Қаранг, қанақа ажойиб одамларимиз бор!
Николай бошини кўтариб тупурди.
– Ишонмайсизми? – заиф овозда сўради Соня.
– Нимага?
– Одамдаги самимиятга.
Николай илжайди.
– Ўҳ, бу қишлоқи хотинлар алжирашни бунча ёқтиради-а! Самимиятмиш… – У бошқа томонга бурилиб эснади ва кўзларини юмди.
Йигитнинг хомсемиз гавдаси, йўғон бўйни, камҳаракат танаси, юмалоқ юзи қоронғулик бағрида қўрқинчли туюларди.
Соня қўллари билан Николайнинг сочларини силаркан, унга энтикиб тикилар, яна уялганидан қизариб кетар эди.
– Коля, биламан, сиз яхши инсонсиз, қалби тоза йигитсиз, – деди у эшитилар-эшитилмас овозда.
– Тўхта! – деди йигит бошини кўтариб ва атрофга жим қулоқ сола бошлади. Кейин қўлини қизнинг тиззаларига тираб ўтирди.
Йўлда икки киши секин гаплашиб келарди.
– Эй! – бақирди Николай.
– Нима қиляпсиз, Коля! – шивирлади Соня юзини яшириб.
Йўловчилар тўхтади.
– Қаерга кетяпсизлар? – яна бақирди Николай.
– Базмга. Ким у? Николаймисан?
– Худди ўзи. Қайси томонга борасизлар?
– Сосновкага.
Йўлдагилар чекишди. Икки қизғиш нур олдинлаб кета бошлади. Николай уларнинг ортидан қараб турди.
– Тўхтанглар! – ҳайқирди у. – Сизлар билан кетаман.
Шошиб ўрнидан турди, чакмонини қоқиб елкасига ташлади. Кейин йўталиб Соняга қўл узатди.
– Майли, бўлмаса. Учрашиб қолармиз… – Қайрилиб чакмонини қўлига олди-да, майда қадамлар билан йўл томон югургилаб кетди.
Зим-зиё тун чўкди. Фақат ён томонда, четда яримлаган ой бақрайиб турар, дарёдан яйловга қараб ҳарир туман ёйилмоқда эди. Тиқ этган товуш йўқ. Фақат бир марта бостирма ортидан нимадир чопиб ўтди: “топ-топ-топ”…
Соня елкасини деворга тираганча ўтирар, бутун вужуди қалт-қалт титрарди. Титроқ босилар деб ёқасини тортиб-тортиб қўйди, лекин фойдаси бўлмади. Кейин йиғлашга тушди, бироқ кўксини тирнаб-тирмалаб чиқаётган овози шу қадар кучсиз ва қўрқинчли эдики, ўзи ҳам чўчиб кетар, тош қотар эди.
Охири ўрнидан қўзғалди, деворни ушлаб бир оз турди, кейин уйга кетди. Ҳаво дим ва бўғиқлиги сабаб дарё бўйидан зўрға ўтиб олди. Яна тупроқ йўлдан юрди, лекин бу сафар уни юлдузларнинг ёғдуси ним ёритиб турарди. Йўл четидаги пичанларнинг майин ҳиди димоқни қитиқлар, Сомон йўли юлдузлари йўлга заиф шуъла тўшаган эди. Шу боис ҳув наридаги пичан ғарамлари, зиғир уюмлари ҳам кўзга илинар, ҳали ўрилмаган буғдой бошоқлари йилтиллаб кўринарди.
– У-у! – деди Соня боягидай кучсиз, қўрқинчли овоз билан. – У-у!..
Гапиришга ҳам, ўйлашга ҳам қизнинг ортиқ дармони қолмади. Яна ўша зах жарликдан ўтди. Ҳали йўл бўйида таъмирда турган трактор ҳозир узоқдаги пайкалда ер ҳайдарди. Фараларининг нури элас-элас кўринар, моторининг тир-тири зўрға эшитиларди.
Соня бирдан енгил тортиб кетди. Дунё беқиёс гўзалликка эгалигини ҳис қилди. Кўз ўнгида осмон қаёққадир ғойиб бўлди, юлдузлар олис-олисларга тўпиллаб тушди, зим-зимё тунни нурга чулғади. Йироқ-йироқлардаги софдил одамлар бир зумга кўриниб кетгандай бўлди. Қиз она заминнинг беҳол, ором истаётган руҳини сезди. Ўзи ҳақида ўйлади, нима бўлганда ҳам у аёл, ҳали қандай воқеа юз берганидан қатъи назар, унинг юраги уриб турибди, қалби яшаяпти. Шуни ҳис қилганларгина чинакам бахтли бўлади. Эҳ аҳмоқ қиз, ўзида қанчалик куч ва малоҳат борлигини сезмаган экан-а. Қизнинг кўнгли нурга тўлди, кўкка осилиб ловуллаб ёнаётган юлдузлар остида дадил қадамлар билан юриб кетди.
Қишлоққа тун чўккан эди. Кўпчилик аллақачон ухлаб бўлган, фақат айрим уйлардагина чироқ нури милтиллайди. Дарвоза остида катта оқ ит ётарди. Соняни кўриб югуриб ортидан эргашди, кейин ҳидлашга тушди. “Тишламоқчимисан? Майли, тишла”, деди азобли ўйлар исканжасида қолган Соня. Лекин ит тишламади, қизнинг оёқларини икки бор ҳидлади-да, қоронғулик қаърига кириб йўқолди. Соня ўз йўлига равона бўлди. Унинг кўнгли энди буткул ёришиб кетганди.
Yozuvchining tevaragidagi jumla olam qaynoq hayot ichida tinimsiz harakatlanadi, yelib-yuguradi, butun dunyo qaergadir shoshadi. U esa bu olamga go’yo yoshligidayoq asir tushgan, u boshqalarga qo’shilib yashashi zarur. Bunday bo’ladigan bo’lsa, uning yolg’iz qolishiga qanaqa ehtiyoj bor? Juda katta ehtiyoj bor. Chunki ijod jarayonida uning atrofida hech kim – na onasi, na xotini, na bolalari – hech kim bo’lmasligi kerak. U faqat qahramonlari, so’z-iboralari va zavqu shavqi bilan birga bo’lishi zarur.
Yuriy Kazakov
OQ QOG’OZ BILAN YUZMA-YUZ
Orif Tolib tarjimasi
Yuriy Kazakov (1927–1982) o’tgan asr yangi rus hikoyachiligining eng yirik vakillaridan. Ilk kitobi – “Moviy va yashil” (1956). Shundan so’ng yozuvchining “Teddi”, “Kichik stantsiyada”, “Qo’noq”, “Yig’lagayman, bo’zlagayman”, “Izg’irinda qolgan yuraklar”, “Eman o’rmonlarida kuz”, “Shimol kundaligi”, “Sen uyqungda qattiq yig’lading” singari kitoblari chop etilgan.
Chin ma’nodagi karvonsaroyga aylanib qolgan, dengizchi va sayyohlar bilan to’lib-toshgan ko’hna, devorlari yag’ir mehmonxonaning eski qanotidagi xonada o’tirardim. Bo’lmada turli xalta-xurjunlar, ashqol-dashqollar ochilib-sochilib yotar, tamaki qutilari, ustara, qurol-aslaha, o’q-dori va hokazolar har joyda qalashgan edi. Buning ustiga, adabiyot haqida behuda va og’irdan og’ir bahs bo’lgan, hozir deraza yonida horg’in o’tirar edim. Allaqachon qosh qorayib, sokin tun cho’kkan va u mening ruhimga xuddi zahar kabi tobora yoyilib borardi. Garchi xunobim oshib turgan bo’lsa-da, ertaga bir kemacha tiklab, Yangi Yerga va undan nari Kar dengizi tomonlarga borishimiz haqidagi fikrdan ichim yayrardi.
Men hamon derazadan olis-olislarga, tomlarning tepasiga, ufqdagi yengil qizg’ish bulutlarga tikilib o’tirardim. Tomlar orasidan Dvina daryosi unda-bunda yalt-yalt ko’zga tashlanardi. Bandargoh ostonasida turgan mahobatli o’rmonchi kemalar esa qorayib ko’rinar, ulardan g’ira-shira yorug’lik taralardi. Goh-gohida pishillab bug’ ko’tarilar, ishlayotgan ulkan murvatlar bo’g’iq gurillar, shatakchi kemalar itlarday uv tortar, safarga otlanayotgan kemalar esa kuchli va g’amgin zang chalar edi.
Pastda allaqachon ulovlar siyraklab qolgan, tramvayning taraqa-turug’i umuman kamaygan edi. Ayni damda ostki qavatdagi restoran vag’ir-vug’urga to’lgan, orkestrning ilhomi bevaqt qo’zib, g’ijjaklar dodlar, nog’oralar ustiga tinimsiz musht yog’ilar edi. Kechqurungi sozandalar guruhi odatda nafaqaxo’rlardan iborat bo’lardi. Restoran oynalari hovli tomonga qaragani sababli ovozlar mening xonamga yaxshigina yetib kelardi. Ana, restoranning hamishahozir, o’zgarmas qorovuli Vasya tog’a aysh-ishratga o’rgangan uch-to’rtta olchoq-muttahamni ichkariga qo’ymadi. Bu paytda mening qadrdon va baxtiyor bir do’stim restoranda oshnalari – rumin sirkchilari bilan ispancha va eskimoschada suhbatlashib o’tirardi. Men esa yolg’iz edim. Boyagina pastki qavatda mahalliy bir bilimdon bilan adabiyot to’g’risida qurgan bahsimiz yodimga tushdi va yozuvchi jasorati haqida o’ylay boshladim.
Yozuvchi mardonavor bo’lishi kerak, deb o’yladim men. Chunki uning hayoti qiyinchiliklar bilan kechadi. U oppoq qog’oz bilan yuzma-yuz qolgan chog’lari hamma-hamma narsa unga qarshi chiqadi. Ungacha yozilgan milyon-milyon kitoblar bosh ko’tarib keladi. Axir, sengacha hamma gap aytib bo’lingan bo’lsa, endi qo’lga qalam olishning nima keragi bor? Buni o’ylashning o’zi dahshat! Yozuvchining yovlari orasida bosh og’rig’i va ba’zan qo’zg’alib qoladigan o’ziga ishonmaslik hissi ham bor. Buning ustiga, ishlayotgan paytingda qo’ng’iroq qiladigan yoki yo’qlab keladigan turli odamlar, turfa tashvishlaru yugur-yugurlar, go’yo muhimday ko’rinadigan ishlar… Aslida, yozuvchi uchun oldida turgan ijodiy ishdan ko’ra ahamiyatlirog’i yo’q. Unga hatto quyosh ham xalal beradi: uydan chiqishga, umuman, biror joyga borib, hordiq chiqarishga, atrof-muhitni ko’rish, biror yaxshi voqeani boshdan kechirishga chorlab turadi. Ishga qo’l bormay, yurak tisarilib turgan damlarda yomg’ir ham vahimaning uyasiga aylanadi, ishdan tamoman sovitadi.
Yozuvchining tevaragidagi jumla olam qaynoq hayot ichida tinimsiz harakatlanadi, yelib-yuguradi, butun dunyo qaergadir shoshadi. U esa bu olamga go’yo yoshligidayoq asir tushgan, u boshqalarga qo’shilib yashashi zarur. Bunday bo’ladigan bo’lsa, uning yolg’iz qolishiga qanaqa ehtiyoj bor? Juda katta ehtiyoj bor. Chunki ijod jarayonida uning atrofida hech kim – na onasi, na xotini, na bolalari – hech kim bo’lmasligi kerak. U faqat qahramonlari, so’z-iboralari va zavqu shavqi bilan birga bo’lishi zarur.
Yozuvchi ishga kirishar ekan, unga qarshi haddan tashqari ko’p “dushman” qurollanadi, hamma narsa uni chorlaydi, unga o’zini eslatadi. U esa o’zigagina xos, o’zi o’ylab topgan dunyoda yashashi
shart. Hech kim hech qachon ko’rmagan, biroq hayotda borday tuyuladigan qahramonlarini o’z yaqinlariday bilishi, ular haqida qayg’urishi kerak. Deraza yoki devor ortiga, qaerlargadir tikilib o’tirar ekan, u hech narsani ko’rmaydi. Faqat poyonsiz kunlarni, ortda qolgan va oldda turgan sahifalarni, o’zining omadsizligiyu chekinishlarini ko’radi, xolos. Bu unga judayam og’ir va alamli. Unga hech kim yordam bera olmaydi, chunki u tamoman yolg’iz.
Hamma gap ana shunda, unga hech kim ko’makchi bo’lolmaydi, uning uchun biror zot qo’liga qalam yoki mashinka olib biror narsa qoralamaydi, qanday yozish kerakligini ko’rsatib bermaydi. U bu
ishni o’zi yolg’iz bajarishi kerak. Agar buni eplay olmas ekan, har qanday chiranish bekor – u yozuvchi emas. Sog’misan-kasalmisan, ishingni to’g’ri tanladingmi-yo’qmi, sabr kosang chuqurmi-sayoz – bular bilan hech kimning ishi yo’q. Ana shu holatda o’zingni yo’qotmaslik katta jasorat bo’ladi. Agar sen yomon yozgan bo’lsang, seni hech narsa – unvoning ham, mukofotlaring ham, oldingi muvaffaqiyatlaring ham qutqara olmaydi. Unvoning ba’zida yomon yozgan narsangni chop etishga ko’maklashishi mumkin, do’st-oshnolaring yozganingni maqtab, ko’nglingni ko’tarishga urinadi, qalamhaqi ham olasan. Lekin bularning baridan qat’i nazar, sen yozuvchi emassan…
Barini yana qaytadan boshlash uchun sabr-toqatli, matonatli bo’lish zarur. Ishga kirishgan chog’ing birdan iste’doding qayoqqadir yo’qolib, birinchi jumladayoq tilingga tushov tushsa, bunga mardonavor chidash bermog’ing kerak. Iste’dod ba’zida uzoq vaqtga ketib qoladi, lekin sen chidamli bo’lsang, albatta qaytadi.
Haqiqiy yozuvchi kuniga o’n soat ter to’kadi. Ishlar yurishmay qolgan holatlar esa ko’p bo’ladi. Kunlar ketidan kunlar o’tib boradi. U hech narsa yoza olmaydi va, shu bilan birga, bu ishdan voz ham kecha olmaydi. Alam-g’azab bilan, deyarli ko’zda yosh bilan o’zi shundoq ham sanoqli bo’lgan kunlar shuvillab o’tayotganini, behuda sovrilayotganini his etib yashaydi.
Nihoyat, asariga so’nggi nuqtani qo’yadi. Endi u bo’m-bo’sh. Go’yo endi u boshqa biror satr ham yozmaydiganday. U, deylik, “Mana, ishimni qilib qo’ydim, stolimda bir bog’lam bo’lib qoralamam turibdi. Bunaqasini hozirgacha hech kim yozmagan. Mayli, mengacha Tolstoy va Chexov ham qalam tebratgan, lekin bu asarni men yozdim. Bu boshqacha narsa. Balki meniki ularnikidan ko’ra mundayroqdir, lekin bu o’ziga xos asar. Ustiga ustak, yozganimning yaxshi-yomonligi haqida xulosa qilishga hali erta. Qani, qo’lidan kelsa, boshqalar ham shunga o’xshash biror narsa yozib ko’rsin”, deb o’ylashi mumkin.
Ish bitganda yozuvchining xayoliga shunday gaplar kelishi ehtimolga yaqin. U asariga so’nggi nuqtani qo’ydimi, demak, o’zini o’zi yengdi. Bu judayam qisqa va o’ta maroqli kun bo’ladi. Chunki u yaqin orada yangi bir ishga kirishadi, hozir esa ana shu qisqagina zavq lazzatini totib qolishga urinadi.
Chunki u, deylik, bahor o’tib ketganini birdan sezib qoladi. Aprel` boshida kunbotarda qora bulutlar to’plangan va o’sha tomondan kuchli iliq shamol esib, qorlarni ilma-tekshik qilib eritib yuborgandan buyon qancha vaqt o’tib ketibdi-ya! Muzlar erib bitibdi, soylar quribdi, ko’klam maysalari qovjirabdi, boshoqlar to’lishib, sap-sariq rangga kiribdi – butun bir asr suvday oqib o’tibdi. U esa hammasini boy beribdi, bularning birortasini ko’rolmabdi. Shu davr ichida jahonda nimalar bo’lmadi, odamlarning hayotida qanday o’zgarishlar yuz bermadi. U esa faqat ishladi, qarshisida yangi va yangi qog’ozlargina paydo bo’ldi, dunyoni o’z qahramonlaridagina ko’rdi. O’tgan vaqtni endi unga hech kim qaytarib bermaydi, u umrning bu bo’lagidan manguga judo bo’ldi.
Bundan so’ng yozuvchi asarini jurnalga beradi. Eng yaxshi holatni olib ko’raylik. Uning yozganlarini birdaniga, mamnuniyat bilan olib qolishdi. Yozuvchiga qo’ng’iroq qilishadi yoki telegramma jo’natishadi. Boshqa jurnalga berib qo’ymasin deb og’iz ko’pirtirib maqtashadi. Yozuvchi zavqu shavq bilan, to’lib-toshib tahririyatga boradi. Uni ko’rganidan hamma xursand, u ham xursand. Judayam ajoyib odamlar, ajoyib chehralar. “Qadrdon, – deb gap boshlaydi tahririyatdagilar. – Yozganlaringizni beramiz, albatta beramiz. O’n ikkinchi sonda ketadi!”. O’n ikkinchi son degani dekabrda chiqadi. Qishda. Hozir esa yoz…
Yozuvchiga hamma mamnun boqadi, tabassum qiladi, qo’lini siqib, yelkasiga qoqib ham qo’yadi. Hammada g’aroyib bir ishonch borday, go’yo yozuvchi yana besh yuz yil yashaydi. Go’yo bu olti oy olti kunday tez o’tadi-ketadi.
Yozuvchi uchun g’alati, og’ir bir davr boshlanadi. U vaqt tezroq o’tishini istaydi. Yoz tezroq oyoqlayqolsaydi. Hali bu yoqda kuz ham bor. E-e… Dekabr`, unga dekabr kerak. Dekabr`ni kutaverib
yozuvchining tinkasi quriydi.
U yana ishga kirishadi, xuddi oldingi safargiday ishi birda yurishadi, birda oqsaydi. Vaqtning uchqur tulpori esa tinmay yeladi, yil o’tib, yana aprel` keladi. Endi ishga tanqidchilik aralashadi.
Yozuvchilar tanqidni to’g’ridan to’g’ri qabul qiladi. Ayrim yozuvchilar o’zlari haqida nima deyishayotgani bilan qiziqmaydi, degan gap mutlaqo xato. Bunday paytda bardosh yozuvchiga har qachongidan ham ko’ra zarurroq. Tanbehlaru adolatsizliklarga chidashning o’zi bo’ladimi! G’azablanmaslik kerak, ustingdan do’l yog’dirishayotgan paytda ishingdan qo’lni yuvib qo’ltiqqa urmaslik kerak. Agar maqtashsa, maqtovga uchmaslik darkor. Maqtov qo’rqinchli narsa, u yozuvchida o’zi haqida aslidagidan ko’ra ijobiy, qanoatli fikrlar paydo qiladi. Endi u o’ziga o’rgatish o’rniga birovlarga o’rgatishni boshlaydi. Axir, yozuvchi yangi asarini qay darajada qoyilmaqom yozgan bo’lmasin, bundan ham yaxshi yozish imkoniga ega. Buning uchun undan mardonavor bo’lish va o’zini tarbiyalashda davom etish talab etiladi.
Lekin eng xavfli narsa maqtov va olqishlar ham emas. Eng qo’rqinchlisi – sen haqingda hamma sukut saqlasa. Biror kitobing chiqsa, uning chinakam asar ekanini bilib tursang-u, bu haqda birov lom-mim demasa. Xuddi ana shu damda matonatli bo’lish zarur!
Adabiy haqiqatning ildizi hamisha hayot haqiqatiga borib taqaladi. Yozuvchi o’zining matonat fazilatiga uchuvchilar, dengizchilar, ishchilar – peshona teri bilan hayotimizni gullatayotgan odamlarning, ya’ni bo’lajak qahramonlarining matonatini ham birlashtirishi kerak. Axir, u turfa xil odamlar haqida, deyarli hamma haqida yozadi. Demak, u bu odamlar bilan birga nafas olishi, ular his qilgan narsani his qila bilishi shart. Ma’lum bir muddat davomida u geolog, o’rmonchi, ishchi, ovchi, traktorchi bo’lib “yashash”i zarur. Yozuvchi payti kelganda baliq ovchilari bilan ov kemasining umumiy xonasida birga o’tiradi, boshqa bir guruhga qo’shilib esa tayga o’rmonlarida kezadi, qutb aviatsiyasi uchuvchilari bilan birga samoga ko’tariladi yoki Buyuk Shimol yo’llaridan kemalarni olib o’tadi.
Yozuvchi Yer yuzida yovuzlik yashayotgani, odamlarni yo’q qilish, oddiygina erkinliklardan judo etish, ularni ezish, ochlik, mutaassiblik va ahmoqonaliklar, urushlar va vahshiylik mavjud ekanini yodida tutmog’i zarur. U qo’lidan kelganicha bularga qarshi turmog’i kerak. Uning yolg’on, munofiqlik va jinoyatlardan ko’ra balandroq ovozi jasoratning alohida bir shaklidir.
Yozuvchi, va nihoyat, jangchi askar bo’lishi darkor. Chunki uning jasorati, agar olishuvdan omon chiqsa, yana stolga o’tirib, oq qog’oz bilan birga bir chiqishga yetmog’i zarur.
Yozuvchining matonati yuksak darajada bo’lishi kerak. Va bu fazilat uning doimiy yo’ldoshi bo’lmog’i darkor. Chunki ijod bir kun yo ikki kunlik emas, butun umrlik yumushdir. Hammasi har safar yangidan boshlanadi va yanada qiyinroq kechadi.
Yozuvchida iroda yetishmas ekan, uning ado bo’lgani shu. Hatto iste’dodli bo’lsa ham, yo’qoladi, yitadi. U endi hasadchiga aylanadi. O’zining kasbdosh do’stlarini haqoratlashni boshlaydi. G’azabga minadi, uni falon-falon o’rinlarda esga olishmagani, mukofot berishmagani haqida o’ylay boshlaydi… Bundan so’ng u yozuvchilikning chinakam baxtini hech qachon his qilmaydi. Yozuvchining esa haqiqiy baxt-quvonchi bor.
Ijodiy jarayonda ishlar yurishib ketgan vaqtlar ham bo’ladi. Fikrlar oson-ravon qog’ozga tushadi, kecha chiranib qilolmagan ishingni bugun joningni koyitmay uddalashing mumkin. Mashinka xuddi pulemyot kabi tasira-tusir ishlaydi, bir tomonda qoralama varaqlar ustma-ust taxlanaveradi. Bunday paytlarda yozuvchi o’zida kuch-quvvat va samimiyatni yaqqol sezadi.
Eng go’zal, eng shohona satrlarni bitganda esa kalomning ilohiyligini his etadi. Bunday holat hatto daholarda ham kamdan kam yuzaga keladi. Biroq u faqat matonatli yozuvchilardagina kuzatiladi. Bu mashaqqatlaru o’tgan umr uchun, o’zidan qoniqmaslik va noumidlikka toqat uchun berilgan mukofotdir. Mana shunday nurli lahzalarda yozuvchi o’zidan boshqa narsa emas, xuddi ana shu sahifalar qolishini sezadi.
Ijodkor haqiqatni yozish ehtiyojini sezgan paytda uning yakkayu yagona najot yo’li faqat haqiqat bo’ladi. Albatta, sening haqiqating birdaniga, so’zsiz qabul qilinmaydi. Ammo sen son-sanoqsiz notanish odamlar uchun ham shunday yozishing kerak. Chunki sen alal-oqibat o’shalar uchun yozasan. Axir, sen yo muharrir, yo tanqidchi, yo pul uchun yozmaysan. Garchi pul hamma qatori senga ham zarur bo’lsa-da, ko’zlagan asl maqsading boshqa. Pulni boshqa kasb-hunar qilib topish mumkin, buning uchun yozuvchilikdan foydalanish shart emas. Sen so’zning ilohiyligi va haqiqatni yodingda tutgan holda yozasan. Yozarkansan, adabiyot bu insoniyatning o’zini o’zi anglashi, sening timsolingda o’zini ifodalashi ekanini o’ylaysan. Buni sen hamisha yodda tutishing va yelkangga shunday sharafli vazifa tushganidan hamisha baxtiyor bo’lishing, faxrlanishing kerak.
To’satdan soatga ko’zing tushgan paytlar ikki yoki uch bo’lganini ko’rasan. Yarim tun. Hamma shirin uyquda. Ulkan borliq bag’rida hozir kimlardir uxlayapti, kimlardir bir-biriga muhabbat izhor qilyapti va ular uchun sevgilaridan boshqa hech narsaning qizig’i yo’q, kimlardir esa bir-birini yo’q qilish payida, qaylardadir bomba ortgan samolyotlar ko’kka ko’tarildi, qaylardadir miriqib raqs tushishyapti, qaysidir radiostantsiyalarning suxandonlari bo’lsa, yolg’on uchun yoki odamlarni tinchlantirish uchun, vahima va shov-shuvlar yoki o’yin-kulgi uchun, umidsizlik yoki umid bag’ishlash uchun elektr energiyasini sarflab yotibdi. Sen esa madoring qurib, tamom yolg’izlikda o’tiribsan. Ko’zingga uyqu kelmaydi, olam va odam haqida o’y surasan. Yer yuzidagi barcha odamlar nihoyat baxtli va erkin bo’lishini, tengsizlik yo’qolib, urushlar, irqchilik, qashshoqlik barham topishini orzu qilasan. Hamma o’z manglay teri bilan halol non topishini istaysan.
Lekin asosiy saodat boshqa narsada – tun bag’rida uxlamay o’yga cho’mgan birgina sen emassan. Sen bilan birga boshqa yozuvchilar ham, sening so’zdosh do’stlaring ham uyqudan voz kechgan. Sizlarning umumniyatingiz, maslagingiz bitta – dunyo bundan yaxshiroq, inson insoniyroq bo’lishini xohlaysiz.
Senda dunyoni o’zing istagan holga keltirish qudrati yo’q. Lekin sening o’z haqiqating, o’z so’zing bor. Va sen uch karra matonatli bo’lishing shart. Chunki baxtsizliklaring, omadsizliklaring,
muvaffaqiyatsizliklaringga qaramay, odamlarga quvonch ulashishing va hayot bundan yaxshiroq bo’lishi kerakligi haqida to’xtamay gapirishing zarur.
1966
Manba: “Yoshlik” jurnalining 2015 yil 11-soni
Mazkur maqolani Olim Otaxon tarjimasida saytimizning mana ba sahifasida o’qishingiz mumkin
Yuriy Kazakov
XUNUK
Orif Tolib tarjimasi
To‘y qizigandan qizidi. Kelin-kuyovni allaqachon chimildiqqa kuzatib qo‘yishgan. Qishloq bo‘ylab xo‘rozlarning dastlabki qichqirig‘i eshitildi, garmonchi bisotidagi bor kuyni chalib tugatdi, uylar oyoqlarning zarbidan zir-zir titradi. Chiroqlar hanuz tevarak-atrofni yoritib turibdi, uylarning derazasidan haliyam uxlamagan o‘yinqaroq bolalar ko‘rinib qoladi.
Juda ko‘p yeyildi, ichildi, ko‘z yoshi to‘kildi, miriqib o‘yin-kulgi qilindi. Stoldagi noz-ne’matlar peshma-pesh yangilab turildi. Holdan toygan garmonchini o‘yinbop musiqalar yozilgan patefonga almashtirishdi. Ko‘chada, yon-atrofda oyoqlarning dupur-dupuri, sho‘x-shodon qiyqiriqlar tinmadi, dalada ham, daryo bo‘yida ham eshitilib turdi. Tevarakdagi qishloq ahli bugun Podvoryeda to‘y-tomosha ekanidan xabardor.
Hammaning og‘zi qulog‘ida, birgina Sonyaning qalbi alam-iztirobda. Qizning qirrador burni aroq ta’sirida qizarib ketgan, boshi shang‘illar, yuragi alamli o‘ylar girdobida og‘ir-og‘ir urardi. Uning bor-yo‘qligini birov xayoliga keltirmas, hamma o‘zi bilan o‘zi ovora. Kechadagilarning deyarli barchasi o‘z juftini topib olgan, bir-biriga mehr-iltifot ko‘rsatar, birgina Sonyaga hech kim e’tibor bermas, raqsga ham taklif qilmas edi.
Qiz chiroyli emasligini bilar, ozg‘inligidan uyalardi. O‘yin-kulgi bo‘ladigan davralarga bormaslikka takror-takror qasam ichar, lekin har safar o‘zini tutib turolmas, qandaydir baxtning mavhum sharpasi uni yetaklab kelaverardi.
Hatto ancha yillar oldin, yoshlik paytida – institutda o‘qib yurgan kezlarida ham uni hech kim sevmadi. Hech kim uni biror marta uyiga kuzatib qo‘ymadi, biror marta o‘pmadi. Qiz institutni bitirib, qishloqqa ishga keldi. Unga maktabdan xona ajratib berishdi. Qiz kechalari daftar tekshirar, o‘qir, sevgi haqidagi she’rlarni yodlar, kinoga borar, dugonalariga uzundan-uzoq maktublar yozar, sog‘inchli xayollarga cho‘mardi. Ikki yil ichida deyarli hamma dugonalari turmushga chiqdi. Bu vaqt davomida esa uning yuzi yanayam xiralashdi, battar ozib yelkalari turtib chiqdi, xolos.
Mana, bugun uni yana mazax qilmoqchi bo‘lgandek to‘yga taklif qilishdi va u yana keldi. Qiz baxt-shodlikka ko‘milgan kelinchakka entikib tikilar, odamlar bilan birga zaif ovozda “Achchiq!”, “Achchiq” deb baqirar, kelin-kuyovni o‘pishishga undar edi. Hech qachon bunday to‘y ko‘rolmasligini, baxtiyor kelinchakka aylanolmasligini o‘ylar, o‘ylagani sari ko‘ksida achchiq-achchiq og‘riq turardi.
Uni tekis yuzli, ko‘zlari qop-qora g‘amgin bir yigit bilan – veterinar-feldsher Nikolay bilan tanishtirishdi. Ular yonma-yon o‘tirdilar, yigit dastlab qizni tashlab ketmoqchi bo‘ldi. Sonya yigit taklif qilgan hamma narsani yeb-ichar, ko‘zlarida chuqur mehr, minnatdorchilik zohir edi.
Nimagadir Nikolayning qovog‘i baribir ochilmadi, ko‘p o‘tmay qizni e’tiborsiz qoldirib boshqa stoldagi kim bilandir gaplashishga tushdi. Keyin uni butunlay tashlab ketdi. Uzun qo‘llarini lapanglatib, baqirib-chaqirib rosa raqsga tushdi, holdan toygach atrofga alanglab qaradi-da, stolga qaytib kelib aroq ichdi. Keyin dahlizga chiqib ketgancha qaytib kelmadi.
Sonya bir burchakda yolg‘iz o‘tirarkan, o‘z hayotini o‘ylar, mana bu kayfi chog‘, baxtiyor, mast, terga botgan odamlarni ko‘rib g‘ashligi kelar va o‘z holiga achinardi.
Yaqinda u o‘ziga to‘q zangor rangli ko‘ylak tikib olgandi. Ko‘rganlar rosa maqtagan, kiyim yarashganini aytgandi. Mana, hatto ko‘ylagi ham yordam bermadi, hammasi avvalgiday qoldi: eski hammom, eski tos.
Soat tungi uchga yetganda, yuzlariga dog‘ tushgan, unutilgan, baxtiqaro qiz – Sonya tashqariga chiqdi, undan zinaga o‘tdi.
Uylar zulmatga cho‘mgandi. Butun qishloq shirin uyquda, ichkarida osoyishtalik, faqat ochiq derazalardan sayr qilib yurgan kishilarning qiyqiriqlari, dupur-dupurlari, garmonning quloq yirtar tovushi ichkariga oqib kirardi. Xira nur tushgan maysalar yiltillab ko‘rinardi.
Sonyaning iyaklari titrab ketdi. Lablarini tishladi, lekin buyam yordam bermadi. Zinadan tushgach qorong‘ulik qa’rida oqarib-ajralib turgan qayinning oldiga arang yetib oldi. Yelkasi bilan suyanib turdi-da, ho‘ngrab yig‘lab yubordi. Birov eshitib qolishidan uyalib ro‘molchasini tishlab oldi. Lekin uni eshitadigan odamning o‘zi yo‘q edi. “Bas, yetar! – dedi o‘ziga o‘zi ko‘zlarini qattiq yumib. – Yetar! Mana bu yerimga keldi. Ketish kerak! Hoziroq!” Sonya qayinni qo‘yib yuborib nari ketmoqchi bo‘ldi. Lekin oyoqlari o‘ziga bo‘ysunmas, qadam tashlashga qo‘ymasdi.
– Kim u? – degan ovoz eshitildi orqadan.
Sonya yig‘isini yashirishga urindi, tezda ro‘molchasi bilan yuz-ko‘zini artdi, qayinga suyangan holda ortga qayrildi. Bu Nikolay edi. U qoqilib ketdi, yiqilib tushmaslik uchun qizning yelkasidan ushlab oldi. Qo‘li loy-tuproqqa belangandi.
– A! – dedi u mast ovozda. – Sizmidingiz? Men… chorvoqqa o‘tgandim. – U yana chayqalib ketib qizga yopishib qoldi. – To‘yiga taklif qildi-ya, beyuz! – baqirib gapirdi u. – O‘ldiraman hammasini! Qonini ichaman! Meni pulga sotib olmoqchimiding! Esi past!
Nikolay tishlarini g‘ijirlatdi, keyin onadan so‘kindi.
– Biror yeringiz og‘riyaptimi? – qo‘rqa-pisa so‘radi Sonya. – Suv opkelaymi?
– Hech balo kerakmas…
Yigit burchak tomonga qarab ketdi. Sonyaning unga ichi achidi. Dahlizdan bir paqir suv olib keldi-da, Nikolayning boshidan quya boshladi. U itoatkorona egilib turar, og‘iz-burniga kirgan suvlarni puvlab pishqirar, nimalardir deb to‘ng‘illab qo‘yardi.
Keyin shalobbo ahvolda, ko‘ylakchan o‘tirib zinada sigaret chekdi, Sonya esa chakmonini yuvib tozaladi.
– Ancha yengil tortingizmi? – go‘yo kimdir chiqib ko‘rib qoladiganday qo‘rqib past tovushda so‘radi qiz.
– Sal-pal… Nimaga sizni oldin hech ko‘rmaganman? To‘ydagilarning hammasini yaxshi taniyman.
– Bazmlarga kam boraman.
– A! Siz maktabda yashaysiz-a?
– Ha, maktabda.
– Kuzatib qo‘yaman, qarshimasmisiz?
Nikolay turib chakmonini kiydi, keyin dahlizga suv ichgani ketdi.
– Yig‘labsiz, shekilli, – so‘radi u. – Kim xafa qildi?
Qizning qalbi minnatdorchilik hislariga to‘ldi. So‘ng boshini egib javob berdi:
– Yo‘q, hech kim xafa qilgani yo‘q…
– To‘g‘risini ayto‘vring! Agar birortasi chertsa bormi, qovurg‘asini sindiraman! – Nikolay Sonyani yelkasidan quchib oldi. Tuproq yo‘ldan yurib ketishdi, so‘ng chapga burilib so‘qmoq yo‘lga chiqishdi. Tomorqalar, qo‘ralarning yonidan o‘tishdi. Allaqachon shudring tushgan, maysalar jiqqa ho‘l edi.
Sonya nimagadir kulishni xohlardi. U hozir o‘ziga begona edi. U boshini Nikolayning yelkasiga qo‘yib ketishni istar, ammo uyalardi. Bir marta Nikolay qoqilib, qizga qapishib qoldi. Shunda ham qiz shosha-pisha o‘zini orqaga tashladi.
– Siz o‘lguday mastsiz! – xuddi eski qadrdoniga gapirayotganday yengil ta’na bilan dedi qiz.
– To‘g‘ri! – Nikolay qo‘llari bilan yuzini ishqaladi. – To‘yda hamma bo‘kib ichdi.
Ular maktabga yetib kelib, zinaga ko‘tarildi. Sonya sarosimaga tushib qolgan, nima qilishini bilmasdi: darrov kirib ketsinmi yo tursinmi? Dastlab ketmoqchi bo‘ldi, lekin keyin Nikolayning ranjishidan qo‘rqib, qoldi.
Nikolay negadir yana mastona tebranar, nafasi xirillar, Sonyaning qo‘lidan ushlab olgan edi.
– Nimadir desangiz-chi, – dedi qiz horg‘in ko‘zlarini zim-ziyo osmonga qadab.
– Yana nima deyishim kerak? – xirilladi u, keyin qizni o‘ziga tortdi-da qattiq quchoqladi, bechoraning suyaklari qisirlab ketdi. Yigit ho‘l lablari bilan uni o‘pa boshladi.
– Qo‘yvoring! – deb shivirladi qiz yigitning quchog‘idan chiqib ketishga urinarkan.
– Jim! – dedi yigit ovozini yanayam pasaytirib, qizni dahlizning qorong‘uroq joyiga olib bordi. – Jim deyman! Nima, esingni yeganmisan!
– Kolya… O‘zingni bos, azizim. Nima qilganing bu, a?
– Sevasanmi meni? – to‘ng‘illadi Nikolay. – Jinnilik qilma!
– Keragi yo‘q, Kolya, keragi yo‘q, – qizning so‘zlaridagi yolvoruvchi ohang yigitni hovuridan tushirdi.
– Bo‘pti… – dedi u. – Asabimga tegma! Sen… sen ertaga daladagi bostirmaga borgin. Borasanmi?
– Qachon? – deb shivirladi Sonya titrab-qaltirab.
– Soat yettida. Bo‘ptimi?
– Boraman.
– Aha… – Nikolay sigaretni bir necha bor tortib-tortib simirdi, qoldig‘ini esa poshnasi bilan ancha vaqt ezib turdi. – Mayli, ko‘rishguncha!
Yigit qizni yana bir marta o‘pdi. Lekin bu safar o‘pkasini bosib olgandi, ortiqcha hayajonlanmadi. Qizning yuzlarini kaftlari orasiga olib birpas turdi. So‘ng zinadan tushib qorong‘ulik bag‘riga singib ketdi. Bir minutdan keyin uning hirgoyisi eshitila boshladi. Qo‘shiq tuturuqsiz va yasama edi.
Uyda Sonya xona bo‘ylab ohista yurdi, ustki kiyimlarini yechdi, yaxna choydan ichdi. Ko‘ylakchan holda ko‘zgu yoniga kelib yuziga, turtib chiqqan yelkalari, suyaklariga uzoq va g‘amgin tikilib qoldi. “Ey xudoyim, qanaqa ko‘rimsizman-a, – degan fikr xayolidan o‘tdi va qo‘rqib ketdi. – Baliq yog‘i ichish kerak! Albatta ichish kerak!”
Stolga o‘tirdi-da sariyog‘ yeyishga kirishdi. U, aslida, yog‘ni yomon ko‘rardi. Lekin hozir sariyog‘ni birinchi marta ko‘rayotganday apil-tapil chaynalar va Nikolay haqida o‘ylardi. Keyin chiroqni o‘chirib yotdi, biroq uhlay olmadi. Moskvada, uning uyiga qarama qarshi tomonda fonar yonar, baland o‘sgan jo‘ka daraxtlarining soyasi oynada titrab g‘alati raqsga tushardi. Borliqni quyuq zulmat qoplagandi.
– Bu sevgimi? – dedi ovoz chiqarib Sonya va devorga o‘girilib oldi.
Butun kun davomida Sonyaning xayoli allaqayoqlarda yurdi.
Ertalabdan yomg‘ir yog‘a boshladi. Bolalarga qandaydir parchani o‘qib berarkan, Sonya oynadan ko‘chadagi ko‘lmaklarga xavotir bilan qarab qo‘ydi. Lekin yomg‘ir tinib havo ochilib ketdi. Kechga yaqin maktab yonidagi yo‘ldan olov dumli mashinalar o‘ta boshladi.
Ishdan so‘ng Sonya dugonasiga xat yozishga kirishdi. Xatda kecha bir yigit uni kuzatib qo‘ygani va uchrashuvga taklif qilgani haqida yozdi. Maktub kattagina, quvonchga to‘la chiqdi. Ishni tugatgach Sonya nimagadir Nikolayni sevgani to‘g‘risida to‘xtamga keldi. U xatni pochtaga tashlab qaytgach, devorga o‘girilib yotdi.
Qiz Nikolay keladimi-yo‘qmi deb o‘yladi, kelsa o‘zini qanday tutishi va nimalarni gapirishini mo‘ljallab oldi. Agar u yana o‘padigan bo‘lsa nima qilaman deb qo‘rquvga tushdi. Bu fikrlar qizni shunchalik hayajonga soldiki, kiyinayotganida ham qo‘li titrashdan to‘xtamadi.
Sonya kechagi to‘q zangor ko‘ylagini kiydi, sochini bir oz jingalakladi, atir sepdi. Hayajondan kaftlari terladi. Qishloq ko‘chasidan o‘tarkan, go‘yo derazadan hamma uni kuzatayotganday, qayerga, nima uchun ketayotganini biladiganday tuyuldi. Uyalib ketdi, qadamini tezlatmoqchi bo‘ldi, lekin uddasidan chiqolmadi. Dalaga yetib borgachgina yengil tin oldi. Havo issiq edi. Yo‘lga yengil chang ingan, quyosh yuzini alvon parda qoplagan edi. Yo‘lga yaqin joyda, marzada traktor turardi. Qoramoyga belangan traktorchi matorni chuqulab o‘tirardi. U Sonyani ko‘rib qaddini rostladi, qo‘lini shalvariga artdi, keyin chekdi va qizning ortidan o‘ychan tikilib qoldi.
Keng jarlikka tushib, sigir podalari ifloslantirib yuborgan botqoqlikdan o‘tar ekan, Sonyaning xayoliga to‘satdan: “Nikolay vaqtliroq kelib meni kutmay ketvorgan bo‘lsa-chi”, degan fikr keldi. Qo‘rqib ketdi.
Qiz bostirma ko‘zga tashlangach yurishdan to‘xtadi. Bostirma atrofida hech kim yo‘qligidan sevinib ketdi. Bir oz nafasini rostlab olgach chang bosgan tuflisini o‘t-o‘lanlar bilan tozaladi. Yalanglikda turish qizga noqulay tuyuldi, panaroqqa o‘tib oldi. Kun bo‘yi quyoshda qizigan devorning hovuri badanga urardi.
Qarmoq ko‘targan bolakay kelib, chuvalchang qidira boshladi. Sonya uyalganidan qizarib ketdi, yana yo‘lga chiqdi. Shahardan kelayotgan aravalardagi odamlar unga tikilib o‘tar, bolakay ham ataylab qilganday ketmasdi. Sonya behalovat bo‘la boshladi. Baxtiga, bolakay chuvalchang yig‘ib bo‘ldi, shekilli, ketdi. U bir necha marta kinoyali qaraganday tuyuldi. “Sezib qoldi! – uyalib o‘yladi Sonya. – Yaxshiyam bizning maktabdan emas ekan!”
U yana bostirma ortiga o‘tib panaladi, moychechak terdi. Moychechakning gulbarglari siyraklashib qolgan, u shu turishda raketaga o‘xshardi. Qiz gulbarglarni uza boshladi: “Keladi, kelmaydi…” Kelmaydigan bo‘lib chiqdi. Bundanam yomoni, Sonya Nikolay qaysi tomondan kelishini bilmasdi. Bostirma ortidan chiqib yo‘lga qaradi. So‘ng yana bekindi. Nikolay ko‘ringan payt qiz tamom holdan toygandi. U pastki yo‘ldan kelar, qo‘llarini cho‘ntagiga tiqib, chakmonini yelkasiga tashlab olgandi. Yaqinlashgach biror narsani unutgan va uni eslashga urinayotgan kishidan peshanasini tirishtirib Sonyaga qaradi. Yuz-ko‘zidan zerikish alomatlarini uqish mumkin edi. Qizning yoniga kelib istamaygina qo‘l uzatdi:
– Yaxshimisiz…
– Yaxshi, rahmat, – ko‘zlarini yerga qadab javob berdi Sonya.
– Ko‘p kutdingizmi?
– Yo‘q…
– Him… Salqinroqqa boraylik.
Ular yo‘l bo‘yidagi poxol uyumiga o‘tirdi. Quyosh ufqqa yaqinlashib, nursizlanib qolgan, bostirmaning soyasi dalaning etagigacha cho‘zilgan edi.
– Kecha yaxshi dam oldingizmi? – so‘radi Sonya. Nikolayga birrov qarab oldi, negadir jilmayishga urindi.
– Tuzuk… – Nikolay esnadi, chakmonini tushirdi. – Faqat uxlab bo‘lmadi.
– Kecha yaxshi emasdingiz, – ohistagina dedi Sonya.
– Yana boshladingmi! – Nikolay Sonyani loqayd quchoqladi, o‘pmoqchi bo‘ldi, lekin fikridan qaytdi. Qizning bo‘yniga yigitning nafasi urildi.
– Hozir qorong‘u tushadi, – dedi Sonya. Nikolayning ko‘ksiga asta bosh qo‘ydi va zarb bilan urayotgan yurak tovushlarini eshitdi.
– Kech tushsa yaxshi, no‘xot paykaliga boramiz, – Nikolay boshini o‘ng tomonga burib qayergadir ishora qildi. – U yerda chayla bor. Borasanmi?
– Bunaqa gaplarni gapirma, Kolya, – past tovushda dedi Sonya.
– Eh, – birdan hayqirdi Nikolay, – uxlagim kelyapti, qani tizzangni ber-chi…
U nari surildi-da, etikli oyoqlarini keng yoyib yotdi. Boshini Sonyaning tizzalariga qo‘ydi. Bir oz ko‘z yumib yotgach, qo‘l uzatib qizning biqinini ushladi.
– Nega bunaqa ozg‘insan?
Qiz bir daqiqa nafas olishdan to‘xtadi.
– Tuzilishim shunaqa, – zo‘r berib jilmayishga urindi qiz.
– Tuzilish emish! Menimcha, qayeringdir kasal. Mollar ham shunaqa: kasal bo‘ldimi – qancha boqma foydasi yo‘q. O‘sha-o‘sha armaturaligicha qolaveradi.
Sonyaning ko‘z oldi qorong‘ulashib ketdi, bir necha bor ko‘ngil aynishidan o‘zini zo‘rg‘a tiyib qoldi.
– Nimaga bunaqa qo‘polsiz, – to‘satdan ters gapirdi u. – Yo men bilan istagan ishni qilsa bo‘ladi deb o‘ylayapsizmi?
U yuzini keskin boshqa tomonga burdi va sekin qizara boshladi.
– Men bilan bunaqa gaplashishga haqqingiz yo‘q! Eshitdingizmi!
Qiz pastki labini tishlab, yengi bilan ko‘zlarini qattiq artdi. Keyin dala tomonga qaragancha tizzalarini silkitdi.
– Keting! Men sizga molmasman, ko‘taring kallangizni! Daf bo‘ling!
Nikolay tosh qotdi.
– Meni… meni… – to‘ng‘illadi u. – Kechirasiz! Bilmabman! Istamagandim – it bo‘lay! Ishim shunaqa, o‘rganib qolganman.
– Yo‘q, buni ishga hech qanaqa aloqasi yo‘q, – endi Sonya o‘zini ancha bosib olgan, g‘azab bilan gapirardi. – Sababi…
Qizni ter bosdi, barmoqlari titrar, yuzi ko‘rinmas edi.
– Sababi, “o‘z oyog‘i bilan keptimi, har qanday ishni qilsam bo‘laveradi”, deb o‘ylagansiz.
Nikolay mum tishlab o‘tirar, hech nima deyolmasdi.
– Kecha kimni so‘kkandingiz? – uzoq sukutdan so‘ng so‘radi Sonya.
– Him… – Qoshlarini chimirdi Nikolay. – Meniyam dardim ichimda. Anavi ablah Zoykani mendan tortib oldi, unga uylandi. Kelin bo‘lsa yanayam ochilib ketarkan. Men u bilan qanday baxtli edim-a…
– Sizni, to‘g‘risi, juda ko‘p qizlar yaxshi ko‘radi, – dedi Sonya.
– A! – Nikolay xuddi eshshak olma yeganday aftini burishtirdi, keyin qizning tizzasiga yana bosh qo‘ydi. – Ularning muhabbati qanaqaligini yaxshi bilaman!
– Nimaga bunaqasiz, Kolya? – shoshib gapirdi Sonya. – Odamlarga ishonish kerak. Qarang, qanaqa ajoyib odamlarimiz bor!
Nikolay boshini ko‘tarib tupurdi.
– Ishonmaysizmi? – zaif ovozda so‘radi Sonya.
– Nimaga?
– Odamdagi samimiyatga.
Nikolay iljaydi.
– O‘h, bu qishloqi xotinlar aljirashni buncha yoqtiradi-a! Samimiyatmish… – U boshqa tomonga burilib esnadi va ko‘zlarini yumdi.
Yigitning xomsemiz gavdasi, yo‘g‘on bo‘yni, kamharakat tanasi, yumaloq yuzi qorong‘ulik bag‘rida qo‘rqinchli tuyulardi.
Sonya qo‘llari bilan Nikolayning sochlarini silarkan, unga entikib tikilar, yana uyalganidan qizarib ketar edi.
– Kolya, bilaman, siz yaxshi insonsiz, qalbi toza yigitsiz, – dedi u eshitilar-eshitilmas ovozda.
– To‘xta! – dedi yigit boshini ko‘tarib va atrofga jim quloq sola boshladi. Keyin qo‘lini qizning tizzalariga tirab o‘tirdi.
Yo‘lda ikki kishi sekin gaplashib kelardi.
– Ey! – baqirdi Nikolay.
– Nima qilyapsiz, Kolya! – shivirladi Sonya yuzini yashirib.
Yo‘lovchilar to‘xtadi.
– Qayerga ketyapsizlar? – yana baqirdi Nikolay.
– Bazmga. Kim u? Nikolaymisan?
– Xuddi o‘zi. Qaysi tomonga borasizlar?
– Sosnovkaga.
Yo‘ldagilar chekishdi. Ikki qizg‘ish nur oldinlab keta boshladi. Nikolay ularning ortidan qarab turdi.
– To‘xtanglar! – hayqirdi u. – Sizlar bilan ketaman.
Shoshib o‘rnidan turdi, chakmonini qoqib yelkasiga tashladi. Keyin yo‘talib Sonyaga qo‘l uzatdi.
– Mayli, bo‘lmasa. Uchrashib qolarmiz… – Qayrilib chakmonini qo‘liga oldi-da, mayda qadamlar bilan yo‘l tomon yugurgilab ketdi.
Zim-ziyo tun cho‘kdi. Faqat yon tomonda, chetda yarimlagan oy baqrayib turar, daryodan yaylovga qarab harir tuman yoyilmoqda edi. Tiq etgan tovush yo‘q. Faqat bir marta bostirma ortidan nimadir chopib o‘tdi: “top-top-top”…
Sonya yelkasini devorga tiragancha o‘tirar, butun vujudi qalt-qalt titrardi. Titroq bosilar deb yoqasini tortib-tortib qo‘ydi, lekin foydasi bo‘lmadi. Keyin yig‘lashga tushdi, biroq ko‘ksini tirnab-tirmalab chiqayotgan ovozi shu qadar kuchsiz va qo‘rqinchli ediki, o‘zi ham cho‘chib ketar, tosh qotar edi.
Oxiri o‘rnidan qo‘zg‘aldi, devorni ushlab bir oz turdi, keyin uyga ketdi. Havo dim va bo‘g‘iqligi sabab daryo bo‘yidan zo‘rg‘a o‘tib oldi. Yana tuproq yo‘ldan yurdi, lekin bu safar uni yulduzlarning yog‘dusi nim yoritib turardi. Yo‘l chetidagi pichanlarning mayin hidi dimoqni qitiqlar, Somon yo‘li yulduzlari yo‘lga zaif shu’la to‘shagan edi. Shu bois huv naridagi pichan g‘aramlari, zig‘ir uyumlari ham ko‘zga ilinar, hali o‘rilmagan bug‘doy boshoqlari yiltillab ko‘rinardi.
– U-u! – dedi Sonya boyagiday kuchsiz, qo‘rqinchli ovoz bilan. – U-u!..
Gapirishga ham, o‘ylashga ham qizning ortiq darmoni qolmadi. Yana o‘sha zax jarlikdan o‘tdi. Hali yo‘l bo‘yida ta’mirda turgan traktor hozir uzoqdagi paykalda yer haydardi. Faralarining nuri elas-elas ko‘rinar, motorining tir-tiri zo‘rg‘a eshitilardi.
Sonya birdan yengil tortib ketdi. Dunyo beqiyos go‘zallikka egaligini his qildi. Ko‘z o‘ngida osmon qayoqqadir g‘oyib bo‘ldi, yulduzlar olis-olislarga to‘pillab tushdi, zim-zimyo tunni nurga chulg‘adi. Yiroq-yiroqlardagi sofdil odamlar bir zumga ko‘rinib ketganday bo‘ldi. Qiz ona zaminning behol, orom istayotgan ruhini sezdi. O‘zi haqida o‘yladi, nima bo‘lganda ham u ayol, hali qanday voqea yuz berganidan qat’i nazar, uning yuragi urib turibdi, qalbi yashayapti. Shuni his qilganlargina chinakam baxtli bo‘ladi. Eh ahmoq qiz, o‘zida qanchalik kuch va malohat borligini sezmagan ekan-a. Qizning ko‘ngli nurga to‘ldi, ko‘kka osilib lovullab yonayotgan yulduzlar ostida dadil qadamlar bilan yurib ketdi.
Qishloqqa tun cho‘kkan edi. Ko‘pchilik allaqachon uxlab bo‘lgan, faqat ayrim uylardagina chiroq nuri miltillaydi. Darvoza ostida katta oq it yotardi. Sonyani ko‘rib yugurib ortidan ergashdi, keyin hidlashga tushdi. “Tishlamoqchimisan? Mayli, tishla”, dedi azobli o‘ylar iskanjasida qolgan Sonya. Lekin it tishlamadi, qizning oyoqlarini ikki bor hidladi-da, qorong‘ulik qa’riga kirib yo‘qoldi. Sonya o‘z yo‘liga ravona bo‘ldi. Uning ko‘ngli endi butkul yorishib ketgandi.