Yuriy Kazakov. Non isi

Ashampoo_Snap_2017.08.01_15h58m37s_002_.pngМашҳур рус адиби Юрий Казаков таваллудининг 90 йиллиги олдидан

   Шошилинчномани биринчи январда олишди. Дуся ошхонада эди, эшикни эри очди. Кечаги ичкилик карахти тарқамай, тинмай эснаб имзо чекди-да, тағин кимдан қутловхат келганини чамалади. Ўша-ўша оғзини ёполмай Дусянинг онаси — олис қишлоқдаги етмишга чиққан кампирнинг вафоти ҳақидаги қисқа ва қайғули шошилинчномага кўз югуртирди.

Юрий Казаков
НОН ИСИ
Саиджалол Саидмуродов таржимаси
011

042Юрий Казаков (1927–1982) ўтган аср янги рус ҳикоячилигининг энг йирик вакилларидан. Илк китоби – “Мовий ва яшил” (1956). Шундан сўнг ёзувчининг “Тедди”, “Кичик станцияда”, “Қўноқ”, “Йиғлагайман, бўзлагайман”, “Изғиринда қолган юраклар”, “Эман ўрмонларида куз”, “Шимол кундалиги”, “Сен уйқунгда қаттиқ йиғладинг” сингари китоблари чоп этилган.

011

1

Шошилинчномани биринчи январда олишди. Дуся ошхонада эди, эшикни эри очди. Кечаги ичкилик карахти тарқамай, тинмай эснаб имзо чекди-да, тағин кимдан қутловхат келганини чамалади. Ўша-ўша оғзини ёполмай Дусянинг онаси — олис қишлоқдаги етмишга чиққан кампирнинг вафоти ҳақидаги қисқа ва қайғули шошилинчномага кўз югуртирди.

«Топган вақтини қаранг!» деб ўйлади юраги алағда бўлиб ва хотинини чақирди. Дуся бир томчи ҳам кўзёш қилмади, фақат оқаринқираб ичкари хонага кирди, дастурхонни тўғрилаб, ўтирди. Эри столдаги яримлаган шишаларга мўлтираб олди ва қуйиб ичди. Кейин ўйлаб кўрди-да, Дусяга ҳам қуйди.

— Ич! — деди. — Ўлсин, бошим тарс ёрилай деяпти-я. Ўҳ-ҳў, ўҳ-ҳў… Ҳаммамиз ҳам бир кун ўша ёққа борамиз. Хўш, борасанми?

Дуся миқ этмади. Дастурхон устида қўллари сийпаланди, кейин стакандагини сипқорди, хобхонага кирди-да, ётди.

— Билмадим, — деди бирор дақиқадан кейин.

Эри Дусяга яқинлашди-да, юм-юмалоқ жуссасини силашга тушди.

— Ҳай, майли… Нима қиламиз энди? Қандоқ қиламиз-а энди! — Эр жонивор таскин беришга бундан бошқа сўз тополмай яна шишадагини қулқуллатди. — Жойи жаннатда бўлсин! Ҳаммамиз ҳам бир кун ўша ёққа борамиз.

Кун бўйи Дуся уйда ивирсиб юрди. Бошига оғриқ кирди. Меҳмондорчиликка ҳам бормади. Йиғлаб юрагини бўшатиб олгиси келди, бироқ йиғлолмади, маъюсланиб юраверди. Дуся онасини ўн беш йилдан бери кўрмаганди. Қишлоқдан чиқиб кетиб, ўтмиши билан боғлиқ хотираларни эсга олмаганди. Эсласа ҳам болалигини ёки қизлигида клубдан уйига кузатиб қўйишларини ёдга оларди.

Дуся онасининг фотосуратларини кўздан кечира бошлади. Лекин бу сафар ҳам йиғлолмади: фотосуратларнинг барчасида онаси кўзлари чақчайиб, ёвқараш қилиб қараб турарди.

Тунда Дуся эри билан узоқ гаплашиб ётди ва охирида:

— Бормайман! Қаёққа бораман? У ёқда ҳозир изғирин… Бор лаш-лушларниям қариндошлар ташиб кетишгандир… У ёқда одам етарли. Йўқ, бормайман! — деди.

2

Бир тутам қиш кунлари ўтди-кетди. Дуся онаси ҳақида буткул унутди. Эрининг топиш-тутиши яхши эди, беғам, ҳузур-ҳаловатда яшашарди. Бу орада Дуся яна-да тўлишиб, чирой очди.

Лекин майнинг бошида Дуся бир қорин нари жияни Мишадан хат олди. Хат қиялама тарзда, айтиб туриб ёзилганди. Миша кўплаб қариндош-уруғлардан саломлар айтиб, момосининг уйи ҳамда буюмлари бус-бутунлигини ва Дуся холаси, албатта, келиши кераклигини ёзганди.

— Бора қол! — деди эри. — Отлан! Ортиқча тихирлик қилмасдан, борини тезроқ сот. Йўқса, бошқалар эгалик қилади ёки колхозга ўтиб кетади.

Хуллас, Дуся йўлга тушди. Анчадан бери сафарга чиқмаганди, йўлда қийналмади. Теварак-атрофни томоша қилиб завқланишга ҳам, одамлар билан валақлашиб, танишишга ҳам улгурди.

Дуся йўлга чиққани ҳақида шошилинчнома жўнатганди, аммо уни негадир ҳеч ким кутиб олмади. Яёв кетишга тўғри келди, лекин пиёда юриш Дусяга ёқиб тушди. Одамлар қатнайверганидан йўл заранглашиб кетганди, икки тарафда қадрдон Смоленск далалари, ҳув, осмон этагида эса сийрак ўрмонлар.

Дуся қишлоққа уч соатдан ке¬йин кириб келди, саёз дарё узра узалган янги кўприкда тўхтаб, чор атрофга назар солди. Қишлоқ обод бўлиб кетибди, оҳакланган фермалар ҳисобига энига кенгайибди. Кўриб таниёлмайсан. Бу ўзгаришлар Дусянинг кўнглига алланечук оғир ботди.

Кўчада бир-бир одимларкан, йўлида учраганлар кимлигини эслашга уринарди. Лекин тайин¬ли бирор кишини танимади, уни эса кўпчилик таниб, тўхтаб, дуркун бўлиб кетганига ажабланиб қарашарди.

Опаси Дусянинг дийдорини кўриб терисига сиғмай кетди, йиғи-сиғи қилиб олди ва шошиб самоварнинг тагига ўт қалади. Дуся сумкасидан совға-саломларни олиб улашди. Опаси яна кўзига ёш олди, Дусяни бағрига босди. Миша эса эшакка ўтирганча, булар нега йиғлаётганига ҳайрон тикиларди.

Опа-сингил чой ичишди. Дуся кўп нарсаларни узоқ-яқинлари олиб кетганини билиб олди. Чўчқа болалари, учта тўқлича, эчки ва товуқларни опаси ўзига олиб қолибди. Аввалига Дусянинг ичидан бир қиринди ўтди, кейин садқаи сар деди ичида, шоядки, анча-бунча нарса, асосийси, уй жойида-ку. Чой ичиб, мириқиб гурунглашиб олишгач, опа-сингиллар ҳовлини кўргани чиқишди.
Томорқа ҳайдалганди, Дуся ҳайрон бўлди. Опасининг айтишича, ер зое бўлмаслиги учун қўшнилар ҳайдаб беришибди. Уй Дусянинг кўзига бурунгидек каттакон бўлиб кўринмади.

Деразаларга тахта қоқиб ташланган, эшикка қулф урилганди. Опаси қулфни очаман деб анча уринди, сўнгра Дуся чираниб кўрди, кейин яна опаси. Хуллас, икковлон то эшикни очишгунча тоза овора бўлишди.

Ичкари қоронғу эди, тахталар орасидан заиф нур тушиб турарди. Уй намиқибди, одам яшамайдиган яроқсиз ҳолга келибди, аммо-лекин болалигидан қадрдон бўлган нон иси келиб турарди. Дусянинг юраги орзиқиб кетди. Болохонага чиқди, кўзи қоронғуликка кўникиб, нигоҳлари уйдаги барча нарсада сирпанди. Долчинранг шифт паст эди. Деворларда ҳамон фотосуратлар осиғлиқ турарди, лекин сал мундайроғидан ташқари барча буд-санамлар аллақачон йўқ эди. Печка ва сандиқлардаги йўрмадўзилар ҳам кўринмасди.

Ёлғиз қолгач, Дуся сандиқни очди — онасининг иси гуп этиб димоғига урилди. Сандиқдан кампирларбоп қорамтир юбка, сарафан, тўзғиган пўстинча чиқди. Дуся ҳаммаси чиқариб, кўздан кечирди, сўнг яна бир бор уйни айланиб чиқди, ҳувиллаган ҳовлига боқди. Буларнинг барчаси қачонлардир тушига киргандай, энди ўша тушига қайт¬гандай туюлди.

3

Арзон-гаров савдо бўлаётганини эшитиб, қўшнилар ёпирилиб чиқишди. Ҳар битта буюмни синчиклаб ушлаб кўришди, Дуся қиммат сўрамади ва ашқол-дашқоллар зумда сотилиб кетди.

Энг асосийси уй эди! Дуся нарх-навони сўраб-суриштирди, уйларнинг баҳоси кўтарилганини эшитиб хурсанд бўлди. Уйга дарров учта харидор чиқди — иккитаси шу қишлоқдан, яна биттаси қўшни қишлоқдан. Лекин Дуся ҳовлиқмади, у онасидан қолган пуллардан хавотирда эди. Уч кун излади: деворларни тақиллатиб кўрди, кўрпа-тўшакларни пайпаслаб чиқди, ертўла ва чордоққа чиқиб-тушди. Бироқ ҳеч вақо тополмади.

Харидорлар билан нарх-навони келишиб олиб, Дуся туман марказига борди, нотариусда уй савдосини расмийлаштирди ва тушумни омонат касса дафтарчасига ташлади. Йўл-йўлакай опасига тағин ул-бул сотиб олди ва Москвага кетишга ҳозирлик кўра бошлади. Опаси фермага кетди, Дуся эса онасининг қабрини зиёрат қилгани отланди. Миша холасини кузатиб борадиган бўлди.

Чошгоҳдан кейин чанг-ғубор кўтарилди, осмон қовоғини уйиб олди, аммо шомга яқин ҳаво очилиб кетди, фақат уфқда, Дуся билан Миша кетишаётган томонда кулранг-қизғиш булутлар тизмаси осилиб турарди.

Қишлоқдан икки чақирим нарида дарё ҳалқа ҳосил қиларди, ана шу ҳалқанинг ўнг қирғоғида худди яриморолдай мозор бор эди. Бир замонлар қабристон пишиқ ғиштли девор билан ўралганди, ичкарига баланд аркали дарвозадан кириларди. Урушдан кейин вайрон бўлган деворнинг ғиштларини иморат солишга ташиб кетилди. Негадир дарвоза жойида қолаверганди. Эндиликда қабристонга ҳар томондан сўқмоқлар югургилаб келганди.

Йўлда Дуся Мишадан мактаб, меҳнат кунлари, раис, йиғим-терим ҳақида сўради ва ўзини дадил, хотиржам тутиб кетаверди. Ана, шом қуёшининг алвон нурларига бурканган эски мозор кўринди. Четларида, бир вақтлар девор бўлган, наъматаклар ўсган ерларда қабрга ҳам ўхшамай қолган дўнгликлар қаққа¬йиб турибди. Дўнгликлар ён-верида буталар орасидан ёғоч ёдгорликлар — қардошлар мозорининг яқинда бўялган тўсиқлари кўриниб турибди…

Дуся билан Миша дарвозадан киришди, ўнгга, сўнгра чапга бурилишди. Тарвақайлаб кетган қайинлар, ўткир ҳид тарқатаётган буталар орасида Дусянинг ранги оқариб, оғзи очилиб борарди.

— Ҳов, ана, момомники… — деди Миша.

Дуся чўкиб қолган, яккам-дуккам тиканли ўтлар босган дўнгликка кўзи тушди. Ўтлар орасидан қумоқ тупроқ кўринмоқда. Қишдан буён тўғрилаб қўйилмаган кўкимтир чоғроқ хоч қийшайиб турарди.

Дусянинг рангида ранг қолмади. Қўққисдан юрагига пичоқ санчишгандай бўлди. Юрак-бағрини шундай зил-замбил соғинч эздики, нафаси қайтди, қалт-қалт титради, жазава билан бақириб, чўк тушди. Қабрга эмаклаб борди-да, айтиб-айтиб уввос тортди. Миша чўчиб тушди.

— У-у-у-ув, — бўзлади Дуся юзини қабрга ишқаб. Қўллари нам тупроқни чангаллаб олди. — Ўзимнинг бебаҳо онажонгинам… Меҳрибоним, азиз онажоним… У-у-у-ув… Э, воҳ, бу ёруғ дунёда энди ҳеч қачон кўришмаймиз! Мўътабаримсиз энди қандоқ қиламан? Ким мени эркалайди, ким мени юпатади? Онажоним-фариштам, кимларга ташлаб кетдингиз мени?

— Дуся хола… Дуся хола, — ҳиқилларди Миша қўрққанидан холасининг енгидан тортиб. Дуся хириллаб, икки букилиб, бошини қабрга ура бошлагач, Миша оёғини қўлига олиб қишлоққа чопиб кетди.

Бир соатдан сўнг атроф-жавониб зимистонга айланганда, Дусянинг олдига қишлоқдан ҳаллослаб келишди. Дуся ётган жойида қолган, ҳуши-бошини йўқотганди. На йиғлар, на гапира олар, ҳаттоки, ўйлай ҳам олмасди. Маҳкам қисилган тишлари орасидан инграрди, холос. Юзлари қорайиб, даҳшатли тусга кирганди.

Уни ўрнидан турғазиб, чаккаларини артишди, таскин-тасалли беришди ва уйга олиб кетишди. Дуся нима бўлаётганини англамасди, шишиб-қизариб кетган кўзлари билан ҳаммага аланг-жаланг қарарди. Ҳаёт унга қаро тундек кўриниб кетди. Опасининг уйига олиб келишганда, аранг каравотга етиб борди-да, таппа ташлаб ухлади-қолди.

Эртасига йўлга чиқишдан олдин опаси билан чой ичди, ўзини қувноқ тутиб, Москвадаги шинам квартираси ҳақида гапириб берди.

Алқисса, Дуся Мишага ўн рубль инъом қилиб, хушчақчақ, оғир-вазмин бўлиб жўнаб кетди. Икки ҳафтадан сўнг марҳуманинг уйини очишиб, полларни ювишди, тақир-туқурларни келтириб, янги одамлар яшай бошлашди.

1961

Ashampoo_Snap_2017.08.01_16h05m57s_003_.pngMASHHUR RUS ADIBI YURIY KAZAKOV TAVALLUDINING 90 YILLIGI OLDIDAN

Shoshilinchnomani birinchi yanvarda olishdi. Dusya oshxonada edi, eshikni eri ochdi. Kechagi ichkilik karaxti tarqamay, tinmay esnab imzo chekdi-da, tag‘in kimdan qutlovxat kelganini chamaladi. O‘sha-o‘sha og‘zini yopolmay Dusyaning onasi — olis qishloqdagi yetmishga chiqqan kampirning vafoti haqidagi qisqa va qayg‘uli shoshilinchnomaga ko‘z yugurtirdi.

Yuriy Kazakov
NON ISI
Saidjalol Saidmurodov tarjimasi
011

Yuriy Kazakov (1927–1982) o‘tgan asr yangi rus hikoyachiligining eng yirik vakillaridan. Ilk kitobi – “Moviy va yashil” (1956). Shundan so‘ng yozuvchining “Teddi”, “Kichik stansiyada”, “Qo‘noq”, “Yig‘lagayman, bo‘zlagayman”, “Izg‘irinda qolgan yuraklar”, “Eman o‘rmonlarida kuz”, “Shimol kundaligi”, “Sen uyqungda qattiq yig‘lading” singari kitoblari chop etilgan.

011

1

Zapah_hleba.jpgShoshilinchnomani birinchi yanvarda olishdi. Dusya oshxonada edi, eshikni eri ochdi. Kechagi ichkilik karaxti tarqamay, tinmay esnab imzo chekdi-da, tag‘in kimdan qutlovxat kelganini chamaladi. O‘sha-o‘sha og‘zini yopolmay Dusyaning onasi — olis qishloqdagi yetmishga chiqqan kampirning vafoti haqidagi qisqa va qayg‘uli shoshilinchnomaga ko‘z yugurtirdi.

“Topgan vaqtini qarang!” deb o‘yladi yuragi alag‘da bo‘lib va xotinini chaqirdi. Dusya bir tomchi ham ko‘zyosh qilmadi, faqat oqarinqirab ichkari xonaga kirdi, dasturxonni to‘g‘rilab, o‘tirdi. Eri stoldagi yarimlagan shishalarga mo‘ltirab oldi va quyib ichdi. Keyin o‘ylab ko‘rdi-da, Dusyaga ham quydi.

— Ich! — dedi. — O‘lsin, boshim tars yorilay deyapti-ya. O‘h-ho‘, o‘h-ho‘… Hammamiz ham bir kun o‘sha yoqqa boramiz. Xo‘sh, borasanmi?

Dusya miq etmadi. Dasturxon ustida qo‘llari siypalandi, keyin stakandagini sipqordi, xobxonaga kirdi-da, yotdi.

— Bilmadim, — dedi biror daqiqadan keyin.

Eri Dusyaga yaqinlashdi-da, yum-yumaloq jussasini silashga tushdi.

— Hay, mayli… Nima qilamiz endi? Qandoq qilamiz-a endi! — Er jonivor taskin berishga bundan boshqa so‘z topolmay yana shishadagini qulqullatdi. — Joyi jannatda bo‘lsin! Hammamiz ham bir kun o‘sha yoqqa boramiz.

Kun bo‘yi Dusya uyda ivirsib yurdi. Boshiga og‘riq kirdi. Mehmondorchilikka ham bormadi. Yig‘lab yuragini bo‘shatib olgisi keldi, biroq yig‘lolmadi, ma’yuslanib yuraverdi. Dusya onasini o‘n besh yildan beri ko‘rmagandi. Qishloqdan chiqib ketib, o‘tmishi bilan bog‘liq xotiralarni esga olmagandi. Eslasa ham bolaligini yoki qizligida klubdan uyiga kuzatib qo‘yishlarini yodga olardi.

Dusya onasining fotosuratlarini ko‘zdan kechira boshladi. Lekin bu safar ham yig‘lolmadi: fotosuratlarning barchasida onasi ko‘zlari chaqchayib, yovqarash qilib qarab turardi.

Tunda Dusya eri bilan uzoq gaplashib yotdi va oxirida:

— Bormayman! Qayoqqa boraman? U yoqda hozir izg‘irin… Bor lash-lushlarniyam qarindoshlar tashib ketishgandir… U yoqda odam yetarli. Yo‘q, bormayman! — dedi.

2

Bir tutam qish kunlari o‘tdi-ketdi. Dusya onasi haqida butkul unutdi. Erining topish-tutishi yaxshi edi, beg‘am, huzur-halovatda yashashardi. Bu orada Dusya yana-da to‘lishib, chiroy ochdi.

Lekin mayning boshida Dusya bir qorin nari jiyani Mishadan xat oldi. Xat qiyalama tarzda, aytib turib yozilgandi. Misha ko‘plab qarindosh-urug‘lardan salomlar aytib, momosining uyi hamda buyumlari bus-butunligini va Dusya xolasi, albatta, kelishi kerakligini yozgandi.

— Bora qol! — dedi eri. — Otlan! Ortiqcha tixirlik qilmasdan, borini tezroq sot. Yo‘qsa, boshqalar egalik qiladi yoki kolxozga o‘tib ketadi.

Xullas, Dusya yo‘lga tushdi. Anchadan beri safarga chiqmagandi, yo‘lda qiynalmadi. Tevarak-atrofni tomosha qilib zavqlanishga ham, odamlar bilan valaqlashib, tanishishga ham ulgurdi.

Dusya yo‘lga chiqqani haqida shoshilinchnoma jo‘natgandi, ammo uni negadir hech kim kutib olmadi. Yayov ketishga to‘g‘ri keldi, lekin piyoda yurish Dusyaga yoqib tushdi. Odamlar qatnayverganidan yo‘l zaranglashib ketgandi, ikki tarafda qadrdon Smolensk dalalari, huv, osmon etagida esa siyrak o‘rmonlar.

Dusya qishloqqa uch soatdan ke¬yin kirib keldi, sayoz daryo uzra uzalgan yangi ko‘prikda to‘xtab, chor atrofga nazar soldi. Qishloq obod bo‘lib ketibdi, ohaklangan fermalar hisobiga eniga kengayibdi. Ko‘rib taniyolmaysan. Bu o‘zgarishlar Dusyaning ko‘ngliga allanechuk og‘ir botdi.

Ko‘chada bir-bir odimlarkan, yo‘lida uchraganlar kimligini eslashga urinardi. Lekin tayin¬li biror kishini tanimadi, uni esa ko‘pchilik tanib, to‘xtab, durkun bo‘lib ketganiga ajablanib qarashardi.

Opasi Dusyaning diydorini ko‘rib terisiga sig‘may ketdi, yig‘i-sig‘i qilib oldi va shoshib samovarning tagiga o‘t qaladi. Dusya sumkasidan sovg‘a-salomlarni olib ulashdi. Opasi yana ko‘ziga yosh oldi, Dusyani bag‘riga bosdi. Misha esa eshakka o‘tirgancha, bular nega yig‘layotganiga hayron tikilardi.

Opa-singil choy ichishdi. Dusya ko‘p narsalarni uzoq-yaqinlari olib ketganini bilib oldi. Cho‘chqa bolalari, uchta to‘qlicha, echki va tovuqlarni opasi o‘ziga olib qolibdi. Avvaliga Dusyaning ichidan bir qirindi o‘tdi, keyin sadqai sar dedi ichida, shoyadki, ancha-buncha narsa, asosiysi, uy joyida-ku. Choy ichib, miriqib gurunglashib olishgach, opa-singillar hovlini ko‘rgani chiqishdi.
Tomorqa haydalgandi, Dusya hayron bo‘ldi. Opasining aytishicha, yer zoye bo‘lmasligi uchun qo‘shnilar haydab berishibdi. Uy Dusyaning ko‘ziga burungidek kattakon bo‘lib ko‘rinmadi.

Derazalarga taxta qoqib tashlangan, eshikka qulf urilgandi. Opasi qulfni ochaman deb ancha urindi, so‘ngra Dusya chiranib ko‘rdi, keyin yana opasi. Xullas, ikkovlon to eshikni ochishguncha toza ovora bo‘lishdi.

Ichkari qorong‘u edi, taxtalar orasidan zaif nur tushib turardi. Uy namiqibdi, odam yashamaydigan yaroqsiz holga kelibdi, ammo-lekin bolaligidan qadrdon bo‘lgan non isi kelib turardi. Dusyaning yuragi orziqib ketdi. Boloxonaga chiqdi, ko‘zi qorong‘ulikka ko‘nikib, nigohlari uydagi barcha narsada sirpandi. Dolchinrang shift past edi. Devorlarda hamon fotosuratlar osig‘liq turardi, lekin sal mundayrog‘idan tashqari barcha bud-sanamlar allaqachon yo‘q edi. Pechka va sandiqlardagi yo‘rmado‘zilar ham ko‘rinmasdi.

Yolg‘iz qolgach, Dusya sandiqni ochdi — onasining isi gup etib dimog‘iga urildi. Sandiqdan kampirlarbop qoramtir yubka, sarafan, to‘zg‘igan po‘stincha chiqdi. Dusya hammasi chiqarib, ko‘zdan kechirdi, so‘ng yana bir bor uyni aylanib chiqdi, huvillagan hovliga boqdi. Bularning barchasi qachonlardir tushiga kirganday, endi o‘sha tushiga qayt¬ganday tuyuldi.

3

Arzon-garov savdo bo‘layotganini eshitib, qo‘shnilar yopirilib chiqishdi. Har bitta buyumni sinchiklab ushlab ko‘rishdi, Dusya qimmat so‘ramadi va ashqol-dashqollar zumda sotilib ketdi.

Eng asosiysi uy edi! Dusya narx-navoni so‘rab-surishtirdi, uylarning bahosi ko‘tarilganini eshitib xursand bo‘ldi. Uyga darrov uchta xaridor chiqdi — ikkitasi shu qishloqdan, yana bittasi qo‘shni qishloqdan. Lekin Dusya hovliqmadi, u onasidan qolgan pullardan xavotirda edi. Uch kun izladi: devorlarni taqillatib ko‘rdi, ko‘rpa-to‘shaklarni paypaslab chiqdi, yerto‘la va chordoqqa chiqib-tushdi. Biroq hech vaqo topolmadi.

Xaridorlar bilan narx-navoni kelishib olib, Dusya tuman markaziga bordi, notariusda uy savdosini rasmiylashtirdi va tushumni omonat kassa daftarchasiga tashladi. Yo‘l-yo‘lakay opasiga tag‘in ul-bul sotib oldi va Moskvaga ketishga hozirlik ko‘ra boshladi. Opasi fermaga ketdi, Dusya esa onasining qabrini ziyorat qilgani otlandi. Misha xolasini kuzatib boradigan bo‘ldi.

Choshgohdan keyin chang-g‘ubor ko‘tarildi, osmon qovog‘ini uyib oldi, ammo shomga yaqin havo ochilib ketdi, faqat ufqda, Dusya bilan Misha ketishayotgan tomonda kulrang-qizg‘ish bulutlar tizmasi osilib turardi.

Qishloqdan ikki chaqirim narida daryo halqa hosil qilardi, ana shu halqaning o‘ng qirg‘og‘ida xuddi yarimorolday mozor bor edi. Bir zamonlar qabriston pishiq g‘ishtli devor bilan o‘ralgandi, ichkariga baland arkali darvozadan kirilardi. Urushdan keyin vayron bo‘lgan devorning g‘ishtlarini imorat solishga tashib ketildi. Negadir darvoza joyida qolavergandi. Endilikda qabristonga har tomondan so‘qmoqlar yugurgilab kelgandi.

Yo‘lda Dusya Mishadan maktab, mehnat kunlari, rais, yig‘im-terim haqida so‘radi va o‘zini dadil, xotirjam tutib ketaverdi. Ana, shom quyoshining alvon nurlariga burkangan eski mozor ko‘rindi. Chetlarida, bir vaqtlar devor bo‘lgan, na’mataklar o‘sgan yerlarda qabrga ham o‘xshamay qolgan do‘ngliklar qaqqa¬yib turibdi. Do‘ngliklar yon-verida butalar orasidan yog‘och yodgorliklar — qardoshlar mozorining yaqinda bo‘yalgan to‘siqlari ko‘rinib turibdi…

Dusya bilan Misha darvozadan kirishdi, o‘ngga, so‘ngra chapga burilishdi. Tarvaqaylab ketgan qayinlar, o‘tkir hid tarqatayotgan butalar orasida Dusyaning rangi oqarib, og‘zi ochilib borardi.

— Hov, ana, momomniki… — dedi Misha.

Dusya cho‘kib qolgan, yakkam-dukkam tikanli o‘tlar bosgan do‘nglikka ko‘zi tushdi. O‘tlar orasidan qumoq tuproq ko‘rinmoqda. Qishdan buyon to‘g‘rilab qo‘yilmagan ko‘kimtir chog‘roq xoch qiyshayib turardi.

Dusyaning rangida rang qolmadi. Qo‘qqisdan yuragiga pichoq sanchishganday bo‘ldi. Yurak-bag‘rini shunday zil-zambil sog‘inch ezdiki, nafasi qaytdi, qalt-qalt titradi, jazava bilan baqirib, cho‘k tushdi. Qabrga emaklab bordi-da, aytib-aytib uvvos tortdi. Misha cho‘chib tushdi.

— U-u-u-uv, — bo‘zladi Dusya yuzini qabrga ishqab. Qo‘llari nam tuproqni changallab oldi. — O‘zimning bebaho onajonginam… Mehribonim, aziz onajonim… U-u-u-uv… E, voh, bu yorug‘ dunyoda endi hech qachon ko‘rishmaymiz! Mo‘’tabarimsiz endi qandoq qilaman? Kim meni erkalaydi, kim meni yupatadi? Onajonim-farishtam, kimlarga tashlab ketdingiz meni?

— Dusya xola… Dusya xola, — hiqillardi Misha qo‘rqqanidan xolasining yengidan tortib. Dusya xirillab, ikki bukilib, boshini qabrga ura boshlagach, Misha oyog‘ini qo‘liga olib qishloqqa chopib ketdi.

Bir soatdan so‘ng atrof-javonib zimistonga aylanganda, Dusyaning oldiga qishloqdan halloslab kelishdi. Dusya yotgan joyida qolgan, hushi-boshini yo‘qotgandi. Na yig‘lar, na gapira olar, hattoki, o‘ylay ham olmasdi. Mahkam qisilgan tishlari orasidan ingrardi, xolos. Yuzlari qorayib, dahshatli tusga kirgandi.

Uni o‘rnidan turg‘azib, chakkalarini artishdi, taskin-tasalli berishdi va uyga olib ketishdi. Dusya nima bo‘layotganini anglamasdi, shishib-qizarib ketgan ko‘zlari bilan hammaga alang-jalang qarardi. Hayot unga qaro tundek ko‘rinib ketdi. Opasining uyiga olib kelishganda, arang karavotga yetib bordi-da, tappa tashlab uxladi-qoldi.

Ertasiga yo‘lga chiqishdan oldin opasi bilan choy ichdi, o‘zini quvnoq tutib, Moskvadagi shinam kvartirasi haqida gapirib berdi.

Alqissa, Dusya Mishaga o‘n rubl in’om qilib, xushchaqchaq, og‘ir-vazmin bo‘lib jo‘nab ketdi. Ikki haftadan so‘ng marhumaning uyini ochishib, pollarni yuvishdi, taqir-tuqurlarni keltirib, yangi odamlar yashay boshlashdi.

1961

Manba: «Kitob dunyosi» gazetasi veb-sahifasi

09

(Tashriflar: umumiy 368, bugungi 1)

Izoh qoldiring